📅 2025-yil 30-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 30-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 30 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 июня 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 June 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш ишларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 4 мартдаги ПҚ-109-сон қарорига мувофиқ суғориладиган ерларда тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини сифатли шакллантириш ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ҳудудий ва манзилли дастурларни шакллантириш, кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш тартиби;
дастурларга киритилган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш тартиби;
тугалланган объектларда ишларни қабул қилиб олиш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июндаги 401-сон қарорига 1-ИЛОВА
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш дастурларини шакллантириш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
дренаж (очиқ ва ёпиқ) — дренаж сувларини тўплаш ва суғориладиган ер участкалари, аҳоли пунктлари, гидротехника иншоотларидан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган сув хўжалиги объекти;
дайвер қурилма — мелиоратив объектлардаги сизот сувлар сатҳини онлайн ўлчаш имконини берувчи қурилма;
ёпиқ-ётиқ дренаж — дренаж сувларини тўплашга ва суғориладиган ер участкалари, аҳоли пунктлари, гидротехника иншоотларидан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган сув хўжалиги объекти;
коллектор (очиқ ва ёпиқ) — асосан дренаж ва ташлама сувларни қабул қилиш ва узатишга, шунингдек, суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган сув хўжалиги объекти (иншоотлар билан бирга);
кузатув қудуғи — суғориладиган ерларда сизот сувлар сатҳини ўлчаш ва уларнинг сифатини ўрганиш мақсадида намуна олиш учун барпо этиладиган сув хўжалиги объекти;
мелиоратив объектлар — коллектор-дренаж ва юза ташлама сувларни тўплаш ҳамда суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган, коллектор ва дренаж тармоқларни (иншоотлар билан бирга), тик дренаж қудуқларини, ёпиқ-ётиқ дренажларни, мелиоратив насос станцияларини ҳамда кузатув қудуқларини ва уларга ўрнатилган замонавий қурилмаларни ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;
мелиоратив насос станцияси (агрегат) — дренаж-ташлама сувларни олиш ва чиқариб ташлаш, жойига кўтариш йўли билан коллекторнинг лойиҳадаги сув ўтказиш қобилиятини таъминлашга хизмат қиладиган сув хўжалиги объекти;
тик дренаж қудуғи — ерости босимли ва сизот сувларни чиқаришга хизмат қиладиган (иншоотлар билан бирга) сув хўжалиги объекти.
3. Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилади.
4. Мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш ва тиклаш (мелиоратив объектларнинг лойиҳавий параметрларини таъминлаш, шунингдек, ҳар хил чўкиндилар, ўсимлик ва буталардан тозалаш, ён қияликлардаги емирилишларни тиклаш, ювиш, иншоотларни ва ўрнатилган қурилмаларни таъмирлашга мўлжалланган ишлар) лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йиғилиш баёни билан тасдиқланадиган манзилли дастур (кейинги ўринларда — манзилли дастур) асосида амалга оширилади.
Манзилли дастурга ҳудудлардаги мелиоратив объектларнинг (шу жумладан, кластер, фермер хўжаликлари ҳамда туман марказлари ва шаҳарлар ҳудудидан ўтган коллектор-дренаж тармоқлари) техник ҳолатини яхшилашни назарда тутувчи тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари киритилади.
5. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларининг прогноз параметрлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий дастурлари (кейинги ўринларда — ҳудудий дастур) асосида шакллантирилади.
6. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурлари ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ шакллантирилади ва амалга оширилади.
7. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида мелиоратив объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ҳамда таъмирлаш-тиклашга доир харажатлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан ва вилоятларнинг вилоят бюджетларидан, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
2-боб. Ҳудудий дастурларни шакллантириш
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан келгуси йил ҳудудий дастурларини шакллантириш учун ҳар йили 15 январга қадар ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари тузилади.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар таркибига:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари — вилоят қишлоқ хўжалиги бошқарма бошлиқлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари (ишчи гуруҳ раҳбари);
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва ирригация тизимлари ҳавза бошқарма бошлиқлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги Мелиоратив экспедициялар бошқармалари (кейинги ўринларда — Мелиоратив экспедициялар) бошлиқлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармалари (кейинги ўринларда — насос станциялари ва энергетика бошқармалари) бошлиқлари;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш департаментининг (кейинги ўринларда — Департамент) ҳудудий «Сувқурилишинвест» давлат муассасалари (кейинги ўринларда — «Сувқурилишинвест» ДМ) директорлари;
лойиҳалаштириш ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг масъул ходимлари (лойиҳа бош муҳандиси);
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Фермерлари кенгаши раислари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари киритилади.
Туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари таркибига:
туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари — туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари бошлиқлари (ишчи гуруҳ раҳбари);
туман (Қувасой шаҳар) «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари директорлари;
мелиоратив экспедициянинг туман бўлимлари масъул ходимлари;
насос станциялари ва энергетика бошқармасининг туман бўлимлари масъул ходимлари;
лойиҳалаштириш ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг масъул ходимлари;
туман (Қувасой шаҳар) Фермерлар кенгаши ва бошқа манфаатдор туман (Қувасой шаҳар) ташкилотлари вакиллари киритилади.
Мелиоратив экспедициялар ишчи гуруҳларнинг ишчи органи ҳисобланади.
9. Мелиоратив экспедицияларнинг туман бўлимлари томонидан ҳар йили 15 февралга қадар қуйидагиларни назарда тутадиган материаллар тайёрланади ва туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳига кўриб чиқиш учун тақдим этилади:
мелиорация кадастри асосида мелиоратив объектлар ва уларнинг техник параметрлари кўрсатилган схематик хариталар;
мелиоратив объектларнинг хизмат кўрсатиш майдони (туман марказлари, шаҳар ва аҳоли яшаш пунктлари, фермер хўжаликлари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар ҳудудларига хизмат кўрсатадиган майдон) ва унинг таркибига кирувчи алоҳида гидротехника иншоотлари;
лойиҳа ҳудудидаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати тўғрисидаги бошқа маълумотлар;
мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;
ҳар бир лойиҳа учун аннотация, нуқсон далолатномаси, харита ва паспорт (асосий кўрсаткичлар);
мелиоратив объектларнинг техник ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича таклифлар.
10. Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи тақдим этилган материаллар асосида агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари билан биргаликда объектларнинг ҳолати, ерларнинг шўрлангани, сизот сувлари сатҳи ва минераллашувини ўрганади, лойиҳаларни муҳокама қилади ҳамда ҳар йили 1 мартга қадар белгиланган тартибда халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари йиғилишларининг муҳокамасига киритади.
11. Халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари томонидан маъқулланган (тасдиқланган) манзилли рўйхатлар туман ишчи гуруҳи томонидан ҳар йили 10 мартга қадар ҳудудий ишчи гуруҳга тақдим этилади.
12. Ҳудудий ишчи гуруҳ халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари томонидан маъқуллаган манзилли рўйхат асосида келгуси йил учун янги объектларнинг ҳудудий дастурини ишлаб чиқади ва ҳар йили 1 апрелга қадар белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари йиғилиши муҳокамасига киритади.
3-боб. Ҳудудий дастурларни кўриб чиқиш
13. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳар йили 5 апрелга қадар ҳудудий дастурлар ва қуйидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) тақдим этади:
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳудудий дастурларни тасдиқлаш тўғрисидаги йиғилиш баённомалари;
ҳудуддаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотнома, ҳар бир лойиҳанинг устуворлигини асослаш, лойиҳаларнинг дастлабки техник кўрсаткичлари ҳамда амалга оширишдан кутилаётган натижалар тўғрисидаги маълумотлар.
14. Агентлик тақдим этилган ҳудудий дастурлар асосида лойиҳалар рўйхатини таҳлил қилади ва ҳар йили 15 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳалар рўйхатини вазирликнинг сув хўжалиги масалалари бўйича Тармоқ илмий-техник кенгашида кўриб чиқиб, тасдиқланган ҳолда 1 майга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади.
16. Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида кўриб чиқилади.
17. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича манзилли дастур лойиҳасини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда 1 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.
4-боб. Дастурларга киритилган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш
18. «Сувқурилишинвест» ДМ мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича буюртмачи ҳисобланади.
19. «Сувқурилишинвест» ДМ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда Мелиоратив экспедициялар билан келишган ҳолда лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун техник топшириқларни тайёрлайди.
Бунда:
мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ишлаб чиқилган техник топшириқлар Агентлик ва Департамент билан келишилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан;
мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишлаб чиқилган техник топшириқлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (бўлмаганда бошқа ўринбосари) томонидан тасдиқланади.
20. «Сувқурилишинвест» ДМ лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчи ташкилотни белгиланган тартибда танлов ўтказиш орқали аниқлайди.
21. Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишчи лойиҳа (лойиҳа-смета) ҳужжатлари лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади ва «Сувқурилишинвест» ДМга тақдим этилади.
22. «Сувқурилишинвест» ДМ лойиҳа-смета ҳужжатларининг Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг техник кенгашларида кўриб чиқилишини ҳамда келишилишини ташкил қилади.
23. Лойиҳа ҳужжатлари (техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар, лойиҳа-смета ҳужжатлари, ишчи лойиҳалар ва иш ҳужжатлар) «Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази» ДМ ҳамда «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК (ёки тегишли экспертиза органлари) томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади.
Лойиҳа ҳужжатлари заруратга кўра ихтисослаштирилган мустақил компаниялар (ёки экспертлар) томонидан қўшимча экспертизадан ўтказилиши мумкин.
5-боб. Тугалланган объектларда ишларни қабул қилиб олиш
24. Мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича тугалланган лойиҳалар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида ишчи ҳамда Давлат қабул қилиш ҳайъати томонидан фойдаланишга қабул қилинади.
Бунда тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилган объектларда ўрнатилган янги конструкциялар ва асбоб-ускуналар қиймати «Сувқурилишинвест» ДМ томонидан авизо орқали объектдан фойдаланувчи ташкилотга топширилади.
25. Мелиоратив объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш ишчи ҳайъати таркиби «Сувқурилишинвест» ДМ томонидан тасдиқланади.
26. Давлат қабул қилиш ҳайъати таркиби:
мелиоратив объектларни қуриш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг буйруғи билан;
мелиоратив объектларни реконструкция қилиш, тизимли таъмирлаш ва тиклаш бўйича тугалланган лойиҳаларни фойдаланишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва ирригация тизимлари ҳавза бошқарма бошлиқларининг буйруғи билан тасдиқланади.
6-боб. Якунловчи қоида
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш
Босқичлар Ижрочилар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимлари Келгуси йил ҳудудий дастурларини шакллантириш учун ҳудудий ва туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳларини тузади. Ҳар йили 15 январга қадар 2-босқич Мелиоратив экспедициялар Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш лойиҳа таклифларини ишлаб чиқади ва ҳужжатлар тўпламини туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳига тақдим этади. Ҳар йили 15 февралга қадар 3-босқич Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳлари Тайёрланган таклифларни муҳокама қилади ҳамда белгиланган тартибда халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашларига киритади. Ҳар йили 1 мартга қадар 4-босқич Туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳлари Халқ депутатлари туман (Қувасой шаҳар) Кенгашлари томонидан маъқулланган (тасдиқланган) манзилли рўйхатларни ҳудудий ишчи гуруҳга киритади. Ҳар йили 10 мартга қадар 5-босқич Ҳудудий ишчи гуруҳлар Манзилли рўйхатлар асосида келгуси йил учун янги объектларнинг ҳудудий дастурини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига киритади. Ҳар йили 1 апрелга қадар 6-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан маъқулланган лойиҳаларни Агентликка тақдим этади. Ҳар йили 5 апрелга қадар 7-босқич Агентлик Ҳудудий дастурлар асосида лойиҳалар рўйхатини шакллантиради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилади. Ҳар йили 15 апрелга қадар 8-босқич Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги масалалари бўйича Тармоқ илмий-техник кенгашида кўриб чиқади ҳамда тасдиқланган лойиҳалар рўйхатини Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади. Ҳар йили 1 майга қадар 9-босқич Департамент Қуриш ва реконструкция, тизимли таъмирлаш ва тиклаш ишларини бажариш ҳамда уларни фойдаланишга топшириш ишларини ташкил этади. Белгиланган муддатларда
