📅 2025-yil 28-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 28-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 28 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 апреля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 April 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МЕЗОНЛАРИ
Умумий ўрта таълим соҳаси ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида самарали натижаларга эришаётган умумий ўрта таълим соҳаси ходимларини аниқлаш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг касбий салоҳияти ва педагогик маҳорати юқори бўлган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» танловини ҳамда педагогик маҳорат марказлари директорлари ўртасида «Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
«Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
«Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловлари 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилади;
«Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларининг ғолиблари Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларининг мазмун-моҳияти ҳақида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 264-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) педагог ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
апелляция комиссияси — Вазирлик томонидан 5 — 7 нафардан иборат таркибда тасдиқланадиган, танлов давомида номзодлардан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли қарор қабул қилиш ваколатига эга комиссия;
баҳолаш мезонлари — иккинчи ва учинчи босқичда номзодларни баҳолаш учун қўлланиладиган Вазирлик томонидан тасдиқланадиган мезонлар;
махсус платформа — Вазирликнинг pedagog.uzedu.uz платформаси;
номзод — танловда иштирок этиш учун мурожаат юбориш вақтида олий ёки биринчи малака тоифасига ҳамда камида беш йиллик педагогик иш стажга эга, таълим ташкилотларида танлов ўтказиладиган ўқув йили бошидан асосий штатда фаолият юритаётган фан ёки бошланғич синф ўқитувчиси;
Ташкилий қўмита — Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири раислигида, соҳа мутахассислари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакилларидан иборат таркибда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган танловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган ишчи гуруҳ;
ҳакамлар ҳайъати — номзодларни иккинчи ва учинчи босқичда баҳолаш учун ташкил этиладиган, малакали мутахассис ва илғор ўқитувчилар таркибидан иборат бўлган Вазирлик томонидан тасдиқланадиган ҳайъати.
3. Танлов ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этилади.
4. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Танловнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. Танловнинг мақсади ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳисобланади.
6. Танловнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
илғор, ташаббускор ва ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш;
дарс берадиган фани бўйича юқори педагогик маҳоратга эга ўқитувчиларни саралаш;
ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда уларни рағбатлантириш.
3-боб. Танловни ўтказиш босқичлари
7. Вазирлик танловнинг саралаш босқичи бошланадиган йилнинг август ойида Ташкилий қўмита, апелляция комиссияси, ҳакамлар ҳайъати таркибини, шунингдек, иккинчи ва учинчи босқич баҳолаш мезонларини тасдиқлайди.
8. Номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида танловда иштирок этади.
Танловда иштирок этиш учун номзодлар танловнинг саралаш босқичи бошланадиган йилнинг август-сентябрь ойларида бевосита Вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади.
9. Танлов уч босқичда ўтказилади:
биринчи босқичда — танловнинг саралаш босқичи бошланадиган йилнинг октябрь — декабрь ойларида Ташкилий қўмита томонидан номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;
иккинчи босқичда — танлов ғолиблари тақдирланадиган йилнинг январь-февраль ойларида номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади;
учинчи босқичда — танлов ғолиблари тақдирланадиган йилнинг апрель — август ойларида номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти тақдимоти ҳамда китобхонлик бўйича тест асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.
10. Танловнинг биринчи босқичи Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом асосида ҳар икки йилда бир марта август-декабрь ойларида ташкил этиладиган малака тоифа синовлари билан интеграция қилинган ҳолда (онлайн тарзда) ўтказилади.
Бунда малака синовларида бериладиган 50 та тест топшириғига (шу жумладан, умумий ўрта таълим мактабларининг мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун ҳам) қуйидаги тарзда алоҳида балл ҳисобланади:
мутахассислик фанидан (35 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 3,1 балл;
педагогик маҳорати учун (10 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 2,1 балл;
касб стандарти учун (5 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 1,1 балл берилади.
11. Ҳар бир туман (шаҳар)дан биринчи босқичда баллар кетма-кетлигига қатъи риоя этган ҳолда энг юқори балл тўплаган 3 нафардан номзод танловнинг иккинчи босқичига ўтказилади.
12. Танловнинг биринчи босқичида номзодларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, уларни танлаб олиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
номзоднинг амалдаги малака тоифаси юқорилиги;
кўп йиллик педагогик иш стажига эгалиги;
мутахассислик фанидан юқори балл тўплагани;
юқоридаги барча ҳолатларда ҳам баллар тенг келиб қолган тақдирда, истисно тариқасида, номзодларнинг барчаси иккинчи босқичга ўтказилади.
13. Танловнинг иккинчи босқичида номзодларнинг ўз фанидан дарс ўтиш маҳорати мазкур босқич баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда:
синов дарслари ўтказиладиган мактаблар рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланади;
ҳакамлар ҳайъати томонидан номзод дарс берадиган фан бўйича қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган синфда тасодифий мавзу (тақвим-мавзу режага мувофиқ) танлаб олиниб, иккинчи босқичга ўтган ўқитувчи томонидан дарс машғулоти ўтилади ҳамда 60 баллик тизимда баҳоланади;
таълим ташкилотларида фаолият юритаётган номзодлар томонидан махсус платформага жойлаштирилган дарснинг видеоёзувлари 40 баллик тизимда баҳоланади.
