UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 23-iyun · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 23 июнь · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 июня 2025 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 June 2025 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 13 февралда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 29 апрелда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши банкларга, банклар гуруҳларига ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан татбиқ этилади.

Агар ушбу Қонунда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ушбу Қонуннинг банкларга тааллуқли қоидалари банклар гуруҳларига ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

2-модда. Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги қонунчилик

Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан махсус ҳуқуқий режим ўрнатилган ҳудудда банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонунда белгиланганидан бошқача қоидалар билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияси (бундан буён матнда холдинг компанияси деб юритилади) — банк акцияларининг назорат пакети билан бирга бошқа молия институтлари акцияларининг (улушларининг) назорат пакетига эга юридик шахс;

капитал воситалари — санация қилинаётган банк регулятив капиталининг таркибий элементлари;

махсус бошқарувчи — санация қилинаётган банк кузатув кенгаши ва бошқарувининг ваколатлари ўтказиладиган жисмоний шахс;

олувчи — санация қилинаётган банкнинг акциялари ўзига ўтказилаётган (сотилаётган) жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек санация қилинаётган банкнинг активлари, талаблари ва мажбуриятлари ўзига ўтказилаётган (сотилаётган) банк;

санация қилиш — банкларда тўловга қобилиятсизлик ҳолати юзага келганда уларнинг ўта муҳим вазифалари узлуксизлигини таъминлашга, омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган санация қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш;

санация қилиш тартиб-таомиллари — санация қилиш воситаларини қўллаш ва санация қилишга доир ваколатларни амалга ошириш жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи;

субординар қарз — банкнинг кредитор талабига кўра муддатидан олдин қайтарилмайдиган ҳамда банк тугатилаётганда омонатчиларнинг ва бошқа кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин қаноатлантириладиган, таъминланмаган қарз мажбурияти;

ўта муҳим вазифалар — банк хизматлари ёки операцияларининг шундай турларики, уларни ўзга банкнинг бошқа хизматлари ёки операциялари билан алмаштириш мураккаблиги туфайли ушбу хизматларни кўрсатиш ва операцияларни амалга ошириш тугатилган тақдирда, молиявий барқарорликнинг бузилишига ёки реал иқтисодиёт учун зарур бўлган хизматларнинг кўрсатилиши чекланишига олиб келиши мумкин;

қарз воситалари — қарз муносабатларини тасдиқловчи қимматли қоғозлар, шу жумладан облигациялар, шунингдек қарз қимматли қоғозларга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи воситалар.

4-модда. Банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Марказий банк банкларни санация қилиш ва тугатиш бўйича вазифалари ва ваколатлари доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақил равишда қарорлар қабул қилади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

5-модда. Марказий банкнинг банкларни санация қилиш бўйича вазифалари унинг бошқа вазифаларидан ажратилганлиги

Марказий банк банкларни санация қилиш бўйича вазифаларини қонунчиликда белгиланган бошқа вазифаларидан, шу жумладан назоратга доир вазифаларидан алоҳида тарзда амалга оширади.

Марказий банк банкларни санация қилишни амалга оширувчи таркибий бўлинмасининг банклар фаолиятини назорат қилиш вазифаларини амалга оширувчи таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.

6-модда. Банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ҳамкорлик

Марказий банк банкларни санация қилиш ва тугатиш бўйича ўз ваколатларини амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи банкнинг фаолияти устидан консолидациялашган назоратни амалга оширувчи чет давлат назорат органлари (бундан буён матнда чет эл назорат органлари деб юритилади) билан ҳамкорликни ҳамда ахборот алмашинувини ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширади.

Марказий банк банкни санация қилиш билан боғлиқ бўлган қарор ҳақида мазкур қарор кучга кирган куннинг ўзида Омонатларни кафолатлаш агентлигини, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигини (бундан буён матнда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги деб юритилади), Молиявий барқарорлик кенгашини, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини, шунингдек банк иштирокчи бўлган тўлов тизимларини хабардор қилади.

Марказий банк чет эл банкига тегишли ва Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи банкни санация қилиш ёки мажбурий тугатиш билан боғлиқ қарорлари тўғрисида чет эл назорат органини хабардор қилади.

7-модда. Молиявий барқарорлик кенгаши

Молиявий барқарорлик кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) Ўзбекистон Республикасида молиявий барқарорликни таъминлаш, тизимли молиявий инқирозларнинг келиб чиқиш хавфларини ўрганиш (таҳлил қилиш), уларнинг юзага келишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, шунингдек юзага келган молиявий инқирозларни бошқариш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида идоралараро мувофиқлаштиришга доир ваколатларни амалга оширади.

Кенгаш маслаҳат органи бўлиб, унинг қарорлари Кенгаш аъзоларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилинади ва тавсиявий хусусиятга эга бўлади.

Кенгашнинг навбатдаги мажлиси ҳар олти ойда камида бир марта, навбатдан ташқари мажлиси эса Кенгаш аъзоларининг талаби бўйича ўтказилади.

Марказий банк Кенгашнинг ишчи органи вазифасини бажаради.

Кенгаш аъзолари Кенгашга унинг фаолияти учун аҳамиятга эга бўлган барча зарур маълумотларни, шу жумладан қонунчилик билан муҳофаза қилинадиган маълумотларни тақдим этади. Кенгаш аъзоларининг ва унинг мажлисларига таклиф этилган шахсларнинг, шунингдек Кенгаш учун тегишли маълумотларни тайёрлашда иштирок этадиган бошқа шахсларнинг қонунчилик билан муҳофаза қилинадиган маълумотларни ошкор этиши тақиқланади.

Кенгашнинг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек Кенгаш фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.

2-боб. Банкни санация қилиш

1-§. Санация қилиш мақсадлари ва принциплари

8-модда. Банкни санация қилиш мақсадлари

Банкни санация қилиш мақсадлари қуйидагилардан иборат:

тизимли молиявий инқироз юзага келишининг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларини минималлаштириш;

банкнинг ўта муҳим вазифалари узлуксизлигини таъминлаш;

омонатчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) банкни санация қилиш учун зарур маблағлар ажратилишини минималлаштириш.

Санация қилиш мақсадлари бирдек муҳим бўлиб, Марказий банк санация қилиш билан боғлиқ айрим ҳолларда муайян мақсадларга устуворлик беришга ҳақли.

9-модда. Банкни санация қилиш принциплари

Банкни санация қилиш принциплари қуйидагилардан иборат:

зарарларнинг ўрни биринчи навбатда санация қилинаётган банк акциядорлари ҳисобидан қопланиши;

банк омонатчилари ҳамда кредиторлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатланиши;

кафолатланган омонатларни ва уларнинг кафолатлаш чегарасидан ошадиган қисмини тўлиқ ҳимоя қилиш;

бошқарув органлари ваколатларининг ўтиши;

жавобгарликнинг муқаррарлиги;

банк омонатчилари ва кредиторлари зарарларининг чекланиши.

10-модда. Зарарларнинг ўрни биринчи навбатда санация қилинаётган банк акциядорлари ҳисобидан қопланиши принципи

Санация қилишда зарарларнинг ўрни биринчи навбатда санация қилинаётган банк акциядорлари ҳисобидан қопланади. Бунда ҳар бир акциядор зарарнинг умумий миқдорига нисбатан банк устав капиталидаги ўз улуши миқдорига мутаносиб равишда ҳамда ўзига тегишли акциялар қиймати доирасида жавобгар бўлади.

11-модда. Банк омонатчилари ҳамда кредиторлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатланиши принципи

Санация қилинаётган банк омонатчилари ҳамда кредиторларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ушбу Қонуннинг 64-моддасида белгиланган талабларни қаноатлантириш навбатига риоя этиш орқали кафолатланади. Бунда бир турдаги омонатчилар ҳамда кредиторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тенг даражада кафолатланади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

12-модда. Кафолатланган омонатларни ва уларнинг кафолатлаш чегарасидан ошадиган қисмини тўлиқ ҳимоя қилиш принципи

«Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ кафолатланган омонатларга ва уларнинг кафолатлаш чегарасидан ошадиган қисмига нисбатан ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қўлланилмайди.

13-модда. Бошқарув органлари ваколатларининг ўтиши принципи

Санация қилинаётган банк акциядорлари умумий йиғилишининг ваколатлари Марказий банкка, кузатув кенгаши ва бошқарувининг ваколатлари эса Марказий банк томонидан тайинланадиган банк кузатув кенгашига ва бошқарувига ёки махсус бошқарувчига ўтади.

14-модда. Жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи

Банкни тўловга қобилиятсизлик ҳолатига олиб келган айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

15-модда. Банк омонатчилари ва кредиторлари зарарларининг чекланиши принципи

Банкнинг санация қилиниши натижасида омонатчилар ёки кредиторлар мазкур банк мажбурий тугатилиши доирасида кўриши мумкин бўлганидан кўпроқ зарар кўришига йўл қўйилмайди.

2-§. Санация қилишга тайёргарлик кўриш

16-модда. Банкни санация қилиш режаси

Марказий банк тизимли аҳамиятга молик банк учун санация қилиш режасини ишлаб чиқади. Санация қилиш режаси тизимли аҳамиятга молик банкка нисбатан Марказий банк томонидан қўлланилиши мумкин бўлган санация қилиш тартиб-таомилларини ўз ичига олади.

Тизимли аҳамиятга молик банк учун ишлаб чиқилган санация қилиш режаси бир йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилиши, шунингдек банкнинг ташкилий тузилишида ва (ёки) молиявий ҳолатида сезиларли ўзгаришлар юзага келганда ёки санация қилиш режасининг қўлланилишига ёхуд мазмунига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа омиллар мавжуд бўлганда қайта кўриб чиқилиши ва зарур бўлганда янгиланиши керак.

Марказий банк тизимли аҳамиятга молик бўлмаган, лекин ўта муҳим вазифаларни бажарувчи банклар учун ҳам санация қилиш режасини ишлаб чиқиши мумкин. Бунда санация қилиш режасини қайта кўриб чиқиш даврийлиги Марказий банк томонидан белгиланади.

Банк учун ишлаб чиқилган санация қилиш режасининг қисқача мазмуни мазкур банкка тақдим этилади.

Ўзи учун санация қилиш режаси ишлаб чиқилган банк уни қайта кўриб чиқиш ёки янгилаш талаб этиладиган ҳар қандай ҳолат тўғрисида Марказий банкни дарҳол хабардор қилади.

Банк ўзига нисбатан санация қилиш режасини ишлаб чиқишда ва янгилашда Марказий банкнинг талабига кўра иштирок этади.

Санация қилиш режасида белгиланган, ўз долзарблигини йўқотган тартиб-таомилларни амалга ошириш Марказий банк учун мажбурий аҳамият касб этмайди.

Банкни санация қилишни бошлаш учун асослар юзага келганда Марказий банк уни санация қилиш тўғрисидаги қарорни, агар ушбу банк учун санация қилиш режаси ишлаб чиқилмаган бўлса ҳам қабул қилиши мумкин.

Санация қилиш режасини ишлаб чиқиш тартиби ва унинг мазмунига қўйиладиган талаблар Марказий банк томонидан белгиланади.

17-модда. Банкни санация қилиш мумкинлигини баҳолаш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш

Банкни санация қилиш режаси мазкур банкни санация қилиш мумкинлигини баҳолашни ўз ичига олади.

Агар санация қилиш мақсадларига санация қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш орқали эришиш имконияти мавжуд бўлса, банкни санация қилиш мумкин деб ҳисобланади.

Банкни санация қилиш мумкинлигини баҳолашда Марказий банк қуйидаги омилларнинг таҳлилини ўтказади:

банк фаолиятининг асосий йўналишини ва ўта муҳим вазифаларини учинчи шахсларга топшириш (ўтказиш) имкониятининг;

банк корпоратив бошқарув тизимининг банк фаолиятининг асосий йўналишига ва ўта муҳим вазифаларига мувофиқлик даражасининг;

банк фаолиятининг асосий йўналишларини ва ўта муҳим вазифалари бажарилишини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган ходимлар, инфратузилма, шунингдек молиялаштириш, ликвидлиликни ва капитални таъминлаш механизмлари мавжудлигининг;

хизмат кўрсатиш шартномалари банкни санация қилишда банк томонидан тўлиқ ҳажмда бажарилишининг;

банкда доимий равишда аниқ ва тўлиқ ахборот олинишини таъминловчи ахборот тизими мавжудлигининг;

санация қилиш воситаларини санация қилиш мақсадларига эришиш учун қўллаш самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлигининг;

банкни санация қилишнинг молия тизимига, тўлов тизимларининг фаолият кўрсатишига, банк тизимига бўлган ишончга ҳамда иқтисодиётга таъсири даражасининг;

санация қилиш воситалари ва ваколатларидан фойдаланиш орқали банкнинг бошқа банкларга ёки молия бозорига салбий таъсирини камайтириш имкониятининг;

чет эл назорат органлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ахборот алмашишни амалга ошириш имкониятининг;

Марказий банк зарур деб ҳисоблаган бошқа омилларнинг.

Марказий банк банкни санация қилиш мумкинлигини баҳолашда қуйидаги омилларни инобатга олмайди:

давлатнинг молиявий ёрдамини;

таъминланганлик, муддатлилик ва тўловлилик шартлари асосида Марказий банк томонидан тақдим этиладиган кредит ҳисобидан ликвидлилик тақчиллигини қоплашни, бундан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 33-моддасига мувофиқ тижорат банкларининг ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш мустасно.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган қоида санация қилишда давлатнинг молиявий ёрдамидан фойдаланишни истисно этмайди.

Агар банкни санация қилиш мумкинлигини баҳолаш натижасида Марказий банк томонидан санация қилишни амалга ошириш учун муайян тўсиқлар мавжудлиги аниқланса, Марказий банк кўрсатилган муддат ичида ушбу тўсиқларни бартараф этиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилишини банкдан талаб қилади.

Санация қилиш имкониятлари учун тўсиқларни бартараф этиш бўйича банк томонидан ишлаб чиқилган тадбирлар режаси Марказий банк билан келишилади ва унинг белгиланган муддатларда ижро этилиши бўйича банк томонидан чоралар кўрилади.

Агар Марказий банк ишлаб чиқилган тадбирлар режаси санация қилиш имкониятлари учун тўсиқларни бартараф этишга қодир эмас деган хулосага келса, банкдан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

таваккалчиликларнинг миқдорини чеклашни;

айрим активларни сотишни;

банк хизматлари кўрсатишни, жорий ва (ёки) режалаштирилган операцияларни амалга оширишни чеклашни ёки тўхтатиб туришни;

банк акцияларига бевосита эгалик қилувчиларнинг мулкий ҳуқуқларига, банкнинг ва (ёки) банклар гуруҳининг ташкилий тузилишига ва (ёки) фаолиятига дахл қилмаган ҳолда, акцияларга эгалик қилувчиларнинг (потенциал олувчидан то бенефициар мулкдоргача) уч поғонадан кўп даражага табақалаштирилишини камайтириш, шунингдек санация қилишни енгиллаштириш ва банкнинг ўта муҳим вазифалари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида холдинг компанияси, асосий жамият ёки шуъба компания ташкил этишни;

санация қилиш мақсадларида доимий равишда ёки Марказий банкнинг талабига кўра қўшимча ахборот тақдим этишни.

18-модда. Санация қилиш учун баҳолашни ўтказиш

Санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар Марказий банк банкнинг активлари ва мажбуриятлари, шунингдек балансдан ташқари моддалари баҳолашдан (бундан буён матнда баҳолаш деб юритилади) ўтказилишини таъминлайди.

Баҳолаш «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 75-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлган аудиторлик ташкилоти ёки баҳоловчи ташкилот (бундан буён матнда баҳоловчи деб юритилади) томонидан ўтказилади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги бухгалтерия ҳужжатларига ва бошқа ҳужжатларга асосланади:

банкнинг баҳолаш ҳисоботи тузилаётган санадаги бухгалтерия балансига, шунингдек фойда ва зарарлари тўғрисидаги ҳисоботига;

банк активлари ва мажбуриятларини ҳисобга олиш қийматининг таҳлилига ва баҳоланишига;

банк бухгалтерия ҳисоботининг балансдаги ва балансдан ташқари ҳисобварақларида акс эттирилган мажбуриятларнинг рўйхатига, уларни бажариш муддати кўрсатилган ҳолда;

баҳолаш учун аҳамиятга эга бўлган, Марказий банк томонидан талаб қилинадиган бошқа маълумотларга.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда банкнинг санация қилиш бошланган пайтдаги барча зарарлари акс эттирилиши керак.

Баҳолаш натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

банкка нисбатан турли санация қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишнинг молиявий оқибатлари тўғрисидаги маълумотларни олиш, шунингдек санация қилишнинг мақбул воситаларини танлаш;

ушбу Қонунга мувофиқ талабларни қаноатлантириш навбати бўйича кредиторларни таснифлаш, шунингдек банк мажбурий тугатилганда кредиторлар ва акциядорларнинг ҳар бир тоифаси олиши мумкин бўлган маблағлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни олиш;

тегишли капитал воситаларини ва (ёки) мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш даражаси тўғрисидаги маълумотларни олиш;

ўтказиладиган (сотиладиган) активлар, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва (ёки) акциялар, шунингдек санация қилинаётган банкка ёки унинг акциядорларига тўланадиган пул маблағлари тўғрисидаги маълумотларни олиш.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган баҳолашнинг ўтказилмаганлиги Марказий банк томонидан санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинишига тўсқинлик қилмайди.

Ушбу модданинг иккинчи , учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган тартибда тўлиқ баҳолашдан ўтказишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар ҳамда санация қилиш мақсадларига эришишни хавф остига қўювчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Марказий банк ёки Марказий банк томонидан тайинланган баҳоловчи банкнинг активларини, мажбуриятларини ва балансдан ташқари моддаларини дастлабки баҳолашдан ўтказади. Бунда дастлабки баҳолаш имкон қадар ушбу модданинг иккинчи , учинчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ ўтказилиши керак.

Агар ушбу модданинг еттинчи қисмига мувофиқ дастлабки баҳолаш ўтказилган бўлса, ушбу модданинг иккинчи , учинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган талабларга тўлиқ мувофиқ бўлган якуний баҳолаш Марказий банк тайинлаган баҳоловчи томонидан қуйидаги мақсадлар учун қисқа муддатларда ўтказилиши керак:

акциядорларнинг ёки кредиторларнинг талабларини ҳисобдан чиқариш ёки қаноатлантириш тўғрисидаги қарорни асослантириш ёхуд мажбуриятлар бўйича амалга оширилган тўловлар суммасини ошириш ёки камайтириш;

банкнинг аввал ўтказилган активлари ва мажбуриятларига қўшимча тарздаги активлари ва мажбуриятларини оралиқ банкка ўтказиш ёки аввал ўтказилган активлари ва мажбуриятларини қайтариш.

Ушбу модданинг саккизинчи қисмига мувофиқ ўтказилган якуний баҳолаш:

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш чоғида олувчилар томонидан амалга оширилган тўловларга;

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш мақсадида ҳисобдан чиқаришни ва (ёки) конвертация қилишни амалга оширишда санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторлари томонидан олинган маблағларга таъсир кўрсатмайди.

Ўтказилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг қисқача мазмуни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида белгиланган тартибда эълон қилинади.

Баҳолаш устидан шикоятлар санация қилиш тўғрисидаги қарордан алоҳида тарзда кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Ушбу моддада назарда тутилган баҳолашдан ушбу Қонуннинг 42-моддасига мувофиқ компенсация миқдорини аниқлаш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Ушбу моддага мувофиқ баҳолашни ўтказиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

19-модда. Баҳоловчини танлаш тартиби ва шартлари

Марказий банк банкни санация қилишга тайёргарлик кўриш доирасида ва санация қилиш тўғрисида ўз вақтида қарорлар қабул қилиш мақсадида дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатини шакллантиради.

Дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатига киритилган ташкилотлар Марказий банк билан ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назарда тутувчи шартнома тузади. Дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхати Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Баҳоловчиларни дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатига киритиш очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилади.

Муайян банкни санация қилиш учун баҳолашдан ўтказиш мақсадида Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчилар орасидан баҳоловчини танлаб олади. Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчиларга танловда иштирок этиш тўғрисида хабарнома юборади.

Икки ёки ундан ортиқ баҳоловчи мавжуд бўлмаган тақдирда Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатига киритилган битта баҳоловчига хабарнома юборади.

Агар икки ёки ундан ортиқ баҳоловчига хабарнома юборилган бўлса, баҳолаш бўйича эса фақат битта баҳоловчидан таклиф келиб тушса, ушбу баҳоловчи баҳолашни ўтказиш учун тайинланади.

Дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатидаги баҳоловчилар баҳолашни ўтказишни рад этган ёки Марказий банк ушбу рўйхатдаги баҳоловчиларнинг ҳеч бири билан ушбу моддага мувофиқ келишувга эришмаган тақдирда, Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатига киритилмаган, лекин тегишли талабларга жавоб берадиган бошқа баҳоловчини баҳолашни ўтказиш учун танлаб олиши мумкин.

Баҳоловчилар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:

баҳоловчининг тажрибаси, билими ва кўникмалари;

баҳолашни ўтказиш учун таклиф этилаётган муддат;

баҳолашни ўтказиш ҳақи.

Баҳолашни ўтказиш учун Марказий банк танлаб олинган баҳоловчи билан баҳолаш ўтказиш тўғрисида шартнома имзолайди.

Баҳолаш ўтказиш тўғрисида шартномада кўрсатилган баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган барча тўловлар, агар банкнинг молиявий ҳолати имкон берса, мазкур банк ҳисобидан амалга оширилади. Акс ҳолда Марказий банк бундай харажатларни ўз ҳисобидан қоплайди.

Баҳоловчиларни дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатига киритиш тартиби, баҳоловчиларга қўйиладиган талаблар, шунингдек баҳоловчиларни баҳолаш қоидалари Марказий банк томонидан белгиланади.

3-§. Санация қилишнинг бошланиши

20-модда. Санация қилишни бошлаш учун асослар

Қуйида санаб ўтилган барча асосларнинг мавжудлиги банкни санация қилишни бошлаш учун асос деб ҳисобланади:

банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки банкнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимолининг юқорилиги;

банк, банклар гуруҳи, холдинг компанияси ва (ёки) банк акциядорлари томонидан кўрилган чораларнинг, шунингдек Марказий банк томонидан қўлланилган назорат чораларининг ушбу қисмнинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатни бартараф этишга қодир бўлмаганлиги ёхуд мазкур чоралар орқали олти ой ичида шундай натижани таъминлаш эҳтимолининг мавжуд эмаслиги;

банкнинг тизимли аҳамиятга молик эканлиги ёки тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкни мажбурий тугатиш орқали ушбу Қонун 8-моддасининг биринчи қисмида белгиланган бир ёки бир нечта мақсадларга эришиб бўлмаслиги сабабли ушбу Қонунга мувофиқ санация қилиш зарурлиги.

Қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келганда банк тўловга қобилиятсиз деб ҳисобланади:

банк ўз мижозларининг талабларини маблағлар етарли эмаслиги сабабли етти кун ичида қаноатлантиришга қодир бўлмаганда;

банкнинг мажбуриятлари унинг активларидан ортиб кетганда;

банк капитали монандлиги коэффициентлари ва (ёки) устав капиталининг миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордан эллик ва ундан кўп фоизга камайганда;

банкнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг ҳисоботларда тўғри акс эттирилиши ушбу қисмнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларнинг юзага келишига олиб келадиган ҳоллар Марказий банк томонидан аниқланганда;

омонатчилар ва кредиторлар томонидан банкка ишониб топширилган пул маблағларининг бут сақланишига хавф солувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда.

Банкда ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи , учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларнинг олти ой ичида юзага келишидан дарак берувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда мазкур банкнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори деб ҳисобланади.

Санация қилиш тартиб-таомиллари «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-бобида назарда тутилган назорат чораларидан алоҳида тарзда қўлланилади ва мазкур чораларнинг қўлланилишига тўсқинлик қилмайди.

Банк кузатув кенгаши ва (ёки) бошқаруви ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар юзага келганда ёки мазкур ҳолатларнинг юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлганда Марказий банкни зудлик билан бу ҳақда хабардор қилиши шарт.

Банкда ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар мавжудлиги, бироқ ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида белгиланган асос мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, Марказий банк бошқаруви ушбу банкнинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясини (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) чақириб олиш ҳамда уни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қуйидаги асосларнинг барчаси мавжуд бўлганда Марказий банк бошқаруви холдинг компаниясини санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

холдинг компаниясининг тўловга қобилиятсизлиги ёки холдинг компаниясининг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимолининг юқорилиги;

холдинг компанияси, банклар гуруҳи ва (ёки) холдинг компанияси эгалари томонидан кўрилган чораларнинг ушбу қисмнинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатни бартараф этишга қодир эмаслиги ёки мазкур чоралар орқали олти ой ичида шундай натижани таъминлаш эҳтимолининг мавжуд эмаслиги;

холдинг компанияси назорати остидаги банкни санация қилиш бошланганлиги;

санация қилишнинг бир ёки бир нечта мақсадига холдинг компаниясини мажбурий тугатиш орқали эришиб бўлмаслиги сабабли уни санация қилиш зарурлиги.

Холдинг компанияси қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келганда тўловга қобилиятсиз деб ҳисобланади:

холдинг компаниясининг капитал монандлиги коэффициентлари ва (ёки) устав капитали миқдори консолидациялашган назорат асосида Марказий банк томонидан белгиланган энг кам миқдордан эллик ва ундан кўп фоизга камайганда;

холдинг компанияси бажарилиши лозим бўлган ўз мажбуриятларини маблағлар етишмовчилиги сабабли етти кун ичида бажаришга лаёқатсиз бўлганда;

банкнинг ёки холдинг компаниясининг молиявий ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг ҳисоботларда тўғри акс эттирилиши ушбу қисмнинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларнинг юзага келишига олиб келадиган ҳоллар Марказий банк томонидан аниқланганда.

Холдинг компаниясида ушбу модда саккизинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларнинг олти ойдан ошмайдиган муддат ичида юзага келишидан дарак берувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда холдинг компаниясининг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори деб ҳисобланади.

Марказий банкнинг холдинг компаниясини санация қилиш тўғрисидаги қарори кучга кирган пайтдан эътиборан санация қилиш тугагунига қадар «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормалари мазкур холдинг компаниясига нисбатан қўлланилмайди.

Холдинг компанияси фаолиятини тартибга солувчи ваколатли орган ва Марказий банк ўртасидаги ҳамкорлик қилиш тартиби санация қилиш бошлангунига қадар Марказий банк томонидан белгиланади.

21-модда. Банкни санация қилишни бошлаш тўғрисидаги қарор ва унинг оқибатлари

Ушбу Қонуннинг 20-моддасида белгиланган санация қилиш учун асослар юзага келган тақдирда, Марказий банк бошқаруви банкни санация қилиш тўғрисида қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилади:

санация қилиш учун асосларни;

ушбу Қонуннинг 18-моддасида белгиланган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг қисқача мазмунини;

санация қилишнинг аниқ бошланиш вақтини;

банкка нисбатан қўлланилиши режалаштирилаётган санация қилиш тартиб-таомилларини;

зарурат бўлганда Давлат бюджети маблағларидан фойдаланишни.

Банкни санация қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин Марказий банк мазкур қарорда назарда тутилган санация қилиш тартиб-таомилларига ўзгартириш киритишга ҳақли.

Банкни санация қилиш тўғрисидаги қарор кучга кириши билан санация қилинаётган банк акциядорлари умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг ва бошқарувининг ваколатлари Марказий банкка ўтади. Бунда Марказий банк санация қилинаётган банк кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатларини тугатишга, бошқаруви аъзоларини ишдан четлатишга ва (ёки) улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Санация қилинаётган банк кузатув кенгашининг ва (ёки) бошқарувининг вазифалари Марказий банк томонидан қуйидагилардан бирининг зиммасига юклатилади:

Марказий банк томонидан тайинланган махсус бошқарувчининг;

Марказий банк томонидан тайинланган банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг.

Санация қилинаётган банкнинг ишдан четлаштирилган бошқаруви аъзолари Марказий банкка, махсус бошқарувчига ҳамда Марказий банк томонидан тайинланган банк кузатув кенгаши ва бошқарувига санация қилиш мақсадларига эришиш учун зарур ёрдам кўрсатади.

Санация қилиш тўғрисидаги қарор кучга кириши билан Марказий банк, ўзи томонидан тайинланган банк кузатув кенгаши ва бошқаруви, махсус бошқарувчи банкнинг барча активларини, мол-мулкини, автоматлаштирилган ахборот тизимларини, бухгалтерия ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларини, шунингдек банкнинг барча ҳужжатларини чекловларсиз тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади. Санация қилинаётган банкнинг Марказий банк томонидан тайинланган кузатув кенгаши ва бошқаруви ёки махсус бошқарувчиси санация қилинаётган банк ходимлари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Санация қилинаётган банк билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бошқарув аъзоларига ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди.

Санация қилиш тўғрисидаги қарор, шунингдек санация қилиш воситаларидан фойдаланилиши банкнинг контрагентларига мазкур банк билан тузилган амалдаги шартномавий мажбуриятларни бажаришни бир томонлама тўхтатиб туриш, шунингдек мазкур шартномага ўзгартиришлар киритишни талаб этиш ёки уни бекор қилиш, мазкур шартнома бўйича банк ўз мажбуриятларини бажариб келаётган ҳолларда, гаров таъминотини реализация қилиш ёки шартномага мувофиқ олдиндан ҳисоб-китоб қилишни талаб этиш ҳуқуқларини бермайди.

Банкни санация қилиш тўғрисидаги қарор масъул шахслар томонидан тегишли реестрларга тезкорлик билан зарур ўзгартиришлар киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Санация қилинаётган банкнинг акциядорларини ва бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилиш мақсадида Марказий банк ва ўзига нисбатан санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган банк санация қилиш тўғрисидаги қарор кучга кирган куннинг ўзида мазкур қарор ҳақида ўз расмий веб-сайтларида ва ижтимоий тармоқлардаги ўз расмий саҳифаларида эълон қилади. Мазкур эълоннинг шакли ва мазмуни Марказий банк томонидан белгиланади.

22-модда. Махсус бошқарувчи

Марказий банк санация қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш билан бир вақтда ёки шундай қарор қабул қилинганидан кейин бир ёки бир неча жисмоний шахсларни санация қилинаётган банкнинг махсус бошқарувчиси ёки махсус бошқарувчилари (бундан буён матнда махсус бошқарувчи деб юритилади) сифатида тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Махсус бошқарувчини тайинлаш тўғрисидаги қарорда камида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

махсус бошқарувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми;

махсус бошқарувчи ваколатларининг бошланиш ва тугаш вақти;

махсус бошқарувчининг ваколатлари ва мажбуриятлари, шу жумладан фақат Марказий банк билан келишилган ҳолда амалга ошириладиган ваколатлари;

махсус бошқарувчининг ваколатлари муддати давомида банкка нисбатан қўлланиладиган чекловлар рўйхати, агар бундай чекловлар мавжуд бўлса;

махсус бошқарувчига нисбатан чекловлар, тавсиялар ва фармойишларнинг тавсифи, агар улар мавжуд бўлса;

махсус бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалалар.

Марказий банк ҳар бир махсус бошқарувчи билан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидаларни акс эттирувчи алоҳида шартнома тузади.

Махсус бошқарувчи этиб тайинланадиган шахс санация қилинаётган банкка нисбатан манфаатлар тўқнашувидан холи бўлиши ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 36-моддасига мувофиқ банкнинг бошқарув органлари аъзоларига ва муҳим аҳамиятга эга ходимларига нисбатан қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлиши керак. Марказий банк ходими махсус бошқарувчи этиб тайинланиши мумкин эмас.

Агар санация қилинаётган банкнинг молиявий ҳолати имкон берса, махсус бошқарувчига тўланиши лозим бўлган барча маблағлар мазкур банк ҳисобидан қопланади. Акс ҳолда Марказий банк бундай харажатларни ўз ҳисобидан қоплайди.

Махсус бошқарувчи тайинланганлиги тўғрисидаги ахборот ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шартнома тузилганидан кейин бир иш куни ичида Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.

Махсус бошқарувчи ўз фаолиятида ушбу Қонунга, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек Марказий банкнинг топшириқларига амал қилади.

Марказий банк махсус бошқарувчи билан тузилган меҳнат шартномасини қонунчиликка мувофиқ бекор қилиш ва ушбу модданинг талабларига асосан бошқа махсус бошқарувчини тайинлаш ҳуқуқига эга.

Махсус бошқарувчи тайинланган пайтдан эътиборан унинг фаолияти муддати давомида махсус бошқарувчи ёки у томонидан тайинланган шахс билан келишилмаган ҳолда, банкнинг номидан ёки банкнинг топшириғига асосан амалга ошириладиган барча операциялар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди.

Махсус бошқарувчи фақат Марказий банкка ҳисобдор бўлиб, унинг вазифаларининг бажарилишини назорат қилиш Марказий банк томонидан амалга оширилади.

Марказий банк махсус бошқарувчининг фаолияти устидан назорат қилиш бўйича қуйидаги ваколатларга эга:

махсус бошқарувчига унинг фаолияти даврида фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича тавсиялар бериш, шу жумладан асосий тадбирлар режасини таклиф қилиш;

махсус бошқарувчига бажарилиши шарт бўлган йўриқномалар бериш;

махсус бошқарувчидан унинг фаолияти ва банкнинг фаолияти тўғрисидаги ҳар қандай маълумотларни сўраб олиш;

махсус бошқарувчининг ваколатлари муддатини узайтириш ёки муддатидан олдин тугатиш.

Махсус бошқарувчи санация қилиш мақсадларига эришиш ҳамда Марказий банкнинг қарорларида, шунингдек буйруқлари ва кўрсатмаларида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган барча чораларни кўради.

Махсус бошқарувчи санация қилиш мақсадларига эришиш ва санация қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган барча ҳоллар тўғрисида Марказий банкни дарҳол хабардор қилиши шарт.

Махсус бошқарувчи ҳар чоракда камида бир марта, шунингдек Марказий банкнинг сўровига кўра, Марказий банкка санация қилинаётган банкнинг молиявий ҳолати ҳамда махсус бошқарувчи томонидан ўз фаолияти давомида амалга оширилган ҳаракатлар тўғрисида ҳисобот тақдим этиб боради.

Санация қилинаётган банкка махсус бошқарувчини тайинлаш тартиби ва махсус бошқарувчининг фаолияти билан боғлиқ қоидалар Марказий банк томонидан белгиланади.

4-§. Санация қилиш воситалари

23-модда. Санация қилиш воситаларининг турлари

Санация қилиш воситалари қуйидагилардан иборат:

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш);

оралиқ банкни ташкил этиш;

ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш.

Марказий банк санация қилиш мақсадларига эришиш учун санация қилишнинг мақбул воситаларини банкнинг ва (ёки) молия тизимининг ҳолатини инобатга олган ҳолда танлайди.

Марказий банк санация қилиш воситаларини биргаликда ёки алоҳида-алоҳида қўллаши мумкин.

Агар Марказий банк санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қисман ўтказиш (сотиш) учун фақат ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган санация қилиш воситаларини қўлласа, Марказий банк қолдиқ активлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятларга эга бўлган ушбу банкнинг лицензиясини чақириб олади ҳамда банкни ушбу Қонунга мувофиқ мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Санация қилиш воситаларини қўллашда давлат органлари ва ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек санация қилинаётган банк акциядорлари ҳамда кредиторлари билан келишиш ёки уларнинг рухсатини олиш талаб этилмайди.

24-модда. Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситаси тўғрисидаги умумий қоидалар

Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситаси санация қилинаётган банкнинг акциялари, активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятлари олувчига ўтказилишини (сотилишини) назарда тутади.

Марказий банк бир ёки бир неча олувчига (бундан оралиқ банк мустасно) қуйидагиларни ўтказиш (сотиш) тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

санация қилинаётган банк томонидан чиқарилган янги акцияларни;

санация қилинаётган банк активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларининг барчасини ёки бир қисмини.

Акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказишда (сотишда):

санация қилинаётган банкнинг мажбуриятлари ушбу Қонуннинг 64-моддасида белгиланган кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш навбатида олувчига ўтказилади;

санация қилинаётган банкнинг активлари ва ҳуқуқлари, шунингдек Омонатларни кафолатлаш агентлигининг Омонатларни кафолатлаш жамғармаси (бундан буён матнда Кафолатлаш жамғармаси деб юритилади), санация қилиш жамғармаси ҳисобидан тақдим этилган маблағлар банкнинг бир турдаги кредиторлари олдидаги мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, мазкур мажбуриятлар ушбу кредиторларнинг талаблари миқдорига мутаносиб равишда ўтказилади.

Молиявий барқарорликни таъминлаш ёки активлар қийматининг жуда паст даражага тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк мажбуриятларнинг айрим турларини ушбу Қонуннинг 64-моддасида белгиланган бир турдаги кредиторлар доирасида танлаб олиб, ушбу модда учинчи қисмнинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган қоидалардан четга чиққан ҳолда ўтказишга ҳақли. Бу ҳолда қоидалардан четга чиқиш сабаби Марказий банк томонидан асослаб берилиши ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиши керак.

Активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказишда (сотишда) қуйидагилар талаб этилмайди:

санация қилинаётган банк акциядорлари, омонатчилари ва кредиторларининг, шунингдек бошқа манфаатдор шахсларнинг (хусусан, санация қилинаётган банкка гаров таъминоти ва кафолат тақдим этган шахсларнинг) розилигини олиш;

санация қилинаётган банк томонидан омонатчилар ва кредиторлар, шунингдек бошқа тарафлар (хусусан, санация қилинаётган банкка гаров таъминоти ва кафолат тақдим этган шахслар) билан тузилган шартномаларга шартномаларнинг янги тарафини кўрсатиш мақсадида ўзгартиришлар киритиш;

санация қилинаётган банкнинг омонатчилари билан олувчи банк томонидан янги банк ҳисобварағи шартномаларини тузиш.

Акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларнинг ўтказилиши (сотилиши) ўтказиш (олди-сотди) тўғрисидаги шартномага биноан амалга оширилади. Бунда ўтказиш тўғрисидаги шартномага ўтказилаётган (сотилаётган) акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган топшириш-қабул қилиш далолатномаси илова қилинади.

Олувчи акцияларни ўтказиш (сотиш) тўғрисидаги шартномани қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олувчи органга тегишли реестрга ўзгартириш киритиш учун топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга тақдим этади.

Акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларнинг ўтказилиши (сотилиши) уларга бўлган мулк ҳуқуқининг олувчига ўтишига олиб келади. Бунда олувчи шартнома имзоланган пайтдан эътиборан мазкур ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳуқуқий вориси бўлади.

Акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) тўғрисидаги шартнома имзоланган пайтдан эътиборан кучга киради ва сотиш билан боғлиқ барча ҳуқуқий тартиб-таомилларни амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) тўғрисидаги шартнома тузилганидан кейин санация қилинаётган банкнинг акциядорлари ва кредиторлари ўтказилаётган (сотилаётган) акциялар ва (ёки) бошқа талаблар учун олувчидан бирор бир компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятлар ўтказилганидан (сотилганидан) кейин олувчи билан келишувга кўра Марказий банк:

ўтказилган (сотилган) активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларнинг бир қисмини олувчидан санация қилинаётган банкка (шу жумладан мажбурий тугатиш жараёнида бўлган санация қилинаётган банкка) қайтариши. Бунда банк уларни қайтариб олишни рад этишга ҳақли эмас;

санация қилинаётган банкдан (шу жумладан мажбурий тугатиш жараёнида бўлган санация қилинаётган банкдан) қўшимча активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни олувчига ўтказиши (сотиши) мумкин.

Ушбу модданинг ўн биринчи қисмида назарда тутилган активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларнинг ўтказилиши (сотилиши) ушбу моддада белгиланган ўтказиш (сотиш) тартибига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак.

25-модда. Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш

Марказий банк санация қилинаётган банкнинг ўтказилиши (сотилиши) режалаштирилган акцияларини, активларини, ҳуқуқларини ва (ёки) мажбуриятларини ўтказиш (сотиш) бўйича чоралар кўради. Активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятлар алоҳида-алоҳида ўтказилиши (сотилиши) мумкин. Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш билан боғлиқ харажатлар, агар санация қилинаётган банкнинг молиявий ҳолати бунга имкон берса, мазкур банк томонидан қопланади. Акс ҳолда Марказий банк бундай харажатларни ўз ҳисобидан қоплайди.

Акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади:

ўтказиш (сотиш) жараёнининг шаффоф бўлиши;

ўтказиш (сотиш) жараёнининг манфаатлар тўқнашувидан холи бўлиши;

ўтказиш (сотиш) жараёнида потенциал олувчилар орасида устунликлар берилишига йўл қўйилмаслиги;

санация қилиш бўйича тезкор чоралар кўриш заруриятининг ҳисобга олиниши;

акциялар, активлар ва ҳуқуқларнинг юқори нархда ўтказилиши (сотилиши).

