UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 14-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 14 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 июня 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 June 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ПАСПОРТИ

ПАСПОРТИ

ПАСПОРТИ

РЎЙХАТИ

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 17 январдаги ПҚ-12-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ўқувчиларни тўгаракларга жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашиш, касб-ҳунар ўргатишни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

айрим тоифадаги ўқувчиларни (кейинги ўринларда — ўқувчилар) қўшимча таълимга (кейинги ўринларда — тўгараклар) жалб қилиш бўйича электрон ахборот тизимини юритиш;

тўгаракларни ташкил этишда хусусий секторнинг иштироки ва уларга қўйиладиган талаблар;

ўқувчилар учун тўгарак харажатларининг бир қисмини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш тартиби;

ўқувчиларнинг тўгараклардаги иштирокини мониторинг қилиб бориш тартиби.

2. Белгилансинки:

ўқувчиларнинг тўгаракларга жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 80 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

бир оилада турли мактабда таълим оладиган фарзандлар мавжуд бўлганда, уларнинг ҳар бири ўз қизиқиши бўйича тўгаракларда иштирок этади.

3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш ва уларнинг харажатларини қоплаб бериш бўйича электрон платформа (кейинги ўринларда — платформа) ишлаб чиқсин. Бунда:

платформани ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва келгусида техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — «UZINFOCOM» МЧЖ томонидан амалга оширилади;

платформа тегишли маълумотлар алмашинувини таъминлаш мақсадида 2-иловага мувофиқ манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинади.

4. Белгилаб қўйилсинки:

ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш учун уларнинг ота-оналари (қонуний вакили) ҳамда тўгарак хизматларини таклиф этувчи ташкилотлар ўртасида шартномалар тузиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали амалга оширилади;

ушбу қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

5. Рақамли технологиялар вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 15 сентябрга қадар ЯИДХПда кўрсатиладиган хизматнинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.

6. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июндаги 365-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга (касб-ҳунар, ахборот технологиялари, олий таълим ташкилотларига тайёрлаш йўналишидаги) жалб қилиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларининг 80 фоизини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

айрим тоифадаги ўқувчилар (кейинги ўринларда — ўқувчи) — Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг умумий ўрта таълим ташкилотларида таълим олаётган фарзандлари;

тўгарак — электрон платформада мавжуд бўлган умумий ўрта таълим ташкилотларидаги дарслардан ташқари вақтларда касб-ҳунар, ахборот технологиялари, хорижий тил, умумтаълим фанлари йўналишларидаги, шу жумладан, 7 — 11 ёшдаги болалар учун дарсдан кейинги қўшимча таълим (узайтирилган кун гуруҳлари учун) бўйича қўшимча таълим;

тўгарак хизматларини таклиф этувчи ташкилот (кейинги ўринларда — таълим ташкилоти) — хорижий тил, ахборот технологиялари, умумтаълим фанлари, шу жумладан, 7 — 11 ёшдаги болалар учун дарсдан кейинги қўшимча таълим (узайтирилган кун гуруҳлари), касб-ҳунар йўналишларида қўшимча таълим хизматларини кўрсатувчи электрон платформада рўйхатдан ўтган давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари, касб-ҳунар ўргатувчи марказлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

электрон платформа — ўқувчилар учун тўгарак хизматларини таклиф этувчи ташкилот ва улардаги йўналишлар ҳақида маълумотлар базаси ҳамда ўқувчиларнинг тўгаракларга боришини мониторинг қилиш ва тўгарак харажатларини ҳисоблашга мўлжалланган ахборот тизими.

3. Ўқувчилар бир вақтнинг ўзида кўпи билан иккита тўгаракни танлаши ҳамда (таътил вақтлари билан бирга) 9 ойдан кўп бўлмаган даврда тўгаракка бориши мумкин.

Бунда ўқувчига умумий ўрта таълимни якунлагунга қадар ушбу Низомга мувофиқ имтиёздан икки мартагача фойдаланишларига рухсат этилади.

4. Таълим ташкилоти ўқувчиларнинг тўгарак машғулотларини олиб бориш учун барча зарур шароитларни яратади.

5. Таълим ташкилоти тўгарак вақтида ўқувчиларнинг хавфсизлиги, соғлиғи, ижтимоий тенглигини таъминлашга масъул ҳисобланади.

6. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб этиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларининг 80 фоизини Давлат бюджетидан қоплаб бериш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

7. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб этиш тартиби ушбу Низомга 2 — 4-иловаларда келтирилган ўқувчиларни тўгаракларга жалб этиш паспортларида акс эттирилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) таълим ташкилотларида ташкил этилган тўгаракларнинг натижадорлигини ўқувчилар эришган ютуқлар асосида рейтинг тизимида баҳолайди ҳамда йил якунида натижаларни электрон платформада эълон қилиб боради.

2-боб. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб этишнинг мақсади ва вазифалари

9. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб этишнинг мақсади — уларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, қизиқишларига мос бўлган тўгаракларга жалб этиш орқали шахсий ривожланиш кўникмаларини шакллантириш, касб-ҳунарга йўналтириш, хорижий тилларни ўрганишга жалб этиш орқали тил билиш кўникмаларини шакллантириш, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишлари учун имкониятлар яратишдан иборат.

10. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб этишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчиларга дарсдан кейинги бўш вақтларида ўзлари қизиққан тўгаракларга боришларига имконият яратиш;

электрон платформа орқали ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун тўгаракларни эркин танлаш имкониятини кенгайтириш;

тўгарак харажатларини белгиланган миқдорда Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш.

3-боб. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш

11. Ўқувчилар тўгаракларга ихтиёрийлик асосида жалб этилади.

12. Ижтимоий ходим ўқувчиларнинг тўгаракларга бўлган қизиқишларини аниқлайди ҳамда тегишли хизматни Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг индивидуал режасига киритади.

13. Ўқувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакили) (кейинги ўринларда — ариза берувчилар) ҳамда таълим ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали амалга оширилади.

14. Ариза берувчилар давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунларида тушганда, календарь бўйича навбатдаги иш куни аризаларнинг таълим ташкилотларига тушган ва таълим ташкилотлари томонидан қабул қилинган кун деб ҳисобланади.

15. Ариза берувчиларнинг Ижтимоий реестрга киритилганлиги электрон платформа орқали текширилади.

16. Ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган ҳолат тасдиқланганда, ўқувчи тўгаракларга жалб этилади.

17. Келиб тушган аризаларга асосан таълим ташкилотлари гуруҳларни шакллантирган куннинг ўзида шартномани тасдиқлайди.

Мазкур шартнома имзолаш учун электрон платформа орқали ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборилади.

Ариза берувчи уч иш куни ичида ЯИДХПдаги шахсий кабинетида келиб тушган шартномани тасдиқлайди.

18. Ота-оналар (қонуний вакил) фарзандларининг тўгаракларга боришлари учун шарт-шароит яратадилар.

19. 7 — 11 ёшдаги ўқувчиларнинг тўгаракларга жалб этилиши ва уларнинг қатновини тўгарак хизматларини таклиф этувчи умумий ўрта таълим ташкилоти директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 12 — 18 ёшдаги ўқувчиларнинг тўгаракларга жалб этилиши ва уларнинг қатновини таълим ташкилоти жойлашган маҳалладаги ёшлар етакчиси назорат қилади.

20. Тўгарак хизматлари 7 — 11 ёшдаги ўқувчилар учун фақат давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари томонидан таклиф этилади.

21. Таълим ташкилотлари томонидан тўгаракни муваффақиятли тамомлаган ўқувчига тегишли ҳужжат (сертификат, маълумотнома) берилади.

4-боб. Электрон платформадан фойдаланиш

22. Электрон платформа ўқувчилар, уларнинг ота-оналари (қонуний вакили) ва таълим ташкилотларини ўзаро боғлайди.

23. Электрон платформада ўқувчиларнинг ота-оналарига (қонуний вакили) тўгаракларни танлаш ва улардан фойдаланиш учун сўров юбориш, таълим ташкилотларига тўгарак хизматларини тақдим этиш, кўрсатилган хизмат учун тўгарак тўловининг маълум қисмини қабул қилиш, давоматни юритиш, Вазирликка мониторингни амалга ошириш имконияти яратилади.

24. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — «UZINFOCOM» МЧЖ электрон платформанинг узлуксиз ишлашини таъминлайди.

25. Таълим ташкилотлари электрон платформадан рўйхатдан ўтиш орқали ўз хизматларини таклиф қилади.

26. Электрон платформадан рўйхатдан ўтиш учун таълим ташкилотлари қуйидаги маълумотларни киритади:

солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

пул маблағлари қабул қилинадиган банкдаги ҳисобварағи;

тўгараклар номи, тури ҳамда тўлов миқдори ва машғулотларнинг давомийлиги тўғрисидаги маълумотлар;

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 22 апрелдаги 343-сон қарорига асосан ташкил этилган тўгараклар ҳақидаги маълумотларни электрон платформага жойлаштириш — умумий ўрта таълим ташкилотлари учун.

Таълим ташкилотларининг қўшимча таълим фаолияти билан шуғулланиши «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали аниқланади.

27. Таълим ташкилотида ўқувчиларнинг тўгаракларда иштирокининг ҳақиқий давомати шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси ёки электрон платформанинг мобил иловаси орқали юритилади.

Бунда биометрик идентификация қилиш жараёни таълим ташкилоти томонидан ушбу ташкилотнинг жойлашуви (геолокацияси) ҳисобга олинган ҳолда ҳар бир тўгарак машғулотлари кунида бир маротаба амалга оширилади.

5-боб. Тўгарак тўловларини тўлаш

28. Таълим ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича бир нафар ўқувчига ҳар бир тўгарак учун бир ойлик тўлов қуйидаги миқдорлардан ошишига йўл қўйилмайди:

7 — 11 ёшдаги ўқувчилар учун дарсдан кейинги қўшимча таълим (узайтирилган кун гуруҳлари) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан;

12 — 18 ёшдаги ўқувчилар учун умумтаълим фанлари, 15 — 18 ёшдаги ўқувчилар учун хорижий тил йўналишларидаги тўгараклар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан;

15 — 18 ёшдаги ўқувчилар учун ахборот технологиялари, касб-ҳунар йўналишларидаги тўгараклар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан.

Бунда тўгаракка жалб қилинган ўқувчиларнинг тўгарак харажатлари ушбу оила Ижтимоий реестрдан чиқарилгандан кейин ҳам тўгарак якунлангунга қадар тўлаб берилади.

29. Тўгарак тўловининг 80 фоизи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади, 20 фоизи ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакили) томонидан тўланади.

