UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 6-avgust · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 6 август · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 августа 2025 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 August 2025 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 13 февралда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 28 майда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун ҳайвонларни жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақлаш ва (ёки) кўпайтириш билан боғлиқ бўлган, ушбу Қонунда назарда тутилган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

2-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчилик

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли давлат органининг вакили — туман (шаҳар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходими;

идентификация қилиш воситалари — ҳайвоннинг идентификация рақамини ўз ичига оладиган, уни бошқа ҳайвонлардан ажратиш имконини берадиган визуал биркалар, электрон микрочиплар ва аралаш микрочипли биркалар;

идентификация қилиш объектлари — жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган ҳайвонлар;

электрон ахборот тизими — идентификация қилинган ҳайвонлар рўйхати билан уларни рўйхатга олиш, ҳисобдан чиқариш ва бошқа ҳаракатлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олувчи маълумотлар базаси;

ҳайвонлар — жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган қорамол, қўйлар, эчкилар, чўчқалар, отлар, туялар, итлар, мушуклар;

ҳайвоннинг идентификация рақами — ҳайвонга бир марта бериладиган ҳамда бошқа ҳайвонларда такрорланмайдиган ҳарфли ва рақамли рамзларга эга ноёб код;

ҳайвонларни идентификация қилиш — ҳайвонлар тўғрисидаги тегишли маълумотларни (ёши, жинси, ранги, зоти ва бошқа зарур кўрсаткичларни) аниқлаш учун ҳайвонларга идентификация рақамини ўрнатиш;

ҳайвонларни кузатиш — ҳайвонларнинг бутун яшаш даври давомида уларнинг келиб чиқиш жойи, туғилиши ва кўчиб юриши (миграцияси) ҳақидаги, шунингдек ҳайвонларда учрайдиган касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш тўғрисидаги маълумотларни тўплаш;

ҳайвонларни рўйхатга олиш — ҳайвонларни идентификация қилиш натижасида олинган ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан уларга берилган идентификация рақамлари ҳақидаги маълумотларни электрон ахборот тизимига киритиш;

ҳайвоннинг эгаси — ҳайвонларни ўз эҳтиёжлари, хизмат мақсадлари учун ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун сақлаш ва (ёки) кўпайтириш билан шуғулланувчи ҳамда ҳайвонларга тегишинча мулк, оператив бошқариш ҳуқуқлари асосида ёки бошқа қонуний асосларда эгалик қилувчи жисмоний ёки юридик шахс;

ҳайвонни ҳисобдан чиқариш — идентификация қилинган ҳайвонга тегишли бўлган маълумотларнинг электрон ахборот тизимидаги фаоллигини белгиланган тартибда тугатиш.

2-боб. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасини тартибга солиш

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини ҳамда босқичларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

5-модда. Ваколатли давлат органининг ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш бўйича тадбирларни ташкил этади;

ҳайвонларни идентификация қилиш воситаларини ишлаб чиқарувчиларга мажбурий атрибут рақамларини белгилайди;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш ишларининг мониторингини амалга оширади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш ишларининг бажарилишини ташкил этади;

ҳайвонларнинг эгаларига ҳайвонларни идентификация қилиш бўйича хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси қошидаги Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш марказининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси қошидаги Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази (бундан буён матнда Идентификация маркази деб юритилади):

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш бўйича тадбирларни ташкил этади;

электрон ахборот тизимини мувофиқлаштиради ва реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлайди;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасида ўқитиш ҳамда малака оширишни ташкил этади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиб-таомилларини ишлаб чиқади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини такомиллаштириш бўйича халқаро тажриба асосида таклифлар ишлаб чиқади.

Идентификация маркази қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги тасдиқланган ҳудудий дастурларни амалга оширади;

тегишли ҳудудда ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишига кўмаклашади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш бўйича тадбирларда иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишни ташкил этишда давлат ветеринария хизматига кўмаклашади;

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш бўйича бошқа тадбирларда ҳам қонунчиликка мувофиқ иштирок этиши мумкин.

3-боб. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга доир умумий талаблар

9-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш шартлари ҳамда тартиби

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний ёки юридик шахслар томонидан сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган ҳайвонлар идентификация қилиш объекти сифатида белгиланган тартибда идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши керак.

