📅 2025-yil 20-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 20-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 20 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда ваучер асосида касб ва хорижий тилларга ўқитиш тизимини жорий қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сон ҳамда « 2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2025 йил 17 январдаги ПҚ-12-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 17 январдаги ПҚ-12-сон қарорида :
ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими 2025 йил 1 февралдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилиши ҳамда кейинчалик ушбу тизимнинг барча ҳудудларда жорий қилиниши белгилангани;
аҳолига касб ва хорижий тилларга ўқитадиган таълим ташкилотларини мустақил танлаш ҳуқуқи берилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик)нинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
ваучер тизими бўйича бозор талабидан келиб чиқиб, таълим йўналишларини ҳамда мазкур йўналишлар учун энг юқори нархни белгилаш, бунда энг юқори нархни ўқув соати, гуруҳдаги тингловчиларнинг сони, ўқитувчиларнинг иш ҳақи ва таълим ташкилотини сақлаш харажатларидан келиб чиқиб белгилаш;
вазирликнинг ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотида малака талабларини белгилаган ҳолда, ўқув ва имтиҳон жараёнларини масофавий мониторинг қилиш имкониятини яратиш;
иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан иш берувчи (тижорат банклари мижози), таълим ташкилоти ҳамда вазирликнинг туман (шаҳар) бўлими томонидан тузиладиган уч тарафлама шартномага мувофиқ манзилли ўқитиш;
вазирликка иш берувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, касбий кўникмалар марказларининг намунавий ўқув дастури мавзулари, соатлари ва дарс шаклларини мустақил белгилашга рухсат бериш;
таълим ташкилотларида ўқув ва имтиҳон жараёнларини назорат қилиш тизимини тўлиқ жорий этиш, шунингдек, иш берувчилар томонидан тингловчиларни ходим сифатида танлаб олиш мақсадида уларга имтиҳон жараёнини кузатиш имконини яратиб бериш.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ишсизлар, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш харажатларини ваучер тизими асосида қоплаб бериш тартиби;
ваучер тизими асосида ўқитадиган таълим ташкилотлари реестрини шакллантириш;
ваучер бериш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ваучер тизими асосида давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби.
4. Белгилансинки:
а) вазирлик томонидан:
вазирликнинг ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотида ваучер тизими асосида ишсизлар, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни ўқитадиган таълим ташкилотларининг электрон реестри (кейинги ўринларда — реестр) юритилади;
ишсиз аҳолини, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни ваучер тизими асосида ўқитмоқчи бўлган таълим ташкилотларига қўйиладиган талаблар белгиланади ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида ва ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотида очиқ эълон қилинади;
белгиланган талабларга жавоб берадиган давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари реестрга киритилади;
б) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
босқичма-босқич вазирлик тизимидаги касбий кўникмалар марказлари (кейинги ўринларда — марказлар) ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказилади (Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида ташкил этилган касбий кўникмалар минтақавий марказлари бундан мустасно);
марказлар даромадларининг камида 25 фоизи бино ва иншоотларни сақлаш, моддий-техник таъминот, шунингдек, коммунал ва бошқа харажатларга йўналтирилади;
иш берувчилар ва таълим ташкилотларига касбий таълим, хорижий тиллар ҳамда дуал таълим курсларини ташкил этиш учун тўғридан-тўғри шартномалар асосида, биринчи навбатда, ўзини ўзи молиялаштириш имкониятига эга бўлмаган марказларнинг бино ва иншоотларини иш берувчилар ва таълим ташкилотларига тўғридан-тўғри шартномалар асосида текин фойдаланиш ёки узоқ муддатли ижарага беришда ўзини ўзи молиялаштириш имкониятига эга бўлмаган марказлар танланади;
в) марказлар ходимларининг штат жадвали вазирлик билан келишган ҳолда ушбу марказлар томонидан белгиланади.
5. Адлия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда ўзларининг дастурий таъминотларини вазирликнинг ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотига интеграция қилсин.
6. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 августдаги 527-сон қарорига ИЛОВА
Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ишсизлар, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш харажатларини ваучер тизими асосида қоплаб бериш ҳамда мазкур жараёнда иштирок этувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестрини шакллантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида ташкил этилган касбий кўникмалар минтақавий марказларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
вазирлик — Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
ваучер — ишсизлар, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган, иш қидираётган шахсларнинг касб ва хорижий тилларга ўқиш харажатларини қоплаб бериш имконини берувчи ҳужжат;
давлат таълим ташкилотлари — вазирлик тизимидаги касбий кўникмалар марказлари (кейинги ўринларда — марказлар), Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги техникумлар, касб ва хорижий тилларга ўқитадиган бошқа давлат таълим ташкилотлари;
ишсиз — туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари (кейинги ўринларда — туман (шаҳар) бўлимлари) томонидан белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар;
Ижтимоий реестр — ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача даромади минимал истеъмол харажатлари миқдоридан кам бўлган «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидаги ва минимал истеъмол харажатлари миқдорининг бир ярим бараваридан кам бўлган «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасидаги оилалар тўғрисидаги маълумотлар киритиладиган реестр.
нодавлат таълим ташкилотлари — давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида ёки хабардор қилиш тартибида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;
расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахс — ишга жойлашишда кўмак олиш учун туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилган ва у ерда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган жисмоний шахс;
сертификат — давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ва якуний малака имтиҳонларини муваффақиятли топширган шахсларга ушбу Низомга 1-иловадаги намуна асосида тақдим этиладиган ҳужжат;
талабгор — ваучер олиш истагида туман (шаҳар) бўлимларига тўғридан-тўғри ёки маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари орқали, шунингдек, ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали онлайн мурожаат қилувчи ишсизлар, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахслар;
таълим ташкилотлари — давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари;
ҳудудий бошқарма — Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари;
Таълим ташкилотларининг электрон реестри (кейинги ўринларда — электрон реестр) — касб ва хорижий тилларга ўқитиш дастурларида иштирок этувчи таълим ташкилотлари тўғрисидаги тўлиқ ва аниқ маълумотларни ўзида жамлайдиган электрон ахборот тизими;
ўқув дастури — ўқув юкламаси асосида Республика касбий кўникмалар маркази томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда вазирлик билан келишилган касб ва хорижий тиллар бўйича фаннинг мазмуни ва ўқитиш тартиби, тингловчилар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим ва кўникмаларнинг ҳажмини белгилаб берадиган дарслар мажмуаси;
ўқув курси тингловчилари (битирувчилари) — ўқув дастури асосида касб ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ташкил этилган ўқув курсларида таҳсил олаётган (битирган) фуқаролар.
2-боб. Ваучер тизими асосида ўқитадиган таълим ташкилотлари реестрини шакллантириш
4. Вазирлик томонидан:
вазирликнинг ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотида ваучер тизими асосида ишсизлар, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни ўқитадиган таълим ташкилотларининг электрон реестри юритилади;
ишсизлар, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни ваучер тизими асосида ўқитмоқчи бўлган таълим ташкилотларига қўйиладиган талаблар белгиланади ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида ва ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотида очиқ эълон қилинади.
5. Ваучер тизимидан фойдаланиш учун таълим ташкилотлари электрон реестр орқали рўйхатдан ўтади.
6. Таълим ташкилотлари электрон реестрга киришлари учун ушбу Низомга 2-иловада келтирилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда электрон ариза билан вазирликка мурожаат қилади.
7. Таълим ташкилоти электрон реестрга кириш учун вазирлик томонидан электрон реестрда шакллантирилган таълим йўналишларини танлайди ва белгиланган нарх чегарасига розилик билдиради.
