UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 16-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 16 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 мая 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Директор национального агентства перспективных проектов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 May 2025 · Ministry and agency documents · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг

буйруғи

НИЗОМ

Электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги 885-сон «Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 16 майдаги 1-сон буйруғига ИЛОВА

Электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

Ушбу Низом электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

электрон тижорат оператори ахборот тизими — товарлар ва маҳсулотларга (бундан буён матнда товарлар деб юритилади) буюртма бериш ва уларни етказиб бериш учун фойдаланиладиган дастурий-аппарат мажмуаси (веб-сайт, мобил илова ва бошқалар);

курьер — тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) сотувчилар, умумий овқатланиш корхоналари ҳамда етказиб бериш хизмати операторлари билан меҳнат шартномалари ва (ёки) фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи жисмоний шахс, шу жумладан ўзини ўзи банд қилган шахс;

етказиб бериш хизмати оператори — электрон тижорат операторлари билан тузилган шартнома асосида товарларни етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи ёки курьерлар орқали буюртмаларни харидорларга етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;

харидор — электрон тижоратда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) харидори, истеъмолчиси сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахслар;

сотувчи — ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда товарларни (ишларни, хизматларни) чакана ва (ёки) улгуржи сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар;

термоконтейнер (термосумка) — товарларни ташишда керакли ҳарорат режимини сақлаш учун мўлжалланган идиш;

етказиб бериш хизмати — товарни сотувчидан қабул қилиш, ташиш, харидорга топшириш ва зарур ҳолларда тўловни қабул қилиш каби операцияларни ўз ичига олган комплекс хизмат.

2-боб. Товарларни етказиб беришга қўйиладиган талаблар

2. Товарларни етказиб бериш хизматини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси , «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилади.

3. Етказиб бериш хизматини кўрсатишга буюртма харидор ёки сотувчи томонидан электрон тижорат операторининг ахборот тизими орқали ёки иштирокчилар ўртасидаги шартномада назарда тутилган бошқа усулда расмийлаштирилади. Етказиб бериш хизматини кўрсатиш шартлари (етказиб бериш муддатлари, нархи, усуллари, ҳудуди ва бошқалар) буюртмани расмийлаштириш вақтида харидорга маълум қилиниши керак.

4. Етказиб бериш хизматларини кўрсатиш шартлари ва талаблари мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ электрон тижорат иштирокчилари (сотувчилар, харидорлар, электрон тижорат оператори ва етказиб бериш хизмати оператори) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

5. Етказиб бериш хизматларининг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

ишончлилик — етказиб бериш пайтида товарнинг бутлиги, унинг истеъмол хусусиятлари ва товар кўринишининг сақланишини таъминлаш;

ўз вақтида етказиш — харидор билан келишилган етказиб бериш муддатларига риоя қилиш. Бунда, ҳар қандай тахмин қилинаётган ёки юзага келган кечикишлар тўғрисида харидор ўз вақтида хабардор қилиниши керак;

хавфсизлик — товар ва курьер хавфсизлигини таъминловчи барча қоидаларга риоя қилиш;

ахборот бериш — харидорга етказиб бериш ҳолатини кузатиш (агар техник жиҳатдан мумкин бўлса) ва курьернинг тахминий келиш вақти тўғрисида маълумот олиш имкониятини тақдим этиш.

6. Етказиб бериш хизмати операторлари ва курьерлар (бундан буён матнда етказиб бериш хизматлари ижрочилари деб юритилади), агар бу сотувчи ёки электрон тижорат оператори билан тузилган шартномада назарда тутилган бўлса, харидорлардан товар ва (ёки) етказиб бериш хизматлари учун тўловларни (шу жумладан, нақд пул маблағларини) қабул қилишга ҳақли.

Бунда, тўловни қабул қилишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши, шу жумладан назорат-касса техникасини мажбурий қўллаш ёки электрон ёхуд қоғоз шаклида чек (квитанция) тақдим этилиши лозим.

3-боб. Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг ўзига хос хусусиятлари

7. Етказиб бериш хизматлари ижрочилари озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда қонунчилик ҳужжатлари ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилишлари, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ташиладиган транспорт воситалари ҳамда термоконтейнерларни (термосумкаларни) қонунчиликда белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шартларига мувофиқ жиҳозланишини таъминлаши шарт.

8. Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:

озиқ-овқат маҳсулотлари ташиладиган транспорт воситалари, термоконтейнерлар (термосумкалар) ва қадоқлаш воситалари тоза ҳамда соз ҳолатда бўлиши, шунингдек мунтазам ювилиши ва дезинфекция қилиниши;

қадоқлаш воситалари озиқ-овқат маҳсулотлари бевосита тегиб туришига рухсат этилган материаллардан тайёрланган бўлиши ҳамда ифлосланишдан ва ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг киришидан ҳимояни таъминлаши.

9. Қуйидаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда уларнинг бевосита тегиб туришининг олдини олиш учун алоҳида ташиш (секциялар ёки термоизоляцион тўсиқлардан фойдаланган ҳолда алоҳида термоконтейнерларда (термосумкалар) таъминланиши лозим:

хом ва тайёр маҳсулотлар;

совутилган, музлатилган ва иссиқ маҳсулотлар;

озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари;

ўткир ҳидли маҳсулотлар ва бошқа товарлар.

10. Тез бузиладиган ва (ёки) муайян ҳарорат режимига мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини (совитилган, музлатилган, иссиқ овқатлар) етказиб беришда курьерлар зарур ҳароратни сақлаб туришни таъминловчи соз ҳолатдаги термоконтейнерлар (термосумкалар) билан таъминланиши лозим.

Бунда, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда ҳароратни назорат қилиш воситаларидан (термоиндикаторлар, логгерлар) фойдаланилиши мумкин.

11. Озиқ-овқат маҳсулотлари курьерга қадоқланган ҳолда топширилиши лозим. Қадоқ бутун, тоза, бегона ҳидларсиз бўлиши шарт.

4-боб. Етказиб бериш хизмати операторларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

12. Етказиб бериш хизмати операторининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

курьерлар билан тегишли меҳнат шартномалари ва (ёки) фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларини тузиш;

иш ҳақи ёки кўрсатилган хизматлар учун тўловни шартномалар бўйича ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;

курьерларни меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда етказиб бериш қоидалари билан таништириш ҳамда қонунчилик талабларига риоя қилиш бўйича дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) ўқитишни ташкил этиш;

курьерларни (агар шартномада назарда тутилган бўлса) зарур ускуналар (термоконтейнерлар, фискал қурилмалар), шунингдек етказиб бериш хизматининг таниш белгилари ва махсус кийим-бош (қоронғу вақтда ишлаш учун нур қайтарувчи элементларга эга бўлган) билан таъминлаш;

етказиб бериш жараёни, муддатлари, товарлар ва пул маблағларини қабул қилиш ва топшириш тартибини (ички йўриқномалар, қоидалар ва бошқалар) ишлаб чиқиш ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш;

истеъмолчиларнинг етказиб бериш хизматлари сифати бўйича мурожаатларини (шикоят, таклифларини) қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнини ташкил этиш;

курьерлардан уларнинг шахсий маълумотларини йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш хизмати кўрсатилаётган харидорларга тақдим қилиниши бўйича розилигини олиш;

товарларнинг харидорларга топширилгунга қадар сақланиши учун субсидиар жавобгарликни ўз зиммасига олиш.

Етказиб бериш хизмати оператори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

13. Етказиб бериш хизмати оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

етказиб бериш хизматларини кўрсатиш учун курьерларни ишга жалб қилиш;

курьерлардан қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом ва ички қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

курьерларни зарур моддий-техник ресурслар, шу жумладан транспорт воситалари билан таъминлаш;

харидорлардан (сотувчилар, электрон тижорат операторлари, истеъмолчилар) кўрсатилган хизматлар учун ҳақ олиш.

Етказиб бериш хизмати оператори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

5-боб. Курьерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

14. Курьерларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан Йўл ҳаракати қоидалари, мазкур Низом ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш (тоза ва саришта кўринишни сақлаш);

етказиб берилаётган товарларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, уларнинг сақланишини, қадоқнинг бутлигини ва зарур ҳарорат режимига риоя этилишини (термоконтейнердан фойдаланганда) таъминлаш;

товарларни етказиб беришни амалга ошириш ҳамда келишилган етказиб бериш муддатларига риоя қилиш;

етказиб бериш хизматининг мобиль иловасидан, навигация воситаларидан ва ускуналардан (тўлов терминали, термоконтейнер) фойдаланишни билиш;

етказиб бериш жараёнида юзага келган ҳар қандай муаммолар (йўл ҳаракати ҳодисаси, товарнинг шикастланиши, топширишнинг имконсизлиги, кечикиш ва ҳ.к.) тўғрисида етказиб бериш хизмати операторини (ёки сотувчини) зудлик билан хабар бериш;

харидорларнинг шахсий маълумотлари ва буюртмалар тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик.

Курьерлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

15. Курьерлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

харидорлардан товарлар учун нақд пул маблағларини қабул қилиш;

шартнома ёки келишувда белгиланган муддатда кўрсатилган хизматлар учун иш ҳақи ва қўшимча тўловлар олиш;

буюртмани бажариш қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига олиб келса, курьернинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин бўлса ёки тақдим этилган товарлар қонунчилик талабларига жавоб бермаса (масалан, қадоқ, ҳарорат режими бузилган бўлса), буюртмани бажаришдан бош тортиш.

Курьерлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

16. Курьерга қуйидагиларни амалга оширишга йўл қўйилмайди:

товарнинг қадоғини ўзбошимчалик билан очиш, бундан харидор ва сотувчи билан келишилган ҳолда товарларни текшириш назарда тутилган ҳоллар мустасно;

етказиб берилаётган товарни тегишли буюртмада кўрсатилган харидорлардан бошқа учинчи шахсларга бериш, бундан буюртма бекор қилинган ва (ёки) рад этилган тақдирда, товарни утилизация қилувчи хизматларга ёхуд буюртма рақамини айтган шахсларга топшириш мустасно;

хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ёки алоҳида тоифадаги товарларни ташиш учун мўлжалланмаган транспорт воситаларидан фойдаланиш;

товарни атайлаб йўқ қилиш ёки шикастлаш;

харидордан буюртма суммаси ва етказиб бериш нархидан ортиқча қўшимча ҳақ талаб қилиш;

харидорларнинг шахсий маълумотларини ва (ёки) етказиб берилаётган товар ҳақидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилиш;

алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида товарларни етказиб бериш.

6-боб. Якуний қоидалар

17. Электрон тижоратда курьерлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

18. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.

Директор Д. ЛИ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Б. ЮСУПАЛИЕВ

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 16 май,

2025 йил 30 апрель

2025 йил 29 апрель

2025 йил 28 апрель

2025 йил 24 апрель

2025 йил 23 апрель

2025 йил 19 апрель

1-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.06.2025 й., 10/25/3631/0530-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining

buyrugʻi

NIZOM

Elektron tijoratda kuryerlik xizmati faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Elektron tijorat toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 26-dekabrdagi 885-son “Oʻzbekiston Respublikasida elektron tijorat sohasini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Elektron tijoratda kuryerlik xizmati faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi, Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining 2025-yil 16-maydagi 1-son buyrugʻiga ILOVA

Elektron tijoratda kuryerlik xizmati faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi

Ushbu Nizom elektron tijoratda kuryerlik xizmati faoliyatini amalga oshirish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:

elektron tijorat operatori axborot tizimi — tovarlar va mahsulotlarga (bundan buyon matnda tovarlar deb yuritiladi) buyurtma berish va ularni yetkazib berish uchun foydalaniladigan dasturiy-apparat majmuasi (veb-sayt, mobil ilova va boshqalar);

kuryer — tadbirkorlik subyektlari, ishlab chiqaruvchilar va (yoki) sotuvchilar, umumiy ovqatlanish korxonalari hamda yetkazib berish xizmati operatorlari bilan mehnat shartnomalari va (yoki) fuqarolik-huquqiy shartnomalar asosida tovarlarni yetkazib berish boʻyicha xizmatlar koʻrsatuvchi jismoniy shaxs, shu jumladan oʻzini oʻzi band qilgan shaxs;

yetkazib berish xizmati operatori — elektron tijorat operatorlari bilan tuzilgan shartnoma asosida tovarlarni yetkazib berish xizmatlarini koʻrsatuvchi yoki kuryerlar orqali buyurtmalarni xaridorlarga yetkazib berish xizmatlarini koʻrsatuvchi Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti boʻlgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor;

