📅 2025-yil 16-may · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 16-may · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 16 май · Қонунлар ва кодекслар
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 мая 2025 г. · Законы и кодексы
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 May 2025 · Laws and codes
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 18 февралда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 29 апрелда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда солиқ имтиёзларини бериш, уларнинг қўлланилиш самарадорлигини ошириш, яширин ишлаб чиқаришнинг олдини олиш орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек аҳолини қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга йиғимларнинг айрим турларини белгилаш, уларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш тартибини белгилаш, тадбиркорлик субъектларини ва касаба уюшмаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш билан боғлиқ нормаларни аниқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни ҳамда тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритилмоқда, унга биноан пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритилади.
Бундан ташқари рақамли маркировкали маҳсулотларнинг чакана савдосини амалга оширувчи, паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига, шунингдек Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳларига вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш назарда тутилмоқда.
Мазкур Қонун тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратилишига, хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни тартибга солишга, шунингдек стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар, № 8, 822, 831-моддалар, № 9, 958-модда, № 10, 1076-модда, № 11, 1190-модда, № 12, 1283, 1284, 1296, 1297-моддалар) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 17-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимни, юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғимни, алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларни, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни ҳамда тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодекс билан тартибга солинади»;
2) 455-модда қуйидаги мазмундаги 3 ва 4-бандлар билан тўлдирилсин:
«3) пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим;
4) тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим»;
3) 456-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ҳақида ваколатли давлат органи хабардор қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномага эга бўлган юридик шахслар пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимнинг солиқ тўловчилари деб эътироф этилади.
Тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ҳақида ваколатли давлат органи хабардор қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқномага эга бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимнинг солиқ тўловчилари деб эътироф этилади»;
4) 460-модданинг учинчи — еттинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу Кодекс 455-моддасининг 2, 3 ва 4-бандларида назарда тутилган йиғимлар алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш бошланганлиги тўғрисида тегишинча хабарнома юборилган пайтдан эътиборан тўланади. Бунда хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасига қадар юборилганда йиғим мазкур ой учун тўлиқ ҳажмда, хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасидан кейин юборилганда эса кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисоблаб чиқарилади.
Агар алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналари томонидан реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш бир нечта стационар савдо ва (ёки) умумий овқатланиш пунктлари орқали амалга оширилса, алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулоти билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар белгиланган ставкалар доирасида стационар савдо ва (ёки) умумий овқатланиш пунктларининг сонига, шунингдек уларнинг ҳар бири жойлашган ҳудуд ўлчамларига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ундирилади.
Алкоголь маҳсулотлари ёки пиво ва пиво ичимликлари ёхуд тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш фаолияти тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда йиғимни ҳисоблаб чиқариш кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатиб турилади.
Алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ҳар ойда олдиндан тўлов тарзида, жорий ойнинг ўнинчи санасига қадар тўланади.
Алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғимлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади»;
5) 483-модда қуйидаги мазмундаги олтмиш тўққизинчи — етмиш иккинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Рақамли маркировкали маҳсулотларнинг чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини тадбиркорлик субъектлари учун маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи 2027 йил 1 январга қадар бўлган давр учун берилади.
Паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (бундан экин майдонлари мустасно) тўлашдан 2030 йил 1 январга қадар озод этилади.
Ушбу модданинг етмишинчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари паррандачилик маҳсулотларини реализация қилишни амалга оширмаган тадбиркорлик субъектларига ва (ёки) белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари:
бинолар ва иншоотларни, ер участкаларини ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича — фойда солиғини;
ижарага берилган объектлар ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича — юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ЎРҚ-701-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 7, 661-модда; 2022 йил, № 4, 340-модда, № 5, 465-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 185-модда, № 7, 533-модда, № 9, 710-модда, № 11, 921, 923-модда; 2024 йил, № 1, 5, 7-моддалар, № 2, 105, 112-моддалар, № 7, 628-модда, № 8, 819-модда, № 9, 957, 958-моддалар; 2025 йил, № 1, 3, 6-моддалар) 3-иловаси қуйидаги мазмундаги 24 1 -позиция билан тўлдирилсин:
« 24 1 . Пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақидаги хабарнома Пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш. Туманлар (шаҳарлар) солиқ инспекциялари ».
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддаси 5-бандининг қоидалари 2025 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 16 май,
ЎРҚ-1063-сон
Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni
Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida
Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 18-fevralda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 29-aprelda maʼqullangan
Keyingi yillarda mamlakatimizda soliq imtiyozlarini berish, ularning qoʻllanilish samaradorligini oshirish, yashirin ishlab chiqarishning oldini olish orqali tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash, shuningdek aholini qalbaki mahsulotlardan himoya qilish boʻyicha salmoqli ishlar amalga oshirilmoqda.
