📅 2025-yil 8-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 8-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 8 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМА
АРИЗА
Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 декабрдаги ПҚ-431-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, импорт қилинган янги қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар хизматлари учун талабларни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрига киритиш учун ариза билан мурожаат қилиш тартиби;
импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби;
расмий дилерлик хизматлари учун талаблар.
2. Белгилансинки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш учун масъул орган ҳисобланади.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 июлдаги 421-сон қарорига ИЛОВА
Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги қишлоқ хўжалиги техникаларини четдан импорт қилган ҳолда сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
ариза берувчи — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрига кириш учун мурожаат қилувчи юридик шахс;
расмий дилер — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш бўйича хорижий ишлаб чиқарувчи билан тегишли дилерлик келишувига эга бўлган юридик шахс;
реестр — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар рўйхати;
қишлоқ хўжалиги техникалари — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган барча турдаги тракторлар (ғилдиракли, занжирли ва ярим занжирли), ўзиюрар машиналар (ўриш ва пахта териш комбайнлари, озиқа йиғиш ва боғдорчилик машиналари), трактор тиркамалари, қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланган тупроққа ва экинларга ишлов бериш машиналари;
«Uzagroin.uz» ахборот тизими — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — «Ўзагроинспекция») реестрга киритиш бўйича аризани юбориш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнларининг барча босқичларини ўз ичига олган электрон ахборот тизими.
3. Реестрни шакллантириш ва юритишнинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:
расмий дилерлар орқали муомалага чиқариладиган қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўлланиладиган имтиёзлар (субсидия, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда молиявий ёрдамлар)дан фойдаланиш;
расмий дилерлар ҳолати ва салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни жамлаш ва таҳлил қилиб бориш;
расмий дилерлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш.
4. Реестр қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг номи ва белгиси;
расмий дилернинг номи, почта ва электрон манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами, телефон рақами;
импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникасининг номи ва русуми;
импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникасининг Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН бўйича тасниф коди;
расмий дилернинг реестрга киритилган санаси;
расмий дилерга қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи хорижий корхона томонидан берилган расмий дилерлик ваколатининг амал қилиш муддати.
5. Реестр давлат тилида электрон ҳолда шакллантирилади ва юритилади.
2-боб. Реестрни шакллантириш ва юритиш тартиби
6. Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестри ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича шакллантирилади ва юритилади.
7. Ариза берувчи реестрга киритиш учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги ариза билан «Ўзагроинспекция»га «Uzagroin.uz» ахборот тизими орқали электрон шаклда мурожаат қилади.
8. Ариза берувчи ушбу Низомнинг 9-бандида келтирилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилиши ва 19-банддаги талабларга мувофиқ бўлиши керак.
9. Ариза берувчи аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг ваколатли вакили эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (расмий дилерлик шартномаси ва сертификати);
қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш, сақлаш учун майдон ҳамда сервис хизматлари кўрсатишга мўлжалланган бино/хона (мулк ёки ижара ҳуқуқларини тасдиқловчи шартнома асосида) ва ускуналарнинг мавжудлиги бўйича ҳужжатлар;
қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг расмий веб-сайтида расмий дилер тўғрисидаги маълумотларнинг киритилганлиги ҳақида фото расм (ишлаб чиқарувчи корхонанинг расмий веб-сайтида расмий дилер тўғрисидаги маълумотларни юритган ҳолда);
қишлоқ хўжалиги техникалари конструкциясининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент талабларига мувофиқлиги бўйича сертификат.
10. «Ўзагроинспекция» ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида аризани кўриб чиқади.
«Ўзагроинспекция» ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда келтирилган маълумотларни ушбу Низом талабларига мувофиқлигини расмий, ишончли, фойдаланиш мумкин бўлган манбалар орқали ўрганади ҳамда текширади.
11. Тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққоний, асосли ва етарли деб топилган тақдирда, «Ўзагроинспекция» томонидан ариза берувчи реестрга киритилади.