14. Иккинчи босқич якунидан ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 2 нафардан номзод танловнинг учинчи босқичига ўтказилади.
Иккинчи босқичда балл тенг келиб қолган тақдирда, платформа орқали педагоглар томонидан белгиланган мезонлар асосида мазкур номзодлар учун қайта овоз бериш ташкил этилади.
15. Танловнинг учинчи босқичида номзоднинг маънавий-маърифий фаолияти тақдимоти ҳамда китобхонлик бўйича тест асосида 100 баллик тизимда баҳоланади.
16. Ўқитувчиларнинг барча босқичларда тўплаган баллари махсус платформа орқали эълон қилиб борилади.
4-боб. Апелляция комиссияси
17. Баҳолаш натижаларидан норози бўлган номзодлар танловнинг ҳар бир босқичи натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида апелляция комиссиясига ёзма ёки махсус платформа орқали электрон шаклда ариза (шикоят) бериши мумкин.
18. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Вазирлик буйруғи билан белгиланади.
19. Апелляция комиссияси таркибига Ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати таркибидан аъзо киритилмайди.
Апелляция комиссияси аризаларни (шикоятларни) кўриб чиқиш жараёнига жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.
20. Ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 иш кунида кўриб чиқилади.
21. Апелляция комиссияси танлов жараёнларига оид мурожаатни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
танлов натижасини ўзгартиришсиз қолдириш;
танлов натижасини ўзгартириш.
22. Номзод апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
5-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш
23. Танлов якунларига кўра ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ғолиб деб топилган ҳар бир номзод реестри Вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.
24. Ушбу сертификат асосида ғолиблар Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирланади.
6-боб. Якунловчи қоида
25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
«Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Йил ўқитувчиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Вазирлик) Ташкилий қўмита, апелляция комиссияси, ҳакамлар ҳайъати таркибини ҳамда баҳолаш мезонларини тасдиқлайди. Икки йилда бир марта август ойида 2-босқич Номзодлар 1. Танловда иштирок этиш учун Вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади. Икки йилда бир марта август-сентябрь ойларида Ташкилий қўмита 2. Номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимларини баҳолайди. Икки йилда бир марта октябрь — декабрь ойларида 3-босқич Ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар жамоаси Номзодларнинг педагогик маҳоратини баҳолаш мезонлари асосида баҳолайди. Икки йилда бир марта январь-февраль ойларида 4-босқич Ҳакамлар ҳайъати Номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти тақдимот ҳамда китобхонлиги бўйича тест асосида баҳолайди. Икки йилда бир марта апрель-май ойларида 5-босқич Вазирлик 1. Танлов ғолибини QR-кодли сертификат билан тақдирлайди. 2. QR-кодли сертификат реестрини юритади ва расмий веб-сайтига жойлаштиради. Икки йилда бир марта октябрь ойида 6-босқич Вазирлик Ғолибларни Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирлайди. Икки йилда бир марта октябрь ойида
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 264-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Педагогик маҳорат марказлари (кейинги ўринларда — марказлар) директорлари ўртасида «Касбий маҳорат етакчиси» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари марказлардан бошқа таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Танлов Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан холислик, ошкоралик ва адолат тамойилларига амал қилинган ҳолда ўтказилади.
4. Танлов марказлар директорларининг сўнги икки йиллик фаолияти натижадорлигини баҳолаш асосида ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этилади.
2-боб. Танловнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. Танлов ўтказишнинг мақсади марказлар директорлари ва улар орқали марказлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, раҳбарларнинг ўзлари раҳбарлик қилаётган марказларда илмий-педагогик фаолият натижадорлиги ва таълим сифатини оширишга бўлган интилишини рағбатлантириш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ҳамда педагогларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш ишларини ташкил этиш сифатини ошириш ҳисобланади.
6. Қуйидагилар танловни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Марказлар директорларининг меҳнат фаолияти натижадорлигини рағбатлантириш;
ижодкор Марказлар директорларини қўллаб-қувватлаш;
Марказлар директорларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш;
янги таълим технологияларини, инновацион бошқарув усулларини, катталар таълими соҳасида бошқарув назарияси ва амалиётидаги янги йўналишларни аниқлаш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг салоҳияти ҳақида жамиятда ижобий қарашни шакллантириш.
3-боб. Танловни ташкил этиш
7. Танлов Марказ фаолияти ҳамда Марказ директорининг сўнги икки йиллик фаолияти натижадорлигини баҳолаш асосида Вазирлик томонидан ўтказилади.
Танловда Марказ директори лавозимида камида икки йил давомида фаолият юритаётган раҳбарлар иштирок этади.
Танловни ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
8. Танловни ташкил этиш учун Вазирликда вазир ўринбосари раислигида камида 7 нафар таълим соҳасидаги малакали мутахассислардан иборат бўлган таркибда Танлов комиссияси (кейинги ўринларда — Танлов комиссияси) ҳамда танловни ташкил этиш учун Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) тузилади.
9. Ишчи гуруҳ томонидан Марказлар директорларининг 4 та йўналиш бўйича фаолияти натижалари ўрганилади. Бунда:
биринчи йўналишда — Марказ томонидан ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар;
иккинчи йўналишда — Марказда молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар;
учинчи йўналишда — Марказда замонавий услубда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича эришилган натижалар;
тўртинчи йўналишда — Марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларининг жорий қилинганлиги.
