UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 25-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 25 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 июня 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Национального агентства перспективных проектов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 June 2025 · Ministry and agency documents · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг

буйруғи

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

МАЪЛУМОТЛАР

МАЪЛУМОТЛАР

Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 25 июндаги 11-сон буйруғига ИЛОВА

Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги

Ушбу Низом Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

букмекерлик фаолияти — букмекерлик гаровларини тузиш ва ўтказиш фаолияти;

букмекерлик гарови — букмекерлик фаолияти ташкилотчиси ва ўйинчи ўртасида маълум бир ҳодиса (спорт мусобақаси, танлов, табиат ҳодисаси ва бошқалар) содир бўлиши тўғрисида келишувни ўз ичига олган таваккалчиликка асосланган ўйин тури бўлиб, унда ютуқнинг ҳажми (миқдори) ўйинчининг олдиндан тузилган кўрсаткич бўйича аниқ бир воқеанинг ҳақиқий натижасига мос келадиган башорати натижасида аниқланади;

ўйин ускуналари — Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар ҳамда лотереяларни ташкил этиш, ўтказиш, ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун мўлжалланган дастурий таъминот, аппарат ва техник воситалар мажмуи;

Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар (бундан буён матнда Интернет тармоғидаги ўйинлар деб юритилади) — Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган ва ўтказиладиган таваккалчиликка асосланган ўйинлар тури, шу жумладан шу турдаги контентларни ташкил қилиш ва трансляция қилиш;

ахборот тизими — лицензияловчи органнинг Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолиятини лицензиялашни масофавий шаклда амалга ошириш учун мўлжалланган ахборот тизими;

охирги бенефициар мулкдор — Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчисини бевосита ёки билвосита таъсис этувчи ёхуд унинг устав жамғармасидаги (капиталидаги) 25 фоиз ва ундан ортиқ миқдордаги улушларига (акцияларига) бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи ёхуд ушбу шахсга бевосита ёки билвосита эгалик қиладиган ёхуд уни назорат қиладиган жисмоний шахс;

лицензияловчи орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;

лотерея — ўйин чипталарини тарқатиш йўли билан жисмоний шахслардан ихтиёрий равишда пул маблағларини жалб қилишни назарда тутувчи таваккалчиликка асосланган ўйин тури;

асослантирилган мулоҳаза — қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда лицензияловчи орган томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий мазмуни расмий мазмунидан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш;

букмекерлик фаолияти ташкилотчиси — букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс;

Интернет тармоғидаги ўйинлар ташкилотчиси — Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс;

лотереялар ташкил этиш бўйича фаолият ташкилотчиси — лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс.

2. Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш лицензияловчи орган томонидан ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

3. Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларга 5 йил муддатга намунавий (оддий) лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) берилади.

4. Лицензияланадиган фаолият турлари қуйидагилардан иборат:

Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш фаолияти;

лотереяларни ташкил этиш фаолияти;

букмекерлик фаолияти.

5. Лицензия ҳар бир лицензияланадиган фаолият тури учун алоҳида берилади.

6. Юридик шахс бир вақтнинг ўзида мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган фаолият турларини амалга ошириш учун бир нечта лицензияларга эга бўлиш ва улар асосида фаолият юритиш ҳуқуқига эга.

7. Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи лицензия берилган пайтдан бошлаб кучга киради.

8. Лицензияни бошқа юридик шахсга ўтказиш, шу жумладан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш, лицензияга бўлган ҳуқуқларни шартнома орқали бериш ва (ёки) улардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш тақиқланади.

2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари

9. Қуйидагилар Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) фаолиятнинг фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — юридик шахслар томонидан амалга оширилиши;

б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформа мавжудлиги;

в) Интернет тармоғида ўйинларни ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчилари фақат мазкур фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли. Бунда бир пайтнинг ўзида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун ҳар бир фаолият тури учун алоҳида лицензия олиш мумкин;

г) ариза берилган санада маблағ шаклида шакллантирилган қуйидаги устав капитали мавжудлиги:

Интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир юз эллик минг баравари миқдорида;

лотерея ташкилотчиси — базавий ҳисоблаш миқдорининг камида эллик беш минг баравари миқдорида.

Устав капиталини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан ва мажбуриятлар юклатилган бошқа маблағлардан, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган маблағлардан фойдаланиш тақиқланади;

д) ютуқлар бўйича қарздорликни тўлаш, ставкаларни қайтариб бериш, солиқ мажбуриятлар ва бошқа қарздорликларни қоплаш мақсадида:

Интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида етмиш беш минг баравари миқдорида, лотерея ташкилотчиси — базавий ҳисоблаш миқдорининг камида қирқ минг баравари миқдорида маблағ шаклида резерв фондини лицензияловчи органнинг Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйиш;

мазкур банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган тегишли суммага банк кафолати ёки суғурта ташкилотининг суғурта полисини тақдим қилиш;

е) Интернет тармоғида ўйинлар ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш, шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда реклама соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

ж) лицензиат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларни ваколатли органнинг сўровига биноан бепул тақдим этиш;

з) Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментидаги фақат битта домен номидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга ошириш;

и) Интернет тармоғида ўйинлар ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларини бошқариши:

террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар томонидан;

иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун гумонланаётган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар томонидан;

якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган, Интернет тармоғида ўйинларни ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятни амалга оширган юридик шахсларнинг, ушбу шахсларнинг айби билан йўл қўйилган лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги учун кўрсатиб ўтилган юридик шахсларда фаолиятнинг тегишли турини амалга оширишга берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтган бўлса, муассислари ёки бош ҳисобчилари бўлган шахслар томонидан;

юридик шахс банкрот деб эътироф этилган пайтда ва эътироф этилган пайтдан бошлаб икки йил ўтмаган бўлса, якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган ёки коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган шахслар томонидан йўл қўймаслик;

к) Интернет тармоғида ўйинлар, лотереялар ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг устав капиталида қуйидагиларнинг мулкдори ва (ёки) охирги бенефициар мулкдори:

мазкур банднинг «и» кичик бандида кўрсатилган шахсларнинг;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда рўйхатдан ўтган компаниялар ҳамда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахсларнинг бўлишига (иштирок этишига) йўл қўймаслик;

л) мазкур банднинг «и» ва «к» кичик бандларида кўрсатилган шахсларнинг Интернет тармоғида ўйинлар ва лотереялар ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларини бош ҳисобчи сифатида ишга қабул қилмаслик;

м) таъсисчилари бўлган юридик шахсларнинг ҳаддан ташқари (охирги бенефициар мулкдоргача учта поғонадан кўп) даражаларга табақалаштирилган Интернет тармоғида ўйинларни ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиси фаолиятига йўл қўймаслик;

н) Интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик гаровларида иштирок этиш учун маблағларни қабул қилиш, лотерея чипталарини сотиб олиш ва ютуқларни тўлашни фақат Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри орқали амалга ошириш;

о) Интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик гаровлари ва лотерея чипталарини сотиб олиш учун маблағларни киритиш бўйича белгиланган лимитлар ҳамда Интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш ҳамда ўтказиш ва букмекерлик фаолиятидаги тақиқларга риоя қилиш;

п) Интернет тармоғида ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, норезидентларга реализация қилиш масалаларини лицензияловчи орган билан келишиш;

р) Интернет тармоғида ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг раҳбарияти (директори ва унинг ўринбосарлари), бош ҳисобчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинма раҳбарини ўзгартириш масалаларини лицензияловчи орган билан келишиш.

10. Лотереялар ташкилотчиларига қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилар ҳисобланади:

а) чиқарилаётган ва муомаладаги ўйин чипталари ҳажми фаолиятнинг биринчи йили мобайнида — лицензиат ўз сармоясининг беш бараваридан, фаолиятнинг иккинчи йили мобайнида — ўн бараваридан ва фаолиятнинг кейинги йилларида — йигирма беш бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак. Лицензиатнинг ўз сармояси миқдори етарли бўлмаган тақдирда, лотереялар мўлжалланаётган ҳажмда фақат молия ташкилотларининг зарур миқдорларда таъминлаш кафолати мавжуд бўлганда ўтказилиши мумкин;

б) ўйинларни фақат мазкур Низомнинг 2-иловасида белгиланган тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг сертификатига эга ютуқли чипталарни тасодифий танлаб олиш жараёнига инсон омилининг бирон-бир таъсирини тўлиқ истисно қилувчи технологиялар ва жиҳозларни, шу жумладан, тасодифий рақамлар генераторини қўллаган ҳолда ўтказиш;

в) ютуқли лотерея чипталари ишлаб чиқариш давомида аниқланадиган ёхуд бир ёки бир неча чипталар учун қисман ўйинлар ўтказиладиган тиражсиз лотереяларни ўтказмаслик.

11. Хизматларни кўрсатиш учун фойдаланаётган ўйинларнинг дастурий таъминоти мазкур Низомнинг 2-иловасида белгиланган тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг сертификатига эга бўлиши Интернет тармоғидаги ўйинлар ташкилотчисининг қўшимча лицензия талаби ва шарти ҳисобланади.

12. Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг номланиши ёки рамзларида «давлат», «давлат томонидан таъминланган», «давлат томонидан қўллаб-қувватланган», «Ўзбекистон», «миллий» ҳамда республика шаҳарларининг номларини тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда, уларнинг бирликларидан фойдаланган ҳолда, исталган тилда ва ҳар қандай шаклда ишлатиш тақиқланади.

