📅 2025-yil 29-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 29-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 29 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 мая 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 May 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартибини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида» 2024 йил 29 апрелдаги ПҚ-165-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш ҳамда кафолат суммаларини муддатидан олдин тўлаб бериш орқали тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида» 2024 йил 29 апрелдаги ПҚ-165-сон қарорига мувофиқ фойдаланишга топширилган объектнинг кафолат суммаси пудрат ташкилотининг ихтиёрига кўра:
кафолат муддати давомида — объектни кафолат муддатида суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш орқали тўлаб берилиши;
кафолат муддати тугагандан сўнг — фойдаланувчи ташкилотнинг асослантирилган эътирози бўлмаган тақдирда, пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ғазначилик тизимидан инсон омилисиз автоматик равишда ўтказиб берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартиби;
банк кафолати ёки суғурта шартномаси (суғурта полиси) тақдим этилгандан сўнг объектнинг қолдиқ қийматини ўтказиб бериш;
кафолат муддати давомида объектларда аниқланган зарарларни банк кафолати ёки суғурта шартномасига мувофиқ қоплаб бериш.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг моҳияти ҳамда аҳамияти тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 майдаги 338-сон қарорига ИЛОВА
Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартибини белгилайди.
2. Фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш ихтиёрий тартибда амалга оширилади.
3. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
кафолатловчи тижорат банки — фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида қурилиш-пудрат шартномасига мувофиқ банк кафолатини берувчи тижорат банки;
суғурталовчи — фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида суғурта қилдирувчининг (пудрат ташкилотининг) қурилиш-пудрат шартномасига мувофиқ бажарилган қурилиш-монтаж ишлари бўйича жавобгарлигини суғурта қилувчи юридик шахс;
суғурта қилдирувчи — фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида қурилиш-пудрат шартномасига мувофиқ бажарилган қурилиш-монтаж ишлари бўйича жавобгарлигини суғурта қилдирувчи юридик шахс (пудрат ташкилоти).
4. Пудрат ташкилоти томонидан қурилиш объекти фойдаланишга топширилгандан бошлаб, ушбу объектдан фойдаланиш (эксплуатация қилиш) даврида аниқланган камчиликларнинг бартараф этилишини кафолатлаш муддатлари, шунингдек, объектларнинг кафолат муддати давомида суғурталаш ёки тижорат банклари томонидан кафолатлаш муддатлари қонунчилик ҳужжатлари ёки томонлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ белгиланади.
5. Пудрат ташкилоти ўз хоҳишига кўра объект фойдаланишга топширилгандан сўнг буюртмачига кафолат муддати давомида суғурталаш ёки банк кафолатини тақдим этиш орқали объектнинг умумий қийматини тўлиқ молиялаштирилишини таклиф этади.
6. Объектни фойдаланишга топшириш далолатномаси белгиланган тартибда тасдиқланиб, пудрат ташкилоти томонидан буюртмачига банк кафолати ёки суғурта шартномаси (суғурта полиси) тақдим этилгандан сўнг буюртмачи томонидан ўн иш куни ичида объектнинг қолдиқ қиймати пудрат ташкилотига тўлаб берилади.
2-боб. Фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида уларни суғурталаш тартиби
7. Суғурталовчи ихтиёрий равишда суғурта шартномасига асосан пудрат ташкилоти томонидан фойдаланишга топширилган объектнинг кафолат муддати давомида объектда аниқланган камчиликлар натижасида буюртмачига етказилган зарар қопланиши суғурта қилинади.
Суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича суғурта қилдирувчининг бинолар ва иншоотларга нисбатан фойдаланишга топширилгандан кейинги кафолат мажбуриятлари билан боғлиқ кутилмаган харажатлари (зарарлари) хавфи суғурталаниши мумкин.
Суғурта объекти пудрат ташкилотининг кафолат муддати давомида юзага келиши мумкин бўлган кутилмаган харажатлари (зарарлари) хавфи билан боғлиқ мулкий манфаатлари ҳисобланади.
Пудрат ташкилоти учун унинг буюртмачи олдидаги кафолат мажбуриятлари доирасида таъмирлаш (алмаштириш, тиклаш) билан боғлиқ кутилмаган харажатлари (зарарлар) юзага келиши суғурта ҳодисаси деб тан олинади.
8. Суғурта ҳодисаси қуйидаги ҳолатларда юзага келади:
пудрат ташкилоти томонидан қурилиш-монтаж ва ишга тушириш ишлари давомида йўл қўйилган, бироқ кафолат муддати давомида аниқланган камчиликлар;
кафолат мажбуриятлари бўйича таъмирлаш ишларини бажаришда пудрат ташкилоти томонидан ёки у ваколат берган шахслар томонидан йўл қўйилган бошқа камчиликлар.
9. Объект фойдаланишга топширилгандан сўнг кафолат муддати давомида фойдаланувчи (буюртмачи) ёки у жалб қилган учинчи шахс томонидан техник хизмат кўрсатиш ёки объектнинг элементларига киритилган ўзгартириш натижасида етказилган зарарлар компенсация қилинмайди.
Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, кафолат муддати давомида пудрат ташкилотининг пудрат шартномасига асосан ўз мажбуриятларини бажариши бўйича жавобгарлиги суғурта қилинмайди ҳамда ушбу шартларни бузганлик учун жарималар ва пенялар суғурталовчи томонидан қопланмайди.
10. Тузилган суғурта шартномаси (суғурта полиси) суғурта мукофоти ёки биринчи суғурта бадали тўланганидан сўнг кучга киради ва суғурталовчи томонидан мажбурият кучга кирганини тасдиқловчи суғурта полиси тақдим этилади.
Суғурталовчининг суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича жавобгарлиги, агар суғурта шартномасида (суғурта полисида) бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартноманинг «амал қилиш муддати» этиб белгиланган кундан, яъни объект фойдаланишга топширилган кундан кучга киради (фойдаланишга топшириш далолатномаси тасдиқлангандан сўнг) ва амал қилиш муддати суғурта шартномасида «шартноманинг тугаш санаси» сифатида белгиланган кундан кечиктирмасдан кафолат муддати якуни билан тугайди.
Суғурта шартномасида (суғурта полисида) кўрсатилган суғурта суммаси суғурта мажбуриятларининг энг кўп миқдорини ташкил этиб, пудрат ташкилоти ва суғурталовчи ўртасидаги келишувга асосан, қурилиши тугалланган объектнинг қурилиш-монтаж ишлари ҳақиқий қиймати билан аниқланган кафолат суммаси доирасида белгиланади.
Кафолат мажбуриятлари бир нечта қурилиш объектлари бўйича аниқланганда, суғурта суммалари ҳар бир объектга нисбатан алоҳида белгиланади.
Суғурта шартномасининг амал қилиш муддати фойдаланишга топширилган объектнинг пудрат шартномасида кўрсатилган кафолат муддатидан келиб чиққан ҳолда, объектнинг кафолат муддатидан кам бўлмаган муддатга белгиланади.
11. Фойдаланишга топширилган объектларни кафолат муддати давомида суғурта қилиш харажатлари пудрат ташкилоти ҳисобидан қопланади.
Бунда суғурта шартномаси объектнинг фойдаланишга топшириш далолатномаси расмийлаштирилганидан сўнг тузилиши лозим.
12. Объектни фойдаланишга топшириш жараёнида суғурталовчининг вакиллари иштирок этиши ҳамда объектни фойдаланишга топшириш далолатномасини белгиланган тартибда келишиши мумкин.
Бунда суғурталовчи объектни фойдаланишга топшириш жараёнида аниқланган камчиликларнинг пудрат ташкилоти томонидан бартараф этилишини талаб этишга ҳақли.
13. Фойдаланувчи ташкилот пудрат ташкилоти билан биргаликда суғурта шартномасининг амал қилиш даври давомида суғурталовчининг вакиллари томонидан объектда мониторинг, ўрганиш ва кўздан кечириш ишларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб беради.
Суғурталовчи объект фойдаланишга топширилгунга қадар амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилиши юзасидан таклифлар беришга ҳақли.
14. Суғурта шартномасида суғурта ҳодисасининг хусусияти, суғурта пули миқдори, суғурта мукофотининг миқдори, шартноманинг амал қилиш муддати, суғурта ҳодисасини кўриб чиқиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар, суғурта товони миқдорини аниқлаш тартиби, суғурта товонини тўлаш муддати тўғрисида муҳим шартлар бўлиши шарт.
Суғурта шартномасига қонунчилик ҳужжатлари билан рухсат этилмаган истиснолар ва шартларни киритиш мумкин эмас.
15. Фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида суғурта шартномаларини тузаётганда, пудрат ташкилоти суғурталовчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида суғурта шартномасини тузиш тўғрисида ариза;
пудрат шартномаси;
объектнинг пудрат ташкилотини белгилаш бўйича ҳужжат;
объектни фойдаланишга топшириш далолатномаси;
суғурталовчи томонидан муҳим деб ҳисобланган ҳолатларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.
16. Пудрат ташкилоти ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатларни суғурталовчига бевосита, почта орқали ёки электрон шаклда тақдим этиши мумкин.
Пудрат ташкилоти томонидан ариза бевосита берилганда, тақдим этилган ҳужжатларнинг асли суғурталовчи томонидан улардан нусха олингандан сўнг пудрат ташкилотига дарҳол қайтариб берилади.
17. Суғурта мукофоти суғурта тарифларига мувофиқ аниқланади.
18. Фойдаланишга топширилган объектнинг кафолат муддати мобайнида ушбу объектда камчиликлар аниқланган тақдирда, объектдан фойдаланувчи ташкилот мазкур камчилик аниқлангандан бошлаб етти иш куни ичида буюртмачига мазкур камчиликларни бартараф этиш юзасидан мурожаат қилади.
19. Буюртмачи объектдан фойдаланувчи ташкилотнинг мурожаати келиб тушгандан бошлаб уч иш куни ичида камчиликларни бартараф этиш ёки етказилган зарарни қоплаш бўйича пудрат ташкилотига кўрсатма беради ҳамда маълумот сифатида суғурталовчига юборади.