xaridor — elektron tijoratda tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) xaridori, isteʼmolchisi sifatida ishtirok etuvchi yuridik yoki jismoniy shaxslar;

sotuvchi — axborot tizimlaridan foydalangan holda tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) chakana va (yoki) ulgurji sotish boʻyicha faoliyatni amalga oshiruvchi yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar, oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar;

termokonteyner (termosumka) — tovarlarni tashishda kerakli harorat rejimini saqlash uchun moʻljallangan idish;

yetkazib berish xizmati — tovarni sotuvchidan qabul qilish, tashish, xaridorga topshirish va zarur hollarda toʻlovni qabul qilish kabi operatsiyalarni oʻz ichiga olgan kompleks xizmat.

2-bob. Tovarlarni yetkazib berishga qoʻyiladigan talablar

2. Tovarlarni yetkazib berish xizmatini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi , “Elektron tijorat toʻgʻrisida”gi Qonuni va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuziladi.

3. Yetkazib berish xizmatini koʻrsatishga buyurtma xaridor yoki sotuvchi tomonidan elektron tijorat operatorining axborot tizimi orqali yoki ishtirokchilar oʻrtasidagi shartnomada nazarda tutilgan boshqa usulda rasmiylashtiriladi. Yetkazib berish xizmatini koʻrsatish shartlari (yetkazib berish muddatlari, narxi, usullari, hududi va boshqalar) buyurtmani rasmiylashtirish vaqtida xaridorga maʼlum qilinishi kerak.

4. Yetkazib berish xizmatlarini koʻrsatish shartlari va talablari mazkur Nizom va qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq elektron tijorat ishtirokchilari (sotuvchilar, xaridorlar, elektron tijorat operatori va yetkazib berish xizmati operatori) oʻrtasidagi kelishuvga binoan belgilanadi.

5. Yetkazib berish xizmatlarining asosiy tamoyillari quyidagilardan iborat:

ishonchlilik — yetkazib berish paytida tovarning butligi, uning isteʼmol xususiyatlari va tovar koʻrinishining saqlanishini taʼminlash;

oʻz vaqtida yetkazish — xaridor bilan kelishilgan yetkazib berish muddatlariga rioya qilish. Bunda, har qanday taxmin qilinayotgan yoki yuzaga kelgan kechikishlar toʻgʻrisida xaridor oʻz vaqtida xabardor qilinishi kerak;

xavfsizlik — tovar va kuryer xavfsizligini taʼminlovchi barcha qoidalarga rioya qilish;

axborot berish — xaridorga yetkazib berish holatini kuzatish (agar texnik jihatdan mumkin boʻlsa) va kuryerning taxminiy kelish vaqti toʻgʻrisida maʼlumot olish imkoniyatini taqdim etish.

6. Yetkazib berish xizmati operatorlari va kuryerlar (bundan buyon matnda yetkazib berish xizmatlari ijrochilari deb yuritiladi), agar bu sotuvchi yoki elektron tijorat operatori bilan tuzilgan shartnomada nazarda tutilgan boʻlsa, xaridorlardan tovar va (yoki) yetkazib berish xizmatlari uchun toʻlovlarni (shu jumladan, naqd pul mablagʻlarini) qabul qilishga haqli.

Bunda, toʻlovni qabul qilishda qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilinishi, shu jumladan nazorat-kassa texnikasini majburiy qoʻllash yoki elektron yoxud qogʻoz shaklida chek (kvitansiya) taqdim etilishi lozim.

3-bob. Oziq-ovqat mahsulotlarini yetkazib berishning oʻziga xos xususiyatlari

7. Yetkazib berish xizmatlari ijrochilari oziq-ovqat mahsulotlarini yetkazib berishda qonunchilik hujjatlari va sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga rioya qilishlari, shuningdek oziq-ovqat mahsulotlari tashiladigan transport vositalari hamda termokonteynerlarni (termosumkalarni) qonunchilikda belgilangan oziq-ovqat mahsulotlarini saqlash shartlariga muvofiq jihozlanishini taʼminlashi shart.