3-боб. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

13. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни ахборот тизими орқали тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги домен номи, электрон почта манзили, банкнинг номи ва банкдаги ҳисобварағи, лицензияланадиган фаолиятнинг тури, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, ўзгартириш ёки қайта расмийлаштириш), лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши тўғрисидаги розилиги акс эттирилган ариза;

б) лицензия талабгорининг мулки, бошқарув ва шахсий таркиби тузилмаси тўғрисидаги маълумотлар;

в) лицензия талабгорининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчи ҳақидаги мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдоргача — жисмоний шахсга кўрсатилади;

г) лицензия талабгорининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 9-банди «и» кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқлаган таржимаси;

д) тижорат банкининг қуйидаги маълумотномаси:

устав фонди (капитали) шакллантирилганлиги;

Интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида етмиш беш минг баравари миқдорида, лотерея ташкилотчиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида қирқ минг баравари миқдоридаги маблағлар шаклида резерв фонди захирага қўйилганлиги;

е) ушбу Низомга мувофиқ банк кафолати ёки суғурта ташкилотининг суғурта полиси;

ж) Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги домен номига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;

и) ўйин ускуналарини етказиб берувчилар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар, уларнинг лицензиялари (агар мавжуд бўлса);

к) Интернет тармоғидаги ўйинлар ва лотереяларни ташкилотчилари томонидан фойдаланиладиган ўйин ускуналарининг сертификатланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

14. Лицензия талабгорининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганда, лицензияловчи орган мазкур Низомнинг 9-банди «и» кичик бандида назарда тутилган ҳолатларни ўзи мустақил тарзда текширади.

15. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар лицензия талабгорининг раҳбари томонидан тасдиқланиши (имзоланиши) шарт.

Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлар ўқиш мумкин бўлган юқори сифатда «PDF», «PNG» ёки «JPEG» форматларда бўлиши лозим.

16. Қабул қилинган аризалар тўғрисидаги маълумот лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

4-боб. Аризани кўриб чиқиш, лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

17. Лицензияловчи орган томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

18. Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси қабул қилинган кундан эътиборан қирқ иш куни ичида қабул қилинади.

19. Лицензияловчи орган қуйидаги муддатларда:

ўттиз иш кунидан ошмайдиган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди;

тўққиз иш кунидан ошмайдиган муддатда лицензия бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

20. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия талабгорига банк ҳисобрақами реквизитлари ва давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади.

21. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида расмийлаштирилади.

22. Лицензия QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади ҳамда лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Электрон шаклда берилган лицензия манфаатдор шахслар томонидан қоғозда чоп этилиши мумкин. Бунда, қоғозда чоп этилган лицензиялар электрон шаклда берилган лицензияларга тенглаштирилади.

23. Агар лицензиат лицензия берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабарнома олган кундан бошлаб ўттиз кун ичида давлат божи тўламаган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

24. Лицензияни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг лицензия талабгори томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;

бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги;

лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

талабгорнинг мансабдор шахслари ва (ёки) таъсисчиларнинг мазкур Низомнинг 9-банди «и» кичик бандида назарда тутилган жиноятларда иштирок этганлиги ёки иштирок этишда гумонланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжудлиги;

лицензияловчи органнинг асослантирилган мулоҳазаси.

Лицензияни беришни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

25. Лицензия бериш рад этилган тақдирда, лицензия талабгори лицензия олиш учун такроран ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда ариза ва ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Бунда, лицензияловчи орган аризани умумий асосларда кўриб чиқади.

5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш

26. Лицензиат — юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир иш куни ичида лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

27. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар — тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни мазкур Низомнинг 36-бандида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

28. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 3-бобида назарда тутилган тартибда берилади.

29. Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади.

30. Лицензия қайта расмийлаштирилаётганда, лицензияловчи орган томонидан лицензиялар электрон реестрига (бундан буён матнда лицензиялар реестри деб юритилади) тегишли ўзгартиришлар киритади.

31. Лицензияни қайта расмийлаштирганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.

32. Лицензияни қайта расмийлаштириш ҳамда бериш лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

6-боб. Лицензияни ўзгартириш

33. Лицензияда кўрсатилган домен номи ўзгарган тақдирда, лицензия ўзгартирилиши лозим.

34. Домен номи ўзгарган тақдирда, лицензиат уч иш куни ичида лицензияни ўзгартириш тўғрисидаги аризани тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияловчи органга тақдим этиши керак.

35. Лицензияни ўзгартириш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензиат томонидан ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда тақдим этилади.

36. Лицензия ўзгаргунига қадар, лицензиат лицензияни ўзгартириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади.

37. Лицензия ўзгартирган тақдирда, лицензияловчи орган томонидан лицензиялар реестри тегишли ўзгартиришлар киритилади.

38. Лицензияни ўзгартирганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи тўланади.

39. Лицензияни ўзгартириш ва бериш лицензияни ўзгартириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда келиб тушган кундан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

7-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва лицензияни бекор қилиш

40. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг бузилганлиги аниқланганда;

лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини унинг зиммасига юкловчи қарори бажарилмаганда.

41. Лицензиянинг амал қилишини ўн кунгача муддатга тўхтатиб туриш лицензияловчи орган томонидан, ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга эса суд томонидан амалга оширилади.

42. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилиши муддатини белгилаши шарт. Бунда, кўрсатилган муддат лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

43. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай юборилади.

44. Белгиланган муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаб ва камчиликлар бартараф қилинмаса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш бўйича ёки лицензияни бекор қилиш ҳақида судга даъво ариза киритади.

45. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензиат бу ҳақда лицензияловчи органга тасдиқнома юборади.

Лицензияловчи орган тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

46. Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг, бир иш кунидан ошмаган муддатда лицензиялар реестрида лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги ҳақидаги маълумотни жойлаштиради.

47. Агар лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш ҳақида ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилмаса, лицензиат мазкур муддат ўтгандан сўнг лицензияловчи органни хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.

48. Лицензиат ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Агар лицензиат лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ой ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат этмаган бўлса, лицензиянинг амал қилиши тугатилади.

49. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида лицензиялар реестрига жойлаштирилиши керак.

50. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

лицензиялаш тартиби бекор қилинганда;

лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан илгари мурожаат этилган бўлиб, мазкур муддат ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилинмаган тақдирда.

Лицензиянинг амал қилиши тугатилган ҳолларда лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.

51. Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

юридик шахс тугатилганда — тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда — қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно;

лицензия берилганлиги учун давлат божи белгиланган муддатда тўланмаганда;

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

лицензиат томонидан мазкур Низомнинг 55-бандида белгиланган лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда;

лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Ушбу банднинг еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда бир йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб лицензиатнинг муассасаси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

52. Лицензияни бекор қилиш мазкур Низомнинг 51-банди иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда лицензияловчи органнинг қарори асосида амалга оширилади.

Лицензия мазкур Низомнинг 51-банди бешинчи — саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд томонидан бекор қилинади.

Лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда хабар юборади.

53. Лицензия ушбу Низомнинг 51-банди саккизинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

54. Лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензияни бекор қилиш асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.

Лицензияловчи орган бекор қилинган лицензиялар тўғрисидаги ахборотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.

55. Лицензия талаблари ва шартларини бир маротаба қўпол равишда бузилишларига қуйидагилар киради:

а) ушбу Низомнинг 9-банди «в» кичик бандида назарда тутилмаган фаолиятни амалга ошириш;

б) лицензиатни:

террористик фаолиятда ёки оммавий қиргин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган;

иқтисодий жиноятлар, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қиргин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган шахслар;

якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган, Интернет тармоғида ўйинларни ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятни амалга оширган юридик шахсларнинг, ушбу шахсларнинг айби билан йўл қўйилган лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги учун кўрсатиб ўтилган юридик шахсларда фаолиятнинг тегишли турини амалга оширишга берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтган бўлса, муассислари ёки бош ҳисобчилари бўлган шахслар;

юридик шахс банкрот деб эътироф этилган пайтда ва эътироф этилган пайтдан бошлаб икки йил ўтмаган бўлса, якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган ёки коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган шахслар томонидан бошқарилиши;

в) устав жамғармасида (капиталида):

ушбу банднинг «б» кичик бандида кўрсатилган шахсларнинг;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда рўйхатдан ўтган компаниялар ҳамда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахсларнинг иштирок этиши;

г) кредит ёки гаровга олинган маблағлар ва бошқа маблағлардан Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг устав фондини (капиталини) шакллантириш учун фойдаланиш;

д) Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчилари устав фонди (капитали) миқдорини лицензия талаблари ва шартларида белгиланган миқдордан камайтириш;

е) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги серверларда электрон платформани жойлаштириш;

ж) Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан норезидентларга реализация қилиш тўғрисида лицензияловчи орган билан келишмаслик;

з) ўйинларни фақат лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг сертификатига эга ютуқли чипталарни тасодифий танлаб олиш жараёнига инсон омилининг бирон-бир таъсирини тўлиқ истисно қилувчи технологиялар ва жиҳозларни, шу жумладан, тасодифий рақамлар генераторини қўлламаган ҳолда ўтказиш;

и) Интернет тармоғидаги ўйинлар ташкилотчиси томонидан хизматларни кўрсатиш учун фойдаланаётган ўйинларнинг дастурий таъминоти лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг сертификатига эга бўлмаслиги.

