UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 20-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 20 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 июня 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 June 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

НИЗОМ

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

ТАРТИБИ

ТАРТИБИ

НИЗОМ

Республикада аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат билан ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели бўйича 2025 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг 15 та туман (шаҳар)ларида, 2026 йил 1 январдан бошлаб Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов лойиҳаси (кейинги ўринларда — тажриба-синов лойиҳаси) амалга оширилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш ва уни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Туман (шаҳар) марказий шифохонаси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Оилавий поликлиника тўғрисидаги намунавий низом 4-иловага мувофиқ;

Аҳолини тиббиёт бригадаларига бириктириш тартиби 5-иловага мувофиқ;

Тиббиёт, фармацевтика ва раҳбар ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби 6-иловага мувофиқ;

Давлат тиббиёт муассасаларида аутсорсинг асосида стоматологик хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки, тажриба-синов лойиҳаси доирасида:

туман (шаҳар) марказий шифохоналарида марказий лабораториялар Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт муассасаларига хизмат кўрсатувчи марказий лабораториялар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2024 йил 4 октябрдаги 627-сон қарорида белгиланган тартибда ташкил этилади;

туман (шаҳар) даражасида юридик шахс бўлган барча стационар ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасалари ҳамда диспансерлар тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонасининг бўлинмаси сифатида унинг таркибига киритилади.

4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йил 1 июлга қадар тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудудларда, 2025 йил якунига қадар Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида:

барча тиббиёт муассасаларини хатловдан ўтказсин;

фаолияти самарасиз деб топилган тиббиёт муассасаларини тугатиш ҳамда тиббиёт муассасаларини ушбу қарор билан тасдиқланган тегишли низомлар асосида қайта ташкил қилиш чораларини кўрсин.

Бунда янги ёки қайта ташкил қилиниши лозим бўлган оилавий поликлиникалар ва оилавий поликлиника филиалларини зарур бино ва иншоотлар ҳамда инфратузилма билан таъминлаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади;

б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Ушбу қарорда белгиланган тартиб ва қоидалар тажриба-синов лойиҳаси доирасида амал қилади.

6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар тажриба-синов лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларни пухта таҳлил қилган ҳолда, уни республиканинг қолган ҳудудларида ҳам тўлиқ жорий қилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 июндаги 384-сон қарорига 1-ИЛОВА

Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш ва уни ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда — Соғлиқни сақлаш вазирлиги) туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари тизимидаги оилавий поликлиника ва унинг филиаллари (кейинги ўринларда — оилавий поликлиникалар) томонидан аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бирламчи тиббий-санитария ёрдами — профилактика қилиш, ташхис қўйиш, касалликларни даволаш, ҳомиладорлик кечишини кузатиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда аҳолини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари тўғрисида хабардор қилиш бўйича тадбирларни ўз ичига оладиган тиббий ёрдам тури;

оилавий поликлиника — бириктирилган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш учун ташкил қилинган давлат тиббиёт муассасаси;

беморларни (аҳолини) йўналтириш ( маршрут ) — тиббий ёрдам олиш ҳамда ундан фойдаланиш мақсадига қараб оилавий поликлиникаларга мурожаат қилган беморлар (аҳоли) оқимини тизимли бошқариш жараёни;

беморни динамик кузатиш — беморнинг саломатлик ҳолатини тизимли мониторинг қилиш ва кузатиш натижалари бўйича зарур тавсия бериш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш;

паллиатив тиббий ёрдам — даволаниши қийин бўлган касалликка чалинган беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида амалга ошириладиган, оғриқдан халос қилишга ва касалликнинг бошқа оғир кўринишларини енгиллаштиришга қаратилган тиббий ёрдам тури;

патронаж хизмати — тиббиёт бригадаси томонидан болаларга, уйда ётиб қолган ва ўзгалар парваришига муҳтож беморларга, ҳомиладорларга, туғруқдан кейинги ҳамда туғиш ёшидаги аёлларга «уйига ташриф» асосида кўрсатиладиган тиббий хизмат тури;

профилактика — касалликларнинг пайдо бўлиши, дастлабки босқичларида ривожланиши ҳамда асоратларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;

скрининг текширувлари — аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлашга қаратилган дастурлар мажмуи;

стационар ўрнини босувчи тиббий ёрдам — оилавий поликлиникаларда ташкил этилган кундузги шифохона, уй шароитида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш;

профилактик тиббий кўрик — аҳолини белгиланган тартибга мувофиқ режа асосида тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни.

2-боб. Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишни ташкил этиш

3. Оилавий поликлиникада:

тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки босқичида аҳоли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари томонидан тегишли оилавий поликлиникаларнинг тиббиёт бригадаларига бириктирилади. Бунда оилавий шифокор аҳоли томонидан эркин танланади;

тиббий хизмат кўрсатиш бўйича оилавий шифокор ҳамда бириктирилган аҳоли ўртасида битим тузилади. Битимда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилади;

аҳоли томонидан битимда келтирилган мажбуриятлар бажарилганда оилавий поликлиникаларда Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари (кейинги ўринларда — кафолатланган пакет) доирасида тиббий хизматларни тасдиқланган даволаш стандартларига, миллий клиник протоколларга асосан бепул кўрсатилади;

аҳолига тиббий хизмат фақат тегишли оилавий шифокорга мурожаат қилиш орқали бепул кўрсатилади (шошилинч ва тез тиббий ёрдам ҳоллари бундан мустасно);

оилавий шифокор томонидан, заруратга кўра тор соҳа мутахассисларига ва тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонасига электрон йўлланмалар берилади;

бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамда оилавий поликлиника ўртасида тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома тузилади;

оилавий поликлиникадан 10 км дан узоқ масофада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати фаолияти ташкил этилади.

4. Оилавий поликлиникаларга ҳудудлар тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг буйруғи асосида амалга бириктирилади.

5. Оилавий поликлиника жойлашган ҳудудда яшамайдиган, лекин ушбу оилавий поликлиникага бириктирилган аҳолига ҳам кафолатланган пакет доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади (патронаж хизмати бундан мустасно).

6. Оилавий поликлиника ва унинг филиалларида бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг қуйидаги турлари кўрсатилади:

аҳолига тиббий ёрдамнинг профилактика, ташхис қўйиш, даволаш, тиббий реабилитация, паллиатив ёрдам, диспансеризация хизматлари;

миллий эмлаш календарига биноан профилактик эмлаш;

юқумли касалликлар, заҳарланишлар ва фавқулодда вазиятлар тўғрисида тегишли хизматларни ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни, юқумли касалликлар ўчоқларида обсервация тадбирларини ўтказиш, аҳолини хавфли эпидемик вазият тўғрисида огоҳлантириш;

аҳолига амбулатория-поликлиника ёрдамини кўрсатишни ташкил этишда филиалларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш.

7. Оилавий поликлиника филиаллари қуйидаги мезонлар асосида ташкил этилади:

а) 3 000 нафаргача аҳоли бириктирилган ҳамда мавжуд 2-тип оилавий поликлиникагача 5 км дан яқин бўлмаган масофада ва чекка ҳудудларда жойлашган маҳаллалар инобатга олинган ҳолда, кўчма контейнерлар ёки бино ва иншоотларда ёрдамчи қурилмалар ташкил қилинади;

б) оилавий поликлиника филиали маҳалла марказига яқин жойлашган бино ва иншоотларда, маҳалла фуқаролик йиғини, умумий ўрта таълим муассасалари ёки ушбу ҳудуддаги аҳоли учун қулай жойлашган давлат ташкилотларининг бино ва иншоотларида ташкил этилиши мумкин;

в) оилавий поликлиника филиали қуйидагилардан ташкил топади:

беморларни кўрикдан ўтказиш хонаси;

муолажалар ўтказиш хонаси;

гигиеник хона;

г) оилавий поликлиника филиали бириктирилган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишни Оилавий поликлиника тўғрисидаги низом асосида ташкил қилинади.

8. Шифокорларнинг фаолият йўналишидан келиб чиқиб, уларнинг қабул вақтлари меъёри Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ушбу меъёрдан келиб чиққан ҳолда, муассаса раҳбари томонидан шифокор ва мутахассисларнинг амбулатор қабул вақтлари белгиланади.

9. Оилавий поликлиникада бириктирилган аҳолига тиббий хизмат муассасанинг ўзида ҳамда беморнинг ҳолатига кўра унинг доимий ёки вақтинча яшаш жойида кўрсатилади.

3-боб. Оилавий поликлиника ва тиббиёт бригадалари фаолиятини ташкил этиш

10. Тиббиёт бригадаси таркиби оилавий шифокор, амалиётчи ҳамшира ва оила ҳамшираларидан иборат бўлади.

11. Тиббиёт бригадаси ва тор соҳа мутахассисларининг сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган штат меъёрларига мувофиқ белгиланади.

Бунда туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига штат меъёрларида кўзда тутилмаган лавозимларни ажратилган маблағлар доирасида лавозим алмашиниши орқали штатлар жадвалига белгиланган тартибда киритишига рухсат берилади.

12. Оилавий поликлиникалар қуйидаги мезонлар асосида ташкил этилади:

а) оилавий поликлиникада хоналар аҳолини йўналтириш маршрутига асосан жойлаштирилади.

Бунда беморларга қулайлик яратиш мақсадида шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда энг кўп мурожаат қилинадиган хоналар оилавий поликлиникага кириш жойига яқин хоналарда жойлаштирилади;

б) оилавий поликлиникага киришда аҳоли учун қулай схема ишлаб чиқилиб, рўйхатхонага ҳамда бўлимларга ўтиш учун йўл белгилари билан белгиланади;

в) кўп қаватли бино ва иншоотларда ташкил қилинган оилавий поликлиникаларда ҳар бир қават учун блокларга ажратилган ҳолда чизма ишлаб чиқилиб, шифокорларга йўллаш бўйича сараланади;

г) оилавий поликлиникалар кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш учун жиҳозлаш стандартлари асосида барча зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланади;

д) ҳар икки нафар оилавий шифокорга камида 1 та махсус жиҳозланган шифокордан олдинги кўрик хонасининг бўлиши оптимал ҳисобланади;

е) оилавий шифокорлар хонаси кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакетларига мос равишда шифокорлар учун зарур тўплам (офтальмоскоп, тонометр, фонендоскоп, пикфлоуметр, кўриш ўткирлигини аниқлаш жадвали, неврологик болғача ва бошқалар), тиббий мебель ҳамда персонал компьютер билан жиҳозланади;

ж) шифокордан олдинги кўрик хонаси оилавий шифокор қабулига ташриф буюрувчилар оқимини тартибга солиш, шифокор ваколати ва аралашувини талаб қилмайдиган функцияларни бажаришда шифокор юкламасини камайтириш ва ҳамширанинг ушбу йўналишдаги ваколатларини ошириш мақсадида ташкил этилади ҳамда унда тиббиёт бригадасининг амалиётчи ҳамшираси фаолият юритади.

13. Шифокордан олдинги кўрик хонаси фаолиятини самарали ташкил этиш, зарур тиббий жиҳоз ва анжомлар, сарфлов материаллари, адабиётлар (ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари, миллий клиник протоколлар, алгоритмлар, буйруқлар ва бошқалар), саволнома, кўргазмали ва тарқатма материаллар билан таъминлаш учун муассаса раҳбари ҳамда катта ҳамшира жавобгар ҳисобланади.

14. Шифокордан олдинги кўрик хонасига аҳоли қуйидаги масалалар бўйича мурожаат қилиши мумкин:

профилактик тиббий кўриклар;

амалиёт ўтказиш (беморлар шикоятларини ўрганиш, антропометрия, тонометрия, ЭКГ ва бошқалар);

болаларнинг ўсиши ва ривожланишини баҳолаш;

профилактик эмлашлар;

скрининг текширувлардан ўтиш;

антенатал кузатувлар;

сурункали касаллиги бор беморларнинг динамик кузатуви.

15. Оилавий поликлиника рўйхатхонаси бинонинг кириш қисмида ёки биринчи қаватида, «ташриф буюрувчига яқинроқ» тамойили асосида ташкил этилади ва катта ҳамшира томонидан назорат қилинади.

16. Оилавий поликлиникада нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳомиладор аёлларга рўйхатхона томонидан навбатсиз хизмат кўрсатилади.

4-боб. Оилавий поликлиникага мурожаат қилиш тартиби

17. Аҳоли оилавий поликлиникага мурожаатлари қуйидаги йўналишлар гуруҳи асосида мурожаат қилади:

а) профилактик тиббий кўрик ва скрининг текширувлари (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб ва муддатларда);

б) касалликларнинг ўткир ҳолатларида беморни йўналтириш;

в) антенатал парвариш ва кузатув;

г) вакцинация (профилактик эмлашлар);

д) шошилинч ҳолатлар;

е) тор соҳа мутахассисларининг қабулига ёзилиш;

ж) меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш;

з) никоҳланувчиларнинг тиббий кўриги;

и) тиббий маълумотнома олиш;

к) мигрантларнинг тиббий кўриги;

л) ўлим тўғрисида маълумотнома олиш;

м) республика ва вилоят даражасидаги тиббий хизматлардан фойдаланиш учун имтиёзли йўлланма олиш;

н) ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг кўриги;

о) физиотерапия ва реабилитация муолажаларини олиш;

п) аҳоли учун бепул дори воситаларини олиш;

р) эшитиш мосламаси, аравача, ҳасса, қўлтиқтаёқлар ва ортопедик оёқ кийимни олиш учун тиббий хулоса олиш;

с) ҳаж сафарига бориш учун тиббий кўрик маълумотномасини олиш.

Оилавий поликлиникаларда тирбандликнинг олдини олиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида беморлар (аҳоли) ушбу Низомга иловага мувофиқ белгиланган тартибда йўналтирилади.

18. Тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги маълумотлар бевосита оилавий поликлиникадаги ахборот стендларига (расмий веб-саҳифаси) жойлаштирилади, шунингдек, муассасанинг телефон рақамига қўнғироқ қилиш орқали тақдим этилади.

19. Аҳоли кўрсатилган тиббий ёрдам сифатидан норози бўлганда, шунингдек, бошқа сабаблар бўйича мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ кўриб чиқилади.

20. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши учун аҳоли ўзи бириктирилган (ёки яшаш жойидаги) тиббиёт бригадаси фаолият юритадиган оилавий поликлиниканинг рўйхатхонасига шахсан мурожаат қилиш орқали ёки махсус электрон дастур орқали ёхуд телефон орқали мурожаат қилиб, оилавий шифокори қабулига навбат олади.

21. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган аҳоли белгиланган вақтда қабулга келиши лозим.

22. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган ва даромад солиғи тўлайдиган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам кўрсатилади. Бошқа ҳолларда тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади (шошилинч ва тез тиббий ёрдам бундан мустасно).

23. Амбулатор тиббий карта оилавий поликлиника рўйхатхонасида ва (ёки) «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимларининг ягона комплекси базасида электрон шаклда сақланади ҳамда беморга топширилиши тақиқланади.

24. Оилавий шифокор томонидан зарур ҳолларда, жисмоний имконияти чекланган (ногирон), ҳаракатлана олмайдиган ёки ақли заиф беморларга доимий ёки вақтинча яшаш жойида кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатилиши мумкин.

25. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами сайёр тиббий ёрдам бригадалари томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

26. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи ҳамда оилавий поликлиника мудирлари аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ва уни ташкил этиш учун жавобгар ҳисобланади.

27. Ушбу Низомнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Оилавий поликлиникаларда аҳоли ва беморлар маршрути

1. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ‒ туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари тизимидаги оилавий поликлиника ва унинг филиалларида (кейинги ўринларда — оилавий поликлиника) аҳоли (беморлар) профилактик кўрикдан ўтишда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

тиббиёт бригадасининг профилактик кўрикдан ўтказиш режасига асосан аҳоли оилавий поликлиникага ташриф буюради;

бемор оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокор олди кўриги хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаат этувчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор мурожаат этувчининг шикоятларидан келиб чиқиб, тиббий кўрик ўтказади, тиббий кўрик натижасига кўра касаллик аниқланса ёки касалликка гумон қилинса, заруратга кўра қўшимча текширув ва тор соҳа мутахассислари кўриклари тавсия этилади ва беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатилади (амбулатор тиббий ёрдам, кундузги шифохонада даволаш чоралари ёки шифохонада даволаниш учун йўналтириш);

агар мурожаат этувчи соғлом деб топилса, соғлом турмуш тарзига риоя этиш бўйича зарур тавсиялар берилади;

оилавий шифокор ёки тор соҳа мутахассисининг тавсияси асосида қайта кўрик белгиланганда, аҳоли оилавий поликлиника ёки туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига мурожаат қилади. Рўйхатхона ходимига фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этилганда, тўғридан-тўғри оила шифокори ёки тор соҳа мутахассисига йўлланма берилади.

2. Оилавий поликлиникада аҳоли (беморлар) касалликнинг ўткир ҳолатида қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

бемор рўйхатхонага мурожаат қилганда, рўйхатхона ҳамшираси уни фильтр хонага (алоҳида хона) бевосита олиб боради;

оилавий шифокор беморни ҳолатига кўра беморни фильтр хонада (алоҳида хона) қабул қилади;

оилавий шифокор беморга амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатади ҳамда амбулатор даво муолажаларини тайинлайди, заруратга кўра тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтиради. Бунда кўрсатма бўлса, беморни кундузги шифохонага ёки стационар даволаниш учун шифохонага юборади;

алоҳида ҳолларда бемор ўзи бириктирилган тиббиёт бригадаси оилавий шифокорини яшаш жойига чақириши мумкин.

3. Аҳоли (беморлар) меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олишда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари, соғлиқни сақлаш тизими, шу жумладан, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли тиббиёт муассасаларининг шифокорлари томонидан махсус электрон бланкага киритилади ва автоматик тарзда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимларининг ягона комплексида (кейинги ўринларда — Ахборот тизими) сақланади. Бунда маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади;

бемор оилавий поликлиникага мурожаат қилганда, шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаат этувчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор беморнинг шикояти асосида унга зарур тиббий ёрдам кўрсатади (амбулатор тиббий ёрдам, кундузги шифохонада даволаш чоралари ва шифохонада даволаниш учун йўналтириш) ва заруратга кўра тор соҳа мутахассисига йўналтиради;

оилавий шифокор томонидан тор соҳа мутахассисига йўналтирилган бемор тор соҳа мутахассиси томонидан кўрикдан ўтказилади ҳамда тор соҳа мутахассиси тиббий кўриги хулосаси асосида белгиланган тартибда оилавий шифокор томонидан Ахборот тизими орқали расмийлаштирилади;

яшаш жойига чақирилганда оилавий шифокор кун тартибидаги юкламаларни бажаргач, беморни уйда кўрикдан ўтказиб, зарур муолажаларни бажаради ва даво муолажаларини белгилайди ҳамда оилавий поликлиникага қайтганидан сўнг меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштиради.

4. Оилавий поликлиникада аҳоли (беморлар) тор соҳа мутахассислари қабулига қуйидагича йўналтирилади:

бемор оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаат этувчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга (тиш оғриғида стоматологга) йўналтиради;

оилавий шифокор бемор шикоятларидан келиб чиқиб, кўрик ўтказади ва зарурат бўлганида йўналиш бўйича тор соҳа мутахассисларига йўналтиради;

тор соҳа мутахассисининг тавсияси асосида қайта кўрик белгиланганда бемор оилавий поликлиника ёки туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри тор соҳа мутахассисига йўналтирилади.

5. Оилавий поликлиникада шошилинч ҳолатларда аҳоли (беморлар) қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

бемор рўйхатхонага мурожаат қилади ва рўйхатхона ҳамшираси уни муолажа хонаси ёки шифокор хонасига бевосита олиб боради;

оилавий шифокор беморни ҳолатига кўра муолажа хонаси ёки шифокор хонасида қабул қилади;

оилавий шифокор беморга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади ҳамда заруратга кўра тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтиради;

алоҳида кўрсатма бўлганда, беморлар стационар даволаниш учун шифохонага йўналтирилади (оилавий поликлиника автотранспорт воситасида бемор ҳолатига кўра умумий амалиёт ҳамшираси ёки оилавий шифокор ҳамроҳлигида ёки тез тиббий ёрдам машинасида).

6. Никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтишда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан экстерриториал тамойил асосида психиатр шифокорлар, наркологлар, тери-таносил касалликлари шифокорлари, ОИВ/ОИТСга текширишдан ўтиш, фтизиатрлар (диспансер ва туман кабинетлари) томонидан тиббий кўрик ўтказиш учун асос ҳисобланадиган ФҲДЁ органлари томонидан берилган йўлланма бўйича бепул ўтказилади;

экстерриториал тамойил асосида туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига мурожаат қилади;

никоҳланувчи шахслар рўйхатхона ходимига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича масъул бўлган шифокор қабулига йўлланма (талон) олади;

масъул шифокор йўлланмасига мувофиқ психиатр шифокор, нарколог, тери-таносил касалликлари шифокори, фтизиатр кўригига юборилади;

тор соҳа мутахассислари кўригидан сўнг никоҳланувчи шахслар тиббий кўрик натижаларини масъул бўлган шифокорга тақдим этади;

туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика поликлиникасининг масъул шифокори никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича маълумотнома беришда никоҳланувчи шахсларда аниқланган касалликларнинг никоҳ тузилгандан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатлари тўғрисида тушунтириш беради;

никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш муддати туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлинмасига мурожаат қилган кундан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги лозим.

7. Оилавий поликлиникада аҳоли болаларни эмлаш бўйича мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

болалар миллий эмлаш режаси асосида патронаж ҳамширасининг таклифига мувофиқ оилавий поликлиника рўйхатхонасига уларнинг ота-онаси ёки қонуний васийси томонидан олиб келинади;

оилавий поликлиника рўйхатхонасига боланинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (ЖШШИР) ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олинади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси боланинг белгиланган маълумотларини расмийлаштиради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор болани кўрикдан ўтказади, агар бола соғлом бўлса, эмлашга рухсат беради ва эмлаш хонасига юборади;

эмлашга қатъий ёки вақтинча тиббий чеклов аниқланган ҳолларда оилавий шифокор болани соғломлаштириш чорасини кўради ва заруратга кўра педиатрга, иммунологга ёки бошқа тор соҳа мутахассисларига йўналтиради;

эмлашга вақтинча тиббий чекловлар бартараф қилингандан сўнг оилавий поликлиника рўйхатхонасига боланинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри оилавий шифокорга йўлланма берилади.

8. Аҳоли тиббий маълумотнома (086-шакл) олиш бўйича мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

аҳоли оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаат этувчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор тиббий кўрик ўтказади ва мурожаат этувчини тор соҳа мутахассисларига йўналтиради, тора соҳа мутахассислари томонидан тиббий кўрик ўтказилади, зарурат бўлганда лаборатор ва инструментал текширувлар буюради. Тор соҳа мутахассисларининг кўриги хулосалари туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлинмаси тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) шифокорига ёки бўлим мудирига йўналтирилади;

ТМЭК шифокори ёки бўлим мудири хулосаси мурожаат этувчига оилавий поликлиника ёки туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонаси орқали берилади.

9. Оилавий поликлиникада аҳоли ўлим тўғрисидаги маълумотнома олиш бўйича мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

вафот этган одамнинг яқин қариндошлари оилавий поликлиника рўйхатхонасига вафот этган одамнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали вафот этган одам бириктирилган оилавий шифокорга йўналтирилади;

оилавий шифокор ўлимни қайд қилиш тартибига мувофиқ вафот этган одамнинг доимий ёки вақтинча яшаш жойига борган ҳолда ўлимни тасдиқлайди;

зўраки ўлим белгилари аниқланганда, шубҳали ҳолатларда ёки ўлимни қайд қилиш тартибига мувофиқ вафот этган одам сурункали касалликлар туфайли диспансер рўйхатида турмаса, оилавий шифокор томонидан ҳуқуқ-тартибот органлари хабардор қилинади;

оилавий шифокор томонидан ўлим тўғрисидаги гувоҳнома электрон тизим орқали расмийлаштирилади ва бир нусхасини вафот этган одамнинг яқин қариндошларига тақдим қилинади.

10. Оилавий поликлиникада ҳомиладор аёллар мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасигача рўйхатдан ўтиши лозим;

ҳомиладор аёл оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси ҳомиладор аёлни зарур текширувлардан ўтказади ва оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор ҳомиладорни рўйхатга олиб, акушер-гинеколог шифокорига йўналтиради;

акушер-гинеколог шифокор томонидан ҳомиладор аёл белгиланган текширувлардан ўтказилади ва назоратга олинади;

заруратга кўра бошқа тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилади;

шифокор тавсияси асосида қайта кўрик белгиланганда, ҳомиладор аёл оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри акушер-гинеколог шифокорга ёки заруратга кўра оилавий шифокор томонидан бошқа тор соҳа мутахассисига йўналтирилади;

акушер-гинеколог шифокор томонидан хавф белгилари аниқланганда стационар даво учун йўлланма берилади;

агар ҳомиладорлик хавф белгиларисиз кечаётган бўлса, тиббиёт бригадасининг патронаж ҳамшираси томонидан кузатувга олиниб, керакли маслаҳатлар бериб борилади.

11. Оилавий поликлиникада мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказишда ишлар қуйидаги йўналишда амалга оширилади:

чет элда уч ойдан ортиқ муддат бўлганлар рўйхати ҳудудий ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда оилавий поликлиникага тақдим этилади ҳамда рўйхат мунтазам доимий янгиланиб боради;

патронаж ҳамшираси рўйхатдагиларни тиббий кўрикдан ўтиш режасини тузиб, режага мувофиқ тиббий кўрикдан ўтишга чақиради;

мигрант оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаат этувчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор мурожаат этувчи шикоятларидан келиб чиқиб, кўрик ўтказади, зарурат бўлганда лаборатор ва инструментал текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисига йўналтиради, мурожаат этувчида касаллик белгилари аниқланса тиббий ёрдам кўрсатилади (амбулатор тиббий ёрдам, кундузги шифохонада даволаш чоралари ва стационар даво учун йўналтириш);

мурожаат этувчи тиббий кўрик натижасида соғлом деб топилганда, унга соғлом турмуш тарзига риоя этиш ва бошқа зарур тавсиялар берилади;

оилавий шифокор ёки тор соҳа мутахассисининг тавсияси асосида қайта кўрик белгиланганда, мурожаат этувчи оилавий поликлиника ёки туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига мурожаат қилади. Рўйхатхона ходимига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этилиб тўғридан-тўғри оилавий шифокор ёки тор соҳа мутахассисига йўлланма берилади.

12. Оилавий поликлиникада беморлар имтиёзли йўлланма олиш бўйича мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

сурункали касалликлари бўлган ва имтиёзли йўлланма олиш учун мурожаат қилган беморлар оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси беморни зарур текширувлардан ўтказади, маълумотларини расмийлаштиради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор томонидан белгиланган тиббий кўриклар ўтказилади ҳамда бемор тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси тор соҳа мутахассислари кўригига йўллантирилади;

оилавий шифокор томонидан белгиланган йўналишларда касалликлар бўйича беморларга туман (шаҳар) марказий шифохоналарига стационар даволаниш учун тўғридан-тўғри имтиёзли йўлланма берилиши мумкин;

туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси тор соҳа мутахассислари томонидан инструментал ва лаборатор текширувлар натижалари асосида имтиёзли йўлланма туман (шаҳар) марказий шифохонасига расмийлаштирилади ёки ҳудудий даражадаги шифохонада даволаниш учун имтиёзли йўлланма расмийлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар йўналишлар бўйича тегишли бош мутахассисларга бемор маълумотларини электрон йўналтирилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар йўналишлар бўйича бош мутахассислар томонидан бемор маълумотлари ҳамда тор соҳа мутахассислари томонидан қўйилган ташхисга асосан ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларига йўлланма расмийлаштирилади ва бемор электрон навбатга қўйилади;

бемор республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида даволаниши лозим деб топилганда, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар йўналишлар бўйича бош мутахассислар электрон тизим орқали бемор маълумотларини ҳамда касаллик ташхисини йўналиш бўйича республика даражасида ташкил қилинган тиббий танлов комиссиясига кўриб чиқиш ҳамда имтиёзли йўлланма расмийлаштириш ва электрон навбатга қўйиш учун йўналтиради.

Бунда бемор ташхиси ҳамда кўрсатилиши лозим бўлган тиббий хизматдан келиб чиқиб, тиббий танлов комиссияси томонидан республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида стационар шароитда даволаниш учун электрон шаклдаги йўлланма расмийлаштирилиши мумкин;

бемор стационар даволанганидан сўнг чиқарув эпикризи бемор даволанган тиббиёт муассасаси томонидан оилавий поликлиникага етказилиши таъминланади.

13. Ҳарбий хизматга чақирувчиларнинг тиббий кўригини ташкил этишда ишлар қуйидаги йўналишда амалга оширилади:

ҳарбий хизматга чақирилувчилар тиббий ҳарбий комиссиянинг йўлланмаси асосида тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига мурожаат қилади;

ҳарбий хизматга чақирилувчилар туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақами ва тиббий ҳарбий комиссиянинг йўлланмасини тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри флюорография, ЭКГ, лаборатор ва УТТ текширувига электрон йўлланма (талон) расмийлаштириб йўналтирилади.

14. Оилавий поликлиникада аҳоли уқалаш ва физиотерапия муолажаларини олиш бўйича мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

уқалаш ва физиотерапия муолажаларини олувчилар бирламчи мурожаатида оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаатчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор мурожаат этувчининг шикоятларидан келиб чиқиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатади ва муолажаларни сони ва давомийлигини белгилайди ва заруратга кўра тор соҳа мутахассисига йўналтиради;

тор соҳа мутахассиси аҳолининг шикоятларидан келиб чиқиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатади ва муолажаларни сони ва давомийлигини белгилайди;

кейинги муолажаларни олиш учун бемор оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри уқалаш ва физиотерапия муолажаларига йўналтирилади.