Бунда:
вазирлик томонидан белгилаб бериладиган энг юқори нархлар ўқув курсларининг жамиятдаги устуворлик даражаси, меъёр бўйича ўқув соати, гуруҳдаги тингловчилар сони, ўқитувчига мазкур курслар тингловчиларига лозим даражада таълим бериш мақсадида оширилган миқдорда иш ҳақи қўлланиши, ўқитувчига бериладиган иш ҳақидан ташқари таълим ташкилотининг сақлаш харажатлари ва бошқа ҳолатларни назарда тутган ҳолда вазирликнинг тегишли ишчи гуруҳи томонидан шакллантирилади;
таълим ташкилоти томонидан таклиф қилинган таълим йўналиши нархи вазирлик томонидан белгиланган энг юқори нархдан кам бўлган ҳолларда, таълим ташкилоти томонидан таклиф қилинган нарх электрон реестрда мазкур таълим ташкилоти учун жорий тақвим йили якунига қадар амал қилади.
8. Электрон реестрга киритиш бўйича аризалар ҳудудий бошқарма масъуллари томонидан 15 иш кунигача ўрганиб чиқилади, талабга жавоб берган таълим ташкилотлари электрон реестрга киритилади ва вазирлик томонидан бир иш кунида тасдиқланади.
Белгиланган талабларга жавоб бермаган таълим ташкилотлари электрон реестрга киритилмайди ва камчиликларини кўрсатган ҳолда аризаси рад этилади. Таълим ташкилотлари камчиликларни бартараф этганидан сўнг такроран ариза беришлари мумкин.
9. Таълим ташкилоти қуйидаги ҳолларда электрон реестрдан чиқарилади:
таълим ташкилоти томонидан таълим хизматлари сифатсиз кўрсатилганда ёки умуман кўрсатилмаганда;
таълим ташкилоти белгиланган ўқув дастурларига риоя қилмаганда;
таълим ташкилоти ушбу Низомда белгиланган талаблар ва шартларга риоя этмаганда;
таълим ташкилотига берилган лицензия белгиланган тартибда бекор қилинганда;
таълим ташкилоти фаолияти тўхтатилганда ёки тугатилганда.
3-боб. Ваучер бериш ва ундан фойдаланиш тартиби
10. Талабгор ваучер олиш учун туман (шаҳар) бўлимларига тўғридан-тўғри ёки маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари орқали, шунингдек, ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали электрон ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
11. Талабгор ваучер беришни сўраб мурожаат қилганда, биринчи навбатда, туман (шаҳар) бўлимлари томонидан бир кун муддатда талабгорга унинг мутахассислигидан келиб чиқиб, мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари таклиф қилинади. Фуқаронинг мутахассислиги бўлмаганда ёки таклиф этилган иш ўрни маъқул келмаганда, унга касб ёки хорижий тилга ўқитиш бўйича ваучер тақдим этиш масаласи кўриб чиқилади.
Ваучер тақдим этиш масаласини кўриб чиқишда талабгор ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотида реал вақт режимида скорингдан ўтказилади. Талабгорнинг скоринг натижасида ишсиз, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоси ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахс эканлиги аниқланса, у ваучер олиш ҳуқуқига эга бўлади.
12. Ваучер талабгорнинг яшаш ҳудудидан қатъи назар, экстерриториаллик тамойили асосида берилади.
Бунда талабгор расмий яшаш манзили бўлмаган ҳудуддаги туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилганда, мазкур туман (шаҳар) бўлими талабгорнинг расмий яшаш манзилидаги туман (шаҳар) бўлимига электрон тарзда сўров жўнатади ва сўров жўнатилган туман (шаҳар) бўлимининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган смета маблағлари доирасида ваучер шакллантириб берилади ҳамда ваучер қийматида бўлган маблағ харажатлар сметасида банд қилинади.
Талабгор мурожаат этган туман (шаҳар) бўлимининг ўқитиш режаси бажарилиши кўрсаткичи сифатида қайд қилинади.
13. Ваучер QR-код билан тасдиқланади. QR-кодни сканер қилиш орқали талабгор электрон реестрга киритилган таълим ташкилотларининг манзилини, уларда ўқитиладиган касблар ва хорижий тилларни аниқлаш имконига эга бўлади ҳамда манзили ва шароити бўйича ўзига маъқул келадиган таълим ташкилотларини танлаши мумкин бўлади.
14. Талабгор ваучердан у берилган санадан бошлаб 3 ой муддатда фойдаланиши (фаоллаштирилиши) лозим.
Ушбу муддатда фойдаланилмаган (фаоллаштирилмаган) ваучерлар ўз кучини йўқотади ва бекор қилинган ваучерлар рўйхатига киритилади. Бунда фуқаролар янги ваучер олиш учун ушбу Низомда белгиланган тартибда қайтадан мурожаат қилишлари мумкин.
Ваучер таълим ташкилоти томонидан рўйхатга олинган пайтдан бошлаб (ўқув гуруҳи шакллантирилган ёки шакллантирилмаганидан қатъи назар) фаоллашган ҳисобланади.
Ваучер асосида касб ва хорижий тилларни ўрганиш истагини билдирган талабгор бир маротаба бепул ўқиш ҳуқуқига эга.
15. Талабгорда ваучерда кўрсатилган касб ёки хорижий тилни ўзгартириш истаги пайдо бўлганда, ваучер олинган ҳудуддаги туман (шаҳар) бўлимларига ваучернинг фаоллаштириш муддати тугагунга қадар қайта мурожаат қилиши мумкин.
Бунда дастлабки берилган ваучер таълим ташкилотлари томонидан фаоллаштирилмаган бўлиши шарт.
16. Талабгор ваучерни таълим ташкилотида фаоллаштириш жараёнида таълим ташкилоти таълим тури анъанавий ёки қисман онлайнлиги ҳақида фуқарони ҳамда туман (шаҳар) бўлимларини хабардор қилади.
17. Вазирликнинг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида иш берувчи томонидан киритилган бўш иш ўринлари учун зарурий кўникмаларга эга бўлган иш қидираётган фуқаролар мавжуд бўлмаган ҳолларда иш берувчининг талабига мувофиқ ваучер тизими бўйича ишсиз фуқаро (гуруҳ) ўқитилади.
Бунда туман (шаҳар) бўлими, иш берувчи ва ишсиз фуқаро томонидан уч томонлама шартнома тузилади ва иш берувчи битирувчиларни камида 6 ой давомида узлуксиз меҳнат билан таъминлаш мажбуриятини олади. Шартноманинг бошқа шартлари ва мажбуриятлари томонлар келишуви асосида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
18. Таълим ташкилотлари меҳнат бозори талаблари, соҳада кузатилаётган тенденциялар ва ўзгаришлар, таълим олувчиларнинг хоҳиши ёки иш берувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, вазирлик томонидан тасдиқланган намунавий ўқув дастури мавзулари, соатлари ва дарс шаклларига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича вазирликка таклифларни исталган вақтда тақдим қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда келиб тушган таклифлар вазирлик томонидан 15 кун муддатда кўриб чиқилади ҳамда таълим сифатининг пасайишига ва харажатларнинг ошиб кетишига таъсир қилувчи омиллар мавжуд бўлмаганда, таълим ташкилотларига ўзгартирилган ўқув дастури бўйича таълим хизматларини кўрсатишга рухсат этилади.
4-боб. Ваучер тизими асосида давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби
19. Вазирлик томонидан белгиланган йўналишлар бўйича ўқув курсларининг энг юқори нарх чегарасини белгилаш мақсадида вазирликнинг буйруғи билан талаб юқори бўлган йўналишлар учун мақбул нархларни белгилаш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.
20. Таълим ташкилотлари томонидан ўқув курсининг назарий қисмини ўқитишда видеодарслардан фойдаланилганда, ўқув курси нархи тегишли соатлар бўйича 50 фоизга камайтирилган ҳолда белгиланади.
Бунда таълим ташкилоти видеодарслардан фойдалангани тўғрисида тегишли туман (шаҳар) бўлимларини ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали хабардор қилиши шарт.
21. Ўқув курслари таълим ташкилоти томонидан тўлиқ масофавий (онлайн) тарзда ўқитиладиган бўлса, ушбу онлайн шаклда ўқитилган дарс соатлари учун ваучер 50 фоиз миқдорида тўланади.
Бунда таълим ташкилоти ўқув курслари масофавий (онлайн) тарзда ўқитилаётгани тўғрисида тегишли туман (шаҳар) бўлимларини ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали хабардор қилиши шарт.
