📅 2025-yil 27-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 27-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 27 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартибини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармонига мувофиқ ҳар томонлама, очиқ ва холис танловнинг мезон ва механизмларини қамраб олган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси (кейинги ўринларда — Академия)нинг магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишнинг алоҳида тартибини белгилаш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
номзодларни тавсия этиш, уларни тест синовлари ва суҳбатдан ўтказиш, номзодларни Академия магистратураси тингловчилари сафига қабул қилиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
хорижий давлатлар фуқароларини магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш тартиби, Академияда таълим олаётган хорижий фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига хорижий давлатлар фуқароларини қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 августдаги 541-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси (кейинги ўринларда — Академия) магистратурасига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Академия магистратурасига қабул қонунийлик, холислик, шаффофлик, коллегиаллик ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ташкил этилади.
2. Академия магистратурасида юқори малакали бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш олий таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ, давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида, магистр даражаси берилган ва белгиланган давлат намунасидаги диплом топширилган ҳолда амалга оширилади.
3. Академияда:
«Ҳудудларни комплекс ривожлантириш» (Regional Development);
«Давлат бошқаруви» (Public Administration);
«Инсон ресурсларини ривожлантириш» (Human Resource Development);
«Давлат сиёсати» (Public Policy);
«Давлат молиясини бошқариш» (Public Finance Management) магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Юқори малакали ва замонавий билимларга эга бошқарув кадрлари захирасини шакллантириб бориш мақсадида амалиётчи бошқарувчилар учун махсус дастурлар (Executive MPA ва Executive MBA) жорий этилади.
Мамлакатни стратегик ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, яъни давлат бошқаруви ҳамда энергетика, транспорт логистикаси, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш, ичимлик суви таъминоти ва бошқа соҳаларни қамраб олувчи фанлараро магистрлик дастурлари жорий этилади.
4. Академия магистратура мутахассисликларига қабул:
давлат буюртмаси бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тақдим этилган номзодлар ўртасида танлов ўтказиш орқали тест синовлари ва суҳбат натижаларига мувофиқ амалга оширилади;
очиқ танлов асосида Академиянинг илмий-педагогик ва моддий-техник имкониятларидан келиб чиқиб, тест синовлари ва суҳбат натижаларига кўра фақат тўлов-контракт асосида ташкил этилади.
5. Академия магистратурасига давлат буюртмаси бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ қабул қилинади.
6. Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларининг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ушбу Низом талабларига мувофиқ тавсиясига асосан олий маълумотли ва 2 йил бошқарув лавозимларида иш тажрибасига эга бўлган, қоида тариқасида, Миллий кадрлар захирасига киритилган давлат хизматчилари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлик субъектлари ходимлари орасидан тест ва суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл олган номзодлар давлат гранти ҳамда Академия Васийлик кенгаши томонидан белгиланадиган квота доирасида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
7. Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун номзод сифатида:
«Давлат бошқаруви» мутахассислиги бўйича 45 ёшдан ошмаган (46 ёшга тўлмаган), таянч олий маълумотга, камида республика даражасида бўлим бошлиғи ўринбосари, ҳудудий даражада — бошқармада бўлим бошлиғи, туман (шаҳар) даражасида — туман (шаҳар) бўлими бошлиғи лавозимида меҳнат қилаётган ҳамда 2 йилдан кам бўлмаган бошқарув иш стажига эга бўлган шахслар;
бошқа барча мутахассисликлар бўйича 45 ёшдан ошмаган (46 ёшга тўлмаган), таянч олий маълумотга ва камида 2 йил бошқарув лавозимларида иш тажрибасига эга бўлган шахслар кўрсатилиши мумкин.
Очиқ танлов асосида Академиянинг магистратура мутахассисликларига олий маълумотли, 2 йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳар йили 1 майдан 1 июнга қадар Академиянинг расмий веб-сайти орқали ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги электрон сўровномани тўлдириш орқали ҳужжат топширади.
8. Магистратурада бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш етакчи хорижий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида амалга оширилади.
Магистратурага қўшма таълим дастурлари бўйича номзодларни қабул қилиш хорижий ҳамкорлар билан келишувга мувофиқ амалга оширилади.
Қўшма таълим дастурлари бўйича магистратура битирувчиларига ўзаро келишувларга мувофиқ белгиланган намунадаги магистр даражаси ва дипломи берилади.
9. Магистратурада давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш даврида тингловчиларнинг эгаллаб турган иш ўринлари (лавозимлари) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
Бунда иш берувчи тасдиқланган иш ҳақи фонди доирасида магистратурада таълим олаётган тингловчининг ўқишни тамомлаш даври якунига қадар муддатга тузилган шартнома асосида бошқа ходимларни тегишли иш жойига қабул қилиши мумкин.
10. Академия магистратура мутахассисликларига белгиланган давлат буюртмасидан ташқари тўлов-контракт асосида хорижий давлатлар фуқаролари қабул қилиниши мумкин.
Академия магистратурасига хорижий давлатлар фуқароларини қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
11. Академияга кириш синовлари давлат тилида ўтказилади.
2-боб. Номзодларни бирламчи саралаб олиш тартиби
12. Академияга давлат буюртмаси бўйича қабулни ташкил этиш ва ўтказиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида номзодларни бирламчи саралаб олиш бўйича идоравий комиссия (кейинги ўринларда — Идоравий комиссия) тузилади.
Идоравий комиссия ҳудудларнинг, иқтисодиёт тармоқлари ва ташкилотларнинг бошқарув кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги талаб ва эҳтиёжларни ўрганиб чиқади ҳамда шу асосда Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун номзодлар рўйхатини шакллантиради.
Тизимли ва стратегик фикрлаш кўникмаларига эга, билимли, шижоатли, ташаббускор Миллий кадрлар захирасига киритилмаган давлат хизматчилари ҳам Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун номзод сифатида кўрсатилиши мумкин.
13. Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун номзод сифатида қуйидагилар кўрсатилиши мумкин эмас:
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
суднинг қарори билан муайян муддатга давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар;
коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар;
оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар;
тиббий хулосага асосан соғлиғининг ҳолати давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш имконини бермайдиган шахслар.
