UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 21-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 21 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенцияси (Женева, 1981 йил 22 июнь) нормаларини миллий қонунчиликка жорий (имплементация) қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ва такомиллаштириш тартиби;

меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш.

2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 июлдаги 454-сон қарорига ИЛОВА

Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Намунавий низом Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 359-моддаси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясига (Женева, 1981 йил 22 июнь) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, унинг фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ва такомиллаштириш тартибини белгилайди.

Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг мақсади меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларини самарали бажариш, хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқаришдан иборат.

2. Ушбу Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:

ички аудит — ташкилотда ММҚБ тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш жараёни;

касбга оид (касбий) хавф-хатар — зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири натижасида ходимнинг соғлиғи шикастланиши ёки меҳнат қобилияти йўқотилиши ёки вафот этиши эҳтимоли;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими (кейинги ўринларда — ММҚБ тизими) — маълум бир иш берувчининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги сиёсати ва мақсадларини белгиловчи, ўзаро боғлиқ ва бир-бирига таъсир кўрсатувчи элементлар комплекси ҳамда ушбу мақсадларга эришиш тартиби;

меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси — ходимлар учун хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири истисно қилинадиган меҳнат шароитлари ҳолати ҳамда уларнинг инсон саломатлиги ва функционал ҳолатига таъсирининг профилактикасига қаратилган чора-тадбирлар тизими;

меҳнат шароитлари — меҳнат фаолиятини амалга ошириш чоғидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омиллари йиғиндиси.

3. Ташкилотлар ушбу Намунавий низом асосида ММҚБ тизими тўғрисидаги низомини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Касбий таваккалчилиги ўнинчи даражасигача бўлган ташкилотлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ММҚБ тизимини соддалаштирилган шаклда ишлаб чиқиши мумкин.

4. Ташкилотнинг ММҚБ тизими тўғрисидаги низоми иш берувчи томонидан касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

5. Ташкилот ММҚБ тизимини ташкил этиш ва фаолият юритишни шартнома асосида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини жалб қилган ҳолда амалга ошириши мумкин.

2-боб. ММҚБ тизимини режалаштириш, унинг фаолият кўрсатишини ташкил этиш, ички аудитдан ўтказиш ҳамда ММҚБ тизимини такомиллаштириш тартиби

1-§. ММҚБ тизимини режалаштириш

6. ММҚБ тизимини режалаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

функция ва ваколатларни ташкилотнинг масъул мансабдор шахслари ўртасида тақсимлаш;

ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида сиёсатини ишлаб чиқиш;

ММҚБ тизимини ташкил этиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги харажатларни молиялаштириш;

ходимларни иш жойида касбга оид (касбий) хавф-хатарлар ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилишни белгилаш;

ММҚБ тизими фаолияти самарадорлигини назорат қилиш;

ММҚБ тизими тўғрисидаги низом ва ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги сиёсатини такомиллаштириб бориш.

7. Ташкилот ўзининг мақсад, вазифалари ва йўналишлари асосида меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги сиёсатини ишлаб чиқиши, бунда касбий таваккалчиликларнинг мавжудлигини ҳисобга олиши лозим.

2-§. ММҚБ тизимининг фаолият кўрсатишини ташкил этиш

8. ММҚБ тизимининг фаолият кўрсатиши қуйидагилардан иборат:

меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ходимларни тайёрлаш;

ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш;

иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш;

хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш;

ходимлар саломатлиги ҳолатини назорат қилиш;

ходимларни шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;

ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар бериш;

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш;

бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш;

касб касалликларининг олдини олиш;

пудратчи ташкилотлар томонидан ишларнинг бехатар бажарилиши устидан назорат қилиш.

9. ММҚБ тизими доирасида иш берувчи хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқаришни ташкил этади.

Бунда иш берувчи ушбу Намунавий низомга иловага мувофиқ хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартиби асосида амалга оширади.

10. Ташкилотнинг ММҚБ тизими тўғрисидаги низомда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш ва таъмирлаш ишларини меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига мувофиқ бехатар бажарилишини таъминлаш мақсадида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади.

3-§. ММҚБ тизимининг ички аудитдан ўтказиш

11. ММҚБ тизимининг ички аудитдан ўтказиш иш берувчининг қарорига биноан меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандис) томонидан амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

ташкилотда ММҚБ тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганиш;

ММҚБ тизимининг ишлаши сифатини, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга, даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича таклифлар ҳамда хулосалар ишлаб чиқиш.

12. Ташкилотда ички аудит бир йилда камида бир марта ўтказилади.

4-§. ММҚБ тизимини такомиллаштириш

13. Ташкилотда ММҚБ тизими ички аудит натижасида аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар асосида такомиллаштирилади.

Аниқланган номувофиқликлар юзасидан огоҳлантириш хабарномаси расмийлаштирилади ва ташкилотнинг таркибий бўлинмаларига тарқатилади.

Аниқланган номувофиқликларнинг сабабларини бартараф этиш учун уларнинг қайта юзага келиши олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

14. Огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси қоидаларига ва (ёки) ММҚБ тизими талабларига риоя этилмаслик сабабларини аниқлаш ва таҳлил қилиш;

огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар ташаббуси билан чиқиш, режалаштириш, амалга ошириш, самарадорлигини текшириш ва ҳужжатлаштириш;

ММҚБ тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш.

15. Номувофиқлик аниқланганда унинг сабаблари ва аҳамиятига қараб қуйидаги огоҳлантириш ва чора-тадбирлар амалга оширилади:

ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиш;

ускуналардан фойдаланишни тақиқлаш;

ходимларни ишдан четлаштириш ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича навбатдан ташқари йўл-йўриқ бериш, ўқитиш ҳамда билимларини текшириш;

тегишли малакага ва иш тажрибасига эга бўлган ходимларни ишга қабул қилиш;

ходимларга меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича йўл-йўриқ бериш, ўқитиш, билимларини текшириш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тартибини қайта кўриб чиқиш;

номувофиқликни бартараф этиш бўйича техник ҳаракатлар (таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш);

мавжуд технологик жараёнларни ўзгартириш;

манфаатдор томонларни хабардор қилиш (фавқулодда ва авария ҳолатида);

фавқулодда ва авария ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўриш;

етказиб берувчилар ва пудратчи ташкилотларга нисбатан фаолиятни қайта кўриб чиқиш;

ММҚБ тизими тўғрисидаги низомни ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ташкилотнинг сиёсатини қайта кўриб чиқиш.

16. ММҚБ тизими тўғрисидаги низомда аниқланган номувофиқликларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш тартиби кўрсатилади.

Огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар режаларини амалга ошириш, шунингдек, номувофиқликларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлашга масъул бўлган шахслар томонидан амалга оширилади.

Огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирлар режаларининг натижадорлиги ва самарадорлиги ММҚБ тизими ички аудити жараёнида самарадорликни баҳолаш натижаларига кўра аниқланади.

17. Юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ва авария ҳолатлари, бахтсиз ҳодисалар, касб касалликлари ва заҳарланишларнинг олдини олиш усуллари ММҚБ тизими тўғрисидаги низомда акс эттирилади.

Юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ва авария ҳолатлари, бахтсиз ҳодисалар, касб касалликлари ва заҳарланишларнинг олдини олиш усулларини ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни, фойдаланилаётган хомашё ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг хусусиятларини, иқлим, сейсмик ва бошқа табиий жараёнларни таҳлил қилиш ҳамда касбий хавфларни баҳолаш натижалари, илгари содир бўлган бахтсиз ҳодисалар, фавқулодда ҳамда авария ҳолатларида аниқланган номувофиқликлар асосида ишлаб чиқилади.

18. Ташкилот раҳбарияти меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ташкилотнинг сиёсати ва мақсадлари ММҚБ тизимига мувофиқлигининг доимий равишда таҳлилини амалга оширади.

Таҳлил қуйидаги ҳаракатларни ўз ичига олади:

ички аудит натижалари бўйича хулосалар ва назорат қилувчи органларнинг кўрсатмаларини кўриб чиқиш;

меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси билан боғлиқ долзарб масалаларни ташкилотнинг йиғилишларида муҳокама қилиш.

Таҳлилни амалга ошириш тартиби ташкилотнинг ММҚБ тизими тўғрисидаги низомида белгиланади.

19. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолатини сифатли таҳлил қилиш, касбий хавфларни идентификациялаш, баҳолаш ва бошқариш, шунингдек, огоҳлантириш хабарномаси ва чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича ҳужжатлар меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандис) томонидан юритилади.

Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича ҳужжатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ташкилий-фармойиш берувчи ва белгиловчи тусдаги ҳужжатлар (буйруқлар, низомлар, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар, тартиблар, регламентлар, дастурлар, режалар, рўйхатлар, қоидалар, нормалар, стандартлар);

ташкилотнинг иқтисодий фаолият турига мувофиқ меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

қайд этиш хусусиятига эга ҳужжатлар (далолатномалар ва баённомалар, рухсат бериш нарядлари, фармойишлар, бахтсиз ҳодисаларни текшириш бўйича материаллар, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш ва касбий таваккалчиликларни баҳолаш ҳужжатлари);

ахборот тусидаги ҳужжатлар (статистик ҳисоботлар, мансабдор шахслар томонидан ўтказилган текширув далолатномалари, ёзма кўрсатмалар, тақдимномалар, хулосалар);

ҳисобот ҳужжатлари (ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш далолатномалари, ходимлар саломатлиги ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ҳисоби, ишлаб чиқариш ускуналарини синовдан ўтказиш далолатномалари, ММҚБ тизими фаолиятини жорий назорат қилиш ва таҳлил қилиш натижалари, расмий статистика ҳисоботи шакллари).

ММҚБ тизими ҳужжатлари доимий равишда янгилаб борилади ва беш йил давомида сақланади ҳамда иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги ҳужжатлари қабул қилингандан кейин ўн иш куни мобайнида тегишли ходимларга таништирилади.

20. ММҚБ тизимининг самарали фаолият юритиши ташкилотда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолати тўғрисидаги ишончли статистик ҳисоботларни сифатли юритиш ва ўз вақтида тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Статистик ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:

ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимлар сони тўғрисидаги йиллик ҳисобот;

меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари тўғрисидаги ҳисобот.

Иш берувчи давлат органларига уларнинг ёзма сўровига асосан, ташкилотнинг меҳнат шароитлари, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳолати тўғрисида маълумот тақдим этади.

3-боб. Якунловчи қоида

21. Ушбу Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низомга ИЛОВА

Хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартиби

1-боб. Умумий қоида

1. Ушбу Тартиб ташкилотларда хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқаришни белгилайди.

2-боб. Хавфни идентификация қилиш

2. Хавфни идентификация қилиш босқичининг асосий вазифалари — барча хавфларнинг манбаларини аниқлаш ва уларни амалга ошириш йўлларини аниқ тавсифлашдан иборат.

3. Хавфни идентификациялашда технологик тизимдаги қайси элементлар, техник қурилмалар, технологик бирикмалар ёки жараёнлар жиддий таҳлил қилишни талаб қиладиган ва хавфсизлик нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлмаган ҳолатлар аниқланади.

4. Қуйидагилар хавфларни идентификациялаш натижалари ҳисобланади:

хавф мавжуд бўлган ҳолатларнинг рўйхати;

хавф мавжуд бўлган ҳолатларнинг хавф манбаларини тавсифлаш;

хавф мавжуд бўлган ҳолатларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, хавф-хатарлар омиллари;

касбга оид (касбий) хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш.

5. Ушбу Тартибнинг 1-иловасига мувофиқ, ташкилотнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан «Хавфлар матрицаси» шаклини тўлдириш орқали касбга оид (касбий) хавф-хатарлар идентификация қилинади.

3-боб. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш

6. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1-қадам: Эҳтимолийлик даражасини аниқлаш:

эҳтимолийлик даражасини аниқлаш қуйидаги 1-жадвалда келтирилган омилларни баҳолаш орқали амалга оширилади:

1-жадвал Касбга оид (касбий) хавф-хатарларнинг пайдо бўлиш эҳтимолийлигига таъсир қилувчи омиллар +/- Фаолиятни амалга оширадиган ходимларнинг малакаси етарлими? + Фойдаланилаётган асбоб ва ускуналар талабларга жавоб берадими? + Фаолиятни амалга оширишнинг ҳужжатлаштирилган усули мавжудми? + Фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари ўлчаниши ва назорат қилиниши амалга ошириладими? + Атроф-муҳит омиллари (ёруғлик, шовқиндан ҳимояланиш, юқори ҳарорат) талабларга жавоб берадими? +

Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар пайдо бўлиши эҳтимолийлигининг қиймати 1 дан 5 баллгача бўлиши мумкин.

Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар таъсир қилишининг пайдо бўлиши эҳтимолийлиги қуйидаги 2-жадвалда келтирилган шкалалар орқали баҳоланади:

2-жадвал Касбга оид (касбий) хавф-хатарларнинг пайдо бўлиши эҳтимолийлигини баҳолаш шкаласи Бешта салбий жавоб (-) 5 балл Тўртта салбий жавоб (-) 4 балл Учта салбий жавоб (-) 3 балл Иккита салбий жавоб (-) 2 балл Битта салбий жавоб ёки унинг йўқлиги (-) 1 балл

2-қадам: Аҳамиятлиликни баҳолаш:

аҳамиятлиликни баҳолаш учун содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисанинг оқибати аҳамиятлилигини аниқлаш керак.

Содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисанинг оқибати аҳамиятлилигини баҳолаш қуйидаги 3-жадвалда келтирилган шкалалар орқали аниқланади:

3-жадвал Содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисанинг оқибати аҳамиятлилигини баҳолаш шкаласи Ўлим билан тугаши мумкин бўлган бахтсиз ҳодиса 5 балл Жабрланувчига шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатилиши ва зудлик билан шифохонага олиб борилиши талаб этадиган гуруҳли ёки оғир шикастланиши мумкин бўлган ҳолатда 4 балл Жабрланувчига шифокордан олдинги биринчи ёрдам кўрсатилиши ва зудлик билан шифохонага олиб борилиши талаб этадиган оқибати ўртача оғир шикастланиши мумкин бўлган ҳолатда 3 балл Жабрланувчини шифохонага ётқизиш талаб этилмайди, аммо меҳнат қобилияти камида бир кунга йўқотилса ёки тиббий хулосага мувофиқ енгилроқ бошқа ишга ўтиши зарур бўлган ҳолатда 2 балл Кичик жароҳатлар оқибатида вақт йўқотиш ёки ишни бажаришда шикастланиш эҳтимоли юзага келиши мумкин бўлган ҳолатда 1 балл

3-қадам: Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражасини баҳолаш:

касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражаси «Хавфлар матрицаси»нинг асосий устунлари тўлдирилганидан сўнг аниқланади.

Касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражасини аниқлаш жадвалидан фойдаланган ҳолда эҳтимолийлик даражасини аҳамиятлилик даражаси билан солиштирилади ва қуйидаги 4-жадвалга асосан иккита даражаларнинг кесишув нуқтасида касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси аниқланади.

4-жадвал Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини аниқлаш Аҳамиятлилик Эҳтимолийлик даражаси 5 4 3 2 1 Ўлим 5 25 * 20 * 15 * 10 * 5 ** Оғир жароҳатланиш 4 20 * 16 * 12 * 8 * 4 ** Оғирлиги ўрта жароҳатланиш 3 15 * 12 * 9 * 6 * Енгил жароҳатланиш 2 10 * 8 * 6 * 2 ** Кичик жароҳатланиш 1 5 * 4 * 3 * 2 ** l **

4-қадам: Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини қайд этиш:

аҳамиятлилик даражаси 5 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 1 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 4 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 1 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 3 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 1 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 2 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 2 ёки 1 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 1 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 2 ёки 1 балл бўлса — хавф-хатарлар назорат қилинадиган хавф-хатарлар даражасига киради.

Аҳамиятлилик даражаси 5 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4,3, ёки 2 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 4 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4, 3, ёки 2 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 3 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4, 3, ёки 2 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 2 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4 ёки 3 балл бўлса;

аҳамиятлилик даражаси 1 балл ҳамда эҳтимолийлик даражаси 5, 4 ёки 3 балл бўлса — касбга оид (касбий) хавф-хатарлар назорат қилиб бўлмайдиган касбга оид (касбий) хавф-хатарлар даражасига киради ва мазкур касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар ишлаб чиқишни талаб қилади.

Олинган натижалар ушбу Тартибга 1-иловага асосан «Хавфлар матрицаси» шаклидаги «Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси» устунида қайд этилади.

Бунда баҳолашни амалга ошириш учун маълумотлар етарли бўлмаса, касбга оид (касбий) хавф-хатар аниқланмаган деб тавсифланади ва қўшимча маълумотларни йиғиш талаб этилади.

Белгиланган касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини тасдиқлаш учун ташкилот таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари 4-жадвалда кўрсатилган «Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси» устунига белги қўйган ҳолда касбга оид (касбий) хавф-хатар даражасини аниқлайди.

Ушбу 4-жадвал кейинги касбга оид (касбий) хавф-хатар таҳлили амалга оширилишига қадар сақланади.

Мисол учун:

Т/р Фаолият тури Хавф (зарар етказиши мумкин бўлган предмет ёки вазият) Касбга оид (касбий) хавф-хатар (зарар) Эҳтимолийлик даражаси Аҳамиятлилик даражаси Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси Назорат усули (йўриқномага ҳавола) Хулоса 1 . Баландликдаги ишлар Баландлик Йиқилиш 2 4 8 Хавфсизлик камаридан фойдаланади, ___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома Назорат қилинади Синиш 2 4 8 Назорат қилинади Вафот этиш 4 4 16 2 . Ёнувчан суюқликни чиқариб ташлаш Ёнғин келиб чиқиши Термик куйиш 2 2 4 ___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома Назорат қилинади Айланма механизмлар Шикастланиш 3 1 3 ___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома Назорат қилинади Юқори кучланиш Электр токи уриши 2 1 2 ___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома Назорат қилинади 3 . Компьютерда ишлаш Узоқ вақтли ўтириб ишлаш Геморрой 3 3 9 Мавжуд эмас Назорат қилиб бўлмайди Остеохондроз 3 2 6 Мавжуд эмас Назорат қилиб бўлмайди Нурланиш Кўзнинг тўр пардаси касалланиши 2 2 4 Мавжуд эмас Назорат қилиб бўлмайди Электр токи уриши Термал куйиш 1 2 2 ___-сон меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома Назорат қилинади

7. Хавфлар матрицасининг «Назорат усули» устунида назорат усуллари (йўриқнома, низом, чора-тадбирларга ҳавола) кўрсатилади.

8. Агар аниқланган касбга оид (касбий) хавф-хатарни бошқаришни назорат усуллари мавжуд бўлмаса, хавфлар матрицасининг «Хулоса» устунида «Назорат қилинмайдиган» деб кўрсатилади.

9. Мазкур «Хавфлар матрицаси» меҳнатни муҳофаза қилиш хизматига (муҳандиси) топширилади, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандиси) томонидан ташкилотнинг касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан биргаликда ушбу матрица тўғри тўлдирилганлиги текширилади.

10. Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси тасдиқланганидан сўнг ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими мақсадига киритиш учун энг муҳим хавфлар аниқланади ва ушбу Тартибга 2-иловага асосан ташкилотда назорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатар даражасини камайтириш бўйича тадбирлар белгиланади.