30. Тўгаракларнинг ойлик тўловлари суммаси ушбу Низомнинг 27-бандида белгиланган ўқувчиларнинг ҳақиқий давоматидан келиб чиққан ҳолда электрон платформада автоматик равишда ҳисобланади.

Таълим ташкилоти раҳбари тўгаракларга қатнайдиган ўқувчилар давоматининг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.

31. Қуйидаги ҳолатларда таълим ташкилотига тўгарак тўлови қоплаб берилмайди:

ушбу Низомнинг 26-бандида кўрсатилган маълумотлар ўз тасдиғини топмаганда;

ўқувчиларнинг давомати таълим ташкилотининг жойлашув манзилидан (геолокацияси) бошқа жойда қайд этилганда;

таълим ташкилоти томонидан ўқувчиларнинг маълумотлари электрон платформага киритилиб, унинг фотосурати ўрнига бошқа боланинг фотосурати ушбу ахборот тизимига жойлаштирилгани аниқланганда.

32. Тўгарак тўлови учун талабномалар таълим ташкилотлари кесимида электрон платформада автоматик тарзда шаклланади.

Вазирлик кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар электрон платформада автоматик тарзда шакллантирилган тўгарак тўлови учун талабномаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборади.

33. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўн иш куни ичида Давлат бюджетидан тўгарак тўловини молиялаштириш бўйича тақдим этилган талабномалар асосида зарур маблағларни туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида очилган алоҳида ҳисобварақларига қайта тақсимлайди.

34. Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари уч иш куни ичида тегишли таълим ташкилотларининг шахсий ҳисобварақларига тўгарак тўловини белгиланган тартибда ўтказиб беради.

35. Ўтган давр учун тўланмаган ёки ортиқча тўланган тўгарак тўлови кейинги ойнинг тўгарак тўлови учун талабномаларни шакллантиришда инобатга олиниб, қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Бунда таълим ташкилотларининг тўгарак учун шартнома муддатлари тугаган ёки таълим ташкилоти хизмат кўрсатишни тўхтатган ҳолларда, ортиқча тўланган тўгарак тўлови таълим ташкилоти томонидан белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

36. Ўқувчиларни тўгаракларга жалб этишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

37. Ўқувчиларнинг тўгаракларга жалб этилишига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.

38. Таълим ташкилотлари томонидан ўқувчиларни тўгаракларга мажбуран жалб этиш тақиқланади.

39. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб этиш ҳамда уларни ўқитиш харажатларини Давлат бюджетидан қоплаб бериш

Босқичлар Ижрочилар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Айрим тоифадаги ўқувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакили) (кейинги ўринларда — ариза берувчилар) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали рўйхатдан ўтади ва шартнома тузиш учун ариза юборади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Тўгарак хизматларини таклиф этувчи ташкилот (кейинги ўринларда — таълим ташкилоти) Шартномани тасдиқлайди. Келиб тушган аризаларга асосан таълим ташкилотлари гуруҳларни шакллантирган куннинг ўзида 3-босқич Электрон платформа Шартнома тасдиқлаш учун ариза берувчиларнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборилади. Реал вақт режимида 4-босқич Ариза берувчилар ЯИДХПдаги шахсий кабинети орқали шартномани тасдиқлайди. Уч иш кунида 5-босқич Электрон платформа Таълим ташкилотлари кесимида тўгарак тўлови учун талабномалар шакллантирилади. Реал вақт режимида 6-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджетидан тўгарак тўловини молиялаштириш бўйича тақдим этилган талабномалар асосида зарур маблағларни туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида очилган алоҳида ҳисобварақларига қайта тақсимлайди. Ўн иш кунида 7-босқич Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари Тегишли таълим ташкилотларнинг шахсий ҳисобварақларига тўгарак тўловини белгиланган тартибда ўтказиб беради. Уч иш кунида

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА

Айрим тоифадаги ўқувчиларни дарсдан кейинги қўшимча таълимга (узайтирилган кун гуруҳлари) жалб этиш

1. Ижтимоий ёрдам номи Тўгарак харажатларини қоплаш 2. Ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган дастур 7 — 11 ёшдаги болалар учун дарсдан кейинги қўшимча таълим (узайтирилган кун гуруҳлари) 3. Ижтимоий ёрдам миқдори Тўгарак харажатларининг 80 фоизи 4. Ижтимоий ёрдам олувчининг ёш тоифаси 7 — 11 ёш 5. Ижтимоий ёрдамни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар Таълим ташкилоти билан тузилган шартнома 6. Ижтимоий ёрдамни тақдим этиш талаблари ва шартлари Тўгаракларга мунтазам қатнашиш ҳамда тўгаракни муваффақиятли якунлагани тўғрисидаги маълумотнома ёки сертификатни олиш; ўқувчиларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш; 7 — 11 ёшдаги ўқувчилар учун дарсдан кейинги қўшимча таълимда (узайтирилган кун гуруҳлари) фаол иштирокини таъминлаш. 7. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш даврийлиги 9 ойдан кўп бўлмаган муддатга 8. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш шакли Таълим ташкилотларига шартномага мувофиқ электрон платформа орқали ўтказилади.

