UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 28-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 28 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 апреля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 April 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ

РЎЙХАТИ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлигига қўйиладиган талабларни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

шахта кўтариш қурилмалари хавфсизлигига қуйиладиган талаблар, уларни қадоқлаш, тамғалаш, идентификация қилиш ҳамда мувофиқлигини баҳолаш тартибини назарда тутувчи Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент 1-иловага мувофиқ;

Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгандан сўнг ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсадлари, мазмуни ҳамда уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 269-сон қарорига 1-ИЛОВА

Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Техник регламент шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги ва уларни ишлатишнинг бутун давридаги жараёнларга қўйиладиган талабларни белгилайди.

2. Техник регламентнинг талаблари вертикал ва қия шахта стволлари бўйлаб фойдали қазилмалар ва кон жинсларини юзага олиб чиқиш, одамлар ва юкларни тушириш-кўтариш учун мўлжалланган шахта кўтариш қурилмаларига қўлланади.

Техник регламент хавфсизлик талаблари билан тартибга солинадиган мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланиши лозим бўлган шахта кўтариш қурилмалари рўйхати ушбу Техник регламентга иловада келтирилган.

3. Техник регламентнинг талаблари шахталарда ишлатиладиган лифтларга, эскалаторларга, конвейерларга, канат йўлларга, тупроқ ёки рудаларни кўчириш, текислаш, профиллаш, қазиб текислаш, шиббалаб зичлаш, зичлаб қотириш, қазиш ёки бурғилаш учун мўлжалланган машина ва механизмларга нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Ушбу Техник регламентда қуйидаги атамалар ва уларнинг таърифлари қўлланади:

бадья — шурфлар ва стволларни ковлашда, шахта стволини чуқурлаштиришда кон массасини кўтариш учун, шунингдек, шахта стволини ковлаш ва чуқурлаштиришда ствол бўйлаб одамларни тушириш ва кўтариш учун мўлжалланган кўтарма идиш;

белгиланган ресурс — техник ҳолатидан қатъи назар, шахта кўтариш қурилмаси ва (ёки) унинг жиҳозларининг ишлаши тўхтатилиши керак бўлган умумий иш вақти;

белгиланган хизмат муддати — шахта кўтариш қурилмаси ва (ёки) унинг жиҳозлари ишлашининг календарь давомийлиги, унга эришилгандан кейин техник ҳолатидан қатъи назар улар тўхтатилиши шарт;

вагонча — шахта юзасига фойдали қазилмалар ва кон жинсларини ташиш ва кўтариш учун мўлжалланган кўтарма идиш;

жиҳозлар — мустақил равишда ишлатиладиган ёки шахта кўтариш қурилмасига ўрнатиладиган, унинг асосий ва (ёки) қўшимча функцияларини бажариш учун зарур бўлган техник қурилма;

ишдан чиқиш — қоидалар ёки фойдаланиш бўйича йўриқномаларини бажармаслик, ишлаб чиқариш ва таъмирлашда белгиланган жараёнларга риоя қилмаслик, лойиҳалашда конструктив бузилишлар оқибатида шахта кўтариш қурилмаси ва (ёки) унинг жиҳозлари иш қобилиятини бузилишидан иборат ҳодиса;

ишлаб чиқувчи (лойиҳачи) — янги турдаги шахта кўтариш қурилмасини (машинани) яратиш, тажриба намунаси учун техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва намунани ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс;

катак (клеть) — одамларни, жиҳозлар ва материалларни тушириш ва кўтариш, шунингдек, фойдали қазилма ва кон жинсларини вагончада кўтариш учун мўлжалланган кўтарма идиш;

кон-техник иншоотлар — вертикал (тик) кўтаришда йўналтирувчи ўтказгичлар билан жиҳозланган, катаклар ва қутиларнинг улар бўйлаб ҳаракатланишига ҳамда қия кўтарилишда рельсли йўллар билан жиҳозланган, вагончалар ҳамда қутиларни ҳаракатлантиришга мўлжалланган шахталарнинг стволлари.

Шахтанинг ствол яқинидаги кон ҳовлисида жойлашган иншоотлар (юклаш бункери, юк ағдаргич камераси ёки қабул қилиш майдончаси). Шахта усти иншоотлари (шахта кўтариш қурилмаси ва юк кўтариш идишларини бўшатиш учун қабул қилиш бункери ёки юк ташиш йўллари ва майдончалари бўлган шахта устидаги бинолар);

кўтариш қурилмаси — осма ва парашют қурилмалари, катакларни тўхтатиш мосламалари, кўтариш канатлари, катаклар учун қўниш мосламалари бўлган юк кўтариш мосламаси;

синов — яширин нуқсонларни аниқлаш ва ускунанинг белгиланган режимларда ва хавфсизлик қоидалари талабларига, шунингдек, ишлаб чиқарувчиларнинг эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш қўлланмаси (йўриқномаси) шартларига мувофиқ ишлашга яроқлилигини аниқлаш мақсадида синовдан ўтказилаётган жиҳознинг ҳолатини тавсифловчи физик катталиклар ва параметрларнинг қийматларини тегишли дастур ва методикаси бўйича ўлчаш;

ствол — фойдали қазилма конини очиш, одамларни, юкларни, фойдали қазилмаларни ва кон жинсларини ташиш учун мўлжалланган вертикал, қия кон иншооти;

техник хизмат кўрсатиш — шахта кўтариш қурилмасининг фойдаланилиши давомида унинг ишлаши ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амаллар мажмуасини бажариш;

хавфли зона — одамларга шахта кўтариш қурилмасидан келиб чиқадиган хавф-хатарларнинг таъсири бўлган жой;

шахта катаги парашюти — кўтариш канати узилганда катакни равон тўхтатиш ва кейин уни ушлаб туриш учун мўлжалланган қурилма;

шахта — фойдали қазилмаларни еростидан қазиб олувчи ва уларни истеъмолчига ёки қайта ишлаш корхонасига жўнатувчи кон;

шахта кўтариш машинаси — шахта кўтариш қурилмасининг қисми, тортувчи кучланиш ҳосил қилиш ва кўтариш ускунаси ишини бошқариш учун мўлжалланган бўлиб, асосий қисми ўраш элементи, редуктор, тормозлаш мосламаси, ишга тушириш-ростлаш ва сақлагич аппаратураси бўлган электр двигателдан иборат;

шахта кўтариш қурилмаси — кон жинслари ва фойдали қазилмаларни юзага узатиш, одамларни, кон-шахта ускуна ҳамда материалларни тушириш ва кўтариш, шунингдек, шахта стволи армировкаси ва мустаҳкамлагичларни кўрикдан ўтказиш ва тафтиш (ревизия) қилиш учун мўлжалланган ҳамда шахта кўтариш машинаси, кўтариш жиҳозлари ва кон-техник иншоотларидан иборат қурилма;

шахта кўтариш қурилмасини ишлатиш — шахта кўтариш қурилмасини ишлатишнинг бутун давридаги босқичи бўлиб, вазифаси бўйича фойдаланиш, кўрик ва синовдан ўтказиш, ревизия қилиш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлашни ўз ичига олади;

қия ствол — ўқи горизонтга нисбатан 3° дан 85° гача қия бўлган ствол;

қути (скип) — фойдали қазилмаларни ва кон жинсларини кўтариш учун мўлжалланган кўтариш идиши.

2-боб. Шахта кўтариш қурилмалари учун хавфсизлик талаблари

1-§. Умумий хавфсизлик талаблари

5. Ушбу Техник регламент шахта кўтариш қурилмалари учун зарур бўладиган минимал хавфсизлик талабларини белгилайди ва қуйидагиларни таъминлайди:

механик хавфсизлиги;

ёнғин хавфсизлиги;

электр хавфсизлиги;

портлаш хавфсизлиги.

6. Шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимлари улардан барча иш режимларида ва фойдаланиш шартларида назарда тутилган ҳар қандай ташқи таъсирларда фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаши керак. Бошқариш тизимида шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсиз ва ишончли ишлаши, иш режимларидаги бузилишларни ўз вақтида аниқлаш ва авариявий вазиятларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриш учун ҳимоя ва блоклаш аппаратлари кўзда тутилган бўлиши лозим.

7. Шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимлари уларни ишлатишда мантиқий хатоликларга йўл қўйилганда ва машинист томонидан бошқариш ҳаракатлари нотўғри бажарилганда, хавфли вазиятларнинг вужудга келишини истисно қилиши керак.

8. Шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимлари огоҳлантириш сигнал воситалари ва хавфли вазиятлар вужудга келишига олиб келадиган шахта кўтариш қурилмаси ишлашидаги носозликлар ҳақида огоҳлантириш учун бошқа воситаларни ўз ичига олиши керак.