4-боб. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бошқариш

11. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бошқариш қуйидаги асосий вазифалардан иборат:

содир бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳодисаларнинг тезлигини аниқлаш;

содир бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳодисаларнинг оқибатларини баҳолаш;

касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш натижаларини умумлаштириш.

12. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни камайтириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш хавфларни таҳлил қилишнинг якуний босқичидир. Тавсияларда касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш натижаларига асосланган хавфларни бошқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланади.

13. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бошқариш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда, ресурсларнинг чекланганлигини ҳисобга олиб, биринчи навбатда энг содда ва кам харажат талаб этадиган тавсия ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

14. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни камайтириш бўйича таклиф қилинаётган тавсия ва чора-тадбирларнинг самарадорлигини асослаш зарур бўлса, қуйидагилар тавсия этилади:

мавжуд ресурслар билан касбга оид (касбий) хавф-хатарларни максимал даражада камайтиришни таъминлаш;

минимал харажат билан касбга оид (касбий) хавф-хатарларни мақбул даражагача камайтириш.

15. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларнинг таҳлилини ўтказиш усулларини танлашда ташкилот фаолияти турларининг хавфлилиги даражаси, ресурсларнинг мавжудлиги, мутахассисларнинг тажрибаси ва зарур бўлган маълумотларнинг мавжудлиги инобатга олиниши керак.

16. Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни таҳлил қилиш усулларини танлаш ва қўллашда қуйидаги талабларга риоя қилиш тавсия этилади:

биринчи усул — хавфларни идентификация қилиш ва касбга оид (касбий) хавф-хатарларни камайтириш йўлларини самарали тушунтириш имконини яратадиган натижаларни бериши керак;

иккинчи усул — такрорланадиган ва текшириладиган бўлиши керак.

Хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартибига 1-ИЛОВА

Хавфлар матрицаси шакли

«ТАСДИҚЛАЙМАН» Бош муҳандис (Ташкилот раҳбари ўринбосари) _________________________ 20___ йил «___» _________ ХАВФЛАР МАТРИЦАСИ Таркибий бўлинма номи: _________________________________________________________________________________ Таҳлил ўтказилган сана: 20___ йил «___» _________ Т/р Фаолият тури Хавф (зарар етказиши мумкин бўлган жисм ёки ҳолат) Хавф-хатар (зарар) Хавф таъсиридаги шахс Эҳтимолийлик даражаси Аҳамиятлилик даражаси Касбга оид (касбий) хавф-хатар даражаси Назорат усули (йўриқномага ҳавола) Хулоса Ишлаб чиқди: Таркибий бўлинма бошлиғи _______________ Келишилди: Касаба уюшмаси раиси ёки вакил ______________ ММҚ хизмати (муҳандис) ______________ Бош энергетик ______________ Бош технолог ______________ Бош механик ______________

Хавфни идентификация қилиш, касбга оид (касбий) хавф-хатарларни баҳолаш ва бошқариш тартибига 2-ИЛОВА

«ТАСДИҚЛАЙМАН» Ташкилот раҳбари _________________________ 20___ йил «___» _________ Ташкилотда назорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатар даражасини камайтириш бўйича тадбирлар T/р Хавфни идентификациялаш жойи Назорат қилиб бўлмайдиган касбга оид (касбий) хавф-хатарлар Касбга оид (касбий) хавф-хатарларни бартараф этиш ёки камайтириш бўйича ҳаракатлар Талаб этиладиган маблағ Масъул Ижро муддати Кутилаётган натижа 1 2 3. 4. 5. 6. Ишлаб чиқди: Таркибий бўлинма бошлиғи ______________ Келишилди: Касаба уюшмаси раиси ёки вакил ______________ ММҚ хизмати (муҳандис) ______________ Бош энергетик ______________ Бош технолог ______________ Бош механик ______________

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 21 июль,

454-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.07.2025 й., 09/25/454/0641-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NAMUNAVIY NIZOM

Mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimini joriy etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik sohasida davlat siyosatini takomillashtirish va samaradorlikni oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 4-oktabrdagi PQ-347-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, Xalqaro Mehnat Tashkilotining Mehnat xavfsizligi va gigiyenasi hamda ishlab chiqarish muhiti toʻgʻrisidagi 155-sonli Konvensiyasi (Jeneva, 1981-yil 22-iyun) normalarini milliy qonunchilikka joriy (implementatsiya) qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimini rejalashtirish, faoliyat koʻrsatishini tashkil etish, ichki auditdan oʻtkazish va takomillashtirish tartibi;

mehnat xavfsizligi va gigiyenasi talablarini samarali bajarish, xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarish.

2. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-iyuldagi 454-son qaroriga ILOVA

Mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Namunaviy nizom Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksi 359-moddasi hamda Xalqaro Mehnat Tashkilotining Mehnat xavfsizligi va gigiyenasi hamda ishlab chiqarish muhiti toʻgʻrisidagi 155-sonli Konvensiyasiga (Jeneva, 1981-yil 22-iyun) muvofiq tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimini rejalashtirish, uning faoliyat koʻrsatishini tashkil etish, ichki auditdan oʻtkazish va takomillashtirish tartibini belgilaydi.

Mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimining maqsadi mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi talablarini samarali bajarish, xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarishdan iborat.

2. Ushbu Namunaviy nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:

ichki audit — tashkilotda MMQB tizimining mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini aniqlash jarayoni;

kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar — zararli va (yoki) xavfli ishlab chiqarish omillarining taʼsiri natijasida xodimning sogʻligʻi shikastlanishi yoki mehnat qobiliyati yoʻqotilishi yoki vafot etishi ehtimoli;

mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimi (keyingi oʻrinlarda — MMQB tizimi) — maʼlum bir ish beruvchining mehnat xavfsizligi va gigiyenasi sohasidagi siyosati va maqsadlarini belgilovchi, oʻzaro bogʻliq va bir-biriga taʼsir koʻrsatuvchi elementlar kompleksi hamda ushbu maqsadlarga erishish tartibi;

mehnat xavfsizligi va gigiyenasi — xodimlar uchun xavfli va zararli ishlab chiqarish omillarining taʼsiri istisno qilinadigan mehnat sharoitlari holati hamda ularning inson salomatligi va funksional holatiga taʼsirining profilaktikasiga qaratilgan chora-tadbirlar tizimi;

mehnat sharoitlari — mehnat faoliyatini amalga oshirish chogʻidagi ijtimoiy va ishlab chiqarish omillari yigʻindisi.

