UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 24-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 24 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

НАМУНАВИЙ НОРМАЛАРИ

Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ иш берувчиларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига меҳнатни ташкил этишни такомиллаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда ходимларнинг мақбул сонини аниқлаш учун меҳнат нормаларини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ташкилотларда меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тартиби;

айрим ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб касб ва лавозимларнинг намунавий меҳнат нормалари.

1 1 . Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2026 йил 30 декабрга қадар Машғулотларнинг миллий классификаторини фойдаланувчилар учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида рақамлаштириш чораларини кўрсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 июлдаги 465-сон қарорига ИЛОВА

Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ташкилотларда меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартибини ҳамда айрим ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб касб ва лавозимларнинг намунавий меҳнат нормаларини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:

бошқарув ходимлари — ташкилотларда ўз тузилмасидаги бўлинмаларга ва ходимларга раҳбарлик қилувчи, бошқарув функцияларини амалга оширувчи, 'зарур қарорларни ишлаб чиқувчи ва қабул қилувчи, ташкилот фаолиятини режалаштирувчи, назорат қилувчи ва жараёнларни тартибга солувчи ходимлар. Бошқарув ходимлари раҳбарларга ва мутахассисларга бўлинади;

ишлаб чиқариш ходимлари — ташкилот фаолиятидан келиб чиқиб, асосий фаолият билан боғлик ишлаб чиқариш ва/ёки хизмат кўрсатиш функцияларини амалга оширувчи, ёрдамчи ходимларни бошқарувчи, ташкилот фаолияти жараёнида фармойиш берувчи ваколатлар берилмаган ҳолда тартибга солувчи, ижодий ва илмий фаолиятни, шу жумладан, ўзига хос бошқа вазифаларни бажарувчи ходимлар;

меҳнат нормалари (меҳнатни нормалаштириш) — муайян ишлаб чиқариш шароитларида аниқ ишни ёки вазифани бажариш учун энг кўп йўл қўйиладиган вақт миқдорини аниқлаш, шунингдек, ходимларнинг турли тоифалари (гуруҳлари) сони ва асбоб-ускуналар сони ўртасидаги мақбул ўзаро нисбатни аниқлаш имконини берадиган, меҳнат натижалари ва меҳнатга ҳақ тўлаш ўлчови ўртасидаги тенглаштирилган ўзаро нисбатларни белгилаш ҳисобланади;

техник ходимлар — функциясига бошқарув ходимлари фаолиятига техник хизмат кўрсатиш ҳамда ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни таъминлаш ишларини бажариш (нашр этиш, кўпайтириш ва архив ишларини бажариш, кутубхона иши, ҳужжатларни етказиб бериш, компьютер техникасига хизмат кўрсатиш, идора, котиблик ишларини ва бошқа ишларни бажариш) кирадиган ходимлар;

хизмат кўрсатувчи ходимлар — функциясига бинолар ва ҳудудларга техник хизмат ва хўжалик хизмати кўрсатиш, уларни қўриқлаш, бошқарув ходимларига транспорт хизмати кўрсатиш, ташкилотнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларига хизмат кўрсатиш бўйича бошқа ишлар, шу жумладан, ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш кирадиган ходимлар;

ёрдамчи ходимлар — техник ходимлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар.

2-боб. Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш

3. Меҳнат нормаларини ишлаб чиқишдан аввал, уни самарали жорий этиш мақсадида ташкилотда қуйидаги ишлар амалга оширилади:

иш жойларининг янги нормалар бўйича ишга ташкилий-техник тайёргарлигини текшириш (ишларни бажариш учун ташкилий-техник шартлар янги норматив ҳужжатларда назарда тутилган шартларга қанчалик мос келиши);

ишни ташкил этишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

4. Меҳнат нормаларини ишлаб чиқишда таҳлилий усул ҳамда йиғиш ва хронометраж усулларидан фойдаланилади.

