UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 15-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 15 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 15 мая 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Национального агентства перспективных проектов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 15 May 2025 · Ministry and agency documents · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг

буйруғи

ҚОИДАЛАРИ

Депозитар операциялар ҳисобини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Депозитар операциялар ҳисобини юритиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ 2025 йил 1 июлдан бошлаб кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 15 майдаги 3-сон буйруғига ИЛОВА

Депозитар операциялар ҳисобини юритиш

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасида қимматли қоғозлар ҳисобини ташкил этиш ва юритишнинг ягона тамойиллари, депозитар операцияларни бажариш, ҳужжатлар айланиши ва ички назоратни ташкил этиш тартибини, шунингдек ҳисоботларни тузиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;

«Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖ (бундан буён матнда Марказий депозитарий деб юритилади) — депо ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларни сақлашнинг, бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг ва қимматли қоғозлар ҳаракатининг ягона тизимини таъминловчи ташкилот;

ҳисоб ташкилоти — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз мижозларининг топшириғига кўра ёки уларнинг номидан депозитар операцияларни амалга ошириш, шунингдек қимматли қоғозларни ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;

депонент — депо ҳисобварағига эга бўлган шахс;

депозитар тизим — Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш тизими;

қимматли қоғозларни номинал сақловчи (бундан буён матнда номинал сақловчи деб юритилади) — қимматли қоғозлар эгасининг ёки у вакил қилган шахснинг топшириғига кўра қимматли қоғозларни ҳисобга олишни, уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни ва ўтказишни қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмаган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга юридик шахс (инвестиция воситачиси, марказий депозитарий, брокер, кастодиан, банк ва бошқалар), шу жумладан чет эллик юридик шахс;

қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласи — эмитент ва у чиқарадиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек инвесторнинг қимматли қоғозлар олиш тўғрисидаги қарорига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ахборотни акс эттирувчи ҳужжат;

ҳисобга олиш регистрлари (бундан буён матнда ҳисоб регистрлари деб юритилади) — ушбу Қоидаларда белгиланган қимматли қоғозларни сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш бўйича ёзувлар тизими;

депо ҳисобварағи — депонентнинг қимматли қоғозларини сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган депозитар тизимнинг ҳисоб регистрларидаги ёзувлар мажмуи;

хорижий номинал ҳисобварақ — чет эллик номинал сақловчи томонидан Марказий депозитарийда бевосита битта чет эллик бенефициар мулкдор номига тўғридан-тўғри индивидуал ҳисобварақ ёки омнибус ҳисобварақ шаклида очиладиган депо ҳисобварағининг тури;

омнибус ҳисобварақ — номинал сақловчи томонидан Марказий депозитарийда очиладиган номинал ҳисобварақ тури бўлиб, унда барча хорижий бенефициар эгаларига ва (ёки) номинал сақловчиларга, шу жумладан чет эллик номинал сақловчиларга тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг миқдори ва қиймати жамланган ҳолда ҳисобга олинади;

тўғридан-тўғри индивидуал ҳисобварақ — чет эллик номинал сақловчи томонидан Марказий депозитарийда бевосита чет эллик бенефициар мулкдор номидан ва унинг номига очиладиган депо ҳисобварағи;

эмиссиявий депо ҳисобварағи — Марказий депозитарийда очиладиган ва унга сақлаш учун қабул қилинган қимматли қоғозлар чиқарилишларини белгиланган тартибда депонентларнинг депо ҳисобварақларига, шу жумладан чет эллик номинал сақловчиларнинг вакиллик ҳисобварақларига ўтказилгунга қадар ҳисобга олиш, шунингдек бекор қилиниши лозим бўлган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган депо ҳисобварағи;

депозитар операциялар — ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳисоб регистрларида бажариладиган операциялар.

2. Ушбу Қоидаларнинг мақсади қуйидагиларни таъминлашдан иборат:

депонентларнинг қимматли қоғозларини тегишли тарзда сақлаш, ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш;

депозитар операцияларни тўғри бажариш;

депозитар операцияларни амалга оширишда ягона ёндашувни қўллаш;

амалга оширилган операцияларни депозитар тизимнинг ҳисоб регистрларида ўз вақтида ва аниқ акс эттириш;

чиқувчи ҳисоботларни тегишли равишда расмийлаштириш;

депонентларнинг қимматли қоғозлари билан боғлиқ депозитар операцияларни ўтказишда хатолар юзага келишининг олдини олиш;

операцияларнинг тўғри бажарилганлигини кейинчалик текшириш имкониятини яратиш.

3. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасида депозитар операцияларни амалга оширувчи барча субъектлар учун мажбурий ҳисобланади.

4. Ушбу Қоидалар депонентнинг қимматли қоғозларини сақлаш ва (ёки) уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш бўйича депозитар операцияларга нисбатан татбиқ этилади.

5. Депозитар операциялар объекти деганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ депо ҳисобварақларида амалга ошириладиган қимматли қоғозлар тушунилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида чиқарилган қимматли қоғозлар (бундан буён матнда хорижий қимматли қоғозлар деб юритилади) ҳам депозитар операциялар объекти бўлиши мумкин.

6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳужжатсиз шаклда муомалага чиқарилган қимматли қоғозларнинг барча турлари ва уларнинг муомалага чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар Марказий депозитарийда сақланади.

7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган қимматли қоғозлар ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилиб, Марказий депозитарийда ҳисобга қўйилгандан сўнг ҳисоб ташкилотлари томонидан ҳисобга олинади.

8. Ҳисоб ташкилотлари ўз мижозларининг ҳисобварақларида уларнинг Марказий депозитарийдаги ҳисобварақларида жамлаб ҳисобга олиб бориладиган ҳужжатсиз қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлари ҳисобини юритади.

2-боб. Депозитар ҳисобни ташкил этиш

9. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ депозитар ҳисобни юритишга оид бирламчи ҳужжатларни, шунингдек қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни ҳисобга олиш тизимини (бундан буён матнда ҳужжатларни ҳисобга олиш тизими деб юритилади) ташкил этадилар.

10. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари ўз депонентлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳисоб регистрларини юритишлари шарт.

11. Ҳисоб регистридаги ёзувлар депонентни идентификация қилиш имконини берадиган маълумотларни, шунингдек қимматли қоғозлар бўйича даромадлар ва (ёки) тўловлар ўтказиладиган банк ҳисобварағи реквизитларини ўз ичига олиши лозим.

12. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари ўзлари тасдиқлаган ички ҳужжатларга мувофиқ ҳисобга олиш бўйича хизматлар кўрсатилаётган қимматли қоғозлар тўғрисидаги ёзувларни ўз ичига олган ҳисоб регистрларини юритишлари шарт. Бундай ёзувлар қимматли қоғозларни аниқ идентификациялаш имконини берадиган маълумотларни ўз ичига олиши зарур.

13. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари ўтказилган барча депозитар операциялар тўғрисидаги ёзувларни операциялар журналида хронологик тартибда юритишлари шарт.

14. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари ўзларининг ички ҳужжатларида қуйидагиларни белгилаши шарт:

депозитар операциялар ва ҳужжат айланишини, шу жумладан ёзувларни киритиш, шунингдек таркибий бўлинмаларининг ҳужжатларни қайта ишлаш, сақлаш ва фойдаланиш ваколатларини чеклаш тартибини;

ҳар бир депонентнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини алоҳида ҳисобга олишни таъминлайдиган ва қўллаб-қувватлайдиган депозитар операцияларни ҳисобга олиш қоидаларини;

ходимлари ва учинчи шахслар томонидан кўрсатилган ахборотдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга йўл қўймайдиган тарзда ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқларини чеклаш ва махфийлигини таъминлаш тартибини;

қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ахборотни тегишли даражада ҳимоя қилишни;

депонентларнинг шикоятлари ва сўровларини кўриб чиқиш тартибини.

3-боб. Депозитар тизимда Марказий депозитарийнинг вазифалари

15. Марказий депозитарийнинг депозитар операцияларни амалга оширишдаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Марказий депозитарийда депо ҳисобварағига эга бўлган депонентларнинг ҳар бирига тегишли бўлган қимматли қоғозлар ҳамда молиявий воситаларнинг сони ва номинал қийматини ҳисобга олиш;

қимматли қоғозларни сақлаш;

депонентнинг Марказий депозитарийдаги депо ҳисобварағидан тегишли кўчирма берган ҳолда унинг қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларини тасдиқлаш;

мижозларининг қимматли қоғозларига мажбуриятлар юклатилганлиги, шунингдек уларнинг тўхтатилганлиги фактларини ҳисобга олиш;

мижозларнинг ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларнинг мавжудлиги ва ҳаракати, уларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи, монополияга қарши давлат органи, шунингдек суд, суриштирув ва тергов органларининг қарорлари асосида депонентнинг депо ҳисобварағи бўйича қимматли қоғозлар билан операцияларни чеклаш фактларини рўйхатдан ўтказиш (қайд этиш);

ваколатли давлат органининг, давлат солиқ хизмати органининг, монополияга қарши давлат органининг, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг ёзма талабларига кўра ўз фаолиятига тааллуқли маълумотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиш;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритиш.

16. Марказий депозитарий депозитар операцияларни амалга оширишда қуйидаги хизматларни ҳам кўрсатишга ҳақли:

қимматли қоғозлар билан тузилган битимлар натижасида юзага келган ўзаро мажбуриятлар ва талабларни аниқлаш ва ҳисобга олиш (клиринг);

депонентларнинг қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ва қимматли қоғозлар бўйича даромадлар олиш билан боғлиқ пул маблағларидаги ҳисобварақларини юритиш;

номинал сақловчини, шу жумладан чет эллик номинал сақловчини Марказий депозитарийда сақланаётган қимматли қоғозлари бўйича қимматли қоғозлар эгалари реестрига киритиш;

қимматли қоғозлар эгаси бўлган мулкдорнинг топшириғига асосан акциядорларнинг умумий йиғилишларида унинг манфаатларини ифодалаш ва овоз бериш;

номинал сақловчи ҳисобланадиган қимматли қоғозлар эгалари рўйхатлари ва реестрларини тузиш;

қимматли қоғозларни ҳаракатсизлантириш.

17. Қимматли қоғозларни сақлаш ва ҳаракатсизлантириш билан фақат Марказий депозитарий шуғулланади.

4-боб. Депозитар тизимда ҳисоб ташкилотларининг функциялари

18. Ҳисоб ташкилотларининг депозитар операцияларни амалга оширишдаги функциялари қуйидагилардан иборат:

ҳар бир мижознинг қимматли қоғозлари сони ва номинал қийматини ҳамда пул маблағлари ҳисобини юритиш, депонент билан тузилган шартномага мувофиқ қимматли қоғозлар билан битимлар ва операцияларни амалга ошириш;

қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларнинг ички ҳисобини юритиш, шунингдек ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;

депонентнинг депо ҳисобварағидан тегишли кўчирма берган ҳолда унинг қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларини тасдиқлаш;

мижозларининг қимматли қоғозларига мажбуриятлар юклатилганлиги, шунингдек уларнинг тўхтатилганлиги фактларини ҳисобга олиш;

мижозларнинг ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларнинг мавжудлиги ва ҳаракати, уларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;

ваколатли давлат органининг, давлат солиқ хизмати органининг, монополияга қарши давлат органининг, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг ёзма талабларига кўра ўз фаолиятига тааллуқли маълумотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиш;

ўзи номинал сақловчи бўлган қимматли қоғозларнинг сақловчилари ва эгалари рўйхатларини тузиш.

19. Ҳисоб ташкилотлари:

шартномада ва ушбу Қоидаларда назарда тутилган барча ҳаракатларни бажаради;

Марказий депозитарийдан қимматли қоғозлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотларни олади ҳамда уларни мижозларга беради;

мижозлардан олинган ҳужжатлар ва маълумотларни Марказий депозитарийга топширади;

қимматли қоғозлар эгалари реестрини шакллантириш учун ўз мижозлари тўғрисидаги маълумотларни Марказий депозитарийга тақдим этади.

5-боб. Депонентлар

1-§. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотларининг депонентлари

20. Марказий депозитарий билан депо ҳисобварағи шартномасини тузган ва унда депо ҳисобварағига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар Марказий депозитарийнинг депонентлари ҳисобланади.

21. Қимматли қоғозлар эгалари (мулкдорлари), қимматли қоғозлар эмитентлари, номинал сақловчилар, шу жумладан чет эллик номинал сақловчилар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахслар Марказий депозитарийнинг депонентлари бўлиши мумкин.

22. Қимматли қоғозлар эгалари (мулкдорлари) ва қимматли қоғозлар эмитентлари ҳисоб ташкилотларининг депонентлари бўлиши мумкин.

2-§. Депозитар шартнома

23. Депонент ва Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилоти ўртасидаги депонентнинг қимматли қоғозларини сақлаш ва (ёки) уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, шунингдек бошқа хизматларни кўрсатиш бўйича ҳуқуқий муносабатлар депозитар шартнома билан белгиланади.

24. Депозитар шартнома ёзма шаклда тузилади ва қуйидаги шартларни ўз ичига олади:

шартноманинг предмети;

шартнома томонларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

депонентнинг қимматли қоғозларни тасарруф этиш тўғрисидаги топшириқномасини Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилотига тақдим этиш тартиби;

Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилотининг депонентнинг топшириқларини бажариш мажбуриятлари;

Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилоти томонидан қимматли қоғозлар эгаларига уларнинг қимматли қоғозлари бўйича ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш, жумладан тегишли маълумот ва ҳужжатларни қимматли қоғозлар эгасидан эмитентга ҳамда эмитентдан қимматли қоғозлар эгасига етказиш тартиби;

шартноманинг амал қилиш муддати, уни ўзгартириш ва бекор қилиш асослари ҳамда тартиби;

Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилотининг депонентга ҳисобот бериш тартиби ва шакли;

Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилотининг хизматларига ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби.

Депозитар шартномада қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидаларга зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

25. Агар депонент эмитент бўлса, депозитар шартнома Эмиссиявий депо ҳисобварағи шартномаси деб юритилади.

26. Агар депонент ўз мижозларининг қимматли қоғозларини ишончли бошқаришни амалга оширувчи шахс бўлса, депозитар шартнома Ишончли бошқарувчининг депо ҳисобварағи шартномаси деб номланади.

27. Агар депонент номинал сақловчи, шу жумладан хорижий номинал сақловчи бўлса, депозитар шартнома Номинал сақловчи ёки чет эллик номинал сақловчи билан корреспондентлик алоқалари тўғрисидаги шартнома деб номланади. Ушбу шартномада томонларнинг корреспондентлик депо ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозлар қолдиқларини мунтазам равишда солиштириб бориш мажбуриятлари назарда тутилиши керак.

3-§. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг депонент билан ўзаро ҳамкорлиги

28. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари депонентнинг қимматли қоғозлари билан боғлиқ депозитар операцияларни унинг ёзма (электрон) топшириқномалари ёки операцияларни амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатлар асосида амалга оширишлари шарт, бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно:

депозитар операция суд, суриштирув ва тергов органининг қарори асосида бажарилса;

депозитар операция қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида ваколатли давлат органининг фармойиши асосида бажарилса;

депозитар операция эмитент томонидан корпоратив ҳаракатлар амалга оширилиши туфайли бажарилса;

депозитар операция вакиллик депо ҳисобварақлари бўйича тафовутларни тартибга солишда бажарилса.

29. Депо топшириқномасининг шакли ва мазмуни Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.

30. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ушбу Қоидаларга мувофиқ депонентларга ҳисоботлар ва хабарларни тақдим этади.

31. Ҳисоботлар ва хабарлар депонентга депо ҳисобварағи карточкасида ва (ёки) депозитар шартномада кўрсатилган шаклда юборилади. Депонент хабарларни узатиш усули ҳақида кўрсатма бермаган бўлса, Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти хабарни узатиш усулини ўзи белгилаши мумкин.

32. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг маълумотлари депонент маълумотларига мос келмаган тақдирда, депонент Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига мавжуд номувофиқликлар тўғрисидаги хабарномани, шунингдек ўз маълумотларининг тўғрилигини тасдиқловчи маълумотларни юборади. Тафовутларни кўриб чиқиш натижасида тафовутларни бартараф этиш далолатномаси тузилади. Агар қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқларини бузмаса, ушбу далолатнома асосида тузатиш киритувчи ўтказмалар амалга оширилади.

33. Қуйидаги маълумотлар Марказий депозитарийнинг веб-сайтида эълон қилинади:

Марказий депозитарийнинг регламентлари ва (ёки) бошқа ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар;

қимматли қоғозлар эмитентларининг корпоратив ҳодисалари, агар ушбу маълумот мазкур эмитентнинг ёки чиқарилишнинг барча қимматли қоғозлари эгаларига тааллуқли бўлса;

Марказий депозитарийнинг тарифлари;

Марказий депозитарийнинг реквизитлари ва иш тартиби.

6-боб. Депозитар ҳисобни юритишнинг асосий тамойиллари ва талаблари

1-§. Депозитар ҳисобни юритишнинг тамойиллари

34. Депозитар ҳисобни юритишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

депозитар ҳисобни Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотларининг бухгалтерия балансидан ташқарида юритиш;

депозитар ҳисобни қимматли қоғозларнинг сони бўйича юритиш;

депозитар ҳисобни ҳисоб регистрларидан фойдаланган ҳолда депо ҳисобварақларида юритиш;

депо ҳисобварақларида қимматли қоғозларни иккиёқлама ёзув тамойили бўйича ҳисобга олиш. Бунда, ҳар бир қимматли қоғоз пассив ва актив аналитик депо ҳисобварақларида акс эттирилади;

қимматли қоғозлар бўйича балансга риоя қилиш. Бунда, пассив аналитик ҳисобварақларда ҳисобга олинган бир турдаги қимматли қоғозларнинг умумий сони актив аналитик ҳисобварақлардаги шу турдаги қимматли қоғозларнинг умумий сонига тенг бўлиши лозим.

35. Депозитар ҳисобни юритишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

депо ҳисобварақларида операцион кун ёпилганидан кейин қимматли қоғозларнинг салбий қолдиқлари юзага келишига;

депонент томонидан қимматли қоғозларни депонентнинг депозитар операцияни амалга оширувчи бошқа субъектда очилган депо ҳисобварағига ўтказишга, шу жумладан ушбу ўтказма учун ҳақ белгилаш йўли билан тўсқинлик қилишга.

2-§. Ички ҳисобни ташкил этиш

36. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти депозитар ҳисоб регистрларида маълумотларни ўз вақтида, узлуксиз, ҳужжатли ҳамда ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириш йўли билан пассив ва актив аналитик депо ҳисобварақларида қимматли қоғозларнинг ички аналитик ҳисобини юритиши, шунингдек амалга оширилаётган депозитар операциялар бўйича ҳужжатлар ва ахборотларнинг қоғоз ва (ёки) электрон шаклларда сақланишини таъминлаши шарт.

37. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан қабул қилинган ички ҳисоб тартиби мазкур Қоидаларга зид бўлмаслиги ҳамда Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотида қимматли қоғозлар тўғрисидаги ҳисоботни (депо балансини) шакллантириш имконини бериши керак.

38. Ички ҳисобни ташкил этиш учун Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти раҳбари жавобгар ҳисобланади.

3-§. Депо ҳисобварақлари

39. Ҳар бир депонентга Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотида депонентнинг қимматли қоғозларини ҳисобга олиш учун алоҳида депо ҳисобварағи очилади.

40. Депо ҳисобварағи ёки бошқа пассив ҳисобварақ очилганда, Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан депо ҳисобварағига ноёб рақам (код) берилиши мумкин.

41. Депо ҳисобварақлари ва бошқа пассив ҳисобварақлар уларга бир вақтнинг ўзида қимматли қоғозлар ўтказилмасдан очилиши мумкин.

42. Депо ҳисобварағини очиш учун Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилотига депонент анкетаси ва депо ҳисобварағи очилаётган шахсни идентификациялаш имконини берувчи маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар тақдим этилади ҳамда депозитар шартнома ва (ёки) қўшилиш шартномаси тузилади.

43. Депонент ўзига тегишли бўлмаган депо ҳисобварағидан қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш учун фойдаланишга ҳақли эмас.

44. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти депонентга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ва ишончли бошқарув шартномаси ёки бошқа шартномалар асосида берилган қимматли қоғозларнинг алоҳида ҳисобини юритиш, шунингдек янги чиқарилган, сўндирилиши ва бекор қилиниши лозим бўлган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун ҳар хил турдаги депо ҳисобварақларини очиши мумкин.

45. Депозитар ҳисоб тизими пассив аналитик депо ҳисобварақларининг қуйидаги турларини юритишни назарда тутиши лозим:

мулкдорнинг (эгасининг) депо ҳисобварағи — депонентнинг ўзига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳисобварақ;

эмиссиявий депо ҳисобварағи — Марказий депозитарийда очилган ва эмитентнинг жойлаштириш, сўндириш, бекор қилиш жараёнида бўлган қимматли қоғозлари чиқарилишларини ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳисобварақ;

транзит эмиссиявий депо ҳисобварағи — эмитентнинг қимматли қоғозларини ушбу эмитентга хизмат кўрсатувчи инвестиция воситачисида жойлаштириш, сўндириш ва сотиб олиш учун очиладиган ҳисобварақ;

ишончли бошқарувчининг депо ҳисобварағи — ишончли бошқарувчига берилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳисобварақ;

омнибус ҳисобварақ — номинал сақловчи томонидан Марказий депозитарийда очиладиган номинал ҳисобварақ тури бўлиб, унда барча хорижий бенефициар эгаларига ва (ёки) номинал сақловчиларга, шу жумладан чет эллик номинал сақловчиларга тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг миқдори ва қиймати жамланган ҳолда ҳисобга олинади;

сегрегацияланган омнибус ҳисобварақ — номинал сақловчининг мижози учун Марказий депозитарийда очиладиган алоҳида депо ҳисобварақ;

шахсий инвестиция ҳисобварағи — Ўзбекистон Республикаси 18 ёшга тўлган фуқаросининг қимматли қоғозлари ва маблағлари ҳисобини юритиш учун инвестиция воситачиси томонидан очиладиган ҳисобварақ;

номинал сақловчининг депо ҳисобварағи — номинал сақловчи томонидан фақат Марказий депозитарийда очиладиган ҳисобварақ;

қимматли қоғозларни гаровга олувчининг депо ҳисобварағи — гаров тўғрисидаги шартномасига мувофиқ гаровга олувчи томонидан гаровга олинган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун очиладиган ҳисобварақ;

талаб қилиб олингунча депо ҳисобварағи (вақтинчалик депо ҳисобварағи, аниқланмаган шахслар ҳисобварағи) — Марказий депозитарий билан шартномага эга бўлмаган, шунингдек ўз фаолиятини тўхтатган ҳисоб ташкилоти депонентларининг қимматли қоғозларини ҳамда эгалари аниқланмаган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳисобварақ;

транзит депо ҳисобварағи — Марказий депозитарий томонидан мижозларнинг қимматли қоғозларини жамлаш ва тақсимлаш бўйича депозитар операцияларни амалга ошириш ёки бошқа депозитар операцияларни ўтказиш учун очиладиган ҳисобварақ.

46. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ўз функцияларини амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа турдаги депо ҳисобварақларини ҳам очиши мумкин.

47. Марказий депозитарий томонидан хорижий давлатнинг ҳисоб ташкилоти, хорижий давлатнинг марказий депозитарийси ва халқаро ҳисоб-китоб-клиринг ташкилотларида сақланаётган (ҳисобга олинган) қимматли қоғозлар бўйича ушбу ташкилотлар учун алоҳида актив депо ҳисобварақлари очилади.

48. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти актив депо ҳисобварақларини кодлаштириш тартибини ўзи белгилайди.

49. Марказий депозитарийнинг ҳисоб тизими қуйидаги актив аналитик депо ҳисобварақларини юритишни назарда тутиши керак:

асосий (ички) сақлаш жойи депо ҳисобварағи — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чиқарилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳисобварақ;

сақлаш жойи бўйича депо ҳисобварағи — Марказий депозитарийнинг халқаро депозитарийда, хорижий давлатнинг марказий депозитарийсида ёки хорижий банк-кастодианда очилган ҳисобварағида турган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳисобварақ.

50. Марказий депозитарий томонидан очиладиган актив депо ҳисобварақлари қуйидаги мақомларга эга бўлиши мумкин:

фаол — депо ҳисобварағи бўйича барча операцияларга рухсат берилади. Агар мижоз тўғрисидаги барча маълумотлар маълум бўлса ва Марказий депозитарийга барча ҳужжатлар тақдим этилган бўлса, ҳисобварақ «фаол» мақомига эга бўлади. Марказий депозитарий депо ҳисобварағи фаол бўлган тақдирда, мижоздан топшириқни ижро этиш учун қабул қилади;

нофаол — депо ҳисобварағининг бўлимлари ноль қолдиқларга эга бўлади. Ахборот операцияларидан ташқари барча операциялар тақиқланади. Нофаол депо ҳисобварағининг мақомини ўзгартириш мумкин эмас;

блокланган — депо ҳисобварағидаги қимматли қоғозлар қолдиқларининг ўзгаришига олиб келадиган ҳар қандай операциялар тақиқланади, бундан қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллаш оқибатида (масалан, тугатилган эмитентнинг қимматли қоғозларини ҳисобдан чиқариш) ёки эмитентнинг ташаббуси билан (масалан, қимматли қоғозларни конвертация қилиш) амалга ошириладиган операциялар мустасно. Бунда, ахборот операциялари ва маъмурий операцияларни амалга ошириш, шу жумладан блокланган депо ҳисобварағининг мақомини ўзгартириш мумкин.

51. Пассив депо ҳисобварағи ва субҳисобварақ фаол, нофаол, блокланган, ҳисобга киритишга рухсат берилган, ҳисобдан чиқаришга рухсат берилган мақомларига эга бўлиши мумкин.

52. Депонентларнинг ва улар мижозларининг қимматли қоғозларини алоҳида ҳисобга олинишини таъминлаш учун Марказий депозитарий томонидан депонентнинг депо ҳисобварағида субҳисобварақлар очилиши мумкин.

53. Сақлаш ёки ҳисобга олишнинг турли режимларига эга бўлган қимматли қоғозлар ҳисоби муайян турдаги депо ҳисобварағининг бўлимларида юритилади.

