📅 2025-yil 14-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 14-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 14 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАСТУРИ
Республикада мойли экинлар етиштиришни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Республикада мойли экинлар майдони ва ҳосилдорлигини ошириш орқали ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос, серҳосил, мойдорлиги юқори, шўр ва қурғоқчиликка бардошли мойли экинларнинг нав ва дурагайларини яратиш ҳамда бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг республика ҳудудларида мойли экинлар уруғликларини етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар тўғрисидаги таклифлари 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
2. Белгилансинки:
а) ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган майдонларнинг 5 фоизигача алмашлаб экиш тизимида мойли экинлар экилишига рухсат берилади ҳамда мойли экинлар бир далада 2 йилдан ортиқ экилишига йўл қўйилмайди;
б) кунгабоқар экинининг тупроқ унумдорлигига таъсирини инобатга олиб, асосий ва такрорий майдонларга экилган кунгабоқар экинидан кейин сидерат (рапс, хантал, жавдар, тритикале ва бошқалар) экинларини экиш ва тупроқ остига шудгор қилиш амалиёти қўлланилади;
в) Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги асосий ва такрорий майдонларга экилган кунгабоқар экинидан кейин сидерат (рапс, хантал, жавдар, тритикале ва бошқалар) экинлари экишни космик тасвирлар орқали мониторинг қилиб боради;
г) қайта ишловчи ёғ-мой корхоналари билан маҳсулот етиштирувчи субъектлар ўртасида мойли экинлар ҳосилини харид қилиш бўйича шартномалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агропортали» ахборот тизими орқали тузилади.
Бунда шартномаларга асосан фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларига мойли экинлар ҳосилини етиштириш ва харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 15 декабрдаги ПҚ-52-сон қарорида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили 15 февралга қадар мойли экинлар етиштирувчи субъектларнинг таклифлари асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, экиладиган мойли экинларнинг тури ва миқдори бўйича маълумотларни туманлар (Қувасой шаҳар) кесимида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
2026 йил ҳосилидан бошлаб, мойли экинлар етиштириладиган майдонларнинг аниқ ҳисоб-китобини юритсин ва ушбу экин майдонларининг 500 гектарида илмий асосланган алмашлаб экиш тизимини жорий қилсин;
ҳар йили февраль ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида «E-urugʻ» ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 18 мартдаги 166-сон қарорида белгиланган тартибда мойли экинлар уруғликларини етиштиришга ихтисослашган 57 та туманда ва Қувасой шаҳарда мойли экинлар уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасида танловлар ўтказсин;
ҳар йили май ойида мойли экинлар уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлган қишлоқ хўжалиги субъектларининг экин майдонларида маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан шартнома асосида мойли экинлар навлари ва дурагайларининг 50 тонна юқори авлодли уруғликлари етиштирилишини йўлга қўйсин;
ҳар йили август ойида соҳанинг олим ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ва лалми ерларда замонавий агротехнологиялар асосида мойли экинлар етиштириш, уларни қайта ишлаш, экспорт қилиш бўйича семинар-тренинглар, шунингдек, мойли экинларнинг уруғчилик тизими ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ишларини ташкил этсин;
уруғлик майдонларидан келгуси йил ҳосили учун белгиланган тартибда мойли экинлар уруғликлари жамғарилишини ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлган уруғликларни маҳсулот етиштирувчи субъектларга етказиб берилишини таъминласин;
сув таъминоти оғир бўлган ва лалми ерларда мойли экинларни тупроққа «ноль» ишлов бериш (No-Till) технологияси асосида етиштириш бўйича илмий-тадқиқотларни олиб борсин.