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш тартиби тўғрисида низомга 3-ИЛОВА

Айрим тоифадаги ўқувчиларни умумтаълим фанлари бўйича тўгаракларга жалб этиш

1. Ижтимоий ёрдам номи Тўгарак харажатларини қоплаш 2. Ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган дастур 12 — 18 ёшдаги болалар учун умумтаълим фанлари бўйича тўгарак 3. Ижтимоий ёрдам миқдори Тўгарак харажатларининг 80 фоизи 4. Ижтимоий ёрдам олувчининг ёш тоифаси 12 — 18 ёш 5. Ижтимоий ёрдамни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар Таълим ташкилоти билан тузилган шартнома 6. Ижтимоий ёрдамни тақдим этиш талаблари ва шартлари Тўгаракларга мунтазам қатнашиш ҳамда тўгаракни муваффақиятли якунлагани тўғрисидаги маълумотнома ёки сертификатни олиш; ўқувчиларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш; 12 — 18 ёшдаги ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тўгаракларда фаол иштирокини таъминлаш. 7. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш даврийлиги 9 ойдан кўп бўлмаган муддатга 8. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш шакли Таълим ташкилотларига шартномага мувофиқ электрон платформа орқали ўтказилади.

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш тартиби тўғрисида низомга 4-ИЛОВА

Айрим тоифадаги ўқувчиларни хорижий тил, ахборот технологиялари ҳамда касб-ҳунар йўналишидаги тўгаракларга жалб этиш

1. Ижтимоий ёрдам номи Тўгарак харажатларини қоплаш 2. Ижтимоий ёрдам кўрсатиладиган дастур 15 — 18 ёшдаги болалар учун хорижий тил, ахборот технологиялари ҳамда касб-ҳунар йўналишидаги тўгарак 3. Ижтимоий ёрдам миқдори Тўгарак харажатларининг 80 фоизи 4. Ижтимоий ёрдам олувчининг ёш тоифаси 15 — 18 ёш 5. Ижтимоий ёрдамни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар Таълим ташкилоти билан тузилган шартнома 6. Ижтимоий ёрдамни тақдим этиш талаблари ва шартлари Тўгаракларга мунтазам қатнашиш ҳамда тўгаракни муваффақиятли якунлагани тўғрисидаги сертификатни олиш; ўқувчиларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш; 15 — 18 ёшдаги ўқувчиларнинг хорижий тил, ахборот технологиялари ҳамда касб-ҳунар йўналишидаги тўгаракларда фаол иштирокини таъминлаш. 7. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш даврийлиги 9 ойдан кўп бўлмаган муддатга 8. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш шакли Таълим ташкилотларига шартномага мувофиқ электрон платформа орқали ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июндаги 365-сон қарорига 2-ИЛОВА

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида айрим тоифадаги ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш ва уларнинг харажатларини қоплаб бериш бўйича электрон платформага интеграция қилинадиган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари

Т/р Маълумотлар номи Тақдим этиш учун масъул вазирлик ва идора номи 1. «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2. UzASBO Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 3. Шахсга доир маълумотлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти 4. Фойдаланувчига илгари тақдим этилган ЖШШИР (агар мавжуд бўлса) ҳақида маълумот 5. Қўшимча таълим фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари Адлия вазирлиги 6. Ўқувчи таълим олаётган умумий ўрта таълим (мактаб ва бошқа) ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар (ЖШШИР орқали) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 7. Юридик шахсларнинг муассислари тўғрисидаги маълумотлар Солиқ қўмитаси 8. Репетиторлик фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар тўғрисидаги маълумот 9. Умумтаълим фанлари йўналишида тўгараклар ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи ўзини ўзи банд қилган шахсларга оид маълумотлар

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 14 июнь,

365-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.06.2025 й., 09/25/365/0509-сон; 11.12.2025 й., 09/25/776/1149-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

PASPORTI

PASPORTI

PASPORTI

ROʻYXATI

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2025-yilda aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 17-yanvardagi PQ-12-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etish orqali ularning boʻsh vaqtlarini mazmunli oʻtkazishga koʻmaklashish, kasb-hunar oʻrgatishni yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

ayrim toifadagi oʻquvchilarni (keyingi oʻrinlarda — oʻquvchilar) qoʻshimcha taʼlimga (keyingi oʻrinlarda — toʻgaraklar) jalb qilish boʻyicha elektron axborot tizimini yuritish;

toʻgaraklarni tashkil etishda xususiy sektorning ishtiroki va ularga qoʻyiladigan talablar;

oʻquvchilar uchun toʻgarak xarajatlarining bir qismini Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan toʻlab berish tartibi;

oʻquvchilarning toʻgaraklardagi ishtirokini monitoring qilib borish tartibi.

2. Belgilansinki:

oʻquvchilarning toʻgaraklarga jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlarning 80 foizi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi;

bir oilada turli maktabda taʼlim oladigan farzandlar mavjud boʻlganda, ularning har biri oʻz qiziqishi boʻyicha toʻgaraklarda ishtirok etadi.

3. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2025-yil 1-sentabrga qadar oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb qilish va ularning xarajatlarini qoplab berish boʻyicha elektron platforma (keyingi oʻrinlarda — platforma) ishlab chiqsin. Bunda:

platformani ishlab chiqish, amaliyotga tatbiq etish va kelgusida texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash “Davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator — “UZINFOCOM” MCHJ tomonidan amalga oshiriladi;

platforma tegishli maʼlumotlar almashinuvini taʼminlash maqsadida 2-ilovaga muvofiq manfaatdor vazirlik va idoralarning axborot tizimlari bilan “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali integratsiya qilinadi.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb qilish uchun ularning ota-onalari (qonuniy vakili) hamda toʻgarak xizmatlarini taklif etuvchi tashkilotlar oʻrtasida shartnomalar tuzish Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali amalga oshiriladi;

ushbu qaror ijrosini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish 2025-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi, 2026-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.