54. Қимматли қоғозларни депо ҳисобварағининг бўлимидан ташқарида ҳисобга олиш мумкин эмас. Агар депо ҳисобварағи ёки бошқа ҳисобварақда бирорта ҳам бўлим очилмаган бўлса, депо ҳисобварағи ёки депо ҳисобварағида очиладиган бошқа ҳисобварақ (субҳисобварақ) ўз функционал вазифасини бажара олмайди.

55. Депо ҳисобварағининг бўлимлари ҳисоби ушбу бўлимларда юритиладиган қимматли қоғозлар билан рухсат этилган операциялар мажмуини белгилайди.

56. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотида фойдаланиладиган депо ҳисобварағининг тузилмаси мазкур Қоидаларни ҳисобга олган ҳолда тузилиши лозим.

57. Депо ҳисобварақлари ва (ёки) субҳисобварақларнинг исталган турини очиш билан бир вақтда уларнинг «Асосий» бўлими очилади. Бошқа бўлимлар заруратга қараб очилади.

58. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан ваколатли давлат органига, шунингдек ҳисоб ташкилоти томонидан Марказий депозитарийга бериладиган ҳисоботларнинг ягона тизимини таъминлаш учун синтетик ҳисоб ташкил этилади.

4-§. Депо ҳисобварағининг оператори

59. Депонент депо ҳисобварағини мустақил тасарруф этиш ёки ўзининг депо ҳисобварағи бўйича операторни тайинлаш ҳуқуқига эга. Депо ҳисобварағи оператори тайинланган пайтдан эътиборан депо ҳисобварағини тасарруф этиш бўйича барча ваколатлар депо ҳисобварағи операторига ўтади, бундан депозитар шартномада назарда тутилган ҳоллар мустасно.

60. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда депо ҳисобварағи оператори депонент билан келишмасдан тайинланиши мумкин.

61. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда депо ҳисобварағининг оператори сифатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, васийлик ёки ҳомийлик органлари ёхуд бошқа шахслар тайинланиши мумкин.

62. Депонент (ёки депо ҳисобварағи оператори) алоҳида субҳисобварақлар ёки депо ҳисобварағининг бўлимлари бўйича турли операторларни тайинлаши мумкин. Бунда, субҳисобварақ ёки депо ҳисобварағи бўлими бўйича барча топшириқномаларни субҳисобварақ оператори ёки депо ҳисобварағи бўлими оператори беради.

63. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти билан депо ҳисобварағи оператори ва субҳисобварақ оператори (депо ҳисобварағи бўлими оператори) ўртасидаги муносабатлар депо ҳисобварағи ва (ёки) субҳисобварақ (депо ҳисобварағи бўлими) оператори шартномаси ёки уларнинг депонентлар ҳисобварақларини тасарруф этиш бўйича муносабатларини белгиловчи бошқа ҳужжат билан белгиланади.

64. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти депо ҳисобварағи операторининг ҳаракатлари оқибатида ёки Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг депо ҳисобварағи операторининг ваколатларини чақириб олиш тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги натижасида етказилган зарар учун депонент олдида жавобгар бўлмайди.

65. Депонент (депо ҳисобварағи оператори) Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига тақдим этиладиган топшириқномаларни имзолаш ва Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотида вакиллик қилиш бўйича ваколатларга эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига тақдим этиши шарт.

66. Депонент Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига топшириқномаларни имзолаш ва вакиллик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ваколатлари ва амал қилиш муддати кўрсатилган имзолари намуналари карточкасини тақдим этиши шарт.

67. Депонент Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига хабар қилинган топшириқномаларни имзолаш ва вакиллик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ваколатлари тўхтатилганлиги ёки ўзгартирилганлиги тўғрисида Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотини дарҳол ёзма шаклда хабардор қилиши ва уларнинг имзолари намуналари бўлган янги карточкани тақдим этиши шарт.

68. Депонент Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти билан муносабатлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган барча фактлар, жумладан депонентнинг ҳуқуқий мақоми, манзили, Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти билан ўзаро муносабатлар усули билан боғлиқ ўзгаришлар тўғрисида дарҳол ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бунда, депонент Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига тегишли ўзгартиришларни кўрсатган ҳолда зарур ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

69. Депонент Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига топшириқномалар, сўровлар ёки бошқа ҳужжатларни, шу жумладан депонентнинг депо ҳисобварағи бўйича операцияларни ўтказиш ташаббусини мустақил равишда бериш ҳуқуқига эга эмас, агар у томонидан ваколатлари тўхтатилмаган депо ҳисобварағининг илгари тайинланган оператори мавжуд бўлса, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

7-боб. Ҳисоб регистрлари

1-§. Асосий ҳисоб регистрлари

70. Ҳисоб регистрлари депозитар хизматларни, шу жумладан қимматли қоғозларни ҳисобга олишни амалга оширишда зарур бўлган ҳужжатлар бўлиб, улар депозитар ҳисоб объектларининг жорий ҳолатини ва депозитар операцияни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳаракатларни рўйхатдан ўтказиш учун қўлланилади.

71. Ҳисоб регистрлари маълумотномалар, анкеталар, карточкалар ва журналлардан иборат бўлади.

72. Карточка депозитар ҳисоб объектларининг жорий ҳолати акс эттириладиган ҳисоб регистридир.

73. Журнал депозитар операцияларга тааллуқли кетма-кет ёзувлар акс эттириладиган ҳисоб регистридир.

74. Депозитар операцияни амалга оширишда бошқа ҳисоб регистрларидан фойдаланиш мумкин. Ҳисоб регистрлари асосан электрон тизимларда шаклланади.

75. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти қуйидаги асосий ҳисоб регистрларини юритиши лозим:

депонентнинг анкетаси;

қимматли қоғозларнинг чиқарилиш анкетаси;

қимматли қоғозлар эмиссияси анкетаси;

депонентлар маълумотномаси;

депо ҳисобварақлари маълумотномаси;

депо ҳисобварақларининг бўлимлари маълумотномаси;

депо субҳисобварақлари маълумотномаси;

қимматли қоғозлар маълумотномаси;

қабул қилинган топшириқномаларни ҳисобга олиш журнали;

операцион журнал(лар);

депо ҳисобварақларини рўйхатга олиш журнали;

депо ҳисобварақларининг айланмалари ва қолдиқлари журнали;

якуний ҳисоботларни ҳисобга олиш журнали.

76. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ушбу Қоидаларда келтирилган тамойилларга риоя қилган ҳолда ҳисоб регистрларига ва уларни юритиш усулларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

77. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ҳисоб регистрларига ёзувларни очиқ операцион кун давомида киритади.

78. Ҳисоб регистрига ёзувлар фақат депонент анкетаси ёки унинг вакили томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида киритилади.

2-§. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш журналларини юритиш тартиби

79. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари депозитар тизимга кирим қилинган ва чиқарилган барча ҳужжатларнинг ҳисобини юритилишини таъминлайди.

80. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан қабул қилинган ёки шакллантирилган кунда ҳужжатларни ҳисобга олиш йўли билан амалга оширилади.

81. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш ёзувларида қуйидагилар бўлиши керак:

ҳужжатнинг номи;

рўйхатдан ўтказишда унга бериладиган ноёб рақам;

депонентнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи ҳамда депонентни идентификацияловчи маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

ҳужжат юборилган (тақдим этилган) сана;

ҳужжатларни ҳисобга олиш тизимида ҳужжатни рўйхатдан ўтказиш (қабул қилиш) санаси ва вақти;

ҳужжатларни ҳисобга олиш тизимига ёзув киритган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми.

82. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига бирйўла бир нечта топшириқномалар (бундан буён матнда чиқим ҳужжатлар тўплами деб юритилади) юборилган (тақдим этилган) тақдирда, уларни битта ҳужжат сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

83. Ҳужжатларни ҳисобга олиш тизими электрон ҳужжатларни шакллантириш, юбориш ва олиш учун мўлжалланган дастурий таъминот воситаларини ўз ичига олиши мумкин.

84. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти депо ҳисобварағи (бошқа ҳисобварақ), депо субҳисобварағи ёки депо ҳисобварағи бўлими бўйича ҳар бир ёзувнинг киритилишини, шунингдек операциялар журналида депонент, қимматли қоғозлар тўғрисидаги маълумотларнинг ўзгариши ҳақидаги ҳар бир ёзувни рўйхатдан ўтказади.

85. Ёзувлар киритилишини рўйхатдан ўтказиш уларни киритиш билан бир вақтда амалга оширилади.

86. Операциялар журналида қуйидагилар бўлиши керак:

депо ҳисобварағи ёки депо субҳисобварағининг рақами ёхуд ҳисобга олиш регистрининг якка тартибдаги белгиси, депо ҳисобварағи бўлимининг рақами;

депозитар операциянинг тури (депо ҳисобварағи, депо субҳисобварағи ёки депо ҳисобварағи бўлимини очиш (ёпиш), депо ҳисобварағи бўйича ёзув киритиш, амалга ошириладиган операциянинг бошқа тури);

ҳужжатнинг рўйхатдан ўтказишда берилган рақами;

депозитар операцияни амалга ошириш санаси ва вақти;

депозитар операцияни амалга оширган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи.

87. Операциялар журналида Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар бўлиши мумкин.

3-§. Маълумотномалар

88. Депонентлар маълумотномаси депонентни идентификация қилиш ва депонентнинг қимматли қоғозларига бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишда у билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун етарли бўлган маълумотларни ўз ичига олади.

89. Депонент маълумотномасини юритиш тамойиллари қуйидагилардан иборат:

маълумотномани депонентларни рўйхатга олиш ноёб рақамларининг ўсиши бўйича юритиш;

маълумотнома ёзувини депонент анкетаси ва депо ҳисобварағи карточкаси асосида тўлдириш.

90. Депо ҳисобварақлари маълумотномаси Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотида очилган депозитар ҳисобни юритиш учун етарли бўлган барча актив ва пассив аналитик депо ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

91. Депо ҳисобварақлари маълумотномасини юритишда қуйидагиларга риоя қилиниши лозим:

пассив депо ҳисобварағи тўғрисидаги маълумотларни юридик ёки жисмоний шахснинг анкетаси, депо ҳисобварағи ёки субҳисобварағи карточкаси, депо ҳисобварағи оператори карточкаси маълумотлари асосида тўлдириш;

актив аналитик депо ҳисобварағи тўғрисидаги маълумотларни Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилотининг фармойиши асосида тўлдириш;

ёпиқ депо ҳисобварағининг коди қайта ишлатмаслик;

депо ҳисобварағида нолга тенг бўлмаган қимматли қоғозлар қолдиқлари мавжуд бўлганда, депо ҳисобварағини ёпмаслик.

92. Депо ҳисобварағи бўлимлари маълумотномаси актив ва пассив аналитик депо ҳисобварақларида очилган депо ҳисобварақлари бўлимлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

93. Депо ҳисобварақлари бўлимлари бўйича маълумотномани юритишда қуйидагиларга риоя қилиниши лозим:

депо ҳисобварағи бўлимини депо ҳисобварағи доирасида очиш;

депо ҳисобварағининг ҳар бир бўлими депо ҳисобварағи бўлимларининг муайян тури билан боғлиқ бўлиши;

депо ҳисобварағининг бўлимида нолга тенг бўлмаган қимматли қоғозлар қолдиқлари мавжуд бўлганда, депо ҳисобварағи бўлимини ёпмаслик.

94. Қимматли қоғозлар маълумотномаси қимматли қоғозларнинг депозитар ҳисобини ташкил этиш учун етарли бўлган маълумотларни ўз ичига олади ва маълумотномани юритишда қуйидагиларга риоя қилиниши лозим:

қимматли қоғозлар маълумотномасини Марказий депозитарий томонидан шакллантириладиган қимматли қоғозлар тавсифи асосида олдиндан тўлдириш;

қимматли қоғозлар маълумотномасида нолга тенг бўлмаган қимматли қоғозлар қолдиқлари мавжуд бўлганда, қимматли қоғозлар маълумотномасини фаолсизлантирилишига йўл қўймаслик.

4-§. Ҳисобга олиш журналлари

95. Ҳисобга олиш журналлари қуйидагилардан иборат:

кирим топшириқномаларни ҳисобга олиш журнали;

маъмурий операциялар журнали;

ахборот операциялари журнали;

депо ҳисобварағи журнали;

депо ҳисобварағи айланмаси ва қолдиқлари журнали;

чиқим ҳужжатларни ҳисобга олиш журнали.

96. Кирим топшириқномаларни ҳисобга олиш журнали кирим депозитар топшириқномаларни ва депозитар операцияларни бажариш бўйича фармойишларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида юритилади.

97. Маъмурий операциялар журнали Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан амалга ошириладиган маъмурий операциялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

98. Ахборот операциялари журнали Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан амалга оширилган ахборот операцияларини ҳисобга олиш мақсадида юритилади.

99. Депо ҳисобварағи журнали депо ҳисобварағи бўйича бухгалтерлик операцияларини ҳисобга олиш учун юритилади. Журнал депо ҳисобварақларидаги қимматли қоғозлар қолдиғининг ўзгаришига олиб келган барча бухгалтерлик операциялари тўғрисидаги ёзувларни ўз ичига олади.

100. Депо ҳисобварағи айланмаси ва қолдиқлари журнали маълум бир операцион кунда депо ҳисобварақларидаги қимматли қоғозлар айланмалари ва қолдиқлари тўғрисидаги маълумотларни олиш мақсадида юритилади.

101. Чиқим ҳужжатларни ҳисобга олиш журнали Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан депозитар операциялар ва ҳисоботларни бажаришда шакллантириладиган чиқим ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш учун юритилади.

102. Ҳисобга олиш журналлари хронологик тартибда ва электрон шаклда юритилади.

8-боб. Депозитар операциялар ва уларни бажариш тартиби

1-§. Депозитар операцияларнинг турлари

103. Депозитар операциялар қуйидаги турларга бўлинади:

маъмурий операциялар;

бухгалтерия операциялари;

ахборот операциялари;

комплекс депозитар операциялар.

104. Маъмурий операциялар — депо ҳисобварақларидаги қолдиқларнинг ўзгаришига олиб келмайдиган депозитар ҳисоб объектларини, шунингдек бошқа маълумотлар ва ҳисоб регистрларини очиш, реквизитларини ўзгартириш ва ёпиш бўйича депозитар операциялардир.

105. Бухгалтерия операциялари — депо ҳисобварақларидаги қимматли қоғозлар қолдиқларини ўзгартирувчи депозитар операциялардир.

106. Ахборот операциялари — депо ҳисобварақлари ва бошқа ҳисоб регистрларининг ҳолати ёки депозитар операцияларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар, кўчирмалар ва маълумотномаларни шакллантириш билан боғлиқ бўлган депозитар операциялардир.

107. Комплекс депозитар операциялар — таркибий элементлари сифатида турли хилдаги операциялар, жумладан бухгалтерия, маъмурий ва ахборот операцияларини ўз ичига олган операциялардир.

108. Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобга олинишини таъминлаш ва қимматли қоғозлар муомаласига хизмат кўрсатиш учун Марказий депозитарий қуйидаги операцияларни амалга оширади:

қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;

қимматли қоғозларни сақлашга қабул қилиш;

қимматли қоғозларни ҳисобга қабул қилиш;

қимматли қоғозларни сақлаш;

қимматли қоғозларни сақлашдан олиш;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш;

қимматли қоғозларга мажбуриятлар юкланишини ҳисобга олиш;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритиш;

ҳисоб ташкилотлари ва чет эллик номинал сақловчиларнинг депо ҳисобварақларини юритиш;

депонентларнинг ёки улар ваколат берган шахсларнинг топшириқномалари асосида депо ҳисобварақлари бўйича операцияларни амалга ошириш;

қимматли қоғозларнинг уюшган савдоларида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китобларни ва пул маблағларидаги ҳисоб-китобларни белгиланган тартибда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;

агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, инвестиция фондлари томонидан чиқарилган ва уларга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш;

Депонентларнинг ягона базасини юритиш;

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чиқарилган эмиссиявий қимматли қоғозларга халқаро кодларни бериш;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш билан боғлиқ бошқа операцияларни бажариш.

109. Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобга олинишини таъминлаш ва қимматли қоғозлар муомаласига хизмат кўрсатиш учун ҳисоб ташкилоти қуйидаги операцияларни амалга оширади:

қимматли қоғозларни ҳисобга қабул қилиш;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш;

депонентларнинг ёки улар ваколат берган шахсларнинг топшириқлари асосида депо ҳисобварақлари бўйича операцияларни амалга ошириш;

қимматли қоғозларга мажбуриятлар юкланишини ҳисобга олиш;

Марказий депозитарийнинг талабига кўра қимматли қоғозлар эгалари реестрини шакллантириш учун зарур бўлган қимматли қоғозлар эгалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;

Марказий депозитарийдан олинган маълумотлар асосида ўзида ҳисобга олинадиган қимматли қоғозлар ва уларнинг эмитентлари реквизитларига ўзгартиришлар киритиш;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш билан боғлиқ бошқа операцияларни бажариш.

110. Эмитент томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга нисбатан корпоратив ҳаракатларни амалга оширишда Марказий депозитарий қуйидаги операцияларни амалга оширади:

қимматли қоғозлар чиқарилишини ҳисобга олиш;

қимматли қоғозлар чиқарилишини жойлаштириш;

қимматли қоғозлар чиқарилишини майдалаш;

қимматли қоғозлар чиқарилишини йириклаштириш;

қимматли қоғозларни айирбошлаш;

қимматли қоғозларни бекор қилиш;

қимматли қоғозлар чиқарилишини сўндириш;

акциядорлик жамияти устав фонди миқдорини ўзгартириш;

эмитентни қайта ташкил этиш;

эмитент томонидан корпоратив ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа операцияларни бажариш.

111. Эмитент томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга нисбатан корпоратив ҳаракатларни амалга оширишда ҳисоб ташкилотлари қуйидаги операцияларни амалга ошириши мумкин:

қимматли қоғозлар чиқарилишини жойлаштириш;

эмитентнинг ўзи чиқарган қимматли қоғозларини кейинчалик қайта сотиш, бекор қилиш ёки сўндириш учун сотиб олиши;

эмитент томонидан корпоратив ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа операцияларни бажариш.

112. Агар Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг ички ҳужжатларига мувофиқ ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан имзолаш ёки қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган шаклда тасдиқлаш тартиби белгиланган бўлса, депозитар операцияларни амалга оширишда қоғоз шаклидаги ҳужжатлар талаб этилмайди.

2-§. Маъмурий операциялар

113. Маъмурий операцияларга қуйидаги операциялар киради:

депо ҳисобварағини очиш;

депо ҳисобварағининг анкета маълумотларини ўзгартириш;

депо ҳисобварағини ёпиш;

депо ҳисобварағининг бўлимини очиш;

депо ҳисобварағи ёки депо ҳисобварағи бўлимининг операторини тайинлаш.

114. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти депо ҳисобварағини очиш учун жисмоний ва юридик шахсларни Депонентларнинг ягона базасида рўйхатдан ўтказиши ва уларга рўйхатдан ўтказилган шахснинг кодини бериши лозим. Депонентларнинг ягона базасида рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 апрелдаги 196-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси депозитар тизимида депонентларнинг ягона базаси тизими тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

115. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти билан тузилган депо ҳисобварағи шартномаси депо ҳисобварағини очиш учун асос ҳисобланади.

116. Актив аналитик депо ҳисобварағини ёпиш фақат ушбу депо ҳисобварағидаги барча қимматли қоғозлар ҳисобдан чиқарилгандан сўнг амалга оширилади.

117. Депонентнинг пассив аналитик депо ҳисобварағини очиш бўйича депозитар операциянинг мазмуни Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг ҳисоб регистрларига депозитар операцияларни амалга ошириш имконини берувчи депонент тўғрисидаги маълумотларни киритиш ҳисобланади.

118. Депо ҳисобварақларини очиш, шу жумладан масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали очиш тартиби ва депо ҳисобварақларини очиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.

119. Депо ҳисобварағини очиш учун зарур бўлган ҳужжатлар Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига қуйидагилар тақдим этилиши мумкин:

шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган ҳолда қимматли қоғозлар эгасининг ўзи томонидан;

қимматли қоғозлар эгасининг ваколатли шахси томонидан, унда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома мавжуд бўлган тақдирда.

120. Депонентнинг анкета маълумотлари ўзгарган тақдирда, депонент бу ҳақда Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотини ёзма равишда хабардор қилиши ҳамда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

депонентнинг анкетасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида топшириқнома;

барча зарур ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз ичига олган депонентнинг анкетаси;

тегишли ўзгартиришлар киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари (зарурат бўлганда).

Юридик шахснинг топшириқномаларни имзолаш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли шахслари ўзгарган тақдирда:

янги ваколатли шахсларнинг имзолари намуналари ва юридик шахснинг муҳр изи (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) туширилган карточка;

ваколатли шахсларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

121. Ишончнома муддатидан олдин чақириб олинган тақдирда, депонент ваколатли вакилнинг ваколат муддати тугашидан уч кун олдин бу ҳақда Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

122. Депонентнинг анкета маълумотларини ўзгартириш Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан Депонентларнинг ягона базасига ўзгартириш киритиш йўли билан амалга оширилади.

123. Депонентнинг анкета маълумотлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган тақдирда, Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти депонент томонидан хат-хабарлар, шунингдек бошқа маълумотлар олинмаганлиги ёки кечиктирилганлиги учун жавобгар бўлмайди.

124. Депо ҳисобварағини ёпиш Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан ҳисоб регистрларига депо ҳисобварағи бўйича сўровларга жавоб беришдан бошқа ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш мумкин эмаслигини таъминловчи ёзувларни киритишдан иборат.

125. Депо ҳисобварағини ёпиш депозитар шартнома бекор қилиниши натижасида амалга оширилади.

126. Ёпиқ депо ҳисобварағини қайта очишга йўл қўйилмайди. Ёпилган депо ҳисобварағининг рақами такроран ишлатилмайди.

127. Мулкдорнинг (эгасининг) депо ҳисобварағида қуйидаги турдаги бўлимлар очилиши мумкин:

асосий;

гаровда блокланган;

закалатда блокланган;

уюшмаган биржадан ташқари бозорда қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимлар тузиш учун блокланган;

ваколатли давлат органининг кўрсатмасига асосан блокланган;

монополияга қарши давлат органининг кўрсатмасига асосан блокланган;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки суд органларининг қарорига асосан блокланган;

хатлаш бўйича блокланган;

савдолар учун блокланган;

РЕПО бўйича савдолар учун блокланган;

РЕПО битими бўйича блокланган.

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ўз функцияларини амалга ошириш учун депо ҳисобварақларида бошқа бўлимларни ҳам очиши мумкин.

128. Асосий бўлим муомалада бўлиши чекланмаган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун қўлланилади. Депо ҳисобварағидаги асосий бўлим мулкдор (эгаси), номинал сақловчи ва чет эллик номинал сақловчиларнинг депо ҳисобварақлари очилганда автоматик тарзда очилади.

129. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари томонидан гаровда блокланган, уюшмаган биржадан ташқари бозорда қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари битимлар тузиш учун блокланган ва бошқа бўлимлар қимматли қоғозларга нисбатан муайян чекловлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (гаров шартномаси, олди-сотди шартномаси ва бошқалар) асосида очилади.

130. Закалатда блокланган бўлими мулкдорнинг (эгасининг) депо ҳисобварағида очилиши мумкин.

131. Ваколатли давлат органининг кўрсатмасига асосан блокланган, монополияга қарши давлат органининг кўрсатмасига асосан блокланган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки суд органларининг қарорига асосан блокланган ва бошқа бўлимлар Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари томонидан тегишли органлар томонидан тақдим этилган қимматли қоғозларга нисбатан чекловлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида очилади.

132. Жойлаштирилиш жараёнида, қайта сотиб олинган, бекор қилинадиган ёки сўндириш учун бўлимлари фақат эмиссиявий депо ҳисобварағида очилиши мумкин.

133. Жойлаштирилиш жараёнида бўлими янги жойлаштирилаётган қимматли қоғозлар чиқарилишини ҳисобга олиш учун очилади.

134. Қайта сотиб олинган бўлими эмитент томонидан қайта сотиб олинган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун очилади.

135. Бекор қилинадиган ёки сўндириш учун бўлими бекор қилинадиган ёки сўндириладиган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун очилади.

136. Жойлаштирилган, қайта сотиб олинган, бекор қилинадиган ёки сўндириш учун бўлимлари эмиссиявий депо ҳисобварағи очилганда автоматик тарзда очилади.

137. РЕПО бўйича савдолар учун блокланган бўлими қайта сотиб олиш шарти билан қимматли қоғозлар олди-сотди битимининг биринчи қисми ижро этилгунига қадар қимматли қоғозлар сотувчисининг депо ҳисобварағида очилади.

138. РЕПО битими бўйича блокланган бўлими қайта сотиб олиш шарти билан қимматли қоғозлар олди-сотди битимининг биринчи қисми бўйича қимматли қоғозлар харидорининг депо ҳисобварағида очилади.

139. Актив мақомидаги депо ҳисобварағида қуйидаги бўлимлар очилиши мумкин:

асосий — ҳар қандай чекловлардан холи бўлган ва фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузилиши мумкин бўлган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун;

йўлда — Марказий депозитарийнинг номинал сақловидан чиқариладиган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун. Бунда, чиқариш вақти мобайнида ушбу қимматли қоғозлар билан фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузилиши мумкин эмас;

корпоратив ҳодисалар — корпоратив ҳодисалар муносабати билан чекловлар қўйилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун. Бунда, ушбу ҳодиса содир бўлган вақт давомида қимматли қоғозлар билан фуқаролик-ҳуқуқий битимлар амалга оширилиши мумкин эмас;

блоклаш — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органининг қарори билан қимматли қоғозларнинг сақланишини таъминлаш мақсадида фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузишга вақтинчалик тақиқ қўйилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун.

Марказий депозитарий ўз функцияларини амалга ошириш учун актив мақомидаги депо ҳисобварақларида бошқа бўлимларни ҳам очиши мумкин.

140. Депо ҳисобварағидаги бўлимни ёпиш фақат тегишли бўлимдаги барча қимматли қоғозлар ҳисобдан чиқарилгандан сўнг амалга оширилади.

