📅 2025-yil 22-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 22-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 22 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 мая 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 May 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 — 2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПҚ-186-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, педиатр онкологларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун шарт-шароитларини яратиш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг илмий-интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун инновацион ғоялар, амалиётлар ва технологияларни жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 — 2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПҚ-186-сон қарорига мувофиқ Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ҳузурида Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб (кейинги ўринларда — Академик хаб) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Академик хаб фанлараро платформа доирасида таълим, илмий-тадқиқот ва тиббиёт муассасаларини бирлаштирган давлат таълим муассасаси ҳисобланади;
Академик хабда болалар онкологияси ва гематологияси соҳасида қайта тайёрлаш, малака ошириш, клиник ординаторлар ва олий таълимдан кейинги таълим институтида тиббиёт ходимларини тайёрлаш амалга оширилади;
Марказ Академик хабнинг муассиси ҳисобланади;
Академик хабда ўқув жараёни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилади;
етакчи халқаро университетлар клиникалари Академик хабнинг таълим қисми бўйича бошқарувчи шерик ҳисобланади;
Академик хабни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга белгиланган намунадаги сертификат (диплом) берилади;
Академик хаб томонидан берилган сертификатга эга бўлган давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритувчи тиббиёт ходимларига уларнинг базавий тариф ставкаси (лавозим маоши)нинг 100 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама тўланади;
Академик хаб ходимларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади. Бунда Академик хаб директорига — олий таълим муассасаси ректори учун, унинг ўринбосарларига — олий таълим муассасаси проректори учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади;
Академик хабнинг ходимларига уларнинг фаолият кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Марказнинг Кузатув кенгаши қарори билан Академик хабнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан лавозим маошларига қўшимча тўловлар ва устамалар белгиланиши мумкин.
3. Академик хабнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
мутахассислар, олимлар, тадқиқотчиларни тайёрлаш (олий таълимдан кейинги таълим), қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
янги клиник ва илмий тадқиқотларни жорий этиш, миллий, минтақавий ва халқаро инновацион тизимларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида онкология, гематология, иммунология ва педиатрия соҳасида фанлараро тадқиқотларни амалга ошириш;
инновацион ҳужайра технологиясини ривожлантириш, болаларда онкологик, гематологик, иммунологик ва бошқа касалликларни даволаш учун биотиббиёт ҳужайра маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва клиник амалиётга жорий этиш;
етакчи тиббиёт университетлари ва ихтисослаштирилган муассасалар томонидан қўлланиладиган илғор таълим дастурлари, инновацион педагогик усуллар ва технологияларни ишлаб чиқиш, мослаштириш ва жорий этиш;
илмий-тадқиқот ва амалий билимларни интеграциялаш, фаолиятни кластер тамойили асосида ташкил этиш, академик ва касбий тажриба алмашиш, таълим ва илм-фан интеграциясини жорий этиш;
Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг хорижий, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, шунингдек, тиббиёт илмий марказларини бирлаштирувчи бўғин бўлиб хизмат қилувчи самарали платформани яратиш;
илмий ва таълим жараёнларини бошқаришнинг энг самарали тизимини яратиш, чет эллик илмий экспертларни жалб қилиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва халқаро рейтингларда етакчи ўринларни эгаллаган жаҳон тиббиёт университетлари билан стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш;
Академик хабнинг халқаро таълим маконида эътироф этилишига эришиш, нуфузли олий таълим муассасалари рейтингларида муносиб ўрин эгаллаш;
мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун узлуксиз таълим тизимини яратиш;
тиббёт соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, улар билан биргаликда ихтисослик йўналишлари бўйича ўқув-таълим дастурларини ишлаб чиқиш.
4. Белгилансинки, Академик хабнинг Васийлик кенгаши таркиби Марказнинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.