Қорамол, қўйлар, эчкилар ва туялар туғилганидан ўн тўрт кундан кейин, отлар туғилганидан тўрт ойдан кейин, чўчқалар туғилганидан бир ойдан кейин, итлар ва мушуклар туғилганидан уч ойдан кейин идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши лозим. Бунда ҳайвонлар кўрсатилган муддатлар тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмай идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши керак.

Сақлаш ва (ёки) кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ҳайвонлар олиб кирилган санадан эътиборан йигирма бир кундан кечиктирмай идентификация қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикасида сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган ҳайвонлар сўйилган (нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган) ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган тақдирда етти кунлик муддатда ҳисобдан чиқарилади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга қаратилган тадбирлар ҳайвонлар эгаларининг ўз маблағлари, ҳомийлик хайриялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳайвонларнинг эгаларидан тўлов ундирмасдан ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олиш тартиби ҳамда босқичлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби ҳамда босқичлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

10-модда. Электрон ахборот тизими

Электрон ахборот тизимидан ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш ҳамда бошқариш, шунингдек ҳайвонлар тўғрисида ишончли ахборот олиш мақсадида фойдаланилади.

Идентификация маркази электрон ахборот тизимининг операторидир.

Электрон ахборот тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳайвоннинг эгаси жисмоний шахс бўлган ҳолларда — жисмоний шахснинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган санасини, шахсий идентификация рақамини, жисмоний шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойини ва телефон рақамини;

ҳайвоннинг эгаси юридик шахс бўлган ҳолларда — юридик шахснинг тўлиқ номини, давлат рўйхатидан ўтган санасини, манзилини, солиқ тўловчининг идентификация рақамини ҳамда ушбу юридик шахс раҳбарининг фамилиясини, исмини, отасининг исмини ва телефон рақамини;

ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотларни;

ҳайвонлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган санани (сақлаш ва кўпайтириш мақсадида олиб кирилганда);

идентификация қилиш воситалари тўғрисидаги маълумотларни;

ҳайвонларнинг идентификация рақамларини;

ҳайвонлар сўйилган (нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган) ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган санани;

ҳайвонларда учрайдиган касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш тўғрисидаги ахборотни.

Электрон ахборот тизимига ахборотни, идентификация қилинган ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва мазкур тизимдан фойдаланиш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

11-модда. Ваколатли давлат органи вакилининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ваколатли давлат органининг вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳайвонларни идентификация қилиш бўйича зарур тадбирларни ўтказиш тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

ҳайвонлар эгаларининг ҳудудига ва идентификация қилинган ҳайвонлар ёки идентификация қилиниши, рўйхатга олиниши, кузатилиши ва ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган ҳайвонлар сақланадиган жойларга қонунчиликда белгиланган тартибда кириш;

ҳайвоннинг эгасидан ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш, ҳисобдан чиқариш учун зарур бўлган ахборотни олиш ва ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш, ҳисобдан чиқариш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

Ваколатли давлат органининг вакили:

ҳайвон эгасининг мурожаатига асосан беш иш куни ичида ҳайвонни идентификация қилиши ва рўйхатдан ўтказиши;

ушбу Қонун 9-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ҳайвон эгасининг мурожаатига мувофиқ икки иш куни ичида ҳайвонни ҳисобдан чиқариши;

идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш бўйича барча зарур чораларни кўриши;

электрон ахборот тизимига маълумотларни ўз вақтида киритиши шарт.

Ваколатли давлат органининг вакили қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.

12-модда. Ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ҳайвоннинг эгаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

электрон ахборот тизимидан ўзига тегишли бўлган ҳайвонлар тўғрисидаги ахборотни олиш;

ўзига тегишли бўлган ҳайвонларни идентификация қилишни ва рўйхатдан ўтказишни ваколатли давлат органи вакилидан талаб қилиш;

ваколатли давлат органи вакилининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш;

идентификация қилинган ҳайвонларда ўтказилган ташхис қўйишга доир текширишлар ва даволаш натижалари ҳақида ахборот олиш;

давлат ветеринария хизматидан мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазият ва профилактика тадбирлари тўғрисида бепул ахборот олиш.

Ҳайвоннинг эгаси:

ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

ўзига тегишли бўлган ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш учун, шунингдек ҳайвоннинг эгаси алмашган тақдирда қайта рўйхатга олиш учун ваколатли давлат органига қонунчиликда белгиланган муддатларда электрон тарзда ёки тўғридан-тўғри мурожаат қилиши;

идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларнинг сақланишига ва (ёки) кўпайтирилишига йўл қўймаслиги шарт.

