UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 30-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 30 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ПАСПОРТИ

Давлат харидларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда давлат харидлари электрон тизими операторлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 10 июлдаги ПҚ-249-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат харидлари жараёни ва давлат харидлари электрон тизими операторлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ давлат харидларининг субъектларига давлат харидлари электрон тизимларида харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат харидлари электрон тизими операторлари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат харидлари электрон тизимини ташкил этиш тартиби;

давлат харидлари субъектларини давлат харидлари электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш қоидалари;

давлат харидлари электрон тизими операторлари (кейинги ўринларда — операторлар) томонидан қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва дастлабки кузатувдан ўтказиш.

3. Белгилансинки, 2025 йил 15 августдан бошлаб:

энг яхши таклифларни танлаш ва тендер натижалари бўйича шартномалар давлат харидларининг электрон тизимида автоматик тарзда шаклланади, жисмоний шахслар билан тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бундан мустасно;

давлат харидларида электрон рақамли имзоларидан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар электрон шаклда тузилади, хорижий етказиб берувчилар билан тузиладиган шартномалар бундан мустасно;

махсус ахборот порталида давлат харидларига оид шарҳлар, таклифлар ва шикоятларни қолдириш учун қайта алоқа тартиби жорий этилади;

жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган баённомалар ва тузиладиган шартномалар юзасидан келиб тушган эътирозлар бўйича давлат буюртмачилари томонидан уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги маълумотлар (тегишли қарори) давлат харидлари соҳасида назорат қилувчи органлар учун очилган шахсий кабинетларда акс эттирилади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш ҳужжатларини ва техник топшириқларни, шартномалар, импорт контрактлари ва уларга қўшимча келишувлар лойиҳаларни комплекс экспертизадан ўтказмаслик мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйилмайди;

давлат харидларига оид харид қилиш ҳужжатларида иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонларини қўллаш тартиби мажбурий кўрсатилади;

давлат буюртмачилари томонидан жамоатчилик муҳокамасида келиб тушган ҳар бир таклиф ва эътирозларнинг улар бўйича аниқ ва асослантирилган изоҳларни кўрсатган ҳолда кўриб чиқилиши таъминланади;

бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан мобил телефонлар ва алкоголь маҳсулотлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда харид қилинади;

операторлар томонидан амалда белгиланган харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар учун воситачилик йиғими битимнинг ҳақиқий суммасидан 0,15 фоиздан ошмаган ҳолда, бироқ ушбу йиғимларнинг чегаравий миқдорлари давлат буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 фоизидан кўп бўлмаган ҳамда харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 14 бараваридан кўп бўлмаган миқдорларда ундирилади;

агар донор мамлакатларнинг, халқаро ташкилотларнинг, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг тартиб-таомилларида ёки Ўзбекистон Республикасига тақдим этиладиган чет эл кредитларини ва грантларини, техник кўмакни ва бошқа ташқи беғараз кўмакни тақдим этиш шартларида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг бошқача тартиби белгиланганда, операторлар томонидан ўзларининг тизимларида ушбу тартиб бўйича харидларни амалга ошириш имконияти яратилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

а) давлат харидларига оид маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида махсус ахборот порталида (кейинги ўринларда — Портал) қуйидаги қўшимча имкониятлар яратилишини таъминласин:

соҳалар (йўналишлар) ва ҳудудлар кесимида маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш ҳамда жамоатчилик томонидан улардан қулай фойдаланиш тизими (Business intelligence);

давлат харидлари жараёнида хавфни бошқаришнинг комплекс тизими (Risk management);

давлат буюртмачиларининг импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотларни очиқлаб бориш тизими;

«яшил» давлат харидларини амалга ошириш учун алоҳида модуль;

б) давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатори кодларига Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) ҳамда Маҳсулот ва хизмат идентификация кодларини (МХИК) Порталда ўзаро мувофиқлаштириш имконини берувчи алоҳида модулни ишлаб чиқсин;

в) тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилишида уларни ихтиёрий равишда барча давлат харидлари электрон тизимларида бир вақтнинг ўзида рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратсин;

д) давлат буюртмачилари ва иштирокчилар томонидан харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш ҳамда давлат харидларининг электрон тизимида тузилган битимларнинг бажарилишини таъминлаш учун ҳисоб-китоб-клиринг палатасига ўтказиладиган маблағлар хавфсизлигини кучайтириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни бошқариш, шу жумладан, шартномавий интизомни мустаҳкамлаш, давлат харидлари соҳасида мониторинг ва назорат қилиш тизимини жорий этсин.

Бунда Порталда шартномалар ижроси модули яратилади ва унда қуйидагилар назарда тутилади:

шартномалар ижроси ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида очиқлаш;

давлат харидлари соҳасида электрон назорат тизимини жорий этиш;

шартномалар ижроси бўйича низони судгача ҳал қилиш (медиация тартиб-таомилини амалга ошириш, талабнома юбориш, башарти бу ушбу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса) ёки судга бевосита мурожаат қилиш;

жамоатчилик назоратини амалга оширувчи субъектлар томонидан текширув тадбирларини ўтказиш ташаббуси билан давлат органларига мурожаат қилиш;

давлат буюртмачиларининг ички аудит тузилмалари томонидан давлат харидлари бўйича мониторинг натижаларини жамоатчиликка кенг ёритиш.

7. Савдо-саноат палатаси соҳавий тармоқ уюшмалари ҳамда ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда маҳаллий маҳсулотлар ва ишлаб чиқарувчилар реестри шакллантирилишида тегишли маълумотлар ва маҳсулотларнинг давлат харидларида узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат харидлари электрон тизими операторлари фаолиятини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 31 декабрдаги 734-сон қарорининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июлдаги 476-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат харидлари электрон тизими операторлари тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат харидлари электрон тизимининг оператори фаолиятини ташкил этиш, давлат харидлари электрон тизимида маълумотларни алмашиш ҳамда давлат харидлари тўғрисидаги айрим ахборотларни модерациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (кейинги ўринларда — ваколатли орган) — Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги;

давлат харидларининг электрон тизими — электрон давлат харидлари жараёнидаги харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда давлат харидларининг субъектлари ҳамкорлигини таъминлайдиган ташкилий, ахборотга оид ва техник ечимларнинг дастурий мажмуи;

давлат харидлари электрон тизимининг оператори (кейинги ўринларда — оператор) — давлат харидларининг субъектларига давлат харидларининг электрон тизимларида харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматларни кўрсатадиган, давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномага эга юридик шахс;

махсус ахборот портали (кейинги ўринларда — Портал) — ваколатли орган томонидан юритиладиган, давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълонлар, давлат харидларининг якунлари, иштирокчиларнинг таклифлари ҳақидаги ахборотни ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ахборотни электрон шаклда кўздан кечиришни, шунингдек, амалга оширилган электрон давлат харидлари тўғрисида давлат харидлари электрон тизимларининг операторлари томонидан киритиладиган (юбориладиган) ахборотни тўплашни таъминловчи веб-сайт ва махсус электрон платформа;

модератор — давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштириладиган ахборотларни модерация (дастлабки кузатув) жараёнидан ўтказишга масъул бўлган шахс.

3. Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга мувофиқ берилади.

4. Ваколатли орган томонидан юбориладиган маълумотлардан оператор томонидан давлат харидлари электрон тизимида фақат уларнинг ўз функциялари, мажбуриятлари ва ҳуқуқлари доирасидаги вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланилади.

5. Ваколатли орган:

давлат харидлари соҳасида, шу жумладан, тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида операторни доимий равишда хабардор қилиб боради;

давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида оператор билан ҳамкорлик қилади;

оператордан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат харидлари электрон тизимида қўшимча саҳифалар яратиш ҳамда жорий қилиш режалаштирилган янги тизимларнинг ишлашини синовдан ўтказишни талаб қилади;

молия йилида бир марта оператор фаолияти тўғрисидаги умумий маълумотларни Порталда эълон қилади.

2-боб. Операторнинг функциялари, мажбуриятлари ва ҳуқуқлари

6. Оператор қуйидаги функцияларни амалга оширади:

давлат харидларининг электрон тизимида давлат буюртмачиси томонидан давлат харидлари тўғрисидаги ахборот Портал орқали тегишли маълумот шакллангандан сўнг жойлаштирилишини таъминлайди, бунда оператор форс-мажор ҳолатлар (томонларнинг хоҳиш-иродаси ва фаолиятига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва бошқалар), фавқулодда ва кенг миқёсдаги кутилмаган авариялар, узилишлар сабабли юзага келган шароитларда тарафларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар) натижасида юзага келган носозликлар оқибатлари учун жавобгар бўлмайди;

бюджет буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган харидларда молиялаштириш миқдорлари мавжудлиги давлат молиясини бошқариш ахборот тизими орқали тасдиқланган тақдирда, савдоларни ўтказади;

давлат харидлари электрон тизимини техник қўллаб-қувватлаш ишларини бажаради;

Порталга тақдим этиладиган давлат харидлари бўйича статистика маълумотлари шаклини ваколатли орган билан келишган ҳолда шакллантиради;

электрон тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди, фойдаланувчиларга техник ёрдам кўрсатади, дастурий таъминотни ишлаб чиқади, мунтазам равишда янгилайди ва такомиллаштириб боради;

давлат буюртмачилари ва иштирокчиларга давлат харидларида иштирок этиш учун электрон тизимдан тўлиқ, ўз вақтида ва эркин фойдаланишни кафолатлайди;

барча юридик ва жисмоний шахсларга давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ, ўз вақтида, эркин ва бепул фойдаланишни кафолатлайди.