15. Аҳоли дори воситаларини олиш бўйича мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

бемор оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаат этувчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор беморга қўйилган ташхис, миллий клиник протоколлар ҳамда ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига мувофиқ дори воситаларини бепул олиш учун йўлланма беради;

оилавий шифокор беморни шикоятларидан келиб чиқиб, йўналиш бўйича тор соҳа мутахассисларига йўналтириши мумкин;

диспансер назоратида рўйхатда турувчиларга дори воситаларига шифокор рецепти олиш учун оилавий поликлиника ёки туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри оилавий шифокорга ёки тор соҳа мутахассисига йўлланма берилади;

беморларга оилавий шифокор ҳамда тор соҳа мутахассислари томонидан реимбурсация тизими орқали бериладиган дори воситаларини бепул олиш учун (электрон) рецепт расмийлаштирилади.

16. Оилавий поликлиникада аҳоли мослашув воситаларини олиш бўйича мурожаат қилганда қуйидаги йўналишда ҳаракатланади:

эшитиш мосламаси, аравача, ҳасса, қўлтиқ таёққа ва ортопедик оёқ кийимга муҳтож бўлган беморлар бирламчи мурожаатида оилавий поликлиника рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали шифокордан олдинги кўрик хонасига электрон йўлланма (талон) олади;

шифокордан олдинги кўрик хонасида умумий амалиёт ҳамшираси мурожаат этувчининг ташриф мақсади, шикояти ҳамда ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган текширувларни бажаради ҳамда оилавий шифокорга йўналтиради;

оилавий шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, лаборатор-инструментал таҳлилларни белгилайди ва кўрсатмага асосан тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтиради;

оилавий шифокорнинг ёки тор соҳа мутахассислари тиббий кўрик натижалари жамланган ҳолда, оилавий шифокор беморга эшитиш мосламаси, аравача, ҳасса, қўлтиқ таёқларни бериш учун маълумотномани расмийлаштиради ҳамда туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси TMЭK ёки бўлим мудирига йўналтиради ва электрон тизим орқали «Инсон» марказига юборади, ортопедик оёқ кийим олиш учун маълумотномани «Ногиронларни протезлаш маркази»га тақдим этиш учун беради.

17. Ҳаж сафарига борувчиларни тиббий кўригини ташкил этишда ишлар қуйидаги йўналишда амалга оширилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаларига Ҳаж сафарига борувчилар рўйхатини белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этади;

Ҳаж сафарига борувчилар тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмасига ташриф буюради;

Ҳаж сафарига борувчилар туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали масъул шифокорга электрон йўлланма (талон) олади;

масъул шифокор томонидан Ҳаж сафарга борувчилар шикоятлари асосида зарур тиббий ёрдам кўрсатилади (амбулатор тиббий ёрдам, кундузги шифохонада даволаш чоралари ва шифохонада даволаниш учун йўналтириш) ва заруратга кўра тор соҳа мутахассисига йўналтиради;

агар Ҳаж сафарига борувчи соғлом деб топилса, унга сафар чоғида тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган тавсиялар берилади;

масъул шифокор ёки тор соҳа мутахассисининг тавсияси асосида қайта кўрик белгиланганда Ҳаж сафарига борувчи туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмаси рўйхатхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тиббий ID рақамини тақдим этиш орқали тўғридан-тўғри масъул шифокорга ёки тор соҳа мутахассисига йўналтирилади.

18. Оилавий поликлиникада беморлар кундузги шифохонада даволанишга фақат оилавий шифокор орқали йўналтирилади. Бунда беморларни кундузги шифохонада даволаш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

19. Оилавий поликлиника ушбу тиббиёт муассасасида фаолият юритадиган оилавий шифокорларга бириктирилмаган шахсларга барча тиббий хизматларни, бириктирилган аҳоли учун кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматларни ҳамда оилавий поликлиника ҳамда туман (шаҳар) марказий шифохонаси маслаҳат-диагностика бўлинмасида аҳоли ва беморлар маршрутига амал қилинмаган ҳолларда тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 июндаги 384-сон қарорига 2-ИЛОВА

Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг мақоми, фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинган ҳудудлардаги туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимларига нисбатан татбиқ этилади.

2. Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинган ҳудудларда амалдаги тиббиёт бирлашмалари фаолияти тугатилиб, туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими ташкил этилади.

3. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими ўз фаолиятида тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва соғлиқни сақлаш бошқармасига бўйсунади.

4. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими мустақил балансга, ғазначилик органларида шахсий ғазна ҳисобварақларига, ўз номи ёзилган гербли муҳрга, шунингдек, ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа атрибутларга эга бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

5. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими:

тегишли ҳудудларда жойлашган оилавий поликлиникалар ва уларнинг филиаллари, туман (шаҳар) марказий шифохоналари ҳамда бошқа туман (шаҳар) даражасидаги давлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилади;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг туман (шаҳар) бўлимлари билан ҳамкорликда фаолият йўналишлари бўйича ишларни ташкил этади ва амалга оширади.

6. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасининг буйруқларига, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

2-боб. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими фаолиятининг асосий йўналишлари

7. Қуйидагилар туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

ягона ташкилий-методик раҳбарликни ва туман (шаҳар) даражасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилишни таъминлаш, шунингдек, тизимидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

даволаш-профилактика, санитария-ташвиқот ва реабилитация тадбирларини амалга оширишда тиббиёт муассасаларига услубий ёрдам кўрсатиш;

ҳудуд аҳолиси орасида касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг асоратланиши, ногиронлик ва барвақт ўлимнинг олдини олиш чораларини кўриш;

тиббиёт муассасалари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ҳамда миллий клиник протоколлар асосида сифатли тиббий ёрдам ҳамда лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилишини таъминлаш;

аҳоли орасида касалланиш, шикастланиш, ногиронликнинг олдини олиш, ўлимни камайтириш бўйича профилактика тадбирларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

соғлом турмуш асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, вояга етаётган авлодни соғлом тарбиялаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик, санитария ва гигиена, туғма ногиронлик ва ирсий касалликлар ҳолатларини камайтириш бўйича аҳоли ўртасида профилактика чора-тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

тиббиёт ташкилоти ва беморлар уйида кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириб бориш.

3-боб. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг асосий вазифалари

8. Қуйидагилар туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) аҳолига сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишни ташкил қилиш. Бунда:

мавжуд бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини хатловдан ўтказиш ҳамда хатлов натижалари асосида тажриба-синов лойиҳаси талабларига мувофиқ уларни тегишли шаклдаги юридик шахс бўлган оилавий поликлиника шаклида қайта ташкил этиш;

тегишли кўп тармоқли марказий поликлиникаларни марказий шифохоналарнинг маслаҳат-диагностика бўлинмаларига айлантириш;

тажриба-синов лойиҳаси доирасида тиббиёт бригадаларини янги нормативларга мувофиқ қайта шакллантириш, аҳолининг қайта бириктирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашнинг шаффоф механизмлари асосида тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш ҳамда унинг натижалари бўйича тиббиёт ходимларини тўлиқ ставкада ишга қабул қилиш ва уларга муносиб иш шароити яратилишини таъминлаш;

аҳолига оилавий шифокорни танлаш имконияти ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида тушунтириш ишларини амалга ошириш, тиббиёт ходимлари фаолиятини тасдиқланган самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича назорат қилиш ҳамда натижалар асосида уларни рағбатлантириш;

Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида аҳолини бепул амбулатор ва стационар тиббий хизматлар ҳамда дори воситалари билан таъминлашни ташкил қилиш;

реимбурсация дастури орқали аҳолига дори воситалари ва тиббий жиҳозларни етказиб беришга тадбиркорлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини мониторинг қилиш ва доимий яхшилаб бориш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт таълим муассасалари билан биргаликда тиббиёт бригадаси ходимларининг оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастурида ҳамда раҳбар ходимларни менежерлик курслари бўйича малакасини оширишини таъминлаш;

тажриба-синов лойиҳаси доирасида мақбуллаштириладиган маблағларни туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимларида очилган тегишли шахсий ғазначилик ҳисобварақларига жамлаш ҳамда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтириш;

б) миллий календарга биноан профилактик эмлаш ишларини ўтказиш орқали бошқариладиган инфекциялар ва уларнинг асоратларининг олдини олиш ишларини назорат қилиш;

в) малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда, профилактик тиббий кўрикларни ташкил этиш орқали касалликларни барвақт аниқлаш бўйича зарур чораларни амалга ошириш;

г) кеча-кундуз фаолият кўрсатадиган мобил, белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланган тез тиббий ёрдам кичик станциясидан фойдаланган ҳолда шифохонага ётқизишдан олдинги тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни, шунингдек, сурункали касалликларга чалинган беморларнинг мунтазам кузатиб борилишини, соғломлаштирилиши ва реабилитация қилинишини ташкил этиш;

д) аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари, касалланиш даражаси ва бошқа маълумотларни таҳлил қилиш орқали ўз ҳудудида соғлиқни сақлаш ҳолатини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, юқумли касалликлар, заҳарланишлар ва фавқулодда вазиятлар тўғрисида тегишли хизматларни ўз вақтида хабардор қилиш, санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни, ҳудуд ва уй хўжаликларининг санитария жиҳатидан хотиржамлиги юзасидан умумий назоратни амалга ошириш, юқумли касалликлар ўчоқларида обсервация тадбирларини ўтказиш, аҳолини хавфли эпидемик вазият тўғрисида огоҳлантириш;

е) аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишни ташкил этишда оилавий поликлиникаларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш;

ж) беморларга ташхислаш ва даволаш стандартлари ҳамда миллий клиник протоколлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш ҳамда унинг назоратини таъминлаш;

з) тиббиёт муассасаларига ажратилган маблағларнинг самарадорлиги ҳамда натижадорлигини мониторинг ва назорат қилиш.

4-боб. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

9. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тизимидаги тиббиёт муассасалари ходимлари билан меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш;

ўзига тегишли давлат мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

юқори турувчи ташкилот билан келишган ҳолда асосий фаолият йўналишларини режалаштириш;

асосий воситаларни ижарага олиш ёки ижарага бериш, грант ва бошқа молиявий ёрдамлар жалб этиш;

профессионал фаолиятни амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мол-мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;

тизимидаги муассасалар ходимлари учун меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган шартлари кафолатланишини, техника хавфсизлигини, ижтимоий таъминоти ва муайян ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш.

10. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

аҳолига малакали ихтисослашган амбулатор ва стационар консультация ва даволаш-профилактика ёрдами кўрсатилишини ташкил этиш;

оилавий поликлиникалар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва стационар муассасалар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

олис, чекка ҳудудларда жойлашган оилавий поликлиникаларга бириктирилган аҳолига шифокор сайёр тиббий хизматларини ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириб бориш;

беморлар ҳуқуқларининг, шу жумладан, бемор тўғрисидаги тиббий маълумотларнинг махфийлигини лозим даражада таъминланишини назорат қилиш;

аҳолини ўз хоҳишига кўра тизимдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги тиббиёт бригадаларига бириктиришни ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштириб бориш;

мавжуд тиббий асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва мол-мулкнинг сақланишини ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

тизимидаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятига оид тиббий ҳисоб ва ҳисобот, статистика ва молиявий ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ юритилишини, сақланиши ҳамда уларнинг давлат сақловига белгиланган тартибда берилишини таъминлаш;

тизимидаги тиббиёт муассасаларига хизмат кўрсатувчи марказий лаборатория хизматини ташкил этиш;

туман (шаҳар) марказий шифохонасининг нотиббий хизматлар кўрсатишни (овқатланиш, кир ювиш, стерилизация ва бошқа), шунингдек, самарасиз ҳамда бўш турган бино ва иншоотларни давлат-хусусий шериклик ёки аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш ишларини мониторинг қилиш;

тиббиёт муассасалари томонидан пулли тиббий хизматни ташкил қилиш, ривожлантириш ва хизмат турларини кенгайтириш, жумладан тегишли ҳудудда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда хусусий сектор улушини ошириш, жумладан, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

тажриба-синов лойиҳаси доирасида келиб чиқадиган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритиш;

тизимидаги тиббиёт муассасалари ходимларининг малакасини ошириш, жумладан, хорижий семинар ва стажировкаларга юбориш ҳамда сурункали кадр етишмовчилиги мавжуд бўлган йўналишлар ва ҳудудларни кадр билан таъминлаш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома киритиш.

5-боб. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими фаолиятини ташкил этиш ва уни бошқариш

11. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимига Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

12. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи стационар хизмат бўйича, оилавий поликлиникалар бўйича ҳамда молия-иқтисод хизмати бўйича ўринбосарларга эга бўлади.

Бунда стационар хизмат бўйича бошлиқ ўринбосари тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими тизимидаги барча стационар тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар бўйича бошлиқ ўринбосари бўлим тизимидаги барча оилавий поликлиникалар, уларнинг филиаллари ҳамда амбулатор тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари, молия-иқтисод хизмати бўйича бошлиқ ўринбосари бўлими тизимидаги барча тиббиёт муассасаларининг умумий ва иқтисодий масалалари юзасидан фаолиятини мувофиқлаштиради.

13. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимида асосий фаолиятни тегишли ихтисослик бўйича дипломга эга бўлган мутахассислар юритади.

14. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига ажратилган маблағлар доирасида ҳудуднинг географик жойлашуви, инфратузилма ҳолати, аҳолининг мурожаатлари, касалланиш кўрсаткичлари ва бошқа заруратларга кўра тизимидаги тиббиёт муассасалари шифокорлари ва ҳамширалари штат бирликларини мавжуд штат бирликлари доирасида мустақил белгилаш ва эҳтиёжга кўра оилавий поликлиникаларга сафарбар қилиш ваколати берилади.

6-боб. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг молия-хўжалик фаолияти

15. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг молия-хўжалик фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

16. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг марказлашган молия-бухгалтерия хизмати бўлимнинг ҳамда тизимидаги тиббиёт муассасаларининг молия-бухгалтерия фаолиятини юритади.

17. Қуйидагилар туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Давлат бюджети маблағлари;

ҳомийлик маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

тизимидаги тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ажратмалар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

18. Давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилиниши билан туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими ва унинг тизимидаги тиббиёт муассасаларини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар (капитал қўйилмалар, фан ва илмий изланишлар, эмлаш ва бошқа мақсадли дастурлар учун ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) харажатлар таснифининг бир сатрида ўтказилиши учун алоҳида шахсий ғазначилик ҳисобварақлари шакллантирилади.

19. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими раҳбар ходимлари ва бошқа ходимларига унинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда ойлик устама берилади.

20. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

7-боб. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг ҳисоб ва ҳисоботи

21. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда статистика ҳисоботини юритади ва уни юқори турувчи соғлиқни сақлаш органига тақдим этади, ҳужжатларнинг белгиланган стандартларга мувофиқ юритилиши ҳамда сақланишига жавоб беради.

22. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими ўз фаолияти натижалари тўғрисида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобот ва бошқа ахборотларни тақдим этади.

23. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи тегишли ҳудуд бўйича тиббий ҳисоб-китоб ва ҳисоботларнинг юритилиши учун жавоб беради.

8-боб. Якунловчи қоидалар

24. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

25. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими қайта ташкил этилган ва тугатилган ҳолатларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ходимларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши кафолатланади.

26. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими қайта ташкил этилганда унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва мулки ҳуқуқий ворисга ўтади.

27. Мазкур Низом қоидаларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 июндаги 384-сон қарорига 3-ИЛОВА

Туман (шаҳар) марказий шифохонаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом туман (шаҳар) марказий шифохонасининг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинган ҳудудлардаги туман (шаҳар) марказий шифохоналарига нисбатан татбиқ этилади.

2. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонасини туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси билан бирлаштириш йўли билан қайта ташкил этилади.

Бунда туман (шаҳар) даражасида юридик шахс бўлган барча стационар ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасалари ҳамда диспансерлар тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонасининг бўлинмаси сифатида унинг таркибига киритилади.

3. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими тузилмасига кирувчи давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

4. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича клиник ўқув базаси ҳисобланади.

5. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси барча зарур коммуникация тармоқлари (электр, иситиш, сув таъминоти, канализация, телефон алоқаси ва IT тизими) билан таъминланган бўлиши лозим.

6. Туман (шаҳар) марказий шифохонасида иш вақти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

7. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг буйруқларига, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

2-боб. Туман (шаҳар) марказий шифохонасининг асосий вазифалари ва функциялари

8. Қуйидагилар туман (шаҳар) марказий шифохонасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

дастлабки шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни, беморларни стационар даволаш ҳамда аҳолига касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича тиббий хизматлар кўрсатиш;

юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфи омилларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий этиш орқали аҳоли ўртасида касалликка чалиниш, ногиронлик ва ўлимнинг барвақт олдини олиш;

малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда, лаборатория ва инструментал текширувлар ўтказиш, аҳолининг профилактик тиббий кўрикларида иштирок этиш;

кеча-кундуз тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, сурункали касалликларга чалинган беморларни мунтазам кузатиш, соғломлаштириш ва реабилитация қилинишини таъминлаш;

тор соҳа мутахассисларининг ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга қатъий амал қилган ҳолда, аҳолига тиббий маслаҳат беришни, аҳолига сифатли лаборатор, ташхис қўйиш, амбулатор, стационар ҳамда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

туман даражасида оилавий шифокор ёки тор соҳа шифокори йўлланмаси асосида белгиланган тартибда аҳолига бепул амбулатор ва режали стационар тиббий хизматлар кўрсатиш;

тор соҳа мутахассислари иштирокида аҳоли орасида касалланиш, ногиронликнинг олдини олиш, ўлимни камайтириш бўйича профилактика тадбирларини (скрининг текширувлари, чуқурлаштирилган ва сайёр тиббий кўриклар) амалга ошириш;

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома тузиш;

касалликка туман (шаҳар) даражасида ташхис қўйиш ва уни даволаш имкони бўлмаган ҳолларда, беморларга юқори даражадаги тиббиёт ташкилотларига электрон йўлланма бериш;

нотиббий хизматларни (овқатланиш, кир ювиш, стерилизация ва бошқа) аутсорсинг асосида ташкил этиш.

9. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан, оилавий шифокор ёки тор соҳа мутахассиси йўлланмаси асосида аҳолига бепул хизмат кўрсатилиши тўғрисида тушунтириш ишларини амалга ошириш;

аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда барча зарур тадбирларни (тиббиёт мутахассислари, тиббий асбоб-ускуналар, инструментал ва лаборатор текширувлар ва бошқалар) амалга ошириш;

касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида аҳолини профилактик кўриклардан ва хавф гуруҳига мансуб аҳолини чуқурлаштирилган скрининг текширувларидан ўтказиш ҳамда бу борада оилавий поликлиникалар билан ҳамкорлик қилиш;

меҳнатга лаёқатлилик ҳолатини йўқотган беморларни врачлик-меҳнат эксперт комиссиясига белгиланган тартибда юбориш;

оилавий шифокор томонидан юборилган беморларга юқори малакали тор соҳа мутахассисларининг хизматини ташкил этиш;

мақсадли тиббий кўрикларни (ҳаж сафарига борувчилар, никоҳланувчи шахслар, мигрантлар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар, ишга ва ўқишга кирувчилар, ҳарбий хизматга чақирилувчилар ва бошқалар) ташкил этиш ва ўтказиш;

заруратга кўра туман (шаҳар) марказий шифохонасида даволанаётган беморлар ва уйда оғир ётган беморларга маслаҳатлар бериш ҳамда консилиумларда иштирок этиш.

3-боб. Туман (шаҳар) марказий шифохонасининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

10. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими билан келишган ҳолда ўзининг асосий фаолиятини режалаштириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда йўлланмасиз мурожаат қилган ҳамда бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аҳоли тоифаларига мос келмайдиган шахсларга тиббий хизматларни пулли асосда кўрсатиш;

ходимларнинг доимий равишда ўз устида ишлаши ва малакасини ошириб бориши юзасидан амалий чоралар кўриш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган режадан ташқари профилактик кўриклар ва скрининг текширувларда, аҳолини уйига бориб хизмат кўрсатиш каби бошқа тадбирларда иштирок этмаслик;

асосий воситаларни ижарага олиш ёки ижарага бериш, грантларни ва бошқа молиявий ёрдамларни жалб этиш;

профессионал фаолиятни амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мол-мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;

туман (шаҳар) марказий шифохонасига берилган мол-мулкдан белгиланган тартибда фойдаланиш;

туман (шаҳар) марказий шифохонаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш миқдорларини белгилаш юзасидан таклифлар киритиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими мақсадлари ва асосий фаолиятига зид бўлмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш.

11. Туман (шаҳар) марказий шифохонасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

аҳолига тасдиқланган ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ амбулатор ва стационар тиббий ёрдам кўрсатиш;

беморлар ҳуқуқларининг, шу жумладан, бемор тўғрисидаги тиббий маълумотларнинг махфийлигини лозим даражада таъминлаш;

тасарруфидаги биноларда зарур санитария-гигиена режимини, асептика ва антисептика қоидаларини, асбоблар ва материалларнинг гемоконтакт ва бошқа инфекциялардан профилактикасини таъминловчи стерилизация қилиш шарт-шароитларини сақлаш;

қонунчилик ҳужжатлари, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя қилиш;

мавжуд тиббий жиҳозлар ва мол-мулкнинг сақланишини ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

туман (шаҳар) марказий шифохонасининг фаолиятига оид тиббий ҳисоб ва ҳисобот, молиявий ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ юритилиши, сақланиши ҳамда уларнинг давлат сақловига белгиланган тартибда берилишини таъминлаш;

туман (шаҳар) марказий шифохонаси ходимлари учун меҳнатни ташкил этиш, техника хавфсизлигини, ижтимоий таъминоти ва муайян ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

моддий-техник базасини замонавий тиббиёт техникаси ҳамда технологиялари билан мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

тасарруфидаги мол-мулкдан мақсадли фойдаланиш, унинг сақланишини таъминлаш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ статистик ҳисобни ҳамда ҳисоботларни юритиш;

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни сифатли бажариш.

4-боб. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси фаолиятини ташкил этиш ва уни бошқариш

12. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси бош шифокори тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

13. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси бош шифокори амбулатор поликлиника ёрдами, даволаш ишлари ҳамда туғруққа кўмаклашиш ишлари бўйича ўринбосарларга эга бўлади.

14. Туман (шаҳар) марказий шифохонасида асосий фаолиятни тегишли ихтисослик бўйича дипломга (сертификатга) эга бўлган мутахассислар, ўрта тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассислар амалга оширади.

15. Туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлинмаси туман (шаҳар) аҳолисига ихтисослаштирилган амбулатор даволаш-профилактика, консультация-ташхислаш ёрдами кўрсатишга мўлжалланган шифохонанинг режали қабул бўлими ҳисобланади.

16. Туман (шаҳар) марказий шифохонасида оилавий шифокор ёки тор соҳа шифокори йўлланмаси асосида мурожаат қилган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аҳоли тоифаларига мос келувчи шахсларга режали амбулатор ва стационар тиббий хизматлар электрон навбат асосида бепул кўрсатилади.

17. Туман (шаҳар) марказий шифохонасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда йўлланмасиз мурожаат қилган ҳамда бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аҳоли тоифаларига мос келмайдиган шахсларга, шунингдек, электрон навбатсиз тиббий хизматдан фойдаланиш истагини билдирган аҳоли учун режали амбулатор ва стационар тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади.

18. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси томонидан аҳолига пулли асосда кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари ва нархлари тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими томонидан тасдиқланади.

19. Маслаҳат-диагностика бўлинмасига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш учун аҳоли бириктирилмайди. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси ҳудудига яқин жойлашган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш учун алоҳида оилавий поликлиника ташкил этилади.

Бунда ушбу ҳудуд аҳолиси учун туман (шаҳар) марказий шифохонасидан ташқари ҳудудда оилавий поликлиника ташкил этиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда, ушбу оилавий поликлиника шифохона бино ва иншоотларининг алоҳида қаватларига жойлаштирилади ҳамда аҳолининг оилавий поликлиникага кириб чиқиши учун алоҳида йўлак ташкил қилинади.

19 1 . Туман (шаҳар) марказий шифохонасининг ташкилий тузилмаси туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими томонидан тасдиқланади.

5-боб. Туман (шаҳар) марказий шифохонасининг молия-хўжалик фаолияти

20. Туман (шаҳар) марказий шифохонасининг молия-хўжалик фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

21. Асосий воситалар, шунингдек, бошқа моддий бойликлар ҳамда молиявий ресурслар туман (шаҳар) марказий шифохонасининг мол-мулкини ташкил этади.

22. Қуйидагилар туман (шаҳар) марказий шифохонаси фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

туман (шаҳар) марказий шифохонасининг жорий фаолиятини сақлаб туришга, унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш бўйича тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, туман (шаҳар) марказий шифохонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;

ҳомийлик маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

пулли тиббий хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

23. Туман (шаҳар) марказий шифохонасини молиялаштириш:

стационар бўлинмалар, шу жумладан, диагностика бўлинмаларини сақлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 15 фоизидан кам бўлмаган қисмини ҳар бир даволанган ҳолатдан келиб чиқиб тўлаш орқали;

амбулатор тиббий хизмат кўрсатадиган бўлимларини молиялаштиришнинг йиллик ҳажми бир нафар аҳолига харажатларнинг базавий нормативи ҳисоб-китобидан ҳамда тузатиш коэффициентларидан (жинси ва ёши таркиби, аҳоли зичлигига кўра ва бошқалар) фойдаланилган ҳолда, бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Бунда туман (шаҳар) марказий шифохонаси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан тиббий хизматлар хариди бўйича тузилган шартнома асосида молиялаштирилади.

24. Туман (шаҳар) марказий шифохонасини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштиришда Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар (капитал қўйилмалар, фан ва илмий изланишлар, эмлаш ва бошқа мақсадли дастурлар учун ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) учун харажатлар таснифининг бир сатрида алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақлари шакллантирилади.

Туман (шаҳар) марказий шифохонасини молиялаштириш, молиявий ҳисоботларни юритиш туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг марказлашган бухгалтерияси хизмати томонидан амалга оширилади.

6-боб. Туман (шаҳар) марказий шифохонасининг ҳисоби ва ҳисоботи

25. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда статистика ҳисоботини юритади ва тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимига тақдим этади, ҳужжатларнинг белгиланган стандартларга мувофиқ юритилиши ҳамда сақланишига жавоб беради.

26. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси ўз фаолияти натижалари тўғрисида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда ҳисобот ва бошқа ахборотлар тақдим этади.

27. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси бош шифокори тиббий ҳисоб-китоб ва ҳисоботларнинг юритилиши учун жавоб беради.

7-боб. Якунловчи қоидалар

28. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

29. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси қайта ташкил этилган ва тугатилган ҳолатларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ходимларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши кафолатланади.

30. Туман (шаҳар) марказий шифохонаси қайта ташкил этилганда унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва мулки ҳуқуқий ворисга ўтади.

31. Ушбу Низом қоидаларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 июндаги 384-сон қарорига 4-ИЛОВА

Оилавий поликлиника тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Намунавий низом (кейинги ўринларда — Низом) оилавий поликлиниканинг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинган ҳудудлардаги оилавий поликлиникаларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Оилавий поликлиникалар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг буйруқларига, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

4. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари бириктирилган аҳоли сонига кўра қуйидаги типларда ташкил этилади:

бириктирилган аҳоли сони 3 000 нафаргача бўлганда — оилавий поликлиника филиали;

бириктирилган аҳоли сони 3 001-12 000 нафаргача бўлганда — 1-типдаги оилавий поликлиника;

бириктирилган аҳоли сони 12 001-51 000 нафаргача бўлганда — 2-типдаги оилавий поликлиника.

Бунда:

2-типдаги оилавий поликлиникаларга ҳудуднинг географик жойлашувига кўра қўшимча 3 000 нафаргача аҳоли бириктирилиши мумкин;

оилавий поликлиника филиаллари 2-типдаги оилавий поликлиниканинг филиали сифатида фаолият юритади.

4 1 . Оилавий поликлиника ва уларнинг филиалларини ташкил қилиш, мавжуд бино-иншоотларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси бино-иншоотларига қўйиладиган талаблар асосида қуйидаги тоифаларга ажратилади:

3 001 — 6 000 нафаргача аҳоли бириктирилган 1-типдаги оилавий поликлиникалар — 1а тоифа;

6 001 — 12 000 нафаргача аҳоли бириктирилган 1-типдаги оилавий поликлиникалар — 1б тоифа;

12 001 — 24 000 нафаргача аҳоли бириктирилган 2-типдаги оилавий поликлиникалар — 2а тоифа;

24 001 — 36 000 нафаргача аҳоли бириктирилган 2-типдаги оилавий поликлиникалар — 2б тоифа;

36 001 — 48 000 нафаргача аҳоли бириктирилган 2-типдаги оилавий поликлиникалар — 2в тоифа;

48 001 — 54 000 нафаргача аҳоли бириктирилган 2-типдаги оилавий поликлиникалар — 2г тоифа.

5. Оилавий поликлиникалар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, шахсий ғазна ҳисобварақларига, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

6. Оилавий поликлиникалар аҳолининг жойлашиш таркиби, аҳоли пунктлари сони ва улар орасидаги масофа, хизмат кўрсатиш доираси, йўл тармоғи ривожлангани, ҳудуддаги инфратузилма ҳолати, ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқаришнинг бошқа турлари хусусияти ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади.

7. 2-типдаги оилавий поликлиникаларга аҳоли сони, зичлиги ҳамда географик жойлашувига кўра 1-типдаги оилавий поликлиникалар ва оилавий поликлиника филиаллари бириктирилади.

Бунда 2-типдаги оилавий поликлиникадаги оилавий шифокорлардан ташқари бошқа шифокорлар (педиатр, акушер-гинеколог, УТТ шифокори ҳамда рентгенолог шифокор) унга бириктирилган 1-типдаги оилавий поликлиникалар ва оилавий поликлиника филиалларига бириктирилган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади.

8. 2026 йил 1 апрелдан оилавий поликлиникаларда иш вақти беш кунлик иш ҳафтаси тартибида — душанба — жума кунлари соат 08-00 дан 16-00 гача этиб белгиланади.