Бунда аниқланган камчиликлар пудрат ташкилоти томонидан буюртмачининг кўрсатмаси келиб тушгандан бошлаб ўн иш куни ичида бартараф этилиши лозим.
Зарурат туғилганда иш турининг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда, объектда аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддати буюртмачи, объектдан фойдаланувчи ва пудрат ташкилоти ўртасидаги келишувга асосан белгиланган муддатларда амалга оширилади.
20. Объектда аниқланган камчиликлар пудрат ташкилоти томонидан белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, буюртмачи (пудрат ташкилоти) ушбу объектга суғурта шартномаси (суғурта полиси) тақдим қилган суғурталовчи ташкилотга ушбу камчиликлар натижасида етказилган зарарларни суғурта шартномаси (суғурта полиси) доирасида қоплаш юзасидан мурожаат қилади.
21. Объектда аниқланган камчиликлар пудрат ташкилоти томонидан белгиланган муддатларда бартараф этилмаган тақдирда, буюртмачига етказилган зарар суммаси суғурталовчи ташкилот томонидан буюртмачининг ҳисобварағига суғурта шартномасига (суғурта полисига) асосан ўн иш куни ичида ўтказиб берилиши лозим.
22. Суғурта ҳодисасини жойига чиқиб ўрганиш ёки суғурта ҳодисаси содир бўлгани ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлардан келиб чиқиб, суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатнома тузилади.
23. Суғурта ҳодисаси ва унинг сабаблари тўғрисида хулоса чиқариш имконини берувчи зарур ҳужжатларни объектдан фойдаланувчи ташкилот пудрат ташкилотига, пудрат ташкилоти ва суғурталовчига тақдим этади.
Суғурта тўлови қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:
суғурта шартномаси (суғурта полиси);
суғурта ҳодисаси тўғрисида буюртмачининг ёзма аризаси;
суғурта ҳодисаси белгиларига эга ҳодиса содир бўлгани ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (ваколатли органлар, ҳодисани ўрганиш натижалари юзасидан ҳужжатлар ва маълумотномалар).
24. Суғурта ҳодисаси суғурталовчи томонидан тан олинган ва кўрилган зарар миқдори ҳамда тўланиши лозим бўлган суғурта товони суммасини аниқловчи ўрганиш натижалари далолатномаси асосида суғурталовчи суғурта товонини тўлаб бериш чораларини кўради.
Суғурталовчи томонидан фойдаланишга топширилган қурилиш объектининг шикастланган қиймати экспертизадан ўтказиш йўли билан (ўз кучи ёки учинчи томоннинг мутахассисларини жалб қилган ҳолда) суғурта товонининг миқдори қайтадан аниқланиши мумкин. Экспертиза суғурталовчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Суғурталовчи зарур ҳолларда тегишли ваколатли органлардан ва суғурта ҳодисаси юз берган ҳолатлар тўғрисида маълумотга эга бўлган бошқа ташкилотлардан маълумот сўраб олади, шунингдек, суғурта ҳодисасининг сабаблари ва шароитларини мустақил равишда аниқлаш ҳуқуқига эга.
25. Суғурталовчи фойдаланишга топширилган қурилиш объектида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан суғурта товонини тўлаб бериш бўйича экспертиза хулосаси олинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида суғурта товонини буюртмачига тўлаши шарт.
26. Суғурталовчи суғурта шартномасида кўрсатилиши шарти билан қуйидаги ҳолларда суғурта товонини тўлашни рад этиши мумкин:
қурилиш материаллари, ускуналари ва мебель-инвентарлар объектдан фойдаланувчи ёки учинчи шахс томонидан яроқсиз ҳолга келтирилган бўлса;
қурилиш материаллари, ускуналари ва мебель-инвентарларнинг кафолат муддати фойдаланишга топширилган объектнинг кафолат муддатидан кам бўлса;
томонлар ўртасида келишилган бошқа шартлар.
Қурилиш материаллари, ускуналари ва мебель-инвентарлар фойдаланувчи ташкилот ёки учинчи шахс томонидан яроқсиз ҳолга келтирилган тақдирда, етказилган зарар суммалари ушбу зарарларни етказган айбдор шахслар томонидан қопланади.
27. Суғурталовчи томонидан суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бу ҳақда суғурта қилдирувчига (буюртмачига) унинг суғурта товонини тўлаш талабидан иборат бўлган ариза билан ёзма ёки электрон мурожаатидан кейин ўн беш иш кунидан кечикмай рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади.
3-боб. Фойдаланишга топширилган объектларни кафолат муддати давомида тижорат банклари томонидан кафолатлаш тартиби
28. Тижорат банклари пудрат ташкилоти томонидан фойдаланишга топширилган объектнинг белгиланган кафолат муддати давомида мазкур объектда пудрат ташкилоти томонидан пудрат шартномаси шартлари ва/ёки шаҳарсозлик ҳужжатларига номувофиқ қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилгани ва/ёки сифатсиз ускуна ва мебель-инвентарлар ўрнатилгани (кейинги ўринларда — камчиликлар) аниқланиши натижасида буюртмачига етказилган зарарнинг белгиланган миқдорда қопланишини (кейинги ўринларда — банк кафолати) ихтиёрий равишда кафолатлайди.
29. Фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида тижорат банклари томонидан бериладиган банк кафолати миқдори объект умумий қийматининг 5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
30. Банк кафолатининг амал қилиш муддати фойдаланишга топширилган объектнинг кафолат муддатидан келиб чиққан ҳолда, объектнинг кафолат муддатидан кам бўлмаган муддатга белгиланади.
Бунда объектнинг кафолат муддати пудрат ташкилоти ва буюртмачи ўртасида тузиладиган пудрат шартномасида кўрсатилади.
31. Фойдаланишга топширилган объектларнинг кафолат муддати давомида тижорат банклари томонидан кафолатлаш билан боғлиқ харажатлар пудрат ташкилоти ҳисобидан қопланади.
32. Банк кафолати тақдим этилиши кўзда тутилганда, банк кафолати объектни фойдаланишга топшириш далолатномаси расмийлаштирилишидан олдин тузилиши лозим.
33. Объектни фойдаланишга топшириш жараёнида кафолатловчи тижорат банки вакиллари иштирок этиши мумкин.
Бунда кафолатловчи банк объектни фойдаланишга топшириш жараёнида аниқланган камчиликлар пудрат ташкилоти томонидан бартараф этилишини талаб этишга ҳақли.
34. Фойдаланувчи ташкилот пудрат ташкилоти билан биргаликда банк кафолатининг амал қилиш даври давомида кафолатловчи банк вакиллари томонидан объектда мониторинг, ўрганиш ва кўздан кечириш ишларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб беради.
Кафолатловчи банк объект фойдаланишга топширилгунга қадар амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилиши юзасидан таклифлар беришга ҳақли.
35. Фойдаланишга топширилган объектнинг кафолат муддати давомида ушбу объектда камчиликлар аниқланган тақдирда, ушбу Низомда белгиланган тартибда ушбу камчиликлар бартараф этилади.
Бунда кафолат объектида буюртмачига етказилган зарарни белгиланган миқдорда қоплаш мажбуриятини келтириб чиқариши мумкин бўлган воқеа юз берса (камчилик аниқланса), буюртмачи банк кафолатини тақдим қилган кафолатловчи банкка мурожаат қилади.
36. Кафолатловчи банк томонидан буюртмачига етказилган зарар суммаси қоплаб берилмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар шартномаларда назарда тутилади.
Бунда шартномаларда қуйидаги ҳолатлар ҳам инобатга олиниши лозим:
объект фойдаланувчи ёки учинчи шахс томонидан яроқсиз ҳолга келтирилиши;
ускуналари ва мебель-инвентарларнинг кафолат муддати фойдаланишга топширилган объектнинг кафолат муддатидан кам бўлиши;
кафолатда белгиланган муддатнинг тугаши.
Объект фойдаланувчи ташкилот ёки учинчи шахс томонидан яроқсиз ҳолга келтирилган тақдирда, етказилган зарар суммалари ушбу зарарларни етказган айбдор шахслар ҳисобидан қопланади.
37. Кафолат муддати давомида аниқланган камчиликлар натижасида етказилган зарар суммаси берилган банк кафолати миқдоридан ортиқ бўлган ҳолларда, зарар суммаси ва банк кафолати миқдори ўртасидаги фарқ объектда пудрат ишларини амалга оширган пудрат ташкилоти томонидан қопланади.
Бунда ушбу фарқ пудрат ташкилоти томонидан қоплаб берилиши рад этилган ҳолларда буюртмачи судга мурожаат қилишга ҳақли.
4-боб. Якунловчи қоидалар
38. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл юридик шахслари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳамда юридик шахслари билан тенг равишда суғурта ҳимояси ҳуқуқидан фойдаланади.
39. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 май,
338-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Budjet tizimi budjetlari hisobidan foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash tartibini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish boʻyicha davlat dasturlarini shakllantirish va amalga oshirish jarayonlarini samarali tashkil etishning qoʻshimcha choralari toʻgʻrisida” 2024-yil 29-apreldagi PQ-165-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash hamda kafolat summalarini muddatidan oldin toʻlab berish orqali tadbirkorlik subyektlari uchun qoʻshimcha qulayliklar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish boʻyicha davlat dasturlarini shakllantirish va amalga oshirish jarayonlarini samarali tashkil etishning qoʻshimcha choralari toʻgʻrisida” 2024-yil 29-apreldagi PQ-165-son qaroriga muvofiq foydalanishga topshirilgan obyektning kafolat summasi pudrat tashkilotining ixtiyoriga koʻra:
kafolat muddati davomida — obyektni kafolat muddatida sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash orqali toʻlab berilishi;
kafolat muddati tugagandan soʻng — foydalanuvchi tashkilotning asoslantirilgan eʼtirozi boʻlmagan taqdirda, pudrat tashkilotining hisobvaragʻiga gʻaznachilik tizimidan inson omilisiz avtomatik ravishda oʻtkazib berilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Budjet tizimi budjetlari hisobidan foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash tartibi;
bank kafolati yoki sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi) taqdim etilgandan soʻng obyektning qoldiq qiymatini oʻtkazib berish;
kafolat muddati davomida obyektlarda aniqlangan zararlarni bank kafolati yoki sugʻurta shartnomasiga muvofiq qoplab berish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda ushbu qarorning mohiyati hamda ahamiyati tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida keng tushuntirilishini taʼminlasin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 29-maydagi 338-son qaroriga ILOVA
Budjet tizimi budjetlari hisobidan foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom budjet tizimi budjetlari hisobidan foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash tartibini belgilaydi.
2. Foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash ixtiyoriy tartibda amalga oshiriladi.
3. Ushbu nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
kafolatlovchi tijorat banki — foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida qurilish-pudrat shartnomasiga muvofiq bank kafolatini beruvchi tijorat banki;
sugʻurtalovchi — foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida sugʻurta qildiruvchining (pudrat tashkilotining) qurilish-pudrat shartnomasiga muvofiq bajarilgan qurilish-montaj ishlari boʻyicha javobgarligini sugʻurta qiluvchi yuridik shaxs;
sugʻurta qildiruvchi — foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida qurilish-pudrat shartnomasiga muvofiq bajarilgan qurilish-montaj ishlari boʻyicha javobgarligini sugʻurta qildiruvchi yuridik shaxs (pudrat tashkiloti).
4. Pudrat tashkiloti tomonidan qurilish obyekti foydalanishga topshirilgandan boshlab, ushbu obyektdan foydalanish (ekspluatatsiya qilish) davrida aniqlangan kamchiliklarning bartaraf etilishini kafolatlash muddatlari, shuningdek, obyektlarning kafolat muddati davomida sugʻurtalash yoki tijorat banklari tomonidan kafolatlash muddatlari qonunchilik hujjatlari yoki tomonlar oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq belgilanadi.
5. Pudrat tashkiloti oʻz xohishiga koʻra obyekt foydalanishga topshirilgandan soʻng buyurtmachiga kafolat muddati davomida sugʻurtalash yoki bank kafolatini taqdim etish orqali obyektning umumiy qiymatini toʻliq moliyalashtirilishini taklif etadi.
6. Obyektni foydalanishga topshirish dalolatnomasi belgilangan tartibda tasdiqlanib, pudrat tashkiloti tomonidan buyurtmachiga bank kafolati yoki sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi) taqdim etilgandan soʻng buyurtmachi tomonidan oʻn ish kuni ichida obyektning qoldiq qiymati pudrat tashkilotiga toʻlab beriladi.
2-bob. Foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida ularni sugʻurtalash tartibi
7. Sugʻurtalovchi ixtiyoriy ravishda sugʻurta shartnomasiga asosan pudrat tashkiloti tomonidan foydalanishga topshirilgan obyektning kafolat muddati davomida obyektda aniqlangan kamchiliklar natijasida buyurtmachiga yetkazilgan zarar qoplanishi sugʻurta qilinadi.
Sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi) boʻyicha sugʻurta qildiruvchining binolar va inshootlarga nisbatan foydalanishga topshirilgandan keyingi kafolat majburiyatlari bilan bogʻliq kutilmagan xarajatlari (zararlari) xavfi sugʻurtalanishi mumkin.
Sugʻurta obyekti pudrat tashkilotining kafolat muddati davomida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan kutilmagan xarajatlari (zararlari) xavfi bilan bogʻliq mulkiy manfaatlari hisoblanadi.
Pudrat tashkiloti uchun uning buyurtmachi oldidagi kafolat majburiyatlari doirasida taʼmirlash (almashtirish, tiklash) bilan bogʻliq kutilmagan xarajatlari (zararlar) yuzaga kelishi sugʻurta hodisasi deb tan olinadi.
8. Sugʻurta hodisasi quyidagi holatlarda yuzaga keladi:
pudrat tashkiloti tomonidan qurilish-montaj va ishga tushirish ishlari davomida yoʻl qoʻyilgan, biroq kafolat muddati davomida aniqlangan kamchiliklar;
kafolat majburiyatlari boʻyicha taʼmirlash ishlarini bajarishda pudrat tashkiloti tomonidan yoki u vakolat bergan shaxslar tomonidan yoʻl qoʻyilgan boshqa kamchiliklar.
9. Obyekt foydalanishga topshirilgandan soʻng kafolat muddati davomida foydalanuvchi (buyurtmachi) yoki u jalb qilgan uchinchi shaxs tomonidan texnik xizmat koʻrsatish yoki obyektning elementlariga kiritilgan oʻzgartirish natijasida yetkazilgan zararlar kompensatsiya qilinmaydi.
Fuqarolik qonunchiligiga muvofiq, kafolat muddati davomida pudrat tashkilotining pudrat shartnomasiga asosan oʻz majburiyatlarini bajarishi boʻyicha javobgarligi sugʻurta qilinmaydi hamda ushbu shartlarni buzganlik uchun jarimalar va penyalar sugʻurtalovchi tomonidan qoplanmaydi.
10. Tuzilgan sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi) sugʻurta mukofoti yoki birinchi sugʻurta badali toʻlanganidan soʻng kuchga kiradi va sugʻurtalovchi tomonidan majburiyat kuchga kirganini tasdiqlovchi sugʻurta polisi taqdim etiladi.