9. Шахта кўтариш қурилмаларини монтаж қилиш, шунингдек, йилига бир марта техник кўрикдан ўтказиш ва созлаш тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар бўйича рухсатномага эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади.

10. Шахта кўтариш қурилмаларининг белгиланган хизмат муддати давомида қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

шахта кўтариш қурилмасидан тегишли рухсатномага эга бўлган ташкилотлар фойдаланиши;

шахта кўтариш қурилмасидан фойдаланиш даврида техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, синов ва кўрикдан ўтказиш кончилик қоидалари, ишлаб чиқарувчи заводнинг фойдаланиш бўйича қўлланмаси (йўриқномаси), техник хизмат кўрсатиш ёки таъмирлаш дастурларида (технологик харитада) белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилиши;

шахта кўтариш қурилмасига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга оид ишлар уни ишлатадиган ташкилотнинг малакали ходимлари томонидан амалга оширилиши.

11. Вертикал иншоотлар бўйлаб одамлар кўтарилиши ва тушишининг максимал тезлиги 12 m/s дан ошмаслиги, қия иншоотлар бўйлаб эса 5 m/s дан ошмаслиги керак. Одамларни бадьяларда кўтариш ва туширишда йўналтирувчи бўйлаб максимал тезлик 8 m/s дан, йўналтирувчи бўлмаган жойларда эса 1 m/s дан ошмаслиги керак.

12. Ҳар бир шахта кўтариш машинасида ва унинг чиғирида юритмани бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда ишга туширадиган ишчи ва сақлагичли механик тормозланишлар кўзда тутилган бўлиши керак.

13. Шахта кўтариш қурилмаларини хавфсиз ишлатишга оид талаблар амалдаги кончилик қоидалари, шунингдек, эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома) билан белгиланади.

14. Шахта кўтариш қурилмаларининг белгиланган хизмат муддати тугагандан сўнг, шахта кўтариш қурилмасининг вазифаси бўйича фойдаланиш муддатини узайтириш шартлари ва имкониятларини аниқлаш мақсадида диагностика ўтказмасдан, ушбу диагностика натижаларини ҳисобга олиб модернизация қилиш ёки алмаштиришларни (таъмирлаш) амалга оширмаган ҳолда ушбу қурилмалардан вазифаси бўйича фойдаланишга йўл қўйилмайди.

2-§. Механик хавфсизлик талаблари

15. Шахта кўтариш қурилмаларининг ҳаракатланувчи қисмлари улардан жароҳат олиш эҳтимоли бўлмаган тарзда жойлаштирилиши керак, агар хавф сақланиб қолиб, бахтсиз ҳодисага олиб келиши мумкин бўлса, огоҳлантирувчи белгилар ва/ёки ёзувларни қўллаш, шахта кўтариш қурилмасининг хавфли қисмларига тегиб кетишининг олдини олиш учун сақловчи ёки ҳимояловчи қурилмаларидан фойдаланиш лозим.

16. Ҳимоя ва сақлаш қурилмалари:

хавфсиз бўлиши;

мустаҳкам ва барқарор конструкцияга эга бўлиши;

хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилишга халақит бермаслиги;

асбоб-ускуналарни созлаш ва (ёки) алмаштириш ҳамда шахта кўтариш қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга имкон бериши;

хавфли зонадан белгиланган масофада жойлашган бўлиши шарт.

17. Қўзғалмас ҳимоя тўсиқлари тўсилган майдонга фақат асбоблар ёрдамида кириш имкониятини таъминловчи воситалар ёрдамида ишончли мустаҳкамланиши лозим.

18. Қўзғалувчан ҳимоя тўсиқлари:

ҳимоя тўсиқлари очиқ бўлганда шахта кўтариш қурилмалари таркибий қисмларининг ишлашига тўсқинлик қилувчи блоклаш қурилмаларига эга бўлиши;

улар очиқ бўлганда имкон қадар шахта кўтариш қурилмалари таркибий қисмларига маҳкамланган ҳолда қолиши керак.

19. Қўзғалувчан ҳимоя тўсиқлари ва ҳимоя воситалари қуйидагича ишлаб чиқилган (лойиҳалаштирилган) ва шахта кўтариш қурилмаларини бошқариш тизимига киритилган бўлиши керак:

ҳаракатланувчи қисмлар ходимларнинг таъсир доирасида бўлганда уларни ишга туширишнинг имкони бўлмаслиги;

мос келадиган тўсиқ ўрнатилган ҳолда отилиб чиқадиган қисмлардан ҳимояланган бўлиши;

шахта кўтариш қурилмаси ва унинг қисмлари ишга туширилаётганда, уларнинг таъсир доирасида одамлар бўлмаслиги.

20. Шахта кўтариш қурилмаларининг ҳаракатланувчи қисмларига киришни чекловчи иш учун зарур бўлган ҳимоя мосламалари қуйидагиларни таъминлаши шарт:

отилиб чиқиши мумкин бўлган қисмлар хавфини чеклаши;

қўлда ёки автоматик равишда ўрнатилиши (улар иштирок этадиган иш турига қараб).

21. Катаклар кўтариш канатлари узилганда уларни равон тормозланиши ва тўхтатилишини таъминлайдиган шахта катаги парашюти билан жиҳозланган бўлиши керак. Кўтариш канатларининг сони тўртта ва ундан ортиқ кўпканатли кўтариш мосламаларида шахта катаги парашютини қўллаш шарт эмас.

3-§. Ёнғин хавфсизлиги талаблари

22. Шахта кўтариш қурилмаларига қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари Ўзбекистон Республикасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни , Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.

4-§. Электр хавфсизлиги талаблари

23. Шахта кўтариш қурилмаларининг электр жиҳозлари огоҳлантирувчи белгилар, тўсиқлар, ерлагич (заземление), электр токи уришининг олдини олувчи ҳимоя ва блоклаш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши керак.

24. Одамларни ва юкларни кўтаришга мўлжалланган шахта кўтариш қурилмалари захирани автоматик киритиш мосламалари ва ерусти подстанцияларидан бирининг турли секцияларидан иккита ўзаро алмаштириладиган таъминловчи (истеъмол) кабель линиялари орқали электр энергияси билан таъминланиши керак.

25. Кучланиши 1000 V дан юқори ўзгарувчан ток манбалари ерга бир фазали туташишдан ҳимояланган бўлиши керак.

26. Назорат занжирлари, бошқарув ва сигнал занжирлари учун вертикал ва қиялик бурчаги 45° дан юқори бўлган қия иншоотлар бўйлаб стационар ўрнатишда симли зирҳли назорат кабеллари, горизонтал иншоотларда эса лента зирҳли назорат кабеллари, эгилувчан назорат ва қувват кабеллари қўлланиши керак.

27. Бошқарув, алоқа, сигнал бериш, теленазорат ва диспетчерлик хизматини ўрнатишда учқунга хавфсиз занжирлари назорат кабеллари ва алоқа линиялари кабелларининг бўш толаларидан фойдаланилиши керак. Шахта телефон кабелларидан фойдаланишга рухсат берилади.

28. Умумий шахта, диспетчерлик ва фавқулодда телефон алоқа линиялари, шунингдек, шахта кўтариш қурилмаларининг маҳаллий алоқаси учун шахта телефон кабелларидан фойдаланилиши лозим.

29. Стволнинг ишчи ва захира магистрал сигнали ҳамда симли алоқа тўпламлари учун электр таъминоти алоҳида кабеллар орқали якка ҳолда амалга оширилиши ва умумий коммутация қутилари ҳамда сигнал бериш қурилмаларига эга бўлмаслиги керак.

30. Кучланиши 42 V дан юқори сигнал пультларини (тизимларини) электр токи билан таъминлашда тармоқдан ток чиқишидан ҳимояланиш кўзда тутилган бўлиши керак.

31. Схемали техник ечимлар истеъмол тармоғи кучланиши ўчирилганда ва истеъмол автоном қувват манбаларининг кучланиши йўл қўйилиши мумкин бўлган чегараларда ўзгарганда сигнал бериш аппаратларининг ишлашини таъминлаши керак.

5-§. Портлаш хавфсизлиги талаблари

32. Портлаш хавфи мавжуд бўлган муҳитларда ишлатиладиган шахталарнинг портлаш хавфсизлиги амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар доирасида портлашнинг олдини олиш ва портлашдан ҳимоялаш чоралари кўрилган ҳолда таъминланиши керак.

33. Газ ва чанг бўйича портлаш хавфи бўлган, тўсатдан кўмир, кон жинслари ва газ чиқиши хавфи бўлган шахталарда, шунингдек, улардан чиқадиган ҳаво оқими шахта стволларида ҳамда шахталарга туташган шахта усти иншоотларида, тоза ҳаво оқими бўлган шахта стволларида портлашдан ҳимояланиш даражаси коннинг юқори ишончлилигидан паст бўлмаган ствол сигнал бериш қурилмалари билан таъминланиши керак.

