UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 25-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 25 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш), шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигининг буйруғини қабул қилиш;

давлат иштирокидаги корхоналарга учинчи шахслар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар), шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектларини сотиш масалаларини Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш.

2. Адлия вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш), шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ёки миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган ўзгаришларни давлат рўйхатидан ўтказишда Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг тегишли буйруғини электрон ахборот алмашинуви йўли билан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали олиш имкониятини яратсин.

3. Давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат муассасаларида давлат номидан акциядор (иштирокчи, муассис) функцияларини амалга оширувчи вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мазкур қарор талабларига қатъий риоя қилинишини таъминласин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 августдаги 537-сон қарорига ИЛОВА

Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом:

давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш), шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) буйруғини қабул қилиш;

давлат иштирокидаги корхоналарга учинчи шахслар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар), давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқа хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш, давлат иштирокидаги корхоналар ягона таъсисчи бўлган корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш), давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектларини бегоналаштириш масалаларини мажбурий тартибда Агентлик билан келишиш тартибини белгилайди.

Ушбу низом давлат улушининг хусусийлаштирилиши натижасида унинг миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза берувчи — манфаатдор республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат муассасалари давлат иштирокидаги корхоналар ва тегишли ишончнома асосида ариза бериш ваколатига эга бўлган жисмоний шахс;

ваколатли орган — Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари;

давлат иштирокидаги корхона — устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори эллик фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамияти ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамияти;

давлат муассасаси — бошқарув вазифаларини, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки бошқа нотижорат тусдаги вазифаларни амалга ошириш учун давлат органи ёки ташкилоти томонидан ташкил этилган ҳамда тўлиқ ёхуд қисман у томонидан молиялаштириладиган ташкилот;

давлат мулки — республика мулкидан ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган оммавий мулк;

давлат улуши — хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) республика ижро этувчи ҳокимият органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, давлат муассасаларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли бўлган акциялар ёки улушлар.

2-боб. Давлат муассасаси ва давлат иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аризани кўриб чиқиш тартиби

3. Ариза қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади:

давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда (қайта ташкил этишда);

давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритишда.

4. Ариза берувчи электрон шаклда ваколатли органга қуйидаги ҳужжатларни (pdf шаклида) илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат этади:

а) давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш) бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат (агар давлат муассасаси муассис қарори билан ташкил этилганда унинг қарори), шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва/ёки миқдорининг ўзгариши ҳақидаги давлат иштирокидаги корхоналарнинг ваколатли бошқарув органларининг тегишли қарори (бунда хўжалик жамиятининг давлат улуши давлат мулки сифатида олинганда Вазирлар Маҳкамасининг қарори) ҳамда таъсис ҳужжатига ушбу ўзгартиришлар тўғрисида таққослаш жадвали (агар бундай ўзгартиришларни таъсис ҳужжатига киритиш зарурати бўлса);

б) давлат муассасасининг муассиси томонидан тасдиқланган Низом ёки давлат иштирокидаги корхонанинг ваколатли бошқарув органи томонидан тасдиқланган устав. Бунда низом ёки устав норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқланган ёки тасдиқланиши белгиланган бўлса, низом ёки уставни илова қилиш талаб этилмайди.

Бунда:

мудофаа, қуролли кучлар, хавфсизлик органлари ва республика ижро этувчи ҳокимият органлари бўйича — Агентликнинг марказий аппарати;

мазкур банднинг бешинчи хатбошисидаги органларнинг муассислиги (иштироки)даги ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳудудий миқёсдаги ташкилотлар бўйича — Агентликнинг ҳудудий бошқармаларининг буйруғи қабул қилинади.

5. Давлат муассасаси ва давлат иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аризани кўриб чиқиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.

3-боб. Давлат муассасаси ва давлат иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказишга, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишга розилик бериш, рад этиш ва тўхтатиш тартиби

6. Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади.

Аризани кўриб чиқиш натижаларига кўра, беш иш кунида ваколатли орган томонидан амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ деб топилган тақдирда, тегишли буйруқ ёки рад этиш тўғрисидаги хулоса ариза берувчига тақдим этилади.

7. Аризага қуйидаги ҳолларда рад этиш тўғрисидаги хулоса тақдим этилади:

ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки тўлиқ тақдим этилмаганда;

давлат муассасасининг муассиси этиб нодавлат ташкилоти белгиланганда;

давлат улушини шакллантиришнинг ёки миқдори ўзгаришининг манбаси кўрсатилмаган ҳолларда;

тақдим этилган ҳужжатларда қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқланганда.

