UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 24-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 24 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июня 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экологии, охраны окружающей среды и изменения климата

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 June 2025 · Ministry and agency documents · Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 январдаги 20-сон «Ўзбекистон Республикасида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. «Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган.

3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг 2025 йил 24 июндаги 20-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги

Ушбу Низом «Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом фармацевтика ва тамаки маҳсулотлари ҳамда миллий экологик маркировкалаш стандартлари (бундан буён матнда экологик маркировкалаш стандартлари деб юритилади) мавжуд бўлмаган бошқа маҳсулот ва (ёки) хизматларга нисбатан татбиқ этилмайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими (бундан буён матнда экологик маркировкалаш тизими деб юритилади) — маҳсулот ва хизматларнинг бутун ҳаётий даврида уларни экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини ихтиёрий сертификатлаштириш тизими (I типдаги экологик маркировка);

экологик маркировка белгиси — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 январдаги 20-сон қарорига асосан маҳсулот ва хизматларнинг экологик маркировкалаш стандартларига мос келишини кўрсатиш учун қўлланиладиган экологик маркировка белгиси;

экологик маркировкалаш органи — маҳсулот ва хизматларнинг экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини баҳолайдиган, экологик маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтган юридик шахслар;

экологик маркировкалаш тизими оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази;

экологик маркировкалаш сертификати (бундан буён матнда сертификат деб юритилади) — маҳсулот ва хизматларни экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун экологик маркировкалаш органи томонидан бериладиган ҳужжат;

экологик маркировкалаш тизимида сертификатлаштириш (бундан буён матнда сертификатлаштириш деб юритилади) — маҳсулот ва хизматларни экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини тасдиқлаш учун экологик маркировкалаш органи томонидан амалга ошириладиган жараён;

ариза берувчи — сертификат олишга ва (ёки) хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олишга ариза билан мурожаат қилган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;

талабгор — экологик маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтиш учун операторга мурожаат қилган юридик шахс;

экологик маркировкалаш органлари реестри — операторнинг расмий веб-сайтида электрон маълумотлар базаси шаклида жойлаштириладиган экологик маркировкалаш органлари рўйхати.

2. Ушбу Низом сертификатлаштиришни ўтказиш, талабгорни авторизациядан ўтказиш, хорижий экологик маркировкалаш тизимларини тан олиш ва экологик маркировка белгисини қўллашни ўз ичига олади.

2-боб. Сертификатлаштиришни ўтказиш

3. Ариза берувчи экологик маркировкалаш органига мазкур Низомнинг 1 ва 1а-иловаларига мувофиқ шакллардаги маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш бўйича ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

4. Экологик маркировкалаш органи томонидан сертификатлаштириш бўйича ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида унда кўрсатилган маълумотлар кўриб чиқилади.

5. Ариза берувчи томонидан сертификатлаштириш бўйича ариза мазкур Низомнинг 1 ва 1а-иловаларига мувофиқ шаклларда тақдим этилмаган бўлса ёки аризада тегишли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, экологик маркировкалаш органи томонидан ариза берувчига камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.

6. Сертификатлаштириш бўйича аризада камчиликлар аниқланмаган тақдирда, экологик маркировкалаш органи ушбу аризани кўриб чиқиш тугалланган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиб, бу ҳақида ариза берувчини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади ва экологик маркировкалаш органи ҳамда ариза берувчи ўртасида сертификатлаштиришни ўтказиш бўйича шартнома тузилади.

7. Сертификатлаштиришни ўтказиш бўйича шартномада кўрсатилган сертификатлаштириш қиймати ариза берувчи томонидан унда белгиланган муддатда тўлиқ тўлангандан сўнг, экологик маркировкалаш органи сертификатлаштиришни ўтказиш учун камида икки кишидан иборат ва ушбу Низомнинг 8-бобида белгиланган билим ва кўникмаларга эга бўлган экспертлар гуруҳини шакллантиради.

Бунда, сертификатлаштиришни ўтказиш уч ойдан ошмаган муддатда амалга оширилади.

8. Экспертлар гуруҳи сертификатлаштириш жараёнида қуйидагиларни амалга оширади:

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ сертификатлаштириш схемасини белгилаш;

сертификатлаштириладиган маҳсулот ёки хизматнинг экологик маркировкалаш стандартида белгиланган барча ҳужжатларни ўрганиш;

сертификатлаштириладиган маҳсулот ёки хизматнинг экологик маркировкалаш стандартидаги ҳар бир талабга мувофиқлигини текшириш (ҳужжатларни таҳлил қилиш, қўшимча ўрганиш, намуналарни олиш ҳамда лаборатория синовларини ташкил этиш (агар мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ сертификатлаштириш схемаси лаборатория синовларини назарда тутса);

текширишлар натижаси бўйича чеклист тўлдириш ҳамда Экспертлар гуруҳи хулосасини тайёрлаш.

9. Экспертлар гуруҳи томонидан сертификатлаштириш жараёнида маҳсулот ёки хизматлар бўйича аниқланган номувофиқликлар қуйидагиларга ажратилади:

жиддий номувофиқликлар;

жиддий бўлмаган номувофиқликлар.

10. Экспертлар гуруҳи томонидан сертификатлаштириш жараёнида қуйидагилар аниқланганида жиддий номувофиқликлар деб ҳисобланади:

сертификатлаштириш учун тақдим этилган маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги маҳсулот рецептураси ва ишлаб чиқаришнинг асосий жараёнига нисбатан экологик маркировкалаш стандарти талабларининг қасддан бажарилмаслиги;

маҳсулот қадоғи, ёрлиғи ва рекламасида маҳсулотни бузиб кўрсатувчи маълумотнинг мавжудлиги;

маҳсулот лаборатория синовларининг салбий натижалари;

хизматлар сертификатлаштирилаётганда экологик маркировкалаш стандарти талабларининг қасддан бажарилмаслиги.

11. Экспертлар гуруҳи томонидан сертификатлаштириш жараёнида қуйидагилар аниқланганида жиддий бўлмаган номувофиқликлар деб ҳисобланади:

сертификатлаштириш учун тақдим этилган маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги маҳсулот рецептураси ва ишлаб чиқаришнинг асосий жараёнига нисбатан экологик маркировкалаш стандарти талабларининг қасддан бузилмаганлиги;

маҳсулот қадоғи ёки ёрлиғи таркибига нисбатан экологик маркировкалаш стандарти талабларининг бузилиши;

сертификатлаштириш учун тақдим этилган маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнига тааллуқли бўлмаган технологик жараёнларга нисбатан экологик маркировкалаш стандарти талабларининг бузилиши;

моддий таъминот ва ходимларга нисбатан экологик маркировкалаш стандарти талабларининг бузилиши.

12. Экспертлар гуруҳи томонидан сертификатлаштириш жараёни натижалари бўйича хулоса расмийлаштирилади.

Экспертлар гуруҳи томонидан сертификатлаштириш жараёнида маҳсулот ёки хизматлар бўйича номувофиқликлар аниқланмаган ҳолларда ариза берувчига сертификат бериш тавсия этилади.

Экспертлар гуруҳи томонидан ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган жиддий бўлмаган номувофиқликлар аниқланганда экологик маркировкалаш органига ушбу камчиликларни бартараф этиш шарти билан ариза берувчи учун сертификат бериш тавсия этилади.

Сертификатлаштириш жараёнида ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган жиддий номувофиқликлар аниқланган ҳолларда экспертлар гуруҳи томонидан ариза берувчига сертификат беришни рад этиш ва қўшимча ўрганиш бўйича тавсия этилади.

13. Экспертлар гуруҳи томонидан расмийлаштириладиган хулосада қуйидагилар кўрсатилади:

сертификатлаштирилаётган маҳсулот ёки хизматнинг қисқача тавсифи;

тўлдирилган чеклист;

экологик маркировкалаш стандарти талабларига жиддий ва жиддий бўлмаган номувофиқликлар рўйхати;

сертификатни бериш мумкинлиги ёки сертификат беришни рад этиш ва қўшимча ўрганиш бўйича тавсия.

14. Экологик маркировкалаш органи раҳбари эксперт хулосаси асосида уни олган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида сертификатлаштириш натижалари бўйича якуний ижобий ёки салбий қарор қабул қилади. Бунда:

1) ижобий қарор қабул қилинганда — экологик маркировкалаш органи шу куннинг ўзида мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги сертификатни расмийлаштиради. Бунда:

экологик маркировкалаш органи электрон почта орқали сертификатга қайд этиш рақамини олиш учун операторга сўровнома юборади;

оператор сўровнома келиб тушган куннинг ўзида электрон почта орқали экологик маркировкалаш органига қайд этиш рақамини беради;

экологик маркировкалаш органи шу куннинг ўзида сертификатни рўйхатдан ўтказади ва ариза берувчига тақдим этади;

экологик маркировкалаш органи сертификат берилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида операторга сертификат маълумотларини тақдим этади;

оператор сертификат маълумотлари олинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида унинг маълумотларини сертификатлар реестрга киритади;

сертификатнинг амал қилиш муддати уч йилни ташкил этади;

2) салбий қарор қабул қилинганда — экологик маркировкалаш органи шу куннинг ўзида бу ҳақида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.

15. Ариза берувчи салбий қарор қабул қилинган кундан бошлаб олтмиш иш кунидан кечикмасдан жиддий номувофиқликларни бартараф этган ҳолда, улар бартараф этилганлигини тасдиқлаш учун қўшимча ўрганиш бўйича экологик маркировкалаш органига ёзма хабарнома юбориши мумкин.

16. Экологик маркировкалаш органи ариза берувчининг қўшимча ўрганиш бўйича хабарномасини олганидан сўнг, жиддий номувофиқликларнинг бартараф этилганлигини тасдиқлаш учун қўшимча ўрганишни амалга оширади.

Бунда, экспертлар гуруҳи томонидан қўшимча ўрганиш уч ойдан ошмаган муддатда ўтказилади.

17. Қўшимча ўрганиш натижалари бўйича жиддий номувофиқликларнинг бартараф этилганлиги ўз тасдиғини топган тақдирда, ариза берувчига сертификат берилади.

3-боб. Сертификатга ўзгартириш киритиш

18. Ариза берувчи қуйидаги ҳолларда сертификатга ўзгартириш киритиш бўйича экологик маркировкалаш органига маҳсулот ёки хизмат бўйича тегишли ўзгартириш киритилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида мурожаат қилиши керак:

сертификатлаштирилган маҳсулот ёки хизмат номининг ўзгариши;

ариза берувчи номининг ўзгариши;

маҳсулотни тайёрловчи номининг ўзгариши;

ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишнинг техник шартлари номланиши ўзгариши.

19. Ишлаб чиқариш жойи ўзгарган ҳолларда, ариза берувчининг маҳсулот ёки хизмати ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган муддатда йўллаган мурожаати асосида мазкур Низомнинг 2-бобига асосан қайта сертификатлаштиришдан ўтказилади. Бунда, ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати уч йилни ташкил этади.

20. Сертификатлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришдан олиб ташланган (ёпилган) ҳолларда, бунда ушбу сертификат фақат бир маҳсулотга тааллуқли бўлса, мазкур сертификатнинг амал қилиши бекор бўлади.

