📅 2025-yil 31-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 31-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 31 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 июля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 July 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Тадбиркорлик субъектларига туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишни ташкил этишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ўзига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ бўлган, давлат органлари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари бундан мустасно) мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини (кейинги ўринларда — тижорат фаолияти) амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тизими амалиётга жорий этилсин.
2. Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан тижорат мақсадларида мавсумий фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ўзига тегишли бўлмаган ер участкасида норасмий тарзда тижорат фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг рўйхатини ва улар тўғрисидаги маълумотларни (жойлашган жойи, фаолият тури, эгалланган ер майдони) қуйидаги босқичларда хатловдан ўтказсин:
биринчи босқич — барча туман (шаҳар)лардаги марказий кўчаларда 2025 йил 1 сентябрга қадар;
иккинчи босқич — қолган кўчаларда 2025 йил 1 октябрга қадар.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда 2025 йил 1 октябрдан бошлаб хатлов натижасида аниқланган объектларнинг мазкур қарорда белгиланган тартибда қонуний фаолият юритиши ёки ҳудуднинг бўшатилишини таъминлаб борсин.
Бунда жойлаштириш схемасига мувофиқ бўлган тижорат фаолияти объектлари «дизайн-код»га асосан лойиҳалар тасдиқлангунга қадар ушбу бандга кўра фаолияти қонунийлаштирилиб, ижара шартномаси тузилган объектларда тадбиркорлар томонидан ҳар қандай қўшимча қурилишлар, майдон, фасад ва мавжуд енгил конструкцияларнинг конструктив элементларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди, шундай ишлар амалга оширилган тақдирда, туташ майдонда жойлашган объектлар белгиланган тартибда бузилади ҳамда янги шартнома тузилмайди.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2025 йил 1 октябрдан бошлаб, ҳар йили 1 январга қадар туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, кадастр, солиқ идоралари таклифлари асосида, туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори билан келгуси йил учун туман (шаҳар) ҳудудидаги аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларида тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаси тасдиқланади;
б) 2026 йил 1 февралга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган режа-графикка асосан қуйидаги органлар томонидан ўз ҳисобидан (ёки мазкур қарорга асосан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги органларига тушадиган маблағлар ҳисобидан кейинчалик тўлаб бериш шарти билан) тижорат фаолияти объектларини кўча ва биноларга мос архитектура қиёфасида ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз қилиб лойиҳалаштиришга доир ягона талаб ва тавсиялар («дизайн-код») ишлаб чиқилиб, тасдиқланади:
ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан — Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар учун;
туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан — бошқа аҳоли пунктлари учун;
в) кўчалар номи кўрсатилган ҳолда тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаси ҳамда «дизайн-код»лари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги органларининг расмий веб-саҳифаларига жойлаштирилади;
г) тадбиркорларнинг мурожаатларига мувофиқ тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаларига туман (шаҳар) ҳокимлари қарорлари билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин;
д) ижара шартномалари доимий фойдаланишга берилган ер участкасини тадбиркорлик субъектига тижорат фаолиятини амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқида фойдаланишга берувчи давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда — ижарага берувчи) ҳамда ўзига туташ ҳудудда тижорат фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти (кейинги ўринларда — ижарага олувчи) ўртасида Солиқ қўмитасининг ижара шартномаларини ҳисобга олиш электрон тизими орқали расмийлаштирилади;
е) тижорат фаолиятини амалга ошириш мўлжалланган ер участкаси ажратилмаган ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги захирасида бўлса, ушбу ер участкаси унда жойлашган объектларни (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар ва бошқалар) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари қарори асосида давлат органлари ва ташкилотларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
ж) ижара шартномасига асосан ижарага берувчи ижарага олувчига тегишли ҳудудга туташ бўлган ёки ундан 5 метрдан кўп бўлмаган масофадаги бўш майдонларни тижорат фаолиятини амалга ошириш учун аукцион савдоларисиз тўғридан-тўғри ижарага беради. Бунда ижарага бериладиган майдоннинг ён чегаралари умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объекти биносининг ёки унга ажратилган ер участкасининг бошланиш ва тугаш нуқтасидан бинодан (ер участкасидан) чиқиш йўналишидаги тўғри чизиқ бўйича аниқланади;
з) қоида тариқасида, ижара шартномаси бир календарь йил учун (келгуси йилларда мазкур қарорда белгиланган тартибда узайтириш ҳуқуқи билан) тузилади;
и) тижорат фаолияти учун ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилган ер участкаларининг ҳар бир квадрат метри учун шартнома муддатидан қатъи назар, ер солиғи ставкасининг уч бараваригача миқдорида ижара тўлови тўланади, бунда асос қилиб олинадиган ер солиғи суммаси Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлари қўлланган ва солиқ имтиёзлари қўлланмаган ҳолда ҳисобланади;
к) ижара тўлови ҳар йилги ер солиғини тўлаш учун белгиланган муддатларда Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади, тушган тўловлар қуйидагича тақсимланади:
35 фоизи — ижарага берувчининг банк ҳисобварағига;
10 фоизи — ҳудудий солиқ бошқармасининг банк ҳисобварағига;
10 фоизи — Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаларининг банк ҳисобварағига;
10 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг банк ҳисобварағига;
0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;
қолган маблағлар — туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига.
5. Белгилансинки:
а) ушбу қарорга асосан ер участкаларини тижорат фаолияти учун ижарага бериш ер участкаларини ажратиш (реализация қилиш) ҳисобланмайди, ер участкасида бино ва иншоотларни қуриш ёки кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳуқуқини бермайди;
б) ижарага берилган ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланиш зарурати юзага келганда, ижарага берувчи ижара шартномасини бир томонлама бекор қилишга ҳақли, бунда ижарага олувчи бу тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда ер участкасини бўшатиши ва унинг устидаги ҳар қандай объектини кўчириши (бузиб олиши) лозим;
в) ижарага олувчи ушбу банднинг «б» кичик бандида белгиланган муддатда объектини кўчириш (бузиш) чораларини кўрмаган тақдирда, объектни бузиш ижарага берувчи томонидан амалга оширилади, бунда объектни бузиш билан боғлиқ харажатлар ижарага олувчидан суд орқали регресс тартибида ундирилади;
г) ижара шартномаси тарафлари шартноманинг амал қилиш муддати тугаш санасига қадар уни бекор қилиш юзасидан сабаблар мавжуд бўлмаган тақдирда, шартноманинг амал қилиш муддатини кейинги бир йиллик муддатга Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ узайтириш ҳуқуқига эга ҳисобланади;
д) ижарага олувчи томонидан ижара тўлови ўз вақтида тўланмаган, шартнома мажбуриятлари қўпол равишда бузилган ҳолатларда ижарага берувчи ижара шартномасини белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўради;
е) мавжуд ва янги барпо этиладиган гастрономик ва туризм кўчаларида мулк эгаларига тегишли бино ва иншоотларга туташ ҳудудлардан ҳамда умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашлари қарори билан тасдиқланади.
Бунда:
ер участкаларидан фойдаланганлик учун бозор тамойиллари асосида нарх белгилаш ва йиллик ижара ҳақини ҳар ойда тенг улушларда тўлаб бориш талабини назарда тутиш;
ҳудудларнинг намунали сақланишини таъминлаш мақсадида ижара тўловларининг тақсимотини белгилаш;
гастрономик ва туризм кўчаларида мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш ҳамда санитария жиҳатдан тозалаш ишларини (супуриш, сув сепиш, чанг ва қордан тозалаш ва бошқалар) ташкил этиш учун эксплуатация тўловларини белгилаш ҳамда зарур ҳолларда уни ижара тўловларига қўшган ҳолда ундириш;
гастрономик ва туризм кўчаларида ҳар хил турдаги кўнгилочар тадбирларни ўтказиш учун бир марталик тўлов миқдорини ва уларни ўтказиш тартибини белгилаш инобатга олинади.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар чорак якуни билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 64-моддасига мувофиқ аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларини, шу жумладан, тижорат фаолияти учун ижарага бериш мумкин бўлган ҳудудларни сақловчи ташкилотларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш бўйича ишлар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
Бунда ижарага берувчиларга ер участкаларини ўзларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш бўйича харажатларни мазкур қарорга асосан тушган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан бир йил ичида бўлиб тўлашга рухсат берилсин.
7. Ижарага олувчининг зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
вақтинчалик объектларни (қурилмаларни) тегишли ҳудуд учун белгиланган тартибда тасдиқланган «дизайн-код»га мувофиқ ўрнатиш (мослаштириш);
тегишли ер участкасида капитал қурилмалар (бино ва иншоотлар) қурмаслик;
муҳандислик-коммуникация тармоқлари муҳофаза зоналарига қўйилган талабларга қатъий риоя этиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига зарар етказмаслик;
ижарага берилган ер участкаси аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкалари таркибига киришини инобатга олиб, ушбу ерлардан биринчи навбатда асосий фойдаланиш мақсадига кўра зарур шароит яратиш, шу жумладан, пиёдалар йўлакларида ҳаракатланиш учун ноқулайликлар яратмаслик, шунингдек, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари эркин ҳаракатланиши ва бошқа объектлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслик;
тегишлича чакана савдо қоидалари ва умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ҳамда сотиш қоидаларида назарда тутилган талабларга риоя қилиш.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда туташ ҳудудлардаги ер участкаларида объектлар қурилиши (ўрнатилиши) жараёнида қонунчиликка мувофиқ ер, кадастр ва қурилиш назоратини таъминласин.
9. Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар Солиқ қўмитасининг махсус автоматлаштирилган ахборот тизимида мазкур қарорда назарда тутилган ижара шартномаларини тузиш ва ҳисобга олиш имкониятини яратсин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарори билан тасдиқланган Умумий овқатланиш ташкилотлари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом 2025 йил 1 октябрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда соҳага оид шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги 478-сон қарорига ИЛОВА
Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан тижорат мақсадларида мавсумий фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ҳудудларда умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудларда мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом кўп қаватли бинолардаги (уйлардаги) нотурар жойларда тижорат фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшимча енгил қурилмаларни қуриш билан боғлиқ муносабатларга ҳам татбиқ этилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерлари — аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжини қаноатлантириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар), шунингдек, майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, суғориш тармоғи, соҳил бўйи ва шу каби ерлар;
ижарага берувчи — доимий фойдаланишга берилган ер участкасини ёки унинг бир қисмини тадбиркорлик субъектига мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳақ эвазига шартнома асосида фойдаланишга берувчи давлат органлари ва ташкилотлари;
ижарага олувчи — давлат органлари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган ер участкасига туташ ҳудуддаги тегишли ер участкаси ҳамда жойлашган кўчмас мулк объектида мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини олиб борувчи тадбиркорлик субъекти;
махсус автоматлаштирилган ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг ижара шартномасини ҳисобга олиш электрон тизими;
тижорат фаолияти объектлари — тижорат фаолиятини амалга ошириш ва (ёки) уни амалга ошириш учун мўлжалланган, вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва (ёки) мавсумий хусусиятига эга бўлган тижорат фаолияти объектлари;
тижорат фаолияти — тижорат фаолияти жойида тижорат фаолияти объектларидан фойдаланган ҳолда турғун савдо шохобчалари жойлашган жойдан ташқарида мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида амалга ошириладиган фаолият турлари;
туташ ҳудуд — мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини олиб борувчи тадбиркорлик субъекти ҳудудига туташ бўлган ёки ундан 5 метрдан кўп бўлмаган масофада жойлашган, мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида фаолият юритиш мумкин бўлган ер участкаси;
туташ ҳудуд чегараси — ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни бирламчи (қайта) давлат рўйхатидан ўтказишда ер участкаси ва унинг чегараларига оид маълумотлар Давлат кадастрлари ягона тизимида акс эттирилгандан ташқари туташ ер участкасининг бошланиши.
3. Ушбу Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
байрам кунлари ва байрамолди кунларда савдо хизмати кўрсатиш юзасидан юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган тижорат фаолиятларига;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ташкил этилган кўргазма ва ярмарка савдоларига;
бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудларидаги тижорат фаолиятига;
давлат мулкини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатларга;
амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларга.
4. Туташ ҳудудларда ушбу Низомда белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмаган ҳолда тижорат фаолиятини амалга оширишга йўл қўйилмайди, мазкур ҳолат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка асос бўлади.
5. Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларидан мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил қилиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Тижорат фаолиятини амалга ошириш талаблари ва шартлари
6. Ижарага олувчи туташ ҳудуддаги ер участкасидан ижара ҳуқуқида вақтинча фойдаланиш мақсадида ижара шартномаси тузиш бўйича ижарага берувчига ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади.
Бунда аризага қуйидаги ҳужжатлар (маълумотлар) илова қилинади:
ўзига тегишли бино ва иншоотларга ва (ёки) ер участкасига туташ ҳудуднинг тавсифи ҳамда жойлашган манзили;
умумий ва фойдаланишга бериладиган майдони, қурилган йили (мавжуд бўлса);
объектнинг коммуникациялар (ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси ва оқова сув тармоғи) билан таъминлангани тўғрисида маълумот;
фойдаланишга бериладиган майдони;
объектнинг тўрт тарафдан кўриниши фотосуратлари;
объектдан фойдаланиш мақсади (амалга ошириладиган фаолият тури);
объектни ижарага олишнинг бошқа шартлари (мавжуд бўлса).
7. Ижарага берувчи туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланишга ижара шартномасини тузиш бўйича мурожаат келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича махсус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ижара шартномасини тузади ёки асослантирилган ҳолда рад жавобини беради.
8. Ижарага олувчининг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар (маълумотлар) тўлиқ эмаслиги аниқланса, ушбу ҳужжатлар мурожаат қилувчига камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.
9. Ижарага олувчининг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар (маълумотлар) қайтарилишининг аниқ сабаблари кўрсатилган ёзма ёки электрон шаклдаги хабарнома мурожаат қилувчига уч иш куни ичида юборилади.
Бунда ижарага берувчининг кўрсатмасига асосан Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бўлинмалари томонидан беш иш куни ичида туташ ҳудуд майдони бўйича ўлчов ишлари амалга оширилади (чегара чизмаси) ҳамда тегишли далолатнома тузилади ва ижарага берувчига тақдим этилади.
