UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 27-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 27 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 мая 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 May 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонуни (кейинги ўринларда — Қонун) ижроси юзасидан 2025 йилнинг 30 апрель ҳолатига 1 234 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 247 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилгани, «Eʼtirof» автоматлаштирилган ахборот тизимига (кейинги ўринларда — автоматлаштирилган ахборот тизими) 99 мингга яқин объект жойлаштирилгани, 200 дан ортиқ объектга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги):

бир ой муддатда режа-жадвал асосида туманларда (шаҳарларда) хатлов ўтказилишини янада жадаллаштириш мақсадида кўчмас мулк объектларини жойига чиққан ҳолда хатловдан ўтказишга шартнома асосида қўшимча ходимлар жалб қилинишини таъминласин ҳамда доимий равишда уларнинг малакасини ошириб борсин;

Қонуннинг 12-моддаси бешинчи қисмида белгиланган талабга мувофиқ ҳар бир ер участкасига алоҳида ёндашган ҳолда, ер участкасининг бино ва иншоотлар мавжуд бўлмаган, экин экиладиган қисмини деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун белгиланишини таъминласин;

Қонуннинг 5-моддаси талабларига мувофиқ, тегишлича ижара ва мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласи кўриб чиқиладиган ер участкасининг, бинонинг ва иншоотнинг электрон йиғмажилд ҳужжатларини ушбу ер участкаси бино ва иншоотлар билан банд бўлган тақдирдагина автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштирсин. Бунда ер участкасининг чегараси кўчмас мулк объектига кириш қисмидан бошлаб аниқланади.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Қонун талабларига мувофиқ ҳуқуқни эътироф этиш масаласи кўриб чиқиладиган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотлар ҳокимликлар ҳамда тегишли ваколатли ташкилотлар тизим ташкилотлари тасарруфида (ихтиёрида) бўлган каналлар ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари, хўжалик автомобиль йўлларининг тегишли минтақа ҳамда муҳофаза зоналари ҳудудида жойлашгани ёки жойлашмагани ҳақидаги маълумотларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиб (бириктирилиб) борилишини таъминласин.

Кадастр агентлиги бир ҳафта муддатда ушбу банд талабларига мувофиқ ваколатли ташкилотларга автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланишга тўлиқ имконият яратиб берсин.

4. Солиқ қўмитаси Қонунга мувофиқ ҳуқуқни эътироф этиш масаласи кўриб чиқиладиган кўчмас мулк объектлари бўйича ер солиғи ва мол-мулк солиғини ҳисоблашда ҳудудий солиқ органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 88-моддаси талабларига қатъий риоя қилиниши устидан доимий назорат ўрнатсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги бир ҳафта муддатда Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ:

якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ортиқча эгалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг 0,01 гектар майдон учун ўртача бозор қийматини — электрон онлайн-аукцион савдоларида мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинган ер участкаларининг ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда;

нотурар объектлар қуриш учун ортиқча эгалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг 0,01 гектар майдон учун ўртача бозор қийматини — тегишлича электрон онлайн-аукцион савдоларида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда кичик саноат ва ёшлар саноат ҳамда тадбиркорлик зоналарида фаолият кўрсатиш мақсадларида реализация қилинган ер участкаларининг ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда;

деҳқон ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб бериладиган ортиқча эгалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг 0,01 гектар майдон учун ўртача бозор қийматини — деҳқон хўжалигини юритиш учун реализация қилинган ер участкаларининг ўртача нархидан келиб чиққан ҳолда автоматлаштирилган ахборот тизимига киритсин ҳамда ушбу маълумотларни белгиланган муддатларда янгилаб борсин.

6. Кадастр агентлиги Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагилардан келиб чиқиб, автоматлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштирсин:

ваколатли ташкилотлар маълумотларининг автоматик равишда шакллантирилишини йўлга қўйиш;

кадастр органлари ва ваколатли ташкилотлар томонидан тизимга киритилган (бириктирилган) маълумотларда хато ва камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни қисқа муддатларда бартараф этиш учун ҳудудий адлия бошқармалари томонидан ушбу ташкилотларга маълумотларни қайта таҳрирлашга юбориш функциясини яратиш;