Номзодларни танлашда қуйидагиларга эътибор қаратилади:
номзоднинг маълумоти бўйича мутахассислиги ҳудудларнинг, иқтисодиёт тармоқлари ва ташкилотларнинг бошқарув кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги талаб-эҳтиёжларига мос бўлиши;
республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни тўғри тушуниши ва қўллаб-қувватлаши, муомала маданияти ва аҳоли билан мулоқот қила олиш кўникмаси шаклланганлиги, ислоҳотларни фуқароларга етказа олиши;
топширилган ишга масъулият билан ёндашиши, ташаббускорлиги, изланувчанлиги, ватанпарварлиги, маданий-маърифий ва маънавий савияси даражасини ошириб бориши;
кенг умумкасбий билим ва дунёқарашга, ўзининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билимларига эга бўлиши, ахборот-коммуникация технологияларидан эркин фойдалана олиши, хорижий тиллардан бирини ўзлаштирган бўлиши.
Мазкур бандда назарда тутилган мезонларни аниқлаш учун Идоравий комиссия томонидан соҳа бўйича мутахассислар, мустақил экспертлар жалб қилиниши ҳамда суҳбат, тест ва бошқа турдаги баҳолаш усуллари қўлланилиши мумкин. Бунда ҳар бир қўлланиладиган усул ва натижалар Идоравий комиссиянинг қарори билан қабул қилинади.
14. Магистратурада ўқишга тавсия этилган номзодлар умумий сонининг, қоида тариқасида, камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
15. Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларида ўқиш истагини билдирган ва белгиланган талабларга мос келадиган фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлик субъектлари ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Идоравий комиссияларига ҳужжатларини топширади.
16. Академия магистратурасига танловда иштирок этиш истагини билдирган номзод Идоравий комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
номзоднинг охирги 2 йил мобайнидаги фаолияти давомида амалга оширган ижобий ишлари ҳақидаги маълумот (1-2 варақда, тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб);
маълумотнома-объективка (маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда);
номзоднинг қўшимча эришган ютуқлари: илмий даражаси, илмий унвони, хорижий тилларни билиш сертификати кабилар (агар мавжуд бўлса).
17. Идоравий комиссия номзодларнинг ҳужжатларини белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва номзодларни бирламчи саралаб олиш якуни бўйича қарор қабул қилади.
Давлат буюртмаси бўйича тавсия этилган номзодлар ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш Идоравий комиссия зиммасига юклатилади.
3-боб. Академия магистратурасига қабул қилиш учун номзодларни тавсия этиш
18. Давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларининг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳар йили 1 майга қадар Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун номзодларнинг рўйхати, уларнинг ҳар бирига алоҳида тавсиянома ҳамда ҳужжатлари тўпламини электрон шаклда Агентликка тақдим этади.
19. Давлат буюртмаси бўйича тавсия этилган номзодлар Агентлик томонидан дастлабки сараланади.
Саралашда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:
номзоднинг мазкур Низомда белгиланган талабларга мослиги;
тавсия этилган номзодлар умумий сонида хотин-қизларнинг улуши камида 30 фоиз бўлиши;
номзоднинг давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш имконини бермайдиган ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги.
Номзоднинг бошқарув (раҳбар, раҳбар ўринбосари, бош муҳандис, бошқарма, бўлим, тузилма бошлиғи ва ўринбосари) лавозимларидаги иш тажрибасига қўшимча устуворлик берилади.
20. Давлат буюртмаси бўйича номзодларни дастлабки тарзда саралаб олишни ташкил этиш ва ўтказиш Агентлик томонидан тасдиқланадиган махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Агентлик ҳар йили 1 июнга қадар дастлабки саралаш натижалари асосида квота бўйича ҳар бир ўринга камида беш нафардан номзодлар рўйхати ҳамда уларнинг ҳужжатларини Академияга юборади.
4-боб. Академия магистратурасига қабул қилиш тартиби
21. Магистратурага қабулни ташкил этиш, тест синовлари ва суҳбат ўтказиш учун Академия ректорининг буйруғи билан тегишли ўқув йили учун қабул комиссияси (кейинги ўринларда — қабул комиссияси) тузилади.
Қабул комиссияси фаолиятининг тартиби Академия кенгаши томонидан белгиланади.
Қабул комиссияси Академия магистратурасига қабул бошланганлиги тўғрисида Академиянинг расмий веб-сайти, шунингдек электрон платформалардаги расмий каналларига эълон беради.
22. Академияда магистратура мутахассисликларига давлат буюртмаси бўйича танлов икки босқичда ўтказилади:
а) биринчи босқич — номзодларни сиёсий-ҳуқуқий (25 балл), ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги билимлари (25 балл), интеллектуал қобилияти, таҳлилий ва мантиқий фикрлаши (25 балл) ҳамда хорижий тилларни билиш (25 балл) (кейинги ўринларда — фанлар) даражасини аниқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги) томонидан тест синовларидан ўтказиш.
Бунда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан:
сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича тест саволлари Академия кенгаши томонидан тасдиқланган фанларнинг ўқув дастурлари асосида;
интеллектуал қобилияти, таҳлилий ва мантиқий фикрлаши бўйича тест саволлари хорижий тажриба асосида;
хорижий тиллар (инглиз, немис, француз) бўйича тест саволлари B2 ва ундан юқори даражадаги CEFR (Common European Framework of Reference) стандарти асосида иккита кўникма (ўқиб тушуниш ва лексика-грамматика) бўйича тузилади.
CEFR стандарти бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатларга эга бўлган номзодлар хорижий тил бўйича тест синовларидан озод этилади ва уларга мазкур фандан максимал балл берилади;
б) иккинчи босқич — номзодларнинг иқтисодий билимлари ва ҳуқуқий саводхонлиги, шунингдек, бошқарув ва лидерлик хусусиятлари, жамоа билан ишлаш, стратегик ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари, мослашувчанлиги, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашуви, лойиҳавий бошқарув ва нотиқлик маҳорати бўйича кўникмаларини баҳолаш бўйича суҳбатлар ўтказиш. Суҳбат саволлари Академия кенгаши томонидан тасдиқланади.
