📅 2025-yil 1-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 1-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 1 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
ТАРКИБИ
«Sea breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 9 ва 24-моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 сентябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламентига мувофиқ, республикада ички ва ташқи туризм учун қулай шароитлар яратиш, янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали замонавий курорт барпо этиш, шунингдек, бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 гектар ер майдонида қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан «Agalarov Development» МЧЖ (Озарбайжон) иштирокидаги «Sea Breeze Uzbekistan» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона (кейинги ўринларда — «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ)нинг таклифлари энг яхши таклиф сифатида танлаб олингани;
ушбу лойиҳанинг бош режасини тезкор ва сифатли ишлаб чиқиш мақсадида «Scott Brownrigg» компанияси (Буюк Британия) жалб этилиб, амалий ишлар бошлаб юборилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент вилояти ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорга 1-иловада келтирилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича босқичма-босқич амалдаги ер эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари белгиланган тартибда бекор қилинишини, туман ҳокимлигининг тасарруфида бўлган бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олинишини ҳамда ер тоифасини ўзгартириш мақсадида Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига киритиб борилишини таъминласин.
3. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги ушбу қарорга 1-иловага мувофиқ 577 гектар ер участкасининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги тасарруфига қайтарилган ва бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олинган қисмлари, ер участкаларининг тоифаси ўзгартирилганидан сўнг «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖга ижара муддати тугагандан кейин янги муддатга узайтириш бўйича устувор ҳуқуқ билан 25 йилга тўғридан-тўғри ижарага берилсин.
4. Белгилансинки, «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ:
ижарага берилаётган ер участкасида 2025 — 2035 йилларда умумий қиймати 5 млрд АҚШ доллари бўлган «Sea breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширади;
577 гектар ер участкаси унга ижарага берилгандан сўнг, 25 йилга ижарага олиш ҳуқуқининг баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган бозор қиймати — 1,7 трлн сўмга 0,01 камайтирувчи коэффициент қўлланган ҳолда якуний 17 млрд сўм миқдоридаги маблағни 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш мажбуриятини олади;
ер участкаларини тасдиқланган мастер-режа асосида лотларга бўлган ҳолда, ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини нотариал тартибда келишиладиган шартлар асосида ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган тартибда бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин.
5. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси икки ой муддатда «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ билан ушбу қарорда белгиланган шартлар асосида инвестиция битими тузилишини таъминласин. Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:
а) лойиҳани экологик талабларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, шу жумладан, лойиҳани амалга ошириш даврида ва лойиҳа ишга тушгандан кейин чиқинди ҳамда оқова сувларнинг Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташланишига йўл қўймаслик, оқова сувларни Чирчиқ шаҳри оқова сувларни тозалаш иншоотига йўналтириш чораларини кўриш «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланади. Бунда ушбу талабга риоя этмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ерга бўлган ижара ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади;
б) «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ лойиҳа доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
умуммавсумий курортни барпо этиш бўйича тармоқ режалари ҳамда манзилли дастурларни ишлаб чиқиш;
истисно тариқасида, лойиҳани амалга ошириш доирасида 2029 йил 31 декабрга қадар қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга ошириш;
лойиҳа ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бўйича тегишли ҳужжатларга бўлган талабларни мустақил равишда белгилаш ва тасдиқлаш;
лойиҳа ҳудудида барпо этиладиган объектларга қўйиладиган асосий талабларни мустақил белгилаш;
коммунал бошқариш, инвестиция фаолияти, маркетинг, баҳолаш, геология-қидирув, топографик суратга олиш, бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш хизматларини кўрсатиш;
умуммавсумий курорт ҳудудида истеъмолчиларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тарифларини Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгилаш;
умуммавсумий курортни барпо этиш даврида инвесторларга шартнома асосида сервис, санитария-гигиена, муҳандислик-коммуникация хизматларини кўрсатиш ҳамда уларни транспорт инфратузилмаси объектлари ва ёрдамчи иншоотлар билан таъминлашни ташкил қилиш;
ер участкаларини тасдиқланган мастер-режа асосида лотларга бўлган ҳолда, ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини нотариал тартибда келишиладиган шартлар асосида ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган тартибда бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш);
в) «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ лойиҳа доирасида қуйидаги вазифаларни бажаради:
етакчи хорижий ва маҳаллий лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар ва экологик талаблар асосида умуммавсумий курорт ҳудудини ривожлантириш режалари (мастер-режа), тармоқ режалари ҳамда манзилли дастурларини ишлаб чиқиш;
умуммавсумий курорт ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, салоҳиятли инвесторларни танлаш, улар билан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда битимлар тузиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;
умуммавсумий курорт ҳудудида лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида техник шартларга амал қилиш тўғрисида битимлар тузиш ва уларнинг ижроси устидан мониторинг қилиб бориш;
замонавий уй-жойлар барпо этиш ишларига катта тажрибага эга бўлган маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб қилиш, уларга замонавий услублар, энергия-тежамкор технологиялар ва қурилиш материалларини қўллаш юзасидан мажбурий кўрсатмалар бериш;
қурилишга салоҳиятли инвесторлар, хусусан, хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғида тақдимот тадбирларини ва кенг реклама кампаниясини ташкил этиш;
муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини қуриш учун инфратузилма тўловини тўлаш.
