📅 2025-yil 1-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 1-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 1 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ПАСПОРТИ
ПАСПОРТИ
ПАСПОРТИ
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 8 майдаги ПФ-85-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 8 майдаги ПФ-85-сон Фармонига мувофиқ 2025 йил 1 июндан бошлаб Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан:
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган ҳамда уларга сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматини ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига уларнинг харажатларини қоплаш мақсадида 50 миллион сўмгача субсидия ажратиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, 2026 йил 1 январдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни камида 3 ой давомида расмий иш билан банд қилиш ҳамда уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдордаги иш ҳақи тўлаш шартларига бир вақтда жавоб берадиган меҳнат шароитлари асосида ишга қабул қилган ёки шундай шартлардаги ишга жойлашишига кўмаклашган тадбиркорлик субъектларига 500 миллион сўмгача субсидия ажратиш тартиби йўлга қўйилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) «Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри» ахборот модули (кейинги ўринларда — электрон реестр) юритилади. Бунда:
тадбиркорлик субъектларига электрон реестр орқали ўзларида мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш, маълум бир йўналиш ёки мутахассислик бўйича талабга мос ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш ҳақида эълон бериш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари билан танишиб чиқиб, ўзларига маъқул келган шахсларни бевосита ишга қабул қилиш ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашиш имкониятлари яратилади;
электрон реестрга ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, «ЯМИҲ» АТ ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали берилган мурожаатлар асосида киритилади;
«Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимларига ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг розилиги асосида уларнинг номидан электрон реестрга киритиш учун электрон шаклда ариза бериш ҳуқуқи берилади;
б) Агентликка ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда иш берувчиларни излаш бўйича интерактив хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини тўғридан-тўғри жалб қилишга рухсат этилади.
Бунда тадбиркорлик субъектларига интерактив хизматларини кўрсатиш учун электрон реестрга киритилган ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизимининг Рақамли маълумотлар платформаси орқали тақдим этганлик учун тўлов ундирилмайди.
4. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг самарали иштирокини таъминлаш учун тадбиркорлик субъектларида бандлиги таъминланган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматлари Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган давлат ижтимоий буюртмаси орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳам кўрсатилишига рухсат берилсин. Бунда:
нодавлат нотижорат ташкилотларига бериладиган давлат ижтимоий буюртмасининг қиймати тадбиркорлик субъектида йўлга қўйилган хизматлар учун ушбу қарорда белгиланган миқдорлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматларини нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали йўлга қўйилган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратилмайди.
5. Агентлик уч ой муддатда ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш мақсадида ушбу шахсларнинг транспорт хизматларидан фойдаланишида қулай ва тўсиқсиз муҳит яратишга қаратилган Тошкент тажрибасини жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Агентлик Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
а) бир ой муддатда:
электрон реестр ишга туширилиши ҳамда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин;
«ЯМИҲ» АТда электрон реестрга киритилган ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчилар ёки уларнинг бандлигига кўмаклашган тадбиркорлик субъектлари реестри юритилишини йўлга қўйсин;
б) икки ой муддатда ЯИДХП орқали мазкур қарорда назарда тутилган мақсадларда мурожаат қилиш имкониятини яратсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 20 апрелдаги 203-сон қарорининг 1 ва 2-бандлари ҳамда унга 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 июлдаги 405-сон қарорига ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри» ахборот модулини (кейинги ўринларда — электрон реестр) юритиш, ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, уларни иш берувчилар билан ўзаро боғлаш, шунингдек I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаган ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашган ҳамда ушбу шахсларнинг меҳнат қилишини қўллаб-қувватлаган тадбиркорлик субъектлари ҳамда хусусий бандлик ташкилотларига (кейинги ўринларда — тадбиркорлик субъектлари) Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қуйидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тартибини белгилайди:
I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни тўғридан-тўғри расмий ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига ёки уларни иш берувчиларда мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашган хусусий бандлик ташкилотларига субсидия (кейинги ўринларда — бандликка кўмаклашиш субсидияси) ажратиш;
I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиб, уларнинг самарали меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус хизматларни (сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизмати) йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига ушбу хизматларни йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун хизмат туридан келиб чиқиб субсидия (кейинги ўринларда — иш ўринларига мослаштириш субсидияси) ажратиш.
2. Электрон реестр Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) юритилади.
Электрон реестрда ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғининг ҳолати, таълим ва меҳнат фаолиятига доир маълумотлар (кейинги ўринларда — маълумотлар) ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисидаги барча маълумотлар (кейинги ўринларда — ногиронлиги бўлган шахснинг бандлик тарихи) акс эттириб борилади.
3. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳақида маълумотлар электрон реестрдан бепул олинади.
4. Тадбиркорлик субъектларига ушбу Низомнинг 1-бандида назарда тутилган субсидиялар ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ажратилади.
2-боб. Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашиш тартиби
5. Тадбиркорлик субъектлари электрон реестрга ўзларида мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш, маълум бир йўналиш ёки мутахассислик бўйича талабга мос ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш ҳақида эълон бериш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари билан танишиб чиқиб, ўзларига маъқул келган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида «ЯМИҲ» АТда электрон офертани тасдиқлаш орқали бепул ва ихтиёрий асосда авторизациядан ўтади. Бунда хусусий бандлик ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи сифатида авторизациядан ўтади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан «ЯМИҲ» АТда авторизациядан ўтишда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади ҳамда электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёки «ЯМИҲ» АТда ягона идентификация тизими (OneID) орқали тасдиқланади:
юридик шахслар учун солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), телефон рақами, манзили, ишончли вакил ҳақидаги маълумотлар;
якка тартибдаги тадбиркорлар учун биометрик паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), телефон рақами, манзили, ишончли вакил ҳақидаги маълумотлар.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилган маълумотлар тўғрилиги ҳамда уларнинг фаолияти тугатилмаганлиги аниқланган тақдирда, улар учун «ЯМИҲ» АТда шахсий кабинет очилади.
6. Тадбиркорлик субъектлари қуйидаги усулларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашади:
а) электрон реестрга ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда ўзларида мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали;
б) электрон реестрда маълум бир йўналиш ёки мутахассислик бўйича ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш тўғрисида эълон бериш орқали;
в) электрон реестрга киритилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари билан танишиб чиқиб, ўзларига маъқул келган шахсларни танлаган ҳолда, уларни бевосита ишга қабул қилиш ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича сўровнома юбориш орқали.
Бунда хусусий бандлик ташкилотлари мазкур банднинг «в» кичик бандида белгиланган усулда электрон реестрга киритилган ногиронлиги бўлган шахсларни маълум бир иш берувчиларда мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштириш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиши мумкин.
7. Ногиронлиги бўлган шахс ушбу Низомнинг 6-банди «а» кичик бандига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан киритилган бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиб чиқиб, ўзига маъқул келган иш ўрнига ишга жойлашиш бўйича сўровнома юбориши мумкин.
Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзларида мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар заруратга кўра доимий янгилаб борилади.
8. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан юборилган сўровнома тадбиркорлик субъектига унинг «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинетига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун юборилади. Бунда сўровнома тадбиркорлик субъекти томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади ёки аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда рад этилади. Сўровнома тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ва ногиронлиги бўлган шахс ўртасида меҳнат шартномаси расмийлаштирилади.
9. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу Низомнинг 6-банди «б» кичик бандига мувофиқ эълон берилган тақдирда, «ЯМИҲ» АТ томонидан автоматик равишда тадбиркорлик субъектлари талабига мос келадиган электрон реестрда мавжуд ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинетига хабарнома шаклида юборилади. Бунда:
тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарномада кўрсатилган ногиронлиги бўлган шахслардан ўзларига маъқул келган шахсларни ишга қабул қилиш бўйича сўровнома шакллантирилади ҳамда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун мазкур шахсларга СМС-хабарнома ёки «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинети орқали юборилади;
сўровнома ногиронлиги бўлган шахс томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади ёки аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда рад этилади. Сўровнома тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ва ногиронлиги бўлган шахс ўртасида меҳнат шартномаси расмийлаштирилади.
10. Тадбиркорлик субъектлари ушбу Низом 6-бандининг «в» кичик бандига мувофиқ электрон реестрдаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари билан танишиб чиқиб, ўзларига маъқул келган шахсларни танлаб, уларни бевосита ишга қабул қилиш ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича сўровнома юбориши мумкин. Бунда:
сўровнома ногиронлиги бўлган шахсга СМС-хабарнома ёки «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинети орқали танишиб чиқиш ва тасдиқлаш учун йўналтирилади;
электрон реестрга киритилган битта ногиронлиги бўлган шахс бўйича бир нечта тадбиркорлик субъекти томонидан уни бевосита ишга қабул қилиш ёки хусусий бандлик ташкилотлари томонидан бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича сўровнома юборилиши мумкин.
11. Ушбу Низомнинг 10-бандига мувофиқ юборилган сўровномада тадбиркорлик субъектининг фаолият тури, таклиф этилаётган лавозим номи ва лавозим мажбуриятлари ҳамда ойлик иш ҳақи миқдори тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
Агар сўровнома хусусий бандлик ташкилотлари томонидан юборилган бўлса, унда ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган маълумотларга қўшимча равишда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилувчи иш берувчи тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади.
12. Сўровнома хусусий бандлик ташкилотлари томонидан юборилган тақдирда, у дастлаб унда кўрсатилган иш берувчининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги (кейинги ўринларда — «ЯММТ» ИДАК) шахсий кабинетига танишиб чиқиш ва маъқуллаш учун йўналтирилади.
Иш берувчи сўровномада кўрсатилган ногиронлиги бўлган шахснинг маълумотлари билан танишиб чиқиб, уни ишга қабул қилишни тасдиқлаши ёки тасдиқлашни рад этиши мумкин.
Агар сўровнома иш берувчи томонидан тасдиқланган тақдирда, у танишиб чиқиш ва тасдиқлаш учун ногиронлиги бўлган шахсга йўналтирилади.
13. Ногиронлиги бўлган шахс томонидан сўровнома билан танишиб чиқилади ва тасдиқланади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини белгилаган ҳолда рад этилади.