8. Ариза берувчининг аризани кўриб чиқишни тўхтатиш тўғрисидаги мурожаати келиб тушганда ваколатли орган томонидан аризани кўриб чиқиш тўхтатилганлиги тўғрисида хулоса тақдим этилади.

9. Ариза берувчи хулосада кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Ариза берувчи хулосадан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.

10. Рўйхатдан ўтказувчи орган давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш), шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ёки миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган ўзгаришларни Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимига ваколатли органнинг тегишли буйруғини электрон ахборот алмашинуви орқали олгандан кейин рўйхатдан ўтказади.

Бунда рўйхатдан ўтказувчи орган ваколатли органнинг тегишли буйруғи мавжуд бўлмаган тақдирда, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этади.

4-боб. Ваколатли орган билан келишилиши мажбурий бўлган масалалар бўйича хулоса олиш тартиби

11. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг қуйидаги масалалари бўйича ваколатли орган билан олдиндан келишилиши мажбурий ҳисобланади:

учинчи шахслар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар);

бошқа хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш;

давлат иштирокидаги корхоналар ягона таъсисчи бўлган корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш);

кўчмас мулк объектларини сотиш.

Бунда:

республика ижро этувчи ҳокимияти органлари, шу жумладан, Агентлик акциядор (иштирокчи, таъсисчи) бўлган корхоналар бўйича — Агентликнинг марказий аппарати;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ҳудудий миқёсдаги ташкилот ва идоралар, шу жумладан, Агентликнинг ҳудудий бошқармаларининг акциядор (иштирокчи, таъсисчи)лигида бўлган корхоналар бўйича — Агентликнинг ҳудудий бошқармалари билан келишилади.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг мулкий масалалари бўйича Агентлик билан келишиш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схемага асосан амалга оширилади.

12. Давлат иштирокидаги корхоналар ваколатли орган билан келишиладиган масалалар бўйича аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади:

а) учинчи шахслар томонидан давлат иштирокидаги корхонага инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар) бўйича:

учинчи шахслар томонидан тақдим этилган инвестиция таклифи ва шартлари;

инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар) лойиҳаси;

инвестиция киритишнинг корхонага таъсирини баҳолаш бўйича хулоса ва бизнес-режа;

ушбу масала маъқуллангани тўғрисидаги давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши қарори;

агар кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолда ижро органи ёки давлат улушига нисбатан акциядор (иштирокчи) вазифасини бажарувчининг мурожаати;

б) давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқа хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш бўйича:

устав капиталида иштирок этилиши режалаштирилаётган хўжалик жамиятларининг паспорт маълумотлари ҳамда охирги уч йиллик бухгалтерия баланси, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлари ва бизнес-режалари (ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари учун);

устав капиталида иштирок этиш режалаштирилаётган хўжалик жамиятларининг таъсис ҳужжатлари ҳамда уларга охирги киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар;

ушбу масала маъқуллангани тўғрисидаги давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши қарори;

агар кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолда ижро органи ёки давлат улушига нисбатан акциядор (иштирокчи) вазифасини бажарувчининг мурожаати;

агар қонунчилик ҳужжатларига асосан розилик олиш талаб этилса, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг олдиндан розилиги;

в) давлат иштирокидаги корхоналар ягона таъсисчи бўлган корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш) бўйича:

ташкил этиш (қайта ташкил этиш)нинг зарурати юзасидан хулоса;

ушбу масала маъқуллангани тўғрисидаги давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши қарори;

агар кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолда ижро органи ёки давлат улушига нисбатан акциядор (иштирокчи) вазифасини бажарувчининг мурожаати;

таъсис ҳужжатлари ҳамда уларга охирги киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар;

агар қонунчилик ҳужжатларига асосан розилик олиш талаб этилса, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг олдиндан розилиги.

13. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объекти негизида учинчи шахс иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва уларни бегоналаштириш (сотиш) бўйича аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ваколатли органга мурожаат этилади:

кўчмас мулк объекти негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ёки ушбу кўчмас мулк объектини бегоналаштириш (сотиш) зарурати юзасидан хулоса;

тегишлилиги бўйича ариза берувчининг юқори турувчи республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари хулосаси ёки ушбу масалани маъқуллаш тўғрисидаги давлат иштирокидаги корхонанинг ваколатли бошқарув органининг қарори;

кўчмас мулк объектининг паспорти;

кўчмас мулк объектини баҳолаш ҳисоботининг нусхаси.