5. Республикада мойли экинлар етиштиришни ривожлантириш бўйича 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти Мойли ва толали экинлар илмий-тажриба станциясининг (кейинги ўринларда — Станция) 61 гектар ер майдонида ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази таркибидаги илмий муассасаларнинг ер майдонларида мойли экинлар уруғликларини етиштиришга ихтисослашган туманларга шартнома асосида ҳар йили мойли экинларнинг камида 50 тонна суперэлита авлодли уруғликларини етказиб беришни йўлга қўйсин;
2026 йил якунига қадар Станциянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, лабораторияларни янги замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш, уруғликларни тозалаш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш учун турли манбалардан инвестицияларни ҳамда халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб илм-фан ютуқлари асосида республикамизда мойли экинлар етиштиришни янада ривожлантириш мақсадида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида:
турли тупроқ-иқлим шароитларига мос, серҳосил, дони тўкилмайдиган, юқори мойдорликка ва истеъмол сифатига эга бўлган, шўрга, қурғоқчиликка ҳамда касаллик ва зараркунандаларга бардошли мойли экинларнинг маҳаллий навларини яратиш ва бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш;
етакчи хорижий давлатлар тажрибалари, илғор илм-фан ютуқлари асосида мойли экинлар етиштириш бўйича мақсадли фундаментал, амалий ва инновация лойиҳаларининг молиялаштириб борилишини ташкил этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мойли экинлар етиштирувчиларни давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 438-сон қарорига 1-ИЛОВА
Республика ҳудудларида мойли экинлар уруғликларини етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар (Қувасой шаҳар)
Т/р Туманлар (шаҳар) номи Экин тури суғориладиган ерларда лалми ерларда Қорақалпоғистон Республикаси 1. Қонликўл кунгабоқар кунжут 2. Шуманай кунгабоқар кунжут 3. Элликқалъа кунгабоқар кунжут 4. Чимбой кунгабоқар кунжут соя 5. Қораўзак кунгабоқар кунжут 6. Қўнғирот кунгабоқар кунжут Андижон вилояти 1. Балиқчи кунгабоқар соя 2. Избоскан кунгабоқар соя 3. Марҳамат кунгабоқар соя 4. Пахтаобод кунгабоқар соя Бухоро вилояти 1. Вобкент кунгабоқар соя 2. Когон кунгабоқар соя 3. Ғиждувон кунгабоқар соя 4. Бухоро кунгабоқар соя Жиззах вилояти 1. Ш. Рашидов соя зиғир махсар 2. Бахмал соя зиғир махсар 3. Ғаллаорол соя зиғир махсар 4. Зафаробод кунгабоқар соя 5. Арнасой кунгабоқар кунжут соя 6. Дўстлик кунгабоқар 7. Зомин махсар Қашқадарё вилояти 1. Қарши кунгабоқар кунжут соя 2. Яккабоғ кунгабоқар соя зиғир 3. Кўкдала кунгабоқар кунжут соя зиғир 4. Китоб соя махсар 5. Шаҳрисабз кунгабоқар соя зиғир Навоий вилояти 1. Кармана кунгабоқар соя 2. Қизилтепа кунгабоқар кунжут соя 3. Навбаҳор кунгабоқар соя Наманган вилояти 1. Мингбулоқ кунгабоқар соя 2. Косонсой кунгабоқар соя 3. Поп кунгабоқар соя 4. Учқўрғон кунгабоқар соя 5. Чортоқ кунгабоқар соя 6. Чуст кунгабоқар соя Самарқанд вилояти 1. Булунғур кунгабоқар соя 2. Нуробод соя махсар 3. Жомбой кунгабоқар соя 4. Нарпай кунгабоқар соя Сурхондарё вилояти 1. Жарқўрғон кунгабоқар соя 2. Қумқўрғон кунгабоқар соя 3. Музработ кунгабоқар соя 4. Сариосиё кунгабоқар зиғир махсар Сирдарё вилояти 1. Боёвут кунгабоқар соя 2. Сардоба кунгабоқар кунжут соя 3. Сайхунобод кунгабоқар соя Тошкент вилояти 1. Бекобод кунгабоқар соя 2. Бўка кунгабоқар соя 3. Ўрта Чирчиқ соя 4. Оҳангарон кунгабоқар соя зиғир махсар 5. Янгийўл кунгабоқар соя 6. Паркент соя зиғир Фарғона вилояти 1. Қувасой ш. кунгабоқар 2. Бешариқ кунгабоқар соя 3. Бағдод кунгабоқар соя 4. Ёзёвон кунгабоқар соя Хоразм вилояти 1. Урганч кунгабоқар кунжут соя 2. Шовот кунгабоқар соя
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 438-сон қарорига 2-ИЛОВА