10. Қуйидагилар ижарага олувчининг аризасини рад қилиш учун асос ҳисобланади:
тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;
ижарага олувчи томонидан ушбу Низом талабларига мос бўлмаган ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномасини тузиш бўйича мурожаат қилиниши. Бунда ижарага бериладиган майдоннинг ён чегаралари савдо ва хизмат кўрсатиш объекти биносининг бошланиш ва тугаш нуқтасидан бинодан чиқиш йўналишидаги тўғри чизиқ бўйича аниқланади;
ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳудудларда фаолият юритиш бўйича мурожаат қилинганда.
Ижарага олувчининг аризасини бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
11. Ҳужжатлари қайтарилган ижарага олувчи рад этиш учун сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнг ушбу Низомда белгиланган тартибда ижарага берувчига етти иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қайта мурожаат қилишга ҳақли.
12. Туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:
туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш ҳудудининг жойлашган жойи, тури ва таркиби;
вақтинча ижара тўловини тўлаш тартиби ва муддатлари;
вақтинча ижара тўлови миқдорини қайта кўриб чиқиш асослари ва тартиби;
ижарага берилаётган туташ ҳудуднинг ҳолати;
шартнома шартлари, шу жумладан, ижара тўловларини тўлаш муддатларининг бузилиши оқибатлари;
тегишли ер участкасида капитал қурилма (бино ва иншоотлар) қурмаслик;
томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги.
13. Туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади.
14. Туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномаси амал қилиш муддати даврида ижарага олувчига ижара объектидан фойдаланишига ва унда фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиш тақиқланади (форс-мажор ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).
15. Ижарага олувчи коммунал хизматлар, электр энергияси, сув, газ истеъмоли ва иссиқлик таъминоти учун ижара шартномаси асосида етказиб берувчи ташкилотлар билан қўшимча келишув тузади.
16. Қуйидагилар туташ ҳудудда тижорат объектининг ихтисослашув турлари ҳисобланади:
а) умумий овқатланиш фаолияти:
мавсумий кафе;
кичик ошхона;
б) қуйидаги маҳсулотлар савдоси:
нон ва нон маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари;
гўшт ва гўшт маҳсулотлари;
сут ва сут маҳсулотлари;
мева-сабзавотлар ва полиз экинлари, шунингдек, қуруқ мевалар, писта ва ёнғоқлар;
музқаймоқ ва алкоголсиз ичимликлар;
бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари;
нашриёт маҳсулотлари;
гуллар;
халқ бадиий ва амалий санъати буюмлари;
ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, кийим-кечак, пойабзал ва енгил саноат буюмлари;
ноозиқ-овқат маҳсулотлари;
етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини енгил конструкцияли кўчма музлаткичларда сақлаш ва сотиш;
в) қуйидаги хизматлар:
енгил транспорт воситаларини (енгил автомобиль, велосипед, самокат, скутер ва бошқалар) ижарага бериш ва таъмирлаш хизматлари;
электромобилларни зарядлаш;
сартарошлик хизматлари;
косметолог хизматлари;
пойабзал таъмирлаш хизмати;
маиший техника воситаларини таъмирлаш хизмати;
калит ясаш хизмати.
Тадбиркорлик субъектлари ижарага олинган туташ ҳудудда тижорат фаолияти объектининг ихтисослашувига кўра фаолият турларининг бир нечтаси билан шуғулланиши мумкин.
Бунда ушбу фаолият қонунчиликда назарда тутилган савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилган ҳамда штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан (2D сканерлар), онлайн назорат-касса техникалари ёки виртуал кассаларидан ҳамда ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
17. Қуйидаги туташ ҳудудларда тижорат фаолияти объектларининг жойлаштирилишига йўл қўйилмайди:
маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар фасади олдида;
бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши оралиқларида;
муҳандислик коммуникацияларига зарар етказадиган (ҳимоя) зоналарда;
чорраҳаларга 15 метрдан яқинроқ жойларда;
пиёдалар ўтиш жойларида;
велосипед йўлакларида;
йўл қатнов қисмининг хавфли бурилишларида;
лоақал бир йўналишдаги кўриниш масофаси юз метрдан кам бўлган йўл дўнгликлари яқинида;
қатнов қисмининг кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига ўн беш метрдан кам масофада (уч томонлама кесишмаларда (чорраҳаларда) ёндан туташган йўлнинг сидирға чизиқ ёки ажратувчи бўлак билан ажратилган қарама-қарши томони бундан мустасно);
транспорт воситаси светофор ишоралари, йўл белгиларини бошқа транспорт воситаларининг ҳайдовчиларидан тўсиб қўядиган, бошқа ҳаракатланишига (кириш ва чиқишига) имкон қолдирмайдиган ёки пиёдаларнинг ҳаракатига халақит берадиган жойларда;
«тўхташ тақиқланади» йўл белгиси ёки «тўхташ тақиқланади» йўл чизиғи таъсири доирасида.
18. Сотиш учун таклиф этилаётган товарлар (хизматлар) турлари ва рўйхати тижорат фаолияти объектининг ихтисослашувига мувофиқ сотувчи томонидан мустақил равишда белгиланади.
19. Савдо автоматлари орқали оммавий талабдаги, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган товарлар (чой, кофе, салқин ва алкоголсиз ичимликлар, ноозиқ-овқат товарлари (газета ва матбаа маҳсулотлари), қандолат ва нон маҳсулотлари, ширинликлар) сотилади, хизматлар кўрсатилади.
20. Савдо автоматларини маҳсулот билан таъминлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш тижорат фаолияти субъектларига юкланади, шунингдек, улар зиммасига товар-моддий бойликларни сақлаш бўйича чоралар кўриш ҳамда савдо автомати бузилганда товарлар бузилишининг олдини олиш ҳам юкланади.
21. Туташ ҳудудларда объектларни ўрнатиш (қуриш) бўйича қўшимча шартлар қуйидагилар ҳисобланади:
туташ ҳудудни жойлаштириш, ўрнатиш (қуриш) ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, ёнғин хавфсизлиги талабларига, шунингдек «дизайн-код»га мувофиқ қуриш (мослаштириш) нормаларига риоя этиш;
туташ ҳудудни жойлаштиришда (ўрнатишда, қуришда) аҳоли (шу жумладан, пиёдалар йўлаклари), шунингдек, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари эркин ҳаракатланишига халақит бермаслик, муҳандислик-коммуникация тизимларидан фойдаланишга, бино ва иншоотларга кириб-чиқишга тўсқинлик қилмаслик;
муҳандислик-коммуникация тармоқлари муҳофаза зоналарига қўйилган талабларига қатъий риоя этиш ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига зарар етказмаслик;
зарур бўлган тақдирда, туташ ҳудуддаги барча ёпиқ хоналар ва кабиналарга шамоллатиш (вентиляция қилиш) тизимини ўрнатиш, шунингдек, ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси ва оқова сувнинг ташқи коммуникация тармоқларига уланиш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда архитектура-режалаштириш топшириқлари ва алоҳида лойиҳалар ишлаб чиқилишини таъминлаш.
22. Туташ ҳудудда объектлар туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномасида назарда тутилган муддатнинг бошланиш санасидан кейин ўрнатилади (қурилади).
23. Туташ ҳудуддаги объект фаолияти тугатилган тақдирда, объект унинг фаолияти тўхтатилган ёки тугатилган санадан эътиборан ўн беш кун ичида қисмларга ажратилади (демонтаж қилинади).
