UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 3-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 3 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 июня 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 June 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида » 2024 йил 4 январдаги ПФ-5-сон ва « Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2025 йил 18 апрелдаги ПФ-67-сон фармонлари ҳамда «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 9 февралдаги ПҚ-66-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш, туризм соҳасини ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё ва Бўзатов туманларини табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудлар рўйхатига киритиш;

Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини (кейинги ўринларда — лойиҳа) амалга ошириш даврини узайтириш ва унинг умумий қийматига таъсир этмаган ҳолда, асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларига ўзгартириш киритиш;

инвесторларга меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан субсидия бериш муддатини 2025 йил 31 декабрга қадар узайтириш;

саноат корхоналарининг автоматик мониторинг станцияси, чанг-газ тозалаш ускунаси, локал сув тозалаш иншооти ва стационар кузатув пости билан жиҳозлаш мажбурияти муддатини I тоифадаги корхоналар учун — 2026 йил 1 январга қадар, II тоифадаги корхоналар учун — 2026 йил 1 июлга қадар узайтириш.

2. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

лойиҳа доирасидаги тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва самарали амалга ошириш, жалб этилаётган маблағларни ўзлаштириш жараёнида ошкораликни таъминлаш ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўрсин;

лойиҳа доирасидаги тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, шунингдек, Осиё тараққиёт банки ҳамда миллий қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисоботлар ва ҳужжатлар ўз вақтида тайёрланишини ҳамда тақдим этилишини таъминласин.

3. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 июндаги 347-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сон қарорида :

а) 4-банддаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази» сўзлари «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 5 ва 8-бандлардаги тегишли келишикдаги «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги» сўзлари тегишли келишикдаги «Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

в) 1-иловага 1-иловадаги «Қорақалпоғистон Республикаси» блоки қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ (шу жумладан, Мўйноқ шаҳри) ва Қўнғирот туманлари (Қўнғирот шаҳридан ташқари) 30 3 Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қонликўл, Нукус, Тахтакўпир, Чимбой, Шуманой туманлари, Қўнғирот шаҳри 20 2 Тахиатош ва Хўжайли туманлари 15 1 Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқаъла туманлари (уларнинг туман марказларидан ташқари), Нукус шаҳри 10 1 » .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 25 ноябрдаги 748-сон қарорида :

а) 1-бандда :

учинчи хатбошидаги «Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда — Давлат экология қўмитаси)» сўзлари «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг (кейинги ўринларда — Экология вазирлиги)» сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«лойиҳани амалга ошириш даври 6 йил этиб белгиланганлиги (2020 — 2025 йиллар) маълумот учун қабул қилинсин»;

б) 2-бандда :

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳудудларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш мақсадида Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) орқали «Тоза ҳудуд» ДУКлари ва бошқа санитар тозалаш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар учун 300 та чиқинди ташувчи техника, 2 та мобил лаборатория, 6 мингта контейнер, электр энергиясида ҳаракатланувчи замонавий чиқинди ташувчи ҳамда кўчаларнинг тозалигини таъминлашга мўлжалланган махсус техника воситалари, шунингдек, мавжуд чиқинди полигонларини мақбуллаштириш мақсадида Агентлик ҳузуридаги «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси учун 13 та тиркамали шатакка олувчи махсус техника, 10 та автоюклагич, 23 та экскаватор ва 10 та бульдозерлар етказиб берилади»;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«харид қилинадиган чиқинди ташувчи ва махсус техникалар, чиқинди контейнерлари, мобил лабораториялар санитар тозалаш корхоналари талабномасига асосан белгиланган тартибда ўтказиладиган давлат харидлари жараёнлари якунлари бўйича Агентлик томонидан етказиб берилади»;

в) 3-бандда :

иккинчи хатбошидаги «Давлат экология қўмитаси» сўзлари «Экология вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошидаги «Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг» сўзлари «Агентликнинг» сўзи билан алмаштирилсин;

г) 5-бандда :

биринчи , олтинчи ва саккизинчи хатбошилардаги тегишли келишикдаги «Давлат экология қўмитаси» сўзлари тегишли келишикдаги «Экология вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«300 та чиқинди ташувчи техника, 2 та мобил лаборатория, 13 та тиркамали шатакка олувчи махсус техника, 10 та автоюклагич, 23 та экскаватор ва 10 та бульдозерларни, 6 мингта чиқинди контейнерлари, шунингдек, Экология вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ илмий-техник кенгаши (ТИТК) йиғилиши хулосасига асосан электр энергиясида ҳаракатланувчи замонавий чиқинди ташувчи техника, мобил қайта юклаш контейнерлари ва уларни ташиш учун автомашиналар, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш учун электр скутерлар, универсал кўча ва йўл супурувчилар ҳамда ассенизаторларни харид қилиш мақсадида тендер танловларини ўтказишда шаффофликни таъминлаш ҳисобидан уларнинг қийматини мақбуллаштириш чораларини кўрсин»;