10. Марказлар томонидан тасдиқланган ҳолда асословчи ҳужжатлари билан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказлар директорларининг икки йиллик фаолияти натижалари акс эттирилган маълумотлар базаси (кейинги ўринларда — Маълумотлар базаси) Ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилади.
Марказлар директорларининг икки йиллик фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва уларни тақдим этишнинг шакли (жадвал, ҳисобот, тўлдирилган саволнома ва бошқалар) танлов ўтказиладиган йилнинг январь ойида Вазирлик томонидан Марказларга етказилади.
11. Ишчи гуруҳ танлов ўтказиладиган йил март-апрель ойларида Вазирлик томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида Марказлар директорларининг фаолиятини Марказларга чиққан ҳолда маълумотларни ўрганиш ва сўровномалар ўтказиш орқали таҳлил қилади. Таҳлил натижалари Танлов комиссиясига тақдим этилади.
12. Танлов комиссияси май ойида Марказлар директорларининг фаолияти натижаларини баҳолайди.
Танлов комиссияси Марказлар директорларининг фаолияти натижаларини баҳолашда Ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган таҳлиллар ва сўровнома натижаларига асосланади.
13. Танлов комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш;
тенг балл тўплаган Марказлар директорларининг маълумотларини қўшимча таҳлил қилиш учун Ишчи гуруҳни хизмат сафарига юбориш.
4-боб. Танлов ғолибларини аниқлаш ва эълон қилиш
14. Танловда ғолиблар рейтинг балларини ҳисоблаш орқали аниқланади.
Рейтинг баллари танловнинг тўртта йўналиши натижаларини умумлаштирган ҳолда 100 баллик тизимда Танлов комиссияси томонидан ҳисобланади.
15. Рейтинг балларини ҳисоблаш Низомга 2-иловада келтирилган Рейтингни аниқлаш мезонлари асосида амалга оширилади.
16. Рейтинг балларини ҳисоблаш натижаларига кўра энг юқори натижа кўрсатган Марказ директори ғолиб деб эълон қилинади.
17. Рейтинг балларини ҳисоблаш натижаларига кўра энг паст натижа кўрсатган Марказ директори ва тегишли Марказ фаолияти Вазирлик ҳайъати мажлисида танқидий кўриб чиқилади.
18. Танлов натижалари бўйича Танлов комиссияси ишидан норози бўлган Марказ директорининг шикояти Апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
19. Апелляция комиссияси Вазирлик томонидан 5 нафар ходимдан иборат таркибда тузилади.
Танлов натижалари бўйича апелляция шикояти танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида берилади ва Апелляция комиссияси томонидан икки иш куни давомида кўриб чиқилади.
5-боб. Танлов ғолибини мукофотлаш
20. Танлов ўтказилган йилнинг май ойида Танлов якунларига кўра ғолиб деб топилган Марказ директори реестри Вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда Вазирлик расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.
21. Ушбу сертификат асосида ғолиб танлов ўтказилган йилнинг 20 июлига қадар Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирланади.
22. Танловда иштирок этиб, ғолиб бўлган Марказ директорининг навбатдаги танловда иккинчи марта иштирок этишига йўл қўйилмайди.
23. Танлов натижалари Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
24. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ташкил этиш
Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Муддатлари 1-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Вазирлик) Педагогик маҳорат марказлари директорларининг икки йиллик фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва уларни тақдим этиш шаклини (жадвал, ҳисобот, тўлдирилган саволнома ва бошқалар) Педагогик маҳорат марказларига (Марказлар) етказади. Танлов ўтказиладиган йилнинг январь ойида 2-босқич Марказлар Маълумотларни асословчи ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолда Ишчи гуруҳга тақдим этади. Танлов ўтказиладиган йилнинг февраль ойида 3-босқич Ишчи гуруҳ 1. Марказларга чиққан ҳолда маълумотларни ўрганади ва натижаларни Танлов комиссиясига тақдим этади. Танлов ўтказиладиган йилнинг март ойида 2. Марказларга чиққан ҳолда сўровномалар ўтказади ва Танлов комиссиясига тақдим этади. Танлов ўтказиладиган йилнинг апрель ойида 4-босқич Танлов комиссияси Танлов натижаларини баҳолайди. Танлов ўтказилган йилнинг май ойида 5-босқич Вазирлик 1. Танлов ғолибини QR-кодли сертификат билан тақдирлайди. 2. QR-кодли сертификат реестрини юритади ва расмий веб-сайтига жойлаштиради. Танлов ўтказилган йилнинг май ойида 6-босқич Вазирлик Ғолибни Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирлайди. Танлов ўтказилган йилнинг 20 июлига қадар
«Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Рейтинг балларини ҳисоблаш
Т/р Рейтингни ҳисоблаш индикаторлари Балл Марказ директорининг икки календарь йилдаги фаолияти натижадорлигининг асосий кўрсаткичлари (KPI) 100 1. Ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар: 20 а) ҳудуддаги педагог кадрларнинг малака тоифасининг динамикаси (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 б) «Касбий ривожлантириш куни ва соати» ҳамда «Методик маҳорат куни ва соати» тадбирлари натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 в) ташкил этилган кўчма (сайёр) касбий ривожлантириш тадбирларининг натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 г) ҳудуддаги педагог кадрларнинг эҳтиёжларига кўра илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича ташкил этилган тренинглар натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 2. Марказда молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар: 20 а) бюджетдан ташқари маблағлар тушуми (ишчи гуруҳ таҳлили) 15 б) халқаро грантларни жалб қилиш (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 3. Марказда замонавий услубда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича эришилган натижалар: 20 а) малака ошириш курсларини ташкил этишнинг натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 б) қайта тайёрлаш курсларини ташкил этишнинг натижадорлиги (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 в) мактаблар директорларининг малака оширган ўқитувчилари натижадорлигига мувофиқ малака ошириш курсларига берган баҳоси (сўровнома) 5 г) профессор-ўқитувчилар томонидан мактабгача ва мактаб таълимига оид халқаро ва маҳаллий нашрларда чоп этилган мақолалар салмоғи (ишчи гуруҳ таҳлили) 5 4. Марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларининг жорий қилинганлиги: 40 а) марказнинг тажрибали педагог-ходимлар билан таъминлангани ва хорижий мутахассисларнинг жалб қилинганлиги (ишчи гуруҳ таҳлили) 8 б) марказ ходимларининг хорижий таълим муассасаларига малака ошириш ва стажировкага юборилганлиги (ишчи гуруҳ таҳлили) 7 в) тингловчиларнинг педагог кадрларга берган баҳоси (сўровнома) 8 г) марказ директори фаолиятига марказ ходимларининг берган баҳоси (сўровнома) 7 д) марказ директорининг ҳудуддаги педагогларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш бўйича лойиҳа иши. 10
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 апрель,
264-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
MEZONLARI
Umumiy oʻrta taʼlim sohasi xodimlari oʻrtasida “Yil oʻqituvchisi” hamda “Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovlarini tashkil etish va oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Yoshlarni barkamol shaxs etib tarbiyalashga munosib hissa qoʻshayotgan, oʻquv-tarbiya jarayonida samarali natijalarga erishayotgan umumiy oʻrta taʼlim sohasi xodimlarini aniqlash hamda ularning mehnatini munosib ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining kasbiy salohiyati va pedagogik mahorati yuqori boʻlgan Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tizimidagi umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog xodimlari oʻrtasida “Yil oʻqituvchisi” tanlovini hamda pedagogik mahorat markazlari direktorlari oʻrtasida “Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovini oʻtkazish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar:
“Yil oʻqituvchisi” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
“Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
“Yil oʻqituvchisi” hamda “Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovlari 2026-yildan boshlab har ikki yilda bir marta oʻtkaziladi;
“Yil oʻqituvchisi” hamda “Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovlarining gʻoliblari Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri jamgʻarmasiga ajratilgan mablagʻlar hisobidan pul mukofoti bilan taqdirlanadi.
4. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bilan birgalikda “Yil oʻqituvchisi” hamda “Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovlarining mazmun-mohiyati haqida ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borish tavsiya etilsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri H.Oʻ. Umarova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-apreldagi 264-son qaroriga 1-ILOVA
“Yil oʻqituvchisi” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tizimidagi umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkilotlari) pedagog xodimlari oʻrtasida “Yil oʻqituvchisi” tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
apellyatsiya komissiyasi — Vazirlik tomonidan 5 — 7 nafardan iborat tarkibda tasdiqlanadigan, tanlov davomida nomzodlardan berilgan apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish hamda tegishli qaror qabul qilish vakolatiga ega komissiya;
baholash mezonlari — ikkinchi va uchinchi bosqichda nomzodlarni baholash uchun qoʻllaniladigan Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan mezonlar;
maxsus platforma — Vazirlikning pedagog.uzedu.uz platformasi;
nomzod — tanlovda ishtirok etish uchun murojaat yuborish vaqtida oliy yoki birinchi malaka toifasiga hamda kamida besh yillik pedagogik ish stajga ega, taʼlim tashkilotlarida tanlov oʻtkaziladigan oʻquv yili boshidan asosiy shtatda faoliyat yuritayotgan fan yoki boshlangʻich sinf oʻqituvchisi;
Tashkiliy qoʻmita — Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri raisligida, soha mutaxassislari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari vakillaridan iborat tarkibda Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan tanlovni tashkil etish va oʻtkazishga masʼul boʻlgan ishchi guruh;
hakamlar hayʼati — nomzodlarni ikkinchi va uchinchi bosqichda baholash uchun tashkil etiladigan, malakali mutaxassis va ilgʻor oʻqituvchilar tarkibidan iborat boʻlgan Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan hayʼati.
3. Tanlov har ikki yilda bir marotaba tashkil etiladi.
4. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Tanlovning maqsadi va asosiy vazifalari
5. Tanlovning maqsadi yoshlarni barkamol shaxs etib tarbiyalashga munosib hissa qoʻshayotgan, oʻquv-tarbiya jarayonida samarali natijalarga erishayotgan oʻqituvchilarni aniqlash hamda ularning mehnatini munosib ragʻbatlantirish hisoblanadi.
6. Tanlovning asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:
ilgʻor, tashabbuskor va ijodkor oʻqituvchilarni aniqlash;
dars beradigan fani boʻyicha yuqori pedagogik mahoratga ega oʻqituvchilarni saralash;
oʻqituvchilar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish hamda ularni ragʻbatlantirish.