22. Талабгорларни ваучер тизими асосида касб ва хорижий тилларга ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
23. Ваучер тизими доирасида ўқитиш харажатларининг 50 фоизи ўқиш бошланишидан олдин, қолган қисми ўқиш якуни бўйича талабгор томонидан якуний имтиҳон муваффақиятли топширилган тақдирда тўланади.
24. Ваучер тизими доирасида ўқитиш харажатларининг 50 фоизи қуйидаги тартибда олдиндан тўланади:
таълим ташкилоти томонидан талабгор тақдим қилган ваучер рўйхатга олинади;
таълим ташкилотида ҳар бир йўналиш бўйича ўқув курсини бошлаш учун гуруҳ шакллантирилади;
таълим ташкилоти гуруҳ шакллантирилгандан сўнг ўқув курсини бошлашдан бир кун аввал бу ҳақда ваучер тақдим қилган туман (шаҳар) бўлимларига ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали электрон шартнома ҳамда гуруҳдаги тингловчилар тўғрисида маълумотни юборади;
таълим ташкилоти томонидан электрон шартнома молиявий мажбурият сифатида шакллантирилади ҳамда тўловлар шартномавий хусусиятга эга бўлмаган ҳолда, туман (шаҳар) бўлимига келиб тушгандан сўнг 5 (беш) иш кунида ўқув харажатининг 50 фоизи тўлаб берилади.
25. Ўқув курслари якуни билан ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотида жойлаштирилган тест топшириқлари асосида якуний имтиҳонлар ўтказилади ва таълим ташкилотлари томонидан шакллантирилган тест топшириқларидан камида 71 балл олган битирувчи якуний имтиҳонни муваффақиятли топширган ҳисобланади ва унга белгиланган намунадаги сертификат берилади.
26. Таълим ташкилотлари:
ўқув ва имтиҳон жараёнларини ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали назорат қилиш тизими тўлиқ жорий этилишини таъминлайди;
ўқув курсларида қатнашаётган тингловчиларни кейинчалик ходим сифатида танлаб олиш учун иш берувчиларга ўқув ва имтиҳон жараёнларини кузатиш имконини яратади.
27. Таълим ташкилотлари ўқув курслари якунлангандан сўнг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали электрон сўровномалар юборади.
Туман (шаҳар) бўлимлари таълим ташкилотлари томонидан тақдим этилган сўровномаларга асосан ваучерларнинг қолган 50 фоизини 5 иш кунида тўлаб беради.
28. Ўқув курси якуний имтиҳонини муваффақиятли топшира олмаган тингловчилар учун аввалдан тўланган 50 фоиз маблағлар қайтариб олинмасдан таълим ташкилотида қолдирилади.
29. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда ўқишдан четлаштирилади:
ўз хоҳишига биноан;
таълим ташкилотининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганда;
узрли сабабларсиз меъёр бўйича ўқув соати 50 фоиздан ортиқ қолдирганда. Бунда тингловчи автоматик тарзда ўқишдан четлаштирилади ҳамда тингловчи учун аввалдан тўланган 50 фоиз маблағ таълим ташкилотидан қонунчиликда белгиланган тартибда қайтариб олинади, шунингдек, ушбу тингловчи учун берилган ваучернинг амал қилиш ҳолати бекор бўлиб, бир йил давомида унга ваучер қайта берилмайди.
Тингловчиларнинг давомати CRM (Customer Relationship Management — мижозлар билан муносабатни бошқариш) дастури орқали автоматик назорат қилинади.
30. Тингловчи узрли сабабларга кўра (бахтсиз ҳодиса ва оғир касаллиги) ўқув курсларида қатнаша олмаса, тингловчининг аризаси ва ўқув курсига қатнаша олмаслигини асословчи ҳужжатга мувофиқ тингловчи 1 йил давомида ўқишини давом эттириши мумкин бўлади. Бунда:
тингловчи ва таълим ташкилоти ўртасидаги ўзаро келишув асосида тингловчи учун қўшимча дарс соатлари ташкил этилади;
олдиндан тўланган 50 фоиз маблағ таълим ташкилотида сақланиб қолади ва тингловчи ўқув курсини давом эттириб, якуний имтиҳонни муваффақиятли топширса, қолган тўловлар ушбу Низомда белгиланган тартибда таълим ташкилотига тўлаб берилади.
31. Таълим ташкилоти тингловчини сабабсиз ўқув курсида иштирок этмаган ёки бошқа сабаб билан ўқишдан четлаштиргани ҳақида 3 кунлик муддатда туман (шаҳар) бўлимига бу ҳақда тегишли маълумотни ecosys.mehnat.uz дастурий таъминоти орқали юборади.
32. Қуйидаги ҳолларда таълим ташкилотига ваучер тизими тўловининг қолган 50 фоиз қисми тўлаб берилмайди:
тингловчи ўқишни якунласа, бироқ якуний имтиҳонни муваффақиятли топшира олмаса;
тингловчи озодликдан маҳрум этилса, хорижга чиқиб кетса ёки вафот этса.
33. Қуйидаги ҳолларда таълим ташкилотига ушбу Низом талаблари асосида таҳсил олаётган тингловчи учун ваучер тўловининг қолган қисми тўлаб берилмайди ва дастлабки тўланган 50 фоиз маблағ ҳам қайтариб олинади:
таълим ташкилоти томонидан тингловчилар ҳақида ecosys.mehnat.uz дастурий таъминотига сохта маълумотлар киритилганда;
таълим ташкилоти томонидан дарс жараёнлари ташкил этилмагани ёки ўқув курслари белгиланган ўқув дастурларига риоя қилинмаган ҳолда ташкил этилгани аниқланганда (таълим ташкилотлари меҳнат бозори талаблари, соҳада кузатилаётган тенденциялар ва ўзгаришлар, таълим олувчиларнинг хоҳиши ёки иш берувчиларнинг талабидан келиб чиқиб, вазирлик томонидан тасдиқланган намунавий ўқув дастури мавзулари, соатлари ва дарс шаклларига вазирликнинг рухсати билан тегишли ўзгартириш киритган ҳолда ўқув дастурларини ўқитиш ҳолатлари бундан мустасно);
тингловчи таълим ташкилотининг ташаббуси билан асоссиз равишда ўқишдан четлатилганда;
таълим ташкилотининг лицензияси ёки тасдиқномаси ёхуд маълум бир йўналишни ўқитиш учун рухсатномаси мазкур ўқув курси бўлиб ўтган даврда мавжуд бўлмаганда ёки амал қилиш муддати тугаган ёки бекор қилинганда.
34. Маблағлар таълим ташкилоти томонидан ихтиёрий равишда қайтарилмаган тақдирда, улар туман (шаҳар) бўлимлари томонидан суд тартибида ундирилади.
5-боб. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш
35. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ваучер тизими харажатларини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали ҳудудий бошқармалар сўровларига асосан маҳаллий даражада очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига маблағлар молиялаштириб борилади.
36. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ваучер тизими харажатлари учун молиялаштирилган маблағлар жорий йил якунида фойдаланилмаган тақдирда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига қайтарилади ҳамда йил якуни билан ўтувчи қарздорликлар ҳисоб-китоб қилинган ҳолда келгуси йилда ажратиб берилади.
37. Туман (шаҳар) бўлими томонидан ваучер тизими учун ажратилган харажатлар сметасида тасдиқланган маблағлар доирасида айнан ваучер тизими харажатлари учун маблағлар етарли бўлганда, ваучер шакллантириб берилади.
6-боб. Вазирлик тизимидаги марказлар томонидан ваучер тизими бўйича кўрсатилган хизматлар ҳамда бошқа пулли хизматлардан келиб тушган маблағлардан фойдаланиш
38. Марказлар томонидан ваучер тизими бўйича кўрсатилган хизматлар ҳамда бошқа пулли хизмат маблағлари уларнинг бюджетдан ташқари жамғармасига келиб тушади.
39. Марказларнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ҳамда харажатлар амалга оширилади.