Сўровнома ногиронлиги бўлган шахс томонидан тасдиқланганидан сўнг тадбиркорлик субъекти ва ногиронлиги бўлган шахс ўртасида ёки хусусий бандлик ташкилотининг сўровномасида кўрсатилган иш берувчи ва ногиронлиги бўлган шахс ўртасида меҳнат шартномаси расмийлаштирилади.
14. Ушбу Низомга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахслар билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилганда, бу тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда «ЯММТ» ИДАКдан электрон реестрга юборилади.
15. Қуйидаги ҳолатлар юзага келганда электрон реестрга киритилган ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича сўровномани юбориш имконияти чеклаб қўйилади:
ногиронлиги бўлган шахс расмий банд бўлганда;
ногиронлиги бўлган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганда;
ногиронлиги бўлган шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда.
Бунда мазкур бандда кўрсатилган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан ҳар ойда бир маротаба сўров юбориш орқали олинади.
16. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги ҳолати ва уларга ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали реал вақт режимида олинади ҳамда ушбу маълумотлар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлик тарихида акс эттирилади.
17. Ушбу Низомга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича юбориладиган сўровномалар ва хабарномалар «ЯМИҲ» АТ томонидан автоматик равишда, ногиронлиги бўлган шахслар амалда яшайдиган жойдаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда — «Инсон» маркази)га йўналтириб борилади.
3-боб. Бандликка кўмаклашиш субсидиясини ажратиш тартиби
18. Бандликка кўмаклашиш субсидияси ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ электрон реестрда турган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни камида 3 ой давомида узлуксиз расмий бандлигини таъминлаган ҳамда мазкур даврда унга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўлаган ёки ушбу шартларда иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашган тадбиркорлик субъектларига ажратилади.
Бунда электрон реестрда турган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни расмий бандлиги таъминланган ойда ишга қабул қилинган санадан қатъий назар, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича шарт бажарилган тақдирда, мазкур ногиронлиги бўлган шахс бир ой давомида расмий банд қилинган деб ҳисобланади.
19. Тадбиркорлик субъектлари ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган шартларни бажарилгандан ёки бажарилиши таъминлангандан кейин олти ой ичида «ЯМИҲ» АТ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали бандликка кўмаклашиш субсидиясини олиш учун ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда электрон сўровномани тўлдириш орқали мурожаат қилади. Бунда:
сўровнома ЭРИ ёки ягона идентификация тизими (OneID) орқали тасдиқланади;
бандликка кўмаклашиш субсидияси олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, мурожаат автоматик равишда «ЯМИҲ» АТга йўналтирилади.
20. Тадбиркорлик субъектларининг мурожаати келиб тушгандан сўнг икки иш куни ичида ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган шартлар бажарилганлиги «ЯМИҲ» АТда «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида мавжуд қуйидаги маълумотлар асосида ўрганилади:
электрон реестрда бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги;
«ЯММТ» ИДАК бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномасининг рўйхатдан ўтказилганлиги;
Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга унинг бандлиги таъминлангандан сўнг уч ой мобайнида ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган миқдордаги иш ҳақи ҳисобланганлиги.
21. «ЯМИҲ» АТда ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган шартлар бажарилганлиги ёки бажарилиши таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар аниқланганда, мурожаат қилган тадбиркорлик субъектига бандликка кўмаклашиш субсидияси ажратилиши тасдиқланади. Бунда ажратиладиган субсидиянинг миқдори тадбиркорлик субъектининг сўровномасида кўрсатилган ва ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган шартлар бажарилган ҳолда бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар сонидан келиб чиққан ҳолда «ЯМИҲ» АТда автоматик равишда ҳисобланади.
Бандликка кўмаклашиш субсидияси миқдори ҳисобланганидан сўнг автоматик равишда «ЯМИҲ» АТда электрон тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси шакллантирилиб, бандликка кўмаклашиш субсидиясини тадбиркорлик субъектига ажратиш учун Жамғармага юборилади.
22. Қуйидаги ҳолларда бандликка кўмаклашиш субсидиясини ажратиш рад этилади:
тадбиркорлик субъектининг сўровномасини ўрганиш жараёнида тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган маълумотлар мавжудлиги аниқланмаганда;
тадбиркорлик субъекти томонидан бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс учун муқаддам бандликка кўмаклашиш субсидияси ажратилганлиги аниқланганда.
23. Жамғарма унга келиб тушган тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси асосида бандликка кўмаклашиш субсидияси маблағларини Жамғарманинг махсус ғазна ҳисобварағидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимлари орқали тадбиркорлик субъектининг тижорат банкдаги ҳисобварағига автоматик равишда ўтказади.
Бунда бандликка кўмаклашиш субсидияси тўлаб берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар «ЯМИҲ» АТда тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинетига электрон хабарнома кўринишида юборилади.
4-боб. Иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш тартиби
24. Иш ўринларига мослаштириш субсидияси ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини ташкил қилган тадбиркорлик субъектларининг ушбу хизматларни ташкил қилиш билан боғлиқ харажатларини қисман қоплаш мақсадида ажратилади. Бунда сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизмати қуйидаги ногиронлиги бўлган шахслар учун ташкил этилади:
клиник ташхиси Халқаро касалликлар ва саломатлик билан боғлиқ бўлган муаммолар таснифи (Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш учун мослаштирилган V МКБ-10 класси) (кейинги ўринларда — МКБ-10) бўйича Н 90 — 90.8 бўлган II гуруҳ ёки Q16 ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон хизмати;
клиник ташхиси МКБ-10 бўйича Н 00 — 59.9, Q 10 — 15 ва S 07.8 бўлган кўзи ожизлик бўйича I гуруҳ ногиронлиги биринчи маротаба белгиланган шахслар, шунингдек клиник ташхисидан қатъи назар биринчи марта ногиронлар аравачасида ҳаракатланиши белгиланган ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳамроҳлик хизмати;
клиник ташхисидан қатъи назар барча I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун психолог хизмати.
25. Тадбиркорлик субъектлари томонидан I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни иш жараёнида қўллаб-қувватлаш учун жалб этилувчи сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини кўрсатувчи шахслар (кейинги ўринларда — хизмат кўрсатувчи шахслар) «ЯМИҲ» АТда юритиладиган Ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатини қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатувчи шахслар электрон рўйхатига (кейинги ўринларда — электрон рўйхат) киритилган жисмоний шахслар орасидан жалб этилади. Бунда:
а) сурдотаржимон ёки психолог хизматини кўрсатмоқчи бўлган шахслар мазкур соҳада олий маълумотга эга бўлиши ёки давлат таълим ташкилотларида касбий ва педагогик қайта тайёрлов курсларини тамомлаган бўлиши талаб этилади.
Республика касбий кўникмалар маркази ёки Ўзбекистон карлар жамияти томонидан сурдотаржимонлик йўналишида ташкил этиладиган ўқув курслари ёки қайта тайёрлов курсларини ўқиб тугатган шахслар томонидан сурдотаржимон хизмати кўрсатилиши мумкин.
б) ҳамроҳлик хизмати қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамроҳлик хизматини кўрсатиш бўйича ўзини ўзи банд қиладиган шахс сифатида рўйхатдан ўтган шахсларни жалб этиш орқали йўлга қўйилади.
26. Хизмат кўрсатувчи шахслар электрон рўйхатга кириш учун «ЯМИҲ» АТда қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда мурожаат юборади:
жисмоний шахснинг биометрик паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари ҳамда телефон рақами;
хизмат кўрсатмоқчи бўлган ҳудуд(лар) тўғрисидаги маълумотлар.
давлат таълим ташкилотларининг касбий ва педагогик қайта тайёрлов курсларини тамомлаган ёки республика касбий кўникмалар маркази ёхуд Ўзбекистон карлар жамияти томонидан ташкил этиладиган ўқув курслари ёки қайта тайёрлов курсларини ўқиб тугатган шахслар, ушбу маълумотни тасдиқловчи ҳужжатларни (диплом, сертификат) илова қилиш орқали.
Тегишли маълумотлар киритилгандан сўнг мурожаат хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан ягона идентификация тизими (OneID) орқали тасдиқланади.
27. Хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан мурожаат тасдиқланганидан сўнг улар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар «ЯМИҲ» АТда орқали автоматик равишда текширилади:
сурдотаржимон ёки психолог хизматини кўрсатувчи шахснинг мазкур соҳаларда олий маълумотга эга эканлигини — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ахборот тизимларидан;
ҳамроҳлик хизматини кўрсатувчи жисмоний шахснинг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги — Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларидан.
Хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан ушбу Низомнинг 26-банди тўртинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, мурожаат этилган тақдирда, мазкур ҳужжатлар «ЯМИҲ» АТ орқали Агентликнинг тегишли ҳудудий бошқармалари томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, текширилади.
28. Текшириш натижасида хизмат кўрсатувчи шахслар тўғрисидаги ушбу Низомнинг 27-бандида назарда тутилган маълумотлар мавжудлиги аниқланган ёки ўз тасдиғини топган тақдирда, улар электрон рўйхатга киритилади.
Хизмат кўрсатувчи шахслар тўғрисидаги ушбу Низомнинг 27-бандида назарда тутилган маълумотларнинг мавжуд эмаслиги ёки ўз тасдиғини топмаганлиги, уларни электрон рўйхатга киритишни рад этишга асос бўлади.
29. Тадбиркорлик субъектлари сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини кўрсатувчи шахсларни тегишли хизматни кўрсатиш учун жалб этган ойдан кейинги ойнинг 26-санасига қадар иш ўринларига мослаштириш субсидиясини олиш учун «ЯМИҲ» АТ ёки ЯИДХП орқали мустақил равишда ушбу Низомга 6-иловага мувофиқ шаклдаги электрон сўровномани тўлдириш орқали мурожаат қилади. Бунда сўровнома ЭРИ ёки ягона идентификация тизими (OneID) орқали тасдиқланади.
