📅 2025-yil 5-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 5-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 5 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида захира ва имкониятларни ишга солиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
драйвер лойиҳаларни шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш;
драйвер лойиҳаларни молиялаштириш;
драйвер лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш.
2. Белгилансинки:
драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва уларни самарали амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари;
драйвер лойиҳалар амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторингини юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ташкилотлар ҳисобланади.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 5 августдаги 495-сон қарорига ИЛОВА
Туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи захира ва имкониятларни ишга солиш мақсадида давлат томонидан шарт-шароитлар яратишга қаратилган, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларидаги драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Драйвер лойиҳа деганда ҳудуднинг захира ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, маълум иқтисодий ўсишни, ўзгаришни ёки ҳаракатлантирувчи омилни юзага келтирадиган саноат, хизматлар кўрсатиш соҳалари ва қишлоқ хўжалигининг ривожланишига туртки берадиган лойиҳалар тушунилади.
3. Қуйидагилар драйвер лойиҳа амалга ошириладиган соҳалар ва йўналишлар ҳисобланади:
а) саноатда:
маҳаллалар ихтисослашувидан келиб чиқиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш учун микросаноат марказларини ташкил этиш;
махсус иқтисодий ва саноат зоналаридаги бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш;
бўш турган бино ва иншоотларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ҳамда сақлашни йўлга қўйиш;
ихтисослашган маҳаллаларда кооперация асосида ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
ишлаб чиқариш корхоналари қувватидан тўлиқ фойдаланиш ва кенгайтириш;
б) хизмат кўрсатишда:
йўллар бўйларида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини, шу жумладан, «Service point» ва «Service area»лар ташкил этиш;
туман маркази ва унга туташ ҳудудлардан оқиб ўтувчи сув ҳавзалари бўйларида, табиий ва сунъий кўллар қирғоқларида соҳилбўйи туризм ва дам олиш масканларини ташкил этиш;
туризм объектлари (уй меҳмонхоналари, савдо шохобчалари ва бошқалар) ташкил қилиш орқали ташриф буюрувчилар (хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини кўпайтириш) сонини ошириш ҳамда уларга узоқ муддат қолиш имкониятларини яратиш;
аҳоли гавжум жойларда савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишида туну кун фаолият кўрсатувчи замонавий кўчаларни ташкил этиш;
мастер-режа ишлаб чиқилган ҳудудлардаги истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
истироҳат боғларини кенгайтириш ва замонавийлаштириш орқали қўшимча савдо-сервис объектлари ҳамда яшил ҳудудларни ташкил қилиш;
ҳудудларда мавжуд бозорлар қувватларини ошириш, фаолиятини тартибга солиш, янги бозорлар ва уларнинг филиалларини ташкил этиш;
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бўш турган бино-иншоотлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
реновация асосида эски уйлар ўрнида пастки қаватларида хизмат кўрсатишга мўлжалланган кўп қаватли замонавий турар ва нотурар жой биноларини барпо этиш учун инфратузилмани яратиш;
ҳудудларни ривожлантириш бўйича мастер-режаларни ишлаб чиқиш;
юқори даромадли касбларга ва хорижий тилларга ўқитишни йўлга қўйиш;
в) қишлоқ хўжалигида:
аҳолига ижара асосида ажратилган қишлоқ хўжалиги ер участкаларидан самарали фойдаланиш учун инфратузилмани яратиш;
ер майдонларини ўзлаштириш, фойдаланишдан чиққан ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш;
эски боғ ва токзорларни янгилаш ҳамда уларнинг ўрнида янги серҳосил (интенсив) боғларни ташкил этиш орқали мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш;
ихтисослашган маҳаллаларда кооперация асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш;
чорвачилик, балиқчилик, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш.
4. Давлат томонидан шарт-шароитлар яратиш тартиби:
муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини (электр, газ, ичимлик суви ва оқова сув, суғориш суви таъминоти, йўл инфратузилмаси) барпо этиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа қурилиш-таъмирлаш ишларини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда бошқа манбалардан маблағлар ажратиш;
тадбиркорлик учун қулай муҳитни яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳамда юзага келадиган бошқа муаммоларини ҳал қилиш.