40. Қуйидагилар марказларнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари манбалари ҳисобланади:
ўқитишдан тушган маблағлар;
фаолият тури бўйича товарлар (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) ишлаб чиқариш ва сотишдан тушган маблағлар;
марказлар томонидан вақтинча фойдаланилмаётган биноларни ва мол-мулкни ижарага беришдан тушган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахслар томонидан марказларга ҳомийлик (беғараз) ёрдами берилишидан олинган даромадлар;
ўқув жараёнлари давомида тайёрланган маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) сотишдан тушган маблағлар;
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
41. Марказлар бюджетдан ташқари жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун кетма-кетлик устуворлиги бўйича фойдаланади:
ўқув курсларини бевосита ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш (ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг иш ҳақи тўловлари ҳамда ўқув жараёни учун зарур бўладиган хомашёлар);
ўқув курсларини бевосита ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар қоплангандан сўнг қолган маблағларнинг кўпи билан 75 фоизи марказ ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш ҳамда камида 25 фоизи марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун йўналтирилади.
Аниқ мақсадлар учун келиб тушган ҳомийлик ёки бошқа маблағлар айнан ушбу мақсадлар учун сарфланади.
42. Марказнинг хўжалик фаолияти натижасида тушган маблағлар ҳисобидан ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълим усталари ва бошқа ходимларга иш ҳақи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.
43. Марказларнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида йил бошига қолдиқ маблағларидан тегишли равишда улар умумий харажатларининг 3 фоизидан ошмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ фойдаланилади ҳамда ҳар чоракда фойдаланилган маблағлар бўйича вазирликка ҳисобот тақдим этилади. Мазкур маблағлар харажат қилинмаган тақдирда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига қайтарилади.
44. Касбий кўникмалар марказлари ваучер тизими ва хўжалик фаолияти натижасида тушган маблағлар ҳисобидан ўзининг сақлаш харажатларини қоплай олмаган тақдирда, биноларини (иншоотларни) ёки уларнинг бир қисмини жиҳозлари билан бирга белгиланган тартибда ижарага бериши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоидалар
45. Ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари талабгорларга ваучер беришнинг тўғри йўлга қўйилганини, ўқув жараёнининг ташкил этилгани ҳамда давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестрга киритилишини ушбу Низом талаблари асосида ўз ваколатлари доирасида доимий назорат қилиб боради.
46. Вазирликнинг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги иш берувчи ташкилотнинг бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларига асосан туман (шаҳар) бўлимлари орқали ваучер тизимида таълим олиб, сертификатга эга бўлган фуқароларга мавжуд бўш иш ўринлари таклиф қилиб борилади ёки иш берувчининг буюртмаси асосида реестрга киритилган таълим ташкилотларида ўқиётган фуқаролар учун бўш иш ўрнини захирада сақлайди ва бу ҳақда иш берувчига маълум қилади.
47. Вазирлик ҳамда вазирлик тизимидаги ташкилотлар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ушбу Низом бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширади.
48. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тизими тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Касб ва хорижий тилларга ўқитиш дастури бўйича ўқув курсларини муваффақиятли якунлаганлик тўғрисидаги таълим ташкилотлари томонидан бериладиган сертификат намунаси
(titul varagʻi) LOGOTIP OʻRNI _________________________________________________________________ (taʼlim tashkiloti nomi) SERTIFIKAT KASB VA XORIJIY TILLARGA OʻQITISH DASTURI BOʻYICHA OʻQUV KURSLARINI MUVAFFAQIYATLI YAKUNLAGANLIK TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT № 000000 _________________________________________________________ (familiyasi, ismi, otasining ismi) “________________________________________________________________________________________ _____________” yoʻnalishi boʻyicha oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatdi. ____________________________ ___________ (direktor yoki vakolatli shaxs F.I.O) muhr oʻrni (imzo) 20___-yil “__”-________ (berilgan sana) ______________ viloyati ___________ tumani/shahri
Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Таълим ташкилотларининг электрон реестрига киритиш учун давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган зарур маълумотлар ва ҳужжатлар
1. Давлат кадастри реестридан кўчмас мулки ёки ижарада туриши тўғрисида маълумот.
2. Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича лицензия ёки хабарнома қабул қилингани тўғрисидаги тасдиқнома.
3. Ўқув курсларининг йўналишлари.
4. Ўқув курсларини олиб борадиган ўқитувчи, уста ва мураббийлар тўғрисидаги маълумот (соҳалар кесимида).
5. Ўқув ва дарс жараёнларини ташкил этиш учун синф хоналари, машғулот хоналари ва бошқа зарур ишлаб чиқариш майдонларининг мавжудлиги тўғрисида маълумот (фотосуратлар билан).
6. Ўқув курсларининг бир вақтда қамраб олиш қуввати.
7. Моддий-техник базаси, ўқув жиҳозлари ва бошқа зарур воситалар билан таъминлангани тўғрисида маълумот (фотосуратлар билан).
8. Мавжуд филиаллари (мавжуд бўлган тақдирда) бўйича маълумотлари ва уларнинг манзиллари.
9. Халқаро ташкилотлар томонидан берилган сертификатлар (мавжуд бўлса).
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 20 август,
527-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlarini jalb qilgan holda vaucher asosida kasb va xorijiy tillarga oʻqitish tizimini joriy qilish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik sohasida davlat siyosatini takomillashtirish va samaradorlikni oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2024-yil 4-oktabrdagi PQ-347-son hamda “ 2025-yilda aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2025-yil 17-yanvardagi PQ-12-son qarorlari ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2025-yilda aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 17-yanvardagi PQ-12-son qarorida :
ishsiz aholini, shu jumladan, kambagʻal oilalar aʼzolarini kasb-hunarga va xorijiy tillarga oʻqitish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha vaucher tizimi 2025-yil 1-fevraldan Samarqand viloyati va Toshkent shahrida sinovdan oʻtkazilishi hamda keyinchalik ushbu tizimning barcha hududlarda joriy qilinishi belgilangani;
aholiga kasb va xorijiy tillarga oʻqitadigan taʼlim tashkilotlarini mustaqil tanlash huquqi berilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vazirlik)ning quyidagi takliflariga rozilik berilsin:
vaucher tizimi boʻyicha bozor talabidan kelib chiqib, taʼlim yoʻnalishlarini hamda mazkur yoʻnalishlar uchun eng yuqori narxni belgilash, bunda eng yuqori narxni oʻquv soati, guruhdagi tinglovchilarning soni, oʻqituvchilarning ish haqi va taʼlim tashkilotini saqlash xarajatlaridan kelib chiqib belgilash;
vazirlikning ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotida malaka talablarini belgilagan holda, oʻquv va imtihon jarayonlarini masofaviy monitoring qilish imkoniyatini yaratish;
ish beruvchilar buyurtmasi va tijorat banklari mijozlari ehtiyoji asosida ishsiz aholini, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslarni mehnat bozorida talab yuqori boʻlgan kasblarga Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan ish beruvchi (tijorat banklari mijozi), taʼlim tashkiloti hamda vazirlikning tuman (shahar) boʻlimi tomonidan tuziladigan uch taraflama shartnomaga muvofiq manzilli oʻqitish;
vazirlikka ish beruvchilarning talabidan kelib chiqib, kasbiy koʻnikmalar markazlarining namunaviy oʻquv dasturi mavzulari, soatlari va dars shakllarini mustaqil belgilashga ruxsat berish;
taʼlim tashkilotlarida oʻquv va imtihon jarayonlarini nazorat qilish tizimini toʻliq joriy etish, shuningdek, ish beruvchilar tomonidan tinglovchilarni xodim sifatida tanlab olish maqsadida ularga imtihon jarayonini kuzatish imkonini yaratib berish.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Kasb va xorijiy tillarga oʻqitish uchun vaucher berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
ishsizlar, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslarni kasb va xorijiy tillarga oʻqitish xarajatlarini vaucher tizimi asosida qoplab berish tartibi;
vaucher tizimi asosida oʻqitadigan taʼlim tashkilotlari reyestrini shakllantirish;
vaucher berish va undan foydalanish, shuningdek, vaucher tizimi asosida davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlarini moliyalashtirish tartibi.