Республикада мойли экинлар етиштиришни ривожлантириш бўйича 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар
Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Ижро муддати Молиялаштириш манбалари Масъуллар I. Мойли экинларни етиштириш бўйича ташкилий тадбирлар 1. Мойли экинлар майдонларининг рақамлаштирилган ҳолда ҳисобини юритиш. Мойли экинлар экиладиган майдонларни контурлар кесимида «CropAgro» ахборот тизимига жойлаштириш. Бунда мойли экинларни етиштирувчи ҳар бир фермер хўжалиги учун ажратиладиган экин майдонининг балл-бонитети юқорилиги ва сув билан таъминлангани инобатга олинади. Ҳар йили март ойида Бюджетдан ташқари хўжалик маблағлари ҳисобидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2. Мойли экинлар етиштирувчиларни моддий ресурслар билан таъминлаш. 1. Мойли экинларни жойлаштириш режаси асосида ҳар бир ҳудудда экин турларидан келиб чиқиб, талаб этиладиган уруғлар миқдорини ҳисоблаш. Ҳар йили март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси, тижорат банклари 2. Мойли экинлар экиш учун талаб этиладиган уруғликлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни сотиб олиш ҳамда фермер хўжаликларини аванс маблағлари билан таъминлаш мақсадида субъектларга имтиёзли кредитларни ажратиш. Ҳар йили апрель — июнь ойларида Тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 3. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ёғ-мой корхоналарига топширилган мойли хомашё учун фермер хўжаликлари билан якуний ҳисоб-китобларни амалга оширишни мониторинг қилиш. Ҳар йили ноябрь ойида Ёғ-мой корхоналари маблағлари ҳисобидан II. Мойли экинлар уруғчилик тизимини ташкил этиш 3. Мойли экинларнинг юқори авлодли уруғликларини етиштириш. 1. Уруғлик етиштирувчи талабгорлар рўйхатини шакллантириш ҳамда уруғчилик хўжаликлари билан илмий муассасалар ўртасида шартномалар тузиш. Ҳар йили март ойида Хўжаликлар маблағлари ҳисобидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2. Юқори авлодли уруғликлар экилган майдонларни хатловдан ўтказиш ва мониторинг қилиб бориш. Мавсум давомида 3. Уруғлик майдонларида дала апробация кўрикларини ўтказиш. Ҳар йили сентябрь ойида 4. Апробация кўриги натижалари бўйича яроқли деб топилган майдонларда уруғликларни жамғариш. Ҳар йили октябрь ойида 4. Мойли экинларни алмашлаб экиш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда сидерат экинлар уруғчилигини ташкил қилиш. 1. Минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос мойли экинларни илмий асосланган алмашлаб экиш дастурини ишлаб чиқиш. 2025 йил август Бюджетдан ташқари хўжалик маблағлари ҳисобидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2. Сидерат (рапс, хантал, жавдар, тритикале ва бошқалар) экинлар майдонини кенгайтириш учун илмий асосланган уруғчиликни йўлга қўйиш. 2026 йил давомида 5. Республикадаги асосий ва такрорий майдонларда кунгабоқар, соя ва кунжут экинларини илмий асосда кенгайтириш ҳамда бирламчи уруғчилигини ташкил этиш. 1. Кунгабоқар, соя ва кунжут экинларини экиш учун мос бўлган минтақаларни илмий асосда танлаш. 2. Кунгабоқарнинг маҳаллий «Жаҳонгир», «Дилбар», «Наврўз», соянинг «Нафис», «Орзу», «Тўмарис-60» ва кунжутнинг «Қора шаҳзода», «Тошкент-122» навларини етиштириш агротехнологиялари бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш ва жойларга етказиш. 2025 йил август Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари учун ажратиладиган маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 3. Кунгабоқарнинг «Жаҳонгир», «Дилбар», «Наврўз» ва кунжутнинг «Қора шаҳзода», «Тошкент-122» навларининг бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш. 2025 йил октябрь 4. Селекция дала-тажриба майдонларида кўргазмали дала майдонларини ташкил қилиш, фермер ва деҳқон хўжаликларига илмий-амалий семинарлар ўтказиш. 