📅 2025-yil 29-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 29-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 29 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 апреля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 April 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Давлат молияси соҳасида хавфларни бошқариш тизимини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида молиявий ва бошқа хавфларни барвақт аниқлаш, баҳолаш ва бошқаришнинг яхлит тизимини жорий этиш, шунингдек, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларнинг реестри ва мониторингини юритиш;
молиявий ва бошқа хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
молиявий ва бошқа хавфларни бошқариш соҳасида масъул ходимлар малакасини ошириб бориш;
б) Хавфларни бошқариш қўмитаси тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида Хавфларни бошқариш қўмиталарини ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
Хавфларни бошқариш қўмиталарининг асосий вазифалари.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг Хавфларни бошқариш қўмиталари аъзолари ҳамда таркибий бўлинмалари ходимлари учун малака ошириш тизимини йўлга қўйсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 апрелдаги 279-сон қарорига 1-ИЛОВА
Молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари) фаолиятидаги молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш (кейинги ўринларда — хавфларни бошқариш) тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
вазирлик ва идоралар — ички аудит хизмати ташкил этилган республика ижро этувчи ҳокимият органлари;
ички хавф — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг фаолиятига оид ва у томонидан таъсир ўтказиш имкони мавжуд бўлган хавф тури;
коррупциявий хавфлар — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органида коррупцияга оид хавфлар тоифаси;
маъмурий хавфлар — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг режалари, асосий фаолияти йўналишлари, ваколатлари ва уларнинг тақсимоти билан боғлиқ хавфлар тоифаси;
молиявий хавфлар — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи фаолиятини молиялаштиришга оид хавфлар тоифаси;
операцион хавфлар — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг доимий фаолияти билан боғлиқ хавфлар тоифаси;
стратегик хавфлар — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг стратегик мақсадлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари билан белгиланган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи фаолиятига оид мақсадли кўрсаткичлар билан боғлиқ хавфлар тоифаси;
таркибий бўлинмалар — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари;
ташқи хавф — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг фаолиятига оид ва у томонидан таъсир ўтказиш имкони мавжуд бўлмаган хавф тури;
хавф — маълум бир ҳодиса ёки ҳолатнинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи фаолиятига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли;
хавф баҳоси — хавф даражасини сифат жиҳатидан «юқори», «ўрта» ва «паст» кўрсаткичлар асосида баҳолаш натижаси;
хавфларни бошқариш — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида хавфларни аниқлаш, баҳолаш, камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) чораларини кўриш, хавфлар мониторинги ва хавфлар юзасидан ҳисобдорликни ўз ичига олувчи жараён;
Хавфларни бошқариш қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида хавфларни бошқариш мақсадида уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида коллегиал асосда тузиладиган қўмита;
хавф даражаси — хавф таъсири ва эҳтимолини ўзида акс эттирувчи кўрсаткич;
хавф матрицаси — хавф даражасини хавф таъсири ва эҳтимоли ўртасидаги ўзаро боғлиқлик асосида ифодаловчи, горизонтал йўналишда хавф таъсирини, вертикал йўналишда хавф эҳтимолини ўзида акс эттирувчи матрица;
хавфлар мониторинги — янги хавфларни аниқлаш, мавжуд хавфларни қайта баҳолаш, камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) чораларини кўриш жараёнини доимий назорат қилиш ва кузатиб бориш;
хавфлар реестри — хавфлар рўйхати ва уларнинг даражасини ўзида акс эттирувчи ҳамда хавфларнинг ягона таснифи асосида таснифланган хавфлар жамланмаси;
хавф таъсири — хавфнинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи фаолиятига салбий таъсирини ифодаловчи қиймат;
хавф эгаси — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг хавф юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлган таркибий бўлинмаси;
хавф эҳтимоли — хавфнинг маълум давр мобайнида юзага келиши эҳтимолини ифодаловчи қиймат;
хавфлар юзасидан чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда — чора-тадбирлар режаси) — хавфлар реестрига киритилган, «юқори» ва «ўрта» хавф даражасига эга бўлган хавфларнинг салбий таъсирини камайтириш (олдини олиш ва бартараф этиш) юзасидан ишлаб чиқиладиган ҳужжат;
хавфларнинг ягона таснифи — хавфларни хавф турига (ички, ташқи), хавф тоифасига (стратегик, молиявий, маъмурий, операцион, коррупциявий), ташкилий жиҳатига (ташкилий тасниф) кўра ажратувчи тасниф.
3. Хавфлар республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида хавфларни аниқлаш ва баҳолаш, камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) ҳамда доимий мониторинг қилиб бориш мақсадида бошқарилади.
Бунда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи биринчи раҳбарининг қарори асосида тасарруфидаги давлат муассасаларида хавфларни бошқариш мазкур Низом талабларига мувофиқ ташкил этилиши мумкин.
2-боб. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида хавфларни бошқаришни ташкил этиш
4. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органида хавфлар Қўмита томонидан бошқарилади.
5. Қўмита хавфларни бошқаришда:
хавфлар реестрининг шакллантирилиши ва янгилаб борилишини таъминлайди ҳамда уни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
ҳар чорак якуни бўйича хавфларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилади ҳамда уларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) юзасидан таркибий бўлинмалар томонидан амалга оширилган ишларни ҳамда чора-тадбирлар режасини атрофлича муҳокама қилади ва тасдиқлайди;
ички аудит хизматлари томонидан амалга оширилган хавфларни бошқариш жараёнини ўрганиш ва таҳлил қилиш юзасидан маълумотларни кўриб чиқади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги хавфларнинг юзага келишига имкон берувчи зиддиятларни бартараф этиш, тегишли нормаларни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлайди ва кўриб чиқади;
хавфларни камайтиришни (олдини олиш, бартараф этиш) назарда тутувчи истиқболли йўналишларни белгилайди;
хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларни кўриб чиқади ва доимий равишда муҳокама қилиб боради;
давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлайди ҳамда аниқланган хавфларни бартараф этади;
хавфларни бошқариш билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган бошқа зарур чораларни кўради.
6. Таркибий бўлинмалар хавфларни бошқаришда:
ўз фаолиятига оид хавфларни мазкур Низомда белгиланган тартибда аниқлайди ва баҳолайди ҳамда уларнинг реестрини шакллантиради;
хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва унинг бажарилишини таъминлайди;
хавфлар мониторингини юритади;
ҳар чорак якуни билан чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича Қўмитага маълумотлар тақдим этиб боради;
хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тайёрлайди;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги хавфларнинг юзага келишига имкон берувчи зиддиятларни бартараф этиш, тегишли нормаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
хавфларни камайтиришни (олдини олиш, бартараф этиш) назарда тутувчи истиқболли йўналишларни белгилаш борасида таклифлар ишлаб чиқади;
Қўмита ва ички аудит хизмати сўровига мувофиқ хавфларни бошқариш билан боғлиқ маълумотларни тақдим этади.
7. Ички аудит хизмати хавфларни бошқаришда:
аниқланган хавфларнинг мазкур Низомда белгиланган тартибда баҳоланишини ўрганади;
чора-тадбирлар режасининг ишлаб чиқилиши ва бажарилиши юзасидан ўрганишлар ўтказади;
хавфларни бошқариш жараёни билан боғлиқ аудит тадбирларини ўтказади ҳамда ҳар чорак якуни бўйича хавфларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилади.
3-боб. Хавфларни бошқариш жараёни
8. Хавфларни бошқариш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
хавфларни аниқлаш;
хавфларни баҳолаш;
хавфлар реестрини шакллантириш;
хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) чораларини кўриш;
хавфлар мониторинги;
хавфларни бошқариш юзасидан ҳисобот.
9. Хавфлар мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ бошқарилади.
4-боб. Хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва хавфлар реестрини юритиш тартиби
1-§. Хавфларни аниқлаш
10. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида хавфлар таркибий бўлинмалар томонидан аниқланади ва баҳоланади.
11. Хавфлар қуйидаги маълумотларни таҳлил қилиш асосида аниқланади:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг низоми, таркибий бўлинма низоми, вазифалар тақсимоти ва лавозим йўриқномалари;
фаолиятга оид ички ва ташқи расмий манбалардаги (шу жумладан, ахборот технологиялари базаларидаги) маълумотлар;
мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ижроси тўғрисидаги маълумотлар;
ваколатли тузилмалар ўтказган назорат тадбирлари, жумладан, ички аудит тадбирлари, хизмат текширувлари, коррупцияга қарши тузилмаларнинг назорат тадбирлари ва давлат молиявий назорат органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижаларига оид маълумотлар;
фаолиятга оид ўтган даврлардаги ҳисоботлар;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи бўйсунувидаги ташкилотлар ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятига оид маълумотлар;
фаолиятга тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар.
2-§. Хавфларни баҳолаш
12. Хавфлар қуйидаги тартибда баҳоланади:
хавф таъсирини аниқлаш;
хавф эҳтимолини аниқлаш;
хавф таъсири ва эҳтимоли натижаларини ўзаро бир-бирига кўпайтириш орқали хавф даражасини ҳисоблаш.
13. Хавфларни баҳолаш натижаси хавф матрицаси шаклида акс эттирилади.
14. Хавф таъсирини аниқлашда қуйидаги омилларга мазкур Низомга 2-иловада келтирилган мезонлар асосида бутун сонлардаги 1 — 3 балл берилади:
хавфни бошқариш бўйича ташкилот назорати;
ташкилотнинг ушбу хавф юзага келиши мумкин бўлган функциясининг автоматлашгани;
хавфнинг юзага келишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқларнинг мавжудлиги.
Бунда 3 балл тегишли хавф таъсирининг энг юқори даражасини ва 1 балл энг паст даражасини билдиради.
15. Хавф таъсирини ҳисоблашда ҳар бир омилга уларнинг муҳимлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидагича вазн белгиланади:
хавфни бошқариш бўйича ташкилот назорати — 40 фоиз;
ташкилотнинг ушбу хавф юзага келиши мумкин бўлган функциясининг автоматлашгани — 30 фоиз;
хавфнинг юзага келишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқларнинг мавжудлиги — 30 фоиз.