3-боб. Асбоб-ускуналарни лойиҳалаштириш ва техник ҳужжатларга қўйиладиган талаблар

1-§. Лойиҳалаштиришга қўйиладиган талаблар

34. Шахта кўтариш қурилмалари ва уларнинг жиҳозларини лойиҳалаштириш технологик лойиҳалаштириш нормаларига ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши лозим. Лойиҳа ҳужжатларида шовқин ва тебранишнинг чегаравий параметрлари аниқланади ҳамда рухсат этилган даражаси таъминланади.

35. Агар хавфни мақбул даражага туширишнинг иложи бўлмаса, лойиҳа ҳужжатларида инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тизими назарда тутилиши керак.

Шахта кўтариш қурилмаларининг лойиҳа ҳужжатлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилиши керак.

36. Шахта кўтариш қурилмалари қуйидаги асосий маълумотлар асосида лойиҳалаштирилиши лозим:

шахтанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати;

шахтанинг чуқурлиги;

юкнинг характеристикаси (одамлар сони, кўмир, руда, бўш тоғ жинслари ҳажмлари, кон қазиш ашёлари);

ерости транспорти учун кўзда тутилган вагончаларнинг тури ва сиғими.

Лойиҳалаштиришда замонавий электромеханик қурилмалар танланиши ва максимал ишончлилик таъминланиши лозим.

37. Лойиҳалаштиришда қуйидагилар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим:

кўтариш идишларининг типи танланиши ва уларнинг ҳаракатланишидаги зарур муддати аниқланиши;

кўтариш тизимини бараварлаштириш усули танланиши;

кўтариш канати тегишли стандарт бўйича ҳисобланиши ва танланиши;

барабаннинг асосий ўлчамлари аниқланиши ва ўраш органи танланиши;

копёрнинг типи танланиши, унинг баландлиги аниқланиши ва стволга нисбатан кўтариш машинасининг жойлашиш схемаси тузилиши;

кўтариш кинематикаси ҳисобланиши, кўтариш машинаси танланиши, υ=ƒ(t) ва α=ƒ(t) диаграммалари тузилиши ҳамда кўтариш циклининг амалдаги давом этиши аниқланиши, бунда υ — тезлик, t — вақт;

ҳаракатланувчи қисмларнинг солиштирма массаси аниқланиши ва кўтариш динамикаси ҳисобланиб F=ƒ(t) диаграммаси тузилиши, бунда F — кучланиш, t — вақт;

ўраш органи (қурилмаси) валидаги қувватнинг диаграммаси тузилиши, юритма типи танланиши, двигателнинг зарур қуввати аниқланиши, кўтариш двигатели танланиши ва юқори юкланиш бўйича текширилиши;

коммутация схемаси, зарур бошқарув ва ҳимоя аппарати, сигнал бериш схемаси танланиши,

кўтариш қурилмасининг иш вақтини суткалик баланси ҳисоб қилиниши;

кўтариш қурилмасининг жиҳозларига смета тузилиши ва лойиҳалаштирилган қурилманинг техник кўрсаткичлари ҳисоб қилиниши.

38. Шахта кўтариш қурилмаси конструкциясини ўзгартириш ишлаб чиқувчи (лойиҳачи) билан келишилган бўлиши керак.

Вертикал иншоотлар бўйлаб юкларни кўтариш ва туширишда максимал тезлик шахта кўтариш қурилмасининг лойиҳа ҳужжатлари билан белгиланади, қия иншоотлар бўйлаб эса юкларни қутиларда кўтаришда тезлик 7 m/s дан ва юкларни вагончаларда кўтаришда 5 m/s дан ошмаслиги керак.

Юкларни бадьяларда кўтариш ва туширишда йўналтирувчи бўйлаб бадьянинг ҳаракат тезлиги 12 m/s дан, йўналтирувчи бўлмаган жойларда эса 2 m/s дан ошмаслиги керак. Одамларни ва юк билан бирга одамларни (юк-одам) кўтаришга мўлжалланган шахта кўтариш қурилмаларининг юк-одам кўтариш ва тортиш канатлари механик хусусиятлари бўйича белгиланган талабларга кўра В маркали (оддий сифатли) бўлиши, бошқалари эса I маркадан паст бўлмаслиги керак.

2-§. Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга қўйиладиган талаблар

39. Ҳар бир шахта кўтариш қурилмалари соз ҳолатдаги талаб этилган аниқликни таъминлайдиган қуйидаги ўлчаш воситаларига эга бўлиши керак:

асосий ток ва электродинамик тормозланиш занжирларида амперметрлар ва вольтметрлар;

тормоз тизимидаги сиқилган ҳаво ёки мой босимини кўрсатадиган манометрлар;

машина ишининг барча циклларини қайд қилувчи ва ҳаракат тезлиги ҳамда йўналишини таҳлил қилиш имконини берувчи ўлчаш воситалари.

40. Метрология текшируви ва давлат метрология назорати татбиқ этиладиган соҳага тааллуқли ўлчаш воситалари ўлчаш воситаларининг давлат реестрига киритилган бўлиши ҳамда метрология текширувидан ўтган бўлиши лозим.

4-боб. Шахта кўтариш қурилмаларини қадоқлаш талаблари

41. Шахта кўтариш қурилмалари ва уларнинг жиҳозларини қадоқлаш учун ишлатиладиган материаллар ва моддалар хавфсиз бўлиши керак.

42. Қадоқлаш ишончли бўлиши ва шахта кўтариш қурилмалари ҳамда жиҳозларининг сақланиши, уларни ташиш ва сақлаш вақтида хавфсизлигини таъминлаши керак.

5-боб. Шахта кўтариш қурилмаларини тамғалашга қўйиладиган талаблар

43. Ишлаб чиқарувчи томонидан етказиб бериладиган шахта кўтариш қурилмалари, шунингдек, унинг жиҳозлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ва (ёки) томонларнинг келишувига кўра бошқа тилда тузилган юк ҳужжатларига, аниқ кўринадиган ва ўчиб кетмайдиган қуйидагиларни ифодаловчи идентификация ёзувларига эга бўлиши керак:

ишлаб чиқарувчининг номи ва (ёки) унинг товар белгиси;

номи ва (ёки) белгиси (тури, тамғаси, модели, агар мавжуд бўлса);

ишлаб чиқарилган ойи ва йили.

44. Юк ҳужжатлари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

шахта кўтариш қурилмаси ва унинг жиҳозларининг лойиҳа ҳужжатлари ва паспортлари;

ўрнатиш, йиғиш, созлаш ёки ростлаш бўйича йўриқнома;

эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома);

йиғиш чизмалари ва маълумотнома бирликлари;

йиғма бирликларига паспортлар;

прокат ва маҳкамлаш деталларига паспортлар;

бутлаш рўйхати.

45. Эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома) қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

ушбу Техник регламентнинг 43-бандида кўрсатилган маълумотлар;

шахта кўтариш қурилмасини ишлатиш мақсадларига мувофиқ фойдаланиш бўйича кўрсатмалар, ишлатиш вақтида риоя қилиниши шарт бўлган хавфсизликни таъминлаш бўйича чоралар (шу жумладан, ишга тушириш, мақсадли фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш, барча турдаги таъмирлаш ишлари ва техник кўрикдан ўтказишлар, ташиш ва сақлаш);

белгиланган хизмат муддати ёки белгиланган ресурс кўрсаткичлари;

муҳим носозликлар рўйхати, ходимлар йўл қўйиши эҳтимоли мавжуд аварияга олиб келиши мумкин бўлган хатоликлар ва бу хатоликларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар;

чегаравий ҳолат мезонлари;

ишлаб чиқарувчининг (ишлаб чиқарувчи томонидан ваколат берилган шахс) номи ва жойлашган жойи, импорт қилувчи, улар билан боғланиш учун маълумотлар.

46. Эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қўлланма (йўриқнома) қоғоз шаклда амалга оширилади. Унга ишлатиш ҳужжатлари тўплами электрон ташувчиларда илова қилиниши мумкин.

47. Агар ушбу Техник регламентнинг 43-бандида кўрсатилган маълумотларни шахта кўтариш қурилмалари жиҳозларига ёзишнинг (акс эттиришнинг) имкони бўлмаса, улар фақат ушбу жиҳознинг паспортида кўрсатилиши мумкин. Бундай ҳолда ишлаб чиқарувчининг номи ва (ёки) унинг товар белгиси, жиҳознинг номи ва белгиланиши (тури, маркаси, модели, агар мавжуд бўлса) қадоқда туширилган бўлиши керак.

6-боб. Мувофиқликни баҳолаш

1-§. Шахта кўтариш қурилмаларини идентификация қилиш

48. Шахта кўтариш қурилмаларини идентификация қилиш, унинг тақдим этилган юк ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш учун амалга оширилади.

