UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 17-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 17 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 июня 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 June 2025 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

НИЗОМ

Товарларга нисбатан имтиёзларни қўллаш бўйича божхона органларининг дастлабки қарорларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сон «Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:

1. Товарларга нисбатан имтиёзларни қўллаш бўйича божхона органларининг дастлабки қарорларини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 17 июндаги 267-сон буйруғига ИЛОВА

Товарларга нисбатан имтиёзларни қўллаш бўйича божхона органларининг дастлабки қарорларини бериш тартиби тўғрисидаги

Ушбу Низом ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга нисбатан божхона имтиёзларини аниқлашда божхона органлари томонидан дастлабки қарорни қабул қилиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

дастлабки қарор — ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга нисбатан божхона имтиёзлари қўлланилишини аниқлаш бўйича божхона органи томонидан қабул қилинадиган ҳужжат;

манфаатдор шахс — Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга нисбатан божхона имтиёзлари қўлланилиши бўйича дастлабки қарорни олиш учун мурожаат қилган шахс;

божхона органи — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг (бундан буён матнда Божхона қўмитаси деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ва «Toshkent-AERO» ихтисослаштирилган божхона комплекси;

божхона йиғими — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ставкаларда дастлабки қарорни қабул қилганлик учун ундириладиган йиғим.

2. Дастлабки қарорни олиш манфаатдор шахс учун ихтиёрий ҳисобланади.

Бунда, божхона органи томонидан божхона расмийлаштирувини амалга оширишда манфаатдор шахсдан дастлабки қарорни тақдим этишни талаб қилишга, шунингдек дастлабки қарорнинг мавжуд эмаслигини асос қилиб, божхона расмийлаштирувини амалга оширишни рад этишга йўл қўйилмайди.

3. Манфаатдор шахс томонидан дастлабки қарорни олиш юзасидан божхона органларига эркин муомалага чиқариш (импорт), вақтинча олиб кириш ва экспорт божхона режимларига божхона юк декларацияси тақдим этилишидан олдин мурожаат қилинади.

4. Дастлабки қарор ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда қабул қилинади ва манфаатдор шахсга тақдим этилади.

Манфаатдор шахс ўз хоҳишига кўра божхона органларидан исталган биттасига мурожаат қилишга ҳақли.

5. Дастлабки қарор божхона органлари учун мажбурий ҳисобланади.

2-боб. Дастлабки қарорни олиш учун мурожаат қилиш

6. Манфаатдор шахс дастлабки қарорни олиш учун ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан божхона органига ёзма ёки Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти (бундан буён матнда веб-сайт деб юритилади) орқали электрон тарзда мурожаат қилади.

7. Аризага қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатлар илова қилинади:

а) мажбурий тартибда:

манфаатдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми (номи) ҳамда манзили ёки юридик шахснинг номи ва манзили, телефон рақами;

товарларга божхона имтиёзини қўллашни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар;

товарларнинг миқдори (қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори), асосий техник-тижорат тавсифлари (маркаси, модели, артикули, модификацияси), ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган мамлакати, ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) мувофиқ товарларнинг коди;

товардан фойдаланиш мақсадлари (масалан, тўқимачилик саноатида фойдаланиши учун);

б) мавжуд бўлганда:

товар бўйича томонлар ўртасида тузилган ташқи савдо шартномалари;

товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқловчи сертификат;

товарларни таснифлаш бўйича олинган дастлабки қарор;

божхона имтиёзларини бериш учун асос бўладиган бошқа ваколатли органларнинг ҳужжатлари (лицензия, гувоҳнома ва бошқалар);

товарларнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари ва паспортлари, шунингдек дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар.

Манфаатдор шахслардан ушбу банднинг «а» кичик бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

8. Аризага чет тилидаги ҳужжатлар илова қилинганда, манфаатдор шахс томонидан ушбу ҳужжатлар белгиланган тартибда давлат тилига таржима қилинган ҳолда тақдим этилади.

9. Ариза ҳамда унга илова қилинадиган ҳужжатлардаги маълумотлар тўғри ва тўлиқ бўлиши лозим. Бунда, маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун манфаатдор шахс жавобгар ҳисобланади.

10. Манфаатдор шахс божхона органига ёзма шаклда мурожаат қилганда, божхона органи ходими томонидан манфаатдор шахсга ариза қабул қилинганлигини тасдиқловчи ушбу ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда ариза қабул қилинган сана кўрсатилган тегишли ҳужжат ёки аризанинг нусхасига ушбу маълумотларни қайд этган ҳолда имзо қўйиб берилади.

11. Манфаатдор шахс веб-сайт орқали мурожаат қилганда, аризада товарлар ҳақидаги тегишли маълумотларни кўрсатган ҳолда тегишли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини веб-сайтда бириктиради ва ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.

12. Дастлабки қарорни қабул қилиш учун тақдим этилган ҳужжатлар қайтарилмайди, бундан товарнинг келиб чиқиш сертификатининг асл нусхаси мустасно.

3-боб. Аризани кўриб чиқиш ва кўриб чиқишни рад этиш

13. Веб-сайт орқали мурожаат қилинганда, ариза Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига (бундан буён матнда ЯААТ деб юритилади) автоматик равишда келиб тушади.