12. Расмий дилер реестрга бир йил муддатга киритилади ва ушбу муддат реестрда кўрсатилади.
13. Реестрга киритилган расмий дилернинг ваколати қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхона томонидан муддатидан олдин тугатилганда, ушбу расмий дилер реестрдан чиқарилади ҳамда бериладиган барча имтиёзлар тўхтатилади.
Бунда расмий дилерга олдин берилган имтиёзлар қайтариб олинмайди.
Расмий дилер ваколати тугаган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида бу тўғрисида «Ўзагроинспекция»ни хабардор қилиши лозим.
«Ўзагроинспекция» реестрга киритилган расмий дилернинг ваколати муддатидан олдин тугаганлиги тўғрисидаги маълумот келиб тушган санадан эътиборан бир иш куни мобайнида расмий дилерни реестрдан чиқаради.
Расмий дилер ўз ваколати тугаганлиги ҳақидаги маълумотни белгиланган муддатда тақдим этмаганлиги «Ўзагроинспекция» томонидан аниқланганда, расмий дилерлик ваколати тугаган кундан эътиборан фойдаланган барча имтиёзлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.
14. Ариза берувчини реестрга киритишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 9-бандида келтирилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда ёки ушбу ҳужжатларни сохталаштириш ва номутаносиблик ҳолатлари аниқланганда;
ушбу Низомнинг 19-бандида келтирилган расмий дилерлик хизматлари талабларига мувофиқ бўлмаганда;
қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхона томонидан берилган расмий дилерлик ваколати муддати тугаган бўлса.
15. «Ўзагроинспекция» реестрга киритиш рад этилган ариза берувчини беш иш куни мобайнида рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда «Uzagroin.uz» ахборот тизими орқали хабардор қилади.
16. Реестрга киритиш рад этилган ариза берувчи хабарномани олган кундан эътиборан унда келтирилган камчиликларни беш иш куни мобайнида бартараф этган ҳолда ҳужжатларни қайта тақдим этади.
Агар ариза берувчи белгиланган муддатда хабарномада келтирилган камчиликларни бартараф этмаса, умумий асосларда қайта ариза билан мурожаат қилади.
17. Қуйидагилар расмий дилерни реестрдан чиқаришга асос бўлади:
қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг расмий дилерни реестрдан чиқариш тўғрисидаги мурожаати;
қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг расмий дилерга берган ваколатли вакили эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (расмий дилерлик шартномаси ва сертификати)нинг амал қилиш муддати тугаганда;
юридик шахс қайта ташкил этилганда.
Юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда, реестрга киритиш масаласини кўриб чиқиш дастлабки мурожаат каби белгиланган тартибда амалга оширилади.
18. Реестрга киритиш рад этилганда ёки реестрдан чиқарилганда ариза берувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
3-боб. Расмий дилерлик хизматлари талаблари
19. Расмий дилерлик хизматлари талаблари:
расмий дилер Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши;
расмий дилер қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш, сақлаш ва сервис хизматлари кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзига тегишли (ёки ижара ҳуқуқи асосида эгалик қилувчи) чакана савдо шохобчасига ёки шохобчаларга эга бўлиши;
расмий дилер билан қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхона ўртасида расмий дилерлик шартномаси тузилганлиги ҳамда ушбу ишлаб чиқарувчи хорижий корхона томонидан унга расмий дилерлик мақоми берилганлигини тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши;
расмий дилер ёки ишлаб чиқарувчи хорижий корхона томонидан расмий дилерлик хизматлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хатарлар, жумладан, шартнома шартларига мувофиқ тарзда сотилган қишлоқ хўжалиги техникаларига кафолатли хизматлар кўрсатиш даврида техникадан фойдаланиш жараёнида келиб чиқиши мумкин бўлган носозликларни бартараф қилиши, шартномада белгиланган шартларда истеъмолчиларнинг эҳтимолий иқтисодий зарарларини қоплаш хавфларини суғурталаши;
расмий дилернинг ходимлари таркибида техник ва таъмирлаш хизматлари кўрсатиш бўйича доимий ишга қабул қилинган малакали техник мутахассисларнинг мавжудлиги;
қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг расмий веб-сайтида расмий дилер тўғрисидаги маълумотларни киритилган бўлиши (ишлаб чиқарувчи корхонанинг расмий веб-сайтида расмий дилер тўғрисидаги маълумотларни юритган ҳолда).