Бунда Академик хабнинг Васийлик кенгаши таркибига халқаро ташкилотлар ва ҳамкор хорижий мамлакатлар аъзолари ҳам киритилиши мумкин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
а) Академик хаб Марказнинг Кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда:
штатлар жадвалини тасдиқлайди ҳамда ўқитиш тартибини белгилайди;
хорижий олий таълим ташкилотлари билан тузилган битимлар асосида ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлайди, профессор-ўқитувчилар фаолиятини тартибга солади;
юқори малакали чет эллик профессор-ўқитувчилар ва бошқа мутахассисларни жалб қилади, бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини мустақил белгилайди;
ўқишга қабул қилиш шартларини, шунингдек, ўқитиш учун тўлов миқдорларини белгилайди;
инновацион ва илмий фаолиятни, шунингдек, илмий ютуқларни тижоратлаштириш, молиявий ресурсларни жалб этиш тадбирларини амалга оширади;
хорижий таълим ва илмий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боради, шунингдек, Академик хабнинг молиявий, иқтисодий, маъмурий ва бошқарув фаолияти бўйича қарорлар қабул қилади;
китоблар ва адабиётларни харид қилишни, ўқув журналлари, электрон кутубхоналар ва бошқа ўқув ресурсларига обуна бўлишни бевосита амалга оширади, шунингдек нашриётлар ва етказиб берувчилар билан, шу жумладан халқаро тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан уларни хатловдан ўтказади;
б) Академик хабда:
ўқув жараёни ўзбек, рус ва инглиз тилларида қисқа муддатли ўқитиш дастурлари асосида маъруза, лаборатория ва якка тартибдаги машғулотлар, гуруҳларда амалий ишларни бажариш, танқидий фикрлаш, саволлар ва тажрибаларни ечиш ёрдамида ташкил этилади;
ўқув жараёни «назарияни амалиёт билан уйғунликда тақдим этиш» тамойили асосида ташкил этилади. Бунда тингловчиларга Марказда ҳамда онкология, гематология, иммунология ва педиатрия йўналишидаги бошқа клиникаларда малакавий амалиёт ўташ имконияти берилади;
в) тингловчиларни қабул қилиш параметрлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Марказ томонидан белгиланади;
г) 2030 йилгача ҳар йили Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун мутахассисларни ўқитиш учун камида 25 та ўрин ажратилади;
д) Академик хабнинг директори Марказ Кузатув кенгаши раиси билан келишилган ҳолда Марказ директори томонидан тайинланади.
6. Академик хаб 2025 йил 1 сентябрга қадар:
клиник тадқиқотлар ва синовлар протоколларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
Этика қўмитаси томонидан баҳолаш ва маъқуллашдан ўтказилишини, тадқиқотларнинг халқаро ва миллий платформаларда рўйхатдан ўтказилишини ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тартибга солувчи органларидан тегишли рухсатномалар олинишини таъминласин;
молиялаштириш манбаларини, шу жумладан, халқаро ва маҳаллий грантларни жалб қилиш, фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликни ва давлат дастурларида иштирок этишни йўлга қўйсин.
7. Марказ:
икки ой муддатда Академик хаб фаолиятини ташкил этиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин;
уч ой муддатда Академик хабни 2030 йилгача бўлган даврда ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқсин.
Марказнинг Кузатув кенгашига қуйидагилар тавсия этилсин:
Академик хабнинг тузилмасини тасдиқлаш, тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида унга ўзгартиришлар киритиш;
Академик хаб фаолиятини молиялаштириш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни ташкил этиш учун бюджетдан ташқари маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва бошқа манбаларни жалб этишга кўмаклашиш;
Академик хабга ажратилган биноларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, уларни замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, инвентарлар, компьютерлар ва бошқа ташкилий воситалар, кутубхона фонди билан жиҳозлаш учун зарур маблағларни жалб этиш;
Академик хабга тингловчиларни тайёрлаш ва қабул қилиш шартларини белгилаш;
бюджет ижроси бўйича йиллик ҳисоботларни, шунингдек, Академик хаб фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Марказ ҳузуридаги Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ва Академик хабнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан профессор-ўқитувчилар таркиби, бошқарув ва бошқа ходимларга қўшимча моддий рағбатлантиришлар, устамалар ва мукофотлар белгилаш.