30. Тадбиркорлик субъектларининг мурожаати келиб тушгандан сўнг икки иш куни ичида «ЯМИҲ» АТда «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида мавжуд қуйидаги маълумотлар асосида сўровномадаги маълумотларнинг тўғрилиги қуйидаги тартибда текширилади:
сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини кўрсатувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар — «ЯМИҲ» АТдаги электрон рўйхат орқали;
сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини кўрсатувчи шахслар билан тузилган меҳнат ёки фуқаролик ҳуқуқий шартномаси маълумотлари ва унга мувофиқ амалга оширилган тўловлар миқдори — тегишлилиги бўйича «ЯММТ» ИДАК ва Солиқ қўмитасининг тегишли маълумотлар базалари орқали;
сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизмати кўрсатилаётган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар билан тузилган меҳнат шартномаси маълумотлари — «ЯММТ» ИДАК орқали;
сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизмати кўрсатилаётган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга иш ўринларига мослаштириш субсидияси ажратиладиган давр учун иш ҳақи тўланганлиги — Солиқ қўмитасининг тегишли маълумотлар базалари орқали.
31. Тадбиркорлик субъектининг мурожаатини кўриб чиқишда мазкур Низомнинг 30-бандида белгиланган маълумотлар аниқланган тақдирда, иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш ёки рад этиш «ЯМИҲ» АТ томонидан автоматик равишда тасдиқланади. Бунда:
иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш тасдиқланган тақдирда, автоматик равишда «ЯМИҲ» АТда электрон тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси шакллантирилиб, иш ўринларига мослаштириш субсидиясини тадбиркорлик субъектига ажратиш учун Жамғармага юборилади;
иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш рад этилган тақдирда, рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда тадбиркорлик субъектининг «ЯМИҲ» АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган хабарнома юборилади.
32. Иш ўринларига мослаштириш субсидиясининг миқдори «ЯМИҲ» АТда ушбу Низомнинг 30 ва 31-бандларида назарда тутилган тадбирлар амалга оширилгандан сўнг, ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ паспортда белгиланган миқдорда ҳисобланади ва мурожаат қилинган кундан бошлаб икки иш куни ичида тўланади. Бунда:
иш ўринларига мослаштириш субсидиясининг миқдори тадбиркорлик субъектининг сўровномасида кўрсатилган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини кўрсатаётган шахсларга тўланган тўловлар тўғрисидаги маълумотномада ёки электрон ҳисоб-фактурада кўрсатилган тўловлар миқдоридан қатъи назар, ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ паспортда белгиланган миқдорда тўланади;
тадбиркорлик субъекти томонидан иш ўринларига мослаштириш субсидиясини олиш учун мурожаат қилинган давр учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизмати кўрсатилган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга иш ҳақи тўланмаганлиги аниқланганда, ушбу хизматлар учун иш ўринларига мослаштириш субсидияси ҳисобланмайди.
33. Жамғарма ушбу Низомнинг 31-бандига мувофиқ келиб тушган тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси асосида иш ўринларига мослаштириш субсидияси маблағларини Жамғарманинг махсус ғазна ҳисобварағидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимлари орқали тадбиркорлик субъектининг тижорат банкдаги ҳисобварағига автоматик равишда ўтказади.
Бунда иш ўринларига мослаштириш субсидияси тўлаб берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар «ЯМИҲ» АТда тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинетига электрон хабарнома кўринишида юборилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
34. Ушбу Низомга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга СМС-хабарнома юбориш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
35. Ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар ушбу Низомга 7-иловага мувофиқ паспортда назарда тутилган тартибда электрон реестрга ихтиёрий асосда бепул киритилади.
36. Мазкур Низомда белгиланган тартибга мувофиқ тадбиркорлик субъекти бўлмаган бошқа иш берувчилар томонидан электрон реестрга киритилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари билан танишиб чиқиш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиши имкониятлари яратилади.
37. Иш берувчилар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий бандлик ташкилотлари ҳамда «Инсон» маркази ушбу Низомга мувофиқ олинган шахсга доир маълумотларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлов берилиши ва сир сақланишини таъминлайди.
38. Мазкур Низомнинг 18-бандида белгиланган талабларни бажариш орқали бандликка кўмаклашиш субсидияси маблағларини олиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзлари томонидан банд қилинган ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашилган ногиронлиги бўлган шахсларни иш ўринларига мослаштириш, зарурат бўлганда малакасини ошириш ва уларни ижтимоийлашувига кўмаклашиш чоралари кўриб борилади.
39. Ушбу Низом шартлари асосида бандликка кўмаклашиш субсидияси ёки иш ўринларига мослаштириш субсидиясини олаётган тадбиркорлик субъектлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашишга қаратилган бошқа турдаги субсидия ва имтиёзларни ҳам белгиланган тартибда олишга ҳақли.
Агар бандликка кўмаклашиш субсидияси ёки иш ўринларига мослаштириш субсидияси тадбиркорлик субъектлари томонидан нотўғри киритилган (кўрсатилган) маълумотлар асосида ёки техник камчиликлар ёхуд ҳисоб-китоблардаги хатоликлар туфайли нотўғри тўланган тақдирда, мазкур маблағлар уларнинг нотўғри тўланганлиги аниқланган санадан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан Жамғармага бир ой ичида қайтарилиши лозим. Бунда ихтиёрий равишда Жамғармага қайтарилмаган ёки тўлиқ қайтарилмаган маблағ суд тартибида ундирилади.
40. «Инсон» маркази ходимлари, Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари жойига чиққан ҳолда, ушбу Низомга мувофиқ ишга қабул қилинган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақиқатдан ишлаётганлигини, ногиронлиги бўлган шахсларга тегишлилиги бўйича сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматлари йўлга қўйилганлик ҳолатларини мониторинг қилиш ва улар билан суҳбатлашиб, иш ўринларидаги шароитлар билан танишишга ҳақли.
41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлашда иштирок этган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича субсидиялар ажратиш ва тўлаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари I. Тадбиркорлик субъектларига бандликка кўмаклашиш субсидиясини ажратиш ва тўлаш тартиби 1-босқич Тадбиркорлик субъектлари (хусусий бандлик ташкилотлари) 1. I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни белгиланган шартларга бир вақтда жавоб берадиган меҳнат шароитлари асосида ишга қабул қилади ёки шундай шартларга жавоб берадиган маълум бир иш берувчида банд қилади. Ўз хоҳишига кўра 2. «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» АТ (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали бандликка кўмаклашиш субсидиясини олиш учун мурожаат қилади. Субсидия олиш учун белгиланган шартлар тўлиқ бажарилгандан сўнг ўз хоҳишига кўра 2-босқич «ЯМИҲ» АТ 1. Бандликка кўмаклашиш субсидияси ажратишда асос бўладиган маълумотлар «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан текширилади ҳамда бандликка кўмаклашиш субсидиясини ажратиш ёки ажратишни рад этиш тасдиқланади. Икки иш кунида 2. Бандликка кўмаклашиш субсидияси ажратиш тасдиқлангандан сўнг, тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси шакллантирилиб, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасига юборилади. Автоматик равишда 3-босқич Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси Бандликка кўмаклашиш субсидияси маблағлари Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасининг ғазна ҳисобварағидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимлари орқали тадбиркорлик субъектининг тижорат банкдаги ҳисобварағига ўтказилади. Тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси келиб тушгандан сўнг автоматик равишда II. Тадбиркорлик субъектларига иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш тартиби 1-босқич Тадбиркорлик субъектлари 1. Бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматларини ташкил этишда мазкур хизматларни кўрсатувчи шахсларни жалб этади. Ўз хоҳишига кўра 2. Иш ўринларига мослаштириш субсидиясини олиш учун «ЯМИҲ» АТ ёки ЯИДХП орқали ариза билан мурожаат қилади. Тегишли хизмат йўлга қўйилган ойдан кейинги ойнинг 16-санасига қадар ўз хоҳишига кўра 2-босқич «ЯМИҲ» АТ 1. Иш ўринларига мослаштириш субсидиясини олиш учун берилган сўровномани кўриб чиқиш якуни бўйича иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш ёки рад этиш тасдиқланади. Икки иш кунида 2. Иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш тасдиқланган тақдирда, электрон тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси шакллантирилиб, иш ўринларига мослаштириш субсидиясини тадбиркорлик субъектига ажратиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасига юборилади. Автоматик равишда 3-босқич Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси Иш ўринларига мослаштириш субсидияси маблағларини Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасининг ғазна ҳисобварағидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимлари орқали тадбиркорлик субъектининг тижорат банкдаги ҳисобварағига ўтказилади. Тўлов қайдномаси ва тўлов топшириқномаси келиб тушгандан сўнг автоматик равишда
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
____________________ ____________________ (сана) (рақам) «Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри» ахборот модулига иш берувчиларнинг ўзларида мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш бўйича НАМУНАВИЙ ШАКЛ Бўш (вакант) иш ўрни бўйича маълумотлар: 1. Бўш (вакант) иш ўрни бўйича лавозим номи: 2. Бўш (вакант) иш ўрни тўғрисида қисқача маълумот: 3. Бўш (вакант) иш ўрни бўйича иш ҳақи миқдори: 4. Бўш (вакант) иш ўрни бўйича таклиф этиладиган номзоднинг жинси: ¨ Эркак ¨ Аёл 5. Бўш (вакант) иш ўрни бўйича бериладиган қўшимча меҳнат шароитлари: ¨ Бепул тушлик ¨ Имтиёзли транспорт хизмати ¨ Озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этиш ¨ Иш натижадорлигига кўра қўшимча тўлов ¨ Махсус кийимлар тақдим этиш ¨ Бошқалар 6. Бўш (вакант) иш ўрни бўйича номзоднинг физиологик ҳолатига қўйиладиган талаблар: ¨ Эшита олади ¨ Гапира олади ¨ Кўра олади ¨ Мустақил ҳаракатлана олади ¨ Қўл билан боғлиқ ишларни бажара олади
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаган ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашган тадбиркорлик субъектлари ёки хусусий бандлик ташкилотларига бандликка кўмаклашиш субсидиясини ажратиш
