UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 15-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 15 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 15 мая 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 15 May 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 5 мартдаги ПФ-43-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 5 мартдаги ПФ-43-сон Фармонига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази (кейинги ўринларда — Миллий марказ) ташкил этилгани;

Миллий марказ кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ижро этувчи орган этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Миллий марказнинг вазифалари, функция ва ҳуқуқлари;

Миллий марказнинг тузилмаси ва раҳбариятининг масъулияти;

Миллий марказнинг бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги;

Миллий марказни молиялаштириш, моддий-техник таъминлаш ҳамда унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

Миллий марказга, шу жумладан, ходимларнинг иш ҳақи, моддий рағбатлантирилиши, асосий воситалар, моддий-техник база, жиҳозлар, сервер ускуналари билан таъминлаш ва сақлаш харажатларини амалга ошириш ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 2025 йил учун 10 млрд сўм маблағ ажратсин;

2026 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Кадастр агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китоблари асосида Миллий марказ фаолиятини молиялаштириш учун маблағларни назарда тутсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 майдаги 320-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги) Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази (кейинги ўринларда — Миллий марказ) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, фаолиятини ташкил этиш ва унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.

2. Миллий марказ кўчмас мулк объектларининг бозор баҳосига яқин бўлган қийматини оммавий баҳолаш орқали аниқлаш, оммавий баҳолаш электрон маълумотлар базасини юритиш ва кўчмас мулк бозорини мониторинг ва таҳлил қилувчи давлат муассасаси шаклидаги ваколатли орган ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида бевосита Кадастр агентлигига бўйсунади.

3. Миллий марказ Кадастр агентлиги тизимига киради.

4. Миллий марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) ва Кадастр агентлигининг буйруқларига амал қилади.

5. Миллий марказ юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган ҳисобварақларига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.

6. Миллий марказ ўз фаолиятини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Кадастр агентлиги ва уларнинг бўлинмалари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хўжалик бирлашмалари, хорижий ва халқаро ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

7. Миллий марказнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази;

қисқартирилган номи — Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази;

б) рус тилида:

тўлиқ номи — Национальный центр по массовой оценке недвижимого имущества Агентства по кадастру при Министерстве экономики и финансов Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи — Национальный центр по массовой оценке недвижимого имущества;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи — National Centre for Mass Valuation of Real Estate of the Cadastral Agency under the Ministry of Economy and Finance of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи — National Centre for Mass Valuation of Real Estate.

2-боб. Миллий марказнинг асосий вазифалари ва функциялари

8. Қуйидагилар Миллий марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

кўчмас мулк объектларининг бозор баҳосига яқин бўлган қийматини оммавий баҳолаш орқали аниқлаш;

оммавий баҳолашнинг электрон маълумотлар базасини яратиш, юритиш ва янгилаб бориш, оммавий баҳолаш натижаларини ушбу базага алоҳида мурожаатсиз ва ҳақ ундирмасдан киритиш;

кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолаш билан боғлиқ маълумотларни ўрганиш, тўплаш ва қайта ишлаш асосида кўчмас мулк бозорини мониторинг ва таҳлил қилиш.

Бунда оммавий баҳолаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун ваколатли орган томонидан берилган баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлиш шарт эмас.

9. Миллий марказ ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

оммавий баҳолаш ишларини амалга оширади;

оммавий баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни тўплайди;

кўчмас мулк бозорининг мониторинги электрон савдо платформалари, шунингдек, бошқа манбалардаги кўчмас мулкни сотиш ва ижарага бериш бўйича таклиф этилаётган эълонлар ва тузилган, шу жумладан, нотариал расмийлаштирилган битимлар тўғрисида маълумотларни тўплайди, текширади ва қайта ишлайди;

оммавий баҳолаш жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

оммавий баҳолашнинг натижаларини Кадастр агентлигига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади;

Кадастр агентлиги директори буйруқларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширилишини таъминлайди;

оммавий баҳолаш жараёнини тартибга солувчи чора-тадбирлар ва механизмларни ишлаб чиқиш, шу жумладан, оммавий баҳолаш методикасини такомиллаштириш юзасидан Кадастр агентлигига таклифлар киритади;

кадрлар захирасини яратади, уларни қайта тайёрлаш ва стажировкадан ўтказишни ташкил этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этади;

Миллий марказ таркибий бўлинмаларида ички назорат, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва қонунларга зид бошқа ҳаракатлар, шунингдек, Миллий марказ ходимлари томонидан касбий ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олиш ва уларни камайтириш чораларини кўради.

Миллий марказ қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ бошқа функцияларга ҳам эга бўлиши мумкин.

3-боб. Миллий марказнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

10. Миллий марказ кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ўзига юкланган асосий вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлардан оммавий баҳолаш тизими учун зарур бўлган ахборотларни ҳамда Миллий марказга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан, статистика маълумотларини сўраш ва бепул олиш;

оммавий баҳоланиши лозим бўлган кўчмас мулк объектларининг шакллантирилган рўйхатини Кадастр агентлигидан олиш;

маълумотлар базасида мавжуд бўлган кўчмас мулк объектларига оид тўлиқ ва сифатли маълумотларни Кадастр агентлигидан олиш;

Миллий марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича методик материаллар ва тавсияларни ишлаб чиқиш;

меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, тор доирадаги мутахассисларни шартнома асосида Миллий марказга ишга жалб этиш;

Кадастр агентлиги билан келишган ҳолда, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан Миллий марказнинг ваколати доирасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш;

Миллий марказ фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ўтказиш ҳамда бошқа, шу жумладан, хорижий ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган шундай тадбирларда иштирок этиш;

оммавий баҳолаш соҳасини ривожлантиришга оид долзарб ва истиқболдаги муаммолар ечимини ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳларни тузиш;

Миллий марказ ходимлари томонидан ўз соҳасида улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларни моддий рағбатлантириш;

Миллий марказ ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

иш ҳажмидан келиб чиқиб, қўшимча ходимларни жалб қилиш бўйича Кадастр агентлигига таклиф киритиш;

олий таълим ташкилотларининг талабаларини амалиёт даврларида амалиёт ўташга қабул қилиш.

Миллий марказ қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11. Миллий марказ:

кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ўзига юкланган вазифа ва функцияларни самарали бажариш;

кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши учун жавобгардир.

4-боб. Миллий марказ фаолиятини ташкил этиш

12. Миллий марказнинг тузилмаси Кадастр агентлиги директори томонидан тасдиқланади.

13. Миллий марказга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Кадастр агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Миллий марказ директори раҳбарлик қилади.

14. Миллий марказ директори Кадастр агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бир нафар ўринбосарга эга бўлади.

15. Миллий марказ директори Кадастр агентлиги директори билан келишилган ҳолда, Миллий марказ директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бир нафар маслаҳатчига эга бўлади.

16. Миллий марказ директори бўлмаган вақтда, унинг ваколатлари Миллий марказ директори буйруғи билан унинг ўринбосарига юкланади.

