UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 7-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 7 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ТАРКИБИ

РЎЙХАТИ

Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш, чақирилувчиларни маҳаллада ўрганиш ва муддатли ҳарбий хизматга танлаб олишда мудофаа ишлари органларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматга танлаб олишни ташкил этиш ва ўтказиш;

Чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматни ўташга тайёрлигини баҳолаш бўйича танлов кенгашининг таркибини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, бошқа давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг чақирилувчиларни танлаб олиш жараёнидаги вазифалари;

танлов натижалари бўйича аппеляция бериш ва уни кўриб чиқиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Ш.Ғ. Халмухамедов ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси К.К. Куранбаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 413-сон қарорига 1-ИЛОВА

Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди.

2. Танлов чақирилувчиларни ўрганиш ва уларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш мақсадида ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.

Бунда танлов тадбирлари шаффоф ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида ушбу Низомга 2-иловада белгиланган таркибда туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан Чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматни ўташга тайёрлигини баҳолаш бўйича танлов кенгаши (кейинги ўринларда — Танлов кенгаши) тузилади.

3. Танлов кенгаши чақирилувчиларни танлаб олиш мақсадида уларнинг ҳарбий хизматни ўташга тайёрлигини баҳолаш тадбирларини ташкил қилади.

4. Чақирилувчилар ўзлари яшайдиган маҳаллада ота-оналари (ота-она ўрнини босувчи шахслар) ва маҳалла фаоллари иштирокида чақирилувчилар билан суҳбат ўтказиш орқали ўрганилади. Чақирилувчилар билан суҳбат ўтказиш жараёнида уларнинг бошқа яқин қариндошлари ҳам иштирок этиши мумкин.

5. Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси куч, тезлик ва чидамлиликни аниқловчи нормативларни қабул қилиш орқали баҳоланади.

Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тадбирлари ўтказиладиган жойлар туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан белгиланади.

6. Маҳаллада ўрганиш жараёнида аниқланган чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, обрў-эътибори, юриш-туриши, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари, шунингдек, умумжисмоний тайёргарлик бўйича ўтказилган синов натижалари асосида Танлов кенгаши томонидан чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки уларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташи юзасидан тавсия берилади ёки берилмайди.

7. Танлов кенгаши томонидан берилган тавсия асосида чақирилувчиларни:

ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш тўғрисидаги тегишли қарор мудофаа ишлари органлари томонидан;

муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисидаги тегишли қарор Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши томонидан қабул қилинади.

8. Чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этиши мумкин.

9. Туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Танлов кенгаши ушбу Низомда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида тўлиқ амалга оширилиши учун масъул ҳисобланади.

10. Танлов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг умумий раҳбарлиги остида ташкил этилади ва ўтказилади.

2-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

1-§. Танловни ташкил этиш ва ўтказишнинг умумий талаблари

11. Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади.

Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган чақирилувчилар жалб этилади.

12. Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган чақирилувчилар яшаш жойидаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига мурожаат қилади.

Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди.

13. Танловнинг шаффофлигини бевосита кузатиб бориш учун ушбу жараёнга чақирилувчиларнинг ота-оналари таклиф этилади.

14. Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашга чақирилувчилар рўйхат асосида фуқаролик биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси билан киритилади.

15. Танлов натижалари Танлов кенгаши томонидан расмийлаштирилади ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига тақдим этилади.

16. Танловни ўтказиш жараёнида тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт ходимлари, зарур ҳолларда жамоат тартибини сақлаш учун ички ишлар органлари ходимлари жалб этилади.

17. Танловга жалб этиладиган Танлов кенгаши аъзоларининг иш жойи, лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи улар ушбу Низомда белгиланган вазифаларни бажараётган бутун давр мобайнида сақлаб қолинади.

18. Танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан чақирув тадбирлари учун ажратиладиган маҳаллий бюджет маблағлари доирасида молиялаштирилади.

2-§. Ўрганиш ишларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

19. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари томонидан «Электрон маълумотлар базаси»даги чақирув ресурсига киритилган чақирилувчилар тўғрисидаги маълумотлар бирма-бир ўрганиб чиқилади ҳамда навбатдаги чақирувда чақириш учун маҳаллада ўрганилиши лозим бўлган чақирилувчилар рўйхати шакллантирилади.

Шакллантирилган рўйхат туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари томонидан «Ёшлар баланси» электрон платформаси орқали тегишли маҳаллаларга юборилади.

20. Ўрганиш ишлари туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланадиган ўрганиш жадвалида белгиланган тартибда ўтказилади.

21. Ўрганиш ишларида:

чақирилувчи;

чақирилувчининг ота-онаси (ота-она ўрнини босувчи шахслар);

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими вакили;

профилактика инспектори;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси шифокори;

ёшлар етакчиси;

маҳалла фуқаролар йиғини раиси иштирок этади.

22. Ўрганиш жараёнида туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими томонидан ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган масъуллар билан биргаликда чақирилувчи билан суҳбат ўтказиш орқали унинг қуйидаги маълумотларига аниқлик киритилади:

ҳарбий хизматга бўлган қизиқиши ва иштиёқи;

ҳуқуқбузарликлар содир этгани, жавобгарликка тортилгани ва судлангани билан боғлиқ ҳолатлар;

соғлиғининг ҳолати;

билим даражаси;

оилавий шароити ва бошқалар.

Суҳбат жараёнида чақирилувчининг қизиқишлари Ўзбекистон тарихи, Амир Темур (тузуклари) ва бошқа улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари савол-жавоб ўтказиш орқали ўрганилади.

Чақирилувчини маҳаллада ўрганиш жараёнида туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими вакили томонидан чақирилувчининг ота-онаси билан унинг феъл-атвори, ҳарбий хизматга иштиёқи, қийинчиликларга бардошлилиги, заруратга кўра бошқа мавзуларда суҳбат ўтказилади. Суҳбат натижалари ушбу Низомга 3-иловада кўрсатилган Чақирилувчини ўрганиш варағида қайд этилади.

3-§. Умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тартиби

23. Умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топширишда дастлаб чақирилувчиларга умумжисмоний тайёргарликни баҳолаш учун Танлов кенгаши таркибига киритилган мутахассислар томонидан нормативларни бажариш бўйича белгиланган талаблар, мезонлар ва уларни бажариш тартиби тушунтирилади.

24. Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси қуйидаги умумжисмоний нормативларни қабул қилиш орқали баҳоланади:

турникда тортилиш;

100 метрга югуриш;

3000 метрга югуриш.

25. Умумжисмоний нормативлар оралиғида номзодларга дам олиш учун камида 10 дақиқа вақт берилади.