Мазкур банднинг «а» — «и» кичик бандларида кўрсатилмаган лицензия талаблари ва шартларининг бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилишлари мунтазам равишда бузилишлар деб ҳисобланади.

8-боб. Айрим лицензия талаблари ва шартларини амалга оширишнинг махсус тартиби

56. Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчилари лицензияловчи орган билан қуйидагиларни келишишлари лозим:

Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкилотчисининг устав капиталидаги ўз улушларини жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан норезидентларга реализация қилишни;

Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг раҳбарияти (директори ва унинг ўринбосарлари), бош ҳисобчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинма раҳбарини ўзгартиришни.

57. Мазкур Низомнинг 56-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатларда Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчилари лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), электрон почта манзили, банкнинг номи ва банкдаги ҳисобварағи, аризани тўлдириш сабаби (устав капиталидаги улушни сотиш, раҳбариятни (директор ва унинг ўринбосари), бош ҳисобчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинма раҳбарини алмаштиришга рухсат бериш);

б) жисмоний шахс, шу жумладан Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини сотиб олиш ниятида бўлган потенциал олувчи ҳақидаги маълумотлар (Ф.И.О., шахсни тасдиқловчи ҳужжат рақами, ЖШШИР). Шунингдек, чет эл фуқаролари учун ушбу банднинг «г» кичик бандида назарда тутилган маълумотлар қўшимча равишда тақдим этилиши керак;

в) Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини сотиб олиш ниятида бўлган ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги потенциал олувчи — юридик шахснинг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги маълумотлар. Бунда, таъсисчилар ҳақидаги маълумотлар охирги бенефициар мулкдорга қадар кўрсатилиши керак;

г) Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиси юридик шахснинг устав капитали улушини потенциал олувчи — юридик шахснинг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 9-банди «и» кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқлаган таржимаси.

58. Лицензияловчи орган аризани қабул қилган кундан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда келишиш ёки келишишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Бунда, мазкур Низомнинг 56-моддаси иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлган тақдирда, лицензияловчи орган томонидан уларни келишиш ҳақида қарор қабул қилинади. Агар улар лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмас деб топилганда, уларни келишиш рад этилади.

59. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун йиғим ундирилмайди.

9-боб. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

60. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

61. Лицензияловчи орган лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:

Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисидан Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини талаб қилиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш муддатларини белгилаш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки лицензияни бекор қилиш масаласи бўйича қарор чиқариш ва (ёки) судга мурожаат қилиш.

10-боб. Лицензиялар реестри

62. Лицензияловчи орган лицензияланадиган фаолият турлари бўйича лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

юридик шахс — лицензиат номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), телефони;

ахборот ресурсининг (тизимнинг, платформанинг) домен номи;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, ўзгартириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, амал қилишини тугатиш ҳамда бекор қилиш асослари ва санаси.

63. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.

11-боб. Якуний қоидалар

64. Лицензияловчи органнинг лицензияни беришни рад этиш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақидаги қарорлари, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

65. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Интернет жаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш

Босқич Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Лицензия талабгори 1. Лицензия олиш учун ариза ва тегишли ҳужжатларни тайёрлайди. 2. Ариза ва тегишли ҳужжатларни лицензияловчи органга юборади. ўз хоҳишига кўра 2-босқич Лицензияловчи орган Ариза ва тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олинади. тақдим этилган кунда 3-босқич Лицензияловчи орган 1. Ариза ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 40 иш куни Лицензияловчи орган 1. Лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 30 иш куни 2. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 9 иш куни 3. Лицензия талабгорини лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади. 1 иш куни 4-босқич Лицензия талабгори Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат божини тўлайди. лицензияловчи орган томонидан белгиланган муддатда 5-босқич Лицензияловчи орган 1. Давлат божи тўланганидан сўнг, лицензияни расмийлаштириб беради ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради. 3 иш куни 2. Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланмаган тақдирда, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан ўттиз кундан сўнг 6-босқич Лицензиат 1. Лицензиат — юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради. рўйхатдан ўтгандан сўнг 1 иш куни ичида 2. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни бир фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар — тадбиркорлик субъектлари қўшиб юборилган тақдирда. лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради. 3. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади. лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар 7-босқич Лицензияловчи орган 1. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ариза ва тегишли ҳужжатлар тақдим қилинганда лицензияни қайта расмийлаштиради ва беради. 2. Лицензия қайта расмийлаштирилганлиги ҳақида лицензияларнинг электрон реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. 10 иш куни 8-босқич Лицензиат 1. Домен номи ўзгарган тақдирда лицензиат лицензияловчи органга тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинган ҳолда лицензияни ўзгартириш тўғрисида ариза беради. 2. Лицензияни ўзгартириш тўғрисидаги аризаси асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади. 1 иш куни 9-босқич Лицензияловчи орган 1. Лицензияни ўзгартириш учун ариза ва тегишли ҳужжатлар тақдим қилинганда, лицензияни ўзгартиради ва беради. 2. Лицензия қайта расмийлаштирилганлиги ҳақида лицензияларнинг электрон реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. 10 иш куни 10-босқич Лицензияловчи орган 1. Лицензияни амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда лицензиянинг амал қилишини тугатади. белгиланган асослар юзага келганда 2. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади. доимий

Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўйин ускуналарини (дастурий таъминотларни) сертификатлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олинадиган мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораториялари

Т/р Ташкилот номи Юридик манзили 1. Gaming Laboratories International (GLI) 600 Airport Road, Lakewood, N J 08701, USA 2. BMM Testlabs 815 Pilot Road, Suite G, Las Vegas, N V 89119, USA 3. Quantum Computing Inc. (QCI) 215 Depot Court SE, Suite 215, Leesburg, VA 20175, USA 4. Underwriters Laboratories Inc. (UL LLC) 333 Pfingsten Road, N orthbrook, IL 60062, USA 5. Technical Systems Testing (TST) Suite 202, 1140 Homer Street, Vancouver, BC V6B 2X6, Canada 6. Gaming Associates Europe Ltd. 178 Merton High Street, London, England, SW19 1AY 7. eCommerce Online Gaming Regulation and Assurance (eCOGRA) 3rd Floor, One London Wall, London, EC2Y 5AB, United Kingdom 8. Intertek Group PLC Cavendish Square, London, W1G 0PS, England 9. BSI (British Standards Institution) 389 Chiswick Нigh Road, London, W4 4AL, United Kingdom 10. N Mi Gaming Vlijtseweg 9, 7317 AK Apeldoorn, N etherlands 11. SGS Société Générale de Surveillance SA (SGS SA) Place des Alpes 1, 1201 Genève, Switzerland 12. Eurofins Scientific SE 23 Val Fleuri, L-1526 Luxembourg 13. Bureau Veritas SA (Bureau Veritas) 67 Boulevard du Château, 92200 N euilly-sur-Seine, France 14. D N V AS Veritasveien 1, 1363 Hovik, N orway 15. Software Quality Systems (SQS) Stollwerckstraße 11, 51149 Cologne, Germany 16. Dekra SE Jägerstr. 36, 70174 Stuttgart, Germany 17. TÜV SÜD AG Goethestr. 4, 80336 München, Germany 18. TÜV Rheinland AG Am Grauen Stein, 51105 Köln, Germany 19. TÜV N ord AG Große Bahnstr. 31, 22525 Hamburg, Germany 20. iTech Labs Unit 1, 20 Duerdin Street, Clayton, VIC 3168, Australia

Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг раҳбарияти (раҳбар ва ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги

1-жадвал Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг раҳбарияти (раҳбар ва ўринбосарлари) Лавозим Фамилияси, исми ва отасининг исми Фуқаролик ЖШШИР (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8

2-жадвал Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг таъсисчилари Фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи Улуш ҳажми Фуқаролик (жисмоний шахслар учун) ёки давлат рўйхатидан ўтказилган жой (юридик шахслар учун) ЖШШИР (жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) ёки СТИР (юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат рўйхатидан ўтказиш Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8

Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотереяларни ташкил этиш ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи юридик шахснинг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари ҳақидаги

1-жадвал Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи — юридик шахс раҳбарияти (директорлари ва ўринбосарлари) Лавозим Фамилияси, исми ва отасининг исми Фуқаролик ЖШШИР (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8

2-жадвал Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини потенциал сотиб олувчи — юридик шахснинг таъсисчилари Фамилияси, исми ва отасининг исми ёки юридик шахснинг номи Улуш ҳажми Фуқаролик (жисмоний шахслар учун) ёки давлат рўйхатидан ўтказилган жойи (юридик шахслар учун) ЖШШИР (жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) ёки СТИР (юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун) Шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки давлат рўйхатидан ўтказиш Ҳужжат тури Серияси ва рақами Берилган санаси ва амал қилиш муддати Ким томонидан берилган 1 2 3 4 5 6 7 8

Директор Д. ЛИ

Тошкент ш.,

2025 йил 25 июнь,

11-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2025 й., 10/25/3638/0577-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining

buyrugʻi

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

MAʼLUMOTLAR

MAʼLUMOTLAR

Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereya tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 19-apreldagi PF-68-son “Lotereyalar va tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni tashkil etish va oʻtkazishni tartibga solishni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 6-dekabrdagi 814-son “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Lotereyalar va tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni tashkil etish va oʻtkazishni tartibga solishni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 19-apreldagi PF-68-son Farmoni ijrosini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereya tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining 2025-yil 25-iyundagi 11-son buyrugʻiga ILOVA

Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereya tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash toʻgʻrisidagi

Ushbu Nizom Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

bukmekerlik faoliyati — bukmekerlik garovlarini tuzish va oʻtkazish faoliyati;

bukmekerlik garovi — bukmekerlik faoliyati tashkilotchisi va oʻyinchi oʻrtasida maʼlum bir hodisa (sport musobaqasi, tanlov, tabiat hodisasi va boshqalar) sodir boʻlishi toʻgʻrisida kelishuvni oʻz ichiga olgan tavakkalchilikka asoslangan oʻyin turi boʻlib, unda yutuqning hajmi (miqdori) oʻyinchining oldindan tuzilgan koʻrsatkich boʻyicha aniq bir voqeaning haqiqiy natijasiga mos keladigan bashorati natijasida aniqlanadi;

oʻyin uskunalari — Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlar hamda lotereyalarni tashkil etish, oʻtkazish, hisobga olish va nazorat qilish uchun moʻljallangan dasturiy taʼminot, apparat va texnik vositalar majmui;

Internet butunjahon axborot tarmogʻidagi tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlar (bundan buyon matnda Internet tarmogʻidagi oʻyinlar deb yuritiladi) — Internet butunjahon axborot tarmogʻida axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda tashkil etiladigan va oʻtkaziladigan tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlar turi, shu jumladan shu turdagi kontentlarni tashkil qilish va translyatsiya qilish;

axborot tizimi — litsenziyalovchi organning Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyatini litsenziyalashni masofaviy shaklda amalga oshirish uchun moʻljallangan axborot tizimi;

oxirgi benefitsiar mulkdor — Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchisini bevosita yoki bilvosita taʼsis etuvchi yoxud uning ustav jamgʻarmasidagi (kapitalidagi) 25 foiz va undan ortiq miqdordagi ulushlariga (aksiyalariga) bevosita yoki bilvosita egalik qiluvchi yoxud ushbu shaxsga bevosita yoki bilvosita egalik qiladigan yoxud uni nazorat qiladigan jismoniy shaxs;

litsenziyalovchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi;

lotereya — oʻyin chiptalarini tarqatish yoʻli bilan jismoniy shaxslardan ixtiyoriy ravishda pul mablagʻlarini jalb qilishni nazarda tutuvchi tavakkalchilikka asoslangan oʻyin turi;

asoslantirilgan mulohaza — qonunchilikda belgilangan talablarga qoʻshimcha ravishda litsenziyalovchi organ tomonidan qoʻllaniladigan, koʻrib chiqilayotgan masalaning haqiqiy mazmuni rasmiy mazmunidan ustuvorligini nazarda tutuvchi professional baholash;

bukmekerlik faoliyati tashkilotchisi — bukmekerlik faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya olgan Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti boʻlgan yuridik shaxs;

Internet tarmogʻidagi oʻyinlar tashkilotchisi — Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni tashkil etish faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya olgan Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti boʻlgan yuridik shaxs;

lotereyalar tashkil etish boʻyicha faoliyat tashkilotchisi — lotereyalar tashkil etish faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya olgan Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti boʻlgan yuridik shaxs.

2. Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash litsenziyalovchi organ tomonidan ushbu Nizomning 1-ilovasida keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

3. Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini amalga oshirish uchun faqat Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari boʻlgan yuridik shaxslarga 5 yil muddatga namunaviy (oddiy) litsenziya (bundan buyon matnda litsenziya deb yuritiladi) beriladi.

4. Litsenziyalanadigan faoliyat turlari quyidagilardan iborat:

Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni tashkil etish faoliyati;

lotereyalarni tashkil etish faoliyati;

bukmekerlik faoliyati.

5. Litsenziya har bir litsenziyalanadigan faoliyat turi uchun alohida beriladi.

6. Yuridik shaxs bir vaqtning oʻzida mazkur Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan faoliyat turlarini amalga oshirish uchun bir nechta litsenziyalarga ega boʻlish va ular asosida faoliyat yuritish huquqiga ega.

7. Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini amalga oshirish huquqi litsenziya berilgan paytdan boshlab kuchga kiradi.

8. Litsenziyani boshqa yuridik shaxsga oʻtkazish, shu jumladan faoliyatni amalga oshirish huquqini berish, litsenziyaga boʻlgan huquqlarni shartnoma orqali berish va (yoki) ulardan boshqa shaxs foydasiga voz kechish taqiqlanadi.

2-bob. Litsenziya talablari va shartlari

9. Quyidagilar Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyatini amalga oshirishga qoʻyiladigan litsenziya talablari va shartlari hisoblanadi:

a) faoliyatning faqat Oʻzbekiston Respublikasining rezidentlari — yuridik shaxslar tomonidan amalga oshirilishi;

b) Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi serverlarda joylashgan elektron platforma mavjudligi;

v) Internet tarmogʻida oʻyinlarni va lotereya tashkil etish faoliyati hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilari faqat mazkur faoliyat turlari bilan shugʻullanishga haqli. Bunda bir paytning oʻzida Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni va lotereyalar tashkil etish faoliyatini va bukmekerlik faoliyatini amalga oshirish uchun har bir faoliyat turi uchun alohida litsenziya olish mumkin;

g) ariza berilgan sanada mablagʻ shaklida shakllantirilgan quyidagi ustav kapitali mavjudligi:

Internet tarmogʻida oʻyinlar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisi uchun bazaviy hisoblash miqdorining kamida bir yuz ellik ming baravari miqdorida;

lotereya tashkilotchisi — bazaviy hisoblash miqdorining kamida ellik besh ming baravari miqdorida.

Ustav kapitalini shakllantirish uchun kreditga, garovga olingan mablagʻlardan va majburiyatlar yuklatilgan boshqa mablagʻlardan, shuningdek, jinoiy faoliyatdan olingan mablagʻlardan foydalanish taqiqlanadi;

d) yutuqlar boʻyicha qarzdorlikni toʻlash, stavkalarni qaytarib berish, soliq majburiyatlar va boshqa qarzdorliklarni qoplash maqsadida:

Internet tarmogʻida oʻyinlar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisi uchun bazaviy hisoblash miqdorining kamida yetmish besh ming baravari miqdorida, lotereya tashkilotchisi — bazaviy hisoblash miqdorining kamida qirq ming baravari miqdorida mablagʻ shaklida rezerv fondini litsenziyalovchi organning Oʻzbekiston Respublikasining tijorat bankida alohida hisobvaraqda zaxiraga qoʻyish;

mazkur bandning ikkinchi xatboshisida belgilangan tegishli summaga bank kafolati yoki sugʻurta tashkilotining sugʻurta polisini taqdim qilish;

e) Internet tarmogʻida oʻyinlar va lotereya tashkil etish faoliyati hamda bukmekerlik faoliyatini amalga oshirish, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurollarining tarqalishini moliyalashtirishga qarshi kurashish, shaxsga doir maʼlumotlarni saqlash va ulardan foydalanish hamda reklama sohasidagi Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilish;

j) litsenziat faoliyatini amalga oshirish bilan bogʻliq maʼlumotlarni vakolatli organning soʻroviga binoan bepul taqdim etish;

z) Internet jahon axborot tarmogʻi milliy segmentidagi faqat bitta domen nomidan foydalangan holda faoliyatni amalga oshirish;

i) Internet tarmogʻida oʻyinlar va lotereya tashkil etish faoliyati hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarini boshqarishi:

terroristik faoliyatda yoki ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatishda ishtirok etgan yoki ishtirok etishda gumon qilinayotgan shaxslar tomonidan;

iqtisodiy jinoyatlar, shuningdek, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizm, ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatish, ularni moliyalashtirish, uyushgan jinoyatchilik, giyohvand moddalar noqonuniy savdosi, korrupsiya va axborot texnologiyalari bilan bogʻliq jinoyatlarni sodir etganlik uchun gumonlanayotgan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan yoxud sudlanganlik holati tugallanmagan shaxslar tomonidan;

yakka holda ijro etuvchi organ funksiyalarini bajargan, kollegial ijro etuvchi organ tarkibiga kirgan, Internet tarmogʻida oʻyinlarni va lotereyalar tashkil etish faoliyatini yoki bukmekerlik faoliyatni amalga oshirgan yuridik shaxslarning, ushbu shaxslarning aybi bilan yoʻl qoʻyilgan litsenziya talablari va shartlari buzilganligi uchun koʻrsatib oʻtilgan yuridik shaxslarda faoliyatning tegishli turini amalga oshirishga berilgan litsenziyalarning amal qilishi toʻxtatilgan paytda, agar bunday toʻxtash paytidan boshlab uch yildan kam vaqt oʻtgan boʻlsa, muassislari yoki bosh hisobchilari boʻlgan shaxslar tomonidan;

yuridik shaxs bankrot deb eʼtirof etilgan paytda va eʼtirof etilgan paytdan boshlab ikki yil oʻtmagan boʻlsa, yakka holda ijro etuvchi organ funksiyalarini bajargan yoki kollegial ijro etuvchi organ tarkibiga kirgan shaxslar tomonidan yoʻl qoʻymaslik;