5. Raqamli texnologiyalar vazirligi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bilan birgalikda 2025-yil 15-sentabrga qadar YIDXPda koʻrsatiladigan xizmatning har bir bosqichida murojaatlar koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin.

6. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-iyundagi 365-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga (kasb-hunar, axborot texnologiyalari, oliy taʼlim tashkilotlariga tayyorlash yoʻnalishidagi) jalb qilish hamda ularni oʻqitish xarajatlarining 80 foizini Davlat budjetidan qoplab berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ayrim toifadagi oʻquvchilar (keyingi oʻrinlarda — oʻquvchi) — Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida taʼlim olayotgan farzandlari;

toʻgarak — elektron platformada mavjud boʻlgan umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlaridagi darslardan tashqari vaqtlarda kasb-hunar, axborot texnologiyalari, xorijiy til, umumtaʼlim fanlari yoʻnalishlaridagi, shu jumladan, 7 — 11 yoshdagi bolalar uchun darsdan keyingi qoʻshimcha taʼlim (uzaytirilgan kun guruhlari uchun) boʻyicha qoʻshimcha taʼlim;

toʻgarak xizmatlarini taklif etuvchi tashkilot (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkiloti) — xorijiy til, axborot texnologiyalari, umumtaʼlim fanlari, shu jumladan, 7 — 11 yoshdagi bolalar uchun darsdan keyingi qoʻshimcha taʼlim (uzaytirilgan kun guruhlari), kasb-hunar yoʻnalishlarida qoʻshimcha taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi elektron platformada roʻyxatdan oʻtgan davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari, kasb-hunar oʻrgatuvchi markazlar va yakka tartibdagi tadbirkorlar;

elektron platforma — oʻquvchilar uchun toʻgarak xizmatlarini taklif etuvchi tashkilot va ulardagi yoʻnalishlar haqida maʼlumotlar bazasi hamda oʻquvchilarning toʻgaraklarga borishini monitoring qilish va toʻgarak xarajatlarini hisoblashga moʻljallangan axborot tizimi.

3. Oʻquvchilar bir vaqtning oʻzida koʻpi bilan ikkita toʻgarakni tanlashi hamda (taʼtil vaqtlari bilan birga) 9 oydan koʻp boʻlmagan davrda toʻgarakka borishi mumkin.

Bunda oʻquvchiga umumiy oʻrta taʼlimni yakunlagunga qadar ushbu Nizomga muvofiq imtiyozdan ikki martagacha foydalanishlariga ruxsat etiladi.

4. Taʼlim tashkiloti oʻquvchilarning toʻgarak mashgʻulotlarini olib borish uchun barcha zarur sharoitlarni yaratadi.

5. Taʼlim tashkiloti toʻgarak vaqtida oʻquvchilarning xavfsizligi, sogʻligʻi, ijtimoiy tengligini taʼminlashga masʼul hisoblanadi.

6. Oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etish hamda ularni oʻqitish xarajatlarining 80 foizini Davlat budjetidan qoplab berish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

7. Oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etish tartibi ushbu Nizomga 2 — 4-ilovalarda keltirilgan oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etish pasportlarida aks ettiriladi.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) taʼlim tashkilotlarida tashkil etilgan toʻgaraklarning natijadorligini oʻquvchilar erishgan yutuqlar asosida reyting tizimida baholaydi hamda yil yakunida natijalarni elektron platformada eʼlon qilib boradi.

2-bob. Oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etishning maqsadi va vazifalari

9. Oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etishning maqsadi — ularning darsdan boʻsh vaqtlarini mazmunli oʻtkazish, qiziqishlariga mos boʻlgan toʻgaraklarga jalb etish orqali shaxsiy rivojlanish koʻnikmalarini shakllantirish, kasb-hunarga yoʻnaltirish, xorijiy tillarni oʻrganishga jalb etish orqali til bilish koʻnikmalarini shakllantirish, jamiyatda oʻz oʻrniga ega boʻlishlari uchun imkoniyatlar yaratishdan iborat.

10. Oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etishning vazifalari quyidagilardan iborat:

oʻquvchilarga darsdan keyingi boʻsh vaqtlarida oʻzlari qiziqqan toʻgaraklarga borishlariga imkoniyat yaratish;

elektron platforma orqali oʻquvchilar va ularning ota-onalari uchun toʻgaraklarni erkin tanlash imkoniyatini kengaytirish;

toʻgarak xarajatlarini belgilangan miqdorda Davlat budjeti hisobidan qoplab berish.

3-bob. Oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb qilish

11. Oʻquvchilar toʻgaraklarga ixtiyoriylik asosida jalb etiladi.

12. Ijtimoiy xodim oʻquvchilarning toʻgaraklarga boʻlgan qiziqishlarini aniqlaydi hamda tegishli xizmatni Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilaning individual rejasiga kiritadi.

13. Oʻquvchilarning ota-onalari (qonuniy vakili) (keyingi oʻrinlarda — ariza beruvchilar) hamda taʼlim tashkilotlari oʻrtasida shartnomalar tuzish Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali amalga oshiriladi.