2025 йил июль — сентябрь 5. Хориж селекциясига мансуб, мойдорлиги юқори ва вегетация даври қисқа бўлган кунгабоқар, соя ҳамда дони тўкилмайдиган кунжут экинларининг нав ва намуналарини такрорий экин сифатида экиш учун маҳаллий шароитларга интродукция қилиш. 2025-2026 йилларда 6. Танлаб олинган нав ва намуналар асосида янги навлар яратиш учун селекция ишларини «speed breeding» усулида олиб бориш ва янги навларини яратиш. 2026-2027 йиллар давомида III. Суғориладиган ва лалми ерларда зиғир етиштиришни ривожлантириш 6. Хорижий давлатлар билан ҳамкорликда зиғир экинининг янги навларини яратиш. 1. Беларусь Республикасидаги «Институт льна» билан зиғир экинининг янги навларини яратиш ва инновацион етиштириш технологияларини жорий этиш бўйича илмий ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш. 2026 йил апрель Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари учун ажратиладиган маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2. Вегетация даври қисқа, қурғоқчиликка ва касалликларга чидамли зиғир экинининг нав ва намуналарини республика ҳудудига олиб кириш. 2026 йил апрель 3. Танлаб олинган зиғир экинининг нав ва намуналари учун кўргазмали майдончаларни ташкил қилиш. Мавсум давомида 4. Халқаро илмий ҳамкорликда зиғир нав ва намуналарини интродукция қилиш. 2026-2027 йилларда 5. Ҳамкорликда стресс омилларига чидамли, ҳар бир минтақа шароитига мос бўлган янги навлар яратиш. 7. Зиғир экини уруғчилигини йўлга қўйиш. 1. Лалмикор майдонлар учун мойли зиғирнинг илмий асосланган бирламчи уруғчилигини ташкил қилиш ҳамда сараланган уруғлик тайёрлаш. 2026 йил март Бюджетдан ташқари хўжалик маблағлари ҳисобидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2. Фермер ва деҳқон хўжаликлари учун илмий-амалий семинарлар ташкил қилиш. 2026 йил май 3. Элита уруғчилик хўжаликлари билан ҳамкорликда уруғликларни кўпайтириш, сертификатланган уруғликларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. 2026 йил давомида 4. Зиғир экинидан кафолатли ҳосил олиш учун илмий асосланган тавсиянома ишлаб чиқиш ҳамда зиғир етиштирувчи хўжаликларига етказиб бериш. 2026 йил май
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 июль,
438-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
DASTURI
Respublikada moyli ekinlar yetishtirishni rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Respublikada moyli ekinlar maydoni va hosildorligini oshirish orqali oʻsimlik yogʻi ishlab chiqarish hajmini koʻpaytirish, hududlarning tuproq-iqlim sharoitlariga mos, serhosil, moydorligi yuqori, shoʻr va qurgʻoqchilikka bardoshli moyli ekinlarning nav va duragaylarini yaratish hamda birlamchi urugʻchiligini yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining respublika hududlarida moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtirishga ixtisoslashtiriladigan tumanlar toʻgʻrisidagi takliflari 1-ilovaga muvofiq maʼqullansin.
2. Belgilansinki:
a) hududlarning tuproq-iqlim sharoitidan kelib chiqqan holda, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan sugʻoriladigan maydonlarning 5 foizigacha almashlab ekish tizimida moyli ekinlar ekilishiga ruxsat beriladi hamda moyli ekinlar bir dalada 2 yildan ortiq ekilishiga yoʻl qoʻyilmaydi;
b) kungaboqar ekinining tuproq unumdorligiga taʼsirini inobatga olib, asosiy va takroriy maydonlarga ekilgan kungaboqar ekinidan keyin siderat (raps, xantal, javdar, tritikale va boshqalar) ekinlarini ekish va tuproq ostiga shudgor qilish amaliyoti qoʻllaniladi;
v) Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi asosiy va takroriy maydonlarga ekilgan kungaboqar ekinidan keyin siderat (raps, xantal, javdar, tritikale va boshqalar) ekinlari ekishni kosmik tasvirlar orqali monitoring qilib boradi;
g) qayta ishlovchi yogʻ-moy korxonalari bilan mahsulot yetishtiruvchi subyektlar oʻrtasida moyli ekinlar hosilini xarid qilish boʻyicha shartnomalar Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Agroportali” axborot tizimi orqali tuziladi.