5. Таҳлилий усулда меҳнат жараёни элементлари таҳлил қилинади ва амалдаги стандартлар асосида ҳисоблаш ёки тажриба ҳамда кузатишларга асосланган тадқиқотлар натижаларига кўра меҳнат нормалари ишлаб чиқилади.

6. Йиғиш усулида меҳнат нормаларини белгилаш мумкин бўлган ва мақсадга мувофиқ ҳисобланадиган иш турлари меҳнатни нормалаштириш объекти сифатида белгиланади.

Меҳнат нормаларини ишлаб чиқишда шунга ўхшаш ишларни бажариш бўйича статистик маълумотлар ёки меҳнат нормаларини бажарувчи мутахассиснинг тажрибаси қўлланади.

7. Йиғиш усули қиёсий, экспериментал ва статистик усулларга бўлинади.

Қиёсий усул ўрганилаётган ва мавжуд бўлган ишни ўхшаш иш билан солиштириш орқали амалга оширилади.

Экспериментал усулда меҳнат нормаларини белгилашда нормалаштирувчининг тажрибаси ҳисобга олинади ва нормалаштирилаётган ишдаги ходимлар билан ўзаро алоқада бўлади, бунинг натижасида ишнинг меҳнат зичлиги ва унинг мазмуни ҳисобга олинади.

Статистик усулда ходимларнинг ҳақиқий меҳнат унумдорлигини акс эттирувчи статистик ҳисобот маълумотларига асосланилади.

8. Хронометраж усули меҳнат жараёнининг муайян такрорланувчи элементларини бажариш учун зарур бўлган иш вақтини ўлчаш усули ҳисобланади.

9. Хронометраж усули ялпи хронометраж ва танланма хронометраж турларига бўлинади.

Ялпи хронометражда узлуксиз вақт режимида битта иш ҳаракати билан боғлиқ ҳар бир элемент ўлчанади ва ўртача кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу турдаги хронометражни қўллашда жараённинг барча элементлари ходим томонидан кетма-кет бажарилиши муҳим аҳамиятга эга.

Танланма хронометражда жараённинг алоҳида компонентлари ўлчанади. Ушбу турдаги хронометражни қўллашда жараён элементларини бажаришда кетма-кетликни кузатиш шарт эмас.

10. Меҳнат нормаларини ишлаб чиқишда ходимларнинг бажарган ишлари (вазифалари) кузатувларидан ва ўлчовлар орқали иш вақти сарфини ўрганиш натижаларидан (иш кунининг фотосуратлари, жиҳозлардан фойдаланиш вақти, фотохронометраж ва бошқалар) фойдаланиш мумкин.

11. Бир турдаги ишлар учун тармоқ, тармоқлараро, касбий ва бошқа намунавий меҳнат нормалари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига киритилади.

Бунда ушбу киритилган намунавий меҳнат нормалари бир ой ичида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланади.

3-боб. Айрим ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб касб ва лавозимларнинг намунавий меҳнат нормалари

12. Касб ва лавозимларнинг бошқарув, ишлаб чиқариш ва ёрдамчи ходимлар тоифаларига мансублигини аниқлашда Машғулотларнинг миллий классификаторидан фойдаланилади.

13. Ходимларнинг умумий сонига бошқарув ходимлари, ишлаб чиқариш ходимлари ва ёрдамчи ходимлар киради.

14. Агар қонунчилик ҳужжатларида айрим ташкилотлар учун ходимлар сони нормаси белгиланган бўлса, ушбу қонунчилик ҳужжатларида белгиланган нормаларга амал қилинади.

15. Айрим ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб касб ва лавозимлар учун ходимлар сонининг намунавий нормалари ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ белгиланади.

Бошқарув ходимларига нисбатан ёрдамчи ходимлар сонининг мутаносиблигини ҳисоблаш меъёрлари ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ бошқарув ходимлари ва ишлаб чиқариш ходимларининг умумий сони йиғиндисига қараб белгиланади.

Ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб штат бирликларини белгилашда:

ёрдамчи ходимлар штат бирликларининг умумий сони ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ аниқланади;

ёрдамчи ходимлар штат бирликларига лавозим ва касбларни киритишда ушбу Низомга 1-иловадаги намунавий нормаларга амал қилинади;

ёрдамчи ходимлар штат бирликлари умумий сонининг қолган миқдори бўйича ушбу Низомга 1-иловада кўрсатилмаган ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб лавозим ва касбларнинг меҳнат нормалари ишлаб чиқилиб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда жорий этилиши мумкин.

Ёрдамчи ходимлар штат бирликлари жами сони ушбу Низомга 2-илова шартларига асосан аниқланадиган ёрдамчи ходимлар штат бирликларининг умумий сонидан ошиб кетишига йўл қўйилмайди.

Ходимлар штат бирликларининг умумий сонидаги ёрдамчи ходимларнинг ушбу Низомга 2-иловада келтирилган чегаравий меъёрлари ишлаб чиқилган меҳнат нормаларидан келиб чиқиб, 10 фоизгача оширилиши мумкин.

Ушбу бандда белгиланган меҳнат нормалари ва талаблар бюджет ташкилотлари, шунингдек, улар томонидан ташкил этилган давлат муассасалари учун мажбурий, бошқа ташкилотлар, жумладан, давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар учун тавсиявий ҳисобланади.

4-боб. Якунловчи қоида

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга 1-ИЛОВА

Айрим ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб касб ва лавозимлар учун ходимлар сонининг

Лавозим ёки касб номи Штат бирлигини киритиш нормалари ва шартлари* Енгил автомобиль ҳайдовчиси Автомобиль сақлаш лимити мавжуд бўлганда: 2 штат бирлиги (2 сменада) — ташкилот раҳбари учун; 1,5 штат бирлиги (1,5 сменада) — ташкилот раҳбарининг ҳар бир ўринбосари учун; навбатчи автомобиллар учун 1,5 штат бирлигидан (1,5 сменада). Ҳовли супурувчи 2,5 минг кв метр тозаланадиган майдон учун 1 штат бирлиги. Рухсатномалар бюроси навбатчиси** Эҳтиёж бўлганда бир сменали иш учун битта ташкилотга 1 штат бирлиги (республика ва ҳудудий (вилоят) ташкилотларда киритиш мумкин). Бунда мазкур штат бирлиги 2027 йил 1 январдан бошлаб рақамлаштириш ҳисобига киритилмайди. Хизмат хоналари фарроши** 800 кв метр супуриладиган ва тозаланадиган майдон учун 1 штат бирлиги. Қоровул** Бир кеча-кундуз ишлаётганда — ҳар бир ташкилот учун 4,5 штат бирлиги. Бир сменали иш учун (тунги навбатчилик) — ҳар бир ташкилот учун 3 штат бирлиги. Қўриқлаш хизмати томонидан қўриқланмаган тақдирда жорий этилади. Боғбон Боғ, манзарали дарахтлар, яшил ўтлоқ ва гулзор 0,5 гектардан 2 гектаргача бўлган майдонда 1 штат бирлиги, кейин ҳар 2 гектар майдон учун 1 штат бирлиги жорий этилади. Биноларга комплекс хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ишчи** Бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари сони 50 штат бирлигидан ошган ташкилот учун 1 штат бирлиги. Архивариус 1 штат бирлиги, ҳар бири 250 варақдан 6000 та иш жилди учун (ихтисослашган архив ташкилотларидан ташқари). Кутубхоначи Агар кутубхона мавжуд бўлса ва ҳисобида камида 2 000 та адабиёт мавжуд бўлганда 1 штат бирлиги (ихтисослашган кутубхона ташкилотларидан ташқари). Иш юритувчи*** Бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг ҳар 50 нафар ходимига 1 штат бирлиги. Раҳбар котиби (референт-котиб) Ҳар бир ташкилот раҳбари (республика ва ҳудудий (вилоят) даражадаги ташкилотлар) ва унинг ўринбосарлари (республика даражадаги ташкилотлар) учун 1 штат бирлигидан. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар)лар ҳокимликларида — ҳоким (раис) ва унинг ўринбосари учун 1 штат бирлигидан киритиш мумкин. Хўжалик мудири Ҳар бир ташкилот учун 1 штат бирлиги. Ўт ёқувчи (мавсумий) **** Қозонхонаси мавжуд бўлганда

Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга 2-ИЛОВА

Бошқарув ходимларига нисбатан ёрдамчи ходимлар сонининг мутаносиблигини ҳисоблаш меъёрлари

Бошқарув ходимлари сони 50 тагача штат бирлиги 51 — 100 тагача штат бирлиги 101 — 200 тагача штат бирлиги 201 — 300 тагача штат бирлиги 301 ва юқори штат бирлиги 1 2 3 4 5 Республика даражасидаги ташкилотлар 1:0,27:0,16 1:0,18:0,12 1:0,16:0,08 1:0.12:0,08 1:0,12:0,08 Ҳудудий (вилоят) даражадаги ташкилотлар 1:0,28:0,12 1:0,19:0,09 1:0,12:0,07 Туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлар 1:0,22:0.11 1:0,15:0,07 1:0,09:0,06 Ҳудудий (вилоят) ҳокимликлар 1:0,38:0,22 1:0,34:0,2 Туман ва шаҳар ҳокимликлари 1:0,2:0,13

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 24 июль,

465-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.07.2025 й., 09/25/465/0649-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NAMUNAVIY NIZOM

NAMUNAVIY NORMALARI

Mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksiga muvofiq ish beruvchilarga, shu jumladan, tadbirkorlik subyektlariga mehnatni tashkil etishni takomillashtirish, mehnat unumdorligini oshirish va xodimlar uchun munosib mehnat sharoitlarini yaratish hamda xodimlarning maqbul sonini aniqlash uchun mehnat normalarini ishlab chiqishda amaliy yordam koʻrsatish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

tashkilotlarda mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy etish tartibi;

ayrim yordamchi xodimlar toifasiga mansub kasb va lavozimlarning namunaviy mehnat normalari.

1 1 . Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi 2026-yil 30-dekabrga qadar Mashgʻulotlarning milliy klassifikatorini foydalanuvchilar uchun qulay boʻlishini taʼminlash maqsadida raqamlashtirish choralarini koʻrsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-iyuldagi 465-son qaroriga ILOVA

Mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tashkilotlarda mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish tartibini hamda ayrim yordamchi xodimlar toifasiga mansub kasb va lavozimlarning namunaviy mehnat normalarini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:

boshqaruv xodimlari — tashkilotlarda oʻz tuzilmasidagi boʻlinmalarga va xodimlarga rahbarlik qiluvchi, boshqaruv funksiyalarini amalga oshiruvchi, 'zarur qarorlarni ishlab chiquvchi va qabul qiluvchi, tashkilot faoliyatini rejalashtiruvchi, nazorat qiluvchi va jarayonlarni tartibga soluvchi xodimlar. Boshqaruv xodimlari rahbarlarga va mutaxassislarga boʻlinadi;

ishlab chiqarish xodimlari — tashkilot faoliyatidan kelib chiqib, asosiy faoliyat bilan bogʻlik ishlab chiqarish va/yoki xizmat koʻrsatish funksiyalarini amalga oshiruvchi, yordamchi xodimlarni boshqaruvchi, tashkilot faoliyati jarayonida farmoyish beruvchi vakolatlar berilmagan holda tartibga soluvchi, ijodiy va ilmiy faoliyatni, shu jumladan, oʻziga xos boshqa vazifalarni bajaruvchi xodimlar;

mehnat normalari (mehnatni normalashtirish) — muayyan ishlab chiqarish sharoitlarida aniq ishni yoki vazifani bajarish uchun eng koʻp yoʻl qoʻyiladigan vaqt miqdorini aniqlash, shuningdek, xodimlarning turli toifalari (guruhlari) soni va asbob-uskunalar soni oʻrtasidagi maqbul oʻzaro nisbatni aniqlash imkonini beradigan, mehnat natijalari va mehnatga haq toʻlash oʻlchovi oʻrtasidagi tenglashtirilgan oʻzaro nisbatlarni belgilash hisoblanadi;

