UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 12-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 12 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ

РЎЙХАТИ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлигига қўйиладиган талабларни халқаро андозалар асосида янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

лифт ва лифт қурилмалари хавфсизлигига қўйилган асосий талаблар, мувофиқлигини баҳолаш тартибини назарда тутувчи Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент (кейинги ўринларда — Техник регламент) 1-иловага мувофиқ;

Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Техник регламент 2026 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари 2026 йил 1 июлдан эътиборан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрга қадар Техник регламентда белгиланган талаблар ва мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини ҳисобга олган ҳолда, лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари мувофиқлигини баҳолаш тартиби ҳамда лифтларни «Миллий мувофиқлик белгиси» билан тамғалаш талабларини назарда тутувчи низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Лифт ва лифт қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талабларини хавф-хатардан келиб чиқиб, халқаро стандартларга асосланган ҳолда белгилаш, шунингдек, амалдаги давлат назорати тизимидан бозор назорати тизимига босқичма-босқич ўтиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг таклифлари маъқуллансин.

Белгилансинки, 2026 йил 1 июлдан бошлаб 2027 йил 1 августга қадар илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳуқуқий эксперимент тариқасида:

Техник регламентда белгиланган талабларга лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларидан фойдаланишда риоя қилиниши ҳамда аҳолининг саломатлиги, хавфсизлиги ва ҳар қандай жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бозор назорати тизими қўлланади;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмалари устидан бозор назоратини амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади;

лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмалари устидан бозор назорати ваколатли орган томонидан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ташкил қилинади:

маҳсулотнинг хавф-хатар келтириб чиқариши билан боғлиқ масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушадиган шикоят ёки хабарни (маълумотни) кўриб чиқиш;

маҳсулотдан келиб чиқадиган хавф-хатар сабабли инсон соғлиғига, мол-мулкига, атроф-муҳитга келтирилган зиён ва бахтсиз ҳодисаларни мониторинг қилиш;

жорий қилинган хавф-хатарни бартараф этиш чораларининг натижадорлигини текшириш;

хавфсизлик масалаларига йўналтирилган илмий-техникавий ечимларни ўрганиш ҳамда жорий этиш.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2027 йил 1 ноябрга қадар жорий қилинадиган ҳуқуқий эксперимент натижаси бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан пухта ишлаб чиқилган таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бир ой муддатда Техник регламент талаблари бажарилишини таъминловчи стандартлар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин.

7. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда Техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, вазирликлар, идоралар, тадбиркорлик субъектлари ва кенг жамоатчиликнинг хабардор қилинишини таъминласин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А.В. Рафиков ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июлдаги 430-сон қарорига 1-ИЛОВА

Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Техник регламент лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг хавфсизлигига қўйиладиган ягона талабларни белгилайди.

Ушбу Техник регламент талаблари:

бинолар ва иншоотларда ўрнатилган доимий хизмат кўрсатувчи ҳамда одамларни, одамлар билан биргаликда юкларни кўтариш, лифт кабинасига қийинчиликсиз одам кириши ёки чиқишини таъминловчи, кабинанинг ичида жойлаштирилган ёки кабина ичидан туриб бошқариш имконини берувчи бошқарув тизими ўрнатилган лифтларга;

мазкур Техник регламентга 1-иловада келтирилган Техник регламент талаблари татбиқ этиладиган лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланади.

2. Ушбу Техник регламент:

тезлиги 0,15 m/s дан ошмайдиган юк кўтарувчи қурилмаларга;

қурилиш майдончасида фойдаланиладиган кўтариш мосламаларига;

дор (канат) йўллари, шу жумладан, фуникулёр темир йўлларига;

ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун махсус ишлаб чиқарилган ва қурилган лифтларга;

махсус ишларни бажариш учун мўлжалланган юк кўтариш мосламаларига;

тоғ-кон шахтасида ўрнатилган кўтариш мосламаларига;

бадиий томошалар (тадбирлар) пайтида ижрочиларни кўтариш учун мўлжалланган кўтариш мосламаларига;

транспорт воситаларига ўрнатилган юк кўтариш мосламаларига;

транспорт воситаларига (машинага) уланган ва махсус иш зоналарига, шу жумладан, машиналарга хизмат кўрсатиш ва текшириш пунктларига кириш учун мўлжалланган кўтариш мосламаларига;

стендли ва тишли йўналтиргичга эга бўлган кўтариш мосламаларига;

эскалаторлар ва механик ҳаракатланувчи йўлакларга (травалаторларга) нисбатан қўлланмайди.

3. Ушбу Техник регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аккредитация — мувофиқликни баҳолаш органларининг муайян фаолият соҳасида мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга ваколатлилигини аккредитация органи томонидан расман тасдиқлаш;

аккредитация органи — мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилишга оид фаолиятни амалга оширувчи ваколатли орган;

бозорга киритиш — лифт хавфсизлик қурилмаларини дастлабки муомалага чиқариш ёки тижорат фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш мақсадида лифтларни ҳақ эвазига ёки бепул етказиб бериш;

бозор назорати — ушбу Техник регламентда лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларига, уларнинг хавфсизлигига нисбатан белгиланган талабларга риоя қилинишини ҳамда улардан фойдаланишда истеъмолчилар саломатлиги, хавфсизлиги (зарур бўлганда мол-мулки хавфсизлиги) ва ҳар қандай жамоатчилик манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида бозор назорати органи томонидан амалга ошириладиган тадбирлар ва қўлланган чоралар мажмуи;

бозор назорати органи — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси;

ваколатли вакил — лифт ва лифт қурилмаларини ўрнатувчи ёки ишлаб чиқарувчидан муайян вазифаларни бажаришда унинг номидан ҳаракат қилишга расмий ваколат олган Ўзбекистон Республикаси резиденти мақомига эга ҳар қандай юридик шахс;

давлат назорати органи — хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан белгиланган давлат назоратини амалга оширишга қонунчилик билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар;

дистрибютор — таъминот занжирида лифт хавфсизлик қурилмаларини ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчидан фарқли равишда муомалага чиқарувчи юридик шахс;

иқтисодий операторлар — ўрнатувчи, ишлаб чиқарувчи, ваколатли вакил, импорт қилувчи ва дистрибютор фаолиятини амалга оширувчи субъект;

ишлаб чиқарувчи — лифт хавфсизлик қурилмасини ишлаб чиқарувчи ёки лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган лифт хавфсизлик қурилмасига эга бўлган ва ўз номи ёки товар белгиси остида сотувчи юридик шахс;

импорт қилувчи — бошқа давлатдан лифт хавфсизлик қурилмаларини Ўзбекистон Республикаси бозорига киритувчи Ўзбекистон Республикаси резиденти мақомига эга юридик шахс;

кабина — лифтнинг бир қисми бўлиб, одамлар ва (ёки) юкларни кўтариш ёки тушириш мақсадида уларни сатҳида ушлаб турувчи мослама;

лифт — оғиш бурчаги горизонтал бўйлаб 15° (градус)дан ошадиган йўналишда ҳаракатланадиган, одамларни ва (ёки) юкларни кабинада кўтариш/тушириш учун мўлжалланган ёки қўзғалмас йўналтирувчи механизмлар бўйлаб бир сатҳдан бошқа сатҳга ҳаракатланмаганда ҳам белгиланган траектория бўйлаб (магнит ва бошқа воситаларда) ҳаракатланувчи кўтариш қурилмаси;

муомалага чиқариш — тижорат фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш ёки тақсимлаш мақсадида лифт хавфсизлик қурилмаларини ҳақ эвазига ёки бепул ҳар қандай етказиб бериш;

мувофиқликни баҳолаш — лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаларининг ушбу Техник регламентда белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлашга оид фаолият;

мувофиқликни баҳолаш органи — мувофиқликни баҳолашга оид фаолиятни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширувчи юридик шахс;

«миллий мувофиқлик белгиси» билан тамғалаш — ўрнатувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаларига «миллий мувофиқлик белгиси» билан тамғалаш тартибини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган талабларга мувофиқ эканлигини тасдиқлаш мақсадида уларга махсус белги тушириш;

олиб ташлаш — таъминот занжирида лифт хавфсизлик қурилмасининг муомалага чиқарилишининг олдини олишга қаратилган ҳар қандай чора;

Стандартлаштириш бўйича миллий орган — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти;

техник таснифланиш — лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмалари мувофиқ бўлиши лозим бўлган техник талаблар акс эттирилган ҳужжат;

тасдиқланган стандарт — лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентнинг талаблари бажарилишини таъминловчи стандартлар рўйхатига киритилган норматив ҳужжат;

ўхшаш моделли лифт — белгиланган мақсадли кўрсаткичлар бўйича ўхшаш моделли лифт параметрларига мувофиқ бўлган ва айнан бир хил лифт хавфсизлик қурилмаларидан фойдаланиладиган лифтларнинг тури бўлиб, унинг техник ҳужжатларида, мазкур Техник регламентга 2-иловада келтирилган Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланадиган асосий хавфсизлик талабларига мос келувчи қурилма;

ўрнатувчи — лифтни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва бозорга киритишдаги жавобгарликни ўз зиммасига олган юридик шахс;

чақириб олиш — лифтни демонтаж ва хавфсиз утилизация қилиш, ўрнатувчига ёки фойдаланувчига етказиб берилган лифт хавфсизлик қурилмаларини қайтариб олишга қаратилган чора.

1-§. Эркин ҳаракатланиш

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу Техник регламент талабларига мувофиқ бўлган лифтларни бозорга киритишга ёки фойдаланишга қабул қилинишига ёхуд лифт хавфсизлик қурилмаларининг муомалага чиқарилишига тақиқ, чеклов ўрнатишга ёки тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмайди.

5. Ушбу Техник регламент талаблари савдо ярмаркаларида, кўргазмаларда ва маҳсулот намойишида кўрсатиладиган лифтлар ва лифтларнинг хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланмайди. Бундай ҳолларда лифтлар ва лифтларнинг хавфсизлик қурилмалари ушбу Техник регламент талабларига мувофиқ эмас, деб топилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилмагунча ва уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги таъминланмагунга қадар муомалага чиқарилишига ёки бозорга киритилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида маълумот билан ёрлиқланган (тамғаланган) бўлиши шарт. Кўргазмаларда (намойишларда) одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилиши лозим.

6. Ушбу Техник регламент лифтлар фойдаланишга топширилишида ёки эксплуатация қилинишида одамлар хавфсизлигини ҳимоялаш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ зарур қўшимча талабларнинг белгиланишига тўсқинлик қилмайди. Бундай ҳолатларда лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаларида ушбу Техник регламент талабларига номувофиқ бўладиган ҳолатларга олиб келувчи даражада ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмаслиги керак.

2-§. Бозорга киритиш, муомалага чиқариш ва фойдаланишга киритиш

7. Техник регламент қамровидаги лифтлар, ушбу Техник регламентга мувофиқ тўғри ўрнатилган ва хизмат кўрсатилган ҳамда улардан асосий мақсадда фойдаланилган тақдирдагина уларнинг бозорга киритилишига ва фойдаланишга топширишга рухсат берилади.

8. Техник регламент қамровидаги лифт хавфсизлик қурилмалари ушбу Техник регламентга мувофиқ ҳолда лифтга тўғри ўрнатилган, хизмат кўрсатилган ва асосий мақсадда фойдаланилган тақдирдагина, уларни муомалага чиқаришга ва фойдаланишга топширишга рухсат берилади.

3-§. Асосий хавфсизлик талаблари

9. Ушбу Техник регламент талаблари қўлланадиган лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмалари 2-иловада келтирилган Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланадиган асосий хавфсизлик талабларига жавоб бериши лозим.

4-§. Лифтлар ўрнатилган бинолар ва иншоотлар

10. Лифтнинг техник параметри доирасида талабга мувофиқ ишлаши ва ундан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш мақсадида бино ёки иншоотларда олиб бориладиган ишлар учун масъул ташкилот (юридик шахс) ва ўрнатувчи ташкилот (юридик шахс) бир-бирига зарур маълумотларни тақдим этиши ва тегишли хавфсизлик чораларини кўриши шарт.

11. Лифтлар учун мўлжалланган шахталар лифтнинг ишлаши ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлмаган бошқа қувурлар, кабеллар ёки бошқа жиҳозлардан холи бўлиши керак.

2-боб. Иқтисодий операторларнинг мажбуриятлари

1-§. Ўрнатувчиларнинг мажбуриятлари

12. Лифтни бозорга киритишда ўрнатувчилар лифт ушбу Техник регламентга 2-иловада келтирилган Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланадиган асосий хавфсизлик талабларига мувофиқ лойиҳалаштирилгани, ишлаб чиқарилгани, ўрнатилгани ва синовдан ўтказилганини назорат қилиши лозим.

13. Ўрнатувчилар техник ҳужжатларни тайёрлаши ва ушбу Техник регламентда белгиланган тегишли мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини бажаришлари шарт.

Агар белгиланган тартиб-таомилларни бажариш орқали лифтнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлиги тасдиқланган бўлса, ўрнатувчи мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни тузиши ва унинг лифт билан бирга мувофиқликни баҳолаш органига тақдим қилинишини таъминлаши ҳамда лифтни мувофиқлик белгиси билан тамғалаши шарт.

14. Ўрнатувчи техник ҳужжатлар тўпламини, мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг ва талаб этилган ҳолларда сифат тизимини маъқуллаш тўғрисидаги қарорнинг лифт бозорга киритилган санадан бошлаб ўн йил давомида ўзида сақланишини таъминлаши лозим.

15. Лифтда юзага келган хавф-хатарлар ўринли деб топилганда, ўрнатувчилар истеъмолчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида келиб тушган шикоятларни ўрганиши ҳамда шикоятлар ва белгиланган талабларга номувофиқ лифтларнинг реестрини юритиши лозим.

16. Ўрнатувчи лифтларда уларнинг тури, тўпи ёки серия рақами ёхуд уни идентификация қилиш имконини берувчи бошқа ёрлиқ акс эттирилишини таъминлаши керак.

17. Ўрнатувчилар лифтда ўзларининг номлари, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган товар белгиси ва у билан боғланиш учун алоқа учун маълумотларни, шу жумладан, почта манзилини кўрсатиши керак. Алоқа учун маълумотлар фойдаланувчилар ва бозор назорати органи томонидан осон тушуниладиган тилда кўрсатилиши шарт.

18. Ўрнатувчилар лифт билан бирга ушбу Техник регламентга 2-иловада келтирилган талабларга мос ва фойдаланувчилар учун давлат тилида ишлаб чиқилган паспорт тақдим этилишини таъминлаши шарт. Лифтнинг паспорти, шунингдек, ҳар қандай ёрлиқ аниқ ва тушунарли бўлиши керак.

19. Ўрнатувчи ўзи бозорга киритган лифтни ушбу Техник регламент талабларига мувофиқ эмас деб топса ёки мувофиқлигига шубҳа қилса, бундай лифтнинг мувофиқлигини таъминлаш учун барча зарур бўлган тузатиш чораларини кўриши шарт. Агар лифт билан боғлиқ хавф юзага келган тақдирда, ўрнатувчи дарҳол бозор назорат органини бу ҳақида хабардор қилиши ва аниқланган номувофиқликлар ҳамда уни тузатиш мақсадида амалга оширилган чораларнинг тафсилотларини тақдим этиши шарт.

20. Ўрнатувчи бозор назорати органининг сўровига кўра лифтнинг ушбу Техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун зарур бўлган барча маълумот ва ҳужжатларни электрон ёки қоғоз шаклда тақдим қилиши шарт.

Ўрнатувчи бозор назорати органи сўровига кўра бозорга жойлаштирилган лифтларда юзага келган хавф-хатарларни бартараф қилиш билан боғлиқ чоралар кўришда амалий ёрдам кўрсатиши шарт.

2-§. Ишлаб чиқарувчининг мажбуриятлари

21. Ишлаб чиқарувчи лифт хавфсизлик қурилмаларининг бозорга киритилишида, уларнинг ушбу Техник регламентга 2-иловада белгиланган талабларга мувофиқ лойиҳалаштирилиши ва ишлаб чиқарилишини таъминлайди.

22. Ишлаб чиқарувчи талаб қилинган техник ҳужжатларни тайёрлаши ва ушбу Техник регламентнинг 50-бандида белгиланган тегишли мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини бажариши шарт.

Агар тегишли тартиб-таомилни бажариш орқали лифт хавфсизлик қурилмаларининг белгиланган асосий хавфсизлик талабларига мувофиқлиги таъминланган бўлса, ишлаб чиқарувчи мувофиқлик декларациясини тузиши, уни хавфсизлик қурилмаси билан бирга тақдим қилиши ва лифт хавфсизлик қурилмасини миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаши шарт.

23. Ишлаб чиқарувчи техник ҳужжатларни, мувофиқлик тўғрисидаги декларация талаб этилган ҳолларда маъқуллашга оид қарорни лифт хавфсизлик қурилмалари бозорга киритилган санадан бошлаб ўн йил давомида сақлаши лозим.

24. Лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари серияли ишлаб чиқарилишда ишлаб чиқарувчи томонидан ушбу Техник регламент талабларига доимий мувофиқликни таъминлаши учун зарур тартиб-таомиллар жорий қилинган бўлиши лозим. Маҳсулот конструкцияси ва хусусиятидаги ўзгаришлар, лифт хавфсизлик қурилмасининг мувофиқлиги тасдиқланган стандартларга ёки бошқа техник таснифланишларга (спецификацияларга) киритилган ўзгартиришлар ишлаб чиқарувчи томонидан доимий равишда инобатга олиниб борилиши шарт.

Лифт хавфсизлик қурилмасида юзага келган хавф-хатарлар ўринли деб топилганда, ишлаб чиқарувчи истеъмолчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида, муомалага чиқарилган лифт хавфсизлик қурилмаси намунасида синов ўтказиши, келиб тушган шикоятларни ўрганиши, шикоятлар ва номувофиқ лифт хавфсизлик қурилмалари ва чақириб олинган лифт хавфсизлик қурилмаларининг реестрини юритиши ҳамда ўрнатувчилар ва дистрибюторларни бу каби мониторинг чоралари ҳақида хабардор қилиши шарт.

25. Ишлаб чиқарувчи бозорга киритилган лифт хавфсизлик қурилмаларининг тури, серия рақами ёки уларни идентификация қилиш имконини берувчи ёрлиққа эга бўлишини таъминлаши шарт.

26. Ишлаб чиқарувчи лифт хавфсизлик қурилмасида ўз номи, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган товар белгисини ва у билан боғланиш мумкин бўлган маълумотларни, шу жумладан, почта манзилини ёрлиқда акс эттирилишини таъминлаши шарт. Алоқа учун маълумотлар фойдаланувчилар ва бозор назорати органи томонидан осон ўқиладиган ва тушуниладиган бўлиши керак.

27. Ишлаб чиқарувчилар лифт хавфсизлик қурилмаси билан бирга ушбу Техник регламентга 2-илованинг 38-бандида назарда тутилган талабга мос ва фойдаланувчилар учун давлат тилида ишлаб чиқилган фойдаланиш йўриқномасини тақдим қилиши шарт. Лифт хавфсизлик қурилмасининг фойдаланиш йўриқномаси, шунингдек, қўлланадиган ҳар қандай ёрлиқ давлат тилида бўлиши керак.

28. Ишлаб чиқарувчининг ўзи бозорга киритган лифт хавфсизлик қурилмаси ушбу Техник регламент талабларига мувофиқ эмас деб топса ёки мувофиқлигига шубҳа қилса, зудлик билан бундай лифт хавфсизлик қурилмасининг мувофиқлигини таъминлаш учун мос равишда уни чақириб олиш ёки таъминот занжиридан олиб ташлашни назарда тутувчи (тузатиш) чораларини кўриши керак.

Агар лифт хавфсизлик қурилмаси билан боғлиқ хавф юзага келса, ишлаб чиқарувчи дарҳол бозор назорат органини бу ҳақида хабардор қилиши ва аниқланган номувофиқлик ва уни бартараф этиш мақсадида амалга оширилган чораларнинг тафсилотларини тақдим этиши шарт.

29. Ишлаб чиқарувчи бозор назорат органининг сўровига кўра, лифт хавфсизлик қурилмасининг ушбу Техник регламент талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча маълумот ва ҳужжатларни электрон ёки қоғоз шаклда тақдим қилиши шарт.

Ишлаб чиқарувчи бозорга киритган лифт хавфсизлик қурилмасида юзага келган хавф-хатарларни бартараф қилиш билан боғлиқ чораларни кўришда бозор назорат органи билан унинг сўровига кўра ҳамкорлик қилиши шарт.

3-§. Ваколатли вакиллар

30. Ишлаб чиқарувчи ёки ўрнатувчи ўзининг расмий қарори асосида ваколатли вакилини тайинлаши мумкин.

Ушбу Техник регламентнинг 12 ва 20-бандларида назарда тутилган мажбуриятлар ҳамда 13 ва 22-бандларда белгиланган техник ҳужжатларни тайёрлашга оид мажбуриятлар ваколатли вакилнинг ваколати доирасига киритилиши мумкин эмас.