Sugʻurtalovchining sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi) boʻyicha javobgarligi, agar sugʻurta shartnomasida (sugʻurta polisida) boshqacha tartib nazarda tutilgan boʻlmasa, shartnomaning “amal qilish muddati” etib belgilangan kundan, yaʼni obyekt foydalanishga topshirilgan kundan kuchga kiradi (foydalanishga topshirish dalolatnomasi tasdiqlangandan soʻng) va amal qilish muddati sugʻurta shartnomasida “shartnomaning tugash sanasi” sifatida belgilangan kundan kechiktirmasdan kafolat muddati yakuni bilan tugaydi.
Sugʻurta shartnomasida (sugʻurta polisida) koʻrsatilgan sugʻurta summasi sugʻurta majburiyatlarining eng koʻp miqdorini tashkil etib, pudrat tashkiloti va sugʻurtalovchi oʻrtasidagi kelishuvga asosan, qurilishi tugallangan obyektning qurilish-montaj ishlari haqiqiy qiymati bilan aniqlangan kafolat summasi doirasida belgilanadi.
Kafolat majburiyatlari bir nechta qurilish obyektlari boʻyicha aniqlanganda, sugʻurta summalari har bir obyektga nisbatan alohida belgilanadi.
Sugʻurta shartnomasining amal qilish muddati foydalanishga topshirilgan obyektning pudrat shartnomasida koʻrsatilgan kafolat muddatidan kelib chiqqan holda, obyektning kafolat muddatidan kam boʻlmagan muddatga belgilanadi.
11. Foydalanishga topshirilgan obyektlarni kafolat muddati davomida sugʻurta qilish xarajatlari pudrat tashkiloti hisobidan qoplanadi.
Bunda sugʻurta shartnomasi obyektning foydalanishga topshirish dalolatnomasi rasmiylashtirilganidan soʻng tuzilishi lozim.
12. Obyektni foydalanishga topshirish jarayonida sugʻurtalovchining vakillari ishtirok etishi hamda obyektni foydalanishga topshirish dalolatnomasini belgilangan tartibda kelishishi mumkin.
Bunda sugʻurtalovchi obyektni foydalanishga topshirish jarayonida aniqlangan kamchiliklarning pudrat tashkiloti tomonidan bartaraf etilishini talab etishga haqli.
13. Foydalanuvchi tashkilot pudrat tashkiloti bilan birgalikda sugʻurta shartnomasining amal qilish davri davomida sugʻurtalovchining vakillari tomonidan obyektda monitoring, oʻrganish va koʻzdan kechirish ishlarini amalga oshirish uchun shart-sharoitlar yaratib beradi.
Sugʻurtalovchi obyekt foydalanishga topshirilgunga qadar amalga oshirilayotgan qurilish-montaj ishlari sifatli bajarilishi yuzasidan takliflar berishga haqli.
14. Sugʻurta shartnomasida sugʻurta hodisasining xususiyati, sugʻurta puli miqdori, sugʻurta mukofotining miqdori, shartnomaning amal qilish muddati, sugʻurta hodisasini koʻrib chiqish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar, sugʻurta tovoni miqdorini aniqlash tartibi, sugʻurta tovonini toʻlash muddati toʻgʻrisida muhim shartlar boʻlishi shart.
Sugʻurta shartnomasiga qonunchilik hujjatlari bilan ruxsat etilmagan istisnolar va shartlarni kiritish mumkin emas.
15. Foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida sugʻurta shartnomalarini tuzayotganda, pudrat tashkiloti sugʻurtalovchiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida sugʻurta shartnomasini tuzish toʻgʻrisida ariza;
pudrat shartnomasi;
obyektning pudrat tashkilotini belgilash boʻyicha hujjat;
obyektni foydalanishga topshirish dalolatnomasi;
sugʻurtalovchi tomonidan muhim deb hisoblangan holatlarni tasdiqlovchi boshqa hujjatlar.
16. Pudrat tashkiloti ushbu Nizomning 15-bandida koʻrsatilgan hujjatlarni sugʻurtalovchiga bevosita, pochta orqali yoki elektron shaklda taqdim etishi mumkin.
Pudrat tashkiloti tomonidan ariza bevosita berilganda, taqdim etilgan hujjatlarning asli sugʻurtalovchi tomonidan ulardan nusxa olingandan soʻng pudrat tashkilotiga darhol qaytarib beriladi.
17. Sugʻurta mukofoti sugʻurta tariflariga muvofiq aniqlanadi.
18. Foydalanishga topshirilgan obyektning kafolat muddati mobaynida ushbu obyektda kamchiliklar aniqlangan taqdirda, obyektdan foydalanuvchi tashkilot mazkur kamchilik aniqlangandan boshlab yetti ish kuni ichida buyurtmachiga mazkur kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan murojaat qiladi.
19. Buyurtmachi obyektdan foydalanuvchi tashkilotning murojaati kelib tushgandan boshlab uch ish kuni ichida kamchiliklarni bartaraf etish yoki yetkazilgan zararni qoplash boʻyicha pudrat tashkilotiga koʻrsatma beradi hamda maʼlumot sifatida sugʻurtalovchiga yuboradi.
