UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 16-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 16 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-17-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши ва ижтимоий мослашувига амалий кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-17-сон Фармони билан озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдоридаги бир марталик нафақа (кейинги ўринларда — нафақа) пулини уни тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўлаш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) нафақа тайинлаш учун мурожаат қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва нафақа тайинлаш «E-probatsiya» ахборот тизими орқали амалга оширилади;

б) нафақа туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан тайинланади ҳамда республика бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланади;

в) тайинланган нафақа «E-probatsiya» ахборот тизими орқали тақдим этилган маълумотлар асосида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) орқали тўланади. Бунда:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ҳар ойнинг 2-санасига қадар ўтган ойда тўланган нафақаларнинг умумий суммасидан кам бўлмаган миқдордаги маблағлар тўғридан-тўғри шартнома тузилган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот (кейинги ўринларда — тижорат банки) ҳисобварағига ўтказиб берилади;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг мурожаатига асосан «Ягона реестр» АТ орқали электрон юборилган тўлов қайдномаларига мувофиқ нафақа тижорат банки томонидан нақд пул шаклида тўланади ёки уларда мавжуд банк карталарига ўтказиб берилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агентлик билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар «E-probatsiya» ахборот тизими «Ягона реестр» АТга интеграция қилинишини ҳамда «E-probatsiya» ахборот тизими орқали нафақа тайинлаш бўйича мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва тайинлашнинг барча техник имкониятларини яратиш чораларини кўрсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бир ой муддатда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетлари параметрларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тўлаш мақсадлари учун 2025 йилда кўзда тутилган маблағлар Агентлик ҳудудий бошқармаларига ўтказиб берилишини, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу бандда назарда тутилган мақсадлар учун тегишли маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

6. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 июлдаги 318-Ф-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 июлдаги 444-сон қарорига ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа (кейинги ўринларда — нафақа) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

2. Нафақа Ўзбекистон Республикасидаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тайинланади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи — ўзига нисбатан нафақа тайинланишини сўраб мурожаат қилган жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахс;

ваколатли орган — туман (шаҳар) пробация бўлинмалари;

нафақа — қонунчиликка мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдорида тўланадиган бир марталик пул;

Агентлик — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

4. Нафақа тайинлаш учун мурожаат қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва нафақаларни тайинлаш «E-probatsiya» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

5. Нафақа туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан тайинланади ҳамда республика бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.

6. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга нафақа ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан тайинланади ва тўланади.

2-боб. Нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби

7. Ариза берувчи жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган кундан бошлаб бир ой ичида ўз хоҳишига кўра нафақа тайинланиши учун ваколатли органга шахсан мурожаат қилади.

8. Ваколатли органнинг ходими ариза берувчининг номидан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги аризани «E-probatsiya» ахборот тизимида электрон шаклда тўлдиради.

Ариза берувчидан аризада кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

9. Зарур маълумотлар аризага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон рақамли имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

10. Ваколатли орган бир иш куни мобайнида:

«E-probatsiya» ахборот тизимида ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тўғрисидаги маълумотларни «E-mahkum» ахборот тизимидан электрон ахборот алмашинуви орқали текширади;

ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тасдиқланган тақдирда, ариза берувчига «E-probatsiya» ахборот тизими орқали нафақа тайинлайди ва бу тўғрисидаги маълумотни нафақа тўлаш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) юборади;

ариза берувчини нафақа тайинлангани ва нафақани олиш учун мурожаат қилиши лозим бўлган тижорат банки тўғрисида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ аризада кўрсатилган мобил алоқа воситаси орқали хабардор қилади.

Нафақанинг миқдори ваколатли органга мурожаат этиш кунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

11. Қуйидаги ҳолларда нафақа тайинлаш рад этилади:

ариза берувчи томонидан нафақа тайинлаш бўйича ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган муддатда мурожаат қилинмаганда;

«E-mahkum» ахборот тизими орқали ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтагани ва озод қилингани тасдиқланмаганда;

жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахс вафот этган тақдирда.

Ушбу бандда белгиланмаган асослар бўйича нафақа тайинлашни рад этишга йўл қўйилмайди.

12. «Ягона реестр» АТда ариза берувчига нафақа тайинлангани тўғрисидаги маълумотлар келиб тушган вақтдан сўнг автоматик равишда тўлов қайдномаси шакллантирилади ва нафақа тўлаш учун тўғридан-тўғри шартнома тузилган тижорат банкига юборилади.