31. Ваколатли вакил ишлаб чиқарувчи ёки ўрнатувчи томонидан берилган ваколат доирасида белгиланган вазифаларни бажариши шарт. Ваколатли вакил қуйидагиларни бажариши лозим:

а) мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни ва агар мавжуд бўлса, ишлаб чиқарувчи ёки ўрнатувчининг сифат тизимини маъқуллашга оид қарорларини ва техник ҳужжатларини лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаси бозорга киритилган санадан бошлаб ўн йил давомида бозор назорати органининг фойдаланиш зарурати учун сақлаши;

б) бозор назорати органи сўровига мувофиқ лифт хавфсизлик қурилмасининг ёки лифтнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиши;

в) бозор назорати органи сўровига мувофиқ ваколатли вакил лифт хавфсизлик қурилмасида ёки лифтда юзага келган хавф-хатарларни бартараф қилиш билан боғлиқ чораларни кўришда бозор назорати органи билан ҳамкорлик қилиши.

4-§. Импорт қилувчининг мажбуриятлари

32. Импорт қилувчилар фақат белгиланган талабларга мувофиқ бўлган лифт хавфсизлик қурилмаларини бозорга киритишлари мумкин.

33. Лифт хавфсизлик қурилмаларини бозорга киритишдан аввал, импорт қилувчи ишлаб чиқарувчи томонидан ушбу Техник регламентнинг 50-бандида назарда тутилган тегишли мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомили бажарилганига ишонч ҳосил қилиши шарт. Бунда импорт қилувчи ишлаб чиқарувчи томонидан техник ҳужжатлар тайёрланиши, лифт хавфсизлик қурилмалари миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланиши, лифт хавфсизлик қурилмаси мувофиқлик тўғрисидаги декларация ва зарур ҳужжатлар билан бирга тақдим қилиниши ҳамда ушбу Техник регламентнинг 25 ва 26-бандларида белгиланган талаблар бажарилишини таъминлаши шарт.

Агар импорт қилувчи лифт хавфсизлик қурилмасини ушбу Техник регламентга 2-иловада белгиланган талабларга мувофиқ эмас деб топса ёки мувофиқлигига шубҳа қилса, бундай лифт хавфсизлик қурилмаси белгиланган талабларга мувофиқлиги таъминланмагунга қадар бозорга киритилмаслиги лозим. Агар лифт хавфсизлик қурилмаси билан боғлиқ хавф юзага келгани аниқланса, импорт қилувчи ишлаб чиқарувчини ва бозор назорати органини бу ҳақида хабардор қилиши шарт.

34. Импорт қилувчи ўз номи, рўйхатдан ўтган товар белгисини ва у билан боғланиш мумкин бўлган почта манзилини лифт хавфсизлик қурилмасида кўрсатиши керак. Агар бунинг имкони бўлмаса, лифт хавфсизлик қурилмасининг қадоғида ёки у билан биргаликда тақдим қилинадиган ҳужжатларда бундай маълумотларнинг кўрсатилиши талаб этилади. Алоқа учун маълумотлар давлат тилида бўлиши керак.

35. Импорт қилувчи лифт хавфсизлик қурилмаси билан бирга ушбу Техник регламентга 2-илованинг 38-бандида назарда тутилган, давлат тилида ишлаб чиқилган фойдаланиш йўриқномаси тақдим қилинишини таъминлаши шарт.

36. Импорт қилувчи лифт хавфсизлик қурилмаси унинг жавобгарлигида бўлган давр мобайнида, сақлаш ёки ташиш шароитларини лифт хавфсизлик қурилмасининг ушбу Техник регламентга 2-иловада назарда тутилган асосий хавфсизлик талабларига мувофиқлигига хавф туғдирмаслигини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

37. Лифт хавфсизлик қурилмасида юзага келган хавф-хатарлар ҳақиқатда мавжуд деб топилганда, импорт қилувчи истеъмолчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида, муомалага чиқарилган лифт хавфсизлик қурилмаси намунасида синов ўтказиши, келиб тушган шикоятларни ўрганиши, шикоятлар ва номувофиқ лифт хавфсизлик қурилмалари, чақириб олинган лифт хавфсизлик қурилмалари реестрини юритиши ҳамда ўрнатувчилар ва дистрибюторларни мониторинг чоралари ҳақида хабардор қилиши шарт.

38. Агар импорт қилувчи ўзи бозорга киритган лифт хавфсизлик қурилмасини ушбу Техник регламентнинг талабларига мувофиқ эмас деб топса ёки мувофиқлигига шубҳа қилса, зудлик билан бундай лифт хавфсизлик қурилмасининг мувофиқлигини таъминлаш учун уни мос равишда чақириб олиш ёки таъминот занжиридан олиб ташлашни назарда тутувчи тузатиш каби чораларини кўриши шарт. Агар лифт хавфсизлик қурилмаси билан боғлиқ хавф юзага келган тақдирда, импорт қилувчи дарҳол бозор назорат органини бу ҳақида хабардор қилиши ҳамда аниқланган номувофиқлик ва уни бартараф этиш мақсадида амалга оширилган тузатиш чораларининг тафсилотларини тақдим этиши шарт.

39. Импорт қилувчи мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг нусхасини ва талаб этилган ҳолларда маъқуллашга оид қарорларни лифт хавфсизлик қурилмалари бозорга киритилган санадан бошлаб ўн йил давомида бозор назорати органи ихтиёрида сақлаши ва унинг сўровига мувофиқ техник ҳужжатларни тақдим қилиши шарт.

40. Импорт қилувчи бозор назорати органининг асосли сўровига биноан лифт хавфсизлик қурилмасининг ушбу Техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун зарур бўлган барча маълумот ва ҳужжатларни давлат тилида электрон ёки қоғоз шаклда тақдим қилиши шарт.

5-§. Дистрибюторнинг мажбуриятлари

41. Лифт хавфсизлик қурилмаларини бозорга киритишда дистрибюторлар ушбу Техник регламент талабларига риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратишлари шарт.

42. Лифт хавфсизлик қурилмасини бозорга киритишдан аввал дистрибютор лифт хавфсизлик қурилмалари миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланганини, мувофиқлик тўғрисидаги декларацияси мавжудлигини, зарур ҳужжатлар билан бирга ушбу Техник регламентга 2-илованинг 38-бандида назарда тутилган фойдаланувчилар учун давлат тилида ишлаб чиқилган фойдаланиш йўриқномаси билан бирга тақдим қилинганини ҳамда мос равишда ишлаб чиқарувчи томонидан ушбу Техник регламентнинг 25-26-бандларида белгиланган мажбуриятлар ва 34-бандда белгиланган мажбуриятларнинг импорт қилувчи мос равишда бажарганини текшириб олиши шарт.

43. Агар дистрибютор лифт хавфсизлик қурилмасини ушбу Техник регламентга 2-иловада белгиланган талабларига мувофиқ эмас деб топса ёки мувофиқлигига шубҳа қилса, лифт хавфсизлик қурилмасининг белгиланган талабларга мувофиқлиги таъминланмагунга қадар бозорга киритиши мумкин эмас. Агар лифт хавфсизлик қурилмаси билан боғлиқ хавф юзага келса, дистрибютор ишлаб чиқарувчини ёки импорт қилувчини, шунингдек, бозор назорати органини бу ҳақида хабардор қилиши шарт.

44. Лифт хавфсизлик қурилмаси дистрибюторнинг жавобгарлигида бўлган даврда сақлаш ёки ташиш шароитлари лифт хавфсизлик қурилмасининг ушбу Техник регламентга 2-иловада назарда тутилган асосий хавфсизлик талабларига мувофиқлигига хавф туғдирмаслигини таъминлаши шарт.

45. Агар дистрибютор ўзи бозорга киритган лифт хавфсизлик қурилмасини ушбу Техник регламентнинг талабларига мувофиқ эмас деб топса ёки мувофиқлигига шубҳа қилса, зудлик билан бундай лифт хавфсизлик қурилмасининг мувофиқлигини таъминлаш учун мос равишда бундай қурилмани чақириб олиши ёки таъминот занжиридан олиб ташлашни назарда тутувчи тузатиш чораларини кўриши шарт. Агар лифт хавфсизлик қурилмаси билан боғлиқ хавф юзага келган тақдирда, дистрибютор дарҳол бозор назорати органини бу ҳақида хабардор қилиши ва аниқланган номувофиқлик ва уни бартараф этиш мақсадида амалга оширилган тузатиш чораларининг тафсилотларини тақдим этиши шарт.

46. Дистрибютор ваколатли бозор назорати органининг сўровига мувофиқ лифт хавфсизлик қурилмасининг ушбу Техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун зарур бўлган барча маълумот ва ҳужжатларни электрон ёки қоғоз шаклда тақдим қилиши шарт. Дистрибютор, муомалага чиқарилган лифт хавфсизлик қурилмасида юзага келган хавф-хатарларни бартараф қилиш билан боғлиқ чораларни кўришда бозор назорат органи билан унинг сўровига мувофиқ ҳамкорлик қилиши шарт.

6-§. Ишлаб чиқарувчи мажбуриятларининг импорт қилувчи ёки дистрибюторга нисбатан қўлланиши

47. Импорт қилувчи ёки дистрибютор лифт хавфсизлик қурилмасини ўз номи ёки товар белгиси остида бозорга жойлаштирган ёки бозорда аллақачон мавжуд лифт хавфсизлик қурилмаларига уларнинг ушбу Техник регламентнинг талабларига мувофиқлигига таъсир қиладиган тарзда ўзгартириш киритган бўлса, бундай ҳолларда импорт қилувчи ёки дистрибютор ушбу Техник регламент доирасида ишлаб чиқарувчи деб ҳисобланади ва Техник регламентнинг 2-боби 2-параграфига мувофиқ ишлаб чиқарувчининг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

7-§. Иқтисодий операторларни аниқлаш

48. Бозор назорати органининг сўровига мувофиқ иқтисодий операторлар етказиб бериш занжирида лифт хавфсизлик қурилмаларини уларга етказиб берувчи ҳамда, ўз навбатида, улар етказиб бераётган иқтисодий оператор тўғрисида маълумотларни аниқлаб бериши шарт.

Иқтисодий операторлар юқорида қайд этилган лифт хавфсизлик қурилмалари маълумотларини уларга ва ўз навбатида улар томонидан етказиб берилган санадан бошлаб ўн йил давомида тақдим этиш имкониятига эга бўлишлари (таъминлашлари) керак.

3-боб. Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг мувофиқлигини таъминлаш

1-§. Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг мувофиқлиги презумпцияси

49. Лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган стандартлар ёки уларнинг тегишли қисми талабларига мувофиқ бўлса, тасдиқланган стандартлар ёки уларнинг тегишли қисмлари билан қамраб олинган ушбу Техник регламентга 2-иловада келтирилган Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланадиган асосий хавфсизлик талабларига мувофиқлиги таъминланган ҳисобланади.

2-§. Лифт хавфсизлик қурилмаларининг мувофиқлигини баҳолаш

50. Ишлаб чиқарувчи томонидан лифт хавфсизлик қурилмалари бозорга киритилгунга қадар мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларининг қуйидаги комбинацияларининг биридан ўтказилиши лозим:

а) маҳсулотни лойиҳалаштириш босқичида лифт хавфсизлик қурилмаси турини тасдиқлашдан ўтказиш ҳамда лифт хавфсизлик қурилмасини номуайян вақт оралиғида текшириш асосида тасдиқланган турига нисбатан мувофиқлигини баҳолаш;

б) маҳсулотни лойиҳалаштириш босқичида лифт хавфсизлик қурилмаси турини тасдиқлашдан ўтказиш ҳамда ишлаб чиқарилган лифт хавфсизлик қурилмаси бундай қурилмаларнинг тасдиқланган турига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган тайёр маҳсулот сифатини кафолатлаш бўйича мавжуд тизимини баҳолаш;

в) ишлаб чиқаришда лифт хавфсизлик қурилмасининг мувофиқлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли сифатни кафолатлаш бўйича мавжуд тизимини баҳолаш.

3-§. Лифтларнинг мувофиқлигини баҳолаш

51. Лифтлар бозорга ҳамда фойдаланишга киритилгунга қадар уларга нисбатан мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларининг қуйидаги комбинацияларидан бири ўтказилиши лозим:

а) лифтлар:

тайинланган ваколатли (нотификация қилинган) органда уларнинг тегишли тури тасдиқлашдан ўтказилган ўхшаш моделли лифт параметрлари ва хусусиятлари тавсифига мувофиқ ҳолда лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилганини аниқлаш;

якуний инспекциядан ўтказиш ёки лифтнинг тасдиқлашдан ўтказилган ўхшаш моделли лифтга нисбатан мувофиқ эканлигини кафолатловчи сифат тизими мавжудлигини баҳолаш ёхуд ишлаб чиқаришда лифтнинг тасдиқланган турга мувофиқлигини таъминлашга қаратилган тайёр маҳсулот сифатини кафолатлаш тизимини баҳолаш;

б) қуйидагилар:

ишлаб чиқаришда лифтнинг мувофиқлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли сифатни кафолатлаш тизими билан биргаликда лифтни ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам баҳоланганини аниқлаш;

бино ва иншоотларда ўрнатилган лифт якуний инспекциядан ўтказилиши ёки тайёр лифтнинг тасдиқланган турга мувофиқлигини таъминлашга қаратилган тайёр маҳсулот сифатини кафолатлаш тизимини баҳолаш ёхуд ишлаб чиқаришда лифтнинг тасдиқланган лифт турига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган тайёр маҳсулот сифатини кафолатлаш тизимини баҳолаш;

в) ҳар битта лифтнинг мувофиқлигини тасдиқлаш.

Ҳар қандай комбинациялар танланганда лифт хавфсизлик қурилмасининг мувофиқлиги баҳоланган бўлиши шарт.

52. Агар 51-банднинг «а» ва «б» кичик бандларида келтирилган ҳолатларда лифтни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқариш учун масъул шахс лифтни ўрнатиш ва унинг синовдан ўтказилиши учун масъул бўлган шахсдан бошқа шахс бўлса, лифт лозим даражада ўрнатилиши ва синовдан ўтказилиши учун аввалги шахс кейинги шахсга барча зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши зарур.

53. Ўхшаш моделли лифт ва ўхшаш моделли лифт асосида яратилган лифтлар ўртасидаги рухсат этилган (йўл қўйилиши мумкин бўлган) фарқлар техник ҳужжатларда (тегишли параметрларнинг максимум ва минимум чекланишларини ҳисобга олган ҳолда) аниқ кўрсатилиши лозим.

54. Асосий хавфсизлик кўрсаткичлари таъминланиши шарти билан ҳисоб-китоблар ва (ёки) лойиҳалаштириш режалари асосида ускуналарнинг айнан бирхиллиги таъминланишига рухсат этилади.

55. Ушбу Техник регламентнинг 3-боби 2 ва 3-параграфларида назарда тутилган лифт хавфсизлик қурилмалари ва лифтларнинг мувофиқлигини баҳолаш тартиб-таомиллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

4-§. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация

56. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация ушбу Техник регламентга 2-иловада белгиланган Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланадиган асосий хавфсизлик талаблари бажарилганлигини таъминлаши лозим.

57. Мувофиқлик тўғрисида декларация Вазирлар Маҳкамаси томонидан мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларида назарда тутилган шаклда бўлиши, уларнинг элементларини ўз ичига олиши ва доимий равишда янгиланиб туриши лозим.

58. Агар лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан мувофиқлик тўғрисида декларация тақдим этилишини талаб қилувчи учун бир нечта техник регламентлар ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, у ҳолда барча ҳужжатлар акс эттирилган ҳолда ягона мувофиқлик тўғрисида декларация расмийлаштирилиши лозим.

59. Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни расмийлаштириш билан ишлаб чиқарувчи лифт хавфсизлик қурилмаларининг, ўрнатувчи эса лифтнинг ушбу Техник регламентда белгиланган барча талабларга мувофиқлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олади.

5-§. Миллий мувофиқлик белгисини қўллаш

60. Миллий мувофиқлик белгисини қўллаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган лифтларни миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаш тартибини белгиловчи низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

61. Лифтларни миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаш, фақат ишлаб чиқарувчи ёки ўрнатувчи томонидан амалга оширилиши лозим.

6-§. Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) тартиби

62. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ушбу Техник регламент доирасида мувофиқликни баҳолашни амалга оширувчи мувофиқликни баҳолаш органларини тайинловчи (нотификация қилувчи) ваколатли орган (кейинги органларда — Ваколатли орган) ҳисобланади.

63. Ваколатли орган томонидан мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.

64. Ушбу Техник регламент доирасида Ваколатли орган, тайинланган органлар ва бошқа манфаатдор тарафлар ўртасида ўзаро кооперация ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мувофиқлаштириш мақсадида Лифт хавфсизлиги масалалари бўйича идоралараро Техник қўмита (кейинги ўринларда — Техник қўмита) ташкил этилади.

Ушбу Техник қўмита таркиби Ваколатли орган, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Стандартлаштириш бўйича миллий орган, Аккредитация органи, бозор назорати органи, тайинланган органлар ва иқтисодий операторларнинг вакилларидан иборат таркибда шакллантирилади. Техник қўмита низоми ва таркиби Ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

65. Мувофиқликни баҳоловчи тайинланган орган Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган талабларга қўшимча равишда қуйидаги махсус талабларга мос бўлиши зарур:

ушбу Техник регламентнинг 64-бандига мувофиқ ташкил этилган Техник қўмита фаолиятида иштирок этиши ёки мувофиқликни баҳолаш ишларини бажариш учун масъул ходимларининг стандартлаштириш ҳамда Техник қўмита фаолияти натижаларидан доимий хабардор бўлишлари;

ходимлари ушбу Техник регламентга 2-иловада белгиланган асосий хавфсизлик талаблари, тасдиқланган стандартлар ва бошқа тегишли қонунчилик талаблари тўғрисида билим ва кўникмага эга бўлиши;

ушбу Техник регламентнинг 64-бандида назарда тутилган Техник қўмита томонидан қабул қилинган кўрсатма ва ҳужжатларни ўз фаолиятининг умумий бошқарув ҳужжатлари сифатида қабул қилиши шарт.

4-боб. Лифт ва лифт қурилмалари хавфсизлиги устидан бозор назоратини ўтказиш ва таъсир чоралари

1-§. Лифт ва лифт қурилмалари хавфсизлиги устидан бозор назоратини ўтказишнинг умумий қоидалари

66. Лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари хавфсизлиги устидан бозор назорати ушбу бобда келтирилган тартибда ташкил қилиниши ва амалга оширилиши шарт.

67. Бозор назорати тизими ушбу Техник регламент билан қамраб олинган маҳсулотлар тўғри ўрнатилган, хизмат кўрсатилган ва белгиланган мақсадда ёки шароитларда ишлатилган тақдирда, фойдаланувчиларининг соғлиғи ёки хавфсизлигини таъминлаши, акс ҳолда бу маҳсулотлар номувофиқ ҳисобланиб етказиб бериш занжиридан чиқарилишини ёки муомалага чиқарилишини чегаралаши ёхуд тақиқлаши ҳамда булар ҳақида кенг жамоатчилик хабардор қилинишини таъминлаши лозим.

68. Бозор назорати тизими ва уни ташкил этувчи ҳужжатлар ушбу Техник регламент талаблари қўлланадиган ҳар қандай маҳсулотга нисбатан самарали таъсир чораларини қўллаш имкониятларини ўзида мужассам этиши шарт.

69. Бозор назорати ушбу Техник регламент талаблари қўлланадиган тайёр йиғилган ёки ишлаб чиқарувчининг ёхуд ўрнатувчининг зарур эҳтиёжи учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларга (лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларига) нисбатан қўлланади.

70. Бозор назорати қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ташкил қилиниши лозим:

маҳсулотнинг хавф-хатар келтириб чиқариши билан боғлиқ ҳолатларда келиб тушган шикоят ёки хабарни кўриб чиқиш;

маҳсулотдан келиб чиқадиган хавф-хатар сабабли инсон соғлиғига етказилган зиён ва бахтсиз ҳодисаларни мониторинг қилиш;

бартараф этиш (тузатиш) чораларининг натижадорлигини текшириш;

хавфсизлик масалаларига қаратилган илмий-техникавий ечимларни кузатиб бориш.

71. Бозор назорати органи ўзининг зиммасига юклатилган вазифани самарали бажариши учун тегишли ваколат, ресурс, билим-тажрибали ходимларга эга бўлиши лозим.

72. Бозор назорати органи унга берилган ваколатдан мутаносиблик тамойили асосида фойдаланиши шарт.

Бозор назорати органи ўз вазифаларини мустақил, беғараз ва холис асосда бажариши лозим.

73. Бозор назорати органи лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бўйича бозор назорати дастурини ишлаб чиқиши, жорий қилиши ва доимий янгилаб бориши, шунингдек, ушбу дастурни ва унга киритилган ўзгартиришларни жамоатчилик учун очиқлаб бориши шарт.

74. Бозор назорати органи томонидан олиб борилаётган бозор назоратининг натижадорлиги мунтазам равишда таҳлил қилиб борилиши ва асослар мавжуд бўлганда қайта кўриб чиқилиши лозим. Бундай таҳлиллар камида ҳар икки йилда амалга оширилиши, натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилиши, шунингдек, манфаатдор томонлар ва жамоатчилик учун таҳлил натижалари очиқланиши шарт.

75. Бозор назорати органи ҳужжатлаштирилган маълумотларни ўрганиши ҳамда белгиланган миқдордаги намуналар асосида, кўздан кечириш ёки лабораторияда синовлар ўтказиш орқали маҳсулот хусусиятлари устидан текширувларни ўтказиши шарт.

Бунда бозор назорати органи аниқланган хавф-хатарни баҳолаш тамойиллари, келиб тушган шикоятлар ва бошқа маълумотларни инобатга олиши лозим.

76. Бозор назорати органи ўз фаолиятини олиб бориш заруратидан келиб чиқиб, иқтисодий операторлардан ҳужжат ва маълумотларни талаб қилиши ҳамда иқтисодий операторлар жойлашган ҳудудларга қонунчиликда белгиланган тартибда кириши ва маҳсулотлардан намуналар олиши мумкин.

77. Бозор назорати органи, жиддий хавф-хатар келтириб чиқарувчи лифт ёки лифт қурилмаларини йўқ қилиш бўйича иқтисодий операторларга тақдимнома (кўрсатма) бериши мумкин.

78. Иқтисодий операторлар мувофиқликни тасдиқлаш мақсадида аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш органи томонидан расмийлаштирилган синов баённомалари ёки сертификатларни тақдим қилган тақдирда, бозор назорати органи бундай синов баённомалари ёки мувофиқлик сертификатларини инобатга олиши лозим.

79. Жароҳатланиш ёки бошқа шикастланишлар хавфини камайтириш мақсадида, бозор назорати органи энг қисқа муддат ичида фойдаланувчиларни лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмасида аниқланган хавф ҳақида огоҳлантириш учун зарурий чораларни кўриши шарт.

80. Бозор назорати органи иқтисодий операторлар билан айни шу иқтисодий операторлар томонидан муомалага чиқарилган лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмасидан келиб чиқувчи хавф-хатарнинг олдини олиш ёки уни камайтириши мумкин бўлган барча чораларни қўллашда ҳамкорлик қилиши шарт.

81. Бозор назорати органи, фойдаланувчилар манфаатларидан келиб чиқиб, ушбу Техник регламентда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган маълумотларни очиқлаш талабига зид бўлмаган ҳолда, заруратга кўра тижорий сирни сақлаш ёки шахсий маълумотларни ҳимоялаш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар доирасида махфийликни таъминлаши шарт.

2-§. Таъсир чораларини қўллаш

82. Тезкор чора кўриш талаб қилинадиган жиддий хавф-хатар келтириб чиқарувчи лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмалари, оқибати қисқа вақтда юзага келмайдиган жиддий хавф-хатар келтириб чиқарувчи лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмалари чақириб олиниши, таъминот занжиридан олиб ташланиши ёки муомалага чиқарилиши тақиқланиши ҳамда барча манфаатдор томонлар зудлик билан бу ҳақида хабардор қилиниши шарт.

83. Хавфнинг хусусияти ва унинг содир бўлиш эҳтимолини инобатга олувчи хавф-хатар таҳлили асосида маҳсулот жиддий хавф-хатар келтириб чиқариши ёхуд келтириб чиқармаслиги юзасидан бозор назорати органи тегишли қарорни қабул қилиши шарт.

Юқори даражадаги хавфсизликка эришиш имконияти ёки пастроқ даражадаги хавф келтириб чиқарувчи бошқа лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаларининг мавжудлиги, таҳлил остидаги маҳсулотга нисбатан жиддий хавф-хатар келтириб чиқарувчи лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаси сифатида баҳо берилишига асос бўла олмайди.

84. Бозор назорати органи лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан уларни муомалага чиқаришни тақиқлаш ёки чеклаш, таъминот занжиридан олиб ташлаш ёки чақириб олиш каби таъсир чораларини мутаносиб ва асосланган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда қўллаши шарт.

Бунда бозор назорати органи қўллаган таъсир чораси ҳақида зудлик билан тегишли иқтисодий операторни хабардор қилиши, шунингдек, унга қонунчиликда назарда тутилган ҳимояланиш чоралари ва бундай чораларнинг амал қилиш муддатлари тўғрисида маълумот (тушунтириш) бериши шарт.

85. Ушбу Техник регламентнинг 84-банди биринчи хатбошисида назарда тутилган таъсир чоралари қўлланишидан аввал, тегишли иқтисодий операторга камида ўн кун ичида ҳолат юзасидан изоҳ бериши учун имконият яратилиши лозим.

Жамоатчилик манфаатларини ҳимоялаш, хавфсизлик ёхуд саломатлик талаблари нуқтаи назаридан тезкор таъсир чораларини қўллашни тақозо қилганда, бозор назорати органи билан иқтисодий оператор ўртасида бундай маслаҳатлашув тадбирининг ўтказилиши истисно қилиниши мумкин.

Агар иқтисодий оператор томонидан ҳолат юзасидан изоҳлар олинмасдан аввал таъсир чора қўлланса, иқтисодий операторга имкон қадар тез муддатда изоҳ беришга имконият берилиши, сўнгра бозор назорати органи зудлик билан таъсир чора бўйича қабул қилган қарорини қайта кўриб чиқиши лозим.

86. Агар иқтисодий оператор томонидан жорий қилинган тузатиш чораларининг натижавийлиги тасдиқланса, бозор назорати органи қўллаган таъсир чорасини зудлик билан бекор қилиши ёки уни қайта кўриб чиқиши зарур.

3-§. Хавф келтириб чиқарувчи лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмалари билан ишлаш

87. Бозор назорати органи ушбу Техник регламентда назарда тутилган лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмалари инсон соғлиғи ёки хавфсизлигига ёхуд мулкига хавф туғдириши мумкин, деб ҳисоблаш учун етарли асос мавжуд бўлса, бозор назорати органи лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаларини ушбу Техник регламентда белгиланган барча тегишли талаблар асосида мавжуд хавфни инобатга олган ҳолда баҳолаши лозим. Иқтисодий операторлар бозор назорати органи билан ушбу мақсадда ҳамкорлик қилишлари керак.

Агар ушбу бандда назар тутилган баҳолаш жараёни натижалари асосида бозор назорати органи лифт ушбу Техник регламентда назарда тутилган талабларга жавоб бермаслигини аниқласа, зудлик билан ўрнатувчидан мавжуд хавфнинг хусусиятига мос келадиган муддат ичида лифтнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун барча зарурий тузатиш чораларини кўришини талаб қилиши шарт.

Агар юқоридаги назар тутилган баҳолаш жараёни натижасида бозор назорати органи лифт хавфсизлик қурилмаси ушбу Техник регламентда назарда тутилган талабларга жавоб бермаганини аниқласа, зудлик билан тегишли иқтисодий оператордан келиб чиқувчи хавфнинг хусусиятига мос келадиган муддат ичида лифт хавфсизлик қурилмасининг мувофиқлигини таъминлаш учун тузатиш чораларини кўриши, лифт хавфсизлик қурилмасини бозордан олиб ташлаши ёки чақириб олишни талаб қилиши шарт.

Бозор назорати органи мос равишда тайинланган органларни бу ҳақида хабардор қилиши лозим.

88. Иқтисодий оператор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида у томонидан бозорга киритилган ёки муомалага чиқарилган барча лифтлар ва лифт хавфсизлиги қурилмаларига нисбатан зарур тузатиш чоралари кўрилганини таъминлаши шарт.

89. Агар ўрнатувчи 87-банднинг иккинчи хатбошисида назар тутилган муддат ичида талаб даражасидаги тузатиш чораларини кўрмаса, бозор назорати органи қонунда белгиланган тартибда тегишли лифтга нисбатан чеклов ўрнатиши, бозорга киритилишини тақиқлаши, фойдаланишни ман қилиши ёки чақириб олинишини назарда тутувчи барча зарур таъсир чораларини қўллаши шарт.

Тегишли иқтисодий оператор 87-банднинг иккинчи хатбошисида назар тутилган муддат ичида талаб даражасидаги тузатиш чораларини кўрмаса, бозор назорати органи лифт хавфсизлик қурилмасининг муомалага чиқарилишини тақиқлаш ёки чеклаш, лифт хавфсизлик қурилмасини чақириб олиш ёки уни таъминот занжиридан олиб ташлаш каби мос таъсир чораларини қўллаши шарт.

Бозор назорати органи қўлланган таъсир чоралари ҳақида зудлик билан барча манфаатдор томонларга ва ваколатли давлат назорати органларига маълумот бериши лозим.

90. Ушбу Техник регламентнинг 89-бандида назарда тутилган маълумотда белгиланган талабларга риоя қилинмаган лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмасини идентификация қилиш учун зарур бўлган барча маълумотлар, уларнинг келиб чиқиши, даъво қилинган номувофиқликнинг хусусияти ва унга боғлиқ равишда келиб чиқувчи хавф-хатарларнинг тафсилотлари, қўлланган таъсир чораси ва унинг муддати, шунингдек, тегишли иқтисодий операторлар томонидан тақдим қилинган сабаблар ёки далиллар кўрсатилиши лозим.

Бозор назорати органи аниқланган номувофиқликлар лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмасининг ушбу Техник регламентда белгиланган асосий хавфсизлик талабларига мувофиқ келмагани ёки мувофиқлик презумпциясини берувчи ушбу Техник регламентнинг 3-боби 1-параграфида назарда тутилган тасдиқланган стандартлардаги камчиликлар сабабли юзага келганини кўрсатиши шарт.

4-§. Талабларга риоя қилинмаганлик

91. Бозор назорати органи ушбу Техник регламентнинг 4-боби 2 ва 3-параграфларида назарда тутилган талабларга зид равишда ҳаракат қилмаган ҳолда, қуйидагилар аниқланганда, тегишли иқтисодий оператордан унинг жавобгарлигига тааллуқли номувофиқликни бартараф қилинишини талаб қилиши лозим:

миллий мувофиқлик белгисини қўллаш талабларига риоя этилмаган ёки бузилган ҳолда қўлланиши;

миллий мувофиқлик белгиси билан тамғаланмаганлик;

тайинланган органнинг идентификация рақами ва (ёки) миллий мувофиқлик белгиси белгиланган талабларга зид равишда туширилган ёки умуман туширилмагани;

мувофиқлик тўғрисидаги декларация тузилмагани;

мувофиқлик тўғрисидаги декларация нотўғри тузилгани;

ушбу Техник регламентнинг 13 ва 22-бандларида назарда тутилган техник ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига мувофиқ шакллантирилмагани;

ушбу Техник регламентнинг 17 , 26 ёки 34-бандларида белгиланган талабларга мувофиқ ўрнатувчининг, ишлаб чиқарувчининг ёки импорт қилувчининг номи, рўйхатдан ўтган товар белгиси ёхуд манзили кўрсатилмагани;

лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмасини идентификация қилиш имкониятини берувчи маълумот ушбу Техник регламентнинг 16 ёки 25-бандида белгиланган талабларига мувофиқ тарзда кўрсатилмагани;

лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмаси ушбу Техник регламентнинг 18 ёки 27-бандида назарда тутилган ҳужжатлар билан бирга тақдим қилинмагани ёки ҳужжатлар тегишли талабларга мувофиқ эмаслиги.

92. Агар лифтда ушбу Техник регламентнинг 91-бандида назарда тутилган номувофиқликлар сақланиб қолган бўлса, бозор назорати органи қонунда белгиланган тартибда лифтдан фойдаланишни чеклаш, тақиқлаш, уни чақириб олиш чораларини кўриши ҳамда лифт хавфсизлик қурилмаларининг муомалага чиқарилишни чеклаши ва тақиқлаши ёки бозордан чақириб олиши ва таъминот занжиридан олиб ташлаш чораларини кўриши мумкин.

5-§. Эркин муомалага чиқаришни назорат қилиш

93. Лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишидаги жараёнларни назорат қилиш учун масъул Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси (кейинги ўринларда — Божхона органи) ҳисобланади.

Божхона органи лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг эркин муомалага чиқарилишидан аввал маҳсулот хусусиятлари устидан текширувлар ўтказилишини таъминлаши шарт.

94. Божхона органи бозор назорати органи билан ўз фаолиятлари доирасида ўзаро ҳамкорликда иш юритишлари лозим.

Божхона органи, бошқа ваколатли орган(лар)ни жалб қилган ҳолда, лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларини текширувдан ўтказиш натижасида қуйидагилардан бирини ёки бир нечтасини аниқласа, уларнинг эркин муомалага чиқарилишини тўхтатиб қўйиши шарт:

лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бино ва иншоотларга ўрнатилганда, таъмирланганда ва ишлатилганда одам саломатлигига, хавфсизлигига, атроф-муҳитга ёки ҳар қандай бошқа жамоат манфаатларига жиддий хавф-хатар келтириб чиқаришга сабаб бўлувчи хусусиятлар (ҳолатлар) лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларида аниқланганда;

лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари ёзма ёки электрон шаклда қонунчиликда белгиланган ҳужжатлар билан бирга тақдим қилинмаганда;

лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари миллий мувофиқлик белгиси билан белгиланган талабларга мос келмаган тарзда нотўғри, тегишли маълумотларни тўғри олиш имконини бермаган ёки чалғитадиган тарзда тамғаланганда.

Божхона органи ҳар қандай лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари эркин муомалага чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ҳолатлари юзасидан бозор назорати органини хабардор қилиши шарт.

95. Божхона органи томонидан ушбу Техник регламентнинг 94-бандига мувофиқ лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари эркин муомалага чиқарилиши тўхтатиб қўйилган тақдирда, агар уч кун муддат ичида (хабардор бўлганидан сўнг) бозор назорати органи ушбу лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан муайян таъсир чораси қўллангани тўғрисида божхона органини хабардор қилмаган, айни вақтда эркин муомалага чиқариш билан боғлиқ бошқа барча талаблар қаноатлантирилган ва расмийлаштириш ишлари бажарилган бўлса, бундай ҳолатларда лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари эркин муомалага чиқарилади.

96. Агар бозор назорати органи маҳсулот белгиланган хавфсизлик талаблари бўйича жиддий хавф-хатар келтириб чиқармаслигини аниқласа ёки қонунчиликда белгиланган талабларни бузмаганига ишонч ҳосил қилса, эркин муомалага чиқариш билан боғлиқ бошқа барча талаблар қаноатлантирилган ва расмийлаштириш ишлари бажарилган бўлса, бундай лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларини эркин муомалага чиқариши шарт.

97. Агар бозор назорати органи хавфсизликка жиддий хавф келтириб чиқарувчи лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларини аниқласа, лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бозорга жойлаштирилишини тақиқлаш таъсир чораларини кўриши ва божхона органидан лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари билан бирга тақдим қилинадиган ҳужжатда ёки агар расмийлаштириш электрон тизим орқали амалга оширилганда айни шу тизимда қуйидаги огоҳлантиришни қайд этишни талаб қилиши шарт: «Хавфли лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари — эркин муомалага чиқаришга рухсат этилмаган».

98. Агар бозор назорати органи лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари қонунчиликда ўрнатилган талабларга мувофиқ эмаслигини аниқласа, таъсир чорасини қўллаши, шу жумладан, лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бозорга жойлаштирилишини тақиқлаши лозим.

Агар ушбу банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бозорга жойлаштирилиши тақиқланган бўлса, бозор назорати органи божхона органидан лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларини эркин муомалага чиқармасликни ва лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари билан бирга тақдим қилинадиган ҳужжатда ёки агар расмийлаштириш электрон тизим орқали амалга оширилганда, айни шу тизимда қуйидаги огоҳлантиришни қайд этишини талаб қилиши шарт: «Талабларга номувофиқ лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари — эркин муомалага чиқаришга рухсат этилмаган».

99. Агар айни шу лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари кейинчалик эркин муомалага чиқаришдан бошқа божхона режимига декларация қилинса ва бунга бозор назорати органи қарши бўлмаса, танланган божхона режими расмийлаштируви доирасида тақдим қилинадиган ҳужжатлар билан бирга 97 ва 98-бандларда келтирилган огоҳлантириш қайд маълумотлари ҳам бўлиши шарт.

100. Бозор назорати органи аниқлаган жиддий хавф-хатар келтириб чиқарувчи ёки талабларга номувофиқ лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари ҳақида божхона органига маълумот бериши шарт.

5-боб. Ўтиш даври

101. Ушбу Техник регламент кучга киритилгунга қадар лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бўйича расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатлари уларда белгиланган муддат давомида амал қилади.

6-боб. Техник регламент талабларини бузганлик учун жавобгарлик

102. Ушбу Техник регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга 1-ИЛОВА

Техник регламент талаблари татбиқ этиладиган лифт хавфсизлик қурилмалари

Т/р Лифт хавфсизлик қурилмалари номи 1. Шахта эшиклари қулфлари 2. Тутгичлар 3. Буферлар 4. Тезликни чеклагичлар 5. Хавфсизлик гидроаппарати (сақловчи клапан) 6. Электрон қисмлардан иборат хавфсизлик занжири шаклидаги электр хавфсизлик қурилмалари

Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга 2-ИЛОВА

Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланадиган асосий хавфсизлик талаблари

1. Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларига нисбатан қўлланадиган асосий хавфсизлик талаблари (кейинги ўринларда — асосий хавфсизлик талаблари) бўйича мажбуриятлар лифт ёки лифт хавфсизлик қурилмасидан ўрнатувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган мақсадда фойдаланилганда хавф-хатарлар юзага келган ҳолларда қўлланади.

2. Ушбу асосий хавфсизлик талаблари бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Технологик тараққиётнинг жорий ҳолатидан келиб чиқиб, мазкур талабларда назарда тутилган мақсадга эришиш имконсиз бўлиши мумкин. Бундай ҳолда лифт ва лифт хавфсизлиги қурилмалари имкон қадар яқин даражада ушбу мақсадларга эришишни таъминлайдиган тарзда лойиҳалаштирилиши ва ишлаб чиқарилиши шарт.

3. Ишлаб чиқарувчи ва ўрнатувчи ўз маҳсулотларига тааллуқли барча хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида хавф-хатар таҳлилини ўтказишга масъулдир, бунда улар ушбу таҳлил натижаларини инобатга олган ҳолда лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларини лойиҳалаштириши ва ишлаб чиқариши шарт.

1-боб. Умумий талаблар

4. Лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бўйича хавфсизликнинг асосий тамойиллари:

а) белгиланган мақсадга мувофиқ ишлаши ва кўзда тутилган шароитда нотўғри фойдаланиш эҳтимолини инобатга олиб, уларни бошқариш, созлаш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш одамларга хавф келтирмайдиган тарзда лойиҳалаштириш ва қуриш (фойдаланишга тушириш);

Қўлланган чоранинг мақсадлари нафақат белгиланган хизмат кўрсатиш муддати давомида, балки уни ташиш, йиғиш, ечиш, ишлатишдан тўхтатиш ва утилизация қилиш даврларида ҳам юзага келувчи хавф-хатарни бартараф қилишга қаратилган бўлиши;

б) ишлаб чиқарувчи ёки унинг ваколатли вакили лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари бўйича энг мақбул услубни танлашда қуйидаги тамойилларни берилган кетма-кетликда қўллаши лозим:

хавф-хатарни бартараф қилиш ёки камайтириш (хавфсиз ускуналарни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқариш);

бартараф қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларга нисбатан зарурий ҳимоя чораларини кўриш;

жорий қилинган ҳимоя чораларидаги камчиликлар сабабли юзага келган ва бартараф этилмаган хавф-хатар ҳақида фойдаланувчиларни хабардор қилиш, бунда махсус ўқув машғулотларига зарурат ёки шахсий ҳимоя воситаларига эҳтиёж борлигини белгилаш.

в) лойиҳалаштиришда ва ишлаб чиқаришда ҳамда техник ҳужжатларни (қўллаш йўриқномаси, паспорт) ишлаб чиқишда, ишлаб чиқарувчи ёки унинг ваколатли вакили нафақат мақсадли, балки нотўғри фойдаланиш эҳтимолларини ҳам кўзда тутиш;

ноодатий фойдаланиш, айниқса, бундай ноодатий фойдаланиш орқали хавф-хатар келтириб чиқаришининг олди олинадиган тарзда лойиҳалаштирилиши ва ишлаб чиқарилиши шарт. Агар бунга имкон бўлган тақдирда, қўллаш йўриқномасида тажрибада юзага келиши мумкин бўлган вазиятлар ва улардан фойдаланмаслик ҳолатларига фойдаланувчи эътиборини қаратиши лозим;

г) зарурий ва эҳтимолий (қўшимча) шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш натижасида операторнинг (лифтга техник жиҳатдан хизмат кўрсатувчи) ҳаракатидаги чекланишларни инобатга олган ҳолда лойиҳалаштириш ва қуриш;

д) созлаш, хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш учун зарур барча махсус асбоблар ва бутловчи қисмлари билан бирга етказиб бериш.

2-боб. Лифт кабинаси

5. Ҳар бир лифтнинг ташувчи қисмида кабина бўлиши шарт. Мазкур лифт кабинаси ўрнатувчи томонидан белгиланган одамларнинг максимум сони ва лифтнинг номинал юк кўтариш имкониятига мос келувчи чидамлилик ва кабинани ички юзасидаги кенгликни таъминлайдиган даражада лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган бўлиши шарт.

Агар лифт одамларни ташишга мўлжалланган бўлса ва унинг ўлчамлари бунга имкон берса, имконияти чекланган шахсларнинг лифтга кириши ва ундан фойдаланишига халақит бермайдиган ёки тўсқинлик қилмайдиган ҳамда уларни лифтдан фойдаланишлари учун имкон берувчи тегишли созлашларни амалга оширишга йўл қўядиган тарзда лифтнинг конструкцияси лойиҳалаштирилган ва қурилган бўлиши лозим.

3-боб. Осма ва таянч воситалари

6. Етарли даражадаги умумий хавфсизликни таъминлаш ва кабинанинг тушиб кетиш хавфини камайтириш, лифтдан фойдаланиш шароити, ишлатилган хомашё материаллари ва ишлаб чиқариш шароитини инобатга олиб, лифт кабинасининг осма ва (ёки) таянч воситалари, унга бириктирилган воситалар ва бошқа зарур ускуналар танлаб олиниши ва лойиҳалаштирилиши керак.

Агар лифт кабинаси пўлат арқон ёки занжир ёрдамида осилган бўлса, бунда ҳар бири учун алоҳида мустаҳкамлаш тизимига эга камида иккита мустақил пўлат арқон ёки занжирлар бўлиши шарт. Бундай пўлат арқонларда ва занжирларда, сиртмоқ ясаш ёки уни боғлаш заруратидан ташқари ҳеч қандай қўшилишлар ёки уланишлар бўлмаслиги лозим.

7. Юклама назорати (шу жумладан, меъёрдан ортиқ тезликни назорат қилувчи ускуна) ўрнатилган бўлиши лозим.

8. Агар лифтда кўтариладиган юкларнинг вазни лифтнинг номинал юк кўтариш меъёридан ошса, лифтнинг ишчи режимга старт берилишининг олди олинадиган тарзда лифт лойиҳалаштирилган, ишлаб чиқарилган ва ўрнатилган бўлиши керак.

9. Лифтлар тезликни чекловчи мослама билан жиҳозланган бўлиши шарт. Агар лифтни ҳаракатга келтирувчи тизимининг конструкциясида меъёрдан ортиқ тезликнинг олдини олиш назарда тутилган бўлса, бундай лифтларга юқорида ўрнатилган талаб татбиқ этилмайди.

10. Тезюрар лифтлар тезликни мониторинг қилиш ва тезликни чеклаш воситаси билан жиҳозланган бўлиши лозим.

11. Фрикцион шкивлар ёрдамида ҳаракатга келтириладиган лифтлар, шкивдаги тортиш тросларининг барқарор ва бир текис ҳаракатини таъминлайдиган тарзда лойиҳалаштирилган бўлиши шарт.

4-боб. Кўтариш ускуналари

12. Одамларни ташувчи барча лифтлар ўзларининг индивидуал кўтариш ускуналарига эга бўлиши керак. Бу талаб қарши оғирликлари иккинчи кабина билан алмаштирилган лифтларга нисбатан қўлланмайди.

13. Ўрнатувчи хизмат кўрсатиш ва фавқулодда вазиятлардан бошқа ҳолларда лифтнинг кўтариш ускуналари ва унга тегишли ускуналари ёпиқ бўлишини (ташқи таъсирни чеклаган тарзда) таъминлаши шарт.

5-боб. Бошқарув тизими

14. Лифтнинг бошқарув тизими кузатувчисиз ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар томонидан фойдаланиш мумкин бўладиган тарзда лойиҳалаштирилиши ва ўрнатилиши шарт.

15. Бошқарув тизимидаги функциялар аниқ белгиланиши керак.

16. Чақирув тизими лифтлар гуруҳи учун алоҳида ёки ўзаро бир-бирига боғланган бўлиши мумкин.

17. Электр жиҳозлар қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўрнатилган ва уланган бўлиши керак:

лифт билан бевосита уланган электр занжирлари чалкашлиги (нотўғри ҳолатда уланишларига) юзага келмаслиги;

лифт юкланган ҳолатда ҳам электр таъминотини ўзгартириш (ёқиш ва ўчириш) имконияти мавжуд бўлиши;

лифтнинг ҳаракатланиши алоҳида электр хавфсизлиги занжиридаги электр хавфсизлик қурилмаларига боғлиқ бўлиши;

электр мосламалардаги носозлик хатарли вазиятларни юзага келтирмаслиги.

6-боб. Лифт кабинасидан ташқаридаги одамларга хавф-хатарлар

18. Лифт кабинаси ҳаракатланувчи оралиқ (шахта) хизмат кўрсатиш ёки фавқулодда вазиятлардан бошқа ҳолларда ёпиқ ҳолда бўлиши таъминланадиган тарзда лойиҳалаштирилиши ва қурилиши шарт. Бу оралиққа одам киришида лифтдан ишчи режимда фойдаланиш имкони бўлмаслиги керак.

19. Лифт кабинаси энг юқори ёки пастки чегарадаги ҳолатда бўлганда қаттиқ урилиш хавфи олди олинадиган тарзда лойиҳалаштирилган ва қурилган бўлиши керак.

Ушбу талабни бажариш учун энг юқори ёки пастки чегарадан кейин қўшимча бўш оралиқ қолдириш мумкин.

Мавжуд биноларда ушбу ечимни жорий қилиш имконсиз бўлса, дастлаб ваколатли давлат назорати органидан тегишли рухсатни олиш асосида ушбу хавф-хатарнинг олдини олиш учун бошқа мос техник усулларни қўллаш мумкин.

20. Лифт кабинасига кириш ва ундан чиқиш, мақсадли фойдаланиш шароитига мос келувчи механик чидамлиликка эга шахта эшиклари билан жиҳозланган бўлиши шарт.

21. Лифт ҳаракатини чекловчи қурилма қуйидагиларнинг олдини олиши шарт:

қасддан ёки бошқа ҳолда ишга туширилганда, барча шахта эшиклари ёпилиб қулфланмагунга қадар лифт кабинаси ҳаракатланишни бошлаши;

кабина ҳаракатланаётганда ва белгиланган тўхташ зонасидан ташқарида бўлганда шахта эшикларнинг очилишини.

Аммо сатҳ тенглиги тезлигини назорат қилиш шарти билан белгиланган зоналарда эшиклар очиқ ҳолатда барча тўхташ ҳаракатларига рухсат берилиши мумкин.

7-боб. Лифт кабинаси ичидаги одамларга хавф-хатарлар

22. Лифт кабинаси тўлиқ ўлчамдаги деворлар, пол ва шифтлар билан, вентиляция тизими тешикларини истисно қилган ҳолда, тўлиқ қопламага ва эшикларга эга бўлиши шарт. Ушбу эшиклар асосий хавфсизлик талабларининг 21-бандида назарда тутилган тўхташ ҳаракатларидан мустасно ҳолда, эшиклар ёпилмагунга қадар кабина ҳаракатланмайдиган ва эшиклар очилганда тўхтайдиган тарзда лойиҳалаштирилиши ва ўрнатилиши лозим.

Агар лифт қаватлар ўртасида тўхтаб қолиши сабабли лифт билан шахта ўртасида ёки шахта бўлмаганда, лифтда ҳаракатланаётган одамларнинг йиқилиш хавфи мавжуд бўлса, лифтнинг эшиклари ёпиқ ва қулфланган ҳолда сақланиши керак.

23. Электр таъминоти узилганда ёки лифт қурилмаларида носозлик юзага келганда, лифт тушиб кетиши ёки кабина назоратсиз ҳаракатда бўлишининг олдини олувчи қурилмаларга эга бўлиши лозим.

Лифт кабинаси тушиб кетишининг олдини олувчи қурилма лифт кабинасини осиб турувчи воситадан мустақил ҳолатда бўлиши шарт.

Ушбу қурилма номинал юк кўтариш ҳолатида ва ўрнатувчи томонидан назарда тутилган максимал тезликда лифт кабинасини тўхтатишга қодир бўлиши шарт. Ушбу қурилма томонидан содир этилган ҳар қандай тўхтатиш ҳолати лифт кабинаси ичидагиларга зиён келтирмаслиги керак.

24. Лифт шахтасининг пастки қисми билан кабина поли ўртасида буферлар ўрнатилган бўлиши лозим.

Бунда асосий хавфсизлик талабларининг 19-бандида назарда тутилган бўш оралиқ буфер бутунлай сиқилган ҳолатда бўлганда ўлчаниши керак.

Агар лифтни ҳаракатга келтирувчи тизим асосий хавфсизлик талабларининг 19-бандида назарда тутилган бўш оралиққа лифт кабинасининг кириши имконсиз ҳолда лойиҳалаштирилган бўлса, бундай лифтларга нисбатан юқоридаги талаб қўлланмайди.

25. Лифтлар асосий хавфсизлик талабларининг 24-бандида назарда тутилган қурилма ишчи ҳолатда бўлмаган тақдирда, лифтни ҳаракатга келтириш имконсиз бўлишини назарда тутган ҳолда лойиҳалаштирилиши ва қурилиши керак.

8-боб. Бошқа хавф-хатарлар

26. Шахта эшиклари ва кабина эшиклари ёки иккала эшиклар биргаликда, агар моторли бўлса, улар ҳаракатланаётганда урилиш хавфининг олдини олувчи қурилма билан жиҳозланган бўлиши керак.

27. Бинони ёнғиндан ҳимоялашда шахта эшиклари, шу жумладан, шиша қисмлардан иборат эшиклар ҳам яхлитликни сақлаб қолиш ва улардаги изоляция (оловни ушлаб қолиш) ва иссиқликни узатиш (термик радиация) хусусиятларини инобатга олган ҳолда, етарли даражада оловга чидамли бўлиши лозим.

28. Қарши оғирликлар, лифт кабинаси билан тўқнашиш ёки унинг устига қулаб тушиш хавфи олди олинадиган тарзда ўрнатилган бўлиши керак.

29. Лифтлар, кабинага қамалиб қолган одамларни чиқариб олиш ва уларни кўчириш (эвакуация қилиш) имконини берувчи воситалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.

30. Лифт кабиналари қутқарув хизмати билан доимий алоқани таъминловчи икки томонлама алоқа воситаси (тизими) билан жиҳозланган бўлиши шарт.

31. Лифтлар шундай лойиҳалаштирилган ва қурилган бўлиши керакки, агар лифт (лебедка) машинасидаги ҳарорат ўрнатувчи томонидан белгиланган энг юқори ҳарорат даражасидан ошиб кетса, улар жорий ҳаракатни тугаллаши, шу билан бирга, кейинги ҳаракатга келтириш бўйича янги топшириқларни рад этишлари лозим.

32. Кабиналар ҳатто узоқ муддатли тўхташ содир бўлган тақдирда ҳам, йўловчилар учун етарли вентиляцияни таъминлайдиган тарзда лойиҳалаштирилиши ва қурилиши шарт.

33. Кабинадан фойдаланилганда ёки эшиклар очилганда кабина етарли даражада ёруғлик билан таъминланган бўлиши лозим. Шунингдек, унда фавқулодда ёритиш мосламаси бўлиши керак.

34. Асосий хавфсизлик талабларининг 30-бандида назарда тутилган алоқа воситаси ҳамда 33-бандда келтирилган фавқулодда ёритиш мосламаси одатий электр таъминоти бўлмаган тақдирда ҳам ишлаши таъминланадиган тарзда лойиҳалаштирилган ва қурилган бўлиши лозим. Уларнинг ишлаш давомийлиги белгиланган тарзда қутқарув ишларини бажариш учун етарли бўлиши шарт.

35. Ёнғин содир бўлганда фойдаланиш мумкин бўлган лифтнинг бошқарув схемалари, лифтлар маълум қаватларда тўхташининг олдини олиши ҳамда қутқарув гуруҳи томонидан устувор назоратда бўлишини таъминлайдиган тарзда лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган бўлиши шарт.

9-боб. Тамғалаш

36. Ҳар бир лифт кабинасида осон кўринадиган жойда номинал юк ташиш меъёри килограммда кўрсатилган ва ташиш мумкин бўлган йўловчиларнинг максимал сони акс эттирилган ёрлиқ бўлиши керак.

Шунингдек, барча қурилмалар энг камида қуйидаги маълумотларни акс эттирувчи, аниқ кўринадиган, осон ўқиладиган ва мустаҳкам ёрлиқ билан тамғаланиши лозим:

ишлаб чиқарувчининг номи ва тўлиқ манзили, агар мавжуд бўлса ваколатли вакилининг номи ва манзили (телефон рақами ва почта манзили);

ускунанинг тавсифи;

миллий мувофиқлик белгиси;

тури;

серия рақами;

ишлаб чиқарилган йили, яъни ишлаб чиқариш жараёни тугалланган йил.

Миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалашда қурилмаларнинг ҳақиқий ишлаб чиқарилган саналарини ўзгартириш (аввалги ёки кейинги саналарда фойдаланиш) тақиқланади.

Асбоб-ускуналар турига тегишли ва ундан хавфсиз фойдаланиш учун зарур бўлган тўлиқ маълумотга эга бўлиши шарт.

Кўтарувчи мосламалар ёрдамида ишлатиш назарда тутилган ускуна бўлса, унинг массаси осон ўқиладиган тарзда, аниқ ва мустаҳкам ёрлиқда кўрсатилиши керак.

37. Агар лифт қамалиб қолган одамлар лифт кабинасидан ташқи ёрдамсиз чиқиш имкони билан лойиҳалаштирилган бўлса, тегишли кўрсатмалар лифт кабинасида аниқ ва кўринарли бўлиши шарт.

10-боб. Қўлланмалар

38. Йиғиш, улаш, созлаш ва таъмирлаш ишлари самарали ва хавфсиз бажарилиши таъминланиши учун ҳар бир лифтда хавфсизлик қурилмаси билан бирга қўллаш йўриқномаси бўлиши лозим.

39. Ҳар бир лифт билан бирга лифт паспорти бўлиши шарт. Лифт паспортида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

лифтдан фойдаланиш ва лифтга хизмат кўрсатиш, инспекция қилиш, таъмирлаш, даврий техник кўрикдан ўтказиш ва қутқарув ишларини олиб бориш учун зарур бўлган чизма ва кўрсатмалардан иборат йўриқнома;

лифтда ўтказилган таъмирлаш ишлари ва тегишли ҳолларда даврий техник кўрикдан ўтказиш ёзувларини қайд этиши журнали.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июлдаги 430-сон қарорига 2-ИЛОВА

Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси 1. Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмалари хавфсизлигига доир намуналар олиш, синаш ҳамда ўлчаш усулларини белгилайдиган амалдаги стандартлар рўйхатини тузади ва хатловдан ўтказади. Уч ой муддатда 2. Ушбу Техник регламент талабларига риоя этилишини таъминлайдиган ҳамда техник регламентларда белгиланган лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган намуналар олиш, синаш ҳамда ўлчаш усулларини белгилайдиган стандартлар рўйхатларини шакллантиради ва белгиланган тартибда тасдиқлайди. Бир ой муддатда 2-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Лифтлар ва лифт хавфсизлик қурилмаларининг Техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш ишларини амалга оширувчи мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) чораларини кўради. Олти ой муддатда 3-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳолини, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, тадбиркорлик субъектларини кенг миқёсда хабардор қилишни таъминлайди. Жадвалга мувофиқ 4-босқич Тадбиркорлик субъектлари 1. Техник регламентни ўрганади, масъул ходимларни ўқитади ва Техник регламентни ўз фаолиятида жорий қилади. Келишилган муддатларда 2. Мувофиқликни баҳолаш тартиботидан ўтказиш учун тегишли маҳсулот намуналарини Техник регламент талабларига мувофиқ тайёрлайди. Техник регламент кучга кирган кундан бошлаб 5-босқич Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Лифт ва лифт хавфсизлик қурилмалари устидан бозор назоратини амалга оширади. Белгиланган тартибда 6-босқич Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Техник регламентни қўллаш амалиётини мониторинг қилади ва маълумотларни тизимли асосда Вазирлар Маҳкамасига киритади. Ҳар чоракда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июлдаги 430-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 6 октябрдаги 801-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПФ-5594-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4058-сон қарори)» 2019 йил 6 мартдаги 195-сон қарорига илованинг 41-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон қарори)» 2019 йил 10 августдаги 661-сон қарорига илованинг 52-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат электротехника маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу маҳсулотлар устидан сифат назоратини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 15 ноябрдаги 602-сон қарорига 2-илованинг 1-банди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 12 июль,

430-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/430/0601-сон; 22.06.2026 й., 09/26/316/0615-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TEXNIK REGLAMENT

ROʻYXATI

SXEMASI

ROʻYXATI

Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 28-fevraldagi PQ-91-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, lift va lift qurilmalarining xavfsizligiga qoʻyiladigan talablarni xalqaro andozalar asosida yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

lift va lift qurilmalari xavfsizligiga qoʻyilgan asosiy talablar, muvofiqligini baholash tartibini nazarda tutuvchi Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament (keyingi oʻrinlarda — Texnik reglament) 1-ilovaga muvofiq;

Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni joriy etish sxemasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Texnik reglament 2026-yil 1-iyuldan boshlab amalga kiritilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari 2026-yil 1-iyuldan eʼtiboran oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2025-yil 1-noyabrga qadar Texnik reglamentda belgilangan talablar va muvofiqlikni baholash tartib-taomillarini hisobga olgan holda, lift va lift xavfsizlik qurilmalari muvofiqligini baholash tartibi hamda liftlarni “Milliy muvofiqlik belgisi” bilan tamgʻalash talablarini nazarda tutuvchi nizom loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

5. Lift va lift qurilmalariga qoʻyiladigan xavfsizlik talablarini xavf-xatardan kelib chiqib, xalqaro standartlarga asoslangan holda belgilash, shuningdek, amaldagi davlat nazorati tizimidan bozor nazorati tizimiga bosqichma-bosqich oʻtish maqsadida Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi hamda Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining takliflari maʼqullansin.

Belgilansinki, 2026-yil 1-iyuldan boshlab 2027-yil 1-avgustga qadar ilgʻor xorijiy davlatlar tajribasidan kelib chiqib, huquqiy eksperiment tariqasida:

Texnik reglamentda belgilangan talablarga lift va lift xavfsizlik qurilmalaridan foydalanishda rioya qilinishi hamda aholining salomatligi, xavfsizligi va har qanday jamoatchilik manfaatlarini himoya qilishga qaratilgan bozor nazorati tizimi qoʻllanadi;

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi liftlar va lift xavfsizlik qurilmalari ustidan bozor nazoratini amalga oshiruvchi vakolatli organ hisoblanadi;

liftlar va lift xavfsizlik qurilmalari ustidan bozor nazorati vakolatli organ tomonidan quyidagilarni nazarda tutgan holda tashkil qilinadi:

mahsulotning xavf-xatar keltirib chiqarishi bilan bogʻliq masalalar boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslardan kelib tushadigan shikoyat yoki xabarni (maʼlumotni) koʻrib chiqish;

mahsulotdan kelib chiqadigan xavf-xatar sababli inson sogʻligʻiga, mol-mulkiga, atrof-muhitga keltirilgan ziyon va baxtsiz hodisalarni monitoring qilish;

joriy qilingan xavf-xatarni bartaraf etish choralarining natijadorligini tekshirish;

xavfsizlik masalalariga yoʻnaltirilgan ilmiy-texnikaviy yechimlarni oʻrganish hamda joriy etish.

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2027-yil 1-noyabrga qadar joriy qilinadigan huquqiy eksperiment natijasi boʻyicha qonunchilikni takomillashtirish yuzasidan puxta ishlab chiqilgan taklifni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

6. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi bir oy muddatda Texnik reglament talablari bajarilishini taʼminlovchi standartlar roʻyxatini shakllantirsin va tasdiqlasin.

7. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi hamda Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda Texnik reglamentning maqsadlari, mazmuni va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholi, vazirliklar, idoralar, tadbirkorlik subyektlari va keng jamoatchilikning xabardor qilinishini taʼminlasin.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi raisi A.V. Rafikov hamda Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori A.R. Jumanazarov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 12-iyuldagi 430-son qaroriga 1-ILOVA

Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Texnik reglament lift va lift xavfsizlik qurilmalarining xavfsizligiga qoʻyiladigan yagona talablarni belgilaydi.

Ushbu Texnik reglament talablari:

binolar va inshootlarda oʻrnatilgan doimiy xizmat koʻrsatuvchi hamda odamlarni, odamlar bilan birgalikda yuklarni koʻtarish, lift kabinasiga qiyinchiliksiz odam kirishi yoki chiqishini taʼminlovchi, kabinaning ichida joylashtirilgan yoki kabina ichidan turib boshqarish imkonini beruvchi boshqaruv tizimi oʻrnatilgan liftlarga;

mazkur Texnik reglamentga 1-ilovada keltirilgan Texnik reglament talablari tatbiq etiladigan lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadi.

2. Ushbu Texnik reglament:

tezligi 0,15 m/s dan oshmaydigan yuk koʻtaruvchi qurilmalarga;

qurilish maydonchasida foydalaniladigan koʻtarish moslamalariga;

dor (kanat) yoʻllari, shu jumladan, funikulyor temir yoʻllariga;

harbiy maqsadlarda foydalanish uchun maxsus ishlab chiqarilgan va qurilgan liftlarga;

maxsus ishlarni bajarish uchun moʻljallangan yuk koʻtarish moslamalariga;

togʻ-kon shaxtasida oʻrnatilgan koʻtarish moslamalariga;

badiiy tomoshalar (tadbirlar) paytida ijrochilarni koʻtarish uchun moʻljallangan koʻtarish moslamalariga;

transport vositalariga oʻrnatilgan yuk koʻtarish moslamalariga;

transport vositalariga (mashinaga) ulangan va maxsus ish zonalariga, shu jumladan, mashinalarga xizmat koʻrsatish va tekshirish punktlariga kirish uchun moʻljallangan koʻtarish moslamalariga;

stendli va tishli yoʻnaltirgichga ega boʻlgan koʻtarish moslamalariga;

eskalatorlar va mexanik harakatlanuvchi yoʻlaklarga (travalatorlarga) nisbatan qoʻllanmaydi.

3. Ushbu Texnik reglamentda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

akkreditatsiya — muvofiqlikni baholash organlarining muayyan faoliyat sohasida muvofiqlikni baholashga doir ishlarni bajarishga vakolatliligini akkreditatsiya organi tomonidan rasman tasdiqlash;

akkreditatsiya organi — muvofiqlikni baholash organlarini akkreditatsiya qilishga oid faoliyatni amalga oshiruvchi vakolatli organ;

bozorga kiritish — lift xavfsizlik qurilmalarini dastlabki muomalaga chiqarish yoki tijorat faoliyati doirasida Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanish maqsadida liftlarni haq evaziga yoki bepul yetkazib berish;

bozor nazorati — ushbu Texnik reglamentda lift va lift xavfsizlik qurilmalariga, ularning xavfsizligiga nisbatan belgilangan talablarga rioya qilinishini hamda ulardan foydalanishda isteʼmolchilar salomatligi, xavfsizligi (zarur boʻlganda mol-mulki xavfsizligi) va har qanday jamoatchilik manfaatlarining himoya qilinishini taʼminlash maqsadida bozor nazorati organi tomonidan amalga oshiriladigan tadbirlar va qoʻllangan choralar majmui;

bozor nazorati organi — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi;

vakolatli vakil — lift va lift qurilmalarini oʻrnatuvchi yoki ishlab chiqaruvchidan muayyan vazifalarni bajarishda uning nomidan harakat qilishga rasmiy vakolat olgan Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti maqomiga ega har qanday yuridik shaxs;

davlat nazorati organi — xoʻjalik yurituvchi subyektlar faoliyati ustidan belgilangan davlat nazoratini amalga oshirishga qonunchilik bilan vakolat berilgan vazirliklar va idoralar;

distribyutor — taʼminot zanjirida lift xavfsizlik qurilmalarini ishlab chiqaruvchi yoki import qiluvchidan farqli ravishda muomalaga chiqaruvchi yuridik shaxs;

iqtisodiy operatorlar — oʻrnatuvchi, ishlab chiqaruvchi, vakolatli vakil, import qiluvchi va distribyutor faoliyatini amalga oshiruvchi subyekt;

ishlab chiqaruvchi — lift xavfsizlik qurilmasini ishlab chiqaruvchi yoki loyihalashtirilgan va ishlab chiqarilgan lift xavfsizlik qurilmasiga ega boʻlgan va oʻz nomi yoki tovar belgisi ostida sotuvchi yuridik shaxs;

import qiluvchi — boshqa davlatdan lift xavfsizlik qurilmalarini Oʻzbekiston Respublikasi bozoriga kirituvchi Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti maqomiga ega yuridik shaxs;

kabina — liftning bir qismi boʻlib, odamlar va (yoki) yuklarni koʻtarish yoki tushirish maqsadida ularni sathida ushlab turuvchi moslama;

lift — ogʻish burchagi gorizontal boʻylab 15° (gradus)dan oshadigan yoʻnalishda harakatlanadigan, odamlarni va (yoki) yuklarni kabinada koʻtarish/tushirish uchun moʻljallangan yoki qoʻzgʻalmas yoʻnaltiruvchi mexanizmlar boʻylab bir sathdan boshqa sathga harakatlanmaganda ham belgilangan trayektoriya boʻylab (magnit va boshqa vositalarda) harakatlanuvchi koʻtarish qurilmasi;

muomalaga chiqarish — tijorat faoliyati doirasida Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanish yoki taqsimlash maqsadida lift xavfsizlik qurilmalarini haq evaziga yoki bepul har qanday yetkazib berish;

muvofiqlikni baholash — lift yoki lift xavfsizlik qurilmalarining ushbu Texnik reglamentda belgilangan talablarga muvofiqligini aniqlashga oid faoliyat;

muvofiqlikni baholash organi — muvofiqlikni baholashga oid faoliyatni qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

“milliy muvofiqlik belgisi” bilan tamgʻalash — oʻrnatuvchi yoki ishlab chiqaruvchi tomonidan lift yoki lift xavfsizlik qurilmalariga “milliy muvofiqlik belgisi” bilan tamgʻalash tartibini belgilovchi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda nazarda tutilgan talablarga muvofiq ekanligini tasdiqlash maqsadida ularga maxsus belgi tushirish;

olib tashlash — taʼminot zanjirida lift xavfsizlik qurilmasining muomalaga chiqarilishining oldini olishga qaratilgan har qanday chora;

Standartlashtirish boʻyicha milliy organ — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining Oʻzbekiston standartlar instituti;

texnik tasniflanish — lift yoki lift xavfsizlik qurilmalari muvofiq boʻlishi lozim boʻlgan texnik talablar aks ettirilgan hujjat;

tasdiqlangan standart — liftlarning xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentning talablari bajarilishini taʼminlovchi standartlar roʻyxatiga kiritilgan normativ hujjat;

oʻxshash modelli lift — belgilangan maqsadli koʻrsatkichlar boʻyicha oʻxshash modelli lift parametrlariga muvofiq boʻlgan va aynan bir xil lift xavfsizlik qurilmalaridan foydalaniladigan liftlarning turi boʻlib, uning texnik hujjatlarida, mazkur Texnik reglamentga 2-ilovada keltirilgan Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadigan asosiy xavfsizlik talablariga mos keluvchi qurilma;

oʻrnatuvchi — liftni loyihalashtirish, ishlab chiqarish, oʻrnatish va bozorga kiritishdagi javobgarlikni oʻz zimmasiga olgan yuridik shaxs;

chaqirib olish — liftni demontaj va xavfsiz utilizatsiya qilish, oʻrnatuvchiga yoki foydalanuvchiga yetkazib berilgan lift xavfsizlik qurilmalarini qaytarib olishga qaratilgan chora.

1-§. Erkin harakatlanish

4. Oʻzbekiston Respublikasi hududida ushbu Texnik reglament talablariga muvofiq boʻlgan liftlarni bozorga kiritishga yoki foydalanishga qabul qilinishiga yoxud lift xavfsizlik qurilmalarining muomalaga chiqarilishiga taqiq, cheklov oʻrnatishga yoki toʻsqinlik qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

5. Ushbu Texnik reglament talablari savdo yarmarkalarida, koʻrgazmalarda va mahsulot namoyishida koʻrsatiladigan liftlar va liftlarning xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanmaydi. Bunday hollarda liftlar va liftlarning xavfsizlik qurilmalari ushbu Texnik reglament talablariga muvofiq emas, deb topilishiga asos boʻlgan sabablar bartaraf etilmaguncha va ularning belgilangan talablarga muvofiqligi taʼminlanmagunga qadar muomalaga chiqarilishiga yoki bozorga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmasligi toʻgʻrisida maʼlumot bilan yorliqlangan (tamgʻalangan) boʻlishi shart. Koʻrgazmalarda (namoyishlarda) odamlarning xavfsizligini taʼminlash uchun zarur choralar koʻrilishi lozim.

6. Ushbu Texnik reglament liftlar foydalanishga topshirilishida yoki ekspluatatsiya qilinishida odamlar xavfsizligini himoyalash maqsadida tegishli qonunchilik hujjatlariga muvofiq zarur qoʻshimcha talablarning belgilanishiga toʻsqinlik qilmaydi. Bunday holatlarda lift yoki lift xavfsizlik qurilmalarida ushbu Texnik reglament talablariga nomuvofiq boʻladigan holatlarga olib keluvchi darajada oʻzgartirishlar kiritilishiga yoʻl qoʻyilmasligi kerak.

2-§. Bozorga kiritish, muomalaga chiqarish va foydalanishga kiritish

7. Texnik reglament qamrovidagi liftlar, ushbu Texnik reglamentga muvofiq toʻgʻri oʻrnatilgan va xizmat koʻrsatilgan hamda ulardan asosiy maqsadda foydalanilgan taqdirdagina ularning bozorga kiritilishiga va foydalanishga topshirishga ruxsat beriladi.

8. Texnik reglament qamrovidagi lift xavfsizlik qurilmalari ushbu Texnik reglamentga muvofiq holda liftga toʻgʻri oʻrnatilgan, xizmat koʻrsatilgan va asosiy maqsadda foydalanilgan taqdirdagina, ularni muomalaga chiqarishga va foydalanishga topshirishga ruxsat beriladi.

3-§. Asosiy xavfsizlik talablari

9. Ushbu Texnik reglament talablari qoʻllanadigan liftlar va lift xavfsizlik qurilmalari 2-ilovada keltirilgan Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadigan asosiy xavfsizlik talablariga javob berishi lozim.

4-§. Liftlar oʻrnatilgan binolar va inshootlar

10. Liftning texnik parametri doirasida talabga muvofiq ishlashi va undan xavfsiz foydalanishni taʼminlash maqsadida bino yoki inshootlarda olib boriladigan ishlar uchun masʼul tashkilot (yuridik shaxs) va oʻrnatuvchi tashkilot (yuridik shaxs) bir-biriga zarur maʼlumotlarni taqdim etishi va tegishli xavfsizlik choralarini koʻrishi shart.

11. Liftlar uchun moʻljallangan shaxtalar liftning ishlashi va xavfsizligini taʼminlash uchun zarur boʻlmagan boshqa quvurlar, kabellar yoki boshqa jihozlardan xoli boʻlishi kerak.

2-bob. Iqtisodiy operatorlarning majburiyatlari

1-§. Oʻrnatuvchilarning majburiyatlari

12. Liftni bozorga kiritishda oʻrnatuvchilar lift ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada keltirilgan Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadigan asosiy xavfsizlik talablariga muvofiq loyihalashtirilgani, ishlab chiqarilgani, oʻrnatilgani va sinovdan oʻtkazilganini nazorat qilishi lozim.

13. Oʻrnatuvchilar texnik hujjatlarni tayyorlashi va ushbu Texnik reglamentda belgilangan tegishli muvofiqlikni baholash tartib-taomillarini bajarishlari shart.

Agar belgilangan tartib-taomillarni bajarish orqali liftning xavfsizlik talablariga muvofiqligi tasdiqlangan boʻlsa, oʻrnatuvchi muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani tuzishi va uning lift bilan birga muvofiqlikni baholash organiga taqdim qilinishini taʼminlashi hamda liftni muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalashi shart.

14. Oʻrnatuvchi texnik hujjatlar toʻplamini, muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning va talab etilgan hollarda sifat tizimini maʼqullash toʻgʻrisidagi qarorning lift bozorga kiritilgan sanadan boshlab oʻn yil davomida oʻzida saqlanishini taʼminlashi lozim.

15. Liftda yuzaga kelgan xavf-xatarlar oʻrinli deb topilganda, oʻrnatuvchilar isteʼmolchilarning sogʻligʻi va xavfsizligini himoya qilish maqsadida kelib tushgan shikoyatlarni oʻrganishi hamda shikoyatlar va belgilangan talablarga nomuvofiq liftlarning reyestrini yuritishi lozim.

16. Oʻrnatuvchi liftlarda ularning turi, toʻpi yoki seriya raqami yoxud uni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi boshqa yorliq aks ettirilishini taʼminlashi kerak.

17. Oʻrnatuvchilar liftda oʻzlarining nomlari, belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan tovar belgisi va u bilan bogʻlanish uchun aloqa uchun maʼlumotlarni, shu jumladan, pochta manzilini koʻrsatishi kerak. Aloqa uchun maʼlumotlar foydalanuvchilar va bozor nazorati organi tomonidan oson tushuniladigan tilda koʻrsatilishi shart.

18. Oʻrnatuvchilar lift bilan birga ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada keltirilgan talablarga mos va foydalanuvchilar uchun davlat tilida ishlab chiqilgan pasport taqdim etilishini taʼminlashi shart. Liftning pasporti, shuningdek, har qanday yorliq aniq va tushunarli boʻlishi kerak.

19. Oʻrnatuvchi oʻzi bozorga kiritgan liftni ushbu Texnik reglament talablariga muvofiq emas deb topsa yoki muvofiqligiga shubha qilsa, bunday liftning muvofiqligini taʼminlash uchun barcha zarur boʻlgan tuzatish choralarini koʻrishi shart. Agar lift bilan bogʻliq xavf yuzaga kelgan taqdirda, oʻrnatuvchi darhol bozor nazorat organini bu haqida xabardor qilishi va aniqlangan nomuvofiqliklar hamda uni tuzatish maqsadida amalga oshirilgan choralarning tafsilotlarini taqdim etishi shart.

20. Oʻrnatuvchi bozor nazorati organining soʻroviga koʻra liftning ushbu Texnik reglament talablariga muvofiqligini tasdiqlash uchun zarur boʻlgan barcha maʼlumot va hujjatlarni elektron yoki qogʻoz shaklda taqdim qilishi shart.

Oʻrnatuvchi bozor nazorati organi soʻroviga koʻra bozorga joylashtirilgan liftlarda yuzaga kelgan xavf-xatarlarni bartaraf qilish bilan bogʻliq choralar koʻrishda amaliy yordam koʻrsatishi shart.

2-§. Ishlab chiqaruvchining majburiyatlari

21. Ishlab chiqaruvchi lift xavfsizlik qurilmalarining bozorga kiritilishida, ularning ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada belgilangan talablarga muvofiq loyihalashtirilishi va ishlab chiqarilishini taʼminlaydi.

22. Ishlab chiqaruvchi talab qilingan texnik hujjatlarni tayyorlashi va ushbu Texnik reglamentning 50-bandida belgilangan tegishli muvofiqlikni baholash tartib-taomillarini bajarishi shart.

Agar tegishli tartib-taomilni bajarish orqali lift xavfsizlik qurilmalarining belgilangan asosiy xavfsizlik talablariga muvofiqligi taʼminlangan boʻlsa, ishlab chiqaruvchi muvofiqlik deklaratsiyasini tuzishi, uni xavfsizlik qurilmasi bilan birga taqdim qilishi va lift xavfsizlik qurilmasini milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalashi shart.

23. Ishlab chiqaruvchi texnik hujjatlarni, muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya talab etilgan hollarda maʼqullashga oid qarorni lift xavfsizlik qurilmalari bozorga kiritilgan sanadan boshlab oʻn yil davomida saqlashi lozim.

24. Lift va lift xavfsizlik qurilmalari seriyali ishlab chiqarilishda ishlab chiqaruvchi tomonidan ushbu Texnik reglament talablariga doimiy muvofiqlikni taʼminlashi uchun zarur tartib-taomillar joriy qilingan boʻlishi lozim. Mahsulot konstruksiyasi va xususiyatidagi oʻzgarishlar, lift xavfsizlik qurilmasining muvofiqligi tasdiqlangan standartlarga yoki boshqa texnik tasniflanishlarga (spetsifikatsiyalarga) kiritilgan oʻzgartirishlar ishlab chiqaruvchi tomonidan doimiy ravishda inobatga olinib borilishi shart.

Lift xavfsizlik qurilmasida yuzaga kelgan xavf-xatarlar oʻrinli deb topilganda, ishlab chiqaruvchi isteʼmolchilarning sogʻligʻi va xavfsizligini himoya qilish maqsadida, muomalaga chiqarilgan lift xavfsizlik qurilmasi namunasida sinov oʻtkazishi, kelib tushgan shikoyatlarni oʻrganishi, shikoyatlar va nomuvofiq lift xavfsizlik qurilmalari va chaqirib olingan lift xavfsizlik qurilmalarining reyestrini yuritishi hamda oʻrnatuvchilar va distribyutorlarni bu kabi monitoring choralari haqida xabardor qilishi shart.

25. Ishlab chiqaruvchi bozorga kiritilgan lift xavfsizlik qurilmalarining turi, seriya raqami yoki ularni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi yorliqqa ega boʻlishini taʼminlashi shart.

26. Ishlab chiqaruvchi lift xavfsizlik qurilmasida oʻz nomi, belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan tovar belgisini va u bilan bogʻlanish mumkin boʻlgan maʼlumotlarni, shu jumladan, pochta manzilini yorliqda aks ettirilishini taʼminlashi shart. Aloqa uchun maʼlumotlar foydalanuvchilar va bozor nazorati organi tomonidan oson oʻqiladigan va tushuniladigan boʻlishi kerak.

27. Ishlab chiqaruvchilar lift xavfsizlik qurilmasi bilan birga ushbu Texnik reglamentga 2-ilovaning 38-bandida nazarda tutilgan talabga mos va foydalanuvchilar uchun davlat tilida ishlab chiqilgan foydalanish yoʻriqnomasini taqdim qilishi shart. Lift xavfsizlik qurilmasining foydalanish yoʻriqnomasi, shuningdek, qoʻllanadigan har qanday yorliq davlat tilida boʻlishi kerak.

28. Ishlab chiqaruvchining oʻzi bozorga kiritgan lift xavfsizlik qurilmasi ushbu Texnik reglament talablariga muvofiq emas deb topsa yoki muvofiqligiga shubha qilsa, zudlik bilan bunday lift xavfsizlik qurilmasining muvofiqligini taʼminlash uchun mos ravishda uni chaqirib olish yoki taʼminot zanjiridan olib tashlashni nazarda tutuvchi (tuzatish) choralarini koʻrishi kerak.

Agar lift xavfsizlik qurilmasi bilan bogʻliq xavf yuzaga kelsa, ishlab chiqaruvchi darhol bozor nazorat organini bu haqida xabardor qilishi va aniqlangan nomuvofiqlik va uni bartaraf etish maqsadida amalga oshirilgan choralarning tafsilotlarini taqdim etishi shart.

29. Ishlab chiqaruvchi bozor nazorat organining soʻroviga koʻra, lift xavfsizlik qurilmasining ushbu Texnik reglament talablariga muvofiqligini taʼminlash uchun zarur boʻlgan barcha maʼlumot va hujjatlarni elektron yoki qogʻoz shaklda taqdim qilishi shart.

Ishlab chiqaruvchi bozorga kiritgan lift xavfsizlik qurilmasida yuzaga kelgan xavf-xatarlarni bartaraf qilish bilan bogʻliq choralarni koʻrishda bozor nazorat organi bilan uning soʻroviga koʻra hamkorlik qilishi shart.

3-§. Vakolatli vakillar

30. Ishlab chiqaruvchi yoki oʻrnatuvchi oʻzining rasmiy qarori asosida vakolatli vakilini tayinlashi mumkin.

Ushbu Texnik reglamentning 12 va 20-bandlarida nazarda tutilgan majburiyatlar hamda 13 va 22-bandlarda belgilangan texnik hujjatlarni tayyorlashga oid majburiyatlar vakolatli vakilning vakolati doirasiga kiritilishi mumkin emas.

31. Vakolatli vakil ishlab chiqaruvchi yoki oʻrnatuvchi tomonidan berilgan vakolat doirasida belgilangan vazifalarni bajarishi shart. Vakolatli vakil quyidagilarni bajarishi lozim:

a) muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani va agar mavjud boʻlsa, ishlab chiqaruvchi yoki oʻrnatuvchining sifat tizimini maʼqullashga oid qarorlarini va texnik hujjatlarini lift yoki lift xavfsizlik qurilmasi bozorga kiritilgan sanadan boshlab oʻn yil davomida bozor nazorati organining foydalanish zarurati uchun saqlashi;

b) bozor nazorati organi soʻroviga muvofiq lift xavfsizlik qurilmasining yoki liftning belgilangan talablarga muvofiqligini taʼminlash uchun zarur boʻlgan barcha maʼlumot va hujjatlarni taqdim etishi;

v) bozor nazorati organi soʻroviga muvofiq vakolatli vakil lift xavfsizlik qurilmasida yoki liftda yuzaga kelgan xavf-xatarlarni bartaraf qilish bilan bogʻliq choralarni koʻrishda bozor nazorati organi bilan hamkorlik qilishi.

4-§. Import qiluvchining majburiyatlari

32. Import qiluvchilar faqat belgilangan talablarga muvofiq boʻlgan lift xavfsizlik qurilmalarini bozorga kiritishlari mumkin.

33. Lift xavfsizlik qurilmalarini bozorga kiritishdan avval, import qiluvchi ishlab chiqaruvchi tomonidan ushbu Texnik reglamentning 50-bandida nazarda tutilgan tegishli muvofiqlikni baholash tartib-taomili bajarilganiga ishonch hosil qilishi shart. Bunda import qiluvchi ishlab chiqaruvchi tomonidan texnik hujjatlar tayyorlanishi, lift xavfsizlik qurilmalari milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanishi, lift xavfsizlik qurilmasi muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya va zarur hujjatlar bilan birga taqdim qilinishi hamda ushbu Texnik reglamentning 25 va 26-bandlarida belgilangan talablar bajarilishini taʼminlashi shart.

Agar import qiluvchi lift xavfsizlik qurilmasini ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada belgilangan talablarga muvofiq emas deb topsa yoki muvofiqligiga shubha qilsa, bunday lift xavfsizlik qurilmasi belgilangan talablarga muvofiqligi taʼminlanmagunga qadar bozorga kiritilmasligi lozim. Agar lift xavfsizlik qurilmasi bilan bogʻliq xavf yuzaga kelgani aniqlansa, import qiluvchi ishlab chiqaruvchini va bozor nazorati organini bu haqida xabardor qilishi shart.

34. Import qiluvchi oʻz nomi, roʻyxatdan oʻtgan tovar belgisini va u bilan bogʻlanish mumkin boʻlgan pochta manzilini lift xavfsizlik qurilmasida koʻrsatishi kerak. Agar buning imkoni boʻlmasa, lift xavfsizlik qurilmasining qadogʻida yoki u bilan birgalikda taqdim qilinadigan hujjatlarda bunday maʼlumotlarning koʻrsatilishi talab etiladi. Aloqa uchun maʼlumotlar davlat tilida boʻlishi kerak.

35. Import qiluvchi lift xavfsizlik qurilmasi bilan birga ushbu Texnik reglamentga 2-ilovaning 38-bandida nazarda tutilgan, davlat tilida ishlab chiqilgan foydalanish yoʻriqnomasi taqdim qilinishini taʼminlashi shart.

36. Import qiluvchi lift xavfsizlik qurilmasi uning javobgarligida boʻlgan davr mobaynida, saqlash yoki tashish sharoitlarini lift xavfsizlik qurilmasining ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada nazarda tutilgan asosiy xavfsizlik talablariga muvofiqligiga xavf tugʻdirmasligini taʼminlash choralarini koʻrishi shart.

37. Lift xavfsizlik qurilmasida yuzaga kelgan xavf-xatarlar haqiqatda mavjud deb topilganda, import qiluvchi isteʼmolchilarning sogʻligʻi va xavfsizligini himoya qilish maqsadida, muomalaga chiqarilgan lift xavfsizlik qurilmasi namunasida sinov oʻtkazishi, kelib tushgan shikoyatlarni oʻrganishi, shikoyatlar va nomuvofiq lift xavfsizlik qurilmalari, chaqirib olingan lift xavfsizlik qurilmalari reyestrini yuritishi hamda oʻrnatuvchilar va distribyutorlarni monitoring choralari haqida xabardor qilishi shart.

38. Agar import qiluvchi oʻzi bozorga kiritgan lift xavfsizlik qurilmasini ushbu Texnik reglamentning talablariga muvofiq emas deb topsa yoki muvofiqligiga shubha qilsa, zudlik bilan bunday lift xavfsizlik qurilmasining muvofiqligini taʼminlash uchun uni mos ravishda chaqirib olish yoki taʼminot zanjiridan olib tashlashni nazarda tutuvchi tuzatish kabi choralarini koʻrishi shart. Agar lift xavfsizlik qurilmasi bilan bogʻliq xavf yuzaga kelgan taqdirda, import qiluvchi darhol bozor nazorat organini bu haqida xabardor qilishi hamda aniqlangan nomuvofiqlik va uni bartaraf etish maqsadida amalga oshirilgan tuzatish choralarining tafsilotlarini taqdim etishi shart.

39. Import qiluvchi muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyaning nusxasini va talab etilgan hollarda maʼqullashga oid qarorlarni lift xavfsizlik qurilmalari bozorga kiritilgan sanadan boshlab oʻn yil davomida bozor nazorati organi ixtiyorida saqlashi va uning soʻroviga muvofiq texnik hujjatlarni taqdim qilishi shart.

40. Import qiluvchi bozor nazorati organining asosli soʻroviga binoan lift xavfsizlik qurilmasining ushbu Texnik reglament talablariga muvofiqligini tasdiqlash uchun zarur boʻlgan barcha maʼlumot va hujjatlarni davlat tilida elektron yoki qogʻoz shaklda taqdim qilishi shart.

5-§. Distribyutorning majburiyatlari

41. Lift xavfsizlik qurilmalarini bozorga kiritishda distribyutorlar ushbu Texnik reglament talablariga rioya qilinishiga alohida eʼtibor qaratishlari shart.

42. Lift xavfsizlik qurilmasini bozorga kiritishdan avval distribyutor lift xavfsizlik qurilmalari milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanganini, muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyasi mavjudligini, zarur hujjatlar bilan birga ushbu Texnik reglamentga 2-ilovaning 38-bandida nazarda tutilgan foydalanuvchilar uchun davlat tilida ishlab chiqilgan foydalanish yoʻriqnomasi bilan birga taqdim qilinganini hamda mos ravishda ishlab chiqaruvchi tomonidan ushbu Texnik reglamentning 25-26-bandlarida belgilangan majburiyatlar va 34-bandda belgilangan majburiyatlarning import qiluvchi mos ravishda bajarganini tekshirib olishi shart.

43. Agar distribyutor lift xavfsizlik qurilmasini ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada belgilangan talablariga muvofiq emas deb topsa yoki muvofiqligiga shubha qilsa, lift xavfsizlik qurilmasining belgilangan talablarga muvofiqligi taʼminlanmagunga qadar bozorga kiritishi mumkin emas. Agar lift xavfsizlik qurilmasi bilan bogʻliq xavf yuzaga kelsa, distribyutor ishlab chiqaruvchini yoki import qiluvchini, shuningdek, bozor nazorati organini bu haqida xabardor qilishi shart.

44. Lift xavfsizlik qurilmasi distribyutorning javobgarligida boʻlgan davrda saqlash yoki tashish sharoitlari lift xavfsizlik qurilmasining ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada nazarda tutilgan asosiy xavfsizlik talablariga muvofiqligiga xavf tugʻdirmasligini taʼminlashi shart.

45. Agar distribyutor oʻzi bozorga kiritgan lift xavfsizlik qurilmasini ushbu Texnik reglamentning talablariga muvofiq emas deb topsa yoki muvofiqligiga shubha qilsa, zudlik bilan bunday lift xavfsizlik qurilmasining muvofiqligini taʼminlash uchun mos ravishda bunday qurilmani chaqirib olishi yoki taʼminot zanjiridan olib tashlashni nazarda tutuvchi tuzatish choralarini koʻrishi shart. Agar lift xavfsizlik qurilmasi bilan bogʻliq xavf yuzaga kelgan taqdirda, distribyutor darhol bozor nazorati organini bu haqida xabardor qilishi va aniqlangan nomuvofiqlik va uni bartaraf etish maqsadida amalga oshirilgan tuzatish choralarining tafsilotlarini taqdim etishi shart.

46. Distribyutor vakolatli bozor nazorati organining soʻroviga muvofiq lift xavfsizlik qurilmasining ushbu Texnik reglament talablariga muvofiqligini tasdiqlash uchun zarur boʻlgan barcha maʼlumot va hujjatlarni elektron yoki qogʻoz shaklda taqdim qilishi shart. Distribyutor, muomalaga chiqarilgan lift xavfsizlik qurilmasida yuzaga kelgan xavf-xatarlarni bartaraf qilish bilan bogʻliq choralarni koʻrishda bozor nazorat organi bilan uning soʻroviga muvofiq hamkorlik qilishi shart.

6-§. Ishlab chiqaruvchi majburiyatlarining import qiluvchi yoki distribyutorga nisbatan qoʻllanishi

47. Import qiluvchi yoki distribyutor lift xavfsizlik qurilmasini oʻz nomi yoki tovar belgisi ostida bozorga joylashtirgan yoki bozorda allaqachon mavjud lift xavfsizlik qurilmalariga ularning ushbu Texnik reglamentning talablariga muvofiqligiga taʼsir qiladigan tarzda oʻzgartirish kiritgan boʻlsa, bunday hollarda import qiluvchi yoki distribyutor ushbu Texnik reglament doirasida ishlab chiqaruvchi deb hisoblanadi va Texnik reglamentning 2-bobi 2-paragrafiga muvofiq ishlab chiqaruvchining majburiyatlarini oʻz zimmasiga oladi.

7-§. Iqtisodiy operatorlarni aniqlash

48. Bozor nazorati organining soʻroviga muvofiq iqtisodiy operatorlar yetkazib berish zanjirida lift xavfsizlik qurilmalarini ularga yetkazib beruvchi hamda, oʻz navbatida, ular yetkazib berayotgan iqtisodiy operator toʻgʻrisida maʼlumotlarni aniqlab berishi shart.

Iqtisodiy operatorlar yuqorida qayd etilgan lift xavfsizlik qurilmalari maʼlumotlarini ularga va oʻz navbatida ular tomonidan yetkazib berilgan sanadan boshlab oʻn yil davomida taqdim etish imkoniyatiga ega boʻlishlari (taʼminlashlari) kerak.

3-bob. Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalarining muvofiqligini taʼminlash

1-§. Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalarining muvofiqligi prezumpsiyasi

49. Lift yoki lift xavfsizlik qurilmasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi tomonidan tasdiqlangan roʻyxatga kiritilgan standartlar yoki ularning tegishli qismi talablariga muvofiq boʻlsa, tasdiqlangan standartlar yoki ularning tegishli qismlari bilan qamrab olingan ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada keltirilgan Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadigan asosiy xavfsizlik talablariga muvofiqligi taʼminlangan hisoblanadi.

2-§. Lift xavfsizlik qurilmalarining muvofiqligini baholash

50. Ishlab chiqaruvchi tomonidan lift xavfsizlik qurilmalari bozorga kiritilgunga qadar muvofiqlikni baholash tartib-taomillarining quyidagi kombinatsiyalarining biridan oʻtkazilishi lozim:

a) mahsulotni loyihalashtirish bosqichida lift xavfsizlik qurilmasi turini tasdiqlashdan oʻtkazish hamda lift xavfsizlik qurilmasini nomuayyan vaqt oraligʻida tekshirish asosida tasdiqlangan turiga nisbatan muvofiqligini baholash;

b) mahsulotni loyihalashtirish bosqichida lift xavfsizlik qurilmasi turini tasdiqlashdan oʻtkazish hamda ishlab chiqarilgan lift xavfsizlik qurilmasi bunday qurilmalarning tasdiqlangan turiga muvofiqligini taʼminlashga qaratilgan tayyor mahsulot sifatini kafolatlash boʻyicha mavjud tizimini baholash;

v) ishlab chiqarishda lift xavfsizlik qurilmasining muvofiqligini taʼminlashga qaratilgan keng qamrovli sifatni kafolatlash boʻyicha mavjud tizimini baholash.

3-§. Liftlarning muvofiqligini baholash

51. Liftlar bozorga hamda foydalanishga kiritilgunga qadar ularga nisbatan muvofiqlikni baholash tartib-taomillarining quyidagi kombinatsiyalaridan biri oʻtkazilishi lozim:

a) liftlar:

tayinlangan vakolatli (notifikatsiya qilingan) organda ularning tegishli turi tasdiqlashdan oʻtkazilgan oʻxshash modelli lift parametrlari va xususiyatlari tavsifiga muvofiq holda loyihalashtirilgan va ishlab chiqarilganini aniqlash;

yakuniy inspeksiyadan oʻtkazish yoki liftning tasdiqlashdan oʻtkazilgan oʻxshash modelli liftga nisbatan muvofiq ekanligini kafolatlovchi sifat tizimi mavjudligini baholash yoxud ishlab chiqarishda liftning tasdiqlangan turga muvofiqligini taʼminlashga qaratilgan tayyor mahsulot sifatini kafolatlash tizimini baholash;

b) quyidagilar:

ishlab chiqarishda liftning muvofiqligini taʼminlashga qaratilgan keng qamrovli sifatni kafolatlash tizimi bilan birgalikda liftni ishlab chiqarish loyihasi ham baholanganini aniqlash;

bino va inshootlarda oʻrnatilgan lift yakuniy inspeksiyadan oʻtkazilishi yoki tayyor liftning tasdiqlangan turga muvofiqligini taʼminlashga qaratilgan tayyor mahsulot sifatini kafolatlash tizimini baholash yoxud ishlab chiqarishda liftning tasdiqlangan lift turiga muvofiqligini taʼminlashga qaratilgan tayyor mahsulot sifatini kafolatlash tizimini baholash;

v) har bitta liftning muvofiqligini tasdiqlash.

Har qanday kombinatsiyalar tanlanganda lift xavfsizlik qurilmasining muvofiqligi baholangan boʻlishi shart.

52. Agar 51-bandning “a” va “b” kichik bandlarida keltirilgan holatlarda liftni loyihalashtirish va ishlab chiqarish uchun masʼul shaxs liftni oʻrnatish va uning sinovdan oʻtkazilishi uchun masʼul boʻlgan shaxsdan boshqa shaxs boʻlsa, lift lozim darajada oʻrnatilishi va sinovdan oʻtkazilishi uchun avvalgi shaxs keyingi shaxsga barcha zarur hujjatlar va maʼlumotlarni taqdim etishi zarur.

53. Oʻxshash modelli lift va oʻxshash modelli lift asosida yaratilgan liftlar oʻrtasidagi ruxsat etilgan (yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan) farqlar texnik hujjatlarda (tegishli parametrlarning maksimum va minimum cheklanishlarini hisobga olgan holda) aniq koʻrsatilishi lozim.

54. Asosiy xavfsizlik koʻrsatkichlari taʼminlanishi sharti bilan hisob-kitoblar va (yoki) loyihalashtirish rejalari asosida uskunalarning aynan birxilligi taʼminlanishiga ruxsat etiladi.

55. Ushbu Texnik reglamentning 3-bobi 2 va 3-paragraflarida nazarda tutilgan lift xavfsizlik qurilmalari va liftlarning muvofiqligini baholash tartib-taomillari Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

4-§. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya

56. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada belgilangan Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadigan asosiy xavfsizlik talablari bajarilganligini taʼminlashi lozim.

57. Muvofiqlik toʻgʻrisida deklaratsiya Vazirlar Mahkamasi tomonidan muvofiqlikni baholash tartib-taomillarida nazarda tutilgan shaklda boʻlishi, ularning elementlarini oʻz ichiga olishi va doimiy ravishda yangilanib turishi lozim.

58. Agar lift yoki lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan muvofiqlik toʻgʻrisida deklaratsiya taqdim etilishini talab qiluvchi uchun bir nechta texnik reglamentlar yoki boshqa normativ-huquqiy hujjatlar mavjud boʻlgan taqdirda, u holda barcha hujjatlar aks ettirilgan holda yagona muvofiqlik toʻgʻrisida deklaratsiya rasmiylashtirilishi lozim.

59. Muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiyani rasmiylashtirish bilan ishlab chiqaruvchi lift xavfsizlik qurilmalarining, oʻrnatuvchi esa liftning ushbu Texnik reglamentda belgilangan barcha talablarga muvofiqligi uchun masʼuliyatni oʻz zimmasiga oladi.

5-§. Milliy muvofiqlik belgisini qoʻllash

60. Milliy muvofiqlik belgisini qoʻllash Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan liftlarni milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalash tartibini belgilovchi nizom talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

61. Liftlarni milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalash, faqat ishlab chiqaruvchi yoki oʻrnatuvchi tomonidan amalga oshirilishi lozim.

6-§. Muvofiqlikni baholash organlarini tayinlash (notifikatsiya qilish) tartibi

62. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi ushbu Texnik reglament doirasida muvofiqlikni baholashni amalga oshiruvchi muvofiqlikni baholash organlarini tayinlovchi (notifikatsiya qiluvchi) vakolatli organ (keyingi organlarda — Vakolatli organ) hisoblanadi.

63. Vakolatli organ tomonidan muvofiqlikni baholash organlarini tayinlash (notifikatsiya qilish) Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan Muvofiqlikni baholash organlarini tayinlash (notifikatsiya qilish) tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

64. Ushbu Texnik reglament doirasida Vakolatli organ, tayinlangan organlar va boshqa manfaatdor taraflar oʻrtasida oʻzaro kooperatsiya va hamkorlikni yoʻlga qoʻyish hamda muvofiqlashtirish maqsadida Lift xavfsizligi masalalari boʻyicha idoralararo Texnik qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — Texnik qoʻmita) tashkil etiladi.

Ushbu Texnik qoʻmita tarkibi Vakolatli organ, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Standartlashtirish boʻyicha milliy organ, Akkreditatsiya organi, bozor nazorati organi, tayinlangan organlar va iqtisodiy operatorlarning vakillaridan iborat tarkibda shakllantiriladi. Texnik qoʻmita nizomi va tarkibi Vakolatli organ tomonidan tasdiqlanadi.

65. Muvofiqlikni baholovchi tayinlangan organ Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan Muvofiqlikni baholash organlarini tayinlash (notifikatsiya qilish) tartibi toʻgʻrisidagi nizomda nazarda tutilgan talablarga qoʻshimcha ravishda quyidagi maxsus talablarga mos boʻlishi zarur:

ushbu Texnik reglamentning 64-bandiga muvofiq tashkil etilgan Texnik qoʻmita faoliyatida ishtirok etishi yoki muvofiqlikni baholash ishlarini bajarish uchun masʼul xodimlarining standartlashtirish hamda Texnik qoʻmita faoliyati natijalaridan doimiy xabardor boʻlishlari;

xodimlari ushbu Texnik reglamentga 2-ilovada belgilangan asosiy xavfsizlik talablari, tasdiqlangan standartlar va boshqa tegishli qonunchilik talablari toʻgʻrisida bilim va koʻnikmaga ega boʻlishi;

ushbu Texnik reglamentning 64-bandida nazarda tutilgan Texnik qoʻmita tomonidan qabul qilingan koʻrsatma va hujjatlarni oʻz faoliyatining umumiy boshqaruv hujjatlari sifatida qabul qilishi shart.

4-bob. Lift va lift qurilmalari xavfsizligi ustidan bozor nazoratini oʻtkazish va taʼsir choralari

1-§. Lift va lift qurilmalari xavfsizligi ustidan bozor nazoratini oʻtkazishning umumiy qoidalari

66. Lift va lift xavfsizlik qurilmalari xavfsizligi ustidan bozor nazorati ushbu bobda keltirilgan tartibda tashkil qilinishi va amalga oshirilishi shart.

67. Bozor nazorati tizimi ushbu Texnik reglament bilan qamrab olingan mahsulotlar toʻgʻri oʻrnatilgan, xizmat koʻrsatilgan va belgilangan maqsadda yoki sharoitlarda ishlatilgan taqdirda, foydalanuvchilarining sogʻligʻi yoki xavfsizligini taʼminlashi, aks holda bu mahsulotlar nomuvofiq hisoblanib yetkazib berish zanjiridan chiqarilishini yoki muomalaga chiqarilishini chegaralashi yoxud taqiqlashi hamda bular haqida keng jamoatchilik xabardor qilinishini taʼminlashi lozim.

68. Bozor nazorati tizimi va uni tashkil etuvchi hujjatlar ushbu Texnik reglament talablari qoʻllanadigan har qanday mahsulotga nisbatan samarali taʼsir choralarini qoʻllash imkoniyatlarini oʻzida mujassam etishi shart.

69. Bozor nazorati ushbu Texnik reglament talablari qoʻllanadigan tayyor yigʻilgan yoki ishlab chiqaruvchining yoxud oʻrnatuvchining zarur ehtiyoji uchun ishlab chiqarilgan mahsulotlarga (lift va lift xavfsizlik qurilmalariga) nisbatan qoʻllanadi.

70. Bozor nazorati quyidagilarni nazarda tutgan holda tashkil qilinishi lozim:

mahsulotning xavf-xatar keltirib chiqarishi bilan bogʻliq holatlarda kelib tushgan shikoyat yoki xabarni koʻrib chiqish;

mahsulotdan kelib chiqadigan xavf-xatar sababli inson sogʻligʻiga yetkazilgan ziyon va baxtsiz hodisalarni monitoring qilish;

bartaraf etish (tuzatish) choralarining natijadorligini tekshirish;

xavfsizlik masalalariga qaratilgan ilmiy-texnikaviy yechimlarni kuzatib borish.

71. Bozor nazorati organi oʻzining zimmasiga yuklatilgan vazifani samarali bajarishi uchun tegishli vakolat, resurs, bilim-tajribali xodimlarga ega boʻlishi lozim.

72. Bozor nazorati organi unga berilgan vakolatdan mutanosiblik tamoyili asosida foydalanishi shart.

Bozor nazorati organi oʻz vazifalarini mustaqil, begʻaraz va xolis asosda bajarishi lozim.

73. Bozor nazorati organi lift va lift xavfsizlik qurilmalari boʻyicha bozor nazorati dasturini ishlab chiqishi, joriy qilishi va doimiy yangilab borishi, shuningdek, ushbu dasturni va unga kiritilgan oʻzgartirishlarni jamoatchilik uchun ochiqlab borishi shart.

74. Bozor nazorati organi tomonidan olib borilayotgan bozor nazoratining natijadorligi muntazam ravishda tahlil qilib borilishi va asoslar mavjud boʻlganda qayta koʻrib chiqilishi lozim. Bunday tahlillar kamida har ikki yilda amalga oshirilishi, natijasi boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga axborot kiritilishi, shuningdek, manfaatdor tomonlar va jamoatchilik uchun tahlil natijalari ochiqlanishi shart.

75. Bozor nazorati organi hujjatlashtirilgan maʼlumotlarni oʻrganishi hamda belgilangan miqdordagi namunalar asosida, koʻzdan kechirish yoki laboratoriyada sinovlar oʻtkazish orqali mahsulot xususiyatlari ustidan tekshiruvlarni oʻtkazishi shart.

Bunda bozor nazorati organi aniqlangan xavf-xatarni baholash tamoyillari, kelib tushgan shikoyatlar va boshqa maʼlumotlarni inobatga olishi lozim.

76. Bozor nazorati organi oʻz faoliyatini olib borish zaruratidan kelib chiqib, iqtisodiy operatorlardan hujjat va maʼlumotlarni talab qilishi hamda iqtisodiy operatorlar joylashgan hududlarga qonunchilikda belgilangan tartibda kirishi va mahsulotlardan namunalar olishi mumkin.

77. Bozor nazorati organi, jiddiy xavf-xatar keltirib chiqaruvchi lift yoki lift qurilmalarini yoʻq qilish boʻyicha iqtisodiy operatorlarga taqdimnoma (koʻrsatma) berishi mumkin.

78. Iqtisodiy operatorlar muvofiqlikni tasdiqlash maqsadida akkreditatsiyadan oʻtgan muvofiqlikni baholash organi tomonidan rasmiylashtirilgan sinov bayonnomalari yoki sertifikatlarni taqdim qilgan taqdirda, bozor nazorati organi bunday sinov bayonnomalari yoki muvofiqlik sertifikatlarini inobatga olishi lozim.

79. Jarohatlanish yoki boshqa shikastlanishlar xavfini kamaytirish maqsadida, bozor nazorati organi eng qisqa muddat ichida foydalanuvchilarni lift yoki lift xavfsizlik qurilmasida aniqlangan xavf haqida ogohlantirish uchun zaruriy choralarni koʻrishi shart.

80. Bozor nazorati organi iqtisodiy operatorlar bilan ayni shu iqtisodiy operatorlar tomonidan muomalaga chiqarilgan lift yoki lift xavfsizlik qurilmasidan kelib chiquvchi xavf-xatarning oldini olish yoki uni kamaytirishi mumkin boʻlgan barcha choralarni qoʻllashda hamkorlik qilishi shart.

81. Bozor nazorati organi, foydalanuvchilar manfaatlaridan kelib chiqib, ushbu Texnik reglamentda va boshqa qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan maʼlumotlarni ochiqlash talabiga zid boʻlmagan holda, zaruratga koʻra tijoriy sirni saqlash yoki shaxsiy maʼlumotlarni himoyalash maqsadida tegishli qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablar doirasida maxfiylikni taʼminlashi shart.

2-§. Taʼsir choralarini qoʻllash

82. Tezkor chora koʻrish talab qilinadigan jiddiy xavf-xatar keltirib chiqaruvchi lift yoki lift xavfsizlik qurilmalari, oqibati qisqa vaqtda yuzaga kelmaydigan jiddiy xavf-xatar keltirib chiqaruvchi lift yoki lift xavfsizlik qurilmalari chaqirib olinishi, taʼminot zanjiridan olib tashlanishi yoki muomalaga chiqarilishi taqiqlanishi hamda barcha manfaatdor tomonlar zudlik bilan bu haqida xabardor qilinishi shart.

83. Xavfning xususiyati va uning sodir boʻlish ehtimolini inobatga oluvchi xavf-xatar tahlili asosida mahsulot jiddiy xavf-xatar keltirib chiqarishi yoxud keltirib chiqarmasligi yuzasidan bozor nazorati organi tegishli qarorni qabul qilishi shart.

Yuqori darajadagi xavfsizlikka erishish imkoniyati yoki pastroq darajadagi xavf keltirib chiqaruvchi boshqa lift yoki lift xavfsizlik qurilmalarining mavjudligi, tahlil ostidagi mahsulotga nisbatan jiddiy xavf-xatar keltirib chiqaruvchi lift yoki lift xavfsizlik qurilmasi sifatida baho berilishiga asos boʻla olmaydi.

84. Bozor nazorati organi lift yoki lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan ularni muomalaga chiqarishni taqiqlash yoki cheklash, taʼminot zanjiridan olib tashlash yoki chaqirib olish kabi taʼsir choralarini mutanosib va asoslangan holda qonunchilikda belgilangan tartibda qoʻllashi shart.

Bunda bozor nazorati organi qoʻllagan taʼsir chorasi haqida zudlik bilan tegishli iqtisodiy operatorni xabardor qilishi, shuningdek, unga qonunchilikda nazarda tutilgan himoyalanish choralari va bunday choralarning amal qilish muddatlari toʻgʻrisida maʼlumot (tushuntirish) berishi shart.

85. Ushbu Texnik reglamentning 84-bandi birinchi xatboshisida nazarda tutilgan taʼsir choralari qoʻllanishidan avval, tegishli iqtisodiy operatorga kamida oʻn kun ichida holat yuzasidan izoh berishi uchun imkoniyat yaratilishi lozim.

Jamoatchilik manfaatlarini himoyalash, xavfsizlik yoxud salomatlik talablari nuqtai nazaridan tezkor taʼsir choralarini qoʻllashni taqozo qilganda, bozor nazorati organi bilan iqtisodiy operator oʻrtasida bunday maslahatlashuv tadbirining oʻtkazilishi istisno qilinishi mumkin.

Agar iqtisodiy operator tomonidan holat yuzasidan izohlar olinmasdan avval taʼsir chora qoʻllansa, iqtisodiy operatorga imkon qadar tez muddatda izoh berishga imkoniyat berilishi, soʻngra bozor nazorati organi zudlik bilan taʼsir chora boʻyicha qabul qilgan qarorini qayta koʻrib chiqishi lozim.

86. Agar iqtisodiy operator tomonidan joriy qilingan tuzatish choralarining natijaviyligi tasdiqlansa, bozor nazorati organi qoʻllagan taʼsir chorasini zudlik bilan bekor qilishi yoki uni qayta koʻrib chiqishi zarur.

3-§. Xavf keltirib chiqaruvchi lift yoki lift xavfsizlik qurilmalari bilan ishlash

87. Bozor nazorati organi ushbu Texnik reglamentda nazarda tutilgan lift yoki lift xavfsizlik qurilmalari inson sogʻligʻi yoki xavfsizligiga yoxud mulkiga xavf tugʻdirishi mumkin, deb hisoblash uchun yetarli asos mavjud boʻlsa, bozor nazorati organi lift yoki lift xavfsizlik qurilmalarini ushbu Texnik reglamentda belgilangan barcha tegishli talablar asosida mavjud xavfni inobatga olgan holda baholashi lozim. Iqtisodiy operatorlar bozor nazorati organi bilan ushbu maqsadda hamkorlik qilishlari kerak.

Agar ushbu bandda nazar tutilgan baholash jarayoni natijalari asosida bozor nazorati organi lift ushbu Texnik reglamentda nazarda tutilgan talablarga javob bermasligini aniqlasa, zudlik bilan oʻrnatuvchidan mavjud xavfning xususiyatiga mos keladigan muddat ichida liftning belgilangan talablarga muvofiqligini taʼminlash uchun barcha zaruriy tuzatish choralarini koʻrishini talab qilishi shart.

Agar yuqoridagi nazar tutilgan baholash jarayoni natijasida bozor nazorati organi lift xavfsizlik qurilmasi ushbu Texnik reglamentda nazarda tutilgan talablarga javob bermaganini aniqlasa, zudlik bilan tegishli iqtisodiy operatordan kelib chiquvchi xavfning xususiyatiga mos keladigan muddat ichida lift xavfsizlik qurilmasining muvofiqligini taʼminlash uchun tuzatish choralarini koʻrishi, lift xavfsizlik qurilmasini bozordan olib tashlashi yoki chaqirib olishni talab qilishi shart.

Bozor nazorati organi mos ravishda tayinlangan organlarni bu haqida xabardor qilishi lozim.

88. Iqtisodiy operator Oʻzbekiston Respublikasi hududida u tomonidan bozorga kiritilgan yoki muomalaga chiqarilgan barcha liftlar va lift xavfsizligi qurilmalariga nisbatan zarur tuzatish choralari koʻrilganini taʼminlashi shart.

89. Agar oʻrnatuvchi 87-bandning ikkinchi xatboshisida nazar tutilgan muddat ichida talab darajasidagi tuzatish choralarini koʻrmasa, bozor nazorati organi qonunda belgilangan tartibda tegishli liftga nisbatan cheklov oʻrnatishi, bozorga kiritilishini taqiqlashi, foydalanishni man qilishi yoki chaqirib olinishini nazarda tutuvchi barcha zarur taʼsir choralarini qoʻllashi shart.

Tegishli iqtisodiy operator 87-bandning ikkinchi xatboshisida nazar tutilgan muddat ichida talab darajasidagi tuzatish choralarini koʻrmasa, bozor nazorati organi lift xavfsizlik qurilmasining muomalaga chiqarilishini taqiqlash yoki cheklash, lift xavfsizlik qurilmasini chaqirib olish yoki uni taʼminot zanjiridan olib tashlash kabi mos taʼsir choralarini qoʻllashi shart.

Bozor nazorati organi qoʻllangan taʼsir choralari haqida zudlik bilan barcha manfaatdor tomonlarga va vakolatli davlat nazorati organlariga maʼlumot berishi lozim.

90. Ushbu Texnik reglamentning 89-bandida nazarda tutilgan maʼlumotda belgilangan talablarga rioya qilinmagan lift yoki lift xavfsizlik qurilmasini identifikatsiya qilish uchun zarur boʻlgan barcha maʼlumotlar, ularning kelib chiqishi, daʼvo qilingan nomuvofiqlikning xususiyati va unga bogʻliq ravishda kelib chiquvchi xavf-xatarlarning tafsilotlari, qoʻllangan taʼsir chorasi va uning muddati, shuningdek, tegishli iqtisodiy operatorlar tomonidan taqdim qilingan sabablar yoki dalillar koʻrsatilishi lozim.

Bozor nazorati organi aniqlangan nomuvofiqliklar lift yoki lift xavfsizlik qurilmasining ushbu Texnik reglamentda belgilangan asosiy xavfsizlik talablariga muvofiq kelmagani yoki muvofiqlik prezumpsiyasini beruvchi ushbu Texnik reglamentning 3-bobi 1-paragrafida nazarda tutilgan tasdiqlangan standartlardagi kamchiliklar sababli yuzaga kelganini koʻrsatishi shart.

4-§. Talablarga rioya qilinmaganlik

91. Bozor nazorati organi ushbu Texnik reglamentning 4-bobi 2 va 3-paragraflarida nazarda tutilgan talablarga zid ravishda harakat qilmagan holda, quyidagilar aniqlanganda, tegishli iqtisodiy operatordan uning javobgarligiga taalluqli nomuvofiqlikni bartaraf qilinishini talab qilishi lozim:

milliy muvofiqlik belgisini qoʻllash talablariga rioya etilmagan yoki buzilgan holda qoʻllanishi;

milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanmaganlik;

tayinlangan organning identifikatsiya raqami va (yoki) milliy muvofiqlik belgisi belgilangan talablarga zid ravishda tushirilgan yoki umuman tushirilmagani;

muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya tuzilmagani;

muvofiqlik toʻgʻrisidagi deklaratsiya notoʻgʻri tuzilgani;

ushbu Texnik reglamentning 13 va 22-bandlarida nazarda tutilgan texnik hujjatlar mavjud emasligi yoki muvofiqlikni baholash tartib-taomillariga muvofiq shakllantirilmagani;

ushbu Texnik reglamentning 17 , 26 yoki 34-bandlarida belgilangan talablarga muvofiq oʻrnatuvchining, ishlab chiqaruvchining yoki import qiluvchining nomi, roʻyxatdan oʻtgan tovar belgisi yoxud manzili koʻrsatilmagani;

lift yoki lift xavfsizlik qurilmasini identifikatsiya qilish imkoniyatini beruvchi maʼlumot ushbu Texnik reglamentning 16 yoki 25-bandida belgilangan talablariga muvofiq tarzda koʻrsatilmagani;

lift yoki lift xavfsizlik qurilmasi ushbu Texnik reglamentning 18 yoki 27-bandida nazarda tutilgan hujjatlar bilan birga taqdim qilinmagani yoki hujjatlar tegishli talablarga muvofiq emasligi.

92. Agar liftda ushbu Texnik reglamentning 91-bandida nazarda tutilgan nomuvofiqliklar saqlanib qolgan boʻlsa, bozor nazorati organi qonunda belgilangan tartibda liftdan foydalanishni cheklash, taqiqlash, uni chaqirib olish choralarini koʻrishi hamda lift xavfsizlik qurilmalarining muomalaga chiqarilishni cheklashi va taqiqlashi yoki bozordan chaqirib olishi va taʼminot zanjiridan olib tashlash choralarini koʻrishi mumkin.

5-§. Erkin muomalaga chiqarishni nazorat qilish

93. Lift va lift xavfsizlik qurilmalarining Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilishidagi jarayonlarni nazorat qilish uchun masʼul Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Bojxona organi) hisoblanadi.

Bojxona organi lift va lift xavfsizlik qurilmalarining erkin muomalaga chiqarilishidan avval mahsulot xususiyatlari ustidan tekshiruvlar oʻtkazilishini taʼminlashi shart.

94. Bojxona organi bozor nazorati organi bilan oʻz faoliyatlari doirasida oʻzaro hamkorlikda ish yuritishlari lozim.

Bojxona organi, boshqa vakolatli organ(lar)ni jalb qilgan holda, lift va lift xavfsizlik qurilmalarini tekshiruvdan oʻtkazish natijasida quyidagilardan birini yoki bir nechtasini aniqlasa, ularning erkin muomalaga chiqarilishini toʻxtatib qoʻyishi shart:

lift va lift xavfsizlik qurilmalari bino va inshootlarga oʻrnatilganda, taʼmirlanganda va ishlatilganda odam salomatligiga, xavfsizligiga, atrof-muhitga yoki har qanday boshqa jamoat manfaatlariga jiddiy xavf-xatar keltirib chiqarishga sabab boʻluvchi xususiyatlar (holatlar) lift va lift xavfsizlik qurilmalarida aniqlanganda;

lift va lift xavfsizlik qurilmalari yozma yoki elektron shaklda qonunchilikda belgilangan hujjatlar bilan birga taqdim qilinmaganda;

lift va lift xavfsizlik qurilmalari milliy muvofiqlik belgisi bilan belgilangan talablarga mos kelmagan tarzda notoʻgʻri, tegishli maʼlumotlarni toʻgʻri olish imkonini bermagan yoki chalgʻitadigan tarzda tamgʻalanganda.

Bojxona organi har qanday lift va lift xavfsizlik qurilmalari erkin muomalaga chiqarilishini toʻxtatib qoʻyish holatlari yuzasidan bozor nazorati organini xabardor qilishi shart.

95. Bojxona organi tomonidan ushbu Texnik reglamentning 94-bandiga muvofiq lift va lift xavfsizlik qurilmalari erkin muomalaga chiqarilishi toʻxtatib qoʻyilgan taqdirda, agar uch kun muddat ichida (xabardor boʻlganidan soʻng) bozor nazorati organi ushbu lift va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan muayyan taʼsir chorasi qoʻllangani toʻgʻrisida bojxona organini xabardor qilmagan, ayni vaqtda erkin muomalaga chiqarish bilan bogʻliq boshqa barcha talablar qanoatlantirilgan va rasmiylashtirish ishlari bajarilgan boʻlsa, bunday holatlarda lift va lift xavfsizlik qurilmalari erkin muomalaga chiqariladi.

96. Agar bozor nazorati organi mahsulot belgilangan xavfsizlik talablari boʻyicha jiddiy xavf-xatar keltirib chiqarmasligini aniqlasa yoki qonunchilikda belgilangan talablarni buzmaganiga ishonch hosil qilsa, erkin muomalaga chiqarish bilan bogʻliq boshqa barcha talablar qanoatlantirilgan va rasmiylashtirish ishlari bajarilgan boʻlsa, bunday lift va lift xavfsizlik qurilmalarini erkin muomalaga chiqarishi shart.

97. Agar bozor nazorati organi xavfsizlikka jiddiy xavf keltirib chiqaruvchi lift va lift xavfsizlik qurilmalarini aniqlasa, lift va lift xavfsizlik qurilmalari bozorga joylashtirilishini taqiqlash taʼsir choralarini koʻrishi va bojxona organidan lift va lift xavfsizlik qurilmalari bilan birga taqdim qilinadigan hujjatda yoki agar rasmiylashtirish elektron tizim orqali amalga oshirilganda ayni shu tizimda quyidagi ogohlantirishni qayd etishni talab qilishi shart: “Xavfli lift va lift xavfsizlik qurilmalari — erkin muomalaga chiqarishga ruxsat etilmagan”.

98. Agar bozor nazorati organi lift va lift xavfsizlik qurilmalari qonunchilikda oʻrnatilgan talablarga muvofiq emasligini aniqlasa, taʼsir chorasini qoʻllashi, shu jumladan, lift va lift xavfsizlik qurilmalari bozorga joylashtirilishini taqiqlashi lozim.

Agar ushbu bandning birinchi xatboshisiga muvofiq lift va lift xavfsizlik qurilmalari bozorga joylashtirilishi taqiqlangan boʻlsa, bozor nazorati organi bojxona organidan lift va lift xavfsizlik qurilmalarini erkin muomalaga chiqarmaslikni va lift va lift xavfsizlik qurilmalari bilan birga taqdim qilinadigan hujjatda yoki agar rasmiylashtirish elektron tizim orqali amalga oshirilganda, ayni shu tizimda quyidagi ogohlantirishni qayd etishini talab qilishi shart: “Talablarga nomuvofiq lift va lift xavfsizlik qurilmalari — erkin muomalaga chiqarishga ruxsat etilmagan”.

99. Agar ayni shu lift va lift xavfsizlik qurilmalari keyinchalik erkin muomalaga chiqarishdan boshqa bojxona rejimiga deklaratsiya qilinsa va bunga bozor nazorati organi qarshi boʻlmasa, tanlangan bojxona rejimi rasmiylashtiruvi doirasida taqdim qilinadigan hujjatlar bilan birga 97 va 98-bandlarda keltirilgan ogohlantirish qayd maʼlumotlari ham boʻlishi shart.

100. Bozor nazorati organi aniqlagan jiddiy xavf-xatar keltirib chiqaruvchi yoki talablarga nomuvofiq lift va lift xavfsizlik qurilmalari haqida bojxona organiga maʼlumot berishi shart.

5-bob. Oʻtish davri

101. Ushbu Texnik reglament kuchga kiritilgunga qadar lift va lift xavfsizlik qurilmalari boʻyicha rasmiylashtirilgan muvofiqlik sertifikatlari ularda belgilangan muddat davomida amal qiladi.

6-bob. Texnik reglament talablarini buzganlik uchun javobgarlik

102. Ushbu Texnik reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentga 1-ILOVA

Texnik reglament talablari tatbiq etiladigan lift xavfsizlik qurilmalari

T/r Lift xavfsizlik qurilmalari nomi 1. Shaxta eshiklari qulflari 2. Tutgichlar 3. Buferlar 4. Tezlikni cheklagichlar 5. Xavfsizlik gidroapparati (saqlovchi klapan) 6. Elektron qismlardan iborat xavfsizlik zanjiri shaklidagi elektr xavfsizlik qurilmalari

Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentga 2-ILOVA

Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadigan asosiy xavfsizlik talablari

1. Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalariga nisbatan qoʻllanadigan asosiy xavfsizlik talablari (keyingi oʻrinlarda — asosiy xavfsizlik talablari) boʻyicha majburiyatlar lift yoki lift xavfsizlik qurilmasidan oʻrnatuvchi yoki ishlab chiqaruvchi tomonidan belgilangan maqsadda foydalanilganda xavf-xatarlar yuzaga kelgan hollarda qoʻllanadi.

2. Ushbu asosiy xavfsizlik talablari bajarilishi majburiy hisoblanadi. Texnologik taraqqiyotning joriy holatidan kelib chiqib, mazkur talablarda nazarda tutilgan maqsadga erishish imkonsiz boʻlishi mumkin. Bunday holda lift va lift xavfsizligi qurilmalari imkon qadar yaqin darajada ushbu maqsadlarga erishishni taʼminlaydigan tarzda loyihalashtirilishi va ishlab chiqarilishi shart.