Марказий банк фақат битта потенциал олувчи мурожаат қилган тақдирда ҳам акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказишга (сотишга) ҳақли.

Марказий банк акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни қуйидаги ҳолларда потенциал олувчиларга тўғридан-тўғри, оммавий эълон бермасдан ўтказиши (сотиши) мумкин:

оммавий эълон бериш санация қилиш мақсадларига эришишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлганда;

камида иккита потенциал олувчи жалб қилинганда.

Марказий банк санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) бўйича зарур тайёргарлик тадбирларини амалга оширишга ваколатлидир. Тайёргарлик тадбирлари санация қилинаётган банкнинг акциялари, активлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари маркетингини, потенциал олувчилар билан бевосита алоқа боғлашни, шунингдек активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини самарали қўллаш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни ўз ичига олади.

Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасининг қўлланилиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

26-модда. Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасининг қўлланилиш шартлари

Санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларини олувчи фақат банк бўлиши мумкин.

Санация қилинаётган банкда ҳал қилувчи эгаликни олувчи олди-сотди шартномаси тузилгунига қадар Марказий банкнинг банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномасини олиши керак.

Санация қилишда Марказий банк санация қилинаётган банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани беришнинг соддалаштирилган тартибини белгилаши мумкин.

Санация қилинаётган банкнинг акцияларини сотишни кечиктирмасдан амалга ошириш ва санация қилиш мақсадларига эришишга тўсқинлик қилмаслик мақсадида, санация қилинаётган банк акцияларининг олди-сотди шартномаси банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома берилгунига қадар тузилиши мумкин. Бунда акциялар бўйича овоз бериш ҳуқуқи Марказий банкда сақланиб қолади. Мазкур ҳуқуқни амалга ошириш Марказий банк учун мажбурий бўлмайди ҳамда ундан фойдаланганлик ёки фойдаланмаганлик Марказий банк учун ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.

Банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатнома олинганидан кейин акциялар бўйича овоз бериш ҳуқуқи олувчига ўтади.

Марказий банк банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани беришни рад этган тақдирда, акциялар бўйича овоз бериш ҳуқуқи Марказий банк ихтиёрида қолади ҳамда Марказий банк олувчидан уч ой ичида акцияларни бошқа шахсга сотишни талаб қилади.

Агар акциялар уч ой ичида бошқа шахсга сотилмаса, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган олди-сотди шартномаси бекор қилинади ва Марказий банк санация қилинаётган банкка нисбатан санация қилишнинг муайян тартиб-таомилларини амалга ошириш ёки ушбу банкни мажбурий тугатиш ёхуд «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ бошқа чораларни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш доирасида амалга ошириладиган ўтказишга (сотишга) нисбатан ушбу бобнинг 7-параграфида назарда тутилган кафолатлар қўлланилади.

Санация қилинаётган банк иштирокчи бўлган тўлов тизимлари ва ушбу банк аъзо бўлган фонд биржалари ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган олувчига, агар олувчи мазкур тўлов тизимлари ва фонд биржалари томонидан белгиланган талабларга мувофиқ бўлса, санация қилинаётган банк билан тузилган шартнома бўйича барча ҳуқуқларни амалга ошириш имкониятини бериши керак.

Агар олувчи ушбу модданинг тўққизинчи қисмида назарда тутилган тўлов тизимлари ва фонд биржалари томонидан белгиланган иштирок этиш ёки аъзолик талабларига мувофиқ бўлмаса, Марказий банк олувчига тўлов тизимларига ёки фонд биржаларига олти ойдан кўп бўлмаган муддат давомида уланиш учун рухсат бериши мумкин.

27-модда. Оралиқ банк

Оралиқ банк санация қилинаётган банкнинг ўта муҳим вазифаларини сақлаб қолиш мақсадида мазкур банк активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларининг барчасини ёки бир қисмини ўтказиш учун ташкил этилади. Кейинчалик оралиқ банк ва (ёки) унинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятлари сотилади.

Марказий банк бир ёки бир нечта санация қилинаётган банк активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларининг барчасини ёки бир қисмини ўтказиш учун бир ёки бир нечта оралиқ банкни ташкил этиши мумкин.

Оралиқ банкка санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларини ўтказишда қуйидаги қоидалар қўлланилади:

санация қилинаётган банкнинг мажбуриятлари оралиқ банкка ушбу Қонуннинг 64-моддасида белгиланган кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш навбатига риоя этилган ҳолда ўтказилади;

санация қилинаётган банкнинг активлари ва ҳуқуқлари, шунингдек Кафолатлаш жамғармаси, санация қилиш жамғармаси ҳисобидан тақдим этилган маблағлар банкнинг бир турдаги кредиторлари олдидаги мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, ушбу мажбуриятлар мазкур кредиторларнинг талаблари миқдорига мутаносиб равишда ўтказилади;

молиявий барқарорликни таъминлаш ёки активлар қийматининг жуда паст даражага тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида, Марказий банк ушбу қисмнинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган қоидалардан четга чиққан ҳолда мажбуриятларнинг муайян турларини танлов асосида ўтказишга ҳақли. Бунда қоидалардан четга чиқиш сабаби Марказий банк томонидан асослаб берилиши ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиши керак.

Оралиқ банкка ўтказилган мажбуриятларнинг умумий қиймати санация қилинаётган банкнинг мазкур оралиқ банкка ўтказилган активлари ва ҳуқуқларининг баҳолаш натижасида шакллантирилган умумий қийматидан ёки бошқа манбалардан ўтказилган маблағлардан ошиб кетиши мумкин эмас.

Марказий банк оралиқ банкка санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларини ўтказганидан кейин қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

санация қилинаётган банкнинг (шу жумладан мажбурий тугатиш жараёнида бўлган санация қилинаётган банкнинг) қўшимча активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларини оралиқ банкка ўтказиш;

ўтказилган активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларнинг бир қисмини ушбу модданинг олтинчи қисмига мувофиқ оралиқ банкдан санация қилинаётган банкка (шу жумладан мажбурий тугатиш жараёнида бўлган санация қилинаётган банкка) қайтариш.

Оралиқ банкдан санация қилинаётган банкка активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларнинг бир қисмини қайтаришга қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганда йўл қўйилади:

активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни қайтариш улар оралиқ банкка ўтказилган кундан эътиборан 90 кун ичида амалга оширилиши;

қайтарилаётган мажбуриятларнинг ушбу Қонун 33-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган мажбуриятлар эмаслиги;

қайтаришнинг санация қилиш мақсадларига эришиш ва (ёки) омонатчилар ва кредиторларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари кафолатланиши принципига риоя этилишини таъминлаш учун зарурлиги.

Оралиқ банкка санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятлари ўтказилаётганда ҳамда ўтказилган активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятлар санация қилинаётган банкка қайтарилаётганда қуйидагилар талаб этилмайди:

санация қилинаётган банк акциядорлари, омонатчилари ва кредиторларининг, шунингдек бошқа манфаатдор шахсларнинг (хусусан, санация қилинаётган банкка гаров таъминоти ва кафолат тақдим этган шахсларнинг) розилигини олиш;

санация қилинаётган банк томонидан омонатчилар, кредиторлар, шунингдек бошқа тарафлар (хусусан, санация қилинаётган банкка гаров таъминоти ва кафолат тақдим этган шахслар) билан тузилган шартномаларга шартномаларнинг янги тарафини кўрсатиш мақсадида ўзгартиришлар киритиш;

санация қилинаётган банкнинг омонатчилари билан оралиқ банк томонидан янги банк ҳисобварағи шартномаларини тузиш.

Санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларини оралиқ банкка ўтказиш тўғрисидаги шартнома имзоланган пайтдан эътиборан активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятлар ўтказилган деб ҳисобланади ва ўтказиш билан боғлиқ барча ҳуқуқий тартиб-таомиллар учун асос бўлиб хизмат қилади. Бунда оралиқ банк барча ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳуқуқий вориси бўлади.

Санация қилинаётган банк ва оралиқ банк ўртасида амалга оширилган ўтказишга нисбатан ушбу бобнинг 7-параграфида назарда тутилган кафолат чоралари қўлланилади.

Санация қилинаётган банк иштирокчи бўлган тўлов тизимлари ва ушбу банк аъзо бўлган фонд биржалари оралиқ банкка, башарти мазкур оралиқ банк тўлов тизимлари ва фонд биржалари томонидан қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлса, санация қилинаётган банк билан тузилган шартнома бўйича барча ҳуқуқларни амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.

Агар оралиқ банк тўлов тизимлари ва фонд биржалари томонидан белгиланган иштирок этиш ёки аъзолик талабларига мувофиқ бўлмаса, Марказий банк оралиқ банкка унинг фаолияти давомида ушбу тўлов тизимларида иштирок этишга ва фонд биржаларига аъзо бўлишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Марказий банк бошқарувининг қарори билан:

оралиқ банкнинг барча акциялари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ оралиқ банкнинг фаолият юритиши кафолатланса, учинчи шахсларга сотилиши мумкин. Бунда учинчи шахслар томонидан оралиқ банкнинг акцияларини сотиб олиш «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида амалга оширилади. Оралиқ банкнинг акциялари учинчи шахслар томонидан сотиб олинган пайтдан эътиборан оралиқ банк ўз оралиқ банк мақомини йўқотади ва ўз фаолиятини «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширади;

оралиқ банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятлари бошқа банкка ўтказилиши (сотилиши) мумкин.

Марказий банк оралиқ банкнинг сотилиши ёки унинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятлари ўтказилиши (сотилиши) учун масъулдир.

Санация қилинаётган банкнинг кредиторлари оралиқ банкдан ёки ушбу модданинг ўн иккинчи қисмида назарда тутилган оралиқ банк акцияларини сотиб олувчидан ўтказилган талаблари бўйича компенсация талаб қилишга ҳақли эмас.

28-модда. Оралиқ банк ташкил этилишининг ва фаолият юритишининг ўзига хос хусусиятлари

Оралиқ банкни ташкил этиш ушбу моддада белгиланган қоидалар инобатга олинган ҳолда, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган банк фаолиятига рухсат бериш шартларига мувофиқ амалга оширилади.

Оралиқ банкнинг устав капитали Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилиши мумкин:

ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситасини қўллаган ҳолда оралиқ банкка ўтказилган мажбуриятларни мазкур оралиқ банкнинг акцияларига конвертация қилиш;

ушбу Қонуннинг 37-моддаси талабларини ҳисобга олган ҳолда Давлат бюджети маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Марказий банк оралиқ банк устав капиталининг энг кам миқдорини «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланганидан кам миқдорда белгилаш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатлидир.

Оралиқ банкни лицензиялаш тартиб-таомили бир босқичдан иборат бўлиб, оралиқ банкни давлат рўйхатига олиш лицензия бериш билан бир вақтда амалга оширилади.

Оралиқ банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензиялаш банкнинг уставига, банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг аъзолари тўғрисидаги маълумотларга, шунингдек банкнинг бизнес-режаси ҳақидаги маълумотларга асосан амалга оширилади. Бунда Марказий банк қонунчиликка мувофиқ банкни лицензиялаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли.

Марказий банк «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари тўлиқ бажарилмаган ҳолларда ҳам оралиқ банкка лицензия бериши мумкин. Бундай ҳолларда, лицензия бериш тўғрисидаги қарорда оралиқ банкнинг зиммасига «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини олти ойдан ошмайдиган муддат ичида бажариш мажбурияти юклатилади.

Оралиқ банкни давлат рўйхатига олишда ва лицензиялашда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасида , 17-моддасининг учинчи қисмида , 20-моддасида , шунингдек оралиқ банкнинг акциядорлари билан боғлиқ муносабатларга нисбатан 22-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланилмайди.

Оралиқ банкка лицензия бериш тўғрисидаги қарор Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Лицензия берилганидан кейин оралиқ банк «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ омонатларни кафолатлаш тизими иштирокчисига айланади.

Оралиқ банк акциядорлари умумий йиғилишининг ваколатлари Марказий банк томонидан амалга оширилади.

Оралиқ банк устав капиталининг асосий қисми давлат маблағлари ҳисобидан шакллантирилган ёки оралиқ банк акциялари бўйича овоз бериш ҳуқуқининг асосий қисми давлатга тегишли бўлган ҳолларда, Марказий банк оралиқ банкнинг уставини тасдиқлаш, кузатув кенгаши аъзоларини тайинлаш ҳамда оралиқ банкни сотиш тўғрисида қарорлар қабул қилишни қонунчиликка мувофиқ давлат акциялари пакетлари бўйича акциядорлар ҳуқуқларини амалга оширишга ваколатли бўлган давлат органи билан олдиндан келишиб олади.

29-модда. Оралиқ банк фаолиятини тугатиш

Оралиқ банкнинг фаолияти унга лицензия берилган пайтдан эътиборан ўн икки ойдан ошмаслиги керак. Мазкур муддат қуйидаги ҳолларда Марказий банк томонидан кўпи билан ўн икки ойга узайтирилиши мумкин:

агар муддатнинг узайтирилиши санация қилиш мақсадларига эришиш учун зарур бўлса;

агар узайтирилган муддат давомида оралиқ банкнинг акциялари ёки унинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларининг барчаси ёхуд бир қисми сотилиши мумкинлиги ҳақида асосли хулоса мавжуд бўлса.

Оралиқ банкнинг фаолияти қуйидаги ҳолатларнинг бирида тугатилган деб ҳисобланади:

оралиқ банкнинг барча акциялари учинчи шахсларга сотилганда;

оралиқ банкнинг барча активлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари учинчи шахсларга ўтказилганда;

оралиқ банкнинг активлари тўлиқ қопланганда ва мажбуриятлари тўлиқ бажарилганда;

ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддат тугаганда;

оралиқ банкнинг лицензияси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 77-моддасида назарда тутилган асосларга кўра чақириб олинганда.

Марказий банк ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи , тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек, агар оралиқ банкнинг акцияларини ёки активларини, ҳуқуқларини ва мажбуриятларини ўтказишни (сотишни) амалга ошириш истиқболлари мавжуд эмас деб ҳисобласа, оралиқ банкнинг лицензиясини чақириб олади ҳамда уни мажбурий тугатиш жараёнига ўтказади.

Оралиқ банк фаолиятини ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган асосларга кўра тугатиш натижасида келиб тушган маблағлар оралиқ банк акциядорларининг ҳисобига ўтказилади.

Оралиқ банкни ташкил этиш, унинг фаолиятини амалга ошириш ва уни тугатиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

30-модда. Капитал воситаларини ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш

Марказий банк қуйидагиларни қоплаш учун ҳисобдан чиқарилиши ва (ёки) конвертация қилиниши лозим бўлган капитал воситаларининг умумий суммасини белгилайди:

ушбу Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ ўтказилган баҳолаш асосида аниқланган зарарлар суммасини;

санация қилинаётган банк капитали монандлиги коэффициентлари ҳамда устав капитали миқдорининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш, шунингдек бозор иштирокчиларининг санация қилинаётган банкка бўлган ишончини сақлаб туриш учун зарур бўлган капитал миқдорини;

ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қўлланилганидан кейин оралиқ банкка бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида фаолиятни амалга ошириши учун зарур бўлган капитал миқдорини.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ва санация қилинаётган банк капитали монандлиги коэффициентлари ҳамда устав капитали миқдорининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш мақсадида капитал воситалари қуйидаги кетма-кетликда ҳисобдан чиқарилади ва (ёки) акцияларга конвертация қилинади:

биринчи даражали асосий капитал воситаларининг баланс қиймати;

биринчи даражали қўшимча капитал воситаларининг баланс қиймати;

иккинчи даражали капитал воситаларининг баланс қиймати.

Ҳар қайси кейинги навбатдаги ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш олдинги навбатдаги капитал воситалари тўлиқ ҳисобдан чиқарилганидан ва (ёки) конвертация қилинганидан кейин амалга оширилади.

Санация қилинаётган банкнинг капитал воситаларини ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш ваколатларини амалга оширишда Марказий банк ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган суммани ушбу капитал воситаларининг қийматига мутаносиб равишда тақсимлайди.

Капитал воситалари қуйидаги шартларнинг барчасига тўлиқ риоя этилган тақдирда акцияларга конвертация қилинади:

агар капитал воситаларининг эгалари конвертацияни амалга ошириш натижасида санация қилинаётган банкда ёки оралиқ банкда ҳал қилувчи эгаликни қўлга киритса, мазкур шахслар Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши керак;

конвертация амалга оширилганидан кейин чиқарилган оддий акциялар ушбу Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ баҳолаш ўтказилганидан кейин бир ҳафта ичида берилади;

капиталнинг ҳар бир тегишли воситаси учун бериладиган акциялар сонини белгиловчи конвертация коэффициенти ушбу Қонуннинг 32-моддаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.

Ушбу моддага мувофиқ ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қўлланилгунига қадар капитал воситасининг баланс қиймати қисман ҳисобдан чиқарилган тақдирда, Марказий банк капитал воситасининг қолдиқ баланс қийматига нисбатан ҳисобдан чиқаришни ва (ёки) конвертация қилишни амалга оширади.

31-модда. Мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш

Ушбу Қонуннинг 33 ва 34-моддаларида назарда тутилган мажбуриятлар (бундан буён матнда мақбул мажбуриятлар деб юритилади) санация қилинаётган банкнинг капитал воситаси таркибига киритилган мажбуриятларни ўз ичига олмайди. Мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш:

санация қилинаётган банкнинг ушбу Қонуннинг 33-моддасида кўрсатилган мажбуриятлари қийматини қисман ёки тўлиқ ҳисобдан чиқаришни;

санация қилинаётган банкнинг ушбу Қонуннинг 33-моддасида кўрсатилган мажбуриятларини мазкур санация қилинаётган банкнинг ёки оралиқ банкнинг акцияларига қисман ёки тўлиқ конвертация қилишни назарда тутади.

Марказий банк ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ санация қилинаётган банкнинг капитал воситаларини ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш бўйича ваколатини ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлар ҳисобдан чиқарилгунига ва (ёки) конвертация қилингунига қадар амалга оширади.

Санация қилинаётган банкнинг капитал воситалари ҳисобдан чиқарилганидан ва (ёки) конвертация қилинганидан кейин Марказий банк ҳисобдан чиқарилиши ва (ёки) конвертация қилиниши лозим бўлган мажбуриятларнинг умумий суммасини қуйидагиларнинг ўрнини қоплаш учун аниқлайди:

ушбу Қонуннинг 18-моддасида белгиланган баҳолаш асосида аниқланган зарарлар суммасини;

санация қилинаётган банк капитали монандлиги коэффициентлари ҳамда устав капитали миқдорининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш, шунингдек бозор иштирокчиларининг санация қилинаётган банкка бўлган ишончини сақлаб туриш учун зарур бўлган капитал миқдорини;

ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қўлланилганидан кейин оралиқ банк (оралиқ банк ташкил этилган тақдирда) бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида фаолиятни амалга ошириши учун зарур бўлган капитал миқдорини.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ва санация қилинаётган банк капитали монандлиги коэффициентлари ҳамда устав капитали миқдорининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш мақсадида мақбул мажбуриятлар қуйидаги кетма-кетликда ҳисобдан чиқарилади ва (ёки) оддий акцияларга конвертация қилинади:

капитал воситаси бўлмаган субординар қарзнинг баланс қиймати;

банкка алоқадор шахслар олдидаги мажбуриятларнинг баланс қиймати;

бошқа мақбул мажбуриятларнинг баланс қиймати.

Ҳар қайси кейинги навбатдаги ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш олдинги навбатдаги мажбуриятлар тўлиқ ҳисобдан чиқарилганидан ва (ёки) конвертация қилинганидан кейин амалга оширилади.

Банкнинг регулятив капиталини ҳисоб-китоб қилишда инобатга олинадиган субординар қарзларга қўйиладиган талаблар Марказий банк томонидан белгиланади.

Санация қилинаётган банкнинг мажбуриятларини ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш ваколатларини амалга оширишда Марказий банк ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган суммани ушбу мажбуриятларнинг қийматига мутаносиб равишда тақсимлайди.

Агар санация қилинаётган банкнинг ёки оралиқ банкнинг мақбул мажбуриятларини уларнинг акцияларига конвертация қилиш натижасида санация қилинаётган банкнинг ёки оралиқ банкнинг кредиторлари ҳал қилувчи эгаликни қўлга киритса, ушбу шахслар «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши керак.

Санация қилинаётган банкнинг ёки оралиқ банкнинг капитал воситаларини ва (ёки) мақбул мажбуриятларини ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш ваколатларини амалга ошириш мақсадида Марказий банк ваколатли органлар ва ташкилотлардан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

барча тегишли реестрлардаги ёзувларга ўзгартиришлар киритилишини;

қимматли қоғозлар бозорида савдоларнинг вақтинча тўхтатиб турилишини, акциялар ва қарз воситаларининг савдолардан ёки котировкалаш варағидан чиқарилишини;

қимматли қоғозлар бозоридаги янги акцияларнинг котировкалаш варағига киритилишини;

қимматли қоғозлар бозоридаги қарз воситаларининг пасайтирилган қиймат бўйича котировкалаш варағига такроран киритилишини.

Ушбу модданинг тўққизинчи қисмида кўрсатилган талаблар Марказий банк томонидан ўзига юборилган ваколатли органлар ва ташкилотлар мазкур талабларни ўз вақтида бажариши шарт.

Санация қилинаётган банкнинг мажбуриятларини акцияларга конвертация қилишда мавжуд акциядорларнинг имтиёзли ҳуқуқлари инобатга олинмайди.

Санация қилишда қимматли қоғозларни эмиссия қилиш, сотиш, сотиб олиш ҳамда бекор қилишда санация қилинаётган банк тўғрисидаги маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига вақтинча тақдим этилмаслиги ва рўйхатдан ўтказилмаслиги, шунингдек қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласи эълон қилинмаслиги мумкин.

32-модда. Капитал воситаларини ва (ёки) мақбул мажбуриятларни улушли воситаларга конвертация қилиш коэффициенти

Марказий банк санация қилиш мақсадларига эришишни таъминлаш ва санация қилиш принципларига риоя этиш шарти билан бир навбатда ҳисобдан чиқариладиган ва (ёки) конвертация қилинадиган капитал воситалари ва (ёки) мажбуриятлар учун ягона конвертация қилиш коэффициентини қўллайди.

Марказий банк санация қилиш мақсадларига эришиш учун турли навбатда ҳисобдан чиқариладиган ва (ёки) конвертация қилинадиган капитал воситалари ҳамда мажбуриятлар учун турли конвертация қилиш коэффициентини қуйидаги талабларнинг барчасига риоя этган тақдирда қўллаши мумкин:

ҳар бир турдаги акциядорлар ва кредиторлар учун конвертация қилиш коэффициентлари алоҳида белгиланиши ҳамда ҳар бир акциядор ва кредитор олиши кутилаётган сумманинг, банк санация қилинган санада мазкур банк тугатилган тақдирда, ҳар бир акциядор ёки кредитор олиши мумкин бўлган суммага тенг ёки ундан ортиқ бўлиши;

зарарларнинг ўрни санация қилинаётган банк акциядорлари томонидан биринчи навбатда қопланиши;

агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, санация қилинаётган банк кредиторлари томонидан зарарларнинг ўрни акциядорлардан кейин ва банкни мажбурий тугатиш тартиб-таомили доирасида талабларни қаноатлантириш навбатига мувофиқ қопланиши;

бир турдаги кредиторларга нисбатан бир хил тартибда ёндашув қўлланилиши.

33-модда. Ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш учун мақбул бўлган мажбуриятлар

Ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси санация қилинаётган банкнинг барча мажбуриятларига нисбатан қўлланилиши мумкин, бундан банкнинг ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган мажбуриятлари мустасно.

Ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қуйидаги мажбуриятларга нисбатан татбиқ этилмайди:

кафолатланган омонатларга ва уларнинг кафолатлаш чегарасидан ошадиган қисмига;

таъминланган мажбуриятларга таъминот билан тўлиқ қопланган ҳажмда;

мижозларнинг активларини ишончли бошқариш ҳамда инвестиция ва пенсия жамғармаларига депозитар хизматлар кўрсатиш натижасида юзага келадиган мажбуриятларга;

бошқа маҳаллий ва чет эл банклари олдидаги дастлабки бажарилиш муддати етти кунгача бўлган мажбуриятларга, бундан банк тегишли бўлган банклар гуруҳи иштирокчилари олдидаги мажбуриятлар мустасно;

банкнинг тўлов, клиринг ва ҳисоб-китоб тизимларида иштирок этиши билан боғлиқ бўлган, мазкур тизимлар ҳамда уларнинг иштирокчилари олдидаги бажарилиш муддати етти кунгача бўлган мажбуриятларига;

санация қилинаётган банкнинг ўз ходимларига иш ҳақи, пенсия ва бошқа қатъий белгиланган тўловларни тўлаш мажбуриятларига, бундан мукофотлар мустасно;

банкнинг ҳар кунги фаолияти учун зарур бўлган товарлар олди-сотдисига ёки банкка хизматлар кўрсатишга доир шартномалардан келиб чиқадиган кредиторлар олдидаги мажбуриятларига;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича давлат олдидаги мажбуриятларга;

Омонатларни кафолатлаш агентлиги олдидаги мажбуриятларга.

34-модда. Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришни ва (ёки) конвертация қилишни истисно этиш

Марказий банк қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлганда муайян мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман ҳисобдан чиқаришни ва (ёки) конвертация қилишни истисно этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин, бундан ушбу Қонун 31-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган мажбуриятлар мустасно:

мажбуриятни қисқа муддат ичида ҳисобдан чиқаришнинг ёки акцияларга конвертация қилишнинг имконсизлиги;

истисно этишнинг санация қилинаётган банкнинг ёки оралиқ банкнинг ўта муҳим вазифалари ва фаолият йўналишларини сақлаб қолиш учун зарурлиги;

истисно этишнинг санация қилинаётган банкнинг, оралиқ банкнинг ва (ёки) молия тизимининг барқарорлигига салбий таъсирларнинг олдини олиш учун зарурлиги.

Ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситасини қўллаш, шу жумладан капитал воситаларининг ва мажбуриятларнинг ҳисобдан чиқарилиши ва (ёки) конвертация қилиниши лозим бўлган суммасини аниқлаш, ушбу моддага мувофиқ истисно этиладиган мажбуриятларни аниқлаш шартлари ва тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

35-модда. Санация қилинаётган банк фаолиятини қайта ташкил этиш режаси

Агар ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситасидан санация қилинаётган банк капитали монандлиги коэффициентларининг ҳамда устав капитали миқдорининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлаш, шунингдек бозор иштирокчиларининг санация қилинаётган банкка бўлган ишончини сақлаб туриш мақсадида фойдаланилса, санация қилинаётган банк ёки махсус бошқарувчи ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қўлланилган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ санация қилинаётган банк фаолиятини қайта ташкил этиш режасини (бундан буён матнда қайта ташкил этиш режаси деб юритилади) ишлаб чиқиши керак. Зарурат бўлганда Марказий банк қайта ташкил этиш режасини ишлаб чиқиш муддатини кўпи билан бир ойга узайтириши мумкин.

Қайта ташкил этиш режаси молия бозоридаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ишончли ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши ҳамда камида қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

банкни санация қилиш учун асос бўлган омиллар, муаммолар ва ҳолатларнинг таҳлилини;

банкнинг узоқ муддат фаолият юритишини тиклаш учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирларни, шунингдек ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш муддатларини.

Қайта ташкил этиш режаси Марказий банк томонидан тасдиқланади. Санация қилинаётган банк қайта ташкил этиш режаси тасдиқланганидан кейин мазкур режани амалга оширишга киришади ва амалга ошириш жараёнининг бориши тўғрисида Марказий банкка ҳар чоракда камида бир марта ёки унинг сўровига кўра ҳисобот тақдим этиб боради.

Агар тасдиқланган қайта ташкил этиш режасини амалга ошириш жараёнида Марказий банк уни ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида белгиланган мақсадларга эришиш учун қайта кўриб чиқишни талаб қилса, санация қилинаётган банк мазкур талабни бажариши керак.

Қайта ташкил этиш режасини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш, шунингдек уни баҳолаш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

5-§. Санация қилишни молиялаштириш механизмлари

36-модда. Санация қилишда Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш

Санация қилишда Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) ёки оралиқ банкни ташкил этиш воситасини қўллаш доирасида ўтказиладиган активлар ва мажбуриятлар ўртасидаги фарқни қоплаш;

активлар ва (ёки) мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллашда ёки оралиқ банкни ташкил этишда, шунингдек оралиқ банкнинг Марказий банк томонидан тақдим этиладиган ликвидлиликни олишида санация қилинаётган банкнинг ёки оралиқ банкнинг активлари ва (ёки) мажбуриятлари бўйича кафолатлар тақдим этиш;

кредиторлар ва акциядорларга ушбу Қонуннинг 42-моддасига мувофиқ компенсация тўлаш.

Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан санация қилинаётган банкни ёки оралиқ банкни қайта капиталлаштириш мақсадида (шу жумладан мазкур банкларнинг бирор бир капитал воситасини сотиб олиш орқали) фойдаланиш тақиқланади.

Агар активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) ва (ёки) оралиқ банкни ташкил этиш воситаларидан фойдаланиш санация қилинаётган банкнинг акциялари ўтказилишини назарда тутса, санация қилишда Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан ушбу Қонуннинг 30 ва 31-моддаларига мувофиқ ҳисобдан чиқариш ва конвертация қилиш ваколатлари амалга оширилганидан кейин фойдаланилиши мумкин.

Агар активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) ва (ёки) оралиқ банкни ташкил этиш воситаларини қўллаш санация қилинаётган банкнинг активлари ва мажбуриятларини ўтказиш (сотиш) ни назарда тутса, санация қилишда Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан фақат, агар иккинчи даражали капитал воситалари ва санация қилинаётган банкка алоқадор шахслар олдидаги мажбуриятлар ўтказилмаса, фойдаланилиши мумкин.

Санация қилишда (шу жумладан кафолат тақдим этиш учун) Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан қуйидаги чегаралардан ошмаган миқдорда фойдаланилиши мумкин:

санация қилинаётган банкдаги кафолатланган омонатлар суммасидан;

Омонатларни кафолатлаш агентлигининг ушбу модданинг еттинчи қисмида кўрсатилган қарори қабул қилинган санада Кафолатлаш жамғармасида мавжуд бўлган маблағлар умумий суммасининг 40 фоизидан.

Санация қилишда Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш зарурлиги тўғрисидаги қарор Марказий банк томонидан қабул қилиниб, унда қуйидагилар белгиланади:

санация қилишда Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш зарурияти;

Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш миқдори, муддатлари ва тартиби;

Марказий банк томонидан зарур деб топилган бошқа масалалар.

Санация қилишда Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор Марказий банк сўрови асосида Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан қабул қилинади.

37-модда. Санация қилишда Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш

Агар санация қилиш тўғрисидаги қарорда Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш ва (ёки) санация қилиш жамғармасининг мажбуриятлари юзасидан кафолат тақдим этиш назарда тутилса, Марказий банк мазкур масалани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишади. Бунда Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш ва ажратилган маблағларни Давлат бюджетига қайтариш билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан белгиланади.

Санация қилишда Давлат бюджети маблағларидан ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қўлланилганидан, шунингдек ушбу Қонуннинг 36-моддасига мувофиқ Кафолатлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланилганидан кейин фойдаланилади. Бунда Давлат бюджети маблағлари санация қилиш жамғармаси орқали ажратилади.

38-модда. Санация қилишда тақдим этилган пул маблағларининг ва қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаш

Санация қилишда тақдим этилган пул маблағларининг ва қилинган харажатларнинг ўрни қуйидаги кетма-кетликда қопланади:

ушбу Қонун 19-моддасининг ўнинчи қисмига , 22-моддасининг бешинчи қисмига ва 25-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ Марказий банк томонидан қилинган харажатлар;

Давлат бюджети ҳисобидан, шунингдек ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа манбалар ҳисобидан санация қилиш жамғармасига тақдим этилган маблағлар;

Кафолатлаш жамғармаси ҳисобидан тақдим этилган маблағлар.

Санация қилишда қилинган бошқа харажатларнинг ўрни ушбу Қонуннинг 64-моддасига мувофиқ қопланади.

Банкка нисбатан ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъво Марказий банк томонидан, ушбу модда биринчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган маблағларни ундириш тўғрисидаги даъво эса Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан тақдим этилади.

39-модда. Санация қилиш жамғармаси

Санация қилишни молиялаштириш мақсадида Марказий банкнинг ҳамда Омонатларни кафолатлаш агентлигининг қўшма қарори асосида санация қилиш жамғармаси ташкил этилади.

Санация қилиш жамғармасининг маблағларидан ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаси қўлланилганидан, шунингдек Кафолатлаш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилганидан кейин фойдаланилади.

Санация қилиш жамғармаси томонидан амалга ошириладиган молиялаштириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

санация қилинаётган банкка ёки оралиқ банкка қарз беришни ёхуд оралиқ банк устав капиталига маблағ киритишни;

санация қилинаётган банкнинг ёки оралиқ банкнинг мажбуриятлари бўйича кафолат тақдим этишни;

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш доирасида олувчига кафолат тақдим этишни;

ушбу Қонунинг 42-моддасига мувофиқ компенсация тўлашни;

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) ёки оралиқ банкни ташкил этиш воситасини қўллаш доирасида олувчига ўтказилаётган активлар ва мажбуриятлар ўртасидаги фарқни қоплашни.

Санация қилиш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Давлат бюджетидан тақдим этиладиган маблағлар;

маҳаллий, халқаро ёки хорижий донорларнинг грантлари ва хайрия бадаллари;

жалб қилинган қарзлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ушбу Қонун 37-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ ваколатли орган санация қилиш жамғармаси мажбуриятлари бўйича кафолат тақдим этиши мумкин.

Марказий банкка санация қилиш жамғармасини молиялаштириш тақиқланади.

Санация қилиш жамғармаси маблағларидан ушбу Қонун талабларига мувофиқ фойдаланилганидан кейин Омонатларни кафолатлаш агентлиги Марказий банк билан келишилган ҳолда, лицензияга эга бўлган барча банклар учун ушбу моддага мувофиқ санация қилиш жамғармасини молиялаштириш мақсадида вақтинчалик хусусиятга эга бўлган мажбурий бадаллар белгилаш ваколатига эга.

Мажбурий бадалларнинг умумий миқдори санация қилиш жамғармаси томонидан жалб қилинган маблағлар (қарзлар) бўйича мажбуриятлар доирасида белгиланиши ва банклар ўртасида уларнинг депозит базасига мутаносиб равишда тақсимланиши керак.

Муайян календарь йил учун банклар томонидан тўланадиган мажбурий бадаллар миқдори банкнинг «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган депозит базасининг 0,5 фоизидан ошмаслиги керак.

Санация қилиш жамғармаси Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан унинг асосий фаолиятидан алоҳида тарзда бошқарилади. Санация қилишни ташкил этиш мақсадида Марказий банкда санация қилиш жамғармаси учун алоҳида ҳисобварақ очилади.

Марказий банк санация қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилади.

Омонатларни кафолатлаш агентлиги санация қилиш жамғармасининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди. Санация қилиш жамғармасининг маблағларига банд солиниши, ундирувнинг ушбу маблағларга қаратилиши ёки уларнинг санация қилиш билан боғлиқ бўлмаган мажбуриятлар бўйича ушлаб қолиниши мумкин эмас.

Омонатларни кафолатлаш агентлиги санация қилиш жамғармасининг молиявий ҳисоботларини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ ўз бухгалтерия ҳисобидан алоҳида тарзда тайёрлайди, шунингдек молиявий ҳисоботларнинг мустақил аудитдан ўтказилишини таъминлайди.

Санация қилиш жамғармасини бошқариш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

6-§. Санация қилиш бўйича ваколатлар ва уларни амалга ошириш

40-модда. Марказий банкнинг санация қилиш бўйича ваколатлари

Марказий банк банкни санация қилиш бўйича қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

санация қилинаётган банкни ўз бошқарувига олиш;

санация қилиш устидан назорат ўрнатиш;

санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини дастлабки баҳолашдан ўтказиш, шунингдек мустақил баҳоловчини тайинлаш;

санация қилинаётган банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзоларини, муҳим аҳамиятга эга ходимларини, шунингдек махсус бошқарувчисини тайинлаш ва махсус бошқарувчига бериладиган ваколатларни белгилаш;

санация қилинаётган банк кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатларини тугатиш, унинг бошқаруви аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимлари ва (ёки) махсус бошқарувчиси билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш;

санация қилинаётган банкка раҳбарлик қилиш, уни бошқариш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш, хусусан, санация қилинаётган банкнинг барча ёки айрим операцияларини, транзакцияларини, жорий ва (ёки) режалаштирилган фаолиятини зарурат бўлганда чеклаш ёки тўхтатиб туриш;

санация қилинаётган банкнинг активларини ва мол-мулкини бошқариш, санация қилинаётган банк учун активлар сотиб олиш ёки унинг активларини сотиш;

санация қилиш воситаларини қўллаш;

молиявий барқарорликка таъсирини инобатга олган ҳолда, санация қилинаётган банк тарафи бўлган муайян шартнома бўйича тўловларни амалга оширишни ёки мажбуриятларни бажаришни тўхтатиб туриш;

санация қилинаётган банкнинг қарз воситалари ва бошқа мажбуриятларини бекор қилиш, уларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ва (ёки) мазкур қарз воситалари ва мажбуриятлар бўйича фоизлар тўлаш шартларини ўзгартириш;

санация қилинаётган банк тараф бўлган шартномани ушбу Қонун талабларига мувофиқ бекор қилиш ёки унинг шартларини ўзгартириш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органидан қимматли қоғозлар бозорида савдо қилиш имкониятининг ёки котировкалаш варағига қимматли қоғозлар расмий равишда киритилишининг бекор қилинишини ёки тўхтатиб турилишини талаб қилиш;

санация қилинаётган банк ва (ёки) банклар гуруҳи аъзоларининг зиммасига хизматлар кўрсатиш мажбуриятини юклатиш ёхуд олувчига ёки оралиқ банкка унинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган воситалардан фойдаланишга рухсат бериш;

санация қилиш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган ҳолларда, судга санация қилинаётган банк тараф бўлган ёки ушбу банк тегишли вақт даврида тарафга айланадиган суд амалиётини ёки муҳокамасини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома юбориш;

ушбу Қонун талабларига мувофиқ бир турдаги кредиторларга бир хил тарзда ёндашиш қоидаларидан четга чиқиш;

санация қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунига қадар санация қилинаётган банк томонидан бир йил ичида амалга оширилган фаолият ёки транзакциялар юзасидан судда низолашиш, шу жумладан, агар санация қилинаётган банкка алоқадор шахслар амалга оширилган фаолият ёки транзакция натижасида афзаллик ёки имтиёз олган бўлса, мазкур амалга оширилган фаолиятни ёки транзакцияни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиш;

ўзининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) банкнинг санация қилинишига олиб келган банк раҳбарларидан ёки бошқа ходимларидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ зарарларнинг, мукофот пулларининг ёки бошқа тўловларнинг ўрнини қоплашни талаб қилиш;

санация қилинаётган банк маблағлари ҳисобидан ишончли вакилларни, бухгалтерларни, аудиторларни, баҳоловчиларни, маслаҳатчиларни ёки бошқа мутахассисларни санация қилиш мақсадларига эришиш учун жалб этиш ва улар билан шартномалар тузиш;

банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

санация қилинаётган банкда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 50-моддасига мувофиқ текширувлар ўтказиш ҳамда ундан маълумотларни сўраб олиш;

санация қилиш режасини ишлаб чиқиш, янгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган барча ахборотни ҳамда маълумотларни банкдан сўраб олиш, шунингдек банкларнинг ахборот тизимларидан ва маълумотлар базасидан фойдаланиш;

акцияларни чиқариш учун банклардан улар қўшимча равишда жойлаштиришга ҳақли бўлган акцияларни ўз уставида белгилашни талаб қилиш. Эмитент уставида эмитент жойлаштирган акцияларга (эълон қилинган акцияларга) қўшимча равишда жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлган акцияларнинг сони, номинал қиймати ва турлари кўрсатилиши мумкин;

ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситаларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида банкларнинг капитал монандлиги нормативларига нисбатан қўшимча талаблар белгилаш;

санация қилиш мақсадларига эришиш, шунингдек санация қилиш воситаларидан фойдаланиш учун зарур бўлган бошқа чораларни амалга ошириш.

Марказий банк ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи , йигирма иккинчи , йигирма учинчи ва йигирма тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ваколатлардан санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар ҳам фойдаланиши мумкин.

41-модда. Мажбуриятларнинг бажарилишини тўхтатиб туриш

Санация қилинаётган банк томонидан тузилган шартномалар бўйича унинг тўловларга ва ўтказмаларга доир (шу жумладан тузилган шартномаларга мувофиқ кредитлар ажратишга доир) муайян мажбуриятларини Марказий банк санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ҳафтадан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга (бундан буён матнда тўхтатиб туриш деб юритилади) ваколатлидир.