49. Шахта кўтариш қурилмаларини идентификация қилиш унинг таснифлари ушбу Техник регламентнинг 43 ва 44-бандларида кўрсатилган маълумотлар билан бир хиллигини ўрнатиш йўли билан амалга оширилади.

Шахта кўтариш қурилмаларини идентификация қилиш учун маҳсулот таснифлагичида ва лойиҳа ҳужжатларида, шу жумладан, техник шартлар ва етказиб бериш шартномаларида кўрсатилган маълумотлардан фойдаланиш мумкин.

50. Шахта кўтариш қурилмалари идентификацияси шахта кўтариш қурилмасининг номи, тури (вазифаси) каби маълумотлари бўйича қуйидагилар томонидан ўтказилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уни муомалага киритган ишлаб чиқарувчи (сотувчи);

маҳсулот мувофиқлигини баҳолаш ва тасдиқлаш мақсадида тегишли ишларни амалга оширувчи сертификатлаштириш органи;

давлат назорати органлари — Техник регламент талабларига мувофиқлигини текшириш мақсадида.

2-§. Намуна танлаш ва синовларни ўтказиш

51. Шахта кўтариш қурилмаларининг техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган усулларни қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Шахта кўтариш қурилмаларини Техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур синов ва намуна олиш усуллари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги 502-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

3-§. Шахта кўтариш қурилмалари мувофиқлигини тасдиқлаш

52. Шахта кўтариш қурилмаларининг ушбу Техник регламентнинг талабларига мувофиқлиги мувофиқликни сертификатлаш шаклида тасдиқланади.

Мувофиқликни тасдиқлашдан олдин шахта кўтариш қурилмалари идентификация қилинади.

53. Мувофиқлик сертификати туркум ишлаб чиқариладиган шахта кўтариш қурилмаларига уч йил муддатга, шахта кўтариш қурилмалари тўпига эса маҳсулотнинг яроқлилик ёки кафолат муддатига тенг муддатда расмийлаштирилади.

54. Шахта кўтариш қурилмаларининг ушбу техник регламент талабларига мувофиқлигини сертификатлаш қуйидаги 1С, 3С ёки 4С схемаларига мувофиқ амалга оширилади.

1С схема — туркум ишлаб чиқариладиган шахта кўтариш қурилмаларини сертификатлаштиришда қўлланади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли шахси) ҳисобланади ва сертификатланган маҳсулотларнинг мувофиқлик белгиси билан тамғаланишини таъминлайди;

3С схема — шахта кўтариш қурилмаларининг тўпи учун қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли шахси) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади ва сертификатланган маҳсулотларнинг мувофиқлик белгиси билан (импорт қилинган маҳсулотлар ариза берувчига қулай шаклда) тамғаланишини таъминлайди;

4С схема — ягона (битта) шахта кўтариш қурилмаси учун, техник регламентда белгиланган синов ва ўлчашларни ўтказиш жараёнида ушбу буюмга путур етказилмаса, қўлланади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли шахси) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади.

55. Мувофиқлик сертификати Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги 502-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ расмийлаштирилади.

7-боб. Ўтиш даври

56. Ушбу Техник регламент кучга кирган вақтдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган ва шахта кўтариш қурилмалари учун хавфсизлик талабларини белгилайдиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар Техник регламент талаблари билан мослаштирилгунига қадар норматив ҳужжатларнинг ушбу Техник регламентга зид бўлмаган қисмлари амалда қўлланади.

57. Техник регламент кучга киргунга қадар шахта кўтариш қурилмалари учун олинган мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар ушбу ҳужжатларда белгиланган муддатлар давомида амалда бўлади.

8-боб. Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати

58. Ушбу Техник регламент талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, шахта кўтариш қурилмалари хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

9-боб. Техник регламент талабларини бузганлик учун жавобгарлик

59. Ушбу Техник регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисида техник регламентга ИЛОВА

Техник регламент хавфсизлик талаблари билан тартибга солинадиган мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланиши лозим бўлган шахта кўтариш қурилмалари

Т/р Шахта кўтариш қурилмалари номи ТИФ ТН коди 1. Кўтариш машиналари (шахта кўтариш қурилмаларининг ер юзасида жойлашган чиғирлари, ерости ишлари учун мўлжалланган махсус чиғирлар) 8428320000, 8428330000, 8425390002, 8425390005, 8425390006 2. Скиплар 8428102009 3. Элеваторлар ва ерости ишлари учун махсус мўлжалланган узлуксиз ишловчи конвейерлар 8428310000

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 269-сон қарорига 2-ИЛОВА

Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси 1. Шахта кўтариш қурилмаларига доир амалдаги стандартлар рўйхатини тузади ва хатловдан ўтказади. Уч ой муддатда 2. Ушбу Техник регламент талабларига риоя этилишини таъминлайдиган ҳамда техник регламентда белгиланган шахта кўтариш қурилмалари ва унинг жиҳозлари мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган, намуналар олиш, синаш ва ўлчаш усулларини белгилайдиган стандартлар рўйхатларини шакллантиради ва белгиланган тартибда тасдиқлайди. Бир ой муддатда 2-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси Шахта кўтариш қурилмалари ва унинг жиҳозлари Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш бўйича сертификатлаштириш органлари, синов лабораторияларининг аккредитация доирасини кенгайтириш чораларини кўради. Олти ой муддатда 3-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси Техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳолини, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, тадбиркорлик субъектларини кенг миқёсда хабардор қилишни таъминлайди. Жадвалга мувофиқ 4-босқич Тадбиркорлик субъектлари 1. Техник регламентни ўрганади, масъул ходимларни ўқитади ва Техник регламентни ўз фаолиятида жорий қилади. Келишилган муддатларда 2. Мувофиқликни баҳолаш тартиботидан ўтказиш учун тегишли маҳсулот намуналарини Техник регламент талабларига мувофиқ тайёрлайди. Техник регламент кучга кирган кундан бошлаб 5-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси Тасдиқланган Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Ўрнатилган тартибда 6-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Тасдиқланган Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни қўллаш амалиётини мониторинг қилади ҳамда тизимли асосда Вазирлар Маҳкамасига маълумотларни киритиб боради. Ҳар чоракда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 269-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 24 февралдаги 99-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПФ-5594-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4058-сон қарори)» 2019 йил 6 мартдаги 195-сон қарорига илованинг 35-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 28 апрель,

269-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2025 й., 09/25/269/0392-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TEXNIK REGLAMENT

ROʻYXATI

SXEMASI

ROʻYXATI

Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 28-fevraldagi PQ-91-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligiga qoʻyiladigan talablarni takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

shaxta koʻtarish qurilmalari xavfsizligiga quyiladigan talablar, ularni qadoqlash, tamgʻalash, identifikatsiya qilish hamda muvofiqligini baholash tartibini nazarda tutuvchi Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament 1-ilovaga muvofiq;

Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni joriy etish sxemasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Texnik reglament rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab olti oy oʻtgach amalga kiritilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari ushbu qaror rasman eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgandan soʻng oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda ushbu qarorning maqsadlari, mazmuni hamda uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholi, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar hamda tadbirkorlik subyektlarining keng xabardor qilinishini taʼminlasin.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi togʻ-kon sanoati va geologiya vaziri B.F. Islamov hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori A.R. Jumanazarov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-apreldagi 269-son qaroriga 1-ILOVA

Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Texnik reglament shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi va ularni ishlatishning butun davridagi jarayonlarga qoʻyiladigan talablarni belgilaydi.

2. Texnik reglamentning talablari vertikal va qiya shaxta stvollari boʻylab foydali qazilmalar va kon jinslarini yuzaga olib chiqish, odamlar va yuklarni tushirish-koʻtarish uchun moʻljallangan shaxta koʻtarish qurilmalariga qoʻllanadi.

Texnik reglament xavfsizlik talablari bilan tartibga solinadigan majburiy tartibda muvofiqligi baholanishi lozim boʻlgan shaxta koʻtarish qurilmalari roʻyxati ushbu Texnik reglamentga ilovada keltirilgan.