k) Internet tarmogʻida oʻyinlar, lotereyalar tashkil etish faoliyati hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarining ustav kapitalida quyidagilarning mulkdori va (yoki) oxirgi benefitsiar mulkdori:

mazkur bandning “i” kichik bandida koʻrsatilgan shaxslarning;

jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish sohasida xalqaro hamkorlikda ishtirok etmayotgan davlatlarda roʻyxatdan oʻtgan kompaniyalar hamda doimiy yashayotgan, turgan yoki roʻyxatga olingan shaxslarning boʻlishiga (ishtirok etishiga) yoʻl qoʻymaslik;

l) mazkur bandning “i” va “k” kichik bandlarida koʻrsatilgan shaxslarning Internet tarmogʻida oʻyinlar va lotereyalar tashkil etish faoliyati hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarini bosh hisobchi sifatida ishga qabul qilmaslik;

m) taʼsischilari boʻlgan yuridik shaxslarning haddan tashqari (oxirgi benefitsiar mulkdorgacha uchta pogʻonadan koʻp) darajalarga tabaqalashtirilgan Internet tarmogʻida oʻyinlarni va lotereya tashkil etish faoliyati hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchisi faoliyatiga yoʻl qoʻymaslik;

n) Internet tarmogʻida oʻyinlar, bukmekerlik garovlarida ishtirok etish uchun mablagʻlarni qabul qilish, lotereya chiptalarini sotib olish va yutuqlarni toʻlashni faqat Stavkalar va oʻyinchilarning yagona davlat registri orqali amalga oshirish;

o) Internet tarmogʻida oʻyinlar, bukmekerlik garovlari va lotereya chiptalarini sotib olish uchun mablagʻlarni kiritish boʻyicha belgilangan limitlar hamda Internet tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereyalar tashkil etish hamda oʻtkazish va bukmekerlik faoliyatidagi taqiqlarga rioya qilish;

p) Internet tarmogʻida oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini jismoniy va yuridik shaxslarga, shu jumladan, norezidentlarga realizatsiya qilish masalalarini litsenziyalovchi organ bilan kelishish;

r) Internet tarmogʻida oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisining rahbariyati (direktori va uning oʻrinbosarlari), bosh hisobchi, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurollarining tarqalishini moliyalashtirishga qarshi kurashish boʻyicha tarkibiy boʻlinma rahbarini oʻzgartirish masalalarini litsenziyalovchi organ bilan kelishish.

10. Lotereyalar tashkilotchilariga qoʻyiladigan qoʻshimcha litsenziya talablari va shartlari quyidagilar hisoblanadi:

a) chiqarilayotgan va muomaladagi oʻyin chiptalari hajmi faoliyatning birinchi yili mobaynida — litsenziat oʻz sarmoyasining besh baravaridan, faoliyatning ikkinchi yili mobaynida — oʻn baravaridan va faoliyatning keyingi yillarida — yigirma besh baravaridan ortiq boʻlmasligi kerak. Litsenziatning oʻz sarmoyasi miqdori yetarli boʻlmagan taqdirda, lotereyalar moʻljallanayotgan hajmda faqat moliya tashkilotlarining zarur miqdorlarda taʼminlash kafolati mavjud boʻlganda oʻtkazilishi mumkin;

b) oʻyinlarni faqat mazkur Nizomning 2-ilovasida belgilangan tegishli muvofiqlikni baholash boʻyicha organlarning va sinov laboratoriyalarning sertifikatiga ega yutuqli chiptalarni tasodifiy tanlab olish jarayoniga inson omilining biron-bir taʼsirini toʻliq istisno qiluvchi texnologiyalar va jihozlarni, shu jumladan, tasodifiy raqamlar generatorini qoʻllagan holda oʻtkazish;

v) yutuqli lotereya chiptalari ishlab chiqarish davomida aniqlanadigan yoxud bir yoki bir necha chiptalar uchun qisman oʻyinlar oʻtkaziladigan tirajsiz lotereyalarni oʻtkazmaslik.

11. Xizmatlarni koʻrsatish uchun foydalanayotgan oʻyinlarning dasturiy taʼminoti mazkur Nizomning 2-ilovasida belgilangan tegishli muvofiqlikni baholash boʻyicha organlarning va sinov laboratoriyalarning sertifikatiga ega boʻlishi Internet tarmogʻidagi oʻyinlar tashkilotchisining qoʻshimcha litsenziya talabi va sharti hisoblanadi.

12. Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarining nomlanishi yoki ramzlarida “davlat”, “davlat tomonidan taʼminlangan”, “davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlangan”, “Oʻzbekiston”, “milliy” hamda respublika shaharlarining nomlarini toʻliq yoki qisqartirilgan shaklda, ularning birliklaridan foydalangan holda, istalgan tilda va har qanday shaklda ishlatish taqiqlanadi.

3-bob. Litsenziya olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar

13. Litsenziya olish uchun litsenziya talabgori litsenziyalovchi organga quyidagi hujjatlarni axborot tizimi orqali taqdim etadi:

a) yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, uning pochta manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), Internet butunjahon axborot tarmogʻidagi domen nomi, elektron pochta manzili, bankning nomi va bankdagi hisobvaragʻi, litsenziyalanadigan faoliyatning turi, ariza toʻldirish sababi (yangi litsenziya olish, oʻzgartirish yoki qayta rasmiylashtirish), litsenziya talabgorining litsenziya talablari va shartlariga rioya qilishi toʻgʻrisidagi roziligi aks ettirilgan ariza;

b) litsenziya talabgorining mulki, boshqaruv va shaxsiy tarkibi tuzilmasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

v) litsenziya talabgorining rahbariyati (rahbar, uning oʻrinbosarlari) va taʼsischi haqidagi mazkur Nizomning 3-ilovasida keltirilgan maʼlumotlar. Bunda, taʼsischilar haqidagi maʼlumotlar oxirgi benefitsiar mulkdorgacha — jismoniy shaxsga koʻrsatiladi;

g) litsenziya talabgorining rahbariyati (rahbar, uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari chet el fuqarolari boʻlganda, mazkur Nizomning 9-bandi “i” kichik bandida nazarda tutilgan jinoyatlar boʻyicha belgilangan tartibda legallashtirilgan yoki apostil qoʻyilgan tegishli xorijiy mamlakatning vakolatli organidan olingan sudlanmaganligi haqidagi maʼlumotnoma hamda uning Oʻzbekiston Respublikasi davlat tiliga notarial tartibda tasdiqlagan tarjimasi;

d) tijorat bankining quyidagi maʼlumotnomasi:

ustav fondi (kapitali) shakllantirilganligi;

Internet tarmogʻidagi oʻyinlar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisi uchun bazaviy hisoblash miqdorining kamida yetmish besh ming baravari miqdorida, lotereya tashkilotchisi uchun bazaviy hisoblash miqdorining kamida qirq ming baravari miqdoridagi mablagʻlar shaklida rezerv fondi zaxiraga qoʻyilganligi;

e) ushbu Nizomga muvofiq bank kafolati yoki sugʻurta tashkilotining sugʻurta polisi;

j) Internet butunjahon axborot tarmogʻidagi domen nomiga egalik qilish va undan foydalanish huquqini tasdiqlovchi hujjatlar;

i) oʻyin uskunalarini yetkazib beruvchilar toʻgʻrisidagi hujjatlar va maʼlumotlar, ularning litsenziyalari (agar mavjud boʻlsa);

k) Internet tarmogʻidagi oʻyinlar va lotereyalarni tashkilotchilari tomonidan foydalaniladigan oʻyin uskunalarining sertifikatlanganligini tasdiqlovchi hujjatlar.

14. Litsenziya talabgorining rahbariyati (rahbar, uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlganda, litsenziyalovchi organ mazkur Nizomning 9-bandi “i” kichik bandida nazarda tutilgan holatlarni oʻzi mustaqil tarzda tekshiradi.

15. Litsenziya olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar litsenziya talabgorining rahbari tomonidan tasdiqlanishi (imzolanishi) shart.

Arizaga ilova qilinadigan hujjatlar va maʼlumotlar oʻqish mumkin boʻlgan yuqori sifatda “PDF”, “PNG” yoki “JPEG” formatlarda boʻlishi lozim.

16. Qabul qilingan arizalar toʻgʻrisidagi maʼlumot litsenziyalovchi organning rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.

4-bob. Arizani koʻrib chiqish, litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish

17. Litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziya olish uchun taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish uchun yigʻim undirilmaydi.

18. Litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror litsenziya talabgorining arizasi qabul qilingan kundan eʼtiboran qirq ish kuni ichida qabul qilinadi.

19. Litsenziyalovchi organ quyidagi muddatlarda:

oʻttiz ish kunidan oshmaydigan muddatda taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda litsenziya berish yoki rad etish toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi;

toʻqqiz ish kunidan oshmaydigan muddatda litsenziya berish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

20. Litsenziyalovchi organ tegishli qaror qabul qilingan kundan boshlab bir ish kuni ichida litsenziya talabgorini qabul qilingan qaror toʻgʻrisida xabardor qiladi.

Litsenziya berishga qaror qabul qilinganligi haqidagi xabarnoma litsenziya talabgoriga bank hisobraqami rekvizitlari va davlat boji toʻlash muddati koʻrsatilgan holda yuboriladi.

