UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 31-iyul · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 31 июль · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 июля 2025 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 July 2025 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 4 февралда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 28 майда маъқулланган

Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, шунингдек йод етишмаслиги касалликларини профилактика қилишга ва уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга талон-торож қилганлик, ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик учун жазо чораларини кучайтириш, шунингдек савдо соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, истеъмол бозорини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга доир чоралар кўриш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига энергия ресурсларини оз миқдорда талон-торож қилиш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормаларни белгиловчи қўшимча киритилмоқда.

Бундан ташқари «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мамлакатимизда фақат йодланган ош тузи ишлаб чиқарилишини, олиб кирилишини ва реализация қилинишини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда йодланган туздан мажбурий тарзда фойдаланилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ош тузини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузнинг муомаласига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини белгилаш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун қонун устуворлигини таъминлашга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқий асосларни яратишга, шунингдек аҳолининг соғлиғини сақлашга хизмат қилади.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил, № 5-6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4-5, 126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, № 10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189, 192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, № 5, 175, 179-моддалар, № 6, 231-модда, № 9, 335, 339, 341-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 4, 104, 105-моддалар, № 9, 247, 252-моддалар, № 12/2, 365-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 1, 2-модда, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар, № 4, 224-модда, № 7, 430, 431, 432-моддалар, № 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161, 165, 166-моддалар, № 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469, 471-моддалар, № 9, 591, 592-моддалар, № 10, 674, 676-моддалар, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 203, 204-моддалар, № 7, 449-модда, № 9, 539, 540-моддалар, № 10, 593, 596-моддалар, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, № 2, 142-модда, № 3, 217-модда, № 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800, 802, 803-моддалар, № 9, 903-модда, № 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, № 11, 1066-модда; 2022 йил, № 1, 1, 2-моддалар, № 2, 80, 81-моддалар, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, № 8, 787-модда, № 10, 981, 984-моддалар, № 12, 1188-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, № 4, 265, 266, 268-моддалар, № 5, 319, 320-моддалар, № 7, 533, 534, 535, 537, 539-моддалар, № 8, 634-модда, № 10, 798-модда, № 11, 921, 923, 924-моддалар, № 12, 1004-модда; 2024 йил, № 1, 5, 7, 8, 9-моддалар, № 2, 102, 111, 115, 116-моддалар, № 3, 243, 245-моддалар, № 6, 530, 532-моддалар, № 7, 629-модда, № 8, 826, 829, 831-моддалар, № 9, 954, 964, 965-моддалар, № 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1078, 1083, 1084-моддалар, № 11, 1187, 1188, 1189-моддалар, № 12, 1279, 1280, 1282, 1286, 1287-моддалар; 2025 йил, № 1, 5, 8-моддалар) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1) 61-модда учинчи қисмининг диспозицияси «талон-торож қилиш» деган сўзлардан кейин «шунингдек мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг кўмир ёқилғисини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

2) 194-модда :

биринчи қисмининг санкциясидаги «бир» деган сўз «беш» деган сўз билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмининг санкциясидаги «ўн беш» деган сўзлар «ўттиз» деган сўз билан алмаштирилсин;

3) 194 1 -модда :

биринчи қисмининг санкциясидаги «бир» деган сўз «беш» деган сўз билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмининг санкциясидаги «ўн беш» деган сўзлар «ўттиз» деган сўз билан алмаштирилсин.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 221-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 5-6, 59-модда; 2002 йил, № 4-5, 74-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 413-модда; 2006 йил, № 10, 536-модда; 2008 йил, № 4, 183-модда; 2010 йил, № 10, 380-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда; 2019 йил, № 12, 891-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 1, 4-модда; 2023 йил, № 2, 106-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда; 2025 йил, № 1, 7-модда) қуйидаги мазмундаги 12 1 -модда билан тўлдирилсин:

«12 1 -модда. Олди-сотди шартномаси бўйича товарни топшириш муддатини (муддатларини) бузиш

Олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартномада белгиланган муддатда (муддатларда) товарни истеъмолчига топшириши шарт.