1. Субсидиянинг ажратиш мақсади: I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш. 2. Субсидиянинг умумий энг юқори миқдори: Битта тадбиркорлик субъекти ёки хусусий бандлик ташкилотига 500 млн сўмгача миқдорда. 3. Субсидия ажратишнинг даврийлиги ва чегараси: Бир нафар I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс учун битта тадбиркорлик субъекти ёки хусусий бандлик ташкилотига фақат бир маротаба меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг миқдорининг 3 баравари миқдорида. 4. Субсидия ажратиладиган шахслар: «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) белгиланган тартибда авторизациядан ўтган ҳолда, I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни бевосита бандлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектлари; «ЯМИҲ» АТда белгиланган тартибда авторизациядан ўтган ҳолда, I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни маълум бир иш берувчи орқали бандлигини таъминлаган хусусий бандлик ташкилотлари. 5. Субсидия ажратиш шартлари: Субсидия қуйидаги шартлар бажарилган ёки бажарилиши таъминланганда ажратилиши мумкин: I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ расмий банд қилиб, узлуксиз камида 3 ой давомида расмий иш билан банд қилганда; ушбу давр мобайнида уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган иш ҳақи тўланганда. 6. Субсидия ажратиш учун асос бўладиган ҳужжатлар: а) «Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри» ахборот модулида бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги; б) «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс билан тузилган меҳнат шартномасининг рўйхатдан ўтказилганлиги; в) Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларида бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга узлуксиз камида уч ой мобайнида мазкур Паспортнинг 5-позициясида белгиланган миқдордаги иш ҳақи ҳисобланганлиги. 7. Аризани кўриб чиқиш муддатлари: Икки иш куни ичида. 8. Субсидияни ажратиш шакли: Тадбиркорлик субъекти ёки хусусий бандлик ташкилотининг банк ҳисобварағига ўтказилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
____________________ ____________________ (сана) (рақам) I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаган ёки бандлигини таъминлашга кўмаклашган тадбиркорлик субъектлари ёки хусусий бандлик ташкилотларига бандликка кўмаклашиш субсидиясини ажратиш бўйича СЎРОВНОМА 1. Тадбиркорлик субъектининг номи: 2. Юридик шахслар учун солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ёки якка тартибдаги тадбиркорлар учун паспорт серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР): 3. I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигини таъминлаш усули: ¨ Ногиронлиги бўлган шахсни бевосита иш берувчи сифатида тўғридан-тўғри бандлиги таъминланган ¨ Ногиронлиги бўлган шахсни иш берувчиларда мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш орқали бандлиги таъминланган 4. Бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) маълумотлари: 5. Тадбиркорлик субъектининг банк ҳисобварағи маълумотлари: 6. Телефон рақами: 7. Электрон почта манзили (мавжуд бўлганда) :
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектлари томонидан I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматларини йўлга қўйиш ҳамда уларга иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш
1. Субсидиянинг ажратиш мақсади: Бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни мўътадил ва самарали ишлаб кетишини қўллаб-қувватлаш * . 2. Субсидиянинг умумий энг юқори миқдори: Битта тадбиркорлик субъекти учун 50 млн сўмгача миқдорда. 3. Субсидиянинг ҳар ойлик миқдори ** : а) сурдотаржимон хизмати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари; б) психолог хизмати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари; в) ҳамроҳлик хизмати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари *** . 4. Субсидия ажратишда хизмат билан қамраб олиниш даражаси: а) камида 5 нафар ва ундан ортиқ эшитишда ва гапиришда нуқсони бўлган II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бир нафар сурдотаржимон хизмати учун; б) камида 10 нафар ва ундан ортиқ I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бир нафар психолог хизмати учун; в) 1 нафар кўзи ожизлик бўйича I гуруҳ ногиронлиги биринчи маротаба белгиланган шахслар ёки биринчи марта ногиронлар аравачасида ҳаракатланиши белгиланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар бирига ҳамроҳлик хизмати учун. 5. Ариза берувчи: I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматларини ёки уларнинг биттаси ёхуд айримларини йўлга қўйган тадбиркорлик субъекти. 6. Аризани кўриб чиқиш муддатлари: Икки иш куни ичида 7. Субсидия ажратиш шакли: Тадбиркорлик субъектининг банк ҳисобварағига ўтказилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 6-ИЛОВА
____________________ ____________________ (сана) (рақам) Бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматларини кўрсатувчи шахсларни жалб этган тадбиркорлик субъектларига иш ўринларига мослаштириш субсидиясини ажратиш бўйича СЎРОВНОМА 1. Тадбиркорлик субъектининг номи: 2. Юридик шахслар учун солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ёки якка тартибдаги тадбиркорлар учун паспорт серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР): 3. Бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун йўлга қўйилган хизмат тури: ¨ Сурдотаржимон хизмати ¨ Психолог хизмати ¨ Ҳамроҳлик хизмати 4. Жалб этилган хизмат кўрсатувчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) маълумотлари: 5. Хизмат кўрсатилган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) маълумотлари: 6. Хизмат кўрсатилган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар билан тузилган меҳнат шартномасининг реквизитлари: 7. Хизмат йўлга қўйилган сана: 8. Хизмат кўрсатувчига амалга оширилган тўлов суммаси ва реквизитлари: 9. Тадбиркорлик субъектининг банк ҳисобварағи маълумотлари: 10. Телефон рақами: 11. Электрон почта манзили (мавжуд бўлганда) :
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 7-ИЛОВА
Ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар «Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри» ахборот модулига киритиш
1. Электрон реестрга кириш учун мурожаат қилувчи шахслар: Ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахслар. 2. Электрон реестрга кириш учун мурожаат қилиш усуллари: «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига (кейинги ўринларда — «Инсон» маркази) бевосита бориш орқали; «Инсон» марказларининг ижтимоий ходимлари орқали; Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали электрон шаклда. 3. Аризани тўлдириш ва тасдиқлаш тартиби: Ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахс ўзи келиб мурожаат қилганда «Инсон» маркази ходими ёки ижтимоий ходими ариза берувчи номидан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали эса мустақил равишда мурожаат қилади * . Бунда аризада биометрик паспорт (ID-карта) маълумотлари, ишламоқчи бўлган ҳудуд номи ** , телефон рақами кўрсатилади. 4. Аризани кўриб чиқиш муддати: Ариза берувчининг маълумотлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан текширилган ҳолда, реал вақт режимида электрон реестрга киритилади. 5. Электрон реестрга киритишни рад этиш ҳолатлари: Қуйидаги ҳолларда ариза берувчини электрон реестрга киритиш рад этилади *** : ариза берувчи меҳнат қилиш лаёқати ёшига етмаган бўлса; ариза берувчи амалда расмий иш билан банд қилинган бўлса; ариза берувчига нисбатан ногиронлик белгиланмаган бўлса; ариза берувчига нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинланган бўлса; ариза берувчини муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган қарори бўлса. 6. Электрон реестрдан чиқаришга асос бўладиган ҳолатлар: Қуйидаги ҳолларда ногиронлиги бўлган шахс электрон реестрдан чиқарилади: ногиронлиги бўлган шахс вафот этса — ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилган кундан; ногиронлиги бўлган шахс хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетган тақдирда — хорижга чиқиб кетган кундан эътиборан; ногиронлиги бўлган шахснинг хоҳишига кўра — электрон реестрдан чиқиш бўйича ариза берилган кундан эътиборан; ногиронлиги бўлган шахсга нисбатан ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома расмийлаштирилганда — тегишли маълумотнома расмийлаштирилган кундан эътиборан.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 1 июль,
405 -сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
SXEMASI
PASPORTI
PASPORTI
PASPORTI
Nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlash tizimini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 8-maydagi PF-85-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlash tizimini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 8-maydagi PF-85-son Farmoniga muvofiq 2025-yil 1-iyundan boshlab Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan:
I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilgan hamda ularga surdotarjimon, psixolog va hamrohlik xizmatini tashkil qilgan tadbirkorlik subyektlariga ularning xarajatlarini qoplash maqsadida 50 million soʻmgacha subsidiya ajratish;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Andijon, Qashqadaryo, Namangan, Samarqand, Surxondaryo va Fargʻona viloyatlarida, 2026-yil 1-yanvardan boshlab respublikaning qolgan hududlarida I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni kamida 3 oy davomida rasmiy ish bilan band qilish hamda ularga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 2 baravaridan kam boʻlmagan miqdordagi ish haqi toʻlash shartlariga bir vaqtda javob beradigan mehnat sharoitlari asosida ishga qabul qilgan yoki shunday shartlardagi ishga joylashishiga koʻmaklashgan tadbirkorlik subyektlariga 500 million soʻmgacha subsidiya ajratish tartibi yoʻlga qoʻyilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) “Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligiga koʻmaklashish elektron reyestri” axborot moduli (keyingi oʻrinlarda — elektron reyestr) yuritiladi. Bunda:
tadbirkorlik subyektlariga elektron reyestr orqali oʻzlarida mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish, maʼlum bir yoʻnalish yoki mutaxassislik boʻyicha talabga mos nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilish haqida eʼlon berish, shuningdek nogironligi boʻlgan shaxslarning maʼlumotlari bilan tanishib chiqib, oʻzlariga maʼqul kelgan shaxslarni bevosita ishga qabul qilish yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashish imkoniyatlari yaratiladi;
elektron reyestrga ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslar “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari, “YAMIH” AT va Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali berilgan murojaatlar asosida kiritiladi;
“Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlarining ijtimoiy xodimlariga ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslarning roziligi asosida ularning nomidan elektron reyestrga kiritish uchun elektron shaklda ariza berish huquqi beriladi;
b) Agentlikka ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslar hamda ish beruvchilarni izlash boʻyicha interaktiv xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlarini toʻgʻridan-toʻgʻri jalb qilishga ruxsat etiladi.
Bunda tadbirkorlik subyektlariga interaktiv xizmatlarini koʻrsatish uchun elektron reyestrga kiritilgan ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Raqamli hukumat” tizimining Raqamli maʼlumotlar platformasi orqali taqdim etganlik uchun toʻlov undirilmaydi.
4. Nogironligi boʻlgan shaxslarning mehnat huquqlarini roʻyobga chiqarishda nodavlat notijorat tashkilotlarining samarali ishtirokini taʼminlash uchun tadbirkorlik subyektlarida bandligi taʼminlangan nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatlari Agentlik yoki uning hududiy boshqarmalari tomonidan beriladigan davlat ijtimoiy buyurtmasi orqali nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan ham koʻrsatilishiga ruxsat berilsin. Bunda:
nodavlat notijorat tashkilotlariga beriladigan davlat ijtimoiy buyurtmasining qiymati tadbirkorlik subyektida yoʻlga qoʻyilgan xizmatlar uchun ushbu qarorda belgilangan miqdorlardan kelib chiqqan holda aniqlanadi;
nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatlarini nodavlat notijorat tashkilotlari orqali yoʻlga qoʻyilgan tadbirkorlik subyektlariga subsidiya ajratilmaydi.