13. Агентлик ҳар ойнинг 2-санасига қадар ўтган ойда тўланган нафақаларнинг умумий суммасидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни тижорат банкининг ҳисобварағига ўтказиб беради.

14. Нафақа олувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни ёки жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисида белгиланган намунадаги маълумотномани кўрсатган ҳолда, унга нафақа тайинланган кундан бошлаб бир ой муддат ичида нафақани олиш учун тижорат банкининг исталган филиалига мурожаат қилиши мумкин.

Нафақа тайинланган шахс ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган муддатда нафақани олиш учун мурожаат қилмаган тақдирда ёки ушбу нафақа аввал тўлаб берилган бўлса, нафақа тўлаш рад этилади.

15. Тижорат банки нафақани олиш учун мурожаат қилган нафақа олувчининг нафақага бўлган ҳуқуқини «Ягона реестр» АТга электрон сўров юбориш орқали тасдиқлайди ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақани нафақа олувчининг хоҳишига кўра нақд пул шаклида ёки унга тегишли бўлган банк картаси пул ўтказиш орқали тўлайди.

16. Нафақа олувчиларга тижорат банки томонидан нафақани нақд пул шаклида тўлаб берганлик учун банк хизмат ҳақи миқдори тижорат банки ва Агентлик ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ, бироқ тўлаб берилган нафақа миқдорининг 0,1 фоизидан ошмаган миқдорда белгиланади.

17. Жорий ой мобайнида нафақа олувчилар томонидан талаб қилинмаган ва тижорат банкининг махсус ҳисобварақларидаги маблағлар жорий ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар ушбу Низом мақсадларига мувофиқ келгусида тўлаш учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтарилади.

18. Жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахс вафот этган тақдирда, унга нисбатан нафақа тайинланмайди ёки тайинланган нафақа тўланмайди.

3-боб. Якунловчи қоидалар

19. Ушбу Низомга мувофиқ ахборот тизимлари орқали юборилган нафақа тўлаш ҳуқуқини берадиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ваколатли органга юкланади.

20. Ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчилар ёки нафақа олувчи ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.

21. Ариза берувчи ёки нафақа олувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақани тайинлаш ва тўлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи Нафақа тайинлаш юзасидан ваколатли органга ўзи борган ҳолда мурожаат қилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган кундан бошлаб бир ой ичида 2-босқич Пробация бўлинмаси Ариза берувчининг номидан аризани «E-probatsiya» ахборот тизимида электрон шаклда тўлдириб, рўйхатга олади. Бунда: Ариза тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада 1. «E-probatsiya» ахборот тизимида ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тўғрисидаги маълумотларни «E-mahkum» ахборот тизимидан электрон ахборот алмашинуви орқали текширади. Бир иш куни ичида 2. Ариза берувчининг жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тасдиқланган тақдирда, ариза берувчига «E-probatsiya» ахборот тизими орқали нафақа тайинлайди ва бу тўғрисидаги маълумотни нафақани тўлаш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) юборади. 3. Ариза берувчини нафақа тайинлангани тўғрисида аризада кўрсатилган мобил алоқа воситасига орқали хабардор қилади. 3-босқич «Ягона реестр» АТ Ариза берувчига нафақа тайинлангани тўғрисидаги маълумотлар келиб тушган вақтдан сўнг тўлов қайдномасини шакллантиради ва нафақани тўлаш учун тижорат банкига юборади. Маълумотлар келиб тушган вақтдан сўнг автоматик равишда 4-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Нафақа тўлаш учун тегишли маблағларни тижорат банкининг махсус ҳисобварағига ўтказиб беради. Ҳар ойнинг 2-санасига қадар 5-босқич Нафақа олувчи Шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда, нафақа пулини олиш учун тижорат банкининг исталган филиалига мурожаат қилади. Нафақа тайинланган кундан бошлаб 1 ой ичида 6-босқич Тижорат банки Нафақани олиш учун мурожаат қилган нафақа олувчининг нафақага бўлган ҳуқуқини «Ягона реестр» АТга электрон сўров юбориш орқали тасдиқлайди ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақани тўлайди. Нафақани олиш учун мурожаат қилинган вақтдан бошлаб 10 дақиқа ичида Тўланмаган маблағларни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига қайтаради ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига маълумот тақдим этади. Тўлов амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