3-bob. Tanlovni oʻtkazish bosqichlari
7. Vazirlik tanlovning saralash bosqichi boshlanadigan yilning avgust oyida Tashkiliy qoʻmita, apellyatsiya komissiyasi, hakamlar hayʼati tarkibini, shuningdek, ikkinchi va uchinchi bosqich baholash mezonlarini tasdiqlaydi.
8. Nomzodlar oʻzlari dars beradigan bitta fandan, boshlangʻich sinf oʻqituvchilari esa boshlangʻich taʼlim yoʻnalishida tanlovda ishtirok etadi.
Tanlovda ishtirok etish uchun nomzodlar tanlovning saralash bosqichi boshlanadigan yilning avgust-sentabr oylarida bevosita Vazirlikning maxsus platformasi orqali roʻyxatdan oʻtadi.
9. Tanlov uch bosqichda oʻtkaziladi:
birinchi bosqichda — tanlovning saralash bosqichi boshlanadigan yilning oktabr — dekabr oylarida Tashkiliy qoʻmita tomonidan nomzodlarning mutaxassislik fani, pedagogik mahorati va kasb standarti boʻyicha nazariy bilimlari baholanadi;
ikkinchi bosqichda — tanlov gʻoliblari taqdirlanadigan yilning yanvar-fevral oylarida nomzodlarning pedagogik mahorati baholash mezonlari asosida hakamlar hayʼati hamda pedagoglar tomonidan baholanadi. Bunda nomzod oʻtgan darsning videoyozuvi baholash uchun maxsus platformaga joylashtiriladi;
uchinchi bosqichda — tanlov gʻoliblari taqdirlanadigan yilning aprel — avgust oylarida nomzodlarning maʼnaviy-maʼrifiy faoliyati taqdimoti hamda kitobxonlik boʻyicha test asosida hakamlar hayʼati tomonidan baholanadi.
10. Tanlovning birinchi bosqichi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 17-sentabrdagi 572-son qarori bilan tasdiqlangan Maktabgacha, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, professional va maktabdan tashqari taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida har ikki yilda bir marta avgust-dekabr oylarida tashkil etiladigan malaka toifa sinovlari bilan integratsiya qilingan holda (onlayn tarzda) oʻtkaziladi.
Bunda malaka sinovlarida beriladigan 50 ta test topshirigʻiga (shu jumladan, umumiy oʻrta taʼlim maktablarining musiqa madaniyati va jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilari uchun ham) quyidagi tarzda alohida ball hisoblanadi:
mutaxassislik fanidan (35 ta) har bir toʻgʻri javob uchun — 3,1 ball;
pedagogik mahorati uchun (10 ta) har bir toʻgʻri javob uchun — 2,1 ball;
kasb standarti uchun (5 ta) har bir toʻgʻri javob uchun — 1,1 ball beriladi.
11. Har bir tuman (shahar)dan birinchi bosqichda ballar ketma-ketligiga qatʼi rioya etgan holda eng yuqori ball toʻplagan 3 nafardan nomzod tanlovning ikkinchi bosqichiga oʻtkaziladi.
12. Tanlovning birinchi bosqichida nomzodlarning ballari teng boʻlgan taqdirda, ularni tanlab olish quyidagi ketma-ketlikda amalga oshiriladi:
nomzodning amaldagi malaka toifasi yuqoriligi;
koʻp yillik pedagogik ish stajiga egaligi;
mutaxassislik fanidan yuqori ball toʻplagani;
yuqoridagi barcha holatlarda ham ballar teng kelib qolgan taqdirda, istisno tariqasida, nomzodlarning barchasi ikkinchi bosqichga oʻtkaziladi.
13. Tanlovning ikkinchi bosqichida nomzodlarning oʻz fanidan dars oʻtish mahorati mazkur bosqich baholash mezonlari asosida hakamlar hayʼati hamda taʼlim tashkilotlarida faoliyat yuritayotgan pedagoglar tomonidan baholanadi. Bunda:
sinov darslari oʻtkaziladigan maktablar roʻyxati Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi;
hakamlar hayʼati tomonidan nomzod dars beradigan fan boʻyicha qurʼa tashlash yoʻli bilan tanlab olingan sinfda tasodifiy mavzu (taqvim-mavzu rejaga muvofiq) tanlab olinib, ikkinchi bosqichga oʻtgan oʻqituvchi tomonidan dars mashgʻuloti oʻtiladi hamda 60 ballik tizimda baholanadi;
taʼlim tashkilotlarida faoliyat yuritayotgan nomzodlar tomonidan maxsus platformaga joylashtirilgan darsning videoyozuvlari 40 ballik tizimda baholanadi.
14. Ikkinchi bosqich yakunidan har bir tuman (shahar)dan eng yuqori ball toʻplagan 2 nafardan nomzod tanlovning uchinchi bosqichiga oʻtkaziladi.
Ikkinchi bosqichda ball teng kelib qolgan taqdirda, platforma orqali pedagoglar tomonidan belgilangan mezonlar asosida mazkur nomzodlar uchun qayta ovoz berish tashkil etiladi.
15. Tanlovning uchinchi bosqichida nomzodning maʼnaviy-maʼrifiy faoliyati taqdimoti hamda kitobxonlik boʻyicha test asosida 100 ballik tizimda baholanadi.