4. Belgilansinki:
a) vazirlik tomonidan:
vazirlikning ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotida vaucher tizimi asosida ishsizlar, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslarni oʻqitadigan taʼlim tashkilotlarining elektron reyestri (keyingi oʻrinlarda — reyestr) yuritiladi;
ishsiz aholini, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslarni vaucher tizimi asosida oʻqitmoqchi boʻlgan taʼlim tashkilotlariga qoʻyiladigan talablar belgilanadi hamda vazirlikning rasmiy veb-saytida va ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotida ochiq eʼlon qilinadi;
belgilangan talablarga javob beradigan davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari reyestrga kiritiladi;
b) 2025-yil 1-sentabrdan boshlab:
bosqichma-bosqich vazirlik tizimidagi kasbiy koʻnikmalar markazlari (keyingi oʻrinlarda — markazlar) oʻzini oʻzi moliyalashtirishga oʻtkaziladi (Koreya xalqaro hamkorlik agentligi (KOICA) granti asosida tashkil etilgan kasbiy koʻnikmalar mintaqaviy markazlari bundan mustasno);
markazlar daromadlarining kamida 25 foizi bino va inshootlarni saqlash, moddiy-texnik taʼminot, shuningdek, kommunal va boshqa xarajatlarga yoʻnaltiriladi;
ish beruvchilar va taʼlim tashkilotlariga kasbiy taʼlim, xorijiy tillar hamda dual taʼlim kurslarini tashkil etish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar asosida, birinchi navbatda, oʻzini oʻzi moliyalashtirish imkoniyatiga ega boʻlmagan markazlarning bino va inshootlarini ish beruvchilar va taʼlim tashkilotlariga toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar asosida tekin foydalanish yoki uzoq muddatli ijaraga berishda oʻzini oʻzi moliyalashtirish imkoniyatiga ega boʻlmagan markazlar tanlanadi;
v) markazlar xodimlarining shtat jadvali vazirlik bilan kelishgan holda ushbu markazlar tomonidan belgilanadi.
5. Adliya vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi ikki oy muddatda oʻzlarining dasturiy taʼminotlarini vazirlikning ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotiga integratsiya qilsin.
6. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 20-avgustdagi 527-son qaroriga ILOVA
Kasb va xorijiy tillarga oʻqitish uchun vaucher berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom ishsizlar, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslarni kasb va xorijiy tillarga oʻqitish xarajatlarini vaucher tizimi asosida qoplab berish hamda mazkur jarayonda ishtirok etuvchi davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlarining elektron reyestrini shakllantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom Koreya xalqaro hamkorlik agentligi (KOICA) granti asosida tashkil etilgan kasbiy koʻnikmalar mintaqaviy markazlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vazirlik — Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi;
vaucher — ishsizlar, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan, ish qidirayotgan shaxslarning kasb va xorijiy tillarga oʻqish xarajatlarini qoplab berish imkonini beruvchi hujjat;
davlat taʼlim tashkilotlari — vazirlik tizimidagi kasbiy koʻnikmalar markazlari (keyingi oʻrinlarda — markazlar), Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tizimidagi texnikumlar, kasb va xorijiy tillarga oʻqitadigan boshqa davlat taʼlim tashkilotlari;
ishsiz — tuman (shahar) kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimlari (keyingi oʻrinlarda — tuman (shahar) boʻlimlari) tomonidan belgilangan tartibda ishsiz deb eʼtirof etilgan shaxslar;
Ijtimoiy reyestr — har bir aʼzosiga toʻgʻri keladigan bir oylik oʻrtacha daromadi minimal isteʼmol xarajatlari miqdoridan kam boʻlgan “davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidagi va minimal isteʼmol xarajatlari miqdorining bir yarim baravaridan kam boʻlgan “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasidagi oilalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kiritiladigan reyestr.
nodavlat taʼlim tashkilotlari — davlat taʼlim standartlari, davlat taʼlim talablari va oʻquv dasturlariga muvofiq taʼlim xizmatlari koʻrsatish huquqini beradigan litsenziya asosida yoki xabardor qilish tartibida taʼlim xizmatlari koʻrsatuvchi yuridik shaxs;
rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxs — ishga joylashishda koʻmak olish uchun tuman (shahar) boʻlimlariga murojaat qilgan va u yerda ish qidirayotgan shaxs sifatida roʻyxatga olingan jismoniy shaxs;
sertifikat — davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari tomonidan tashkil etilgan oʻquv kurslarini tamomlagan va yakuniy malaka imtihonlarini muvaffaqiyatli topshirgan shaxslarga ushbu Nizomga 1-ilovadagi namuna asosida taqdim etiladigan hujjat;
talabgor — vaucher olish istagida tuman (shahar) boʻlimlariga toʻgʻridan-toʻgʻri yoki mahallalardagi hokim yordamchilari orqali, shuningdek, ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali onlayn murojaat qiluvchi ishsizlar, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslar;
taʼlim tashkilotlari — davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari;
hududiy boshqarma — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar kambagʻallikni qisqartirish va bandlik boshqarmalari;
Taʼlim tashkilotlarining elektron reyestri (keyingi oʻrinlarda — elektron reyestr) — kasb va xorijiy tillarga oʻqitish dasturlarida ishtirok etuvchi taʼlim tashkilotlari toʻgʻrisidagi toʻliq va aniq maʼlumotlarni oʻzida jamlaydigan elektron axborot tizimi;
oʻquv dasturi — oʻquv yuklamasi asosida Respublika kasbiy koʻnikmalar markazi tomonidan ishlab chiqiladigan hamda vazirlik bilan kelishilgan kasb va xorijiy tillar boʻyicha fanning mazmuni va oʻqitish tartibi, tinglovchilar tomonidan oʻzlashtirilishi lozim boʻlgan bilim va koʻnikmalarning hajmini belgilab beradigan darslar majmuasi;
oʻquv kursi tinglovchilari (bitiruvchilari) — oʻquv dasturi asosida kasb va xorijiy tillarga oʻqitish boʻyicha davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari tomonidan tashkil etilgan oʻquv kurslarida tahsil olayotgan (bitirgan) fuqarolar.
2-bob. Vaucher tizimi asosida oʻqitadigan taʼlim tashkilotlari reyestrini shakllantirish
4. Vazirlik tomonidan:
vazirlikning ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotida vaucher tizimi asosida ishsizlar, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslarni oʻqitadigan taʼlim tashkilotlarining elektron reyestri yuritiladi;
ishsizlar, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning ishsiz aʼzolari yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxslarni vaucher tizimi asosida oʻqitmoqchi boʻlgan taʼlim tashkilotlariga qoʻyiladigan talablar belgilanadi hamda vazirlikning rasmiy veb-saytida va ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotida ochiq eʼlon qilinadi.
5. Vaucher tizimidan foydalanish uchun taʼlim tashkilotlari elektron reyestr orqali roʻyxatdan oʻtadi.
6. Taʼlim tashkilotlari elektron reyestrga kirishlari uchun ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan hujjatlarni ilova qilgan holda elektron ariza bilan vazirlikka murojaat qiladi.
7. Taʼlim tashkiloti elektron reyestrga kirish uchun vazirlik tomonidan elektron reyestrda shakllantirilgan taʼlim yoʻnalishlarini tanlaydi va belgilangan narx chegarasiga rozilik bildiradi.
Bunda:
vazirlik tomonidan belgilab beriladigan eng yuqori narxlar oʻquv kurslarining jamiyatdagi ustuvorlik darajasi, meʼyor boʻyicha oʻquv soati, guruhdagi tinglovchilar soni, oʻqituvchiga mazkur kurslar tinglovchilariga lozim darajada taʼlim berish maqsadida oshirilgan miqdorda ish haqi qoʻllanishi, oʻqituvchiga beriladigan ish haqidan tashqari taʼlim tashkilotining saqlash xarajatlari va boshqa holatlarni nazarda tutgan holda vazirlikning tegishli ishchi guruhi tomonidan shakllantiriladi;
taʼlim tashkiloti tomonidan taklif qilingan taʼlim yoʻnalishi narxi vazirlik tomonidan belgilangan eng yuqori narxdan kam boʻlgan hollarda, taʼlim tashkiloti tomonidan taklif qilingan narx elektron reyestrda mazkur taʼlim tashkiloti uchun joriy taqvim yili yakuniga qadar amal qiladi.
