UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 22-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 22 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

СХЕМАСИ

АРИЗА

РЎЙХАТИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

АРИЗА

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасалари педагог ходимлари томонидан давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ тайёрланган ўқув адабиётларини сифатли, адолатли ва шаффоф тарзда экспертизадан ўтказиш ҳамда таълим соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — Маъмурий регламент) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

республикада фаолият юритувчи давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасалари учун давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказишни давлат хизмати асосида ташкил этиш тартиби;

экспертлар томонидан ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш тартиби;

давлат хизматидан фойдаланганлик учун тўлов ундириш тартиби;

ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш жараёнида иштирок этувчи мутахассисларга шартнома асосида ҳақ тўлаш тартиби;

давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш асослари.

2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Маъмурий регламентга мувофиқ ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказишни давлат хизмати асосида ташкил этишни мувофиқлаштирсин ҳамда ўн кун муддатда ушбу давлат хизматини кўрсатувчи ишчи органни белгиласин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Маъмурий регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун республикада фаолият юритувчи давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар фақат Давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қиладилар;

давлат хизмати орқали экспертизадан ўтказилган ва ижобий хулоса берилган ўқув адабиётларининг муаллиф(лар)и томонидан давлат хизматларидан фойдаланиш учун сарфланган харажатлари муаллиф(лар) фаолият юритаётган олий таълим ташкилоти томонидан қоплаб берилади.

4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:

Маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;

ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим, давлат божи ва барча турдаги тўловларнинг Ягона биллинг тизимига уланишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 августдаги 530-сон қарорига 1-ИЛОВА

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Регламент республикада фаолият юритувчи давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, олий ҳарбий таълим муассасалари (кейинги ўринларда — олий таълим ташкилотлари) учун тайёрланган дарслик ёки ўқув қўлланма (кейинги ўринларда — ўқув адабиёти)ни экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Регламент талаблари:

олий таълим ташкилотлари томонидан тайёрланган электрон ўқув адабиётларига, олий ҳарбий таълим муассасаларининг «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» ва «Махфий» грифлари мавжуд бўлган ўқув адабиётларига ҳамда «Исломшунослик» ва «Диншунослик» соҳаларига оид ўқув адабиётларига нисбатан қўлланилмайди;

академик ва молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари учун тавсиявий тусга эга ҳисобланади.

3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

дарслик — муайян ўқув фанининг мавзулари тизимли, чуқур ва тўлиқ ёритилган, тегишли фан мазмунини белгиланган ҳажмда мукаммал ўзлаштиришга қаратилган, мазмунан ва шаклан таълим турларига (ўрта махсус, касбий таълим, олий таълим (бакалавриат, магистратура)) мос, ўқувчи ва талабаларда фанга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига, ижодий қобилиятлар ривожланишига хизмат қиладиган, расмий тасдиқланадиган асосий ўқув нашри;

ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ушбу Регламентга мувофиқ давлат хизматини кўрсатиш ваколати берилган таркибий бўлинма ва (ёки) идоравий мансуб ташкилот;

талабгор — ушбу Регламентга мувофиқ ўқув адабиётини экспертизадан ўтказишни сўраб мурожаат қилган, олий таълим ташкилотида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчи ва (ёки) илмий тадқиқотчи;

эксперт — соҳага оид таълим муассасаси, илмий муассаса ва бошқа ташкилотларда фаолият юритаётган ҳамда ишчи орган билан шартнома расмийлаштирган олий маълумотли мутахассис (раҳбар);

экспертиза маълумотномаси — экспертиза натижасига кўра ижобий хулоса билан баҳоланган ўқув адабиёти учун ишчи орган томонидан талабгорга бериладиган электрон шаклдаги QR-кодли (матрик штрихли код) ҳужжат;

ўқув қўлланма — дарсликни қисман тўлдирувчи, муайян фан дастури бўйича тузилган ва мавзуларни зарурий ҳажмда тизимли ёритиб берадиган, фан асосларининг мукаммал ўзлаштирилишини таъминловчи, мазмунан ва шаклан таълим турларига (ўрта махсус, касбий таълим, олий таълим (бакалавриат, магистратура)) мос, назарий ёки амалий машқ ва машғулотларга мўлжалланган, ўқувчи ва талабаларда фанга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига хизмат қиладиган, расмий тасдиқланадиган ўқув нашри.

4. Давлат хизмати Давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ишчи орган томонидан кўрсатилади.

5. Ўқув адабиётини давлат хизмати орқали экспертизадан ўтказиш муддати (ҳар бир ариза учун хулоса бериш) йигирма беш иш кунини ташкил этади.

6. Электрон ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш тартиби олий таълим ташкилотлари томонидан, олий ҳарбий таълим муассасаларининг «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» ва «Махфий» грифлари мавжуд бўлган ўқув адабиётларини чоп этишга рухсат бериш тартиби тизимида ушбу олий ҳарбий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар томонидан, «Исломшунослик» ва «Диншунослик» соҳаларига оид ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан белгиланади.

7. Давлат хизматлари маркази ва ишчи орган ўртасидаги ахборот электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

8. Ишчи орган томонидан Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали келиб тушган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш учун таълим соҳалари бўйича олий таълим ташкилотларининг етук мутахассисларидан иборат таркибда экспертлар фаолияти ташкил этилади.

9. Ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказишда иштирок этадиган экспертларга ҳақ тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи асосида белгиланади.

2-боб. Ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби

10. Ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ давлат хизматлари мазкур Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ кўрсатилади.

11. Талабгор ўзи томонидан тайёрланган ўқув адабиётини экспертизадан ўтказиш мақсадида Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтади.

12. Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат қилганда, ўқув адабиётини экспертизадан ўтказиш учун аризани электрон шаклда тўлдиради ҳамда тегишли ҳужжатларни тақдим қилади.

Агар ўқув адабиёти ҳаммуаллифликда тайёрланган бўлса, асосий муаллиф ёки ҳаммуаллифлардан бири қолган муаллифлар билан келишган ҳолда уларнинг номидан ариза бериши мумкин.

Бунда аризада ҳаммуаллифларга тегишли маълумотлар тўғри қайд этилгани учун талабгор жавобгар ҳисобланади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда ариза автоматик тарзда ишчи органга юборилади.

