UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 7-iyul · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 7 июль · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 июля 2025 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 July 2025 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 18 мартда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 29 апрелда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият натижасида юзага келадиган иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

2-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

иссиқхона газлари — инфрақизил нурларни тутиб қолувчи ва қайта чиқарувчи, келиб чиқиши табиий ёки антропоген бўлган ҳамда Париж битимига мувофиқ назорат қилинадиган газсимон моддалар: карбонат ангидрид (CO 2 ), метан (CH 4 ), азот оксиди (N 2 O), озон (О 3 ), хлорфторуглеродлар (ХФУ), перфторуглеродлар (ПФУ) ва олтингугурт гексафториди (SF 6 );

иссиқхона газларининг кадастри — расмий статистика маълумотларига асосланган, иссиқхона газларининг чиқарилиши ва тутиб қолинишини тавсифлайдиган, тизимлаштирилган маълумотлар жамланмаси;

иссиқхона газларининг тутиб қолиниши — табиий жараён ёки хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг тури бўлиб, унинг натижасида атмосфера ҳавосидан иссиқхона газлари ажралиб чиқади ҳамда улар табиий муҳитнинг бошқа таркибий қисмларида, табиий, табиий-антропоген ва антропоген объектларда тўпланади;

иссиқхона газларининг чиқарилиши — муайян вақт оралиғида табиий жараён ёки хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият натижасида ҳосил бўладиган иссиқхона газларининг атмосфера ҳавосига чиқарилиши;

иссиқхона газларининг чиқарилиши реестри — иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни ўз ичига олган ахборот тизими;

оператор — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси — углерод бирликлари реестрини юритувчи юридик шахс;

тартибга солинадиган ташкилотлар — тартибга солинадиган ташкилотлар рўйхатига киритилган, фаолияти иссиқхона газларини чиқариш билан бирга олиб бориладиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

углерод бирлиги — иссиқхона газларининг «яшил» лойиҳани амалга ошириш натижасида қисқартирилган (бартараф этилган) ва (ёки) тутиб қолинган, бир тонна карбонат ангидрид гази эквивалентидаги оғирликда ифодаланган миқдори;

углерод бирликлари билан операциялар — углерод бирликлари реестрида рўйхатдан ўтказиладиган углерод бирликлари билан боғлиқ ҳаракатлар;

углерод бирликларининг муомаласи — углерод бирликларининг узатилиши жараёнида амалга ошириладиган операциялар мажмуи;

углерод бирликларининг муомаласи иштирокчиси — «яшил» лойиҳанинг ижрочиси ва (ёки) углерод бирликларининг эгаси ва (ёки) углерод бирликлари реестрида ҳисобга эга бўлган юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки жисмоний шахс;

углерод бирликларининг реестридаги ҳисоб — углерод бирликлари реестрида мавжуд бўлган ҳамда углерод бирликларини ҳисоблашда ва улар билан операциялар ўтказишда фойдаланиладиган ёзув;

углерод бирликларининг эгаси — углерод бирликларига эгалик қилувчи юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор, жисмоний шахс ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

углерод бирликларини муомаладан чиқариш — углерод бирликларини углерод бирликлари эгасининг ҳисобидан чиқариш ва углерод бирликлари реестрида муомаладан чиқариш ҳисобига ўтказиш орқали бекор қилиш;

углерод бирликларини муомаладан чиқариш ҳисоби — углерод бирликлари реестрида мавжуд бўлган ҳамда углерод бирликларини муомаладан чиқариш учун мўлжалланган махсус ҳисоб;

углерод изи — маҳсулотни ишлаб чиқариш ва унинг ҳаётий цикли ёки хизматлар кўрсатиш давомида ҳосил бўладиган иссиқхона газлари чиқарилишининг ва тутиб қолинишининг умумий ҳажми бўлиб, у муомаладан чиқарилган углерод бирликларини ҳисобга олган ҳолда, иссиқхона газларининг бевосита чиқарилишини (хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш натижасида ҳосил бўладиган) ҳамда билвосита чиқарилишини (хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни таъминлаш учун фойдаланиладиган ҳамда ташқи объектлардан олинган электр ва иссиқлик энергияси, бошқа ресурслар истеъмоли билан боғлиқ), хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш натижасида иссиқхона газларининг тутиб қолинишини ўз ичига олади;

«яшил» лойиҳа — иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартиришни (бартараф этишни) ёки тутиб қолинишини кўпайтиришни таъминловчи тадбирлар мажмуи;

«яшил» лойиҳа ижрочиси — «яшил» лойиҳани амалга оширувчи юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки жисмоний шахс.

4-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари

Иссиқхона газлари чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

иссиқхона газларининг чиқарилиш даражасини камайтириш шароитларида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг устуворлиги;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг устуворлиги;

иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш юзасидан давлатнинг халқаро мажбуриятларини бажариш зарурияти;

тартибга солинадиган ташкилотлар иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларининг мажбурийлиги ва очиқлиги;

иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни бажаришнинг мажбурийлиги;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашга доир ёндашувларнинг илмий асосланганлиги, тизимлилиги ва тўлиқлиги.

5-модда. Қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик қилиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган «яшил» лойиҳалар натижасида қисқартирилган иссиқхона газлари давлат томонидан тўлиқ тасарруф этилади.

Юридик шахснинг, якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки жисмоний шахснинг халқаро углерод бирликлари бозорида иштирок этиши ва мамлакат ҳудудида олинган углерод бирликлари савдоси билан шуғулланиши, чет давлатлар билан тузилган келишувлар доирасида ўша давлатларнинг резидент-компанияларига углерод бирликларини ўтказиши иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш ва уларнинг савдоси бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилганидан кейин амалга оширилади.

Юридик шахснинг, якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки жисмоний шахснинг халқаро углерод бирликлари бозорида иштирок этиши ва мамлакат ҳудудида олинган углерод бирликлари савдосини амалга ошириши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

2-боб. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат бошқаруви

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда унинг оқибатларини юмшатиш, шу жумладан иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принципларини давлат фаолиятининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, таълим ва маданий соҳаларида акс эттириш бўйича чоралар кўради;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади ва ҳукуматлараро шартномалар тузади;

халқаро ва ички углерод бирликлари бозорларида мамлакат ҳудудида олинган углерод бирликлари савдосини амалга ошириш тартибини белгилайди;

давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодиётнинг ривожланиши ҳамда унинг иқлим ўзгаришига таъсири ҳисобга олинишини таъминлайди;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини кўради, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига, фуқаролар ва нодавлат ташкилотларга ахборотга оид ҳамда молиявий ёрдам кўрсатади;

иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисобини ва кадастрини юритиш тартибини тасдиқлайди;

иссиқхона газлари чиқарилишининг, углерод бирликларининг реестрларини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди;

тартибга солинадиган ташкилотлар томонидан ваколатли давлат органига иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартибини, бундай ҳисоботларнинг шаклларини ҳамда ваколатли давлат органи томонидан ҳисоботларни текшириш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

иқлим ўзгариши соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради ҳамда уларнинг амалга оширилиши мониторингини юритади;

иқлим ўзгаришининг оқибатларини юмшатиш ва унга мослашишнинг Миллий иқлим стратегиясини ишлаб чиқади, унинг амалга оширилиши мониторингини юритади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва уларни қабул қилади;

иссиқхона газлари кадастрини юритади;

атмосфера ҳавосига чиқариладиган иссиқхона газларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бирга инвентаризациядан ўтказади;