Bunda aniqlangan kamchiliklar pudrat tashkiloti tomonidan buyurtmachining koʻrsatmasi kelib tushgandan boshlab oʻn ish kuni ichida bartaraf etilishi lozim.
Zarurat tugʻilganda ish turining murakkabligidan kelib chiqqan holda, obyektda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish muddati buyurtmachi, obyektdan foydalanuvchi va pudrat tashkiloti oʻrtasidagi kelishuvga asosan belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi.
20. Obyektda aniqlangan kamchiliklar pudrat tashkiloti tomonidan belgilangan muddatda bartaraf etilmagan taqdirda, buyurtmachi (pudrat tashkiloti) ushbu obyektga sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi) taqdim qilgan sugʻurtalovchi tashkilotga ushbu kamchiliklar natijasida yetkazilgan zararlarni sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi) doirasida qoplash yuzasidan murojaat qiladi.
21. Obyektda aniqlangan kamchiliklar pudrat tashkiloti tomonidan belgilangan muddatlarda bartaraf etilmagan taqdirda, buyurtmachiga yetkazilgan zarar summasi sugʻurtalovchi tashkilot tomonidan buyurtmachining hisobvaragʻiga sugʻurta shartnomasiga (sugʻurta polisiga) asosan oʻn ish kuni ichida oʻtkazib berilishi lozim.
22. Sugʻurta hodisasini joyiga chiqib oʻrganish yoki sugʻurta hodisasi sodir boʻlgani va zarar miqdorini tasdiqlovchi hujjatlardan kelib chiqib, sugʻurta hodisasi toʻgʻrisida dalolatnoma tuziladi.
23. Sugʻurta hodisasi va uning sabablari toʻgʻrisida xulosa chiqarish imkonini beruvchi zarur hujjatlarni obyektdan foydalanuvchi tashkilot pudrat tashkilotiga, pudrat tashkiloti va sugʻurtalovchiga taqdim etadi.
Sugʻurta toʻlovi quyidagi hujjatlar asosida amalga oshiriladi:
sugʻurta shartnomasi (sugʻurta polisi);
sugʻurta hodisasi toʻgʻrisida buyurtmachining yozma arizasi;
sugʻurta hodisasi belgilariga ega hodisa sodir boʻlgani va zarar miqdorini tasdiqlovchi hujjatlar (vakolatli organlar, hodisani oʻrganish natijalari yuzasidan hujjatlar va maʼlumotnomalar).
24. Sugʻurta hodisasi sugʻurtalovchi tomonidan tan olingan va koʻrilgan zarar miqdori hamda toʻlanishi lozim boʻlgan sugʻurta tovoni summasini aniqlovchi oʻrganish natijalari dalolatnomasi asosida sugʻurtalovchi sugʻurta tovonini toʻlab berish choralarini koʻradi.
Sugʻurtalovchi tomonidan foydalanishga topshirilgan qurilish obyektining shikastlangan qiymati ekspertizadan oʻtkazish yoʻli bilan (oʻz kuchi yoki uchinchi tomonning mutaxassislarini jalb qilgan holda) sugʻurta tovonining miqdori qaytadan aniqlanishi mumkin. Ekspertiza sugʻurtalovchining mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
Sugʻurtalovchi zarur hollarda tegishli vakolatli organlardan va sugʻurta hodisasi yuz bergan holatlar toʻgʻrisida maʼlumotga ega boʻlgan boshqa tashkilotlardan maʼlumot soʻrab oladi, shuningdek, sugʻurta hodisasining sabablari va sharoitlarini mustaqil ravishda aniqlash huquqiga ega.
25. Sugʻurtalovchi foydalanishga topshirilgan qurilish obyektida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan sugʻurta tovonini toʻlab berish boʻyicha ekspertiza xulosasi olingan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida sugʻurta tovonini buyurtmachiga toʻlashi shart.
26. Sugʻurtalovchi sugʻurta shartnomasida koʻrsatilishi sharti bilan quyidagi hollarda sugʻurta tovonini toʻlashni rad etishi mumkin:
qurilish materiallari, uskunalari va mebel-inventarlar obyektdan foydalanuvchi yoki uchinchi shaxs tomonidan yaroqsiz holga keltirilgan boʻlsa;
qurilish materiallari, uskunalari va mebel-inventarlarning kafolat muddati foydalanishga topshirilgan obyektning kafolat muddatidan kam boʻlsa;
tomonlar oʻrtasida kelishilgan boshqa shartlar.
Qurilish materiallari, uskunalari va mebel-inventarlar foydalanuvchi tashkilot yoki uchinchi shaxs tomonidan yaroqsiz holga keltirilgan taqdirda, yetkazilgan zarar summalari ushbu zararlarni yetkazgan aybdor shaxslar tomonidan qoplanadi.
27. Sugʻurtalovchi tomonidan sugʻurta tovonini toʻlashni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, bu haqda sugʻurta qildiruvchiga (buyurtmachiga) uning sugʻurta tovonini toʻlash talabidan iborat boʻlgan ariza bilan yozma yoki elektron murojaatidan keyin oʻn besh ish kunidan kechikmay rad etish asoslari koʻrsatilgan holda yozma yoki elektron shaklda xabar qilinadi.