Агар санация қилинаётган банкнинг тўловлар ва ўтказмалар бўйича мажбуриятлари ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ тўхтатиб турилса, санация қилинаётган банк контрагентларининг тўловлар ва ўтказмалар бўйича мажбуриятлари худди шундай муддатга тўхтатиб турилади. Бунда тўхтатиб турилган муддат давомида тўланмаган қолдиқ маблағлар учун пеня ҳисобланмайди.

Тўхтатиб туриш Марказий банк, тўлов тизимлари ва қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоб тизимлари олдидаги тўловлар ва ўтказмалар бўйича мажбуриятларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Агар тўхтатиб туриш кафолатланган омонатлар бўйича тўловларга нисбатан ҳам татбиқ этилса, тўловларни тўхтатиб туриш муддати бу ҳақда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ва унинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинган кундан эътиборан кейинги кун соат 24:00 га қадар амал қилади.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган муддат Кенгашнинг асослантирилган тавсиясига асосан берилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг дастлабки ижобий хулосасига биноан санация қилиш тўғрисида Марказий банк томонидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ҳафтагача узайтирилиши мумкин.

Кафолатланган омонатлар бўйича тўловларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорда мазкур омонатларнинг тегишли кунлик қисми омонатчилар томонидан олиниши мумкинлиги назарда тутилиши мумкин.

7-§. Кафолатлар ва санация қилишни якунлаш

42-модда. Санация қилишда кредиторларнинг ҳолати ёмонлашишига йўл қўймаслик

Агар санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторларининг санация қилиш натижасида кўрган зарарлари санация қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кунда мазкур банк мажбурий тугатилган тақдирда улар кўриши мумкин бўлган зарарлардан ошадиган бўлса, санация қилинаётган банкнинг акциядорлари ва кредиторлари ушбу Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ ўтказилган баҳолаш натижалари бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда компенсация санация қилиш натижасида кўрилган ҳақиқий зарарлар суммаси ва банк мажбурий тугатилган тақдирда улар кўриши мумкин бўлган зарарлар суммаси ўртасидаги фарққа тенг бўлади.

Компенсация харажатларининг ўрни кўрсатилган кетма-кетликда қуйидагилар ҳисобидан қопланади:

ушбу Қонуннинг 36-моддасига мувофиқ Кафолатлаш жамғармаси;

Давлат бюджетидан ва ушбу Қонунда белгиланган бошқа манбалардан маблағлар жалб этиш орқали санация қилиш жамғармаси.

Компенсацияни тўлаш мақсадида Марказий банк ушбу Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ ўтказилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни олганидан кейин Омонатларни кафолатлаш агентлигига ва (ёки) Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

компенсация тўлаш заруриятини юзага келтирган шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларни;

компенсация тўланиши зарур бўлган акциядорлар ва кредиторларнинг рўйхатини, ушбу компенсациянинг тегишли миқдорлари кўрсатилган ҳолда;

ушбу Қонуннинг 43-моддасига назарда тутилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни.

Марказий банк ўз расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида компенсация тўланиши керак бўлган акциядор ва кредиторларни хабардор қилишга қаратилган хабарномани эълон қилади.

43-модда. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш

Санация қилиш тартиб-таомиллари амалга оширилганидан кейин санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторларининг санация қилиш натижасида кўрган зарарлари санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банк мажбурий тугатилган тақдирда улар кўриши мумкин бўлган зарарлардан ошганлигини ёки ошмаганлигини аниқлаш учун Марказий банк қисқа муддат ичида баҳолаш ўтказилишини таъминлайди.

Баҳолашни ўтказиш учун Марказий банк томонидан ушбу Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ баҳолашни ўтказган баҳоловчи ёки Марказий банк томонидан белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа баҳоловчи тайинланиши мумкин.

Баҳолашни ўтказган баҳоловчи Марказий банкка қуйидагиларни ўз ичига олган баҳолаш тўғрисидаги хулосани тақдим этади:

агар банкни санация қилиш бошланган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш жараёни ташаббус қилинган бўлса, санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторлари кўриши мумкин бўлган зарарларнинг миқдорини;

санация қилинаётган банкнинг акциядорлари ва кредиторлари кўрган ҳақиқий зарарларнинг миқдорини;

ушбу қисмнинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган зарарлар ўртасидаги фарқни.

Баҳолаш қуйидаги шартларга асосланади:

банкни мажбурий тугатиш жараёни мазкур банкни санация қилишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан бошланган деб ҳисобланиши;

ҳеч қандай санация қилиш воситалари ёки ваколатлари қўлланилмаганлиги;

давлат томонидан банкка молиявий ёрдам кўрсатилмаганлиги.

Ушбу Қонуннинг 42-моддасига мувофиқ компенсациялар тўлаш тартиби, шунингдек зарарларни баҳолашни ўтказиш қоидалари, баҳоловчига қўйиладиган талаблар ҳамда баҳоловчиларни танлаб олиш шартлари ва тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

44-модда. Таъминланган мажбуриятларни ҳимоя қилиш

Бажарилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 259-моддасида назарда тутилган усулларда таъминланадиган мажбуриятлар таъминланган мажбуриятлардир.

Таъминланган мажбуриятларга нисбатан Марказий банк қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши мумкин эмас:

мажбуриятнинг таъминоти бўлган активларни ушбу мажбуриятлардан ажратган ҳолда учинчи шахсга ўтказишни, бундан мазкур активлар ва мажбуриятларни биргаликда ўтказиш ҳоллари мустасно;

агар таъминот ҳам ўтказилмаса, таъминланган мажбуриятни ўтказишни;

агар таъминланган мажбурият ҳам ўтказилмаса, таъминотни ўтказишни;

агар гаров тўғрисидаги шартномага киритиладиган ўзгартиришлар ёки унинг бекор қилиниши мажбуриятлар таъминланганлигининг қисман ёки тўлиқ бекор бўлишига олиб келса, гаров тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритишни ёки уни бекор қилишни.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалардан қатъи назар, Марказий банк қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган шартномалар ва келишувларнинг бир қисми бўлган кафолатланган омонатларни ушбу шартномалар ва келишувларнинг бир қисми бўлган бошқа активлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлардан ажратган ҳолда ўтказиш;

ушбу қисмнинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган активлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятларни кафолатланган омонатлардан мустақил равишда ўтказиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш.

45-модда. Санация қилишда тўлов ва ҳисоб-китоб тизимларини ҳимоя қилиш

Банкни санация қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш тўлов тизимларида ва қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоб тизимларида ҳисоб-китобларнинг якунига етказилишига тўсқинлик қилмаслиги керак.

46-модда. Санация қилишни якунлаш

Марказий банк бошқаруви банкни санация қилишни якунлаш тўғрисида қуйидаги ҳоллардан бирида қарор қабул қилади:

санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳол якунланганда;

банкни санация қилишга доир барча зарур тартиб-таомиллар амалга оширилганда ва якунланганда.

3-боб. Банкни тугатиш

1-§. Банкни тугатишга оид қоидалар

47-модда. Банкни тугатишга оид умумий қоидалар

Банк фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш ихтиёрий тугатиш ёки мажбурий тугатиш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Банкни ихтиёрий тугатиш Марказий банкнинг ихтиёрий тугатишга доир розилигига асосан амалга оширилади.

Банкни мажбурий тугатиш Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори (бундан буён матнда банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор деб юритилади) асосида амалга оширилади.

Агар ихтиёрий тугатиш жараёнида банкнинг тўловга қобилиятсиз эканлиги аниқланса, тугатувчи (тугатиш комиссияси ёки жисмоний шахс) зудлик билан Марказий банкни бу ҳақда хабардор қилиши ҳамда банкнинг молиявий ҳолатини тасдиқловчи тегишли ҳисоботни ва ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Марказий банк ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда ушбу Қонун 20-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган асослардан бирортаси мавжуд бўлган тақдирда, банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банкларнинг давлат реестрига банк тугатилганлиги тўғрисидаги ёзув киритилган кундан эътиборан банкни тугатиш тамомланган, банк эса тугатилган деб ҳисобланади.

Банкнинг фаолиятини тугатиш ва банкни ихтиёрий ёки мажбурий шаклда тугатиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.

48-модда. Банкни тугатиш жараёнида иштирок этувчи шахслар

Банк ихтиёрий тугатилаётганда тугатувчи акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тайинланади. Агар тугатувчи тайинланмаган бўлса, у Марказий банк бошқарувининг қарори билан тайинланади.

Банк мажбурий тугатилаётганда тугатувчи Марказий банк томонидан тайинланади. Марказий банк тугатиш комиссияси таркибига Марказий банк ходимларини киритишга ҳақли. Тугатувчи мажбурий тугатилаётган банкнинг ягона вакилидир.

Тугатувчи (агар тугатиш комиссияси тайинланса, унинг раҳбари ва аъзолари) «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 36-моддасининг талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Марказий банк банк ихтиёрий тугатилаётганда Марказий банкка тақдим этилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланишини банкдан талаб қилишга ҳақли. Бунда аудиторлик ташкилоти «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 75-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

2-§. Банкни ихтиёрий тугатиш

49-модда. Марказий банкнинг банкни ихтиёрий тугатишга доир розилигини олиш

Агар банк тўловга қобилиятсиз бўлмаса ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори бўлмаса, у ихтиёрий тугатилиши мумкин.

Марказий банкнинг банкни ихтиёрий тугатишга доир розилигини олиш қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

банкни ихтиёрий тугатишга доир дастлабки рухсатномани (бундан буён матнда дастлабки рухсатнома деб юритилади) олиш;

банкни ихтиёрий тугатишга доир якуний рухсатномани (бундан буён матнда якуний рухсатнома деб юритилади) олиш.

Банк акциядорлари умумий йиғилишининг дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарорини дастлабки рухсатномани олмасдан туриб ҳамда банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарорини якуний рухсатномани олмасдан туриб учинчи шахсларга ошкор этиш тақиқланади.

50-модда. Дастлабки рухсатномани бериш

Дастлабки рухсатномани олиш учун банк акциядорларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорлар овозларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан дастлабки рухсатномани олиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш иш куни ичида банк томонидан дастлабки рухсатномани олиш учун Марказий банкка қуйидагилар илова қилинган ҳолда ариза тақдим этилади:

дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарор;

банк акциядорларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган ихтиёрий тугатиш режаси;

банкнинг дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги баланс ҳисоботи.

Банкни ихтиёрий тугатиш режаси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган, банк активлари ва мажбуриятларининг тугатилиш қиймати ҳақидаги маълумотларни;

банкнинг кредиторлари тўғрисидаги маълумотларни;

жорий ва эҳтимолий суд жараёнлари ҳақидаги, шунингдек суд харажатлари ва суд қарорларини ижро этиш билан боғлиқ харажатлар ҳақидаги маълумотларни;

операцион харажатлар, активларни сотишдан кўриладиган эҳтимолий зарарлар, банк тарафларидан бири бўлган шартномаларни муддатидан илгари бекор қилиш чоғида юзага келадиган зарарлар, шунингдек прогноз қилинаётган ҳар қандай бошқа харажатлар ҳақидаги маълумотларни;

банкни ихтиёрий тугатишни амалга ошириш муддатини;

банкни ихтиёрий тугатиш жараёни босқичларининг, шу жумладан ҳар бир босқич давомийлигининг, ҳар бир босқичда амалга ошириладиган ҳаракатларнинг тавсифини;

банкни ихтиёрий тугатиш жараёнининг ҳар бир босқичи учун истиқболли балансни, шунингдек уни тузишда фойдаланилган фаразлар ва эҳтимолликлар тавсифини.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган, банк томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар дастлабки рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, Марказий банк банкдан қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олишга ҳақли.

Марказий банк дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги ёки дастлабки рухсатнома беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақидаги қарорни дастлабки рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан икки ой ичида қабул қилади.

Дастлабки рухсатнома берилганидан кейин банк «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасида назарда тутилган кафолатлаш объектларининг (бундан буён матнда кафолатлаш объектлари деб юритилади) тўлиқ қайтарилиши ва (ёки) бошқа банкка ўтказилиши бўйича чоралар кўради.

51-модда. Дастлабки рухсатномани беришни рад этиш

Дастлабки рухсатномани беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Қонун 50-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги;

банк кредиторларнинг талабларини асосли кечиктиришсиз қаноатлантиришга қодир эмаслиги;

ихтиёрий тугатиш режасининг ушбу Қонун 50-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган талабларга мувофиқ эмаслиги;

банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизлигининг юзага келиши эҳтимоли юқорилиги.

Дастлабки рухсатномани бериш ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, дастлабки рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома рад этиш асослари ҳамда банк рад этиш асосларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Мазкур муддат рад этиш асосларини бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши, аммо ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Дастлабки рухсатномани беришни рад этиш асослари банк томонидан бартараф этилган тақдирда, аризани қайта кўриб чиқиш дастлабки рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади. Дастлабки рухсатномани олиш тўғрисидаги аризани қайта кўриб чиқиш чоғида дастлабки рухсатномани беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Дастлабки рухсатномани бериш банкнинг тўловга қобилиятсизлигига ёки тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимолининг юқорилигига доир асосларга кўра Марказий банк томонидан рад этилган тақдирда, Марказий банк банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

52-модда. Якуний рухсатномани бериш

Якуний рухсатномани олиш учун банк акциядорларининг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорлар овозларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида банк томонидан якуний рухсатномани олиш учун Марказий банкка қуйидагилар илова қилинган ҳолда ариза тақдим этилади:

банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор;

кафолатлаш объектлари тўлиқ қайтарилганлигини ва (ёки) бошқа банкка ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кафолатлаш объектлари тўлиқ қайтарилганидан ва (ёки) бошқа банкка ўтказилганидан кейин банкнинг зиммасида қолган мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар;

банкнинг ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги баланс ҳисоботи;

тугатувчи тўғрисидаги ахборот, шу жумладан тугатувчининг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган, банк томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар якуний рухсатномани бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, Марказий банк банкдан қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олишга ҳақли.

Марказий банк якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги ёки якуний рухсатномани беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақидаги қарорни якуний рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан йигирма иш куни ичида қабул қилади.

Акциядорлар умумий йиғилишининг банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарори якуний рухсатнома берилганидан кейин кучга киради.

53-модда. Якуний рухсатномани беришни рад этиш

Якуний рухсатномани беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Қонун 52-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги;

кафолатлаш объектларининг тўлиқ ҳажмда қайтарилмаганлиги ва (ёки) бошқа банкка ўтказилмаганлиги;

тугатувчининг белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги;

банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизлигининг юзага келиши эҳтимоли юқорилиги.

Якуний рухсатномани беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай банкка рад этиш учун асослар кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.

Якуний рухсатномани бериш ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи , учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, якуний рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома рад этиш асослари ҳамда банк рад этиш асосларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Мазкур муддат рад этиш асосларини бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши, аммо ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Якуний рухсатномани беришни рад этиш асослари банк томонидан бартараф этилган тақдирда, аризани қайта кўриб чиқиш якуний рухсатномани олиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади. Якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани қайта кўриб чиқиш чоғида якуний рухсатномани беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

Якуний рухсатномани бериш банкнинг тўловга қобилиятсизлигига ёки банкнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимолининг юқорилигига доир асосларга кўра Марказий банк томонидан рад этилган тақдирда, Марказий банк банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Марказий банк томонидан якуний рухсатномани бериш тўғрисидаги қарор билан бир вақтда банкнинг лицензиясини чақириб олиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Якуний рухсатномани бериш ва банкнинг лицензиясини чақириб олиш тўғрисидаги қарор ўша куннинг ўзида Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ва унинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.

54-модда. Банкни ихтиёрий тугатишда тугатувчининг ваколатлари ва вазифалари

Ихтиёрий тугатилаётган банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг ваколатлари якуний рухсатнома берилган пайтдан эътиборан тугатувчига ўтади.

Тугатувчининг банкни ихтиёрий тугатиш чоғидаги вазифалари қуйидагилардан иборат:

оммавий ахборот воситаларида ва банкнинг расмий веб-сайтида банкни ихтиёрий тугатиш жараёни бошланганлиги, шунингдек кредиторлар томонидан талабларни тақдим этиш муддатлари тўғрисида эълон қилиш;

банкнинг оралиқ тугатиш балансини тузиш;

кредиторлар билан ҳисоб-китобни амалга ошириш;

банк активларини сотиш бўйича чоралар кўриш;

банкнинг якуний тугатиш балансини тузиш;

Марказий банкка ҳисобот ва маълумотларни тақдим этиш.

Тугатувчи томонидан Марказий банкка тақдим этиладиган ҳисобот ва маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

тугатиш жараёни тўғрисидаги, шу жумладан кредиторларнинг қаноатлантирилган талаблари, сотилган ва сотилаётган активлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган батафсил ҳисоботни;

банкни тугатиш режасини амалга оширишга ёки банкни тугатишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар тўғрисидаги ахборотни;

Марказий банкнинг сўровига кўра унинг тугатиш жараёни устидан назоратни амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа маълумотларни.

Тугатувчининг зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.

55-модда. Ихтиёрий тугатишда Марказий банк билан келишилиши лозим бўлган қарорлар

Ихтиёрий тугатилаётган банкнинг тугатувчини алмаштиришни, тугатиш режасига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қарорлари Марказий банк билан келишилиши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қарорларга тегишинча тугатувчи ва унинг белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотлар, тугатиш режасига киритилаётган ўзгартиришлар матни ва мазкур ўзгартиришларни киритиш асослари илова қилинади.

Марказий банк ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қарорларни улар тақдим этилган кундан эътиборан бир ой ичида келишади ёки келишишни рад этади.

3-§. Банкни мажбурий тугатиш

56-модда. Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор

Агар банк тизимли аҳамиятга молик деб эътироф этилмаган бўлса, у «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 77-моддасида назарда тутилган ҳолларда мажбурий тугатилиши мумкин.

Банкни мажбурий тугатиш суддан ташқари тартибда ва (ёки) ушбу Қонуннинг 62-моддасига мувофиқ суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарорда мазкур қарорнинг кучга кириш санаси ҳамда аниқ вақти кўрсатилган бўлиши керак. Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор мазкур қарор кучга кирган кунда мажбурий тугатиладиган банк раҳбариятига имзо қўйдириб топширилади.

Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган кунда Марказий банк бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлигини, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини, тугатилаётган банк иштирокчиси бўлган тўлов тизимларини, тугатилаётган банк вакиллик ҳисобварақларига эга бўлган чет эл банкларини хабардор қилади.

Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга киргандан эътиборан банк иштирокчи бўлган тўлов тизимлари пул маблағларининг тўлов тизимларига ўтказилишига, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси эса қимматли қоғозларга доир битимлар рўйхатдан ўтказилишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўриши керак.

Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор тугатилаётган банкнинг акциядорларини ва манфаатдор тарафларни хабардор қилиш мақсадида қарор кучга кирган куннинг ўзида Марказий банкнинг расмий веб-сайтида, қарор кучга кирган кундан эътиборан уч кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

57-модда. Банкни мажбурий тугатиш чоғидаги устувор вазифалар

Кафолатланган омонатлар бўйича компенсацияларнинг Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан тўланиши ва кредиторларнинг талаблари ушбу Қонуннинг 65-моддасида белгиланган тартибда қисқа муддатларда қаноатлантирилиши банкни мажбурий тугатиш чоғидаги устувор вазифалардир.

58-модда. Банкни мажбурий тугатиш жараёнида фойдаланиладиган воситалар

Банкни мажбурий тугатиш жараёнида мажбурий тугатилаётган банкнинг активлари ҳамда мажбуриятларини бошқа банкка ўтказиш ва (ёки) банкнинг активларини сотиш воситаларидан фойдаланилади.

Банкни мажбурий тугатиш жараёнида фойдаланиладиган воситалар қуйидагиларни таъминлаши керак:

банк активлари шаффоф тасарруф этилишини;

банк активлари кредиторлар талабларининг юқори даражада қаноатлантирилишини таъминловчи нархда ўтказилишини (сотилишини).

Ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мажбурий тугатиш воситаларидан фойдаланишда акциядорларнинг, омонатчилар ва кредиторларнинг, шунингдек бошқа манфаатдор шахсларнинг (тугатилаётган банкка гаров таъминотини ва кафолатлар тақдим этган шахсларнинг) розилиги талаб этилмайди. Банкнинг мажбуриятлари бошқа банкка ўтказилган тақдирда, тугатувчи бу ҳақда кредиторларни банкнинг мажбуриятлари ўтказилган кундан эътиборан ўн иш куни ичида хабардор қилиши шарт.

59-модда. Банкни мажбурий тугатишни бошлаш оқибатлари

Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган кундан эътиборан:

банкнинг барча пул мажбуриятларини, шунингдек солиқлар ва йиғимлар бўйича кечиктирилган мажбуриятларини бажариш муддати бошланган деб ҳисобланади;

банкнинг барча турдаги мажбуриятлари бўйича фоизлар ва неустойкалар ҳисобланиши тўхтатилади;

мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек солиқлар ва йиғимлар бўйича аввал ҳисобланган ҳамда ундирилмаган мажбуриятлар юзасидан пенялар ва жарималарнинг ҳисобланиши тўхтатиб турилади;

банк мол-мулкини сотишдан тушумларнинг кредиторлар талабларини қаноатлантиришга йўналтирилган қисми қўшилган қиймат солиғидан ва даромад солиғидан озод этилади;

банк активларига нисбатан учинчи шахслар томонидан ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан талабларни қаноатлантириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори ва ижро ишини юритиш бўйича ундирувни амалга ошириш тўхтатиб турилади, банкнинг мол-мулки хатлашдан озод этилади ва банкка нисбатан бошқа чекловлар олиб ташланади;

мижозларнинг банк ҳисобварақлари бўйича кирим ва чиқим операциялари тўхтатиб турилади;

банкнинг бошқа банклардаги ҳисобварақлари бўйича операциялари тўхтатиб турилади;

агар талаб ўтказилса ёки ундан бошқа шахс фойдасига воз кечилса, олувчи ёки сертификат бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқини олаётган тараф (цессионарий) мазкур талаб бўйича дастлабки устуворликни сақлаб қолади;

банк томонидан берилган ишончномалар бекор қилинган деб ҳисобланади, бундан судда иш юритиш учун берилган ишончномалар мустасно;

ижро ҳужжатларини ижро этиш тугатилади. Пул мажбуриятлари, солиқлар ва йиғимлар бўйича барча талаблар, бошқа мулкий талаблар фақат мажбурий тугатиш доирасида банкка тақдим этилиши мумкин, бундан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги, мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги, асоссиз орттирилган бойликни қайтариш ҳақидаги, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талаблар, шунингдек жорий тўловлар бўйича талаблар мустасно.

Ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи хатбошисига мувофиқ тўхтатиб турилган жараёнлар, агар жараённинг предмети бўлган талаб оралиқ тугатиш балансига киритилган бўлса ва мазкур талабга нисбатан эътирозлар бўлмаса, Марказий банк томонидан оралиқ тугатиш баланси тасдиқланганидан кейин тугатилади.

Банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга киргунига қадар тўлов тизимларига киритилган тўлов топшириқномаларининг ва қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китоб тизимларига узатилган қимматли қоғозларни ўтказиш бўйича топшириқномаларнинг ижро этилишига тўсқинлик қилинмайди.

60-модда. Банкни мажбурий тугатишда тугатувчининг ҳуқуқлари

Банкни мажбурий тугатишда тугатувчи тайинланган пайтдан эътиборан банк ишларини бошқариш бўйича ваколатлар, шу жумладан банк акциядорлари умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг ва бошқарувининг ваколатлари унга ўтади.

Банкни мажбурий тугатишда тугатувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

банк номидан шартномалар тузиш ёки банк томонидан тузилган ҳар қандай шартномаларни, шу жумладан меҳнат шартномаларини, кўчар ва кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини, шунингдек бошқа хўжалик шартномаларини қонунчиликка мувофиқ бекор қилиш;

банк номидан операцияларни амалга ошириш, бунда қиймати банкнинг оралиқ тугатиш балансидаги соф активларининг ўн беш фоизидан кўпроғини ташкил этувчи активларни сотишда ёки бошқача тартибда ўтказишда (ҳисобдан чиқаришда) ва (ёки) мазкур миқдордаги, аммо банкка нисбатан шубҳали асосга эга бўлган талабларни камайтиришда ёки бекор қилишда Марказий банк билан дастлабки келишиш талаб этилади;

кредиторларнинг банкка тақдим этилган талабларига қарши эътирозларни шакллантириш;

банкнинг мажбуриятларини янгилаш;

банкнинг мол-мулкини сотиш;

банк номидан талаблар қўйиш, кредиторлар талабларининг қонунийлигини аниқлаш, асосли эканлигига шубҳа бўлган талабларнинг (даъволарнинг) қаноатлантирилишини рад этиш;

банкнинг мол-мулкини баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни ёки бошқа мутахассисларни жалб этиш;

банкни тугатишни амалга ошириш учун шартнома асосида ходимларни (мутахассисларни), шу жумладан банк ходимларини ёллаш, бундан банк кредиторлари мустасно;

ушбу Қонуннинг 66-моддасида назарда тутилган тартибда кредиторларнинг талабларини ўзаро ҳисобга олиш йўли билан қаноатлантириш;

суд муҳокамаларида, бошқа давлат органларида ва ташкилотларда банкнинг манфаатларини ифодалаш;

банкни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш учун судга мурожаат қилиш.

Тугатувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

61-модда. Банкни мажбурий тугатишда тугатувчининг вазифалари

«Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан кафолатланган омонатлар бўйича компенсацияларни тўлаш юзасидан қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўриш тугатувчининг банкни мажбурий тугатиш жараёнидаги устувор вазифаси деб ҳисобланади.

Тугатувчи банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган кундан эътиборан уч кун ичида оммавий ахборот воситаларида ва банкнинг расмий веб-сайтида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборотни эълон қилади:

банкни мажбурий тугатиш бошланганлиги тўғрисидаги;

тугатилаётган банкнинг фирма номи ва реквизитлари ҳақидаги;

банкнинг тугатувчиси тўғрисидаги;

кредиторлар томонидан талаблар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан кафолатлаш объектлари эгалари бўлган кредиторларни (омонатчиларни) Омонатларни кафолатлаш агентлигига компенсациялар тўланиши учун тугатувчи томонидан тақдим этилган реестрдаги маълумотлар билан таништириш ҳақидаги;

зарур бўлган бошқа маълумотларни.

Кредиторлар томонидан талабларни тақдим этиш муддати банкни мажбурий тугатиш тўғрисида эълон қилинган пайтдан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак. Бунда кредиторларнинг барча талаблари фақат тугатувчига тақдим этилиши мумкин.

Тугатувчи ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ахборот эълон қилинган кундан эътиборан икки ой ичида:

барча кредиторларга уларнинг банкка нисбатан талабларининг тури ва миқдори тўғрисида хабарнома юбориши;

банк сейфларида сақлашга топширилган қимматликларни ўз эгаларига қайтариш учун зарур чоралар кўриши;

банк активларини аниқлаши, уларни талаб қилиб олиш ва мазкур активларни баҳолаш бўйича чоралар кўриши керак.

Тугатувчи ушбу модданинг биринчи , иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган вазифалардан ташқари:

банкнинг активлари ва пассивлари устидан назоратни амалга ошириши;

банк ҳужжатлари ва мол-мулки, шунингдек гаров таъминоти сифатида берилган бошқа мол-мулк бут сақланишини таъминлаш чораларини кўриши;

Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан кафолатланган омонатлар бўйича компенсациялар тўланиши билан боғлиқ бўлган маълумотларни тақдим этиши;

Ушбу Қонун 54-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳисоботлар ва маълумотларни тақдим этиши;

банкни тугатиш жараёни устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни Марказий банкнинг сўровига кўра тақдим этиши шарт.

Тугатувчи кредиторлар томонидан талаблар тақдим этиш учун белгиланган муддат тугаганидан кейин икки ой ичида:

банк мол-мулкининг таркиби тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради;

кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантиради;

оралиқ тугатиш балансини тузади. Оралиқ тугатиш баланси Марказий банк томонидан тасдиқланади.

Тугатувчининг зиммасига банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.

62-модда. Банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ ишни судга ўтказиш

Тугатувчи оралиқ тугатиш баланси Марказий банк томонидан тасдиқланганидан кейин Марказий банкни хабардор қилган ҳолда, судга мажбурий тугатилаётган банкни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш ҳақидаги ариза билан қуйидаги ҳолларда мурожаат қилишга ҳақли:

банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор банкнинг тўловга қобилиятсизлиги муносабати билан қабул қилинганда;

банкни мажбурий тугатиш жараёнида ушбу Қонун 20-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган тўловга қобилиятсизлик аломатлари юзага келганда.

Бунда суд Марказий банкнинг банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарорига асосан банкни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида ёки буни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Аризага тугатувчи томонидан қуйидагилар илова қилинади:

банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор;

банкнинг оралиқ тугатиш баланси;

банк кредиторларининг тан олинган талаблари реестри.

Банкни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритиш «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-боби талабларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда мажбурий тугатишни бошлаш оқибатларига нисбатан мазкур Қонуннинг 59-моддасининг қоидалари қўлланилади, кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш эса ушбу Қонуннинг 64 ва 65-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Банкни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан тугатувчининг банкни мажбурий тугатишга доир вазифалари ва Марказий банкнинг бу борадаги ваколатлари тугатилади.

63-модда. Кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантириш

Тугатувчига кредиторларнинг талаблари ёзма шаклда, ариза ва мазкур талабларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.

Кредитор талаблар баён этилган аризада:

ўзи ҳақидаги маълумотларни;

юридик шахслар учун — фирманинг тўлиқ номини, жойлашган ерини (почта манзилини), банк реквизитларини;

жисмоний шахслар учун — жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини, почта манзили, банк реквизитларини (мавжуд бўлган тақдирда);

электрон почта манзилини (мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатиши шарт.

Бунда аризада электрон почта манзилининг кўрсатилиши кредиторнинг банкка нисбатан талабларининг тури ва миқдори тўғрисидаги хабарномани, унинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилиши рад этилган тақдирда, бу ҳақдаги хабарномани электрон шаклда олишга бўлган розилигидир.

Кафолатлаш объектининг эгаси бўлган кредитор (омонатчи) тугатувчидан кафолатлаш объектининг фақат кафолатланган омонатдан ошадиган қисмини талаб қилишга ҳақли.

Тугатувчи банкнинг бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларига, шунингдек кредиторлар томонидан тақдим этилган аризаларга асосан кредиторларнинг талаблари реестрини шакллантиради. Банкнинг акциядорлари кредиторлар деб ҳисобланмайди.

Кредиторларнинг талаблари реестрида ҳар бир кредитор тўғрисидаги маълумотлар, талабларни қўриб чиқиш натижалари, яъни қаноатлантириш учун қабул қилинган ёки қаноатлантириш рад этилган талаблар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Банкнинг бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларига кўра аниқланган кредиторнинг талаблари ва кредитор томонидан тақдим этилган талаблар мувофиқ бўлмаган тақдирда, бундай талабларнинг миқдори мазкур талабларни асословчи ҳужжатларга ёки суд қарорига асосан белгиланади.

Кредиторларга кредиторларнинг талаблари реестри билан танишиш имконияти таъминланиши керак.

Тугатувчи кредиторнинг ёки унинг вакилининг талабига кўра, бундай талабнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида мазкур кредиторга ёки унинг вакилига унинг талабларини қаноатлантириш миқдори, таркиби ва навбати тўғрисида кредиторларнинг талаблари реестридан кўчирма юбориши шарт. Бундай кўчирмани тайёрлашга ва юборишга доир харажатлар кредиторнинг зиммасига юклатилади.

Кредиторларнинг талаблари реестри шакллантирилганидан кейин тугатувчи кредиторлар ўз талабларининг кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида, талабларни қаноатлантиришнинг навбати ва бошланиши ҳақида ахборот олиши мумкин бўлган сана ва жой тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон берилиши керак.

64-модда. Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш навбати

Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш оралиқ тугатиш баланси тасдиқланганидан сўнг кейинги кундан бошланади, бундан ушбу Қонун 62-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Кредиторларнинг ушбу Қонуннинг 68-моддасида назарда тутилган талаблари (бундан буён матнда банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатлар деб юритилади) навбатдан ташқари қаноатлантирилади.

Кредиторларнинг банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатлар деб ҳисобланмайдиган талаблари қуйидаги навбатда қаноатлантирилади:

биринчи навбатда — санация қилиш воситаларини қўллаш ва банкни тугатиш мақсадида берилган маблағлар бўйича Марказий банкнинг, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳамда Омонатларни кафолатлаш агентлигининг талаблари;

иккинчи навбатда — «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 150-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талаблар;

учинчи навбатда — «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ Омонатларни кафолатлаш агентлигига ўтган талаблар;

тўртинчи навбатда — «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган кафолатлаш объектларининг кафолатланган омонат миқдоридан ошадиган қисмига доир талаблар;

бешинчи навбатда — ушбу қисмнинг иккинчи — бешинчи ҳамда еттинчи — ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган тоифаларга тушмайдиган таъминланмаган талаблар, шу жумладан банкнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар етарли бўлмаганлиги натижасида қаноатлантирилмаган талаблар;

олтинчи навбатда — банкка алоқадор шахсларнинг талаблари;

еттинчи навбатда — капитал воситаси бўлмаган субординар қарзларга доир талаблар;

саккизинчи навбатда — иккинчи даражали капитал воситаси бўлган талаблар;

тўққизинчи навбатда — биринчи даражали қўшимча капитал воситаси бўлган талаблар.

65-модда. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар

Тугатувчи кредиторлар билан ҳисоб-китобларни тугатиш массаси ҳисобидан, кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ амалга оширади.

Ҳар бир кейинги навбатнинг талаблари олдинги навбатнинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилганидан кейин қаноатлантирилади.

Кредиторларнинг банк мол-мулки билан таъминланган талабларини қаноатлантириш ушбу мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда гаров нарсаси бўлган банк мол-мулкини баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан мажбурий тартибда амалга оширилади.

Банк мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар мазкур кредиторларнинг талабларидан ортган тақдирда, уларнинг қолган қисми тугатиш массасига йўналтирилади.

Банк мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида тақдим этилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун етарли бўлмаган тақдирда, мазкур талабларнинг қаноатлантирилмаган қисми ушбу Қонун 64-моддасининг учинчи қисмида белгиланган навбатга мувофиқ қаноатлантирилади.

Кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган талабни кредиторга қайтариш ёки маблағларни унинг ҳисобварағига ўтказиш мумкин бўлмаган тақдирда, мазкур кредиторга тегишли маблағлар бошқа банкда унинг фойдасига очилган ҳисобвараққа ўтказилади.

Бир турдаги кредиторларнинг талабларини тўлиқ қаноатлантириш учун маблағлар етарли бўлмаганда ушбу талаблар ҳар бир кредиторга тегишли бўлган суммага мутаносиб равишда қаноатлантирилади.

Кредиторларнинг тугатувчи томонидан шакллантирилган талаблар рўйхатига киритилмаган, банкни мажбурий тугатишни бошлаш тўғрисидаги эълонда белгиланган кредиторлар талабларини тақдим этиш муддати тугаганидан кейин билдирилган талаблари, шунингдек мажбурий тугатиш бошланганидан кейин юзага келган солиқлар ва йиғимлар бўйича талаблар ушбу Қонуннинг 64-моддасида назарда тутилган тартибда, улар қайси муддатда тақдим этилганидан қатъи назар, талаблар рўйхатига киритилган кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин қаноатлантирилади.

Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, тугатувчи банкнинг активларини, шу жумладан мол-мулкини сотишга ҳақли. Бунда тугатувчи оралиқ тугатиш баланси Марказий банк томонидан тасдиқланган кундан эътиборан ўн икки ой ичида банк активлари сотилишини таъминлаши керак. Тугатувчининг асослантирилган сўровига асосан Марказий банк активларни сотиш муддатини кўпи билан ўн икки ойга узайтиришга ҳақли.

Банкнинг сотилиши қийин бўлган мол-мулки бир турдаги кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун уларнинг розилиги билан уларга тўғридан-тўғри топширилиши мумкин.

Кредиторларнинг банкнинг мол-мулки етарли бўлмаганлиги сабабли қаноатлантирилмаган талаблари қаноатлантирилган деб ҳисобланади.

Тугатувчи кредиторларнинг талаблари реестрига кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар якунланганидан кейин тугатувчи тугатиш балансини тузади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар якунланганидан кейин қолган тугатиш массаси акциядорлар ўртасида қонунчиликка мувофиқ тақсимланади.

66-модда. Тугатилаётган банк ва кредитор талабларини ўзаро ҳисобга олиш

Тугатилаётган банк ва кредитор талабларини ўзаро ҳисобга олишга қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади:

талаблар бўйича тўлов муддатининг етиб келган бўлиши;

иккала тарафнинг қарзни инкассо қилиш ва тўлаш ҳуқуқига эга бўлиши;

кредиторнинг талабларини қаноатлантириш навбати етиб келган бўлиши;

тарафлар бир-бирига ариза билан мурожаат қилган бўлиши;

турли валюталардаги талаблар ўзаро ҳисобга олинишининг уларни қаноатлантириш кунидаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилиши.

Тугатилаётган банк ва кредитор талабларини ўзаро ҳисобга олишни амалга ошириш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

кредиторнинг тугатилаётган банкка нисбатан талаблари талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечишга доир шартнома туфайли юзага келган бўлса;

кредитор банкка алоқадор шахс бўлса.

67-модда. Тугатиш массаси

Тугатиш жараёни бошланиши пайтида банкнинг барча активлари ҳамда тугатиш жараёни давомида аниқланган мол-мулки тугатиш массасини шакллантириш манбаси бўлади. Бунда тугатиш массасига қуйидагилар кирмайди:

гаров нарсаси бўлган мол-мулк, бундан ушбу Қонун 65-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

банк сейфларида сақлаш учун топширилган қимматликлар;

банк ижара ҳуқуқи асосида фойдаланаётган, ишончли бошқарувда бўлган мол-мулк;

мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун Марказий банкдан жалб этилган маблағлар;

қонунчиликка мувофиқ банкнинг мулки бўлмаган бошқа мол-мулк.

68-модда. Банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатлар

Банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

коммунал хизматлар учун тўловларни, ижара ҳақини ва бошқа жорий хизматлар бўйича тўловларни;

тугатувчини мукофотлаш, банкнинг ходимларига ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш, тугатувчининг ва у банкни тугатишга жалб қилган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни;

суд харажатларини;

эълон бериш ҳамда хабарномалар юбориш билан боғлиқ харажатларни;

банк активларининг бут сақланишини таъминлаш, уларни бошқариш, баҳолаш ва инвентаризация қилиш билан боғлиқ харажатларни;

банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ бошқа харажатларни, шу жумладан солиқлар ва йиғимларни.

Тугатувчига тўланадиган мукофот миқдори тугатилаётган банкнинг ижро этувчи органи аъзоларига мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор кучга кирган санадан олдинги ўн икки ой ичида тўланган мукофотнинг ўртача ойлик миқдори инобатга олинган ҳолда Марказий банк томонидан белгиланади.

Мажбурий тугатилаётган банкда банкни тугатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, тугатувчининг асослантирилган мурожаатига асосан Марказий банк мазкур харажатларнинг ўрнини қоплашга ҳақли.

Марказий банк банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ харажатларга нисбатан шартлар ва чекловлар белгилашга ҳақли.

69-модда. Марказий банкнинг банкни тугатишга доир ваколатлари

Марказий банк тугатувчининг банкни суддан ташқари тартибда тугатиш жараёни, шу жумладан ихтиёрий тугатиш борасидаги ишлари устидан назоратни амалга оширади. Бунда Марказий банк:

тугатиш режасининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни ва тугатиш жараёни ҳақидаги маълумотларни сўраб олишга;

банкни мажбурий тугатишнинг ҳар қандай босқичида тугатувчини алмаштиришга, бунда Марказий банкнинг алмаштириш тўғрисидаги қарори ушбу Қонун 56-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган тартибда эълон қилинади;

тугатиш жараёнида бўлган банкда қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ўтказишга;

тугатувчи томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.

Марказий банк банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларининг банкни тугатишга доир қисмини бузганлик, шунингдек Марказий банк томонидан сўралган ҳисоботларни ёки маълумотларни унга тақдим этмаганлик ёки уларни нотўғри тақдим этганлик учун қуйидаги чоралар ва санкцияларни қўллашга ҳақли:

тугатувчини алмаштириш. Агар тугатувчи банк акциядорлари умумий йиғилишининг қарори билан тайинланган бўлса, банк акциядорлари умумий йиғилишининг зиммасига тугатувчини алмаштириш мажбуриятини юклатиш;

банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,05 фоизи миқдорида жарима ундириш.