26. Турникда тортилиш машқини бажаришда қўл кафтлари турникда олдинга қаратилган ҳолда ушланиб, қўллар параллель узатилган ҳолда тутилади, тана бир оз букилган, оёқ тўғри туширилган, учи тўлиқ пастга узатилиб, товонлар жуфт тутилган ҳолатда бажарилади. Қўллар букилиб, тана юқорига кўтарилар экан, жағ турник устига тўлиқ чиқарилган ҳолат қабул қилинади. Қўллар яна тўлиқ узатилар экан, тана бир маромда пастга туширилиб, дастлабки ҳолат эгалланади. Тананинг осилган ҳолати 1-2 сония давомида сақланади. Жуфт тутилган оёқларни 45 градусгача букишга рухсат берилади. Танани силташ, оёқни олд-орқага тебратиш, оёқларни чалиштириш, бир қўлда осилиб олиш амаллари ман этилади.

Турникда камида 7 маротаба тортилганда, номзодлар ушбу синовдан «ўтган» деб ҳисобланади.

27. 100 метрга югуриш машқи юқори ёки қуйи стартдан бажарилади.

28. 100 метрга югуриш машқини камида 15,4 сония ичида бажарган тақдирда, номзодлар ушбу синовдан «ўтган» деб ҳисобланади.

29. 3000 метрга югуриш машқлари стадионнинг югуриш йўлакчалари ёки текис жойларида, умумий ёки алоҳида старт берилган ҳолда ўтказилади. Старт ва марра чизиқлари бир жойда белгиланиши мумкин.

30. 3000 метрга югуриш машқини камида 14,30 дақиқагача бажарган тақдирда, номзодлар синовдан «ўтган» деб ҳисобланади.

31. Ушбу машқ ҳар қандай очиқ табиатда, умумий старт олган тарзда бажарилади. Старт олиш ва финиш марралари айнан бир жойда ёки алоҳида жиҳозланади. Югуриш давомида машқ иштирокчилари бир-бирига халал бермаслиги лозим. Югуриш амалидан юриш амалига ўтган ёки дистанциядан четга чиққан иштирокчи машқни бажара олмади, деб ҳисобланади.

32. Номзодлар белгиланган умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш талабларининг барчасини муваффақиятли топшира олган тақдирда, умумжисмоний тайёргарлик синовларидан «ўтган» деб ҳисобланади.

33. Умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топшира олмаган чақирилувчиларга нормативларни такроран топширишга рухсат берилмайди.

34. Умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топширмаган чақирилувчилар муддатли ҳарбий хизматга тавсия этилмайди.

4-§. Танлов натижаларини расмийлаштириш

35. Умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топширган чақирилувчиларга қайднома расмийлаштирилади. Мазкур қайдномада чақирилувчилар томонидан бажарилган нормативлар ва уларга қўйилган натижалар қайд этилади. Натижалар қайдномаси Танлов кенгаши томонидан имзоланиб, қўйилган натижалар билан танишганликлари юзасидан чақирилувчилар томонидан ҳам имзоланади.

36. Ўрганиш ишлари якуни тўғрисида туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими вакили, профилактика инспектори, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси шифокори, ёшлар етакчиси, маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тегишли хулосалари ушбу Низомга 3-иловада кўрсатилган Чақирилувчини ўрганиш варағига киритилади.

37. Танлов кенгаши Чақирилувчини ўрганиш варағида қайд этилган ўрганиш ва умумжисмоний тайёргарлик натижаларини инобатга олган ҳолда, қуйидаги хулосалардан бирини (якуний қарор) қабул қилади:

чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш учун тавсия бериш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш бўйича тавсия бериш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматни ўташга тавсия этмаслик.

Бунда Танлов кенгашининг хулосаси ўрганиш варағига киритилиб, Танлов кенгаши раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

38. Чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этилиши ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташи юзасидан Танлов кенгаши томонидан қабул қилинган қарор туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимида юритиладиган қайднома китобига ёзиб қўйилади.

3-боб. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва ҳудудий бўлинмаларининг танловни ўтказиш жараёнидаги вазифалари

39. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда танлов тадбирларини ўз вақтида ташкил этади ва ўтказади;

танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳарбий округ штаблари томонидан тақдим этилган танлов тадбирларига жалб этиладиган чақирилувчилар сони, умумжисмоний тайёргарлик нормативларини қабул қилиш жадваллари ҳамда Танлов кенгаши раиси ва аъзоларининг рўйхатини умумлаштиради;

жойлардаги танлов тадбирларининг сифатли ташкил этилгани ва тегишли даражада ўтказилаётганлигини ўрганади, бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатади.

40. Ҳарбий округ штаблари:

йилнинг 25 августига қадар мудофаа ишлари бошқармалари томонидан тақдим этилган танлов тадбирларига жалб этиладиган чақирилувчилар сони, улар билан ўтказиладиган умумжисмоний тайёргарлик нормативларини қабул қилиш жадваллари ҳамда Танлов кенгаши раиси ва аъзоларининг рўйхатини умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига тақдим этади;

танлаб олиш тадбирлари жараёнини бевосита жойларга бориб ўрганади, амалий ёрдам кўрсатади, юзага келаётган муаммоларни бартараф этади;

йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, кейинчалик ҳар ойнинг 28-санасига қадар мудофаа ишлари бошқармалари томонидан тақдим этилган, танловда қатнашган чақирилувчиларнинг умумий сонидан, Танлов кенгаши аъзолари томонидан чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун тавсия этилган ёки тавсия этилмаганлар сони ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига тақдим этиб боради.

41. Мудофаа ишлари бошқармалари:

йилнинг 1 августига қадар шаҳар ва туманларда «Чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларини ташкил этиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг қарори лойиҳаларини ишлаб чиқади;

йилнинг 1 августига қадар мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг танловга оид буйруғини тайёрлайди. Мазкур буйруқ билан ўрганиш ва танлов режасини ҳамда бошқарма ҳарбий хизматчилари орасидан масъул шахслар таркибини тасдиқлайди;

йилнинг 10 августига қадар танлов тадбирларини ўтказишга масъул бўлган шахслар билан семинар машғулотларини ўтказади;

йилнинг август ойидан бошлаб, ҳар ойда шаҳар ва туманларда ўтказиладиган танлов тадбирлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари — телевидение, радио, газета ва журналлар, интернет сайтлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали эълонлар бериб боради;

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари томонидан тақдим этилган танлов тадбирларига жалб этиладиган чақирилувчилар сони, улар билан ўтказиладиган умумжисмоний тайёргарлик нормативларини қабул қилиш жадваллари, Танлов кенгаши раиси ва аъзоларининг рўйхатини умумлаштириб, йилнинг 15 августига қадар ҳарбий округ штабига тақдим этади;

жойларда танловнинг ўз вақтида ўтказилишини ташкил этади ва амалий ёрдам кўрсатади;

йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, кейинчалик ҳар ойнинг 25-санасига қадар туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими томонидан тақдим этилган, танловда қатнашган чақирилувчиларнинг умумий сонидан, Танлов кенгаши аъзолари томонидан чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун тавсия этилган ёки тавсия этилмаганлар сони ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб, ҳарбий округ штабига тақдим этиб боради.

42. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари:

йилнинг 1 июлидан 30 июлига қадар чақирув ресурсини тўлиқ ўрганади;

йилнинг 10 августига қадар маҳаллада ўрганиш ва умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топшириш учун тиббий кўрик натижаларига кўра ҳарбий хизматга яроқли бўлган чақирилувчилар рўйхатини тузади;

чақирилувчиларни танлаб олиш ишларини ташкил этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокими қарорининг лойиҳасини ишлаб чиқади ва йилнинг 1 августига қадар туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этади. Қарорда ушбу Низомга 2-иловада кўрсатилган тарзда Танлов кенгаши таркиби, танловни ўтказиш режаси ҳамда ўтказиш жойлари белгиланади;

танлов тадбирлари жадваллари ва режасини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлаш учун туман (шаҳар) ҳокимининг масъул ўринбосарига юборади, шунингдек, ўрганишга жалб этиладиган чақирилувчилар рўйхатини маҳаллаларга юборади;

йилнинг август ойидан бошлаб, ҳар ойда танлов тадбирлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари — телевидение, радио, газета ва журналлар, интернет сайтлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали эълонлар бериб боради;

танловни ўтказиш тартиби, вақти ва жойи ҳақидаги эслатмани туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими ҳудудида фуқароларга кўриниш учун қулай жойларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маъмурий бинолари ва аҳоли гавжум бўлган бошқа жойларга жойлаштиради;

танловда рўйхатдаги чақирилувчиларнинг тўлиқ иштирокини таъминлайди;

чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш натижаларини ўрганиш варағига киритади;

танловнинг якуний натижаларини туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимининг фуқароларга кўриниши қулай бўлган жойларига жойлаштиради.

4-боб. Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг чақирилувчиларни ўрганиш жараёнидаги вазифалари

43. Профилактика инспектори:

чақирилувчиларни маҳаллада ўрганиш ишларида бевосита иштирок этади;

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими томонидан тақдим этилган рўйхатдаги чақирилувчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, терговга қадар текширув ўтказилаётган, дастлабки тергов ёки суриштирув олиб борилаётган, жиноий иши судда кўрилаётган, жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек, радикал оқимлар таъсирига тушиб қолган чақирилувчиларни аниқлайди ва улар тўғрисидаги маълумотларни туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига тақдим этади;

чақирув бўйича туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига келмаётган чақирилувчилар билан тушунтириш ишларини ташкил этади ва уларнинг туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига келишларини таъминлайди.

44. Ёшлар етакчиси:

чақирилувчиларни маҳаллада ўрганиш ишларини ташкил этиш, ўтказиш ишларига кўмаклашади ва бевосита иштирок этади;

муддатли ҳарбий хизматга ҳар томонлама етук, соғлом, жисмонан бақувват, маҳалла жамоат ишларида фаол, интеллектуал салоҳиятли ёшларни юбориш бўйича туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига амалий ёрдам кўрсатади;

ҳар йил маҳалла ёшлари орасидан Ватанга садоқатли, ҳар томонлама етук, соғлом, муддатли ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган камида 3 — 5 нафар ёшлар ҳақидаги маълумотларни «Ёшлар баланси» платформасига киритиб боради.

45. Маҳалла фуқаролари йиғини раиси:

чақирилувчиларни маҳаллада ўрганиш ишларини ташкил этади ва уларда бевосита иштирок этади;

тасдиқланган режага асосан маҳаллада ўрганиш ишларини ўтказиш жойини белгилаш ва ўрганиш ишларини ўз вақтида ўтказиш учун давлат органларига кўмаклашади;

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими томонидан тақдим этилган рўйхатга асосан маҳаллада ташкил этиладиган ўрганиш ишларига чақирилувчилар, уларнинг ота-оналари ва бошқаларнинг қатнашишини таъминлайди.

5-боб. Танлов натижалари бўйича берилган апелляцияларни кўриб чиқиш

46. Апелляция мурожаатларини кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармаларининг вакилларидан иборат апелляция комиссияси ташкил этилади.

47. Танлов натижасидан норози бўлган чақирилувчи танлов натижаси эълон қилингандан кейин уч иш куни давомида апелляция комиссиясига ёзма равишда мурожаат қилиши мумкин.

48. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини икки иш куни ичида чақирилувчи иштирокида кўриб чиқади. Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича баённома тузилади ҳамда баённома апелляция комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади. Апелляция комиссиясининг баённомасидан кўчирма чақирилувчига топширилади.

49. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси қарори юзасидан чақирилувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

50. Танлов натижаларига оид ҳужжатлар 2 йил давомида туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида сақланади ва ушбу муддат ўтганидан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.

51. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларининг

Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими 1. Чақирув ресурслари ва чақирилувчилар тўғрисидаги маълумотларни ўрганади. Ҳар йил 1 июлдан 30 июлгача 2. Танлов тадбирларига жалб этиладиган ҳарбий хизматга яроқли бўлган чақирилувчилар рўйхатини тузади. Ҳар йил 10 августгача 2-босқич Мудофаа ишлари органлари 1. Танлов тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди. Ҳар йил 1 августгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) ҳокимлари 2. Танлов тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ҳар йил 5 августгача 3-босқич Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини Чақирилувчиларни маҳаллада ўрганади. 10 августдан 10 февралгача алоҳида жадвал асосида 4-босқич Танлов кенгаши Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолайди. 10 августдан 10 февралгача алоҳида жадвал асосида 5-босқич Танлов кенгаши 1. Танлов натижалари бўйича чақирилувчиларни: ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этишга тавсия этади; муддатли ҳарбий хизматга чақиришга тавсия этади. 10 августдан 10 февралгача 2. Натижаларни туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимига тақдим этади. Ҳар йил 15 февралгача 6-босқич Танлов кенгаши тавсиясига асосан чақирилувчиларни: Мудофаа ишлари органлари ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этади; Ҳар йил уч босқичда Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади. Ҳар йил 20 февралдан 30 апрелгача

Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматни ўташга тайёрлигини баҳолаш бўйича танлов кенгаши

1. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи, Танлов кенгаши раиси.

2. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими вакили.

3. Туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими вакили.

4. Умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим муассасаларининг жисмоний тайёргарлик фани ўқитувчиси.

5. Умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари.

6. Чақирилувчиларнинг ота-оналари орасидан вакиллар.

Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Чақирилувчини ўрганиш варағи

I. _____ йилда туғилган чақирилувчи _________________________________________________ни маҳаллада ўрганиш натижалари: ____________________________________________________________ (Ф.И.О.) Ўрганиш тартиби Ўрганиш натижалари (имзо ва сана кўрсатилади) 1. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими вакилининг чақирилувчи билан суҳбати Чақирилувчининг ҳарбий хизматга қизиқиши ва иштиёқи, жисмоний тайёргарлиги, ахлоқий-руҳий ҳолати, билим даражаси, фикрлаш қобилияти, дунёқараши, оилавий шароити ҳамда бошқа зарур маълумотлар ўрганилади. 2. Профилактика инспекторининг чақирилувчи билан суҳбати Чақирилувчининг ҳуқуқбузарликлар содир этгани, жиноий ва (ёки) маъмурий жавобгарликка тортилгани, терговга жалб қилингани, судлангани ҳамда бошқа зарур маълумотлар ўрганилади. 3. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси шифокорининг чақирилувчи билан суҳбати Чақирилувчининг соғлиги, ўтказган ёки мавжуд сурункали касалликлари, жароҳатлари ва уларнинг асоратлари, шунингдек, руҳий ва наркологик диспансер назоратида бўлгани тўғрисидаги ҳамда бошқа зарур маълумотлар ўрганилади. 4. Ёшлар етакчисининг чақирилувчи билан суҳбати Чақирилувчининг Ўзбекистон тарихи, улуғ аждодларимиз, саркардаларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари, спортга қизиқиши ҳамда бошқа зарур маълумотлар ўрганилади. 5. Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг чақирилувчи билан суҳбати Чақирилувчининг оилавий шароити, оиласидаги муҳит, жамоат ишларидаги иштироки, маҳалладаги юриш-туриши, оила аъзолари ва маҳалла аҳолиси билан муносабати ҳамда бошқа зарур маълумотлар ўрганилади. II. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими вакилининг чақирилувчининг ота-онаси билан суҳбати: _________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________ III. Умумжисмоний тайёргарлик даражаси бўйича қўйилган баҳо:

Турникда тортилиш 100 метрга югуриш 3000 метрга югуриш Умумий натижа марта натижа сония натижа дақиқа натижа IV. Танлов кенгашининг якуний қарори: Ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш (ёки муддатли ҳарбий хизматга чақириш) учун тавсия этилади (ёки тавсия этилмайди). _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ Танлов кенгаши раиси ________ ________________ ______ _________________________________ __________________________________ (имзо) ________________________ (Ф.И.О.) Танлов кенгаши аъзолари: _____ ________________ ______ _________________________________ __________________________________ (имзо) ________________________ (Ф.И.О.) ____________________________ ________________ ______ _________________________________ __________________________________ (имзо) ________________________ (Ф.И.О.)

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 413-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган баъзи қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 9 апрелдаги 291-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4630-сон қарори)» 2020 йил 9 апрелдаги 211-сон қарорига илованинг 2-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 11 мартдаги 132-сон қарорига 3-илованинг 14-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 595-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2022 йил 9 августдаги 438-сон қарорига 1-илованинг 30-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 7 июль,

413-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2025 й., 09/25/413/0570-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

TARKIBI

ROʻYXATI

Chaqiriluvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

“Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini “Atrof-muhitni asrash va “yashil iqtisodiyot” yilida amalga oshirishga oid davlat dasturi ijrosini taʼminlash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini muddatli harbiy xizmatga tanlab olish tizimini yanada takomillashtirish, chaqiriluvchilarni mahallada oʻrganish va muddatli harbiy xizmatga tanlab olishda mudofaa ishlari organlarining mahalla fuqarolar yigʻinlari bilan yaqin hamkorligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Chaqiriluvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

chaqiriluvchilarni harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish va Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safidagi muddatli harbiy xizmatga tanlab olishni tashkil etish va oʻtkazish;

Chaqiriluvchilarning harbiy xizmatni oʻtashga tayyorligini baholash boʻyicha tanlov kengashining tarkibini shakllantirish va faoliyatini tashkil etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, uning hududiy boʻlinmalari, boshqa davlat organlari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining chaqiriluvchilarni tanlab olish jarayonidagi vazifalari;

tanlov natijalari boʻyicha appelyatsiya berish va uni koʻrib chiqish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq baʼzi qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa vaziri Sh.Gʻ. Xalmuxamedov va Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi raisi K.K. Kuranbayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-iyuldagi 413-son qaroriga 1-ILOVA

Chaqiriluvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom chaqiriluvchilarni harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish, Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safidagi muddatli harbiy xizmatni oʻtash uchun tanlab olish tartibini belgilaydi.

2. Tanlov chaqiriluvchilarni oʻrganish va ularning umumjismoniy tayyorgarlik darajasini baholash maqsadida ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

Bunda tanlov tadbirlari shaffof va xolis oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida ushbu Nizomga 2-ilovada belgilangan tarkibda tuman (shahar) hokimining qarori bilan Chaqiriluvchilarning harbiy xizmatni oʻtashga tayyorligini baholash boʻyicha tanlov kengashi (keyingi oʻrinlarda — Tanlov kengashi) tuziladi.

3. Tanlov kengashi chaqiriluvchilarni tanlab olish maqsadida ularning harbiy xizmatni oʻtashga tayyorligini baholash tadbirlarini tashkil qiladi.

4. Chaqiriluvchilar oʻzlari yashaydigan mahallada ota-onalari (ota-ona oʻrnini bosuvchi shaxslar) va mahalla faollari ishtirokida chaqiriluvchilar bilan suhbat oʻtkazish orqali oʻrganiladi. Chaqiriluvchilar bilan suhbat oʻtkazish jarayonida ularning boshqa yaqin qarindoshlari ham ishtirok etishi mumkin.

5. Chaqiriluvchilarning umumjismoniy tayyorgarlik darajasi kuch, tezlik va chidamlilikni aniqlovchi normativlarni qabul qilish orqali baholanadi.

Chaqiriluvchilarning umumjismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tadbirlari oʻtkaziladigan joylar tuman (shahar) hokimining qarori bilan belgilanadi.

6. Mahallada oʻrganish jarayonida aniqlangan chaqiriluvchilarning mahalla va jamiyatda tutgan oʻrni, oilaviy ahvoli, obroʻ-eʼtibori, yurish-turishi, qiziqishlari, Oʻzbekiston tarixi, buyuk sarkardalarimiz va ajdodlarimiz hayoti va faoliyatiga doir bilimlari, shuningdek, umumjismoniy tayyorgarlik boʻyicha oʻtkazilgan sinov natijalari asosida Tanlov kengashi tomonidan chaqiriluvchilarni harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish yoki ularning muddatli harbiy xizmatni oʻtashi yuzasidan tavsiya beriladi yoki berilmaydi.