Оператор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7. Операторнинг мажбуриятлари:

шартноманинг бажарилиши тўғрисидаги ахборотларни, шу жумладан, шартнома учун ҳақ тўлаш, шартномада назарда тутилган мажбуриятларни электрон тизимда акс эттириш;

давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларига (кейинги ўринларда — иштирокчи) электрон давлат харидларида қатнашиш учун давлат харидлари электрон тизимидан бепул фойдаланишни таъминлаш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат харидлари электрон тизимидаги мавжуд ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг бепул ва эркин фойдаланишини таъминлаш;

давлат харидлари соҳасидаги ҳисоботни техник қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

давлат харидларига тааллуқли ахборот давлат харидлари электрон тизимига жойлаштирилган вақтдан бошлаб қонунчиликда белгиланган муддат давомида, агар қонунчиликда давлат харидларига тааллуқли ахборотни сақлаш муддатлари кўрсатилмаган бўлса, унинг камида беш йил сақланишини таъминлаш;

давлат харидлари электрон тизими орқали тузилган шартномалар бўйича ҳужжатларни ва ахборотларни Шартномаларнинг ягона реестрига киритиш учун юбориш;

давлат харидлари билан боғлиқ, шу жумладан, давлат харидлари натижалари ҳақидаги барча ахборотни давлат харидлари электрон тизими орқали Порталга реал вақт режимида юбориш;

Портал ва Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашинувини таъминлаш, шунингдек, Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган инсофсиз ижрочи (иштирокчи)нинг белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилларида иштирокини чеклаш;

Портал ва ягона етказиб берувчилар реестри ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашинувини таъминлаш;

давлат буюртмачилари амалга оширган давлат харидлари натижаларига кўра товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан, уларнинг турлари кесимида шаклланган нархларни Порталга юбориш;

давлат харидлари электрон тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

давлат харидлари электрон тизимини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларига жойлаштириш;

давлат харидлари электрон тизимининг мобил иловасини ушбу тизим билан мос ҳолда юритиш;

ҳар йилга мўлжалланган ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;

ваколатли орган ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг электрон тизимлари ўртасида ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш орқали аффилланган шахсларни айни бир лотда иштирок этишдан четлатиш;

ғолиб аниқлангунга қадар давлат харидлари иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаслик;

ҳар йил якуни бўйича кейинги йилнинг 1 апрелига қадар давлат харидлари соҳасида «Энг фаол тадбиркор» ҳамда «Энг яхши буюртмачи» танловларини ўтказиб бориш;

энг яхши таклифларни танлаш (кейинги ўринларда — танлаш) ва тендер савдолари бўйича харид қилиш ҳужжатлари ва техник топшириқларни электрон шаклда ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш имкониятини яратиш;

ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили бошланган талабгорларни белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш;

солиқлар ва бошқа мажбурий йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган талабгорларни белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш;

давлат харидлари электрон тизимининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишлашини таъминлаш;

давлат харидлари соҳасида назоратни амалга оширувчи органларга реал вақт режимида мониторинг қилиш имкониятларини таъминлаш учун давлат харидлари тўғрисидаги ахборотларни (давлат харидларининг тугалланмаган савдо жараёнларини очиқламаган ҳолда) Портал орқали тақдим этиш;

харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг юборган таклифларини баҳолаш учун уларнинг солиқ ҳисоботлари, ишловчи ходимлари, асосий воситалари, махсус техникалари, мулки, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлари ва хабарномалари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни Портал орқали тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилишни таъминлаш ва харид комиссиясига тақдим этиш;

операторнинг ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг маблағларидан фойдаланмаслик, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Оператор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

8. Оператор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат харидлари электрон тизимига жойлаштириладиган файлларга нисбатан технологик талаблар, шунингдек, ахборот хавфсизлиги бўйича талабларни белгилаш;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар учун воситачилик йиғимининг амалда белгиланган энг юқори миқдоридан ошмаган ҳолда маблағ ундириш;

қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган ҳолда, тизимдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва функционалликни кенгайтиришга қаратилган қўшимча хизматларни кўрсатиш;

давлат буюртмачилари ва иштирокчиларни жалб қилиш юзасидан реклама кампанияларини ўтказиш.

Оператор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

3-боб. Давлат харидлари электрон тизимини ташкил этиш тартиби

1-§. Давлат харидлари электрон тизимини ташкил этишнинг умумий шартлари

9. Давлат харидлари электрон тизими фаолияти ваколатли орган томонидан тасдиқланган техник йўриқномада белгиланган талабларга мос равишда ташкил этилиши лозим.

10. Оператор фаолиятининг хусусияти ҳамда ҳажмини инобатга олган ҳолда, техник қуввати етарли бўлган функционал ускуналар (компьютер, коммуникация, маълумотларни сақлаш ва тўлов тизими ишлашини таъминлайдиган бошқа техник ускуналар) ва дастурий таъминот билан жиҳозланган бўлиши керак.

11. Оператор давлат харидлари электрон тизимини ташкил этишда унга жойлаштириладиган рақамли маълумотлар базаларининг захира нусхаларини шакллантириш учун техник воситаларга эга бўлиши, шу жумладан, рақамли маълумотлар базаларининг захира нусхаларини шакллантиришда шифрловчи, шунингдек, ахборотни ўзгартириш ёки бузиб кўрсатишнинг олдини оладиган тарзда сақлайдиган асбоб-ускуналар ва дастурий-техник воситалар билан таъминланган бўлиши, ушбу рақамли маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизимининг маълумотларни қайта ишлаш марказида жойлаштирилиши керак.

12. Оператор томонидан ўз платформасига қонунчилик ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, харид қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ҳар қандай ўзгартиришлар ваколатли орган билан келишилгандан сўнг киритилиши шарт.

Бунда харид қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ўзгартиришлар мазкур ўзгартиришларни белгиловчи қонунчилик ҳужжатларида бошқача муддат кўрсатилмаган бўлса, ваколатли орган томонидан белгилаган муддат давомида амалга оширилиши лозим.

2-§. Давлат харидлари электрон тизимида маълумотлар алмашинуви

13. Давлат харидлари электрон тизимида ахборот тизимлари ўртасида ахборот алмашинуви ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқ сертификатланган воситалардан фойдаланган ҳолда, ҳимояланган алоқа каналлари орқали амалга оширилиши шарт.

Бунда давлат харидлари соҳасидаги назоратни амалга оширувчи органлар учун зарур ҳужжат ва маълумотларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Портал орқали оператордан масофавий талаб қилиб олиш механизми йўлга қўйилади.

14. Электрон тизимда барча турдаги маълумотлар алмашинуви формати ваколатли орган билан келишилган ҳолда белгиланади.

15. Ваколатли орган томонидан махсус ахборот порталида давлат харидлари соҳасидаги назорат органларининг сўровига асосан уларнинг масъул ходимлари учун шахсий кабинет очилади ва уларга давлат харидлари тўғрисидаги ахборотларни юклаб олиш имконияти яратилади.

16. Оператор давлат харидлари электрон тизими орқали давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан, савдолар якунлари бўйича барча маълумотларни, шунингдек, ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги маблағлар ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни (тугалланмаган савдо жараёнларидаги маблағлар ҳаракати маълумотлари бундан мустасно) махсус ахборот порталига ўз вақтида тўлиқ ва узлуксиз тақдим этиб бориши шарт.

17. Ваколатли орган Портал орқали ташқи ахборот тизимлари билан ўзаро маълумотлар алмашинувини йўлга қўйган ҳолларда, давлат харидлари электрон тизимига тегишли маълумотларнинг юборилишини таъминлайди.

18. Оператор ваколатли давлат органининг ахборот тизимида шакллантириладиган ва юритиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификаторидан ахборот тизимлари ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинуви орқали фойдаланади.

3-§. Давлат харидлари электрон тизимида электрон давлат харидларини ташкил этишга доир талаблар

19. Оператор Порталда давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни автоматик тарзда шакллантириш мақсадида реал вақт режимида ахборот алмашинувини таъминлайди.

20. Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган иштирокчиларнинг давлат харидларидаги иштироки давлат харидлари электрон тизими томонидан автоматик тарзда чекланади.

21. Давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ёки аффилланганлик эҳтимоли мавжуд ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари соҳасидаги назоратни амалга оширувчи органларнинг махсус ахборот порталида очилган шахсий кабинетларига реал вақт режимида юборилади.

Бунда оператор манфаатлар тўқнашуви ёки аффилланганлик эҳтимоли мавжуд ҳолатлар тўғрисидаги, шунингдек, буюртмачи ва иштирокчилар ёки иштирокчилар билан иштирокчилар ўртасида ахборот технология воситаларидан фойдаланишда, ягона IP-адресдан маълумот киритилган ҳоллардаги харидлар реестрини автоматик тарзда шакллантиради.

22. Танлаш ёки тендер савдоларида иштирок этиш учун таклифларни тақдим этиш муддати тугаган пайтда фақат битта таклиф тақдим этилган ёки бирорта ҳам таклиф тақдим этилмаган бўлса, электрон тизим автоматик равишда танлаш (тендер) ўтказилмаган деб ҳисоблайди, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Бунда икки босқичли танлаш (тендер)да танлаш (тендер)нинг биринчи босқичидан ўтган камида икки нафар иштирокчининг таклифлари мавжуд бўлмаган тақдирда, электрон тизим автоматик равишда мазкур танлаш (тендер) ўтказилмаган деб топади ва бу ҳақида буюртмачининг ҳузурида ташкил этилган харид комиссиясини хабардор қилади.

23. Давлат харидлари электрон тизимида шаклланадиган ва ваколатли органга тизим томонидан автоматик равишда юбориладиган барча файллар ҳақиқий ва ишончли саналади ҳамда операторнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳисобланади.

Давлат харидлари электрон тизимида носозликлар юзага келган ҳолларда шаклланадиган маълумотлар бундан мустасно.

24. Давлат харидлари электрон тизимини юритиш учун масъул ходимлар доимий равишда мониторинг қилиб боради ҳамда юзага келадиган техник ва ташкилий муаммоларни тезкор ҳал қилиш чораларини кўради.

4-боб. Оператор томонидан давлат харидлари субъектларини давлат харидлари электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тартиби

25. Давлат харидлари субъектлари давлат харидлари электрон тизимида уларда электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) мавжуд бўлган ҳолда рўйхатдан ўтказилади.

Чет эл жисмоний ва юридик шахслари давлат харидлари электрон тизимига қонунчиликда белгиланган тартибда киритилади.

26. Бюджет буюртмачилари давлат харидлари электрон тизимида автоматик режимда ваколатли орган ва оператор ўртасида маълумотлар алмашинуви орқали автомат тарзда бепул рўйхатдан ўтказилади.

27. Корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар давлат харидлари электрон тизимида улар томонидан электрон тизимдаги сўровномани тўлдириш орқали оператор томонидан бепул рўйхатдан ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилаётганда, давлат харидларининг электрон тизимида рўйхатдан ўтиш истагини билдирган шахслар автоматик равишда давлат харидлари иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

28. Иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни 36-моддасида белгиланган мезонларга мувофиқ бўлганда, давлат харидларида иштирок этишига йўл қўйилади.

29. Солиқ органлари томонидан берилган ЭРИнинг мавжудлиги иштирокчини электрон шартнома тузиш ҳуқуқини белгилайди, чет эл жисмоний ва юридик шахслари билан шартнома тузиладиган ҳоллар бундан мустасно.

30. Давлат буюртмачиларининг харидларни амалга ошириш ва иштирокчиларнинг харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш жараёнлари уларнинг давлат харидлари электрон тизимида рўйхатга олинган пайтдан эътиборан амалга оширилади.

5-боб. Модераторга қўйиладиган талаблар ва модерациядан ўтказиш тартиби

1-§. Модераторга қўйиладиган талаблар

31. Модератор лавозимига олий маълумотга эга жисмоний шахс тайинланади.