20. Расмий дилер янги қишлоқ хўжалиги техникаларини сотишни ва сотиш жараёнини жадаллаштириш учун қуйидаги вазифаларни ўз зиммасига олади ва бажарилишини таъминлайди:
а) истеъмолчига сотган қишлоқ хўжалиги техникаларига кафолатли хизматлар кўрсатиш даврида ушбу техникаларнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлаш учун етарли эҳтиёт қисмларга, шу жумладан, даврий равишда алмаштириш керак бўлган эҳтиёт қисмлар (филтр, мой, тасмалар) захирасига эга бўлиши;
б) истеъмолчига сотган қишлоқ хўжалиги техникаларининг кафолатли даврида — истеъмолчи мурожаат қилган вақтдан эътиборан 48 соат ичида тўловсиз (истеъмолчи айбдор бўлган ҳоллар бундан мустасно), кафолатдан кейинги даврда эса — мурожаат қилинган вақтдан эътиборан 72 соат давомида тўлов асосида сифатли сервис хизматлари кўрсатилиши;
в) истеъмолчига сотган қишлоқ хўжалиги техникаларига камида бир йиллик ёки 1 000 мото-соат, шунингдек, сотилган кундан эътиборан 10 йил муддатда шартнома асосида эҳтиёт қисмлар таъминоти, техник ва таъмирлаш хизматлари учун камида 6 ойлик ёки 500 мото-соат хизматлар кўрсатиш кафолатини берилиши;
г) доимий равишда мобил ва стационар — монтаж, техник қўллаб-қувватлаш, тезкор техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш имконияти бўлиши;
д) истеъмолчига сотган қишлоқ хўжалиги техникасини бошқарувчи тракторчи-машинистни, шунингдек, ушбу техникага хизмат кўрсатувчи техник ходимларнинг касб маҳоратини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этилиши.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21. Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрига киритиш ихтиёрий равишда ариза берувчининг аризасига асосан бепул амалга оширилади.
22. «Ўзагроинспекция» ўзининг расмий веб-сайтида реестрга киритилган расмий дилерларнинг электрон рўйхатини ҳамда маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади.
23. Реестрга киритиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги учун ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.
24. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар «Ўзагроинспекция»да уч йил давомида сақланади.
25. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби бўйича
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи (юридик шахс) Реестрга киритиш учун «Uzagroin.uz» ахборот тизими орқали электрон шаклдаги аризани тўлдиради ва зарур бўлган ҳужжатларни илова қилади. Ихтиёрий равишда 2-босқич «Ўзагроинспекция» 1. «Uzagroin.uz» ахборот тизими орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқади. 2. Ўрганиш натижаларида тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққоний, ишончли ва етарли деб топилганда, ариза берувчини реестрга киритади. 3. Ўзининг расмий веб-сайтида ариза берувчи реестрга киритилганлиги тўғрисидаги маълумотни жойлаштиради. 5 иш куни мобайнида 3-босқич «Ўзагроинспекция» Реестрга киритиш рад этилганда, ариза берувчига «Uzagroin.uz» ахборот тизими орқали аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда хабарнома юборади. 5 иш куни мобайнида
Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Импорт қилинган қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш билан шуғулланувчи расмий дилерлар реестрига киритиш учун
Ариза берувчининг номи (юридик шахс — ташкилот номи): Манзили/жойлашган ери (почта манзили): СТИР: Телефон рақами: Импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг расмий бренд номи: Импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникасининг номи: Импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникасининг русуми: Қишлоқ хўжалиги техникасининг ТИФ ТН бўйича тасниф коди: Қишлоқ хўжалиги техникалари конструкциясининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент талабларига мувофиқлиги бўйича сертификати (сертификат рақами ва берилган санаси): Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг ваколатли вакили эканлигини тасдиқловчи шартнома (рақами ва тасдиқланган санаси): Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг ваколатли вакили эканлигини тасдиқловчи сертификат (рақами ва берилган санаси): Қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш, сақлаш ҳамда унга сервис хизматлари кўрсатиш жойининг мавжудлиги (мулк ёки ижара ҳуқуқларини тасдиқловчи шартнома): Қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи хорижий корхонанинг расмий веб-сайтида расмий дилер тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги (веб-сайт номи) (ишлаб чиқарувчи корхонанинг расмий веб-сайтида расмий дилер тўғрисидаги маълумотларни юритган ҳолда):
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 июль,
421-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMA
ARIZA
Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash darajasini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 12-dekabrdagi PQ-431-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, import qilingan yangi qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar xizmatlari uchun talablarni belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestriga kiritish uchun ariza bilan murojaat qilish tartibi;
import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi;
rasmiy dilerlik xizmatlari uchun talablar.