Bunda shartnomalarga asosan fermer va dehqon xoʻjaliklari hamda boshqa qishloq xoʻjaligi subyektlariga moyli ekinlar hosilini yetishtirish va xarid qilish xarajatlarini moliyalashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Meva-sabzavotchilik sohasini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash, tarmoqda klaster va kooperatsiya tizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 15-dekabrdagi PQ-52-son qarorida belgilangan shartlarda imtiyozli kreditlar ajratiladi.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari har yili 15-fevralga qadar moyli ekinlar yetishtiruvchi subyektlarning takliflari asosida hududlarning tuproq-iqlim sharoitidan kelib chiqqan holda, ekiladigan moyli ekinlarning turi va miqdori boʻyicha maʼlumotlarni tumanlar (Quvasoy shahar) kesimida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga taqdim etib borsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Fanlar akademiyasi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda:
2026-yil hosilidan boshlab, moyli ekinlar yetishtiriladigan maydonlarning aniq hisob-kitobini yuritsin va ushbu ekin maydonlarining 500 gektarida ilmiy asoslangan almashlab ekish tizimini joriy qilsin;
har yili fevral oyida Vazirlar Mahkamasining “Qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻchiligi sohasida “E-urugʻ” axborot tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 18-martdagi 166-son qarorida belgilangan tartibda moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtirishga ixtisoslashgan 57 ta tumanda va Quvasoy shaharda moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtirish huquqiga ega boʻlish uchun fermer xoʻjaliklari hamda boshqa qishloq xoʻjaligi subyektlari oʻrtasida tanlovlar oʻtkazsin;
har yili may oyida moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtirish huquqiga ega boʻlgan qishloq xoʻjaligi subyektlarining ekin maydonlarida mahalliy va xorijiy hamkorlar bilan shartnoma asosida moyli ekinlar navlari va duragaylarining 50 tonna yuqori avlodli urugʻliklari yetishtirilishini yoʻlga qoʻysin;
har yili avgust oyida sohaning olim va mutaxassislarini jalb qilgan holda qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan sugʻoriladigan va lalmi yerlarda zamonaviy agrotexnologiyalar asosida moyli ekinlar yetishtirish, ularni qayta ishlash, eksport qilish boʻyicha seminar-treninglar, shuningdek, moyli ekinlarning urugʻchilik tizimi rivojlangan mamlakatlar tajribasini oʻrganish ishlarini tashkil etsin;
urugʻlik maydonlaridan kelgusi yil hosili uchun belgilangan tartibda moyli ekinlar urugʻliklari jamgʻarilishini hamda muvofiqlik sertifikatiga ega boʻlgan urugʻliklarni mahsulot yetishtiruvchi subyektlarga yetkazib berilishini taʼminlasin;
suv taʼminoti ogʻir boʻlgan va lalmi yerlarda moyli ekinlarni tuproqqa “nol” ishlov berish (No-Till) texnologiyasi asosida yetishtirish boʻyicha ilmiy-tadqiqotlarni olib borsin.