____________________ ____________________ (сана) (рақам) АРИЗА (Озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларга нафақа тайинлаш тўғрисида) 1. Ф.И.О. 2. Туғилган йили ва санаси 3. Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойи 4. Вақтинча яшаш жойи 5. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик гувоҳномаси, биометрик паспорти, ID карта) маълумотлари * 6. Телефон рақами

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 16 июль,

444-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.07.2025 й., 09/25/444/0624-сон; 19.12.2025 й., 09/25/796/1180-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga nafaqa tayinlash va toʻlash tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini ijtimoiy himoya qilish tizimini moliyalashtirish tartib-taomillarini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2025-yil 30-yanvardagi PF-17-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarning jamiyatda oʻz oʻrnini topishi va ijtimoiy moslashuviga amaliy koʻmaklashish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini ijtimoiy himoya qilish tizimini moliyalashtirish tartib-taomillarini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2025-yil 30-yanvardagi PF-17-son Farmoni bilan ozodlikdan mahrum etish joylaridan ozod qilingan shaxslarga bazaviy hisoblash miqdorining 6 baravari miqdoridagi bir martalik nafaqa (keyingi oʻrinlarda — nafaqa) pulini uni tayinlashning amaldagi tartibi saqlab qolingan holda, “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari orqali toʻlash belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bir martalik nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

a) nafaqa tayinlash uchun murojaat qilish, murojaatlarni koʻrib chiqish va nafaqa tayinlash “E-probatsiya” axborot tizimi orqali amalga oshiriladi;

b) nafaqa tuman (shahar) probatsiya boʻlinmalari tomonidan tayinlanadi hamda respublika budjetdan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan toʻlanadi;

v) tayinlangan nafaqa “E-probatsiya” axborot tizimi orqali taqdim etilgan maʼlumotlar asosida “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “Yagona reyestr” AT) orqali toʻlanadi. Bunda:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan har oyning 2-sanasiga qadar oʻtgan oyda toʻlangan nafaqalarning umumiy summasidan kam boʻlmagan miqdordagi mablagʻlar toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzilgan tijorat banki yoki boshqa ixtisoslashgan tashkilot (keyingi oʻrinlarda — tijorat banki) hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi;

jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarning murojaatiga asosan “Yagona reyestr” AT orqali elektron yuborilgan toʻlov qaydnomalariga muvofiq nafaqa tijorat banki tomonidan naqd pul shaklida toʻlanadi yoki ularda mavjud bank kartalariga oʻtkazib beriladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Agentlik bilan birgalikda 2025-yil 1-sentabrga qadar “E-probatsiya” axborot tizimi “Yagona reyestr” ATga integratsiya qilinishini hamda “E-probatsiya” axborot tizimi orqali nafaqa tayinlash boʻyicha murojaatlarni qabul qilish, koʻrib chiqish va tayinlashning barcha texnik imkoniyatlarini yaratish choralarini koʻrsin.

5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bir oy muddatda belgilangan tartibda Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahri budjetlari parametrlarida jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bir martalik nafaqa toʻlash maqsadlari uchun 2025-yilda koʻzda tutilgan mablagʻlar Agentlik hududiy boshqarmalariga oʻtkazib berilishini, 2026-yildan boshlab har yili ushbu bandda nazarda tutilgan maqsadlar uchun tegishli mablagʻlar Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutilishini taʼminlasin.

6. Vazirlar Mahkamasining 1996-yil 31-iyuldagi 318-F-son farmoyishi oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda ichki ishlar vaziri A.A. Tashpulatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 16-iyuldagi 444-son qaroriga ILOVA

Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bir martalik nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bir martalik nafaqa (keyingi oʻrinlarda — nafaqa) tayinlash va toʻlash tartibini belgilaydi.

2. Nafaqa Oʻzbekiston Respublikasidagi jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashaydigan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga tayinlanadi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ariza beruvchi — oʻziga nisbatan nafaqa tayinlanishini soʻrab murojaat qilgan jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingan shaxs;

vakolatli organ — tuman (shahar) probatsiya boʻlinmalari;

nafaqa — qonunchilikka muvofiq jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bazaviy hisoblash miqdorining 6 baravari miqdorida toʻlanadigan bir martalik pul;

Agentlik — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi.

4. Nafaqa tayinlash uchun murojaat qilish, murojaatlarni koʻrib chiqish va nafaqalarni tayinlash “E-probatsiya” axborot tizimi orqali amalga oshiriladi.