Бунда белгиланган вазнларнинг умумий миқдори 1 га (100 фоизга) тенг бўлади.
16. Хавф таъсирини аниқлашда омилга қўйилган баллни белгиланган вазнга кўпайтириш орқали омил бўйича қиймат ҳисобланади ҳамда барча омилларнинг қийматлари йиғиндисини ҳисоблаш асосида хавф таъсири аниқланади.
17. Хавф эҳтимоли қуйидаги омилларга мазкур Низомга 2-иловада келтирилган мезонлар асосида бутун сонлардаги 1 — 3 балл бериш орқали аниқланади:
хавфнинг бир йил давомида такрорланиш сони;
хавфни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича сўнгги бир йилда ташкилот доирасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилгани;
хавф юзага келиши мумкин бўлган функция ва вазифанинг бир таркибий бўлинмадан бошқа таркибий бўлинмага ўтказилиши ёки функция ва вазифанинг янги киритилиши.
Бунда 3 балл тегишли хавф эҳтимолининг энг юқори даражасини ва 1 балл энг паст даражасини билдиради.
18. Хавф эҳтимолини ҳисоблашда ҳар бир омилга уларнинг муҳимлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидагича вазн белгиланади:
хавфнинг бир йил давомида такрорланиш сони — 25 фоиз;
хавфни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича сўнгги бир йилда ташкилот доирасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилгани — 40 фоиз;
хавф юзага келиши мумкин бўлган функция ва вазифанинг бир таркибий бўлинмадан бошқа таркибий бўлинмага ўтказилиши ёки функция ва вазифанинг янги киритилиши — 35 фоиз.
Бунда белгиланган вазнларнинг умумий миқдори 1 га (100 фоизга) тенг бўлиши керак.
19. Хавф эҳтимолини аниқлашда омилга қўйилган баллни белгиланган вазнга кўпайтириш орқали омил бўйича қиймат ҳисобланади ҳамда барча омилларнинг қийматлари йиғиндисини ҳисоблаш асосида хавф эҳтимоли аниқланади.
20. Аниқланган хавф таъсири ва эҳтимоли натижаларини ўзаро бир-бирига кўпайтириш орқали хавф даражаси ҳисобланади.
21. Хавф даражаси қуйидаги формула асосида амалга ҳисобланади:
n m XD = ∑ ( B xto i × Vxto i ) × ∑ ( B xte j × Vxte j ) i = 1 j = 1
бунда:
XD — хавф даражаси;
Bxto — хавф таъсирини ҳисоблашда қўлланадиган омилга берилган балл;
Vxto — хавф таъсирини ҳисоблашда қўлланиладиган омилга белгиланган вазн;
i — хавф таъсирини ҳисоблашда қўлланиладиган омилнинг тегишли тартиб рақами;
n — хавф таъсирини аниқлаш учун қўлланиладиган омиллар сони;
Bxte — хавф эҳтимолини ҳисоблашда қўлланиладиган омилга берилган балл;
Vxte — хавф эҳтимолини ҳисоблашда қўлланиладиган омилга белгиланган вазн;
j — хавф эҳтимолини ҳисоблашда қўлланиладиган омилнинг тегишли тартиб рақами;
m — хавф эҳтимолини аниқлаш учун қўлланиладиган омиллар сони.
22. Хавф даражаси қуйидагича баҳоланади:
6 ва ундан юқори — «юқори»;
3 дан (3 ҳам киради) 6 гача — «ўрта»;
3 дан паст — «паст».
23. Хавфлар ҳар бир хавф учун алоҳида баҳоланади.
24. Хавф таъсири ва эҳтимоли ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ифодалаш учун мазкур Низомга 3-иловада келтирилган хавф матрицасидан фойдаланилади.
3-§. Хавфлар реестрини шакллантириш
25. Таркибий бўлинмалар томонидан мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ Хавфлар реестри шакллантирилади.
Бунда Хавфлар реестри ушбу иловада келтирилган хавфларнинг ягона таснифи асосида шакллантирилади.
26. Хавфлар реестрига қуйидаги маълумотлар киритилади:
хавф тури;
хавф тоифаси;
ташкилий тасниф;
хавф тартиб рақами;
хавф номи;
хавф даражаси;
хавф баҳоси;
хавф эгаси.
27. Хавфлар реестри таркибий бўлинмалар томонидан ҳар йили 20 январга қадар Қўмитанинг ишчи органи ҳисобланадиган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ички аудит хизматларига (кейинги ўринларда — Ишчи орган) умумлаштириш учун тақдим этилади.
28. Ишчи орган Хавфлар реестрини умумлаштиради ҳамда беш иш куни ичида Қўмитага кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.
29. Хавфлар реестри Қўмита томонидан ҳар йили 1 февралга қадар кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
Бунда таркибий бўлинмалар томонидан янги хавфлар аниқланган тақдирда, Қўмита қарори асосида Хавфлар реестрига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
5-боб. Хавфларни камайтириш чораларини кўриш
30. Хавфлар реестрига киритилган, «юқори» ва «ўрта» хавф даражасига эга бўлган хавфларни камайтириш (олдини олиш ва бартараф этиш) мақсадида таркибий бўлинмалар томонидан мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
31. Чора-тадбирлар режаси таркибий бўлинмалар томонидан Ишчи органга Хавфлар реестри билан бир вақтда тақдим этилади.
Ишчи орган томонидан чора-тадбирлар режаси умумлаштирилган ҳолда, Қўмитага Хавфлар реестри билан бир вақтда тақдим этилади.
32. Чора-тадбирлар режаси Қўмита томонидан кўриб чиқилади ҳамда Хавфлар реестри билан бир вақтда тасдиқланади.
33. Таркибий бўлинмалар ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-санасига қадар чора-тадбирлар режаси ижроси юзасидан Ишчи органга маълумот тақдим этади.
34. Ишчи органга тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигига таркибий бўлинмалар жавобгар ҳисобланади.
35. Ишчи орган таркибий бўлинмалар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича амалга оширилган ишларни умумлаштиради.
Бунда чора-тадбирлар режасида белгиланган ҳар бир хавф бўйича уни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) юзасидан амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар жамланади.
36. Ишчи орган томонидан ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 20-санасига қадар Қўмитага чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича маълумотлар тақдим этилади.
37. Маълумотда қуйидаги кўрсатилади:
чора-тадбирлар режасининг бажарилиши;
хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) юзасидан эришилган натижалар;
хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) юзасидан таклиф ва тавсиялар.
38. Қўмита ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг охирига қадар чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича маълумотларни муҳокама қилади ва натижалар юзасидан қарор қабул қилади.
6-боб. Хавфлар мониторингини юритиш тартиби
39. Хавфлар мониторинги таркибий бўлинмалар томонидан доимий равишда юритилади.
40. Хавфлар мониторинги қуйидагиларни ўз ичига олади:
янги хавфларни аниқлаш;
баҳоланган хавфларни ҳар чоракда қайтадан баҳолаш;
хавф даражасидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш;
хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) юзасидан амалга оширилган ишлар натижасини таҳлил қилиш;
камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) имкони бўлмаган хавфларни доимий назорат қилиш.
7-боб. Хавфларни бошқариш юзасидан ҳисобот
41. Таркибий бўлинмалар томонидан ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралига қадар хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан йиллик ҳисобот (кейинги ўринларда — ҳисобот) тайёрланади ҳамда умумлаштириш учун Ишчи органга тақдим этилади.
42. Ишчи орган томонидан умумлаштирилган ҳисобот 10 иш куни ичида Қўмитага кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
43. Умумлаштирилган ҳисобот ўз ичига қуйидагиларни олади:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи фаолиятига оид «юқори» ва «ўрта» даражадаги хавфлар ҳамда уларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича амалга оширилган ишлар;
келгусида хавфларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларнинг юзага келиши эҳтимолини пасайтириш бўйича режалаштирилаётган ишлар;
хавфлар мониторинги бўйича амалга оширилган ишлар;
хавфларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш тўғрисида таклифлар.
44. Умумлаштирилган ҳисобот Қўмита томонидан ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартига қадар муҳокама қилинади ва тасдиқланади.
45. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи томонидан ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг якунига қадар хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида чораклик маълумотлар, кейинги йилнинг 5 мартига қадар йиллик ҳисобот республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Чораклик маълумотлар ва йиллик ҳисоботнинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мониторинг қилинади.
Бунда хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги чораклик маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
Хавфлар реестри (мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклда);
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органида хавфларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) юзасидан амалга оширилган ишлар (мазкур Низомга 4-иловада келтирилган шаклда);
келгусида хавфларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларнинг юзага келиш эҳтимолини пасайтириш бўйича режалаштирилаётган ишлар (матн, жадвал ва/ёки инфографика кўринишида).
8-боб. Хавфларни бошқариш жараёнини ўрганиш ва таҳлил қилиш
46. Хавфларни бошқариш жараёни ички аудит хизмати томонидан ўрганилади ва таҳлил қилинади.
47. Хавфларни бошқариш жараёнини ўрганиш ва таҳлил қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:
таркибий бўлинмалар томонидан хавфларни аниқлаш ва баҳолаш жараёнининг белгиланган тартибда амалга оширилиши;
таркибий бўлинмалар томонидан Хавфлар реестрининг белгиланган тартибда шакллантирилиши;
таркибий бўлинмалар томонидан тақдим этилган маълумотлар, шунингдек, бошқа маълумотлар асосида чора-тадбирлар режасининг ишлаб чиқилиши ва бажарилиши;
Хавфлар реестридаги хавфлар даражасининг ўзгариш динамикаси;
хавфларни бошқариш билан боғлиқ бошқа маълумотлар.
48. Ички аудит хизмати ҳар чорак якуни билан хавфларни бошқариш жараёнини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича Қўмитага маълумотлар тақдим этади.
9-боб. Хавфларни бошқариш юзасидан малака оширишни ташкил этиш тартиби
49. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг Хавфларни бошқариш қўмиталари аъзолари ва таркибий бўлинмалари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари ва бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази (кейинги ўринларда — Ўқув маркази) томонидан ташкил этиладиган хавфларни бошқариш бўйича 36 соатлик малака ошириш курсларида қатнашади.