2. Belgilansinki, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish uchun masʼul organ hisoblanadi.
3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-iyuldagi 421-son qaroriga ILOVA
Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi hududida yangi qishloq xoʻjaligi texnikalarini chetdan import qilgan holda sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
ariza beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi hududida import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestriga kirish uchun murojaat qiluvchi yuridik shaxs;
rasmiy diler — Oʻzbekiston Respublikasi hududida import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish boʻyicha xorijiy ishlab chiqaruvchi bilan tegishli dilerlik kelishuviga ega boʻlgan yuridik shaxs;
reyestr — Oʻzbekiston Respublikasi hududida import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar roʻyxati;
qishloq xoʻjaligi texnikalari — qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan barcha turdagi traktorlar (gʻildirakli, zanjirli va yarim zanjirli), oʻziyurar mashinalar (oʻrish va paxta terish kombaynlari, oziqa yigʻish va bogʻdorchilik mashinalari), traktor tirkamalari, qishloq xoʻjaligi maqsadlariga moʻljallangan tuproqqa va ekinlarga ishlov berish mashinalari;
“Uzagroin.uz” axborot tizimi — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasining (keyingi oʻrinlarda — “Oʻzagroinspeksiya”) reyestrga kiritish boʻyicha arizani yuborish, qabul qilish va koʻrib chiqish jarayonlarining barcha bosqichlarini oʻz ichiga olgan elektron axborot tizimi.
3. Reyestrni shakllantirish va yuritishning asosiy maqsadi quyidagilardan iborat:
rasmiy dilerlar orqali muomalaga chiqariladigan qishloq xoʻjaligi texnikalarini yetkazib berishda amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq qoʻllaniladigan imtiyozlar (subsidiya, soliq va bojxona imtiyozlari hamda moliyaviy yordamlar)dan foydalanish;
rasmiy dilerlar holati va salohiyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni jamlash va tahlil qilib borish;
rasmiy dilerlar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini yaratish.
4. Reyestr quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi:
import qilinadigan qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning nomi va belgisi;
rasmiy dilerning nomi, pochta va elektron manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami, telefon raqami;
import qilinadigan qishloq xoʻjaligi texnikasining nomi va rusumi;
import qilinadigan qishloq xoʻjaligi texnikasining Oʻzbekiston Respublikasi TIF TN boʻyicha tasnif kodi;
rasmiy dilerning reyestrga kiritilgan sanasi;
rasmiy dilerga qishloq xoʻjaligi texnikasini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxona tomonidan berilgan rasmiy dilerlik vakolatining amal qilish muddati.
5. Reyestr davlat tilida elektron holda shakllantiriladi va yuritiladi.
2-bob. Reyestrni shakllantirish va yuritish tartibi
6. Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestri ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha shakllantiriladi va yuritiladi.
7. Ariza beruvchi reyestrga kiritish uchun ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi ariza bilan “Oʻzagroinspeksiya”ga “Uzagroin.uz” axborot tizimi orqali elektron shaklda murojaat qiladi.
