UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 7-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 7 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 июня 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 June 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НАМУНАЛАРИ ВА ТАВСИФИ

НИЗОМ

Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида» 2024 йил 7 майдаги ПФ-74-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини (қоидаларини) бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни юборган шахсларни:

тасдиқланган ҳар бир ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантириш;

маъмурий жарима билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чораси қўлланган ҳолларда, Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига мувофиқ рағбатлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — Инспекция) ходимларига хизмат мажбуриятларини бажаришда идоравий формали кийим-бошлар кийиб юришига ва тегишли фарқлаш белгиларини тақишига рухсат этилади;

Инспекция ходимлари идоравий формали кийим-бошлар ва фарқлаш белгилари билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъминланади.

3. Инспекция:

идоравий формали кийим-бошларни тикиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари ўтказилишини;

2025 йил якунига қадар Инспекция ходимларининг идоравий формали кийим-бошлари тайёрланишини ва уларга тўлиқ ўтилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда Инспекция ходимларининг идоравий формали кийим-бошларни кийиб юриши ва фарқлаш белгиларини тақиш тартибини тасдиқласин.

5. Қуйидагилар:

Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларининг идоравий формали кийим-бошлари ҳамда фарқлаш белгилари намуналари ва тавсифи 2-иловага мувофиқ;

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида боди-камералардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш тартиби тўғрисидаги низом 2 1 -иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ва Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июндаги 352-сон қарорига 1-ИЛОВА

Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалар (кейинги ўринларда — видеотехника воситалари) орқали қайд этилган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини (қоидаларини) бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар (кейинги ўринларда — ҳуқуқбузарлик) акс эттирилган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни (кейинги ўринларда — фото ва видеоматериаллар) қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом тартиби Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 74-моддасининг иккинчи қисмида (сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ўзбошимчалик билан бажариш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

2-боб. Ҳуқуқбузарликни видеотехника воситалари орқали қайд этиш

4. Жисмоний шахслар ҳуқуқбузарликни видеотехника воситалари орқали қайд этиши ҳамда 48 соат ичида фото ва видеоматериалларни электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига (кейинги ўринларда — Инспекция) унинг расмий «v-nadzor.gov.uz» веб-сайти орқали кўриб чиқиш учун юборади.

Бунда юборилган маълумотларнинг тўғрилиги учун ушбу маълумотни юборган жисмоний шахс масъул ҳисобланади.

5. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

содир этилган ҳуқуқбузарлик;

ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, шунингдек, ҳуқуқбузарлик аниқланган сана ва вақт.

6. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган фото ва видеоматериаллар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида фото ва видеоматериалларнинг бевосита ҳуқуқбузарлик акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно (қоида тариқасида, фото ва видеоматериалларнинг давомийлиги 120 сониядан ошмаслиги лозим).

7. Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган фото ва видеоматериалларни юборишда ушбу Низомнинг 5-бандида белгиланган маълумотларга қўшимча қилиб, ҳуқуқбузарлик тўғрисида маълумотларни тақдим этган фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили, мобил телефон рақами, банк пластик картаси рақами ва электрон манзили тўлиқ кўрсатилиши лозим.

3-боб. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш

8. Ҳуқуқбузарлик қайд этилган фото ва видеоматериаллар келиб тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда Инспекциянинг масъул ходими томонидан кўриб чиқилади, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ўрганилади ва ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланади.

Ҳуқуқбузарлик биринчи маротаба содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарга почта алоқаси ёки электрон ахборот тизимлари орқали сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби (қоидалари) такроран бузилишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар юборилади.

Маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган тақдирда, ушбу Низом қоидалари татбиқ этилаётган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган миқдорларда жарима солишга сабаб бўлади.

9. Инспекциянинг масъул ходими беш кун муддатда:

маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан белгиланган шаклдаги маъмурий баённома ёки маъмурий жазони қўллаш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ягона электрон иш юритув тизими (кейинги ўринларда — «E-maʼmuriy ish» тизими) орқали расмийлаштиради;

жарима солиш тўғрисидаги тегишли қарор ва тайинланган жаримани тўлаш учун тўлов варақасини (квитанцияни) ҳуқуқбузарнинг телефон рақамига «СМС» хабарнома шаклида ёки яшаш манзилига почта орқали юборади ёхуд ҳуқуқбузарга бевосита тақдим этади.

10. Содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини кўриб чиқиш Инспекция ваколати доирасида бўлмаса, масъул ходим уч кун муддатда ҳужжатларни тегишли судга ёки бошқа ваколатли органга белгиланган тартибда юборади;

агар содир этилган ҳуқуқбузарликда жиноят аломатлари аниқланса, фото ва видеоматериалларни бир кун муддатда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади.

11. Қуйидаги ҳолларда видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериаллар асосида иш юритиш тугатилади ҳамда бу ҳақида тегишли қарор қабул қилинади:

фото ва видеоматериаллар ушбу Низомнинг 5-банди талабларига жавоб бермаслиги натижасида ҳуқуқбузарликни аниқлаш имкони бўлмаганда;

фото ва видеоматериалларга ўзгартиришлар киритилган бўлса, ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

фото ва видеоматериалларда акс эттирилган ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаганда;

фото ва видеоматериалларда қайд этилган ҳуқуқбузарлик бўйича тегишли қарор қабул қилинганда ёки маъмурий иш юритилаётганда.

12. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан уни юборган шахсга тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун муддатда яшаш ёки электрон почта манзилига жавоб юборилади.

Фото ва видеоматериалларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан қабул қилинган қарордан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.

4-боб. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалларни юборган шахсларни рағбатлантириш

13. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жарима билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чораси қўлланган ҳолларда, фото ва видеоматериалларни юборган шахслар Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига мувофиқ рағбатлантирилади.

14. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалларни юборган шахслар мобил телефон рақамини ёки банк пластик картаси рақамини кўрсатиш орқали рағбатлантириш пули қандай усулда қабул қилиб олинишини кўрсатиб ўтади.