23. Тест синовлари ўтказиладиган фанларнинг ўқув дастурлари ва суҳбат саволлари намуналари тест синовлари ва суҳбатлар бошланишидан камида бир ой олдин Академиянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
24. Тест синовлари ва суҳбатлар ўтказиш санаси тўғрисидаги хабар уларнинг бошланишидан камида етти кун олдин Академиянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
25. Давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига тавсия қилинган номзодларнинг тест ва суҳбатларда иштирок этиши даврида ойлик иш ҳақи тўлиқ сақланади.
5-боб. Номзодларни тест синовларидан ўтказиш тартиби
26. Тест синовлари мазкур Низомнинг 29-30-бандларида белгиланган талабларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом асосида ўтказилади.
27. Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Академия ҳудудида ўтказилади.
28. Тест синовлари ҳар йили июль-август ойларида, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Тест синовларини ўтказишнинг аниқ санаси ва жойи Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Академия билан келишилган ҳолда белгиланади.
Бунда тест синовлари шартнома асосида (тест синовида иштирок этиши белгиланган ҳар бир талабгор учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида) номзодлар тўғрисидаги маълумотлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этилгандан сўнг 20 иш куни ичида ўтказилади.
Тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
29. Тест синовлари натижалари 100 баллик баҳолаш тизими бўйича амалга оширилади. Тест синовларининг натижалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори томонидан имзоланиб, белгиланган шаклда Академияга тақдим этилади.
Тест синовлари натижаларига кўра 56 баллдан кам балл тўплаган номзодлар кейинги босқичга ўтказилмайди.
30. Номзодларнинг тест синовлари натижалари бўйича шикоятлари натижалар эълон қилинган санадан бошлаб уч иш куни ичида Академия томонидан қабул қилинади ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этилади.
Шикоятни кўриб чиқиш муддати Академия томонидан шикоятлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этилган санадан бошлаб уч иш кунидан ошмаслиги лозим.
6-боб. Номзодларни суҳбатдан ўтказиш тартиби
31. Номзодлар билан суҳбат Академия ректорининг буйруғига асосан вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, етакчи профессор-ўқитувчилар ва мустақил экспертлардан (камида 7 кишидан) иборат таркибда тузиладиган танлов комиссияси томонидан ўтказилади.
32. Суҳбат давомида номзодларнинг иқтисодий билимлари ва ҳуқуқий саводхонлиги, шунингдек, бошқарув ва лидерлик хусусиятлари, жамоа билан ишлаш, стратегик ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари, мослашувчанлиги, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашуви, лойиҳавий бошқарув ва нотиқлик маҳорати бўйича кўникмалари баҳоланади.
33. Суҳбат жараёни шаффоф ва адолатли ўтказилади. Суҳбат жараёнлари видеотасвирга ёзиб олинади.
Суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Суҳбат танлов комиссияси томонидан якка тартибда, ҳар бир номзод билан алоҳида ўтказилади. Номзоднинг билим ва компетенциялари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
иқтисодий билимлари ва ҳуқуқий саводхонлиги (20 балл);
бошқарув (шу жумладан, лойиҳавий бошқарув) ва лидерлик хусусиятлари, жамоа билан ишлаш кўникмалари (20 балл);
стратегик ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари (20 балл);
мослашувчанлиги, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашуви (20 балл);
нотиқлик маҳорати (20 балл).
34. Суҳбат бўйича номзодларнинг якуний натижалари танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси томонидан қўйилган балларни қўшган ҳолдаги ўртачасидан келиб чиқиб аниқланади.
Суҳбат якунига кўра танлов комиссияси томонидан номзодларнинг балларини кўрсатган ҳолда тегишли баённома тузади ва белгиланган тартибда қабул комиссиясига тақдим этади.
Суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотлар Академиянинг расмий веб-сайти, шунингдек электрон платформалардаги расмий каналларига жойлаштирилади.
35. Академия магистратура мутахассисликларига қабул қилишнинг якуний натижалари қабул комиссияси томонидан номзоднинг тест синови ҳамда суҳбат натижасида олган балларнинг қўшган ҳолдаги умумий баллдан келиб чиқиб, энг юқори балл тўплаган номзодларнинг давлат гранти бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган номзодлар баллар рейтинги асосида Академиянинг қабул параметрларида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.
36. Номзодларнинг тест синовлари ва суҳбатдан такроран ўтишига йўл қўйилмайди.
7-боб. Номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш тартиби
37. Суҳбат натижалари бўйича номзодларнинг шикоятлари, улар эълон қилинган санадан бошлаб икки иш куни ичида Академияга ёзма шаклда тақдим этилади.
38. Академияда ректорнинг буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция комиссиясининг таркиби танлов комиссияси ишида иштирок этмаган шахслардан тузилади.
39. Апелляция комиссияси шикоятни шикоят берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади ва қарор қабул қилинган куни номзодни шикоят қаноатлантирилган ёки рад этилганлигини кўрсатган ҳолда, ёзма равишда хабардор қилади.
Бунда Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
шикоятни асосланган деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш;
шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш.
40. Номзод мурожаатни кўриб чиқишда шахсан иштирок этиш ҳуқуқига эга.
8-боб. Номзодларни Академия тингловчилари сафига қабул қилиш тартиби
41. Қабул комиссияси қарори билан давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган номзодларни Академия тингловчилигига қабул қилиш ректорнинг буйруғи билан амалга оширилади.
42. Тўлов-контракт асосида магистратура мутахассислиги тингловчилигига қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Академия, тингловчи ва буюртмачи ташкилот ўртасидаги шартнома тузилгандан сўнг ректор буйруғи билан расмийлаштирилади.
43. Тўлов-контракт асосида Академия тингловчилигига қабул қилиш учун тавсия этилган номзодлар шартномада белгиланган муддатларда тўловни амалга ошириши лозим.