Сертификат бир нечта маҳсулотга тааллуқли бўлса ва фақат уларнинг бир қисми ишлаб чиқаришдан олиб ташланган (ёпилган) тақдирда, сертификатнинг амал қилиши бекор бўлмайди ва сертификатлар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

21. Экологик маркировкалаш органи ушбу Низомнинг 18-бандига асосан ариза берувчининг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида унинг сертификатига тегишли ўзгартиришлар киритади ва бу ҳақидаги маълумотларни шу куннинг ўзида операторга электрон почта орқали тақдим этади.

4-боб. Даврий баҳолашни ўтказиш

22. Сертификатнинг амал қилиш муддати давомида экологик маркировкалаш органи томонидан камида икки маротаба даврий баҳолаш ўтказилади.

Биринчи даврий баҳолаш сертификатлаштириш ўтказилган кундан бошлаб ўн икки ойдан кечикмай ўтказилади.

Кейинги даврий баҳолаш ҳар йили даврий баҳолаш режа-жадвалига мувофиқ даврий, бироқ аввалги даврий баҳолаш ўтказилган вақтдан бошлаб ўн икки ойдан кечикмай ўтказилади.

23. Экологик маркировкалаш органи қуйидаги ҳолларда режадан ташқари даврий баҳолашни ўтказиши мумкин:

маҳсулот ишлаб чиқариш техник шартларининг ўзгариши (сертификатлаштирилган маҳсулот экологик маркировкалаш стандарти талабларига мувофиқлигининг ўзгармаганлигини аниқлаш мақсадида);

ариза берувчи томонидан таъмирлаш ишларининг олиб борилиши, қайта жиҳозлаш, унинг қайта ташкил этилиши;

давлат органлари ва ташкилотлардан текширишларнинг салбий натижалари тўғрисидаги хабарларнинг келиб тушиши;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушиши.

24. Экологик маркировкалаш органи томонидан даврий баҳолаш натижалари тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади ва бир нусхаси ариза берувчига берилади.

25. Экологик маркировкалаш органи даврий баҳолаш натижалари бўйича ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган жиддий номувофиқликлар ёки ариза берувчи томонидан мазкур Низомнинг 63 — 70-бандлари талаблари бузилганлиги аниқлаган ҳолларда, сертификатнинг амал қилишини тўқсон календарь кунигача бўлган муддатга тўхтатиб туриши мумкин.

Экологик маркировкалаш органи сертификатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган куннинг ўзида уни тўхтатиб туриш тўғрисида оператор ва ариза берувчини ёзма хабардор қилади.

26. Ариза берувчи сертификатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб олтмиш иш кунидан кечикмасдан ушбу Низомнинг 25-бандида назарда тутилган камчиликларни бартараф этган ҳолда, улар бартараф этилганлигини тасдиқлаш учун қўшимча ўрганишдан ўтиш бўйича экологик маркировкалаш органига ёзма хабарнома юбориши мумкин.

Бунда:

қўшимча ўрганиш тўқсон иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади;

қўшимча ўрганишда ушбу Низомнинг 25-бандида назарда тутилган камчиликлар бартараф этилганлиги тасдиқланган тақдирда, сертификатнинг амал қилиши қайта тикланади.

27. Ариза берувчи мазкур Низомнинг 25-бандида белгиланган муддатда тегишли камчиликлар бартараф этилганлигини тасдиқлаш учун қўшимча ўрганишдан ўтиш бўйича экологик маркировкалаш органига ёзма хабарнома юбормаса унга берилган сертификатнинг амал қилиши бекор бўлади.

5-боб. Ариза берувчиларнинг апелляция шикоятларни кўриб чиқиш

28. Сертификатлаштириш натижаларидан норози бўлган ариза берувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун оператор раҳбарининг буйруғи билан камида беш нафар мутахассислардан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Бунда, Апелляция комиссияси таркибига бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ҳам мутахассислар келишув асосида жалб этилиши мумкин.

Сертификатлаштиришда иштирок этган экологик маркировкалаш органлари ходимларининг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

29. Сертификатлаштириш натижаларидан норози бўлган ариза берувчилар унинг натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти бериши мумкин.

30. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ариза берувчини шикоят кўриб чиқилишидан икки кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.

31. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун муддат ичида кўриб чиқади. Апелляция шикояти билан мурожаат қилган ариза берувчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Бунда, Апелляция комиссияси апелляция шикоятини кўриб чиқишда, зарур ҳолларда жойига чиққан ҳолда шикоят предметини, қўшимча ҳужжатларни ўрганиши, шунингдек мутахассис сифатида учинчи шахсларни жалб қилиши мумкин.

32. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Апелляция комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

33. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

сертификатлаштириш натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

сертификатлаштириш натижаларига ўзгартириш киритиш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш.

34. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ариза берувчига ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.

35. Апелляция комиссияси қарори устидан номзод юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.

6-боб. Сертификатлар реестрини юритиш

36. Оператор томонидан унинг расмий веб-сайтида электрон шаклда сертификатлар реестри юритилади.

37. Сертификатлар реестрида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

ариза берувчи тўғрисидаги асосий маълумотлар (номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, юридик манзили, жойлашган жойи, алоқа маълумотлари);

сертификатнинг алоҳида қайд этиш рақами;

сертификатни берган экологик маркировкалаш органининг номи;

сертификатнинг берилган санаси ва амал қилиш муддати;

сертификатлаштирилган маҳсулот ёки хизмат номи;

сертификатга киритилган ўзгартиришлар, қайта расмийлаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ёки бекор қилишнинг асослари ва санаси.

Сертификатлар реестрига бошқа қўшимча маълумотлар киритилиши мумкин.

38. Сертификат бекор қилинган тақдирда оператор томонидан унинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги ёзув сертификатлар реестрида қайд этилади.

39. Сертификатлар реестри маълумотлари барча фойдаланувчилар учун очиқ ҳисобланади.

7-боб. Талабгорларни авторизациядан ўтказиш

40. Талабгор экологик маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтиш учун операторга мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда авторизациядан ўтказишга ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

41. Авторизациядан ўтказишга аризада қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

сифат менежменти ҳужжатларининг нусхалари (ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ бўлган);

экологик маркировкалаш тизимида ўқитиш ва аттестациядан ўтказиш учун учтадан кам бўлмаган номзодлар рўйхати (Ф.И.О., лавозими ва иш тажрибаси маълумотлари билан бирга);

ISO/IEC 17065 халқаро стандарти талабларига мувофиқ фаолият йўлга қўйилганлигини тасдиқловчи аккредитация гувоҳномаси нусхаси (агар мавжуд бўлса);

лабораториянинг фаолияти ISO/IEC 17025 халқаро стандарти талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи аккредитация гувоҳномаси нусхаси (агар мавжуд бўлса);

сертификатлаштириш тартиби лойиҳаси;

экологик маркировкалаш бўйича оператор ташкил этган ўқув курсининг экспертлар томонидан муваффақиятли ўзлаштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса).

42. Оператор томонидан авторизациядан ўтказишга ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида унда кўрсатилган маълумотларни кўриб чиқилади.

43. Талабгор томонидан авторизациядан ўтказишга ариза мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилмаган бўлса ёки унда тегишли маълумотлар ва мазкур Низомнинг 41-бандида келтирилган ҳужжатлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, оператор томонидан талабгорга камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни мобайнида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.

44. Авторизациядан ўтказишга аризада камчиликлар аниқланмаган тақдирда, оператор ва талабгор ўртасида авторизацияни ўтказиш бўйича шартнома тузилади.

45. Авторизацияни ўтказиш бўйича шартномада кўрсатилган авторизациядан ўтказиш қиймати талабгор томонидан унда белгиланган муддатда тўлиқ тўлангандан сўнг, оператор уч кишидан кам бўлмаган таркибдаги авторизация комиссиясини шакллантиради.

Бунда, авторизацияни ўтказиш муддати бир ойдан ошмаган муддатда амалга оширилади.

46. Авторизация комиссияси қуйидагиларни амалга оширади:

экспертликка номзодлар ҳужжатларини кўриб чиқиш;

экспертликка номзодларни экологик маркировкалаш тизимида аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

авторизациядан ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

авторизациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш.

47. Авторизациядан ўтказиш талабгорнинг қуйидаги талабларга жавоб беришини баҳолаш орқали амалга оширилади:

талабгорда маҳсулот гуруҳи(лари) учун ISO 14024 талабларига мувофиқ сертификатлаштириш жараёнларини белгиловчи тартиб-таомил мавжуд бўлиши;

талабгорнинг сертификатлаштириш фаолиятига оид ички тартиб-қоидалари мазкур Низомга мувофиқ бўлиши;

экспертликка номзодларнинг асосий иш берувчиси талабгор ҳисобланиши;

экспертликка номзодларнинг мазкур Низомнинг 8-бобига мувофиқ ISO 14024 халқаро стандарти бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши.

48. Авторизация комиссияси авторизациядан ўтказишга ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда авторизациядан ўтказиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиб, бу ҳақида талабгорни ёзма равишда хабардор қилади.

Талабгорнинг мазкур Низомнинг 47-бандида келтирилган талаблардан бирига мувофиқ келмаслиги уни авторизациядан ўтказилмаслигига сабаб бўлади.

49. Талабгор мазкур Низомнинг 47-бандида келтирилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда оператор шу куннинг ўзида талабгорга экологик маркировкалаш органи мақоми ва рўйхатга олиш рақами берилади.

Оператор ва экологик маркировкалаш органи ўртасида авторизациядан кейинги шартнома тузилади, унга кўра экологик маркировкалаш органи экологик маркировкалаш тизимида кўрсатилган пуллик хизматлар тушумининг беш фоизи миқдорида оператор ҳисобига ажратма ўтказиб боради.

Оператор ҳисобига ажратмани ўтказмаслик экологик маркировкалаш органининг экологик маркировкалаш органлари реестридан чиқарилишига сабаб бўлади.

8-боб. Экспертларнинг билим ва кўникмаларига қўйиладиган талаблар

50. Экспертликка номзодлар сертификатлаштириш соҳасида мувофиқликни баҳолаш бўйича камида бир йиллик иш тажрибасига, шунингдек табиий ва техник фанлар йўналишида олий маълумотга эга бўлиши керак.

51. Экспертлар қуйидагилар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши керак:

мазкур Низом талаблари;

ISO 14024, ISO 14040, ISO 14021, ISO 14025, ISO/IEC 17065 халқаро стандартлари;

экологик маркировкалаш стандартларининг талаблари ва текшириш усуллари;

асосий иш жойининг сертификатлаштириш фаолиятига оид ички тартиб-қоидалари.

52. Авторизациядан ўтказиш мобайнида экспертликка номзодлар оператор томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида экологик маркировкалаш бўйича етмиш икки соатлик ўқув курсини ўзлаштириши керак.

Ўқув курсини ўзлаштириш якуни бўйича ҳар бир номзод имтиҳон топширади ва ижобий натижаларга кўра ўқув курсини муваффақиятли ўзлаштирганлиги тўғрисида гувоҳнома олади.

53. Экспертлар ҳар икки йилда камида бир марта экологик маркировкалаш бўйича малака ошириш курсларини ўташи керак.