Ёзма шаклда топширилган аризалар келиб тушган кундан кечиктирмай божхона органининг масъул ходими томонидан ЯААТга киритилади.

Аризалар ЯААТга келиб тушган куннинг ўзида электрон тарзда рўйхатдан ўтказилади.

14. Ариза рўйхатдан ўтказилганидан сўнг шу куннинг ўзида манфаатдор шахснинг аризасида кўрсатилган телефон рақамига ариза қабул қилинганлиги ва унинг рўйхат рақами кўрсатилган СМС хабар юборилади.

Веб-сайтда аризанинг рўйхат рақами орқали унинг ҳолатини онлайн тарзда кўриш мумкин.

15. Ариза божхона органига келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.

Дастлабки қарорни қабул қилишда божхона имтиёзларини қўллашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг тушунтиришлари ёки расмий шарҳини олиш зарурияти мавжуд бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати қўшимча бир ойга узайтирилиши мумкин.

16. Божхона органининг масъул ходими ариза келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида унинг мазкур Низомнинг 2-бобида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини ўрганади.

17. Қуйидаги ҳолларда аризани кўриб чиқиш рад этилади:

аризага ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

аризада назарда тутилган маълумотлар нотўғри, товарга нисбатан божхона имтиёзини қўллашни ўрганиш имконини бермайдиган ва ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ахборотга асосланган бўлса;

манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар ўртасида номувофиқликлар мавжуд бўлса.

Аризани кўриб чиқиш ушбу бандда назарда тутилмаган асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.

18. Мазкур Низомнинг 17-бандига мувофиқ аризани кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда шу куннинг ўзида манфаатдор шахсга ёзма ёки электрон тарзда хабарнома юборилади. Хабарномада аризани кўриб чиқишнинг рад этилиши сабаблари кўрсатилади.

19. Манфаатдор шахс аризани кўриб чиқишнинг рад этилишига асос бўлган сабабларни бартараф этган ҳолда, дастлабки қарорни олиш учун қайтадан мурожаат қилиши мумкин.

20. Аризани кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, такроран киритилган ариза ушбу Низомга мувофиқ умумий асосларда ва белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

21. Дастлабки қарорни олиш бўйича аризанинг кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

4-боб. Дастлабки қарорни қабул қилиш

22. Дастлабки қарор ЯААТда божхона органининг раҳбари (ўринбосари) томонидан электрон рақамли имзо орқали тасдиқлаш йўли билан қабул қилинади. Тасдиқланган дастлабки қарорга ЯААТ орқали автоматик равишда матрицали штрих код (QR-код) қўйилади.

Бунда, аризада кўрсатилган товарларнинг турлари ва ҳажмидан қатъи назар, битта ариза бўйича битта дастлабки қарор қабул қилинади.

23. Дастлабки қарор қабул қилинганидан сўнг манфаатдор шахснинг телефон рақамига дастлабки қарор қабул қилинганлиги ва божхона йиғимини тўлаш лозимлиги тўғрисида тегишли тўлов бўйича инвойс шакллантирилган ҳаволали SMS хабар юборилади.

24. Манфаатдор шахс божхона йиғимини тўлаганидан сўнг, ўзи мурожаат қилган веб-сайт орқали аризанинг рўйхат рақамини киритган ҳолда дастлабки қарорнинг электрон шаклини юклаб олади, шунингдек ёзма шаклда мурожаат қилинган бўлса, дастлабки қарорнинг электрон ёки қоғоз шаклини ариза топширилган божхона органидан олади.

25. Дастлабки қарорни қабул қилганлик учун божхона йиғими манфаатдор шахснинг кўрсатмасига асосан унинг божхона органи шахсий ғазна ҳисобварағига дастлабки тарзда ўтказилган пул маблағларидан ҳам ечиб олиниши мумкин.

26. Манфаатдор шахс қабул қилинган дастлабки қарор учун божхона йиғимини ўттиз кун ичида тўламаган тақдирда, божхона йиғими божхона органи томонидан суд тартибида ундириб олинади.

5-боб. Дастлабки қарорни қабул қилишни рад этиш асослари

27. Қуйидаги ҳолларда божхона органи томонидан дастлабки қарорни қабул қилиш рад этилади:

қонунчилик ҳужжатларида аризада кўрсатилган товарга нисбатан божхона имтиёзларини қўллаш назарда тутилмаганда;

ариза юзасидан муқаддам айнан бир манфаатдор шахсга айнан бир хил товарлар бўйича дастлабки қарор берилган ва ушбу дастлабки қарорнинг амал қилиш муддати тугамаган бўлса.

Дастлабки қарорни қабул қилиш ушбу бандда назарда тутилмаган асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.

28. Божхона органи томонидан дастлабки қарорни қабул қилиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда шу куннинг ўзида манфаатдор шахсга ёзма ёки электрон шаклда хабарнома юборилади. Хабарномада дастлабки қарорни қабул қилишнинг рад этилиши сабаблари кўрсатилади.