8. Ariza beruvchi ushbu Nizomning 9-bandida keltirilgan hujjatlarni toʻliq taqdim qilishi va 19-banddagi talablarga muvofiq boʻlishi kerak.
9. Ariza beruvchi arizaga quyidagi hujjatlarni ilova qiladi:
qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning vakolatli vakili ekanligini tasdiqlovchi hujjatlar (rasmiy dilerlik shartnomasi va sertifikati);
qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish, saqlash uchun maydon hamda servis xizmatlari koʻrsatishga moʻljallangan bino/xona (mulk yoki ijara huquqlarini tasdiqlovchi shartnoma asosida) va uskunalarning mavjudligi boʻyicha hujjatlar;
qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning rasmiy veb-saytida rasmiy diler toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning kiritilganligi haqida foto rasm (ishlab chiqaruvchi korxonaning rasmiy veb-saytida rasmiy diler toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yuritgan holda);
qishloq xoʻjaligi texnikalari konstruksiyasining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament talablariga muvofiqligi boʻyicha sertifikat.
10. “Oʻzagroinspeksiya” ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida arizani koʻrib chiqadi.
“Oʻzagroinspeksiya” ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda keltirilgan maʼlumotlarni ushbu Nizom talablariga muvofiqligini rasmiy, ishonchli, foydalanish mumkin boʻlgan manbalar orqali oʻrganadi hamda tekshiradi.
11. Taqdim etilgan hujjatlar haqqoniy, asosli va yetarli deb topilgan taqdirda, “Oʻzagroinspeksiya” tomonidan ariza beruvchi reyestrga kiritiladi.
12. Rasmiy diler reyestrga bir yil muddatga kiritiladi va ushbu muddat reyestrda koʻrsatiladi.
13. Reyestrga kiritilgan rasmiy dilerning vakolati qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxona tomonidan muddatidan oldin tugatilganda, ushbu rasmiy diler reyestrdan chiqariladi hamda beriladigan barcha imtiyozlar toʻxtatiladi.
Bunda rasmiy dilerga oldin berilgan imtiyozlar qaytarib olinmaydi.
Rasmiy diler vakolati tugagan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida bu toʻgʻrisida “Oʻzagroinspeksiya”ni xabardor qilishi lozim.
“Oʻzagroinspeksiya” reyestrga kiritilgan rasmiy dilerning vakolati muddatidan oldin tugaganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot kelib tushgan sanadan eʼtiboran bir ish kuni mobaynida rasmiy dilerni reyestrdan chiqaradi.
Rasmiy diler oʻz vakolati tugaganligi haqidagi maʼlumotni belgilangan muddatda taqdim etmaganligi “Oʻzagroinspeksiya” tomonidan aniqlanganda, rasmiy dilerlik vakolati tugagan kundan eʼtiboran foydalangan barcha imtiyozlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undiriladi.
14. Ariza beruvchini reyestrga kiritishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
ushbu Nizomning 9-bandida keltirilgan hujjatlar toʻliq taqdim etilmaganda yoki ushbu hujjatlarni soxtalashtirish va nomutanosiblik holatlari aniqlanganda;
ushbu Nizomning 19-bandida keltirilgan rasmiy dilerlik xizmatlari talablariga muvofiq boʻlmaganda;
qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxona tomonidan berilgan rasmiy dilerlik vakolati muddati tugagan boʻlsa.
15. “Oʻzagroinspeksiya” reyestrga kiritish rad etilgan ariza beruvchini besh ish kuni mobaynida rad etishning aniq sabablarini koʻrsatgan holda “Uzagroin.uz” axborot tizimi orqali xabardor qiladi.
16. Reyestrga kiritish rad etilgan ariza beruvchi xabarnomani olgan kundan eʼtiboran unda keltirilgan kamchiliklarni besh ish kuni mobaynida bartaraf etgan holda hujjatlarni qayta taqdim etadi.