15. Рағбатлантириш:

ҳуқуқбузарлик бўйича фото ва видеоматериалларни биринчи юборган шахсга нисбатан қўлланади;

ҳуқуқбузарлик бўйича тегишли қарор қабул қилинганда ёки маъмурий иш юритилаётганда, шунингдек, ушбу Низомнинг 11-бандига асосан иш юритиш тугатилганда амалга оширилмайди;

жарима ундирилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

16. Рағбатлантириш маблағи ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг Инспекциянинг расмий хатига асосан фуқаронинг мобил телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ўтказиб берилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

17. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

18. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомга ИЛОВА

Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Амалга ошириш муддатлари 1-босқич Жисмоний шахслар Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини (тартибини) бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни (кейинги ўринларда — фото ва видеоматериаллар) юборади. Ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб 48 соат ичида 2-босқич Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 1. Жисмоний шахс томонидан юборилган ҳуқуқбузарлик ҳақидаги фото ва видеоматериалларни қабул қилади. 2. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ўрганади ва ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлайди. Ўн кун муддатда 3-босқич Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 1. Ҳуқуқбузарга нисбатан белгиланган шаклдаги маъмурий баённома ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «E-maʼmuriy ish» тизими орқали расмийлаштиради ёки ушбу тизим орқали тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун тааллуқли судга юборади. Беш кун муддатда 2. Жарима солиш тўғрисидаги тегишли қарор ва тайинланган жаримани тўлаш учун тўлов варақасини (квитанцияни) телефон рақамига «СМС» хабарнома шаклида ёки яшаш манзилига почта орқали юборади ёхуд ҳуқуқбузарга бевосита тақдим этади. Беш кун муддатда 3. Содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини кўриб чиқиш ваколати мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳужжатларни тегишли судга ёки бошқа ваколатли органга юборади. Уч кун муддатда 4-босқич Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси, Сув хўжалиги вазирлиги 1. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни юборган шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантиради. 2. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни юборган шахсга мурожаати натижалари юзасидан маълумотларни юборади. Ҳуқуқбузарлик бўйича жарима ундирилгандан сўнг ўн беш кун муддатда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июндаги 352-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларининг идоравий формали кийим-бошлари ва фарқлаш белгиларининг

I. Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларининг идоравий формали кийим-бошлари намуналари

Кундалик идоравий формали кийим бош Дала (камуфляжли) формали кийим бош Ёзги Баҳорги-кузги Қишки Ёзги Баҳорги-кузги Қишки Ёзги Баҳорги-кузги Қишки Ёзги Баҳорги-кузги Қишки

Идоравий формали кийим-бошлар тавсифи:

Ёзги мавсумий идоравий формали кийим-бош

1. Эркаклар учун идоравий формали кийим-бош:

а) олд қисмида кокардаси бўлган тўқ яшил кепка;

б) калта енгли, кўкрак чўнтаклари тугмали, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), шевронли тўқ яшил рангли кўйлак;

в) чап кўкрак қисмида Инспекция белгиси (логотип) туширилган қора рангли футболка;

г) тўқ яшил шим;

д) шим учун камар;

е) қора рангли чарм пойабзал.

2. Аёллар учун идоравий формали кийим-бош:

а) олд қисмида кокардаси бўлган тўқ яшил кепка;

б) калта енгли, кўкрак чўнтаклари тугмали, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), шевронли тўқ яшил рангли блузка;

в) чап кўкрак қисмида Инспекция белгиси (логотип) туширилган қора рангли футболка;

г) тўқ яшил юбка;

д) қора рангли чарм пойабзал.

Кузги ва баҳорги мавсумий идоравий формали кийим-бош

1. Эркаклар учун идоравий формали кийим-бош:

а) олд қисмида кокардаси бўлган тўқ яшил кепка;

б) енглари узун, кўкрак чўнтаклари тугмали, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), шевронли оқ рангли кўйлак;

в) қора рангли бўйинбоғ (регат);

г) енглари ажратиб олинадиган, тўқ яшил рангли, иккита кўкрак чўнтакли, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), ён пастки томонлари чўнтакли, чизиқли, шевронли енгил куртка;

д) тўқ яшил шим;

е) шим учун камар;

ж) қора рангли чарм пойабзал.

2. Аёллар учун идоравий формали кийим-бош:

а) олд қисмида кокардаси бўлган тўқ яшил кепка;

б) енглари узун, кўкрак чўнтаклари тугмали, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), шевронли оқ рангли блузка;

в) қора рангли бўйинбоғ;

г) енглари ажратиб олинадиган, тўқ яшил рангли, иккита кўкрак чўнтакли, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), ён пастки томонлари чўнтакли, чизиқли, шевронли енгил куртка;

д) тўқ яшил юбка;

е) қора рангли чарм пойабзал.

Қишки мавсумий идоравий формали кийим-бош

1. Эркаклар учун идоравий формали кийим-бош:

а) олд қисмида кокардаси бўлган қишки тўқ яшил мўйнали телпак;

б) енглари узун, кўкрак чўнтаклари тугмали, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), шевронли оқ рангли кўйлак;

в) қора рангли бўйинбоғ;

г) енглари ажратиб олинадиган, тўқ яшил рангли, иккита кўкрак чўнтакли, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), ён пастки томонлари чўнтакли, шевронли енгил куртка;

д) камарли, тўқ яшил рангли, ёқа қисми мўйнали, кўкрак ёзув ва лавозимни фарқлаш белгили, шевронли, чап енги шеврон остида чўнтакли, плашсифат иссиқ куртка;

е) тўқ яшил иссиқ шим;

ж) қора чармдан шим камари;

з) қора рангли этик.

2. Аёллар идоравий формаси:

а) олд қисмида кокардаси бўлган қишки тўқ яшил мўйнали кепка;

б) енглари узун, кўкрак чўнтаклари тугмали, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), шевронли оқ рангли блузка;

в) қора рангли бўйинбоғ;

г) енглари ажратиб олинадиган, тўқ яшил рангли, иккита кўкрак чўнтакли, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), ён пастки томонлари чўнтакли, шевронли енгил куртка;

д) камарли, тўқ яшил рангли, ёқа қисми мўйнали, кўкрак ёзув ва лавозимни фарқлаш белгили, шевронли, чап енги шеврон остида чўнтакли, плашсифат иссиқ куртка;

е) тўқ яшил юбка;

ж) қора рангли этик.

Дала (камуфляжли) формали кийим-бош

1. Эркаклар ва аёллар учун идоравий формали кийим-бош:

а) олд қисмида кокардаси бўлган оч яшил рангли ёзги, баҳорги-кузги кепка ва қишки мўйнали кепка;

б) калта ва узун енгли, кўкрак чўнтаклари тугмали, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), шевронли оч яшил рангдаги кўйлак;

в) қора рангдаги Инспекция белгиси (логотипи) туширилган футболка;

г) енглари ажратиб олинадиган, оч яшил рангли, иккита кўкрак чўнтакли, лавозимни фарқлаш белгили, ёзувли (нашивкали), ён пастки томонлари чўнтакли, чизиқли, шевронли енгил куртка;

д) оч яшил рангли, ёзувли (нашивкали) ва лавозимни фарқлаш белгили, шевронли, ён пастки томонлари чўнтакли иссиқ куртка;

е) эркаклар ва аёллар учун йил фаслларига мос оч яшил рангли шим;

ж) шим учун қора рангли чарм камар;

з) қора чармдан тикилган дала учун махсус ботинка.

II. Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларининг фарқлаш белгилари намуналари

Кокарда Инспекция белгиси (логотип) Шеврон Ёзув (нашивка)

1. Кокарда

Кокарда тўқ яшил (ҳақи) рангдаги алюмин металлдан ясалган, бош кийим учун кокардада қиррали ёрқинлик билан ўралган, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби акс эттирилган бўлади.