5-боб. Миллий марказ директори ва ўринбосарининг асосий функционал вазифалари

17. Қуйидагилар Миллий марказ директорининг (кейинги ўринларда — директор) асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Миллий марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги раҳбарининг буйруқлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Миллий марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги раҳбарининг буйруқлари билан тасдиқланган Миллий марказ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиш ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг ҳайъати қарорлари, Кадастр агентлиги директорининг буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

ўз ўринбосари ва Миллий марказнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Миллий марказ фаолиятининг алоҳида йўналишларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

Миллий марказ фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, оммавий баҳолаш соҳасини ривожлантириш тенденцияларидан келиб чиқиб, Миллий марказ ва ўз ўринбосарининг чораклик иш режаларини тасдиқлаш ҳамда уларнинг бажарилиши назоратини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари бажарилишини таъминлаш, таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига ва «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига мувофиқ таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Миллий марказ ходимларини тизимли равишда қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

Миллий марказда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Миллий марказнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

вакант лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

Миллий марказ раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини белгиланган тартибда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асослангани, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўз ўринбосарининг фаолияти натижадорлиги ва самарадорлигини тизимли равишда танқидий ўрганиш, шахсий ҳисоботларини эшитиш, ҳисоботлар якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Миллий марказ ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарини ва Миллий марказнинг бошқа мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни ҳал этиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Миллий марказ ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Миллий марказ ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ Миллий марказ тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Миллий марказ ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни , Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга чиқиб қабул қилишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Миллий марказ ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Миллий марказ ходимларининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни, лавозим йўриқномалари ҳамда Миллий марказнинг бошқа ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Миллий марказнинг ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда улар билан меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;

Миллий марказ мансабдор шахслари ва ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар қабул қилиш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;

ходимларнинг умумий белгиланган сони доирасида Миллий марказнинг штатлар жадвалини, шунингдек, Миллий марказ харажатлар ва даромадлар сметасини Кадастр агентлиги директорига тасдиқлаш учун киритиш;

Миллий марказ тузилмасига бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳамда қўшимча штат бирликларини киритиш бўйича таклифларни Кадастр агентлиги директорига киритиш;

меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, тор доирадаги мутахассисларни шартнома асосида Миллий марказга ишга жалб этиш бўйича таклифларни Кадастр агентлиги директорига киритиш;

алоҳида ўзини кўрсатган ходимларга давлат мукофотлари бериш учун уларнинг номзодларини белгиланган тартибда Кадастр агентлиги директорига тақдим этиш;

Миллий марказ фаолиятига оид соҳаларда халқаро ва ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро тадбирларда Кадастр агентлиги директори билан келишган ҳолда иштирок этиш.

18. Қуйидагилар Миллий марказ директори ўринбосарининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

директор вақтинча бўлмаганда, директорнинг буйруғи асосида унинг вазифаларини бажариш;

Миллий марказнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги директорининг буйруқлари билан тасдиқланган Миллий марказ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиш ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг ҳайъати қарорлари, Кадастр агентлиги директори ҳамда Миллий марказ директорининг буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан белгиланган вазифаларга эришилишини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари бажарилишини таъминлаш, таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига ва «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига мувофиқ таркибий бўлинма раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Миллий марказ директорига таклифлар киритиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

Миллий марказ фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Миллий марказнинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Миллий марказ директори томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, уларнинг Кадастр агентлигига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда директорнинг топшириғига биноан иштирок этиш;

Миллий марказга тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;

Миллий марказ ходимларининг хизмат сафарларига чиқиши ва бўлиши, хизмат сафарларининг асослангани, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

Миллий марказнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ҳамда натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш;

Миллий марказ фаолиятига оид тегишли масалалар бўйича Миллий марказ фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чоралар кўриш ҳамда ушбу соҳаларда қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни директорга киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ҳамда интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни директорга киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чоралар кўриш;

Миллий марказ ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Миллий марказ ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ Миллий марказ тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Миллий марказ фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир таклифларни директорга киритиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни , Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга чиқиб қабул қилишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

6-боб. Миллий марказ директори ва ўринбосарининг жавобгарлиги

19. Миллий марказ директори:

Миллий марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

20. Директорнинг ўринбосари:

ўзи назорат қиладиган таркибий тузилмаларда Миллий марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

7-боб. Миллий марказнинг самарадорлигини баҳолаш мезонлари

21. Миллий марказ фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.

22. Миллий марказ фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Кадастр агентлиги директори томонидан тасдиқланадиган Миллий марказ фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.

23. Миллий марказ фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Миллий марказ раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Миллий марказ фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.

24. Миллий марказ фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Кадастр агентлиги директори томонидан тасдиқланади.

8-боб. Миллий марказнинг Кадастр агентлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлинмалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги

25. Миллий марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита Кадастр агентлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлинмалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширади.

26. Миллий марказнинг Кадастр агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги бевосита директор ва унинг ўринбосари томонидан таъминланади.

27. Миллий марказнинг Кадастр агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар Кадастр агентлиги директорининг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар директор ўринбосари томонидан келишмовчиликларни бартараф этишнинг имкони бўлмаса, сўнгги қарор бевосита Кадастр агентлиги директори томонидан қабул қилинади.

9-боб. Миллий марказни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш

28. Миллий марказ ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, илмий даражалари, узоқ муддат хизмати учун устама ҳақлар, байрам кунлари учун мукофотлар, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан, рағбатлантириш тўловлари, қўшимча моддий рағбатлантириш тўловларидан ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

29. Миллий марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартларига кўра тегишли равишда Кадастр агентлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Миллий марказ директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш тартиби бўйича Кадастр агентлиги директори ўринбосарига тенглаштирилади.

30. Миллий марказ фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети;

бюджетдан ташқари маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинадиган грантлар ва техник кўмаклар;

Миллий марказнинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда Миллий марказ ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун зарур маблағлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Кадастр агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда молиявий ёрдам сифатида ажратиб борилади.

31. Миллий марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни молиялаштиришда республика бюджетидан қуйидагилар назарда тутилади:

ягона тариф сеткаси бўйича тасдиқланган разрядларга мувофиқ лавозим маоши, бунда лавозим маошини ҳисоблашда тасдиқланган тариф разрядлари тариф коэффициенти 1,7 бараварга оширилган миқдорда қўлланади;

40 фоиз миқдорда меҳнатни рағбатлантириш (рағбатлантирувчи коэффициент) учун оширилган тариф коэффициентини ҳисобга олган ҳолда устама ҳақ;

йилда бир марта бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам;

йилда бир марта икки ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида мукофот пули;

15 фоизлик моддий рағбатлантириш фонди.

32. Миллий марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимларга шахсий устамалар қуйидаги шаклларда берилади:

Миллий марказ раҳбар ва ходимларини моддий жиҳатдан кўллаб-қувватлаш мақсадида Миллий марказ директори томонидан ходимларга лавозим маошининг (лавозим маошига нисбатан рағбатлантириш коэффициентлари ҳисобга олинган ҳолда) 250 фоизгача бўлган миқдорда ҳар ойлик устамалар;

фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражаларга) эга бўлган ходимларга фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражаларга) эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 5 фоизи ҳамда фан доктори (DSc) илмий даражасига (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даражага) эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида устама тўлаш;

Миллий марказ ходимларига ҳар ойда узоқ муддат узлуксиз хизмати учун (иш стажига кўра) устама ҳақ миқдорлари лавозим маошига (рағбатлантириш коэффициентлари ҳисобга олинган ҳолда) нисбатан қуйидаги коэффициентлар билан ҳисобланади:

Иш стажи Лавозим маошига устама ҳақ миқдори (коэффициент ҳисобида) 1 йилдан 3 йилгача 0,1 3 йилдан 5 йилгача 0,2 5 йилдан 10 йилгача 0,4 10 йилдан 15 йилгача 0,5 15 йил ва ундан ортиқ 0,6

33. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Миллий марказ директори томонидан берилган алоҳида топшириқларни сифатли бажараётган, самарали фаолият кўрсатаётган Миллий марказ ходимлари сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмига ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган ҳар ойлик устамаларига қўшимча равишда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ойлик лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентлари ҳисобга олинган ҳолда) икки баравари миқдоригача юқори малака учун ҳар ойлик шахсий устамалар белгиланиши мумкин.