5. Nafaqa tuman (shahar) probatsiya boʻlinmalari tomonidan tayinlanadi hamda respublika budjet mablagʻlari hisobidan toʻlanadi.

6. Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga nafaqa ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxemaga asosan tayinlanadi va toʻlanadi.

2-bob. Nafaqani tayinlash va toʻlash tartibi

7. Ariza beruvchi jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingan kundan boshlab bir oy ichida oʻz xohishiga koʻra nafaqa tayinlanishi uchun vakolatli organga shaxsan murojaat qiladi.

8. Vakolatli organning xodimi ariza beruvchining nomidan ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi arizani “E-probatsiya” axborot tizimida elektron shaklda toʻldiradi.

Ariza beruvchidan arizada koʻrsatilmagan maʼlumotlarni hamda boshqa hujjatlarni talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

9. Zarur maʼlumotlar arizaga kiritilgandan soʻng ariza beruvchi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi va imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari (daktiloskopiya, elektron raqamli imzo, Mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlaydi.

10. Vakolatli organ bir ish kuni mobaynida:

“E-probatsiya” axborot tizimida ariza beruvchining jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “E-mahkum” axborot tizimidan elektron axborot almashinuvi orqali tekshiradi;

ariza beruvchining jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingani tasdiqlangan taqdirda, ariza beruvchiga “E-probatsiya” axborot tizimi orqali nafaqa tayinlaydi va bu toʻgʻrisidagi maʼlumotni nafaqa toʻlash uchun “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — “Yagona reyestr” AT) yuboradi;

ariza beruvchini nafaqa tayinlangani va nafaqani olish uchun murojaat qilishi lozim boʻlgan tijorat banki toʻgʻrisida ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq arizada koʻrsatilgan mobil aloqa vositasi orqali xabardor qiladi.

Nafaqaning miqdori vakolatli organga murojaat etish kunida belgilangan bazaviy hisoblash miqdoridan kelib chiqqan holda belgilanadi.

11. Quyidagi hollarda nafaqa tayinlash rad etiladi:

ariza beruvchi tomonidan nafaqa tayinlash boʻyicha ushbu Nizomning 7-bandida belgilangan muddatda murojaat qilinmaganda;

“E-mahkum” axborot tizimi orqali ariza beruvchining jazoni ijro etish muassasasida jazoni oʻtagani va ozod qilingani tasdiqlanmaganda;

jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingan shaxs vafot etgan taqdirda.

Ushbu bandda belgilanmagan asoslar boʻyicha nafaqa tayinlashni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

12. “Yagona reyestr” ATda ariza beruvchiga nafaqa tayinlangani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kelib tushgan vaqtdan soʻng avtomatik ravishda toʻlov qaydnomasi shakllantiriladi va nafaqa toʻlash uchun toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzilgan tijorat bankiga yuboriladi.

13. Agentlik har oyning 2-sanasiga qadar oʻtgan oyda toʻlangan nafaqalarning umumiy summasidan kam boʻlmagan miqdordagi mablagʻlarni tijorat bankining hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi.

14. Nafaqa oluvchi shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarni yoki jazoni oʻtab boʻlganlik yoki jazodan ozod qilinganlik toʻgʻrisida belgilangan namunadagi maʼlumotnomani koʻrsatgan holda, unga nafaqa tayinlangan kundan boshlab bir oy muddat ichida nafaqani olish uchun tijorat bankining istalgan filialiga murojaat qilishi mumkin.

Nafaqa tayinlangan shaxs ushbu bandning birinchi xatboshisida belgilangan muddatda nafaqani olish uchun murojaat qilmagan taqdirda yoki ushbu nafaqa avval toʻlab berilgan boʻlsa, nafaqa toʻlash rad etiladi.

15. Tijorat banki nafaqani olish uchun murojaat qilgan nafaqa oluvchining nafaqaga boʻlgan huquqini “Yagona reyestr” ATga elektron soʻrov yuborish orqali tasdiqlaydi hamda oldindan moliyalashtirilgan mablagʻlar hisobidan nafaqani nafaqa oluvchining xohishiga koʻra naqd pul shaklida yoki unga tegishli boʻlgan bank kartasi pul oʻtkazish orqali toʻlaydi.

16. Nafaqa oluvchilarga tijorat banki tomonidan nafaqani naqd pul shaklida toʻlab berganlik uchun bank xizmat haqi miqdori tijorat banki va Agentlik oʻrtasida tuziladigan shartnomaga muvofiq, biroq toʻlab berilgan nafaqa miqdorining 0,1 foizidan oshmagan miqdorda belgilanadi.