5. Respublikada moyli ekinlar yetishtirishni rivojlantirish boʻyicha 2025 — 2027-yillarga moʻljallangan kompleks chora-tadbirlar dasturi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:
Oʻsimliklar genetik resurslari ilmiy-tadqiqot instituti Moyli va tolali ekinlar ilmiy-tajriba stansiyasining (keyingi oʻrinlarda — Stansiya) 61 gektar yer maydonida hamda Qishloq xoʻjaligida bilim va innovatsiyalar milliy markazi tarkibidagi ilmiy muassasalarning yer maydonlarida moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtirishga ixtisoslashgan tumanlarga shartnoma asosida har yili moyli ekinlarning kamida 50 tonna superelita avlodli urugʻliklarini yetkazib berishni yoʻlga qoʻysin;
2026-yil yakuniga qadar Stansiyaning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, jumladan, laboratoriyalarni yangi zamonaviy texnologiyalar asosida jihozlash, urugʻliklarni tozalash, saralash va qadoqlash uskunalarini xarid qilish uchun turli manbalardan investitsiyalarni hamda xalqaro moliya institutlari mablagʻlarini jalb etish choralarini koʻrsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Fanlar akademiyasi bilan birgalikda 2025-yil sentabr oyidan boshlab ilm-fan yutuqlari asosida respublikamizda moyli ekinlar yetishtirishni yanada rivojlantirish maqsadida ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasida:
turli tuproq-iqlim sharoitlariga mos, serhosil, doni toʻkilmaydigan, yuqori moydorlikka va isteʼmol sifatiga ega boʻlgan, shoʻrga, qurgʻoqchilikka hamda kasallik va zararkunandalarga bardoshli moyli ekinlarning mahalliy navlarini yaratish va birlamchi urugʻchiligini yoʻlga qoʻyish;
yetakchi xorijiy davlatlar tajribalari, ilgʻor ilm-fan yutuqlari asosida moyli ekinlar yetishtirish boʻyicha maqsadli fundamental, amaliy va innovatsiya loyihalarining moliyalashtirib borilishini tashkil etsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda moyli ekinlar yetishtiruvchilarni davlat tomonidan qoʻshimcha qoʻllab-quvvatlash va ragʻbatlantirish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-iyuldagi 438-son qaroriga 1-ILOVA
Respublika hududlarida moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtirishga ixtisoslashtiriladigan tumanlar (Quvasoy shahar)
T/r Tumanlar (shahar) nomi Ekin turi sugʻoriladigan yerlarda lalmi yerlarda Qoraqalpogʻiston Respublikasi 1. Qonlikoʻl kungaboqar kunjut 2. Shumanay kungaboqar kunjut 3. Ellikqalʼa kungaboqar kunjut 4. Chimboy kungaboqar kunjut soya 5. Qoraoʻzak kungaboqar kunjut 6. Qoʻngʻirot kungaboqar kunjut Andijon viloyati 1. Baliqchi kungaboqar soya 2. Izboskan kungaboqar soya 3. Marhamat kungaboqar soya 4. Paxtaobod kungaboqar soya Buxoro viloyati 1. Vobkent kungaboqar soya 2. Kogon kungaboqar soya 3. Gʻijduvon kungaboqar soya 4. Buxoro kungaboqar soya Jizzax viloyati 1. Sh. Rashidov soya zigʻir maxsar 2. Baxmal soya zigʻir maxsar 3. Gʻallaorol soya zigʻir maxsar 4. Zafarobod kungaboqar soya 5. Arnasoy kungaboqar kunjut soya 6. Doʻstlik kungaboqar 7. Zomin maxsar Qashqadaryo viloyati 1. Qarshi kungaboqar kunjut soya 2. Yakkabogʻ kungaboqar soya zigʻir 3. Koʻkdala kungaboqar kunjut soya zigʻir 4. Kitob soya maxsar 5. Shahrisabz kungaboqar soya zigʻir Navoiy viloyati 1. Karmana kungaboqar soya 2. Qiziltepa kungaboqar kunjut soya 3. Navbahor kungaboqar soya Namangan viloyati 1. Mingbuloq kungaboqar soya 2. Kosonsoy kungaboqar soya 3. Pop kungaboqar soya 4. Uchqoʻrgʻon kungaboqar soya 5. Chortoq kungaboqar soya 6. Chust kungaboqar soya Samarqand viloyati 