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июндаги 401-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 28 ноябрдаги 261-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2009 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-240-сон Қонуни)» 2011 йил 18 февралдаги 40-сон қарорига илованинг 8-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 29 октябрдаги ПФ-3932-сон Фармонига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида» 2013 йил 19 апрелдаги ПФ-4533-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 19 апрелдаги ПҚ-1958-сон қарори)» 2013 йил 28 июндаги 185-сон қарори .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзмелиомашлизинг» давлат унитар корхонасининг уставини тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 5 декабрдаги 969-сон қарорига 2-илова .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 9 октябрдаги ПФ-5199-сон Фармони)» 2017 йил 26 декабрдаги 1021-сон қарорига илованинг 11-банди .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3671-сон қарори, «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 17 апрелдаги ПҚ-3672-сон қарори)» 2018 йил 7 декабрдаги 995-сон қарорига 1-илованинг 55-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 200-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 июнь,
401-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash dasturlarini shakllantirish va amalga oshirish ishlarini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasida belgilangan asosiy yoʻnalishlar boʻyicha islohotlarni amalga oshirishning 2024-yildagi ustuvor chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 4-martdagi PQ-109-son qaroriga muvofiq sugʻoriladigan yerlarda tuproqning meliorativ holatini yaxshilash dasturlarini sifatli shakllantirish va oʻz vaqtida amalga oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash dasturlarini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
melioratsiya obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash hamda sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash boʻyicha hududiy va manzilli dasturlarni shakllantirish, koʻrib chiqish hamda tasdiqlash tartibi;
dasturlarga kiritilgan loyihalarning loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish hamda ekspertizadan oʻtkazish tartibi;
tugallangan obyektlarda ishlarni qabul qilib olish tartibi.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vaziri Sh.R. Xamrayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 30-iyundagi 401-son qaroriga 1-ILOVA
Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash dasturlarini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash maqsadida meliorativ obyektlarni qurish, rekonstruksiya qilish, tizimli taʼmirlash va tiklash dasturlarini shakllantirish, loyiha hujjatlarini ishlab chiqish, ekspertizadan oʻtkazish, tasdiqlash hamda amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
drenaj (ochiq va yopiq) — drenaj suvlarini toʻplash va sugʻoriladigan yer uchastkalari, aholi punktlari, gidrotexnika inshootlaridan tashqariga chiqarib tashlashga koʻmaklashadigan suv xoʻjaligi obyekti;
dayver qurilma — meliorativ obyektlardagi sizot suvlar sathini onlayn oʻlchash imkonini beruvchi qurilma;
yopiq-yotiq drenaj — drenaj suvlarini toʻplashga va sugʻoriladigan yer uchastkalari, aholi punktlari, gidrotexnika inshootlaridan tashqariga chiqarib tashlashga koʻmaklashadigan suv xoʻjaligi obyekti;
kollektor (ochiq va yopiq) — asosan drenaj va tashlama suvlarni qabul qilish va uzatishga, shuningdek, sugʻoriladigan yerlardan tashqariga chiqarib tashlashga koʻmaklashadigan suv xoʻjaligi obyekti (inshootlar bilan birga);
kuzatuv qudugʻi — sugʻoriladigan yerlarda sizot suvlar sathini oʻlchash va ularning sifatini oʻrganish maqsadida namuna olish uchun barpo etiladigan suv xoʻjaligi obyekti;
meliorativ obyektlar — kollektor-drenaj va yuza tashlama suvlarni toʻplash hamda sugʻoriladigan yerlardan tashqariga chiqarib tashlashga koʻmaklashadigan, kollektor va drenaj tarmoqlarni (inshootlar bilan birga), tik drenaj quduqlarini, yopiq-yotiq drenajlarni, meliorativ nasos stansiyalarini hamda kuzatuv quduqlarini va ularga oʻrnatilgan zamonaviy qurilmalarni oʻz ichiga oladigan suv xoʻjaligi obyektlari;
meliorativ nasos stansiyasi (agregat) — drenaj-tashlama suvlarni olish va chiqarib tashlash, joyiga koʻtarish yoʻli bilan kollektorning loyihadagi suv oʻtkazish qobiliyatini taʼminlashga xizmat qiladigan suv xoʻjaligi obyekti;
tik drenaj qudugʻi — yerosti bosimli va sizot suvlarni chiqarishga xizmat qiladigan (inshootlar bilan birga) suv xoʻjaligi obyekti.