34. Миллий марказ ходимлари қонунчиликда белгиланган давлат байрамлари муносабати билан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентлари ҳисобга олинган ҳолда) бир бараваригача миқдорда бир марталик мукофот билан моддий рағбатлантирилади.

35. Миллий марказ ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қуйидаги тўловлар ҳам амалга оширилиши мумкин:

моддий ёрдам кўрсатиш;

овқатланиш ва йўлкира чиптаси харажатларини қоплаш.

36. Миллий марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун йилда бир марта (йилнинг сентябрь — ноябрь ойларида) базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 (йигирма) бараваригача миқдорда моддий ёрдам пули берилади.

Қуйидаги ҳолларда Миллий марказ директорининг буйруғи билан ходимга лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентлари ҳисобга олинган ҳолда) уч бараваригача миқдорда моддий ёрдам берилиши мумкин:

юбилей саналарида — ходим 50, 55 ва 60 ёшга тўлганда;

ходим оиласида бахтсиз ҳодиса рўй берган тақдирда (автоҳалокат, табиий офат, оғир касалликка чалиниш, электр токи ва табиий газдан куйиш ва бошқа бахтсиз ҳодисалар);

ходим оғир касаллиги сабабли, узоқ муддат (узлуксиз 1,5 ойдан кўп), сурункали ва жиддий касал бўлганда даволаниши учун;

ходим оиласининг кам таъминлангани ва молиявий ҳолатининг оғирлиги туфайли;

ходим фарзандли бўлганда — тегишли гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда;

табиий (ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқалар) ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар шароитида;

ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтганда — гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда;

ходим ёки унинг яқин қариндоши (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда — вафоти тўғрисида гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда.

Миллий марказ ходими вафот этган ҳолларда, моддий ёрдам ходимнинг турмуш ўртоғига, турмуш ўртоғи йўқлигида — у билан бирга яшовчи вояга етган фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлар ва ҳомийларга) ёхуд вояга етмаган болаларни (болаликдан ногиронлиги бўлган шахс — ёшидан қатъи назар) фарзандликка олганларга, шунингдек, агар ходимлар никоҳда бўлмаган ва фарзандлари бўлмаган ҳолларда ходимнинг қарамоғидаги шахсларга ёки ота-оналарига тенг улушда тўлаб берилади.

37. Миллий марказ ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида уларга ҳар ойда ҳар бир штат бирлигига ҳақиқатда ишлаган куни учун овқатланиш ва йўлкира чипталари харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг мос равишда ўн ва беш фоиз миқдорида пул тўланади.

38. Шахсий ва рағбатлантириш устамалари, моддий рағбатлантириш, мукофотлар, ижтимоий муҳофаза қилишнинг аниқ миқдорлари ва улар татбиқ этиладиган ходимлар ушбу Низомда белгиланган миқдорлар доирасида Миллий марказнинг бюджетдан ташқари маблағларига тушумлари ҳажмидан келиб чиқиб, Миллий марказ директори томонидан белгиланади.

39. Меҳнат қонунчилигига асосан иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди.

40. Ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган манбалар ҳисобидан қуйидаги йўналишларга маблағлар йўналтирилиши мумкин:

Миллий марказни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, шу жумладан, сервер ускуналарини, асосий воситаларни, маҳаллий хизмат автотранспорт воситасини харид қилиш;

Миллий марказнинг бино ва иншоотлари ҳамда асбоб-ускуналарини таъмирлаш ва қайта таъмирлаш;

Миллий марказнинг раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарлари харажатлари;

хорижий давлатларга хизмат сафарлари харажатлари;

Миллий марказ ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, шу жумладан, хорижий давлатларда ўқишини ташкил қилиш, халқаро конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишини таъминлаш;

ўз ваколат доирасида соҳасида илмий тадқиқотлар, халқаро форум ва конференцияларни ташкил этиш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

Миллий марказга маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда консультантларни жалб этиш;

Миллий марказ фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, хизмат вазифаларини бажариш чоғидаги алоҳида хизматлари учун ва пенсияга чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш;

Миллий марказ фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш;

Миллий марказнинг коммунал-фойдаланиш ҳамда бошқа жорий харажатлари;

Миллий марказнинг штат бирликларини сақлаб туриш;

оммавий баҳолаш тизимини яратиш, юритиш ва техник қўллаб-қувватлаш;

Миллий марказга юкланган вазифаларни самарали бажариш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда фаолиятини яхшилаш, шунингдек, алоҳида топшириқлар ижросини таъминлаш билан боғлиқ бошқа тадбирларни молиялаштириш.

41. Миллий марказ ходимлари учун аввалги иш жойида берилган ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади.

42. Миллий марказнинг бюджетдан ташқари маблағларидан фойдаланиш тартиби Кадастр агентлиги томонидан белгиланади.

10-боб. Якунловчи қоидалар

43. Миллий марказ директори доимий равишда Миллий марказ фаолияти тўғрисида Кадастр агентлигига ҳисобот беради.

44. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 15 май,

320-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.05.2025 й., 09/25/320/0443-сон; 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Koʻchmas mulkni ommaviy baholash milliy markazi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Koʻchmas mulkni ommaviy baholash tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2025-yil 5-martdagi PF-43-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Koʻchmas mulkni ommaviy baholash tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2025-yil 5-martdagi PF-43-son Farmoniga muvofiq:

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Koʻchmas mulkni ommaviy baholash milliy markazi (keyingi oʻrinlarda — Milliy markaz) tashkil etilgani;

Milliy markaz koʻchmas mulkni ommaviy baholash sohasida ijro etuvchi organ etib belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Koʻchmas mulkni ommaviy baholash milliy markazi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Milliy markazning vazifalari, funksiya va huquqlari;

Milliy markazning tuzilmasi va rahbariyatining masʼuliyati;

Milliy markazning boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi;

Milliy markazni moliyalashtirish, moddiy-texnik taʼminlash hamda uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi:

Milliy markazga, shu jumladan, xodimlarning ish haqi, moddiy ragʻbatlantirilishi, asosiy vositalar, moddiy-texnik baza, jihozlar, server uskunalari bilan taʼminlash va saqlash xarajatlarini amalga oshirish hamda axborot tizimlarini joriy etish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan 2025-yil uchun 10 mlrd soʻm mablagʻ ajratsin;

2026-yildan boshlab har yili Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda Kadastr agentligining asoslantirilgan hisob-kitoblari asosida Milliy markaz faoliyatini moliyalashtirish uchun mablagʻlarni nazarda tutsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-maydagi 320-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Koʻchmas mulkni ommaviy baholash milliy markazi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining (keyingi oʻrinlarda — Kadastr agentligi) Koʻchmas mulkni ommaviy baholash milliy markazi (keyingi oʻrinlarda — Milliy markaz) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari, faoliyatini tashkil etish va uning rahbarlarining funksional vazifalari va masʼuliyatini belgilaydi.