13. Талабгор аризани ЯИДХП орқали тўлдирганда, ундан ЭРИ талаб этилмайди.

14. Талабгор Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази ходими талабгор номидан мазкур Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги аризани тўлдиради ҳамда ушбу Регламентга 3-иловада келтирилган ҳужжатларни электрон шаклда қабул қилади, рўйхатдан ўтказади ва талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг аризани 10 дақиқа мобайнида экспертизадан ўтказиш учун ишчи органга юборади.

15. Ишчи орган уч иш куни ичида Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали юборилган аризага тегишли ҳужжатларни дастлабки техник экспертизадан ўтказади.

Дастлабки техник экспертиза куйидаги мақсадларда ўтказилади:

олий таълим ташкилотининг расмий йўлланма хатида келтирилган маълумотлар ўқув адабиётининг электрон шаклида келтирилган маълумотларга мос келишини текшириш;

экспертиза жараёнининг адолатли ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида ўқув адабиётининг электрон шаклида муаллиф, тақризчилар ва олий таълим ташкилоти номи кўрсатилмаганлигини аниқлаш;

олий таълим ташкилотининг кенгаш қароридан кўчирмани текшириш, унда, плагиаторлик (кўчирмачилик) қилинмаганлиги алоҳида кўрсатилганлиги, ўқув режа ва ўқув дастурлардаги мавзуларга мос тайёрланганлигини аниқлаш;

тақдим этилган ўқув адабиётини плагиаторликка (кўчирмачиликка) қарши текширувдан ўтказиш.

16. Талабгорга дастлабки техник экспертиза жараёнида аниқланган камчиликларни уч иш куни ичида бартараф этиш имконияти берилади.

Давлат хизматини кўрсатиш камчиликларни бартараф этиш вақтида тўхтатиб турилади ва бу ҳақида талабгорга хабар юборилади.

17. Ишчи орган дастлабки техник экспертизадан ўтган аризаларни экспертга юборади.

18. Эксперт ахборот тизими орқали юборилган ўқув адабиётини йигирма беш иш куни ичида ушбу Регламентга 4-иловада келтирилган баҳолаш мезонлари асосида экспертизадан ўтказади ҳамда қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида баҳолайди:

баҳолаш натижаси бўйича 86 баллдан 100 баллгача балл билан баҳоланган ўқув адабиёти чоп этишга тавсия этилади ҳамда экспертнинг ижобий хулосаси асосида ишчи органга юборилади;

баҳолаш натижаси бўйича 85 балл ва ундан паст балл билан баҳоланган ўқув адабиёти чоп этишга тавсия этилмайди ҳамда экспертнинг салбий хулосаси асосида қайта ишлаш учун ишчи орган томонидан бир иш куни ичида талабгорга қайтарилади.

Талабгор салбий баҳоланган ўқув адабиётини эксперт томонидан берилган хулоса асосида камчиликларни бартараф этган ҳолда Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали қайта ариза бериши мумкин.

Бунда қайта бериладиган ариза янги ариза сифатида қабул қилинади ва тўлов ундирилишига асос бўлади.

19. Ўқув адабиётига берилган хулосага эксперт шахсан масъул ҳисобланади.

20. Ишчи орган бир иш куни ичида ўқув адабиётининг экспертиза маълумотномасини (матрик штрихли код қўйилган) расмийлаштиради ва ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаб, Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига электрон шаклда юборади.

Бунда Ишчи орган томонидан берилган ҳужжатларнинг реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

талабгор(лар)нинг фамилияси, исми, отасининг исми;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ID-карта) маълумотлари;

ўқув адабиётининг номи, тури ва бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги шифри ҳамда номи;

ҳужжатнинг ҳисобга олиш рақами ва берилган санаси.

Реестр электрон шаклда юритилади ва унинг шакли ишчи орган томонидан тасдиқланади.

21. Экспертиза маълумотномасида техник камчиликлар (ўқув адабиётининг номи, тури — дарслик ва (ёки) ўқув қўлланма ва бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги шифри ҳамда номидаги хатоликлар) мавжудлиги аниқланган тақдирда, ишчи орган томонидан ушбу маълумотнома қайта расмийлаштириб берилади.

22. Ўқув адабиётининг ижобий экспертизадан ўтказилгани тўғрисидаги маълумотнома асосида талабгор ушбу ўқув адабиётини чоп этиши ҳуқуқига эга бўлади,

23. Марказлашган маблағлар ҳисобидан нашр этиладиган ўқув адабиёти ишчи орган томонидан таълим соҳалари бўйича шакллантириладиган эҳтиёж асосида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан амалга оширилади.

3-боб. Давлат хизматидан фойдаланганлик учун тўлов ундириш тартиби

24. Ишчи орган томонидан дастлабки техник экспертизадан ўтказилган ва камчилик аниқланмаган аризаларни экспертизадан ўтказиш ва давлат хизматини кўрсатиш учун ариза топшириш вақтида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади ва тўлов тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, тўлов суммасининг 90 фоизи миқдоридаги маблағ ундирилади.

25. Тўловлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказига талабгор шахсан мурожаат этганда:

18 фоизи — Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ҳисобварағига;

0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

40 фоизи — тегишлилиги бўйича ишчи органнинг Бюджет муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига;

30 фоизи — ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказишда иштирок этадиган экспертларга шартнома асосида хизматига ҳақ тўлаш учун эксперт фаолият юритаётган олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари шахсий ҳисобварағига;

қолган қисми — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи — Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига;

11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи Ягона биллинг тизими орқали давлат хизмати кўрсатилганда) Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

40 фоизи — тегишлилиги бўйича ишчи органнинг Бюджет муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига;

30 фоизи — ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказишда иштирок этадиган экспертларга шартнома асосида хизматига ҳақ тўлаш учун эксперт фаолият юритаётган олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари шахсий ҳисобварағига;

қолган қисми — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази ҳисобварағига ўтказилади.

26. Давлат хизматини кўрсатиш қуйидаги сабабларга кўра рад этилади:

давлат хизматини кўрсатиш учун тўлов амалга оширилмаганда;

талабгор томонидан дастлабки техник экспертизада кўрсатилган камчиликлар уч иш куни ичида бартараф этилмаганда.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

27. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишни унга хизмат кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида рад этиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишни рад этганда, унинг аризаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.