5. Драйвер лойиҳаларни шакллантиришда қуйидаги талаблар инобатга олиниши лозим:
ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган соҳалар ва йўналишларга мувофиқ амалга оширилиши;
драйвер лойиҳани амалга ошириш натижасида камида уч ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши ёки фаолияти кенгайтирилиши (давлат-хусусий шериклик, реновация дастури, бўш турган давлат мулки объектларида, бозорлар ва савдо комплекслари, ихтисослаштирилган марказларда якка лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш, сақлаш, эски боғ ва токзорларни янгилаш орқали серҳосил (интенсив) боғ ташкил қилиш, самарасиз ва бўш турган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида кооперация асосида маҳсулотлар етиштириш лойиҳаларни амалга ошириш бундан мустасно);
тадбиркорлик субъектлари томонидан янги иш ўринлари яратилиши.
2-боб. Драйвер лойиҳаларни шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш
6. Драйвер лойиҳаларни шакллантириш, келишиш ва ишга тушириш туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан амалга оширилади.
7. Драйвер лойиҳалар ушбу Низомга иловада келтирилган схемага асосан шакллантирилади, келишилади ва тасдиқланади.
Бунда драйвер лойиҳалар:
ҳар йили 1 ноябрга қадар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилади;
бир ҳафта муддатда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига киритилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ушбу драйвер лойиҳаларни ўн иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўн беш иш куни ичида драйвер лойиҳани жойига чиққан ҳолда ўрганади ва драйвер лойиҳаларнинг якуний рўйхатини тасдиқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборади;
келишилган драйвер лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.
3-боб. Драйвер лойиҳаларни истиқболсиз деб топиш ва бошқасига алмаштириш
8. Драйвер лойиҳалар қуйидаги ҳолатларда истиқболсиз деб топилади:
драйвер лойиҳани амалга ошириш учун танланган ер майдонлари ҳамда бино ва иншоотлардан фойдаланиш имконияти бўлмаганда;
драйвер лойиҳани амалга ошириш учун ташаббускорлар аниқланмаганда;
драйвер лойиҳа таклифидаги аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсаткичлар амалга ошириладиган тадбирларга номувофиқ бўлганда;
драйвер лойиҳа билан боғлиқ олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган форс-мажор ҳолатлар юзага келганда.
9. Истиқболсиз деб топилган драйвер лойиҳалар қуйидаги тартибда бошқасига алмаштирилади:
туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан далолатнома расмийлаштирган ҳолда истиқболсиз деб топилган драйвер лойиҳалар ўрнига яратиладиган иш ўринларини камайтирмасдан бошқа истиқболли драйвер лойиҳа таклифлари шакллантирилади;
истиқболсиз деб топилган драйвер лойиҳалар ҳамда бошқа таклиф қилинаётган истиқболли драйвер лойиҳаларнинг манзилли рўйхати туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишилган ҳолда алмаштирилади;
янгиланган рўйхат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тасдиқланган ҳолда ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар чорак якуни билан истиқболсиз деб топилган драйвер лойиҳаларни алмаштиришни ҳисобга олади.
4-боб. Драйвер лойиҳаларни молиялаштириш
11. Драйвер лойиҳаларни амалга оширишда маблағлар уларни зарур инфратузилма (муҳандислик-коммуникация тармоқлари, алоқа, йўл-транспорт инфратузилмалари ва драйвер лойиҳалар билан боғлиқ бошқа объектлар) билан таъминлаш учун қуйидаги манбалардан молиялаштирилади:
туман (шаҳар)ларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида тадбиркорликнинг ривожланишига туртки берувчи драйвер лойиҳалар учун зарур инфратузилмани яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетида (кейинги ўринларда — республика бюджети) кўзда тутилган маблағлар;
маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Маҳаллий бюджетлар қўшимча манбалари маблағларини ажратишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликлари маҳаллий бюджетда шаклланган қўшимча манбалар маблағлари ҳисобидан ушбу тадбирларга маблағ йўналтириш юзасидан тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) Кенгашларига таклиф киритади.
12. Драйвер лойиҳаларга зарур инфратузилмани яратиш учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) Кенгашлари қарорлари асосида ишлатилади.