Ҳайвоннинг эгаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.

4-боб. Якунловчи қоидалар

13-модда. Низоларни ҳал этиш

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

14-модда. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

15-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

16-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

17-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир йил ўтгач кучга киради.

Ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисми 2028 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 6 август,

ЎРҚ-1079-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2025 й., 03/25/1079/0697-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 13-fevralda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 28-mayda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi va qoʻllanilish sohasi

Ushbu Qonunning maqsadi hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

Ushbu Qonun hayvonlarni jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan saqlash va (yoki) koʻpaytirish bilan bogʻliq boʻlgan, ushbu Qonunda nazarda tutilgan munosabatlarga nisbatan qoʻllaniladi.

2-modda. Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish toʻgʻrisidagi qonunchilik

Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun hamda boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

3-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

vakolatli davlat organining vakili — tuman (shahar) veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boʻlimi xodimi;

identifikatsiya qilish vositalari — hayvonning identifikatsiya raqamini oʻz ichiga oladigan, uni boshqa hayvonlardan ajratish imkonini beradigan vizual birkalar, elektron mikrochiplar va aralash mikrochipli birkalar;

identifikatsiya qilish obyektlari — jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan saqlanadigan va (yoki) koʻpaytiriladigan hayvonlar;

elektron axborot tizimi — identifikatsiya qilingan hayvonlar roʻyxati bilan ularni roʻyxatga olish, hisobdan chiqarish va boshqa harakatlar toʻgʻrisidagi axborotni oʻz ichiga oluvchi maʼlumotlar bazasi;

hayvonlar — jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan saqlanadigan va (yoki) koʻpaytiriladigan qoramol, qoʻylar, echkilar, choʻchqalar, otlar, tuyalar, itlar, mushuklar;

hayvonning identifikatsiya raqami — hayvonga bir marta beriladigan hamda boshqa hayvonlarda takrorlanmaydigan harfli va raqamli ramzlarga ega noyob kod;

hayvonlarni identifikatsiya qilish — hayvonlar toʻgʻrisidagi tegishli maʼlumotlarni (yoshi, jinsi, rangi, zoti va boshqa zarur koʻrsatkichlarni) aniqlash uchun hayvonlarga identifikatsiya raqamini oʻrnatish;

hayvonlarni kuzatish — hayvonlarning butun yashash davri davomida ularning kelib chiqish joyi, tugʻilishi va koʻchib yurishi (migratsiyasi) haqidagi, shuningdek hayvonlarda uchraydigan kasalliklar profilaktikasi, ularga tashxis qoʻyish va ularni davolash toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash;

hayvonlarni roʻyxatga olish — hayvonlarni identifikatsiya qilish natijasida olingan hayvonlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shu jumladan ularga berilgan identifikatsiya raqamlari haqidagi maʼlumotlarni elektron axborot tizimiga kiritish;

hayvonning egasi — hayvonlarni oʻz ehtiyojlari, xizmat maqsadlari uchun yoki tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish uchun saqlash va (yoki) koʻpaytirish bilan shugʻullanuvchi hamda hayvonlarga tegishincha mulk, operativ boshqarish huquqlari asosida yoki boshqa qonuniy asoslarda egalik qiluvchi jismoniy yoki yuridik shaxs;

hayvonni hisobdan chiqarish — identifikatsiya qilingan hayvonga tegishli boʻlgan maʼlumotlarning elektron axborot tizimidagi faolligini belgilangan tartibda tugatish.

2-bob. Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasini tartibga solish

4-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi davlat siyosati amalga oshirilishini taʼminlaydi;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi faoliyatini muvofiqlashtiradi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi davlat dasturlarini tasdiqlaydi hamda ularning bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshiradi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish va hisobdan chiqarish tartibini hamda bosqichlarini belgilaydi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

5-modda. Vakolatli davlat organining hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi vakolatli davlat organidir (bundan buyon matnda vakolatli davlat organi deb yuritiladi).

Vakolatli davlat organi:

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi davlat siyosatini amalga oshirishda ishtirok etadi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi davlat dasturlarini ishlab chiqadi hamda amalga oshiradi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etadi;

tegishli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish boʻyicha tadbirlarni tashkil etadi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish vositalarini ishlab chiqaruvchilarga majburiy atribut raqamlarini belgilaydi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish va hisobdan chiqarish ishlarining monitoringini amalga oshiradi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish va hisobdan chiqarish ishlarining bajarilishini tashkil etadi;

hayvonlarning egalariga hayvonlarni identifikatsiya qilish boʻyicha xizmatlar koʻrsatilishini taʼminlaydi.