3. Meliorativ obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish ishlari Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturi doirasida amalga oshiriladi.
4. Meliorativ obyektlarni tizimli taʼmirlash va tiklash (meliorativ obyektlarning loyihaviy parametrlarini taʼminlash, shuningdek, har xil choʻkindilar, oʻsimlik va butalardan tozalash, yon qiyaliklardagi yemirilishlarni tiklash, yuvish, inshootlarni va oʻrnatilgan qurilmalarni taʼmirlashga moʻljallangan ishlar) loyihalari Vazirlar Mahkamasining tegishli yigʻilish bayoni bilan tasdiqlanadigan manzilli dastur (keyingi oʻrinlarda — manzilli dastur) asosida amalga oshiriladi.
Manzilli dasturga hududlardagi meliorativ obyektlarning (shu jumladan, klaster, fermer xoʻjaliklari hamda tuman markazlari va shaharlar hududidan oʻtgan kollektor-drenaj tarmoqlari) texnik holatini yaxshilashni nazarda tutuvchi tizimli taʼmirlash-tiklash ishlari kiritiladi.
5. Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash boʻyicha chora-tadbirlarining prognoz parametrlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar hududiy dasturlari (keyingi oʻrinlarda — hududiy dastur) asosida shakllantiriladi.
6. Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash dasturlari ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq shakllantiriladi va amalga oshiriladi.
7. Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash tadbirlari doirasida meliorativ obyektlarni loyihalashtirish, qurish (rekonstruksiya qilish) hamda taʼmirlash-tiklashga doir xarajatlar Qoraqalpogʻiston Respublikasining respublika budjetidan va viloyatlarning viloyat budjetlaridan, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.
2-bob. Hududiy dasturlarni shakllantirish
8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyatlar hokimlari tomonidan kelgusi yil hududiy dasturlarini shakllantirish uchun har yili 15-yanvarga qadar hududiy va tuman ishchi guruhlari tuziladi.
Hududiy ishchi guruhlar tarkibiga:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining hamda viloyatlar hokimlarining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari — viloyat qishloq xoʻjaligi boshqarma boshliqlari yoki ularning birinchi oʻrinbosarlari (ishchi guruh rahbari);
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vaziri va irrigatsiya tizimlari havza boshqarma boshliqlari yoki ularning birinchi oʻrinbosarlari;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari huzuridagi Meliorativ ekspeditsiyalar boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — Meliorativ ekspeditsiyalar) boshliqlari;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari huzuridagi nasos stansiyalari va energetika boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — nasos stansiyalari va energetika boshqarmalari) boshliqlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Suv xoʻjaligi loyihalarini amalga oshirish departamentining (keyingi oʻrinlarda — Departament) hududiy “Suvqurilishinvest” davlat muassasalari (keyingi oʻrinlarda — “Suvqurilishinvest” DM) direktorlari;
loyihalashtirish va ilmiy-tadqiqot tashkilotlarining masʼul xodimlari (loyiha bosh muhandisi);
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar Fermerlari kengashi raislari hamda boshqa manfaatdor tashkilotlar vakillari kiritiladi.