Бунда:

2-тип оилавий поликлиникаларда душанба — жума кунлари 16-00 дан 20-00 гача, шунингдек, дам олиш (шанба) кунлари 08-00 дан 14-00 гача белгиланган тартибда иш ҳақи тўланадиган бир нафардан шифокор ва ўрта тиббиёт ходимидан иборат навбатчилик ташкил қилинади;

2-тип оилавий поликлиникаларнинг навбатчи тиббиёт ходимлари 1-типдаги оилавий поликлиникалар ва оилавий поликлиника филиаллари аҳолисига ҳам тиббий хизматлар кўрсатади.

9. Оилавий поликлиникалар барча зарур коммуникация тармоқлари (электр, иситиш, сув таъминоти, канализация ва телефон алоқаси ва IT тизими) билан таъминланган бўлиши лозим.

10. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматлари Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ташкил этилиши ва (ёки) ушбу хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан нодавлат тиббиёт ташкилотларидан харид қилиниши мумкин.

11. Оилавий поликлиникада Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий хизмат кўрсатиш иловада келтирилган намунавий шартнома асосида амалга оширилади.

2-боб. Оилавий поликлиникаларнинг асосий вазифалари

12. Оилавий поликлиникаларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

бириктирилган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш (амбулатор қабул, беморларни уйларига ташриф ва бошқалар);

бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишда тиббиёт бригадаси бириктирилган аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга ва энг кўп тарқалган касалликлар бўйича гуруҳларга ажратиш ҳамда уларни индивидуал даволаш ва соғломлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш;

аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хизмат кўрсатаётган ҳудуддаги аҳолини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартиб ва муддатларда профилактик тиббий кўрикларидан ўтказиш;

касалликлар хавфини аниқлаш ҳамда уларни эрта босқичларда аниқлаш, касалликларни камайтириш ва уларнинг асоратланиши, ногиронлик ва ўлим ҳолатини камайтириш бўйича комплекс профилактик тадбирларни амалга ошириш;

миллий эмлаш календарига асосан белгиланган муддатларда профилактик эмлашларни амалга ошириш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси туман (шаҳар) бўлимлари билан биргаликда юқумли касалликлар, заҳарланиш ва фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, тегишли хизматларга хабар бериш, санитария-эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, жумладан, профилактик эмлашлар, юқумли касалликлар ўчоғидаги обсервацион тадбирлар, аҳолини эпидемиологик хавфли вазиятлар бўйича огоҳлантириш;

сурункали касалликка чалинган беморлар саломатлигининг тизимли диспансер назорати, даволаш, соғломлаштириш ва реабилитация тадбирларини амалга ошириш;

ташхислаш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга асосан мавжуд асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда инструментал текширувларни ўтказиш;

беморларни текшириш, даволаш, назорат қилиш ва реабилитациясида бошқа даволаш-профилактика муассасалари билан узвийлик тамойилига риоя қилиш;

беморларни кўрсатмага асосан тор соҳа мутахассислари кўригига ҳамда шифохонага ётқизиш учун тиббиёт муассасаларига йўлланма бериш;

ҳаётга хавф солувчи ҳолатлар, бахтсиз ҳодиса (жароҳат, заҳарланиш, ҳайвон ва кемирувчилар тишлаши ва бошқа ҳолатлар)да шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда кўрсатмага биноан юқори малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун беморларни бошқа даволаш-профилактика ёрдами муассасасига йўллаш;

вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик экспертизасини ўтказиш, меҳнатга турғун лаёқатсиз бўлган беморлар ҳужжатларини тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясига йўналтириш;

аҳолига қуйидаги масалалар бўйича маслаҳат бериш ва санитария-тушунтириш ишларини амалга ошириш;

юқумли касалликлар профилактикаси;

кўкрак сути билан озиқлантириш, болаларни гигиеник тарбиялаш, болалар саломатлигидаги салбий ўзгаришларнинг олдини олиш;

репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш;

хавфсиз оналикни таъминлаш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, контрацепция, оилавий ҳаётнинг этика, психология, тиббий-ижтимоий масалалари тарғибот ишларини амалга ошириш;

соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти;

зарарли омиллар ва уларнинг асоратлари бўйича огоҳлантириш;

оилавий поликлиникага бириктирилган аҳолининг саломатлик ҳолатини таҳлил қилиш ва соғломлаштириш тадбирлари режасини ишлаб чиқиш;

бириктирилган аҳолининг саломатлик ҳолати асосида, заруратга кўра белгиланган тартибда аҳолини йўлланма (қоғоз ва электрон) асосида туман (шаҳар) марказий шифохонасига ёки бошқа ихтисослашган стационар ёрдам кўрсатувчи муассасага юбориш;

оилавий поликлиника хоналарида зарур санитария-гигиена режимини, асептика ва антисептика қоидаларини, инъекциядан кейинги асоратлар, гепатит, ОИВ ва бошқа юқумли касалликлар профилактикасини таъминлайдиган инструментлар ва материалларни стерилизация қилиш шароитларини таъминлаш;

мавжуд тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ҳамда бошқа мол-мулкдан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

ҳисоб ва ҳисобот ҳужжатларининг электрон шаклда ўз вақтида ва сифатли юритилишини таъминлаш.

3-боб. Оилавий поликлиникалар фаолиятини ташкил этиш

13. Оилавий поликлиникаларда қуйидагилар амалга оширилади:

бирламчи мурожаат қилган бемор ўша куни ёки аввалдан тузилган рўйхат асосида қабул қилинади, қайта қатновлар тиббий кўрсатмага кўра шифокор томонидан белгиланади;

беморлар уйига чақируви соат 8-00 дан 14-00 гача қабул қилинади ҳамда ташриф чақирув бўлган куни амалга оширилади, бошқа ташрифлар шифокор ва ҳамшира томонидан кўрсатмага биноан белгиланади;

билим ва кўникмага эга тиббий ходимлар бирламчи, иккиламчи ва учинчи даражали профилактика, диспансеризация каби профилактик тадбирларини амалга оширади;

муассасага мурожаат қилган аҳолига ҳаётга хавф соладиган зарур шошилинч ҳолатларда бирламчи тезкор тиббий ёрдам кўрсатилади ва кўрсатмага асосан шифохонага юборилади;

тор соҳа мутахассисларининг маслаҳати, назорати, даволаш бўйича тавсияларига кўра оилавий шифокор томонидан беморлар назорати олиб борилади;

беморлар оилавий поликлиниканинг кундузги шифохонаси ва уй шифохонаси шароитида даволанади.

4-боб. Оилавий поликлиникаларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

14. Ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун оилавий поликлиникалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юқори турувчи соғлиқни сақлаш органи билан келишган ҳолда ўзининг асосий фаолиятини режалаштириш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тадбирлардан ташқари бошқа ташкилотлар томонидан ташкил қилинган профилактик тиббий кўриклар ва скрининг текширувлар, аҳолини уйига бориб тиббий хизмат кўрсатиш каби тадбирларда иштирок этишдан бош тортиш;

профессионал фаолиятни амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мол-мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;

оилавий поликлиникага берилган мол-мулкдан белгиланган тартибда фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий поликлиника мақсадлари ва асосий фаолиятига зид бўлмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш.

15. Оилавий поликлиникалар қуйидагиларга мажбур:

аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига мувофиқ амбулатор консультация ва даволаш-профилактика ёрдами билан таъминлаш;

беморларга ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилишда тегишли туман (шаҳар) марказий шифохонаси, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда бошқа тиббиёт муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

беморларни амбулаторияда қабул қилиш ва кўрсатмага асосан доимий ва вақтинча яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш;

беморлар ҳуқуқларига, шу жумладан, уларнинг бемор тўғрисидаги тиббий маълумотларнинг махфийлиги ҳуқуқига риоя этиш;

оилавий поликлиника биноларида зарур санитария-гигиена режимини, асептика ва антисептика қоидаларини, асбобларни ва материалларнинг гемоконтакт ва бошқа инфекциялардан профилактикасини таъминловчи стерилизация қилиш шарт-шароитларини сақлаб туриш;

қонунчилик ҳужжатлари, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя қилиш;

мавжуд тиббий жиҳозлар ва мол-мулкнинг сақланишини ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

оилавий поликлиника фаолиятига оид тиббий ҳисоб ва ҳисобот, статистика ва молиявий ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ юритилиши, сақланиши ҳамда давлат сақловига белгиланган тартибда берилишини таъминлаш.

16. Оилавий поликлиникалар ўзларига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

5-боб. Оилавий поликлиникалар ишини ташкил этиш ва уни бошқариш

17. 1-тип оилавий поликлиникаларга тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи томонидан оилавий поликлиника мудири вазифаси юкланадиган мазкур муассасада фаолият юритаётган оилавий шифокор раҳбарлик қилади ҳамда мудир вазифаси юкланган оилавий шифокорга базавий тариф ставкасига 50 фоиз устама тўланади.

18. 2-тип оилавий поликлиникаларга тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган мудир раҳбарлик қилади.

19. Оилавий поликлиника мудири (мудири вазифаси юкланган оилавий шифокор) белгиланган тартибда:

оилавий поликлиника фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, унинг ишини ташкил этади, оилавий поликлиника номидан иш кўради, унинг манфаатларини барча ташкилотларда ифода этади ҳамда оилавий поликлиника фаолиятининг натижалари учун шахсан жавоб беради;

тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимига ҳисоботлар тақдим этади;

мутахассислар билан биргаликда бириктирилган аҳоли олдида ҳисобот беради.

20. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимининг буйруғига асосан 2-тип оилавий поликлиникада фаолият юритадиган шифокорлар ва ҳамширалар ҳудуднинг географик жойлашуви, инфратузилма ҳолати, аҳолининг мурожаатлари, касалланиш кўрсаткичлари ва бошқа заруратларга кўра бириктирилган 1-типдаги оилавий поликлиника ва оилавий поликлиника филиалларига тақсимланиши ва сафарбар қилиниши мумкин.

21. Оилавий поликлиникалар (шу жумладан, оилавий поликлиника филиаллари) ходимлари тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

22. Оилавий поликлиника мудирлари туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими билан келишган ҳолда оилавий поликлиникага тегишли мол-мулкни тасарруф этади ҳамда фаолиятини ташкил этиш бўйича буйруқлар чиқаради.

23. Оилавий поликлиникалар фаолияти бевосита назорат қилиш тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими томонидан амалга оширилади.

6-боб. Оилавий поликлиникаларнинг молия-хўжалик фаолияти

24. Оилавий поликлиниканинг молия-хўжалик фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

25. Асосий воситалар, шунингдек, бошқа моддий бойликлар ҳамда молиявий ресурслар оилавий поликлиниканинг мол-мулкини ташкил этади.

26. Қуйидагилар оилавий поликлиникалар фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

оилавий поликлиниканинг жорий фаолиятини сақлаб туришга, унга юкланган вазифаларни бажариш бўйича тадбирларни амалга оширишга, шунингдек, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;

ҳомийлик маблағлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

пулли тиббий хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

27. Оилавий поликлиникалар фаолиятини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар (капитал қўйилмалар, мукаммал таъмирлаш, фан ва илмий изланишлар, эмлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, сайёр тиббий кўриклар, ҳомиладорлик нафақаси, шунингдек, кўзда тутилмаган бошқа харажатларни қоплаш учун ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) харажатлар таснифининг бир сатрида ҳар ойнинг биринчи иш кунида ўтказилиши учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақлари шакллантирилади.

28. Оилавий поликлиникаларни молиялаштиришнинг йиллик ҳажми бир нафар аҳолига харажатларнинг базавий нормативи ҳисоб-китобидан ҳамда тузатиш коэффициентларидан (жинси ва ёши таркиби, аҳоли зичлигига кўра ва бошқалар) фойдаланилган ҳолда, бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб аниқланади.

29. Оилавий поликлиника мудирлари маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда жавоб беради.

30. Оилавий поликлиниканинг молия-хўжалик фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.

7-боб. Оилавий поликлиникаларнинг ҳисоботи

31. Оилавий поликлиникалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда статистика ҳисоботини юритади ва уни тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимига тақдим этади, ҳужжатларнинг белгиланган стандартларга мувофиқ юритилиши ҳамда сақланишига жавоб беради.

32. Оилавий поликлиникалар ўз фаолияти тўғрисида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда ҳисоботлар ва бошқа ахборотлар тақдим этади.

33. Тиббий ҳисоб ва ҳисобот ҳужжатларининг тўғри ва ўз вақтида юритилиши, улардаги маълумотнинг ҳаққонийлиги учун оилавий поликлиникалар мудирлари жавоб беради.

8-боб. Якунловчи қоидалар

34. Оилавий поликлиникалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

35. Оилавий поликлиникалар қайта ташкил этилган ва тугатилган ҳолатларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ходимларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши кафолатланади.

36. Оилавий поликлиникалар қайта ташкил этилганда унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва мулки ҳуқуқий ворисга ўтади.

Оилавий поликлиника тўғрисида намунавий низомга ИЛОВА

НАМУНА Оилавий поликлиникада Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисида ____-сон ШАРТНОМА «____» ____________20___ йил ___________________ (туман/шаҳар номи) Ушбу шартнома оилавий поликлиника тиббиёт бригадаси ва жисмоний шахс ўртасида тузилди. Бир томондан меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи _____________________________ _________________________________________________________________________________________ (бирламчи тиббий-санитария муассасаси номи, оилавий шифокорнинг Ф.И.О.) кейинги ўринларда — «тиббий хизмат кўрсатувчи», иккинчи томондан жисмоний шахс сифатида _________________________________________________________________________________________ (Ф.И.О, туғилган йили, яшаш манзили) мазкур муассаса тиббиёт бригадасига бириктирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган чет эл фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шахсларнинг қонуний вакиллари , кейинги ўринларда — «тиббий хизмат олувчи» билан (кейинги ўринларда — «томонлар») Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари (кейинги ўринларда — кафолатланган пакет) доирасида тиббий хизматлар кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тузилди. 1. Шартнома предмети 1.1. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» оилавий поликлиника томонидан кафолатланган пакет доирасида қуйидаги тиббий хизматлар кўрсатилишини таъминлайди: «тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни қабул қилиш, тиббий кўрик ва маслаҳат бериш; «тиббий хизматдан фойдаланувчи»га тиббий-профилактика хизматларини кўрсатиш; «тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни белгиланган тартибда профилактик ва скрининг текширувлардан ўтказиш; «тиббий хизматдан фойдаланувчи»га кафолатланган пакет доирасида касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ клиник-лаборатор, функционал ва инструментал текширувларни ўтказиш, ташхис қўйиш, даволаш, реабилитация ҳамда паллиатив хизматларини кўрсатиш; кафолатланган пакет доирасида дори ва сарфлаш воситаларига рецепт расмийлаштириш ёки уларни поликлиника орқали бериш; оилавий поликлиника кундузги стационарида кафолатланган пакет доирасида даволаш, муолажа ва амалиётларни ўтказиш; меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказиш, натижасига кўра «тиббий хизматдан фойдаланувчи»га меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик варақасини бериш; ўлимни қайд қилиш ва расмийлаштириш; соғлом турмуш тарзи тамойиллари (зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, гигиеник тарбия ва бошқалар) тўғрисида маълумот бериб бориш. 1.2. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи» доимий ёки вақтинчалик яшаш ҳудудига бириктирилган тиббиёт бригадасидан бошқа тиббиёт бригадасига ўз хоҳишига кўра бириктирилганда, «Тиббий хизмат кўрсатувчи» томонидан патронаж хизмати ва уйда тиббий хизмат кўрсатилмайди. 2. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 2.1. « Тиббий хизмат кўрсатувчи»нинг ҳуқуқлари: 2.1.1. Кафолатланган пакетдан ташқари қўшимча тиббий хизматларни «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг ўз маблағлари ёки ихтиёрий суғурта тизими ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тақдим этиш; 2.1.2. Тиббий қарорларни ўз компетенцияси доирасида мустақил равишда қабул қилиш. 2.2. « Тиббий хизмат кўрсатувчи»нинг мажбуриятлари: 2.2.1. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ҳажмда кўрсатиш; 2.2.2. Белгиланган муддатларда «тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни қабул қилиш, уни тегишли тиббий кўриклардан ўтказиш ва маслаҳат бериш, Миллий эмлаш календарига мувофиқ профилактик эмлашларни ўтказиш; 2.2.3. Ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ тор соҳа мутахассисларига, зарур ҳолларда шифохоналарга йўлланма бериш; 2.2.4. Оилавий поликлиникада мавжуд ҳамда кафолатланган пакет доирасида ги дори ва сарфлаш воситаларига (амалдаги тартибга кўра) рецепт расмийлаштириш ёки уларни бериш; 2.2.5. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг амбулатор шароитда даволаниши учун амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколларга риоя этган ҳолда, кундузги стационарда даволаниши учун зарур шарт-шароитлар яратиш; 2.2.6. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га дори воситаларини тўғри ва ўз вақтида қабул қилиш тартибини тушунтириш ҳамда дори воситасининг ножўя таъсирлари тўғрисида маълумот бериш; 2.2.7. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га соғлом турмуш тарзи тамойиллари (зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш ва бошқалар), касалликларнинг олдини олиш тўғрисида маълумотлар бериб бориш; 2.2.8. Касалликларни эрта аниқлаш ва диспансер рўйхатига олиш, соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш ҳамда берилган тавсияларнинг бажарилишини доимий назорат қилиш; 2.2.9. Агар «тиббий хизматдан фойдаланувчи» тиббиёт бригадасига бириктирилган ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилса, тиббиёт бригадаси томонидан кафолатланган пакет доирасида патронаж хизматини кўрсатиш, амбулатор даволаш ишларини ташкил қилиш, «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг доимий ёки вақтинча яшаш жойида ва (ёки) оилавий поликлиникада унга паллиатив тиббий ёрдамларни кўрсатиш; 2.2.10. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказиш, текширув натижасига кўра «тиббий хизмат олувчи»га меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик варақасини белгиланган тартибда расмийлаштириш ёки асослантирган ҳолда расмийлаштиришни рад этиш; 2.2.11. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотларнинг сир сақланишини, «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг розилигисиз учинчи шахсларга ошкор қилинмаслигини таъминлаш; 2.2.12. «Аввало зарар етказма» тамойилига риоя қилиш; 2.2.13. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни унинг соғлиғи ва даволаш жараёни ҳақида тўғри ва аниқ маълумот билан таъминлаш; 2.2.14. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га ишонч, ҳурмат ва тиббий этика тамойилларига асосланган муносабатда бўлиш, бунда очиқ ва тушунарли мулоқотни таъминлаш, «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳар қандай тиббий аралашувга «тиббий хизмат олувчи» унинг розилигини олиш. 2.3. « Тиббий хизматдан фойдаланувчи » қуйидаги ҳуқуқларга эга: 2.3.1. Кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш; 2.3.2. Ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот, шу жумладан, текшириш натижалари, қандай ташхис қўйилгани, касалликнинг бундан буён қандай кечишига оид тахминлар, даволаш усуллари ва бу усуллар билан боғлиқ хавф-хатар, буюрилган тиббий аралашувлар, уларнинг эҳтимолий оқибат ва асоратлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни очиқ ва тушунарли тарзда олиш; 2.3.3. Ўзига нисбатан тиббиёт ходимлари томонидан хушмуомалалик билан тиббий хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш; 2.3.4. Тиббий аралашувга розилик бериш; 2.3.5. Тиббий аралашувни рад этиш; 2.3.6. Кафолатланган пакет доирасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ дори ва сарфлаш воситалари учун (амалдаги тартибга кўра) рецепт олиш ёки оилавий поликлиникадан бепул дори ва сарфлаш воситаларини олиш; 2.3.7. Қабул қиладиган дори ва сарфлаш воситаларини тўғри ва ўз вақтида қабул қилиш тартиби ҳамда уларнинг ножўя таъсирлари тўғрисида маълумот олиш; 2.3.8. Соғлом турмуш тарзи тамойиллари (зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш ва бошқалар), касалликларнинг олдини олиш тўғрисида маълумот олиш; 2.3.9. Оилавий шифокор тавсиясига кўра ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига мувофиқ тор соҳа мутахассисларига, зарур ҳолларда шифохоналарга йўлланма олиш; 2.3.10. Амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ кафолатланган пакет доирасида кундузги стационарда даволаниш; 2.3.11. Агар «тиббий хизматдан фойдаланувчи» ўзи шартнома тузган тиббиёт бригадасига бириктирилган ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилса, тиббиёт бригадаси томонидан патронаж хизматидан фойдаланишга, кўрсатмага кўра уй шифохонасида даволанишга, ўзининг доимий яшаш жойи ёки вақтинча яшаш жойида ва (ёки) оилавий поликлиникада паллиатив тиббий ёрдамлар олиш; 2.3.12. Меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини аниқлаш ва қайд этиш учун тиббий текширувдан ўтиш ҳамда натижаси бўйича маълумот олиш; 2.3.13. Шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш; 2.3.14. Ўзи битим тузган тиббиёт бригадасини чорак давомида бир марта, бироқ бир молия йилида кўпи билан икки марта ўзгартириш; 2.3.15. Кўрсатилган тиббий хизматлар билан боғлиқ норозилигини билдириш. 2.4. « Тиббий хизматдан фойдаланувчи »нинг мажбуриятлари: 2.4.1. Соғлом турмуш тарзига риоя этиш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш; 2.4.2. Белгиланган муддатларда ўз вақтида ва (ёки) оилавий шифокор тавсиясига кўра профилактик тиббий кўриклар ҳамда скрининг текширувлардан ўтиш; 2.4.3. Тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик қилиш, улар билан мулоқот қилишда ҳурмат кўрсатиш ҳамда соғлиғида юз берган барча ҳолатлар ҳақида бириктирилган тиббиёт бригадаси оилавий шифокори ёки ҳамшираларини хабардор қилиш; 2.4.4. Дори ва сарфлаш воситаларини уй шароитида кўрсатмаларга мувофиқ ҳолда сақлаш ва шифокор томонидан берилган тавсияларга биноан қабул қилиш; 2.4.5. Кафолатланган пакет доирасида амбулатор тиббий хизматларни, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ режали стационар хизматлардан бепул фойдаланиш мақсадида оилавий шифокорнинг тегишли йўлланмасини олиш; 2.4.6. Ўз соғлиғини сақлаш, касалликларнинг авж олиши ва асоратланишини олдини олиш, ўз вақтида ва (ёки) шифокор тавсиясига кўра даволаниш. 3. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби 3.1. Ушбу шартноманинг шартларини ўзгартириш ёки уни бекор қилиш томонлар ўртасида қўшимча келишув тузиш йўли билан амалга оширилади. 3.2. Қўшимча келишув шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, шундай шаклда тузилади. Қўшимча келишув тузишга музокаралар йўли билан эришилмаса, томонлардан бирининг талаби билан битим суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. 3.3. Ушбу шартнома қуйидаги ҳолларда бекор қилинган деб ҳисобланади: «тиббий хизматдан фойдаланувчи» бошқа тиббиёт бригадаси оилавий шифокори билан худди шундай кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатишни назарда тутувчи битим имзолаганда; «тиббий хизматдан фойдаланувчи» (шахс) вафот этганда; оилавий поликлиника ва (ёки) тиббиёт бригадаси фаолияти тугатилганда. 3.4. Барча ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. 4. Махфийлик 4.1. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ва « тиббий хизматдан фойдаланувчи» шартнома бўйича маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш учун жавоб беради. 4.2. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ва « тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг бир-бирига битим предмети билан боғлиқ тақдим этган маълумотлари махфий ҳисобланади. Томонлар олинган маълумотларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ сақланиши учун барча зарур ва етарли чораларни кўрадилар. 4.3. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ва « тиббий хизматдан фойдаланувчи» ушбу шартнома бўйича шифокор сири ва шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлиги учун жавоб беради. 5. Шартноманинг амал қилиш муддати 5.1. Мазкур шартнома томонлар имзолаган пайтдан бошлаб кучга киради ҳамда башарти қонунчилик ҳужжатларида бошқача муддат назарда тутилмаган бўлса, ушбу шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. 6. Томонларнинг жавобгарлиги 6.1. Ушбу шартнома бўйича белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмагани ёки лозим даражада бажарилмагани учун томонлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради. 6.2. «Т иббий хизматдан фойдаланувчи» томонидан мазкур шартноманинг 2.4-бандида белгиланган талаблар бажарилмаслиги натижасида соғлиғининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларда, жавобгарлик тўлиқ «тиббий хизмат олувчи» зиммасига юкланади ҳамда унга кўрсатиладиган қўшимча (кафолатланган пакетга киритилмаган ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ) тиббий хизматлар пулли асосда амалга оширилади. 6.3. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ушбу шартноманинг 2.2-бандида белгиланган талаблар сифатли ва ўз вақтида бажарилиши бўйича жавобгар ҳисобланади ҳамда унинг бажарилмаслиги натижасида «тиббий хизматдан фойдаланувчи» томонидан шартноманинг бир томонлама бекор қилиниши мумкин, шунингдек, «тиббий хизмат кўрсатувчи»га нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган чоралар қўлланилади. 7. Якунловчи қоидалар 7.1. Ушбу шартномада белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бажарилиши жараёнида «томонлар» ўртасида юзага келган ҳар қандай тушунмовчилик ва келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилади ёки «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг ёзма мурожаати асосида эътироз тартибида кўриб чиқилади. Мурожаатни кўриб чиқиш ва унинг мазмунига қўйиладиган талаблар қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади. 7.2. Келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилишнинг имкони бўлмаган тақдирда, низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суд орқали ҳал этилади. Тиббиёт бригадаси оилавий шифокори Жисмоний шахс (оилавий шифокор вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда амалиётчи ҳамшираси) Туғилган вақти____________ Паспорт серияси ___ № ______ ____________________________ ____________________________ Ф.И.О. (имзо) Ф.И.О. (имзо)

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 июндаги 384-сон қарорига 5-ИЛОВА

Аҳолини тиббиёт бригадаларига бириктириш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Тартиб аҳолини Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида оилавий поликлиника ва унинг филиалларини танлаш, тиббиёт бригадасига бириктириш ва рўйхатдан чиқариш билан боғлиқ муносабатларни белгилайди.

2. Ушбу Тартиб ҳарбий хизматчиларга ва тиббий ёрдам кўрсатишда ҳарбий хизматчиларга тенглаштирилган шахсларга, муқобил фуқаролик хизматини ўтаётган фуқароларга, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Аҳолини тиббиёт бригадасига бириктириш тиббий ёрдам кўрсатиш учун асос бўлиб, қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

тиббиёт бригадаси ва унинг оилавий шифокори томонидан унга бириктирилган аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ҳудудий мавжудлиги;

оилавий шифокор, тиббиёт бригадаси ва оилавий поликлиникани эркин танлаш;

беморнинг тиббий ёрдам сифатидан қониқиши;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, тенглик ва адолатли рақобат.

2-боб. Аҳолини тиббиёт бригадасига бириктириш, қайта бириктириш ва рўйхатдан чиқариш

4. Аҳоли ўзининг доимий ёки вақтинча яшаш, ишлаш, ўқиш жойида оилавий поликлиникадаги тиббиёт бригадасига бириктирилади. Бунда бир жисмоний шахс фақат битта тиббиёт бригадасига бириктирилиши мумкин.

5. Кафолатланган пакет доирасида бепул хизмат кўрсатиш учун аҳоли ўз хоҳишига кўра оилавий поликлиникани эркин танлаши ҳамда тиббиёт бригадасига бириктирилиши мумкин. Бунда:

а) аҳоли томонидан тиббиёт бригадасини чорак давомида бир марта, бироқ кўпи билан бир молия йилида икки марта ўзгартиришга рухсат этилади;

б) аҳоли ўз яшаш ҳудудига бириктирилган тиббиёт бригадасидан бошқа тиббиёт бригадасига ўз хоҳишига кўра бириктирилганда, уларга патронаж хизмати ва уйда тиббий хизмат кўрсатмаслиги мумкин.

Бунда тиббиёт бригадаси томонидан кўрсатиладиган патронаж хизмати ва уйда тиббий хизмат кўрсатилиши ёки кўрсатилмаслиги аҳоли ўз хоҳишига кўра бириктирилган тиббиёт бригадаси билан аҳоли ўртасида тузиладиган битимда белгиланади.

6. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг (даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчи бўлган тақдирда) тиббиёт бригадасига бириктирилиши Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган, туман (шаҳар) даражасида амбулатор ва стационар шароитда кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини беради.

7. Аҳоли қуйидаги ҳолатларда, истисно тариқасида, тиббиёт бригадасига қайта бириктирилиши мумкин:

доимий ёки вақтинча яшаш жойини олти ойдан ортиқ муддатга бир маъмурий-ҳудудий бирликдан бошқа ҳудудга сафар қилиш муносабати билан ўзгартирганда;

оилавий поликлиника билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида тиббий хизматларни сотиб олиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганда;

яшаш ҳудудида янги оилавий поликлиника ташкил этилганда;

оилавий поликлиника фаолияти тугатилганда ёки хусусийлаштирилганда.

8. Тиббиёт бригадаси рўйхатидан чиқиш, бошқа ҳудуддаги тиббиёт бригадасига бириктириш ҳамда уларни танлаш ёки алмаштириш вояга етган шахслар томонидан амалга оширилади.

9. Вояга етмаган шахслар доимий ёки вақтинча яшаш, ўқиш жойида оилавий поликлиникалардаги тиббиёт бригадасига бириктирилади ҳамда бошқа тиббиёт бригадасига бириктиришга йўл қўйилмайди.

10. Амалда бириктирилган тиббиёт бригадасининг рўйхатидан чиқиш, аксинча бошқа тиббиёт бригадасига бириктириш мақсадида аҳоли шахсан ўзи ёки вакили орқали шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан тасдиқланган шаклдаги ёзма ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза билан туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимига мурожаат қилади.

11. Ариза беришда қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилади:

а) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари учун:

паспорт ёки қонун билан белгиланган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинган бошқа ҳужжат;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномаси;

б) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун:

шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ тан олинган ҳужжат;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномаси;

в) Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшовчи чет эл фуқаролари учун чет эл фуқаросининг паспорти ёки қонунда белгиланган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинган ҳужжат (Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшаш рухсат этилганлиги тўғрисидаги ёзув билан);

г) Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикасига халқаро шартномага мувофиқ тан олинган, Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшаш учун рухсат берилгани тўғрисида белги қўйилган ҳужжат ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида берилган, белгиланган шаклдаги ҳужжат;

д) шахснинг вакили, шу жумладан, қонуний вакили учун, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат;

е) доимий ёки вақтинча яшаш жойи ўзгарган тақдирда — яшаш жойи ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

12. Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими томонидан фуқароларнинг тиббиёт бригадасини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси уч иш куни давомида кўриб чиқилади ҳамда мурожаат этувчига унинг хоҳишига кўра ёзма ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шахсий кабинет орқали тиббиёт бригадасига бириктириш натижаси тақдим қилинади.