70-модда. Банкни тугатишни якунлаш

Тугатувчи ушбу Қонуннинг 65-моддасида назарда тутилган тартиб-таомиллар якунланганидан кейин банк қимматли қоғозлари чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини бекор қилиш учун зарур бўлган чора-тадбирларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширади.

Тугатувчи банк қимматли қоғозлари чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бекор қилинган кундан эътиборан беш иш куни ичида Марказий банкка тугатиш якунланганлигини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

тугатувчи томонидан қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни;

банкни тугатиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган эълонларнинг кўчирма нусхаларини;

банкнинг охирги иш кунидаги балансини;

якуний тугатиш балансини;

балансдан ташқари ҳисобварақлар бўйича якуний тугатиш балансини;

банк ҳужжатларини ва йиғмажилдларини йўқ қилиш учун ажратиш тўғрисидаги далолатномани;

банк ҳужжатларини ва электрон базаси маълумотларини архивда сақлаш учун тузилган қабул қилиш-топшириш тўғрисидаги далолатномани;

банкнинг муҳрлари ва штамплари йўқ қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатни;

банк қимматли қоғозлари чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни.

Тугатувчи томонидан қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилиши керак:

тугатилаётган банкнинг номи ва манзили;

тугатувчи тўғрисидаги маълумотлар;

ундирилган дебиторлик қарзларининг умумий суммаси;

шакллантирилган тугатиш массаси тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан банкнинг мол-мулкини инвентаризация қилиш жараёни ва натижалари ҳақидаги, мол-мулкни баҳолаш жараёни ҳамда натижалари тўғрисидаги, уларни сотишдан тушган маблағлар ҳақидаги, банкнинг мол-мулкини сотиб олган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

яроқсиз ёки қимматга эга бўлмаган деб топилган активлар тўғрисидаги маълумотлар;

тугатувчининг банкнинг қолган активлари ликвидли эмаслиги ёки уларни сотиш мураккаблиги ҳақидаги хулосасининг асоси;

кредиторлар томонидан тақдим этилган талабларнинг умумий суммаси, шу жумладан тугатувчи томонидан тан олинган ва тан олинмаган талаблар суммаси, ҳар бир навбат кредиторлари талабларининг қаноатлантирилган умумий суммаси, банкнинг сотилмаган мол-мулки ҳисобидан тўғридан-тўғри қаноатлантирилган талаблар суммаси, банкнинг мол-мулки етарли бўлмаганлиги сабабли қаноатлантирилган деб ҳисобланадиган талаблар суммаси;

ушбу Қонуннинг 68-моддасида назарда тутилган харажатларнинг ҳар бир моддаси тўғрисидаги маълумотлар, мазкур харажатларнинг ўрнини қоплаш учун Марказий банкнинг маблағларидан фойдаланилган ҳолларда — мазкур маблағлар тўғрисидаги маълумотлар.

Марказий банк ҳисоботга банкни тугатишга тааллуқли бўлган бошқа маълумотларни ҳам киритишни талаб қилишга ҳақли.

Банк суддан ташқари тартибда мажбурий тугатилган тақдирда, Марказий банк якуний тугатиш балансини ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн иш куни ичида тасдиқлайди ҳамда Банкларнинг давлат реестрига банкни тугатиш якунланганлиги ва банк тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.

4-боб. Ахборотнинг махфийлиги ва ахборот алмашинуви

71-модда. Ахборотнинг махфийлиги

Ушбу Қонуннинг қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, ошкор қилинмайдиган ҳар қандай ахборот махфий ҳисобланади.

Ахборотнинг махфийлигини таъминлаш учун қуйидаги шахслар масъул бўлади:

Марказий банк, унинг бошқаруви аъзолари ва ходимлари;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унинг ходимлари;

Омонатларни кафолатлаш агентлиги, унинг бошқарув органи аъзолари ва ходимлари;

махсус бошқарувчи;

тугатувчи;

Марказий банк томонидан махфий ахборот тақдим этилган, санация қилинаётган банкнинг акцияларини, активларини, ҳуқуқларини ва (ёки) мажбуриятларини потенциал олувчилар, уларнинг бошқарув органлари аъзолари ҳамда ходимлари, акциялар, активлар, ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятлар ўтказилганлигидан (сотилганлигидан) ёки ўтказилмаганлигидан (сотилмаганлигидан) қатъи назар;

санация қилинаётган банк, унинг бошқарув органлари аъзолари ва ходимлари;

аудиторлик ташкилотлари, юридик маслаҳатчилар, баҳоловчилар, мазкур ташкилотларнинг бошқарув органлари аъзолари ва ходимлари ҳамда хизматлар кўрсатувчи (хизматлар кўрсатган) бошқа шахслар;

оралиқ банк, унинг бошқарув органлари аъзолари ва ходимлари;

Кенгаш аъзолари, шунингдек унинг мажлисларида ҳозир бўлган бошқа шахслар;

махфий ахборотга эга бўлган ҳар қандай бошқа шахс.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг ахборот махфийлигини таъминлашга доир мажбурияти улар меҳнат фаолиятини тугатганидан кейин ҳам, мазкур ахборот махфийлигини йўқотгунга қадар амал қилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган юридик шахслар махфий ахборотнинг ва ҳужжатларнинг бут сақланишига доир ички қоидаларни қабул қилиши шарт.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган махфий ахборотнинг ошкор қилинишига Марказий банкнинг олдиндан олинган розилиги билан ва қуйидаги шартлардан бирига риоя этилганда йўл қўйилади:

махфий ахборотнинг ошкор қилиниши ушбу Қонунга мувофиқ вазифалар ва мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ бўлиши;

махфий ахборотнинг алоҳида жисмоний ёки юридик шахсларни идентификация қилиш имкони бўлмаслиги учун қисқартирилган ёки умумлаштирилган шаклда ошкор қилиниши;

махфий ахборотнинг эгаси бўлган жисмоний ёки юридик шахснинг олдиндан розилик бериши.

Қуйидагилар ўртасида махфий ахборотни алмашишга тўсқинлик қилинмайди:

ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўртасида, агар мазкур шахслар бир юридик шахс таркибида фаолиятни амалга оширса ёки ўз вазифаларини бажарса;

ушбу Қонун мақсадларида Марказий банк, чет эл назорат органлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Омонатларни кафолатлаш агентлиги, суд, потенциал олувчилар, оралиқ банк, мустақил баҳоловчи ҳамда Кенгаш ўртасида.

72-модда. Ахборот алмашинуви

Марказий банкнинг санация қилиш тўғрисидаги қарори Давлат бюджетидан маблағлар ажратилишини назарда тутган ҳолларда, Марказий банк мазкур қарор юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Кенгаш ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ахборот алмашади.

Марказий банк санация қилиш тўғрисидаги қарор ишлаб чиқилишини режалаштириш ва уни амалга ошириш бўйича Омонатларни кафолатлаш агентлиги билан ахборот алмашади.

Қуйидаги шартларга риоя этилганда Марказий банк чет эл назорат органлари билан махфий ахборот алмашиши мумкин:

махфий ахборотни алмашиш ушбу Қонуннинг 71-моддасида белгиланган махфийлик талаблари ва стандартларига риоя этилган ҳолда амалга оширилса;

махфий ахборотни алмашиш Марказий банкнинг ёки чет эл назорат органининг ваколатларини самарали амалга ошириш учун зарур бўлса.

Санация қилиш бўйича чет эл назорат органларидан олинган махфий ахборот қуйидаги шартларга риоя этилганда Марказий банк томонидан учинчи шахсларга ошкор қилиниши мумкин:

махфий ахборотни берган чет эл назорат органи мазкур ахборотни ошкор қилишга розилик берганда;

махфий ахборот чет эл назорат органининг розилиги олинган мақсадлар учун ошкор қилинса.

5-боб. Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва банкни тўловга қобилиятсизликка (банкротликка) олиб келганлик учун жавобгарлик

73-модда. Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Марказий банкнинг банкни санация қилиш ёки мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори ва (ёки) санация қилиш ёки мажбурий тугатиш тартиб-таомиллари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Марказий банкнинг санация қилиш ёки мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори ва (ёки) санация қилиш тартиб-таомили устидан ушбу Қонунга мувофиқ судга шикоят қилиниши мазкур қарорларнинг ва (ёки) санация қилиш тартиб-таомилларининг тўхтатиб турилишига олиб келмайди.

Марказий банк томонидан қабул қилинган санация қилиш ёки мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарор ижросининг тўхтатиб турилиши жамоат манфаатларига зид эканлигини назарда тутувчи раддия презумпцияси билан кафолатланади.

74-модда. Ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш

Марказий банк ва унинг ходимлари, Марказий банк томонидан тайинланган махсус бошқарувчилар, оралиқ банк бошқарувчилари, банкни мажбурий тугатишни амалга оширувчи шахслар ҳамда ушбу Қонунга ёки Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ санация қилиш тартиб-таомилини амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа шахслар ўз мажбуриятларини бажариш чоғида инсофсизлик билан содир этган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун жавобгар бўлади, шу жумладан уларнинг ваколатлари тугатилганидан ёки улар билан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам жавобгар бўлади.

Марказий банк ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг манфаатларини, мазкур шахслар ушбу Қонунга мувофиқ бажарадиган вазифалар муносабати билан қўзғатилган суд ишини ва маъмурий ишни юритишда, шу жумладан уларнинг ваколатлари тугатилган ёки улар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда, ифодалашга доир харажатларни тўлайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) нисбатан учинчи шахсларнинг шикоятлари Марказий банкка ёки судга тақдим этилади.

75-модда. Банкни тўловга қобилиятсизликка (банкротликка) олиб келганлик учун жавобгарлик

Агар банкни санация қилишда ёки уни мажбурий тугатишда қуйидаги ҳаракатлари орқали банкни тўловга қобилиятсизликка (банкротликка) олиб келган шахслар аниқланса, мазкур шахслар зиммасига банкнинг мажбуриятлари бўйича солидар жавобгарлик юклатилиши мумкин:

банк активларидан шахсий манфаатларда фойдаланиш;

банк ҳисобидан шахсий мақсадларда тижорат фаолиятини амалга ошириш;

банкдан фирибгарлик йўли билан кредитлар олиш ва (ёки) банкнинг активларини қонунга хилоф равишда ўзлаштириш;

банк учун активларни бозор қийматидан юқори нархда сотиб олиш;

сохта бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек банкнинг бухгалтерия ҳужжатларини, ички ҳужжатларини ва муҳрини йўқ қилиш;

банкни тўловга қобилиятсизликка олиб келиши аниқ бўлган банк фаолиятини амалга ошириш ва (ёки) банк фаолиятини давом эттириш тўғрисида фармойиш бериш;

мажбуриятлар бўйича тўловлар тўхтатиб турилишидан олдинги бир ой ичида кредиторга имтиёзли равишда тўловни амалга ошириш, агар бу бошқа кредиторларга зарар етказса;

Марказий банк томонидан белгиланган пруденциал талабларни, шунингдек ички талабларни бузган ҳолда кредитлаш;

молиявий ҳисоботларни қонунчилик талабларини бузган ҳолда тузиш;

банкнинг активларидан мақсадсиз равишда фойдаланишга ҳамда фирибгарликка сабаб бўлган фактларни ички текширувларни ўтказиш чоғида ўз мажбуриятларини бузган ҳолда аниқламаслик;

банкнинг устав капиталида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган, банкнинг охирги бенефициар мулкдорини аниқлаш билан боғлиқ бўлган мажбуриятларни бажармаслик;

банк акцияларига бевосита ёки билвосита эгалик қилувчилардан ёки банкнинг охирги бенефициар мулкдорларидан, шунингдек банкка алоқадор бўлган шахслардан уларни идентификация қилиш учун зарур бўлган ахборотни олишга доир мажбуриятларни бажармаслик;

ушбу қисмнинг ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар билан банк капитали монандлиги коэффициентларининг Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган доирадан камайишига олиб келган битимларни тузиш;

банкни тўловга қобилиятсизликка олиб келган ҳар қандай бошқа ҳаракатлар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жавобгарлик чорасининг қўлланилиши мазкур шахсларнинг ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят таркиби белгилари мавжуд бўлса, уларни жавобгарликка тортишни истисно этмайди. Бунда Марказий банк ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни тегишли текширув ўтказилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар билан таъминлаши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган бир неча шахс мавжуд бўлган тақдирда, мазкур шахслар томонидан тегишли ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) банкда тўловга қобилиятсизлик аломатлари ёки санация қилиш учун асослар юзага келгунига қадар ёки шу вақтда амалга оширилганлигидан қатъи назар, мазкур шахслар солидар жавобгар бўлади.

Банкни тўловга қобилиятсизлик ёки санация қилиш ҳолатига олиб келишда коллегиал орган айбдор деб топилган тақдирда, коллегиал органнинг аъзоси, агар у тўловга қобилиятсизликка ёки санация қилишга олиб келувчи қарорга қарши эътироз билдирган ҳамда унинг тегишли қарорга қарши эътирози йиғилиш баённомасида қайд этилган бўлса ёки у қарорни қабул қилишда ҳозир бўлмаган бўлса, солидар жавобгарликдан озод қилинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жавобгарлик чорасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида назарда тутилган даъво муддати татбиқ этилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

76-модда. Низоларни ҳал этиш

Банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ бўлган ҳамда ушбу Қонун билан тартибга солинмаган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

77-модда. Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

78-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш

1. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги 154-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 11 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ-582-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 11, 790-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 3, 217-модда, № 4, 340-модда; 2023 йил, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 9, 965-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1) 12-модданинг биринчи қисми :

қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«банкларни санация қилишни амалга оширади»;

ўн тўртинчи — йигирма тўртинчи хатбошилари тегишинча ўн бешинчи — йигирма бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

2) 20-модда :

қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади»;

ўн иккинчи — ўттизинчи хатбошилари тегишинча ўн учинчи — ўттиз биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

3) 51-модданинг :

номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«51-модда. Марказий банкнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молиявий барқарорлик кенгаши билан ҳамкорлиги»;

тўртинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати» деган сўзлар «Молиявий барқарорлик кенгаши» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

4) 60-модданинг биринчи қисми :

қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«банкларни санация қилиш ва тугатишга оид тартиб ҳамда қоидаларни»;

ўн бешинчи — йигирма учинчи хатбошилари тегишинча ўн олтинчи — йигирма тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, № 11-12; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 182-модда; 2002 йил, №1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда, № 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 4, 156, 164-моддалар, № 8, 367-модда, № 9, 416-модда, № 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, № 4, 192-модда, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2010 йил, № 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, № 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106, 109-моддалар, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда, №12, 343-модда; 2015 йил, № 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 9, 510-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 673-модда; 2019 йил, № 3, 161, 166-моддалар, № 5, 267-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880, 886-моддалар; 2020 йил, № 1, 3, 4-моддалар, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 801-модда, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 217, 218-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 464-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 11, 1061, 1062-моддалар; 2023 йил, № 10, 795-модда, № 11, 921-модда; 2024 йил, № 2, 111, 114-моддалар, № 6, 530-модда, № 9, 960-модда, № 11, 1193-модда) 2-моддасининг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган белгиларга жавоб берадиган оилавий муносабатларга, меҳнат муносабатларига ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муносабатларга, шунингдек банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан фуқаролик қонунчилиги бу муносабатлар махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмайдиган ҳолларда қўлланилади».

3. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги 216-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ-580-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 11, 788-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 968-модда; 2023 йил, № 4, 267-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 105, 111-моддалар, № 9, 965-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1) 13-модда :

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Марказий банк оралиқ банк устав капиталининг энг кам миқдорини ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланганидан кам миқдорда белгилашга ҳақли»;

учинчи — саккизинчи қисмлари тегишинча тўртинчи — тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

2) 15-модда қуйидаги мазмундаги тўққизинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Оралиқ банкнинг ташкил этилиши ва фаолиятни амалга оширишининг ўзига хос хусусиятлари «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади»;

3) 54-модданинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«банк ёки банклар гуруҳи капитали монандлиги коэффициентларининг ва (ёки) устав капитали миқдорининг қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордан эллик фоизга ёки ундан кўп фоизга камайганлиги»;

4) 55-модданинг :

учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

тўртинчи — ўн биринчи хатбошилари тегишинча учинчи — ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

5) 11-бобнинг номидаги «ва тугатиш» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

6) 77-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Банкнинг тўловга қобилиятсизлиги деганда қуйидаги ҳоллар тушунилади:

банкнинг ўз мижозлари талабларини маблағлар етарли эмаслиги сабабли етти кун ичида қаноатлантиришга қодир эмаслиги;

банк мажбуриятлари унинг активларидан ортиб кетганлиги;

банк капитали монандлиги коэффициентларининг ва (ёки) устав капитали миқдорининг қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордан эллик фоизга ва ундан кўп фоизга камайганлиги;

банкнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг ҳисоботларда тўғри акс эттирилиши ушбу қисмнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган асосларнинг юзага келишига олиб келадиган ҳоллар Марказий банк томонидан аниқланганлиги;

омонатчилар ва кредиторлар томонидан банкка ишониб топширилган пул маблағларининг бут сақланишига хавф солувчи ҳолатларнинг мавжудлиги»;

7) 78 — 81-моддалар чиқариб ташлансин.

4. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 223-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 6 майда қабул қилинган ЎРҚ-370-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 5, 128-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар, № 4, 224-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 12, 880, 886, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 7, 449-модда, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 973-модда; 2022 йил, № 3, 216, 217-моддалар; 2023 йил, № 1, 1-модда; 2024 йил, № 2, 110, 111-моддалар) 2-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ушбу Қонун банкларни санация қилиш ва тугатишга доир муносабатларга нисбатан махсус қонунчиликка зид бўлмаган ҳолларда қўлланилади»;

учинчи қисм тўртинчи қисм деб ҳисоблансин.

5. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августда қабул қилинган «Банк сири тўғрисида»ги 530-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9-10, 144-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2012 йил, № 4, 105-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 6, 524-модда; 2022 йил, № 4, 337-модда; 2024 йил, № 9, 965-модда) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:

1) 5-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«банкни санация қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг учинчи шахсларга маълум қилиниши ёки тақдим этилиши»;

2) 13-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« 13-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни васиятномада кўрсатилган шахсларга, меросхўрларга, васиятномани ижро этувчига, ҳуқуқий ворисларга, нотариал ва консуллик муассасаларига тақдим этиш

Жисмоний шахс вафот этган тақдирда банк сирини ташкил этувчи маълумотлар васиятномада кўрсатилган шахсларга, меросхўрларга ва васиятномани ижро этувчига ушбу Қонунда белгиланган тартибда, хизмат кўрсатувчи банк томонидан тақдим этилади.

Нотариал ва консуллик муассасалари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларда, агар банк сирини ташкил этувчи маълумотлар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани бериш чоғида мерос мол-мулкнинг таркиби ва жойлашган ерини текшириш учун зарур бўлса, ушбу маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Қайта ташкил этилган юридик шахснинг банк сирини ташкил этувчи маълумотлари унинг ҳуқуқий ворисларига ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосан тақдим этилади.

Агар ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган субъектларнинг банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги мурожаатлари қонунчиликка мувофиқ тақдим этилмаса, банк камчиликларни ва мурожаатни кўриб чиқиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатини кўрсатган ҳолда ариза берувчини бу ҳақда беш иш куни ичида хабардор қилади.

Юқорида кўрсатилган шахслар томонидан ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ тақдим этилганда банк мурожаат этувчига тегишли мижоз тўғрисидаги тўлиқ ахборотни ва барча ҳужжатларни ёпиқ ва муҳрланган конвертда ёки ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида ҳимояланган алоқа каналлари воситасида беш иш куни ичида тақдим этиши шарт»;

3) қуйидаги мазмундаги 13 1 -модда билан тўлдирилсин:

«13 1 -модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш

Мижознинг банк олдидаги мажбуриятлари қонунчиликда белгиланган тартибда учинчи шахслар томонидан бажарилганда ёки банкка тегишли бўлган ҳуқуқ (талаб) бошқа шахсга ўтганда (талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечилганда) ёки қонунга асосан бошқа шахсга ўтганда банк сирини ташкил этувчи маълумотлар учинчи шахсларга бажарилган мажбурият доирасида ёхуд ўтган ҳуқуқ (талаб) доирасида тақдим этилади».

6. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 22 июлда қабул қилинган «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги ЎРҚ-163-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 3 июнда қабул қилинган ЎРҚ-387-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 6, 227-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 3, 166-модда, № 4, 199-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 7, 449-модда, № 10, 593-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 10, 968, 973-моддалар; 2022 йил, № 3, 217-модда; 2023 йил, № 4, 272-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 10, 1079-модда) 2-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ушбу Қонун банкларни санация қилиш ва тугатишга доир муносабатларга нисбатан махсус қонунчиликка зид бўлмаган ҳолларда қўлланилади»;

иккинчи қисм учинчи қисм деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 8 январда қабул қилинган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги ЎРҚ-457-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 1, 2-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) 3-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ушбу Қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди».

8. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 25 февралда қабул қилинган «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ-677-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 2, 146-модда; 2022 йил, № 3, 216, 217-моддалар, № 4, 340-модда; 2023 йил, № 1, 2-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 105-модда) 33-моддасининг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«банкларнинг активлари ва мажбуриятларини, шунингдек балансдан ташқари моддаларини баҳолашдан ўтказиш».

9. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелда қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-684-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 289-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 11, 1288-модда) 2-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ушбу Қонуннинг амал қилиши банкларни санация қилиш ва тугатиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди».

10. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги ЎРҚ-763-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 4, 338-модда; 2023 йил, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 1, 5-модда, № 8, 823-модда, № 10, 1073-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

1) 180-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Суд мажбурий тугатилаётган банкни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишни Марказий банк томонидан тайинланган тугатувчи томонидан ариза тақдим этилганда кўриб чиқиш учун қабул қилади»;

2) 181-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Қарздор банк кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга қодир бўлмаган тақдирда юзага келадиган муносабатлар ҳамда банкларнинг тўловга қобилиятсизлиги билан боғлиқ масалалар «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади».

11. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, 10-сонга илова; 2023 йил, № 4, 265-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 7, 627-модда, № 9, 964-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

1) 100-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, ташкилотда бош бухгалтер лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифаларини амалга оширувчи ходим (бундан буён матнда бош бухгалтер деб юритилади) билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинган ҳолларга нисбатан ҳам татбиқ этилади, бундан банклар санация қилинган тақдирда меҳнат шартномасининг бекор қилиниши мустасно»;

2) 173-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«иш берувчининг ташаббусига кўра, бундан шартнома ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ асослар бўйича ҳамда банк санация қилинаётганлиги сабабли бекор қилинганлиги мустасно».

12. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 3 июлда қабул қилинган «Рақобат тўғрисида»ги ЎРҚ-850-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 7, 533-модда; 2024 йил, № 9, 955-модда) 22-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Алоҳида ҳолларда, табиий офатлар, ҳалокатларнинг оқибатларини тугатиш ва эпидемияларнинг олдини олиш мақсадида ҳамда фавқулодда вазиятлар даврида, шунингдек банкларни санация қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиши ва ҳаракатларни амалга ошириши мумкин».

79-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Марказий банк ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

Марказий банк ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида:

ушбу Қонун 16-моддасининг тўққизинчи қисмида назарда тутилган санация қилиш режасини ишлаб чиқиш тартибини ва унинг мазмунига доир талабларни белгиласин;

ушбу Қонун 18-моддасининг ўн учинчи қисмида назарда тутилган баҳолашни ўтказиш тартибини белгиласин;

ушбу Қонун 19-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилган баҳоловчиларни дастлабки танланган баҳоловчилар рўйхатига киритиш тартибини, баҳоловчиларга қўйиладиган талабларни, шунингдек баҳоловчиларни баҳолаш қоидаларини белгиласин;

ушбу Қонун 22-моддасининг ўн бешинчи қисмида назарда тутилган санация қилинаётган банкка махсус бошқарувчини тайинлаш тартибини ва махсус бошқарувчининг фаолияти билан боғлиқ қоидаларни белгиласин;

ушбу Қонун 25-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасининг қўлланилиш тартибини белгиласин;

ушбу Қонун 29-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган оралиқ банкни ташкил этиш, унинг фаолиятини амалга ошириш ва уни тугатиш тартибини белгиласин;

ушбу Қонун 34-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш воситасини қўллаш, шу жумладан капитал воситаларининг ва мажбуриятларнинг ҳисобдан чиқарилиши ва (ёки) конвертация қилиниши лозим бўлган суммасини аниқлаш, шунингдек истисно этиладиган мажбуриятларни аниқлаш шартлари ва тартибини белгиласин;

ушбу Қонун 35-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган қайта ташкил этиш режасини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш, шунингдек уни баҳолаш тартибини белгиласин;

ушбу Қонун 39-моддасининг ўн тўртинчи қисмида назарда тутилган санация қилиш жамғармасини бошқариш тартибини белгиласин;

ушбу Қонун 43-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган компенсациялар тўлаш тартибини, шунингдек зарарларни баҳолашни ўтказиш қоидаларини, баҳоловчига қўйиладиган талабларни ҳамда баҳоловчиларни танлаб олиш шартлари ва тартибини белгиласин;

ушбу Қонун 47-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган банк фаолиятини тугатиш ва банкни ихтиёрий ёки мажбурий шаклда тугатиш тартибини белгиласин.

80-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

81-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 23 июнь,

ЎРҚ-1070-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2025 й., 03/25/1070/0536-сон; 14.07.2026 й., 03/26/1158/0727-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 13-fevralda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 29-aprelda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi va qoʻllanilish sohasi

Ushbu Qonunning maqsadi banklarni sanatsiya qilish va tugatish bilan bogʻliq munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

Ushbu Qonunning amal qilishi banklarga, banklar guruhlariga va bank aksiyalarining nazorat paketiga egalik qiluvchi xolding kompaniyalariga nisbatan tatbiq etiladi.

Agar ushbu Qonunda boshqacha qoidalar nazarda tutilmagan boʻlsa, ushbu Qonunning banklarga taalluqli qoidalari banklar guruhlariga va bank aksiyalarining nazorat paketiga egalik qiluvchi xolding kompaniyalariga nisbatan ham tatbiq etiladi.

2-modda. Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisidagi qonunchilik

Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuni bilan maxsus huquqiy rejim oʻrnatilgan hududda banklarni sanatsiya qilish va tugatish bilan bogʻliq munosabatlar ushbu Qonunda belgilanganidan boshqacha qoidalar bilan tartibga solinadi.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

3-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

bank aksiyalarining nazorat paketiga egalik qiluvchi xolding kompaniyasi (bundan buyon matnda xolding kompaniyasi deb yuritiladi) — bank aksiyalarining nazorat paketi bilan birga boshqa moliya institutlari aksiyalarining (ulushlarining) nazorat paketiga ega yuridik shaxs;

kapital vositalari — sanatsiya qilinayotgan bank regulyativ kapitalining tarkibiy elementlari;

maxsus boshqaruvchi — sanatsiya qilinayotgan bank kuzatuv kengashi va boshqaruvining vakolatlari oʻtkaziladigan jismoniy shaxs;

oluvchi — sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyalari oʻziga oʻtkazilayotgan (sotilayotgan) jismoniy yoki yuridik shaxs, shuningdek sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, talablari va majburiyatlari oʻziga oʻtkazilayotgan (sotilayotgan) bank;

sanatsiya qilish — banklarda toʻlovga qobiliyatsizlik holati yuzaga kelganda ularning oʻta muhim vazifalari uzluksizligini taʼminlashga, omonatchilar va kreditorlar manfaatlarini himoya qilishga hamda moliyaviy barqarorlikni taʼminlashga qaratilgan sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirish;

sanatsiya qilish tartib-taomillari — sanatsiya qilish vositalarini qoʻllash va sanatsiya qilishga doir vakolatlarni amalga oshirish jarayoni bilan bogʻliq tadbirlar majmui;

subordinar qarz — bankning kreditor talabiga koʻra muddatidan oldin qaytarilmaydigan hamda bank tugatilayotganda omonatchilarning va boshqa kreditorlarning talablari qanoatlantirilganidan keyin qanoatlantiriladigan, taʼminlanmagan qarz majburiyati;

oʻta muhim vazifalar — bank xizmatlari yoki operatsiyalarining shunday turlariki, ularni oʻzga bankning boshqa xizmatlari yoki operatsiyalari bilan almashtirish murakkabligi tufayli ushbu xizmatlarni koʻrsatish va operatsiyalarni amalga oshirish tugatilgan taqdirda, moliyaviy barqarorlikning buzilishiga yoki real iqtisodiyot uchun zarur boʻlgan xizmatlarning koʻrsatilishi cheklanishiga olib kelishi mumkin;

qarz vositalari — qarz munosabatlarini tasdiqlovchi qimmatli qogʻozlar, shu jumladan obligatsiyalar, shuningdek qarz qimmatli qogʻozlarga egalik qilish huquqini beruvchi vositalar.

4-modda. Banklarni sanatsiya qilish va tugatish sohasidagi vakolatli davlat organi

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) banklarni sanatsiya qilish va tugatish sohasidagi vakolatli davlat organidir.

Markaziy bank banklarni sanatsiya qilish va tugatish boʻyicha vazifalari va vakolatlari doirasida davlat hokimiyati va boshqaruvi organlaridan mustaqil ravishda qarorlar qabul qiladi, bundan ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollar mustasno.

5-modda. Markaziy bankning banklarni sanatsiya qilish boʻyicha vazifalari uning boshqa vazifalaridan ajratilganligi

Markaziy bank banklarni sanatsiya qilish boʻyicha vazifalarini qonunchilikda belgilangan boshqa vazifalaridan, shu jumladan nazoratga doir vazifalaridan alohida tarzda amalga oshiradi.

Markaziy bank banklarni sanatsiya qilishni amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmasining banklar faoliyatini nazorat qilish vazifalarini amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmalari bilan hamkorlik qilish tartibini belgilaydi.

6-modda. Banklarni sanatsiya qilish va tugatish sohasidagi hamkorlik

Markaziy bank banklarni sanatsiya qilish va tugatish boʻyicha oʻz vakolatlarini amalga oshirishda davlat organlari va tashkilotlar, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yurituvchi bankning faoliyati ustidan konsolidatsiyalashgan nazoratni amalga oshiruvchi chet davlat nazorat organlari (bundan buyon matnda chet el nazorat organlari deb yuritiladi) bilan hamkorlikni hamda axborot almashinuvini ushbu Qonunga muvofiq amalga oshiradi.

Markaziy bank bankni sanatsiya qilish bilan bogʻliq boʻlgan qaror haqida mazkur qaror kuchga kirgan kunning oʻzida Omonatlarni kafolatlash agentligini, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligini (bundan buyon matnda Iqtisodiyot va moliya vazirligi deb yuritiladi), Moliyaviy barqarorlik kengashini, Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysini, shuningdek bank ishtirokchi boʻlgan toʻlov tizimlarini xabardor qiladi.

Markaziy bank chet el bankiga tegishli va Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yurituvchi bankni sanatsiya qilish yoki majburiy tugatish bilan bogʻliq qarorlari toʻgʻrisida chet el nazorat organini xabardor qiladi.

7-modda. Moliyaviy barqarorlik kengashi

Moliyaviy barqarorlik kengashi (bundan buyon matnda Kengash deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasida moliyaviy barqarorlikni taʼminlash, tizimli moliyaviy inqirozlarning kelib chiqish xavflarini oʻrganish (tahlil qilish), ularning yuzaga kelishining oldini olish boʻyicha choralar koʻrish, shuningdek yuzaga kelgan moliyaviy inqirozlarni boshqarish hamda ularning oqibatlarini bartaraf etish maqsadida idoralararo muvofiqlashtirishga doir vakolatlarni amalga oshiradi.

Kengash maslahat organi boʻlib, uning qarorlari Kengash aʼzolarining oʻzaro kelishuvi asosida qabul qilinadi va tavsiyaviy xususiyatga ega boʻladi.

Kengashning navbatdagi majlisi har olti oyda kamida bir marta, navbatdan tashqari majlisi esa Kengash aʼzolarining talabi boʻyicha oʻtkaziladi.

Markaziy bank Kengashning ishchi organi vazifasini bajaradi.

Kengash aʼzolari Kengashga uning faoliyati uchun ahamiyatga ega boʻlgan barcha zarur maʼlumotlarni, shu jumladan qonunchilik bilan muhofaza qilinadigan maʼlumotlarni taqdim etadi. Kengash aʼzolarining va uning majlislariga taklif etilgan shaxslarning, shuningdek Kengash uchun tegishli maʼlumotlarni tayyorlashda ishtirok etadigan boshqa shaxslarning qonunchilik bilan muhofaza qilinadigan maʼlumotlarni oshkor etishi taqiqlanadi.

Kengashning tarkibi, huquq va majburiyatlari, shuningdek Kengash faoliyatini tashkil etish bilan bogʻliq boshqa masalalar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarori bilan belgilanadi.

2-bob. Bankni sanatsiya qilish

1-§. Sanatsiya qilish maqsadlari va prinsiplari

8-modda. Bankni sanatsiya qilish maqsadlari

Bankni sanatsiya qilish maqsadlari quyidagilardan iborat:

tizimli moliyaviy inqiroz yuzaga kelishining oldini olish va uning salbiy oqibatlarini minimallashtirish;

bankning oʻta muhim vazifalari uzluksizligini taʼminlash;

omonatchilarning huquqlari va manfaatlarini himoya qilish;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan (bundan buyon matnda Davlat budjeti deb yuritiladi) bankni sanatsiya qilish uchun zarur mablagʻlar ajratilishini minimallashtirish.

Sanatsiya qilish maqsadlari birdek muhim boʻlib, Markaziy bank sanatsiya qilish bilan bogʻliq ayrim hollarda muayyan maqsadlarga ustuvorlik berishga haqli.

9-modda. Bankni sanatsiya qilish prinsiplari

Bankni sanatsiya qilish prinsiplari quyidagilardan iborat:

zararlarning oʻrni birinchi navbatda sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari hisobidan qoplanishi;

bank omonatchilari hamda kreditorlari huquqlari va qonuniy manfaatlarining kafolatlanishi;

kafolatlangan omonatlarni va ularning kafolatlash chegarasidan oshadigan qismini toʻliq himoya qilish;

boshqaruv organlari vakolatlarining oʻtishi;

javobgarlikning muqarrarligi;

bank omonatchilari va kreditorlari zararlarining cheklanishi.

10-modda. Zararlarning oʻrni birinchi navbatda sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari hisobidan qoplanishi prinsipi

Sanatsiya qilishda zararlarning oʻrni birinchi navbatda sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari hisobidan qoplanadi. Bunda har bir aksiyador zararning umumiy miqdoriga nisbatan bank ustav kapitalidagi oʻz ulushi miqdoriga mutanosib ravishda hamda oʻziga tegishli aksiyalar qiymati doirasida javobgar boʻladi.

11-modda. Bank omonatchilari hamda kreditorlari huquqlari va qonuniy manfaatlarining kafolatlanishi prinsipi

Sanatsiya qilinayotgan bank omonatchilari hamda kreditorlarining huquqlari va qonuniy manfaatlari ushbu Qonunning 64-moddasida belgilangan talablarni qanoatlantirish navbatiga rioya etish orqali kafolatlanadi. Bunda bir turdagi omonatchilar hamda kreditorlarning huquqlari va qonuniy manfaatlari teng darajada kafolatlanadi, bundan ushbu Qonunda nazarda tutilgan hollar mustasno.

12-modda. Kafolatlangan omonatlarni va ularning kafolatlash chegarasidan oshadigan qismini toʻliq himoya qilish prinsipi

“Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq kafolatlangan omonatlarga va ularning kafolatlash chegarasidan oshadigan qismiga nisbatan hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi qoʻllanilmaydi.

13-modda. Boshqaruv organlari vakolatlarining oʻtishi prinsipi

Sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining vakolatlari Markaziy bankka, kuzatuv kengashi va boshqaruvining vakolatlari esa Markaziy bank tomonidan tayinlanadigan bank kuzatuv kengashiga va boshqaruviga yoki maxsus boshqaruvchiga oʻtadi.

14-modda. Javobgarlikning muqarrarligi prinsipi

Bankni toʻlovga qobiliyatsizlik holatiga olib kelgan aybdor shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

15-modda. Bank omonatchilari va kreditorlari zararlarining cheklanishi prinsipi

Bankning sanatsiya qilinishi natijasida omonatchilar yoki kreditorlar mazkur bank majburiy tugatilishi doirasida koʻrishi mumkin boʻlganidan koʻproq zarar koʻrishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

2-§. Sanatsiya qilishga tayyorgarlik koʻrish

16-modda. Bankni sanatsiya qilish rejasi

Markaziy bank tizimli ahamiyatga molik bank uchun sanatsiya qilish rejasini ishlab chiqadi. Sanatsiya qilish rejasi tizimli ahamiyatga molik bankka nisbatan Markaziy bank tomonidan qoʻllanilishi mumkin boʻlgan sanatsiya qilish tartib-taomillarini oʻz ichiga oladi.

Tizimli ahamiyatga molik bank uchun ishlab chiqilgan sanatsiya qilish rejasi bir yilda kamida bir marta qayta koʻrib chiqilishi, shuningdek bankning tashkiliy tuzilishida va (yoki) moliyaviy holatida sezilarli oʻzgarishlar yuzaga kelganda yoki sanatsiya qilish rejasining qoʻllanilishiga yoxud mazmuniga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan boshqa omillar mavjud boʻlganda qayta koʻrib chiqilishi va zarur boʻlganda yangilanishi kerak.

Markaziy bank tizimli ahamiyatga molik boʻlmagan, lekin oʻta muhim vazifalarni bajaruvchi banklar uchun ham sanatsiya qilish rejasini ishlab chiqishi mumkin. Bunda sanatsiya qilish rejasini qayta koʻrib chiqish davriyligi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

Bank uchun ishlab chiqilgan sanatsiya qilish rejasining qisqacha mazmuni mazkur bankka taqdim etiladi.

Oʻzi uchun sanatsiya qilish rejasi ishlab chiqilgan bank uni qayta koʻrib chiqish yoki yangilash talab etiladigan har qanday holat toʻgʻrisida Markaziy bankni darhol xabardor qiladi.

Bank oʻziga nisbatan sanatsiya qilish rejasini ishlab chiqishda va yangilashda Markaziy bankning talabiga koʻra ishtirok etadi.

Sanatsiya qilish rejasida belgilangan, oʻz dolzarbligini yoʻqotgan tartib-taomillarni amalga oshirish Markaziy bank uchun majburiy ahamiyat kasb etmaydi.

Bankni sanatsiya qilishni boshlash uchun asoslar yuzaga kelganda Markaziy bank uni sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qarorni, agar ushbu bank uchun sanatsiya qilish rejasi ishlab chiqilmagan boʻlsa ham qabul qilishi mumkin.

Sanatsiya qilish rejasini ishlab chiqish tartibi va uning mazmuniga qoʻyiladigan talablar Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

17-modda. Bankni sanatsiya qilish mumkinligini baholash va mavjud toʻsiqlarni bartaraf etish

Bankni sanatsiya qilish rejasi mazkur bankni sanatsiya qilish mumkinligini baholashni oʻz ichiga oladi.

Agar sanatsiya qilish maqsadlariga sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirish orqali erishish imkoniyati mavjud boʻlsa, bankni sanatsiya qilish mumkin deb hisoblanadi.

Bankni sanatsiya qilish mumkinligini baholashda Markaziy bank quyidagi omillarning tahlilini oʻtkazadi:

bank faoliyatining asosiy yoʻnalishini va oʻta muhim vazifalarini uchinchi shaxslarga topshirish (oʻtkazish) imkoniyatining;

bank korporativ boshqaruv tizimining bank faoliyatining asosiy yoʻnalishiga va oʻta muhim vazifalariga muvofiqlik darajasining;

bank faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini va oʻta muhim vazifalari bajarilishini qoʻllab-quvvatlash uchun zarur boʻlgan xodimlar, infratuzilma, shuningdek moliyalashtirish, likvidlilikni va kapitalni taʼminlash mexanizmlari mavjudligining;

xizmat koʻrsatish shartnomalari bankni sanatsiya qilishda bank tomonidan toʻliq hajmda bajarilishining;

bankda doimiy ravishda aniq va toʻliq axborot olinishini taʼminlovchi axborot tizimi mavjudligining;

sanatsiya qilish vositalarini sanatsiya qilish maqsadlariga erishish uchun qoʻllash samaradorligi va maqsadga muvofiqligining;

bankni sanatsiya qilishning moliya tizimiga, toʻlov tizimlarining faoliyat koʻrsatishiga, bank tizimiga boʻlgan ishonchga hamda iqtisodiyotga taʼsiri darajasining;

sanatsiya qilish vositalari va vakolatlaridan foydalanish orqali bankning boshqa banklarga yoki moliya bozoriga salbiy taʼsirini kamaytirish imkoniyatining;

chet el nazorat organlari bilan hamkorlik qilish hamda axborot almashishni amalga oshirish imkoniyatining;

Markaziy bank zarur deb hisoblagan boshqa omillarning.