32. Оператор ваколатли органни беш иш куни ичида модератор лавозимга тайинлангани тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

33. Модераторларга қуйидаги талаблар қўйилади:

давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши, етарли даражада касбий билимга эга бўлиши ҳамда касбий билим ва кўникмаларини модерация хизматларини кўрсатиш учун етарли даражада сақлаб туриши;

беғараз бўлиши, манфаатлар тўқнашуви ёки бошқа шахсларнинг босимларига қарамай ўзининг касбга оид фикр-мулоҳазасида қатъий тура олиши, операторнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатларга йўл қўймаслиги;

коррупция ҳолатларига олиб келувчи ҳаракатлар содир этмаслиги;

давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва унга кириш, давлат харидларини амалга оширишда давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификаторидан қўшимча равишда, қонунчиликда белгиланган ҳолларда ТИФ ТН кодларидан тўғри ва асосланган ҳолда фойдаланиши;

икки йилда бир марта Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет ташкилотлари молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказида ва давлат харидлари соҳасидаги назоратни амалга оширувчи бошқа органлар томонидан ташкил қилинган ўқув курсларида давлат харидлари соҳасида билимларини, касбий билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида малакасини ошириши.

Бунда модератор ушбу Низом талабларига риоя қилмагани аниқланганда, оператор томонидан меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади ёхуд бошқа лавозимга ўтказилади.

2-§. Модераторнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

34. Модератор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида дастлабки кузатувни амалга ошириш;

тизимга жойлаштирилган ҳамда давлат харидлари тўғрисидаги айрим ахборотларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жойлаштирилганини модерациядан ўтказиш.

Модератор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

35. Модераторнинг мажбуриятлари:

давлат буюртмачиси ёки иштирокчи томонидан киритилган давлат харидлари тўғрисидаги айрим ахборотларни модерациядан ўтказиш;

тизимга жойлаштирилган давлат харидлари тўғрисидаги айрим ахборотлар эълон қилинишини тасдиқлаш;

ахборотларда хато ва камчилик аниқланганда, уларни асослантирилган сабабларини кўрсатган ҳолда қайтариш;

давлат харидларига тааллуқли ахборотнинг бутлигини ва сир сақланишини таъминлаш;

харид қилиш тартиб-таомиллар амалга оширилишидан олдин иштирокчилар ва уларнинг таклифлари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинишига йўл қўймаслик;

ўзининг шахсий кабинетига кириш паролининг ҳар уч ойда камида бир марта ўзгартирилишини ҳамда ўзига берилган логин ва паролнинг махфий сақланишини таъминлаш;

одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш;

коррупция ҳолатларининг келиб чиқишига йўл қўймаслик;

шартнома асосида ёки бошқа манфаат эвазига буюртмачи ва иштирокчи номидан харид қилиш тартиб-таомилларда иштирок этмаслик;

ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш.

Модератор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

36. Модератор:

иштирокчи, ижрочи сифатида давлат харидларида иштирок этишга, уларнинг аффилланган шахси бўлишга;

давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишни асоссиз равишда чеклашга;

давлат харидлари субъектлари томонидан жойлаштириладиган ахборотларнинг мазмунини ўзгартиришга (таҳрирлашга);

давлат буюртмачиси ёки иштирокчи томонидан киритилган ахборотларни асоссиз равишда модерациядан ўтказмасдан қайтаришга;

савдо натижаларига таъсир этиш мақсадида иштирокчилар билан тил бириктириш, коррупцияга йўл қўйиш каби ҳолатларни келтириб чиқаришга ҳақли эмас.

3-§. Давлат харидлари тўғрисидаги айрим ахборотларни модерациядан ўтказиш тартиби

37. Модератор ўз шахсий кабинетига ўзининг шахсий электрон рақамли имзоси ҳамда оператор томонидан белгиланган тартибда берилган индивидуал логин ва пароль орқали киради.

38. Модератор давлат харидлари тўғрисидаги айрим ахборотларни модерациядан ўтказиш жараёнида уларнинг давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Низом талабларига мувофиқлигини кўздан кечиради.

39. Модератор бир иш куни ичида давлат харидлари тўғрисидаги қуйидаги ахборотларни модерациядан ўтказади:

давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларининг электрон тизимига давлат харидларининг режа-жадвалига мувофиқ эълон жойлаштирилганини;

иштирокчи ва давлат буюртмачиси томонидан харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турларида белгиланган ахборотлар асосида жойлаштирилганини.

Модератор тизимга жойлаштирилган эълон ва офертадаги ахборотларда хато ва камчиликлар, шу жумладан, давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талаблар киритилганини аниқлаганда, маълумотлардаги камчиликларни бартараф этиш учун (асослантирилган сабабларни кўрсатган ҳолда) давлат буюртмачиларига ёки иштирокчиларга бир иш куни ичида қайтарилишини таъминлайди.

40. Давлат буюртмачиси ёки иштирокчи беш иш куни ичида давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг камчиликларини тузатган ҳолда, қайта модерацияга тақдим этишлари мумкин.

41. Давлат харидлари электрон тизимига жойлаштирилган ахборотлар модератор томонидан дастлабки кузатувдан ўтказилганидан сўнг тизимда эълон қилиниши мумкин.

42. Модераторга ваколатли органнинг операторга модерациядан ўтказиш юзасидан берилган кўрсатмасига мувофиқ қўшимча вазифалар юкланиши мумкин.

4-§. Модераторнинг жавобгарлиги

43. Модератор ушбу Низом талаблари ҳамда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаган, шунингдек, белгиланган тартибда жойлаштирилган давлат харидлари тўғрисидаги ахборотларни қасддан модерациядан ўтказмаган ёки узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

44. Оператор ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда модераторлар томонидан модерациядан ўтказилган ҳамда қайтарилган эълонлар ва оферталарни мониторинг қилиш мақсадида тегишли эълонлар ва оферталарни доимий ўрганиб бориши лозим.

45. Модератор оператор томонидан бериладиган топшириқ ва вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши учун жавобгардир.

46. Модератор давлат харидлари субъектларининг ушбу модераторга бериладиган электрон ҳужжатлари ва электрон хабарларининг, шу жумладан, бўлажак давлат харидлари тўғрисида тизимда жойлаштириладиган ахборотнинг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар бўлмайди.

6-боб. Якунловчи қоидалар

47. Оператор ушбу Низомни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

48. Давлат буюртмачилари ва иштирокчилар операторга тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ўз вақтида тақдим этилиши учун жавоб берадилар.

49. Оператор давлат харидлари субъектларининг ушбу операторга бериладиган электрон ҳужжатлари ва электрон хабарларининг, шу жумладан, давлат харидлари тўғрисидаги ахборотнинг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар бўлмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июлдаги 476-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга :

1) 4-илова матни қуйидаги мазмундаги VIII 1 банд ва «8 1 -1» позиция билан тўлдирилсин:

« VIII 1 . VIII 1 . Давлат харидларида иштирок этиш учун давлат харидлари электрон тизимларида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтказиш бўйича. 8 1 -1 Давлат харидлари электрон тизимларида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтишга розимисиз ? Ҳа √ Йўқ √ » ;

2) 5-иловада I банд қуйидаги мазмундаги «1-20-3.» позиция билан тўлдирилсин:

« 1-20-3. Давлат харидлари электрон тизимларида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтишга розимисиз? Ҳа √ Йўқ √ » .

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомда :

а) 3-банднинг бешинчи хатбошисидаги «2 — 65-иловаларда» сўзлари «2 — 66-иловаларда» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги 66-илова билан тўлдирилсин:

«Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга 66-ИЛОВА

Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома

1. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг номи: Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома 2. Амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш талаб этиладиган фаолият (ҳаракатлар): Давлат харидларининг субъектларига давлат харидларининг электрон тизимларида харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш 3. Ариза берувчилар тоифаси: Юридик шахслар 4. Рухсат этиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли орган: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 5. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар: 1. Ариза. Унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, фаолиятни амалга ошириш жойи, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, телефон рақами, СТИР, электрон почта манзили; юридик шахс раҳбарлари ва мутахассислари тўғрисидаги ахборот; хавфсизлик тизимлари, назорат механизмлари ҳамда электрон тизимлар тўғрисидаги маълумотлар; давлат харидларининг электрон тизими операторининг харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш, бошқарув, ички назорат ва таваккалчиликларни бошқариш тизимлари ҳақида маълумотлар; таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш ёки бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тавсифи; оператор давлат харидлари электрон тизимига жойлаштирилган рақамли маълумотлар базаларининг захира нусхаларини шакллантириш учун техник воситалар маълумотлари; операторда рақамли маълумотлар базаларининг захира нусхаларини шакллантиришда шифрловчи, шунингдек, ахборотни ўзгартириш ёки бузиб кўрсатишнинг олдини оладиган тарзда сақлайдиган асбоб-ускуналар ва дастурий-техник воситалар маълумотлари. 2. Базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 минг бараваридан кам бўлмаган ва тўлиқ шакллантирилган устав фонди мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар. Бунда устав фонди юз миллиард сўм маблағ кўринишида шакллантирилганини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилади. 3. Оператор фаолиятининг хусусияти ҳамда ҳажмини инобатга олган ҳолда, техник қуввати етарли бўлган функционал ускуналар (компьютер, коммуникация, маълумотларни сақлаш ва тўлов тизими ишлашини таъминлайдиган бошқа техник ускуналар) ва дастурий таъминотлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар. 4. Давлат харидлари электрон тизимининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларида жойлашганини тасдиқловчи ҳужжатлар. 5. Ахборот тизими ва ресурсларининг киберхавфсизлик талабларига мувофиқ комплекс экспертизадан ўтказилгани ҳақидаги хулоса. 6. Давлат харидлари электрон тизимини ривожлантириш дастури: талабгор томонидан тақдим этиладиган ривожлантириш дастурида қуйидагилар назарда тутилади: яқин икки календарь йил учун давлат харидлари электрон тизимини ривожлантириш, шу жумладан, оператор фаолиятини ташкил этишнинг мақсадлари ва режалаштирилаётган натижалари; фаолиятнинг нормал ва барқарор ишлашини таъминлаш учун мавжуд тизим ҳамда жараёнлар, техник ва молиявий ресурслардан фойдаланишни назарда тутадиган асосланган ҳисоб-китоблар, икки йил давомида даромад ва харажатлар прогнози; кўрсатилиши режалаштирилаётган хизматлар ҳажми ва қиймати, мижозлар сони, нархлар, рентабелликнинг кутилаётган ўсиши каби асосий кўрсаткичларни ўз ичига олган фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисобот; молиявий кўрсаткичлар ва асосий воситаларнинг таснифи; давлат буюртмачилари ва иштирокчиларни жалб қилиш юзасидан реклама кампаниялари ўтказилиши, семинар-тренинглар ташкил этиш бўйича маркетинг режаси; фаолиятни амалга ошириш учун техник воситалар ва зарур манбалар тавсифи, шу жумладан, тегишли ахборот тизимлари, ҳисоб-китоблар ва бухгалтерия тизимлари. 7. Бухгалтерия баланси ва охирги ҳисобот даврига доир молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот. 8. Хавфсизлик сиёсати ҳақидаги ҳужжат. 9. Қонунчилик талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган Одоб-ахлоқ қоидалари. 6. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори: Йиғим ундирилмайди 7. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилгани учун ундириладиган йиғим: Йиғим ундирилмайди 8. Аризани кўриб чиқиш муддати: 20 иш куни. Ваколатли орган қарор қабул қилишда аризани кўриб чиқиш учун қўшимча ўрганиш ўтказиш зарур бўлган ҳолларда, уни кўриб чиқиш муддатини 10 иш кунига узайтириш ҳуқуқига эга. Аризани кўриб чиқиш муддати узайтирилганда, бу ҳақида талабгор тегишли тартибда хабардор қилинади. 9. Рухсат этишга оид талаб ва шартлар: Умумий талаблар Операторлар фаолиятини ташкил этиш ва самарали амалга ошириш учун қуйидаги талаб ва шартларга жавоб бериши лозим: а) қонунчилик ҳужжатларида ва ваколатли орган томонидан тасдиқланган техник йўриқномада белгиланган талабларга жавоб берадиган давлат харидлари электрон тизимининг мавжудлиги ҳамда мазкур тизимнинг операторга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши; б) давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни жойлаштиришни ва унга киришни, давлат харидлари бўйича статистика маълумотларини қайта ишлаш, давлат харидларини амалга оширишда товарлар (ишлар, хизматлар) ягона миллий классификаторидан фойдаланишни, электрон давлат харидларини амалга ошириш, электрон харид қилиш тартиб-таомиллари натижаларига кўра шартномалар тузишни ва ҳисоб-китоб-клиринг палатаси орқали мажбуриятларни бажариш кафолатларини таъминлайдиган ахборот тизимининг мавжудлиги; в) давлат харидларининг электрон тизимини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларида жойлаштириши; г) давлат харидларининг электрон тизими операторининг харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматларини кўрсатиш, бошқарув, ички назорат ва таваккалчиликларни бошқариш тизимларининг самарали ишлаши учун малакали ва тажрибали ходимларга, шу жумладан, электрон тижорат ҳамда ахборот технологиялари соҳасида камида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлган камида икки нафар малакали ходим ҳамда call-марказ мавжудлиги; д) оператор раҳбарларни тайинлаш ҳақида ваколатли органни хабардор қилиши; е) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланмагани; ж) ваколатли органга давлат харидлари электрон тизимининг ишлаши тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда тақдим этиб бориши; з) қонунчилик талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши; и) оператордан давлат харидлари электрон тизимида харид қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ, шунингдек, давлат харидлари электрон тизими ишлаши тўғрисидаги ахборотларни махсус ахборот порталига реал вақт режимида юбориши; к) ўзига тегишли бўлган замонавий сервер ускуналари билан жиҳозланган ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий марказнинг мавжудлиги, унда: инфратузилмани ташкил этиш учун камида 5 та сервер ускунаси, ҳар бир сервер ускунаси 2 та процессор ва камида 100 ТБ хотирага эга бўлиши, бунда сервер ускуналарининг камида 1 таси алоҳида маълумотларни сақлаш тизими бўлиши; бир вақтнинг ўзида ахборот тизимининг камида 5 000 та сўровини қайта ишлаш тезлигини таъминлай олиши; кодли қулфлар ёки биометрик тизим билан ҳимояланган кириш эшикларига эга бўлиши; ёнмайдиган материаллардан кўтарилган поллар (фалшпол) билан жиҳозланган бўлиши; иситилган ва намликни йўқотувчи тоза ҳаво оқимини таъминловчи тизимга эга бўлган, 24/7 режимида ишловчи асосий ва захира совитиш техникалари билан жиҳозланиши; кузатув камералари билан жиҳозланиши; камида 2 соат электр таъминоти узлуксизлигини (генератор ишга туширилгунга қадар) таъминловчи қувват манбаига (UPS) эга бўлиши; махсус газ ёрдамида автоматик ёнғин ўчириш тизимига эга бўлиши; маълумотларни қайта ишлаш марказининг 60 фоизи қувват билан камида 2 сутка давомида ишлашини таъминловчи генератор ускунасига эга бўлиши; ахборотларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиниши; л) оператор устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиқ умумий улуши Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган таъсисчилар (акциядорлар) ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахсларга тегишли бўлиши, шунингдек, раҳбари ҳамда давлат харидлари электрон тизимини юритиш ва ахборот хавфсизлиги учун масъул бўлган ходимлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши; м) давлат харидлари тўғрисидаги ҳамда киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши*; н) ахборот хавфсизлигини таъминлаши, бунда*: дастурий сервис ва иловаларнинг узлуксиз ишлашини таъминловчи интернет, идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи ҳамда бошқа асосий ва захира алоқа тармоқларига уланган бўлиши; маълумотлар узатиш тармоғини ҳимоя қилиш учун чегара зоналарини IDS (Intrusion Detection System) ва IPS (Intrusion Prevention System) функциялари, антивирус, спам фильтрлари ва бошқаларга эга аппарат хавфсизлик деворлари билан жиҳозлаши; дастурий иловалардаги ахборотларни шифрланган ҳолда узатиш ва қабул қилишни таъминловчи ечимларга эга бўлиши; веб дастурий иловалар амалдаги SSL (Secure Sockets Layer) сертификатлари билан ҳимояланган бўлиши; маълумотлар базаларини дастур ишлаб чиқувчилар ва администраторлар томонидан ўзгартирилишидан ҳимоя қилиш учун PAM тизимига эга бўлиши; электрон тизимни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлган шахслар Ўзбекистон фуқароси бўлиши; ходимлар томонидан маълумотларнинг сизиб чиқишини назорат қилиш учун DLP (Data Loss Prevention) тизимига эга бўлиши; о) давлат харидлари электрон тизимида давлат харидлари жараёнидаги барча тегишли маълумотларни ва ҳужжатларни, шу жумладан, электрон ҳужжатларни сақлаш муддати шунга ўхшаш мақсадга мўлжалланган қоғоз ҳужжат учун қонунчиликда белгиланган муддатдан кам бўлмаслиги, бироқ молия йилидан кейин камида беш йил бўлиши керак; п) қуйидагиларни амалга ошириш ва натижалари юзасидан ваколатли органга тақдим этиши*: ҳар уч йилда оператор молиявий фаолияти ва ахборот тизимлари халқаро аудиторлик ташкилотлари томонидан мустақил аудитдан ўтказилиши; ҳар йил якунидан сўнг белгиланган тартибда давлат харидлари электрон тизимининг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилиши. 10. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришда келишиладиган органлар: Мавжуд эмас 11. Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилиш муддати: Чекланмаган 12. Изоҳ: * қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаблар ва шартлар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 30 июль,

476-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.07.2025 й., 09/25/476/0669-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

PASPORTI

Davlat xaridlarida axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanishni kengaytirish hamda davlat xaridlari elektron tizimi operatorlari faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat xaridlari tizimini takomillashtirish va unda kichik tadbirkorlik subyektlari ishtirokini ragʻbatlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 10-iyuldagi PQ-249-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, davlat xaridlari jarayoni va davlat xaridlari elektron tizimi operatorlari faoliyatini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq davlat xaridlarining subyektlariga davlat xaridlari elektron tizimlarida xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish bilan bogʻliq xizmatlar koʻrsatish faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatni olish talab etilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat xaridlari elektron tizimi operatorlari toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

davlat xaridlari elektron tizimini tashkil etish tartibi;

davlat xaridlari subyektlarini davlat xaridlari elektron tizimida roʻyxatdan oʻtkazish qoidalari;

davlat xaridlari elektron tizimi operatorlari (keyingi oʻrinlarda — operatorlar) tomonidan qonunchilik talablariga rioya etilishini taʼminlash va dastlabki kuzatuvdan oʻtkazish.

3. Belgilansinki, 2025-yil 15-avgustdan boshlab:

eng yaxshi takliflarni tanlash va tender natijalari boʻyicha shartnomalar davlat xaridlarining elektron tizimida avtomatik tarzda shakllanadi, jismoniy shaxslar bilan tuziladigan fuqarolik-huquqiy tusdagi shartnomalar bundan mustasno;

davlat xaridlarida elektron raqamli imzolaridan foydalangan holda toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar elektron shaklda tuziladi, xorijiy yetkazib beruvchilar bilan tuziladigan shartnomalar bundan mustasno;

maxsus axborot portalida davlat xaridlariga oid sharhlar, takliflar va shikoyatlarni qoldirish uchun qayta aloqa tartibi joriy etiladi;

jamoatchilik muhokamasiga joylashtirilgan bayonnomalar va tuziladigan shartnomalar yuzasidan kelib tushgan eʼtirozlar boʻyicha davlat buyurtmachilari tomonidan ularni koʻrib chiqish natijalari haqidagi maʼlumotlar (tegishli qarori) davlat xaridlari sohasida nazorat qiluvchi organlar uchun ochilgan shaxsiy kabinetlarda aks ettiriladi.

4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

davlat xaridlarini amalga oshirishda xarid qilish hujjatlarini va texnik topshiriqlarni, shartnomalar, import kontraktlari va ularga qoʻshimcha kelishuvlar loyihalarni kompleks ekspertizadan oʻtkazmaslik maqsadida davlat xaridlari hajmini qismlarga boʻlib tashlashga yoʻl qoʻyilmaydi;

davlat xaridlariga oid xarid qilish hujjatlarida ishtirokchilarning takliflarini baholash mezonlarini qoʻllash tartibi majburiy koʻrsatiladi;

davlat buyurtmachilari tomonidan jamoatchilik muhokamasida kelib tushgan har bir taklif va eʼtirozlarning ular boʻyicha aniq va asoslantirilgan izohlarni koʻrsatgan holda koʻrib chiqilishi taʼminlanadi;

budjet tizimi budjetlari hisobidan mobil telefonlar va alkogol mahsulotlari Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda xarid qilinadi;

operatorlar tomonidan amalda belgilangan xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish bilan bogʻliq xizmatlar uchun vositachilik yigʻimi bitimning haqiqiy summasidan 0,15 foizdan oshmagan holda, biroq ushbu yigʻimlarning chegaraviy miqdorlari davlat buyurtmachilari uchun bazaviy hisoblash miqdorining 3 foizidan koʻp boʻlmagan hamda xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchilari uchun bazaviy hisoblash miqdorining 14 baravaridan koʻp boʻlmagan miqdorlarda undiriladi;

agar donor mamlakatlarning, xalqaro tashkilotlarning, chet el hukumat va nohukumat tashkilotlarining tartib-taomillarida yoki Oʻzbekiston Respublikasiga taqdim etiladigan chet el kreditlarini va grantlarini, texnik koʻmakni va boshqa tashqi begʻaraz koʻmakni taqdim etish shartlarida tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) xarid qilishning boshqacha tartibi belgilanganda, operatorlar tomonidan oʻzlarining tizimlarida ushbu tartib boʻyicha xaridlarni amalga oshirish imkoniyati yaratiladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda:

a) davlat xaridlariga oid maʼlumotlarning ochiqligi va shaffofligini taʼminlash maqsadida maxsus axborot portalida (keyingi oʻrinlarda — Portal) quyidagi qoʻshimcha imkoniyatlar yaratilishini taʼminlasin:

sohalar (yoʻnalishlar) va hududlar kesimida maʼlumotlarni avtomatik tarzda tahlil qilish hamda jamoatchilik tomonidan ulardan qulay foydalanish tizimi (Business intelligence);

davlat xaridlari jarayonida xavfni boshqarishning kompleks tizimi (Risk management);

davlat buyurtmachilarining import qilinishi rejalashtirilgan mahsulotlarni ochiqlab borish tizimi;

“yashil” davlat xaridlarini amalga oshirish uchun alohida modul;

b) davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) yagona milliy klassifikatori kodlariga Tashqi iqtisodiy faoliyat tovar nomenklaturasi (TIF TN) hamda Mahsulot va xizmat identifikatsiya kodlarini (MXIK) Portalda oʻzaro muvofiqlashtirish imkonini beruvchi alohida modulni ishlab chiqsin;

v) tadbirkorlik subyektlari davlat roʻyxatidan oʻtkazilishida ularni ixtiyoriy ravishda barcha davlat xaridlari elektron tizimlarida bir vaqtning oʻzida roʻyxatdan oʻtkazish imkoniyatini yaratsin;

d) davlat buyurtmachilari va ishtirokchilar tomonidan xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish hamda davlat xaridlarining elektron tizimida tuzilgan bitimlarning bajarilishini taʼminlash uchun hisob-kitob-kliring palatasiga oʻtkaziladigan mablagʻlar xavfsizligini kuchaytirish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2025-yil 1-oktabrga qadar davlat xaridlari toʻgʻrisidagi shartnomalarni boshqarish, shu jumladan, shartnomaviy intizomni mustahkamlash, davlat xaridlari sohasida monitoring va nazorat qilish tizimini joriy etsin.