5. Agentlik uch oy muddatda nogironligi boʻlgan shaxslarni jamiyat hayotida toʻlaqonli ishtirok etishini taʼminlash maqsadida ushbu shaxslarning transport xizmatlaridan foydalanishida qulay va toʻsiqsiz muhit yaratishga qaratilgan Toshkent tajribasini joriy etish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
6. Agentlik Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda:
a) bir oy muddatda:
elektron reyestr ishga tushirilishi hamda “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali vazirlik va idoralarning axborot tizimlari bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin;
“YAMIH” ATda elektron reyestrga kiritilgan nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilgan ish beruvchilar yoki ularning bandligiga koʻmaklashgan tadbirkorlik subyektlari reyestri yuritilishini yoʻlga qoʻysin;
b) ikki oy muddatda YIDXP orqali mazkur qarorda nazarda tutilgan maqsadlarda murojaat qilish imkoniyatini yaratsin.
7. Vazirlar Mahkamasining “Nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligiga koʻmaklashishni ragʻbatlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 20-apreldagi 203-son qarorining 1 va 2-bandlari hamda unga 1-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 1-iyuldagi 405-son qaroriga ILOVA
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom “Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligiga koʻmaklashish elektron reyestri” axborot modulini (keyingi oʻrinlarda — elektron reyestr) yuritish, ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslarning mehnat qilish huquqlarini roʻyobga chiqarishga koʻmaklashish, ularni ish beruvchilar bilan oʻzaro bogʻlash, shuningdek I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlagan yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashgan hamda ushbu shaxslarning mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlagan tadbirkorlik subyektlari hamda xususiy bandlik tashkilotlariga (keyingi oʻrinlarda — tadbirkorlik subyektlari) Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan quyidagi davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etish tartibini belgilaydi:
I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni toʻgʻridan-toʻgʻri rasmiy ishga qabul qilgan tadbirkorlik subyektlariga yoki ularni ish beruvchilarda mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlariga joylashtirishga koʻmaklashgan xususiy bandlik tashkilotlariga subsidiya (keyingi oʻrinlarda — bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi) ajratish;
I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilib, ularning samarali mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan maxsus xizmatlarni (surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmati) yoʻlga qoʻygan tadbirkorlik subyektlariga ushbu xizmatlarni yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq xarajatlarini qoplash uchun xizmat turidan kelib chiqib subsidiya (keyingi oʻrinlarda — ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi) ajratish.
2. Elektron reyestr Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) yuritiladi.
Elektron reyestrda ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslarning sogʻligʻining holati, taʼlim va mehnat faoliyatiga doir maʼlumotlar (keyingi oʻrinlarda — maʼlumotlar) hamda bandligini taʼminlash boʻyicha amalga oshirilgan chora-tadbirlar toʻgʻrisidagi barcha maʼlumotlar (keyingi oʻrinlarda — nogironligi boʻlgan shaxsning bandlik tarixi) aks ettirib boriladi.
3. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslar haqida maʼlumotlar elektron reyestrdan bepul olinadi.
4. Tadbirkorlik subyektlariga ushbu Nizomning 1-bandida nazarda tutilgan subsidiyalar ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida ajratiladi.
2-bob. Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlash yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashish tartibi
5. Tadbirkorlik subyektlari elektron reyestrga oʻzlarida mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish, maʼlum bir yoʻnalish yoki mutaxassislik boʻyicha talabga mos nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilish haqida eʼlon berish, shuningdek nogironligi boʻlgan shaxslarning maʼlumotlari bilan tanishib chiqib, oʻzlariga maʼqul kelgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish maqsadida “YAMIH” ATda elektron ofertani tasdiqlash orqali bepul va ixtiyoriy asosda avtorizatsiyadan oʻtadi. Bunda xususiy bandlik tashkilotlari nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlashga koʻmaklashuvchi sifatida avtorizatsiyadan oʻtadi.
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan “YAMIH” ATda avtorizatsiyadan oʻtishda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi hamda elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) yoki “YAMIH” ATda yagona identifikatsiya tizimi (OneID) orqali tasdiqlanadi:
yuridik shaxslar uchun soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), telefon raqami, manzili, ishonchli vakil haqidagi maʼlumotlar;
yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun biometrik pasport (identifikatsiyalovchi ID-karta) maʼlumotlari, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), telefon raqami, manzili, ishonchli vakil haqidagi maʼlumotlar.
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan koʻrsatilgan maʼlumotlar toʻgʻriligi hamda ularning faoliyati tugatilmaganligi aniqlangan taqdirda, ular uchun “YAMIH” ATda shaxsiy kabinet ochiladi.
6. Tadbirkorlik subyektlari quyidagi usullarda nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligiga koʻmaklashadi:
a) elektron reyestrga ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda oʻzlarida mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish orqali;
b) elektron reyestrda maʼlum bir yoʻnalish yoki mutaxassislik boʻyicha nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilish toʻgʻrisida eʼlon berish orqali;
v) elektron reyestrga kiritilgan nogironligi boʻlgan shaxslarning maʼlumotlari bilan tanishib chiqib, oʻzlariga maʼqul kelgan shaxslarni tanlagan holda, ularni bevosita ishga qabul qilish yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashish boʻyicha soʻrovnoma yuborish orqali.
Bunda xususiy bandlik tashkilotlari mazkur bandning “v” kichik bandida belgilangan usulda elektron reyestrga kiritilgan nogironligi boʻlgan shaxslarni maʼlum bir ish beruvchilarda mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlariga ishga joylashtirish orqali ularning bandligiga koʻmaklashishi mumkin.
7. Nogironligi boʻlgan shaxs ushbu Nizomning 6-bandi “a” kichik bandiga muvofiq tadbirkorlik subyektlari tomonidan kiritilgan boʻsh (vakant) ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bilan tanishib chiqib, oʻziga maʼqul kelgan ish oʻrniga ishga joylashish boʻyicha soʻrovnoma yuborishi mumkin.
Bunda tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻzlarida mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar zaruratga koʻra doimiy yangilab boriladi.
8. Nogironligi boʻlgan shaxslar tomonidan yuborilgan soʻrovnoma tadbirkorlik subyektiga uning “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabinetiga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun yuboriladi. Bunda soʻrovnoma tadbirkorlik subyekti tomonidan koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi yoki aniq sabablarini koʻrsatgan holda rad etiladi. Soʻrovnoma tasdiqlangan taqdirda, tadbirkorlik subyekti va nogironligi boʻlgan shaxs oʻrtasida mehnat shartnomasi rasmiylashtiriladi.
9. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan ushbu Nizomning 6-bandi “b” kichik bandiga muvofiq eʼlon berilgan taqdirda, “YAMIH” AT tomonidan avtomatik ravishda tadbirkorlik subyektlari talabiga mos keladigan elektron reyestrda mavjud nogironligi boʻlgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ularning “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabinetiga xabarnoma shaklida yuboriladi. Bunda:
tadbirkorlik subyektlari tomonidan xabarnomada koʻrsatilgan nogironligi boʻlgan shaxslardan oʻzlariga maʼqul kelgan shaxslarni ishga qabul qilish boʻyicha soʻrovnoma shakllantiriladi hamda koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun mazkur shaxslarga SMS-xabarnoma yoki “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabineti orqali yuboriladi;
soʻrovnoma nogironligi boʻlgan shaxs tomonidan koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi yoki aniq sabablarini koʻrsatgan holda rad etiladi. Soʻrovnoma tasdiqlangan taqdirda, tadbirkorlik subyekti va nogironligi boʻlgan shaxs oʻrtasida mehnat shartnomasi rasmiylashtiriladi.
10. Tadbirkorlik subyektlari ushbu Nizom 6-bandining “v” kichik bandiga muvofiq elektron reyestrdagi nogironligi boʻlgan shaxslarning maʼlumotlari bilan tanishib chiqib, oʻzlariga maʼqul kelgan shaxslarni tanlab, ularni bevosita ishga qabul qilish yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashish boʻyicha soʻrovnoma yuborishi mumkin. Bunda:
soʻrovnoma nogironligi boʻlgan shaxsga SMS-xabarnoma yoki “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabineti orqali tanishib chiqish va tasdiqlash uchun yoʻnaltiriladi;
elektron reyestrga kiritilgan bitta nogironligi boʻlgan shaxs boʻyicha bir nechta tadbirkorlik subyekti tomonidan uni bevosita ishga qabul qilish yoki xususiy bandlik tashkilotlari tomonidan bandligini taʼminlashga koʻmaklashish boʻyicha soʻrovnoma yuborilishi mumkin.
11. Ushbu Nizomning 10-bandiga muvofiq yuborilgan soʻrovnomada tadbirkorlik subyektining faoliyat turi, taklif etilayotgan lavozim nomi va lavozim majburiyatlari hamda oylik ish haqi miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
Agar soʻrovnoma xususiy bandlik tashkilotlari tomonidan yuborilgan boʻlsa, unda ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan maʼlumotlarga qoʻshimcha ravishda nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qiluvchi ish beruvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ham koʻrsatiladi.
12. Soʻrovnoma xususiy bandlik tashkilotlari tomonidan yuborilgan taqdirda, u dastlab unda koʻrsatilgan ish beruvchining “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksidagi (keyingi oʻrinlarda — “YAMMT” IDAK) shaxsiy kabinetiga tanishib chiqish va maʼqullash uchun yoʻnaltiriladi.
Ish beruvchi soʻrovnomada koʻrsatilgan nogironligi boʻlgan shaxsning maʼlumotlari bilan tanishib chiqib, uni ishga qabul qilishni tasdiqlashi yoki tasdiqlashni rad etishi mumkin.
Agar soʻrovnoma ish beruvchi tomonidan tasdiqlangan taqdirda, u tanishib chiqish va tasdiqlash uchun nogironligi boʻlgan shaxsga yoʻnaltiriladi.
13. Nogironligi boʻlgan shaxs tomonidan soʻrovnoma bilan tanishib chiqiladi va tasdiqlanadi yoki rad etishning aniq sabablarini belgilagan holda rad etiladi.
Soʻrovnoma nogironligi boʻlgan shaxs tomonidan tasdiqlanganidan soʻng tadbirkorlik subyekti va nogironligi boʻlgan shaxs oʻrtasida yoki xususiy bandlik tashkilotining soʻrovnomasida koʻrsatilgan ish beruvchi va nogironligi boʻlgan shaxs oʻrtasida mehnat shartnomasi rasmiylashtiriladi.