13. Тиббиёт бригадасини танлаш жараёнида аҳоли ушбу муассасада фаолият юритадиган тиббиёт ходимлари ва оилавий шифокор рўйхати, бириктирилган аҳоли сони ва тиббиёт бригадасига бириктирилган ҳудуд ҳақидаги маълумотлар билан танишиши мумкин.

14. Мурожаат этувчи ўз хоҳишига кўра танланган тиббиёт бригадасига бириктирилиши тасдиқлангандан сўнг тиббиёт бригадаси оилавий шифокорига шахсан мурожаат қилган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шахсий кабинет орқали битим тузади.

15. Мурожаат этувчининг аризасига мувофиқ туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими томонидан ўзи танлаган тиббиёт бригадасига бириктириш рад қилинганда, рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилиши лозим.

16. Тиббиёт бригадасига бириктирилган аҳоли сони 3 000 нафарни ташкил этганда унга қўшимча 10 фоизгача аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда қўшимча аҳоли бириктириш истаги бўлган тиббиёт бригадаси оилавий шифокори тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимига ариза билан мурожаат қилади ҳамда ушбу тиббиёт бригадаси ходимлари, унга бириктирилган ҳудуд, аҳоли сони тўғрисидаги маълумотлар «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида акс эттирилади.

17. Амалда аҳоли бириктирилган тиббиёт бригадаси фаолият юритадиган оилавий поликлиника аҳолини бошқа оилавий поликлиникадаги тиббиёт бригадасига қайта бириктирилгани тўғрисидаги хабарномани «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими орқали олгандан сўнг унга тиббий хизмат кўрсатишни тўхтатади ва унга тегишли бўлган тиббий ҳужжатлар қайта бириктирилган янги оилавий поликлиникага етказилишини таъминлайди.

18. Тиббиёт бригадасида вақтинча оилавий шифокор мавжуд бўлмаган тақдирда, оилавий шифокор лавозимга тайинлангунга қадар аҳоли ушбу тиббиёт бригадаси ташкил қилинган оилавий поликлиникага бириктирилган ҳисобланади.

19. Оилавий поликлиникада тиббиёт бригадасига бириктирилмаган шахсларга барча тиббий хизматлар ҳамда тиббиёт бригадасига бириктирилган аҳоли учун кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади.

20. Оилавий поликлиникада тиббиёт бригадаларига аҳолини бириктириш бўйича хизматлар бепул кўрсатилади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

21. Тиббиёт ташкилоти раҳбари аҳолини оилавий поликлиникага ва тиббиёт бригадасига бириктириш, рўйхатдан чиқариш ва қайта бириктиришда ушбу Тартиб талабларига мувофиқ бажарилиши бўйича жавоб беради.

22. Ушбу Тартибнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 июндаги 384-сон қарорига 6-ИЛОВА

Тиббиёт, фармацевтика ва раҳбар ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Тартиб тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинган ҳудудлардаги туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари тизимидаги оилавий поликлиникалар, оилавий поликлиника филиаллари ҳамда туман (шаҳар) марказий шифохонасида (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасаси) фаолият юритаётган тиббиёт, фармацевтика ва раҳбар ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни белгилайди.

2. Тиббиёт муассасасида фаолият юритаётган тиббиёт, фармацевтика ва раҳбар ходимлар (кейинги ўринларда — тиббиёт ходимлари) фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш (кейинги ўринларда — рейтинг баҳолаш) уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш мақсадида амалга оширилади.

2-боб. Рейтинг баҳолаш тартиби

3. Рейтинг баҳолаш тиббиёт ходимлари фаолиятининг кўрсаткичлари «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимларининг ягона комплексига (кейинги ўринларда — ахборот тизими) киритилган маълумотлар натижалари ҳар чоракда бир маротаба амалга оширилади.

4. Тиббиёт ходимлари учун рейтинг баҳолашнинг тўпланган якуний баллари ахборот тизимида автоматлаштирилган ҳолда аниқланади.

5. Тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Соғлиқни сақлаш вазирлиги) томонидан белгиланади.

6. Тиббиёт ходимлари томонидан ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига тиббиёт бригадаси учун оилавий шифокор, бошқа ҳолларда эса тиббиёт ходимларининг иш берувчиси шахсан масъул ҳисобланади.

7. Тиббиёт ходимлари фаолиятининг тўлақонлиги, сифати ва якуний натижалари ахборот тизими маълумотларига асосан тегишли тиббиёт ходимлари учун беш иш куни мобайнида тегишли иш берувчилар томонидан рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

8. Рейтинг баҳолаш тизимининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимларининг рейтинг баҳолаш натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.

9. Тиббиёт ходимларига устама навбатдаги рейтинг баҳолаш якунига қадар (уч ой давомида) белгиланади ҳамда улар муассасанинг Тиббиёт ташкилотларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда тиббиёт муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

10. Тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигининг рейтинги 100 баллик баҳолаш тизими орқали ҳисобланади.

11. Тиббиёт ходимлари учун ойлик лавозим маошлари ёки базавий тариф ставкасига қўшимча устамалар қуйидаги тартибда белгиланади:

56 баллдан 70 баллгача — ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 40 фоизи миқдорида;

71 баллдан 85 баллгача — ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 70 фоизи миқдорида;

86 баллдан юқори — ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.

Тиббиёт ходимлари томонидан тўпланган баллар 56 баллдан кам бўлган ҳолларда, тиббиёт ходимларига қўшимча устамалар тўланмайди.

12. Тиббиёт муассасаларида:

а) оилавий поликлиника мудирига — базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;

б) олий тоифали шифокорларга базавий тариф ставкасининг 60 фоизи, 1-тоифали шифокорларга — 40 фоизи, 2-тоифали шифокорларга — 20 фоизи, тоифасиз шифокорларга — 10 фоизи миқдорида;

в) олий тоифали ўрта тиббиёт ходимларига базавий тариф ставкасининг 40 фоизи, 1-тоифали ўрта тиббиёт ходимларига — 30 фоизи, 2-тоифали ўрта тиббиёт ходимларига — 10 фоизи, тоифасиз ўрта тиббиёт ходимларига — 5 фоизи миқдорида устамалар тўланади.

Бунда ушбу устамалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ 2025 йил 1 июлдан ҳамда 2026 йил 1 январдан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий этилган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида 2027 йил 1 январга қадар, бошқа ҳудудларда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий этилгандан кейин дастлабки бир чорак давомида амалда бўлади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

13. Тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш жараёни ва натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назорат қилинади.

14. Мазкур Тартиб талабларининг ҳудудлардаги ижроси ҳолати режага мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилиб борилади.

15. Ушбу Тартиб талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 июндаги 384-сон қарорига 7-ИЛОВА

Давлат тиббиёт муассасаларида аутсорсинг асосида стоматологик хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинадиган ҳудудлардаги давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасалари) аутсорсинг асосида стоматологик хизматларни тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аутсорсинг — тиббиёт муассасаларининг айрим функциялари ёки хизматларини шартнома асосида аутсорсерга ўтказиш;

аутсорсер — шартнома асосида тиббиёт муассасаларида стоматологик хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;

буюртмачи — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Соғлиқни сақлаш вазирлиги) тизимидаги оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохонаси.

3. Буюртмачи хизматларини аутсорсингга ўтказишда қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:

аутсорсерни қонунчилик ҳужжатлари асосида танлаб олиш;

аутсорсерга ўтказиладиган ишлар (хизматлар) сифатини ошириш;

буюртмачининг аутсорсерга бериладиган ишлар (хизматлар)ни бажариш билан банд бўлган ходимлари сонини (штатини) қисқартириш.

4. Аутсорсернинг ходимлари тегишли тиббиёт муассасаси ҳудудига белгиланган тартибда буюртмачига олдиндан тақдим этилган рўйхат асосида киришига рухсат берилади.

Бунда аутсорсер ходимлари тиббиёт муассасасининг ички тартиби, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда муассасада белгиланган иш вақтига тўлиқ риоя қилишлари шарт.

2-боб. Тиббиёт муассасаларидаги стоматологик хизматларни аутсорсинг асосида ташкил қилиш талаблари

5. Тиббиёт муассасаларидаги стоматологик хизматларни аутсорсинг асосида ташкил қилиш бўйича танлов (тендер) савдоларида тегишли тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари иштирок этади. Бунда:

а) туман (шаҳар) ҳудудидаги барча тиббиёт муассасаларида аутсорсинг асосида стоматологик хизматлар танлов (тендер) савдолари натижаларига кўра бир юридик шахс томонидан ташкил этилади;

б) туман (шаҳар)ларнинг аҳоли зич жойлашмаган (чекка) ҳудудларидаги стоматологик хизматлар учун шароит яратилган тиббиёт муассасаларида ушбу хизматлар аутсорсинг асосида ташкил этилган ҳолларда, ушбу туман (шаҳар)даги қолган тиббиёт муассасаларида стоматологик хизматлар белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари натижаларига кўра бошқа юридик шахслар томонидан ташкил этилиши мумкин;

в) тиббиёт муассасасининг имкониятларидан (бино ва иншооти, бириктирилган аҳоли сони ва бошқалар) келиб чиқиб, аутсорсер ҳисобидан қўшимча стоматология хоналарини тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими билан келишган ҳолда ташкил этишга йўл қўйилади.

6. Тиббиёт муассасаларидаги стоматологик хизматларни аутсорсинг асосида ташкил қилиш учун стоматология хоналарининг жиҳозланиши ягона талаблар асосида ташкил этилади.

7. Стоматология хоналари учун талаб этиладиган жиҳозлар тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу жиҳозлар аутсорсер томонидан таъминланади.

8. Аутсорсинг шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган хоналар, асбоб-ускуналар ва мебелдан фойдаланганлик учун ижара тўлови «ноль» қийматда белгиланади.

Бунда хоналарни ва ундаги тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозларни соз ҳолатда сақлаш ҳамда таъмирлаш харажатлари, шунингдек, коммунал тўловлари аутсорсер томонидан қопланади.

9. Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатига (кейинги ўринларда — кафолатланган пакет) киритилган стоматологик хизматлар ва пулли асосда стоматологик хизматларни кўрсатиш учун талаб этиладиган барча дори воситалари, тиббий жиҳозлар, сарфлаш материаллари аутсорсер томонидан таъминланади.

Бунда аутсорсер томонидан амалга ошириладиган харажатлар кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг умумий нархида инобатга олинади.

10. Аҳолига кўрсатилган тиббий хизматлар тўғрисидаги маълумотлар тиббиёт муассасасида жорий қилинган электрон ахборот тизимига аутсорсер томонидан киритиб борилади.

11. Аутсорсер электрон ахборот тизимидан буюртмачининг таркибий бўлинмаси сифатида қўшимча тўловларсиз фойдаланади.

12. Тиббиёт муассасасининг стоматологик хизматларни аутсорсинг асосида ташкил қилиш учун шартноманинг намунавий шакли Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади ва унда аутсорсерга қўйиладиган минимал талаблар белгиланади.

3-боб. Аутсорсинг асосида ташкил қилинадиган стоматологик хизматларга нарх белгилаш тартиби

13. Кафолатланган пакетга киритилган стоматологик хизматларнинг нархи Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) томонидан белгиланади ҳамда ҳар молия йили учун қайта кўриб чиқилади.

14. Кафолатланган пакетга киритилмаган стоматологик хизматларнинг нархи аутсорсер томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

15. Аутсорсер аҳолига кафолатланган пакетга киритилган стоматологик хизматларни бепул ҳамда бошқа стоматологик хизматларни аҳолининг барча қатламларига пулли асосда кўрсатади.

16. Стоматологик хизматлардан бепул ва пулли асосда фойдаланиш учун оилавий шифокор йўлланмаси талаб этилмайди. Бунда ушбу хизматлар электрон навбат асосида кўрсатилади (шошилинч ҳолатларда тиббий хизмат навбатсиз амалга оширилади).

4-боб. Аутсорсерни танлаш ва шартнома тузиш тартиби

17. Аутсорсерни танлаб олиш бўйича харид ҳужжатлари тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари томонидан ишлаб чиқилади.

Бунда оилавий поликлиникага бириктирилган аҳолининг сони, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ва уларнинг нархлари, бир йилда кўрсатиладиган стоматологик хизматларнинг ўртача сони каби кўрсаткичлар назарда тутилади.

18. Аутсорсерни танлаб олиш бўйича харид Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни талаблари асосида тиббиёт муассасалари номидан тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари томонидан амалга оширилади.

19. Аутсорсер талабгорларига нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

юридик шахс ташкил қилган ҳолда тадбиркорлик субъекти бўлиши;

молиявий аҳволи барқарорлиги, солиқ ва йиғимлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тиббий фаолият бўйича тегишли лицензияга ва бошқа рухсатномаларга эга бўлиши.

20. Харид жараёнида аутсорсинг талабгорлари томонидан бериладиган таклифларни баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

а) таклифларнинг харид ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлиги;

б) стоматологик хизматларни аутсорсинг асосида ташкил этиш натижасида тушадиган тушумлардан тиббиёт муассасаси тасарруфида қолдириладиган ажратманинг энг кўп миқдори.

Бунда ажратма миқдори тиббиёт муассасасининг жойлашувидан келиб чиқиб, аутсорсинг хизмати йўлга қўйиладиган тиббиёт муассасалари кесимида турлича бўлишига йўл қўйилади.

21. Харид жараёнида ғолиб бўлган аутсорсер талабгори билан буюртмачи ўртасида аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича шартнома икки йилгача бўлган муддатга тузилади.

Аутсорсер томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилган тақдирда, томонларнинг келишувига кўра шартнома муддати қўшимча бир йил муддатга узайтирилиши мумкин.

5-боб. Аутсорсинг хизмати бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш

22. Пулли асосда кўрсатиладиган стоматологик хизматлар учун тўловлар тиббиёт муассасасига тўланади.

Бунда тўланган маблағлар мазкур муассасанинг алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ҳамда аутсорсерни танлаш жараёнида келишилган ажратма миқдорини инобатга олган ҳолда, ҳар ойнинг дастлабки беш иш кунида аутсорсерга йўналтирилади.

23. Аутсорсер томонидан аҳолига кўрсатилган кафолатланган пакетга киритилган стоматологик хизматлар харажатлари буюртмачи томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан ойма-ой қоплаб берилади.

Бунда Жамғарма томонидан кафолатланган пакетга киритилган стоматологик хизматлар учун тўловлар тиббиёт муассасасида қолдириладиган ажратма миқдори чегириб ташланган ҳолда амалга оширилади.

24. Тиббиёт муассасаси тиббий хизматлар хариди бўйича тузилган шартнома шартларига мувофиқ аҳолига кўрсатилган тиббий хизматлар, шу жумладан аутсорсер томонидан кўрсатилган стоматологик хизматлар тўғрисида маълумотларни ҳар ойнинг дастлабки икки иш кунида Жамғармага киритади.

25. Аутсорсерга ўтказиладиган тўлов миқдори электрон ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилинади.

6-боб. Аутсорсер ҳамда буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

26. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аутсорсинг шартномаси доирасида бино ва иншоотларнинг ички ва ташқи қисмида техник жиҳатдан жиҳозлаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

хизматлар таннархининг ўзгариши муносабати билан шартномага ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқиш;

кўрсатилган хизматлар натижасида фойда олиш;

буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини, шу жумладан, тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини талаб қилиш.

Аутсорсер қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

27. Аутсорсер:

тиббиёт муассасасининг аутсорсингга олинган стоматолог хонаси ва жиҳозларидан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланиши, сақлаши, носоз ҳолга келганда уларни ўз ҳисобидан таъмирлаши;

аутсорсинг хизматини кўрсатишда техника ва ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиши;

тегишли лицензия ва бошқа рухсатномага мувофиқ аҳолига тиббий хизматлар сифатли кўрсатилиши;

шартномани бекор қилиш ҳақида буюртмачини икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириш, ушбу муддат тугагунига қадар эса буюртмачининг тегишли хизматларни узлуксиз ташкил этишни таъминлаши лозим.

Аутсорсер зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

28. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хизматлар сифатли кўрсатилишини талаб қилиш;

аутсорсернинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмаган ҳолда шартнома шартларининг бажарилишини назорат қилиш.

Буюртмачи қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

29. Буюртмачи зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

7-боб. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторинг юритиш тартиби

30. Аутсорсер томонидан санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этилишининг мониторингини юритиш буюртмачининг тегишли ходимлари зиммасига юкланади.

31. Аутсорсинг хизматлари сифати буюртмачи ҳамда Жамғарма томонидан шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда назорат қилинади.

32. Аутсорсер томонидан ташкил этилган хизматларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, шунингдек, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талабларига тўлиқ мувофиқлиги буюртмачи, ваколатли органлар томонидан ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли бўлинмалари томонидан назорат қилинади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

33. Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши ҳамда кафолатланган пакетга киритилган стоматологик хизматлар учун аутсорсер томонидан аҳолидан қўшимча тўлов олиниши буюртмачи ва аутсорсер ўртасида тузилган шартноманинг белгиланган тартибда бекор қилинишига асос бўлади.

34. Аутсорсинг хизматини кўрсатиш жараёнида шахсга доир ва шифокор сири ҳисобланган маълумотларни учинчи шахсларга тарқатмаслик бўйича жавобгарлик буюртмачи ва аутсорсер зиммасига юкланади.

35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 20 июнь,

384-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2025 й., 09/25/384/0543-сон; 05.11.2025 й., 07/25/331/1014-сон; 07.05.2026 й., 06/26/74/0453-сон; 12.05.2026 й., 06/26/77/0478-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон; 16.09.2026 й., 06/26/191/0937-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

NIZOM

NAMUNAVIY NIZOM

TARTIBI

TARTIBI

NIZOM

Respublikada aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish tizimini takomillashtirish boʻyicha tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada sogʻliqni saqlash tizimini va aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish tamoyillarini takomillashtirish orqali sohani isloh qilishni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmoniga muvofiq aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatishning sifati, samaradorligi va ommabopligini taʼminlash, tibbiyot xodimlarining malakasini oshirish hamda birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalarining tez tibbiy yordam va ixtisoslashtirilgan tibbiy xizmat bilan oʻzaro hamkorligini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmoniga muvofiq sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli boʻyicha 2025-yil 1-iyuldan boshlab respublikaning 15 ta tuman (shahar)larida, 2026-yil 1-yanvardan boshlab Samarqand viloyatining barcha tuman (shahar)larida tajriba-sinov loyihasi (keyingi oʻrinlarda — tajriba-sinov loyihasi) amalga oshirilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish va uni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq;

Oilaviy poliklinika toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 4-ilovaga muvofiq;

Aholini tibbiyot brigadalariga biriktirish tartibi 5-ilovaga muvofiq;

Tibbiyot, farmatsevtika va rahbar xodimlar faoliyati samaradorligini baholash tartibi 6-ilovaga muvofiq;

Davlat tibbiyot muassasalarida autsorsing asosida stomatologik xizmatlarni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 7-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilansinki, tajriba-sinov loyihasi doirasida:

tuman (shahar) markaziy shifoxonalarida markaziy laboratoriyalar Vazirlar Mahkamasining “Tibbiyot muassasalariga xizmat koʻrsatuvchi markaziy laboratoriyalar faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2024-yil 4-oktabrdagi 627-son qarorida belgilangan tartibda tashkil etiladi;

tuman (shahar) darajasida yuridik shaxs boʻlgan barcha statsionar yordam koʻrsatuvchi tibbiyot muassasalari hamda dispanserlar tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasining boʻlinmasi sifatida uning tarkibiga kiritiladi.

4. Sogʻliqni saqlash vazirligi:

a) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda 2025-yil 1-iyulga qadar tajriba-sinov loyihasi amalga oshiriladigan hududlarda, 2025-yil yakuniga qadar Samarqand viloyatining barcha tuman (shahar)larida:

barcha tibbiyot muassasalarini xatlovdan oʻtkazsin;

faoliyati samarasiz deb topilgan tibbiyot muassasalarini tugatish hamda tibbiyot muassasalarini ushbu qaror bilan tasdiqlangan tegishli nizomlar asosida qayta tashkil qilish choralarini koʻrsin.

Bunda yangi yoki qayta tashkil qilinishi lozim boʻlgan oilaviy poliklinikalar va oilaviy poliklinika filiallarini zarur bino va inshootlar hamda infratuzilma bilan taʼminlash, taʼmirlash va rekonstruksiya qilish ishlarini amalga oshirishga tegishli mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari masʼul hisoblanadi;

b) manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Ushbu qarorda belgilangan tartib va qoidalar tajriba-sinov loyihasi doirasida amal qiladi.

6. Sogʻliqni saqlash vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-dekabrga qadar tajriba-sinov loyihasi doirasida amalga oshirilgan ishlarni puxta tahlil qilgan holda, uni respublikaning qolgan hududlarida ham toʻliq joriy qilishning maqsadga muvofiqligi yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda sogʻliqni saqlash vaziri A.A. Xudayarov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-iyundagi 384-son qaroriga 1-ILOVA

Aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish va uni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Sogʻliqni saqlash vazirligi) tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlari tizimidagi oilaviy poliklinika va uning filiallari (keyingi oʻrinlarda — oilaviy poliklinikalar) tomonidan aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordami koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

birlamchi tibbiy-sanitariya yordami — profilaktika qilish, tashxis qoʻyish, kasalliklarni davolash, homiladorlik kechishini kuzatish, sogʻlom turmush tarzini shakllantirish hamda aholini sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlari toʻgʻrisida xabardor qilish boʻyicha tadbirlarni oʻz ichiga oladigan tibbiy yordam turi;

oilaviy poliklinika — biriktirilgan aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish uchun tashkil qilingan davlat tibbiyot muassasasi;

bemorlarni (aholini) yoʻnaltirish ( marshrut ) — tibbiy yordam olish hamda undan foydalanish maqsadiga qarab oilaviy poliklinikalarga murojaat qilgan bemorlar (aholi) oqimini tizimli boshqarish jarayoni;

bemorni dinamik kuzatish — bemorning salomatlik holatini tizimli monitoring qilish va kuzatish natijalari boʻyicha zarur tavsiya berish hamda tibbiy yordam koʻrsatish;

palliativ tibbiy yordam — davolanishi qiyin boʻlgan kasallikka chalingan bemorlarning hayot sifatini yaxshilash maqsadida amalga oshiriladigan, ogʻriqdan xalos qilishga va kasallikning boshqa ogʻir koʻrinishlarini yengillashtirishga qaratilgan tibbiy yordam turi;

patronaj xizmati — tibbiyot brigadasi tomonidan bolalarga, uyda yotib qolgan va oʻzgalar parvarishiga muhtoj bemorlarga, homiladorlarga, tugʻruqdan keyingi hamda tugʻish yoshidagi ayollarga “uyiga tashrif” asosida koʻrsatiladigan tibbiy xizmat turi;

profilaktika — kasalliklarning paydo boʻlishi, dastlabki bosqichlarida rivojlanishi hamda asoratlarining oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlar majmui;

skrining tekshiruvlari — aholi orasida kasalliklarni erta aniqlashga qaratilgan dasturlar majmui;

statsionar oʻrnini bosuvchi tibbiy yordam — oilaviy poliklinikalarda tashkil etilgan kunduzgi shifoxona, uy sharoitida aholiga tibbiy yordam koʻrsatish;

profilaktik tibbiy koʻrik — aholini belgilangan tartibga muvofiq reja asosida tibbiy koʻrikdan oʻtkazish jarayoni.

2-bob. Aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatishni tashkil etish

3. Oilaviy poliklinikada:

tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishning dastlabki bosqichida aholi tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlari tomonidan tegishli oilaviy poliklinikalarning tibbiyot brigadalariga biriktiriladi. Bunda oilaviy shifokor aholi tomonidan erkin tanlanadi;

tibbiy xizmat koʻrsatish boʻyicha oilaviy shifokor hamda biriktirilgan aholi oʻrtasida bitim tuziladi. Bitimda tomonlarning huquq va majburiyatlari aniq koʻrsatiladi;

aholi tomonidan bitimda keltirilgan majburiyatlar bajarilganda oilaviy poliklinikalarda Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari (keyingi oʻrinlarda — kafolatlangan paket) doirasida tibbiy xizmatlarni tasdiqlangan davolash standartlariga, milliy klinik protokollarga asosan bepul koʻrsatiladi;

aholiga tibbiy xizmat faqat tegishli oilaviy shifokorga murojaat qilish orqali bepul koʻrsatiladi (shoshilinch va tez tibbiy yordam hollari bundan mustasno);

oilaviy shifokor tomonidan, zaruratga koʻra tor soha mutaxassislariga va tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasiga elektron yoʻllanmalar beriladi;

biriktirilgan aholi sonidan kelib chiqib, Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi hamda oilaviy poliklinika oʻrtasida tibbiy xizmatlar xaridi boʻyicha shartnoma tuziladi;

oilaviy poliklinikadan 10 km dan uzoq masofada joylashgan mahalla fuqarolar yigʻinlarida yashovchi aholi uchun tibbiyot xodimlarining sayyor tibbiy xizmati faoliyati tashkil etiladi.

4. Oilaviy poliklinikalarga hududlar tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining buyrugʻi asosida amalga biriktiriladi.

5. Oilaviy poliklinika joylashgan hududda yashamaydigan, lekin ushbu oilaviy poliklinikaga biriktirilgan aholiga ham kafolatlangan paket doirasida birlamchi tibbiy-sanitariya yordami koʻrsatiladi (patronaj xizmati bundan mustasno).

6. Oilaviy poliklinika va uning filiallarida birlamchi tibbiy-sanitariya yordamining quyidagi turlari koʻrsatiladi:

aholiga tibbiy yordamning profilaktika, tashxis qoʻyish, davolash, tibbiy reabilitatsiya, palliativ yordam, dispanserizatsiya xizmatlari;

milliy emlash kalendariga binoan profilaktik emlash;

yuqumli kasalliklar, zaharlanishlar va favqulodda vaziyatlar toʻgʻrisida tegishli xizmatlarni oʻz vaqtida xabardor qilish, shuningdek sanitariya-gigiyena va epidemiyaga qarshi tadbirlarni, yuqumli kasalliklar oʻchoqlarida observatsiya tadbirlarini oʻtkazish, aholini xavfli epidemik vaziyat toʻgʻrisida ogohlantirish;

aholiga ambulatoriya-poliklinika yordamini koʻrsatishni tashkil etishda filiallarga tashkiliy-uslubiy yordam koʻrsatish.

7. Oilaviy poliklinika filiallari quyidagi mezonlar asosida tashkil etiladi:

a) 3 000 nafargacha aholi biriktirilgan hamda mavjud 2-tip oilaviy poliklinikagacha 5 km dan yaqin boʻlmagan masofada va chekka hududlarda joylashgan mahallalar inobatga olingan holda, koʻchma konteynerlar yoki bino va inshootlarda yordamchi qurilmalar tashkil qilinadi;

b) oilaviy poliklinika filiali mahalla markaziga yaqin joylashgan bino va inshootlarda, mahalla fuqarolik yigʻini, umumiy oʻrta taʼlim muassasalari yoki ushbu hududdagi aholi uchun qulay joylashgan davlat tashkilotlarining bino va inshootlarida tashkil etilishi mumkin;

v) oilaviy poliklinika filiali quyidagilardan tashkil topadi:

bemorlarni koʻrikdan oʻtkazish xonasi;

muolajalar oʻtkazish xonasi;

gigiyenik xona;

g) oilaviy poliklinika filiali biriktirilgan aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatishni Oilaviy poliklinika toʻgʻrisidagi nizom asosida tashkil qilinadi.

8. Shifokorlarning faoliyat yoʻnalishidan kelib chiqib, ularning qabul vaqtlari meʼyori Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlanadi. Ushbu meʼyordan kelib chiqqan holda, muassasa rahbari tomonidan shifokor va mutaxassislarning ambulator qabul vaqtlari belgilanadi.

9. Oilaviy poliklinikada biriktirilgan aholiga tibbiy xizmat muassasaning oʻzida hamda bemorning holatiga koʻra uning doimiy yoki vaqtincha yashash joyida koʻrsatiladi.

3-bob. Oilaviy poliklinika va tibbiyot brigadalari faoliyatini tashkil etish

10. Tibbiyot brigadasi tarkibi oilaviy shifokor, amaliyotchi hamshira va oila hamshiralaridan iborat boʻladi.

11. Tibbiyot brigadasi va tor soha mutaxassislarining soni Sogʻliqni saqlash vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan shtat meʼyorlariga muvofiq belgilanadi.

Bunda tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻiga shtat meʼyorlarida koʻzda tutilmagan lavozimlarni ajratilgan mablagʻlar doirasida lavozim almashinishi orqali shtatlar jadvaliga belgilangan tartibda kiritishiga ruxsat beriladi.

12. Oilaviy poliklinikalar quyidagi mezonlar asosida tashkil etiladi:

a) oilaviy poliklinikada xonalar aholini yoʻnaltirish marshrutiga asosan joylashtiriladi.