8. Академик хабнинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Давлат бюджети маблағлари;
Марказ ҳузуридаги Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари;
тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгилансинки, Академик хабни молиялаштириш 2025 йилда Марказ ҳузуридаги Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ҳафта муддатда 2025 йилда Академик хаб фаолиятини молиялаштириш учун Марказ ҳузуридаги Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ маблағ ажратсин.
9. Марказ:
а) бир ой муддатда:
Адлия вазирлиги билан биргаликда Академик хабнинг Уставини белгиланган тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
музокаралар натижалари бўйича маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари билан узоқ муддатли келишувларга эришиш чораларини кўрсин;
ўқитиш дастурларини белгиласин;
б) уч ой муддатда Академик хабни малакали профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимлари, шу жумладан, чет эллик мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
в) ҳомийлик, грант, техник кўмак ва бюджетдан ташқари маблағларни шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағларни жалб қилишда Академик хабга кўмаклашсин.
10. «Uzbekistan Airways» АЖ 2027 йил 1 январга қадар Академик хаб учун зарур бўлган адабиёт фонди ва моддий-техника воситаларининг авиаташувларини бепул амалга оширилишини таъминласин.
11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказ билан биргаликда 2025 йил 1 августга қадар:
Академик хабни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобидан компьютерлар ва бошқа ташкилий воситалар, шу жумладан, масофавий ва онлайн таълимни ташкил этиш учун зарур бўлган ўқув жиҳозлари билан таъминласин;
Академик хабни мебель жиҳозлари (парталар, столлар, стуллар ва бошқа буюмлар), инвентарлар, замонавий лаборатория ускуналари, шунингдек, ўқув адабиётлари ва кутубхона фонди билан таъминлаш чораларини кўрсин.
12. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
Академик хабнинг Ахборот-ресурс маркази фаолиятини йўлга қўйсин ҳамда ўқув жараёни учун зарур бўлган барча модуль ва иловаларнинг уланишини таъминласин;
Академик хабнинг Ахборот-ресурс марказини Алишер Навоий номидаги Узбекистон Миллий кутубхонасининг электрон ахборот-кутубхона ресурсларига уланишини ташкил этсин ва барча турдаги хизматлардан фойдаланиш, шу жумладан, эътироф этилган илмий нашрларнинг маълумотлар базаларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратсин.
13. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича 2026 йил ва келгуси йилларда Узбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда Академик хабнинг янги бино ва иншоотларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш, шунингдек, унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда:
болалар саратони соҳасидаги таълим дастурларини халқаро стандартлар бўйича аккредитациядан ўтказиш жараёнини йўлга қўйсин;
масофавий таълим ва симуляцион тренинглар учун узлуксиз тиббий таълим дастурлари ва рақамли платформалар жорий этилишини таъминласин.
15. Академик хаб Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, Арнасой кўчаси, 2-мавзе, 32-уй манзилидаги бинога оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирилсин.
16. Ташқи ишлар вазирлиги Марказнинг буюртманомалари бўйича белгиланган тартибда:
мазкур қарорни амалга ошириш доирасида чет эллик ўқитувчилар ва мутахассисларга, уларнинг оила аъзоларига — бепул кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмасдан, чет эллик тингловчиларга — Академик хабда ўқишнинг бутун даври учун узоқ муддатли кўп марталик кириш визалари берилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари орқали Академик хабнинг кутубхона фондини тўлдиришда кўмаклашсин.
17. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 январга қадар нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларини тамомлаган ватандошлар ҳамда болалар саратони соҳасидаги чет эллик мутахассислар, юқори малакали ва тажрибали кадрларни Академик хабга жалб қилсин.
18. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Марказ буюртмасига асосан чет эллик ўқитувчилар ва мутахассисларни республикага жалб қилишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, уларга республика худудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома ва сертификатлар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 май,
326 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Bolalar saratoni boʻyicha xalqaro akademik xab faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Bolalar saratoni boʻyicha xalqaro akademik xab faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2025 — 2030-yillarda bolalar saratoniga qarshi kurashish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy strategiyasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PQ-186-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, onkologik kasalliklarga chalingan bolalarga tibbiy yordam koʻrsatish sifatini oshirish, pediatr onkologlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish uchun shart-sharoitlarini yaratish, ilmiy salohiyatni mustahkamlash, Oʻzbekistonning ilmiy-intellektual salohiyatini rivojlantirish uchun innovatsion gʻoyalar, amaliyotlar va texnologiyalarni joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1.Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2025 — 2030-yillarda bolalar saratoniga qarshi kurashish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy strategiyasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PQ-186-son qaroriga muvofiq Bolalar onkologiyasi, gematologiyasi va immunologiyasi ilmiy-amaliy tibbiyot markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) huzurida Bolalar saratoni boʻyicha xalqaro akademik xab (keyingi oʻrinlarda — Akademik xab) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
Akademik xab fanlararo platforma doirasida taʼlim, ilmiy-tadqiqot va tibbiyot muassasalarini birlashtirgan davlat taʼlim muassasasi hisoblanadi;
Akademik xabda bolalar onkologiyasi va gematologiyasi sohasida qayta tayyorlash, malaka oshirish, klinik ordinatorlar va oliy taʼlimdan keyingi taʼlim institutida tibbiyot xodimlarini tayyorlash amalga oshiriladi;
Markaz Akademik xabning muassisi hisoblanadi;
Akademik xabda oʻquv jarayoni nufuzli xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari, shuningdek, mahalliy tibbiyot oliy taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda tashkil etiladi;
yetakchi xalqaro universitetlar klinikalari Akademik xabning taʼlim qismi boʻyicha boshqaruvchi sherik hisoblanadi;
Akademik xabni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarga belgilangan namunadagi sertifikat (diplom) beriladi;
Akademik xab tomonidan berilgan sertifikatga ega boʻlgan davlat tibbiyot muassasalarida faoliyat yurituvchi tibbiyot xodimlariga ularning bazaviy tarif stavkasi (lavozim maoshi)ning 100 foizi miqdorida har oylik ustama toʻlanadi;
Akademik xab xodimlariga qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat oliy taʼlim muassasalarining tegishli lavozimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari tatbiq etiladi. Bunda Akademik xab direktoriga — oliy taʼlim muassasasi rektori uchun, uning oʻrinbosarlariga — oliy taʼlim muassasasi prorektori uchun nazarda tutilgan mehnatga haq toʻlash shartlari qoʻllaniladi;
Akademik xabning xodimlariga ularning faoliyat koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, Markazning Kuzatuv kengashi qarori bilan Akademik xabning budjetdan tashqari mablagʻlari, shu jumladan, Onkologik va gematologik kasalliklarga chalingan bolalarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi hisobidan lavozim maoshlariga qoʻshimcha toʻlovlar va ustamalar belgilanishi mumkin.
3. Akademik xabning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
mutaxassislar, olimlar, tadqiqotchilarni tayyorlash (oliy taʼlimdan keyingi taʼlim), qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
yangi klinik va ilmiy tadqiqotlarni joriy etish, milliy, mintaqaviy va xalqaro innovatsion tizimlarni qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish maqsadida onkologiya, gematologiya, immunologiya va pediatriya sohasida fanlararo tadqiqotlarni amalga oshirish;
innovatsion hujayra texnologiyasini rivojlantirish, bolalarda onkologik, gematologik, immunologik va boshqa kasalliklarni davolash uchun biotibbiyot hujayra mahsulotlarini ishlab chiqish va klinik amaliyotga joriy etish;
yetakchi tibbiyot universitetlari va ixtisoslashtirilgan muassasalar tomonidan qoʻllaniladigan ilgʻor taʼlim dasturlari, innovatsion pedagogik usullar va texnologiyalarni ishlab chiqish, moslashtirish va joriy etish;
ilmiy-tadqiqot va amaliy bilimlarni integratsiyalash, faoliyatni klaster tamoyili asosida tashkil etish, akademik va kasbiy tajriba almashish, taʼlim va ilm-fan integratsiyasini joriy etish;
Oʻzbekiston va Markaziy Osiyo mintaqasining xorijiy, davlat va nodavlat oliy taʼlim muassasalari, shuningdek, tibbiyot ilmiy markazlarini birlashtiruvchi boʻgʻin boʻlib xizmat qiluvchi samarali platformani yaratish;
ilmiy va taʼlim jarayonlarini boshqarishning eng samarali tizimini yaratish, chet ellik ilmiy ekspertlarni jalb qilish, ilmiy tadqiqotlarni rivojlantirish va xalqaro reytinglarda yetakchi oʻrinlarni egallagan jahon tibbiyot universitetlari bilan strategik sheriklik aloqalarini oʻrnatish;
Akademik xabning xalqaro taʼlim makonida eʼtirof etilishiga erishish, nufuzli oliy taʼlim muassasalari reytinglarida munosib oʻrin egallash;
mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish uchun uzluksiz taʼlim tizimini yaratish;
tibbyot sohasidagi kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish muassasalari bilan hamkorlikni amalga oshirish, ular bilan birgalikda ixtisoslik yoʻnalishlari boʻyicha oʻquv-taʼlim dasturlarini ishlab chiqish.