9-боб. Экологик маркировкалаш органлари фаолиятини мониторинг қилиш

54. Оператор томонидан ҳар ўн икки ойда бир марта экологик маркировкалаш органи фаолиятини ўрганиш бўйича мониторинг (бундан буён матнда мониторинг деб юритилади) ўтказилади.

55. Мониторингни ўтказишда экологик маркировкалаш органлари мазкур Низомнинг 2 — 4 , 7 ва 12-боблари талабларига риоя қилишлари ўрганилади.

56. Сертификатлаштириш ишлари мазкур Низомнинг 2 — 4 , 7 ва 12-боблари талабларига зид равишда амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, оператор томонидан экологик маркировкалаш органини экологик маркировкалаш органлари реестридан чиқариш тўғрисида қарор расмийлаштирилади ва шу куннинг ўзида реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади ҳамда бу ҳақида экологик маркировкалаш органи ёзма хабардор қилинади.

57. Экологик маркировкалаш органи мониторинг ўтказилишидан бош тортган тақдирда, оператор экологик маркировкалаш органини ёзма хабардор қилган ҳолда, уни экологик маркировкалаш органлари реестридан чиқариши мумкин.

58. Экологик маркировкалаш органи фаолияти бўйича юридик ва жисмоний шахслардан шикоятлар келиб тушган ҳолларда навбатдан ташқари мониторинг ўтказилиши мумкин.

Навбатдан ташқари мониторинг ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома у ўтказилишидан камида уч иш куни олдин экологик маркировкалаш органига юборилиши керак.

10-боб. Экологик маркировкалаш органлари реестрини юритиш

59. Экологик маркировкалаш органлари реестри оператор томонидан юритилади.

60. Экологик маркировкалаш органлари реестрида қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилади:

экологик маркировкалаш органи тўғрисидаги асосий маълумотлар (номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, юридик манзили, жойлашган жойи, алоқа маълумотлари);

экологик маркировкалаш органини алоҳида қайд этиш рақами;

авторизациядан ўтказилган санаси ва амал қилиш муддати;

экспертлар рўйхати (Ф.И.О. ва лавозими);

сертификатлаштиришни амалга ошириш учун экспертлар томонидан ўзлаштирилган экологик маркировкалаш стандартлари рўйхати;

экологик маркировкалаш органини экологик маркировкалаш органлари реестридан чиқаришнинг асослари ва санаси.

Экологик маркировкалаш органлари реестрига бошқа қўшимча маълумотлар киритилиши мумкин.

61. Экологик маркировкалаш органлари реестри маълумотлари барча фойдаланувчилар учун очиқ юритилади.

62. Оператор экологик маркировкалаш органлари реестрининг тўғри юритилиши учун масъул ҳисобланади.

11-боб. Экологик маркировка белгисини қўллаш

63. Экологик маркировка белгисини қўллаш мазкур Низомга мувофиқ тегишли маҳсулот ёки хизматлар учун сертификат олган ҳолда шартнома асосида амалга оширилади.

64. Экологик маркировка белгиси:

тўғридан-тўғри маҳсулотга ва (ёки) унинг қадоғига (ёрлиғига) туширилиши, шунингдек илова қилинадиган ҳужжатлар ҳамда маҳсулот рекламасида ишлатилиши;

хизматларнинг илова қилинадиган ҳужжатлари, рекламаси, шунингдек хизмат кўрсатиш жойлари ва майдончаларида ишлатилиши мумкин.

65. Экологик маркировка белгиси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 январдаги 20-сон «Ўзбекистон Республикасида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 1-иловасига асосан қўлланилади.

66. Экологик маркировка белгисининг оқ-қора ва (ёки) монохром тасвирларидан фойдаланилишига йўл қўйилади.

Монохром тасвир учун тасдиқланган экологик маркировка белгисининг рангли версиясидаги мавжуд ранглардан фақат биттасидан фойдаланилишига йўл қўйилади. Бошқа ранг гаммалари ўзгаришларига йўл қўйилмайди.

67. Экологик маркировка белгиси унинг тўғри таниб олинишига халақит бермайдиган фонда ишлатилиши, шунингдек аниқ кўринадиган, тушунарли ва ташқи омилларга чидамли бўлиши керак.

68. Экологик маркировка белгисининг маҳсулот ёки қадоғидаги (ёрлиғидаги) экологик маркировка белгисининг энг кичик ҳажми камида 10 мм бўлиши керак.

Экологик маркировка белгисининг ҳажми камида ушбу маҳсулот ёки унинг қадоғидаги (ёрлиғидаги) тасвирланган бренд логотипининг иккидан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

69. Экологик маркировка белгиси асл кўринишида, тасдиқланган нисбатларда тасвирланиши ва фойдаланилиши, шунингдек тескари, бузилган, сиқилган ёки чўзилган бўлмаслиги керак.

70. Экологик маркировка белгиси маҳсулот қадоғининг (ёрлиғининг) олд тарафига жойлаштирилади.

71. Экологик маркировка белгиси сертификатнинг амал қилиш муддатига қадар қўлланилади.

72. Экологик маркировка белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини муддатидан олдин тугатиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

сертификатнинг амал қилиши тугатилганида;

даврий баҳолаш натижалари бўйича аниқланган номувофиқликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса;

экологик маркировка белгисидан фойдаланганлик учун тўлов тўланмаса.

73. Қуйидаги маҳсулот ва хизматларга нисбатан экологик маркировка белгисининг қўлланилишига йўл қўйилмайди:

сертификатга эга бўлмаган;

сертификат татбиқ этилмайдиган;

сертификатнинг амал қилиши тугаганидан (тўхтатилганидан) кейин чиқарилган;

сертификатнинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда чиқарилган.

12-боб. Хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш

74. Хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш учун ариза берувчи операторга мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

75. Хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

аризада кўрсатилган маҳсулот ёки хизматга берилган хорижий экологик маркировкалаш тизимининг амалдаги сертификати асл нусхаси;

хорижий экологик маркировкалаш тизими сертификатини олишдаги маҳсулот ёки хизматнинг мувофиқлиги баҳоланган стандарти;

хорижий экологик маркировкалаш органи томонидан берилган сертификатлаштириш тўғрисидаги ҳисобот (агар мавжуд бўлса);

сертификатлаштириш жараёнлари давомида олиб бориладиган маҳсулот ёки хизматларнинг синов баённомалари нусхаси (агар мавжуд бўлса).

Ариза берувчидан бошқа ҳужжатларнинг талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

76. Оператор томонидан хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш бўйича ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

77. Ариза берувчи томонидан хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш бўйича ариза мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилмаган бўлса ёки аризада тегишли маълумотлар ва мазкур Низомнинг 75-бандида келтирилган ҳужжатлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, оператор томонидан ариза берувчига камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.

78. Хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш бўйича аризада камчиликлар аниқланмаган тақдирда, экологик маркировкалаш органи ушбу ариза кўриб чиқиш тугалланган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида қуйидагилар тўғрисида қарор қабул қилиб, бу ҳақида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади:

а) оператор ва хорижий экологик маркировкалаш тизими оператори ўртасида экологик маркировкалаш тизимини ўзаро тан олиш тўғрисидаги тегишли келишув (бундан буён матнда ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишув деб юритилади) мавжуд бўлган тақдирда — хорижий экологик маркировкалаш тизимларини тан олиш. Бунда, хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш тўғрисида қарор расмийлаштирилади ва ариза берувчига тақдим этилади;

б) оператор ва хорижий экологик маркировкалаш тизими оператори ўртасида ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишув мавжуд бўлмаган тақдирда — хорижий экологик маркировкалаш тизими оператори билан ўзаро тан олиш тўғрисида келишув тузиш. Бунда, оператор 60 кун мобайнида:

тақдим этилган ҳужжатлар экспертизасини ўтказади ва хорижий экологик маркировкалаш тизимининг ISO 14024 халқаро стандарти талабларига мувофиқлигини текширади;

хорижий экологик маркировкалаш тизими ISO 14024 халқаро стандарти талабларига мувофиқ бўлган тақдирда, хорижий экологик маркировкалаш тизими оператори билан ўзаро тан олиш тўғрисида келишув тузади ва хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш тўғрисида қарор расмийлаштириб, ариза берувчига тақдим этади;

хорижий экологик маркировкалаш тизими оператори ўзаро тан олиш тўғрисида келишув тузишни рад этган ҳолларда (ёки бундай келишувни тузишнинг имкони бўлмаганда) ёхуд хорижий экологик маркировкалаш тизими ISO 14024 халқаро стандарти талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолларда оператор хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиб, бу ҳақида ариза берувчини ёзма хабардор қилади.

79. Хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш тўғрисидаги қарорда сертификатлаштириш натижаларининг тўлиқ ёки қисман тан олиниши кўрсатилиши керак.

80. Ариза берувчи операторнинг хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш тўғрисидаги қарорини олганидан сўнг, маҳсулот ёки хизматларни тан олиш шаклида сертификатлаштириш учун экологик маркировкалаш органига мурожаат қилиши мумкин.

Экологик маркировкалаш органи оператор қарорида берилган кўрсатмаларни (экологик маркировкалаш стандарти талабларининг ҳажмини) ҳисобга олган ҳолда, тегишли маҳсулот ва хизматларни идентификация қилиш орқали экологик маркировкани сертификатлаштириши шарт.

13-боб. Якуний қоидалар

81. Сертификат давлат тилида, шунингдек ариза берувчининг хоҳишига кўра бошқа хорижий тилларда расмийлаштирилиши мумкин.

82. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

________________________________________ (экологик маркировкалаш органининг тўлиқ номи) Маҳсулотларни сертификатлаштириш бўйича АРИЗА ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (ариза берувчининг тўлиқ номи) қуйидаги маҳсулотларни «Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимида белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича сертификатлаштиришдан ўтказилишини сўрайди: Т/р Маҳсулот номи Маҳсулот таркиби (асосий компонент турлари рўйхати) Ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми Етказиб берувчилар сони Маҳсулот ишлаб чиқариладиган стандарт * 1. ... * стандарт нусхалари илова қилинади. Ариза берувчининг реквизитлари Номи Ариза берувчининг маълумотлари Маҳсулотни тайёрловчининг (ижрочининг) маълумотлари * Юридик манзили (почта адреси) Жойлашган жойи Телефон рақами Электрон почта манзили Масъул ходимнинг Ф.И.О, лавозими ва алоқа маълумотлари * агар ариза берувчининг ўзи маҳсулотни тайёрловчи (ижрочи) бўлмаса тўлдирилади. Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланади. Ташкилот раҳбари ________________ ___________________ (имзо) (Ф.И.О) М.Ў. 20__ й. «_____»___________

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низомга 1а-ИЛОВА

________________________________________ (экологик маркировкалаш органининг тўлиқ номи) Хизматларни сертификатлаштириш бўйича АРИЗА ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (ариза берувчининг тўлиқ номи) қуйидаги хизмат турларини «Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимида белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича сертификатлаштиришдан ўтказилишини сўрайди: 1) ____________________________________ ...) ____________________________________ Ариза берувчининг реквизитлари Номи Ариза берувчининг маълумотлари Хизматларни етказиб берувчининг маълумотлари * Юридик манзили (почта адреси) Жойлашган жойи Телефон рақами Электрон почта манзили Масъул ходимнинг Ф.И.О, лавозими ва алоқа маълумотлари * агар ариза берувчининг ўзи хизматларни етказиб берувчи бўлмаса тўлдирилади. Кўрсатиладиган хизмат тўғрисида маълумотлар (ҳар бир хизмат тури бўйича алоҳида тўлдирилади) Жойлашган жойи манзили Умумий майдони Ишлаш режими (иш кунлари, дам олиш кунлари, сменалиги) Доимий иш ўринлари сони (фақат офислар учун) Доимий ишловчи ходимлар сони Хизмат кўрсатиш жойининг майдони ва фойдаланиш мақсади ҳамда функционал зоналарнинг тавсифи Қўшимча маълумотлар Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланади. Ташкилот раҳбари ________________ ___________________ (имзо) (Ф.И.О) М.Ў. 20__ й. «_____»___________

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Сертификатлаштириш схемаси

1. Сертификатлаштириш иловага мувофиқ I-а, I-b ва II сертификатлаштириш схемаларидан бири бўйича амалга оширилади.

2. Сертификатлаштириш схемаси маҳсулот ёки хизмат тури, шунингдек экологик маркировкалаш стандарти талабларига асосан сертификатлаштиришнинг дастлабки босқичида танланади.

3. Хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш шаклида сертификатлаштиришда сертификатлаштириш схемаси тан олиш шартларига боғлиқ ҳисобланади ва оператор томонидан хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш учун ариза бўйича қабул қилинадиган қарорида белгиланади.

4. Сертификатлаштириш ва даврий баҳолаш ишлари маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш жойига чиққан ҳолда ёхуд тегишли ҳужжатларни ўрганиш орқали олиб борилиши мумкин.

Сертификатнинг амал қилиш муддати давомида ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жойининг аудити камида бир марта ўтказилиши керак.

Агар ариза берувчи худди шу ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жойида ишлаб чиқариладиган (хизмат кўрсатиладиган) бошқа маҳсулот (хизмат) учун сертификатга эга бўлса, келгусидаги даврий баҳолаш доирасида жойига чиққан ҳолда камерал сертификатлаштириш ўтказилишига йўл қўйилади.

5. Қуйидаги ҳолларда экологик маркировкалаш органи сертификатлаштириш ёки даврий баҳолашни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади:

ариза берувчининг ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жойининг аудити ўтказиб бўлинган бўлса;

сертификатлаштириш хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш шаклида амалга оширилса;

ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жойининг охирги аудити натижалари бўйича номувофиқликлар мавжуд бўлмаса.

Сертификатлаштиришни схемасига ИЛОВА

1. Маҳсулотларни сертификатлаштириш схемалари Т/р Сертификатлаштириш схемаси элементлари Маҳсулотни ўрганиш Ишлаб чиқариш ва менежмент тизимлари э лементлари Ишлаб чиқаришни даврий баҳолаш I-а Намуналарни аккредитацияланган лабораторияда синовдан ўтказиш, маҳсулотларнинг техник ҳужжатларини ўрганиш Ишлаб чиқариш ҳолати, экологик менежмент тизими ҳамда сифат менежменти тизими элементларини таҳлил қилиш 1. Намуналарни аккредитацияланган лабораторияда синовдан ўтказиш, маҳсулотларнинг техник ҳужжатларини ўрганиш 2. Ишлаб чиқариш ҳолати ва экологик менежмент тизими ҳамда сифат менежменти тизими элементларини таҳлил қилиш I-b Маҳсулотларнинг техник ҳужжатларини ўрганиш Ишлаб чиқариш ҳолати, экологик менежмент тизими ҳамда сифат менежменти тизими элементларини таҳлил қилиш Ишлаб чиқариш ҳолати ва экологик менежмент тизими ҳамда сифат менежменти тизими элементларини таҳлил қилиш 2. Хизматларни сертификатлаштириш схемаси Т/р Сертификатлаштириш схемаси элементлари Хизматларни баҳолаш Хизматларни даврий баҳолаш II Хизмат кўрсатиш жараёнлари ва натижаларини баҳолаш Хизмат кўрсатиш жараёнлари назорати

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Экологик маркировкалаш сертификати

«YASHIL BELGI» МАҲСУЛОТ ВА ХИЗМАТЛАРНИ ЯГОНА ИХТИЁРИЙ ЭКОЛОГИК МАРКИРОВКАЛАШ ТИЗИМИ ЭКОЛОГИК МАРКИРОВКАЛАШ СЕРТИФИКАТИ Рўйхатга олиш рақами: _____ __________________ Берилган санаси: __________ __________________ Амал қилиш муддати: ______ __________________ _____________________________________________________________ (экологик маркировкалаш органининг тўлиқ номи) Экологик маркировкалаш органининг рўйхатга олинган рақами: __________________ Сертификатлаштириш объекти _____________________________________________________________ _______________________________ (маҳсулот/хизмат ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат номи) ______________________________ экологик маркировкалаш стандартлари талабига жавоб беради. ______ (стандарт номи ва рақами) Сертификат берилди: _____________________________________________________________________ _____________________________________ (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг тўлиқ номи) Тайёрловчи (ижрочи): _______________________________________________________________________________ (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг тўлиқ номи) ________________________________________________________________________________________ (қўшимча маълумотлар) Экологик маркировкалаш органи раҳбари _______________ ________________ (имзо) (Ф.И.О) М.Ў.

Экологик маркировкалаш сертификатига ИЛОВА

Сертификатлаштириш объектлари рўйхати

Т/р Маҳсулот/хизматларнинг номи Маҳсулот ишлаб чиқариладиган/хизматлар кўрсатиладиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар Изоҳ: иловада сертификатнинг татбиқ этилиш соҳасини тавсифловчи ёки бошқа зарур қўшимча маълумотлар келтирилиши мумкин. Экологик маркировкалаш органи раҳбари _______________ ________________ (имзо) (Ф.И.О) М.Ў.

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

________________________________________ (операторнинг тўлиқ номи) Авторизациядан ўтказишга АРИЗА ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ нинг (талабгорнинг тўлиқ номи) «Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимида авторизациядан ўтказилишини сўраймиз. Талабгорнинг реквизитлари Номи Талабгорнинг маълумотлари Юридик манзили (почта адреси) Жойлашган жойи Телефон рақами Электрон почта манзили Масъул ходимнинг Ф.И.О, лавозими ва алоқа маълумотлари Буюртманомага қуйидагилар илова қилинади: 1) ________________________________________________; 2) ________________________________________________; 3) ________________________________________________; ... ________________________________________________. Ташкилот раҳбари ________________ ___________________ (имзо) (Ф.И.О) М.Ў. 20__ й. «_____»___________

«Yashil belgi» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА

________________________________________ (операторнинг тўлиқ номи) Хорижий экологик маркировкалаш тизимини тан олиш учун АРИЗА ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (ариза берувчининг тўлиқ номи) қуйидаги маҳсулот/хизматлар бўйича хорижий экологик маркировкалаш органи томонидан амалга оширилган сертификатлаштириш натижаларини тан олишни сўрайди: Т/р Маҳсулот ёки хизмат номи Сертификатлаштиришни амалга оширган хорижий экологик маркировкалаш органи Маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатишга алоқадор техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар номи номи манзили ва алоқа маълумотлари 1 ... Ариза берувчининг реквизитлари Номи Ариза берувчининг маълумотлари Юридик манзили (почта адреси) Жойлашган жойи Телефон рақами Электрон почта манзили Масъул ходимнинг Ф.И.О, лавозими ва алоқа маълумотлари Аризага қуйидагилар илова қилинади: 1) ________________________________________________; 2) ________________________________________________; 3) ________________________________________________; ... ________________________________________________. Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланади. Ташкилот раҳбари ________________ ___________________ (имзо) (Ф.И.О) М.Ў. 20__ й. «_____»___________

Вазир А. АБДУХАКИМОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А. ЗАКИРОВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 24 июнь,

2025 йил 21 июнь

2025 йил 19 июнь

2025 йил 17 июнь

2025 йил 2 июнь

2025 йил 27 май

20-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.07.2025 й., 10/25/3652/0657-сон; 16.03.2026 й., 10/26/3788/0242-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirining

buyrugʻi

NIZOM

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-yanvardagi 20-son “Oʻzbekiston Respublikasida mahsulot va xizmatlarni ixtiyoriy ekologik markirovkalash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. “Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil bilan kelishilgan.

3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirining 2025-yil 24-iyundagi 20-mh-son buyrugʻiga ILOVA

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi

Ushbu Nizom “Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibini belgilaydi.

Mazkur Nizom farmatsevtika va tamaki mahsulotlari hamda milliy ekologik markirovkalash standartlari (bundan buyon matnda ekologik markirovkalash standartlari deb yuritiladi) mavjud boʻlmagan boshqa mahsulot va (yoki) xizmatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tizimi (bundan buyon matnda ekologik markirovkalash tizimi deb yuritiladi) — mahsulot va xizmatlarning butun hayotiy davrida ularni ekologik markirovkalash standartlariga muvofiqligini ixtiyoriy sertifikatlashtirish tizimi (I tipdagi ekologik markirovka);

ekologik markirovka belgisi — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-yanvardagi 20-son qaroriga asosan mahsulot va xizmatlarning ekologik markirovkalash standartlariga mos kelishini koʻrsatish uchun qoʻllaniladigan ekologik markirovka belgisi;

ekologik markirovkalash organi — mahsulot va xizmatlarning ekologik markirovkalash standartlariga muvofiqligini baholaydigan, ekologik markirovkalash tizimida avtorizatsiyadan oʻtgan yuridik shaxslar;

ekologik markirovkalash tizimi operatori (bundan buyon matnda operator deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi huzuridagi Davlat ekologik sertifikatlashtirish va standartlashtirish markazi;

ekologik markirovkalash sertifikati (bundan buyon matnda sertifikat deb yuritiladi) — mahsulot va xizmatlarni ekologik markirovkalash standartlariga muvofiqligini tasdiqlash uchun ekologik markirovkalash organi tomonidan beriladigan hujjat;

ekologik markirovkalash tizimida sertifikatlashtirish (bundan buyon matnda sertifikatlashtirish deb yuritiladi) — mahsulot va xizmatlarni ekologik markirovkalash standartlariga muvofiqligini tasdiqlash uchun ekologik markirovkalash organi tomonidan amalga oshiriladigan jarayon;

ariza beruvchi — sertifikat olishga va (yoki) xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olishga ariza bilan murojaat qilgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor;

talabgor — ekologik markirovkalash tizimida avtorizatsiyadan oʻtish uchun operatorga murojaat qilgan yuridik shaxs;

ekologik markirovkalash organlari reyestri — operatorning rasmiy veb-saytida elektron maʼlumotlar bazasi shaklida joylashtiriladigan ekologik markirovkalash organlari roʻyxati.

2. Ushbu Nizom sertifikatlashtirishni oʻtkazish, talabgorni avtorizatsiyadan oʻtkazish, xorijiy ekologik markirovkalash tizimlarini tan olish va ekologik markirovka belgisini qoʻllashni oʻz ichiga oladi.

2-bob. Sertifikatlashtirishni oʻtkazish

3. Ariza beruvchi ekologik markirovkalash organiga mazkur Nizomning 1 va 1a-ilovalariga muvofiq shakllardagi mahsulot va xizmatlarni sertifikatlashtirish boʻyicha ariza bilan yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.