Товарни топшириш сотувчи томонидан олди-сотди шартномасига мувофиқ уни истеъмолчига ёки у кўрсатган шахсга топшириш йўли билан амалга оширилади.

Сотувчи олди-сотди шартномасида кўрсатилган муддатда (муддатларда) товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда, сотувчи кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (шартномада кўрсатилган дақиқа, соат, кун) учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги керак. Пеняни тўлаш сотувчини олди-сотди шартномасида кўрсатилган муддатда (муддатларда) товарни топшириш бўйича мажбуриятни бузганлик оқибатида истеъмолчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашдан озод этмайди.

Сотувчининг ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган пеняни тўлаши ва зарарнинг ўрнини қоплаши сотувчини мажбуриятларни асл ҳолида бажаришдан озод этмайди.

Олди-сотди шартномасини тузишда ва савдо қоидаларини белгилашда пеня миқдори ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган миқдордан кам этиб белгиланиши мумкин эмас».

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 3 майда қабул қилинган «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ-97-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 5, 219-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 11, 1061-модда; 2023 йил, № 1, 2-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

1) 5-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги «туз» деган сўз «ош тузини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 7-модданинг тўртинчи ва бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш учун фойдаланиладиган таркибида йод бўлган препаратларни, уларга қўйиладиган талабларни, ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузни ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга ва реализация қилишга қўйиладиган санитария қоидаларини, нормаларини ва гигиена нормативларини белгилайди;

йодланган тузнинг ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, олиб кирилиши ҳамда реализация қилиниши устидан назоратни амалга оширади»;

3) 15-модданинг номи ва биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«15-модда. Ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган, олиб кириладиган ва реализация қилинадиган барча ош тузи йодланган бўлиши керак. Барча озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фақат йодланган туздан фойдаланилади»;

4) 16-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган, таркибида йод бўлган препаратлардан фойдаланилади. Ош тузини ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш, йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назорати қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади».

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 2-моддаси ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Ушбу Қонуннинг 3-моддаси ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан олти ой ўтгач амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 31 июль,

ЎРҚ-1078-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2025 й., 03/25/1078/0682-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 4-fevralda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 28-mayda maʼqullangan

Keyingi yillarda mamlakatimizda fuqarolarning huquqlari va qonuniy manfaatlari himoya qilinishini taʼminlashga hamda huquqbuzarliklarning oldini olishga, isteʼmolchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlari ishonchli himoya qilinishiga, shuningdek yod yetishmasligi kasalliklarini profilaktika qilishga va ularning oldini olishga qaratilgan tizimli ishlar olib borilmoqda.

Shu bilan birga talon-toroj qilganlik, ichki ishlar organlari xodimining va Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi harbiy xizmatchisining (xodimining) qonuniy talablarini bajarmaslik uchun jazo choralarini kuchaytirish, shuningdek savdo sohasida isteʼmolchilarning huquqlari himoya qilinishini taʼminlash uchun qoʻshimcha shart-sharoitlar yaratish, isteʼmol bozorini yodlangan tuz va yodlangan oziq-ovqat mahsulotlari bilan toʻldirishga doir choralar koʻrish zaruriyati yuzaga kelmoqda.

Ushbu Qonun bilan Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga energiya resurslarini oz miqdorda talon-toroj qilish hamda ichki ishlar organlari xodimining va Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi harbiy xizmatchisining (xodimining) qonuniy talablarini bajarmaslik bilan bogʻliq huquqbuzarliklar uchun jazo choralari kuchaytirilishini nazarda tutuvchi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilmoqda.

Shuningdek “Isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga sotuvchilarni oldi-sotdi shartnomasida koʻrsatilgan majburiyatlarni oʻz vaqtida bajarishga undaydigan normalarni belgilovchi qoʻshimcha kiritilmoqda.