29. Манфаатдор шахс дастлабки қарорни қабул қилишнинг рад этилиши учун асос бўлган сабабларни бартараф этган ҳолда божхона органига қайтадан мурожаат қилиши мумкин.

Такроран киритилган мурожаат ушбу Низомга мувофиқ умумий асосларда ва белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

6-боб. Дастлабки қарорга ўзгартириш киритиш ва уни бекор қилиш

30. Божхона органи томонидан қабул қилинган дастлабки қарорга ўз ташаббуси ёки манфаатдор шахснинг мурожаатига асосан ўзгартириш киритилиши мумкин.

Дастлабки қарорга ўзгартириш киритилиши унинг амал қилиш муддатининг ўзгаришига олиб келмайди.

31. Манфаатдор шахс дастлабки қарорга ўзгартириш киритиш учун мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда ва шаклда мурожаат қилади ҳамда ўзгартириш киритиш зарурияти ва асословчи ҳужжатларни тақдим этади.

32. Дастлабки қарорга ўзгартиришлар божхона органи томонидан ушбу дастлабки қарорни қабул қилишда йўл қўйилган ҳамда товарга нисбатан божхона имтиёзини қўллаш тўғрисидаги маълумотларга таъсир қилмайдиган хатоликлар аниқланган тақдирда киритилади.

33. Дастлабки қарорга ўзгартириш киритилган тақдирда, божхона йиғими ундирилмайди.

34. Дастлабки қарорга ўзгартириш киритилганидан сўнг, веб-сайт ва ЯААТга жойлаштирилган дастлабки қарор божхона органи томонидан унинг ўзгартирилган ҳолатдаги шакли билан алмаштириб қўйилади.

35. Дастлабки қарорга киритилган ўзгартириш у киритилган кундан бошлаб амал қилади.

36. Манфаатдор шахс томонидан дастлабки қарорни олиш учун атайлаб нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланса, дастлабки қарор Божхона қўмитаси ёки суд томонидан бекор қилинади.

37. Дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Божхона қўмитаси томонидан мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда қабул қилинади.

Дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, дастлабки қарор қабул қилинган кундан эътиборан бекор қилинган ҳисобланади.

38. Агар божхона ҳудуди орқали олиб ўтилган товарлар бекор қилинган дастлабки қарор асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилган бўлса, улар бўйича божхона тўловлари қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.

39. Дастлабки қарор манфаатдор шахснинг айби билан бекор қилинган тақдирда, унинг учун тўланган божхона йиғими қайтарилмайди.

40. Дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор ЯААТга электрон шаклда жойлаштирилади.

41. Дастлабки қарорга ўзгартириш киритиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай манфаатдор шахсга ёзма ёки электрон шаклда етказилади.

7-боб. Дастлабки қарорнинг амал қилиш доираси ва муддати

42. Дастлабки қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил давомида ёхуд қонунчилик ҳужжатларида берилган божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати доирасида амал қилади. Бунда, дастлабки қарорни қабул қилиш жараёнида фойдаланилган қоидалар, фактлар ва шартлар ўзгартирилмаган бўлиши шарт.

43. Дастлабки қарор асосида Ўзбекистон Республикасининг исталган божхона постида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мумкин.

44. Божхона расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнида божхона органининг ходимлари томонидан ЯААТдан дастлабки қарорнинг электрон шакли манфаатдор шахс тақдим этган маълумотлар (фамилия, исм, отасининг исми ёки аризанинг рўйхат рақами) асосида исталган вақтда юклаб олинади.

8-боб. Якуний қоидалар

45. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

46. Манфаатдор шахслар божхона органларининг қарорларидан норози бўлган тақдирда, бевосита Божхона қўмитасининг апелляция кенгашига ёки суд органларига мурожаат қилишлари мумкин.

Товарларга нисбатан имтиёзларни қўллаш бўйича божхона органларининг дастлабки қарорларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Товарга нисбатан божхона имтиёзларини қўллаш тўғрисидаги ДАСТЛАБКИ ҚАРОР QR-код (матрик штрихли код) 1. Дастлабки қарорни рўйхатга олиш рақами ва санаси: 2. Дастлабки қарорни қабул қилган божхона органининг номи: 3. Манфаатдор шахс: 4. Дастлабки қарорнинг амал қилиш муддати: 5. Товарнинг Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига мувофиқ коди: 6. Товарлар номи ва тавсифи: (товарнинг асосий техник-тижорат тавсифлари (маркаси, модели, артикули, модификацияси), ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган мамлакати ва бошқа хусусиятлари тўғрисидаги маълумот, нетто вазни, брутто вазни, шартнома валютаси, юк жўнатувчи мамлакат, савдо қилувчи мамлакат, ишлаб чиқарувчи ва ҳ.к.) 7. Товарга нисбатан имтиёзини қўллаш ва уни асослаш: 8. Имтиёз қўлланиладиган божхона тўловлари турлари: 9. Дастлабки қарорни қабул қилиш асослари: 10. Манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинган маълумотлар ва ҳужжатлар рўйхати: 11. Қўшимча маълумотлар: 12. Божхона органининг мансабдор шахси _____________________ (электрон рақамли имзо) _________________________ Лавозим Фамилияси, исми ва отасининг исми