иссиқхона газларининг чиқарилиши, тутиб қолиниши ва қисқартирилиши ҳажмларини миқдорий жиҳатдан аниқлаш услубиятини, шу жумладан иссиқхона газларининг чиқарилиши, тутиб қолиниши ва қисқартирилиши ҳажмларини аниқлашнинг ҳисоб-китоб ва инструментал усулларини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тегишли ҳисоботларнинг белгиланган тартибда тайёрланишини ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенциясининг ваколатли органи сифатида уларнинг мазкур Ҳадли конвенция билан тасдиқланган котибиятга тақдим этилишини таъминлайди;

атмосфера ҳавосига иссиқхона газларини чиқарувчи юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан қонунчиликда белгиланган тартибда компенсация тўловларини ундиради;

иқтисодиёт тармоқларида экологик тамғалаш тизимларини жорий этади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни мақбуллаштириш, соҳага илғор инновацияларни ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш йўналишида чет эл инвестицияларини, шунингдек халқаро молия институтларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб этади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўяди;

иқлим ўзгариши ва унинг оқибатлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш учун илмий-оммабоп, таҳлилий материаллар тайёрлайди, иқлим соҳасидаги тадқиқотлар натижаларини кенг оммалаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

ялпи ички маҳсулотнинг углерод сарфи ҳажмини камайтиради, «яшил» иқтисодиётни илгари суришга, «яшил» ўсиш принципларини жорий этишга ва иқтисодиёт тармоқларида иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартиришга доир фаолиятни мувофиқлаштиради;

иссиқхона газлари савдосининг халқаро ва миллий даражаларда амалга оширилишини тартибга солади ва таъминлайди;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради ҳамда уларнинг амалга оширилиши мониторингини юритади;

иссиқхона газларининг чиқарилиши жадаллигини камайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларнинг бажарилиши мониторингини миллий имкониятлар ва шароитлардан келиб чиққан ҳолда юритади;

инвестицияларни жалб этишнинг истиқболли йўналишлари ишлаб чиқилишини, шу жумладан экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув принциплари асосида инвестиция лойиҳалари мониторинги юритилишини таъминлайди;

халқаро ва ички углерод бирликлари бозорига йўналтириладиган углерод бирликларининг реестрини шакллантиради ҳамда юритади;

иссиқхона газларининг чиқарилиши прогнозларини белгилайди ва иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилишини баҳолайди;

иссиқхона газлари чиқарилишининг, тутиб қолинишининг ва қисқартирилишининг ҳажмларини миқдорий жиҳатдан аниқлаш услубиятини, шу жумладан иссиқхона газларининг чиқарилиши, тутиб қолиниши ҳамда қисқартирилиши ҳажмларини аниқлашнинг ҳисоб-китоб ва инструментал усулларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни мақбуллаштириш, ушбу соҳада илғор инновацияларни ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш йўналишида чет эл инвестицияларини, шунингдек халқаро молия институтларининг ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ҳамда грантларини жалб этади;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўяди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ҳудудий дастурларни, шу жумладан ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш бўйича тадбирлар режасини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

тегишли ҳудудда иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда ҳамда ушбу соҳани мувофиқлаштиришда иштирок этади;

ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларини ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

барча ҳудудий режалар, дастурлар ва лойиҳаларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш жараёнида иссиқхона газларининг таъсирини ҳисобга олади ва иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш имкониятларини ҳар томонлама кўриб чиқади;

тегишли ҳудудда иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш чора-тадбирларининг аҳоли ўртасидаги тарғиботини амалга оширади;

тадбиркорлик субъектларининг, фуқароларнинг ва нодавлат ташкилотларнинг иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш бўйича фаолиятини рағбатлантириш чораларини кўради, шу жумладан уларга ахборотга оид ва молиявий ёрдам кўрсатади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасини тартибга солиш

10-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш чоралари

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш чоралари қуйидагиларни ўз ичига олади:

иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисобини юритиш;

иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни белгилаш;

иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш ва уларнинг тутиб қолинишини ошириш бўйича фаолиятни қонунчиликда белгиланган тартибда қўллаб-қувватлаш.

11-модда. Иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисоби

Иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисоби тартибга солинадиган ташкилотларнинг хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолияти натижасида ҳосил бўладиган иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ишончли ахборотни йиғиш, шунингдек давлат органларини, юридик шахсларни, якка тартибдаги тадбиркорларни ва фуқароларни бундай ахборот билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.

Иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисоби маълумотлари иссиқхона газлари кадастрини тайёрлашда инобатга олинади. Иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисоби ва иссиқхона газлари кадастрини юритиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисоби иссиқхона газларининг чиқарилиши реестрини юритиш шаклида амалга оширилади.

Иссиқхона газларининг чиқарилиши реестрига тартибга солинадиган ташкилотлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг тўлиқ номи, давлат рўйхатидан ўтказилганлик рақами ва санаси;

солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг идентификация рақами;

юридик шахс жойлашган ер ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойи;

амалга оширилаётган иқтисодий фаолият турлари тўғрисидаги маълумотлар;

иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларга мувофиқ иссиқхона газларининг чиқарилиши ҳақидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган бошқа маълумотлар.

Иссиқхона газларининг чиқарилиши реестрига тартибга солинадиган ташкилотлар рўйхатига кирмайдиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар тўғрисидаги маълумотлар улар томонидан тақдим этилган иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларга асосан киритилиши мумкин.

Иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар иссиқхона газларининг чиқарилиши реестрига киритилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда верификациядан ўтказилади.

Мамлакат мудофааси ва давлат хавфсизлиги манфаатлари кўзланган фаолият натижасида ҳосил бўлган иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар иссиқхона газларининг чиқарилиши реестрига киритилмайди.

12-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари учун иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига мувофиқ, иссиқхона газларининг ўрмонларда ва бошқа табиий экологик тизимларда тутиб қолиниши ҳисобга олинган ҳолда ва Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиётини барқарор ривожлантиришни таъминлаш заруратидан келиб чиқиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари учун иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари иқтисодиётнинг тегишли тармоғида қўлланиладиган технологияларнинг ўзига хос хусусиятларидан, инвестициялар ҳажмидан, товарлар ва хизматларнинг реализация қилинишидан олинган даромад ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат дастурларида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш кўрсаткичларини белгилаш чоғида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари учун иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари ҳисобга олинади.

Хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолияти иссиқхона газларининг чиқарилиши билан боғлиқ бўлган давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларини ҳисоблашда улар томонидан иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича кўрсаткичлар ҳисобга олинади.

13-модда. «Яшил» лойиҳалар

Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни «яшил» лойиҳалар жумласига киритиш мезонлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

«Яшил» лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар углерод бирликлари реестрига киритилади.

«Яшил» лойиҳани амалга ошириш натижасида муомалага чиқарилган углерод бирликлари ушбу «яшил» лойиҳани бажарувчининг углерод бирликлари реестридаги ҳисобига киритилади.

Муомалага чиқарилган углерод бирликлари Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари учун иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш мақсадли кўрсаткичларига эришилишини баҳолашда ҳисобга олинади.

«Яшил» лойиҳаларни рўёбга чиқаришга доир фаолиятни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «яшил» лойиҳаларни амалга оширувчиларга нисбатан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш асосларини, шунингдек амалга оширилаётган «яшил» лойиҳаларга мос келиши керак бўлган шартларни белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг тасарруфидаги углерод бирликлари савдоси натижасида ҳосил бўладиган маблағлар иқлим ўзгаришига мослашишга ва унинг оқибатларини юмшатишга, экология соҳасидаги дастурларни, тадбирларни амалга оширишга, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, циркуляр ва яшил иқтисодиёт, чиқиндиларни бошқариш билан боғлиқ соҳаларга белгиланган тартибда йўналтирилади.