14. Ariza beruvchilar davlat xizmatlaridan elektron shaklda foydalanish uchun YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi.

Arizalar YIDXP orqali dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, har kuni 24 soat davomida yuborilishi mumkin.

Bunda arizalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlarida tushganda, kalendar boʻyicha navbatdagi ish kuni arizalarning taʼlim tashkilotlariga tushgan va taʼlim tashkilotlari tomonidan qabul qilingan kun deb hisoblanadi.

15. Ariza beruvchilarning Ijtimoiy reyestrga kiritilganligi elektron platforma orqali tekshiriladi.

16. Ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan holat tasdiqlanganda, oʻquvchi toʻgaraklarga jalb etiladi.

17. Kelib tushgan arizalarga asosan taʼlim tashkilotlari guruhlarni shakllantirgan kunning oʻzida shartnomani tasdiqlaydi.

Mazkur shartnoma imzolash uchun elektron platforma orqali ariza beruvchining YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

Ariza beruvchi uch ish kuni ichida YIDXPdagi shaxsiy kabinetida kelib tushgan shartnomani tasdiqlaydi.

18. Ota-onalar (qonuniy vakil) farzandlarining toʻgaraklarga borishlari uchun shart-sharoit yaratadilar.

19. 7 — 11 yoshdagi oʻquvchilarning toʻgaraklarga jalb etilishi va ularning qatnovini toʻgarak xizmatlarini taklif etuvchi umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti direktorining maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari, 12 — 18 yoshdagi oʻquvchilarning toʻgaraklarga jalb etilishi va ularning qatnovini taʼlim tashkiloti joylashgan mahalladagi yoshlar yetakchisi nazorat qiladi.

20. Toʻgarak xizmatlari 7 — 11 yoshdagi oʻquvchilar uchun faqat davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari tomonidan taklif etiladi.

21. Taʼlim tashkilotlari tomonidan toʻgarakni muvaffaqiyatli tamomlagan oʻquvchiga tegishli hujjat (sertifikat, maʼlumotnoma) beriladi.

4-bob. Elektron platformadan foydalanish

22. Elektron platforma oʻquvchilar, ularning ota-onalari (qonuniy vakili) va taʼlim tashkilotlarini oʻzaro bogʻlaydi.

23. Elektron platformada oʻquvchilarning ota-onalariga (qonuniy vakili) toʻgaraklarni tanlash va ulardan foydalanish uchun soʻrov yuborish, taʼlim tashkilotlariga toʻgarak xizmatlarini taqdim etish, koʻrsatilgan xizmat uchun toʻgarak toʻlovining maʼlum qismini qabul qilish, davomatni yuritish, Vazirlikka monitoringni amalga oshirish imkoniyati yaratiladi.

24. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator — “UZINFOCOM” MCHJ elektron platformaning uzluksiz ishlashini taʼminlaydi.

25. Taʼlim tashkilotlari elektron platformadan roʻyxatdan oʻtish orqali oʻz xizmatlarini taklif qiladi.

26. Elektron platformadan roʻyxatdan oʻtish uchun taʼlim tashkilotlari quyidagi maʼlumotlarni kiritadi:

soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR);

pul mablagʻlari qabul qilinadigan bankdagi hisobvaragʻi;

toʻgaraklar nomi, turi hamda toʻlov miqdori va mashgʻulotlarning davomiyligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi tizimidagi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida pullik taʼlim xizmatlarini koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 22-apreldagi 343-son qaroriga asosan tashkil etilgan toʻgaraklar haqidagi maʼlumotlarni elektron platformaga joylashtirish — umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari uchun.

Taʼlim tashkilotlarining qoʻshimcha taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishi “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali aniqlanadi.

27. Taʼlim tashkilotida oʻquvchilarning toʻgaraklarda ishtirokining haqiqiy davomati shaxsni biometrik identifikatsiya qilish texnologiyasi yoki elektron platformaning mobil ilovasi orqali yuritiladi.

Bunda biometrik identifikatsiya qilish jarayoni taʼlim tashkiloti tomonidan ushbu tashkilotning joylashuvi (geolokatsiyasi) hisobga olingan holda har bir toʻgarak mashgʻulotlari kunida bir marotaba amalga oshiriladi.

5-bob. Toʻgarak toʻlovlarini toʻlash

28. Taʼlim tashkilotlari tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar boʻyicha bir nafar oʻquvchiga har bir toʻgarak uchun bir oylik toʻlov quyidagi miqdorlardan oshishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

7 — 11 yoshdagi oʻquvchilar uchun darsdan keyingi qoʻshimcha taʼlim (uzaytirilgan kun guruhlari) uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravaridan;

12 — 18 yoshdagi oʻquvchilar uchun umumtaʼlim fanlari, 15 — 18 yoshdagi oʻquvchilar uchun xorijiy til yoʻnalishlaridagi toʻgaraklar uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravaridan;

15 — 18 yoshdagi oʻquvchilar uchun axborot texnologiyalari, kasb-hunar yoʻnalishlaridagi toʻgaraklar uchun bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravaridan.

Bunda toʻgarakka jalb qilingan oʻquvchilarning toʻgarak xarajatlari ushbu oila Ijtimoiy reyestrdan chiqarilgandan keyin ham toʻgarak yakunlangunga qadar toʻlab beriladi.