3. Texnik reglamentning talablari shaxtalarda ishlatiladigan liftlarga, eskalatorlarga, konveyerlarga, kanat yoʻllarga, tuproq yoki rudalarni koʻchirish, tekislash, profillash, qazib tekislash, shibbalab zichlash, zichlab qotirish, qazish yoki burgʻilash uchun moʻljallangan mashina va mexanizmlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

4. Ushbu Texnik reglamentda quyidagi atamalar va ularning taʼriflari qoʻllanadi:

badya — shurflar va stvollarni kovlashda, shaxta stvolini chuqurlashtirishda kon massasini koʻtarish uchun, shuningdek, shaxta stvolini kovlash va chuqurlashtirishda stvol boʻylab odamlarni tushirish va koʻtarish uchun moʻljallangan koʻtarma idish;

belgilangan resurs — texnik holatidan qatʼi nazar, shaxta koʻtarish qurilmasi va (yoki) uning jihozlarining ishlashi toʻxtatilishi kerak boʻlgan umumiy ish vaqti;

belgilangan xizmat muddati — shaxta koʻtarish qurilmasi va (yoki) uning jihozlari ishlashining kalendar davomiyligi, unga erishilgandan keyin texnik holatidan qatʼi nazar ular toʻxtatilishi shart;

vagoncha — shaxta yuzasiga foydali qazilmalar va kon jinslarini tashish va koʻtarish uchun moʻljallangan koʻtarma idish;

jihozlar — mustaqil ravishda ishlatiladigan yoki shaxta koʻtarish qurilmasiga oʻrnatiladigan, uning asosiy va (yoki) qoʻshimcha funksiyalarini bajarish uchun zarur boʻlgan texnik qurilma;

ishdan chiqish — qoidalar yoki foydalanish boʻyicha yoʻriqnomalarini bajarmaslik, ishlab chiqarish va taʼmirlashda belgilangan jarayonlarga rioya qilmaslik, loyihalashda konstruktiv buzilishlar oqibatida shaxta koʻtarish qurilmasi va (yoki) uning jihozlari ish qobiliyatini buzilishidan iborat hodisa;

ishlab chiquvchi (loyihachi) — yangi turdagi shaxta koʻtarish qurilmasini (mashinani) yaratish, tajriba namunasi uchun texnik hujjatlarni ishlab chiqish va namunani ishlab chiqarish jarayonini amalga oshiruvchi yuridik yoki jismoniy shaxs;

katak (klet) — odamlarni, jihozlar va materiallarni tushirish va koʻtarish, shuningdek, foydali qazilma va kon jinslarini vagonchada koʻtarish uchun moʻljallangan koʻtarma idish;

kon-texnik inshootlar — vertikal (tik) koʻtarishda yoʻnaltiruvchi oʻtkazgichlar bilan jihozlangan, kataklar va qutilarning ular boʻylab harakatlanishiga hamda qiya koʻtarilishda relsli yoʻllar bilan jihozlangan, vagonchalar hamda qutilarni harakatlantirishga moʻljallangan shaxtalarning stvollari.

Shaxtaning stvol yaqinidagi kon hovlisida joylashgan inshootlar (yuklash bunkeri, yuk agʻdargich kamerasi yoki qabul qilish maydonchasi). Shaxta usti inshootlari (shaxta koʻtarish qurilmasi va yuk koʻtarish idishlarini boʻshatish uchun qabul qilish bunkeri yoki yuk tashish yoʻllari va maydonchalari boʻlgan shaxta ustidagi binolar);

koʻtarish qurilmasi — osma va parashut qurilmalari, kataklarni toʻxtatish moslamalari, koʻtarish kanatlari, kataklar uchun qoʻnish moslamalari boʻlgan yuk koʻtarish moslamasi;

sinov — yashirin nuqsonlarni aniqlash va uskunaning belgilangan rejimlarda va xavfsizlik qoidalari talablariga, shuningdek, ishlab chiqaruvchilarning ekspluatatsiya qilish va texnik xizmat koʻrsatish qoʻllanmasi (yoʻriqnomasi) shartlariga muvofiq ishlashga yaroqliligini aniqlash maqsadida sinovdan oʻtkazilayotgan jihozning holatini tavsiflovchi fizik kattaliklar va parametrlarning qiymatlarini tegishli dastur va metodikasi boʻyicha oʻlchash;

stvol — foydali qazilma konini ochish, odamlarni, yuklarni, foydali qazilmalarni va kon jinslarini tashish uchun moʻljallangan vertikal, qiya kon inshooti;

texnik xizmat koʻrsatish — shaxta koʻtarish qurilmasining foydalanilishi davomida uning ishlashi va xavfsizligini taʼminlash boʻyicha amallar majmuasini bajarish;

xavfli zona — odamlarga shaxta koʻtarish qurilmasidan kelib chiqadigan xavf-xatarlarning taʼsiri boʻlgan joy;

shaxta katagi parashuti — koʻtarish kanati uzilganda katakni ravon toʻxtatish va keyin uni ushlab turish uchun moʻljallangan qurilma;

shaxta — foydali qazilmalarni yerostidan qazib oluvchi va ularni isteʼmolchiga yoki qayta ishlash korxonasiga joʻnatuvchi kon;

shaxta koʻtarish mashinasi — shaxta koʻtarish qurilmasining qismi, tortuvchi kuchlanish hosil qilish va koʻtarish uskunasi ishini boshqarish uchun moʻljallangan boʻlib, asosiy qismi oʻrash elementi, reduktor, tormozlash moslamasi, ishga tushirish-rostlash va saqlagich apparaturasi boʻlgan elektr dvigateldan iborat;

shaxta koʻtarish qurilmasi — kon jinslari va foydali qazilmalarni yuzaga uzatish, odamlarni, kon-shaxta uskuna hamda materiallarni tushirish va koʻtarish, shuningdek, shaxta stvoli armirovkasi va mustahkamlagichlarni koʻrikdan oʻtkazish va taftish (reviziya) qilish uchun moʻljallangan hamda shaxta koʻtarish mashinasi, koʻtarish jihozlari va kon-texnik inshootlaridan iborat qurilma;

shaxta koʻtarish qurilmasini ishlatish — shaxta koʻtarish qurilmasini ishlatishning butun davridagi bosqichi boʻlib, vazifasi boʻyicha foydalanish, koʻrik va sinovdan oʻtkazish, reviziya qilish, texnik xizmat koʻrsatish hamda taʼmirlashni oʻz ichiga oladi;

qiya stvol — oʻqi gorizontga nisbatan 3° dan 85° gacha qiya boʻlgan stvol;

quti (skip) — foydali qazilmalarni va kon jinslarini koʻtarish uchun moʻljallangan koʻtarish idishi.

2-bob. Shaxta koʻtarish qurilmalari uchun xavfsizlik talablari

1-§. Umumiy xavfsizlik talablari

5. Ushbu Texnik reglament shaxta koʻtarish qurilmalari uchun zarur boʻladigan minimal xavfsizlik talablarini belgilaydi va quyidagilarni taʼminlaydi:

mexanik xavfsizligi;

yongʻin xavfsizligi;

elektr xavfsizligi;

portlash xavfsizligi.

6. Shaxta koʻtarish qurilmalarini boshqarish tizimlari ulardan barcha ish rejimlarida va foydalanish shartlarida nazarda tutilgan har qanday tashqi taʼsirlarda foydalanish xavfsizligini taʼminlashi kerak. Boshqarish tizimida shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsiz va ishonchli ishlashi, ish rejimlaridagi buzilishlarni oʻz vaqtida aniqlash va avariyaviy vaziyatlarning oldini olish boʻyicha zarur choralarni koʻrish uchun himoya va bloklash apparatlari koʻzda tutilgan boʻlishi lozim.

7. Shaxta koʻtarish qurilmalarini boshqarish tizimlari ularni ishlatishda mantiqiy xatoliklarga yoʻl qoʻyilganda va mashinist tomonidan boshqarish harakatlari notoʻgʻri bajarilganda, xavfli vaziyatlarning vujudga kelishini istisno qilishi kerak.

8. Shaxta koʻtarish qurilmalarini boshqarish tizimlari ogohlantirish signal vositalari va xavfli vaziyatlar vujudga kelishiga olib keladigan shaxta koʻtarish qurilmasi ishlashidagi nosozliklar haqida ogohlantirish uchun boshqa vositalarni oʻz ichiga olishi kerak.

9. Shaxta koʻtarish qurilmalarini montaj qilish, shuningdek, yiliga bir marta texnik koʻrikdan oʻtkazish va sozlash tegishli qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablar boʻyicha ruxsatnomaga ega boʻlgan ixtisoslashtirilgan tashkilot tomonidan amalga oshiriladi.

10. Shaxta koʻtarish qurilmalarining belgilangan xizmat muddati davomida quyidagi talablar bajarilishi lozim:

shaxta koʻtarish qurilmasidan tegishli ruxsatnomaga ega boʻlgan tashkilotlar foydalanishi;

shaxta koʻtarish qurilmasidan foydalanish davrida texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash, sinov va koʻrikdan oʻtkazish konchilik qoidalari, ishlab chiqaruvchi zavodning foydalanish boʻyicha qoʻllanmasi (yoʻriqnomasi), texnik xizmat koʻrsatish yoki taʼmirlash dasturlarida (texnologik xaritada) belgilangan talablarga muvofiq amalga oshirilishi;

shaxta koʻtarish qurilmasiga xizmat koʻrsatish va taʼmirlashga oid ishlar uni ishlatadigan tashkilotning malakali xodimlari tomonidan amalga oshirilishi.