Товарларга нисбатан имтиёзларни қўллаш бўйича божхона органларининг дастлабки қарорларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Товарга нисбатан божхона имтиёзларини қўллаш тўғрисидаги дастлабки қарорни қабул қилиш бўйича АРИЗА ______________ ______________ (сана) (рақам) I . Товарларнинг эгаси тўғрисидаги маълумотлар 1.1 . Манфаатдор шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми (номи) ҳамда манзили/юридик шахснинг номи 1.2 . Почта манзили (Почта индекси) 1.3 . Ташкилий-ҳуқуқий шакли 1.4 . СТИР ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжат серияси ва рақами 1.5 . Давлат рўйхатидан ўтган рақами ва санаси 1.6 . Телефон рақами II . Дастлабки қарорни қабул қилиш учун маълумотлар 2.1 . Товарларга божхона имтиёзини қўллашни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар 2.2 . Товарларнинг савдо, тижорат номи ва тўлиқ тавсифи, савдо белгиси, асосий техник-тижорат тавсифлари (маркаси, модели, артикули, модификацияси), нави, стандартлари, бажарадиган функциялари, техник ва тижорат хусусиятлари 2.3 . Товарлар ҳақидаги маълумот (ТИФ ТНга мувофиқ товарларнинг коди, савдо қилувчи мамлакат, юк жўнатувчи ва келиб чиқиш мамлакати, юк жўнатувчи, сотувчи, товар ишлаб чиқарувчи, товарнинг брутто/нетто оғирликлари ҳамда асосий ва (ёки) қўшимча ўлчов бирликларидаги миқдори 2.4 . Товардан фойдаланиш мақсадлари 3.4 . Ташқи савдо шартномаси (мавжуд бўлса), товарларни етказиб бериш шартлари 3.5 . Товарнинг келиб чиқиш сертификати (агар мавжуд бўлса) 3.6 . Товарларни таснифлаш бўйича олинган дастлабки қарор (агар мавжуд бўлса) 3.7 . Божхона имтиёзларини бериш учун асос бўладиган бошқа ваколатли органларнинг ҳужжатлари (лицензия, гувоҳнома ва бошқалар) (агар мавжуд бўлса) 3.8 . Дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар 3.9 . Илова қилинадиган ҳужжатлар *

Товарларга нисбатан имтиёзларни қўллаш бўйича божхона органларининг дастлабки қарорларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Товарга нисбатан божхона имтиёзларини қўллаш тўғрисидаги дастлабки қарорни бекор қилиш ҳақидаги ҚАРОР QR код (матрик штрихли код) 1. Манфаатдор шахс ҳақидаги маълумотлар 2. Дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган сана 3. Бекор қилинган дастлабки қарорнинг рўйхатга олиш рақами ва санаси 4. Бекор қилинган дастлабки қарорда кўрсатилган товар номи 5. Дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишнинг асослари ва сабаблари 6. Дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор кучга кирадиган сана 7. Дастлабки қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилган Божхона қўмитасининг мансабдор шахси _____________________ (электрон рақамли имзо) ____________________________ Лавозим Фамилияси, исми ва отасининг исми

Вазир Д. КУЧКАРОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ўринбосари Ж. УРУНОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 17 июнь,

2025 йил 27 май

2025 йил 26 май

267-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3634/0554-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI IQTISODIYOT VA MOLIYA VAZIRINING

BUYRUGʻI

NIZOM

Tovarlarga nisbatan imtiyozlarni qoʻllash boʻyicha bojxona organlarining dastlabki qarorlarini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 25-martdagi PF-57-son “Davlat bojxona xizmati organlarining faoliyati samaradorligini oshirish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq buyuraman:

1. Tovarlarga nisbatan imtiyozlarni qoʻllash boʻyicha bojxona organlarining dastlabki qarorlarini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2025-yil 17-iyundagi 267-son buyrugʻiga ILOVA

Tovarlarga nisbatan imtiyozlarni qoʻllash boʻyicha bojxona organlarining dastlabki qarorlarini berish tartibi toʻgʻrisidagi

Ushbu Nizom tashqi iqtisodiy faoliyat ishtirokchilari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi bojxona chegarasi orqali olib oʻtiladigan tovarlarga nisbatan bojxona imtiyozlarini aniqlashda bojxona organlari tomonidan dastlabki qarorni qabul qilish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

dastlabki qaror — tashqi iqtisodiy faoliyat ishtirokchilari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi bojxona chegarasi orqali olib oʻtiladigan tovarlarga nisbatan bojxona imtiyozlari qoʻllanilishini aniqlash boʻyicha bojxona organi tomonidan qabul qilinadigan hujjat;

manfaatdor shaxs — Oʻzbekiston Respublikasi bojxona chegarasi orqali olib oʻtiladigan tovarlarga nisbatan bojxona imtiyozlari qoʻllanilishi boʻyicha dastlabki qarorni olish uchun murojaat qilgan shaxs;

bojxona organi — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining (bundan buyon matnda Bojxona qoʻmitasi deb yuritiladi) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahri boʻyicha boshqarmalari va “Toshkent-AERO” ixtisoslashtirilgan bojxona kompleksi;

bojxona yigʻimi — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan stavkalarda dastlabki qarorni qabul qilganlik uchun undiriladigan yigʻim.