29. Toʻgarak toʻlovining 80 foizi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanadi, 20 foizi oʻquvchining ota-onasi (qonuniy vakili) tomonidan toʻlanadi.

30. Toʻgaraklarning oylik toʻlovlari summasi ushbu Nizomning 27-bandida belgilangan oʻquvchilarning haqiqiy davomatidan kelib chiqqan holda elektron platformada avtomatik ravishda hisoblanadi.

Taʼlim tashkiloti rahbari toʻgaraklarga qatnaydigan oʻquvchilar davomatining haqqoniyligi uchun javobgar hisoblanadi.

31. Quyidagi holatlarda taʼlim tashkilotiga toʻgarak toʻlovi qoplab berilmaydi:

ushbu Nizomning 26-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar oʻz tasdigʻini topmaganda;

oʻquvchilarning davomati taʼlim tashkilotining joylashuv manzilidan (geolokatsiyasi) boshqa joyda qayd etilganda;

taʼlim tashkiloti tomonidan oʻquvchilarning maʼlumotlari elektron platformaga kiritilib, uning fotosurati oʻrniga boshqa bolaning fotosurati ushbu axborot tizimiga joylashtirilgani aniqlanganda.

32. Toʻgarak toʻlovi uchun talabnomalar taʼlim tashkilotlari kesimida elektron platformada avtomatik tarzda shakllanadi.

Vazirlik keyingi oyning oʻninchi sanasiga qadar elektron platformada avtomatik tarzda shakllantirilgan toʻgarak toʻlovi uchun talabnomalarni moliyalashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga yuboradi.

33. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻn ish kuni ichida Davlat budjetidan toʻgarak toʻlovini moliyalashtirish boʻyicha taqdim etilgan talabnomalar asosida zarur mablagʻlarni tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlarida ochilgan alohida hisobvaraqlariga qayta taqsimlaydi.

34. Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari uch ish kuni ichida tegishli taʼlim tashkilotlarining shaxsiy hisobvaraqlariga toʻgarak toʻlovini belgilangan tartibda oʻtkazib beradi.

35. Oʻtgan davr uchun toʻlanmagan yoki ortiqcha toʻlangan toʻgarak toʻlovi keyingi oyning toʻgarak toʻlovi uchun talabnomalarni shakllantirishda inobatga olinib, qayta hisob-kitob qilinadi.

Bunda taʼlim tashkilotlarining toʻgarak uchun shartnoma muddatlari tugagan yoki taʼlim tashkiloti xizmat koʻrsatishni toʻxtatgan hollarda, ortiqcha toʻlangan toʻgarak toʻlovi taʼlim tashkiloti tomonidan belgilangan tartibda Davlat budjetiga qaytariladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

36. Oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb etishda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

37. Oʻquvchilarning toʻgaraklarga jalb etilishiga toʻsqinlik qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

38. Taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻquvchilarni toʻgaraklarga majburan jalb etish taqiqlanadi.

39. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb etish hamda ularni oʻqitish xarajatlarini Davlat budjetidan qoplab berish

Bosqichlar Ijrochilar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ayrim toifadagi oʻquvchilarning ota-onalari (qonuniy vakili) (keyingi oʻrinlarda — ariza beruvchilar) Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali roʻyxatdan oʻtadi va shartnoma tuzish uchun ariza yuboradi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Toʻgarak xizmatlarini taklif etuvchi tashkilot (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkiloti) Shartnomani tasdiqlaydi. Kelib tushgan arizalarga asosan taʼlim tashkilotlari guruhlarni shakllantirgan kunning oʻzida 3-bosqich Elektron platforma Shartnoma tasdiqlash uchun ariza beruvchilarning YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboriladi. Real vaqt rejimida 4-bosqich Ariza beruvchilar YIDXPdagi shaxsiy kabineti orqali shartnomani tasdiqlaydi. Uch ish kunida 5-bosqich Elektron platforma Taʼlim tashkilotlari kesimida toʻgarak toʻlovi uchun talabnomalar shakllantiriladi. Real vaqt rejimida 6-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Davlat budjetidan toʻgarak toʻlovini moliyalashtirish boʻyicha taqdim etilgan talabnomalar asosida zarur mablagʻlarni tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlarida ochilgan alohida hisobvaraqlariga qayta taqsimlaydi. Oʻn ish kunida 7-bosqich Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari Tegishli taʼlim tashkilotlarning shaxsiy hisobvaraqlariga toʻgarak toʻlovini belgilangan tartibda oʻtkazib beradi. Uch ish kunida

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 2-ILOVA

Ayrim toifadagi oʻquvchilarni darsdan keyingi qoʻshimcha taʼlimga (uzaytirilgan kun guruhlari) jalb etish

1. Ijtimoiy yordam nomi Toʻgarak xarajatlarini qoplash 2. Ijtimoiy yordam koʻrsatiladigan dastur 7 — 11 yoshdagi bolalar uchun darsdan keyingi qoʻshimcha taʼlim (uzaytirilgan kun guruhlari) 3. Ijtimoiy yordam miqdori Toʻgarak xarajatlarining 80 foizi 4. Ijtimoiy yordam oluvchining yosh toifasi 7 — 11 yosh 5. Ijtimoiy yordamni olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar Taʼlim tashkiloti bilan tuzilgan shartnoma 6. Ijtimoiy yordamni taqdim etish talablari va shartlari Toʻgaraklarga muntazam qatnashish hamda toʻgarakni muvaffaqiyatli yakunlagani toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma yoki sertifikatni olish; oʻquvchilarning darsdan tashqari boʻsh vaqtlarini mazmunli tashkil etish; 7 — 11 yoshdagi oʻquvchilar uchun darsdan keyingi qoʻshimcha taʼlimda (uzaytirilgan kun guruhlari) faol ishtirokini taʼminlash. 7. Ijtimoiy yordam koʻrsatish davriyligi 9 oydan koʻp boʻlmagan muddatga 8. Ijtimoiy yordam koʻrsatish shakli Taʼlim tashkilotlariga shartnomaga muvofiq elektron platforma orqali oʻtkaziladi.