Tuman (shahar) ishchi guruhlari tarkibiga:
tuman (Quvasoy shahar) hokimining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari — tuman qishloq xoʻjaligi boʻlimlari boshliqlari (ishchi guruh rahbari);
tuman (Quvasoy shahar) “Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari direktorlari;
meliorativ ekspeditsiyaning tuman boʻlimlari masʼul xodimlari;
nasos stansiyalari va energetika boshqarmasining tuman boʻlimlari masʼul xodimlari;
loyihalashtirish va ilmiy-tadqiqot tashkilotlarining masʼul xodimlari;
tuman (Quvasoy shahar) Fermerlar kengashi va boshqa manfaatdor tuman (Quvasoy shahar) tashkilotlari vakillari kiritiladi.
Meliorativ ekspeditsiyalar ishchi guruhlarning ishchi organi hisoblanadi.
9. Meliorativ ekspeditsiyalarning tuman boʻlimlari tomonidan har yili 15-fevralga qadar quyidagilarni nazarda tutadigan materiallar tayyorlanadi va tuman (Quvasoy shahar) ishchi guruhiga koʻrib chiqish uchun taqdim etiladi:
melioratsiya kadastri asosida meliorativ obyektlar va ularning texnik parametrlari koʻrsatilgan sxematik xaritalar;
meliorativ obyektlarning xizmat koʻrsatish maydoni (tuman markazlari, shahar va aholi yashash punktlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa suvdan foydalanuvchilar hududlariga xizmat koʻrsatadigan maydon) va uning tarkibiga kiruvchi alohida gidrotexnika inshootlari;
loyiha hududidagi sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holati toʻgʻrisidagi boshqa maʼlumotlar;
meliorativ obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish hamda tizimli taʼmirlash va tiklash boʻyicha loyihalarning manzilli roʻyxati;
har bir loyiha uchun annotatsiya, nuqson dalolatnomasi, xarita va pasport (asosiy koʻrsatkichlar);
meliorativ obyektlarning texnik hamda sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash boʻyicha takliflar.
10. Tuman (Quvasoy shahar) ishchi guruhi taqdim etilgan materiallar asosida agroklaster, fermer va dehqon xoʻjaliklari vakillari bilan birgalikda obyektlarning holati, yerlarning shoʻrlangani, sizot suvlari sathi va minerallashuvini oʻrganadi, loyihalarni muhokama qiladi hamda har yili 1-martga qadar belgilangan tartibda xalq deputatlari tuman (Quvasoy shahar) Kengashlari yigʻilishlarining muhokamasiga kiritadi.
11. Xalq deputatlari tuman (Quvasoy shahar) Kengashlari tomonidan maʼqullangan (tasdiqlangan) manzilli roʻyxatlar tuman ishchi guruhi tomonidan har yili 10-martga qadar hududiy ishchi guruhga taqdim etiladi.
12. Hududiy ishchi guruh xalq deputatlari tuman (Quvasoy shahar) Kengashlari tomonidan maʼqullagan manzilli roʻyxat asosida kelgusi yil uchun yangi obyektlarning hududiy dasturini ishlab chiqadi va har yili 1-aprelga qadar belgilangan tartibda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlari yigʻilishi muhokamasiga kiritadi.
3-bob. Hududiy dasturlarni koʻrib chiqish
13. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari har yili 5-aprelga qadar hududiy dasturlar va quyidagi hujjatlarni koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlarini ekspluatatsiya qilish agentligiga (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) taqdim etadi:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlari tomonidan hududiy dasturlarni tasdiqlash toʻgʻrisidagi yigʻilish bayonnomalari;
hududdagi sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holati toʻgʻrisidagi tahliliy maʼlumotnoma, har bir loyihaning ustuvorligini asoslash, loyihalarning dastlabki texnik koʻrsatkichlari hamda amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
14. Agentlik taqdim etilgan hududiy dasturlar asosida loyihalar roʻyxatini tahlil qiladi va har yili 15-aprelga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga taqdim qiladi.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi loyihalar roʻyxatini vazirlikning suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha Tarmoq ilmiy-texnik kengashida koʻrib chiqib, tasdiqlangan holda 1-mayga qadar Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi.