4. Belgilansinki, Akademik xabning Vasiylik kengashi tarkibi Markazning Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadi.
Bunda Akademik xabning Vasiylik kengashi tarkibiga xalqaro tashkilotlar va hamkor xorijiy mamlakatlar aʼzolari ham kiritilishi mumkin.
5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra:
a) Akademik xab Markazning Kuzatuv kengashi bilan kelishilgan holda:
shtatlar jadvalini tasdiqlaydi hamda oʻqitish tartibini belgilaydi;
xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari bilan tuzilgan bitimlar asosida oʻquv rejalari va dasturlarini tasdiqlaydi, professor-oʻqituvchilar faoliyatini tartibga soladi;
yuqori malakali chet ellik professor-oʻqituvchilar va boshqa mutaxassislarni jalb qiladi, budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan ularning mehnatiga haq toʻlash miqdorlarini mustaqil belgilaydi;
oʻqishga qabul qilish shartlarini, shuningdek, oʻqitish uchun toʻlov miqdorlarini belgilaydi;
innovatsion va ilmiy faoliyatni, shuningdek, ilmiy yutuqlarni tijoratlashtirish, moliyaviy resurslarni jalb etish tadbirlarini amalga oshiradi;
xorijiy taʼlim va ilmiy tashkilotlar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri muzokaralar olib boradi, shuningdek, Akademik xabning moliyaviy, iqtisodiy, maʼmuriy va boshqaruv faoliyati boʻyicha qarorlar qabul qiladi;
kitoblar va adabiyotlarni xarid qilishni, oʻquv jurnallari, elektron kutubxonalar va boshqa oʻquv resurslariga obuna boʻlishni bevosita amalga oshiradi, shuningdek nashriyotlar va yetkazib beruvchilar bilan, shu jumladan xalqaro toʻlov tizimlaridan foydalangan holda toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar tuzish yoʻli bilan ularni xatlovdan oʻtkazadi;
b) Akademik xabda:
oʻquv jarayoni oʻzbek, rus va ingliz tillarida qisqa muddatli oʻqitish dasturlari asosida maʼruza, laboratoriya va yakka tartibdagi mashgʻulotlar, guruhlarda amaliy ishlarni bajarish, tanqidiy fikrlash, savollar va tajribalarni yechish yordamida tashkil etiladi;
oʻquv jarayoni “nazariyani amaliyot bilan uygʻunlikda taqdim etish” tamoyili asosida tashkil etiladi. Bunda tinglovchilarga Markazda hamda onkologiya, gematologiya, immunologiya va pediatriya yoʻnalishidagi boshqa klinikalarda malakaviy amaliyot oʻtash imkoniyati beriladi;
v) tinglovchilarni qabul qilish parametrlari Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan kelishilgan holda Markaz tomonidan belgilanadi;
g) 2030-yilgacha har yili Markaziy Osiyo mamlakatlari fuqarolari uchun mutaxassislarni oʻqitish uchun kamida 25 ta oʻrin ajratiladi;
d) Akademik xabning direktori Markaz Kuzatuv kengashi raisi bilan kelishilgan holda Markaz direktori tomonidan tayinlanadi.