16. Oʻqituvchilarning barcha bosqichlarda toʻplagan ballari maxsus platforma orqali eʼlon qilib boriladi.
4-bob. Apellyatsiya komissiyasi
17. Baholash natijalaridan norozi boʻlgan nomzodlar tanlovning har bir bosqichi natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki maxsus platforma orqali elektron shaklda ariza (shikoyat) berishi mumkin.
18. Apellyatsiya komissiyasining tarkibi va ish tartibi Vazirlik buyrugʻi bilan belgilanadi.
19. Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga Tashkiliy qoʻmita va hakamlar hayʼati tarkibidan aʼzo kiritilmaydi.
Apellyatsiya komissiyasi arizalarni (shikoyatlarni) koʻrib chiqish jarayoniga jamoatchilik asosida malakali mutaxassislarni jalb etishi mumkin.
20. Ariza (shikoyat) roʻyxatga olingan kundan boshlab 15 ish kunida koʻrib chiqiladi.
21. Apellyatsiya komissiyasi tanlov jarayonlariga oid murojaatni koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
tanlov natijasini oʻzgartirishsiz qoldirish;
tanlov natijasini oʻzgartirish.
22. Nomzod apellyatsiya komissiyasining apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha qabul qilgan qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
5-bob. Tanlov gʻoliblarini taqdirlash
23. Tanlov yakunlariga koʻra har ikki yilda bir marta oktabr oyida gʻolib deb topilgan har bir nomzod reyestri Vazirlik tomonidan yuritiladigan hamda Vazirlikning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladigan QR-kodli sertifikat bilan taqdirlanadi.
24. Ushbu sertifikat asosida gʻoliblar Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri jamgʻarmasiga qoʻshimcha ajratilgan mablagʻlarni qayta taqsimlash hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 1 400 baravariga teng pul mukofoti bilan taqdirlanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
25. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
“Yil oʻqituvchisi” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Yil oʻqituvchisi” tanlovini tashkil etish va oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (Vazirlik) Tashkiliy qoʻmita, apellyatsiya komissiyasi, hakamlar hayʼati tarkibini hamda baholash mezonlarini tasdiqlaydi. Ikki yilda bir marta avgust oyida 2-bosqich Nomzodlar 1. Tanlovda ishtirok etish uchun Vazirlikning maxsus platformasi orqali roʻyxatdan oʻtadi. Ikki yilda bir marta avgust-sentabr oylarida Tashkiliy qoʻmita 2. Nomzodlarning mutaxassislik fani, pedagogik mahorati va kasb standarti boʻyicha nazariy bilimlarini baholaydi. Ikki yilda bir marta oktabr — dekabr oylarida 3-bosqich Hakamlar hayʼati hamda pedagoglar jamoasi Nomzodlarning pedagogik mahoratini baholash mezonlari asosida baholaydi. Ikki yilda bir marta yanvar-fevral oylarida 4-bosqich Hakamlar hayʼati Nomzodlarning maʼnaviy-maʼrifiy faoliyati taqdimot hamda kitobxonligi boʻyicha test asosida baholaydi. Ikki yilda bir marta aprel-may oylarida 5-bosqich Vazirlik 1. Tanlov gʻolibini QR-kodli sertifikat bilan taqdirlaydi. 2. QR-kodli sertifikat reyestrini yuritadi va rasmiy veb-saytiga joylashtiradi. Ikki yilda bir marta oktabr oyida 6-bosqich Vazirlik Gʻoliblarni Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri jamgʻarmasiga qoʻshimcha ajratilgan mablagʻlarni qayta taqsimlash hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 1 400 baravariga teng pul mukofoti bilan taqdirlaydi. Ikki yilda bir marta oktabr oyida
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-apreldagi 264-son qaroriga 2-ILOVA
“Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Pedagogik mahorat markazlari (keyingi oʻrinlarda — markazlar) direktorlari oʻrtasida “Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom talablari markazlardan boshqa taʼlim muassasalariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Tanlov Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan xolislik, oshkoralik va adolat tamoyillariga amal qilingan holda oʻtkaziladi.
4. Tanlov markazlar direktorlarining soʻngi ikki yillik faoliyati natijadorligini baholash asosida har ikki yilda bir marotaba tashkil etiladi.
2-bob. Tanlovning maqsadi va asosiy vazifalari
5. Tanlov oʻtkazishning maqsadi markazlar direktorlari va ular orqali markazlar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish, rahbarlarning oʻzlari rahbarlik qilayotgan markazlarda ilmiy-pedagogik faoliyat natijadorligi va taʼlim sifatini oshirishga boʻlgan intilishini ragʻbatlantirish, qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini hamda pedagoglarning uzluksiz kasbiy rivojlantirish ishlarini tashkil etish sifatini oshirish hisoblanadi.
6. Quyidagilar tanlovni oʻtkazishning asosiy vazifalari hisoblanadi:
Markazlar direktorlarining mehnat faoliyati natijadorligini ragʻbatlantirish;
ijodkor Markazlar direktorlarini qoʻllab-quvvatlash;
Markazlar direktorlarining ilgʻor tajribalarini ommalashtirish;
yangi taʼlim texnologiyalarini, innovatsion boshqaruv usullarini, kattalar taʼlimi sohasida boshqaruv nazariyasi va amaliyotidagi yangi yoʻnalishlarni aniqlash;
qayta tayyorlash va malaka oshirish tizimining salohiyati haqida jamiyatda ijobiy qarashni shakllantirish.