24. Туташ ҳудудлар жойлашган ҳудудда фавқулодда вазиятлар юзага келганда ёнғин ўчириш, бошқа тезкор хизматларнинг автотранспорт воситалари эркин ҳаракатланиши учун бино ва иншоотлар ўртасида очиқ масофа, ёпиқ ҳудудларда эса камида иккита кириш-чиқиш дарвозалари бўлиши лозим.
25. Туташ ҳудуддаги тижорат фаолияти объектлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ тўлайдилар.
3-боб. Якунловчи қоидалар
26. Туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномаси шартларининг бузилиши билан боғлиқ низолар ўзаро музокаралар асосида ёки суд тартибида ҳал қилинади.
27. Туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномасини тузмасдан ёки аниқ майдони шартномада кўрсатилмаган (ёки кам кўрсатган ҳолда) фойдаланишга бериш ҳолати аниқланганда, ижарага берувчи ўн иш куни ичида ушбу туташ ҳудуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишга берилишини ташкил этади.
28. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан тижорат мақсадларида мавсумий фойдаланиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларидан мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил қилиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Туман (шаҳар) ҳокимлари Туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, кадастр, солиқ идоралари таклифлари асосида келгуси йил учун туман (шаҳар) ҳудудидаги аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларида тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемасини тасдиқлайди. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили 1 январга қадар 2-босқич 1. Ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари — Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар учун. 2. Туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари — бошқа аҳоли пунктлари учун. Ўз ҳисобидан мавсумий савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини кўча ва биноларга мос архитектура қиёфасида ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз қилиб лойиҳалаштиришга доир ягона талаблар ва тавсияларни («дизайн-код») тасдиқлайди. 2026 йил 1 февралга қадар 3-босқич Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги органлари Кўчаларнинг номини кўрсатган ҳолда, тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаси ва «дизайн-код»ини расмий веб-саҳифаларига жойлаштиради. Ҳар йили 1 февралга қадар 4-босқич Ижарага олувчи Ижарага берувчига туташ ҳудуддаги ер участкасидан вақтинча фойдаланиш мақсадида ижара шартномаси тузиш бўйича мурожаат қилади. 2026 йил 1 февралдан бошлаб доимий равишда 5-босқич Ижарага берувчи Туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича Солиқ қўмитасининг ижара шартномаларини ҳисобга олиш электрон тизими орқали ижара шартномасини тузади ёки асослантирилган ҳолда рад жавобини беради. 5 иш куни ичида 6-босқич Солиқ қўмитаси Мавсумий савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун туташ ер участкасидан ҳақ эвазига фойдаланиш бўйича ижара шартномаларини ушбу ер участкалари доимий фойдаланишга берилган давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ҳамда ўзига туташ ҳудудда мавсумий савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти ўртасида Солиқ қўмитасининг ижара шартномаларини ҳисобга олиш электрон тизими орқали расмийлаштиради. 2025 йил 1 январдан бошлаб доимий равишда 7-босқич Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бўлинмалари Ижарага берувчининг кўрсатмасига асосан туташ ҳудуддан вақтинча фойдаланиш бўйича ижара шартномасини тузиш мақсадга мувофиқ деб топганда туташ ҳудуд майдони бўйича ўлчов ишларини амалга оширади (чегара чизмасини) ҳамда тегишли далолатнома тузади ва ижарага берувчига тақдим этади. 5 иш куни ичида 8-босқич Ижарага олувчи Туташ ҳудуддаги тижорат фаолияти тугатилган тақдирда, туташ ҳудудни қисмларга ажратади (демонтаж қилади). 15 кун ичида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 31 июль,
478-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Tadbirkorlik subyektlariga tutash hududlardan mavsumiy foydalanishni tashkil etishni yanada soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tadbirkorlar bilan toʻrtinchi ochiq muloqotida belgilangan vazifalarni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 30-avgustdagi PF-132-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyati bilan shugʻullanayotgan tadbirkorlik subyektlariga yanada qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. 2025-yil 1-oktabrdan boshlab umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish sohasidagi tadbirkorlik subyektlari uchun oʻziga tegishli bino va inshootlarga hamda yer uchastkalariga tutash boʻlgan, davlat organlari va tashkilotlariga doimiy foydalanishga berilgan aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yer uchastkalaridan (sogʻliqni saqlash, taʼlim va maktabgacha taʼlim tashkilotlariga tegishli yer uchastkalari bundan mustasno) mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini (keyingi oʻrinlarda — tijorat faoliyati) amalga oshirish uchun haq evaziga ijara huquqi asosida foydalanish tizimi amaliyotga joriy etilsin.
2. Umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlariga tegishli bino va inshootlarga hamda yer uchastkalariga tutash hududlardan tijorat maqsadlarida mavsumiy foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari Soliq qoʻmitasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda oʻziga tegishli boʻlmagan yer uchastkasida norasmiy tarzda tijorat faoliyatini amalga oshirayotgan tadbirkorlik subyektlarining roʻyxatini va ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (joylashgan joyi, faoliyat turi, egallangan yer maydoni) quyidagi bosqichlarda xatlovdan oʻtkazsin:
birinchi bosqich — barcha tuman (shahar)lardagi markaziy koʻchalarda 2025-yil 1-sentabrga qadar;
ikkinchi bosqich — qolgan koʻchalarda 2025-yil 1-oktabrga qadar.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari manfaatdor davlat organlari va boshqa tashkilotlar bilan birgalikda 2025-yil 1-oktabrdan boshlab xatlov natijasida aniqlangan obyektlarning mazkur qarorda belgilangan tartibda qonuniy faoliyat yuritishi yoki hududning boʻshatilishini taʼminlab borsin.
Bunda joylashtirish sxemasiga muvofiq boʻlgan tijorat faoliyati obyektlari “dizayn-kod”ga asosan loyihalar tasdiqlangunga qadar ushbu bandga koʻra faoliyati qonuniylashtirilib, ijara shartnomasi tuzilgan obyektlarda tadbirkorlar tomonidan har qanday qoʻshimcha qurilishlar, maydon, fasad va mavjud yengil konstruksiyalarning konstruktiv elementlarini oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi, shunday ishlar amalga oshirilgan taqdirda, tutash maydonda joylashgan obyektlar belgilangan tartibda buziladi hamda yangi shartnoma tuzilmaydi.
4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
a) 2025-yil 1-oktabrdan boshlab, har yili 1-yanvarga qadar tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi, kadastr, soliq idoralari takliflari asosida, tuman (shahar) hokimlarining qarori bilan kelgusi yil uchun tuman (shahar) hududidagi aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yer uchastkalarida tijorat faoliyati obyektlarini joylashtirish sxemasi tasdiqlanadi;
b) 2026-yil 1-fevralga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan tasdiqlanadigan reja-grafikka asosan quyidagi organlar tomonidan oʻz hisobidan (yoki mazkur qarorga asosan qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi organlariga tushadigan mablagʻlar hisobidan keyinchalik toʻlab berish sharti bilan) tijorat faoliyati obyektlarini koʻcha va binolarga mos arxitektura qiyofasida hamda aholi uchun qulay va xavfsiz qilib loyihalashtirishga doir yagona talab va tavsiyalar (“dizayn-kod”) ishlab chiqilib, tasdiqlanadi:
hududiy arxitektura-shaharsozlik kengashlari tomonidan — Toshkent va Nukus shaharlari hamda viloyatlar boʻysunuvidagi shaharlar uchun;
tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimlari tomonidan — boshqa aholi punktlari uchun;
v) koʻchalar nomi koʻrsatilgan holda tijorat faoliyati obyektlarini joylashtirish sxemasi hamda “dizayn-kod”lari mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi organlarining rasmiy veb-sahifalariga joylashtiriladi;
g) tadbirkorlarning murojaatlariga muvofiq tijorat faoliyati obyektlarini joylashtirish sxemalariga tuman (shahar) hokimlari qarorlari bilan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin;
d) ijara shartnomalari doimiy foydalanishga berilgan yer uchastkasini tadbirkorlik subyektiga tijorat faoliyatini amalga oshirish uchun haq evaziga ijara huquqida foydalanishga beruvchi davlat organlari va tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — ijaraga beruvchi) hamda oʻziga tutash hududda tijorat faoliyatini amalga oshirish istagini bildirgan tadbirkorlik subyekti (keyingi oʻrinlarda — ijaraga oluvchi) oʻrtasida Soliq qoʻmitasining ijara shartnomalarini hisobga olish elektron tizimi orqali rasmiylashtiriladi;
e) tijorat faoliyatini amalga oshirish moʻljallangan yer uchastkasi ajratilmagan hamda tuman (shahar) hokimligi zaxirasida boʻlsa, ushbu yer uchastkasi unda joylashgan obyektlarni (maydonlar, koʻchalar, tor koʻchalar, yoʻllar, daraxtzorlar, bogʻlar, sayilgohlar, xiyobonlar va boshqalar) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari qarori asosida davlat organlari va tashkilotlariga jamoat ehtiyojlari uchun doimiy foydalanish huquqi bilan ajratiladi;
j) ijara shartnomasiga asosan ijaraga beruvchi ijaraga oluvchiga tegishli hududga tutash boʻlgan yoki undan 5 metrdan koʻp boʻlmagan masofadagi boʻsh maydonlarni tijorat faoliyatini amalga oshirish uchun auksion savdolarisiz toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga beradi. Bunda ijaraga beriladigan maydonning yon chegaralari umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish obyekti binosining yoki unga ajratilgan yer uchastkasining boshlanish va tugash nuqtasidan binodan (yer uchastkasidan) chiqish yoʻnalishidagi toʻgʻri chiziq boʻyicha aniqlanadi;
z) qoida tariqasida, ijara shartnomasi bir kalendar yil uchun (kelgusi yillarda mazkur qarorda belgilangan tartibda uzaytirish huquqi bilan) tuziladi;
i) tijorat faoliyati uchun ijara huquqi asosida foydalanishga berilgan yer uchastkalarining har bir kvadrat metri uchun shartnoma muddatidan qatʼi nazar, yer soligʻi stavkasining uch baravarigacha miqdorida ijara toʻlovi toʻlanadi, bunda asos qilib olinadigan yer soligʻi summasi Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida belgilangan oshiruvchi va kamaytiruvchi koeffitsiyentlari qoʻllangan va soliq imtiyozlari qoʻllanmagan holda hisoblanadi;
k) ijara toʻlovi har yilgi yer soligʻini toʻlash uchun belgilangan muddatlarda Yagona billing tizimi orqali amalga oshiriladi, tushgan toʻlovlar quyidagicha taqsimlanadi:
35 foizi — ijaraga beruvchining bank hisobvaragʻiga;
10 foizi — hududiy soliq boshqarmasining bank hisobvaragʻiga;
10 foizi — Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasi hududiy boshqarmalarining bank hisobvaragʻiga;
10 foizi — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmalari hamda Toshkent shahar qurilish bosh boshqarmasining bank hisobvaragʻiga;
0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Elektron hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;
qolgan mablagʻlar — tuman (shahar) mahalliy budjetiga.
5. Belgilansinki:
a) ushbu qarorga asosan yer uchastkalarini tijorat faoliyati uchun ijaraga berish yer uchastkalarini ajratish (realizatsiya qilish) hisoblanmaydi, yer uchastkasida bino va inshootlarni qurish yoki koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish huquqini bermaydi;
b) ijaraga berilgan yer uchastkasidan boshqa maqsadlarda foydalanish zarurati yuzaga kelganda, ijaraga beruvchi ijara shartnomasini bir tomonlama bekor qilishga haqli, bunda ijaraga oluvchi bu toʻgʻrisida yozma ravishda ogohlantirilgan kundan boshlab oʻn besh kun muddatda yer uchastkasini boʻshatishi va uning ustidagi har qanday obyektini koʻchirishi (buzib olishi) lozim;
v) ijaraga oluvchi ushbu bandning “b” kichik bandida belgilangan muddatda obyektini koʻchirish (buzish) choralarini koʻrmagan taqdirda, obyektni buzish ijaraga beruvchi tomonidan amalga oshiriladi, bunda obyektni buzish bilan bogʻliq xarajatlar ijaraga oluvchidan sud orqali regress tartibida undiriladi;
g) ijara shartnomasi taraflari shartnomaning amal qilish muddati tugash sanasiga qadar uni bekor qilish yuzasidan sabablar mavjud boʻlmagan taqdirda, shartnomaning amal qilish muddatini keyingi bir yillik muddatga Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksiga muvofiq uzaytirish huquqiga ega hisoblanadi;
d) ijaraga oluvchi tomonidan ijara toʻlovi oʻz vaqtida toʻlanmagan, shartnoma majburiyatlari qoʻpol ravishda buzilgan holatlarda ijaraga beruvchi ijara shartnomasini belgilangan tartibda bekor qilish choralarini koʻradi;
e) mavjud va yangi barpo etiladigan gastronomik va turizm koʻchalarida mulk egalariga tegishli bino va inshootlarga tutash hududlardan hamda umumiy foydalanishdagi yer uchastkalaridan tijorat maqsadlarida foydalanish tartibi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahri Kengashlari qarori bilan tasdiqlanadi.
Bunda:
yer uchastkalaridan foydalanganlik uchun bozor tamoyillari asosida narx belgilash va yillik ijara haqini har oyda teng ulushlarda toʻlab borish talabini nazarda tutish;
hududlarning namunali saqlanishini taʼminlash maqsadida ijara toʻlovlarining taqsimotini belgilash;
gastronomik va turizm koʻchalarida mavsumiy talablarni hisobga olgan holda obodonlashtirish hamda sanitariya jihatdan tozalash ishlarini (supurish, suv sepish, chang va qordan tozalash va boshqalar) tashkil etish uchun ekspluatatsiya toʻlovlarini belgilash hamda zarur hollarda uni ijara toʻlovlariga qoʻshgan holda undirish;
gastronomik va turizm koʻchalarida har xil turdagi koʻngilochar tadbirlarni oʻtkazish uchun bir martalik toʻlov miqdorini va ularni oʻtkazish tartibini belgilash inobatga olinadi.
6. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari har chorak yakuni bilan Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksi 64-moddasiga muvofiq aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yerlarini, shu jumladan, tijorat faoliyati uchun ijaraga berish mumkin boʻlgan hududlarni saqlovchi tashkilotlarga doimiy foydalanish huquqi bilan ajratish boʻyicha ishlar holati yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga axborot kiritib borsin.