6. Тошкент вилояти ҳокимлиги «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ билан биргаликда ушбу қарорга 1-иловада кўрсатилган ер участкалари доирасида:
а) ерга бўлган ҳуқуқлар белгиланган тартибда бекор қилинганидан кейин тегишли ерларнинг бўш турган ер сифатида ҳисобга олинишини;
б) Бўстонлиқ тумани ҳокими ва «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ ўртасида мазкур қарорда ва инвестиция битимида назарда тутилган шартлар асосида ер ижара шартномалари тузилишини таъминласин.
Бунда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер участкалари ижарачиларига етказилган зарарлар Тошкент вилояти маҳаллий бюджетига «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ томонидан ажратиладиган 5 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
7. «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси икки ҳафта муддатда «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖга «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси иштирокчиси мақоми берилишини таъминласин.
8. Белгилансинки:
а) умуммавсумий курортни барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкасини ижарага (қайта ижарага) олган ташкилот томонидан объект қурилиш ҳажмининг ҳар бир квадрат метри учун мутаносиб равишда 50 АҚШ доллари эквиваленти миқдорида ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини (бош режада белгиланган ерости автотураргоҳи, техник хоналар, шунингдек, давлат ижтимоий объектларини ўз ичига олмайдиган «қурилиш майдони») қуриш учун инфратузилма тўлови тўланади;
б) инфратузилма тўлови лойиҳа доирасида барпо этилаётган ҳар бир объект фойдаланишга қабул қилингунга қадар тўлиқ «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекциясининг шахсий ғазна ҳисобварағига тўланади;
в) «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖга ижарага бериладиган ер участкалари учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар мазкур бандда назарда тутилган инфратузилма тўловлари ҳисобидан «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси томонидан беш йил давомида ҳар йили тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади;
г) «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекциясига мазкур бандда назарда тутилган инфратузилма тўловларидан тушган маблағларни ҳамда Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси маблағларини қуйидаги мақсадларда сарфлаш ҳуқуқи берилади:
ижтимоий аҳамиятга эга объектлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ирригация, мелиорация ва транспорт инфратузилмасини лойиҳалаштириш ва 6,8 миллион метр квадрат қувватга етадиган муҳандислик тармоқларини қуриш билан боғлиқ ишларни молиялаштириш;
мутахассисларни, шу жумладан, юқори малакали мутахассислар, хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошларни жалб этиш ҳамда уларга ҳақ тўлаш;
д) лойиҳа ҳудудида жойлашган жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари (қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ер участкаларидан ташқари) «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ томонидан уларнинг мулкдорлари билан келишув асосида сотиб олинади;
е) «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖга қурилиш лойиҳа объектларини барпо этиш учун қўшимча салоҳиятли инвесторларни жалб этишга рухсат берилади;
ж) тасдиқланган бош режа ва тармоқ жадвалига мувофиқ қурилиш муддатлари бузилган тақдирда, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича талабнома тақдим этилган кундан бошлаб, ўн икки ой ичида бартараф этилмаган ҳолатда, ер участкалари бўйича ижара (қайта ижара) шартномалари бекор қилинади;
з) қурилиши кейинги босқичлар учун мўлжалланган захира сифатида олиб қўйилган ва фойдаланилмаётган ер участкалари ҳудудида ердан фойдаланишда ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу ер участкалари қайтарилади. Бунда лойиҳани амалга ошириш учун сарфланган маблағлар қоплаб берилмайди;
и) «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ мурожаатига мувофиқ яшил майсаларни кесиш ва яшил майдонларни қайта тиклаш ишлари Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
9. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2026 йил 1 январга қадар автомобиль йўллари, ичимлик ва оқова сув таъминоти, электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш ҳамда Чорвоқ сув омбори ҳудудида кўприк (вантовый) қуриш мақсадида халқаро молия институтлари кредитларини ва давлат-хусусий шериклик асосида инвесторлар маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.
10. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:
а) Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда лойиҳани амалга оширишда:
сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳилбўйи минтақасига қўйилган талабларга риоя қилиниши;
муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, сувни муҳофаза қилиш ва санитария зоналарида қурилиш ишларини олиб бормаслик;
Чорвоқ сув омборига оқова сувларни ташлашга йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат ўрнатсин;
б) Бош прокуратура билан ҳамкорликда:
Чорвоқ сув омборининг акваториясига, унинг муҳофаза зонаси ҳудудига маиший, саноат чиқиндилари ва оқова сувлар ташланишининг олдини олиш мақсадида доимий ва ҳар томонлама назорат ўрнатилишини таъминласин ҳамда атроф-муҳитнинг ифлосланишини бартараф этиш, санитария-экологик меъёрларга риоя қилиниши ва соғлом экологик муҳитни сақлаш бўйича қатъий чоралар кўрсин;
Кадастр агентлиги билан биргаликда Чорвоқ сув омбори атрофидаги ҳудудларда бино ва иншоотларни, шу жумладан, янги қурилаётганларини хатловдан ўтказиб, уларнинг экологик талабларга мувофиқ қурилмагани ва атроф-муҳитни ифлослантирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этишни ҳамда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини таъминласин;
в) «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида умуммавсумий курорт барпо этиш лойиҳаси қуриладиган ҳудудда мавжуд дарахтларни хатловдан ўтказсин ҳамда хатлов натижаларига кўра, қурилишости ҳудудларига тўғри келаётган дарахтларни қимматбаҳо, кам қимматли ва нобуд бўлган тоифаларга ажратсин. Бунда «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖга:
қимматбаҳо дарахтларни умуммавсумий курорт барпо этиш лойиҳасига асосан ташкил этилаётган яшил зоналарга ёки ўрмон фондининг бошқа ерларига кўчиришга;
кам қимматли дарахтларни бошқа ҳудудга кўчириш ёки дарахт кесганлик учун тўловни амалга оширмасдан бир туп кесилган дарахт ўрнига компенсация сифатида тупроқ-иқлим шароитига мос 5 — 7 йиллик 10 туп кўчат экишга;
нобуд бўлган дарахтларни белгиланган тартибда кесишга рухсат берилсин.