Bunda bemorlarga qulaylik yaratish maqsadida shoshilinch va tez tibbiy yordam koʻrsatish hamda eng koʻp murojaat qilinadigan xonalar oilaviy poliklinikaga kirish joyiga yaqin xonalarda joylashtiriladi;

b) oilaviy poliklinikaga kirishda aholi uchun qulay sxema ishlab chiqilib, roʻyxatxonaga hamda boʻlimlarga oʻtish uchun yoʻl belgilari bilan belgilanadi;

v) koʻp qavatli bino va inshootlarda tashkil qilingan oilaviy poliklinikalarda har bir qavat uchun bloklarga ajratilgan holda chizma ishlab chiqilib, shifokorlarga yoʻllash boʻyicha saralanadi;

g) oilaviy poliklinikalar kafolatlangan paket doirasida tibbiy xizmat koʻrsatish uchun jihozlash standartlari asosida barcha zarur asbob-uskunalar bilan jihozlanadi;

d) har ikki nafar oilaviy shifokorga kamida 1 ta maxsus jihozlangan shifokordan oldingi koʻrik xonasining boʻlishi optimal hisoblanadi;

e) oilaviy shifokorlar xonasi koʻrsatiladigan tibbiy yordamning kafolatlangan paketlariga mos ravishda shifokorlar uchun zarur toʻplam (oftalmoskop, tonometr, fonendoskop, pikfloumetr, koʻrish oʻtkirligini aniqlash jadvali, nevrologik bolgʻacha va boshqalar), tibbiy mebel hamda personal kompyuter bilan jihozlanadi;

j) shifokordan oldingi koʻrik xonasi oilaviy shifokor qabuliga tashrif buyuruvchilar oqimini tartibga solish, shifokor vakolati va aralashuvini talab qilmaydigan funksiyalarni bajarishda shifokor yuklamasini kamaytirish va hamshiraning ushbu yoʻnalishdagi vakolatlarini oshirish maqsadida tashkil etiladi hamda unda tibbiyot brigadasining amaliyotchi hamshirasi faoliyat yuritadi.

13. Shifokordan oldingi koʻrik xonasi faoliyatini samarali tashkil etish, zarur tibbiy jihoz va anjomlar, sarflov materiallari, adabiyotlar (tashxis qoʻyish va davolash standartlari, milliy klinik protokollar, algoritmlar, buyruqlar va boshqalar), savolnoma, koʻrgazmali va tarqatma materiallar bilan taʼminlash uchun muassasa rahbari hamda katta hamshira javobgar hisoblanadi.

14. Shifokordan oldingi koʻrik xonasiga aholi quyidagi masalalar boʻyicha murojaat qilishi mumkin:

profilaktik tibbiy koʻriklar;

amaliyot oʻtkazish (bemorlar shikoyatlarini oʻrganish, antropometriya, tonometriya, EKG va boshqalar);

bolalarning oʻsishi va rivojlanishini baholash;

profilaktik emlashlar;

skrining tekshiruvlardan oʻtish;

antenatal kuzatuvlar;

surunkali kasalligi bor bemorlarning dinamik kuzatuvi.

15. Oilaviy poliklinika roʻyxatxonasi binoning kirish qismida yoki birinchi qavatida, “tashrif buyuruvchiga yaqinroq” tamoyili asosida tashkil etiladi va katta hamshira tomonidan nazorat qilinadi.

16. Oilaviy poliklinikada nuroniylar, nogironligi boʻlgan shaxslar va homilador ayollarga roʻyxatxona tomonidan navbatsiz xizmat koʻrsatiladi.

4-bob. Oilaviy poliklinikaga murojaat qilish tartibi

17. Aholi oilaviy poliklinikaga murojaatlari quyidagi yoʻnalishlar guruhi asosida murojaat qiladi:

a) profilaktik tibbiy koʻrik va skrining tekshiruvlari (Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlangan tartib va muddatlarda);

b) kasalliklarning oʻtkir holatlarida bemorni yoʻnaltirish;

v) antenatal parvarish va kuzatuv;

g) vaksinatsiya (profilaktik emlashlar);

d) shoshilinch holatlar;

e) tor soha mutaxassislarining qabuliga yozilish;

j) mehnatga layoqatsizlik varaqasini olish;

z) nikohlanuvchilarning tibbiy koʻrigi;

i) tibbiy maʼlumotnoma olish;

k) migrantlarning tibbiy koʻrigi;

l) oʻlim toʻgʻrisida maʼlumotnoma olish;

m) respublika va viloyat darajasidagi tibbiy xizmatlardan foydalanish uchun imtiyozli yoʻllanma olish;

n) harbiy xizmatga chaqiriluvchilarning koʻrigi;

o) fizioterapiya va reabilitatsiya muolajalarini olish;

p) aholi uchun bepul dori vositalarini olish;

r) eshitish moslamasi, aravacha, hassa, qoʻltiqtayoqlar va ortopedik oyoq kiyimni olish uchun tibbiy xulosa olish;

s) haj safariga borish uchun tibbiy koʻrik maʼlumotnomasini olish.

Oilaviy poliklinikalarda tirbandlikning oldini olish, aholiga sifatli tibbiy xizmat koʻrsatish maqsadida bemorlar (aholi) ushbu Nizomga ilovaga muvofiq belgilangan tartibda yoʻnaltiriladi.

18. Tibbiy yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bevosita oilaviy poliklinikadagi axborot stendlariga (rasmiy veb-sahifasi) joylashtiriladi, shuningdek, muassasaning telefon raqamiga qoʻngʻiroq qilish orqali taqdim etiladi.

19. Aholi koʻrsatilgan tibbiy yordam sifatidan norozi boʻlganda, shuningdek, boshqa sabablar boʻyicha murojaatlar Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq koʻrib chiqiladi.

20. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami koʻrsatilishi uchun aholi oʻzi biriktirilgan (yoki yashash joyidagi) tibbiyot brigadasi faoliyat yuritadigan oilaviy poliklinikaning roʻyxatxonasiga shaxsan murojaat qilish orqali yoki maxsus elektron dastur orqali yoxud telefon orqali murojaat qilib, oilaviy shifokori qabuliga navbat oladi.

21. Tibbiy yordam soʻrab murojaat qilgan aholi belgilangan vaqtda qabulga kelishi lozim.

22. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga, doimiy yashash huquqiga ega boʻlgan va daromad soligʻi toʻlaydigan chet el fuqarolari hamda fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga ularning shaxsini tasdiqlovchi hujjat asosida kafolatlangan paket doirasida bepul tibbiy yordam koʻrsatiladi. Boshqa hollarda tibbiy xizmatlar pulli asosda koʻrsatiladi (shoshilinch va tez tibbiy yordam bundan mustasno).

23. Ambulator tibbiy karta oilaviy poliklinika roʻyxatxonasida va (yoki) “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimlarining yagona kompleksi bazasida elektron shaklda saqlanadi hamda bemorga topshirilishi taqiqlanadi.

24. Oilaviy shifokor tomonidan zarur hollarda, jismoniy imkoniyati cheklangan (nogiron), harakatlana olmaydigan yoki aqli zaif bemorlarga doimiy yoki vaqtincha yashash joyida kafolatlangan paket doirasida tibbiy xizmat koʻrsatilishi mumkin.

25. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami sayyor tibbiy yordam brigadalari tomonidan ham koʻrsatilishi mumkin.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi hamda oilaviy poliklinika mudirlari aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordami koʻrsatish va uni tashkil etish uchun javobgar hisoblanadi.

27. Ushbu Nizomning qoidalari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordami koʻrsatishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oilaviy poliklinikalarda aholi va bemorlar marshruti

1. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalari ‒ tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlari tizimidagi oilaviy poliklinika va uning filiallarida (keyingi oʻrinlarda — oilaviy poliklinika) aholi (bemorlar) profilaktik koʻrikdan oʻtishda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

tibbiyot brigadasining profilaktik koʻrikdan oʻtkazish rejasiga asosan aholi oilaviy poliklinikaga tashrif buyuradi;

bemor oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokor oldi koʻrigi xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaat etuvchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor murojaat etuvchining shikoyatlaridan kelib chiqib, tibbiy koʻrik oʻtkazadi, tibbiy koʻrik natijasiga koʻra kasallik aniqlansa yoki kasallikka gumon qilinsa, zaruratga koʻra qoʻshimcha tekshiruv va tor soha mutaxassislari koʻriklari tavsiya etiladi va bemorga zarur tibbiy yordam koʻrsatiladi (ambulator tibbiy yordam, kunduzgi shifoxonada davolash choralari yoki shifoxonada davolanish uchun yoʻnaltirish);

agar murojaat etuvchi sogʻlom deb topilsa, sogʻlom turmush tarziga rioya etish boʻyicha zarur tavsiyalar beriladi;

oilaviy shifokor yoki tor soha mutaxassisining tavsiyasi asosida qayta koʻrik belgilanganda, aholi oilaviy poliklinika yoki tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga murojaat qiladi. Roʻyxatxona xodimiga fuqaro shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etilganda, toʻgʻridan-toʻgʻri oila shifokori yoki tor soha mutaxassisiga yoʻllanma beriladi.

2. Oilaviy poliklinikada aholi (bemorlar) kasallikning oʻtkir holatida quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

bemor roʻyxatxonaga murojaat qilganda, roʻyxatxona hamshirasi uni filtr xonaga (alohida xona) bevosita olib boradi;

oilaviy shifokor bemorni holatiga koʻra bemorni filtr xonada (alohida xona) qabul qiladi;

oilaviy shifokor bemorga ambulator sharoitda tibbiy yordam koʻrsatadi hamda ambulator davo muolajalarini tayinlaydi, zaruratga koʻra tor soha mutaxassislari koʻrigiga yoʻnaltiradi. Bunda koʻrsatma boʻlsa, bemorni kunduzgi shifoxonaga yoki statsionar davolanish uchun shifoxonaga yuboradi;

alohida hollarda bemor oʻzi biriktirilgan tibbiyot brigadasi oilaviy shifokorini yashash joyiga chaqirishi mumkin.

3. Aholi (bemorlar) mehnatga layoqatsizlik varaqasini olishda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

mehnatga layoqatsizlik varaqalari va mehnatga layoqatsizlik maʼlumotnomalari, sogʻliqni saqlash tizimi, shu jumladan, vazirliklar, idoralar va boshqa davlat tashkilotlariga qarashli tibbiyot muassasalarining shifokorlari tomonidan maxsus elektron blankaga kiritiladi va avtomatik tarzda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimlarining yagona kompleksida (keyingi oʻrinlarda — Axborot tizimi) saqlanadi. Bunda maʼlumotlarni Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali olish imkoniyati yaratiladi;

bemor oilaviy poliklinikaga murojaat qilganda, shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaat etuvchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor bemorning shikoyati asosida unga zarur tibbiy yordam koʻrsatadi (ambulator tibbiy yordam, kunduzgi shifoxonada davolash choralari va shifoxonada davolanish uchun yoʻnaltirish) va zaruratga koʻra tor soha mutaxassisiga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor tomonidan tor soha mutaxassisiga yoʻnaltirilgan bemor tor soha mutaxassisi tomonidan koʻrikdan oʻtkaziladi hamda tor soha mutaxassisi tibbiy koʻrigi xulosasi asosida belgilangan tartibda oilaviy shifokor tomonidan Axborot tizimi orqali rasmiylashtiriladi;

yashash joyiga chaqirilganda oilaviy shifokor kun tartibidagi yuklamalarni bajargach, bemorni uyda koʻrikdan oʻtkazib, zarur muolajalarni bajaradi va davo muolajalarini belgilaydi hamda oilaviy poliklinikaga qaytganidan soʻng mehnatga layoqatsizlik varaqasini rasmiylashtiradi.

4. Oilaviy poliklinikada aholi (bemorlar) tor soha mutaxassislari qabuliga quyidagicha yoʻnaltiriladi:

bemor oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaat etuvchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga (tish ogʻrigʻida stomatologga) yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor bemor shikoyatlaridan kelib chiqib, koʻrik oʻtkazadi va zarurat boʻlganida yoʻnalish boʻyicha tor soha mutaxassislariga yoʻnaltiradi;

tor soha mutaxassisining tavsiyasi asosida qayta koʻrik belgilanganda bemor oilaviy poliklinika yoki tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali toʻgʻridan-toʻgʻri tor soha mutaxassisiga yoʻnaltiriladi.

5. Oilaviy poliklinikada shoshilinch holatlarda aholi (bemorlar) quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

bemor roʻyxatxonaga murojaat qiladi va roʻyxatxona hamshirasi uni muolaja xonasi yoki shifokor xonasiga bevosita olib boradi;

oilaviy shifokor bemorni holatiga koʻra muolaja xonasi yoki shifokor xonasida qabul qiladi;

oilaviy shifokor bemorga shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatadi hamda zaruratga koʻra tor soha mutaxassislari koʻrigiga yoʻnaltiradi;

alohida koʻrsatma boʻlganda, bemorlar statsionar davolanish uchun shifoxonaga yoʻnaltiriladi (oilaviy poliklinika avtotransport vositasida bemor holatiga koʻra umumiy amaliyot hamshirasi yoki oilaviy shifokor hamrohligida yoki tez tibbiy yordam mashinasida).

6. Nikohlanuvchi shaxslar tibbiy koʻrikdan oʻtishda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

nikohlanuvchi shaxslar tibbiy koʻrikdan eksterritorial tamoyil asosida psixiatr shifokorlar, narkologlar, teri-tanosil kasalliklari shifokorlari, OIV/OITSga tekshirishdan oʻtish, ftiziatrlar (dispanser va tuman kabinetlari) tomonidan tibbiy koʻrik oʻtkazish uchun asos hisoblanadigan FHDY organlari tomonidan berilgan yoʻllanma boʻyicha bepul oʻtkaziladi;

eksterritorial tamoyil asosida tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga murojaat qiladi;

nikohlanuvchi shaxslar roʻyxatxona xodimiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali nikohlanuvchi shaxslarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish boʻyicha masʼul boʻlgan shifokor qabuliga yoʻllanma (talon) oladi;

masʼul shifokor yoʻllanmasiga muvofiq psixiatr shifokor, narkolog, teri-tanosil kasalliklari shifokori, ftiziatr koʻrigiga yuboriladi;

tor soha mutaxassislari koʻrigidan soʻng nikohlanuvchi shaxslar tibbiy koʻrik natijalarini masʼul boʻlgan shifokorga taqdim etadi;

tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika poliklinikasining masʼul shifokori nikohlanuvchi shaxslarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish natijalari boʻyicha maʼlumotnoma berishda nikohlanuvchi shaxslarda aniqlangan kasalliklarning nikoh tuzilgandan keyin yuzaga kelishi mumkin boʻlgan oqibatlari toʻgʻrisida tushuntirish beradi;

nikohlanuvchi shaxslarning tibbiy koʻrikdan oʻtish muddati tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlinmasiga murojaat qilgan kundan boshlab ikki haftadan oshmasligi lozim.

7. Oilaviy poliklinikada aholi bolalarni emlash boʻyicha murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

bolalar milliy emlash rejasi asosida patronaj hamshirasining taklifiga muvofiq oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga ularning ota-onasi yoki qonuniy vasiysi tomonidan olib kelinadi;

oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga bolaning shaxsini tasdiqlovchi hujjat (JSHSHIR) yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) olinadi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi bolaning belgilangan maʼlumotlarini rasmiylashtiradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor bolani koʻrikdan oʻtkazadi, agar bola sogʻlom boʻlsa, emlashga ruxsat beradi va emlash xonasiga yuboradi;

emlashga qatʼiy yoki vaqtincha tibbiy cheklov aniqlangan hollarda oilaviy shifokor bolani sogʻlomlashtirish chorasini koʻradi va zaruratga koʻra pediatrga, immunologga yoki boshqa tor soha mutaxassislariga yoʻnaltiradi;

emlashga vaqtincha tibbiy cheklovlar bartaraf qilingandan soʻng oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga bolaning shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali toʻgʻridan-toʻgʻri oilaviy shifokorga yoʻllanma beriladi.

8. Aholi tibbiy maʼlumotnoma (086-shakl) olish boʻyicha murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

aholi oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaat etuvchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor tibbiy koʻrik oʻtkazadi va murojaat etuvchini tor soha mutaxassislariga yoʻnaltiradi, tora soha mutaxassislari tomonidan tibbiy koʻrik oʻtkaziladi, zarurat boʻlganda laborator va instrumental tekshiruvlar buyuradi. Tor soha mutaxassislarining koʻrigi xulosalari tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlinmasi tibbiy-mehnat ekspert komissiyasi (TMEK) shifokoriga yoki boʻlim mudiriga yoʻnaltiriladi;

TMEK shifokori yoki boʻlim mudiri xulosasi murojaat etuvchiga oilaviy poliklinika yoki tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasi orqali beriladi.

9. Oilaviy poliklinikada aholi oʻlim toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma olish boʻyicha murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

vafot etgan odamning yaqin qarindoshlari oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga vafot etgan odamning shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali vafot etgan odam biriktirilgan oilaviy shifokorga yoʻnaltiriladi;

oilaviy shifokor oʻlimni qayd qilish tartibiga muvofiq vafot etgan odamning doimiy yoki vaqtincha yashash joyiga borgan holda oʻlimni tasdiqlaydi;

zoʻraki oʻlim belgilari aniqlanganda, shubhali holatlarda yoki oʻlimni qayd qilish tartibiga muvofiq vafot etgan odam surunkali kasalliklar tufayli dispanser roʻyxatida turmasa, oilaviy shifokor tomonidan huquq-tartibot organlari xabardor qilinadi;

oilaviy shifokor tomonidan oʻlim toʻgʻrisidagi guvohnoma elektron tizim orqali rasmiylashtiriladi va bir nusxasini vafot etgan odamning yaqin qarindoshlariga taqdim qilinadi.

10. Oilaviy poliklinikada homilador ayollar murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

homilador ayollar homiladorlikning 12-haftasigacha roʻyxatdan oʻtishi lozim;

homilador ayol oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi homilador ayolni zarur tekshiruvlardan oʻtkazadi va oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor homiladorni roʻyxatga olib, akusher-ginekolog shifokoriga yoʻnaltiradi;

akusher-ginekolog shifokor tomonidan homilador ayol belgilangan tekshiruvlardan oʻtkaziladi va nazoratga olinadi;

zaruratga koʻra boshqa tor soha mutaxassislari koʻrigiga yoʻnaltiriladi;

shifokor tavsiyasi asosida qayta koʻrik belgilanganda, homilador ayol oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali toʻgʻridan-toʻgʻri akusher-ginekolog shifokorga yoki zaruratga koʻra oilaviy shifokor tomonidan boshqa tor soha mutaxassisiga yoʻnaltiriladi;

akusher-ginekolog shifokor tomonidan xavf belgilari aniqlanganda statsionar davo uchun yoʻllanma beriladi;

agar homiladorlik xavf belgilarisiz kechayotgan boʻlsa, tibbiyot brigadasining patronaj hamshirasi tomonidan kuzatuvga olinib, kerakli maslahatlar berib boriladi.

11. Oilaviy poliklinikada migrantlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazishda ishlar quyidagi yoʻnalishda amalga oshiriladi:

chet elda uch oydan ortiq muddat boʻlganlar roʻyxati hududiy ichki ishlar organlari tomonidan belgilangan tartibda oilaviy poliklinikaga taqdim etiladi hamda roʻyxat muntazam doimiy yangilanib boradi;

patronaj hamshirasi roʻyxatdagilarni tibbiy koʻrikdan oʻtish rejasini tuzib, rejaga muvofiq tibbiy koʻrikdan oʻtishga chaqiradi;

migrant oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaat etuvchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor murojaat etuvchi shikoyatlaridan kelib chiqib, koʻrik oʻtkazadi, zarurat boʻlganda laborator va instrumental tekshiruvlar hamda tor soha mutaxassisiga yoʻnaltiradi, murojaat etuvchida kasallik belgilari aniqlansa tibbiy yordam koʻrsatiladi (ambulator tibbiy yordam, kunduzgi shifoxonada davolash choralari va statsionar davo uchun yoʻnaltirish);

murojaat etuvchi tibbiy koʻrik natijasida sogʻlom deb topilganda, unga sogʻlom turmush tarziga rioya etish va boshqa zarur tavsiyalar beriladi;

oilaviy shifokor yoki tor soha mutaxassisining tavsiyasi asosida qayta koʻrik belgilanganda, murojaat etuvchi oilaviy poliklinika yoki tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga murojaat qiladi. Roʻyxatxona xodimiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etilib toʻgʻridan-toʻgʻri oilaviy shifokor yoki tor soha mutaxassisiga yoʻllanma beriladi.

12. Oilaviy poliklinikada bemorlar imtiyozli yoʻllanma olish boʻyicha murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

surunkali kasalliklari boʻlgan va imtiyozli yoʻllanma olish uchun murojaat qilgan bemorlar oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi bemorni zarur tekshiruvlardan oʻtkazadi, maʼlumotlarini rasmiylashtiradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor tomonidan belgilangan tibbiy koʻriklar oʻtkaziladi hamda bemor tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi tor soha mutaxassislari koʻrigiga yoʻllantiriladi;

oilaviy shifokor tomonidan belgilangan yoʻnalishlarda kasalliklar boʻyicha bemorlarga tuman (shahar) markaziy shifoxonalariga statsionar davolanish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri imtiyozli yoʻllanma berilishi mumkin;

tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi tor soha mutaxassislari tomonidan instrumental va laborator tekshiruvlar natijalari asosida imtiyozli yoʻllanma tuman (shahar) markaziy shifoxonasiga rasmiylashtiriladi yoki hududiy darajadagi shifoxonada davolanish uchun imtiyozli yoʻllanma rasmiylashtirish maqsadida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahri va viloyatlar yoʻnalishlar boʻyicha tegishli bosh mutaxassislarga bemor maʼlumotlarini elektron yoʻnaltiriladi;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahri va viloyatlar yoʻnalishlar boʻyicha bosh mutaxassislar tomonidan bemor maʼlumotlari hamda tor soha mutaxassislari tomonidan qoʻyilgan tashxisga asosan hududiy darajadagi tibbiyot muassasalariga yoʻllanma rasmiylashtiriladi va bemor elektron navbatga qoʻyiladi;

bemor respublika darajasidagi tibbiyot muassasalarida davolanishi lozim deb topilganda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahri va viloyatlar yoʻnalishlar boʻyicha bosh mutaxassislar elektron tizim orqali bemor maʼlumotlarini hamda kasallik tashxisini yoʻnalish boʻyicha respublika darajasida tashkil qilingan tibbiy tanlov komissiyasiga koʻrib chiqish hamda imtiyozli yoʻllanma rasmiylashtirish va elektron navbatga qoʻyish uchun yoʻnaltiradi.

Bunda bemor tashxisi hamda koʻrsatilishi lozim boʻlgan tibbiy xizmatdan kelib chiqib, tibbiy tanlov komissiyasi tomonidan respublika darajasidagi tibbiyot muassasalarida statsionar sharoitda davolanish uchun elektron shakldagi yoʻllanma rasmiylashtirilishi mumkin;

bemor statsionar davolanganidan soʻng chiqaruv epikrizi bemor davolangan tibbiyot muassasasi tomonidan oilaviy poliklinikaga yetkazilishi taʼminlanadi.

13. Harbiy xizmatga chaqiruvchilarning tibbiy koʻrigini tashkil etishda ishlar quyidagi yoʻnalishda amalga oshiriladi:

harbiy xizmatga chaqiriluvchilar tibbiy harbiy komissiyaning yoʻllanmasi asosida tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga murojaat qiladi;

harbiy xizmatga chaqiriluvchilar tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqami va tibbiy harbiy komissiyaning yoʻllanmasini taqdim etish orqali toʻgʻridan-toʻgʻri flyuorografiya, EKG, laborator va UTT tekshiruviga elektron yoʻllanma (talon) rasmiylashtirib yoʻnaltiriladi.

14. Oilaviy poliklinikada aholi uqalash va fizioterapiya muolajalarini olish boʻyicha murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

uqalash va fizioterapiya muolajalarini oluvchilar birlamchi murojaatida oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaatchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor murojaat etuvchining shikoyatlaridan kelib chiqib, zarur tibbiy yordam koʻrsatadi va muolajalarni soni va davomiyligini belgilaydi va zaruratga koʻra tor soha mutaxassisiga yoʻnaltiradi;

tor soha mutaxassisi aholining shikoyatlaridan kelib chiqib, zarur tibbiy yordam koʻrsatadi va muolajalarni soni va davomiyligini belgilaydi;

keyingi muolajalarni olish uchun bemor oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali toʻgʻridan-toʻgʻri uqalash va fizioterapiya muolajalariga yoʻnaltiriladi.

15. Aholi dori vositalarini olish boʻyicha murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

bemor oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaat etuvchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor bemorga qoʻyilgan tashxis, milliy klinik protokollar hamda tashxis qoʻyish va davolash standartlariga muvofiq dori vositalarini bepul olish uchun yoʻllanma beradi;

oilaviy shifokor bemorni shikoyatlaridan kelib chiqib, yoʻnalish boʻyicha tor soha mutaxassislariga yoʻnaltirishi mumkin;

dispanser nazoratida roʻyxatda turuvchilarga dori vositalariga shifokor retsepti olish uchun oilaviy poliklinika yoki tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali toʻgʻridan-toʻgʻri oilaviy shifokorga yoki tor soha mutaxassisiga yoʻllanma beriladi;

bemorlarga oilaviy shifokor hamda tor soha mutaxassislari tomonidan reimbursatsiya tizimi orqali beriladigan dori vositalarini bepul olish uchun (elektron) retsept rasmiylashtiriladi.

16. Oilaviy poliklinikada aholi moslashuv vositalarini olish boʻyicha murojaat qilganda quyidagi yoʻnalishda harakatlanadi:

eshitish moslamasi, aravacha, hassa, qoʻltiq tayoqqa va ortopedik oyoq kiyimga muhtoj boʻlgan bemorlar birlamchi murojaatida oilaviy poliklinika roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali shifokordan oldingi koʻrik xonasiga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

shifokordan oldingi koʻrik xonasida umumiy amaliyot hamshirasi murojaat etuvchining tashrif maqsadi, shikoyati hamda holatidan kelib chiqib, belgilangan tekshiruvlarni bajaradi hamda oilaviy shifokorga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokor bemorni koʻrikdan oʻtkazib, laborator-instrumental tahlillarni belgilaydi va koʻrsatmaga asosan tor soha mutaxassislari koʻrigiga yoʻnaltiradi;

oilaviy shifokorning yoki tor soha mutaxassislari tibbiy koʻrik natijalari jamlangan holda, oilaviy shifokor bemorga eshitish moslamasi, aravacha, hassa, qoʻltiq tayoqlarni berish uchun maʼlumotnomani rasmiylashtiradi hamda tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi TMEK yoki boʻlim mudiriga yoʻnaltiradi va elektron tizim orqali “Inson” markaziga yuboradi, ortopedik oyoq kiyim olish uchun maʼlumotnomani “Nogironlarni protezlash markazi”ga taqdim etish uchun beradi.

17. Haj safariga boruvchilarni tibbiy koʻrigini tashkil etishda ishlar quyidagi yoʻnalishda amalga oshiriladi:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Toshkent shahri va viloyatlar sogʻliqni saqlash boshqarmalari tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmalariga Haj safariga boruvchilar roʻyxatini belgilangan tartibda va muddatlarda taqdim etadi;

Haj safariga boruvchilar tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasiga tashrif buyuradi;

Haj safariga boruvchilar tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali masʼul shifokorga elektron yoʻllanma (talon) oladi;

masʼul shifokor tomonidan Haj safarga boruvchilar shikoyatlari asosida zarur tibbiy yordam koʻrsatiladi (ambulator tibbiy yordam, kunduzgi shifoxonada davolash choralari va shifoxonada davolanish uchun yoʻnaltirish) va zaruratga koʻra tor soha mutaxassisiga yoʻnaltiradi;

agar Haj safariga boruvchi sogʻlom deb topilsa, unga safar chogʻida tibbiy savodxonligini oshirishga qaratilgan tavsiyalar beriladi;

masʼul shifokor yoki tor soha mutaxassisining tavsiyasi asosida qayta koʻrik belgilanganda Haj safariga boruvchi tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasi roʻyxatxonasiga shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki tibbiy ID raqamini taqdim etish orqali toʻgʻridan-toʻgʻri masʼul shifokorga yoki tor soha mutaxassisiga yoʻnaltiriladi.

18. Oilaviy poliklinikada bemorlar kunduzgi shifoxonada davolanishga faqat oilaviy shifokor orqali yoʻnaltiriladi. Bunda bemorlarni kunduzgi shifoxonada davolash tartibi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilanadi.

19. Oilaviy poliklinika ushbu tibbiyot muassasasida faoliyat yuritadigan oilaviy shifokorlarga biriktirilmagan shaxslarga barcha tibbiy xizmatlarni, biriktirilgan aholi uchun kafolatlangan paketga kiritilmagan tibbiy xizmatlarni hamda oilaviy poliklinika hamda tuman (shahar) markaziy shifoxonasi maslahat-diagnostika boʻlinmasida aholi va bemorlar marshrutiga amal qilinmagan hollarda tibbiy xizmatlar pulli asosda koʻrsatadi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-iyundagi 384-son qaroriga 2-ILOVA

Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining maqomi, faoliyatining asosiy yoʻnalishlari, vazifalari, huquqlari va majburiyatlari hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada sogʻliqni saqlash tizimini va aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish tamoyillarini takomillashtirish orqali sohani isloh qilishni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmoniga muvofiq sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy qilingan hududlardagi tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlariga nisbatan tatbiq etiladi.

2. Sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy qilingan hududlarda amaldagi tibbiyot birlashmalari faoliyati tugatilib, tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tashkil etiladi.

3. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi oʻz faoliyatida tegishli mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va sogʻliqni saqlash boshqarmasiga boʻysunadi.

4. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi mustaqil balansga, gʻaznachilik organlarida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, oʻz nomi yozilgan gerbli muhrga, shuningdek, oʻz faoliyati uchun zarur boʻlgan boshqa atributlarga ega boʻlgan davlat boshqaruvi organi hisoblanadi.

5. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi:

tegishli hududlarda joylashgan oilaviy poliklinikalar va ularning filiallari, tuman (shahar) markaziy shifoxonalari hamda boshqa tuman (shahar) darajasidagi davlat tibbiyot tashkilotlari faoliyatiga tashkiliy-uslubiy rahbarlik qiladi;

Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining tuman (shahar) boʻlimlari bilan hamkorlikda faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha ishlarni tashkil etadi va amalga oshiradi.

6. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, Sogʻliqni saqlash vazirligi hamda hududiy sogʻliqni saqlash boshqarmasining buyruqlariga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

2-bob. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi faoliyatining asosiy yoʻnalishlari

7. Quyidagilar tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:

yagona tashkiliy-metodik rahbarlikni va tuman (shahar) darajasida aholiga koʻrsatilayotgan tibbiy xizmatlar sifatini nazorat qilishni taʼminlash, shuningdek, tizimidagi tibbiyot muassasalari faoliyatini tashkil etish va muvofiqlashtirish;

davolash-profilaktika, sanitariya-tashviqot va reabilitatsiya tadbirlarini amalga oshirishda tibbiyot muassasalariga uslubiy yordam koʻrsatish;

hudud aholisi orasida kasalliklarni erta aniqlash, ularning asoratlanishi, nogironlik va barvaqt oʻlimning oldini olish choralarini koʻrish;

tibbiyot muassasalari tomonidan tashxis qoʻyish va davolash standartlari hamda milliy klinik protokollar asosida sifatli tibbiy yordam hamda laborator va instrumental tekshiruvlar oʻtkazilishini taʼminlash;

aholi orasida kasallanish, shikastlanish, nogironlikning oldini olish, oʻlimni kamaytirish boʻyicha profilaktika tadbirlarini tashkil etish hamda amalga oshirish;

sogʻlom turmush asoslarini shakllantirish va mustahkamlash, shuningdek, voyaga yetayotgan avlodni sogʻlom tarbiyalash, ona va bola salomatligini muhofaza qilish, reproduktiv salomatlik, sanitariya va gigiyena, tugʻma nogironlik va irsiy kasalliklar holatlarini kamaytirish boʻyicha aholi oʻrtasida profilaktika chora-tadbirlarni tashkil etish va amalga oshirish;

tibbiyot tashkiloti va bemorlar uyida koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlarning sifati va samaradorligini oshirish maqsadida birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini takomillashtirib borish.

3-bob. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining asosiy vazifalari

8. Quyidagilar tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining asosiy vazifalari hisoblanadi:

a) aholiga sifatli birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatishni tashkil qilish. Bunda:

mavjud birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalarini xatlovdan oʻtkazish hamda xatlov natijalari asosida tajriba-sinov loyihasi talablariga muvofiq ularni tegishli shakldagi yuridik shaxs boʻlgan oilaviy poliklinika shaklida qayta tashkil etish;

tegishli koʻp tarmoqli markaziy poliklinikalarni markaziy shifoxonalarning maslahat-diagnostika boʻlinmalariga aylantirish;

tajriba-sinov loyihasi doirasida tibbiyot brigadalarini yangi normativlarga muvofiq qayta shakllantirish, aholining qayta biriktirilishini tashkil etish va nazorat qilish, tibbiyot muassasalarini malakali kadrlar bilan taʼminlashning shaffof mexanizmlari asosida tibbiyot xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish hamda uning natijalari boʻyicha tibbiyot xodimlarini toʻliq stavkada ishga qabul qilish va ularga munosib ish sharoiti yaratilishini taʼminlash;

aholiga oilaviy shifokorni tanlash imkoniyati va undan foydalanish tartibi toʻgʻrisida tushuntirish ishlarini amalga oshirish, tibbiyot xodimlari faoliyatini tasdiqlangan samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha nazorat qilish hamda natijalar asosida ularni ragʻbatlantirish;

Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari doirasida aholini bepul ambulator va statsionar tibbiy xizmatlar hamda dori vositalari bilan taʼminlashni tashkil qilish;

reimbursatsiya dasturi orqali aholiga dori vositalari va tibbiy jihozlarni yetkazib berishga tadbirkorlar tomonidan koʻrsatilayotgan xizmatlar sifatini monitoring qilish va doimiy yaxshilab borish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish;

Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tibbiyot taʼlim muassasalari bilan birgalikda tibbiyot brigadasi xodimlarining oila salomatligi boʻyicha maxsus oʻquv dasturida hamda rahbar xodimlarni menejerlik kurslari boʻyicha malakasini oshirishini taʼminlash;

tajriba-sinov loyihasi doirasida maqbullashtiriladigan mablagʻlarni tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlarida ochilgan tegishli shaxsiy gʻaznachilik hisobvaraqlariga jamlash hamda loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirishga yoʻnaltirish;

b) milliy kalendarga binoan profilaktik emlash ishlarini oʻtkazish orqali boshqariladigan infeksiyalar va ularning asoratlarining oldini olish ishlarini nazorat qilish;

v) malakali mutaxassislarni jalb etgan holda, profilaktik tibbiy koʻriklarni tashkil etish orqali kasalliklarni barvaqt aniqlash boʻyicha zarur choralarni amalga oshirish;

g) kecha-kunduz faoliyat koʻrsatadigan mobil, belgilangan talablarga muvofiq jihozlangan tez tibbiy yordam kichik stansiyasidan foydalangan holda shifoxonaga yotqizishdan oldingi tez va shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatishni, shuningdek, surunkali kasalliklarga chalingan bemorlarning muntazam kuzatib borilishini, sogʻlomlashtirilishi va reabilitatsiya qilinishini tashkil etish;

d) aholi salomatligi koʻrsatkichlari, kasallanish darajasi va boshqa maʼlumotlarni tahlil qilish orqali oʻz hududida sogʻliqni saqlash holatini yaxshilash boʻyicha takliflar ishlab chiqish, shuningdek, yuqumli kasalliklar, zaharlanishlar va favqulodda vaziyatlar toʻgʻrisida tegishli xizmatlarni oʻz vaqtida xabardor qilish, sanitariya-gigiyena va epidemiyaga qarshi tadbirlarni, hudud va uy xoʻjaliklarining sanitariya jihatidan xotirjamligi yuzasidan umumiy nazoratni amalga oshirish, yuqumli kasalliklar oʻchoqlarida observatsiya tadbirlarini oʻtkazish, aholini xavfli epidemik vaziyat toʻgʻrisida ogohlantirish;

e) aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatishni tashkil etishda oilaviy poliklinikalarga tashkiliy-uslubiy yordam koʻrsatish;

j) bemorlarga tashxislash va davolash standartlari hamda milliy klinik protokollar asosida tibbiy yordam koʻrsatilishini tashkil etish hamda uning nazoratini taʼminlash;

z) tibbiyot muassasalariga ajratilgan mablagʻlarning samaradorligi hamda natijadorligini monitoring va nazorat qilish.

4-bob. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining huquqlari va majburiyatlari

9. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi oʻziga yuklangan vazifalarni bajarishda quyidagi huquqlarga ega:

tizimidagi tibbiyot muassasalari xodimlari bilan mehnat shartnomasini tuzish va bekor qilish;

oʻziga tegishli davlat mulkidan foydalanish va uni tasarruf etish;

yuqori turuvchi tashkilot bilan kelishgan holda asosiy faoliyat yoʻnalishlarini rejalashtirish;

asosiy vositalarni ijaraga olish yoki ijaraga berish, grant va boshqa moliyaviy yordamlar jalb etish;

professional faoliyatni amalga oshirish jarayonida yaratilgan intellektual mol-mulk obyektlariga mualliflik huquqlarini olish va ulardan foydalanish;

tizimidagi muassasalar xodimlari uchun mehnatni tashkil etish va unga haq toʻlashning qonunchilikda belgilangan shartlari kafolatlanishini, texnika xavfsizligini, ijtimoiy taʼminoti va muayyan ijtimoiy himoya qilinishini taʼminlash;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq faoliyatning boshqa turlarini amalga oshirish.

10. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimiga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

aholiga malakali ixtisoslashgan ambulator va statsionar konsultatsiya va davolash-profilaktika yordami koʻrsatilishini tashkil etish;

oilaviy poliklinikalar faoliyatini muvofiqlashtirish hamda ularning shoshilinch tibbiy yordam xizmati va statsionar muassasalar bilan oʻzaro hamkorligini taʼminlash;

olis, chekka hududlarda joylashgan oilaviy poliklinikalarga biriktirilgan aholiga shifokor sayyor tibbiy xizmatlarini tashkil etish hamda muvofiqlashtirib borish;

bemorlar huquqlarining, shu jumladan, bemor toʻgʻrisidagi tibbiy maʼlumotlarning maxfiyligini lozim darajada taʼminlanishini nazorat qilish;

aholini oʻz xohishiga koʻra tizimdagi birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalaridagi tibbiyot brigadalariga biriktirishni tashkil qilish hamda muvofiqlashtirib borish;

mavjud tibbiy asbob-uskunalar, jihozlar va mol-mulkning saqlanishini hamda ulardan samarali foydalanilishini taʼminlash;

tizimidagi tibbiyot muassasalarining faoliyatiga oid tibbiy hisob va hisobot, statistika va moliyaviy hujjatlarning oʻz vaqtida va toʻliq yuritilishini, saqlanishi hamda ularning davlat saqloviga belgilangan tartibda berilishini taʼminlash;

tizimidagi tibbiyot muassasalariga xizmat koʻrsatuvchi markaziy laboratoriya xizmatini tashkil etish;

tuman (shahar) markaziy shifoxonasining notibbiy xizmatlar koʻrsatishni (ovqatlanish, kir yuvish, sterilizatsiya va boshqa), shuningdek, samarasiz hamda boʻsh turgan bino va inshootlarni davlat-xususiy sheriklik yoki autsorsing asosida xususiy sektorga berish ishlarini monitoring qilish;

tibbiyot muassasalari tomonidan pulli tibbiy xizmatni tashkil qilish, rivojlantirish va xizmat turlarini kengaytirish, jumladan tegishli hududda aholiga tibbiy xizmat koʻrsatishda xususiy sektor ulushini oshirish, jumladan, davlat-xususiy sheriklik loyihalarini amalga oshirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

tajriba-sinov loyihasi doirasida kelib chiqadigan muammolarni bartaraf etish yuzasidan takliflar ishlab chiqish va Sogʻliqni saqlash vazirligiga kiritish;

tizimidagi tibbiyot muassasalari xodimlarining malakasini oshirish, jumladan, xorijiy seminar va stajirovkalarga yuborish hamda surunkali kadr yetishmovchiligi mavjud boʻlgan yoʻnalishlar va hududlarni kadr bilan taʼminlash boʻyicha viloyat sogʻliqni saqlash boshqarmasi va Sogʻliqni saqlash vazirligiga soʻrovnoma kiritish.

5-bob. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi faoliyatini tashkil etish va uni boshqarish

11. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimiga Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan boshliq rahbarlik qiladi.

12. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi statsionar xizmat boʻyicha, oilaviy poliklinikalar boʻyicha hamda moliya-iqtisod xizmati boʻyicha oʻrinbosarlarga ega boʻladi.

Bunda statsionar xizmat boʻyicha boshliq oʻrinbosari tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tizimidagi barcha statsionar tibbiyot muassasalari, oilaviy poliklinikalar boʻyicha boshliq oʻrinbosari boʻlim tizimidagi barcha oilaviy poliklinikalar, ularning filiallari hamda ambulator tibbiy xizmat koʻrsatuvchi tibbiyot muassasalari, moliya-iqtisod xizmati boʻyicha boshliq oʻrinbosari boʻlimi tizimidagi barcha tibbiyot muassasalarining umumiy va iqtisodiy masalalari yuzasidan faoliyatini muvofiqlashtiradi.

13. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimida asosiy faoliyatni tegishli ixtisoslik boʻyicha diplomga ega boʻlgan mutaxassislar yuritadi.

14. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻiga ajratilgan mablagʻlar doirasida hududning geografik joylashuvi, infratuzilma holati, aholining murojaatlari, kasallanish koʻrsatkichlari va boshqa zaruratlarga koʻra tizimidagi tibbiyot muassasalari shifokorlari va hamshiralari shtat birliklarini mavjud shtat birliklari doirasida mustaqil belgilash va ehtiyojga koʻra oilaviy poliklinikalarga safarbar qilish vakolati beriladi.

6-bob. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining moliya-xoʻjalik faoliyati

15. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining moliya-xoʻjalik faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

16. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining markazlashgan moliya-buxgalteriya xizmati boʻlimning hamda tizimidagi tibbiyot muassasalarining moliya-buxgalteriya faoliyatini yuritadi.

17. Quyidagilar tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:

Davlat budjeti mablagʻlari;

homiylik mablagʻlari, xalqaro tashkilotlarning grantlari;

tizimidagi tibbiyot muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan ajratmalar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

18. Davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlari joriy qilinishi bilan tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi va uning tizimidagi tibbiyot muassasalarini moliyalashtirish uchun Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar (kapital qoʻyilmalar, fan va ilmiy izlanishlar, emlash va boshqa maqsadli dasturlar uchun ajratiladigan mablagʻlar bundan mustasno) xarajatlar tasnifining bir satrida oʻtkazilishi uchun alohida shaxsiy gʻaznachilik hisobvaraqlari shakllantiriladi.

19. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi rahbar xodimlari va boshqa xodimlariga uning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan faoliyat samaradorligi koʻrsatkichlari (KPI) asosida oylik lavozim maoshining 100 foizigacha miqdorda oylik ustama beriladi.

20. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish tartibi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilanadi.

7-bob. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining hisob va hisoboti

21. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda statistika hisobotini yuritadi va uni yuqori turuvchi sogʻliqni saqlash organiga taqdim etadi, hujjatlarning belgilangan standartlarga muvofiq yuritilishi hamda saqlanishiga javob beradi.

22. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi oʻz faoliyati natijalari toʻgʻrisida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hisobot va boshqa axborotlarni taqdim etadi.

23. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi tegishli hudud boʻyicha tibbiy hisob-kitob va hisobotlarning yuritilishi uchun javob beradi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

24. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.

25. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi qayta tashkil etilgan va tugatilgan holatlarda qonunchilik hujjatlariga muvofiq xodimlarning huquqlariga rioya qilinishi kafolatlanadi.

26. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi qayta tashkil etilganda uning huquqlari, majburiyatlari va mulki huquqiy vorisga oʻtadi.

27. Mazkur Nizom qoidalarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-iyundagi 384-son qaroriga 3-ILOVA

Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maqomi, asosiy vazifalari va funksiyalari, huquqlari va majburiyatlari, shuningdek faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada sogʻliqni saqlash tizimini va aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish tamoyillarini takomillashtirish orqali sohani isloh qilishni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmoniga muvofiq sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy qilingan hududlardagi tuman (shahar) markaziy shifoxonalariga nisbatan tatbiq etiladi.

2. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasini tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasi bilan birlashtirish yoʻli bilan qayta tashkil etiladi.

Bunda tuman (shahar) darajasida yuridik shaxs boʻlgan barcha statsionar yordam koʻrsatuvchi tibbiyot muassasalari hamda dispanserlar tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasining boʻlinmasi sifatida uning tarkibiga kiritiladi.

3. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tuzilmasiga kiruvchi davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi.

4. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi tibbiyot kadrlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha klinik oʻquv bazasi hisoblanadi.

5. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi barcha zarur kommunikatsiya tarmoqlari (elektr, isitish, suv taʼminoti, kanalizatsiya, telefon aloqasi va IT tizimi) bilan taʼminlangan boʻlishi lozim.

6. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasida ish vaqti qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

7. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, Sogʻliqni saqlash vazirligi, hududiy sogʻliqni saqlash boshqarmasi, tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining buyruqlariga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

2-bob. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasining asosiy vazifalari va funksiyalari

8. Quyidagilar tuman (shahar) markaziy shifoxonasining asosiy vazifalari hisoblanadi:

dastlabki shoshilinch, kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam koʻrsatishni, bemorlarni statsionar davolash hamda aholiga kasalliklarning oldini olish va davolash boʻyicha tibbiy xizmatlar koʻrsatish;

yuqumli boʻlmagan kasalliklarga chalinish xavfi omillarini barvaqt aniqlash mexanizmlarini joriy etish orqali aholi oʻrtasida kasallikka chalinish, nogironlik va oʻlimning barvaqt oldini olish;

malakali mutaxassislarni jalb etgan holda, laboratoriya va instrumental tekshiruvlar oʻtkazish, aholining profilaktik tibbiy koʻriklarida ishtirok etish;

kecha-kunduz tez va shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatish, shuningdek, surunkali kasalliklarga chalingan bemorlarni muntazam kuzatish, sogʻlomlashtirish va reabilitatsiya qilinishini taʼminlash;

tor soha mutaxassislarining tashxis qoʻyish va davolash standartlari hamda klinik protokollarga qatʼiy amal qilgan holda, aholiga tibbiy maslahat berishni, aholiga sifatli laborator, tashxis qoʻyish, ambulator, statsionar hamda shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatilishini taʼminlash;

tuman darajasida oilaviy shifokor yoki tor soha shifokori yoʻllanmasi asosida belgilangan tartibda aholiga bepul ambulator va rejali statsionar tibbiy xizmatlar koʻrsatish;

tor soha mutaxassislari ishtirokida aholi orasida kasallanish, nogironlikning oldini olish, oʻlimni kamaytirish boʻyicha profilaktika tadbirlarini (skrining tekshiruvlari, chuqurlashtirilgan va sayyor tibbiy koʻriklar) amalga oshirish;

Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi bilan tibbiy xizmatlar xaridi boʻyicha shartnoma tuzish;

kasallikka tuman (shahar) darajasida tashxis qoʻyish va uni davolash imkoni boʻlmagan hollarda, bemorlarga yuqori darajadagi tibbiyot tashkilotlariga elektron yoʻllanma berish;

notibbiy xizmatlarni (ovqatlanish, kir yuvish, sterilizatsiya va boshqa) autsorsing asosida tashkil etish.

9. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

aholiga tibbiy xizmat koʻrsatishda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda, shu jumladan, oilaviy shifokor yoki tor soha mutaxassisi yoʻllanmasi asosida aholiga bepul xizmat koʻrsatilishi toʻgʻrisida tushuntirish ishlarini amalga oshirish;

aholiga tibbiy xizmat koʻrsatishda barcha zarur tadbirlarni (tibbiyot mutaxassislari, tibbiy asbob-uskunalar, instrumental va laborator tekshiruvlar va boshqalar) amalga oshirish;

kasalliklarni barvaqt aniqlash maqsadida aholini profilaktik koʻriklardan va xavf guruhiga mansub aholini chuqurlashtirilgan skrining tekshiruvlaridan oʻtkazish hamda bu borada oilaviy poliklinikalar bilan hamkorlik qilish;

mehnatga layoqatlilik holatini yoʻqotgan bemorlarni vrachlik-mehnat ekspert komissiyasiga belgilangan tartibda yuborish;

oilaviy shifokor tomonidan yuborilgan bemorlarga yuqori malakali tor soha mutaxassislarining xizmatini tashkil etish;

maqsadli tibbiy koʻriklarni (haj safariga boruvchilar, nikohlanuvchi shaxslar, migrantlar, jazoni ijro etish muassasalaridan ozod etilganlar, ishga va oʻqishga kiruvchilar, harbiy xizmatga chaqiriluvchilar va boshqalar) tashkil etish va oʻtkazish;

zaruratga koʻra tuman (shahar) markaziy shifoxonasida davolanayotgan bemorlar va uyda ogʻir yotgan bemorlarga maslahatlar berish hamda konsiliumlarda ishtirok etish.

3-bob. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasining huquqlari va majburiyatlari

10. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:

tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi bilan kelishgan holda oʻzining asosiy faoliyatini rejalashtirish;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yoʻllanmasiz murojaat qilgan hamda bepul tibbiy xizmat koʻrsatish boʻyicha aholi toifalariga mos kelmaydigan shaxslarga tibbiy xizmatlarni pulli asosda koʻrsatish;

xodimlarning doimiy ravishda oʻz ustida ishlashi va malakasini oshirib borishi yuzasidan amaliy choralar koʻrish;

Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan rejadan tashqari profilaktik koʻriklar va skrining tekshiruvlarda, aholini uyiga borib xizmat koʻrsatish kabi boshqa tadbirlarda ishtirok etmaslik;

asosiy vositalarni ijaraga olish yoki ijaraga berish, grantlarni va boshqa moliyaviy yordamlarni jalb etish;

professional faoliyatni amalga oshirish jarayonida yaratilgan intellektual mol-mulk obyektlariga mualliflik huquqlarini olish va ulardan foydalanish;

tuman (shahar) markaziy shifoxonasiga berilgan mol-mulkdan belgilangan tartibda foydalanish;

tuman (shahar) markaziy shifoxonasi xodimlari mehnatiga haq toʻlash hamda ularni moddiy ragʻbatlantirish miqdorlarini belgilash yuzasidan takliflar kiritish;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi maqsadlari va asosiy faoliyatiga zid boʻlmagan faoliyatning boshqa turlarini amalga oshirish.

11. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasiga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

aholiga tasdiqlangan tashxis qoʻyish va davolash standartlari hamda klinik protokollarga muvofiq ambulator va statsionar tibbiy yordam koʻrsatish;

bemorlar huquqlarining, shu jumladan, bemor toʻgʻrisidagi tibbiy maʼlumotlarning maxfiyligini lozim darajada taʼminlash;

tasarrufidagi binolarda zarur sanitariya-gigiyena rejimini, aseptika va antiseptika qoidalarini, asboblar va materiallarning gemokontakt va boshqa infeksiyalardan profilaktikasini taʼminlovchi sterilizatsiya qilish shart-sharoitlarini saqlash;

qonunchilik hujjatlari, mehnat muhofazasi, texnika xavfsizligi, yongʻin xavfsizligi, sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlari talablariga rioya qilish;

mavjud tibbiy jihozlar va mol-mulkning saqlanishini va ulardan samarali foydalanilishini taʼminlash;

tuman (shahar) markaziy shifoxonasining faoliyatiga oid tibbiy hisob va hisobot, moliyaviy hujjatlarning oʻz vaqtida va toʻliq yuritilishi, saqlanishi hamda ularning davlat saqloviga belgilangan tartibda berilishini taʼminlash;

tuman (shahar) markaziy shifoxonasi xodimlari uchun mehnatni tashkil etish, texnika xavfsizligini, ijtimoiy taʼminoti va muayyan ijtimoiy himoya qilinishini taʼminlash;

moddiy-texnik bazasini zamonaviy tibbiyot texnikasi hamda texnologiyalari bilan mustahkamlash va rivojlantirish;

tasarrufidagi mol-mulkdan maqsadli foydalanish, uning saqlanishini taʼminlash;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq statistik hisobni hamda hisobotlarni yuritish;

oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni sifatli bajarish.

4-bob. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi faoliyatini tashkil etish va uni boshqarish

12. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi bosh shifokori tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.

13. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi bosh shifokori ambulator poliklinika yordami, davolash ishlari hamda tugʻruqqa koʻmaklashish ishlari boʻyicha oʻrinbosarlarga ega boʻladi.

14. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasida asosiy faoliyatni tegishli ixtisoslik boʻyicha diplomga (sertifikatga) ega boʻlgan mutaxassislar, oʻrta tibbiyot xodimlari va boshqa mutaxassislar amalga oshiradi.

15. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlinmasi tuman (shahar) aholisiga ixtisoslashtirilgan ambulator davolash-profilaktika, konsultatsiya-tashxislash yordami koʻrsatishga moʻljallangan shifoxonaning rejali qabul boʻlimi hisoblanadi.

16. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasida oilaviy shifokor yoki tor soha shifokori yoʻllanmasi asosida murojaat qilgan hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq bepul tibbiy xizmat koʻrsatish boʻyicha aholi toifalariga mos keluvchi shaxslarga rejali ambulator va statsionar tibbiy xizmatlar elektron navbat asosida bepul koʻrsatiladi.

17. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yoʻllanmasiz murojaat qilgan hamda bepul tibbiy xizmat koʻrsatish boʻyicha aholi toifalariga mos kelmaydigan shaxslarga, shuningdek, elektron navbatsiz tibbiy xizmatdan foydalanish istagini bildirgan aholi uchun rejali ambulator va statsionar tibbiy xizmatlar pulli asosda koʻrsatiladi.

18. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi tomonidan aholiga pulli asosda koʻrsatiladigan tibbiy xizmat turlari va narxlari tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tomonidan tasdiqlanadi.

19. Maslahat-diagnostika boʻlinmasiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish uchun aholi biriktirilmaydi. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi hududiga yaqin joylashgan aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish uchun alohida oilaviy poliklinika tashkil etiladi.

Bunda ushbu hudud aholisi uchun tuman (shahar) markaziy shifoxonasidan tashqari hududda oilaviy poliklinika tashkil etish imkoni mavjud boʻlmagan hollarda, ushbu oilaviy poliklinika shifoxona bino va inshootlarining alohida qavatlariga joylashtiriladi hamda aholining oilaviy poliklinikaga kirib chiqishi uchun alohida yoʻlak tashkil qilinadi.

19 1 . Tuman (shahar) markaziy shifoxonasining tashkiliy tuzilmasi tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tomonidan tasdiqlanadi.

5-bob. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasining moliya-xoʻjalik faoliyati

20. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasining moliya-xoʻjalik faoliyati qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

21. Asosiy vositalar, shuningdek, boshqa moddiy boyliklar hamda moliyaviy resurslar tuman (shahar) markaziy shifoxonasining mol-mulkini tashkil etadi.

22. Quyidagilar tuman (shahar) markaziy shifoxonasi faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:

tuman (shahar) markaziy shifoxonasining joriy faoliyatini saqlab turishga, unga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish boʻyicha tadbirlarni amalga oshirish, shuningdek, tuman (shahar) markaziy shifoxonasining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash uchun ajratiladigan Davlat budjeti mablagʻlari;

homiylik mablagʻlari, xalqaro tashkilotlarning grantlari;

pulli tibbiy xizmatlar koʻrsatishdan olingan mablagʻlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

23. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasini moliyalashtirish:

statsionar boʻlinmalar, shu jumladan, diagnostika boʻlinmalarini saqlash uchun ajratiladigan mablagʻlarning 15 foizidan kam boʻlmagan qismini har bir davolangan holatdan kelib chiqib toʻlash orqali;

ambulator tibbiy xizmat koʻrsatadigan boʻlimlarini moliyalashtirishning yillik hajmi bir nafar aholiga xarajatlarning bazaviy normativi hisob-kitobidan hamda tuzatish koeffitsiyentlaridan (jinsi va yoshi tarkibi, aholi zichligiga koʻra va boshqalar) foydalanilgan holda, biriktirilgan aholi sonidan kelib chiqib amalga oshiriladi.

Bunda tuman (shahar) markaziy shifoxonasi Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi tomonidan tibbiy xizmatlar xaridi boʻyicha tuzilgan shartnoma asosida moliyalashtiriladi.

24. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasini Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi orqali moliyalashtirishda Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar (kapital qoʻyilmalar, fan va ilmiy izlanishlar, emlash va boshqa maqsadli dasturlar uchun ajratiladigan mablagʻlar bundan mustasno) uchun xarajatlar tasnifining bir satrida alohida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari shakllantiriladi.

Tuman (shahar) markaziy shifoxonasini moliyalashtirish, moliyaviy hisobotlarni yuritish tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining markazlashgan buxgalteriyasi xizmati tomonidan amalga oshiriladi.

6-bob. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasining hisobi va hisoboti

25. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda statistika hisobotini yuritadi va tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimiga taqdim etadi, hujjatlarning belgilangan standartlarga muvofiq yuritilishi hamda saqlanishiga javob beradi.

26. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi oʻz faoliyati natijalari toʻgʻrisida qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda hisobot va boshqa axborotlar taqdim etadi.

27. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi bosh shifokori tibbiy hisob-kitob va hisobotlarning yuritilishi uchun javob beradi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

28. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.

29. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi qayta tashkil etilgan va tugatilgan holatlarda qonunchilik hujjatlariga muvofiq xodimlarning huquqlariga rioya qilinishi kafolatlanadi.

30. Tuman (shahar) markaziy shifoxonasi qayta tashkil etilganda uning huquqlari, majburiyatlari va mulki huquqiy vorisga oʻtadi.

31. Ushbu Nizom qoidalarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-iyundagi 384-son qaroriga 4-ILOVA

Oilaviy poliklinika toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Namunaviy nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) oilaviy poliklinikaning maqomi, asosiy vazifalari, huquqlari va majburiyatlari, shuningdek faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada sogʻliqni saqlash tizimini va aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish tamoyillarini takomillashtirish orqali sohani isloh qilishni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmoniga muvofiq sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy qilingan hududlardagi oilaviy poliklinikalarga nisbatan tatbiq etiladi.

3. Oilaviy poliklinikalar oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, Sogʻliqni saqlash vazirligi, hududiy sogʻliqni saqlash boshqarmasi hamda tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining buyruqlariga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

4. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalari biriktirilgan aholi soniga koʻra quyidagi tiplarda tashkil etiladi:

biriktirilgan aholi soni 3 000 nafargacha boʻlganda — oilaviy poliklinika filiali;

biriktirilgan aholi soni 3 001-12 000 nafargacha boʻlganda — 1-tipdagi oilaviy poliklinika;

biriktirilgan aholi soni 12 001-51 000 nafargacha boʻlganda — 2-tipdagi oilaviy poliklinika.

Bunda:

2-tipdagi oilaviy poliklinikalarga hududning geografik joylashuviga koʻra qoʻshimcha 3 000 nafargacha aholi biriktirilishi mumkin;

oilaviy poliklinika filiallari 2-tipdagi oilaviy poliklinikaning filiali sifatida faoliyat yuritadi.

4 1 . Oilaviy poliklinika va ularning filiallarini tashkil qilish, mavjud bino-inshootlarini rekonstruksiya qilish va mukammal taʼmirlash uchun birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi bino-inshootlariga qoʻyiladigan talablar asosida quyidagi toifalarga ajratiladi:

3 001 — 6 000 nafargacha aholi biriktirilgan 1-tipdagi oilaviy poliklinikalar — 1a toifa;

6 001 — 12 000 nafargacha aholi biriktirilgan 1-tipdagi oilaviy poliklinikalar — 1b toifa;

12 001 — 24 000 nafargacha aholi biriktirilgan 2-tipdagi oilaviy poliklinikalar — 2a toifa;

24 001 — 36 000 nafargacha aholi biriktirilgan 2-tipdagi oilaviy poliklinikalar — 2b toifa;

36 001 — 48 000 nafargacha aholi biriktirilgan 2-tipdagi oilaviy poliklinikalar — 2v toifa;

48 001 — 54 000 nafargacha aholi biriktirilgan 2-tipdagi oilaviy poliklinikalar — 2g toifa.

5. Oilaviy poliklinikalar davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanib, shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi yozilgan muhrga ega boʻladi.