141. Депо ҳисобварағининг бўлими бўйича операторни тайинлаш депо ҳисобварағи бўйича операторни тайинлаш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

3-§. Бухгалтерия операциялари

142. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган қимматли қоғозларни сақлашга қабул қилиш операцияси кирим бухгалтерия операциясига киради ва актив депо ҳисобварағини дебетлаш ва пассив депо ҳисобварағини кредитлашдан иборат бўлади.

143. Ҳужжатсиз қимматли қоғозларни сақлашга қабул қилиш қимматли қоғозларнинг муомалага чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни қабул қилишдан иборат бўлади ва қимматли қоғозлар чиқарилишини Марказий депозитарийда ҳисобга олиш амалга оширилади.

144. Операциянинг бажарилиши натижасида Марказий депозитарий операциянинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни шакллантиради ёки депонентнинг депо ҳисобварағидан кўчирмани тақдим этади.

145. Хорижий қимматли қоғозларни ҳисобга қабул қилиш операцияси кирим бухгалтерия операцияси ҳисобланиб, депонент ҳисобварағини кредитлаш ва сақлаш жойи бўйича депо ҳисобварағини (НОСТРО) дебетлашдан иборат.

146. Қимматли қоғозларни ҳисобга қабул қилиш операцияси сақланиши бошқа хорижий депозитарийда амалга ошириладиган хорижий қимматли қоғозларни Марказий депозитарийга ўтказишда хорижий қимматли қоғозларни ҳисобга олишда амалга оширилади.

147. Қимматли қоғозларни сақлашдан чиқариш операцияси чиқим бухгалтерия операциясига киради ва актив депо ҳисобварағини кредитлаш ва пассив депо ҳисобварағини дебетлашдан иборат бўлади.

148. Қимматли қоғозларни олиб қўйиш қимматли қоғозлар чиқарилиши бекор қилинганда амалга оширилади. Қимматли қоғозларни олиб қўйиш қимматли қоғозлар чиқарилиши ҳисобдан чиқарилганда, Марказий депозитарий томонидан амалга оширилади.

149. Депонентнинг депо ҳисобварағидан мажбуриятлар билан боғлиқ бўлмаган қимматли қоғозлар чиқариш мумкин.

150. Қимматли қоғозлар депонентнинг депо ҳисобварағидан ва қимматли қоғозлар сақланган Марказий депозитарийнинг актив ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилади.

151. Хорижий қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш операцияси чиқим бухгалтерия операцияси ҳисобланиб, депонентнинг пассив ҳисобварағини дебетлаш ва сақлаш жойи бўйича депо ҳисобварағини (НОСТРО) кредитлашдан иборат.

152. Хорижий қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш операцияси қимматли қоғозларни бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишни амалга оширувчи Марказий депозитарийдан ушбу қимматли қоғозларни сақлашни амалга оширувчи хорижий депозитарийга ҳисобдан чиқаришда амалга оширилади.

153. Қимматли қоғозларни кўчириш операцияси кўчириш бухгалтерия операцияси турига киради ва қимматли қоғозларни сақлаш жойининг бир ҳисобварағидан ҳисобдан чиқариш ва уларни сақлаш жойининг бошқа ҳисобварағига ўтказишдан иборат бўлади.

154. Қимматли қоғозларни ўтказиш операциясини ўтказиш бухгалтерия операцияси турига киради ва қимматли қоғозларни бир депо ҳисобварағидан бошқасига ҳисобдан чиқаришдан иборат бўлади. Бунда, Марказий депозитарийда ҳисобга олинадиган қимматли қоғозларнинг умумий сони ўзгармайди.

155. Қимматли қоғозларни ўтказиш операцияси қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш билан бирга ёки уларга бўлган ҳуқуқларни ўтказмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин.

156. Қимматли қоғозларни ўтказиш топшириқномада кўрсатилган ҳисоб-китоб кунида амалга оширилади.

157. Қимматли қоғозлар ўтказмалари қуйидаги турларга бўлинади:

ички ўтказма;

ташқи ўтказма;

битта депо ҳисобварағи доирасида ўтказиш.

158. Қимматли қоғозларнинг ички ўтказмаси қимматли қоғозлар Марказий депозитарий ёки битта ҳисоб ташкилоти ичида ўтказилганда амалга оширилади.

159. Қимматли қоғозларнинг ташқи ўтказмаси қимматли қоғозлар Марказий депозитарийдан ҳисоб ташкилотига ёки бир ҳисоб ташкилотидан бошқа ҳисоб ташкилотига ўтказилганда амалга оширилади.

160. Қимматли қоғозларни битта депо ҳисобварағи доирасида ўтказиш қимматли қоғозларни депо ҳисобварағининг бир бўлимидан бошқа бўлимига ўтказишда амалга оширилади.

161. Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

савдо тизимларидан ташқарида қимматли қоғозлар билан фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузилганда;

савдо тизимларида қимматли қоғозлар сотиб олинганда;

қимматли қоғозлар ҳадя қилинганда;

қимматли қоғозлар мерос қилиб қолдирилганда;

юридик шахснинг ҳуқуқий ворислигида;

суд қарорига кўра;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.

162. Савдо тизимларидан ташқарида фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш натижасида қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш қимматли қоғозларни ва бошқа ҳужжатларни ўтказиш учун депо топшириқномалари асосида амалга оширилади.

163. Савдо тизимларида тузилган битимлар натижалари бўйича қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш клиринг топшириқномаси асосида Марказий депозитарий ва (ёки) ҳисоб ташкилоти томонидан амалга оширилади.

164. Қимматли қоғозларни ҳадя қилишда қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш қимматли қоғозларни берувчи ва қабул қилувчидан қимматли қоғозларни ўтказиш учун депо топшириқномалари ва қимматли қоғозларни ҳадя қилиш тўғрисидаги тегишли шартнома асосида амалга оширилади.

165. Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ўтказиш қимматли қоғозларни берувчининг ва қимматли қоғозларни қабул қилувчининг қимматли қоғозларни ўтказишга доир топшириқномалари ва меросхўрнинг мерос бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат асосида амалга оширилади.

166. Юридик шахснинг ҳуқуқий ворислиги натижасида қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш топшириш ҳужжати (қўшиб юбориш, қўшиб олиш ёки ўзгартириш) ёки тақсимлаш баланси (бўлиш ёки ажратиб чиқариш) асосида амалга оширилади.

167. Суднинг қарорига кўра қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш ундирувчи, қарздор ёки давлат ижрочисининг депо топшириқномалари асосида амалга оширилади.

Депо топшириқномасига суднинг қарори (ҳал қилув қарори, ажрими), заруратга кўра ижро ҳужжатининг нусхалари илова қилинади.

168. Бир депозитарий доирасида қимматли қоғозларни ўтказиш берувчининг қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги депо топшириқномалари ва қабул қилувчининг электрон метчингдан кейин қимматли қоғозларни кирим қилиш тўғрисидаги депо топшириқномаси (потенциал қарама-қарши топшириқномаларни излаш ва иккала топшириқнома параметрлари мос келган тақдирда тегишли топшириқномани аниқлаш механизми) асосида амалга оширилиши мумкин.

169. Қарама-қарши депо топшириқномаларини излаш операцияси топшириқномалар квитовкаси деб аталади. Қарама-қарши депо топшириқномасини излаш уч иш куни мобайнида амалга оширилиши мумкин.

170. Қимматли қоғозларга мажбуриятлар юкланишини ҳисобга олиш бўйича операциялар қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ўтиши билан боғлиқ бўлмаган ички депозитар ўтказмаларга киради.

171. Қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклаш қимматли қоғозлар ўтказилишининг олдини олиш учун қимматли қоғозларга чекловлар қўйиш ҳисобланади.

172. Қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатилишини ҳисобга олиш бўйича депозитар операцияларга қуйидагилар киради:

қимматли қоғозларни гаровга қўйиш ва гаровдан чиқариш;

қимматли қоғозларни закалатга қўйиш ва закалатдан чиқариш;

қимматли қоғозларни депонентнинг ёки депо ҳисобварағи операторининг топшириқномасига кўра блоклаш;

ваколатли давлат органининг кўрсатмасига биноан қимматли қоғозларни блоклаш;

монополияга қарши давлат органининг кўрсатмасига биноан қимматли қоғозларни блоклаш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг кўрсатмасига биноан қимматли қоғозларни блоклаш;

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг кўрсатмасига биноан қимматли қоғозларни блоклаш.

173. Қимматли қоғозларни гаровга қўйиш депозитарийнинг ҳисоб регистрларига қимматли қоғозларни гаровга қўйиш тўғрисидаги ёзувларни киритиш бўйича депозитар операция ҳисобланади.

174. Қимматли қоғозларни гаровга қўйиш бўйича депозитар операциянинг мазмуни депонент-гаровга қўювчининг ҳисобварағидаги қимматли қоғозларни у томонидан асосий бўлимдан гаровда блокланган бўлимига ўтказишдан иборат.

175. Қимматли қоғозларни гаровга қўйишда Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган гаров шартномасига мувофиқ қимматли қоғозларни гаровга қўйиш учун депонент-гаровга қўювчининг депо топшириқномаси ва депонент-гаровга олувчининг депо топшириқномаси тақдим этилади.

176. Гаровга олувчида депо ҳисобварағи мавжуд бўлмаган тақдирда, Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти гаровга олувчига депо ҳисобварағини очади.

177. Қимматли қоғозларни гаровга қўйиш топшириқномаси топшириқномада кўрсатилган кунда бажарилади.

178. Қимматли қоғозларни гаровга қўйишда, агар гаров тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчида қимматли қоғозларга эгалик қилишдан келиб чиқадиган ҳуқуқлар (масалан, бошқариш ҳуқуқи ва даромад олиш ҳуқуқини амалга ошириш бўйича ваколатлар) сақланиб қолади.

179. Қимматли қоғозларга эгалик қилиш билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларни (имтиёзли ҳуқуқни амалга ошириш, конвертация, қимматли қоғозларни сўндириш ва бошқалар) амалга ошириш бўйича ваколатлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

180. Қимматли қоғозларни гаровдан чиқариш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

гаровга қўювчининг мажбуриятлари бажарилиши муносабати билан гаровнинг бекор бўлиши;

гаровга қўювчининг мажбуриятлари бажарилмаганлиги муносабати билан гаровнинг бекор бўлиши.

181. Гаровга қўювчи томонидан гаров шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилганда, Марказий депозитарий ёки ҳисоб ташкилотига гаровга қўювчи ва гаровга олувчидан қимматли қоғозларни гаровдан чиқариш тўғрисида топшириқнома тақдим этилади.

182. Қимматли қоғозларни гаровдан чиқариш бўйича депозитар операциянинг мазмуни депонент-гаровга қўювчининг ҳисобварағидаги қимматли қоғозларни гаровга қўйилган бўлимидан асосий бўлимга ўтказишдан иборат.

183. Қимматли қоғозларни закалатга қўйишда Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига депонент-гаровга қўювчи ва гаровга олувчининг қимматли қоғозларни закалатга бериш ҳақидаги топшириқномаси тақдим этилади.

184. Қимматли қоғозларни закалатга бериш тўғрисидаги топшириқнома шартномада кўрсатилган кунда бажарилади.

185. Қимматли қоғозларни закалатдан чиқариш гаровга қўювчи томонидан гаров шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилгандан сўнг гаровга қўювчи ва гаровга олувчининг закалатдан чиқариш ҳақидаги топшириқномалари асосида амалга оширилади.

186. Гаровга қўювчи томонидан закалат шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, закалатга берилган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ўтказилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

187. Қимматли қоғозларни блоклаш Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг ҳисоб регистрларига ушбу қимматли қоғозларнинг ҳисобварақлар бўйича ҳаракатини муайян муддатга тўхтатиб қўйишга олиб келадиган ёзувларни киритиш бўйича депозитар операция ҳисобланади.

188. Ваколатли давлат органининг кўрсатмасига асосан қимматли қоғозларни блокировка қилиш учун Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ваколатли давлат органининг масъул шахслари томонидан имзоланган ва муҳри билан тасдиқланган кўрсатма;

қимматли қоғозларни блокировка қилиш учун асос бўладиган ҳужжатлар.

189. Ваколатли давлат органининг қимматли қоғозларни блоклаш тўғрисидаги кўрсатмасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

депонент ва унинг депо ҳисобварағи тўғрисидаги маълумотлар;

блокланаётган қимматли қоғозлар ва уларнинг сони;

блоклаш сабаби;

блоклаш муддати.

190. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ваколатли давлат органининг кўрсатмаси тақдим этилган кунда қимматли қоғозларни ваколатли давлат органининг кўрсатмаси бўйича блокланган бўлимига ўтказиши ва қуйидаги маълумотларни ҳисобда акс эттириши лозим:

блоклаш сабаби;

блоклаш амалга оширилишига асос бўлган ҳужжатнинг реквизитлари;

блоклаш муддати.

191. Қимматли қоғозларни блоклаш тўғрисидаги топшириқнома Марказий депозитарийга келиб тушган тақдирда, Марказий депозитарий савдо тизимларига, ҳисоб ташкилотларига, чет эллик номинал сақловчиларга топшириқнома олинган кунда қимматли қоғозларни блоклаш тўғрисида хабарнома юборади. Топшириқнома маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан кейин қабул қилинган тақдирда, хабарнома кейинги операцион куннинг 09:15 дан кечиктирмай юборилади.

192. Марказий депозитарий блоклаш тўғрисидаги топшириқномада кўрсатилган қимматли қоғозларни блоклаш билан боғлиқ операцияларни топшириқнома олинган кунда амалга оширади. Топшириқнома маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан кейин қабул қилинган тақдирда, операциялар кейинги операцион куннинг 09:25 дан кечиктирмай амалга оширилади.

193. Ҳисоб ташкилотлари ва чет эллик номинал сақловчилар Марказий депозитарийнинг блоклаш тўғрисидаги хабарномасида кўрсатилган қимматли қоғозларни блоклаш билан боғлиқ операцияларни хабарнома олинган кунда амалга оширади. Хабарнома маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан кейин қабул қилинган тақдирда, операциялар кейинги операцион куннинг 09:15 дан кечиктирмай амалга оширилади.

194. Қимматли қоғозлар харидорнинг депо ҳисобварағига етказиб берилган пайтда уларнинг ҳаракатини блоклаш тўғрисидаги топшириқнома келиб тушган тақдирда, қимматли қоғозлар харидорнинг ҳисобварағига ўтказилгандан кейин блокланади.

195. Ваколатли давлат органининг кўрсатмаси бўйича блокланган қимматли қоғозларни Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари фақат ваколатли давлат органининг қимматли қоғозларни блокдан чиқариш кўрсатмаси бўйича блокдан чиқариши мумкин, бундан юридик шахс тугатилганлиги муносабати билан қимматли қоғозларнинг блокдан чиқарилиши ҳолати мустасно.

196. Илгари тақдим этилган топшириқномалар ва ҳужжатлар асосида блокланган қимматли қоғозларни қайта блоклашга йўл қўйилмайди.

197. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг қимматли қоғозларни блоклаш тўғрисидаги қарори (ҳал қилув қарори, ажрими ёки бошқа ҳужжат) қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши зарур:

депонент ва унинг депо ҳисобварағи тўғрисидаги маълумотлар;

блокланаётган қимматли қоғозлар ва уларнинг сони;

блоклаш сабаби;

блоклаш муддати.

198. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки суд органларининг қимматли қоғозларни депонентнинг ҳисобварағида блоклаш тўғрисидаги қарори (ҳал қилув қарори, ажрими ёки бошқа ҳужжат) тақдим этилган куни қимматли қоғозларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки суд органларининг фармойишига мувофиқ блокланган бўлимига ўтказади.

199. Суд органларининг қарори (ажрими) билан блокланган ва суд қарори билан блокланган бўлимида турган қимматли қоғозларни блокдан чиқариш тўғрисидаги суднинг қарорига (ажримига) асосан блокдан чиқарилади ва депонент ҳисобварағидаги асосий бўлимга ўтказилади ёки суд қарорига мувофиқ учинчи шахснинг ҳисобварағига ўтказилади (даъвогар, меросхўр, давлат ёки бошқалар фойдасига).

200. Қимматли қоғозлар депонентнинг депо ҳисобварағида депонентнинг ёки ҳисобварақ операторининг топшириқномасига кўра қуйидаги ҳолларда блокланиши мумкин:

қимматли қоғозлар биржа ва биржадан ташқари савдо тизимларида сотиш учун қўйилганда;

уюшмаган қимматли қоғозлар бозорида (тўғридан-тўғри олди-сотди шартномалари бўйича) битимлар тузишда депонентнинг қимматли қоғозларни етказиб бериш бўйича мажбуриятлари мавжуд бўлганда;

қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда.

201. Қимматли қоғозлар биржа ва биржадан ташқари савдо тизимларига сотиш учун қўйилганда, қимматли қоғозлар Марказий депозитарийдаги савдо тизими иштирокчисининг ҳисобварағидаги (ҳисоб ташкилоти ҳисобварағи ёки депонентнинг ўз ҳисобварағи) савдога қўйилган бўлимида блокланади.

202. Қимматли қоғозлар депонентнинг топшириғига кўра блокировка қилинганда, Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти қимматли қоғозларни депонентнинг топшириғига кўра блокировка қилинган бўлимига ўтказади.

203. Депонентнинг ҳисобварағидаги қимматли қоғозлар блокировка қилинганда, Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти қимматли қоғозлар блокланган вақтдан бошлаб икки иш куни ичида бу ҳақда депонентни хабардор қилиши шарт.

204. Қимматли қоғозлар чиқарилиши Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестридан чиқарилган тақдирда, ваколатли давлат органининг бу ҳақидаги хабари асосида Марказий депозитарий қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш учун уларни блокдан чиқаради.

Қимматли қоғозлар ҳисобдан чиқарилган пайтдан бошлаб икки иш куни ичида Марказий депозитарий депонентларга ва ушбу қимматли қоғозларни блокировка қилган органларга тегишли хабарнома юборади.

205. Марказий депозитарийда сақланаётган қимматли қоғозлар бўйича ташқи ўтказмалар уч томонлама схема асосида амалга оширилади.

206. Депозитар тизим доирасида қимматли қоғозларнинг ташқи ўтказмаларини амалга оширишга фақат операцион кун бошида ЛОРО ва НОСТРО вакиллик ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозлар қолдиғи мос келадиган ҳисоб ташкилотларига рухсат этилади.

207. Ташқи ўтказмалар фақат блокланмаган қимматли қоғозлар бўйича амалга оширилиши мумкин.

208. Қимматли қоғозларнинг ташқи ўтказмасини амалга оширишда бир ҳисоб ташкилотидан ҳисобдан чиқариладиган қимматли қоғозлар сони бошқа ҳисоб ташкилотида ҳисобга олинадиган қимматли қоғозлар сонига тенг бўлиши керак.

209. Марказий депозитарийда сақланаётган қимматли қоғозларнинг ташқи ўтказмаларида қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш ва кирим қилиш операцияси бир операция кунида амалга оширилиши керак.

210. Қимматли қоғозларни депозитар тизимдаги бир ҳисоб ташкилотидан бошқа ҳисоб ташкилотига ўтказиш солиштириш йўли билан амалга оширилади, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

қимматли қоғозларни эмитентнинг Марказий депозитарийдаги эмиссиявий ҳисобварағидан эмитентга хизмат кўрсатувчи ҳисоб ташкилотидаги транзит эмиссиявий ҳисобварағига ўтказиш;

глобал операцияларни амалга оширишда, қимматли қоғозлар чиқарилишини бекор қилиш ёки сўндиришда қимматли қоғозларни ҳисоб ташкилотидан Марказий депозитарийга ўтказиш;

ҳисоб ташкилотининг фаолияти тўхтатилганда, ҳисоб ташкилоти депонентларининг қимматли қоғозларини Марказий депозитарийга ўтказиш.

211. Ҳисоб ташкилотларининг ЛОРО вакиллик ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозлар ўтказмаларининг тўғри амалга оширилиши учун Марказий депозитарий жавобгар бўлади.

212. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари ташқи ўтказма топшириқномалари ҳамда хабарномаларнинг ўз вақтида шакллантирилиши ва юборилиши учун жавобгардир.

213. Алоқа каналлари орқали узатиладиган ахборотнинг сақланиши ва ташқи ўтказмаларнинг бажарилиши Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ўртасидаги шартнома ва (ёки) ўзаро ҳамкорлик регламентида назарда тутилади.

214. Қимматли қоғозларни берувчи депонент хизмат кўрсатувчи ҳисоб ташкилотига қимматли қоғозларни ўзининг депо ҳисобварағидан ҳисобдан чиқариш ва қимматли қоғозларни қабул қилувчи ҳисоб ташкилотининг депо ҳисобварағига ўтказиш учун депо топшириқномасини тақдим этади.

215. Депо топшириқномаси белгиланган талабларга мувофиқ бўлса, ҳисоб ташкилоти қуйидаги амалларни бажаради:

депо топшириқномасида кўрсатилган ҳисоб-китоб кунида қимматли қоғозларни ташқи ўтказма орқали ҳисобдан чиқариш учун топшириқнома тайёрлайди;

депо топшириқномасида кўрсатилган миқдордаги қимматли қоғозларни ҳисобга олиш учун депозитар операцияларни ўтказиш зарурлиги ҳақида қабул қилувчи ҳисоб ташкилотини хабардор қилади;

қабул қилувчи ҳисоб ташкилотининг амалиётни ўтказишга тайёрлиги тасдиқланганда, депонентнинг топшириқномасида кўрсатилган миқдордаги қимматли қоғозларни қабул қилувчи депонентнинг депо ҳисобварағига ва қабул қилувчи ҳисоб ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиш бўйича ташқи ўтказма депо операциясини бажаради ҳамда депозитар операциянинг тўғри бажарилганлигини текширади.

216. Депо топшириқномаси белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса, ҳисоб ташкилоти депонентни ташқи ўтказма топшириқномасини бажариш имконсизлиги тўғрисида хабардор қилади.

217. Қимматли қоғозларни қабул қилувчи депонент ҳисоб ташкилотига ўз депо ҳисобварағига қимматли қоғозларни берувчи депонентнинг ҳисобварағидан қабул қилиш учун ташқи ўтказма топшириқномасини беради.

218. Қимматли қоғозларни қабул қилувчи ҳисоб ташкилоти қимматли қоғозларни кирим қилиш учун ташқи ўтказма депо топшириқномаси асосида:

қабул қилувчи депонентнинг топшириқномасида кўрсатилган ҳисоб-китоб санаси билан қимматли қоғозларни ҳисобга қабул қилиш учун депо топшириқномасини (қимматли қоғозларни депонент ҳисобварағига ва НОСТРО ҳисобварағига кирим қилиш учун топшириқнома) шакллантиради;

етказиб берувчининг ҳисоб ташкилотини топшириқномада кўрсатилган миқдордаги қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш бўйича депозитар операцияларни ўтказиш зарурлиги ҳақида хабардор қилади;

қимматли қоғозларни етказиб берувчи ҳисоб ташкилотининг ЛОРО ҳисобварағидан Марказий депозитарийдаги ўзининг ЛОРО ҳисобварағига қимматли қоғозларни кирим қилиш учун электрон депо топшириқномасини шакллантиради.

219. Контрагентларнинг ҳисоб ташкилотлари Марказий депозитарийга ЛОРО ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш ва кирим қилиш учун шаклланган қарама-қарши электрон ташқи ўтказма топшириқномаларини юборади.

220. Марказий депозитарий ҳисоб ташкилотларнинг ЛОРО ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш ва кирим қилиш учун қарама-қарши ташқи ўтказма депо топшириқномаларининг қидирувини ташкил этади ҳамда қарама-қарши ташқи ўтказма топшириқномалари муваффақиятли топилганда, ушбу топшириқномаларни квитовка қилади ва қимматли қоғозларни берувчи ҳисоб ташкилотининг ЛОРО ҳисобварағидан қимматли қоғозларни қабул қилувчи ҳисоб ташкилотининг ЛОРО ҳисобварағига ўтказишни амалга оширади. Марказий депозитарий етказиб берувчи ва қабул қилувчи ҳисоб ташкилотларига қимматли қоғозлар ўтказилганлиги тўғрисида хабарномаларни юборади.

221. Ташқи ўтказма топшириқномаларини излаш муваффақиятсиз бўлган тақдирда, Марказий депозитарий ҳисоб ташкилотларига депо топшириқномаларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ҳисоботни юборади.

222. Қимматли қоғозларни берувчи ва олувчининг ҳисоб ташкилотлари қимматли қоғозлар ўтказилганлиги тўғрисида Марказий депозитарийдан олинган хабарнома ҳамда қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш ва кирим қилиш тўғрисидаги ички топшириқномалари асосида қимматли қоғозларни ўз депонентларининг ҳисобварақларига ҳисобдан чиқаради ва ўтказади.

223. Ҳисоб ташкилотлари ўз мижозларига ташқи ўтказма топшириқномаларининг бажарилиши тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

4-§. Қимматли қоғозлар чиқарилишини (эмиссиясини) ҳисобга олишга доир бухгалтерия операциялари

224. Марказий депозитарий томонидан қимматли қоғозлар чиқарилишини (эмиссиясини) ҳисобга олиш эмитент ва қимматли қоғозлар чиқарилиши ҳақидаги маълумотларни Марказий депозитарийнинг ҳисоб регистрларида қайд этиш орқали амалга оширилади.

225. Қимматли қоғозлар чиқарилишини (эмиссиясини) ҳисобга олиш қуйидаги ҳужжатларга асосан амалга оширилади:

давлат қимматли қоғозлари ва Марказий банк облигациялари учун қимматли қоғозларнинг глобал сертификати;

корпоратив қимматли қоғозлар учун давлат рўйхатидан ўтказилган қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги эмитентнинг қарори;

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласи (қимматли қоғозлар оммавий жойлаштирилган ҳолда).