16. Meliorativ obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish boʻyicha loyihalar Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-apreldagi 206-son qarori bilan tasdiqlangan Ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari asosida koʻrib chiqiladi.
17. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi meliorativ obyektlarni tizimli taʼmirlash va tiklash boʻyicha manzilli dastur loyihasini Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda 1-iyunga qadar Vazirlar Mahkamasiga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun kiritadi.
4-bob. Dasturlarga kiritilgan loyihalarning loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish hamda ekspertizadan oʻtkazish
18. “Suvqurilishinvest” DM meliorativ obyektlarni qurish, rekonstruksiya qilish hamda tizimli taʼmirlash va tiklash ishlari boʻyicha buyurtmachi hisoblanadi.
19. “Suvqurilishinvest” DM Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari hamda Meliorativ ekspeditsiyalar bilan kelishgan holda loyihalarning loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish uchun texnik topshiriqlarni tayyorlaydi.
Bunda:
meliorativ obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish boʻyicha ishlab chiqilgan texnik topshiriqlar Agentlik va Departament bilan kelishiladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan;
meliorativ obyektlarni tizimli taʼmirlash va tiklash boʻyicha ishlab chiqilgan texnik topshiriqlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining va viloyatlar hokimlarining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosari (boʻlmaganda boshqa oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlanadi.
20. “Suvqurilishinvest” DM loyiha hujjatlarini ishlab chiquvchi tashkilotni belgilangan tartibda tanlov oʻtkazish orqali aniqlaydi.
21. Meliorativ obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish, tizimli taʼmirlash va tiklash boʻyicha ishchi loyiha (loyiha-smeta) hujjatlari loyiha tashkilotlari tomonidan ishlab chiqiladi va “Suvqurilishinvest” DMga taqdim etiladi.
22. “Suvqurilishinvest” DM loyiha-smeta hujjatlarining Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalarining texnik kengashlarida koʻrib chiqilishini hamda kelishilishini tashkil qiladi.
23. Loyiha hujjatlari (texnik-iqtisodiy hisob-kitoblar, loyiha-smeta hujjatlari, ishchi loyihalar va ish hujjatlar) “Shaharsozlik hujjatlarini ekspertiza qilish respublika markazi” DM hamda “Loyihalar va import kontraktlarini kompleks ekspertiza qilish markazi” DUK (yoki tegishli ekspertiza organlari) tomonidan belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkaziladi.
Loyiha hujjatlari zaruratga koʻra ixtisoslashtirilgan mustaqil kompaniyalar (yoki ekspertlar) tomonidan qoʻshimcha ekspertizadan oʻtkazilishi mumkin.
5-bob. Tugallangan obyektlarda ishlarni qabul qilib olish
24. Meliorativ obyektlarni qurish, rekonstruksiya qilish, tizimli taʼmirlash va tiklash boʻyicha tugallangan loyihalar shaharsozlik normalari va qoidalari asosida ishchi hamda Davlat qabul qilish hayʼati tomonidan foydalanishga qabul qilinadi.
Bunda tizimli taʼmirlash va tiklash ishlari amalga oshirilgan obyektlarda oʻrnatilgan yangi konstruksiyalar va asbob-uskunalar qiymati “Suvqurilishinvest” DM tomonidan avizo orqali obyektdan foydalanuvchi tashkilotga topshiriladi.
25. Meliorativ obyektlarni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash boʻyicha tugallangan loyihalarni foydalanishga qabul qilish ishchi hayʼati tarkibi “Suvqurilishinvest” DM tomonidan tasdiqlanadi.