11. «Sea breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича республика ишчи гуруҳи 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Республика ишчи гуруҳига лойиҳани амалга ошириш доирасида юзага келадиган барча ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш вазифаси юклансин.
12. Республика ишчи гуруҳи, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 сентябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламентида белгиланган тартибда «Sea breeze Uzbekistan» МЧЖ томонидан инвестиция мажбуриятлари бажарилишини мониторинг қилиб борсин.
13. Бош прокурор ўринбосари С.И. Самадовга лойиҳанинг шаҳарсозлик ва экологик талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш юзасидан қатъий прокурор назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
14. Белгилансинки, «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ ва бошқа инвесторлар томонидан мазкур қарорда белгиланган инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган ва ер ижара шартномасида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаган тақдирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-37-моддаларида назарда тутилган ҳолларда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.
15. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Ходжаев:
экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Бош прокурор ўринбосари С.И. Самадов билан биргаликда инвестиция битимида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назорат қилишга шахсан масъул этиб белгилансин;
икки ой муддатда Чорвоқ сув омборига туташ аҳоли ҳудудининг кенгайиши ва ривожланишини инобатга олган ҳолда, келажакда ушбу ҳудудларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, уларни ичимлик ва оқова сув, электр ва алоқа тармоқлари билан таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов ҳамда Тошкент вилояти ҳокими З.Т. Мирзаев белгилансин.
17. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 августдаги 490-сон қарорига 1-ИЛОВА
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Яккатут» ва «Боладала» МФЙ ҳудудларидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг ер тоифасини ўзгартириш мақсадида Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига киритиб бориладиган ер участкалари
Т/р Ердан фойдаланувчи номи Контур рақами Жами ер майдони, га шундан: Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги (минг сўм) Ўзгартириш таклиф этилаётган ер фонди тоифаси/таклиф этилаётган фойдаланиш мақсади суғорилмайдиган (лалмикор) ерлар (га) яйловлар (га) бошқа ерлар (га) 1. «Xusan Nazirov Fayz» ф/х 128 3,8 3,8 410 865,7 Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар/туризм зонаси ва аҳолининг оммавий дам олиш масканларини ташкил этиш учун 2. «Taisiya Zaytuna» ф/х 134қ 1,61 1,61 174 077,3 3. «Mirzokarim-Roxatjon-Bogʻiston» ф/х 134қ, 136қ 12,6 12,6 1 362 344 146қ 1,5 1,5 162 183,8 4. Бурчмулла давлат ўрмон хўжалиги 134қ, 136қ 3,3 3,3 17 840,2 139, 146қ, 150қ 31,7 31,7 171 374,2 25қ 67,9 67,9 55 401,9 49қ 10 10 8 159,3 88қ, 94қ 10,1 10,1 8 240,9 5. «Chorbog» сув омбори бошқармаси 127қ, 129қ, 133қ 10,2 10,2 166 450,6 175, 175а, 176, 177қ, 1, 10, 11, 19, 27 55 55 897 527,6 6. «Bogʻdor-Bakiriddin-Bogʻiston» ф/х 141қ, 150қ, 152, 153 21 21 2 270 573,3 88қ 29,9 29,9 487 928,7 7. «Васила агро фрутс» ф/х 161, 162, 163, 164қ 14,8 14,8 1 600 213,6 8. «Қамхар» МЧЖ 155, 156, 157, 158, 164қ 20 20 2 162 450,8 9. «Istiqbol Agro Zamin Grand» ф/х 164қ, 166, 167 10,26 10,26 1 109 337,3 93қ 10,26 10,26 167 429,7 10. «Muxiddin Agro Biznes» ф/х 171қ 3,2 3,2 345 992,1 11. «Xusan Nazirov Fayz» ф/х 171, 172қ 10,6 10,6 1 146 098,9 12. «Abdukarimov Bobur Bogʻiston» ф/х 174қ, 175қ 10 5 5 622 206,1 93қ 10 10 163 186,8 13. «Erkamboy Bogʻbon Bogʻiston» ф/х 174қ 4,9 4,9 529 800,4 14. «Chorvoq» turistik rekreatsion zona direksiyasi» УК 175а 4,6 4,6 75 065,9 11қ 0,9 0,9 14 686,8 15. «Sari-Xoʻji» ф/х 25қ 15,5 15,5 252 939,6 16. «Odina Ota» ф/х 25қ 12,8 12,8 208 879,2 17. «Абдусаттор ота» ф/х 49қ 9,8 9,8 159 923,1 18. Туман ҳокимлиги захирасидаги ерлар 93қ 50,15 50,15 818 382,0 88қ, 93қ 12,88 12,88 210 184,6 38қ 6,4 6,4 104 439,6 25қ 8,6 8,6 140 340,7 175, 175а, 176, 177қ, 1, 10, 11, 19, 27 35 35 571 153,9 170қ, 171қ, 172қ 2 1 1 124 441,2 173, 175қ, 1,5 1,5 24 478,0 170 3,6 3,6 171қ 3,25 3,25 351 398,3 159, 160, 165 5 5 540 612,7 127қ 1,25 1,25 20 398,4 19. Шорахматов Зулфиқор Владимирович 94қ 1,7 1,7 27 741,8 Жами: х 527,56 153,52 370,4 3,6 17 684 749,2 х