6. Oilaviy poliklinikalar aholining joylashish tarkibi, aholi punktlari soni va ular orasidagi masofa, xizmat koʻrsatish doirasi, yoʻl tarmogʻi rivojlangani, hududdagi infratuzilma holati, ishlab chiqarish va ishlab chiqarishning boshqa turlari xususiyati hisobga olingan holda tashkil etiladi.

7. 2-tipdagi oilaviy poliklinikalarga aholi soni, zichligi hamda geografik joylashuviga koʻra 1-tipdagi oilaviy poliklinikalar va oilaviy poliklinika filiallari biriktiriladi.

Bunda 2-tipdagi oilaviy poliklinikadagi oilaviy shifokorlardan tashqari boshqa shifokorlar (pediatr, akusher-ginekolog, UTT shifokori hamda rentgenolog shifokor) unga biriktirilgan 1-tipdagi oilaviy poliklinikalar va oilaviy poliklinika filiallariga biriktirilgan aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatadi.

8. 2026-yil 1-apreldan oilaviy poliklinikalarda ish vaqti besh kunlik ish haftasi tartibida — dushanba — juma kunlari soat 08-00 dan 16-00 gacha etib belgilanadi.

Bunda:

2-tip oilaviy poliklinikalarda dushanba — juma kunlari 16-00 dan 20-00 gacha, shuningdek, dam olish (shanba) kunlari 08-00 dan 14-00 gacha belgilangan tartibda ish haqi toʻlanadigan bir nafardan shifokor va oʻrta tibbiyot xodimidan iborat navbatchilik tashkil qilinadi;

2-tip oilaviy poliklinikalarning navbatchi tibbiyot xodimlari 1-tipdagi oilaviy poliklinikalar va oilaviy poliklinika filiallari aholisiga ham tibbiy xizmatlar koʻrsatadi.

9. Oilaviy poliklinikalar barcha zarur kommunikatsiya tarmoqlari (elektr, isitish, suv taʼminoti, kanalizatsiya va telefon aloqasi va IT tizimi) bilan taʼminlangan boʻlishi lozim.

10. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami xizmatlari Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari doirasida nodavlat tibbiyot tashkilotlari tomonidan tashkil etilishi va (yoki) ushbu xizmatlar Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi tomonidan nodavlat tibbiyot tashkilotlaridan xarid qilinishi mumkin.

11. Oilaviy poliklinikada Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari doirasida tibbiy xizmat koʻrsatish ilovada keltirilgan namunaviy shartnoma asosida amalga oshiriladi.

2-bob. Oilaviy poliklinikalarning asosiy vazifalari

12. Oilaviy poliklinikalarning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

biriktirilgan aholiga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish (ambulator qabul, bemorlarni uylariga tashrif va boshqalar);

birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatishda tibbiyot brigadasi biriktirilgan aholini ijtimoiy ahamiyatga ega va eng koʻp tarqalgan kasalliklar boʻyicha guruhlarga ajratish hamda ularni individual davolash va sogʻlomlashtirish dasturlarini ishlab chiqish;

aholi salomatligini muhofaza qilish, xizmat koʻrsatayotgan hududdagi aholini Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan tartib va muddatlarda profilaktik tibbiy koʻriklaridan oʻtkazish;

kasalliklar xavfini aniqlash hamda ularni erta bosqichlarda aniqlash, kasalliklarni kamaytirish va ularning asoratlanishi, nogironlik va oʻlim holatini kamaytirish boʻyicha kompleks profilaktik tadbirlarni amalga oshirish;

milliy emlash kalendariga asosan belgilangan muddatlarda profilaktik emlashlarni amalga oshirish;

Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi tuman (shahar) boʻlimlari bilan birgalikda yuqumli kasalliklar, zaharlanish va favqulodda holatlar yuzaga kelganda, tegishli xizmatlarga xabar berish, sanitariya-epidemiyaga qarshi tadbirlarni amalga oshirish, jumladan, profilaktik emlashlar, yuqumli kasalliklar oʻchogʻidagi observatsion tadbirlar, aholini epidemiologik xavfli vaziyatlar boʻyicha ogohlantirish;

surunkali kasallikka chalingan bemorlar salomatligining tizimli dispanser nazorati, davolash, sogʻlomlashtirish va reabilitatsiya tadbirlarini amalga oshirish;

tashxislash va davolash standartlari hamda klinik protokollarga asosan mavjud asbob-uskunalardan foydalangan holda instrumental tekshiruvlarni oʻtkazish;

bemorlarni tekshirish, davolash, nazorat qilish va reabilitatsiyasida boshqa davolash-profilaktika muassasalari bilan uzviylik tamoyiliga rioya qilish;

bemorlarni koʻrsatmaga asosan tor soha mutaxassislari koʻrigiga hamda shifoxonaga yotqizish uchun tibbiyot muassasalariga yoʻllanma berish;

hayotga xavf soluvchi holatlar, baxtsiz hodisa (jarohat, zaharlanish, hayvon va kemiruvchilar tishlashi va boshqa holatlar)da shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatish hamda koʻrsatmaga binoan yuqori malakali va ixtisoslashtirilgan tibbiy yordam koʻrsatish uchun bemorlarni boshqa davolash-profilaktika yordami muassasasiga yoʻllash;

vaqtincha mehnatga layoqatsizlik ekspertizasini oʻtkazish, mehnatga turgʻun layoqatsiz boʻlgan bemorlar hujjatlarini tibbiy-ijtimoiy ekspertiza komissiyasiga yoʻnaltirish;

aholiga quyidagi masalalar boʻyicha maslahat berish va sanitariya-tushuntirish ishlarini amalga oshirish;

yuqumli kasalliklar profilaktikasi;

koʻkrak suti bilan oziqlantirish, bolalarni gigiyenik tarbiyalash, bolalar salomatligidagi salbiy oʻzgarishlarning oldini olish;

reproduktiv salomatlikni muhofaza qilish;

xavfsiz onalikni taʼminlash, istalmagan homiladorlikning oldini olish, kontratsepsiya, oilaviy hayotning etika, psixologiya, tibbiy-ijtimoiy masalalari targʻibot ishlarini amalga oshirish;

sogʻlom turmush tarzi, jismoniy tarbiya va sportning ahamiyati;

zararli omillar va ularning asoratlari boʻyicha ogohlantirish;

oilaviy poliklinikaga biriktirilgan aholining salomatlik holatini tahlil qilish va sogʻlomlashtirish tadbirlari rejasini ishlab chiqish;

biriktirilgan aholining salomatlik holati asosida, zaruratga koʻra belgilangan tartibda aholini yoʻllanma (qogʻoz va elektron) asosida tuman (shahar) markaziy shifoxonasiga yoki boshqa ixtisoslashgan statsionar yordam koʻrsatuvchi muassasaga yuborish;

oilaviy poliklinika xonalarida zarur sanitariya-gigiyena rejimini, aseptika va antiseptika qoidalarini, inyeksiyadan keyingi asoratlar, gepatit, OIV va boshqa yuqumli kasalliklar profilaktikasini taʼminlaydigan instrumentlar va materiallarni sterilizatsiya qilish sharoitlarini taʼminlash;

mavjud tibbiy asbob-uskunalar va jihozlar hamda boshqa mol-mulkdan samarali foydalanilishini taʼminlash;

hisob va hisobot hujjatlarining elektron shaklda oʻz vaqtida va sifatli yuritilishini taʼminlash.

3-bob. Oilaviy poliklinikalar faoliyatini tashkil etish

13. Oilaviy poliklinikalarda quyidagilar amalga oshiriladi:

birlamchi murojaat qilgan bemor oʻsha kuni yoki avvaldan tuzilgan roʻyxat asosida qabul qilinadi, qayta qatnovlar tibbiy koʻrsatmaga koʻra shifokor tomonidan belgilanadi;

bemorlar uyiga chaqiruvi soat 8-00 dan 14-00 gacha qabul qilinadi hamda tashrif chaqiruv boʻlgan kuni amalga oshiriladi, boshqa tashriflar shifokor va hamshira tomonidan koʻrsatmaga binoan belgilanadi;

bilim va koʻnikmaga ega tibbiy xodimlar birlamchi, ikkilamchi va uchinchi darajali profilaktika, dispanserizatsiya kabi profilaktik tadbirlarini amalga oshiradi;

muassasaga murojaat qilgan aholiga hayotga xavf soladigan zarur shoshilinch holatlarda birlamchi tezkor tibbiy yordam koʻrsatiladi va koʻrsatmaga asosan shifoxonaga yuboriladi;

tor soha mutaxassislarining maslahati, nazorati, davolash boʻyicha tavsiyalariga koʻra oilaviy shifokor tomonidan bemorlar nazorati olib boriladi;

bemorlar oilaviy poliklinikaning kunduzgi shifoxonasi va uy shifoxonasi sharoitida davolanadi.

4-bob. Oilaviy poliklinikalarning huquqlari va majburiyatlari

14. Oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun oilaviy poliklinikalar quyidagi huquqlarga ega:

yuqori turuvchi sogʻliqni saqlash organi bilan kelishgan holda oʻzining asosiy faoliyatini rejalashtirish;

Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan tadbirlardan tashqari boshqa tashkilotlar tomonidan tashkil qilingan profilaktik tibbiy koʻriklar va skrining tekshiruvlar, aholini uyiga borib tibbiy xizmat koʻrsatish kabi tadbirlarda ishtirok etishdan bosh tortish;

professional faoliyatni amalga oshirish jarayonida yaratilgan intellektual mol-mulk obyektlariga mualliflik huquqlarini olish va ulardan foydalanish;

oilaviy poliklinikaga berilgan mol-mulkdan belgilangan tartibda foydalanish va uni tasarruf etish;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq oilaviy poliklinika maqsadlari va asosiy faoliyatiga zid boʻlmagan faoliyatning boshqa turlarini amalga oshirish.

15. Oilaviy poliklinikalar quyidagilarga majbur:

aholini kafolatlangan tibbiy yordam hajmiga muvofiq ambulator konsultatsiya va davolash-profilaktika yordami bilan taʼminlash;

bemorlarga tashxis qoʻyish, davolash va reabilitatsiya qilishda tegishli tuman (shahar) markaziy shifoxonasi, shoshilinch va tez tibbiy yordam xizmati hamda boshqa tibbiyot muassasalari oʻrtasida oʻzaro hamkorlikni taʼminlash;

bemorlarni ambulatoriyada qabul qilish va koʻrsatmaga asosan doimiy va vaqtincha yashash joyida birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini koʻrsatish;

bemorlar huquqlariga, shu jumladan, ularning bemor toʻgʻrisidagi tibbiy maʼlumotlarning maxfiyligi huquqiga rioya etish;

oilaviy poliklinika binolarida zarur sanitariya-gigiyena rejimini, aseptika va antiseptika qoidalarini, asboblarni va materiallarning gemokontakt va boshqa infeksiyalardan profilaktikasini taʼminlovchi sterilizatsiya qilish shart-sharoitlarini saqlab turish;

qonunchilik hujjatlari, mehnat muhofazasi, texnika xavfsizligi, yongʻin xavfsizligi, sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlari talablariga rioya qilish;

mavjud tibbiy jihozlar va mol-mulkning saqlanishini hamda ulardan samarali foydalanilishini taʼminlash;

oilaviy poliklinika faoliyatiga oid tibbiy hisob va hisobot, statistika va moliyaviy hujjatlarning oʻz vaqtida va toʻliq yuritilishi, saqlanishi hamda davlat saqloviga belgilangan tartibda berilishini taʼminlash.

16. Oilaviy poliklinikalar oʻzlariga yuklangan vazifalarning samarali bajarilishi uchun javob beradi.

5-bob. Oilaviy poliklinikalar ishini tashkil etish va uni boshqarish

17. 1-tip oilaviy poliklinikalarga tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi tomonidan oilaviy poliklinika mudiri vazifasi yuklanadigan mazkur muassasada faoliyat yuritayotgan oilaviy shifokor rahbarlik qiladi hamda mudir vazifasi yuklangan oilaviy shifokorga bazaviy tarif stavkasiga 50 foiz ustama toʻlanadi.

18. 2-tip oilaviy poliklinikalarga tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan mudir rahbarlik qiladi.

19. Oilaviy poliklinika mudiri (mudiri vazifasi yuklangan oilaviy shifokor) belgilangan tartibda:

oilaviy poliklinika faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi, uning ishini tashkil etadi, oilaviy poliklinika nomidan ish koʻradi, uning manfaatlarini barcha tashkilotlarda ifoda etadi hamda oilaviy poliklinika faoliyatining natijalari uchun shaxsan javob beradi;

tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimiga hisobotlar taqdim etadi;

mutaxassislar bilan birgalikda biriktirilgan aholi oldida hisobot beradi.

20. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimining buyrugʻiga asosan 2-tip oilaviy poliklinikada faoliyat yuritadigan shifokorlar va hamshiralar hududning geografik joylashuvi, infratuzilma holati, aholining murojaatlari, kasallanish koʻrsatkichlari va boshqa zaruratlarga koʻra biriktirilgan 1-tipdagi oilaviy poliklinika va oilaviy poliklinika filiallariga taqsimlanishi va safarbar qilinishi mumkin.

21. Oilaviy poliklinikalar (shu jumladan, oilaviy poliklinika filiallari) xodimlari tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi boshligʻi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.

22. Oilaviy poliklinika mudirlari tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi bilan kelishgan holda oilaviy poliklinikaga tegishli mol-mulkni tasarruf etadi hamda faoliyatini tashkil etish boʻyicha buyruqlar chiqaradi.

23. Oilaviy poliklinikalar faoliyati bevosita nazorat qilish tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tomonidan amalga oshiriladi.

6-bob. Oilaviy poliklinikalarning moliya-xoʻjalik faoliyati

24. Oilaviy poliklinikaning moliya-xoʻjalik faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

25. Asosiy vositalar, shuningdek, boshqa moddiy boyliklar hamda moliyaviy resurslar oilaviy poliklinikaning mol-mulkini tashkil etadi.

26. Quyidagilar oilaviy poliklinikalar faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:

oilaviy poliklinikaning joriy faoliyatini saqlab turishga, unga yuklangan vazifalarni bajarish boʻyicha tadbirlarni amalga oshirishga, shuningdek, moddiy-texnik bazasini mustahkamlash uchun ajratiladigan Davlat budjeti mablagʻlari;

homiylik mablagʻlari, xalqaro tashkilotlarning grantlari;

pulli tibbiy xizmatlar koʻrsatishdan olingan mablagʻlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

27. Oilaviy poliklinikalar faoliyatini moliyalashtirish uchun Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar (kapital qoʻyilmalar, mukammal taʼmirlash, fan va ilmiy izlanishlar, emlash, kuz-qish mavsumiga tayyorgarlik, sayyor tibbiy koʻriklar, homiladorlik nafaqasi, shuningdek, koʻzda tutilmagan boshqa xarajatlarni qoplash uchun ajratiladigan mablagʻlar bundan mustasno) xarajatlar tasnifining bir satrida har oyning birinchi ish kunida oʻtkazilishi uchun Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasining alohida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari shakllantiriladi.

28. Oilaviy poliklinikalarni moliyalashtirishning yillik hajmi bir nafar aholiga xarajatlarning bazaviy normativi hisob-kitobidan hamda tuzatish koeffitsiyentlaridan (jinsi va yoshi tarkibi, aholi zichligiga koʻra va boshqalar) foydalanilgan holda, biriktirilgan aholi sonidan kelib chiqib aniqlanadi.

29. Oilaviy poliklinika mudirlari mablagʻlardan maqsadli foydalanilishi uchun belgilangan tartibda javob beradi.

30. Oilaviy poliklinikaning moliya-xoʻjalik faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.

7-bob. Oilaviy poliklinikalarning hisoboti

31. Oilaviy poliklinikalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda statistika hisobotini yuritadi va uni tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimiga taqdim etadi, hujjatlarning belgilangan standartlarga muvofiq yuritilishi hamda saqlanishiga javob beradi.

32. Oilaviy poliklinikalar oʻz faoliyati toʻgʻrisida qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda hisobotlar va boshqa axborotlar taqdim etadi.

33. Tibbiy hisob va hisobot hujjatlarining toʻgʻri va oʻz vaqtida yuritilishi, ulardagi maʼlumotning haqqoniyligi uchun oilaviy poliklinikalar mudirlari javob beradi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

34. Oilaviy poliklinikalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.

35. Oilaviy poliklinikalar qayta tashkil etilgan va tugatilgan holatlarda qonunchilik hujjatlariga muvofiq xodimlarning huquqlariga rioya qilinishi kafolatlanadi.

36. Oilaviy poliklinikalar qayta tashkil etilganda uning huquqlari, majburiyatlari va mulki huquqiy vorisga oʻtadi.

Oilaviy poliklinika toʻgʻrisida namunaviy nizomga ILOVA

NAMUNA Oilaviy poliklinikada Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari doirasida tibbiy xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida ____-son SHARTNOMA “____” ____________20___ yil ___________________ (tuman/shahar nomi) Ushbu shartnoma oilaviy poliklinika tibbiyot brigadasi va jismoniy shaxs oʻrtasida tuzildi. Bir tomondan mehnat shartnomasi asosida faoliyat yurituvchi _____________________________ _________________________________________________________________________________________ (birlamchi tibbiy-sanitariya muassasasi nomi, oilaviy shifokorning F.I.O.) keyingi oʻrinlarda — “tibbiy xizmat koʻrsatuvchi”, ikkinchi tomondan jismoniy shaxs sifatida _________________________________________________________________________________________ (F.I.O, tugʻilgan yili, yashash manzili) mazkur muassasa tibbiyot brigadasiga biriktirilgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasining soliq rezidenti deb eʼtirof etilgan chet el fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar, shaxslarning qonuniy vakillari , keyingi oʻrinlarda — “tibbiy xizmat oluvchi” bilan (keyingi oʻrinlarda — “tomonlar”) Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari (keyingi oʻrinlarda — kafolatlangan paket) doirasida tibbiy xizmatlar koʻrsatilishini taʼminlash maqsadida tuzildi. 1. Shartnoma predmeti 1.1. “Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi” oilaviy poliklinika tomonidan kafolatlangan paket doirasida quyidagi tibbiy xizmatlar koʻrsatilishini taʼminlaydi: “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ni qabul qilish, tibbiy koʻrik va maslahat berish; “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ga tibbiy-profilaktika xizmatlarini koʻrsatish; “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ni belgilangan tartibda profilaktik va skrining tekshiruvlardan oʻtkazish; “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ga kafolatlangan paket doirasida kasalliklarga tashxis qoʻyish va ularni davolash standartlari hamda klinik protokollarga muvofiq klinik-laborator, funksional va instrumental tekshiruvlarni oʻtkazish, tashxis qoʻyish, davolash, reabilitatsiya hamda palliativ xizmatlarini koʻrsatish; kafolatlangan paket doirasida dori va sarflash vositalariga retsept rasmiylashtirish yoki ularni poliklinika orqali berish; oilaviy poliklinika kunduzgi statsionarida kafolatlangan paket doirasida davolash, muolaja va amaliyotlarni oʻtkazish; mehnatga vaqtincha layoqatsizligini aniqlash uchun tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish, natijasiga koʻra “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ga mehnatga vaqtincha layoqatsizlik varaqasini berish; oʻlimni qayd qilish va rasmiylashtirish; sogʻlom turmush tarzi tamoyillari (zararli odatlardan voz kechish, toʻgʻri ovqatlanish, jismoniy faollik, gigiyenik tarbiya va boshqalar) toʻgʻrisida maʼlumot berib borish. 1.2. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” doimiy yoki vaqtinchalik yashash hududiga biriktirilgan tibbiyot brigadasidan boshqa tibbiyot brigadasiga oʻz xohishiga koʻra biriktirilganda, “Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi” tomonidan patronaj xizmati va uyda tibbiy xizmat koʻrsatilmaydi. 2. Tomonlarning huquq va majburiyatlari 2.1. “ Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi”ning huquqlari: 2.1.1. Kafolatlangan paketdan tashqari qoʻshimcha tibbiy xizmatlarni “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ning oʻz mablagʻlari yoki ixtiyoriy sugʻurta tizimi va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan taqdim etish; 2.1.2. Tibbiy qarorlarni oʻz kompetensiyasi doirasida mustaqil ravishda qabul qilish. 2.2. “ Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi”ning majburiyatlari: 2.2.1. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ga kafolatlangan paket doirasida tibbiy xizmatlarni oʻz vaqtida, sifatli va toʻliq hajmda koʻrsatish; 2.2.2. Belgilangan muddatlarda “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ni qabul qilish, uni tegishli tibbiy koʻriklardan oʻtkazish va maslahat berish, Milliy emlash kalendariga muvofiq profilaktik emlashlarni oʻtkazish; 2.2.3. Tashxis qoʻyish va davolash standartlari hamda klinik protokollarga muvofiq tor soha mutaxassislariga, zarur hollarda shifoxonalarga yoʻllanma berish; 2.2.4. Oilaviy poliklinikada mavjud hamda kafolatlangan paket doirasida gi dori va sarflash vositalariga (amaldagi tartibga koʻra) retsept rasmiylashtirish yoki ularni berish; 2.2.5. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ning ambulator sharoitda davolanishi uchun amaldagi tashxis qoʻyish va davolash standartlari va klinik protokollarga rioya etgan holda, kunduzgi statsionarda davolanishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratish; 2.2.6. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ga dori vositalarini toʻgʻri va oʻz vaqtida qabul qilish tartibini tushuntirish hamda dori vositasining nojoʻya taʼsirlari toʻgʻrisida maʼlumot berish; 2.2.7. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ga sogʻlom turmush tarzi tamoyillari (zararli odatlardan voz kechish, toʻgʻri ovqatlanish va boshqalar), kasalliklarning oldini olish toʻgʻrisida maʼlumotlar berib borish; 2.2.8. Kasalliklarni erta aniqlash va dispanser roʻyxatiga olish, sogʻlomlashtirish tadbirlarini amalga oshirish hamda berilgan tavsiyalarning bajarilishini doimiy nazorat qilish; 2.2.9. Agar “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” tibbiyot brigadasiga biriktirilgan hududda doimiy yoki vaqtincha istiqomat qilsa, tibbiyot brigadasi tomonidan kafolatlangan paket doirasida patronaj xizmatini koʻrsatish, ambulator davolash ishlarini tashkil qilish, “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ning doimiy yoki vaqtincha yashash joyida va (yoki) oilaviy poliklinikada unga palliativ tibbiy yordamlarni koʻrsatish; 2.2.10. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ni mehnatga vaqtincha layoqatsizligini aniqlash uchun tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish, tekshiruv natijasiga koʻra “tibbiy xizmat oluvchi”ga mehnatga vaqtincha layoqatsizlik varaqasini belgilangan tartibda rasmiylashtirish yoki asoslantirgan holda rasmiylashtirishni rad etish; 2.2.11. Tibbiy yordam soʻrab murojaat qilganligi, sogʻligʻining holati, qoʻyilgan tashxis toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda uni tekshirish va davolash chogʻida olingan boshqa maʼlumotlarning sir saqlanishini, “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ning roziligisiz uchinchi shaxslarga oshkor qilinmasligini taʼminlash; 2.2.12. “Avvalo zarar yetkazma” tamoyiliga rioya qilish; 2.2.13. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ni uning sogʻligʻi va davolash jarayoni haqida toʻgʻri va aniq maʼlumot bilan taʼminlash; 2.2.14. “Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ga ishonch, hurmat va tibbiy etika tamoyillariga asoslangan munosabatda boʻlish, bunda ochiq va tushunarli muloqotni taʼminlash, “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ning huquqlarini hurmat qilish va har qanday tibbiy aralashuvga “tibbiy xizmat oluvchi” uning roziligini olish. 2.3. “ Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi ” quyidagi huquqlarga ega: 2.3.1. Kafolatlangan paket doirasida tibbiy xizmatlardan foydalanish; 2.3.2. Oʻz sogʻligʻining holati toʻgʻrisida maʼlumot, shu jumladan, tekshirish natijalari, qanday tashxis qoʻyilgani, kasallikning bundan buyon qanday kechishiga oid taxminlar, davolash usullari va bu usullar bilan bogʻliq xavf-xatar, buyurilgan tibbiy aralashuvlar, ularning ehtimoliy oqibat va asoratlari, amalga oshirilgan davolashning natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ochiq va tushunarli tarzda olish; 2.3.3. Oʻziga nisbatan tibbiyot xodimlari tomonidan xushmuomalalik bilan tibbiy xizmatlar koʻrsatilishini talab qilish; 2.3.4. Tibbiy aralashuvga rozilik berish; 2.3.5. Tibbiy aralashuvni rad etish; 2.3.6. Kafolatlangan paket doirasidagi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlangan kasalliklar roʻyxatiga muvofiq dori va sarflash vositalari uchun (amaldagi tartibga koʻra) retsept olish yoki oilaviy poliklinikadan bepul dori va sarflash vositalarini olish; 2.3.7. Qabul qiladigan dori va sarflash vositalarini toʻgʻri va oʻz vaqtida qabul qilish tartibi hamda ularning nojoʻya taʼsirlari toʻgʻrisida maʼlumot olish; 2.3.8. Sogʻlom turmush tarzi tamoyillari (zararli odatlardan voz kechish, toʻgʻri ovqatlanish va boshqalar), kasalliklarning oldini olish toʻgʻrisida maʼlumot olish; 2.3.9. Oilaviy shifokor tavsiyasiga koʻra tashxis qoʻyish va davolash standartlariga muvofiq tor soha mutaxassislariga, zarur hollarda shifoxonalarga yoʻllanma olish; 2.3.10. Amaldagi tashxis qoʻyish va davolash standartlari va klinik protokollarga muvofiq kafolatlangan paket doirasida kunduzgi statsionarda davolanish; 2.3.11. Agar “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” oʻzi shartnoma tuzgan tibbiyot brigadasiga biriktirilgan hududda doimiy yoki vaqtincha istiqomat qilsa, tibbiyot brigadasi tomonidan patronaj xizmatidan foydalanishga, koʻrsatmaga koʻra uy shifoxonasida davolanishga, oʻzining doimiy yashash joyi yoki vaqtincha yashash joyida va (yoki) oilaviy poliklinikada palliativ tibbiy yordamlar olish; 2.3.12. Mehnatga vaqtincha layoqatsizligini aniqlash va qayd etish uchun tibbiy tekshiruvdan oʻtish hamda natijasi boʻyicha maʼlumot olish; 2.3.13. Shifokorni va davolash-profilaktika muassasasini tanlash; 2.3.14. Oʻzi bitim tuzgan tibbiyot brigadasini chorak davomida bir marta, biroq bir moliya yilida koʻpi bilan ikki marta oʻzgartirish; 2.3.15. Koʻrsatilgan tibbiy xizmatlar bilan bogʻliq noroziligini bildirish. 2.4. “ Tibbiy xizmatdan foydalanuvchi ”ning majburiyatlari: 2.4.1. Sogʻlom turmush tarziga rioya etish, zararli odatlardan voz kechish, toʻgʻri ovqatlanish; 2.4.2. Belgilangan muddatlarda oʻz vaqtida va (yoki) oilaviy shifokor tavsiyasiga koʻra profilaktik tibbiy koʻriklar hamda skrining tekshiruvlardan oʻtish; 2.4.3. Tibbiyot xodimlari bilan hamkorlik qilish, ular bilan muloqot qilishda hurmat koʻrsatish hamda sogʻligʻida yuz bergan barcha holatlar haqida biriktirilgan tibbiyot brigadasi oilaviy shifokori yoki hamshiralarini xabardor qilish; 2.4.4. Dori va sarflash vositalarini uy sharoitida koʻrsatmalarga muvofiq holda saqlash va shifokor tomonidan berilgan tavsiyalarga binoan qabul qilish; 2.4.5. Kafolatlangan paket doirasida ambulator tibbiy xizmatlarni, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga muvofiq rejali statsionar xizmatlardan bepul foydalanish maqsadida oilaviy shifokorning tegishli yoʻllanmasini olish; 2.4.6. Oʻz sogʻligʻini saqlash, kasalliklarning avj olishi va asoratlanishini oldini olish, oʻz vaqtida va (yoki) shifokor tavsiyasiga koʻra davolanish. 3. Shartnomani oʻzgartirish va bekor qilish tartibi 3.1. Ushbu shartnomaning shartlarini oʻzgartirish yoki uni bekor qilish tomonlar oʻrtasida qoʻshimcha kelishuv tuzish yoʻli bilan amalga oshiriladi. 3.2. Qoʻshimcha kelishuv shartnoma qanday shaklda tuzilgan boʻlsa, shunday shaklda tuziladi. Qoʻshimcha kelishuv tuzishga muzokaralar yoʻli bilan erishilmasa, tomonlardan birining talabi bilan bitim sud tomonidan oʻzgartirilishi yoki bekor qilinishi mumkin. 3.3. Ushbu shartnoma quyidagi hollarda bekor qilingan deb hisoblanadi: “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” boshqa tibbiyot brigadasi oilaviy shifokori bilan xuddi shunday kafolatlangan paket doirasida tibbiy xizmat koʻrsatishni nazarda tutuvchi bitim imzolaganda; “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” (shaxs) vafot etganda; oilaviy poliklinika va (yoki) tibbiyot brigadasi faoliyati tugatilganda. 3.4. Barcha oʻzgartirish va qoʻshimchalar mazkur bitimning ajralmas qismi hisoblanadi. 4. Maxfiylik 4.1. “Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi” va “ tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” shartnoma boʻyicha maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlash uchun javob beradi. 4.2. “Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi” va “ tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ning bir-biriga bitim predmeti bilan bogʻliq taqdim etgan maʼlumotlari maxfiy hisoblanadi. Tomonlar olingan maʼlumotlarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq saqlanishi uchun barcha zarur va yetarli choralarni koʻradilar. 4.3. “Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi” va “ tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” ushbu shartnoma boʻyicha shifokor siri va shaxsga doir maʼlumotlarning xavfsizligi uchun javob beradi. 5. Shartnomaning amal qilish muddati 5.1. Mazkur shartnoma tomonlar imzolagan paytdan boshlab kuchga kiradi hamda basharti qonunchilik hujjatlarida boshqacha muddat nazarda tutilmagan boʻlsa, ushbu shartnoma nomuayyan muddatga tuzilgan hisoblanadi. 6. Tomonlarning javobgarligi 6.1. Ushbu shartnoma boʻyicha belgilangan majburiyatlarning bajarilmagani yoki lozim darajada bajarilmagani uchun tomonlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi. 6.2. “T ibbiy xizmatdan foydalanuvchi” tomonidan mazkur shartnomaning 2.4-bandida belgilangan talablar bajarilmasligi natijasida sogʻligʻining yomonlashishiga olib kelishi mumkin boʻlgan holatlarda, javobgarlik toʻliq “tibbiy xizmat oluvchi” zimmasiga yuklanadi hamda unga koʻrsatiladigan qoʻshimcha (kafolatlangan paketga kiritilmagan yoki qonunchilik hujjatlariga muvofiq) tibbiy xizmatlar pulli asosda amalga oshiriladi. 6.3. “Tibbiy xizmat koʻrsatuvchi” ushbu shartnomaning 2.2-bandida belgilangan talablar sifatli va oʻz vaqtida bajarilishi boʻyicha javobgar hisoblanadi hamda uning bajarilmasligi natijasida “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi” tomonidan shartnomaning bir tomonlama bekor qilinishi mumkin, shuningdek, “tibbiy xizmat koʻrsatuvchi”ga nisbatan qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan choralar qoʻllaniladi. 7. Yakunlovchi qoidalar 7.1. Ushbu shartnomada belgilangan huquq va majburiyatlarning bajarilishi jarayonida “tomonlar” oʻrtasida yuzaga kelgan har qanday tushunmovchilik va kelishmovchiliklar muzokaralar yoʻli bilan hal etiladi yoki “tibbiy xizmatdan foydalanuvchi”ning yozma murojaati asosida eʼtiroz tartibida koʻrib chiqiladi. Murojaatni koʻrib chiqish va uning mazmuniga qoʻyiladigan talablar qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi. 7.2. Kelishmovchiliklarni muzokaralar yoʻli bilan hal qilishning imkoni boʻlmagan taqdirda, nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq sud orqali hal etiladi. Tibbiyot brigadasi oilaviy shifokori Jismoniy shaxs (oilaviy shifokor vaqtincha mavjud boʻlmagan hollarda amaliyotchi hamshirasi) Tugʻilgan vaqti____________ Pasport seriyasi ___ № ______ ____________________________ ____________________________ F.I.O. (imzo) F.I.O. (imzo)

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-iyundagi 384-son qaroriga 5-ILOVA

Aholini tibbiyot brigadalariga biriktirish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Tartib aholini Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari doirasida oilaviy poliklinika va uning filiallarini tanlash, tibbiyot brigadasiga biriktirish va roʻyxatdan chiqarish bilan bogʻliq munosabatlarni belgilaydi.