226. Марказий депозитарий қуйидаги ҳолларда қимматли қоғозлар чиқарилишини ҳисобга олиш ёки қимматли қоғозларга хизмат кўрсатиш учун қабул қилишни рад этишга ҳақли:

қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор ваколатли давлат органи томонидан рўйхатдан ўтказилмаган бўлса (корпоратив қимматли қоғозлар учун), бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар мустасно;

эмитентнинг номи нотўғри ёки ноаниқ кўрсатилган бўлса;

қимматли қоғознинг тури ва хили нотўғри кўрсатилган бўлса;

қимматли қоғозларнинг номинал қиймати ва чиқариш ҳажми нотўғри кўрсатилган бўлса;

Марказий депозитарийга тақдим этилган ахборот ва ҳужжатлар қимматли қоғозлар чиқарилишини тавсифлаш учун етарли бўлмаса.

227. Марказий депозитарий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши ҳисобга қўйилганидан кейин қимматли қоғозларни эмитентнинг депо ҳисобварағига қабул қилади.

228. Хорижий қимматли қоғозларни Марказий депозитарийда ҳисобга олиш хорижий қимматли қоғозларнинг маълумотлари ва ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

229. Марказий депозитарий қуйидаги ҳолларда хорижий қимматли қоғозларни ҳисобга олишни рад этади:

Марказий депозитарийга тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар хорижий қимматли қоғозни ҳисобга олиш учун етарли бўлмаса;

молиявий воситалар ҳужжатли шаклда чиқарилган бўлса;

қимматли қоғозларни ҳисобга олиш қимматли қоғозлар муомаласининг шартлари ёки қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланган ёхуд чиқариш шартларида кўзда тутилмаган бўлса;

қимматли қоғозлар муомаласининг муддати тугаган ёки рўйхатдан ўтказувчи ташкилотдан қимматли қоғозлар чиқарилишини (қўшимча чиқарилишини) жойлаштиришни ва улар билан операцияларни тўхтатиб туриш ҳақида хабарнома олинган бўлса.

5-§. Глобал операцияларга доир бухгалтерия операциялари

230. Қимматли қоғозларнинг муайян чиқарилиши билан боғлиқ бўлган Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотларининг барча ёки аксарият ҳисоб регистрлари ҳолатини ўзгартирувчи депозитар операция глобал операция деб юритилади.

231. Марказий депозитарий томонидан глобал операциялар эмитент томонидан қуйидаги корпоратив ҳаракатлар ўтказилганда амалга оширилади:

қимматли қоғозларни айирбошлаш;

қимматли қоғозларни майдалаш;

қимматли қоғозларни йириклаштириш;

эмитентнинг ўз капитали ҳисобидан чиқарилган қўшимча акцияларни тақсимлаш (капиталлаштириш);

қимматли қоғозларни бекор қилиш.

232. Глобал операцияни ўтказиш ташаббускори эмитент ёки унинг топшириғига кўра Марказий депозитарий, шунингдек Марказий депозитарийга хорижий қимматли қоғозларини номинал сақловчи ҳисобварағи очган чет эллик марказий депозитарий ҳисобланади.

233. Депозитар тизимдаги глобал операцияларни Марказий депозитарий бошлаб беради.

234. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари депозитар операцияларни ягона ахборот тизимида (дастурий таъминотда) амалга оширган тақдирда, глобал операциялар Марказий депозитарий томонидан мустақил равишда амалга оширилиши мумкин.

235. Марказий депозитарий эмитентнинг қарорини олганидан сўнг қимматли қоғозлар эгаларини, шу жумладан ҳисоб ташкилотларини, чет эллик номинал сақловчиларни ва савдо ташкилотчиларини эмитентнинг кутилаётган корпоратив ҳаракатлари ҳамда мазкур қимматли қоғозлар савдосини вақтинча блоклаш ва (ёки) тўхтатиб туриш тўғрисида хабардор этади.

236. Қимматли қоғозларни айирбошлашга доир глобал операциянинг моҳияти депонентларнинг депо ҳисобварақларида бир чиқарилишдаги қимматли қоғозларни бошқа чиқарилишдаги қимматли қоғозларга алмаштириш (ҳисобдан чиқариш ва кирим қилиш)дан иборат.

237. Марказий депозитарий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорга ҳамда Марказий депозитарийга (хорижий қимматли қоғозларининг номинал сақловчиси ҳисобварағи очилган хорижий депозитарий томонидан) тақдим этилган янги чиқарилган қимматли қоғозларнинг номинал сақловчи ҳисобварағига ўтказилган миқдори ҳақидаги кўчирмага мувофиқ айирбошлаш амалиётини бажаради. Ҳисоб-китоб маълумотлари ва ўтказилган қимматли қоғозлар сони ўртасида номувофиқлик мавжуд бўлса, Марказий депозитарий низоли вазият ҳал этилмагунча амалиётни амалга оширмайди.

238. Қимматли қоғозларни айирбошлаш учун асос сифатида номинал сақловчининг ҳисобварағи бўйича айирбошлаш бажарилганлигини тасдиқловчи Марказий депозитарий томонидан бериладиган кўчирма хизмат қилади. Хорижий қимматли қоғозлар айирбошланган тақдирда, хорижий қимматли қоғозларнинг номинал сақловчи ҳисобварағи очилган хорижий марказий депозитарий томонидан берилган кўчирма асос бўлади.

239. Марказий депозитарий ваколатли давлат органи томонидан рўйхатдан ўтказилган эмитентнинг қарорини ёки номинал сақловчи ҳисобварағи очилган хорижий депозитарийдан маълумот олган пайтдан бошлаб бир иш куни ичида айирбошлашни амалга ошириш тартиби ҳақидаги ахборотни шартномада ёки мижознинг анкетасида кўрсатилган усулда мижозга етказади.

240. Қимматли қоғозларни айирбошлаш бўйича операциянинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот Марказий депозитарий томонидан операция бажарилган кунда тақдим этилади.

241. Ҳисоб ташкилотлари қимматли қоғозларни айирбошлаш бўйича операцияларни фақат Марказий депозитарий томонидан тақдим этилган қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлганда бошлаш ҳуқуқига эга:

барча зарур ахборот кўрсатилган ҳолда қимматли қоғозларни айирбошлаш ўтказилганлиги тўғрисида Марказий депозитарийнинг хабарномаси;

қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланган санада айирбошлаш ўтказилиши тўғрисидаги Марказий депозитарийнинг топшириқномаси.

242. Ҳисоб ташкилотлари айирбошлаш операциясини амалга ошириш учун қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланган санада:

айирбошлаш қилинадиган қимматли қоғозларни депонентларнинг депо ҳисобварақларидан ва НОСТРО актив ҳисобварағидан ҳисобдан чиқаришни амалга оширади;

айирбошлаш қилинадиган қимматли қоғозларни депонентлар ҳисобварақларига ва НОСТРО актив ҳисобварағига ўтказишни амалга оширади;

айирбошлаш қилинадиган қимматли қоғозлар ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисидаги хабарнома ва айирбошлаш қилинган қимматли қоғозларнинг тегишли миқдорини ҳисобдан чиқариш учун ЛОРО вакиллик ҳисобварағи бўйича топшириқномани Марказий депозитарийга юборади.

243. Ҳисоб ташкилотлари депонентларнинг сўровлари бўйича қимматли қоғозларни айирбошлашни амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатларни ҳам тақдим этадилар.

6-§. Қимматли қоғозларни майдалашга (йириклаштиришга) доир бухгалтерия операциялари

244. Қимматли қоғозларни майдалашда (йириклаштиришда) глобал операциянинг мазмуни эмитент томонидан белгиланган коэффициентга мувофиқ ва эмитентнинг қарори билан белгиланган муддатда номинал қиймати камайганда (кўпайганда) депо ҳисобварақларида муайян чиқарилишдаги қимматли қоғозлар сонининг камайиши (кўпайиши)дан иборат.

245. Ҳисоб ташкилотлари қимматли қоғозларни майдалаш (йириклаштириш) бўйича операцияларни фақат Марказий депозитарий томонидан тақдим этилган қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлганда бошлаш ҳуқуқига эга:

барча зарур маълумотлар кўрсатилган ҳолда эмитент томонидан қимматли қоғозларни майдалаш (йириклаштириш) ўтказилганлиги тўғрисида Марказий депозитарийнинг хабарномаси;

майдалаш (йириклаштириш) амалга ошириладиган қимматли қоғозларни депонентлар ҳисобварақларидан ҳисобдан чиқариш ва майдалаш (йириклаштириш) амалга ошириладиган тегишли миқдордаги қимматли қоғозларни кирим қилиш йўли билан бажариш тўғрисидаги Марказий депозитарийнинг хизмат топшириғи.

246. Ҳисоб ташкилотлари депонентларнинг сўровлари бўйича қимматли қоғозларни майдалаш (йириклаштириш)ни амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатларни ҳам тақдим этадилар.

7-§. Эмитентнинг ўз капитали ҳисобидан чиқарилган қўшимча акцияларни тақсимлашга (капиталлаштиришга) доир бухгалтерия операциялари

247. Марказий депозитарий эмитент томонидан чиқарилган акцияларни эмитентнинг ўз капитали ҳисобидан тақсимлаш (капиталлаштириш) операциясини эмитентнинг қарорига мувофиқ равишда амалга оширади.

248. Акцияларни акциядорларга тақсимлаш рўйхатида кўрсатилган ҳисоб ташкилоти:

эмитентнинг Марказий депозитарийда эмиссиявий ҳисобварағидан қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги хабарнома электрон шаклда олинганидан кейин бир иш кунидан кечиктирмай акцияларни эмитентнинг тегишли транзит эмиссиявий ҳисобварағига ўтказишни амалга оширади;

бир иш кунидан кечиктирмай эмитентнинг тегишли транзит эмиссиявий ҳисобварағига акциялар ўтказилганлиги тўғрисида Марказий депозитарийни электрон шаклда хабардор қилади;

беш иш кунидан кечикмай эмитентнинг транзит эмиссиявий ҳисобварағидан акцияларни акциядорларнинг депо ҳисобварақларига ўтказишни амалга оширади.

8-§. Қимматли қоғозларни бекор қилишга доир бухгалтерия операциялари

249. Қимматли қоғозларни бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

чиқариш амалга ошмаган деб топилганда;

эмитент қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда;

тегишли суд қарори мавжуд бўлганда;

мазкур Қоидаларда назарда тутилган ҳолатларда қимматли қоғозларнинг янги чиқарилишида;

облигациялар чиқарилиши сўндирилганда;

битта чиқарилишдаги барча қимматли қоғозлар айирбошланганда;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

250. Қимматли қоғозларни бекор қилишда глобал операциянинг мазмуни қимматли қоғозларни депонентларнинг ҳисобварақларидан ҳисобдан чиқариш ва ушбу чиқарилишни Марказий депозитарийда ҳисобдан чиқаришдан иборат.

251. Қимматли қоғозларни бекор қилиш операцияси бир неча босқичда амалга оширилади. Депозитар тизимда қимматли қоғозларни бекор қилиш жараёни ваколатли давлат органининг қимматли қоғозларни муомаладан чиқариш тўғрисидаги қарорига асосан амалга оширилади. Бу жараёнда қимматли қоғозлар депо ҳисобварақларидан ҳисобдан чиқарилади ва бекор қилинаётган қимматли қоғозлар ҳисобдан олиб қўйилади.

252. Хорижий қимматли қоғозларни бекор қилиш (сўндириш) бўйича операция хорижий марказий депозитарийнинг қимматли қоғозлар бекор қилинганлиги тўғрисидаги хабарномасига мувофиқ амалга оширилади.

253. Марказий депозитарий қимматли қоғозлар чиқарилишини бекор қилиш бўйича операциянинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни операция бажарилган кунда тақдим этади.

9-§. Ахборот операциялари ва ҳисоботи

254. Ахборот операциялари Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг депо ҳисобварақлари ва бошқа ҳисоб регистрлари ҳолати ёки депозитар операцияларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар, кўчирмалар ва маълумотномаларни шакллантириш ва (ёки) тақдим этиш билан боғлиқ бўлган депозитар операциялар ҳисобланади. Ахборот операцияларига қуйидагилар киради:

ҳисоботлар ва кўчирмаларни шакллантириш ҳамда депонентларга бериш;

қимматли қоғозлар эгалари реестрларини шакллантириш ва бериш;

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг ўтказилган операциялар тўғрисида депонентларга ахборот тақдим этиш билан боғлиқ бошқа операциялари.

255. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ички ҳисоб регистрлари маълумотларига асосланиб, ички ҳисоботни ҳамда депонентлар ва ваколатли органларга ҳисоботларни тайёрлайди.

256. Депонент ўз ҳисобварағидаги қимматли қоғозлар ҳақида, шунингдек ўзига тегишли қимматли қоғозлардан келиб чиқадиган бошқа ҳуқуқларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотни эркин олиш ҳуқуқига эга.

257. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти депонентнинг талабига биноан депозитар шартномада белгиланган муддатда депонентга очилган депо ҳисобварақлари бўйича амалга оширилган операциялар тўғрисидаги ҳисоботларни ва (ёки) ушбу депо ҳисобварақларидан кўчирмаларни тақдим этади.

258. Депозитар операцияларни амалга оширишни бошқариш, назорат қилиш ва режалаштириш учун Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ички ҳисобот турларини мустақил равишда белгилайди.

259. Депонентлар ва ваколатли давлат органига зарур ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш учун жавобгарлик Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти раҳбари зиммасига юкланади.

260. Депонентга ҳисоботни тақдим этиш усули ахборот сўрови билан белгиланади. Депонент томонидан тақдим этилган ахборот сўровида ахборотни тақдим этиш усули кўрсатилмаган ҳолларда, ахборот депо ҳисобварағи эгасининг анкетасида ёки депозитар шартномада кўрсатилган усулда тақдим этилади.

261. Тақдим этиладиган депозитар хизматлар, депо топшириқномаларини расмийлаштириш, эмитент томонидан глобал операцияларни амалга ошириш учун асос бўладиган ҳужжатлар, шу жумладан қимматли қоғозлардан даромадларни тўлаш тўғрисидаги хабарномалар ва бошқа хабарномалар Марказий депозитарийнинг веб-сайтида жойлаштирилади. Ушбу жойлаштириш билан бир вақтда Марказий депозитарий мижоз анкетаси ёки депозитар шартномада кўрсатилган электрон почта манзилларига ҳам хабарнома юборади.

262. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан ваколатли давлат органига ҳисоботлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилади.

263. Қимматли қоғозлар эгаларининг реестрини шакллантириш Марказий депозитарий ва инвестиция воситачиларининг ҳисоб регистрларидан эмитент ва у томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг анкета маълумотлари, уларга тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг сони, номинал қиймати, тури, шунингдек қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатилганлиги фактлари тўғрисидаги ахборотларни йиғиш ва ишлов бериш йўли билан Марказий депозитарий томонидан амалга оширилади.

264. Депозитар операцияларни амалга оширишга доир ҳужжатларнинг намунавий шакллари (ариза, анкета, имзо ва муҳр намуналари карточкалари, топшириқномалар ва бошқалар) Марказий депозитарий томонидан ишлаб чиқилади ва ваколатли давлат органи билан келишилгандан сўнг Марказий депозитарийнинг расмий веб-сайтига ҳисоб ташкилотлари ва манфаатдор шахслар фойдаланиши учун жойлаштирилади.

9-боб. Маълумотларнинг махфийлиги

265. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотлари ахборотнинг махфийлигини таъминлаши шарт.

266. Қимматли қоғозлар бозорида махфий ахборотни ошкор қилиш қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

267. Мижозларнинг ҳисобварақлари бўйича маълумотлар — уларнинг ўзларига ёки вакилларига, ўз ваколатларига тааллуқли масалалар юзасидан — монополияга қарши давлат органига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига, судларга, қўзғатилган жиноят иши бўлган тақдирда эса тергов ва суриштирув органларига берилади.

268. Мижозларнинг — жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари бўйича маълумотлар уларнинг эгалари вафот этган тақдирда, меросхўрларга ёки ҳисобварақнинг эгаси кўрсатган шахсларга, ўз иш юритувидаги мерос ишлари юзасидан нотариал идораларга берилади, чет эл фуқароларига нисбатан эса чет давлатнинг консуллик муассасаларига берилади.

269. Махфий ахборот ваколатли давлат органига қуйидаги ҳолларда:

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги фактларини кўриб чиқаётганда;

Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти аъзолари бўлган бошқа давлатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли органларига уларнинг ёзма сўровига кўра ахборот берганда ошкор қилинади.

270. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ махфий ахборот қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.

10-боб. Ички назоратни амалга оширишга доир талаблар

271. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ўз вазифаларини бажаришнинг барча босқичларида Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилотининг ҳисоб регистрларидаги маълумотларни мунтазам равишда солиштириб бориш орқали ички назорат тизимини ташкил қилиши шарт.

272. Ички назорат депозитар операцияларнинг бажарилишини ҳар ойда текширишга асосланган бўлиши керак. Ички назорат натижалари бўйича баённома расмийлаштирилади ва қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилади.

273. Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ҳужжатларни қабул қилиш, яратиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва беришнинг ички тартибини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши шарт.

274. Ички назоратни амалга ошириш тартиби қуйидагиларни ўз ичига олади:

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти фаолиятидаги таваккалчиликларни аниқлаш ва баҳолаш, депозитар фаолиятни амалга оширишда юзага келадиган таваккалчиликларни минималлаштириш бўйича зарур чораларни кўриш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан қонунчилик ҳужжатларининг талаблари, шунингдек депонентлар билан тузилган шартномалар ва битимлар шартлари бажарилишини назорат қилиш;

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ходимларининг операцион тартиб-таомиллар ва лавозим мажбуриятларини бажаришда белгиланган ваколатлар ва тартиб-таомилларга риоя этилишини назорат қилиш;

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти томонидан ижро этиш жараёнида юзага келадиган манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;

Марказий депозитарий ва ҳисоб ташкилоти ҳисоб тизимида депозитар операцияларнинг лозим даражада акс эттирилиши устидан назоратни амалга ошириш;

Марказий депозитарийга ва ҳисоб ташкилотига сақлаш учун топширилган активлар ва депозитар ҳисоб материалларининг сақланиши устидан назоратни амалга ошириш;

ҳисоб маълумотларини рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш тизимининг ишончлилиги устидан назоратни амалга ошириш;

ички ҳисобот ва ваколатли давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботнинг тўғри ва ўз вақтида тузилиши устидан назоратни амалга ошириш;

махфий ахборотдан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилаш.

11-боб. Якуний қоида

275. Мазкур Қоидалар талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Директор Д. ЛИ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 15 май,

2025 йил 23 апрель

2025 йил 15 апрель

3-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.06.2025 й., 10/25/3628/0517-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining

buyrugʻi

QOIDALARI

Depozitar operatsiyalar hisobini yuritish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Qimmatli qogʻozlar bozori toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 2-sentabrdagi PQ-291-son “Kapital bozorini rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Depozitar operatsiyalar hisobini yuritish qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqiy va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq 2025-yil 1-iyuldan boshlab kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining 2025-yil 15-maydagi 3-son buyrugʻiga ILOVA

Depozitar operatsiyalar hisobini yuritish

Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasida qimmatli qogʻozlar hisobini tashkil etish va yuritishning yagona tamoyillari, depozitar operatsiyalarni bajarish, hujjatlar aylanishi va ichki nazoratni tashkil etish tartibini, shuningdek hisobotlarni tuzish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

vakolatli davlat organi — Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi;

“Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysi” AJ (bundan buyon matnda Markaziy depozitariy deb yuritiladi) — depo hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarni saqlashning, bunday qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olishning va qimmatli qogʻozlar harakatining yagona tizimini taʼminlovchi tashkilot;

hisob tashkiloti — qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻz mijozlarining topshirigʻiga koʻra yoki ularning nomidan depozitar operatsiyalarni amalga oshirish, shuningdek qimmatli qogʻozlarni hisobga olish va ularga boʻlgan huquqlarni oʻtkazish huquqiga ega boʻlgan yuridik shaxs;

deponent — depo hisobvaragʻiga ega boʻlgan shaxs;

depozitar tizim — Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladigan qimmatli qogʻozlarni saqlash, hisobga olish va ularga boʻlgan huquqlarni oʻtkazish tizimi;

qimmatli qogʻozlarni nominal saqlovchi (bundan buyon matnda nominal saqlovchi deb yuritiladi) — qimmatli qogʻozlar egasining yoki u vakil qilgan shaxsning topshirigʻiga koʻra qimmatli qogʻozlarni hisobga olishni, ularga boʻlgan huquqlarni tasdiqlashni va oʻtkazishni qimmatli qogʻozlarning egasi boʻlmagan holda amalga oshirish huquqiga ega yuridik shaxs (investitsiya vositachisi, markaziy depozitariy, broker, kastodian, bank va boshqalar), shu jumladan chet ellik yuridik shaxs;

qimmatli qogʻozlarning emissiya risolasi — emitent va u chiqaradigan qimmatli qogʻozlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shuningdek investorning qimmatli qogʻozlar olish toʻgʻrisidagi qaroriga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan boshqa axborotni aks ettiruvchi hujjat;

hisobga olish registrlari (bundan buyon matnda hisob registrlari deb yuritiladi) — ushbu Qoidalarda belgilangan qimmatli qogʻozlarni saqlash va qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish boʻyicha yozuvlar tizimi;

depo hisobvaragʻi — deponentning qimmatli qogʻozlarini saqlash va qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish uchun moʻljallangan depozitar tizimning hisob registrlaridagi yozuvlar majmui;

xorijiy nominal hisobvaraq — chet ellik nominal saqlovchi tomonidan Markaziy depozitariyda bevosita bitta chet ellik benefitsiar mulkdor nomiga toʻgʻridan-toʻgʻri individual hisobvaraq yoki omnibus hisobvaraq shaklida ochiladigan depo hisobvaragʻining turi;

omnibus hisobvaraq — nominal saqlovchi tomonidan Markaziy depozitariyda ochiladigan nominal hisobvaraq turi boʻlib, unda barcha xorijiy benefitsiar egalariga va (yoki) nominal saqlovchilarga, shu jumladan chet ellik nominal saqlovchilarga tegishli boʻlgan qimmatli qogʻozlarning miqdori va qiymati jamlangan holda hisobga olinadi;

toʻgʻridan-toʻgʻri individual hisobvaraq — chet ellik nominal saqlovchi tomonidan Markaziy depozitariyda bevosita chet ellik benefitsiar mulkdor nomidan va uning nomiga ochiladigan depo hisobvaragʻi;

emissiyaviy depo hisobvaragʻi — Markaziy depozitariyda ochiladigan va unga saqlash uchun qabul qilingan qimmatli qogʻozlar chiqarilishlarini belgilangan tartibda deponentlarning depo hisobvaraqlariga, shu jumladan chet ellik nominal saqlovchilarning vakillik hisobvaraqlariga oʻtkazilgunga qadar hisobga olish, shuningdek bekor qilinishi lozim boʻlgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun moʻljallangan depo hisobvaragʻi;

depozitar operatsiyalar — ushbu Qoidalarga muvofiq hisob registrlarida bajariladigan operatsiyalar.

2. Ushbu Qoidalarning maqsadi quyidagilarni taʼminlashdan iborat:

deponentlarning qimmatli qogʻozlarini tegishli tarzda saqlash, hisobga olish va ularga boʻlgan huquqlarni tasdiqlash;

depozitar operatsiyalarni toʻgʻri bajarish;

depozitar operatsiyalarni amalga oshirishda yagona yondashuvni qoʻllash;

amalga oshirilgan operatsiyalarni depozitar tizimning hisob registrlarida oʻz vaqtida va aniq aks ettirish;

chiquvchi hisobotlarni tegishli ravishda rasmiylashtirish;

deponentlarning qimmatli qogʻozlari bilan bogʻliq depozitar operatsiyalarni oʻtkazishda xatolar yuzaga kelishining oldini olish;

operatsiyalarning toʻgʻri bajarilganligini keyinchalik tekshirish imkoniyatini yaratish.

3. Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasida depozitar operatsiyalarni amalga oshiruvchi barcha subyektlar uchun majburiy hisoblanadi.

4. Ushbu Qoidalar deponentning qimmatli qogʻozlarini saqlash va (yoki) ularga boʻlgan huquqlarni hisobga olish boʻyicha depozitar operatsiyalarga nisbatan tatbiq etiladi.

5. Depozitar operatsiyalar obyekti deganda Oʻzbekiston Respublikasi hududida chiqarilgan va ularga boʻlgan huquqlarni hisobga olish qonunchilik hujjatlariga muvofiq depo hisobvaraqlarida amalga oshiriladigan qimmatli qogʻozlar tushuniladi. Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida chiqarilgan qimmatli qogʻozlar (bundan buyon matnda xorijiy qimmatli qogʻozlar deb yuritiladi) ham depozitar operatsiyalar obyekti boʻlishi mumkin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi hududida hujjatsiz shaklda muomalaga chiqarilgan qimmatli qogʻozlarning barcha turlari va ularning muomalaga chiqarilganligini tasdiqlovchi hujjatlar Markaziy depozitariyda saqlanadi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi hududida chiqarilgan qimmatli qogʻozlar vakolatli davlat organida roʻyxatdan oʻtkazilib, Markaziy depozitariyda hisobga qoʻyilgandan soʻng hisob tashkilotlari tomonidan hisobga olinadi.

8. Hisob tashkilotlari oʻz mijozlarining hisobvaraqlarida ularning Markaziy depozitariydagi hisobvaraqlarida jamlab hisobga olib boriladigan hujjatsiz qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlari hisobini yuritadi.

2-bob. Depozitar hisobni tashkil etish

9. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari ushbu Qoidalar talablariga muvofiq depozitar hisobni yuritishga oid birlamchi hujjatlarni, shuningdek qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish va oʻtkazish bilan bogʻliq hujjatlarni hisobga olish tizimini (bundan buyon matnda hujjatlarni hisobga olish tizimi deb yuritiladi) tashkil etadilar.

10. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari oʻz deponentlari haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hisob registrlarini yuritishlari shart.

11. Hisob registridagi yozuvlar deponentni identifikatsiya qilish imkonini beradigan maʼlumotlarni, shuningdek qimmatli qogʻozlar boʻyicha daromadlar va (yoki) toʻlovlar oʻtkaziladigan bank hisobvaragʻi rekvizitlarini oʻz ichiga olishi lozim.

12. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari oʻzlari tasdiqlagan ichki hujjatlarga muvofiq hisobga olish boʻyicha xizmatlar koʻrsatilayotgan qimmatli qogʻozlar toʻgʻrisidagi yozuvlarni oʻz ichiga olgan hisob registrlarini yuritishlari shart. Bunday yozuvlar qimmatli qogʻozlarni aniq identifikatsiyalash imkonini beradigan maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi zarur.

13. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari oʻtkazilgan barcha depozitar operatsiyalar toʻgʻrisidagi yozuvlarni operatsiyalar jurnalida xronologik tartibda yuritishlari shart.

14. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari oʻzlarining ichki hujjatlarida quyidagilarni belgilashi shart:

depozitar operatsiyalar va hujjat aylanishini, shu jumladan yozuvlarni kiritish, shuningdek tarkibiy boʻlinmalarining hujjatlarni qayta ishlash, saqlash va foydalanish vakolatlarini cheklash tartibini;

har bir deponentning qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarini alohida hisobga olishni taʼminlaydigan va qoʻllab-quvvatlaydigan depozitar operatsiyalarni hisobga olish qoidalarini;

xodimlari va uchinchi shaxslar tomonidan koʻrsatilgan axborotdan oʻz manfaatlari yoʻlida foydalanishga yoʻl qoʻymaydigan tarzda axborotdan foydalanish huquqlarini cheklash va maxfiyligini taʼminlash tartibini;

qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq axborotni tegishli darajada himoya qilishni;

deponentlarning shikoyatlari va soʻrovlarini koʻrib chiqish tartibini.

3-bob. Depozitar tizimda Markaziy depozitariyning vazifalari

15. Markaziy depozitariyning depozitar operatsiyalarni amalga oshirishdagi asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

Markaziy depozitariyda depo hisobvaragʻiga ega boʻlgan deponentlarning har biriga tegishli boʻlgan qimmatli qogʻozlar hamda moliyaviy vositalarning soni va nominal qiymatini hisobga olish;

qimmatli qogʻozlarni saqlash;

deponentning Markaziy depozitariydagi depo hisobvaragʻidan tegishli koʻchirma bergan holda uning qimmatli qogʻozlarga boʻlgan mulk huquqini va boshqa ashyoviy huquqlarini tasdiqlash;

mijozlarining qimmatli qogʻozlariga majburiyatlar yuklatilganligi, shuningdek ularning toʻxtatilganligi faktlarini hisobga olish;

mijozlarning hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarning mavjudligi va harakati, ularning holati toʻgʻrisidagi axborotning maxfiyligini taʼminlash;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli davlat organi, monopoliyaga qarshi davlat organi, shuningdek sud, surishtiruv va tergov organlarining qarorlari asosida deponentning depo hisobvaragʻi boʻyicha qimmatli qogʻozlar bilan operatsiyalarni cheklash faktlarini roʻyxatdan oʻtkazish (qayd etish);

vakolatli davlat organining, davlat soliq xizmati organining, monopoliyaga qarshi davlat organining, shuningdek sudning, surishtiruv va tergov organlarining yozma talablariga koʻra oʻz faoliyatiga taalluqli maʼlumotlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taqdim etish;

qimmatli qogʻozlar egalarining reyestrlarini yuritish.

16. Markaziy depozitariy depozitar operatsiyalarni amalga oshirishda quyidagi xizmatlarni ham koʻrsatishga haqli:

qimmatli qogʻozlar bilan tuzilgan bitimlar natijasida yuzaga kelgan oʻzaro majburiyatlar va talablarni aniqlash va hisobga olish (kliring);

deponentlarning qimmatli qogʻozlar bilan operatsiyalarni amalga oshirish va qimmatli qogʻozlar boʻyicha daromadlar olish bilan bogʻliq pul mablagʻlaridagi hisobvaraqlarini yuritish;

nominal saqlovchini, shu jumladan chet ellik nominal saqlovchini Markaziy depozitariyda saqlanayotgan qimmatli qogʻozlari boʻyicha qimmatli qogʻozlar egalari reyestriga kiritish;

qimmatli qogʻozlar egasi boʻlgan mulkdorning topshirigʻiga asosan aksiyadorlarning umumiy yigʻilishlarida uning manfaatlarini ifodalash va ovoz berish;

nominal saqlovchi hisoblanadigan qimmatli qogʻozlar egalari roʻyxatlari va reyestrlarini tuzish;

qimmatli qogʻozlarni harakatsizlantirish.

17. Qimmatli qogʻozlarni saqlash va harakatsizlantirish bilan faqat Markaziy depozitariy shugʻullanadi.

4-bob. Depozitar tizimda hisob tashkilotlarining funksiyalari

18. Hisob tashkilotlarining depozitar operatsiyalarni amalga oshirishdagi funksiyalari quyidagilardan iborat:

har bir mijozning qimmatli qogʻozlari soni va nominal qiymatini hamda pul mablagʻlari hisobini yuritish, deponent bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq qimmatli qogʻozlar bilan bitimlar va operatsiyalarni amalga oshirish;

qimmatli qogʻozlar bilan bogʻliq operatsiyalarning ichki hisobini yuritish, shuningdek ichki nazoratni tashkil etish va amalga oshirish;

deponentning depo hisobvaragʻidan tegishli koʻchirma bergan holda uning qimmatli qogʻozlarga boʻlgan mulk huquqini va boshqa ashyoviy huquqlarini tasdiqlash;

mijozlarining qimmatli qogʻozlariga majburiyatlar yuklatilganligi, shuningdek ularning toʻxtatilganligi faktlarini hisobga olish;

mijozlarning hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarning mavjudligi va harakati, ularning holati toʻgʻrisidagi axborotning maxfiyligini taʼminlash;

vakolatli davlat organining, davlat soliq xizmati organining, monopoliyaga qarshi davlat organining, shuningdek sudning, surishtiruv va tergov organlarining yozma talablariga koʻra oʻz faoliyatiga taalluqli maʼlumotlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taqdim etish;

oʻzi nominal saqlovchi boʻlgan qimmatli qogʻozlarning saqlovchilari va egalari roʻyxatlarini tuzish.

19. Hisob tashkilotlari:

shartnomada va ushbu Qoidalarda nazarda tutilgan barcha harakatlarni bajaradi;

Markaziy depozitariydan qimmatli qogʻozlar toʻgʻrisidagi hujjatlar va maʼlumotlarni oladi hamda ularni mijozlarga beradi;

mijozlardan olingan hujjatlar va maʼlumotlarni Markaziy depozitariyga topshiradi;

qimmatli qogʻozlar egalari reyestrini shakllantirish uchun oʻz mijozlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Markaziy depozitariyga taqdim etadi.

5-bob. Deponentlar

1-§. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlarining deponentlari

20. Markaziy depozitariy bilan depo hisobvaragʻi shartnomasini tuzgan va unda depo hisobvaragʻiga ega boʻlgan yuridik va jismoniy shaxslar Markaziy depozitariyning deponentlari hisoblanadi.

21. Qimmatli qogʻozlar egalari (mulkdorlari), qimmatli qogʻozlar emitentlari, nominal saqlovchilar, shu jumladan chet ellik nominal saqlovchilar, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari va norezidentlari boʻlgan jismoniy shaxslar Markaziy depozitariyning deponentlari boʻlishi mumkin.

22. Qimmatli qogʻozlar egalari (mulkdorlari) va qimmatli qogʻozlar emitentlari hisob tashkilotlarining deponentlari boʻlishi mumkin.

2-§. Depozitar shartnoma

23. Deponent va Markaziy depozitariy yoki hisob tashkiloti oʻrtasidagi deponentning qimmatli qogʻozlarini saqlash va (yoki) ularga boʻlgan huquqlarni hisobga olish, shuningdek boshqa xizmatlarni koʻrsatish boʻyicha huquqiy munosabatlar depozitar shartnoma bilan belgilanadi.

24. Depozitar shartnoma yozma shaklda tuziladi va quyidagi shartlarni oʻz ichiga oladi:

shartnomaning predmeti;

shartnoma tomonlarining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi;

deponentning qimmatli qogʻozlarni tasarruf etish toʻgʻrisidagi topshiriqnomasini Markaziy depozitariy yoki hisob tashkilotiga taqdim etish tartibi;

Markaziy depozitariy yoki hisob tashkilotining deponentning topshiriqlarini bajarish majburiyatlari;

Markaziy depozitariy yoki hisob tashkiloti tomonidan qimmatli qogʻozlar egalariga ularning qimmatli qogʻozlari boʻyicha huquqlarini amalga oshirishda koʻmaklashish bilan bogʻliq xizmatlarni koʻrsatish, jumladan tegishli maʼlumot va hujjatlarni qimmatli qogʻozlar egasidan emitentga hamda emitentdan qimmatli qogʻozlar egasiga yetkazish tartibi;

shartnomaning amal qilish muddati, uni oʻzgartirish va bekor qilish asoslari hamda tartibi;

Markaziy depozitariy yoki hisob tashkilotining deponentga hisobot berish tartibi va shakli;

Markaziy depozitariy yoki hisob tashkilotining xizmatlariga haq toʻlash miqdori va tartibi.

Depozitar shartnomada qonunchilik hujjatlari va mazkur Qoidalarga zid boʻlmagan boshqa shartlar ham kiritilishi mumkin.

25. Agar deponent emitent boʻlsa, depozitar shartnoma Emissiyaviy depo hisobvaragʻi shartnomasi deb yuritiladi.

26. Agar deponent oʻz mijozlarining qimmatli qogʻozlarini ishonchli boshqarishni amalga oshiruvchi shaxs boʻlsa, depozitar shartnoma Ishonchli boshqaruvchining depo hisobvaragʻi shartnomasi deb nomlanadi.

27. Agar deponent nominal saqlovchi, shu jumladan xorijiy nominal saqlovchi boʻlsa, depozitar shartnoma Nominal saqlovchi yoki chet ellik nominal saqlovchi bilan korrespondentlik aloqalari toʻgʻrisidagi shartnoma deb nomlanadi. Ushbu shartnomada tomonlarning korrespondentlik depo hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlar qoldiqlarini muntazam ravishda solishtirib borish majburiyatlari nazarda tutilishi kerak.

3-§. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining deponent bilan oʻzaro hamkorligi

28. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari deponentning qimmatli qogʻozlari bilan bogʻliq depozitar operatsiyalarni uning yozma (elektron) topshiriqnomalari yoki operatsiyalarni amalga oshirish uchun asos boʻlgan hujjatlar asosida amalga oshirishlari shart, bundan quyidagi holatlar mustasno:

depozitar operatsiya sud, surishtiruv va tergov organining qarori asosida bajarilsa;

depozitar operatsiya qonunchilik hujjatlarida belgilangan vakolatlari doirasida vakolatli davlat organining farmoyishi asosida bajarilsa;

depozitar operatsiya emitent tomonidan korporativ harakatlar amalga oshirilishi tufayli bajarilsa;

depozitar operatsiya vakillik depo hisobvaraqlari boʻyicha tafovutlarni tartibga solishda bajarilsa.

29. Depo topshiriqnomasining shakli va mazmuni Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining ichki hujjatlari bilan belgilanadi.

30. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti ushbu Qoidalarga muvofiq deponentlarga hisobotlar va xabarlarni taqdim etadi.

31. Hisobotlar va xabarlar deponentga depo hisobvaragʻi kartochkasida va (yoki) depozitar shartnomada koʻrsatilgan shaklda yuboriladi. Deponent xabarlarni uzatish usuli haqida koʻrsatma bermagan boʻlsa, Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti xabarni uzatish usulini oʻzi belgilashi mumkin.

32. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining maʼlumotlari deponent maʼlumotlariga mos kelmagan taqdirda, deponent Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga mavjud nomuvofiqliklar toʻgʻrisidagi xabarnomani, shuningdek oʻz maʼlumotlarining toʻgʻriligini tasdiqlovchi maʼlumotlarni yuboradi. Tafovutlarni koʻrib chiqish natijasida tafovutlarni bartaraf etish dalolatnomasi tuziladi. Agar qimmatli qogʻozlar egalarining huquqlarini buzmasa, ushbu dalolatnoma asosida tuzatish kirituvchi oʻtkazmalar amalga oshiriladi.

33. Quyidagi maʼlumotlar Markaziy depozitariyning veb-saytida eʼlon qilinadi:

Markaziy depozitariyning reglamentlari va (yoki) boshqa hujjatlariga kiritilgan oʻzgartirishlar;

qimmatli qogʻozlar emitentlarining korporativ hodisalari, agar ushbu maʼlumot mazkur emitentning yoki chiqarilishning barcha qimmatli qogʻozlari egalariga taalluqli boʻlsa;

Markaziy depozitariyning tariflari;

Markaziy depozitariyning rekvizitlari va ish tartibi.

6-bob. Depozitar hisobni yuritishning asosiy tamoyillari va talablari

1-§. Depozitar hisobni yuritishning tamoyillari

34. Depozitar hisobni yuritishning asosiy tamoyillari quyidagilardan iborat:

depozitar hisobni Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlarining buxgalteriya balansidan tashqarida yuritish;

depozitar hisobni qimmatli qogʻozlarning soni boʻyicha yuritish;

depozitar hisobni hisob registrlaridan foydalangan holda depo hisobvaraqlarida yuritish;

depo hisobvaraqlarida qimmatli qogʻozlarni ikkiyoqlama yozuv tamoyili boʻyicha hisobga olish. Bunda, har bir qimmatli qogʻoz passiv va aktiv analitik depo hisobvaraqlarida aks ettiriladi;

qimmatli qogʻozlar boʻyicha balansga rioya qilish. Bunda, passiv analitik hisobvaraqlarda hisobga olingan bir turdagi qimmatli qogʻozlarning umumiy soni aktiv analitik hisobvaraqlardagi shu turdagi qimmatli qogʻozlarning umumiy soniga teng boʻlishi lozim.

35. Depozitar hisobni yuritishda quyidagilarga yoʻl qoʻyilmaydi:

depo hisobvaraqlarida operatsion kun yopilganidan keyin qimmatli qogʻozlarning salbiy qoldiqlari yuzaga kelishiga;

deponent tomonidan qimmatli qogʻozlarni deponentning depozitar operatsiyani amalga oshiruvchi boshqa subyektda ochilgan depo hisobvaragʻiga oʻtkazishga, shu jumladan ushbu oʻtkazma uchun haq belgilash yoʻli bilan toʻsqinlik qilishga.

2-§. Ichki hisobni tashkil etish

36. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti depozitar hisob registrlarida maʼlumotlarni oʻz vaqtida, uzluksiz, hujjatli hamda oʻzaro bogʻliq holda aks ettirish yoʻli bilan passiv va aktiv analitik depo hisobvaraqlarida qimmatli qogʻozlarning ichki analitik hisobini yuritishi, shuningdek amalga oshirilayotgan depozitar operatsiyalar boʻyicha hujjatlar va axborotlarning qogʻoz va (yoki) elektron shakllarda saqlanishini taʼminlashi shart.

37. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan qabul qilingan ichki hisob tartibi mazkur Qoidalarga zid boʻlmasligi hamda Markaziy depozitariy va hisob tashkilotida qimmatli qogʻozlar toʻgʻrisidagi hisobotni (depo balansini) shakllantirish imkonini berishi kerak.

38. Ichki hisobni tashkil etish uchun Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti rahbari javobgar hisoblanadi.

3-§. Depo hisobvaraqlari

39. Har bir deponentga Markaziy depozitariy va hisob tashkilotida deponentning qimmatli qogʻozlarini hisobga olish uchun alohida depo hisobvaragʻi ochiladi.

40. Depo hisobvaragʻi yoki boshqa passiv hisobvaraq ochilganda, Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan depo hisobvaragʻiga noyob raqam (kod) berilishi mumkin.

41. Depo hisobvaraqlari va boshqa passiv hisobvaraqlar ularga bir vaqtning oʻzida qimmatli qogʻozlar oʻtkazilmasdan ochilishi mumkin.

42. Depo hisobvaragʻini ochish uchun Markaziy depozitariy yoki hisob tashkilotiga deponent anketasi va depo hisobvaragʻi ochilayotgan shaxsni identifikatsiyalash imkonini beruvchi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjatlar taqdim etiladi hamda depozitar shartnoma va (yoki) qoʻshilish shartnomasi tuziladi.

43. Deponent oʻziga tegishli boʻlmagan depo hisobvaragʻidan qimmatli qogʻozlar bilan operatsiyalarni amalga oshirish uchun foydalanishga haqli emas.

44. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti deponentga mulk huquqi asosida tegishli boʻlgan va ishonchli boshqaruv shartnomasi yoki boshqa shartnomalar asosida berilgan qimmatli qogʻozlarning alohida hisobini yuritish, shuningdek yangi chiqarilgan, soʻndirilishi va bekor qilinishi lozim boʻlgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun har xil turdagi depo hisobvaraqlarini ochishi mumkin.

45. Depozitar hisob tizimi passiv analitik depo hisobvaraqlarining quyidagi turlarini yuritishni nazarda tutishi lozim:

mulkdorning (egasining) depo hisobvaragʻi — deponentning oʻziga mulk huquqi yoki boshqa ashyoviy huquq asosida tegishli boʻlgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun moʻljallangan hisobvaraq;

emissiyaviy depo hisobvaragʻi — Markaziy depozitariyda ochilgan va emitentning joylashtirish, soʻndirish, bekor qilish jarayonida boʻlgan qimmatli qogʻozlari chiqarilishlarini hisobga olish uchun moʻljallangan hisobvaraq;

tranzit emissiyaviy depo hisobvaragʻi — emitentning qimmatli qogʻozlarini ushbu emitentga xizmat koʻrsatuvchi investitsiya vositachisida joylashtirish, soʻndirish va sotib olish uchun ochiladigan hisobvaraq;

ishonchli boshqaruvchining depo hisobvaragʻi — ishonchli boshqaruvchiga berilgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun moʻljallangan hisobvaraq;

omnibus hisobvaraq — nominal saqlovchi tomonidan Markaziy depozitariyda ochiladigan nominal hisobvaraq turi boʻlib, unda barcha xorijiy benefitsiar egalariga va (yoki) nominal saqlovchilarga, shu jumladan chet ellik nominal saqlovchilarga tegishli boʻlgan qimmatli qogʻozlarning miqdori va qiymati jamlangan holda hisobga olinadi;

segregatsiyalangan omnibus hisobvaraq — nominal saqlovchining mijozi uchun Markaziy depozitariyda ochiladigan alohida depo hisobvaraq;

shaxsiy investitsiya hisobvaragʻi — Oʻzbekiston Respublikasi 18 yoshga toʻlgan fuqarosining qimmatli qogʻozlari va mablagʻlari hisobini yuritish uchun investitsiya vositachisi tomonidan ochiladigan hisobvaraq;

nominal saqlovchining depo hisobvaragʻi — nominal saqlovchi tomonidan faqat Markaziy depozitariyda ochiladigan hisobvaraq;

qimmatli qogʻozlarni garovga oluvchining depo hisobvaragʻi — garov toʻgʻrisidagi shartnomasiga muvofiq garovga oluvchi tomonidan garovga olingan qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish uchun ochiladigan hisobvaraq;

talab qilib olinguncha depo hisobvaragʻi (vaqtinchalik depo hisobvaragʻi, aniqlanmagan shaxslar hisobvaragʻi) — Markaziy depozitariy bilan shartnomaga ega boʻlmagan, shuningdek oʻz faoliyatini toʻxtatgan hisob tashkiloti deponentlarining qimmatli qogʻozlarini hamda egalari aniqlanmagan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun moʻljallangan hisobvaraq;

tranzit depo hisobvaragʻi — Markaziy depozitariy tomonidan mijozlarning qimmatli qogʻozlarini jamlash va taqsimlash boʻyicha depozitar operatsiyalarni amalga oshirish yoki boshqa depozitar operatsiyalarni oʻtkazish uchun ochiladigan hisobvaraq.

46. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti oʻz funksiyalarini amalga oshirish uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa turdagi depo hisobvaraqlarini ham ochishi mumkin.

47. Markaziy depozitariy tomonidan xorijiy davlatning hisob tashkiloti, xorijiy davlatning markaziy depozitariysi va xalqaro hisob-kitob-kliring tashkilotlarida saqlanayotgan (hisobga olingan) qimmatli qogʻozlar boʻyicha ushbu tashkilotlar uchun alohida aktiv depo hisobvaraqlari ochiladi.

48. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti aktiv depo hisobvaraqlarini kodlashtirish tartibini oʻzi belgilaydi.

49. Markaziy depozitariyning hisob tizimi quyidagi aktiv analitik depo hisobvaraqlarini yuritishni nazarda tutishi kerak:

asosiy (ichki) saqlash joyi depo hisobvaragʻi — qonunchilik hujjatlariga muvofiq chiqarilgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun moʻljallangan hisobvaraq;

saqlash joyi boʻyicha depo hisobvaragʻi — Markaziy depozitariyning xalqaro depozitariyda, xorijiy davlatning markaziy depozitariysida yoki xorijiy bank-kastodianda ochilgan hisobvaragʻida turgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun moʻljallangan hisobvaraq.

50. Markaziy depozitariy tomonidan ochiladigan aktiv depo hisobvaraqlari quyidagi maqomlarga ega boʻlishi mumkin:

faol — depo hisobvaragʻi boʻyicha barcha operatsiyalarga ruxsat beriladi. Agar mijoz toʻgʻrisidagi barcha maʼlumotlar maʼlum boʻlsa va Markaziy depozitariyga barcha hujjatlar taqdim etilgan boʻlsa, hisobvaraq “faol” maqomiga ega boʻladi. Markaziy depozitariy depo hisobvaragʻi faol boʻlgan taqdirda, mijozdan topshiriqni ijro etish uchun qabul qiladi;

nofaol — depo hisobvaragʻining boʻlimlari nol qoldiqlarga ega boʻladi. Axborot operatsiyalaridan tashqari barcha operatsiyalar taqiqlanadi. Nofaol depo hisobvaragʻining maqomini oʻzgartirish mumkin emas;

bloklangan — depo hisobvaragʻidagi qimmatli qogʻozlar qoldiqlarining oʻzgarishiga olib keladigan har qanday operatsiyalar taqiqlanadi, bundan qonunchilik hujjatlari normalarini qoʻllash oqibatida (masalan, tugatilgan emitentning qimmatli qogʻozlarini hisobdan chiqarish) yoki emitentning tashabbusi bilan (masalan, qimmatli qogʻozlarni konvertatsiya qilish) amalga oshiriladigan operatsiyalar mustasno. Bunda, axborot operatsiyalari va maʼmuriy operatsiyalarni amalga oshirish, shu jumladan bloklangan depo hisobvaragʻining maqomini oʻzgartirish mumkin.

51. Passiv depo hisobvaragʻi va subhisobvaraq faol, nofaol, bloklangan, hisobga kiritishga ruxsat berilgan, hisobdan chiqarishga ruxsat berilgan maqomlariga ega boʻlishi mumkin.

52. Deponentlarning va ular mijozlarining qimmatli qogʻozlarini alohida hisobga olinishini taʼminlash uchun Markaziy depozitariy tomonidan deponentning depo hisobvaragʻida subhisobvaraqlar ochilishi mumkin.

53. Saqlash yoki hisobga olishning turli rejimlariga ega boʻlgan qimmatli qogʻozlar hisobi muayyan turdagi depo hisobvaragʻining boʻlimlarida yuritiladi.

54. Qimmatli qogʻozlarni depo hisobvaragʻining boʻlimidan tashqarida hisobga olish mumkin emas. Agar depo hisobvaragʻi yoki boshqa hisobvaraqda birorta ham boʻlim ochilmagan boʻlsa, depo hisobvaragʻi yoki depo hisobvaragʻida ochiladigan boshqa hisobvaraq (subhisobvaraq) oʻz funksional vazifasini bajara olmaydi.

55. Depo hisobvaragʻining boʻlimlari hisobi ushbu boʻlimlarda yuritiladigan qimmatli qogʻozlar bilan ruxsat etilgan operatsiyalar majmuini belgilaydi.

56. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotida foydalaniladigan depo hisobvaragʻining tuzilmasi mazkur Qoidalarni hisobga olgan holda tuzilishi lozim.

57. Depo hisobvaraqlari va (yoki) subhisobvaraqlarning istalgan turini ochish bilan bir vaqtda ularning “Asosiy” boʻlimi ochiladi. Boshqa boʻlimlar zaruratga qarab ochiladi.

58. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan vakolatli davlat organiga, shuningdek hisob tashkiloti tomonidan Markaziy depozitariyga beriladigan hisobotlarning yagona tizimini taʼminlash uchun sintetik hisob tashkil etiladi.

4-§. Depo hisobvaragʻining operatori

59. Deponent depo hisobvaragʻini mustaqil tasarruf etish yoki oʻzining depo hisobvaragʻi boʻyicha operatorni tayinlash huquqiga ega. Depo hisobvaragʻi operatori tayinlangan paytdan eʼtiboran depo hisobvaragʻini tasarruf etish boʻyicha barcha vakolatlar depo hisobvaragʻi operatoriga oʻtadi, bundan depozitar shartnomada nazarda tutilgan hollar mustasno.

60. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda depo hisobvaragʻi operatori deponent bilan kelishmasdan tayinlanishi mumkin.

61. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda depo hisobvaragʻining operatori sifatida davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, vasiylik yoki homiylik organlari yoxud boshqa shaxslar tayinlanishi mumkin.

62. Deponent (yoki depo hisobvaragʻi operatori) alohida subhisobvaraqlar yoki depo hisobvaragʻining boʻlimlari boʻyicha turli operatorlarni tayinlashi mumkin. Bunda, subhisobvaraq yoki depo hisobvaragʻi boʻlimi boʻyicha barcha topshiriqnomalarni subhisobvaraq operatori yoki depo hisobvaragʻi boʻlimi operatori beradi.

63. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti bilan depo hisobvaragʻi operatori va subhisobvaraq operatori (depo hisobvaragʻi boʻlimi operatori) oʻrtasidagi munosabatlar depo hisobvaragʻi va (yoki) subhisobvaraq (depo hisobvaragʻi boʻlimi) operatori shartnomasi yoki ularning deponentlar hisobvaraqlarini tasarruf etish boʻyicha munosabatlarini belgilovchi boshqa hujjat bilan belgilanadi.

64. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti depo hisobvaragʻi operatorining harakatlari oqibatida yoki Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining depo hisobvaragʻi operatorining vakolatlarini chaqirib olish toʻgʻrisida oʻz vaqtida xabardor qilmaganligi natijasida yetkazilgan zarar uchun deponent oldida javobgar boʻlmaydi.