4. Ekologik markirovkalash organi tomonidan sertifikatlashtirish boʻyicha ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida unda koʻrsatilgan maʼlumotlar koʻrib chiqiladi.

5. Ariza beruvchi tomonidan sertifikatlashtirish boʻyicha ariza mazkur Nizomning 1 va 1a-ilovalariga muvofiq shakllarda taqdim etilmagan boʻlsa yoki arizada tegishli maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmagan yoxud notoʻgʻri koʻrsatilgan boʻlsa, ekologik markirovkalash organi tomonidan ariza beruvchiga kamchiliklarni bartaraf etib, qayta murojaat qilish mumkinligi toʻgʻrisida ushbu ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida yozma yoki elektron shaklda maʼlum qilinadi.

6. Sertifikatlashtirish boʻyicha arizada kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, ekologik markirovkalash organi ushbu arizani koʻrib chiqish tugallangan kundan eʼtiboran bir ish kuni mobaynida sertifikatlashtirishni oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilib, bu haqida ariza beruvchini yozma yoki elektron shaklda xabardor qiladi va ekologik markirovkalash organi hamda ariza beruvchi oʻrtasida sertifikatlashtirishni oʻtkazish boʻyicha shartnoma tuziladi.

7. Sertifikatlashtirishni oʻtkazish boʻyicha shartnomada koʻrsatilgan sertifikatlashtirish qiymati ariza beruvchi tomonidan unda belgilangan muddatda toʻliq toʻlangandan soʻng, ekologik markirovkalash organi sertifikatlashtirishni oʻtkazish uchun kamida ikki kishidan iborat va ushbu Nizomning 8-bobida belgilangan bilim va koʻnikmalarga ega boʻlgan ekspertlar guruhini shakllantiradi.

Bunda, sertifikatlashtirishni oʻtkazish uch oydan oshmagan muddatda amalga oshiriladi.

8. Ekspertlar guruhi sertifikatlashtirish jarayonida quyidagilarni amalga oshiradi:

mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq sertifikatlashtirish sxemasini belgilash;

sertifikatlashtiriladigan mahsulot yoki xizmatning ekologik markirovkalash standartida belgilangan barcha hujjatlarni oʻrganish;

sertifikatlashtiriladigan mahsulot yoki xizmatning ekologik markirovkalash standartidagi har bir talabga muvofiqligini tekshirish (hujjatlarni tahlil qilish, qoʻshimcha oʻrganish, namunalarni olish hamda laboratoriya sinovlarini tashkil etish (agar mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq sertifikatlashtirish sxemasi laboratoriya sinovlarini nazarda tutsa);

tekshirishlar natijasi boʻyicha cheklist toʻldirish hamda Ekspertlar guruhi xulosasini tayyorlash.

9. Ekspertlar guruhi tomonidan sertifikatlashtirish jarayonida mahsulot yoki xizmatlar boʻyicha aniqlangan nomuvofiqliklar quyidagilarga ajratiladi:

jiddiy nomuvofiqliklar;

jiddiy boʻlmagan nomuvofiqliklar.

10. Ekspertlar guruhi tomonidan sertifikatlashtirish jarayonida quyidagilar aniqlanganida jiddiy nomuvofiqliklar deb hisoblanadi:

sertifikatlashtirish uchun taqdim etilgan mahsulotni ishlab chiqarishdagi mahsulot retsepturasi va ishlab chiqarishning asosiy jarayoniga nisbatan ekologik markirovkalash standarti talablarining qasddan bajarilmasligi;

mahsulot qadogʻi, yorligʻi va reklamasida mahsulotni buzib koʻrsatuvchi maʼlumotning mavjudligi;

mahsulot laboratoriya sinovlarining salbiy natijalari;

xizmatlar sertifikatlashtirilayotganda ekologik markirovkalash standarti talablarining qasddan bajarilmasligi.

11. Ekspertlar guruhi tomonidan sertifikatlashtirish jarayonida quyidagilar aniqlanganida jiddiy boʻlmagan nomuvofiqliklar deb hisoblanadi:

sertifikatlashtirish uchun taqdim etilgan mahsulotni ishlab chiqarishdagi mahsulot retsepturasi va ishlab chiqarishning asosiy jarayoniga nisbatan ekologik markirovkalash standarti talablarining qasddan buzilmaganligi;

mahsulot qadogʻi yoki yorligʻi tarkibiga nisbatan ekologik markirovkalash standarti talablarining buzilishi;

sertifikatlashtirish uchun taqdim etilgan mahsulotni ishlab chiqarish jarayoniga taalluqli boʻlmagan texnologik jarayonlarga nisbatan ekologik markirovkalash standarti talablarining buzilishi;

moddiy taʼminot va xodimlarga nisbatan ekologik markirovkalash standarti talablarining buzilishi.

12. Ekspertlar guruhi tomonidan sertifikatlashtirish jarayoni natijalari boʻyicha xulosa rasmiylashtiriladi.

Ekspertlar guruhi tomonidan sertifikatlashtirish jarayonida mahsulot yoki xizmatlar boʻyicha nomuvofiqliklar aniqlanmagan hollarda ariza beruvchiga sertifikat berish tavsiya etiladi.

Ekspertlar guruhi tomonidan ushbu Nizomning 11-bandida belgilangan jiddiy boʻlmagan nomuvofiqliklar aniqlanganda ekologik markirovkalash organiga ushbu kamchiliklarni bartaraf etish sharti bilan ariza beruvchi uchun sertifikat berish tavsiya etiladi.

Sertifikatlashtirish jarayonida ushbu Nizomning 10-bandida nazarda tutilgan jiddiy nomuvofiqliklar aniqlangan hollarda ekspertlar guruhi tomonidan ariza beruvchiga sertifikat berishni rad etish va qoʻshimcha oʻrganish boʻyicha tavsiya etiladi.

13. Ekspertlar guruhi tomonidan rasmiylashtiriladigan xulosada quyidagilar koʻrsatiladi:

sertifikatlashtirilayotgan mahsulot yoki xizmatning qisqacha tavsifi;

toʻldirilgan cheklist;

ekologik markirovkalash standarti talablariga jiddiy va jiddiy boʻlmagan nomuvofiqliklar roʻyxati;

sertifikatni berish mumkinligi yoki sertifikat berishni rad etish va qoʻshimcha oʻrganish boʻyicha tavsiya.

14. Ekologik markirovkalash organi rahbari ekspert xulosasi asosida uni olgan kundan eʼtiboran bir ish kuni mobaynida sertifikatlashtirish natijalari boʻyicha yakuniy ijobiy yoki salbiy qaror qabul qiladi. Bunda:

1) ijobiy qaror qabul qilinganda — ekologik markirovkalash organi shu kunning oʻzida mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shakldagi sertifikatni rasmiylashtiradi. Bunda:

ekologik markirovkalash organi elektron pochta orqali sertifikatga qayd etish raqamini olish uchun operatorga soʻrovnoma yuboradi;

operator soʻrovnoma kelib tushgan kunning oʻzida elektron pochta orqali ekologik markirovkalash organiga qayd etish raqamini beradi;

ekologik markirovkalash organi shu kunning oʻzida sertifikatni roʻyxatdan oʻtkazadi va ariza beruvchiga taqdim etadi;

ekologik markirovkalash organi sertifikat berilgan kundan boshlab bir ish kuni mobaynida operatorga sertifikat maʼlumotlarini taqdim etadi;

operator sertifikat maʼlumotlari olingan kundan boshlab bir ish kuni mobaynida uning maʼlumotlarini sertifikatlar reyestrga kiritadi;

sertifikatning amal qilish muddati uch yilni tashkil etadi;

2) salbiy qaror qabul qilinganda — ekologik markirovkalash organi shu kunning oʻzida bu haqida ariza beruvchini yozma ravishda xabardor qiladi.

15. Ariza beruvchi salbiy qaror qabul qilingan kundan boshlab oltmish ish kunidan kechikmasdan jiddiy nomuvofiqliklarni bartaraf etgan holda, ular bartaraf etilganligini tasdiqlash uchun qoʻshimcha oʻrganish boʻyicha ekologik markirovkalash organiga yozma xabarnoma yuborishi mumkin.

16. Ekologik markirovkalash organi ariza beruvchining qoʻshimcha oʻrganish boʻyicha xabarnomasini olganidan soʻng, jiddiy nomuvofiqliklarning bartaraf etilganligini tasdiqlash uchun qoʻshimcha oʻrganishni amalga oshiradi.

Bunda, ekspertlar guruhi tomonidan qoʻshimcha oʻrganish uch oydan oshmagan muddatda oʻtkaziladi.

17. Qoʻshimcha oʻrganish natijalari boʻyicha jiddiy nomuvofiqliklarning bartaraf etilganligi oʻz tasdigʻini topgan taqdirda, ariza beruvchiga sertifikat beriladi.

3-bob. Sertifikatga oʻzgartirish kiritish

18. Ariza beruvchi quyidagi hollarda sertifikatga oʻzgartirish kiritish boʻyicha ekologik markirovkalash organiga mahsulot yoki xizmat boʻyicha tegishli oʻzgartirish kiritilgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida murojaat qilishi kerak:

sertifikatlashtirilgan mahsulot yoki xizmat nomining oʻzgarishi;

ariza beruvchi nomining oʻzgarishi;

mahsulotni tayyorlovchi nomining oʻzgarishi;

ishlab chiqarish yoki xizmat koʻrsatishning texnik shartlari nomlanishi oʻzgarishi.

19. Ishlab chiqarish joyi oʻzgargan hollarda, ariza beruvchining mahsulot yoki xizmati ushbu Nizomning 18-bandida belgilangan muddatda yoʻllagan murojaati asosida mazkur Nizomning 2-bobiga asosan qayta sertifikatlashtirishdan oʻtkaziladi. Bunda, ushbu sertifikatning amal qilish muddati uch yilni tashkil etadi.

20. Sertifikatlashtirilgan mahsulot ishlab chiqarishdan olib tashlangan (yopilgan) hollarda, bunda ushbu sertifikat faqat bir mahsulotga taalluqli boʻlsa, mazkur sertifikatning amal qilishi bekor boʻladi.

Sertifikat bir nechta mahsulotga taalluqli boʻlsa va faqat ularning bir qismi ishlab chiqarishdan olib tashlangan (yopilgan) taqdirda, sertifikatning amal qilishi bekor boʻlmaydi va sertifikatlar reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

21. Ekologik markirovkalash organi ushbu Nizomning 18-bandiga asosan ariza beruvchining murojaati kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida uning sertifikatiga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi va bu haqidagi maʼlumotlarni shu kunning oʻzida operatorga elektron pochta orqali taqdim etadi.

4-bob. Davriy baholashni oʻtkazish

22. Sertifikatning amal qilish muddati davomida ekologik markirovkalash organi tomonidan kamida ikki marotaba davriy baholash oʻtkaziladi.

Birinchi davriy baholash sertifikatlashtirish oʻtkazilgan kundan boshlab oʻn ikki oydan kechikmay oʻtkaziladi.

Keyingi davriy baholash har yili davriy baholash reja-jadvaliga muvofiq davriy, biroq avvalgi davriy baholash oʻtkazilgan vaqtdan boshlab oʻn ikki oydan kechikmay oʻtkaziladi.