4-боб. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш

28. Талабгор томонидан тақдим этилган ўқув адабиёти экспертлар томонидан салбий хулоса билан баҳоланган тақдирда, мазкур хулосадан қониқмаган талабгор салбий хулоса тақдим этилган кундан бошлаб уч иш куни ичида Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали электрон равишда ишчи органга апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

29. Талабгор апелляция шикоятини бериш учун ушбу Регламентга 5-иловага мувофиқ шаклдаги аризани Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда тўлдиради.

30. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш учун ишчи органнинг буйруғи билан 5 — 7 нафар ишчи орган ходимлари, тажрибали педагоглар ва малакали мутахассислардан иборат бўлган таркибда Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига таълим соҳалари бўйича фаолият олиб бораётган экспертлар киритилмайди.

Апелляция шикояти ўн беш иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Талабгор Апелляция комиссияси қарори тўғрисида ЯИДХП орқали хабардор қилинади.

31. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

экспертиза натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш;

экспертиза натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш.

32. Экспертиза натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция мазкур Регламент талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса.

33. Экспертиза натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш тўғрисидаги қарор шикоятда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топса қабул қилинади.

34. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.

35. Талабгор Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

36. Давлат хизматлари маркази ва ишчи орган ходимлари томонидан талабгор тўғрисидаги шахсий маълумотларнинг махфийлиги таъминланади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, талабгор тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.

37. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

38. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Талабгор 1. Тайёрлаган ўқув адабиётини экспертизадан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ариза юборади. Ариза топшириш зарурати вужудга келганда 2. Ўқув адабиётини экспертизадан ўтказиш учун тўловни амалга оширади. Ариза бериш билан бир вақтда 2-босқич ЯИДХП Аризани тўлдириб, ишчи органга юборилади. Автоматик тарзда Давлат хизматлари маркази Ўн дақиқа ичида 3-босқич Ишчи орган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги) 1. Ўқув адабиётини дастлабки техник экспертизадан ўтказади. Уч иш куни ичида 2. Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган аризаларни талабгорга қайтаради. 3. Дастлабки техник экспертизадан ўтган аризаларни экспертга юборади. 4-босқич Талабгор Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган аризадаги камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта юборади. Уч иш куни ичида 5-босқич Эксперт Ўқув адабиётини экспертизадан ўтказади ва натижасини ишчи органга юборади. Йигирма беш иш куни ичида Ишчи орган Салбий хулоса билан баҳоланган ўқув адабиётининг экспертиза хулосасини талабгорга юборади. Бир иш куни ичида 6-босқич Талабгор Салбий хулоса берилган ўқув адабиётини камчиликларни бартараф этган ҳолда, қайта экспертизадан ўтказиш учун юборади. Қайта ариза топшириш зарурати вужудга келганда 7-босқич Ишчи орган Ижобий баҳоланган ўқув адабиётининг экспертиза маълумотномасини (матрик штрихли код қўйилган) расмийлаштиради. Бир иш куни ичида Экспертиза маълумотномасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаб, Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига электрон шаклда юборади. Давлат хизматлари марказига — шу куннинг ўзида, ЯИДХП орқали — автоматик тарзда 8-босқич Талабгор Ўқув адабиётига берилган салбий хулосадан қониқмаган тақдирда апелляция шикоятини беради. Уч иш куни ичида 9-босқич Ишчи орган Апелляция шикоятини кўриб чиқади. Ўн беш иш куни ичида

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА

Ўқув адабиётини экспертизадан ўтказиш учун

______________ ______________ (санаси) (рақами) 1. Ф.И.О.: 1.2. Паспорт (идентификация ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами): 1.3. Яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): 1.4. Иш жойи ва лавозими: 1.5. Телефон рақами: 1.6. Электрон почта манзили (e-mail): 2. Агар ҳаммуаллифлар мавжуд бўлса, улар ҳақида маълумот * : 2.1. Ф.И.О.: 2.2. Паспорт (идентификация ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами): 2.3. Яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): 2.4. Иш жойи ва лавозими: 2.5. Телефон рақами: 2.6. Электрон почта манзили (e-mail): 3. Экспертиза учун тақдим этиладиган ўқув адабиётининг номи, тури, тили ҳамда тавсия этиладиган бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислик шифри ва номи:

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА

Ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

Т/р Ҳужжат номи Изоҳ 1. Олий таълим ташкилоти раҳбарининг расмий йўлланма хати. Ўқув адабиётининг (дарслик, ўқув қўлланма) олий таълим ташкилоти кенгашида муҳокамадан ўтказилгани, ўқув адабиётига бўлган эҳтиёж, бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги коди ва номи кўрсатилиши лозим. 2. Олий таълим ташкилоти кенгаши қароридан кўчирма нусхаси. Кенгаш қарорида ўқув адабиётининг номи, тури (дарслик, ўқув қўлланма) шунингдек, уни матбаа ва ноширлик меъёрларига амал қилган ҳолда тайёрланганлиги қайд этилиб, расмийлаштириш ва чоп этиш учун навбатдаги босқичга тавсия этилганлиги баён қилинган бўлиши лозим. 3. Ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган ўқув дастури нусхаси. Бакалавриат таълим йўналишлари ёки магистратура мутахассисликлари ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича ишлаб чиқилган ҳамда олий таълим ташкилоти томонидан тасдиқланган ўқув дастури нусхаси тақдим этилади. 4. Ўқув адабиётининг электрон (pdf) шакли. (pdf) шаклида муаллиф ва олий таълим ташкилоти номи кўрсатилмаган ҳолда бўлиши лозим.