14-модда. Углерод бирликларининг реестри

Углерод бирликларининг реестри «яшил» лойиҳалар, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида муомалага чиқарилган углерод бирликлари, углерод бирликларининг эгаси томонидан уларни бошқа шахсга ўтказиш ва углерод бирликларини муомаладан чиқариш тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади.

Углерод бирликларининг реестрини юритиш, шунингдек реестрда углерод бирликлари билан операцияларни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда оператор томонидан амалга оширилади.

Углерод бирликлари реестрига қуйидаги маълумотлар киритилади:

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг тўлиқ номи, давлат рўйхатидан ўтказилганлик рақами ва санаси;

солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг идентификация рақами;

юридик шахс жойлашган ер ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойи;

амалга оширилаётган иқтисодий фаолият турлари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами;

«яшил» лойиҳани амалга ошириш натижасида муомалага чиқарилган углерод бирликлари тўғрисидаги маълумотлар;

«яшил» лойиҳани амалга ошириш натижалари верификация қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

углерод бирликлари билан операциялар тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган бошқа маълумотлар.

Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ оператор томонидан амалга оширилади.

Углерод бирликларининг реестридаги ҳисоб оператор томонидан углерод бирликлари муомаласи иштирокчиси билан ўзаро келишилган шартларда, шартномага асосан очилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси оператор томонидан углерод бирликларининг реестрида операцияларни амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатишга доир намунавий шартнома шаклини ва бундай хизматларни кўрсатганлик учун тўловни аниқлаш тартибини белгилайди.

Оператор углерод бирликларининг реестридаги ҳисоб бўйича операцияларни ушбу ҳисоб эгасининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган топшириғига (бундан буён матнда ҳисоб эгасининг топшириғи деб юритилади) мувофиқ амалга ошириш мажбуриятини олади. Оператор ҳисоб эгасининг топшириғи олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида углерод бирликлари билан операцияларни амалга оширади.

Оператор муомалага чиқарилган углерод бирликларини «яшил» лойиҳани амалга оширувчининг реестрдаги ҳисобига ўтказади. Углерод бирликларининг реестридаги ҳисобга оид ёзувлар ҳамда ушбу ҳисоб бўйича кўчирмалар углерод бирликлари муомалага чиқарилганлигининг ва углерод бирликларига бўлган эгалик ҳуқуқининг тасдиғидир.

Углерод бирликларини бошқа шахсга ўтказиш (сотиш) ҳисоб эгасининг топшириғига асосан унинг ҳисобидаги углерод бирликларини ҳисобдан чиқариш ва углерод бирликларини олувчининг ҳисобига киритиш орқали амалга оширилади. Углерод бирликлари углерод бирликларини олувчининг ҳисобига оператор томонидан тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан ўтказилган ҳисобланади.

Оператор ва углерод бирликлари муомаласи иштирокчиси ўртасидаги шартноманинг бекор қилиниши углерод бирликлари реестридаги ҳисобнинг ёпилиши учун асос бўлади. Углерод бирликлари реестридаги ҳисоб ёпилганда ундаги углерод бирликлари бекор қилинади ва муомаладан чиқариш ҳисобига ўтказилади.

Углерод бирликларини муомаладан чиқариш оператор томонидан углерод бирликларини ҳисоб эгасининг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобидан чиқариб, муомаладан чиқариш ҳисобига киритиш орқали амалга оширилади.

15-модда. Углерод бирликларининг муомаласи ва уларни муомаладан чиқариш

Углерод бирликларининг муомаласи «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳосил бўлган углерод бирликларини реализация қилиш учун қулай иқтисодий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек бундай лойиҳаларни рўёбга чиқаришга доир фаолиятни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.

Углерод бирликларининг муомаласи углерод бирликлари реестрига тегишли ёзувларни киритиш орқали ушбу реестрда рўйхатдан ўтказиладиган операциялар йиғиндисидан иборатдир.

Углерод бирликларининг эгаси углерод изини камайтириш мақсадида углерод бирликларини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

16-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш, шу жумладан «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш ва углерод изини аниқлаш соҳасидаги стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларни тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Миллий стандартлаштириш тизими иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш, шу жумладан «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш ва углерод изини аниқлаш соҳасидаги ягона талабларни белгилайди.

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш, шу жумладан «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш чоғида халқаро стандартлар қўлланилиши мумкин.

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги барча иссиқхона газларини қамраб олувчи мониторинг, ҳисобот ва верификация тизимлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

4-боб. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашга доир чоралар мониторинги, ҳисоботи ва верификацияси тизими

17-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашга доир чоралар мониторинги тизими

Иссиқхона газлари чиқарилишининг, «яшил» лойиҳалар амалга оширилишининг, чиқарилишларни қисқартиришга ҳамда буни қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларнинг мониторинги тизими Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан жорий этилади ва юритилади.

Тартибга солинадиган ташкилотларда чиқариладиган иссиқхона газлари миқдори Мониторинг, ҳисобот ва верификация тизими асосида мониторинг қилинади.

18-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш чоралари тўғрисидаги ҳисобот тизими

Тартибга солинадиган ташкилот иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Мониторинг, ҳисобот ва верификация тизими асосида тайёрлайди ҳамда уни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади. Мазкур ҳисобот белгиланган тартибда жамоатчиликка ошкор қилинади, бундан тижорат сирини ташкил этувчи ахборот мустасно.

Тартибга солинадиган ташкилот тайёрлаган ҳисоботини миллий ёки халқаро мувофиқликни баҳолаш органида аккредитация қилинган ихтисослаштирилган ташкилотда верификация қилади.

Иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисобот тартибга солинадиган ташкилотларнинг хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолияти натижасида календарь йил давомида ҳосил бўлган иссиқхона газларининг чиқарилиши массаси, қисқартирилган ва олди олинган массаси, шунингдек ушбу массани аниқлашда фойдаланилган дастлабки маълумотлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади.

Иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда била туриб ёлғон маълумотларни тақдим этиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Тартибга солинадиган ташкилотлар рўйхатига киритилмаган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўзининг хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолияти натижасида ҳосил бўлган иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботни ушбу моддада белгиланган тартибда тақдим этишга ҳақли.

19-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашга доир чоралар верификацияси тизими

Углерод бирликларини муомалага чиқариш учун «яшил» лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилган «яшил» лойиҳани бажариш натижасида ҳосил бўлган углерод бирликлари верификация қилинади.

«Яшил» лойиҳаларни бажариш натижасида ҳосил бўлган углерод бирликларини верификация қилиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

20-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ахборот таъминоти

Иссиқхона газларининг кадастрида ва углерод бирликларининг реестрида мавжуд бўлган иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ахборот, агар қонунчиликда бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, очиқ ахборотдир ҳамда ундан давлат органлари, юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан иқтисодий фаолиятни ёки бошқа фаолиятни режалаштириш ҳамда амалга оширишда фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлардан Ягона идентификация тизими орқали фойдаланилиши мумкин.

21-модда. Табиий омиллар сабабли иссиқхона газларининг тутиб қолиниши

Атмосфера ҳавосидаги мавжуд иссиқхона газларининг табиий омиллар сабабли тутиб қолиниши уларнинг табиий муҳитнинг бошқа таркибий қисмларида ва табиий объектларда тўпланиши ҳисобига рўй бериши мумкин.