14. Ушбу Низомнинг 11 ва 13-бандларида назарда тутилган келишилиши мажбурий бўлган масалалар, аризага илова қилинадиган ҳужжатлар асосида ваколатли орган томонидан ўн иш кунида ўрганиб чиқилади.

Бунда қўшимча ўрганиш ёки ҳужжатларга зарурат бўлган тақдирда, беш иш кунида бу ҳақда ариза берувчига қўшимча ҳужжатлар ёки маълумотлар тақдим этилиши ёхуд жойига чиққан ҳолда ўрганилиши лозимлиги бўйича жавоб хати юборилади.

15. Ваколатли орган томонидан беш иш кунида ўрганиш натижасидан келиб чиқиб, ижобий хулоса ёки рад этиш хулосаси тақдим этилади.

16. Аризага қуйидаги ҳолларда рад этиш тўғрисидаги хулоса тақдим этилади:

ушбу Низомнинг 12 ва 13-бандларида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки тўлиқ тақдим этилмаганда;

инвестиция киритилиши режалаштирилган кўчмас мулк объекти хусусийлаштирилиши белгиланган бўлса ёки савдоларга чиқарилган бўлса;

инвестиция киритилиши, иштирок этилиши ва/ёки ташкил этилиши режалаштирилаётган хўжалик жамияти давлат иштирокидаги корхонанинг асосий фаолиятига нисбатан носоҳавий ҳисобланганда ёки битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган соҳа бўлганда;

ушбу жамиятнинг бошқарув органларида корпоратив қарорларни қабул қилишда давлат иштирокидаги корхонанинг манфаатлари лозим даражада ҳимояланмаганлиги аниқланганда;

тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ва/ёки белгиланган тартибда тасдиқлаш амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мос келмаганда.

Устав капиталида иштирок этилиши режалаштирилаётган жамиятнинг молиявий натижалари салбий бўлганда аризага рад этиш тўғрисида хулоса тақдим этилиши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

17. Ушбу Низом қоидалари қўлланиши билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

18. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Давлат муассасаси ва давлат иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аризани кўриб чиқиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Ариза берувчи Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармасига тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади. Ўз ихтиёрига кўра 2-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ташкил этиладиган давлат муассасаси ва давлат иштирокидаги корхона бўйича тақдим этилган ҳужжатларни ва унинг устави (низоми)ни, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларнинг қонунчилик ҳужжатларига мослигини аниқлайди. Беш иш куни ичида 3-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Аризани ўрганиш жараёнида тўпланган маълумотлар асосида хулоса тайёрланади ҳамда давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишга розилик бериш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармасининг буйруғи қабул қилинади ёхуд уни рад этиш бўйича жавоб хати юборилади. Беш иш куни ичида

Давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, давлат улушининг вужудга келиши ва миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг мулкий масалалари бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Ариза берувчи Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади. Ўз ихтиёрига кўра 2-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан учинчи шахслар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар), бошқа хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиши билан боғлиқ битимлар тузиш, улар ягона таъсисчи бўлган корхоналарни қайта ташкил этиш, кўчмас мулк объектларини бегоналаштириш (сотиш) мақсадга мувофиқлигини ўрганади. Ўн иш куни ичида 3-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Аризани ўрганиш жараёнида тўпланган маълумотлар асосида хулоса тайёрланади ва учинчи шахслар томонидан инвестиция киритишга оид келишувлар (битим, шартнома, меморандумлар), бошқа хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш, давлат иштирокидаги корхоналар ягона таъсисчи бўлган корхоналарни ташкил этиш (қайта ташкил этиш), давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектларини бегоналаштириш (сотиш) мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Давлат активларини бошқариш агентлиги хулосаси ариза берувчига юборилади. Беш иш куни ичида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 25 август,

537-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 09/25/537/0778-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

Davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish, shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat aktivlarini boshqarish agentligi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-martdagi PQ-101-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish, shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish), shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlar boʻyicha Davlat aktivlarini boshqarish agentligining buyrugʻini qabul qilish;

davlat ishtirokidagi korxonalarga uchinchi shaxslar tomonidan investitsiya kiritishga oid kelishuvlar (bitim, shartnoma, memorandumlar), shuningdek, davlat ishtirokidagi korxonalarning koʻchmas mulk obyektlarini sotish masalalarini Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishish.

2. Adliya vazirligi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda ikki oy muddatda davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish), shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi yoki miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq boʻlgan oʻzgarishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishda Davlat aktivlarini boshqarish agentligi yoki uning hududiy boshqarmalarining tegishli buyrugʻini elektron axborot almashinuvi yoʻli bilan Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyishning avtomatlashtirilgan tizimi orqali olish imkoniyatini yaratsin.

3. Davlat ishtirokidagi korxonalar va davlat muassasalarida davlat nomidan aksiyador (ishtirokchi, muassis) funksiyalarini amalga oshiruvchi vazirlik va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari mazkur qaror talablariga qatʼiy rioya qilinishini taʼminlasin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 25-avgustdagi 537-son qaroriga ILOVA

Davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish, shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom:

davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish), shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) buyrugʻini qabul qilish;

davlat ishtirokidagi korxonalarga uchinchi shaxslar tomonidan investitsiya kiritishga oid kelishuvlar (bitim, shartnoma, memorandumlar), davlat ishtirokidagi korxonalarning boshqa xoʻjalik jamiyatlari ustav kapitalida ishtirok etish, davlat ishtirokidagi korxonalar yagona taʼsischi boʻlgan korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish), davlat ishtirokidagi korxonalarning koʻchmas mulk obyektlarini begonalashtirish masalalarini majburiy tartibda Agentlik bilan kelishish tartibini belgilaydi.

Ushbu nizom davlat ulushining xususiylashtirilishi natijasida uning miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

ariza beruvchi — manfaatdor respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, davlat muassasalari davlat ishtirokidagi korxonalar va tegishli ishonchnoma asosida ariza berish vakolatiga ega boʻlgan jismoniy shaxs;

vakolatli organ — Agentlik va uning hududiy boshqarmalari;

davlat ishtirokidagi korxona — ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi miqdori ellik foizdan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyati yoxud ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi miqdori xoʻjalik jamiyatining boshqa har bir aksiyadori (ishtirokchisi) ulushiga nisbatan koʻp boʻlgan xoʻjalik jamiyati;

davlat muassasasi — boshqaruv vazifalarini, ijtimoiy-madaniy vazifalarni yoki boshqa notijorat tusdagi vazifalarni amalga oshirish uchun davlat organi yoki tashkiloti tomonidan tashkil etilgan hamda toʻliq yoxud qisman u tomonidan moliyalashtiriladigan tashkilot;

davlat mulki — respublika mulkidan va maʼmuriy-hududiy tuzilmalarning mulkidan (munitsipal mulk) iborat boʻlgan ommaviy mulk;

davlat ulushi — xoʻjalik jamiyatlarining ustav fondlaridagi (ustav kapitallaridagi) respublika ijro etuvchi hokimiyat organlariga, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga, davlat muassasalariga, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasiga tegishli boʻlgan aksiyalar yoki ulushlar.

2-bob. Davlat muassasasi va davlat ishtirokidagi korxonalarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha arizani koʻrib chiqish tartibi

3. Ariza quyidagi hollarda vakolatli organ tomonidan koʻrib chiqiladi:

davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etishda (qayta tashkil etishda);

davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga oʻzgartirish kiritishda.

4. Ariza beruvchi elektron shaklda vakolatli organga quyidagi hujjatlarni (pdf shaklida) ilova qilgan holda ariza bilan murojaat etadi:

a) davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish) boʻyicha normativ-huquqiy hujjat (agar davlat muassasasi muassis qarori bilan tashkil etilganda uning qarori), shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va/yoki miqdorining oʻzgarishi haqidagi davlat ishtirokidagi korxonalarning vakolatli boshqaruv organlarining tegishli qarori (bunda xoʻjalik jamiyatining davlat ulushi davlat mulki sifatida olinganda Vazirlar Mahkamasining qarori) hamda taʼsis hujjatiga ushbu oʻzgartirishlar toʻgʻrisida taqqoslash jadvali (agar bunday oʻzgartirishlarni taʼsis hujjatiga kiritish zarurati boʻlsa);

b) davlat muassasasining muassisi tomonidan tasdiqlangan Nizom yoki davlat ishtirokidagi korxonaning vakolatli boshqaruv organi tomonidan tasdiqlangan ustav. Bunda nizom yoki ustav normativ-huquqiy hujjat bilan tasdiqlangan yoki tasdiqlanishi belgilangan boʻlsa, nizom yoki ustavni ilova qilish talab etilmaydi.