Орқа томонида 0,8 — 1 мм қалинликдаги пўлат сим бўлиб, улар ёрдамида кокарда бош кийимнинг ўртасига ўрнатилади. Кокарданинг маркази бурун кўпригидан юқорида бўлиши керак.

2. Инспекция белгиси (логотип):

Инспекция белгиси (енг тикилган тикувдан 120 мм масофада) 90х75 мм ўлчамдаги тўқ кўк-яшил қалқон шаклига эга.

Қалқон ичида марказда давлат рамзи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган. Қалқоннинг ичидаги герб устки қисмида лотин алифбосида бир қаторли ҳарф ранглари оқ рангда «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI», ушбу сўзларнинг остида чўзиқ шаклда ҳарф ранглари оқ рангда «SUV XOʻJALIGI VAZIRLIGI HUZURIDAGI» лотин алифбосида ёзилади, гербнинг пастки қисмида чўзиқ шаклда лотин алифбосида оқ рангда «SUVXOʻJALIKNAZORATINSPEKSIYASI» ёзувлари жойлашган.

Рамка тилла рангдан иборат.

Белги матога туширилган ҳолда тайёрланади. Белги матоси тўқ кўк-яшил рангда.

3. Шеврон

Шеврон идоравий форманинг чап енгида (енг тикилган тикувдан 120 мм масофада) 90х75 мм ўлчамдаги яшил думалоқ шаклга эга бўлади.

Шевронда давлат рамзлари — ўртада Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби ва гербнинг чап ҳамда ўнг томони байроқ билан тасвирланган. Шевроннинг ичидаги герб устки қисмида лотин алифбосида чўзиқ шаклда «OʻZBEKISTON», пастки қисмида бир қаторли лотин алифбосида «SUVXOʻJALIKNAZORAT» INSPEKSIYASI ёзувлари жойлашган.

Рамка нақшинкор сариқ рангдан иборат.

Шеврон матога туширилган ҳолда тайёрланади. Шеврон матоси қора рангда.

4. Ёзув (нашивка)

Ўнг чўнтак тепасида жойлаштирилади, ёзув (нашивка) ўнг томонида гидротехника иншооти тасвири туширилган бўлиб, SUVXOʻJALIKNAZORAT» INSPEKSIYASI ёзуви 125х25 мм тўғри бурчакли, четки қисми сариқ, тўқ кўк рангли матога ёзуви тилла рангли ип билан лотин алифбосида тикилади.

Чап чўнтак тепасида «F.I.O» ёзуви 125х25 мм тўғри бурчакли, четки қисми сариқ, тўқ кўк рангли матога ёзуви тилла рангли ип билан лотин алифбосида тикилади.

Ёзув (нашивка) идоравий форманинг кўкрак чўнтакларига тикилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июндаги 352-сон қарорига 2 1 -ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида боди-камералардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) ходимларининг қонунчилик ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш жараёнида боди-камералардан фойдаланиш, уларни сақлаш, улар ёрдамида қайд этилган аудио ва видео материалларни сақлаш, қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

аудио ва видео материаллар — боди-камералар ёрдамида ёзиб олинган аудио ва видео материаллар;

боди-камера — ходимнинг формали кийим-бошига махсус мослама билан бириктириладиган ҳамда ходимнинг қонунчилик ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш вақтидаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни аудио ва видео материал шаклида қайд этувчи ёзувларни ўзгартиришдан ҳимояланган техник восита;

маълумотлар базаси — аудио ва видео материаллар сақланадиган марказлашган махсус сервер ёки электрон хотира воситаси;

«suvnazorat.uz» электрон ахборот тизими — боди-камераларни ҳисобга олиш, топшириш ва қабул қилиш ҳамда улардан фойдаланишга оид маълумотларни электрон шаклда юритиш имкониятини таъминловчи ахборот тизими;

ходим — Инспекция бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиқлари, бош мутахассислар, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда бош мутахассислар.

2-боб. Боди-камералардан фойдаланиш

3. Боди-камераларни топшириш ва қабул қилиш ишлари «suvnazorat.uz» электрон ахборот тизими орқали қайд этиб борилади.

4. Боди-камераларнинг техник талабларга мувофиқлиги доирасида сана, вақт тамғаси, идентификатор, шифрлаш, материалларни таҳрирлашдан ҳимоя қилиш, етарли тасвир сифати ҳамда аккумулятор қуввати видео материалда доимий кўриниши лозим.

5. Ходимга рухсат этилмаган, мувофиқлиги тасдиқланмаган мувофиқлик сертификати муддати ўтган ёки белгиланган тартибда Инспекция ҳисобида бўлмаган боди-камерадан фойдаланиш тақиқланади.

6. Боди-камера ходимнинг кўкрак соҳаси елка қисмига яқин жойга тақилади, ходим ҳаракатларига халақит бермайдиган қилиб жойлаштирилади, шунингдек, давлат тилида «Диққат! Аудио ва видео ёзиб олинмоқда», рус тилида «Внимание! Ведётся аудио и видеозапись», инглиз тилида «Attention! Audio and video recording in progress» ёзувлари акс эттирилади.

7. Ходим қонунчилик ҳужжатлари билан ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишга киришган пайтдан бошлаб боди-камера ёқилади ҳамда иш вақти тугагунга қадар ишчи режимда бўлади.

Ходимга боди-камерани рухсатсиз ечиб ташлаш, ўчириш, аудио ва видео материалларни тўхтатиш қатъиян тақиқланади.

Ходимга дам олиш ҳамда овқатланиш вақтида бевосита бошлиғининг рухсати билан аудио ва видео материалларни ёзишни вақтинча тўхтатишга рухсат этилади.

Бунда ходим томонидан аудио ва видео материалларни ёзиш вақтинча тўхтатилгани ҳақида «suvnazorat.uz» электрон ахборот тизимига тегишли ёзув киритилиши шарт.

8. Боди-камерада носозликлар кузатилганда ёки аккумулятор қуввати тугаганда, ходим дарҳол бошлиғини бевосита хабардор қилади ҳамда бу ҳақида «suvnazorat.uz» электрон ахборот тизимига тегишли ёзувлар киритади.

Бунда текширув дарҳол тўхтатилади ва текширувни фақат боди-камера қайта ишга туширилгандан сўнг давом эттиришга йўл қўйилади.

9. Ходим боди-камера ёқилгани ҳақида мулоқотга киришган шахсни оғзаки равишда хабардор қилиши лозим.

3-боб. Боди-камерани сақлаш

10. Боди-камера Инспекция мулки ҳисобланади ҳамда улар махсус рўйхат асосида инвентарь рақами бўйича ҳисобга олинади.

11. Боди-камера махсус жиҳозланган, техника ва ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган жойда сақланади.

12. Ходим ўзига топширилган боди-камерани техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлашга, бутлигини таъминлашга, бегоналарга бериб юбормасликка ҳамда фақат белгиланган тартибда ишлатилишига шахсан жавобгар ҳисобланади.