2. Milliy markaz koʻchmas mulk obyektlarining bozor bahosiga yaqin boʻlgan qiymatini ommaviy baholash orqali aniqlash, ommaviy baholash elektron maʼlumotlar bazasini yuritish va koʻchmas mulk bozorini monitoring va tahlil qiluvchi davlat muassasasi shaklidagi vakolatli organ hisoblanadi hamda oʻz faoliyatida bevosita Kadastr agentligiga boʻysunadi.

3. Milliy markaz Kadastr agentligi tizimiga kiradi.

4. Milliy markaz oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda ushbu Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Iqtisodiyot va moliya vazirligi) va Kadastr agentligining buyruqlariga amal qiladi.

5. Milliy markaz yuridik shaxs hisoblanadi, mustaqil balansga, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochiladigan hisobvaraqlariga, Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga ega boʻladi.

6. Milliy markaz oʻz faoliyatini Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Kadastr agentligi va ularning boʻlinmalari, shu jumladan, ularning hududiy boʻlinmalari va idoraviy mansub tashkilotlari, respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlar, xoʻjalik birlashmalari, xorijiy va xalqaro hamda nodavlat notijorat tashkilotlari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlikda amalga oshiradi.

7. Milliy markazning rasmiy nomi:

a) davlat tilida:

toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Koʻchmas mulkni ommaviy baholash milliy markazi;

qisqartirilgan nomi — Koʻchmas mulkni ommaviy baholash milliy markazi;

b) rus tilida:

toʻliq nomi — Natsionalniy sentr po massovoy otsenke nedvijimogo imushestva Agentstva po kadastru pri Ministerstve ekonomiki i finansov Respubliki Uzbekistan;

qisqartirilgan nomi — Natsionalniy sentr po massovoy otsenke nedvijimogo imushestva;

v) ingliz tilida:

toʻliq nomi — National Centre for Mass Valuation of Real Estate of the Cadastral Agency under the Ministry of Economy and Finance of the Republic of Uzbekistan;

qisqartirilgan nomi — National Centre for Mass Valuation of Real Estate.

2-bob. Milliy markazning asosiy vazifalari va funksiyalari

8. Quyidagilar Milliy markazning asosiy vazifalari hisoblanadi:

koʻchmas mulk obyektlarining bozor bahosiga yaqin boʻlgan qiymatini ommaviy baholash orqali aniqlash;

ommaviy baholashning elektron maʼlumotlar bazasini yaratish, yuritish va yangilab borish, ommaviy baholash natijalarini ushbu bazaga alohida murojaatsiz va haq undirmasdan kiritish;

koʻchmas mulk obyektlarini ommaviy baholash bilan bogʻliq maʼlumotlarni oʻrganish, toʻplash va qayta ishlash asosida koʻchmas mulk bozorini monitoring va tahlil qilish.

Bunda ommaviy baholash, koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun vakolatli organ tomonidan berilgan baholovchining malaka sertifikatiga ega boʻlish shart emas.

9. Milliy markaz oʻziga yuklangan asosiy vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni bajaradi:

ommaviy baholash ishlarini amalga oshiradi;

ommaviy baholash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni toʻplaydi;

koʻchmas mulk bozorining monitoringi elektron savdo platformalari, shuningdek, boshqa manbalardagi koʻchmas mulkni sotish va ijaraga berish boʻyicha taklif etilayotgan eʼlonlar va tuzilgan, shu jumladan, notarial rasmiylashtirilgan bitimlar toʻgʻrisida maʼlumotlarni toʻplaydi, tekshiradi va qayta ishlaydi;

ommaviy baholash jarayonini raqamlashtirish va avtomatlashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;

ommaviy baholashning natijalarini Kadastr agentligiga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun kiritadi;

Kadastr agentligi direktori buyruqlarining oʻz vakolatlari doirasida amalga oshirilishini taʼminlaydi;

ommaviy baholash jarayonini tartibga soluvchi chora-tadbirlar va mexanizmlarni ishlab chiqish, shu jumladan, ommaviy baholash metodikasini takomillashtirish yuzasidan Kadastr agentligiga takliflar kiritadi;

kadrlar zaxirasini yaratadi, ularni qayta tayyorlash va stajirovkadan oʻtkazishni tashkil etadi;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlashni tashkil etadi;

Milliy markaz tarkibiy boʻlinmalarida ichki nazorat, korrupsiyaviy huquqbuzarliklar va qonunlarga zid boshqa harakatlar, shuningdek, Milliy markaz xodimlari tomonidan kasbiy axloq qoidalari buzilishining oldini olish va ularni kamaytirish choralarini koʻradi.

Milliy markaz qonunchilik hujjatlarga muvofiq boshqa funksiyalarga ham ega boʻlishi mumkin.

3-bob. Milliy markazning huquqlari va javobgarligi

10. Milliy markaz koʻchmas mulkni ommaviy baholash sohasida oʻziga yuklangan asosiy vazifa va funksiyalarni bajarishda quyidagi huquqlarga ega:

respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va boshqa tashkilotlardan ommaviy baholash tizimi uchun zarur boʻlgan axborotlarni hamda Milliy markazga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun zarur boʻlgan hujjatlar va axborotlarni, shu jumladan, statistika maʼlumotlarini soʻrash va bepul olish;

ommaviy baholanishi lozim boʻlgan koʻchmas mulk obyektlarining shakllantirilgan roʻyxatini Kadastr agentligidan olish;

maʼlumotlar bazasida mavjud boʻlgan koʻchmas mulk obyektlariga oid toʻliq va sifatli maʼlumotlarni Kadastr agentligidan olish;

Milliy markaz vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha metodik materiallar va tavsiyalarni ishlab chiqish;

mehnat bozorining amaldagi konyunkturasini hisobga olgan holda, tor doiradagi mutaxassislarni shartnoma asosida Milliy markazga ishga jalb etish;

Kadastr agentligi bilan kelishgan holda, xalqaro va xorijiy tashkilotlar bilan Milliy markazning vakolati doirasida toʻgʻridan-toʻgʻri aloqalarni oʻrnatish va hamkorlik qilish;

Milliy markaz faoliyatini keng yoritish maqsadida rasmiy veb-saytlar, shuningdek, ijtimoiy tarmoqlarda sahifalar yaratish;

oʻz vakolati doirasida konferensiyalar, seminarlar, simpoziumlar oʻtkazish hamda boshqa, shu jumladan, xorijiy tashkilotlar tomonidan tashkil etilayotgan shunday tadbirlarda ishtirok etish;

ommaviy baholash sohasini rivojlantirishga oid dolzarb va istiqboldagi muammolar yechimini ishlab chiqish maqsadida ishchi guruhlarni tuzish;

Milliy markaz xodimlari tomonidan oʻz sohasida ular faoliyatining asosiy koʻrsatkichlari boʻyicha parametrlar bajarilishini hisobga olgan holda ularni moddiy ragʻbatlantirish;

Milliy markaz xodimlarini ijtimoiy himoya qilish chora-tadbirlarini amalga oshirish;

ish hajmidan kelib chiqib, qoʻshimcha xodimlarni jalb qilish boʻyicha Kadastr agentligiga taklif kiritish;

oliy taʼlim tashkilotlarining talabalarini amaliyot davrlarida amaliyot oʻtashga qabul qilish.