9-боб. Якунловчи қоида
44. Мазкур Низомнинг талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратурасига давлат буюртмаси бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилиш
Босқишлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати . 1-босқич Давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)нинг хатига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси (кейинги ўринларда — Академия)га давлат буюртмаси бўйича қабулни ташкил этиш ва ўтказиш учун номзодларни бирламчи саралаб олиш бўйича идоравий комиссия (кейинги ўринларда — Идоравий комиссия) тузади. Ҳар йили 1 февралга қадар . 2-босқич Идоравий комиссия 1. Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун ҳудудларнинг, иқтисодиёт тармоқлари ва ташкилотларнинг бошқарув кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги талаб ва эҳтиёжларни ўрганиб чиқади ва номзодлар рўйхатини шакллантиради. 2. Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун номзодларнинг рўйхати, уларнинг ҳар бирига алоҳида тавсиянома ҳамда ҳужжатлари тўпламини электрон шаклда Агентликка тақдим этади. Ҳар йили 1 майга қадар Номзод Очиқ танлов асосида Академиянинг магистратура мутахассисликларига кирмоқчи бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Академиянинг расмий веб-сайти орқали ҳужжат топширади. Ҳар йили 1 майдан 1 июнга қадар . 3-босқич Агентлик 1. Давлат буюртмаси бўйича номзодларни дастлабки тарзда саралаб олишни ташкил этиш ва ўтказиш учун махсус комиссия тузади. 2. Дастлабки саралаш натижалари асосида квота бўйича ҳар бир ўринга камида беш нафардан номзодлар рўйхати ҳамда уларнинг ҳужжатларини Академияга юборади. Ҳар йили 1 июнга қадар . 4-босқич Академия 1. Магистратурага қабулни ташкил этиш, тест синовлари ва суҳбат ўтказиш учун тегишли ўқув йили учун қабул комиссиясини тузади. 2. Тест синовлари ва суҳбатлар ўтказиш санаси тўғрисида Академиянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Тест синовлари ва суҳбатлар ўтказиладиган санадан камида етти кун олдин . 5-босқич Академия, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Академияда магистратура мутахассисликларига давлат буюртмаси бўйича танлов икки босқичда: биринчи босқич — номзодларни фанларни билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари; иккинчи босқич — номзодларнинг кўникмаларини баҳолаш бўйича суҳбат шаклида ўтказилади. Ҳар йили июль-август ойларида . 6-босқич Академиянинг Қабул комиссияси Номзоднинг тест синови ҳамда суҳбат натижасида олган балларнинг қўшган ҳолдаги умумий баллдан келиб чиқиб, энг юқори балл тўплаган номзодларнинг кетма-кетлигига асосан қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва ўқишга тавсия этилган номзодлар рўйхатини Академия ректорига тақдим этади. Беш иш куни ичида . 7-босқич Академия Давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида ўқишга тавсия этилган номзодларни Академия тингловчилигига қабул қилиш тўғрисида ректорнинг буйруғи расмийлаштирилади. Ҳар йили 15 сентябрга қадар Тўлов-контракт асосида магистратура мутахассислиги тингловчилигига қабул қилиш тўғрисида ректор буйруғи чиқарилади. Ҳар йили 1 октябрга қадар, шартнома тузилгандан сўнг
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратурасига очиқ танлов асосида ўқишга кириш учун
I. Ариза берувчи ҳақидаги маълумотлар Ф.И.О. Биометрик паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) серияси ва рақами Фуқаролиги Телефон рақами Электрон почта манзили (мавжуд бўлса) II. Ариза берувчининг ўқиган олий таълим муассасаси ва иш жойи бўйича маълумотлар Ўқиган олий таълим муассасасининг номи Ўқиган бакалавриат таълим йўналиши шифри ва номи Бакалавриат таълим йўналиши ва/ёки Магистратура мутахассисликлари бўйича олий маълумот тўғрисидаги диплом ва уларнинг иловаси нусхалари Хорижий давлатда олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (хорижий давлатдаги олий таълим ташкилотини тугатган ариза берувчилар учун) Икки йиллик меҳнат стажи тўғрисида маълумот (my.gov.uz ҳамда my.mehnat.uz порталларидан олинади) III. Ариза берувчи кириш истагини билдирган магистратура мутахассислиги ва хорижий тил сертификати ҳақидаги маълумотлар Магистратура мутахассислиги шифри ва номи Хорижий тил сертификати
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 августдаги 541-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига хорижий давлатлар фуқароларини қабул қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси (кейинги ўринларда — Академия) магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига хорижий давлатлар фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартибини ва уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилайди.
2. Академиянинг магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига хорижий давлатлар фуқароларини (кейинги ўринларда — хорижий фуқаролар) ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармони , Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2008 йил 8 августдаги 169-сон қарорига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
3. Академиянинг магистратура ва қайта тайёрлаш курсларида хорижий фуқароларни ўқитиш давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқ фақат тўлов-контракт асосида амалга оширилади ва ўқишни тугатгандан кейин белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.
4. Хорижий фуқаролар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган магистратура таълим дастурларига;
геосиёсат, глобал хавфсизлик, барқарор ривожланиш, лойиҳа бошқаруви каби йўналишларда ва бошқа соҳалар бўйича билим ва малакаларини оширишга қаратилган қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинади.
5. Академияда хорижий фуқароларни ўқитиш тегишли таълим дастурларида назарда тутилган тилларда олиб борилади.
6. Академия хорижий фуқароларнинг магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишга оид ҳужжатларини электрон шаклда Академиянинг расмий веб-сайти орқали қабул қилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Академияни виза талабномаларига биноан, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиянинг буюртманомасига биноан, белгиланган тартибда хорижий фуқароларга визалар муддатини узайтиришни, шунингдек, уларнинг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини таъминлайди.
8. Хорижий фуқароларни тўлов-контракт асосида магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Академия ва юридик ёки жисмоний шахслар ўртасидаги шартнома тузилгандан сўнг ректор буйруғи билан расмийлаштирилади.
Тўлов-контракт асосида Академия тингловчилигига қабул қилиш учун тавсия этилган хорижий фуқаролар шартномада белгиланган муддатларда тўловни амалга оширишлари лозим.
2-боб. Хорижий фуқароларни магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш тартиби
9. Хорижий фуқароларни Академиянинг магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига ўқишга қабул қилиш Академия ректорининг буйруғи билан тегишли ўқув йили учун тузилган қабул комиссияси (кейинги ўринларда — қабул комиссияси) томонидан амалга оширилади.
10. Академияга хорижий фуқароларни магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш:
хорижий фуқароларнинг аризаси;
Академиянинг мустақил равишда хорижий фуқароларни жалб этиш ташаббуслари асосида амалга оширилади.