65. Deponent (depo hisobvaragʻi operatori) Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga taqdim etiladigan topshiriqnomalarni imzolash va Markaziy depozitariy va hisob tashkilotida vakillik qilish boʻyicha vakolatlarga ega boʻlgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga taqdim etishi shart.

66. Deponent Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga topshiriqnomalarni imzolash va vakillik qilish huquqiga ega boʻlgan shaxslarning vakolatlari va amal qilish muddati koʻrsatilgan imzolari namunalari kartochkasini taqdim etishi shart.

67. Deponent Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga xabar qilingan topshiriqnomalarni imzolash va vakillik qilish huquqiga ega boʻlgan shaxslarning vakolatlari toʻxtatilganligi yoki oʻzgartirilganligi toʻgʻrisida Markaziy depozitariy va hisob tashkilotini darhol yozma shaklda xabardor qilishi va ularning imzolari namunalari boʻlgan yangi kartochkani taqdim etishi shart.

68. Deponent Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti bilan munosabatlar uchun muhim ahamiyatga ega boʻlgan barcha faktlar, jumladan deponentning huquqiy maqomi, manzili, Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti bilan oʻzaro munosabatlar usuli bilan bogʻliq oʻzgarishlar toʻgʻrisida darhol yozma ravishda xabardor qilishi shart. Bunda, deponent Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga tegishli oʻzgartirishlarni koʻrsatgan holda zarur hujjatlarni taqdim etishi lozim.

69. Deponent Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga topshiriqnomalar, soʻrovlar yoki boshqa hujjatlarni, shu jumladan deponentning depo hisobvaragʻi boʻyicha operatsiyalarni oʻtkazish tashabbusini mustaqil ravishda berish huquqiga ega emas, agar u tomonidan vakolatlari toʻxtatilmagan depo hisobvaragʻining ilgari tayinlangan operatori mavjud boʻlsa, bundan qonunchilikda nazarda tutilgan holatlar mustasno.

7-bob. Hisob registrlari

1-§. Asosiy hisob registrlari

70. Hisob registrlari depozitar xizmatlarni, shu jumladan qimmatli qogʻozlarni hisobga olishni amalga oshirishda zarur boʻlgan hujjatlar boʻlib, ular depozitar hisob obyektlarining joriy holatini va depozitar operatsiyani amalga oshirish uchun zarur boʻlgan harakatlarni roʻyxatdan oʻtkazish uchun qoʻllaniladi.

71. Hisob registrlari maʼlumotnomalar, anketalar, kartochkalar va jurnallardan iborat boʻladi.

72. Kartochka depozitar hisob obyektlarining joriy holati aks ettiriladigan hisob registridir.

73. Jurnal depozitar operatsiyalarga taalluqli ketma-ket yozuvlar aks ettiriladigan hisob registridir.

74. Depozitar operatsiyani amalga oshirishda boshqa hisob registrlaridan foydalanish mumkin. Hisob registrlari asosan elektron tizimlarda shakllanadi.

75. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti quyidagi asosiy hisob registrlarini yuritishi lozim:

deponentning anketasi;

qimmatli qogʻozlarning chiqarilish anketasi;

qimmatli qogʻozlar emissiyasi anketasi;

deponentlar maʼlumotnomasi;

depo hisobvaraqlari maʼlumotnomasi;

depo hisobvaraqlarining boʻlimlari maʼlumotnomasi;

depo subhisobvaraqlari maʼlumotnomasi;

qimmatli qogʻozlar maʼlumotnomasi;

qabul qilingan topshiriqnomalarni hisobga olish jurnali;

operatsion jurnal(lar);

depo hisobvaraqlarini roʻyxatga olish jurnali;

depo hisobvaraqlarining aylanmalari va qoldiqlari jurnali;

yakuniy hisobotlarni hisobga olish jurnali.

76. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti ushbu Qoidalarda keltirilgan tamoyillarga rioya qilgan holda hisob registrlariga va ularni yuritish usullariga oʻzgartirishlar kiritish huquqiga ega.

77. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti hisob registrlariga yozuvlarni ochiq operatsion kun davomida kiritadi.

78. Hisob registriga yozuvlar faqat deponent anketasi yoki uning vakili tomonidan taqdim etilgan hujjatlar asosida kiritiladi.

2-§. Hujjatlarni roʻyxatdan oʻtkazish jurnallarini yuritish tartibi

79. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari depozitar tizimga kirim qilingan va chiqarilgan barcha hujjatlarning hisobini yuritilishini taʼminlaydi.

80. Hujjatlarni roʻyxatdan oʻtkazish Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan qabul qilingan yoki shakllantirilgan kunda hujjatlarni hisobga olish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

81. Hujjatlarni roʻyxatdan oʻtkazish yozuvlarida quyidagilar boʻlishi kerak:

hujjatning nomi;

roʻyxatdan oʻtkazishda unga beriladigan noyob raqam;

deponentning familiyasi, ismi va otasining ismi yoki yuridik shaxsning nomi hamda deponentni identifikatsiyalovchi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);

hujjat yuborilgan (taqdim etilgan) sana;

hujjatlarni hisobga olish tizimida hujjatni roʻyxatdan oʻtkazish (qabul qilish) sanasi va vaqti;

hujjatlarni hisobga olish tizimiga yozuv kiritgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi.

82. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga biryoʻla bir nechta topshiriqnomalar (bundan buyon matnda chiqim hujjatlar toʻplami deb yuritiladi) yuborilgan (taqdim etilgan) taqdirda, ularni bitta hujjat sifatida roʻyxatdan oʻtkazish mumkin.

83. Hujjatlarni hisobga olish tizimi elektron hujjatlarni shakllantirish, yuborish va olish uchun moʻljallangan dasturiy taʼminot vositalarini oʻz ichiga olishi mumkin.

84. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti depo hisobvaragʻi (boshqa hisobvaraq), depo subhisobvaragʻi yoki depo hisobvaragʻi boʻlimi boʻyicha har bir yozuvning kiritilishini, shuningdek operatsiyalar jurnalida deponent, qimmatli qogʻozlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning oʻzgarishi haqidagi har bir yozuvni roʻyxatdan oʻtkazadi.

85. Yozuvlar kiritilishini roʻyxatdan oʻtkazish ularni kiritish bilan bir vaqtda amalga oshiriladi.

86. Operatsiyalar jurnalida quyidagilar boʻlishi kerak:

depo hisobvaragʻi yoki depo subhisobvaragʻining raqami yoxud hisobga olish registrining yakka tartibdagi belgisi, depo hisobvaragʻi boʻlimining raqami;

depozitar operatsiyaning turi (depo hisobvaragʻi, depo subhisobvaragʻi yoki depo hisobvaragʻi boʻlimini ochish (yopish), depo hisobvaragʻi boʻyicha yozuv kiritish, amalga oshiriladigan operatsiyaning boshqa turi);

hujjatning roʻyxatdan oʻtkazishda berilgan raqami;

depozitar operatsiyani amalga oshirish sanasi va vaqti;

depozitar operatsiyani amalga oshirgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi yoki yuridik shaxsning nomi.

87. Operatsiyalar jurnalida Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlar boʻlishi mumkin.

3-§. Maʼlumotnomalar

88. Deponentlar maʼlumotnomasi deponentni identifikatsiya qilish va deponentning qimmatli qogʻozlariga boʻlgan huquqlarni hisobga olishda u bilan oʻzaro hamkorlik qilish uchun yetarli boʻlgan maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

89. Deponent maʼlumotnomasini yuritish tamoyillari quyidagilardan iborat:

maʼlumotnomani deponentlarni roʻyxatga olish noyob raqamlarining oʻsishi boʻyicha yuritish;

maʼlumotnoma yozuvini deponent anketasi va depo hisobvaragʻi kartochkasi asosida toʻldirish.

90. Depo hisobvaraqlari maʼlumotnomasi Markaziy depozitariy va hisob tashkilotida ochilgan depozitar hisobni yuritish uchun yetarli boʻlgan barcha aktiv va passiv analitik depo hisobvaraqlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

91. Depo hisobvaraqlari maʼlumotnomasini yuritishda quyidagilarga rioya qilinishi lozim:

passiv depo hisobvaragʻi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yuridik yoki jismoniy shaxsning anketasi, depo hisobvaragʻi yoki subhisobvaragʻi kartochkasi, depo hisobvaragʻi operatori kartochkasi maʼlumotlari asosida toʻldirish;

aktiv analitik depo hisobvaragʻi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Markaziy depozitariy yoki hisob tashkilotining farmoyishi asosida toʻldirish;

yopiq depo hisobvaragʻining kodi qayta ishlatmaslik;

depo hisobvaragʻida nolga teng boʻlmagan qimmatli qogʻozlar qoldiqlari mavjud boʻlganda, depo hisobvaragʻini yopmaslik.

92. Depo hisobvaragʻi boʻlimlari maʼlumotnomasi aktiv va passiv analitik depo hisobvaraqlarida ochilgan depo hisobvaraqlari boʻlimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

93. Depo hisobvaraqlari boʻlimlari boʻyicha maʼlumotnomani yuritishda quyidagilarga rioya qilinishi lozim:

depo hisobvaragʻi boʻlimini depo hisobvaragʻi doirasida ochish;

depo hisobvaragʻining har bir boʻlimi depo hisobvaragʻi boʻlimlarining muayyan turi bilan bogʻliq boʻlishi;

depo hisobvaragʻining boʻlimida nolga teng boʻlmagan qimmatli qogʻozlar qoldiqlari mavjud boʻlganda, depo hisobvaragʻi boʻlimini yopmaslik.

94. Qimmatli qogʻozlar maʼlumotnomasi qimmatli qogʻozlarning depozitar hisobini tashkil etish uchun yetarli boʻlgan maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi va maʼlumotnomani yuritishda quyidagilarga rioya qilinishi lozim:

qimmatli qogʻozlar maʼlumotnomasini Markaziy depozitariy tomonidan shakllantiriladigan qimmatli qogʻozlar tavsifi asosida oldindan toʻldirish;

qimmatli qogʻozlar maʼlumotnomasida nolga teng boʻlmagan qimmatli qogʻozlar qoldiqlari mavjud boʻlganda, qimmatli qogʻozlar maʼlumotnomasini faolsizlantirilishiga yoʻl qoʻymaslik.

4-§. Hisobga olish jurnallari

95. Hisobga olish jurnallari quyidagilardan iborat:

kirim topshiriqnomalarni hisobga olish jurnali;

maʼmuriy operatsiyalar jurnali;

axborot operatsiyalari jurnali;

depo hisobvaragʻi jurnali;

depo hisobvaragʻi aylanmasi va qoldiqlari jurnali;

chiqim hujjatlarni hisobga olish jurnali.

96. Kirim topshiriqnomalarni hisobga olish jurnali kirim depozitar topshiriqnomalarni va depozitar operatsiyalarni bajarish boʻyicha farmoyishlarni roʻyxatdan oʻtkazish maqsadida yuritiladi.

97. Maʼmuriy operatsiyalar jurnali Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan amalga oshiriladigan maʼmuriy operatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

98. Axborot operatsiyalari jurnali Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan amalga oshirilgan axborot operatsiyalarini hisobga olish maqsadida yuritiladi.

99. Depo hisobvaragʻi jurnali depo hisobvaragʻi boʻyicha buxgalterlik operatsiyalarini hisobga olish uchun yuritiladi. Jurnal depo hisobvaraqlaridagi qimmatli qogʻozlar qoldigʻining oʻzgarishiga olib kelgan barcha buxgalterlik operatsiyalari toʻgʻrisidagi yozuvlarni oʻz ichiga oladi.

100. Depo hisobvaragʻi aylanmasi va qoldiqlari jurnali maʼlum bir operatsion kunda depo hisobvaraqlaridagi qimmatli qogʻozlar aylanmalari va qoldiqlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish maqsadida yuritiladi.

101. Chiqim hujjatlarni hisobga olish jurnali Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan depozitar operatsiyalar va hisobotlarni bajarishda shakllantiriladigan chiqim hujjatlarni roʻyxatdan oʻtkazish uchun yuritiladi.

102. Hisobga olish jurnallari xronologik tartibda va elektron shaklda yuritiladi.

8-bob. Depozitar operatsiyalar va ularni bajarish tartibi

1-§. Depozitar operatsiyalarning turlari

103. Depozitar operatsiyalar quyidagi turlarga boʻlinadi:

maʼmuriy operatsiyalar;

buxgalteriya operatsiyalari;

axborot operatsiyalari;

kompleks depozitar operatsiyalar.

104. Maʼmuriy operatsiyalar — depo hisobvaraqlaridagi qoldiqlarning oʻzgarishiga olib kelmaydigan depozitar hisob obyektlarini, shuningdek boshqa maʼlumotlar va hisob registrlarini ochish, rekvizitlarini oʻzgartirish va yopish boʻyicha depozitar operatsiyalardir.

105. Buxgalteriya operatsiyalari — depo hisobvaraqlaridagi qimmatli qogʻozlar qoldiqlarini oʻzgartiruvchi depozitar operatsiyalardir.

106. Axborot operatsiyalari — depo hisobvaraqlari va boshqa hisob registrlarining holati yoki depozitar operatsiyalarning bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlar, koʻchirmalar va maʼlumotnomalarni shakllantirish bilan bogʻliq boʻlgan depozitar operatsiyalardir.

107. Kompleks depozitar operatsiyalar — tarkibiy elementlari sifatida turli xildagi operatsiyalar, jumladan buxgalteriya, maʼmuriy va axborot operatsiyalarini oʻz ichiga olgan operatsiyalardir.

108. Qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarning hisobga olinishini taʼminlash va qimmatli qogʻozlar muomalasiga xizmat koʻrsatish uchun Markaziy depozitariy quyidagi operatsiyalarni amalga oshiradi:

qimmatli qogʻozlarni hisobga olish;

qimmatli qogʻozlarni saqlashga qabul qilish;

qimmatli qogʻozlarni hisobga qabul qilish;

qimmatli qogʻozlarni saqlash;

qimmatli qogʻozlarni saqlashdan olish;

qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish;

qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni tasdiqlash;

qimmatli qogʻozlarga majburiyatlar yuklanishini hisobga olish;

qimmatli qogʻozlar egalarining reyestrlarini yuritish;

hisob tashkilotlari va chet ellik nominal saqlovchilarning depo hisobvaraqlarini yuritish;

deponentlarning yoki ular vakolat bergan shaxslarning topshiriqnomalari asosida depo hisobvaraqlari boʻyicha operatsiyalarni amalga oshirish;

qimmatli qogʻozlarning uyushgan savdolarida qimmatli qogʻozlarga doir bitimlar natijalari boʻyicha qimmatli qogʻozlar boʻyicha hisob-kitoblarni va pul mablagʻlaridagi hisob-kitoblarni belgilangan tartibda amalga oshirish;

Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlari tomonidan chiqarilgan, Oʻzbekiston Respublikasi hududida muomalaga kiritilgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish;

Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari tomonidan chiqarilgan, Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida muomalaga kiritilgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish;

agar qonunchilikda boshqacha qoida belgilanmagan boʻlsa, investitsiya fondlari tomonidan chiqarilgan va ularga tegishli qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish;

Deponentlarning yagona bazasini yuritish;

Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari tomonidan chiqarilgan emissiyaviy qimmatli qogʻozlarga xalqaro kodlarni berish;

qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish bilan bogʻliq boshqa operatsiyalarni bajarish.

109. Qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarning hisobga olinishini taʼminlash va qimmatli qogʻozlar muomalasiga xizmat koʻrsatish uchun hisob tashkiloti quyidagi operatsiyalarni amalga oshiradi:

qimmatli qogʻozlarni hisobga qabul qilish;

qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish;

qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni tasdiqlash;

deponentlarning yoki ular vakolat bergan shaxslarning topshiriqlari asosida depo hisobvaraqlari boʻyicha operatsiyalarni amalga oshirish;

qimmatli qogʻozlarga majburiyatlar yuklanishini hisobga olish;

Markaziy depozitariyning talabiga koʻra qimmatli qogʻozlar egalari reyestrini shakllantirish uchun zarur boʻlgan qimmatli qogʻozlar egalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish;

Markaziy depozitariydan olingan maʼlumotlar asosida oʻzida hisobga olinadigan qimmatli qogʻozlar va ularning emitentlari rekvizitlariga oʻzgartirishlar kiritish;

qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish bilan bogʻliq boshqa operatsiyalarni bajarish.

110. Emitent tomonidan chiqarilgan qimmatli qogʻozlarga nisbatan korporativ harakatlarni amalga oshirishda Markaziy depozitariy quyidagi operatsiyalarni amalga oshiradi:

qimmatli qogʻozlar chiqarilishini hisobga olish;

qimmatli qogʻozlar chiqarilishini joylashtirish;

qimmatli qogʻozlar chiqarilishini maydalash;

qimmatli qogʻozlar chiqarilishini yiriklashtirish;

qimmatli qogʻozlarni ayirboshlash;

qimmatli qogʻozlarni bekor qilish;

qimmatli qogʻozlar chiqarilishini soʻndirish;

aksiyadorlik jamiyati ustav fondi miqdorini oʻzgartirish;

emitentni qayta tashkil etish;

emitent tomonidan korporativ harakatlarni amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa operatsiyalarni bajarish.

111. Emitent tomonidan chiqarilgan qimmatli qogʻozlarga nisbatan korporativ harakatlarni amalga oshirishda hisob tashkilotlari quyidagi operatsiyalarni amalga oshirishi mumkin:

qimmatli qogʻozlar chiqarilishini joylashtirish;

emitentning oʻzi chiqargan qimmatli qogʻozlarini keyinchalik qayta sotish, bekor qilish yoki soʻndirish uchun sotib olishi;

emitent tomonidan korporativ harakatlarni amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa operatsiyalarni bajarish.

112. Agar Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining ichki hujjatlariga muvofiq hujjatlarni elektron raqamli imzo bilan imzolash yoki qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan shaklda tasdiqlash tartibi belgilangan boʻlsa, depozitar operatsiyalarni amalga oshirishda qogʻoz shaklidagi hujjatlar talab etilmaydi.

2-§. Maʼmuriy operatsiyalar

113. Maʼmuriy operatsiyalarga quyidagi operatsiyalar kiradi:

depo hisobvaragʻini ochish;

depo hisobvaragʻining anketa maʼlumotlarini oʻzgartirish;

depo hisobvaragʻini yopish;

depo hisobvaragʻining boʻlimini ochish;

depo hisobvaragʻi yoki depo hisobvaragʻi boʻlimining operatorini tayinlash.

114. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti depo hisobvaragʻini ochish uchun jismoniy va yuridik shaxslarni Deponentlarning yagona bazasida roʻyxatdan oʻtkazishi va ularga roʻyxatdan oʻtkazilgan shaxsning kodini berishi lozim. Deponentlarning yagona bazasida roʻyxatdan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2003-yil 29-apreldagi 196-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi depozitar tizimida deponentlarning yagona bazasi tizimi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.

115. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti bilan tuzilgan depo hisobvaragʻi shartnomasi depo hisobvaragʻini ochish uchun asos hisoblanadi.

116. Aktiv analitik depo hisobvaragʻini yopish faqat ushbu depo hisobvaragʻidagi barcha qimmatli qogʻozlar hisobdan chiqarilgandan soʻng amalga oshiriladi.

117. Deponentning passiv analitik depo hisobvaragʻini ochish boʻyicha depozitar operatsiyaning mazmuni Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining hisob registrlariga depozitar operatsiyalarni amalga oshirish imkonini beruvchi deponent toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish hisoblanadi.

118. Depo hisobvaraqlarini ochish, shu jumladan masofaviy xizmat koʻrsatish tizimlari orqali ochish tartibi va depo hisobvaraqlarini ochish uchun taqdim etiladigan hujjatlar roʻyxati Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining ichki hujjatlari bilan belgilanadi.

119. Depo hisobvaragʻini ochish uchun zarur boʻlgan hujjatlar Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga quyidagilar taqdim etilishi mumkin:

shaxsini tasdiqlovchi hujjatni koʻrsatgan holda qimmatli qogʻozlar egasining oʻzi tomonidan;

qimmatli qogʻozlar egasining vakolatli shaxsi tomonidan, unda amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq rasmiylashtirilgan ishonchnoma mavjud boʻlgan taqdirda.

120. Deponentning anketa maʼlumotlari oʻzgargan taqdirda, deponent bu haqda Markaziy depozitariy va hisob tashkilotini yozma ravishda xabardor qilishi hamda quyidagi hujjatlarni taqdim etishi shart:

deponentning anketasiga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida topshiriqnoma;

barcha zarur oʻzgartirish va qoʻshimchalarni oʻz ichiga olgan deponentning anketasi;

tegishli oʻzgartirishlar kiritilganligini tasdiqlovchi hujjatlarning nusxalari (zarurat boʻlganda).

Yuridik shaxsning topshiriqnomalarni imzolash huquqiga ega boʻlgan vakolatli shaxslari oʻzgargan taqdirda:

yangi vakolatli shaxslarning imzolari namunalari va yuridik shaxsning muhr izi (muhr mavjud boʻlgan taqdirda) tushirilgan kartochka;

vakolatli shaxslarning vakolatlarini tasdiqlovchi hujjatlarning nusxalari.

121. Ishonchnoma muddatidan oldin chaqirib olingan taqdirda, deponent vakolatli vakilning vakolat muddati tugashidan uch kun oldin bu haqda Markaziy depozitariy va hisob tashkilotini yozma ravishda xabardor qilishi shart.

122. Deponentning anketa maʼlumotlarini oʻzgartirish Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan Deponentlarning yagona bazasiga oʻzgartirish kiritish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

123. Deponentning anketa maʼlumotlari oʻzgarganligi toʻgʻrisida oʻz vaqtida xabardor qilinmagan taqdirda, Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti deponent tomonidan xat-xabarlar, shuningdek boshqa maʼlumotlar olinmaganligi yoki kechiktirilganligi uchun javobgar boʻlmaydi.

124. Depo hisobvaragʻini yopish Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan hisob registrlariga depo hisobvaragʻi boʻyicha soʻrovlarga javob berishdan boshqa har qanday harakatlarni amalga oshirish mumkin emasligini taʼminlovchi yozuvlarni kiritishdan iborat.

125. Depo hisobvaragʻini yopish depozitar shartnoma bekor qilinishi natijasida amalga oshiriladi.

126. Yopiq depo hisobvaragʻini qayta ochishga yoʻl qoʻyilmaydi. Yopilgan depo hisobvaragʻining raqami takroran ishlatilmaydi.

127. Mulkdorning (egasining) depo hisobvaragʻida quyidagi turdagi boʻlimlar ochilishi mumkin:

asosiy;

garovda bloklangan;

zakalatda bloklangan;

uyushmagan birjadan tashqari bozorda qimmatli qogʻozlar bilan birjadan tashqari bitimlar tuzish uchun bloklangan;

vakolatli davlat organining koʻrsatmasiga asosan bloklangan;

monopoliyaga qarshi davlat organining koʻrsatmasiga asosan bloklangan;

huquqni muhofaza qiluvchi yoki sud organlarining qaroriga asosan bloklangan;

xatlash boʻyicha bloklangan;

savdolar uchun bloklangan;

REPO boʻyicha savdolar uchun bloklangan;

REPO bitimi boʻyicha bloklangan.

Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti oʻz funksiyalarini amalga oshirish uchun depo hisobvaraqlarida boshqa boʻlimlarni ham ochishi mumkin.

128. Asosiy boʻlim muomalada boʻlishi cheklanmagan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun qoʻllaniladi. Depo hisobvaragʻidagi asosiy boʻlim mulkdor (egasi), nominal saqlovchi va chet ellik nominal saqlovchilarning depo hisobvaraqlari ochilganda avtomatik tarzda ochiladi.

129. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari tomonidan garovda bloklangan, uyushmagan birjadan tashqari bozorda qimmatli qogʻozlar bilan birjadan tashqari bitimlar tuzish uchun bloklangan va boshqa boʻlimlar qimmatli qogʻozlarga nisbatan muayyan cheklovlar mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar (garov shartnomasi, oldi-sotdi shartnomasi va boshqalar) asosida ochiladi.

130. Zakalatda bloklangan boʻlimi mulkdorning (egasining) depo hisobvaragʻida ochilishi mumkin.

131. Vakolatli davlat organining koʻrsatmasiga asosan bloklangan, monopoliyaga qarshi davlat organining koʻrsatmasiga asosan bloklangan, huquqni muhofaza qiluvchi yoki sud organlarining qaroriga asosan bloklangan va boshqa boʻlimlar Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari tomonidan tegishli organlar tomonidan taqdim etilgan qimmatli qogʻozlarga nisbatan cheklovlar mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar asosida ochiladi.

132. Joylashtirilish jarayonida, qayta sotib olingan, bekor qilinadigan yoki soʻndirish uchun boʻlimlari faqat emissiyaviy depo hisobvaragʻida ochilishi mumkin.

133. Joylashtirilish jarayonida boʻlimi yangi joylashtirilayotgan qimmatli qogʻozlar chiqarilishini hisobga olish uchun ochiladi.

134. Qayta sotib olingan boʻlimi emitent tomonidan qayta sotib olingan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun ochiladi.

135. Bekor qilinadigan yoki soʻndirish uchun boʻlimi bekor qilinadigan yoki soʻndiriladigan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun ochiladi.

136. Joylashtirilgan, qayta sotib olingan, bekor qilinadigan yoki soʻndirish uchun boʻlimlari emissiyaviy depo hisobvaragʻi ochilganda avtomatik tarzda ochiladi.

137. REPO boʻyicha savdolar uchun bloklangan boʻlimi qayta sotib olish sharti bilan qimmatli qogʻozlar oldi-sotdi bitimining birinchi qismi ijro etilguniga qadar qimmatli qogʻozlar sotuvchisining depo hisobvaragʻida ochiladi.

138. REPO bitimi boʻyicha bloklangan boʻlimi qayta sotib olish sharti bilan qimmatli qogʻozlar oldi-sotdi bitimining birinchi qismi boʻyicha qimmatli qogʻozlar xaridorining depo hisobvaragʻida ochiladi.