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 3-ILOVA

Ayrim toifadagi oʻquvchilarni umumtaʼlim fanlari boʻyicha toʻgaraklarga jalb etish

1. Ijtimoiy yordam nomi Toʻgarak xarajatlarini qoplash 2. Ijtimoiy yordam koʻrsatiladigan dastur 12 — 18 yoshdagi bolalar uchun umumtaʼlim fanlari boʻyicha toʻgarak 3. Ijtimoiy yordam miqdori Toʻgarak xarajatlarining 80 foizi 4. Ijtimoiy yordam oluvchining yosh toifasi 12 — 18 yosh 5. Ijtimoiy yordamni olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar Taʼlim tashkiloti bilan tuzilgan shartnoma 6. Ijtimoiy yordamni taqdim etish talablari va shartlari Toʻgaraklarga muntazam qatnashish hamda toʻgarakni muvaffaqiyatli yakunlagani toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma yoki sertifikatni olish; oʻquvchilarning darsdan tashqari boʻsh vaqtlarini mazmunli tashkil etish; 12 — 18 yoshdagi oʻquvchilarning umumtaʼlim fanlari boʻyicha toʻgaraklarda faol ishtirokini taʼminlash. 7. Ijtimoiy yordam koʻrsatish davriyligi 9 oydan koʻp boʻlmagan muddatga 8. Ijtimoiy yordam koʻrsatish shakli Taʼlim tashkilotlariga shartnomaga muvofiq elektron platforma orqali oʻtkaziladi.

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 4-ILOVA

Ayrim toifadagi oʻquvchilarni xorijiy til, axborot texnologiyalari hamda kasb-hunar yoʻnalishidagi toʻgaraklarga jalb etish

1. Ijtimoiy yordam nomi Toʻgarak xarajatlarini qoplash 2. Ijtimoiy yordam koʻrsatiladigan dastur 15 — 18 yoshdagi bolalar uchun xorijiy til, axborot texnologiyalari hamda kasb-hunar yoʻnalishidagi toʻgarak 3. Ijtimoiy yordam miqdori Toʻgarak xarajatlarining 80 foizi 4. Ijtimoiy yordam oluvchining yosh toifasi 15 — 18 yosh 5. Ijtimoiy yordamni olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar Taʼlim tashkiloti bilan tuzilgan shartnoma 6. Ijtimoiy yordamni taqdim etish talablari va shartlari Toʻgaraklarga muntazam qatnashish hamda toʻgarakni muvaffaqiyatli yakunlagani toʻgʻrisidagi sertifikatni olish; oʻquvchilarning darsdan tashqari boʻsh vaqtlarini mazmunli tashkil etish; 15 — 18 yoshdagi oʻquvchilarning xorijiy til, axborot texnologiyalari hamda kasb-hunar yoʻnalishidagi toʻgaraklarda faol ishtirokini taʼminlash. 7. Ijtimoiy yordam koʻrsatish davriyligi 9 oydan koʻp boʻlmagan muddatga 8. Ijtimoiy yordam koʻrsatish shakli Taʼlim tashkilotlariga shartnomaga muvofiq elektron platforma orqali oʻtkaziladi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-iyundagi 365-son qaroriga 2-ILOVA

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida ayrim toifadagi oʻquvchilarni toʻgaraklarga jalb qilish va ularning xarajatlarini qoplab berish boʻyicha elektron platformaga integratsiya qilinadigan vazirlik va idoralarning axborot tizimlari

T/r Maʼlumotlar nomi Taqdim etish uchun masʼul vazirlik va idora nomi 1. “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi Ijtimoiy himoya milliy agentligi 2. UzASBO Iqtisodiyot va moliya vazirligi 3. Shaxsga doir maʼlumotlar Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Migratsiya va personallashtirish departamenti 4. Foydalanuvchiga ilgari taqdim etilgan JSHSHIR (agar mavjud boʻlsa) haqida maʼlumot 5. Qoʻshimcha taʼlim faoliyati bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlari Adliya vazirligi 6. Oʻquvchi taʼlim olayotgan umumiy oʻrta taʼlim (maktab va boshqa) tashkiloti toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (JSHSHIR orqali) Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 7. Yuridik shaxslarning muassislari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Soliq qoʻmitasi 8. Repetitorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi yakka tartibdagi tadbirkorlar toʻgʻrisidagi maʼlumot 9. Umumtaʼlim fanlari yoʻnalishida toʻgaraklar tashkil etgan holda faoliyat yurituvchi oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarga oid maʼlumotlar

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 14-iyun,

365-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 16.06.2025-y., 09/25/365/0509-son; 11.12.2025-y., 09/25/776/1149-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz