📅 2025-yil 30-iyul · Boshqa hujjatlar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 30-iyul · Boshqa hujjatlar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 30 июль · Бошқа ҳужжатлар
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 июля 2025 г. · Другие документы
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 July 2025 · Other documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-боб. Асосий қоидалар
1-модда. Ушбу Кодекс билан тартибга солинадиган муносабатлар
Ушбу Кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
2-модда. Ушбу Кодекснинг асосий вазифалари
Ушбу Кодекснинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
аҳолини, иқтисодиёт тармоқларини ва экологик тизимларни сув билан барқарор таъминлашга эришиш ҳамда уни сақлаб туриш;
иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда сувларни оқилона бошқариш ва улардан фойдаланиш ҳамда тежаш;
сувларни булғаланиш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан муҳофаза қилиш;
сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва уни бартараф этиш;
сув объектларининг ҳолатини яхшилаш;
сувга доир муносабатлар соҳасида иқтисодий механизмларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;
юридик ва жисмоний шахсларнинг сувга доир муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
сув масалалари бўйича давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш.
3-модда. Сув тўғрисидаги қонунчилик
Сув тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг сув тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Кодексда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
гидротехника иншоотлари — сув омборлари тўғонлари, дарёлардаги, сойлардаги, каналлардаги ва коллекторлардаги тўғонлар, дарёлар ўзанларидаги тўсувчи иншоотлар, сув олиш, сув ўтказиш, сув ташлаш ҳамда қирғоқларни ҳимоя қилиш иншоотлари, гидроэлектростанциялар, насос станциялари;
ер ости сувлари — ер ости сув объектларининг сувлари;
ер усти сувлари — ер усти сув объектларининг сувлари;
ичимлик суви таъминоти — ичимлик сувини ичимлик суви таъминоти тармоқлари орқали ва (ёки) транспортда истеъмолчиларга етказиб бериш;
каналлар — сув билан манбадан сувдан фойдаланувчиларнинг чегарасига қадар таъминлаш учун мўлжалланган сув хўжалиги объектлари;
коллектор-дренаж сувлари — ер ости сизот сувлари ва ташлама сувлар;
коллектор-дренаж тармоғи — ер ости сизот сувларини ва ташлама сувларни тўплаш ҳамда чиқариб юбориш учун мўлжалланган сув хўжалиги объекти;
минерал сувлар — таркибида эриган тузлар, микроэлементлар, шунингдек даволашда ижобий таъсир кўрсатадиган баъзи биологик фаол компонентлар мавжуд бўлган сувлар;
оқова сувлар — маиший, ишлаб чиқариш ёки бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланилган ҳамда дастлабки кимёвий таркиби ва физик хоссаларини ўзгартирган қўшимча аралашмалар билан ифлосланган сувлар, шунингдек атмосфера ёғинлари ёғиши натижасида ҳосил бўлган, аҳоли пунктлари ва саноат корхоналари ҳудудидан оқиб чиқувчи сувлар;
санитария муҳофазаси зонаси — ичимлик, маиший ва даволаш-соғломлаштириш мақсадлари учун мўлжалланган, фойдаланилаётган, лойиҳалаштирилаётган, қурилаётган ва реконструкция қилинаётган объектларга туташ бўлган, уларнинг санитария-эпидемиологик ишончлилигини таъминлаш учун ташкил этиладиган, муҳофаза режимига эга бўлган ҳудудлар;
соҳил бўйи минтақаси — сувни муҳофаза қилиш зонаси доирасида табиий ер усти сув объектлари, шунингдек фойдаланилаётган, лойиҳалаштирилаётган, қурилаётган ва реконструкция қилинаётган сув хўжалиги объектлари сув объекти бўйлаб ёки улар атрофида ушбу сув хўжалиги объектларидан тегишли тарзда фойдаланишни таъминлаш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш, шунингдек сув ресурсларини оқилона бошқариш ва уларнинг ҳисобини юритиш учун ташкил этиладиган қатъий режимли ҳудуд;
сув етказиб берувчи ташкилот — сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун масъул бўлган, ўзига шартнома асосида сувдан фойдаланувчиларга сув олиш ва етказиб бериш ҳуқуқи берилган сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилоти ва (ёки) бошқа юридик шахс;
сувларнинг зарарли таъсири — сувларнинг салбий таъсири натижасида содир бўлаётган муайян объектларнинг ювилиб кетиши, бузилиши, сув босиши, зах босиши, лойқа чўкиши, ботқоқланиши, шўрланиши ва бошқа ҳодисалар;
сувни муҳофаза қилиш зонаси — сувларнинг санитария ҳолатини зарур даражада сақлаб туриш, уларнинг булғаниши ва ифлосланишининг, шунингдек сув объектларининг тупроқ эрозияси маҳсулотлари билан лойқа чўкишининг олдини олиш, шунингдек қулай сув режимини яратиш ва сақлаб туриш мақсадида махсус фойдаланиш ва хўжалик фаолияти юритиш режими белгиланадиган, сув объектларининг ўзанларига ёки акваторияларига туташ бўлган табиий ҳудуд;
сув объекти — сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари мавжуд бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ер ости сувлари конлари ва сувли қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел-сув омборлари, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек булоқлар ва бошқа объектлар;
сув олиш квотаси — сув етказиб берувчи ташкилотларга ва сувдан фойдаланувчиларга бир неча йил учун ажратиладиган сув ҳажми;
сув олиш лимити — сув объектларининг сувлилик даражасига қараб сув етказиб берувчи ташкилотларга ва сувдан фойдаланувчиларга вегетация ва куз-қиш даврлари учун ажратиладиган сув ҳажми (сув олиш квотасидан фоиз ҳисобида);
сув объектларини муҳофаза қилиш — сув объектларини сақлаш ва тиклашга қаратилган тадбирлар тизими;
сув режими — сув сифати, сатҳи, оқими тезлиги, сарфи ва ҳажмининг вақт бирлигида ўзгариши;
сув ресурслари — сув объектларининг фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин бўлган ер ости ва ер усти сувлари;
сув сервитути — сув объектидан ёки унинг бир қисмидан, шу жумладан сувни муҳофаза қилиш зоналаридан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи;
суғориш тармоғи — сувдан фойдаланувчиларнинг суғориладиган майдонларига, шунингдек бошқа объектларга каналлардан ва бошқа сув объектларидан сув етказиб бериладиган, сувдан фойдаланувчиларга мақсадли фойдаланиш учун берилган сув хўжалиги объекти;
сув фонди — сув объектларида тўпланган барча сувлар мажмуи;
сув фонди ерлари — ер усти сув объектлари ва сув хўжалиги объектлари эгаллаган ерлар ҳамда сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақалар;
сувдан фойдаланувчи — сув ресурсларидан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланадиган юридик ёки жисмоний шахс;
сувдан фойдаланиш — юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжларини қаноатлантириш учун сув ресурсларидан фойдаланилиши;
сув хўжалиги — сув ресурсларини ва сув объектларини ўрганиш, ҳисобга олиш, бошқариш, улардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирига қарши курашишни қамраб оладиган иқтисодиёт тармоғи;
сув хўжалиги объекти — гидротехника иншоотлари, шунингдек улар билан боғлиқ бўлган йўллар, бинолар, электр узатиш линиялари ҳамда сув хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган бошқа инфратузилма;
сув хўжалиги хизмати — сувдан фойдаланувчига сув хўжалиги соҳасида шартнома асосида кўрсатиладиган хизмат;
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилоти — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилоти бўлиб, унинг зиммасига сув хўжалиги объектларига техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш вазифалари юклатилган;
ташлама сувлар — каналлардан ва суғориш тармоқларидан сув объектларига ёки жой рельефига авария ҳолатида ташланадиган сувлар, шунингдек суғориладиган ерлардан нооқилона фойдаланилиши натижасида улардан ташланадиган сувлар;
трансчегаравий сувлар — икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган ҳар қандай ер усти ёки ер ости сувлари;
трансчегаравий сув объектлари — икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган сув объектлари;
трансчегаравий таъсир — жисмий манбаси тўлиқ ёки қисман у ёки бу соҳил бўйи давлат юрисдикцияси остидаги ҳудудда жойлашган, трансчегаравий сувлар ҳолати инсон фаолияти таъсирида ўзгариши натижасида юзага келадиган, бошқа соҳил бўйи давлат юрисдикцияси остидаги ҳудуддаги атроф-муҳитга бўлган ҳар қандай жиддий зарарли таъсир оқибатлари.
5-модда. Сувга доир муносабатларнинг объектлари ва субъектлари
Сувга доир муносабатларнинг объектлари қуйидагилардан иборат:
сув объектлари ёки уларнинг бир қисми ёхуд сув ресурслари;
сув хўжалиги объектлари;
сув фонди ерлари.
Сувга доир муносабатларнинг субъектлари қуйидагилардан иборат:
махсус ваколатли давлат органлари, шу жумладан республика ижро этувчи ҳокимият органлари;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари;
сув етказиб берувчи ташкилотлар;
сувдан фойдаланувчилар;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат ташкилотлари.
6-модда. Сувга доир муносабатлар соҳасидаги асосий принциплар
Сувга доир муносабатлар соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:
сув ресурсларидан мақсадли ва комплекс фойдаланиш ҳисобидан аҳолининг, иқтисодиёт тармоқларининг ҳамда экотизимларнинг сувга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш;
аҳолини ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлар учун зарур миқдордаги ва сифати кафолатланган сув билан биринчи навбатда таъминлаш;
сув объектларидан фойдаланишда уларни муҳофаза қилиш устуворлиги;
сув экотизимларининг мақбул ҳолати ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш;
сувга доир муносабатлар субъектларининг тенглиги;
сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва уни сақлашни қўллаб-қувватлаш;
сув ресурсларини бошқаришга доир экотизимли ёндашув;
сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш, ер усти, ер ости сувларини ва қайтариб ташланадиган сувларни мувофиқлаштирилган ҳолда бошқариш;
сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланишнинг ҳавза ҳамда маъмурий-ҳудудий принципларини уйғунлаштириш;
сув хўжалиги соҳасининг иқлим ўзгаришига мослашишини таъминлаш;
сув ифлосланишининг олдини олиш, уни чеклаш ва камайтириш;
сув хўжалигига бозор иқтисодиёти ва давлат-хусусий шериклик принципларини жорий этиш;
сув ресурсларини бошқариш жараёнининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш ва ушбу жараёнга жамоатчиликни жалб этиш;
сувга доир муносабатларда илмий ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш;
сув тўғрисидаги қонунчиликни бузиш оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
сувга доир муносабатлар субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.
7-модда. Сувдан фойдаланиш турлари
Сув объектидан сув олиш усулига, сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этишига қараб, сувдан фойдаланиш умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади.
2-боб. Сув объектлари
8-модда. Сув объектларининг тоифалари
Сув объектларининг тоифалари жумласига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикасининг ер усти ва ер ости сув объектлари;
Ўзбекистон Республикасида жойлашган ва унинг ҳудудини кесиб ўтадиган трансчегаравий ер усти ва ер ости сув объектлари.
Ер усти сув объектлари жумласига табиий ва сунъий сув оқимлари ҳамда ҳовузлар, шунингдек булоқлар ва бошқа объектлар, уларнинг ўзанлари, туби ва қирғоқлари киради.
Ер ости сув объектлари жумласига қуйидагилар киради:
ер ости сувлари конлари ва сувли қатламлари ҳамда уларнинг ер қаърисига ёки ер юзасига сизиб чиқиш зоналари;
сув режими чегаралари ва чизиқларига эга бўлган ер қаъридаги сувлар тўпланишининг бошқа шакллари.
9-модда. Сув объектларидан фойдаланиш турлари
Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.
Сув объекти сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотларига ва сувдан фойдаланувчиларга назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда битта ёки бир нечта мақсадда фойдаланишга берилади.
Сув объекти тегишлилиги бўйича сув хўжалиги органлари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги органлари, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, тоғ-кон саноати ва геология органлари билан келишувга кўра қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланишга берилади.
Оқова сувларни оқизиш учун сув объектидан фойдаланишга фақат экология ва санитария талаблари ҳамда шартларига риоя этилган тақдирда йўл қўйилади.
Сув объектлари битта ёки айни бир вақтда бир нечта мақсадда фойдаланишга берилиши мумкин.
Сув объектлари танҳо фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки бошқа ваколатли давлат органи томонидан тўлиқ ёки қисман берилади.
Танҳо фойдаланишга берилмаган сув объекти биргаликда фойдаланиладиган сув объектидир.
Сувдан фойдаланувчилар биргаликда фойдаланиладиган сув объектидан сув олишда ўзаро манфаатларни инобатга олиши, сувдан фойдаланиш ҳуқуқи амалга оширилишини қийинлаштирмаслиги ва бир-бирига зарар етказмаслиги шарт.
10-модда. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сув объектлари
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сув объектлари жумласига:
давлат қўриқхоналаридаги;
мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналаридаги;
табиат боғларидаги;
давлат табиат ёдгорликларидаги;
табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлардаги;
муҳофаза этиладиган ландшафтлардаги;
айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлардаги;
давлат биосфера резерватларидаги;
миллий боғлардаги;
давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги;
бошқа муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги сув объектлари киради.
II БЎЛИМ. СУВГА, СУВ ОБЪЕКТЛАРИГА ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ОБЪЕКТЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАР ҲАМДА СУВ РЕСУРСЛАРИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН БОШҚАРИШ
3-боб. Сувга, сув объектларига ва сув хўжалиги объектларига бўлган ҳуқуқ
11-модда. Сувга давлат эгалиги
Сув умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.
12-модда. Сув объектларига бўлган ҳуқуқ
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сув объектлари Ўзбекистон Республикасининг мулкидир, бундан ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда, шунингдек халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Дарёлар ўзанларининг ва бошқа сув оқимларининг табиий ўзгариши Ўзбекистон Республикасининг ушбу сув объектларига бўлган мулк ҳуқуқи бекор қилинишига сабаб бўлмайди.
Давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан сув объектларига бўлган мулк ҳуқуқини амалга оширади.
13-модда. Сув хўжалиги объектларига бўлган мулк ҳуқуқи
Сув хўжалиги объектлари давлат мулкида (республика, муниципал мулкида) ёки хусусий мулкда (фуқаролар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек давлатга қарашли бўлмаган бошқа юридик шахслар мулкида) бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикасининг сув хўжалиги объектлари Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.
Сув хўжалиги объектларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.
Сув хўжалиги объектларига бўлган мулк ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
Сув хўжалиги объектини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бериш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчиликка асосан амалга оширилади.
14-модда. Сув фонди ерларидан фойдаланиш ҳуқуқи
Сув фонди ерлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида қуйидагиларга берилади:
сунъий сув объектлари ва сув хўжалиги объектлари бўйича — тегишлилигига кўра тегишли ташкилотларга;
табиий сув объектлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли ташкилотларига.
Сув фонди ерлари жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига қонунда белгиланган тартибда олиб қўйилиши мумкин.
Сув фонди ерларида сув объектларига салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолиятини ва қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланади.
Сув фонди ерларидан фойдаланиш тартиби ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
4-боб. Сув ресурсларини бошқариш
15-модда. Сув ресурсларини бошқариш органлари
Сув ресурсларини бошқариш ҳавзавий, гидрографик принцип бўйича ёки улардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган бошқа шартларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Сув ресурсларини бошқаришда қуйидагилар махсус ваколатли органлардир:
ер усти сувларини бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган органлари;
ер ости сувларини бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги.
16-модда. Сув кенгашлари
Сув ресурсларини бошқаришда шаффофликни таъминлаш ва манфаатдор тарафлар вакилларини жалб этган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилиш мақсадида республика ва ҳавзалар, зарур ҳолларда эса ҳудудлар даражасида коллегиал-маслаҳат органи шаклидаги сув кенгашлари ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Республика сув кенгаши ташкил этилади.
Республика сув кенгашининг таркибига сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари киради. Республика сув кенгашининг таркибига нодавлат ташкилотлар вакиллари, айрим экспертлар ва олимлар ҳам киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Республика сув кенгаши раисидир.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Республика сув кенгашининг ишчи органидир.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгашлари ташкил этилади.
Ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгашининг таркибига сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари киради. Ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгашининг таркибига нодавлат ташкилотлар вакиллари, айрим экспертлар ва олимлар ҳам киритилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгашларининг раисларидир.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимларининг ҳавза бошқармалари ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгашларининг ишчи органларидир.
Туманлар (Қувасой шаҳри) ҳокимликлари ҳузурида туманлар сув кенгашлари ташкил этилади.
Туманлар сув кенгашларининг таркибига сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли вазирликлар ва идораларнинг туман ташкилотлари раҳбарлари киради. Туманлар сув кенгашларининг таркибига нодавлат ташкилотлар вакиллари, айрим экспертлар ва олимлар ҳам киритилиши мумкин.
Тегишли туман (Қувасой шаҳри) ҳокими туман сув кенгашининг раисидир.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг туман ташкилоти ёки туманнинг сув хўжалиги объектларини бошқаришни амалга оширувчи ташкилот туман сув кенгашининг ишчи органидир.
Республика, ҳавза, ҳудудий сув кенгаши тўғрисидаги низом ва иш регламенти тегишли Кенгаш йиғилишида тасдиқланади.
17-модда. Сув хўжалиги объектларини бошқариш
Давлат ташкилотларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган сув хўжалиги объектлари давлат сув хўжалиги объектларидир.
Давлат сув хўжалиги объектлари фойдаланувчи ташкилотлар томонидан бошқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан давлат сув хўжалиги объектлари:
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга асосан хусусий сектор бошқарувига берилиши;
ким ошди савдосини ўтказиш орқали вертикал суғориш қудуқлари ва айрим кичик насос станциялари (сув чиқариш қуввати секундига 1 куб метргача) хусусий секторга реализация қилиниши мумкин.
Фақат битта сувдан фойдаланувчига (қишлоқ хўжалиги ер участкаси ижарачисига) хизмат кўрсатадиган сув хўжалиги объектлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ёки вилоят ҳокимлигининг тегишли қарори билан мазкур сувдан фойдаланувчига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида танҳо фойдаланишга тўловсиз берилади.
Икки ва ундан ортиқ сувдан фойдаланувчиларга (қишлоқ хўжалиги ер участкалари ижарачиларига) хизмат кўрсатадиган сув хўжалиги объектлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан сув етказиб берувчи ташкилотларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида танҳо фойдаланишга тўловсиз берилади.
Фойдаланишга берилган сув хўжалиги объектларини сақлаш тегишлигига кўра сувдан фойдаланувчиларнинг ва сув етказиб берувчи ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Сувдан фойдаланувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қурилган сув хўжалиги объектлари хусусий мулк ҳисобланади.
18-модда. Сув ресурсларини бошқаришда фуқароларнинг ва нодавлат бирлашмаларининг иштирок этиши
Юридик шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлган сувдан фойдаланувчилар ўз таъсис ҳужжатларига мувофиқ, шунингдек фуқаролар сув ресурсларини бошқаришда, сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари ва сув етказиб берувчи ташкилотлар сув ресурсларини бошқаришда, сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда сувдан фойдаланувчиларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг таклифларини ҳисобга олади.
5-боб. Ваколатли давлат органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
19-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
сувдан ва сув объектларидан комплекс ҳамда оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
сувни ва сув объектларини оқилона бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;
сувдан ва сув объектларидан комплекс ҳамда оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида вазирликларнинг, идораларнинг, бошқа юридик шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
Республика сув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш;
сув фондини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш, сувдан фойдаланиш нормаларини, сув олиш квоталарини ва сув олиш лимитларини тасдиқлаш тартибини белгилаш;
сувларнинг давлат томонидан ҳисобга олиб борилишини ҳамда улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини таъминлаш, давлат сув кадастрини ҳамда сув мониторингини юритиш;
йирик аварияларнинг, фалокатларнинг, экологик инқирозларнинг ва сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш ҳамда сув объектларини булғатганлик, ифлослантирганлик ва қуритиб қўйганлик учун компенсация тўловлари тартибини белгилаш;
сув хўжалиги соҳасида давлатлараро муносабатларни ривожлантириш йўналишларини белгилаш;
сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга, сувдан ва сув объектларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, сув танқислигининг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган қарорлар ва дастурлар қабул қилиш, сув ва сувдан фойдаланишга доир бошқа дастурларни тасдиқлаш;
сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқлаш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
20-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш;
ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланилишини тартибга солиш ва уларни муҳофаза қилишга доир талабларга риоя этилишини таъминлаш;
сувдан ва сув ресурсларидан комплекс ҳамда оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш, ҳисобга олиш ва муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида вазирликлар, идоралар ҳудудий органларининг, бошқа юридик шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
тегишли ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгашларининг ёки туманлар сув кенгашларининг фаолиятини самарали ташкил этиш;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича аниқ манзилли рўйхатларни шакллантириш ва тасдиқлашда, шунингдек уларни амалга оширишда кўмаклашиш;
сувдан фойдаланувчиларнинг ва сув етказиб берувчи ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш ҳамда тиклаш ва шахсий томорқа ер участкаларига сув етказиб бериш тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш;
сув объектларини сақлаш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш, сувларнинг зарарли таъсирининг, шунингдек булғанишининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш, авариялар, тошқинлар, селлар ва табиий офатлар натижасида вайрон бўлган объектларни қайта тиклаш;
сув фонди ерларидан самарали фойдаланиш масалаларида кўмаклашиш;
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотларини сақлаш харажатларини қонунчиликка биноан молиялаштириш;
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотларига сув ресурсларини бошқаришда кўмаклашиш.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
21-модда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
сув ресурсларини бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, сувнинг ҳисобини ва унинг ҳисоботини юритиш;
сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш соҳасида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этиш;
давлат сув кадастрини умумлаштириш ва юритиш;
Ўзбекистон Республикасининг сув тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
манфаатдор давлат органлари иштирокида сув хўжалиги соҳасида давлат дастурлари, стратегиялар ва концепциялар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
сув хўжалиги балансини юритиш, ирригация тизимларининг ҳавза бошқармалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар учун сув олиш квоталари ва лимитларини белгилаш;
ерларнинг мелиоратив ҳолатини, ер усти ва ер ости сувларининг минераллашувини ҳамда коллектор-дренаж тармоқларининг техник ҳолатини мониторинг қилиш ва уларни яхшилаш бўйича чоралар кўриш;
сув объектларидаги сувларни ва сувдан фойдаланишни давлат томонидан ҳисобга олиш;
трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, шунингдек халқаро ташкилотларнинг сув хўжалиги соҳасидаги фаолиятида иштирок этиш;
Республика сув кенгашининг ишчи органи функциясини бажариш;
тегишлилиги бўйича сув ва сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ва улардан фойдаланишни таъминлаш;
сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
белгиланган сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланувчиларга сув етказиб берилишини таъминлаш;
сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатномаларни келишиш;
сув ресурсларини ҳисобга олишнинг ва сув хўжалигида электр энергияси истеъмолининг шаффофлигини ва тўлиқлигини таъминлаш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ эрозиясининг, шўрланишининг ва ювилиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш;
сув хўжалиги объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ваколатлари жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
22-модда. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
ер ости сувларининг ресурслари ва захираларини аниқлаш учун геология-қидирув ишларини амалга ошириш, улардан оқилона фойдаланиш, уларни ифлосланишдан ва камайиб кетишдан муҳофаза қилиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;
ер ости сувларидан оқилона фойдаланилиши, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ер ости сувларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
ер ости сувларининг давлат захиралари баланси ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат кадастри, ер ости чучук сувлари конлари ҳосил бўладиган зоналар тўғрисидаги ахборотни тузиш;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ер ости сувларининг давлат мониторингини юритиш;
ер ости сувларидан оқилона фойдаланилиши устидан ўз ваколатлари доирасида назорат ва ҳисобни амалга ошириш;
ер ости сувларининг ифлосланиши манбалари мониторингини юритиш;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ер ости сувларидан комплекс фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш схемаларини ишлаб чиқиш;
ер ости сувларини чиқариш учун қудуқларни бурғилаш фаолиятига ва сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномалар бериш;
ер ости сувларининг ҳолати тўғрисида гидрогеологик хулоса бериш;
ер ости сувларидан самарали фойдаланиш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва уларни муҳофаза қилиш учун инвестицияларни жалб қилиш;
ер ости сувларининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг жойлаштирилиши, лойиҳалаштирилиши, қурилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши ҳамда фойдаланишга топширилишида ўз ваколатлари доирасида иштирок этиш ва буни келишиш;
Республика сув кенгашининг фаолиятида иштирок этиш, ер ости сувлари, улардан фойдаланиш ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари юзасидан таклифлар киритиш.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ваколатлари жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
23-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
сув ресурсларини муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
сув муҳитининг қулай экологик ҳолатини таъминлаш;
сув муҳити объектларининг камайиб кетиши ва ифлосланишининг олдини олиш мақсадида антропоген омилнинг сув муҳитига таъсирини таҳлил қилиш, шунингдек санитария ва экология мақсадларида сув омборларидан сув чиқариб туришга риоя этилишини мониторинг қилиш;
экологик экспертиза ўтказиш учун ташкилотлар томонидан ишлаб чиқиладиган ер усти сув объектларига ва ернинг рельфига ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган чегаравий ташламаларининг экологик нормативлари лойиҳаларини тасдиқлаш, ер усти табиий сув оқимларидан сув олиш учун сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномаларни белгиланган тартибда бериш;
сув муҳитини ифлослантирганлик учун компенсация тўловларини ундириш ва улардан белгиланган тартибда фойдаланиш;
тегишли лойиҳаларни белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказиш;
ер усти сувларининг ифлосланиши манбалари (эмиссиялар) мониторингини юритиш;
вазирликлар, идоралар ва бошқа манфаатдор органлар билан биргаликда атроф-муҳитнинг ифлосланиши даражаси ҳамда унга бошқа зарарли таъсирлар, шунингдек табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларнинг республика ягона экологик ахборот базасини шакллантириш ва юритиш;
юридик ва жисмоний шахслардан сув ресурсларини ёки сув объектларини муҳофаза қилишга, улардан фойдаланишга ҳамда уларни мониторинг қилишга тааллуқли бўлган зарур ахборотни бепул олиш;
Республика сув кенгашининг фаолиятида иштирок этиш, табиий ер усти сув ресурсларидан фойдаланилиши ҳолати, уларнинг ифлосланиши даражаси ва манбалари, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари юзасидан кенгашга таклифлар киритиш.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ваколатлари жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
24-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг (бундан буён матнда Гидрометеорология хизмати агентлиги деб юритилади) сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
гидрометеорологик кузатувлар давлат тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш;
тегишлилиги бўйича гидрологик постларда ер усти сувларининг мониторингини юритиш;
манфаатдор республика ижро этувчи ҳокимият органларини ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини, ташкилотлар ва фуқароларни ҳақиқий ҳамда кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгаришлари, сувнинг ва сув объектларининг, табиий муҳитнинг ифлосланиши даражаси ҳақидаги ахборот билан, шунингдек сув омиллари билан боғлиқ бўлган хавфли ва (ёки) табиий гидрометеорологик ҳодисалар тўғрисидаги тезкор ахборот билан таъминлаш;
сув муҳити ифлосланиши тўғрисидаги маълумотларнинг давлат фондини шакллантириш ва юритиш, давлат сув кадастрининг «Ер усти сувлари» бўлимини юритиш;
сув омиллари ва ер усти сувларининг ифлосланиши билан боғлиқ бўлган табиий гидрометеорологик ҳодисаларнинг юзага келиши ҳамда ривожланиши устидан мунтазам кузатувларни амалга ошириш;
иқлим ўзгариши шароитларида дарёларнинг сувлилигини қисқа муддатли ва узоқ муддатли прогноз қилиш тизимини яхшилашга доир илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
гидрометеорология соҳасида давлатлараро ва халқаро муносабатларни ривожлантиришда ўз ваколатлари доирасида иштирок этиш;
Республика сув кенгашининг фаолиятида иштирок этиш, мавжуд сув ресурслари ва уларнинг прогнозлари, сув кадастрини юритиш ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари тўғрисида кенгашга таклифлар киритиш.
Гидрометеорология хизмати агентлигининг ваколатлари жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
25-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг (бундан буён матнда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси деб юритилади) сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:
ер усти ва ер ости сувларидан фойдаланишда ҳамда уларни муҳофаза қилишда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши устидан санитария-эпидемиология назоратини амалга ошириш, шунингдек санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
санитария-гигиена мониторингини юритиш;
ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаларини баҳолаш ва танлашда иштирок этиш;
ер ости сувларининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ҳамда оқова сувларини чиқариб юбориш объектларининг, корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг жойлаштирилиши, лойиҳалаштирилиши, қурилиши, реконструкция қилиниши ҳамда ишга туширилишини келишиш;
ер усти ва ер ости сувларини инсон организмига зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида давлат томонидан санитария-эпидемиологик жиҳатдан нормалаштириш;
Республика сув кенгашининг фаолиятида иштирок этиш, ер усти ва ер ости сувларидан фойдаланишда санитария нормалари, қоидалари ҳамда гигиена нормативларига риоя этилиши, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари масалалари юзасидан кенгашга таклифлар киритиш.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ваколатлари жумласига қонунчиликка мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
26-модда. Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати
Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг вазифаси барча вазирликлар, идоралар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувдан фойдаланишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини, сувни муҳофаза қилиш, сувнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва уни бартараф этиш мажбуриятларининг, сув ҳисоби ва ҳисоботини юритиш қоидаларининг, шунингдек сув тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бошқа қоидаларнинг бажарилишини таъминлашдан иборат.
Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ўз ваколатлари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.
6-боб. Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни давлат томонидан режалаштириш
27-модда. Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни режалаштириш
Сувдан фойдаланишни ва уни муҳофаза қилишни режалаштириш биринчи навбатда аҳолининг ичимлик ҳамда маиший эҳтиёжлари қаноатлантирилишини, сувнинг муҳофаза қилинишини ва унинг зарарли таъсирининг олди олинишини ҳисобга олган ҳолда сувнинг сувдан фойдаланувчилар ўртасида илмий асосланган тарзда тақсимланишини таъминлаши керак.
Сувдан фойдаланиш ишларини режалаштиришда давлат сув кадастрининг ва сув ресурслари бўйича миллий ахборот тизимларининг атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасининг маълумотлари, сув хўжалиги баланслари, сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш схемалари, шунингдек аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш режалари ҳисобга олинади.
28-модда. Давлат стратегик сув хўжалиги дастурлари
Давлат стратегик сув хўжалиги дастурлари (сув хўжалигини ривожлантириш концепциялари ва уларни амалга ошириш стратегиялари) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда иқлим ўзгариши шароитларида сув хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишига эришиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини белгилаш учун ўрта муддатга (10 йилгача) ва узоқ муддатга (50 йилгача) ишлаб чиқилади.
Давлат стратегик сув хўжалиги дастурлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
29-модда. Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза ёки ҳудудий режалари
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза ёки ҳудудий режалари сув ресурслари ҳавзасининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидагилар асосида тузилади:
сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш схемалари;
давлат стратегик сув хўжалиги дастурлари;
сув ва сув объектлари мониторинги маълумотлари;
давлат сув кадастри;
сув хўжалиги баланслари;
бошқа маълумотлар.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза ёки ҳудудий режаларида қуйидагилар акс эттирилади:
сув ресурслари ҳавзасининг тавсифи (иқлим ўзгаришининг потенциал таъсири, сув танқислиги, қурғоқчилик, тошқин ва селлар, шунингдек сув ресурслари билан боғлиқ бошқа фавқулодда вазиятларнинг бошланиши, сувнинг ва сув объектларининг ташқи манбаларидан ифлосланиши, шу жумладан трансчегаравий ифлосланиши хавфини баҳолаш);
сув объектларининг ва ичимлик суви таъминотининг муҳофаза зоналари тавсифи, шунингдек ушбу зоналарда тақиқланиши ёки чекланиши лозим бўлган хўжалик ва бошқа фаолият турлари рўйхати;
ҳавза ёки ҳудуд чегарасидаги сув ресурсларини манбалар ва иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳоли томонидан сувдан фойдаланиш ҳажмлари бўйича миқдор ва сифат жиҳатидан баҳолаш;
атроф-муҳитнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларининг қўшимча захиралари;
инвестициявий ва молиявий эҳтиёжларни қоплаш мумкин бўлган манбаларни аниқлаган ҳолда уларни баҳолаш;
сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш устуворликлари ҳамда уни нормалаштириш, сувдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш доиралари;
сув билан таъминланганликни ва иқлим ўзгаришига доир чидамлиликни ошириш, сув ресурслари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, бундай вазиятлар юз берган тақдирда уларнинг оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш тадбирлари, ушбу тадбирларни амалга ошириш учун харажатлар.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза ёки ҳудудий режалари амалга оширилиши ҳавзани ёки ҳудудни барқарор ривожлантиришга имкон берадиган бошқа қоидаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
30-модда. Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза (ёки ҳудудий) режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза (ёки ҳудудий) режалари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли бўлинмалари томонидан бошқа манфаатдор тарафлар билан биргаликда ишлаб чиқилади ва тегишли ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгаши томонидан тасдиқланади.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза (ёки ҳудудий) режалари ҳар ўн йиллик давр учун тузилади ва тегишли ҳавза (ёки ҳудудий) сув кенгашлари томонидан ҳар уч йилда қайта кўриб чиқилади (тузатилади).
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳавза (ёки ҳудудий) режаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, бошқа ваколатли органлар ва сувдан фойдаланувчилар масъулдир.
31-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланишни режалаштириш
Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш сув олиш квотаси ва кутилаётган сув таъминоти прогнозидан келиб чиққан ҳолда ажратилган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади.
Коллектор-дренаж тармоғи сувидан фойдаланишни режалаштириш ерларнинг мелиоратив ҳолатини ва коллектор-дренаж сувининг сифатини, шунингдек сув таъминоти даражасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Сувдан фойдаланувчи ўзига ажратилган сув олиш лимити доирасида сувдан фойдаланиш жадвалини ишлаб чиқади ва уни тегишли сув етказиб берувчи ташкилот билан келишади.
32-модда. Сув объектларидан сув олиш
Сув объектларидан сув олиш фақат сув етказиб берувчи ташкилотлар билан келишилган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган сув олиш жойидан сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.
Сув олиш ҳажми камайтирилган ёки тўхтатилган тақдирда сувдан фойдаланувчилар бу ҳақда тегишли сув етказиб берувчи ташкилотга ёки унинг ваколатли шахсига ёзма равишда (авария ҳолатларида — телефон ёки бошқа алоқа воситалари орқали) хабар қилиши шарт.
33-модда. Сув объектларидан сув олиш учун буюртманома бериш
Сув объектларидан сув олиш фақат сувдан фойдаланувчиларнинг ёзма ёки электрон буюртманомалари бўйича (бундан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимидан, шунингдек ер ости сув ҳавзаларидан ўз ҳисобидан суғориш қудуқлари орқали сув олиш ҳоллари мустасно), уларнинг сувдан фойдаланишга тайёрлигига кўра, белгиланган мавсумий сув олиш квотаси ва сув олиш лимити доирасида амалга оширилади.
Сув олиш учун буюртманомалар сувдан фойдаланувчилар томонидан сув етказиб берувчи ташкилотларга ёки уларнинг ваколатли шахсларига мўлжалланилаётган сув олиш бошланишидан ўн кун олдин, сув олишнинг аниқ жойи ва муддатлари (сув олишнинг бошланиши ва тугаши), шунингдек сув олиш ҳажмлари ҳамда белгиланган мақсади кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда берилади.
Сув олиш учун буюртманомада кўрсатилган сув ҳажми белгиланган сув олиш квотасидан ва сув олиш лимитидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Сув етказиб берувчи ташкилотлар икки кунлик муддатда хизмат кўрсатилаётган ҳудуддаги барча сувдан фойдаланувчиларнинг ёзма буюртманомаларини умумлаштириб ва таҳлил қилиб, кейинчалик ёзма буюртманомаларни туманлараро аҳамиятга молик сув хўжалиги объектларидан сув олиш учун тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига юборади.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари тегишлилиги бўйича буюртманомаларни бир кун ичида умумлаштиради ва таҳлил қилади, туманлараро ва трансчегаравий аҳамиятга молик дарёлардан, магистрал каналлардан (тизимлардан), хавф даражаси юқори бўлган сув объектларидан сув олишга нисбатан эса ёзма буюртманомаларни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига ажратилган сув олиш квоталари ва сув олиш лимитларидан, шунингдек сув манбасининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда бир кун ичида буюртманомаларни умумлаштиради ва таҳлил қилади ҳамда хабарнома шаклида сув олишга рухсат беради ёки буни рад этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бир кун ичида сув етказиб берувчи ташкилотларга ажратилган сув олиш лимитларидан, шунингдек сув манбасининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда хабарнома шаклида сув олишга рухсат беради ёки буни рад этади.
Сув етказиб берувчи ташкилотлар ўз навбатида бир кунлик муддатда сувдан фойдаланувчиларга ажратилган сув олиш лимитларидан, шунингдек сув манбасининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда хабарнома шаклида сув олишга рухсат беради ёки буни рад этади.
7-боб. Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни давлат томонидан нормалаштириш
34-модда. Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни давлат томонидан нормалаштириш
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни нормалаштиришда қуйидагилар назарда тутилади:
табиий айланмада сувнинг зарур миқдорини сақлаш, унинг норматив тозалигини таъминлаш, сув флораси ва фаунасини сақлаш, сув ҳавзаларининг ифлосланишига йўл қўймаслик, уларда экологик мувозанатни сақлаш ва ландшафтнинг таркибий қисми сифатида сув ҳавзасига зарар етказилишига йўл қўймаслик шартларини ҳисобга олган ҳолда сув олишнинг, оқова ва коллектор-дренаж сувларини оқизишнинг норматив кўрсаткичларини белгилаш;
сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида стандартлаштириш, сертификатлаш ҳамда нормативларга мос келадиган метрологик жиҳатдан таъминлаш;
сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида бошқа нормативлар (экологик чекловлар, сув сифати ва бошқалар) ва қоидаларни белгилаш.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни нормалаштириш махсус ваколатли давлат органи томонидан сув тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни нормалаштиришнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
экологик хавфсизликни сувдан ва сув объектларидан ҳамда улар билан боғлиқ сувга доир ва бошқа экотизимлардан фойдаланишга оид қисмида таъминлаш;
ер усти ва ер ости сувларини қайтармасдан олишнинг йўл қўйиладиган чекланган ҳажми оширилишига йўл қўймаслик;
сувни ва сув объектларини экологик нормативларга (атроф-муҳит сифати, унга бўлган зарарли таъсирнинг йўл қўйиладиган чегаралари, сув, муҳофаза, санитария ҳамда бошқа зоналаридан фойдаланиш ва бошқалар) мувофиқ сақлаш.
35-модда. Сувга ва сув объектларига доир йўл қўйиладиган чекланган зарарли таъсирнинг нормативлари
Сувга ва сув объектларига доир йўл қўйиладиган чекланган зарарли таъсирнинг нормативлари ер усти ва ер ости сувларини экологик, санитария, техник ҳамда бошқа нормаларга жавоб берадиган ҳолатда сақлаш учун белгиланган талабларга, шунингдек сув ва табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
Сувга ва сув объектларига доир йўл қўйиладиган чекланган таъсирнинг нормативларини белгилашда қуйидаги омиллар ҳисобга олинади:
антропоген оғирликнинг йўл қўйиладиган чекланган даражаси узоқ вақт таъсир этиши сув объекти экотизимининг ўзгаришига олиб келмаслиги керак;
зарарли моддаларнинг сув объектига ва (ёки) унинг сув тўпланадиган майдонига тушиши мумкин бўлган йўл қўйиладиган чекланган массаси сув ҳамда сув объекти ҳолатининг салбий ўзгаришларига олиб келмаслиги керак;
сув объектларига зарарли моддаларнинг йўл қўйиладиган чекланган оқизилишининг белгиланган нормативларини оширмаслик;
зарарли таъсирлар оқибатида сувда ва сув объектларида фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфини камайтириш бўйича олдиндан чоралар кўриш;
сувнинг ва сув объектларининг ҳолатини ёмонлаштиришга олиб келиши мумкин бўлган бошқа омиллар.
Хўжалик юритувчи субъект нормативлар йўқлиги ёки уларнинг ошиб кетиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
36-модда. Санитария-эпидемиологик нормалаштириш
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги санитария-эпидемиологик нормалаштириш санитария нормалари, қоидалари ҳамда гигиена нормативлари ишлаб чиқилишини назарда тутади.
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги санитария-эпидемиологик нормалар талабларига риоя этилмаслиги аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш учун асосдир.
37-модда. Метрологик нормалаштириш
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги метрологик нормалаштириш метрологик таъминлаш талабларини белгилайдиган нормалар ҳамда қоидалар ишлаб чиқилишини назарда тутади.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасида фойдаланиладиган ўлчаш воситалари ва ўлчовларни бажариш услубиятлари метрология тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасида фойдаланиладиган ўлчаш воситалари натижаларни белгиланган аниқлик кўрсаткичлари билан таъминлаши керак.
Белгиланган метрология талабларига мувофиқ бўлмаган ҳамда белгиланган тартибда ўлчовларни бажариш услубиятлари билан аттестациядан ўтказилмаган ўлчаш воситаларидан фойдаланган ҳолда олинган, сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўлчаш натижалари ишончсиз ҳисобланади ҳамда бекор қилиниши лозим.
8-боб. Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни давлат томонидан ҳисобга олиш
38-модда. Сувни давлат томонидан ҳисобга олиш
Сувни давлат томонидан ҳисобга олиш сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни жорий ва истиқболда режалаштиришдан, шунингдек жамоатчиликни хабардор қилиш учун муайян ҳудудда ер усти ва ер ости сувларининг ҳамда оқова сувларнинг миқдори ва сифатини аниқлашдан иборат.
Сувни давлат томонидан ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
давлат сув фондини ташкил этувчи сувнинг миқдор ва сифат жиҳатидан таркибини белгилаш;
сув хўжалиги балансини тузиш;
аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланилиши тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ҳамда янгилаб бориш;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ва кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун солиқ базасини белгилаш.
Сув ресурслари стандарт гидрометрик асбоблар билан уларнинг сифат ва миқдор жиҳатдан таркиби бўйича мунтазам ҳисобга олиниши, стандарт услублар билан қайта ишланиши ҳамда ҳавзалар (ҳудудлар) йиллик ва кўп йиллик ҳисоблашда баҳоланиши лозим.
Сув объектларининг сони ва ҳолатини ҳисобга олиш мазкур объектларнинг ҳажмлари, ҳолати ҳамда ўрганилганлик даражасидан келиб чиқиб ва геоахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда картография, гидрогеология ва геодезия услублари билан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида сувни давлат томонидан ҳисобга олиш ягона тизим бўйича амалга оширилади ҳамда сувдан фойдаланувчиларни хабардор қилиш учун ер усти ва ер ости сувларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисобга олиш маълумотларига ҳамда сувнинг ва сув объектларининг давлат мониторинги маълумотларига асосланади. Ер усти ва ер ости сувлари маъмурий ва гидрографик чегаралар доирасида, шунингдек сувдан фойдаланувчилар доирасида ҳисобга олинади.
39-модда. Сувдан фойдаланишнинг расмий статистикаси
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан қуйидагилар бўйича расмий статистика юритилади:
сувдан фойдаланиш;
ялпи ички маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун сувнинг сарфланиши.
40-модда. Давлат сув кадастри
Давлат сув кадастри Ўзбекистон Республикаси Давлат кадастрлари ягона тизимининг таркибий қисмидир.
Давлат сув кадастри ягона давлат сув фондини ташкил этувчи сув объектлари, сув ресурслари, сув режими, сувнинг сифати ва ундан фойдаланиш ҳақидаги, шунингдек сувдан фойдаланувчилар ва сув хўжалиги объектлари, сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақаси ва санитария муҳофазаси зонаси, ичимлик, оқова ва коллектор-дренаж сувлари тўғрисидаги тизимлаштирилган, доимий тўлдириб бориладиган ва зарурат бўлганда аниқлаштириладиган маълумотлар тўпламини ифодалайди.
Сув объектларини, сувдан фойдаланувчиларни ва сув хўжалиги объектларини рўйхатдан ўтказиш, сувнинг миқдори ва сифатини ҳисобга олиш, сув ресурсларини ва улардан фойдаланишни баҳолаш давлат сув кадастрининг таркибий қисмларидир.
Давлат сув кадастри маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, юридик ва жисмоний шахсларни сув объектлари ҳамда сув хўжалиги объектлари, сув ресурслари, сув режими, сувнинг сифати ва ундан фойдаланиш, шунингдек сувдан фойдаланувчилар тўғрисидаги зарур маълумотлар билан таъминлаш учун мўлжалланган.
Белгиланган тартибда қабул қилинган давлат сув кадастри сув ва сув хўжалиги муносабатларини тартибга солишда, сувдан фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ва экологик вазифаларни ҳал этишда мажбурий юридик кучга эга бўлади.
41-модда. Давлат сув кадастрининг объектлари ва предмети
Ер усти ва ер ости сув объектлари ҳамда уларнинг ресурслари Давлат сув кадастрининг объектларидир.
Сувнинг миқдор ва сифат кўрсаткичлари бўйича фойдаланишни ҳар томонлама ўрганиш ва баҳолаш, сувдан фойдаланиш ҳуқуқини ва сувдан хўжалик мақсадларида фойдаланишни рўйхатдан ўтказиш Давлат сув кадастрининг предметидир.
42-модда. Давлат сув кадастрининг маълумотларидан фойдаланиш
Давлат сув кадастрининг маълумотлари қуйидагилар чоғида фойдаланиш учун мўлжалланган:
сувдан фойдаланишни жорий ва истиқболли режалаштиришда ҳамда сувни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда;
мамлакат ҳудудида ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда;
сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш схемаларини ҳамда сув хўжалиги балансларини тузишда;
сувдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган сув хўжалиги, транспорт, саноат тузилмаларини, бошқа корхоналар ва иншоотларни лойиҳалаштиришда;
гидрологик ва гидрогеологик шароитлар, дарёлар сувининг ҳажми ва сифати ўзгаришларини прогноз қилишда;
сув хўжалиги тизимларининг иш самарадорлигини ошириш тадбирларини ишлаб чиқишда;
сув олишни ва сув чиқариб юборишни, шунингдек сув сифати кўрсаткичларини нормалаштиришда;
сувнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва уни бартараф этиш тадбирларини ишлаб чиқишда;
сувдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш тадбирлари ўтказилиши устидан давлат назоратини белгилашда;
сувдан фойдаланувчилар ўртасидаги, шунингдек сувдан фойдаланувчилар ҳамда бошқа манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишда;
сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этишда.
43-модда. Давлат сув кадастрининг тузилиши
Давлат сув кадастри қуйидаги бўлимлардан иборат:
ер усти сувлари;
ер ости сувлари;
сувдан фойдаланиш;
ичимлик суви ва оқова сувлар.
Давлат сув кадастри маълумотлари умуман Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди ва вилоятлар, дарёлар ҳавзалари, ҳавза ирригация тизимлари бўйича, ер ости сувлари бўлими юзасидан эса гидрогеология минтақалари бўйича ҳам юритилади.
Ер усти сувларининг ресурслари, уларнинг сифати ва хўжалик фаолияти таъсиридаги ўзгариши тўғрисидаги маълумотлар умуман Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикасининг сув объектлари ва уларнинг участкалари, дарёлар ҳавзалари, ҳавза ирригация тизимлари бўйича умумлаштирилади.
Ер ости сувларининг ресурслари, уларнинг сифати ва хўжалик фаолияти таъсиридаги ўзгариши тўғрисидаги маълумотлар Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Ўзбекистон Республикасининг сув конлари, дарёлар ҳавзалари бўйича умумлаштирилади.
Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар умуман Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Ўзбекистон Республикасининг дарёлар ҳавзалари, ҳавза ирригация тизимлари, хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектлари бўйича, шунингдек сувдан фойдаланиш турлари ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича умумлаштирилади.
Давлат сув кадастрининг автоматлаштирилган ахборот тизими маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Миллий геоахборот тизимига уйғунлаштирилган ҳолда шакллантирилади.
44-модда. Давлат сув кадастрини юритувчи ваколатли органлар
Давлат сув кадастри:
Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан — ер усти сувлари бўлими бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан — сувдан фойдаланиш бўлими бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан — ер ости сувлари бўлими бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан — ичимлик суви ва оқова сувлари бўлими бўйича юритилади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Давлат сув кадастри маълумотларини умумлаштиради.
Давлат сув кадастрининг маълумотлари таркиби ва нашрлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан тасдиқланади.
45-модда. Давлат сув кадастрининг маълумотларини тақдим этиш
Давлат сув кадастрига доир ахборот давлат органларига бепул, юридик ва жисмоний шахсларга эса пулли асосда тақдим этилади.
Сўров бўйича тақдим этиладиган Давлат сув кадастридаги ахборот турлари, уни бериш тартиби ҳамда унинг тўлов миқдорлари Давлат сув кадастрини юритиш бўйича ваколатли органлар томонидан белгиланади.
46-модда. Сув хўжалиги баланслари
Сувнинг мавжуд ҳажмини ва ундан фойдаланиш даражасини баҳолаш учун дарёлар ҳавзалари, ҳавза ирригация тизимлари ҳамда иқтисодий минтақалар бўйича сув хўжалиги баланслари тузилади.
Сув хўжалиги баланслари сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида тузилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан умумлаштирилади.
Сув хўжалиги баланси календарь йил учун тузилади ва режалаштириш давридан олдинги йилнинг 1 декабридан кечиктирмай тасдиқланади.
47-модда. Сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш схемалари
Сувдан, шу жумладан экотизим эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган ёки ажратиладиган сувлардан комплекс фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг бош ва ҳавза (ёки ҳудудий) схемалари, аҳолининг ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг сувга бўлган истиқболдаги эҳтиёжларини қаноатлантириш, шунингдек сувларни муҳофаза қилиш, уларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва уни бартараф этиш учун зарур бўлган асосий сув хўжалиги тадбирларини ҳамда бошқа тадбирларни белгилаб беради.
Сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш схемалари асосида сув ресурсларини бошқаришнинг ҳавза (ёки ҳудудий) режалари ишлаб чиқилади.
Сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишнинг бош ҳамда ҳавза (ёки ҳудудий) схемалари давлат экологик экспертизасининг мажбурий объектларидир.
48-модда. Сувнинг ва сув объектларининг давлат мониторинги
Сувнинг ва сув объектларининг давлат мониторинги:
сувнинг ва сув объектларининг ҳолатини, сувнинг миқдори ва сифатини мунтазам равишда кузатиб бориш, маълумотларни тўплаш, сақлаш, тўлдириш ва уларга ишлов бериш, сув ва сув объектлари ҳолатининг ўзгаришларини баҳолаш ҳамда прогноз қилиш мақсадида амалга оширилади;
атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг таркибий қисмидир;
гидрологик, гидрокимёвий ва гидробиологик кўрсаткичлар бўйича амалга оширилади.
Сувнинг ва сув объектларининг давлат мониторинги, шу жумладан масофадан зондлаш сунъий йўлдошлар, учувчисиз учиш аппаратлари, самолётлар, вертолётлар ҳамда геоахборот тизимлари каби замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Сувнинг ва сув объектларининг давлат мониторинги натижалари:
атроф табиий муҳит мониторинги тизимининг Ягона геоахборот маълумотлар базасига киритилади;
тегишли қарорлар қабул қилиш учун сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органларига бепул тақдим этилади.
49-модда. Сувдан фойдаланишда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби
Сувдан фойдаланувчилар сувдан махсус фойдаланишда сувдан фойдаланишнинг ҳисоби ва ҳисоботини белгиланган тартибда юритади.
Сув ресурсларининг ҳисоби сувдан фойдаланувчиларнинг сув олиш жойларида юритилади.
Сувдан фойдаланувчиларнинг сув олиш жойлари паспортга эга бўлиши, тегишли сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотида рўйхатдан ўтказилган, сувни бошқариш (дарвоза ёки сув оқимининг очилиши ва ёпилишини таъминловчи бошқа қурилма) ва ҳисобга олиш (шу жумладан «онлайн» режимда ишлайдиган рақамли қурилмалар) воситалари билан жиҳозланган ҳамда белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган бўлиши керак.
Сувдан фойдаланувчиларнинг сув олиш жойларини «онлайн» режимда ишлайдиган рақамли қурилмалар билан жиҳозлаш ва маълумотларни узатиш бўйича дастурий таъминот билан таъминлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Сувдан фойдаланувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун олинадиган сувни ҳисобга олиш сув олиш жойлари сувни ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлангунига қадар, ҳақиқий суғориладиган майдонларнинг ўлчамидан, суғоришлар сонидан, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш режимидан, сув олиш давомийлиги ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда ҳажмий, ҳисоблаш ва бошқа услубларда амалга оширилиши мумкин.
Сувдан фойдаланувчиларнинг сув олиш ва сув ташлаш жойларининг паспортларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек сувни ҳисобга олиш воситаларини аттестациядан ўтказиш тартиби:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ер усти сунъий сув объектларидан сув олишда ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишган ҳолда ер усти табиий сув объектларидан сув олишда;
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан ер ости сув объектларидан сув олишда белгиланади.
Сувдан фойдаланишнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш мақсадида ҳар бир сув олиш жойида сув етказиб берувчи ташкилот ва сувдан фойдаланувчи ўртасида белгиланган шакл бўйича сувнинг ҳар кунги ҳисобга олиш электрон журнали махсус ахборот тизимида юритилади.
Сувнинг ҳар кунги ҳисобга олиш журнали Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари томонидан махсус ахборот тизимида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.
Сув етказиб берувчи ташкилот сувдан фойдаланувчилар томонидан ҳар куни сувдан фойдаланилиши тўғрисидаги ахборот дастурий таъминотга ўз вақтида ва тўғри киритилишини кузатиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек сув етказиб берувчи ташкилотлар дастурий таъминотнинг доимий ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.
Ҳар ойнинг якунлари бўйича сувдан фойдаланувчи ва сув етказиб берувчи ташкилот ўртасида белгиланган шакл бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар махсус ахборот тизимида икки томонлама электрон далолатнома расмийлаштирилади.
Икки томонлама далолатномада келтирилган маълумотлар сувдан фойдаланиш бўйича расмий статистика ахборотини тайёрлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Сувдан фойдаланувчиларнинг солиқ базасини аниқлаш мақсадида ҳисобот даври мобайнида сувдан фойдаланувчилар томонидан ҳар бир фаолият тури бўйича фойдаланилган сувнинг ҳажми тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган муддатларда солиқ органларининг ва сувдан фойдаланувчиларнинг эътиборига етказилади.
Сув етказиб берувчи ташкилотлар вегетация даври (1 апрель — 30 сентябрь) тугаганидан кейин 15 октябрга қадар ва куз-қиш даврининг (1 октябрь — 31 март) якунида 15 апрелга қадар белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига сувдан фойдаланиш тўғрисидаги электрон ҳисоботни тақдим этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари вегетация даври тугаганидан кейин 1 ноябрга қадар ҳамда куз-қиш даври тугаганидан кейин 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига сувдан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботни электрон тарзда тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўз тизимидаги суғориш ва дренаж қудуқларидан фойдаланилган ер ости сувлари тўғрисидаги ҳисобот вегетация даври тугаганидан кейин 1 ноябрга қадар ва куз-қиш даври тугаганидан кейин 1 майга қадар;
бошқа сувдан фойдаланувчилар, шу жумладан ичимлик сувидан фойдаланувчилар томонидан ер ости сувларидан фойдаланилганлиги тўғрисидаги ҳисобот белгиланган тартибда ҳисобот чорагидаги ойдан кейинги ойнинг 5-санасидан кечиктирмай электрон тарзда тақдим этилади.
Сув ресурслари бўйича ахборот, далолатномалар, ҳисоб ва ҳисоботлар тегишли идоравий статистика ҳисоботини тайёрлаш ҳамда Давлат сув кадастрини ишлаб чиқиш, шунингдек сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ базасини ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳисобга олиш журналининг, етказиб берилган сувни расмийлаштириш далолатномасининг, жорий ахборотни тақдим этиш шакллари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқланади.
50-модда. Сув ресурслари бўйича ахборот тизими
Сув ресурсларини комплекс бошқариш ҳамда улардан фойдаланишни ва уларни муҳофаза қилишни таъминлаш учун ахборотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ва тақдим этиш, сув хўжалиги соҳасидаги давлат сиёсатини, ривожланиш дастурларини, ҳавза режаларини, лойиҳалар ва тадбирларни ишлаб чиқиш, сув билан таъминланганликни прогноз қилиш, истиқболли ва тезкор қарорлар қабул қилиш, шунингдек жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида «Рақамли сув хўжалиги» ягона ахборот тизими яратилади.
Ягона ахборот тизимини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Барча сувдан фойдаланувчилар, алоқадор бўлган вазирлик ва идоралар белгиланган шакллар бўйича ахборотнинг тўпланишини, унга ишлов берилишини ҳамда унинг Сув ресурслари бўйича миллий ахборот тизимига «Электрон ҳукумат» тизими орқали бепул тақдим этилишини таъминлайди.
III БЎЛИМ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ, СУВ ОЛИШ КВОТАЛАРИ ВА ЛИМИТЛАРИ, СУВДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ НОДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИ
9-боб. Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги умумий қоидалар
51-модда. Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш мақсадлари
Юридик ва жисмоний шахслар сувдан ва сув объектларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланиши мумкин:
ичимлик, хўжалик-маиший, рекреация, даволаш ва бошқа эҳтиёжларини қаноатлантириш учун;
қишлоқ, ўрмон, ва овчилик хўжаликларининг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун;
саноат, энергетика, транспорт ва бошқа давлат ёки жамоат эҳтиёжларини қаноатлантириш учун;
оқова сувларни оқизиш учун.
Сув ва сув объектлари бир ёки бир неча мақсадлар учун фойдаланишга берилиши мумкин.
52-модда. Сувдан фойдаланишнинг устувор йўналишлари
Ушбу Кодекс билан сувдан фойдаланишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланади:
ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари, шунингдек аҳолининг даволаниш эҳтиёжлари;
санитария ва экологик мақсадлар;
саноат, энергетика ва хизматлар соҳаси;
қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, шахсий томорқа ер участкалари, бунда сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган майдонларни сув билан таъминлаш устувордир.
Сувдан фойдаланишда гидроэнергетиканинг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш устуворлик бўйича қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларини сув ресурслари билан таъминлашга тенглаштирилади.
53-модда. Сув объектларидан ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш муддатлари
Сув объектлари ва сув хўжалиги объектлари доимий ёки вақтинча фойдаланишга, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга асосан фойдаланишга берилади.
Муддати белгиланмаган ҳолда сувдан фойдаланиш сув объектларидан ва сув хўжалиги объектларидан доимий фойдаланиш деб эътироф этилади.
Сув объектидан ва сув хўжалиги объектидан вақтинча фойдаланиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.
Сув объектларидан вақтинча фойдаланиш муддатлари манфаатдор бўлган сувдан фойдаланувчиларнинг илтимосномасига кўра сув объектини танҳо фойдаланишга бериш тўғрисида қарор қабул қилган ёки сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома берган давлат органлари томонидан узайтирилиши мумкин.
54-модда. Сувдан умумий фойдаланиш
Сувдан умумий фойдаланиш жумласига қуйидагилар киради:
ўзининг ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари учун сув олиш;
чўмилиш;
байдаркада ва моторсиз қайиқда сузиш;
чорва молларини суғориш;
спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш.
Сувдан умумий фойдаланиш ушбу Кодексда ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатсиз ва чекловларсиз амалга оширилади.
Танҳо фойдаланишга берилган сув объектларида сувдан умумий фойдаланишга ва сув истеъмолига ушбу сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан сув хўжалиги органлари, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари билан келишилган ҳолда (ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларига оид қисмида) белгиланган шартларга кўра йўл қўйилади, зарур бўлганда эса бундай сувдан фойдаланиш қонунчиликка мувофиқ тақиқланиши мумкин.
55-модда. Сувдан махсус фойдаланиш
Сувдан махсус фойдаланиш жумласига қуйидагилар киради:
тўсувчи иншоотлардан, насослардан, насос станцияларидан, сифонлар ва сув кўтарувчи бошқа қурилмалардан фойдаланган ҳолда сув олиш;
сув транспортида сузиш;
гидроэлектростанциялар учун сувдан фойдаланиш;
оқова сувларни сув объектларига оқизиш.
Сувдан махсус фойдаланиш ушбу Кодекснинг 56-моддасида белгиланган ҳолларда рухсатнома асосида амалга оширилади.
56-модда. Сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома
Қуйидаги ҳолларда сувдан махсус фойдаланиш рухсатнома асосида амалга оширилади:
сув олиш иншоотларидан фойдаланган ҳолда сув объектларидан бир суткада 5 куб метрдан ортиқ сув олишда;
оқова ва коллектор-дренаж сувларини сув объектларига ҳамда жой рельефига оқизишда.
Сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома:
ер усти табиий сув объектларидан сув олишда — Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан;
ер ости, минерал ва термал сувларни олишда — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг тегишли органлари томонидан берилади.
Сунъий сув ҳавзаларидаги сувдан фойдаланилганда сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома талаб этилмайди.
Сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
57-модда. Сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартлари
Ер усти сувларидан ва ер ости сувларидан фойдаланишга лойиқ тасдиқланган захираларидан фойдаланишда сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома беш йил муддатга берилади.
Ер ости сувларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома олган юридик ва жисмоний шахслар унинг амал қилиш муддати даврида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий органлар ҳамда ҳудудий гидрогеологик станциялар вакиллари иштирокида тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштириладиган фойдаланиладиган қудуқларни консервация қилишни ва қайта ишга туширишни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Тасдиқланмаган захиралардаги фойдаланишга яроқли бўлган ер ости сувларидан фойдаланишда гуруҳли сув олиш иншоотлари учун сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома икки йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.
Сувдан фойдаланувчи рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин рухсатнома берадиган органга аввал берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилишга ҳақли.
Сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатноманинг амал қилиш муддати рухсатномани бериш келишилган органлардан сув таъминоти манбасида, рухсатномада кўрсатилган сувдан фойдаланиш мақсадида ва бошқа шартларида ўзгаришлар мавжуд эмаслиги ҳақида хулоса олинганидан кейин рухсатномани берган орган томонидан беш йилга узайтирилади.
Сувдан фойдаланувчи сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ёки рухсатномада кўрсатилган сувдан фойдаланиш манбалари, мақсади ва бошқа шартлари ўзгарганда, белгиланган тартибда янги рухсатнома олиши шарт.
Объектларни қуриш ёки реконструкция қилиш даврида сувдан махсус фойдаланилганда сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома ушбу ишларни амалга ошириш даврига расмийлаштирилади. Объект ишга туширилгач, сувдан фойдаланувчи белгиланган тартибда янги рухсатнома олиши шарт.
58-модда. Сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш
Сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.
59-модда. Сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш, сувдан фойдаланиш шартларини тугатиш ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш
Юридик ва жисмоний шахсларга сув хўжалиги тадбирларини (сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини ва бошқаларни) ўтказиш, сувлардан нооқилона фойдаланиш, уларни булғатиш, ифлослантириш, камайтириш, шунингдек сувдан фойдаланиш шартларини қонунга хилоф равишда бекор қилиш ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда қопланиши лозим.
Сув объектларининг соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида қонунга хилоф равишда қурилган объектларда ҳамда қонунга хилоф равишда ўзлаштирилган ер участкаларида сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш чоғида етказилган зарарнинг ўрни қопланмайди.
60-модда. Сув сервитути
Сув сервитути қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин:
сувдан умумий фойдаланиш;
фуқаролар ва транспорт воситаларининг ўтиши;
ҳайвонларни суғориш ва чорва молларини ҳайдаб ўтиш;
сув объектларидан кичик ҳажмли кемалар учун сув йўллари сифатида фойдаланиш;
соҳил бўйи зоналаридан эркин фойдаланишни, шу жумладан ундан ўтишни таъминлаш.
Сув сервитути қонунчиликка мувофиқ бошқа мақсадларда ҳам белгиланиши мумкин.
Сув сервитути оммавий сув сервитути ва хусусий сув сервитути шаклида бўлиши мумкин.
Оммавий сув сервитути сувдан умумий фойдаланиш ҳуқуқига тенглаштирилади ҳамда давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, маҳаллий аҳолининг манфаатларини таъминлаш учун жамоат манфаатлари инобатга олинган ҳолда белгиланади.
Хусусий сув сервитути танҳо фойдаланишга берилган сув объектларига нисбатан белгиланади.
Оммавий сув сервитути сув объектларига ёки уларнинг қисмларига нисбатан, шу жумладан лотокли ва бошқа усти қопланган суғориш тармоғига нисбатан қўлланилади.
Оммавий сув сервитути сув сервитутининг белгиланишига эҳтиёжи бўлган шахслар ҳамда сув объекти ёки унинг бир қисми ва соҳил бўйи минтақаси жойлашган ер участкасининг эгаси, ундан фойдаланувчи, унинг ижарачиси ўртасида келишув мавжудлиги-мавжуд эмаслигидан қатъи назар, агар ушбу шахслар бундай ҳуқуқдан ер участкаси бошқа шахсга мулк қилиб берилгунига қадар фойдаланган бўлса, белгиланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари оммавий сув сервитути белгиланишини таъминлаши шарт.
Бошқа ҳолларда, сув сервитути кимларнинг манфаатларини кўзлаб сув сервитути белгиланаётган бўлса, ўша шахслар ҳамда сув объекти ёки унинг бир қисми жойлашган ер участкасининг эгаси, ундан фойдаланувчи, унинг ижарачиси ўртасидаги келишув бўйича, келишувга эришиш имкони бўлмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра белгиланади.
Сув сервитутларининг режими сув фонди ерларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Сув сервитути сув объекти ёки унинг бир қисми жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтган тақдирда ҳам сақлаб қолинади.
Сув сервитутларини амалга ошириш учун сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатномани олиш талаб этилмайди.
Сув сервитутининг белгиланиши танҳо фойдаланиш учун берилган сув объекти эгасини ушбу сув объектига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Сув сервитути белгиланган сув объектининг эгаси, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, сув сервитути кимнинг манфаатларини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан ушбу сув объектидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.
Фуқаролик ва ер тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган сув сервитутлари ҳақидаги қоидалар сув сервитутларига нисбатан ушбу Кодекс талабларига зид бўлмаган қисмида қўлланилади.
10-боб. Сувни тақсимлаш ва етказиб бериш
61-модда. Сув олиш квотаси
Сув олиш квоталари манбалар, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича қуйидагилар томонидан ажратилади:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан сув етказиб берувчи ташкилотларга;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари — сувдан фойдаланувчиларга.
Сувдан махсус фойдаланиш учун табиий сув ҳавзаларидан сув олиш квоталари ушбу Кодекснинг 56-моддасига мувофиқ ваколатли органлар рухсатномаларида белгиланади.
Ажратилган сув олиш квотаси унинг амал қилиш муддати давомида қайта кўриб чиқилмайди, бундан истеъмол қилинадиган сувнинг ҳажмига таъсир кўрсатадиган суғориладиган участка майдони, ишлаб чиқариш қувватлари ўзгартирилган ҳоллар мустасно.
Сув олиш квоталарини ажратишда санитария ва экологик мақсадлар учун сувни чиқариб юбориш талаблари ҳисобга олинади.
Ичимлик суви таъминоти ташкилотларига улар томонидан меъёрий эҳтиёжлар ва келажакда аҳолининг ўсиши прогнозларидан келиб чиққан ҳолда, ичимлик суви билан таъминлаш учун сув олиш квотаси ажратилади.
62-модда. Суғориладиган ерлар учун сув олиш квотаси
Суғориладиган ерлар учун сув олиш квотаси суғориладиган ер участкаси майдонини бир гектар суғориладиган ер майдони учун сув олиш квотасини ажратиш нормативларига кўпайтириш орқали ҳисоб-китоб қилинади.
Гидрографик зонадаги бир гектар суғориладиган ер майдони учун сув олиш квотасини ажратиш нормативлари мазкур гидрографик зонадаги суғориладиган ерларда кейинги ўн гидрологик йил учун амалдаги ўртача сув олиш ҳажмларини мазкур гидрографик зонадаги суғориладиган ерларнинг умумий майдонига бўлиш орқали ҳисоб-китоб қилинади. Бунда тупроқнинг механик таркиби, жойлашган жойининг рельефи, сизот сувларнинг сатҳи, иқлим шароитлари, кўп йиллик сув таъминоти ва бошқа омиллар ҳам инобатга олинади.
Бир гектар суғориладиган ер майдони учун сув олиш квотасини ажратиш нормативи сув хўжалиги органлари томонидан ҳисоб-китоб қилинади ва бир йилда кўпи билан бир марта қайта кўриб чиқилиши мумкин.
63-модда. Суғориладиган ерлар билан боғлиқ бўлмаган сувдан фойдаланиш учун сув олиш квотаси
Суғориладиган ерлар билан боғлиқ бўлмаган сувга бўлган эҳтиёжларнинг технологик нормаларидан келиб чиққан ҳолда, ер усти сувларига нисбатан сув хўжалиги органлари томонидан ва ер ости сувларига нисбатан тоғ-кон саноати ва геология органлари томонидан сув олиш квоталари ажратилади.
64-модда. Сув олиш квотасининг амал қилиш муддати
Сув олиш квотасининг амал қилиш муддати:
сувни қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида оладиган ва ер участкасини ижара шартномаси асосида тасарруф этадиган сувдан фойдаланувчилар учун — ижара шартномаси амал қиладиган муддатга, аммо 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
сувни қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда оладиган сувдан фойдаланувчилар учун — 10 йилгача бўлган муддатга;
ичимлик суви таъминоти ташкилотларидан ташқари, сувни сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатнома асосида олувчи жисмоний ва юридик шахслар учун — махсус сувдан фойдаланиш рухсатномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар белгиланади.
Ичимлик суви таъминоти ташкилотларига сув олиш квотасининг амал қилиш муддати чекланмайди.
Сув олиш квоталарини ажратишда санитария ва экологик мақсадлар учун сувни чиқариб юбориш бўйича талабларга риоя этилиши инобатга олинади.
65-модда. Фаолият юритаётган сувдан фойдаланувчиларнинг манфаатларига жиддий таъсир кўрсатадиган сув олиш квоталарини ажратиш тартиби
Муайян гидрологик зонада кейинги ўн гидрологик йил давомида амалда олинган сувнинг ўртача йиллик ҳажмидан беш ва ундан ортиқ фоиз кўп миқдорда квота ажратиш тўғрисидаги талабнома фаолият юритаётган сувдан фойдаланувчиларнинг манфаатларига жиддий таъсир кўрсатувчи талабнома деб эътироф этилади.
Сувдан фойдаланувчилар учун талаб этиладиган қўшимча сув миқдори тегишли сув кенгашларининг қарорига мувофиқ ажратилади.
Ичимлик суви таъминоти учун сув олиш квотаси ажратилишини рад этишга йўл қўйилмайди.
Сувдан фойдаланувчилар ўзига тегишли бўлган сув олиш квотасининг бир қисмини шартнома асосида айни шу гидрографик зонадаги бошқа сувдан фойдаланувчига, уларга хизмат кўрсатувчи сув етказиб берувчи ташкилот билан келишилган ҳолда сотиши мумкин.
66-модда. Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома
Сувдан фойдаланиш сув етказиб берувчи ташкилот ва сувдан фойдаланувчи ўртасида тузиладиган сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилади.
Сув етказиб берувчи ташкилот сувдан фойдаланувчилардан сўровнома олганда, агар улар хизмат кўрсатиш ҳудудида жойлашган ва сув олиш квотасига эга бўлса, улар билан сувдан фойдаланиш тўғрисида шартнома тузиши шарт.
Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномада сув олиш квоталари, етказиб бериладиган сув ҳажмларини сув олишнинг ҳар йиллик ёки мавсумий лимитлари, сувни етказиб берганлик учун тўловнинг миқдорлари ва механизмлари, сув етказиб беришнинг бошқа шартлари, шунингдек тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига қараб ўзгартириш механизмлари шартлашиб олинади.
Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шакллари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан (бундан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти мустасно) Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (сувни табиий сув объектларидан олишда), Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (сувни ер ости сувларидан олишда), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани тузишда сув олиш квотасининг мавжудлиги мажбурий талаб ҳисобланади.
Тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига биноан сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномада белгиланади.
67-модда. Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш
Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар махсус ахборот тизимида электрон шаклда:
вилоятлараро ва трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган, шунингдек йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи айрим ташкилотлар билан тузилган шартномалар — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси таркибига кирадиган фойдаланувчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар — тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан;
сув етказиб берувчи ташкилотлар томонидан фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хизмат кўрсатиш ҳудудидаги бошқа сувдан фойдаланувчилар билан тузилган шартномалар — туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимлари (Қувасой шаҳар бўлими) томонидан рўйхатдан ўтказилади.
Сувдан фойдаланиш тўғрисида белгиланган тартибда тузилган шартномалар рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимларида (Қувасой шаҳар бўлимида) рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар реестри Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига ва унинг ҳудудий бўлинмаларига (сунъий сув объектларидаги сувдан фойдаланилганда), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг тегишли органларига (табиий сув объектларидаги сувдан фойдаланилганда) белгиланган тартибда назоратни таъминлаш учун берилади.
68-модда. Сув олиш лимитларини белгилаш
Сув олиш лимитлари:
сув манбаларининг кейинги гидрологик йилдаги сувлилиги прогнози;
сувдан фойдаланиш турларининг (иқтисодиёт тармоқларининг) устуворлиги;
ажратилаётган сув олиш квотасининг прогноз қилинаётган ҳажми инобатга олинган ҳолда белгиланади.
Ичимлик ва хўжалик-маиший, шунингдек даволаш эҳтиёжлари учун сув олиш лимитлари ажратилган сув олиш квотасидан кам бўлиши мумкин эмас.
Сув олиш лимитлари тегишли гидрографик зонадаги бошқа сувдан фойдаланувчилар учун сув олиш квоталарига нисбатан тенг фоизда белгиланади.
Сув олиш лимитлари сув манбалари, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан — йилига икки марта вегетация даври учун 20 мартгача (1 апрель — 30 сентябрь) ва куз-қиш даври учун 20 сентябргача (1 октябрь — 30 март) бўлган муддатда — Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, вилоятлараро ва трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган магистрал каналлар (тизимлар) бошқармаларига, энергетика, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти объектларидан фойдаланувчи алоҳида корхоналар ва ташкилотларга;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан — йилига икки марта вегетация даври учун 25 мартгача ва куз-қиш даври учун — 25 сентябргача бўлган муддатда ирригация тизимлари бошқармаларига, сув етказиб берувчи ташкилотларга, шунингдек бошқа алоҳида аҳамиятга эга бўлган сувдан фойдаланувчиларга;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан — вегетация даври учун 28 мартгача ва куз-қиш даври учун 28 сентябргача бўлган муддатда — сувдан фойдаланувчиларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (шахсий томорқа ер участкаларини суғориш учун), шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга белгиланади.
Ер остидан сув олиш лимити сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномаларда кўрсатилади ҳамда расмийлаштириш чоғида рухсатноманинг амал қиладиган муддатига белгиланади.
Сув манбаларининг сувлилиги камайган ёки кўпайган ҳолларда сув олиш лимитларига тузатишлар киритилиши мумкин.
Сувдан фойдаланишнинг белгиланган даври тугаганидан кейин икки ойлик муддатда махсус ваколатли органлар томонидан манбаларнинг амалдаги сувлилиги ҳисобга олинган ҳолда, ўтган давр учун сув олишнинг узил-кесил лимитлари тасдиқланади.
69-модда. Сув олиш лимитларини тасдиқлаш
Сув олиш лимитлари:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан Гидрометеорология хизмати агентлигининг прогнози асосида;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг буйруқлари билан;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан туман қишлоқ хўжалиги бўлими (Қувасой шаҳри бўлими) билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун сув олиш лимитини белгилаш учун сувдан фойдаланувчилар вегетация ва куз-қиш даврлари бошлангунига қадар бир ой олдин, суғориладиган деҳқончиликдан ташқари бошқа эҳтиёжлар учун эса — ҳар йили 1 сентябрга қадар — уларга хизмат кўрсатадиган сув етказиб берувчи ташкилотларга ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиши ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномалар (табиий сув манбаларидан сув олинганда);
белгиланган тартибда тасдиқланган сув етказиб бериш жадваллари (бундан сув қувурлари — ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимининг сувидан фойдаланувчилар мустасно).
Сув олиш лимитлари сув олишнинг рухсат этилган сув манбалари (дарё, сой, булоқ, сув ҳавзаси, ирригация тизими, магистрал канал (тизим), суғориш ва коллектор тармоғи, ер ости сувлари ва бошқа сув манбалари) бўйича умумий ҳажмини акс эттириши ҳамда ҳар ўн кунда аниқ сув олиш жойлари бўйича тақсимланган бўлиши керак.
Сув олиш лимитларини белгилашда иқтисодиёт тармоғининг устуворлигига ҳамда барча сувдан фойдаланувчиларнинг алоҳида сув манбалари ва ирригация тизимлари бўйича кутилаётган сувлилик ҳисобга олинган ҳолда, сув билан тенг баробарда таъминланишига риоя этилиши керак.
70-модда. Тежаб қолинган сувни бошқа шахсга бериш
Сувдан фойдаланувчи ўзига ажратилган сув олиш лимити доирасида тежаб қолинган сувни ёки сувга бўлган эҳтиёж қисқарганлиги натижасида тежаб қолинган сувни айни шу гидрографик зонадаги бошқа сувдан фойдаланувчига шартнома асосида бериши мумкин. Сув етказиб берувчи ташкилот сувдан фойдаланувчилар ўзига ажратилган сув олиш лимитлари доирасида иқтисод қилинган сувдан воз кечганлиги ёхуд сувга бўлган эҳтиёж қисқарганлиги муносабати билан пайдо бўлган ортиқча сувни бошқа талабгор фойдаланувчига етказиб бериши мумкин.
71-модда. Сув етказиб бериш жадвали
Сувдан фойдаланувчининг сув олиш лимитлари сув етказиб берувчи ташкилот ҳамда сувдан фойдаланувчи томонидан сувдан фойдаланувчиларнинг мавсумий эҳтиёжлари ва сувни бошқа сувдан фойдаланувчига етказиб бериш мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда имзоланадиган, сув етказиб бериш тўғрисидаги шартноманинг иловаси бўлган сув етказиб бериш жадвалига киритилади.
11-боб. Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳамда сув етказиб берувчи ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
72-модда. Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари
Сувдан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сув объектларидан улар қандай мақсадда берилган бўлса, ўша мақсадларда фойдаланиш;
сувдан фойдаланишни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда иншоотларни, қурилмаларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш;
берилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текшириш;
сув ресурсларини бошқаришга доир қарорлар қабул қилинишида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиш;
сув манбасининг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилигидан келиб чиққан ҳолда сув олиш лимитларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;
ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитларига ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқи бузилганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш;
сувдан фойдаланувчилар уюшмаларини ва бошқа бирлашмаларни қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этиш.
Сувдан фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
73-модда. Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.
Сувдан фойдаланувчиларнинг бузилган ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда тикланиши лозим.
74-модда. Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини чеклаш
Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, аҳолининг соғлиғини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида, шунингдек сув танқислигида, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда чекланиши мумкин. Бунда аҳолининг ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш шарт-шароитлари ёмонлашмаслиги керак.
Сувдан фойдаланувчиларнинг сувдан танҳо ҳолда фойдаланиш ҳуқуқлари мазкур сув объектини танҳо фойдаланишга берган ваколатли орган томонидан, сувдан махсус фойдаланиш ҳуқуқлари эса сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномани берган ваколатли органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда чекланиши мумкин.
75-модда. Сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари
Сувдан фойдаланувчилар:
ўзига берилган сув ресурсларини оқилона бошқариши ва улардан фойдаланиши, сувдан мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўймаслиги, сувни тежаб сарфлаш, унинг сифатини тиклаш ва яхшилаш чораларини кўриши;
белгиланган сув олиш лимитларига ва сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этиши;
сув объектларидан белгиланган мақсадларда фойдаланиши;
сувдан махсус фойдаланишда сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириши;
сувдан фойдаланиш тўғрисида шартнома тузиши, сув олиш учун ўз вақтида талабнома бериши;
таркибида ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган сувларнинг сув объектларига оқизилишини тўлиқ тўхтатиш чораларини кўриши;
бошқа сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув хўжалиги объектларига ва табиий ресурсларга (ерларга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, фойдали қазилмаларга ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаши, ўзига тегишли сув хўжалиги объектлари ва улардаги иншоотларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;
оқова сувлар сув объектларига ва жой рельефига оқизиладиган жойларни автоматик равишда мониторинг қилиш воситалари билан жиҳозлаши;
олинадиган сув миқдорининг ҳамда сув объектларига ва жой рельефига оқизиладиган оқова сувлар ҳажмининг ҳисобини юритиши ҳамда зарур ахборотни сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномани берган ваколатли органларга, шунингдек сув етказиб берувчи ташкилотларга тақдим этиши;
сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сув етказиб берувчи ташкилотларнинг хизматлари ва шартнома асосида кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни, шунингдек сув объектларига ҳамда жой рельефига ифлослантирувчи моддаларни оқизганлик учун компенсация тўловларини ўз вақтида тўлаши;
сувни тежаш ва рақамли технологияларни жорий этиш чораларини кўриши;
сувларнинг ифлосланиши, булғаниши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларига сувларнинг зарарли таъсирини бартараф этиш чораларини кўриши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини, соҳил бўйи минтақаларини ва санитария муҳофазаси зоналарини сақлашнинг белгиланган режимига риоя қилиши;
ўзининг сув хўжалиги объектларига сувлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборотни тақдим этиши;
сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида ўзига хизмат кўрсатадиган сув етказиб берувчи ташкилотларни, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ўз вақтида хабардор қилиши ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда, шунингдек сув объектларидаги таъмирлаш-тиклаш ишларида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиши;
балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.
Сувдан фойдаланувчиларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Ўз балансида вертикал суғориш қудуғига эга бўлган сувдан фойдаланувчи ташкилотлар ва жисмоний шахслар мазкур суғориш қудуғига бевосита туташ бўлган ер участкаси учун сув хўжалиги хизматлари тўловидан озод этилади.
76-модда. Сув ресурсларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари
Сув ресурсларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сувдан фойдаланувчилар ушбу Кодекснинг 75-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:
қишлоқ хўжалиги экинлари ва дов-дарахтларини суғориш, шунингдек яйловларга сув чиқаришнинг қулай режимини сақлаши;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва услубларини такомиллаштириши;
қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларнинг мониторинги асосида салбий жараёнларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиши;
қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг, шунингдек яйловларга сув чиқаришнинг қулай режимини сақлаб туриш;
сувни тежаш имконини берадиган агротехника тадбирларини амалга ошириши;
тупроқ унумдорлигини сақлаш имконини берадиган мелиорация тадбирларини амалга ошириши;
агар сувларнинг оқизиб юборилиши технологик жараёнда назарда тутилмаган бўлса, суғориш учун берилган сувларнинг коллектор-дренаж тармоғига, сув объектларига ва жой рельефига оқизиб юборилишига йўл қўймаслиги;
тегишлилиги бўйича сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш ишларида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиши шарт.
77-модда. Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан ёки балиқ овлаш участкаларидан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мажбуриятлари
Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари ёки балиқ овлаш участкалари ўзига фойдаланиш учун берилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ушбу Кодекснинг 75-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, белгиланган тартибда:
балиқ захираларининг урчиб кўпайиши учун шарт-шароитларни таъминлаши;
балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида ёки балиқ овлаш участкаларида ирригация-мелиорация тармоқларини ва бошқа иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, тиклаш ишларини амалга ошириши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши;
зарур мелиорация ишларини олиб бориши ҳамда ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жойлашган жойлардаги соҳил бўйи участкаларини лозим даражада санитария ҳолатида сақлаши шарт.
78-модда. Сув объектларидан фойдаланишни, сув беришни ўзбошимчалик билан тартибга солишни ҳамда ўзбошимчалик билан сув олишни тақиқлаш
Алоҳида давлат аҳамиятига ёхуд алоҳида илмий ёки маданий қимматга эга бўлган сув объектларидан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда қисман ёки батамом тақиқланиши мумкин.
Сувдан фойдаланувчиларнинг сув етказиб берувчи ташкилотлар билан келишилмаган ҳолда, сув узатилишини кўпайтириш ёки камайтириш мақсадида сув объектларидаги гидротехника иншоотларини ўзбошимчалик билан ўзгартириши, шунингдек уларга муваққат тўсиқларни, насос станцияларини, насосларни, сувни кўтарадиган ва сув оладиган бошқа иншоотларни ўрнатиши тақиқланади.
Ўзбошимчалик билан сув олиш тақиқланади.
79-модда. Сунъий сув объектлари ва гидротехника иншоотлари орқали тракторлар, транспорт воситаларининг ўтишини, чорва молларининг ҳайдаб ўтилишини тақиқлаш
Каналлар, бошқа сунъий сув объектлари, гидротехника иншоотлари ва бошқа сув хўжалиги объектлари орқали ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган жойлардан қишлоқ хўжалиги машиналарининг (тракторлар ва бошқаларнинг), автомобилларнинг ҳамда бошқа транспорт воситаларининг ўтиши, шунингдек чорва молларининг ҳайдаб ўтилиши ва суғорилиши тақиқланади.
Сув объектларида чорва молларини суғоришга, шунингдек уларни чўмилтиришга ушбу мақсадлар учун махсус жиҳозланган жойларда рухсат этилади.
80-модда. Сув етказиб берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари
Сув етказиб берувчи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сувдан фойдаланишни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда иншоотлар, қурилмаларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилишни амалга ошириш;
берилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текширишни амалга ошириш;
кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўланишини талаб қилиш;
сувдан фойдаланувчиларга сув етказиб беришни сувдан фойдаланиш қоидалари бузилганда, сувдан мақсадсиз фойдаланилганда, сув олиш лимитлари ошириб юборилганда, шунингдек сув етказиб берганлик учун ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун ўз вақтида ҳақ тўланмаган ҳолларда, аниқланган шартнома шартларининг бузилишлари бартараф этилгунига қадар тўхтатиб туриш;
ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитларига ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқининг бузилганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш.
Сув етказиб берувчи ташкилот қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
81-модда. Сув етказиб берувчи ташкилотнинг мажбуриятлари
Сув етказиб берувчи ташкилот:
сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиши, улардан мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўймаслиги, сувдан тежамкор равишда фойдаланиши, сувнинг сифатини тиклаши ва яхшилаши;
белгиланган сув олиш лимитларига ва сувдан фойдаланиш тартибига риоя этиши;
сув объектлари қандай мақсадлар учун фойдаланишга берилган бўлса, улардан фақат шу мақсадларда фойдаланиши;
ташлама сувлар ҳажмининг кўпайиши ҳолларининг олдини олиши;
сув етказиб бериш тўғрисида шартномалар тузиши ва белгиланган сифатдаги сувнинг белгиланган миқдорда ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаши;
сув етказиб бериш тўғрисидаги шартнома бўйича охиригача олинмаган сувнинг ўрнини қоплаши, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
таркибида белгиланган нормадан ортиқ ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқова сувларни сув объектларига оқизиб юборишни тугатиш чораларини кўриши;
сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектларига ва табиий ресурсларга (ерларга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, фойдали қазилмаларга ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаши, сув хўжалиги объектларини ва улардаги иншоотларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан мақсадли фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;
олинадиган сувнинг ҳамда сув объектларига ва жой рельефига оқизиб юбориладиган оқова сувлар ҳажмининг ҳисобини юритиши ҳамда ваколатли органларга ва ўзига хизмат кўрсатиладиган сувдан фойдаланувчиларга зарур ахборотни тақдим этиши;
сувни тежаш ва сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, сувни етказиб беришдаги йўқотишларни қисқартириш чораларини кўриши, сувни қонунга хилоф равишда олишнинг назорат қилинишини таъминлаши;
сувларнинг ифлосланиши, булғаниши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширишда иштирок этиши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя этиши;
сувлардан фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини ўзининг сув хўжалиги объектларига белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборот тақдим этиши;
сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида сувдан фойдаланувчиларни, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ўз вақтида хабардор қилиши, шунингдек уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда иштирок этиши;
балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.
Сув етказиб берувчи ташкилотнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
12-боб. Сувдан фойдаланувчиларнинг бирлашмалари, нодавлат ташкилотлари, улар аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
82-модда. Сувдан фойдаланиш соҳасидаги уюшмалар ва бошқа нодавлат ташкилотлари
Сувдан фойдаланувчилар сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида нодавлат ташкилотлари бўлган уюшмалар, иттифоқлар ва бошқа бирлашмаларни ташкил этиши мумкин.
83-модда. Сувдан фойдаланувчилар уюшмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
уюшма аъзоларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш;
хизмат кўрсатувчи сув етказиб берувчи ташкилотдан сувдан фойдаланувчилар ўртасида сувнинг адолатли равишда тақсимланиши ва берилишини талаб қилиш;
суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини ҳамда бошқа сув хўжалиги объектларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш режаларини ишлаб чиқишда, бош сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш тадбирлари режаларини ишлаб чиқишда таклифлар билан иштирок этиш;
республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таклифлар киритиш, уларнинг қарорларини тайёрлашда қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиш;
уюшмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун иттифоқларга аъзо бўлиб кириш.
Сувдан фойдаланувчилар уюшмаси қонунчиликка ва сувдан фойдаланувчилар уюшмасининг уставларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Сувдан фойдаланувчилар уюшмаси:
сув тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;
сувдан фойдаланувчилар уюшмасининг мол-мулкидан ва маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги ахборотнинг ўз аъзолари учун очиқлигини ва ундан фойдаланишини таъминлаши;
рўйхатга олувчи органга, солиқ органларига ва давлат статистика органларига белгиланган тартибда ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиши шарт.
Сувдан фойдаланувчилар уюшмаларининг зиммасида қонунчиликка ва сувдан фойдаланувчилар уюшмасининг уставларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
IV БЎЛИМ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ
13-боб. Сув ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш
84-модда. Сув омборларидан фойдаланиш
Сув омборларини сувга тўлдириш ва улардан сув чиқариш режими, сув сатҳининг ўзгариш режими, гидротехника иншоотлари орқали сувнинг ўтиш режими, кемаларнинг монеликсиз ва хавфсиз ўтиши, шунингдек балиқларнинг уруғ ташлайдиган жойларга ўта олишини таъминлаш сув омборларидан фойдаланиш қоидалари билан белгиланади.
Сув омборларидаги тўғонлар, дамбалардан, сув ўтказадиган ва сув оладиган иншоотлардан, гидроэнергетика мажмуаларидан ҳамда бошқа иншоотлардан фойдаланувчи ташкилотлар фойдаланиш қоидалари ҳамда сув омборларининг таъсир зоналарида жойлашган сувдан фойдаланувчиларнинг, ер участкалари мулкдорларининг, ер эгаларининг ва ердан фойдаланувчиларнинг манфаатлари, шунингдек экологик мақсадлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланган сув омборларини сувга тўлдириш ва улардан сув чиқариш режимига риоя этиши, шу жумладан сувни экологик мақсадларда чиқариб юбориш режимига риоя этиши шарт.
Сув омборларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда бошқа манфаатдор органлар билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар бир сув омбори учун тасдиқланадиган қоидаларда белгиланади.
85-модда. Сув омборларининг техник ҳолатини ва ободонлаштирилишини таъминлайдиган тадбирларни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш
Сув омборларининг техник ҳолатини ва ободонлаштирилишини таъминлайдиган тадбирларни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш тегишли сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
86-модда. Кўллардан ва бошқа сув ҳавзаларидан сув омборлари сифатида фойдаланиш тартиби
Кўллардан ва бошқа сув ҳавзаларидан сув омборлари сифатида фойдаланиш ушбу Кодекснинг 84 ва 85-моддалари қоидалари, шунингдек уларнинг мақоми (рекреация жиҳатидан аҳамияти, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар) ҳисобга олинган ҳолда, ушбу Кодексда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
87-модда. Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш тартиби
Сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари томонидан фойдаланиладиган гидротехника иншоотлари давлат мулки бўлиб, улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.
Давлат-хусусий шериклик принциплари асосида хусусий секторга бошқаришга берилган гидротехника иншоотлари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қарорларига кўра қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига берилган гидротехника иншоотларидан улар томонидан белгиланган мақсадга кўра фойдаланилади.
Сувдан фойдаланувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қурилган гидротехника иншоотларидан уларнинг тегишлилиги бўйича фойдаланилади.
Сув хўжалиги органлари сувдан фойдаланувчилар билан шартномавий асосда сув хўжалиги объектидаги гидротехника иншоотларига техник хизмат кўрсатишни амалга ошириши мумкин.
14-боб. Сув объектларидан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти учун фойдаланиш
88-модда. Сув объектларини аҳолининг ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари учун устувор равишда бериш
Сув объектлари биринчи навбатда аҳолининг ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжларини қаноатлантириш учун фойдаланишга берилади.
Аҳолининг ичимлик, хўжалик-маиший сув таъминоти ва бошқа эҳтиёжлари учун бериладиган сув объектлари сувининг сифати белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, шунингдек миллий стандартларга мувофиқ бўлиши керак.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти учун берилган сув объектларидан фойдаланиш ушбу Кодексга мувофиқ амалга оширилади.
89-модда. Ер ости чучук сувларидан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланишни чеклаш
Ер ости чучук сувларидан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун фойдаланишга йўл қўйилмайди, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Зарур бўлган ер усти сув манбалари бўлмаган ҳамда ер ости чучук сувларининг етарли захиралари бўлган ҳудудларда тасдиқланган лимитларга мувофиқ тоғ-кон саноати ва геология органлари ушбу сувлардан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун фойдаланишга рухсат бериши мумкин.
Ер ости сувларининг давлат мониторинги натижалари бўйича ер ости чучук сувлари сатҳининг тизимли камайиши белгиланган ҳудудларда қудуқларни қазиш, гидрогеологик хулоса ва сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома бериш чекланиши, тўхтатиб турилиши ёки тақиқланиши мумкин.
90-модда. Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаларининг хавфсизлигини таъминлаш
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, юридик шахслар мулкчилик шаклидан қатъи назар ва жисмоний шахслар ичимлик ҳамда хўжалик-маиший сув таъминоти учун фойдаланиладиган сув манбаларида санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативлари ва миллий стандартлар талабларига мувофиқ сувнинг сифатини сақлаши шарт.
15-боб. Сув объектларидан даволаш, курорт ва соғломлаштириш мақсадларида фойдаланиш
91-модда. Шифобахш сувлар тоифасига киритилган сув объектларидан биринчи навбатда даволаш ва курорт мақсадларида фойдаланиш
Белгиланган тартибда шифобахш сувлар тоифасига киритилган сув объектларидан, энг аввало, даволаш ва курорт мақсадларида фойдаланилади.
Сув хўжалиги ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, тоғ-кон саноати ва геология органлари айрим ҳолларда тегишлилигига кўра шифобахш сувлар тоифасига киритилган сув объектларидан соғлиқни сақлаш органлари ва санатория-курорт бошқармалари билан келишувга кўра бошқа мақсадлар учун фойдаланишга рухсат бериши мумкин.
Шифобахш сувлар тоифасига киритилган сув объектларига сув ташлаш тақиқланади.
92-модда. Сув объектларидан дам олиш, туризм ва спорт учун фойдаланиш
Сув объектларидан дам олиш, туризм ва спорт учун фойдаланиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
16-боб. Сув объектларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш
93-модда. Сувдан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш
Сувдан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш сувдан махсус фойдаланиш шартлари асосида сув олиш квоталари ва сув олиш лимитлари бўйича сувдан фойдаланишнинг белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги экинларини оқова сувлар билан суғориш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари билан келишувга кўра экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг рухсати билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Тупроқ унумдорлигига ва етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига зарарли таъсир кўрсатадиган сувларни қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун бериш тақиқланади.
94-модда. Сув объектларидан шахсий томорқа ер участкаларини суғориш учун фойдаланиш
Фуқароларнинг экинзорларини ва шахсий томорқа ер участкаларини суғориш учун сув объектларидан фойдаланиш фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сув олиш квоталари ва сув олиш лимитларида назарда тутилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг экинзорларни ва шахсий томорқа ер участкаларини суғориш учун сувга бўлган эҳтиёжларини умумлаштиради, сувдан фойдаланиш тўғрисида шартномалар тузади ва улар ўртасида сувдан фойдаланиш тартибини белгилайди, шунингдек суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини ташкил этади.
95-модда. Сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини қўллашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини қўллаш кўламини янада кенгайтириш, сув ресурсларидан фойдаланиш унумдорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари давлат томонидан тартибга солишнинг қуйидаги чораларини қўллайди:
сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини жорий этадиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш;
суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқлари, шунингдек насос станциялари ёки насослар ёрдамида суғориладиган экин майдонларида сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини кенг жорий этиш;
сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологиялари бўйича тадқиқотлар, ишланмаларни рағбатлантириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитлари ҳамда аввал ўтказилган синовлар тажрибаси, шунингдек янги юқори самарали тизимларни яратиш ишлари ҳисобга олинган ҳолда рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;
сувни тежашнинг мавжуд усуллари, шу жумладан ер устидан суғоришнинг юқори самарали услублари ва технологиялари тўғрисидаги хабардорликни ошириш;
сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини лойиҳалаштириш, жорий этиш ва қўллаш бўйича услубий тавсияларни, шу жумладан суғориладиган майдонларнинг, қишлоқ хўжалиги экинларининг ва улар навларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, улардан самарали фойдаланишни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш;
сувни тежайдиган суғориш услублари ва технологияларини жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича мутахассислар тайёрланиши, қайта тайёрланиши ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги экин майдонларини режалаштириш технологияси қўлланилишини автоматлаштирилган лазерли текислагичлардан, шунингдек замонавий эгилувчан қувурлар ёрдамида суғоришнинг ер ости ёпиқ тизимидан фойдаланган ҳолда кенгайтириш;
саноатда ҳамда хўжалик-маиший сув таъминотида сув айланишининг илмий асосланган нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
сув ресурсларининг унумдорлигини мониторинг қилиш ва мақсадли яхшилаш учун масофадан зондлаш тизимларидан фойдаланиш;
сув айланишини ва бошқа ташкилий чора-тадбирларни, шунингдек далада сувнинг йўқотилишига ёки ундан оқилона фойдаланмасликка қарши курашишга қаратилган технологияларни жорий этиш.
17-боб. Сув объектларидан саноат мақсадлари, кончилик иши ва энергетика эҳтиёжлари учун фойдаланиш
96-модда. Сув объектларидан саноат мақсадлари ҳамда иссиқлик ва атом энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланиш
Сув объектларидан саноат мақсадлари ҳамда иссиқлик ва атом энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланадиган сувдан фойдаланувчилар, ушбу Кодекснинг 75-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, сув таъминотининг айланма ҳамда такрорий тизимларини жорий этиш орқали сув сарфини камайтириш ва оқова сувларнинг сув объектларига оқизиб юборилишини тугатиш бўйича чоралар кўриши, шунингдек сувнинг радиоактив ифлосланиши белгиланган нормалардан ошишига йўл қўймаслиги шарт.
Янги саноат объектлари лойиҳалаштирилаётганда ва амалдагилари реконструкция қилинаётганда айланма сув таъминоти назарда тутилиши керак, бундан ишлаб чиқариш шарт-шароитларига кўра айланма сув таъминотига ўтказилиши мумкин бўлмаган корхоналар ва бошқа объектлар мустасно.
Айланма сув таъминотига эга бўлмаган ишлаб турган корхоналар учун экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари томонидан сув хўжалиги органлари ҳамда бошқа ваколатли органлар билан келишувга кўра қонунчиликка мувофиқ уларни айланма сув таъминоти тизимига ўтказиш муддатлари белгиланади.
97-модда. Сув объектларидан гидроэнергетика эҳтиёжлари учун фойдаланиш
Сув объектларидан гидроэнергетика эҳтиёжлари учун фойдаланиш электр энергетикаси тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ва аҳолининг манфаатлари ҳисобга олиниб, сувлардан комплекс ва оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилган ҳолда сув хўжалиги органлари билан келишувга кўра амалга оширилади.
Гидроэнергетика корхоналари ушбу Кодекснинг 96-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:
сув объектларининг фойдаланиш қоидаларида белгиланган иш режимига, шу жумладан сув омборларини тўлдириш ва улардан сув чиқариш ҳамда сувнинг юқори ва қуйи сатҳи ўзгаришининг режимига риоя этиши;
санитария ва табиатни муҳофаза қилиш мақсадларида сув чиқариб турилишини таъминлаши шарт.
18-боб. Сув объектларидан балиқчилик ва овчилик хўжалиги эҳтиёжлари ҳамда ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун фойдаланиш
98-модда. Сув объектларидан балиқчилик ва овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш
Балиқчилик (шу жумладан саноат мақсадида балиқ овлаш) ва балиқ етиштириш, балиқ ресурсларини ҳамда бошқа тегишли ресурсларни сақлаш ва урчитиб кўпайтириш мақсадида сув объектлари ёки уларнинг қисмлари, шунингдек сувни ва сув объектларини муҳофаза қилиш чизиғи участкалари балиқчилик хўжалигининг эҳтиёжлари учун берилиши мумкин.
Ёввойи ҳайвонлар ва қушлар яшайдиган жой бўлиб хизмат қиладиган сув объектларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун ов қилиш жойлари сифатида фойдаланиш мумкин.
Давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат биосфера резерватларининг ва муҳофаза қилинадиган бошқа табиий ҳудудларнинг сув объектлари ов қилиш жойларига кирмайди.
Ов қилиш жойлари овчилик хўжалигини юритиш учун юридик шахсларга берилиши мумкин.
Сув объектларидан балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Сув объектларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
99-модда. Балиқчилик хўжалиги манфаатларини кўзлаб сувдан фойдаланишни чеклаш
Балиқларнинг қимматли турларини ҳамда сув билан боғлиқ бошқа ов қилиш объектларини сақлаб қолиш ва урчитиб кўпайтириш учун алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган балиқчилик хўжалигининг сув ҳавзаларида ёки уларнинг айрим участкаларида сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари балиқчилик хўжалиги манфаатларини кўзлаб чекланиши мумкин.
Бундай сув ҳавзаларининг ёки улар участкаларининг рўйхати ҳамда сувдан фойдаланишни чеклаш турлари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари ҳамда сув хўжалиги органлари томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
100-модда. Балиқ захираларини муҳофаза қилиш ва урчитиб кўпайтириш бўйича тадбирлар
Балиқчилик хўжалигининг сув ҳавзаларидаги гидротехника иншоотларини ва бошқа иншоотларни ишлатишда балиқ захиралари муҳофаза қилинишини ва уларни урчитиб кўпайтириш учун шарт-шароитларни таъминловчи тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши керак.
Балиқчилик хўжалигининг сув ҳавзаларидаги балиқлар уруғ ташлайдиган жойларга ва уларнинг қишлов уялари жойлашган ерларга тупроқ тўкишга ҳамда балиқ захираларининг ҳолатига ва уларни урчитиб кўпайтириш шароитларига салбий таъсир этувчи бошқа ишларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Саноат мақсадлари, суғориш ва бошқа эҳтиёжлар учун балиқчилик хўжалигининг сув ҳавзаларидан сув олиш фақат экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари билан келишувга кўра сув чиқариш иншоотларига балиқ тушиб қолиши мумкинлигини истисно этадиган махсус мосламалар ўрнатилиши шарти билан амалга оширилиши мумкин.
101-модда. Сув объектларидан спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш учун фойдаланиш
Сув ҳавзаларида спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлашга овчилар ва балиқчиларнинг жамоат бирлашмаларига бириктирилган жойларда ушбу жамиятларнинг рухсатномаси асосида бепул ёки ҳақ эвазига рухсат этилади, бундан давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг ҳудудидаги сув ҳавзалари ва муҳофаза қилинадиган бошқа табиий ҳудудлар мустасно. Сув объектлари ёки уларнинг айрим участкалари овчилар ва балиқчиларнинг жамоат бирлашмаларига ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда бириктирилиши мумкин.
Балиқчилик хўжалиги ташкилотларига бириктирилган табиий сув ҳавзаларида, балиқчилик питомникларида ҳамда ҳовуз хўжаликларида, шунингдек овчилар ва балиқчиларнинг жамоат бирлашмаларига бириктирилган жойларда спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш уларнинг рухсатномаларига кўра амалга оширилади.
102-модда. Балиқ етиштириш учун сунъий сув ҳавзаларидан фойдаланиш
Балиқ етиштириш учун сунъий сув ҳавзаларидан фойдаланишга қонунчилик талабларига риоя этилганда йўл қўйилади.
Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш учун фойдаланилган сувлар оқова сувлар тоифасига тенглаштирилади ва ушбу Кодексда белгиланган тартибда нормалаштирилади.
103-модда. Овчилик хўжалигини юритишни амалга ошираётган юридик ва (ёки) жисмоний шахсларга сувдан фойдаланишнинг имтиёзли ҳуқуқларини бериш
Сувда сузувчи ёввойи қушлар ва қимматли мўйнали ҳайвонлар маскани бўлган дарёларда, кўлларда ва бошқа сув объектларида овчилик хўжалигини юритишни амалга ошираётган юридик ва (ёки) жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда сувдан комплекс фойдаланиш талабларини ҳисобга олган ҳолда сувдан фойдаланишнинг имтиёзли ҳуқуқлари берилиши мумкин.
Фойдаланиш режими сувда сузувчи ёввойи қушларнинг ва қимматли мўйнали ҳайвонларнинг оммавий яшаш жойларига таъсир кўрсатадиган сув омборларини, бошқа сув объектларини ҳамда сув хўжалиги иншоотларини ишлатишда овчилик хўжалигини юритиш манфаатлари ҳисобга олиниши керак.
104-модда. Сув объектларидан фойдаланишни чеклаш
Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган қимматбаҳо, камёб ва йўқолиб кетаётган ёввойи ҳайвонларнинг яшаш жойларида ҳамда уларнинг ҳайвонот дунёсини кўпайтириш ва муҳофаза қилиш тадбирлари амалга оширилаётган айрим участкаларида сув объектларининг ҳолатини ёмонлаштирадиган ҳаваскорлик йўли билан ва саноат мақсадида ов қилиш, жисмоний шахсларнинг келиши, хўжалик ҳамда бошқа фаолият чекланиши мумкин.
105-модда. Сув объектларидан ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун фойдаланиш
Ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун ҳар қандай сув объектларидан сув олишга йўл қўйилади.
19-боб. Сув объектларидан ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун, шунингдек кема қатнови эҳтиёжлари учун фойдаланиш
106-модда. Сув объектларидан ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун фойдаланиш шартлари
Сув объектларидан ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун фойдаланиш сувдан умумий ҳамда махсус фойдаланиш тартибида амалга оширилади.
Ўрмон фондини, шунингдек ўрмон фондига кирмайдиган кўп йиллик дов-дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида суғориш тизимини яратиш ҳамда унинг самарали ишлаб туришини таъминлаш назарда тутилади.
Сувни ва сув объектларини муҳофаза қилиш, уларни сақлаш мақсадида дарёлар, кўллар қирғоқлари, сув омборлари ва бошқа сув объектлари, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш зоналари ҳамда унинг айрим участкалари бўйлаб иҳота дарахтзорлари ташкил этилади.
107-модда. Сув объектларидан ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби
Сув объектларидан ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби ушбу Кодекс, ўрмон тўғрисидаги қонунчилик ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
108-модда. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сув объектларидан фойдаланиш тартиби ва уларни муҳофаза қилиш чоралари
Давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг ҳамда давлат биосфера резерватларининг, асосан сувда сузувчи қушлар яшайдиган жой сифатида халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқ ерларнинг ва муҳофаза этиладиган бошқа табиий ҳудудларнинг сув объектларидан уларнинг режимига мувофиқ балиқ овлаш, ов қилиш, сув ўсимликлари ва организмларини йиғиш учун фойдаланиш, шунингдек ушбу сувларнинг табиий ҳолатини бузадиган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади.
Давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат биосфера резерватларининг сув объектларига оқова сувларни оқизиш тақиқланади.
Муҳофаза этиладиган бошқа табиий ҳудудларнинг сув объектларига оқова сувларни оқизишга, шунингдек ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга оширишга ушбу Кодексда белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда уларнинг режимига мувофиқ йўл қўйилади.
Устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига эга бўлган сув объектлари ёки уларнинг айрим участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар деб эълон қилинади ва хўжалик мақсадида фойдаланишдан чиқарилади.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сувларидан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш режимини ўрнатиш қонунчиликда белгиланади.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сув объектларини олиб қўйишга зарур бўлган алоҳида ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органлар томонидан йўл қўйилади.
109-модда. Кема қатнайдиган сув объектлари
Дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар биргаликда фойдаланадиган сув объектларидир, бундан улардан ушбу мақсадларда фойдаланиш тўла ёки қисман тақиқланган ёхуд улар танҳо фойдаланишга берилган ҳоллар мустасно.
Кема қатнови учун сув объектларидан фойдаланиш сув хўжалиги органлари, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари ҳамда транспорт соҳасидаги ваколатли органлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Сув объектларидан кичик кемаларда (эшкакли ва моторли қайиқларда, катерларда, елканли яхталар ва шу кабиларда) сузиб юриш учун фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кичик кемалардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилган ҳолда рухсат берилади.
20-боб. Сув объектларидан оқова сувларни ва коллектор-дренаж сувларини оқизиш учун фойдаланиш
110-модда. Сув объектларига оқова сувларни ва коллектор-дренаж сувларини оқизишга йўл қўйиш шартлари
Оқова сувларни ва коллектор-дренаж сувларини сув объектларига оқизиш сувдан махсус фойдаланиш тоифасига киради ҳамда бунга фақат сув объектлари таркибидаги ифлослантирувчи моддаларнинг белгиланган нормалардан ошиб кетишига олиб келмайдиган ҳолларда ҳамда сувдан фойдаланувчи экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари томонидан белгиланган даражаларгача етказиб тозалаб бериш шарти билан йўл қўйилади.
Агар мазкур талаблар бузилаётган бўлса, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари томонидан оқова сувларни оқизиш чекланиши ёки тақиқланиши керак. Аҳолининг соғлиғига хавф туғдирадиган ҳолларда ишлаб чиқариш ва бошқа объектлардан фойдаланиш тўхтатиб турилиши керак.
Сув объектларига оқова сувлар оқизилишини назарда тутувчи объектларни лойиҳалаштиришда ва қуришда экология ҳамда санитария нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши шарт.
111-модда. Оқова сувлардан ҳудудларни кўкаламзорлаштириш учун такроран фойдаланиш
Оқова сувлардан ҳудудларни кўкаламзорлаштириш учун такроран фойдаланишга улар тозаланганидан кейин, зарур бўлган тақдирда ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари билан келишувга кўра белгиланган тартибда йўл қўйилади.
21-боб. Сув объектларининг норуда фойдали қазилмаларидан фойдаланиш
112-модда. Сув объектларининг туби ва қирғоқлари ўзгариши билан боғлиқ бўлган ишларни амалга ошириш
Сув объектларининг туби ва қирғоқлари ўзгариши билан боғлиқ бўлган ўзан тубини чуқурлаштириш, сув хўжалиги, портлатиш, бурғилаш ишлари ва бошқа ишлар ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
113-модда. Дарёлар ва сойлар ўзанларини тозалаш ҳамда уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш
Дарёлар ва сойлар ўзанларини тозалаш ҳамда уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари тошқин сувларини ва сел оқимларини хавфсиз ўтказиб юбориш, транспорт инфратузилмаси объектларининг ҳамда сув хўжалиги объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш, шунингдек сув объектларининг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида амалга оширилади.
Дарёлар ва сойлар ўзанларини тозалаш ҳамда уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари, шунингдек тошқин сувлари ва сел оқимлари хавфсиз ўтказиб юборилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Дарёлар ва сойлар ўзанларини тозалаш ҳамда уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли орган томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши лозим.
Дарёлар ва сойлар ўзанларини тозалаш жараёнида қазиб олинган қум-шағал материалларидан, биринчи навбатда, қирғоқларни мустаҳкамлаш учун фойдаланилади. Дарёлар ва сойлар ўзанларини тозалаш жараёнида қазиб олинган ҳамда қирғоқларни мустаҳкамлаш учун фойдаланилмаган қум-шағал материаллари белгиланган тартибда реализация қилиниши (сотилиши) мумкин.
114-модда. Сув объектлари тубидаги тупроқдан фойдаланиш
Сув объектлари тубидан чиқарилган тупроқдан сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари билан келишувга кўра фойдаланилиши мумкин. Бунда сув тубидаги тупроқ таркибида норуда фойдали қазилмалар бўлмаслиги керак.
V БЎЛИМ. СУВНИ ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ, СУВНИНГ ЗАРАРЛИ ТАЪСИРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
22-боб. Сувни ва сув объектларини муҳофаза қилиш
115-модда. Сувни ва сув объектларини муҳофаза қилиш вазифалари
Сув ва сув объектлари аҳолининг соғлиғига зарар етказиши, сув таъминоти шароитларини ёмонлаштириши, шунингдек балиқ захираларининг камайишига ва бошқа кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин бўлган, сувнинг физикавий, кимёвий ва биологик хоссалари ўзгаришининг, сувнинг табиий тозаланиш хусусияти камайишининг, сувнинг гидрологик ва гидрогеологик режими бузилишининг олдини олиш мақсадида булғатиш, ифлослантириш ва камайишдан муҳофаза қилиниши лозим.
116-модда. Сувни ва сув объектларини муҳофаза қилишни таъминлаш ҳамда сув режимини ва сувнинг ҳолатини яхшилаш тадбирлари
Фаолияти сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган ташкилотлар ҳамда муассасалар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, сув хўжалиги органлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органлари ҳамда бошқа манфаатдор органлар билан келишган ҳолда, технологик, ўрмон-мелиорация, агротехника, ирригация, санитария-техника тадбирларини ўтказиши шарт.
117-модда. Сувни ва сув объектларини булғатиш ҳамда ифлослантиришдан муҳофаза қилиш
Юридик ва жисмоний шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
сув объектларига ишлаб чиқариш, маиший ва бошқа турдаги тозаланмаган оқова сувлар, чиқитлар ҳамда чиқиндиларни ташлаш;
мойларнинг, ёғочнинг, кимёвий, нефть маҳсулотларининг ҳамда бошқа маҳсулотларнинг тўкилиб-сочилиши натижасида сувни ва сув объектларини булғатиш ва ифлослантириш;
сув тўпланадиган жойларнинг, муз қопламасининг, сув ҳавзаларининг юзасини саноатдаги ташландиқ нарсалар, маиший ва бошқа чиқитлар, чиқинди ҳамда ташландиқ чиқитлар, шунингдек ювилиб кетиши ер усти ва ер ости сувларининг сифати ёмонлашишига олиб келадиган нефть ва кимёвий маҳсулотлар билан булғатиш ҳамда ифлослантириш;
сувларни ўғитлар, заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа зарарли моддалар билан булғатиш;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналари режимини бузиш.
Оқова сувларни ва коллектор-дренаж сувларини сув объектларига оқизишга фақат ушбу Кодекснинг 110 ва 111-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади.
118-модда. Ер усти сувларини ва ер ости сувларини камайишдан муҳофаза қилиш
Ер усти сувларининг камайиши деганда ер усти сувларининг муайян ҳудуд ёки ҳавза доирасидаги йўл қўйиладиган энг кам миқдорига, захираларига нисбатан уларнинг барқарор камайиши ва (ёки) сифати ёмонлашиши тушунилади.
Ер ости сувларининг камайиши деганда ер ости сувлари конларининг ёки сувли қатламнинг муайян ҳудуди ёки ҳавзаси доирасида ер ости сувларининг ўзгарувчан (табиий) захираларининг барқарор камайиши ва (ёки) сифати ёмонлашиши тушунилади.
Ер ости сувларининг меъёридан ортиқ олиниши ҳамда сувли қатламга сувнинг етарлича оқиб келмаслиги ёки унинг тўлмаслиги, ўзи қуйиладиган артезиан қудуқлар назорат қилинмаслиги ва бошқа сабаблар оқибатида фойдаланиладиган сувли қатламнинг ўзгарувчан даражаларининг вақт ўтган сайин барқарор ҳамда жадал камайиши, шунингдек сувли қатламларнинг ифлосланиши ер ости сувлари камайишининг белгисидир.
Юридик ва жисмоний шахслар ер усти сувларини ва ер ости сувларини муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг камайишига йўл қўймаслик юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриши шарт.
119-модда. Алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган сув объектларини муҳофаза қилиш
Алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган сув объектларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий режими ушбу Кодексда, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
сув объектларидаги барқарор сув оқими, экологик тизимларни сақлаш ва тиклаш учун экология ҳамда санитария мақсадларида сув чиқариб турилиши устуворлигини таъминлаш;
сув объектининг экологик тизими учун техноген юклама ва сув сифати нормативларини белгилаш;
сув объекти акваториясини сув ва шамол эрозиясидан, чўлланишдан, ботқоқланишдан, иккиламчи шўрланишдан, ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндилари ҳамда бошқа ифлослантирувчи моддалар билан ифлосланишдан ҳимоя қилиш;
антропоген аралашув ёки табиий офатлар натижасида бузилган сув фонди ерларини рекультивация қилиш;
санитария-эпидемиологик ва экологик вазиятни сақлаш ҳамда яхшилашга қаратилган иқтисодий фаолиятнинг алоҳида режимини ўрнатиш;
табиий ҳудудлардаги сув объектларини сақлашга қаратилган бошқа тадбирлар.
Алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган сув объектларида ва уларга туташ ҳудудларда қуйидагилар тақиқланади:
сув объекти ҳавзасининг табиий экотизимлари бузилишига, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган атроф-муҳитнинг ўзгаришига сабаб бўладиган фаолият;
зарарсизлантириш ёки утилизация қилиш имкони бўлмаган радиоактив чиқиндилар ва маҳсулотларни сувни муҳофаза қилиш зоналарига олиб кириш, ушбу зоналарда сақлаш ёки кўмиш;
қамишни ва бошқа ўсимликларни ўриш, уларни ёқиш, дарахтларни томири билан суғуриб олиш, балиқлар увулдириқ ташлайдиган жой сифатида аҳамиятга эга бўлган дарёлар ўзанларига ишлов бериш;
мажбурий давлат экология-санитария экспертизасини ўтказмасдан, ишларни бажариш бўйича хўжалик фаолиятини амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш;
алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган сув объектларининг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган бошқа фаолият.
Сувдан ва сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг бош ҳамда ҳавза схемаларини тузишда алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган сув объектларида хўжалик фаолиятини тартибга солиш режимининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинади.
Алоҳида давлат аҳамиятига эга бўлган сув объектларининг рўйхати ва уларда хўжалик фаолиятини тартибга солишга доир ҳуқуқий режимнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
120-модда. Кичик дарёлар ва сойларни муҳофаза қилиш
Кичик дарёлар ва сойлардан фойдаланиш сувдан умумий ёки махсус фойдаланиш тартибида амалга оширилади.
Кичик дарёлар ва сойлар сувларини муҳофаза қилиш зоналари ва минтақалари доирасида сувдан умумий фойдаланишни ҳамда хўжалик фаолиятини амалга ошириш тартиби, шунингдек уларнинг булғаланиши, ифлосланиши ва камайишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, сув хўжалиги органлари ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари билан келишувга кўра белгиланади.
Сел келиш хавфи бўлган ҳудудларда сувдан умумий фойдаланиш, хўжалик фаолиятини ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳам келишилади.
Хўжалик фаолияти кичик дарёлар ва сойларнинг ҳолати ва режимига салбий таъсир кўрсатадиган муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар сув хўжалиги органлари ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари билан биргаликда сувлиликни, сувнинг тозалиги ва сифатини сақлаш тадбирларини амалга ошириши керак.
Кичик дарёлар ва сойларнинг сувлилигини сақлаш мақсадида ушбу дарёлар ва сойларда қуйидагилар тақиқланади:
ҳавзанинг рельефини ўзгартириш, қуриб бораётган дарёларнинг ва улар оқимларининг ўзанларини бузиш, ўзгартириш;
ўзанларни тўғирлаш ёки торайтириш, уларнинг тубини табиий сатҳидан паст қилиб чуқурлаштириш ёхуд уларни сув ўтказиш иншоотлари билан жиҳозламасдан тўсиб қўйиш;
ҳавзанинг табиий ўсимликлар қопламини ва сердарахтлигини камайтириш, қайир ерларни шудгорлаш ва бундай ерларда кимёвий ўғитлар воситаларини қўллаш;
юқори қисмидаги ботқоқлашган участкаларда ва табиий ерларда қуритиш мелиорация ишларини амалга ошириш;
сувлилигига ва улардаги сувнинг сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа фаолиятни амалга ошириш.
Кичик дарёлар ва сойларнинг сувини муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари, корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасаларнинг, шунингдек фуқароларнинг ушбу зоналар ва ҳудудлардаги хўжалик фаолияти режими ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
121-модда. Сув объектларидаги фавқулодда экологик вазият ёки экологик офат зоналари
Хўжалик фаолияти ёки табиий жараёнлар натижасида инсонлар соғлиғига, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига, атроф табиий муҳитнинг ҳолатига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф соладиган ўзгаришлар содир бўладиган сув объектлари, уларнинг қисмлари ҳамда уларнинг сув тўпланадиган майдонлари фавқулодда экологик вазият ёхуд экологик офат зоналари деб эълон қилиниши мумкин.
Сув объектларидаги фавқулодда экологик вазият зоналари деб табиат мувозанатининг бузилиши, табиий экологик тизимларнинг бузилиши билан боғлиқ бўлган, табиий муҳитдаги барқарор ёки қайтарилмайдиган ўзгаришлар содир бўлган ёки содир бўлаётган ҳудудлар участкалари эълон қилинади.
Сув объектларидаги фавқулодда экологик вазият ёки экологик офат зоналари экологик аҳвол ёмонлигининг юқорироқ даражасини акс эттирувчи битта ёки бир неча асосий ва қўшимча кўрсаткичлар бўйича белгиланади.
Сув объектларидаги фавқулодда экологик вазият ёки экологик офат зоналари деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорлар қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилинади.
Сув объектларидаги фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналарида шу вазиятни (офатни) келтириб чиқарган ишлар тўхтатиб турилади, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир этувчи фаолият (аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятдан ташқари) тақиқланади, уни тиклаш ва соғломлаштириш чоралари кўрилади.
122-модда. Санитария ва экологик мақсадларда сув чиқариш
Санитария ва экологик мақсадларда сув чиқариш сув сифатининг нормативларига риоя этилишини, сувдан фойдаланишнинг қулай шароитларини, шунингдек сувдан рақобатли фойдаланишда ҳамда сув оқимини бошқаришда сувли-ботқоқ ерларнинг, кўллар ва соҳил бўйи зоналарининг экологик тизимлари сақланишини таъминлайди.
Санитария ва экологик мақсадларда сув чиқариш йилнинг сувлилигига қараб, сув хўжалиги баланслари ҳамда сувдан фойдаланиш режалари доирасида белгиланади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари санитария ва экологик мақсадларда сув чиқаришнинг кўрсаткичлари ҳамда режимини белгилаш услубиятини ишлаб чиқади.
23-боб. Ер ости сувларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш
123-модда. Ер ости сувларидан фойдаланиш
Ер ости сувларидан мақсадли фойдаланилиши лозим. Гуруҳли сув олиш орқали (битта иншоотда икки ва ундан ортиқ бир вақтнинг ўзида фойдаланиладиган бурғи қудуқлари мавжуд бўлганда) ер ости чучук ва тузи камроқ сувлардан, шунингдек термал ва минерал сувлардан фойдаланишга тасдиқланган ишлатилаётган захиралар мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади. Ер ости сувларининг захиралари Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади.
Ер ости сувларидан турли эҳтиёжлар учун фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги органлари томонидан сув хўжалиги органлари билан биргаликда уларнинг ер усти сувлари билан ўзаро боғлиқлиги ҳисобга олинган ҳолда тартибга солинади.
Ер ости сувларидан фойдаланиш сувдан махсус фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак.
124-модда. Ер ости сувларини муҳофаза қилиш
Ер ости сувларини чиқариш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланувчи шахслар сув чиқариш участкасида ҳамда унга туташ ҳудудда уларнинг режими устидан кузатувлар олиб бориши, шунингдек фойдаланилаётган сувнинг миқдори ва сифати ҳисобини юритиши шарт.
Агар фойдали қазилмалар конларини қидириш, уларни ўрганиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бурғилаш ҳамда бошқа кон-қидирув ишларини бажариш чоғида ер ости сувлари бор қатламлар аниқланган бўлса, бу ҳақда тоғ-кон саноати ва геология органларига хабар қилиниши ҳамда белгиланган тартибда ер ости сувларини муҳофаза қилишга доир чоралар кўрилиши зарур.
Саноат ва бошқа оқова сувларини оқизиш учун қазиладиган қудуқлар сувли қатламни ифлослантириш манбаига айланиши мумкин бўлган барча ҳолларда бундай қудуқларни қазиш тақиқланади.
Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси томонидан берилган рухсатномага асосан амалга оширилади. Бунда ҳар бир қудуқни бурғилашга Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси қонунчиликда белгиланган тартибда гидрогеологик хулосани берганидан кейин йўл қўйилади. Гидрогеологик хулосани олмасдан туриб, қудуқ бурғилаш қонунга хилоф деб ҳисобланади.
Ўз-ўзидан сув чиқарадиган ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлган қудуқларга сувни бошқариш ускуналари ўрнатилиши, улар консервация қилиниши ёки тугатилиши лозим, фойдаланиш учун яроқсиз бўлган бошқа қудуқлар эса қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилиши лозим.
Ер ости чучук сувлари конлари шаклланадиган зонада қаттиқ ва суюқ чиқиндилар тўплагичларини, чиқиндихоналарни ўрнатишга, фаолияти ер ости сувларининг ифлосланиш манбаига айланиши мумкин бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги объектлари ва бошқа объектлар жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.
Ер ости сувларини муҳофаза қилиш, шу жумладан қудуқларни кузатиш тармоғини яратиш ва ишлаб чиқариш мониторингини юритиш тадбирлари фаолияти ер ости сувларининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган корхоналар томонидан амалга оширилади.
24-боб. Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида, соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида ишларни амалга ошириш
125-модда. Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари, санитария муҳофазаси зоналари ва санитария-ҳимоя минтақалари
Сув объектларининг тупроқ эрозияси маҳсулотлари билан булғаниши, ифлосланиши, камайиши ва лойқа чўкишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, шунингдек қулай сув режимини сақлаш, фойдаланиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари белгиланади.
Аҳолининг ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларни муҳофаза қилиш мақсадида сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари белгиланади.
Сув объектларининг белгиланган мақсадидан, жойлашган ўрнидан ва техник кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида, соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида хўжалик фаолиятининг махсус режими белгиланади.
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари тегишли лойиҳалар асосида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг, тоғ-кон саноати ва геология органларининг, шунингдек сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг таклифлари бўйича белгиланади.
Сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш ва улардан соҳил бўйи минтақаларини ажратиш, шунингдек санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш ва улардан санитария-ҳимоя минтақаларини ажратиш бўйича лойиҳалар (бундан буён матнда лойиҳалар деб юритилади):
табиий сув объектлари бўйича — ҳар бир шундай сув объекти бўйича алоҳида;
сув хўжалиги объектлари бўйича — қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари таркибида ёки алоҳида;
аҳолининг ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш сув манбаларининг санитария муҳофазаси зоналари бўйича — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари томонидан ишлаб чиқилади.
Қуйидагилар лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича буюртмачилар ҳисобланади:
табиий ер усти сув объектлари бўйича — тегишлилиги бўйича сув хўжалиги, шунингдек экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари;
ер ости сув объектлари бўйича — тоғ-кон саноати ва геология органлари;
сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари таркибида ишлаб чиқилганда — мазкур лойиҳаларнинг ихтисослашган буюртмачи ташкилотлари;
сув хўжалиги объектлари бўйича алоҳида ишлаб чиқилганда — ушбу объектлардан фойдаланувчи ташкилотлар.
Лойиҳалар ер тузиш ишларини амалга ошириш вазифалари зиммасига юклатилган ташкилотлар томонидан, зарур бўлган тақдирда эса бошқа лойиҳа ташкилотларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади.
Лойиҳалар дала тадқиқотлари ва топографик изланишлар, гидрологик, гидрогеологик, муҳандислик-геологик, санитария-эпидемиологик, агротехник, тупроқ ва геоботаник маълумотлар асосида, мураккаб геологик ва гидрогеологик шароитли сув объектлари бўйича эса қўшимча илмий-тадқиқот ишлари ҳамда ушбу Кодекснинг 25-бобида назарда тутилган талаблар асосида ишлаб чиқилиб, кейинчалик белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади.
Сувни муҳофаза қилиш зоналарини, санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш ҳамда улардан соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларини ажратиш ишлари буюртмачиларнинг таклифларига кўра уларнинг лойиҳа ҳужжатлари асосида:
туман ва вилоят аҳамиятига эга бўлган сув объектлари бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ҳокимликларининг, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг;
трансчегаравий, вилоятлараро ва республика аҳамиятига эга бўлган сув объектлари бўйича, шунингдек республика аҳамиятига эга бўлган курортлар ва санаторийларнинг минерал сув манбалари ҳамда бошқа даволаш воситалари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилади.
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини, санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш, шунингдек улардан соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларини ажратиш ишлари қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
буюртмачи ташкилот томонидан дастлабки босқичда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг, қишлоқ хўжалиги органларининг, сув хўжалиги органларининг, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органларининг, тоғ-кон саноати ва геология органларининг тегишли тақдимномаларини (хулосаларини) олиш таъминланади;
буюртмачи ташкилот томонидан лойиҳани ер тузиш ишларини бажариш вазифаси зиммасига юклатилган ташкилотларни шартнома асосида жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиш ташкил этилади;
буюртмачи ташкилот томонидан лойиҳа экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларида, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органларида (суви ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш мақсадларида ишлатиладиган объектлар бўйича), тоғ-кон саноати ва геология органларида (табиий ер ости сув объектлари бўйича), сув хўжалиги органларида (ер усти сув объектлари бўйича), шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотларда белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади;
буюртмачи ташкилот томонидан сувни муҳофаза қилиш зоналарини, санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш ҳамда улардан соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларини ажратиш бўйича таклифлар тайёрланади ҳамда белгиланган тартибда, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
буюртмачи ташкилот томонидан сувни муҳофаза қилиш зоналарини, санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш ҳамда улардан соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларини ажратиш бўйича киритилган таклифлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.
Ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказишни назарда тутувчи соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларини ажратиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Буюртмачи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда муҳандислик, ирригация-мелиорация, санитария-техника ва бошқа сувни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириш ва амалга ошириш таъминланади.
126-модда. Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти иншоотларининг санитария муҳофазаси зоналари
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти иншоотларининг санитария муҳофазаси зоналари қуйидаги нормалар бўйича белгиланади:
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари
Т/р Сув объектининг номи Кенглиги, метр 1. Сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари бўйича жуда кичик сув омборларида ва бошқа сув ҳавзаларида (сиғими 0,1 млрд. куб метрдан кам бўлган) 50 — 100 кичик сув омборларида ва бошқа сув ҳавзаларида (сиғими 0,1 млрд. куб метрдан 0,5 млрд. куб метргача бўлган) 100 — 150 ўртача сув омборларида ва бошқа сув ҳавзаларида (сиғими 0,5 млрд. куб метрдан 1 млрд. куб метргача бўлган) 150 — 200 катта сув омборларида ва бошқа сув ҳавзаларида (сиғими 1 млрд. куб метрдан 10 млрд. куб метргача бўлган) 200 — 250 2. Дарёлар ва қуримайдиган сойлар бўйича жуда кичик дарёлар ва қуримайдиган сойларда (сув сарфи секундига 2 куб метргача бўлган) 35 — 50 кичик дарёларда (сув сарфи секундига 2 куб метрдан 5 куб метргача бўлган) 50 — 100 ўртача дарёларда (сув сарфи секундига 5 куб метрдан 100 куб метргача бўлган) 100 — 300 катта дарёларда (сув сарфи секундига 100 куб метрдан ортиқ) 300 — 500 3. Суви ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш мақсадлари учун ишлатиладиган каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйича : сув ўтказиш қобилияти секундига 50 куб метрдан 100 куб метргача бўлганда 50 — 70 сув ўтказиш қобилияти секундига 100 куб метрдан 150 куб метргача бўлганда 70 — 100 сув ўтказиш қобилияти секундига 150 куб метрдан ортиқ бўлганда 100 — 150
Сув объектларининг соҳил бўйи минтақалари
Т/р Сув объектининг номи Кенглиги, метр 1. Сув омборлари, дарёлар, қуримайдиган сойлар ва бошқа табиий сув оқимлари бўйича ҳайдаладиган ерлар, кўп йиллик дарахтзорлар, ўрмон майдонлари ва дарахтзор-чангалзорлар участкаларида қияликларнинг тиклигида: 3 градусгача бўлганда 35 — 55 3 градусдан 8 градусгача бўлганда 55 — 100 яйловлар, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёнбағирларнинг тиклигида: 3 градусгача бўлганда 25 — 35 3 градусдан ортиқ бўлганда 35 — 50 2. Суви суғориш эҳтиёжлари ва техник эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйича (энг юқори сув сатҳи бўйлаб) чуқурлиги 0,75 метрдан — 2 метргача бўлганда камида 5 чуқурлиги 2 метрдан — 5 метргача бўлганда 6,5 — 9 чуқурлиги 5 метрдан — 10 метргача бўлганда 9,5 — 12 темир-бетон лотокли суғориш тармоқлари ва сув ўтказиш қувурлари учун: бир тарафи бўйлаб 4,5 иккинчи тарафидан 1,0
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаларининг санитария муҳофазаси зоналари
Т/р Объектнинг номи Кенглиги, метр 1. Санитария муҳофазаси зоналари (сув олиш жойидан) : 1.1. Биринчи минтақа 1.1.1. Дарёлар ва каналлар учун : оқим бўйлаб юқорига камида 200 оқим бўйлаб қуйига камида 100 сув олиш жойига туташиб кетувчи соҳил бўйлаб ёз-куз ойларидаги сув сатҳи чизиғидан камида 100 қарама-қарши соҳил томон йўналишда уларнинг ўзанлари бўйлаб: дарёлар ва каналларнинг кенглиги 100 метрдан кам бўлганда 50 дарёлар ва каналларнинг кенглиги 100 метрдан кўп бўлганда камида 100 1.1.2. Сув омборлари ва кўллар бўйлаб : акватория бўйича барча йўналишларда камида 100 сув олиш жойига туташиб кетувчи соҳил бўйлаб — сув омборида нормал кўтарилган сув сатҳи ва кўлларда ёз-куз ойларидаги сув сатҳи чизиғидан камида 100 1.2. Иккинчи минтақа 1.2.1. Дарёлар ва каналлар учун : оқим бўйлаб юқорига, шу жумладан ирмоқлар — дарё ва каналнинг кенглиги ва узунлиги бўйича сув оқими ўртача тезлигидан ҳамда ёз-куз мавсумида сув сатҳининг ўртача ойлик сув сарфи 95 фоиз таъминланганда сувнинг минтақа чегарасидан сув олиш жойигача оқиб келиш вақтидан келиб чиққан ҳолда камида 3 сутка оқим бўйлаб қуйига (биринчи минтақа чегарасидан) камида 250 ён томондаги чегаралар ёз-куз мавсумидаги сув сатҳи чизиғида текис рельеф шароитларида 500 тоғли жой учун дарё ёки канал томонга қараган қияликнинг юқорисигача қиялама нишабликда 750 гача тик қияликда 1000 гача 1.2.2. Сув омборлари ва кўллар учун : акватория бўйлаб ўзан бўйича: камида 100 ён томондаги чегаралар: сув омборида нормал кўтарилган сув сатҳи ва кўлда ёз-куз мавсумидаги сув сатҳи чизиғидан текис рельеф бўлганда 500 тоғлик рельефда сув омбори ёки кўлга қараган биринчи қияликнинг юқорисигача: қиялама нишабликда 750 гача тик қияликда 1000 гача 1.3. Учинчи минтақа сув омборлари ва кўлларнинг акваторияси бўйлаб барча томонларга (ён томондаги чегаралар — сув айиргич бўйлаб, бироқ дарёлар ва каналлар ёки сув омборлари ва кўллардан) 3000 — 5000 гача 2. Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминотининг ер ости манбаси санитария муҳофазаси зонасининг биринчи минтақаси чегаралари якка сув олиш жойидан (қудуқдан, кон қудуғидан, сув йиғгичдан) ёки гуруҳли сув олишда энг чеккадаги сув олиш иншоотларидан бошлаб : 2.1. муҳофаза қилинган ер ости сувларидан фойдаланилганда 30 2.2. етарлича муҳофаза қилинмаган ер ости сувларидан фойдаланилганда 50 2.3. инфильтрацион сув олиш жойларида сув манбаларининг юзасидан камида 150 2.4. ер ости сувларининг захиралари: ёпиқ турдаги инфильтрацион иншоотлардан сунъий равишда тўлдирилганда 50 очиқ турдаги иншоотлардан тўлдирилганда 100 2.5. ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари иншоотлари ҳудуди санитария муҳофазаси зонаси биринчи минтақасининг чегараси майдоннинг ўраб олинишига мос келади ва қуйидаги масофада бўлиши керак: тоза сув сиғимлари деворларидан, фильтрлардан, контактли ёритгичлардан камида 30 қолган иншоотлар деворларидан ва хўжалик-ичимлик сув таъминоти тизимларининг сув минораларидан камида 15 2.6. Сув таъминоти манбаси санитария муҳофазаси зонасининг иккинчи минтақаси ташқарисида жойлашган ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари иншоотларининг тўсиқлари атрофидаги санитария-ҳимоя минтақаси камида 100 3. Сув тармоғи қурилиши тугалланмаган ҳудудда қувурларни ўрнатишда санитария-ҳимоя минтақаси нам тупроқда камида 50 қуруқ тупроқда: диаметри 1000 метргача бўлганда камида 10 диаметри 1000 метрдан ортиқ бўлганда камида 20
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари, санитария муҳофазаси зоналари ва санитария-ҳимоя минтақалари билан боғлиқ бошқа қўшимча нормалар ушбу Кодекснинг 127 — 133-моддаларида белгиланади.
127-модда. Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳил бўйи минтақалари
Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари уларнинг бутун периметри бўйича белгиланади ва уларнинг доирасида соҳил бўйи минтақалари ажратилади.
Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари таркибига қуйидагилар киради:
соҳилларнинг 50 йил ичида ювилиши (ўпирилиши) прогноз қилинадиган зоналари (янги қурилиш чекланган зона);
пастликларни, жарликларни, сойликларни, соҳил бўйи қияликларини ва қиялиги 5 градусдан юқори бўлган, нураган ерларни ўз ичига олувчи эрозия жиҳатдан фаол зоналар, сув омборларига ва бошқа сув ҳавзаларига бевосита туташадиган силжувчи ер участкалари;
сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг сув сатҳи энг юқори даражага кўтарилганда вақтинча сув босадиган зоналар;
доимий сув босадиган зоналар;
сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг соҳилларидаги иҳота дарахтзорлари.
Сувни муҳофаза қилиш зонасининг чегаралари жойнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда белгиланади ҳамда табиий ва сунъий чегаралар ва юқоридаги ҳудудлардан тартибсиз оқиб тушадиган ер усти сувларини қисман ушлаб қолувчи ва қайта тақсимловчи тўсиқлар, дарё водийлари четлари, сойликлар, йўл-транспорт тармоғи ва бошқа муҳандислик иншоотлари билан бирлашади.
Сув омборлари сиғимлари сувни муҳофаза қилиш зонасининг ички чегараси сув нормал кўтарилганда унинг сатҳи чизиғидан, бошқа сув ҳавзалариники эса сувнинг ўртача кўп йиллик сатҳи чизиғидан белгиланади. Сув сатҳининг чизиғи деганда сув юзасининг сув объекти ўзани (қирғоғи) билан туташган чизиқ тушунилади.
Сув омборлари тўғонларининг, сув олиш ва сув чиқариш ҳамда бошқа иншоотларнинг сувни муҳофаза қилиш зонаси ҳамда соҳил бўйи минтақасининг ички чегараси уларнинг чекка контурларидан (чегараларидан) белгиланади.
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари кенглиги ушбу Кодекснинг 126-моддасига мувофиқ белгиланади.
Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини ҳамда соҳил бўйи минтақаларини белгилашга доир лойиҳаларни ишлаб чиқишда жойлардаги ҳақиқий шароитлар тўлиқ ўрганилганлиги ҳисобга олинган ҳолда сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳил бўйи минтақалари кенглигининг юқори чегараси аниқлаштирилиши мумкин. Бунда сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда соҳил бўйи минтақалари кенглигининг пастки чегарасини камайтиришга йўл қўйилмайди.
128-модда. Дарёлар, қуримайдиган сойлар ва бошқа табиий сув оқимлари бўйлаб сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш
Сувни муҳофаза қилиш зоналари ушбу ҳудудлар кимнинг тасарруфида ёки ердан фойдаланишда бўлганидан қатъи назар, доимий ёки вақтинчалик оқимга эга бўлган барча дарёлар ва бошқа қуримайдиган табиий сув оқимлари бўйлаб белгиланади.
Сувни муҳофаза қилиш зонасига қайирлар, ер ости сувлари сизиб чиқадиган ер участкалари, тошқин, сел, қор кўчкиси ва ер кўчкиси ҳодисалари учрайдиган ер участкалари, қайир юқорисидаги бирламчи террасалар, ўзак соҳилларининг четлари ва тик қияликлари, дарё водийсига тўғридан-тўғри тушувчи сойликлар, жарликлар, соҳилларнинг ювиладиган участкалари киради.
Дарёлар сувни муҳофаза қилиш зоналарининг ички чегаралари ўртача кўп йиллик сув сатҳи чизиғидан бошлаб қабул қилинади.
Дарёларнинг ва бошқа қуримайдиган сув оқимларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари кенглиги геоморфологик, гидрогеологик шароитларни ҳисобга олган ҳолда, туташ ерлардан фойдаланиш хусусиятидан ҳамда ўртача кўп йиллик сув сарфидан келиб чиқиб, ушбу Кодекснинг 126-моддасида назарда тутилган ўлчамларда белгиланади.
Дарёнинг бутун узунлиги бўйича сувни муҳофаза қилиш зонасининг кенглиги дарё узунлигининг ҳар бир бўлагида сув сарфига қараб белгиланади.
Дарёларнинг ва бошқа қуримайдиган сув оқимларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда жойлардаги ҳақиқий шароитлар тўлиқ ўрганилганлиги ҳисобга олинган ҳолда, сувни муҳофаза қилиш зоналари кенглигининг юқори чегараси аниқлаштирилиши мумкин. Бунда сувни муҳофаза қилиш зоналари кенглигининг пастки чегарасини камайтиришга йўл қўйилмайди.
129-модда. Дарёлар, қуримайдиган сойлар ва бошқа табиий сув оқимлари бўйлаб соҳил бўйи минтақаси
Дарёларнинг ва бошқа қуримайдиган сойларнинг сувни муҳофаза қилиш зонаси доирасида соҳил бўйи минтақаси ажратилади.
Мазкур соҳил бўйи минтақасида хўжалик фаолиятини юритиш ва ҳар қандай турдаги бинолар ва иншоотларни қуриш ишлари тақиқланади, бундан сув хўжалиги объектларини қуриш мустасно.
Дарёлар ва бошқа қуримайдиган сойлар соҳил бўйи минтақасининг кенглиги ўртача кўп йиллик сув сатҳи чизиғига кўра аниқланади ҳамда дарёларда уларга туташган ерларга ва соҳиллар қияликлари тиклигига қараб ушбу Кодекснинг 126-моддасида назарда тутилган ўлчамларда белгиланади.
Соҳил бўйи минтақалари ўлчамларининг энг катта миқдорлари энг емирилувчан (ювилувчан) тупроқларга тегишли.
Дарёларнинг ва бошқа қуримайдиган табиий сув оқимларининг соҳил бўйи минтақаларини белгилаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда жойлардаги ҳақиқий шароитлар тўлиқ ўрганилганлиги ҳисобга олинган ҳолда, соҳиллар бўйи минтақалари кенглигининг юқори чегараси аниқлаштирилиши мумкин. Бунда соҳиллар бўйи минтақалари кенглигининг пастки чегарасини камайтиришга йўл қўйилмайди.
Тоғ дарёлари ва бошқа қуримайдиган табиий сув оқимлари учун соҳил бўйи минтақасининг кенглиги ҳар бир аниқ ҳолда туташган ерлардан фойдаланиш хусусияти ва мақсадларидан, шунингдек уларнинг сув ҳолатига таъсиридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Аҳоли пунктлари доирасида дарёлар ва бошқа қуримайдиган табиий сув оқимлари соҳил бўйи минтақаларининг ўлчамлари жойнинг ўзига хос хусусиятлари, шаҳарсозлик бош режаси ҳисобга олинган, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органлари, фавқулодда вазиятлар органлари, қурилиш органлари, сув хўжалиги органлари, қишлоқ хўжалиги, кадастр органлари, гидрометеорология органлари ва тегишлилиги бўйича бошқа ваколатли давлат органлари билан келишувга кўра белгиланади.
130-модда. Суви ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш мақсадлари учун фойдаланиладиган каналларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш
Сувларнинг ҳолатига таъсир кўрсатилишининг олдини олиш мақсадида суви ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш мақсадлари учун фойдаланиладиган каналлар бўйлаб сувни муҳофаза қилиш зоналари белгиланади, улардан соҳил бўйи минтақаси ажратилади.
Суви ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш мақсадлари учун фойдаланиладиган каналларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари кенглиги геоморфологик, гидрогеологик шароитлар, уларга туташ ерлардан фойдаланиш хусусияти ҳисобга олинган ҳолда белгиланади ҳамда уларнинг нормал сув сатҳи чизиғидан ушбу Кодекснинг 126-моддасида назарда тутилган ўлчамларда қабул қилинади.
Суви ичимлик, хўжалик-маиший ва даволаш-соғломлаштириш мақсадларида фойдаланиладиган каналларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда жойлардаги ҳақиқий шароитлар тўлиқ ўрганилганлиги ҳисобга олинган ҳолда, сувни муҳофаза қилиш зоналари кенглигининг юқори чегаралари аниқлаштирилиши мумкин. Бунда сувни муҳофаза қилиш зоналари кенглигининг пастки чегарасини камайтиришга йўл қўйилмайди.
131-модда. Каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйи минтақаларини белгилаш
Сувлари суғориш ва техник эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган сув хўжалиги объектлари, шу жумладан каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари бўйлаб улардан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш, шунингдек сув ресурсларини оқилона бошқариш ва сув ҳисобини юритиш ҳамда бошқа тадбирларни ўтказиш мақсадида фақат соҳил бўйи минтақалари белгиланади.
Мазкур соҳил бўйи минтақасида хўжалик фаолиятини юритиш ва ҳар қандай турдаги бинолар ва иншоотларни қуриш ишлари тақиқланади, бундан сув хўжалиги объектларини қуриш мустасно.
Соҳил бўйи минтақаларини белгилашда қуйидагиларни таъминлаш назарда тутилиши зарур:
каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг сувларини ер усти сув оқимлари билан ифлосланишидан, уларнинг ўзанларини лойқа босишдан, соҳиллар ва қияликларнинг емирилиш ва ўпирилиш жараёнларидан ҳамда сувларнинг ҳолатига таъсир этувчи бошқа ҳаракатлардан ҳимоя қилиш;
каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларидан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва ҳисобини юритиш, ўзанларни тозалашда чиққан тупроқни жойлаштириш, шунингдек шамол эрозиясига учрайдиган ҳудудларда иҳота ўрмонларини барпо этиш.
Каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари шаҳарлар, туманлар марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларидан ўтган ҳолларда реконструкция қилишда, таъмирлашда ва тиклашда ҳосил бўлган тупроқлар ушбу ҳудудлардан техника ёрдамида чиқариб ташланиши лозим ҳамда тупроқ уюмларини соҳил бўйи минтақасига жойлаштириш учун қўшимча ер майдонлари ажратилмайди.
Каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари соҳил бўйи минтақаларининг ички чегараси нормал сув сатҳи чизиғидан белгиланади. Ташқи чегара каналлардан, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларидан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва ҳисобини юритиш, ўзанларни тозалаш чоғида ҳосил бўлган тупроқларни жойлаштириш, шунингдек тупроқларнинг шамол эрозиясига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш мақсадида автотранспорт, техника, машиналар ва механизмлар ҳаракатланиши учун йўлнинг жиҳозланиши ҳисобга олинган ҳолда, бегоналаштирилган ерлар чегараси билан мос келиши керак.
Соҳил бўйи минтақасининг ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, бошқа сув хўжалиги объектлари учун ажратиладиган ер участкаларининг кенглиги уларнинг намунавий кесимлари асосида, шунингдек уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳалар, уларнинг ҳақиқий ҳолати жойида ўрганилганлиги ҳисобга олинган ҳолда ер ажратишнинг амалдаги қоидаларига мувофиқ белгиланади.
Каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйи минтақалари кенглиги ушбу Кодекснинг 126-моддасига мувофиқ белгиланади.
Каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйи минтақаларининг энг кичик кенглиги уларнинг соҳилларида мавжуд бўлган ва янгидан жойлаштириладиган тупроқ кўтармаларини, шунингдек тупроқларнинг шамол эрозиясига қарши барпо этиладиган иҳота ўрмонларини ва бошқа хусусиятларни инобатга олиб соҳил бўйи минтақаларини белгилаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда кўпайтирилиши ва аниқлаштирилиши мумкин. Бунда соҳил бўйи минтақалари кенглигининг пастки чегарасини камайтиришга йўл қўйилмайди.
Мураккаб геологик ва гидрогеологик шароитлардаги ерлардан ўтувчи каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг, шунингдек бошқа сув хўжалиги объектларининг соҳил бўйи минтақалари қўшимча илмий-тадқиқот ишлари асосида белгиланади.
Шаҳарлар, туманлар ва аҳоли пунктлари доирасидаги каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг, шунингдек бошқа сув хўжалиги объектларининг соҳил бўйи минтақалари ўлчамлари жойдаги аниқ шароитларни, шаҳарсозлик бош режасини ҳисобга олган ҳолда, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, фавқулодда вазиятлар органлари, қурилиш органлари, сув хўжалиги органлари ва бошқа тегишли органлар, шунингдек сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар билан келишувга кўра белгиланади.
Каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг, шунингдек бошқа сув хўжалиги объектларининг соҳил бўйи минтақаларини белгилаш бўйича лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган ҳудудлар тегишинча сув хўжалигидан фойдаланувчи ташкилотларга ва бошқа ташкилотларга ўрнатилган тартибда ажратиб берилади.
132-модда. Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаларининг санитария муҳофазаси зоналари
Барча ишлатилаётган, лойиҳалаштирилаётган ва реконструкция қилинаётган ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимларининг санитария-эпидемиологик жиҳатидан ишончлилигини таъминлаш мақсадида санитария муҳофазаси зоналари ва санитария-ҳимоя минтақалари белгиланади.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизими объектлари атрофида тегишинча санитария муҳофазаси зоналари ва санитария-ҳимоя минтақалари, минерал сувлар ва бошқа даволаш воситалари атрофида эса санитария муҳофазаси зоналари белгиланади ва ажратилади.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ер усти ва ер ости манбаларининг сув олиш жойидаги санитария муҳофазаси зонаси қуйидаги уч минтақадан иборат бўлади:
биринчи минтақа — қатъий режимли;
иккинчи ва учинчи минтақа — хўжалик фаолияти чекланган режимли.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминотининг ер ости манбаси санитария муҳофазаси зонаси иккинчи минтақасининг чегараси иқлими ўзгарган ҳудудларга ва ер ости сувларининг муҳофаза қилинганлигига қараб, сув олиш жойидан сувнинг бактериологик ифлосланиши ҳамда тоғ жинсларининг сувли қатлами хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Санитария муҳофазаси зонаси иккинчи ва учинчи минтақасининг чегаралари сувнинг кимёвий ва техноген ифлосланиши ҳисобга олинган ҳолда аниқланади.
Сув сақлайдиган қатламнинг инфилътрацион таъминотида ер ости манбаси санитария муҳофазаси зонасининг иккинчи ва учинчи минтақалари сув таъминоти ер усти манбаси иккинчи ва учинчи минтақаларининг чегараларига мувофиқ равишда қабул қилиниши керак.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизими иншоотларининг (насос станцияларининг, сувни тайёрлаш станцияларининг, сиғимларнинг) санитария муҳофазаси зонаси биринчи минтақа чегараларидан ва унинг атрофидаги санитария-ҳимоя минтақасидан (қўриқлаш зонасидан) иборат бўлиши керак.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаларининг санитария муҳофазаси зонаси кенглиги ушбу Кодекснинг 126-моддасига мувофиқ белгиланади.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари бўйлаб кенглиги энг чекка сув қувурларидан бошланадиган санитария-ҳимоя минтақалари белгиланади.
Иморатлар қурилган ҳудудда санитария-эпидемиология назорати, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари билан келишувга кўра, минтақалар кенглигининг юқорида кўрсатиб ўтилган ўлчамларини камайтиришга йўл қўйилади.
133-модда. Даволаш-соғломлаштириш мақсадлари учун фойдаланиладиган минерал сувлар манбаларининг санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш
Аҳолининг даволаш ва маданий-соғломлаштириш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган минерал сувлар манбалари, шифобахш балчиқлар конлари, минерал кўллар атрофида даволаш манбаларининг табиий физик ва кимёвий хусусиятларини сақлаш, шунингдек уларни бузилишдан, ифлосланишдан ҳамда камайиб кетишидан сақлаш мақсадида санитария муҳофазаси зоналари белгиланади.
Бир ёки бир-бирига боғлиқ бўлган бир неча минерал сувлар конларидан, аралаш чўмилиш жойларидан ва бошқа табиий даволаш воситалардан фойдаланилганда улар учун ягона санитария муҳофазаси зонаси белгиланиши мумкин.
Санитария муҳофазаси зонаси уч зонага бўлинади: биринчиси — қатъий режимли зона, иккинчиси — чекланган режимли зона ва учинчиси — кузатув зонаси.
Биринчи зона минерал сувлар юзага чиқадиган ва шифобахш балчиқлар конлари, минерал кўллар, сувидан даволаш мақсадлари учун фойдаланиладиган кўрфазлар, пляжлар жойлашган жойларни, шунингдек денгизнинг соҳил бўйи минтақасини ва пляжларга туташувчи, кенглиги камида 100 метр бўлган ҳудудни қамраб олади.
Иккинчи зона қуйидагиларни қамраб олади:
ер усти сувларининг минерал сувлар юзага чиқадиган жойга, шифобахш балчиқлар конларига, минерал кўллар ва кўрфазларга, минерал манбалар ҳосил бўлишида иштирок этувчи минерал ва чучук сувлар айланадиган ер юзасидан унча чуқур бўлмаган жойларга оқиши юз берадиган ҳудудни;
минерал сувлар ва шифобахш балчиқлар табиий ҳамда сунъий равишда сақланадиган жойларни;
санаторий-курорт ташкилотлари жойлашган ҳудудни, шунингдек лойиҳа ҳужжатларига кўра истироҳат боғлари, ўрмон-боғлар ва бошқа дов-дарахтлар каби муассасалар барпо этиш учун мўлжалланган ҳудудни қамраб олади.
Учинчи зона (унинг ташқи чегаралари санитария муҳофазаси зонасининг чегараларига мос келади) ҳудуднинг теварагида жойлашган гидроминерал ресурслар тўйинадиган ва шаклланадиган барча жойларни, дов-дарахтларни, шунингдек санитария муҳофазаси зонаси учун белгиланган қоидаларга риоя этмасдан хўжалик мақсадларида фойдаланилиши минерал сувлар ва шифобахш балчиқлар конларининг гидрогеологик режимига, санитария ва ландшафт-иқлим шароитларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳудудларни ўз ичига олади.
134-модда. Сувни муҳофаза қилиш зоналарида, санитария муҳофазаси зоналарида ва соҳил бўйи минтақаларида хўжалик фаолиятини амалга ошириш режими
Сувни муҳофаза қилиш зоналарига ва санитария муҳофазаси зоналарига киритилган ерлар, ерлардан фойдаланувчилардан ва ижарачилардан олиб қўйилмайди ҳамда улар томонидан ушбу Кодекснинг 24-бобида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда фойдаланилади, бундан соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларининг ерлари мустасно.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари билан:
дарёларнинг ва бошқа қуримайдиган табиий сув оқимларининг соҳил бўйи минтақалари экологик, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ва бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек ер участкаларидан самарали фойдаланиш учун ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларга;
сув хўжалиги объектларининг соҳил бўйи минтақалари ушбу объектлардан фойдаланишни, уларни реконструкция қилишни, таъмирлашни ва тиклашни, сув ресурсларининг оқилона бошқарилишини ва ҳисоби юритилишини таъминлаш, экологик, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ва бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек ер участкаларидан самарали фойдаланиш учун ушбу объектлардан фойдаланувчи ташкилотларга берилади.
Каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйи минтақаларидаги тупроқ уюмлари учун майдонлар фойдаланувчи ташкилотлар билан келишувга кўра, тупроқ уюмларини олиб ташлаш ва режалаштириш ишларини бажариш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек тупроқ уюмларидан қурилиш материаллари сифатида фойдаланиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳамда бошқа ташкилотларга муддатли (вақтинча) фойдаланишга ёки шартнома асосида ижарага берилиши мумкин.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ва минерал сувлар манбалари санитария муҳофазаси зоналарининг биринчи минтақалари ер участкалари билан биргаликда сув олиш иншоотлари ва бошқа иншоотлар қуриш учун ушбу иншоотлардан фойдаланувчи ташкилотларга белгиланган тартибда фойдаланишга берилади.
Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг, дарёларнинг ва бошқа табиий сув оқимларининг, шунингдек суви ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган каналларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналарида қуйидагилар тақиқланади:
ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига, бегона ўтларга қарши ишлатиладиган заҳарли кимёвий воситаларнинг ҳар қандай турларини қўллаш ва кўмиш;
заҳарли кимёвий воситалар, пестицидлар, гербицидлар ва минерал ўғитлар сақланадиган омборларни, заҳарли кимёвий воситалар аппаратлари тўлдириладиган майдончаларни, авиация-кимё ишларини олиб бориш учун учиш-қўниш полосаларини қуриш;
марказлашган оқова сувларини чиқариб юбориш тармоқлари бўлмаган янги турар жой ва туризм мажмуаларини қуриш;
оқова сувларини тозалаш иншоотларини ва оқова сувларнинг турли хил сиғимларини (тўплагичларини) барпо этиш;
янги дафн этиш жойларини жойлаштириш, шунингдек мавжуд дафн этиш жойларига кўмиш;
чорвачилик ва паррандачилик фермаларини қуриш, ҳайвонлар кўмиладиган жойларни (ҳайвонлар, паррандалар ва балиқларни кўмиш жойларини) ташкил этиш;
ахлатларни, шу жумладан кимёвий ва радиоактив моддаларни ишлаб чиқариш чиқиндиларини жойлаштириш, шунингдек суғориш учун суюқ гўнг ишлатиш;
тўхташ жойларини, ёнилғи-мойлаш материалларини қуйиш шохобчаларини, транспорт воситаларига ва бошқа техникага техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва ювиш жойларини барпо этиш;
қор қоплами устидан ўғит солиш, таркибида гўнг бўлган, зарарсизлантирилмаган оқова сувлардан ўғитлар сифатида фойдаланиш, шунингдек тозаланмаган саноат ва хўжалик-маиший оқова сувларни оқизиб юбориш;
чорва молларини тартибсиз ўтлатиш, айниқса жарлик-ботқоқ тармоғининг таркибий қисмларида ўтлатиш, яйловларни пайҳон қилиш;
дарахтзор ва бутазорларни кесиш, бундан ўрмонни парваришлаш учун кесиш ва санитария жиҳатидан кесиш мустасно.
Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг, дарёларнинг ва бошқа сув оқимларининг, шунингдек ер ости чучук сувлари шаклланадиган ҳудудларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналарида сувларнинг ҳолатига таъсир этувчи, қурилиш, ўзан тубини чуқурлаштириш, соҳилларни ҳимоя қилиш ва портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва сув ўсимликларини олиш, уларни қайта ишлаш, қувурлар тармоқлари, кабеллар ва бошқа коммуникациялар ўтказиш, бурғилаш, қишлоқ хўжалиги ишлари ва бошқа ишлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органлари ва ер тузиш органлари, шунингдек тоғ-кон саноати ва геология органлари, фавқулодда вазиятлар органлари ва сув хўжалиги органлари билан келишувга кўра, фақат маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарори билан амалга оширилиши керак.
Сув омборлари ва бошқа сув ҳавзаларининг тегишли сув сатҳлари чизиғидан 2 километр масофагача бўлган қишлоқ хўжалиги ерларига ва ўрмонзорларга заҳарли кимёвий воситаларни авиация ёрдамида сепиш тақиқланади.
Соҳил бўйи минтақалари доирасида ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган чекловларга қўшимча равишда қуйидагилар тақиқланади:
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, сув хўжалиги органлари, шунингдек сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар билан келишилмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш (бундан ёш кўчатлар орасига экилган вақтинчалик экинлар мустасно);
органик ва минерал ўғитларни сақлаш ва қўллаш;
чорва молларини сақлаш ва боқиш жойларини ташкил этиш;
ҳар қандай турдаги доимий ва вақтинчалик бинолар ва иншоотларни қуриш (бундан сув хўжалиги объектларини қуриш мустасно);
ушбу мақсадлар учун махсус ажратилган жойлардан ташқари чодирлар шаҳарчаларини, қайиқлар причалларини барпо этиш;
минерал ўғитлардан бўшаган идишларни сақлаш ва йўқ қилиш;
минерал ўғитларни транспортда ташиш ва сепиш учун фойдаланилган идишларни, машиналарни ва жиҳозларни тозалаш ва ювиш;
жунни, каноп ва терини ювиш.
Ушбу модданинг саккизинчи қисмида кўрсатилган қоидалар оқова сувларини чиқариб юбориш тизимига ёки фильтрлаш ўраларига уланган, илгаридан мавжуд бўлган турар жой объектларига, оммавий дам олиш ҳудудларига ва туристик мажмуаларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Дарёлар ўзанларини ўзгартиришга, улардан фойдали қазилмаларни қазиб олишга ва сув объектларининг ҳолатига таъсир қиладиган бошқа ишларни олиб боришга, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг, сув хўжалиги органларининг, тоғ-кон саноати ва геология органларининг рухсатномаси белгиланган тартибда олинганидан кейин йўл қўйилади.
135-модда. Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ер усти ва ер ости манбаларининг, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари иншоотларининг санитария муҳофазаси зонасида хўжалик фаолиятини амалга ошириш режими
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ер усти ва ер ости манбалари санитария муҳофазаси зонасининг биринчи минтақаси ҳудудида, шунингдек ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари иншоотлари санитария муҳофазаси зонасининг биринчи минтақаси ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:
қурилиш, бундан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизими иншоотларини қуриш мустасно;
турар жой ва жамоат биноларини жойлаштириш, одамларнинг, шу жумладан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимида ишловчиларнинг яшаши;
турли мақсадлар учун мўлжалланган қувурлар ўтказиш, бундан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизими иншоотларига хизмат кўрсатувчи қувурлар мустасно;
оқова сувларни ер усти сув манбаларига оқизиш, чўмилиш, чорва молларини суғориш ва боқиш, балиқ овлаш, заҳарли кимёвий воситаларни, пестицидларни, гербицидларни, минерал ва органик ўғитларни қўллаш, сақлаш ва кўмиш, транспорт воситаларини ювиш.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ер усти ва ер ости манбалари санитария муҳофазаси зонасининг биринчи минтақаси ҳудудида, шунингдек ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари иншоотлари санитария муҳофазаси зонасининг биринчи минтақаси ҳудудида:
оқова сувларни тозалаш иншоотлари биринчи минтақадан ташқарида жойлаштирилган ҳолда, барча бинолар сувни чиқариб ташлашнинг энг яқин тизимига уланган бўлиши керак, оқова сувларини чиқариб юбориш мавжуд бўлмаган тақдирда, ахлатларни чиқариб ташлашга доир санитария талаблари ҳисобга олинган ҳолда сув ўтмайдиган, ахлат тушадиган ўралар барпо этилиши керак;
ер усти сув оқимининг биринчи минтақадан ташқарига чиқарилиши таъминланиши керак;
ўрмонни санитария жиҳатидан кесишга ва уни парвариш қилишга йўл қўйилади.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ер усти ва ер ости манбалари санитария муҳофазаси зонасининг иккинчи минтақаси ҳудудида, шунингдек ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари иншоотларининг санитария-ҳимоя минтақаси доирасида қуйидагилар тақиқланади:
ҳудудни маиший чиқиндилар, гўнг, саноат ва қурилиш чиқиндилари, маиший оқовалар ва бошқалар билан ифлослантириш;
заҳарли кимёвий моддаларнинг ва минерал ўғитларнинг, ёнилғи-мойлаш материалларининг омборларини, тўплагичларни, шлам сақланадиган жойларни ҳамда ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаларининг кимёвий ифлосланишини юзага келтирувчи бошқа объектларни жойлаштириш;
ҳайвонлар, паррандалар ва балиқлар кўмиладиган жойларни, дафн этиш жойларини, ассенизация ва фильтрлаш далаларини, суғориладиган ер участкаларини, гўнгхоналарни, силос сақланадиган чуқурларни, чорвачилик ва паррандачилик ташкилотларини, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаларининг микроблар билан ифлосланишини юзага келтирувчи бошқа объектларни ташкил этиш;
бевосита тошқин хавфи бўлган даврда музлаган ёки қор билан қопланган тупроққа ўғитлар солиш ва ўғитларни авиация ёрдамида тупроққа сепишда уларнинг сочилиб кетишига йўл қўйиш;
қум ва шағал қазиб олиш, шунингдек ўзан тубини чуқурлаштириш ишларини олиб бориш;
санитария муҳофазаси зоналари биринчи минтақасининг ташқи чегарасидан 500 метргача бўлган масофада чорва молларини боқиш, шунингдек паррандалар ва балиқларни сақлаш.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ер усти ва ер ости манбалари санитария муҳофазаси зонасининг учинчи минтақаси ҳудудида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари билан келишувга кўра, амалдаги санитария нормаларига ва табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилган ҳолда, хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг юритилишига рухсат берилади.
Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимларининг санитария-ҳимоя минтақалари зоналарида ҳожатхоналар, ювунди ўралар, гўнгхоналар, ахлатхоналар ҳамда тупроқнинг ва ер ости сизот сувларининг ифлосланишига шароитлар яратадиган бошқа иншоотлар бўлмаслиги керак.
Чиқиндихоналар, ассенизация ва фильтрлаш далалари, дафн этиш жойлари ҳудудида ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимларини қуриш, ҳайвонлар кўмиладиган жойларни (ҳайвонлар, паррандалар ва балиқларни кўмиш жойларини) ташкил этиш тақиқланади.
Минерал сувлар манбаларининг, шифобахш балчиқлар конларининг, минерал кўлларнинг санитария-муҳофаза зоналари доирасида тупроқ, сув, ҳавони ифлослантирувчи, ўрмонларга ва бошқа дов-дарахтларга зарар етказувчи, эрозия жараёнларининг ривожланишига олиб келувчи ҳамда сувнинг табиий даволаш хусусиятларига ва ҳудуднинг санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай ишларни олиб бориш тақиқланади.
Санитария муҳофазаси зоналарида табиий даволаш воситаларининг зарур даражадаги санитария ҳолатини таъминловчи, шунингдек даволаниш ва дам олиш учун қулай шароитлар яратувчи санитария-соғломлаштириш тадбирлари ҳамда бошқа тадбирлар ўтказилади.
Қатъий режимли санитария муҳофазаси зонаси ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:
фуқароларнинг табиий даволаш воситаларидан фойдаланиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган ҳолда доимий ёки вақтинча яшаши;
бинолар ва иншоотлар қуриш, кончилик ва тупроқ ишларини амалга ошириш;
манбанинг табиий даволаш хусусиятларига ва ҳудуднинг санитария ҳолатига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатлар.
Чекланган режимли санитария муҳофазаси зонаси ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:
аҳолининг даволаниши ва дам олиши билан боғлиқ бўлмаган бинолар ва иншоотлар қуриш;
курортнинг ривожланиши ва ободонлаштирилиши билан бевосита боғлиқ бўлмаган кончилик ва бошқа ишларни бажариш;
шимувчи қудуқлар қуриш;
суғориладиган далаларни ва ер ости фильтрация далаларини, дафн этиш жойларини жойлаштириш, ҳайвонлар кўмиладиган жойларни (ҳайвонлар, паррандалар ва балиқларни кўмиш жойларини) ташкил этиш;
ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш учун заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш;
дов-дарахтларни кесиш (бундан ўрмонни парвариш қилиш учун кесиш ва санитария мақсадида кесиш мустасно) ҳамда ер участкаларидан, ўрмонзорлардан ва сув ҳавзаларидан уларнинг сифати ёмонлашувига ёки табиий даволаш воситаларининг камайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқача тарзда фойдаланиш.
Кузатув зонаси ҳудудида экология, атроф-муҳит муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, шунингдек Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари билан келишувга кўра, табиий даволаш воситаларига ва ҳудуднинг санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатмайдиган барча турдаги ишларга йўл қўйилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органларининг илтимосномасига биноан, маҳаллий санитария-гигиена шароитларини ҳисобга олган ҳолда, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари объектларининг сувни муҳофаза қилиш зонасида хўжалик фаолиятини юритишга доир қисмида қўшимча чекловлар белгилаши мумкин.
136-модда. Сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш ҳамда келишиш тартиби
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш қуйидаги тартибда амалга оширилади.
Буюртмачи (экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, тоғ-кон саноати ва геология органлари, сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва қайта тиклаш лойиҳалари бўйича ихтисослашган буюртмачи ташкилотлар, сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар):
лойиҳани ишлаб чиқиш учун топшириқни расмийлаштиради, уни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари (санитария муҳофазаси зоналари бўйича), қурилиш органлари ва кадастр органлари (объект шаҳарлар, туманлар марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудидан ўтган ҳолларда) билан келишади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;
зиммасига ер тузиш ишларини ўтказиш вазифалари юклатилган ташкилотлар билан лойиҳани ишлаб чиқишга доир шартномани белгиланган тартибда расмийлаштиради.
Зиммасига ер тузиш ишларини ўтказиш вазифалари юклатилган ташкилот:
сув хўжалиги объектларини, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимларини ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда, улардан фойдаланиш бўйича амалдаги нормативларга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ер тузишнинг ҳудудий схемалари ва комплекс дастурларига, тегишли ҳудудларни ва аҳоли пунктларини ривожлантиришни режалаштириш бўйича тасдиқланган ҳужжатларнинг шаҳарсозлик фаолиятига ҳамда мазкур ҳудудларни ва аҳоли пунктларини қуришга доир қисмига, шунингдек ушбу Кодекс 24-бобининг қоидаларга амал қилади;
сув объектлари жойлашган ерларнинг ҳамда уларга туташ бўлган, ер ости сизот сувлари сатҳининг пасайиши ва кўтарилиши зонаси доирасидаги ҳудудларнинг зоогеографик, овчилик хўжалиги, геоботаник, тупроқ, ўрмон хўжалиги, гидрогеологик хусусиятларини ўрганади;
ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти манбаси акваториясининг (сув олиш иншооти дарвозасидан 2 километр юқори ва 2 километр қуйи ўлчамда бўлган зоналарнинг) ихтиологик, балиқчилик хўжалиги, гидрогеологик, гидробиологик, гидрокимёвий хусусиятларини ўрганади;
санитария-эпидемиологик вазият тўғрисидаги, шунингдек флора ва фаунанинг алоҳида муҳофаза этиладиган турлари, сув объектлари таъсири зонасида жойлашган табиат ёдгорликлари, қўриқхоналар ҳақидаги маълумотларни тўплайди ва ўрганади;
сув ифлосланишининг ва булғаланишининг олдини олиш, қимматли унумдор ер майдонларини ва ҳудуднинг мавжуд тузилишини тўлиқ сақлаб қолиш, эрозия жараёнларини, ерларнинг ботқоқланишини ва бошқа зарарли таъсирни тўхтатиш ҳисобга олинган ҳолда, сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш ҳамда амалдаги нормалар ва қоидаларни қўллаш имкониятини ўрганади ва текширади;
сувларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи объектлар рўйхатини аниқлайди;
сувни муҳофаза қилиш зоналарининг ва санитария муҳофазаси зоналарининг, шунингдек соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларининг чегараларини режали-картография асосига туширади ҳамда ер участкаларининг майдонини ва ер майдонларининг таркибини ҳисобга олган ҳолда умумий майдонни аниқлайди. Режали-картография асосларида сувни муҳофаза қилиш зонаси ва унга туташ участкалар чегараларида илгари турли эҳтиёжлар учун ажратилган барча участкалар чегаралари кўрсатилади;
сувни муҳофаза қилиш зоналарининг ва санитария муҳофазаси зоналарининг ўлчамларини асословчи, объектнинг атроф-муҳитга бўлган таъсир даражаси тўғрисидаги маълумотларни ва бошқа техник-иқтисодий кўрсаткичларни тайёрлайди;
иншоотларни қуриш, сувларнинг ҳолатига, ҳудудни ободонлаштиришга салбий таъсир кўрсатувчи корхоналарни, бинолар ва иншоотларни ёпиш ёки бузиб ташлаш бўйича тадбирларни ва бошқа тадбирларни ишлаб чиқади.
Буюртмачи:
ишлаб чиқилган лойиҳани лойиҳа ташкилоти билан биргаликда белгиланган тартибда тегишли ташкилотларда экспертизадан ўтказади;
сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқади, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тегишли қарори лойиҳасини экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, фавқулодда вазиятлар органлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг органлари (санитария муҳофазаси зоналари бўйича), сув хўжалиги органлари (ер усти сувлари бўйича), тоғ-кон саноати ва геология органлари (ер ости ва минерал сувлар бўйича), қурилиш органлари ва кадастр органлари (объектлар шаҳарлар, туманлар марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларидан ўтган тақдирда), шунингдек сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар билан келишади;
келишилган таклифни ва қарор лойиҳасини тасдиқлаш учун белгиланган тартибда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритади.
Сувни муҳофаза қилиш зоналарининг ва санитария муҳофазаси зоналарининг маъқулланган чегаралари (ҳудудлари):
туман аҳамиятига эга бўлган каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари бўйича — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органларининг, сув хўжалиги органларининг, шунингдек кадастр органларининг туман бўлинмалари билан;
вилоят (туманлараро) аҳамиятига эга бўлган каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари, минерал сувлар манбалари ва бошқа сув объектлари бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органларининг, сув хўжалиги органларининг, шунингдек кадастр органларининг бўлинмалари билан;
трансчегаравий, вилоятлараро ва алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган сув объектлари, шунингдек минерал сувлар манбалари ва республика аҳамиятига эга бўлган бошқа даволаш курортлари ва санаторийлари бўйича — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, соғлиқни сақлаш органлари, сув хўжалиги органлари, қурилиш органлари, тоғ-кон саноати ва геология органлари, ер тузиш органлари, гидрометеорология органлари ва кадастр органлари билан келишилади.
Балиқ овлаш аҳамиятига эга бўлган объектларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, сув хўжалиги органлари ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш органлари билан келишилади.
Дарёлар ва бошқа қуримайдиган сув оқимлари, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари шаҳарлар, туманлар марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудидан ўтган тақдирда, сувни муҳофаза қилиш зоналарининг ва соҳил бўйи минтақаларининг чегаралари қурилиш ва кадастр органлари билан келишилади.
Минерал сувлар манбаларининг ҳамда маҳаллий аҳамиятга эга бўлган бошқа даволаш курортлари ва санаторийларининг санитария муҳофазаси зоналари соғлиқни сақлаш ва касаба уюшмалари органларининг вилоят бўлинмалари билан, республика аҳамиятига эга бўлганлари эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг органлари ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг органлари билан келишилади.
Сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш бўйича тасдиқлаш учун киритиладиган материаллар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
сувни муҳофаза қилиш зоналари ва санитария муҳофазаси зоналари келишилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг хулосаларини;
режали-картография материалларини.
Сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва санитария муҳофазаси зоналарини белгилаш бўйича материаллар тасдиқлаш учун тақдим этиладиган тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотлари уларни 3 кун ичида кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижаларига кўра ўзининг асосли хулосаларини беради.
137-модда. Сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва санитария муҳофазаси зоналарини тасдиқлаш тартиби
Сувни муҳофаза қилиш зоналари ва санитария муҳофазаси зоналари:
туман аҳамиятга эга бўлган каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари бўйича — туман ҳокимининг қарорлари билан;
вилоят (туманлараро) аҳамиятига эга бўлган дарёлар, қуримайдиган сойлар, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимлари ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан;
трансчегаравий, вилоятлараро ва алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган сув объектлари, шунингдек минерал сувлар манбалари ҳамда республика аҳамиятига эга бўлган бошқа даволаш курортлари ва санаторийлари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тасдиқланади.
Таркибига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғорилмайдиган тоифадаги ерлардан ташкил топган соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақалари кирадиган сувни муҳофаза қилиш зоналари ва санитария муҳофазаси зоналари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан, таркибига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган тоифадаги ерлардан ташкил топган соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақалари кирадиганлари эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тасдиқланади.
Сувни муҳофаза қилиш зоналарининг ва санитария муҳофазаси зоналарининг белгиланган тартибда тасдиқланган чегаралари (ҳудудлари) жойида (натурада) огоҳлантирувчи белгилар билан белгиланади.
Лойиҳа ташкилоти томонидан ҳар бир сув объектининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва санитария муҳофазаси зоналари ҳудудининг паспорти қонунчиликда белгиланган шаклда тайёрланади.
Сувни муҳофаза қилиш зонаси ёки санитария муҳофазаси зонаси ҳудудининг паспортида сув объектининг номи, белгиланган зоналар (минтақалар) ва ушбу зоналардаги ерлардан фойдаланиш режими кўрсатилади. Паспортга белгиланган зоналар (минтақалар) чегаралари (ҳудудлари) тасвирланган картографик материал илова қилинади.
Паспорт маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари томонидан имзоланади ҳамда хўжалик фаолияти режимига риоя этилишини назорат қилиш учун давлат назорати органларига ва бошқа манфаатдор органларга юборилади.
Ерлардан фойдаланиш режимига, хўжалик фаолиятини юритишга ва ушбу Кодекснинг 24-бобида назарда тутилган бошқа хатти-ҳаракатларга риоя этиш мажбурияти сувни муҳофаза қилиш зоналаридаги ерлардан фойдаланувчи ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ҳамда ер ижарачиларининг зиммасига юклатилади.
Белгиланган режимга риоя этилиши устидан давлат назорати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органлари томонидан амалга оширилади.
Сув хўжалиги объектлари ва уларнинг иншоотлари устидан назорат, шунингдек уларни муҳофаза қилиш бўйича бевосита объектларнинг ўзида зарур чора-тадбирларни кўриш ушбу объектлар тасарруфида бўлган ташкилотлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
138-модда. Сувни муҳофаза қилиш зоналарида сувни ва сув объектларини ифлосланишдан, булғаланишдан ва камайиб кетишдан муҳофаза қилишни таъминлаш
Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида ва уларга туташ ҳудудларда сувни ва сув объектларини ифлосланишдан, булғаланишдан ва камайиб кетишдан муҳофаза қилишни, шунингдек сувларнинг ҳолатини ва улардан фойдаланиш режимини яхшилашни таъминловчи қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади, жумладан:
саноат сув таъминотининг сув айланиш тизимларини, оқова сувларни тозалаш ва зарарсизлантириш иншоотларини қуришга қаратилган технологик чора-тадбирлар;
иқтисодиёт тармоқларида оқова сувлар чўкиндиларидан фойдаланган ҳолда утилизация қилиш бўйича чора-тадбирлар;
саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш объектларида тозалаш ҳамда зарарсизлантириш иншоотларининг барқарор ишлашини таъминловчи технологик жараёнларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар;
ифлосланган оқова сувлар ҳосил бўлишини истисно этувчи технологик жараёнларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар;
сув объектлари соҳилларини мустаҳкамлаш, уларни ювилиб кетишдан, ботқоқланишдан муҳофаза қилиш, шунингдек сув объектлари сув оқимининг табиий режимини барқарорлаштириш ва яхшилашни таъминловчи ўрмон-мелиорация ҳамда агротехник чора-тадбирлар;
сувдан фойдаланиш учун қулай шароитлар мавжуд бўлишини таъминлайдиган сув хўжалиги иншоотлари қурилишини, шунингдек зарур ҳолларда дарёлар, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари ўзанларини, ҳовузлар, кўллар ва сув омборлари тубларини балчиқ ва чўкиндилардан тозалашни назарда тутувчи ирригация-мелиорация чора-тадбирлари;
сув объектларига оқизиладиган оқова сувларни юқумсизлантиришни ва зарарсизлантиришни, шунингдек хўжалик фаолияти учун эгалланган ҳудудларнинг санитария муҳофазасини ва ободонлаштирилишини таъминловчи санитария-техник чора-тадбирлар;
сувларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган корхоналарни, бинолар ва иншоотларни сувни муҳофаза қилиш зоналаридан ташқарига кўчиришни ёки уларни ёпишни назарда тутувчи ташкилий чора-тадбирлар;
атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатиш учун ифлослантирувчи воситалардан фойдаланмаган ҳолда кўкаламзорлаштириш учун кўчатлар ва дов-дарахтлар экишни назарда тутувчи чора-тадбирлар.
Янги қурилаётган сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш харажатлари мазкур сув объектларини қуриш қийматига киритилади.
Мавжуд сув объектларида сувни муҳофаза қилиш зоналари белгиланиши муносабати билан ҳудуднинг ифлосланишини бартараф этиш бўйича ишлаб чиқиладиган технологик ва санитария-техник чора-тадбирлар ушбу ифлосланишларга айбдор бўлган ташкилотларнинг, шунингдек фуқароларнинг маблағлари ҳисобидан бажарилади.
Ирригация-мелиорация, агротехник ва ташкилий чора-тадбирлар тасарруфида сув объектлари бўлган тегишли вазирликлар, ва идораларнинг, шунингдек бошқа ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан бажарилади.
25-боб. Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарни, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга тушириш
139-модда. Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарни, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга тушириш шартлари
Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарни, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга туширишда, янги технологик жараёнларни жорий этишда аҳолининг соғлиғини сақлаш ҳамда ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжларини биринчи навбатда қаноатлантириш талабларига риоя этган ҳолда сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек коллектор-дренаж сувларини ва оқова сувларни чиқариб юборишнинг қулай режими таъминланиши керак. Бунда сув объектларидан олинадиган ва уларга қайтариладиган сувни ҳисобга олишни, сувларни ифлосланиш, булғаниш ва камайиб кетишдан сақлашни, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни, ерларнинг сув босишини имкон қадар камайтиришни, ерларни шўрланишдан, зах босишдан ёки қақраб қолишдан муҳофаза қилишни, шунингдек қулай табиий шароитлар ва ландшафтларни сақлаб қолишни таъминловчи тадбирлар назарда тутилади.
Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарни, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари сув объектларидан дам олиш ва спорт учун фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда тузилиши керак.
140-модда. Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва ишга тушириш шартлари
Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида янги ва реконструкция қилинган корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва ишга туширишда ушбу Кодекс 143-моддасининг талабларига риоя этиш билан бир қаторда, балиқлар захираларига, бошқа сув ҳайвонларига ва ўсимликларга ҳамда уларни сақлаб қолиш, қайта тиклаш ва кўпайтириш шартларига етказилаётган зарарнинг ўрни қопланишини таъминлайдиган тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши керак.
141-модда. Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш
Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш ушбу сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар билан қонунчиликка мувофиқ келишилади.
142-модда. Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаларини келишиш ҳамда давлат экспертизасидан ўтказиш
Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, тоғ-кон саноати ва геология органлари ҳамда бошқа ваколатли органлар билан келишиб олиниши лозим, шунингдек қонунчиликка мувофиқ давлат экспертизасидан ўтказилади.
Мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилади.
Ишлаб чиқариш шароитларига кўра айланма сув таъминотига ва чиқитсиз технологияга ўтказилиши мумкин бўлган саноат корхоналарининг сув билан тўхтовсиз таъминлаш тизимларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилишга йўл қўйилмайди.
143-модда. Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни ишга туширишни тақиқлаш
Қуйидагиларни ишга тушириш тақиқланади:
сувнинг ифлосланиши ва булғанишининг олдини олувчи қурилмалар билан таъминланмаган, шунингдек сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган янги ҳамда реконструкция қилинган корхоналар, цехлар, агрегатларни, коммунал объектларини ва бошқа объектларни;
ерларнинг сув босиши, зах босиши, ботқоқланиши, шўрланишининг ҳамда тупроқ эрозиясининг олдини олувчи лойиҳаларда назарда тутилган тадбирлар ўтказилгунига қадар суғориш ва сув билан таъминлаш тизимларини, сув омборлари ва каналларни;
тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ сув қабул қиладиган ва бошқа иншоотларни қуриб битказмай туриб, зах қочириш тизимларини;
тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ балиқларни сақлаб қолиш қурилмалари бўлмаган сув олиш иншоотларини;
тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ тошқин сувларни ва балиқларни ўтказиб юборадиган қурилмалари тайёр бўлмаган гидротехника иншоотларини;
ер ости сув захиралари тасдиқланмаган гуруҳли сув олиш иншоотларини, шунингдек минерал ва термал сув қудуқларини;
сувни тартибга солиш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламай ва тегишли ҳолларда санитария муҳофазаси зоналарини белгиламай туриб, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқларни.
Ўзанни тайёрлашга, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга ва уларнинг оқибатларини камайтиришга доир лойиҳаларда назарда тутилган тадбирлар амалга оширилмагунига қадар сув омборларини сув билан тўлдириш тақиқланади.
144-модда. Сув объектларидан ўтадиган кўприкларни, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаларини келишиш
Сув объектларидан ўтадиган кўприкларни, ўтиш йўлларини ва бошқа транспорт коммуникацияларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳалари сув хўжалиги, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органлари, фавқулодда вазиятлар органлари билан ҳамда зарур бўлган ҳолларда, энергетика органлари, архитектура ва қурилиш органлари, транспорт органлари (дарё транспортига оид қисмида) билан келишиб олиниши лозим, шунингдек тошқин сувларини ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг ифлосланиши, булғаниши ва камайиб кетиши бартараф этилишини, уларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши керак.
Сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи сув объектларидан ўтадиган кўприкларни, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари сув хўжалиги органлари билан, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатли органлар билан келишиб олиниши лозим ҳамда тошқин сувларни ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг булғаниши ва ифлосланиши бартараф этилишини таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши керак.
26-боб. Сувнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш
145-модда. Экстремал сув танқислиги ва қурғоқчилик
Экстремал сув танқислиги сув манбасининг сувлилик даражаси кўп йиллик (камида 30 йил) норманинг 50 фоизини ва ундан кам фоизни ташкил этадиган даврдир.
Ёғингарчилик миқдори нормал равишда қайд этилган даражалардан кам бўлганда юзага келиб, ер ресурсларининг маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатадиган гидрологик мувозанатнинг жиддий бузилишини келтириб чиқарувчи табиий ҳодиса қурғоқчиликдир.
Экстремал сув танқислигининг ва қурғоқчилик хавфининг олдини олиш мақсадида сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли органи томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа манфаатдор тарафлар билан биргаликда уларни мониторинг қилиш ва эрта огоҳлантириш тизимининг самарали ишлашини, иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли гуруҳлари ҳамда ҳудудлар бўйича заифлик ва таъсир кўрсатиш баҳоланишини ҳамда уларга тайёргарлик кўриш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш чоралари кўрилишини назарда тутувчи аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Экстремал сув танқислиги юзага келган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
экстремал сув танқислигига учраган ҳудудларда сувдан фойдаланишда янги устуворликларни вақтинча жорий этиш тўғрисида махсус қарор қабул қилишга;
сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолиятнинг айрим ёки барча турларига нисбатан чекловлар жорий этишга ҳақли.
146-модда. Ташкилотлар ва муассасаларнинг сувларнинг зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича мажбуриятлари
Ташкилотлар ва муассасалар фавқулодда вазиятлар органлари, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, сув хўжалиги органлари, тоғ-кон саноати ва геология органлари ҳамда бошқа манфаатдор органлар билан келишувга кўра ёки шунга ваколатли бўлган давлат органларининг кўрсатмалари бўйича:
сув тошқинларининг, сув босиши ва зах босишининг;
соҳиллар, ҳимоя дамбалари ва бошқа иншоотлар бузилиб кетишининг;
ерларнинг ботқоқланиши ва шўрланишининг;
тупроқлар эрозиясининг, жарликлар, ўпирилишлар юзага келишининг, сел оқимларининг ва сувларнинг бошқа зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга доир тадбирларни ўтказиши шарт.
147-модда. Сувнинг зарарли таъсир кўрсатиши натижасида юз берадиган табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга доир чора-тадбирлар
Ҳудудларда тошқинлар ва сел бўлганда авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш ишларини бажариш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ташкил этилади.
Сувнинг зарарли таъсир кўрсатиши натижасида юз берадиган табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ишларига тезкор раҳбарлик қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан зарур ҳолларда маъмурий-ҳудудий бирликларда вилоят ва туман штаблари ташкил этилади ҳамда тошқинларга ва селларга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилиб, уларнинг таркибига тегишли ташкилотлар ва муассасаларнинг вакиллари киради.
148-модда. Сувнинг зарарли таъсир кўрсатишидан муҳофаза қилишга, унинг зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олишга ва уни бартараф этишга доир тадбирларни молиялаштириш
Сувнинг зарарли таъсир кўрсатишидан муҳофаза қилишга, унинг зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг балансидаги объектларда тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан, сувдан фойдаланувчиларнинг балансидаги объектларда эса уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
VI БЎЛИМ. СУВДАН ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИ, УЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИ ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТДАН РАҒБАТЛАНТИРИШ, СУВГА ДОИР ДАВЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАР, СУВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ВА СУВГА ДОИР НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ
27-боб. Сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланишни ва уларни муҳофаза қилишни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш
149-модда. Сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланишнинг ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлари
Сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланишнинг ҳамда уларни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий чора-тадбирларида қуйидагилар назарда тутилади:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ундириш, сув етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўлов, сув объектларини ифлослантирганлик ва уларга зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари;
сувдан фойдаланувчиларга сувни тежашда, сувнинг ҳисобини юритишда, сувни тежайдиган суғориш ва сувни тозалаш технологияларини жорий этишда, сувни муҳофаза қилиш ва тежашда самара берадиган бошқа фаолиятни амалга оширишда қонунчиликка мувофиқ бериладиган солиқ, кредит имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар;
сув етказиб берувчи ташкилотлар орасида рақобатни ривожлантириш, сув ресурсларини бошқариш ва сувдан фойдаланувчиларга сув етказиб бериш жараёнларига давлат-хусусий шериклик принципларини жорий этиш.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз таъсис ҳужжатларига мувофиқ сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишга доир самарали чора-тадбирлар татбиқ этилишини қонунчиликда белгиланган тартибда рағбатлантириши мумкин.
150-модда. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўловлар
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўловлар қуйидагилардан иборат:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан;
сув етказиб бериш ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловдан;
сув олиш квоталарини бошқа сувдан фойдаланувчилардан сотиб олиш учун тўловдан (квотанинг бир қисмини бошқаларга беришга доир шартномага мувофиқ);
сувдан лимитдан ортиқча фойдаланганлик учун тўловдан (сувдан лимитдан ортиқча фойдаланганлик ёки сув етказиш бўйича мажбуриятнинг бир қисмини бошқаларга беришга доир шартномага мувофиқ);
атроф-муҳитни (сувлар ва жой рельефини) ифлослантирганлик учун компенсация тўловидан.
Атроф-муҳитни ифлослантирганлик, шунингдек сувдан ва сув объектларидан лимитдан ортиқча (нормативдан ортиқ) ва бошқача тарзда нооқилона равишда фойдаланганлик учун компенсация тўловлари юридик шахс даромадидан (фойдасидан) ундирилади, қолган барча тўловлар эса юридик шахс бўлган сувдан фойдаланувчилар маҳсулотининг (ишларининг, хизматларининг) таннархига киритилади.
Сувдан фойдаланганлик учун тўловлар ва атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари бўйича имтиёзлар қонунчиликда белгиланади.
Ичимлик ва хўжалик-маиший эҳтиёжлари учун ичимлик сув таъминоти корхоналарига сув етказиб берганлик ҳамда бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўлов ундирилмайди.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланганлик учун тўловларнинг, сувни ва сув объектларини ифлослантирганлик учун компенсация тўловларининг тўланиши юридик ҳамда жисмоний шахсларни сувдан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишдан ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.
Ёнғинни ўчириш эҳтиёжлари ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун фойдаланилган сув ҳажми учун тўлов ундирилмайди.
151-модда. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгилашга, жорий этишга ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқаришга ҳамда тўлашга доир муносабатлар, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тартибга солинади.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан тушумларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва фойдаланувчи ташкилотлар (сув етказиб берувчи ташкилотлар) бюджетлари ўртасида тақсимлаш ҳар йили қабул қилинадиган навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунда белгиланади.
152-модда. Сув етказиб берганлик ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўлов
Сув етказиб бериш хизматлари ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа сув хўжалиги хизматлари пулли асосда кўрсатилади.
Сув етказиб берганлик учун тўлов сув етказиб берувчи ташкилотнинг харажатларини, шу жумладан фойдаланишга доир ва маъмурий харажатларни, келажакда сув етказиб бериш инфратузилмасини модернизация қилиш харажатларини қоплашга, шунингдек сув етказиб берувчи ташкилотнинг рентабеллигини таъминлашга қаратилган.
Сув етказиб бериш учун тўловлар Давлат бюджети ҳисобидан, шунингдек ўзаро субсидиялаш механизми орқали амалга оширилиши мумкин.
Бунда сув етказиб бериш харажатлари битта гидрографик зонада барча сувдан фойдаланувчилар учун бир хил бўлиши керак.
Сув етказиб бериш хизматлари ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларнинг базавий ставкалари қуйидагилар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади:
сув тежашни рағбатлантириш ва тарифларни етказиб берилган сув ҳажмларига боғлаш зарурияти;
мазкур гидрографик зонадаги сувлилик даражаси;
турли ҳудудлардаги сувдан фойдаланувчилар учун сув етказиб бериш харажатларидаги тафовутлар ва битта ҳудуд доирасидаги сувдан фойдаланувчилар учун тарифларни тенглаштириш;
давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари.
Сув етказиб бериш хизматлари ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўлов ундириш тартиби ҳамда шартлари сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сувдан фойдаланувчилар ўртасидаги шартномаларда белгиланади.
Сув етказиб берганлик учун тўлов сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ таркибига қисман ёки тўлиқ киритилиши мумкин.
Сув етказиб берганлик учун тўловнинг сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ таркибига киритилган қисмида сув етказиб берувчи ташкилот ёки солиқ органлари томонидан ундирилади.
153-модда. Сувларни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари
Сувларни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари «ифлослантирувчи тўлайди» принципига асосланиб, унга мувофиқ ифлослантиришни бартараф этиш, чеклаш ва камайтириш чора-тадбирлари билан боғлиқ сарф-харажатлар компенсация тўловлари субъекти томонидан қопланади.
Сув объектларига ва жой рельефига ифлослантирувчи моддаларни норматив ва нормативдан ортиқча, аварияли ва бир йўла чиқариш массаси компенсация тўловлари объектидир.
Сув объектларига ва жой рельефига ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилишини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар компенсация тўловлари субъектларидир.
Компенсация тўловларини ҳисоб-китоб қилиш, тўловларни амалга ошириш ва тушган маблағлардан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
154-модда. Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг
Сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат-хусусий шериклик принциплари сув хўжалиги тизимининг давлат ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасида давлат сектори томонидан бошқариладиган ҳамда Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган сув хўжалиги инфратузилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқишга, реализация қилишга ҳамда молиялаштиришга қаратилган узоқ муддатли шартномавий шериклик муносабатларини назарда тутади.
Қуйидагилар (хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг мол-мулкини вақтинча, доимий бошқарувга ва бошқа шакллардаги бошқарувга бериш имконияти билан) аутсорсингга ўтказилиши мумкин:
сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;
сув хўжалиги объектларига хизмат кўрсатиш бўйича бошқа хизматлар.
Сув хўжалиги объектларини ва хизматларини аутсорсингга ўтказиш ҳамда давлат-хусусий шериклик фақат танлов (тендер) асосида шаффоф тартиб-таомилларга кўра амалга оширилади.
Сув хўжалиги объектлари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида берилганда, ушбу сув объектларини бошқарувга қабул қилган хусусий шериклар ўзининг хизмат кўрсатиш зонасида:
фаолият кўрсатаётган барча сув хўжалиги объектларини мустақил бошқаради;
сув олиш лимити ва сув етказиб берувчи ташкилотларнинг сувдан фойдаланувчилар олдидаги шартномавий мажбуриятлари доирасида сувдан фойдаланувчиларни белгиланган тартибда сув билан таъминлайди;
сув бўйича тўлиқ ҳисобот ва ҳисобдорлик юритилишини таъминлайди, ушбу жараёнларга автоматлаштирилган тизимни жорий этади;
ўзининг хизмат кўрсатиш зонасидаги барча сув хўжалиги объектлари босқичма-босқич модернизация қилинишини таъминлайди.
155-модда. Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги хавфларни суғурта қилиш
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги хавфларни суғурта қилиш сув муҳитининг ифлосланиши, сувлар сифатининг ёмонлашиш ҳамда сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа зарарли таъсирлар оқибатида зарар етказилган ҳолларда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мол-мулки ҳамда даромадларини, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоя қилиш фаолиятидан иборат.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги хавфларни суғурта қилишда юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш улар томонидан тўланадиган суғурта мукофотларидан, шунингдек бошқа маблағлардан шаклланадиган пул фондлари ҳисобидан, суғурта шартномасига мувофиқ ва муайян ҳодиса (суғурта ҳодисаси) юз берганда уларга суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш орқали амалга оширилади.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги хавфларни суғурта қилиш, қоида тариқасида, экология суғуртаси тартибида амалга оширилади.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги хавфларни суғурта қилиш фуқаролик қонунчилигида, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликда, суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда, ушбу Кодексда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги хавфларни суғурталашнинг асосий мақсади сувнинг ва сув объектларининг ифлосланиши, авариялар, бошқа суғурта ҳодисаси юзага келиши оқибатида учинчи шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига, мол-мулкига ва (ёки) атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплашдан иборатдир.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги хавфларни суғурта қилишнинг асосий принциплари, объектлари, субъектлари ва тартиби «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланади.
156-модда. Сув хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Сув хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
сув хўжалиги тизимининг давлат ташкилотларини молиялаштириш;
янги сув хўжалиги иншоотлари ва тизимларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш учун молиявий ресурсларни, шу жумладан давлат кафолати остидаги қарзлар ва инвестицияларни жалб қилиш;
трансчегаравий, республика, вилоятлараро, туманлараро ва хўжаликлараро аҳамиятга эга бўлган сув объектларидан, сув хўжалиги иншоотларидан ва тизимларидан фойдаланиш бўйича тадбирларни Ўзбекистон Республикасининг бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш;
сувдан фойдаланувчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли ва узоқ муддатли кредитлар ҳамда бошқа преференциялар бериш;
сув хўжалиги тизимини қўллаб-қувватлашга доир бошқа чора-тадбирларни қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш.
Сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги инвестиция сиёсати қайтариб бериш шарти билан марказлашган кредитлар ҳисобига сув хўжалигини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга, сув хўжалиги органларининг шахсий маблағлари тармоқни ривожлантириш учун жойлаштирилишини рағбатлантиришга ҳамда инвестицияларга йўналтириладиган маблағларнинг сарфланишини назорат қилишга асосланади.
28-боб. Сувга доир давлатлараро муносабатлар
157-модда. Сувга доир муносабатлар соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий принциплари ва йўналишлари
Ўзбекистон Республикаси сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширади.
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлигининг асосий йўналишларидир:
Ўзбекистон Республикасининг сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро шартномаларини бажариш;
трансчегаравий сувлардан ва сув объектларидан, шунингдек атроф-муҳитдан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамда минтақанинг сув ресурсларидан ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш;
Марказий Осиё мамлакатлари манфаатларининг балансини таъминлайдиган, минтақанинг трансчегаравий сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича ўзаро мақбул механизмларни амалга ошириш.
158-модда. Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик механизмлари
Ўзбекистон Республикасининг сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги механизмлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
трансчегаравий таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширишда ўз ҳудудидаги трансчегаравий сувлардан ва сув объектларидан оқилона ҳамда адолатли фойдаланишни таъминлаш;
трансчегаравий сувларнинг ифлосланиши бошқа давлатларнинг трансчегаравий сув объектларига ўтишига олиб келиши мумкин бўлган ифлосланишга йўл қўймаслик, унинг олдини олиш, уни чеклаш чораларини кўриш;
трансчегаравий таъсирнинг олдини олиш, уни чеклаш ва камайтириш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, иқтисодий, молиявий ва техник чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, биргаликда амалга ошириш;
трансчегаравий таъсирнинг олдини олиш, уни чеклаш ва камайтириш соҳасида биргаликда икки томонлама ҳамда кўп томонлама тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа ҳамкорлик механизмлари.
159-модда. Трансчегаравий сув объектларидан фойдаланишни тартибга солиш
Ўзбекистон Республикасининг ва Орол денгизи ҳавзасидаги бошқа давлатларнинг ҳудудида жойлашган трансчегаравий сув объектларидан, шунингдек асосан сувда сузувчи қушлар яшайдиган сувли-ботқоқ ерлардан фойдаланиш, сув хўжалиги ва сувни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси трансчегаравий сув объектларининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида тартибга солинмаган қисмида сувдан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
160-модда. Сувга доир давлатлараро низолар
Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар ўртасидаги сувга доир давлатлараро низолар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Сувга доир давлатлараро низолар ва келишмовчиликлар дипломатик каналлар, музокаралар, ўзаро маслаҳатлашувлар орқали ва сувга доир низонинг тарафлари учун мақбул бўлган ҳар қандай бошқа усулларда тезкор равишда ҳал этилади.
29-боб. Сув тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг ҳуқуқий оқибатлари
161-модда. Сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
162-модда. Давлатнинг сувга бўлган эгалик ҳуқуқини бузадиган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги
Давлатнинг сувга бўлган эгалик ҳуқуқини тўғридан-тўғри ёки яширин шаклда бузадиган битимлар ҳақиқий эмасдир.
163-модда. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган сув объектларини қайтариш
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган сув объектлари эгалик қилувчига улардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш вақтида амалга оширилган харажатларнинг ўрни қопланмаган ҳолда қайтарилади.
Қонунга хилоф равишда фойдаланиш даврида сув объектларига зарар етказилган тақдирда, сув объектини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахс етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.
164-модда. Сув олиш тартибини бузганлик учун молиявий санкциялар
Қишлоқ хўжалиги, балиқ хўжалиги, саноат, энергетика ва хўжалик-маиший эҳтиёжлар учун сув олиш тартиби юридик шахслар томонидан бузилган тақдирда, уларга нисбатан қуйидаги миқдорларда жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади:
сувдан фойдаланувчилар белгиланган лимитдан ортиқ олган ҳар минг куб метр сув учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида;
сувдан фойдаланувчилар сув олиш шартномалари тузилмаган ҳолда олган ҳар минг куб метр сув учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида;
сувдан фойдаланувчилар сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ҳолда олган ҳар минг куб метр сув учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида;
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сувдан фойдаланувчилар сувдан махсус фойдаланишга доир рухсатномасиз олган ҳар минг куб метр сув учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 фоизи миқдорида;
сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сувдан фойдаланувчилар ўзбошимчалик билан олган ҳар минг куб метр сув учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида.
Сув олиш тартибининг бузилиши молиявий санкциялар қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилганда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган молиявий санкциялар беш баравар миқдорда қўлланилади.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган жарима тарзидаги молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, бундан юридик шахслар томонидан молиявий санкциялар суммаси бир ойлик муддатда ихтиёрий равишда тўланган ҳоллар мустасно.
165-модда. Низоларни ҳал этиш
Сувдан ва сув объектларидан, сув хўжалиги объектларидан, шунингдек сув фонди ерларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
Oʻzbekiston Respublikasining Suv kodeksi
I BOʻLIM. UMUMIY QOIDALAR
1-bob. Asosiy qoidalar
1-modda. Ushbu Kodeks bilan tartibga solinadigan munosabatlar
Ushbu Kodeks suv, suv obyektlari, suv xoʻjaligi obyektlari va suv fondi yerlaridan oqilona foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi munosabatlarni tartibga soladi.
2-modda. Ushbu Kodeksning asosiy vazifalari
Ushbu Kodeksning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
aholini, iqtisodiyot tarmoqlarini va ekologik tizimlarni suv bilan barqaror taʼminlashga erishish hamda uni saqlab turish;
iqlim oʻzgarishini hisobga olgan holda suvlarni oqilona boshqarish va ulardan foydalanish hamda tejash;
suvlarni bulgʻalanish, ifloslanish va kamayib ketishdan muhofaza qilish;
suvlarning zararli taʼsirining oldini olish va uni bartaraf etish;
suv obyektlarining holatini yaxshilash;
suvga doir munosabatlar sohasida iqtisodiy mexanizmlarni, shu jumladan davlat-xususiy sheriklikni rivojlantirish;
yuridik va jismoniy shaxslarning suvga doir munosabatlar sohasidagi huquqlarini hamda qonuniy manfaatlarini himoya qilish;
suv masalalari boʻyicha davlatlararo hamkorlikni rivojlantirish.
3-modda. Suv toʻgʻrisidagi qonunchilik
Suv toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Kodeks va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.
Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining suv toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.
4-modda. Asosiy tushunchalar
Ushbu Kodeksda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
gidrotexnika inshootlari — suv omborlari toʻgʻonlari, daryolardagi, soylardagi, kanallardagi va kollektorlardagi toʻgʻonlar, daryolar oʻzanlaridagi toʻsuvchi inshootlar, suv olish, suv oʻtkazish, suv tashlash hamda qirgʻoqlarni himoya qilish inshootlari, gidroelektrostansiyalar, nasos stansiyalari;
yer osti suvlari — yer osti suv obyektlarining suvlari;
yer usti suvlari — yer usti suv obyektlarining suvlari;
ichimlik suvi taʼminoti — ichimlik suvini ichimlik suvi taʼminoti tarmoqlari orqali va (yoki) transportda isteʼmolchilarga yetkazib berish;
kanallar — suv bilan manbadan suvdan foydalanuvchilarning chegarasiga qadar taʼminlash uchun moʻljallangan suv xoʻjaligi obyektlari;
kollektor-drenaj suvlari — yer osti sizot suvlari va tashlama suvlar;
kollektor-drenaj tarmogʻi — yer osti sizot suvlarini va tashlama suvlarni toʻplash hamda chiqarib yuborish uchun moʻljallangan suv xoʻjaligi obyekti;
mineral suvlar — tarkibida erigan tuzlar, mikroelementlar, shuningdek davolashda ijobiy taʼsir koʻrsatadigan baʼzi biologik faol komponentlar mavjud boʻlgan suvlar;
oqova suvlar — maishiy, ishlab chiqarish yoki boshqa ehtiyojlar uchun foydalanilgan hamda dastlabki kimyoviy tarkibi va fizik xossalarini oʻzgartirgan qoʻshimcha aralashmalar bilan ifloslangan suvlar, shuningdek atmosfera yogʻinlari yogʻishi natijasida hosil boʻlgan, aholi punktlari va sanoat korxonalari hududidan oqib chiquvchi suvlar;
sanitariya muhofazasi zonasi — ichimlik, maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlari uchun moʻljallangan, foydalanilayotgan, loyihalashtirilayotgan, qurilayotgan va rekonstruksiya qilinayotgan obyektlarga tutash boʻlgan, ularning sanitariya-epidemiologik ishonchliligini taʼminlash uchun tashkil etiladigan, muhofaza rejimiga ega boʻlgan hududlar;
sohil boʻyi mintaqasi — suvni muhofaza qilish zonasi doirasida tabiiy yer usti suv obyektlari, shuningdek foydalanilayotgan, loyihalashtirilayotgan, qurilayotgan va rekonstruksiya qilinayotgan suv xoʻjaligi obyektlari suv obyekti boʻylab yoki ular atrofida ushbu suv xoʻjaligi obyektlaridan tegishli tarzda foydalanishni taʼminlash, ularni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash, shuningdek suv resurslarini oqilona boshqarish va ularning hisobini yuritish uchun tashkil etiladigan qatʼiy rejimli hudud;
suv yetkazib beruvchi tashkilot — suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanish va ularga texnik xizmat koʻrsatish uchun masʼul boʻlgan, oʻziga shartnoma asosida suvdan foydalanuvchilarga suv olish va yetkazib berish huquqi berilgan suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkiloti va (yoki) boshqa yuridik shaxs;
suvlarning zararli taʼsiri — suvlarning salbiy taʼsiri natijasida sodir boʻlayotgan muayyan obyektlarning yuvilib ketishi, buzilishi, suv bosishi, zax bosishi, loyqa choʻkishi, botqoqlanishi, shoʻrlanishi va boshqa hodisalar;
suvni muhofaza qilish zonasi — suvlarning sanitariya holatini zarur darajada saqlab turish, ularning bulgʻanishi va ifloslanishining, shuningdek suv obyektlarining tuproq eroziyasi mahsulotlari bilan loyqa choʻkishining oldini olish, shuningdek qulay suv rejimini yaratish va saqlab turish maqsadida maxsus foydalanish va xoʻjalik faoliyati yuritish rejimi belgilanadigan, suv obyektlarining oʻzanlariga yoki akvatoriyalariga tutash boʻlgan tabiiy hudud;
suv obyekti — suvlar doimiy ravishda yoki vaqtincha toʻplanadigan va suv rejimining oʻziga xos shakllari va belgilari mavjud boʻlgan tabiiy (jilgʻalar, soylar, daryolar va boshqalar) hamda sunʼiy (ochiq va yopiq kanallar, shuningdek kollektor-drenaj tarmoqlari) suv oqimlari, tabiiy (koʻllar, dengizlar, yer osti suvlari konlari va suvli qatlamlari) va sunʼiy (suv omborlari, sel-suv omborlari, hovuzlar va boshqalar) suv havzalari, shuningdek buloqlar va boshqa obyektlar;
suv olish kvotasi — suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga va suvdan foydalanuvchilarga bir necha yil uchun ajratiladigan suv hajmi;
suv olish limiti — suv obyektlarining suvlilik darajasiga qarab suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga va suvdan foydalanuvchilarga vegetatsiya va kuz-qish davrlari uchun ajratiladigan suv hajmi (suv olish kvotasidan foiz hisobida);
suv obyektlarini muhofaza qilish — suv obyektlarini saqlash va tiklashga qaratilgan tadbirlar tizimi;
suv rejimi — suv sifati, sathi, oqimi tezligi, sarfi va hajmining vaqt birligida oʻzgarishi;
suv resurslari — suv obyektlarining foydalanilayotgan yoki foydalanilishi mumkin boʻlgan yer osti va yer usti suvlari;
suv servituti — suv obyektidan yoki uning bir qismidan, shu jumladan suvni muhofaza qilish zonalaridan cheklangan tarzda foydalanish huquqi;
sugʻorish tarmogʻi — suvdan foydalanuvchilarning sugʻoriladigan maydonlariga, shuningdek boshqa obyektlarga kanallardan va boshqa suv obyektlaridan suv yetkazib beriladigan, suvdan foydalanuvchilarga maqsadli foydalanish uchun berilgan suv xoʻjaligi obyekti;
suv fondi — suv obyektlarida toʻplangan barcha suvlar majmui;
suv fondi yerlari — yer usti suv obyektlari va suv xoʻjaligi obyektlari egallagan yerlar hamda suv obyektlarining qirgʻoqlari boʻylab ajratilgan mintaqalar;
suvdan foydalanuvchi — suv resurslaridan oʻz ehtiyojlari uchun foydalanadigan yuridik yoki jismoniy shaxs;
suvdan foydalanish — yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan oʻz ehtiyojlarini qanoatlantirish uchun suv resurslaridan foydalanilishi;
suv xoʻjaligi — suv resurslarini va suv obyektlarini oʻrganish, hisobga olish, boshqarish, ulardan foydalanish, ularni muhofaza qilish, shuningdek suvlarning zararli taʼsiriga qarshi kurashishni qamrab oladigan iqtisodiyot tarmogʻi;
suv xoʻjaligi obyekti — gidrotexnika inshootlari, shuningdek ular bilan bogʻliq boʻlgan yoʻllar, binolar, elektr uzatish liniyalari hamda suv xoʻjaligi faoliyatini amalga oshirish uchun moʻljallangan boshqa infratuzilma;
suv xoʻjaligi xizmati — suvdan foydalanuvchiga suv xoʻjaligi sohasida shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmat;
suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkiloti — Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining tashkiloti boʻlib, uning zimmasiga suv xoʻjaligi obyektlariga texnik xizmat koʻrsatish va ulardan foydalanish vazifalari yuklatilgan;
tashlama suvlar — kanallardan va sugʻorish tarmoqlaridan suv obyektlariga yoki joy relyefiga avariya holatida tashlanadigan suvlar, shuningdek sugʻoriladigan yerlardan nooqilona foydalanilishi natijasida ulardan tashlanadigan suvlar;
transchegaraviy suvlar — ikki va undan ortiq davlatlar chegaralarini kesib oʻtadigan yoki shunday chegaralarda joylashgan har qanday yer usti yoki yer osti suvlari;
transchegaraviy suv obyektlari — ikki va undan ortiq davlatlar chegaralarini kesib oʻtadigan yoki shunday chegaralarda joylashgan suv obyektlari;
transchegaraviy taʼsir — jismiy manbasi toʻliq yoki qisman u yoki bu sohil boʻyi davlat yurisdiksiyasi ostidagi hududda joylashgan, transchegaraviy suvlar holati inson faoliyati taʼsirida oʻzgarishi natijasida yuzaga keladigan, boshqa sohil boʻyi davlat yurisdiksiyasi ostidagi hududdagi atrof-muhitga boʻlgan har qanday jiddiy zararli taʼsir oqibatlari.
5-modda. Suvga doir munosabatlarning obyektlari va subyektlari
Suvga doir munosabatlarning obyektlari quyidagilardan iborat:
suv obyektlari yoki ularning bir qismi yoxud suv resurslari;
suv xoʻjaligi obyektlari;
suv fondi yerlari.
Suvga doir munosabatlarning subyektlari quyidagilardan iborat:
maxsus vakolatli davlat organlari, shu jumladan respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari;
mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari;
suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlari;
suv yetkazib beruvchi tashkilotlar;
suvdan foydalanuvchilar;
fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va boshqa nodavlat tashkilotlari.
6-modda. Suvga doir munosabatlar sohasidagi asosiy prinsiplar
Suvga doir munosabatlar sohasidagi asosiy prinsiplar quyidagilardan iborat:
suv resurslaridan maqsadli va kompleks foydalanish hisobidan aholining, iqtisodiyot tarmoqlarining hamda ekotizimlarning suvga boʻlgan ehtiyojlarini qanoatlantirish;
aholini ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlar uchun zarur miqdordagi va sifati kafolatlangan suv bilan birinchi navbatda taʼminlash;
suv obyektlaridan foydalanishda ularni muhofaza qilish ustuvorligi;
suv ekotizimlarining maqbul holati va aholi salomatligini muhofaza qilish uchun qulay shart-sharoitlarni taʼminlash;
suvga doir munosabatlar subyektlarining tengligi;
suvni tejash, undan oqilona foydalanish va uni saqlashni qoʻllab-quvvatlash;
suv resurslarini boshqarishga doir ekotizimli yondashuv;
suv resurslarini integratsiyalashgan holda boshqarish, yer usti, yer osti suvlarini va qaytarib tashlanadigan suvlarni muvofiqlashtirilgan holda boshqarish;
suv resurslarini boshqarish va ulardan foydalanishning havza hamda maʼmuriy-hududiy prinsiplarini uygʻunlashtirish;
suv xoʻjaligi sohasining iqlim oʻzgarishiga moslashishini taʼminlash;
suv ifloslanishining oldini olish, uni cheklash va kamaytirish;
suv xoʻjaligiga bozor iqtisodiyoti va davlat-xususiy sheriklik prinsiplarini joriy etish;
suv resurslarini boshqarish jarayonining ochiqligi, shaffofligini taʼminlash va ushbu jarayonga jamoatchilikni jalb etish;
suvga doir munosabatlarda ilmiy va innovatsion faoliyatni ragʻbatlantirish;
suv toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzish oqibatida yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash;
suvga doir munosabatlar subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish.
7-modda. Suvdan foydalanish turlari
Suv obyektidan suv olish usuliga, suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etishiga qarab, suvdan foydalanish umumiy va maxsus foydalanishga boʻlinadi.
2-bob. Suv obyektlari
8-modda. Suv obyektlarining toifalari
Suv obyektlarining toifalari jumlasiga quyidagilar kiradi:
Oʻzbekiston Respublikasining yer usti va yer osti suv obyektlari;
Oʻzbekiston Respublikasida joylashgan va uning hududini kesib oʻtadigan transchegaraviy yer usti va yer osti suv obyektlari.
Yer usti suv obyektlari jumlasiga tabiiy va sunʼiy suv oqimlari hamda hovuzlar, shuningdek buloqlar va boshqa obyektlar, ularning oʻzanlari, tubi va qirgʻoqlari kiradi.
Yer osti suv obyektlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
yer osti suvlari konlari va suvli qatlamlari hamda ularning yer qaʼrisiga yoki yer yuzasiga sizib chiqish zonalari;
suv rejimi chegaralari va chiziqlariga ega boʻlgan yer qaʼridagi suvlar toʻplanishining boshqa shakllari.
9-modda. Suv obyektlaridan foydalanish turlari
Suv obyektlari tanho yoki birgalikda foydalanishda boʻlishi mumkin.
Suv obyekti suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlariga va suvdan foydalanuvchilarga nazarda tutilgan talablar va shartlarga rioya etilgan taqdirda bitta yoki bir nechta maqsadda foydalanishga beriladi.
Suv obyekti tegishliligi boʻyicha suv xoʻjaligi organlari, sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi organlari, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, togʻ-kon sanoati va geologiya organlari bilan kelishuvga koʻra qonunchilikda belgilangan tartibda foydalanishga beriladi.
Oqova suvlarni oqizish uchun suv obyektidan foydalanishga faqat ekologiya va sanitariya talablari hamda shartlariga rioya etilgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi.
Suv obyektlari bitta yoki ayni bir vaqtda bir nechta maqsadda foydalanishga berilishi mumkin.
Suv obyektlari tanho foydalanish uchun yuridik va jismoniy shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi yoki boshqa vakolatli davlat organi tomonidan toʻliq yoki qisman beriladi.
Tanho foydalanishga berilmagan suv obyekti birgalikda foydalaniladigan suv obyektidir.
Suvdan foydalanuvchilar birgalikda foydalaniladigan suv obyektidan suv olishda oʻzaro manfaatlarni inobatga olishi, suvdan foydalanish huquqi amalga oshirilishini qiyinlashtirmasligi va bir-biriga zarar yetkazmasligi shart.
10-modda. Muhofaza etiladigan tabiiy hududlarning suv obyektlari
Muhofaza etiladigan tabiiy hududlarning suv obyektlari jumlasiga:
davlat qoʻriqxonalaridagi;
majmua (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalaridagi;
tabiat bogʻlaridagi;
davlat tabiat yodgorliklaridagi;
tabiiy obyektlar va majmualarni saqlab qolish, takror koʻpaytirish va tiklash uchun moʻljallangan hududlardagi;
muhofaza etiladigan landshaftlardagi;
ayrim tabiiy resurslarni boshqarish uchun moʻljallangan hududlardagi;
davlat biosfera rezervatlaridagi;
milliy bogʻlardagi;
davlatlararo muhofaza etiladigan tabiiy hududlardagi;
boshqa muhofaza qilinadigan tabiiy hududlardagi suv obyektlari kiradi.
II BOʻLIM. SUVGA, SUV OBYEKTLARIGA VA SUV XOʻJALIGI OBYEKTLARIGA BOʻLGAN HUQUQLAR HAMDA SUV RESURSLARINI DAVLAT TOMONIDAN BOSHQARISH
3-bob. Suvga, suv obyektlariga va suv xoʻjaligi obyektlariga boʻlgan huquq
11-modda. Suvga davlat egaligi
Suv umummilliy boylikdir, undan oqilona foydalanish lozim va u davlat tomonidan muhofaza qilinadi.
12-modda. Suv obyektlariga boʻlgan huquq
Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan suv obyektlari Oʻzbekiston Respublikasining mulkidir, bundan ushbu Kodeksda va boshqa qonunlarda, shuningdek xalqaro shartnomalarda nazarda tutilgan hollar mustasno.
Daryolar oʻzanlarining va boshqa suv oqimlarining tabiiy oʻzgarishi Oʻzbekiston Respublikasining ushbu suv obyektlariga boʻlgan mulk huquqi bekor qilinishiga sabab boʻlmaydi.
Davlat organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari oʻz vakolatlari doirasida Oʻzbekiston Respublikasi nomidan suv obyektlariga boʻlgan mulk huquqini amalga oshiradi.
13-modda. Suv xoʻjaligi obyektlariga boʻlgan mulk huquqi
Suv xoʻjaligi obyektlari davlat mulkida (respublika, munitsipal mulkida) yoki xususiy mulkda (fuqarolar, fermer va dehqon xoʻjaliklari, shuningdek davlatga qarashli boʻlmagan boshqa yuridik shaxslar mulkida) boʻlishi mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalariga muvofiq boshqa davlatlar hududida joylashgan Oʻzbekiston Respublikasining suv xoʻjaligi obyektlari Oʻzbekiston Respublikasining mulkidir.
Suv xoʻjaligi obyektlariga boʻlgan xususiy mulk huquqi bilan bogʻliq munosabatlar Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi bilan tartibga solinadi.
Suv xoʻjaligi obyektlariga boʻlgan mulk huquqi qonunchilikda belgilangan tartibda majburiy davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi shart.
Suv xoʻjaligi obyektini davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida berish davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi qonunchilikka asosan amalga oshiriladi.
14-modda. Suv fondi yerlaridan foydalanish huquqi
Suv fondi yerlari doimiy foydalanish huquqi asosida quyidagilarga beriladi:
sunʼiy suv obyektlari va suv xoʻjaligi obyektlari boʻyicha — tegishliligiga koʻra tegishli tashkilotlarga;
tabiiy suv obyektlari boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining tegishli tashkilotlariga.
Suv fondi yerlari jamoat ehtiyojlari uchun kompensatsiya evaziga qonunda belgilangan tartibda olib qoʻyilishi mumkin.
Suv fondi yerlarida suv obyektlariga salbiy taʼsir koʻrsatadigan xoʻjalik faoliyatini va qurilish ishlarini olib borish taqiqlanadi.
Suv fondi yerlaridan foydalanish tartibi ushbu Kodeks va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.
4-bob. Suv resurslarini boshqarish
15-modda. Suv resurslarini boshqarish organlari
Suv resurslarini boshqarish havzaviy, gidrografik prinsip boʻyicha yoki ulardan oqilona foydalanishni taʼminlaydigan boshqa shartlarni hisobga olgan holda amalga oshiriladi.
Suv resurslarini boshqarishda quyidagilar maxsus vakolatli organlardir:
yer usti suvlarini boshqarish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va uning Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan organlari;
yer osti suvlarini boshqarish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi.
16-modda. Suv kengashlari
Suv resurslarini boshqarishda shaffoflikni taʼminlash va manfaatdor taraflar vakillarini jalb etgan holda tegishli qarorlar qabul qilish maqsadida respublika va havzalar, zarur hollarda esa hududlar darajasida kollegial-maslahat organi shaklidagi suv kengashlari tashkil etiladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida Respublika suv kengashi tashkil etiladi.
Respublika suv kengashining tarkibiga suv resurslaridan foydalanish va ularni muhofaza qilish sohasidagi vakolatli vazirliklar va idoralarning rahbarlari kiradi. Respublika suv kengashining tarkibiga nodavlat tashkilotlar vakillari, ayrim ekspertlar va olimlar ham kiritilishi mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri Respublika suv kengashi raisidir.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Respublika suv kengashining ishchi organidir.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzurida havza (yoki hududiy) suv kengashlari tashkil etiladi.
Havza (yoki hududiy) suv kengashining tarkibiga suv resurslaridan foydalanish va ularni muhofaza qilish sohasidagi vakolatli vazirliklar va idoralarning hududiy tashkilotlari rahbarlari kiradi. Havza (yoki hududiy) suv kengashining tarkibiga nodavlat tashkilotlar vakillari, ayrim ekspertlar va olimlar ham kiritilishi mumkin.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar hokimlari havza (yoki hududiy) suv kengashlarining raislaridir.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlarining havza boshqarmalari havza (yoki hududiy) suv kengashlarining ishchi organlaridir.
Tumanlar (Quvasoy shahri) hokimliklari huzurida tumanlar suv kengashlari tashkil etiladi.
Tumanlar suv kengashlarining tarkibiga suv resurslaridan foydalanish va ularni muhofaza qilish sohasidagi vakolatli vazirliklar va idoralarning tuman tashkilotlari rahbarlari kiradi. Tumanlar suv kengashlarining tarkibiga nodavlat tashkilotlar vakillari, ayrim ekspertlar va olimlar ham kiritilishi mumkin.
Tegishli tuman (Quvasoy shahri) hokimi tuman suv kengashining raisidir.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining tuman tashkiloti yoki tumanning suv xoʻjaligi obyektlarini boshqarishni amalga oshiruvchi tashkilot tuman suv kengashining ishchi organidir.
Respublika, havza, hududiy suv kengashi toʻgʻrisidagi nizom va ish reglamenti tegishli Kengash yigʻilishida tasdiqlanadi.
17-modda. Suv xoʻjaligi obyektlarini boshqarish
Davlat tashkilotlariga operativ boshqaruv huquqi asosida berilgan suv xoʻjaligi obyektlari davlat suv xoʻjaligi obyektlaridir.
Davlat suv xoʻjaligi obyektlari foydalanuvchi tashkilotlar tomonidan boshqariladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlariga asosan davlat suv xoʻjaligi obyektlari:
davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimga asosan xususiy sektor boshqaruviga berilishi;
kim oshdi savdosini oʻtkazish orqali vertikal sugʻorish quduqlari va ayrim kichik nasos stansiyalari (suv chiqarish quvvati sekundiga 1 kub metrgacha) xususiy sektorga realizatsiya qilinishi mumkin.
Faqat bitta suvdan foydalanuvchiga (qishloq xoʻjaligi yer uchastkasi ijarachisiga) xizmat koʻrsatadigan suv xoʻjaligi obyektlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining yoki viloyat hokimligining tegishli qarori bilan mazkur suvdan foydalanuvchiga operativ boshqaruv huquqi asosida tanho foydalanishga toʻlovsiz beriladi.
Ikki va undan ortiq suvdan foydalanuvchilarga (qishloq xoʻjaligi yer uchastkalari ijarachilariga) xizmat koʻrsatadigan suv xoʻjaligi obyektlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining tegishli qarori bilan suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga operativ boshqaruv huquqi asosida tanho foydalanishga toʻlovsiz beriladi.
Foydalanishga berilgan suv xoʻjaligi obyektlarini saqlash tegishligiga koʻra suvdan foydalanuvchilarning va suv yetkazib beruvchi tashkilotlarning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
Suvdan foydalanuvchilarning oʻz mablagʻlari hisobidan qurilgan suv xoʻjaligi obyektlari xususiy mulk hisoblanadi.
18-modda. Suv resurslarini boshqarishda fuqarolarning va nodavlat birlashmalarining ishtirok etishi
Yuridik shaxslar, nodavlat notijorat tashkilotlari boʻlgan suvdan foydalanuvchilar oʻz taʼsis hujjatlariga muvofiq, shuningdek fuqarolar suv resurslarini boshqarishda, suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanish, ularni muhofaza qilish tadbirlarini amalga oshirishda ishtirok etish huquqiga ega.
Suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlari va suv yetkazib beruvchi tashkilotlar suv resurslarini boshqarishda, suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanish hamda ularni muhofaza qilish tadbirlarini amalga oshirishda suvdan foydalanuvchilarning, nodavlat notijorat tashkilotlari hamda fuqarolarning, shu jumladan aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj qatlamlarining takliflarini hisobga oladi.
5-bob. Vakolatli davlat organlarining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari
19-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
suvdan va suv obyektlaridan kompleks hamda oqilona foydalanish, ularni boshqarish va muhofaza qilish sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshirish;
suvni va suv obyektlarini oqilona boshqarish tizimini takomillashtirish boʻyicha choralar koʻrish;
suvdan va suv obyektlaridan kompleks hamda oqilona foydalanish, ularni boshqarish va muhofaza qilish, shuningdek suvlarning zararli taʼsirining oldini olish va ularni bartaraf etish sohasida vazirliklarning, idoralarning, boshqa yuridik shaxslarning faoliyatini muvofiqlashtirish;
Respublika suv kengashining faoliyatini tashkil etish;
suv fondini tashkil etish va undan foydalanish, suvdan foydalanish normalarini, suv olish kvotalarini va suv olish limitlarini tasdiqlash tartibini belgilash;
suvlarning davlat tomonidan hisobga olib borilishini hamda ulardan foydalanish va ularni muhofaza qilish ustidan davlat nazoratini taʼminlash, davlat suv kadastrini hamda suv monitoringini yuritish;
yirik avariyalarning, falokatlarning, ekologik inqirozlarning va suvlarning zararli taʼsirining oldini olish hamda ularni bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqish;
suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqni hisoblash hamda suv obyektlarini bulgʻatganlik, ifloslantirganlik va quritib qoʻyganlik uchun kompensatsiya toʻlovlari tartibini belgilash;
suv xoʻjaligi sohasida davlatlararo munosabatlarni rivojlantirish yoʻnalishlarini belgilash;
suv xoʻjaligi sohasini rivojlantirishga, suvdan va suv obyektlaridan oqilona va samarali foydalanishga, suv tanqisligining salbiy oqibatlarini yumshatishga qaratilgan qarorlar va dasturlar qabul qilish, suv va suvdan foydalanishga doir boshqa dasturlarni tasdiqlash;
suvni tejaydigan texnologiyalar joriy etilishini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash tartibini tasdiqlash.
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.
20-modda. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
oʻz hududidagi suv resurslaridan foydalanish va ularni muhofaza qilishning asosiy yoʻnalishlarini belgilash;
oʻz hududidagi suv resurslaridan foydalanilishini tartibga solish va ularni muhofaza qilishga doir talablarga rioya etilishini taʼminlash;
suvdan va suv resurslaridan kompleks hamda oqilona foydalanish, ularni boshqarish, hisobga olish va muhofaza qilish, shuningdek suvlarning zararli taʼsirining oldini olish va ularni bartaraf etish sohasida vazirliklar, idoralar hududiy organlarining, boshqa yuridik shaxslarning faoliyatini muvofiqlashtirish;
tegishli havza (yoki hududiy) suv kengashlarining yoki tumanlar suv kengashlarining faoliyatini samarali tashkil etish;
suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini joriy etish boʻyicha aniq manzilli roʻyxatlarni shakllantirish va tasdiqlashda, shuningdek ularni amalga oshirishda koʻmaklashish;
suvdan foydalanuvchilarning va suv yetkazib beruvchi tashkilotlarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlariga rioya etilishini taʼminlash;
sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarini taʼmirlash hamda tiklash va shaxsiy tomorqa yer uchastkalariga suv yetkazib berish tadbirlarini amalga oshirishda koʻmaklashish;
suv obyektlarini saqlash va ularning holatini yaxshilash, suvlarning zararli taʼsirining, shuningdek bulgʻanishining oldini olish hamda uni bartaraf etish tadbirlarini amalga oshirish, avariyalar, toshqinlar, sellar va tabiiy ofatlar natijasida vayron boʻlgan obyektlarni qayta tiklash;
suv fondi yerlaridan samarali foydalanish masalalarida koʻmaklashish;
suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlarini saqlash xarajatlarini qonunchilikka binoan moliyalashtirish;
suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlariga suv resurslarini boshqarishda koʻmaklashish.
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining vakolatlari jumlasiga qonunchilikka muvofiq boshqa masalalar ham kiritilishi mumkin.
21-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi maxsus vakolatli davlat organidir.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
suv resurslarini boshqarish sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshirish, suvning hisobini va uning hisobotini yuritish;
suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanish hamda ularni muhofaza qilish, shuningdek suvlarning zararli taʼsirining oldini olish hamda uni bartaraf etish sohasida davlat organlarining va boshqa tashkilotlarning faoliyatini muvofiqlashtirishni tashkil etish;
davlat suv kadastrini umumlashtirish va yuritish;
Oʻzbekiston Respublikasining suv toʻgʻrisidagi qonunchiligini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
manfaatdor davlat organlari ishtirokida suv xoʻjaligi sohasida davlat dasturlari, strategiyalar va konsepsiyalar loyihalarini ishlab chiqish;
suv xoʻjaligi balansini yuritish, irrigatsiya tizimlarining havza boshqarmalari, iqtisodiyot tarmoqlari va hududlar uchun suv olish kvotalari va limitlarini belgilash;
yerlarning meliorativ holatini, yer usti va yer osti suvlarining minerallashuvini hamda kollektor-drenaj tarmoqlarining texnik holatini monitoring qilish va ularni yaxshilash boʻyicha choralar koʻrish;
suv obyektlaridagi suvlarni va suvdan foydalanishni davlat tomonidan hisobga olish;
transchegaraviy suv resurslarini boshqarish va ulardan foydalanish boʻyicha davlatlararo munosabatlarni rivojlantirish, shuningdek xalqaro tashkilotlarning suv xoʻjaligi sohasidagi faoliyatida ishtirok etish;
Respublika suv kengashining ishchi organi funksiyasini bajarish;
tegishliligi boʻyicha suv va suv xoʻjaligi obyektlarining xavfsizligini va ulardan foydalanishni taʼminlash;
suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish ustidan davlat nazoratini amalga oshirish;
belgilangan suv olish limitlari asosida suvdan foydalanuvchilarga suv yetkazib berilishini taʼminlash;
suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnomalarni kelishish;
suv resurslarini hisobga olishning va suv xoʻjaligida elektr energiyasi isteʼmolining shaffofligini va toʻliqligini taʼminlash;
sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash, tuproq eroziyasining, shoʻrlanishining va yuvilib ketishining oldini olish boʻyicha zarur choralar koʻrish;
suv xoʻjaligi obyektlarini loyihalashtirish, qurish va rekonstruksiya qilish.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining vakolatlari jumlasiga qonunchilikka muvofiq boshqa masalalar ham kiritilishi mumkin.
22-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari
Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
yer osti suvlarining resurslari va zaxiralarini aniqlash uchun geologiya-qidiruv ishlarini amalga oshirish, ulardan oqilona foydalanish, ularni ifloslanishdan va kamayib ketishdan muhofaza qilish boʻyicha asoslantirilgan takliflar ishlab chiqish;
yer osti suvlaridan oqilona foydalanilishi, yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan yer osti suvlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi qonunchilik va normativ hujjatlar talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshirish;
yer osti suvlarining davlat zaxiralari balansi va muhofaza etiladigan tabiiy hududlar davlat kadastri, yer osti chuchuk suvlari konlari hosil boʻladigan zonalar toʻgʻrisidagi axborotni tuzish;
manfaatdor vazirliklar va idoralar, mahalliy davlat hokimiyati organlari bilan birgalikda yer osti suvlarining davlat monitoringini yuritish;
yer osti suvlaridan oqilona foydalanilishi ustidan oʻz vakolatlari doirasida nazorat va hisobni amalga oshirish;
yer osti suvlarining ifloslanishi manbalari monitoringini yuritish;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda yer osti suvlaridan kompleks foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sxemalarini ishlab chiqish;
yer osti suvlarini chiqarish uchun quduqlarni burgʻilash faoliyatiga va suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomalar berish;
yer osti suvlarining holati toʻgʻrisida gidrogeologik xulosa berish;
yer osti suvlaridan samarali foydalanish, ularning aniq hisobini yuritish va ularni muhofaza qilish uchun investitsiyalarni jalb qilish;
yer osti suvlarining holatiga taʼsir koʻrsatadigan korxonalar, inshootlar va boshqa obyektlarning joylashtirilishi, loyihalashtirilishi, qurilishi, rekonstruksiya qilinishi, taʼmirlanishi hamda foydalanishga topshirilishida oʻz vakolatlari doirasida ishtirok etish va buni kelishish;
Respublika suv kengashining faoliyatida ishtirok etish, yer osti suvlari, ulardan foydalanish holati, mavjud muammolar va ularni hal etish yoʻllari yuzasidan takliflar kiritish.
Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligining vakolatlari jumlasiga qonunchilikka muvofiq boshqa masalalar ham kiritilishi mumkin.
23-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari
Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
suv resurslarini muhofaza qilish ustidan davlat nazoratini amalga oshirish;
suv muhitining qulay ekologik holatini taʼminlash;
suv muhiti obyektlarining kamayib ketishi va ifloslanishining oldini olish maqsadida antropogen omilning suv muhitiga taʼsirini tahlil qilish, shuningdek sanitariya va ekologiya maqsadlarida suv omborlaridan suv chiqarib turishga rioya etilishini monitoring qilish;
ekologik ekspertiza oʻtkazish uchun tashkilotlar tomonidan ishlab chiqiladigan yer usti suv obyektlariga va yerning relfiga ifloslantiruvchi moddalarning yoʻl qoʻyiladigan chegaraviy tashlamalarining ekologik normativlari loyihalarini tasdiqlash, yer usti tabiiy suv oqimlaridan suv olish uchun suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomalarni belgilangan tartibda berish;
suv muhitini ifloslantirganlik uchun kompensatsiya toʻlovlarini undirish va ulardan belgilangan tartibda foydalanish;
tegishli loyihalarni belgilangan tartibda davlat ekologik ekspertizasidan oʻtkazish;
yer usti suvlarining ifloslanishi manbalari (emissiyalar) monitoringini yuritish;
vazirliklar, idoralar va boshqa manfaatdor organlar bilan birgalikda atrof-muhitning ifloslanishi darajasi hamda unga boshqa zararli taʼsirlar, shuningdek tabiiy resurslardan foydalanish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning respublika yagona ekologik axborot bazasini shakllantirish va yuritish;
yuridik va jismoniy shaxslardan suv resurslarini yoki suv obyektlarini muhofaza qilishga, ulardan foydalanishga hamda ularni monitoring qilishga taalluqli boʻlgan zarur axborotni bepul olish;
Respublika suv kengashining faoliyatida ishtirok etish, tabiiy yer usti suv resurslaridan foydalanilishi holati, ularning ifloslanishi darajasi va manbalari, mavjud muammolar va ularni hal etish yoʻllari yuzasidan kengashga takliflar kiritish.
Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining vakolatlari jumlasiga qonunchilikka muvofiq boshqa masalalar ham kiritilishi mumkin.
24-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari
Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligining (bundan buyon matnda Gidrometeorologiya xizmati agentligi deb yuritiladi) suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
gidrometeorologik kuzatuvlar davlat tizimini rivojlantirish va takomillashtirish, iqtisodiyot tarmoqlari va aholini gidrometeorologik maʼlumotlar bilan taʼminlash;
tegishliligi boʻyicha gidrologik postlarda yer usti suvlarining monitoringini yuritish;
manfaatdor respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarini va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini, tashkilotlar va fuqarolarni haqiqiy hamda kutilayotgan gidrometeorologik sharoitlar, iqlim oʻzgarishlari, suvning va suv obyektlarining, tabiiy muhitning ifloslanishi darajasi haqidagi axborot bilan, shuningdek suv omillari bilan bogʻliq boʻlgan xavfli va (yoki) tabiiy gidrometeorologik hodisalar toʻgʻrisidagi tezkor axborot bilan taʼminlash;
suv muhiti ifloslanishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning davlat fondini shakllantirish va yuritish, davlat suv kadastrining “Yer usti suvlari” boʻlimini yuritish;
suv omillari va yer usti suvlarining ifloslanishi bilan bogʻliq boʻlgan tabiiy gidrometeorologik hodisalarning yuzaga kelishi hamda rivojlanishi ustidan muntazam kuzatuvlarni amalga oshirish;
iqlim oʻzgarishi sharoitlarida daryolarning suvliligini qisqa muddatli va uzoq muddatli prognoz qilish tizimini yaxshilashga doir ilmiy-tadqiqot ishlarini olib borish;
gidrometeorologiya sohasida davlatlararo va xalqaro munosabatlarni rivojlantirishda oʻz vakolatlari doirasida ishtirok etish;
Respublika suv kengashining faoliyatida ishtirok etish, mavjud suv resurslari va ularning prognozlari, suv kadastrini yuritish holati, mavjud muammolar va ularni hal etish yoʻllari toʻgʻrisida kengashga takliflar kiritish.
Gidrometeorologiya xizmati agentligining vakolatlari jumlasiga qonunchilikka muvofiq boshqa masalalar ham kiritilishi mumkin.
25-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasida vakolatlari
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining (bundan buyon matnda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi deb yuritiladi) suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi vakolatlari jumlasiga quyidagilar kiradi:
yer usti va yer osti suvlaridan foydalanishda hamda ularni muhofaza qilishda sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga rioya etilishi ustidan sanitariya-epidemiologiya nazoratini amalga oshirish, shuningdek sanitariya-gigiyena va epidemiyaga qarshi tadbirlar bajarilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshirish;
sanitariya-gigiyena monitoringini yuritish;
ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbalarini baholash va tanlashda ishtirok etish;
yer osti suvlarining holatiga taʼsir koʻrsatadigan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti hamda oqova suvlarini chiqarib yuborish obyektlarining, korxonalar, inshootlar va boshqa obyektlarning joylashtirilishi, loyihalashtirilishi, qurilishi, rekonstruksiya qilinishi hamda ishga tushirilishini kelishish;
yer usti va yer osti suvlarini inson organizmiga zararli taʼsir koʻrsatishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida davlat tomonidan sanitariya-epidemiologik jihatdan normalashtirish;
Respublika suv kengashining faoliyatida ishtirok etish, yer usti va yer osti suvlaridan foydalanishda sanitariya normalari, qoidalari hamda gigiyena normativlariga rioya etilishi, mavjud muammolar va ularni hal etish yoʻllari masalalari yuzasidan kengashga takliflar kiritish.
Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining vakolatlari jumlasiga qonunchilikka muvofiq boshqa masalalar ham kiritilishi mumkin.
26-modda. Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish ustidan davlat nazorati
Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish ustidan davlat nazoratining vazifasi barcha vazirliklar, idoralar, muassasalar, tashkilotlar, fermer va dehqon xoʻjaliklari hamda boshqa yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan suvdan foydalanishning belgilangan tartibiga rioya etilishini, suvni muhofaza qilish, suvning zararli taʼsirining oldini olish va uni bartaraf etish majburiyatlarining, suv hisobi va hisobotini yuritish qoidalarining, shuningdek suv toʻgʻrisidagi qonunchilikda belgilangan boshqa qoidalarning bajarilishini taʼminlashdan iborat.
Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish ustidan davlat nazoratini mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi oʻz vakolatlari doirasida qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiradi.
6-bob. Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilishni davlat tomonidan rejalashtirish
27-modda. Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilishni rejalashtirish
Suvdan foydalanishni va uni muhofaza qilishni rejalashtirish birinchi navbatda aholining ichimlik hamda maishiy ehtiyojlari qanoatlantirilishini, suvning muhofaza qilinishini va uning zararli taʼsirining oldi olinishini hisobga olgan holda suvning suvdan foydalanuvchilar oʻrtasida ilmiy asoslangan tarzda taqsimlanishini taʼminlashi kerak.
Suvdan foydalanish ishlarini rejalashtirishda davlat suv kadastrining va suv resurslari boʻyicha milliy axborot tizimlarining atrof tabiiy muhit monitoringi tizimining yagona geoaxborot maʼlumotlar bazasining maʼlumotlari, suv xoʻjaligi balanslari, suvdan kompleks foydalanish va uni muhofaza qilish sxemalari, shuningdek aholini ichimlik suvi bilan taʼminlash rejalari hisobga olinadi.
28-modda. Davlat strategik suv xoʻjaligi dasturlari
Davlat strategik suv xoʻjaligi dasturlari (suv xoʻjaligini rivojlantirish konsepsiyalari va ularni amalga oshirish strategiyalari) Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan manfaatdor vazirlik va idoralar, shuningdek Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi hamda viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda iqlim oʻzgarishi sharoitlarida suv xavfsizligini taʼminlash va barqaror rivojlanishiga erishish boʻyicha chora-tadbirlar majmuini belgilash uchun oʻrta muddatga (10 yilgacha) va uzoq muddatga (50 yilgacha) ishlab chiqiladi.
Davlat strategik suv xoʻjaligi dasturlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadi.
29-modda. Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza yoki hududiy rejalari
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza yoki hududiy rejalari suv resurslari havzasining xususiyatlarini hisobga olgan holda quyidagilar asosida tuziladi:
suvdan kompleks foydalanish va uni muhofaza qilish sxemalari;
davlat strategik suv xoʻjaligi dasturlari;
suv va suv obyektlari monitoringi maʼlumotlari;
davlat suv kadastri;
suv xoʻjaligi balanslari;
boshqa maʼlumotlar.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza yoki hududiy rejalarida quyidagilar aks ettiriladi:
suv resurslari havzasining tavsifi (iqlim oʻzgarishining potensial taʼsiri, suv tanqisligi, qurgʻoqchilik, toshqin va sellar, shuningdek suv resurslari bilan bogʻliq boshqa favqulodda vaziyatlarning boshlanishi, suvning va suv obyektlarining tashqi manbalaridan ifloslanishi, shu jumladan transchegaraviy ifloslanishi xavfini baholash);
suv obyektlarining va ichimlik suvi taʼminotining muhofaza zonalari tavsifi, shuningdek ushbu zonalarda taqiqlanishi yoki cheklanishi lozim boʻlgan xoʻjalik va boshqa faoliyat turlari roʻyxati;
havza yoki hudud chegarasidagi suv resurslarini manbalar va iqtisodiyot tarmoqlari hamda aholi tomonidan suvdan foydalanish hajmlari boʻyicha miqdor va sifat jihatidan baholash;
atrof-muhitning ehtiyojlarini hisobga olgan holda suv resurslarining qoʻshimcha zaxiralari;
investitsiyaviy va moliyaviy ehtiyojlarni qoplash mumkin boʻlgan manbalarni aniqlagan holda ularni baholash;
suvdan va suv obyektlaridan foydalanish ustuvorliklari hamda uni normalashtirish, suvdan foydalanish huquqini cheklash doiralari;
suv bilan taʼminlanganlikni va iqlim oʻzgarishiga doir chidamlilikni oshirish, suv resurslari bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularni bartaraf etish, bunday vaziyatlar yuz bergan taqdirda ularning oqibatlarini yumshatish va bartaraf etish tadbirlari, ushbu tadbirlarni amalga oshirish uchun xarajatlar.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza yoki hududiy rejalari amalga oshirilishi havzani yoki hududni barqaror rivojlantirishga imkon beradigan boshqa qoidalarni ham oʻz ichiga olishi mumkin.
30-modda. Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza (yoki hududiy) rejalarini ishlab chiqish va tasdiqlash tartibi
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza (yoki hududiy) rejalari Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining tegishli boʻlinmalari tomonidan boshqa manfaatdor taraflar bilan birgalikda ishlab chiqiladi va tegishli havza (yoki hududiy) suv kengashi tomonidan tasdiqlanadi.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza (yoki hududiy) rejalari har oʻn yillik davr uchun tuziladi va tegishli havza (yoki hududiy) suv kengashlari tomonidan har uch yilda qayta koʻrib chiqiladi (tuzatiladi).
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning havza (yoki hududiy) rejalarini amalga oshirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, boshqa vakolatli organlar va suvdan foydalanuvchilar masʼuldir.
31-modda. Qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun suvdan foydalanishni rejalashtirish
Qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun suvdan foydalanish suv olish kvotasi va kutilayotgan suv taʼminoti prognozidan kelib chiqqan holda ajratilgan suv olish limiti doirasida amalga oshiriladi.
Kollektor-drenaj tarmogʻi suvidan foydalanishni rejalashtirish yerlarning meliorativ holatini va kollektor-drenaj suvining sifatini, shuningdek suv taʼminoti darajasini hisobga olgan holda amalga oshiriladi.
Suvdan foydalanuvchi oʻziga ajratilgan suv olish limiti doirasida suvdan foydalanish jadvalini ishlab chiqadi va uni tegishli suv yetkazib beruvchi tashkilot bilan kelishadi.
32-modda. Suv obyektlaridan suv olish
Suv obyektlaridan suv olish faqat suv yetkazib beruvchi tashkilotlar bilan kelishilgan, belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilgan suv olish joyidan suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnoma mavjud boʻlgan taqdirda amalga oshiriladi.
Suv olish hajmi kamaytirilgan yoki toʻxtatilgan taqdirda suvdan foydalanuvchilar bu haqda tegishli suv yetkazib beruvchi tashkilotga yoki uning vakolatli shaxsiga yozma ravishda (avariya holatlarida — telefon yoki boshqa aloqa vositalari orqali) xabar qilishi shart.
33-modda. Suv obyektlaridan suv olish uchun buyurtmanoma berish
Suv obyektlaridan suv olish faqat suvdan foydalanuvchilarning yozma yoki elektron buyurtmanomalari boʻyicha (bundan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimidan, shuningdek yer osti suv havzalaridan oʻz hisobidan sugʻorish quduqlari orqali suv olish hollari mustasno), ularning suvdan foydalanishga tayyorligiga koʻra, belgilangan mavsumiy suv olish kvotasi va suv olish limiti doirasida amalga oshiriladi.
Suv olish uchun buyurtmanomalar suvdan foydalanuvchilar tomonidan suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga yoki ularning vakolatli shaxslariga moʻljallanilayotgan suv olish boshlanishidan oʻn kun oldin, suv olishning aniq joyi va muddatlari (suv olishning boshlanishi va tugashi), shuningdek suv olish hajmlari hamda belgilangan maqsadi koʻrsatilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan shaklda beriladi.
Suv olish uchun buyurtmanomada koʻrsatilgan suv hajmi belgilangan suv olish kvotasidan va suv olish limitidan ortiq boʻlmasligi kerak.
Suv yetkazib beruvchi tashkilotlar ikki kunlik muddatda xizmat koʻrsatilayotgan hududdagi barcha suvdan foydalanuvchilarning yozma buyurtmanomalarini umumlashtirib va tahlil qilib, keyinchalik yozma buyurtmanomalarni tumanlararo ahamiyatga molik suv xoʻjaligi obyektlaridan suv olish uchun tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga hamda irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalariga yuboradi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi hamda irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari tegishliligi boʻyicha buyurtmanomalarni bir kun ichida umumlashtiradi va tahlil qiladi, tumanlararo va transchegaraviy ahamiyatga molik daryolardan, magistral kanallardan (tizimlardan), xavf darajasi yuqori boʻlgan suv obyektlaridan suv olishga nisbatan esa yozma buyurtmanomalarni Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga taqdim etadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga hamda irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalariga ajratilgan suv olish kvotalari va suv olish limitlaridan, shuningdek suv manbasining suvlilik darajasidan kelib chiqqan holda bir kun ichida buyurtmanomalarni umumlashtiradi va tahlil qiladi hamda xabarnoma shaklida suv olishga ruxsat beradi yoki buni rad etadi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari bir kun ichida suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga ajratilgan suv olish limitlaridan, shuningdek suv manbasining suvlilik darajasidan kelib chiqqan holda xabarnoma shaklida suv olishga ruxsat beradi yoki buni rad etadi.
Suv yetkazib beruvchi tashkilotlar oʻz navbatida bir kunlik muddatda suvdan foydalanuvchilarga ajratilgan suv olish limitlaridan, shuningdek suv manbasining suvlilik darajasidan kelib chiqqan holda xabarnoma shaklida suv olishga ruxsat beradi yoki buni rad etadi.
7-bob. Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilishni davlat tomonidan normalashtirish
34-modda. Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishni davlat tomonidan normalashtirish
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishni normalashtirishda quyidagilar nazarda tutiladi:
tabiiy aylanmada suvning zarur miqdorini saqlash, uning normativ tozaligini taʼminlash, suv florasi va faunasini saqlash, suv havzalarining ifloslanishiga yoʻl qoʻymaslik, ularda ekologik muvozanatni saqlash va landshaftning tarkibiy qismi sifatida suv havzasiga zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻymaslik shartlarini hisobga olgan holda suv olishning, oqova va kollektor-drenaj suvlarini oqizishning normativ koʻrsatkichlarini belgilash;
suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasida standartlashtirish, sertifikatlash hamda normativlarga mos keladigan metrologik jihatdan taʼminlash;
suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasida boshqa normativlar (ekologik cheklovlar, suv sifati va boshqalar) va qoidalarni belgilash.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishni normalashtirish maxsus vakolatli davlat organi tomonidan suv toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishni normalashtirishning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
ekologik xavfsizlikni suvdan va suv obyektlaridan hamda ular bilan bogʻliq suvga doir va boshqa ekotizimlardan foydalanishga oid qismida taʼminlash;
yer usti va yer osti suvlarini qaytarmasdan olishning yoʻl qoʻyiladigan cheklangan hajmi oshirilishiga yoʻl qoʻymaslik;
suvni va suv obyektlarini ekologik normativlarga (atrof-muhit sifati, unga boʻlgan zararli taʼsirning yoʻl qoʻyiladigan chegaralari, suv, muhofaza, sanitariya hamda boshqa zonalaridan foydalanish va boshqalar) muvofiq saqlash.
35-modda. Suvga va suv obyektlariga doir yoʻl qoʻyiladigan cheklangan zararli taʼsirning normativlari
Suvga va suv obyektlariga doir yoʻl qoʻyiladigan cheklangan zararli taʼsirning normativlari yer usti va yer osti suvlarini ekologik, sanitariya, texnik hamda boshqa normalarga javob beradigan holatda saqlash uchun belgilangan talablarga, shuningdek suv va tabiatni muhofaza qilish toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq belgilanadi.
Suvga va suv obyektlariga doir yoʻl qoʻyiladigan cheklangan taʼsirning normativlarini belgilashda quyidagi omillar hisobga olinadi:
antropogen ogʻirlikning yoʻl qoʻyiladigan cheklangan darajasi uzoq vaqt taʼsir etishi suv obyekti ekotizimining oʻzgarishiga olib kelmasligi kerak;
zararli moddalarning suv obyektiga va (yoki) uning suv toʻplanadigan maydoniga tushishi mumkin boʻlgan yoʻl qoʻyiladigan cheklangan massasi suv hamda suv obyekti holatining salbiy oʻzgarishlariga olib kelmasligi kerak;
suv obyektlariga zararli moddalarning yoʻl qoʻyiladigan cheklangan oqizilishining belgilangan normativlarini oshirmaslik;
zararli taʼsirlar oqibatida suvda va suv obyektlarida favqulodda vaziyatlar yuzaga kelishi xavfini kamaytirish boʻyicha oldindan choralar koʻrish;
suvning va suv obyektlarining holatini yomonlashtirishga olib kelishi mumkin boʻlgan boshqa omillar.
Xoʻjalik yurituvchi subyekt normativlar yoʻqligi yoki ularning oshib ketishi uchun qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
36-modda. Sanitariya-epidemiologik normalashtirish
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi sanitariya-epidemiologik normalashtirish sanitariya normalari, qoidalari hamda gigiyena normativlari ishlab chiqilishini nazarda tutadi.
Xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi sanitariya-epidemiologik normalar talablariga rioya etilmasligi aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi toʻgʻrisidagi qonunchilikda belgilangan tartibda choralar koʻrish uchun asosdir.
37-modda. Metrologik normalashtirish
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi metrologik normalashtirish metrologik taʼminlash talablarini belgilaydigan normalar hamda qoidalar ishlab chiqilishini nazarda tutadi.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasida foydalaniladigan oʻlchash vositalari va oʻlchovlarni bajarish uslubiyatlari metrologiya toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiq boʻlishi kerak.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasida foydalaniladigan oʻlchash vositalari natijalarni belgilangan aniqlik koʻrsatkichlari bilan taʼminlashi kerak.
Belgilangan metrologiya talablariga muvofiq boʻlmagan hamda belgilangan tartibda oʻlchovlarni bajarish uslubiyatlari bilan attestatsiyadan oʻtkazilmagan oʻlchash vositalaridan foydalangan holda olingan, suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi oʻlchash natijalari ishonchsiz hisoblanadi hamda bekor qilinishi lozim.
8-bob. Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishni davlat tomonidan hisobga olish
38-modda. Suvni davlat tomonidan hisobga olish
Suvni davlat tomonidan hisobga olish suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilishni joriy va istiqbolda rejalashtirishdan, shuningdek jamoatchilikni xabardor qilish uchun muayyan hududda yer usti va yer osti suvlarining hamda oqova suvlarning miqdori va sifatini aniqlashdan iborat.
Suvni davlat tomonidan hisobga olish va ulardan foydalanish quyidagi maqsadlarda amalga oshiriladi:
davlat suv fondini tashkil etuvchi suvning miqdor va sifat jihatidan tarkibini belgilash;
suv xoʻjaligi balansini tuzish;
aholi va iqtisodiyot tarmoqlari ehtiyojlari uchun suvdan foydalanilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash hamda yangilab borish;
suv resurslaridan foydalanganlik uchun va koʻrsatilgan suv xoʻjaligi xizmatlari uchun soliq bazasini belgilash.
Suv resurslari standart gidrometrik asboblar bilan ularning sifat va miqdor jihatdan tarkibi boʻyicha muntazam hisobga olinishi, standart uslublar bilan qayta ishlanishi hamda havzalar (hududlar) yillik va koʻp yillik hisoblashda baholanishi lozim.
Suv obyektlarining soni va holatini hisobga olish mazkur obyektlarning hajmlari, holati hamda oʻrganilganlik darajasidan kelib chiqib va geoaxborot texnologiyalaridan foydalangan holda kartografiya, gidrogeologiya va geodeziya uslublari bilan amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasida suvni davlat tomonidan hisobga olish yagona tizim boʻyicha amalga oshiriladi hamda suvdan foydalanuvchilarni xabardor qilish uchun yer usti va yer osti suvlaridan foydalanish toʻgʻrisidagi hisobga olish maʼlumotlariga hamda suvning va suv obyektlarining davlat monitoringi maʼlumotlariga asoslanadi. Yer usti va yer osti suvlari maʼmuriy va gidrografik chegaralar doirasida, shuningdek suvdan foydalanuvchilar doirasida hisobga olinadi.
39-modda. Suvdan foydalanishning rasmiy statistikasi
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan quyidagilar boʻyicha rasmiy statistika yuritiladi:
suvdan foydalanish;
yalpi ichki mahsulot birligini ishlab chiqarish uchun suvning sarflanishi.
40-modda. Davlat suv kadastri
Davlat suv kadastri Oʻzbekiston Respublikasi Davlat kadastrlari yagona tizimining tarkibiy qismidir.
Davlat suv kadastri yagona davlat suv fondini tashkil etuvchi suv obyektlari, suv resurslari, suv rejimi, suvning sifati va undan foydalanish haqidagi, shuningdek suvdan foydalanuvchilar va suv xoʻjaligi obyektlari, suvni muhofaza qilish zonalari, sohil boʻyi mintaqasi va sanitariya muhofazasi zonasi, ichimlik, oqova va kollektor-drenaj suvlari toʻgʻrisidagi tizimlashtirilgan, doimiy toʻldirib boriladigan va zarurat boʻlganda aniqlashtiriladigan maʼlumotlar toʻplamini ifodalaydi.
Suv obyektlarini, suvdan foydalanuvchilarni va suv xoʻjaligi obyektlarini roʻyxatdan oʻtkazish, suvning miqdori va sifatini hisobga olish, suv resurslarini va ulardan foydalanishni baholash davlat suv kadastrining tarkibiy qismlaridir.
Davlat suv kadastri mahalliy davlat hokimiyati organlarini, yuridik va jismoniy shaxslarni suv obyektlari hamda suv xoʻjaligi obyektlari, suv resurslari, suv rejimi, suvning sifati va undan foydalanish, shuningdek suvdan foydalanuvchilar toʻgʻrisidagi zarur maʼlumotlar bilan taʼminlash uchun moʻljallangan.
Belgilangan tartibda qabul qilingan davlat suv kadastri suv va suv xoʻjaligi munosabatlarini tartibga solishda, suvdan foydalanish bilan bogʻliq ijtimoiy, iqtisodiy va ekologik vazifalarni hal etishda majburiy yuridik kuchga ega boʻladi.
41-modda. Davlat suv kadastrining obyektlari va predmeti
Yer usti va yer osti suv obyektlari hamda ularning resurslari Davlat suv kadastrining obyektlaridir.
Suvning miqdor va sifat koʻrsatkichlari boʻyicha foydalanishni har tomonlama oʻrganish va baholash, suvdan foydalanish huquqini va suvdan xoʻjalik maqsadlarida foydalanishni roʻyxatdan oʻtkazish Davlat suv kadastrining predmetidir.
42-modda. Davlat suv kadastrining maʼlumotlaridan foydalanish
Davlat suv kadastrining maʼlumotlari quyidagilar chogʻida foydalanish uchun moʻljallangan:
suvdan foydalanishni joriy va istiqbolli rejalashtirishda hamda suvni muhofaza qilish tadbirlarini amalga oshirishda;
mamlakat hududida ishlab chiqarish kuchlarini joylashtirishda;
suvdan kompleks foydalanish va uni muhofaza qilish sxemalarini hamda suv xoʻjaligi balanslarini tuzishda;
suvdan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan suv xoʻjaligi, transport, sanoat tuzilmalarini, boshqa korxonalar va inshootlarni loyihalashtirishda;
gidrologik va gidrogeologik sharoitlar, daryolar suvining hajmi va sifati oʻzgarishlarini prognoz qilishda;
suv xoʻjaligi tizimlarining ish samaradorligini oshirish tadbirlarini ishlab chiqishda;
suv olishni va suv chiqarib yuborishni, shuningdek suv sifati koʻrsatkichlarini normalashtirishda;
suvning zararli taʼsirining oldini olish va uni bartaraf etish tadbirlarini ishlab chiqishda;
suvdan oqilona foydalanish va uni muhofaza qilish tadbirlari oʻtkazilishi ustidan davlat nazoratini belgilashda;
suvdan foydalanuvchilar oʻrtasidagi, shuningdek suvdan foydalanuvchilar hamda boshqa manfaatdor yuridik va jismoniy shaxslar oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlarni tartibga solishda;
suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish bilan bogʻliq boshqa masalalarni hal etishda.
43-modda. Davlat suv kadastrining tuzilishi
Davlat suv kadastri quyidagi boʻlimlardan iborat:
yer usti suvlari;
yer osti suvlari;
suvdan foydalanish;
ichimlik suvi va oqova suvlar.
Davlat suv kadastri maʼlumotlari umuman Oʻzbekiston Respublikasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi hududi va viloyatlar, daryolar havzalari, havza irrigatsiya tizimlari boʻyicha, yer osti suvlari boʻlimi yuzasidan esa gidrogeologiya mintaqalari boʻyicha ham yuritiladi.
Yer usti suvlarining resurslari, ularning sifati va xoʻjalik faoliyati taʼsiridagi oʻzgarishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar umuman Qoraqalpogʻiston Respublikasining, viloyatlarning hamda Oʻzbekiston Respublikasining suv obyektlari va ularning uchastkalari, daryolar havzalari, havza irrigatsiya tizimlari boʻyicha umumlashtiriladi.
Yer osti suvlarining resurslari, ularning sifati va xoʻjalik faoliyati taʼsiridagi oʻzgarishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Qoraqalpogʻiston Respublikasining, viloyatlarning va Oʻzbekiston Respublikasining suv konlari, daryolar havzalari boʻyicha umumlashtiriladi.
Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar umuman Qoraqalpogʻiston Respublikasining, viloyatlarning va Oʻzbekiston Respublikasining daryolar havzalari, havza irrigatsiya tizimlari, xavf darajasi yuqori boʻlgan suv xoʻjaligi obyektlari boʻyicha, shuningdek suvdan foydalanish turlari va iqtisodiyot tarmoqlari boʻyicha umumlashtiriladi.
Davlat suv kadastrining avtomatlashtirilgan axborot tizimi maʼlumotlari Oʻzbekiston Respublikasi Milliy geoaxborot tizimiga uygʻunlashtirilgan holda shakllantiriladi.
44-modda. Davlat suv kadastrini yurituvchi vakolatli organlar
Davlat suv kadastri:
Gidrometeorologiya xizmati agentligi tomonidan — yer usti suvlari boʻlimi boʻyicha;
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan — suvdan foydalanish boʻlimi boʻyicha;
Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi tomonidan — yer osti suvlari boʻlimi boʻyicha;
Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan — ichimlik suvi va oqova suvlari boʻlimi boʻyicha yuritiladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Davlat suv kadastri maʼlumotlarini umumlashtiradi.
Davlat suv kadastrining maʼlumotlari tarkibi va nashrlari Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Gidrometeorologiya xizmati agentligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
45-modda. Davlat suv kadastrining maʼlumotlarini taqdim etish
Davlat suv kadastriga doir axborot davlat organlariga bepul, yuridik va jismoniy shaxslarga esa pulli asosda taqdim etiladi.
Soʻrov boʻyicha taqdim etiladigan Davlat suv kadastridagi axborot turlari, uni berish tartibi hamda uning toʻlov miqdorlari Davlat suv kadastrini yuritish boʻyicha vakolatli organlar tomonidan belgilanadi.
46-modda. Suv xoʻjaligi balanslari
Suvning mavjud hajmini va undan foydalanish darajasini baholash uchun daryolar havzalari, havza irrigatsiya tizimlari hamda iqtisodiy mintaqalar boʻyicha suv xoʻjaligi balanslari tuziladi.
Suv xoʻjaligi balanslari suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi maxsus vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan ularning vakolatlari doirasida tuziladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan umumlashtiriladi.
Suv xoʻjaligi balansi kalendar yil uchun tuziladi va rejalashtirish davridan oldingi yilning 1-dekabridan kechiktirmay tasdiqlanadi.
47-modda. Suv resurslaridan kompleks foydalanish va ularni muhofaza qilish sxemalari
Suvdan, shu jumladan ekotizim ehtiyojlari uchun yetkazib beriladigan yoki ajratiladigan suvlardan kompleks foydalanish va ularni muhofaza qilishning bosh va havza (yoki hududiy) sxemalari, aholining hamda iqtisodiyot tarmoqlarining suvga boʻlgan istiqboldagi ehtiyojlarini qanoatlantirish, shuningdek suvlarni muhofaza qilish, ularning zararli taʼsirining oldini olish va uni bartaraf etish uchun zarur boʻlgan asosiy suv xoʻjaligi tadbirlarini hamda boshqa tadbirlarni belgilab beradi.
Suv resurslaridan kompleks foydalanish va ularni muhofaza qilish sxemalari asosida suv resurslarini boshqarishning havza (yoki hududiy) rejalari ishlab chiqiladi.
Suvdan kompleks foydalanish va uni muhofaza qilishning bosh hamda havza (yoki hududiy) sxemalari davlat ekologik ekspertizasining majburiy obyektlaridir.
48-modda. Suvning va suv obyektlarining davlat monitoringi
Suvning va suv obyektlarining davlat monitoringi:
suvning va suv obyektlarining holatini, suvning miqdori va sifatini muntazam ravishda kuzatib borish, maʼlumotlarni toʻplash, saqlash, toʻldirish va ularga ishlov berish, suv va suv obyektlari holatining oʻzgarishlarini baholash hamda prognoz qilish maqsadida amalga oshiriladi;
atrof tabiiy muhit davlat monitoringi tizimining tarkibiy qismidir;
gidrologik, gidrokimyoviy va gidrobiologik koʻrsatkichlar boʻyicha amalga oshiriladi.
Suvning va suv obyektlarining davlat monitoringi, shu jumladan masofadan zondlash sunʼiy yoʻldoshlar, uchuvchisiz uchish apparatlari, samolyotlar, vertolyotlar hamda geoaxborot tizimlari kabi zamonaviy texnologiyalardan foydalangan holda amalga oshiriladi.
Suvning va suv obyektlarining davlat monitoringi natijalari:
atrof tabiiy muhit monitoringi tizimining Yagona geoaxborot maʼlumotlar bazasiga kiritiladi;
tegishli qarorlar qabul qilish uchun suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi maxsus vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlariga bepul taqdim etiladi.
49-modda. Suvdan foydalanishda suvning hisobi va hisobotini yuritish tartibi
Suvdan foydalanuvchilar suvdan maxsus foydalanishda suvdan foydalanishning hisobi va hisobotini belgilangan tartibda yuritadi.
Suv resurslarining hisobi suvdan foydalanuvchilarning suv olish joylarida yuritiladi.
Suvdan foydalanuvchilarning suv olish joylari pasportga ega boʻlishi, tegishli suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotida roʻyxatdan oʻtkazilgan, suvni boshqarish (darvoza yoki suv oqimining ochilishi va yopilishini taʼminlovchi boshqa qurilma) va hisobga olish (shu jumladan “onlayn” rejimda ishlaydigan raqamli qurilmalar) vositalari bilan jihozlangan hamda belgilangan tartibda attestatsiyadan oʻtkazilgan boʻlishi kerak.
Suvdan foydalanuvchilarning suv olish joylarini “onlayn” rejimda ishlaydigan raqamli qurilmalar bilan jihozlash va maʼlumotlarni uzatish boʻyicha dasturiy taʼminot bilan taʼminlash qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Suvdan foydalanuvchilar tomonidan qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun olinadigan suvni hisobga olish suv olish joylari suvni hisobga olish vositalari bilan jihozlanguniga qadar, haqiqiy sugʻoriladigan maydonlarning oʻlchamidan, sugʻorishlar sonidan, qishloq xoʻjaligi ekinlarini sugʻorish rejimidan, suv olish davomiyligi va boshqa omillardan kelib chiqqan holda hajmiy, hisoblash va boshqa uslublarda amalga oshirilishi mumkin.
Suvdan foydalanuvchilarning suv olish va suv tashlash joylarining pasportlarini roʻyxatdan oʻtkazish, shuningdek suvni hisobga olish vositalarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi:
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan yer usti sunʼiy suv obyektlaridan suv olishda va Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan kelishgan holda yer usti tabiiy suv obyektlaridan suv olishda;
Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi tomonidan yer osti suv obyektlaridan suv olishda belgilanadi.
Suvdan foydalanishning hisobi va hisobotini yuritish maqsadida har bir suv olish joyida suv yetkazib beruvchi tashkilot va suvdan foydalanuvchi oʻrtasida belgilangan shakl boʻyicha suvning har kungi hisobga olish elektron jurnali maxsus axborot tizimida yuritiladi.
Suvning har kungi hisobga olish jurnali Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasining hududiy boʻlinmalari tomonidan maxsus axborot tizimida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkaziladi.
Suv yetkazib beruvchi tashkilot suvdan foydalanuvchilar tomonidan har kuni suvdan foydalanilishi toʻgʻrisidagi axborot dasturiy taʼminotga oʻz vaqtida va toʻgʻri kiritilishini kuzatib boradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari, shuningdek suv yetkazib beruvchi tashkilotlar dasturiy taʼminotning doimiy va uzluksiz ishlashini taʼminlaydi.
Har oyning yakunlari boʻyicha suvdan foydalanuvchi va suv yetkazib beruvchi tashkilot oʻrtasida belgilangan shakl boʻyicha keyingi oyning 5-sanasiga qadar maxsus axborot tizimida ikki tomonlama elektron dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
Ikki tomonlama dalolatnomada keltirilgan maʼlumotlar suvdan foydalanish boʻyicha rasmiy statistika axborotini tayyorlash uchun asos boʻlib xizmat qiladi.
Suvdan foydalanuvchilarning soliq bazasini aniqlash maqsadida hisobot davri mobaynida suvdan foydalanuvchilar tomonidan har bir faoliyat turi boʻyicha foydalanilgan suvning hajmi toʻgʻrisidagi axborot Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida belgilangan muddatlarda soliq organlarining va suvdan foydalanuvchilarning eʼtiboriga yetkaziladi.
Suv yetkazib beruvchi tashkilotlar vegetatsiya davri (1-aprel — 30-sentabr) tugaganidan keyin 15-oktabrga qadar va kuz-qish davrining (1-oktabr — 31-mart) yakunida 15-aprelga qadar belgilangan tartibda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga hamda irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalariga suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi elektron hisobotni taqdim etadi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari vegetatsiya davri tugaganidan keyin 1-noyabrga qadar hamda kuz-qish davri tugaganidan keyin 1-mayga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi hisobotni elektron tarzda taqdim etadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligiga:
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan oʻz tizimidagi sugʻorish va drenaj quduqlaridan foydalanilgan yer osti suvlari toʻgʻrisidagi hisobot vegetatsiya davri tugaganidan keyin 1-noyabrga qadar va kuz-qish davri tugaganidan keyin 1-mayga qadar;
boshqa suvdan foydalanuvchilar, shu jumladan ichimlik suvidan foydalanuvchilar tomonidan yer osti suvlaridan foydalanilganligi toʻgʻrisidagi hisobot belgilangan tartibda hisobot choragidagi oydan keyingi oyning 5-sanasidan kechiktirmay elektron tarzda taqdim etiladi.
Suv resurslari boʻyicha axborot, dalolatnomalar, hisob va hisobotlar tegishli idoraviy statistika hisobotini tayyorlash hamda Davlat suv kadastrini ishlab chiqish, shuningdek suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq boʻyicha soliq bazasini hisoblash uchun asos boʻlib xizmat qiladi.
Hisobga olish jurnalining, yetkazib berilgan suvni rasmiylashtirish dalolatnomasining, joriy axborotni taqdim etish shakllari Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining tegishli buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
50-modda. Suv resurslari boʻyicha axborot tizimi
Suv resurslarini kompleks boshqarish hamda ulardan foydalanishni va ularni muhofaza qilishni taʼminlash uchun axborotni toʻplash, saqlash, qayta ishlash va taqdim etish, suv xoʻjaligi sohasidagi davlat siyosatini, rivojlanish dasturlarini, havza rejalarini, loyihalar va tadbirlarni ishlab chiqish, suv bilan taʼminlanganlikni prognoz qilish, istiqbolli va tezkor qarorlar qabul qilish, shuningdek jamoatchilikni xabardor qilish maqsadida “Raqamli suv xoʻjaligi” yagona axborot tizimi yaratiladi.
Yagona axborot tizimini boshqarish Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan Davlat budjeti mablagʻlari, shuningdek qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
Barcha suvdan foydalanuvchilar, aloqador boʻlgan vazirlik va idoralar belgilangan shakllar boʻyicha axborotning toʻplanishini, unga ishlov berilishini hamda uning Suv resurslari boʻyicha milliy axborot tizimiga “Elektron hukumat” tizimi orqali bepul taqdim etilishini taʼminlaydi.
III BOʻLIM. SUVDAN FOYDALANISH, SUV OLISH KVOTALARI VA LIMITLARI, SUVDAN FOYDALANUVCHILARNING NODAVLAT TASHKILOTLARI
9-bob. Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi umumiy qoidalar
51-modda. Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish maqsadlari
Yuridik va jismoniy shaxslar suvdan va suv obyektlaridan quyidagi maqsadlarda foydalanishi mumkin:
ichimlik, xoʻjalik-maishiy, rekreatsiya, davolash va boshqa ehtiyojlarini qanoatlantirish uchun;
qishloq, oʻrmon, va ovchilik xoʻjaliklarining ehtiyojlarini qanoatlantirish uchun;
sanoat, energetika, transport va boshqa davlat yoki jamoat ehtiyojlarini qanoatlantirish uchun;
oqova suvlarni oqizish uchun.
Suv va suv obyektlari bir yoki bir necha maqsadlar uchun foydalanishga berilishi mumkin.
52-modda. Suvdan foydalanishning ustuvor yoʻnalishlari
Ushbu Kodeks bilan suvdan foydalanishning quyidagi ustuvor yoʻnalishlari belgilanadi:
ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlari, shuningdek aholining davolanish ehtiyojlari;
sanitariya va ekologik maqsadlar;
sanoat, energetika va xizmatlar sohasi;
qishloq xoʻjaligi, baliqchilik, chorvachilik, parrandachilik, shaxsiy tomorqa yer uchastkalari, bunda suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalari joriy etilgan maydonlarni suv bilan taʼminlash ustuvordir.
Suvdan foydalanishda gidroenergetikaning suv resurslariga boʻlgan ehtiyojlarini taʼminlash ustuvorlik boʻyicha qishloq xoʻjaligi ehtiyojlarini suv resurslari bilan taʼminlashga tenglashtiriladi.
53-modda. Suv obyektlaridan va suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanish muddatlari
Suv obyektlari va suv xoʻjaligi obyektlari doimiy yoki vaqtincha foydalanishga, shu jumladan davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimlarga asosan foydalanishga beriladi.
Muddati belgilanmagan holda suvdan foydalanish suv obyektlaridan va suv xoʻjaligi obyektlaridan doimiy foydalanish deb eʼtirof etiladi.
Suv obyektidan va suv xoʻjaligi obyektidan vaqtincha foydalanish muddati uch yildan kam boʻlmasligi va qirq toʻqqiz yildan oshmasligi kerak.
Suv obyektlaridan vaqtincha foydalanish muddatlari manfaatdor boʻlgan suvdan foydalanuvchilarning iltimosnomasiga koʻra suv obyektini tanho foydalanishga berish toʻgʻrisida qaror qabul qilgan yoki suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma bergan davlat organlari tomonidan uzaytirilishi mumkin.
54-modda. Suvdan umumiy foydalanish
Suvdan umumiy foydalanish jumlasiga quyidagilar kiradi:
oʻzining ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlari uchun suv olish;
choʻmilish;
baydarkada va motorsiz qayiqda suzish;
chorva mollarini sugʻorish;
sport va havaskorlik yoʻli bilan baliq ovlash.
Suvdan umumiy foydalanish ushbu Kodeksda va boshqa qonun hujjatlarida belgilangan tartibda ruxsatsiz va cheklovlarsiz amalga oshiriladi.
Tanho foydalanishga berilgan suv obyektlarida suvdan umumiy foydalanishga va suv isteʼmoliga ushbu suv obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlar tomonidan suv xoʻjaligi organlari, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari bilan kelishilgan holda (ichki sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlariga oid qismida) belgilangan shartlarga koʻra yoʻl qoʻyiladi, zarur boʻlganda esa bunday suvdan foydalanish qonunchilikka muvofiq taqiqlanishi mumkin.
55-modda. Suvdan maxsus foydalanish
Suvdan maxsus foydalanish jumlasiga quyidagilar kiradi:
toʻsuvchi inshootlardan, nasoslardan, nasos stansiyalaridan, sifonlar va suv koʻtaruvchi boshqa qurilmalardan foydalangan holda suv olish;
suv transportida suzish;
gidroelektrostansiyalar uchun suvdan foydalanish;
oqova suvlarni suv obyektlariga oqizish.
Suvdan maxsus foydalanish ushbu Kodeksning 56-moddasida belgilangan hollarda ruxsatnoma asosida amalga oshiriladi.
56-modda. Suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma
Quyidagi hollarda suvdan maxsus foydalanish ruxsatnoma asosida amalga oshiriladi:
suv olish inshootlaridan foydalangan holda suv obyektlaridan bir sutkada 5 kub metrdan ortiq suv olishda;
oqova va kollektor-drenaj suvlarini suv obyektlariga hamda joy relyefiga oqizishda.
Suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma:
yer usti tabiiy suv obyektlaridan suv olishda — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining hududiy organlari tomonidan;
yer osti, mineral va termal suvlarni olishda — Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining hududiy organlari bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligining tegishli organlari tomonidan beriladi.
Sunʼiy suv havzalaridagi suvdan foydalanilganda suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma talab etilmaydi.
Suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma berish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
57-modda. Suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma berish shartlari
Yer usti suvlaridan va yer osti suvlaridan foydalanishga loyiq tasdiqlangan zaxiralaridan foydalanishda suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma besh yil muddatga beriladi.
Yer osti suvlaridan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma olgan yuridik va jismoniy shaxslar uning amal qilish muddati davrida ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish boʻyicha hududiy organlar hamda hududiy gidrogeologik stansiyalar vakillari ishtirokida tegishli hujjatlar bilan rasmiylashtiriladigan foydalaniladigan quduqlarni konservatsiya qilishni va qayta ishga tushirishni amalga oshirish huquqiga ega.
Tasdiqlanmagan zaxiralardagi foydalanishga yaroqli boʻlgan yer osti suvlaridan foydalanishda guruhli suv olish inshootlari uchun suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma ikki yildan koʻp boʻlmagan muddatga beriladi.
Suvdan foydalanuvchi ruxsatnomaning amal qilish muddati tugashidan kamida bir oy oldin ruxsatnoma beradigan organga avval berilgan ruxsatnomaning amal qilish muddatini uzaytirish toʻgʻrisidagi iltimos bilan murojaat qilishga haqli.
Suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnomaning amal qilish muddati ruxsatnomani berish kelishilgan organlardan suv taʼminoti manbasida, ruxsatnomada koʻrsatilgan suvdan foydalanish maqsadida va boshqa shartlarida oʻzgarishlar mavjud emasligi haqida xulosa olinganidan keyin ruxsatnomani bergan organ tomonidan besh yilga uzaytiriladi.
Suvdan foydalanuvchi suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnomaning amal qilish muddati tugaganidan keyin yoki ruxsatnomada koʻrsatilgan suvdan foydalanish manbalari, maqsadi va boshqa shartlari oʻzgarganda, belgilangan tartibda yangi ruxsatnoma olishi shart.
Obyektlarni qurish yoki rekonstruksiya qilish davrida suvdan maxsus foydalanilganda suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma ushbu ishlarni amalga oshirish davriga rasmiylashtiriladi. Obyekt ishga tushirilgach, suvdan foydalanuvchi belgilangan tartibda yangi ruxsatnoma olishi shart.
58-modda. Suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnomaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va uni bekor qilish
Suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnomaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va uni bekor qilish “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
59-modda. Suv xoʻjaligi tadbirlarini oʻtkazish, suvdan foydalanish shartlarini tugatish yoki oʻzgartirish natijasida yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash
Yuridik va jismoniy shaxslarga suv xoʻjaligi tadbirlarini (suv xoʻjaligi obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash-tiklash ishlarini va boshqalarni) oʻtkazish, suvlardan nooqilona foydalanish, ularni bulgʻatish, ifloslantirish, kamaytirish, shuningdek suvdan foydalanish shartlarini qonunga xilof ravishda bekor qilish yoki oʻzgartirish natijasida yetkazilgan zararning oʻrni qonunchilikda belgilangan hollarda va tartibda qoplanishi lozim.
Suv obyektlarining sohil boʻyi mintaqalarida va sanitariya muhofazasi zonalarida qonunga xilof ravishda qurilgan obyektlarda hamda qonunga xilof ravishda oʻzlashtirilgan yer uchastkalarida suv xoʻjaligi tadbirlarini oʻtkazish chogʻida yetkazilgan zararning oʻrni qoplanmaydi.
60-modda. Suv servituti
Suv servituti quyidagi maqsadlarda belgilanishi mumkin:
suvdan umumiy foydalanish;
fuqarolar va transport vositalarining oʻtishi;
hayvonlarni sugʻorish va chorva mollarini haydab oʻtish;
suv obyektlaridan kichik hajmli kemalar uchun suv yoʻllari sifatida foydalanish;
sohil boʻyi zonalaridan erkin foydalanishni, shu jumladan undan oʻtishni taʼminlash.
Suv servituti qonunchilikka muvofiq boshqa maqsadlarda ham belgilanishi mumkin.
Suv servituti ommaviy suv servituti va xususiy suv servituti shaklida boʻlishi mumkin.
Ommaviy suv servituti suvdan umumiy foydalanish huquqiga tenglashtiriladi hamda davlat va fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining, mahalliy aholining manfaatlarini taʼminlash uchun jamoat manfaatlari inobatga olingan holda belgilanadi.
Xususiy suv servituti tanho foydalanishga berilgan suv obyektlariga nisbatan belgilanadi.
Ommaviy suv servituti suv obyektlariga yoki ularning qismlariga nisbatan, shu jumladan lotokli va boshqa usti qoplangan sugʻorish tarmogʻiga nisbatan qoʻllaniladi.
Ommaviy suv servituti suv servitutining belgilanishiga ehtiyoji boʻlgan shaxslar hamda suv obyekti yoki uning bir qismi va sohil boʻyi mintaqasi joylashgan yer uchastkasining egasi, undan foydalanuvchi, uning ijarachisi oʻrtasida kelishuv mavjudligi-mavjud emasligidan qatʼi nazar, agar ushbu shaxslar bunday huquqdan yer uchastkasi boshqa shaxsga mulk qilib berilguniga qadar foydalangan boʻlsa, belgilanadi.
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari ommaviy suv servituti belgilanishini taʼminlashi shart.
Boshqa hollarda, suv servituti kimlarning manfaatlarini koʻzlab suv servituti belgilanayotgan boʻlsa, oʻsha shaxslar hamda suv obyekti yoki uning bir qismi joylashgan yer uchastkasining egasi, undan foydalanuvchi, uning ijarachisi oʻrtasidagi kelishuv boʻyicha, kelishuvga erishish imkoni boʻlmagan taqdirda esa sudning qaroriga koʻra belgilanadi.
Suv servitutlarining rejimi suv fondi yerlariga nisbatan ham tatbiq etiladi.
Suv servituti suv obyekti yoki uning bir qismi joylashgan yer uchastkasiga boʻlgan huquq boshqa shaxsga oʻtgan taqdirda ham saqlab qolinadi.
Suv servitutlarini amalga oshirish uchun suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnomani olish talab etilmaydi.
Suv servitutining belgilanishi tanho foydalanish uchun berilgan suv obyekti egasini ushbu suv obyektiga egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqidan mahrum etmaydi.
Suv servituti belgilangan suv obyektining egasi, agar qonunchilikda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, suv servituti kimning manfaatlarini koʻzlab belgilangan boʻlsa, oʻsha shaxsdan ushbu suv obyektidan yoki uning bir qismidan foydalanganlik uchun mutanosib haq talab qilishga haqlidir.
Fuqarolik va yer toʻgʻrisidagi qonunchilikda nazarda tutilgan suv servitutlari haqidagi qoidalar suv servitutlariga nisbatan ushbu Kodeks talablariga zid boʻlmagan qismida qoʻllaniladi.
10-bob. Suvni taqsimlash va yetkazib berish
61-modda. Suv olish kvotasi
Suv olish kvotalari manbalar, hududlar va iqtisodiyot tarmoqlari boʻyicha quyidagilar tomonidan ajratiladi:
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalariga;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari tomonidan suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga;
xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashlari — suvdan foydalanuvchilarga.
Suvdan maxsus foydalanish uchun tabiiy suv havzalaridan suv olish kvotalari ushbu Kodeksning 56-moddasiga muvofiq vakolatli organlar ruxsatnomalarida belgilanadi.
Ajratilgan suv olish kvotasi uning amal qilish muddati davomida qayta koʻrib chiqilmaydi, bundan isteʼmol qilinadigan suvning hajmiga taʼsir koʻrsatadigan sugʻoriladigan uchastka maydoni, ishlab chiqarish quvvatlari oʻzgartirilgan hollar mustasno.
Suv olish kvotalarini ajratishda sanitariya va ekologik maqsadlar uchun suvni chiqarib yuborish talablari hisobga olinadi.
Ichimlik suvi taʼminoti tashkilotlariga ular tomonidan meʼyoriy ehtiyojlar va kelajakda aholining oʻsishi prognozlaridan kelib chiqqan holda, ichimlik suvi bilan taʼminlash uchun suv olish kvotasi ajratiladi.
62-modda. Sugʻoriladigan yerlar uchun suv olish kvotasi
Sugʻoriladigan yerlar uchun suv olish kvotasi sugʻoriladigan yer uchastkasi maydonini bir gektar sugʻoriladigan yer maydoni uchun suv olish kvotasini ajratish normativlariga koʻpaytirish orqali hisob-kitob qilinadi.
Gidrografik zonadagi bir gektar sugʻoriladigan yer maydoni uchun suv olish kvotasini ajratish normativlari mazkur gidrografik zonadagi sugʻoriladigan yerlarda keyingi oʻn gidrologik yil uchun amaldagi oʻrtacha suv olish hajmlarini mazkur gidrografik zonadagi sugʻoriladigan yerlarning umumiy maydoniga boʻlish orqali hisob-kitob qilinadi. Bunda tuproqning mexanik tarkibi, joylashgan joyining relyefi, sizot suvlarning sathi, iqlim sharoitlari, koʻp yillik suv taʼminoti va boshqa omillar ham inobatga olinadi.
Bir gektar sugʻoriladigan yer maydoni uchun suv olish kvotasini ajratish normativi suv xoʻjaligi organlari tomonidan hisob-kitob qilinadi va bir yilda koʻpi bilan bir marta qayta koʻrib chiqilishi mumkin.
63-modda. Sugʻoriladigan yerlar bilan bogʻliq boʻlmagan suvdan foydalanish uchun suv olish kvotasi
Sugʻoriladigan yerlar bilan bogʻliq boʻlmagan suvga boʻlgan ehtiyojlarning texnologik normalaridan kelib chiqqan holda, yer usti suvlariga nisbatan suv xoʻjaligi organlari tomonidan va yer osti suvlariga nisbatan togʻ-kon sanoati va geologiya organlari tomonidan suv olish kvotalari ajratiladi.
64-modda. Suv olish kvotasining amal qilish muddati
Suv olish kvotasining amal qilish muddati:
suvni qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirish maqsadida oladigan va yer uchastkasini ijara shartnomasi asosida tasarruf etadigan suvdan foydalanuvchilar uchun — ijara shartnomasi amal qiladigan muddatga, ammo 10 yildan koʻp boʻlmagan muddatga;
suvni qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirish bilan bogʻliq boʻlmagan maqsadlarda oladigan suvdan foydalanuvchilar uchun — 10 yilgacha boʻlgan muddatga;
ichimlik suvi taʼminoti tashkilotlaridan tashqari, suvni suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnoma asosida oluvchi jismoniy va yuridik shaxslar uchun — maxsus suvdan foydalanish ruxsatnomasining amal qilish muddati tugaguniga qadar belgilanadi.
Ichimlik suvi taʼminoti tashkilotlariga suv olish kvotasining amal qilish muddati cheklanmaydi.
Suv olish kvotalarini ajratishda sanitariya va ekologik maqsadlar uchun suvni chiqarib yuborish boʻyicha talablarga rioya etilishi inobatga olinadi.
65-modda. Faoliyat yuritayotgan suvdan foydalanuvchilarning manfaatlariga jiddiy taʼsir koʻrsatadigan suv olish kvotalarini ajratish tartibi
Muayyan gidrologik zonada keyingi oʻn gidrologik yil davomida amalda olingan suvning oʻrtacha yillik hajmidan besh va undan ortiq foiz koʻp miqdorda kvota ajratish toʻgʻrisidagi talabnoma faoliyat yuritayotgan suvdan foydalanuvchilarning manfaatlariga jiddiy taʼsir koʻrsatuvchi talabnoma deb eʼtirof etiladi.
Suvdan foydalanuvchilar uchun talab etiladigan qoʻshimcha suv miqdori tegishli suv kengashlarining qaroriga muvofiq ajratiladi.
Ichimlik suvi taʼminoti uchun suv olish kvotasi ajratilishini rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Suvdan foydalanuvchilar oʻziga tegishli boʻlgan suv olish kvotasining bir qismini shartnoma asosida ayni shu gidrografik zonadagi boshqa suvdan foydalanuvchiga, ularga xizmat koʻrsatuvchi suv yetkazib beruvchi tashkilot bilan kelishilgan holda sotishi mumkin.
66-modda. Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnoma
Suvdan foydalanish suv yetkazib beruvchi tashkilot va suvdan foydalanuvchi oʻrtasida tuziladigan suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomaga asosan amalga oshiriladi.
Suv yetkazib beruvchi tashkilot suvdan foydalanuvchilardan soʻrovnoma olganda, agar ular xizmat koʻrsatish hududida joylashgan va suv olish kvotasiga ega boʻlsa, ular bilan suvdan foydalanish toʻgʻrisida shartnoma tuzishi shart.
Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomada suv olish kvotalari, yetkazib beriladigan suv hajmlarini suv olishning har yillik yoki mavsumiy limitlari, suvni yetkazib berganlik uchun toʻlovning miqdorlari va mexanizmlari, suv yetkazib berishning boshqa shartlari, shuningdek taraflarning huquq va majburiyatlariga qarab oʻzgartirish mexanizmlari shartlashib olinadi.
Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomaning namunaviy shakllari Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan (bundan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti mustasno) Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi (suvni tabiiy suv obyektlaridan olishda), Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi (suvni yer osti suvlaridan olishda), shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomani tuzishda suv olish kvotasining mavjudligi majburiy talab hisoblanadi.
Taraflarning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi ushbu Kodeks hamda boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga binoan suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomada belgilanadi.
67-modda. Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomani roʻyxatdan oʻtkazish
Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomalar maxsus axborot tizimida elektron shaklda:
viloyatlararo va transchegaraviy ahamiyatga ega boʻlgan, shuningdek yirik va alohida muhim suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanuvchi ayrim tashkilotlar bilan tuzilgan shartnomalar — Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmasi tarkibiga kiradigan foydalanuvchi tashkilotlar bilan tuzilgan shartnomalar — tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari tomonidan;
suv yetkazib beruvchi tashkilotlar tomonidan fermer va dehqon xoʻjaliklari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, xizmat koʻrsatish hududidagi boshqa suvdan foydalanuvchilar bilan tuzilgan shartnomalar — tumanlar qishloq xoʻjaligi boʻlimlari (Quvasoy shahar boʻlimi) tomonidan roʻyxatdan oʻtkaziladi.
Suvdan foydalanish toʻgʻrisida belgilangan tartibda tuzilgan shartnomalar roʻyxatdan oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari, tumanlar qishloq xoʻjaligi boʻlimlarida (Quvasoy shahar boʻlimida) roʻyxatdan oʻtkazilishi lozim boʻlgan suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomalarning roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
Suvdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomalar reyestri Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasiga va uning hududiy boʻlinmalariga (sunʼiy suv obyektlaridagi suvdan foydalanilganda), shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining tegishli organlariga (tabiiy suv obyektlaridagi suvdan foydalanilganda) belgilangan tartibda nazoratni taʼminlash uchun beriladi.
68-modda. Suv olish limitlarini belgilash
Suv olish limitlari:
suv manbalarining keyingi gidrologik yildagi suvliligi prognozi;
suvdan foydalanish turlarining (iqtisodiyot tarmoqlarining) ustuvorligi;
ajratilayotgan suv olish kvotasining prognoz qilinayotgan hajmi inobatga olingan holda belgilanadi.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy, shuningdek davolash ehtiyojlari uchun suv olish limitlari ajratilgan suv olish kvotasidan kam boʻlishi mumkin emas.
Suv olish limitlari tegishli gidrografik zonadagi boshqa suvdan foydalanuvchilar uchun suv olish kvotalariga nisbatan teng foizda belgilanadi.
Suv olish limitlari suv manbalari, hududlar va iqtisodiyot tarmoqlari boʻyicha:
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan — yiliga ikki marta vegetatsiya davri uchun 20-martgacha (1-aprel — 30-sentabr) va kuz-qish davri uchun 20-sentabrgacha (1-oktabr — 30-mart) boʻlgan muddatda — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalariga, viloyatlararo va transchegaraviy ahamiyatga ega boʻlgan magistral kanallar (tizimlar) boshqarmalariga, energetika, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti obyektlaridan foydalanuvchi alohida korxonalar va tashkilotlarga;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari tomonidan — yiliga ikki marta vegetatsiya davri uchun 25-martgacha va kuz-qish davri uchun — 25-sentabrgacha boʻlgan muddatda irrigatsiya tizimlari boshqarmalariga, suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga, shuningdek boshqa alohida ahamiyatga ega boʻlgan suvdan foydalanuvchilarga;
xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashlari tomonidan — vegetatsiya davri uchun 28-martgacha va kuz-qish davri uchun 28-sentabrgacha boʻlgan muddatda — suvdan foydalanuvchilarga va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga (shaxsiy tomorqa yer uchastkalarini sugʻorish uchun), shuningdek boshqa suvdan foydalanuvchilarga belgilanadi.
Yer ostidan suv olish limiti suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomalarda koʻrsatiladi hamda rasmiylashtirish chogʻida ruxsatnomaning amal qiladigan muddatiga belgilanadi.
Suv manbalarining suvliligi kamaygan yoki koʻpaygan hollarda suv olish limitlariga tuzatishlar kiritilishi mumkin.
Suvdan foydalanishning belgilangan davri tugaganidan keyin ikki oylik muddatda maxsus vakolatli organlar tomonidan manbalarning amaldagi suvliligi hisobga olingan holda, oʻtgan davr uchun suv olishning uzil-kesil limitlari tasdiqlanadi.
69-modda. Suv olish limitlarini tasdiqlash
Suv olish limitlari:
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining buyrugʻi bilan Gidrometeorologiya xizmati agentligining prognozi asosida;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalarining buyruqlari bilan;
xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashlarining qarorlari bilan tuman qishloq xoʻjaligi boʻlimi (Quvasoy shahri boʻlimi) bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
Qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirish uchun suv olish limitini belgilash uchun suvdan foydalanuvchilar vegetatsiya va kuz-qish davrlari boshlanguniga qadar bir oy oldin, sugʻoriladigan dehqonchilikdan tashqari boshqa ehtiyojlar uchun esa — har yili 1-sentabrga qadar — ularga xizmat koʻrsatadigan suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga yozma yoki elektron shaklda murojaat qilishi va quyidagi hujjatlarni taqdim etishi kerak:
suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomalar (tabiiy suv manbalaridan suv olinganda);
belgilangan tartibda tasdiqlangan suv yetkazib berish jadvallari (bundan suv quvurlari — ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimining suvidan foydalanuvchilar mustasno).
Suv olish limitlari suv olishning ruxsat etilgan suv manbalari (daryo, soy, buloq, suv havzasi, irrigatsiya tizimi, magistral kanal (tizim), sugʻorish va kollektor tarmogʻi, yer osti suvlari va boshqa suv manbalari) boʻyicha umumiy hajmini aks ettirishi hamda har oʻn kunda aniq suv olish joylari boʻyicha taqsimlangan boʻlishi kerak.
Suv olish limitlarini belgilashda iqtisodiyot tarmogʻining ustuvorligiga hamda barcha suvdan foydalanuvchilarning alohida suv manbalari va irrigatsiya tizimlari boʻyicha kutilayotgan suvlilik hisobga olingan holda, suv bilan teng barobarda taʼminlanishiga rioya etilishi kerak.
70-modda. Tejab qolingan suvni boshqa shaxsga berish
Suvdan foydalanuvchi oʻziga ajratilgan suv olish limiti doirasida tejab qolingan suvni yoki suvga boʻlgan ehtiyoj qisqarganligi natijasida tejab qolingan suvni ayni shu gidrografik zonadagi boshqa suvdan foydalanuvchiga shartnoma asosida berishi mumkin. Suv yetkazib beruvchi tashkilot suvdan foydalanuvchilar oʻziga ajratilgan suv olish limitlari doirasida iqtisod qilingan suvdan voz kechganligi yoxud suvga boʻlgan ehtiyoj qisqarganligi munosabati bilan paydo boʻlgan ortiqcha suvni boshqa talabgor foydalanuvchiga yetkazib berishi mumkin.
71-modda. Suv yetkazib berish jadvali
Suvdan foydalanuvchining suv olish limitlari suv yetkazib beruvchi tashkilot hamda suvdan foydalanuvchi tomonidan suvdan foydalanuvchilarning mavsumiy ehtiyojlari va suvni boshqa suvdan foydalanuvchiga yetkazib berish majburiyatlari inobatga olingan holda imzolanadigan, suv yetkazib berish toʻgʻrisidagi shartnomaning ilovasi boʻlgan suv yetkazib berish jadvaliga kiritiladi.
11-bob. Suvdan foydalanuvchilarning hamda suv yetkazib beruvchi tashkilotlarning huquq va majburiyatlari
72-modda. Suvdan foydalanuvchilarning huquqlari
Suvdan foydalanuvchilar quyidagi huquqlarga ega:
suv obyektlaridan ular qanday maqsadda berilgan boʻlsa, oʻsha maqsadlarda foydalanish;
suvdan foydalanishni amalga oshirish uchun qonunchilikda belgilangan tartibda inshootlarni, qurilmalarni hamda boshqa obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish;
berilayotgan suvning miqdori va sifatini tekshirish;
suv resurslarini boshqarishga doir qarorlar qabul qilinishida qonunchilikda belgilangan tartibda ishtirok etish;
suv manbasining taxmin qilingan va haqiqiy suvliligidan kelib chiqqan holda suv olish limitlarini oʻzgartirish boʻyicha takliflar kiritish;
oʻz huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilganligi, shu jumladan belgilangan suv olish limitlariga va suv berish rejimiga muvofiq suv olish huquqi buzilganligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrni qonunchilikda belgilangan tartibda qoplanishini talab qilish;
suvdan foydalanuvchilar uyushmalarini va boshqa birlashmalarni qonunchilikda belgilangan tartibda tashkil etish.
Suvdan foydalanuvchilar qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
73-modda. Suvdan foydalanuvchilarning huquqlarini himoya qilish
Suvdan foydalanuvchilarning huquqlari qonun bilan himoya qilinadi.
Suvdan foydalanuvchilarning buzilgan huquqlari qonunchilikda nazarda tutilgan tartibda tiklanishi lozim.
74-modda. Suvdan foydalanuvchilarning huquqlarini cheklash
Suvdan foydalanuvchilarning huquqlari qonunchilikda nazarda tutilgan hollarda, aholining sogʻligʻini saqlash, atrof-muhitni muhofaza qilish, milliy xavfsizlikni taʼminlash maqsadida, shuningdek suv tanqisligida, tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlarda cheklanishi mumkin. Bunda aholining ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlari uchun suv obyektlaridan foydalanish shart-sharoitlari yomonlashmasligi kerak.
Suvdan foydalanuvchilarning suvdan tanho holda foydalanish huquqlari mazkur suv obyektini tanho foydalanishga bergan vakolatli organ tomonidan, suvdan maxsus foydalanish huquqlari esa suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomani bergan vakolatli organlar tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda cheklanishi mumkin.
75-modda. Suvdan foydalanuvchilarning majburiyatlari
Suvdan foydalanuvchilar:
oʻziga berilgan suv resurslarini oqilona boshqarishi va ulardan foydalanishi, suvdan maqsadsiz foydalanilishiga yoʻl qoʻymasligi, suvni tejab sarflash, uning sifatini tiklash va yaxshilash choralarini koʻrishi;
belgilangan suv olish limitlariga va suvdan foydalanish qoidalariga rioya etishi;
suv obyektlaridan belgilangan maqsadlarda foydalanishi;
suvdan maxsus foydalanishda suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirishi;
suvdan foydalanish toʻgʻrisida shartnoma tuzishi, suv olish uchun oʻz vaqtida talabnoma berishi;
tarkibida ifloslantiruvchi moddalar mavjud boʻlgan suvlarning suv obyektlariga oqizilishini toʻliq toʻxtatish choralarini koʻrishi;
boshqa suvdan foydalanuvchilarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlari buzilishiga, shuningdek suv xoʻjaligi obyektlariga va tabiiy resurslarga (yerlarga, oʻsimlik va hayvonot dunyosiga, foydali qazilmalarga va boshqalarga) zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻymasligi;
suv olish joylarini suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlashi, oʻziga tegishli suv xoʻjaligi obyektlari va ulardagi inshootlarni texnik jihatdan soz holatda saqlashi, ulardan foydalanishning belgilangan qoidalariga rioya etishi;
oqova suvlar suv obyektlariga va joy relyefiga oqiziladigan joylarni avtomatik ravishda monitoring qilish vositalari bilan jihozlashi;
olinadigan suv miqdorining hamda suv obyektlariga va joy relyefiga oqiziladigan oqova suvlar hajmining hisobini yuritishi hamda zarur axborotni suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomani bergan vakolatli organlarga, shuningdek suv yetkazib beruvchi tashkilotlarga taqdim etishi;
suv resurslaridan foydalanganlik, shuningdek suv yetkazib beruvchi tashkilotlarning xizmatlari va shartnoma asosida koʻrsatilgan boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlovlarni, shuningdek suv obyektlariga hamda joy relyefiga ifloslantiruvchi moddalarni oqizganlik uchun kompensatsiya toʻlovlarini oʻz vaqtida toʻlashi;
suvni tejash va raqamli texnologiyalarni joriy etish choralarini koʻrishi;
suvlarning ifloslanishi, bulgʻanishi va kamayib ketishining oldini olish hamda ularni bartaraf etish, suv obyektlariga suvlarning zararli taʼsirini bartaraf etish choralarini koʻrishi, shuningdek yer usti va yer osti suvlari toʻplanadigan maydonlarning ifloslanishiga yoʻl qoʻymasligi;
suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalarini, sohil boʻyi mintaqalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini saqlashning belgilangan rejimiga rioya qilishi;
oʻzining suv xoʻjaligi obyektlariga suvlardan foydalanish va ularni muhofaza qilish ustidan davlat nazoratini amalga oshiruvchi organlarning vakillarini belgilangan tartibda kiritishi hamda ularga zarur axborotni taqdim etishi;
suvlarning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etadigan avariyalar hamda boshqa tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganligi toʻgʻrisida oʻziga xizmat koʻrsatadigan suv yetkazib beruvchi tashkilotlarni, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini oʻz vaqtida xabardor qilishi hamda ularning oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha ishlarni amalga oshirishda, shuningdek suv obyektlaridagi taʼmirlash-tiklash ishlarida qonunchilikda belgilangan tartibda ishtirok etishi;
baliqlarni, boshqa suv florasi va faunasini muhofaza qilish tadbirlarini amalga oshirishi shart.
Suvdan foydalanuvchilarning zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.
Oʻz balansida vertikal sugʻorish qudugʻiga ega boʻlgan suvdan foydalanuvchi tashkilotlar va jismoniy shaxslar mazkur sugʻorish qudugʻiga bevosita tutash boʻlgan yer uchastkasi uchun suv xoʻjaligi xizmatlari toʻlovidan ozod etiladi.
76-modda. Suv resurslaridan qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanuvchi suvdan foydalanuvchilarning majburiyatlari
Suv resurslaridan qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanuvchi suvdan foydalanuvchilar ushbu Kodeksning 75-moddasida nazarda tutilgan majburiyatlardan tashqari:
qishloq xoʻjaligi ekinlari va dov-daraxtlarini sugʻorish, shuningdek yaylovlarga suv chiqarishning qulay rejimini saqlashi;
suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini va ilgʻor sugʻorish texnikasini joriy etish orqali sugʻorish vositalari va uslublarini takomillashtirishi;
qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalaniladigan suvlarning monitoringi asosida salbiy jarayonlarning sabablari va oqibatlarini bartaraf etishi;
qishloq xoʻjaligi ekinlarini sugʻorishning, shuningdek yaylovlarga suv chiqarishning qulay rejimini saqlab turish;
suvni tejash imkonini beradigan agrotexnika tadbirlarini amalga oshirishi;
tuproq unumdorligini saqlash imkonini beradigan melioratsiya tadbirlarini amalga oshirishi;
agar suvlarning oqizib yuborilishi texnologik jarayonda nazarda tutilmagan boʻlsa, sugʻorish uchun berilgan suvlarning kollektor-drenaj tarmogʻiga, suv obyektlariga va joy relyefiga oqizib yuborilishiga yoʻl qoʻymasligi;
tegishliligi boʻyicha suv xoʻjaligi obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash ishlarida qonunchilikda belgilangan tartibda ishtirok etishi shart.
77-modda. Baliqchilik xoʻjaligi suv havzalaridan yoki baliq ovlash uchastkalaridan foydalanuvchi korxonalar, muassasalar va tashkilotlarning majburiyatlari
Baliqchilik xoʻjaligi suv havzalari yoki baliq ovlash uchastkalari oʻziga foydalanish uchun berilgan korxonalar, muassasalar va tashkilotlar ushbu Kodeksning 75-moddasida nazarda tutilgan majburiyatlardan tashqari, belgilangan tartibda:
baliq zaxiralarining urchib koʻpayishi uchun shart-sharoitlarni taʼminlashi;
baliqchilik xoʻjaligi suv havzalarida yoki baliq ovlash uchastkalarida irrigatsiya-melioratsiya tarmoqlarini va boshqa inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish, tiklash ishlarini amalga oshirishi, shuningdek ularni texnik jihatdan soz holatda saqlashi;
zarur melioratsiya ishlarini olib borishi hamda ushbu korxonalar, muassasalar va tashkilotlar joylashgan joylardagi sohil boʻyi uchastkalarini lozim darajada sanitariya holatida saqlashi shart.
78-modda. Suv obyektlaridan foydalanishni, suv berishni oʻzboshimchalik bilan tartibga solishni hamda oʻzboshimchalik bilan suv olishni taqiqlash
Alohida davlat ahamiyatiga yoxud alohida ilmiy yoki madaniy qimmatga ega boʻlgan suv obyektlaridan foydalanish qonunchilikda belgilangan tartibda qisman yoki batamom taqiqlanishi mumkin.
Suvdan foydalanuvchilarning suv yetkazib beruvchi tashkilotlar bilan kelishilmagan holda, suv uzatilishini koʻpaytirish yoki kamaytirish maqsadida suv obyektlaridagi gidrotexnika inshootlarini oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirishi, shuningdek ularga muvaqqat toʻsiqlarni, nasos stansiyalarini, nasoslarni, suvni koʻtaradigan va suv oladigan boshqa inshootlarni oʻrnatishi taqiqlanadi.
Oʻzboshimchalik bilan suv olish taqiqlanadi.
79-modda. Sunʼiy suv obyektlari va gidrotexnika inshootlari orqali traktorlar, transport vositalarining oʻtishini, chorva mollarining haydab oʻtilishini taqiqlash
Kanallar, boshqa sunʼiy suv obyektlari, gidrotexnika inshootlari va boshqa suv xoʻjaligi obyektlari orqali ushbu maqsadlar uchun moʻljallanmagan joylardan qishloq xoʻjaligi mashinalarining (traktorlar va boshqalarning), avtomobillarning hamda boshqa transport vositalarining oʻtishi, shuningdek chorva mollarining haydab oʻtilishi va sugʻorilishi taqiqlanadi.
Suv obyektlarida chorva mollarini sugʻorishga, shuningdek ularni choʻmiltirishga ushbu maqsadlar uchun maxsus jihozlangan joylarda ruxsat etiladi.
80-modda. Suv yetkazib beruvchi tashkilotning huquqlari
Suv yetkazib beruvchi tashkilot quyidagi huquqlarga ega:
suvdan foydalanishni amalga oshirish uchun qonunchilikda belgilangan tartibda inshootlar, qurilmalarni hamda boshqa obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilishni amalga oshirish;
berilayotgan suvning miqdori va sifatini tekshirishni amalga oshirish;
koʻrsatilgan xizmatlar uchun oʻz vaqtida haq toʻlanishini talab qilish;
suvdan foydalanuvchilarga suv yetkazib berishni suvdan foydalanish qoidalari buzilganda, suvdan maqsadsiz foydalanilganda, suv olish limitlari oshirib yuborilganda, shuningdek suv yetkazib berganlik uchun va koʻrsatilgan boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun oʻz vaqtida haq toʻlanmagan hollarda, aniqlangan shartnoma shartlarining buzilishlari bartaraf etilguniga qadar toʻxtatib turish;
oʻz huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilganligi, shu jumladan belgilangan suv olish limitlariga va suv berish rejimiga muvofiq suv olish huquqining buzilganligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrni qonunchilikda belgilangan tartibda qoplanishini talab qilish.
Suv yetkazib beruvchi tashkilot qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
81-modda. Suv yetkazib beruvchi tashkilotning majburiyatlari
Suv yetkazib beruvchi tashkilot:
suv resurslaridan oqilona va samarali foydalanishi, ulardan maqsadsiz foydalanilishiga yoʻl qoʻymasligi, suvdan tejamkor ravishda foydalanishi, suvning sifatini tiklashi va yaxshilashi;
belgilangan suv olish limitlariga va suvdan foydalanish tartibiga rioya etishi;
suv obyektlari qanday maqsadlar uchun foydalanishga berilgan boʻlsa, ulardan faqat shu maqsadlarda foydalanishi;
tashlama suvlar hajmining koʻpayishi hollarining oldini olishi;
suv yetkazib berish toʻgʻrisida shartnomalar tuzishi va belgilangan sifatdagi suvning belgilangan miqdorda oʻz vaqtida yetkazib berilishini taʼminlashi;
suv yetkazib berish toʻgʻrisidagi shartnoma boʻyicha oxirigacha olinmagan suvning oʻrnini qoplashi, bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno;
tarkibida belgilangan normadan ortiq ifloslantiruvchi moddalar mavjud boʻlgan oqova suvlarni suv obyektlariga oqizib yuborishni tugatish choralarini koʻrishi;
suvdan foydalanuvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilishiga, shuningdek suv obyektlariga, xoʻjalik obyektlariga va tabiiy resurslarga (yerlarga, oʻsimlik va hayvonot dunyosiga, foydali qazilmalarga va boshqalarga) zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻymasligi;
suv olish joylarini suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlashi, suv xoʻjaligi obyektlarini va ulardagi inshootlarni texnik jihatdan soz holatda saqlashi, ulardan maqsadli foydalanishning belgilangan qoidalariga rioya etishi;
olinadigan suvning hamda suv obyektlariga va joy relyefiga oqizib yuboriladigan oqova suvlar hajmining hisobini yuritishi hamda vakolatli organlarga va oʻziga xizmat koʻrsatiladigan suvdan foydalanuvchilarga zarur axborotni taqdim etishi;
suvni tejash va suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini joriy etish, suvni yetkazib berishdagi yoʻqotishlarni qisqartirish choralarini koʻrishi, suvni qonunga xilof ravishda olishning nazorat qilinishini taʼminlashi;
suvlarning ifloslanishi, bulgʻanishi va kamayib ketishining oldini olish hamda ularni bartaraf etish chora-tadbirlarini amalga oshirishda ishtirok etishi, shuningdek yer usti va yer osti suvlari toʻplanadigan maydonlarning ifloslanishiga yoʻl qoʻymasligi;
suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari, sohil boʻyi mintaqalari va sanitariya muhofazasi zonalarini muhofaza qilish hamda ulardan foydalanish tartibi va shartlariga rioya etishi;
suvlardan foydalanilishi va ularning muhofaza qilinishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiruvchi organlarning vakillarini oʻzining suv xoʻjaligi obyektlariga belgilangan tartibda kiritishi hamda ularga zarur axborot taqdim etishi;
suvlarning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etadigan avariyalar hamda boshqa tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganligi toʻgʻrisida suvdan foydalanuvchilarni, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini oʻz vaqtida xabardor qilishi, shuningdek ularning oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha ishlarni amalga oshirishda ishtirok etishi;
baliqlarni, boshqa suv florasi va faunasini muhofaza qilish tadbirlarini amalga oshirishi shart.
Suv yetkazib beruvchi tashkilotning zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.
12-bob. Suvdan foydalanuvchilarning birlashmalari, nodavlat tashkilotlari, ular aʼzolarining huquq va majburiyatlari
82-modda. Suvdan foydalanish sohasidagi uyushmalar va boshqa nodavlat tashkilotlari
Suvdan foydalanuvchilar suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi faoliyatini muvofiqlashtirish, shuningdek oʻz huquqlari va manfaatlarini himoya qilish maqsadida nodavlat tashkilotlari boʻlgan uyushmalar, ittifoqlar va boshqa birlashmalarni tashkil etishi mumkin.
83-modda. Suvdan foydalanuvchilar uyushmalarining huquq va majburiyatlari
Suvdan foydalanuvchilar uyushmalari quyidagi huquqlarga ega:
uyushma aʼzolarining huquqlarini va qonuniy manfaatlarini ifoda etish hamda himoya qilish;
xizmat koʻrsatuvchi suv yetkazib beruvchi tashkilotdan suvdan foydalanuvchilar oʻrtasida suvning adolatli ravishda taqsimlanishi va berilishini talab qilish;
sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarini hamda boshqa suv xoʻjaligi obyektlarini taʼmirlash va rekonstruksiya qilish rejalarini ishlab chiqishda, bosh suv olish joylarini suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlash tadbirlari rejalarini ishlab chiqishda takliflar bilan ishtirok etish;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlariga va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga takliflar kiritish, ularning qarorlarini tayyorlashda qonunchilikda belgilangan tartibda ishtirok etish;
uyushmalar faoliyatini muvofiqlashtirish, huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish uchun ittifoqlarga aʼzo boʻlib kirish.
Suvdan foydalanuvchilar uyushmasi qonunchilikka va suvdan foydalanuvchilar uyushmasining ustavlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
Suvdan foydalanuvchilar uyushmasi:
suv toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etishi;
suvdan foydalanuvchilar uyushmasining mol-mulkidan va mablagʻlaridan foydalanilishi toʻgʻrisidagi axborotning oʻz aʼzolari uchun ochiqligini va undan foydalanishini taʼminlashi;
roʻyxatga oluvchi organga, soliq organlariga va davlat statistika organlariga belgilangan tartibda oʻz faoliyati toʻgʻrisida hisobotlar taqdim etishi shart.
Suvdan foydalanuvchilar uyushmalarining zimmasida qonunchilikka va suvdan foydalanuvchilar uyushmasining ustavlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.
IV BOʻLIM. SUV OBYEKTLARIDAN VA SUV XOʻJALIGI OBYEKTLARIDAN FOYDALANISH
13-bob. Suv va suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanish
84-modda. Suv omborlaridan foydalanish
Suv omborlarini suvga toʻldirish va ulardan suv chiqarish rejimi, suv sathining oʻzgarish rejimi, gidrotexnika inshootlari orqali suvning oʻtish rejimi, kemalarning moneliksiz va xavfsiz oʻtishi, shuningdek baliqlarning urugʻ tashlaydigan joylarga oʻta olishini taʼminlash suv omborlaridan foydalanish qoidalari bilan belgilanadi.
Suv omborlaridagi toʻgʻonlar, dambalardan, suv oʻtkazadigan va suv oladigan inshootlardan, gidroenergetika majmualaridan hamda boshqa inshootlardan foydalanuvchi tashkilotlar foydalanish qoidalari hamda suv omborlarining taʼsir zonalarida joylashgan suvdan foydalanuvchilarning, yer uchastkalari mulkdorlarining, yer egalarining va yerdan foydalanuvchilarning manfaatlari, shuningdek ekologik maqsadlar hisobga olingan holda belgilangan suv omborlarini suvga toʻldirish va ulardan suv chiqarish rejimiga rioya etishi, shu jumladan suvni ekologik maqsadlarda chiqarib yuborish rejimiga rioya etishi shart.
Suv omborlaridan foydalanish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi hamda boshqa manfaatdor organlar bilan kelishilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan har bir suv ombori uchun tasdiqlanadigan qoidalarda belgilanadi.
85-modda. Suv omborlarining texnik holatini va obodonlashtirilishini taʼminlaydigan tadbirlarni tashkil etish hamda muvofiqlashtirish
Suv omborlarining texnik holatini va obodonlashtirilishini taʼminlaydigan tadbirlarni tashkil etish hamda muvofiqlashtirish tegishli suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.
86-modda. Koʻllardan va boshqa suv havzalaridan suv omborlari sifatida foydalanish tartibi
Koʻllardan va boshqa suv havzalaridan suv omborlari sifatida foydalanish ushbu Kodeksning 84 va 85-moddalari qoidalari, shuningdek ularning maqomi (rekreatsiya jihatidan ahamiyati, muhofaza etiladigan tabiiy hududlar) hisobga olingan holda, ushbu Kodeksda va boshqa qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda amalga oshiriladi.
87-modda. Gidrotexnika inshootlaridan foydalanish tartibi
Suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlari tomonidan foydalaniladigan gidrotexnika inshootlari davlat mulki boʻlib, ulardan belgilangan tartibda foydalaniladi.
Davlat-xususiy sheriklik prinsiplari asosida xususiy sektorga boshqarishga berilgan gidrotexnika inshootlari davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimda, shuningdek qonunchilikda belgilangan tartibda foydalaniladi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining va viloyatlar hokimlarining qarorlariga koʻra qishloq xoʻjaligi ishlab chiqaruvchilariga berilgan gidrotexnika inshootlaridan ular tomonidan belgilangan maqsadga koʻra foydalaniladi.
Suvdan foydalanuvchilarning oʻz mablagʻlari hisobidan qurilgan gidrotexnika inshootlaridan ularning tegishliligi boʻyicha foydalaniladi.
Suv xoʻjaligi organlari suvdan foydalanuvchilar bilan shartnomaviy asosda suv xoʻjaligi obyektidagi gidrotexnika inshootlariga texnik xizmat koʻrsatishni amalga oshirishi mumkin.
14-bob. Suv obyektlaridan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti uchun foydalanish
88-modda. Suv obyektlarini aholining ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlari uchun ustuvor ravishda berish
Suv obyektlari birinchi navbatda aholining ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlarini qanoatlantirish uchun foydalanishga beriladi.
Aholining ichimlik, xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti va boshqa ehtiyojlari uchun beriladigan suv obyektlari suvining sifati belgilangan sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga, shuningdek milliy standartlarga muvofiq boʻlishi kerak.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti uchun berilgan suv obyektlaridan foydalanish ushbu Kodeksga muvofiq amalga oshiriladi.
89-modda. Yer osti chuchuk suvlaridan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti bilan bogʻliq boʻlmagan ehtiyojlar uchun foydalanishni cheklash
Yer osti chuchuk suvlaridan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti bilan bogʻliq boʻlmagan ehtiyojlar uchun foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi, bundan ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno.
Zarur boʻlgan yer usti suv manbalari boʻlmagan hamda yer osti chuchuk suvlarining yetarli zaxiralari boʻlgan hududlarda tasdiqlangan limitlarga muvofiq togʻ-kon sanoati va geologiya organlari ushbu suvlardan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti bilan bogʻliq boʻlmagan maqsadlar uchun foydalanishga ruxsat berishi mumkin.
Yer osti suvlarining davlat monitoringi natijalari boʻyicha yer osti chuchuk suvlari sathining tizimli kamayishi belgilangan hududlarda quduqlarni qazish, gidrogeologik xulosa va suvdan maxsus foydalanish uchun ruxsatnoma berish cheklanishi, toʻxtatib turilishi yoki taqiqlanishi mumkin.
90-modda. Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbalarining xavfsizligini taʼminlash
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, yuridik shaxslar mulkchilik shaklidan qatʼi nazar va jismoniy shaxslar ichimlik hamda xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti uchun foydalaniladigan suv manbalarida sanitariya qoidalari, normalari, gigiyena normativlari va milliy standartlar talablariga muvofiq suvning sifatini saqlashi shart.
15-bob. Suv obyektlaridan davolash, kurort va sogʻlomlashtirish maqsadlarida foydalanish
91-modda. Shifobaxsh suvlar toifasiga kiritilgan suv obyektlaridan birinchi navbatda davolash va kurort maqsadlarida foydalanish
Belgilangan tartibda shifobaxsh suvlar toifasiga kiritilgan suv obyektlaridan, eng avvalo, davolash va kurort maqsadlarida foydalaniladi.
Suv xoʻjaligi hamda ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi, togʻ-kon sanoati va geologiya organlari ayrim hollarda tegishliligiga koʻra shifobaxsh suvlar toifasiga kiritilgan suv obyektlaridan sogʻliqni saqlash organlari va sanatoriya-kurort boshqarmalari bilan kelishuvga koʻra boshqa maqsadlar uchun foydalanishga ruxsat berishi mumkin.
Shifobaxsh suvlar toifasiga kiritilgan suv obyektlariga suv tashlash taqiqlanadi.
92-modda. Suv obyektlaridan dam olish, turizm va sport uchun foydalanish
Suv obyektlaridan dam olish, turizm va sport uchun foydalanish tartibi qonunchilikda belgilanadi.
16-bob. Suv obyektlaridan qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish
93-modda. Suvdan qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish
Suvdan qishloq xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish suvdan maxsus foydalanish shartlari asosida suv olish kvotalari va suv olish limitlari boʻyicha suvdan foydalanishning belgilangan tartibiga rioya etilgan holda amalga oshiriladi.
Qishloq xoʻjaligi ekinlarini oqova suvlar bilan sugʻorish Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari bilan kelishuvga koʻra ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarining ruxsati bilan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Tuproq unumdorligiga va yetishtiriladigan qishloq xoʻjaligi mahsulotlariga zararli taʼsir koʻrsatadigan suvlarni qishloq xoʻjaligi yerlarini sugʻorish uchun berish taqiqlanadi.
94-modda. Suv obyektlaridan shaxsiy tomorqa yer uchastkalarini sugʻorish uchun foydalanish
Fuqarolarning ekinzorlarini va shaxsiy tomorqa yer uchastkalarini sugʻorish uchun suv obyektlaridan foydalanish fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining suv olish kvotalari va suv olish limitlarida nazarda tutiladi. Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari fuqarolarning ekinzorlarni va shaxsiy tomorqa yer uchastkalarini sugʻorish uchun suvga boʻlgan ehtiyojlarini umumlashtiradi, suvdan foydalanish toʻgʻrisida shartnomalar tuzadi va ular oʻrtasida suvdan foydalanish tartibini belgilaydi, shuningdek sugʻorish tarmoqlarida taʼmirlash-tiklash ishlarini tashkil etadi.
95-modda. Suvni tejaydigan sugʻorish uslublari va texnologiyalarini qoʻllashni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash
Qishloq xoʻjaligida suvni tejaydigan sugʻorish uslublari va texnologiyalarini qoʻllash koʻlamini yanada kengaytirish, suv resurslaridan foydalanish unumdorligi va samaradorligini oshirish maqsadida suvdan foydalanishni tartibga solish sohasidagi vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari davlat tomonidan tartibga solishning quyidagi choralarini qoʻllaydi:
suvni tejaydigan sugʻorish uslublari va texnologiyalarini joriy etadigan qishloq xoʻjaligi ishlab chiqaruvchilarini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash tizimini yanada rivojlantirish;
sugʻorish quduqlari va vertikal drenaj quduqlari, shuningdek nasos stansiyalari yoki nasoslar yordamida sugʻoriladigan ekin maydonlarida suvni tejaydigan sugʻorish uslublari va texnologiyalarini keng joriy etish;
suvni tejaydigan sugʻorish uslublari va texnologiyalari boʻyicha tadqiqotlar, ishlanmalarni ragʻbatlantirish, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi hududlarining tuproq-iqlim sharoitlari hamda avval oʻtkazilgan sinovlar tajribasi, shuningdek yangi yuqori samarali tizimlarni yaratish ishlari hisobga olingan holda ragʻbatlantirish mexanizmlarini takomillashtirish;
suvni tejashning mavjud usullari, shu jumladan yer ustidan sugʻorishning yuqori samarali uslublari va texnologiyalari toʻgʻrisidagi xabardorlikni oshirish;
suvni tejaydigan sugʻorish uslublari va texnologiyalarini loyihalashtirish, joriy etish va qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalarni, shu jumladan sugʻoriladigan maydonlarning, qishloq xoʻjaligi ekinlarining va ular navlarining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, ulardan samarali foydalanishni baholash mezonlarini ishlab chiqish;
suvni tejaydigan sugʻorish uslublari va texnologiyalarini joriy etish hamda ulardan foydalanish boʻyicha mutaxassislar tayyorlanishi, qayta tayyorlanishi va ularning malakasi oshirilishini tashkil etish;
qishloq xoʻjaligi ekin maydonlarini rejalashtirish texnologiyasi qoʻllanilishini avtomatlashtirilgan lazerli tekislagichlardan, shuningdek zamonaviy egiluvchan quvurlar yordamida sugʻorishning yer osti yopiq tizimidan foydalangan holda kengaytirish;
sanoatda hamda xoʻjalik-maishiy suv taʼminotida suv aylanishining ilmiy asoslangan normalarini ishlab chiqish va joriy etish;
suv resurslarining unumdorligini monitoring qilish va maqsadli yaxshilash uchun masofadan zondlash tizimlaridan foydalanish;
suv aylanishini va boshqa tashkiliy chora-tadbirlarni, shuningdek dalada suvning yoʻqotilishiga yoki undan oqilona foydalanmaslikka qarshi kurashishga qaratilgan texnologiyalarni joriy etish.
17-bob. Suv obyektlaridan sanoat maqsadlari, konchilik ishi va energetika ehtiyojlari uchun foydalanish
96-modda. Suv obyektlaridan sanoat maqsadlari hamda issiqlik va atom energetikasi ehtiyojlari uchun foydalanish
Suv obyektlaridan sanoat maqsadlari hamda issiqlik va atom energetikasi ehtiyojlari uchun foydalanadigan suvdan foydalanuvchilar, ushbu Kodeksning 75-moddasida nazarda tutilgan majburiyatlardan tashqari, ishlab chiqarish texnologiyasini takomillashtirish, suv taʼminotining aylanma hamda takroriy tizimlarini joriy etish orqali suv sarfini kamaytirish va oqova suvlarning suv obyektlariga oqizib yuborilishini tugatish boʻyicha choralar koʻrishi, shuningdek suvning radioaktiv ifloslanishi belgilangan normalardan oshishiga yoʻl qoʻymasligi shart.
Yangi sanoat obyektlari loyihalashtirilayotganda va amaldagilari rekonstruksiya qilinayotganda aylanma suv taʼminoti nazarda tutilishi kerak, bundan ishlab chiqarish shart-sharoitlariga koʻra aylanma suv taʼminotiga oʻtkazilishi mumkin boʻlmagan korxonalar va boshqa obyektlar mustasno.
Aylanma suv taʼminotiga ega boʻlmagan ishlab turgan korxonalar uchun ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari tomonidan suv xoʻjaligi organlari hamda boshqa vakolatli organlar bilan kelishuvga koʻra qonunchilikka muvofiq ularni aylanma suv taʼminoti tizimiga oʻtkazish muddatlari belgilanadi.
97-modda. Suv obyektlaridan gidroenergetika ehtiyojlari uchun foydalanish
Suv obyektlaridan gidroenergetika ehtiyojlari uchun foydalanish elektr energetikasi tizimining barqarorligini taʼminlash maqsadida iqtisodiyotning boshqa tarmoqlari va aholining manfaatlari hisobga olinib, suvlardan kompleks va oqilona foydalanish hamda ularni muhofaza qilish talablariga rioya etilgan holda suv xoʻjaligi organlari bilan kelishuvga koʻra amalga oshiriladi.
Gidroenergetika korxonalari ushbu Kodeksning 96-moddasida nazarda tutilgan majburiyatlardan tashqari:
suv obyektlarining foydalanish qoidalarida belgilangan ish rejimiga, shu jumladan suv omborlarini toʻldirish va ulardan suv chiqarish hamda suvning yuqori va quyi sathi oʻzgarishining rejimiga rioya etishi;
sanitariya va tabiatni muhofaza qilish maqsadlarida suv chiqarib turilishini taʼminlashi shart.
18-bob. Suv obyektlaridan baliqchilik va ovchilik xoʻjaligi ehtiyojlari hamda yongʻinga qarshi ehtiyojlar uchun foydalanish
98-modda. Suv obyektlaridan baliqchilik va ovchilik xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish
Baliqchilik (shu jumladan sanoat maqsadida baliq ovlash) va baliq yetishtirish, baliq resurslarini hamda boshqa tegishli resurslarni saqlash va urchitib koʻpaytirish maqsadida suv obyektlari yoki ularning qismlari, shuningdek suvni va suv obyektlarini muhofaza qilish chizigʻi uchastkalari baliqchilik xoʻjaligining ehtiyojlari uchun berilishi mumkin.
Yovvoyi hayvonlar va qushlar yashaydigan joy boʻlib xizmat qiladigan suv obyektlaridan ovchilik xoʻjaligi ehtiyojlari uchun ov qilish joylari sifatida foydalanish mumkin.
Davlat qoʻriqxonalarining, kompleks (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalarining, tabiat bogʻlarining, davlat biosfera rezervatlarining va muhofaza qilinadigan boshqa tabiiy hududlarning suv obyektlari ov qilish joylariga kirmaydi.
Ov qilish joylari ovchilik xoʻjaligini yuritish uchun yuridik shaxslarga berilishi mumkin.
Suv obyektlaridan baliqchilik xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
Suv obyektlaridan ovchilik xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish tartibi qonunchilikda belgilanadi.
99-modda. Baliqchilik xoʻjaligi manfaatlarini koʻzlab suvdan foydalanishni cheklash
Baliqlarning qimmatli turlarini hamda suv bilan bogʻliq boshqa ov qilish obyektlarini saqlab qolish va urchitib koʻpaytirish uchun alohida muhim ahamiyatga ega boʻlgan baliqchilik xoʻjaligining suv havzalarida yoki ularning ayrim uchastkalarida suvdan foydalanuvchilarning huquqlari baliqchilik xoʻjaligi manfaatlarini koʻzlab cheklanishi mumkin.
Bunday suv havzalarining yoki ular uchastkalarining roʻyxati hamda suvdan foydalanishni cheklash turlari ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari hamda suv xoʻjaligi organlari tomonidan belgilanadi va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.
100-modda. Baliq zaxiralarini muhofaza qilish va urchitib koʻpaytirish boʻyicha tadbirlar
Baliqchilik xoʻjaligining suv havzalaridagi gidrotexnika inshootlarini va boshqa inshootlarni ishlatishda baliq zaxiralari muhofaza qilinishini va ularni urchitib koʻpaytirish uchun shart-sharoitlarni taʼminlovchi tadbirlar oʻz vaqtida amalga oshirilishi kerak.
Baliqchilik xoʻjaligining suv havzalaridagi baliqlar urugʻ tashlaydigan joylarga va ularning qishlov uyalari joylashgan yerlarga tuproq toʻkishga hamda baliq zaxiralarining holatiga va ularni urchitib koʻpaytirish sharoitlariga salbiy taʼsir etuvchi boshqa ishlarni amalga oshirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Sanoat maqsadlari, sugʻorish va boshqa ehtiyojlar uchun baliqchilik xoʻjaligining suv havzalaridan suv olish faqat ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari bilan kelishuvga koʻra suv chiqarish inshootlariga baliq tushib qolishi mumkinligini istisno etadigan maxsus moslamalar oʻrnatilishi sharti bilan amalga oshirilishi mumkin.
101-modda. Suv obyektlaridan sport va havaskorlik yoʻli bilan baliq ovlash uchun foydalanish
Suv havzalarida sport va havaskorlik yoʻli bilan baliq ovlashga ovchilar va baliqchilarning jamoat birlashmalariga biriktirilgan joylarda ushbu jamiyatlarning ruxsatnomasi asosida bepul yoki haq evaziga ruxsat etiladi, bundan davlat qoʻriqxonalarining, kompleks (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalarining, tabiat bogʻlarining hududidagi suv havzalari va muhofaza qilinadigan boshqa tabiiy hududlar mustasno. Suv obyektlari yoki ularning ayrim uchastkalari ovchilar va baliqchilarning jamoat birlashmalariga vakolatli organ tomonidan belgilangan tartibda biriktirilishi mumkin.
Baliqchilik xoʻjaligi tashkilotlariga biriktirilgan tabiiy suv havzalarida, baliqchilik pitomniklarida hamda hovuz xoʻjaliklarida, shuningdek ovchilar va baliqchilarning jamoat birlashmalariga biriktirilgan joylarda sport va havaskorlik yoʻli bilan baliq ovlash ularning ruxsatnomalariga koʻra amalga oshiriladi.
102-modda. Baliq yetishtirish uchun sunʼiy suv havzalaridan foydalanish
Baliq yetishtirish uchun sunʼiy suv havzalaridan foydalanishga qonunchilik talablariga rioya etilganda yoʻl qoʻyiladi.
Sunʼiy suv havzalarida baliq yetishtirish uchun foydalanilgan suvlar oqova suvlar toifasiga tenglashtiriladi va ushbu Kodeksda belgilangan tartibda normalashtiriladi.
103-modda. Ovchilik xoʻjaligini yuritishni amalga oshirayotgan yuridik va (yoki) jismoniy shaxslarga suvdan foydalanishning imtiyozli huquqlarini berish
Suvda suzuvchi yovvoyi qushlar va qimmatli moʻynali hayvonlar maskani boʻlgan daryolarda, koʻllarda va boshqa suv obyektlarida ovchilik xoʻjaligini yuritishni amalga oshirayotgan yuridik va (yoki) jismoniy shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda suvdan kompleks foydalanish talablarini hisobga olgan holda suvdan foydalanishning imtiyozli huquqlari berilishi mumkin.
Foydalanish rejimi suvda suzuvchi yovvoyi qushlarning va qimmatli moʻynali hayvonlarning ommaviy yashash joylariga taʼsir koʻrsatadigan suv omborlarini, boshqa suv obyektlarini hamda suv xoʻjaligi inshootlarini ishlatishda ovchilik xoʻjaligini yuritish manfaatlari hisobga olinishi kerak.
104-modda. Suv obyektlaridan foydalanishni cheklash
Oʻzbekiston Respublikasining Qizil kitobiga kiritilgan qimmatbaho, kamyob va yoʻqolib ketayotgan yovvoyi hayvonlarning yashash joylarida hamda ularning hayvonot dunyosini koʻpaytirish va muhofaza qilish tadbirlari amalga oshirilayotgan ayrim uchastkalarida suv obyektlarining holatini yomonlashtiradigan havaskorlik yoʻli bilan va sanoat maqsadida ov qilish, jismoniy shaxslarning kelishi, xoʻjalik hamda boshqa faoliyat cheklanishi mumkin.
105-modda. Suv obyektlaridan yongʻinga qarshi ehtiyojlar uchun foydalanish
Yongʻinga qarshi ehtiyojlar uchun har qanday suv obyektlaridan suv olishga yoʻl qoʻyiladi.
19-bob. Suv obyektlaridan oʻrmon xoʻjaligi ehtiyojlari va koʻkalamzorlashtirish ishlari uchun, shuningdek kema qatnovi ehtiyojlari uchun foydalanish
106-modda. Suv obyektlaridan oʻrmon xoʻjaligi ehtiyojlari va koʻkalamzorlashtirish ishlari uchun foydalanish shartlari
Suv obyektlaridan oʻrmon xoʻjaligi ehtiyojlari va koʻkalamzorlashtirish ishlari uchun foydalanish suvdan umumiy hamda maxsus foydalanish tartibida amalga oshiriladi.
Oʻrmon fondini, shuningdek oʻrmon fondiga kirmaydigan koʻp yillik dov-daraxtlarni muhofaza qilish maqsadida sugʻorish tizimini yaratish hamda uning samarali ishlab turishini taʼminlash nazarda tutiladi.
Suvni va suv obyektlarini muhofaza qilish, ularni saqlash maqsadida daryolar, koʻllar qirgʻoqlari, suv omborlari va boshqa suv obyektlari, suv taʼminoti manbalarini sanitariya jihatdan muhofaza qilish zonalari hamda uning ayrim uchastkalari boʻylab ihota daraxtzorlari tashkil etiladi.
107-modda. Suv obyektlaridan oʻrmon xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish tartibi
Suv obyektlaridan oʻrmon xoʻjaligi ehtiyojlari uchun foydalanish tartibi ushbu Kodeks, oʻrmon toʻgʻrisidagi qonunchilik va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.
108-modda. Muhofaza etiladigan tabiiy hududlarning suv obyektlaridan foydalanish tartibi va ularni muhofaza qilish choralari
Davlat qoʻriqxonalarining, kompleks (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalarining, tabiat bogʻlarining hamda davlat biosfera rezervatlarining, asosan suvda suzuvchi qushlar yashaydigan joy sifatida xalqaro ahamiyatga ega boʻlgan suvli-botqoq yerlarning va muhofaza etiladigan boshqa tabiiy hududlarning suv obyektlaridan ularning rejimiga muvofiq baliq ovlash, ov qilish, suv oʻsimliklari va organizmlarini yigʻish uchun foydalanish, shuningdek ushbu suvlarning tabiiy holatini buzadigan boshqa harakatlarni amalga oshirish taqiqlanadi.
Davlat qoʻriqxonalarining, kompleks (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalarining, tabiat bogʻlarining, davlat biosfera rezervatlarining suv obyektlariga oqova suvlarni oqizish taqiqlanadi.
Muhofaza etiladigan boshqa tabiiy hududlarning suv obyektlariga oqova suvlarni oqizishga, shuningdek irrigatsiya va melioratsiya tadbirlarini amalga oshirishga ushbu Kodeksda belgilangan talablarga rioya etilgan holda ularning rejimiga muvofiq yoʻl qoʻyiladi.
Ustuvor ekologik, ilmiy, madaniy, estetik, rekreatsiya va sanitariya-sogʻlomlashtirish ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlari yoki ularning ayrim uchastkalari qonunchilikda belgilangan tartibda muhofaza etiladigan tabiiy hududlar deb eʼlon qilinadi va xoʻjalik maqsadida foydalanishdan chiqariladi.
Muhofaza etiladigan tabiiy hududlarning suvlaridan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish rejimini oʻrnatish qonunchilikda belgilanadi.
Muhofaza etiladigan tabiiy hududlarning suv obyektlarini olib qoʻyishga zarur boʻlgan alohida hollarda qonunchilikda belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi va vakolatli organlar tomonidan yoʻl qoʻyiladi.
109-modda. Kema qatnaydigan suv obyektlari
Daryolar, koʻllar, suv omborlari, kanallar birgalikda foydalanadigan suv obyektlaridir, bundan ulardan ushbu maqsadlarda foydalanish toʻla yoki qisman taqiqlangan yoxud ular tanho foydalanishga berilgan hollar mustasno.
Kema qatnovi uchun suv obyektlaridan foydalanish suv xoʻjaligi organlari, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari hamda transport sohasidagi vakolatli organlar bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
Suv obyektlaridan kichik kemalarda (eshkakli va motorli qayiqlarda, katerlarda, yelkanli yaxtalar va shu kabilarda) suzib yurish uchun foydalanishga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan kichik kemalardan foydalanish qoidalariga rioya etilgan holda ruxsat beriladi.
20-bob. Suv obyektlaridan oqova suvlarni va kollektor-drenaj suvlarini oqizish uchun foydalanish
110-modda. Suv obyektlariga oqova suvlarni va kollektor-drenaj suvlarini oqizishga yoʻl qoʻyish shartlari
Oqova suvlarni va kollektor-drenaj suvlarini suv obyektlariga oqizish suvdan maxsus foydalanish toifasiga kiradi hamda bunga faqat suv obyektlari tarkibidagi ifloslantiruvchi moddalarning belgilangan normalardan oshib ketishiga olib kelmaydigan hollarda hamda suvdan foydalanuvchi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari hamda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari tomonidan belgilangan darajalargacha yetkazib tozalab berish sharti bilan yoʻl qoʻyiladi.