автоматлаштирилган ахборот тизимини Давлат активларини бошқариш агентлигининг тегишли ахборот тизими билан интеграция қилиш орқали аукцион савдоларига чиқарилган ер участкалари бўйича маълумотларни автоматик тарзда шакллантириш имкониятини яратиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Қонун ижросини таъминлашда аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан прокурор назорати ҳужжатларини қўллашни йўлга қўйиш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги кадастр органлари томонидан хатловдан ўтказишни жадаллаштириш мақсадида бино ва иншоотларга кириш имкони мавжуд бўлмаган объектларда ўлчов ишларини тўсқинликсиз амалга оширишда маҳалла раислари ва профилактика инспекторларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинганидан сўнг уч кун муддатдан кечиктирмасдан ер участкасининг ижара шартномаси тузилишини таъминласин;

ҳудудларда Қонун ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижаси бўйича ҳар ойда камида бир маротаба йиғилишларда танқидий муҳокама қилиб борилишини йўлга қўйсин;

Қонун татбиқ этиладиган кўчмас мулк объектлари суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ушбу ер участкаларининг ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни белгиланган тартибда Ҳукумат комиссиясига киритиб борсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Кадастр агентлиги уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи « Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида »ги ҳамда « Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида »ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ортиқча эгалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этишда қатъий белгиланган миқдорда бир марталик тўлов ундириш;

каналлар ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари, хўжалик автомобиль йўлларининг тегишли минтақа ва муҳофаза зоналари ҳудудида жойлашгани ёки жойлашмагани ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритишга (бириктиришга) масъул бўлган ваколатли органни белгилаш;

бинолар ва иншоотлар, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойлар хусусийлаштирилгани ёки хусусийлаштирилмагани тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритишга (бириктиришга) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ҳам масъул этиб белгилаш;

ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкалари учун ер ижараси шартномасини оферта шаклида тузиш, белгиланган тартибда эълон қилиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан бир марталик тўловни амалга ошириш жараёнида офертага розилик бериш;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда бошқа объектларнинг минтақа ва муҳофаза зоналари ҳудудида жойлашган тақдирда, ушбу ер участкасининг минтақа ва муҳофаза зоналари ҳудудига тушган қисми чегириб ташланган ҳолда қолган қисмига нисбатан ижара ҳуқуқини эътироф этиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган муддатлар билан мувофиқлаштириш;

ушбу Қонун билан киритиладиган айрим ўзгартириш ва қўшимчаларни 2024 йил 8 ноябрь кунидан амалга киритилган деб ҳисоблаш.

11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 майдаги 330-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон қарорида :

а) 1-илованинг 16-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«16. Кадастр паспорти объектнинг мураккаблигига қараб, қуйидаги муддатларда тайёрланади:

а) кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича:

кўп квартирали уйдаги квартира учун — 5 иш кунигача;

якка тартибдаги турар жой учун — 8 иш кунигача;

б) кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми ҳамда яхлит кўп квартирали уйлар бўйича:

умумий майдони 100 кв. метргача бўлганда — 8 иш кунигача;

умумий майдони 100 кв. метрдан 1 000 кв. метргача бўлганда — 10 иш кунигача;

умумий майдони 1 000 кв. метрдан 5 000 кв. метргача бўлганда — 15 иш кунигача;

умумий майдони 5 000 кв. метрдан 15 000 кв. метргача бўлганда — 20 иш кунигача;

умумий майдони 15 000 кв. метрдан 50 000 кв. метргача бўлганда — 26 иш кунигача;

умумий майдони 50 000 кв. метрдан ортиқ бўлганда — 35 иш кунигача;

ажратилган ер участкалари бўйича — 5 иш кунигача;

в) кўп йиллик дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси бўйича:

умумий майдони 1 гектаргача — 15 иш кунигача;

умумий майдони 1 гектардан 5 гектаргача — 20 иш кунигача;

умумий майдони 5 гектардан 10 гектаргача — 26 иш кунигача;

умумий майдони 10 гектардан 100 гектаргача — 35 иш кунигача;

умумий майдони 100 гектардан ортиқ — 40 иш кунигача»;

б) 3-илованинг 19-банди биринчи хатбошидаги «ўн» сўзи «ўн беш» сўзлари билан алмаштирилсин;

в) 4-илованинг 20-банди биринчи хатбошидаги «ўн» сўзи «ўн беш» сўзлари билан алмаштирилсин;

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 389-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда :

а) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«8. Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ва унинг натижаси бўйича кадастр паспортини тақдим этиш кадастр объектининг мураккаблигига қараб қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

а) кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича:

кўп квартирали уйдаги квартира — 5 иш кунигача;