Milliy markaz qonunchilik hujjatlarga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

11. Milliy markaz:

koʻchmas mulkni ommaviy baholash sohasida oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni samarali bajarish;

koʻchmas mulkni ommaviy baholash sohasida ishlab chiqilgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari va boshqa hujjatlarning sifati, pirovard natijalari va amalga oshirilishi oqibatlari;

oʻz faoliyati sohasini rivojlantirish boʻyicha dasturlar, tadbirlar rejalari, “yoʻl xaritalari” va boshqa dasturiy hujjatlarning samarali amalga oshirilishi uchun javobgardir.

4-bob. Milliy markaz faoliyatini tashkil etish

12. Milliy markazning tuzilmasi Kadastr agentligi direktori tomonidan tasdiqlanadi.

13. Milliy markazga Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda, Kadastr agentligi direktori tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan Milliy markaz direktori rahbarlik qiladi.

14. Milliy markaz direktori Kadastr agentligi direktori tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan bir nafar oʻrinbosarga ega boʻladi.

15. Milliy markaz direktori Kadastr agentligi direktori bilan kelishilgan holda, Milliy markaz direktori tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan bir nafar maslahatchiga ega boʻladi.

16. Milliy markaz direktori boʻlmagan vaqtda, uning vakolatlari Milliy markaz direktori buyrugʻi bilan uning oʻrinbosariga yuklanadi.

5-bob. Milliy markaz direktori va oʻrinbosarining asosiy funksional vazifalari

17. Quyidagilar Milliy markaz direktorining (keyingi oʻrinlarda — direktor) asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, shuningdek, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya qilish;

Milliy markaz faoliyatiga umumiy rahbarlik qilish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlari, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Kadastr agentligi rahbarining buyruqlari va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan Milliy markazga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishini tashkil etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasi qarorlari va farmoyishlari, shuningdek, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Kadastr agentligi rahbarining buyruqlari bilan tasdiqlangan Milliy markaz faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha kompleks dasturlar va tadbirlarning bajarilish holatini tanqidiy va chuqur tahlil qilish;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda uning hayʼati qarorlari, Kadastr agentligi direktorining buyruqlari va topshiriqlarining oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini taʼminlash;

oʻz oʻrinbosari va Milliy markazning boshqa mansabdor shaxslari vakolatlarini belgilash, ular oʻrtasida vazifalarni taqsimlash, Milliy markaz faoliyatining alohida yoʻnalishlariga rahbarlik qilish uchun oʻz oʻrinbosari va boshqa mansabdor shaxslarning shaxsiy masʼuliyati darajasini belgilash;

Milliy markaz faoliyatini rejalashtirishni tashkil etish, ommaviy baholash sohasini rivojlantirish tendensiyalaridan kelib chiqib, Milliy markaz va oʻz oʻrinbosarining choraklik ish rejalarini tasdiqlash hamda ularning bajarilishi nazoratini taʼminlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari, farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari, farmoyishlari va topshiriqlari bajarilishini taʼminlash, tarkibiy boʻlinmalarda ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qonunchilik hujjatlari ijrosini samarali tashkil etishda davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlarining shaxsiy javobgarligini kuchaytirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 10-fevraldagi PF-6166-son Farmoniga va “Ijro.gov.uz” ijro intizomi idoralararo yagona elektron tizimi samarali faoliyat koʻrsatishini taʼminlashga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 31-maydagi PQ-5132-son qaroriga muvofiq tarkibiy boʻlinmalar rahbarlarining shaxsiy masʼuliyatini oshirish choralarini koʻrish;

Milliy markaz xodimlarini tizimli ravishda qayta tayyorlashni va ularning malakasini oshirishni tashkil etish;

Milliy markazda kadrlarni tanlash va joy-joyiga qoʻyish, ularning samarali faoliyati uchun zarur shart-sharoitlar yaratish, Milliy markazning kadrlar zaxirasini shakllantirish;

vakant lavozimlarga taklif etilgan kadrlarning professional, oʻz ishini bilishi, amaliy tajribaga, yuksak darajada ishlash xususiyatlariga va maʼnaviy-axloqiy fazilatlarga ega ekanligi kafolatini taʼminlash;

Milliy markaz rahbarlari va xodimlarining xizmat safarlarini belgilangan tartibda tashkil etish, xizmat safarlarining asoslangani, samaradorligi va natijadorligini, safar uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanishni taʼminlash;

oʻz oʻrinbosarining faoliyati natijadorligi va samaradorligini tizimli ravishda tanqidiy oʻrganish, shaxsiy hisobotlarini eshitish, hisobotlar yakunlari boʻyicha zarur choralar koʻrish;

Milliy markaz xodimlarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish masalalarini hal qilish, oʻz oʻrinbosarini va Milliy markazning boshqa mansabdor shaxslarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish, shu jumladan, ularning egallab turgan lavozimida qolishi maqsadga muvofiqligiga doir masalalarni hal etish, ularning shaxsiy masʼuliyatini oshirishga doir tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish;

Milliy markaz xodimlari tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari asosida tasdiqlangan Milliy markaz xodimlarining odob-axloq qoidalari talablariga rioya etilishini taʼminlash;

Oʻzbekiston Respublikasining “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq Milliy markaz tizimida korrupsiya va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyotini va qonunchilik hujjatlarini takomillashtirishga doir chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish orqali ularning sodir etilishiga koʻmaklashuvchi sabablar va shart-sharoitlarni aniqlash, tahlil qilish, bartaraf etish;

Milliy markaz ishini tashkil etishning zamonaviy shakllari joriy etilishini taʼminlash;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻyicha ishlarni Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Qonuni , Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 7-maydagi 341-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat organlarida, davlat muassasalarida va davlat ishtirokidagi tashkilotlarda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga muvofiq samarali tashkil etish, jamoatchilik bilan bevosita va ochiq muloqot oʻrnatish, shaxsiy qabullar oʻtkazish, shu jumladan, jismoniy va yuridik shaxslarning vakillarini joylarga chiqib qabul qilishni tashkil etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Xalq qabulxonalari bilan samarali hamkorlikni, ularning faoliyatida Milliy markaz xodimlari va rahbarlarining faol ishtirok etishini tashkil etish, jismoniy va yuridik shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Virtual qabulxonasidan tushgan murojaatlari oʻz vaqtida va toʻliq koʻrib chiqilishini taʼminlash;

Oʻzbekiston Respublikasining “Manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisida”gi Qonuni va manfaatlar toʻqnashuvi bilan bogʻliq munosabatlarni tartibga solishga doir ishlarga rahbarlik qilish va muvofiqlashtirish;

davlat siriga kiritilgan maʼlumotlar va maxfiy axborot bilan ishlashda qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilish;

Milliy markaz xodimlarining tarkibiy boʻlinmalari toʻgʻrisidagi nizomni, lavozim yoʻriqnomalari hamda Milliy markazning boshqa hujjatlarini belgilangan tartibda tasdiqlash;