14. Ushbu Nizomga muvofiq nogironligi boʻlgan shaxslar bilan mehnat shartnomasi rasmiylashtirilganda, bu toʻgʻrisidagi maʼlumotlar avtomatik ravishda “YAMMT” IDAKdan elektron reyestrga yuboriladi.
15. Quyidagi holatlar yuzaga kelganda elektron reyestrga kiritilgan nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilish yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashish boʻyicha soʻrovnomani yuborish imkoniyati cheklab qoʻyiladi:
nogironligi boʻlgan shaxs rasmiy band boʻlganda;
nogironligi boʻlgan shaxsga nisbatan ozodlikdan mahrum etish jazosi tayinlanganda;
nogironligi boʻlgan shaxsni muomalaga layoqatsiz yoki muomalaga layoqati cheklangan deb topish toʻgʻrisidagi sudning qarori qonuniy kuchga kirganda.
Bunda mazkur bandda koʻrsatilgan holatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali vazirlik va idoralarning axborot tizimlaridan har oyda bir marotaba soʻrov yuborish orqali olinadi.
16. Nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligi holati va ularga hisoblangan ish haqi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali real vaqt rejimida olinadi hamda ushbu maʼlumotlar nogironligi boʻlgan shaxsning bandlik tarixida aks ettiriladi.
17. Ushbu Nizomga muvofiq nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligiga koʻmaklashish boʻyicha yuboriladigan soʻrovnomalar va xabarnomalar “YAMIH” AT tomonidan avtomatik ravishda, nogironligi boʻlgan shaxslar amalda yashaydigan joydagi “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari (keyingi oʻrinlarda — “Inson” markazi)ga yoʻnaltirib boriladi.
3-bob. Bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini ajratish tartibi
18. Bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq elektron reyestrda turgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxsni kamida 3 oy davomida uzluksiz rasmiy bandligini taʼminlagan hamda mazkur davrda unga har oyda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 2 baravaridan kam boʻlmagan miqdorda ish haqi toʻlagan yoki ushbu shartlarda ish oʻrinlariga joylashtirishga koʻmaklashgan tadbirkorlik subyektlariga ajratiladi.
Bunda elektron reyestrda turgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxsni rasmiy bandligi taʼminlangan oyda ishga qabul qilingan sanadan qatʼiy nazar, mehnatga haq toʻlash boʻyicha shart bajarilgan taqdirda, mazkur nogironligi boʻlgan shaxs bir oy davomida rasmiy band qilingan deb hisoblanadi.
19. Tadbirkorlik subyektlari ushbu Nizomning 18-bandida belgilangan shartlarni bajarilgandan yoki bajarilishi taʼminlangandan keyin olti oy ichida “YAMIH” AT yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini olish uchun ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq shaklda elektron soʻrovnomani toʻldirish orqali murojaat qiladi. Bunda:
soʻrovnoma ERI yoki yagona identifikatsiya tizimi (OneID) orqali tasdiqlanadi;
bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi olish uchun YIDXP orqali murojaat qilinganda, murojaat avtomatik ravishda “YAMIH” ATga yoʻnaltiriladi.
20. Tadbirkorlik subyektlarining murojaati kelib tushgandan soʻng ikki ish kuni ichida ushbu Nizomning 18-bandida belgilangan shartlar bajarilganligi “YAMIH” ATda “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlarida mavjud quyidagi maʼlumotlar asosida oʻrganiladi:
elektron reyestrda bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning mavjudligi;
“YAMMT” IDAK bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxs bilan tuzilgan mehnat shartnomasining roʻyxatdan oʻtkazilganligi;
Soliq qoʻmitasining axborot tizimlarida bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxsga uning bandligi taʼminlangandan soʻng uch oy mobaynida ushbu Nizomning 18-bandida belgilangan miqdordagi ish haqi hisoblanganligi.
21. “YAMIH” ATda ushbu Nizomning 18-bandida nazarda tutilgan shartlar bajarilganligi yoki bajarilishi taʼminlanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aniqlanganda, murojaat qilgan tadbirkorlik subyektiga bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi ajratilishi tasdiqlanadi. Bunda ajratiladigan subsidiyaning miqdori tadbirkorlik subyektining soʻrovnomasida koʻrsatilgan va ushbu Nizomning 18-bandida belgilangan shartlar bajarilgan holda bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar sonidan kelib chiqqan holda “YAMIH” ATda avtomatik ravishda hisoblanadi.
Bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi miqdori hisoblanganidan soʻng avtomatik ravishda “YAMIH” ATda elektron toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi shakllantirilib, bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini tadbirkorlik subyektiga ajratish uchun Jamgʻarmaga yuboriladi.
22. Quyidagi hollarda bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini ajratish rad etiladi:
tadbirkorlik subyektining soʻrovnomasini oʻrganish jarayonida tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlaridan ushbu Nizomning 20-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar mavjudligi aniqlanmaganda;
tadbirkorlik subyekti tomonidan bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxs uchun muqaddam bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi ajratilganligi aniqlanganda.
23. Jamgʻarma unga kelib tushgan toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi asosida bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi mablagʻlarini Jamgʻarmaning maxsus gʻazna hisobvaragʻidan Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimlari orqali tadbirkorlik subyektining tijorat bankdagi hisobvaragʻiga avtomatik ravishda oʻtkazadi.
Bunda bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi toʻlab berilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “YAMIH” ATda tadbirkorlik subyektlarining shaxsiy kabinetiga elektron xabarnoma koʻrinishida yuboriladi.
4-bob. Ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish tartibi
24. Ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi ushbu Nizomga 5-ilovaga muvofiq bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatini tashkil qilgan tadbirkorlik subyektlarining ushbu xizmatlarni tashkil qilish bilan bogʻliq xarajatlarini qisman qoplash maqsadida ajratiladi. Bunda surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmati quyidagi nogironligi boʻlgan shaxslar uchun tashkil etiladi:
klinik tashxisi Xalqaro kasalliklar va salomatlik bilan bogʻliq boʻlgan muammolar tasnifi (Oʻzbekiston Respublikasida foydalanish uchun moslashtirilgan V MKB-10 klassi) (keyingi oʻrinlarda — MKB-10) boʻyicha N 90 — 90.8 boʻlgan II guruh yoki Q16 nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon xizmati;
klinik tashxisi MKB-10 boʻyicha N 00 — 59.9, Q 10 — 15 va S 07.8 boʻlgan koʻzi ojizlik boʻyicha I guruh nogironligi birinchi marotaba belgilangan shaxslar, shuningdek klinik tashxisidan qatʼi nazar birinchi marta nogironlar aravachasida harakatlanishi belgilangan nogironligi boʻlgan shaxslar uchun hamrohlik xizmati;
klinik tashxisidan qatʼi nazar barcha I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun psixolog xizmati.
25. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni ish jarayonida qoʻllab-quvvatlash uchun jalb etiluvchi surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatini koʻrsatuvchi shaxslar (keyingi oʻrinlarda — xizmat koʻrsatuvchi shaxslar) “YAMIH” ATda yuritiladigan Nogironligi boʻlgan shaxslar mehnatini qoʻllab-quvvatlash xizmatlarini koʻrsatuvchi shaxslar elektron roʻyxatiga (keyingi oʻrinlarda — elektron roʻyxat) kiritilgan jismoniy shaxslar orasidan jalb etiladi. Bunda:
a) surdotarjimon yoki psixolog xizmatini koʻrsatmoqchi boʻlgan shaxslar mazkur sohada oliy maʼlumotga ega boʻlishi yoki davlat taʼlim tashkilotlarida kasbiy va pedagogik qayta tayyorlov kurslarini tamomlagan boʻlishi talab etiladi.
Respublika kasbiy koʻnikmalar markazi yoki Oʻzbekiston karlar jamiyati tomonidan surdotarjimonlik yoʻnalishida tashkil etiladigan oʻquv kurslari yoki qayta tayyorlov kurslarini oʻqib tugatgan shaxslar tomonidan surdotarjimon xizmati koʻrsatilishi mumkin.
b) hamrohlik xizmati qonunchilikda belgilangan tartibda hamrohlik xizmatini koʻrsatish boʻyicha oʻzini oʻzi band qiladigan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan shaxslarni jalb etish orqali yoʻlga qoʻyiladi.
26. Xizmat koʻrsatuvchi shaxslar elektron roʻyxatga kirish uchun “YAMIH” ATda quyidagi maʼlumotlarni koʻrsatgan holda murojaat yuboradi:
jismoniy shaxsning biometrik pasport (identifikatsiyalovchi ID-karta) maʼlumotlari hamda telefon raqami;
xizmat koʻrsatmoqchi boʻlgan hudud(lar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
davlat taʼlim tashkilotlarining kasbiy va pedagogik qayta tayyorlov kurslarini tamomlagan yoki respublika kasbiy koʻnikmalar markazi yoxud Oʻzbekiston karlar jamiyati tomonidan tashkil etiladigan oʻquv kurslari yoki qayta tayyorlov kurslarini oʻqib tugatgan shaxslar, ushbu maʼlumotni tasdiqlovchi hujjatlarni (diplom, sertifikat) ilova qilish orqali.
Tegishli maʼlumotlar kiritilgandan soʻng murojaat xizmat koʻrsatuvchi shaxslar tomonidan yagona identifikatsiya tizimi (OneID) orqali tasdiqlanadi.
27. Xizmat koʻrsatuvchi shaxslar tomonidan murojaat tasdiqlanganidan soʻng ular toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlar “YAMIH” ATda orqali avtomatik ravishda tekshiriladi:
surdotarjimon yoki psixolog xizmatini koʻrsatuvchi shaxsning mazkur sohalarda oliy maʼlumotga ega ekanligini — Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining axborot tizimlaridan;
hamrohlik xizmatini koʻrsatuvchi jismoniy shaxsning oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtganligi — Soliq qoʻmitasining axborot tizimlaridan.
Xizmat koʻrsatuvchi shaxslar tomonidan ushbu Nizomning 26-bandi toʻrtinchi xatboshisida koʻrsatilgan hujjatlar ilova qilingan holda, murojaat etilgan taqdirda, mazkur hujjatlar “YAMIH” AT orqali Agentlikning tegishli hududiy boshqarmalari tomonidan ikki ish kuni ichida koʻrib chiqilib, tekshiriladi.