7. Tanlov kengashi tomonidan berilgan tavsiya asosida chaqiriluvchilarni:

harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish toʻgʻrisidagi tegishli qaror mudofaa ishlari organlari tomonidan;

muddatli harbiy xizmatga chaqirish toʻgʻrisidagi tegishli qaror Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar mudofaa ishlari boshqarmalari huzuridagi Rahbariyat kengashi tomonidan qabul qilinadi.

8. Chaqiriluvchilar tanlovda bir yilda faqat bir marta ishtirok etishi mumkin.

9. Tuman (shahar) hokimining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari hamda Tanlov kengashi ushbu Nizomda nazarda tutilgan tadbirlarning oʻz vaqtida toʻliq amalga oshirilishi uchun masʼul hisoblanadi.

10. Tanlov Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining umumiy rahbarligi ostida tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

2-bob. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish tartibi

1-§. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazishning umumiy talablari

11. Tanlov chaqiruv yilidan avvalgi yilning 10-avgustidan chaqiruv yilining 10-fevraliga qadar oʻtkaziladi.

Tanlovga chaqirish muddatini kechiktirish va chaqirilishdan ozod etish huquqiga ega boʻlmagan, sogʻligining holati boʻyicha harbiy xizmatni oʻtashga yaroqli boʻlgan chaqiriluvchilar jalb etiladi.

12. Harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikdan oʻtish yoki muddatli harbiy xizmatni oʻtash istagida boʻlgan chaqiriluvchilar yashash joyidagi tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlariga murojaat qiladi.

Tanlovda ishtirok etishda chaqiriluvchilarning soni cheklanmaydi.

13. Tanlovning shaffofligini bevosita kuzatib borish uchun ushbu jarayonga chaqiriluvchilarning ota-onalari taklif etiladi.

14. Umumjismoniy tayyorgarlik darajasini baholashga chaqiriluvchilar roʻyxat asosida fuqarolik biometrik pasporti yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi bilan kiritiladi.

15. Tanlov natijalari Tanlov kengashi tomonidan rasmiylashtiriladi va tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlariga taqdim etiladi.

16. Tanlovni oʻtkazish jarayonida tez tibbiy yordam koʻrsatish uchun tibbiyot xodimlari, zarur hollarda jamoat tartibini saqlash uchun ichki ishlar organlari xodimlari jalb etiladi.

17. Tanlovga jalb etiladigan Tanlov kengashi aʼzolarining ish joyi, lavozimi va oʻrtacha oylik ish haqi ular ushbu Nizomda belgilangan vazifalarni bajarayotgan butun davr mobaynida saqlab qolinadi.

18. Tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq tadbirlar mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan chaqiruv tadbirlari uchun ajratiladigan mahalliy budjet mablagʻlari doirasida moliyalashtiriladi.

2-§. Oʻrganish ishlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi

19. Tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlari tomonidan “Elektron maʼlumotlar bazasi”dagi chaqiruv resursiga kiritilgan chaqiriluvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar birma-bir oʻrganib chiqiladi hamda navbatdagi chaqiruvda chaqirish uchun mahallada oʻrganilishi lozim boʻlgan chaqiriluvchilar roʻyxati shakllantiriladi.

Shakllantirilgan roʻyxat tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlari tomonidan “Yoshlar balansi” elektron platformasi orqali tegishli mahallalarga yuboriladi.

20. Oʻrganish ishlari tuman (shahar) hokimining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari tomonidan tasdiqlanadigan oʻrganish jadvalida belgilangan tartibda oʻtkaziladi.

21. Oʻrganish ishlarida:

chaqiriluvchi;

chaqiriluvchining ota-onasi (ota-ona oʻrnini bosuvchi shaxslar);

tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi vakili;

profilaktika inspektori;

birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi shifokori;

yoshlar yetakchisi;

mahalla fuqarolar yigʻini raisi ishtirok etadi.

22. Oʻrganish jarayonida tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi tomonidan ushbu Nizomning 21-bandida koʻrsatilgan masʼullar bilan birgalikda chaqiriluvchi bilan suhbat oʻtkazish orqali uning quyidagi maʼlumotlariga aniqlik kiritiladi:

harbiy xizmatga boʻlgan qiziqishi va ishtiyoqi;

huquqbuzarliklar sodir etgani, javobgarlikka tortilgani va sudlangani bilan bogʻliq holatlar;

sogʻligʻining holati;

bilim darajasi;

oilaviy sharoiti va boshqalar.

Suhbat jarayonida chaqiriluvchining qiziqishlari Oʻzbekiston tarixi, Amir Temur (tuzuklari) va boshqa ulugʻ ajdodlarimiz hayoti va faoliyatiga doir bilimlari savol-javob oʻtkazish orqali oʻrganiladi.

Chaqiriluvchini mahallada oʻrganish jarayonida tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi vakili tomonidan chaqiriluvchining ota-onasi bilan uning feʼl-atvori, harbiy xizmatga ishtiyoqi, qiyinchiliklarga bardoshliligi, zaruratga koʻra boshqa mavzularda suhbat oʻtkaziladi. Suhbat natijalari ushbu Nizomga 3-ilovada koʻrsatilgan Chaqiriluvchini oʻrganish varagʻida qayd etiladi.

3-§. Umumjismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tartibi

23. Umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini topshirishda dastlab chaqiriluvchilarga umumjismoniy tayyorgarlikni baholash uchun Tanlov kengashi tarkibiga kiritilgan mutaxassislar tomonidan normativlarni bajarish boʻyicha belgilangan talablar, mezonlar va ularni bajarish tartibi tushuntiriladi.

24. Chaqiriluvchilarning umumjismoniy tayyorgarlik darajasi quyidagi umumjismoniy normativlarni qabul qilish orqali baholanadi:

turnikda tortilish;

100 metrga yugurish;

3000 metrga yugurish.

25. Umumjismoniy normativlar oraligʻida nomzodlarga dam olish uchun kamida 10 daqiqa vaqt beriladi.

26. Turnikda tortilish mashqini bajarishda qoʻl kaftlari turnikda oldinga qaratilgan holda ushlanib, qoʻllar parallel uzatilgan holda tutiladi, tana bir oz bukilgan, oyoq toʻgʻri tushirilgan, uchi toʻliq pastga uzatilib, tovonlar juft tutilgan holatda bajariladi. Qoʻllar bukilib, tana yuqoriga koʻtarilar ekan, jagʻ turnik ustiga toʻliq chiqarilgan holat qabul qilinadi. Qoʻllar yana toʻliq uzatilar ekan, tana bir maromda pastga tushirilib, dastlabki holat egallanadi. Tananing osilgan holati 1-2 soniya davomida saqlanadi. Juft tutilgan oyoqlarni 45 gradusgacha bukishga ruxsat beriladi. Tanani siltash, oyoqni old-orqaga tebratish, oyoqlarni chalishtirish, bir qoʻlda osilib olish amallari man etiladi.