2. Dastlabki qarorni olish manfaatdor shaxs uchun ixtiyoriy hisoblanadi.

Bunda, bojxona organi tomonidan bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirishda manfaatdor shaxsdan dastlabki qarorni taqdim etishni talab qilishga, shuningdek dastlabki qarorning mavjud emasligini asos qilib, bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

3. Manfaatdor shaxs tomonidan dastlabki qarorni olish yuzasidan bojxona organlariga erkin muomalaga chiqarish (import), vaqtincha olib kirish va eksport bojxona rejimlariga bojxona yuk deklaratsiyasi taqdim etilishidan oldin murojaat qilinadi.

4. Dastlabki qaror ushbu Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shaklda qabul qilinadi va manfaatdor shaxsga taqdim etiladi.

Manfaatdor shaxs oʻz xohishiga koʻra bojxona organlaridan istalgan bittasiga murojaat qilishga haqli.

5. Dastlabki qaror bojxona organlari uchun majburiy hisoblanadi.

2-bob. Dastlabki qarorni olish uchun murojaat qilish

6. Manfaatdor shaxs dastlabki qarorni olish uchun ushbu Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza bilan bojxona organiga yozma yoki Bojxona qoʻmitasining rasmiy veb-sayti (bundan buyon matnda veb-sayt deb yuritiladi) orqali elektron tarzda murojaat qiladi.

7. Arizaga quyidagi maʼlumotlar va hujjatlar ilova qilinadi:

a) majburiy tartibda:

manfaatdor shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi (nomi) hamda manzili yoki yuridik shaxsning nomi va manzili, telefon raqami;

tovarlarga bojxona imtiyozini qoʻllashni nazarda tutuvchi qonunchilik hujjatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

tovarlarning miqdori (qoʻshimcha oʻlchov birligidagi miqdori), asosiy texnik-tijorat tavsiflari (markasi, modeli, artikuli, modifikatsiyasi), ishlab chiqaruvchisi, ishlab chiqarilgan mamlakati, ishlab chiqarilgan yili toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi iqtisodiy faoliyatining tovar nomenklaturasiga (bundan buyon matnda TIF TN deb yuritiladi) muvofiq tovarlarning kodi;

tovardan foydalanish maqsadlari (masalan, toʻqimachilik sanoatida foydalanishi uchun);

b) mavjud boʻlganda:

tovar boʻyicha tomonlar oʻrtasida tuzilgan tashqi savdo shartnomalari;

tovarlarning kelib chiqish mamlakatini tasdiqlovchi sertifikat;

tovarlarni tasniflash boʻyicha olingan dastlabki qaror;

bojxona imtiyozlarini berish uchun asos boʻladigan boshqa vakolatli organlarning hujjatlari (litsenziya, guvohnoma va boshqalar);

tovarlarning fotosuratlari, rasmlari, chizmalari va pasportlari, shuningdek dastlabki qarorni qabul qilish uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlar va hujjatlar.

Manfaatdor shaxslardan ushbu bandning “a” kichik bandida nazarda tutilmagan hujjatlar va maʼlumotlar taqdim etilishini talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

8. Arizaga chet tilidagi hujjatlar ilova qilinganda, manfaatdor shaxs tomonidan ushbu hujjatlar belgilangan tartibda davlat tiliga tarjima qilingan holda taqdim etiladi.

9. Ariza hamda unga ilova qilinadigan hujjatlardagi maʼlumotlar toʻgʻri va toʻliq boʻlishi lozim. Bunda, maʼlumotlarning toʻgʻriligi va toʻliqligi uchun manfaatdor shaxs javobgar hisoblanadi.

10. Manfaatdor shaxs bojxona organiga yozma shaklda murojaat qilganda, bojxona organi xodimi tomonidan manfaatdor shaxsga ariza qabul qilinganligini tasdiqlovchi ushbu xodimning familiyasi, ismi va otasining ismi hamda ariza qabul qilingan sana koʻrsatilgan tegishli hujjat yoki arizaning nusxasiga ushbu maʼlumotlarni qayd etgan holda imzo qoʻyib beriladi.

11. Manfaatdor shaxs veb-sayt orqali murojaat qilganda, arizada tovarlar haqidagi tegishli maʼlumotlarni koʻrsatgan holda tegishli hujjatlarning elektron nusxalarini veb-saytda biriktiradi va oʻzining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlaydi.

12. Dastlabki qarorni qabul qilish uchun taqdim etilgan hujjatlar qaytarilmaydi, bundan tovarning kelib chiqish sertifikatining asl nusxasi mustasno.

3-bob. Arizani koʻrib chiqish va koʻrib chiqishni rad etish

13. Veb-sayt orqali murojaat qilinganda, ariza Bojxona qoʻmitasining Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimiga (bundan buyon matnda YAAAT deb yuritiladi) avtomatik ravishda kelib tushadi.

Yozma shaklda topshirilgan arizalar kelib tushgan kundan kechiktirmay bojxona organining masʼul xodimi tomonidan YAAATga kiritiladi.