139. Aktiv maqomidagi depo hisobvaragʻida quyidagi boʻlimlar ochilishi mumkin:

asosiy — har qanday cheklovlardan xoli boʻlgan va fuqarolik-huquqiy bitimlar tuzilishi mumkin boʻlgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun;

yoʻlda — Markaziy depozitariyning nominal saqlovidan chiqariladigan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun. Bunda, chiqarish vaqti mobaynida ushbu qimmatli qogʻozlar bilan fuqarolik-huquqiy bitimlar tuzilishi mumkin emas;

korporativ hodisalar — korporativ hodisalar munosabati bilan cheklovlar qoʻyilgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun. Bunda, ushbu hodisa sodir boʻlgan vaqt davomida qimmatli qogʻozlar bilan fuqarolik-huquqiy bitimlar amalga oshirilishi mumkin emas;

bloklash — qonunchilik hujjatlariga muvofiq vakolatli davlat organining qarori bilan qimmatli qogʻozlarning saqlanishini taʼminlash maqsadida fuqarolik-huquqiy bitimlar tuzishga vaqtinchalik taqiq qoʻyilgan qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun.

Markaziy depozitariy oʻz funksiyalarini amalga oshirish uchun aktiv maqomidagi depo hisobvaraqlarida boshqa boʻlimlarni ham ochishi mumkin.

140. Depo hisobvaragʻidagi boʻlimni yopish faqat tegishli boʻlimdagi barcha qimmatli qogʻozlar hisobdan chiqarilgandan soʻng amalga oshiriladi.

141. Depo hisobvaragʻining boʻlimi boʻyicha operatorni tayinlash depo hisobvaragʻi boʻyicha operatorni tayinlash uchun belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

3-§. Buxgalteriya operatsiyalari

142. Oʻzbekiston Respublikasi hududida chiqarilgan qimmatli qogʻozlarni saqlashga qabul qilish operatsiyasi kirim buxgalteriya operatsiyasiga kiradi va aktiv depo hisobvaragʻini debetlash va passiv depo hisobvaragʻini kreditlashdan iborat boʻladi.

143. Hujjatsiz qimmatli qogʻozlarni saqlashga qabul qilish qimmatli qogʻozlarning muomalaga chiqarilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni qabul qilishdan iborat boʻladi va qimmatli qogʻozlar chiqarilishini Markaziy depozitariyda hisobga olish amalga oshiriladi.

144. Operatsiyaning bajarilishi natijasida Markaziy depozitariy operatsiyaning bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobotni shakllantiradi yoki deponentning depo hisobvaragʻidan koʻchirmani taqdim etadi.

145. Xorijiy qimmatli qogʻozlarni hisobga qabul qilish operatsiyasi kirim buxgalteriya operatsiyasi hisoblanib, deponent hisobvaragʻini kreditlash va saqlash joyi boʻyicha depo hisobvaragʻini (NOSTRO) debetlashdan iborat.

146. Qimmatli qogʻozlarni hisobga qabul qilish operatsiyasi saqlanishi boshqa xorijiy depozitariyda amalga oshiriladigan xorijiy qimmatli qogʻozlarni Markaziy depozitariyga oʻtkazishda xorijiy qimmatli qogʻozlarni hisobga olishda amalga oshiriladi.

147. Qimmatli qogʻozlarni saqlashdan chiqarish operatsiyasi chiqim buxgalteriya operatsiyasiga kiradi va aktiv depo hisobvaragʻini kreditlash va passiv depo hisobvaragʻini debetlashdan iborat boʻladi.

148. Qimmatli qogʻozlarni olib qoʻyish qimmatli qogʻozlar chiqarilishi bekor qilinganda amalga oshiriladi. Qimmatli qogʻozlarni olib qoʻyish qimmatli qogʻozlar chiqarilishi hisobdan chiqarilganda, Markaziy depozitariy tomonidan amalga oshiriladi.

149. Deponentning depo hisobvaragʻidan majburiyatlar bilan bogʻliq boʻlmagan qimmatli qogʻozlar chiqarish mumkin.

150. Qimmatli qogʻozlar deponentning depo hisobvaragʻidan va qimmatli qogʻozlar saqlangan Markaziy depozitariyning aktiv hisobvaragʻidan hisobdan chiqariladi.

151. Xorijiy qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish operatsiyasi chiqim buxgalteriya operatsiyasi hisoblanib, deponentning passiv hisobvaragʻini debetlash va saqlash joyi boʻyicha depo hisobvaragʻini (NOSTRO) kreditlashdan iborat.

152. Xorijiy qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish operatsiyasi qimmatli qogʻozlarni bunday qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olishni amalga oshiruvchi Markaziy depozitariydan ushbu qimmatli qogʻozlarni saqlashni amalga oshiruvchi xorijiy depozitariyga hisobdan chiqarishda amalga oshiriladi.

153. Qimmatli qogʻozlarni koʻchirish operatsiyasi koʻchirish buxgalteriya operatsiyasi turiga kiradi va qimmatli qogʻozlarni saqlash joyining bir hisobvaragʻidan hisobdan chiqarish va ularni saqlash joyining boshqa hisobvaragʻiga oʻtkazishdan iborat boʻladi.

154. Qimmatli qogʻozlarni oʻtkazish operatsiyasini oʻtkazish buxgalteriya operatsiyasi turiga kiradi va qimmatli qogʻozlarni bir depo hisobvaragʻidan boshqasiga hisobdan chiqarishdan iborat boʻladi. Bunda, Markaziy depozitariyda hisobga olinadigan qimmatli qogʻozlarning umumiy soni oʻzgarmaydi.

155. Qimmatli qogʻozlarni oʻtkazish operatsiyasi qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni oʻtkazish bilan birga yoki ularga boʻlgan huquqlarni oʻtkazmasdan ham amalga oshirilishi mumkin.

156. Qimmatli qogʻozlarni oʻtkazish topshiriqnomada koʻrsatilgan hisob-kitob kunida amalga oshiriladi.

157. Qimmatli qogʻozlar oʻtkazmalari quyidagi turlarga boʻlinadi:

ichki oʻtkazma;

tashqi oʻtkazma;

bitta depo hisobvaragʻi doirasida oʻtkazish.

158. Qimmatli qogʻozlarning ichki oʻtkazmasi qimmatli qogʻozlar Markaziy depozitariy yoki bitta hisob tashkiloti ichida oʻtkazilganda amalga oshiriladi.

159. Qimmatli qogʻozlarning tashqi oʻtkazmasi qimmatli qogʻozlar Markaziy depozitariydan hisob tashkilotiga yoki bir hisob tashkilotidan boshqa hisob tashkilotiga oʻtkazilganda amalga oshiriladi.

160. Qimmatli qogʻozlarni bitta depo hisobvaragʻi doirasida oʻtkazish qimmatli qogʻozlarni depo hisobvaragʻining bir boʻlimidan boshqa boʻlimiga oʻtkazishda amalga oshiriladi.

161. Qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlar quyidagi hollarda oʻtkaziladi:

savdo tizimlaridan tashqarida qimmatli qogʻozlar bilan fuqarolik-huquqiy bitimlar tuzilganda;

savdo tizimlarida qimmatli qogʻozlar sotib olinganda;

qimmatli qogʻozlar hadya qilinganda;

qimmatli qogʻozlar meros qilib qoldirilganda;

yuridik shaxsning huquqiy vorisligida;

sud qaroriga koʻra;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa hollarda.

162. Savdo tizimlaridan tashqarida fuqarolik-huquqiy bitimlarni tuzish natijasida qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni oʻtkazish qimmatli qogʻozlarni va boshqa hujjatlarni oʻtkazish uchun depo topshiriqnomalari asosida amalga oshiriladi.

163. Savdo tizimlarida tuzilgan bitimlar natijalari boʻyicha qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni oʻtkazish kliring topshiriqnomasi asosida Markaziy depozitariy va (yoki) hisob tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi.

164. Qimmatli qogʻozlarni hadya qilishda qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni oʻtkazish qimmatli qogʻozlarni beruvchi va qabul qiluvchidan qimmatli qogʻozlarni oʻtkazish uchun depo topshiriqnomalari va qimmatli qogʻozlarni hadya qilish toʻgʻrisidagi tegishli shartnoma asosida amalga oshiriladi.

165. Qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni oʻtkazish qimmatli qogʻozlarni beruvchining va qimmatli qogʻozlarni qabul qiluvchining qimmatli qogʻozlarni oʻtkazishga doir topshiriqnomalari va merosxoʻrning meros boʻlgan huquqini tasdiqlovchi hujjat asosida amalga oshiriladi.

166. Yuridik shaxsning huquqiy vorisligi natijasida qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni boshqa shaxsga oʻtkazish topshirish hujjati (qoʻshib yuborish, qoʻshib olish yoki oʻzgartirish) yoki taqsimlash balansi (boʻlish yoki ajratib chiqarish) asosida amalga oshiriladi.

167. Sudning qaroriga koʻra qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni boshqa shaxsga oʻtkazish undiruvchi, qarzdor yoki davlat ijrochisining depo topshiriqnomalari asosida amalga oshiriladi.

Depo topshiriqnomasiga sudning qarori (hal qiluv qarori, ajrimi), zaruratga koʻra ijro hujjatining nusxalari ilova qilinadi.

168. Bir depozitariy doirasida qimmatli qogʻozlarni oʻtkazish beruvchining qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish toʻgʻrisidagi depo topshiriqnomalari va qabul qiluvchining elektron metchingdan keyin qimmatli qogʻozlarni kirim qilish toʻgʻrisidagi depo topshiriqnomasi (potensial qarama-qarshi topshiriqnomalarni izlash va ikkala topshiriqnoma parametrlari mos kelgan taqdirda tegishli topshiriqnomani aniqlash mexanizmi) asosida amalga oshirilishi mumkin.

169. Qarama-qarshi depo topshiriqnomalarini izlash operatsiyasi topshiriqnomalar kvitovkasi deb ataladi. Qarama-qarshi depo topshiriqnomasini izlash uch ish kuni mobaynida amalga oshirilishi mumkin.

170. Qimmatli qogʻozlarga majburiyatlar yuklanishini hisobga olish boʻyicha operatsiyalar qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarning oʻtishi bilan bogʻliq boʻlmagan ichki depozitar oʻtkazmalarga kiradi.

171. Qimmatli qogʻozlarga majburiyatlar yuklash qimmatli qogʻozlar oʻtkazilishining oldini olish uchun qimmatli qogʻozlarga cheklovlar qoʻyish hisoblanadi.

172. Qimmatli qogʻozlarga majburiyatlar yuklatilishini hisobga olish boʻyicha depozitar operatsiyalarga quyidagilar kiradi:

qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyish va garovdan chiqarish;

qimmatli qogʻozlarni zakalatga qoʻyish va zakalatdan chiqarish;

qimmatli qogʻozlarni deponentning yoki depo hisobvaragʻi operatorining topshiriqnomasiga koʻra bloklash;

vakolatli davlat organining koʻrsatmasiga binoan qimmatli qogʻozlarni bloklash;

monopoliyaga qarshi davlat organining koʻrsatmasiga binoan qimmatli qogʻozlarni bloklash;

huquqni muhofaza qiluvchi va sud organlarining koʻrsatmasiga binoan qimmatli qogʻozlarni bloklash;

Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining koʻrsatmasiga binoan qimmatli qogʻozlarni bloklash.

173. Qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyish depozitariyning hisob registrlariga qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyish toʻgʻrisidagi yozuvlarni kiritish boʻyicha depozitar operatsiya hisoblanadi.

174. Qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyish boʻyicha depozitar operatsiyaning mazmuni deponent-garovga qoʻyuvchining hisobvaragʻidagi qimmatli qogʻozlarni u tomonidan asosiy boʻlimdan garovda bloklangan boʻlimiga oʻtkazishdan iborat.

175. Qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyishda Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga qonunchilikda belgilangan tartibda tuzilgan garov shartnomasiga muvofiq qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyish uchun deponent-garovga qoʻyuvchining depo topshiriqnomasi va deponent-garovga oluvchining depo topshiriqnomasi taqdim etiladi.

176. Garovga oluvchida depo hisobvaragʻi mavjud boʻlmagan taqdirda, Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti garovga oluvchiga depo hisobvaragʻini ochadi.

177. Qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyish topshiriqnomasi topshiriqnomada koʻrsatilgan kunda bajariladi.

178. Qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyishda, agar garov toʻgʻrisidagi shartnomada boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, garovga qoʻyuvchida qimmatli qogʻozlarga egalik qilishdan kelib chiqadigan huquqlar (masalan, boshqarish huquqi va daromad olish huquqini amalga oshirish boʻyicha vakolatlar) saqlanib qoladi.

179. Qimmatli qogʻozlarga egalik qilish bilan bogʻliq boshqa huquqlarni (imtiyozli huquqni amalga oshirish, konvertatsiya, qimmatli qogʻozlarni soʻndirish va boshqalar) amalga oshirish boʻyicha vakolatlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

180. Qimmatli qogʻozlarni garovdan chiqarish quyidagi asoslarga koʻra amalga oshiriladi:

garovga qoʻyuvchining majburiyatlari bajarilishi munosabati bilan garovning bekor boʻlishi;

garovga qoʻyuvchining majburiyatlari bajarilmaganligi munosabati bilan garovning bekor boʻlishi.

181. Garovga qoʻyuvchi tomonidan garov shartnomasi boʻyicha majburiyatlar bajarilganda, Markaziy depozitariy yoki hisob tashkilotiga garovga qoʻyuvchi va garovga oluvchidan qimmatli qogʻozlarni garovdan chiqarish toʻgʻrisida topshiriqnoma taqdim etiladi.

182. Qimmatli qogʻozlarni garovdan chiqarish boʻyicha depozitar operatsiyaning mazmuni deponent-garovga qoʻyuvchining hisobvaragʻidagi qimmatli qogʻozlarni garovga qoʻyilgan boʻlimidan asosiy boʻlimga oʻtkazishdan iborat.

183. Qimmatli qogʻozlarni zakalatga qoʻyishda Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga deponent-garovga qoʻyuvchi va garovga oluvchining qimmatli qogʻozlarni zakalatga berish haqidagi topshiriqnomasi taqdim etiladi.

184. Qimmatli qogʻozlarni zakalatga berish toʻgʻrisidagi topshiriqnoma shartnomada koʻrsatilgan kunda bajariladi.

185. Qimmatli qogʻozlarni zakalatdan chiqarish garovga qoʻyuvchi tomonidan garov shartnomasi boʻyicha majburiyatlar bajarilgandan soʻng garovga qoʻyuvchi va garovga oluvchining zakalatdan chiqarish haqidagi topshiriqnomalari asosida amalga oshiriladi.

186. Garovga qoʻyuvchi tomonidan zakalat shartnomasi boʻyicha majburiyatlar bajarilmagan taqdirda, zakalatga berilgan qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarning oʻtkazilishi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

187. Qimmatli qogʻozlarni bloklash Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining hisob registrlariga ushbu qimmatli qogʻozlarning hisobvaraqlar boʻyicha harakatini muayyan muddatga toʻxtatib qoʻyishga olib keladigan yozuvlarni kiritish boʻyicha depozitar operatsiya hisoblanadi.

188. Vakolatli davlat organining koʻrsatmasiga asosan qimmatli qogʻozlarni blokirovka qilish uchun Markaziy depozitariy va hisob tashkilotiga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

vakolatli davlat organining masʼul shaxslari tomonidan imzolangan va muhri bilan tasdiqlangan koʻrsatma;

qimmatli qogʻozlarni blokirovka qilish uchun asos boʻladigan hujjatlar.

189. Vakolatli davlat organining qimmatli qogʻozlarni bloklash toʻgʻrisidagi koʻrsatmasida quyidagi maʼlumotlar boʻlishi kerak:

deponent va uning depo hisobvaragʻi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

bloklanayotgan qimmatli qogʻozlar va ularning soni;

bloklash sababi;

bloklash muddati.

190. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti vakolatli davlat organining koʻrsatmasi taqdim etilgan kunda qimmatli qogʻozlarni vakolatli davlat organining koʻrsatmasi boʻyicha bloklangan boʻlimiga oʻtkazishi va quyidagi maʼlumotlarni hisobda aks ettirishi lozim:

bloklash sababi;

bloklash amalga oshirilishiga asos boʻlgan hujjatning rekvizitlari;

bloklash muddati.

191. Qimmatli qogʻozlarni bloklash toʻgʻrisidagi topshiriqnoma Markaziy depozitariyga kelib tushgan taqdirda, Markaziy depozitariy savdo tizimlariga, hisob tashkilotlariga, chet ellik nominal saqlovchilarga topshiriqnoma olingan kunda qimmatli qogʻozlarni bloklash toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi. Topshiriqnoma mahalliy vaqt bilan soat 16:00 dan keyin qabul qilingan taqdirda, xabarnoma keyingi operatsion kunning 09:15 dan kechiktirmay yuboriladi.

192. Markaziy depozitariy bloklash toʻgʻrisidagi topshiriqnomada koʻrsatilgan qimmatli qogʻozlarni bloklash bilan bogʻliq operatsiyalarni topshiriqnoma olingan kunda amalga oshiradi. Topshiriqnoma mahalliy vaqt bilan soat 16:00 dan keyin qabul qilingan taqdirda, operatsiyalar keyingi operatsion kunning 09:25 dan kechiktirmay amalga oshiriladi.

193. Hisob tashkilotlari va chet ellik nominal saqlovchilar Markaziy depozitariyning bloklash toʻgʻrisidagi xabarnomasida koʻrsatilgan qimmatli qogʻozlarni bloklash bilan bogʻliq operatsiyalarni xabarnoma olingan kunda amalga oshiradi. Xabarnoma mahalliy vaqt bilan soat 16:00 dan keyin qabul qilingan taqdirda, operatsiyalar keyingi operatsion kunning 09:15 dan kechiktirmay amalga oshiriladi.

194. Qimmatli qogʻozlar xaridorning depo hisobvaragʻiga yetkazib berilgan paytda ularning harakatini bloklash toʻgʻrisidagi topshiriqnoma kelib tushgan taqdirda, qimmatli qogʻozlar xaridorning hisobvaragʻiga oʻtkazilgandan keyin bloklanadi.

195. Vakolatli davlat organining koʻrsatmasi boʻyicha bloklangan qimmatli qogʻozlarni Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari faqat vakolatli davlat organining qimmatli qogʻozlarni blokdan chiqarish koʻrsatmasi boʻyicha blokdan chiqarishi mumkin, bundan yuridik shaxs tugatilganligi munosabati bilan qimmatli qogʻozlarning blokdan chiqarilishi holati mustasno.

196. Ilgari taqdim etilgan topshiriqnomalar va hujjatlar asosida bloklangan qimmatli qogʻozlarni qayta bloklashga yoʻl qoʻyilmaydi.

197. Huquqni muhofaza qiluvchi va sud organlarining qimmatli qogʻozlarni bloklash toʻgʻrisidagi qarori (hal qiluv qarori, ajrimi yoki boshqa hujjat) quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi zarur:

deponent va uning depo hisobvaragʻi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

bloklanayotgan qimmatli qogʻozlar va ularning soni;

bloklash sababi;

bloklash muddati.

198. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti huquqni muhofaza qiluvchi yoki sud organlarining qimmatli qogʻozlarni deponentning hisobvaragʻida bloklash toʻgʻrisidagi qarori (hal qiluv qarori, ajrimi yoki boshqa hujjat) taqdim etilgan kuni qimmatli qogʻozlarni huquqni muhofaza qiluvchi yoki sud organlarining farmoyishiga muvofiq bloklangan boʻlimiga oʻtkazadi.

199. Sud organlarining qarori (ajrimi) bilan bloklangan va sud qarori bilan bloklangan boʻlimida turgan qimmatli qogʻozlarni blokdan chiqarish toʻgʻrisidagi sudning qaroriga (ajrimiga) asosan blokdan chiqariladi va deponent hisobvaragʻidagi asosiy boʻlimga oʻtkaziladi yoki sud qaroriga muvofiq uchinchi shaxsning hisobvaragʻiga oʻtkaziladi (daʼvogar, merosxoʻr, davlat yoki boshqalar foydasiga).

200. Qimmatli qogʻozlar deponentning depo hisobvaragʻida deponentning yoki hisobvaraq operatorining topshiriqnomasiga koʻra quyidagi hollarda bloklanishi mumkin:

qimmatli qogʻozlar birja va birjadan tashqari savdo tizimlarida sotish uchun qoʻyilganda;

uyushmagan qimmatli qogʻozlar bozorida (toʻgʻridan-toʻgʻri oldi-sotdi shartnomalari boʻyicha) bitimlar tuzishda deponentning qimmatli qogʻozlarni yetkazib berish boʻyicha majburiyatlari mavjud boʻlganda;

qonunchilikda belgilangan boshqa hollarda.

201. Qimmatli qogʻozlar birja va birjadan tashqari savdo tizimlariga sotish uchun qoʻyilganda, qimmatli qogʻozlar Markaziy depozitariydagi savdo tizimi ishtirokchisining hisobvaragʻidagi (hisob tashkiloti hisobvaragʻi yoki deponentning oʻz hisobvaragʻi) savdoga qoʻyilgan boʻlimida bloklanadi.

202. Qimmatli qogʻozlar deponentning topshirigʻiga koʻra blokirovka qilinganda, Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti qimmatli qogʻozlarni deponentning topshirigʻiga koʻra blokirovka qilingan boʻlimiga oʻtkazadi.

203. Deponentning hisobvaragʻidagi qimmatli qogʻozlar blokirovka qilinganda, Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti qimmatli qogʻozlar bloklangan vaqtdan boshlab ikki ish kuni ichida bu haqda deponentni xabardor qilishi shart.

204. Qimmatli qogʻozlar chiqarilishi Emissiyaviy qimmatli qogʻozlar chiqarilishlarining yagona davlat reyestridan chiqarilgan taqdirda, vakolatli davlat organining bu haqidagi xabari asosida Markaziy depozitariy qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish uchun ularni blokdan chiqaradi.

Qimmatli qogʻozlar hisobdan chiqarilgan paytdan boshlab ikki ish kuni ichida Markaziy depozitariy deponentlarga va ushbu qimmatli qogʻozlarni blokirovka qilgan organlarga tegishli xabarnoma yuboradi.

205. Markaziy depozitariyda saqlanayotgan qimmatli qogʻozlar boʻyicha tashqi oʻtkazmalar uch tomonlama sxema asosida amalga oshiriladi.

206. Depozitar tizim doirasida qimmatli qogʻozlarning tashqi oʻtkazmalarini amalga oshirishga faqat operatsion kun boshida LORO va NOSTRO vakillik hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlar qoldigʻi mos keladigan hisob tashkilotlariga ruxsat etiladi.

207. Tashqi oʻtkazmalar faqat bloklanmagan qimmatli qogʻozlar boʻyicha amalga oshirilishi mumkin.

208. Qimmatli qogʻozlarning tashqi oʻtkazmasini amalga oshirishda bir hisob tashkilotidan hisobdan chiqariladigan qimmatli qogʻozlar soni boshqa hisob tashkilotida hisobga olinadigan qimmatli qogʻozlar soniga teng boʻlishi kerak.

209. Markaziy depozitariyda saqlanayotgan qimmatli qogʻozlarning tashqi oʻtkazmalarida qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish va kirim qilish operatsiyasi bir operatsiya kunida amalga oshirilishi kerak.

210. Qimmatli qogʻozlarni depozitar tizimdagi bir hisob tashkilotidan boshqa hisob tashkilotiga oʻtkazish solishtirish yoʻli bilan amalga oshiriladi, quyidagi holatlar bundan mustasno:

qimmatli qogʻozlarni emitentning Markaziy depozitariydagi emissiyaviy hisobvaragʻidan emitentga xizmat koʻrsatuvchi hisob tashkilotidagi tranzit emissiyaviy hisobvaragʻiga oʻtkazish;

global operatsiyalarni amalga oshirishda, qimmatli qogʻozlar chiqarilishini bekor qilish yoki soʻndirishda qimmatli qogʻozlarni hisob tashkilotidan Markaziy depozitariyga oʻtkazish;

hisob tashkilotining faoliyati toʻxtatilganda, hisob tashkiloti deponentlarining qimmatli qogʻozlarini Markaziy depozitariyga oʻtkazish.

211. Hisob tashkilotlarining LORO vakillik hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlar oʻtkazmalarining toʻgʻri amalga oshirilishi uchun Markaziy depozitariy javobgar boʻladi.

212. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari tashqi oʻtkazma topshiriqnomalari hamda xabarnomalarning oʻz vaqtida shakllantirilishi va yuborilishi uchun javobgardir.

213. Aloqa kanallari orqali uzatiladigan axborotning saqlanishi va tashqi oʻtkazmalarning bajarilishi Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti oʻrtasidagi shartnoma va (yoki) oʻzaro hamkorlik reglamentida nazarda tutiladi.

214. Qimmatli qogʻozlarni beruvchi deponent xizmat koʻrsatuvchi hisob tashkilotiga qimmatli qogʻozlarni oʻzining depo hisobvaragʻidan hisobdan chiqarish va qimmatli qogʻozlarni qabul qiluvchi hisob tashkilotining depo hisobvaragʻiga oʻtkazish uchun depo topshiriqnomasini taqdim etadi.

215. Depo topshiriqnomasi belgilangan talablarga muvofiq boʻlsa, hisob tashkiloti quyidagi amallarni bajaradi:

depo topshiriqnomasida koʻrsatilgan hisob-kitob kunida qimmatli qogʻozlarni tashqi oʻtkazma orqali hisobdan chiqarish uchun topshiriqnoma tayyorlaydi;

depo topshiriqnomasida koʻrsatilgan miqdordagi qimmatli qogʻozlarni hisobga olish uchun depozitar operatsiyalarni oʻtkazish zarurligi haqida qabul qiluvchi hisob tashkilotini xabardor qiladi;

qabul qiluvchi hisob tashkilotining amaliyotni oʻtkazishga tayyorligi tasdiqlanganda, deponentning topshiriqnomasida koʻrsatilgan miqdordagi qimmatli qogʻozlarni qabul qiluvchi deponentning depo hisobvaragʻiga va qabul qiluvchi hisob tashkilotining hisobvaragʻiga oʻtkazish boʻyicha tashqi oʻtkazma depo operatsiyasini bajaradi hamda depozitar operatsiyaning toʻgʻri bajarilganligini tekshiradi.

216. Depo topshiriqnomasi belgilangan talablarga muvofiq boʻlmasa, hisob tashkiloti deponentni tashqi oʻtkazma topshiriqnomasini bajarish imkonsizligi toʻgʻrisida xabardor qiladi.