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 4-ИЛОВА

Ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича

Т/р Баҳолаш мезонлари бўйича баллар тақсимоти Мезонлар бўйича максимал балл 1. Ўқув адабиётининг бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги шифри, номи ва ихтисосликка мўлжалланганлиги — 5 балл; ўқув режаси ва дастурларига тўла мос келиши — 10 балл; боблар, бўлим ва мавзуларнинг муайян изчилликда ёритилганлиги — 5 балл. 20 балл 2. Ўқув адабиётида жаҳон илм-фани, техника ва технологияларнинг энг сўнгги ютуқлари инобатга олинганлиги — 10 балл; соҳа ва фанга оид миллий ҳамда хорижий тажриба ва маълумотлар мантиқий кетма-кетликда баён этилганлиги — 5 балл 15 балл 3. Ўқув адабиётида назарий ва амалий маълумотлар мақбул, пухта, равон, ижодий ҳамда қизиқтирадиган шаклда ифода қилинганлиги — 10 балл; тасвирли материаллар (расмлар, графиклар, жадваллар, блок-схемалар) мавжудлиги — 5 балл; 15 балл 4. Ўқув адабиётида асосий тушунча ҳамда хулосаларнинг таърифлари аниқ ва равшан ёзилгани, атамаларнинг умумийлигига эришилганлиги — 15 балл. 15 балл 5. Ўқув адабиётида талабаларнинг ёши, психофизиологик хусусиятлари ҳисобга олинганлиги — 5 балл; талабаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилганлиги ва мустақил таълим олишга қизиқиш уйғотиши — 5 балл. 10 балл 6. Ўқув адабиётлар рўйхатининг янгиланганлик даражаси (2000 йилдан кейин чоп этилган маҳаллий ва хорижий ўқув адабиётлари) — 5 балл. 5 балл 7. Мавзулардан сўнг қисқача хулоса, назорат ва муҳокама саволлари (камида 8 — 10 та), таянч ибораларнинг мавжудлиги — 2,5 балл; глоссарий (изоҳли сўзлар) мавжудлиги ва уни баён этиш даражаси — 2,5 балл. 5 балл 8. Ўқув адабиётида муаллиф томонидан докторлик (DSc), номзодлик (PhD) диссертациясидан фойдаланилганлиги — 5 балл. 5 балл 9. Ўқув адабиётининг мазмунан тугаллангани — 10 балл; 10 балл Жами: 100 балл

Олий таълим ташкилотлари талабалари учун тайёрланган ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 5-ИЛОВА

Ўқув адабиётини экспертизадан ўтказиш натижалари юзасидан апелляция шикоятини бериш учун

__________________ __________________ (санаси) (рақами) 1. Ф.И.О: 2. Паспорт (идентификация ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами): 3. Яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй); 4. Иш жойи ва лавозими: 5. Телефон рақами: 6. Электрон почта манзили (e-mail): 7. Ариза рақами: 8. Шикоятнинг қисқача мазмуни:

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 августдаги 530-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш тўғрисида» 2018 йил 10 октябрдаги 816-сон қарорида :

а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Қуйидагилар:

Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Хорижий ўқув ва илмий адабиётларни таржима ва таҳрир қилиш ҳамда экспертизадан ўтказадиган мутахассис ва профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.»;

б) 2-банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ўқув адабиётларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар аниқ ҳисоб-китобларга асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ушбу мақсадлар учун назарда тутиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида молиялаштирилади;

ўқув адабиётларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.»;

в) 3 ва 4-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 10 февралдаги 75-сон қарорининг 2-банди еттинчи хатбошиси куйидаги таҳрирда баён этилсин:

«таълим дастурларига кирадиган барча фанлар бўйича янги авлод ўқув адабиётларини таҳлил қилиш, тайёрлаш, уларни давлат хизмати асосида экспертизадан ўтказиш ҳамда нашр этишни ташкил қилиш;».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 22 август,

530-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 09/25/530/0768-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

SXEMASI

ARIZA

ROʻYXATI

BAHOLASH MEZONLARI

ARIZA

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yurituvchi davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari, xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ularning filiallari, shuningdek, oliy harbiy taʼlim muassasalari pedagog xodimlari tomonidan davlat taʼlim standartlari, malaka talablari, oʻquv rejasi va dasturlariga muvofiq tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini sifatli, adolatli va shaffof tarzda ekspertizadan oʻtkazish hamda taʼlim sohasida davlat xizmatlarini koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti (keyingi oʻrinlarda — Maʼmuriy reglament) 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

respublikada faoliyat yurituvchi davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari, xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ularning filiallari, shuningdek, oliy harbiy taʼlim muassasalari uchun davlat taʼlim standartlari, malaka talablari, oʻquv rejasi va dasturlariga muvofiq tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazishni davlat xizmati asosida tashkil etish tartibi;

ekspertlar tomonidan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish tartibi;

davlat xizmatidan foydalanganlik uchun toʻlov undirish tartibi;

oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish jarayonida ishtirok etuvchi mutaxassislarga shartnoma asosida haq toʻlash tartibi;

davlat xizmatlari koʻrsatishni rad etish asoslari.

2. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Maʼmuriy reglamentga muvofiq oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazishni davlat xizmati asosida tashkil etishni muvofiqlashtirsin hamda oʻn kun muddatda ushbu davlat xizmatini koʻrsatuvchi ishchi organni belgilasin.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

Maʼmuriy reglamentga muvofiq koʻrsatiladigan davlat xizmatlaridan foydalanish uchun respublikada faoliyat yurituvchi davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari, xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ularning filiallari, shuningdek, oliy harbiy taʼlim muassasalarida faoliyat yuritayotgan professor-oʻqituvchilar va ilmiy tadqiqotchilar faqat Davlat xizmatlari markazi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat qiladilar;

davlat xizmati orqali ekspertizadan oʻtkazilgan va ijobiy xulosa berilgan oʻquv adabiyotlarining muallif(lar)i tomonidan davlat xizmatlaridan foydalanish uchun sarflangan xarajatlari muallif(lar) faoliyat yuritayotgan oliy taʼlim tashkiloti tomonidan qoplab beriladi.

4. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Adliya vazirligi bilan birgalikda 2025-yil 1-sentabrdan boshlab:

Maʼmuriy reglamentga muvofiq davlat xizmatlarining YIDXP orqali joriy etilishini taʼminlasin;

YIDXPda davlat xizmatlari koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlar koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin;

oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatilgani uchun yigʻim, davlat boji va barcha turdagi toʻlovlarning Yagona billing tizimiga ulanishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritilsin.