Milliy markazning xodimlarini lavozimga tayinlash va lavozimidan ozod etish, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ular bilan mehnat shartnomalarini tuzish, oʻzgartirish va bekor qilish;

Milliy markaz mansabdor shaxslari va xodimlari bajarishi majburiy boʻlgan buyruqlar qabul qilish va koʻrsatmalar berish, shuningdek, ularning ijrosini belgilangan tartibda nazorat qilish;

xodimlarning umumiy belgilangan soni doirasida Milliy markazning shtatlar jadvalini, shuningdek, Milliy markaz xarajatlar va daromadlar smetasini Kadastr agentligi direktoriga tasdiqlash uchun kiritish;

Milliy markaz tuzilmasiga boshqaruv xodimlarining cheklangan umumiy soni doirasida oʻzgartirishlar kiritish hamda qoʻshimcha shtat birliklarini kiritish boʻyicha takliflarni Kadastr agentligi direktoriga kiritish;

mehnat bozorining amaldagi konyunkturasini hisobga olgan holda, tor doiradagi mutaxassislarni shartnoma asosida Milliy markazga ishga jalb etish boʻyicha takliflarni Kadastr agentligi direktoriga kiritish;

alohida oʻzini koʻrsatgan xodimlarga davlat mukofotlari berish uchun ularning nomzodlarini belgilangan tartibda Kadastr agentligi direktoriga taqdim etish;

Milliy markaz faoliyatiga oid sohalarda xalqaro va hukumatlararo aloqalarni kengaytirish va mustahkamlash, xorijiy investitsiyalar va grantlarni jalb etish boʻyicha xalqaro tadbirlarda Kadastr agentligi direktori bilan kelishgan holda ishtirok etish.

18. Quyidagilar Milliy markaz direktori oʻrinbosarining asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, shuningdek, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya qilish;

direktor vaqtincha boʻlmaganda, direktorning buyrugʻi asosida uning vazifalarini bajarish;

Milliy markazning mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalari faoliyatini muvofiqlashtirish, nazorat qilish va ularga bevosita rahbarlik qilish, ularning xodimlari oʻrtasida vazifalarni taqsimlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasi qarorlari va farmoyishlari, shuningdek, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Kadastr agentligi direktorining buyruqlari bilan tasdiqlangan Milliy markaz faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha kompleks dasturlar va tadbirlarning bajarilish holatini tanqidiy va chuqur tahlil qilish;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda uning hayʼati qarorlari, Kadastr agentligi direktori hamda Milliy markaz direktorining buyruqlari va topshiriqlarining oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini taʼminlash;

mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalar tomonidan belgilangan vazifalarga erishilishini soʻzsiz taʼminlash choralarini koʻrish, boʻlinmalar rahbarlarining hisobotlarini muntazam eshitish va ushbu koʻrsatkichlarga erishish uchun ularning shaxsiy javobgarligini oshirish;

mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalarning ish rejalarini tasdiqlash, ularning bajarilishi ustidan nazoratni taʼminlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari, farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari, farmoyishlari va topshiriqlari bajarilishini taʼminlash, tarkibiy boʻlinmalarda ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qonunchilik hujjatlari ijrosini samarali tashkil etishda davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlarining shaxsiy javobgarligini kuchaytirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 10-fevraldagi PF-6166-son Farmoniga va “Ijro.gov.uz” ijro intizomi idoralararo yagona elektron tizimi samarali faoliyat koʻrsatishini taʼminlashga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 31-maydagi PQ-5132-son qaroriga muvofiq tarkibiy boʻlinma rahbarlarining shaxsiy masʼuliyatini oshirish choralarini koʻrish;

mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalarda kadrlarni tanlash va joy-joyiga qoʻyish boʻyicha Milliy markaz direktoriga takliflar kiritish, ularning professionalligi, oʻz ishini bilishi, amaliy tajribaga, yuksak darajada ishlash xususiyatlariga va maʼnaviy-axloqiy fazilatlarga ega ekanligi kafolatini taʼminlash, ularning kasbiy malakasini oshirish choralarini koʻrish, mutasaddilik qilinadigan boʻlinmalarda kadrlar zaxirasini shakllantirish;

Milliy markaz faoliyatiga oid normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalar tomonidan sifatli ishlab chiqilishini tashkil etish, Milliy markazning tarkibiy boʻlinmalarida tayyorlangan hujjatlar loyihalarini koʻrib chiqish va ular keyinchalik Milliy markaz direktori tomonidan koʻrib chiqilishi, imzolanishi (viza qoʻyilishi) uchun viza qoʻyish, ularning Kadastr agentligiga oʻz vaqtida kiritilishini taʼminlash, shuningdek, Vazirlar Mahkamasida normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda direktorning topshirigʻiga binoan ishtirok etish;

Milliy markazga taqdim etilgan takliflar va normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari toʻliq va oʻz vaqtida koʻrib chiqilishini taʼminlash;

Milliy markaz xodimlarining xizmat safarlariga chiqishi va boʻlishi, xizmat safarlarining asoslangani, samaradorligi va natijadorligini, safar uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanishni taʼminlash;

Milliy markazning mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va xodimlari faoliyatining samaradorligi hamda natijadorligini muntazam tanqidiy tahlil qilish, ularning shaxsiy hisobotlarini eshitish;

Milliy markaz faoliyatiga oid tegishli masalalar boʻyicha Milliy markaz faoliyatini takomillashtirishga doir amaliy choralar koʻrish hamda ushbu sohalarda qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish va ularni direktorga kiritish;

mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalar rahbarlari va xodimlarini ragʻbatlantirish hamda intizomiy javobgarlikka tortish, shu jumladan, ularning egallab turgan lavozimida qolishi maqsadga muvofiqligi masalasini koʻrib chiqish boʻyicha takliflarni direktorga kiritish, funksional vazifalar va yuklangan vazifalar bajarilishi uchun ularning shaxsiy masʼuliyatini oshirish boʻyicha tizimli choralar koʻrish;

Milliy markaz xodimlari tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari asosida tasdiqlangan Milliy markaz xodimlarining odob-axloq qoidalari talablariga rioya etilishini taʼminlash;

Oʻzbekiston Respublikasining “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq Milliy markaz tizimida korrupsiya va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyotini va qonunchilik hujjatlarini takomillashtirishga doir chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish orqali ularning sodir etilishiga koʻmaklashuvchi sabablar va shart-sharoitlarni aniqlash, tahlil qilish, bartaraf etish;

Milliy markaz faoliyatini takomillashtirish va rivojlantirish, shuningdek, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanishga doir takliflarni direktorga kiritish;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻyicha ishlarni Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Qonuni , Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 7-maydagi 341-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat organlarida, davlat muassasalarida va davlat ishtirokidagi tashkilotlarda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga muvofiq samarali tashkil etish, jamoatchilik bilan bevosita va ochiq muloqot oʻrnatish, shaxsiy qabullar oʻtkazish, shu jumladan, jismoniy va yuridik shaxslarning vakillarini joylarga chiqib qabul qilishni tashkil etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Xalq qabulxonalari bilan samarali hamkorlik qilish, ularning faoliyatida faol ishtirok etish, jismoniy va yuridik shaxslar vakillarining Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Virtual qabulxonasidan tushgan murojaatlari oʻz vaqtida va toʻlaqonli koʻrib chiqilishini taʼminlash;

davlat siriga kiritilgan maʼlumotlar va maxfiy axborot bilan ishlashda qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilish.