Turnikda kamida 7 marotaba tortilganda, nomzodlar ushbu sinovdan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

27. 100 metrga yugurish mashqi yuqori yoki quyi startdan bajariladi.

28. 100 metrga yugurish mashqini kamida 15,4 soniya ichida bajargan taqdirda, nomzodlar ushbu sinovdan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

29. 3000 metrga yugurish mashqlari stadionning yugurish yoʻlakchalari yoki tekis joylarida, umumiy yoki alohida start berilgan holda oʻtkaziladi. Start va marra chiziqlari bir joyda belgilanishi mumkin.

30. 3000 metrga yugurish mashqini kamida 14,30 daqiqagacha bajargan taqdirda, nomzodlar sinovdan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

31. Ushbu mashq har qanday ochiq tabiatda, umumiy start olgan tarzda bajariladi. Start olish va finish marralari aynan bir joyda yoki alohida jihozlanadi. Yugurish davomida mashq ishtirokchilari bir-biriga xalal bermasligi lozim. Yugurish amalidan yurish amaliga oʻtgan yoki distansiyadan chetga chiqqan ishtirokchi mashqni bajara olmadi, deb hisoblanadi.

32. Nomzodlar belgilangan umumjismoniy tayyorgarlik darajasini baholash talablarining barchasini muvaffaqiyatli topshira olgan taqdirda, umumjismoniy tayyorgarlik sinovlaridan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

33. Umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini topshira olmagan chaqiriluvchilarga normativlarni takroran topshirishga ruxsat berilmaydi.

34. Umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini topshirmagan chaqiriluvchilar muddatli harbiy xizmatga tavsiya etilmaydi.

4-§. Tanlov natijalarini rasmiylashtirish

35. Umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini topshirgan chaqiriluvchilarga qaydnoma rasmiylashtiriladi. Mazkur qaydnomada chaqiriluvchilar tomonidan bajarilgan normativlar va ularga qoʻyilgan natijalar qayd etiladi. Natijalar qaydnomasi Tanlov kengashi tomonidan imzolanib, qoʻyilgan natijalar bilan tanishganliklari yuzasidan chaqiriluvchilar tomonidan ham imzolanadi.

36. Oʻrganish ishlari yakuni toʻgʻrisida tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi vakili, profilaktika inspektori, birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi shifokori, yoshlar yetakchisi, mahalla fuqarolar yigʻini raisining tegishli xulosalari ushbu Nizomga 3-ilovada koʻrsatilgan Chaqiriluvchini oʻrganish varagʻiga kiritiladi.

37. Tanlov kengashi Chaqiriluvchini oʻrganish varagʻida qayd etilgan oʻrganish va umumjismoniy tayyorgarlik natijalarini inobatga olgan holda, quyidagi xulosalardan birini (yakuniy qaror) qabul qiladi:

chaqiriluvchilarni harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish uchun tavsiya berish;

chaqiriluvchilarni muddatli harbiy xizmatga chaqirish boʻyicha tavsiya berish;

chaqiriluvchilarni muddatli harbiy xizmatni oʻtashga tavsiya etmaslik.

Bunda Tanlov kengashining xulosasi oʻrganish varagʻiga kiritilib, Tanlov kengashi raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.

38. Chaqiriluvchilarning harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etilishi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida muddatli harbiy xizmatni oʻtashi yuzasidan Tanlov kengashi tomonidan qabul qilingan qaror tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimida yuritiladigan qaydnoma kitobiga yozib qoʻyiladi.

3-bob. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi va hududiy boʻlinmalarining tanlovni oʻtkazish jarayonidagi vazifalari

39. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi:

Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Yoshlar ishlari agentligi bilan hamkorlikda tanlov tadbirlarini oʻz vaqtida tashkil etadi va oʻtkazadi;

tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha harbiy okrug shtablari tomonidan taqdim etilgan tanlov tadbirlariga jalb etiladigan chaqiriluvchilar soni, umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini qabul qilish jadvallari hamda Tanlov kengashi raisi va aʼzolarining roʻyxatini umumlashtiradi;

joylardagi tanlov tadbirlarining sifatli tashkil etilgani va tegishli darajada oʻtkazilayotganligini oʻrganadi, bu borada ularga amaliy yordam koʻrsatadi.

40. Harbiy okrug shtablari:

yilning 25-avgustiga qadar mudofaa ishlari boshqarmalari tomonidan taqdim etilgan tanlov tadbirlariga jalb etiladigan chaqiriluvchilar soni, ular bilan oʻtkaziladigan umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini qabul qilish jadvallari hamda Tanlov kengashi raisi va aʼzolarining roʻyxatini umumlashtirib, Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligiga taqdim etadi;

tanlab olish tadbirlari jarayonini bevosita joylarga borib oʻrganadi, amaliy yordam koʻrsatadi, yuzaga kelayotgan muammolarni bartaraf etadi;

yilning sentabr oyidan boshlab, keyinchalik har oyning 28-sanasiga qadar mudofaa ishlari boshqarmalari tomonidan taqdim etilgan, tanlovda qatnashgan chaqiriluvchilarning umumiy sonidan, Tanlov kengashi aʼzolari tomonidan chaqiriluvchilarni harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish yoki muddatli harbiy xizmatni oʻtash uchun tavsiya etilgan yoki tavsiya etilmaganlar soni haqidagi maʼlumotlarni umumlashtirib, Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligiga taqdim etib boradi.