Agar mazkur talablar buzilayotgan boʻlsa, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi hamda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari tomonidan oqova suvlarni oqizish cheklanishi yoki taqiqlanishi kerak. Aholining sogʻligʻiga xavf tugʻdiradigan hollarda ishlab chiqarish va boshqa obyektlardan foydalanish toʻxtatib turilishi kerak.
Suv obyektlariga oqova suvlar oqizilishini nazarda tutuvchi obyektlarni loyihalashtirishda va qurishda ekologiya hamda sanitariya normalari va qoidalari talablariga rioya etilishi shart.
111-modda. Oqova suvlardan hududlarni koʻkalamzorlashtirish uchun takroran foydalanish
Oqova suvlardan hududlarni koʻkalamzorlashtirish uchun takroran foydalanishga ular tozalanganidan keyin, zarur boʻlgan taqdirda hamda ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarining ijobiy xulosasi mavjud boʻlganda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari bilan kelishuvga koʻra belgilangan tartibda yoʻl qoʻyiladi.
21-bob. Suv obyektlarining noruda foydali qazilmalaridan foydalanish
112-modda. Suv obyektlarining tubi va qirgʻoqlari oʻzgarishi bilan bogʻliq boʻlgan ishlarni amalga oshirish
Suv obyektlarining tubi va qirgʻoqlari oʻzgarishi bilan bogʻliq boʻlgan oʻzan tubini chuqurlashtirish, suv xoʻjaligi, portlatish, burgʻilash ishlari va boshqa ishlar ushbu Kodeks hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
113-modda. Daryolar va soylar oʻzanlarini tozalash hamda ularning qirgʻoqlarini mustahkamlash
Daryolar va soylar oʻzanlarini tozalash hamda ularning qirgʻoqlarini mustahkamlash ishlari toshqin suvlarini va sel oqimlarini xavfsiz oʻtkazib yuborish, transport infratuzilmasi obyektlarining hamda suv xoʻjaligi obyektlarining xavfsiz ishlashini taʼminlash, shuningdek suv obyektlarining ekologik holatini yaxshilash maqsadida amalga oshiriladi.
Daryolar va soylar oʻzanlarini tozalash hamda ularning qirgʻoqlarini mustahkamlash ishlari, shuningdek toshqin suvlari va sel oqimlari xavfsiz oʻtkazib yuborilishini taʼminlash Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Daryolar va soylar oʻzanlarini tozalash hamda ularning qirgʻoqlarini mustahkamlash ishlarini amalga oshirish uchun loyiha hujjatlari atrof-muhitni muhofaza qilish boʻyicha vakolatli organ tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda davlat ekologik ekspertizasidan oʻtkazilishi lozim.
Daryolar va soylar oʻzanlarini tozalash jarayonida qazib olingan qum-shagʻal materiallaridan, birinchi navbatda, qirgʻoqlarni mustahkamlash uchun foydalaniladi. Daryolar va soylar oʻzanlarini tozalash jarayonida qazib olingan hamda qirgʻoqlarni mustahkamlash uchun foydalanilmagan qum-shagʻal materiallari belgilangan tartibda realizatsiya qilinishi (sotilishi) mumkin.
114-modda. Suv obyektlari tubidagi tuproqdan foydalanish
Suv obyektlari tubidan chiqarilgan tuproqdan suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlari bilan kelishuvga koʻra foydalanilishi mumkin. Bunda suv tubidagi tuproq tarkibida noruda foydali qazilmalar boʻlmasligi kerak.
V BOʻLIM. SUVNI VA SUV OBYEKTLARINI MUHOFAZA QILISH, SUVNING ZARARLI TAʼSIRINING OLDINI OLISH
22-bob. Suvni va suv obyektlarini muhofaza qilish
115-modda. Suvni va suv obyektlarini muhofaza qilish vazifalari
Suv va suv obyektlari aholining sogʻligʻiga zarar yetkazishi, suv taʼminoti sharoitlarini yomonlashtirishi, shuningdek baliq zaxiralarining kamayishiga va boshqa koʻngilsiz hodisalarga olib kelishi mumkin boʻlgan, suvning fizikaviy, kimyoviy va biologik xossalari oʻzgarishining, suvning tabiiy tozalanish xususiyati kamayishining, suvning gidrologik va gidrogeologik rejimi buzilishining oldini olish maqsadida bulgʻatish, ifloslantirish va kamayishdan muhofaza qilinishi lozim.
116-modda. Suvni va suv obyektlarini muhofaza qilishni taʼminlash hamda suv rejimini va suvning holatini yaxshilash tadbirlari
Faoliyati suvlarning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etadigan tashkilotlar hamda muassasalar ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, suv xoʻjaligi organlari, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi organlari hamda boshqa manfaatdor organlar bilan kelishgan holda, texnologik, oʻrmon-melioratsiya, agrotexnika, irrigatsiya, sanitariya-texnika tadbirlarini oʻtkazishi shart.
117-modda. Suvni va suv obyektlarini bulgʻatish hamda ifloslantirishdan muhofaza qilish
Yuridik va jismoniy shaxslarga quyidagilar taqiqlanadi:
suv obyektlariga ishlab chiqarish, maishiy va boshqa turdagi tozalanmagan oqova suvlar, chiqitlar hamda chiqindilarni tashlash;
moylarning, yogʻochning, kimyoviy, neft mahsulotlarining hamda boshqa mahsulotlarning toʻkilib-sochilishi natijasida suvni va suv obyektlarini bulgʻatish va ifloslantirish;
suv toʻplanadigan joylarning, muz qoplamasining, suv havzalarining yuzasini sanoatdagi tashlandiq narsalar, maishiy va boshqa chiqitlar, chiqindi hamda tashlandiq chiqitlar, shuningdek yuvilib ketishi yer usti va yer osti suvlarining sifati yomonlashishiga olib keladigan neft va kimyoviy mahsulotlar bilan bulgʻatish hamda ifloslantirish;
suvlarni oʻgʻitlar, zaharli kimyoviy moddalar va boshqa zararli moddalar bilan bulgʻatish;
suv obyektlarining suvni muhofaza qilish va sanitariya-muhofaza zonalari rejimini buzish.
Oqova suvlarni va kollektor-drenaj suvlarini suv obyektlariga oqizishga faqat ushbu Kodeksning 110 va 111-moddalarida nazarda tutilgan talablarga rioya etilgan holda yoʻl qoʻyiladi.
118-modda. Yer usti suvlarini va yer osti suvlarini kamayishdan muhofaza qilish
Yer usti suvlarining kamayishi deganda yer usti suvlarining muayyan hudud yoki havza doirasidagi yoʻl qoʻyiladigan eng kam miqdoriga, zaxiralariga nisbatan ularning barqaror kamayishi va (yoki) sifati yomonlashishi tushuniladi.
Yer osti suvlarining kamayishi deganda yer osti suvlari konlarining yoki suvli qatlamning muayyan hududi yoki havzasi doirasida yer osti suvlarining oʻzgaruvchan (tabiiy) zaxiralarining barqaror kamayishi va (yoki) sifati yomonlashishi tushuniladi.
Yer osti suvlarining meʼyoridan ortiq olinishi hamda suvli qatlamga suvning yetarlicha oqib kelmasligi yoki uning toʻlmasligi, oʻzi quyiladigan artezian quduqlar nazorat qilinmasligi va boshqa sabablar oqibatida foydalaniladigan suvli qatlamning oʻzgaruvchan darajalarining vaqt oʻtgan sayin barqaror hamda jadal kamayishi, shuningdek suvli qatlamlarning ifloslanishi yer osti suvlari kamayishining belgisidir.
Yuridik va jismoniy shaxslar yer usti suvlarini va yer osti suvlarini muhofaza qilish hamda ularning kamayishiga yoʻl qoʻymaslik yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda choralar koʻrishi shart.
119-modda. Alohida davlat ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlarini muhofaza qilish
Alohida davlat ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlarini muhofaza qilishning huquqiy rejimi ushbu Kodeksda, tabiatni muhofaza qilish toʻgʻrisidagi qonunchilikda hamda boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilanadi va quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
suv obyektlaridagi barqaror suv oqimi, ekologik tizimlarni saqlash va tiklash uchun ekologiya hamda sanitariya maqsadlarida suv chiqarib turilishi ustuvorligini taʼminlash;
suv obyektining ekologik tizimi uchun texnogen yuklama va suv sifati normativlarini belgilash;
suv obyekti akvatoriyasini suv va shamol eroziyasidan, choʻllanishdan, botqoqlanishdan, ikkilamchi shoʻrlanishdan, ishlab chiqarish va isteʼmol chiqindilari hamda boshqa ifloslantiruvchi moddalar bilan ifloslanishdan himoya qilish;
antropogen aralashuv yoki tabiiy ofatlar natijasida buzilgan suv fondi yerlarini rekultivatsiya qilish;
sanitariya-epidemiologik va ekologik vaziyatni saqlash hamda yaxshilashga qaratilgan iqtisodiy faoliyatning alohida rejimini oʻrnatish;
tabiiy hududlardagi suv obyektlarini saqlashga qaratilgan boshqa tadbirlar.
Alohida davlat ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlarida va ularga tutash hududlarda quyidagilar taqiqlanadi:
suv obyekti havzasining tabiiy ekotizimlari buzilishiga, aholining hayoti va sogʻligʻi uchun xavfli boʻlgan atrof-muhitning oʻzgarishiga sabab boʻladigan faoliyat;
zararsizlantirish yoki utilizatsiya qilish imkoni boʻlmagan radioaktiv chiqindilar va mahsulotlarni suvni muhofaza qilish zonalariga olib kirish, ushbu zonalarda saqlash yoki koʻmish;
qamishni va boshqa oʻsimliklarni oʻrish, ularni yoqish, daraxtlarni tomiri bilan sugʻurib olish, baliqlar uvuldiriq tashlaydigan joy sifatida ahamiyatga ega boʻlgan daryolar oʻzanlariga ishlov berish;
majburiy davlat ekologiya-sanitariya ekspertizasini oʻtkazmasdan, ishlarni bajarish boʻyicha xoʻjalik faoliyatini amalga oshirish va xizmatlar koʻrsatish;
alohida davlat ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlarining holatiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan boshqa faoliyat.
Suvdan va suv resurslaridan kompleks foydalanish hamda ularni muhofaza qilishning bosh hamda havza sxemalarini tuzishda alohida davlat ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlarida xoʻjalik faoliyatini tartibga solish rejimining oʻziga xos xususiyatlari hisobga olinadi.
Alohida davlat ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlarining roʻyxati va ularda xoʻjalik faoliyatini tartibga solishga doir huquqiy rejimning oʻziga xos xususiyatlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
120-modda. Kichik daryolar va soylarni muhofaza qilish
Kichik daryolar va soylardan foydalanish suvdan umumiy yoki maxsus foydalanish tartibida amalga oshiriladi.
Kichik daryolar va soylar suvlarini muhofaza qilish zonalari va mintaqalari doirasida suvdan umumiy foydalanishni hamda xoʻjalik faoliyatini amalga oshirish tartibi, shuningdek ularning bulgʻalanishi, ifloslanishi va kamayishining oldini olish hamda ularni bartaraf etish chora-tadbirlari mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, suv xoʻjaligi organlari hamda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari bilan kelishuvga koʻra belgilanadi.
Sel kelish xavfi boʻlgan hududlarda suvdan umumiy foydalanish, xoʻjalik faoliyatini va ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan boshqa chora-tadbirlarni amalga oshirish favqulodda vaziyatlardan himoya qilish sohasidagi maxsus vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan ham kelishiladi.
Xoʻjalik faoliyati kichik daryolar va soylarning holati va rejimiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan muassasalar, tashkilotlar, fermer va dehqon xoʻjaliklari, boshqa yuridik va jismoniy shaxslar suv xoʻjaligi organlari hamda ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari bilan birgalikda suvlilikni, suvning tozaligi va sifatini saqlash tadbirlarini amalga oshirishi kerak.
Kichik daryolar va soylarning suvliligini saqlash maqsadida ushbu daryolar va soylarda quyidagilar taqiqlanadi:
havzaning relyefini oʻzgartirish, qurib borayotgan daryolarning va ular oqimlarining oʻzanlarini buzish, oʻzgartirish;
oʻzanlarni toʻgʻirlash yoki toraytirish, ularning tubini tabiiy sathidan past qilib chuqurlashtirish yoxud ularni suv oʻtkazish inshootlari bilan jihozlamasdan toʻsib qoʻyish;
havzaning tabiiy oʻsimliklar qoplamini va serdaraxtligini kamaytirish, qayir yerlarni shudgorlash va bunday yerlarda kimyoviy oʻgʻitlar vositalarini qoʻllash;
yuqori qismidagi botqoqlashgan uchastkalarda va tabiiy yerlarda quritish melioratsiya ishlarini amalga oshirish;
suvliligiga va ulardagi suvning sifatiga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan boshqa faoliyatni amalga oshirish.
Kichik daryolar va soylarning suvini muhofaza qilish zonalari, sohil boʻyi mintaqalari va sanitariya muhofazasi zonalari, korxonalar, tashkilotlar hamda muassasalarning, shuningdek fuqarolarning ushbu zonalar va hududlardagi xoʻjalik faoliyati rejimi ushbu Kodeks hamda boshqa qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.
121-modda. Suv obyektlaridagi favqulodda ekologik vaziyat yoki ekologik ofat zonalari
Xoʻjalik faoliyati yoki tabiiy jarayonlar natijasida insonlar sogʻligʻiga, hayvonot va oʻsimlik dunyosiga, atrof tabiiy muhitning holatiga hamda yuridik va jismoniy shaxslarning mol-mulkiga xavf soladigan oʻzgarishlar sodir boʻladigan suv obyektlari, ularning qismlari hamda ularning suv toʻplanadigan maydonlari favqulodda ekologik vaziyat yoxud ekologik ofat zonalari deb eʼlon qilinishi mumkin.
Suv obyektlaridagi favqulodda ekologik vaziyat zonalari deb tabiat muvozanatining buzilishi, tabiiy ekologik tizimlarning buzilishi bilan bogʻliq boʻlgan, tabiiy muhitdagi barqaror yoki qaytarilmaydigan oʻzgarishlar sodir boʻlgan yoki sodir boʻlayotgan hududlar uchastkalari eʼlon qilinadi.
Suv obyektlaridagi favqulodda ekologik vaziyat yoki ekologik ofat zonalari ekologik ahvol yomonligining yuqoriroq darajasini aks ettiruvchi bitta yoki bir necha asosiy va qoʻshimcha koʻrsatkichlar boʻyicha belgilanadi.
Suv obyektlaridagi favqulodda ekologik vaziyat yoki ekologik ofat zonalari deb eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qarorlar qonunchilikda belgilangan tartibda qabul qilinadi.
Suv obyektlaridagi favqulodda ekologik vaziyat va ekologik ofat zonalarida shu vaziyatni (ofatni) keltirib chiqargan ishlar toʻxtatib turiladi, atrof tabiiy muhitga zararli taʼsir etuvchi faoliyat (aholiga xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyatdan tashqari) taqiqlanadi, uni tiklash va sogʻlomlashtirish choralari koʻriladi.
122-modda. Sanitariya va ekologik maqsadlarda suv chiqarish
Sanitariya va ekologik maqsadlarda suv chiqarish suv sifatining normativlariga rioya etilishini, suvdan foydalanishning qulay sharoitlarini, shuningdek suvdan raqobatli foydalanishda hamda suv oqimini boshqarishda suvli-botqoq yerlarning, koʻllar va sohil boʻyi zonalarining ekologik tizimlari saqlanishini taʼminlaydi.
Sanitariya va ekologik maqsadlarda suv chiqarish yilning suvliligiga qarab, suv xoʻjaligi balanslari hamda suvdan foydalanish rejalari doirasida belgilanadi.
Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari sanitariya va ekologik maqsadlarda suv chiqarishning koʻrsatkichlari hamda rejimini belgilash uslubiyatini ishlab chiqadi.
23-bob. Yer osti suvlaridan foydalanish va ularni muhofaza qilish
123-modda. Yer osti suvlaridan foydalanish
Yer osti suvlaridan maqsadli foydalanilishi lozim. Guruhli suv olish orqali (bitta inshootda ikki va undan ortiq bir vaqtning oʻzida foydalaniladigan burgʻi quduqlari mavjud boʻlganda) yer osti chuchuk va tuzi kamroq suvlardan, shuningdek termal va mineral suvlardan foydalanishga tasdiqlangan ishlatilayotgan zaxiralar mavjud boʻlgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi. Yer osti suvlarining zaxiralari Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi Foydali qazilmalar zaxiralari boʻyicha davlat komissiyasi tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda tasdiqlanadi.
Yer osti suvlaridan turli ehtiyojlar uchun foydalanish Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi organlari tomonidan suv xoʻjaligi organlari bilan birgalikda ularning yer usti suvlari bilan oʻzaro bogʻliqligi hisobga olingan holda tartibga solinadi.
Yer osti suvlaridan foydalanish suvdan maxsus foydalanish tartibi va shartlariga rioya etilgan holda amalga oshirilishi kerak.
124-modda. Yer osti suvlarini muhofaza qilish
Yer osti suvlarini chiqarish va ulardan foydalanish bilan shugʻullanuvchi shaxslar suv chiqarish uchastkasida hamda unga tutash hududda ularning rejimi ustidan kuzatuvlar olib borishi, shuningdek foydalanilayotgan suvning miqdori va sifati hisobini yuritishi shart.
Agar foydali qazilmalar konlarini qidirish, ularni oʻrganish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan burgʻilash hamda boshqa kon-qidiruv ishlarini bajarish chogʻida yer osti suvlari bor qatlamlar aniqlangan boʻlsa, bu haqda togʻ-kon sanoati va geologiya organlariga xabar qilinishi hamda belgilangan tartibda yer osti suvlarini muhofaza qilishga doir choralar koʻrilishi zarur.
Sanoat va boshqa oqova suvlarini oqizish uchun qaziladigan quduqlar suvli qatlamni ifloslantirish manbaiga aylanishi mumkin boʻlgan barcha hollarda bunday quduqlarni qazish taqiqlanadi.
Yer osti suvlariga quduqlarni burgʻilash faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi “Yer qaʼridan foydalanish markazi” davlat muassasasi tomonidan berilgan ruxsatnomaga asosan amalga oshiriladi. Bunda har bir quduqni burgʻilashga Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi “Yer qaʼridan foydalanish markazi” davlat muassasasi qonunchilikda belgilangan tartibda gidrogeologik xulosani berganidan keyin yoʻl qoʻyiladi. Gidrogeologik xulosani olmasdan turib, quduq burgʻilash qonunga xilof deb hisoblanadi.
Oʻz-oʻzidan suv chiqaradigan va foydalanish uchun yaroqsiz boʻlgan quduqlarga suvni boshqarish uskunalari oʻrnatilishi, ular konservatsiya qilinishi yoki tugatilishi lozim, foydalanish uchun yaroqsiz boʻlgan boshqa quduqlar esa qonunchilikda belgilangan tartibda tugatilishi lozim.
Yer osti chuchuk suvlari konlari shakllanadigan zonada qattiq va suyuq chiqindilar toʻplagichlarini, chiqindixonalarni oʻrnatishga, faoliyati yer osti suvlarining ifloslanish manbaiga aylanishi mumkin boʻlgan sanoat, qishloq xoʻjaligi obyektlari va boshqa obyektlar joylashtirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Yer osti suvlarini muhofaza qilish, shu jumladan quduqlarni kuzatish tarmogʻini yaratish va ishlab chiqarish monitoringini yuritish tadbirlari faoliyati yer osti suvlarining holatiga taʼsir koʻrsatadigan yoki taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan korxonalar tomonidan amalga oshiriladi.
24-bob. Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalarida, sohil boʻyi mintaqalarida va sanitariya muhofazasi zonalarida ishlarni amalga oshirish
125-modda. Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari, sohil boʻyi mintaqalari, sanitariya muhofazasi zonalari va sanitariya-himoya mintaqalari
Suv obyektlarining tuproq eroziyasi mahsulotlari bilan bulgʻanishi, ifloslanishi, kamayishi va loyqa choʻkishining oldini olish hamda ularni bartaraf etish, shuningdek qulay suv rejimini saqlash, foydalanish hamda taʼmirlash-tiklash ishlarini olib borish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari va sohil boʻyi mintaqalari belgilanadi.
Aholining ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish ehtiyojlari uchun foydalaniladigan suvlarni muhofaza qilish maqsadida suv obyektlarining sanitariya muhofazasi zonalari belgilanadi.
Suv obyektlarining belgilangan maqsadidan, joylashgan oʻrnidan va texnik koʻrsatkichlaridan kelib chiqqan holda suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalarida, sohil boʻyi mintaqalarida va sanitariya muhofazasi zonalarida xoʻjalik faoliyatining maxsus rejimi belgilanadi.
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari, sohil boʻyi mintaqalari va sanitariya muhofazasi zonalari tegishli loyihalar asosida ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarining, togʻ-kon sanoati va geologiya organlarining, shuningdek suv obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning takliflari boʻyicha belgilanadi.
Suvni muhofaza qilish zonalarini belgilash va ulardan sohil boʻyi mintaqalarini ajratish, shuningdek sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash va ulardan sanitariya-himoya mintaqalarini ajratish boʻyicha loyihalar (bundan buyon matnda loyihalar deb yuritiladi):
tabiiy suv obyektlari boʻyicha — har bir shunday suv obyekti boʻyicha alohida;
suv xoʻjaligi obyektlari boʻyicha — qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash loyihalari tarkibida yoki alohida;
aholining ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish suv manbalarining sanitariya muhofazasi zonalari boʻyicha — Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari tomonidan ishlab chiqiladi.
Quyidagilar loyihalarni ishlab chiqish boʻyicha buyurtmachilar hisoblanadi:
tabiiy yer usti suv obyektlari boʻyicha — tegishliligi boʻyicha suv xoʻjaligi, shuningdek ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari;
yer osti suv obyektlari boʻyicha — togʻ-kon sanoati va geologiya organlari;
suv xoʻjaligi obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash loyihalari tarkibida ishlab chiqilganda — mazkur loyihalarning ixtisoslashgan buyurtmachi tashkilotlari;
suv xoʻjaligi obyektlari boʻyicha alohida ishlab chiqilganda — ushbu obyektlardan foydalanuvchi tashkilotlar.
Loyihalar yer tuzish ishlarini amalga oshirish vazifalari zimmasiga yuklatilgan tashkilotlar tomonidan, zarur boʻlgan taqdirda esa boshqa loyiha tashkilotlarini jalb etgan holda ishlab chiqiladi.
Loyihalar dala tadqiqotlari va topografik izlanishlar, gidrologik, gidrogeologik, muhandislik-geologik, sanitariya-epidemiologik, agrotexnik, tuproq va geobotanik maʼlumotlar asosida, murakkab geologik va gidrogeologik sharoitli suv obyektlari boʻyicha esa qoʻshimcha ilmiy-tadqiqot ishlari hamda ushbu Kodeksning 25-bobida nazarda tutilgan talablar asosida ishlab chiqilib, keyinchalik belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkaziladi.
Suvni muhofaza qilish zonalarini, sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash hamda ulardan sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalarini ajratish ishlari buyurtmachilarning takliflariga koʻra ularning loyiha hujjatlari asosida:
tuman va viloyat ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlari boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining, viloyatlar hokimliklarining, Toshkent shahar hokimligining;
transchegaraviy, viloyatlararo va respublika ahamiyatiga ega boʻlgan suv obyektlari boʻyicha, shuningdek respublika ahamiyatiga ega boʻlgan kurortlar va sanatoriylarning mineral suv manbalari hamda boshqa davolash vositalari boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari bilan tashkil etiladi.
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalarini, sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash, shuningdek ulardan sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalarini ajratish ishlari quyidagi ketma-ketlikda amalga oshiriladi:
buyurtmachi tashkilot tomonidan dastlabki bosqichda ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarining, qishloq xoʻjaligi organlarining, suv xoʻjaligi organlarining, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi organlarining, togʻ-kon sanoati va geologiya organlarining tegishli taqdimnomalarini (xulosalarini) olish taʼminlanadi;
buyurtmachi tashkilot tomonidan loyihani yer tuzish ishlarini bajarish vazifasi zimmasiga yuklatilgan tashkilotlarni shartnoma asosida jalb qilgan holda ishlab chiqish tashkil etiladi;
buyurtmachi tashkilot tomonidan loyiha ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarida, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlarida (suvi ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlarida ishlatiladigan obyektlar boʻyicha), togʻ-kon sanoati va geologiya organlarida (tabiiy yer osti suv obyektlari boʻyicha), suv xoʻjaligi organlarida (yer usti suv obyektlari boʻyicha), shuningdek boshqa manfaatdor tashkilotlarda belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkaziladi;
buyurtmachi tashkilot tomonidan suvni muhofaza qilish zonalarini, sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash hamda ulardan sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalarini ajratish boʻyicha takliflar tayyorlanadi hamda belgilangan tartibda, tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashiga, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga kiritiladi;
buyurtmachi tashkilot tomonidan suvni muhofaza qilish zonalarini, sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash hamda ulardan sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalarini ajratish boʻyicha kiritilgan takliflar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahar hokimliklari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi va tegishli qaror qabul qilinadi.
Yerlarni bir toifadan boshqasiga oʻtkazishni nazarda tutuvchi sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalarini ajratish boʻyicha takliflarni koʻrib chiqish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Buyurtmachi tashkilotlar tomonidan belgilangan tartibda muhandislik, irrigatsiya-melioratsiya, sanitariya-texnika va boshqa suvni muhofaza qilish tadbirlarini rejalashtirish va amalga oshirish taʼminlanadi.
126-modda. Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari va sohil boʻyi mintaqalari, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti inshootlarining sanitariya muhofazasi zonalari
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari va sohil boʻyi mintaqalari, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti inshootlarining sanitariya muhofazasi zonalari quyidagi normalar boʻyicha belgilanadi:
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari
T/r Suv obyektining nomi Kengligi, metr 1. Suv omborlari va boshqa suv havzalari boʻyicha juda kichik suv omborlarida va boshqa suv havzalarida (sigʻimi 0,1 mlrd. kub metrdan kam boʻlgan) 50 — 100 kichik suv omborlarida va boshqa suv havzalarida (sigʻimi 0,1 mlrd. kub metrdan 0,5 mlrd. kub metrgacha boʻlgan) 100 — 150 oʻrtacha suv omborlarida va boshqa suv havzalarida (sigʻimi 0,5 mlrd. kub metrdan 1 mlrd. kub metrgacha boʻlgan) 150 — 200 katta suv omborlarida va boshqa suv havzalarida (sigʻimi 1 mlrd. kub metrdan 10 mlrd. kub metrgacha boʻlgan) 200 — 250 2. Daryolar va qurimaydigan soylar boʻyicha juda kichik daryolar va qurimaydigan soylarda (suv sarfi sekundiga 2 kub metrgacha boʻlgan) 35 — 50 kichik daryolarda (suv sarfi sekundiga 2 kub metrdan 5 kub metrgacha boʻlgan) 50 — 100 oʻrtacha daryolarda (suv sarfi sekundiga 5 kub metrdan 100 kub metrgacha boʻlgan) 100 — 300 katta daryolarda (suv sarfi sekundiga 100 kub metrdan ortiq) 300 — 500 3. Suvi ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlari uchun ishlatiladigan kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari boʻyicha : suv oʻtkazish qobiliyati sekundiga 50 kub metrdan 100 kub metrgacha boʻlganda 50 — 70 suv oʻtkazish qobiliyati sekundiga 100 kub metrdan 150 kub metrgacha boʻlganda 70 — 100 suv oʻtkazish qobiliyati sekundiga 150 kub metrdan ortiq boʻlganda 100 — 150
Suv obyektlarining sohil boʻyi mintaqalari
T/r Suv obyektining nomi Kengligi, metr 1. Suv omborlari, daryolar, qurimaydigan soylar va boshqa tabiiy suv oqimlari boʻyicha haydaladigan yerlar, koʻp yillik daraxtzorlar, oʻrmon maydonlari va daraxtzor-changalzorlar uchastkalarida qiyaliklarning tikligida: 3 gradusgacha boʻlganda 35 — 55 3 gradusdan 8 gradusgacha boʻlganda 55 — 100 yaylovlar, togʻ oldi va togʻli hududlarda yonbagʻirlarning tikligida: 3 gradusgacha boʻlganda 25 — 35 3 gradusdan ortiq boʻlganda 35 — 50 2. Suvi sugʻorish ehtiyojlari va texnik ehtiyojlar uchun foydalaniladigan kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari boʻyicha (eng yuqori suv sathi boʻylab) chuqurligi 0,75 metrdan — 2 metrgacha boʻlganda kamida 5 chuqurligi 2 metrdan — 5 metrgacha boʻlganda 6,5 — 9 chuqurligi 5 metrdan — 10 metrgacha boʻlganda 9,5 — 12 temir-beton lotokli sugʻorish tarmoqlari va suv oʻtkazish quvurlari uchun: bir tarafi boʻylab 4,5 ikkinchi tarafidan 1,0
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbalarining sanitariya muhofazasi zonalari
T/r Obyektning nomi Kengligi, metr 1. Sanitariya muhofazasi zonalari (suv olish joyidan) : 1.1. Birinchi mintaqa 1.1.1. Daryolar va kanallar uchun : oqim boʻylab yuqoriga kamida 200 oqim boʻylab quyiga kamida 100 suv olish joyiga tutashib ketuvchi sohil boʻylab yoz-kuz oylaridagi suv sathi chizigʻidan kamida 100 qarama-qarshi sohil tomon yoʻnalishda ularning oʻzanlari boʻylab: daryolar va kanallarning kengligi 100 metrdan kam boʻlganda 50 daryolar va kanallarning kengligi 100 metrdan koʻp boʻlganda kamida 100 1.1.2. Suv omborlari va koʻllar boʻylab : akvatoriya boʻyicha barcha yoʻnalishlarda kamida 100 suv olish joyiga tutashib ketuvchi sohil boʻylab — suv omborida normal koʻtarilgan suv sathi va koʻllarda yoz-kuz oylaridagi suv sathi chizigʻidan kamida 100 1.2. Ikkinchi mintaqa 1.2.1. Daryolar va kanallar uchun : oqim boʻylab yuqoriga, shu jumladan irmoqlar — daryo va kanalning kengligi va uzunligi boʻyicha suv oqimi oʻrtacha tezligidan hamda yoz-kuz mavsumida suv sathining oʻrtacha oylik suv sarfi 95 foiz taʼminlanganda suvning mintaqa chegarasidan suv olish joyigacha oqib kelish vaqtidan kelib chiqqan holda kamida 3 sutka oqim boʻylab quyiga (birinchi mintaqa chegarasidan) kamida 250 yon tomondagi chegaralar yoz-kuz mavsumidagi suv sathi chizigʻida tekis relyef sharoitlarida 500 togʻli joy uchun daryo yoki kanal tomonga qaragan qiyalikning yuqorisigacha qiyalama nishablikda 750 gacha tik qiyalikda 1000 gacha 1.2.2. Suv omborlari va koʻllar uchun : akvatoriya boʻylab oʻzan boʻyicha: kamida 100 yon tomondagi chegaralar: suv omborida normal koʻtarilgan suv sathi va koʻlda yoz-kuz mavsumidagi suv sathi chizigʻidan tekis relyef boʻlganda 500 togʻlik relyefda suv ombori yoki koʻlga qaragan birinchi qiyalikning yuqorisigacha: qiyalama nishablikda 750 gacha tik qiyalikda 1000 gacha 1.3. Uchinchi mintaqa suv omborlari va koʻllarning akvatoriyasi boʻylab barcha tomonlarga (yon tomondagi chegaralar — suv ayirgich boʻylab, biroq daryolar va kanallar yoki suv omborlari va koʻllardan) 3000 — 5000 gacha 2. Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminotining yer osti manbasi sanitariya muhofazasi zonasining birinchi mintaqasi chegaralari yakka suv olish joyidan (quduqdan, kon qudugʻidan, suv yigʻgichdan) yoki guruhli suv olishda eng chekkadagi suv olish inshootlaridan boshlab : 2.1. muhofaza qilingan yer osti suvlaridan foydalanilganda 30 2.2. yetarlicha muhofaza qilinmagan yer osti suvlaridan foydalanilganda 50 2.3. infiltratsion suv olish joylarida suv manbalarining yuzasidan kamida 150 2.4. yer osti suvlarining zaxiralari: yopiq turdagi infiltratsion inshootlardan sunʼiy ravishda toʻldirilganda 50 ochiq turdagi inshootlardan toʻldirilganda 100 2.5. ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari inshootlari hududi sanitariya muhofazasi zonasi birinchi mintaqasining chegarasi maydonning oʻrab olinishiga mos keladi va quyidagi masofada boʻlishi kerak: toza suv sigʻimlari devorlaridan, filtrlardan, kontaktli yoritgichlardan kamida 30 qolgan inshootlar devorlaridan va xoʻjalik-ichimlik suv taʼminoti tizimlarining suv minoralaridan kamida 15 2.6. Suv taʼminoti manbasi sanitariya muhofazasi zonasining ikkinchi mintaqasi tashqarisida joylashgan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari inshootlarining toʻsiqlari atrofidagi sanitariya-himoya mintaqasi kamida 100 3. Suv tarmogʻi qurilishi tugallanmagan hududda quvurlarni oʻrnatishda sanitariya-himoya mintaqasi nam tuproqda kamida 50 quruq tuproqda: diametri 1000 metrgacha boʻlganda kamida 10 diametri 1000 metrdan ortiq boʻlganda kamida 20
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari, sohil boʻyi mintaqalari, sanitariya muhofazasi zonalari va sanitariya-himoya mintaqalari bilan bogʻliq boshqa qoʻshimcha normalar ushbu Kodeksning 127 — 133-moddalarida belgilanadi.
127-modda. Suv omborlarining va boshqa suv havzalarining suvni muhofaza qilish zonalari hamda sohil boʻyi mintaqalari
Suv omborlarining va boshqa suv havzalarining suvni muhofaza qilish zonalari ularning butun perimetri boʻyicha belgilanadi va ularning doirasida sohil boʻyi mintaqalari ajratiladi.
Suv omborlarining va boshqa suv havzalarining suvni muhofaza qilish zonalari tarkibiga quyidagilar kiradi:
sohillarning 50 yil ichida yuvilishi (oʻpirilishi) prognoz qilinadigan zonalari (yangi qurilish cheklangan zona);
pastliklarni, jarliklarni, soyliklarni, sohil boʻyi qiyaliklarini va qiyaligi 5 gradusdan yuqori boʻlgan, nuragan yerlarni oʻz ichiga oluvchi eroziya jihatdan faol zonalar, suv omborlariga va boshqa suv havzalariga bevosita tutashadigan siljuvchi yer uchastkalari;
suv omborlarining va boshqa suv havzalarining suv sathi eng yuqori darajaga koʻtarilganda vaqtincha suv bosadigan zonalar;
doimiy suv bosadigan zonalar;
suv omborlarining va boshqa suv havzalarining sohillaridagi ihota daraxtzorlari.
Suvni muhofaza qilish zonasining chegaralari joyning oʻziga xos xususiyatlari inobatga olingan holda belgilanadi hamda tabiiy va sunʼiy chegaralar va yuqoridagi hududlardan tartibsiz oqib tushadigan yer usti suvlarini qisman ushlab qoluvchi va qayta taqsimlovchi toʻsiqlar, daryo vodiylari chetlari, soyliklar, yoʻl-transport tarmogʻi va boshqa muhandislik inshootlari bilan birlashadi.
Suv omborlari sigʻimlari suvni muhofaza qilish zonasining ichki chegarasi suv normal koʻtarilganda uning sathi chizigʻidan, boshqa suv havzalariniki esa suvning oʻrtacha koʻp yillik sathi chizigʻidan belgilanadi. Suv sathining chizigʻi deganda suv yuzasining suv obyekti oʻzani (qirgʻogʻi) bilan tutashgan chiziq tushuniladi.
Suv omborlari toʻgʻonlarining, suv olish va suv chiqarish hamda boshqa inshootlarning suvni muhofaza qilish zonasi hamda sohil boʻyi mintaqasining ichki chegarasi ularning chekka konturlaridan (chegaralaridan) belgilanadi.
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari va sohil boʻyi mintaqalari kengligi ushbu Kodeksning 126-moddasiga muvofiq belgilanadi.
Suv omborlarining va boshqa suv havzalarining suvni muhofaza qilish zonalarini hamda sohil boʻyi mintaqalarini belgilashga doir loyihalarni ishlab chiqishda joylardagi haqiqiy sharoitlar toʻliq oʻrganilganligi hisobga olingan holda suvni muhofaza qilish zonalari hamda sohil boʻyi mintaqalari kengligining yuqori chegarasi aniqlashtirilishi mumkin. Bunda suvni muhofaza qilish zonalari hamda sohil boʻyi mintaqalari kengligining pastki chegarasini kamaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
128-modda. Daryolar, qurimaydigan soylar va boshqa tabiiy suv oqimlari boʻylab suvni muhofaza qilish zonalarini belgilash
Suvni muhofaza qilish zonalari ushbu hududlar kimning tasarrufida yoki yerdan foydalanishda boʻlganidan qatʼi nazar, doimiy yoki vaqtinchalik oqimga ega boʻlgan barcha daryolar va boshqa qurimaydigan tabiiy suv oqimlari boʻylab belgilanadi.
Suvni muhofaza qilish zonasiga qayirlar, yer osti suvlari sizib chiqadigan yer uchastkalari, toshqin, sel, qor koʻchkisi va yer koʻchkisi hodisalari uchraydigan yer uchastkalari, qayir yuqorisidagi birlamchi terrasalar, oʻzak sohillarining chetlari va tik qiyaliklari, daryo vodiysiga toʻgʻridan-toʻgʻri tushuvchi soyliklar, jarliklar, sohillarning yuviladigan uchastkalari kiradi.
Daryolar suvni muhofaza qilish zonalarining ichki chegaralari oʻrtacha koʻp yillik suv sathi chizigʻidan boshlab qabul qilinadi.
Daryolarning va boshqa qurimaydigan suv oqimlarining suvni muhofaza qilish zonalari kengligi geomorfologik, gidrogeologik sharoitlarni hisobga olgan holda, tutash yerlardan foydalanish xususiyatidan hamda oʻrtacha koʻp yillik suv sarfidan kelib chiqib, ushbu Kodeksning 126-moddasida nazarda tutilgan oʻlchamlarda belgilanadi.
Daryoning butun uzunligi boʻyicha suvni muhofaza qilish zonasining kengligi daryo uzunligining har bir boʻlagida suv sarfiga qarab belgilanadi.
Daryolarning va boshqa qurimaydigan suv oqimlarining suvni muhofaza qilish zonalarini belgilash boʻyicha loyihalarni ishlab chiqishda joylardagi haqiqiy sharoitlar toʻliq oʻrganilganligi hisobga olingan holda, suvni muhofaza qilish zonalari kengligining yuqori chegarasi aniqlashtirilishi mumkin. Bunda suvni muhofaza qilish zonalari kengligining pastki chegarasini kamaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
129-modda. Daryolar, qurimaydigan soylar va boshqa tabiiy suv oqimlari boʻylab sohil boʻyi mintaqasi
Daryolarning va boshqa qurimaydigan soylarning suvni muhofaza qilish zonasi doirasida sohil boʻyi mintaqasi ajratiladi.
Mazkur sohil boʻyi mintaqasida xoʻjalik faoliyatini yuritish va har qanday turdagi binolar va inshootlarni qurish ishlari taqiqlanadi, bundan suv xoʻjaligi obyektlarini qurish mustasno.
Daryolar va boshqa qurimaydigan soylar sohil boʻyi mintaqasining kengligi oʻrtacha koʻp yillik suv sathi chizigʻiga koʻra aniqlanadi hamda daryolarda ularga tutashgan yerlarga va sohillar qiyaliklari tikligiga qarab ushbu Kodeksning 126-moddasida nazarda tutilgan oʻlchamlarda belgilanadi.
Sohil boʻyi mintaqalari oʻlchamlarining eng katta miqdorlari eng yemiriluvchan (yuviluvchan) tuproqlarga tegishli.
Daryolarning va boshqa qurimaydigan tabiiy suv oqimlarining sohil boʻyi mintaqalarini belgilash boʻyicha loyihalarni ishlab chiqishda joylardagi haqiqiy sharoitlar toʻliq oʻrganilganligi hisobga olingan holda, sohillar boʻyi mintaqalari kengligining yuqori chegarasi aniqlashtirilishi mumkin. Bunda sohillar boʻyi mintaqalari kengligining pastki chegarasini kamaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Togʻ daryolari va boshqa qurimaydigan tabiiy suv oqimlari uchun sohil boʻyi mintaqasining kengligi har bir aniq holda tutashgan yerlardan foydalanish xususiyati va maqsadlaridan, shuningdek ularning suv holatiga taʼsiridan kelib chiqqan holda belgilanadi.
Aholi punktlari doirasida daryolar va boshqa qurimaydigan tabiiy suv oqimlari sohil boʻyi mintaqalarining oʻlchamlari joyning oʻziga xos xususiyatlari, shaharsozlik bosh rejasi hisobga olingan, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi organlari, favqulodda vaziyatlar organlari, qurilish organlari, suv xoʻjaligi organlari, qishloq xoʻjaligi, kadastr organlari, gidrometeorologiya organlari va tegishliligi boʻyicha boshqa vakolatli davlat organlari bilan kelishuvga koʻra belgilanadi.
130-modda. Suvi ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlari uchun foydalaniladigan kanallarning suvni muhofaza qilish zonalarini belgilash
Suvlarning holatiga taʼsir koʻrsatilishining oldini olish maqsadida suvi ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlari uchun foydalaniladigan kanallar boʻylab suvni muhofaza qilish zonalari belgilanadi, ulardan sohil boʻyi mintaqasi ajratiladi.
Suvi ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlari uchun foydalaniladigan kanallarning suvni muhofaza qilish zonalari kengligi geomorfologik, gidrogeologik sharoitlar, ularga tutash yerlardan foydalanish xususiyati hisobga olingan holda belgilanadi hamda ularning normal suv sathi chizigʻidan ushbu Kodeksning 126-moddasida nazarda tutilgan oʻlchamlarda qabul qilinadi.
Suvi ichimlik, xoʻjalik-maishiy va davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlarida foydalaniladigan kanallarning suvni muhofaza qilish zonalarini belgilash boʻyicha loyihalarni ishlab chiqishda joylardagi haqiqiy sharoitlar toʻliq oʻrganilganligi hisobga olingan holda, suvni muhofaza qilish zonalari kengligining yuqori chegaralari aniqlashtirilishi mumkin. Bunda suvni muhofaza qilish zonalari kengligining pastki chegarasini kamaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
131-modda. Kanallarning, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining sohil boʻyi mintaqalarini belgilash
Suvlari sugʻorish va texnik ehtiyojlar uchun foydalaniladigan suv xoʻjaligi obyektlari, shu jumladan kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari boʻylab ulardan foydalanish, ularni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash, shuningdek suv resurslarini oqilona boshqarish va suv hisobini yuritish hamda boshqa tadbirlarni oʻtkazish maqsadida faqat sohil boʻyi mintaqalari belgilanadi.
Mazkur sohil boʻyi mintaqasida xoʻjalik faoliyatini yuritish va har qanday turdagi binolar va inshootlarni qurish ishlari taqiqlanadi, bundan suv xoʻjaligi obyektlarini qurish mustasno.
Sohil boʻyi mintaqalarini belgilashda quyidagilarni taʼminlash nazarda tutilishi zarur:
kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining suvlarini yer usti suv oqimlari bilan ifloslanishidan, ularning oʻzanlarini loyqa bosishdan, sohillar va qiyaliklarning yemirilish va oʻpirilish jarayonlaridan hamda suvlarning holatiga taʼsir etuvchi boshqa harakatlardan himoya qilish;
kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlaridan foydalanish, ularni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash, suv resurslarini oqilona boshqarish va hisobini yuritish, oʻzanlarni tozalashda chiqqan tuproqni joylashtirish, shuningdek shamol eroziyasiga uchraydigan hududlarda ihota oʻrmonlarini barpo etish.
Kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari shaharlar, tumanlar markazlari va qishloq aholi punktlari hududlaridan oʻtgan hollarda rekonstruksiya qilishda, taʼmirlashda va tiklashda hosil boʻlgan tuproqlar ushbu hududlardan texnika yordamida chiqarib tashlanishi lozim hamda tuproq uyumlarini sohil boʻyi mintaqasiga joylashtirish uchun qoʻshimcha yer maydonlari ajratilmaydi.
Kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari sohil boʻyi mintaqalarining ichki chegarasi normal suv sathi chizigʻidan belgilanadi. Tashqi chegara kanallardan, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlaridan foydalanish, ularni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash, suv resurslarini oqilona boshqarish va hisobini yuritish, oʻzanlarni tozalash chogʻida hosil boʻlgan tuproqlarni joylashtirish, shuningdek tuproqlarning shamol eroziyasiga qarshi ihota daraxtzorlarini barpo etish maqsadida avtotransport, texnika, mashinalar va mexanizmlar harakatlanishi uchun yoʻlning jihozlanishi hisobga olingan holda, begonalashtirilgan yerlar chegarasi bilan mos kelishi kerak.
Sohil boʻyi mintaqasining hamda kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari, boshqa suv xoʻjaligi obyektlari uchun ajratiladigan yer uchastkalarining kengligi ularning namunaviy kesimlari asosida, shuningdek ularni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash boʻyicha loyihalar, ularning haqiqiy holati joyida oʻrganilganligi hisobga olingan holda yer ajratishning amaldagi qoidalariga muvofiq belgilanadi.
Kanallarning, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining sohil boʻyi mintaqalari kengligi ushbu Kodeksning 126-moddasiga muvofiq belgilanadi.
Kanallarning, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining sohil boʻyi mintaqalarining eng kichik kengligi ularning sohillarida mavjud boʻlgan va yangidan joylashtiriladigan tuproq koʻtarmalarini, shuningdek tuproqlarning shamol eroziyasiga qarshi barpo etiladigan ihota oʻrmonlarini va boshqa xususiyatlarni inobatga olib sohil boʻyi mintaqalarini belgilash boʻyicha loyihalarni ishlab chiqishda koʻpaytirilishi va aniqlashtirilishi mumkin. Bunda sohil boʻyi mintaqalari kengligining pastki chegarasini kamaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Murakkab geologik va gidrogeologik sharoitlardagi yerlardan oʻtuvchi kanallarning, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining, shuningdek boshqa suv xoʻjaligi obyektlarining sohil boʻyi mintaqalari qoʻshimcha ilmiy-tadqiqot ishlari asosida belgilanadi.
Shaharlar, tumanlar va aholi punktlari doirasidagi kanallarning, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining, shuningdek boshqa suv xoʻjaligi obyektlarining sohil boʻyi mintaqalari oʻlchamlari joydagi aniq sharoitlarni, shaharsozlik bosh rejasini hisobga olgan holda, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi, favqulodda vaziyatlar organlari, qurilish organlari, suv xoʻjaligi organlari va boshqa tegishli organlar, shuningdek suv xoʻjaligi inshootlaridan foydalanuvchi tashkilotlar bilan kelishuvga koʻra belgilanadi.
Kanallarning, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining, shuningdek boshqa suv xoʻjaligi obyektlarining sohil boʻyi mintaqalarini belgilash boʻyicha loyiha hujjatlarida koʻrsatilgan hududlar tegishincha suv xoʻjaligidan foydalanuvchi tashkilotlarga va boshqa tashkilotlarga oʻrnatilgan tartibda ajratib beriladi.
132-modda. Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbalarining sanitariya muhofazasi zonalari
Barcha ishlatilayotgan, loyihalashtirilayotgan va rekonstruksiya qilinayotgan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlarining sanitariya-epidemiologik jihatidan ishonchliligini taʼminlash maqsadida sanitariya muhofazasi zonalari va sanitariya-himoya mintaqalari belgilanadi.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimi obyektlari atrofida tegishincha sanitariya muhofazasi zonalari va sanitariya-himoya mintaqalari, mineral suvlar va boshqa davolash vositalari atrofida esa sanitariya muhofazasi zonalari belgilanadi va ajratiladi.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti yer usti va yer osti manbalarining suv olish joyidagi sanitariya muhofazasi zonasi quyidagi uch mintaqadan iborat boʻladi:
birinchi mintaqa — qatʼiy rejimli;
ikkinchi va uchinchi mintaqa — xoʻjalik faoliyati cheklangan rejimli.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminotining yer osti manbasi sanitariya muhofazasi zonasi ikkinchi mintaqasining chegarasi iqlimi oʻzgargan hududlarga va yer osti suvlarining muhofaza qilinganligiga qarab, suv olish joyidan suvning bakteriologik ifloslanishi hamda togʻ jinslarining suvli qatlami xususiyatlari hisobga olingan holda belgilanadi.
Sanitariya muhofazasi zonasi ikkinchi va uchinchi mintaqasining chegaralari suvning kimyoviy va texnogen ifloslanishi hisobga olingan holda aniqlanadi.
Suv saqlaydigan qatlamning infilʼtratsion taʼminotida yer osti manbasi sanitariya muhofazasi zonasining ikkinchi va uchinchi mintaqalari suv taʼminoti yer usti manbasi ikkinchi va uchinchi mintaqalarining chegaralariga muvofiq ravishda qabul qilinishi kerak.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimi inshootlarining (nasos stansiyalarining, suvni tayyorlash stansiyalarining, sigʻimlarning) sanitariya muhofazasi zonasi birinchi mintaqa chegaralaridan va uning atrofidagi sanitariya-himoya mintaqasidan (qoʻriqlash zonasidan) iborat boʻlishi kerak.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbalarining sanitariya muhofazasi zonasi kengligi ushbu Kodeksning 126-moddasiga muvofiq belgilanadi.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari boʻylab kengligi eng chekka suv quvurlaridan boshlanadigan sanitariya-himoya mintaqalari belgilanadi.
Imoratlar qurilgan hududda sanitariya-epidemiologiya nazorati, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari bilan kelishuvga koʻra, mintaqalar kengligining yuqorida koʻrsatib oʻtilgan oʻlchamlarini kamaytirishga yoʻl qoʻyiladi.
133-modda. Davolash-sogʻlomlashtirish maqsadlari uchun foydalaniladigan mineral suvlar manbalarining sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash
Aholining davolash va madaniy-sogʻlomlashtirish ehtiyojlari uchun foydalaniladigan mineral suvlar manbalari, shifobaxsh balchiqlar konlari, mineral koʻllar atrofida davolash manbalarining tabiiy fizik va kimyoviy xususiyatlarini saqlash, shuningdek ularni buzilishdan, ifloslanishdan hamda kamayib ketishidan saqlash maqsadida sanitariya muhofazasi zonalari belgilanadi.
Bir yoki bir-biriga bogʻliq boʻlgan bir necha mineral suvlar konlaridan, aralash choʻmilish joylaridan va boshqa tabiiy davolash vositalardan foydalanilganda ular uchun yagona sanitariya muhofazasi zonasi belgilanishi mumkin.
Sanitariya muhofazasi zonasi uch zonaga boʻlinadi: birinchisi — qatʼiy rejimli zona, ikkinchisi — cheklangan rejimli zona va uchinchisi — kuzatuv zonasi.
Birinchi zona mineral suvlar yuzaga chiqadigan va shifobaxsh balchiqlar konlari, mineral koʻllar, suvidan davolash maqsadlari uchun foydalaniladigan koʻrfazlar, plyajlar joylashgan joylarni, shuningdek dengizning sohil boʻyi mintaqasini va plyajlarga tutashuvchi, kengligi kamida 100 metr boʻlgan hududni qamrab oladi.
Ikkinchi zona quyidagilarni qamrab oladi:
yer usti suvlarining mineral suvlar yuzaga chiqadigan joyga, shifobaxsh balchiqlar konlariga, mineral koʻllar va koʻrfazlarga, mineral manbalar hosil boʻlishida ishtirok etuvchi mineral va chuchuk suvlar aylanadigan yer yuzasidan uncha chuqur boʻlmagan joylarga oqishi yuz beradigan hududni;
mineral suvlar va shifobaxsh balchiqlar tabiiy hamda sunʼiy ravishda saqlanadigan joylarni;
sanatoriy-kurort tashkilotlari joylashgan hududni, shuningdek loyiha hujjatlariga koʻra istirohat bogʻlari, oʻrmon-bogʻlar va boshqa dov-daraxtlar kabi muassasalar barpo etish uchun moʻljallangan hududni qamrab oladi.
Uchinchi zona (uning tashqi chegaralari sanitariya muhofazasi zonasining chegaralariga mos keladi) hududning tevaragida joylashgan gidromineral resurslar toʻyinadigan va shakllanadigan barcha joylarni, dov-daraxtlarni, shuningdek sanitariya muhofazasi zonasi uchun belgilangan qoidalarga rioya etmasdan xoʻjalik maqsadlarida foydalanilishi mineral suvlar va shifobaxsh balchiqlar konlarining gidrogeologik rejimiga, sanitariya va landshaft-iqlim sharoitlarga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan hududlarni oʻz ichiga oladi.
134-modda. Suvni muhofaza qilish zonalarida, sanitariya muhofazasi zonalarida va sohil boʻyi mintaqalarida xoʻjalik faoliyatini amalga oshirish rejimi
Suvni muhofaza qilish zonalariga va sanitariya muhofazasi zonalariga kiritilgan yerlar, yerlardan foydalanuvchilardan va ijarachilardan olib qoʻyilmaydi hamda ular tomonidan ushbu Kodeksning 24-bobida belgilangan talablarga rioya etgan holda foydalaniladi, bundan sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalarining yerlari mustasno.
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining qarorlari bilan:
daryolarning va boshqa qurimaydigan tabiiy suv oqimlarining sohil boʻyi mintaqalari ekologik, tabiatni muhofaza qilish tadbirlarini va boshqa tadbirlarni oʻtkazish, shuningdek yer uchastkalaridan samarali foydalanish uchun yerdan foydalanuvchilar va ijarachilarga;
suv xoʻjaligi obyektlarining sohil boʻyi mintaqalari ushbu obyektlardan foydalanishni, ularni rekonstruksiya qilishni, taʼmirlashni va tiklashni, suv resurslarining oqilona boshqarilishini va hisobi yuritilishini taʼminlash, ekologik, tabiatni muhofaza qilish tadbirlarini va boshqa tadbirlarni oʻtkazish, shuningdek yer uchastkalaridan samarali foydalanish uchun ushbu obyektlardan foydalanuvchi tashkilotlarga beriladi.
Kanallarning, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining sohil boʻyi mintaqalaridagi tuproq uyumlari uchun maydonlar foydalanuvchi tashkilotlar bilan kelishuvga koʻra, tuproq uyumlarini olib tashlash va rejalashtirish ishlarini bajarish orqali qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish, shuningdek tuproq uyumlaridan qurilish materiallari sifatida foydalanish uchun fermer va dehqon xoʻjaliklariga hamda boshqa tashkilotlarga muddatli (vaqtincha) foydalanishga yoki shartnoma asosida ijaraga berilishi mumkin.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti va mineral suvlar manbalari sanitariya muhofazasi zonalarining birinchi mintaqalari yer uchastkalari bilan birgalikda suv olish inshootlari va boshqa inshootlar qurish uchun ushbu inshootlardan foydalanuvchi tashkilotlarga belgilangan tartibda foydalanishga beriladi.
Suv omborlarining va boshqa suv havzalarining, daryolarning va boshqa tabiiy suv oqimlarining, shuningdek suvi ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti ehtiyojlari uchun foydalaniladigan kanallarning suvni muhofaza qilish zonalarida quyidagilar taqiqlanadi:
oʻsimliklar zararkunandalari va kasalliklariga, begona oʻtlarga qarshi ishlatiladigan zaharli kimyoviy vositalarning har qanday turlarini qoʻllash va koʻmish;
zaharli kimyoviy vositalar, pestitsidlar, gerbitsidlar va mineral oʻgʻitlar saqlanadigan omborlarni, zaharli kimyoviy vositalar apparatlari toʻldiriladigan maydonchalarni, aviatsiya-kimyo ishlarini olib borish uchun uchish-qoʻnish polosalarini qurish;
markazlashgan oqova suvlarini chiqarib yuborish tarmoqlari boʻlmagan yangi turar joy va turizm majmualarini qurish;
oqova suvlarini tozalash inshootlarini va oqova suvlarning turli xil sigʻimlarini (toʻplagichlarini) barpo etish;
yangi dafn etish joylarini joylashtirish, shuningdek mavjud dafn etish joylariga koʻmish;
chorvachilik va parrandachilik fermalarini qurish, hayvonlar koʻmiladigan joylarni (hayvonlar, parrandalar va baliqlarni koʻmish joylarini) tashkil etish;
axlatlarni, shu jumladan kimyoviy va radioaktiv moddalarni ishlab chiqarish chiqindilarini joylashtirish, shuningdek sugʻorish uchun suyuq goʻng ishlatish;
toʻxtash joylarini, yonilgʻi-moylash materiallarini quyish shoxobchalarini, transport vositalariga va boshqa texnikaga texnik xizmat koʻrsatish, ularni taʼmirlash va yuvish joylarini barpo etish;
qor qoplami ustidan oʻgʻit solish, tarkibida goʻng boʻlgan, zararsizlantirilmagan oqova suvlardan oʻgʻitlar sifatida foydalanish, shuningdek tozalanmagan sanoat va xoʻjalik-maishiy oqova suvlarni oqizib yuborish;
chorva mollarini tartibsiz oʻtlatish, ayniqsa jarlik-botqoq tarmogʻining tarkibiy qismlarida oʻtlatish, yaylovlarni payhon qilish;
daraxtzor va butazorlarni kesish, bundan oʻrmonni parvarishlash uchun kesish va sanitariya jihatidan kesish mustasno.