23. Ekologik markirovkalash organi quyidagi hollarda rejadan tashqari davriy baholashni oʻtkazishi mumkin:

mahsulot ishlab chiqarish texnik shartlarining oʻzgarishi (sertifikatlashtirilgan mahsulot ekologik markirovkalash standarti talablariga muvofiqligining oʻzgarmaganligini aniqlash maqsadida);

ariza beruvchi tomonidan taʼmirlash ishlarining olib borilishi, qayta jihozlash, uning qayta tashkil etilishi;

davlat organlari va tashkilotlardan tekshirishlarning salbiy natijalari toʻgʻrisidagi xabarlarning kelib tushishi;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari kelib tushishi.

24. Ekologik markirovkalash organi tomonidan davriy baholash natijalari tegishli dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi va bir nusxasi ariza beruvchiga beriladi.

25. Ekologik markirovkalash organi davriy baholash natijalari boʻyicha ushbu Nizomning 10-bandida nazarda tutilgan jiddiy nomuvofiqliklar yoki ariza beruvchi tomonidan mazkur Nizomning 63 — 70-bandlari talablari buzilganligi aniqlagan hollarda, sertifikatning amal qilishini toʻqson kalendar kunigacha boʻlgan muddatga toʻxtatib turishi mumkin.

Ekologik markirovkalash organi sertifikatning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunning oʻzida uni toʻxtatib turish toʻgʻrisida operator va ariza beruvchini yozma xabardor qiladi.

26. Ariza beruvchi sertifikatning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab oltmish ish kunidan kechikmasdan ushbu Nizomning 25-bandida nazarda tutilgan kamchiliklarni bartaraf etgan holda, ular bartaraf etilganligini tasdiqlash uchun qoʻshimcha oʻrganishdan oʻtish boʻyicha ekologik markirovkalash organiga yozma xabarnoma yuborishi mumkin.

Bunda:

qoʻshimcha oʻrganish toʻqson ish kunidan oshmagan muddatda amalga oshiriladi;

qoʻshimcha oʻrganishda ushbu Nizomning 25-bandida nazarda tutilgan kamchiliklar bartaraf etilganligi tasdiqlangan taqdirda, sertifikatning amal qilishi qayta tiklanadi.

27. Ariza beruvchi mazkur Nizomning 25-bandida belgilangan muddatda tegishli kamchiliklar bartaraf etilganligini tasdiqlash uchun qoʻshimcha oʻrganishdan oʻtish boʻyicha ekologik markirovkalash organiga yozma xabarnoma yubormasa unga berilgan sertifikatning amal qilishi bekor boʻladi.

5-bob. Ariza beruvchilarning apellyatsiya shikoyatlarni koʻrib chiqish

28. Sertifikatlashtirish natijalaridan norozi boʻlgan ariza beruvchilarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun operator rahbarining buyrugʻi bilan kamida besh nafar mutaxassislardan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

Bunda, Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga boshqa davlat organlari va tashkilotlaridan ham mutaxassislar kelishuv asosida jalb etilishi mumkin.

Sertifikatlashtirishda ishtirok etgan ekologik markirovkalash organlari xodimlarining Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

29. Sertifikatlashtirish natijalaridan norozi boʻlgan ariza beruvchilar uning natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishi mumkin.

30. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan ariza beruvchini shikoyat koʻrib chiqilishidan ikki kun oldin uni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.

31. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini, u kelib tushgan kundan boshlab oʻn besh kun muddat ichida koʻrib chiqadi. Apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan ariza beruvchi mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.

Bunda, Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqishda, zarur hollarda joyiga chiqqan holda shikoyat predmetini, qoʻshimcha hujjatlarni oʻrganishi, shuningdek mutaxassis sifatida uchinchi shaxslarni jalb qilishi mumkin.

32. Apellyatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Berilgan ovozlar soni teng boʻlib qolgan taqdirda, Apellyatsiya komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

33. Shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

sertifikatlashtirish natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;

sertifikatlashtirish natijalariga oʻzgartirish kiritish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish.

34. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan ariza beruvchiga oʻz qarorini u qabul qilingan kunning oʻzida maʼlum qilishi kerak.

35. Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan nomzod yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.

6-bob. Sertifikatlar reyestrini yuritish

36. Operator tomonidan uning rasmiy veb-saytida elektron shaklda sertifikatlar reyestri yuritiladi.

37. Sertifikatlar reyestrida quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

ariza beruvchi toʻgʻrisidagi asosiy maʼlumotlar (nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, yuridik manzili, joylashgan joyi, aloqa maʼlumotlari);

sertifikatning alohida qayd etish raqami;

sertifikatni bergan ekologik markirovkalash organining nomi;

sertifikatning berilgan sanasi va amal qilish muddati;

sertifikatlashtirilgan mahsulot yoki xizmat nomi;

sertifikatga kiritilgan oʻzgartirishlar, qayta rasmiylashtirish, amal qilishini toʻxtatib turish, qayta tiklash yoki bekor qilishning asoslari va sanasi.

Sertifikatlar reyestriga boshqa qoʻshimcha maʼlumotlar kiritilishi mumkin.

38. Sertifikat bekor qilingan taqdirda operator tomonidan uning bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi yozuv sertifikatlar reyestrida qayd etiladi.

39. Sertifikatlar reyestri maʼlumotlari barcha foydalanuvchilar uchun ochiq hisoblanadi.

7-bob. Talabgorlarni avtorizatsiyadan oʻtkazish

40. Talabgor ekologik markirovkalash tizimida avtorizatsiyadan oʻtish uchun operatorga mazkur Nizomning 4-ilovasiga muvofiq shaklda avtorizatsiyadan oʻtkazishga ariza bilan yozma yoki elektron shaklda murojaat qilishi mumkin.

41. Avtorizatsiyadan oʻtkazishga arizada quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

sifat menejmenti hujjatlarining nusxalari (ISO 14024 xalqaro standartiga muvofiq boʻlgan);

ekologik markirovkalash tizimida oʻqitish va attestatsiyadan oʻtkazish uchun uchtadan kam boʻlmagan nomzodlar roʻyxati (F.I.O., lavozimi va ish tajribasi maʼlumotlari bilan birga);

ISO/IEC 17065 xalqaro standarti talablariga muvofiq faoliyat yoʻlga qoʻyilganligini tasdiqlovchi akkreditatsiya guvohnomasi nusxasi (agar mavjud boʻlsa);

laboratoriyaning faoliyati ISO/IEC 17025 xalqaro standarti talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi akkreditatsiya guvohnomasi nusxasi (agar mavjud boʻlsa);

sertifikatlashtirish tartibi loyihasi;

ekologik markirovkalash boʻyicha operator tashkil etgan oʻquv kursining ekspertlar tomonidan muvaffaqiyatli oʻzlashtirilganligini tasdiqlovchi hujjatlar (agar mavjud boʻlsa).

42. Operator tomonidan avtorizatsiyadan oʻtkazishga ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida unda koʻrsatilgan maʼlumotlarni koʻrib chiqiladi.

43. Talabgor tomonidan avtorizatsiyadan oʻtkazishga ariza mazkur Nizomning 4-ilovasiga muvofiq shaklda taqdim etilmagan boʻlsa yoki unda tegishli maʼlumotlar va mazkur Nizomning 41-bandida keltirilgan hujjatlar toʻliq koʻrsatilmagan yoxud notoʻgʻri koʻrsatilgan boʻlsa, operator tomonidan talabgorga kamchiliklarni bartaraf etib, qayta murojaat qilish mumkinligi toʻgʻrisida ushbu ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni mobaynida yozma yoki elektron shaklda maʼlum qilinadi.

44. Avtorizatsiyadan oʻtkazishga arizada kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, operator va talabgor oʻrtasida avtorizatsiyani oʻtkazish boʻyicha shartnoma tuziladi.

45. Avtorizatsiyani oʻtkazish boʻyicha shartnomada koʻrsatilgan avtorizatsiyadan oʻtkazish qiymati talabgor tomonidan unda belgilangan muddatda toʻliq toʻlangandan soʻng, operator uch kishidan kam boʻlmagan tarkibdagi avtorizatsiya komissiyasini shakllantiradi.

Bunda, avtorizatsiyani oʻtkazish muddati bir oydan oshmagan muddatda amalga oshiriladi.

46. Avtorizatsiya komissiyasi quyidagilarni amalga oshiradi:

ekspertlikka nomzodlar hujjatlarini koʻrib chiqish;

ekspertlikka nomzodlarni ekologik markirovkalash tizimida attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

avtorizatsiyadan oʻtkazish yoki oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

avtorizatsiyadan oʻtkazish ishlarini tashkil etish.

47. Avtorizatsiyadan oʻtkazish talabgorning quyidagi talablarga javob berishini baholash orqali amalga oshiriladi:

talabgorda mahsulot guruhi(lari) uchun ISO 14024 talablariga muvofiq sertifikatlashtirish jarayonlarini belgilovchi tartib-taomil mavjud boʻlishi;

talabgorning sertifikatlashtirish faoliyatiga oid ichki tartib-qoidalari mazkur Nizomga muvofiq boʻlishi;

ekspertlikka nomzodlarning asosiy ish beruvchisi talabgor hisoblanishi;

ekspertlikka nomzodlarning mazkur Nizomning 8-bobiga muvofiq ISO 14024 xalqaro standarti boʻyicha bilim va koʻnikmalarga ega boʻlishi.

48. Avtorizatsiya komissiyasi avtorizatsiyadan oʻtkazishga ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda avtorizatsiyadan oʻtkazish yoki uni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilib, bu haqida talabgorni yozma ravishda xabardor qiladi.

Talabgorning mazkur Nizomning 47-bandida keltirilgan talablardan biriga muvofiq kelmasligi uni avtorizatsiyadan oʻtkazilmasligiga sabab boʻladi.

49. Talabgor mazkur Nizomning 47-bandida keltirilgan talablarga muvofiq boʻlgan taqdirda operator shu kunning oʻzida talabgorga ekologik markirovkalash organi maqomi va roʻyxatga olish raqami beriladi.

Operator va ekologik markirovkalash organi oʻrtasida avtorizatsiyadan keyingi shartnoma tuziladi, unga koʻra ekologik markirovkalash organi ekologik markirovkalash tizimida koʻrsatilgan pullik xizmatlar tushumining besh foizi miqdorida operator hisobiga ajratma oʻtkazib boradi.

Operator hisobiga ajratmani oʻtkazmaslik ekologik markirovkalash organining ekologik markirovkalash organlari reyestridan chiqarilishiga sabab boʻladi.

8-bob. Ekspertlarning bilim va koʻnikmalariga qoʻyiladigan talablar

50. Ekspertlikka nomzodlar sertifikatlashtirish sohasida muvofiqlikni baholash boʻyicha kamida bir yillik ish tajribasiga, shuningdek tabiiy va texnik fanlar yoʻnalishida oliy maʼlumotga ega boʻlishi kerak.

51. Ekspertlar quyidagilar boʻyicha bilim va koʻnikmalarga ega boʻlishi kerak:

mazkur Nizom talablari;

ISO 14024, ISO 14040, ISO 14021, ISO 14025, ISO/IEC 17065 xalqaro standartlari;

ekologik markirovkalash standartlarining talablari va tekshirish usullari;

asosiy ish joyining sertifikatlashtirish faoliyatiga oid ichki tartib-qoidalari.