якка тартибдаги турар жой — 8 иш кунигача;

б) кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми ҳамда яхлит кўп квартирали уйлар бўйича:

умумий майдони 100 кв. метргача бўлган кўчмас мулк — 8 иш кунигача;

умумий майдони 100 кв. метрдан 1 000 кв. метргача бўлган кўчмас мулк — 10 иш кунигача;

умумий майдони 1 000 кв. метрдан 5 000 кв. метргача бўлган кўчмас мулк — 15 иш кунигача;

умумий майдони 5 000 кв. метрдан 15 000 кв. метргача бўлган кўчмас мулк — 20 иш кунигача;

умумий майдони 15 000 кв. метрдан 50 000 кв. метргача бўлган кўчмас мулк — 26 иш кунигача;

умумий майдони 50 000 кв. метрдан ортиқ бўлган кўчмас мулк — 35 иш кунигача;

ажратилган ер участкалари бўйича — 5 иш кунигача;

кадастр (йиғмажилди) паспорти йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда), янги кадастр паспорти 3 иш куни мобайнида берилади.

в) кўп йиллик дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси бўйича:

умумий майдони 1 гектаргача — 15 иш кунигача;

умумий майдони 1 гектардан 5 гектаргача — 20 иш кунигача;

умумий майдони 5 гектардан 10 гектаргача — 26 иш кунигача;

умумий майдони 10 гектардан 100 гектаргача — 35 иш кунигача;

умумий майдони 100 гектардан ортиқ — 40 иш кунигача»;

б) 14-банд қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ортиқча эгаллаб олинган ер участкасининг майдони ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган майдондан 2 фоизгача ортиқ ва ушбу фарқ 30 квадрат метрдан ошмаган ҳолатларда ер участкасининг ушбу қисми ўзбошимчалик билан эгалланган деб ҳисобланмайди ва солиқ органларига ўзбошимча эгалланган ер сифатида юборилмайди».

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентнинг 14-банди биринчи хатбошидаги «беш» сўзи «етти» сўзи билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 27 май,

330-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.05.2025 й., 09/25/330/0473-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalariga hamda ularda qurilgan binolar va inshootlarga boʻlgan huquqlarni eʼtirof etish toʻgʻrisida”gi Qonunini amalga oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalariga hamda ularda qurilgan binolar va inshootlarga boʻlgan huquqlarni eʼtirof etish toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalariga hamda ularda qurilgan binolar va inshootlarga boʻlgan huquqlarni eʼtirof etish toʻgʻrisida”gi Qonuni (keyingi oʻrinlarda — Qonun) ijrosi yuzasidan 2025-yilning 30-aprel holatiga 1 234 ta mahalla fuqarolar yigʻinidagi 247 mingdan ortiq koʻchmas mulk obyekti xatlovdan oʻtkazilgani, “Eʼtirof” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — avtomatlashtirilgan axborot tizimi) 99 mingga yaqin obyekt joylashtirilgani, 200 dan ortiq obyektga nisbatan huquqlar eʼtirof etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi (keyingi oʻrinlarda — Kadastr agentligi):

bir oy muddatda reja-jadval asosida tumanlarda (shaharlarda) xatlov oʻtkazilishini yanada jadallashtirish maqsadida koʻchmas mulk obyektlarini joyiga chiqqan holda xatlovdan oʻtkazishga shartnoma asosida qoʻshimcha xodimlar jalb qilinishini taʼminlasin hamda doimiy ravishda ularning malakasini oshirib borsin;

Qonunning 12-moddasi beshinchi qismida belgilangan talabga muvofiq har bir yer uchastkasiga alohida yondashgan holda, yer uchastkasining bino va inshootlar mavjud boʻlmagan, ekin ekiladigan qismini dehqon xoʻjaligi yoki tomorqa xoʻjaligi yuritish uchun belgilanishini taʼminlasin;

Qonunning 5-moddasi talablariga muvofiq, tegishlicha ijara va mulk huquqini eʼtirof etish masalasi koʻrib chiqiladigan yer uchastkasining, binoning va inshootning elektron yigʻmajild hujjatlarini ushbu yer uchastkasi bino va inshootlar bilan band boʻlgan taqdirdagina avtomatlashtirilgan axborot tizimiga joylashtirsin. Bunda yer uchastkasining chegarasi koʻchmas mulk obyektiga kirish qismidan boshlab aniqlanadi.