Атмосфера ҳавосидаги мавжуд иссиқхона газларининг табиий омиллар сабабли тутиб қолиниши иссиқхона газларини мониторинг қилиш жараёнида алоҳида ҳисобга олиниши керак.

5-боб. Юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иссиқхона газлари чиқарилишини чеклашга доир фаолиятда иштирок этиши

22-модда. Юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Фаолияти иссиқхона газларини чиқариш билан боғлиқ бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш бўйича стратегияларни, дастурларни, чора-тадбирларни мустақил равишда белгилаш, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишда консалтинг, рейтинг агентликларини ва бошқа агентликларни мустақил равишда танлаш;

«яшил» лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳосил бўлган, муомалага чиқарилган углерод бирликларининг нархларини бозор механизмлари асосида белгилаш;

«яшил» лойиҳалар доирасида қисқартирилган иссиқхона газларининг муайян улушини (қисмини) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиш.

Фаолияти иссиқхона газларини чиқариш билан боғлиқ бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар:

иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича чоралар кўриши;

иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишида иштирок этиши;

иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ахборотни белгиланган муддатларда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг сўровига кўра тақдим этиши шарт.

23-модда. Тартибга солинадиган ташкилотлар

Тартибга солинадиган ташкилотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган мезонлар асосида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган мезонлар иссиқхона газларининг чиқарилиши билан боғлиқ хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият турларининг рўйхатини ҳамда бундай фаолият турларининг кўрсаткичларини ўз ичига олади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

24-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда қонунчилиги асосида амалга оширилади.

25-модда. Низоларни ҳал этиш

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

26-модда. Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

27-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

28-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

иссиқхона газлари чиқарилишининг давлат ҳисобини ва кадастрини юритиш тартибини ушбу Қонун 6-моддаси биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

иссиқхона газлари чиқарилишининг ва углерод бирликларининг реестрларини шакллантириш ҳамда юритиш тартибини ушбу Қонун 6-моддаси биринчи қисмининг ўнинчи хатбошиси ва 14-моддасининг иккинчи қисми талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

тартибга солинадиган ташкилотлар томонидан иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни ваколатли давлат органига тақдим этиш тартибини, мазкур ҳисоботларнинг шаклларини, шунингдек ҳисоботларни ваколатли давлат органи томонидан текшириш тартибини ушбу Қонун 6-моддаси биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошиси талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни верификациядан ўтказиш тартибини ушбу Қонун 11-моддасининг еттинчи қисми талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари учун иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартиришнинг мақсадли кўрсаткичларини ушбу Қонун 12-моддасининг биринчи қисми талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни тартибга солинадиган ташкилотлар рўйхатига киритиш мезонларини ушбу Қонун 23-моддасининг биринчи қисми талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

оператор томонидан углерод бирликларининг реестрида операцияларни амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатишга доир намунавий шартнома шаклини ва бундай хизматларни кўрсатганлик учун тўловни аниқлаш тартибини ушбу Қонун 14-моддасининг олтинчи қисми талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Ушбу Қонун 18-моддасининг бешинчи қисми 2027 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 7 июль,

ЎРҚ-1073-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2025 й., 03/25/1073/0587-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 18-martda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 29-aprelda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi va qoʻllanilish sohasi

Ushbu Qonunning maqsadi issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

Ushbu Qonunning amal qilishi Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi xoʻjalik faoliyati va boshqa faoliyat natijasida yuzaga keladigan issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan tatbiq etiladi.

2-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash toʻgʻrisidagi qonunchilik

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

3-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

issiqxona gazlari — infraqizil nurlarni tutib qoluvchi va qayta chiqaruvchi, kelib chiqishi tabiiy yoki antropogen boʻlgan hamda Parij bitimiga muvofiq nazorat qilinadigan gazsimon moddalar: karbonat angidrid (CO 2 ), metan (CH 4 ), azot oksidi (N 2 O), ozon (O 3 ), xlorftoruglerodlar (XFU), perftoruglerodlar (PFU) va oltingugurt geksaftoridi (SF 6 );

issiqxona gazlarining kadastri — rasmiy statistika maʼlumotlariga asoslangan, issiqxona gazlarining chiqarilishi va tutib qolinishini tavsiflaydigan, tizimlashtirilgan maʼlumotlar jamlanmasi;

issiqxona gazlarining tutib qolinishi — tabiiy jarayon yoki xoʻjalik faoliyatining va boshqa faoliyatning turi boʻlib, uning natijasida atmosfera havosidan issiqxona gazlari ajralib chiqadi hamda ular tabiiy muhitning boshqa tarkibiy qismlarida, tabiiy, tabiiy-antropogen va antropogen obyektlarda toʻplanadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishi — muayyan vaqt oraligʻida tabiiy jarayon yoki xoʻjalik faoliyati va boshqa faoliyat natijasida hosil boʻladigan issiqxona gazlarining atmosfera havosiga chiqarilishi;

issiqxona gazlarining chiqarilishi reyestri — issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarni oʻz ichiga olgan axborot tizimi;

operator — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi “Yashil iqtisodiyot loyihalari markazi” loyiha ofisi — uglerod birliklari reyestrini yurituvchi yuridik shaxs;

tartibga solinadigan tashkilotlar — tartibga solinadigan tashkilotlar roʻyxatiga kiritilgan, faoliyati issiqxona gazlarini chiqarish bilan birga olib boriladigan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar;

uglerod birligi — issiqxona gazlarining “yashil” loyihani amalga oshirish natijasida qisqartirilgan (bartaraf etilgan) va (yoki) tutib qolingan, bir tonna karbonat angidrid gazi ekvivalentidagi ogʻirlikda ifodalangan miqdori;

uglerod birliklari bilan operatsiyalar — uglerod birliklari reyestrida roʻyxatdan oʻtkaziladigan uglerod birliklari bilan bogʻliq harakatlar;

uglerod birliklarining muomalasi — uglerod birliklarining uzatilishi jarayonida amalga oshiriladigan operatsiyalar majmui;

uglerod birliklarining muomalasi ishtirokchisi — “yashil” loyihaning ijrochisi va (yoki) uglerod birliklarining egasi va (yoki) uglerod birliklari reyestrida hisobga ega boʻlgan yuridik shaxs, yakka tartibdagi tadbirkor yoki jismoniy shaxs;

uglerod birliklarining reyestridagi hisob — uglerod birliklari reyestrida mavjud boʻlgan hamda uglerod birliklarini hisoblashda va ular bilan operatsiyalar oʻtkazishda foydalaniladigan yozuv;

uglerod birliklarining egasi — uglerod birliklariga egalik qiluvchi yuridik shaxs, yakka tartibdagi tadbirkor, jismoniy shaxs yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi;

uglerod birliklarini muomaladan chiqarish — uglerod birliklarini uglerod birliklari egasining hisobidan chiqarish va uglerod birliklari reyestrida muomaladan chiqarish hisobiga oʻtkazish orqali bekor qilish;

uglerod birliklarini muomaladan chiqarish hisobi — uglerod birliklari reyestrida mavjud boʻlgan hamda uglerod birliklarini muomaladan chiqarish uchun moʻljallangan maxsus hisob;

uglerod izi — mahsulotni ishlab chiqarish va uning hayotiy sikli yoki xizmatlar koʻrsatish davomida hosil boʻladigan issiqxona gazlari chiqarilishining va tutib qolinishining umumiy hajmi boʻlib, u muomaladan chiqarilgan uglerod birliklarini hisobga olgan holda, issiqxona gazlarining bevosita chiqarilishini (xoʻjalik faoliyatini va boshqa faoliyatni amalga oshirish natijasida hosil boʻladigan) hamda bilvosita chiqarilishini (xoʻjalik faoliyatini va boshqa faoliyatni taʼminlash uchun foydalaniladigan hamda tashqi obyektlardan olingan elektr va issiqlik energiyasi, boshqa resurslar isteʼmoli bilan bogʻliq), xoʻjalik faoliyatini va boshqa faoliyatni amalga oshirish natijasida issiqxona gazlarining tutib qolinishini oʻz ichiga oladi;

“yashil” loyiha — issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirishni (bartaraf etishni) yoki tutib qolinishini koʻpaytirishni taʼminlovchi tadbirlar majmui;

“yashil” loyiha ijrochisi — “yashil” loyihani amalga oshiruvchi yuridik shaxs, yakka tartibdagi tadbirkor yoki jismoniy shaxs.