3-bob. Foydalanishga topshirilgan obyektlarni kafolat muddati davomida tijorat banklari tomonidan kafolatlash tartibi
28. Tijorat banklari pudrat tashkiloti tomonidan foydalanishga topshirilgan obyektning belgilangan kafolat muddati davomida mazkur obyektda pudrat tashkiloti tomonidan pudrat shartnomasi shartlari va/yoki shaharsozlik hujjatlariga nomuvofiq qurilish-montaj ishlari sifatsiz bajarilgani va/yoki sifatsiz uskuna va mebel-inventarlar oʻrnatilgani (keyingi oʻrinlarda — kamchiliklar) aniqlanishi natijasida buyurtmachiga yetkazilgan zararning belgilangan miqdorda qoplanishini (keyingi oʻrinlarda — bank kafolati) ixtiyoriy ravishda kafolatlaydi.
29. Foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida tijorat banklari tomonidan beriladigan bank kafolati miqdori obyekt umumiy qiymatining 5 foizidan kam boʻlmasligi lozim.
30. Bank kafolatining amal qilish muddati foydalanishga topshirilgan obyektning kafolat muddatidan kelib chiqqan holda, obyektning kafolat muddatidan kam boʻlmagan muddatga belgilanadi.
Bunda obyektning kafolat muddati pudrat tashkiloti va buyurtmachi oʻrtasida tuziladigan pudrat shartnomasida koʻrsatiladi.
31. Foydalanishga topshirilgan obyektlarning kafolat muddati davomida tijorat banklari tomonidan kafolatlash bilan bogʻliq xarajatlar pudrat tashkiloti hisobidan qoplanadi.
32. Bank kafolati taqdim etilishi koʻzda tutilganda, bank kafolati obyektni foydalanishga topshirish dalolatnomasi rasmiylashtirilishidan oldin tuzilishi lozim.
33. Obyektni foydalanishga topshirish jarayonida kafolatlovchi tijorat banki vakillari ishtirok etishi mumkin.
Bunda kafolatlovchi bank obyektni foydalanishga topshirish jarayonida aniqlangan kamchiliklar pudrat tashkiloti tomonidan bartaraf etilishini talab etishga haqli.
34. Foydalanuvchi tashkilot pudrat tashkiloti bilan birgalikda bank kafolatining amal qilish davri davomida kafolatlovchi bank vakillari tomonidan obyektda monitoring, oʻrganish va koʻzdan kechirish ishlarini amalga oshirish uchun shart-sharoitlar yaratib beradi.
Kafolatlovchi bank obyekt foydalanishga topshirilgunga qadar amalga oshirilayotgan qurilish-montaj ishlari sifatli bajarilishi yuzasidan takliflar berishga haqli.
35. Foydalanishga topshirilgan obyektning kafolat muddati davomida ushbu obyektda kamchiliklar aniqlangan taqdirda, ushbu Nizomda belgilangan tartibda ushbu kamchiliklar bartaraf etiladi.
Bunda kafolat obyektida buyurtmachiga yetkazilgan zararni belgilangan miqdorda qoplash majburiyatini keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan voqea yuz bersa (kamchilik aniqlansa), buyurtmachi bank kafolatini taqdim qilgan kafolatlovchi bankka murojaat qiladi.
36. Kafolatlovchi bank tomonidan buyurtmachiga yetkazilgan zarar summasi qoplab berilmasligi bilan bogʻliq holatlar shartnomalarda nazarda tutiladi.
Bunda shartnomalarda quyidagi holatlar ham inobatga olinishi lozim:
obyekt foydalanuvchi yoki uchinchi shaxs tomonidan yaroqsiz holga keltirilishi;
uskunalari va mebel-inventarlarning kafolat muddati foydalanishga topshirilgan obyektning kafolat muddatidan kam boʻlishi;
kafolatda belgilangan muddatning tugashi.
Obyekt foydalanuvchi tashkilot yoki uchinchi shaxs tomonidan yaroqsiz holga keltirilgan taqdirda, yetkazilgan zarar summalari ushbu zararlarni yetkazgan aybdor shaxslar hisobidan qoplanadi.
37. Kafolat muddati davomida aniqlangan kamchiliklar natijasida yetkazilgan zarar summasi berilgan bank kafolati miqdoridan ortiq boʻlgan hollarda, zarar summasi va bank kafolati miqdori oʻrtasidagi farq obyektda pudrat ishlarini amalga oshirgan pudrat tashkiloti tomonidan qoplanadi.
Bunda ushbu farq pudrat tashkiloti tomonidan qoplab berilishi rad etilgan hollarda buyurtmachi sudga murojaat qilishga haqli.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
38. Oʻzbekiston Respublikasi hududida chet el fuqarolari, fuqaroligi boʻlmagan shaxslar va chet el yuridik shaxslari Oʻzbekiston Respublikasining fuqarolari hamda yuridik shaxslari bilan teng ravishda sugʻurta himoyasi huquqidan foydalanadi.
39. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
40. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 29-may,
338-son