UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 7-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 7 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МИҚДОРЛАРИ

Ҳудудларда кооперациялар ташкил этиш орқали аҳолининг даромад олиш манбаларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаб, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг доимий даромади ва харид қобилиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ, «Туронбанк» АТБ ва «Алоқабанк» АТБнинг (кейинги ўринларда — тижорат банклари) 2025 йилда камида 30 та туманда етакчи тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ҳамда аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик йўналишлари) кооперация асосида ишлаб чиқариш (етиштириш), маҳсулотларни харид қилиш учун ушбу қарорга иловага мувофиқ 500 миллиард сўм кредит ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар маҳаллаларда кооперация тизимини ташкил этиш орқали аҳолининг даромад олиш манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

маҳаллаларнинг ихтисослашув йўналишларини аниқлаш, ихтисослашувни кенгайтиришга доир янги лойиҳаларни амалга ошириш;

аҳолининг доимий даромад олиш манбаларини янада кўпайтириш, ўзини ўзи банд қилиб ишлашини кенгайтириш чораларини кўриш;

маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ташаббускорларни бизнес асосларига ўргатиш;

аҳоли томорқа ва деҳқон хўжаликларига қарашли ерлардан самарали фойдаланиш, даромадлилигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хомашё билан имтиёзли кредитлар асосида таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун кооперация асосида тадбиркорлик субъектларини бириктириш;

тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва фаолиятни мониторинг қилиб бориш, етиштириладиган маҳсулотнинг (кўрсатиладиган хизматнинг) бозорини топишда ёрдам бериш.

3. Белгилансинки:

а) кооперация фаолиятида маҳаллалар ихтисослашувига мос бўлган, хонадонларни кооперация асосида юқори даражада қамраб оладиган, тегишли маҳаллаларда ўз бизнесини ривожлантириш дастурига эга бўлган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари иштирок этади;

б) кооперация асосида аҳолининг даромад олиш манбаини ошириш учун кооперация ташкил этадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари учун фоиз харажатлари бир қисмининг қоплаб берилиши назарда тутилади. Бунда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасидан 4 фоизли пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича ҳудуд тоифасидан келиб чиқиб, асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорда уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга «1+2» тамойили асосида компенсация тақдим этилади;

в) кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектига ишсиз ёки даромад олиш манбаини кўпайтириш истагида бўлган фуқаролар билан тузилган кооперация шартномалари бўйича қуйидагича миқдорларда кредит ажратилади:

30 тагача шартнома тузадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига 1 миллиард сўмгача;

31 тадан 100 тагача шартнома тузадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига 3 миллиард сўмгача;

101 тадан ортиқ шартнома тузадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига 5 миллиард сўмгача.

Бунда бир нафар фуқаро билан битта кооперация шартномаси тузилади ҳамда ишсиз фуқаролар белгиланган тартибда тадбиркорлик субъекти, деҳқон хўжалиги ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим;

г) кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига:

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан кредит суммасининг 50 фоизи миқдоригача умумий тартиб асосида кафиллик берилади;

кооперация асосида ишлаётган фуқаро томонидан ишлаб чиқарилаётган (етиштирилаётган) маҳсулотларни сотиб олиш ёки шартномага асосан фуқарога ойлик иш ҳақи тўлаш шарти белгиланади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда маҳаллалардаги аҳолининг турмуш шароити, хоҳиш-истаги ва имкониятларини ўргансин.

Бунда ҳар бир маҳаллада аҳолининг шаклланган меҳнат кўникмасидан келиб чиқиб, самарали ҳисобланган паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчилик каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратсин;

маҳаллалардаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларни кооперация ташкил этадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари билан боғлаш орқали ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш чораларини кўрсин;

туман ҳокимлари томонидан кооперация ташкил этган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига аҳолидан сотиб олинган маҳсулотлар қулай нархларда ҳамда қисқа фурсатда сотилишига кўмаклашиш мақсадида туман марказий бозори ҳудудидан жой ажратилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тижорат банклари билан биргаликда хонадонларда кичик ва ўрта тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кулай бўлган бизнес-режалар акс этган қўлланмани аҳоли фойдаланиши учун етказилишини ташкил этсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, тижорат банклари кредитларни кооперация лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудуддан келиб чиқиб, банкнинг ички кредит сиёсати талабларига мувофиқ ажратади.

7. Тижорат банкларига:

ҳар ойда ҳудудларга чиқиб, кооперация асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб бориш;

кооперация ташкил этган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъекти билан фаолиятини йўлга қўйиб, ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишида кўмаклашиш;

туманларда доимий равишда кооперация асосида ишлаш тизимининг самарадорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш;

кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитлар ҳисобидан аҳолига берилган маҳсулотлар (товарлар) нобуд бўлиши, табиий офатлар ҳамда ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларнинг нархи ўзгариши туфайли кўрилиши мумкин бўлган зарарни (таваккалчиликни) суғурталаш тизимини йўлга қўйиш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг кооперация асосида фаолият юритиши бўйича доимий мониторинг олиб борсин ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин.

9. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва харид қилиш доирасида кредит ажратишнинг миқдорлари ва шартларига ўзгартириш киритиш ваколати берилсин.

10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги 414-сон қарорига ИЛОВА

2025 йилда камида 30 та туманда етакчи тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ҳамда аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида ишлаб чиқариш (етиштириш), маҳсулотларни харид қилиш учун ажратиладиган кредит маблағларининг

(млрд сўм) Т/р Тижорат банклари номи Жами ажратиладиган кредит миқдори шундан: балиқчилик чорвачилик ва қуёнчилик паррандачилик асаларичилик Жами: 500 95 185 173 47 1. Халқ банки 160 140 18 2 2. Микрокредитбанк 160 155 5 3. Алоқа банк 70 15 20 35 4. Турон банк 110 80 25 5

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 7 июль,

414 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2025 й., 09/25/414/0574-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MIQDORLARI

Hududlarda kooperatsiyalar tashkil etish orqali aholining daromad olish manbalarini koʻpaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Aholini tadbirkorlikka jalb etish orqali ishsizlik darajasi yuqori boʻlgan mahallalar bilan manzilli ishlab, tadbirkorlikni rivojlantirish, aholining doimiy daromadi va xarid qobiliyatini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. AT “Xalq banki”, “Mikrokreditbank” ATB, “Turonbank” ATB va “Aloqabank” ATBning (keyingi oʻrinlarda — tijorat banklari) 2025-yilda kamida 30 ta tumanda yetakchi tadbirkorlik subyektlariga dehqon xoʻjaliklari yer maydonlari hamda aholi tomorqalarida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini (baliqchilik, quyonchilik, chorvachilik, parrandachilik, asalarichilik yoʻnalishlari) kooperatsiya asosida ishlab chiqarish (yetishtirish), mahsulotlarni xarid qilish uchun ushbu qarorga ilovaga muvofiq 500 milliard soʻm kredit ajratish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilar mahallalarda kooperatsiya tizimini tashkil etish orqali aholining daromad olish manbalarini koʻpaytirish va ishsizlikni bartaraf etishning ustuvor yoʻnalishlari etib belgilansin:

mahallalarning ixtisoslashuv yoʻnalishlarini aniqlash, ixtisoslashuvni kengaytirishga doir yangi loyihalarni amalga oshirish;

aholining doimiy daromad olish manbalarini yanada koʻpaytirish, oʻzini oʻzi band qilib ishlashini kengaytirish choralarini koʻrish;

mahallalarda tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish istagida boʻlgan tashabbuskorlarni biznes asoslariga oʻrgatish;

aholi tomorqa va dehqon xoʻjaliklariga qarashli yerlardan samarali foydalanish, daromadliligini yanada oshirish, mahsulot ishlab chiqarish uchun zarur asbob-uskuna va xomashyo bilan imtiyozli kreditlar asosida taʼminlash, shuningdek, ishlab chiqarilgan (yetishtirilgan) mahsulotlarni sotishga koʻmaklashish jarayonlarini tashkil etish uchun kooperatsiya asosida tadbirkorlik subyektlarini biriktirish;

tadbirkorlik loyihalarini amalga oshirishga koʻmaklashish va faoliyatni monitoring qilib borish, yetishtiriladigan mahsulotning (koʻrsatiladigan xizmatning) bozorini topishda yordam berish.

3. Belgilansinki:

a) kooperatsiya faoliyatida mahallalar ixtisoslashuviga mos boʻlgan, xonadonlarni kooperatsiya asosida yuqori darajada qamrab oladigan, tegishli mahallalarda oʻz biznesini rivojlantirish dasturiga ega boʻlgan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlari ishtirok etadi;

b) kooperatsiya asosida aholining daromad olish manbaini oshirish uchun kooperatsiya tashkil etadigan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlariga bank kreditlari uchun foiz xarajatlari bir qismining qoplab berilishi nazarda tutiladi. Bunda “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” aksiyadorlik jamiyati tomonidan kredit foiz xarajatlarini kompensatsiya qilish jamgʻarmasi hisobidan Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki asosiy stavkasidan 4 foizli punkt yuqori va asosiy stavkaning 1,75 baravaridan oshmagan stavkada milliy valyutada 5 milliard soʻmgacha ajratiladigan kreditlar boʻyicha hudud toifasidan kelib chiqib, asosiy stavkaning 40 foizigacha miqdorda uch yildan ortiq boʻlmagan muddatga “1+2” tamoyili asosida kompensatsiya taqdim etiladi;

v) kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektiga ishsiz yoki daromad olish manbaini koʻpaytirish istagida boʻlgan fuqarolar bilan tuzilgan kooperatsiya shartnomalari boʻyicha quyidagicha miqdorlarda kredit ajratiladi:

30 tagacha shartnoma tuzadigan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlariga 1 milliard soʻmgacha;

31 tadan 100 tagacha shartnoma tuzadigan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlariga 3 milliard soʻmgacha;

101 tadan ortiq shartnoma tuzadigan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlariga 5 milliard soʻmgacha.