1. Bulungʻur kungaboqar soya 2. Nurobod soya maxsar 3. Jomboy kungaboqar soya 4. Narpay kungaboqar soya Surxondaryo viloyati 1. Jarqoʻrgʻon kungaboqar soya 2. Qumqoʻrgʻon kungaboqar soya 3. Muzrabot kungaboqar soya 4. Sariosiyo kungaboqar zigʻir maxsar Sirdaryo viloyati 1. Boyovut kungaboqar soya 2. Sardoba kungaboqar kunjut soya 3. Sayxunobod kungaboqar soya Toshkent viloyati 1. Bekobod kungaboqar soya 2. Boʻka kungaboqar soya 3. Oʻrta Chirchiq soya 4. Ohangaron kungaboqar soya zigʻir maxsar 5. Yangiyoʻl kungaboqar soya 6. Parkent soya zigʻir Fargʻona viloyati 1. Quvasoy sh. kungaboqar 2. Beshariq kungaboqar soya 3. Bagʻdod kungaboqar soya 4. Yozyovon kungaboqar soya Xorazm viloyati 1. Urganch kungaboqar kunjut soya 2. Shovot kungaboqar soya
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-iyuldagi 438-son qaroriga 2-ILOVA
Respublikada moyli ekinlar yetishtirishni rivojlantirish boʻyicha 2025 — 2027-yillarga moʻljallangan kompleks chora-tadbirlar
T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Ijro muddati Moliyalashtirish manbalari Masʼullar I. Moyli ekinlarni yetishtirish boʻyicha tashkiliy tadbirlar 1. Moyli ekinlar maydonlarining raqamlashtirilgan holda hisobini yuritish. Moyli ekinlar ekiladigan maydonlarni konturlar kesimida “CropAgro” axborot tizimiga joylashtirish. Bunda moyli ekinlarni yetishtiruvchi har bir fermer xoʻjaligi uchun ajratiladigan ekin maydonining ball-boniteti yuqoriligi va suv bilan taʼminlangani inobatga olinadi. Har yili mart oyida Budjetdan tashqari xoʻjalik mablagʻlari hisobidan Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 2. Moyli ekinlar yetishtiruvchilarni moddiy resurslar bilan taʼminlash. 1. Moyli ekinlarni joylashtirish rejasi asosida har bir hududda ekin turlaridan kelib chiqib, talab etiladigan urugʻlar miqdorini hisoblash. Har yili mart oyida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi, “Oʻzyogʻmoysanoat” uyushmasi, tijorat banklari 2. Moyli ekinlar ekish uchun talab etiladigan urugʻliklar, yonilgʻi-moylash materiallari va mineral oʻgʻitlarni sotib olish hamda fermer xoʻjaliklarini avans mablagʻlari bilan taʼminlash maqsadida subyektlarga imtiyozli kreditlarni ajratish. Har yili aprel — iyun oylarida Tijorat banklari kreditlari hisobidan 3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardagi yogʻ-moy korxonalariga topshirilgan moyli xomashyo uchun fermer xoʻjaliklari bilan yakuniy hisob-kitoblarni amalga oshirishni monitoring qilish. Har yili noyabr oyida Yogʻ-moy korxonalari mablagʻlari hisobidan II. Moyli ekinlar urugʻchilik tizimini tashkil etish 3. Moyli ekinlarning yuqori avlodli urugʻliklarini yetishtirish. 1. Urugʻlik yetishtiruvchi talabgorlar roʻyxatini shakllantirish hamda urugʻchilik xoʻjaliklari bilan ilmiy muassasalar oʻrtasida shartnomalar tuzish. Har yili mart oyida Xoʻjaliklar mablagʻlari hisobidan Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 2. Yuqori avlodli urugʻliklar ekilgan maydonlarni xatlovdan oʻtkazish va monitoring qilib borish. Mavsum davomida 3. Urugʻlik maydonlarida dala aprobatsiya koʻriklarini oʻtkazish. Har yili sentabr oyida 4. Aprobatsiya koʻrigi natijalari boʻyicha yaroqli deb topilgan maydonlarda urugʻliklarni jamgʻarish. Har yili oktabr oyida 4. Moyli ekinlarni almashlab ekish dasturini ishlab chiqish hamda siderat ekinlar urugʻchiligini tashkil qilish. 1. Mintaqalarning tuproq-iqlim sharoitlariga mos moyli ekinlarni ilmiy asoslangan almashlab ekish dasturini ishlab chiqish. 