52. Avtorizatsiyadan oʻtkazish mobaynida ekspertlikka nomzodlar operator tomonidan tasdiqlangan oʻquv dasturi asosida ekologik markirovkalash boʻyicha yetmish ikki soatlik oʻquv kursini oʻzlashtirishi kerak.

Oʻquv kursini oʻzlashtirish yakuni boʻyicha har bir nomzod imtihon topshiradi va ijobiy natijalarga koʻra oʻquv kursini muvaffaqiyatli oʻzlashtirganligi toʻgʻrisida guvohnoma oladi.

53. Ekspertlar har ikki yilda kamida bir marta ekologik markirovkalash boʻyicha malaka oshirish kurslarini oʻtashi kerak.

9-bob. Ekologik markirovkalash organlari faoliyatini monitoring qilish

54. Operator tomonidan har oʻn ikki oyda bir marta ekologik markirovkalash organi faoliyatini oʻrganish boʻyicha monitoring (bundan buyon matnda monitoring deb yuritiladi) oʻtkaziladi.

55. Monitoringni oʻtkazishda ekologik markirovkalash organlari mazkur Nizomning 2 — 4 , 7 va 12-boblari talablariga rioya qilishlari oʻrganiladi.

56. Sertifikatlashtirish ishlari mazkur Nizomning 2 — 4 , 7 va 12-boblari talablariga zid ravishda amalga oshirilganligini tasdiqlovchi holatlar aniqlangan taqdirda, operator tomonidan ekologik markirovkalash organini ekologik markirovkalash organlari reyestridan chiqarish toʻgʻrisida qaror rasmiylashtiriladi va shu kunning oʻzida reyestrga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi hamda bu haqida ekologik markirovkalash organi yozma xabardor qilinadi.

57. Ekologik markirovkalash organi monitoring oʻtkazilishidan bosh tortgan taqdirda, operator ekologik markirovkalash organini yozma xabardor qilgan holda, uni ekologik markirovkalash organlari reyestridan chiqarishi mumkin.

58. Ekologik markirovkalash organi faoliyati boʻyicha yuridik va jismoniy shaxslardan shikoyatlar kelib tushgan hollarda navbatdan tashqari monitoring oʻtkazilishi mumkin.

Navbatdan tashqari monitoring oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnoma u oʻtkazilishidan kamida uch ish kuni oldin ekologik markirovkalash organiga yuborilishi kerak.

10-bob. Ekologik markirovkalash organlari reyestrini yuritish

59. Ekologik markirovkalash organlari reyestri operator tomonidan yuritiladi.

60. Ekologik markirovkalash organlari reyestrida quyidagi asosiy maʼlumotlar koʻrsatiladi:

ekologik markirovkalash organi toʻgʻrisidagi asosiy maʼlumotlar (nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, yuridik manzili, joylashgan joyi, aloqa maʼlumotlari);

ekologik markirovkalash organini alohida qayd etish raqami;

avtorizatsiyadan oʻtkazilgan sanasi va amal qilish muddati;

ekspertlar roʻyxati (F.I.O. va lavozimi);

sertifikatlashtirishni amalga oshirish uchun ekspertlar tomonidan oʻzlashtirilgan ekologik markirovkalash standartlari roʻyxati;

ekologik markirovkalash organini ekologik markirovkalash organlari reyestridan chiqarishning asoslari va sanasi.

Ekologik markirovkalash organlari reyestriga boshqa qoʻshimcha maʼlumotlar kiritilishi mumkin.

61. Ekologik markirovkalash organlari reyestri maʼlumotlari barcha foydalanuvchilar uchun ochiq yuritiladi.

62. Operator ekologik markirovkalash organlari reyestrining toʻgʻri yuritilishi uchun masʼul hisoblanadi.

11-bob. Ekologik markirovka belgisini qoʻllash

63. Ekologik markirovka belgisini qoʻllash mazkur Nizomga muvofiq tegishli mahsulot yoki xizmatlar uchun sertifikat olgan holda shartnoma asosida amalga oshiriladi.

64. Ekologik markirovka belgisi:

toʻgʻridan-toʻgʻri mahsulotga va (yoki) uning qadogʻiga (yorligʻiga) tushirilishi, shuningdek ilova qilinadigan hujjatlar hamda mahsulot reklamasida ishlatilishi;

xizmatlarning ilova qilinadigan hujjatlari, reklamasi, shuningdek xizmat koʻrsatish joylari va maydonchalarida ishlatilishi mumkin.

65. Ekologik markirovka belgisi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-yanvardagi 20-son “Oʻzbekiston Respublikasida mahsulot va xizmatlarni ixtiyoriy ekologik markirovkalash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qarorining 1-ilovasiga asosan qoʻllaniladi.

66. Ekologik markirovka belgisining oq-qora va (yoki) monoxrom tasvirlaridan foydalanilishiga yoʻl qoʻyiladi.

Monoxrom tasvir uchun tasdiqlangan ekologik markirovka belgisining rangli versiyasidagi mavjud ranglardan faqat bittasidan foydalanilishiga yoʻl qoʻyiladi. Boshqa rang gammalari oʻzgarishlariga yoʻl qoʻyilmaydi.

67. Ekologik markirovka belgisi uning toʻgʻri tanib olinishiga xalaqit bermaydigan fonda ishlatilishi, shuningdek aniq koʻrinadigan, tushunarli va tashqi omillarga chidamli boʻlishi kerak.

68. Ekologik markirovka belgisining mahsulot yoki qadogʻidagi (yorligʻidagi) ekologik markirovka belgisining eng kichik hajmi kamida 10 mm boʻlishi kerak.

Ekologik markirovka belgisining hajmi kamida ushbu mahsulot yoki uning qadogʻidagi (yorligʻidagi) tasvirlangan brend logotipining ikkidan bir qismidan kam boʻlmasligi kerak.

69. Ekologik markirovka belgisi asl koʻrinishida, tasdiqlangan nisbatlarda tasvirlanishi va foydalanilishi, shuningdek teskari, buzilgan, siqilgan yoki choʻzilgan boʻlmasligi kerak.

70. Ekologik markirovka belgisi mahsulot qadogʻining (yorligʻining) old tarafiga joylashtiriladi.

71. Ekologik markirovka belgisi sertifikatning amal qilish muddatiga qadar qoʻllaniladi.

72. Ekologik markirovka belgisidan foydalanish huquqini muddatidan oldin tugatish quyidagi hollarda amalga oshiriladi:

sertifikatning amal qilishi tugatilganida;

davriy baholash natijalari boʻyicha aniqlangan nomuvofiqliklar belgilangan muddatda bartaraf etilmasa;

ekologik markirovka belgisidan foydalanganlik uchun toʻlov toʻlanmasa.

73. Quyidagi mahsulot va xizmatlarga nisbatan ekologik markirovka belgisining qoʻllanilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

sertifikatga ega boʻlmagan;

sertifikat tatbiq etilmaydigan;

sertifikatning amal qilishi tugaganidan (toʻxtatilganidan) keyin chiqarilgan;

sertifikatning amal qilishi toʻxtatib turilgan davrda chiqarilgan.

12-bob. Xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish

74. Xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish uchun ariza beruvchi operatorga mazkur Nizomning 5-ilovasiga muvofiq shakl boʻyicha ariza bilan yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.

75. Xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish arizasiga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

arizada koʻrsatilgan mahsulot yoki xizmatga berilgan xorijiy ekologik markirovkalash tizimining amaldagi sertifikati asl nusxasi;

xorijiy ekologik markirovkalash tizimi sertifikatini olishdagi mahsulot yoki xizmatning muvofiqligi baholangan standarti;

xorijiy ekologik markirovkalash organi tomonidan berilgan sertifikatlashtirish toʻgʻrisidagi hisobot (agar mavjud boʻlsa);

sertifikatlashtirish jarayonlari davomida olib boriladigan mahsulot yoki xizmatlarning sinov bayonnomalari nusxasi (agar mavjud boʻlsa).

Ariza beruvchidan boshqa hujjatlarning talab qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

76. Operator tomonidan xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish boʻyicha ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida koʻrib chiqiladi.

77. Ariza beruvchi tomonidan xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish boʻyicha ariza mazkur Nizomning 5-ilovasiga muvofiq shaklda taqdim etilmagan boʻlsa yoki arizada tegishli maʼlumotlar va mazkur Nizomning 75-bandida keltirilgan hujjatlar toʻliq koʻrsatilmagan yoxud notoʻgʻri koʻrsatilgan boʻlsa, operator tomonidan ariza beruvchiga kamchiliklarni bartaraf etib, qayta murojaat qilish mumkinligi toʻgʻrisida ushbu ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida yozma yoki elektron shaklda maʼlum qilinadi.

78. Xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish boʻyicha arizada kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, ekologik markirovkalash organi ushbu ariza koʻrib chiqish tugallangan kundan eʼtiboran bir ish kuni mobaynida quyidagilar toʻgʻrisida qaror qabul qilib, bu haqida ariza beruvchini yozma ravishda xabardor qiladi:

a) operator va xorijiy ekologik markirovkalash tizimi operatori oʻrtasida ekologik markirovkalash tizimini oʻzaro tan olish toʻgʻrisidagi tegishli kelishuv (bundan buyon matnda oʻzaro tan olish toʻgʻrisidagi kelishuv deb yuritiladi) mavjud boʻlgan taqdirda — xorijiy ekologik markirovkalash tizimlarini tan olish. Bunda, xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish toʻgʻrisida qaror rasmiylashtiriladi va ariza beruvchiga taqdim etiladi;

b) operator va xorijiy ekologik markirovkalash tizimi operatori oʻrtasida oʻzaro tan olish toʻgʻrisidagi kelishuv mavjud boʻlmagan taqdirda — xorijiy ekologik markirovkalash tizimi operatori bilan oʻzaro tan olish toʻgʻrisida kelishuv tuzish. Bunda, operator 60 kun mobaynida:

taqdim etilgan hujjatlar ekspertizasini oʻtkazadi va xorijiy ekologik markirovkalash tizimining ISO 14024 xalqaro standarti talablariga muvofiqligini tekshiradi;

xorijiy ekologik markirovkalash tizimi ISO 14024 xalqaro standarti talablariga muvofiq boʻlgan taqdirda, xorijiy ekologik markirovkalash tizimi operatori bilan oʻzaro tan olish toʻgʻrisida kelishuv tuzadi va xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish toʻgʻrisida qaror rasmiylashtirib, ariza beruvchiga taqdim etadi;

xorijiy ekologik markirovkalash tizimi operatori oʻzaro tan olish toʻgʻrisida kelishuv tuzishni rad etgan hollarda (yoki bunday kelishuvni tuzishning imkoni boʻlmaganda) yoxud xorijiy ekologik markirovkalash tizimi ISO 14024 xalqaro standarti talablariga muvofiq boʻlmagan hollarda operator xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilib, bu haqida ariza beruvchini yozma xabardor qiladi.

79. Xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish toʻgʻrisidagi qarorda sertifikatlashtirish natijalarining toʻliq yoki qisman tan olinishi koʻrsatilishi kerak.

80. Ariza beruvchi operatorning xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish toʻgʻrisidagi qarorini olganidan soʻng, mahsulot yoki xizmatlarni tan olish shaklida sertifikatlashtirish uchun ekologik markirovkalash organiga murojaat qilishi mumkin.