Bunda:

mudofaa, qurolli kuchlar, xavfsizlik organlari va respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari boʻyicha — Agentlikning markaziy apparati;

mazkur bandning beshinchi xatboshisidagi organlarning muassisligi (ishtiroki)dagi tashkilotlar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, hududiy miqyosdagi tashkilotlar boʻyicha — Agentlikning hududiy boshqarmalarining buyrugʻi qabul qilinadi.

5. Davlat muassasasi va davlat ishtirokidagi korxonalarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha arizani koʻrib chiqish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxemaga asosan amalga oshiriladi.

3-bob. Davlat muassasasi va davlat ishtirokidagi korxonalarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga, shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga rozilik berish, rad etish va toʻxtatish tartibi

6. Ushbu Nizomning 4-bandida nazarda tutilgan hujjatlar kelib tushgan kundan boshlab besh ish kunida vakolatli organ tomonidan koʻrib chiqiladi.

Arizani koʻrib chiqish natijalariga koʻra, besh ish kunida vakolatli organ tomonidan amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq deb topilgan taqdirda, tegishli buyruq yoki rad etish toʻgʻrisidagi xulosa ariza beruvchiga taqdim etiladi.

7. Arizaga quyidagi hollarda rad etish toʻgʻrisidagi xulosa taqdim etiladi:

ushbu Nizomning 4-bandida nazarda tutilgan hujjatlar taqdim etilmagan yoki toʻliq taqdim etilmaganda;

davlat muassasasining muassisi etib nodavlat tashkiloti belgilanganda;

davlat ulushini shakllantirishning yoki miqdori oʻzgarishining manbasi koʻrsatilmagan hollarda;

taqdim etilgan hujjatlarda qonunchilik talablarining buzilishi holatlari aniqlanganda.

8. Ariza beruvchining arizani koʻrib chiqishni toʻxtatish toʻgʻrisidagi murojaati kelib tushganda vakolatli organ tomonidan arizani koʻrib chiqish toʻxtatilganligi toʻgʻrisida xulosa taqdim etiladi.

9. Ariza beruvchi xulosada koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etgan holda takroran ariza bilan murojaat qilishi mumkin.

Ariza beruvchi xulosadan norozi boʻlgan taqdirda, yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.

10. Roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish), shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi yoki miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq boʻlgan oʻzgarishlarni Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyishning avtomatlashtirilgan tizimiga vakolatli organning tegishli buyrugʻini elektron axborot almashinuvi orqali olgandan keyin roʻyxatdan oʻtkazadi.

Bunda roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ vakolatli organning tegishli buyrugʻi mavjud boʻlmagan taqdirda, Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyishning avtomatlashtirilgan tizimida davlat roʻyxatidan oʻtkazishni rad etadi.

4-bob. Vakolatli organ bilan kelishilishi majburiy boʻlgan masalalar boʻyicha xulosa olish tartibi

11. Davlat ishtirokidagi korxonalarning quyidagi masalalari boʻyicha vakolatli organ bilan oldindan kelishilishi majburiy hisoblanadi:

uchinchi shaxslar tomonidan investitsiya kiritishga oid kelishuvlar (bitim, shartnoma, memorandumlar);

boshqa xoʻjalik jamiyatlari ustav kapitalida ishtirok etish;

davlat ishtirokidagi korxonalar yagona taʼsischi boʻlgan korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish);

koʻchmas mulk obyektlarini sotish.

Bunda:

respublika ijro etuvchi hokimiyati organlari, shu jumladan, Agentlik aksiyador (ishtirokchi, taʼsischi) boʻlgan korxonalar boʻyicha — Agentlikning markaziy apparati;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda hududiy miqyosdagi tashkilot va idoralar, shu jumladan, Agentlikning hududiy boshqarmalarining aksiyador (ishtirokchi, taʼsischi)ligida boʻlgan korxonalar boʻyicha — Agentlikning hududiy boshqarmalari bilan kelishiladi.

Davlat ishtirokidagi korxonalarning mulkiy masalalari boʻyicha Agentlik bilan kelishish ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq sxemaga asosan amalga oshiriladi.