6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-avgustdagi 530-son qaroriga 1-ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Reglament respublikada faoliyat yurituvchi davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari, xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ularning filiallari, shuningdek, oliy harbiy taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda — oliy taʼlim tashkilotlari) uchun tayyorlangan darslik yoki oʻquv qoʻllanma (keyingi oʻrinlarda — oʻquv adabiyoti)ni ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Reglament talablari:

oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tayyorlangan elektron oʻquv adabiyotlariga, oliy harbiy taʼlim muassasalarining “Xizmat doirasida foydalanish uchun” va “Maxfiy” griflari mavjud boʻlgan oʻquv adabiyotlariga hamda “Islomshunoslik” va “Dinshunoslik” sohalariga oid oʻquv adabiyotlariga nisbatan qoʻllanilmaydi;

akademik va moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlari professor-oʻqituvchilari uchun tavsiyaviy tusga ega hisoblanadi.

3. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

darslik — muayyan oʻquv fanining mavzulari tizimli, chuqur va toʻliq yoritilgan, tegishli fan mazmunini belgilangan hajmda mukammal oʻzlashtirishga qaratilgan, mazmunan va shaklan taʼlim turlariga (oʻrta maxsus, kasbiy taʼlim, oliy taʼlim (bakalavriat, magistratura)) mos, oʻquvchi va talabalarda fanga taalluqli bilim, koʻnikma va malakalar shakllanishiga, ijodiy qobiliyatlar rivojlanishiga xizmat qiladigan, rasmiy tasdiqlanadigan asosiy oʻquv nashri;

ishchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan ushbu Reglamentga muvofiq davlat xizmatini koʻrsatish vakolati berilgan tarkibiy boʻlinma va (yoki) idoraviy mansub tashkilot;

talabgor — ushbu Reglamentga muvofiq oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazishni soʻrab murojaat qilgan, oliy taʼlim tashkilotida faoliyat yuritayotgan professor-oʻqituvchi va (yoki) ilmiy tadqiqotchi;

ekspert — sohaga oid taʼlim muassasasi, ilmiy muassasa va boshqa tashkilotlarda faoliyat yuritayotgan hamda ishchi organ bilan shartnoma rasmiylashtirgan oliy maʼlumotli mutaxassis (rahbar);

ekspertiza maʼlumotnomasi — ekspertiza natijasiga koʻra ijobiy xulosa bilan baholangan oʻquv adabiyoti uchun ishchi organ tomonidan talabgorga beriladigan elektron shakldagi QR-kodli (matrik shtrixli kod) hujjat;

oʻquv qoʻllanma — darslikni qisman toʻldiruvchi, muayyan fan dasturi boʻyicha tuzilgan va mavzularni zaruriy hajmda tizimli yoritib beradigan, fan asoslarining mukammal oʻzlashtirilishini taʼminlovchi, mazmunan va shaklan taʼlim turlariga (oʻrta maxsus, kasbiy taʼlim, oliy taʼlim (bakalavriat, magistratura)) mos, nazariy yoki amaliy mashq va mashgʻulotlarga moʻljallangan, oʻquvchi va talabalarda fanga taalluqli bilim, koʻnikma va malakalar shakllanishiga xizmat qiladigan, rasmiy tasdiqlanadigan oʻquv nashri.

4. Davlat xizmati Davlat xizmatlari markazi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali ishchi organ tomonidan koʻrsatiladi.

5. Oʻquv adabiyotini davlat xizmati orqali ekspertizadan oʻtkazish muddati (har bir ariza uchun xulosa berish) yigirma besh ish kunini tashkil etadi.

6. Elektron oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish tartibi oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan, oliy harbiy taʼlim muassasalarining “Xizmat doirasida foydalanish uchun” va “Maxfiy” griflari mavjud boʻlgan oʻquv adabiyotlarini chop etishga ruxsat berish tartibi tizimida ushbu oliy harbiy taʼlim muassasalari mavjud boʻlgan vazirlik va idoralar tomonidan, “Islomshunoslik” va “Dinshunoslik” sohalariga oid oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi tomonidan belgilanadi.

7. Davlat xizmatlari markazi va ishchi organ oʻrtasidagi axborot elektron raqamli imzoni (keyingi oʻrinlarda — ERI) majburiy tartibda qoʻllash orqali idoralararo elektron oʻzaro bogʻlanish yordamida amalga oshiriladi.

8. Ishchi organ tomonidan Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali kelib tushgan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish uchun taʼlim sohalari boʻyicha oliy taʼlim tashkilotlarining yetuk mutaxassislaridan iborat tarkibda ekspertlar faoliyati tashkil etiladi.

9. Oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazishda ishtirok etadigan ekspertlarga haq toʻlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining buyrugʻi asosida belgilanadi.

2-bob. Oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibi

10. Oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish bilan bogʻliq davlat xizmatlari mazkur Reglamentga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq koʻrsatiladi.

11. Talabgor oʻzi tomonidan tayyorlangan oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazish maqsadida Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib murojaat qiladi yoki YIDXP orqali roʻyxatdan oʻtadi.

12. Talabgor YIDXP orqali murojaat qilganda, oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazish uchun arizani elektron shaklda toʻldiradi hamda tegishli hujjatlarni taqdim qiladi.

Agar oʻquv adabiyoti hammualliflikda tayyorlangan boʻlsa, asosiy muallif yoki hammualliflardan biri qolgan mualliflar bilan kelishgan holda ularning nomidan ariza berishi mumkin.

Bunda arizada hammualliflarga tegishli maʼlumotlar toʻgʻri qayd etilgani uchun talabgor javobgar hisoblanadi.

YIDXP orqali murojaat qilinganda ariza avtomatik tarzda ishchi organga yuboriladi.

13. Talabgor arizani YIDXP orqali toʻldirganda, undan ERI talab etilmaydi.

14. Talabgor Davlat xizmatlari markaziga kelib murojaat etganda, Davlat xizmatlari markazi xodimi talabgor nomidan mazkur Reglamentga 2-ilovaga muvofiq shakldagi arizani toʻldiradi hamda ushbu Reglamentga 3-ilovada keltirilgan hujjatlarni elektron shaklda qabul qiladi, roʻyxatdan oʻtkazadi va talabgor tomonidan tasdiqlangandan soʻng arizani 10 daqiqa mobaynida ekspertizadan oʻtkazish uchun ishchi organga yuboradi.

15. Ishchi organ uch ish kuni ichida Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali yuborilgan arizaga tegishli hujjatlarni dastlabki texnik ekspertizadan oʻtkazadi.