Bunda Portalda shartnomalar ijrosi moduli yaratiladi va unda quyidagilar nazarda tutiladi:

shartnomalar ijrosi hamda ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni real vaqt rejimida ochiqlash;

davlat xaridlari sohasida elektron nazorat tizimini joriy etish;

shartnomalar ijrosi boʻyicha nizoni sudgacha hal qilish (mediatsiya tartib-taomilini amalga oshirish, talabnoma yuborish, basharti bu ushbu toifadagi nizolar uchun qonunda yoki shartnomada nazarda tutilgan boʻlsa) yoki sudga bevosita murojaat qilish;

jamoatchilik nazoratini amalga oshiruvchi subyektlar tomonidan tekshiruv tadbirlarini oʻtkazish tashabbusi bilan davlat organlariga murojaat qilish;

davlat buyurtmachilarining ichki audit tuzilmalari tomonidan davlat xaridlari boʻyicha monitoring natijalarini jamoatchilikka keng yoritish.

7. Savdo-sanoat palatasi sohaviy tarmoq uyushmalari hamda ishlab chiqaruvchilar bilan birgalikda mahalliy mahsulotlar va ishlab chiqaruvchilar reyestri shakllantirilishida tegishli maʼlumotlar va mahsulotlarning davlat xaridlarida uzluksiz yetkazib berilishini taʼminlash choralarini koʻrsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

9. Vazirlar Mahkamasining “Davlat xaridlari elektron tizimi operatorlari faoliyatini tartibga solish mexanizmlarini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 31-dekabrdagi 734-son qarorining 2-bandi oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 30-iyuldagi 476-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat xaridlari elektron tizimi operatorlari toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat xaridlari elektron tizimining operatori faoliyatini tashkil etish, davlat xaridlari elektron tizimida maʼlumotlarni almashish hamda davlat xaridlari toʻgʻrisidagi ayrim axborotlarni moderatsiyadan oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat xaridlari sohasidagi vakolatli organ (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) — Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi;

davlat xaridlarining elektron tizimi — elektron davlat xaridlari jarayonidagi xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirishda davlat xaridlarining subyektlari hamkorligini taʼminlaydigan tashkiliy, axborotga oid va texnik yechimlarning dasturiy majmui;

davlat xaridlari elektron tizimining operatori (keyingi oʻrinlarda — operator) — davlat xaridlarining subyektlariga davlat xaridlarining elektron tizimlarida xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish bilan bogʻliq xizmatlarni koʻrsatadigan, davlat xaridlari elektron tizimi operatori faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnomaga ega yuridik shaxs;

maxsus axborot portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) — vakolatli organ tomonidan yuritiladigan, davlat xaridlari amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi eʼlonlar, davlat xaridlarining yakunlari, ishtirokchilarning takliflari haqidagi axborotni va qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa axborotni elektron shaklda koʻzdan kechirishni, shuningdek, amalga oshirilgan elektron davlat xaridlari toʻgʻrisida davlat xaridlari elektron tizimlarining operatorlari tomonidan kiritiladigan (yuboriladigan) axborotni toʻplashni taʼminlovchi veb-sayt va maxsus elektron platforma;

moderator — davlat xaridlarining elektron tizimiga joylashtiriladigan axborotlarni moderatsiya (dastlabki kuzatuv) jarayonidan oʻtkazishga masʼul boʻlgan shaxs.

3. Davlat xaridlari elektron tizimi operatori faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnomalar Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomga muvofiq beriladi.

4. Vakolatli organ tomonidan yuboriladigan maʼlumotlardan operator tomonidan davlat xaridlari elektron tizimida faqat ularning oʻz funksiyalari, majburiyatlari va huquqlari doirasidagi vazifalarni amalga oshirish uchun foydalaniladi.

5. Vakolatli organ:

davlat xaridlari sohasida, shu jumladan, tizimda amalga oshirilayotgan oʻzgarishlar haqida operatorni doimiy ravishda xabardor qilib boradi;

davlat xaridlari sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini tayyorlash jarayonida operator bilan hamkorlik qiladi;

operatordan qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat xaridlari elektron tizimida qoʻshimcha sahifalar yaratish hamda joriy qilish rejalashtirilgan yangi tizimlarning ishlashini sinovdan oʻtkazishni talab qiladi;

moliya yilida bir marta operator faoliyati toʻgʻrisidagi umumiy maʼlumotlarni Portalda eʼlon qiladi.

2-bob. Operatorning funksiyalari, majburiyatlari va huquqlari

6. Operator quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

davlat xaridlarining elektron tizimida davlat buyurtmachisi tomonidan davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborot Portal orqali tegishli maʼlumot shakllangandan soʻng joylashtirilishini taʼminlaydi, bunda operator fors-major holatlar (tomonlarning xohish-irodasi va faoliyatiga bogʻliq boʻlmagan tabiat hodisalari (zilzila, koʻchki, boʻron, qurgʻoqchilik, suv toshqinlari va boshqalar), favqulodda va keng miqyosdagi kutilmagan avariyalar, uzilishlar sababli yuzaga kelgan sharoitlarda taraflarga qabul qilingan majburiyatlarni bajarish imkonini bermaydigan favqulodda, oldini olib boʻlmaydigan va kutilmagan holatlar) natijasida yuzaga kelgan nosozliklar oqibatlari uchun javobgar boʻlmaydi;

budjet buyurtmachilari tomonidan amalga oshiriladigan xaridlarda moliyalashtirish miqdorlari mavjudligi davlat moliyasini boshqarish axborot tizimi orqali tasdiqlangan taqdirda, savdolarni oʻtkazadi;

davlat xaridlari elektron tizimini texnik qoʻllab-quvvatlash ishlarini bajaradi;

Portalga taqdim etiladigan davlat xaridlari boʻyicha statistika maʼlumotlari shaklini vakolatli organ bilan kelishgan holda shakllantiradi;

elektron tizimning uzluksiz ishlashini taʼminlaydi, foydalanuvchilarga texnik yordam koʻrsatadi, dasturiy taʼminotni ishlab chiqadi, muntazam ravishda yangilaydi va takomillashtirib boradi;

davlat buyurtmachilari va ishtirokchilarga davlat xaridlarida ishtirok etish uchun elektron tizimdan toʻliq, oʻz vaqtida va erkin foydalanishni kafolatlaydi;

barcha yuridik va jismoniy shaxslarga davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotdan qonunchilikda belgilangan tartibda toʻliq, oʻz vaqtida, erkin va bepul foydalanishni kafolatlaydi.

Operator qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishi mumkin.

7. Operatorning majburiyatlari:

shartnomaning bajarilishi toʻgʻrisidagi axborotlarni, shu jumladan, shartnoma uchun haq toʻlash, shartnomada nazarda tutilgan majburiyatlarni elektron tizimda aks ettirish;

davlat buyurtmachilari va xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchilariga (keyingi oʻrinlarda — ishtirokchi) elektron davlat xaridlarida qatnashish uchun davlat xaridlari elektron tizimidan bepul foydalanishni taʼminlash;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat xaridlari elektron tizimidagi mavjud axborotdan jismoniy va yuridik shaxslarning bepul va erkin foydalanishini taʼminlash;

davlat xaridlari sohasidagi hisobotni texnik qoʻllab-quvvatlashni taʼminlash;

davlat xaridlariga taalluqli axborot davlat xaridlari elektron tizimiga joylashtirilgan vaqtdan boshlab qonunchilikda belgilangan muddat davomida, agar qonunchilikda davlat xaridlariga taalluqli axborotni saqlash muddatlari koʻrsatilmagan boʻlsa, uning kamida besh yil saqlanishini taʼminlash;

davlat xaridlari elektron tizimi orqali tuzilgan shartnomalar boʻyicha hujjatlarni va axborotlarni Shartnomalarning yagona reyestriga kiritish uchun yuborish;

davlat xaridlari bilan bogʻliq, shu jumladan, davlat xaridlari natijalari haqidagi barcha axborotni davlat xaridlari elektron tizimi orqali Portalga real vaqt rejimida yuborish;

Portal va Insofsiz ijrochilarning yagona reyestri oʻrtasida real vaqt rejimida maʼlumotlar almashinuvini taʼminlash, shuningdek, Insofsiz ijrochilarning yagona reyestriga kiritilgan insofsiz ijrochi (ishtirokchi)ning belgilangan tartibda xarid qilish tartib-taomillarida ishtirokini cheklash;