Bunda bir nafar fuqaro bilan bitta kooperatsiya shartnomasi tuziladi hamda ishsiz fuqarolar belgilangan tartibda tadbirkorlik subyekti, dehqon xoʻjaligi yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtkazilgan boʻlishi lozim;

g) kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlariga:

“Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” aksiyadorlik jamiyati tomonidan kredit summasining 50 foizi miqdorigacha umumiy tartib asosida kafillik beriladi;

kooperatsiya asosida ishlayotgan fuqaro tomonidan ishlab chiqarilayotgan (yetishtirilayotgan) mahsulotlarni sotib olish yoki shartnomaga asosan fuqaroga oylik ish haqi toʻlash sharti belgilanadi.

4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:

bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda tijorat banklari bilan birgalikda mahallalardagi aholining turmush sharoiti, xohish-istagi va imkoniyatlarini oʻrgansin.

Bunda har bir mahallada aholining shakllangan mehnat koʻnikmasidan kelib chiqib, samarali hisoblangan parrandachilik, chorvachilik, baliqchilik, asalarichilik va quyonchilik kabi yoʻnalishlarga alohida eʼtibor qaratsin;

mahallalardagi tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish istagida boʻlgan fuqarolarni kooperatsiya tashkil etadigan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlari bilan bogʻlash orqali oʻz biznesini yoʻlga qoʻyishiga koʻmaklashish choralarini koʻrsin;

tuman hokimlari tomonidan kooperatsiya tashkil etgan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlariga aholidan sotib olingan mahsulotlar qulay narxlarda hamda qisqa fursatda sotilishiga koʻmaklashish maqsadida tuman markaziy bozori hududidan joy ajratilishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi tijorat banklari bilan birgalikda xonadonlarda kichik va oʻrta tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyishda kulay boʻlgan biznes-rejalar aks etgan qoʻllanmani aholi foydalanishi uchun yetkazilishini tashkil etsin.

6. Belgilab qoʻyilsinki, tijorat banklari kreditlarni kooperatsiya loyihalari amalga oshiriladigan hududdan kelib chiqib, bankning ichki kredit siyosati talablariga muvofiq ajratadi.

7. Tijorat banklariga:

har oyda hududlarga chiqib, kooperatsiya asosida amalga oshirilayotgan ishlarni oʻrganib borish;

kooperatsiya tashkil etgan kichik va oʻrta tadbirkorlik subyekti bilan faoliyatini yoʻlga qoʻyib, oʻzini oʻzi band qilgan fuqaroning belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishida koʻmaklashish;

tumanlarda doimiy ravishda kooperatsiya asosida ishlash tizimining samaradorligini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha choralar koʻrish;

kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlari tomonidan kreditlar hisobidan aholiga berilgan mahsulotlar (tovarlar) nobud boʻlishi, tabiiy ofatlar hamda ishlab chiqarilgan (yetishtirilgan) mahsulotlarning narxi oʻzgarishi tufayli koʻrilishi mumkin boʻlgan zararni (tavakkalchilikni) sugʻurtalash tizimini yoʻlga qoʻyish tavsiya etilsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi va Savdo-sanoat palatasi mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlarining kooperatsiya asosida faoliyat yuritishi boʻyicha doimiy monitoring olib borsin hamda aniqlangan muammo va kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha taʼsirchan choralarni koʻrsin.

9. Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasidagi chora-tadbirlar ijrosini tashkil etish va muvofiqlashtirish boʻyicha respublika komissiyasiga qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini kooperatsiya asosida yetishtirish va xarid qilish doirasida kredit ajratishning miqdorlari va shartlariga oʻzgartirish kiritish vakolati berilsin.

10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Raisi va viloyatlar hokimlari zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-iyuldagi 414-son qaroriga ILOVA

2025-yilda kamida 30 ta tumanda yetakchi tadbirkorlik subyektlariga dehqon xoʻjaliklari yer maydonlari hamda aholi tomorqalarida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini kooperatsiya asosida ishlab chiqarish (yetishtirish), mahsulotlarni xarid qilish uchun ajratiladigan kredit mablagʻlarining

(mlrd soʻm) T/r Tijorat banklari nomi Jami ajratiladigan kredit miqdori shundan: baliqchilik chorvachilik va quyonchilik parrandachilik asalarichilik Jami: 500 95 185 173 47 1. Xalq banki 160 140 18 2 2. Mikrokreditbank 160 155 5 3. Aloqa bank 70 15 20 35 4. Turon bank 110 80 25 5

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 7-iyul,

414 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.07.2025-y., 09/25/414/0574-son)

lex.uz