13. Боди-камерани бузиш, йўқотиш ёки унга қасддан шикаст етказиш ҳолатлари аниқланганда, ходимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради (ходимларга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно).

4-боб. Аудио ва видео материалларни сақлаш ва улардан фойдаланиш

14. Боди-камера орқали олинган барча аудио ва видео материаллар маълумотлар базасига боди-камеранинг аккумуляторини қувватлаш пайтида автоматик тарзда кўчириб олинади.

15. Кўчириб олинган аудио ва видео материаллар олти ой давомида сақланади ҳамда сақлаш муддати тугаган аудио ва видео материаллар маълумотлар базасидан автоматик тарзда ўчирилади.

Бунда низоли ҳолатлар қайд этилган аудио ва видео материаллар якуний кўриб чиқилгунга қадар сақланади.

16. Сақланган аудио ва видео материалларни монтаж қилиш, қисқартириш, тезлатиш ёки секинлатиш, овозни алмаштириш, белгилар қўшиш, кадрларни ўчириш ёки қўшиш, тасвир ёки овоз сифатига таъсир этувчи фильтрлардан фойдаланиш, шунингдек, видео материалнинг мазмуни ва кетма-кетлигига таъсир қилувчи ҳар қандай таҳрирлаш ҳаракатларини амалга ошириш қатъиян тақиқланади.

17. Аудио ва видео материаллар суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органлари сўровига асосан фақат Инспекция бошлиғи (ёки ўринбосари) рухсати билан кўпайтирилади (улардан нусха кўчирилади) ва тақдим этилади.

18. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органларининг аудио ва видео материалларни тақдим этиш ҳақидаги сўрови Инспекция томонидан ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.

19. Аудио ва видео материаллар Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ сақланади ва ҳимоя қилинади.

20. Аудио ва видео материалларни шахсий қурилмаларга (шахсий телефон, ташқи флеш-хотира ва бошқалар) кўчириш, мессенжерлар ёки ижтимоий тармоқлар орқали юбориш тақиқланади.

21. Ходим текширув жараёнида маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан қўриқланадиган бошқа сирларни муҳофаза қилинишини таъминлайди.

Бунда аудио ва видео материалларга киришни чеклаш, ҳаракатларни логлаш ва видео материалларни шифрлаш мажбурий ҳисобланади.

5-боб. Якунловчи қоида

22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июндаги 352-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2023 йил 27 сентябрдаги 500-сон қарорида :

а) 1-иловада :

8-банд қуйидаги мазмундаги «г» кичик банд билан тўлдирилсин:

«г) «Сувхўжаликназорат» инспекциясининг жойлашган жойи (почта манзили): 100128, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Туркқўрғон кўчаси 26-уй»;

10-банднинг еттинчи хатбошисидаги «ишлар юритилишини назорат қилиш» сўзлари «ишларни кўриб чиқиш, жумладан, ваколат доирасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни расмийлаштириш ҳамда айбдор шахсларни жаримага тортиш» сўзлари билан алмаштирилсин;

11-бандда :

йигирма саккизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

йигирма тўққизинчи — ўттиз олтинчи хатбошилар тегишлича йигирма саккизинчи — ўттиз бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

27-банднинг учинчи хатбошисидаги «24» рақами «23» рақами, 28-банднинг учинчи хатбошисидаги «25» рақами «24» рақами, 29-банднинг учинчи хатбошисидаги «26» рақами «25» рақами, 30-банднинг учинчи хатбошисидаги «27» рақами «26» рақами билан алмаштирилсин;

41-бандда :

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Инспекция ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 октябрдаги 645-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади»;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишлича иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

б) 2-иловага иловада :

1-позициядаги «З. Ирисбоев — Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи в.в.б.» сўзлари «Р.Б. Рахимов — Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи» сўзлари билан алмаштирилсин;

2-позициядаги «А.С. Назаров — Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари» сўзлари «З.Э. Ишпулатов — Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 октябрдаги 645-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги тўғрисида низомнинг 42-банди иккинчи хатбошисидаги «ўз мақомига кўра» сўзлари чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 7 июнь,

352-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2025 й., 09/25/352/0502-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон; 17.09.2026 й., 09/26/488/0946-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NAMUNALARI VA TAVSIFI

NIZOM

Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish ustidan davlat nazoratining samaradorligini oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Suv xoʻjaligida zamonaviy boshqaruv tizimini joriy qilish va rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini belgilash toʻgʻrisida” 2024-yil 7-maydagi PF-74-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish ustidan davlat nazoratining samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligining suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibini (qoidalarini) buzish bilan bogʻliq huquqbuzarlik holatlari boʻyicha fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni:

tasdiqlangan har bir holat boʻyicha huquqbuzardan undirilgan mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining yigirma besh foizi miqdorida pul mukofoti bilan ragʻbatlantirish;

maʼmuriy jarima bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa jazo chorasi qoʻllangan hollarda, Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga muvofiq ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasining (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) xodimlariga xizmat majburiyatlarini bajarishda idoraviy formali kiyim-boshlar kiyib yurishiga va tegishli farqlash belgilarini taqishiga ruxsat etiladi;

Inspeksiya xodimlari idoraviy formali kiyim-boshlar va farqlash belgilari bilan Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining Suv xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan taʼminlanadi.

3. Inspeksiya:

idoraviy formali kiyim-boshlarni tikish uchun mahalliy ishlab chiqaruvchilar oʻrtasida belgilangan tartibda tanlov (tender) savdolari oʻtkazilishini;

2025-yil yakuniga qadar Inspeksiya xodimlarining idoraviy formali kiyim-boshlari tayyorlanishini va ularga toʻliq oʻtilishini taʼminlasin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi uch oy muddatda Inspeksiya xodimlarining idoraviy formali kiyim-boshlarni kiyib yurishi va farqlash belgilarini taqish tartibini tasdiqlasin.

5. Quyidagilar:

Jismoniy shaxslar tomonidan qayd etilgan suv xoʻjaligi sohasidagi huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi xodimlarining idoraviy formali kiyim-boshlari hamda farqlash belgilari namunalari va tavsifi 2-ilovaga muvofiq;

Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasida bodi-kameralardan foydalanish hamda ularni saqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2 1 -ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev va Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vaziri Sh.R. Xamrayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-iyundagi 352-son qaroriga 1-ILOVA

Jismoniy shaxslar tomonidan qayd etilgan suv xoʻjaligi sohasidagi huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom jismoniy shaxslarning videokuzatuv va tasvirga olish texnika vositalari hamda mobil qurilmalar (keyingi oʻrinlarda — videotexnika vositalari) orqali qayd etilgan suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibini (qoidalarini) buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar (keyingi oʻrinlarda — huquqbuzarlik) aks ettirilgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni (keyingi oʻrinlarda — foto va videomateriallar) qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom tartibi Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksi 74-moddasining ikkinchi qismida (sunʼiy suv obyektlaridan olinadigan suvdan foydalanish va suv isteʼmoli qoidalarini buzish, yaʼni suvdan xoʻjasizlarcha foydalanish, suvlarning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi gidrotexnika ishlarini oʻzboshimchalik bilan bajarish) nazarda tutilgan maʼmuriy huquqbuzarliklarga nisbatan tatbiq etiladi.

3. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.

2-bob. Huquqbuzarlikni videotexnika vositalari orqali qayd etish

4. Jismoniy shaxslar huquqbuzarlikni videotexnika vositalari orqali qayd etishi hamda 48 soat ichida foto va videomateriallarni elektron shaklda Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) uning rasmiy “v-nadzor.gov.uz” veb-sayti orqali koʻrib chiqish uchun yuboradi.

Bunda yuborilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi uchun ushbu maʼlumotni yuborgan jismoniy shaxs masʼul hisoblanadi.

5. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallarda quyidagilar aks ettirilishi lozim:

sodir etilgan huquqbuzarlik;

huquqbuzarlik sodir etgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);

huquqbuzarlik sodir etilgan manzil, shuningdek, huquqbuzarlik aniqlangan sana va vaqt.

6. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va videomaterialga har qanday tarzda oʻzgartirishlar kiritish taqiqlanadi. Oʻzgartirish kiritilgan foto va videomateriallar koʻrib chiqilmaydi, hajmini qisqartirish maqsadida foto va videomateriallarning bevosita huquqbuzarlik aks ettirilgan qismini kesib olish bundan mustasno (qoida tariqasida, foto va videomateriallarning davomiyligi 120 soniyadan oshmasligi lozim).

7. Huquqbuzarlik holati aks ettirilgan foto va videomateriallarni yuborishda ushbu Nizomning 5-bandida belgilangan maʼlumotlarga qoʻshimcha qilib, huquqbuzarlik toʻgʻrisida maʼlumotlarni taqdim etgan fuqaroning familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash manzili, mobil telefon raqami, bank plastik kartasi raqami va elektron manzili toʻliq koʻrsatilishi lozim.

3-bob. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlikni koʻrib chiqish

8. Huquqbuzarlik qayd etilgan foto va videomateriallar kelib tushgan kundan boshlab oʻn kun muddatda Inspeksiyaning masʼul xodimi tomonidan koʻrib chiqiladi, huquqbuzarlik holatlari oʻrganiladi va huquqbuzarning shaxsi aniqlanadi.

Huquqbuzarlik birinchi marotaba sodir etilgan boʻlsa, huquqbuzarga pochta aloqasi yoki elektron axborot tizimlari orqali suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibi (qoidalari) takroran buzilishining oldini olishga qaratilgan tavsiyalar yuboriladi.

Maʼmuriy jazo chorasi qoʻllanganidan keyin bir yil davomida huquqbuzarlik takroran sodir etilgan taqdirda, ushbu Nizom qoidalari tatbiq etilayotgan Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksining tegishli moddalarida nazarda tutilgan miqdorlarda jarima solishga sabab boʻladi.

9. Inspeksiyaning masʼul xodimi besh kun muddatda:

maʼmuriy huquqbuzarlik sodir etgan shaxsga nisbatan belgilangan shakldagi maʼmuriy bayonnoma yoki maʼmuriy jazoni qoʻllash toʻgʻrisidagi qarorni Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi yagona elektron ish yurituv tizimi (keyingi oʻrinlarda — “E-maʼmuriy ish” tizimi) orqali rasmiylashtiradi;

jarima solish toʻgʻrisidagi tegishli qaror va tayinlangan jarimani toʻlash uchun toʻlov varaqasini (kvitansiyani) huquqbuzarning telefon raqamiga “SMS” xabarnoma shaklida yoki yashash manziliga pochta orqali yuboradi yoxud huquqbuzarga bevosita taqdim etadi.

10. Sodir etilgan huquqbuzarlik holatini koʻrib chiqish Inspeksiya vakolati doirasida boʻlmasa, masʼul xodim uch kun muddatda hujjatlarni tegishli sudga yoki boshqa vakolatli organga belgilangan tartibda yuboradi;

agar sodir etilgan huquqbuzarlikda jinoyat alomatlari aniqlansa, foto va videomateriallarni bir kun muddatda tegishli huquqni muhofaza qiluvchi organga yuboradi.

11. Quyidagi hollarda videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallar asosida ish yuritish tugatiladi hamda bu haqida tegishli qaror qabul qilinadi:

foto va videomateriallar ushbu Nizomning 5-bandi talablariga javob bermasligi natijasida huquqbuzarlikni aniqlash imkoni boʻlmaganda;

foto va videomateriallarga oʻzgartirishlar kiritilgan boʻlsa, ushbu Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno;

foto va videomateriallarda aks ettirilgan huquqbuzarning shaxsini aniqlash imkoni boʻlmaganda;

foto va videomateriallarda qayd etilgan huquqbuzarlik boʻyicha tegishli qaror qabul qilinganda yoki maʼmuriy ish yuritilayotganda.

12. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallarni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan uni yuborgan shaxsga tegishli qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran oʻn besh kun muddatda yashash yoki elektron pochta manziliga javob yuboriladi.

Foto va videomateriallarni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan qabul qilingan qarordan norozi boʻlgan shaxslar belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.

4-bob. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va videomateriallarni yuborgan shaxslarni ragʻbatlantirish

13. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va videomateriallarni yuborgan shaxslar huquqbuzardan undirilgan jarima hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining yigirma besh foizi miqdorida pul mukofoti bilan ragʻbatlantiriladi.

Huquqbuzarlik boʻyicha maʼmuriy jarima bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa jazo chorasi qoʻllangan hollarda, foto va videomateriallarni yuborgan shaxslar Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qaroriga muvofiq ragʻbatlantiriladi.

14. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va videomateriallarni yuborgan shaxslar mobil telefon raqamini yoki bank plastik kartasi raqamini koʻrsatish orqali ragʻbatlantirish puli qanday usulda qabul qilib olinishini koʻrsatib oʻtadi.