Suv omborlarining va boshqa suv havzalarining, daryolarning va boshqa suv oqimlarining, shuningdek yer osti chuchuk suvlari shakllanadigan hududlarning suvni muhofaza qilish zonalarida suvlarning holatiga taʼsir etuvchi, qurilish, oʻzan tubini chuqurlashtirish, sohillarni himoya qilish va portlatish ishlari, foydali qazilmalarni qazib olish va suv oʻsimliklarini olish, ularni qayta ishlash, quvurlar tarmoqlari, kabellar va boshqa kommunikatsiyalar oʻtkazish, burgʻilash, qishloq xoʻjaligi ishlari va boshqa ishlar ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi organlari va yer tuzish organlari, shuningdek togʻ-kon sanoati va geologiya organlari, favqulodda vaziyatlar organlari va suv xoʻjaligi organlari bilan kelishuvga koʻra, faqat mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining qarori bilan amalga oshirilishi kerak.
Suv omborlari va boshqa suv havzalarining tegishli suv sathlari chizigʻidan 2 kilometr masofagacha boʻlgan qishloq xoʻjaligi yerlariga va oʻrmonzorlarga zaharli kimyoviy vositalarni aviatsiya yordamida sepish taqiqlanadi.
Sohil boʻyi mintaqalari doirasida ushbu moddaning beshinchi qismida koʻrsatilgan cheklovlarga qoʻshimcha ravishda quyidagilar taqiqlanadi:
mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, suv xoʻjaligi organlari, shuningdek suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlar bilan kelishilmagan holda qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirish (bundan yosh koʻchatlar orasiga ekilgan vaqtinchalik ekinlar mustasno);
organik va mineral oʻgʻitlarni saqlash va qoʻllash;
chorva mollarini saqlash va boqish joylarini tashkil etish;
har qanday turdagi doimiy va vaqtinchalik binolar va inshootlarni qurish (bundan suv xoʻjaligi obyektlarini qurish mustasno);
ushbu maqsadlar uchun maxsus ajratilgan joylardan tashqari chodirlar shaharchalarini, qayiqlar prichallarini barpo etish;
mineral oʻgʻitlardan boʻshagan idishlarni saqlash va yoʻq qilish;
mineral oʻgʻitlarni transportda tashish va sepish uchun foydalanilgan idishlarni, mashinalarni va jihozlarni tozalash va yuvish;
junni, kanop va terini yuvish.
Ushbu moddaning sakkizinchi qismida koʻrsatilgan qoidalar oqova suvlarini chiqarib yuborish tizimiga yoki filtrlash oʻralariga ulangan, ilgaridan mavjud boʻlgan turar joy obyektlariga, ommaviy dam olish hududlariga va turistik majmualarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Daryolar oʻzanlarini oʻzgartirishga, ulardan foydali qazilmalarni qazib olishga va suv obyektlarining holatiga taʼsir qiladigan boshqa ishlarni olib borishga, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarining, suv xoʻjaligi organlarining, togʻ-kon sanoati va geologiya organlarining ruxsatnomasi belgilangan tartibda olinganidan keyin yoʻl qoʻyiladi.
135-modda. Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti yer usti va yer osti manbalarining, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari inshootlarining sanitariya muhofazasi zonasida xoʻjalik faoliyatini amalga oshirish rejimi
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti yer usti va yer osti manbalari sanitariya muhofazasi zonasining birinchi mintaqasi hududida, shuningdek ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari inshootlari sanitariya muhofazasi zonasining birinchi mintaqasi hududida quyidagilar taqiqlanadi:
qurilish, bundan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimi inshootlarini qurish mustasno;
turar joy va jamoat binolarini joylashtirish, odamlarning, shu jumladan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimida ishlovchilarning yashashi;
turli maqsadlar uchun moʻljallangan quvurlar oʻtkazish, bundan ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimi inshootlariga xizmat koʻrsatuvchi quvurlar mustasno;
oqova suvlarni yer usti suv manbalariga oqizish, choʻmilish, chorva mollarini sugʻorish va boqish, baliq ovlash, zaharli kimyoviy vositalarni, pestitsidlarni, gerbitsidlarni, mineral va organik oʻgʻitlarni qoʻllash, saqlash va koʻmish, transport vositalarini yuvish.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti yer usti va yer osti manbalari sanitariya muhofazasi zonasining birinchi mintaqasi hududida, shuningdek ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari inshootlari sanitariya muhofazasi zonasining birinchi mintaqasi hududida:
oqova suvlarni tozalash inshootlari birinchi mintaqadan tashqarida joylashtirilgan holda, barcha binolar suvni chiqarib tashlashning eng yaqin tizimiga ulangan boʻlishi kerak, oqova suvlarini chiqarib yuborish mavjud boʻlmagan taqdirda, axlatlarni chiqarib tashlashga doir sanitariya talablari hisobga olingan holda suv oʻtmaydigan, axlat tushadigan oʻralar barpo etilishi kerak;
yer usti suv oqimining birinchi mintaqadan tashqariga chiqarilishi taʼminlanishi kerak;
oʻrmonni sanitariya jihatidan kesishga va uni parvarish qilishga yoʻl qoʻyiladi.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti yer usti va yer osti manbalari sanitariya muhofazasi zonasining ikkinchi mintaqasi hududida, shuningdek ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari inshootlarining sanitariya-himoya mintaqasi doirasida quyidagilar taqiqlanadi:
hududni maishiy chiqindilar, goʻng, sanoat va qurilish chiqindilari, maishiy oqovalar va boshqalar bilan ifloslantirish;
zaharli kimyoviy moddalarning va mineral oʻgʻitlarning, yonilgʻi-moylash materiallarining omborlarini, toʻplagichlarni, shlam saqlanadigan joylarni hamda ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbalarining kimyoviy ifloslanishini yuzaga keltiruvchi boshqa obyektlarni joylashtirish;
hayvonlar, parrandalar va baliqlar koʻmiladigan joylarni, dafn etish joylarini, assenizatsiya va filtrlash dalalarini, sugʻoriladigan yer uchastkalarini, goʻngxonalarni, silos saqlanadigan chuqurlarni, chorvachilik va parrandachilik tashkilotlarini, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbalarining mikroblar bilan ifloslanishini yuzaga keltiruvchi boshqa obyektlarni tashkil etish;
bevosita toshqin xavfi boʻlgan davrda muzlagan yoki qor bilan qoplangan tuproqqa oʻgʻitlar solish va oʻgʻitlarni aviatsiya yordamida tuproqqa sepishda ularning sochilib ketishiga yoʻl qoʻyish;
qum va shagʻal qazib olish, shuningdek oʻzan tubini chuqurlashtirish ishlarini olib borish;
sanitariya muhofazasi zonalari birinchi mintaqasining tashqi chegarasidan 500 metrgacha boʻlgan masofada chorva mollarini boqish, shuningdek parrandalar va baliqlarni saqlash.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti yer usti va yer osti manbalari sanitariya muhofazasi zonasining uchinchi mintaqasi hududida ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari bilan kelishuvga koʻra, amaldagi sanitariya normalariga va tabiatni muhofaza qilish talablariga rioya etilgan holda, xoʻjalik faoliyatining va boshqa faoliyatning yuritilishiga ruxsat beriladi.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlarining sanitariya-himoya mintaqalari zonalarida hojatxonalar, yuvundi oʻralar, goʻngxonalar, axlatxonalar hamda tuproqning va yer osti sizot suvlarining ifloslanishiga sharoitlar yaratadigan boshqa inshootlar boʻlmasligi kerak.
Chiqindixonalar, assenizatsiya va filtrlash dalalari, dafn etish joylari hududida ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlarini qurish, hayvonlar koʻmiladigan joylarni (hayvonlar, parrandalar va baliqlarni koʻmish joylarini) tashkil etish taqiqlanadi.
Mineral suvlar manbalarining, shifobaxsh balchiqlar konlarining, mineral koʻllarning sanitariya-muhofaza zonalari doirasida tuproq, suv, havoni ifloslantiruvchi, oʻrmonlarga va boshqa dov-daraxtlarga zarar yetkazuvchi, eroziya jarayonlarining rivojlanishiga olib keluvchi hamda suvning tabiiy davolash xususiyatlariga va hududning sanitariya holatiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi har qanday ishlarni olib borish taqiqlanadi.
Sanitariya muhofazasi zonalarida tabiiy davolash vositalarining zarur darajadagi sanitariya holatini taʼminlovchi, shuningdek davolanish va dam olish uchun qulay sharoitlar yaratuvchi sanitariya-sogʻlomlashtirish tadbirlari hamda boshqa tadbirlar oʻtkaziladi.
Qatʼiy rejimli sanitariya muhofazasi zonasi hududida quyidagilar taqiqlanadi:
fuqarolarning tabiiy davolash vositalaridan foydalanish bilan bevosita bogʻliq boʻlmagan holda doimiy yoki vaqtincha yashashi;
binolar va inshootlar qurish, konchilik va tuproq ishlarini amalga oshirish;
manbaning tabiiy davolash xususiyatlariga va hududning sanitariya holatiga zararli taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan boshqa harakatlar.
Cheklangan rejimli sanitariya muhofazasi zonasi hududida quyidagilar taqiqlanadi:
aholining davolanishi va dam olishi bilan bogʻliq boʻlmagan binolar va inshootlar qurish;
kurortning rivojlanishi va obodonlashtirilishi bilan bevosita bogʻliq boʻlmagan konchilik va boshqa ishlarni bajarish;
shimuvchi quduqlar qurish;
sugʻoriladigan dalalarni va yer osti filtratsiya dalalarini, dafn etish joylarini joylashtirish, hayvonlar koʻmiladigan joylarni (hayvonlar, parrandalar va baliqlarni koʻmish joylarini) tashkil etish;
oʻsimliklar zararkunandalari va kasalliklariga qarshi kurashish uchun zaharli kimyoviy moddalarni qoʻllash;
dov-daraxtlarni kesish (bundan oʻrmonni parvarish qilish uchun kesish va sanitariya maqsadida kesish mustasno) hamda yer uchastkalaridan, oʻrmonzorlardan va suv havzalaridan ularning sifati yomonlashuviga yoki tabiiy davolash vositalarining kamayishiga olib kelishi mumkin boʻlgan har qanday boshqacha tarzda foydalanish.
Kuzatuv zonasi hududida ekologiya, atrof-muhit muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, shuningdek Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari bilan kelishuvga koʻra, tabiiy davolash vositalariga va hududning sanitariya holatiga salbiy taʼsir koʻrsatmaydigan barcha turdagi ishlarga yoʻl qoʻyiladi.
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarining, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi organlarining iltimosnomasiga binoan, mahalliy sanitariya-gigiyena sharoitlarini hisobga olgan holda, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari obyektlarining suvni muhofaza qilish zonasida xoʻjalik faoliyatini yuritishga doir qismida qoʻshimcha cheklovlar belgilashi mumkin.
136-modda. Suvni muhofaza qilish zonalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash hamda kelishish tartibi
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash quyidagi tartibda amalga oshiriladi.
Buyurtmachi (ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, togʻ-kon sanoati va geologiya organlari, suv xoʻjaligi obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish va qayta tiklash loyihalari boʻyicha ixtisoslashgan buyurtmachi tashkilotlar, suv xoʻjaligi inshootlaridan foydalanuvchi tashkilotlar):
loyihani ishlab chiqish uchun topshiriqni rasmiylashtiradi, uni ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari (sanitariya muhofazasi zonalari boʻyicha), qurilish organlari va kadastr organlari (obyekt shaharlar, tumanlar markazlari va qishloq aholi punktlari hududidan oʻtgan hollarda) bilan kelishadi hamda belgilangan tartibda tasdiqlaydi;
zimmasiga yer tuzish ishlarini oʻtkazish vazifalari yuklatilgan tashkilotlar bilan loyihani ishlab chiqishga doir shartnomani belgilangan tartibda rasmiylashtiradi.
Zimmasiga yer tuzish ishlarini oʻtkazish vazifalari yuklatilgan tashkilot:
suv xoʻjaligi obyektlarini, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlarini rivojlantirishni hisobga olgan holda, ulardan foydalanish boʻyicha amaldagi normativlarga, atrof-muhitni muhofaza qilish hamda yer tuzishning hududiy sxemalari va kompleks dasturlariga, tegishli hududlarni va aholi punktlarini rivojlantirishni rejalashtirish boʻyicha tasdiqlangan hujjatlarning shaharsozlik faoliyatiga hamda mazkur hududlarni va aholi punktlarini qurishga doir qismiga, shuningdek ushbu Kodeks 24-bobining qoidalarga amal qiladi;
suv obyektlari joylashgan yerlarning hamda ularga tutash boʻlgan, yer osti sizot suvlari sathining pasayishi va koʻtarilishi zonasi doirasidagi hududlarning zoogeografik, ovchilik xoʻjaligi, geobotanik, tuproq, oʻrmon xoʻjaligi, gidrogeologik xususiyatlarini oʻrganadi;
ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti manbasi akvatoriyasining (suv olish inshooti darvozasidan 2 kilometr yuqori va 2 kilometr quyi oʻlchamda boʻlgan zonalarning) ixtiologik, baliqchilik xoʻjaligi, gidrogeologik, gidrobiologik, gidrokimyoviy xususiyatlarini oʻrganadi;
sanitariya-epidemiologik vaziyat toʻgʻrisidagi, shuningdek flora va faunaning alohida muhofaza etiladigan turlari, suv obyektlari taʼsiri zonasida joylashgan tabiat yodgorliklari, qoʻriqxonalar haqidagi maʼlumotlarni toʻplaydi va oʻrganadi;
suv ifloslanishining va bulgʻalanishining oldini olish, qimmatli unumdor yer maydonlarini va hududning mavjud tuzilishini toʻliq saqlab qolish, eroziya jarayonlarini, yerlarning botqoqlanishini va boshqa zararli taʼsirni toʻxtatish hisobga olingan holda, suvni muhofaza qilish zonalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash hamda amaldagi normalar va qoidalarni qoʻllash imkoniyatini oʻrganadi va tekshiradi;
suvlarning holatiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi obyektlar roʻyxatini aniqlaydi;
suvni muhofaza qilish zonalarining va sanitariya muhofazasi zonalarining, shuningdek sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalarining chegaralarini rejali-kartografiya asosiga tushiradi hamda yer uchastkalarining maydonini va yer maydonlarining tarkibini hisobga olgan holda umumiy maydonni aniqlaydi. Rejali-kartografiya asoslarida suvni muhofaza qilish zonasi va unga tutash uchastkalar chegaralarida ilgari turli ehtiyojlar uchun ajratilgan barcha uchastkalar chegaralari koʻrsatiladi;
suvni muhofaza qilish zonalarining va sanitariya muhofazasi zonalarining oʻlchamlarini asoslovchi, obyektning atrof-muhitga boʻlgan taʼsir darajasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni va boshqa texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarni tayyorlaydi;
inshootlarni qurish, suvlarning holatiga, hududni obodonlashtirishga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi korxonalarni, binolar va inshootlarni yopish yoki buzib tashlash boʻyicha tadbirlarni va boshqa tadbirlarni ishlab chiqadi.
Buyurtmachi:
ishlab chiqilgan loyihani loyiha tashkiloti bilan birgalikda belgilangan tartibda tegishli tashkilotlarda ekspertizadan oʻtkazadi;
suvni muhofaza qilish zonalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash boʻyicha tegishli takliflarni ishlab chiqadi, shuningdek mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining tegishli qarori loyihasini ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, favqulodda vaziyatlar organlari, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining organlari (sanitariya muhofazasi zonalari boʻyicha), suv xoʻjaligi organlari (yer usti suvlari boʻyicha), togʻ-kon sanoati va geologiya organlari (yer osti va mineral suvlar boʻyicha), qurilish organlari va kadastr organlari (obyektlar shaharlar, tumanlar markazlari va qishloq aholi punktlari hududlaridan oʻtgan taqdirda), shuningdek suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlar bilan kelishadi;
kelishilgan taklifni va qaror loyihasini tasdiqlash uchun belgilangan tartibda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga kiritadi.
Suvni muhofaza qilish zonalarining va sanitariya muhofazasi zonalarining maʼqullangan chegaralari (hududlari):
tuman ahamiyatiga ega boʻlgan kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari hamda boshqa suv xoʻjaligi obyektlari, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari boʻyicha — ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi organlarining, suv xoʻjaligi organlarining, shuningdek kadastr organlarining tuman boʻlinmalari bilan;
viloyat (tumanlararo) ahamiyatiga ega boʻlgan kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari hamda boshqa suv xoʻjaligi obyektlari, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari, mineral suvlar manbalari va boshqa suv obyektlari boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrining ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlarining, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi organlarining, suv xoʻjaligi organlarining, shuningdek kadastr organlarining boʻlinmalari bilan;
transchegaraviy, viloyatlararo va alohida muhim ahamiyatga ega boʻlgan suv obyektlari, shuningdek mineral suvlar manbalari va respublika ahamiyatiga ega boʻlgan boshqa davolash kurortlari va sanatoriylari boʻyicha — ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, sogʻliqni saqlash organlari, suv xoʻjaligi organlari, qurilish organlari, togʻ-kon sanoati va geologiya organlari, yer tuzish organlari, gidrometeorologiya organlari va kadastr organlari bilan kelishiladi.
Baliq ovlash ahamiyatiga ega boʻlgan obyektlarning suvni muhofaza qilish zonalari ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, suv xoʻjaligi organlari hamda veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish organlari bilan kelishiladi.
Daryolar va boshqa qurimaydigan suv oqimlari, kanallar, kollektor-drenaj tarmoqlari hamda boshqa suv xoʻjaligi obyektlari, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari shaharlar, tumanlar markazlari va qishloq aholi punktlari hududidan oʻtgan taqdirda, suvni muhofaza qilish zonalarining va sohil boʻyi mintaqalarining chegaralari qurilish va kadastr organlari bilan kelishiladi.
Mineral suvlar manbalarining hamda mahalliy ahamiyatga ega boʻlgan boshqa davolash kurortlari va sanatoriylarining sanitariya muhofazasi zonalari sogʻliqni saqlash va kasaba uyushmalari organlarining viloyat boʻlinmalari bilan, respublika ahamiyatiga ega boʻlganlari esa Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining organlari va Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashining organlari bilan kelishiladi.
Suvni muhofaza qilish zonalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash boʻyicha tasdiqlash uchun kiritiladigan materiallar quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:
suvni muhofaza qilish zonalari va sanitariya muhofazasi zonalari kelishilganligi toʻgʻrisida davlat organlarining va boshqa organlarning xulosalarini;
rejali-kartografiya materiallarini.
Suvni muhofaza qilish zonalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini belgilash boʻyicha materiallar tasdiqlash uchun taqdim etiladigan tegishli davlat organlari hamda tashkilotlari ularni 3 kun ichida koʻrib chiqadi va koʻrib chiqish natijalariga koʻra oʻzining asosli xulosalarini beradi.
137-modda. Suvni muhofaza qilish zonalarini va sanitariya muhofazasi zonalarini tasdiqlash tartibi
Suvni muhofaza qilish zonalari va sanitariya muhofazasi zonalari:
tuman ahamiyatga ega boʻlgan kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari hamda boshqa suv xoʻjaligi obyektlari, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari boʻyicha — tuman hokimining qarorlari bilan;
viloyat (tumanlararo) ahamiyatiga ega boʻlgan daryolar, qurimaydigan soylar, suv omborlari va boshqa suv havzalari, kanallar, sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlari, ichimlik va xoʻjalik-maishiy suv taʼminoti tizimlari hamda boshqa suv xoʻjaligi obyektlari boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining qarorlari bilan;
transchegaraviy, viloyatlararo va alohida muhim ahamiyatga ega boʻlgan suv obyektlari, shuningdek mineral suvlar manbalari hamda respublika ahamiyatiga ega boʻlgan boshqa davolash kurortlari va sanatoriylari boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining tegishli qarorlari bilan tasdiqlanadi.
Tarkibiga qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan sugʻorilmaydigan toifadagi yerlardan tashkil topgan sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalari kiradigan suvni muhofaza qilish zonalari va sanitariya muhofazasi zonalari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari bilan, tarkibiga qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan sugʻoriladigan toifadagi yerlardan tashkil topgan sohil boʻyi va sanitariya-himoya mintaqalari kiradiganlari esa Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarorlari bilan tasdiqlanadi.
Suvni muhofaza qilish zonalarining va sanitariya muhofazasi zonalarining belgilangan tartibda tasdiqlangan chegaralari (hududlari) joyida (naturada) ogohlantiruvchi belgilar bilan belgilanadi.
Loyiha tashkiloti tomonidan har bir suv obyektining suvni muhofaza qilish zonalari va sanitariya muhofazasi zonalari hududining pasporti qonunchilikda belgilangan shaklda tayyorlanadi.
Suvni muhofaza qilish zonasi yoki sanitariya muhofazasi zonasi hududining pasportida suv obyektining nomi, belgilangan zonalar (mintaqalar) va ushbu zonalardagi yerlardan foydalanish rejimi koʻrsatiladi. Pasportga belgilangan zonalar (mintaqalar) chegaralari (hududlari) tasvirlangan kartografik material ilova qilinadi.
Pasport mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi rahbari tomonidan imzolanadi hamda xoʻjalik faoliyati rejimiga rioya etilishini nazorat qilish uchun davlat nazorati organlariga va boshqa manfaatdor organlarga yuboriladi.
Yerlardan foydalanish rejimiga, xoʻjalik faoliyatini yuritishga va ushbu Kodeksning 24-bobida nazarda tutilgan boshqa xatti-harakatlarga rioya etish majburiyati suvni muhofaza qilish zonalaridagi yerlardan foydalanuvchi yer egalarining, yerdan foydalanuvchilarning hamda yer ijarachilarining zimmasiga yuklatiladi.
Belgilangan rejimga rioya etilishi ustidan davlat nazorati mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi organlari tomonidan amalga oshiriladi.
Suv xoʻjaligi obyektlari va ularning inshootlari ustidan nazorat, shuningdek ularni muhofaza qilish boʻyicha bevosita obyektlarning oʻzida zarur chora-tadbirlarni koʻrish ushbu obyektlar tasarrufida boʻlgan tashkilotlar tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
138-modda. Suvni muhofaza qilish zonalarida suvni va suv obyektlarini ifloslanishdan, bulgʻalanishdan va kamayib ketishdan muhofaza qilishni taʼminlash
Suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalarida va ularga tutash hududlarda suvni va suv obyektlarini ifloslanishdan, bulgʻalanishdan va kamayib ketishdan muhofaza qilishni, shuningdek suvlarning holatini va ulardan foydalanish rejimini yaxshilashni taʼminlovchi quyidagi chora-tadbirlar amalga oshiriladi, jumladan:
sanoat suv taʼminotining suv aylanish tizimlarini, oqova suvlarni tozalash va zararsizlantirish inshootlarini qurishga qaratilgan texnologik chora-tadbirlar;
iqtisodiyot tarmoqlarida oqova suvlar choʻkindilaridan foydalangan holda utilizatsiya qilish boʻyicha chora-tadbirlar;
sanoat va qishloq xoʻjaligi ishlab chiqarish obyektlarida tozalash hamda zararsizlantirish inshootlarining barqaror ishlashini taʼminlovchi texnologik jarayonlarni tashkil etish boʻyicha chora-tadbirlar;
ifloslangan oqova suvlar hosil boʻlishini istisno etuvchi texnologik jarayonlarni tashkil etish boʻyicha chora-tadbirlar;
suv obyektlari sohillarini mustahkamlash, ularni yuvilib ketishdan, botqoqlanishdan muhofaza qilish, shuningdek suv obyektlari suv oqimining tabiiy rejimini barqarorlashtirish va yaxshilashni taʼminlovchi oʻrmon-melioratsiya hamda agrotexnik chora-tadbirlar;
suvdan foydalanish uchun qulay sharoitlar mavjud boʻlishini taʼminlaydigan suv xoʻjaligi inshootlari qurilishini, shuningdek zarur hollarda daryolar, kanallar, kollektor-drenaj tarmoqlari oʻzanlarini, hovuzlar, koʻllar va suv omborlari tublarini balchiq va choʻkindilardan tozalashni nazarda tutuvchi irrigatsiya-melioratsiya chora-tadbirlari;
suv obyektlariga oqiziladigan oqova suvlarni yuqumsizlantirishni va zararsizlantirishni, shuningdek xoʻjalik faoliyati uchun egallangan hududlarning sanitariya muhofazasini va obodonlashtirilishini taʼminlovchi sanitariya-texnik chora-tadbirlar;
suvlarning holatiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan korxonalarni, binolar va inshootlarni suvni muhofaza qilish zonalaridan tashqariga koʻchirishni yoki ularni yopishni nazarda tutuvchi tashkiliy chora-tadbirlar;
atrof-muhitga ijobiy taʼsir koʻrsatish uchun ifloslantiruvchi vositalardan foydalanmagan holda koʻkalamzorlashtirish uchun koʻchatlar va dov-daraxtlar ekishni nazarda tutuvchi chora-tadbirlar.
Yangi qurilayotgan suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalarida ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish xarajatlari mazkur suv obyektlarini qurish qiymatiga kiritiladi.
Mavjud suv obyektlarida suvni muhofaza qilish zonalari belgilanishi munosabati bilan hududning ifloslanishini bartaraf etish boʻyicha ishlab chiqiladigan texnologik va sanitariya-texnik chora-tadbirlar ushbu ifloslanishlarga aybdor boʻlgan tashkilotlarning, shuningdek fuqarolarning mablagʻlari hisobidan bajariladi.
Irrigatsiya-melioratsiya, agrotexnik va tashkiliy chora-tadbirlar tasarrufida suv obyektlari boʻlgan tegishli vazirliklar, va idoralarning, shuningdek boshqa tashkilotlarning mablagʻlari hisobidan bajariladi.
25-bob. Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalarni, inshootlarni hamda boshqa obyektlarni joylashtirish, loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash, tiklash va ishga tushirish
139-modda. Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalarni, inshootlarni hamda boshqa obyektlarni joylashtirish, loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash, tiklash va ishga tushirish shartlari
Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalarni, inshootlarni hamda boshqa obyektlarni joylashtirish, loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash, tiklash va ishga tushirishda, yangi texnologik jarayonlarni joriy etishda aholining sogʻligʻini saqlash hamda ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlarini birinchi navbatda qanoatlantirish talablariga rioya etgan holda suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanish, shuningdek kollektor-drenaj suvlarini va oqova suvlarni chiqarib yuborishning qulay rejimi taʼminlanishi kerak. Bunda suv obyektlaridan olinadigan va ularga qaytariladigan suvni hisobga olishni, suvlarni ifloslanish, bulgʻanish va kamayib ketishdan saqlashni, suvlarning zararli taʼsirining oldini olishni, yerlarning suv bosishini imkon qadar kamaytirishni, yerlarni shoʻrlanishdan, zax bosishdan yoki qaqrab qolishdan muhofaza qilishni, shuningdek qulay tabiiy sharoitlar va landshaftlarni saqlab qolishni taʼminlovchi tadbirlar nazarda tutiladi.
Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalarni, inshootlarni hamda boshqa obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish loyihalari suv obyektlaridan dam olish va sport uchun foydalanish imkoniyatlari hisobga olingan holda tuzilishi kerak.
140-modda. Baliqchilik xoʻjaligi suv havzalarida korxonalar, inshootlar va boshqa obyektlarni joylashtirish, loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish va ishga tushirish shartlari
Baliqchilik xoʻjaligi suv havzalarida yangi va rekonstruksiya qilingan korxonalar, inshootlar va boshqa obyektlarni joylashtirish, loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish va ishga tushirishda ushbu Kodeks 143-moddasining talablariga rioya etish bilan bir qatorda, baliqlar zaxiralariga, boshqa suv hayvonlariga va oʻsimliklarga hamda ularni saqlab qolish, qayta tiklash va koʻpaytirish shartlariga yetkazilayotgan zararning oʻrni qoplanishini taʼminlaydigan tadbirlar oʻz vaqtida amalga oshirilishi kerak.
141-modda. Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalar, inshootlar hamda boshqa obyektlar quriladigan, rekonstruksiya qilinadigan, taʼmirlanadigan va tiklanadigan joylarni belgilash
Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalar, inshootlar hamda boshqa obyektlar quriladigan, rekonstruksiya qilinadigan, taʼmirlanadigan va tiklanadigan joylarni belgilash ushbu suv obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlar, shuningdek boshqa manfaatdor tashkilotlar bilan qonunchilikka muvofiq kelishiladi.
142-modda. Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalar, inshootlar hamda boshqa obyektlarni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash loyihalarini kelishish hamda davlat ekspertizasidan oʻtkazish
Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalar, inshootlar hamda boshqa obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish loyihalari ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, togʻ-kon sanoati va geologiya organlari hamda boshqa vakolatli organlar bilan kelishib olinishi lozim, shuningdek qonunchilikka muvofiq davlat ekspertizasidan oʻtkaziladi.
Melioratsiya obyektlarini taʼmirlash va tiklash loyihalari qonunchilikda belgilangan tartibda davlat ekspertizasidan oʻtkaziladi.
Ishlab chiqarish sharoitlariga koʻra aylanma suv taʼminotiga va chiqitsiz texnologiyaga oʻtkazilishi mumkin boʻlgan sanoat korxonalarining suv bilan toʻxtovsiz taʼminlash tizimlarini loyihalashtirish, qurish va rekonstruksiya qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
143-modda. Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi korxonalar, inshootlar hamda boshqa obyektlarni ishga tushirishni taqiqlash
Quyidagilarni ishga tushirish taqiqlanadi:
suvning ifloslanishi va bulgʻanishining oldini oluvchi qurilmalar bilan taʼminlanmagan, shuningdek suvning va suv obyektlarining holatiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan yangi hamda rekonstruksiya qilingan korxonalar, sexlar, agregatlarni, kommunal obyektlarini va boshqa obyektlarni;
yerlarning suv bosishi, zax bosishi, botqoqlanishi, shoʻrlanishining hamda tuproq eroziyasining oldini oluvchi loyihalarda nazarda tutilgan tadbirlar oʻtkazilguniga qadar sugʻorish va suv bilan taʼminlash tizimlarini, suv omborlari va kanallarni;
tasdiqlangan loyihalarga muvofiq suv qabul qiladigan va boshqa inshootlarni qurib bitkazmay turib, zax qochirish tizimlarini;
tasdiqlangan loyihalarga muvofiq baliqlarni saqlab qolish qurilmalari boʻlmagan suv olish inshootlarini;
tasdiqlangan loyihalarga muvofiq toshqin suvlarni va baliqlarni oʻtkazib yuboradigan qurilmalari tayyor boʻlmagan gidrotexnika inshootlarini;
yer osti suv zaxiralari tasdiqlanmagan guruhli suv olish inshootlarini, shuningdek mineral va termal suv quduqlarini;
suvni tartibga solish va hisobga olish vositalari bilan jihozlamay va tegishli hollarda sanitariya muhofazasi zonalarini belgilamay turib, suv chiqarish uchun burgʻilangan quduqlarni.
Oʻzanni tayyorlashga, shuningdek favqulodda vaziyatlarning oldini olishga va ularning oqibatlarini kamaytirishga doir loyihalarda nazarda tutilgan tadbirlar amalga oshirilmaguniga qadar suv omborlarini suv bilan toʻldirish taqiqlanadi.
144-modda. Suv obyektlaridan oʻtadigan koʻpriklarni, oʻtish yoʻllarini hamda boshqa transport kommunikatsiyalarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va tiklash loyihalarini kelishish
Suv obyektlaridan oʻtadigan koʻpriklarni, oʻtish yoʻllarini va boshqa transport kommunikatsiyalarini qurish hamda rekonstruksiya qilish loyihalari suv xoʻjaligi, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi, Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi organlari, favqulodda vaziyatlar organlari bilan hamda zarur boʻlgan hollarda, energetika organlari, arxitektura va qurilish organlari, transport organlari (daryo transportiga oid qismida) bilan kelishib olinishi lozim, shuningdek toshqin suvlarini oʻtkazib yuborishni, suv obyektlaridan foydalanish rejimini, suvlarning ifloslanishi, bulgʻanishi va kamayib ketishi bartaraf etilishini, ularning zararli taʼsirining oldini olishni taʼminlovchi tadbirlar oʻtkazilishini nazarda tutishi kerak.
Suvning va suv obyektlarining holatiga taʼsir etuvchi suv obyektlaridan oʻtadigan koʻpriklarni, oʻtish yoʻllarini hamda boshqa transport kommunikatsiyalarini taʼmirlash va tiklash loyihalari suv xoʻjaligi organlari bilan, shuningdek qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatli organlar bilan kelishib olinishi lozim hamda toshqin suvlarni oʻtkazib yuborishni, suv obyektlaridan foydalanish rejimini, suvlarning bulgʻanishi va ifloslanishi bartaraf etilishini taʼminlovchi tadbirlar oʻtkazilishini nazarda tutishi kerak.
26-bob. Suvning zararli taʼsirining oldini olish va oqibatlarini bartaraf etish
145-modda. Ekstremal suv tanqisligi va qurgʻoqchilik
Ekstremal suv tanqisligi suv manbasining suvlilik darajasi koʻp yillik (kamida 30 yil) normaning 50 foizini va undan kam foizni tashkil etadigan davrdir.
Yogʻingarchilik miqdori normal ravishda qayd etilgan darajalardan kam boʻlganda yuzaga kelib, yer resurslarining mahsuldorligiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan gidrologik muvozanatning jiddiy buzilishini keltirib chiqaruvchi tabiiy hodisa qurgʻoqchilikdir.
Ekstremal suv tanqisligining va qurgʻoqchilik xavfining oldini olish maqsadida suvga doir munosabatlarni tartibga solish sohasidagi maxsus vakolatli organi tomonidan mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa manfaatdor taraflar bilan birgalikda ularni monitoring qilish va erta ogohlantirish tizimining samarali ishlashini, iqtisodiyot tarmoqlari, aholi guruhlari hamda hududlar boʻyicha zaiflik va taʼsir koʻrsatish baholanishini hamda ularga tayyorgarlik koʻrish va ularning oqibatlarini yumshatish choralari koʻrilishini nazarda tutuvchi aniq chora-tadbirlar ishlab chiqiladi va amalga oshiriladi.
Ekstremal suv tanqisligi yuzaga kelgan taqdirda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:
ekstremal suv tanqisligiga uchragan hududlarda suvdan foydalanishda yangi ustuvorliklarni vaqtincha joriy etish toʻgʻrisida maxsus qaror qabul qilishga;
suv resurslaridan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan faoliyatning ayrim yoki barcha turlariga nisbatan cheklovlar joriy etishga haqli.
146-modda. Tashkilotlar va muassasalarning suvlarning zararli taʼsir koʻrsatishining oldini olish hamda uni bartaraf etish boʻyicha majburiyatlari
Tashkilotlar va muassasalar favqulodda vaziyatlar organlari, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari, suv xoʻjaligi organlari, togʻ-kon sanoati va geologiya organlari hamda boshqa manfaatdor organlar bilan kelishuvga koʻra yoki shunga vakolatli boʻlgan davlat organlarining koʻrsatmalari boʻyicha:
suv toshqinlarining, suv bosishi va zax bosishining;
sohillar, himoya dambalari va boshqa inshootlar buzilib ketishining;
yerlarning botqoqlanishi va shoʻrlanishining;
tuproqlar eroziyasining, jarliklar, oʻpirilishlar yuzaga kelishining, sel oqimlarining va suvlarning boshqa zararli taʼsir koʻrsatishining oldini olishga hamda ularni bartaraf etishga doir tadbirlarni oʻtkazishi shart.
147-modda. Suvning zararli taʼsir koʻrsatishi natijasida yuz beradigan tabiiy ofatlarning oldini olish va oqibatlarini bartaraf etishga doir chora-tadbirlar
Hududlarda toshqinlar va sel boʻlganda avariya holatlarining oldini olish hamda ularni bartaraf etish ishlarini bajarish mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan tashkil etiladi.
Suvning zararli taʼsir koʻrsatishi natijasida yuz beradigan tabiiy ofatlarning oldini olish va ularni bartaraf etish ishlariga tezkor rahbarlik qilish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan zarur hollarda maʼmuriy-hududiy birliklarda viloyat va tuman shtablari tashkil etiladi hamda toshqinlarga va sellarga qarshi kurashish boʻyicha hududiy komissiyalar tuzilib, ularning tarkibiga tegishli tashkilotlar va muassasalarning vakillari kiradi.
148-modda. Suvning zararli taʼsir koʻrsatishidan muhofaza qilishga, uning zararli taʼsir koʻrsatishining oldini olishga va uni bartaraf etishga doir tadbirlarni moliyalashtirish
Suvning zararli taʼsir koʻrsatishidan muhofaza qilishga, uning zararli taʼsir koʻrsatishining oldini olish va uni bartaraf etishga doir tadbirlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan tashkilotlarning balansidagi obyektlarda tegishli budjet mablagʻlari hisobidan, suvdan foydalanuvchilarning balansidagi obyektlarda esa ularning oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
VI BOʻLIM. SUVDAN VA SUV OBYEKTLARIDAN OQILONA FOYDALANISHNI, ULARNI MUHOFAZA QILISHNI IQTISODIY JIHATDAN RAGʻBATLANTIRISH, SUVGA DOIR DAVLATLARARO MUNOSABATLAR, SUV TOʻGʻRISIDAGI QONUNCHILIKNI BUZGANLIK UCHUN JAVOBGARLIK VA SUVGA DOIR NIZOLARNI HAL ETISH
27-bob. Suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanishni va ularni muhofaza qilishni iqtisodiy jihatdan ragʻbatlantirish
149-modda. Suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanishning hamda ularni muhofaza qilishning iqtisodiy va boshqa chora-tadbirlari
Suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanishning hamda ularni muhofaza qilishni taʼminlashning iqtisodiy chora-tadbirlarida quyidagilar nazarda tutiladi:
suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq undirish, suv yetkazib berish va koʻrsatilgan boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlov, suv obyektlarini ifloslantirganlik va ularga zararli taʼsir koʻrsatganlik uchun kompensatsiya toʻlovlari;
suvdan foydalanuvchilarga suvni tejashda, suvning hisobini yuritishda, suvni tejaydigan sugʻorish va suvni tozalash texnologiyalarini joriy etishda, suvni muhofaza qilish va tejashda samara beradigan boshqa faoliyatni amalga oshirishda qonunchilikka muvofiq beriladigan soliq, kredit imtiyozlari va boshqa imtiyozlar;
suv yetkazib beruvchi tashkilotlar orasida raqobatni rivojlantirish, suv resurslarini boshqarish va suvdan foydalanuvchilarga suv yetkazib berish jarayonlariga davlat-xususiy sheriklik prinsiplarini joriy etish.
Nodavlat notijorat tashkilotlari oʻz taʼsis hujjatlariga muvofiq suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanish hamda ularni muhofaza qilishga doir samarali chora-tadbirlar tatbiq etilishini qonunchilikda belgilangan tartibda ragʻbatlantirishi mumkin.
150-modda. Suv resurslaridan foydalanganlik uchun toʻlovlar
Suv resurslaridan foydalanganlik uchun toʻlovlar quyidagilardan iborat:
suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqdan;
suv yetkazib berish va boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlovdan;
suv olish kvotalarini boshqa suvdan foydalanuvchilardan sotib olish uchun toʻlovdan (kvotaning bir qismini boshqalarga berishga doir shartnomaga muvofiq);
suvdan limitdan ortiqcha foydalanganlik uchun toʻlovdan (suvdan limitdan ortiqcha foydalanganlik yoki suv yetkazish boʻyicha majburiyatning bir qismini boshqalarga berishga doir shartnomaga muvofiq);
atrof-muhitni (suvlar va joy relyefini) ifloslantirganlik uchun kompensatsiya toʻlovidan.
Atrof-muhitni ifloslantirganlik, shuningdek suvdan va suv obyektlaridan limitdan ortiqcha (normativdan ortiq) va boshqacha tarzda nooqilona ravishda foydalanganlik uchun kompensatsiya toʻlovlari yuridik shaxs daromadidan (foydasidan) undiriladi, qolgan barcha toʻlovlar esa yuridik shaxs boʻlgan suvdan foydalanuvchilar mahsulotining (ishlarining, xizmatlarining) tannarxiga kiritiladi.
Suvdan foydalanganlik uchun toʻlovlar va atrof-muhitni ifloslantirganlik uchun kompensatsiya toʻlovlari boʻyicha imtiyozlar qonunchilikda belgilanadi.
Ichimlik va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlari uchun ichimlik suv taʼminoti korxonalariga suv yetkazib berganlik hamda boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlov undirilmaydi.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanganlik uchun toʻlovlarning, suvni va suv obyektlarini ifloslantirganlik uchun kompensatsiya toʻlovlarining toʻlanishi yuridik hamda jismoniy shaxslarni suvdan va suv obyektlaridan oqilona foydalanish hamda ularni muhofaza qilish tadbirlarini amalga oshirishdan va yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash majburiyatidan ozod etmaydi.
Yongʻinni oʻchirish ehtiyojlari va favqulodda vaziyatlarning oldini olish uchun foydalanilgan suv hajmi uchun toʻlov undirilmaydi.
151-modda. Suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq
Suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqni belgilashga, joriy etishga va bekor qilishga, hisoblab chiqarishga hamda toʻlashga doir munosabatlar, shuningdek soliq majburiyatlarini bajarish bilan bogʻliq munosabatlar Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi bilan tartibga solinadi.
Suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqdan tushumlarni Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti va foydalanuvchi tashkilotlar (suv yetkazib beruvchi tashkilotlar) budjetlari oʻrtasida taqsimlash har yili qabul qilinadigan navbatdagi yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisidagi Qonunda belgilanadi.
152-modda. Suv yetkazib berganlik va boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlov
Suv yetkazib berish xizmatlari va suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanish hamda ularga texnik xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari pulli asosda koʻrsatiladi.
Suv yetkazib berganlik uchun toʻlov suv yetkazib beruvchi tashkilotning xarajatlarini, shu jumladan foydalanishga doir va maʼmuriy xarajatlarni, kelajakda suv yetkazib berish infratuzilmasini modernizatsiya qilish xarajatlarini qoplashga, shuningdek suv yetkazib beruvchi tashkilotning rentabelligini taʼminlashga qaratilgan.
Suv yetkazib berish uchun toʻlovlar Davlat budjeti hisobidan, shuningdek oʻzaro subsidiyalash mexanizmi orqali amalga oshirilishi mumkin.
Bunda suv yetkazib berish xarajatlari bitta gidrografik zonada barcha suvdan foydalanuvchilar uchun bir xil boʻlishi kerak.
Suv yetkazib berish xizmatlari va boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlovlarning bazaviy stavkalari quyidagilar hisobga olingan holda Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan tasdiqlanadi:
suv tejashni ragʻbatlantirish va tariflarni yetkazib berilgan suv hajmlariga bogʻlash zaruriyati;
mazkur gidrografik zonadagi suvlilik darajasi;
turli hududlardagi suvdan foydalanuvchilar uchun suv yetkazib berish xarajatlaridagi tafovutlar va bitta hudud doirasidagi suvdan foydalanuvchilar uchun tariflarni tenglashtirish;
davlatning ijtimoiy-iqtisodiy siyosatining ustuvor yoʻnalishlari.
Suv yetkazib berish xizmatlari va boshqa suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlov undirish tartibi hamda shartlari suv yetkazib beruvchi tashkilotlar va suvdan foydalanuvchilar oʻrtasidagi shartnomalarda belgilanadi.
Suv yetkazib berganlik uchun toʻlov suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq tarkibiga qisman yoki toʻliq kiritilishi mumkin.
Suv yetkazib berganlik uchun toʻlovning suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq tarkibiga kiritilgan qismida suv yetkazib beruvchi tashkilot yoki soliq organlari tomonidan undiriladi.
153-modda. Suvlarni ifloslantirganlik uchun kompensatsiya toʻlovlari
Suvlarni ifloslantirganlik uchun kompensatsiya toʻlovlari “ifloslantiruvchi toʻlaydi” prinsipiga asoslanib, unga muvofiq ifloslantirishni bartaraf etish, cheklash va kamaytirish chora-tadbirlari bilan bogʻliq sarf-xarajatlar kompensatsiya toʻlovlari subyekti tomonidan qoplanadi.
Suv obyektlariga va joy relyefiga ifloslantiruvchi moddalarni normativ va normativdan ortiqcha, avariyali va bir yoʻla chiqarish massasi kompensatsiya toʻlovlari obyektidir.
Suv obyektlariga va joy relyefiga ifloslantiruvchi moddalarning chiqarilishini amalga oshiruvchi yuridik va jismoniy shaxslar kompensatsiya toʻlovlari subyektlaridir.
Kompensatsiya toʻlovlarini hisob-kitob qilish, toʻlovlarni amalga oshirish va tushgan mablagʻlardan foydalanish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
154-modda. Suv xoʻjaligida davlat-xususiy sheriklik va autsorsing
Suv xoʻjaligida davlat-xususiy sheriklik “Davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq amalga oshiriladi.
Davlat-xususiy sheriklik prinsiplari suv xoʻjaligi tizimining davlat tashkilotlari va xususiy sektor oʻrtasida davlat sektori tomonidan boshqariladigan hamda Davlat budjeti hisobidan moliyalashtiriladigan suv xoʻjaligi infratuzilmasi loyihalarini ishlab chiqishga, realizatsiya qilishga hamda moliyalashtirishga qaratilgan uzoq muddatli shartnomaviy sheriklik munosabatlarini nazarda tutadi.
Quyidagilar (xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarning mol-mulkini vaqtincha, doimiy boshqaruvga va boshqa shakllardagi boshqaruvga berish imkoniyati bilan) autsorsingga oʻtkazilishi mumkin:
suv xoʻjaligi obyektlaridan foydalanish va ularga texnik xizmat koʻrsatish;
suv xoʻjaligi obyektlariga xizmat koʻrsatish boʻyicha boshqa xizmatlar.
Suv xoʻjaligi obyektlarini va xizmatlarini autsorsingga oʻtkazish hamda davlat-xususiy sheriklik faqat tanlov (tender) asosida shaffof tartib-taomillarga koʻra amalga oshiriladi.
Suv xoʻjaligi obyektlari davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitim asosida berilganda, ushbu suv obyektlarini boshqaruvga qabul qilgan xususiy sheriklar oʻzining xizmat koʻrsatish zonasida:
faoliyat koʻrsatayotgan barcha suv xoʻjaligi obyektlarini mustaqil boshqaradi;
suv olish limiti va suv yetkazib beruvchi tashkilotlarning suvdan foydalanuvchilar oldidagi shartnomaviy majburiyatlari doirasida suvdan foydalanuvchilarni belgilangan tartibda suv bilan taʼminlaydi;
suv boʻyicha toʻliq hisobot va hisobdorlik yuritilishini taʼminlaydi, ushbu jarayonlarga avtomatlashtirilgan tizimni joriy etadi;
oʻzining xizmat koʻrsatish zonasidagi barcha suv xoʻjaligi obyektlari bosqichma-bosqich modernizatsiya qilinishini taʼminlaydi.
155-modda. Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi xavflarni sugʻurta qilish
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi xavflarni sugʻurta qilish suv muhitining ifloslanishi, suvlar sifatining yomonlashish hamda suvdan va suv obyektlaridan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan boshqa zararli taʼsirlar oqibatida zarar yetkazilgan hollarda korxonalar, muassasalar va tashkilotlarning mol-mulki hamda daromadlarini, fuqarolarning hayoti, sogʻligʻi va mol-mulkini himoya qilish faoliyatidan iborat.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi xavflarni sugʻurta qilishda yuridik yoki jismoniy shaxslarning mulkiy manfaatlarini himoya qilish ular tomonidan toʻlanadigan sugʻurta mukofotlaridan, shuningdek boshqa mablagʻlardan shakllanadigan pul fondlari hisobidan, sugʻurta shartnomasiga muvofiq va muayyan hodisa (sugʻurta hodisasi) yuz berganda ularga sugʻurta tovonini (sugʻurta toʻlovini) toʻlash orqali amalga oshiriladi.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi xavflarni sugʻurta qilish, qoida tariqasida, ekologiya sugʻurtasi tartibida amalga oshiriladi.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi xavflarni sugʻurta qilish fuqarolik qonunchiligida, tabiatni muhofaza qilish toʻgʻrisidagi qonunchilikda, sugʻurta faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilikda, ushbu Kodeksda va boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi xavflarni sugʻurtalashning asosiy maqsadi suvning va suv obyektlarining ifloslanishi, avariyalar, boshqa sugʻurta hodisasi yuzaga kelishi oqibatida uchinchi shaxslarning hayotiga, sogʻligʻiga, mol-mulkiga va (yoki) atrof-muhitga yetkazilgan zararni qoplashdan iboratdir.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi xavflarni sugʻurta qilishning asosiy prinsiplari, obyektlari, subyektlari va tartibi “Sugʻurta faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilanadi.
156-modda. Suv xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash
Suv xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash quyidagilarni oʻz ichiga olishi mumkin:
suv xoʻjaligi tizimining davlat tashkilotlarini moliyalashtirish;
yangi suv xoʻjaligi inshootlari va tizimlarini qurish hamda mavjudlarini rekonstruksiya qilish uchun moliyaviy resurslarni, shu jumladan davlat kafolati ostidagi qarzlar va investitsiyalarni jalb qilish;
transchegaraviy, respublika, viloyatlararo, tumanlararo va xoʻjaliklararo ahamiyatga ega boʻlgan suv obyektlaridan, suv xoʻjaligi inshootlaridan va tizimlaridan foydalanish boʻyicha tadbirlarni Oʻzbekiston Respublikasining budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish;
suvdan foydalanuvchilarga qonunchilikda belgilangan tartibda imtiyozli va uzoq muddatli kreditlar hamda boshqa preferensiyalar berish;
suv xoʻjaligi tizimini qoʻllab-quvvatlashga doir boshqa chora-tadbirlarni qonunchilikka muvofiq amalga oshirish.
Suvdan va suv obyektlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasidagi investitsiya siyosati qaytarib berish sharti bilan markazlashgan kreditlar hisobiga suv xoʻjaligini rivojlantirishni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashga, suv xoʻjaligi organlarining shaxsiy mablagʻlari tarmoqni rivojlantirish uchun joylashtirilishini ragʻbatlantirishga hamda investitsiyalarga yoʻnaltiriladigan mablagʻlarning sarflanishini nazorat qilishga asoslanadi.
28-bob. Suvga doir davlatlararo munosabatlar
157-modda. Suvga doir munosabatlar sohasidagi xalqaro hamkorlikning asosiy prinsiplari va yoʻnalishlari
Oʻzbekiston Respublikasi suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasidagi hamkorlikni xalqaro huquqning umumeʼtirof etilgan prinsiplari va normalari, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari asosida amalga oshiradi.
Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasining suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasidagi xalqaro hamkorligining asosiy yoʻnalishlaridir:
Oʻzbekiston Respublikasining suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasidagi xalqaro shartnomalarini bajarish;
transchegaraviy suvlardan va suv obyektlaridan, shuningdek atrof-muhitdan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasida Oʻzbekiston Respublikasining milliy manfaatlarini himoya qilish;
Oʻzbekiston Respublikasining suv xavfsizligini taʼminlash hamda mintaqaning suv resurslaridan va davlatlararo suv xoʻjaligi obyektlaridan birgalikda foydalanish masalalari boʻyicha oʻzaro manfaatli hamkorlikni rivojlantirish;
Markaziy Osiyo mamlakatlari manfaatlarining balansini taʼminlaydigan, mintaqaning transchegaraviy suv resurslarini birgalikda boshqarish boʻyicha oʻzaro maqbul mexanizmlarni amalga oshirish.
158-modda. Suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasidagi xalqaro hamkorlik mexanizmlari
Oʻzbekiston Respublikasining suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasidagi xalqaro hamkorligi mexanizmlari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
transchegaraviy taʼsir koʻrsatadigan yoki koʻrsatishi mumkin boʻlgan faoliyatni amalga oshirishda oʻz hududidagi transchegaraviy suvlardan va suv obyektlaridan oqilona hamda adolatli foydalanishni taʼminlash;
transchegaraviy suvlarning ifloslanishi boshqa davlatlarning transchegaraviy suv obyektlariga oʻtishiga olib kelishi mumkin boʻlgan ifloslanishga yoʻl qoʻymaslik, uning oldini olish, uni cheklash choralarini koʻrish;
transchegaraviy taʼsirning oldini olish, uni cheklash va kamaytirish uchun tegishli huquqiy, maʼmuriy, iqtisodiy, moliyaviy va texnik chora-tadbirlarni ishlab chiqish, tasdiqlash, birgalikda amalga oshirish;
transchegaraviy taʼsirning oldini olish, uni cheklash va kamaytirish sohasida birgalikda ikki tomonlama hamda koʻp tomonlama tadqiqotlar va ishlanmalarni amalga oshirish;
Oʻzbekiston Respublikasining suvdan foydalanish va uni muhofaza qilish sohasidagi xalqaro shartnomalarida nazarda tutilgan boshqa hamkorlik mexanizmlari.
159-modda. Transchegaraviy suv obyektlaridan foydalanishni tartibga solish
Oʻzbekiston Respublikasining va Orol dengizi havzasidagi boshqa davlatlarning hududida joylashgan transchegaraviy suv obyektlaridan, shuningdek asosan suvda suzuvchi qushlar yashaydigan suvli-botqoq yerlardan foydalanish, suv xoʻjaligi va suvni muhofaza qilish tadbirlarini oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalariga muvofiq amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi transchegaraviy suv obyektlarining Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida tartibga solinmagan qismida suvdan foydalanish Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq amalga oshiriladi.
160-modda. Suvga doir davlatlararo nizolar
Oʻzbekiston Respublikasi va boshqa davlatlar oʻrtasidagi suvga doir davlatlararo nizolar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Suvga doir davlatlararo nizolar va kelishmovchiliklar diplomatik kanallar, muzokaralar, oʻzaro maslahatlashuvlar orqali va suvga doir nizoning taraflari uchun maqbul boʻlgan har qanday boshqa usullarda tezkor ravishda hal etiladi.
29-bob. Suv toʻgʻrisidagi qonunchilik buzilishining huquqiy oqibatlari
161-modda. Suv toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik
Suv toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
162-modda. Davlatning suvga boʻlgan egalik huquqini buzadigan bitimlarning haqiqiy emasligi
Davlatning suvga boʻlgan egalik huquqini toʻgʻridan-toʻgʻri yoki yashirin shaklda buzadigan bitimlar haqiqiy emasdir.
163-modda. Oʻzboshimchalik bilan egallab olingan suv obyektlarini qaytarish
Oʻzboshimchalik bilan egallab olingan suv obyektlari egalik qiluvchiga ulardan qonunga xilof ravishda foydalanish vaqtida amalga oshirilgan xarajatlarning oʻrni qoplanmagan holda qaytariladi.
Qonunga xilof ravishda foydalanish davrida suv obyektlariga zarar yetkazilgan taqdirda, suv obyektini oʻzboshimchalik bilan egallab olgan shaxs yetkazilgan zararning oʻrnini qoplashi shart.
164-modda. Suv olish tartibini buzganlik uchun moliyaviy sanksiyalar
Qishloq xoʻjaligi, baliq xoʻjaligi, sanoat, energetika va xoʻjalik-maishiy ehtiyojlar uchun suv olish tartibi yuridik shaxslar tomonidan buzilgan taqdirda, ularga nisbatan quyidagi miqdorlarda jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar qoʻllaniladi:
suvdan foydalanuvchilar belgilangan limitdan ortiq olgan har ming kub metr suv uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 20 foizi miqdorida;
suvdan foydalanuvchilar suv olish shartnomalari tuzilmagan holda olgan har ming kub metr suv uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 30 foizi miqdorida;
suvdan foydalanuvchilar suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlanmagan holda olgan har ming kub metr suv uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 5 foizi miqdorida;
suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlari, suv yetkazib beruvchi tashkilotlar va suvdan foydalanuvchilar suvdan maxsus foydalanishga doir ruxsatnomasiz olgan har ming kub metr suv uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 40 foizi miqdorida;
suv xoʻjaligining foydalanuvchi tashkilotlari, suv yetkazib beruvchi tashkilotlar va suvdan foydalanuvchilar oʻzboshimchalik bilan olgan har ming kub metr suv uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 30 foizi miqdorida.
Suv olish tartibining buzilishi moliyaviy sanksiyalar qoʻllanilganidan keyin bir yil ichida takroran sodir etilganda, ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan moliyaviy sanksiyalar besh baravar miqdorda qoʻllaniladi.
Ushbu moddaning birinchi va ikkinchi qismlarida nazarda tutilgan jarima tarzidagi moliyaviy sanksiyalar sud tartibida qoʻllaniladi, bundan yuridik shaxslar tomonidan moliyaviy sanksiyalar summasi bir oylik muddatda ixtiyoriy ravishda toʻlangan hollar mustasno.
165-modda. Nizolarni hal etish
Suvdan va suv obyektlaridan, suv xoʻjaligi obyektlaridan, shuningdek suv fondi yerlaridan foydalanish hamda ularni muhofaza qilish sohasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.