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 августдаги 490-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Sea breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи
1. Ж.А. Ходжаев — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари 2. А.А. Абдухакимов — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. З.Т. Мирзаев — Тошкент вилояти ҳокими, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 4. С.И. Самадов — Бош прокурор ўринбосари 5. Л.Ш. Қудратов — инвестициялар, саноат ва савдо вазири 6. Ж.Т. Мирзамахмудов — энергетика вазири 7. Б.Ф. Исламов — тоғ-кон саноати ва геология вазири 8. Ш.Р. Хамраев — сув хўжалиги вазири 9. С.А. Садуллаев — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 10. Д.К. Адилов — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари 11. Б.Қ. Юсупалиев — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси, Бош давлат санитария врачи 12. Келишув асосида — Давлат хавфсизлик хизмати ходими 13. О.С. Гулямов — «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси директори 14. С.С. Алимов — Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш бўлими ходими, Ишчи гуруҳ котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 1 август,
490-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
TARKIBI
“Sea breeze Uzbekistan” umummavsumiy kurort majmuasini barpo etish boʻyicha yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksining 9 va 24-moddalari hamda Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 21-sentabrdagi 592-son qarori bilan tasdiqlangan Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq, respublikada ichki va tashqi turizm uchun qulay sharoitlar yaratish, yangi arxitektura va texnik yechimlarni joriy etish orqali zamonaviy kurort barpo etish, shuningdek, biznes, moliyaviy va turistik infratuzilmalarni jadal rivojlantirishni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Investitsiyalarni jalb qilish, sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi tomonidan Toshkent viloyati Boʻstonliq tumani hududidagi 577 gektar yer maydonida qiymati 5 mlrd AQSH dollarini tashkil etadigan umummavsumiy kurort majmuasini barpo etish boʻyicha yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish yuzasidan “Agalarov Development” MCHJ (Ozarbayjon) ishtirokidagi “Sea Breeze Uzbekistan” masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi qoʻshma korxona (keyingi oʻrinlarda — “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ)ning takliflari eng yaxshi taklif sifatida tanlab olingani;
ushbu loyihaning bosh rejasini tezkor va sifatli ishlab chiqish maqsadida “Scott Brownrigg” kompaniyasi (Buyuk Britaniya) jalb etilib, amaliy ishlar boshlab yuborilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Toshkent viloyati hokimligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda ushbu qarorga 1-ilovada keltirilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalari boʻyicha bosqichma-bosqich amaldagi yer egalari, foydalanuvchilari va ijarachilarining yer uchastkasiga boʻlgan huquqlari belgilangan tartibda bekor qilinishini, tuman hokimligining tasarrufida boʻlgan boʻsh turgan yer uchastkasi sifatida hisobga olinishini hamda yer toifasini oʻzgartirish maqsadida Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan va oʻrmon fondi yerlarining yer fondi toifalarini oʻzgartirish masalalarini koʻrib chiqish boʻyicha Hukumat komissiyasiga kiritib borilishini taʼminlasin.
3. Toshkent viloyati Boʻstonliq tumani hududidagi ushbu qarorga 1-ilovaga muvofiq 577 gektar yer uchastkasining Boʻstonliq tumani hokimligi tasarrufiga qaytarilgan va boʻsh turgan yer uchastkasi sifatida hisobga olingan qismlari, yer uchastkalarining toifasi oʻzgartirilganidan soʻng “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJga ijara muddati tugagandan keyin yangi muddatga uzaytirish boʻyicha ustuvor huquq bilan 25 yilga toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga berilsin.