Agar ariza beruvchi belgilangan muddatda xabarnomada keltirilgan kamchiliklarni bartaraf etmasa, umumiy asoslarda qayta ariza bilan murojaat qiladi.
17. Quyidagilar rasmiy dilerni reyestrdan chiqarishga asos boʻladi:
qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning rasmiy dilerni reyestrdan chiqarish toʻgʻrisidagi murojaati;
qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning rasmiy dilerga bergan vakolatli vakili ekanligini tasdiqlovchi hujjat (rasmiy dilerlik shartnomasi va sertifikati)ning amal qilish muddati tugaganda;
yuridik shaxs qayta tashkil etilganda.
Yuridik shaxs qayta tashkil etilgan taqdirda, reyestrga kiritish masalasini koʻrib chiqish dastlabki murojaat kabi belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
18. Reyestrga kiritish rad etilganda yoki reyestrdan chiqarilganda ariza beruvchi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.
3-bob. Rasmiy dilerlik xizmatlari talablari
19. Rasmiy dilerlik xizmatlari talablari:
rasmiy diler Oʻzbekiston Respublikasi hududida yuridik shaxs sifatida davlat roʻyxatidan oʻtgan boʻlishi;
rasmiy diler qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish, saqlash va servis xizmatlari koʻrsatish uchun Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻziga tegishli (yoki ijara huquqi asosida egalik qiluvchi) chakana savdo shoxobchasiga yoki shoxobchalarga ega boʻlishi;
rasmiy diler bilan qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxona oʻrtasida rasmiy dilerlik shartnomasi tuzilganligi hamda ushbu ishlab chiqaruvchi xorijiy korxona tomonidan unga rasmiy dilerlik maqomi berilganligini tasdiqlovchi sertifikatga ega boʻlishi;
rasmiy diler yoki ishlab chiqaruvchi xorijiy korxona tomonidan rasmiy dilerlik xizmatlari faoliyatida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan xatarlar, jumladan, shartnoma shartlariga muvofiq tarzda sotilgan qishloq xoʻjaligi texnikalariga kafolatli xizmatlar koʻrsatish davrida texnikadan foydalanish jarayonida kelib chiqishi mumkin boʻlgan nosozliklarni bartaraf qilishi, shartnomada belgilangan shartlarda isteʼmolchilarning ehtimoliy iqtisodiy zararlarini qoplash xavflarini sugʻurtalashi;
rasmiy dilerning xodimlari tarkibida texnik va taʼmirlash xizmatlari koʻrsatish boʻyicha doimiy ishga qabul qilingan malakali texnik mutaxassislarning mavjudligi;
qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning rasmiy veb-saytida rasmiy diler toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritilgan boʻlishi (ishlab chiqaruvchi korxonaning rasmiy veb-saytida rasmiy diler toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yuritgan holda).
20. Rasmiy diler yangi qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotishni va sotish jarayonini jadallashtirish uchun quyidagi vazifalarni oʻz zimmasiga oladi va bajarilishini taʼminlaydi:
a) isteʼmolchiga sotgan qishloq xoʻjaligi texnikalariga kafolatli xizmatlar koʻrsatish davrida ushbu texnikalarning toʻxtovsiz ishlashini taʼminlash uchun yetarli ehtiyot qismlarga, shu jumladan, davriy ravishda almashtirish kerak boʻlgan ehtiyot qismlar (filtr, moy, tasmalar) zaxirasiga ega boʻlishi;
b) isteʼmolchiga sotgan qishloq xoʻjaligi texnikalarining kafolatli davrida — isteʼmolchi murojaat qilgan vaqtdan eʼtiboran 48 soat ichida toʻlovsiz (isteʼmolchi aybdor boʻlgan hollar bundan mustasno), kafolatdan keyingi davrda esa — murojaat qilingan vaqtdan eʼtiboran 72 soat davomida toʻlov asosida sifatli servis xizmatlari koʻrsatilishi;
v) isteʼmolchiga sotgan qishloq xoʻjaligi texnikalariga kamida bir yillik yoki 1 000 moto-soat, shuningdek, sotilgan kundan eʼtiboran 10 yil muddatda shartnoma asosida ehtiyot qismlar taʼminoti, texnik va taʼmirlash xizmatlari uchun kamida 6 oylik yoki 500 moto-soat xizmatlar koʻrsatish kafolatini berilishi;
g) doimiy ravishda mobil va statsionar — montaj, texnik qoʻllab-quvvatlash, tezkor texnik va taʼmirlash xizmatlarini koʻrsatish imkoniyati boʻlishi;
d) isteʼmolchiga sotgan qishloq xoʻjaligi texnikasini boshqaruvchi traktorchi-mashinistni, shuningdek, ushbu texnikaga xizmat koʻrsatuvchi texnik xodimlarning kasb mahoratini oshirish boʻyicha oʻquv kurslarini tashkil etilishi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestriga kiritish ixtiyoriy ravishda ariza beruvchining arizasiga asosan bepul amalga oshiriladi.
22. “Oʻzagroinspeksiya” oʻzining rasmiy veb-saytida reyestrga kiritilgan rasmiy dilerlarning elektron roʻyxatini hamda maʼlumotlar bazasini shakllantiradi va yuritadi.
23. Reyestrga kiritish uchun taqdim etilgan hujjatlarning haqqoniyligi va ishonchliligi uchun ariza beruvchi javobgar hisoblanadi.
24. Ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar va maʼlumotlar “Oʻzagroinspeksiya”da uch yil davomida saqlanadi.
25. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi boʻyicha
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi (yuridik shaxs) Reyestrga kiritish uchun “Uzagroin.uz” axborot tizimi orqali elektron shakldagi arizani toʻldiradi va zarur boʻlgan hujjatlarni ilova qiladi. Ixtiyoriy ravishda 2-bosqich “Oʻzagroinspeksiya” 1. “Uzagroin.uz” axborot tizimi orqali kelib tushgan ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni oʻrganib chiqadi. 2. Oʻrganish natijalarida taqdim etilgan hujjatlar haqqoniy, ishonchli va yetarli deb topilganda, ariza beruvchini reyestrga kiritadi. 3. Oʻzining rasmiy veb-saytida ariza beruvchi reyestrga kiritilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotni joylashtiradi. 5 ish kuni mobaynida 3-bosqich “Oʻzagroinspeksiya” Reyestrga kiritish rad etilganda, ariza beruvchiga “Uzagroin.uz” axborot tizimi orqali aniq sabablarni koʻrsatgan holda xabarnoma yuboradi. 5 ish kuni mobaynida
Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Import qilingan qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish bilan shugʻullanuvchi rasmiy dilerlar reyestriga kiritish uchun
Ariza beruvchining nomi (yuridik shaxs — tashkilot nomi): Manzili/joylashgan yeri (pochta manzili): STIR: Telefon raqami: Import qilinadigan qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning rasmiy brend nomi: Import qilinadigan qishloq xoʻjaligi texnikasining nomi: Import qilinadigan qishloq xoʻjaligi texnikasining rusumi: Qishloq xoʻjaligi texnikasining TIF TN boʻyicha tasnif kodi: Qishloq xoʻjaligi texnikalari konstruksiyasining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament talablariga muvofiqligi boʻyicha sertifikati (sertifikat raqami va berilgan sanasi): Qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning vakolatli vakili ekanligini tasdiqlovchi shartnoma (raqami va tasdiqlangan sanasi): Qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning vakolatli vakili ekanligini tasdiqlovchi sertifikat (raqami va berilgan sanasi): Qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish, saqlash hamda unga servis xizmatlari koʻrsatish joyining mavjudligi (mulk yoki ijara huquqlarini tasdiqlovchi shartnoma): Qishloq xoʻjaligi texnikalarini ishlab chiqaruvchi xorijiy korxonaning rasmiy veb-saytida rasmiy diler toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning mavjudligi (veb-sayt nomi) (ishlab chiqaruvchi korxonaning rasmiy veb-saytida rasmiy diler toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yuritgan holda):
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 8-iyul,
421-son