Bundan tashqari “Yod yetishmasligi kasalliklari profilaktikasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga mamlakatimizda faqat yodlangan osh tuzi ishlab chiqarilishini, olib kirilishini va realizatsiya qilinishini, oziq-ovqat mahsulotlarini ishlab chiqarishda yodlangan tuzdan majburiy tarzda foydalanilishini, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining osh tuzini hamda oziq-ovqat mahsulotlarini yodlashga, yodlangan tuzning muomalasiga doir sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlarini belgilash sohasidagi vakolatlari aniqlashtirilishini nazarda tutuvchi oʻzgartirishlar kiritilmoqda.

Ushbu Qonun qonun ustuvorligini taʼminlashga, isteʼmolchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlari himoya qilinishini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha huquqiy asoslarni yaratishga, shuningdek aholining sogʻligʻini saqlashga xizmat qiladi.

1-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 1994-yil 22-sentabrda qabul qilingan 2015-XII-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1995-yil, № 3, 6-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1995-yil, № 9, 193-modda, № 12, 269-modda; 1996-yil, № 5-6, 69-modda, № 9, 144-modda; 1997-yil, № 2, 56-modda, № 4-5, 126-modda, № 9, 241-modda; 1998-yil, № 3, 38-modda, № 5-6, 102-modda, № 9, 181-modda; 1999-yil, № 1, 20-modda, № 5, 124-modda, № 9, 229-modda; 2000-yil, № 5-6, 153-modda, № 7-8, 217-modda; 2001-yil, № 1-2, 23-modda, № 9-10, 165, 182-moddalar; 2002-yil, № 1, 20-modda, № 9, 165-modda; 2003-yil, № 1, 8-modda, № 5, 67-modda, № 9-10, 149-modda; 2004-yil, № 1-2, 18-modda, № 5, 90-modda, № 9, 171-modda; 2005-yil, № 1, 18-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2005-yil, № 9, 312-modda, № 12, 413, 417, 418-moddalar; 2006-yil, № 6, 261-modda, № 9, 498-modda, № 10, 536-modda, № 12, 656, 659-moddalar; 2007-yil, № 4, 158, 159, 164, 165-moddalar, № 9, 416, 421-moddalar, № 12, 596, 604, 607-moddalar; 2008-yil, № 4, 181, 189, 192-moddalar, № 9, 486, 488-moddalar, № 12, 640, 641-moddalar; 2009-yil, № 1, 1-modda, № 9, 334, 335, 337-moddalar, № 10, 380-modda, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-moddalar; 2010-yil, № 5, 175, 179-moddalar, № 6, 231-modda, № 9, 335, 339, 341-moddalar, № 10, 380-modda, № 12, 468, 473, 474-moddalar; 2011-yil, № 1, 1-modda, № 4, 104, 105-moddalar, № 9, 247, 252-moddalar, № 12/2, 365-modda; 2012-yil, № 4, 108-modda, № 9/1, 242-modda, № 12, 336-modda; 2013-yil, № 4, 98-modda, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 1, 2-modda, № 5, 130-modda, № 9, 244-modda, № 12, 341, 343-moddalar; 2015-yil, № 6, 228-modda, № 8, 310, 312-moddalar, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 1, 2-modda, № 4, 125-modda, № 9, 276-modda, № 12, 383, 385-moddalar; 2017-yil, № 4, 137-modda, № 6, 300-modda, № 9, 510-modda, № 10, 605-modda; 2018-yil, № 1, 1, 4, 5-moddalar, № 4, 224-modda, № 7, 430, 431, 432-moddalar, № 10, 671, 673, 679-moddalar; 2019-yil, № 1, 1, 3, 5-moddalar, № 2, 47-modda, № 3, 161, 165, 166-moddalar, № 5, 259, 261, 267, 268-moddalar, № 7, 386-modda, № 8, 469, 471-moddalar, № 9, 591, 592-moddalar, № 10, 674, 676-moddalar, № 11, 787, 791-moddalar, № 12, 880, 891-moddalar; 2020-yil, № 1, 4-modda, № 3, 203, 204-moddalar, № 7, 449-modda, № 9, 539, 540-moddalar, № 10, 593, 596-moddalar, № 11, 651-modda, № 12, 691-modda; 2021-yil, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-moddalar, № 2, 142-modda, № 3, 217-modda, № 4, 290, 293-moddalar, 4-songa ilova, № 8, 800, 802, 803-moddalar, № 9, 903-modda, № 10, 966, 967, 968, 973-moddalar, № 11, 1066-modda; 2022-yil, № 1, 1, 2-moddalar, № 2, 80, 81-moddalar, № 3, 215, 216-moddalar, № 4, 337-modda, № 5, 464, 465, 466, 467-moddalar, № 8, 787-modda, № 10, 981, 984-moddalar, № 12, 1188-modda; 2023-yil, № 3, 184, 185, 188, 189-moddalar, № 4, 265, 266, 268-moddalar, № 5, 319, 320-moddalar, № 7, 533, 534, 535, 537, 539-moddalar, № 8, 634-modda, № 10, 798-modda, № 11, 921, 923, 924-moddalar, № 12, 1004-modda; 2024-yil, № 1, 5, 7, 8, 9-moddalar, № 2, 102, 111, 115, 116-moddalar, № 3, 243, 245-moddalar, № 6, 530, 532-moddalar, № 7, 629-modda, № 8, 826, 829, 831-moddalar, № 9, 954, 964, 965-moddalar, № 10, 1070, 1071, 1073, 1077, 1078, 1083, 1084-moddalar, № 11, 1187, 1188, 1189-moddalar, № 12, 1279, 1280, 1282, 1286, 1287-moddalar; 2025-yil, № 1, 5, 8-moddalar) quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 61-modda uchinchi qismining dispozitsiyasi “talon-toroj qilish” degan soʻzlardan keyin “shuningdek mulkchilik shaklidan qatʼi nazar korxona, muassasa, tashkilotlarning koʻmir yoqilgʻisini oʻgʻirlash, oʻzlashtirish, rastrata qilish, mansab lavozimini suiisteʼmol qilish yoki firibgarlik yoʻli bilan oz miqdorda talon-toroj qilish” degan soʻzlar bilan toʻldirilsin;