12. Davlat ishtirokidagi korxonalar vakolatli organ bilan kelishiladigan masalalar boʻyicha arizaga quyidagi hujjatlarni ilova qilgan holda murojaat qiladi:

a) uchinchi shaxslar tomonidan davlat ishtirokidagi korxonaga investitsiya kiritishga oid kelishuvlar (bitim, shartnoma, memorandumlar) boʻyicha:

uchinchi shaxslar tomonidan taqdim etilgan investitsiya taklifi va shartlari;

investitsiya kiritishga oid kelishuvlar (bitim, shartnoma, memorandumlar) loyihasi;

investitsiya kiritishning korxonaga taʼsirini baholash boʻyicha xulosa va biznes-reja;

ushbu masala maʼqullangani toʻgʻrisidagi davlat ishtirokidagi korxonaning kuzatuv kengashi qarori;

agar kuzatuv kengashi mavjud boʻlmagan holda ijro organi yoki davlat ulushiga nisbatan aksiyador (ishtirokchi) vazifasini bajaruvchining murojaati;

b) davlat ishtirokidagi korxonalarning boshqa xoʻjalik jamiyatlari ustav kapitalida ishtirok etish boʻyicha:

ustav kapitalida ishtirok etilishi rejalashtirilayotgan xoʻjalik jamiyatlarining pasport maʼlumotlari hamda oxirgi uch yillik buxgalteriya balansi, moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotlari va biznes-rejalari (ushbu hujjatlar mavjud boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari uchun);

ustav kapitalida ishtirok etish rejalashtirilayotgan xoʻjalik jamiyatlarining taʼsis hujjatlari hamda ularga oxirgi kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar;

ushbu masala maʼqullangani toʻgʻrisidagi davlat ishtirokidagi korxonaning kuzatuv kengashi qarori;

agar kuzatuv kengashi mavjud boʻlmagan holda ijro organi yoki davlat ulushiga nisbatan aksiyador (ishtirokchi) vazifasini bajaruvchining murojaati;

agar qonunchilik hujjatlariga asosan rozilik olish talab etilsa, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasining oldindan roziligi;

v) davlat ishtirokidagi korxonalar yagona taʼsischi boʻlgan korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish) boʻyicha:

tashkil etish (qayta tashkil etish)ning zarurati yuzasidan xulosa;

ushbu masala maʼqullangani toʻgʻrisidagi davlat ishtirokidagi korxonaning kuzatuv kengashi qarori;

agar kuzatuv kengashi mavjud boʻlmagan holda ijro organi yoki davlat ulushiga nisbatan aksiyador (ishtirokchi) vazifasini bajaruvchining murojaati;

taʼsis hujjatlari hamda ularga oxirgi kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar;

agar qonunchilik hujjatlariga asosan rozilik olish talab etilsa, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasining oldindan roziligi.

13. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda davlat ishtirokidagi korxonalarning koʻchmas mulk obyekti negizida uchinchi shaxs ishtirokida investitsiya loyihalarini amalga oshirish va ularni begonalashtirish (sotish) boʻyicha arizaga quyidagi hujjatlarni ilova qilgan holda vakolatli organga murojaat etiladi:

koʻchmas mulk obyekti negizida investitsiya loyihalarini amalga oshirish yoki ushbu koʻchmas mulk obyektini begonalashtirish (sotish) zarurati yuzasidan xulosa;

tegishliligi boʻyicha ariza beruvchining yuqori turuvchi respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyati organlari xulosasi yoki ushbu masalani maʼqullash toʻgʻrisidagi davlat ishtirokidagi korxonaning vakolatli boshqaruv organining qarori;

koʻchmas mulk obyektining pasporti;

koʻchmas mulk obyektini baholash hisobotining nusxasi.

14. Ushbu Nizomning 11 va 13-bandlarida nazarda tutilgan kelishilishi majburiy boʻlgan masalalar, arizaga ilova qilinadigan hujjatlar asosida vakolatli organ tomonidan oʻn ish kunida oʻrganib chiqiladi.

Bunda qoʻshimcha oʻrganish yoki hujjatlarga zarurat boʻlgan taqdirda, besh ish kunida bu haqda ariza beruvchiga qoʻshimcha hujjatlar yoki maʼlumotlar taqdim etilishi yoxud joyiga chiqqan holda oʻrganilishi lozimligi boʻyicha javob xati yuboriladi.

15. Vakolatli organ tomonidan besh ish kunida oʻrganish natijasidan kelib chiqib, ijobiy xulosa yoki rad etish xulosasi taqdim etiladi.