28. Tekshirish natijasida xizmat koʻrsatuvchi shaxslar toʻgʻrisidagi ushbu Nizomning 27-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar mavjudligi aniqlangan yoki oʻz tasdigʻini topgan taqdirda, ular elektron roʻyxatga kiritiladi.
Xizmat koʻrsatuvchi shaxslar toʻgʻrisidagi ushbu Nizomning 27-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlarning mavjud emasligi yoki oʻz tasdigʻini topmaganligi, ularni elektron roʻyxatga kiritishni rad etishga asos boʻladi.
29. Tadbirkorlik subyektlari surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatini koʻrsatuvchi shaxslarni tegishli xizmatni koʻrsatish uchun jalb etgan oydan keyingi oyning 26-sanasiga qadar ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini olish uchun “YAMIH” AT yoki YIDXP orqali mustaqil ravishda ushbu Nizomga 6-ilovaga muvofiq shakldagi elektron soʻrovnomani toʻldirish orqali murojaat qiladi. Bunda soʻrovnoma ERI yoki yagona identifikatsiya tizimi (OneID) orqali tasdiqlanadi.
30. Tadbirkorlik subyektlarining murojaati kelib tushgandan soʻng ikki ish kuni ichida “YAMIH” ATda “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlarida mavjud quyidagi maʼlumotlar asosida soʻrovnomadagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi quyidagi tartibda tekshiriladi:
surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatini koʻrsatuvchi shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar — “YAMIH” ATdagi elektron roʻyxat orqali;
surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatini koʻrsatuvchi shaxslar bilan tuzilgan mehnat yoki fuqarolik huquqiy shartnomasi maʼlumotlari va unga muvofiq amalga oshirilgan toʻlovlar miqdori — tegishliligi boʻyicha “YAMMT” IDAK va Soliq qoʻmitasining tegishli maʼlumotlar bazalari orqali;
surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmati koʻrsatilayotgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar bilan tuzilgan mehnat shartnomasi maʼlumotlari — “YAMMT” IDAK orqali;
surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmati koʻrsatilayotgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi ajratiladigan davr uchun ish haqi toʻlanganligi — Soliq qoʻmitasining tegishli maʼlumotlar bazalari orqali.
31. Tadbirkorlik subyektining murojaatini koʻrib chiqishda mazkur Nizomning 30-bandida belgilangan maʼlumotlar aniqlangan taqdirda, ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish yoki rad etish “YAMIH” AT tomonidan avtomatik ravishda tasdiqlanadi. Bunda:
ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish tasdiqlangan taqdirda, avtomatik ravishda “YAMIH” ATda elektron toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi shakllantirilib, ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini tadbirkorlik subyektiga ajratish uchun Jamgʻarmaga yuboriladi;
ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish rad etilgan taqdirda, rad etishning aniq sabablarini koʻrsatgan holda tadbirkorlik subyektining “YAMIH” AT yoki YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga QR-kod (matrik shtrixli kod) bilan tasdiqlangan xabarnoma yuboriladi.
32. Ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasining miqdori “YAMIH” ATda ushbu Nizomning 30 va 31-bandlarida nazarda tutilgan tadbirlar amalga oshirilgandan soʻng, ushbu Nizomga 5-ilovaga muvofiq pasportda belgilangan miqdorda hisoblanadi va murojaat qilingan kundan boshlab ikki ish kuni ichida toʻlanadi. Bunda:
ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasining miqdori tadbirkorlik subyektining soʻrovnomasida koʻrsatilgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatini koʻrsatayotgan shaxslarga toʻlangan toʻlovlar toʻgʻrisidagi maʼlumotnomada yoki elektron hisob-fakturada koʻrsatilgan toʻlovlar miqdoridan qatʼi nazar, ushbu Nizomga 5-ilovaga muvofiq pasportda belgilangan miqdorda toʻlanadi;
tadbirkorlik subyekti tomonidan ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini olish uchun murojaat qilingan davr uchun surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmati koʻrsatilgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga ish haqi toʻlanmaganligi aniqlanganda, ushbu xizmatlar uchun ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi hisoblanmaydi.
33. Jamgʻarma ushbu Nizomning 31-bandiga muvofiq kelib tushgan toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi asosida ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi mablagʻlarini Jamgʻarmaning maxsus gʻazna hisobvaragʻidan Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimlari orqali tadbirkorlik subyektining tijorat bankdagi hisobvaragʻiga avtomatik ravishda oʻtkazadi.
Bunda ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi toʻlab berilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “YAMIH” ATda tadbirkorlik subyektlarining shaxsiy kabinetiga elektron xabarnoma koʻrinishida yuboriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Ushbu Nizomga muvofiq nogironligi boʻlgan shaxslarga SMS-xabarnoma yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.
35. Ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslar ushbu Nizomga 7-ilovaga muvofiq pasportda nazarda tutilgan tartibda elektron reyestrga ixtiyoriy asosda bepul kiritiladi.
36. Mazkur Nizomda belgilangan tartibga muvofiq tadbirkorlik subyekti boʻlmagan boshqa ish beruvchilar tomonidan elektron reyestrga kiritilgan nogironligi boʻlgan shaxslarning maʼlumotlari bilan tanishib chiqish va ularning bandligiga koʻmaklashishi imkoniyatlari yaratiladi.
37. Ish beruvchilar, shu jumladan, tadbirkorlik subyektlari va xususiy bandlik tashkilotlari hamda “Inson” markazi ushbu Nizomga muvofiq olingan shaxsga doir maʼlumotlarning qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ishlov berilishi va sir saqlanishini taʼminlaydi.
38. Mazkur Nizomning 18-bandida belgilangan talablarni bajarish orqali bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi mablagʻlarini olish maqsadida tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻzlari tomonidan band qilingan yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashilgan nogironligi boʻlgan shaxslarni ish oʻrinlariga moslashtirish, zarurat boʻlganda malakasini oshirish va ularni ijtimoiylashuviga koʻmaklashish choralari koʻrib boriladi.
39. Ushbu Nizom shartlari asosida bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi yoki ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini olayotgan tadbirkorlik subyektlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq nogironligi boʻlgan shaxslar bandligiga koʻmaklashishga qaratilgan boshqa turdagi subsidiya va imtiyozlarni ham belgilangan tartibda olishga haqli.
Agar bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi yoki ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi tadbirkorlik subyektlari tomonidan notoʻgʻri kiritilgan (koʻrsatilgan) maʼlumotlar asosida yoki texnik kamchiliklar yoxud hisob-kitoblardagi xatoliklar tufayli notoʻgʻri toʻlangan taqdirda, mazkur mablagʻlar ularning notoʻgʻri toʻlanganligi aniqlangan sanadan boshlab tadbirkorlik subyektlari tomonidan Jamgʻarmaga bir oy ichida qaytarilishi lozim. Bunda ixtiyoriy ravishda Jamgʻarmaga qaytarilmagan yoki toʻliq qaytarilmagan mablagʻ sud tartibida undiriladi.
40. “Inson” markazi xodimlari, Ijtimoiy inspeksiya va uning hududiy boʻlinmalari xodimlari joyiga chiqqan holda, ushbu Nizomga muvofiq ishga qabul qilingan nogironligi boʻlgan shaxslarning haqiqatdan ishlayotganligini, nogironligi boʻlgan shaxslarga tegishliligi boʻyicha surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatlari yoʻlga qoʻyilganlik holatlarini monitoring qilish va ular bilan suhbatlashib, ish oʻrinlaridagi sharoitlar bilan tanishishga haqli.
41. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlashda ishtirok etgan tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha subsidiyalar ajratish va toʻlash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari I. Tadbirkorlik subyektlariga bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini ajratish va toʻlash tartibi 1-bosqich Tadbirkorlik subyektlari (xususiy bandlik tashkilotlari) 1. I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni belgilangan shartlarga bir vaqtda javob beradigan mehnat sharoitlari asosida ishga qabul qiladi yoki shunday shartlarga javob beradigan maʼlum bir ish beruvchida band qiladi. Oʻz xohishiga koʻra 2. “Yagona milliy ijtimoiy himoya” AT (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini olish uchun murojaat qiladi. Subsidiya olish uchun belgilangan shartlar toʻliq bajarilgandan soʻng oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich “YAMIH” AT 1. Bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi ajratishda asos boʻladigan maʼlumotlar “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlaridan tekshiriladi hamda bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini ajratish yoki ajratishni rad etish tasdiqlanadi. Ikki ish kunida 2. Bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi ajratish tasdiqlangandan soʻng, toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi shakllantirilib, Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasiga yuboriladi. Avtomatik ravishda 3-bosqich Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi Bandlikka koʻmaklashish subsidiyasi mablagʻlari Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasining gʻazna hisobvaragʻidan Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimlari orqali tadbirkorlik subyektining tijorat bankdagi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi. Toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi kelib tushgandan soʻng avtomatik ravishda II. Tadbirkorlik subyektlariga ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish tartibi 1-bosqich Tadbirkorlik subyektlari 1. Bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatlarini tashkil etishda mazkur xizmatlarni koʻrsatuvchi shaxslarni jalb etadi. Oʻz xohishiga koʻra 2. Ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini olish uchun “YAMIH” AT yoki YIDXP orqali ariza bilan murojaat qiladi. Tegishli xizmat yoʻlga qoʻyilgan oydan keyingi oyning 16-sanasiga qadar oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich “YAMIH” AT 1. Ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini olish uchun berilgan soʻrovnomani koʻrib chiqish yakuni boʻyicha ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish yoki rad etish tasdiqlanadi. Ikki ish kunida 2. Ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish tasdiqlangan taqdirda, elektron toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi shakllantirilib, ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini tadbirkorlik subyektiga ajratish uchun Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasiga yuboriladi. Avtomatik ravishda 3-bosqich Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi Ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasi mablagʻlarini Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasining gʻazna hisobvaragʻidan Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimlari orqali tadbirkorlik subyektining tijorat bankdagi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi. Toʻlov qaydnomasi va toʻlov topshiriqnomasi kelib tushgandan soʻng avtomatik ravishda
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
____________________ ____________________ (sana) (raqam) “Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligiga koʻmaklashish elektron reyestri” axborot moduliga ish beruvchilarning oʻzlarida mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylashtirish boʻyicha NAMUNAVIY SHAKL Boʻsh (vakant) ish oʻrni boʻyicha maʼlumotlar: 1. Boʻsh (vakant) ish oʻrni boʻyicha lavozim nomi: 2. Boʻsh (vakant) ish oʻrni toʻgʻrisida qisqacha maʼlumot: 3. Boʻsh (vakant) ish oʻrni boʻyicha ish haqi miqdori: 4. Boʻsh (vakant) ish oʻrni boʻyicha taklif etiladigan nomzodning jinsi: ¨ Erkak ¨ Ayol 5. Boʻsh (vakant) ish oʻrni boʻyicha beriladigan qoʻshimcha mehnat sharoitlari: ¨ Bepul tushlik ¨ Imtiyozli transport xizmati ¨ Oziq-ovqat mahsulotlari taqdim etish ¨ Ish natijadorligiga koʻra qoʻshimcha toʻlov ¨ Maxsus kiyimlar taqdim etish ¨ Boshqalar 6. Boʻsh (vakant) ish oʻrni boʻyicha nomzodning fiziologik holatiga qoʻyiladigan talablar: ¨ Eshita oladi ¨ Gapira oladi ¨ Koʻra oladi ¨ Mustaqil harakatlana oladi ¨ Qoʻl bilan bogʻliq ishlarni bajara oladi
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlagan yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashgan tadbirkorlik subyektlari yoki xususiy bandlik tashkilotlariga bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini ajratish
1. Subsidiyaning ajratish maqsadi: I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarning mehnat qilish huquqlarini roʻyobga chiqarishga koʻmaklashish va qoʻllab-quvvatlash. 2. Subsidiyaning umumiy eng yuqori miqdori: Bitta tadbirkorlik subyekti yoki xususiy bandlik tashkilotiga 500 mln soʻmgacha miqdorda. 3. Subsidiya ajratishning davriyligi va chegarasi: Bir nafar I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxs uchun bitta tadbirkorlik subyekti yoki xususiy bandlik tashkilotiga faqat bir marotaba mehnatga haq toʻlashning eng miqdorining 3 baravari miqdorida. 4. Subsidiya ajratiladigan shaxslar: “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) belgilangan tartibda avtorizatsiyadan oʻtgan holda, I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni bevosita bandligini taʼminlagan tadbirkorlik subyektlari; “YAMIH” ATda belgilangan tartibda avtorizatsiyadan oʻtgan holda, I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni maʼlum bir ish beruvchi orqali bandligini taʼminlagan xususiy bandlik tashkilotlari. 5. Subsidiya ajratish shartlari: Subsidiya quyidagi shartlar bajarilgan yoki bajarilishi taʼminlanganda ajratilishi mumkin: I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq rasmiy band qilib, uzluksiz kamida 3 oy davomida rasmiy ish bilan band qilganda; ushbu davr mobaynida ularga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 2 baravaridan kam boʻlmagan ish haqi toʻlanganda. 6. Subsidiya ajratish uchun asos boʻladigan hujjatlar: a) “Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligiga koʻmaklashish elektron reyestri” axborot modulida bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning mavjudligi; b) “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksida bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxs bilan tuzilgan mehnat shartnomasining roʻyxatdan oʻtkazilganligi; v) Soliq qoʻmitasining axborot tizimlarida bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxsga uzluksiz kamida uch oy mobaynida mazkur Pasportning 5-pozitsiyasida belgilangan miqdordagi ish haqi hisoblanganligi. 7. Arizani koʻrib chiqish muddatlari: Ikki ish kuni ichida. 8. Subsidiyani ajratish shakli: Tadbirkorlik subyekti yoki xususiy bandlik tashkilotining bank hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
____________________ ____________________ (sana) (raqam) I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlagan yoki bandligini taʼminlashga koʻmaklashgan tadbirkorlik subyektlari yoki xususiy bandlik tashkilotlariga bandlikka koʻmaklashish subsidiyasini ajratish boʻyicha SOʻROVNOMA 1. Tadbirkorlik subyektining nomi: 2. Yuridik shaxslar uchun soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR) yoki yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun pasport seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR): 3. I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni bandligini taʼminlash usuli: ¨ Nogironligi boʻlgan shaxsni bevosita ish beruvchi sifatida toʻgʻridan-toʻgʻri bandligi taʼminlangan ¨ Nogironligi boʻlgan shaxsni ish beruvchilarda mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlariga joylashtirish orqali bandligi taʼminlangan 4. Bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarning jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) maʼlumotlari: 5. Tadbirkorlik subyektining bank hisobvaragʻi maʼlumotlari: 6. Telefon raqami: 7. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlganda) :
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatlarini yoʻlga qoʻyish hamda ularga ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish
1. Subsidiyaning ajratish maqsadi: Bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni moʻtadil va samarali ishlab ketishini qoʻllab-quvvatlash * . 2. Subsidiyaning umumiy eng yuqori miqdori: Bitta tadbirkorlik subyekti uchun 50 mln soʻmgacha miqdorda. 3. Subsidiyaning har oylik miqdori ** : a) surdotarjimon xizmati uchun bazaviy hisoblash miqdorining 8 baravari; b) psixolog xizmati uchun bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari; v) hamrohlik xizmati uchun bazaviy hisoblash miqdorining 5 baravari *** . 4. Subsidiya ajratishda xizmat bilan qamrab olinish darajasi: a) kamida 5 nafar va undan ortiq eshitishda va gapirishda nuqsoni boʻlgan II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga bir nafar surdotarjimon xizmati uchun; b) kamida 10 nafar va undan ortiq I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga bir nafar psixolog xizmati uchun; v) 1 nafar koʻzi ojizlik boʻyicha I guruh nogironligi birinchi marotaba belgilangan shaxslar yoki birinchi marta nogironlar aravachasida harakatlanishi belgilangan nogironligi boʻlgan shaxslarning har biriga hamrohlik xizmati uchun. 5. Ariza beruvchi: I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon, psixolog va hamrohlik xizmatlarini yoki ularning bittasi yoxud ayrimlarini yoʻlga qoʻygan tadbirkorlik subyekti. 6. Arizani koʻrib chiqish muddatlari: Ikki ish kuni ichida 7. Subsidiya ajratish shakli: Tadbirkorlik subyektining bank hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 6-ILOVA
____________________ ____________________ (sana) (raqam) Bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun surdotarjimon, psixolog yoki hamrohlik xizmatlarini koʻrsatuvchi shaxslarni jalb etgan tadbirkorlik subyektlariga ish oʻrinlariga moslashtirish subsidiyasini ajratish boʻyicha SOʻROVNOMA 1. Tadbirkorlik subyektining nomi: 2. Yuridik shaxslar uchun soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR) yoki yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun pasport seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR): 3. Bandligi taʼminlangan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun yoʻlga qoʻyilgan xizmat turi: ¨ Surdotarjimon xizmati ¨ Psixolog xizmati ¨ Hamrohlik xizmati 4. Jalb etilgan xizmat koʻrsatuvchining jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) maʼlumotlari: 5. Xizmat koʻrsatilgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarning jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) maʼlumotlari: 6. Xizmat koʻrsatilgan I va (yoki) II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar bilan tuzilgan mehnat shartnomasining rekvizitlari: 7. Xizmat yoʻlga qoʻyilgan sana: 8. Xizmat koʻrsatuvchiga amalga oshirilgan toʻlov summasi va rekvizitlari: 9. Tadbirkorlik subyektining bank hisobvaragʻi maʼlumotlari: 10. Telefon raqami: 11. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlganda) :
Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 7-ILOVA
Ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslar “Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligiga koʻmaklashish elektron reyestri” axborot moduliga kiritish
1. Elektron reyestrga kirish uchun murojaat qiluvchi shaxslar: Ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxslar. 2. Elektron reyestrga kirish uchun murojaat qilish usullari: “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlariga (keyingi oʻrinlarda — “Inson” markazi) bevosita borish orqali; “Inson” markazlarining ijtimoiy xodimlari orqali; Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi orqali elektron shaklda. 3. Arizani toʻldirish va tasdiqlash tartibi: Ishlash istagidagi nogironligi boʻlgan shaxs oʻzi kelib murojaat qilganda “Inson” markazi xodimi yoki ijtimoiy xodimi ariza beruvchi nomidan, Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi orqali esa mustaqil ravishda murojaat qiladi * . Bunda arizada biometrik pasport (ID-karta) maʼlumotlari, ishlamoqchi boʻlgan hudud nomi ** , telefon raqami koʻrsatiladi. 4. Arizani koʻrib chiqish muddati: Ariza beruvchining maʼlumotlari “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlaridan tekshirilgan holda, real vaqt rejimida elektron reyestrga kiritiladi. 5. Elektron reyestrga kiritishni rad etish holatlari: Quyidagi hollarda ariza beruvchini elektron reyestrga kiritish rad etiladi *** : ariza beruvchi mehnat qilish layoqati yoshiga yetmagan boʻlsa; ariza beruvchi amalda rasmiy ish bilan band qilingan boʻlsa; ariza beruvchiga nisbatan nogironlik belgilanmagan boʻlsa; ariza beruvchiga nisbatan ozodlikdan mahrum etish jazosini tayinlangan boʻlsa; ariza beruvchini muomalaga layoqatsiz yoki muomalaga layoqati cheklangan deb topish toʻgʻrisidagi sudning qonuniy kuchga kirgan qarori boʻlsa. 6. Elektron reyestrdan chiqarishga asos boʻladigan holatlar: Quyidagi hollarda nogironligi boʻlgan shaxs elektron reyestrdan chiqariladi: nogironligi boʻlgan shaxs vafot etsa — oʻlim haqidagi dalolatnoma yozuvi qayd etilgan kundan; nogironligi boʻlgan shaxs xorijga doimiy yashash uchun chiqib ketgan taqdirda — xorijga chiqib ketgan kundan eʼtiboran; nogironligi boʻlgan shaxsning xohishiga koʻra — elektron reyestrdan chiqish boʻyicha ariza berilgan kundan eʼtiboran; nogironligi boʻlgan shaxsga nisbatan nogironligi boʻlgan shaxs deb eʼtirof etilmaganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma rasmiylashtirilganda — tegishli maʼlumotnoma rasmiylashtirilgan kundan eʼtiboran.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 1-iyul,
405 -son