2) 194-modda :

birinchi qismining sanksiyasidagi “bir” degan soʻz “besh” degan soʻz bilan almashtirilsin;

ikkinchi qismining sanksiyasidagi “oʻn besh” degan soʻzlar “oʻttiz” degan soʻz bilan almashtirilsin;

3) 194 1 -modda :

birinchi qismining sanksiyasidagi “bir” degan soʻz “besh” degan soʻz bilan almashtirilsin;

ikkinchi qismining sanksiyasidagi “oʻn besh” degan soʻzlar “oʻttiz” degan soʻz bilan almashtirilsin.

2-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 1996-yil 26-aprelda qabul qilingan “Isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi 221-I-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1996-yil, № 5-6, 59-modda; 2002-yil, № 4-5, 74-modda; 2003-yil, № 5, 67-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2005-yil, № 12, 413-modda; 2006-yil, № 10, 536-modda; 2008-yil, № 4, 183-modda; 2010-yil, № 10, 380-modda; 2013-yil, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 1, 2-modda; 2016-yil, № 4, 125-modda; 2017-yil, № 6, 300-modda, № 9, 510-modda; 2018-yil, № 1, 1-modda; 2019-yil, № 12, 891-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 1, 4-modda; 2023-yil, № 2, 106-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda; 2025-yil, № 1, 7-modda) quyidagi mazmundagi 12 1 -modda bilan toʻldirilsin:

“12 1 -modda. Oldi-sotdi shartnomasi boʻyicha tovarni topshirish muddatini (muddatlarini) buzish

Oldi-sotdi shartnomasiga muvofiq sotuvchi shartnomada belgilangan muddatda (muddatlarda) tovarni isteʼmolchiga topshirishi shart.