13. Драйвер лойиҳалар учун республика бюджетидан ажратилган маблағлар лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан аниқланган ишлар ҳажмини молиялаштиришга етмаган ҳолларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари маҳаллий бюджетида шаклланган қўшимча манбалар ёки қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
14. Драйвер лойиҳалар учун республика бюджетидан ажратилган маблағлар лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан ҳамда бош пудратчи танлови натижаларига кўра объект лойиҳасидан иқтисод қилинган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бошқа драйвер лойиҳаларнинг инфратузилма харажатларини молиялаштириш учун йўналтирилишига рухсат этилади.
15. Драйвер лойиҳаларни амалга ошириш доирасида зарур инфратузилмани яратиш учун:
Тошкент шаҳри бўйича — қурилиш-таъмирлаш ишлари Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари орқали молиялаштирилади.
16. Драйвер лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:
бош лойиҳачи ташкилотлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов (тендер) орқали аниқланади;
бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали ҳамда объектларни сақлаш билан боғлиқ таъмирлаш ишлари учун жалб этиладиган ташкилотлар белгиланган тартибда танлов (тендер) орқали аниқланади;
бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларга, истисно тариқасида, қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 30 фоиз миқдорида олдиндан тўлов (аванс) амалга оширилади.
5-боб. Драйвер лойиҳаларни ишга тушириш
17. Драйвер лойиҳалар бир йилдан ортиқ давом этган ҳолатларда, ушбу драйвер лойиҳалар ҳар йили ишлаб чиқиладиган дастурлар таркибида алоҳида драйвер лойиҳа сифатида ҳисобга олинади.
18. Тадбирлар доирасида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачилар этиб:
ички автомобиль йўллари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги буюртмачи ташкилотлар;
ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими объектлари бўйича — «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДМ;
суғориш суви билан таъминлаш объектлари бўйича — «Сувқурилишинвест» ДМ;
газ таъминоти ҳамда алоқа тармоқлари бўйича — тегишлича «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва «Ўзбектелеком» АК;
электр энергияси таъминоти объектлари бўйича — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳудудий филиаллари белгиланади.
Бунда газ ва электр тармоқларини лойиҳалаштириш, соҳа экспертизасидан ўтказиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий филиаллари томонидан хўжалик усулида (ташкилотларнинг ўзлари томонидан лойиҳалаштириш, соҳа экспертизасидан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш) амалга оширилади.
Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа объектлар бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари белгиланади.
19. Инфратузилма объектларининг техник топшириқлари (талаблари) тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тегишли буюртмачи ташкилотларга тақдим этилади.
6-боб. Драйвер лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш
20. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги драйвер лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Бунда манфаатдор вазирлик ва идоралар мониторинг жараёнида фойдаланиш учун талаб қилинадиган маълумотларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сўрови асосида тақдим қилиб боради.
21. Драйвер лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминланиши, янги тадбиркорлик субъектларининг ташкил этилиши, фаолиятини кенгайтириши ва янги иш ўринларининг яратилишига туман (шаҳар)лар ҳокимлари масъул ҳисобланади.
22. Драйвер лойиҳалар туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан тузиладиган далолатномага асосан фойдаланишга қабул қилинади ва амалга оширилган ҳисобланади.
7-боб. Якунловчи қоида
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Драйвер лойиҳаларни шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Амалга ошириш муддати 1-босқич Туман (шаҳар) ҳокимликлари Ҳудуднинг иқтисодий ўсишига туртки берувчи драйвер лойиҳалар рўйхатларини шакллантиради ҳамда келишиш учун манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларига юборади. Ҳар йили 1 ноябрга қадар Келишилган драйвер лойиҳаларни кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига киритади. 1 ҳафта 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Драйвер лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади. 10 иш куни ичида 3-босқич Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Кўриб чиқилган драйвер лойиҳалар бўйича якуний рўйхатни тасдиқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборади. 15 иш куни ичида 4-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган драйвер лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тасдиқланади. 5 иш куни ичида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 5 август,
495-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Tuman (shahar)larda iqtisodiy oʻsishga turtki beruvchi drayver loyihalarni shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Xizmatlar sohasi barqaror rivojlanishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 27-fevraldagi PQ-78-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, hududlarda iqtisodiy oʻsishga turtki beruvchi sanoat, xizmat koʻrsatish va qishloq xoʻjaligi yoʻnalishlarida zaxira va imkoniyatlarni ishga solish hamda tadbirkorlik subyektlari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Tuman (shahar)larda iqtisodiy oʻsishga turtki beruvchi drayver loyihalarni shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
drayver loyihalarni shakllantirish, kelishish va tasdiqlash;
drayver loyihalarni moliyalashtirish;
drayver loyihalarning amalga oshirilishini taʼminlash, muvofiqlashtirish va monitoring qilish.
2. Belgilansinki:
drayver loyihalarni shakllantirish va ularni samarali amalga oshirish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri, shuningdek, tuman (shahar)lar hokimliklari;
drayver loyihalar amalga oshirilishini muvofiqlashtirish va monitoringini yuritish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi masʼul tashkilotlar hisoblanadi.
3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 5-avgustdagi 495-son qaroriga ILOVA
Tuman (shahar)larda iqtisodiy oʻsishga turtki beruvchi drayver loyihalarni shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom tuman (shahar)larda iqtisodiy oʻsishga turtki beruvchi zaxira va imkoniyatlarni ishga solish maqsadida davlat tomonidan shart-sharoitlar yaratishga qaratilgan, sanoat, qishloq xoʻjaligi hamda xizmat koʻrsatish yoʻnalishlaridagi drayver loyihalarni shakllantirish va amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Drayver loyiha deganda hududning zaxira va imkoniyatlarini hisobga olgan holda, maʼlum iqtisodiy oʻsishni, oʻzgarishni yoki harakatlantiruvchi omilni yuzaga keltiradigan sanoat, xizmatlar koʻrsatish sohalari va qishloq xoʻjaligining rivojlanishiga turtki beradigan loyihalar tushuniladi.
3. Quyidagilar drayver loyiha amalga oshiriladigan sohalar va yoʻnalishlar hisoblanadi:
a) sanoatda:
mahallalar ixtisoslashuvidan kelib chiqib, sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish hajmini kengaytirish uchun mikrosanoat markazlarini tashkil etish;
maxsus iqtisodiy va sanoat zonalaridagi boʻsh yer maydonlaridan samarali foydalanish;
boʻsh turgan bino va inshootlarda ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish;
oziq-ovqat va qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini qayta ishlash, saralash, qadoqlash hamda saqlashni yoʻlga qoʻyish;
ixtisoslashgan mahallalarda kooperatsiya asosida ishlab chiqarishni kengaytirish;
ishlab chiqarish korxonalari quvvatidan toʻliq foydalanish va kengaytirish;
b) xizmat koʻrsatishda:
yoʻllar boʻylarida savdo va xizmat koʻrsatish obyektlarini, shu jumladan, “Service point” va “Service area”lar tashkil etish;
tuman markazi va unga tutash hududlardan oqib oʻtuvchi suv havzalari boʻylarida, tabiiy va sunʼiy koʻllar qirgʻoqlarida sohilboʻyi turizm va dam olish maskanlarini tashkil etish;
turizm obyektlari (uy mehmonxonalari, savdo shoxobchalari va boshqalar) tashkil qilish orqali tashrif buyuruvchilar (xorijiy va mahalliy turistlar oqimini koʻpaytirish) sonini oshirish hamda ularga uzoq muddat qolish imkoniyatlarini yaratish;
aholi gavjum joylarda savdo va xizmat koʻrsatish yoʻnalishida tunu kun faoliyat koʻrsatuvchi zamonaviy koʻchalarni tashkil etish;
master-reja ishlab chiqilgan hududlardagi istiqbolli loyihalarni qoʻllab-quvvatlash;
istirohat bogʻlarini kengaytirish va zamonaviylashtirish orqali qoʻshimcha savdo-servis obyektlari hamda yashil hududlarni tashkil qilish;
hududlarda mavjud bozorlar quvvatlarini oshirish, faoliyatini tartibga solish, yangi bozorlar va ularning filiallarini tashkil etish;
davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida boʻsh turgan bino-inshootlardan maqsadli va samarali foydalanish;
renovatsiya asosida eski uylar oʻrnida pastki qavatlarida xizmat koʻrsatishga moʻljallangan koʻp qavatli zamonaviy turar va noturar joy binolarini barpo etish uchun infratuzilmani yaratish;
hududlarni rivojlantirish boʻyicha master-rejalarni ishlab chiqish;
yuqori daromadli kasblarga va xorijiy tillarga oʻqitishni yoʻlga qoʻyish;
v) qishloq xoʻjaligida:
aholiga ijara asosida ajratilgan qishloq xoʻjaligi yer uchastkalaridan samarali foydalanish uchun infratuzilmani yaratish;
yer maydonlarini oʻzlashtirish, foydalanishdan chiqqan yer maydonlarini qayta foydalanishga kiritish, yer maydonlarining suv taʼminotini yaxshilash;
eski bogʻ va tokzorlarni yangilash hamda ularning oʻrnida yangi serhosil (intensiv) bogʻlarni tashkil etish orqali mavjud yer maydonlaridan samarali foydalanish;
ixtisoslashgan mahallalarda kooperatsiya asosida qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtirishni kengaytirish;
chorvachilik, baliqchilik, issiqxona xoʻjaliklarini tashkil etish.