3-bob. Tanlovni tashkil etish
7. Tanlov Markaz faoliyati hamda Markaz direktorining soʻngi ikki yillik faoliyati natijadorligini baholash asosida Vazirlik tomonidan oʻtkaziladi.
Tanlovda Markaz direktori lavozimida kamida ikki yil davomida faoliyat yuritayotgan rahbarlar ishtirok etadi.
Tanlovni tashkil etish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
8. Tanlovni tashkil etish uchun Vazirlikda vazir oʻrinbosari raisligida kamida 7 nafar taʼlim sohasidagi malakali mutaxassislardan iborat boʻlgan tarkibda Tanlov komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Tanlov komissiyasi) hamda tanlovni tashkil etish uchun Ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — Ishchi guruh) tuziladi.
9. Ishchi guruh tomonidan Markazlar direktorlarining 4 ta yoʻnalish boʻyicha faoliyati natijalari oʻrganiladi. Bunda:
birinchi yoʻnalishda — Markaz tomonidan hududda taʼlim sifatini oshirish boʻyicha erishilgan natijalar;
ikkinchi yoʻnalishda — Markazda moliyaviy barqarorlikni taʼminlash boʻyicha erishilgan natijalar;
uchinchi yoʻnalishda — Markazda zamonaviy uslubda taʼlim jarayonini tashkil etish boʻyicha erishilgan natijalar;
toʻrtinchi yoʻnalishda — Markazni tajribali kadrlar bilan taʼminlash va zamonaviy boshqaruv usullarining joriy qilinganligi.
10. Markazlar tomonidan tasdiqlangan holda asoslovchi hujjatlari bilan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida Markazlar direktorlarining ikki yillik faoliyati natijalari aks ettirilgan maʼlumotlar bazasi (keyingi oʻrinlarda — Maʼlumotlar bazasi) Ishchi guruh tomonidan shakllantiriladi.
Markazlar direktorlarining ikki yillik faoliyati natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va ularni taqdim etishning shakli (jadval, hisobot, toʻldirilgan savolnoma va boshqalar) tanlov oʻtkaziladigan yilning yanvar oyida Vazirlik tomonidan Markazlarga yetkaziladi.
11. Ishchi guruh tanlov oʻtkaziladigan yil mart-aprel oylarida Vazirlik tomonidan tasdiqlangan reja-jadval asosida Markazlar direktorlarining faoliyatini Markazlarga chiqqan holda maʼlumotlarni oʻrganish va soʻrovnomalar oʻtkazish orqali tahlil qiladi. Tahlil natijalari Tanlov komissiyasiga taqdim etiladi.
12. Tanlov komissiyasi may oyida Markazlar direktorlarining faoliyati natijalarini baholaydi.
Tanlov komissiyasi Markazlar direktorlarining faoliyati natijalarini baholashda Ishchi guruh tomonidan taqdim etilgan tahlillar va soʻrovnoma natijalariga asoslanadi.
13. Tanlov komissiyasi quyidagi huquqlarga ega:
Maʼlumotlarning haqqoniyligini tasdiqlash uchun tegishli tashkilotlarga murojaat qilish;
teng ball toʻplagan Markazlar direktorlarining maʼlumotlarini qoʻshimcha tahlil qilish uchun Ishchi guruhni xizmat safariga yuborish.
4-bob. Tanlov gʻoliblarini aniqlash va eʼlon qilish
14. Tanlovda gʻoliblar reyting ballarini hisoblash orqali aniqlanadi.
Reyting ballari tanlovning toʻrtta yoʻnalishi natijalarini umumlashtirgan holda 100 ballik tizimda Tanlov komissiyasi tomonidan hisoblanadi.
15. Reyting ballarini hisoblash Nizomga 2-ilovada keltirilgan Reytingni aniqlash mezonlari asosida amalga oshiriladi.
16. Reyting ballarini hisoblash natijalariga koʻra eng yuqori natija koʻrsatgan Markaz direktori gʻolib deb eʼlon qilinadi.
17. Reyting ballarini hisoblash natijalariga koʻra eng past natija koʻrsatgan Markaz direktori va tegishli Markaz faoliyati Vazirlik hayʼati majlisida tanqidiy koʻrib chiqiladi.
18. Tanlov natijalari boʻyicha Tanlov komissiyasi ishidan norozi boʻlgan Markaz direktorining shikoyati Apellyatsiya komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi.
19. Apellyatsiya komissiyasi Vazirlik tomonidan 5 nafar xodimdan iborat tarkibda tuziladi.
Tanlov natijalari boʻyicha apellyatsiya shikoyati tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida beriladi va Apellyatsiya komissiyasi tomonidan ikki ish kuni davomida koʻrib chiqiladi.
5-bob. Tanlov gʻolibini mukofotlash
20. Tanlov oʻtkazilgan yilning may oyida Tanlov yakunlariga koʻra gʻolib deb topilgan Markaz direktori reyestri Vazirlik tomonidan yuritiladigan hamda Vazirlik rasmiy veb-saytiga joylashtiriladigan QR-kodli sertifikat bilan taqdirlanadi.