Ekologik markirovkalash organi operator qarorida berilgan koʻrsatmalarni (ekologik markirovkalash standarti talablarining hajmini) hisobga olgan holda, tegishli mahsulot va xizmatlarni identifikatsiya qilish orqali ekologik markirovkani sertifikatlashtirishi shart.

13-bob. Yakuniy qoidalar

81. Sertifikat davlat tilida, shuningdek ariza beruvchining xohishiga koʻra boshqa xorijiy tillarda rasmiylashtirilishi mumkin.

82. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

________________________________________ (ekologik markirovkalash organining toʻliq nomi) Mahsulotlarni sertifikatlashtirish boʻyicha ARIZA ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (ariza beruvchining toʻliq nomi) quyidagi mahsulotlarni “Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tizimida belgilangan talablarga muvofiqligi boʻyicha sertifikatlashtirishdan oʻtkazilishini soʻraydi: T/r Mahsulot nomi Mahsulot tarkibi (asosiy komponent turlari roʻyxati) Ishlab chiqariladigan mahsulot hajmi Yetkazib beruvchilar soni Mahsulot ishlab chiqariladigan standart * 1. ... * standart nusxalari ilova qilinadi. Ariza beruvchining rekvizitlari Nomi Ariza beruvchining maʼlumotlari Mahsulotni tayyorlovchining (ijrochining) maʼlumotlari * Yuridik manzili (pochta adresi) Joylashgan joyi Telefon raqami Elektron pochta manzili Masʼul xodimning F.I.O, lavozimi va aloqa maʼlumotlari * agar ariza beruvchining oʻzi mahsulotni tayyorlovchi (ijrochi) boʻlmasa toʻldiriladi. Taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligi kafolatlanadi. Tashkilot rahbari ________________ ___________________ (imzo) (F.I.O) M.Oʻ. 20__ y. “_____”___________

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1a-ILOVA

________________________________________ (ekologik markirovkalash organining toʻliq nomi) Xizmatlarni sertifikatlashtirish boʻyicha ARIZA ________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (ariza beruvchining toʻliq nomi) quyidagi xizmat turlarini “Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tizimida belgilangan talablarga muvofiqligi boʻyicha sertifikatlashtirishdan oʻtkazilishini soʻraydi: 1) ____________________________________ ...) ____________________________________ Ariza beruvchining rekvizitlari Nomi Ariza beruvchining maʼlumotlari Xizmatlarni yetkazib beruvchining maʼlumotlari * Yuridik manzili (pochta adresi) Joylashgan joyi Telefon raqami Elektron pochta manzili Masʼul xodimning F.I.O, lavozimi va aloqa maʼlumotlari * agar ariza beruvchining oʻzi xizmatlarni yetkazib beruvchi boʻlmasa toʻldiriladi. Koʻrsatiladigan xizmat toʻgʻrisida maʼlumotlar (har bir xizmat turi boʻyicha alohida toʻldiriladi) Joylashgan joyi manzili Umumiy maydoni Ishlash rejimi (ish kunlari, dam olish kunlari, smenaligi) Doimiy ish oʻrinlari soni (faqat ofislar uchun) Doimiy ishlovchi xodimlar soni Xizmat koʻrsatish joyining maydoni va foydalanish maqsadi hamda funksional zonalarning tavsifi Qoʻshimcha maʼlumotlar Taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligi kafolatlanadi. Tashkilot rahbari ________________ ___________________ (imzo) (F.I.O) M.Oʻ. 20__ y. “_____”___________

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Sertifikatlashtirish sxemasi

1. Sertifikatlashtirish ilovaga muvofiq I-a, I-b va II sertifikatlashtirish sxemalaridan biri boʻyicha amalga oshiriladi.

2. Sertifikatlashtirish sxemasi mahsulot yoki xizmat turi, shuningdek ekologik markirovkalash standarti talablariga asosan sertifikatlashtirishning dastlabki bosqichida tanlanadi.

3. Xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish shaklida sertifikatlashtirishda sertifikatlashtirish sxemasi tan olish shartlariga bogʻliq hisoblanadi va operator tomonidan xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish uchun ariza boʻyicha qabul qilinadigan qarorida belgilanadi.

4. Sertifikatlashtirish va davriy baholash ishlari mahsulotlarni ishlab chiqarish yoki xizmatlar koʻrsatish joyiga chiqqan holda yoxud tegishli hujjatlarni oʻrganish orqali olib borilishi mumkin.

Sertifikatning amal qilish muddati davomida ishlab chiqarish yoki xizmat koʻrsatish joyining auditi kamida bir marta oʻtkazilishi kerak.

Agar ariza beruvchi xuddi shu ishlab chiqarish yoki xizmat koʻrsatish joyida ishlab chiqariladigan (xizmat koʻrsatiladigan) boshqa mahsulot (xizmat) uchun sertifikatga ega boʻlsa, kelgusidagi davriy baholash doirasida joyiga chiqqan holda kameral sertifikatlashtirish oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyiladi.

5. Quyidagi hollarda ekologik markirovkalash organi sertifikatlashtirish yoki davriy baholashni oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi:

ariza beruvchining ishlab chiqarish yoki xizmat koʻrsatish joyining auditi oʻtkazib boʻlingan boʻlsa;

sertifikatlashtirish xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish shaklida amalga oshirilsa;

ishlab chiqarish yoki xizmat koʻrsatish joyining oxirgi auditi natijalari boʻyicha nomuvofiqliklar mavjud boʻlmasa.

Sertifikatlashtirishni sxemasiga ILOVA

1. Mahsulotlarni sertifikatlashtirish sxemalari T/r Sertifikatlashtirish sxemasi elementlari Mahsulotni oʻrganish Ishlab chiqarish va menejment tizimlari e lementlari Ishlab chiqarishni davriy baholash I-a Namunalarni akkreditatsiyalangan laboratoriyada sinovdan oʻtkazish, mahsulotlarning texnik hujjatlarini oʻrganish Ishlab chiqarish holati, ekologik menejment tizimi hamda sifat menejmenti tizimi elementlarini tahlil qilish 1. Namunalarni akkreditatsiyalangan laboratoriyada sinovdan oʻtkazish, mahsulotlarning texnik hujjatlarini oʻrganish 2. Ishlab chiqarish holati va ekologik menejment tizimi hamda sifat menejmenti tizimi elementlarini tahlil qilish I-b Mahsulotlarning texnik hujjatlarini oʻrganish Ishlab chiqarish holati, ekologik menejment tizimi hamda sifat menejmenti tizimi elementlarini tahlil qilish Ishlab chiqarish holati va ekologik menejment tizimi hamda sifat menejmenti tizimi elementlarini tahlil qilish 2. Xizmatlarni sertifikatlashtirish sxemasi T/r Sertifikatlashtirish sxemasi elementlari Xizmatlarni baholash Xizmatlarni davriy baholash II Xizmat koʻrsatish jarayonlari va natijalarini baholash Xizmat koʻrsatish jarayonlari nazorati

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Ekologik markirovkalash sertifikati

“YASHIL BELGI” MAHSULOT VA XIZMATLARNI YAGONA IXTIYORIY EKOLOGIK MARKIROVKALASH TIZIMI EKOLOGIK MARKIROVKALASH SERTIFIKATI Roʻyxatga olish raqami: _____ __________________ Berilgan sanasi: __________ __________________ Amal qilish muddati: ______ __________________ _____________________________________________________________ (ekologik markirovkalash organining toʻliq nomi) Ekologik markirovkalash organining roʻyxatga olingan raqami: __________________ Sertifikatlashtirish obyekti _____________________________________________________________ _______________________________ (mahsulot/xizmat va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjat nomi) ______________________________ ekologik markirovkalash standartlari talabiga javob beradi. ______ (standart nomi va raqami) Sertifikat berildi: _____________________________________________________________________ _____________________________________ (yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorning toʻliq nomi) Tayyorlovchi (ijrochi): _______________________________________________________________________________ (yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorning toʻliq nomi) ________________________________________________________________________________________ (qoʻshimcha maʼlumotlar) Ekologik markirovkalash organi rahbari _______________ ________________ (imzo) (F.I.O) M.Oʻ.

Ekologik markirovkalash sertifikatiga ILOVA

Sertifikatlashtirish obyektlari roʻyxati

T/r Mahsulot/xizmatlarning nomi Mahsulot ishlab chiqariladigan/xizmatlar koʻrsatiladigan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar Izoh: ilovada sertifikatning tatbiq etilish sohasini tavsiflovchi yoki boshqa zarur qoʻshimcha maʼlumotlar keltirilishi mumkin. Ekologik markirovkalash organi rahbari _______________ ________________ (imzo) (F.I.O) M.Oʻ.

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

________________________________________ (operatorning toʻliq nomi) Avtorizatsiyadan oʻtkazishga ARIZA ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ning (talabgorning toʻliq nomi) “Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tizimida avtorizatsiyadan oʻtkazilishini soʻraymiz. Talabgorning rekvizitlari Nomi Talabgorning maʼlumotlari Yuridik manzili (pochta adresi) Joylashgan joyi Telefon raqami Elektron pochta manzili Masʼul xodimning F.I.O, lavozimi va aloqa maʼlumotlari Buyurtmanomaga quyidagilar ilova qilinadi: 1) ________________________________________________; 2) ________________________________________________; 3) ________________________________________________; ... ________________________________________________. Tashkilot rahbari ________________ ___________________ (imzo) (F.I.O) M.Oʻ. 20__ y. “_____”___________

“Yashil belgi” mahsulot va xizmatlarni yagona ixtiyoriy ekologik markirovkalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA

________________________________________ (operatorning toʻliq nomi) Xorijiy ekologik markirovkalash tizimini tan olish uchun ARIZA ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ (ariza beruvchining toʻliq nomi) quyidagi mahsulot/xizmatlar boʻyicha xorijiy ekologik markirovkalash organi tomonidan amalga oshirilgan sertifikatlashtirish natijalarini tan olishni soʻraydi: T/r Mahsulot yoki xizmat nomi Sertifikatlashtirishni amalga oshirgan xorijiy ekologik markirovkalash organi Mahsulot ishlab chiqarish yoki xizmatlar koʻrsatishga aloqador texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar nomi nomi manzili va aloqa maʼlumotlari 1 ... Ariza beruvchining rekvizitlari Nomi Ariza beruvchining maʼlumotlari Yuridik manzili (pochta adresi) Joylashgan joyi Telefon raqami Elektron pochta manzili Masʼul xodimning F.I.O, lavozimi va aloqa maʼlumotlari Arizaga quyidagilar ilova qilinadi: 1) ________________________________________________; 2) ________________________________________________; 3) ________________________________________________; ... ________________________________________________. Taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligi kafolatlanadi. Tashkilot rahbari ________________ ___________________ (imzo) (F.I.O) M.Oʻ. 20__ y. “_____”___________

Vazir A. ABDUXAKIMOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil oʻrinbosari J. URUNOV

Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari A. ZAKIROV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. XUDAYAROV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi raisi H. TURAXUJAYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 24-iyun,

2025-yil 21-iyun

2025-yil 19-iyun

2025-yil 17-iyun

2025-yil 2-iyun

2025-yil 27-may

20-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.07.2025-y., 10/25/3652/0657-son; 16.03.2026-y., 10/26/3788/0242-son)

lex.uz