21. Litsenziya litsenziya talabgori tomonidan davlat boji toʻlangan kundan boshlab uch kunlik muddat ichida rasmiylashtiriladi.

22. Litsenziya QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan holda elektron shaklda rasmiylashtiriladi hamda litsenziyalovchi organning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.

Elektron shaklda berilgan litsenziya manfaatdor shaxslar tomonidan qogʻozda chop etilishi mumkin. Bunda, qogʻozda chop etilgan litsenziyalar elektron shaklda berilgan litsenziyalarga tenglashtiriladi.

23. Agar litsenziat litsenziya berilishi toʻgʻrisida qaror qabul qilinganligi haqida xabarnoma olgan kundan boshlab oʻttiz kun ichida davlat boji toʻlamagan taqdirda, litsenziyalovchi organ litsenziyani bekor qilish haqida qaror qabul qilishga haqlidir.

24. Litsenziyani berish toʻgʻrisidagi arizani rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:

ushbu Nizomning 13-bandida nazarda tutilgan hujjatlarning litsenziya talabgori tomonidan toʻliq boʻlmagan hajmda taqdim etilganligi;

litsenziya talabgorining litsenziya talablari hamda shartlariga muvofiq emasligi;

bir yil muddatga litsenziyani olish yoki sudning qaroriga (hukmiga) asosan shaxsga nisbatan muayyan faoliyat turi bilan shugʻullanish taqiqlanganligi;

litsenziya talabgori tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjudligi;

talabgorning mansabdor shaxslari va (yoki) taʼsischilarning mazkur Nizomning 9-bandi “i” kichik bandida nazarda tutilgan jinoyatlarda ishtirok etganligi yoki ishtirok etishda gumonlanayotganligi haqida maʼlumotlar mavjudligi;

litsenziyalovchi organning asoslantirilgan mulohazasi.

Litsenziyani berishni boshqa asoslarga koʻra rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

25. Litsenziya berish rad etilgan taqdirda, litsenziya talabgori litsenziya olish uchun takroran ushbu Nizomning 3-bobida belgilangan tartibda ariza va hujjatlarni taqdim etishi mumkin. Bunda, litsenziyalovchi organ arizani umumiy asoslarda koʻrib chiqadi.

5-bob. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish

26. Litsenziat — yuridik shaxs boʻlgan tadbirkorlik subyekti oʻzgartirilgan, uning nomi yoki joylashgan yeri (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, tadbirkorlik subyekti yoxud uning huquqiy vorisi qayta roʻyxatdan oʻtganidan keyin bir ish kuni ichida litsenziyalovchi organga, koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda, litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza berishi shart.

27. Yangidan vujudga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida ayni bir faoliyatni (harakatlarni) amalga oshirish uchun litsenziyasi mavjud boʻlgan yuridik shaxslar — tadbirkorlik subyektlari qoʻshib yuborilgan taqdirda, litsenziyani mazkur Nizomning 36-bandida belgilangan tartibda qayta rasmiylashtirishga yoʻl qoʻyiladi.

28. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun zarur boʻlgan hujjatlar litsenziat tomonidan mazkur Nizomning 3-bobida nazarda tutilgan tartibda beriladi.

29. Litsenziya qayta rasmiylashtirilguniga qadar, litsenziat yoki uning huquqiy vorisi litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida unda koʻrsatilgan faoliyatni amalga oshiradi.

30. Litsenziya qayta rasmiylashtirilayotganda, litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyalar elektron reyestriga (bundan buyon matnda litsenziyalar reyestri deb yuritiladi) tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.

31. Litsenziyani qayta rasmiylashtirganlik uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorda yigʻim undiriladi.

32. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish hamda berish litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza tegishli hujjatlar ilova qilingan holda litsenziyalovchi organ tomonidan qabul qilib olingan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda amalga oshiriladi.

6-bob. Litsenziyani oʻzgartirish

33. Litsenziyada koʻrsatilgan domen nomi oʻzgargan taqdirda, litsenziya oʻzgartirilishi lozim.

34. Domen nomi oʻzgargan taqdirda, litsenziat uch ish kuni ichida litsenziyani oʻzgartirish toʻgʻrisidagi arizani tegishli tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda litsenziyalovchi organga taqdim etishi kerak.

35. Litsenziyani oʻzgartirish uchun zarur boʻlgan hujjatlar litsenziat tomonidan ushbu Nizomning 3-bobida belgilangan tartibda taqdim etiladi.

36. Litsenziya oʻzgarguniga qadar, litsenziat litsenziyani oʻzgartirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida unda koʻrsatilgan faoliyatni amalga oshiradi.

37. Litsenziya oʻzgartirgan taqdirda, litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyalar reyestri tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

38. Litsenziyani oʻzgartirganlik uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorda davlat boji toʻlanadi.

39. Litsenziyani oʻzgartirish va berish litsenziyani oʻzgartirish toʻgʻrisidagi ariza litsenziyalovchi organga tegishli hujjatlar ilova qilingan holda kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda amalga oshiriladi.

7-bob. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va litsenziyani bekor qilish

40. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda toʻxtatib turilishi mumkin:

litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlarining buzilganligi aniqlanganda;

litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organning aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish majburiyatini uning zimmasiga yuklovchi qarori bajarilmaganda.

41. Litsenziyaning amal qilishini oʻn kungacha muddatga toʻxtatib turish litsenziyalovchi organ tomonidan, oʻn kundan ortiq, lekin olti oydan koʻp boʻlmagan muddatga esa sud tomonidan amalga oshiriladi.

42. Litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar litsenziat tomonidan bartaraf etilishi muddatini belgilashi shart. Bunda, koʻrsatilgan muddat litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarorni olgan kundan eʼtiboran besh ish kunidan kam boʻlmasligi kerak.

43. Litsenziyalovchi organning litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarori litsenziatga litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish sabablari va qonunchilikning aniq normalari koʻrsatilgan holda, qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay yuboriladi.

44. Belgilangan muddat ichida litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan sabab va kamchiliklar bartaraf qilinmasa, litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish muddatini uzaytirish boʻyicha yoki litsenziyani bekor qilish haqida sudga daʼvo ariza kiritadi.

45. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar litsenziat tomonidan bartaraf etilgan taqdirda, litsenziat bu haqda litsenziyalovchi organga tasdiqnoma yuboradi.

Litsenziyalovchi organ tasdiqnoma olingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida qaror qabul qilishi shart.

46. Litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida qaror qabul qilinganidan soʻng, bir ish kunidan oshmagan muddatda litsenziyalar reyestrida litsenziyaning amal qilishi qayta tiklanganligi haqidagi maʼlumotni joylashtiradi.

47. Agar litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash haqida yoki qayta tiklashni rad etish toʻgʻrisida uch ish kuni ichida qaror qabul qilmasa, litsenziat mazkur muddat oʻtgandan soʻng litsenziyalovchi organni xabardor qilgan holda oʻz faoliyatini davom ettirishi mumkin.

48. Litsenziat oʻz faoliyatini vaqtincha toʻxtatib turgan taqdirda, litsenziyaning amal qilishini olti oygacha muddatga toʻxtatib turish haqida litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat qilishi mumkin.

Agar litsenziat litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilganidan keyin olti oy ichida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat etmagan boʻlsa, litsenziyaning amal qilishi tugatiladi.

49. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish va qayta tiklash toʻgʻrisidagi axborot tegishli qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran bir ish kuni ichida litsenziyalar reyestriga joylashtirilishi kerak.

50. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda tugatiladi:

litsenziyalash tartibi bekor qilinganda;

litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organga litsenziyaning amal qilishini olti oygacha toʻxtatib turish toʻgʻrisida ariza bilan ilgari murojaat etilgan boʻlib, mazkur muddat ichida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat qilinmagan taqdirda.

Litsenziyaning amal qilishi tugatilgan hollarda litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyaning amal qilishi tugatilganligi toʻgʻrisida qaror qabul qilish talab etilmaydi.

51. Litsenziya quyidagi hollarda bekor qilinadi:

litsenziat litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat etganda;

yuridik shaxs tugatilganda — tugatilgan paytdan eʼtiboran yoki uning faoliyati qayta tashkil etish natijasida tugatilganda — qayta tashkil etilgan paytdan eʼtiboran, bundan uning oʻzgartirilishi, shuningdek yangidan vujudga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida qayta tashkil etilayotgan yuridik shaxsda faoliyatning ayni bir litsenziyalanadigan turini amalga oshirish uchun litsenziya mavjud boʻlgan taqdirda qoʻshib yuborilishi mustasno;

litsenziya berilganligi uchun davlat boji belgilangan muddatda toʻlanmaganda;

litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishiga olib kelgan holatlarni litsenziyalovchi organ yoki sud belgilagan muddatda bartaraf etmaganda;

litsenziyalovchi organning litsenziyani berish toʻgʻrisidagi qarorining qonunga xilofligi aniqlanganda;

litsenziat tomonidan mazkur Nizomning 55-bandida belgilangan litsenziya talablari va shartlari muntazam ravishda (bir yil davomida ikki va undan ortiq marotaba) yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzilganda;

litsenziya qalbaki hujjatlardan foydalangan holda olinganligi fakti aniqlanganda.