8. Elektron reyestrga kiritish boʻyicha arizalar hududiy boshqarma masʼullari tomonidan 15 ish kunigacha oʻrganib chiqiladi, talabga javob bergan taʼlim tashkilotlari elektron reyestrga kiritiladi va vazirlik tomonidan bir ish kunida tasdiqlanadi.
Belgilangan talablarga javob bermagan taʼlim tashkilotlari elektron reyestrga kiritilmaydi va kamchiliklarini koʻrsatgan holda arizasi rad etiladi. Taʼlim tashkilotlari kamchiliklarni bartaraf etganidan soʻng takroran ariza berishlari mumkin.
9. Taʼlim tashkiloti quyidagi hollarda elektron reyestrdan chiqariladi:
taʼlim tashkiloti tomonidan taʼlim xizmatlari sifatsiz koʻrsatilganda yoki umuman koʻrsatilmaganda;
taʼlim tashkiloti belgilangan oʻquv dasturlariga rioya qilmaganda;
taʼlim tashkiloti ushbu Nizomda belgilangan talablar va shartlarga rioya etmaganda;
taʼlim tashkilotiga berilgan litsenziya belgilangan tartibda bekor qilinganda;
taʼlim tashkiloti faoliyati toʻxtatilganda yoki tugatilganda.
3-bob. Vaucher berish va undan foydalanish tartibi
10. Talabgor vaucher olish uchun tuman (shahar) boʻlimlariga toʻgʻridan-toʻgʻri yoki mahallalardagi hokim yordamchilari orqali, shuningdek, ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali elektron ariza bilan murojaat qilishi mumkin.
11. Talabgor vaucher berishni soʻrab murojaat qilganda, birinchi navbatda, tuman (shahar) boʻlimlari tomonidan bir kun muddatda talabgorga uning mutaxassisligidan kelib chiqib, mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlari taklif qilinadi. Fuqaroning mutaxassisligi boʻlmaganda yoki taklif etilgan ish oʻrni maʼqul kelmaganda, unga kasb yoki xorijiy tilga oʻqitish boʻyicha vaucher taqdim etish masalasi koʻrib chiqiladi.
Vaucher taqdim etish masalasini koʻrib chiqishda talabgor ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotida real vaqt rejimida skoringdan oʻtkaziladi. Talabgorning skoring natijasida ishsiz, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzosi yoki rasmiy daromadga ega boʻlmagan ish qidirayotgan shaxs ekanligi aniqlansa, u vaucher olish huquqiga ega boʻladi.
12. Vaucher talabgorning yashash hududidan qatʼi nazar, eksterritoriallik tamoyili asosida beriladi.
Bunda talabgor rasmiy yashash manzili boʻlmagan hududdagi tuman (shahar) boʻlimlariga murojaat qilganda, mazkur tuman (shahar) boʻlimi talabgorning rasmiy yashash manzilidagi tuman (shahar) boʻlimiga elektron tarzda soʻrov joʻnatadi va soʻrov joʻnatilgan tuman (shahar) boʻlimining Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasidan ajratilgan smeta mablagʻlari doirasida vaucher shakllantirib beriladi hamda vaucher qiymatida boʻlgan mablagʻ xarajatlar smetasida band qilinadi.
Talabgor murojaat etgan tuman (shahar) boʻlimining oʻqitish rejasi bajarilishi koʻrsatkichi sifatida qayd qilinadi.
13. Vaucher QR-kod bilan tasdiqlanadi. QR-kodni skaner qilish orqali talabgor elektron reyestrga kiritilgan taʼlim tashkilotlarining manzilini, ularda oʻqitiladigan kasblar va xorijiy tillarni aniqlash imkoniga ega boʻladi hamda manzili va sharoiti boʻyicha oʻziga maʼqul keladigan taʼlim tashkilotlarini tanlashi mumkin boʻladi.
14. Talabgor vaucherdan u berilgan sanadan boshlab 3 oy muddatda foydalanishi (faollashtirilishi) lozim.
Ushbu muddatda foydalanilmagan (faollashtirilmagan) vaucherlar oʻz kuchini yoʻqotadi va bekor qilingan vaucherlar roʻyxatiga kiritiladi. Bunda fuqarolar yangi vaucher olish uchun ushbu Nizomda belgilangan tartibda qaytadan murojaat qilishlari mumkin.
Vaucher taʼlim tashkiloti tomonidan roʻyxatga olingan paytdan boshlab (oʻquv guruhi shakllantirilgan yoki shakllantirilmaganidan qatʼi nazar) faollashgan hisoblanadi.
Vaucher asosida kasb va xorijiy tillarni oʻrganish istagini bildirgan talabgor bir marotaba bepul oʻqish huquqiga ega.
15. Talabgorda vaucherda koʻrsatilgan kasb yoki xorijiy tilni oʻzgartirish istagi paydo boʻlganda, vaucher olingan hududdagi tuman (shahar) boʻlimlariga vaucherning faollashtirish muddati tugagunga qadar qayta murojaat qilishi mumkin.
Bunda dastlabki berilgan vaucher taʼlim tashkilotlari tomonidan faollashtirilmagan boʻlishi shart.
16. Talabgor vaucherni taʼlim tashkilotida faollashtirish jarayonida taʼlim tashkiloti taʼlim turi anʼanaviy yoki qisman onlaynligi haqida fuqaroni hamda tuman (shahar) boʻlimlarini xabardor qiladi.
17. Vazirlikning “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksida ish beruvchi tomonidan kiritilgan boʻsh ish oʻrinlari uchun zaruriy koʻnikmalarga ega boʻlgan ish qidirayotgan fuqarolar mavjud boʻlmagan hollarda ish beruvchining talabiga muvofiq vaucher tizimi boʻyicha ishsiz fuqaro (guruh) oʻqitiladi.
Bunda tuman (shahar) boʻlimi, ish beruvchi va ishsiz fuqaro tomonidan uch tomonlama shartnoma tuziladi va ish beruvchi bitiruvchilarni kamida 6 oy davomida uzluksiz mehnat bilan taʼminlash majburiyatini oladi. Shartnomaning boshqa shartlari va majburiyatlari tomonlar kelishuvi asosida belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi.
18. Taʼlim tashkilotlari mehnat bozori talablari, sohada kuzatilayotgan tendensiyalar va oʻzgarishlar, taʼlim oluvchilarning xohishi yoki ish beruvchilarning talabidan kelib chiqib, vazirlik tomonidan tasdiqlangan namunaviy oʻquv dasturi mavzulari, soatlari va dars shakllariga tegishli oʻzgartirish kiritish boʻyicha vazirlikka takliflarni istalgan vaqtda taqdim qilish huquqiga ega.
Bunda kelib tushgan takliflar vazirlik tomonidan 15 kun muddatda koʻrib chiqiladi hamda taʼlim sifatining pasayishiga va xarajatlarning oshib ketishiga taʼsir qiluvchi omillar mavjud boʻlmaganda, taʼlim tashkilotlariga oʻzgartirilgan oʻquv dasturi boʻyicha taʼlim xizmatlarini koʻrsatishga ruxsat etiladi.
4-bob. Vaucher tizimi asosida davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlarini moliyalashtirish tartibi
19. Vazirlik tomonidan belgilangan yoʻnalishlar boʻyicha oʻquv kurslarining eng yuqori narx chegarasini belgilash maqsadida vazirlikning buyrugʻi bilan talab yuqori boʻlgan yoʻnalishlar uchun maqbul narxlarni belgilash boʻyicha ishchi guruh tuziladi.
20. Taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻquv kursining nazariy qismini oʻqitishda videodarslardan foydalanilganda, oʻquv kursi narxi tegishli soatlar boʻyicha 50 foizga kamaytirilgan holda belgilanadi.