11. Хорижий фуқаролар Академияга ўқишга кириш учун қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этади:
ариза (Application Forms);
мотивацион хат;
олий маълумоти ҳақидаги ҳужжатлари нусхалари;
резюме;
соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
миллий паспорт.
Ушбу банднинг тўртинчи , еттинчи хатбошиларидаги ҳужжатлар хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ расмийлаштирилган бўлиши лозим.
12. Хорижий фуқаролар магистратура ёки қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиниши учун камида бакалавр даражасидаги (ёки унга тенглаштирилган даражадаги) дипломга эга бўлиши керак.
13. Хорижий фуқароларнинг тегишли таълим дастурларида назарда тутилган тилни билиш даражаси, хорижий тилларни белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар бўйича B2 ва ундан юқори даражада бўлиши талаб этилади.
14. Академияда хорижий фуқароларнинг магистратура ва қайта тайёрлаш курсларида тўлов-контракт асосида ўқиш қиймати Академиянинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.
15. Хорижий фуқаролар Академиянинг магистратураси ёки қайта тайёрлаш курсларига белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат (кейинги ўринларда — суҳбат), шу жумладан, мотивацион хатнинг мазмунини баҳолаш натижасидан келиб чиқиб қабул қилинади.
16. Суҳбат жараёни шаффоф ва адолатли ўтказилади ҳамда жараён видеотасвирга ёзиб олинади.
17. Хорижий фуқароларнинг суҳбатдан ўтиши мажбурий ҳисобланади.
Хорижий фуқаролар билан суҳбат бевосита ёки заруратга кўра масофавий (онлайн) тарзда амалга оширилади.
18. Суҳбат дастлаб хорижий фуқаронинг мотивацион хатини кўриб чиқишдан бошланади ҳамда унинг бошқарув ва лидерлик хусусиятлари, жамоа билан ишлаш кўникмалари, стратегик ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари, мослашувчанлиги, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашуви, нотиқлик маҳорати баҳоланади.
Бунда мотивацион хат хорижий фуқаро томонидан шахсан ёзилади. Унда ўзини таништиради, тажриба ва қизиқишлар, ўқиган ҳамда ишлаган жойлари ҳақида маълумот беради, танлаган соҳасини асослантиради.
Мотивацион хат тартибли ва аниқ тузилиши, кириш, асосий қисм ва хулосадан иборат бўлиши ҳамда бир саҳифадан ошмаслиги талаб этилади.
Мотивацион хат тегишли таълим дастурларида назарда тутилган хорижий тил меъёрлари ва қоидаларига амал қилган ҳолда изчил, мантиқий ва бир-бирини тўлдирадиган тарзда ифодаланади.
19. Хорижий фуқаролар билан суҳбат Академия ректорининг буйруғи билан тузиладиган суҳбат комиссияси (кейинги ўринларда — суҳбат комиссияси) томонидан ўтказилади.
Суҳбат комиссияси ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик принциплари асосида амалга оширади.
Суҳбат комиссияси таркибига Академия ходимлари билан бир қаторда бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.
20. Суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Суҳбат жараёни суҳбат комиссияси томонидан якка тартибда, ҳар бир хорижий фуқаро билан алоҳида ўтказилади.
21. Суҳбатда хорижий фуқаронинг билим ва компетенциялари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
мотивацион хат мазмуни (20 балл);
бошқарув (шу жумладан, лойиҳавий бошқарув) ва лидерлик хусусиятлари, жамоа билан ишлаш кўникмалари (20 балл);
стратегик ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари (20 балл);
мослашувчанлиги, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашуви (20 балл);
нотиқлик маҳорати (20 балл).
22. Хорижий фуқаро суҳбатга келмаган ҳолларда 0 балл қўйилади.
23. Суҳбат бўйича хорижий фуқаронинг якуний натижалари суҳбат комиссиясининг ҳар бир аъзоси томонидан қўйилган балларни қўшган ҳолдаги ўртачасидан келиб чиқиб аниқланади.
Хорижий фуқаро 70 балл ва ундан юқори балл тўплаганда суҳбатдан ўтган ҳисобланади.
Бунда суҳбатдан ўтган хорижий фуқаролар рўйхати улар томонидан тўпланган баллар асосида рейтинг тизимига мувофиқ аниқланади ҳамда энг юқори балл тўплаган хорижий фуқаролар кетма-кетликда Академиянинг қабул параметрларида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида ўқишга қабул қилинади.
24. Суҳбат якунлари бўйича суҳбат комиссияси томонидан хорижий фуқароларнинг балларини кўрсатган ҳолда тегишли баённома тузилади ва белгиланган тартибда қабул комиссиясига тақдим этилади.
25. Суҳбат натижалари бўйича қабул комиссиясининг қарори қабул қилинади. Мазкур қарор Академия ректорининг хорижий фуқароларни магистратура ва (ёки) қайта тайёрлаш курсларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқиши учун асос бўлади.
26. Хорижий фуқароларнинг суҳбатдан такроран ўтишига йўл қўйилмайди.
27. Суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотлар Академиянинг расмий веб-сайти, электрон платформалардаги расмий каналларига жойлаштирилади, шунингдек хорижий фуқароларнинг ўзига электрон почта орқали юборилади.
28. Суҳбат натижалари бўйича қабул комиссиясининг қарори қабул қилинганидан сўнг, хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикасига келгандан кейин уч кун ичида ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиши керак.
Тақдим этилган ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
29. Суҳбат натижалари бўйича хорижий фуқароларнинг шикоятлари, улар эълон қилинган санадан бошлаб икки иш куни ичида Академияга ёзма, шу жумладан, электрон шаклда тақдим этилади.
Академия ректорнинг буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади. Апелляция комиссияси суҳбат комиссияси ишида иштирок этмаган шахслардан иборат таркибда тузилади.
30. Апелляция комиссияси шикоятни шикоят берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади ва қарор қабул қилинган куни хорижий фуқарони шикоят қаноатлантирилган ёки рад этилганлигини кўрсатган ҳолда, ёзма равишда хабардор қилади.
Бунда Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
шикоятни асосланган деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш;
шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш.