4. Belgilansinki, “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ:
ijaraga berilayotgan yer uchastkasida 2025 — 2035-yillarda umumiy qiymati 5 mlrd AQSH dollari boʻlgan “Sea breeze Uzbekistan” umummavsumiy kurort majmuasini barpo etish boʻyicha yirik investitsiya loyihasini amalga oshiradi;
577 gektar yer uchastkasi unga ijaraga berilgandan soʻng, 25 yilga ijaraga olish huquqining baholovchi tashkilot tomonidan aniqlangan bozor qiymati — 1,7 trln soʻmga 0,01 kamaytiruvchi koeffitsiyent qoʻllangan holda yakuniy 17 mlrd soʻm miqdoridagi mablagʻni 5 yil davomida boʻlib-boʻlib toʻlash majburiyatini oladi;
yer uchastkalarini tasdiqlangan master-reja asosida lotlarga boʻlgan holda, har bir yer uchastkasi boʻyicha oʻz huquqlari va majburiyatlarini notarial tartibda kelishiladigan shartlar asosida va Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksida belgilangan tartibda boshqa shaxsga oʻtkazishi (qayta ijaraga berishi) mumkin.
5. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Toshkent viloyati hokimligi hamda “Chorvoq” turistik-rekreatsion zonasi direksiyasi ikki oy muddatda “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ bilan ushbu qarorda belgilangan shartlar asosida investitsiya bitimi tuzilishini taʼminlasin. Bunda quyidagilar nazarda tutilsin:
a) loyihani ekologik talablarga rioya qilgan holda amalga oshirish, shu jumladan, loyihani amalga oshirish davrida va loyiha ishga tushgandan keyin chiqindi hamda oqova suvlarning Chorvoq suv ombori va Chirchiq daryosiga tashlanishiga yoʻl qoʻymaslik, oqova suvlarni Chirchiq shahri oqova suvlarni tozalash inshootiga yoʻnaltirish choralarini koʻrish “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJning asosiy majburiyatlaridan biri etib belgilanadi. Bunda ushbu talabga rioya etmaslik loyihani toʻxtatishga va yerga boʻlgan ijara huquqining bekor qilinishiga asos boʻladi;
b) “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ loyiha doirasida quyidagi huquqlarga ega boʻladi:
umummavsumiy kurortni barpo etish boʻyicha tarmoq rejalari hamda manzilli dasturlarni ishlab chiqish;
istisno tariqasida, loyihani amalga oshirish doirasida 2029-yil 31-dekabrga qadar qurilish-montaj ishlarini loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish bilan bir vaqtda amalga oshirish;
loyiha hududini rivojlantirishni rejalashtirish boʻyicha tegishli hujjatlarga boʻlgan talablarni mustaqil ravishda belgilash va tasdiqlash;
loyiha hududida barpo etiladigan obyektlarga qoʻyiladigan asosiy talablarni mustaqil belgilash;
kommunal boshqarish, investitsiya faoliyati, marketing, baholash, geologiya-qidiruv, topografik suratga olish, bino va inshootlarning texnik holatini tekshirish xizmatlarini koʻrsatish;
umummavsumiy kurort hududida isteʼmolchilarga koʻrsatiladigan kommunal xizmatlar tariflarini Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda belgilash;
umummavsumiy kurortni barpo etish davrida investorlarga shartnoma asosida servis, sanitariya-gigiyena, muhandislik-kommunikatsiya xizmatlarini koʻrsatish hamda ularni transport infratuzilmasi obyektlari va yordamchi inshootlar bilan taʼminlashni tashkil qilish;
yer uchastkalarini tasdiqlangan master-reja asosida lotlarga boʻlgan holda, har bir yer uchastkasi boʻyicha oʻz huquqlari va majburiyatlarini notarial tartibda kelishiladigan shartlar asosida va Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksida belgilangan tartibda boshqa shaxsga oʻtkazish (qayta ijaraga berish);
v) “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ loyiha doirasida quyidagi vazifalarni bajaradi:
yetakchi xorijiy va mahalliy loyiha tashkilotlarini jalb qilgan holda rivojlangan mamlakatlarda muvaffaqiyatli sinovdan oʻtgan amaliyotlar va ekologik talablar asosida umummavsumiy kurort hududini rivojlantirish rejalari (master-reja), tarmoq rejalari hamda manzilli dasturlarini ishlab chiqish;
umummavsumiy kurort hududida loyihalarni amalga oshirish boʻyicha investorlar bilan muzokaralar olib borish, salohiyatli investorlarni tanlash, ular bilan investitsiya va ijtimoiy majburiyatlarni belgilagan holda bitimlar tuzish va ularning ijrosini nazorat qilish;
umummavsumiy kurort hududida loyiha-qidiruv va qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish boʻyicha alohida texnik shartlarga amal qilish toʻgʻrisida bitimlar tuzish va ularning ijrosi ustidan monitoring qilib borish;
zamonaviy uy-joylar barpo etish ishlariga katta tajribaga ega boʻlgan mahalliy va xorijiy kompaniyalarni jalb qilish, ularga zamonaviy uslublar, energiya-tejamkor texnologiyalar va qurilish materiallarini qoʻllash yuzasidan majburiy koʻrsatmalar berish;
qurilishga salohiyatli investorlar, xususan, xorijiy investorlarni jalb etish maqsadida mahalliy va xorijiy ommaviy axborot vositalari orqali, shuningdek, Internet jahon axborot tarmogʻida taqdimot tadbirlarini va keng reklama kampaniyasini tashkil etish;
muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari va transport infratuzilmasini qurish uchun infratuzilma toʻlovini toʻlash.