4. Davlat tomonidan shart-sharoitlar yaratish tartibi:
muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasini (elektr, gaz, ichimlik suvi va oqova suv, sugʻorish suvi taʼminoti, yoʻl infratuzilmasi) barpo etish, obodonlashtirish, koʻkalamzorlashtirish va boshqa qurilish-taʼmirlash ishlarini tashkil etish uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti hamda boshqa manbalardan mablagʻlar ajratish;
tadbirkorlik uchun qulay muhitni yaratish boʻyicha takliflar tayyorlash va maslahat xizmatlari koʻrsatish hamda yuzaga keladigan boshqa muammolarini hal qilish.
5. Drayver loyihalarni shakllantirishda quyidagi talablar inobatga olinishi lozim:
ushbu Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan sohalar va yoʻnalishlarga muvofiq amalga oshirilishi;
drayver loyihani amalga oshirish natijasida kamida uch va undan ortiq tadbirkorlik subyektlari tashkil etilishi yoki faoliyati kengaytirilishi (davlat-xususiy sheriklik, renovatsiya dasturi, boʻsh turgan davlat mulki obyektlarida, bozorlar va savdo komplekslari, ixtisoslashtirilgan markazlarda yakka loyihalarni amalga oshirish, qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sanoat usulida qayta ishlash, saqlash, eski bogʻ va tokzorlarni yangilash orqali serhosil (intensiv) bogʻ tashkil qilish, samarasiz va boʻsh turgan qishloq xoʻjaligi yer maydonlarida kooperatsiya asosida mahsulotlar yetishtirish loyihalarni amalga oshirish bundan mustasno);
tadbirkorlik subyektlari tomonidan yangi ish oʻrinlari yaratilishi.
2-bob. Drayver loyihalarni shakllantirish, kelishish va tasdiqlash
6. Drayver loyihalarni shakllantirish, kelishish va ishga tushirish tuman (shahar) hokimlari tomonidan amalga oshiriladi.
7. Drayver loyihalar ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga asosan shakllantiriladi, kelishiladi va tasdiqlanadi.
Bunda drayver loyihalar:
har yili 1-noyabrga qadar tuman (shahar) hokimliklari tomonidan ishlab chiqiladi;
bir hafta muddatda manfaatdor vazirlik va idoralarning hududiy boshqarmalari bilan kelishilgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklariga kiritiladi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari ushbu drayver loyihalarni oʻn ish kuni ichida Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga yuboradi;
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻn besh ish kuni ichida drayver loyihani joyiga chiqqan holda oʻrganadi va drayver loyihalarning yakuniy roʻyxatini tasdiqlash uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklariga yuboradi;
kelishilgan drayver loyihalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan tasdiqlanadi.
3-bob. Drayver loyihalarni istiqbolsiz deb topish va boshqasiga almashtirish
8. Drayver loyihalar quyidagi holatlarda istiqbolsiz deb topiladi:
drayver loyihani amalga oshirish uchun tanlangan yer maydonlari hamda bino va inshootlardan foydalanish imkoniyati boʻlmaganda;
drayver loyihani amalga oshirish uchun tashabbuskorlar aniqlanmaganda;
drayver loyiha taklifidagi aholi bandligini taʼminlash boʻyicha koʻrsatkichlar amalga oshiriladigan tadbirlarga nomuvofiq boʻlganda;
drayver loyiha bilan bogʻliq oldindan bashorat qilib boʻlmaydigan fors-major holatlar yuzaga kelganda.