4-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklashning asosiy prinsiplari

Issiqxona gazlari chiqarilishini cheklashning asosiy prinsiplari quyidagilardan iborat:

issiqxona gazlarining chiqarilish darajasini kamaytirish sharoitlarida barqaror iqtisodiy oʻsishni taʼminlashning ustuvorligi;

qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan foydalanishning ustuvorligi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish yuzasidan davlatning xalqaro majburiyatlarini bajarish zaruriyati;

tartibga solinadigan tashkilotlar issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarining majburiyligi va ochiqligi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish boʻyicha maqsadli koʻrsatkichlarni bajarishning majburiyligi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklashga doir yondashuvlarning ilmiy asoslanganligi, tizimliligi va toʻliqligi.

5-modda. Qisqartirilgan issiqxona gazlariga egalik qilish

Oʻzbekiston Respublikasi hududida amalga oshiriladigan “yashil” loyihalar natijasida qisqartirilgan issiqxona gazlari davlat tomonidan toʻliq tasarruf etiladi.

Yuridik shaxsning, yakka tartibdagi tadbirkorning yoki jismoniy shaxsning xalqaro uglerod birliklari bozorida ishtirok etishi va mamlakat hududida olingan uglerod birliklari savdosi bilan shugʻullanishi, chet davlatlar bilan tuzilgan kelishuvlar doirasida oʻsha davlatlarning rezident-kompaniyalariga uglerod birliklarini oʻtkazishi issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash va ularning savdosi boʻyicha vakolatli davlat organi — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilganidan keyin amalga oshiriladi.

Yuridik shaxsning, yakka tartibdagi tadbirkorning yoki jismoniy shaxsning xalqaro uglerod birliklari bozorida ishtirok etishi va mamlakat hududida olingan uglerod birliklari savdosini amalga oshirishi tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

2-bob. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi davlat boshqaruvi

6-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

iqlim oʻzgarishiga qarshi kurashish hamda uning oqibatlarini yumshatish, shu jumladan issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasida yagona davlat siyosati amalga oshirilishini taʼminlaydi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi davlat dasturlarining va boshqa dasturlarning ishlab chiqilishini hamda amalga oshirilishini taʼminlaydi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklashning asosiy prinsiplarini davlat faoliyatining siyosiy, iqtisodiy, ijtimoiy, taʼlim va madaniy sohalarida aks ettirish boʻyicha choralar koʻradi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasida xalqaro hamkorlikni amalga oshiradi va hukumatlararo shartnomalar tuzadi;

xalqaro va ichki uglerod birliklari bozorlarida mamlakat hududida olingan uglerod birliklari savdosini amalga oshirish tartibini belgilaydi;

davlat siyosatini amalga oshirishda iqtisodiyotning rivojlanishi hamda uning iqlim oʻzgarishiga taʼsiri hisobga olinishini taʼminlaydi;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va ragʻbatlantirish choralarini koʻradi, shu jumladan tadbirkorlik subyektlariga, fuqarolar va nodavlat tashkilotlarga axborotga oid hamda moliyaviy yordam koʻrsatadi;

issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobini va kadastrini yuritish tartibini tasdiqlaydi;

issiqxona gazlari chiqarilishining, uglerod birliklarining reyestrlarini shakllantirish va yuritish tartibini belgilaydi;

tartibga solinadigan tashkilotlar tomonidan vakolatli davlat organiga issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarni taqdim etish tartibini, bunday hisobotlarning shakllarini hamda vakolatli davlat organi tomonidan hisobotlarni tekshirish tartibini belgilaydi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

7-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi oʻz vakolatlari doirasida:

iqlim oʻzgarishi sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshiradi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi davlat dasturlarining, hududiy va boshqa dasturlarning ishlab chiqilishini muvofiqlashtiradi hamda ularning amalga oshirilishi monitoringini yuritadi;

iqlim oʻzgarishining oqibatlarini yumshatish va unga moslashishning Milliy iqlim strategiyasini ishlab chiqadi, uning amalga oshirilishi monitoringini yuritadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etadi va ularni qabul qiladi;

issiqxona gazlari kadastrini yuritadi;

atmosfera havosiga chiqariladigan issiqxona gazlarini Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birga inventarizatsiyadan oʻtkazadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishi, tutib qolinishi va qisqartirilishi hajmlarini miqdoriy jihatdan aniqlash uslubiyatini, shu jumladan issiqxona gazlarining chiqarilishi, tutib qolinishi va qisqartirilishi hajmlarini aniqlashning hisob-kitob va instrumental usullarini ishlab chiqadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi tomonidan tegishli hisobotlarning belgilangan tartibda tayyorlanishini va Birlashgan Millatlar Tashkiloti iqlim oʻzgarishi boʻyicha Hadli konvensiyasining vakolatli organi sifatida ularning mazkur Hadli konvensiya bilan tasdiqlangan kotibiyatga taqdim etilishini taʼminlaydi;

atmosfera havosiga issiqxona gazlarini chiqaruvchi yuridik shaxslardan va yakka tartibdagi tadbirkorlardan qonunchilikda belgilangan tartibda kompensatsiya toʻlovlarini undiradi;

iqtisodiyot tarmoqlarida ekologik tamgʻalash tizimlarini joriy etadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasini davlat tomonidan tartibga solishni maqbullashtirish, sohaga ilgʻor innovatsiyalarni hamda axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash yoʻnalishida chet el investitsiyalarini, shuningdek xalqaro moliya institutlarining hamda boshqa tashkilotlarning kreditlari va grantlarini jalb etadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasida xalqaro hamkorlikni yoʻlga qoʻyadi;

iqlim oʻzgarishi va uning oqibatlari toʻgʻrisida keng jamoatchilikni xabardor qilish uchun ilmiy-ommabop, tahliliy materiallar tayyorlaydi, iqlim sohasidagi tadqiqotlar natijalarini keng ommalashtiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