11. Vertikal inshootlar boʻylab odamlar koʻtarilishi va tushishining maksimal tezligi 12 m/s dan oshmasligi, qiya inshootlar boʻylab esa 5 m/s dan oshmasligi kerak. Odamlarni badyalarda koʻtarish va tushirishda yoʻnaltiruvchi boʻylab maksimal tezlik 8 m/s dan, yoʻnaltiruvchi boʻlmagan joylarda esa 1 m/s dan oshmasligi kerak.

12. Har bir shaxta koʻtarish mashinasida va uning chigʻirida yuritmani bir-biriga bogʻliq boʻlmagan holda ishga tushiradigan ishchi va saqlagichli mexanik tormozlanishlar koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

13. Shaxta koʻtarish qurilmalarini xavfsiz ishlatishga oid talablar amaldagi konchilik qoidalari, shuningdek, ekspluatatsiya qilish va texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qoʻllanma (yoʻriqnoma) bilan belgilanadi.

14. Shaxta koʻtarish qurilmalarining belgilangan xizmat muddati tugagandan soʻng, shaxta koʻtarish qurilmasining vazifasi boʻyicha foydalanish muddatini uzaytirish shartlari va imkoniyatlarini aniqlash maqsadida diagnostika oʻtkazmasdan, ushbu diagnostika natijalarini hisobga olib modernizatsiya qilish yoki almashtirishlarni (taʼmirlash) amalga oshirmagan holda ushbu qurilmalardan vazifasi boʻyicha foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.

2-§. Mexanik xavfsizlik talablari

15. Shaxta koʻtarish qurilmalarining harakatlanuvchi qismlari ulardan jarohat olish ehtimoli boʻlmagan tarzda joylashtirilishi kerak, agar xavf saqlanib qolib, baxtsiz hodisaga olib kelishi mumkin boʻlsa, ogohlantiruvchi belgilar va/yoki yozuvlarni qoʻllash, shaxta koʻtarish qurilmasining xavfli qismlariga tegib ketishining oldini olish uchun saqlovchi yoki himoyalovchi qurilmalaridan foydalanish lozim.

16. Himoya va saqlash qurilmalari:

xavfsiz boʻlishi;

mustahkam va barqaror konstruksiyaga ega boʻlishi;

xavfli hududlarda ishlab chiqarish jarayonini nazorat qilishga xalaqit bermasligi;

asbob-uskunalarni sozlash va (yoki) almashtirish hamda shaxta koʻtarish qurilmalariga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha ishlarni bajarishga imkon berishi;

xavfli zonadan belgilangan masofada joylashgan boʻlishi shart.

17. Qoʻzgʻalmas himoya toʻsiqlari toʻsilgan maydonga faqat asboblar yordamida kirish imkoniyatini taʼminlovchi vositalar yordamida ishonchli mustahkamlanishi lozim.

18. Qoʻzgʻaluvchan himoya toʻsiqlari:

himoya toʻsiqlari ochiq boʻlganda shaxta koʻtarish qurilmalari tarkibiy qismlarining ishlashiga toʻsqinlik qiluvchi bloklash qurilmalariga ega boʻlishi;

ular ochiq boʻlganda imkon qadar shaxta koʻtarish qurilmalari tarkibiy qismlariga mahkamlangan holda qolishi kerak.

19. Qoʻzgʻaluvchan himoya toʻsiqlari va himoya vositalari quyidagicha ishlab chiqilgan (loyihalashtirilgan) va shaxta koʻtarish qurilmalarini boshqarish tizimiga kiritilgan boʻlishi kerak:

harakatlanuvchi qismlar xodimlarning taʼsir doirasida boʻlganda ularni ishga tushirishning imkoni boʻlmasligi;

mos keladigan toʻsiq oʻrnatilgan holda otilib chiqadigan qismlardan himoyalangan boʻlishi;

shaxta koʻtarish qurilmasi va uning qismlari ishga tushirilayotganda, ularning taʼsir doirasida odamlar boʻlmasligi.

20. Shaxta koʻtarish qurilmalarining harakatlanuvchi qismlariga kirishni cheklovchi ish uchun zarur boʻlgan himoya moslamalari quyidagilarni taʼminlashi shart:

otilib chiqishi mumkin boʻlgan qismlar xavfini cheklashi;

qoʻlda yoki avtomatik ravishda oʻrnatilishi (ular ishtirok etadigan ish turiga qarab).

21. Kataklar koʻtarish kanatlari uzilganda ularni ravon tormozlanishi va toʻxtatilishini taʼminlaydigan shaxta katagi parashuti bilan jihozlangan boʻlishi kerak. Koʻtarish kanatlarining soni toʻrtta va undan ortiq koʻpkanatli koʻtarish moslamalarida shaxta katagi parashutini qoʻllash shart emas.

3-§. Yongʻin xavfsizligi talablari

22. Shaxta koʻtarish qurilmalariga qoʻyiladigan yongʻin xavfsizligi talablari Oʻzbekiston Respublikasining “Yongʻin xavfsizligi toʻgʻrisida”gi Qonuni , Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 20-oktabrdagi 649-son qarori bilan tasdiqlangan Yongʻin xavfsizligi qoidalari va yongʻin xavfsizligi talablari boʻyicha texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq belgilanadi.

4-§. Elektr xavfsizligi talablari

23. Shaxta koʻtarish qurilmalarining elektr jihozlari ogohlantiruvchi belgilar, toʻsiqlar, yerlagich (zazemleniye), elektr toki urishining oldini oluvchi himoya va bloklash qurilmalari bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

24. Odamlarni va yuklarni koʻtarishga moʻljallangan shaxta koʻtarish qurilmalari zaxirani avtomatik kiritish moslamalari va yerusti podstansiyalaridan birining turli seksiyalaridan ikkita oʻzaro almashtiriladigan taʼminlovchi (isteʼmol) kabel liniyalari orqali elektr energiyasi bilan taʼminlanishi kerak.

25. Kuchlanishi 1000 V dan yuqori oʻzgaruvchan tok manbalari yerga bir fazali tutashishdan himoyalangan boʻlishi kerak.

26. Nazorat zanjirlari, boshqaruv va signal zanjirlari uchun vertikal va qiyalik burchagi 45° dan yuqori boʻlgan qiya inshootlar boʻylab statsionar oʻrnatishda simli zirhli nazorat kabellari, gorizontal inshootlarda esa lenta zirhli nazorat kabellari, egiluvchan nazorat va quvvat kabellari qoʻllanishi kerak.

27. Boshqaruv, aloqa, signal berish, telenazorat va dispetcherlik xizmatini oʻrnatishda uchqunga xavfsiz zanjirlari nazorat kabellari va aloqa liniyalari kabellarining boʻsh tolalaridan foydalanilishi kerak. Shaxta telefon kabellaridan foydalanishga ruxsat beriladi.

28. Umumiy shaxta, dispetcherlik va favqulodda telefon aloqa liniyalari, shuningdek, shaxta koʻtarish qurilmalarining mahalliy aloqasi uchun shaxta telefon kabellaridan foydalanilishi lozim.

29. Stvolning ishchi va zaxira magistral signali hamda simli aloqa toʻplamlari uchun elektr taʼminoti alohida kabellar orqali yakka holda amalga oshirilishi va umumiy kommutatsiya qutilari hamda signal berish qurilmalariga ega boʻlmasligi kerak.

30. Kuchlanishi 42 V dan yuqori signal pultlarini (tizimlarini) elektr toki bilan taʼminlashda tarmoqdan tok chiqishidan himoyalanish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

31. Sxemali texnik yechimlar isteʼmol tarmogʻi kuchlanishi oʻchirilganda va isteʼmol avtonom quvvat manbalarining kuchlanishi yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan chegaralarda oʻzgarganda signal berish apparatlarining ishlashini taʼminlashi kerak.

5-§. Portlash xavfsizligi talablari

32. Portlash xavfi mavjud boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan shaxtalarning portlash xavfsizligi amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablar doirasida portlashning oldini olish va portlashdan himoyalash choralari koʻrilgan holda taʼminlanishi kerak.

33. Gaz va chang boʻyicha portlash xavfi boʻlgan, toʻsatdan koʻmir, kon jinslari va gaz chiqishi xavfi boʻlgan shaxtalarda, shuningdek, ulardan chiqadigan havo oqimi shaxta stvollarida hamda shaxtalarga tutashgan shaxta usti inshootlarida, toza havo oqimi boʻlgan shaxta stvollarida portlashdan himoyalanish darajasi konning yuqori ishonchliligidan past boʻlmagan stvol signal berish qurilmalari bilan taʼminlanishi kerak.