6-bob. Milliy markaz direktori va oʻrinbosarining javobgarligi

19. Milliy markaz direktori:

Milliy markazga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi;

ushbu Nizomning 11-bandida nazarda tutilgan javobgarlik sohalari boʻyicha;

ushbu Nizomning 17-bandida koʻrsatilgan oʻz funksional vazifalarining sifatli bajarilishi uchun shaxsan javob beradi.

20. Direktorning oʻrinbosari:

oʻzi nazorat qiladigan tarkibiy tuzilmalarda Milliy markazga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi;

ushbu Nizomning 11-bandida nazarda tutilgan javobgarlik sohalari boʻyicha;

ushbu Nizomning 18-bandida koʻrsatilgan oʻz funksional vazifalarining sifatli bajarilishi uchun shaxsan javob beradi.

7-bob. Milliy markazning samaradorligini baholash mezonlari

21. Milliy markaz faoliyatining samaradorligi muntazam baholanadi.

22. Milliy markaz faoliyati samaradorligi va natijadorligiga berilgan baho Kadastr agentligi direktori tomonidan tasdiqlanadigan Milliy markaz faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari va ish indikatorlariga asoslanadi.

23. Milliy markaz faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash yakunlari boʻyicha:

Milliy markaz rahbarlari va xodimlarini ragʻbatlantirish (mukofotlash) yoki intizomiy javobgarlikka tortish;

Milliy markaz faoliyatida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va uning faoliyatini yanada takomillashtirish choralari koʻriladi.

24. Milliy markaz faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash tartibi va uslubi Kadastr agentligi direktori tomonidan tasdiqlanadi.

8-bob. Milliy markazning Kadastr agentligi markaziy apparatining tarkibiy boʻlinmalari va hududiy boshqarmalari, tumanlar (shaharlar) boʻlinmalari hamda idoraviy mansub tashkilotlari bilan oʻzaro hamkorligi

25. Milliy markaz oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bevosita Kadastr agentligi markaziy apparatining tarkibiy boʻlinmalari va hududiy boshqarmalari, tumanlar (shaharlar) boʻlinmalari hamda idoraviy mansub tashkilotlari bilan hamkorlikda amalga oshiradi.

26. Milliy markazning Kadastr agentligi markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari, uning hududiy boshqarmalari, shuningdek, idoraviy mansub tashkilotlari bilan oʻzaro hamkorligi bevosita direktor va uning oʻrinbosari tomonidan taʼminlanadi.

27. Milliy markazning Kadastr agentligi markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari va uning hududiy boshqarmalari hamda idoraviy mansub tashkilotlari bilan oʻzaro hamkorligi jarayonida yuzaga keladigan kelishmovchiliklar Kadastr agentligi direktorining topshirigʻiga binoan uning tegishli oʻrinbosari tomonidan koʻrib chiqiladi. Agar direktor oʻrinbosari tomonidan kelishmovchiliklarni bartaraf etishning imkoni boʻlmasa, soʻnggi qaror bevosita Kadastr agentligi direktori tomonidan qabul qilinadi.

9-bob. Milliy markazni moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash, uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash, moddiy ragʻbatlantirish, ularni ijtimoiy himoya qilish

28. Milliy markaz xodimlarining ish haqi lavozim maoshi, ilmiy darajalari, uzoq muddat xizmati uchun ustama haqlar, bayram kunlari uchun mukofotlar, mukofotlar, qoʻshimcha haqlar, ustamalardan, ragʻbatlantirish toʻlovlari, qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirish toʻlovlaridan va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan iborat.

29. Milliy markaz xodimlari mehnatiga haq toʻlash, lavozim maoshini belgilashda tarif koeffitsiyenti, moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilish shartlariga koʻra tegishli ravishda Kadastr agentligi markaziy apparati xodimlariga tenglashtiriladi.

Milliy markaz direktori maqomi, mehnatga haq toʻlash shartlari, moddiy taʼminoti, tibbiy va transport xizmati koʻrsatish tartibi boʻyicha Kadastr agentligi direktori oʻrinbosariga tenglashtiriladi.

30. Milliy markaz faoliyati quyidagi manbalar hisobidan moliyalashtiriladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti;

budjetdan tashqari mablagʻlari;

xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlaridan jalb qilinadigan grantlar va texnik koʻmaklar;

Milliy markazning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

Bunda Milliy markaz xodimlarini ijtimoiy himoya qilish va moddiy ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash uchun zarur mablagʻlar Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Kadastr agentligining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari hisobidan belgilangan tartibda moliyaviy yordam sifatida ajratib boriladi.

31. Milliy markaz xodimlari mehnatiga haq toʻlashni moliyalashtirishda respublika budjetidan quyidagilar nazarda tutiladi:

yagona tarif setkasi boʻyicha tasdiqlangan razryadlarga muvofiq lavozim maoshi, bunda lavozim maoshini hisoblashda tasdiqlangan tarif razryadlari tarif koeffitsiyenti 1,7 baravarga oshirilgan miqdorda qoʻllanadi;

40 foiz miqdorda mehnatni ragʻbatlantirish (ragʻbatlantiruvchi koeffitsiyent) uchun oshirilgan tarif koeffitsiyentini hisobga olgan holda ustama haq;

yilda bir marta bir oylik mehnatga haq toʻlash fondi miqdorida moddiy yordam;

yilda bir marta ikki oylik mehnatga haq toʻlash fondi miqdorida mukofot puli;

15 foizlik moddiy ragʻbatlantirish fondi.

32. Milliy markazning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan xodimlarga shaxsiy ustamalar quyidagi shakllarda beriladi:

Milliy markaz rahbar va xodimlarini moddiy jihatdan koʻllab-quvvatlash maqsadida Milliy markaz direktori tomonidan xodimlarga lavozim maoshining (lavozim maoshiga nisbatan ragʻbatlantirish koeffitsiyentlari hisobga olingan holda) 250 foizgacha boʻlgan miqdorda har oylik ustamalar;

fan nomzodi, falsafa doktori (PhD) yoki fan doktori (DSc) ilmiy darajasiga (yoki xorijiy mamlakatlarda ularga tenglashtirilgan darajalarga) ega boʻlgan xodimlarga fan nomzodi, falsafa doktori (PhD) ilmiy darajasiga (yoki xorijiy mamlakatlarda ularga tenglashtirilgan darajalarga) ega boʻlgan xodimlar uchun lavozim maoshining 5 foizi hamda fan doktori (DSc) ilmiy darajasiga (yoki xorijiy mamlakatlarda unga tenglashtirilgan darajaga) ega boʻlgan xodimlar uchun lavozim maoshining 10 foizi miqdorida ustama toʻlash;

Milliy markaz xodimlariga har oyda uzoq muddat uzluksiz xizmati uchun (ish stajiga koʻra) ustama haq miqdorlari lavozim maoshiga (ragʻbatlantirish koeffitsiyentlari hisobga olingan holda) nisbatan quyidagi koeffitsiyentlar bilan hisoblanadi:

Ish staji Lavozim maoshiga ustama haq miqdori (koeffitsiyent hisobida) 1 yildan 3 yilgacha 0,1 3 yildan 5 yilgacha 0,2 5 yildan 10 yilgacha 0,4 10 yildan 15 yilgacha 0,5 15 yil va undan ortiq 0,6

33. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Vazirlar Mahkamasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Kadastr agentligi va Milliy markaz direktori tomonidan berilgan alohida topshiriqlarni sifatli bajarayotgan, samarali faoliyat koʻrsatayotgan Milliy markaz xodimlari sonining 50 foizidan oshmagan qismiga ushbu Nizomning 32-bandida nazarda tutilgan har oylik ustamalariga qoʻshimcha ravishda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan oylik lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentlari hisobga olingan holda) ikki baravari miqdorigacha yuqori malaka uchun har oylik shaxsiy ustamalar belgilanishi mumkin.