41. Mudofaa ishlari boshqarmalari:

yilning 1-avgustiga qadar shahar va tumanlarda “Chaqiriluvchilarni tanlab olish tadbirlarini tashkil etish toʻgʻrisida”gi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, Toshkent shahri va viloyatlar hokimlarining qarori loyihalarini ishlab chiqadi;

yilning 1-avgustiga qadar mudofaa ishlari boshqarmasi boshligʻining tanlovga oid buyrugʻini tayyorlaydi. Mazkur buyruq bilan oʻrganish va tanlov rejasini hamda boshqarma harbiy xizmatchilari orasidan masʼul shaxslar tarkibini tasdiqlaydi;

yilning 10-avgustiga qadar tanlov tadbirlarini oʻtkazishga masʼul boʻlgan shaxslar bilan seminar mashgʻulotlarini oʻtkazadi;

yilning avgust oyidan boshlab, har oyda shahar va tumanlarda oʻtkaziladigan tanlov tadbirlari toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari — televideniye, radio, gazeta va jurnallar, internet saytlari va boshqa ijtimoiy tarmoqlar orqali eʼlonlar berib boradi;

tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlari tomonidan taqdim etilgan tanlov tadbirlariga jalb etiladigan chaqiriluvchilar soni, ular bilan oʻtkaziladigan umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini qabul qilish jadvallari, Tanlov kengashi raisi va aʼzolarining roʻyxatini umumlashtirib, yilning 15-avgustiga qadar harbiy okrug shtabiga taqdim etadi;

joylarda tanlovning oʻz vaqtida oʻtkazilishini tashkil etadi va amaliy yordam koʻrsatadi;

yilning sentabr oyidan boshlab, keyinchalik har oyning 25-sanasiga qadar tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi tomonidan taqdim etilgan, tanlovda qatnashgan chaqiriluvchilarning umumiy sonidan, Tanlov kengashi aʼzolari tomonidan chaqiriluvchilarni harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish yoki muddatli harbiy xizmatni oʻtash uchun tavsiya etilgan yoki tavsiya etilmaganlar soni haqidagi maʼlumotlarni umumlashtirib, harbiy okrug shtabiga taqdim etib boradi.

42. Tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlari:

yilning 1-iyulidan 30-iyuliga qadar chaqiruv resursini toʻliq oʻrganadi;

yilning 10-avgustiga qadar mahallada oʻrganish va umumjismoniy tayyorgarlik normativlarini topshirish uchun tibbiy koʻrik natijalariga koʻra harbiy xizmatga yaroqli boʻlgan chaqiriluvchilar roʻyxatini tuzadi;

chaqiriluvchilarni tanlab olish ishlarini tashkil etish toʻgʻrisida tuman (shahar) hokimi qarorining loyihasini ishlab chiqadi va yilning 1-avgustiga qadar tuman (shahar) hokimligiga taqdim etadi. Qarorda ushbu Nizomga 2-ilovada koʻrsatilgan tarzda Tanlov kengashi tarkibi, tanlovni oʻtkazish rejasi hamda oʻtkazish joylari belgilanadi;

tanlov tadbirlari jadvallari va rejasini ishlab chiqadi hamda tasdiqlash uchun tuman (shahar) hokimining masʼul oʻrinbosariga yuboradi, shuningdek, oʻrganishga jalb etiladigan chaqiriluvchilar roʻyxatini mahallalarga yuboradi;

yilning avgust oyidan boshlab, har oyda tanlov tadbirlari toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari — televideniye, radio, gazeta va jurnallar, internet saytlari va boshqa ijtimoiy tarmoqlar orqali eʼlonlar berib boradi;

tanlovni oʻtkazish tartibi, vaqti va joyi haqidagi eslatmani tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi hududida fuqarolarga koʻrinish uchun qulay joylarga, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining maʼmuriy binolari va aholi gavjum boʻlgan boshqa joylarga joylashtiradi;

tanlovda roʻyxatdagi chaqiriluvchilarning toʻliq ishtirokini taʼminlaydi;

chaqiriluvchilarning umumjismoniy tayyorgarlik darajasini baholash natijalarini oʻrganish varagʻiga kiritadi;

tanlovning yakuniy natijalarini tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimining fuqarolarga koʻrinishi qulay boʻlgan joylariga joylashtiradi.

4-bob. Davlat organlari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining chaqiriluvchilarni oʻrganish jarayonidagi vazifalari

43. Profilaktika inspektori:

chaqiriluvchilarni mahallada oʻrganish ishlarida bevosita ishtirok etadi;

tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi tomonidan taqdim etilgan roʻyxatdagi chaqiriluvchilarga nisbatan jinoiy ish qoʻzgʻatilgan, tergovga qadar tekshiruv oʻtkazilayotgan, dastlabki tergov yoki surishtiruv olib borilayotgan, jinoiy ishi sudda koʻrilayotgan, jinoiy javobgarlikka tortilgan, shuningdek, radikal oqimlar taʼsiriga tushib qolgan chaqiriluvchilarni aniqlaydi va ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimiga taqdim etadi;

chaqiruv boʻyicha tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimiga kelmayotgan chaqiriluvchilar bilan tushuntirish ishlarini tashkil etadi va ularning tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimiga kelishlarini taʼminlaydi.

44. Yoshlar yetakchisi:

chaqiriluvchilarni mahallada oʻrganish ishlarini tashkil etish, oʻtkazish ishlariga koʻmaklashadi va bevosita ishtirok etadi;

muddatli harbiy xizmatga har tomonlama yetuk, sogʻlom, jismonan baquvvat, mahalla jamoat ishlarida faol, intellektual salohiyatli yoshlarni yuborish boʻyicha tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlariga amaliy yordam koʻrsatadi;

har yil mahalla yoshlari orasidan Vatanga sadoqatli, har tomonlama yetuk, sogʻlom, muddatli harbiy xizmatni oʻtash istagida boʻlgan kamida 3 — 5 nafar yoshlar haqidagi maʼlumotlarni “Yoshlar balansi” platformasiga kiritib boradi.

45. Mahalla fuqarolari yigʻini raisi:

chaqiriluvchilarni mahallada oʻrganish ishlarini tashkil etadi va ularda bevosita ishtirok etadi;

tasdiqlangan rejaga asosan mahallada oʻrganish ishlarini oʻtkazish joyini belgilash va oʻrganish ishlarini oʻz vaqtida oʻtkazish uchun davlat organlariga koʻmaklashadi;

tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi tomonidan taqdim etilgan roʻyxatga asosan mahallada tashkil etiladigan oʻrganish ishlariga chaqiriluvchilar, ularning ota-onalari va boshqalarning qatnashishini taʼminlaydi.

5-bob. Tanlov natijalari boʻyicha berilgan apellyatsiyalarni koʻrib chiqish

46. Apellyatsiya murojaatlarini koʻrib chiqish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi hamda viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosarlari rahbarligida Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Yoshlar ishlari agentligi hududiy boshqarmalarining vakillaridan iborat apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

47. Tanlov natijasidan norozi boʻlgan chaqiriluvchi tanlov natijasi eʼlon qilingandan keyin uch ish kuni davomida apellyatsiya komissiyasiga yozma ravishda murojaat qilishi mumkin.

48. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini ikki ish kuni ichida chaqiriluvchi ishtirokida koʻrib chiqadi. Apellyatsiyani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha bayonnoma tuziladi hamda bayonnoma apellyatsiya komissiyasi raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi. Apellyatsiya komissiyasining bayonnomasidan koʻchirma chaqiriluvchiga topshiriladi.