15. Ragʻbatlantirish:

huquqbuzarlik boʻyicha foto va videomateriallarni birinchi yuborgan shaxsga nisbatan qoʻllanadi;

huquqbuzarlik boʻyicha tegishli qaror qabul qilinganda yoki maʼmuriy ish yuritilayotganda, shuningdek, ushbu Nizomning 11-bandiga asosan ish yuritish tugatilganda amalga oshirilmaydi;

jarima undirilgan kundan boshlab oʻn besh kun muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining Suv xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

16. Ragʻbatlantirish mablagʻi huquqbuzardan jarima undirilgandan soʻng Inspeksiyaning rasmiy xatiga asosan fuqaroning mobil telefon raqami hisobiga yoki bank plastik kartasiga Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining Suv xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan oʻtkazib beriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va videomateriallarni taqdim etgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oshkor etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

18. Ushbu Nizomni qoʻllashda kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

19. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Jismoniy shaxslar tomonidan qayd etilgan suv xoʻjaligi sohasidagi huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizomga ILOVA

Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Amalga oshirish muddatlari 1-bosqich Jismoniy shaxslar Suvdan foydalanish va suv isteʼmoli qoidalarini (tartibini) buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni (keyingi oʻrinlarda — foto va videomateriallar) yuboradi. Huquqbuzarlik aniqlangan paytdan boshlab 48 soat ichida 2-bosqich Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi 1. Jismoniy shaxs tomonidan yuborilgan huquqbuzarlik haqidagi foto va videomateriallarni qabul qiladi. 2. Huquqbuzarlik holatlarini oʻrganadi va huquqbuzarning shaxsini aniqlaydi. Oʻn kun muddatda 3-bosqich Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi 1. Huquqbuzarga nisbatan belgilangan shakldagi maʼmuriy bayonnoma yoki maʼmuriy jazo qoʻllash toʻgʻrisidagi qarorni Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining “E-maʼmuriy ish” tizimi orqali rasmiylashtiradi yoki ushbu tizim orqali tegishliligi boʻyicha koʻrib chiqish uchun taalluqli sudga yuboradi. Besh kun muddatda 2. Jarima solish toʻgʻrisidagi tegishli qaror va tayinlangan jarimani toʻlash uchun toʻlov varaqasini (kvitansiyani) telefon raqamiga “SMS” xabarnoma shaklida yoki yashash manziliga pochta orqali yuboradi yoxud huquqbuzarga bevosita taqdim etadi. Besh kun muddatda 3. Sodir etilgan huquqbuzarlik holatini koʻrib chiqish vakolati mavjud boʻlmagan taqdirda, hujjatlarni tegishli sudga yoki boshqa vakolatli organga yuboradi. Uch kun muddatda 4-bosqich Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi, Suv xoʻjaligi vazirligi 1. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallarni yuborgan shaxslarni pul mukofoti bilan ragʻbatlantiradi. 2. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallarni yuborgan shaxsga murojaati natijalari yuzasidan maʼlumotlarni yuboradi. Huquqbuzarlik boʻyicha jarima undirilgandan soʻng oʻn besh kun muddatda

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-iyundagi 352-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi xodimlarining idoraviy formali kiyim-boshlari va farqlash belgilarining

I. Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi xodimlarining idoraviy formali kiyim-boshlari namunalari

Kundalik idoraviy formali kiyim bosh Dala (kamuflyajli) formali kiyim bosh Yozgi Bahorgi-kuzgi Qishki Yozgi Bahorgi-kuzgi Qishki Yozgi Bahorgi-kuzgi Qishki Yozgi Bahorgi-kuzgi Qishki

Idoraviy formali kiyim-boshlar tavsifi:

Yozgi mavsumiy idoraviy formali kiyim-bosh

1. Erkaklar uchun idoraviy formali kiyim-bosh:

a) old qismida kokardasi boʻlgan toʻq yashil kepka;

b) kalta yengli, koʻkrak choʻntaklari tugmali, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), shevronli toʻq yashil rangli koʻylak;

v) chap koʻkrak qismida Inspeksiya belgisi (logotip) tushirilgan qora rangli futbolka;

g) toʻq yashil shim;

d) shim uchun kamar;

e) qora rangli charm poyabzal.

2. Ayollar uchun idoraviy formali kiyim-bosh:

a) old qismida kokardasi boʻlgan toʻq yashil kepka;

b) kalta yengli, koʻkrak choʻntaklari tugmali, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), shevronli toʻq yashil rangli bluzka;

v) chap koʻkrak qismida Inspeksiya belgisi (logotip) tushirilgan qora rangli futbolka;

g) toʻq yashil yubka;

d) qora rangli charm poyabzal.

Kuzgi va bahorgi mavsumiy idoraviy formali kiyim-bosh

1. Erkaklar uchun idoraviy formali kiyim-bosh:

a) old qismida kokardasi boʻlgan toʻq yashil kepka;

b) yenglari uzun, koʻkrak choʻntaklari tugmali, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), shevronli oq rangli koʻylak;

v) qora rangli boʻyinbogʻ (regat);

g) yenglari ajratib olinadigan, toʻq yashil rangli, ikkita koʻkrak choʻntakli, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), yon pastki tomonlari choʻntakli, chiziqli, shevronli yengil kurtka;

d) toʻq yashil shim;

e) shim uchun kamar;

j) qora rangli charm poyabzal.

2. Ayollar uchun idoraviy formali kiyim-bosh:

a) old qismida kokardasi boʻlgan toʻq yashil kepka;

b) yenglari uzun, koʻkrak choʻntaklari tugmali, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), shevronli oq rangli bluzka;

v) qora rangli boʻyinbogʻ;

g) yenglari ajratib olinadigan, toʻq yashil rangli, ikkita koʻkrak choʻntakli, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), yon pastki tomonlari choʻntakli, chiziqli, shevronli yengil kurtka;

d) toʻq yashil yubka;

e) qora rangli charm poyabzal.

Qishki mavsumiy idoraviy formali kiyim-bosh

1. Erkaklar uchun idoraviy formali kiyim-bosh:

a) old qismida kokardasi boʻlgan qishki toʻq yashil moʻynali telpak;

b) yenglari uzun, koʻkrak choʻntaklari tugmali, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), shevronli oq rangli koʻylak;

v) qora rangli boʻyinbogʻ;

g) yenglari ajratib olinadigan, toʻq yashil rangli, ikkita koʻkrak choʻntakli, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), yon pastki tomonlari choʻntakli, shevronli yengil kurtka;

d) kamarli, toʻq yashil rangli, yoqa qismi moʻynali, koʻkrak yozuv va lavozimni farqlash belgili, shevronli, chap yengi shevron ostida choʻntakli, plashsifat issiq kurtka;

e) toʻq yashil issiq shim;

j) qora charmdan shim kamari;

z) qora rangli etik.

2. Ayollar idoraviy formasi:

a) old qismida kokardasi boʻlgan qishki toʻq yashil moʻynali kepka;

b) yenglari uzun, koʻkrak choʻntaklari tugmali, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), shevronli oq rangli bluzka;

v) qora rangli boʻyinbogʻ;

g) yenglari ajratib olinadigan, toʻq yashil rangli, ikkita koʻkrak choʻntakli, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), yon pastki tomonlari choʻntakli, shevronli yengil kurtka;

d) kamarli, toʻq yashil rangli, yoqa qismi moʻynali, koʻkrak yozuv va lavozimni farqlash belgili, shevronli, chap yengi shevron ostida choʻntakli, plashsifat issiq kurtka;

e) toʻq yashil yubka;

j) qora rangli etik.