Shu bilan birga yigʻimlarning ayrim turlarini belgilash, ularni hisoblab chiqarish hamda toʻlash tartibini belgilash, tadbirkorlik subyektlarini va kasaba uyushmalarini qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan vaqtinchalik soliq imtiyozlarini berish bilan bogʻliq normalarni aniqlashtirish zarurati yuzaga kelmoqda.
Ushbu Qonun bilan Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻimni hamda tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻimni hisoblash va toʻlash tartibi aniqlashtirilishini nazarda tutuvchi oʻzgartirishlar kiritilmoqda. “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga qoʻshimcha kiritilmoqda, unga binoan pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish vakolatli organlarni xabardor qilish tartibida amalga oshiriladigan faoliyat turlari roʻyxatiga kiritiladi.
Bundan tashqari raqamli markirovkali mahsulotlarning chakana savdosini amalga oshiruvchi, parrandachilik mahsulotlarini ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlariga, shuningdek Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi tizimidagi statsionar bolalar sogʻlomlashtirish oromgohlariga vaqtinchalik soliq imtiyozlarini berish nazarda tutilmoqda.
Mazkur Qonun tadbirkorlik subyektlari uchun yanada qulay shart-sharoitlar yaratilishiga, xabardor qilish tartibida amalga oshiriladigan faoliyatni tartibga solishga, shuningdek statsionar bolalar sogʻlomlashtirish oromgohlari faoliyatini qoʻllab-quvvatlashga xizmat qiladi.
1-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 30-dekabrda qabul qilingan OʻRQ-599-sonli Qonuni bilan yangi tahrirda tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, 12-songa 1-ilova; 2020-yil, № 3, 198-modda, № 10, 593-modda, № 11, 652-modda, № 12, 690, 691-moddalar; 2021-yil, № 1, 6-modda, № 4, 294-modda, 4-songa ilova, № 8, 800-modda, № 9, 901-modda, № 10, 968, 969, 972, 973-moddalar, № 12, 1199-modda; 2022-yil, № 2, 79-modda, № 3, 215, 216-moddalar, № 5, 461, 464, 467-moddalar, № 6, 570-modda, № 7, 664, 666-moddalar, № 12, 1190-modda; 2023-yil, № 6, 444, 446-moddalar, № 7, 540-modda, № 12, 1011-modda; 2024-yil, № 2, 106, 110, 111-moddalar, № 4, 346-modda, № 5, 458, 459-moddalar, № 8, 822, 831-moddalar, № 9, 958-modda, № 10, 1076-modda, № 11, 1190-modda, № 12, 1283, 1284, 1296, 1297-moddalar) quyidagi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
1) 17-moddaning uchinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Chet davlatlar avtotransport vositalarining Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirganligi va uning hududi orqali tranziti uchun yigʻimni, yuk koʻtarish quvvati 10 tonnadan yuqori boʻlgan yuk avtotransporti vositalari va tirkamalarining avtomobil yoʻllari boʻylab harakatlanishi huquqi uchun yigʻimni, alkogol mahsulotlarini realizatsiya qilish huquqi uchun yigʻimlarni, pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻimni hamda tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻimni hisoblab chiqarish va toʻlash tartibi ushbu Kodeks bilan tartibga solinadi”;
2) 455-modda quyidagi mazmundagi 3 va 4-bandlar bilan toʻldirilsin:
“3) pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻim;
4) tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻim”;
3) 456-modda quyidagi mazmundagi toʻrtinchi va beshinchi qismlar bilan toʻldirilsin:
“Pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilishni boshlaganlik haqida vakolatli davlat organi xabardor qilinganligi toʻgʻrisidagi tasdiqnomaga ega boʻlgan yuridik shaxslar pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻimning soliq toʻlovchilari deb eʼtirof etiladi.
Tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilishni boshlaganlik haqida vakolatli davlat organi xabardor qilinganligi toʻgʻrisidagi tasdiqnomaga ega boʻlgan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻimning soliq toʻlovchilari deb eʼtirof etiladi”;
4) 460-moddaning uchinchi — yettinchi qismlari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Ushbu Kodeks 455-moddasining 2, 3 va 4-bandlarida nazarda tutilgan yigʻimlar alkogol mahsulotlarini realizatsiya qilish, pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish yoki tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish boshlanganligi toʻgʻrisida tegishincha xabarnoma yuborilgan paytdan eʼtiboran toʻlanadi. Bunda xabarnoma joriy oyning yigirmanchi sanasiga qadar yuborilganda yigʻim mazkur oy uchun toʻliq hajmda, xabarnoma joriy oyning yigirmanchi sanasidan keyin yuborilganda esa keyingi oyning birinchi sanasidan boshlab hisoblab chiqariladi.