texnik xodimlar — funksiyasiga boshqaruv xodimlari faoliyatiga texnik xizmat koʻrsatish hamda ishlab chiqarish va texnologik jarayonlarni taʼminlash ishlarini bajarish (nashr etish, koʻpaytirish va arxiv ishlarini bajarish, kutubxona ishi, hujjatlarni yetkazib berish, kompyuter texnikasiga xizmat koʻrsatish, idora, kotiblik ishlarini va boshqa ishlarni bajarish) kiradigan xodimlar;

xizmat koʻrsatuvchi xodimlar — funksiyasiga binolar va hududlarga texnik xizmat va xoʻjalik xizmati koʻrsatish, ularni qoʻriqlash, boshqaruv xodimlariga transport xizmati koʻrsatish, tashkilotning boshqaruv va ishlab chiqarish xodimlariga xizmat koʻrsatish boʻyicha boshqa ishlar, shu jumladan, ijtimoiy-maishiy xizmat koʻrsatish kiradigan xodimlar;

yordamchi xodimlar — texnik xodimlar va xizmat koʻrsatuvchi xodimlar.

2-bob. Mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish

3. Mehnat normalarini ishlab chiqishdan avval, uni samarali joriy etish maqsadida tashkilotda quyidagi ishlar amalga oshiriladi:

ish joylarining yangi normalar boʻyicha ishga tashkiliy-texnik tayyorgarligini tekshirish (ishlarni bajarish uchun tashkiliy-texnik shartlar yangi normativ hujjatlarda nazarda tutilgan shartlarga qanchalik mos kelishi);

ishni tashkil etishda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish, shuningdek, mehnat sharoitlarini yaxshilash boʻyicha tashkiliy-texnik chora-tadbirlarni ishlab chiqish.

4. Mehnat normalarini ishlab chiqishda tahliliy usul hamda yigʻish va xronometraj usullaridan foydalaniladi.

5. Tahliliy usulda mehnat jarayoni elementlari tahlil qilinadi va amaldagi standartlar asosida hisoblash yoki tajriba hamda kuzatishlarga asoslangan tadqiqotlar natijalariga koʻra mehnat normalari ishlab chiqiladi.

6. Yigʻish usulida mehnat normalarini belgilash mumkin boʻlgan va maqsadga muvofiq hisoblanadigan ish turlari mehnatni normalashtirish obyekti sifatida belgilanadi.

Mehnat normalarini ishlab chiqishda shunga oʻxshash ishlarni bajarish boʻyicha statistik maʼlumotlar yoki mehnat normalarini bajaruvchi mutaxassisning tajribasi qoʻllanadi.

7. Yigʻish usuli qiyosiy, eksperimental va statistik usullarga boʻlinadi.

Qiyosiy usul oʻrganilayotgan va mavjud boʻlgan ishni oʻxshash ish bilan solishtirish orqali amalga oshiriladi.

Eksperimental usulda mehnat normalarini belgilashda normalashtiruvchining tajribasi hisobga olinadi va normalashtirilayotgan ishdagi xodimlar bilan oʻzaro aloqada boʻladi, buning natijasida ishning mehnat zichligi va uning mazmuni hisobga olinadi.

Statistik usulda xodimlarning haqiqiy mehnat unumdorligini aks ettiruvchi statistik hisobot maʼlumotlariga asoslaniladi.

8. Xronometraj usuli mehnat jarayonining muayyan takrorlanuvchi elementlarini bajarish uchun zarur boʻlgan ish vaqtini oʻlchash usuli hisoblanadi.

9. Xronometraj usuli yalpi xronometraj va tanlanma xronometraj turlariga boʻlinadi.

Yalpi xronometrajda uzluksiz vaqt rejimida bitta ish harakati bilan bogʻliq har bir element oʻlchanadi va oʻrtacha koʻrsatkich hisoblanadi. Ushbu turdagi xronometrajni qoʻllashda jarayonning barcha elementlari xodim tomonidan ketma-ket bajarilishi muhim ahamiyatga ega.