Dala (kamuflyajli) formali kiyim-bosh

1. Erkaklar va ayollar uchun idoraviy formali kiyim-bosh:

a) old qismida kokardasi boʻlgan och yashil rangli yozgi, bahorgi-kuzgi kepka va qishki moʻynali kepka;

b) kalta va uzun yengli, koʻkrak choʻntaklari tugmali, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), shevronli och yashil rangdagi koʻylak;

v) qora rangdagi Inspeksiya belgisi (logotipi) tushirilgan futbolka;

g) yenglari ajratib olinadigan, och yashil rangli, ikkita koʻkrak choʻntakli, lavozimni farqlash belgili, yozuvli (nashivkali), yon pastki tomonlari choʻntakli, chiziqli, shevronli yengil kurtka;

d) och yashil rangli, yozuvli (nashivkali) va lavozimni farqlash belgili, shevronli, yon pastki tomonlari choʻntakli issiq kurtka;

e) erkaklar va ayollar uchun yil fasllariga mos och yashil rangli shim;

j) shim uchun qora rangli charm kamar;

z) qora charmdan tikilgan dala uchun maxsus botinka.

II. Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi xodimlarining farqlash belgilari namunalari

Kokarda Inspeksiya belgisi (logotip) Shevron Yozuv (nashivka)

1. Kokarda

Kokarda toʻq yashil (haqi) rangdagi alyumin metalldan yasalgan, bosh kiyim uchun kokardada qirrali yorqinlik bilan oʻralgan, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi aks ettirilgan boʻladi.

Orqa tomonida 0,8 — 1 mm qalinlikdagi poʻlat sim boʻlib, ular yordamida kokarda bosh kiyimning oʻrtasiga oʻrnatiladi. Kokardaning markazi burun koʻprigidan yuqorida boʻlishi kerak.

2. Inspeksiya belgisi (logotip):

Inspeksiya belgisi (yeng tikilgan tikuvdan 120 mm masofada) 90x75 mm oʻlchamdagi toʻq koʻk-yashil qalqon shakliga ega.

Qalqon ichida markazda davlat ramzi — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasvirlangan. Qalqonning ichidagi gerb ustki qismida lotin alifbosida bir qatorli harf ranglari oq rangda “OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI”, ushbu soʻzlarning ostida choʻziq shaklda harf ranglari oq rangda “SUV XOʻJALIGI VAZIRLIGI HUZURIDAGI” lotin alifbosida yoziladi, gerbning pastki qismida choʻziq shaklda lotin alifbosida oq rangda “SUVXOʻJALIKNAZORATINSPEKSIYASI” yozuvlari joylashgan.

Ramka tilla rangdan iborat.

Belgi matoga tushirilgan holda tayyorlanadi. Belgi matosi toʻq koʻk-yashil rangda.

3. Shevron

Shevron idoraviy formaning chap yengida (yeng tikilgan tikuvdan 120 mm masofada) 90x75 mm oʻlchamdagi yashil dumaloq shaklga ega boʻladi.

Shevronda davlat ramzlari — oʻrtada Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi va gerbning chap hamda oʻng tomoni bayroq bilan tasvirlangan. Shevronning ichidagi gerb ustki qismida lotin alifbosida choʻziq shaklda “OʻZBEKISTON”, pastki qismida bir qatorli lotin alifbosida “SUVXOʻJALIKNAZORAT” INSPEKSIYASI yozuvlari joylashgan.

Ramka naqshinkor sariq rangdan iborat.

Shevron matoga tushirilgan holda tayyorlanadi. Shevron matosi qora rangda.

4. Yozuv (nashivka)

Oʻng choʻntak tepasida joylashtiriladi, yozuv (nashivka) oʻng tomonida gidrotexnika inshooti tasviri tushirilgan boʻlib, SUVXOʻJALIKNAZORAT” INSPEKSIYASI yozuvi 125x25 mm toʻgʻri burchakli, chetki qismi sariq, toʻq koʻk rangli matoga yozuvi tilla rangli ip bilan lotin alifbosida tikiladi.

Chap choʻntak tepasida “F.I.O” yozuvi 125x25 mm toʻgʻri burchakli, chetki qismi sariq, toʻq koʻk rangli matoga yozuvi tilla rangli ip bilan lotin alifbosida tikiladi.

Yozuv (nashivka) idoraviy formaning koʻkrak choʻntaklariga tikiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-iyundagi 352-son qaroriga 2 1 -ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasida bodi-kameralardan foydalanish hamda ularni saqlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) xodimlarining qonunchilik hujjatlari bilan oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni bajarish jarayonida bodi-kameralardan foydalanish, ularni saqlash, ular yordamida qayd etilgan audio va video materiallarni saqlash, qayta ishlash va himoya qilish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

audio va video materiallar — bodi-kameralar yordamida yozib olingan audio va video materiallar;

bodi-kamera — xodimning formali kiyim-boshiga maxsus moslama bilan biriktiriladigan hamda xodimning qonunchilik hujjatlari bilan oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni bajarish vaqtidagi harakatlari (harakatsizligi)ni audio va video material shaklida qayd etuvchi yozuvlarni oʻzgartirishdan himoyalangan texnik vosita;

maʼlumotlar bazasi — audio va video materiallar saqlanadigan markazlashgan maxsus server yoki elektron xotira vositasi;

“suvnazorat.uz” elektron axborot tizimi — bodi-kameralarni hisobga olish, topshirish va qabul qilish hamda ulardan foydalanishga oid maʼlumotlarni elektron shaklda yuritish imkoniyatini taʼminlovchi axborot tizimi;

xodim — Inspeksiya boshligʻi oʻrinbosari, boʻlim boshliqlari, bosh mutaxassislar, hududiy boshqarmalar boshliqlari, boʻlim boshliqlari va ularning oʻrinbosarlari hamda bosh mutaxassislar.

2-bob. Bodi-kameralardan foydalanish

3. Bodi-kameralarni topshirish va qabul qilish ishlari “suvnazorat.uz” elektron axborot tizimi orqali qayd etib boriladi.

4. Bodi-kameralarning texnik talablarga muvofiqligi doirasida sana, vaqt tamgʻasi, identifikator, shifrlash, materiallarni tahrirlashdan himoya qilish, yetarli tasvir sifati hamda akkumulyator quvvati video materialda doimiy koʻrinishi lozim.

5. Xodimga ruxsat etilmagan, muvofiqligi tasdiqlanmagan muvofiqlik sertifikati muddati oʻtgan yoki belgilangan tartibda Inspeksiya hisobida boʻlmagan bodi-kameradan foydalanish taqiqlanadi.

6. Bodi-kamera xodimning koʻkrak sohasi yelka qismiga yaqin joyga taqiladi, xodim harakatlariga xalaqit bermaydigan qilib joylashtiriladi, shuningdek, davlat tilida “Diqqat! Audio va video yozib olinmoqda”, rus tilida “Vnimaniye! Vedyotsya audio i videozapis”, ingliz tilida “Attention! Audio and video recording in progress” yozuvlari aks ettiriladi.

7. Xodim qonunchilik hujjatlari bilan oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni amalga oshirishga kirishgan paytdan boshlab bodi-kamera yoqiladi hamda ish vaqti tugagunga qadar ishchi rejimda boʻladi.

Xodimga bodi-kamerani ruxsatsiz yechib tashlash, oʻchirish, audio va video materiallarni toʻxtatish qatʼiyan taqiqlanadi.