8. Oziq-ovqat mahsulotlarini yetkazib berishda quyidagi talablarga rioya qilinishi lozim:

oziq-ovqat mahsulotlari tashiladigan transport vositalari, termokonteynerlar (termosumkalar) va qadoqlash vositalari toza hamda soz holatda boʻlishi, shuningdek muntazam yuvilishi va dezinfeksiya qilinishi;

qadoqlash vositalari oziq-ovqat mahsulotlari bevosita tegib turishiga ruxsat etilgan materiallardan tayyorlangan boʻlishi hamda ifloslanishdan va hayvonlar va hasharotlarning kirishidan himoyani taʼminlashi.

9. Quyidagi oziq-ovqat mahsulotlarini yetkazib berishda ularning bevosita tegib turishining oldini olish uchun alohida tashish (seksiyalar yoki termoizolyatsion toʻsiqlardan foydalangan holda alohida termokonteynerlarda (termosumkalar) taʼminlanishi lozim:

xom va tayyor mahsulotlar;

sovutilgan, muzlatilgan va issiq mahsulotlar;

oziq-ovqat va nooziq-ovqat mahsulotlari;

oʻtkir hidli mahsulotlar va boshqa tovarlar.

10. Tez buziladigan va (yoki) muayyan harorat rejimiga moʻljallangan oziq-ovqat mahsulotlarini (sovitilgan, muzlatilgan, issiq ovqatlar) yetkazib berishda kuryerlar zarur haroratni saqlab turishni taʼminlovchi soz holatdagi termokonteynerlar (termosumkalar) bilan taʼminlanishi lozim.

Bunda, oziq-ovqat mahsulotlarini yetkazib berishda haroratni nazorat qilish vositalaridan (termoindikatorlar, loggerlar) foydalanilishi mumkin.

11. Oziq-ovqat mahsulotlari kuryerga qadoqlangan holda topshirilishi lozim. Qadoq butun, toza, begona hidlarsiz boʻlishi shart.

4-bob. Yetkazib berish xizmati operatorlarining huquq va majburiyatlari

12. Yetkazib berish xizmati operatorining majburiyatlari quyidagilardan iborat:

kuryerlar bilan tegishli mehnat shartnomalari va (yoki) fuqarolik-huquqiy shartnomalarini tuzish;

ish haqi yoki koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovni shartnomalar boʻyicha oʻz vaqtida va toʻliq hajmda amalga oshirish;

kuryerlarni mehnatni muhofaza qilish qoidalari va axborot tizimlaridan foydalangan holda yetkazib berish qoidalari bilan tanishtirish hamda qonunchilik talablariga rioya qilish boʻyicha dastlabki tarzda (ishga kirayotganda) va davriy (mehnat faoliyati davomida) oʻqitishni tashkil etish;

kuryerlarni (agar shartnomada nazarda tutilgan boʻlsa) zarur uskunalar (termokonteynerlar, fiskal qurilmalar), shuningdek yetkazib berish xizmatining tanish belgilari va maxsus kiyim-bosh (qorongʻu vaqtda ishlash uchun nur qaytaruvchi elementlarga ega boʻlgan) bilan taʼminlash;

yetkazib berish jarayoni, muddatlari, tovarlar va pul mablagʻlarini qabul qilish va topshirish tartibini (ichki yoʻriqnomalar, qoidalar va boshqalar) ishlab chiqish hamda ularga rioya etilishini nazorat qilish;

isteʼmolchilarning yetkazib berish xizmatlari sifati boʻyicha murojaatlarini (shikoyat, takliflarini) qabul qilish va koʻrib chiqish jarayonini tashkil etish;

kuryerlardan ularning shaxsiy maʼlumotlarini yigʻish, saqlash, qayta ishlash va yetkazib berish xizmati koʻrsatilayotgan xaridorlarga taqdim qilinishi boʻyicha roziligini olish;

tovarlarning xaridorlarga topshirilgunga qadar saqlanishi uchun subsidiar javobgarlikni oʻz zimmasiga olish.

Yetkazib berish xizmati operatori qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

13. Yetkazib berish xizmati operatori quyidagi huquqlarga ega:

yetkazib berish xizmatlarini koʻrsatish uchun kuryerlarni ishga jalb qilish;

kuryerlardan qonunchilik hujjatlari, ushbu Nizom va ichki qoidalariga rioya etilishini talab qilish;

kuryerlarni zarur moddiy-texnik resurslar, shu jumladan transport vositalari bilan taʼminlash;

xaridorlardan (sotuvchilar, elektron tijorat operatorlari, isteʼmolchilar) koʻrsatilgan xizmatlar uchun haq olish.