3. Tashkilotlar ushbu Namunaviy nizom asosida MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomini ishlab chiqadi va tasdiqlaydi.

Kasbiy tavakkalchiligi oʻninchi darajasigacha boʻlgan tashkilotlar mehnatni muhofaza qilish boʻyicha qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq MMQB tizimini soddalashtirilgan shaklda ishlab chiqishi mumkin.

4. Tashkilotning MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomi ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmalari yoki xodimlarning boshqa vakillik organlari bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.

5. Tashkilot MMQB tizimini tashkil etish va faoliyat yuritishni shartnoma asosida mehnatni muhofaza qilish sohasida xizmatlar bozorining professional ishtirokchilarini jalb qilgan holda amalga oshirishi mumkin.

2-bob. MMQB tizimini rejalashtirish, uning faoliyat koʻrsatishini tashkil etish, ichki auditdan oʻtkazish hamda MMQB tizimini takomillashtirish tartibi

1-§. MMQB tizimini rejalashtirish

6. MMQB tizimini rejalashtirish quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

funksiya va vakolatlarni tashkilotning masʼul mansabdor shaxslari oʻrtasida taqsimlash;

tashkilotning mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi sohasida siyosatini ishlab chiqish;

MMQB tizimini tashkil etish uchun mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi sohasidagi xarajatlarni moliyalashtirish;

xodimlarni ish joyida kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar va mehnat sharoitlarini yaxshilash boʻyicha koʻrilayotgan chora-tadbirlar toʻgʻrisida xabardor qilishni belgilash;

MMQB tizimi faoliyati samaradorligini nazorat qilish;

MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizom va tashkilotning mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi sohasidagi siyosatini takomillashtirib borish.

7. Tashkilot oʻzining maqsad, vazifalari va yoʻnalishlari asosida mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi sohasidagi siyosatini ishlab chiqishi, bunda kasbiy tavakkalchiliklarning mavjudligini hisobga olishi lozim.

2-§. MMQB tizimining faoliyat koʻrsatishini tashkil etish

8. MMQB tizimining faoliyat koʻrsatishi quyidagilardan iborat:

mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi boʻyicha xodimlarni tayyorlash;

ishlarni xavfsiz olib borish boʻyicha yoʻriqnomalarni ishlab chiqish;

ish oʻrinlarini mehnat sharoitlari boʻyicha attestatsiyadan oʻtkazish;

xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarish;

xodimlar salomatligi holatini nazorat qilish;

xodimlarni shaxsiy va (yoki) jamoaviy himoya vositalari bilan taʼminlash;

noqulay mehnat sharoitlarida band boʻlgan xodimlarga imtiyozlar va kompensatsiyalar berish;

ish beruvchining fuqarolik javobgarligini majburiy sugʻurta qilish;

baxtsiz hodisalarni tekshirish va hisobga olish;

kasb kasalliklarining oldini olish;

pudratchi tashkilotlar tomonidan ishlarning bexatar bajarilishi ustidan nazorat qilish.

9. MMQB tizimi doirasida ish beruvchi xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarishni tashkil etadi.

Bunda ish beruvchi ushbu Namunaviy nizomga ilovaga muvofiq xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarish tartibi asosida amalga oshiradi.

10. Tashkilotning MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomda pudratchi tashkilotlar tomonidan qurilish va taʼmirlash ishlarini mehnat xavfsizligi va gigiyenasi talablariga muvofiq bexatar bajarilishini taʼminlash maqsadida tomonlarning huquq va majburiyatlari belgilanadi.

3-§. MMQB tizimining ichki auditdan oʻtkazish

11. MMQB tizimining ichki auditdan oʻtkazish ish beruvchining qaroriga binoan mehnatni muhofaza qilish xizmati (muhandis) tomonidan amalga oshiriladi va quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

tashkilotda MMQB tizimining mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi masalalari boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini oʻrganish;

MMQB tizimining ishlashi sifatini, ishlab chiqarishdagi jarohatlanishlar va kasb kasalliklarining oldini olishga, darajasini kamaytirishga qaratilgan chora-tadbirlar samaradorligini baholash;

aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish, ishlab chiqarishdagi jarohatlanishlar va kasb kasalliklarining oldini olish boʻyicha takliflar hamda xulosalar ishlab chiqish.

12. Tashkilotda ichki audit bir yilda kamida bir marta oʻtkaziladi.

4-§. MMQB tizimini takomillashtirish

13. Tashkilotda MMQB tizimi ichki audit natijasida aniqlangan nomuvofiqliklarni bartaraf etish boʻyicha belgilangan chora-tadbirlar asosida takomillashtiriladi.

Aniqlangan nomuvofiqliklar yuzasidan ogohlantirish xabarnomasi rasmiylashtiriladi va tashkilotning tarkibiy boʻlinmalariga tarqatiladi.

Aniqlangan nomuvofiqliklarning sabablarini bartaraf etish uchun ularning qayta yuzaga kelishi oldini olish maqsadida chora-tadbirlar ishlab chiqiladi va amalga oshiriladi.

14. Ogohlantirish xabarnomasi va chora-tadbirlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi qoidalariga va (yoki) MMQB tizimi talablariga rioya etilmaslik sabablarini aniqlash va tahlil qilish;

ogohlantirish xabarnomasi va chora-tadbirlar tashabbusi bilan chiqish, rejalashtirish, amalga oshirish, samaradorligini tekshirish va hujjatlashtirish;

MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar kiritish.

15. Nomuvofiqlik aniqlanganda uning sabablari va ahamiyatiga qarab quyidagi ogohlantirish va chora-tadbirlar amalga oshiriladi:

ishlab chiqarish jarayonini toʻxtatish;

uskunalardan foydalanishni taqiqlash;

xodimlarni ishdan chetlashtirish hamda mehnat xavfsizligi va gigiyenasi boʻyicha navbatdan tashqari yoʻl-yoʻriq berish, oʻqitish hamda bilimlarini tekshirish;

tegishli malakaga va ish tajribasiga ega boʻlgan xodimlarni ishga qabul qilish;

xodimlarga mehnat xavfsizligi va gigiyenasi boʻyicha yoʻl-yoʻriq berish, oʻqitish, bilimlarini tekshirish, malakasini oshirish va qayta tayyorlash tartibini qayta koʻrib chiqish;

nomuvofiqlikni bartaraf etish boʻyicha texnik harakatlar (taʼmirlash, texnik xizmat koʻrsatish);

mavjud texnologik jarayonlarni oʻzgartirish;

manfaatdor tomonlarni xabardor qilish (favqulodda va avariya holatida);

favqulodda va avariya holatlarini bartaraf etish choralarini koʻrish;

yetkazib beruvchilar va pudratchi tashkilotlarga nisbatan faoliyatni qayta koʻrib chiqish;

MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomni hamda mehnat xavfsizligi va gigiyenasi boʻyicha tashkilotning siyosatini qayta koʻrib chiqish.

16. MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomda aniqlangan nomuvofiqliklarning sabablarini bartaraf etish boʻyicha ogohlantirish xabarnomasi va chora-tadbirlar rejalarini ishlab chiqish tartibi koʻrsatiladi.

Ogohlantirish xabarnomasi va chora-tadbirlar rejalarini amalga oshirish, shuningdek, nomuvofiqliklarning yuzaga kelish sabablarini aniqlash mehnat xavfsizligi va gigiyenasini taʼminlashga masʼul boʻlgan shaxslar tomonidan amalga oshiriladi.

Ogohlantirish xabarnomasi va chora-tadbirlar rejalarining natijadorligi va samaradorligi MMQB tizimi ichki auditi jarayonida samaradorlikni baholash natijalariga koʻra aniqlanadi.

17. Yuzaga kelishi mumkin boʻlgan favqulodda va avariya holatlari, baxtsiz hodisalar, kasb kasalliklari va zaharlanishlarning oldini olish usullari MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomda aks ettiriladi.

Yuzaga kelishi mumkin boʻlgan favqulodda va avariya holatlari, baxtsiz hodisalar, kasb kasalliklari va zaharlanishlarning oldini olish usullarini ishlab chiqarish va texnologik jarayonlarni, foydalanilayotgan xomashyo hamda ishlab chiqarilayotgan mahsulotning xususiyatlarini, iqlim, seysmik va boshqa tabiiy jarayonlarni tahlil qilish hamda kasbiy xavflarni baholash natijalari, ilgari sodir boʻlgan baxtsiz hodisalar, favqulodda hamda avariya holatlarida aniqlangan nomuvofiqliklar asosida ishlab chiqiladi.

18. Tashkilot rahbariyati mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi boʻyicha tashkilotning siyosati va maqsadlari MMQB tizimiga muvofiqligining doimiy ravishda tahlilini amalga oshiradi.

Tahlil quyidagi harakatlarni oʻz ichiga oladi:

ichki audit natijalari boʻyicha xulosalar va nazorat qiluvchi organlarning koʻrsatmalarini koʻrib chiqish;

mehnat xavfsizligi va gigiyenasi bilan bogʻliq dolzarb masalalarni tashkilotning yigʻilishlarida muhokama qilish.

Tahlilni amalga oshirish tartibi tashkilotning MMQB tizimi toʻgʻrisidagi nizomida belgilanadi.

19. Tashkilotda mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi holatini sifatli tahlil qilish, kasbiy xavflarni identifikatsiyalash, baholash va boshqarish, shuningdek, ogohlantirish xabarnomasi va chora-tadbirlarini amalga oshirish boʻyicha hujjatlar mehnatni muhofaza qilish xizmati (muhandis) tomonidan yuritiladi.

Mehnat xavfsizligi va gigiyenasi boʻyicha hujjatlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

tashkiliy-farmoyish beruvchi va belgilovchi tusdagi hujjatlar (buyruqlar, nizomlar, mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnomalar, tartiblar, reglamentlar, dasturlar, rejalar, roʻyxatlar, qoidalar, normalar, standartlar);

tashkilotning iqtisodiy faoliyat turiga muvofiq mehnat xavfsizligi va gigiyenasi sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar;

qayd etish xususiyatiga ega hujjatlar (dalolatnomalar va bayonnomalar, ruxsat berish naryadlari, farmoyishlar, baxtsiz hodisalarni tekshirish boʻyicha materiallar, ish oʻrinlarini attestatsiyadan oʻtkazish va kasbiy tavakkalchiliklarni baholash hujjatlari);

axborot tusidagi hujjatlar (statistik hisobotlar, mansabdor shaxslar tomonidan oʻtkazilgan tekshiruv dalolatnomalari, yozma koʻrsatmalar, taqdimnomalar, xulosalar);

hisobot hujjatlari (xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish dalolatnomalari, xodimlar salomatligi holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hisobi, ishlab chiqarish uskunalarini sinovdan oʻtkazish dalolatnomalari, MMQB tizimi faoliyatini joriy nazorat qilish va tahlil qilish natijalari, rasmiy statistika hisoboti shakllari).

MMQB tizimi hujjatlari doimiy ravishda yangilab boriladi va besh yil davomida saqlanadi hamda ish beruvchining mehnatni muhofaza qilish, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi sohasidagi hujjatlari qabul qilingandan keyin oʻn ish kuni mobaynida tegishli xodimlarga tanishtiriladi.

20. MMQB tizimining samarali faoliyat yuritishi tashkilotda mehnat xavfsizligi va gigiyenasi holati toʻgʻrisidagi ishonchli statistik hisobotlarni sifatli yuritish va oʻz vaqtida taqdim etish orqali amalga oshiriladi.

Statistik hisobot quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

noqulay mehnat sharoitlarida band boʻlgan xodimlar soni toʻgʻrisidagi yillik hisobot;

mehnat faoliyati bilan bogʻliq baxtsiz hodisalar va kasb kasalliklari toʻgʻrisidagi hisobot.

Ish beruvchi davlat organlariga ularning yozma soʻroviga asosan, tashkilotning mehnat sharoitlari, mehnat xavfsizligi va gigiyenasi holati toʻgʻrisida maʼlumot taqdim etadi.

3-bob. Yakunlovchi qoida

21. Ushbu Namunaviy nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga ILOVA

Xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarish tartibi

1-bob. Umumiy qoida

1. Ushbu Tartib tashkilotlarda xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarishni belgilaydi.

2-bob. Xavfni identifikatsiya qilish

2. Xavfni identifikatsiya qilish bosqichining asosiy vazifalari — barcha xavflarning manbalarini aniqlash va ularni amalga oshirish yoʻllarini aniq tavsiflashdan iborat.

3. Xavfni identifikatsiyalashda texnologik tizimdagi qaysi elementlar, texnik qurilmalar, texnologik birikmalar yoki jarayonlar jiddiy tahlil qilishni talab qiladigan va xavfsizlik nuqtai nazaridan ahamiyatli boʻlmagan holatlar aniqlanadi.

4. Quyidagilar xavflarni identifikatsiyalash natijalari hisoblanadi:

xavf mavjud boʻlgan holatlarning roʻyxati;

xavf mavjud boʻlgan holatlarning xavf manbalarini tavsiflash;

xavf mavjud boʻlgan holatlarning paydo boʻlishi va rivojlanishi, xavf-xatarlar omillari;

kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni oldindan baholash.