21. Ushbu sertifikat asosida gʻolib tanlov oʻtkazilgan yilning 20-iyuliga qadar Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri jamgʻarmasiga qoʻshimcha ajratilgan mablagʻlarni qayta taqsimlash hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 1 400 baravariga teng pul mukofoti bilan taqdirlanadi.
22. Tanlovda ishtirok etib, gʻolib boʻlgan Markaz direktorining navbatdagi tanlovda ikkinchi marta ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
23. Tanlov natijalari Vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi va ommaviy axborot vositalarida keng yoritiladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
25. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
“Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
“Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovini tashkil etish
Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Muddatlari 1-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (Vazirlik) Pedagogik mahorat markazlari direktorlarining ikki yillik faoliyati natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va ularni taqdim etish shaklini (jadval, hisobot, toʻldirilgan savolnoma va boshqalar) Pedagogik mahorat markazlariga (Markazlar) yetkazadi. Tanlov oʻtkaziladigan yilning yanvar oyida 2-bosqich Markazlar Maʼlumotlarni asoslovchi hujjatlari bilan tasdiqlangan holda Ishchi guruhga taqdim etadi. Tanlov oʻtkaziladigan yilning fevral oyida 3-bosqich Ishchi guruh 1. Markazlarga chiqqan holda maʼlumotlarni oʻrganadi va natijalarni Tanlov komissiyasiga taqdim etadi. Tanlov oʻtkaziladigan yilning mart oyida 2. Markazlarga chiqqan holda soʻrovnomalar oʻtkazadi va Tanlov komissiyasiga taqdim etadi. Tanlov oʻtkaziladigan yilning aprel oyida 4-bosqich Tanlov komissiyasi Tanlov natijalarini baholaydi. Tanlov oʻtkazilgan yilning may oyida 5-bosqich Vazirlik 1. Tanlov gʻolibini QR-kodli sertifikat bilan taqdirlaydi. 2. QR-kodli sertifikat reyestrini yuritadi va rasmiy veb-saytiga joylashtiradi. Tanlov oʻtkazilgan yilning may oyida 6-bosqich Vazirlik Gʻolibni Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri jamgʻarmasiga qoʻshimcha ajratilgan mablagʻlarni qayta taqsimlash hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 1 400 baravariga teng pul mukofoti bilan taqdirlaydi. Tanlov oʻtkazilgan yilning 20-iyuliga qadar
“Kasbiy mahorat yetakchisi” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Reyting ballarini hisoblash
T/r Reytingni hisoblash indikatorlari Ball Markaz direktorining ikki kalendar yildagi faoliyati natijadorligining asosiy koʻrsatkichlari (KPI) 100 1. Hududda taʼlim sifatini oshirish boʻyicha erishilgan natijalar: 20 a) hududdagi pedagog kadrlarning malaka toifasining dinamikasi (ishchi guruh tahlili) 5 b) “Kasbiy rivojlantirish kuni va soati” hamda “Metodik mahorat kuni va soati” tadbirlari natijadorligi (ishchi guruh tahlili) 5 v) tashkil etilgan koʻchma (sayyor) kasbiy rivojlantirish tadbirlarining natijadorligi (ishchi guruh tahlili) 5 g) hududdagi pedagog kadrlarning ehtiyojlariga koʻra ilgʻor tajribalarni ommalashtirish boʻyicha tashkil etilgan treninglar natijadorligi (ishchi guruh tahlili) 5 2. Markazda moliyaviy barqarorlikni taʼminlash boʻyicha erishilgan natijalar: 20 a) budjetdan tashqari mablagʻlar tushumi (ishchi guruh tahlili) 15 b) xalqaro grantlarni jalb qilish (ishchi guruh tahlili) 5 3. Markazda zamonaviy uslubda taʼlim jarayonini tashkil etish boʻyicha erishilgan natijalar: 20 a) malaka oshirish kurslarini tashkil etishning natijadorligi (ishchi guruh tahlili) 5 b) qayta tayyorlash kurslarini tashkil etishning natijadorligi (ishchi guruh tahlili) 5 v) maktablar direktorlarining malaka oshirgan oʻqituvchilari natijadorligiga muvofiq malaka oshirish kurslariga bergan bahosi (soʻrovnoma) 5 g) professor-oʻqituvchilar tomonidan maktabgacha va maktab taʼlimiga oid xalqaro va mahalliy nashrlarda chop etilgan maqolalar salmogʻi (ishchi guruh tahlili) 5 4. Markazni tajribali kadrlar bilan taʼminlash va zamonaviy boshqaruv usullarining joriy qilinganligi: 40 a) markazning tajribali pedagog-xodimlar bilan taʼminlangani va xorijiy mutaxassislarning jalb qilinganligi (ishchi guruh tahlili) 8 b) markaz xodimlarining xorijiy taʼlim muassasalariga malaka oshirish va stajirovkaga yuborilganligi (ishchi guruh tahlili) 7 v) tinglovchilarning pedagog kadrlarga bergan bahosi (soʻrovnoma) 8 g) markaz direktori faoliyatiga markaz xodimlarining bergan bahosi (soʻrovnoma) 7 d) markaz direktorining hududdagi pedagoglarning kasbiy mahoratini rivojlantirish boʻyicha loyiha ishi. 10
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 28-aprel,
264-son