Arizalar YAAATga kelib tushgan kunning oʻzida elektron tarzda roʻyxatdan oʻtkaziladi.

14. Ariza roʻyxatdan oʻtkazilganidan soʻng shu kunning oʻzida manfaatdor shaxsning arizasida koʻrsatilgan telefon raqamiga ariza qabul qilinganligi va uning roʻyxat raqami koʻrsatilgan SMS xabar yuboriladi.

Veb-saytda arizaning roʻyxat raqami orqali uning holatini onlayn tarzda koʻrish mumkin.

15. Ariza bojxona organiga kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqiladi.

Dastlabki qarorni qabul qilishda bojxona imtiyozlarini qoʻllashni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha tegishli vazirlik va idoralarning tushuntirishlari yoki rasmiy sharhini olish zaruriyati mavjud boʻlganda, arizani koʻrib chiqish muddati qoʻshimcha bir oyga uzaytirilishi mumkin.

16. Bojxona organining masʼul xodimi ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida uning mazkur Nizomning 2-bobida nazarda tutilgan talablarga muvofiqligini oʻrganadi.

17. Quyidagi hollarda arizani koʻrib chiqish rad etiladi:

arizaga ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan hujjatlar ilova qilinmagan boʻlsa;

arizada nazarda tutilgan maʼlumotlar notoʻgʻri, tovarga nisbatan bojxona imtiyozini qoʻllashni oʻrganish imkonini bermaydigan va hujjatlar bilan tasdiqlanmagan axborotga asoslangan boʻlsa;

manfaatdor shaxs tomonidan taqdim qilingan ariza va unga ilova qilingan hujjatlardagi maʼlumotlar oʻrtasida nomuvofiqliklar mavjud boʻlsa.

Arizani koʻrib chiqish ushbu bandda nazarda tutilmagan asoslarga koʻra rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

18. Mazkur Nizomning 17-bandiga muvofiq arizani koʻrib chiqish rad etilgan taqdirda, bu haqda shu kunning oʻzida manfaatdor shaxsga yozma yoki elektron tarzda xabarnoma yuboriladi. Xabarnomada arizani koʻrib chiqishning rad etilishi sabablari koʻrsatiladi.

19. Manfaatdor shaxs arizani koʻrib chiqishning rad etilishiga asos boʻlgan sabablarni bartaraf etgan holda, dastlabki qarorni olish uchun qaytadan murojaat qilishi mumkin.

20. Arizani koʻrib chiqish rad etilgan taqdirda, takroran kiritilgan ariza ushbu Nizomga muvofiq umumiy asoslarda va belgilangan muddatlarda koʻrib chiqiladi.

21. Dastlabki qarorni olish boʻyicha arizaning koʻrib chiqilganligi uchun yigʻim undirilmaydi.

4-bob. Dastlabki qarorni qabul qilish

22. Dastlabki qaror YAAATda bojxona organining rahbari (oʻrinbosari) tomonidan elektron raqamli imzo orqali tasdiqlash yoʻli bilan qabul qilinadi. Tasdiqlangan dastlabki qarorga YAAAT orqali avtomatik ravishda matritsali shtrix kod (QR-kod) qoʻyiladi.

Bunda, arizada koʻrsatilgan tovarlarning turlari va hajmidan qatʼi nazar, bitta ariza boʻyicha bitta dastlabki qaror qabul qilinadi.

23. Dastlabki qaror qabul qilinganidan soʻng manfaatdor shaxsning telefon raqamiga dastlabki qaror qabul qilinganligi va bojxona yigʻimini toʻlash lozimligi toʻgʻrisida tegishli toʻlov boʻyicha invoys shakllantirilgan havolali SMS xabar yuboriladi.

24. Manfaatdor shaxs bojxona yigʻimini toʻlaganidan soʻng, oʻzi murojaat qilgan veb-sayt orqali arizaning roʻyxat raqamini kiritgan holda dastlabki qarorning elektron shaklini yuklab oladi, shuningdek yozma shaklda murojaat qilingan boʻlsa, dastlabki qarorning elektron yoki qogʻoz shaklini ariza topshirilgan bojxona organidan oladi.

25. Dastlabki qarorni qabul qilganlik uchun bojxona yigʻimi manfaatdor shaxsning koʻrsatmasiga asosan uning bojxona organi shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga dastlabki tarzda oʻtkazilgan pul mablagʻlaridan ham yechib olinishi mumkin.

26. Manfaatdor shaxs qabul qilingan dastlabki qaror uchun bojxona yigʻimini oʻttiz kun ichida toʻlamagan taqdirda, bojxona yigʻimi bojxona organi tomonidan sud tartibida undirib olinadi.

5-bob. Dastlabki qarorni qabul qilishni rad etish asoslari

27. Quyidagi hollarda bojxona organi tomonidan dastlabki qarorni qabul qilish rad etiladi:

qonunchilik hujjatlarida arizada koʻrsatilgan tovarga nisbatan bojxona imtiyozlarini qoʻllash nazarda tutilmaganda;

ariza yuzasidan muqaddam aynan bir manfaatdor shaxsga aynan bir xil tovarlar boʻyicha dastlabki qaror berilgan va ushbu dastlabki qarorning amal qilish muddati tugamagan boʻlsa.