3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari Qonun talablariga muvofiq huquqni eʼtirof etish masalasi koʻrib chiqiladigan yer uchastkalari hamda ularda qurilgan binolar va inshootlar hokimliklar hamda tegishli vakolatli tashkilotlar tizim tashkilotlari tasarrufida (ixtiyorida) boʻlgan kanallar va boshqa suv xoʻjaligi inshootlari hamda shaharlar va boshqa aholi punktlarining koʻchalari, xoʻjalik avtomobil yoʻllarining tegishli mintaqa hamda muhofaza zonalari hududida joylashgani yoki joylashmagani haqidagi maʼlumotlarning avtomatlashtirilgan axborot tizimiga kiritilib (biriktirilib) borilishini taʼminlasin.

Kadastr agentligi bir hafta muddatda ushbu band talablariga muvofiq vakolatli tashkilotlarga avtomatlashtirilgan axborot tizimidan foydalanishga toʻliq imkoniyat yaratib bersin.

4. Soliq qoʻmitasi Qonunga muvofiq huquqni eʼtirof etish masalasi koʻrib chiqiladigan koʻchmas mulk obyektlari boʻyicha yer soligʻi va mol-mulk soligʻini hisoblashda hududiy soliq organlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 88-moddasi talablariga qatʼiy rioya qilinishi ustidan doimiy nazorat oʻrnatsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bir hafta muddatda Qonunning 23-moddasiga muvofiq:

yakka tartibdagi uy-joylar qurish uchun ortiqcha egallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqining 0,01 gektar maydon uchun oʻrtacha bozor qiymatini — elektron onlayn-auksion savdolarida mulk huquqi asosida realizatsiya qilingan yer uchastkalarining oʻrtacha narxidan kelib chiqqan holda;

noturar obyektlar qurish uchun ortiqcha egallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqining 0,01 gektar maydon uchun oʻrtacha bozor qiymatini — tegishlicha elektron onlayn-auksion savdolarida tadbirkorlik va shaharsozlik faoliyatini amalga oshirish hamda kichik sanoat va yoshlar sanoat hamda tadbirkorlik zonalarida faoliyat koʻrsatish maqsadlarida realizatsiya qilingan yer uchastkalarining oʻrtacha narxidan kelib chiqqan holda;

dehqon yoki tomorqa xoʻjaligi yuritish uchun rasmiylashtirib beriladigan ortiqcha egallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqining 0,01 gektar maydon uchun oʻrtacha bozor qiymatini — dehqon xoʻjaligini yuritish uchun realizatsiya qilingan yer uchastkalarining oʻrtacha narxidan kelib chiqqan holda avtomatlashtirilgan axborot tizimiga kiritsin hamda ushbu maʼlumotlarni belgilangan muddatlarda yangilab borsin.

6. Kadastr agentligi Adliya vazirligi hamda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda quyidagilardan kelib chiqib, avtomatlashtirilgan axborot tizimini takomillashtirsin:

vakolatli tashkilotlar maʼlumotlarining avtomatik ravishda shakllantirilishini yoʻlga qoʻyish;

kadastr organlari va vakolatli tashkilotlar tomonidan tizimga kiritilgan (biriktirilgan) maʼlumotlarda xato va kamchiliklar aniqlangan taqdirda, ularni qisqa muddatlarda bartaraf etish uchun hududiy adliya boshqarmalari tomonidan ushbu tashkilotlarga maʼlumotlarni qayta tahrirlashga yuborish funksiyasini yaratish;

avtomatlashtirilgan axborot tizimini Davlat aktivlarini boshqarish agentligining tegishli axborot tizimi bilan integratsiya qilish orqali auksion savdolariga chiqarilgan yer uchastkalari boʻyicha maʼlumotlarni avtomatik tarzda shakllantirish imkoniyatini yaratish.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasiga Qonun ijrosini taʼminlashda aniqlangan qonunbuzilishi holatlarini bartaraf etish yuzasidan prokuror nazorati hujjatlarini qoʻllashni yoʻlga qoʻyish tavsiya etilsin.

8. Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, Ichki ishlar vazirligi kadastr organlari tomonidan xatlovdan oʻtkazishni jadallashtirish maqsadida bino va inshootlarga kirish imkoni mavjud boʻlmagan obyektlarda oʻlchov ishlarini toʻsqinliksiz amalga oshirishda mahalla raislari va profilaktika inspektorlarini jalb qilish choralarini koʻrsin.