31. Ўқишга қабул қилинган хорижий фуқаролар ўз ҳисобидан белгиланган тартибда тиббий текширувдан ўтади ҳамда ҳаёти ва соғлиғини тиббий суғурта қилдиради.
Бунда хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш учун рухсат берилмайдиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида белгиланади.
3-боб. Хорижий фуқароларни Академия тингловчилари сафига қабул қилиш тартиби
32. Хорижий фуқаролар тўлов-контракт асосида магистратура мутахассислиги ёки қайта тайёрлаш курсларига тингловчилигига қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Академия ва хорижий фуқаро (тегишли ҳолларда буюртмачи ёки ҳомий ташкилот билан) ўртасидаги шартнома тузилгандан сўнг ҳамда мазкур Низомнинг 11 , 31 ва 33-бандларида белгиланган шартлар тўлиқ бажарилган тақдирда ректор буйруғи билан расмийлаштирилади.
33. Академия тингловчилигига қабул қилиш учун тавсия этилган номзодлар шартномада белгиланган муддатларда тўловни амалга ошириши лозим.
4-боб. Академияда таълим олаётган хорижий фуқароларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
34. Академияда таълим олаётган хорижий фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Академия, деканат, кафедра, марказларнинг илмий-тадқиқот ишларида, тингловчиларнинг илмий жамиятлари ва тўгаракларида қатнашиш;
бириктирилган кафедрадаги профессор-ўқитувчилардан илмий-услубий фаолият, магистр ишлари ва бошқа илмий тадқиқотлар юзасидан маслаҳатлар сўраш;
кутубхона, спорт комплекси, тингловчилар меҳмонхонасидан фойдаланиш;
дам олишнинг уюштирилган турларида қатнашиш.
35. Академияда таълим олаётган хорижий фуқаролар қуйидагиларга мажбур:
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилиш, маҳаллий урф-одат ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, республикада хорижий фуқароларнинг бўлиши ва ҳаракатланиши бўйича белгиланган қоидаларни бажариш;
интизомга риоя қилиш, машғулотларга қатнашиш, ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган ўқув ва ишлаб чиқариш ишларининг барча турларини бажариш, имтиҳон ва синовларни белгиланган муддатларда топшириш;
Академия ва тингловчилар меҳмонхонасининг ички тартиб-қоидаларини билиш ва амал қилиш;
Академия раҳбариятининг буйруқ ва кўрсатмаларини бажариш.
36. Ўқишда ўзлаштирмаслик, интизомни, Академия ички тартиб-қоидаларини бузганлик, тўлов-контракт шартномасини бажармаганлик учун, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган бошқа сабабларга кўра хорижий фуқаро бўлган тингловчиларга нисбатан Академия тингловчилари сафидан чиқариб юборишгача бўлган тегишли чоралар кўрилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлик учун улар белгиланган тартибда республика ҳудудидан чиқариб юборилади.
Ўқиш учун келган хорижий фуқароларнинг зарур маблағлари бўлмаган тақдирда, уларни Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш бўйича харажатлар Академия томонидан амалга оширилади.
37. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этган хорижий фуқаролар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан жавобгарликка тортилади.
38. Ўқишни тугатган ёки рўйхатидан ўчирилган хорижий фуқаролар бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши шарт (Ўқишни муваффақиятли тугатган хорижий фуқаролар, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган ташкилотларида белгиланган тартибда ишга қабул қилиниши мумкин).
Тингловчилар сафидан чиқарилган хорижий фуқаролар белгиланган муддат ва тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқарилади.
39. Академияда ўқув йили ва таътилларнинг бошланиш ва тугаш вақти, уларнинг давом этиш муддати Академиянинг муайян ўқув режаларига мувофиқ белгиланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
40. Академияга ўқишга кириш истагини билдирган хорижий фуқаролар мазкур Низом билан таништирилиши ва улар ушбу талабларни бажариши тўғрисида ўз мажбуриятларини ёзма ёки электрон равишда тасдиқлаши керак.
41. Мазкур Низомнинг талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 27 август,
541-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SOʻROVNOMA
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasining magistraturasiga qabul qilish tartibini belgilash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Istiqbolli kadrlarni maqsadli tayyorlash hamda ularni davlat boshqaruvi va xizmatiga samarali jalb etish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 5-maydagi PF-78-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasining magistraturasiga qabul qilish va oʻqitish tartibini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 5-maydagi PF-78-son Farmoniga muvofiq har tomonlama, ochiq va xolis tanlovning mezon va mexanizmlarini qamrab olgan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi (keyingi oʻrinlarda — Akademiya)ning magistraturasiga qabul qilish va oʻqitishning alohida tartibini belgilash nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
nomzodlarni tavsiya etish, ularni test sinovlari va suhbatdan oʻtkazish, nomzodlarni Akademiya magistraturasi tinglovchilari safiga qabul qilish tartibini nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasining magistraturasiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
xorijiy davlatlar fuqarolarini magistratura va qayta tayyorlash kurslariga qabul qilish tartibi, Akademiyada taʼlim olayotgan xorijiy fuqarolarning huquqlari va majburiyatlarini nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi magistratura va qayta tayyorlash kurslariga xorijiy davlatlar fuqarolarini qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-avgustdagi 541-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasining magistraturasiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi (keyingi oʻrinlarda — Akademiya) magistraturasiga qabul qilish tartibini belgilaydi.
Akademiya magistraturasiga qabul qonuniylik, xolislik, shaffoflik, kollegiallik va teng huquqlilik tamoyillari asosida tashkil etiladi.
2. Akademiya magistraturasida yuqori malakali boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni tayyorlash oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlariga muvofiq, davlat buyurtmasi va toʻlov-kontrakt asosida, magistr darajasi berilgan va belgilangan davlat namunasidagi diplom topshirilgan holda amalga oshiriladi.
3. Akademiyada:
“Hududlarni kompleks rivojlantirish” (Regional Development);
“Davlat boshqaruvi” (Public Administration);
“Inson resurslarini rivojlantirish” (Human Resource Development);
“Davlat siyosati” (Public Policy);
“Davlat moliyasini boshqarish” (Public Finance Management) magistratura mutaxassisliklari boʻyicha kadrlar tayyorlanadi.