Vakolatli davlat organi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

6-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi qoshidagi Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish markazining vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi qoshidagi Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish markazi (bundan buyon matnda Identifikatsiya markazi deb yuritiladi):

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish va hisobdan chiqarish boʻyicha tadbirlarni tashkil etadi;

elektron axborot tizimini muvofiqlashtiradi va real vaqt rejimida elektron axborot almashinuvini taʼminlaydi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasida oʻqitish hamda malaka oshirishni tashkil etadi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish, hisobdan chiqarish va saqlash tartib-taomillarini ishlab chiqadi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish tizimini takomillashtirish boʻyicha xalqaro tajriba asosida takliflar ishlab chiqadi.

Identifikatsiya markazi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

7-modda. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi vakolatlari

Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari:

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi davlat siyosatini amalga oshirishda ishtirok etadi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi tasdiqlangan hududiy dasturlarni amalga oshiradi;

tegishli hududda hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish boʻyicha chora-tadbirlar amalga oshirilishiga koʻmaklashadi.

Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

8-modda. Fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish boʻyicha tadbirlarda ishtirok etishi

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari:

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasidagi davlat dasturlarini, hududiy va boshqa dasturlarni amalga oshirishda ishtirok etadi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatishni tashkil etishda davlat veterinariya xizmatiga koʻmaklashadi;

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasida jamoatchilik nazoratini amalga oshiradi.

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish boʻyicha boshqa tadbirlarda ham qonunchilikka muvofiq ishtirok etishi mumkin.

3-bob. Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatishga doir umumiy talablar

9-modda. Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va hisobdan chiqarish shartlari hamda tartibi

Oʻzbekiston Respublikasi hududida jismoniy yoki yuridik shaxslar tomonidan saqlanadigan va (yoki) koʻpaytiriladigan hayvonlar identifikatsiya qilish obyekti sifatida belgilangan tartibda identifikatsiya qilinishi hamda roʻyxatga olinishi kerak.

Qoramol, qoʻylar, echkilar va tuyalar tugʻilganidan oʻn toʻrt kundan keyin, otlar tugʻilganidan toʻrt oydan keyin, choʻchqalar tugʻilganidan bir oydan keyin, itlar va mushuklar tugʻilganidan uch oydan keyin identifikatsiya qilinishi hamda roʻyxatga olinishi lozim. Bunda hayvonlar koʻrsatilgan muddatlar tugaganidan keyin bir oydan kechiktirmay identifikatsiya qilinishi va roʻyxatga olinishi kerak.

Saqlash va (yoki) koʻpaytirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan hayvonlar olib kirilgan sanadan eʼtiboran yigirma bir kundan kechiktirmay identifikatsiya qilinishi kerak.

Oʻzbekiston Respublikasida saqlanadigan va (yoki) koʻpaytiriladigan hayvonlar soʻyilgan (nobud boʻlgan, oʻlgan, yoʻq qilingan) yoki Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga olib chiqilgan taqdirda yetti kunlik muddatda hisobdan chiqariladi.

Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatishga qaratilgan tadbirlar hayvonlar egalarining oʻz mablagʻlari, homiylik xayriyalari, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

Hayvonlarning egalaridan toʻlov undirmasdan hayvonlarni identifikatsiya qilish va roʻyxatga olish tartibi hamda bosqichlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish va hisobdan chiqarish tartibi hamda bosqichlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

10-modda. Elektron axborot tizimi

Elektron axborot tizimidan hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasini davlat tomonidan tartibga solish hamda boshqarish, shuningdek hayvonlar toʻgʻrisida ishonchli axborot olish maqsadida foydalaniladi.

Identifikatsiya markazi elektron axborot tizimining operatoridir.