9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari:

tuman (shahar) hokimliklari tomonidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesining, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlarining yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini hamda unda qurilgan bino va inshootga boʻlgan mulk huquqini eʼtirof etish toʻgʻrisidagi qarorlari qabul qilinganidan soʻng uch kun muddatdan kechiktirmasdan yer uchastkasining ijara shartnomasi tuzilishini taʼminlasin;

hududlarda Qonun ijrosi yuzasidan amalga oshirilayotgan ishlar natijasi boʻyicha har oyda kamida bir marotaba yigʻilishlarda tanqidiy muhokama qilib borilishini yoʻlga qoʻysin;

Qonun tatbiq etiladigan koʻchmas mulk obyektlari sugʻoriladigan yerlarda joylashgan taqdirda, ushbu yer uchastkalarining yer fondi toifasini oʻzgartirish boʻyicha takliflarni belgilangan tartibda Hukumat komissiyasiga kiritib borsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va Kadastr agentligi uch oy muddatda quyidagilarni nazarda tutuvchi “ Oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalariga hamda ularda qurilgan binolar va inshootlarga boʻlgan huquqlarni eʼtirof etish toʻgʻrisida ”gi hamda “ Koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish toʻgʻrisida ”gi qonunlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonun loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

yakka tartibdagi uy-joylar qurish uchun ortiqcha egallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini eʼtirof etishda qatʼiy belgilangan miqdorda bir martalik toʻlov undirish;

kanallar va boshqa suv xoʻjaligi inshootlari hamda shaharlar va boshqa aholi punktlarining koʻchalari, xoʻjalik avtomobil yoʻllarining tegishli mintaqa va muhofaza zonalari hududida joylashgani yoki joylashmagani haqidagi maʼlumotlarni avtomatlashtirilgan axborot tizimiga kiritishga (biriktirishga) masʼul boʻlgan vakolatli organni belgilash;

binolar va inshootlar, shu jumladan, yakka tartibdagi uy-joylar xususiylashtirilgani yoki xususiylashtirilmagani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni avtomatlashtirilgan axborot tizimiga kiritishga (biriktirishga) mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini ham masʼul etib belgilash;

ijara huquqi eʼtirof etilgan yer uchastkalari uchun yer ijarasi shartnomasini oferta shaklida tuzish, belgilangan tartibda eʼlon qilish hamda jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan bir martalik toʻlovni amalga oshirish jarayonida ofertaga rozilik berish;

oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkasi muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari hamda boshqa obyektlarning mintaqa va muhofaza zonalari hududida joylashgan taqdirda, ushbu yer uchastkasining mintaqa va muhofaza zonalari hududiga tushgan qismi chegirib tashlangan holda qolgan qismiga nisbatan ijara huquqini eʼtirof etish;

koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish muddatlarini Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksida belgilangan muddatlar bilan muvofiqlashtirish;

ushbu Qonun bilan kiritiladigan ayrim oʻzgartirish va qoʻshimchalarni 2024-yil 8-noyabr kunidan amalga kiritilgan deb hisoblash.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.

12. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari A.J. Ramatov va J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-maydagi 330-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha

1. Vazirlar Mahkamasining “Kadastr sohasida ayrim davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentlarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2020-yil 2-sentabrdagi 535-son qarorida :

a) 1-ilovaning 16-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“16. Kadastr pasporti obyektning murakkabligiga qarab, quyidagi muddatlarda tayyorlanadi:

a) koʻchmas mulk obyektlarining turar joyga oid qismi boʻyicha:

koʻp kvartirali uydagi kvartira uchun — 5 ish kunigacha;

yakka tartibdagi turar joy uchun — 8 ish kunigacha;

b) koʻchmas mulk obyektlarining noturar joyga oid qismi hamda yaxlit koʻp kvartirali uylar boʻyicha:

umumiy maydoni 100 kv. metrgacha boʻlganda — 8 ish kunigacha;

umumiy maydoni 100 kv. metrdan 1 000 kv. metrgacha boʻlganda — 10 ish kunigacha;

umumiy maydoni 1 000 kv. metrdan 5 000 kv. metrgacha boʻlganda — 15 ish kunigacha;

umumiy maydoni 5 000 kv. metrdan 15 000 kv. metrgacha boʻlganda — 20 ish kunigacha;

umumiy maydoni 15 000 kv. metrdan 50 000 kv. metrgacha boʻlganda — 26 ish kunigacha;