3. Ishlab chiqaruvchi va oʻrnatuvchi oʻz mahsulotlariga taalluqli barcha xavf-xatarlarni aniqlash maqsadida xavf-xatar tahlilini oʻtkazishga masʼuldir, bunda ular ushbu tahlil natijalarini inobatga olgan holda lift va lift xavfsizlik qurilmalarini loyihalashtirishi va ishlab chiqarishi shart.

1-bob. Umumiy talablar

4. Lift va lift xavfsizlik qurilmalari boʻyicha xavfsizlikning asosiy tamoyillari:

a) belgilangan maqsadga muvofiq ishlashi va koʻzda tutilgan sharoitda notoʻgʻri foydalanish ehtimolini inobatga olib, ularni boshqarish, sozlash va taʼmirlash ishlarini olib borish odamlarga xavf keltirmaydigan tarzda loyihalashtirish va qurish (foydalanishga tushirish);

Qoʻllangan choraning maqsadlari nafaqat belgilangan xizmat koʻrsatish muddati davomida, balki uni tashish, yigʻish, yechish, ishlatishdan toʻxtatish va utilizatsiya qilish davrlarida ham yuzaga keluvchi xavf-xatarni bartaraf qilishga qaratilgan boʻlishi;

b) ishlab chiqaruvchi yoki uning vakolatli vakili lift va lift xavfsizlik qurilmalari boʻyicha eng maqbul uslubni tanlashda quyidagi tamoyillarni berilgan ketma-ketlikda qoʻllashi lozim:

xavf-xatarni bartaraf qilish yoki kamaytirish (xavfsiz uskunalarni loyihalashtirish va ishlab chiqarish);

bartaraf qilib boʻlmaydigan xavf-xatarlarga nisbatan zaruriy himoya choralarini koʻrish;

joriy qilingan himoya choralaridagi kamchiliklar sababli yuzaga kelgan va bartaraf etilmagan xavf-xatar haqida foydalanuvchilarni xabardor qilish, bunda maxsus oʻquv mashgʻulotlariga zarurat yoki shaxsiy himoya vositalariga ehtiyoj borligini belgilash.

v) loyihalashtirishda va ishlab chiqarishda hamda texnik hujjatlarni (qoʻllash yoʻriqnomasi, pasport) ishlab chiqishda, ishlab chiqaruvchi yoki uning vakolatli vakili nafaqat maqsadli, balki notoʻgʻri foydalanish ehtimollarini ham koʻzda tutish;

noodatiy foydalanish, ayniqsa, bunday noodatiy foydalanish orqali xavf-xatar keltirib chiqarishining oldi olinadigan tarzda loyihalashtirilishi va ishlab chiqarilishi shart. Agar bunga imkon boʻlgan taqdirda, qoʻllash yoʻriqnomasida tajribada yuzaga kelishi mumkin boʻlgan vaziyatlar va ulardan foydalanmaslik holatlariga foydalanuvchi eʼtiborini qaratishi lozim;

g) zaruriy va ehtimoliy (qoʻshimcha) shaxsiy himoya vositalaridan foydalanish natijasida operatorning (liftga texnik jihatdan xizmat koʻrsatuvchi) harakatidagi cheklanishlarni inobatga olgan holda loyihalashtirish va qurish;

d) sozlash, xizmat koʻrsatish va foydalanish uchun zarur barcha maxsus asboblar va butlovchi qismlari bilan birga yetkazib berish.

2-bob. Lift kabinasi

5. Har bir liftning tashuvchi qismida kabina boʻlishi shart. Mazkur lift kabinasi oʻrnatuvchi tomonidan belgilangan odamlarning maksimum soni va liftning nominal yuk koʻtarish imkoniyatiga mos keluvchi chidamlilik va kabinani ichki yuzasidagi kenglikni taʼminlaydigan darajada loyihalashtirilgan va ishlab chiqarilgan boʻlishi shart.

Agar lift odamlarni tashishga moʻljallangan boʻlsa va uning oʻlchamlari bunga imkon bersa, imkoniyati cheklangan shaxslarning liftga kirishi va undan foydalanishiga xalaqit bermaydigan yoki toʻsqinlik qilmaydigan hamda ularni liftdan foydalanishlari uchun imkon beruvchi tegishli sozlashlarni amalga oshirishga yoʻl qoʻyadigan tarzda liftning konstruksiyasi loyihalashtirilgan va qurilgan boʻlishi lozim.

3-bob. Osma va tayanch vositalari

6. Yetarli darajadagi umumiy xavfsizlikni taʼminlash va kabinaning tushib ketish xavfini kamaytirish, liftdan foydalanish sharoiti, ishlatilgan xomashyo materiallari va ishlab chiqarish sharoitini inobatga olib, lift kabinasining osma va (yoki) tayanch vositalari, unga biriktirilgan vositalar va boshqa zarur uskunalar tanlab olinishi va loyihalashtirilishi kerak.

Agar lift kabinasi poʻlat arqon yoki zanjir yordamida osilgan boʻlsa, bunda har biri uchun alohida mustahkamlash tizimiga ega kamida ikkita mustaqil poʻlat arqon yoki zanjirlar boʻlishi shart. Bunday poʻlat arqonlarda va zanjirlarda, sirtmoq yasash yoki uni bogʻlash zaruratidan tashqari hech qanday qoʻshilishlar yoki ulanishlar boʻlmasligi lozim.

7. Yuklama nazorati (shu jumladan, meʼyordan ortiq tezlikni nazorat qiluvchi uskuna) oʻrnatilgan boʻlishi lozim.

8. Agar liftda koʻtariladigan yuklarning vazni liftning nominal yuk koʻtarish meʼyoridan oshsa, liftning ishchi rejimga start berilishining oldi olinadigan tarzda lift loyihalashtirilgan, ishlab chiqarilgan va oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

9. Liftlar tezlikni cheklovchi moslama bilan jihozlangan boʻlishi shart. Agar liftni harakatga keltiruvchi tizimining konstruksiyasida meʼyordan ortiq tezlikning oldini olish nazarda tutilgan boʻlsa, bunday liftlarga yuqorida oʻrnatilgan talab tatbiq etilmaydi.

10. Tezyurar liftlar tezlikni monitoring qilish va tezlikni cheklash vositasi bilan jihozlangan boʻlishi lozim.

11. Friksion shkivlar yordamida harakatga keltiriladigan liftlar, shkivdagi tortish troslarining barqaror va bir tekis harakatini taʼminlaydigan tarzda loyihalashtirilgan boʻlishi shart.

4-bob. Koʻtarish uskunalari

12. Odamlarni tashuvchi barcha liftlar oʻzlarining individual koʻtarish uskunalariga ega boʻlishi kerak. Bu talab qarshi ogʻirliklari ikkinchi kabina bilan almashtirilgan liftlarga nisbatan qoʻllanmaydi.

13. Oʻrnatuvchi xizmat koʻrsatish va favqulodda vaziyatlardan boshqa hollarda liftning koʻtarish uskunalari va unga tegishli uskunalari yopiq boʻlishini (tashqi taʼsirni cheklagan tarzda) taʼminlashi shart.

5-bob. Boshqaruv tizimi

14. Liftning boshqaruv tizimi kuzatuvchisiz harakatlanish imkoniyati cheklangan shaxslar tomonidan foydalanish mumkin boʻladigan tarzda loyihalashtirilishi va oʻrnatilishi shart.

15. Boshqaruv tizimidagi funksiyalar aniq belgilanishi kerak.

16. Chaqiruv tizimi liftlar guruhi uchun alohida yoki oʻzaro bir-biriga bogʻlangan boʻlishi mumkin.

17. Elektr jihozlar quyidagilarni nazarda tutgan holda oʻrnatilgan va ulangan boʻlishi kerak:

lift bilan bevosita ulangan elektr zanjirlari chalkashligi (notoʻgʻri holatda ulanishlariga) yuzaga kelmasligi;

lift yuklangan holatda ham elektr taʼminotini oʻzgartirish (yoqish va oʻchirish) imkoniyati mavjud boʻlishi;

liftning harakatlanishi alohida elektr xavfsizligi zanjiridagi elektr xavfsizlik qurilmalariga bogʻliq boʻlishi;

elektr moslamalardagi nosozlik xatarli vaziyatlarni yuzaga keltirmasligi.

6-bob. Lift kabinasidan tashqaridagi odamlarga xavf-xatarlar

18. Lift kabinasi harakatlanuvchi oraliq (shaxta) xizmat koʻrsatish yoki favqulodda vaziyatlardan boshqa hollarda yopiq holda boʻlishi taʼminlanadigan tarzda loyihalashtirilishi va qurilishi shart. Bu oraliqqa odam kirishida liftdan ishchi rejimda foydalanish imkoni boʻlmasligi kerak.

19. Lift kabinasi eng yuqori yoki pastki chegaradagi holatda boʻlganda qattiq urilish xavfi oldi olinadigan tarzda loyihalashtirilgan va qurilgan boʻlishi kerak.

Ushbu talabni bajarish uchun eng yuqori yoki pastki chegaradan keyin qoʻshimcha boʻsh oraliq qoldirish mumkin.

Mavjud binolarda ushbu yechimni joriy qilish imkonsiz boʻlsa, dastlab vakolatli davlat nazorati organidan tegishli ruxsatni olish asosida ushbu xavf-xatarning oldini olish uchun boshqa mos texnik usullarni qoʻllash mumkin.

20. Lift kabinasiga kirish va undan chiqish, maqsadli foydalanish sharoitiga mos keluvchi mexanik chidamlilikka ega shaxta eshiklari bilan jihozlangan boʻlishi shart.

21. Lift harakatini cheklovchi qurilma quyidagilarning oldini olishi shart:

qasddan yoki boshqa holda ishga tushirilganda, barcha shaxta eshiklari yopilib qulflanmagunga qadar lift kabinasi harakatlanishni boshlashi;

kabina harakatlanayotganda va belgilangan toʻxtash zonasidan tashqarida boʻlganda shaxta eshiklarning ochilishini.

Ammo sath tengligi tezligini nazorat qilish sharti bilan belgilangan zonalarda eshiklar ochiq holatda barcha toʻxtash harakatlariga ruxsat berilishi mumkin.

7-bob. Lift kabinasi ichidagi odamlarga xavf-xatarlar

22. Lift kabinasi toʻliq oʻlchamdagi devorlar, pol va shiftlar bilan, ventilyatsiya tizimi teshiklarini istisno qilgan holda, toʻliq qoplamaga va eshiklarga ega boʻlishi shart. Ushbu eshiklar asosiy xavfsizlik talablarining 21-bandida nazarda tutilgan toʻxtash harakatlaridan mustasno holda, eshiklar yopilmagunga qadar kabina harakatlanmaydigan va eshiklar ochilganda toʻxtaydigan tarzda loyihalashtirilishi va oʻrnatilishi lozim.

Agar lift qavatlar oʻrtasida toʻxtab qolishi sababli lift bilan shaxta oʻrtasida yoki shaxta boʻlmaganda, liftda harakatlanayotgan odamlarning yiqilish xavfi mavjud boʻlsa, liftning eshiklari yopiq va qulflangan holda saqlanishi kerak.

23. Elektr taʼminoti uzilganda yoki lift qurilmalarida nosozlik yuzaga kelganda, lift tushib ketishi yoki kabina nazoratsiz harakatda boʻlishining oldini oluvchi qurilmalarga ega boʻlishi lozim.

Lift kabinasi tushib ketishining oldini oluvchi qurilma lift kabinasini osib turuvchi vositadan mustaqil holatda boʻlishi shart.

Ushbu qurilma nominal yuk koʻtarish holatida va oʻrnatuvchi tomonidan nazarda tutilgan maksimal tezlikda lift kabinasini toʻxtatishga qodir boʻlishi shart. Ushbu qurilma tomonidan sodir etilgan har qanday toʻxtatish holati lift kabinasi ichidagilarga ziyon keltirmasligi kerak.

24. Lift shaxtasining pastki qismi bilan kabina poli oʻrtasida buferlar oʻrnatilgan boʻlishi lozim.

Bunda asosiy xavfsizlik talablarining 19-bandida nazarda tutilgan boʻsh oraliq bufer butunlay siqilgan holatda boʻlganda oʻlchanishi kerak.

Agar liftni harakatga keltiruvchi tizim asosiy xavfsizlik talablarining 19-bandida nazarda tutilgan boʻsh oraliqqa lift kabinasining kirishi imkonsiz holda loyihalashtirilgan boʻlsa, bunday liftlarga nisbatan yuqoridagi talab qoʻllanmaydi.

25. Liftlar asosiy xavfsizlik talablarining 24-bandida nazarda tutilgan qurilma ishchi holatda boʻlmagan taqdirda, liftni harakatga keltirish imkonsiz boʻlishini nazarda tutgan holda loyihalashtirilishi va qurilishi kerak.

8-bob. Boshqa xavf-xatarlar

26. Shaxta eshiklari va kabina eshiklari yoki ikkala eshiklar birgalikda, agar motorli boʻlsa, ular harakatlanayotganda urilish xavfining oldini oluvchi qurilma bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

27. Binoni yongʻindan himoyalashda shaxta eshiklari, shu jumladan, shisha qismlardan iborat eshiklar ham yaxlitlikni saqlab qolish va ulardagi izolyatsiya (olovni ushlab qolish) va issiqlikni uzatish (termik radiatsiya) xususiyatlarini inobatga olgan holda, yetarli darajada olovga chidamli boʻlishi lozim.

28. Qarshi ogʻirliklar, lift kabinasi bilan toʻqnashish yoki uning ustiga qulab tushish xavfi oldi olinadigan tarzda oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

29. Liftlar, kabinaga qamalib qolgan odamlarni chiqarib olish va ularni koʻchirish (evakuatsiya qilish) imkonini beruvchi vositalar bilan jihozlangan boʻlishi shart.

30. Lift kabinalari qutqaruv xizmati bilan doimiy aloqani taʼminlovchi ikki tomonlama aloqa vositasi (tizimi) bilan jihozlangan boʻlishi shart.

31. Liftlar shunday loyihalashtirilgan va qurilgan boʻlishi kerakki, agar lift (lebedka) mashinasidagi harorat oʻrnatuvchi tomonidan belgilangan eng yuqori harorat darajasidan oshib ketsa, ular joriy harakatni tugallashi, shu bilan birga, keyingi harakatga keltirish boʻyicha yangi topshiriqlarni rad etishlari lozim.

32. Kabinalar hatto uzoq muddatli toʻxtash sodir boʻlgan taqdirda ham, yoʻlovchilar uchun yetarli ventilyatsiyani taʼminlaydigan tarzda loyihalashtirilishi va qurilishi shart.

33. Kabinadan foydalanilganda yoki eshiklar ochilganda kabina yetarli darajada yorugʻlik bilan taʼminlangan boʻlishi lozim. Shuningdek, unda favqulodda yoritish moslamasi boʻlishi kerak.

34. Asosiy xavfsizlik talablarining 30-bandida nazarda tutilgan aloqa vositasi hamda 33-bandda keltirilgan favqulodda yoritish moslamasi odatiy elektr taʼminoti boʻlmagan taqdirda ham ishlashi taʼminlanadigan tarzda loyihalashtirilgan va qurilgan boʻlishi lozim. Ularning ishlash davomiyligi belgilangan tarzda qutqaruv ishlarini bajarish uchun yetarli boʻlishi shart.

35. Yongʻin sodir boʻlganda foydalanish mumkin boʻlgan liftning boshqaruv sxemalari, liftlar maʼlum qavatlarda toʻxtashining oldini olishi hamda qutqaruv guruhi tomonidan ustuvor nazoratda boʻlishini taʼminlaydigan tarzda loyihalashtirilgan va ishlab chiqarilgan boʻlishi shart.

9-bob. Tamgʻalash

36. Har bir lift kabinasida oson koʻrinadigan joyda nominal yuk tashish meʼyori kilogrammda koʻrsatilgan va tashish mumkin boʻlgan yoʻlovchilarning maksimal soni aks ettirilgan yorliq boʻlishi kerak.

Shuningdek, barcha qurilmalar eng kamida quyidagi maʼlumotlarni aks ettiruvchi, aniq koʻrinadigan, oson oʻqiladigan va mustahkam yorliq bilan tamgʻalanishi lozim:

ishlab chiqaruvchining nomi va toʻliq manzili, agar mavjud boʻlsa vakolatli vakilining nomi va manzili (telefon raqami va pochta manzili);

uskunaning tavsifi;

milliy muvofiqlik belgisi;

turi;

seriya raqami;

ishlab chiqarilgan yili, yaʼni ishlab chiqarish jarayoni tugallangan yil.

Milliy muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalashda qurilmalarning haqiqiy ishlab chiqarilgan sanalarini oʻzgartirish (avvalgi yoki keyingi sanalarda foydalanish) taqiqlanadi.

Asbob-uskunalar turiga tegishli va undan xavfsiz foydalanish uchun zarur boʻlgan toʻliq maʼlumotga ega boʻlishi shart.

Koʻtaruvchi moslamalar yordamida ishlatish nazarda tutilgan uskuna boʻlsa, uning massasi oson oʻqiladigan tarzda, aniq va mustahkam yorliqda koʻrsatilishi kerak.

37. Agar lift qamalib qolgan odamlar lift kabinasidan tashqi yordamsiz chiqish imkoni bilan loyihalashtirilgan boʻlsa, tegishli koʻrsatmalar lift kabinasida aniq va koʻrinarli boʻlishi shart.

10-bob. Qoʻllanmalar

38. Yigʻish, ulash, sozlash va taʼmirlash ishlari samarali va xavfsiz bajarilishi taʼminlanishi uchun har bir liftda xavfsizlik qurilmasi bilan birga qoʻllash yoʻriqnomasi boʻlishi lozim.

39. Har bir lift bilan birga lift pasporti boʻlishi shart. Lift pasportida quyidagilar nazarda tutilishi lozim:

liftdan foydalanish va liftga xizmat koʻrsatish, inspeksiya qilish, taʼmirlash, davriy texnik koʻrikdan oʻtkazish va qutqaruv ishlarini olib borish uchun zarur boʻlgan chizma va koʻrsatmalardan iborat yoʻriqnoma;

liftda oʻtkazilgan taʼmirlash ishlari va tegishli hollarda davriy texnik koʻrikdan oʻtkazish yozuvlarini qayd etishi jurnali.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 12-iyuldagi 430-son qaroriga 2-ILOVA

Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni joriy etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi 1. Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalari xavfsizligiga doir namunalar olish, sinash hamda oʻlchash usullarini belgilaydigan amaldagi standartlar roʻyxatini tuzadi va xatlovdan oʻtkazadi. Uch oy muddatda 2. Ushbu Texnik reglament talablariga rioya etilishini taʼminlaydigan hamda texnik reglamentlarda belgilangan liftlar va lift xavfsizlik qurilmalarining muvofiqligini baholash uchun zarur boʻlgan namunalar olish, sinash hamda oʻlchash usullarini belgilaydigan standartlar roʻyxatlarini shakllantiradi va belgilangan tartibda tasdiqlaydi. Bir oy muddatda 2-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Liftlar va lift xavfsizlik qurilmalarining Texnik reglament talablariga muvofiqligini baholash ishlarini amalga oshiruvchi muvofiqlikni baholash organlarini tayinlash (notifikatsiya qilish) choralarini koʻradi. Olti oy muddatda 3-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Texnik reglamentning maqsadlari, mazmuni va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholini, respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, tadbirkorlik subyektlarini keng miqyosda xabardor qilishni taʼminlaydi. Jadvalga muvofiq 4-bosqich Tadbirkorlik subyektlari 1. Texnik reglamentni oʻrganadi, masʼul xodimlarni oʻqitadi va Texnik reglamentni oʻz faoliyatida joriy qiladi. Kelishilgan muddatlarda 2. Muvofiqlikni baholash tartibotidan oʻtkazish uchun tegishli mahsulot namunalarini Texnik reglament talablariga muvofiq tayyorlaydi. Texnik reglament kuchga kirgan kundan boshlab 5-bosqich Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi Lift va lift xavfsizlik qurilmalari ustidan bozor nazoratini amalga oshiradi. Belgilangan tartibda 6-bosqich Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi Texnik reglamentni qoʻllash amaliyotini monitoring qiladi va maʼlumotlarni tizimli asosda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi. Har chorakda

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 12-iyuldagi 430-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Liftlarning xavfsizligi toʻgʻrisidagi umumiy texnik reglamentni tasdiqlash haqida” 2017-yil 6-oktabrdagi 801-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi sohasida davlat boshqaruvi va nazorati tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PF-5594-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PQ-4058-son qarori)” 2019-yil 6-martdagi 195-son qaroriga ilovaning 41-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jahon banki va Xalqaro moliya korporatsiyasining “Biznes yuritish” yillik hisobotida Oʻzbekiston Respublikasining reytingini yaxshilashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 5-fevraldagi PQ-4160-son qarori)” 2019-yil 10-avgustdagi 661-son qaroriga ilovaning 52-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Sanoat elektrotexnika mahsulotlaridan foydalanishda aholi xavfsizligini taʼminlash hamda ushbu mahsulotlar ustidan sifat nazoratini kuchaytirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 15-noyabrdagi 602-son qaroriga 2-ilovaning 1-bandi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 12-iyul,

430-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.07.2025-y., 09/25/430/0601-son; 22.06.2026-y., 09/26/316/0615-son)

lex.uz