Dastlabki texnik ekspertiza kuyidagi maqsadlarda oʻtkaziladi:

oliy taʼlim tashkilotining rasmiy yoʻllanma xatida keltirilgan maʼlumotlar oʻquv adabiyotining elektron shaklida keltirilgan maʼlumotlarga mos kelishini tekshirish;

ekspertiza jarayonining adolatli va xolis oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida oʻquv adabiyotining elektron shaklida muallif, taqrizchilar va oliy taʼlim tashkiloti nomi koʻrsatilmaganligini aniqlash;

oliy taʼlim tashkilotining kengash qaroridan koʻchirmani tekshirish, unda, plagiatorlik (koʻchirmachilik) qilinmaganligi alohida koʻrsatilganligi, oʻquv reja va oʻquv dasturlardagi mavzularga mos tayyorlanganligini aniqlash;

taqdim etilgan oʻquv adabiyotini plagiatorlikka (koʻchirmachilikka) qarshi tekshiruvdan oʻtkazish.

16. Talabgorga dastlabki texnik ekspertiza jarayonida aniqlangan kamchiliklarni uch ish kuni ichida bartaraf etish imkoniyati beriladi.

Davlat xizmatini koʻrsatish kamchiliklarni bartaraf etish vaqtida toʻxtatib turiladi va bu haqida talabgorga xabar yuboriladi.

17. Ishchi organ dastlabki texnik ekspertizadan oʻtgan arizalarni ekspertga yuboradi.

18. Ekspert axborot tizimi orqali yuborilgan oʻquv adabiyotini yigirma besh ish kuni ichida ushbu Reglamentga 4-ilovada keltirilgan baholash mezonlari asosida ekspertizadan oʻtkazadi hamda quyidagi baholash mezonlari asosida baholaydi:

baholash natijasi boʻyicha 86 balldan 100 ballgacha ball bilan baholangan oʻquv adabiyoti chop etishga tavsiya etiladi hamda ekspertning ijobiy xulosasi asosida ishchi organga yuboriladi;

baholash natijasi boʻyicha 85 ball va undan past ball bilan baholangan oʻquv adabiyoti chop etishga tavsiya etilmaydi hamda ekspertning salbiy xulosasi asosida qayta ishlash uchun ishchi organ tomonidan bir ish kuni ichida talabgorga qaytariladi.

Talabgor salbiy baholangan oʻquv adabiyotini ekspert tomonidan berilgan xulosa asosida kamchiliklarni bartaraf etgan holda Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali qayta ariza berishi mumkin.

Bunda qayta beriladigan ariza yangi ariza sifatida qabul qilinadi va toʻlov undirilishiga asos boʻladi.

19. Oʻquv adabiyotiga berilgan xulosaga ekspert shaxsan masʼul hisoblanadi.

20. Ishchi organ bir ish kuni ichida oʻquv adabiyotining ekspertiza maʼlumotnomasini (matrik shtrixli kod qoʻyilgan) rasmiylashtiradi va oʻz elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlab, Davlat xizmatlari markaziga yoki YIDXP orqali ariza beruvchiga elektron shaklda yuboradi.

Bunda Ishchi organ tomonidan berilgan hujjatlarning reyestri yuritiladi va unda quyidagi maʼlumotlar qayd etiladi:

talabgor(lar)ning familiyasi, ismi, otasining ismi;

shaxsini tasdiqlovchi hujjat (pasport, ID-karta) maʼlumotlari;

oʻquv adabiyotining nomi, turi va bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassisligi shifri hamda nomi;

hujjatning hisobga olish raqami va berilgan sanasi.

Reyestr elektron shaklda yuritiladi va uning shakli ishchi organ tomonidan tasdiqlanadi.

21. Ekspertiza maʼlumotnomasida texnik kamchiliklar (oʻquv adabiyotining nomi, turi — darslik va (yoki) oʻquv qoʻllanma va bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassisligi shifri hamda nomidagi xatoliklar) mavjudligi aniqlangan taqdirda, ishchi organ tomonidan ushbu maʼlumotnoma qayta rasmiylashtirib beriladi.

22. Oʻquv adabiyotining ijobiy ekspertizadan oʻtkazilgani toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma asosida talabgor ushbu oʻquv adabiyotini chop etishi huquqiga ega boʻladi,

23. Markazlashgan mablagʻlar hisobidan nashr etiladigan oʻquv adabiyoti ishchi organ tomonidan taʼlim sohalari boʻyicha shakllantiriladigan ehtiyoj asosida Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining tegishli buyrugʻi bilan amalga oshiriladi.

3-bob. Davlat xizmatidan foydalanganlik uchun toʻlov undirish tartibi

24. Ishchi organ tomonidan dastlabki texnik ekspertizadan oʻtkazilgan va kamchilik aniqlanmagan arizalarni ekspertizadan oʻtkazish va davlat xizmatini koʻrsatish uchun ariza topshirish vaqtida bazaviy hisoblash miqdorining ikki yarim baravari miqdorida toʻlov undiriladi va toʻlov toʻlangani axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.

Bunda davlat xizmatidan foydalanish uchun YIDXP orqali murojaat etilganda, toʻlov summasining 90 foizi miqdoridagi mablagʻ undiriladi.

25. Toʻlovlar summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

a) Davlat xizmatlari markaziga talabgor shaxsan murojaat etganda:

18 foizi — Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasi shaxsiy hisobvaragʻiga;

0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasining elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

40 foizi — tegishliligi boʻyicha ishchi organning Budjet muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasining budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga;

30 foizi — oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazishda ishtirok etadigan ekspertlarga shartnoma asosida xizmatiga haq toʻlash uchun ekspert faoliyat yuritayotgan oliy taʼlim tashkilotining budjetdan tashqari shaxsiy hisobvaragʻiga;

qolgan qismi — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Raqamli taʼlim texnologiyalarini rivojlantirish markazi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;

b) YIDXP orqali murojaat etilganda:

10 foizi — Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasi shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga;

11,75 foizi (shundan 0,5 foizi Yagona billing tizimi orqali davlat xizmati koʻrsatilganda) Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasining elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

40 foizi — tegishliligi boʻyicha ishchi organning Budjet muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasining budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga;

30 foizi — oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazishda ishtirok etadigan ekspertlarga shartnoma asosida xizmatiga haq toʻlash uchun ekspert faoliyat yuritayotgan oliy taʼlim tashkilotining budjetdan tashqari shaxsiy hisobvaragʻiga;

qolgan qismi — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Raqamli taʼlim texnologiyalarini rivojlantirish markazi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

26. Davlat xizmatini koʻrsatish quyidagi sabablarga koʻra rad etiladi:

davlat xizmatini koʻrsatish uchun toʻlov amalga oshirilmaganda;

talabgor tomonidan dastlabki texnik ekspertizada koʻrsatilgan kamchiliklar uch ish kuni ichida bartaraf etilmaganda.