3-bob. Asbob-uskunalarni loyihalashtirish va texnik hujjatlarga qoʻyiladigan talablar

1-§. Loyihalashtirishga qoʻyiladigan talablar

34. Shaxta koʻtarish qurilmalari va ularning jihozlarini loyihalashtirish texnologik loyihalashtirish normalariga hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq amalga oshirilishi lozim. Loyiha hujjatlarida shovqin va tebranishning chegaraviy parametrlari aniqlanadi hamda ruxsat etilgan darajasi taʼminlanadi.

35. Agar xavfni maqbul darajaga tushirishning iloji boʻlmasa, loyiha hujjatlarida inson hayoti va sogʻligʻi hamda atrof-muhit xavfsizligini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlar tizimi nazarda tutilishi kerak.

Shaxta koʻtarish qurilmalarining loyiha hujjatlari normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi hujjatlarga muvofiq ishlab chiqilishi kerak.

36. Shaxta koʻtarish qurilmalari quyidagi asosiy maʼlumotlar asosida loyihalashtirilishi lozim:

shaxtaning yillik ishlab chiqarish quvvati;

shaxtaning chuqurligi;

yukning xarakteristikasi (odamlar soni, koʻmir, ruda, boʻsh togʻ jinslari hajmlari, kon qazish ashyolari);

yerosti transporti uchun koʻzda tutilgan vagonchalarning turi va sigʻimi.

Loyihalashtirishda zamonaviy elektromexanik qurilmalar tanlanishi va maksimal ishonchlilik taʼminlanishi lozim.

37. Loyihalashtirishda quyidagilar aniqlanishi va hisobga olinishi lozim:

koʻtarish idishlarining tipi tanlanishi va ularning harakatlanishidagi zarur muddati aniqlanishi;

koʻtarish tizimini baravarlashtirish usuli tanlanishi;

koʻtarish kanati tegishli standart boʻyicha hisoblanishi va tanlanishi;

barabanning asosiy oʻlchamlari aniqlanishi va oʻrash organi tanlanishi;

kopyorning tipi tanlanishi, uning balandligi aniqlanishi va stvolga nisbatan koʻtarish mashinasining joylashish sxemasi tuzilishi;

koʻtarish kinematikasi hisoblanishi, koʻtarish mashinasi tanlanishi, υ=ƒ(t) va α=ƒ(t) diagrammalari tuzilishi hamda koʻtarish siklining amaldagi davom etishi aniqlanishi, bunda υ — tezlik, t — vaqt;

harakatlanuvchi qismlarning solishtirma massasi aniqlanishi va koʻtarish dinamikasi hisoblanib F=ƒ(t) diagrammasi tuzilishi, bunda F — kuchlanish, t — vaqt;

oʻrash organi (qurilmasi) validagi quvvatning diagrammasi tuzilishi, yuritma tipi tanlanishi, dvigatelning zarur quvvati aniqlanishi, koʻtarish dvigateli tanlanishi va yuqori yuklanish boʻyicha tekshirilishi;

kommutatsiya sxemasi, zarur boshqaruv va himoya apparati, signal berish sxemasi tanlanishi,

koʻtarish qurilmasining ish vaqtini sutkalik balansi hisob qilinishi;

koʻtarish qurilmasining jihozlariga smeta tuzilishi va loyihalashtirilgan qurilmaning texnik koʻrsatkichlari hisob qilinishi.

38. Shaxta koʻtarish qurilmasi konstruksiyasini oʻzgartirish ishlab chiquvchi (loyihachi) bilan kelishilgan boʻlishi kerak.

Vertikal inshootlar boʻylab yuklarni koʻtarish va tushirishda maksimal tezlik shaxta koʻtarish qurilmasining loyiha hujjatlari bilan belgilanadi, qiya inshootlar boʻylab esa yuklarni qutilarda koʻtarishda tezlik 7 m/s dan va yuklarni vagonchalarda koʻtarishda 5 m/s dan oshmasligi kerak.

Yuklarni badyalarda koʻtarish va tushirishda yoʻnaltiruvchi boʻylab badyaning harakat tezligi 12 m/s dan, yoʻnaltiruvchi boʻlmagan joylarda esa 2 m/s dan oshmasligi kerak. Odamlarni va yuk bilan birga odamlarni (yuk-odam) koʻtarishga moʻljallangan shaxta koʻtarish qurilmalarining yuk-odam koʻtarish va tortish kanatlari mexanik xususiyatlari boʻyicha belgilangan talablarga koʻra V markali (oddiy sifatli) boʻlishi, boshqalari esa I markadan past boʻlmasligi kerak.

2-§. Oʻlchashlarning yagona birlikda boʻlishini taʼminlashga qoʻyiladigan talablar

39. Har bir shaxta koʻtarish qurilmalari soz holatdagi talab etilgan aniqlikni taʼminlaydigan quyidagi oʻlchash vositalariga ega boʻlishi kerak:

asosiy tok va elektrodinamik tormozlanish zanjirlarida ampermetrlar va voltmetrlar;

tormoz tizimidagi siqilgan havo yoki moy bosimini koʻrsatadigan manometrlar;

mashina ishining barcha sikllarini qayd qiluvchi va harakat tezligi hamda yoʻnalishini tahlil qilish imkonini beruvchi oʻlchash vositalari.

40. Metrologiya tekshiruvi va davlat metrologiya nazorati tatbiq etiladigan sohaga taalluqli oʻlchash vositalari oʻlchash vositalarining davlat reyestriga kiritilgan boʻlishi hamda metrologiya tekshiruvidan oʻtgan boʻlishi lozim.

4-bob. Shaxta koʻtarish qurilmalarini qadoqlash talablari

41. Shaxta koʻtarish qurilmalari va ularning jihozlarini qadoqlash uchun ishlatiladigan materiallar va moddalar xavfsiz boʻlishi kerak.

42. Qadoqlash ishonchli boʻlishi va shaxta koʻtarish qurilmalari hamda jihozlarining saqlanishi, ularni tashish va saqlash vaqtida xavfsizligini taʼminlashi kerak.

5-bob. Shaxta koʻtarish qurilmalarini tamgʻalashga qoʻyiladigan talablar

43. Ishlab chiqaruvchi tomonidan yetkazib beriladigan shaxta koʻtarish qurilmalari, shuningdek, uning jihozlari Oʻzbekiston Respublikasining davlat tilida va (yoki) tomonlarning kelishuviga koʻra boshqa tilda tuzilgan yuk hujjatlariga, aniq koʻrinadigan va oʻchib ketmaydigan quyidagilarni ifodalovchi identifikatsiya yozuvlariga ega boʻlishi kerak:

ishlab chiqaruvchining nomi va (yoki) uning tovar belgisi;

nomi va (yoki) belgisi (turi, tamgʻasi, modeli, agar mavjud boʻlsa);

ishlab chiqarilgan oyi va yili.

44. Yuk hujjatlari quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

shaxta koʻtarish qurilmasi va uning jihozlarining loyiha hujjatlari va pasportlari;

oʻrnatish, yigʻish, sozlash yoki rostlash boʻyicha yoʻriqnoma;

ekspluatatsiya qilish va texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qoʻllanma (yoʻriqnoma);

yigʻish chizmalari va maʼlumotnoma birliklari;

yigʻma birliklariga pasportlar;

prokat va mahkamlash detallariga pasportlar;

butlash roʻyxati.

45. Ekspluatatsiya qilish va texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qoʻllanma (yoʻriqnoma) quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

ushbu Texnik reglamentning 43-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar;

shaxta koʻtarish qurilmasini ishlatish maqsadlariga muvofiq foydalanish boʻyicha koʻrsatmalar, ishlatish vaqtida rioya qilinishi shart boʻlgan xavfsizlikni taʼminlash boʻyicha choralar (shu jumladan, ishga tushirish, maqsadli foydalanish, texnik xizmat koʻrsatish, barcha turdagi taʼmirlash ishlari va texnik koʻrikdan oʻtkazishlar, tashish va saqlash);

belgilangan xizmat muddati yoki belgilangan resurs koʻrsatkichlari;

muhim nosozliklar roʻyxati, xodimlar yoʻl qoʻyishi ehtimoli mavjud avariyaga olib kelishi mumkin boʻlgan xatoliklar va bu xatoliklarning oldini olish boʻyicha harakatlar;

chegaraviy holat mezonlari;

ishlab chiqaruvchining (ishlab chiqaruvchi tomonidan vakolat berilgan shaxs) nomi va joylashgan joyi, import qiluvchi, ular bilan bogʻlanish uchun maʼlumotlar.

46. Ekspluatatsiya qilish va texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qoʻllanma (yoʻriqnoma) qogʻoz shaklda amalga oshiriladi. Unga ishlatish hujjatlari toʻplami elektron tashuvchilarda ilova qilinishi mumkin.