тўққизинчи хатбошидаги «Давлат экология қўмитаси раиси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири» сўзлари билан алмаштирилсин;

д) 7-банддаги «Давлат экология қўмитаси раиси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири» сўзлари билан алмаштирилсин;

е) 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин»;

ж) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари

Т/р Компонентлар номи Ўлчов бирлиги Жами* Молиялаштириш манбаи, шу жумладан: ОТБ қарзи Экология вазирлиги маблағлари Ўзбекистон Республикаси маблағлари 1. Лойиҳанинг умумий қиймати Минг АҚШ доллари 112 000,0 60 000,0 7 989,2 44 010,9 2. Умумий капитал қўйилмалар миқдори Минг АҚШ доллари 67 989,2 60 000,0 7 989,2 шу жумладан: 2.1. машина ва ускуналар Минг АҚШ доллари 53 060,6 53 060,6 2.2. лойиҳани бошқариш ва салоҳиятни ошириш Минг АҚШ доллари 2 889,4 2 519,4 370 2.3. жорий харажатлар Минг АҚШ доллари 728,6 700,0 28,6 2.4. кўзда тутилмаган харажатлар Минг АҚШ доллари 7 590,6 7 590,6 2.5. инвестиция давридаги молиявий харажатлар Минг АҚШ доллари 3 720,0 3 720,0 3. Солиқ ва божхона имтиёзлари Минг АҚШ доллари 44 010,9 44 010,9

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 сентябрдаги 550-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш ва фойдаланишга топширилган вақтда хоналар сони эллик ва ундан юқори бўлган меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомда :

а) 3-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«4 ва 5 юлдузли тоифага ва 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга бўлган меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 млн сўм миқдорида ажратилади»;

б) 6-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«6. Инвесторлар субсидия олиш учун 2025 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасига (кейинги ўринларда — Қўмита) ЯИДХП орқали Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги ариза (кейинги ўринларда — ариза) билан мурожаат қилади. Ушбу муддат такроран ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилмайди»;

в) 1-илованинг 1-босқичи «Бажариш муддатлари» устунидаги «2025 йил 1 мартга қадар» сўзлари «2025 йил 31 декабрга қадар» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 25 ноябрдаги 783-сон қарорида :

а) 2-илованинг «Амалга ошириш муддати» устунидаги «2025 йил 1 июль» сўзлари «2026 йил 1 январь» сўзлари ҳамда «2025 йил давомида» сўзлари «2026 йил 1 июль» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 3-илованинг «Локал тозалаш иншоотларини қуриш/модернизация қилиш муддати» устунидаги «2025 йил 1 июль» сўзлари «2026 йил 1 январь» сўзлари ҳамда «2025 йил давомида» сўзлари «2026 йил 1 июль» сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 3 июнь,

347-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2025 й., 09/25/347/0493-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga aholi turmush darajasini yaxshilash, ekologik xavfsizlikni taʼminlash va turizm sohasini yanada rivojlantirishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Chiqindilarni boshqarish tizimini takomillashtirish va ularning ekologik vaziyatga salbiy taʼsirini kamaytirish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2024-yil 4-yanvardagi PF-5-son va “ Ishlab chiqarish, eksport va tadbirkorlik faoliyatini ragʻbatlantirish, savdo va sanoat siyosati samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2025-yil 18-apreldagi PF-67-son farmonlari hamda “Qoraqalpogʻiston Respublikasini kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish va aholi bandligini taʼminlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 9-fevraldagi PQ-66-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, mamlakatimizda aholi turmush darajasini yaxshilash, ekologik xavfsizlikni taʼminlash, turizm sohasini rivojlantirish va sayyohlar oqimini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:

Qoraqalpogʻiston Respublikasining Amudaryo va Boʻzatov tumanlarini tabiiy-iqlim sharoitlari ogʻir va noqulay boʻlgan hududlar roʻyxatiga kiritish;

Osiyo taraqqiyot banki ishtirokidagi “Qattiq maishiy chiqindilarni barqaror boshqarish” loyihasini (keyingi oʻrinlarda — loyiha) amalga oshirish davrini uzaytirish va uning umumiy qiymatiga taʼsir etmagan holda, asosiy texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlariga oʻzgartirish kiritish;

investorlarga mehmonxona qurish va uni jihozlash xarajatlarining bir qismini qoplash uchun Davlat budjeti hisobidan subsidiya berish muddatini 2025-yil 31-dekabrga qadar uzaytirish;

sanoat korxonalarining avtomatik monitoring stansiyasi, chang-gaz tozalash uskunasi, lokal suv tozalash inshooti va statsionar kuzatuv posti bilan jihozlash majburiyati muddatini I toifadagi korxonalar uchun — 2026-yil 1-yanvarga qadar, II toifadagi korxonalar uchun — 2026-yil 1-iyulga qadar uzaytirish.

2. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:

loyiha doirasidagi tadbirlarni oʻz vaqtida, toʻliq va samarali amalga oshirish, jalb etilayotgan mablagʻlarni oʻzlashtirish jarayonida oshkoralikni taʼminlash hamda korrupsiya holatlarining oldini olish choralarini koʻrsin;

loyiha doirasidagi tadbirlarni amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratilishini, shuningdek, Osiyo taraqqiyot banki hamda milliy qonunchilik talablariga muvofiq hisobotlar va hujjatlar oʻz vaqtida tayyorlanishini hamda taqdim etilishini taʼminlasin.

3. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 3-iyundagi 347-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “Mehnat bozorida mehnat munosabatlarini tartibga solishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 6-sentabrdagi 743-son qarorida :

a) 4-banddagi “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi Oʻzbekiston Respublikasi Gidrometeorologiya xizmati markazi” soʻzlari “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligi va Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) 5 va 8-bandlardagi tegishli kelishikdagi “Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi” soʻzlari tegishli kelishikdagi “Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

v) 1-ilovaga 1-ilovadagi “Qoraqalpogʻiston Respublikasi” bloki quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moʻynoq (shu jumladan, Moʻynoq shahri) va Qoʻngʻirot tumanlari (Qoʻngʻirot shahridan tashqari) 30 3 Boʻzatov, Qoraoʻzak, Kegeyli, Qonlikoʻl, Nukus, Taxtakoʻpir, Chimboy, Shumanoy tumanlari, Qoʻngʻirot shahri 20 2 Taxiatosh va Xoʻjayli tumanlari 15 1 Amudaryo, Beruniy, Toʻrtkoʻl va Ellikqaʼla tumanlari (ularning tuman markazlaridan tashqari), Nukus shahri 10 1 ” .

2. Vazirlar Mahkamasining “Osiyo taraqqiyot banki ishtirokidagi “Qattiq maishiy chiqindilarni barqaror boshqarish” loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 25-noyabrdagi 748-son qarorida :

a) 1-bandda :

uchinchi xatboshidagi “Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Davlat ekologiya qoʻmitasi)” soʻzlari “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligi)” soʻzlari bilan almashtirilsin;

toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“loyihani amalga oshirish davri 6 yil etib belgilanganligi (2020 — 2025-yillar) maʼlumot uchun qabul qilinsin”;

b) 2-bandda :

ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Qoraqalpogʻiston Respublikasi va barcha viloyatlar hududlarida qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish maqsadida Ekologiya vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) orqali “Toza hudud” DUKlari va boshqa sanitar tozalash faoliyati bilan shugʻullanuvchi korxonalar uchun 300 ta chiqindi tashuvchi texnika, 2 ta mobil laboratoriya, 6 mingta konteyner, elektr energiyasida harakatlanuvchi zamonaviy chiqindi tashuvchi hamda koʻchalarning tozaligini taʼminlashga moʻljallangan maxsus texnika vositalari, shuningdek, mavjud chiqindi poligonlarini maqbullashtirish maqsadida Agentlik huzuridagi “Chiqindi poligonlarini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi uchun 13 ta tirkamali shatakka oluvchi maxsus texnika, 10 ta avtoyuklagich, 23 ta ekskavator va 10 ta buldozerlar yetkazib beriladi”;

quyidagi mazmundagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“xarid qilinadigan chiqindi tashuvchi va maxsus texnikalar, chiqindi konteynerlari, mobil laboratoriyalar sanitar tozalash korxonalari talabnomasiga asosan belgilangan tartibda oʻtkaziladigan davlat xaridlari jarayonlari yakunlari boʻyicha Agentlik tomonidan yetkazib beriladi”;

v) 3-bandda :

ikkinchi xatboshidagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi” soʻzlari “Ekologiya vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

toʻrtinchi xatboshidagi “Sanitar tozalash ishlarini tashkil etish respublika markazining” soʻzlari “Agentlikning” soʻzi bilan almashtirilsin;