Markaziy bank bankni sanatsiya qilish mumkinligini baholashda quyidagi omillarni inobatga olmaydi:

davlatning moliyaviy yordamini;

taʼminlanganlik, muddatlilik va toʻlovlilik shartlari asosida Markaziy bank tomonidan taqdim etiladigan kredit hisobidan likvidlilik taqchilligini qoplashni, bundan “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 33-moddasiga muvofiq tijorat banklarining likvidliligini favqulodda qoʻllab-quvvatlash mustasno.

Ushbu moddaning toʻrtinchi qismida belgilangan qoida sanatsiya qilishda davlatning moliyaviy yordamidan foydalanishni istisno etmaydi.

Agar bankni sanatsiya qilish mumkinligini baholash natijasida Markaziy bank tomonidan sanatsiya qilishni amalga oshirish uchun muayyan toʻsiqlar mavjudligi aniqlansa, Markaziy bank koʻrsatilgan muddat ichida ushbu toʻsiqlarni bartaraf etish boʻyicha tadbirlar rejasi ishlab chiqilishini bankdan talab qiladi.

Sanatsiya qilish imkoniyatlari uchun toʻsiqlarni bartaraf etish boʻyicha bank tomonidan ishlab chiqilgan tadbirlar rejasi Markaziy bank bilan kelishiladi va uning belgilangan muddatlarda ijro etilishi boʻyicha bank tomonidan choralar koʻriladi.

Agar Markaziy bank ishlab chiqilgan tadbirlar rejasi sanatsiya qilish imkoniyatlari uchun toʻsiqlarni bartaraf etishga qodir emas degan xulosaga kelsa, bankdan quyidagilarni talab qilishga haqli:

tavakkalchiliklarning miqdorini cheklashni;

ayrim aktivlarni sotishni;

bank xizmatlari koʻrsatishni, joriy va (yoki) rejalashtirilgan operatsiyalarni amalga oshirishni cheklashni yoki toʻxtatib turishni;

bank aksiyalariga bevosita egalik qiluvchilarning mulkiy huquqlariga, bankning va (yoki) banklar guruhining tashkiliy tuzilishiga va (yoki) faoliyatiga daxl qilmagan holda, aksiyalarga egalik qiluvchilarning (potensial oluvchidan to benefitsiar mulkdorgacha) uch pogʻonadan koʻp darajaga tabaqalashtirilishini kamaytirish, shuningdek sanatsiya qilishni yengillashtirish va bankning oʻta muhim vazifalari uzluksizligini taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi hududida xolding kompaniyasi, asosiy jamiyat yoki shuʼba kompaniya tashkil etishni;

sanatsiya qilish maqsadlarida doimiy ravishda yoki Markaziy bankning talabiga koʻra qoʻshimcha axborot taqdim etishni.

18-modda. Sanatsiya qilish uchun baholashni oʻtkazish

Sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinguniga qadar Markaziy bank bankning aktivlari va majburiyatlari, shuningdek balansdan tashqari moddalari baholashdan (bundan buyon matnda baholash deb yuritiladi) oʻtkazilishini taʼminlaydi.

Baholash “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 75-moddasida belgilangan talablarga muvofiq boʻlgan auditorlik tashkiloti yoki baholovchi tashkilot (bundan buyon matnda baholovchi deb yuritiladi) tomonidan oʻtkaziladi.

Baholash toʻgʻrisidagi hisobot quyidagi buxgalteriya hujjatlariga va boshqa hujjatlarga asoslanadi:

bankning baholash hisoboti tuzilayotgan sanadagi buxgalteriya balansiga, shuningdek foyda va zararlari toʻgʻrisidagi hisobotiga;

bank aktivlari va majburiyatlarini hisobga olish qiymatining tahliliga va baholanishiga;

bank buxgalteriya hisobotining balansdagi va balansdan tashqari hisobvaraqlarida aks ettirilgan majburiyatlarning roʻyxatiga, ularni bajarish muddati koʻrsatilgan holda;

baholash uchun ahamiyatga ega boʻlgan, Markaziy bank tomonidan talab qilinadigan boshqa maʼlumotlarga.

Baholash toʻgʻrisidagi hisobotda bankning sanatsiya qilish boshlangan paytdagi barcha zararlari aks ettirilishi kerak.

Baholash natijalaridan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:

bankka nisbatan turli sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirishning moliyaviy oqibatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish, shuningdek sanatsiya qilishning maqbul vositalarini tanlash;

ushbu Qonunga muvofiq talablarni qanoatlantirish navbati boʻyicha kreditorlarni tasniflash, shuningdek bank majburiy tugatilganda kreditorlar va aksiyadorlarning har bir toifasi olishi mumkin boʻlgan mablagʻlar miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish;

tegishli kapital vositalarini va (yoki) majburiyatlarni hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish darajasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish;

oʻtkaziladigan (sotiladigan) aktivlar, huquqlar, majburiyatlar va (yoki) aksiyalar, shuningdek sanatsiya qilinayotgan bankka yoki uning aksiyadorlariga toʻlanadigan pul mablagʻlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan baholashning oʻtkazilmaganligi Markaziy bank tomonidan sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinishiga toʻsqinlik qilmaydi.

Ushbu moddaning ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi qismlarida nazarda tutilgan tartibda toʻliq baholashdan oʻtkazishga toʻsqinlik qiluvchi holatlar hamda sanatsiya qilish maqsadlariga erishishni xavf ostiga qoʻyuvchi boshqa holatlar mavjud boʻlgan taqdirda, Markaziy bank yoki Markaziy bank tomonidan tayinlangan baholovchi bankning aktivlarini, majburiyatlarini va balansdan tashqari moddalarini dastlabki baholashdan oʻtkazadi. Bunda dastlabki baholash imkon qadar ushbu moddaning ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi qismlariga muvofiq oʻtkazilishi kerak.

Agar ushbu moddaning yettinchi qismiga muvofiq dastlabki baholash oʻtkazilgan boʻlsa, ushbu moddaning ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi qismlarida belgilangan talablarga toʻliq muvofiq boʻlgan yakuniy baholash Markaziy bank tayinlagan baholovchi tomonidan quyidagi maqsadlar uchun qisqa muddatlarda oʻtkazilishi kerak:

aksiyadorlarning yoki kreditorlarning talablarini hisobdan chiqarish yoki qanoatlantirish toʻgʻrisidagi qarorni asoslantirish yoxud majburiyatlar boʻyicha amalga oshirilgan toʻlovlar summasini oshirish yoki kamaytirish;

bankning avval oʻtkazilgan aktivlari va majburiyatlariga qoʻshimcha tarzdagi aktivlari va majburiyatlarini oraliq bankka oʻtkazish yoki avval oʻtkazilgan aktivlari va majburiyatlarini qaytarish.

Ushbu moddaning sakkizinchi qismiga muvofiq oʻtkazilgan yakuniy baholash:

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash chogʻida oluvchilar tomonidan amalga oshirilgan toʻlovlarga;

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash maqsadida hisobdan chiqarishni va (yoki) konvertatsiya qilishni amalga oshirishda sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlari tomonidan olingan mablagʻlarga taʼsir koʻrsatmaydi.

Oʻtkazilgan baholash toʻgʻrisidagi hisobotning qisqacha mazmuni Markaziy bankning rasmiy veb-saytida belgilangan tartibda eʼlon qilinadi.

Baholash ustidan shikoyatlar sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qarordan alohida tarzda koʻrib chiqilishi mumkin emas.

Ushbu moddada nazarda tutilgan baholashdan ushbu Qonunning 42-moddasiga muvofiq kompensatsiya miqdorini aniqlash maqsadida foydalanilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Ushbu moddaga muvofiq baholashni oʻtkazish tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

19-modda. Baholovchini tanlash tartibi va shartlari

Markaziy bank bankni sanatsiya qilishga tayyorgarlik koʻrish doirasida va sanatsiya qilish toʻgʻrisida oʻz vaqtida qarorlar qabul qilish maqsadida dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatini shakllantiradi.

Dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatiga kiritilgan tashkilotlar Markaziy bank bilan axborot xavfsizligi talablariga rioya etilishini nazarda tutuvchi shartnoma tuzadi. Dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxati Markaziy bankning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

Baholovchilarni dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatiga kiritish ochiq va shaffof tarzda amalga oshiriladi.

Muayyan bankni sanatsiya qilish uchun baholashdan oʻtkazish maqsadida Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchilar orasidan baholovchini tanlab oladi. Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchilarga tanlovda ishtirok etish toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi.

Ikki yoki undan ortiq baholovchi mavjud boʻlmagan taqdirda Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatiga kiritilgan bitta baholovchiga xabarnoma yuboradi.

Agar ikki yoki undan ortiq baholovchiga xabarnoma yuborilgan boʻlsa, baholash boʻyicha esa faqat bitta baholovchidan taklif kelib tushsa, ushbu baholovchi baholashni oʻtkazish uchun tayinlanadi.

Dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatidagi baholovchilar baholashni oʻtkazishni rad etgan yoki Markaziy bank ushbu roʻyxatdagi baholovchilarning hech biri bilan ushbu moddaga muvofiq kelishuvga erishmagan taqdirda, Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatiga kiritilmagan, lekin tegishli talablarga javob beradigan boshqa baholovchini baholashni oʻtkazish uchun tanlab olishi mumkin.

Baholovchilar quyidagi mezonlar asosida tanlab olinadi:

baholovchining tajribasi, bilimi va koʻnikmalari;

baholashni oʻtkazish uchun taklif etilayotgan muddat;

baholashni oʻtkazish haqi.

Baholashni oʻtkazish uchun Markaziy bank tanlab olingan baholovchi bilan baholash oʻtkazish toʻgʻrisida shartnoma imzolaydi.

Baholash oʻtkazish toʻgʻrisida shartnomada koʻrsatilgan baholashni oʻtkazish uchun zarur boʻlgan barcha toʻlovlar, agar bankning moliyaviy holati imkon bersa, mazkur bank hisobidan amalga oshiriladi. Aks holda Markaziy bank bunday xarajatlarni oʻz hisobidan qoplaydi.

Baholovchilarni dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatiga kiritish tartibi, baholovchilarga qoʻyiladigan talablar, shuningdek baholovchilarni baholash qoidalari Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

3-§. Sanatsiya qilishning boshlanishi

20-modda. Sanatsiya qilishni boshlash uchun asoslar

Quyida sanab oʻtilgan barcha asoslarning mavjudligi bankni sanatsiya qilishni boshlash uchun asos deb hisoblanadi:

bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yoki bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimolining yuqoriligi;

bank, banklar guruhi, xolding kompaniyasi va (yoki) bank aksiyadorlari tomonidan koʻrilgan choralarning, shuningdek Markaziy bank tomonidan qoʻllanilgan nazorat choralarining ushbu qismning ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan holatni bartaraf etishga qodir boʻlmaganligi yoxud mazkur choralar orqali olti oy ichida shunday natijani taʼminlash ehtimolining mavjud emasligi;

bankning tizimli ahamiyatga molik ekanligi yoki tizimli ahamiyatga molik boʻlmagan bankni majburiy tugatish orqali ushbu Qonun 8-moddasining birinchi qismida belgilangan bir yoki bir nechta maqsadlarga erishib boʻlmasligi sababli ushbu Qonunga muvofiq sanatsiya qilish zarurligi.

Quyidagi holatlardan biri yuzaga kelganda bank toʻlovga qobiliyatsiz deb hisoblanadi:

bank oʻz mijozlarining talablarini mablagʻlar yetarli emasligi sababli yetti kun ichida qanoatlantirishga qodir boʻlmaganda;

bankning majburiyatlari uning aktivlaridan ortib ketganda;

bank kapitali monandligi koeffitsiyentlari va (yoki) ustav kapitalining miqdori qonunchilikda belgilangan eng kam miqdordan ellik va undan koʻp foizga kamayganda;

bankning moliyaviy holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning hisobotlarda toʻgʻri aks ettirilishi ushbu qismning ikkinchi, uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarning yuzaga kelishiga olib keladigan hollar Markaziy bank tomonidan aniqlanganda;

omonatchilar va kreditorlar tomonidan bankka ishonib topshirilgan pul mablagʻlarining but saqlanishiga xavf soluvchi holatlar mavjud boʻlganda.

Bankda ushbu modda ikkinchi qismining ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarning olti oy ichida yuzaga kelishidan darak beruvchi holatlar mavjud boʻlganda mazkur bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimoli yuqori deb hisoblanadi.

Sanatsiya qilish tartib-taomillari “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 6-bobida nazarda tutilgan nazorat choralaridan alohida tarzda qoʻllaniladi va mazkur choralarning qoʻllanilishiga toʻsqinlik qilmaydi.

Bank kuzatuv kengashi va (yoki) boshqaruvi ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan holatlar yuzaga kelganda yoki mazkur holatlarning yuzaga kelishi ehtimoli mavjud boʻlganda Markaziy bankni zudlik bilan bu haqda xabardor qilishi shart.

Bankda ushbu modda birinchi qismining ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan asoslar mavjudligi, biroq ushbu modda birinchi qismining toʻrtinchi xatboshisida belgilangan asos mavjud emasligi aniqlangan taqdirda, Markaziy bank boshqaruvi ushbu bankning bank faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyasini (bundan buyon matnda litsenziya deb yuritiladi) chaqirib olish hamda uni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Quyidagi asoslarning barchasi mavjud boʻlganda Markaziy bank boshqaruvi xolding kompaniyasini sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin:

xolding kompaniyasining toʻlovga qobiliyatsizligi yoki xolding kompaniyasining toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimolining yuqoriligi;

xolding kompaniyasi, banklar guruhi va (yoki) xolding kompaniyasi egalari tomonidan koʻrilgan choralarning ushbu qismning ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan holatni bartaraf etishga qodir emasligi yoki mazkur choralar orqali olti oy ichida shunday natijani taʼminlash ehtimolining mavjud emasligi;

xolding kompaniyasi nazorati ostidagi bankni sanatsiya qilish boshlanganligi;

sanatsiya qilishning bir yoki bir nechta maqsadiga xolding kompaniyasini majburiy tugatish orqali erishib boʻlmasligi sababli uni sanatsiya qilish zarurligi.

Xolding kompaniyasi quyidagi holatlardan biri yuzaga kelganda toʻlovga qobiliyatsiz deb hisoblanadi:

xolding kompaniyasining kapital monandligi koeffitsiyentlari va (yoki) ustav kapitali miqdori konsolidatsiyalashgan nazorat asosida Markaziy bank tomonidan belgilangan eng kam miqdordan ellik va undan koʻp foizga kamayganda;

xolding kompaniyasi bajarilishi lozim boʻlgan oʻz majburiyatlarini mablagʻlar yetishmovchiligi sababli yetti kun ichida bajarishga layoqatsiz boʻlganda;

bankning yoki xolding kompaniyasining moliyaviy holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning hisobotlarda toʻgʻri aks ettirilishi ushbu qismning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarning yuzaga kelishiga olib keladigan hollar Markaziy bank tomonidan aniqlanganda.

Xolding kompaniyasida ushbu modda sakkizinchi qismining ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarning olti oydan oshmaydigan muddat ichida yuzaga kelishidan darak beruvchi holatlar mavjud boʻlganda xolding kompaniyasining toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimoli yuqori deb hisoblanadi.

Markaziy bankning xolding kompaniyasini sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qarori kuchga kirgan paytdan eʼtiboran sanatsiya qilish tugaguniga qadar “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni normalari mazkur xolding kompaniyasiga nisbatan qoʻllanilmaydi.

Xolding kompaniyasi faoliyatini tartibga soluvchi vakolatli organ va Markaziy bank oʻrtasidagi hamkorlik qilish tartibi sanatsiya qilish boshlanguniga qadar Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

21-modda. Bankni sanatsiya qilishni boshlash toʻgʻrisidagi qaror va uning oqibatlari

Ushbu Qonunning 20-moddasida belgilangan sanatsiya qilish uchun asoslar yuzaga kelgan taqdirda, Markaziy bank boshqaruvi bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida quyidagilarni nazarda tutuvchi qaror qabul qiladi:

sanatsiya qilish uchun asoslarni;

ushbu Qonunning 18-moddasida belgilangan baholash toʻgʻrisidagi hisobotning qisqacha mazmunini;

sanatsiya qilishning aniq boshlanish vaqtini;

bankka nisbatan qoʻllanilishi rejalashtirilayotgan sanatsiya qilish tartib-taomillarini;

zarurat boʻlganda Davlat budjeti mablagʻlaridan foydalanishni.

Bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinganidan keyin Markaziy bank mazkur qarorda nazarda tutilgan sanatsiya qilish tartib-taomillariga oʻzgartirish kiritishga haqli.

Bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirishi bilan sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining, kuzatuv kengashining va boshqaruvining vakolatlari Markaziy bankka oʻtadi. Bunda Markaziy bank sanatsiya qilinayotgan bank kuzatuv kengashi aʼzolarining vakolatlarini tugatishga, boshqaruvi aʼzolarini ishdan chetlatishga va (yoki) ular bilan tuzilgan mehnat shartnomasini bekor qilishga haqli.

Sanatsiya qilinayotgan bank kuzatuv kengashining va (yoki) boshqaruvining vazifalari Markaziy bank tomonidan quyidagilardan birining zimmasiga yuklatiladi:

Markaziy bank tomonidan tayinlangan maxsus boshqaruvchining;

Markaziy bank tomonidan tayinlangan bank kuzatuv kengashining va boshqaruvining.

Sanatsiya qilinayotgan bankning ishdan chetlashtirilgan boshqaruvi aʼzolari Markaziy bankka, maxsus boshqaruvchiga hamda Markaziy bank tomonidan tayinlangan bank kuzatuv kengashi va boshqaruviga sanatsiya qilish maqsadlariga erishish uchun zarur yordam koʻrsatadi.

Sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirishi bilan Markaziy bank, oʻzi tomonidan tayinlangan bank kuzatuv kengashi va boshqaruvi, maxsus boshqaruvchi bankning barcha aktivlarini, mol-mulkini, avtomatlashtirilgan axborot tizimlarini, buxgalteriya hisobotini va boshqa hisobotlarini, shuningdek bankning barcha hujjatlarini cheklovlarsiz tasarruf etish huquqiga ega boʻladi. Sanatsiya qilinayotgan bankning Markaziy bank tomonidan tayinlangan kuzatuv kengashi va boshqaruvi yoki maxsus boshqaruvchisi sanatsiya qilinayotgan bank xodimlari bilan tuzilgan mehnat shartnomasini bekor qilishga haqli.

Sanatsiya qilinayotgan bank bilan mehnat shartnomasi bekor qilingan boshqaruv aʼzolariga ishdan boʻshatish nafaqasi toʻlanmaydi.

Sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror, shuningdek sanatsiya qilish vositalaridan foydalanilishi bankning kontragentlariga mazkur bank bilan tuzilgan amaldagi shartnomaviy majburiyatlarni bajarishni bir tomonlama toʻxtatib turish, shuningdek mazkur shartnomaga oʻzgartirishlar kiritishni talab etish yoki uni bekor qilish, mazkur shartnoma boʻyicha bank oʻz majburiyatlarini bajarib kelayotgan hollarda, garov taʼminotini realizatsiya qilish yoki shartnomaga muvofiq oldindan hisob-kitob qilishni talab etish huquqlarini bermaydi.

Bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror masʼul shaxslar tomonidan tegishli reyestrlarga tezkorlik bilan zarur oʻzgartirishlar kiritish uchun asos boʻlib xizmat qiladi.

Sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyadorlarini va boshqa manfaatdor shaxslarni xabardor qilish maqsadida Markaziy bank va oʻziga nisbatan sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan bank sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan kunning oʻzida mazkur qaror haqida oʻz rasmiy veb-saytlarida va ijtimoiy tarmoqlardagi oʻz rasmiy sahifalarida eʼlon qiladi. Mazkur eʼlonning shakli va mazmuni Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

22-modda. Maxsus boshqaruvchi

Markaziy bank sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qarorni qabul qilish bilan bir vaqtda yoki shunday qaror qabul qilinganidan keyin bir yoki bir necha jismoniy shaxslarni sanatsiya qilinayotgan bankning maxsus boshqaruvchisi yoki maxsus boshqaruvchilari (bundan buyon matnda maxsus boshqaruvchi deb yuritiladi) sifatida tayinlash toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli.

Maxsus boshqaruvchini tayinlash toʻgʻrisidagi qarorda kamida quyidagilar nazarda tutilishi kerak:

maxsus boshqaruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi;

maxsus boshqaruvchi vakolatlarining boshlanish va tugash vaqti;

maxsus boshqaruvchining vakolatlari va majburiyatlari, shu jumladan faqat Markaziy bank bilan kelishilgan holda amalga oshiriladigan vakolatlari;

maxsus boshqaruvchining vakolatlari muddati davomida bankka nisbatan qoʻllaniladigan cheklovlar roʻyxati, agar bunday cheklovlar mavjud boʻlsa;

maxsus boshqaruvchiga nisbatan cheklovlar, tavsiyalar va farmoyishlarning tavsifi, agar ular mavjud boʻlsa;

maxsus boshqaruvchiga haq toʻlash bilan bogʻliq masalalar.

Markaziy bank har bir maxsus boshqaruvchi bilan ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan qoidalarni aks ettiruvchi alohida shartnoma tuzadi.

Maxsus boshqaruvchi etib tayinlanadigan shaxs sanatsiya qilinayotgan bankka nisbatan manfaatlar toʻqnashuvidan xoli boʻlishi hamda “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 36-moddasiga muvofiq bankning boshqaruv organlari aʼzolariga va muhim ahamiyatga ega xodimlariga nisbatan qoʻyiladigan talablarga muvofiq boʻlishi kerak. Markaziy bank xodimi maxsus boshqaruvchi etib tayinlanishi mumkin emas.

Agar sanatsiya qilinayotgan bankning moliyaviy holati imkon bersa, maxsus boshqaruvchiga toʻlanishi lozim boʻlgan barcha mablagʻlar mazkur bank hisobidan qoplanadi. Aks holda Markaziy bank bunday xarajatlarni oʻz hisobidan qoplaydi.

Maxsus boshqaruvchi tayinlanganligi toʻgʻrisidagi axborot ushbu moddaning uchinchi qismida koʻrsatilgan shartnoma tuzilganidan keyin bir ish kuni ichida Markaziy bankning rasmiy veb-saytida va ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida eʼlon qilinadi.

Maxsus boshqaruvchi oʻz faoliyatida ushbu Qonunga, boshqa qonunchilik hujjatlariga, shuningdek Markaziy bankning topshiriqlariga amal qiladi.

Markaziy bank maxsus boshqaruvchi bilan tuzilgan mehnat shartnomasini qonunchilikka muvofiq bekor qilish va ushbu moddaning talablariga asosan boshqa maxsus boshqaruvchini tayinlash huquqiga ega.

Maxsus boshqaruvchi tayinlangan paytdan eʼtiboran uning faoliyati muddati davomida maxsus boshqaruvchi yoki u tomonidan tayinlangan shaxs bilan kelishilmagan holda, bankning nomidan yoki bankning topshirigʻiga asosan amalga oshiriladigan barcha operatsiyalar yuridik kuchga ega boʻlmaydi va huquqiy oqibatlar keltirib chiqarmaydi.

Maxsus boshqaruvchi faqat Markaziy bankka hisobdor boʻlib, uning vazifalarining bajarilishini nazorat qilish Markaziy bank tomonidan amalga oshiriladi.

Markaziy bank maxsus boshqaruvchining faoliyati ustidan nazorat qilish boʻyicha quyidagi vakolatlarga ega:

maxsus boshqaruvchiga uning faoliyati davrida faoliyatining asosiy yoʻnalishlari boʻyicha tavsiyalar berish, shu jumladan asosiy tadbirlar rejasini taklif qilish;

maxsus boshqaruvchiga bajarilishi shart boʻlgan yoʻriqnomalar berish;

maxsus boshqaruvchidan uning faoliyati va bankning faoliyati toʻgʻrisidagi har qanday maʼlumotlarni soʻrab olish;

maxsus boshqaruvchining vakolatlari muddatini uzaytirish yoki muddatidan oldin tugatish.

Maxsus boshqaruvchi sanatsiya qilish maqsadlariga erishish hamda Markaziy bankning qarorlarida, shuningdek buyruqlari va koʻrsatmalarida nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan barcha choralarni koʻradi.

Maxsus boshqaruvchi sanatsiya qilish maqsadlariga erishish va sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirishga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan barcha hollar toʻgʻrisida Markaziy bankni darhol xabardor qilishi shart.

Maxsus boshqaruvchi har chorakda kamida bir marta, shuningdek Markaziy bankning soʻroviga koʻra, Markaziy bankka sanatsiya qilinayotgan bankning moliyaviy holati hamda maxsus boshqaruvchi tomonidan oʻz faoliyati davomida amalga oshirilgan harakatlar toʻgʻrisida hisobot taqdim etib boradi.

Sanatsiya qilinayotgan bankka maxsus boshqaruvchini tayinlash tartibi va maxsus boshqaruvchining faoliyati bilan bogʻliq qoidalar Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

4-§. Sanatsiya qilish vositalari

23-modda. Sanatsiya qilish vositalarining turlari

Sanatsiya qilish vositalari quyidagilardan iborat:

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish);

oraliq bankni tashkil etish;

hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish.

Markaziy bank sanatsiya qilish maqsadlariga erishish uchun sanatsiya qilishning maqbul vositalarini bankning va (yoki) moliya tizimining holatini inobatga olgan holda tanlaydi.

Markaziy bank sanatsiya qilish vositalarini birgalikda yoki alohida-alohida qoʻllashi mumkin.

Agar Markaziy bank sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va majburiyatlarini qisman oʻtkazish (sotish) uchun faqat ushbu modda birinchi qismining ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan sanatsiya qilish vositalarini qoʻllasa, Markaziy bank qoldiq aktivlar, huquqlar va majburiyatlarga ega boʻlgan ushbu bankning litsenziyasini chaqirib oladi hamda bankni ushbu Qonunga muvofiq majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Sanatsiya qilish vositalarini qoʻllashda davlat organlari va tashkilotlar, yuridik va jismoniy shaxslar, shuningdek sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari hamda kreditorlari bilan kelishish yoki ularning ruxsatini olish talab etilmaydi.

24-modda. Aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasi toʻgʻrisidagi umumiy qoidalar

Aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasi sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyalari, aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlari oluvchiga oʻtkazilishini (sotilishini) nazarda tutadi.

Markaziy bank bir yoki bir necha oluvchiga (bundan oraliq bank mustasno) quyidagilarni oʻtkazish (sotish) toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin:

sanatsiya qilinayotgan bank tomonidan chiqarilgan yangi aksiyalarni;

sanatsiya qilinayotgan bank aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarining barchasini yoki bir qismini.

Aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazishda (sotishda):

sanatsiya qilinayotgan bankning majburiyatlari ushbu Qonunning 64-moddasida belgilangan kreditorlarning talablarini qanoatlantirish navbatida oluvchiga oʻtkaziladi;

sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari va huquqlari, shuningdek Omonatlarni kafolatlash agentligining Omonatlarni kafolatlash jamgʻarmasi (bundan buyon matnda Kafolatlash jamgʻarmasi deb yuritiladi), sanatsiya qilish jamgʻarmasi hisobidan taqdim etilgan mablagʻlar bankning bir turdagi kreditorlari oldidagi majburiyatlarini bajarish uchun yetarli boʻlmagan taqdirda, mazkur majburiyatlar ushbu kreditorlarning talablari miqdoriga mutanosib ravishda oʻtkaziladi.

Moliyaviy barqarorlikni taʼminlash yoki aktivlar qiymatining juda past darajaga tushib ketishining oldini olish maqsadida Markaziy bank majburiyatlarning ayrim turlarini ushbu Qonunning 64-moddasida belgilangan bir turdagi kreditorlar doirasida tanlab olib, ushbu modda uchinchi qismning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan qoidalardan chetga chiqqan holda oʻtkazishga haqli. Bu holda qoidalardan chetga chiqish sababi Markaziy bank tomonidan asoslab berilishi va tegishli tartibda hujjatlashtirilishi kerak.

Aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazishda (sotishda) quyidagilar talab etilmaydi:

sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari, omonatchilari va kreditorlarining, shuningdek boshqa manfaatdor shaxslarning (xususan, sanatsiya qilinayotgan bankka garov taʼminoti va kafolat taqdim etgan shaxslarning) roziligini olish;

sanatsiya qilinayotgan bank tomonidan omonatchilar va kreditorlar, shuningdek boshqa taraflar (xususan, sanatsiya qilinayotgan bankka garov taʼminoti va kafolat taqdim etgan shaxslar) bilan tuzilgan shartnomalarga shartnomalarning yangi tarafini koʻrsatish maqsadida oʻzgartirishlar kiritish;

sanatsiya qilinayotgan bankning omonatchilari bilan oluvchi bank tomonidan yangi bank hisobvaragʻi shartnomalarini tuzish.

Aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarning oʻtkazilishi (sotilishi) oʻtkazish (oldi-sotdi) toʻgʻrisidagi shartnomaga binoan amalga oshiriladi. Bunda oʻtkazish toʻgʻrisidagi shartnomaga oʻtkazilayotgan (sotilayotgan) aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan topshirish-qabul qilish dalolatnomasi ilova qilinadi.

Oluvchi aksiyalarni oʻtkazish (sotish) toʻgʻrisidagi shartnomani qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga oluvchi organga tegishli reyestrga oʻzgartirish kiritish uchun topshirish-qabul qilish dalolatnomasi bilan birga taqdim etadi.

Aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarning oʻtkazilishi (sotilishi) ularga boʻlgan mulk huquqining oluvchiga oʻtishiga olib keladi. Bunda oluvchi shartnoma imzolangan paytdan eʼtiboran mazkur huquqlar va majburiyatlarning huquqiy vorisi boʻladi.

Aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) toʻgʻrisidagi shartnoma imzolangan paytdan eʼtiboran kuchga kiradi va sotish bilan bogʻliq barcha huquqiy tartib-taomillarni amalga oshirish uchun asos boʻlib xizmat qiladi.

Aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) toʻgʻrisidagi shartnoma tuzilganidan keyin sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyadorlari va kreditorlari oʻtkazilayotgan (sotilayotgan) aksiyalar va (yoki) boshqa talablar uchun oluvchidan biror bir kompensatsiya talab qilish huquqiga ega emas.

Aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlar oʻtkazilganidan (sotilganidan) keyin oluvchi bilan kelishuvga koʻra Markaziy bank:

oʻtkazilgan (sotilgan) aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarning bir qismini oluvchidan sanatsiya qilinayotgan bankka (shu jumladan majburiy tugatish jarayonida boʻlgan sanatsiya qilinayotgan bankka) qaytarishi. Bunda bank ularni qaytarib olishni rad etishga haqli emas;

sanatsiya qilinayotgan bankdan (shu jumladan majburiy tugatish jarayonida boʻlgan sanatsiya qilinayotgan bankdan) qoʻshimcha aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oluvchiga oʻtkazishi (sotishi) mumkin.

Ushbu moddaning oʻn birinchi qismida nazarda tutilgan aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarning oʻtkazilishi (sotilishi) ushbu moddada belgilangan oʻtkazish (sotish) tartibiga rioya etilgan holda amalga oshirilishi kerak.

25-modda. Aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash

Markaziy bank sanatsiya qilinayotgan bankning oʻtkazilishi (sotilishi) rejalashtirilgan aksiyalarini, aktivlarini, huquqlarini va (yoki) majburiyatlarini oʻtkazish (sotish) boʻyicha choralar koʻradi. Aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlar alohida-alohida oʻtkazilishi (sotilishi) mumkin. Aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash bilan bogʻliq xarajatlar, agar sanatsiya qilinayotgan bankning moliyaviy holati bunga imkon bersa, mazkur bank tomonidan qoplanadi. Aks holda Markaziy bank bunday xarajatlarni oʻz hisobidan qoplaydi.

Aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) quyidagi talablarga rioya etilgan holda amalga oshiriladi:

oʻtkazish (sotish) jarayonining shaffof boʻlishi;

oʻtkazish (sotish) jarayonining manfaatlar toʻqnashuvidan xoli boʻlishi;

oʻtkazish (sotish) jarayonida potensial oluvchilar orasida ustunliklar berilishiga yoʻl qoʻyilmasligi;

sanatsiya qilish boʻyicha tezkor choralar koʻrish zaruriyatining hisobga olinishi;

aksiyalar, aktivlar va huquqlarning yuqori narxda oʻtkazilishi (sotilishi).

Markaziy bank faqat bitta potensial oluvchi murojaat qilgan taqdirda ham aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazishga (sotishga) haqli.

Markaziy bank aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni quyidagi hollarda potensial oluvchilarga toʻgʻridan-toʻgʻri, ommaviy eʼlon bermasdan oʻtkazishi (sotishi) mumkin:

ommaviy eʼlon berish sanatsiya qilish maqsadlariga erishishga toʻsqinlik qilishi mumkin boʻlganda;

kamida ikkita potensial oluvchi jalb qilinganda.

Markaziy bank sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinguniga qadar aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) boʻyicha zarur tayyorgarlik tadbirlarini amalga oshirishga vakolatlidir. Tayyorgarlik tadbirlari sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyalari, aktivlari, huquqlari va majburiyatlari marketingini, potensial oluvchilar bilan bevosita aloqa bogʻlashni, shuningdek aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini samarali qoʻllash uchun zarur boʻlgan boshqa harakatlarni oʻz ichiga oladi.

Aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasining qoʻllanilish tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

26-modda. Aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasining qoʻllanilish shartlari

Sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarini oluvchi faqat bank boʻlishi mumkin.

Sanatsiya qilinayotgan bankda hal qiluvchi egalikni oluvchi oldi-sotdi shartnomasi tuzilguniga qadar Markaziy bankning bank aksiyalarini olishga doir dastlabki ruxsatnomasini olishi kerak.

Sanatsiya qilishda Markaziy bank sanatsiya qilinayotgan bank aksiyalarini olishga doir dastlabki ruxsatnomani berishning soddalashtirilgan tartibini belgilashi mumkin.

Sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyalarini sotishni kechiktirmasdan amalga oshirish va sanatsiya qilish maqsadlariga erishishga toʻsqinlik qilmaslik maqsadida, sanatsiya qilinayotgan bank aksiyalarining oldi-sotdi shartnomasi bank aksiyalarini olishga doir dastlabki ruxsatnoma berilguniga qadar tuzilishi mumkin. Bunda aksiyalar boʻyicha ovoz berish huquqi Markaziy bankda saqlanib qoladi. Mazkur huquqni amalga oshirish Markaziy bank uchun majburiy boʻlmaydi hamda undan foydalanganlik yoki foydalanmaganlik Markaziy bank uchun huquqiy oqibatlarni keltirib chiqarmaydi.

Bank aksiyalarini olishga doir dastlabki ruxsatnoma olinganidan keyin aksiyalar boʻyicha ovoz berish huquqi oluvchiga oʻtadi.

Markaziy bank bank aksiyalarini olishga doir dastlabki ruxsatnomani berishni rad etgan taqdirda, aksiyalar boʻyicha ovoz berish huquqi Markaziy bank ixtiyorida qoladi hamda Markaziy bank oluvchidan uch oy ichida aksiyalarni boshqa shaxsga sotishni talab qiladi.

Agar aksiyalar uch oy ichida boshqa shaxsga sotilmasa, ushbu moddaning toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan oldi-sotdi shartnomasi bekor qilinadi va Markaziy bank sanatsiya qilinayotgan bankka nisbatan sanatsiya qilishning muayyan tartib-taomillarini amalga oshirish yoki ushbu bankni majburiy tugatish yoxud “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq boshqa choralarni qoʻllash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash doirasida amalga oshiriladigan oʻtkazishga (sotishga) nisbatan ushbu bobning 7-paragrafida nazarda tutilgan kafolatlar qoʻllaniladi.

Sanatsiya qilinayotgan bank ishtirokchi boʻlgan toʻlov tizimlari va ushbu bank aʼzo boʻlgan fond birjalari ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan oluvchiga, agar oluvchi mazkur toʻlov tizimlari va fond birjalari tomonidan belgilangan talablarga muvofiq boʻlsa, sanatsiya qilinayotgan bank bilan tuzilgan shartnoma boʻyicha barcha huquqlarni amalga oshirish imkoniyatini berishi kerak.

Agar oluvchi ushbu moddaning toʻqqizinchi qismida nazarda tutilgan toʻlov tizimlari va fond birjalari tomonidan belgilangan ishtirok etish yoki aʼzolik talablariga muvofiq boʻlmasa, Markaziy bank oluvchiga toʻlov tizimlariga yoki fond birjalariga olti oydan koʻp boʻlmagan muddat davomida ulanish uchun ruxsat berishi mumkin.

27-modda. Oraliq bank

Oraliq bank sanatsiya qilinayotgan bankning oʻta muhim vazifalarini saqlab qolish maqsadida mazkur bank aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarining barchasini yoki bir qismini oʻtkazish uchun tashkil etiladi. Keyinchalik oraliq bank va (yoki) uning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlari sotiladi.

Markaziy bank bir yoki bir nechta sanatsiya qilinayotgan bank aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarining barchasini yoki bir qismini oʻtkazish uchun bir yoki bir nechta oraliq bankni tashkil etishi mumkin.

Oraliq bankka sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarini oʻtkazishda quyidagi qoidalar qoʻllaniladi:

sanatsiya qilinayotgan bankning majburiyatlari oraliq bankka ushbu Qonunning 64-moddasida belgilangan kreditorlarning talablarini qanoatlantirish navbatiga rioya etilgan holda oʻtkaziladi;

sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari va huquqlari, shuningdek Kafolatlash jamgʻarmasi, sanatsiya qilish jamgʻarmasi hisobidan taqdim etilgan mablagʻlar bankning bir turdagi kreditorlari oldidagi majburiyatlarini bajarish uchun yetarli boʻlmagan taqdirda, ushbu majburiyatlar mazkur kreditorlarning talablari miqdoriga mutanosib ravishda oʻtkaziladi;

moliyaviy barqarorlikni taʼminlash yoki aktivlar qiymatining juda past darajaga tushib ketishining oldini olish maqsadida, Markaziy bank ushbu qismning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan qoidalardan chetga chiqqan holda majburiyatlarning muayyan turlarini tanlov asosida oʻtkazishga haqli. Bunda qoidalardan chetga chiqish sababi Markaziy bank tomonidan asoslab berilishi va tegishli tartibda hujjatlashtirilishi kerak.

Oraliq bankka oʻtkazilgan majburiyatlarning umumiy qiymati sanatsiya qilinayotgan bankning mazkur oraliq bankka oʻtkazilgan aktivlari va huquqlarining baholash natijasida shakllantirilgan umumiy qiymatidan yoki boshqa manbalardan oʻtkazilgan mablagʻlardan oshib ketishi mumkin emas.

Markaziy bank oraliq bankka sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarini oʻtkazganidan keyin quyidagi huquqlarga ega boʻladi:

sanatsiya qilinayotgan bankning (shu jumladan majburiy tugatish jarayonida boʻlgan sanatsiya qilinayotgan bankning) qoʻshimcha aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarini oraliq bankka oʻtkazish;

oʻtkazilgan aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarning bir qismini ushbu moddaning oltinchi qismiga muvofiq oraliq bankdan sanatsiya qilinayotgan bankka (shu jumladan majburiy tugatish jarayonida boʻlgan sanatsiya qilinayotgan bankka) qaytarish.

Oraliq bankdan sanatsiya qilinayotgan bankka aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarning bir qismini qaytarishga quyidagi shartlarning barchasiga rioya etilganda yoʻl qoʻyiladi:

aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlarni qaytarish ular oraliq bankka oʻtkazilgan kundan eʼtiboran 90 kun ichida amalga oshirilishi;

qaytarilayotgan majburiyatlarning ushbu Qonun 33-moddasining ikkinchi qismida belgilangan majburiyatlar emasligi;

qaytarishning sanatsiya qilish maqsadlariga erishish va (yoki) omonatchilar va kreditorlarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlari kafolatlanishi prinsipiga rioya etilishini taʼminlash uchun zarurligi.

Oraliq bankka sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlari oʻtkazilayotganda hamda oʻtkazilgan aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlar sanatsiya qilinayotgan bankka qaytarilayotganda quyidagilar talab etilmaydi:

sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari, omonatchilari va kreditorlarining, shuningdek boshqa manfaatdor shaxslarning (xususan, sanatsiya qilinayotgan bankka garov taʼminoti va kafolat taqdim etgan shaxslarning) roziligini olish;

sanatsiya qilinayotgan bank tomonidan omonatchilar, kreditorlar, shuningdek boshqa taraflar (xususan, sanatsiya qilinayotgan bankka garov taʼminoti va kafolat taqdim etgan shaxslar) bilan tuzilgan shartnomalarga shartnomalarning yangi tarafini koʻrsatish maqsadida oʻzgartirishlar kiritish;

sanatsiya qilinayotgan bankning omonatchilari bilan oraliq bank tomonidan yangi bank hisobvaragʻi shartnomalarini tuzish.

Sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarini oraliq bankka oʻtkazish toʻgʻrisidagi shartnoma imzolangan paytdan eʼtiboran aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlar oʻtkazilgan deb hisoblanadi va oʻtkazish bilan bogʻliq barcha huquqiy tartib-taomillar uchun asos boʻlib xizmat qiladi. Bunda oraliq bank barcha huquqlar va majburiyatlarning huquqiy vorisi boʻladi.