Dastlabki qarorni qabul qilish ushbu bandda nazarda tutilmagan asoslarga koʻra rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

28. Bojxona organi tomonidan dastlabki qarorni qabul qilish rad etilgan taqdirda, bu haqda shu kunning oʻzida manfaatdor shaxsga yozma yoki elektron shaklda xabarnoma yuboriladi. Xabarnomada dastlabki qarorni qabul qilishning rad etilishi sabablari koʻrsatiladi.

29. Manfaatdor shaxs dastlabki qarorni qabul qilishning rad etilishi uchun asos boʻlgan sabablarni bartaraf etgan holda bojxona organiga qaytadan murojaat qilishi mumkin.

Takroran kiritilgan murojaat ushbu Nizomga muvofiq umumiy asoslarda va belgilangan muddatlarda koʻrib chiqiladi.

6-bob. Dastlabki qarorga oʻzgartirish kiritish va uni bekor qilish

30. Bojxona organi tomonidan qabul qilingan dastlabki qarorga oʻz tashabbusi yoki manfaatdor shaxsning murojaatiga asosan oʻzgartirish kiritilishi mumkin.

Dastlabki qarorga oʻzgartirish kiritilishi uning amal qilish muddatining oʻzgarishiga olib kelmaydi.

31. Manfaatdor shaxs dastlabki qarorga oʻzgartirish kiritish uchun mazkur Nizomning 2-bobida belgilangan tartibda va shaklda murojaat qiladi hamda oʻzgartirish kiritish zaruriyati va asoslovchi hujjatlarni taqdim etadi.

32. Dastlabki qarorga oʻzgartirishlar bojxona organi tomonidan ushbu dastlabki qarorni qabul qilishda yoʻl qoʻyilgan hamda tovarga nisbatan bojxona imtiyozini qoʻllash toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga taʼsir qilmaydigan xatoliklar aniqlangan taqdirda kiritiladi.

33. Dastlabki qarorga oʻzgartirish kiritilgan taqdirda, bojxona yigʻimi undirilmaydi.

34. Dastlabki qarorga oʻzgartirish kiritilganidan soʻng, veb-sayt va YAAATga joylashtirilgan dastlabki qaror bojxona organi tomonidan uning oʻzgartirilgan holatdagi shakli bilan almashtirib qoʻyiladi.

35. Dastlabki qarorga kiritilgan oʻzgartirish u kiritilgan kundan boshlab amal qiladi.

36. Manfaatdor shaxs tomonidan dastlabki qarorni olish uchun ataylab notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar taqdim etilganligi aniqlansa, dastlabki qaror Bojxona qoʻmitasi yoki sud tomonidan bekor qilinadi.

37. Dastlabki qarorni bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror Bojxona qoʻmitasi tomonidan mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shaklda qabul qilinadi.

Dastlabki qarorni bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, dastlabki qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bekor qilingan hisoblanadi.

38. Agar bojxona hududi orqali olib oʻtilgan tovarlar bekor qilingan dastlabki qaror asosida bojxona rasmiylashtiruvidan oʻtkazilgan boʻlsa, ular boʻyicha bojxona toʻlovlari qonunchilikda belgilangan tartibda undiriladi.

39. Dastlabki qaror manfaatdor shaxsning aybi bilan bekor qilingan taqdirda, uning uchun toʻlangan bojxona yigʻimi qaytarilmaydi.

40. Dastlabki qarorni bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror YAAATga elektron shaklda joylashtiriladi.

41. Dastlabki qarorga oʻzgartirish kiritish yoki uni bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmay manfaatdor shaxsga yozma yoki elektron shaklda yetkaziladi.

7-bob. Dastlabki qarorning amal qilish doirasi va muddati

42. Dastlabki qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch yil davomida yoxud qonunchilik hujjatlarida berilgan bojxona imtiyozlarining amal qilish muddati doirasida amal qiladi. Bunda, dastlabki qarorni qabul qilish jarayonida foydalanilgan qoidalar, faktlar va shartlar oʻzgartirilmagan boʻlishi shart.

43. Dastlabki qaror asosida Oʻzbekiston Respublikasining istalgan bojxona postida bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirish mumkin.

44. Bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirish jarayonida bojxona organining xodimlari tomonidan YAAATdan dastlabki qarorning elektron shakli manfaatdor shaxs taqdim etgan maʼlumotlar (familiya, ism, otasining ismi yoki arizaning roʻyxat raqami) asosida istalgan vaqtda yuklab olinadi.

8-bob. Yakuniy qoidalar

45. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

46. Manfaatdor shaxslar bojxona organlarining qarorlaridan norozi boʻlgan taqdirda, bevosita Bojxona qoʻmitasining apellyatsiya kengashiga yoki sud organlariga murojaat qilishlari mumkin.