Portal va yagona yetkazib beruvchilar reyestri oʻrtasida real vaqt rejimida maʼlumotlar almashinuvini taʼminlash;

davlat buyurtmachilari amalga oshirgan davlat xaridlari natijalariga koʻra tovarlar (ishlar, xizmatlar), shu jumladan, ularning turlari kesimida shakllangan narxlarni Portalga yuborish;

davlat xaridlari elektron tizimining uzluksiz ishlashini taʼminlash;

davlat xaridlari elektron tizimini Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi apparat-texnika vositalariga joylashtirish;

davlat xaridlari elektron tizimining mobil ilovasini ushbu tizim bilan mos holda yuritish;

har yilga moʻljallangan rivojlantirish dasturlarini ishlab chiqish va davlat xaridlari sohasidagi vakolatli organ bilan kelishilgan holda tasdiqlash;

vakolatli organ hamda boshqa vazirlik va idoralarning elektron tizimlari oʻrtasida oʻzaro maʼlumot almashinuvini yoʻlga qoʻyish orqali affillangan shaxslarni ayni bir lotda ishtirok etishdan chetlatish;

gʻolib aniqlangunga qadar davlat xaridlari ishtirokchilari haqidagi maʼlumotlarni oshkor etmaslik;

har yil yakuni boʻyicha keyingi yilning 1-apreliga qadar davlat xaridlari sohasida “Eng faol tadbirkor” hamda “Eng yaxshi buyurtmachi” tanlovlarini oʻtkazib borish;

eng yaxshi takliflarni tanlash (keyingi oʻrinlarda — tanlash) va tender savdolari boʻyicha xarid qilish hujjatlari va texnik topshiriqlarni elektron shaklda ishlab chiqish hamda tasdiqlash imkoniyatini yaratish;

oʻziga nisbatan toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomili boshlangan talabgorlarni belgilangan tartibda xarid qilish tartib-taomillarida ishtirok etishdan chetlatish;

soliqlar va boshqa majburiy yigʻimlarni toʻlash boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlgan talabgorlarni belgilangan tartibda xarid qilish tartib-taomillarida ishtirok etishdan chetlatish;

davlat xaridlari elektron tizimining qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq ishlashini taʼminlash;

davlat xaridlari sohasida nazoratni amalga oshiruvchi organlarga real vaqt rejimida monitoring qilish imkoniyatlarini taʼminlash uchun davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotlarni (davlat xaridlarining tugallanmagan savdo jarayonlarini ochiqlamagan holda) Portal orqali taqdim etish;

xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchilarining yuborgan takliflarini baholash uchun ularning soliq hisobotlari, ishlovchi xodimlari, asosiy vositalari, maxsus texnikalari, mulki, litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlari va xabarnomalari mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Portal orqali tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlari bilan integratsiya qilishni taʼminlash va xarid komissiyasiga taqdim etish;

operatorning hisob-kitob-kliring palatasidagi davlat buyurtmachilari va xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchilarining mablagʻlaridan foydalanmaslik, qonunchilikda nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

Operator qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham bajarishi mumkin.

8. Operator quyidagi huquqlarga ega:

davlat xaridlari elektron tizimiga joylashtiriladigan fayllarga nisbatan texnologik talablar, shuningdek, axborot xavfsizligi boʻyicha talablarni belgilash;

xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish bilan bogʻliq xizmatlar uchun vositachilik yigʻimining amalda belgilangan eng yuqori miqdoridan oshmagan holda mablagʻ undirish;

qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan holda, tizimdan foydalanish samaradorligini oshirish va funksionallikni kengaytirishga qaratilgan qoʻshimcha xizmatlarni koʻrsatish;

davlat buyurtmachilari va ishtirokchilarni jalb qilish yuzasidan reklama kampaniyalarini oʻtkazish.

Operator qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

3-bob. Davlat xaridlari elektron tizimini tashkil etish tartibi

1-§. Davlat xaridlari elektron tizimini tashkil etishning umumiy shartlari

9. Davlat xaridlari elektron tizimi faoliyati vakolatli organ tomonidan tasdiqlangan texnik yoʻriqnomada belgilangan talablarga mos ravishda tashkil etilishi lozim.

10. Operator faoliyatining xususiyati hamda hajmini inobatga olgan holda, texnik quvvati yetarli boʻlgan funksional uskunalar (kompyuter, kommunikatsiya, maʼlumotlarni saqlash va toʻlov tizimi ishlashini taʼminlaydigan boshqa texnik uskunalar) va dasturiy taʼminot bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

11. Operator davlat xaridlari elektron tizimini tashkil etishda unga joylashtiriladigan raqamli maʼlumotlar bazalarining zaxira nusxalarini shakllantirish uchun texnik vositalarga ega boʻlishi, shu jumladan, raqamli maʼlumotlar bazalarining zaxira nusxalarini shakllantirishda shifrlovchi, shuningdek, axborotni oʻzgartirish yoki buzib koʻrsatishning oldini oladigan tarzda saqlaydigan asbob-uskunalar va dasturiy-texnik vositalar bilan taʼminlangan boʻlishi, ushbu raqamli maʼlumotlar “Elektron hukumat” tizimining maʼlumotlarni qayta ishlash markazida joylashtirilishi kerak.

12. Operator tomonidan oʻz platformasiga qonunchilik hujjatlari talablaridan kelib chiqib, xarid qilish tartib-taomillari bilan bogʻliq har qanday oʻzgartirishlar vakolatli organ bilan kelishilgandan soʻng kiritilishi shart.

Bunda xarid qilish tartib-taomillari bilan bogʻliq oʻzgartirishlar mazkur oʻzgartirishlarni belgilovchi qonunchilik hujjatlarida boshqacha muddat koʻrsatilmagan boʻlsa, vakolatli organ tomonidan belgilagan muddat davomida amalga oshirilishi lozim.

2-§. Davlat xaridlari elektron tizimida maʼlumotlar almashinuvi

13. Davlat xaridlari elektron tizimida axborot tizimlari oʻrtasida axborot almashinuvi axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga muvofiq sertifikatlangan vositalardan foydalangan holda, himoyalangan aloqa kanallari orqali amalga oshirilishi shart.

Bunda davlat xaridlari sohasidagi nazoratni amalga oshiruvchi organlar uchun zarur hujjat va maʼlumotlarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq Portal orqali operatordan masofaviy talab qilib olish mexanizmi yoʻlga qoʻyiladi.

14. Elektron tizimda barcha turdagi maʼlumotlar almashinuvi formati vakolatli organ bilan kelishilgan holda belgilanadi.

15. Vakolatli organ tomonidan maxsus axborot portalida davlat xaridlari sohasidagi nazorat organlarining soʻroviga asosan ularning masʼul xodimlari uchun shaxsiy kabinet ochiladi va ularga davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotlarni yuklab olish imkoniyati yaratiladi.

16. Operator davlat xaridlari elektron tizimi orqali davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotni, shu jumladan, savdolar yakunlari boʻyicha barcha maʼlumotlarni, shuningdek, hisob-kitob-kliring palatasidagi mablagʻlar harakati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (tugallanmagan savdo jarayonlaridagi mablagʻlar harakati maʼlumotlari bundan mustasno) maxsus axborot portaliga oʻz vaqtida toʻliq va uzluksiz taqdim etib borishi shart.

17. Vakolatli organ Portal orqali tashqi axborot tizimlari bilan oʻzaro maʼlumotlar almashinuvini yoʻlga qoʻygan hollarda, davlat xaridlari elektron tizimiga tegishli maʼlumotlarning yuborilishini taʼminlaydi.

18. Operator vakolatli davlat organining axborot tizimida shakllantiriladigan va yuritiladigan tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) milliy klassifikatoridan axborot tizimlari oʻrtasidagi oʻzaro axborot almashinuvi orqali foydalanadi.

3-§. Davlat xaridlari elektron tizimida elektron davlat xaridlarini tashkil etishga doir talablar

19. Operator Portalda davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotni avtomatik tarzda shakllantirish maqsadida real vaqt rejimida axborot almashinuvini taʼminlaydi.

20. Insofsiz ijrochilarning yagona reyestriga kiritilgan ishtirokchilarning davlat xaridlaridagi ishtiroki davlat xaridlari elektron tizimi tomonidan avtomatik tarzda cheklanadi.

21. Davlat xaridlarida manfaatlar toʻqnashuvi yoki affillanganlik ehtimoli mavjud holatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar davlat xaridlari sohasidagi nazoratni amalga oshiruvchi organlarning maxsus axborot portalida ochilgan shaxsiy kabinetlariga real vaqt rejimida yuboriladi.

Bunda operator manfaatlar toʻqnashuvi yoki affillanganlik ehtimoli mavjud holatlar toʻgʻrisidagi, shuningdek, buyurtmachi va ishtirokchilar yoki ishtirokchilar bilan ishtirokchilar oʻrtasida axborot texnologiya vositalaridan foydalanishda, yagona IP-adresdan maʼlumot kiritilgan hollardagi xaridlar reyestrini avtomatik tarzda shakllantiradi.

22. Tanlash yoki tender savdolarida ishtirok etish uchun takliflarni taqdim etish muddati tugagan paytda faqat bitta taklif taqdim etilgan yoki birorta ham taklif taqdim etilmagan boʻlsa, elektron tizim avtomatik ravishda tanlash (tender) oʻtkazilmagan deb hisoblaydi, qonunchilikda belgilangan hollar bundan mustasno.

Bunda ikki bosqichli tanlash (tender)da tanlash (tender)ning birinchi bosqichidan oʻtgan kamida ikki nafar ishtirokchining takliflari mavjud boʻlmagan taqdirda, elektron tizim avtomatik ravishda mazkur tanlash (tender) oʻtkazilmagan deb topadi va bu haqida buyurtmachining huzurida tashkil etilgan xarid komissiyasini xabardor qiladi.

23. Davlat xaridlari elektron tizimida shakllanadigan va vakolatli organga tizim tomonidan avtomatik ravishda yuboriladigan barcha fayllar haqiqiy va ishonchli sanaladi hamda operatorning elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlangan hisoblanadi.

Davlat xaridlari elektron tizimida nosozliklar yuzaga kelgan hollarda shakllanadigan maʼlumotlar bundan mustasno.

24. Davlat xaridlari elektron tizimini yuritish uchun masʼul xodimlar doimiy ravishda monitoring qilib boradi hamda yuzaga keladigan texnik va tashkiliy muammolarni tezkor hal qilish choralarini koʻradi.

4-bob. Operator tomonidan davlat xaridlari subyektlarini davlat xaridlari elektron tizimida roʻyxatdan oʻtkazish tartibi

25. Davlat xaridlari subyektlari davlat xaridlari elektron tizimida ularda elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) mavjud boʻlgan holda roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Chet el jismoniy va yuridik shaxslari davlat xaridlari elektron tizimiga qonunchilikda belgilangan tartibda kiritiladi.

26. Budjet buyurtmachilari davlat xaridlari elektron tizimida avtomatik rejimda vakolatli organ va operator oʻrtasida maʼlumotlar almashinuvi orqali avtomat tarzda bepul roʻyxatdan oʻtkaziladi.

27. Korporativ buyurtmachilar va ishtirokchilar davlat xaridlari elektron tizimida ular tomonidan elektron tizimdagi soʻrovnomani toʻldirish orqali operator tomonidan bepul roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Tadbirkorlik subyektlari davlat roʻyxatidan oʻtkazilayotganda, davlat xaridlarining elektron tizimida roʻyxatdan oʻtish istagini bildirgan shaxslar avtomatik ravishda davlat xaridlari ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazilishi mumkin.

28. Ishtirokchilar Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuni 36-moddasida belgilangan mezonlarga muvofiq boʻlganda, davlat xaridlarida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyiladi.

29. Soliq organlari tomonidan berilgan ERIning mavjudligi ishtirokchini elektron shartnoma tuzish huquqini belgilaydi, chet el jismoniy va yuridik shaxslari bilan shartnoma tuziladigan hollar bundan mustasno.