Davlat xizmatlari koʻrsatishni boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi.

27. Talabgor davlat xizmatlaridan foydalanishni unga xizmat koʻrsatishning har qanday bosqichida rad etish huquqiga ega. Talabgor davlat xizmatlaridan foydalanishni rad etganda, uning arizasi koʻrilmasdan qoldiriladi. Bunda toʻlangan toʻlov summasi qaytarilmaydi.

4-bob. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish

28. Talabgor tomonidan taqdim etilgan oʻquv adabiyoti ekspertlar tomonidan salbiy xulosa bilan baholangan taqdirda, mazkur xulosadan qoniqmagan talabgor salbiy xulosa taqdim etilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali elektron ravishda ishchi organga apellyatsiya shikoyatini berish huquqiga ega.

29. Talabgor apellyatsiya shikoyatini berish uchun ushbu Reglamentga 5-ilovaga muvofiq shakldagi arizani Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali elektron shaklda toʻldiradi.

30. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish uchun ishchi organning buyrugʻi bilan 5 — 7 nafar ishchi organ xodimlari, tajribali pedagoglar va malakali mutaxassislardan iborat boʻlgan tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga taʼlim sohalari boʻyicha faoliyat olib borayotgan ekspertlar kiritilmaydi.

Apellyatsiya shikoyati oʻn besh ish kuni mobaynida koʻrib chiqiladi.

Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori toʻgʻrisida YIDXP orqali xabardor qilinadi.

31. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

ekspertiza natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirishni rad etish;

ekspertiza natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish.

32. Ekspertiza natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda qabul qilinadi:

apellyatsiya mazkur Reglament talablarini buzgan holda taqdim etilgan boʻlsa;

apellyatsiyada koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topmasa.

33. Ekspertiza natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish toʻgʻrisidagi qaror shikoyatda koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topsa qabul qilinadi.

34. Takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi.

35. Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

36. Davlat xizmatlari markazi va ishchi organ xodimlari tomonidan talabgor toʻgʻrisidagi shaxsiy maʼlumotlarning maxfiyligi taʼminlanadi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli davlat organlari tomonidan rasmiy murojaat boʻlgan taqdirda, talabgor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taqdim etiladi.

37. Ushbu Reglamentni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

38. Ushbu Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Talabgor 1. Tayyorlagan oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazish uchun Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelgan holda yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali ariza yuboradi. Ariza topshirish zarurati vujudga kelganda 2. Oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazish uchun toʻlovni amalga oshiradi. Ariza berish bilan bir vaqtda 2-bosqich YIDXP Arizani toʻldirib, ishchi organga yuboriladi. Avtomatik tarzda Davlat xizmatlari markazi Oʻn daqiqa ichida 3-bosqich Ishchi organ (Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi) 1. Oʻquv adabiyotini dastlabki texnik ekspertizadan oʻtkazadi. Uch ish kuni ichida 2. Dastlabki texnik ekspertizadan oʻtmagan arizalarni talabgorga qaytaradi. 3. Dastlabki texnik ekspertizadan oʻtgan arizalarni ekspertga yuboradi. 4-bosqich Talabgor Dastlabki texnik ekspertizadan oʻtmagan arizadagi kamchiliklarni bartaraf etgan holda qayta yuboradi. Uch ish kuni ichida 5-bosqich Ekspert Oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazadi va natijasini ishchi organga yuboradi. Yigirma besh ish kuni ichida Ishchi organ Salbiy xulosa bilan baholangan oʻquv adabiyotining ekspertiza xulosasini talabgorga yuboradi. Bir ish kuni ichida 6-bosqich Talabgor Salbiy xulosa berilgan oʻquv adabiyotini kamchiliklarni bartaraf etgan holda, qayta ekspertizadan oʻtkazish uchun yuboradi. Qayta ariza topshirish zarurati vujudga kelganda 7-bosqich Ishchi organ Ijobiy baholangan oʻquv adabiyotining ekspertiza maʼlumotnomasini (matrik shtrixli kod qoʻyilgan) rasmiylashtiradi. Bir ish kuni ichida Ekspertiza maʼlumotnomasini oʻz elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlab, Davlat xizmatlari markaziga yoki YIDXP orqali ariza beruvchiga elektron shaklda yuboradi. Davlat xizmatlari markaziga — shu kunning oʻzida, YIDXP orqali — avtomatik tarzda 8-bosqich Talabgor Oʻquv adabiyotiga berilgan salbiy xulosadan qoniqmagan taqdirda apellyatsiya shikoyatini beradi. Uch ish kuni ichida 9-bosqich Ishchi organ Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqadi. Oʻn besh ish kuni ichida

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA

Oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazish uchun

______________ ______________ (sanasi) (raqami) 1. F.I.O.: 1.2. Pasport (identifikatsiya ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami): 1.3. Yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): 1.4. Ish joyi va lavozimi: 1.5. Telefon raqami: 1.6. Elektron pochta manzili (e-mail): 2. Agar hammualliflar mavjud boʻlsa, ular haqida maʼlumot * : 2.1. F.I.O.: 2.2. Pasport (identifikatsiya ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami): 2.3. Yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): 2.4. Ish joyi va lavozimi: 2.5. Telefon raqami: 2.6. Elektron pochta manzili (e-mail): 3. Ekspertiza uchun taqdim etiladigan oʻquv adabiyotining nomi, turi, tili hamda tavsiya etiladigan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassislik shifri va nomi:

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA

Oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish uchun taqdim etiladigan hujjatlar

