📅 2025-yil 14-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 14-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 14 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида» 2024 йил 3 июндаги ПФ-84-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан йиллик ишлаб чиқаришни режалаштириш ва ҳисоблаш;
йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни мониторинг қилиш ҳамда белгиланган қувватлардан фойдаланмаганлик учун ишлаб чиқарувчига нисбатан таъсирчан чоралар қўллаш.
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
3. Белгилансинки, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 2025 йил учун ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш режаси мазкур қарор кучга киргандан сўнг бир ҳафта муддатда кейинги ойлар учун тасдиқланади.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 434-сон қарорига ИЛОВА
Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришни режалаштириш, йиллик ишлаб чиқариш қувватларини ҳисоблаш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичларини бажармаганлик учун ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом қоидалари ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахсларга (кейинги ўринларда — корхоналар) нисбатан татбиқ этилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
алкоголь маҳсулотлари — озиқ-овқат хомашёсидан олинган этил спиртидан ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарилган, таркибида этил спиртининг ҳажмий улуши бир ярим фоиздан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулоти;
ароқ — рангсиз, шаффоф, ароққа хос хушбўйликка ва юмшоқ таъмга эга, этил спиртининг ҳажмий улуши (қуввати) 37,5 фоиздан 56,0 фоизгача бўлган сув-спирт эритмасидан (сортировкадан) иборат бўлган, озиқ-овқат хомашёсидан ишлаб чиқарилган ректификатланган этил спиртини тўғриланган (юмшатилган) сув билан эритиш, олинган сув-спирт эритмасига фаол ёғоч кўмири ёки бошқа махсус адсорбент билан ишлов бериш ва сўнгра уни фильтрлаш йўли билан ишлаб чиқариладиган спиртли ичимлик;
асосий технологик ускуналар — алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланадиган технологик ускуналар;
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси;
йиллик ишлаб чиқариш қувватлари — ишлаб чиқаришда фойдаланадиган асосий технологик ускуналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари йиғиндиси;
ликёр-ароқ маҳсулотлари — озиқ-овқат хомашёсидан ишлаб чиқарилган ректификатланган этил спиртини, юмшатилган сувни, яримфабрикатларни (ёки уларсиз) ва ингредиентларни (ёки уларсиз) купаж қилиш (аралаштириш) йўли билан тайёрланган, сўнг сақлаб етилтирилган (ёки сақланмаган), этил спиртининг ҳажмий улуши (қуввати) 7 фоиздан 60 фоизгача бўлган ва шакарнинг массавий концентрацияси 600 g/dm3дан кўп бўлмаган спиртли ичимликлар;
истеъмол этил спирти — этил спиртининг улуши 96,0 фоиздан кам бўлмаган, ҳар хил турдаги дон, қанд лавлагиси, хом шакар, меласса ҳамда таркибида шакарлар ва крахмал мавжуд бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлган озиқ-овқат хомашёсидан (мева-резаворлардан ташқари) табиий бижғитиш жараёнида олинган ачитқини ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлган озиқ-овқат хомашёсидан этил спирти ишлаб чиқариш жараёнида олинадиган хом этил спирти ҳамда этил спиртининг бош фракциясини ректификация қилиш йўли билан ишлаб чиқариладиган ректификатланган этил спирти;
шахсий кабинет — ваколатли давлат органининг ахборот базаси орқали корхоналарни ваколатли давлат органи билан ўзаро муносабатларни электрон шаклда амалга оширишни таъминлайдиган ахборот ресурси.
2-боб. Йиллик ишлаб чиқаришни режалаштириш
4. Корхоналар томонидан ишлаб чиқариш объектининг паспортида кўрсатилган асосий технологик ускуналарнинг ишлаб чиқариш қувватидан келиб чиқиб режалаштирилади.
5. Ишлаб чиқариш ҳажмлари ойлар кесимида йил учун декабрь ойининг 20-санасига қадар ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланади.
Ишлаб чиқариш режаси икки нусхада тасдиқланади, бир нусхаси мониторинг юритиш учун ваколатли давлат органига тақдим этилади.
6. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштиришда бозор конъюктураси ўрганилади. Бунда ички ва ташқи бозорда маҳсулотга бўлган талаб, ишлаб чиқариш жараёнларидаги йўқотишлар ҳамда мавсумий шароитда маҳсулотларни сотиш ҳажми инобатга олинади.
Мисол учун, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 000 декалитрни ташкил этса, маҳсулотларни сотиш мавсумий ўзгаришига қараб, январь ойида 150 декалитр, февраль-март ойларида ҳар бир ой учун 75 декалитрдан, апрель-май ойларида ҳар бир ой учун 50 декалитрдан, июнь — август ойларида ҳар бир ой учун 25 декалитрдан, сентябрь ойида 75 декалитр, октябрь — декабрь ойларида ҳар бир ой учун 150 декалитрдан ишлаб чиқариш режалаштирилади.
7. Янги ташкил этилган ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш режаси лицензия олган кундан бошлаб уч кун муддатда кейинги ойлар учун тасдиқланади. Бунда иккинчи ярим йиллик даврда ишлаб чиқариш учун лицензия олган корхоналарга нисбатан ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш режаси бажарилмаганда молиявий жарима қўлланилмайди.
Кейинги ишлаб чиқариш йили учун ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш режаси ушбу қарорда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
8. Корхоналар томонидан йиллик ишлаб чиқаришни режалаштиришда:
ароқ, шунингдек, истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан;
фақат ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 50 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.
Мисол учун корхонанинг ароқ, шунингдек, истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 минг декалитрни ташкил этганда, шундан 60 фоизи 300 минг декалитрга тўғри келади.
Агарда корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати 300 минг декалитрни ташкил этганда, унинг 60 фоизи 180 минг декалитрга тўғри келади, лекин бу ҳолатда корхона ишлаб чиқариш қуввати абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда 100 минг декалитрдан, яъни 250 минг декалитр тайёр маҳсулотдан кам бўлмаган ҳолда ишлаб чиқарилиши лозим.
9. Ишлаб чиқариш режаси тасдиқлангандан сўнг ишлаб чиқариш объектининг паспортида кўрсатилган асосий технологик ускуналарнинг йиллик ишлаб чиқариш қувватини камайтириш орқали ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Ишлаб чиқариш объектининг паспортида кўрсатилган асосий технологик ускуналарнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати кейинги йил учун ишлаб чиқариш режасини тасдиқлаш вақтида ваколатли давлат органи билан келишилиб, асослантирилган ҳолда камайтирилади.
Бунда ароқ, ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватини бир маротаба камайтиришга рухсат этилади, лекин йиллик ишлаб чиқариш ҳажми абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда, 100 минг декалитрдан кам бўлмаслиги лозим.
10. Фойдаланилмайдиган ва (ёки) жисмонан эскирган технологик ускуналар ҳисобидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати камайтирилганда ваколатли давлат органи томонидан корхона вакиллари иштирокида мазкур асосий технологик ускуналар пломбаланади.
11. Ишлаб чиқариш жараёнларидаги йўқотишлар меъёри ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган йўриқномада белгиланади.
12. Корхоналар томонидан ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида қарор қабул қилинганда, унинг асослилиги ҳамда бунга сабаб бўлган омиллар ваколатли давлат органи томонидан ўрганилади, корхоналар билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни тиклашга қаратилган чоралар белгиланади.
3-боб. Йиллик ишлаб чиқариш қувватларини ҳисоблаш
13. Йиллик ишлаб чиқариш қувватлари ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари учун алоҳида ҳисобланади.
Бунда маҳсулотни тайёрлаш ва қуйиш цехларининг қувватлари ўзаро солиштирилади ҳамда йиллик ишлаб чиқариш қуввати кичик қувват бўйича ҳисобланади.
14. Битта қуйиш линиясида ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулоти ишлаб чиқарилса, ҳар бир тур бўйича ишлаб чиқариш қувватларини ҳисоблашда тегишли маҳсулот турини ишлаб чиқариш учун қуйиш линиясини ишлатиш куни кўрсатилади.
15. Ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун йиллик ишлаб чиқариш қувватини ҳисоблашда қуйидаги асосий технологик ускуналарнинг қувватларидан фойдаланилади:
ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун кўмирли-тозалаш батареялари ёки шунга ўхшаш функцияни бажарадиган бошқа технологик ускуналар (кейинги ўринларда — кўмир батареялари ва бошқа ускуналар);
сиғимлар (ликёр-ароқ маҳсулоти ишлаб чиқариш учун);
қуйиш линиялари.
16. Ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кўмир батареялари ва бошқа ускуналарнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
W n = (А 1 х n 1 +…. + А n х n k )*24* Т/K қ/ҳ
бунда,
W n — ускунанинг қуввати, йилига декалитр;
А — кўмир батареялари ва бошқа ускуналарнинг вақт бирлигидаги унумдорлиги (бунда ускунанинг фойдаланиш йўриқномасига мувофиқ қабул қилинади), соатига декалитр;
n — кўмир батареялари ва бошқа ускуналар сони, дона;
24 — кўмир батареяларининг суткада ишлаш соати;
Т — йиллик ускуналар ишлаган кунлар сони, камида 343 кун;
K қ/ҳ — ярим тайёр маҳсулотни тайёр маҳсулотга айлантириш коэффициенти.
Мисол учун, йиллик ишлаб чиқариш қувватини ҳисоб-китоб қилишда, корхонанинг соатига 35 декалитр қувватда ишлайдиган 2 та кўмир батареялари мавжуд, улар узлуксиз бир суткада 24 соат, бир йилда 343 сутка (профилактика учун тўхташлар ва хомашёда узилишларни инобатга олиб, бир йилда ўртача 343 иш куни ҳисобланмоқда) ишлаганда ва ярим тайёр маҳсулотни тайёр маҳсулотга айлантириш коэффициенти 1,009 деб олинганда:
W n = (35*2)*24*343/1,009 = 571,0 минг дал йиллик ишлаб чиқариш қуввати ҳисобланди.
Бунда А=35, n=2, 24 — суткада ишлаш соати, T=343, K қ/ҳ =1,009.
17. Ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда сиғимларнинг йиллик қуввати қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
W V = (V 1 * n 1 +…. + V n * n n ) * K * b/K қ/ҳ
бунда:
W V — сиғимнинг йиллик қуввати, декалитр;
V n — ликёр-ароқ маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланиладиган сиғимнинг қуввати (бунда сиғимнинг паспортида белгиланган талабларга мувофиқ қабул қилинади), декалитр;
n n — ликёр-ароқ маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланиладиган сиғимлар сони, дона;
К — сиғимни тўлдириш коэффициенти — сиғимнинг ҳажми маълум бир технологик операцияни бажаришда қуйилган ярим тайёр маҳсулот ҳажмига нисбати (бунда сиғимнинг паспортида белгиланган талабларга мувофиқ қабул қилинади);
b — технологик цикллар сони;
К қ/ҳ — ярим тайёр маҳсулотни тайёр маҳсулотга айлантириш коэффициенти.
Мисол учун, ликёр-ароқ маҳсулотини тайёрлаш учун ҳар хил ҳажмдаги 10 дона сиғим мавжуд бўлса (5 та 1 000 декалитр, 3 та 2 500 дал ва 2 та 5 000 минг дал ҳажмдаги), йил давомида 10 маротаба ушбу сиғимлардан фойдаланилиб маҳсулотлар тайёрланганда, сиғимни тўлдириш коэффициенти 0,9 ва ярим тайёр маҳсулотни тайёр маҳсулотга айлантириш коэффициенти 1,009 деб олинганда:
W V = (1000*5+2500*3+5000*2)*0,9*10/1,009 = 200,5 минг дал ликёр-ароқ маҳсулоти йиллик ишлаб чиқариш қуввати ҳисобланди.
Бунда V 1 =1 000, n 1 =5, V 2 =2 500, n 2 =3, V 3 =5 000, n 3 =2, K=0.9, b=10, K қ/ҳ =1,009.
18. Ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйиш линияларининг қуввати қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
W е = E * n * k * T * V 1 ,
бунда:
W е — қуйиш линиясининг йиллик қуввати, декалитр;
E — қуйиш линиясининг унумдорлиги, қадоқлаш (шиша) соатига;
n — қуйиш линиясининг сони, дона;
k — кунлик қуйиш линияларининг иш соатлари сони;
T — йиллик ускунанинг ишлаш кунлари сони, 242 кундан кам бўлмаган;
V 1 — истеъмол идишининг ҳажми (бутилка), декалитр.
Мисол учун, корхонада ҳар бири соатига 2 000 дона истеъмол идишига қуйиш қувватига эга бўлган 4 та линия мавжуд, бир иш кунида 7 соат, йилига 242 кун ишласа ва истеъмол идишининг (бутилка) ҳажми 0,045 дал бўлганда:
W е = 2000*4*7*242*0,045=609,8 минг дал қуйиш линияларининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати ҳисобланди.
Бунда E=2 000; n=4; k=7; T=242; V 1 =0,045.
Қуйиш линиялари қувватини тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда энг паст ўрнатилган қувватга эга бўлган асосий технологик ускуналар турининг қувватидан фойдаланилган ҳолда ҳисобланади.
19. Ярим тайёр маҳсулотни тайёр маҳсулотга айлантириш коэффициенти қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
K қ/ҳ = М ят /М тайёр
бунда
М ят — тайёр маҳсулотни олиш учун зарур бўлган маълум технологик операцияда ярим тайёр маҳсулот ҳажми, декалитр;
М тайёр — белгиланган ҳажмдаги ярим тайёр маҳсулотдан (бунда технологик йўриқнома (стандарт)га мувофиқ қабул қилинади) олиниши мумкин бўлган тайёр маҳсулот ҳажми, декалитр.
Мисол учун 1 000 декалитр тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилганда, ушбу маҳсулотни тайёрлаш жараёнида 1 009,3 декалитр ярим тайёр маҳсулот ишлатилади. Ярим тайёр маҳсулот ва тайёр маҳсулотларнинг нисбати орқали коэффициенти аниқланади (K қ/ҳ = 1009,3/1000 = 1,009).
4-боб. Йиллик ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишни мониторинг қилиш
20. Йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан корхоналарнинг тасдиқланган йиллик ишлаб чиқариш режасига мувофиқ мониторинг юритилади.
21. Мониторинг ваколатли давлат органининг ахборот тизимларидаги ҳамда корхоналар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида юритилади.
22. Ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқариш режалари асосида йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни мониторинг қилишда қуйидагилар ўрганилади:
харид қилинган, сарфланган ва қолдиқда бўлган истеъмол этил спирти ҳажми;
ишлаб чиқарилган, реализация қилинган ва сақланаётган алкоголь маҳсулотлари ҳажми;
ишлаб чиқаришда фойдаланилган акциз маркалари ва мажбурий рақамли маркировка кодлари сони;
ишлаб чиқаришда фойдаланилган ичимлик суви ва электр энергияси сарфи;
алкоголь маҳсулотлари реализацияси бўйича тўланган солиқлар.
23. Йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишнинг белгиланган кўрсаткичини ҳисоблашда қуйидагилар инобатга олинади:
муҳандислик-коммуникация ва энергетика инфратузилмасидаги узилишлар ҳисобидан ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши;
ички ва ташқи бозор талаби бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдосининг кескин тушиб кетиши натижасида ишлаб чиқариш суръатига таъсири. Бунда ички бозор талабини ўрганиш орқали ишлаб чиқариш суръатини ошириш, маҳсулотларни сотиш учун бозорларни излаш ва ўзлаштириш бўйича маркетинг чоралари кўрганлиги асосланиши лозим;
ишлаб чиқариш технологик ускуналарида юзага келган техник носозликлар туфайли ишлаб чиқаришдаги узилишлар. Бунда техник носозликлар туфайли ишлаб чиқаришдаги узилишлар уч кун муддатдан ошганда, ваколатли давлат органи хабардор қилинади ҳамда жойига чиққан ҳолда асосий сабаблар ўрганилади.
Корхона ишлаб чиқариш технологик ускуналарида юзага келган техник носозликлар туфайли ишлаб чиқаришдаги узилишлар ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилмаса, йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишнинг белгиланган кўрсаткичини ҳисоблашда юқоридаги ҳолат инобатга олинмайди.
24. Корхоналар томонидан режалаштирилган йилда ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини вақтинча тўхтатиб, қайта тиклаганда йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишнинг белгиланган кўрсаткичи тўхтатилган кунлардан чегирилган ҳолда ҳисобланади.
25. Ваколатли давлат органи мониторинг натижаси бўйича корхоналар томонидан ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи бажарилишини ҳар ярим йил якуни бўйича ҳисоб-китоб қилади.
Мисол учун, корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 000 декалитрни, тасдиқланган ойма-ой ишлаб чиқариш режасига мувофиқ биринчи ярим йиллик учун 400 декалитр, иккинчи ярим йиллик учун 600 декалитр ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлса, ушбу режа бўйича ҳисоб-китоб қилинади.
26. Корхонада йиллик ишлаб чиқариш режасини тасдиқлашда, ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш кўрсаткичининг биринчи ва иккинчи ярим йилликда бажарилиши мустақил белгиланади.
Бунда қувватдан фойдаланиш кўрсаткичи тенг улушларда ёки ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқаришнинг юқори улуши биринчи ярим йилликда ёки иккинчи ярим йилликда белгиланиши мумкин.
Бироқ, ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан, ликёр-ароқ ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 50 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.
27. Йиллик ишлаб чиқариш режасида ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ (100 фоиз) фойдаланиш белгиланган, лекин тасдиқланган режа кўрсаткичи бажарилмаган тақдирда, ваколатли давлат органи томонидан режалаштирилган ва ҳақиқатда бажарилган ҳажм бўйича ҳисоб-китоб қилинади.
28. Ишлаб чиқариш қувватларидан 60 фоиз (ликёр-ароқда 50 фоиз) кўрсаткичда бажарилиши ҳисоб-китоби қуйидаги формулада амалга оширилади:
W y/q *60 % = Y 1 *60 % + Y 2 *60 %
бунда:
W y/q — корхона паспортида белгиланган йиллик ишлаб чиқариш қуввати;
Y 1 — биринчи ярим йилликда ишлаб чиқариш;
Y 2 — иккинчи ярим йилликда ишлаб чиқариш.
Мисол учун, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 000 декалитр бўлса, биринчи ярим йил учун 400 декалитр, иккинчи ярим йилда 600 декалитр ишлаб чиқариш қувватларига бўлинганда:
биринчи ярим йиллик учун — 400 декалитр * 60 фоиз = 240 декалитр;
иккинчи ярим йиллик учун — 600 декалитр * 60 фоиз = 360 декалитр миқдорида ишлаб чиқарилиши лозим.
Натижада уларнинг йиғиндиси йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичининг 60 фоизида, яъни 1000 декалитр * 60 фоиз = 600 декалитр миқдорига тенг бўлади.
29. Корхоналар томонидан дастлабки ярим йил якуни бўйича ароқ, шунингдек, истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кам бўлганда, белгиланган 60 фоизнинг бажарилмаган қисмига акциз солиғи суммасининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланади.
Агарда кейинги ярим йил якунларида тасдиқланган йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш режаси тўлиқ бажарилганда ҳамда акциз солиғи тўлиқ тўланганда, ундирилган молиявий жарима суммалари қайтарилади.
Агарда иккинчи ярим йил якунларида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан ортиқ бажарилганда, ортиқча бажарилган қисми биринчи ярим йил якунларида бажарилмаган қисмига қўшиб ҳисобга олинади ҳамда ундирилган молиявий жарима суммаси бажарилган қисмига нисбатан мутаносиб равишда қайтарилади.
30. Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи бажарилмагани учун қўлланадиган жарима қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
∑ жарима = (W Y/Y *60 % — F Y/Y )*V*10*акциз солиқ *50 %
бунда:
W Y/Y — корхона томонидан тасдиқланган режанинг ярим йиллик кўрсаткичи, декалитр;
F Y/Y — ҳақиқатда ишлаб чиқарилган ҳажм, декалитр;
V — маҳсулотнинг таркибидаги этил спирти ҳажми (қуввати);
10 — декалитрдан литрга айлантириш учун қўлланадиган бирлик;
акциз солиғи — 1 литр абсолют алкоголдаги маҳсулот учун қонунчиликда белгиланган солиқ миқдори.
Мисол учун, ишлаб чиқарувчининг ярим йиллик ишлаб чиқариш қуввати 400 декалитр, белгиланган қувватнинг 60 фоизи 240 декалитрни ташкил этади.
Агарда корхона ярим йилда ҳақиқатда 200 декалитр маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, унга нисбатан акциз солиғининг 50 фоизи миқдорида жарима қуйидагича ҳисобланади:
∑ жарима = (400*60%-200) * 0,4*10*40000 сўм * 50% = 3 200 000 сўм.
Бунда W Y/Y =400, F Y/Y =200, V=0.4, 10 — декалитрни литрга айлантириш учун қўлланилган бирлик, 40 000 сўм — 1 литр абсолют алкоголь учун акциз солиғи, 50% — жарима миқдори.
31. Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи бажарилмагани учун қўлланадиган жарима ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида ваколатли давлат органи томонидан қўлланади.
32. Ундирилган жарима суммаси ваколатли давлат органининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади ҳамда белгиланган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи бажарилганда қайтарилади.
33. Жарима қўллашга доир баённома бажариш учун ишлаб чиқарувчи корхонага қуйидаги тартибда тақдим этилади:
электрон шаклда шахсий кабинетига юборилади ва баённома корхона томонидан танишиб чиқилганидан кейин, бироқ баённома жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади;
буюртма хат асосида почта орқали юборилади ва жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади;
корхона раҳбарига шахсан сана кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб топширилиши мумкин.
34. Қўлланган жарима суммаси беш иш куни мобайнида тўланмаган тақдирда, суд тартибида ундирилади. Жарима қўллаш ҳақидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
5-боб. Якунловчи қоидалар
35. Низом талабларини қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
36. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни режалаштириш, мониторинг юритиш ҳамда ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тадбирлари
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддат 1-босқич Ишлаб чиқарувчи корхона Йиллик ишлаб чиқаришни режалаштириш, тасдиқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясига (кейинги ўринларда — ваколатли давлат органи) тақдим этиш Декабрь ойининг 20-санаси 2-босқич Ваколатли давлат органи Ишлаб чиқариш режаси асосида мониторинг юритиш Доимий 3-босқич Ваколатли давлат органи Ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишни ҳисоб-китоб қилиш Ҳар ярим йил якунида 4-босқич Ваколатли давлат органи Белгиланган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланмаганлик учун жарима қўллаш учун баённома расмийлаштириш Аниқланган ҳолатларда 5-босқич Ваколатли давлат органи Жарима қўллаш ҳақидаги баённомани юбориш Икки иш кунида 6-босқич Ишлаб чиқарувчи корхона Жарима суммасини ваколатли давлат органининг ҳисобварақларига ўтказиш Беш иш куни мобайнида 7-босқич Ваколатли давлат органи Тўланган жарима суммасини корхонанинг ҳисобварақларига қайтариш Суд қарорида белгиланган муддатда ёки корхонанинг мурожаати асосида беш иш куни мобайнида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 июль,
434-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Alkogol va tamaki mahsulotlari bozorini tartibga solish hamda ularning noqonuniy aylanmasining oldini olish chora-tadbirlarini kuchaytirish toʻgʻrisida” 2024-yil 3-iyundagi PF-84-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqaruvchi korxonalar tomonidan yillik ishlab chiqarishni rejalashtirish va hisoblash;
yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanishni monitoring qilish hamda belgilangan quvvatlardan foydalanmaganlik uchun ishlab chiqaruvchiga nisbatan taʼsirchan choralar qoʻllash.
2. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
3. Belgilansinki, ishlab chiqaruvchi korxonalar tomonidan 2025-yil uchun ishlab chiqarish quvvatidan foydalanish rejasi mazkur qaror kuchga kirgandan soʻng bir hafta muddatda keyingi oylar uchun tasdiqlanadi.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-iyuldagi 434-son qaroriga ILOVA
Alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishni rejalashtirish, yillik ishlab chiqarish quvvatlarini hisoblash hamda ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichlarini bajarmaganlik uchun huquqiy taʼsir choralarini qoʻllash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom qoidalari aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarish huquqini beruvchi litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxslarga (keyingi oʻrinlarda — korxonalar) nisbatan tatbiq etiladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
alkogol mahsulotlari — oziq-ovqat xomashyosidan olingan etil spirtidan va (yoki) tarkibida spirt boʻlgan oziq-ovqat mahsulotidan foydalangan yoki foydalanmagan holda ishlab chiqarilgan, tarkibida etil spirtining hajmiy ulushi bir yarim foizdan yuqori boʻlgan oziq-ovqat mahsuloti;
aroq — rangsiz, shaffof, aroqqa xos xushboʻylikka va yumshoq taʼmga ega, etil spirtining hajmiy ulushi (quvvati) 37,5 foizdan 56,0 foizgacha boʻlgan suv-spirt eritmasidan (sortirovkadan) iborat boʻlgan, oziq-ovqat xomashyosidan ishlab chiqarilgan rektifikatlangan etil spirtini toʻgʻrilangan (yumshatilgan) suv bilan eritish, olingan suv-spirt eritmasiga faol yogʻoch koʻmiri yoki boshqa maxsus adsorbent bilan ishlov berish va soʻngra uni filtrlash yoʻli bilan ishlab chiqariladigan spirtli ichimlik;
asosiy texnologik uskunalar — alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishda foydalanadigan texnologik uskunalar;
vakolatli davlat organi — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi;
yillik ishlab chiqarish quvvatlari — ishlab chiqarishda foydalanadigan asosiy texnologik uskunalarning ishlab chiqarish quvvatlari yigʻindisi;
likyor-aroq mahsulotlari — oziq-ovqat xomashyosidan ishlab chiqarilgan rektifikatlangan etil spirtini, yumshatilgan suvni, yarimfabrikatlarni (yoki ularsiz) va ingrediyentlarni (yoki ularsiz) kupaj qilish (aralashtirish) yoʻli bilan tayyorlangan, soʻng saqlab yetiltirilgan (yoki saqlanmagan), etil spirtining hajmiy ulushi (quvvati) 7 foizdan 60 foizgacha boʻlgan va shakarning massaviy konsentratsiyasi 600 g/dm3dan koʻp boʻlmagan spirtli ichimliklar;
isteʼmol etil spirti — etil spirtining ulushi 96,0 foizdan kam boʻlmagan, har xil turdagi don, qand lavlagisi, xom shakar, melassa hamda tarkibida shakarlar va kraxmal mavjud boshqa qishloq xoʻjaligi mahsuloti boʻlgan oziq-ovqat xomashyosidan (meva-rezavorlardan tashqari) tabiiy bijgʻitish jarayonida olingan achitqini yoki qishloq xoʻjaligi mahsuloti boʻlgan oziq-ovqat xomashyosidan etil spirti ishlab chiqarish jarayonida olinadigan xom etil spirti hamda etil spirtining bosh fraksiyasini rektifikatsiya qilish yoʻli bilan ishlab chiqariladigan rektifikatlangan etil spirti;
shaxsiy kabinet — vakolatli davlat organining axborot bazasi orqali korxonalarni vakolatli davlat organi bilan oʻzaro munosabatlarni elektron shaklda amalga oshirishni taʼminlaydigan axborot resursi.
2-bob. Yillik ishlab chiqarishni rejalashtirish
4. Korxonalar tomonidan ishlab chiqarish obyektining pasportida koʻrsatilgan asosiy texnologik uskunalarning ishlab chiqarish quvvatidan kelib chiqib rejalashtiriladi.
5. Ishlab chiqarish hajmlari oylar kesimida yil uchun dekabr oyining 20-sanasiga qadar ishlab chiqaruvchi tomonidan tasdiqlanadi.
Ishlab chiqarish rejasi ikki nusxada tasdiqlanadi, bir nusxasi monitoring yuritish uchun vakolatli davlat organiga taqdim etiladi.
6. Yillik ishlab chiqarish hajmlarini rejalashtirishda bozor konyukturasi oʻrganiladi. Bunda ichki va tashqi bozorda mahsulotga boʻlgan talab, ishlab chiqarish jarayonlaridagi yoʻqotishlar hamda mavsumiy sharoitda mahsulotlarni sotish hajmi inobatga olinadi.
Misol uchun, korxonaning yillik ishlab chiqarish quvvati 1 000 dekalitrni tashkil etsa, mahsulotlarni sotish mavsumiy oʻzgarishiga qarab, yanvar oyida 150 dekalitr, fevral-mart oylarida har bir oy uchun 75 dekalitrdan, aprel-may oylarida har bir oy uchun 50 dekalitrdan, iyun — avgust oylarida har bir oy uchun 25 dekalitrdan, sentabr oyida 75 dekalitr, oktabr — dekabr oylarida har bir oy uchun 150 dekalitrdan ishlab chiqarish rejalashtiriladi.
7. Yangi tashkil etilgan ishlab chiqaruvchilar tomonidan ishlab chiqarish quvvatidan foydalanish rejasi litsenziya olgan kundan boshlab uch kun muddatda keyingi oylar uchun tasdiqlanadi. Bunda ikkinchi yarim yillik davrda ishlab chiqarish uchun litsenziya olgan korxonalarga nisbatan ishlab chiqarish quvvatidan foydalanish rejasi bajarilmaganda moliyaviy jarima qoʻllanilmaydi.
Keyingi ishlab chiqarish yili uchun ishlab chiqarish quvvatidan foydalanish rejasi ushbu qarorda nazarda tutilgan tartibda amalga oshiriladi.
8. Korxonalar tomonidan yillik ishlab chiqarishni rejalashtirishda:
aroq, shuningdek, isteʼmol etil spirtidan aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarishda mavjud ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi 60 foizdan;
faqat likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarishda mavjud ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi 50 foizdan kam boʻlmasligi lozim.
Misol uchun korxonaning aroq, shuningdek, isteʼmol etil spirtidan aroq va likyor-aroq mahsulotlarini yillik ishlab chiqarish quvvati 500 ming dekalitrni tashkil etganda, shundan 60 foizi 300 ming dekalitrga toʻgʻri keladi.
Agarda korxonaning ishlab chiqarish quvvati 300 ming dekalitrni tashkil etganda, uning 60 foizi 180 ming dekalitrga toʻgʻri keladi, lekin bu holatda korxona ishlab chiqarish quvvati absolyut alkogolga qayta hisoblaganda 100 ming dekalitrdan, yaʼni 250 ming dekalitr tayyor mahsulotdan kam boʻlmagan holda ishlab chiqarilishi lozim.
9. Ishlab chiqarish rejasi tasdiqlangandan soʻng ishlab chiqarish obyektining pasportida koʻrsatilgan asosiy texnologik uskunalarning yillik ishlab chiqarish quvvatini kamaytirish orqali oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Ishlab chiqarish obyektining pasportida koʻrsatilgan asosiy texnologik uskunalarning yillik ishlab chiqarish quvvati keyingi yil uchun ishlab chiqarish rejasini tasdiqlash vaqtida vakolatli davlat organi bilan kelishilib, asoslantirilgan holda kamaytiriladi.
Bunda aroq, aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarishda mavjud yillik ishlab chiqarish quvvatini bir marotaba kamaytirishga ruxsat etiladi, lekin yillik ishlab chiqarish hajmi absolyut alkogolga qayta hisoblaganda, 100 ming dekalitrdan kam boʻlmasligi lozim.
10. Foydalanilmaydigan va (yoki) jismonan eskirgan texnologik uskunalar hisobidan yillik ishlab chiqarish quvvati kamaytirilganda vakolatli davlat organi tomonidan korxona vakillari ishtirokida mazkur asosiy texnologik uskunalar plombalanadi.
11. Ishlab chiqarish jarayonlaridagi yoʻqotishlar meʼyori vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadigan yoʻriqnomada belgilanadi.
12. Korxonalar tomonidan ishlab chiqarish huquqini beruvchi litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish yoki tugatish haqida qaror qabul qilinganda, uning asosliligi hamda bunga sabab boʻlgan omillar vakolatli davlat organi tomonidan oʻrganiladi, korxonalar bilan hamkorlikda ishlab chiqarishni tiklashga qaratilgan choralar belgilanadi.
3-bob. Yillik ishlab chiqarish quvvatlarini hisoblash
13. Yillik ishlab chiqarish quvvatlari aroq va likyor-aroq mahsulotlari uchun alohida hisoblanadi.
Bunda mahsulotni tayyorlash va quyish sexlarining quvvatlari oʻzaro solishtiriladi hamda yillik ishlab chiqarish quvvati kichik quvvat boʻyicha hisoblanadi.
14. Bitta quyish liniyasida aroq va likyor-aroq mahsuloti ishlab chiqarilsa, har bir tur boʻyicha ishlab chiqarish quvvatlarini hisoblashda tegishli mahsulot turini ishlab chiqarish uchun quyish liniyasini ishlatish kuni koʻrsatiladi.
15. Aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarish uchun yillik ishlab chiqarish quvvatini hisoblashda quyidagi asosiy texnologik uskunalarning quvvatlaridan foydalaniladi:
aroq mahsulotlarini ishlab chiqarish uchun koʻmirli-tozalash batareyalari yoki shunga oʻxshash funksiyani bajaradigan boshqa texnologik uskunalar (keyingi oʻrinlarda — koʻmir batareyalari va boshqa uskunalar);
sigʻimlar (likyor-aroq mahsuloti ishlab chiqarish uchun);
quyish liniyalari.
16. Aroq mahsulotlarini ishlab chiqarishda koʻmir batareyalari va boshqa uskunalarning yillik ishlab chiqarish quvvati quyidagi formula boʻyicha hisoblanadi:
W n = (A 1 x n 1 +…. + A n x n k )*24* T/K q/h
bunda,
W n — uskunaning quvvati, yiliga dekalitr;
A — koʻmir batareyalari va boshqa uskunalarning vaqt birligidagi unumdorligi (bunda uskunaning foydalanish yoʻriqnomasiga muvofiq qabul qilinadi), soatiga dekalitr;
n — koʻmir batareyalari va boshqa uskunalar soni, dona;
24 — koʻmir batareyalarining sutkada ishlash soati;
T — yillik uskunalar ishlagan kunlar soni, kamida 343 kun;
K q/h — yarim tayyor mahsulotni tayyor mahsulotga aylantirish koeffitsiyenti.
Misol uchun, yillik ishlab chiqarish quvvatini hisob-kitob qilishda, korxonaning soatiga 35 dekalitr quvvatda ishlaydigan 2 ta koʻmir batareyalari mavjud, ular uzluksiz bir sutkada 24 soat, bir yilda 343 sutka (profilaktika uchun toʻxtashlar va xomashyoda uzilishlarni inobatga olib, bir yilda oʻrtacha 343 ish kuni hisoblanmoqda) ishlaganda va yarim tayyor mahsulotni tayyor mahsulotga aylantirish koeffitsiyenti 1,009 deb olinganda:
W n = (35*2)*24*343/1,009 = 571,0 ming dal yillik ishlab chiqarish quvvati hisoblandi.
Bunda A=35, n=2, 24 — sutkada ishlash soati, T=343, K q/h =1,009.
17. Likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarishda sigʻimlarning yillik quvvati quyidagi formula boʻyicha hisoblanadi:
W V = (V 1 * n 1 +…. + V n * n n ) * K * b/K q/h
bunda:
W V — sigʻimning yillik quvvati, dekalitr;
V n — likyor-aroq mahsulotlarini tayyorlashda foydalaniladigan sigʻimning quvvati (bunda sigʻimning pasportida belgilangan talablarga muvofiq qabul qilinadi), dekalitr;
n n — likyor-aroq mahsulotlarini tayyorlashda foydalaniladigan sigʻimlar soni, dona;
K — sigʻimni toʻldirish koeffitsiyenti — sigʻimning hajmi maʼlum bir texnologik operatsiyani bajarishda quyilgan yarim tayyor mahsulot hajmiga nisbati (bunda sigʻimning pasportida belgilangan talablarga muvofiq qabul qilinadi);
b — texnologik sikllar soni;
K q/h — yarim tayyor mahsulotni tayyor mahsulotga aylantirish koeffitsiyenti.
Misol uchun, likyor-aroq mahsulotini tayyorlash uchun har xil hajmdagi 10 dona sigʻim mavjud boʻlsa (5 ta 1 000 dekalitr, 3 ta 2 500 dal va 2 ta 5 000 ming dal hajmdagi), yil davomida 10 marotaba ushbu sigʻimlardan foydalanilib mahsulotlar tayyorlanganda, sigʻimni toʻldirish koeffitsiyenti 0,9 va yarim tayyor mahsulotni tayyor mahsulotga aylantirish koeffitsiyenti 1,009 deb olinganda:
W V = (1000*5+2500*3+5000*2)*0,9*10/1,009 = 200,5 ming dal likyor-aroq mahsuloti yillik ishlab chiqarish quvvati hisoblandi.
Bunda V 1 =1 000, n 1 =5, V 2 =2 500, n 2 =3, V 3 =5 000, n 3 =2, K=0.9, b=10, K q/h =1,009.
18. Aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarishda quyish liniyalarining quvvati quyidagi formula boʻyicha hisoblanadi:
W e = E * n * k * T * V 1 ,
bunda:
W e — quyish liniyasining yillik quvvati, dekalitr;
E — quyish liniyasining unumdorligi, qadoqlash (shisha) soatiga;
n — quyish liniyasining soni, dona;
k — kunlik quyish liniyalarining ish soatlari soni;
T — yillik uskunaning ishlash kunlari soni, 242 kundan kam boʻlmagan;
V 1 — isteʼmol idishining hajmi (butilka), dekalitr.
Misol uchun, korxonada har biri soatiga 2 000 dona isteʼmol idishiga quyish quvvatiga ega boʻlgan 4 ta liniya mavjud, bir ish kunida 7 soat, yiliga 242 kun ishlasa va isteʼmol idishining (butilka) hajmi 0,045 dal boʻlganda:
W e = 2000*4*7*242*0,045=609,8 ming dal quyish liniyalarining yillik ishlab chiqarish quvvati hisoblandi.
Bunda E=2 000; n=4; k=7; T=242; V 1 =0,045.
Quyish liniyalari quvvatini tayyor mahsulot ishlab chiqarishda eng past oʻrnatilgan quvvatga ega boʻlgan asosiy texnologik uskunalar turining quvvatidan foydalanilgan holda hisoblanadi.
19. Yarim tayyor mahsulotni tayyor mahsulotga aylantirish koeffitsiyenti quyidagi formula boʻyicha hisoblanadi:
K q/h = M yat /M tayyor
bunda
M yat — tayyor mahsulotni olish uchun zarur boʻlgan maʼlum texnologik operatsiyada yarim tayyor mahsulot hajmi, dekalitr;
M tayyor — belgilangan hajmdagi yarim tayyor mahsulotdan (bunda texnologik yoʻriqnoma (standart)ga muvofiq qabul qilinadi) olinishi mumkin boʻlgan tayyor mahsulot hajmi, dekalitr.
Misol uchun 1 000 dekalitr tayyor mahsulot ishlab chiqarilganda, ushbu mahsulotni tayyorlash jarayonida 1 009,3 dekalitr yarim tayyor mahsulot ishlatiladi. Yarim tayyor mahsulot va tayyor mahsulotlarning nisbati orqali koeffitsiyenti aniqlanadi (K q/h = 1009,3/1000 = 1,009).
4-bob. Yillik ishlab chiqarish quvvatidan foydalanishni monitoring qilish
20. Yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish boʻyicha vakolatli davlat organi tomonidan korxonalarning tasdiqlangan yillik ishlab chiqarish rejasiga muvofiq monitoring yuritiladi.
21. Monitoring vakolatli davlat organining axborot tizimlaridagi hamda korxonalar tomonidan taqdim etiladigan maʼlumotlar asosida yuritiladi.
22. Vakolatli davlat organi tomonidan ishlab chiqarish rejalari asosida yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanishni monitoring qilishda quyidagilar oʻrganiladi:
xarid qilingan, sarflangan va qoldiqda boʻlgan isteʼmol etil spirti hajmi;
ishlab chiqarilgan, realizatsiya qilingan va saqlanayotgan alkogol mahsulotlari hajmi;
ishlab chiqarishda foydalanilgan aksiz markalari va majburiy raqamli markirovka kodlari soni;
ishlab chiqarishda foydalanilgan ichimlik suvi va elektr energiyasi sarfi;
alkogol mahsulotlari realizatsiyasi boʻyicha toʻlangan soliqlar.
23. Yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanishning belgilangan koʻrsatkichini hisoblashda quyidagilar inobatga olinadi:
muhandislik-kommunikatsiya va energetika infratuzilmasidagi uzilishlar hisobidan ishlab chiqarish hajmining kamayishi;
ichki va tashqi bozor talabi boʻyicha ishlab chiqarilgan mahsulotlar savdosining keskin tushib ketishi natijasida ishlab chiqarish surʼatiga taʼsiri. Bunda ichki bozor talabini oʻrganish orqali ishlab chiqarish surʼatini oshirish, mahsulotlarni sotish uchun bozorlarni izlash va oʻzlashtirish boʻyicha marketing choralari koʻrganligi asoslanishi lozim;
ishlab chiqarish texnologik uskunalarida yuzaga kelgan texnik nosozliklar tufayli ishlab chiqarishdagi uzilishlar. Bunda texnik nosozliklar tufayli ishlab chiqarishdagi uzilishlar uch kun muddatdan oshganda, vakolatli davlat organi xabardor qilinadi hamda joyiga chiqqan holda asosiy sabablar oʻrganiladi.
Korxona ishlab chiqarish texnologik uskunalarida yuzaga kelgan texnik nosozliklar tufayli ishlab chiqarishdagi uzilishlar haqida vakolatli davlat organini xabardor qilmasa, yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanishning belgilangan koʻrsatkichini hisoblashda yuqoridagi holat inobatga olinmaydi.
24. Korxonalar tomonidan rejalashtirilgan yilda ishlab chiqarish huquqini beruvchi litsenziyaning amal qilishini vaqtincha toʻxtatib, qayta tiklaganda yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanishning belgilangan koʻrsatkichi toʻxtatilgan kunlardan chegirilgan holda hisoblanadi.
25. Vakolatli davlat organi monitoring natijasi boʻyicha korxonalar tomonidan ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi bajarilishini har yarim yil yakuni boʻyicha hisob-kitob qiladi.
Misol uchun, korxonaning yillik ishlab chiqarish quvvati 1 000 dekalitrni, tasdiqlangan oyma-oy ishlab chiqarish rejasiga muvofiq birinchi yarim yillik uchun 400 dekalitr, ikkinchi yarim yillik uchun 600 dekalitr ishlab chiqarish rejalashtirilgan boʻlsa, ushbu reja boʻyicha hisob-kitob qilinadi.
26. Korxonada yillik ishlab chiqarish rejasini tasdiqlashda, ishlab chiqarish quvvatidan foydalanish koʻrsatkichining birinchi va ikkinchi yarim yillikda bajarilishi mustaqil belgilanadi.
Bunda quvvatdan foydalanish koʻrsatkichi teng ulushlarda yoki oʻz imkoniyatlaridan kelib chiqib, ishlab chiqarishning yuqori ulushi birinchi yarim yillikda yoki ikkinchi yarim yillikda belgilanishi mumkin.
Biroq, aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi 60 foizdan, likyor-aroq ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi 50 foizdan kam boʻlmasligi lozim.
27. Yillik ishlab chiqarish rejasida ishlab chiqarish quvvatlaridan toʻliq (100 foiz) foydalanish belgilangan, lekin tasdiqlangan reja koʻrsatkichi bajarilmagan taqdirda, vakolatli davlat organi tomonidan rejalashtirilgan va haqiqatda bajarilgan hajm boʻyicha hisob-kitob qilinadi.
28. Ishlab chiqarish quvvatlaridan 60 foiz (likyor-aroqda 50 foiz) koʻrsatkichda bajarilishi hisob-kitobi quyidagi formulada amalga oshiriladi:
W y/q *60 % = Y 1 *60 % + Y 2 *60 %
bunda:
W y/q — korxona pasportida belgilangan yillik ishlab chiqarish quvvati;
Y 1 — birinchi yarim yillikda ishlab chiqarish;
Y 2 — ikkinchi yarim yillikda ishlab chiqarish.
Misol uchun, yillik ishlab chiqarish quvvati 1 000 dekalitr boʻlsa, birinchi yarim yil uchun 400 dekalitr, ikkinchi yarim yilda 600 dekalitr ishlab chiqarish quvvatlariga boʻlinganda:
birinchi yarim yillik uchun — 400 dekalitr * 60 foiz = 240 dekalitr;
ikkinchi yarim yillik uchun — 600 dekalitr * 60 foiz = 360 dekalitr miqdorida ishlab chiqarilishi lozim.
Natijada ularning yigʻindisi yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichining 60 foizida, yaʼni 1000 dekalitr * 60 foiz = 600 dekalitr miqdoriga teng boʻladi.
29. Korxonalar tomonidan dastlabki yarim yil yakuni boʻyicha aroq, shuningdek, isteʼmol etil spirtidan aroq va likyor-aroq mahsulotlarini ishlab chiqarishda mavjud ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi 60 foizdan kam boʻlganda, belgilangan 60 foizning bajarilmagan qismiga aksiz soligʻi summasining 50 foizi miqdorida jarima qoʻllanadi.
Agarda keyingi yarim yil yakunlarida tasdiqlangan yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish rejasi toʻliq bajarilganda hamda aksiz soligʻi toʻliq toʻlanganda, undirilgan moliyaviy jarima summalari qaytariladi.
Agarda ikkinchi yarim yil yakunlarida ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi 60 foizdan ortiq bajarilganda, ortiqcha bajarilgan qismi birinchi yarim yil yakunlarida bajarilmagan qismiga qoʻshib hisobga olinadi hamda undirilgan moliyaviy jarima summasi bajarilgan qismiga nisbatan mutanosib ravishda qaytariladi.
30. Ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi bajarilmagani uchun qoʻllanadigan jarima quyidagi formula boʻyicha hisoblanadi:
∑ jarima = (W Y/Y *60 % — F Y/Y )*V*10*aksiz soliq *50 %
bunda:
W Y/Y — korxona tomonidan tasdiqlangan rejaning yarim yillik koʻrsatkichi, dekalitr;
F Y/Y — haqiqatda ishlab chiqarilgan hajm, dekalitr;
V — mahsulotning tarkibidagi etil spirti hajmi (quvvati);
10 — dekalitrdan litrga aylantirish uchun qoʻllanadigan birlik;
aksiz soligʻi — 1 litr absolyut alkogoldagi mahsulot uchun qonunchilikda belgilangan soliq miqdori.
Misol uchun, ishlab chiqaruvchining yarim yillik ishlab chiqarish quvvati 400 dekalitr, belgilangan quvvatning 60 foizi 240 dekalitrni tashkil etadi.
Agarda korxona yarim yilda haqiqatda 200 dekalitr mahsulot ishlab chiqargan boʻlsa, unga nisbatan aksiz soligʻining 50 foizi miqdorida jarima quyidagicha hisoblanadi:
∑ jarima = (400*60%-200) * 0,4*10*40000 soʻm * 50% = 3 200 000 soʻm.
Bunda W Y/Y =400, F Y/Y =200, V=0.4, 10 — dekalitrni litrga aylantirish uchun qoʻllanilgan birlik, 40 000 soʻm — 1 litr absolyut alkogol uchun aksiz soligʻi, 50% — jarima miqdori.
31. Ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi bajarilmagani uchun qoʻllanadigan jarima ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida vakolatli davlat organi tomonidan qoʻllanadi.
32. Undirilgan jarima summasi vakolatli davlat organining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga oʻtkaziladi hamda belgilangan ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish koʻrsatkichi bajarilganda qaytariladi.
33. Jarima qoʻllashga doir bayonnoma bajarish uchun ishlab chiqaruvchi korxonaga quyidagi tartibda taqdim etiladi:
elektron shaklda shaxsiy kabinetiga yuboriladi va bayonnoma korxona tomonidan tanishib chiqilganidan keyin, biroq bayonnoma joʻnatilgan sanadan eʼtiboran uch kundan kechiktirmay olingan deb hisoblanadi;
buyurtma xat asosida pochta orqali yuboriladi va joʻnatilganidan soʻng besh kundan keyin olingan deb hisoblanadi;
korxona rahbariga shaxsan sana koʻrsatilgan holda imzo qoʻydirib topshirilishi mumkin.
34. Qoʻllangan jarima summasi besh ish kuni mobaynida toʻlanmagan taqdirda, sud tartibida undiriladi. Jarima qoʻllash haqidagi qaror ustidan sud tartibida shikoyat qilinishi mumkin.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
35. Nizom talablarini qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
36. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Yillik ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanishni rejalashtirish, monitoring yuritish hamda huquqiy taʼsir chorasini qoʻllash tadbirlari
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddat 1-bosqich Ishlab chiqaruvchi korxona Yillik ishlab chiqarishni rejalashtirish, tasdiqlash va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasiga (keyingi oʻrinlarda — vakolatli davlat organi) taqdim etish Dekabr oyining 20-sanasi 2-bosqich Vakolatli davlat organi Ishlab chiqarish rejasi asosida monitoring yuritish Doimiy 3-bosqich Vakolatli davlat organi Ishlab chiqarish quvvatidan foydalanishni hisob-kitob qilish Har yarim yil yakunida 4-bosqich Vakolatli davlat organi Belgilangan ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanmaganlik uchun jarima qoʻllash uchun bayonnoma rasmiylashtirish Aniqlangan holatlarda 5-bosqich Vakolatli davlat organi Jarima qoʻllash haqidagi bayonnomani yuborish Ikki ish kunida 6-bosqich Ishlab chiqaruvchi korxona Jarima summasini vakolatli davlat organining hisobvaraqlariga oʻtkazish Besh ish kuni mobaynida 7-bosqich Vakolatli davlat organi Toʻlangan jarima summasini korxonaning hisobvaraqlariga qaytarish Sud qarorida belgilangan muddatda yoki korxonaning murojaati asosida besh ish kuni mobaynida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 14-iyul,
434-son