49. Apellyatsiyani koʻrib chiqish natijalari boʻyicha apellyatsiya komissiyasi qarori yuzasidan chaqiriluvchi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga murojaat qilishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

50. Tanlov natijalariga oid hujjatlar 2 yil davomida tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimlarida saqlanadi va ushbu muddat oʻtganidan soʻng belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.

51. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Chaqiriluvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Chaqiriluvchilarni tanlab olish tadbirlarining

Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi 1. Chaqiruv resurslari va chaqiriluvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻrganadi. Har yil 1-iyuldan 30-iyulgacha 2. Tanlov tadbirlariga jalb etiladigan harbiy xizmatga yaroqli boʻlgan chaqiriluvchilar roʻyxatini tuzadi. Har yil 10-avgustgacha 2-bosqich Mudofaa ishlari organlari 1. Tanlov tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahri va tuman (shahar) hokimlarining qarorlari loyihalarini tayyorlaydi. Har yil 1-avgustgacha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahri va tuman (shahar) hokimlari 2. Tanlov tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Har yil 5-avgustgacha 3-bosqich Tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi va mahalla fuqarolar yigʻini Chaqiriluvchilarni mahallada oʻrganadi. 10-avgustdan 10-fevralgacha alohida jadval asosida 4-bosqich Tanlov kengashi Chaqiriluvchilarning umumjismoniy tayyorgarlik darajasini baholaydi. 10-avgustdan 10-fevralgacha alohida jadval asosida 5-bosqich Tanlov kengashi 1. Tanlov natijalari boʻyicha chaqiriluvchilarni: harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etishga tavsiya etadi; muddatli harbiy xizmatga chaqirishga tavsiya etadi. 10-avgustdan 10-fevralgacha 2. Natijalarni tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimiga taqdim etadi. Har yil 15-fevralgacha 6-bosqich Tanlov kengashi tavsiyasiga asosan chaqiriluvchilarni: Mudofaa ishlari organlari harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etadi; Har yil uch bosqichda Mudofaa ishlari boshqarmalari huzuridagi Rahbariyat kengashi muddatli harbiy xizmatga chaqirish toʻgʻrisida tegishli qaror qabul qiladi. Har yil 20-fevraldan 30-aprelgacha

Chaqiriluvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Chaqiriluvchilarning harbiy xizmatni oʻtashga tayyorligini baholash boʻyicha tanlov kengashi

1. Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tuman (shahar) boʻlimi boshligʻi, Tanlov kengashi raisi.

2. Tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi vakili.

3. Tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimi vakili.

4. Umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va kasbiy taʼlim muassasalarining jismoniy tayyorgarlik fani oʻqituvchisi.

5. Umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va kasbiy taʼlim muassasalarining chaqiruvga qadar boshlangʻich tayyorgarlik rahbari.

6. Chaqiriluvchilarning ota-onalari orasidan vakillar.

Chaqiriluvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Chaqiriluvchini oʻrganish varagʻi

I. _____ yilda tugʻilgan chaqiriluvchi _________________________________________________ni mahallada oʻrganish natijalari: ____________________________________________________________ (F.I.O.) Oʻrganish tartibi Oʻrganish natijalari (imzo va sana koʻrsatiladi) 1. Tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi vakilining chaqiriluvchi bilan suhbati Chaqiriluvchining harbiy xizmatga qiziqishi va ishtiyoqi, jismoniy tayyorgarligi, axloqiy-ruhiy holati, bilim darajasi, fikrlash qobiliyati, dunyoqarashi, oilaviy sharoiti hamda boshqa zarur maʼlumotlar oʻrganiladi. 2. Profilaktika inspektorining chaqiriluvchi bilan suhbati Chaqiriluvchining huquqbuzarliklar sodir etgani, jinoiy va (yoki) maʼmuriy javobgarlikka tortilgani, tergovga jalb qilingani, sudlangani hamda boshqa zarur maʼlumotlar oʻrganiladi. 3. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi shifokorining chaqiriluvchi bilan suhbati Chaqiriluvchining sogʻligi, oʻtkazgan yoki mavjud surunkali kasalliklari, jarohatlari va ularning asoratlari, shuningdek, ruhiy va narkologik dispanser nazoratida boʻlgani toʻgʻrisidagi hamda boshqa zarur maʼlumotlar oʻrganiladi. 4. Yoshlar yetakchisining chaqiriluvchi bilan suhbati Chaqiriluvchining Oʻzbekiston tarixi, ulugʻ ajdodlarimiz, sarkardalarimizning hayoti va faoliyatiga doir bilimlari, sportga qiziqishi hamda boshqa zarur maʼlumotlar oʻrganiladi. 5. Mahalla fuqarolar yigʻini raisining chaqiriluvchi bilan suhbati Chaqiriluvchining oilaviy sharoiti, oilasidagi muhit, jamoat ishlaridagi ishtiroki, mahalladagi yurish-turishi, oila aʼzolari va mahalla aholisi bilan munosabati hamda boshqa zarur maʼlumotlar oʻrganiladi. II. Tuman (shahar) mudofaa ishlari boʻlimi vakilining chaqiriluvchining ota-onasi bilan suhbati: _________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________ III. Umumjismoniy tayyorgarlik darajasi boʻyicha qoʻyilgan baho:

Turnikda tortilish 100 metrga yugurish 3000 metrga yugurish Umumiy natija marta natija soniya natija daqiqa natija IV. Tanlov kengashining yakuniy qarori: Harbiy-texnika mutaxassisliklari boʻyicha tayyorgarlikka jalb etish (yoki muddatli harbiy xizmatga chaqirish) uchun tavsiya etiladi (yoki tavsiya etilmaydi). _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ Tanlov kengashi raisi ________ ________________ ______ _________________________________ __________________________________ (imzo) ________________________ (F.I.O.) Tanlov kengashi aʼzolari: _____ ________________ ______ _________________________________ __________________________________ (imzo) ________________________ (F.I.O.) ____________________________ ________________ ______ _________________________________ __________________________________ (imzo) ________________________ (F.I.O.)

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-iyuldagi 413-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan baʼzi qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Chaqiriluvchilarni tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 9-apreldagi 291-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini harbiy xizmatga chaqirish tartibini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 6-martdagi PQ-4630-son qarori)” 2020-yil 9-apreldagi 211-son qaroriga ilovaning 2-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Yoshlarni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 11-martdagi 132-son qaroriga 3-ilovaning 14-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 595-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oila va xotin-qizlar bilan ishlash, mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2022-yil 9-avgustdagi 438-son qaroriga 1-ilovaning 30-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 7-iyul,

413-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.07.2025-y., 09/25/413/0570-son)

lex.uz