47. Agar ushbu Texnik reglamentning 43-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlarni shaxta koʻtarish qurilmalari jihozlariga yozishning (aks ettirishning) imkoni boʻlmasa, ular faqat ushbu jihozning pasportida koʻrsatilishi mumkin. Bunday holda ishlab chiqaruvchining nomi va (yoki) uning tovar belgisi, jihozning nomi va belgilanishi (turi, markasi, modeli, agar mavjud boʻlsa) qadoqda tushirilgan boʻlishi kerak.

6-bob. Muvofiqlikni baholash

1-§. Shaxta koʻtarish qurilmalarini identifikatsiya qilish

48. Shaxta koʻtarish qurilmalarini identifikatsiya qilish, uning taqdim etilgan yuk hujjatlariga muvofiqligini aniqlash uchun amalga oshiriladi.

49. Shaxta koʻtarish qurilmalarini identifikatsiya qilish uning tasniflari ushbu Texnik reglamentning 43 va 44-bandlarida koʻrsatilgan maʼlumotlar bilan bir xilligini oʻrnatish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

Shaxta koʻtarish qurilmalarini identifikatsiya qilish uchun mahsulot tasniflagichida va loyiha hujjatlarida, shu jumladan, texnik shartlar va yetkazib berish shartnomalarida koʻrsatilgan maʼlumotlardan foydalanish mumkin.

50. Shaxta koʻtarish qurilmalari identifikatsiyasi shaxta koʻtarish qurilmasining nomi, turi (vazifasi) kabi maʼlumotlari boʻyicha quyidagilar tomonidan oʻtkaziladi:

Oʻzbekiston Respublikasi hududida uni muomalaga kiritgan ishlab chiqaruvchi (sotuvchi);

mahsulot muvofiqligini baholash va tasdiqlash maqsadida tegishli ishlarni amalga oshiruvchi sertifikatlashtirish organi;

davlat nazorati organlari — Texnik reglament talablariga muvofiqligini tekshirish maqsadida.

2-§. Namuna tanlash va sinovlarni oʻtkazish

51. Shaxta koʻtarish qurilmalarining texnik reglament talablariga muvofiqligini baholash texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan usullarni qoʻllagan holda amalga oshiriladi.

Shaxta koʻtarish qurilmalarini Texnik reglament talablariga muvofiqligini baholash uchun zarur sinov va namuna olish usullari Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 14-avgustdagi 502-son qarori bilan tasdiqlangan Mahsulotlarni sertifikatlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.

3-§. Shaxta koʻtarish qurilmalari muvofiqligini tasdiqlash

52. Shaxta koʻtarish qurilmalarining ushbu Texnik reglamentning talablariga muvofiqligi muvofiqlikni sertifikatlash shaklida tasdiqlanadi.

Muvofiqlikni tasdiqlashdan oldin shaxta koʻtarish qurilmalari identifikatsiya qilinadi.

53. Muvofiqlik sertifikati turkum ishlab chiqariladigan shaxta koʻtarish qurilmalariga uch yil muddatga, shaxta koʻtarish qurilmalari toʻpiga esa mahsulotning yaroqlilik yoki kafolat muddatiga teng muddatda rasmiylashtiriladi.

54. Shaxta koʻtarish qurilmalarining ushbu texnik reglament talablariga muvofiqligini sertifikatlash quyidagi 1S, 3S yoki 4S sxemalariga muvofiq amalga oshiriladi.

1S sxema — turkum ishlab chiqariladigan shaxta koʻtarish qurilmalarini sertifikatlashtirishda qoʻllanadi. Bunda ariza beruvchi ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli shaxsi) hisoblanadi va sertifikatlangan mahsulotlarning muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanishini taʼminlaydi;

3S sxema — shaxta koʻtarish qurilmalarining toʻpi uchun qoʻllaniladi. Bunda ariza beruvchi ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli shaxsi) yoki sotuvchi (import qiluvchi) hisoblanadi va sertifikatlangan mahsulotlarning muvofiqlik belgisi bilan (import qilingan mahsulotlar ariza beruvchiga qulay shaklda) tamgʻalanishini taʼminlaydi;

4S sxema — yagona (bitta) shaxta koʻtarish qurilmasi uchun, texnik reglamentda belgilangan sinov va oʻlchashlarni oʻtkazish jarayonida ushbu buyumga putur yetkazilmasa, qoʻllanadi. Bunda ariza beruvchi ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli shaxsi) yoki sotuvchi (import qiluvchi) hisoblanadi.

55. Muvofiqlik sertifikati Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 14-avgustdagi 502-son qarori bilan tasdiqlangan Mahsulotlarni sertifikatlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablariga muvofiq rasmiylashtiriladi.

7-bob. Oʻtish davri

56. Ushbu Texnik reglament kuchga kirgan vaqtdan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi hududida amalda boʻlgan va shaxta koʻtarish qurilmalari uchun xavfsizlik talablarini belgilaydigan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar Texnik reglament talablari bilan moslashtirilguniga qadar normativ hujjatlarning ushbu Texnik reglamentga zid boʻlmagan qismlari amalda qoʻllanadi.

57. Texnik reglament kuchga kirgunga qadar shaxta koʻtarish qurilmalari uchun olingan muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjatlar ushbu hujjatlarda belgilangan muddatlar davomida amalda boʻladi.

8-bob. Texnik reglament talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazorati

58. Ushbu Texnik reglament talablariga rioya etilishi boʻyicha davlat nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, shuningdek, shaxta koʻtarish qurilmalari xavfsizligi sohasidagi vakolatli davlat organlari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

9-bob. Texnik reglament talablarini buzganlik uchun javobgarlik

59. Ushbu Texnik reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisida texnik reglamentga ILOVA

Texnik reglament xavfsizlik talablari bilan tartibga solinadigan majburiy tartibda muvofiqligi baholanishi lozim boʻlgan shaxta koʻtarish qurilmalari

T/r Shaxta koʻtarish qurilmalari nomi TIF TN kodi 1. Koʻtarish mashinalari (shaxta koʻtarish qurilmalarining yer yuzasida joylashgan chigʻirlari, yerosti ishlari uchun moʻljallangan maxsus chigʻirlar) 8428320000, 8428330000, 8425390002, 8425390005, 8425390006 2. Skiplar 8428102009 3. Elevatorlar va yerosti ishlari uchun maxsus moʻljallangan uzluksiz ishlovchi konveyerlar 8428310000

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-apreldagi 269-son qaroriga 2-ILOVA

Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni joriy etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi 1. Shaxta koʻtarish qurilmalariga doir amaldagi standartlar roʻyxatini tuzadi va xatlovdan oʻtkazadi. Uch oy muddatda 2. Ushbu Texnik reglament talablariga rioya etilishini taʼminlaydigan hamda texnik reglamentda belgilangan shaxta koʻtarish qurilmalari va uning jihozlari muvofiqligini baholash uchun zarur boʻlgan, namunalar olish, sinash va oʻlchash usullarini belgilaydigan standartlar roʻyxatlarini shakllantiradi va belgilangan tartibda tasdiqlaydi. Bir oy muddatda 2-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi Shaxta koʻtarish qurilmalari va uning jihozlari Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament talablariga muvofiqligini baholash boʻyicha sertifikatlashtirish organlari, sinov laboratoriyalarining akkreditatsiya doirasini kengaytirish choralarini koʻradi. Olti oy muddatda 3-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi Texnik reglamentning maqsadlari, mazmuni va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholini, respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, tadbirkorlik subyektlarini keng miqyosda xabardor qilishni taʼminlaydi. Jadvalga muvofiq 4-bosqich Tadbirkorlik subyektlari 1. Texnik reglamentni oʻrganadi, masʼul xodimlarni oʻqitadi va Texnik reglamentni oʻz faoliyatida joriy qiladi. Kelishilgan muddatlarda 2. Muvofiqlikni baholash tartibotidan oʻtkazish uchun tegishli mahsulot namunalarini Texnik reglament talablariga muvofiq tayyorlaydi. Texnik reglament kuchga kirgan kundan boshlab 5-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi Tasdiqlangan Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiradi. Oʻrnatilgan tartibda 6-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Tasdiqlangan Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni qoʻllash amaliyotini monitoring qiladi hamda tizimli asosda Vazirlar Mahkamasiga maʼlumotlarni kiritib boradi. Har chorakda

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-apreldagi 269-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Shaxta koʻtarish qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi umumiy texnik reglamentni tasdiqlash haqida” 2017-yil 24-fevraldagi 99-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi sohasida davlat boshqaruvi va nazorati tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PF-5594-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PQ-4058-son qarori)” 2019-yil 6-martdagi 195-son qaroriga ilovaning 35-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 28-aprel,

269-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.04.2025-y., 09/25/269/0392-son)

lex.uz