8-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻz vakolatlari doirasida:

yalpi ichki mahsulotning uglerod sarfi hajmini kamaytiradi, “yashil” iqtisodiyotni ilgari surishga, “yashil” oʻsish prinsiplarini joriy etishga va iqtisodiyot tarmoqlarida issiqxona gazlari chiqarilishini qisqartirishga doir faoliyatni muvofiqlashtiradi;

issiqxona gazlari savdosining xalqaro va milliy darajalarda amalga oshirilishini tartibga soladi va taʼminlaydi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi davlat dasturlarining, hududiy va boshqa dasturlarning ishlab chiqilishini muvofiqlashtiradi hamda ularning amalga oshirilishi monitoringini yuritadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishi jadalligini kamaytirish boʻyicha amalga oshirilayotgan tadbirlarning bajarilishi monitoringini milliy imkoniyatlar va sharoitlardan kelib chiqqan holda yuritadi;

investitsiyalarni jalb etishning istiqbolli yoʻnalishlari ishlab chiqilishini, shu jumladan ekologik, ijtimoiy va korporativ boshqaruv prinsiplari asosida investitsiya loyihalari monitoringi yuritilishini taʼminlaydi;

xalqaro va ichki uglerod birliklari bozoriga yoʻnaltiriladigan uglerod birliklarining reyestrini shakllantiradi hamda yuritadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishi prognozlarini belgilaydi va issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash boʻyicha belgilangan maqsadli koʻrsatkichlarga erishilishini baholaydi;

issiqxona gazlari chiqarilishining, tutib qolinishining va qisqartirilishining hajmlarini miqdoriy jihatdan aniqlash uslubiyatini, shu jumladan issiqxona gazlarining chiqarilishi, tutib qolinishi hamda qisqartirilishi hajmlarini aniqlashning hisob-kitob va instrumental usullarini ishlab chiqishda ishtirok etadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasini davlat tomonidan tartibga solishni maqbullashtirish, ushbu sohada ilgʻor innovatsiyalarni va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash yoʻnalishida chet el investitsiyalarini, shuningdek xalqaro moliya institutlarining va boshqa tashkilotlarning kreditlari hamda grantlarini jalb etadi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasida xalqaro hamkorlikni yoʻlga qoʻyadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

9-modda. Mahalliy davlat hokimiyati organlarining issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi vakolatlari

Mahalliy davlat hokimiyati vakillik organlari issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi hududiy dasturlarni, shu jumladan oʻrta muddatli va uzoq muddatli istiqbolda issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash boʻyicha tadbirlar rejasini tasdiqlaydi va ularning bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshiradi.

Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari:

tegishli hududda issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi davlat siyosatini amalga oshirishda hamda ushbu sohani muvofiqlashtirishda ishtirok etadi;

hududning oʻziga xos xususiyatlarini va iqlim sharoitlarini hisobga olgan holda, issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi davlat dasturlarini va hududiy dasturlarni ishlab chiqishda hamda amalga oshirishda ishtirok etadi;

barcha hududiy rejalar, dasturlar va loyihalarni shakllantirish hamda amalga oshirish jarayonida issiqxona gazlarining taʼsirini hisobga oladi va issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash imkoniyatlarini har tomonlama koʻrib chiqadi;

tegishli hududda issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash chora-tadbirlarining aholi oʻrtasidagi targʻibotini amalga oshiradi;

tadbirkorlik subyektlarining, fuqarolarning va nodavlat tashkilotlarning issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash boʻyicha faoliyatini ragʻbatlantirish choralarini koʻradi, shu jumladan ularga axborotga oid va moliyaviy yordam koʻrsatadi.

Mahalliy davlat hokimiyati organlari qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

3-bob. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasini tartibga solish

10-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash choralari

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash choralari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobini yuritish;

issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish boʻyicha maqsadli koʻrsatkichlarni belgilash;

issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish va ularning tutib qolinishini oshirish boʻyicha faoliyatni qonunchilikda belgilangan tartibda qoʻllab-quvvatlash.

11-modda. Issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobi

Issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobi tartibga solinadigan tashkilotlarning xoʻjalik faoliyati yoki boshqa faoliyati natijasida hosil boʻladigan issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi ishonchli axborotni yigʻish, shuningdek davlat organlarini, yuridik shaxslarni, yakka tartibdagi tadbirkorlarni va fuqarolarni bunday axborot bilan taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan birgalikda amalga oshiriladi.

Issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobi maʼlumotlari issiqxona gazlari kadastrini tayyorlashda inobatga olinadi. Issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobi va issiqxona gazlari kadastrini yuritish belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobi issiqxona gazlarining chiqarilishi reyestrini yuritish shaklida amalga oshiriladi.

Issiqxona gazlarining chiqarilishi reyestriga tartibga solinadigan tashkilotlar toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:

yuridik shaxsning yoki yakka tartibdagi tadbirkorning toʻliq nomi, davlat roʻyxatidan oʻtkazilganlik raqami va sanasi;

soliq toʻlovchi boʻlgan yuridik shaxsning yoxud yakka tartibdagi tadbirkorning identifikatsiya raqami;

yuridik shaxs joylashgan yer yoki yakka tartibdagi tadbirkorning yashash joyi;

amalga oshirilayotgan iqtisodiy faoliyat turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarga muvofiq issiqxona gazlarining chiqarilishi haqidagi maʼlumotlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan boshqa maʼlumotlar.

Issiqxona gazlarining chiqarilishi reyestriga tartibga solinadigan tashkilotlar roʻyxatiga kirmaydigan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ular tomonidan taqdim etilgan issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarga asosan kiritilishi mumkin.

Issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlar issiqxona gazlarining chiqarilishi reyestriga kiritilguniga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda verifikatsiyadan oʻtkaziladi.

Mamlakat mudofaasi va davlat xavfsizligi manfaatlari koʻzlangan faoliyat natijasida hosil boʻlgan issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar issiqxona gazlarining chiqarilishi reyestriga kiritilmaydi.

12-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish maqsadli koʻrsatkichlari

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyoti tarmoqlari uchun issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish maqsadli koʻrsatkichlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari va qarorlariga muvofiq, issiqxona gazlarining oʻrmonlarda va boshqa tabiiy ekologik tizimlarda tutib qolinishi hisobga olingan holda va Oʻzbekiston Respublikasining iqtisodiyotini barqaror rivojlantirishni taʼminlash zaruratidan kelib chiqib belgilanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyoti tarmoqlari uchun issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish maqsadli koʻrsatkichlari iqtisodiyotning tegishli tarmogʻida qoʻllaniladigan texnologiyalarning oʻziga xos xususiyatlaridan, investitsiyalar hajmidan, tovarlar va xizmatlarning realizatsiya qilinishidan olingan daromad hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga tushumlar miqdoridan kelib chiqqan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

Oʻzbekiston Respublikasining davlat dasturlarida iqtisodiyot tarmoqlarini rivojlantirish koʻrsatkichlarini belgilash chogʻida Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyoti tarmoqlari uchun issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish maqsadli koʻrsatkichlari hisobga olinadi.

Xoʻjalik faoliyati yoki boshqa faoliyati issiqxona gazlarining chiqarilishi bilan bogʻliq boʻlgan davlat ishtirokidagi korxonalar faoliyatining samaradorlik koʻrsatkichlarini hisoblashda ular tomonidan issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish boʻyicha koʻrsatkichlar hisobga olinadi.

13-modda. “Yashil” loyihalar

Yuridik shaxslar, yakka tartibdagi tadbirkorlar va jismoniy shaxslar “yashil” loyihalarni amalga oshirish huquqiga ega.

Yuridik shaxslar, yakka tartibdagi tadbirkorlar va jismoniy shaxslar tomonidan amalga oshirilayotgan loyihalarni “yashil” loyihalar jumlasiga kiritish mezonlari va tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

“Yashil” loyihalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar uglerod birliklari reyestriga kiritiladi.