Бунда малака эксперт ва амалиётчиларни ёки хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ҳам оширилиши мумкин.
50. Малака ошириш бўйича ўқув дастури Ўқув маркази томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
51. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари малака ошириш курсида қатнашиши режалаштирилган ходимлар рўйхатини ҳар йили 20 январга қадар Ўқув марказига тақдим этади.
52. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг малака ошириши билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
53. Ўқув маркази малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга белгиланган тартибда сертификат расмийлаштиради.
54. Ўқув маркази малака ошириш курсларида қатнашган шахслар тўғрисидаги чораклик маълумотларни ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-санасига қадар, йиллик маълумотларни кейинги йилнинг 20 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.
10-боб. Якунловчи қоида
55. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида хавфларни бошқариш
Босқичлар Субъект Чора-тадбирлар Муддат 1-босқич Таркибий бўлинмалар Хавфларни аниқлаш ва баҳолаш асосида шакллантирилган Хавфлар реестрини ва чора-тадбирлар режаси лойиҳасини Ишчи органга тақдим этади. Ҳар йили 20 январга қадар 2-босқич Ишчи орган Хавфлар реестри ва чора-тадбирлар режаси лойиҳасини умумлаштиради ҳамда Хавфларни бошқариш қўмитасига тасдиқлаш учун киритади. Лойиҳалар тақдим этилганидан сўнг 5 иш кунида 3-босқич Хавфларни бошқариш қўмитаси Хавфлар реестри ва чора-тадбирлар режаси лойиҳасини кўриб чиқади ва тасдиқлайди. Ҳар йили 1 февралга қадар 4-босқич Таркибий бўлинмалар Чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича маълумотларни Ишчи органга тақдим этади. Ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-санасига қадар 5-босқич Ишчи орган Чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича маълумотларни умумлаштиради ва Хавфларни бошқариш қўмитасига кўриб чиқиш учун киритади. Ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 20-санасига қадар 6-босқич Хавфларни бошқариш қўмитаси Чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича маълумотларни муҳокама қилади ва тегишли қарор қабул қилади. Ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг охирига қадар 7-босқич Таркибий бўлинмалар Хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан йиллик ҳисоботни ишчи органга тақдим этади. Ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралига қадар 8-босқич Ишчи орган Йиллик ҳисоботларни умумлаштиради ва Хавфларни бошқариш қўмитасига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади. Ҳисоботлар тақдим этилганидан сўнг 10 иш кунида 9-босқич Хавфларни бошқариш қўмитаси Хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан йиллик умумлаштирилган ҳисоботни муҳокама қилади ва тасдиқлайди. Ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартига қадар 10-босқич Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи Хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида чораклик маълумотлар ва йиллик ҳисоботни республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг расмий веб-сайтида эълон қилади. Ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг якунига ҳамда кейинги йилнинг 5 мартига қадар
Молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
«ТАСДИҚЛАЙМАН» __________________________________________ (республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи номи) Хавфларни бошқариш қўмитаси раиси ___________ __ ________________ ___ (имзо) __________ (ФИО) _____ 20 ___ йил « ___ » __________ ___________________________________________________________________ фаолиятига оид (республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи номи) ХАВФЛАР РЕЕСТРИ Хавф тури * Хавф тоифаси * Ташкилий тасниф ** Хавф тартиб рақами Хавф номи Хавф даражаси *** Хавф баҳоси Хавф эгаси х хх ххх хххх (хавф тавсифи) (қиймати) (юқори, ўрта, паст) (республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг хавф юзага келадиган таркибий бўлинмаси номи)
Хавфларнинг ягона таснифи
Хавф тури бўйича тасниф кодлари Хавф тури коди Номланиши 1 Ички хавфлар 2 Ташқи хавфлар Хавф тоифаси бўйича тасниф кодлари Хавф тоифаси коди Номланиши 01 Стратегик хавфлар 02 Операцион хавфлар 03 Молиявий хавфлар 04 Маъмурий хавфлар 05 Коррупциявий хавфлар
Хавфларни баҳолаш жадвали
Т/р Хавфлар Хавф таъсири * Хавф эҳтимоли ** Хавф даражаси Хавф баҳоси (юқори, ўрта, паст) 1 2 3 4 5=3*4 6 1 . 2.
Хавф таъсирини ҳисоблаш жадвали
Т/р Хавфлар 1-омил 2-омил 3-омил Хавф таъсири Баҳо Омил вазни Қиймат Баҳо Омил вазни Қиймат Баҳо Омил вазни Қиймат 1 2 3 4 5=3*4 6 7 8=6*7 9 10 11=9*10 12=5+8+11 l. 2.
Хавф эҳтимолини ҳисоблаш жадвали
Т/р Хавфлар 1-омил 2-омил 3-омил Хавф эҳтимоли Баҳо Омил вазни Қиймат Баҳо Омил вазни Қиймат Баҳо Омил вазни Қиймат 1 2 3 4 5=3*4 6 7 8=6*7 9 10 11=9*10 12=5+8+11 1. 2.
Хавф таъсирини ҳисоблашда қўлланадиган омиллар
Т/р Омиллар Мезонлар Омил баҳоси 1 . Хавфни бошқариш бўйича ташкилот назорати ушбу хавфни бошқариш тўлиқ ташкилот назоратида 1 ушбу хавфни бошқариш қисман ташкилот назоратида 2 ушбу хавфни бошқариш ташкилот назоратида эмас 3 2 . Ташкилотнинг ушбу хавф юзага келиши мумкин бўлган функциясининг автоматлашганлиги тўлиқ автоматлашган 1 қисман автоматлашган 2 автоматлашмаган 3 3 . Хавфнинг юзага келишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқларнинг мавжудлиги бўшлиқлар мавжуд эмас 1 бу бўйича маълумот мавжуд эмас 2 бўшлиқлар мавжуд 3
Хавф эҳтимолини ҳисоблашда қўлланиладиган омиллар
Т/р Омиллар Мезонлар Омил баҳоси 1 . Хавфнинг бир йил давомида такрорланиш сони 1 марта ва ундан кам 1 2 мартадан 12 мартагача 2 12 мартадан ортиқ 3 2 . Ушбу хавфни камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) бўйича сўнгги бир йилда ташкилот доирасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилгани амалга оширилди ва хавф даражаси юқоридан ўртага ёхуд ўртадан пастга тушди 1 амалга оширилди ва хавф даражаси пасайди, бироқ юқори/ўрта даражада ўзгаришсиз қолди 2 амалга оширилмади ёки амалга оширилганига қарамасдан, хавф даражаси пасаймади 3 3 . Хавф юзага келиши мумкин бўлган функция ва вазифанинг бир таркибий бўлинмадан бошқа таркибий бўлинмага ўтказилиши ёки функция ва вазифанинг янги киритилиши ўтказилмаган ёхуд ўтказилганига 3 йилдан ошган 1 ўтказилганига 1 йилдан 3 йилгача вақт ўтган 2 ўтказилганига ёки янги киритилганлигига 1 йилдан кам вақт бўлган 3
Молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
ХАВФ МАТРИЦАСИ
Хавф эҳтимоли 3 3 6 9 2 2 4 6 1 1 2 3 0 1 2 3 Хавф таъсири
Молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
«ТАСДИҚЛАЙМАН» _____________________________________________ (республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи номи) Хавфларни бошқариш қўмитаси раиси ___________ __ ____________________ __ (имзо) ____________ (ФИО) ______ 20 ___ йил « ___ » ___________ ________________________________________________________________________да (республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи номи) хавфларни камайтириш (олдини олиш ва бартараф этиш) юзасидан ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ Т/р Хавф номи * Чора-тадбир номи * Амалга ошириш механизми Амалга ошириш муддати Масъул таркибий бўлинма Изоҳлар 1. 2. 3. …
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 апрелдаги 279-сон қарорига 2-ИЛОВА
Хавфларни бошқариш қўмитаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий низом вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида (кейинги ўринларда — республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари) Хавфларни бошқариш қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Қўмита ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Намунавий низом ва Қўмитанинг қарорларига мувофиқ амалга оширади.
3. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг Хавфларни бошқариш қўмитаси тўғрисидаги низом ушбу Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилади.
2-боб. Қўмита фаолиятини ташкил этиш
4. Қўмита республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг биринчи раҳбари бошчилигида коллегиал асосда ташкил этилади ва республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг ички аудит хизмати унинг ишчи органи ҳисобланади.
5. Қўмита фаолияти вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида уларнинг қарорлари билан йўлга қўйилади.
6. Қўмита таркиби республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи раҳбарининг буйруғига асосан тоқ сондан иборат камида 5 нафар аъзодан, жумладан, Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва етарли билим ва тажрибага эга бўлган бошқа аъзолардан иборат таркибда тузилади.
7. Қўмита аъзолари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг асосий фаолияти, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, молия-иқтисод, аудит, ахборот технологиялари, инсон ресурсларини бошқариш, хавфларни бошқариш ҳамда юридик соҳалардан бирида етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим.
8. Қўмита аъзоларининг таркиби ҳар икки йилда камида бир марта янгиланади.
9. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг биринчи раҳбари Қўмита раиси ҳисобланади. Қўмита раиси ишда бўлмаган ҳолларда, унинг вазифаси Қўмита раиси ўринбосари томонидан амалга оширилади.
10. Қўмита раиси ўз фаолиятини ташкил этишда қуйидаги ваколатларга эга:
Қўмита фаолиятини ташкил этиш;
Қўмита йиғилишлари кунини белгилаш, йиғилиш кун тартибини тасдиқлаш ва йиғилишларда раислик қилиш;
Қўмита аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
Қўмита қарорлари бажарилишини назорат қилиш;
Хавфлар реестри, хавфлар юзасидан чора-тадбирлар режаси ҳамда хавфларни бошқариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботни тасдиқлаш;
Қўмитанинг ваколатларига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш.