Tanlanma xronometrajda jarayonning alohida komponentlari oʻlchanadi. Ushbu turdagi xronometrajni qoʻllashda jarayon elementlarini bajarishda ketma-ketlikni kuzatish shart emas.

10. Mehnat normalarini ishlab chiqishda xodimlarning bajargan ishlari (vazifalari) kuzatuvlaridan va oʻlchovlar orqali ish vaqti sarfini oʻrganish natijalaridan (ish kunining fotosuratlari, jihozlardan foydalanish vaqti, fotoxronometraj va boshqalar) foydalanish mumkin.

11. Bir turdagi ishlar uchun tarmoq, tarmoqlararo, kasbiy va boshqa namunaviy mehnat normalari respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligiga kiritiladi.

Bunda ushbu kiritilgan namunaviy mehnat normalari bir oy ichida Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.

3-bob. Ayrim yordamchi xodimlar toifasiga mansub kasb va lavozimlarning namunaviy mehnat normalari

12. Kasb va lavozimlarning boshqaruv, ishlab chiqarish va yordamchi xodimlar toifalariga mansubligini aniqlashda Mashgʻulotlarning milliy klassifikatoridan foydalaniladi.

13. Xodimlarning umumiy soniga boshqaruv xodimlari, ishlab chiqarish xodimlari va yordamchi xodimlar kiradi.

14. Agar qonunchilik hujjatlarida ayrim tashkilotlar uchun xodimlar soni normasi belgilangan boʻlsa, ushbu qonunchilik hujjatlarida belgilangan normalarga amal qilinadi.

15. Ayrim yordamchi xodimlar toifasiga mansub kasb va lavozimlar uchun xodimlar sonining namunaviy normalari ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq belgilanadi.

Boshqaruv xodimlariga nisbatan yordamchi xodimlar sonining mutanosibligini hisoblash meʼyorlari ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq boshqaruv xodimlari va ishlab chiqarish xodimlarining umumiy soni yigʻindisiga qarab belgilanadi.

Yordamchi xodimlar toifasiga mansub shtat birliklarini belgilashda:

yordamchi xodimlar shtat birliklarining umumiy soni ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq aniqlanadi;

yordamchi xodimlar shtat birliklariga lavozim va kasblarni kiritishda ushbu Nizomga 1-ilovadagi namunaviy normalarga amal qilinadi;

yordamchi xodimlar shtat birliklari umumiy sonining qolgan miqdori boʻyicha ushbu Nizomga 1-ilovada koʻrsatilmagan yordamchi xodimlar toifasiga mansub lavozim va kasblarning mehnat normalari ishlab chiqilib, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda joriy etilishi mumkin.

Yordamchi xodimlar shtat birliklari jami soni ushbu Nizomga 2-ilova shartlariga asosan aniqlanadigan yordamchi xodimlar shtat birliklarining umumiy sonidan oshib ketishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Xodimlar shtat birliklarining umumiy sonidagi yordamchi xodimlarning ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan chegaraviy meʼyorlari ishlab chiqilgan mehnat normalaridan kelib chiqib, 10 foizgacha oshirilishi mumkin.

Ushbu bandda belgilangan mehnat normalari va talablar budjet tashkilotlari, shuningdek, ular tomonidan tashkil etilgan davlat muassasalari uchun majburiy, boshqa tashkilotlar, jumladan, davlat ulushi mavjud boʻlgan korxonalar uchun tavsiyaviy hisoblanadi.