Yuqori malakali va zamonaviy bilimlarga ega boshqaruv kadrlari zaxirasini shakllantirib borish maqsadida amaliyotchi boshqaruvchilar uchun maxsus dasturlar (Executive MPA va Executive MBA) joriy etiladi.
Mamlakatni strategik rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari, yaʼni davlat boshqaruvi hamda energetika, transport logistikasi, infratuzilma, taʼlim, sogʻliqni saqlash, ichimlik suvi taʼminoti va boshqa sohalarni qamrab oluvchi fanlararo magistrlik dasturlari joriy etiladi.
4. Akademiya magistratura mutaxassisliklariga qabul:
davlat buyurtmasi boʻyicha davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan taqdim etilgan nomzodlar oʻrtasida tanlov oʻtkazish orqali test sinovlari va suhbat natijalariga muvofiq amalga oshiriladi;
ochiq tanlov asosida Akademiyaning ilmiy-pedagogik va moddiy-texnik imkoniyatlaridan kelib chiqib, test sinovlari va suhbat natijalariga koʻra faqat toʻlov-kontrakt asosida tashkil etiladi.
5. Akademiya magistraturasiga davlat buyurtmasi boʻyicha davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq qabul qilinadi.
6. Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalarining birinchi rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining ushbu Nizom talablariga muvofiq tavsiyasiga asosan oliy maʼlumotli va 2 yil boshqaruv lavozimlarida ish tajribasiga ega boʻlgan, qoida tariqasida, Milliy kadrlar zaxirasiga kiritilgan davlat xizmatchilari hamda fuqarolik jamiyati institutlari va tadbirkorlik subyektlari xodimlari orasidan test va suhbat natijalariga koʻra eng yuqori ball olgan nomzodlar davlat granti hamda Akademiya Vasiylik kengashi tomonidan belgilanadigan kvota doirasida toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilinadi.
7. Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish uchun nomzod sifatida:
“Davlat boshqaruvi” mutaxassisligi boʻyicha 45 yoshdan oshmagan (46 yoshga toʻlmagan), tayanch oliy maʼlumotga, kamida respublika darajasida boʻlim boshligʻi oʻrinbosari, hududiy darajada — boshqarmada boʻlim boshligʻi, tuman (shahar) darajasida — tuman (shahar) boʻlimi boshligʻi lavozimida mehnat qilayotgan hamda 2 yildan kam boʻlmagan boshqaruv ish stajiga ega boʻlgan shaxslar;
boshqa barcha mutaxassisliklar boʻyicha 45 yoshdan oshmagan (46 yoshga toʻlmagan), tayanch oliy maʼlumotga va kamida 2 yil boshqaruv lavozimlarida ish tajribasiga ega boʻlgan shaxslar koʻrsatilishi mumkin.
Ochiq tanlov asosida Akademiyaning magistratura mutaxassisliklariga oliy maʼlumotli, 2 yillik mehnat stajiga ega boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar har yili 1-maydan 1-iyunga qadar Akademiyaning rasmiy veb-sayti orqali ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi elektron soʻrovnomani toʻldirish orqali hujjat topshiradi.
8. Magistraturada boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni tayyorlash yetakchi xorijiy taʼlim va ilmiy muassasalar bilan hamkorlikda ishlab chiqilgan oʻquv rejalari hamda qoʻshma taʼlim dasturlari asosida amalga oshiriladi.
Magistraturaga qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha nomzodlarni qabul qilish xorijiy hamkorlar bilan kelishuvga muvofiq amalga oshiriladi.
Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha magistratura bitiruvchilariga oʻzaro kelishuvlarga muvofiq belgilangan namunadagi magistr darajasi va diplomi beriladi.
9. Magistraturada davlat buyurtmasi asosida ishlab chiqarishdan ajralgan holda oʻqish davrida tinglovchilarning egallab turgan ish oʻrinlari (lavozimlari) va oʻrtacha oylik ish haqi saqlab qolinadi.
Bunda ish beruvchi tasdiqlangan ish haqi fondi doirasida magistraturada taʼlim olayotgan tinglovchining oʻqishni tamomlash davri yakuniga qadar muddatga tuzilgan shartnoma asosida boshqa xodimlarni tegishli ish joyiga qabul qilishi mumkin.
10. Akademiya magistratura mutaxassisliklariga belgilangan davlat buyurtmasidan tashqari toʻlov-kontrakt asosida xorijiy davlatlar fuqarolari qabul qilinishi mumkin.
Akademiya magistraturasiga xorijiy davlatlar fuqarolarini qabul qilish tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
11. Akademiyaga kirish sinovlari davlat tilida oʻtkaziladi.
2-bob. Nomzodlarni birlamchi saralab olish tartibi
12. Akademiyaga davlat buyurtmasi boʻyicha qabulni tashkil etish va oʻtkazish uchun davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarida nomzodlarni birlamchi saralab olish boʻyicha idoraviy komissiya (keyingi oʻrinlarda — Idoraviy komissiya) tuziladi.
Idoraviy komissiya hududlarning, iqtisodiyot tarmoqlari va tashkilotlarning boshqaruv kadrlariga boʻlgan joriy va istiqboldagi talab va ehtiyojlarni oʻrganib chiqadi hamda shu asosda Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish uchun nomzodlar roʻyxatini shakllantiradi.
Tizimli va strategik fikrlash koʻnikmalariga ega, bilimli, shijoatli, tashabbuskor Milliy kadrlar zaxirasiga kiritilmagan davlat xizmatchilari ham Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish uchun nomzod sifatida koʻrsatilishi mumkin.
13. Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish uchun nomzod sifatida quyidagilar koʻrsatilishi mumkin emas:
sud tomonidan muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilgan shaxslar;
sudning qarori bilan muayyan muddatga davlat fuqarolik xizmati lavozimlarini egallash huquqidan mahrum qilingan shaxslar;
korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etishda sud tomonidan aybdor deb topilgan shaxslar;
ogʻir va oʻta ogʻir jinoyatlarni sodir etganlik uchun sudlanganlik holati tugallanmagan yoki olib tashlanmagan shaxslar;
tibbiy xulosaga asosan sogʻligʻining holati davlat fuqarolik xizmati lavozimini egallash imkonini bermaydigan shaxslar.