11. Қўмитага юкланган вазифаларнинг бажарилишини муҳокама қилиш ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича ҳар чоракда камида бир маротаба республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органида йиғилиш ўтказилади.
3-боб. Қўмитанинг мақсади ва вазифалари
12. Қўмита республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида молиявий ва бошқа хавфларнинг олдини олиш ва бошқариш (кейинги ўринларда — хавфларни бошқариш), шу жумладан, хавфларни аниқлаш, баҳолаш, камайтириш (олдини олиш, бартараф этиш) ва мониторинг юритилишини самарали таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
13. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
стратегик режалаштиришга масъул тузилмалар томонидан тизим фаолияти ва мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришиш билан боғлиқ молиявий, операцион ҳамда ички назоратга оид аниқланган хавфларнинг рўйхати шакллантирилиши ва янгилаб борилишини таъминлаш;
давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда аниқланган хавфларни бартараф этиш;
хавфларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таркибий бўлинмалар фаолиятини самарали ташкил этиш;
ҳар чорак якуни бўйича хавфларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш юзасидан таркибий бўлинмалар томонидан амалга оширилган ишларни атрофлича муҳокама қилиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги хавфларнинг юзага келишига имкон берувчи зиддиятларни бартараф этиш, тегишли нормаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
хавфларнинг олдини олишни назарда тутадиган истиқболли йўналишларни белгилаш.
4-боб. Қўмитанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
14. Қўмита ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Қўмитага юкланган вазифаларни бажариш мақсадида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг таркибий бўлинмалари ва тизимидаги ташкилотлардан зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни электрон, оғзаки ва ёзма шаклда сўраш ва олиш;
Қўмитанинг йиғилишларига хавфларни бошқариш бўйича махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг таркибий бўлинмалари ва тизимидаги ташкилотлар ходимларини ҳамда мустақил экспертларни жалб қилиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи томонидан ташкил этиладиган молиявий-иқтисодий масалаларга тегишли йиғилишларда, шунингдек, хавфларни бошқариш бўйича ишчи учрашувларда иштирок этиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи таркибий бўлинмаларининг раҳбарларидан мунтазам равишда хавфларнинг жорий ҳолати, хавфлар даражасини камайтириш механизмлари тўғрисида маълумот ва ҳисоботларни олиш;
ўз фаолиятини амалга оширишда техник воситалардан, шу жумладан, аудио-фото ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи таркибий бўлинмалари ходимларининг хавфларни бошқаришга оид саводхонлигини оширишга қаратилган семинарлар, тренинглар ва бошқа шу каби тадбирларни ташкил этиш.
Қўмита ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Қўмита ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги мажбуриятларни бажаради:
Қўмита йиғилишларини ўз муддатларида ташкил этиб бориш;
Қўмита аъзолари ва унинг таркибига кирмайдиган жалб қилинган иштирокчиларга Қўмита йиғилишига оид ҳужжатларнинг ўз вақтида тақдим этилишини ташкил этиш;
хавфларни бошқариш бўйича амалга ошириладиган ишлар, юзага келаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таркибий бўлинмалар ва ички аудит хизматларига таклиф, тавсия ва кўрсатмалар юбориш;
ишларни белгиланган тартибда юритиш, хавфларни бошқариш бўйича тўпланган ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатда сақланиши ва ҳисобининг юритилишини ташкил этиш;
белгиланган вазифаларни бажаришда коррупция ҳолатларининг, шу жумладан, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чораларини кўриш;
фаолиятини амалга ошириш жараёнида олинган давлат сири ва бошқа турдаги сирларни ташкил этувчи маълумот ва ҳужжатларнинг махфийлигини сақлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўз фаолияти юзасидан сўралган маълумотларни тақдим этиш.
Қўмита ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5-боб. Қўмита йиғилишларини ўтказиш тартиби
16. Қўмита йиғилишлари ҳар чоракда ҳамда мазкур Намунавий низомда кўзда тутилган ҳолатларда ўтказилади.
Бунда қўмита йиғилишлари онлайн тарзда ўтказилиши ҳам мумкин.
Қўмита йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома, кун тартиби ва йиғилишга оид маълумотлар Қўмита аъзоларига йиғилишдан камида 5 иш куни аввал хабар қилинади.
17. Қўмита раиси Қўмитанинг навбатдаги йиғилиши чақирилиши, унинг ўтказилиш санаси ва жойини, кун тартибини ҳамда Қўмита йиғилишида иштирок этувчилар рўйхатини белгилайди.
Бунда йиғилишда кўриб чиқиладиган масалалардан келиб чиқиб, Қўмита раиси қарори билан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда ташқи органлар вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин.
18. Қўмита раиси, Ишчи орган ва Қўмита аъзоларининг таклиф ва сўровларига мувофиқ зарур ҳолларда, Қўмитанинг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилиши мумкин.
Бунда Қўмитанинг Ишчи органи ушбу Намунавий низом талабларига мувофиқ Қўмитанинг навбатдан ташқари йиғилиши бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга оширади.
19. Қўмита йиғилишларида Қўмита аъзоларининг камида тўртдан уч қисми иштирок этганда, йиғилиш ваколатли ҳисобланади.
20. Ишчи орган Қўмита йиғилишларининг ташкил этилиши ва ўтказилишида:
Қўмита йиғилиши бўйича зарур иш материалларини жамлайди ва тайёрлайди;
Қўмита йиғилишининг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотларни Қўмита аъзоларига етказади;
Қўмита аъзоларини иш материаллари билан таништиради;
Қўмита йиғилишлари баённомалари лойиҳасини тайёрлайди;
Қўмита йиғилишлари баённомасидан кўчирмаларни республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг барча манфаатдор таркибий бўлинмаларига етказади;
Қўмита фаолияти бўйича ҳужжатларни тегишли тартибда ҳисобга олади ва уларнинг сақланишини таъминлайди;
Қўмитанинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ишларни амалга оширади.
21. Қўмита йиғилиши ва унда кўриб чиқилган масалалар баённома билан расмийлаштирилади.
22. Қўмита йиғилиши баённомасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
Қўмита йиғилишининг ўтказилган вақти ва жойи;
Қўмита йиғилишида иштирок этган аъзолар ва таклиф этилган бошқа томонларнинг рўйхати;
йиғилиш кун тартиби;
кун тартибига мувофиқ кўриб чиқилган масалалар ҳамда киритилган таклифлар;
Қўмита йиғилишида қабул қилинган қарорлар.
23. Қўмита йиғилиши баённомаси Қўмита раиси томонидан йиғилиш ўтказилганидан сўнг 3 иш куни ичида тасдиқланади ҳамда Қўмитанинг аъзолари ва ишчи органи раҳбари томонидан имзоланади.
24. Қўмита йиғилишлари баённомаларининг асл нусхаси ва уларга илова қилинган материаллар Ишчи органда сақланади.
25. Қўмита томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг ижроси тўғрисидаги маълумотлар ва хавфларни бошқариш бўйича йиллик ҳисоботлар республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
6-боб. Якунловчи қоида
26. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 апрель,
279-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NAMUNAVIY NIZOM
Davlat moliyasi sohasida xavflarni boshqarish tizimini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatida moliyaviy va boshqa xavflarni barvaqt aniqlash, baholash va boshqarishning yaxlit tizimini joriy etish, shuningdek, davlat mablagʻlaridan samarali foydalanish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:
a) Moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash va boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq:
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash hamda ularning reyestri va monitoringini yuritish;
moliyaviy va boshqa xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish;
moliyaviy va boshqa xavflarni boshqarish sohasida masʼul xodimlar malakasini oshirib borish;
b) Xavflarni boshqarish qoʻmitasi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida Xavflarni boshqarish qoʻmitalarini hamda ularning faoliyatini tashkil etish tartibi;
Xavflarni boshqarish qoʻmitalarining asosiy vazifalari.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi 2025-yil 1-sentabrdan boshlab respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining Xavflarni boshqarish qoʻmitalari aʼzolari hamda tarkibiy boʻlinmalari xodimlari uchun malaka oshirish tizimini yoʻlga qoʻysin.
3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 29-apreldagi 279-son qaroriga 1-ILOVA
Moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash va boshqarish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari (keyingi oʻrinlarda — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari) faoliyatidagi moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash va boshqarish (keyingi oʻrinlarda — xavflarni boshqarish) tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
vazirlik va idoralar — ichki audit xizmati tashkil etilgan respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari;
ichki xavf — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining faoliyatiga oid va u tomonidan taʼsir oʻtkazish imkoni mavjud boʻlgan xavf turi;
korrupsiyaviy xavflar — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organida korrupsiyaga oid xavflar toifasi;
maʼmuriy xavflar — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining rejalari, asosiy faoliyati yoʻnalishlari, vakolatlari va ularning taqsimoti bilan bogʻliq xavflar toifasi;
moliyaviy xavflar — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi faoliyatini moliyalashtirishga oid xavflar toifasi;
operatsion xavflar — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining doimiy faoliyati bilan bogʻliq xavflar toifasi;
strategik xavflar — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining strategik maqsadlari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Hukumatining qarorlari bilan belgilangan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi faoliyatiga oid maqsadli koʻrsatkichlar bilan bogʻliq xavflar toifasi;
tarkibiy boʻlinmalar — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining markaziy apparati, hududiy boʻlinmalari;
tashqi xavf — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining faoliyatiga oid va u tomonidan taʼsir oʻtkazish imkoni mavjud boʻlmagan xavf turi;
xavf — maʼlum bir hodisa yoki holatning respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi faoliyatiga salbiy taʼsir koʻrsatish ehtimoli;
xavf bahosi — xavf darajasini sifat jihatidan “yuqori”, “oʻrta” va “past” koʻrsatkichlar asosida baholash natijasi;
xavflarni boshqarish — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida xavflarni aniqlash, baholash, kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) choralarini koʻrish, xavflar monitoringi va xavflar yuzasidan hisobdorlikni oʻz ichiga oluvchi jarayon;
Xavflarni boshqarish qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida xavflarni boshqarish maqsadida ularning birinchi rahbarlari boshchiligida kollegial asosda tuziladigan qoʻmita;
xavf darajasi — xavf taʼsiri va ehtimolini oʻzida aks ettiruvchi koʻrsatkich;
xavf matritsasi — xavf darajasini xavf taʼsiri va ehtimoli oʻrtasidagi oʻzaro bogʻliqlik asosida ifodalovchi, gorizontal yoʻnalishda xavf taʼsirini, vertikal yoʻnalishda xavf ehtimolini oʻzida aks ettiruvchi matritsa;
xavflar monitoringi — yangi xavflarni aniqlash, mavjud xavflarni qayta baholash, kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) choralarini koʻrish jarayonini doimiy nazorat qilish va kuzatib borish;
xavflar reyestri — xavflar roʻyxati va ularning darajasini oʻzida aks ettiruvchi hamda xavflarning yagona tasnifi asosida tasniflangan xavflar jamlanmasi;
xavf taʼsiri — xavfning respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi faoliyatiga salbiy taʼsirini ifodalovchi qiymat;
xavf egasi — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining xavf yuzaga kelishi ehtimoli mavjud boʻlgan tarkibiy boʻlinmasi;
xavf ehtimoli — xavfning maʼlum davr mobaynida yuzaga kelishi ehtimolini ifodalovchi qiymat;
xavflar yuzasidan chora-tadbirlar rejasi (keyingi oʻrinlarda — chora-tadbirlar rejasi) — xavflar reyestriga kiritilgan, “yuqori” va “oʻrta” xavf darajasiga ega boʻlgan xavflarning salbiy taʼsirini kamaytirish (oldini olish va bartaraf etish) yuzasidan ishlab chiqiladigan hujjat;
xavflarning yagona tasnifi — xavflarni xavf turiga (ichki, tashqi), xavf toifasiga (strategik, moliyaviy, maʼmuriy, operatsion, korrupsiyaviy), tashkiliy jihatiga (tashkiliy tasnif) koʻra ajratuvchi tasnif.