30. Davlat buyurtmachilarining xaridlarni amalga oshirish va ishtirokchilarning xarid qilish tartib-taomillarida ishtirok etish jarayonlari ularning davlat xaridlari elektron tizimida roʻyxatga olingan paytdan eʼtiboran amalga oshiriladi.

5-bob. Moderatorga qoʻyiladigan talablar va moderatsiyadan oʻtkazish tartibi

1-§. Moderatorga qoʻyiladigan talablar

31. Moderator lavozimiga oliy maʼlumotga ega jismoniy shaxs tayinlanadi.

32. Operator vakolatli organni besh ish kuni ichida moderator lavozimga tayinlangani toʻgʻrisida yozma ravishda xabardor qiladi.

33. Moderatorlarga quyidagi talablar qoʻyiladi:

davlat xaridlari sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya etishi, yetarli darajada kasbiy bilimga ega boʻlishi hamda kasbiy bilim va koʻnikmalarini moderatsiya xizmatlarini koʻrsatish uchun yetarli darajada saqlab turishi;

begʻaraz boʻlishi, manfaatlar toʻqnashuvi yoki boshqa shaxslarning bosimlariga qaramay oʻzining kasbga oid fikr-mulohazasida qatʼiy tura olishi, operatorning obroʻsiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan holatlarga yoʻl qoʻymasligi;

korrupsiya holatlariga olib keluvchi harakatlar sodir etmasligi;

davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotni joylashtirish va unga kirish, davlat xaridlarini amalga oshirishda davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) yagona milliy klassifikatoridan qoʻshimcha ravishda, qonunchilikda belgilangan hollarda TIF TN kodlaridan toʻgʻri va asoslangan holda foydalanishi;

ikki yilda bir marta Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Budjet tashkilotlari moliya-hisob boʻlinmalari xodimlarini tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv markazida va davlat xaridlari sohasidagi nazoratni amalga oshiruvchi boshqa organlar tomonidan tashkil qilingan oʻquv kurslarida davlat xaridlari sohasida bilimlarini, kasbiy bilim va koʻnikmalarini boyitish maqsadida malakasini oshirishi.

Bunda moderator ushbu Nizom talablariga rioya qilmagani aniqlanganda, operator tomonidan mehnat qonunchiligiga muvofiq egallab turgan lavozimidan ozod qilinadi yoxud boshqa lavozimga oʻtkaziladi.

2-§. Moderatorning huquqlari va majburiyatlari

34. Moderator quyidagi huquqlarga ega:

davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablarining buzilish holatlarining oldini olish maqsadida dastlabki kuzatuvni amalga oshirish;

tizimga joylashtirilgan hamda davlat xaridlari toʻgʻrisidagi ayrim axborotlarning qonunchilik hujjatlariga muvofiq joylashtirilganini moderatsiyadan oʻtkazish.

Moderator qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

35. Moderatorning majburiyatlari:

davlat buyurtmachisi yoki ishtirokchi tomonidan kiritilgan davlat xaridlari toʻgʻrisidagi ayrim axborotlarni moderatsiyadan oʻtkazish;

tizimga joylashtirilgan davlat xaridlari toʻgʻrisidagi ayrim axborotlar eʼlon qilinishini tasdiqlash;

axborotlarda xato va kamchilik aniqlanganda, ularni asoslantirilgan sabablarini koʻrsatgan holda qaytarish;

davlat xaridlariga taalluqli axborotning butligini va sir saqlanishini taʼminlash;

xarid qilish tartib-taomillar amalga oshirilishidan oldin ishtirokchilar va ularning takliflari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oshkor qilinishiga yoʻl qoʻymaslik;

oʻzining shaxsiy kabinetiga kirish parolining har uch oyda kamida bir marta oʻzgartirilishini hamda oʻziga berilgan login va parolning maxfiy saqlanishini taʼminlash;

odob-axloq qoidalariga rioya etish;

korrupsiya holatlarining kelib chiqishiga yoʻl qoʻymaslik;

shartnoma asosida yoki boshqa manfaat evaziga buyurtmachi va ishtirokchi nomidan xarid qilish tartib-taomillarda ishtirok etmaslik;

oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshirish.

Moderator qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham bajarishi mumkin.

36. Moderator:

ishtirokchi, ijrochi sifatida davlat xaridlarida ishtirok etishga, ularning affillangan shaxsi boʻlishga;

davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotdan foydalanishni asossiz ravishda cheklashga;

davlat xaridlari subyektlari tomonidan joylashtiriladigan axborotlarning mazmunini oʻzgartirishga (tahrirlashga);

davlat buyurtmachisi yoki ishtirokchi tomonidan kiritilgan axborotlarni asossiz ravishda moderatsiyadan oʻtkazmasdan qaytarishga;

savdo natijalariga taʼsir etish maqsadida ishtirokchilar bilan til biriktirish, korrupsiyaga yoʻl qoʻyish kabi holatlarni keltirib chiqarishga haqli emas.

3-§. Davlat xaridlari toʻgʻrisidagi ayrim axborotlarni moderatsiyadan oʻtkazish tartibi

37. Moderator oʻz shaxsiy kabinetiga oʻzining shaxsiy elektron raqamli imzosi hamda operator tomonidan belgilangan tartibda berilgan individual login va parol orqali kiradi.

38. Moderator davlat xaridlari toʻgʻrisidagi ayrim axborotlarni moderatsiyadan oʻtkazish jarayonida ularning davlat xaridlari sohasidagi qonunchilik hujjatlariga va ushbu Nizom talablariga muvofiqligini koʻzdan kechiradi.

39. Moderator bir ish kuni ichida davlat xaridlari toʻgʻrisidagi quyidagi axborotlarni moderatsiyadan oʻtkazadi:

davlat buyurtmachilari tomonidan davlat xaridlarining elektron tizimiga davlat xaridlarining reja-jadvaliga muvofiq eʼlon joylashtirilganini;

ishtirokchi va davlat buyurtmachisi tomonidan xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish turlarida belgilangan axborotlar asosida joylashtirilganini.

Moderator tizimga joylashtirilgan eʼlon va ofertadagi axborotlarda xato va kamchiliklar, shu jumladan, davlat xaridlari amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi eʼlonning matniga ishtirokchilar oʻrtasida raqobatni cheklaydigan talablar kiritilganini aniqlaganda, maʼlumotlardagi kamchiliklarni bartaraf etish uchun (asoslantirilgan sabablarni koʻrsatgan holda) davlat buyurtmachilariga yoki ishtirokchilarga bir ish kuni ichida qaytarilishini taʼminlaydi.

40. Davlat buyurtmachisi yoki ishtirokchi besh ish kuni ichida davlat xaridlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning kamchiliklarini tuzatgan holda, qayta moderatsiyaga taqdim etishlari mumkin.

41. Davlat xaridlari elektron tizimiga joylashtirilgan axborotlar moderator tomonidan dastlabki kuzatuvdan oʻtkazilganidan soʻng tizimda eʼlon qilinishi mumkin.

42. Moderatorga vakolatli organning operatorga moderatsiyadan oʻtkazish yuzasidan berilgan koʻrsatmasiga muvofiq qoʻshimcha vazifalar yuklanishi mumkin.

4-§. Moderatorning javobgarligi

43. Moderator ushbu Nizom talablari hamda davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etmagan, shuningdek, belgilangan tartibda joylashtirilgan davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotlarni qasddan moderatsiyadan oʻtkazmagan yoki uzrsiz sabablarga koʻra oʻtkazib yuborganda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

44. Operator ushbu Nizom talablariga rioya etilishini nazorat qilish hamda moderatorlar tomonidan moderatsiyadan oʻtkazilgan hamda qaytarilgan eʼlonlar va ofertalarni monitoring qilish maqsadida tegishli eʼlonlar va ofertalarni doimiy oʻrganib borishi lozim.

45. Moderator operator tomonidan beriladigan topshiriq va vazifalarning oʻz vaqtida bajarilishi uchun javobgardir.

46. Moderator davlat xaridlari subyektlarining ushbu moderatorga beriladigan elektron hujjatlari va elektron xabarlarining, shu jumladan, boʻlajak davlat xaridlari toʻgʻrisida tizimda joylashtiriladigan axborotning mazmuni bilan bogʻliq huquqiy oqibatlar uchun javobgar boʻlmaydi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

47. Operator ushbu Nizomni buzganlik uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

48. Davlat buyurtmachilari va ishtirokchilar operatorga taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va oʻz vaqtida taqdim etilishi uchun javob beradilar.

49. Operator davlat xaridlari subyektlarining ushbu operatorga beriladigan elektron hujjatlari va elektron xabarlarining, shu jumladan, davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotning mazmuni bilan bogʻliq huquqiy oqibatlar uchun javobgar boʻlmaydi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 30-iyuldagi 476-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 9-fevraldagi 66-son qarori bilan tasdiqlangan Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga :

1) 4-ilova matni quyidagi mazmundagi VIII 1 band va “8 1 -1” pozitsiya bilan toʻldirilsin:

“ VIII 1 . VIII 1 . Davlat xaridlarida ishtirok etish uchun davlat xaridlari elektron tizimlarida ishtirokchi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish boʻyicha. 8 1 -1 Davlat xaridlari elektron tizimlarida ishtirokchi sifatida roʻyxatdan oʻtishga rozimisiz ? Ha √ Yoʻq √ ” ;

2) 5-ilovada I band quyidagi mazmundagi “1-20-3.” pozitsiya bilan toʻldirilsin:

“ 1-20-3. Davlat xaridlari elektron tizimlarida ishtirokchi sifatida roʻyxatdan oʻtishga rozimisiz? Ha √ Yoʻq √ ” .

2. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomda :

a) 3-bandning beshinchi xatboshisidagi “2 — 65-ilovalarda” soʻzlari “2 — 66-ilovalarda” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) quyidagi mazmundagi 66-ilova bilan toʻldirilsin:

“Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomga 66-ILOVA

Davlat xaridlari elektron tizimi operatori faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma

1. Ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatning nomi: Davlat xaridlari elektron tizimi operatori faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma 2. Amalga oshirilishi uchun ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatni olish talab etiladigan faoliyat (harakatlar): Davlat xaridlarining subyektlariga davlat xaridlarining elektron tizimlarida xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish bilan bogʻliq xizmatlar koʻrsatish 3. Ariza beruvchilar toifasi: Yuridik shaxslar 4. Ruxsat etish tartib-taomillari sohasidagi vakolatli organ: Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi 5. Ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatni olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar: 1. Ariza. Unda quyidagilar koʻrsatiladi: yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, pochta manzili, faoliyatni amalga oshirish joyi, bank muassasasining nomi va bank hisobvaragʻi, telefon raqami, STIR, elektron pochta manzili; yuridik shaxs rahbarlari va mutaxassislari toʻgʻrisidagi axborot; xavfsizlik tizimlari, nazorat mexanizmlari hamda elektron tizimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar; davlat xaridlarining elektron tizimi operatorining xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish bilan bogʻliq xizmatlarni koʻrsatish, boshqaruv, ichki nazorat va tavakkalchiliklarni boshqarish tizimlari haqida maʼlumotlar; tavakkalchiliklarni aniqlash, baholash va kamaytirish yoki bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar tavsifi; operator davlat xaridlari elektron tizimiga joylashtirilgan raqamli maʼlumotlar bazalarining zaxira nusxalarini shakllantirish uchun texnik vositalar maʼlumotlari; operatorda raqamli maʼlumotlar bazalarining zaxira nusxalarini shakllantirishda shifrlovchi, shuningdek, axborotni oʻzgartirish yoki buzib koʻrsatishning oldini oladigan tarzda saqlaydigan asbob-uskunalar va dasturiy-texnik vositalar maʼlumotlari. 2. Bazaviy hisoblash miqdorining 350 ming baravaridan kam boʻlmagan va toʻliq shakllantirilgan ustav fondi mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar. Bunda ustav fondi yuz milliard soʻm mablagʻ koʻrinishida shakllantirilganini tasdiqlovchi hujjatlar talab etiladi. 3. Operator faoliyatining xususiyati hamda hajmini inobatga olgan holda, texnik quvvati yetarli boʻlgan funksional uskunalar (kompyuter, kommunikatsiya, maʼlumotlarni saqlash va toʻlov tizimi ishlashini taʼminlaydigan boshqa texnik uskunalar) va dasturiy taʼminotlar mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar. 4. Davlat xaridlari elektron tizimining Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi apparat-texnika vositalarida joylashganini tasdiqlovchi hujjatlar. 5. Axborot tizimi va resurslarining kiberxavfsizlik talablariga muvofiq kompleks ekspertizadan oʻtkazilgani haqidagi xulosa. 6. Davlat xaridlari elektron tizimini rivojlantirish dasturi: talabgor tomonidan taqdim etiladigan rivojlantirish dasturida quyidagilar nazarda tutiladi: yaqin ikki kalendar yil uchun davlat xaridlari elektron tizimini rivojlantirish, shu jumladan, operator faoliyatini tashkil etishning maqsadlari va rejalashtirilayotgan natijalari; faoliyatning normal va barqaror ishlashini taʼminlash uchun mavjud tizim hamda jarayonlar, texnik va moliyaviy resurslardan foydalanishni nazarda tutadigan asoslangan hisob-kitoblar, ikki yil davomida daromad va xarajatlar prognozi; koʻrsatilishi rejalashtirilayotgan xizmatlar hajmi va qiymati, mijozlar soni, narxlar, rentabellikning kutilayotgan oʻsishi kabi asosiy koʻrsatkichlarni oʻz ichiga olgan foyda va zararlar toʻgʻrisidagi hisobot; moliyaviy koʻrsatkichlar va asosiy vositalarning tasnifi; davlat buyurtmachilari va ishtirokchilarni jalb qilish yuzasidan reklama kampaniyalari oʻtkazilishi, seminar-treninglar tashkil etish boʻyicha marketing rejasi; faoliyatni amalga oshirish uchun texnik vositalar va zarur manbalar tavsifi, shu jumladan, tegishli axborot tizimlari, hisob-kitoblar va buxgalteriya tizimlari. 7. Buxgalteriya balansi va oxirgi hisobot davriga doir moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobot. 8. Xavfsizlik siyosati haqidagi hujjat. 9. Qonunchilik talablariga muvofiq ishlab chiqilgan Odob-axloq qoidalari. 6. Arizani koʻrib chiqish uchun toʻlanadigan yigʻim miqdori: Yigʻim undirilmaydi 7. Ruxsat etish xususiyatiga ega hujjat berilgani uchun undiriladigan yigʻim: Yigʻim undirilmaydi 8. Arizani koʻrib chiqish muddati: 20 ish kuni. Vakolatli organ qaror qabul qilishda arizani koʻrib chiqish uchun qoʻshimcha oʻrganish oʻtkazish zarur boʻlgan hollarda, uni koʻrib chiqish muddatini 10 ish kuniga uzaytirish huquqiga ega. Arizani koʻrib chiqish muddati uzaytirilganda, bu haqida talabgor tegishli tartibda xabardor qilinadi. 9. Ruxsat etishga oid talab va shartlar: Umumiy talablar Operatorlar faoliyatini tashkil etish va samarali amalga oshirish uchun quyidagi talab va shartlarga javob berishi lozim: a) qonunchilik hujjatlarida va vakolatli organ tomonidan tasdiqlangan texnik yoʻriqnomada belgilangan talablarga javob beradigan davlat xaridlari elektron tizimining mavjudligi hamda mazkur tizimning operatorga mulk huquqi asosida tegishli boʻlishi; b) davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborotni joylashtirishni va unga kirishni, davlat xaridlari boʻyicha statistika maʼlumotlarini qayta ishlash, davlat xaridlarini amalga oshirishda tovarlar (ishlar, xizmatlar) yagona milliy klassifikatoridan foydalanishni, elektron davlat xaridlarini amalga oshirish, elektron xarid qilish tartib-taomillari natijalariga koʻra shartnomalar tuzishni va hisob-kitob-kliring palatasi orqali majburiyatlarni bajarish kafolatlarini taʼminlaydigan axborot tizimining mavjudligi; v) davlat xaridlarining elektron tizimini Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi apparat-texnika vositalarida joylashtirishi; g) davlat xaridlarining elektron tizimi operatorining xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish bilan bogʻliq xizmatlarini koʻrsatish, boshqaruv, ichki nazorat va tavakkalchiliklarni boshqarish tizimlarining samarali ishlashi uchun malakali va tajribali xodimlarga, shu jumladan, elektron tijorat hamda axborot texnologiyalari sohasida kamida 2 yillik ish tajribasiga ega boʻlgan kamida ikki nafar malakali xodim hamda call-markaz mavjudligi; d) operator rahbarlarni tayinlash haqida vakolatli organni xabardor qilishi; e) toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillari qoʻllanmagani; j) vakolatli organga davlat xaridlari elektron tizimining ishlashi toʻgʻrisidagi hisobotlarni har chorakda taqdim etib borishi; z) qonunchilik talablariga muvofiq ishlab chiqilgan Odob-axloq qoidalariga rioya etishi; i) operatordan davlat xaridlari elektron tizimida xarid qilish tartib-taomillari bilan bogʻliq, shuningdek, davlat xaridlari elektron tizimi ishlashi toʻgʻrisidagi axborotlarni maxsus axborot portaliga real vaqt rejimida yuborishi; k) oʻziga tegishli boʻlgan zamonaviy server uskunalari bilan jihozlangan va maʼlumotlarni qayta ishlash boʻyicha zamonaviy markazning mavjudligi, unda: infratuzilmani tashkil etish uchun kamida 5 ta server uskunasi, har bir server uskunasi 2 ta protsessor va kamida 100 TB xotiraga ega boʻlishi, bunda server uskunalarining kamida 1 tasi alohida maʼlumotlarni saqlash tizimi boʻlishi; bir vaqtning oʻzida axborot tizimining kamida 5 000 ta soʻrovini qayta ishlash tezligini taʼminlay olishi; kodli qulflar yoki biometrik tizim bilan himoyalangan kirish eshiklariga ega boʻlishi; yonmaydigan materiallardan koʻtarilgan pollar (falshpol) bilan jihozlangan boʻlishi; isitilgan va namlikni yoʻqotuvchi toza havo oqimini taʼminlovchi tizimga ega boʻlgan, 24/7 rejimida ishlovchi asosiy va zaxira sovitish texnikalari bilan jihozlanishi; kuzatuv kameralari bilan jihozlanishi; kamida 2 soat elektr taʼminoti uzluksizligini (generator ishga tushirilgunga qadar) taʼminlovchi quvvat manbaiga (UPS) ega boʻlishi; maxsus gaz yordamida avtomatik yongʻin oʻchirish tizimiga ega boʻlishi; maʼlumotlarni qayta ishlash markazining 60 foizi quvvat bilan kamida 2 sutka davomida ishlashini taʼminlovchi generator uskunasiga ega boʻlishi; axborotlarning qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor qilinishi; l) operator ustav fondining (kapitalining) 50 foizi va undan ortiq umumiy ulushi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari boʻlgan taʼsischilar (aksiyadorlar) va (yoki) Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti boʻlgan yuridik shaxslarga tegishli boʻlishi, shuningdek, rahbari hamda davlat xaridlari elektron tizimini yuritish va axborot xavfsizligi uchun masʼul boʻlgan xodimlar Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari boʻlishi; m) davlat xaridlari toʻgʻrisidagi hamda kiberxavfsizlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya qilishi*; n) axborot xavfsizligini taʼminlashi, bunda*: dasturiy servis va ilovalarning uzluksiz ishlashini taʼminlovchi internet, idoralararo maʼlumotlar uzatish tarmogʻi hamda boshqa asosiy va zaxira aloqa tarmoqlariga ulangan boʻlishi; maʼlumotlar uzatish tarmogʻini himoya qilish uchun chegara zonalarini IDS (Intrusion Detection System) va IPS (Intrusion Prevention System) funksiyalari, antivirus, spam filtrlari va boshqalarga ega apparat xavfsizlik devorlari bilan jihozlashi; dasturiy ilovalardagi axborotlarni shifrlangan holda uzatish va qabul qilishni taʼminlovchi yechimlarga ega boʻlishi; veb dasturiy ilovalar amaldagi SSL (Secure Sockets Layer) sertifikatlari bilan himoyalangan boʻlishi; maʼlumotlar bazalarini dastur ishlab chiquvchilar va administratorlar tomonidan oʻzgartirilishidan himoya qilish uchun PAM tizimiga ega boʻlishi; elektron tizimni ishlab chiqish va qoʻllab-quvvatlash uchun masʼul boʻlgan shaxslar Oʻzbekiston fuqarosi boʻlishi; xodimlar tomonidan maʼlumotlarning sizib chiqishini nazorat qilish uchun DLP (Data Loss Prevention) tizimiga ega boʻlishi; o) davlat xaridlari elektron tizimida davlat xaridlari jarayonidagi barcha tegishli maʼlumotlarni va hujjatlarni, shu jumladan, elektron hujjatlarni saqlash muddati shunga oʻxshash maqsadga moʻljallangan qogʻoz hujjat uchun qonunchilikda belgilangan muddatdan kam boʻlmasligi, biroq moliya yilidan keyin kamida besh yil boʻlishi kerak; p) quyidagilarni amalga oshirish va natijalari yuzasidan vakolatli organga taqdim etishi*: har uch yilda operator moliyaviy faoliyati va axborot tizimlari xalqaro auditorlik tashkilotlari tomonidan mustaqil auditdan oʻtkazilishi; har yil yakunidan soʻng belgilangan tartibda davlat xaridlari elektron tizimining kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan majburiy ekspertizadan oʻtkazilishi. 10. Ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatni berishda kelishiladigan organlar: Mavjud emas 11. Ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatning amal qilish muddati: Cheklanmagan 12. Izoh: * qoʻpol ravishda buzish deb hisoblanadigan talablar va shartlar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 30-iyul,

476-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.07.2025-y., 09/25/476/0669-son; 21.07.2026-y., 09/26/393/0764-son)

lex.uz