umumiy maydoni 50 000 kv. metrdan ortiq boʻlganda — 35 ish kunigacha;

ajratilgan yer uchastkalari boʻyicha — 5 ish kunigacha;

v) koʻp yillik dov-daraxtlar joylashgan yer uchastkasi boʻyicha:

umumiy maydoni 1 gektargacha — 15 ish kunigacha;

umumiy maydoni 1 gektardan 5 gektargacha — 20 ish kunigacha;

umumiy maydoni 5 gektardan 10 gektargacha — 26 ish kunigacha;

umumiy maydoni 10 gektardan 100 gektargacha — 35 ish kunigacha;

umumiy maydoni 100 gektardan ortiq — 40 ish kunigacha”;

b) 3-ilovaning 19-bandi birinchi xatboshidagi “oʻn” soʻzi “oʻn besh” soʻzlari bilan almashtirilsin;

v) 4-ilovaning 20-bandi birinchi xatboshidagi “oʻn” soʻzi “oʻn besh” soʻzlari bilan almashtirilsin;

2. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 22-iyundagi 389-son qarori bilan tasdiqlangan Koʻchmas mulk obyektlariga kadastr yigʻmajildini tayyorlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :

a) 8-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“8. Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filiallari tomonidan kadastr yigʻmajildini tayyorlash va uning natijasi boʻyicha kadastr pasportini taqdim etish kadastr obyektining murakkabligiga qarab quyidagi muddatlarda amalga oshiriladi:

a) koʻchmas mulk obyektlarining turar joyga oid qismi boʻyicha:

koʻp kvartirali uydagi kvartira — 5 ish kunigacha;

yakka tartibdagi turar joy — 8 ish kunigacha;

b) koʻchmas mulk obyektlarining noturar joyga oid qismi hamda yaxlit koʻp kvartirali uylar boʻyicha:

umumiy maydoni 100 kv. metrgacha boʻlgan koʻchmas mulk — 8 ish kunigacha;

umumiy maydoni 100 kv. metrdan 1 000 kv. metrgacha boʻlgan koʻchmas mulk — 10 ish kunigacha;

umumiy maydoni 1 000 kv. metrdan 5 000 kv. metrgacha boʻlgan koʻchmas mulk — 15 ish kunigacha;

umumiy maydoni 5 000 kv. metrdan 15 000 kv. metrgacha boʻlgan koʻchmas mulk — 20 ish kunigacha;

umumiy maydoni 15 000 kv. metrdan 50 000 kv. metrgacha boʻlgan koʻchmas mulk — 26 ish kunigacha;

umumiy maydoni 50 000 kv. metrdan ortiq boʻlgan koʻchmas mulk — 35 ish kunigacha;

ajratilgan yer uchastkalari boʻyicha — 5 ish kunigacha;

kadastr (yigʻmajildi) pasporti yoʻqolganda (yaroqsiz holga kelganda), yangi kadastr pasporti 3 ish kuni mobaynida beriladi.

v) koʻp yillik dov-daraxtlar joylashgan yer uchastkasi boʻyicha:

umumiy maydoni 1 gektargacha — 15 ish kunigacha;

umumiy maydoni 1 gektardan 5 gektargacha — 20 ish kunigacha;

umumiy maydoni 5 gektardan 10 gektargacha — 26 ish kunigacha;

umumiy maydoni 10 gektardan 100 gektargacha — 35 ish kunigacha;

umumiy maydoni 100 gektardan ortiq — 40 ish kunigacha”;

b) 14-band quyidagi mazmundagi sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Ortiqcha egallab olingan yer uchastkasining maydoni huquqni belgilovchi hujjatlarda koʻrsatilgan maydondan 2 foizgacha ortiq va ushbu farq 30 kvadrat metrdan oshmagan holatlarda yer uchastkasining ushbu qismi oʻzboshimchalik bilan egallangan deb hisoblanmaydi va soliq organlariga oʻzboshimcha egallangan yer sifatida yuborilmaydi”.

3. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-fevraldagi 71-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va yuridik shaxslariga doimiy foydalanish (egalik qilish), ijara va meros qilib qoldiriladigan umrbod egalik qilish huquqi asosida tegishli boʻlgan yer uchastkalarini xususiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishga doir maʼmuriy reglamentning 14-bandi birinchi xatboshidagi “besh” soʻzi “yetti” soʻzi bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 27-may,

330-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.05.2025-y., 09/25/330/0473-son)

lex.uz