3. Xavflar respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida xavflarni aniqlash va baholash, kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) hamda doimiy monitoring qilib borish maqsadida boshqariladi.
Bunda respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi birinchi rahbarining qarori asosida tasarrufidagi davlat muassasalarida xavflarni boshqarish mazkur Nizom talablariga muvofiq tashkil etilishi mumkin.
2-bob. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida xavflarni boshqarishni tashkil etish
4. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organida xavflar Qoʻmita tomonidan boshqariladi.
5. Qoʻmita xavflarni boshqarishda:
xavflar reyestrining shakllantirilishi va yangilab borilishini taʼminlaydi hamda uni koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;
har chorak yakuni boʻyicha xavflarning kelib chiqish sabablarini tahlil qiladi hamda ularni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) yuzasidan tarkibiy boʻlinmalar tomonidan amalga oshirilgan ishlarni hamda chora-tadbirlar rejasini atroflicha muhokama qiladi va tasdiqlaydi;
ichki audit xizmatlari tomonidan amalga oshirilgan xavflarni boshqarish jarayonini oʻrganish va tahlil qilish yuzasidan maʼlumotlarni koʻrib chiqadi;
normativ-huquqiy hujjatlar va huquqni qoʻllash amaliyotidagi xavflarning yuzaga kelishiga imkon beruvchi ziddiyatlarni bartaraf etish, tegishli normalarni takomillashtirish boʻyicha takliflarni tayyorlaydi va koʻrib chiqadi;
xavflarni kamaytirishni (oldini olish, bartaraf etish) nazarda tutuvchi istiqbolli yoʻnalishlarni belgilaydi;
xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan hisobotlarni koʻrib chiqadi va doimiy ravishda muhokama qilib boradi;
davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etilishini taʼminlaydi hamda aniqlangan xavflarni bartaraf etadi;
xavflarni boshqarish bilan bogʻliq qonunchilikda belgilangan boshqa zarur choralarni koʻradi.
6. Tarkibiy boʻlinmalar xavflarni boshqarishda:
oʻz faoliyatiga oid xavflarni mazkur Nizomda belgilangan tartibda aniqlaydi va baholaydi hamda ularning reyestrini shakllantiradi;
xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha chora-tadbirlar rejasi loyihasini ishlab chiqadi va uning bajarilishini taʼminlaydi;
xavflar monitoringini yuritadi;
har chorak yakuni bilan chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha Qoʻmitaga maʼlumotlar taqdim etib boradi;
xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan hisobot tayyorlaydi;
normativ-huquqiy hujjatlar va huquqni qoʻllash amaliyotidagi xavflarning yuzaga kelishiga imkon beruvchi ziddiyatlarni bartaraf etish, tegishli normalarni takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;
xavflarni kamaytirishni (oldini olish, bartaraf etish) nazarda tutuvchi istiqbolli yoʻnalishlarni belgilash borasida takliflar ishlab chiqadi;
Qoʻmita va ichki audit xizmati soʻroviga muvofiq xavflarni boshqarish bilan bogʻliq maʼlumotlarni taqdim etadi.
7. Ichki audit xizmati xavflarni boshqarishda:
aniqlangan xavflarning mazkur Nizomda belgilangan tartibda baholanishini oʻrganadi;
chora-tadbirlar rejasining ishlab chiqilishi va bajarilishi yuzasidan oʻrganishlar oʻtkazadi;
xavflarni boshqarish jarayoni bilan bogʻliq audit tadbirlarini oʻtkazadi hamda har chorak yakuni boʻyicha xavflarning kelib chiqish sabablarini tahlil qiladi.
3-bob. Xavflarni boshqarish jarayoni
8. Xavflarni boshqarish quyidagi bosqichlarni oʻz ichiga oladi:
xavflarni aniqlash;
xavflarni baholash;
xavflar reyestrini shakllantirish;
xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) choralarini koʻrish;
xavflar monitoringi;
xavflarni boshqarish yuzasidan hisobot.
9. Xavflar mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq boshqariladi.
4-bob. Xavflarni aniqlash, baholash va xavflar reyestrini yuritish tartibi
1-§. Xavflarni aniqlash
10. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida xavflar tarkibiy boʻlinmalar tomonidan aniqlanadi va baholanadi.
11. Xavflar quyidagi maʼlumotlarni tahlil qilish asosida aniqlanadi:
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining nizomi, tarkibiy boʻlinma nizomi, vazifalar taqsimoti va lavozim yoʻriqnomalari;
faoliyatga oid ichki va tashqi rasmiy manbalardagi (shu jumladan, axborot texnologiyalari bazalaridagi) maʼlumotlar;
maqsadli koʻrsatkichlar (indikatorlar) ijrosi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
vakolatli tuzilmalar oʻtkazgan nazorat tadbirlari, jumladan, ichki audit tadbirlari, xizmat tekshiruvlari, korrupsiyaga qarshi tuzilmalarning nazorat tadbirlari va davlat moliyaviy nazorat organlari tomonidan oʻtkazilgan nazorat tadbirlari natijalariga oid maʼlumotlar;
faoliyatga oid oʻtgan davrlardagi hisobotlar;
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi boʻysunuvidagi tashkilotlar va hududiy boʻlinmalar faoliyatiga oid maʼlumotlar;
faoliyatga taalluqli boʻlgan boshqa maʼlumotlar.
2-§. Xavflarni baholash
12. Xavflar quyidagi tartibda baholanadi:
xavf taʼsirini aniqlash;
xavf ehtimolini aniqlash;
xavf taʼsiri va ehtimoli natijalarini oʻzaro bir-biriga koʻpaytirish orqali xavf darajasini hisoblash.
13. Xavflarni baholash natijasi xavf matritsasi shaklida aks ettiriladi.
14. Xavf taʼsirini aniqlashda quyidagi omillarga mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan mezonlar asosida butun sonlardagi 1 — 3 ball beriladi:
xavfni boshqarish boʻyicha tashkilot nazorati;
tashkilotning ushbu xavf yuzaga kelishi mumkin boʻlgan funksiyasining avtomatlashgani;
xavfning yuzaga kelishida normativ-huquqiy hujjatlardagi boʻshliqlarning mavjudligi.
Bunda 3 ball tegishli xavf taʼsirining eng yuqori darajasini va 1 ball eng past darajasini bildiradi.
15. Xavf taʼsirini hisoblashda har bir omilga ularning muhimlik darajasidan kelib chiqib, quyidagicha vazn belgilanadi:
xavfni boshqarish boʻyicha tashkilot nazorati — 40 foiz;
tashkilotning ushbu xavf yuzaga kelishi mumkin boʻlgan funksiyasining avtomatlashgani — 30 foiz;
xavfning yuzaga kelishida normativ-huquqiy hujjatlardagi boʻshliqlarning mavjudligi — 30 foiz.
Bunda belgilangan vaznlarning umumiy miqdori 1 ga (100 foizga) teng boʻladi.
16. Xavf taʼsirini aniqlashda omilga qoʻyilgan ballni belgilangan vaznga koʻpaytirish orqali omil boʻyicha qiymat hisoblanadi hamda barcha omillarning qiymatlari yigʻindisini hisoblash asosida xavf taʼsiri aniqlanadi.
17. Xavf ehtimoli quyidagi omillarga mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan mezonlar asosida butun sonlardagi 1 — 3 ball berish orqali aniqlanadi:
xavfning bir yil davomida takrorlanish soni;
xavfni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha soʻnggi bir yilda tashkilot doirasida tegishli chora-tadbirlar amalga oshirilgani;
xavf yuzaga kelishi mumkin boʻlgan funksiya va vazifaning bir tarkibiy boʻlinmadan boshqa tarkibiy boʻlinmaga oʻtkazilishi yoki funksiya va vazifaning yangi kiritilishi.
Bunda 3 ball tegishli xavf ehtimolining eng yuqori darajasini va 1 ball eng past darajasini bildiradi.