17. Joriy oy mobaynida nafaqa oluvchilar tomonidan talab qilinmagan va tijorat bankining maxsus hisobvaraqlaridagi mablagʻlar joriy oydan keyingi oyning 1-sanasiga qadar ushbu Nizom maqsadlariga muvofiq kelgusida toʻlash uchun Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetiga qaytariladi.

18. Jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingan shaxs vafot etgan taqdirda, unga nisbatan nafaqa tayinlanmaydi yoki tayinlangan nafaqa toʻlanmaydi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

19. Ushbu Nizomga muvofiq axborot tizimlari orqali yuborilgan nafaqa toʻlash huquqini beradigan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va haqqoniyligi uchun javobgarlik vakolatli organga yuklanadi.

20. Vakolatli organlar oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan ariza beruvchilar yoki nafaqa oluvchi haqidagi maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlashi kerak.

21. Ariza beruvchi yoki nafaqa oluvchi davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.

22. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bir martalik nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bir martalik nafaqani tayinlash va toʻlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi Nafaqa tayinlash yuzasidan vakolatli organga oʻzi borgan holda murojaat qiladi. Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan kundan boshlab bir oy ichida 2-bosqich Probatsiya boʻlinmasi Ariza beruvchining nomidan arizani “E-probatsiya” axborot tizimida elektron shaklda toʻldirib, roʻyxatga oladi. Bunda: Ariza toʻldirilgandan keyin 10 daqiqada 1. “E-probatsiya” axborot tizimida ariza beruvchining jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “E-mahkum” axborot tizimidan elektron axborot almashinuvi orqali tekshiradi. Bir ish kuni ichida 2. Ariza beruvchining jazoni ijro etish muassasasidan ozod qilingani tasdiqlangan taqdirda, ariza beruvchiga “E-probatsiya” axborot tizimi orqali nafaqa tayinlaydi va bu toʻgʻrisidagi maʼlumotni nafaqani toʻlash uchun “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — “Yagona reyestr” AT) yuboradi. 3. Ariza beruvchini nafaqa tayinlangani toʻgʻrisida arizada koʻrsatilgan mobil aloqa vositasiga orqali xabardor qiladi. 3-bosqich “Yagona reyestr” AT Ariza beruvchiga nafaqa tayinlangani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kelib tushgan vaqtdan soʻng toʻlov qaydnomasini shakllantiradi va nafaqani toʻlash uchun tijorat bankiga yuboradi. Maʼlumotlar kelib tushgan vaqtdan soʻng avtomatik ravishda 4-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi Nafaqa toʻlash uchun tegishli mablagʻlarni tijorat bankining maxsus hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi. Har oyning 2-sanasiga qadar 5-bosqich Nafaqa oluvchi Shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarni koʻrsatgan holda, nafaqa pulini olish uchun tijorat bankining istalgan filialiga murojaat qiladi. Nafaqa tayinlangan kundan boshlab 1 oy ichida 6-bosqich Tijorat banki Nafaqani olish uchun murojaat qilgan nafaqa oluvchining nafaqaga boʻlgan huquqini “Yagona reyestr” ATga elektron soʻrov yuborish orqali tasdiqlaydi hamda oldindan moliyalashtirilgan mablagʻlar hisobidan nafaqani toʻlaydi. Nafaqani olish uchun murojaat qilingan vaqtdan boshlab 10 daqiqa ichida Toʻlanmagan mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetiga qaytaradi va “Inson” ijtimoiy xizmatlar markaziga maʼlumot taqdim etadi. Toʻlov amalga oshirilgan oydan keyingi oyning 1-sanasiga qadar

Jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan shaxslarga bir martalik nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

____________________ ____________________ (sana) (raqam) ARIZA (Ozodlikdan mahrum etish tarzidagi jazoni ijro etish muassasalaridan ozod etilgan shaxslarga nafaqa tayinlash toʻgʻrisida) 1. F.I.O. 2. Tugʻilgan yili va sanasi 3. Yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan joyi 4. Vaqtincha yashash joyi 5. Shaxsni tasdiqlovchi hujjat (tugʻilganlik guvohnomasi, biometrik pasporti, ID karta) maʼlumotlari * 6. Telefon raqami

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 16-iyul,

444-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.07.2025-y., 09/25/444/0624-son; 19.12.2025-y., 09/25/796/1180-son; 06.05.2026-y., 09/26/224/0457-son)

lex.uz