Xodimga dam olish hamda ovqatlanish vaqtida bevosita boshligʻining ruxsati bilan audio va video materiallarni yozishni vaqtincha toʻxtatishga ruxsat etiladi.

Bunda xodim tomonidan audio va video materiallarni yozish vaqtincha toʻxtatilgani haqida “suvnazorat.uz” elektron axborot tizimiga tegishli yozuv kiritilishi shart.

8. Bodi-kamerada nosozliklar kuzatilganda yoki akkumulyator quvvati tugaganda, xodim darhol boshligʻini bevosita xabardor qiladi hamda bu haqida “suvnazorat.uz” elektron axborot tizimiga tegishli yozuvlar kiritadi.

Bunda tekshiruv darhol toʻxtatiladi va tekshiruvni faqat bodi-kamera qayta ishga tushirilgandan soʻng davom ettirishga yoʻl qoʻyiladi.

9. Xodim bodi-kamera yoqilgani haqida muloqotga kirishgan shaxsni ogʻzaki ravishda xabardor qilishi lozim.

3-bob. Bodi-kamerani saqlash

10. Bodi-kamera Inspeksiya mulki hisoblanadi hamda ular maxsus roʻyxat asosida inventar raqami boʻyicha hisobga olinadi.

11. Bodi-kamera maxsus jihozlangan, texnika va axborot xavfsizligi talablariga javob beradigan joyda saqlanadi.

12. Xodim oʻziga topshirilgan bodi-kamerani texnik jihatdan soz holatda saqlashga, butligini taʼminlashga, begonalarga berib yubormaslikka hamda faqat belgilangan tartibda ishlatilishiga shaxsan javobgar hisoblanadi.

13. Bodi-kamerani buzish, yoʻqotish yoki unga qasddan shikast yetkazish holatlari aniqlanganda, xodimlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi (xodimlarga bogʻliq boʻlmagan holatlar bundan mustasno).

4-bob. Audio va video materiallarni saqlash va ulardan foydalanish

14. Bodi-kamera orqali olingan barcha audio va video materiallar maʼlumotlar bazasiga bodi-kameraning akkumulyatorini quvvatlash paytida avtomatik tarzda koʻchirib olinadi.

15. Koʻchirib olingan audio va video materiallar olti oy davomida saqlanadi hamda saqlash muddati tugagan audio va video materiallar maʼlumotlar bazasidan avtomatik tarzda oʻchiriladi.

Bunda nizoli holatlar qayd etilgan audio va video materiallar yakuniy koʻrib chiqilgunga qadar saqlanadi.

16. Saqlangan audio va video materiallarni montaj qilish, qisqartirish, tezlatish yoki sekinlatish, ovozni almashtirish, belgilar qoʻshish, kadrlarni oʻchirish yoki qoʻshish, tasvir yoki ovoz sifatiga taʼsir etuvchi filtrlardan foydalanish, shuningdek, video materialning mazmuni va ketma-ketligiga taʼsir qiluvchi har qanday tahrirlash harakatlarini amalga oshirish qatʼiyan taqiqlanadi.

17. Audio va video materiallar sud va huquqni muhofaza qiluvchi organlar, shuningdek, boshqa vakolatli davlat organlari soʻroviga asosan faqat Inspeksiya boshligʻi (yoki oʻrinbosari) ruxsati bilan koʻpaytiriladi (ulardan nusxa koʻchiriladi) va taqdim etiladi.

18. Sud va huquqni muhofaza qiluvchi organlar, shuningdek, boshqa vakolatli davlat organlarining audio va video materiallarni taqdim etish haqidagi soʻrovi Inspeksiya tomonidan oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqiladi.

19. Audio va video materiallar Oʻzbekiston Respublikasining “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq saqlanadi va himoya qilinadi.

20. Audio va video materiallarni shaxsiy qurilmalarga (shaxsiy telefon, tashqi flesh-xotira va boshqalar) koʻchirish, messenjerlar yoki ijtimoiy tarmoqlar orqali yuborish taqiqlanadi.

21. Xodim tekshiruv jarayonida maʼlum boʻlgan tijorat siri, xizmat siri hamda qonunchilik hujjatlari bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlarni muhofaza qilinishini taʼminlaydi.

Bunda audio va video materiallarga kirishni cheklash, harakatlarni loglash va video materiallarni shifrlash majburiy hisoblanadi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

22. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-iyundagi 352-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi faoliyatini tartibga soluvchi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2023-yil 27-sentabrdagi 500-son qarorida :

a) 1-ilovada :

8-band quyidagi mazmundagi “g” kichik band bilan toʻldirilsin:

“g) “Suvxoʻjaliknazorat” inspeksiyasining joylashgan joyi (pochta manzili): 100128, Toshkent shahri Shayxontohur tumani Turkqoʻrgʻon koʻchasi 26-uy”;

10-bandning yettinchi xatboshisidagi “ishlar yuritilishini nazorat qilish” soʻzlari “ishlarni koʻrib chiqish, jumladan, vakolat doirasida maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi bayonnomalarni rasmiylashtirish hamda aybdor shaxslarni jarimaga tortish” soʻzlari bilan almashtirilsin;

11-bandda :

yigirma sakkizinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

yigirma toʻqqizinchi — oʻttiz oltinchi xatboshilar tegishlicha yigirma sakkizinchi — oʻttiz beshinchi xatboshilar deb hisoblansin;

27-bandning uchinchi xatboshisidagi “24” raqami “23” raqami, 28-bandning uchinchi xatboshisidagi “25” raqami “24” raqami, 29-bandning uchinchi xatboshisidagi “26” raqami “25” raqami, 30-bandning uchinchi xatboshisidagi “27” raqami “26” raqami bilan almashtirilsin;

41-bandda :

ikkinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Inspeksiya xodimlarining mehnatiga haq toʻlash va ularni ragʻbatlantirish Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 7-oktabrdagi 645-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida amalga oshiriladi”;

uchinchi va toʻrtinchi xatboshilar tegishlicha ikkinchi va uchinchi xatboshilar deb hisoblansin;

b) 2-ilovaga ilovada :

1-pozitsiyadagi “Z. Irisboyev — Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi v.v.b.” soʻzlari “R.B. Raximov — Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

2-pozitsiyadagi “A.S. Nazarov — Suv xoʻjaligi vazirining birinchi oʻrinbosari” soʻzlari “Z.E. Ishpulatov — Suv xoʻjaligi obyektlarini ekspluatatsiya qilish agentligi direktori” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 7-oktabrdagi 645-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlarini ekspluatatsiya qilish agentligi toʻgʻrisida nizomning 42-bandi ikkinchi xatboshisidagi “oʻz maqomiga koʻra” soʻzlari chiqarib tashlansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 7-iyun,

352-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.06.2025-y., 09/25/352/0502-son; 06.05.2026-y., 09/26/224/0457-son; 17.09.2026-y., 09/26/488/0946-son)

lex.uz