18. Xavf ehtimolini hisoblashda har bir omilga ularning muhimlik darajasidan kelib chiqib, quyidagicha vazn belgilanadi:
xavfning bir yil davomida takrorlanish soni — 25 foiz;
xavfni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha soʻnggi bir yilda tashkilot doirasida tegishli chora-tadbirlar amalga oshirilgani — 40 foiz;
xavf yuzaga kelishi mumkin boʻlgan funksiya va vazifaning bir tarkibiy boʻlinmadan boshqa tarkibiy boʻlinmaga oʻtkazilishi yoki funksiya va vazifaning yangi kiritilishi — 35 foiz.
Bunda belgilangan vaznlarning umumiy miqdori 1 ga (100 foizga) teng boʻlishi kerak.
19. Xavf ehtimolini aniqlashda omilga qoʻyilgan ballni belgilangan vaznga koʻpaytirish orqali omil boʻyicha qiymat hisoblanadi hamda barcha omillarning qiymatlari yigʻindisini hisoblash asosida xavf ehtimoli aniqlanadi.
20. Aniqlangan xavf taʼsiri va ehtimoli natijalarini oʻzaro bir-biriga koʻpaytirish orqali xavf darajasi hisoblanadi.
21. Xavf darajasi quyidagi formula asosida amalga hisoblanadi:
n m XD = ∑ ( B xto i × Vxto i ) × ∑ ( B xte j × Vxte j ) i = 1 j = 1
bunda:
XD — xavf darajasi;
Bxto — xavf taʼsirini hisoblashda qoʻllanadigan omilga berilgan ball;
Vxto — xavf taʼsirini hisoblashda qoʻllaniladigan omilga belgilangan vazn;
i — xavf taʼsirini hisoblashda qoʻllaniladigan omilning tegishli tartib raqami;
n — xavf taʼsirini aniqlash uchun qoʻllaniladigan omillar soni;
Bxte — xavf ehtimolini hisoblashda qoʻllaniladigan omilga berilgan ball;
Vxte — xavf ehtimolini hisoblashda qoʻllaniladigan omilga belgilangan vazn;
j — xavf ehtimolini hisoblashda qoʻllaniladigan omilning tegishli tartib raqami;
m — xavf ehtimolini aniqlash uchun qoʻllaniladigan omillar soni.
22. Xavf darajasi quyidagicha baholanadi:
6 va undan yuqori — “yuqori”;
3 dan (3 ham kiradi) 6 gacha — “oʻrta”;
3 dan past — “past”.
23. Xavflar har bir xavf uchun alohida baholanadi.
24. Xavf taʼsiri va ehtimoli oʻrtasidagi oʻzaro bogʻliqlikni ifodalash uchun mazkur Nizomga 3-ilovada keltirilgan xavf matritsasidan foydalaniladi.
3-§. Xavflar reyestrini shakllantirish
25. Tarkibiy boʻlinmalar tomonidan mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq Xavflar reyestri shakllantiriladi.
Bunda Xavflar reyestri ushbu ilovada keltirilgan xavflarning yagona tasnifi asosida shakllantiriladi.
26. Xavflar reyestriga quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:
xavf turi;
xavf toifasi;
tashkiliy tasnif;
xavf tartib raqami;
xavf nomi;
xavf darajasi;
xavf bahosi;
xavf egasi.
27. Xavflar reyestri tarkibiy boʻlinmalar tomonidan har yili 20-yanvarga qadar Qoʻmitaning ishchi organi hisoblanadigan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining ichki audit xizmatlariga (keyingi oʻrinlarda — Ishchi organ) umumlashtirish uchun taqdim etiladi.
28. Ishchi organ Xavflar reyestrini umumlashtiradi hamda besh ish kuni ichida Qoʻmitaga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun kiritadi.
29. Xavflar reyestri Qoʻmita tomonidan har yili 1-fevralga qadar koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi.
Bunda tarkibiy boʻlinmalar tomonidan yangi xavflar aniqlangan taqdirda, Qoʻmita qarori asosida Xavflar reyestriga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritiladi.
5-bob. Xavflarni kamaytirish choralarini koʻrish
30. Xavflar reyestriga kiritilgan, “yuqori” va “oʻrta” xavf darajasiga ega boʻlgan xavflarni kamaytirish (oldini olish va bartaraf etish) maqsadida tarkibiy boʻlinmalar tomonidan mazkur Nizomga 4-ilovaga muvofiq chora-tadbirlar rejasi ishlab chiqiladi.
31. Chora-tadbirlar rejasi tarkibiy boʻlinmalar tomonidan Ishchi organga Xavflar reyestri bilan bir vaqtda taqdim etiladi.
Ishchi organ tomonidan chora-tadbirlar rejasi umumlashtirilgan holda, Qoʻmitaga Xavflar reyestri bilan bir vaqtda taqdim etiladi.
32. Chora-tadbirlar rejasi Qoʻmita tomonidan koʻrib chiqiladi hamda Xavflar reyestri bilan bir vaqtda tasdiqlanadi.
33. Tarkibiy boʻlinmalar har chorak yakuni bilan keyingi oyning 10-sanasiga qadar chora-tadbirlar rejasi ijrosi yuzasidan Ishchi organga maʼlumot taqdim etadi.
34. Ishchi organga taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va toʻgʻriligiga tarkibiy boʻlinmalar javobgar hisoblanadi.
35. Ishchi organ tarkibiy boʻlinmalar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha amalga oshirilgan ishlarni umumlashtiradi.
Bunda chora-tadbirlar rejasida belgilangan har bir xavf boʻyicha uni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) yuzasidan amalga oshirilgan ishlar va koʻrilgan choralar jamlanadi.
36. Ishchi organ tomonidan har chorak yakuni bilan keyingi oyning 20-sanasiga qadar Qoʻmitaga chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha maʼlumotlar taqdim etiladi.
37. Maʼlumotda quyidagi koʻrsatiladi:
chora-tadbirlar rejasining bajarilishi;
xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) yuzasidan erishilgan natijalar;
xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) yuzasidan taklif va tavsiyalar.
38. Qoʻmita har chorak yakuni bilan keyingi oyning oxiriga qadar chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni muhokama qiladi va natijalar yuzasidan qaror qabul qiladi.
6-bob. Xavflar monitoringini yuritish tartibi
39. Xavflar monitoringi tarkibiy boʻlinmalar tomonidan doimiy ravishda yuritiladi.
40. Xavflar monitoringi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
yangi xavflarni aniqlash;
baholangan xavflarni har chorakda qaytadan baholash;
xavf darajasidagi oʻzgarishlarni tahlil qilish;
xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) yuzasidan amalga oshirilgan ishlar natijasini tahlil qilish;
kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) imkoni boʻlmagan xavflarni doimiy nazorat qilish.
7-bob. Xavflarni boshqarish yuzasidan hisobot
41. Tarkibiy boʻlinmalar tomonidan hisobot yilidan keyingi yilning 1-fevraliga qadar xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan yillik hisobot (keyingi oʻrinlarda — hisobot) tayyorlanadi hamda umumlashtirish uchun Ishchi organga taqdim etiladi.
42. Ishchi organ tomonidan umumlashtirilgan hisobot 10 ish kuni ichida Qoʻmitaga koʻrib chiqish uchun taqdim etiladi.
43. Umumlashtirilgan hisobot oʻz ichiga quyidagilarni oladi:
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi faoliyatiga oid “yuqori” va “oʻrta” darajadagi xavflar hamda ularni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha amalga oshirilgan ishlar;
kelgusida xavflarni aniqlash, baholash hamda ularning yuzaga kelishi ehtimolini pasaytirish boʻyicha rejalashtirilayotgan ishlar;
xavflar monitoringi boʻyicha amalga oshirilgan ishlar;
xavflarni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha oʻrnak koʻrsatgan xodimlarni ragʻbatlantirish toʻgʻrisida takliflar.
44. Umumlashtirilgan hisobot Qoʻmita tomonidan hisobot yilidan keyingi yilning 1-martiga qadar muhokama qilinadi va tasdiqlanadi.
45. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi tomonidan har chorak yakuni bilan keyingi oyning yakuniga qadar xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlar toʻgʻrisida choraklik maʼlumotlar, keyingi yilning 5-martiga qadar yillik hisobot respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
Choraklik maʼlumotlar va yillik hisobotning respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinishi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan monitoring qilinadi.
Bunda xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlar toʻgʻrisidagi choraklik maʼlumotlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
Xavflar reyestri (mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklda);
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organida xavflarni aniqlash, baholash hamda ularni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) yuzasidan amalga oshirilgan ishlar (mazkur Nizomga 4-ilovada keltirilgan shaklda);
kelgusida xavflarni aniqlash, baholash hamda ularning yuzaga kelish ehtimolini pasaytirish boʻyicha rejalashtirilayotgan ishlar (matn, jadval va/yoki infografika koʻrinishida).
8-bob. Xavflarni boshqarish jarayonini oʻrganish va tahlil qilish
46. Xavflarni boshqarish jarayoni ichki audit xizmati tomonidan oʻrganiladi va tahlil qilinadi.
47. Xavflarni boshqarish jarayonini oʻrganish va tahlil qilish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
tarkibiy boʻlinmalar tomonidan xavflarni aniqlash va baholash jarayonining belgilangan tartibda amalga oshirilishi;
tarkibiy boʻlinmalar tomonidan Xavflar reyestrining belgilangan tartibda shakllantirilishi;
tarkibiy boʻlinmalar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar, shuningdek, boshqa maʼlumotlar asosida chora-tadbirlar rejasining ishlab chiqilishi va bajarilishi;
Xavflar reyestridagi xavflar darajasining oʻzgarish dinamikasi;
xavflarni boshqarish bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlar.
48. Ichki audit xizmati har chorak yakuni bilan xavflarni boshqarish jarayonini oʻrganish va tahlil qilish boʻyicha Qoʻmitaga maʼlumotlar taqdim etadi.
9-bob. Xavflarni boshqarish yuzasidan malaka oshirishni tashkil etish tartibi
49. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining Xavflarni boshqarish qoʻmitalari aʼzolari va tarkibiy boʻlinmalari xodimlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Moliya organlari va budjet tashkilotlarining moliya-hisob boʻlinmalari xodimlarini tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv markazi (keyingi oʻrinlarda — Oʻquv markazi) tomonidan tashkil etiladigan xavflarni boshqarish boʻyicha 36 soatlik malaka oshirish kurslarida qatnashadi.