2. Ushbu Tartib harbiy xizmatchilarga va tibbiy yordam koʻrsatishda harbiy xizmatchilarga tenglashtirilgan shaxslarga, muqobil fuqarolik xizmatini oʻtayotgan fuqarolarga, shuningdek, jazoni ijro etish muassasalaridagi shaxslarga tibbiy yordam koʻrsatish bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

3. Aholini tibbiyot brigadasiga biriktirish tibbiy yordam koʻrsatish uchun asos boʻlib, quyidagi tamoyillar asosida amalga oshiriladi:

tibbiyot brigadasi va uning oilaviy shifokori tomonidan unga biriktirilgan aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish;

birlamchi tibbiy-sanitariya yordamining hududiy mavjudligi;

oilaviy shifokor, tibbiyot brigadasi va oilaviy poliklinikani erkin tanlash;

bemorning tibbiy yordam sifatidan qoniqishi;

tashkiliy-huquqiy shaklidan va idoraviy mansubligidan qatʼi nazar, tenglik va adolatli raqobat.

2-bob. Aholini tibbiyot brigadasiga biriktirish, qayta biriktirish va roʻyxatdan chiqarish

4. Aholi oʻzining doimiy yoki vaqtincha yashash, ishlash, oʻqish joyida oilaviy poliklinikadagi tibbiyot brigadasiga biriktiriladi. Bunda bir jismoniy shaxs faqat bitta tibbiyot brigadasiga biriktirilishi mumkin.

5. Kafolatlangan paket doirasida bepul xizmat koʻrsatish uchun aholi oʻz xohishiga koʻra oilaviy poliklinikani erkin tanlashi hamda tibbiyot brigadasiga biriktirilishi mumkin. Bunda:

a) aholi tomonidan tibbiyot brigadasini chorak davomida bir marta, biroq koʻpi bilan bir moliya yilida ikki marta oʻzgartirishga ruxsat etiladi;

b) aholi oʻz yashash hududiga biriktirilgan tibbiyot brigadasidan boshqa tibbiyot brigadasiga oʻz xohishiga koʻra biriktirilganda, ularga patronaj xizmati va uyda tibbiy xizmat koʻrsatmasligi mumkin.

Bunda tibbiyot brigadasi tomonidan koʻrsatiladigan patronaj xizmati va uyda tibbiy xizmat koʻrsatilishi yoki koʻrsatilmasligi aholi oʻz xohishiga koʻra biriktirilgan tibbiyot brigadasi bilan aholi oʻrtasida tuziladigan bitimda belgilanadi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar va chet el fuqarolarining (daromad soligʻi yoki ijtimoiy soliq toʻlovchi boʻlgan taqdirda) tibbiyot brigadasiga biriktirilishi Davlat budjeti hisobidan moliyalashtiriladigan, tuman (shahar) darajasida ambulator va statsionar sharoitda koʻrsatiladigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari doirasida tibbiy yordam olish huquqini beradi.

7. Aholi quyidagi holatlarda, istisno tariqasida, tibbiyot brigadasiga qayta biriktirilishi mumkin:

doimiy yoki vaqtincha yashash joyini olti oydan ortiq muddatga bir maʼmuriy-hududiy birlikdan boshqa hududga safar qilish munosabati bilan oʻzgartirganda;

oilaviy poliklinika bilan Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi oʻrtasida tibbiy xizmatlarni sotib olish toʻgʻrisidagi shartnoma bekor qilinganda;

yashash hududida yangi oilaviy poliklinika tashkil etilganda;

oilaviy poliklinika faoliyati tugatilganda yoki xususiylashtirilganda.

8. Tibbiyot brigadasi roʻyxatidan chiqish, boshqa hududdagi tibbiyot brigadasiga biriktirish hamda ularni tanlash yoki almashtirish voyaga yetgan shaxslar tomonidan amalga oshiriladi.

9. Voyaga yetmagan shaxslar doimiy yoki vaqtincha yashash, oʻqish joyida oilaviy poliklinikalardagi tibbiyot brigadasiga biriktiriladi hamda boshqa tibbiyot brigadasiga biriktirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

10. Amalda biriktirilgan tibbiyot brigadasining roʻyxatidan chiqish, aksincha boshqa tibbiyot brigadasiga biriktirish maqsadida aholi shaxsan oʻzi yoki vakili orqali shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan tasdiqlangan shakldagi yozma yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali ariza bilan tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimiga murojaat qiladi.

11. Ariza berishda quyidagi hujjatlarning asl nusxalari taqdim etiladi:

a) Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashovchi chet el fuqarolari uchun:

pasport yoki qonun bilan belgilangan yoxud Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasiga muvofiq chet el fuqarosining shaxsini tasdiqlovchi hujjat sifatida tan olingan boshqa hujjat;

Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashash guvohnomasi;

b) Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar uchun:

shaxsni tasdiqlovchi hujjat sifatida Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasiga muvofiq tan olingan hujjat;

Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashash guvohnomasi;

v) Oʻzbekiston Respublikasida vaqtincha yashovchi chet el fuqarolari uchun chet el fuqarosining pasporti yoki qonunda belgilangan yoxud Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasiga muvofiq chet el fuqarosining shaxsini tasdiqlovchi hujjat sifatida tan olingan hujjat (Oʻzbekiston Respublikasida vaqtincha yashash ruxsat etilganligi toʻgʻrisidagi yozuv bilan);

g) Oʻzbekiston Respublikasida vaqtincha yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar uchun fuqaroligi boʻlmagan shaxsning shaxsini tasdiqlovchi hujjat sifatida Oʻzbekiston Respublikasiga xalqaro shartnomaga muvofiq tan olingan, Oʻzbekiston Respublikasida vaqtincha yashash uchun ruxsat berilgani toʻgʻrisida belgi qoʻyilgan hujjat yoki shaxsini tasdiqlovchi hujjati boʻlmagan shaxsga Oʻzbekiston Respublikasida berilgan, belgilangan shakldagi hujjat;

d) shaxsning vakili, shu jumladan, qonuniy vakili uchun, shaxsni tasdiqlovchi hujjat va vakilning vakolatini tasdiqlovchi hujjat;

e) doimiy yoki vaqtincha yashash joyi oʻzgargan taqdirda — yashash joyi oʻzgarganligini tasdiqlovchi hujjat.

12. Tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tomonidan fuqarolarning tibbiyot brigadasini oʻzgartirish toʻgʻrisidagi arizasi uch ish kuni davomida koʻrib chiqiladi hamda murojaat etuvchiga uning xohishiga koʻra yozma yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida shaxsiy kabinet orqali tibbiyot brigadasiga biriktirish natijasi taqdim qilinadi.

13. Tibbiyot brigadasini tanlash jarayonida aholi ushbu muassasada faoliyat yuritadigan tibbiyot xodimlari va oilaviy shifokor roʻyxati, biriktirilgan aholi soni va tibbiyot brigadasiga biriktirilgan hudud haqidagi maʼlumotlar bilan tanishishi mumkin.

14. Murojaat etuvchi oʻz xohishiga koʻra tanlangan tibbiyot brigadasiga biriktirilishi tasdiqlangandan soʻng tibbiyot brigadasi oilaviy shifokoriga shaxsan murojaat qilgan holda yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida shaxsiy kabinet orqali bitim tuzadi.

15. Murojaat etuvchining arizasiga muvofiq tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi tomonidan oʻzi tanlagan tibbiyot brigadasiga biriktirish rad qilinganda, rad etish sabablari aniq koʻrsatilishi lozim.

16. Tibbiyot brigadasiga biriktirilgan aholi soni 3 000 nafarni tashkil etganda unga qoʻshimcha 10 foizgacha aholi biriktirilishi mumkin. Bunda qoʻshimcha aholi biriktirish istagi boʻlgan tibbiyot brigadasi oilaviy shifokori tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimiga ariza bilan murojaat qiladi hamda ushbu tibbiyot brigadasi xodimlari, unga biriktirilgan hudud, aholi soni toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimida aks ettiriladi.

17. Amalda aholi biriktirilgan tibbiyot brigadasi faoliyat yuritadigan oilaviy poliklinika aholini boshqa oilaviy poliklinikadagi tibbiyot brigadasiga qayta biriktirilgani toʻgʻrisidagi xabarnomani “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimi orqali olgandan soʻng unga tibbiy xizmat koʻrsatishni toʻxtatadi va unga tegishli boʻlgan tibbiy hujjatlar qayta biriktirilgan yangi oilaviy poliklinikaga yetkazilishini taʼminlaydi.

18. Tibbiyot brigadasida vaqtincha oilaviy shifokor mavjud boʻlmagan taqdirda, oilaviy shifokor lavozimga tayinlangunga qadar aholi ushbu tibbiyot brigadasi tashkil qilingan oilaviy poliklinikaga biriktirilgan hisoblanadi.

19. Oilaviy poliklinikada tibbiyot brigadasiga biriktirilmagan shaxslarga barcha tibbiy xizmatlar hamda tibbiyot brigadasiga biriktirilgan aholi uchun kafolatlangan paketga kiritilmagan tibbiy xizmatlar pulli asosda koʻrsatiladi.

20. Oilaviy poliklinikada tibbiyot brigadalariga aholini biriktirish boʻyicha xizmatlar bepul koʻrsatiladi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Tibbiyot tashkiloti rahbari aholini oilaviy poliklinikaga va tibbiyot brigadasiga biriktirish, roʻyxatdan chiqarish va qayta biriktirishda ushbu Tartib talablariga muvofiq bajarilishi boʻyicha javob beradi.

22. Ushbu Tartibning qoidalari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-iyundagi 384-son qaroriga 6-ILOVA

Tibbiyot, farmatsevtika va rahbar xodimlar faoliyati samaradorligini baholash

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Tartib tajriba-sinov tariqasida sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy qilingan hududlardagi tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlari tizimidagi oilaviy poliklinikalar, oilaviy poliklinika filiallari hamda tuman (shahar) markaziy shifoxonasida (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasasi) faoliyat yuritayotgan tibbiyot, farmatsevtika va rahbar xodimlar faoliyati samaradorligini baholash bilan bogʻliq munosabatlarni belgilaydi.

2. Tibbiyot muassasasida faoliyat yuritayotgan tibbiyot, farmatsevtika va rahbar xodimlar (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot xodimlari) faoliyati samaradorligini reyting baholash (keyingi oʻrinlarda — reyting baholash) ularning mehnatiga munosib haq toʻlash maqsadida amalga oshiriladi.

2-bob. Reyting baholash tartibi

3. Reyting baholash tibbiyot xodimlari faoliyatining koʻrsatkichlari “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimlarining yagona kompleksiga (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) kiritilgan maʼlumotlar natijalari har chorakda bir marotaba amalga oshiriladi.

4. Tibbiyot xodimlari uchun reyting baholashning toʻplangan yakuniy ballari axborot tizimida avtomatlashtirilgan holda aniqlanadi.

5. Tibbiyot xodimlari faoliyati samaradorligini reyting baholash mezonlari Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Sogʻliqni saqlash vazirligi) tomonidan belgilanadi.

6. Tibbiyot xodimlari tomonidan axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligiga tibbiyot brigadasi uchun oilaviy shifokor, boshqa hollarda esa tibbiyot xodimlarining ish beruvchisi shaxsan masʼul hisoblanadi.

7. Tibbiyot xodimlari faoliyatining toʻlaqonligi, sifati va yakuniy natijalari axborot tizimi maʼlumotlariga asosan tegishli tibbiyot xodimlari uchun besh ish kuni mobaynida tegishli ish beruvchilar tomonidan ragʻbatlantirish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

8. Reyting baholash tizimining shaffofligini taʼminlash maqsadida tibbiyot xodimlarining reyting baholash natijalari Sogʻliqni saqlash vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar sogʻliqni saqlash boshqarmalarining rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilib boriladi.

9. Tibbiyot xodimlariga ustama navbatdagi reyting baholash yakuniga qadar (uch oy davomida) belgilanadi hamda ular muassasaning Tibbiyot tashkilotlarining moddiy ragʻbatlantirish va rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hamda tibbiyot muassasasining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan ragʻbatlantirib boriladi.

10. Tibbiyot xodimlari faoliyati samaradorligining reytingi 100 ballik baholash tizimi orqali hisoblanadi.

11. Tibbiyot xodimlari uchun oylik lavozim maoshlari yoki bazaviy tarif stavkasiga qoʻshimcha ustamalar quyidagi tartibda belgilanadi:

56 balldan 70 ballgacha — oylik lavozim maoshi yoki bazaviy tarif stavkasining 40 foizi miqdorida;

71 balldan 85 ballgacha — oylik lavozim maoshi yoki bazaviy tarif stavkasining 70 foizi miqdorida;

86 balldan yuqori — oylik lavozim maoshi yoki bazaviy tarif stavkasining 100 foizi miqdorida.

Tibbiyot xodimlari tomonidan toʻplangan ballar 56 balldan kam boʻlgan hollarda, tibbiyot xodimlariga qoʻshimcha ustamalar toʻlanmaydi.

12. Tibbiyot muassasalarida:

a) oilaviy poliklinika mudiriga — bazaviy tarif stavkasining 50 foizi miqdorida;

b) oliy toifali shifokorlarga bazaviy tarif stavkasining 60 foizi, 1-toifali shifokorlarga — 40 foizi, 2-toifali shifokorlarga — 20 foizi, toifasiz shifokorlarga — 10 foizi miqdorida;

v) oliy toifali oʻrta tibbiyot xodimlariga bazaviy tarif stavkasining 40 foizi, 1-toifali oʻrta tibbiyot xodimlariga — 30 foizi, 2-toifali oʻrta tibbiyot xodimlariga — 10 foizi, toifasiz oʻrta tibbiyot xodimlariga — 5 foizi miqdorida ustamalar toʻlanadi.

Bunda ushbu ustamalar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 19-maydagi “Respublikada sogʻliqni saqlash tizimini va aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish tamoyillarini takomillashtirish orqali sohani isloh qilishni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-88-son Farmoniga muvofiq 2025-yil 1-iyuldan hamda 2026-yil 1-yanvardan boshlab sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy etilgan hududlardagi tibbiyot muassasalarida 2027-yil 1-yanvarga qadar, boshqa hududlarda sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy etilgandan keyin dastlabki bir chorak davomida amalda boʻladi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

13. Tibbiyot xodimlari faoliyati samaradorligini baholash jarayoni va natijalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar sogʻliqni saqlash boshqarmalari hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan nazorat qilinadi.

14. Mazkur Tartib talablarining hududlardagi ijrosi holati rejaga muvofiq Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan oʻrganilib boriladi.

15. Ushbu Tartib talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-iyundagi 384-son qaroriga 7-ILOVA

Davlat tibbiyot muassasalarida autsorsing asosida stomatologik xizmatlarni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tajriba-sinov tariqasida sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli joriy qilinadigan hududlardagi davlat tibbiyot muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasalari) autsorsing asosida stomatologik xizmatlarni tadbirkorlik subyektlari tomonidan koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

autsorsing — tibbiyot muassasalarining ayrim funksiyalari yoki xizmatlarini shartnoma asosida autsorserga oʻtkazish;

autsorser — shartnoma asosida tibbiyot muassasalarida stomatologik xizmatlarni koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyekti;

buyurtmachi — Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Sogʻliqni saqlash vazirligi) tizimidagi oilaviy poliklinikalar va tuman (shahar) markaziy shifoxonasi.

3. Buyurtmachi xizmatlarini autsorsingga oʻtkazishda quyidagi shartlarga rioya qilishi shart:

autsorserni qonunchilik hujjatlari asosida tanlab olish;

autsorserga oʻtkaziladigan ishlar (xizmatlar) sifatini oshirish;

buyurtmachining autsorserga beriladigan ishlar (xizmatlar)ni bajarish bilan band boʻlgan xodimlari sonini (shtatini) qisqartirish.

4. Autsorserning xodimlari tegishli tibbiyot muassasasi hududiga belgilangan tartibda buyurtmachiga oldindan taqdim etilgan roʻyxat asosida kirishiga ruxsat beriladi.

Bunda autsorser xodimlari tibbiyot muassasasining ichki tartibi, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari hamda muassasada belgilangan ish vaqtiga toʻliq rioya qilishlari shart.

2-bob. Tibbiyot muassasalaridagi stomatologik xizmatlarni autsorsing asosida tashkil qilish talablari

5. Tibbiyot muassasalaridagi stomatologik xizmatlarni autsorsing asosida tashkil qilish boʻyicha tanlov (tender) savdolarida tegishli tibbiy faoliyatni amalga oshirish boʻyicha litsenziyaga ega boʻlgan tadbirkorlik subyektlari ishtirok etadi. Bunda:

a) tuman (shahar) hududidagi barcha tibbiyot muassasalarida autsorsing asosida stomatologik xizmatlar tanlov (tender) savdolari natijalariga koʻra bir yuridik shaxs tomonidan tashkil etiladi;

b) tuman (shahar)larning aholi zich joylashmagan (chekka) hududlaridagi stomatologik xizmatlar uchun sharoit yaratilgan tibbiyot muassasalarida ushbu xizmatlar autsorsing asosida tashkil etilgan hollarda, ushbu tuman (shahar)dagi qolgan tibbiyot muassasalarida stomatologik xizmatlar belgilangan tartibda oʻtkaziladigan tanlov (tender) savdolari natijalariga koʻra boshqa yuridik shaxslar tomonidan tashkil etilishi mumkin;

v) tibbiyot muassasasining imkoniyatlaridan (bino va inshooti, biriktirilgan aholi soni va boshqalar) kelib chiqib, autsorser hisobidan qoʻshimcha stomatologiya xonalarini tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimi bilan kelishgan holda tashkil etishga yoʻl qoʻyiladi.

6. Tibbiyot muassasalaridagi stomatologik xizmatlarni autsorsing asosida tashkil qilish uchun stomatologiya xonalarining jihozlanishi yagona talablar asosida tashkil etiladi.

7. Stomatologiya xonalari uchun talab etiladigan jihozlar tibbiyot muassasalarida mavjud boʻlmagan taqdirda, ushbu jihozlar autsorser tomonidan taʼminlanadi.

8. Autsorsing shartnomasi doirasida autsorserga vaqtincha foydalanishga beriladigan xonalar, asbob-uskunalar va mebeldan foydalanganlik uchun ijara toʻlovi “nol” qiymatda belgilanadi.

Bunda xonalarni va undagi tibbiy asbob-uskunalar va jihozlarni soz holatda saqlash hamda taʼmirlash xarajatlari, shuningdek, kommunal toʻlovlari autsorser tomonidan qoplanadi.

9. Davlat budjeti hisobidan qoplanadigan tibbiy yordamning kafolatlangan hajmlari roʻyxatiga (keyingi oʻrinlarda — kafolatlangan paket) kiritilgan stomatologik xizmatlar va pulli asosda stomatologik xizmatlarni koʻrsatish uchun talab etiladigan barcha dori vositalari, tibbiy jihozlar, sarflash materiallari autsorser tomonidan taʼminlanadi.

Bunda autsorser tomonidan amalga oshiriladigan xarajatlar koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlarning umumiy narxida inobatga olinadi.

10. Aholiga koʻrsatilgan tibbiy xizmatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tibbiyot muassasasida joriy qilingan elektron axborot tizimiga autsorser tomonidan kiritib boriladi.

11. Autsorser elektron axborot tizimidan buyurtmachining tarkibiy boʻlinmasi sifatida qoʻshimcha toʻlovlarsiz foydalanadi.

12. Tibbiyot muassasasining stomatologik xizmatlarni autsorsing asosida tashkil qilish uchun shartnomaning namunaviy shakli Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlanadi va unda autsorserga qoʻyiladigan minimal talablar belgilanadi.

3-bob. Autsorsing asosida tashkil qilinadigan stomatologik xizmatlarga narx belgilash tartibi

13. Kafolatlangan paketga kiritilgan stomatologik xizmatlarning narxi Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tomonidan belgilanadi hamda har moliya yili uchun qayta koʻrib chiqiladi.

14. Kafolatlangan paketga kiritilmagan stomatologik xizmatlarning narxi autsorser tomonidan tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar sogʻliqni saqlash boshqarmalari bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.

15. Autsorser aholiga kafolatlangan paketga kiritilgan stomatologik xizmatlarni bepul hamda boshqa stomatologik xizmatlarni aholining barcha qatlamlariga pulli asosda koʻrsatadi.

16. Stomatologik xizmatlardan bepul va pulli asosda foydalanish uchun oilaviy shifokor yoʻllanmasi talab etilmaydi. Bunda ushbu xizmatlar elektron navbat asosida koʻrsatiladi (shoshilinch holatlarda tibbiy xizmat navbatsiz amalga oshiriladi).

4-bob. Autsorserni tanlash va shartnoma tuzish tartibi

17. Autsorserni tanlab olish boʻyicha xarid hujjatlari tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlari tomonidan ishlab chiqiladi.

Bunda oilaviy poliklinikaga biriktirilgan aholining soni, koʻrsatiladigan xizmatlar roʻyxati va ularning narxlari, bir yilda koʻrsatiladigan stomatologik xizmatlarning oʻrtacha soni kabi koʻrsatkichlar nazarda tutiladi.

18. Autsorserni tanlab olish boʻyicha xarid Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuni talablari asosida tibbiyot muassasalari nomidan tegishli tuman (shahar) sogʻliqni saqlash boʻlimlari tomonidan amalga oshiriladi.

19. Autsorser talabgorlariga nisbatan quyidagi talablar qoʻyiladi:

yuridik shaxs tashkil qilgan holda tadbirkorlik subyekti boʻlishi;

moliyaviy ahvoli barqarorligi, soliq va yigʻimlardan qarzdorligi mavjud emasligi;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq tibbiy faoliyat boʻyicha tegishli litsenziyaga va boshqa ruxsatnomalarga ega boʻlishi.

20. Xarid jarayonida autsorsing talabgorlari tomonidan beriladigan takliflarni baholash quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:

a) takliflarning xarid hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiqligi;

b) stomatologik xizmatlarni autsorsing asosida tashkil etish natijasida tushadigan tushumlardan tibbiyot muassasasi tasarrufida qoldiriladigan ajratmaning eng koʻp miqdori.

Bunda ajratma miqdori tibbiyot muassasasining joylashuvidan kelib chiqib, autsorsing xizmati yoʻlga qoʻyiladigan tibbiyot muassasalari kesimida turlicha boʻlishiga yoʻl qoʻyiladi.

21. Xarid jarayonida gʻolib boʻlgan autsorser talabgori bilan buyurtmachi oʻrtasida autsorsing xizmatini koʻrsatish boʻyicha shartnoma ikki yilgacha boʻlgan muddatga tuziladi.

Autsorser tomonidan shartnoma shartlari toʻliq bajarilgan taqdirda, tomonlarning kelishuviga koʻra shartnoma muddati qoʻshimcha bir yil muddatga uzaytirilishi mumkin.

5-bob. Autsorsing xizmati boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish

22. Pulli asosda koʻrsatiladigan stomatologik xizmatlar uchun toʻlovlar tibbiyot muassasasiga toʻlanadi.

Bunda toʻlangan mablagʻlar mazkur muassasaning alohida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlanadi hamda autsorserni tanlash jarayonida kelishilgan ajratma miqdorini inobatga olgan holda, har oyning dastlabki besh ish kunida autsorserga yoʻnaltiriladi.

23. Autsorser tomonidan aholiga koʻrsatilgan kafolatlangan paketga kiritilgan stomatologik xizmatlar xarajatlari buyurtmachi tomonidan Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan oyma-oy qoplab beriladi.

Bunda Jamgʻarma tomonidan kafolatlangan paketga kiritilgan stomatologik xizmatlar uchun toʻlovlar tibbiyot muassasasida qoldiriladigan ajratma miqdori chegirib tashlangan holda amalga oshiriladi.

24. Tibbiyot muassasasi tibbiy xizmatlar xaridi boʻyicha tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq aholiga koʻrsatilgan tibbiy xizmatlar, shu jumladan autsorser tomonidan koʻrsatilgan stomatologik xizmatlar toʻgʻrisida maʼlumotlarni har oyning dastlabki ikki ish kunida Jamgʻarmaga kiritadi.

25. Autsorserga oʻtkaziladigan toʻlov miqdori elektron axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlar asosida hisob-kitob qilinadi.

6-bob. Autsorser hamda buyurtmachining huquqlari va majburiyatlari

26. Autsorser quyidagi huquqlarga ega:

autsorsing shartnomasi doirasida bino va inshootlarning ichki va tashqi qismida texnik jihatdan jihozlash va taʼmirlash ishlarini amalga oshirish;

xizmatlar tannarxining oʻzgarishi munosabati bilan shartnomaga oʻzgartirish kiritish taklifi bilan chiqish;

koʻrsatilgan xizmatlar natijasida foyda olish;

buyurtmachidan shartnoma shartlarining bajarilishini, shu jumladan, toʻlovlarning oʻz vaqtida amalga oshirilishini talab qilish.

Autsorser qonunchilik hujjatlariga hamda shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

27. Autsorser:

tibbiyot muassasasining autsorsingga olingan stomatolog xonasi va jihozlaridan maqsadli hamda oqilona foydalanishi, saqlashi, nosoz holga kelganda ularni oʻz hisobidan taʼmirlashi;

autsorsing xizmatini koʻrsatishda texnika va yongʻin xavfsizligi, mehnat muhofazasi hamda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga qatʼiy rioya etishi;

tegishli litsenziya va boshqa ruxsatnomaga muvofiq aholiga tibbiy xizmatlar sifatli koʻrsatilishi;

shartnomani bekor qilish haqida buyurtmachini ikki oy oldin yozma ravishda ogohlantirish, ushbu muddat tugaguniga qadar esa buyurtmachining tegishli xizmatlarni uzluksiz tashkil etishni taʼminlashi lozim.

Autsorser zimmasiga qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

28. Buyurtmachi quyidagi huquqlarga ega:

xizmatlar sifatli koʻrsatilishini talab qilish;

autsorserning tadbirkorlik faoliyatiga aralashmagan holda shartnoma shartlarining bajarilishini nazorat qilish.

Buyurtmachi qonunchilik hujjatlariga hamda shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

29. Buyurtmachi zimmasiga qonunchilik hujjatlari va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

7-bob. Autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan nazorat va monitoring yuritish tartibi

30. Autsorser tomonidan sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga rioya etilishining monitoringini yuritish buyurtmachining tegishli xodimlari zimmasiga yuklanadi.

31. Autsorsing xizmatlari sifati buyurtmachi hamda Jamgʻarma tomonidan shartnomada belgilangan shartlarda va muddatlarda nazorat qilinadi.

32. Autsorser tomonidan tashkil etilgan xizmatlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga, shuningdek, texnik tartibga solish sohasidagi boshqa normativ hujjatlar talablariga toʻliq muvofiqligi buyurtmachi, vakolatli organlar tomonidan hamda Sogʻliqni saqlash vazirligining tegishli boʻlinmalari tomonidan nazorat qilinadi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

33. Ushbu Nizomda nazarda tutilgan talablarning buzilishi hamda kafolatlangan paketga kiritilgan stomatologik xizmatlar uchun autsorser tomonidan aholidan qoʻshimcha toʻlov olinishi buyurtmachi va autsorser oʻrtasida tuzilgan shartnomaning belgilangan tartibda bekor qilinishiga asos boʻladi.

34. Autsorsing xizmatini koʻrsatish jarayonida shaxsga doir va shifokor siri hisoblangan maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga tarqatmaslik boʻyicha javobgarlik buyurtmachi va autsorser zimmasiga yuklanadi.

35. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 20-iyun,

384-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.06.2025-y., 09/25/384/0543-son; 05.11.2025-y., 07/25/331/1014-son; 07.05.2026-y., 06/26/74/0453-son; 12.05.2026-y., 06/26/77/0478-son; 03.07.2026-y., 09/26/353/0680-son; 16.09.2026-y., 06/26/191/0937-son)

lex.uz