Sanatsiya qilinayotgan bank va oraliq bank oʻrtasida amalga oshirilgan oʻtkazishga nisbatan ushbu bobning 7-paragrafida nazarda tutilgan kafolat choralari qoʻllaniladi.

Sanatsiya qilinayotgan bank ishtirokchi boʻlgan toʻlov tizimlari va ushbu bank aʼzo boʻlgan fond birjalari oraliq bankka, basharti mazkur oraliq bank toʻlov tizimlari va fond birjalari tomonidan qoʻyiladigan talablarga muvofiq boʻlsa, sanatsiya qilinayotgan bank bilan tuzilgan shartnoma boʻyicha barcha huquqlarni amalga oshirish imkoniyatini taʼminlashi kerak.

Agar oraliq bank toʻlov tizimlari va fond birjalari tomonidan belgilangan ishtirok etish yoki aʼzolik talablariga muvofiq boʻlmasa, Markaziy bank oraliq bankka uning faoliyati davomida ushbu toʻlov tizimlarida ishtirok etishga va fond birjalariga aʼzo boʻlishga ruxsat berish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin.

Markaziy bank boshqaruvining qarori bilan:

oraliq bankning barcha aksiyalari, agar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq oraliq bankning faoliyat yuritishi kafolatlansa, uchinchi shaxslarga sotilishi mumkin. Bunda uchinchi shaxslar tomonidan oraliq bankning aksiyalarini sotib olish “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida nazarda tutilgan tartibda va shartlar asosida amalga oshiriladi. Oraliq bankning aksiyalari uchinchi shaxslar tomonidan sotib olingan paytdan eʼtiboran oraliq bank oʻz oraliq bank maqomini yoʻqotadi va oʻz faoliyatini “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablariga muvofiq amalga oshiradi;

oraliq bankning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlari boshqa bankka oʻtkazilishi (sotilishi) mumkin.

Markaziy bank oraliq bankning sotilishi yoki uning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlari oʻtkazilishi (sotilishi) uchun masʼuldir.

Sanatsiya qilinayotgan bankning kreditorlari oraliq bankdan yoki ushbu moddaning oʻn ikkinchi qismida nazarda tutilgan oraliq bank aksiyalarini sotib oluvchidan oʻtkazilgan talablari boʻyicha kompensatsiya talab qilishga haqli emas.

28-modda. Oraliq bank tashkil etilishining va faoliyat yuritishining oʻziga xos xususiyatlari

Oraliq bankni tashkil etish ushbu moddada belgilangan qoidalar inobatga olingan holda, “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan bank faoliyatiga ruxsat berish shartlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Oraliq bankning ustav kapitali Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasida quyidagi manbalar hisobidan shakllantirilishi mumkin:

hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasini qoʻllagan holda oraliq bankka oʻtkazilgan majburiyatlarni mazkur oraliq bankning aksiyalariga konvertatsiya qilish;

ushbu Qonunning 37-moddasi talablarini hisobga olgan holda Davlat budjeti mablagʻlari;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.

Markaziy bank oraliq bank ustav kapitalining eng kam miqdorini “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilanganidan kam miqdorda belgilash toʻgʻrisida qaror qabul qilishga vakolatlidir.

Oraliq bankni litsenziyalash tartib-taomili bir bosqichdan iborat boʻlib, oraliq bankni davlat roʻyxatiga olish litsenziya berish bilan bir vaqtda amalga oshiriladi.

Oraliq bankni davlat roʻyxatiga olish va litsenziyalash bankning ustaviga, bank kuzatuv kengashining va boshqaruvining aʼzolari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga, shuningdek bankning biznes-rejasi haqidagi maʼlumotlarga asosan amalga oshiriladi. Bunda Markaziy bank qonunchilikka muvofiq bankni litsenziyalash uchun zarur boʻlgan boshqa hujjatlarni talab qilishga haqli.

Markaziy bank “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablari toʻliq bajarilmagan hollarda ham oraliq bankka litsenziya berishi mumkin. Bunday hollarda, litsenziya berish toʻgʻrisidagi qarorda oraliq bankning zimmasiga “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablarini olti oydan oshmaydigan muddat ichida bajarish majburiyati yuklatiladi.

Oraliq bankni davlat roʻyxatiga olishda va litsenziyalashda “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni 16-moddasida , 17-moddasining uchinchi qismida , 20-moddasida , shuningdek oraliq bankning aksiyadorlari bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan 22-moddasida nazarda tutilgan qoidalar qoʻllanilmaydi.

Oraliq bankka litsenziya berish toʻgʻrisidagi qaror Markaziy bankning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

Litsenziya berilganidan keyin oraliq bank “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq omonatlarni kafolatlash tizimi ishtirokchisiga aylanadi.

Oraliq bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining vakolatlari Markaziy bank tomonidan amalga oshiriladi.

Oraliq bank ustav kapitalining asosiy qismi davlat mablagʻlari hisobidan shakllantirilgan yoki oraliq bank aksiyalari boʻyicha ovoz berish huquqining asosiy qismi davlatga tegishli boʻlgan hollarda, Markaziy bank oraliq bankning ustavini tasdiqlash, kuzatuv kengashi aʼzolarini tayinlash hamda oraliq bankni sotish toʻgʻrisida qarorlar qabul qilishni qonunchilikka muvofiq davlat aksiyalari paketlari boʻyicha aksiyadorlar huquqlarini amalga oshirishga vakolatli boʻlgan davlat organi bilan oldindan kelishib oladi.

29-modda. Oraliq bank faoliyatini tugatish

Oraliq bankning faoliyati unga litsenziya berilgan paytdan eʼtiboran oʻn ikki oydan oshmasligi kerak. Mazkur muddat quyidagi hollarda Markaziy bank tomonidan koʻpi bilan oʻn ikki oyga uzaytirilishi mumkin:

agar muddatning uzaytirilishi sanatsiya qilish maqsadlariga erishish uchun zarur boʻlsa;

agar uzaytirilgan muddat davomida oraliq bankning aksiyalari yoki uning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarining barchasi yoxud bir qismi sotilishi mumkinligi haqida asosli xulosa mavjud boʻlsa.

Oraliq bankning faoliyati quyidagi holatlarning birida tugatilgan deb hisoblanadi:

oraliq bankning barcha aksiyalari uchinchi shaxslarga sotilganda;

oraliq bankning barcha aktivlari, huquqlari va majburiyatlari uchinchi shaxslarga oʻtkazilganda;

oraliq bankning aktivlari toʻliq qoplanganda va majburiyatlari toʻliq bajarilganda;

ushbu moddaning birinchi qismida belgilangan muddat tugaganda;

oraliq bankning litsenziyasi “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 77-moddasida nazarda tutilgan asoslarga koʻra chaqirib olinganda.

Markaziy bank ushbu modda ikkinchi qismining uchinchi , toʻrtinchi va beshinchi xatboshilarida nazarda tutilgan hollarda, shuningdek, agar oraliq bankning aksiyalarini yoki aktivlarini, huquqlarini va majburiyatlarini oʻtkazishni (sotishni) amalga oshirish istiqbollari mavjud emas deb hisoblasa, oraliq bankning litsenziyasini chaqirib oladi hamda uni majburiy tugatish jarayoniga oʻtkazadi.

Oraliq bank faoliyatini ushbu modda ikkinchi qismining ikkinchi va uchinchi xatboshilarida belgilangan asoslarga koʻra tugatish natijasida kelib tushgan mablagʻlar oraliq bank aksiyadorlarining hisobiga oʻtkaziladi.

Oraliq bankni tashkil etish, uning faoliyatini amalga oshirish va uni tugatish tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

30-modda. Kapital vositalarini hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish

Markaziy bank quyidagilarni qoplash uchun hisobdan chiqarilishi va (yoki) konvertatsiya qilinishi lozim boʻlgan kapital vositalarining umumiy summasini belgilaydi:

ushbu Qonunning 18-moddasiga muvofiq oʻtkazilgan baholash asosida aniqlangan zararlar summasini;

sanatsiya qilinayotgan bank kapitali monandligi koeffitsiyentlari hamda ustav kapitali miqdorining banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boʻlishini taʼminlash, shuningdek bozor ishtirokchilarining sanatsiya qilinayotgan bankka boʻlgan ishonchini saqlab turish uchun zarur boʻlgan kapital miqdorini;

hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi qoʻllanilganidan keyin oraliq bankka bir yildan kam boʻlmagan muddat davomida faoliyatni amalga oshirishi uchun zarur boʻlgan kapital miqdorini.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan zararlarning oʻrnini qoplash va sanatsiya qilinayotgan bank kapitali monandligi koeffitsiyentlari hamda ustav kapitali miqdorining banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boʻlishini taʼminlash maqsadida kapital vositalari quyidagi ketma-ketlikda hisobdan chiqariladi va (yoki) aksiyalarga konvertatsiya qilinadi:

birinchi darajali asosiy kapital vositalarining balans qiymati;

birinchi darajali qoʻshimcha kapital vositalarining balans qiymati;

ikkinchi darajali kapital vositalarining balans qiymati.

Har qaysi keyingi navbatdagi hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish oldingi navbatdagi kapital vositalari toʻliq hisobdan chiqarilganidan va (yoki) konvertatsiya qilinganidan keyin amalga oshiriladi.

Sanatsiya qilinayotgan bankning kapital vositalarini hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vakolatlarini amalga oshirishda Markaziy bank ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan summani ushbu kapital vositalarining qiymatiga mutanosib ravishda taqsimlaydi.

Kapital vositalari quyidagi shartlarning barchasiga toʻliq rioya etilgan taqdirda aksiyalarga konvertatsiya qilinadi:

agar kapital vositalarining egalari konvertatsiyani amalga oshirish natijasida sanatsiya qilinayotgan bankda yoki oraliq bankda hal qiluvchi egalikni qoʻlga kiritsa, mazkur shaxslar Markaziy bankning dastlabki ruxsatnomasini olishi kerak;

konvertatsiya amalga oshirilganidan keyin chiqarilgan oddiy aksiyalar ushbu Qonunning 18-moddasiga muvofiq baholash oʻtkazilganidan keyin bir hafta ichida beriladi;

kapitalning har bir tegishli vositasi uchun beriladigan aksiyalar sonini belgilovchi konvertatsiya koeffitsiyenti ushbu Qonunning 32-moddasi qoidalariga muvofiq boʻlishi kerak.

Ushbu moddaga muvofiq hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi qoʻllanilguniga qadar kapital vositasining balans qiymati qisman hisobdan chiqarilgan taqdirda, Markaziy bank kapital vositasining qoldiq balans qiymatiga nisbatan hisobdan chiqarishni va (yoki) konvertatsiya qilishni amalga oshiradi.

31-modda. Majburiyatlarni hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish

Ushbu Qonunning 33 va 34-moddalarida nazarda tutilgan majburiyatlar (bundan buyon matnda maqbul majburiyatlar deb yuritiladi) sanatsiya qilinayotgan bankning kapital vositasi tarkibiga kiritilgan majburiyatlarni oʻz ichiga olmaydi. Majburiyatlarni hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish:

sanatsiya qilinayotgan bankning ushbu Qonunning 33-moddasida koʻrsatilgan majburiyatlari qiymatini qisman yoki toʻliq hisobdan chiqarishni;

sanatsiya qilinayotgan bankning ushbu Qonunning 33-moddasida koʻrsatilgan majburiyatlarini mazkur sanatsiya qilinayotgan bankning yoki oraliq bankning aksiyalariga qisman yoki toʻliq konvertatsiya qilishni nazarda tutadi.

Markaziy bank ushbu Qonunning 30-moddasiga muvofiq sanatsiya qilinayotgan bankning kapital vositalarini hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish boʻyicha vakolatini ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan majburiyatlar hisobdan chiqarilguniga va (yoki) konvertatsiya qilinguniga qadar amalga oshiradi.

Sanatsiya qilinayotgan bankning kapital vositalari hisobdan chiqarilganidan va (yoki) konvertatsiya qilinganidan keyin Markaziy bank hisobdan chiqarilishi va (yoki) konvertatsiya qilinishi lozim boʻlgan majburiyatlarning umumiy summasini quyidagilarning oʻrnini qoplash uchun aniqlaydi:

ushbu Qonunning 18-moddasida belgilangan baholash asosida aniqlangan zararlar summasini;

sanatsiya qilinayotgan bank kapitali monandligi koeffitsiyentlari hamda ustav kapitali miqdorining banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boʻlishini taʼminlash, shuningdek bozor ishtirokchilarining sanatsiya qilinayotgan bankka boʻlgan ishonchini saqlab turish uchun zarur boʻlgan kapital miqdorini;

hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi qoʻllanilganidan keyin oraliq bank (oraliq bank tashkil etilgan taqdirda) bir yildan kam boʻlmagan muddat davomida faoliyatni amalga oshirishi uchun zarur boʻlgan kapital miqdorini.

Ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan zararlarning oʻrnini qoplash va sanatsiya qilinayotgan bank kapitali monandligi koeffitsiyentlari hamda ustav kapitali miqdorining banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boʻlishini taʼminlash maqsadida maqbul majburiyatlar quyidagi ketma-ketlikda hisobdan chiqariladi va (yoki) oddiy aksiyalarga konvertatsiya qilinadi:

kapital vositasi boʻlmagan subordinar qarzning balans qiymati;

bankka aloqador shaxslar oldidagi majburiyatlarning balans qiymati;

boshqa maqbul majburiyatlarning balans qiymati.

Har qaysi keyingi navbatdagi hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish oldingi navbatdagi majburiyatlar toʻliq hisobdan chiqarilganidan va (yoki) konvertatsiya qilinganidan keyin amalga oshiriladi.

Bankning regulyativ kapitalini hisob-kitob qilishda inobatga olinadigan subordinar qarzlarga qoʻyiladigan talablar Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

Sanatsiya qilinayotgan bankning majburiyatlarini hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vakolatlarini amalga oshirishda Markaziy bank ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan summani ushbu majburiyatlarning qiymatiga mutanosib ravishda taqsimlaydi.

Agar sanatsiya qilinayotgan bankning yoki oraliq bankning maqbul majburiyatlarini ularning aksiyalariga konvertatsiya qilish natijasida sanatsiya qilinayotgan bankning yoki oraliq bankning kreditorlari hal qiluvchi egalikni qoʻlga kiritsa, ushbu shaxslar “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 22-moddasiga muvofiq Markaziy bankning dastlabki ruxsatnomasini olishi kerak.

Sanatsiya qilinayotgan bankning yoki oraliq bankning kapital vositalarini va (yoki) maqbul majburiyatlarini hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vakolatlarini amalga oshirish maqsadida Markaziy bank vakolatli organlar va tashkilotlardan quyidagilarni talab qilishga haqli:

barcha tegishli reyestrlardagi yozuvlarga oʻzgartirishlar kiritilishini;

qimmatli qogʻozlar bozorida savdolarning vaqtincha toʻxtatib turilishini, aksiyalar va qarz vositalarining savdolardan yoki kotirovkalash varagʻidan chiqarilishini;

qimmatli qogʻozlar bozoridagi yangi aksiyalarning kotirovkalash varagʻiga kiritilishini;

qimmatli qogʻozlar bozoridagi qarz vositalarining pasaytirilgan qiymat boʻyicha kotirovkalash varagʻiga takroran kiritilishini.

Ushbu moddaning toʻqqizinchi qismida koʻrsatilgan talablar Markaziy bank tomonidan oʻziga yuborilgan vakolatli organlar va tashkilotlar mazkur talablarni oʻz vaqtida bajarishi shart.

Sanatsiya qilinayotgan bankning majburiyatlarini aksiyalarga konvertatsiya qilishda mavjud aksiyadorlarning imtiyozli huquqlari inobatga olinmaydi.

Sanatsiya qilishda qimmatli qogʻozlarni emissiya qilish, sotish, sotib olish hamda bekor qilishda sanatsiya qilinayotgan bank toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va tegishli hujjatlar qimmatli qogʻozlar bozorini tartibga solish boʻyicha vakolatli davlat organiga vaqtincha taqdim etilmasligi va roʻyxatdan oʻtkazilmasligi, shuningdek qimmatli qogʻozlarning emissiya risolasi eʼlon qilinmasligi mumkin.

32-modda. Kapital vositalarini va (yoki) maqbul majburiyatlarni ulushli vositalarga konvertatsiya qilish koeffitsiyenti

Markaziy bank sanatsiya qilish maqsadlariga erishishni taʼminlash va sanatsiya qilish prinsiplariga rioya etish sharti bilan bir navbatda hisobdan chiqariladigan va (yoki) konvertatsiya qilinadigan kapital vositalari va (yoki) majburiyatlar uchun yagona konvertatsiya qilish koeffitsiyentini qoʻllaydi.

Markaziy bank sanatsiya qilish maqsadlariga erishish uchun turli navbatda hisobdan chiqariladigan va (yoki) konvertatsiya qilinadigan kapital vositalari hamda majburiyatlar uchun turli konvertatsiya qilish koeffitsiyentini quyidagi talablarning barchasiga rioya etgan taqdirda qoʻllashi mumkin:

har bir turdagi aksiyadorlar va kreditorlar uchun konvertatsiya qilish koeffitsiyentlari alohida belgilanishi hamda har bir aksiyador va kreditor olishi kutilayotgan summaning, bank sanatsiya qilingan sanada mazkur bank tugatilgan taqdirda, har bir aksiyador yoki kreditor olishi mumkin boʻlgan summaga teng yoki undan ortiq boʻlishi;

zararlarning oʻrni sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari tomonidan birinchi navbatda qoplanishi;

agar ushbu Qonunda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, sanatsiya qilinayotgan bank kreditorlari tomonidan zararlarning oʻrni aksiyadorlardan keyin va bankni majburiy tugatish tartib-taomili doirasida talablarni qanoatlantirish navbatiga muvofiq qoplanishi;

bir turdagi kreditorlarga nisbatan bir xil tartibda yondashuv qoʻllanilishi.

33-modda. Hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish uchun maqbul boʻlgan majburiyatlar

Hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi sanatsiya qilinayotgan bankning barcha majburiyatlariga nisbatan qoʻllanilishi mumkin, bundan bankning ushbu moddaning ikkinchi qismida belgilangan majburiyatlari mustasno.

Hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi quyidagi majburiyatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi:

kafolatlangan omonatlarga va ularning kafolatlash chegarasidan oshadigan qismiga;

taʼminlangan majburiyatlarga taʼminot bilan toʻliq qoplangan hajmda;

mijozlarning aktivlarini ishonchli boshqarish hamda investitsiya va pensiya jamgʻarmalariga depozitar xizmatlar koʻrsatish natijasida yuzaga keladigan majburiyatlarga;

boshqa mahalliy va chet el banklari oldidagi dastlabki bajarilish muddati yetti kungacha boʻlgan majburiyatlarga, bundan bank tegishli boʻlgan banklar guruhi ishtirokchilari oldidagi majburiyatlar mustasno;

bankning toʻlov, kliring va hisob-kitob tizimlarida ishtirok etishi bilan bogʻliq boʻlgan, mazkur tizimlar hamda ularning ishtirokchilari oldidagi bajarilish muddati yetti kungacha boʻlgan majburiyatlariga;

sanatsiya qilinayotgan bankning oʻz xodimlariga ish haqi, pensiya va boshqa qatʼiy belgilangan toʻlovlarni toʻlash majburiyatlariga, bundan mukofotlar mustasno;

bankning har kungi faoliyati uchun zarur boʻlgan tovarlar oldi-sotdisiga yoki bankka xizmatlar koʻrsatishga doir shartnomalardan kelib chiqadigan kreditorlar oldidagi majburiyatlariga;

soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha davlat oldidagi majburiyatlarga;

Omonatlarni kafolatlash agentligi oldidagi majburiyatlarga.

34-modda. Majburiyatlarni hisobdan chiqarishni va (yoki) konvertatsiya qilishni istisno etish

Markaziy bank quyidagi shartlardan biri mavjud boʻlganda muayyan majburiyatlarni toʻliq yoki qisman hisobdan chiqarishni va (yoki) konvertatsiya qilishni istisno etish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin, bundan ushbu Qonun 31-moddasi toʻrtinchi qismining ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan majburiyatlar mustasno:

majburiyatni qisqa muddat ichida hisobdan chiqarishning yoki aksiyalarga konvertatsiya qilishning imkonsizligi;

istisno etishning sanatsiya qilinayotgan bankning yoki oraliq bankning oʻta muhim vazifalari va faoliyat yoʻnalishlarini saqlab qolish uchun zarurligi;

istisno etishning sanatsiya qilinayotgan bankning, oraliq bankning va (yoki) moliya tizimining barqarorligiga salbiy taʼsirlarning oldini olish uchun zarurligi.

Hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasini qoʻllash, shu jumladan kapital vositalarining va majburiyatlarning hisobdan chiqarilishi va (yoki) konvertatsiya qilinishi lozim boʻlgan summasini aniqlash, ushbu moddaga muvofiq istisno etiladigan majburiyatlarni aniqlash shartlari va tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

35-modda. Sanatsiya qilinayotgan bank faoliyatini qayta tashkil etish rejasi

Agar hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasidan sanatsiya qilinayotgan bank kapitali monandligi koeffitsiyentlarining hamda ustav kapitali miqdorining banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boʻlishini taʼminlash, shuningdek bozor ishtirokchilarining sanatsiya qilinayotgan bankka boʻlgan ishonchini saqlab turish maqsadida foydalanilsa, sanatsiya qilinayotgan bank yoki maxsus boshqaruvchi hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi qoʻllanilgan kundan eʼtiboran bir oy ichida ushbu moddaning ikkinchi qismida belgilangan talablarga muvofiq sanatsiya qilinayotgan bank faoliyatini qayta tashkil etish rejasini (bundan buyon matnda qayta tashkil etish rejasi deb yuritiladi) ishlab chiqishi kerak. Zarurat boʻlganda Markaziy bank qayta tashkil etish rejasini ishlab chiqish muddatini koʻpi bilan bir oyga uzaytirishi mumkin.

Qayta tashkil etish rejasi moliya bozoridagi vaziyatdan kelib chiqqan holda ishonchli hisob-kitoblarga asoslangan boʻlishi hamda kamida quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

bankni sanatsiya qilish uchun asos boʻlgan omillar, muammolar va holatlarning tahlilini;

bankning uzoq muddat faoliyat yuritishini tiklash uchun amalga oshirilishi zarur boʻlgan chora-tadbirlarni, shuningdek ushbu chora-tadbirlarni amalga oshirish muddatlarini.

Qayta tashkil etish rejasi Markaziy bank tomonidan tasdiqlanadi. Sanatsiya qilinayotgan bank qayta tashkil etish rejasi tasdiqlanganidan keyin mazkur rejani amalga oshirishga kirishadi va amalga oshirish jarayonining borishi toʻgʻrisida Markaziy bankka har chorakda kamida bir marta yoki uning soʻroviga koʻra hisobot taqdim etib boradi.

Agar tasdiqlangan qayta tashkil etish rejasini amalga oshirish jarayonida Markaziy bank uni ushbu modda ikkinchi qismining uchinchi xatboshisida belgilangan maqsadlarga erishish uchun qayta koʻrib chiqishni talab qilsa, sanatsiya qilinayotgan bank mazkur talabni bajarishi kerak.

Qayta tashkil etish rejasini ishlab chiqish va taqdim etish, shuningdek uni baholash tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

5-§. Sanatsiya qilishni moliyalashtirish mexanizmlari

36-modda. Sanatsiya qilishda Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish

Sanatsiya qilishda Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan quyidagi maqsadlarda foydalanilishi mumkin:

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) yoki oraliq bankni tashkil etish vositasini qoʻllash doirasida oʻtkaziladigan aktivlar va majburiyatlar oʻrtasidagi farqni qoplash;

aktivlar va (yoki) majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllashda yoki oraliq bankni tashkil etishda, shuningdek oraliq bankning Markaziy bank tomonidan taqdim etiladigan likvidlilikni olishida sanatsiya qilinayotgan bankning yoki oraliq bankning aktivlari va (yoki) majburiyatlari boʻyicha kafolatlar taqdim etish;

kreditorlar va aksiyadorlarga ushbu Qonunning 42-moddasiga muvofiq kompensatsiya toʻlash.

Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan sanatsiya qilinayotgan bankni yoki oraliq bankni qayta kapitallashtirish maqsadida (shu jumladan mazkur banklarning biror bir kapital vositasini sotib olish orqali) foydalanish taqiqlanadi.

Agar aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) va (yoki) oraliq bankni tashkil etish vositalaridan foydalanish sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyalari oʻtkazilishini nazarda tutsa, sanatsiya qilishda Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan ushbu Qonunning 30 va 31-moddalariga muvofiq hisobdan chiqarish va konvertatsiya qilish vakolatlari amalga oshirilganidan keyin foydalanilishi mumkin.

Agar aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) va (yoki) oraliq bankni tashkil etish vositalarini qoʻllash sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari va majburiyatlarini oʻtkazish (sotish) ni nazarda tutsa, sanatsiya qilishda Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan faqat, agar ikkinchi darajali kapital vositalari va sanatsiya qilinayotgan bankka aloqador shaxslar oldidagi majburiyatlar oʻtkazilmasa, foydalanilishi mumkin.

Sanatsiya qilishda (shu jumladan kafolat taqdim etish uchun) Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan quyidagi chegaralardan oshmagan miqdorda foydalanilishi mumkin:

sanatsiya qilinayotgan bankdagi kafolatlangan omonatlar summasidan;

Omonatlarni kafolatlash agentligining ushbu moddaning yettinchi qismida koʻrsatilgan qarori qabul qilingan sanada Kafolatlash jamgʻarmasida mavjud boʻlgan mablagʻlar umumiy summasining 40 foizidan.

Sanatsiya qilishda Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish zarurligi toʻgʻrisidagi qaror Markaziy bank tomonidan qabul qilinib, unda quyidagilar belgilanadi:

sanatsiya qilishda Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish zaruriyati;

Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish miqdori, muddatlari va tartibi;

Markaziy bank tomonidan zarur deb topilgan boshqa masalalar.

Sanatsiya qilishda Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisidagi qaror Markaziy bank soʻrovi asosida Omonatlarni kafolatlash agentligi tomonidan qabul qilinadi.

37-modda. Sanatsiya qilishda Davlat budjeti mablagʻlaridan foydalanish

Agar sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qarorda Davlat budjeti mablagʻlaridan foydalanish va (yoki) sanatsiya qilish jamgʻarmasining majburiyatlari yuzasidan kafolat taqdim etish nazarda tutilsa, Markaziy bank mazkur masalani Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishadi. Bunda Davlat budjetidan mablagʻlar ajratish va ajratilgan mablagʻlarni Davlat budjetiga qaytarish bilan bogʻliq masalalar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti qarori bilan belgilanadi.

Sanatsiya qilishda Davlat budjeti mablagʻlaridan hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi qoʻllanilganidan, shuningdek ushbu Qonunning 36-moddasiga muvofiq Kafolatlash jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanilganidan keyin foydalaniladi. Bunda Davlat budjeti mablagʻlari sanatsiya qilish jamgʻarmasi orqali ajratiladi.

38-modda. Sanatsiya qilishda taqdim etilgan pul mablagʻlarining va qilingan xarajatlarning oʻrnini qoplash

Sanatsiya qilishda taqdim etilgan pul mablagʻlarining va qilingan xarajatlarning oʻrni quyidagi ketma-ketlikda qoplanadi:

ushbu Qonun 19-moddasining oʻninchi qismiga , 22-moddasining beshinchi qismiga va 25-moddasining birinchi qismiga muvofiq Markaziy bank tomonidan qilingan xarajatlar;

Davlat budjeti hisobidan, shuningdek ushbu Qonunda nazarda tutilgan boshqa manbalar hisobidan sanatsiya qilish jamgʻarmasiga taqdim etilgan mablagʻlar;

Kafolatlash jamgʻarmasi hisobidan taqdim etilgan mablagʻlar.

Sanatsiya qilishda qilingan boshqa xarajatlarning oʻrni ushbu Qonunning 64-moddasiga muvofiq qoplanadi.

Bankka nisbatan ushbu modda birinchi qismining ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan xarajatlarning oʻrnini qoplash haqidagi daʼvo Markaziy bank tomonidan, ushbu modda birinchi qismining uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan mablagʻlarni undirish toʻgʻrisidagi daʼvo esa Omonatlarni kafolatlash agentligi tomonidan taqdim etiladi.

39-modda. Sanatsiya qilish jamgʻarmasi

Sanatsiya qilishni moliyalashtirish maqsadida Markaziy bankning hamda Omonatlarni kafolatlash agentligining qoʻshma qarori asosida sanatsiya qilish jamgʻarmasi tashkil etiladi.

Sanatsiya qilish jamgʻarmasining mablagʻlaridan hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasi qoʻllanilganidan, shuningdek Kafolatlash jamgʻarmasi hisobidan mablagʻlar ajratilganidan keyin foydalaniladi.

Sanatsiya qilish jamgʻarmasi tomonidan amalga oshiriladigan moliyalashtirish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

sanatsiya qilinayotgan bankka yoki oraliq bankka qarz berishni yoxud oraliq bank ustav kapitaliga mablagʻ kiritishni;

sanatsiya qilinayotgan bankning yoki oraliq bankning majburiyatlari boʻyicha kafolat taqdim etishni;

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash doirasida oluvchiga kafolat taqdim etishni;

ushbu Qonuning 42-moddasiga muvofiq kompensatsiya toʻlashni;

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) yoki oraliq bankni tashkil etish vositasini qoʻllash doirasida oluvchiga oʻtkazilayotgan aktivlar va majburiyatlar oʻrtasidagi farqni qoplashni.

Sanatsiya qilish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish manbalari quyidagilardan iborat:

Davlat budjetidan taqdim etiladigan mablagʻlar;

mahalliy, xalqaro yoki xorijiy donorlarning grantlari va xayriya badallari;

jalb qilingan qarzlar;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.

Ushbu Qonun 37-moddasining birinchi qismida nazarda tutilgan tartibga muvofiq vakolatli organ sanatsiya qilish jamgʻarmasi majburiyatlari boʻyicha kafolat taqdim etishi mumkin.

Markaziy bankka sanatsiya qilish jamgʻarmasini moliyalashtirish taqiqlanadi.

Sanatsiya qilish jamgʻarmasi mablagʻlaridan ushbu Qonun talablariga muvofiq foydalanilganidan keyin Omonatlarni kafolatlash agentligi Markaziy bank bilan kelishilgan holda, litsenziyaga ega boʻlgan barcha banklar uchun ushbu moddaga muvofiq sanatsiya qilish jamgʻarmasini moliyalashtirish maqsadida vaqtinchalik xususiyatga ega boʻlgan majburiy badallar belgilash vakolatiga ega.

Majburiy badallarning umumiy miqdori sanatsiya qilish jamgʻarmasi tomonidan jalb qilingan mablagʻlar (qarzlar) boʻyicha majburiyatlar doirasida belgilanishi va banklar oʻrtasida ularning depozit bazasiga mutanosib ravishda taqsimlanishi kerak.

Muayyan kalendar yil uchun banklar tomonidan toʻlanadigan majburiy badallar miqdori bankning “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida nazarda tutilgan depozit bazasining 0,5 foizidan oshmasligi kerak.

Sanatsiya qilish jamgʻarmasi Omonatlarni kafolatlash agentligi tomonidan uning asosiy faoliyatidan alohida tarzda boshqariladi. Sanatsiya qilishni tashkil etish maqsadida Markaziy bankda sanatsiya qilish jamgʻarmasi uchun alohida hisobvaraq ochiladi.

Markaziy bank sanatsiya qilish jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisida mustaqil ravishda qaror qabul qiladi.

Omonatlarni kafolatlash agentligi sanatsiya qilish jamgʻarmasining majburiyatlari boʻyicha javobgar boʻlmaydi. Sanatsiya qilish jamgʻarmasining mablagʻlariga band solinishi, undiruvning ushbu mablagʻlarga qaratilishi yoki ularning sanatsiya qilish bilan bogʻliq boʻlmagan majburiyatlar boʻyicha ushlab qolinishi mumkin emas.

Omonatlarni kafolatlash agentligi sanatsiya qilish jamgʻarmasining moliyaviy hisobotlarini Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga muvofiq oʻz buxgalteriya hisobidan alohida tarzda tayyorlaydi, shuningdek moliyaviy hisobotlarning mustaqil auditdan oʻtkazilishini taʼminlaydi.

Sanatsiya qilish jamgʻarmasini boshqarish tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

6-§. Sanatsiya qilish boʻyicha vakolatlar va ularni amalga oshirish

40-modda. Markaziy bankning sanatsiya qilish boʻyicha vakolatlari

Markaziy bank bankni sanatsiya qilish boʻyicha quyidagi vakolatlarni amalga oshiradi:

sanatsiya qilinayotgan bankni oʻz boshqaruviga olish;

sanatsiya qilish ustidan nazorat oʻrnatish;

sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va majburiyatlarini dastlabki baholashdan oʻtkazish, shuningdek mustaqil baholovchini tayinlash;

sanatsiya qilinayotgan bankning kuzatuv kengashi, boshqaruvi aʼzolarini, muhim ahamiyatga ega xodimlarini, shuningdek maxsus boshqaruvchisini tayinlash va maxsus boshqaruvchiga beriladigan vakolatlarni belgilash;

sanatsiya qilinayotgan bank kuzatuv kengashi aʼzolarining vakolatlarini tugatish, uning boshqaruvi aʼzolari, muhim ahamiyatga ega xodimlari va (yoki) maxsus boshqaruvchisi bilan tuzilgan mehnat shartnomasini bekor qilish;

sanatsiya qilinayotgan bankka rahbarlik qilish, uni boshqarish, tarkibiy jihatdan oʻzgartirish, xususan, sanatsiya qilinayotgan bankning barcha yoki ayrim operatsiyalarini, tranzaksiyalarini, joriy va (yoki) rejalashtirilgan faoliyatini zarurat boʻlganda cheklash yoki toʻxtatib turish;

sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlarini va mol-mulkini boshqarish, sanatsiya qilinayotgan bank uchun aktivlar sotib olish yoki uning aktivlarini sotish;

sanatsiya qilish vositalarini qoʻllash;

moliyaviy barqarorlikka taʼsirini inobatga olgan holda, sanatsiya qilinayotgan bank tarafi boʻlgan muayyan shartnoma boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirishni yoki majburiyatlarni bajarishni toʻxtatib turish;

sanatsiya qilinayotgan bankning qarz vositalari va boshqa majburiyatlarini bekor qilish, ularni toʻlash muddatlarini oʻzgartirish va (yoki) mazkur qarz vositalari va majburiyatlar boʻyicha foizlar toʻlash shartlarini oʻzgartirish;

sanatsiya qilinayotgan bank taraf boʻlgan shartnomani ushbu Qonun talablariga muvofiq bekor qilish yoki uning shartlarini oʻzgartirish;

qimmatli qogʻozlar bozorini tartibga solish boʻyicha vakolatli davlat organidan qimmatli qogʻozlar bozorida savdo qilish imkoniyatining yoki kotirovkalash varagʻiga qimmatli qogʻozlar rasmiy ravishda kiritilishining bekor qilinishini yoki toʻxtatib turilishini talab qilish;

sanatsiya qilinayotgan bank va (yoki) banklar guruhi aʼzolarining zimmasiga xizmatlar koʻrsatish majburiyatini yuklatish yoxud oluvchiga yoki oraliq bankka uning zimmasiga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan vositalardan foydalanishga ruxsat berish;

sanatsiya qilish maqsadlariga erishish uchun zarur boʻlgan hollarda, sudga sanatsiya qilinayotgan bank taraf boʻlgan yoki ushbu bank tegishli vaqt davrida tarafga aylanadigan sud amaliyotini yoki muhokamasini toʻxtatib turish toʻgʻrisida iltimosnoma yuborish;

ushbu Qonun talablariga muvofiq bir turdagi kreditorlarga bir xil tarzda yondashish qoidalaridan chetga chiqish;

sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinguniga qadar sanatsiya qilinayotgan bank tomonidan bir yil ichida amalga oshirilgan faoliyat yoki tranzaksiyalar yuzasidan sudda nizolashish, shu jumladan, agar sanatsiya qilinayotgan bankka aloqador shaxslar amalga oshirilgan faoliyat yoki tranzaksiya natijasida afzallik yoki imtiyoz olgan boʻlsa, mazkur amalga oshirilgan faoliyatni yoki tranzaksiyani haqiqiy emas deb topishni talab qilish;

oʻzining harakati (harakatsizligi) bankning sanatsiya qilinishiga olib kelgan bank rahbarlaridan yoki boshqa xodimlaridan Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchiligiga muvofiq zararlarning, mukofot pullarining yoki boshqa toʻlovlarning oʻrnini qoplashni talab qilish;

sanatsiya qilinayotgan bank mablagʻlari hisobidan ishonchli vakillarni, buxgalterlarni, auditorlarni, baholovchilarni, maslahatchilarni yoki boshqa mutaxassislarni sanatsiya qilish maqsadlariga erishish uchun jalb etish va ular bilan shartnomalar tuzish;

banklarni sanatsiya qilish va tugatish bilan bogʻliq normativ-huquqiy hujjatlarni qabul qilish;

sanatsiya qilinayotgan bankda “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 50-moddasiga muvofiq tekshiruvlar oʻtkazish hamda undan maʼlumotlarni soʻrab olish;

sanatsiya qilish rejasini ishlab chiqish, yangilash va amalga oshirish uchun zarur boʻlgan barcha axborotni hamda maʼlumotlarni bankdan soʻrab olish, shuningdek banklarning axborot tizimlaridan va maʼlumotlar bazasidan foydalanish;

aksiyalarni chiqarish uchun banklardan ular qoʻshimcha ravishda joylashtirishga haqli boʻlgan aksiyalarni oʻz ustavida belgilashni talab qilish. Emitent ustavida emitent joylashtirgan aksiyalarga (eʼlon qilingan aksiyalarga) qoʻshimcha ravishda joylashtirish huquqiga ega boʻlgan aksiyalarning soni, nominal qiymati va turlari koʻrsatilishi mumkin;

hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositalaridan samarali foydalanilishini taʼminlash maqsadida banklarning kapital monandligi normativlariga nisbatan qoʻshimcha talablar belgilash;

sanatsiya qilish maqsadlariga erishish, shuningdek sanatsiya qilish vositalaridan foydalanish uchun zarur boʻlgan boshqa choralarni amalga oshirish.

Markaziy bank ushbu modda birinchi qismining toʻrtinchi , yigirma ikkinchi , yigirma uchinchi va yigirma toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan vakolatlardan sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinguniga qadar ham foydalanishi mumkin.

41-modda. Majburiyatlarning bajarilishini toʻxtatib turish

Sanatsiya qilinayotgan bank tomonidan tuzilgan shartnomalar boʻyicha uning toʻlovlarga va oʻtkazmalarga doir (shu jumladan tuzilgan shartnomalarga muvofiq kreditlar ajratishga doir) muayyan majburiyatlarini Markaziy bank sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran olti haftadan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turishga (bundan buyon matnda toʻxtatib turish deb yuritiladi) vakolatlidir.

Agar sanatsiya qilinayotgan bankning toʻlovlar va oʻtkazmalar boʻyicha majburiyatlari ushbu moddaning birinchi qismiga muvofiq toʻxtatib turilsa, sanatsiya qilinayotgan bank kontragentlarining toʻlovlar va oʻtkazmalar boʻyicha majburiyatlari xuddi shunday muddatga toʻxtatib turiladi. Bunda toʻxtatib turilgan muddat davomida toʻlanmagan qoldiq mablagʻlar uchun penya hisoblanmaydi.

Toʻxtatib turish Markaziy bank, toʻlov tizimlari va qimmatli qogʻozlar boʻyicha hisob-kitob tizimlari oldidagi toʻlovlar va oʻtkazmalar boʻyicha majburiyatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

Agar toʻxtatib turish kafolatlangan omonatlar boʻyicha toʻlovlarga nisbatan ham tatbiq etilsa, toʻlovlarni toʻxtatib turish muddati bu haqda Markaziy bankning rasmiy veb-saytida va uning ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida eʼlon qilingan kundan eʼtiboran keyingi kun soat 24:00 ga qadar amal qiladi.

Ushbu moddaning toʻrtinchi qismida koʻrsatilgan muddat Kengashning asoslantirilgan tavsiyasiga asosan berilgan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining dastlabki ijobiy xulosasiga binoan sanatsiya qilish toʻgʻrisida Markaziy bank tomonidan qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran olti haftagacha uzaytirilishi mumkin.

Kafolatlangan omonatlar boʻyicha toʻlovlarni toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarorda mazkur omonatlarning tegishli kunlik qismi omonatchilar tomonidan olinishi mumkinligi nazarda tutilishi mumkin.