“Yashil” loyihani amalga oshirish natijasida muomalaga chiqarilgan uglerod birliklari ushbu “yashil” loyihani bajaruvchining uglerod birliklari reyestridagi hisobiga kiritiladi.

Muomalaga chiqarilgan uglerod birliklari Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyoti tarmoqlari uchun issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish maqsadli koʻrsatkichlariga erishilishini baholashda hisobga olinadi.

“Yashil” loyihalarni roʻyobga chiqarishga doir faoliyatni qoʻllab-quvvatlash Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi “yashil” loyihalarni amalga oshiruvchilarga nisbatan davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash choralarini qoʻllash asoslarini, shuningdek amalga oshirilayotgan “yashil” loyihalarga mos kelishi kerak boʻlgan shartlarni belgilaydi.

Oʻzbekiston Respublikasining tasarrufidagi uglerod birliklari savdosi natijasida hosil boʻladigan mablagʻlar iqlim oʻzgarishiga moslashishga va uning oqibatlarini yumshatishga, ekologiya sohasidagi dasturlarni, tadbirlarni amalga oshirishga, shuningdek atrof-muhitni muhofaza qilish, sirkulyar va yashil iqtisodiyot, chiqindilarni boshqarish bilan bogʻliq sohalarga belgilangan tartibda yoʻnaltiriladi.

14-modda. Uglerod birliklarining reyestri

Uglerod birliklarining reyestri “yashil” loyihalar, ushbu loyihalarni amalga oshirish natijasida muomalaga chiqarilgan uglerod birliklari, uglerod birliklarining egasi tomonidan ularni boshqa shaxsga oʻtkazish va uglerod birliklarini muomaladan chiqarish toʻgʻrisidagi axborotni oʻz ichiga oladi.

Uglerod birliklarining reyestrini yuritish, shuningdek reyestrda uglerod birliklari bilan operatsiyalarni oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda operator tomonidan amalga oshiriladi.

Uglerod birliklari reyestriga quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:

yuridik shaxsning yoki yakka tartibdagi tadbirkorning toʻliq nomi, davlat roʻyxatidan oʻtkazilganlik raqami va sanasi;

soliq toʻlovchi boʻlgan yuridik shaxsning yoxud yakka tartibdagi tadbirkorning identifikatsiya raqami;

yuridik shaxs joylashgan yer yoki yakka tartibdagi tadbirkorning yashash joyi;

amalga oshirilayotgan iqtisodiy faoliyat turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

davlat roʻyxatidan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomaning raqami;

“yashil” loyihani amalga oshirish natijasida muomalaga chiqarilgan uglerod birliklari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

“yashil” loyihani amalga oshirish natijalari verifikatsiya qilinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

uglerod birliklari bilan operatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan boshqa maʼlumotlar.

Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish va ularni himoya qilish qonunchilikda belgilangan tartibga muvofiq operator tomonidan amalga oshiriladi.

Uglerod birliklarining reyestridagi hisob operator tomonidan uglerod birliklari muomalasi ishtirokchisi bilan oʻzaro kelishilgan shartlarda, shartnomaga asosan ochiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi operator tomonidan uglerod birliklarining reyestrida operatsiyalarni amalga oshirish boʻyicha xizmatlar koʻrsatishga doir namunaviy shartnoma shaklini va bunday xizmatlarni koʻrsatganlik uchun toʻlovni aniqlash tartibini belgilaydi.

Operator uglerod birliklarining reyestridagi hisob boʻyicha operatsiyalarni ushbu hisob egasining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlangan topshirigʻiga (bundan buyon matnda hisob egasining topshirigʻi deb yuritiladi) muvofiq amalga oshirish majburiyatini oladi. Operator hisob egasining topshirigʻi olingan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida uglerod birliklari bilan operatsiyalarni amalga oshiradi.

Operator muomalaga chiqarilgan uglerod birliklarini “yashil” loyihani amalga oshiruvchining reyestrdagi hisobiga oʻtkazadi. Uglerod birliklarining reyestridagi hisobga oid yozuvlar hamda ushbu hisob boʻyicha koʻchirmalar uglerod birliklari muomalaga chiqarilganligining va uglerod birliklariga boʻlgan egalik huquqining tasdigʻidir.

Uglerod birliklarini boshqa shaxsga oʻtkazish (sotish) hisob egasining topshirigʻiga asosan uning hisobidagi uglerod birliklarini hisobdan chiqarish va uglerod birliklarini oluvchining hisobiga kiritish orqali amalga oshiriladi. Uglerod birliklari uglerod birliklarini oluvchining hisobiga operator tomonidan tegishli yozuv kiritilgan paytdan eʼtiboran oʻtkazilgan hisoblanadi.

Operator va uglerod birliklari muomalasi ishtirokchisi oʻrtasidagi shartnomaning bekor qilinishi uglerod birliklari reyestridagi hisobning yopilishi uchun asos boʻladi. Uglerod birliklari reyestridagi hisob yopilganda undagi uglerod birliklari bekor qilinadi va muomaladan chiqarish hisobiga oʻtkaziladi.

Uglerod birliklarini muomaladan chiqarish operator tomonidan uglerod birliklarini hisob egasining topshirigʻiga muvofiq uning hisobidan chiqarib, muomaladan chiqarish hisobiga kiritish orqali amalga oshiriladi.

15-modda. Uglerod birliklarining muomalasi va ularni muomaladan chiqarish

Uglerod birliklarining muomalasi “yashil” loyihalarni amalga oshirish natijasida hosil boʻlgan uglerod birliklarini realizatsiya qilish uchun qulay iqtisodiy shart-sharoitlar yaratish, shuningdek bunday loyihalarni roʻyobga chiqarishga doir faoliyatni ragʻbatlantirish maqsadida amalga oshiriladi.

Uglerod birliklarining muomalasi uglerod birliklari reyestriga tegishli yozuvlarni kiritish orqali ushbu reyestrda roʻyxatdan oʻtkaziladigan operatsiyalar yigʻindisidan iboratdir.

Uglerod birliklarining egasi uglerod izini kamaytirish maqsadida uglerod birliklarini muomaladan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli.

16-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasida texnik jihatdan tartibga solish

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash, shu jumladan “yashil” loyihalarni amalga oshirish va uglerod izini aniqlash sohasidagi standartlashtirishga doir normativ hujjatlarni tasdiqlash Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi tomonidan amalga oshiriladi.

Milliy standartlashtirish tizimi issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash, shu jumladan “yashil” loyihalarni amalga oshirish va uglerod izini aniqlash sohasidagi yagona talablarni belgilaydi.

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash, shu jumladan “yashil” loyihalarni amalga oshirish chogʻida xalqaro standartlar qoʻllanilishi mumkin.

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi barcha issiqxona gazlarini qamrab oluvchi monitoring, hisobot va verifikatsiya tizimlari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan tartibga solinadi.

4-bob. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklashga doir choralar monitoringi, hisoboti va verifikatsiyasi tizimi

17-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklashga doir choralar monitoringi tizimi

Issiqxona gazlari chiqarilishining, “yashil” loyihalar amalga oshirilishining, chiqarilishlarni qisqartirishga hamda buni qoʻllab-quvvatlashga doir chora-tadbirlarning monitoringi tizimi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan joriy etiladi va yuritiladi.

Tartibga solinadigan tashkilotlarda chiqariladigan issiqxona gazlari miqdori Monitoring, hisobot va verifikatsiya tizimi asosida monitoring qilinadi.

