📅 2025-yil 14-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 14-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 14 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМАСИ
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-17-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-17-сон Фармони билан:
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам ўрнига Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар (кейинги ўринларда — субсидия олувчилар)га турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби жорий этилгани;
мазкур субсидия артезиан қудуғи қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиш харажатларининг 90 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ажратилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
а) Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида субсидия олувчиларга артезиан қудуғи қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларини қоплаш хизмати «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) орқали кўрсатилади;
б) «ЯМИҲ» АТда артезиан қудуғи қазиш хизматларини кўрсатиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини сотиш ҳамда ўрнатиш Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига (кейинги ўринларда — Реестр) киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.
Бунда тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) томонидан «ЯМИҲ» АТга киритилган оммавий офертани тасдиқлаш орқали Реестрга бепул ва ихтиёрийлик асосида киритилади;
в) субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш хизматлари «ЯМИҲ» АТ орқали мустақил танланади ва харид қилинади;
г) субсидия олувчиларнинг артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 90 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади. Бунда:
2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам учун Давлат бюджетидан ажратилган харажатларнинг қолган қисми мазкур тадбирларга йўналтирилади;
2026 йилдан бошлаб ушбу тадбирларни молиялаштириш учун маблағлар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилади.
3. Субсидия олувчиларга субсидия қуйидаги шартларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда ажратилади:
субсидия олувчилар турар жойида артезиан қудуғи қазиш хизматлари, сув насоси ва сув фильтрини сотиш ва ўрнатишга доир ишлар Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган бўлса;
субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қаздирилиб, сув насоси ва ичимлик суви фильтри ўрнатилгани тўғрисидаги ушбу оилалар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси масъул вакиллари томонидан жойига борган ҳолда хулоса расмийлаштирилган бўлса;
субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қаздирилиб, сув насослари ўрнатилгани натижасида олинган сувнинг истеъмолга яроқлилиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан жойига борган ҳолда хулоса расмийлаштирилган бўлса.
4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
субсидия олувчилар томонидан электрон савдо платформаси орқали артезиан қудуғи қаздириш, сув насослари ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиш бўйича буюртмалар бериш;
субсидия олувчиларнинг турар жойида артезиан қудуғи қазилгани, сув насослари ўрнатилгани ҳамда ичимлик суви фильтрлари харид қилиниб, ўрнатилганини ўрганиш;
субсидия олувчиларга уларнинг турар жойида артезиан қудуғи қаздириш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик суви фильтрларини харид қилиб, ўрнатиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби.
5. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда «ЯМИҲ» АТда электрон савдо платформаси вазифасини бажарувчи «Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш» ахборот модулининг ишлаб чиқилиши ва ишга туширилишини таъминласин.
6. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:
бир ой муддатда ушбу қарорнинг 3-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган хулосани расмийлаштириш тартибини тасдиқласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасидан бириктирилган масъул вакиллар томонидан ўз вақтида ушбу қарорнинг 3-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган хулосанинг расмийлаштириб борилишини таъминласин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ушбу қарорнинг 3-банди тўртинчи хатбошисида назарда тутилган хулоса тақдим этиб борилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 августдаги 515-сон қарорига 1-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшовчи Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга (кейинги ўринларда — субсидия олувчилар) турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартибини белгилайди.
2. Субсидия олувчиларга уларнинг турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 90 фоизини, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади.
3. Субсидия олувчиларнинг турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ва ўрнатиш хизматлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимининг (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига (кейинги ўринларда — Реестр) киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади. Бунда:
Реестрга киритиладиган ҳар бир тадбиркорлик субъекти артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва сув фильтрларини сотиш ҳамда ўрнатиш фаолиятини амалга ошириш имкониятига, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда тегишли лицензия ёки рухсатномага эга бўлиши талаб этилади;
субсидия олувчилар томонидан «ЯМИҲ» АТ орқали Реестрга киритилган ҳамда артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотувчи ҳамда ўрнатувчи тадбиркорлик субъектлари мустақил танланади.
4. Субсидия олувчилар турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларини қоплаш учун субсидия ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ схема асосида ажратилади.
2-боб. Субсидия олувчиларнинг турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш тартиби
1-§. Артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ва ўрнатиш хизматларини электрон платформа орқали савдога чиқариш тартиби
5. Артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ва ўрнатиш тўғрисидаги тижорий таклифлар «ЯМИҲ» АТга Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан жойлаштирилади.
6. Артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ва ўрнатиш хизматларини кўрсатиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектлари «ЯМИҲ» АТда электрон офертани тасдиқлаш орқали бепул ва ихтиёрийлик асосида авторизациядан ўтган ҳолда Реестрга киради.
Тадбиркорлик субъектлари Реестрга кириш учун «ЯМИҲ» АТда авторизациядан ўтишда қуйидаги маълумотларни кўрсатади:
юридик шахслар учун солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ҳамда телефон рақами;
якка тартибдаги тадбиркорлар учун паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ҳамда телефон рақами;
тадбиркорлик субъекти ва унинг филиали юридик манзиллари, ҳисобварағи, банк реквизитлари, ишончли вакили ҳақида маълумотлар ҳамда унинг телефон рақами;
артезиан қудуғи қазиш хизматини кўрсатишда фойдаланиладиган махсус транспорт ҳамда бошқа воситаларининг турлари ва номи, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда уларнинг мувофиқлик сертификати рақамлари ҳамда амал қилиш муддатлари;
сотиладиган ва ўрнатиб бериладиган сув насослари ҳамда ичимлик суви фильтрларининг турлари, номи ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда уларнинг мувофиқлик сертификати рақамлари ҳамда амал қилиш муддатлари;
сотиладиган ва ўрнатиб бериладиган сув насослари ҳамда ичимлик суви фильтрларининг хизмат кўрсатиш ва кафолат муддатлари.
7. Авторизациядан тегишли маълумотлар тўлдирилиб, электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёки «ЯМИҲ» АТда «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификация қилишнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали тасдиқлангандан сўнг ўтилади.
Бунда тадбиркорлик субъекти электрон офертани тасдиқлаганидан сўнг улар томонидан кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги «ЯМИҲ» АТда идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари кўрсатган маълумотлар тўғрилиги ҳамда уларнинг фаолияти тугатилмагани аниқланган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари Реестрга киритилади ҳамда улар учун «ЯМИҲ» АТда шахсий кабинет очилади. Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган тадбиркорлик субъектлари Реестрга киритилмайди.
Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари электрон савдо платформасида артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ва ўрнатиш тўғрисидаги тижорий таклифларни жойлаштириш учун ушбу платформада ҳам рўйхатдан ўтиши лозим.
8. Қуйидагилар тадбиркорлик субъектларини Реестрдан чиқариш учун асос ҳисобланади:
тадбиркорлик субъекти тугатилганда ёки банкрот деб топилганда;
артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ҳамда ўрнатиш бўйича буюртма айни бир тадбиркорлик субъекти томонидан икки ва ундан кўп маротаба белгиланган тартиб ёки муддатларда бажарилмаганда;
тадбиркорлик субъекти кафолат муддати даврида яроқсиз ҳолатга келган сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини таъмирлаб ёки янгисига алмаштириб бермаганда.
9. Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ҳамда ўрнатиш бўйича хизмат ва товарларни электрон платформа орқали реализация қилиш учун улар тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни «ЯМИҲ» АТга Вазирлик томонидан тасдиқланган техник талабларга мувофиқ жойлаштиради:
ҳар бир товар ва хизматларнинг номи, нархи, фойдаланиш ва кафолат муддатлари, уларнинг техник тавсифи ва кўрсаткичлари, фойдаланиш бўйича йўриқнома, кафолат ва фойдаланиш муддатлари тугамасдан ёки тугаганидан сўнг амалга ошириладиган тадбирлар;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда мувофиқлиги баҳоланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган товарлар бўйича уларнинг мувофиқлик сертификати ва давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги маълумотлар;
Вазирлик томонидан белгиланган талаблар бўйича ҳар бир товарнинг турли томондан олинган фотосуратлари. Бунда реализация қилинадиган товарга мувофиқ келмайдиган фотосуратларни жойлаштириш тақиқланади.
10. Товарларнинг техник талабларга мувофиқлиги ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги Вазирликнинг масъул ходимлари томонидан «ЯМИҲ» АТда қабул қилингандан сўнг улар электрон платформа орқали савдога чиқарилади.
Бунда техник талабларга мувофиқ бўлмаган ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда олиниши лозим бўлган мувофиқлик сертификати ёки давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома олинмаганда ёхуд уларнинг амал қилиш муддати тугаганда ушбу товарларни савдога чиқаришга йўл қўйилмайди.
2-§. Субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини электрон платформа орқали харид қилиш тартиби
11. Турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтри харид қилиш ҳамда ўрнатиш бўйича буюртма шакллантириш учун субсидия олувчининг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили «ЯМИҲ» АТда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ сўровномани тўлдирган ҳолда электрон шаклда рўйхатдан ўтиш ҳақида ариза юборади.
Бунда сўровномага киритилган маълумотлар шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда уни идентификация ва аутентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усуллари (СМС-хабарнома, «Face-ID») ёки «ЯМИҲ» АТда яратилган махсус идентификация қилиш (Ягона идентификация тизими (OneID), Mobile-ID) орқали тасдиқлангандан сўнг рўйхатдан ўтказилади, ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
12. Субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига борган ҳолда ёки маҳалладаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш орқали «ЯМИҲ» АТда рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунда «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими ёки маҳалладаги ижтимоий ходим субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки унинг қонуний вакили номидан «ЯМИҲ» АТда рўйхатдан ўтиш бўйича сўров юборади.
13. Ушбу Низомнинг 11 ва 12-бандларига мувофиқ сўров юборилганда, унда кўрсатилган оилаларнинг ҳақиқатда мазкур Низомнинг талабларига мос келиши «ЯМИҲ» АТ орқали автоматик равишда текширилади. Бунда:
сўровда кўрсатилган оилалар ушбу Низом талабларига мос келса, у «ЯМИҲ» АТда рўйхатдан ўтказилиб, унга электрон платформа орқали буюртма беришга рухсат берилади;
сўровда кўрсатилган оилалар ушбу Низом талабларига мос келмаса, «ЯМИҲ» АТда рўйхатдан ўтказиш рад этилади.
Сўровда кўрсатилган оилалар ушбу Низом талабларига мос келганда, сўров юборилган кунга қадар беш йил ичида артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларини қоплаш бўйича субсидиядан фойдаланган бўлса, «ЯМИҲ» АТда рўйхатдан ўтказиш рад этилади.
14. Субсидия олувчи оиланинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили «ЯМИҲ» АТ орқали артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш бўйича буюртма шакллантиради ва тасдиқлаган ҳолда ижрога юборади. Бунда:
артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ҳамда ўрнатиш хизматлари айни бир тадбиркорлик субъекти томонидан амалга оширилиши инобатга олинган ҳолда буюртма шакллантирилади;
агарда субсидия олувчиларнинг турар жойида артезиан қудуғи қазилган бўлса ёки сув насоси ёхуд ичимлик суви фильтри мавжуд бўлса, электрон платформа орқали ўзига керакли товар ва хизматларни харид қилиш бўйича буюртма қилиниши мумкин.
15. Тасдиқланган ва ижрога юборилган буюртма автоматик равишда тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинетига келиб тушади. Бунда тадбиркорлик субъекти уч иш куни ичида:
юборилган буюртмани кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
тасдиқланган буюртмага мувофиқ субсидия олувчи оилаларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили билан келишган ҳолда унинг турар жойида артезиан қудуғи қазиш ва сув насоси ҳамда ичимлик суви фильтрини ўрнатиш муддатини белгилайди;
артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини ўрнатиш бўйича дастлабки тўловни амалга ошириш тўғрисида субсидия олувчи оиланинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакилининг «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинетига хабар юборади.
Ушбу банднинг учинчи хатбошисига мувофиқ белгиланадиган муддат артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини ўрнатиш муддатини инобатга олган ҳолда бир ойдан ошмаслиги лозим.
Субсидия олувчилар томонидан шакллантирилган ҳар бир буюртманинг ижро ҳолати бўйича уларнинг мобил алоқа воситалари рақамига «ЯМИҲ» АТ орқали СМС-хабарнома жўнатилади.
16. Субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили тадбиркорлик субъекти томонидан унинг шахсий кабинетига юборилган хабарни олган вақтдан бошлаб икки иш куни ичида «ЯМИҲ» АТ орқали шакллантирилган буюртма нархининг 10 фоизи миқдоридаги дастлабки тўловни ягона биллинг тизими орқали тадбиркорлик субъектининг «ЯМИҲ» АТдан рўйхатдан ўтишда кўрсатилган ҳисобварағига электрон шаклда тўлайди.
Агарда шакллантирилган буюртма нархи ушбу Низомнинг 2-бандида назарда тутилган субсидия нархидан юқори бўлганда, субсидия олувчилар томонидан ўртада шаклланган салбий фарқ ҳам дастлабки тўлов билан бир вақтда тўланиши талаб этилади.
17. Субсидия олувчилар томонидан амалга оширилган дастлабки тўлов, шунингдек, буюртма ва ажратиладиган субсидия миқдори ўртасидаги салбий фарқ тўлангани тўғрисида «ЯМИҲ» АТ томонидан тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинетига автоматик равишда хабарнома юборилади.
3-§. Тадбиркорлик субъекти томонидан артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини етказиш ва ўрнатиш тартиби
18. Тадбиркорлик субъекти ушбу Низомнинг 15-бандида белгиланган муддатда субсидия олувчиларнинг турар жойига етиб бориши ҳамда артезиан қудуғини қазиши, сув насоси ва ичимлик сув фильтрини ўрнатиши лозим.