7-§. Kafolatlar va sanatsiya qilishni yakunlash

42-modda. Sanatsiya qilishda kreditorlarning holati yomonlashishiga yoʻl qoʻymaslik

Agar sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlarining sanatsiya qilish natijasida koʻrgan zararlari sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kunda mazkur bank majburiy tugatilgan taqdirda ular koʻrishi mumkin boʻlgan zararlardan oshadigan boʻlsa, sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyadorlari va kreditorlari ushbu Qonunning 43-moddasiga muvofiq oʻtkazilgan baholash natijalari boʻyicha kompensatsiya olish huquqiga ega boʻladi. Bunda kompensatsiya sanatsiya qilish natijasida koʻrilgan haqiqiy zararlar summasi va bank majburiy tugatilgan taqdirda ular koʻrishi mumkin boʻlgan zararlar summasi oʻrtasidagi farqqa teng boʻladi.

Kompensatsiya xarajatlarining oʻrni koʻrsatilgan ketma-ketlikda quyidagilar hisobidan qoplanadi:

ushbu Qonunning 36-moddasiga muvofiq Kafolatlash jamgʻarmasi;

Davlat budjetidan va ushbu Qonunda belgilangan boshqa manbalardan mablagʻlar jalb etish orqali sanatsiya qilish jamgʻarmasi.

Kompensatsiyani toʻlash maqsadida Markaziy bank ushbu Qonunning 43-moddasiga muvofiq oʻtkazilgan baholash toʻgʻrisidagi hisobotni olganidan keyin Omonatlarni kafolatlash agentligiga va (yoki) Iqtisodiyot va moliya vazirligiga quyidagi maʼlumotlarni taqdim etadi:

kompensatsiya toʻlash zaruriyatini yuzaga keltirgan shart-sharoitlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;

kompensatsiya toʻlanishi zarur boʻlgan aksiyadorlar va kreditorlarning roʻyxatini, ushbu kompensatsiyaning tegishli miqdorlari koʻrsatilgan holda;

ushbu Qonunning 43-moddasiga nazarda tutilgan baholash toʻgʻrisidagi hisobotni.

Markaziy bank oʻz rasmiy veb-saytida va ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida kompensatsiya toʻlanishi kerak boʻlgan aksiyador va kreditorlarni xabardor qilishga qaratilgan xabarnomani eʼlon qiladi.

43-modda. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash

Sanatsiya qilish tartib-taomillari amalga oshirilganidan keyin sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlarining sanatsiya qilish natijasida koʻrgan zararlari sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bank majburiy tugatilgan taqdirda ular koʻrishi mumkin boʻlgan zararlardan oshganligini yoki oshmaganligini aniqlash uchun Markaziy bank qisqa muddat ichida baholash oʻtkazilishini taʼminlaydi.

Baholashni oʻtkazish uchun Markaziy bank tomonidan ushbu Qonunning 18-moddasiga muvofiq baholashni oʻtkazgan baholovchi yoki Markaziy bank tomonidan belgilangan talablarga javob beradigan boshqa baholovchi tayinlanishi mumkin.

Baholashni oʻtkazgan baholovchi Markaziy bankka quyidagilarni oʻz ichiga olgan baholash toʻgʻrisidagi xulosani taqdim etadi:

agar bankni sanatsiya qilish boshlangan kunda mazkur bankni majburiy tugatish jarayoni tashabbus qilingan boʻlsa, sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlari koʻrishi mumkin boʻlgan zararlarning miqdorini;

sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyadorlari va kreditorlari koʻrgan haqiqiy zararlarning miqdorini;

ushbu qismning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan zararlar oʻrtasidagi farqni.

Baholash quyidagi shartlarga asoslanadi:

bankni majburiy tugatish jarayoni mazkur bankni sanatsiya qilishni boshlash toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran boshlangan deb hisoblanishi;

hech qanday sanatsiya qilish vositalari yoki vakolatlari qoʻllanilmaganligi;

davlat tomonidan bankka moliyaviy yordam koʻrsatilmaganligi.

Ushbu Qonunning 42-moddasiga muvofiq kompensatsiyalar toʻlash tartibi, shuningdek zararlarni baholashni oʻtkazish qoidalari, baholovchiga qoʻyiladigan talablar hamda baholovchilarni tanlab olish shartlari va tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

44-modda. Taʼminlangan majburiyatlarni himoya qilish

Bajarilishi Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 259-moddasida nazarda tutilgan usullarda taʼminlanadigan majburiyatlar taʼminlangan majburiyatlardir.

Taʼminlangan majburiyatlarga nisbatan Markaziy bank quyidagi harakatlarni amalga oshirishi mumkin emas:

majburiyatning taʼminoti boʻlgan aktivlarni ushbu majburiyatlardan ajratgan holda uchinchi shaxsga oʻtkazishni, bundan mazkur aktivlar va majburiyatlarni birgalikda oʻtkazish hollari mustasno;

agar taʼminot ham oʻtkazilmasa, taʼminlangan majburiyatni oʻtkazishni;

agar taʼminlangan majburiyat ham oʻtkazilmasa, taʼminotni oʻtkazishni;

agar garov toʻgʻrisidagi shartnomaga kiritiladigan oʻzgartirishlar yoki uning bekor qilinishi majburiyatlar taʼminlanganligining qisman yoki toʻliq bekor boʻlishiga olib kelsa, garov toʻgʻrisidagi shartnomaga oʻzgartirishlar kiritishni yoki uni bekor qilishni.

Ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan qoidalardan qatʼi nazar, Markaziy bank quyidagi huquqlarga ega:

ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan shartnomalar va kelishuvlarning bir qismi boʻlgan kafolatlangan omonatlarni ushbu shartnomalar va kelishuvlarning bir qismi boʻlgan boshqa aktivlar, huquqlar va majburiyatlardan ajratgan holda oʻtkazish;

ushbu qismning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan aktivlar, huquqlar va majburiyatlarni kafolatlangan omonatlardan mustaqil ravishda oʻtkazish, oʻzgartirish yoki bekor qilish.

45-modda. Sanatsiya qilishda toʻlov va hisob-kitob tizimlarini himoya qilish

Bankni sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirish toʻlov tizimlarida va qimmatli qogʻozlar boʻyicha hisob-kitob tizimlarida hisob-kitoblarning yakuniga yetkazilishiga toʻsqinlik qilmasligi kerak.

46-modda. Sanatsiya qilishni yakunlash

Markaziy bank boshqaruvi bankni sanatsiya qilishni yakunlash toʻgʻrisida quyidagi hollardan birida qaror qabul qiladi:

sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun asos boʻlib xizmat qilgan hol yakunlanganda;

bankni sanatsiya qilishga doir barcha zarur tartib-taomillar amalga oshirilganda va yakunlanganda.

3-bob. Bankni tugatish

1-§. Bankni tugatishga oid qoidalar

47-modda. Bankni tugatishga oid umumiy qoidalar

Bank faoliyatini tugatish va bankni tugatish ixtiyoriy tugatish yoki majburiy tugatish shaklida amalga oshirilishi mumkin.

Bankni ixtiyoriy tugatish Markaziy bankning ixtiyoriy tugatishga doir roziligiga asosan amalga oshiriladi.

Bankni majburiy tugatish Markaziy bank boshqaruvining litsenziyani chaqirib olish va bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qarori (bundan buyon matnda bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror deb yuritiladi) asosida amalga oshiriladi.

Agar ixtiyoriy tugatish jarayonida bankning toʻlovga qobiliyatsiz ekanligi aniqlansa, tugatuvchi (tugatish komissiyasi yoki jismoniy shaxs) zudlik bilan Markaziy bankni bu haqda xabardor qilishi hamda bankning moliyaviy holatini tasdiqlovchi tegishli hisobotni va hujjatlarni taqdim etishi kerak.

Markaziy bank ushbu moddaning toʻrtinchi qismida koʻrsatilgan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda ushbu Qonun 20-moddasining ikkinchi va uchinchi qismlarida koʻrsatilgan asoslardan birortasi mavjud boʻlgan taqdirda, bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Banklarning davlat reyestriga bank tugatilganligi toʻgʻrisidagi yozuv kiritilgan kundan eʼtiboran bankni tugatish tamomlangan, bank esa tugatilgan deb hisoblanadi.

Bankning faoliyatini tugatish va bankni ixtiyoriy yoki majburiy shaklda tugatish tartibi Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

48-modda. Bankni tugatish jarayonida ishtirok etuvchi shaxslar

Bank ixtiyoriy tugatilayotganda tugatuvchi aksiyadorlarning umumiy yigʻilishi tomonidan tayinlanadi. Agar tugatuvchi tayinlanmagan boʻlsa, u Markaziy bank boshqaruvining qarori bilan tayinlanadi.

Bank majburiy tugatilayotganda tugatuvchi Markaziy bank tomonidan tayinlanadi. Markaziy bank tugatish komissiyasi tarkibiga Markaziy bank xodimlarini kiritishga haqli. Tugatuvchi majburiy tugatilayotgan bankning yagona vakilidir.

Tugatuvchi (agar tugatish komissiyasi tayinlansa, uning rahbari va aʼzolari) “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni 36-moddasining talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

Markaziy bank bank ixtiyoriy tugatilayotganda Markaziy bankka taqdim etilgan hujjatlar va (yoki) maʼlumotlar auditorlik tashkiloti tomonidan tasdiqlanishini bankdan talab qilishga haqli. Bunda auditorlik tashkiloti “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 75-moddasida belgilangan talablarga muvofiq boʻlishi kerak.

2-§. Bankni ixtiyoriy tugatish

49-modda. Markaziy bankning bankni ixtiyoriy tugatishga doir roziligini olish

Agar bank toʻlovga qobiliyatsiz boʻlmasa yoki uning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimoli yuqori boʻlmasa, u ixtiyoriy tugatilishi mumkin.

Markaziy bankning bankni ixtiyoriy tugatishga doir roziligini olish quyidagi ikki bosqichda amalga oshiriladi:

bankni ixtiyoriy tugatishga doir dastlabki ruxsatnomani (bundan buyon matnda dastlabki ruxsatnoma deb yuritiladi) olish;

bankni ixtiyoriy tugatishga doir yakuniy ruxsatnomani (bundan buyon matnda yakuniy ruxsatnoma deb yuritiladi) olish.

Bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qarorini dastlabki ruxsatnomani olmasdan turib hamda bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qarorini yakuniy ruxsatnomani olmasdan turib uchinchi shaxslarga oshkor etish taqiqlanadi.

50-modda. Dastlabki ruxsatnomani berish

Dastlabki ruxsatnomani olish uchun bank aksiyadorlarining umumiy yigʻilishida ishtirok etayotgan ovoz beruvchi aksiyalar egalari boʻlgan aksiyadorlar ovozlarining toʻrtdan uch qismidan iborat koʻpchilik ovozi bilan dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida bank tomonidan dastlabki ruxsatnomani olish uchun Markaziy bankka quyidagilar ilova qilingan holda ariza taqdim etiladi:

dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qaror;

bank aksiyadorlarining umumiy yigʻilishi tomonidan tasdiqlangan ixtiyoriy tugatish rejasi;

bankning dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan sanadagi balans hisoboti.

Bankni ixtiyoriy tugatish rejasi quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

auditorlik tashkiloti tomonidan tasdiqlangan, bank aktivlari va majburiyatlarining tugatilish qiymati haqidagi maʼlumotlarni;

bankning kreditorlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;

joriy va ehtimoliy sud jarayonlari haqidagi, shuningdek sud xarajatlari va sud qarorlarini ijro etish bilan bogʻliq xarajatlar haqidagi maʼlumotlarni;

operatsion xarajatlar, aktivlarni sotishdan koʻriladigan ehtimoliy zararlar, bank taraflaridan biri boʻlgan shartnomalarni muddatidan ilgari bekor qilish chogʻida yuzaga keladigan zararlar, shuningdek prognoz qilinayotgan har qanday boshqa xarajatlar haqidagi maʼlumotlarni;

bankni ixtiyoriy tugatishni amalga oshirish muddatini;

bankni ixtiyoriy tugatish jarayoni bosqichlarining, shu jumladan har bir bosqich davomiyligining, har bir bosqichda amalga oshiriladigan harakatlarning tavsifini;

bankni ixtiyoriy tugatish jarayonining har bir bosqichi uchun istiqbolli balansni, shuningdek uni tuzishda foydalanilgan farazlar va ehtimolliklar tavsifini.

Agar ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan, bank tomonidan taqdim etilgan hujjatlar va maʼlumotlar dastlabki ruxsatnomani berish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun yetarli boʻlmasa, Markaziy bank bankdan qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab olishga haqli.

Markaziy bank dastlabki ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi yoki dastlabki ruxsatnoma berishni asoslantirilgan holda rad etish haqidagi qarorni dastlabki ruxsatnomani olish uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran ikki oy ichida qabul qiladi.

Dastlabki ruxsatnoma berilganidan keyin bank “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 25-moddasida nazarda tutilgan kafolatlash obyektlarining (bundan buyon matnda kafolatlash obyektlari deb yuritiladi) toʻliq qaytarilishi va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilishi boʻyicha choralar koʻradi.

51-modda. Dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish

Dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:

ushbu Qonun 50-moddasining ikkinchi va uchinchi qismlarida koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlarning toʻliq taqdim etilmaganligi yoki qonunchilik talablariga muvofiq emasligi;

bank kreditorlarning talablarini asosli kechiktirishsiz qanoatlantirishga qodir emasligi;

ixtiyoriy tugatish rejasining ushbu Qonun 50-moddasining uchinchi qismida koʻrsatilgan talablarga muvofiq emasligi;

bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yoki toʻlovga qobiliyatsizligining yuzaga kelishi ehtimoli yuqoriligi.

Dastlabki ruxsatnomani berish ushbu modda birinchi qismining ikkinchi, uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarga koʻra rad etilgan taqdirda, dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnoma rad etish asoslari hamda bank rad etish asoslarini bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi. Mazkur muddat rad etish asoslarini bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib boʻlishi, ammo oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.

Dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish asoslari bank tomonidan bartaraf etilgan taqdirda, arizani qayta koʻrib chiqish dastlabki ruxsatnomani olish uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻttiz ish kunidan oshmagan muddatda amalga oshiriladi. Dastlabki ruxsatnomani olish toʻgʻrisidagi arizani qayta koʻrib chiqish chogʻida dastlabki ruxsatnomani berishni rad etish haqidagi xabarnomada ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Dastlabki ruxsatnomani berish bankning toʻlovga qobiliyatsizligiga yoki toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimolining yuqoriligiga doir asoslarga koʻra Markaziy bank tomonidan rad etilgan taqdirda, Markaziy bank bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

52-modda. Yakuniy ruxsatnomani berish

Yakuniy ruxsatnomani olish uchun bank aksiyadorlarining umumiy yigʻilishida ishtirok etayotgan ovoz beruvchi aksiyalar egalari boʻlgan aksiyadorlar ovozlarining toʻrtdan uch qismidan iborat koʻpchilik ovozi bilan bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida bank tomonidan yakuniy ruxsatnomani olish uchun Markaziy bankka quyidagilar ilova qilingan holda ariza taqdim etiladi:

bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qaror;

kafolatlash obyektlari toʻliq qaytarilganligini va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjatlar;

kafolatlash obyektlari toʻliq qaytarilganidan va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilganidan keyin bankning zimmasida qolgan majburiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

bankning ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan sanadagi balans hisoboti;

tugatuvchi toʻgʻrisidagi axborot, shu jumladan tugatuvchining belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlar.

Agar ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan, bank tomonidan taqdim etilgan hujjatlar va maʼlumotlar yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun yetarli boʻlmasa, Markaziy bank bankdan qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab olishga haqli.

Markaziy bank yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi yoki yakuniy ruxsatnomani berishni asoslantirilgan holda rad etish haqidagi qarorni yakuniy ruxsatnomani olish uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran yigirma ish kuni ichida qabul qiladi.

Aksiyadorlar umumiy yigʻilishining bankni ixtiyoriy tugatish toʻgʻrisidagi qarori yakuniy ruxsatnoma berilganidan keyin kuchga kiradi.

53-modda. Yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish

Yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:

ushbu Qonun 52-moddasining ikkinchi va uchinchi qismlarida koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlarning toʻliq taqdim etilmaganligi yoki qonunchilik talablariga muvofiq emasligi;

kafolatlash obyektlarining toʻliq hajmda qaytarilmaganligi va (yoki) boshqa bankka oʻtkazilmaganligi;

tugatuvchining belgilangan talablarga muvofiq emasligi;

bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yoki toʻlovga qobiliyatsizligining yuzaga kelishi ehtimoli yuqoriligi.

Yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kunidan kechiktirmay bankka rad etish uchun asoslar koʻrsatilgan holda xabarnoma yuboriladi.

Yakuniy ruxsatnomani berish ushbu modda birinchi qismining ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarga koʻra rad etilgan taqdirda, yakuniy ruxsatnoma berishni rad etish toʻgʻrisidagi xabarnoma rad etish asoslari hamda bank rad etish asoslarini bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi. Mazkur muddat rad etish asoslarini bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib boʻlishi, ammo oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.

Yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish asoslari bank tomonidan bartaraf etilgan taqdirda, arizani qayta koʻrib chiqish yakuniy ruxsatnomani olish uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan oshmagan muddatda amalga oshiriladi. Yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi arizani qayta koʻrib chiqish chogʻida yakuniy ruxsatnomani berishni rad etish haqidagi xabarnomada ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Yakuniy ruxsatnomani berish bankning toʻlovga qobiliyatsizligiga yoki bankning toʻlovga qobiliyatsizligi yuzaga kelishi ehtimolining yuqoriligiga doir asoslarga koʻra Markaziy bank tomonidan rad etilgan taqdirda, Markaziy bank bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Markaziy bank tomonidan yakuniy ruxsatnomani berish toʻgʻrisidagi qaror bilan bir vaqtda bankning litsenziyasini chaqirib olish haqida qaror qabul qilinadi.

Yakuniy ruxsatnomani berish va bankning litsenziyasini chaqirib olish toʻgʻrisidagi qaror oʻsha kunning oʻzida Markaziy bankning rasmiy veb-saytida va uning ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida eʼlon qilinadi.

54-modda. Bankni ixtiyoriy tugatishda tugatuvchining vakolatlari va vazifalari

Ixtiyoriy tugatilayotgan bank kuzatuv kengashining va boshqaruvining vakolatlari yakuniy ruxsatnoma berilgan paytdan eʼtiboran tugatuvchiga oʻtadi.

Tugatuvchining bankni ixtiyoriy tugatish chogʻidagi vazifalari quyidagilardan iborat:

ommaviy axborot vositalarida va bankning rasmiy veb-saytida bankni ixtiyoriy tugatish jarayoni boshlanganligi, shuningdek kreditorlar tomonidan talablarni taqdim etish muddatlari toʻgʻrisida eʼlon qilish;

bankning oraliq tugatish balansini tuzish;

kreditorlar bilan hisob-kitobni amalga oshirish;

bank aktivlarini sotish boʻyicha choralar koʻrish;

bankning yakuniy tugatish balansini tuzish;

Markaziy bankka hisobot va maʼlumotlarni taqdim etish.

Tugatuvchi tomonidan Markaziy bankka taqdim etiladigan hisobot va maʼlumotlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

tugatish jarayoni toʻgʻrisidagi, shu jumladan kreditorlarning qanoatlantirilgan talablari, sotilgan va sotilayotgan aktivlar haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan batafsil hisobotni;

bankni tugatish rejasini amalga oshirishga yoki bankni tugatishga toʻsqinlik qilishi mumkin boʻlgan har qanday holatlar toʻgʻrisidagi axborotni;

Markaziy bankning soʻroviga koʻra uning tugatish jarayoni ustidan nazoratni amalga oshirishi uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlarni.

Tugatuvchining zimmasiga qonunchilikka muvofiq boshqa vazifalar ham yuklatilishi mumkin.

55-modda. Ixtiyoriy tugatishda Markaziy bank bilan kelishilishi lozim boʻlgan qarorlar

Ixtiyoriy tugatilayotgan bankning tugatuvchini almashtirishni, tugatish rejasiga oʻzgartirishlar kiritishni nazarda tutuvchi qarorlari Markaziy bank bilan kelishilishi kerak.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan qarorlarga tegishincha tugatuvchi va uning belgilangan talablarga muvofiqligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, tugatish rejasiga kiritilayotgan oʻzgartirishlar matni va mazkur oʻzgartirishlarni kiritish asoslari ilova qilinadi.

Markaziy bank ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan qarorlarni ular taqdim etilgan kundan eʼtiboran bir oy ichida kelishadi yoki kelishishni rad etadi.

3-§. Bankni majburiy tugatish

56-modda. Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror

Agar bank tizimli ahamiyatga molik deb eʼtirof etilmagan boʻlsa, u “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 77-moddasida nazarda tutilgan hollarda majburiy tugatilishi mumkin.

Bankni majburiy tugatish suddan tashqari tartibda va (yoki) ushbu Qonunning 62-moddasiga muvofiq sud tartibida amalga oshirilishi mumkin.

Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qarorda mazkur qarorning kuchga kirish sanasi hamda aniq vaqti koʻrsatilgan boʻlishi kerak. Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror mazkur qaror kuchga kirgan kunda majburiy tugatiladigan bank rahbariyatiga imzo qoʻydirib topshiriladi.

Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan kunda Markaziy bank bu haqda Omonatlarni kafolatlash agentligini, Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysini, tugatilayotgan bank ishtirokchisi boʻlgan toʻlov tizimlarini, tugatilayotgan bank vakillik hisobvaraqlariga ega boʻlgan chet el banklarini xabardor qiladi.

Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgandan eʼtiboran bank ishtirokchi boʻlgan toʻlov tizimlari pul mablagʻlarining toʻlov tizimlariga oʻtkazilishiga, Qimmatli qogʻozlar markaziy depozitariysi esa qimmatli qogʻozlarga doir bitimlar roʻyxatdan oʻtkazilishiga yoʻl qoʻymaslik uchun barcha choralarni koʻrishi kerak.

Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror tugatilayotgan bankning aksiyadorlarini va manfaatdor taraflarni xabardor qilish maqsadida qaror kuchga kirgan kunning oʻzida Markaziy bankning rasmiy veb-saytida, qaror kuchga kirgan kundan eʼtiboran uch kun ichida ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.

57-modda. Bankni majburiy tugatish chogʻidagi ustuvor vazifalar

Kafolatlangan omonatlar boʻyicha kompensatsiyalarning Omonatlarni kafolatlash agentligi tomonidan toʻlanishi va kreditorlarning talablari ushbu Qonunning 65-moddasida belgilangan tartibda qisqa muddatlarda qanoatlantirilishi bankni majburiy tugatish chogʻidagi ustuvor vazifalardir.

58-modda. Bankni majburiy tugatish jarayonida foydalaniladigan vositalar

Bankni majburiy tugatish jarayonida majburiy tugatilayotgan bankning aktivlari hamda majburiyatlarini boshqa bankka oʻtkazish va (yoki) bankning aktivlarini sotish vositalaridan foydalaniladi.

Bankni majburiy tugatish jarayonida foydalaniladigan vositalar quyidagilarni taʼminlashi kerak:

bank aktivlari shaffof tasarruf etilishini;

bank aktivlari kreditorlar talablarining yuqori darajada qanoatlantirilishini taʼminlovchi narxda oʻtkazilishini (sotilishini).

Ushbu Qonunda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, majburiy tugatish vositalaridan foydalanishda aksiyadorlarning, omonatchilar va kreditorlarning, shuningdek boshqa manfaatdor shaxslarning (tugatilayotgan bankka garov taʼminotini va kafolatlar taqdim etgan shaxslarning) roziligi talab etilmaydi. Bankning majburiyatlari boshqa bankka oʻtkazilgan taqdirda, tugatuvchi bu haqda kreditorlarni bankning majburiyatlari oʻtkazilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida xabardor qilishi shart.

59-modda. Bankni majburiy tugatishni boshlash oqibatlari

Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan kundan eʼtiboran:

bankning barcha pul majburiyatlarini, shuningdek soliqlar va yigʻimlar boʻyicha kechiktirilgan majburiyatlarini bajarish muddati boshlangan deb hisoblanadi;

bankning barcha turdagi majburiyatlari boʻyicha foizlar va neustoykalar hisoblanishi toʻxtatiladi;

mol-mulk soligʻi, yer soligʻi, shuningdek soliqlar va yigʻimlar boʻyicha avval hisoblangan hamda undirilmagan majburiyatlar yuzasidan penyalar va jarimalarning hisoblanishi toʻxtatib turiladi;

bank mol-mulkini sotishdan tushumlarning kreditorlar talablarini qanoatlantirishga yoʻnaltirilgan qismi qoʻshilgan qiymat soligʻidan va daromad soligʻidan ozod etiladi;

bank aktivlariga nisbatan uchinchi shaxslar tomonidan har qanday harakatlarni amalga oshirish, shu jumladan talablarni qanoatlantirish boʻyicha sudning hal qiluv qarori va ijro ishini yuritish boʻyicha undiruvni amalga oshirish toʻxtatib turiladi, bankning mol-mulki xatlashdan ozod etiladi va bankka nisbatan boshqa cheklovlar olib tashlanadi;

mijozlarning bank hisobvaraqlari boʻyicha kirim va chiqim operatsiyalari toʻxtatib turiladi;

bankning boshqa banklardagi hisobvaraqlari boʻyicha operatsiyalari toʻxtatib turiladi;

agar talab oʻtkazilsa yoki undan boshqa shaxs foydasiga voz kechilsa, oluvchi yoki sertifikat boʻyicha talab qilib olish huquqini olayotgan taraf (sessionariy) mazkur talab boʻyicha dastlabki ustuvorlikni saqlab qoladi;

bank tomonidan berilgan ishonchnomalar bekor qilingan deb hisoblanadi, bundan sudda ish yuritish uchun berilgan ishonchnomalar mustasno;

ijro hujjatlarini ijro etish tugatiladi. Pul majburiyatlari, soliqlar va yigʻimlar boʻyicha barcha talablar, boshqa mulkiy talablar faqat majburiy tugatish doirasida bankka taqdim etilishi mumkin, bundan mulk huquqini eʼtirof etish toʻgʻrisidagi, maʼnaviy ziyonni kompensatsiya qilish haqidagi, mol-mulkni boshqa shaxsning qonunga xilof egaligidan talab qilib olish toʻgʻrisidagi, asossiz orttirilgan boylikni qaytarish haqidagi, bitimlarni haqiqiy emas deb topish va ularning haqiqiy emasligi oqibatlarini qoʻllash toʻgʻrisidagi talablar, shuningdek joriy toʻlovlar boʻyicha talablar mustasno.

Ushbu modda birinchi qismining oltinchi xatboshisiga muvofiq toʻxtatib turilgan jarayonlar, agar jarayonning predmeti boʻlgan talab oraliq tugatish balansiga kiritilgan boʻlsa va mazkur talabga nisbatan eʼtirozlar boʻlmasa, Markaziy bank tomonidan oraliq tugatish balansi tasdiqlanganidan keyin tugatiladi.

Bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirguniga qadar toʻlov tizimlariga kiritilgan toʻlov topshiriqnomalarining va qimmatli qogʻozlar boʻyicha hisob-kitob tizimlariga uzatilgan qimmatli qogʻozlarni oʻtkazish boʻyicha topshiriqnomalarning ijro etilishiga toʻsqinlik qilinmaydi.

60-modda. Bankni majburiy tugatishda tugatuvchining huquqlari

Bankni majburiy tugatishda tugatuvchi tayinlangan paytdan eʼtiboran bank ishlarini boshqarish boʻyicha vakolatlar, shu jumladan bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining, kuzatuv kengashining va boshqaruvining vakolatlari unga oʻtadi.

Bankni majburiy tugatishda tugatuvchi quyidagi huquqlarga ega boʻladi:

bank nomidan shartnomalar tuzish yoki bank tomonidan tuzilgan har qanday shartnomalarni, shu jumladan mehnat shartnomalarini, koʻchar va koʻchmas mulkni ijaraga berish shartnomalarini, shuningdek boshqa xoʻjalik shartnomalarini qonunchilikka muvofiq bekor qilish;

bank nomidan operatsiyalarni amalga oshirish, bunda qiymati bankning oraliq tugatish balansidagi sof aktivlarining oʻn besh foizidan koʻprogʻini tashkil etuvchi aktivlarni sotishda yoki boshqacha tartibda oʻtkazishda (hisobdan chiqarishda) va (yoki) mazkur miqdordagi, ammo bankka nisbatan shubhali asosga ega boʻlgan talablarni kamaytirishda yoki bekor qilishda Markaziy bank bilan dastlabki kelishish talab etiladi;

kreditorlarning bankka taqdim etilgan talablariga qarshi eʼtirozlarni shakllantirish;

bankning majburiyatlarini yangilash;

bankning mol-mulkini sotish;

bank nomidan talablar qoʻyish, kreditorlar talablarining qonuniyligini aniqlash, asosli ekanligiga shubha boʻlgan talablarning (daʼvolarning) qanoatlantirilishini rad etish;

bankning mol-mulkini baholash uchun baholovchi tashkilotni yoki boshqa mutaxassislarni jalb etish;

bankni tugatishni amalga oshirish uchun shartnoma asosida xodimlarni (mutaxassislarni), shu jumladan bank xodimlarini yollash, bundan bank kreditorlari mustasno;

ushbu Qonunning 66-moddasida nazarda tutilgan tartibda kreditorlarning talablarini oʻzaro hisobga olish yoʻli bilan qanoatlantirish;

sud muhokamalarida, boshqa davlat organlarida va tashkilotlarda bankning manfaatlarini ifodalash;

bankni bankrot deb topish va tugatishga doir ish yuritishni boshlash uchun sudga murojaat qilish.

Tugatuvchi qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

61-modda. Bankni majburiy tugatishda tugatuvchining vazifalari

“Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq Omonatlarni kafolatlash agentligi tomonidan kafolatlangan omonatlar boʻyicha kompensatsiyalarni toʻlash yuzasidan qonunchilikda nazarda tutilgan choralarni koʻrish tugatuvchining bankni majburiy tugatish jarayonidagi ustuvor vazifasi deb hisoblanadi.

Tugatuvchi bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan kundan eʼtiboran uch kun ichida ommaviy axborot vositalarida va bankning rasmiy veb-saytida quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan axborotni eʼlon qiladi:

bankni majburiy tugatish boshlanganligi toʻgʻrisidagi;

tugatilayotgan bankning firma nomi va rekvizitlari haqidagi;

bankning tugatuvchisi toʻgʻrisidagi;

kreditorlar tomonidan talablar taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi, shu jumladan kafolatlash obyektlari egalari boʻlgan kreditorlarni (omonatchilarni) Omonatlarni kafolatlash agentligiga kompensatsiyalar toʻlanishi uchun tugatuvchi tomonidan taqdim etilgan reyestrdagi maʼlumotlar bilan tanishtirish haqidagi;

zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlarni.

Kreditorlar tomonidan talablarni taqdim etish muddati bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida eʼlon qilingan paytdan eʼtiboran ikki oydan kam boʻlmasligi kerak. Bunda kreditorlarning barcha talablari faqat tugatuvchiga taqdim etilishi mumkin.

Tugatuvchi ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan axborot eʼlon qilingan kundan eʼtiboran ikki oy ichida:

barcha kreditorlarga ularning bankka nisbatan talablarining turi va miqdori toʻgʻrisida xabarnoma yuborishi;

bank seyflarida saqlashga topshirilgan qimmatliklarni oʻz egalariga qaytarish uchun zarur choralar koʻrishi;

bank aktivlarini aniqlashi, ularni talab qilib olish va mazkur aktivlarni baholash boʻyicha choralar koʻrishi kerak.

Tugatuvchi ushbu moddaning birinchi , ikkinchi va toʻrtinchi qismlarida koʻrsatilgan vazifalardan tashqari:

bankning aktivlari va passivlari ustidan nazoratni amalga oshirishi;

bank hujjatlari va mol-mulki, shuningdek garov taʼminoti sifatida berilgan boshqa mol-mulk but saqlanishini taʼminlash choralarini koʻrishi;

Omonatlarni kafolatlash agentligi tomonidan kafolatlangan omonatlar boʻyicha kompensatsiyalar toʻlanishi bilan bogʻliq boʻlgan maʼlumotlarni taqdim etishi;

Ushbu Qonun 54-moddasining uchinchi qismida nazarda tutilgan hisobotlar va maʼlumotlarni taqdim etishi;

bankni tugatish jarayoni ustidan nazoratni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni Markaziy bankning soʻroviga koʻra taqdim etishi shart.

Tugatuvchi kreditorlar tomonidan talablar taqdim etish uchun belgilangan muddat tugaganidan keyin ikki oy ichida:

bank mol-mulkining tarkibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantiradi;

kreditorlarning talablari reyestrini shakllantiradi;

oraliq tugatish balansini tuzadi. Oraliq tugatish balansi Markaziy bank tomonidan tasdiqlanadi.

Tugatuvchining zimmasiga banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boshqa vazifalar ham yuklatilishi mumkin.

62-modda. Bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq ishni sudga oʻtkazish

Tugatuvchi oraliq tugatish balansi Markaziy bank tomonidan tasdiqlanganidan keyin Markaziy bankni xabardor qilgan holda, sudga majburiy tugatilayotgan bankni bankrot deb topish va tugatishga doir ish yuritishni boshlash toʻgʻrisidagi ishni koʻrib chiqish haqidagi ariza bilan quyidagi hollarda murojaat qilishga haqli:

bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror bankning toʻlovga qobiliyatsizligi munosabati bilan qabul qilinganda;

bankni majburiy tugatish jarayonida ushbu Qonun 20-moddasining ikkinchi qismida koʻrsatilgan toʻlovga qobiliyatsizlik alomatlari yuzaga kelganda.

Bunda sud Markaziy bankning bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaroriga asosan bankni bankrot deb topish va tugatishga doir ish yuritishni boshlash toʻgʻrisida yoki buni rad etish haqida qaror qabul qiladi.

Arizaga tugatuvchi tomonidan quyidagilar ilova qilinadi:

bankni majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror;

bankning oraliq tugatish balansi;

bank kreditorlarining tan olingan talablari reyestri.

Bankni bankrot deb topish va tugatishga doir ish yuritish “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 11-bobi talablariga muvofiq amalga oshiriladi. Bunda majburiy tugatishni boshlash oqibatlariga nisbatan mazkur Qonunning 59-moddasining qoidalari qoʻllaniladi, kreditorlarning talablarini qanoatlantirish esa ushbu Qonunning 64 va 65-moddalarida nazarda tutilgan tartibda amalga oshiriladi.

Bankni bankrot deb topish va tugatishga doir ish yuritishni boshlash toʻgʻrisida sud tomonidan qaror qabul qilingan paytdan eʼtiboran tugatuvchining bankni majburiy tugatishga doir vazifalari va Markaziy bankning bu boradagi vakolatlari tugatiladi.

63-modda. Kreditorlarning talablari reyestrini shakllantirish

Tugatuvchiga kreditorlarning talablari yozma shaklda, ariza va mazkur talablarni tasdiqlovchi hujjatlar bilan birga taqdim etiladi.

Kreditor talablar bayon etilgan arizada:

oʻzi haqidagi maʼlumotlarni;

yuridik shaxslar uchun — firmaning toʻliq nomini, joylashgan yerini (pochta manzilini), bank rekvizitlarini;

jismoniy shaxslar uchun — jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamini, pochta manzili, bank rekvizitlarini (mavjud boʻlgan taqdirda);

elektron pochta manzilini (mavjud boʻlgan taqdirda) koʻrsatishi shart.

Bunda arizada elektron pochta manzilining koʻrsatilishi kreditorning bankka nisbatan talablarining turi va miqdori toʻgʻrisidagi xabarnomani, uning talablari toʻliq qanoatlantirilishi rad etilgan taqdirda, bu haqdagi xabarnomani elektron shaklda olishga boʻlgan roziligidir.

Kafolatlash obyektining egasi boʻlgan kreditor (omonatchi) tugatuvchidan kafolatlash obyektining faqat kafolatlangan omonatdan oshadigan qismini talab qilishga haqli.

Tugatuvchi bankning buxgalteriya hisobi hujjatlariga, shuningdek kreditorlar tomonidan taqdim etilgan arizalarga asosan kreditorlarning talablari reyestrini shakllantiradi. Bankning aksiyadorlari kreditorlar deb hisoblanmaydi.

Kreditorlarning talablari reyestrida har bir kreditor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, talablarni qoʻrib chiqish natijalari, yaʼni qanoatlantirish uchun qabul qilingan yoki qanoatlantirish rad etilgan talablar haqidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.

Bankning buxgalteriya hisobi hujjatlariga koʻra aniqlangan kreditorning talablari va kreditor tomonidan taqdim etilgan talablar muvofiq boʻlmagan taqdirda, bunday talablarning miqdori mazkur talablarni asoslovchi hujjatlarga yoki sud qaroriga asosan belgilanadi.

Kreditorlarga kreditorlarning talablari reyestri bilan tanishish imkoniyati taʼminlanishi kerak.

Tugatuvchi kreditorning yoki uning vakilining talabiga koʻra, bunday talabnoma olingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida mazkur kreditorga yoki uning vakiliga uning talablarini qanoatlantirish miqdori, tarkibi va navbati toʻgʻrisida kreditorlarning talablari reyestridan koʻchirma yuborishi shart. Bunday koʻchirmani tayyorlashga va yuborishga doir xarajatlar kreditorning zimmasiga yuklatiladi.

Kreditorlarning talablari reyestri shakllantirilganidan keyin tugatuvchi kreditorlar oʻz talablarining koʻrib chiqilishi natijalari toʻgʻrisida, talablarni qanoatlantirishning navbati va boshlanishi haqida axborot olishi mumkin boʻlgan sana va joy toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida eʼlon berilishi kerak.

64-modda. Kreditorlarning talablarini qanoatlantirish navbati

Kreditorlarning talablarini qanoatlantirish oraliq tugatish balansi tasdiqlanganidan soʻng keyingi kundan boshlanadi, bundan ushbu Qonun 62-moddasining birinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno.

Kreditorlarning ushbu Qonunning 68-moddasida nazarda tutilgan talablari (bundan buyon matnda bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlar deb yuritiladi) navbatdan tashqari qanoatlantiriladi.

Kreditorlarning bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlar deb hisoblanmaydigan talablari quyidagi navbatda qanoatlantiriladi:

birinchi navbatda — sanatsiya qilish vositalarini qoʻllash va bankni tugatish maqsadida berilgan mablagʻlar boʻyicha Markaziy bankning, Iqtisodiyot va moliya vazirligining hamda Omonatlarni kafolatlash agentligining talablari;

ikkinchi navbatda — “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni 150-moddasining ikkinchi qismida nazarda tutilgan talablar;

uchinchi navbatda — “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 31-moddasiga muvofiq Omonatlarni kafolatlash agentligiga oʻtgan talablar;

toʻrtinchi navbatda — “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan kafolatlash obyektlarining kafolatlangan omonat miqdoridan oshadigan qismiga doir talablar;

beshinchi navbatda — ushbu qismning ikkinchi — beshinchi hamda yettinchi — oʻninchi xatboshilarida nazarda tutilgan toifalarga tushmaydigan taʼminlanmagan talablar, shu jumladan bankning majburiyatlari bajarilishining taʼminoti sifatida taqdim etilgan mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar yetarli boʻlmaganligi natijasida qanoatlantirilmagan talablar;

oltinchi navbatda — bankka aloqador shaxslarning talablari;

yettinchi navbatda — kapital vositasi boʻlmagan subordinar qarzlarga doir talablar;

sakkizinchi navbatda — ikkinchi darajali kapital vositasi boʻlgan talablar;

toʻqqizinchi navbatda — birinchi darajali qoʻshimcha kapital vositasi boʻlgan talablar.

65-modda. Kreditorlar bilan hisob-kitoblar

Tugatuvchi kreditorlar bilan hisob-kitoblarni tugatish massasi hisobidan, kreditorlarning talablari reyestriga muvofiq amalga oshiradi.

Har bir keyingi navbatning talablari oldingi navbatning talablari toʻliq qanoatlantirilganidan keyin qanoatlantiriladi.

Kreditorlarning bank mol-mulki bilan taʼminlangan talablarini qanoatlantirish ushbu mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi. Bunda garov narsasi boʻlgan bank mol-mulkini baholash baholovchi tashkilot tomonidan majburiy tartibda amalga oshiriladi.

Bank majburiyatlari bajarilishining taʼminoti sifatida taqdim etilgan mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar mazkur kreditorlarning talablaridan ortgan taqdirda, ularning qolgan qismi tugatish massasiga yoʻnaltiriladi.

Bank majburiyatlari bajarilishining taʼminoti sifatida taqdim etilgan mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar kreditorlarning talablarini qanoatlantirish uchun yetarli boʻlmagan taqdirda, mazkur talablarning qanoatlantirilmagan qismi ushbu Qonun 64-moddasining uchinchi qismida belgilangan navbatga muvofiq qanoatlantiriladi.

Kreditorlarning talablari reyestriga kiritilgan talabni kreditorga qaytarish yoki mablagʻlarni uning hisobvaragʻiga oʻtkazish mumkin boʻlmagan taqdirda, mazkur kreditorga tegishli mablagʻlar boshqa bankda uning foydasiga ochilgan hisobvaraqqa oʻtkaziladi.

Bir turdagi kreditorlarning talablarini toʻliq qanoatlantirish uchun mablagʻlar yetarli boʻlmaganda ushbu talablar har bir kreditorga tegishli boʻlgan summaga mutanosib ravishda qanoatlantiriladi.