Tovarlarga nisbatan imtiyozlarni qoʻllash boʻyicha bojxona organlarining dastlabki qarorlarini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tovarga nisbatan bojxona imtiyozlarini qoʻllash toʻgʻrisidagi DASTLABKI QAROR QR-kod (matrik shtrixli kod) 1. Dastlabki qarorni roʻyxatga olish raqami va sanasi: 2. Dastlabki qarorni qabul qilgan bojxona organining nomi: 3. Manfaatdor shaxs: 4. Dastlabki qarorning amal qilish muddati: 5. Tovarning Tashqi iqtisodiy faoliyat tovar nomenklaturasiga muvofiq kodi: 6. Tovarlar nomi va tavsifi: (tovarning asosiy texnik-tijorat tavsiflari (markasi, modeli, artikuli, modifikatsiyasi), ishlab chiqaruvchisi, ishlab chiqarilgan mamlakati va boshqa xususiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumot, netto vazni, brutto vazni, shartnoma valyutasi, yuk joʻnatuvchi mamlakat, savdo qiluvchi mamlakat, ishlab chiqaruvchi va h.k.) 7. Tovarga nisbatan imtiyozini qoʻllash va uni asoslash: 8. Imtiyoz qoʻllaniladigan bojxona toʻlovlari turlari: 9. Dastlabki qarorni qabul qilish asoslari: 10. Manfaatdor shaxs tomonidan taqdim qilingan maʼlumotlar va hujjatlar roʻyxati: 11. Qoʻshimcha maʼlumotlar: 12. Bojxona organining mansabdor shaxsi _____________________ (elektron raqamli imzo) _________________________ Lavozim Familiyasi, ismi va otasining ismi

Tovarlarga nisbatan imtiyozlarni qoʻllash boʻyicha bojxona organlarining dastlabki qarorlarini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Tovarga nisbatan bojxona imtiyozlarini qoʻllash toʻgʻrisidagi dastlabki qarorni qabul qilish boʻyicha ARIZA ______________ ______________ (sana) (raqam) I . Tovarlarning egasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 1.1 . Manfaatdor shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi (nomi) hamda manzili/yuridik shaxsning nomi 1.2 . Pochta manzili (Pochta indeksi) 1.3 . Tashkiliy-huquqiy shakli 1.4 . STIR yoki jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) hamda shaxsni tasdiqlovchi hujjat seriyasi va raqami 1.5 . Davlat roʻyxatidan oʻtgan raqami va sanasi 1.6 . Telefon raqami II . Dastlabki qarorni qabul qilish uchun maʼlumotlar 2.1 . Tovarlarga bojxona imtiyozini qoʻllashni nazarda tutuvchi qonunchilik hujjatlari toʻgʻrisida maʼlumotlar 2.2 . Tovarlarning savdo, tijorat nomi va toʻliq tavsifi, savdo belgisi, asosiy texnik-tijorat tavsiflari (markasi, modeli, artikuli, modifikatsiyasi), navi, standartlari, bajaradigan funksiyalari, texnik va tijorat xususiyatlari 2.3 . Tovarlar haqidagi maʼlumot (TIF TNga muvofiq tovarlarning kodi, savdo qiluvchi mamlakat, yuk joʻnatuvchi va kelib chiqish mamlakati, yuk joʻnatuvchi, sotuvchi, tovar ishlab chiqaruvchi, tovarning brutto/netto ogʻirliklari hamda asosiy va (yoki) qoʻshimcha oʻlchov birliklaridagi miqdori 2.4 . Tovardan foydalanish maqsadlari 3.4 . Tashqi savdo shartnomasi (mavjud boʻlsa), tovarlarni yetkazib berish shartlari 3.5 . Tovarning kelib chiqish sertifikati (agar mavjud boʻlsa) 3.6 . Tovarlarni tasniflash boʻyicha olingan dastlabki qaror (agar mavjud boʻlsa) 3.7 . Bojxona imtiyozlarini berish uchun asos boʻladigan boshqa vakolatli organlarning hujjatlari (litsenziya, guvohnoma va boshqalar) (agar mavjud boʻlsa) 3.8 . Dastlabki qarorni qabul qilish uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlar 3.9 . Ilova qilinadigan hujjatlar *

Tovarlarga nisbatan imtiyozlarni qoʻllash boʻyicha bojxona organlarining dastlabki qarorlarini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Tovarga nisbatan bojxona imtiyozlarini qoʻllash toʻgʻrisidagi dastlabki qarorni bekor qilish haqidagi QAROR QR kod (matrik shtrixli kod) 1. Manfaatdor shaxs haqidagi maʼlumotlar 2. Dastlabki qarorni bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sana 3. Bekor qilingan dastlabki qarorning roʻyxatga olish raqami va sanasi 4. Bekor qilingan dastlabki qarorda koʻrsatilgan tovar nomi 5. Dastlabki qarorni bekor qilish toʻgʻrisidagi qarorni qabul qilishning asoslari va sabablari 6. Dastlabki qarorni bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kiradigan sana 7. Dastlabki qarorni bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilgan Bojxona qoʻmitasining mansabdor shaxsi _____________________ (elektron raqamli imzo) ____________________________ Lavozim Familiyasi, ismi va otasining ismi

Vazir D. KUCHKAROV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakili oʻrinbosari J. URUNOV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Toshkent sh.,

2025-yil 17-iyun,

2025-yil 27-may

2025-yil 26-may

267-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.07.2025-y., 10/25/3634/0554-son)

lex.uz