Bunda malaka ekspert va amaliyotchilarni yoki xorijiy mutaxassislarni jalb qilgan holda ham oshirilishi mumkin.
50. Malaka oshirish boʻyicha oʻquv dasturi Oʻquv markazi tomonidan Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
51. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari malaka oshirish kursida qatnashishi rejalashtirilgan xodimlar roʻyxatini har yili 20-yanvarga qadar Oʻquv markaziga taqdim etadi.
52. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari xodimlarining malaka oshirishi bilan bogʻliq xarajatlar budjet mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
53. Oʻquv markazi malaka oshirish kurslarini muvaffaqiyatli tamomlagan tinglovchilarga belgilangan tartibda sertifikat rasmiylashtiradi.
54. Oʻquv markazi malaka oshirish kurslarida qatnashgan shaxslar toʻgʻrisidagi choraklik maʼlumotlarni har chorak yakuni bilan keyingi oyning 10-sanasiga qadar, yillik maʼlumotlarni keyingi yilning 20-yanvariga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi.
10-bob. Yakunlovchi qoida
55. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash va boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida xavflarni boshqarish
Bosqichlar Subyekt Chora-tadbirlar Muddat 1-bosqich Tarkibiy boʻlinmalar Xavflarni aniqlash va baholash asosida shakllantirilgan Xavflar reyestrini va chora-tadbirlar rejasi loyihasini Ishchi organga taqdim etadi. Har yili 20-yanvarga qadar 2-bosqich Ishchi organ Xavflar reyestri va chora-tadbirlar rejasi loyihasini umumlashtiradi hamda Xavflarni boshqarish qoʻmitasiga tasdiqlash uchun kiritadi. Loyihalar taqdim etilganidan soʻng 5 ish kunida 3-bosqich Xavflarni boshqarish qoʻmitasi Xavflar reyestri va chora-tadbirlar rejasi loyihasini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi. Har yili 1-fevralga qadar 4-bosqich Tarkibiy boʻlinmalar Chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni Ishchi organga taqdim etadi. Har chorak yakuni bilan keyingi oyning 10-sanasiga qadar 5-bosqich Ishchi organ Chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni umumlashtiradi va Xavflarni boshqarish qoʻmitasiga koʻrib chiqish uchun kiritadi. Har chorak yakuni bilan keyingi oyning 20-sanasiga qadar 6-bosqich Xavflarni boshqarish qoʻmitasi Chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni muhokama qiladi va tegishli qaror qabul qiladi. Har chorak yakuni bilan keyingi oyning oxiriga qadar 7-bosqich Tarkibiy boʻlinmalar Xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan yillik hisobotni ishchi organga taqdim etadi. Hisobot yilidan keyingi yilning 1-fevraliga qadar 8-bosqich Ishchi organ Yillik hisobotlarni umumlashtiradi va Xavflarni boshqarish qoʻmitasiga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun taqdim etadi. Hisobotlar taqdim etilganidan soʻng 10 ish kunida 9-bosqich Xavflarni boshqarish qoʻmitasi Xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan yillik umumlashtirilgan hisobotni muhokama qiladi va tasdiqlaydi. Hisobot yilidan keyingi yilning 1-martiga qadar 10-bosqich Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi Xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlar toʻgʻrisida choraklik maʼlumotlar va yillik hisobotni respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi. Har chorak yakuni bilan keyingi oyning yakuniga hamda keyingi yilning 5-martiga qadar
Moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash va boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
“TASDIQLAYMAN” __________________________________________ (respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi nomi) Xavflarni boshqarish qoʻmitasi raisi ___________ __ ________________ ___ (imzo) __________ (FIO) _____ 20 ___ yil “ ___ ” __________ ___________________________________________________________________ faoliyatiga oid (respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi nomi) XAVFLAR REYESTRI Xavf turi * Xavf toifasi * Tashkiliy tasnif ** Xavf tartib raqami Xavf nomi Xavf darajasi *** Xavf bahosi Xavf egasi x xx xxx xxxx (xavf tavsifi) (qiymati) (yuqori, oʻrta, past) (respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining xavf yuzaga keladigan tarkibiy boʻlinmasi nomi)
Xavflarning yagona tasnifi
Xavf turi boʻyicha tasnif kodlari Xavf turi kodi Nomlanishi 1 Ichki xavflar 2 Tashqi xavflar Xavf toifasi boʻyicha tasnif kodlari Xavf toifasi kodi Nomlanishi 01 Strategik xavflar 02 Operatsion xavflar 03 Moliyaviy xavflar 04 Maʼmuriy xavflar 05 Korrupsiyaviy xavflar
Xavflarni baholash jadvali
T/r Xavflar Xavf taʼsiri * Xavf ehtimoli ** Xavf darajasi Xavf bahosi (yuqori, oʻrta, past) 1 2 3 4 5=3*4 6 1 . 2.
Xavf taʼsirini hisoblash jadvali
T/r Xavflar 1-omil 2-omil 3-omil Xavf taʼsiri Baho Omil vazni Qiymat Baho Omil vazni Qiymat Baho Omil vazni Qiymat 1 2 3 4 5=3*4 6 7 8=6*7 9 10 11=9*10 12=5+8+11 l. 2.
Xavf ehtimolini hisoblash jadvali
T/r Xavflar 1-omil 2-omil 3-omil Xavf ehtimoli Baho Omil vazni Qiymat Baho Omil vazni Qiymat Baho Omil vazni Qiymat 1 2 3 4 5=3*4 6 7 8=6*7 9 10 11=9*10 12=5+8+11 1. 2.
Xavf taʼsirini hisoblashda qoʻllanadigan omillar
T/r Omillar Mezonlar Omil bahosi 1 . Xavfni boshqarish boʻyicha tashkilot nazorati ushbu xavfni boshqarish toʻliq tashkilot nazoratida 1 ushbu xavfni boshqarish qisman tashkilot nazoratida 2 ushbu xavfni boshqarish tashkilot nazoratida emas 3 2 . Tashkilotning ushbu xavf yuzaga kelishi mumkin boʻlgan funksiyasining avtomatlashganligi toʻliq avtomatlashgan 1 qisman avtomatlashgan 2 avtomatlashmagan 3 3 . Xavfning yuzaga kelishida normativ-huquqiy hujjatlardagi boʻshliqlarning mavjudligi boʻshliqlar mavjud emas 1 bu boʻyicha maʼlumot mavjud emas 2 boʻshliqlar mavjud 3
Xavf ehtimolini hisoblashda qoʻllaniladigan omillar
T/r Omillar Mezonlar Omil bahosi 1 . Xavfning bir yil davomida takrorlanish soni 1-marta va undan kam 1 2-martadan 12-martagacha 2 12-martadan ortiq 3 2 . Ushbu xavfni kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) boʻyicha soʻnggi bir yilda tashkilot doirasida tegishli chora-tadbirlar amalga oshirilgani amalga oshirildi va xavf darajasi yuqoridan oʻrtaga yoxud oʻrtadan pastga tushdi 1 amalga oshirildi va xavf darajasi pasaydi, biroq yuqori/oʻrta darajada oʻzgarishsiz qoldi 2 amalga oshirilmadi yoki amalga oshirilganiga qaramasdan, xavf darajasi pasaymadi 3 3 . Xavf yuzaga kelishi mumkin boʻlgan funksiya va vazifaning bir tarkibiy boʻlinmadan boshqa tarkibiy boʻlinmaga oʻtkazilishi yoki funksiya va vazifaning yangi kiritilishi oʻtkazilmagan yoxud oʻtkazilganiga 3 yildan oshgan 1 oʻtkazilganiga 1 yildan 3 yilgacha vaqt oʻtgan 2 oʻtkazilganiga yoki yangi kiritilganligiga 1 yildan kam vaqt boʻlgan 3
Moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash va boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
XAVF MATRITSASI
Xavf ehtimoli 3 3 6 9 2 2 4 6 1 1 2 3 0 1 2 3 Xavf taʼsiri
Moliyaviy va boshqa xavflarni aniqlash, baholash va boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
“TASDIQLAYMAN” _____________________________________________ (respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi nomi) Xavflarni boshqarish qoʻmitasi raisi ___________ __ ____________________ __ (imzo) ____________ (FIO) ______ 20 ___ yil “ ___ ” ___________ ________________________________________________________________________da (respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi nomi) xavflarni kamaytirish (oldini olish va bartaraf etish) yuzasidan CHORA-TADBIRLAR REJASI T/r Xavf nomi * Chora-tadbir nomi * Amalga oshirish mexanizmi Amalga oshirish muddati Masʼul tarkibiy boʻlinma Izohlar 1. 2. 3. …
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 29-apreldagi 279-son qaroriga 2-ILOVA
Xavflarni boshqarish qoʻmitasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Namunaviy nizom vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarida (keyingi oʻrinlarda — respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari) Xavflarni boshqarish qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Qoʻmita oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari, ushbu Namunaviy nizom va Qoʻmitaning qarorlariga muvofiq amalga oshiradi.
3. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining Xavflarni boshqarish qoʻmitasi toʻgʻrisidagi nizom ushbu Namunaviy nizomga muvofiq ishlab chiqiladi.
2-bob. Qoʻmita faoliyatini tashkil etish
4. Qoʻmita respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining birinchi rahbari boshchiligida kollegial asosda tashkil etiladi va respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining ichki audit xizmati uning ishchi organi hisoblanadi.
5. Qoʻmita faoliyati vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarida ularning qarorlari bilan yoʻlga qoʻyiladi.
6. Qoʻmita tarkibi respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi rahbarining buyrugʻiga asosan toq sondan iborat kamida 5 nafar aʼzodan, jumladan, Qoʻmita raisi, uning oʻrinbosari va yetarli bilim va tajribaga ega boʻlgan boshqa aʼzolardan iborat tarkibda tuziladi.