Elektron axborot tizimi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

hayvonning egasi jismoniy shaxs boʻlgan hollarda — jismoniy shaxsning familiyasini, ismini, otasining ismini, tugʻilgan sanasini, shaxsiy identifikatsiya raqamini, jismoniy shaxsning yoki yakka tartibdagi tadbirkorning yashash joyini va telefon raqamini;

hayvonning egasi yuridik shaxs boʻlgan hollarda — yuridik shaxsning toʻliq nomini, davlat roʻyxatidan oʻtgan sanasini, manzilini, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini hamda ushbu yuridik shaxs rahbarining familiyasini, ismini, otasining ismini va telefon raqamini;

hayvonlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;

hayvonlar Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilgan sanani (saqlash va koʻpaytirish maqsadida olib kirilganda);

identifikatsiya qilish vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;

hayvonlarning identifikatsiya raqamlarini;

hayvonlar soʻyilgan (nobud boʻlgan, oʻlgan, yoʻq qilingan) yoki Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga olib chiqilgan sanani;

hayvonlarda uchraydigan kasalliklar profilaktikasi, ularga tashxis qoʻyish va ularni davolash toʻgʻrisidagi axborotni.

Elektron axborot tizimiga axborotni, identifikatsiya qilingan hayvonlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish va mazkur tizimdan foydalanish tartibi vakolatli davlat organi tomonidan belgilanadi.

11-modda. Vakolatli davlat organi vakilining huquq va majburiyatlari

Vakolatli davlat organining vakili quyidagi huquqlarga ega:

hayvonlarni identifikatsiya qilish boʻyicha zarur tadbirlarni oʻtkazish toʻgʻrisida yuridik va jismoniy shaxslarga bajarilishi majburiy boʻlgan koʻrsatmalar berish;

hayvonlar egalarining hududiga va identifikatsiya qilingan hayvonlar yoki identifikatsiya qilinishi, roʻyxatga olinishi, kuzatilishi va hisobdan chiqarilishi lozim boʻlgan hayvonlar saqlanadigan joylarga qonunchilikda belgilangan tartibda kirish;

hayvonning egasidan hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish, hisobdan chiqarish uchun zarur boʻlgan axborotni olish va hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish, kuzatish, hisobdan chiqarish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish.

Vakolatli davlat organining vakili:

hayvon egasining murojaatiga asosan besh ish kuni ichida hayvonni identifikatsiya qilishi va roʻyxatdan oʻtkazishi;

ushbu Qonun 9-moddasining toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan hollarda hayvon egasining murojaatiga muvofiq ikki ish kuni ichida hayvonni hisobdan chiqarishi;

identifikatsiya qilinmagan va roʻyxatga olinmagan hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish boʻyicha barcha zarur choralarni koʻrishi;

elektron axborot tizimiga maʼlumotlarni oʻz vaqtida kiritishi shart.

Vakolatli davlat organining vakili qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi va uning zimmasida boshqa majburiyatlar boʻlishi mumkin.

12-modda. Hayvon egasining huquq va majburiyatlari

Hayvonning egasi quyidagi huquqlarga ega:

elektron axborot tizimidan oʻziga tegishli boʻlgan hayvonlar toʻgʻrisidagi axborotni olish;

oʻziga tegishli boʻlgan hayvonlarni identifikatsiya qilishni va roʻyxatdan oʻtkazishni vakolatli davlat organi vakilidan talab qilish;

vakolatli davlat organi vakilining gʻayriqonuniy harakatlari yoki harakatsizligi ustidan shikoyat qilish;

identifikatsiya qilingan hayvonlarda oʻtkazilgan tashxis qoʻyishga doir tekshirishlar va davolash natijalari haqida axborot olish;

davlat veterinariya xizmatidan mamlakat hududidagi epizootik vaziyat va profilaktika tadbirlari toʻgʻrisida bepul axborot olish.

Hayvonning egasi:

hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etishi;

oʻziga tegishli boʻlgan hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va hisobdan chiqarish uchun, shuningdek hayvonning egasi almashgan taqdirda qayta roʻyxatga olish uchun vakolatli davlat organiga qonunchilikda belgilangan muddatlarda elektron tarzda yoki toʻgʻridan-toʻgʻri murojaat qilishi;

identifikatsiya qilinmagan va roʻyxatga olinmagan hayvonlarning saqlanishiga va (yoki) koʻpaytirilishiga yoʻl qoʻymasligi shart.

Hayvonning egasi qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi va uning zimmasida boshqa majburiyatlar boʻlishi mumkin.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

13-modda. Nizolarni hal etish

Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish sohasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

14-modda. Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Hayvonlarni identifikatsiya qilish, roʻyxatga olish va kuzatish toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

15-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

16-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

17-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran bir yil oʻtgach kuchga kiradi.

Ushbu Qonun 12-moddasining ikkinchi qismi 2028-yil 1-yanvardan eʼtiboran amalga kiritiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 6-avgust,

OʻRQ-1079-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.08.2025-y., 03/25/1079/0697-son)

lex.uz