6. Akademik xab 2025-yil 1-sentabrga qadar:
klinik tadqiqotlar va sinovlar protokollarini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;
Etika qoʻmitasi tomonidan baholash va maʼqullashdan oʻtkazilishini, tadqiqotlarning xalqaro va milliy platformalarda roʻyxatdan oʻtkazilishini hamda Sogʻliqni saqlash vazirligining tartibga soluvchi organlaridan tegishli ruxsatnomalar olinishini taʼminlasin;
moliyalashtirish manbalarini, shu jumladan, xalqaro va mahalliy grantlarni jalb qilish, farmatsevtika kompaniyalari bilan hamkorlikni va davlat dasturlarida ishtirok etishni yoʻlga qoʻysin.
7. Markaz:
ikki oy muddatda Akademik xab faoliyatini tashkil etish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ni ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun kiritsin;
uch oy muddatda Akademik xabni 2030-yilgacha boʻlgan davrda rivojlantirish strategiyasini ishlab chiqsin.
Markazning Kuzatuv kengashiga quyidagilar tavsiya etilsin:
Akademik xabning tuzilmasini tasdiqlash, tasdiqlangan mehnatga haq toʻlash fondi doirasida unga oʻzgartirishlar kiritish;
Akademik xab faoliyatini moliyalashtirish, qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirishni tashkil etish uchun budjetdan tashqari mablagʻlar, homiylik xayriyalari va boshqa manbalarni jalb etishga koʻmaklashish;
Akademik xabga ajratilgan binolarni taʼmirlash va rekonstruksiya qilish, ularni zamonaviy oʻquv va laboratoriya uskunalari, inventarlar, kompyuterlar va boshqa tashkiliy vositalar, kutubxona fondi bilan jihozlash uchun zarur mablagʻlarni jalb etish;
Akademik xabga tinglovchilarni tayyorlash va qabul qilish shartlarini belgilash;
budjet ijrosi boʻyicha yillik hisobotlarni, shuningdek, Akademik xab faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotlarni koʻrib chiqish va tasdiqlash;
Markaz huzuridagi Onkologik va gematologik kasalliklarga chalingan bolalarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi va Akademik xabning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan professor-oʻqituvchilar tarkibi, boshqaruv va boshqa xodimlarga qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirishlar, ustamalar va mukofotlar belgilash.
8. Akademik xabning faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar belgilansin:
Davlat budjeti mablagʻlari;
Markaz huzuridagi Onkologik va gematologik kasalliklarga chalingan bolalarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari;
Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Tibbiyotni rivojlantirish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari;
toʻlov-shartnoma asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Belgilansinki, Akademik xabni moliyalashtirish 2025-yilda Markaz huzuridagi Onkologik va gematologik kasalliklarga chalingan bolalarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan, 2026-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.
Iqtisodiyot va moliya vazirligi ikki hafta muddatda 2025-yilda Akademik xab faoliyatini moliyalashtirish uchun Markaz huzuridagi Onkologik va gematologik kasalliklarga chalingan bolalarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasiga asoslangan hisob-kitoblarga muvofiq mablagʻ ajratsin.
9. Markaz:
a) bir oy muddatda:
Adliya vazirligi bilan birgalikda Akademik xabning Ustavini belgilangan tartibda tasdiqlanishi va davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;
muzokaralar natijalari boʻyicha mahalliy va xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari bilan uzoq muddatli kelishuvlarga erishish choralarini koʻrsin;
oʻqitish dasturlarini belgilasin;
b) uch oy muddatda Akademik xabni malakali professor-oʻqituvchilar va boshqaruv xodimlari, shu jumladan, chet ellik mutaxassislar bilan toʻldirish choralarini koʻrsin;
v) homiylik, grant, texnik koʻmak va budjetdan tashqari mablagʻlarni shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlarni jalb qilishda Akademik xabga koʻmaklashsin.