Tovarni topshirish sotuvchi tomonidan oldi-sotdi shartnomasiga muvofiq uni isteʼmolchiga yoki u koʻrsatgan shaxsga topshirish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

Sotuvchi oldi-sotdi shartnomasida koʻrsatilgan muddatda (muddatlarda) tovarni topshirish boʻyicha majburiyatni bajarmagan taqdirda, sotuvchi kechiktirilgan har bir vaqt birligi (shartnomada koʻrsatilgan daqiqa, soat, kun) uchun majburiyatning bajarilmagan qismining 0,5 foizi miqdorida isteʼmolchiga penya toʻlaydi, biroq bunda penyaning umumiy summasi topshirilmagan tovar bahosidan oshib ketmasligi kerak. Penyani toʻlash sotuvchini oldi-sotdi shartnomasida koʻrsatilgan muddatda (muddatlarda) tovarni topshirish boʻyicha majburiyatni buzganlik oqibatida isteʼmolchiga yetkazilgan zararning oʻrnini qoplashdan ozod etmaydi.

Sotuvchining ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan penyani toʻlashi va zararning oʻrnini qoplashi sotuvchini majburiyatlarni asl holida bajarishdan ozod etmaydi.

Oldi-sotdi shartnomasini tuzishda va savdo qoidalarini belgilashda penya miqdori ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan miqdordan kam etib belgilanishi mumkin emas”.

3-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2007-yil 3-mayda qabul qilingan “Yod yetishmasligi kasalliklari profilaktikasi toʻgʻrisida”gi OʻRQ-97-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2007-yil, № 5, 219-modda; 2015-yil, № 6, 228-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 11, 1061-modda; 2023-yil, № 1, 2-modda) quyidagi oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 5-modda ikkinchi qismining toʻrtinchi xatboshisidagi “tuz” degan soʻz “osh tuzini” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

2) 7-moddaning toʻrtinchi va beshinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“osh tuzini va oziq-ovqat mahsulotlarini yodlash uchun foydalaniladigan tarkibida yod boʻlgan preparatlarni, ularga qoʻyiladigan talablarni, osh tuzini va oziq-ovqat mahsulotlarini yodlashga, yodlangan tuzni ishlab chiqarishga, tashishga, saqlashga va realizatsiya qilishga qoʻyiladigan sanitariya qoidalarini, normalarini va gigiyena normativlarini belgilaydi;

yodlangan tuzning va yodlangan oziq-ovqat mahsulotlarining sifati, ishlab chiqarilishi, saqlanishi, olib kirilishi hamda realizatsiya qilinishi ustidan nazoratni amalga oshiradi”;

3) 15-moddaning nomi va birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“15-modda. Osh tuzini va oziq-ovqat mahsulotlarini yodlash

Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqariladigan, olib kiriladigan va realizatsiya qilinadigan barcha osh tuzi yodlangan boʻlishi kerak. Barcha oziq-ovqat mahsulotlarini ishlab chiqarishda faqat yodlangan tuzdan foydalaniladi”;

4) 16-moddaning ikkinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Osh tuzini va oziq-ovqat mahsulotlarini yodlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilanadigan, tarkibida yod boʻlgan preparatlardan foydalaniladi. Osh tuzini va oziq-ovqat mahsulotlarini yodlash, yodlangan tuz va yodlangan oziq-ovqat mahsulotlarining sifati hamda xavfsizligi, ularni saqlash sharoitlari ustidan davlat nazorati qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi”.

4-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Sogʻliqni saqlash vazirligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

5-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

6-modda. Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Ushbu Qonunning 2-moddasi ushbu Qonun kuchga kirgan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach amalga kiritiladi.

Ushbu Qonunning 3-moddasi ushbu Qonun kuchga kirgan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgach amalga kiritiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 31-iyul,

OʻRQ-1078-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.08.2025-y., 03/25/1078/0682-son)

lex.uz