Bunda ijaraga beruvchilarga yer uchastkalarini oʻzlariga jamoat ehtiyojlari uchun doimiy foydalanish huquqi asosida ajratish boʻyicha xarajatlarni mazkur qarorga asosan tushgan mablagʻlar va boshqa manbalar hisobidan bir yil ichida boʻlib toʻlashga ruxsat berilsin.
7. Ijaraga oluvchining zimmasiga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:
vaqtinchalik obyektlarni (qurilmalarni) tegishli hudud uchun belgilangan tartibda tasdiqlangan “dizayn-kod”ga muvofiq oʻrnatish (moslashtirish);
tegishli yer uchastkasida kapital qurilmalar (bino va inshootlar) qurmaslik;
muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari muhofaza zonalariga qoʻyilgan talablarga qatʼiy rioya etish va muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlariga zarar yetkazmaslik;
ijaraga berilgan yer uchastkasi aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yer uchastkalari tarkibiga kirishini inobatga olib, ushbu yerlardan birinchi navbatda asosiy foydalanish maqsadiga koʻra zarur sharoit yaratish, shu jumladan, piyodalar yoʻlaklarida harakatlanish uchun noqulayliklar yaratmaslik, shuningdek, tezkor va maxsus xizmatlarning transport vositalari erkin harakatlanishi va boshqa obyektlar faoliyatiga toʻsqinlik qilmaslik;
tegishlicha chakana savdo qoidalari va umumiy ovqatlanish mahsulotlarini (xizmatlarini) ishlab chiqarish hamda sotish qoidalarida nazarda tutilgan talablarga rioya qilish.
8. Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi hamda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda tutash hududlardagi yer uchastkalarida obyektlar qurilishi (oʻrnatilishi) jarayonida qonunchilikka muvofiq yer, kadastr va qurilish nazoratini taʼminlasin.
9. Soliq qoʻmitasi Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda 2025-yil 1-sentabrga qadar Soliq qoʻmitasining maxsus avtomatlashtirilgan axborot tizimida mazkur qarorda nazarda tutilgan ijara shartnomalarini tuzish va hisobga olish imkoniyatini yaratsin.
10. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 3-avgustdagi 485-son qarori bilan tasdiqlangan Umumiy ovqatlanish tashkilotlari mavsumiy kafelarining ishlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2025-yil 1-oktabrdan oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
11. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda ushbu qaror talablaridan kelib chiqqan holda sohaga oid shaharsozlik normalari va qoidalariga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritsin.
12. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-iyuldagi 478-son qaroriga ILOVA
Umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlariga tegishli bino va inshootlarga hamda yer uchastkalariga tutash hududlardan tijorat maqsadlarida mavsumiy foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom hududlarda umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish sohasida faoliyat yuritayotgan tadbirkorlik subyektlariga tegishli bino va inshootlarga hamda yer uchastkalariga tutash hududlarda mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatishni tashkil etish tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom koʻp qavatli binolardagi (uylardagi) noturar joylarda tijorat faoliyatini amalga oshirayotgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan qoʻshimcha yengil qurilmalarni qurish bilan bogʻliq munosabatlarga ham tatbiq etiladi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yerlari — aholining madaniy-maishiy ehtiyojini qanoatlantirish va dam olishi uchun foydalaniladigan (daraxtzorlar, bogʻlar, sayilgohlar, xiyobonlar, ariq tarmoqlari egallagan yerlar), shuningdek, maydonlar, koʻchalar, tor koʻchalar, yoʻllar, sugʻorish tarmogʻi, sohil boʻyi va shu kabi yerlar;
ijaraga beruvchi — doimiy foydalanishga berilgan yer uchastkasini yoki uning bir qismini tadbirkorlik subyektiga mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini amalga oshirish uchun haq evaziga shartnoma asosida foydalanishga beruvchi davlat organlari va tashkilotlari;
ijaraga oluvchi — davlat organlari va tashkilotlariga doimiy foydalanishga berilgan yer uchastkasiga tutash hududdagi tegishli yer uchastkasi hamda joylashgan koʻchmas mulk obyektida mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini olib boruvchi tadbirkorlik subyekti;
maxsus avtomatlashtirilgan axborot tizimi — Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining ijara shartnomasini hisobga olish elektron tizimi;
tijorat faoliyati obyektlari — tijorat faoliyatini amalga oshirish va (yoki) uni amalga oshirish uchun moʻljallangan, vaqtinchalik asosda joylashtirilgan va (yoki) mavsumiy xususiyatiga ega boʻlgan tijorat faoliyati obyektlari;
tijorat faoliyati — tijorat faoliyati joyida tijorat faoliyati obyektlaridan foydalangan holda turgʻun savdo shoxobchalari joylashgan joydan tashqarida mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish maqsadlarida amalga oshiriladigan faoliyat turlari;
tutash hudud — mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini olib boruvchi tadbirkorlik subyekti hududiga tutash boʻlgan yoki undan 5 metrdan koʻp boʻlmagan masofada joylashgan, mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish maqsadlarida faoliyat yuritish mumkin boʻlgan yer uchastkasi;
tutash hudud chegarasi — yer uchastkalariga boʻlgan huquqlarni birlamchi (qayta) davlat roʻyxatidan oʻtkazishda yer uchastkasi va uning chegaralariga oid maʼlumotlar Davlat kadastrlari yagona tizimida aks ettirilgandan tashqari tutash yer uchastkasining boshlanishi.
3. Ushbu Nizom talablari quyidagilarga nisbatan tatbiq etilmaydi:
bayram kunlari va bayramoldi kunlarda savdo xizmati koʻrsatish yuzasidan yuridik shaxslar bilan tuzilgan shartnomalar asosida tashkil etilgan tijorat faoliyatlariga;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Vazirlar Mahkamasining qarorlari asosida tashkil etilgan koʻrgazma va yarmarka savdolariga;
bozorlar va savdo majmualari hududlaridagi tijorat faoliyatiga;
davlat mulkini ijaraga berish bilan bogʻliq munosabatlarga;
amalga oshirish tartibi Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa holatlarga.
4. Tutash hududlarda ushbu Nizomda belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzmagan holda tijorat faoliyatini amalga oshirishga yoʻl qoʻyilmaydi, mazkur holat qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgarlikka asos boʻladi.
5. Aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yerlaridan mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini tashkil qilish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Tijorat faoliyatini amalga oshirish talablari va shartlari
6. Ijaraga oluvchi tutash hududdagi yer uchastkasidan ijara huquqida vaqtincha foydalanish maqsadida ijara shartnomasi tuzish boʻyicha ijaraga beruvchiga yozma yoki elektron shaklda ariza bilan murojaat qiladi.
Bunda arizaga quyidagi hujjatlar (maʼlumotlar) ilova qilinadi:
oʻziga tegishli bino va inshootlarga va (yoki) yer uchastkasiga tutash hududning tavsifi hamda joylashgan manzili;
umumiy va foydalanishga beriladigan maydoni, qurilgan yili (mavjud boʻlsa);
obyektning kommunikatsiyalar (ichimlik suvi, tabiiy gaz, elektr energiyasi va oqova suv tarmogʻi) bilan taʼminlangani toʻgʻrisida maʼlumot;
foydalanishga beriladigan maydoni;
obyektning toʻrt tarafdan koʻrinishi fotosuratlari;
obyektdan foydalanish maqsadi (amalga oshiriladigan faoliyat turi);
obyektni ijaraga olishning boshqa shartlari (mavjud boʻlsa).