5. Ushbu Tartibning 1-ilovasiga muvofiq, tashkilotning tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari tomonidan “Xavflar matritsasi” shaklini toʻldirish orqali kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar identifikatsiya qilinadi.

3-bob. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash

6. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

1-qadam: Ehtimoliylik darajasini aniqlash:

ehtimoliylik darajasini aniqlash quyidagi 1-jadvalda keltirilgan omillarni baholash orqali amalga oshiriladi:

1-jadval Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarning paydo boʻlish ehtimoliyligiga taʼsir qiluvchi omillar +/- Faoliyatni amalga oshiradigan xodimlarning malakasi yetarlimi? + Foydalanilayotgan asbob va uskunalar talablarga javob beradimi? + Faoliyatni amalga oshirishning hujjatlashtirilgan usuli mavjudmi? + Faoliyatning asosiy koʻrsatkichlari oʻlchanishi va nazorat qilinishi amalga oshiriladimi? + Atrof-muhit omillari (yorugʻlik, shovqindan himoyalanish, yuqori harorat) talablarga javob beradimi? +

Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar paydo boʻlishi ehtimoliyligining qiymati 1 dan 5 ballgacha boʻlishi mumkin.

Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar taʼsir qilishining paydo boʻlishi ehtimoliyligi quyidagi 2-jadvalda keltirilgan shkalalar orqali baholanadi:

2-jadval Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarning paydo boʻlishi ehtimoliyligini baholash shkalasi Beshta salbiy javob (-) 5 ball Toʻrtta salbiy javob (-) 4 ball Uchta salbiy javob (-) 3 ball Ikkita salbiy javob (-) 2 ball Bitta salbiy javob yoki uning yoʻqligi (-) 1 ball

2-qadam: Ahamiyatlilikni baholash:

ahamiyatlilikni baholash uchun sodir boʻlishi mumkin boʻlgan baxtsiz hodisaning oqibati ahamiyatliligini aniqlash kerak.

Sodir boʻlishi mumkin boʻlgan baxtsiz hodisaning oqibati ahamiyatliligini baholash quyidagi 3-jadvalda keltirilgan shkalalar orqali aniqlanadi:

3-jadval Sodir boʻlishi mumkin boʻlgan baxtsiz hodisaning oqibati ahamiyatliligini baholash shkalasi Oʻlim bilan tugashi mumkin boʻlgan baxtsiz hodisa 5 ball Jabrlanuvchiga shifokordan oldingi birinchi yordam koʻrsatilishi va zudlik bilan shifoxonaga olib borilishi talab etadigan guruhli yoki ogʻir shikastlanishi mumkin boʻlgan holatda 4 ball Jabrlanuvchiga shifokordan oldingi birinchi yordam koʻrsatilishi va zudlik bilan shifoxonaga olib borilishi talab etadigan oqibati oʻrtacha ogʻir shikastlanishi mumkin boʻlgan holatda 3 ball Jabrlanuvchini shifoxonaga yotqizish talab etilmaydi, ammo mehnat qobiliyati kamida bir kunga yoʻqotilsa yoki tibbiy xulosaga muvofiq yengilroq boshqa ishga oʻtishi zarur boʻlgan holatda 2 ball Kichik jarohatlar oqibatida vaqt yoʻqotish yoki ishni bajarishda shikastlanish ehtimoli yuzaga kelishi mumkin boʻlgan holatda 1 ball

3-qadam: Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar darajasini baholash:

kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar darajasi “Xavflar matritsasi”ning asosiy ustunlari toʻldirilganidan soʻng aniqlanadi.

Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar darajasini aniqlash jadvalidan foydalangan holda ehtimoliylik darajasini ahamiyatlilik darajasi bilan solishtiriladi va quyidagi 4-jadvalga asosan ikkita darajalarning kesishuv nuqtasida kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasi aniqlanadi.

4-jadval Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasini aniqlash Ahamiyatlilik Ehtimoliylik darajasi 5 4 3 2 1 Oʻlim 5 25 * 20 * 15 * 10 * 5 ** Ogʻir jarohatlanish 4 20 * 16 * 12 * 8 * 4 ** Ogʻirligi oʻrta jarohatlanish 3 15 * 12 * 9 * 6 * Yengil jarohatlanish 2 10 * 8 * 6 * 2 ** Kichik jarohatlanish 1 5 * 4 * 3 * 2 ** l **

4-qadam: Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasini qayd etish:

ahamiyatlilik darajasi 5 ball hamda ehtimoliylik darajasi 1 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 4 ball hamda ehtimoliylik darajasi 1 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 3 ball hamda ehtimoliylik darajasi 1 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 2 ball hamda ehtimoliylik darajasi 2 yoki 1 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 1 ball hamda ehtimoliylik darajasi 2 yoki 1 ball boʻlsa — xavf-xatarlar nazorat qilinadigan xavf-xatarlar darajasiga kiradi.

Ahamiyatlilik darajasi 5 ball hamda ehtimoliylik darajasi 5, 4,3, yoki 2 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 4 ball hamda ehtimoliylik darajasi 5, 4, 3, yoki 2 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 3 ball hamda ehtimoliylik darajasi 5, 4, 3, yoki 2 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 2 ball hamda ehtimoliylik darajasi 5, 4 yoki 3 ball boʻlsa;

ahamiyatlilik darajasi 1 ball hamda ehtimoliylik darajasi 5, 4 yoki 3 ball boʻlsa — kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar nazorat qilib boʻlmaydigan kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar darajasiga kiradi va mazkur kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni bartaraf etish boʻyicha tezkor choralar ishlab chiqishni talab qiladi.

Olingan natijalar ushbu Tartibga 1-ilovaga asosan “Xavflar matritsasi” shaklidagi “Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasi” ustunida qayd etiladi.

Bunda baholashni amalga oshirish uchun maʼlumotlar yetarli boʻlmasa, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar aniqlanmagan deb tavsiflanadi va qoʻshimcha maʼlumotlarni yigʻish talab etiladi.

Belgilangan kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasini tasdiqlash uchun tashkilot tarkibiy boʻlinmalarining rahbarlari 4-jadvalda koʻrsatilgan “Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasi” ustuniga belgi qoʻygan holda kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasini aniqlaydi.

Ushbu 4-jadval keyingi kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar tahlili amalga oshirilishiga qadar saqlanadi.

