📅 2025-yil 19-avgust · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 19-avgust · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 19 август · Қонунлар ва кодекслар
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 августа 2025 г. · Законы и кодексы
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 August 2025 · Laws and codes
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш институти жорий этилиши муносабати билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 27 майда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 25 июнда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга суд қарори ўз фойдасига қабул қилинган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳамда суд қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш мақсадида суд қарорларини ижро этиш босқичига даъвони таъминлаш институтини жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мулкий тусдаги суд ҳужжати бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини мажбурий ижро органининг депозит ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш йўли билан таъминлашга, яъни ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш орқали амалга оширишга оид нормалар киритилмоқда.
Бунда ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш ижро иши юритишни тўхтатиб туриш, қарздорга ва унинг мол-мулкига нисбатан қўлланилган чекловларни бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонун суд қарори ўз фойдасига қабул қилинган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳамда суд қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади.
1-модда . Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги 258-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 9-10, 169-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 8, 367-модда, № 12, 598-модда; 2008 йил, № 4, 184, 187-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда; 2010 йил, № 9, 337, 340-моддалар; 2012 йил, № 12, 336-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 7, 389-модда, № 8, 469-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар; 2022 йил, № 4, 337-модда, № 6, 570-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 8, 827-модда, № 10, 1073-модда; 2025 йил, № 4, 522-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 11-модда :
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Қарздор ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш ҳуқуқига ҳам эга»;
иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;
2) қуйидаги мазмундаги 33 1 -модда билан тўлдирилсин:
«33 1 -модда. Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш
Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш қарздор томонидан унга нисбатан мулкий тусдаги суд ҳужжати бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини мажбурий ижро органининг депозит ҳисобварағига ушбу мажбуриятларнинг тўлиқ миқдорида ёки бажарилмаган қисми миқдорида пул ўтказиш йўли билан таъминлашдан иборатдир, бундан даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатлари мустасно.
Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш ижро иши юритишни тўхтатиб туриш, қарздорга ва унинг мол-мулкига нисбатан белгиланган чекловларни бекор қилиш учун асос бўлади.
Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш:
1) ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати устидан берилган шикоят ёки келтирилган протест суд томонидан қабул қилинганда;
2) давлат ижрочисининг ҳаракати (қарори) устидан шикоят берилганда қўлланилади.
Мажбурий ижро органининг депозит ҳисобварағига ўтказилган ижро иши бўйича кафолат маблағлари ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш учун ушбу Қонунда белгиланган муддат давомида сақланади.
Ижро иши бўйича кафолат маблағлари:
1) ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати бекор бўлганда;
2) ижро ҳужжати амалда ижро этилганда қарздорга уч кунлик муддатда қайтарилади.
Ижро иши бўйича кафолат маблағлари, ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, ижро ҳужжатининг талабларини қаноатлантиришга йўналтирилади.
Ушбу модда учинчи қисмининг 2-бандига асосан киритилган ижро иши бўйича кафолат маблағлари давлат ижрочисининг ҳаракати қонунга хилоф деб топилган ёки қарори бекор бўлган кундан эътиборан яна йигирма кун мобайнида мажбурий ижро органининг депозит ҳисобварағида сақланади. Агар ушбу муддат давомида ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати устидан шикоят берилмаса ёки протест келтирилмаса, ижро иши бўйича кафолат маблағларига ушбу модданинг олтинчи қисмида белгиланган тартибда ундирув қаратилади. Агар ушбу муддат давомида ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжати устидан шикоят берилса ёки протест келтирилса, ижро иши бўйича кафолат маблағлари ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш учун ушбу Қонунда белгиланган муддат давомида сақланади»;
3) 34-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилсин:
«5) қарздор томонидан ижро иши бўйича кафолат маблағлари киритилганда»;
4) 38-модда :
қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган хатлов ижро ҳужжатини ижро этишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд ҳужжатида назарда тутилган тақдирда, ижро иши юритишни тўхтатиб туриш учун белгиланган муддатга олиб ташланади»;
саккизинчи қисми тўққизинчи қисм деб ҳисоблансин;
5) 66-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган чекловлар алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни, шунингдек ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақини ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазодан ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликдан ушлаб қолиш миқдори ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг етмиш фоизидан ошиши мумкин эмас».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда . Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 август,
ЎРҚ-1082-сон
Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni
Ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish instituti joriy etilishi munosabati bilan “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish haqida
Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 27-mayda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 25-iyunda maʼqullangan
Keyingi yillarda mamlakatimizda sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish tizimini takomillashtirish sohasida tizimli ishlar amalga oshirildi.
Shu bilan birga sud qarori oʻz foydasiga qabul qilingan shaxslarning qonuniy manfaatlarini hamda sud qarorlarining soʻzsiz ijro etilishini taʼminlash maqsadida sud qarorlarini ijro etish bosqichiga daʼvoni taʼminlash institutini joriy etish zaruriyati yuzaga kelmoqda.
Mazkur Qonun bilan “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga mulkiy tusdagi sud hujjati boʻyicha majburiyatlarning bajarilishini majburiy ijro organining depozit hisobvaragʻiga pul mablagʻlarini oʻtkazish yoʻli bilan taʼminlashga, yaʼni ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish orqali amalga oshirishga oid normalar kiritilmoqda.
Bunda ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish ijro ishi yuritishni toʻxtatib turish, qarzdorga va uning mol-mulkiga nisbatan qoʻllanilgan cheklovlarni bekor qilish uchun asos boʻlishi nazarda tutilmoqda.