Ushbu bandning yettinchi va sakkizinchi xatboshilarida nazarda tutilgan hollarda bir yil davomida qaytadan litsenziya berilmaydi. Mazkur talab litsenziatning muassasasi yoki benefitsiar mulkdori tomonidan tashkil etiladigan yangi tadbirkorlik subyektlariga nisbatan ham tatbiq etiladi.

52. Litsenziyani bekor qilish mazkur Nizomning 51-bandi ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollarda litsenziyalovchi organning qarori asosida amalga oshiriladi.

Litsenziya mazkur Nizomning 51-bandi beshinchi — sakkizinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollarda sud tomonidan bekor qilinadi.

Litsenziyalovchi organ litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida sudga ariza bilan murojaat qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay litsenziatga litsenziyani bekor qilish haqida ariza bilan sudga murojaat qilish asoslarini, qonunchilikning aniq normalarini koʻrsatgan holda xabar yuboradi.

53. Litsenziya ushbu Nizomning 51-bandi sakkizinchi xatboshisida koʻrsatilgan asosga koʻra bekor qilingan taqdirda, u berilgan sanadan eʼtiboran bekor qilingan deb hisoblanadi.

54. Litsenziyalovchi organ litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay litsenziatga litsenziyani bekor qilish asoslarini, qonunchilikning aniq normalarini koʻrsatgan holda yetkazadi.

Litsenziyalovchi organ bekor qilingan litsenziyalar toʻgʻrisidagi axborotni bir ish kuni ichida litsenziyalar reyestriga kiritadi.

55. Litsenziya talablari va shartlarini bir marotaba qoʻpol ravishda buzilishlariga quyidagilar kiradi:

a) ushbu Nizomning 9-bandi “v” kichik bandida nazarda tutilmagan faoliyatni amalga oshirish;

b) litsenziatni:

terroristik faoliyatda yoki ommaviy qirgin qurollarini tarqatishda ishtirok etgan yoki ishtirok etishda gumon qilinayotgan;

iqtisodiy jinoyatlar, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizm, ommaviy qirgin qurollarini tarqatish, ularni moliyalashtirish, uyushgan jinoyatchilik, giyohvand moddalar noqonuniy savdosi, korrupsiya va axborot texnologiyalari bilan bogʻliq jinoyatlarni sodir etganlik uchun sudlanganligi olib tashlanmagan yoki oʻtalmagan shaxslar;

yakka holda ijro etuvchi organ funksiyalarini bajargan, kollegial ijro etuvchi organ tarkibiga kirgan, Internet tarmogʻida oʻyinlarni va lotereyalar tashkil etish faoliyatini yoki bukmekerlik faoliyatni amalga oshirgan yuridik shaxslarning, ushbu shaxslarning aybi bilan yoʻl qoʻyilgan litsenziya talablari va shartlari buzilganligi uchun koʻrsatib oʻtilgan yuridik shaxslarda faoliyatning tegishli turini amalga oshirishga berilgan litsenziyalarning amal qilishi toʻxtatilgan paytda, agar bunday toʻxtash paytidan boshlab uch yildan kam vaqt oʻtgan boʻlsa, muassislari yoki bosh hisobchilari boʻlgan shaxslar;

yuridik shaxs bankrot deb eʼtirof etilgan paytda va eʼtirof etilgan paytdan boshlab ikki yil oʻtmagan boʻlsa, yakka holda ijro etuvchi organ funksiyalarini bajargan yoki kollegial ijro etuvchi organ tarkibiga kirgan shaxslar tomonidan boshqarilishi;

v) ustav jamgʻarmasida (kapitalida):

ushbu bandning “b” kichik bandida koʻrsatilgan shaxslarning;

jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish sohasida xalqaro hamkorlikda ishtirok etmayotgan davlatlarda roʻyxatdan oʻtgan kompaniyalar hamda doimiy yashayotgan, turgan yoki roʻyxatga olingan shaxslarning ishtirok etishi;

g) kredit yoki garovga olingan mablagʻlar va boshqa mablagʻlardan Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarining ustav fondini (kapitalini) shakllantirish uchun foydalanish;

d) Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchilari ustav fondi (kapitali) miqdorini litsenziya talablari va shartlarida belgilangan miqdordan kamaytirish;

e) Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqaridagi serverlarda elektron platformani joylashtirish;

j) Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini jismoniy va yuridik shaxslarga, shu jumladan norezidentlarga realizatsiya qilish toʻgʻrisida litsenziyalovchi organ bilan kelishmaslik;

z) oʻyinlarni faqat litsenziyalovchi organ tomonidan belgilanadigan tegishli muvofiqlikni baholash boʻyicha organlarning va sinov laboratoriyalarning sertifikatiga ega yutuqli chiptalarni tasodifiy tanlab olish jarayoniga inson omilining biron-bir taʼsirini toʻliq istisno qiluvchi texnologiyalar va jihozlarni, shu jumladan, tasodifiy raqamlar generatorini qoʻllamagan holda oʻtkazish;

i) Internet tarmogʻidagi oʻyinlar tashkilotchisi tomonidan xizmatlarni koʻrsatish uchun foydalanayotgan oʻyinlarning dasturiy taʼminoti litsenziyalovchi organ tomonidan belgilanadigan tegishli muvofiqlikni baholash boʻyicha organlarning va sinov laboratoriyalarning sertifikatiga ega boʻlmasligi.

Mazkur bandning “a” — “i” kichik bandlarida koʻrsatilmagan litsenziya talablari va shartlarining bir yil davomida ikki va undan ortiq marotaba buzilishlari muntazam ravishda buzilishlar deb hisoblanadi.

8-bob. Ayrim litsenziya talablari va shartlarini amalga oshirishning maxsus tartibi

56. Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchilari litsenziyalovchi organ bilan quyidagilarni kelishishlari lozim:

Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyatini tashkilotchisining ustav kapitalidagi oʻz ulushlarini jismoniy va yuridik shaxslarga, shu jumladan norezidentlarga realizatsiya qilishni;

Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisining rahbariyati (direktori va uning oʻrinbosarlari), bosh hisobchi, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurollarining tarqalishini moliyalashtirishga qarshi kurashish boʻyicha tarkibiy boʻlinma rahbarini oʻzgartirishni.

57. Mazkur Nizomning 56-bandining ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlarda Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchilari litsenziyalovchi organga quyidagi hujjatlarni taqdim etishlari kerak:

a) yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, uning pochta manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), elektron pochta manzili, bankning nomi va bankdagi hisobvaragʻi, arizani toʻldirish sababi (ustav kapitalidagi ulushni sotish, rahbariyatni (direktor va uning oʻrinbosari), bosh hisobchi, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurollarining tarqalishini moliyalashtirishga qarshi kurashish boʻyicha tarkibiy boʻlinma rahbarini almashtirishga ruxsat berish);

b) jismoniy shaxs, shu jumladan Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyatini tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini sotib olish niyatida boʻlgan potensial oluvchi haqidagi maʼlumotlar (F.I.O., shaxsni tasdiqlovchi hujjat raqami, JSHSHIR). Shuningdek, chet el fuqarolari uchun ushbu bandning “g” kichik bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar qoʻshimcha ravishda taqdim etilishi kerak;

v) Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini sotib olish niyatida boʻlgan ushbu Nizomning 4-ilovasiga muvofiq shakldagi potensial oluvchi — yuridik shaxsning rahbariyati (rahbar, uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari haqidagi maʼlumotlar. Bunda, taʼsischilar haqidagi maʼlumotlar oxirgi benefitsiar mulkdorga qadar koʻrsatilishi kerak;

g) Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisi yuridik shaxsning ustav kapitali ulushini potensial oluvchi — yuridik shaxsning rahbariyati (rahbar, uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari chet el fuqarolari boʻlganda, mazkur Nizomning 9-bandi “i” kichik bandida nazarda tutilgan jinoyatlar boʻyicha belgilangan tartibda legallashtirilgan yoki apostil qoʻyilgan tegishli xorijiy mamlakatning vakolatli organidan olingan sudlanmaganligi haqidagi maʼlumotnoma hamda uning Oʻzbekiston Respublikasi davlat tiliga notarial tartibda tasdiqlagan tarjimasi.

58. Litsenziyalovchi organ arizani qabul qilgan kundan boshlab oʻn ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda kelishish yoki kelishishni rad etish haqida qaror qabul qiladi.

Bunda, mazkur Nizomning 56-moddasi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslar litsenziya talablari va shartlariga muvofiq boʻlgan taqdirda, litsenziyalovchi organ tomonidan ularni kelishish haqida qaror qabul qilinadi. Agar ular litsenziya talablari va shartlariga muvofiq emas deb topilganda, ularni kelishish rad etiladi.

59. Arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish uchun yigʻim undirilmaydi.

9-bob. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilish

60. Litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi ustidan nazorat litsenziyalovchi organ tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

61. Litsenziyalovchi organ litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilishda oʻz vakolatlari doirasida quyidagilarga haqli:

Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisidan Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini talab qilish;

qonunchilikda belgilangan tartibda litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini tekshirish;

litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini tekshirish chogʻida yuzaga keladigan masalalar boʻyicha litsenziatdan zarur axborotni soʻrash va olish;

tekshirishlar natijalari asosida, litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlarining aniq buzilishlarini koʻrsatgan holda dalolatnomalar (maʼlumotnomalar) tuzish;

litsenziatga aniqlangan qonun buzilishi holatlarini bartaraf etish majburiyatini yuklovchi qarorlar chiqarish, bunday qonun buzilishi holatlarini bartaraf etish muddatlarini belgilash;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish yoki litsenziyani bekor qilish masalasi boʻyicha qaror chiqarish va (yoki) sudga murojaat qilish.