Агарда тадбиркорлик субъекти томонидан ушбу Низомнинг 15-банди бешинчи хатбошисида белгиланган муддатда артезиан қудуғини қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини ўрнатиш ишлари бошланмаса, субсидия олувчилар шахсий кабинети орқали буюртмани бекор қилиши ҳамда янги буюртма бериши мумкин. Бунда:
субсидия олувчилар томонидан тадбиркорлик субъектига олдиндан тўланган дастлабки тўлов ҳамда буюртма ва ажратиладиган субсидия миқдори ўртасидаги салбий фарқ (агар мавжуд бўлса) тадбиркорлик субъекти томонидан беш иш куни ичида субсидия олувчиларга белгиланган тартибда қайтарилиши шарт;
тадбиркорлик субъекти томонидан ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган талаб бажарилмаган тақдирда, тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Қорақалпоғистон Республикаси ёки Хоразм вилояти бошқармаси субсидия олувчига тегишли маблағларни ундириши бўйича судга мурожаат қилишга кўмаклашади.
19. Тадбиркорлик субъекти Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг турар жойида артезиан қудуғи қазилиб, сув насоси ва ичимлик суви фильтри ўрнатилганидан сўнг бир иш куни ичида бу тўғрисида тегишли фотосуратларни илова қилган ҳолда «ЯМИҲ» АТга маълумот киритади.
Тадбиркорлик субъекти томонидан «ЯМИҲ» АТга буюртма бажарилгани тўғрисида маълумот киритилганидан сўнг бу ҳақида «ЯМИҲ» АТ орқали буюртмаси бажарилган субсидия олувчи яшовчи маҳалланинг раиси, тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бошқармасидан бириктирилган масъул вакилларга (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) электрон шаклда уларнинг «ЯМИҲ» АТдаги мобил алоқа воситалари рақамига СМС-хабарнома юборилади.
20. Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси СМС-хабарномани олган вақтдан бошлаб беш кун ичида субсидия олувчиларнинг турар жойига борган ҳолда буюртма ҳақиқатда бажарилгани ва тадбиркорлик субъекти томонидан «ЯМИҲ» АТга киритилган маълумотлар тўғри эканлигини ўрганади.
Ўрганиш натижасида буюртма ҳақиқатда бажарилгани ва тадбиркорлик субъекти томонидан «ЯМИҲ» АТга киритилган маълумотлар тўғри эканлиги тасдиқланса, Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси «ЯМИҲ» АТда субсидия ажратиш тўғрисидаги хулосани маъқуллайди.
21. Қуйидаги ҳолатларда буюртма бажарилмаган деб ҳисобланади ва тадбиркорлик субъектига унинг шахсий кабинети орқали «ЯМИҲ» АТ ёрдамида Ишчи гуруҳнинг рад этиш хулосаси бўйича хабарнома юборилади:
тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ёки Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасидан бириктирилган масъул вакиллар томонидан артезиан қудуғи белгиланган талаб ва шартлар асосида қазилмаган деб хулоса қилинса;
тегишлилиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ёки Хоразм вилояти бошқармасидан бириктирилган масъул вакиллар томонидан ичимлик суви фильтридан олинган сув истеъмол учун яроқсиз деб хулоса қилинса.
22. Ишчи гуруҳ томонидан субсидия ажратиш маъқуллангани ёки рад этилгани тўғрисидаги хабар «ЯМИҲ» АТга автоматик равишда юборилади. Бунда:
субсидия ажратиш маъқулланган тақдирда, буюртма «ижро этилган» ҳамда «тўлов кутилмоқда» ҳолатига ўтади;
субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, буюртма «ижро этилиши кутилмоқда» ҳолатига ўтади.
3-боб. Субсидия ажратиш тартиби
23. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Давлат молиясини бошқариш» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ДМБАТ) артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш бўйича ажратиладиган субсидия тўловларини амалга ошириш ҳамда ҳисобини юритиш учун Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бошқармаларида алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.
24. Ишчи гуруҳ томонидан субсидия ажратиш маъқуллангани тўғрисидаги хабар келиб тушганидан сўнг бу тўғрисидаги маълумотлар «ЯМИҲ» АТ орқали Давлат имтиёзлари ягона электрон платформасига юборилади.
Давлат имтиёзлари ягона электрон платформаси орқали буюртманинг нархи миқдоридаги, бироқ ушбу Низомнинг 2-бандида назарда тутилган субсидия миқдоридан кўп бўлмаган маблағ ДМБАТга йўналтирилади. Бунда ДМБАТ томонидан тегишли субсидия тадбиркорлик субъектининг банк ҳисобварағига буюртма бажарилгани Ишчи гуруҳ томонидан тасдиқлангандан сўнг автоматик тарзда ўтказилади.
Тадбиркорлик субъектининг банк ҳисобварағига субсидияни ўтказиш дам олиш кунига ёки байрам ёхуд бошқа ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш кунида ўтказилади.
Буюртма нархи ажратиладиган субсидия миқдоридан кам бўлган тақдирда, ўртадаги ижобий фарқ суммаси шахсий ғазна ҳисобварағида қолдирилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
25. Тадбиркорлик субъектлари улар томонидан қабул қилинган буюртмаларни сифатли ва белгиланган муддатда бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади.
26. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган сув насослари ва ичимлик суви фильтрларига уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан берилган кафолат муддати тугагандан сўнг ҳамда субсидия олувчилар томонидан зиён етказилганда шахсий жавобгарлик субсидия олувчига ўтади.
27. Субсидия олувчилар сув насоси ва ичимлик суви фильтридан фойдаланиш йўриқномаси билан тўлиқ танишиб чиқиши ҳамда ундан фойдаланиш тартиб ва қоидаларига риоя қилиши лозим.
28. Субсидия олувчилар томонидан ушбу Низомга мувофиқ ажратилган субсидия асосида харид қилинган сув насоси ва ичимлик суви фильтрини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш ёки совға қилиш ҳамда сотиш қатъиян тақиқланади.
29. Ушбу Низомда назарда тутилган СМС-хабарномаларни юбориш билан боғлиқ харажатлар Агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
30. Артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.
31. Субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки уларнинг қонуний вакиллари электрон платформада буюртма шакллантириш, субсидия ажратиш ҳамда артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини ўрнатиш бўйича тегишли ходимлар ва тадбиркорлик субъектларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
32. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ҳамда ўрнатиш хизматларини электрон платформа орқали савдога чиқариш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Тадбиркорлик субъекти «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) электрон офертани тасдиқлаш орқали бепул ва ихтиёрийлик асосида авторизациядан ўтади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тадбиркорлик субъектлари кўрсатган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг фаолияти тугатилмаганини ўрганади ҳамда ўрганиш натижасига кўра Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритади ёки рад этади. 3 иш кунида 3-босқич Тадбиркорлик субъекти Артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрларини сотиш ва ўрнатиш бўйича хизмат ва товарлар ҳамда уларнинг нархларини (қонунчиликда белгиланган ҳолларда мувофиқлик сертификати рақами ва муддати) реализация қилиш учун электрон савдо платформасига жойлаштиради. Реал вақт режимида 4-босқич Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Товарларнинг техник талабларга мувофиқлиги ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини ўрганиб, электрон платформа орқали савдога чиқаради ёки рад этади. 3 иш кунида
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Субсидия олувчилар томонидан артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш бўйича буюртма бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Субсидия олувчи (Ижтимоий реестрга киритилган оила) 1. Субсидия олувчининг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) рўйхатдан ўтади. Ўз хоҳишига кўра 2. Электрон платформа орқали артезиан қудуғи қазиш, сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ва ўрнатиш бўйича буюртма беради. «ЯМИҲ» АТда рўйхатдан ўтганидан сўнг 2-босқич Тадбиркорлик субъекти 1. Буюртмани кўриб чиқиб тасдиқлайди ёки рад этади. 2. Субсидия олувчилар билан келишган ҳолда унинг турар жойида артезиан қудуғи қазиш ва сув насоси ҳамда ичимлик суви фильтрини ўрнатиш муддатини белгилайди. 3. Артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтрини ўрнатиш учун дастлабки тўловни амалга ошириш тўғрисида субсидия олувчининг «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинетига хабар юборади. 3 иш кунида 3-босқич Субсидия олувчи Буюртма нархининг 10 фоизи миқдоридаги дастлабки тўловни ягона биллинг тизими орқали тадбиркорлик субъектининг «ЯМИҲ» АТдан рўйхатдан ўтишда кўрсатилган ҳисобварағига электрон шаклда тўлайди. Тадбиркорлик субъектининг хабари келиб тушганидан сўнг 2 иш кунида 4-босқич Тадбиркорлик субъекти 1. Артезиан қудуғи қазиш ва сув насоси ҳамда ичимлик суви фильтрини ўрнатиш хизматини кўрсатади. Буюртма тасдиқланганидан сўнг бир ойда 2. Субсидия олувчининг турар жойида артезиан қудуғи қазилиб, сув насоси ва ичимлик суви фильтри ўрнатилганидан сўнг бу тўғрисида тегишли фотосуратларни илова қилган ҳолда «ЯМИҲ» АТга маълумот киритади. Буюртма бажарилганидан сўнг бир иш кунида 5-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Буюртмаси бажарилган субсидия олувчи яшайдиган маҳалла раиси, тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бошқармасидан бириктирилган масъул вакилларга (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) электрон тарзда уларнинг «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинетига ҳамда мобил алоқа воситалари рақамига СМС-хабарнома юборилади. Автоматик равишда 6-босқич Ишчи гуруҳ 1. Субсидия олувчининг турар жойига борган ҳолда буюртма ҳақиқатда бажарилгани бўйича «ЯМИҲ» АТга киритилган маълумотлар тўғри эканлигини ўрганади. 2. Ўрганиш якуни бўйича субсидия ажратишни маъқуллайди ёки рад этади. СМС-хабарнома олинган вақтдан бошлаб 5 иш кунида 7-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 1. Ишчи гуруҳ томонидан субсидия ажратиш маъқуллангани тўғрисидаги хабар келиб тушганидан сўнг бу тўғрисидаги маълумотлар «ЯМИҲ» АТ орқали Давлат имтиёзлари ягона электрон платформасига юборилади. 2. Давлат имтиёзлари ягона электрон платформаси орқали буюртманинг нархи миқдоридаги, бироқ субсидия миқдоридан кўп бўлмаган маблағ «Давлат молиясини бошқариш» ахборот тизимига йўналтирилади. Бунда «Давлат молиясини бошқариш» ахборот тизими томонидан тегишли субсидия тадбиркорлик субъектининг банк ҳисобварағига автоматик тарзда ўтказилади. Автоматик равишда
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Турар жойида артезиан қудуғи қазиш, сув насоси ва ичимлик суви фильтри харид қилиш ва ўрнатиш бўйича буюртма шакллантириш мақсадида «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш
Т/р Мурожаат қилувчи тўғрисида маълумотлар: 1. Фамилияси: 2. Исми: 3. Отасининг исми: 4. Туғилган санаси: 5. Паспорт (идентификация ID-карта) серияси ва рақами: 6. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР): 7. Телефон рақами: 8. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): 9. Ҳудуд номи: 10. Туман (шаҳар) номи: 11. Маҳалла фуқаролар йиғини номи:
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 августдаги 515-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 30 мартдаги 165-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 8 февралдаги 62-сон қарорига 12-илованинг 61-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 35-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2025 йил 1 мартдаги 135-сон қарорига 1-илованинг 27-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 август,
515-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
SOʻROVNOMASI
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida ayrim toifadagi oilalarni toza ichimlik suvi bilan taʼminlashga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini ijtimoiy himoya qilish tizimini moliyalashtirish tartib-taomillarini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2025-yil 30-yanvardagi PF-17-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 30-yanvardagi PF-17-son Farmoni bilan:
Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida muhtoj oilalarga bir marta beriladigan moddiy yordam oʻrniga Kambagʻal oilalar reyestriga kiritilgan oilalar (keyingi oʻrinlarda — subsidiya oluvchilar)ga turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslarini oʻrnatish hamda ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibi joriy etilgani;
mazkur subsidiya artezian qudugʻi qazish, suv nasoslarini oʻrnatish hamda ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish xarajatlarining 90 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 30 baravaridan koʻp boʻlmagan miqdorda ajratilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
a) Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida subsidiya oluvchilarga artezian qudugʻi qazish, suv nasoslarini oʻrnatish hamda ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarini qoplash xizmati “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) orqali koʻrsatiladi;
b) “YAMIH” ATda artezian qudugʻi qazish xizmatlarini koʻrsatish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrini sotish hamda oʻrnatish Aholini toza ichimlik suvi bilan taʼminlashga koʻmaklashuvchi tadbirkorlik subyektlari reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) kiritilgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan amalga oshiriladi.
Bunda tadbirkorlik subyektlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Ijtimoiy himoya milliy agentligi) tomonidan “YAMIH” ATga kiritilgan ommaviy ofertani tasdiqlash orqali Reyestrga bepul va ixtiyoriylik asosida kiritiladi;
v) subsidiya oluvchilar tomonidan artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish xizmatlari “YAMIH” AT orqali mustaqil tanlanadi va xarid qilinadi;
g) subsidiya oluvchilarning artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarining 90 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 30 baravarigacha boʻlgan qismini qoplash uchun Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan subsidiya ajratiladi. Bunda:
2025-yilda Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi muhtoj oilalarga bir marta beriladigan moddiy yordam uchun Davlat budjetidan ajratilgan xarajatlarning qolgan qismi mazkur tadbirlarga yoʻnaltiriladi;
2026-yildan boshlab ushbu tadbirlarni moliyalashtirish uchun mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Qonunida nazarda tutiladi.
3. Subsidiya oluvchilarga subsidiya quyidagi shartlarning barchasi bir vaqtning oʻzida bajarilgan taqdirda ajratiladi:
subsidiya oluvchilar turar joyida artezian qudugʻi qazish xizmatlari, suv nasosi va suv filtrini sotish va oʻrnatishga doir ishlar Reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan amalga oshirilgan boʻlsa;
subsidiya oluvchilar tomonidan artezian qudugʻi qazdirilib, suv nasosi va ichimlik suvi filtri oʻrnatilgani toʻgʻrisidagi ushbu oilalar yashaydigan mahalla fuqarolar yigʻinining raisi va tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Xorazm viloyati Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasi masʼul vakillari tomonidan joyiga borgan holda xulosa rasmiylashtirilgan boʻlsa;
subsidiya oluvchilar tomonidan artezian qudugʻi qazdirilib, suv nasoslari oʻrnatilgani natijasida olingan suvning isteʼmolga yaroqliligi toʻgʻrisida Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyati boshqarmasi masʼul xodimlari tomonidan joyiga borgan holda xulosa rasmiylashtirilgan boʻlsa.
4. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi ayrim toifadagi oilalarni ichimlik suvi bilan taʼminlash xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
subsidiya oluvchilar tomonidan elektron savdo platformasi orqali artezian qudugʻi qazdirish, suv nasoslari oʻrnatish hamda ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish boʻyicha buyurtmalar berish;
subsidiya oluvchilarning turar joyida artezian qudugʻi qazilgani, suv nasoslari oʻrnatilgani hamda ichimlik suvi filtrlari xarid qilinib, oʻrnatilganini oʻrganish;
subsidiya oluvchilarga ularning turar joyida artezian qudugʻi qazdirish, suv nasoslarini oʻrnatish hamda ichimlik suvi filtrlarini xarid qilib, oʻrnatish xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibi.
5. Ijtimoiy himoya milliy agentligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda “YAMIH” ATda elektron savdo platformasi vazifasini bajaruvchi “Aholini toza ichimlik suvi bilan taʼminlash” axborot modulining ishlab chiqilishi va ishga tushirilishini taʼminlasin.
6. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi:
bir oy muddatda ushbu qarorning 3-bandi uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan xulosani rasmiylashtirish tartibini tasdiqlasin;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Xorazm viloyati Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasidan biriktirilgan masʼul vakillar tomonidan oʻz vaqtida ushbu qarorning 3-bandi uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan xulosaning rasmiylashtirib borilishini taʼminlasin.
7. Sogʻliqni saqlash vazirligi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyati boshqarmasi tomonidan ushbu qarorning 3-bandi toʻrtinchi xatboshisida nazarda tutilgan xulosa taqdim etib borilishini taʼminlasin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-avgustdagi 515-son qaroriga 1-ILOVA
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida ayrim toifadagi oilalarni ichimlik suvi bilan taʼminlash xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida yashovchi Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga (keyingi oʻrinlarda — subsidiya oluvchilar) turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish hamda oʻrnatish xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibini belgilaydi.
2. Subsidiya oluvchilarga ularning turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish hamda oʻrnatish xarajatlarining 90 foizini, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 30 baravaridan koʻp boʻlmagan qismini qoplash uchun Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan subsidiya ajratiladi.
3. Subsidiya oluvchilarning turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish va oʻrnatish xizmatlari “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimining (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) Aholini toza ichimlik suvi bilan taʼminlashga koʻmaklashuvchi tadbirkorlik subyektlari reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) kiritilgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan amalga oshiriladi. Bunda:
Reyestrga kiritiladigan har bir tadbirkorlik subyekti artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va suv filtrlarini sotish hamda oʻrnatish faoliyatini amalga oshirish imkoniyatiga, shu jumladan, qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda tegishli litsenziya yoki ruxsatnomaga ega boʻlishi talab etiladi;
subsidiya oluvchilar tomonidan “YAMIH” AT orqali Reyestrga kiritilgan hamda artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotuvchi hamda oʻrnatuvchi tadbirkorlik subyektlari mustaqil tanlanadi.
4. Subsidiya oluvchilar turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ushbu Nizomga 1 va 2-ilovalarga muvofiq sxema asosida ajratiladi.
2-bob. Subsidiya oluvchilarning turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish tartibi
1-§. Artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish va oʻrnatish xizmatlarini elektron platforma orqali savdoga chiqarish tartibi
5. Artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish va oʻrnatish toʻgʻrisidagi tijoriy takliflar “YAMIH” ATga Reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan joylashtiriladi.
6. Artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish va oʻrnatish xizmatlarini koʻrsatish istagini bildirgan tadbirkorlik subyektlari “YAMIH” ATda elektron ofertani tasdiqlash orqali bepul va ixtiyoriylik asosida avtorizatsiyadan oʻtgan holda Reyestrga kiradi.
Tadbirkorlik subyektlari Reyestrga kirish uchun “YAMIH” ATda avtorizatsiyadan oʻtishda quyidagi maʼlumotlarni koʻrsatadi:
yuridik shaxslar uchun soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR) hamda telefon raqami;
yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) hamda telefon raqami;
tadbirkorlik subyekti va uning filiali yuridik manzillari, hisobvaragʻi, bank rekvizitlari, ishonchli vakili haqida maʼlumotlar hamda uning telefon raqami;
artezian qudugʻi qazish xizmatini koʻrsatishda foydalaniladigan maxsus transport hamda boshqa vositalarining turlari va nomi, qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda ularning muvofiqlik sertifikati raqamlari hamda amal qilish muddatlari;
sotiladigan va oʻrnatib beriladigan suv nasoslari hamda ichimlik suvi filtrlarining turlari, nomi va qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda ularning muvofiqlik sertifikati raqamlari hamda amal qilish muddatlari;
sotiladigan va oʻrnatib beriladigan suv nasoslari hamda ichimlik suvi filtrlarining xizmat koʻrsatish va kafolat muddatlari.
7. Avtorizatsiyadan tegishli maʼlumotlar toʻldirilib, elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) yoki “YAMIH” ATda “Elektron hukumat” tizimi foydalanuvchilarini identifikatsiya qilishning yagona axborot tizimi (OneID) orqali tasdiqlangandan soʻng oʻtiladi.
Bunda tadbirkorlik subyekti elektron ofertani tasdiqlaganidan soʻng ular tomonidan koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillarining mavjud emasligi “YAMIH” ATda idoralararo elektron hamkorlik orqali avtomatik tarzda aniqlanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) masʼul xodimlari tomonidan tadbirkorlik subyektlari koʻrsatgan maʼlumotlar toʻgʻriligi hamda ularning faoliyati tugatilmagani aniqlangan taqdirda, tadbirkorlik subyektlari Reyestrga kiritiladi hamda ular uchun “YAMIH” ATda shaxsiy kabinet ochiladi. Ushbu bandning ikkinchi xatboshisida belgilangan talablarga javob bermaydigan tadbirkorlik subyektlari Reyestrga kiritilmaydi.
Reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari elektron savdo platformasida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish va oʻrnatish toʻgʻrisidagi tijoriy takliflarni joylashtirish uchun ushbu platformada ham roʻyxatdan oʻtishi lozim.
8. Quyidagilar tadbirkorlik subyektlarini Reyestrdan chiqarish uchun asos hisoblanadi:
tadbirkorlik subyekti tugatilganda yoki bankrot deb topilganda;
artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish hamda oʻrnatish boʻyicha buyurtma ayni bir tadbirkorlik subyekti tomonidan ikki va undan koʻp marotaba belgilangan tartib yoki muddatlarda bajarilmaganda;
tadbirkorlik subyekti kafolat muddati davrida yaroqsiz holatga kelgan suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini taʼmirlab yoki yangisiga almashtirib bermaganda.
9. Reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish hamda oʻrnatish boʻyicha xizmat va tovarlarni elektron platforma orqali realizatsiya qilish uchun ular toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlarni “YAMIH” ATga Vazirlik tomonidan tasdiqlangan texnik talablarga muvofiq joylashtiradi:
har bir tovar va xizmatlarning nomi, narxi, foydalanish va kafolat muddatlari, ularning texnik tavsifi va koʻrsatkichlari, foydalanish boʻyicha yoʻriqnoma, kafolat va foydalanish muddatlari tugamasdan yoki tugaganidan soʻng amalga oshiriladigan tadbirlar;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda muvofiqligi baholanishi yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi lozim boʻlgan tovarlar boʻyicha ularning muvofiqlik sertifikati va davlat roʻyxatidan oʻtkazilgani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
Vazirlik tomonidan belgilangan talablar boʻyicha har bir tovarning turli tomondan olingan fotosuratlari. Bunda realizatsiya qilinadigan tovarga muvofiq kelmaydigan fotosuratlarni joylashtirish taqiqlanadi.
10. Tovarlarning texnik talablarga muvofiqligi hamda ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi va toʻliqligi Vazirlikning masʼul xodimlari tomonidan “YAMIH” ATda qabul qilingandan soʻng ular elektron platforma orqali savdoga chiqariladi.
Bunda texnik talablarga muvofiq boʻlmagan hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda olinishi lozim boʻlgan muvofiqlik sertifikati yoki davlat roʻyxatidan oʻtkazilgani toʻgʻrisidagi guvohnoma olinmaganda yoxud ularning amal qilish muddati tugaganda ushbu tovarlarni savdoga chiqarishga yoʻl qoʻyilmaydi.
2-§. Subsidiya oluvchilar tomonidan artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini elektron platforma orqali xarid qilish tartibi
11. Turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtri xarid qilish hamda oʻrnatish boʻyicha buyurtma shakllantirish uchun subsidiya oluvchining voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki qonuniy vakili “YAMIH” ATda ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq soʻrovnomani toʻldirgan holda elektron shaklda roʻyxatdan oʻtish haqida ariza yuboradi.
Bunda soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlar shaxsning roziligini ifodalaydigan hamda uni identifikatsiya va autentifikatsiya qilish imkonini beradigan elektron tasdiqlash usullari (SMS-xabarnoma, “Face-ID”) yoki “YAMIH” ATda yaratilgan maxsus identifikatsiya qilish (Yagona identifikatsiya tizimi (OneID), Mobile-ID) orqali tasdiqlangandan soʻng roʻyxatdan oʻtkaziladi, ushbu Nizomning 12-bandida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno.
12. Subsidiya oluvchilarning voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki qonuniy vakili “Inson” ijtimoiy xizmatlar markaziga borgan holda yoki mahalladagi ijtimoiy xodimlarga murojaat qilish orqali “YAMIH” ATda roʻyxatdan oʻtishi mumkin. Bunda “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazi xodimi yoki mahalladagi ijtimoiy xodim subsidiya oluvchilarning voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki uning qonuniy vakili nomidan “YAMIH” ATda roʻyxatdan oʻtish boʻyicha soʻrov yuboradi.
13. Ushbu Nizomning 11 va 12-bandlariga muvofiq soʻrov yuborilganda, unda koʻrsatilgan oilalarning haqiqatda mazkur Nizomning talablariga mos kelishi “YAMIH” AT orqali avtomatik ravishda tekshiriladi. Bunda:
soʻrovda koʻrsatilgan oilalar ushbu Nizom talablariga mos kelsa, u “YAMIH” ATda roʻyxatdan oʻtkazilib, unga elektron platforma orqali buyurtma berishga ruxsat beriladi;
soʻrovda koʻrsatilgan oilalar ushbu Nizom talablariga mos kelmasa, “YAMIH” ATda roʻyxatdan oʻtkazish rad etiladi.
Soʻrovda koʻrsatilgan oilalar ushbu Nizom talablariga mos kelganda, soʻrov yuborilgan kunga qadar besh yil ichida artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish hamda oʻrnatish xarajatlarini qoplash boʻyicha subsidiyadan foydalangan boʻlsa, “YAMIH” ATda roʻyxatdan oʻtkazish rad etiladi.
14. Subsidiya oluvchi oilaning voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki qonuniy vakili “YAMIH” AT orqali artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish hamda oʻrnatish boʻyicha buyurtma shakllantiradi va tasdiqlagan holda ijroga yuboradi. Bunda:
artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish hamda oʻrnatish xizmatlari ayni bir tadbirkorlik subyekti tomonidan amalga oshirilishi inobatga olingan holda buyurtma shakllantiriladi;
agarda subsidiya oluvchilarning turar joyida artezian qudugʻi qazilgan boʻlsa yoki suv nasosi yoxud ichimlik suvi filtri mavjud boʻlsa, elektron platforma orqali oʻziga kerakli tovar va xizmatlarni xarid qilish boʻyicha buyurtma qilinishi mumkin.
15. Tasdiqlangan va ijroga yuborilgan buyurtma avtomatik ravishda tadbirkorlik subyektining shaxsiy kabinetiga kelib tushadi. Bunda tadbirkorlik subyekti uch ish kuni ichida:
yuborilgan buyurtmani koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;
tasdiqlangan buyurtmaga muvofiq subsidiya oluvchi oilalarning voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki qonuniy vakili bilan kelishgan holda uning turar joyida artezian qudugʻi qazish va suv nasosi hamda ichimlik suvi filtrini oʻrnatish muddatini belgilaydi;
artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrini oʻrnatish boʻyicha dastlabki toʻlovni amalga oshirish toʻgʻrisida subsidiya oluvchi oilaning voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki qonuniy vakilining “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabinetiga xabar yuboradi.
Ushbu bandning uchinchi xatboshisiga muvofiq belgilanadigan muddat artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrini oʻrnatish muddatini inobatga olgan holda bir oydan oshmasligi lozim.
Subsidiya oluvchilar tomonidan shakllantirilgan har bir buyurtmaning ijro holati boʻyicha ularning mobil aloqa vositalari raqamiga “YAMIH” AT orqali SMS-xabarnoma joʻnatiladi.
16. Subsidiya oluvchilarning voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki qonuniy vakili tadbirkorlik subyekti tomonidan uning shaxsiy kabinetiga yuborilgan xabarni olgan vaqtdan boshlab ikki ish kuni ichida “YAMIH” AT orqali shakllantirilgan buyurtma narxining 10 foizi miqdoridagi dastlabki toʻlovni yagona billing tizimi orqali tadbirkorlik subyektining “YAMIH” ATdan roʻyxatdan oʻtishda koʻrsatilgan hisobvaragʻiga elektron shaklda toʻlaydi.
Agarda shakllantirilgan buyurtma narxi ushbu Nizomning 2-bandida nazarda tutilgan subsidiya narxidan yuqori boʻlganda, subsidiya oluvchilar tomonidan oʻrtada shakllangan salbiy farq ham dastlabki toʻlov bilan bir vaqtda toʻlanishi talab etiladi.
17. Subsidiya oluvchilar tomonidan amalga oshirilgan dastlabki toʻlov, shuningdek, buyurtma va ajratiladigan subsidiya miqdori oʻrtasidagi salbiy farq toʻlangani toʻgʻrisida “YAMIH” AT tomonidan tadbirkorlik subyektining shaxsiy kabinetiga avtomatik ravishda xabarnoma yuboriladi.