Bunda taʼlim tashkiloti videodarslardan foydalangani toʻgʻrisida tegishli tuman (shahar) boʻlimlarini ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali xabardor qilishi shart.
21. Oʻquv kurslari taʼlim tashkiloti tomonidan toʻliq masofaviy (onlayn) tarzda oʻqitiladigan boʻlsa, ushbu onlayn shaklda oʻqitilgan dars soatlari uchun vaucher 50 foiz miqdorida toʻlanadi.
Bunda taʼlim tashkiloti oʻquv kurslari masofaviy (onlayn) tarzda oʻqitilayotgani toʻgʻrisida tegishli tuman (shahar) boʻlimlarini ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali xabardor qilishi shart.
22. Talabgorlarni vaucher tizimi asosida kasb va xorijiy tillarga oʻqitish xarajatlari Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.
23. Vaucher tizimi doirasida oʻqitish xarajatlarining 50 foizi oʻqish boshlanishidan oldin, qolgan qismi oʻqish yakuni boʻyicha talabgor tomonidan yakuniy imtihon muvaffaqiyatli topshirilgan taqdirda toʻlanadi.
24. Vaucher tizimi doirasida oʻqitish xarajatlarining 50 foizi quyidagi tartibda oldindan toʻlanadi:
taʼlim tashkiloti tomonidan talabgor taqdim qilgan vaucher roʻyxatga olinadi;
taʼlim tashkilotida har bir yoʻnalish boʻyicha oʻquv kursini boshlash uchun guruh shakllantiriladi;
taʼlim tashkiloti guruh shakllantirilgandan soʻng oʻquv kursini boshlashdan bir kun avval bu haqda vaucher taqdim qilgan tuman (shahar) boʻlimlariga ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali elektron shartnoma hamda guruhdagi tinglovchilar toʻgʻrisida maʼlumotni yuboradi;
taʼlim tashkiloti tomonidan elektron shartnoma moliyaviy majburiyat sifatida shakllantiriladi hamda toʻlovlar shartnomaviy xususiyatga ega boʻlmagan holda, tuman (shahar) boʻlimiga kelib tushgandan soʻng 5 (besh) ish kunida oʻquv xarajatining 50 foizi toʻlab beriladi.
25. Oʻquv kurslari yakuni bilan ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotida joylashtirilgan test topshiriqlari asosida yakuniy imtihonlar oʻtkaziladi va taʼlim tashkilotlari tomonidan shakllantirilgan test topshiriqlaridan kamida 71 ball olgan bitiruvchi yakuniy imtihonni muvaffaqiyatli topshirgan hisoblanadi va unga belgilangan namunadagi sertifikat beriladi.
26. Taʼlim tashkilotlari:
oʻquv va imtihon jarayonlarini ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali nazorat qilish tizimi toʻliq joriy etilishini taʼminlaydi;
oʻquv kurslarida qatnashayotgan tinglovchilarni keyinchalik xodim sifatida tanlab olish uchun ish beruvchilarga oʻquv va imtihon jarayonlarini kuzatish imkonini yaratadi.
27. Taʼlim tashkilotlari oʻquv kurslari yakunlangandan soʻng tegishli tuman (shahar) boʻlimlariga ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali elektron soʻrovnomalar yuboradi.
Tuman (shahar) boʻlimlari taʼlim tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan soʻrovnomalarga asosan vaucherlarning qolgan 50 foizini 5 ish kunida toʻlab beradi.
28. Oʻquv kursi yakuniy imtihonini muvaffaqiyatli topshira olmagan tinglovchilar uchun avvaldan toʻlangan 50 foiz mablagʻlar qaytarib olinmasdan taʼlim tashkilotida qoldiriladi.
29. Tinglovchilar quyidagi holatlarda oʻqishdan chetlashtiriladi:
oʻz xohishiga binoan;
taʼlim tashkilotining ichki tartib-qoidalarini muntazam ravishda yoki bir marta qoʻpol ravishda buzganda;
uzrli sabablarsiz meʼyor boʻyicha oʻquv soati 50 foizdan ortiq qoldirganda. Bunda tinglovchi avtomatik tarzda oʻqishdan chetlashtiriladi hamda tinglovchi uchun avvaldan toʻlangan 50 foiz mablagʻ taʼlim tashkilotidan qonunchilikda belgilangan tartibda qaytarib olinadi, shuningdek, ushbu tinglovchi uchun berilgan vaucherning amal qilish holati bekor boʻlib, bir yil davomida unga vaucher qayta berilmaydi.
Tinglovchilarning davomati CRM (Customer Relationship Management — mijozlar bilan munosabatni boshqarish) dasturi orqali avtomatik nazorat qilinadi.
30. Tinglovchi uzrli sabablarga koʻra (baxtsiz hodisa va ogʻir kasalligi) oʻquv kurslarida qatnasha olmasa, tinglovchining arizasi va oʻquv kursiga qatnasha olmasligini asoslovchi hujjatga muvofiq tinglovchi 1 yil davomida oʻqishini davom ettirishi mumkin boʻladi. Bunda:
tinglovchi va taʼlim tashkiloti oʻrtasidagi oʻzaro kelishuv asosida tinglovchi uchun qoʻshimcha dars soatlari tashkil etiladi;
oldindan toʻlangan 50 foiz mablagʻ taʼlim tashkilotida saqlanib qoladi va tinglovchi oʻquv kursini davom ettirib, yakuniy imtihonni muvaffaqiyatli topshirsa, qolgan toʻlovlar ushbu Nizomda belgilangan tartibda taʼlim tashkilotiga toʻlab beriladi.
31. Taʼlim tashkiloti tinglovchini sababsiz oʻquv kursida ishtirok etmagan yoki boshqa sabab bilan oʻqishdan chetlashtirgani haqida 3 kunlik muddatda tuman (shahar) boʻlimiga bu haqda tegishli maʼlumotni ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminoti orqali yuboradi.
32. Quyidagi hollarda taʼlim tashkilotiga vaucher tizimi toʻlovining qolgan 50 foiz qismi toʻlab berilmaydi:
tinglovchi oʻqishni yakunlasa, biroq yakuniy imtihonni muvaffaqiyatli topshira olmasa;
tinglovchi ozodlikdan mahrum etilsa, xorijga chiqib ketsa yoki vafot etsa.
33. Quyidagi hollarda taʼlim tashkilotiga ushbu Nizom talablari asosida tahsil olayotgan tinglovchi uchun vaucher toʻlovining qolgan qismi toʻlab berilmaydi va dastlabki toʻlangan 50 foiz mablagʻ ham qaytarib olinadi:
taʼlim tashkiloti tomonidan tinglovchilar haqida ecosys.mehnat.uz dasturiy taʼminotiga soxta maʼlumotlar kiritilganda;
taʼlim tashkiloti tomonidan dars jarayonlari tashkil etilmagani yoki oʻquv kurslari belgilangan oʻquv dasturlariga rioya qilinmagan holda tashkil etilgani aniqlanganda (taʼlim tashkilotlari mehnat bozori talablari, sohada kuzatilayotgan tendensiyalar va oʻzgarishlar, taʼlim oluvchilarning xohishi yoki ish beruvchilarning talabidan kelib chiqib, vazirlik tomonidan tasdiqlangan namunaviy oʻquv dasturi mavzulari, soatlari va dars shakllariga vazirlikning ruxsati bilan tegishli oʻzgartirish kiritgan holda oʻquv dasturlarini oʻqitish holatlari bundan mustasno);
tinglovchi taʼlim tashkilotining tashabbusi bilan asossiz ravishda oʻqishdan chetlatilganda;
taʼlim tashkilotining litsenziyasi yoki tasdiqnomasi yoxud maʼlum bir yoʻnalishni oʻqitish uchun ruxsatnomasi mazkur oʻquv kursi boʻlib oʻtgan davrda mavjud boʻlmaganda yoki amal qilish muddati tugagan yoki bekor qilinganda.