2025-yil avgust Budjetdan tashqari xoʻjalik mablagʻlari hisobidan Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 2. Siderat (raps, xantal, javdar, tritikale va boshqalar) ekinlar maydonini kengaytirish uchun ilmiy asoslangan urugʻchilikni yoʻlga qoʻyish. 2026-yil davomida 5. Respublikadagi asosiy va takroriy maydonlarda kungaboqar, soya va kunjut ekinlarini ilmiy asosda kengaytirish hamda birlamchi urugʻchiligini tashkil etish. 1. Kungaboqar, soya va kunjut ekinlarini ekish uchun mos boʻlgan mintaqalarni ilmiy asosda tanlash. 2. Kungaboqarning mahalliy “Jahongir”, “Dilbar”, “Navroʻz”, soyaning “Nafis”, “Orzu”, “Toʻmaris-60” va kunjutning “Qora shahzoda”, “Toshkent-122” navlarini yetishtirish agrotexnologiyalari boʻyicha tavsiyanomalar ishlab chiqish va joylarga yetkazish. 2025-yil avgust Ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari uchun ajratiladigan mablagʻlar Qishloq xoʻjaligi vazirligi 3. Kungaboqarning “Jahongir”, “Dilbar”, “Navroʻz” va kunjutning “Qora shahzoda”, “Toshkent-122” navlarining birlamchi urugʻchiligini yoʻlga qoʻyish. 2025-yil oktabr 4. Seleksiya dala-tajriba maydonlarida koʻrgazmali dala maydonlarini tashkil qilish, fermer va dehqon xoʻjaliklariga ilmiy-amaliy seminarlar oʻtkazish. 2025-yil iyul — sentabr 5. Xorij seleksiyasiga mansub, moydorligi yuqori va vegetatsiya davri qisqa boʻlgan kungaboqar, soya hamda doni toʻkilmaydigan kunjut ekinlarining nav va namunalarini takroriy ekin sifatida ekish uchun mahalliy sharoitlarga introduksiya qilish. 2025-2026-yillarda 6. Tanlab olingan nav va namunalar asosida yangi navlar yaratish uchun seleksiya ishlarini “speed breeding” usulida olib borish va yangi navlarini yaratish. 2026-2027-yillar davomida III. Sugʻoriladigan va lalmi yerlarda zigʻir yetishtirishni rivojlantirish 6. Xorijiy davlatlar bilan hamkorlikda zigʻir ekinining yangi navlarini yaratish. 1. Belarus Respublikasidagi “Institut lna” bilan zigʻir ekinining yangi navlarini yaratish va innovatsion yetishtirish texnologiyalarini joriy etish boʻyicha ilmiy hamkorlik ishlarini yoʻlga qoʻyish. 2026-yil aprel Ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari uchun ajratiladigan mablagʻlar Qishloq xoʻjaligi vazirligi 2. Vegetatsiya davri qisqa, qurgʻoqchilikka va kasalliklarga chidamli zigʻir ekinining nav va namunalarini respublika hududiga olib kirish. 2026-yil aprel 3. Tanlab olingan zigʻir ekinining nav va namunalari uchun koʻrgazmali maydonchalarni tashkil qilish. Mavsum davomida 4. Xalqaro ilmiy hamkorlikda zigʻir nav va namunalarini introduksiya qilish. 2026-2027-yillarda 5. Hamkorlikda stress omillariga chidamli, har bir mintaqa sharoitiga mos boʻlgan yangi navlar yaratish. 7. Zigʻir ekini urugʻchiligini yoʻlga qoʻyish. 1. Lalmikor maydonlar uchun moyli zigʻirning ilmiy asoslangan birlamchi urugʻchiligini tashkil qilish hamda saralangan urugʻlik tayyorlash. 2026-yil mart Budjetdan tashqari xoʻjalik mablagʻlari hisobidan Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 2. Fermer va dehqon xoʻjaliklari uchun ilmiy-amaliy seminarlar tashkil qilish. 2026-yil may 3. Elita urugʻchilik xoʻjaliklari bilan hamkorlikda urugʻliklarni koʻpaytirish, sertifikatlangan urugʻliklarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish. 2026-yil davomida 4. Zigʻir ekinidan kafolatli hosil olish uchun ilmiy asoslangan tavsiyanoma ishlab chiqish hamda zigʻir yetishtiruvchi xoʻjaliklariga yetkazib berish. 2026-yil may
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 14-iyul,
438-son