10. “Uzbekistan Airways” AJ 2027-yil 1-yanvarga qadar Akademik xab uchun zarur boʻlgan adabiyot fondi va moddiy-texnika vositalarining aviatashuvlarini bepul amalga oshirilishini taʼminlasin.
11. Sogʻliqni saqlash vazirligi Markaz bilan birgalikda 2025-yil 1-avgustga qadar:
Akademik xabni Sogʻliqni saqlash vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari va xalqaro moliya institutlari kreditlari hisobidan kompyuterlar va boshqa tashkiliy vositalar, shu jumladan, masofaviy va onlayn taʼlimni tashkil etish uchun zarur boʻlgan oʻquv jihozlari bilan taʼminlasin;
Akademik xabni mebel jihozlari (partalar, stollar, stullar va boshqa buyumlar), inventarlar, zamonaviy laboratoriya uskunalari, shuningdek, oʻquv adabiyotlari va kutubxona fondi bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
12. Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:
Akademik xabning Axborot-resurs markazi faoliyatini yoʻlga qoʻysin hamda oʻquv jarayoni uchun zarur boʻlgan barcha modul va ilovalarning ulanishini taʼminlasin;
Akademik xabning Axborot-resurs markazini Alisher Navoiy nomidagi Uzbekiston Milliy kutubxonasining elektron axborot-kutubxona resurslariga ulanishini tashkil etsin va barcha turdagi xizmatlardan foydalanish, shu jumladan, eʼtirof etilgan ilmiy nashrlarning maʼlumotlar bazalaridan bepul foydalanish imkoniyatini yaratsin.
13. Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda Sogʻliqni saqlash vazirligining asoslangan hisob-kitoblari boʻyicha 2026-yil va kelgusi yillarda Uzbekiston Respublikasini rivojlantirish davlat dasturlarini shakllantirishda Akademik xabning yangi bino va inshootlarini qurish hamda mavjudlarini rekonstruksiya qilish, shuningdek, unga tutash hududlarni obodonlashtirish uchun zarur mablagʻlar ajratilishini nazarda tutsin.
14. Sogʻliqni saqlash vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda:
bolalar saratoni sohasidagi taʼlim dasturlarini xalqaro standartlar boʻyicha akkreditatsiyadan oʻtkazish jarayonini yoʻlga qoʻysin;
masofaviy taʼlim va simulyatsion treninglar uchun uzluksiz tibbiy taʼlim dasturlari va raqamli platformalar joriy etilishini taʼminlasin.
15. Akademik xab Toshkent shahri Chilonzor tumani, Arnasoy koʻchasi, 2-mavze, 32-uy manzilidagi binoga operativ boshqaruv huquqi asosida bepul joylashtirilsin.
16. Tashqi ishlar vazirligi Markazning buyurtmanomalari boʻyicha belgilangan tartibda:
mazkur qarorni amalga oshirish doirasida chet ellik oʻqituvchilar va mutaxassislarga, ularning oila aʼzolariga — bepul kirish vizalari konsullik va boshqa yigʻimlar undirmasdan, chet ellik tinglovchilarga — Akademik xabda oʻqishning butun davri uchun uzoq muddatli koʻp martalik kirish vizalari berilishini taʼminlasin;
Oʻzbekiston Respublikasining konsullik muassasalari orqali Akademik xabning kutubxona fondini toʻldirishda koʻmaklashsin.
17. Sogʻliqni saqlash vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-yanvarga qadar nufuzli xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarini tamomlagan vatandoshlar hamda bolalar saratoni sohasidagi chet ellik mutaxassislar, yuqori malakali va tajribali kadrlarni Akademik xabga jalb qilsin.
18. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Markaz buyurtmasiga asosan chet ellik oʻqituvchilar va mutaxassislarni respublikaga jalb qilishga ruxsatnomalar berilishini (muddati uzaytirilishini), shuningdek, ularga respublika xududida mehnat faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi tasdiqnoma va sertifikatlar berilishini (muddati uzaytirilishini) taʼminlasin.
19. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.A. Xudayarov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 22-may,
326 -son