217. Qimmatli qogʻozlarni qabul qiluvchi deponent hisob tashkilotiga oʻz depo hisobvaragʻiga qimmatli qogʻozlarni beruvchi deponentning hisobvaragʻidan qabul qilish uchun tashqi oʻtkazma topshiriqnomasini beradi.

218. Qimmatli qogʻozlarni qabul qiluvchi hisob tashkiloti qimmatli qogʻozlarni kirim qilish uchun tashqi oʻtkazma depo topshiriqnomasi asosida:

qabul qiluvchi deponentning topshiriqnomasida koʻrsatilgan hisob-kitob sanasi bilan qimmatli qogʻozlarni hisobga qabul qilish uchun depo topshiriqnomasini (qimmatli qogʻozlarni deponent hisobvaragʻiga va NOSTRO hisobvaragʻiga kirim qilish uchun topshiriqnoma) shakllantiradi;

yetkazib beruvchining hisob tashkilotini topshiriqnomada koʻrsatilgan miqdordagi qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish boʻyicha depozitar operatsiyalarni oʻtkazish zarurligi haqida xabardor qiladi;

qimmatli qogʻozlarni yetkazib beruvchi hisob tashkilotining LORO hisobvaragʻidan Markaziy depozitariydagi oʻzining LORO hisobvaragʻiga qimmatli qogʻozlarni kirim qilish uchun elektron depo topshiriqnomasini shakllantiradi.

219. Kontragentlarning hisob tashkilotlari Markaziy depozitariyga LORO hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish va kirim qilish uchun shakllangan qarama-qarshi elektron tashqi oʻtkazma topshiriqnomalarini yuboradi.

220. Markaziy depozitariy hisob tashkilotlarning LORO hisobvaraqlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish va kirim qilish uchun qarama-qarshi tashqi oʻtkazma depo topshiriqnomalarining qidiruvini tashkil etadi hamda qarama-qarshi tashqi oʻtkazma topshiriqnomalari muvaffaqiyatli topilganda, ushbu topshiriqnomalarni kvitovka qiladi va qimmatli qogʻozlarni beruvchi hisob tashkilotining LORO hisobvaragʻidan qimmatli qogʻozlarni qabul qiluvchi hisob tashkilotining LORO hisobvaragʻiga oʻtkazishni amalga oshiradi. Markaziy depozitariy yetkazib beruvchi va qabul qiluvchi hisob tashkilotlariga qimmatli qogʻozlar oʻtkazilganligi toʻgʻrisida xabarnomalarni yuboradi.

221. Tashqi oʻtkazma topshiriqnomalarini izlash muvaffaqiyatsiz boʻlgan taqdirda, Markaziy depozitariy hisob tashkilotlariga depo topshiriqnomalarini hisobdan chiqarish toʻgʻrisidagi hisobotni yuboradi.

222. Qimmatli qogʻozlarni beruvchi va oluvchining hisob tashkilotlari qimmatli qogʻozlar oʻtkazilganligi toʻgʻrisida Markaziy depozitariydan olingan xabarnoma hamda qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish va kirim qilish toʻgʻrisidagi ichki topshiriqnomalari asosida qimmatli qogʻozlarni oʻz deponentlarining hisobvaraqlariga hisobdan chiqaradi va oʻtkazadi.

223. Hisob tashkilotlari oʻz mijozlariga tashqi oʻtkazma topshiriqnomalarining bajarilishi toʻgʻrisida hisobotlar taqdim etadi.

4-§. Qimmatli qogʻozlar chiqarilishini (emissiyasini) hisobga olishga doir buxgalteriya operatsiyalari

224. Markaziy depozitariy tomonidan qimmatli qogʻozlar chiqarilishini (emissiyasini) hisobga olish emitent va qimmatli qogʻozlar chiqarilishi haqidagi maʼlumotlarni Markaziy depozitariyning hisob registrlarida qayd etish orqali amalga oshiriladi.

225. Qimmatli qogʻozlar chiqarilishini (emissiyasini) hisobga olish quyidagi hujjatlarga asosan amalga oshiriladi:

davlat qimmatli qogʻozlari va Markaziy bank obligatsiyalari uchun qimmatli qogʻozlarning global sertifikati;

korporativ qimmatli qogʻozlar uchun davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan qimmatli qogʻozlarni chiqarish toʻgʻrisidagi emitentning qarori;

qimmatli qogʻozlar emissiya risolasi (qimmatli qogʻozlar ommaviy joylashtirilgan holda).

226. Markaziy depozitariy quyidagi hollarda qimmatli qogʻozlar chiqarilishini hisobga olish yoki qimmatli qogʻozlarga xizmat koʻrsatish uchun qabul qilishni rad etishga haqli:

qimmatli qogʻozlarni chiqarish toʻgʻrisidagi qaror vakolatli davlat organi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilmagan boʻlsa (korporativ qimmatli qogʻozlar uchun), bundan qonunchilikda nazarda tutilgan holatlar mustasno;

emitentning nomi notoʻgʻri yoki noaniq koʻrsatilgan boʻlsa;

qimmatli qogʻozning turi va xili notoʻgʻri koʻrsatilgan boʻlsa;

qimmatli qogʻozlarning nominal qiymati va chiqarish hajmi notoʻgʻri koʻrsatilgan boʻlsa;

Markaziy depozitariyga taqdim etilgan axborot va hujjatlar qimmatli qogʻozlar chiqarilishini tavsiflash uchun yetarli boʻlmasa.

227. Markaziy depozitariy qimmatli qogʻozlarning chiqarilishi hisobga qoʻyilganidan keyin qimmatli qogʻozlarni emitentning depo hisobvaragʻiga qabul qiladi.

228. Xorijiy qimmatli qogʻozlarni Markaziy depozitariyda hisobga olish xorijiy qimmatli qogʻozlarning maʼlumotlari va hujjatlari asosida amalga oshiriladi.

229. Markaziy depozitariy quyidagi hollarda xorijiy qimmatli qogʻozlarni hisobga olishni rad etadi:

Markaziy depozitariyga taqdim etilgan maʼlumot va hujjatlar xorijiy qimmatli qogʻozni hisobga olish uchun yetarli boʻlmasa;

moliyaviy vositalar hujjatli shaklda chiqarilgan boʻlsa;

qimmatli qogʻozlarni hisobga olish qimmatli qogʻozlar muomalasining shartlari yoki qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlangan yoxud chiqarish shartlarida koʻzda tutilmagan boʻlsa;

qimmatli qogʻozlar muomalasining muddati tugagan yoki roʻyxatdan oʻtkazuvchi tashkilotdan qimmatli qogʻozlar chiqarilishini (qoʻshimcha chiqarilishini) joylashtirishni va ular bilan operatsiyalarni toʻxtatib turish haqida xabarnoma olingan boʻlsa.

5-§. Global operatsiyalarga doir buxgalteriya operatsiyalari

230. Qimmatli qogʻozlarning muayyan chiqarilishi bilan bogʻliq boʻlgan Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlarining barcha yoki aksariyat hisob registrlari holatini oʻzgartiruvchi depozitar operatsiya global operatsiya deb yuritiladi.

231. Markaziy depozitariy tomonidan global operatsiyalar emitent tomonidan quyidagi korporativ harakatlar oʻtkazilganda amalga oshiriladi:

qimmatli qogʻozlarni ayirboshlash;

qimmatli qogʻozlarni maydalash;

qimmatli qogʻozlarni yiriklashtirish;

emitentning oʻz kapitali hisobidan chiqarilgan qoʻshimcha aksiyalarni taqsimlash (kapitallashtirish);

qimmatli qogʻozlarni bekor qilish.

232. Global operatsiyani oʻtkazish tashabbuskori emitent yoki uning topshirigʻiga koʻra Markaziy depozitariy, shuningdek Markaziy depozitariyga xorijiy qimmatli qogʻozlarini nominal saqlovchi hisobvaragʻi ochgan chet ellik markaziy depozitariy hisoblanadi.

233. Depozitar tizimdagi global operatsiyalarni Markaziy depozitariy boshlab beradi.

234. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari depozitar operatsiyalarni yagona axborot tizimida (dasturiy taʼminotda) amalga oshirgan taqdirda, global operatsiyalar Markaziy depozitariy tomonidan mustaqil ravishda amalga oshirilishi mumkin.

235. Markaziy depozitariy emitentning qarorini olganidan soʻng qimmatli qogʻozlar egalarini, shu jumladan hisob tashkilotlarini, chet ellik nominal saqlovchilarni va savdo tashkilotchilarini emitentning kutilayotgan korporativ harakatlari hamda mazkur qimmatli qogʻozlar savdosini vaqtincha bloklash va (yoki) toʻxtatib turish toʻgʻrisida xabardor etadi.

236. Qimmatli qogʻozlarni ayirboshlashga doir global operatsiyaning mohiyati deponentlarning depo hisobvaraqlarida bir chiqarilishdagi qimmatli qogʻozlarni boshqa chiqarilishdagi qimmatli qogʻozlarga almashtirish (hisobdan chiqarish va kirim qilish)dan iborat.

237. Markaziy depozitariy qimmatli qogʻozlarni chiqarish toʻgʻrisidagi qarorga hamda Markaziy depozitariyga (xorijiy qimmatli qogʻozlarining nominal saqlovchisi hisobvaragʻi ochilgan xorijiy depozitariy tomonidan) taqdim etilgan yangi chiqarilgan qimmatli qogʻozlarning nominal saqlovchi hisobvaragʻiga oʻtkazilgan miqdori haqidagi koʻchirmaga muvofiq ayirboshlash amaliyotini bajaradi. Hisob-kitob maʼlumotlari va oʻtkazilgan qimmatli qogʻozlar soni oʻrtasida nomuvofiqlik mavjud boʻlsa, Markaziy depozitariy nizoli vaziyat hal etilmaguncha amaliyotni amalga oshirmaydi.

238. Qimmatli qogʻozlarni ayirboshlash uchun asos sifatida nominal saqlovchining hisobvaragʻi boʻyicha ayirboshlash bajarilganligini tasdiqlovchi Markaziy depozitariy tomonidan beriladigan koʻchirma xizmat qiladi. Xorijiy qimmatli qogʻozlar ayirboshlangan taqdirda, xorijiy qimmatli qogʻozlarning nominal saqlovchi hisobvaragʻi ochilgan xorijiy markaziy depozitariy tomonidan berilgan koʻchirma asos boʻladi.

239. Markaziy depozitariy vakolatli davlat organi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgan emitentning qarorini yoki nominal saqlovchi hisobvaragʻi ochilgan xorijiy depozitariydan maʼlumot olgan paytdan boshlab bir ish kuni ichida ayirboshlashni amalga oshirish tartibi haqidagi axborotni shartnomada yoki mijozning anketasida koʻrsatilgan usulda mijozga yetkazadi.

240. Qimmatli qogʻozlarni ayirboshlash boʻyicha operatsiyaning bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobot Markaziy depozitariy tomonidan operatsiya bajarilgan kunda taqdim etiladi.

241. Hisob tashkilotlari qimmatli qogʻozlarni ayirboshlash boʻyicha operatsiyalarni faqat Markaziy depozitariy tomonidan taqdim etilgan quyidagi hujjatlar mavjud boʻlganda boshlash huquqiga ega:

barcha zarur axborot koʻrsatilgan holda qimmatli qogʻozlarni ayirboshlash oʻtkazilganligi toʻgʻrisida Markaziy depozitariyning xabarnomasi;

qimmatli qogʻozlarni chiqarish toʻgʻrisidagi qarorda belgilangan sanada ayirboshlash oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi Markaziy depozitariyning topshiriqnomasi.

242. Hisob tashkilotlari ayirboshlash operatsiyasini amalga oshirish uchun qimmatli qogʻozlarni chiqarish toʻgʻrisidagi qarorda belgilangan sanada:

ayirboshlash qilinadigan qimmatli qogʻozlarni deponentlarning depo hisobvaraqlaridan va NOSTRO aktiv hisobvaragʻidan hisobdan chiqarishni amalga oshiradi;

ayirboshlash qilinadigan qimmatli qogʻozlarni deponentlar hisobvaraqlariga va NOSTRO aktiv hisobvaragʻiga oʻtkazishni amalga oshiradi;

ayirboshlash qilinadigan qimmatli qogʻozlar hisobdan chiqarilganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma va ayirboshlash qilingan qimmatli qogʻozlarning tegishli miqdorini hisobdan chiqarish uchun LORO vakillik hisobvaragʻi boʻyicha topshiriqnomani Markaziy depozitariyga yuboradi.

243. Hisob tashkilotlari deponentlarning soʻrovlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarni ayirboshlashni amalga oshirish uchun asos boʻlgan hujjatlarni ham taqdim etadilar.

6-§. Qimmatli qogʻozlarni maydalashga (yiriklashtirishga) doir buxgalteriya operatsiyalari

244. Qimmatli qogʻozlarni maydalashda (yiriklashtirishda) global operatsiyaning mazmuni emitent tomonidan belgilangan koeffitsiyentga muvofiq va emitentning qarori bilan belgilangan muddatda nominal qiymati kamayganda (koʻpayganda) depo hisobvaraqlarida muayyan chiqarilishdagi qimmatli qogʻozlar sonining kamayishi (koʻpayishi)dan iborat.

245. Hisob tashkilotlari qimmatli qogʻozlarni maydalash (yiriklashtirish) boʻyicha operatsiyalarni faqat Markaziy depozitariy tomonidan taqdim etilgan quyidagi hujjatlar mavjud boʻlganda boshlash huquqiga ega:

barcha zarur maʼlumotlar koʻrsatilgan holda emitent tomonidan qimmatli qogʻozlarni maydalash (yiriklashtirish) oʻtkazilganligi toʻgʻrisida Markaziy depozitariyning xabarnomasi;

maydalash (yiriklashtirish) amalga oshiriladigan qimmatli qogʻozlarni deponentlar hisobvaraqlaridan hisobdan chiqarish va maydalash (yiriklashtirish) amalga oshiriladigan tegishli miqdordagi qimmatli qogʻozlarni kirim qilish yoʻli bilan bajarish toʻgʻrisidagi Markaziy depozitariyning xizmat topshirigʻi.

246. Hisob tashkilotlari deponentlarning soʻrovlari boʻyicha qimmatli qogʻozlarni maydalash (yiriklashtirish)ni amalga oshirish uchun asos boʻlgan hujjatlarni ham taqdim etadilar.

7-§. Emitentning oʻz kapitali hisobidan chiqarilgan qoʻshimcha aksiyalarni taqsimlashga (kapitallashtirishga) doir buxgalteriya operatsiyalari

247. Markaziy depozitariy emitent tomonidan chiqarilgan aksiyalarni emitentning oʻz kapitali hisobidan taqsimlash (kapitallashtirish) operatsiyasini emitentning qaroriga muvofiq ravishda amalga oshiradi.

248. Aksiyalarni aksiyadorlarga taqsimlash roʻyxatida koʻrsatilgan hisob tashkiloti:

emitentning Markaziy depozitariyda emissiyaviy hisobvaragʻidan qimmatli qogʻozlarni hisobdan chiqarish toʻgʻrisidagi xabarnoma elektron shaklda olinganidan keyin bir ish kunidan kechiktirmay aksiyalarni emitentning tegishli tranzit emissiyaviy hisobvaragʻiga oʻtkazishni amalga oshiradi;

bir ish kunidan kechiktirmay emitentning tegishli tranzit emissiyaviy hisobvaragʻiga aksiyalar oʻtkazilganligi toʻgʻrisida Markaziy depozitariyni elektron shaklda xabardor qiladi;

besh ish kunidan kechikmay emitentning tranzit emissiyaviy hisobvaragʻidan aksiyalarni aksiyadorlarning depo hisobvaraqlariga oʻtkazishni amalga oshiradi.

8-§. Qimmatli qogʻozlarni bekor qilishga doir buxgalteriya operatsiyalari

249. Qimmatli qogʻozlarni bekor qilish quyidagi hollarda amalga oshiriladi:

chiqarish amalga oshmagan deb topilganda;

emitent qayta tashkil etilganda yoki tugatilganda;

tegishli sud qarori mavjud boʻlganda;

mazkur Qoidalarda nazarda tutilgan holatlarda qimmatli qogʻozlarning yangi chiqarilishida;

obligatsiyalar chiqarilishi soʻndirilganda;

bitta chiqarilishdagi barcha qimmatli qogʻozlar ayirboshlanganda;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.

250. Qimmatli qogʻozlarni bekor qilishda global operatsiyaning mazmuni qimmatli qogʻozlarni deponentlarning hisobvaraqlaridan hisobdan chiqarish va ushbu chiqarilishni Markaziy depozitariyda hisobdan chiqarishdan iborat.

251. Qimmatli qogʻozlarni bekor qilish operatsiyasi bir necha bosqichda amalga oshiriladi. Depozitar tizimda qimmatli qogʻozlarni bekor qilish jarayoni vakolatli davlat organining qimmatli qogʻozlarni muomaladan chiqarish toʻgʻrisidagi qaroriga asosan amalga oshiriladi. Bu jarayonda qimmatli qogʻozlar depo hisobvaraqlaridan hisobdan chiqariladi va bekor qilinayotgan qimmatli qogʻozlar hisobdan olib qoʻyiladi.

252. Xorijiy qimmatli qogʻozlarni bekor qilish (soʻndirish) boʻyicha operatsiya xorijiy markaziy depozitariyning qimmatli qogʻozlar bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi xabarnomasiga muvofiq amalga oshiriladi.

253. Markaziy depozitariy qimmatli qogʻozlar chiqarilishini bekor qilish boʻyicha operatsiyaning bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobotni operatsiya bajarilgan kunda taqdim etadi.

9-§. Axborot operatsiyalari va hisoboti

254. Axborot operatsiyalari Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining depo hisobvaraqlari va boshqa hisob registrlari holati yoki depozitar operatsiyalarning bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlar, koʻchirmalar va maʼlumotnomalarni shakllantirish va (yoki) taqdim etish bilan bogʻliq boʻlgan depozitar operatsiyalar hisoblanadi. Axborot operatsiyalariga quyidagilar kiradi:

hisobotlar va koʻchirmalarni shakllantirish hamda deponentlarga berish;

qimmatli qogʻozlar egalari reyestrlarini shakllantirish va berish;

Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining oʻtkazilgan operatsiyalar toʻgʻrisida deponentlarga axborot taqdim etish bilan bogʻliq boshqa operatsiyalari.

255. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti ichki hisob registrlari maʼlumotlariga asoslanib, ichki hisobotni hamda deponentlar va vakolatli organlarga hisobotlarni tayyorlaydi.

256. Deponent oʻz hisobvaragʻidagi qimmatli qogʻozlar haqida, shuningdek oʻziga tegishli qimmatli qogʻozlardan kelib chiqadigan boshqa huquqlarning amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotni erkin olish huquqiga ega.

257. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti deponentning talabiga binoan depozitar shartnomada belgilangan muddatda deponentga ochilgan depo hisobvaraqlari boʻyicha amalga oshirilgan operatsiyalar toʻgʻrisidagi hisobotlarni va (yoki) ushbu depo hisobvaraqlaridan koʻchirmalarni taqdim etadi.

258. Depozitar operatsiyalarni amalga oshirishni boshqarish, nazorat qilish va rejalashtirish uchun Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti ichki hisobot turlarini mustaqil ravishda belgilaydi.

259. Deponentlar va vakolatli davlat organiga zarur hisobotlarni oʻz vaqtida taqdim etish uchun javobgarlik Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti rahbari zimmasiga yuklanadi.

260. Deponentga hisobotni taqdim etish usuli axborot soʻrovi bilan belgilanadi. Deponent tomonidan taqdim etilgan axborot soʻrovida axborotni taqdim etish usuli koʻrsatilmagan hollarda, axborot depo hisobvaragʻi egasining anketasida yoki depozitar shartnomada koʻrsatilgan usulda taqdim etiladi.

261. Taqdim etiladigan depozitar xizmatlar, depo topshiriqnomalarini rasmiylashtirish, emitent tomonidan global operatsiyalarni amalga oshirish uchun asos boʻladigan hujjatlar, shu jumladan qimmatli qogʻozlardan daromadlarni toʻlash toʻgʻrisidagi xabarnomalar va boshqa xabarnomalar Markaziy depozitariyning veb-saytida joylashtiriladi. Ushbu joylashtirish bilan bir vaqtda Markaziy depozitariy mijoz anketasi yoki depozitar shartnomada koʻrsatilgan elektron pochta manzillariga ham xabarnoma yuboradi.

262. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan vakolatli davlat organiga hisobotlar qonunchilikda belgilangan tartibda taqdim etiladi.

263. Qimmatli qogʻozlar egalarining reyestrini shakllantirish Markaziy depozitariy va investitsiya vositachilarining hisob registrlaridan emitent va u tomonidan chiqarilgan qimmatli qogʻozlar hamda qimmatli qogʻozlar egalarining anketa maʼlumotlari, ularga tegishli boʻlgan qimmatli qogʻozlarning soni, nominal qiymati, turi, shuningdek qimmatli qogʻozlarga majburiyatlar yuklatilganligi faktlari toʻgʻrisidagi axborotlarni yigʻish va ishlov berish yoʻli bilan Markaziy depozitariy tomonidan amalga oshiriladi.

264. Depozitar operatsiyalarni amalga oshirishga doir hujjatlarning namunaviy shakllari (ariza, anketa, imzo va muhr namunalari kartochkalari, topshiriqnomalar va boshqalar) Markaziy depozitariy tomonidan ishlab chiqiladi va vakolatli davlat organi bilan kelishilgandan soʻng Markaziy depozitariyning rasmiy veb-saytiga hisob tashkilotlari va manfaatdor shaxslar foydalanishi uchun joylashtiriladi.

9-bob. Maʼlumotlarning maxfiyligi

265. Markaziy depozitariy va hisob tashkilotlari axborotning maxfiyligini taʼminlashi shart.

266. Qimmatli qogʻozlar bozorida maxfiy axborotni oshkor qilish qonunda nazarda tutilgan hollarda va tartibda amalga oshiriladi.

267. Mijozlarning hisobvaraqlari boʻyicha maʼlumotlar — ularning oʻzlariga yoki vakillariga, oʻz vakolatlariga taalluqli masalalar yuzasidan — monopoliyaga qarshi davlat organiga, davlat soliq xizmati organlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosiga, sudlarga, qoʻzgʻatilgan jinoyat ishi boʻlgan taqdirda esa tergov va surishtiruv organlariga beriladi.

268. Mijozlarning — jismoniy shaxslarning hisobvaraqlari boʻyicha maʼlumotlar ularning egalari vafot etgan taqdirda, merosxoʻrlarga yoki hisobvaraqning egasi koʻrsatgan shaxslarga, oʻz ish yurituvidagi meros ishlari yuzasidan notarial idoralarga beriladi, chet el fuqarolariga nisbatan esa chet davlatning konsullik muassasalariga beriladi.

269. Maxfiy axborot vakolatli davlat organiga quyidagi hollarda:

qimmatli qogʻozlar bozori toʻgʻrisidagi qonunchilik buzilganligi faktlarini koʻrib chiqayotganda;

Qimmatli qogʻozlar komissiyalari xalqaro tashkiloti aʼzolari boʻlgan boshqa davlatlarning qimmatli qogʻozlar bozorini tartibga solish boʻyicha vakolatli organlariga ularning yozma soʻroviga koʻra axborot berganda oshkor qilinadi.

270. Jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish bilan bogʻliq maxfiy axborot qonunchilikda nazarda tutilgan hollarda va tartibda maxsus vakolatli davlat organiga taqdim etiladi.

10-bob. Ichki nazoratni amalga oshirishga doir talablar

271. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti oʻz vazifalarini bajarishning barcha bosqichlarida Markaziy depozitariy va hisob tashkilotining hisob registrlaridagi maʼlumotlarni muntazam ravishda solishtirib borish orqali ichki nazorat tizimini tashkil qilishi shart.

272. Ichki nazorat depozitar operatsiyalarning bajarilishini har oyda tekshirishga asoslangan boʻlishi kerak. Ichki nazorat natijalari boʻyicha bayonnoma rasmiylashtiriladi va qoidabuzarliklar aniqlangan taqdirda, ularni zudlik bilan bartaraf etish choralari koʻriladi.

273. Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti hujjatlarni qabul qilish, yaratish, hisobga olish, saqlash va berishning ichki tartibini ishlab chiqishi va tasdiqlashi shart.

274. Ichki nazoratni amalga oshirish tartibi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti faoliyatidagi tavakkalchiliklarni aniqlash va baholash, depozitar faoliyatni amalga oshirishda yuzaga keladigan tavakkalchiliklarni minimallashtirish boʻyicha zarur choralarni koʻrish va ularning bajarilishini nazorat qilish;

Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan qonunchilik hujjatlarining talablari, shuningdek deponentlar bilan tuzilgan shartnomalar va bitimlar shartlari bajarilishini nazorat qilish;

Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti xodimlarining operatsion tartib-taomillar va lavozim majburiyatlarini bajarishda belgilangan vakolatlar va tartib-taomillarga rioya etilishini nazorat qilish;

Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti tomonidan ijro etish jarayonida yuzaga keladigan manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish;

Markaziy depozitariy va hisob tashkiloti hisob tizimida depozitar operatsiyalarning lozim darajada aks ettirilishi ustidan nazoratni amalga oshirish;

Markaziy depozitariyga va hisob tashkilotiga saqlash uchun topshirilgan aktivlar va depozitar hisob materiallarining saqlanishi ustidan nazoratni amalga oshirish;

hisob maʼlumotlarini ruxsatsiz foydalanishdan himoya qilish tizimining ishonchliligi ustidan nazoratni amalga oshirish;

ichki hisobot va vakolatli davlat organlariga taqdim etiladigan hisobotning toʻgʻri va oʻz vaqtida tuzilishi ustidan nazoratni amalga oshirish;

maxfiy axborotdan ruxsatsiz foydalanishning oldini olish chora-tadbirlarini belgilash.

11-bob. Yakuniy qoida

275. Mazkur Qoidalar talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Direktor D. LI

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqiy va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil oʻrinbosari J. URUNOV

Toshkent sh.,

2025-yil 15-may,

2025-yil 23-aprel

2025-yil 15-aprel

3-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.06.2025-y., 10/25/3628/0517-son)

lex.uz