16. Arizaga quyidagi hollarda rad etish toʻgʻrisidagi xulosa taqdim etiladi:

ushbu Nizomning 12 va 13-bandlarida nazarda tutilgan hujjatlar taqdim etilmagan yoki toʻliq taqdim etilmaganda;

investitsiya kiritilishi rejalashtirilgan koʻchmas mulk obyekti xususiylashtirilishi belgilangan boʻlsa yoki savdolarga chiqarilgan boʻlsa;

investitsiya kiritilishi, ishtirok etilishi va/yoki tashkil etilishi rejalashtirilayotgan xoʻjalik jamiyati davlat ishtirokidagi korxonaning asosiy faoliyatiga nisbatan nosohaviy hisoblanganda yoki bitta tovar bozorida beshta va undan ortiq xususiy tadbirkorlik subyektlari faoliyat yuritib kelayotgan soha boʻlganda;

ushbu jamiyatning boshqaruv organlarida korporativ qarorlarni qabul qilishda davlat ishtirokidagi korxonaning manfaatlari lozim darajada himoyalanmaganligi aniqlanganda;

taqdim etilgan hujjatlar belgilangan tartibda rasmiylashtirilmagan va/yoki belgilangan tartibda tasdiqlash amaldagi qonunchilik hujjatlariga mos kelmaganda.

Ustav kapitalida ishtirok etilishi rejalashtirilayotgan jamiyatning moliyaviy natijalari salbiy boʻlganda arizaga rad etish toʻgʻrisida xulosa taqdim etilishi mumkin.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Ushbu Nizom qoidalari qoʻllanishi bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

18. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish, shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Davlat muassasasi va davlat ishtirokidagi korxonalarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha arizani koʻrib chiqish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Ariza beruvchi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi yoki uning hududiy boshqarmasiga tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda ariza taqdim etadi. Oʻz ixtiyoriga koʻra 2-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi yoki uning hududiy boshqarmalari Tashkil etiladigan davlat muassasasi va davlat ishtirokidagi korxona boʻyicha taqdim etilgan hujjatlarni va uning ustavi (nizomi)ni, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarning qonunchilik hujjatlariga mosligini aniqlaydi. Besh ish kuni ichida 3-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi yoki uning hududiy boshqarmalari Arizani oʻrganish jarayonida toʻplangan maʼlumotlar asosida xulosa tayyorlanadi hamda davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish, shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga rozilik berish boʻyicha Davlat aktivlarini boshqarish agentligi yoki uning hududiy boshqarmasining buyrugʻi qabul qilinadi yoxud uni rad etish boʻyicha javob xati yuboriladi. Besh ish kuni ichida

Davlat muassasalari va davlat ishtirokidagi korxonalarni tashkil etish, shuningdek, davlat ulushining vujudga kelishi va miqdorining oʻzgarishi bilan bogʻliq taʼsis hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirishlarni Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Davlat ishtirokidagi korxonalarning mulkiy masalalari boʻyicha Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Ariza beruvchi Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda ariza taqdim etadi. Oʻz ixtiyoriga koʻra 2-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi yoki uning hududiy boshqarmalari Davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan uchinchi shaxslar tomonidan investitsiya kiritishga oid kelishuvlar (bitim, shartnoma, memorandumlar), boshqa xoʻjalik jamiyatlari ustav kapitalida ishtirok etishi bilan bogʻliq bitimlar tuzish, ular yagona taʼsischi boʻlgan korxonalarni qayta tashkil etish, koʻchmas mulk obyektlarini begonalashtirish (sotish) maqsadga muvofiqligini oʻrganadi. Oʻn ish kuni ichida 3-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi yoki uning hududiy boshqarmalari Arizani oʻrganish jarayonida toʻplangan maʼlumotlar asosida xulosa tayyorlanadi va uchinchi shaxslar tomonidan investitsiya kiritishga oid kelishuvlar (bitim, shartnoma, memorandumlar), boshqa xoʻjalik jamiyatlari ustav kapitalida ishtirok etish, davlat ishtirokidagi korxonalar yagona taʼsischi boʻlgan korxonalarni tashkil etish (qayta tashkil etish), davlat ishtirokidagi korxonalarning koʻchmas mulk obyektlarini begonalashtirish (sotish) maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida Davlat aktivlarini boshqarish agentligi xulosasi ariza beruvchiga yuboriladi. Besh ish kuni ichida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 25-avgust,

537-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.08.2025-y., 09/25/537/0778-son)

lex.uz