9. Istiqbolsiz deb topilgan drayver loyihalar quyidagi tartibda boshqasiga almashtiriladi:
tuman (shahar) hokimliklari tomonidan dalolatnoma rasmiylashtirgan holda istiqbolsiz deb topilgan drayver loyihalar oʻrniga yaratiladigan ish oʻrinlarini kamaytirmasdan boshqa istiqbolli drayver loyiha takliflari shakllantiriladi;
istiqbolsiz deb topilgan drayver loyihalar hamda boshqa taklif qilinayotgan istiqbolli drayver loyihalarning manzilli roʻyxati tuman (shahar) hokimliklari tomonidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan kelishilgan holda almashtiriladi;
yangilangan roʻyxat Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan tasdiqlangan holda har chorak yakuni bilan keyingi oyning 10-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritiladi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi har chorak yakuni bilan istiqbolsiz deb topilgan drayver loyihalarni almashtirishni hisobga oladi.
4-bob. Drayver loyihalarni moliyalashtirish
11. Drayver loyihalarni amalga oshirishda mablagʻlar ularni zarur infratuzilma (muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari, aloqa, yoʻl-transport infratuzilmalari va drayver loyihalar bilan bogʻliq boshqa obyektlar) bilan taʼminlash uchun quyidagi manbalardan moliyalashtiriladi:
tuman (shahar)larning ixtisoslashuvidan kelib chiqib, sanoat, qishloq xoʻjaligi hamda xizmat koʻrsatish sohalarida tadbirkorlikning rivojlanishiga turtki beruvchi drayver loyihalar uchun zarur infratuzilmani yaratish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetida (keyingi oʻrinlarda — respublika budjeti) koʻzda tutilgan mablagʻlar;
mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari mablagʻlari;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari;
qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Mahalliy budjetlar qoʻshimcha manbalari mablagʻlarini ajratishda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat, Toshkent shahri, tuman (shahar) hokimliklari mahalliy budjetda shakllangan qoʻshimcha manbalar mablagʻlari hisobidan ushbu tadbirlarga mablagʻ yoʻnaltirish yuzasidan tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyat, Toshkent shahri, tuman (shahar) Kengashlariga taklif kiritadi.
12. Drayver loyihalarga zarur infratuzilmani yaratish uchun respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyat, Toshkent shahri, tuman (shahar) Kengashlari qarorlari asosida ishlatiladi.
13. Drayver loyihalar uchun respublika budjetidan ajratilgan mablagʻlar loyiha-smeta hujjatlariga asosan aniqlangan ishlar hajmini moliyalashtirishga yetmagan hollarda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari mahalliy budjetida shakllangan qoʻshimcha manbalar yoki qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshirilishi mumkin.
14. Drayver loyihalar uchun respublika budjetidan ajratilgan mablagʻlar loyiha-smeta hujjatlariga asosan hamda bosh pudratchi tanlovi natijalariga koʻra obyekt loyihasidan iqtisod qilingan taqdirda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda boshqa drayver loyihalarning infratuzilma xarajatlarini moliyalashtirish uchun yoʻnaltirilishiga ruxsat etiladi.
15. Drayver loyihalarni amalga oshirish doirasida zarur infratuzilmani yaratish uchun:
Toshkent shahri boʻyicha — qurilish-taʼmirlash ishlari Toshkent shahri hokimligi huzuridagi Toshkent shahrini rivojlantirish jamgʻarmasi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzuridagi Tadbirkorlik infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmalari orqali moliyalashtiriladi.
16. Drayver loyihalarni amalga oshirish doirasida:
bosh loyihachi tashkilotlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tanlov (tender) orqali aniqlanadi;
bosh pudratchi tashkilotlar belgilangan tartibda “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimi orqali hamda obyektlarni saqlash bilan bogʻliq taʼmirlash ishlari uchun jalb etiladigan tashkilotlar belgilangan tartibda tanlov (tender) orqali aniqlanadi;
bosh loyihachi va bosh pudratchi tashkilotlarga, istisno tariqasida, qurilish-taʼmirlash ishlari uchun 30 foiz miqdorida oldindan toʻlov (avans) amalga oshiriladi.