4-bob. Yakunlovchi qoida

16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga 1-ILOVA

Ayrim yordamchi xodimlar toifasiga mansub kasb va lavozimlar uchun xodimlar sonining

Lavozim yoki kasb nomi Shtat birligini kiritish normalari va shartlari* Yengil avtomobil haydovchisi Avtomobil saqlash limiti mavjud boʻlganda: 2 shtat birligi (2 smenada) — tashkilot rahbari uchun; 1,5 shtat birligi (1,5 smenada) — tashkilot rahbarining har bir oʻrinbosari uchun; navbatchi avtomobillar uchun 1,5 shtat birligidan (1,5 smenada). Hovli supuruvchi 2,5 ming kv metr tozalanadigan maydon uchun 1 shtat birligi. Ruxsatnomalar byurosi navbatchisi** Ehtiyoj boʻlganda bir smenali ish uchun bitta tashkilotga 1 shtat birligi (respublika va hududiy (viloyat) tashkilotlarda kiritish mumkin). Bunda mazkur shtat birligi 2027-yil 1-yanvardan boshlab raqamlashtirish hisobiga kiritilmaydi. Xizmat xonalari farroshi** 800 kv metr supuriladigan va tozalanadigan maydon uchun 1 shtat birligi. Qorovul** Bir kecha-kunduz ishlayotganda — har bir tashkilot uchun 4,5 shtat birligi. Bir smenali ish uchun (tungi navbatchilik) — har bir tashkilot uchun 3 shtat birligi. Qoʻriqlash xizmati tomonidan qoʻriqlanmagan taqdirda joriy etiladi. Bogʻbon Bogʻ, manzarali daraxtlar, yashil oʻtloq va gulzor 0,5 gektardan 2 gektargacha boʻlgan maydonda 1 shtat birligi, keyin har 2 gektar maydon uchun 1 shtat birligi joriy etiladi. Binolarga kompleks xizmat koʻrsatish va taʼmirlash boʻyicha ishchi** Boshqaruv va ishlab chiqarish xodimlari soni 50 shtat birligidan oshgan tashkilot uchun 1 shtat birligi. Arxivarius 1 shtat birligi, har biri 250 varaqdan 6000 ta ish jildi uchun (ixtisoslashgan arxiv tashkilotlaridan tashqari). Kutubxonachi Agar kutubxona mavjud boʻlsa va hisobida kamida 2 000 ta adabiyot mavjud boʻlganda 1 shtat birligi (ixtisoslashgan kutubxona tashkilotlaridan tashqari). Ish yurituvchi*** Boshqaruv va ishlab chiqarish xodimlarining har 50 nafar xodimiga 1 shtat birligi. Rahbar kotibi (referent-kotib) Har bir tashkilot rahbari (respublika va hududiy (viloyat) darajadagi tashkilotlar) va uning oʻrinbosarlari (respublika darajadagi tashkilotlar) uchun 1 shtat birligidan. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahri va tuman (shahar)lar hokimliklarida — hokim (rais) va uning oʻrinbosari uchun 1 shtat birligidan kiritish mumkin. Xoʻjalik mudiri Har bir tashkilot uchun 1 shtat birligi. Oʻt yoquvchi (mavsumiy) **** Qozonxonasi mavjud boʻlganda

Mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga 2-ILOVA

Boshqaruv xodimlariga nisbatan yordamchi xodimlar sonining mutanosibligini hisoblash meʼyorlari

Boshqaruv xodimlari soni 50 tagacha shtat birligi 51 — 100 tagacha shtat birligi 101 — 200 tagacha shtat birligi 201 — 300 tagacha shtat birligi 301 va yuqori shtat birligi 1 2 3 4 5 Respublika darajasidagi tashkilotlar 1:0,27:0,16 1:0,18:0,12 1:0,16:0,08 1:0.12:0,08 1:0,12:0,08 Hududiy (viloyat) darajadagi tashkilotlar 1:0,28:0,12 1:0,19:0,09 1:0,12:0,07 Tuman (shahar) darajasidagi tashkilotlar 1:0,22:0.11 1:0,15:0,07 1:0,09:0,06 Hududiy (viloyat) hokimliklar 1:0,38:0,22 1:0,34:0,2 Tuman va shahar hokimliklari 1:0,2:0,13

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 24-iyul,

465-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.07.2025-y., 09/25/465/0649-son; 21.07.2026-y., 09/26/393/0764-son)

lex.uz