10-bob. Litsenziyalar reyestri

62. Litsenziyalovchi organ litsenziyalanadigan faoliyat turlari boʻyicha litsenziyalar reyestrini yuritadi.

Litsenziyalar reyestrida quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi lozim:

yuridik shaxs — litsenziat nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, joylashgan yeri (pochta manzili), elektron pochta manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), telefoni;

axborot resursining (tizimning, platformaning) domen nomi;

litsenziyalarning berilgan sanasi va tartib raqami;

litsenziyalarni qayta rasmiylashtirish, oʻzgartirish, amal qilishini toʻxtatib turish, qayta tiklash, amal qilishini tugatish hamda bekor qilish asoslari va sanasi.

63. Litsenziyalar reyestrida mavjud boʻlgan maʼlumotlar litsenziyalovchi organning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi va tanishib chiqish uchun ochiq boʻladi.

11-bob. Yakuniy qoidalar

64. Litsenziyalovchi organning litsenziyani berishni rad etish, amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish haqidagi qarorlari, shuningdek litsenziyalovchi organ mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan belgilangan tartibda sudga shikoyat qilinishi mumkin.

65. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgarlikka tortiladi.

Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereya tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Internet jahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash

Bosqich Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Litsenziya talabgori 1. Litsenziya olish uchun ariza va tegishli hujjatlarni tayyorlaydi. 2. Ariza va tegishli hujjatlarni litsenziyalovchi organga yuboradi. oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Litsenziyalovchi organ Ariza va tegishli hujjatlarni qabul qilib olinadi. taqdim etilgan kunda 3-bosqich Litsenziyalovchi organ 1. Ariza va tegishli hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 40 ish kuni Litsenziyalovchi organ 1. Litsenziya talabgori tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 30 ish kuni 2. Litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 9 ish kuni 3. Litsenziya talabgorini litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qabul qilingan qaror toʻgʻrisida xabardor qiladi. 1 ish kuni 4-bosqich Litsenziya talabgori Litsenziya berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, davlat bojini toʻlaydi. litsenziyalovchi organ tomonidan belgilangan muddatda 5-bosqich Litsenziyalovchi organ 1. Davlat boji toʻlanganidan soʻng, litsenziyani rasmiylashtirib beradi va oʻzining rasmiy veb-saytiga joylashtiradi. 3 ish kuni 2. Litsenziya talabgori tomonidan davlat boji toʻlanmagan taqdirda, litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. litsenziya berish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganidan oʻttiz kundan soʻng 6-bosqich Litsenziat 1. Litsenziat — yuridik shaxs boʻlgan tadbirkorlik subyekti oʻzgartirilgan, uning nomi yoki joylashgan yeri (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, tadbirkorlik subyekti yoxud uning huquqiy vorisi litsenziyalovchi organga litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza beradi. roʻyxatdan oʻtgandan soʻng 1 ish kuni ichida 2. Yangidan vujudga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida ayni bir faoliyatni (harakatlarni) amalga oshirish uchun litsenziyasi mavjud boʻlgan yuridik shaxslar — tadbirkorlik subyektlari qoʻshib yuborilgan taqdirda. litsenziyalovchi organga litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza beradi. 3. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza asosida unda koʻrsatilgan faoliyatni amalga oshiradi. litsenziya qayta rasmiylashtirilguniga qadar 7-bosqich Litsenziyalovchi organ 1. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun ariza va tegishli hujjatlar taqdim qilinganda litsenziyani qayta rasmiylashtiradi va beradi. 2. Litsenziya qayta rasmiylashtirilganligi haqida litsenziyalarning elektron reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi. 10 ish kuni 8-bosqich Litsenziat 1. Domen nomi oʻzgargan taqdirda litsenziat litsenziyalovchi organga tegishli tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilingan holda litsenziyani oʻzgartirish toʻgʻrisida ariza beradi. 2. Litsenziyani oʻzgartirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida unda koʻrsatilgan faoliyatni amalga oshiradi. 1 ish kuni 9-bosqich Litsenziyalovchi organ 1. Litsenziyani oʻzgartirish uchun ariza va tegishli hujjatlar taqdim qilinganda, litsenziyani oʻzgartiradi va beradi. 2. Litsenziya qayta rasmiylashtirilganligi haqida litsenziyalarning elektron reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi. 10 ish kuni 10-bosqich Litsenziyalovchi organ 1. Litsenziyani amal qilish muddatini toʻxtatib turish va bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi hamda litsenziyaning amal qilishini tugatadi. belgilangan asoslar yuzaga kelganda 2. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qiladi. doimiy

Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereya tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻyin uskunalarini (dasturiy taʼminotlarni) sertifikatlash sohasida Oʻzbekiston Respublikasi hududida tan olinadigan muvofiqlikni baholash boʻyicha organlarning va sinov laboratoriyalari

T/r Tashkilot nomi Yuridik manzili 1. Gaming Laboratories International (GLI) 600 Airport Road, Lakewood, N J 08701, USA 2. BMM Testlabs 815 Pilot Road, Suite G, Las Vegas, N V 89119, USA 3. Quantum Computing Inc. (QCI) 215 Depot Court SE, Suite 215, Leesburg, VA 20175, USA 4. Underwriters Laboratories Inc. (UL LLC) 333 Pfingsten Road, N orthbrook, IL 60062, USA 5. Technical Systems Testing (TST) Suite 202, 1140 Homer Street, Vancouver, BC V6B 2X6, Canada 6. Gaming Associates Europe Ltd. 178 Merton High Street, London, England, SW19 1AY 7. eCommerce Online Gaming Regulation and Assurance (eCOGRA) 3rd Floor, One London Wall, London, EC2Y 5AB, United Kingdom 8. Intertek Group PLC Cavendish Square, London, W1G 0PS, England 9. BSI (British Standards Institution) 389 Chiswick Nigh Road, London, W4 4AL, United Kingdom 10. N Mi Gaming Vlijtseweg 9, 7317 AK Apeldoorn, N etherlands 11. SGS Société Générale de Surveillance SA (SGS SA) Place des Alpes 1, 1201 Genève, Switzerland 12. Eurofins Scientific SE 23 Val Fleuri, L-1526 Luxembourg 13. Bureau Veritas SA (Bureau Veritas) 67 Boulevard du Château, 92200 N euilly-sur-Seine, France 14. D N V AS Veritasveien 1, 1363 Hovik, N orway 15. Software Quality Systems (SQS) Stollwerckstraße 11, 51149 Cologne, Germany 16. Dekra SE Jägerstr. 36, 70174 Stuttgart, Germany 17. TÜV SÜD AG Goethestr. 4, 80336 München, Germany 18. TÜV Rheinland AG Am Grauen Stein, 51105 Köln, Germany 19. TÜV N ord AG Große Bahnstr. 31, 22525 Hamburg, Germany 20. iTech Labs Unit 1, 20 Duerdin Street, Clayton, VIC 3168, Australia

Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereya tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarining rahbariyati (rahbar va oʻrinbosarlari) va taʼsischilari haqidagi

1-jadval Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarining rahbariyati (rahbar va oʻrinbosarlari) Lavozim Familiyasi, ismi va otasining ismi Fuqarolik JSHSHIR (Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8

2-jadval Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarining taʼsischilari Familiyasi, ismi va otasining ismi yoki yuridik shaxsning nomi Ulush hajmi Fuqarolik (jismoniy shaxslar uchun) yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan joy (yuridik shaxslar uchun) JSHSHIR (jismoniy shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) yoki STIR (yuridik shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazish Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8

Internet butunjahon axborot tarmogʻida tavakkalchilikka asoslangan oʻyinlarni, lotereya tashkil etish va bukmekerlik faoliyatini litsenziyalash toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Internet tarmogʻidagi oʻyinlarni, lotereyalarni tashkil etish hamda bukmekerlik faoliyati tashkilotchilarining ustav kapitalidagi ulushini potensial sotib oluvchi yuridik shaxsning rahbariyati (rahbar, uning oʻrinbosarlari) va taʼsischilari haqidagi

1-jadval Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini potensial sotib oluvchi — yuridik shaxs rahbariyati (direktorlari va oʻrinbosarlari) Lavozim Familiyasi, ismi va otasining ismi Fuqarolik JSHSHIR (Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8

2-jadval Internet tarmogʻidagi oʻyinlar, lotereyalar va bukmekerlik faoliyati tashkilotchisining ustav kapitalidagi ulushini potensial sotib oluvchi — yuridik shaxsning taʼsischilari Familiyasi, ismi va otasining ismi yoki yuridik shaxsning nomi Ulush hajmi Fuqarolik (jismoniy shaxslar uchun) yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan joyi (yuridik shaxslar uchun) JSHSHIR (jismoniy shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) yoki STIR (yuridik shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari uchun) Shaxsni tasdiqlovchi hujjat yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazish Hujjat turi Seriyasi va raqami Berilgan sanasi va amal qilish muddati Kim tomonidan berilgan 1 2 3 4 5 6 7 8

Direktor D. LI

Toshkent sh.,

2025-yil 25-iyun,

11-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 08.07.2025-y., 10/25/3638/0577-son)

lex.uz