Yetkazib berish xizmati operatori qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

5-bob. Kuryerlarning huquq va majburiyatlari

14. Kuryerlarning majburiyatlari quyidagilardan iborat:

qonunchilik hujjatlari, shu jumladan Yoʻl harakati qoidalari, mazkur Nizom hamda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga rioya qilish (toza va sarishta koʻrinishni saqlash);

yetkazib berilayotgan tovarlarga ehtiyotkorlik bilan munosabatda boʻlish, ularning saqlanishini, qadoqning butligini va zarur harorat rejimiga rioya etilishini (termokonteynerdan foydalanganda) taʼminlash;

tovarlarni yetkazib berishni amalga oshirish hamda kelishilgan yetkazib berish muddatlariga rioya qilish;

yetkazib berish xizmatining mobil ilovasidan, navigatsiya vositalaridan va uskunalardan (toʻlov terminali, termokonteyner) foydalanishni bilish;

yetkazib berish jarayonida yuzaga kelgan har qanday muammolar (yoʻl harakati hodisasi, tovarning shikastlanishi, topshirishning imkonsizligi, kechikish va h.k.) toʻgʻrisida yetkazib berish xizmati operatorini (yoki sotuvchini) zudlik bilan xabar berish;

xaridorlarning shaxsiy maʼlumotlari va buyurtmalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga oshkor qilmaslik.

Kuryerlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

15. Kuryerlar quyidagi huquqlarga ega:

xaridorlardan tovarlar uchun naqd pul mablagʻlarini qabul qilish;

shartnoma yoki kelishuvda belgilangan muddatda koʻrsatilgan xizmatlar uchun ish haqi va qoʻshimcha toʻlovlar olish;

buyurtmani bajarish qonunchilik hujjatlarining buzilishiga olib kelsa, kuryerning hayoti va sogʻligʻi uchun xavf tugʻdirishi mumkin boʻlsa yoki taqdim etilgan tovarlar qonunchilik talablariga javob bermasa (masalan, qadoq, harorat rejimi buzilgan boʻlsa), buyurtmani bajarishdan bosh tortish.

Kuryerlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

16. Kuryerga quyidagilarni amalga oshirishga yoʻl qoʻyilmaydi:

tovarning qadogʻini oʻzboshimchalik bilan ochish, bundan xaridor va sotuvchi bilan kelishilgan holda tovarlarni tekshirish nazarda tutilgan hollar mustasno;

yetkazib berilayotgan tovarni tegishli buyurtmada koʻrsatilgan xaridorlardan boshqa uchinchi shaxslarga berish, bundan buyurtma bekor qilingan va (yoki) rad etilgan taqdirda, tovarni utilizatsiya qiluvchi xizmatlarga yoxud buyurtma raqamini aytgan shaxslarga topshirish mustasno;

xavfsizlik talablariga javob bermaydigan yoki alohida toifadagi tovarlarni tashish uchun moʻljallanmagan transport vositalaridan foydalanish;

tovarni ataylab yoʻq qilish yoki shikastlash;

xaridordan buyurtma summasi va yetkazib berish narxidan ortiqcha qoʻshimcha haq talab qilish;

xaridorlarning shaxsiy maʼlumotlarini va (yoki) yetkazib berilayotgan tovar haqidagi maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga oshkor qilish;

alkogolli ichimlikdan, giyohvandlik yoki toksik modda taʼsiridan mastlik holatida tovarlarni yetkazib berish.

6-bob. Yakuniy qoidalar

17. Elektron tijoratda kuryerlik faoliyatini amalga oshirish bilan bogʻliq nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

18. Mazkur Nizom talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladilar.

Direktor D. LI

Sogʻliqni saqlash vaziri A. XUDAYAROV

Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B. ZAXIDOV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil oʻrinbosari J. URUNOV

Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi raisi B. YUSUPALIYEV

Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi raisi H. TURAXUJAYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 16-may,

2025-yil 30-aprel

2025-yil 29-aprel

2025-yil 28-aprel

2025-yil 24-aprel

2025-yil 23-aprel

2025-yil 19-aprel

1-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.06.2025-y., 10/25/3631/0530-son)

lex.uz