7. Ijaraga beruvchi tutash hududdan vaqtincha foydalanishga ijara shartnomasini tuzish boʻyicha murojaat kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha maxsus avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali ijara shartnomasini tuzadi yoki asoslantirilgan holda rad javobini beradi.
8. Ijaraga oluvchining arizasi va unga ilova qilingan hujjatlar (maʼlumotlar) toʻliq emasligi aniqlansa, ushbu hujjatlar murojaat qiluvchiga kamchiliklarni bartaraf etish uchun qaytariladi.
9. Ijaraga oluvchining arizasi va unga ilova qilingan hujjatlar (maʼlumotlar) qaytarilishining aniq sabablari koʻrsatilgan yozma yoki elektron shakldagi xabarnoma murojaat qiluvchiga uch ish kuni ichida yuboriladi.
Bunda ijaraga beruvchining koʻrsatmasiga asosan Davlat kadastrlari palatasi hududiy boʻlinmalari tomonidan besh ish kuni ichida tutash hudud maydoni boʻyicha oʻlchov ishlari amalga oshiriladi (chegara chizmasi) hamda tegishli dalolatnoma tuziladi va ijaraga beruvchiga taqdim etiladi.
10. Quyidagilar ijaraga oluvchining arizasini rad qilish uchun asos hisoblanadi:
taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjudligi;
ijaraga oluvchi tomonidan ushbu Nizom talablariga mos boʻlmagan hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasini tuzish boʻyicha murojaat qilinishi. Bunda ijaraga beriladigan maydonning yon chegaralari savdo va xizmat koʻrsatish obyekti binosining boshlanish va tugash nuqtasidan binodan chiqish yoʻnalishidagi toʻgʻri chiziq boʻyicha aniqlanadi;
ushbu Nizomning 17-bandida nazarda tutilgan hududlarda faoliyat yuritish boʻyicha murojaat qilinganda.
Ijaraga oluvchining arizasini boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi.
11. Hujjatlari qaytarilgan ijaraga oluvchi rad etish uchun sabab boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgandan soʻng ushbu Nizomda belgilangan tartibda ijaraga beruvchiga yetti ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda qayta murojaat qilishga haqli.
12. Tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasida quyidagilar koʻrsatiladi:
tutash hududdan vaqtincha foydalanish hududining joylashgan joyi, turi va tarkibi;
vaqtincha ijara toʻlovini toʻlash tartibi va muddatlari;
vaqtincha ijara toʻlovi miqdorini qayta koʻrib chiqish asoslari va tartibi;
ijaraga berilayotgan tutash hududning holati;
shartnoma shartlari, shu jumladan, ijara toʻlovlarini toʻlash muddatlarining buzilishi oqibatlari;
tegishli yer uchastkasida kapital qurilma (bino va inshootlar) qurmaslik;
tomonlarning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi.
13. Tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasi ijaraga beruvchi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgan kundan boshlab tuzilgan hisoblanadi.
14. Tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasi amal qilish muddati davrida ijaraga oluvchiga ijara obyektidan foydalanishiga va unda faoliyat koʻrsatishiga toʻsqinlik qilish taqiqlanadi (fors-major va qonunchilik hujjatlarida belgilangan holatlar bundan mustasno).
15. Ijaraga oluvchi kommunal xizmatlar, elektr energiyasi, suv, gaz isteʼmoli va issiqlik taʼminoti uchun ijara shartnomasi asosida yetkazib beruvchi tashkilotlar bilan qoʻshimcha kelishuv tuzadi.
16. Quyidagilar tutash hududda tijorat obyektining ixtisoslashuv turlari hisoblanadi:
a) umumiy ovqatlanish faoliyati:
mavsumiy kafe;
kichik oshxona;
b) quyidagi mahsulotlar savdosi:
non va non mahsulotlari, qandolat mahsulotlari;
goʻsht va goʻsht mahsulotlari;
sut va sut mahsulotlari;
meva-sabzavotlar va poliz ekinlari, shuningdek, quruq mevalar, pista va yongʻoqlar;
muzqaymoq va alkogolsiz ichimliklar;
boshqa oziq-ovqat mahsulotlari;
nashriyot mahsulotlari;
gullar;
xalq badiiy va amaliy sanʼati buyumlari;
hunarmandchilik mahsulotlari, suvenirlar, kiyim-kechak, poyabzal va yengil sanoat buyumlari;
nooziq-ovqat mahsulotlari;
yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yengil konstruksiyali koʻchma muzlatkichlarda saqlash va sotish;
v) quyidagi xizmatlar:
yengil transport vositalarini (yengil avtomobil, velosiped, samokat, skuter va boshqalar) ijaraga berish va taʼmirlash xizmatlari;
elektromobillarni zaryadlash;
sartaroshlik xizmatlari;
kosmetolog xizmatlari;
poyabzal taʼmirlash xizmati;
maishiy texnika vositalarini taʼmirlash xizmati;
kalit yasash xizmati.
Tadbirkorlik subyektlari ijaraga olingan tutash hududda tijorat faoliyati obyektining ixtisoslashuviga koʻra faoliyat turlarining bir nechtasi bilan shugʻullanishi mumkin.
Bunda ushbu faoliyat qonunchilikda nazarda tutilgan savdo va xizmat koʻrsatish qoidalariga amal qilgan hamda shtrix-kodlar va raqamli markirovka kodlarini toʻgʻri oʻqishni va aniqlashni taʼminlovchi maxsus qurilmalardan (2D skanerlar), onlayn nazorat-kassa texnikalari yoki virtual kassalaridan hamda hisob-kitob terminalidan foydalangan holda amalga oshiriladi.
17. Quyidagi tutash hududlarda tijorat faoliyati obyektlarining joylashtirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:
madaniy meros obyektlari va qoʻriqlanadigan tabiiy hududlar fasadi oldida;
bino va inshootlarning yongʻinga qarshi oraliqlarida;
muhandislik kommunikatsiyalariga zarar yetkazadigan (himoya) zonalarda;
chorrahalarga 15 metrdan yaqinroq joylarda;
piyodalar oʻtish joylarida;
velosiped yoʻlaklarida;
yoʻl qatnov qismining xavfli burilishlarida;
loaqal bir yoʻnalishdagi koʻrinish masofasi yuz metrdan kam boʻlgan yoʻl doʻngliklari yaqinida;
qatnov qismining kesishmalarida va kesishayotgan qatnov qismi chetiga oʻn besh metrdan kam masofada (uch tomonlama kesishmalarda (chorrahalarda) yondan tutashgan yoʻlning sidirgʻa chiziq yoki ajratuvchi boʻlak bilan ajratilgan qarama-qarshi tomoni bundan mustasno);
transport vositasi svetofor ishoralari, yoʻl belgilarini boshqa transport vositalarining haydovchilaridan toʻsib qoʻyadigan, boshqa harakatlanishiga (kirish va chiqishiga) imkon qoldirmaydigan yoki piyodalarning harakatiga xalaqit beradigan joylarda;
“toʻxtash taqiqlanadi” yoʻl belgisi yoki “toʻxtash taqiqlanadi” yoʻl chizigʻi taʼsiri doirasida.