34. Mablagʻlar taʼlim tashkiloti tomonidan ixtiyoriy ravishda qaytarilmagan taqdirda, ular tuman (shahar) boʻlimlari tomonidan sud tartibida undiriladi.
5-bob. Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasidan ajratiladigan mablagʻlardan foydalanish
35. Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan vaucher tizimi xarajatlarini qoplash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari orqali hududiy boshqarmalar soʻrovlariga asosan mahalliy darajada ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga mablagʻlar moliyalashtirib boriladi.
36. Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi hisobidan vaucher tizimi xarajatlari uchun moliyalashtirilgan mablagʻlar joriy yil yakunida foydalanilmagan taqdirda, Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasiga qaytariladi hamda yil yakuni bilan oʻtuvchi qarzdorliklar hisob-kitob qilingan holda kelgusi yilda ajratib beriladi.
37. Tuman (shahar) boʻlimi tomonidan vaucher tizimi uchun ajratilgan xarajatlar smetasida tasdiqlangan mablagʻlar doirasida aynan vaucher tizimi xarajatlari uchun mablagʻlar yetarli boʻlganda, vaucher shakllantirib beriladi.
6-bob. Vazirlik tizimidagi markazlar tomonidan vaucher tizimi boʻyicha koʻrsatilgan xizmatlar hamda boshqa pulli xizmatlardan kelib tushgan mablagʻlardan foydalanish
38. Markazlar tomonidan vaucher tizimi boʻyicha koʻrsatilgan xizmatlar hamda boshqa pulli xizmat mablagʻlari ularning budjetdan tashqari jamgʻarmasiga kelib tushadi.
39. Markazlarning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlanadi hamda xarajatlar amalga oshiriladi.
40. Quyidagilar markazlarning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari manbalari hisoblanadi:
oʻqitishdan tushgan mablagʻlar;
faoliyat turi boʻyicha tovarlar (ishlarni bajarish, xizmatlar koʻrsatish) ishlab chiqarish va sotishdan tushgan mablagʻlar;
markazlar tomonidan vaqtincha foydalanilmayotgan binolarni va mol-mulkni ijaraga berishdan tushgan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan markazlarga homiylik (begʻaraz) yordami berilishidan olingan daromadlar;
oʻquv jarayonlari davomida tayyorlangan mahsulotlarni (tovar, ish, xizmatlarni) sotishdan tushgan mablagʻlar;
Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasidan ajratilgan mablagʻlar;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
41. Markazlar budjetdan tashqari jamgʻarma mablagʻlaridan quyidagi maqsadlar uchun ketma-ketlik ustuvorligi boʻyicha foydalanadi:
oʻquv kurslarini bevosita tashkil qilish bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlarni qoplash (oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalarining ish haqi toʻlovlari hamda oʻquv jarayoni uchun zarur boʻladigan xomashyolar);
oʻquv kurslarini bevosita tashkil qilish bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlar qoplangandan soʻng qolgan mablagʻlarning koʻpi bilan 75 foizi markaz xodimlarini ijtimoiy himoya qilish va moddiy ragʻbatlantirish hamda kamida 25 foizi markazning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash uchun yoʻnaltiriladi.
Aniq maqsadlar uchun kelib tushgan homiylik yoki boshqa mablagʻlar aynan ushbu maqsadlar uchun sarflanadi.
42. Markazning xoʻjalik faoliyati natijasida tushgan mablagʻlar hisobidan oʻqituvchilar, ishlab chiqarish taʼlim ustalari va boshqa xodimlarga ish haqi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda toʻlanadi.
43. Markazlarning budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida yil boshiga qoldiq mablagʻlaridan tegishli ravishda ular umumiy xarajatlarining 3 foizidan oshmagan miqdorda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Vazirlar Mahkamasining qarorlariga muvofiq foydalaniladi hamda har chorakda foydalanilgan mablagʻlar boʻyicha vazirlikka hisobot taqdim etiladi. Mazkur mablagʻlar xarajat qilinmagan taqdirda, Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasiga qaytariladi.
44. Kasbiy koʻnikmalar markazlari vaucher tizimi va xoʻjalik faoliyati natijasida tushgan mablagʻlar hisobidan oʻzining saqlash xarajatlarini qoplay olmagan taqdirda, binolarini (inshootlarni) yoki ularning bir qismini jihozlari bilan birga belgilangan tartibda ijaraga berishi mumkin.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
45. Hududiy boshqarmalar, tuman (shahar) boʻlimlari hamda hokim yordamchilari talabgorlarga vaucher berishning toʻgʻri yoʻlga qoʻyilganini, oʻquv jarayonining tashkil etilgani hamda davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlarining elektron reyestrga kiritilishini ushbu Nizom talablari asosida oʻz vakolatlari doirasida doimiy nazorat qilib boradi.
46. Vazirlikning “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksidagi ish beruvchi tashkilotning boʻsh ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlariga asosan tuman (shahar) boʻlimlari orqali vaucher tizimida taʼlim olib, sertifikatga ega boʻlgan fuqarolarga mavjud boʻsh ish oʻrinlari taklif qilib boriladi yoki ish beruvchining buyurtmasi asosida reyestrga kiritilgan taʼlim tashkilotlarida oʻqiyotgan fuqarolar uchun boʻsh ish oʻrnini zaxirada saqlaydi va bu haqda ish beruvchiga maʼlum qiladi.
47. Vazirlik hamda vazirlik tizimidagi tashkilotlar, ularning hududiy boʻlinmalari ushbu Nizom boʻyicha targʻibot-tashviqot ishlarini amalga oshiradi.
48. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Kasb va xorijiy tillarga oʻqitish uchun vaucher berish tizimi tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Kasb va xorijiy tillarga oʻqitish dasturi boʻyicha oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli yakunlaganlik toʻgʻrisidagi taʼlim tashkilotlari tomonidan beriladigan sertifikat namunasi
(titul varagʻi) LOGOTIP OʻRNI _________________________________________________________________ (taʼlim tashkiloti nomi) SERTIFIKAT KASB VA XORIJIY TILLARGA OʻQITISH DASTURI BOʻYICHA OʻQUV KURSLARINI MUVAFFAQIYATLI YAKUNLAGANLIK TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT № 000000 _________________________________________________________ (familiyasi, ismi, otasining ismi) “________________________________________________________________________________________ _____________” yoʻnalishi boʻyicha oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatdi. ____________________________ ___________ (direktor yoki vakolatli shaxs F.I.O) muhr oʻrni (imzo) 20___-yil “__”-________ (berilgan sana) ______________ viloyati ___________ tumani/shahri
Kasb va xorijiy tillarga oʻqitish uchun vaucher berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Taʼlim tashkilotlarining elektron reyestriga kiritish uchun davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari tomonidan taqdim etiladigan zarur maʼlumotlar va hujjatlar
1. Davlat kadastri reyestridan koʻchmas mulki yoki ijarada turishi toʻgʻrisida maʼlumot.
2. Nodavlat taʼlim xizmatlarini koʻrsatish faoliyati boʻyicha litsenziya yoki xabarnoma qabul qilingani toʻgʻrisidagi tasdiqnoma.
3. Oʻquv kurslarining yoʻnalishlari.
4. Oʻquv kurslarini olib boradigan oʻqituvchi, usta va murabbiylar toʻgʻrisidagi maʼlumot (sohalar kesimida).
5. Oʻquv va dars jarayonlarini tashkil etish uchun sinf xonalari, mashgʻulot xonalari va boshqa zarur ishlab chiqarish maydonlarining mavjudligi toʻgʻrisida maʼlumot (fotosuratlar bilan).
6. Oʻquv kurslarining bir vaqtda qamrab olish quvvati.
7. Moddiy-texnik bazasi, oʻquv jihozlari va boshqa zarur vositalar bilan taʼminlangani toʻgʻrisida maʼlumot (fotosuratlar bilan).
8. Mavjud filiallari (mavjud boʻlgan taqdirda) boʻyicha maʼlumotlari va ularning manzillari.
9. Xalqaro tashkilotlar tomonidan berilgan sertifikatlar (mavjud boʻlsa).
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 20-avgust,
527-son