26. Davlat qabul qilish hayʼati tarkibi:
meliorativ obyektlarni qurish boʻyicha tugallangan loyihalarni foydalanishga qabul qilish Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vazirining buyrugʻi bilan;
meliorativ obyektlarni rekonstruksiya qilish, tizimli taʼmirlash va tiklash boʻyicha tugallangan loyihalarni foydalanishga qabul qilish Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vaziri va irrigatsiya tizimlari havza boshqarma boshliqlarining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
27. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash dasturlarini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash dasturlarini shakllantirish va amalga oshirish
Bosqichlar Ijrochilar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimlari Kelgusi yil hududiy dasturlarini shakllantirish uchun hududiy va tuman (Quvasoy shahar) ishchi guruhlarini tuzadi. Har yili 15-yanvarga qadar 2-bosqich Meliorativ ekspeditsiyalar Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash loyiha takliflarini ishlab chiqadi va hujjatlar toʻplamini tuman (Quvasoy shahar) ishchi guruhiga taqdim etadi. Har yili 15-fevralga qadar 3-bosqich Tuman (Quvasoy shahar) ishchi guruhlari Tayyorlangan takliflarni muhokama qiladi hamda belgilangan tartibda xalq deputatlari tuman (Quvasoy shahar) Kengashlariga kiritadi. Har yili 1-martga qadar 4-bosqich Tuman (Quvasoy shahar) ishchi guruhlari Xalq deputatlari tuman (Quvasoy shahar) Kengashlari tomonidan maʼqullangan (tasdiqlangan) manzilli roʻyxatlarni hududiy ishchi guruhga kiritadi. Har yili 10-martga qadar 5-bosqich Hududiy ishchi guruhlar Manzilli roʻyxatlar asosida kelgusi yil uchun yangi obyektlarning hududiy dasturini ishlab chiqadi hamda belgilangan tartibda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlariga kiritadi. Har yili 1-aprelga qadar 6-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlari tomonidan maʼqullangan loyihalarni Agentlikka taqdim etadi. Har yili 5-aprelga qadar 7-bosqich Agentlik Hududiy dasturlar asosida loyihalar roʻyxatini shakllantiradi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga taqdim qiladi. Har yili 15-aprelga qadar 8-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha Tarmoq ilmiy-texnik kengashida koʻrib chiqadi hamda tasdiqlangan loyihalar roʻyxatini Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi. Har yili 1-mayga qadar 9-bosqich Departament Qurish va rekonstruksiya, tizimli taʼmirlash va tiklash ishlarini bajarish hamda ularni foydalanishga topshirish ishlarini tashkil etadi. Belgilangan muddatlarda
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 30-iyundagi 401-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash dasturlarini shakllantirish va amalga oshirishni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2008-yil 28-noyabrdagi 261-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Qishloq va suv xoʻjaligida iqtisodiy islohotlar chuqurlashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2009-yil 25-dekabrdagi OʻRQ-240-son Qonuni)” 2011-yil 18-fevraldagi 40-son qaroriga ilovaning 8-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yerlarning meliorativ holatini yaxshilash tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2007-yil 29-oktabrdagi PF-3932-son Farmoniga qoʻshimcha va oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida” 2013-yil 19-apreldagi PF-4533-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2013-2017-yillar davrida sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yanada yaxshilash va suv resurslaridan oqilona foydalanish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2013-yil 19-apreldagi PQ-1958-son qarori)” 2013-yil 28-iyundagi 185-son qarori .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzmeliomashlizing” davlat unitar korxonasining ustavini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2017-yil 5-dekabrdagi 969-son qaroriga 2-ilova .
5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, qishloq xoʻjaligi ekin maydonlaridan samarali foydalanish tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 9-oktabrdagi PF-5199-son Farmoni)” 2017-yil 26-dekabrdagi 1021-son qaroriga ilovaning 11-bandi .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq va suv xoʻjaligi davlat boshqaruvi tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 17-apreldagi PF-5418-son Farmoni, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 17-apreldagi PQ-3671-son qarori, “Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 17-apreldagi PQ-3672-son qarori)” 2018-yil 7-dekabrdagi 995-son qaroriga 1-ilovaning 55-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 200-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 30-iyun,
401-son