6. Toshkent viloyati hokimligi “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ bilan birgalikda ushbu qarorga 1-ilovada koʻrsatilgan yer uchastkalari doirasida:
a) yerga boʻlgan huquqlar belgilangan tartibda bekor qilinganidan keyin tegishli yerlarning boʻsh turgan yer sifatida hisobga olinishini;
b) Boʻstonliq tumani hokimi va “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ oʻrtasida mazkur qarorda va investitsiya bitimida nazarda tutilgan shartlar asosida yer ijara shartnomalari tuzilishini taʼminlasin.
Bunda yer egalari, yerdan foydalanuvchilar va yer uchastkalari ijarachilariga yetkazilgan zararlar Toshkent viloyati mahalliy budjetiga “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ tomonidan ajratiladigan 5 mln AQSH dollari miqdoridagi mablagʻlar hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.
7. “Chorvoq” turistik-rekreatsion zonasi direksiyasi ikki hafta muddatda “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJga “Chorvoq” turistik-rekreatsion zonasi ishtirokchisi maqomi berilishini taʼminlasin.
8. Belgilansinki:
a) umummavsumiy kurortni barpo etish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish doirasida yer uchastkasini ijaraga (qayta ijaraga) olgan tashkilot tomonidan obyekt qurilish hajmining har bir kvadrat metri uchun mutanosib ravishda 50 AQSH dollari ekvivalenti miqdorida ijtimoiy ahamiyatga ega obyektlar hamda muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari va transport infratuzilmasini (bosh rejada belgilangan yerosti avtoturargohi, texnik xonalar, shuningdek, davlat ijtimoiy obyektlarini oʻz ichiga olmaydigan “qurilish maydoni”) qurish uchun infratuzilma toʻlovi toʻlanadi;
b) infratuzilma toʻlovi loyiha doirasida barpo etilayotgan har bir obyekt foydalanishga qabul qilingunga qadar toʻliq “Chorvoq” turistik-rekreatsion zonasi direksiyasining shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga toʻlanadi;
v) “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJga ijaraga beriladigan yer uchastkalari uchun qishloq xoʻjaligi va oʻrmon xoʻjaligi ishlab chiqarishi nobudgarchiliklarining oʻrnini qoplash boʻyicha toʻlovlar mazkur bandda nazarda tutilgan infratuzilma toʻlovlari hisobidan “Chorvoq” turistik-rekreatsion zonasi direksiyasi tomonidan besh yil davomida har yili teng ulushlarda boʻlib-boʻlib toʻlanadi;
g) “Chorvoq” turistik-rekreatsion zonasi direksiyasiga mazkur bandda nazarda tutilgan infratuzilma toʻlovlaridan tushgan mablagʻlarni hamda Togʻli va olis hududlarda turistik infratuzilmani rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini quyidagi maqsadlarda sarflash huquqi beriladi:
ijtimoiy ahamiyatga ega obyektlar, muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari, irrigatsiya, melioratsiya va transport infratuzilmasini loyihalashtirish va 6,8 million metr kvadrat quvvatga yetadigan muhandislik tarmoqlarini qurish bilan bogʻliq ishlarni moliyalashtirish;
mutaxassislarni, shu jumladan, yuqori malakali mutaxassislar, xorijiy ekspertlar va xorijda yashaydigan vatandoshlarni jalb etish hamda ularga haq toʻlash;
d) loyiha hududida joylashgan jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli koʻchmas mulk obyektlari (qishloq xoʻjaligi va oʻrmon xoʻjaligi yer uchastkalaridan tashqari) “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ tomonidan ularning mulkdorlari bilan kelishuv asosida sotib olinadi;
e) “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJga qurilish loyiha obyektlarini barpo etish uchun qoʻshimcha salohiyatli investorlarni jalb etishga ruxsat beriladi;
j) tasdiqlangan bosh reja va tarmoq jadvaliga muvofiq qurilish muddatlari buzilgan taqdirda, aniqlangan huquqbuzarliklar boʻyicha talabnoma taqdim etilgan kundan boshlab, oʻn ikki oy ichida bartaraf etilmagan holatda, yer uchastkalari boʻyicha ijara (qayta ijara) shartnomalari bekor qilinadi;
z) qurilishi keyingi bosqichlar uchun moʻljallangan zaxira sifatida olib qoʻyilgan va foydalanilmayotgan yer uchastkalari hududida yerdan foydalanishda huquqbuzarliklar aniqlangan taqdirda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ushbu yer uchastkalari qaytariladi. Bunda loyihani amalga oshirish uchun sarflangan mablagʻlar qoplab berilmaydi;
i) “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ murojaatiga muvofiq yashil maysalarni kesish va yashil maydonlarni qayta tiklash ishlari Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi tizimidagi tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladi.
9. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 2026-yil 1-yanvarga qadar avtomobil yoʻllari, ichimlik va oqova suv taʼminoti, elektr energiyasi, tabiiy gaz va aloqa tarmoqlarini qurish hamda Chorvoq suv ombori hududida koʻprik (vantoviy) qurish maqsadida xalqaro moliya institutlari kreditlarini va davlat-xususiy sheriklik asosida investorlar mablagʻlarini jalb etish choralarini koʻrsin.
10. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi:
a) Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda loyihani amalga oshirishda:
suvni muhofaza qilish zonalari va sohilboʻyi mintaqasiga qoʻyilgan talablarga rioya qilinishi;
muhofaza qilinadigan tabiiy hududlar, suvni muhofaza qilish va sanitariya zonalarida qurilish ishlarini olib bormaslik;
Chorvoq suv omboriga oqova suvlarni tashlashga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha qatʼiy nazorat oʻrnatsin;
b) Bosh prokuratura bilan hamkorlikda:
Chorvoq suv omborining akvatoriyasiga, uning muhofaza zonasi hududiga maishiy, sanoat chiqindilari va oqova suvlar tashlanishining oldini olish maqsadida doimiy va har tomonlama nazorat oʻrnatilishini taʼminlasin hamda atrof-muhitning ifloslanishini bartaraf etish, sanitariya-ekologik meʼyorlarga rioya qilinishi va sogʻlom ekologik muhitni saqlash boʻyicha qatʼiy choralar koʻrsin;
Kadastr agentligi bilan birgalikda Chorvoq suv ombori atrofidagi hududlarda bino va inshootlarni, shu jumladan, yangi qurilayotganlarini xatlovdan oʻtkazib, ularning ekologik talablarga muvofiq qurilmagani va atrof-muhitni ifloslantiruvchi holatlar aniqlangan taqdirda, ularni bartaraf etishni hamda aybdor shaxslarga nisbatan qonuniy choralar koʻrilishini taʼminlasin;
v) “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ bilan birgalikda bir oy muddatda Toshkent viloyati Boʻstonliq tumanida umummavsumiy kurort barpo etish loyihasi quriladigan hududda mavjud daraxtlarni xatlovdan oʻtkazsin hamda xatlov natijalariga koʻra, qurilishosti hududlariga toʻgʻri kelayotgan daraxtlarni qimmatbaho, kam qimmatli va nobud boʻlgan toifalarga ajratsin. Bunda “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJga:
qimmatbaho daraxtlarni umummavsumiy kurort barpo etish loyihasiga asosan tashkil etilayotgan yashil zonalarga yoki oʻrmon fondining boshqa yerlariga koʻchirishga;
kam qimmatli daraxtlarni boshqa hududga koʻchirish yoki daraxt kesganlik uchun toʻlovni amalga oshirmasdan bir tup kesilgan daraxt oʻrniga kompensatsiya sifatida tuproq-iqlim sharoitiga mos 5 — 7 yillik 10 tup koʻchat ekishga;
nobud boʻlgan daraxtlarni belgilangan tartibda kesishga ruxsat berilsin.
11. “Sea breeze Uzbekistan” umummavsumiy kurort majmuasini barpo etish boʻyicha respublika ishchi guruhi 2-ilovaga muvofiq tarkibda tashkil etilsin.
Respublika ishchi guruhiga loyihani amalga oshirish doirasida yuzaga keladigan barcha tashkiliy masalalarni tezkorlik bilan hal qilish vazifasi yuklansin.
12. Respublika ishchi guruhi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Toshkent viloyati hokimligi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 21-sentabrdagi 592-son qarori bilan tasdiqlangan Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning maʼmuriy reglamentida belgilangan tartibda “Sea breeze Uzbekistan” MCHJ tomonidan investitsiya majburiyatlari bajarilishini monitoring qilib borsin.
13. Bosh prokuror oʻrinbosari S.I. Samadovga loyihaning shaharsozlik va ekologik talablar asosida amalga oshirilishini taʼminlash yuzasidan qatʼiy prokuror nazoratini oʻrnatish tavsiya etilsin.
14. Belgilansinki, “Sea Breeze Uzbekistan” MCHJ va boshqa investorlar tomonidan mazkur qarorda belgilangan investitsiya majburiyatlari bajarilmagan va yer ijara shartnomasida nazarda tutilgan talablarga rioya qilinmagan taqdirda, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksining 36-37-moddalarida nazarda tutilgan hollarda, yer uchastkasini ijaraga olish huquqi bekor qilinadi.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari J.A. Xodjayev:
ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov hamda Bosh prokuror oʻrinbosari S.I. Samadov bilan birgalikda investitsiya bitimida belgilangan majburiyatlarning bajarilishi ustidan nazorat qilishga shaxsan masʼul etib belgilansin;
ikki oy muddatda Chorvoq suv omboriga tutash aholi hududining kengayishi va rivojlanishini inobatga olgan holda, kelajakda ushbu hududlarning infratuzilmasini rivojlantirish, shu jumladan, ularni ichimlik va oqova suv, elektr va aloqa tarmoqlari bilan taʼminlash yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga taklif kiritsin.
16. Mazkur qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul etib investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri L.Sh. Kudratov, ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov hamda Toshkent viloyati hokimi Z.T. Mirzayev belgilansin.
17. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 1-avgustdagi 490-son qaroriga 1-ILOVA
Toshkent viloyati Boʻstonliq tumani “Yakkatut” va “Boladala” MFY hududlaridagi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarining yer toifasini oʻzgartirish maqsadida Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan va oʻrmon fondi yerlarining yer fondi toifalarini oʻzgartirish masalalarini koʻrib chiqish boʻyicha Hukumat komissiyasiga kiritib boriladigan yer uchastkalari
T/r Yerdan foydalanuvchi nomi Kontur raqami Jami yer maydoni, ga shundan: Qishloq xoʻjaligi va oʻrmon xoʻjaligi ishlab chiqarishi nobudgarchiligi (ming soʻm) Oʻzgartirish taklif etilayotgan yer fondi toifasi/taklif etilayotgan foydalanish maqsadi sugʻorilmaydigan (lalmikor) yerlar (ga) yaylovlar (ga) boshqa yerlar (ga) 1. “Xusan Nazirov Fayz” f/x 128 3,8 3,8 410 865,7 Tabiatni muhofaza qilish, sogʻlomlashtirish va rekreatsiya maqsadlariga moʻljallangan yerlar/turizm zonasi va aholining ommaviy dam olish maskanlarini tashkil etish uchun 2. “Taisiya Zaytuna” f/x 134q 1,61 1,61 174 077,3 3. “Mirzokarim-Roxatjon-Bogʻiston” f/x 134q, 136q 12,6 12,6 1 362 344 146q 1,5 1,5 162 183,8 4. Burchmulla davlat oʻrmon xoʻjaligi 134q, 136q 3,3 3,3 17 840,2 139, 146q, 150q 31,7 31,7 171 374,2 25q 67,9 67,9 55 401,9 49q 10 10 8 159,3 88q, 94q 10,1 10,1 8 240,9 5. “Chorbog” suv ombori boshqarmasi 127q, 129q, 133q 10,2 10,2 166 450,6 175, 175a, 176, 177q, 1, 10, 11, 19, 27 55 55 897 527,6 6. “Bogʻdor-Bakiriddin-Bogʻiston” f/x 141q, 150q, 152, 153 21 21 2 270 573,3 88q 29,9 29,9 487 928,7 7. “Vasila agro fruts” f/x 161, 162, 163, 164q 14,8 14,8 1 600 213,6 8. “Qamxar” MCHJ 155, 156, 157, 158, 164q 20 20 2 162 450,8 9. “Istiqbol Agro Zamin Grand” f/x 164q, 166, 167 10,26 10,26 1 109 337,3 93q 10,26 10,26 167 429,7 10. “Muxiddin Agro Biznes” f/x 171q 3,2 3,2 345 992,1 11. “Xusan Nazirov Fayz” f/x 171, 172q 10,6 10,6 1 146 098,9 12. “Abdukarimov Bobur Bogʻiston” f/x 174q, 175q 10 5 5 622 206,1 93q 10 10 163 186,8 13. “Erkamboy Bogʻbon Bogʻiston” f/x 174q 4,9 4,9 529 800,4 14. “Chorvoq” turistik rekreatsion zona direksiyasi” UK 175a 4,6 4,6 75 065,9 11q 0,9 0,9 14 686,8 15. “Sari-Xoʻji” f/x 25q 15,5 15,5 252 939,6 16. “Odina Ota” f/x 25q 12,8 12,8 208 879,2 17. “Abdusattor ota” f/x 49q 9,8 9,8 159 923,1 18. Tuman hokimligi zaxirasidagi yerlar 93q 50,15 50,15 818 382,0 88q, 93q 12,88 12,88 210 184,6 38q 6,4 6,4 104 439,6 25q 8,6 8,6 140 340,7 175, 175a, 176, 177q, 1, 10, 11, 19, 27 35 35 571 153,9 170q, 171q, 172q 2 1 1 124 441,2 173, 175q, 1,5 1,5 24 478,0 170 3,6 3,6 171q 3,25 3,25 351 398,3 159, 160, 165 5 5 540 612,7 127q 1,25 1,25 20 398,4 19. Shoraxmatov Zulfiqor Vladimirovich 94q 1,7 1,7 27 741,8 Jami: x 527,56 153,52 370,4 3,6 17 684 749,2 x
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 1-avgustdagi 490-son qaroriga 2-ILOVA
“Sea breeze Uzbekistan” umummavsumiy kurort majmuasini barpo etish boʻyicha Respublika ishchi guruhi
1. J.A. Xodjayev — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari, Ishchi guruh rahbari 2. A.A. Abduxakimov — ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri, Ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 3. Z.T. Mirzayev — Toshkent viloyati hokimi, Ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 4. S.I. Samadov — Bosh prokuror oʻrinbosari 5. L.Sh. Qudratov — investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri 6. J.T. Mirzamaxmudov — energetika vaziri 7. B.F. Islamov — togʻ-kon sanoati va geologiya vaziri 8. Sh.R. Xamrayev — suv xoʻjaligi vaziri 9. S.A. Sadullayev — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 10. D.K. Adilov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari 11. B.Q. Yusupaliyev — Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi raisi, Bosh davlat sanitariya vrachi 12. Kelishuv asosida — Davlat xavfsizlik xizmati xodimi 13. O.S. Gulyamov — “Chorvoq” turistik-rekreatsion zonasi direksiyasi direktori 14. S.S. Alimov — Vazirlar Mahkamasining Investitsiya loyihalarining amalga oshirilishini monitoring qilish boʻlimi xodimi, Ishchi guruh kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 1-avgust,
490-son