5-bob. Drayver loyihalarni ishga tushirish
17. Drayver loyihalar bir yildan ortiq davom etgan holatlarda, ushbu drayver loyihalar har yili ishlab chiqiladigan dasturlar tarkibida alohida drayver loyiha sifatida hisobga olinadi.
18. Tadbirlar doirasida amalga oshiriladigan qurilish-taʼmirlash ishlari boʻyicha buyurtmachilar etib:
ichki avtomobil yoʻllari boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tizimidagi buyurtmachi tashkilotlar;
ichimlik suvi taʼminoti va oqova suv tizimi obyektlari boʻyicha — “Suv taʼminoti va oqova suv obyektlari qurilishi boʻyicha injiniring kompaniyasi” DM;
sugʻorish suvi bilan taʼminlash obyektlari boʻyicha — “Suvqurilishinvest” DM;
gaz taʼminoti hamda aloqa tarmoqlari boʻyicha — tegishlicha “Hududgaztaʼminot” AJ va “Oʻzbektelekom” AK;
elektr energiyasi taʼminoti obyektlari boʻyicha — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ hududiy filiallari belgilanadi.
Bunda gaz va elektr tarmoqlarini loyihalashtirish, soha ekspertizasidan oʻtkazish va qurilish-taʼmirlash ishlari “Hududgaztaʼminot” AJ va “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning hududiy filiallari tomonidan xoʻjalik usulida (tashkilotlarning oʻzlari tomonidan loyihalashtirish, soha ekspertizasidan oʻtkazish, qurilish-montaj ishlarini bajarish) amalga oshiriladi.
Obodonlashtirish, koʻkalamzorlashtirish va boshqa obyektlar boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyalari belgilanadi.
19. Infratuzilma obyektlarining texnik topshiriqlari (talablari) tegishli tuman (shahar) hokimliklari tomonidan ishlab chiqiladi hamda tegishli buyurtmachi tashkilotlarga taqdim etiladi.
6-bob. Drayver loyihalarning amalga oshirilishini taʼminlash, muvofiqlashtirish va monitoring qilish
20. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi drayver loyihalarni muvofiqlashtirish va monitoring qilish boʻyicha vakolatli organ hisoblanadi.
Bunda manfaatdor vazirlik va idoralar monitoring jarayonida foydalanish uchun talab qilinadigan maʼlumotlarni belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi soʻrovi asosida taqdim qilib boradi.
21. Drayver loyihalarning amalga oshirilishini taʼminlanishi, yangi tadbirkorlik subyektlarining tashkil etilishi, faoliyatini kengaytirishi va yangi ish oʻrinlarining yaratilishiga tuman (shahar)lar hokimlari masʼul hisoblanadi.
22. Drayver loyihalar tuman (shahar) hokimligi tomonidan tuziladigan dalolatnomaga asosan foydalanishga qabul qilinadi va amalga oshirilgan hisoblanadi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Tuman (shahar)larda iqtisodiy oʻsishga turtki beruvchi drayver loyihalarni shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Drayver loyihalarni shakllantirish, kelishish va tasdiqlash
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Amalga oshirish muddati 1-bosqich Tuman (shahar) hokimliklari Hududning iqtisodiy oʻsishiga turtki beruvchi drayver loyihalar roʻyxatlarini shakllantiradi hamda kelishish uchun manfaatdor vazirlik va idoralarning hududiy boshqarmalariga yuboradi. Har yili 1-noyabrga qadar Kelishilgan drayver loyihalarni koʻrib chiqish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklariga kiritadi. 1 hafta 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari Drayver loyihalarni koʻrib chiqish va kelishish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi. 10 ish kuni ichida 3-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Koʻrib chiqilgan drayver loyihalar boʻyicha yakuniy roʻyxatni tasdiqlash uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklariga yuboradi. 15 ish kuni ichida 4-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan drayver loyihalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan tasdiqlanadi. 5 ish kuni ichida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 5-avgust,
495-son