18-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash choralari toʻgʻrisidagi hisobot tizimi

Tartibga solinadigan tashkilot issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotni Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda Monitoring, hisobot va verifikatsiya tizimi asosida tayyorlaydi hamda uni hisobot yilidan keyingi yilning 1-iyuliga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi. Mazkur hisobot belgilangan tartibda jamoatchilikka oshkor qilinadi, bundan tijorat sirini tashkil etuvchi axborot mustasno.

Tartibga solinadigan tashkilot tayyorlagan hisobotini milliy yoki xalqaro muvofiqlikni baholash organida akkreditatsiya qilingan ixtisoslashtirilgan tashkilotda verifikatsiya qiladi.

Issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobot tartibga solinadigan tashkilotlarning xoʻjalik faoliyati yoki boshqa faoliyati natijasida kalendar yil davomida hosil boʻlgan issiqxona gazlarining chiqarilishi massasi, qisqartirilgan va oldi olingan massasi, shuningdek ushbu massani aniqlashda foydalanilgan dastlabki maʼlumotlar toʻgʻrisidagi axborotni oʻz ichiga oladi.

Issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotni oʻz vaqtida taqdim etmaslik yoki unda bila turib yolgʻon maʼlumotlarni taqdim etish qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka sabab boʻladi.

Tartibga solinadigan tashkilotlar roʻyxatiga kiritilmagan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar oʻzining xoʻjalik faoliyati yoki boshqa faoliyati natijasida hosil boʻlgan issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotni ushbu moddada belgilangan tartibda taqdim etishga haqli.

19-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklashga doir choralar verifikatsiyasi tizimi

Uglerod birliklarini muomalaga chiqarish uchun “yashil” loyihani amalga oshirish toʻgʻrisidagi hisobotda koʻrsatilgan “yashil” loyihani bajarish natijasida hosil boʻlgan uglerod birliklari verifikatsiya qilinadi.

“Yashil” loyihalarni bajarish natijasida hosil boʻlgan uglerod birliklarini verifikatsiya qilish belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

20-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi axborot taʼminoti

Issiqxona gazlarining kadastrida va uglerod birliklarining reyestrida mavjud boʻlgan issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi axborot, agar qonunchilikda boshqa qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, ochiq axborotdir hamda undan davlat organlari, yuridik shaxslar, yakka tartibdagi tadbirkorlar va fuqarolar tomonidan iqtisodiy faoliyatni yoki boshqa faoliyatni rejalashtirish hamda amalga oshirishda foydalaniladi.

Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan Yagona identifikatsiya tizimi orqali foydalanilishi mumkin.

21-modda. Tabiiy omillar sababli issiqxona gazlarining tutib qolinishi

Atmosfera havosidagi mavjud issiqxona gazlarining tabiiy omillar sababli tutib qolinishi ularning tabiiy muhitning boshqa tarkibiy qismlarida va tabiiy obyektlarda toʻplanishi hisobiga roʻy berishi mumkin.

Atmosfera havosidagi mavjud issiqxona gazlarining tabiiy omillar sababli tutib qolinishi issiqxona gazlarini monitoring qilish jarayonida alohida hisobga olinishi kerak.

5-bob. Yuridik shaxslarning va yakka tartibdagi tadbirkorlarning issiqxona gazlari chiqarilishini cheklashga doir faoliyatda ishtirok etishi

22-modda. Yuridik shaxslarning va yakka tartibdagi tadbirkorlarning issiqxona gazlari chiqarilishini cheklash sohasidagi huquq va majburiyatlari

Faoliyati issiqxona gazlarini chiqarish bilan bogʻliq boʻlgan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar quyidagi huquqlarga ega:

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash boʻyicha strategiyalarni, dasturlarni, chora-tadbirlarni mustaqil ravishda belgilash, bundan qonunchilikda belgilangan hollar mustasno;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash bilan bogʻliq tadbirlarni amalga oshirishda konsalting, reyting agentliklarini va boshqa agentliklarni mustaqil ravishda tanlash;

“yashil” loyihalarni amalga oshirish natijasida hosil boʻlgan, muomalaga chiqarilgan uglerod birliklarining narxlarini bozor mexanizmlari asosida belgilash;

“yashil” loyihalar doirasida qisqartirilgan issiqxona gazlarining muayyan ulushini (qismini) Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda xalqaro uglerod bozorlarida sotish.

Faoliyati issiqxona gazlarini chiqarish bilan bogʻliq boʻlgan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar:

issiqxona gazlarining chiqarilishini qisqartirish boʻyicha choralar koʻrishi;

issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasida yagona davlat siyosati amalga oshirilishida ishtirok etishi;

issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi axborotni belgilangan muddatlarda, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining soʻroviga koʻra taqdim etishi shart.

23-modda. Tartibga solinadigan tashkilotlar

Tartibga solinadigan tashkilotlar roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan mezonlar asosida Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan shakllantiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan mezonlar issiqxona gazlarining chiqarilishi bilan bogʻliq xoʻjalik faoliyati va boshqa faoliyat turlarining roʻyxatini hamda bunday faoliyat turlarining koʻrsatkichlarini oʻz ichiga oladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

24-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi xalqaro hamkorlik

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasidagi xalqaro hamkorlik xalqaro huquqning umumeʼtirof etilgan prinsiplari va normalari, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari hamda qonunchiligi asosida amalga oshiriladi.

25-modda. Nizolarni hal etish

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash sohasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

26-modda. Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

27-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

28-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

issiqxona gazlari chiqarilishining davlat hisobini va kadastrini yuritish tartibini ushbu Qonun 6-moddasi birinchi qismining toʻqqizinchi xatboshisi talablarini hisobga olgan holda, ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

issiqxona gazlari chiqarilishining va uglerod birliklarining reyestrlarini shakllantirish hamda yuritish tartibini ushbu Qonun 6-moddasi birinchi qismining oʻninchi xatboshisi va 14-moddasining ikkinchi qismi talablarini hisobga olgan holda, ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

tartibga solinadigan tashkilotlar tomonidan issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarni vakolatli davlat organiga taqdim etish tartibini, mazkur hisobotlarning shakllarini, shuningdek hisobotlarni vakolatli davlat organi tomonidan tekshirish tartibini ushbu Qonun 6-moddasi birinchi qismining oʻn birinchi xatboshisi talablarini hisobga olgan holda, ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

issiqxona gazlarining chiqarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarni verifikatsiyadan oʻtkazish tartibini ushbu Qonun 11-moddasining yettinchi qismi talablarini hisobga olgan holda, ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyoti tarmoqlari uchun issiqxona gazlari chiqarilishini qisqartirishning maqsadli koʻrsatkichlarini ushbu Qonun 12-moddasining birinchi qismi talablarini hisobga olgan holda, ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida belgilasin;

yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlarni tartibga solinadigan tashkilotlar roʻyxatiga kiritish mezonlarini ushbu Qonun 23-moddasining birinchi qismi talablarini hisobga olgan holda, ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy ichida ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin;

operator tomonidan uglerod birliklarining reyestrida operatsiyalarni amalga oshirish boʻyicha xizmatlar koʻrsatishga doir namunaviy shartnoma shaklini va bunday xizmatlarni koʻrsatganlik uchun toʻlovni aniqlash tartibini ushbu Qonun 14-moddasining oltinchi qismi talablarini hisobga olgan holda, ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

29-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgach kuchga kiradi.

Ushbu Qonun 18-moddasining beshinchi qismi 2027-yil 1-yanvardan eʼtiboran amalga kiritiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 7-iyul,

OʻRQ-1073-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 08.07.2025-y., 03/25/1073/0587-son)

lex.uz