18. Sotish uchun taklif etilayotgan tovarlar (xizmatlar) turlari va roʻyxati tijorat faoliyati obyektining ixtisoslashuviga muvofiq sotuvchi tomonidan mustaqil ravishda belgilanadi.
19. Savdo avtomatlari orqali ommaviy talabdagi, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga javob beradigan tovarlar (choy, kofe, salqin va alkogolsiz ichimliklar, nooziq-ovqat tovarlari (gazeta va matbaa mahsulotlari), qandolat va non mahsulotlari, shirinliklar) sotiladi, xizmatlar koʻrsatiladi.
20. Savdo avtomatlarini mahsulot bilan taʼminlash va ularga texnik xizmat koʻrsatish tijorat faoliyati subyektlariga yuklanadi, shuningdek, ular zimmasiga tovar-moddiy boyliklarni saqlash boʻyicha choralar koʻrish hamda savdo avtomati buzilganda tovarlar buzilishining oldini olish ham yuklanadi.
21. Tutash hududlarda obyektlarni oʻrnatish (qurish) boʻyicha qoʻshimcha shartlar quyidagilar hisoblanadi:
tutash hududni joylashtirish, oʻrnatish (qurish) va undan foydalanish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga, texnik reglamentlar, shaharsozlik normalari va qoidalari, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari, yongʻin xavfsizligi talablariga, shuningdek “dizayn-kod”ga muvofiq qurish (moslashtirish) normalariga rioya etish;
tutash hududni joylashtirishda (oʻrnatishda, qurishda) aholi (shu jumladan, piyodalar yoʻlaklari), shuningdek, tezkor va maxsus xizmatlarning transport vositalari erkin harakatlanishiga xalaqit bermaslik, muhandislik-kommunikatsiya tizimlaridan foydalanishga, bino va inshootlarga kirib-chiqishga toʻsqinlik qilmaslik;
muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari muhofaza zonalariga qoʻyilgan talablariga qatʼiy rioya etish hamda muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlariga zarar yetkazmaslik;
zarur boʻlgan taqdirda, tutash hududdagi barcha yopiq xonalar va kabinalarga shamollatish (ventilyatsiya qilish) tizimini oʻrnatish, shuningdek, ichimlik suvi, tabiiy gaz, elektr energiyasi va oqova suvning tashqi kommunikatsiya tarmoqlariga ulanish uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda arxitektura-rejalashtirish topshiriqlari va alohida loyihalar ishlab chiqilishini taʼminlash.
22. Tutash hududda obyektlar tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasida nazarda tutilgan muddatning boshlanish sanasidan keyin oʻrnatiladi (quriladi).
23. Tutash hududdagi obyekt faoliyati tugatilgan taqdirda, obyekt uning faoliyati toʻxtatilgan yoki tugatilgan sanadan eʼtiboran oʻn besh kun ichida qismlarga ajratiladi (demontaj qilinadi).
24. Tutash hududlar joylashgan hududda favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda yongʻin oʻchirish, boshqa tezkor xizmatlarning avtotransport vositalari erkin harakatlanishi uchun bino va inshootlar oʻrtasida ochiq masofa, yopiq hududlarda esa kamida ikkita kirish-chiqish darvozalari boʻlishi lozim.
25. Tutash hududdagi tijorat faoliyati obyektlari soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlarni Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga muvofiq toʻlaydilar.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
26. Tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasi shartlarining buzilishi bilan bogʻliq nizolar oʻzaro muzokaralar asosida yoki sud tartibida hal qilinadi.
27. Tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasini tuzmasdan yoki aniq maydoni shartnomada koʻrsatilmagan (yoki kam koʻrsatgan holda) foydalanishga berish holati aniqlanganda, ijaraga beruvchi oʻn ish kuni ichida ushbu tutash hudud qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda foydalanishga berilishini tashkil etadi.
28. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlariga tegishli bino va inshootlarga hamda yer uchastkalariga tutash hududlardan tijorat maqsadlarida mavsumiy foydalanish tartibini tasdiqlash toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yerlaridan mavsumiy umumiy ovqatlanish, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini tashkil qilish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tuman (shahar) hokimlari Tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi, kadastr, soliq idoralari takliflari asosida kelgusi yil uchun tuman (shahar) hududidagi aholi punktlarining umumiy foydalanishdagi yer uchastkalarida tijorat faoliyati obyektlarini joylashtirish sxemasini tasdiqlaydi. 2025-yil 1-oktabrdan boshlab har yili 1-yanvarga qadar 2-bosqich 1. Hududiy arxitektura-shaharsozlik kengashlari — Toshkent va Nukus shaharlari hamda viloyatlar boʻysunuvidagi shaharlar uchun. 2. Tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimlari — boshqa aholi punktlari uchun. Oʻz hisobidan mavsumiy savdo va xizmat koʻrsatish obyektlarini koʻcha va binolarga mos arxitektura qiyofasida hamda aholi uchun qulay va xavfsiz qilib loyihalashtirishga doir yagona talablar va tavsiyalarni (“dizayn-kod”) tasdiqlaydi. 2026-yil 1-fevralga qadar 3-bosqich Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi organlari Koʻchalarning nomini koʻrsatgan holda, tijorat faoliyati obyektlarini joylashtirish sxemasi va “dizayn-kod”ini rasmiy veb-sahifalariga joylashtiradi. Har yili 1-fevralga qadar 4-bosqich Ijaraga oluvchi Ijaraga beruvchiga tutash hududdagi yer uchastkasidan vaqtincha foydalanish maqsadida ijara shartnomasi tuzish boʻyicha murojaat qiladi. 2026-yil 1-fevraldan boshlab doimiy ravishda 5-bosqich Ijaraga beruvchi Tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha Soliq qoʻmitasining ijara shartnomalarini hisobga olish elektron tizimi orqali ijara shartnomasini tuzadi yoki asoslantirilgan holda rad javobini beradi. 5 ish kuni ichida 6-bosqich Soliq qoʻmitasi Mavsumiy savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini amalga oshirish uchun tutash yer uchastkasidan haq evaziga foydalanish boʻyicha ijara shartnomalarini ushbu yer uchastkalari doimiy foydalanishga berilgan davlat organlari, muassasalari va korxonalari hamda oʻziga tutash hududda mavsumiy savdo va xizmat koʻrsatish faoliyatini amalga oshirish istagini bildirgan tadbirkorlik subyekti oʻrtasida Soliq qoʻmitasining ijara shartnomalarini hisobga olish elektron tizimi orqali rasmiylashtiradi. 2025-yil 1-yanvardan boshlab doimiy ravishda 7-bosqich Davlat kadastrlari palatasi hududiy boʻlinmalari Ijaraga beruvchining koʻrsatmasiga asosan tutash hududdan vaqtincha foydalanish boʻyicha ijara shartnomasini tuzish maqsadga muvofiq deb topganda tutash hudud maydoni boʻyicha oʻlchov ishlarini amalga oshiradi (chegara chizmasini) hamda tegishli dalolatnoma tuzadi va ijaraga beruvchiga taqdim etadi. 5 ish kuni ichida 8-bosqich Ijaraga oluvchi Tutash hududdagi tijorat faoliyati tugatilgan taqdirda, tutash hududni qismlarga ajratadi (demontaj qiladi). 15 kun ichida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 31-iyul,
478-son