g) 5-bandda :

birinchi , oltinchi va sakkizinchi xatboshilardagi tegishli kelishikdagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi” soʻzlari tegishli kelishikdagi “Ekologiya vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“300 ta chiqindi tashuvchi texnika, 2 ta mobil laboratoriya, 13 ta tirkamali shatakka oluvchi maxsus texnika, 10 ta avtoyuklagich, 23 ta ekskavator va 10 ta buldozerlarni, 6 mingta chiqindi konteynerlari, shuningdek, Ekologiya vazirligi huzuridagi Tarmoq ilmiy-texnik kengashi (TITK) yigʻilishi xulosasiga asosan elektr energiyasida harakatlanuvchi zamonaviy chiqindi tashuvchi texnika, mobil qayta yuklash konteynerlari va ularni tashish uchun avtomashinalar, qattiq maishiy chiqindilarni tashish uchun elektr skuterlar, universal koʻcha va yoʻl supuruvchilar hamda assenizatorlarni xarid qilish maqsadida tender tanlovlarini oʻtkazishda shaffoflikni taʼminlash hisobidan ularning qiymatini maqbullashtirish choralarini koʻrsin”;

toʻqqizinchi xatboshidagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi raisi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri” soʻzlari bilan almashtirilsin;

d) 7-banddagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi raisi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri” soʻzlari bilan almashtirilsin;

e) 10-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin”;

j) 1-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Qattiq maishiy chiqindilarni barqaror boshqarish” loyihasining asosiy texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlari

T/r Komponentlar nomi Oʻlchov birligi Jami* Moliyalashtirish manbai, shu jumladan: OTB qarzi Ekologiya vazirligi mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi mablagʻlari 1. Loyihaning umumiy qiymati Ming AQSH dollari 112 000,0 60 000,0 7 989,2 44 010,9 2. Umumiy kapital qoʻyilmalar miqdori Ming AQSH dollari 67 989,2 60 000,0 7 989,2 shu jumladan: 2.1. mashina va uskunalar Ming AQSH dollari 53 060,6 53 060,6 2.2. loyihani boshqarish va salohiyatni oshirish Ming AQSH dollari 2 889,4 2 519,4 370 2.3. joriy xarajatlar Ming AQSH dollari 728,6 700,0 28,6 2.4. koʻzda tutilmagan xarajatlar Ming AQSH dollari 7 590,6 7 590,6 2.5. investitsiya davridagi moliyaviy xarajatlar Ming AQSH dollari 3 720,0 3 720,0 3. Soliq va bojxona imtiyozlari Ming AQSH dollari 44 010,9 44 010,9

3. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 7-sentabrdagi 550-son qarori bilan tasdiqlangan Qurilish va foydalanishga topshirilgan vaqtda xonalar soni ellik va undan yuqori boʻlgan mehmonxonalarni qurish va jihozlash xarajatlarining bir qismini qoplash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan mablagʻ ajratish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomda :

a) 3-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“4 va 5 yulduzli toifaga va 100 ta xonadan kam boʻlmagan xonalar fondiga ega boʻlgan mehmonxonalardagi har bir xona uchun 65 mln soʻm miqdorida ajratiladi”;

b) 6-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“6. Investorlar subsidiya olish uchun 2025-yil 31-dekabrga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) YIDXP orqali Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi ariza (keyingi oʻrinlarda — ariza) bilan murojaat qiladi. Ushbu muddat takroran ariza beruvchilarga nisbatan tatbiq etilmaydi”;

v) 1-ilovaning 1-bosqichi “Bajarish muddatlari” ustunidagi “2025-yil 1-martga qadar” soʻzlari “2025-yil 31-dekabrga qadar” soʻzlari bilan almashtirilsin.

4. Vazirlar Mahkamasining “Sanoat korxonalarining atrof-muhitga salbiy taʼsirini kamaytirishni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 25-noyabrdagi 783-son qarorida :

a) 2-ilovaning “Amalga oshirish muddati” ustunidagi “2025-yil 1-iyul” soʻzlari “2026-yil 1-yanvar” soʻzlari hamda “2025-yil davomida” soʻzlari “2026-yil 1-iyul” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) 3-ilovaning “Lokal tozalash inshootlarini qurish/modernizatsiya qilish muddati” ustunidagi “2025-yil 1-iyul” soʻzlari “2026-yil 1-yanvar” soʻzlari hamda “2025-yil davomida” soʻzlari “2026-yil 1-iyul” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 3-iyun,

347-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.06.2025-y., 09/25/347/0493-son)

lex.uz