Kreditorlarning tugatuvchi tomonidan shakllantirilgan talablar roʻyxatiga kiritilmagan, bankni majburiy tugatishni boshlash toʻgʻrisidagi eʼlonda belgilangan kreditorlar talablarini taqdim etish muddati tugaganidan keyin bildirilgan talablari, shuningdek majburiy tugatish boshlanganidan keyin yuzaga kelgan soliqlar va yigʻimlar boʻyicha talablar ushbu Qonunning 64-moddasida nazarda tutilgan tartibda, ular qaysi muddatda taqdim etilganidan qatʼi nazar, talablar roʻyxatiga kiritilgan kreditorlarning talablari qanoatlantirilganidan keyin qanoatlantiriladi.

Kreditorlarning talablarini qanoatlantirish uchun mablagʻlar yetarli boʻlmagan taqdirda, tugatuvchi bankning aktivlarini, shu jumladan mol-mulkini sotishga haqli. Bunda tugatuvchi oraliq tugatish balansi Markaziy bank tomonidan tasdiqlangan kundan eʼtiboran oʻn ikki oy ichida bank aktivlari sotilishini taʼminlashi kerak. Tugatuvchining asoslantirilgan soʻroviga asosan Markaziy bank aktivlarni sotish muddatini koʻpi bilan oʻn ikki oyga uzaytirishga haqli.

Bankning sotilishi qiyin boʻlgan mol-mulki bir turdagi kreditorlarning talablarini qanoatlantirish uchun ularning roziligi bilan ularga toʻgʻridan-toʻgʻri topshirilishi mumkin.

Kreditorlarning bankning mol-mulki yetarli boʻlmaganligi sababli qanoatlantirilmagan talablari qanoatlantirilgan deb hisoblanadi.

Tugatuvchi kreditorlarning talablari reyestriga kreditorlarning talablari qanoatlantirilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritadi.

Kreditorlar bilan hisob-kitoblar yakunlanganidan keyin tugatuvchi tugatish balansini tuzadi.

Kreditorlar bilan hisob-kitoblar yakunlanganidan keyin qolgan tugatish massasi aksiyadorlar oʻrtasida qonunchilikka muvofiq taqsimlanadi.

66-modda. Tugatilayotgan bank va kreditor talablarini oʻzaro hisobga olish

Tugatilayotgan bank va kreditor talablarini oʻzaro hisobga olishga quyidagi shartlarga rioya etilgan holda yoʻl qoʻyiladi:

talablar boʻyicha toʻlov muddatining yetib kelgan boʻlishi;

ikkala tarafning qarzni inkasso qilish va toʻlash huquqiga ega boʻlishi;

kreditorning talablarini qanoatlantirish navbati yetib kelgan boʻlishi;

taraflar bir-biriga ariza bilan murojaat qilgan boʻlishi;

turli valyutalardagi talablar oʻzaro hisobga olinishining ularni qanoatlantirish kunidagi Markaziy bank kursi boʻyicha amalga oshirilishi.

Tugatilayotgan bank va kreditor talablarini oʻzaro hisobga olishni amalga oshirish quyidagi hollarda taqiqlanadi:

kreditorning tugatilayotgan bankka nisbatan talablari talab qilish huquqidan boshqa shaxs foydasiga voz kechishga doir shartnoma tufayli yuzaga kelgan boʻlsa;

kreditor bankka aloqador shaxs boʻlsa.

67-modda. Tugatish massasi

Tugatish jarayoni boshlanishi paytida bankning barcha aktivlari hamda tugatish jarayoni davomida aniqlangan mol-mulki tugatish massasini shakllantirish manbasi boʻladi. Bunda tugatish massasiga quyidagilar kirmaydi:

garov narsasi boʻlgan mol-mulk, bundan ushbu Qonun 65-moddasining toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno;

bank seyflarida saqlash uchun topshirilgan qimmatliklar;

bank ijara huquqi asosida foydalanayotgan, ishonchli boshqaruvda boʻlgan mol-mulk;

majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlarni amalga oshirish uchun Markaziy bankdan jalb etilgan mablagʻlar;

qonunchilikka muvofiq bankning mulki boʻlmagan boshqa mol-mulk.

68-modda. Bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlar

Bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

kommunal xizmatlar uchun toʻlovlarni, ijara haqini va boshqa joriy xizmatlar boʻyicha toʻlovlarni;

tugatuvchini mukofotlash, bankning xodimlariga ishdan boʻshatish nafaqasini toʻlash, tugatuvchining va u bankni tugatishga jalb qilgan shaxslarning mehnatiga haq toʻlash bilan bogʻliq xarajatlarni;

sud xarajatlarini;

eʼlon berish hamda xabarnomalar yuborish bilan bogʻliq xarajatlarni;

bank aktivlarining but saqlanishini taʼminlash, ularni boshqarish, baholash va inventarizatsiya qilish bilan bogʻliq xarajatlarni;

bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq boshqa xarajatlarni, shu jumladan soliqlar va yigʻimlarni.

Tugatuvchiga toʻlanadigan mukofot miqdori tugatilayotgan bankning ijro etuvchi organi aʼzolariga majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror kuchga kirgan sanadan oldingi oʻn ikki oy ichida toʻlangan mukofotning oʻrtacha oylik miqdori inobatga olingan holda Markaziy bank tomonidan belgilanadi.

Majburiy tugatilayotgan bankda bankni tugatish bilan bogʻliq xarajatlarning oʻrnini qoplash uchun mablagʻlar yetarli boʻlmagan taqdirda, tugatuvchining asoslantirilgan murojaatiga asosan Markaziy bank mazkur xarajatlarning oʻrnini qoplashga haqli.

Markaziy bank bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq xarajatlarga nisbatan shartlar va cheklovlar belgilashga haqli.

69-modda. Markaziy bankning bankni tugatishga doir vakolatlari

Markaziy bank tugatuvchining bankni suddan tashqari tartibda tugatish jarayoni, shu jumladan ixtiyoriy tugatish borasidagi ishlari ustidan nazoratni amalga oshiradi. Bunda Markaziy bank:

tugatish rejasining bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobotni va tugatish jarayoni haqidagi maʼlumotlarni soʻrab olishga;

bankni majburiy tugatishning har qanday bosqichida tugatuvchini almashtirishga, bunda Markaziy bankning almashtirish toʻgʻrisidagi qarori ushbu Qonun 56-moddasining oltinchi qismida nazarda tutilgan tartibda eʼlon qilinadi;

tugatish jarayonida boʻlgan bankda qonunchilikda belgilangan tartibda tekshiruvlar oʻtkazishga;

tugatuvchi tomonidan sodir etilgan qoidabuzarliklar uchun choralar va sanksiyalar qoʻllashga haqli.

Markaziy bank banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarining bankni tugatishga doir qismini buzganlik, shuningdek Markaziy bank tomonidan soʻralgan hisobotlarni yoki maʼlumotlarni unga taqdim etmaganlik yoki ularni notoʻgʻri taqdim etganlik uchun quyidagi choralar va sanksiyalarni qoʻllashga haqli:

tugatuvchini almashtirish. Agar tugatuvchi bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining qarori bilan tayinlangan boʻlsa, bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishining zimmasiga tugatuvchini almashtirish majburiyatini yuklatish;

bank ustav kapitali eng kam miqdorining 0,05 foizi miqdorida jarima undirish.

70-modda. Bankni tugatishni yakunlash

Tugatuvchi ushbu Qonunning 65-moddasida nazarda tutilgan tartib-taomillar yakunlanganidan keyin bank qimmatli qogʻozlari chiqarilishining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini bekor qilish uchun zarur boʻlgan chora-tadbirlarni qonunchilikda belgilangan tartibda va muddatlarda amalga oshiradi.

Tugatuvchi bank qimmatli qogʻozlari chiqarilishining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi bekor qilingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida Markaziy bankka tugatish yakunlanganligini tasdiqlovchi quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

tugatuvchi tomonidan qilingan ishlar toʻgʻrisidagi hisobotni;

bankni tugatish toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida berilgan eʼlonlarning koʻchirma nusxalarini;

bankning oxirgi ish kunidagi balansini;

yakuniy tugatish balansini;

balansdan tashqari hisobvaraqlar boʻyicha yakuniy tugatish balansini;

bank hujjatlarini va yigʻmajildlarini yoʻq qilish uchun ajratish toʻgʻrisidagi dalolatnomani;

bank hujjatlarini va elektron bazasi maʼlumotlarini arxivda saqlash uchun tuzilgan qabul qilish-topshirish toʻgʻrisidagi dalolatnomani;

bankning muhrlari va shtamplari yoʻq qilinganligini tasdiqlovchi hujjatni;

bank qimmatli qogʻozlari chiqarilishining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi bekor qilinganligini tasdiqlovchi hujjatlarni.

Tugatuvchi tomonidan qilingan ishlar toʻgʻrisidagi hisobotda quyidagilar aks ettirilishi kerak:

tugatilayotgan bankning nomi va manzili;

tugatuvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

undirilgan debitorlik qarzlarining umumiy summasi;

shakllantirilgan tugatish massasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shu jumladan bankning mol-mulkini inventarizatsiya qilish jarayoni va natijalari haqidagi, mol-mulkni baholash jarayoni hamda natijalari toʻgʻrisidagi, ularni sotishdan tushgan mablagʻlar haqidagi, bankning mol-mulkini sotib olgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

yaroqsiz yoki qimmatga ega boʻlmagan deb topilgan aktivlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

tugatuvchining bankning qolgan aktivlari likvidli emasligi yoki ularni sotish murakkabligi haqidagi xulosasining asosi;

kreditorlar tomonidan taqdim etilgan talablarning umumiy summasi, shu jumladan tugatuvchi tomonidan tan olingan va tan olinmagan talablar summasi, har bir navbat kreditorlari talablarining qanoatlantirilgan umumiy summasi, bankning sotilmagan mol-mulki hisobidan toʻgʻridan-toʻgʻri qanoatlantirilgan talablar summasi, bankning mol-mulki yetarli boʻlmaganligi sababli qanoatlantirilgan deb hisoblanadigan talablar summasi;

ushbu Qonunning 68-moddasida nazarda tutilgan xarajatlarning har bir moddasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, mazkur xarajatlarning oʻrnini qoplash uchun Markaziy bankning mablagʻlaridan foydalanilgan hollarda — mazkur mablagʻlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

Markaziy bank hisobotga bankni tugatishga taalluqli boʻlgan boshqa maʼlumotlarni ham kiritishni talab qilishga haqli.

Bank suddan tashqari tartibda majburiy tugatilgan taqdirda, Markaziy bank yakuniy tugatish balansini ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan hujjatlar taqdim etilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida tasdiqlaydi hamda Banklarning davlat reyestriga bankni tugatish yakunlanganligi va bank tugatilganligi toʻgʻrisidagi yozuvni kiritadi.

4-bob. Axborotning maxfiyligi va axborot almashinuvi

71-modda. Axborotning maxfiyligi

Ushbu Qonunning qoidalarini amalga oshirish bilan bogʻliq boʻlgan, oshkor qilinmaydigan har qanday axborot maxfiy hisoblanadi.

Axborotning maxfiyligini taʼminlash uchun quyidagi shaxslar masʼul boʻladi:

Markaziy bank, uning boshqaruvi aʼzolari va xodimlari;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda uning xodimlari;

Omonatlarni kafolatlash agentligi, uning boshqaruv organi aʼzolari va xodimlari;

maxsus boshqaruvchi;

tugatuvchi;

Markaziy bank tomonidan maxfiy axborot taqdim etilgan, sanatsiya qilinayotgan bankning aksiyalarini, aktivlarini, huquqlarini va (yoki) majburiyatlarini potensial oluvchilar, ularning boshqaruv organlari aʼzolari hamda xodimlari, aksiyalar, aktivlar, huquqlar va (yoki) majburiyatlar oʻtkazilganligidan (sotilganligidan) yoki oʻtkazilmaganligidan (sotilmaganligidan) qatʼi nazar;

sanatsiya qilinayotgan bank, uning boshqaruv organlari aʼzolari va xodimlari;

auditorlik tashkilotlari, yuridik maslahatchilar, baholovchilar, mazkur tashkilotlarning boshqaruv organlari aʼzolari va xodimlari hamda xizmatlar koʻrsatuvchi (xizmatlar koʻrsatgan) boshqa shaxslar;

oraliq bank, uning boshqaruv organlari aʼzolari va xodimlari;

Kengash aʼzolari, shuningdek uning majlislarida hozir boʻlgan boshqa shaxslar;

maxfiy axborotga ega boʻlgan har qanday boshqa shaxs.

Ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan shaxslarning axborot maxfiyligini taʼminlashga doir majburiyati ular mehnat faoliyatini tugatganidan keyin ham, mazkur axborot maxfiyligini yoʻqotgunga qadar amal qiladi.

Ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan yuridik shaxslar maxfiy axborotning va hujjatlarning but saqlanishiga doir ichki qoidalarni qabul qilishi shart.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan maxfiy axborotning oshkor qilinishiga Markaziy bankning oldindan olingan roziligi bilan va quyidagi shartlardan biriga rioya etilganda yoʻl qoʻyiladi:

maxfiy axborotning oshkor qilinishi ushbu Qonunga muvofiq vazifalar va majburiyatlarni bajarish bilan bogʻliq boʻlishi;

maxfiy axborotning alohida jismoniy yoki yuridik shaxslarni identifikatsiya qilish imkoni boʻlmasligi uchun qisqartirilgan yoki umumlashtirilgan shaklda oshkor qilinishi;

maxfiy axborotning egasi boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxsning oldindan rozilik berishi.

Quyidagilar oʻrtasida maxfiy axborotni almashishga toʻsqinlik qilinmaydi:

ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan shaxslar oʻrtasida, agar mazkur shaxslar bir yuridik shaxs tarkibida faoliyatni amalga oshirsa yoki oʻz vazifalarini bajarsa;

ushbu Qonun maqsadlarida Markaziy bank, chet el nazorat organlari, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Omonatlarni kafolatlash agentligi, sud, potensial oluvchilar, oraliq bank, mustaqil baholovchi hamda Kengash oʻrtasida.

72-modda. Axborot almashinuvi

Markaziy bankning sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qarori Davlat budjetidan mablagʻlar ajratilishini nazarda tutgan hollarda, Markaziy bank mazkur qaror yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi, Kengash hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan axborot almashadi.

Markaziy bank sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror ishlab chiqilishini rejalashtirish va uni amalga oshirish boʻyicha Omonatlarni kafolatlash agentligi bilan axborot almashadi.

Quyidagi shartlarga rioya etilganda Markaziy bank chet el nazorat organlari bilan maxfiy axborot almashishi mumkin:

maxfiy axborotni almashish ushbu Qonunning 71-moddasida belgilangan maxfiylik talablari va standartlariga rioya etilgan holda amalga oshirilsa;

maxfiy axborotni almashish Markaziy bankning yoki chet el nazorat organining vakolatlarini samarali amalga oshirish uchun zarur boʻlsa.

Sanatsiya qilish boʻyicha chet el nazorat organlaridan olingan maxfiy axborot quyidagi shartlarga rioya etilganda Markaziy bank tomonidan uchinchi shaxslarga oshkor qilinishi mumkin:

maxfiy axborotni bergan chet el nazorat organi mazkur axborotni oshkor qilishga rozilik berganda;

maxfiy axborot chet el nazorat organining roziligi olingan maqsadlar uchun oshkor qilinsa.

5-bob. Sudga murojaat qilish huquqi, huquqiy jihatdan himoya qilish va bankni toʻlovga qobiliyatsizlikka (bankrotlikka) olib kelganlik uchun javobgarlik

73-modda. Sudga murojaat qilish huquqi

Markaziy bankning bankni sanatsiya qilish yoki majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qarori va (yoki) sanatsiya qilish yoki majburiy tugatish tartib-taomillari ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin.

Markaziy bankning sanatsiya qilish yoki majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qarori va (yoki) sanatsiya qilish tartib-taomili ustidan ushbu Qonunga muvofiq sudga shikoyat qilinishi mazkur qarorlarning va (yoki) sanatsiya qilish tartib-taomillarining toʻxtatib turilishiga olib kelmaydi.

Markaziy bank tomonidan qabul qilingan sanatsiya qilish yoki majburiy tugatish toʻgʻrisidagi qaror ijrosining toʻxtatib turilishi jamoat manfaatlariga zid ekanligini nazarda tutuvchi raddiya prezumpsiyasi bilan kafolatlanadi.

74-modda. Huquqiy jihatdan himoya qilish

Markaziy bank va uning xodimlari, Markaziy bank tomonidan tayinlangan maxsus boshqaruvchilar, oraliq bank boshqaruvchilari, bankni majburiy tugatishni amalga oshiruvchi shaxslar hamda ushbu Qonunga yoki Markaziy bankning normativ-huquqiy hujjatlariga muvofiq sanatsiya qilish tartib-taomilini amalga oshirishga vakolatli boʻlgan boshqa shaxslar oʻz majburiyatlarini bajarish chogʻida insofsizlik bilan sodir etgan harakatlari (harakatsizligi) uchun javobgar boʻladi, shu jumladan ularning vakolatlari tugatilganidan yoki ular bilan mehnat shartnomasi bekor qilinganidan keyin ham javobgar boʻladi.

Markaziy bank ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan shaxslarning manfaatlarini, mazkur shaxslar ushbu Qonunga muvofiq bajaradigan vazifalar munosabati bilan qoʻzgʻatilgan sud ishini va maʼmuriy ishni yuritishda, shu jumladan ularning vakolatlari tugatilgan yoki ular bilan mehnat shartnomasi bekor qilingan hollarda, ifodalashga doir xarajatlarni toʻlaydi.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan harakatlarga (harakatsizlikka) nisbatan uchinchi shaxslarning shikoyatlari Markaziy bankka yoki sudga taqdim etiladi.

75-modda. Bankni toʻlovga qobiliyatsizlikka (bankrotlikka) olib kelganlik uchun javobgarlik

Agar bankni sanatsiya qilishda yoki uni majburiy tugatishda quyidagi harakatlari orqali bankni toʻlovga qobiliyatsizlikka (bankrotlikka) olib kelgan shaxslar aniqlansa, mazkur shaxslar zimmasiga bankning majburiyatlari boʻyicha solidar javobgarlik yuklatilishi mumkin:

bank aktivlaridan shaxsiy manfaatlarda foydalanish;

bank hisobidan shaxsiy maqsadlarda tijorat faoliyatini amalga oshirish;

bankdan firibgarlik yoʻli bilan kreditlar olish va (yoki) bankning aktivlarini qonunga xilof ravishda oʻzlashtirish;

bank uchun aktivlarni bozor qiymatidan yuqori narxda sotib olish;

soxta buxgalteriya hisobini yuritish, shuningdek bankning buxgalteriya hujjatlarini, ichki hujjatlarini va muhrini yoʻq qilish;

bankni toʻlovga qobiliyatsizlikka olib kelishi aniq boʻlgan bank faoliyatini amalga oshirish va (yoki) bank faoliyatini davom ettirish toʻgʻrisida farmoyish berish;

majburiyatlar boʻyicha toʻlovlar toʻxtatib turilishidan oldingi bir oy ichida kreditorga imtiyozli ravishda toʻlovni amalga oshirish, agar bu boshqa kreditorlarga zarar yetkazsa;

Markaziy bank tomonidan belgilangan prudensial talablarni, shuningdek ichki talablarni buzgan holda kreditlash;

moliyaviy hisobotlarni qonunchilik talablarini buzgan holda tuzish;

bankning aktivlaridan maqsadsiz ravishda foydalanishga hamda firibgarlikka sabab boʻlgan faktlarni ichki tekshiruvlarni oʻtkazish chogʻida oʻz majburiyatlarini buzgan holda aniqlamaslik;

bankning ustav kapitalida hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan, bankning oxirgi benefitsiar mulkdorini aniqlash bilan bogʻliq boʻlgan majburiyatlarni bajarmaslik;

bank aksiyalariga bevosita yoki bilvosita egalik qiluvchilardan yoki bankning oxirgi benefitsiar mulkdorlaridan, shuningdek bankka aloqador boʻlgan shaxslardan ularni identifikatsiya qilish uchun zarur boʻlgan axborotni olishga doir majburiyatlarni bajarmaslik;

ushbu qismning oʻn ikkinchi va oʻn uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslar bilan bank kapitali monandligi koeffitsiyentlarining Markaziy bankning normativ-huquqiy hujjatlarida belgilangan doiradan kamayishiga olib kelgan bitimlarni tuzish;

bankni toʻlovga qobiliyatsizlikka olib kelgan har qanday boshqa harakatlar.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan javobgarlik chorasining qoʻllanilishi mazkur shaxslarning harakatlarida (harakatsizligida) maʼmuriy huquqbuzarlik yoki jinoyat tarkibi belgilari mavjud boʻlsa, ularni javobgarlikka tortishni istisno etmaydi. Bunda Markaziy bank huquqni muhofaza qiluvchi organlarni tegishli tekshiruv oʻtkazilishi uchun zarur boʻlgan hujjatlar bilan taʼminlashi kerak.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan bir necha shaxs mavjud boʻlgan taqdirda, mazkur shaxslar tomonidan tegishli harakatlar (harakatsizlik) bankda toʻlovga qobiliyatsizlik alomatlari yoki sanatsiya qilish uchun asoslar yuzaga kelguniga qadar yoki shu vaqtda amalga oshirilganligidan qatʼi nazar, mazkur shaxslar solidar javobgar boʻladi.

Bankni toʻlovga qobiliyatsizlik yoki sanatsiya qilish holatiga olib kelishda kollegial organ aybdor deb topilgan taqdirda, kollegial organning aʼzosi, agar u toʻlovga qobiliyatsizlikka yoki sanatsiya qilishga olib keluvchi qarorga qarshi eʼtiroz bildirgan hamda uning tegishli qarorga qarshi eʼtirozi yigʻilish bayonnomasida qayd etilgan boʻlsa yoki u qarorni qabul qilishda hozir boʻlmagan boʻlsa, solidar javobgarlikdan ozod qilinadi.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan javobgarlik chorasiga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 150-moddasida nazarda tutilgan daʼvo muddati tatbiq etiladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

76-modda. Nizolarni hal etish

Banklarni sanatsiya qilish va tugatish bilan bogʻliq boʻlgan hamda ushbu Qonun bilan tartibga solinmagan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

77-modda. Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

78-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish

1. Oʻzbekiston Respublikasining 1995-yil 21-dekabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi 154-I-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 11-noyabrda qabul qilingan OʻRQ-582-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 11, 790-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 10, 968-modda; 2022-yil, № 3, 217-modda, № 4, 340-modda; 2023-yil, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 9, 965-modda) quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 12-moddaning birinchi qismi :

quyidagi mazmundagi oʻn toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“banklarni sanatsiya qilishni amalga oshiradi”;

oʻn toʻrtinchi — yigirma toʻrtinchi xatboshilari tegishincha oʻn beshinchi — yigirma beshinchi xatboshilar deb hisoblansin;

2) 20-modda :

quyidagi mazmundagi oʻn ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi”;

oʻn ikkinchi — oʻttizinchi xatboshilari tegishincha oʻn uchinchi — oʻttiz birinchi xatboshilar deb hisoblansin;

3) 51-moddaning :

nomi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“51-modda. Markaziy bankning Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati va Moliyaviy barqarorlik kengashi bilan hamkorligi”;

toʻrtinchi qismidagi “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati” degan soʻzlar “Moliyaviy barqarorlik kengashi” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

4) 60-moddaning birinchi qismi :

quyidagi mazmundagi oʻn beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“banklarni sanatsiya qilish va tugatishga oid tartib hamda qoidalarni”;

oʻn beshinchi — yigirma uchinchi xatboshilari tegishincha oʻn oltinchi — yigirma toʻrtinchi xatboshilar deb hisoblansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasining 1995-yil 21-dekabrda qabul qilingan 163-I-sonli va 1996-yil 29-avgustda qabul qilingan 256-I-sonli qonunlari bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1996-yil, 2-songa ilova, № 11-12; 1997-yil, № 2, 56-modda, № 9, 241-modda; 1998-yil, № 5-6, 102-modda; 1999-yil, № 1, 20-modda, № 9, 229-modda; 2001-yil, № 1-2, 23-modda, № 9-10, 182-modda; 2002-yil, №1, 20-modda, № 9, 165-modda; 2003-yil, № 1, 8-modda, № 5, 67-modda; 2004-yil, № 1-2, 18-modda, № 5, 90-modda, № 9, 171-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2006-yil, № 4, 154-modda, № 9, 494, 498-moddalar; 2007-yil, № 1, 3, 5-moddalar, № 4, 156, 164-moddalar, № 8, 367-modda, № 9, 416-modda, № 12, 598, 608-moddalar; 2008-yil, № 4, 192-modda, № 12, 640-modda; 2009-yil, № 9, 337-modda; 2010-yil, № 9, 335, 337, 340-moddalar; 2011-yil, № 12/2, 363, 364, 365-moddalar; 2012-yil, № 4, 106, 109-moddalar, № 12, 336-modda; 2013-yil, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 5, 130-modda, №12, 343-modda; 2015-yil, № 8, 310, 312-moddalar; 2016-yil, № 4, 125-modda; 2017-yil, № 4, 137-modda, № 9, 510-modda, № 12, 773-modda; 2018-yil, № 1, 4-modda, № 4, 224-modda, № 7, 433-modda, № 10, 673-modda; 2019-yil, № 3, 161, 166-moddalar, № 5, 267-modda, № 10, 671-modda, № 12, 880, 886-moddalar; 2020-yil, № 1, 3, 4-moddalar, № 10, 593-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 8, 801-modda, № 10, 968-modda; 2022-yil, № 2, 79-modda, № 3, 217, 218-moddalar, № 4, 340-modda, № 5, 464-modda, № 6, 570, 577-moddalar, № 11, 1061, 1062-moddalar; 2023-yil, № 10, 795-modda, № 11, 921-modda; 2024-yil, № 2, 111, 114-moddalar, № 6, 530-modda, № 9, 960-modda, № 11, 1193-modda) 2-moddasining beshinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan belgilarga javob beradigan oilaviy munosabatlarga, mehnat munosabatlariga hamda tabiiy resurslardan foydalanish va atrof-muhitni muhofaza qilish boʻyicha munosabatlarga, shuningdek banklarni sanatsiya qilish va tugatish bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan fuqarolik qonunchiligi bu munosabatlar maxsus qonun hujjatlari bilan tartibga solinmaydigan hollarda qoʻllaniladi”.

3. Oʻzbekiston Respublikasining 1996-yil 25-aprelda qabul qilingan “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi 216-I-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 5-noyabrda qabul qilingan OʻRQ-580-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 11, 788-modda; 2020-yil, № 1, 1-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 10, 968-modda; 2023-yil, № 4, 267-modda, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 2, 105, 111-moddalar, № 9, 965-modda) quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 13-modda :

quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Markaziy bank oraliq bank ustav kapitalining eng kam miqdorini ushbu moddaning birinchi qismida belgilanganidan kam miqdorda belgilashga haqli”;

uchinchi — sakkizinchi qismlari tegishincha toʻrtinchi — toʻqqizinchi qismlar deb hisoblansin;

2) 15-modda quyidagi mazmundagi toʻqqizinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Oraliq bankning tashkil etilishi va faoliyatni amalga oshirishining oʻziga xos xususiyatlari “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni bilan belgilanadi”;

3) 54-moddaning yettinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“bank yoki banklar guruhi kapitali monandligi koeffitsiyentlarining va (yoki) ustav kapitali miqdorining qonunchilikda belgilangan eng kam miqdordan ellik foizga yoki undan koʻp foizga kamayganligi”;

4) 55-moddaning :

uchinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;

toʻrtinchi — oʻn birinchi xatboshilari tegishincha uchinchi — oʻninchi xatboshilar deb hisoblansin;

5) 11-bobning nomidagi “va tugatish” degan soʻzlar chiqarib tashlansin;

6) 77-moddaning ikkinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Bankning toʻlovga qobiliyatsizligi deganda quyidagi hollar tushuniladi:

bankning oʻz mijozlari talablarini mablagʻlar yetarli emasligi sababli yetti kun ichida qanoatlantirishga qodir emasligi;

bank majburiyatlari uning aktivlaridan ortib ketganligi;

bank kapitali monandligi koeffitsiyentlarining va (yoki) ustav kapitali miqdorining qonunchilikda belgilangan eng kam miqdordan ellik foizga va undan koʻp foizga kamayganligi;

bankning moliyaviy holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning hisobotlarda toʻgʻri aks ettirilishi ushbu qismning ikkinchi, uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan asoslarning yuzaga kelishiga olib keladigan hollar Markaziy bank tomonidan aniqlanganligi;

omonatchilar va kreditorlar tomonidan bankka ishonib topshirilgan pul mablagʻlarining but saqlanishiga xavf soluvchi holatlarning mavjudligi”;

7) 78 — 81-moddalar chiqarib tashlansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasining 1996-yil 26-aprelda qabul qilingan “Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi 223-I-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasining 2014-yil 6-mayda qabul qilingan OʻRQ-370-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2014-yil, № 5, 128-modda; 2015-yil, № 8, 312-modda, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 4, 125-modda, № 9, 276-modda; 2018-yil, № 1, 1, 4-moddalar, № 4, 224-modda; 2019-yil, № 3, 166-modda, № 12, 880, 886, 891-moddalar; 2020-yil, № 1, 4-modda, № 7, 449-modda, № 10, 593-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 10, 973-modda; 2022-yil, № 3, 216, 217-moddalar; 2023-yil, № 1, 1-modda; 2024-yil, № 2, 110, 111-moddalar) 2-moddasiga quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirish kiritilsin:

quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Ushbu Qonun banklarni sanatsiya qilish va tugatishga doir munosabatlarga nisbatan maxsus qonunchilikka zid boʻlmagan hollarda qoʻllaniladi”;

uchinchi qism toʻrtinchi qism deb hisoblansin.

5. Oʻzbekiston Respublikasining 2003-yil 30-avgustda qabul qilingan “Bank siri toʻgʻrisida”gi 530-II-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2003-yil, № 9-10, 144-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2005-yil, № 9, 312-modda; 2009-yil, № 9, 337-modda; 2012-yil, № 4, 105-modda; 2016-yil, № 4, 125-modda; 2017-yil, № 9, 510-modda; 2019-yil, № 1, 5-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 6, 524-modda; 2022-yil, № 4, 337-modda; 2024-yil, № 9, 965-modda) quyidagi qoʻshimchalar va oʻzgartirish kiritilsin:

1) 5-moddaning ikkinchi qismi quyidagi mazmundagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“bankni sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirishda bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlarning uchinchi shaxslarga maʼlum qilinishi yoki taqdim etilishi”;

2) 13-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ 13-modda. Bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlarni vasiyatnomada koʻrsatilgan shaxslarga, merosxoʻrlarga, vasiyatnomani ijro etuvchiga, huquqiy vorislarga, notarial va konsullik muassasalariga taqdim etish

Jismoniy shaxs vafot etgan taqdirda bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar vasiyatnomada koʻrsatilgan shaxslarga, merosxoʻrlarga va vasiyatnomani ijro etuvchiga ushbu Qonunda belgilangan tartibda, xizmat koʻrsatuvchi bank tomonidan taqdim etiladi.

Notarial va konsullik muassasalari ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan hollarda, agar bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar merosga boʻlgan huquq toʻgʻrisidagi guvohnomani berish chogʻida meros mol-mulkning tarkibi va joylashgan yerini tekshirish uchun zarur boʻlsa, ushbu maʼlumotlarni olish huquqiga ega.

Qayta tashkil etilgan yuridik shaxsning bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlari uning huquqiy vorislariga huquqiy vorislikni tasdiqlovchi hujjatlarga asosan taqdim etiladi.

Agar ushbu moddaning birinchi, ikkinchi va uchinchi qismlarida koʻrsatilgan subyektlarning bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlarni taqdim etish toʻgʻrisidagi murojaatlari qonunchilikka muvofiq taqdim etilmasa, bank kamchiliklarni va murojaatni koʻrib chiqish uchun zarur boʻlgan hujjatlar roʻyxatini koʻrsatgan holda ariza beruvchini bu haqda besh ish kuni ichida xabardor qiladi.

Yuqorida koʻrsatilgan shaxslar tomonidan hujjatlar qonunchilikka muvofiq taqdim etilganda bank murojaat etuvchiga tegishli mijoz toʻgʻrisidagi toʻliq axborotni va barcha hujjatlarni yopiq va muhrlangan konvertda yoki axborot tizimi orqali elektron hujjat tarzida himoyalangan aloqa kanallari vositasida besh ish kuni ichida taqdim etishi shart”;

3) quyidagi mazmundagi 13 1 -modda bilan toʻldirilsin:

“13 1 -modda. Bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga taqdim etish

Mijozning bank oldidagi majburiyatlari qonunchilikda belgilangan tartibda uchinchi shaxslar tomonidan bajarilganda yoki bankka tegishli boʻlgan huquq (talab) boshqa shaxsga oʻtganda (talabdan boshqa shaxs foydasiga voz kechilganda) yoki qonunga asosan boshqa shaxsga oʻtganda bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar uchinchi shaxslarga bajarilgan majburiyat doirasida yoxud oʻtgan huquq (talab) doirasida taqdim etiladi”.

6. Oʻzbekiston Respublikasining 2008-yil 22-iyulda qabul qilingan “Qimmatli qogʻozlar bozori toʻgʻrisida”gi OʻRQ-163-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasining 2015-yil 3-iyunda qabul qilingan OʻRQ-387-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2015-yil, № 6, 227-modda; 2018-yil, № 1, 1-modda; 2019-yil, № 1, 5-modda, № 3, 166-modda, № 4, 199-modda, № 12, 891-modda; 2020-yil, № 7, 449-modda, № 10, 593-modda; 2021-yil, № 1, 13-modda, 4-songa ilova, № 10, 968, 973-moddalar; 2022-yil, № 3, 217-modda; 2023-yil, № 4, 272-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 10, 1079-modda) 2-moddasiga quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirish kiritilsin:

quyidagi mazmundagi ikkinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Ushbu Qonun banklarni sanatsiya qilish va tugatishga doir munosabatlarga nisbatan maxsus qonunchilikka zid boʻlmagan hollarda qoʻllaniladi”;

ikkinchi qism uchinchi qism deb hisoblansin.

7. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 8-yanvarda qabul qilingan “Maʼmuriy tartib-taomillar toʻgʻrisida”gi OʻRQ-457-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, № 1, 2-modda; 2020-yil, № 1, 1-modda; 2021-yil, 4-songa ilova) 3-moddasining ikkinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ushbu Qonun normativ-huquqiy hujjatlarni tayyorlash va qabul qilish, soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlarni undirish, davlat xizmatini oʻtash, referendumlar, saylovlar oʻtkazish, mudofaa, jamoat xavfsizligi va huquq-tartibot sohasida, shuningdek tezkor-qidiruv faoliyati, surishtiruv, dastlabki tergov, jinoiy majburlov choralarini qoʻllash bilan bogʻliq boʻlgan boshqa faoliyat, sud ishini yuritish, maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish, banklarni sanatsiya qilish va tugatish sohasida yuzaga keladigan munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi”.

8. Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 25-fevralda qabul qilingan “Auditorlik faoliyati toʻgʻrisida”gi OʻRQ-677-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, № 2, 146-modda; 2022-yil, № 3, 216, 217-moddalar, № 4, 340-modda; 2023-yil, № 1, 2-modda, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 2, 105-modda) 33-moddasining birinchi qismi quyidagi mazmundagi toʻqqizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“banklarning aktivlari va majburiyatlarini, shuningdek balansdan tashqari moddalarini baholashdan oʻtkazish”.

9. Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 22-aprelda qabul qilingan “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi OʻRQ-684-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, № 4, 289-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 11, 1288-modda) 2-moddasi quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Ushbu Qonunning amal qilishi banklarni sanatsiya qilish va tugatish bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi”.

10. Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 12-aprelda qabul qilingan “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi OʻRQ-763-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, № 4, 338-modda; 2023-yil, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 1, 5-modda, № 8, 823-modda, № 10, 1073-modda) quyidagi oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 180-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Sud majburiy tugatilayotgan bankni toʻlovga qobiliyatsiz deb topish toʻgʻrisidagi ishni Markaziy bank tomonidan tayinlangan tugatuvchi tomonidan ariza taqdim etilganda koʻrib chiqish uchun qabul qiladi”;

2) 181-moddaning birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Qarzdor bank kreditorlarning talablarini qanoatlantirishga qodir boʻlmagan taqdirda yuzaga keladigan munosabatlar hamda banklarning toʻlovga qobiliyatsizligi bilan bogʻliq masalalar “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni bilan tartibga solinadi”.

11. Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 28-oktabrda qabul qilingan OʻRQ-798-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, 10-songa ilova; 2023-yil, № 4, 265-modda, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 7, 627-modda, № 9, 964-modda) quyidagi oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 100-moddaning ikkinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan kafolatlar tashkilot rahbari, uning oʻrinbosarlari, bosh buxgalter bilan, tashkilotda bosh buxgalter lavozimi mavjud boʻlmagan taqdirda esa bosh buxgalter vazifalarini amalga oshiruvchi xodim (bundan buyon matnda bosh buxgalter deb yuritiladi) bilan tuzilgan mehnat shartnomasi mulkdorning almashishi sababli bekor qilingan hollarga nisbatan ham tatbiq etiladi, bundan banklar sanatsiya qilingan taqdirda mehnat shartnomasining bekor qilinishi mustasno”;

2) 173-modda ikkinchi qismining ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ish beruvchining tashabbusiga koʻra, bundan shartnoma xodimning aybli harakatlari (harakatsizligi) bilan bogʻliq asoslar boʻyicha hamda bank sanatsiya qilinayotganligi sababli bekor qilinganligi mustasno”.

12. Oʻzbekiston Respublikasining 2023-yil 3-iyulda qabul qilingan “Raqobat toʻgʻrisida”gi OʻRQ-850-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2023-yil, № 7, 533-modda; 2024-yil, № 9, 955-modda) 22-moddasining ikkinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Alohida hollarda, tabiiy ofatlar, halokatlarning oqibatlarini tugatish va epidemiyalarning oldini olish maqsadida hamda favqulodda vaziyatlar davrida, shuningdek banklarni sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirishda respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlar ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan hujjatlarni qabul qilishi va harakatlarni amalga oshirishi mumkin”.

79-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Markaziy bank ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

Markaziy bank ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida:

ushbu Qonun 16-moddasining toʻqqizinchi qismida nazarda tutilgan sanatsiya qilish rejasini ishlab chiqish tartibini va uning mazmuniga doir talablarni belgilasin;

ushbu Qonun 18-moddasining oʻn uchinchi qismida nazarda tutilgan baholashni oʻtkazish tartibini belgilasin;

ushbu Qonun 19-moddasining oʻn birinchi qismida nazarda tutilgan baholovchilarni dastlabki tanlangan baholovchilar roʻyxatiga kiritish tartibini, baholovchilarga qoʻyiladigan talablarni, shuningdek baholovchilarni baholash qoidalarini belgilasin;

ushbu Qonun 22-moddasining oʻn beshinchi qismida nazarda tutilgan sanatsiya qilinayotgan bankka maxsus boshqaruvchini tayinlash tartibini va maxsus boshqaruvchining faoliyati bilan bogʻliq qoidalarni belgilasin;

ushbu Qonun 25-moddasining oltinchi qismida nazarda tutilgan aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasining qoʻllanilish tartibini belgilasin;

ushbu Qonun 29-moddasining beshinchi qismida nazarda tutilgan oraliq bankni tashkil etish, uning faoliyatini amalga oshirish va uni tugatish tartibini belgilasin;

ushbu Qonun 34-moddasining ikkinchi qismida nazarda tutilgan hisobdan chiqarish va (yoki) konvertatsiya qilish vositasini qoʻllash, shu jumladan kapital vositalarining va majburiyatlarning hisobdan chiqarilishi va (yoki) konvertatsiya qilinishi lozim boʻlgan summasini aniqlash, shuningdek istisno etiladigan majburiyatlarni aniqlash shartlari va tartibini belgilasin;

ushbu Qonun 35-moddasining beshinchi qismida nazarda tutilgan qayta tashkil etish rejasini ishlab chiqish va taqdim etish, shuningdek uni baholash tartibini belgilasin;

ushbu Qonun 39-moddasining oʻn toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan sanatsiya qilish jamgʻarmasini boshqarish tartibini belgilasin;

ushbu Qonun 43-moddasining beshinchi qismida nazarda tutilgan kompensatsiyalar toʻlash tartibini, shuningdek zararlarni baholashni oʻtkazish qoidalarini, baholovchiga qoʻyiladigan talablarni hamda baholovchilarni tanlab olish shartlari va tartibini belgilasin;

ushbu Qonun 47-moddasining yettinchi qismida nazarda tutilgan bank faoliyatini tugatish va bankni ixtiyoriy yoki majburiy shaklda tugatish tartibini belgilasin.

80-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

81-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 23-iyun,

OʻRQ-1070-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.06.2025-y., 03/25/1070/0536-son; 14.07.2026-y., 03/26/1158/0727-son)

lex.uz