7. Qoʻmita aʼzolari respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining asosiy faoliyati, shuningdek, korrupsiyaga qarshi kurashish, moliya-iqtisod, audit, axborot texnologiyalari, inson resurslarini boshqarish, xavflarni boshqarish hamda yuridik sohalardan birida yetarli bilim va koʻnikmalarga ega boʻlishi lozim.
8. Qoʻmita aʼzolarining tarkibi har ikki yilda kamida bir marta yangilanadi.
9. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining birinchi rahbari Qoʻmita raisi hisoblanadi. Qoʻmita raisi ishda boʻlmagan hollarda, uning vazifasi Qoʻmita raisi oʻrinbosari tomonidan amalga oshiriladi.
10. Qoʻmita raisi oʻz faoliyatini tashkil etishda quyidagi vakolatlarga ega:
Qoʻmita faoliyatini tashkil etish;
Qoʻmita yigʻilishlari kunini belgilash, yigʻilish kun tartibini tasdiqlash va yigʻilishlarda raislik qilish;
Qoʻmita aʼzolari oʻrtasida vazifalarni taqsimlash;
Qoʻmita qarorlari bajarilishini nazorat qilish;
Xavflar reyestri, xavflar yuzasidan chora-tadbirlar rejasi hamda xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan hisobotni tasdiqlash;
Qoʻmitaning vakolatlariga kiruvchi boshqa vazifalarni amalga oshirish.
11. Qoʻmitaga yuklangan vazifalarning bajarilishini muhokama qilish hamda kelgusida amalga oshirilishi lozim boʻlgan vazifalar boʻyicha har chorakda kamida bir marotaba respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organida yigʻilish oʻtkaziladi.
3-bob. Qoʻmitaning maqsadi va vazifalari
12. Qoʻmita respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatida moliyaviy va boshqa xavflarning oldini olish va boshqarish (keyingi oʻrinlarda — xavflarni boshqarish), shu jumladan, xavflarni aniqlash, baholash, kamaytirish (oldini olish, bartaraf etish) va monitoring yuritilishini samarali taʼminlash maqsadida tashkil etiladi.
13. Quyidagilar Qoʻmitaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
strategik rejalashtirishga masʼul tuzilmalar tomonidan tizim faoliyati va maqsadli koʻrsatkichlarga (indikatorlarga) erishish bilan bogʻliq moliyaviy, operatsion hamda ichki nazoratga oid aniqlangan xavflarning roʻyxati shakllantirilishi va yangilab borilishini taʼminlash;
davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etilishini taʼminlash hamda aniqlangan xavflarni bartaraf etish;
xavflarni aniqlash va bartaraf etish boʻyicha tarkibiy boʻlinmalar faoliyatini samarali tashkil etish;
har chorak yakuni boʻyicha xavflarning kelib chiqish sabablarini tahlil qilish hamda ularning oldini olish, oqibatlarini bartaraf etish yuzasidan tarkibiy boʻlinmalar tomonidan amalga oshirilgan ishlarni atroflicha muhokama qilish;
normativ-huquqiy hujjatlar va huquqni qoʻllash amaliyotidagi xavflarning yuzaga kelishiga imkon beruvchi ziddiyatlarni bartaraf etish, tegishli normalarni takomillashtirish boʻyicha takliflar tayyorlash;
xavflarning oldini olishni nazarda tutadigan istiqbolli yoʻnalishlarni belgilash.
4-bob. Qoʻmitaning huquq va majburiyatlari
14. Qoʻmita oʻziga yuklangan vazifalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:
Qoʻmitaga yuklangan vazifalarni bajarish maqsadida respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining tarkibiy boʻlinmalari va tizimidagi tashkilotlardan zarur boʻlgan maʼlumotlar va hujjatlarni elektron, ogʻzaki va yozma shaklda soʻrash va olish;
Qoʻmitaning yigʻilishlariga xavflarni boshqarish boʻyicha maxsus kasbiy bilimlarni talab etadigan masalalarni koʻrib chiqish uchun respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining tarkibiy boʻlinmalari va tizimidagi tashkilotlar xodimlarini hamda mustaqil ekspertlarni jalb qilish;
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi tomonidan tashkil etiladigan moliyaviy-iqtisodiy masalalarga tegishli yigʻilishlarda, shuningdek, xavflarni boshqarish boʻyicha ishchi uchrashuvlarda ishtirok etish;
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi tarkibiy boʻlinmalarining rahbarlaridan muntazam ravishda xavflarning joriy holati, xavflar darajasini kamaytirish mexanizmlari toʻgʻrisida maʼlumot va hisobotlarni olish;
oʻz faoliyatini amalga oshirishda texnik vositalardan, shu jumladan, audio-foto va video qayd etish vositalaridan foydalanish;
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi tarkibiy boʻlinmalari xodimlarining xavflarni boshqarishga oid savodxonligini oshirishga qaratilgan seminarlar, treninglar va boshqa shu kabi tadbirlarni tashkil etish.
Qoʻmita oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
15. Qoʻmita oʻz faoliyatini amalga oshirishda quyidagi majburiyatlarni bajaradi:
Qoʻmita yigʻilishlarini oʻz muddatlarida tashkil etib borish;
Qoʻmita aʼzolari va uning tarkibiga kirmaydigan jalb qilingan ishtirokchilarga Qoʻmita yigʻilishiga oid hujjatlarning oʻz vaqtida taqdim etilishini tashkil etish;
xavflarni boshqarish boʻyicha amalga oshiriladigan ishlar, yuzaga kelayotgan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan tarkibiy boʻlinmalar va ichki audit xizmatlariga taklif, tavsiya va koʻrsatmalar yuborish;
ishlarni belgilangan tartibda yuritish, xavflarni boshqarish boʻyicha toʻplangan hujjatlarning qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatda saqlanishi va hisobining yuritilishini tashkil etish;
belgilangan vazifalarni bajarishda korrupsiya holatlarining, shu jumladan, manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish choralarini koʻrish;
faoliyatini amalga oshirish jarayonida olingan davlat siri va boshqa turdagi sirlarni tashkil etuvchi maʼlumot va hujjatlarning maxfiyligini saqlash;
Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligiga oʻz faoliyati yuzasidan soʻralgan maʼlumotlarni taqdim etish.
Qoʻmita oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
5-bob. Qoʻmita yigʻilishlarini oʻtkazish tartibi
16. Qoʻmita yigʻilishlari har chorakda hamda mazkur Namunaviy nizomda koʻzda tutilgan holatlarda oʻtkaziladi.
Bunda qoʻmita yigʻilishlari onlayn tarzda oʻtkazilishi ham mumkin.
Qoʻmita yigʻilishi oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnoma, kun tartibi va yigʻilishga oid maʼlumotlar Qoʻmita aʼzolariga yigʻilishdan kamida 5 ish kuni avval xabar qilinadi.
17. Qoʻmita raisi Qoʻmitaning navbatdagi yigʻilishi chaqirilishi, uning oʻtkazilish sanasi va joyini, kun tartibini hamda Qoʻmita yigʻilishida ishtirok etuvchilar roʻyxatini belgilaydi.
Bunda yigʻilishda koʻrib chiqiladigan masalalardan kelib chiqib, Qoʻmita raisi qarori bilan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari hamda tashqi organlar vakillari ham ishtirok etishi mumkin.
18. Qoʻmita raisi, Ishchi organ va Qoʻmita aʼzolarining taklif va soʻrovlariga muvofiq zarur hollarda, Qoʻmitaning navbatdan tashqari yigʻilishi oʻtkazilishi mumkin.
Bunda Qoʻmitaning Ishchi organi ushbu Namunaviy nizom talablariga muvofiq Qoʻmitaning navbatdan tashqari yigʻilishi boʻyicha tashkiliy chora-tadbirlarni amalga oshiradi.
19. Qoʻmita yigʻilishlarida Qoʻmita aʼzolarining kamida toʻrtdan uch qismi ishtirok etganda, yigʻilish vakolatli hisoblanadi.
20. Ishchi organ Qoʻmita yigʻilishlarining tashkil etilishi va oʻtkazilishida:
Qoʻmita yigʻilishi boʻyicha zarur ish materiallarini jamlaydi va tayyorlaydi;
Qoʻmita yigʻilishining oʻtkazilish sanasi, vaqti va joyi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Qoʻmita aʼzolariga yetkazadi;
Qoʻmita aʼzolarini ish materiallari bilan tanishtiradi;
Qoʻmita yigʻilishlari bayonnomalari loyihasini tayyorlaydi;
Qoʻmita yigʻilishlari bayonnomasidan koʻchirmalarni respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining barcha manfaatdor tarkibiy boʻlinmalariga yetkazadi;
Qoʻmita faoliyati boʻyicha hujjatlarni tegishli tartibda hisobga oladi va ularning saqlanishini taʼminlaydi;
Qoʻmitaning faoliyatini tashkil etish bilan bogʻliq boshqa ishlarni amalga oshiradi.
21. Qoʻmita yigʻilishi va unda koʻrib chiqilgan masalalar bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
22. Qoʻmita yigʻilishi bayonnomasida quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:
Qoʻmita yigʻilishining oʻtkazilgan vaqti va joyi;
Qoʻmita yigʻilishida ishtirok etgan aʼzolar va taklif etilgan boshqa tomonlarning roʻyxati;
yigʻilish kun tartibi;
kun tartibiga muvofiq koʻrib chiqilgan masalalar hamda kiritilgan takliflar;
Qoʻmita yigʻilishida qabul qilingan qarorlar.
23. Qoʻmita yigʻilishi bayonnomasi Qoʻmita raisi tomonidan yigʻilish oʻtkazilganidan soʻng 3 ish kuni ichida tasdiqlanadi hamda Qoʻmitaning aʼzolari va ishchi organi rahbari tomonidan imzolanadi.
24. Qoʻmita yigʻilishlari bayonnomalarining asl nusxasi va ularga ilova qilingan materiallar Ishchi organda saqlanadi.
25. Qoʻmita tomonidan tasdiqlangan chora-tadbirlar rejasining ijrosi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va xavflarni boshqarish boʻyicha yillik hisobotlar respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
26. Ushbu Namunaviy nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 29-aprel,
279-son