Ushbu Qonun sud qarori oʻz foydasiga qabul qilingan shaxslarning qonuniy manfaatlarini hamda sud qarorlarining soʻzsiz ijro etilishini taʼminlashga xizmat qiladi.
1-modda . Oʻzbekiston Respublikasining 2001-yil 29-avgustda qabul qilingan “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi 258-II-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2001-yil, № 9-10, 169-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2007-yil, № 8, 367-modda, № 12, 598-modda; 2008-yil, № 4, 184, 187-moddalar; 2009-yil, № 1, 1-modda; 2010-yil, № 9, 337, 340-moddalar; 2012-yil, № 12, 336-modda; 2014-yil, № 5, 130-modda; 2015-yil, № 8, 312-modda, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 9, 276-modda; 2017-yil, № 9, 510-modda; 2018-yil, № 1, 1, 4, 5-moddalar; 2019-yil, № 2, 47-modda, № 5, 267-modda, № 7, 389-modda, № 8, 469-modda, № 10, 671-modda, № 12, 880-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 8, 800, 803-moddalar; 2022-yil, № 4, 337-modda, № 6, 570-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 8, 827-modda, № 10, 1073-modda; 2025-yil, № 4, 522-modda) quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:
1) 11-modda :
quyidagi mazmundagi ikkinchi qism bilan toʻldirilsin:
“Qarzdor ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan huquqlardan tashqari ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish huquqiga ham ega”;
ikkinchi qismi uchinchi qism deb hisoblansin;
2) quyidagi mazmundagi 33 1 -modda bilan toʻldirilsin:
“33 1 -modda. Ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish
Ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish qarzdor tomonidan unga nisbatan mulkiy tusdagi sud hujjati boʻyicha majburiyatlarning bajarilishini majburiy ijro organining depozit hisobvaragʻiga ushbu majburiyatlarning toʻliq miqdorida yoki bajarilmagan qismi miqdorida pul oʻtkazish yoʻli bilan taʼminlashdan iboratdir, bundan davriy toʻlovlarni undirish toʻgʻrisidagi sud hujjatlari mustasno.
Ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish ijro ishi yuritishni toʻxtatib turish, qarzdorga va uning mol-mulkiga nisbatan belgilangan cheklovlarni bekor qilish uchun asos boʻladi.
Ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlarini kiritish:
1) ijro hujjatini berish uchun asos boʻlgan sud hujjati ustidan berilgan shikoyat yoki keltirilgan protest sud tomonidan qabul qilinganda;
2) davlat ijrochisining harakati (qarori) ustidan shikoyat berilganda qoʻllaniladi.
Majburiy ijro organining depozit hisobvaragʻiga oʻtkazilgan ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlari ijro ishini yuritishni toʻxtatib turish uchun ushbu Qonunda belgilangan muddat davomida saqlanadi.
Ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlari:
1) ijro hujjatini berish uchun asos boʻlgan sud hujjati bekor boʻlganda;
2) ijro hujjati amalda ijro etilganda qarzdorga uch kunlik muddatda qaytariladi.
Ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlari, ushbu moddaning beshinchi qismida koʻrsatilganidan tashqari hollarda, ijro hujjatining talablarini qanoatlantirishga yoʻnaltiriladi.
Ushbu modda uchinchi qismining 2-bandiga asosan kiritilgan ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlari davlat ijrochisining harakati qonunga xilof deb topilgan yoki qarori bekor boʻlgan kundan eʼtiboran yana yigirma kun mobaynida majburiy ijro organining depozit hisobvaragʻida saqlanadi. Agar ushbu muddat davomida ijro hujjatini berish uchun asos boʻlgan sud hujjati ustidan shikoyat berilmasa yoki protest keltirilmasa, ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlariga ushbu moddaning oltinchi qismida belgilangan tartibda undiruv qaratiladi. Agar ushbu muddat davomida ijro hujjatini berish uchun asos boʻlgan sud hujjati ustidan shikoyat berilsa yoki protest keltirilsa, ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlari ijro ishini yuritishni toʻxtatib turish uchun ushbu Qonunda belgilangan muddat davomida saqlanadi”;
3) 34-moddaning ikkinchi qismi quyidagi mazmundagi 5-band bilan toʻldirilsin:
“5) qarzdor tomonidan ijro ishi boʻyicha kafolat mablagʻlari kiritilganda”;
4) 38-modda :
quyidagi mazmundagi sakkizinchi qism bilan toʻldirilsin:
“Qarzdorning hisobvaraqlariga qoʻyilgan xatlov ijro hujjatini ijro etishni toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi sud hujjatida nazarda tutilgan taqdirda, ijro ishi yuritishni toʻxtatib turish uchun belgilangan muddatga olib tashlanadi”;
sakkizinchi qismi toʻqqizinchi qism deb hisoblansin;
5) 66-modda quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:
“Ushbu moddaning birinchi va ikkinchi qismlarida belgilangan cheklovlar aliment majburiyatlari boʻyicha qarzdorlikni, shuningdek axloq tuzatish ishlari tarzida jazo tayinlangan xodimning ish haqini ushlab qolishga nisbatan tatbiq etilmaydi. Bunday hollarda jazodan va aliment majburiyatlari boʻyicha qarzdorlikdan ushlab qolish miqdori xodimga haqiqatda hisoblangan ish haqining yetmish foizidan oshishi mumkin emas”.
2-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:
hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin;
ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.
3-modda . Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2025-yil 19-avgust,
OʻRQ-1082-son