3-§. Tadbirkorlik subyekti tomonidan artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrini yetkazish va oʻrnatish tartibi
18. Tadbirkorlik subyekti ushbu Nizomning 15-bandida belgilangan muddatda subsidiya oluvchilarning turar joyiga yetib borishi hamda artezian qudugʻini qazishi, suv nasosi va ichimlik suv filtrini oʻrnatishi lozim.
Agarda tadbirkorlik subyekti tomonidan ushbu Nizomning 15-bandi beshinchi xatboshisida belgilangan muddatda artezian qudugʻini qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrini oʻrnatish ishlari boshlanmasa, subsidiya oluvchilar shaxsiy kabineti orqali buyurtmani bekor qilishi hamda yangi buyurtma berishi mumkin. Bunda:
subsidiya oluvchilar tomonidan tadbirkorlik subyektiga oldindan toʻlangan dastlabki toʻlov hamda buyurtma va ajratiladigan subsidiya miqdori oʻrtasidagi salbiy farq (agar mavjud boʻlsa) tadbirkorlik subyekti tomonidan besh ish kuni ichida subsidiya oluvchilarga belgilangan tartibda qaytarilishi shart;
tadbirkorlik subyekti tomonidan ushbu bandning uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan talab bajarilmagan taqdirda, tegishliligi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Qoraqalpogʻiston Respublikasi yoki Xorazm viloyati boshqarmasi subsidiya oluvchiga tegishli mablagʻlarni undirishi boʻyicha sudga murojaat qilishga koʻmaklashadi.
19. Tadbirkorlik subyekti Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning turar joyida artezian qudugʻi qazilib, suv nasosi va ichimlik suvi filtri oʻrnatilganidan soʻng bir ish kuni ichida bu toʻgʻrisida tegishli fotosuratlarni ilova qilgan holda “YAMIH” ATga maʼlumot kiritadi.
Tadbirkorlik subyekti tomonidan “YAMIH” ATga buyurtma bajarilgani toʻgʻrisida maʼlumot kiritilganidan soʻng bu haqida “YAMIH” AT orqali buyurtmasi bajarilgan subsidiya oluvchi yashovchi mahallaning raisi, tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Xorazm viloyati Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasi hamda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyati boshqarmasidan biriktirilgan masʼul vakillarga (keyingi oʻrinlarda — Ishchi guruh) elektron shaklda ularning “YAMIH” ATdagi mobil aloqa vositalari raqamiga SMS-xabarnoma yuboriladi.
20. Ishchi guruhning har bir aʼzosi SMS-xabarnomani olgan vaqtdan boshlab besh kun ichida subsidiya oluvchilarning turar joyiga borgan holda buyurtma haqiqatda bajarilgani va tadbirkorlik subyekti tomonidan “YAMIH” ATga kiritilgan maʼlumotlar toʻgʻri ekanligini oʻrganadi.
Oʻrganish natijasida buyurtma haqiqatda bajarilgani va tadbirkorlik subyekti tomonidan “YAMIH” ATga kiritilgan maʼlumotlar toʻgʻri ekanligi tasdiqlansa, Ishchi guruhning har bir aʼzosi “YAMIH” ATda subsidiya ajratish toʻgʻrisidagi xulosani maʼqullaydi.
21. Quyidagi holatlarda buyurtma bajarilmagan deb hisoblanadi va tadbirkorlik subyektiga uning shaxsiy kabineti orqali “YAMIH” AT yordamida Ishchi guruhning rad etish xulosasi boʻyicha xabarnoma yuboriladi:
tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi yoki Xorazm viloyati Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasidan biriktirilgan masʼul vakillar tomonidan artezian qudugʻi belgilangan talab va shartlar asosida qazilmagan deb xulosa qilinsa;
tegishliligi boʻyicha Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi yoki Xorazm viloyati boshqarmasidan biriktirilgan masʼul vakillar tomonidan ichimlik suvi filtridan olingan suv isteʼmol uchun yaroqsiz deb xulosa qilinsa.
22. Ishchi guruh tomonidan subsidiya ajratish maʼqullangani yoki rad etilgani toʻgʻrisidagi xabar “YAMIH” ATga avtomatik ravishda yuboriladi. Bunda:
subsidiya ajratish maʼqullangan taqdirda, buyurtma “ijro etilgan” hamda “toʻlov kutilmoqda” holatiga oʻtadi;
subsidiya ajratish rad etilgan taqdirda, buyurtma “ijro etilishi kutilmoqda” holatiga oʻtadi.
3-bob. Subsidiya ajratish tartibi
23. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining “Davlat moliyasini boshqarish” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — DMBAT) artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish boʻyicha ajratiladigan subsidiya toʻlovlarini amalga oshirish hamda hisobini yuritish uchun Agentlikning Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyati boshqarmalarida alohida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻi ochiladi.
24. Ishchi guruh tomonidan subsidiya ajratish maʼqullangani toʻgʻrisidagi xabar kelib tushganidan soʻng bu toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “YAMIH” AT orqali Davlat imtiyozlari yagona elektron platformasiga yuboriladi.
Davlat imtiyozlari yagona elektron platformasi orqali buyurtmaning narxi miqdoridagi, biroq ushbu Nizomning 2-bandida nazarda tutilgan subsidiya miqdoridan koʻp boʻlmagan mablagʻ DMBATga yoʻnaltiriladi. Bunda DMBAT tomonidan tegishli subsidiya tadbirkorlik subyektining bank hisobvaragʻiga buyurtma bajarilgani Ishchi guruh tomonidan tasdiqlangandan soʻng avtomatik tarzda oʻtkaziladi.
Tadbirkorlik subyektining bank hisobvaragʻiga subsidiyani oʻtkazish dam olish kuniga yoki bayram yoxud boshqa ishlanmaydigan kunga toʻgʻri kelsa, undan keyingi birinchi ish kunida oʻtkaziladi.
Buyurtma narxi ajratiladigan subsidiya miqdoridan kam boʻlgan taqdirda, oʻrtadagi ijobiy farq summasi shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida qoldiriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
25. Tadbirkorlik subyektlari ular tomonidan qabul qilingan buyurtmalarni sifatli va belgilangan muddatda bajarilishi uchun javobgar hisoblanadi.
26. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻrnatilgan suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlariga ularni ishlab chiqaruvchi korxonalar tomonidan berilgan kafolat muddati tugagandan soʻng hamda subsidiya oluvchilar tomonidan ziyon yetkazilganda shaxsiy javobgarlik subsidiya oluvchiga oʻtadi.
27. Subsidiya oluvchilar suv nasosi va ichimlik suvi filtridan foydalanish yoʻriqnomasi bilan toʻliq tanishib chiqishi hamda undan foydalanish tartib va qoidalariga rioya qilishi lozim.
28. Subsidiya oluvchilar tomonidan ushbu Nizomga muvofiq ajratilgan subsidiya asosida xarid qilingan suv nasosi va ichimlik suvi filtrini boshqa shaxslarga foydalanish uchun berish yoki sovgʻa qilish hamda sotish qatʼiyan taqiqlanadi.