34. Milliy markaz xodimlari qonunchilikda belgilangan davlat bayramlari munosabati bilan budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentlari hisobga olingan holda) bir baravarigacha miqdorda bir martalik mukofot bilan moddiy ragʻbatlantiriladi.

35. Milliy markaz xodimlarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan quyidagi toʻlovlar ham amalga oshirilishi mumkin:

moddiy yordam koʻrsatish;

ovqatlanish va yoʻlkira chiptasi xarajatlarini qoplash.

36. Milliy markazning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan xodimlarga qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotib olish uchun yilda bir marta (yilning sentabr — noyabr oylarida) bazaviy hisoblash miqdorining 20 (yigirma) baravarigacha miqdorda moddiy yordam puli beriladi.

Quyidagi hollarda Milliy markaz direktorining buyrugʻi bilan xodimga lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentlari hisobga olingan holda) uch baravarigacha miqdorda moddiy yordam berilishi mumkin:

yubiley sanalarida — xodim 50, 55 va 60 yoshga toʻlganda;

xodim oilasida baxtsiz hodisa roʻy bergan taqdirda (avtohalokat, tabiiy ofat, ogʻir kasallikka chalinish, elektr toki va tabiiy gazdan kuyish va boshqa baxtsiz hodisalar);

xodim ogʻir kasalligi sababli, uzoq muddat (uzluksiz 1,5 oydan koʻp), surunkali va jiddiy kasal boʻlganda davolanishi uchun;

xodim oilasining kam taʼminlangani va moliyaviy holatining ogʻirligi tufayli;

xodim farzandli boʻlganda — tegishli guvohnoma nusxasi taqdim etilganda;

tabiiy (yongʻin, suv toshqini, zilzila va boshqalar) va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar sharoitida;

xodim yoki uning farzandlari nikohdan oʻtganda — guvohnoma nusxasi taqdim etilganda;

xodim yoki uning yaqin qarindoshi (ota-onasi, turmush oʻrtogʻi, farzandi) vafot etganda — vafoti toʻgʻrisida guvohnoma nusxasi taqdim etilganda.

Milliy markaz xodimi vafot etgan hollarda, moddiy yordam xodimning turmush oʻrtogʻiga, turmush oʻrtogʻi yoʻqligida — u bilan birga yashovchi voyaga yetgan farzandlariga yoki qonuniy vakillariga (vasiylar va homiylarga) yoxud voyaga yetmagan bolalarni (bolalikdan nogironligi boʻlgan shaxs — yoshidan qatʼi nazar) farzandlikka olganlarga, shuningdek, agar xodimlar nikohda boʻlmagan va farzandlari boʻlmagan hollarda xodimning qaramogʻidagi shaxslarga yoki ota-onalariga teng ulushda toʻlab beriladi.

37. Milliy markaz xodimlarini ijtimoiy muhofaza qilish maqsadida ularga har oyda har bir shtat birligiga haqiqatda ishlagan kuni uchun ovqatlanish va yoʻlkira chiptalari xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining mos ravishda oʻn va besh foiz miqdorida pul toʻlanadi.

38. Shaxsiy va ragʻbatlantirish ustamalari, moddiy ragʻbatlantirish, mukofotlar, ijtimoiy muhofaza qilishning aniq miqdorlari va ular tatbiq etiladigan xodimlar ushbu Nizomda belgilangan miqdorlar doirasida Milliy markazning budjetdan tashqari mablagʻlariga tushumlari hajmidan kelib chiqib, Milliy markaz direktori tomonidan belgilanadi.

39. Mehnat qonunchiligiga asosan ish haqi, mukofotlar, qoʻshimcha toʻlovlar, ustamalar va mehnat haqi tizimida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlar ragʻbatlantirish turlariga kirmaydi.

40. Ushbu Nizomning 30-bandida nazarda tutilgan manbalar hisobidan quyidagi yoʻnalishlarga mablagʻlar yoʻnaltirilishi mumkin:

Milliy markazni moddiy-texnik jihatdan taʼminlash, shu jumladan, server uskunalarini, asosiy vositalarni, mahalliy xizmat avtotransport vositasini xarid qilish;

Milliy markazning bino va inshootlari hamda asbob-uskunalarini taʼmirlash va qayta taʼmirlash;

Milliy markazning rahbarlari va xodimlarining xizmat safarlari xarajatlari;

xorijiy davlatlarga xizmat safarlari xarajatlari;

Milliy markaz xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirish va amaliyot oʻtashini, shu jumladan, xorijiy davlatlarda oʻqishini tashkil qilish, xalqaro konferensiyalar, seminarlar va boshqa tadbirlarda ishtirok etishini taʼminlash;

oʻz vakolat doirasida sohasida ilmiy tadqiqotlar, xalqaro forum va konferensiyalarni tashkil etish bilan bogʻliq kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish;

Milliy markazga mahalliy va xorijiy mutaxassislar hamda konsultantlarni jalb etish;

Milliy markaz faoliyatiga zamonaviy axborot texnologiyalarini joriy etish, xizmat vazifalarini bajarish chogʻidagi alohida xizmatlari uchun va pensiyaga chiqishi munosabati bilan qimmatbaho sovgʻalar bilan mukofotlash;

Milliy markaz faoliyati bilan bogʻliq masalalar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasiga tashrif buyuradigan xorijiy davlatlar, xalqaro tashkilotlar delegatsiyalarining tashriflarini tashkil etish;

Milliy markazning kommunal-foydalanish hamda boshqa joriy xarajatlari;

Milliy markazning shtat birliklarini saqlab turish;

ommaviy baholash tizimini yaratish, yuritish va texnik qoʻllab-quvvatlash;

Milliy markazga yuklangan vazifalarni samarali bajarish, faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish hamda faoliyatini yaxshilash, shuningdek, alohida topshiriqlar ijrosini taʼminlash bilan bogʻliq boshqa tadbirlarni moliyalashtirish.

41. Milliy markaz xodimlari uchun avvalgi ish joyida berilgan harbiy va maxsus unvonlar (martaba darajalari, malaka darajalari, diplomatik darajalar va boshqalar) uchun qoʻshimcha toʻlov va ustamalar saqlab qolinadi.

42. Milliy markazning budjetdan tashqari mablagʻlaridan foydalanish tartibi Kadastr agentligi tomonidan belgilanadi.

10-bob. Yakunlovchi qoidalar

43. Milliy markaz direktori doimiy ravishda Milliy markaz faoliyati toʻgʻrisida Kadastr agentligiga hisobot beradi.

44. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 15-may,

320-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 16.05.2025-y., 09/25/320/0443-son; 29.12.2025-y., 07/25/388/1235-son)

lex.uz