Misol uchun:

T/r Faoliyat turi Xavf (zarar yetkazishi mumkin boʻlgan predmet yoki vaziyat) Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar (zarar) Ehtimoliylik darajasi Ahamiyatlilik darajasi Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasi Nazorat usuli (yoʻriqnomaga havola) Xulosa 1 . Balandlikdagi ishlar Balandlik Yiqilish 2 4 8 Xavfsizlik kamaridan foydalanadi, ___-son mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnoma Nazorat qilinadi Sinish 2 4 8 Nazorat qilinadi Vafot etish 4 4 16 2 . Yonuvchan suyuqlikni chiqarib tashlash Yongʻin kelib chiqishi Termik kuyish 2 2 4 ___-son mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnoma Nazorat qilinadi Aylanma mexanizmlar Shikastlanish 3 1 3 ___-son mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnoma Nazorat qilinadi Yuqori kuchlanish Elektr toki urishi 2 1 2 ___-son mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnoma Nazorat qilinadi 3 . Kompyuterda ishlash Uzoq vaqtli oʻtirib ishlash Gemorroy 3 3 9 Mavjud emas Nazorat qilib boʻlmaydi Osteoxondroz 3 2 6 Mavjud emas Nazorat qilib boʻlmaydi Nurlanish Koʻzning toʻr pardasi kasallanishi 2 2 4 Mavjud emas Nazorat qilib boʻlmaydi Elektr toki urishi Termal kuyish 1 2 2 ___-son mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻriqnoma Nazorat qilinadi

7. Xavflar matritsasining “Nazorat usuli” ustunida nazorat usullari (yoʻriqnoma, nizom, chora-tadbirlarga havola) koʻrsatiladi.

8. Agar aniqlangan kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarni boshqarishni nazorat usullari mavjud boʻlmasa, xavflar matritsasining “Xulosa” ustunida “Nazorat qilinmaydigan” deb koʻrsatiladi.

9. Mazkur “Xavflar matritsasi” mehnatni muhofaza qilish xizmatiga (muhandisi) topshiriladi, mehnatni muhofaza qilish xizmati (muhandisi) tomonidan tashkilotning kasaba uyushmalari yoki xodimlarning boshqa vakillik organlari bilan birgalikda ushbu matritsa toʻgʻri toʻldirilganligi tekshiriladi.

10. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasi tasdiqlanganidan soʻng tashkilotning mehnatni muhofaza qilishni boshqarish tizimi maqsadiga kiritish uchun eng muhim xavflar aniqlanadi va ushbu Tartibga 2-ilovaga asosan tashkilotda nazorat qilib boʻlmaydigan xavf-xatar darajasini kamaytirish boʻyicha tadbirlar belgilanadi.

4-bob. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni boshqarish

11. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni boshqarish quyidagi asosiy vazifalardan iborat:

sodir boʻlishi mumkin boʻlgan ehtimoliy hodisalarning tezligini aniqlash;

sodir boʻlishi mumkin boʻlgan ehtimoliy hodisalarning oqibatlarini baholash;

kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash natijalarini umumlashtirish.

12. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni kamaytirish boʻyicha tavsiyalarni ishlab chiqish xavflarni tahlil qilishning yakuniy bosqichidir. Tavsiyalarda kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash natijalariga asoslangan xavflarni boshqarish boʻyicha aniq chora-tadbirlar belgilanadi.

13. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni boshqarish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqishda, resurslarning cheklanganligini hisobga olib, birinchi navbatda eng sodda va kam xarajat talab etadigan tavsiya va chora-tadbirlar ishlab chiqiladi.

14. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni kamaytirish boʻyicha taklif qilinayotgan tavsiya va chora-tadbirlarning samaradorligini asoslash zarur boʻlsa, quyidagilar tavsiya etiladi:

mavjud resurslar bilan kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni maksimal darajada kamaytirishni taʼminlash;

minimal xarajat bilan kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni maqbul darajagacha kamaytirish.

15. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarning tahlilini oʻtkazish usullarini tanlashda tashkilot faoliyati turlarining xavfliligi darajasi, resurslarning mavjudligi, mutaxassislarning tajribasi va zarur boʻlgan maʼlumotlarning mavjudligi inobatga olinishi kerak.

16. Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni tahlil qilish usullarini tanlash va qoʻllashda quyidagi talablarga rioya qilish tavsiya etiladi:

birinchi usul — xavflarni identifikatsiya qilish va kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni kamaytirish yoʻllarini samarali tushuntirish imkonini yaratadigan natijalarni berishi kerak;

ikkinchi usul — takrorlanadigan va tekshiriladigan boʻlishi kerak.

Xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarish tartibiga 1-ILOVA

Xavflar matritsasi shakli

“TASDIQLAYMAN” Bosh muhandis (Tashkilot rahbari oʻrinbosari) _________________________ 20___ yil “___” _________ XAVFLAR MATRITSASI Tarkibiy boʻlinma nomi: _________________________________________________________________________________ Tahlil oʻtkazilgan sana: 20___ yil “___” _________ T/r Faoliyat turi Xavf (zarar yetkazishi mumkin boʻlgan jism yoki holat) Xavf-xatar (zarar) Xavf taʼsiridagi shaxs Ehtimoliylik darajasi Ahamiyatlilik darajasi Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatar darajasi Nazorat usuli (yoʻriqnomaga havola) Xulosa Ishlab chiqdi: Tarkibiy boʻlinma boshligʻi _______________ Kelishildi: Kasaba uyushmasi raisi yoki vakil ______________ MMQ xizmati (muhandis) ______________ Bosh energetik ______________ Bosh texnolog ______________ Bosh mexanik ______________

Xavfni identifikatsiya qilish, kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni baholash va boshqarish tartibiga 2-ILOVA

“TASDIQLAYMAN” Tashkilot rahbari _________________________ 20___ yil “___” _________ Tashkilotda nazorat qilib boʻlmaydigan xavf-xatar darajasini kamaytirish boʻyicha tadbirlar T/r Xavfni identifikatsiyalash joyi Nazorat qilib boʻlmaydigan kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlar Kasbga oid (kasbiy) xavf-xatarlarni bartaraf etish yoki kamaytirish boʻyicha harakatlar Talab etiladigan mablagʻ Masʼul Ijro muddati Kutilayotgan natija 1 2 3. 4. 5. 6. Ishlab chiqdi: Tarkibiy boʻlinma boshligʻi ______________ Kelishildi: Kasaba uyushmasi raisi yoki vakil ______________ MMQ xizmati (muhandis) ______________ Bosh energetik ______________ Bosh texnolog ______________ Bosh mexanik ______________

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 21-iyul,

454-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.07.2025-y., 09/25/454/0641-son)

lex.uz