T/r Hujjat nomi Izoh 1. Oliy taʼlim tashkiloti rahbarining rasmiy yoʻllanma xati. Oʻquv adabiyotining (darslik, oʻquv qoʻllanma) oliy taʼlim tashkiloti kengashida muhokamadan oʻtkazilgani, oʻquv adabiyotiga boʻlgan ehtiyoj, bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassisligi kodi va nomi koʻrsatilishi lozim. 2. Oliy taʼlim tashkiloti kengashi qaroridan koʻchirma nusxasi. Kengash qarorida oʻquv adabiyotining nomi, turi (darslik, oʻquv qoʻllanma) shuningdek, uni matbaa va noshirlik meʼyorlariga amal qilgan holda tayyorlanganligi qayd etilib, rasmiylashtirish va chop etish uchun navbatdagi bosqichga tavsiya etilganligi bayon qilingan boʻlishi lozim. 3. Oʻquv rejasiga muvofiq ishlab chiqilgan hamda tasdiqlangan oʻquv dasturi nusxasi. Bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari yoki magistratura mutaxassisliklari oʻquv rejalariga kiritilgan fanlar boʻyicha ishlab chiqilgan hamda oliy taʼlim tashkiloti tomonidan tasdiqlangan oʻquv dasturi nusxasi taqdim etiladi. 4. Oʻquv adabiyotining elektron (pdf) shakli. (pdf) shaklida muallif va oliy taʼlim tashkiloti nomi koʻrsatilmagan holda boʻlishi lozim.

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 4-ILOVA

Oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha

T/r Baholash mezonlari boʻyicha ballar taqsimoti Mezonlar boʻyicha maksimal ball 1. Oʻquv adabiyotining bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassisligi shifri, nomi va ixtisoslikka moʻljallanganligi — 5 ball; oʻquv rejasi va dasturlariga toʻla mos kelishi — 10 ball; boblar, boʻlim va mavzularning muayyan izchillikda yoritilganligi — 5 ball. 20 ball 2. Oʻquv adabiyotida jahon ilm-fani, texnika va texnologiyalarning eng soʻnggi yutuqlari inobatga olinganligi — 10 ball; soha va fanga oid milliy hamda xorijiy tajriba va maʼlumotlar mantiqiy ketma-ketlikda bayon etilganligi — 5 ball 15 ball 3. Oʻquv adabiyotida nazariy va amaliy maʼlumotlar maqbul, puxta, ravon, ijodiy hamda qiziqtiradigan shaklda ifoda qilinganligi — 10 ball; tasvirli materiallar (rasmlar, grafiklar, jadvallar, blok-sxemalar) mavjudligi — 5 ball; 15 ball 4. Oʻquv adabiyotida asosiy tushuncha hamda xulosalarning taʼriflari aniq va ravshan yozilgani, atamalarning umumiyligiga erishilganligi — 15 ball. 15 ball 5. Oʻquv adabiyotida talabalarning yoshi, psixofiziologik xususiyatlari hisobga olinganligi — 5 ball; talabalarning ijodiy qobiliyatlarini rivojlantirishga qaratilganligi va mustaqil taʼlim olishga qiziqish uygʻotishi — 5 ball. 10 ball 6. Oʻquv adabiyotlar roʻyxatining yangilanganlik darajasi (2000-yildan keyin chop etilgan mahalliy va xorijiy oʻquv adabiyotlari) — 5 ball. 5 ball 7. Mavzulardan soʻng qisqacha xulosa, nazorat va muhokama savollari (kamida 8 — 10 ta), tayanch iboralarning mavjudligi — 2,5 ball; glossariy (izohli soʻzlar) mavjudligi va uni bayon etish darajasi — 2,5 ball. 5 ball 8. Oʻquv adabiyotida muallif tomonidan doktorlik (DSc), nomzodlik (PhD) dissertatsiyasidan foydalanilganligi — 5 ball. 5 ball 9. Oʻquv adabiyotining mazmunan tugallangani — 10 ball; 10 ball Jami: 100 ball

Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari uchun tayyorlangan oʻquv adabiyotlarini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 5-ILOVA

Oʻquv adabiyotini ekspertizadan oʻtkazish natijalari yuzasidan apellyatsiya shikoyatini berish uchun

__________________ __________________ (sanasi) (raqami) 1. F.I.O: 2. Pasport (identifikatsiya ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami): 3. Yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy); 4. Ish joyi va lavozimi: 5. Telefon raqami: 6. Elektron pochta manzili (e-mail): 7. Ariza raqami: 8. Shikoyatning qisqacha mazmuni:

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-avgustdagi 530-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalarini oʻquv adabiyotlari bilan taʼminlash toʻgʻrisida” 2018-yil 10-oktabrdagi 816-son qarorida :

a) 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“1. Quyidagilar:

Oliy taʼlim muassasalarida foydalanish uchun xorijiy oʻquv va ilmiy adabiyotlar roʻyxatini shakllantirish, ularni xarid qilish va foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Xorijiy oʻquv va ilmiy adabiyotlarni tarjima va tahrir qilish hamda ekspertizadan oʻtkazadigan mutaxassis va professor-oʻqituvchilar mehnatiga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.”;

b) 2-bandning uchinchi va toʻrtinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“oʻquv adabiyotlarini xarid qilish bilan bogʻliq xarajatlar aniq hisob-kitoblarga asosan har yili Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga ushbu maqsadlar uchun nazarda tutiladigan Davlat budjeti mablagʻlari doirasida moliyalashtiriladi;

oʻquv adabiyotlarini xarid qilish bilan bogʻliq xarajatlar tasarrufida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralar, oliy taʼlim muassasalari hamda homiylar mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishi mumkin.”;

v) 3 va 4-ilovalar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi huzuridagi Oliy taʼlimni rivojlantirish tadqiqotlari va ilgʻor texnologiyalarni tatbiq etish markazi faoliyatini tashkil etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 10-fevraldagi 75-son qarorining 2-bandi yettinchi xatboshisi kuyidagi tahrirda bayon etilsin:

“taʼlim dasturlariga kiradigan barcha fanlar boʻyicha yangi avlod oʻquv adabiyotlarini tahlil qilish, tayyorlash, ularni davlat xizmati asosida ekspertizadan oʻtkazish hamda nashr etishni tashkil qilish;”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 22-avgust,

530-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.08.2025-y., 09/25/530/0768-son; 06.05.2026-y., 09/26/224/0457-son)

lex.uz