29. Ushbu Nizomda nazarda tutilgan SMS-xabarnomalarni yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Agentlikning Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
30. Artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish hamda oʻrnatish uchun Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlarning maqsadli va samarali sarflanishi Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamentining Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi tomonidan nazorat qilinadi.
31. Subsidiya oluvchilarning voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki ularning qonuniy vakillari elektron platformada buyurtma shakllantirish, subsidiya ajratish hamda artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrini oʻrnatish boʻyicha tegishli xodimlar va tadbirkorlik subyektlarining xatti-harakatlari (harakatsizligi) yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
32. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida ayrim toifadagi oilalarni ichimlik suvi bilan taʼminlash xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini sotish hamda oʻrnatish xizmatlarini elektron platforma orqali savdoga chiqarish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tadbirkorlik subyekti “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) elektron ofertani tasdiqlash orqali bepul va ixtiyoriylik asosida avtorizatsiyadan oʻtadi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Tadbirkorlik subyektlari koʻrsatgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va ularning faoliyati tugatilmaganini oʻrganadi hamda oʻrganish natijasiga koʻra Aholini toza ichimlik suvi bilan taʼminlashga koʻmaklashuvchi tadbirkorlik subyektlari reyestriga kiritadi yoki rad etadi. 3 ish kunida 3-bosqich Tadbirkorlik subyekti Artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrlarini sotish va oʻrnatish boʻyicha xizmat va tovarlar hamda ularning narxlarini (qonunchilikda belgilangan hollarda muvofiqlik sertifikati raqami va muddati) realizatsiya qilish uchun elektron savdo platformasiga joylashtiradi. Real vaqt rejimida 4-bosqich Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Tovarlarning texnik talablarga muvofiqligi hamda ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi va toʻliqligini oʻrganib, elektron platforma orqali savdoga chiqaradi yoki rad etadi. 3 ish kunida
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida ayrim toifadagi oilalarni ichimlik suvi bilan taʼminlash xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Subsidiya oluvchilar tomonidan artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish boʻyicha buyurtma berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Subsidiya oluvchi (Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila) 1. Subsidiya oluvchining voyaga yetgan muomalaga layoqatli aʼzosi yoki qonuniy vakili “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) roʻyxatdan oʻtadi. Oʻz xohishiga koʻra 2. Elektron platforma orqali artezian qudugʻi qazish, suv nasoslari va ichimlik suvi filtrlarini xarid qilish va oʻrnatish boʻyicha buyurtma beradi. “YAMIH” ATda roʻyxatdan oʻtganidan soʻng 2-bosqich Tadbirkorlik subyekti 1. Buyurtmani koʻrib chiqib tasdiqlaydi yoki rad etadi. 2. Subsidiya oluvchilar bilan kelishgan holda uning turar joyida artezian qudugʻi qazish va suv nasosi hamda ichimlik suvi filtrini oʻrnatish muddatini belgilaydi. 3. Artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtrini oʻrnatish uchun dastlabki toʻlovni amalga oshirish toʻgʻrisida subsidiya oluvchining “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabinetiga xabar yuboradi. 3 ish kunida 3-bosqich Subsidiya oluvchi Buyurtma narxining 10 foizi miqdoridagi dastlabki toʻlovni yagona billing tizimi orqali tadbirkorlik subyektining “YAMIH” ATdan roʻyxatdan oʻtishda koʻrsatilgan hisobvaragʻiga elektron shaklda toʻlaydi. Tadbirkorlik subyektining xabari kelib tushganidan soʻng 2 ish kunida 4-bosqich Tadbirkorlik subyekti 1. Artezian qudugʻi qazish va suv nasosi hamda ichimlik suvi filtrini oʻrnatish xizmatini koʻrsatadi. Buyurtma tasdiqlanganidan soʻng bir oyda 2. Subsidiya oluvchining turar joyida artezian qudugʻi qazilib, suv nasosi va ichimlik suvi filtri oʻrnatilganidan soʻng bu toʻgʻrisida tegishli fotosuratlarni ilova qilgan holda “YAMIH” ATga maʼlumot kiritadi. Buyurtma bajarilganidan soʻng bir ish kunida 5-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi Buyurtmasi bajarilgan subsidiya oluvchi yashaydigan mahalla raisi, tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Xorazm viloyati Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasi hamda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyati boshqarmasidan biriktirilgan masʼul vakillarga (keyingi oʻrinlarda — Ishchi guruh) elektron tarzda ularning “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabinetiga hamda mobil aloqa vositalari raqamiga SMS-xabarnoma yuboriladi. Avtomatik ravishda 6-bosqich Ishchi guruh 1. Subsidiya oluvchining turar joyiga borgan holda buyurtma haqiqatda bajarilgani boʻyicha “YAMIH” ATga kiritilgan maʼlumotlar toʻgʻri ekanligini oʻrganadi. 2. Oʻrganish yakuni boʻyicha subsidiya ajratishni maʼqullaydi yoki rad etadi. SMS-xabarnoma olingan vaqtdan boshlab 5 ish kunida 7-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi 1. Ishchi guruh tomonidan subsidiya ajratish maʼqullangani toʻgʻrisidagi xabar kelib tushganidan soʻng bu toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “YAMIH” AT orqali Davlat imtiyozlari yagona elektron platformasiga yuboriladi. 2. Davlat imtiyozlari yagona elektron platformasi orqali buyurtmaning narxi miqdoridagi, biroq subsidiya miqdoridan koʻp boʻlmagan mablagʻ “Davlat moliyasini boshqarish” axborot tizimiga yoʻnaltiriladi. Bunda “Davlat moliyasini boshqarish” axborot tizimi tomonidan tegishli subsidiya tadbirkorlik subyektining bank hisobvaragʻiga avtomatik tarzda oʻtkaziladi. Avtomatik ravishda
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatida ayrim toifadagi oilalarni ichimlik suvi bilan taʼminlash xarajatlarini qoplash uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Turar joyida artezian qudugʻi qazish, suv nasosi va ichimlik suvi filtri xarid qilish va oʻrnatish boʻyicha buyurtma shakllantirish maqsadida “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida roʻyxatdan oʻtish
T/r Murojaat qiluvchi toʻgʻrisida maʼlumotlar: 1. Familiyasi: 2. Ismi: 3. Otasining ismi: 4. Tugʻilgan sanasi: 5. Pasport (identifikatsiya ID-karta) seriyasi va raqami: 6. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR): 7. Telefon raqami: 8. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa): 9. Hudud nomi: 10. Tuman (shahar) nomi: 11. Mahalla fuqarolar yigʻini nomi:
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-avgustdagi 515-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Qoraqalpogʻiston Respublikasi va Xorazm viloyatidagi muhtoj oilalarga bir marta beriladigan moddiy yordamni tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2017-yil 30-martdagi 165-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Tibbiy-ijtimoiy ekspertiza xizmati tashkiliy tuzilmasini va faoliyatini tashkil etishga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 8-fevraldagi 62-son qaroriga 12-ilovaning 61-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni roʻyxatga olish tartibini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qaroriga 4-ilovaning 35-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2025-yil 1-martdagi 135-son qaroriga 1-ilovaning 27-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 14-avgust,
515-son