Agar alkogol mahsulotlarini realizatsiya qilish, shu jumladan umumiy ovqatlanish korxonalari tomonidan realizatsiya qilish, pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish yoki tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish bir nechta statsionar savdo va (yoki) umumiy ovqatlanish punktlari orqali amalga oshirilsa, alkogol mahsulotlarini realizatsiya qilish, pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish yoki tamaki mahsuloti bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻimlar belgilangan stavkalar doirasida statsionar savdo va (yoki) umumiy ovqatlanish punktlarining soniga, shuningdek ularning har biri joylashgan hudud oʻlchamlariga mutanosib ravishda hisoblab chiqariladi hamda undiriladi.
Alkogol mahsulotlari yoki pivo va pivo ichimliklari yoxud tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish faoliyati toʻxtatib turilganda yoki tugatilganda yigʻimni hisoblab chiqarish keyingi oyning birinchi sanasidan boshlab toʻxtatib turiladi.
Alkogol mahsulotlarini realizatsiya qilish, pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish yoki tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun yigʻim har oyda oldindan toʻlov tarzida, joriy oyning oʻninchi sanasiga qadar toʻlanadi.
Alkogol mahsulotlarini realizatsiya qilish, pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish yoki tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qilish huquqi uchun undiriladigan yigʻimlar qonunchilikda belgilangan tartibda taqsimlanadi”;
5) 483-modda quyidagi mazmundagi oltmish toʻqqizinchi — yetmish ikkinchi qismlar bilan toʻldirilsin:
“Raqamli markirovkali mahsulotlarning chakana savdosini amalga oshiruvchi tadbirkorlik subyektlariga hisoblangan va toʻlanishi lozim boʻlgan foyda soligʻi yoki aylanmadan olinadigan soliq yoxud yakka tartibdagi tadbirkorlar tomonidan toʻlanadigan jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi summalarini tadbirkorlik subyektlari uchun markirovkani oʻqish qurilmalarini sotib olish bilan bogʻliq xarajatlar summasiga, biroq bitta qurilma uchun bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravaridan koʻp boʻlmagan miqdorda kamaytirish huquqi 2027-yil 1-yanvarga qadar boʻlgan davr uchun beriladi.
Parrandachilik mahsulotlari ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlari yuridik shaxslardan olinadigan yer soligʻini (bundan ekin maydonlari mustasno) toʻlashdan 2030-yil 1-yanvarga qadar ozod etiladi.
Ushbu moddaning yetmishinchi qismida belgilangan soliq imtiyozlari parrandachilik mahsulotlarini realizatsiya qilishni amalga oshirmagan tadbirkorlik subyektlariga va (yoki) belgilangan maqsadda foydalanilmayotgan yer uchastkalariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi tizimidagi statsionar bolalar sogʻlomlashtirish oromgohlari:
binolar va inshootlarni, yer uchastkalarini ijaraga berishdan olingan daromadlari boʻyicha — foyda soligʻini;
ijaraga berilgan obyektlar va ular egallagan yer uchastkalari boʻyicha — yuridik shaxslarning mol-mulkiga solinadigan soliqni va yuridik shaxslardan olinadigan yer soligʻini toʻlashdan 2027-yil 1-yanvarga qadar boʻlgan davrda ozod etiladi”.
2-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 14-iyulda qabul qilingan “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi OʻRQ-701-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, № 7, 661-modda; 2022-yil, № 4, 340-modda, № 5, 465-modda; 2023-yil, № 2, 103-modda, № 3, 185-modda, № 7, 533-modda, № 9, 710-modda, № 11, 921, 923-modda; 2024-yil, № 1, 5, 7-moddalar, № 2, 105, 112-moddalar, № 7, 628-modda, № 8, 819-modda, № 9, 957, 958-moddalar; 2025-yil, № 1, 3, 6-moddalar) 3-ilovasi quyidagi mazmundagi 24 1 -pozitsiya bilan toʻldirilsin:
“ 24 1 . Pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilishni boshlaganlik yoki tugatganlik haqidagi xabarnoma Pivo va pivo ichimliklari bilan chakana savdo qilish. Tumanlar (shaharlar) soliq inspeksiyalari ”.
3-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.
4-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:
hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.
5-modda. Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Ushbu Qonun 1-moddasi 5-bandining qoidalari 2025-yil 1-yanvardan eʼtiboran yuzaga kelgan munosabatlarga nisbatan ham tatbiq etiladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2025-yil 16-may,
OʻRQ-1063-son