Nomzodlarni tanlashda quyidagilarga eʼtibor qaratiladi:
nomzodning maʼlumoti boʻyicha mutaxassisligi hududlarning, iqtisodiyot tarmoqlari va tashkilotlarning boshqaruv kadrlariga boʻlgan joriy va istiqboldagi talab-ehtiyojlariga mos boʻlishi;
respublikada amalga oshirilayotgan islohotlarni toʻgʻri tushunishi va qoʻllab-quvvatlashi, muomala madaniyati va aholi bilan muloqot qila olish koʻnikmasi shakllanganligi, islohotlarni fuqarolarga yetkaza olishi;
topshirilgan ishga masʼuliyat bilan yondashishi, tashabbuskorligi, izlanuvchanligi, vatanparvarligi, madaniy-maʼrifiy va maʼnaviy saviyasi darajasini oshirib borishi;
keng umumkasbiy bilim va dunyoqarashga, oʻzining ijtimoiy-iqtisodiy, siyosiy-huquqiy bilimlariga ega boʻlishi, axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan erkin foydalana olishi, xorijiy tillardan birini oʻzlashtirgan boʻlishi.
Mazkur bandda nazarda tutilgan mezonlarni aniqlash uchun Idoraviy komissiya tomonidan soha boʻyicha mutaxassislar, mustaqil ekspertlar jalb qilinishi hamda suhbat, test va boshqa turdagi baholash usullari qoʻllanilishi mumkin. Bunda har bir qoʻllaniladigan usul va natijalar Idoraviy komissiyaning qarori bilan qabul qilinadi.
14. Magistraturada oʻqishga tavsiya etilgan nomzodlar umumiy sonining, qoida tariqasida, kamida 30 foizini xotin-qizlar tashkil etadi.
15. Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklarida oʻqish istagini bildirgan va belgilangan talablarga mos keladigan fuqarolik jamiyati institutlari va tadbirkorlik subyektlari xodimlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Idoraviy komissiyalariga hujjatlarini topshiradi.
16. Akademiya magistraturasiga tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan nomzod Idoraviy komissiyaga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
nomzodning oxirgi 2 yil mobaynidagi faoliyati davomida amalga oshirgan ijobiy ishlari haqidagi maʼlumot (1-2 varaqda, tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilib);
maʼlumotnoma-obyektivka (maʼlumotlarni tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda);
nomzodning qoʻshimcha erishgan yutuqlari: ilmiy darajasi, ilmiy unvoni, xorijiy tillarni bilish sertifikati kabilar (agar mavjud boʻlsa).
17. Idoraviy komissiya nomzodlarning hujjatlarini belgilangan talablarga muvofiqligini oʻrganib chiqadi va nomzodlarni birlamchi saralab olish yakuni boʻyicha qaror qabul qiladi.
Davlat buyurtmasi boʻyicha tavsiya etilgan nomzodlar haqidagi maʼlumotlarning haqqoniyligini taʼminlash Idoraviy komissiya zimmasiga yuklatiladi.
3-bob. Akademiya magistraturasiga qabul qilish uchun nomzodlarni tavsiya etish
18. Davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalarining birinchi rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari har yili 1-mayga qadar Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish uchun nomzodlarning roʻyxati, ularning har biriga alohida tavsiyanoma hamda hujjatlari toʻplamini elektron shaklda Agentlikka taqdim etadi.
19. Davlat buyurtmasi boʻyicha tavsiya etilgan nomzodlar Agentlik tomonidan dastlabki saralanadi.
Saralashda quyidagilarga alohida eʼtibor qaratiladi:
nomzodning mazkur Nizomda belgilangan talablarga mosligi;
tavsiya etilgan nomzodlar umumiy sonida xotin-qizlarning ulushi kamida 30 foiz boʻlishi;
nomzodning davlat fuqarolik xizmati lavozimini egallash imkonini bermaydigan holatlarning mavjud emasligi.
Nomzodning boshqaruv (rahbar, rahbar oʻrinbosari, bosh muhandis, boshqarma, boʻlim, tuzilma boshligʻi va oʻrinbosari) lavozimlaridagi ish tajribasiga qoʻshimcha ustuvorlik beriladi.
20. Davlat buyurtmasi boʻyicha nomzodlarni dastlabki tarzda saralab olishni tashkil etish va oʻtkazish Agentlik tomonidan tasdiqlanadigan maxsus komissiya tomonidan amalga oshiriladi.
Agentlik har yili 1-iyunga qadar dastlabki saralash natijalari asosida kvota boʻyicha har bir oʻringa kamida besh nafardan nomzodlar roʻyxati hamda ularning hujjatlarini Akademiyaga yuboradi.
4-bob. Akademiya magistraturasiga qabul qilish tartibi
21. Magistraturaga qabulni tashkil etish, test sinovlari va suhbat oʻtkazish uchun Akademiya rektorining buyrugʻi bilan tegishli oʻquv yili uchun qabul komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — qabul komissiyasi) tuziladi.
Qabul komissiyasi faoliyatining tartibi Akademiya kengashi tomonidan belgilanadi.
Qabul komissiyasi Akademiya magistraturasiga qabul boshlanganligi toʻgʻrisida Akademiyaning rasmiy veb-sayti, shuningdek elektron platformalardagi rasmiy kanallariga eʼlon beradi.
22. Akademiyada magistratura mutaxassisliklariga davlat buyurtmasi boʻyicha tanlov ikki bosqichda oʻtkaziladi:
a) birinchi bosqich — nomzodlarni siyosiy-huquqiy (25 ball), ijtimoiy-iqtisodiy sohalardagi bilimlari (25 ball), intellektual qobiliyati, tahliliy va mantiqiy fikrlashi (25 ball) hamda xorijiy tillarni bilish (25 ball) (keyingi oʻrinlarda — fanlar) darajasini aniqlash boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Bilim va malakalarni baholash agentligi) tomonidan test sinovlaridan oʻtkazish.
Bunda Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan:
siyosiy-huquqiy va ijtimoiy-iqtisodiy sohalar boʻyicha test savollari Akademiya kengashi tomonidan tasdiqlangan fanlarning oʻquv dasturlari asosida;
intellektual qobiliyati, tahliliy va mantiqiy fikrlashi boʻyicha test savollari xorijiy tajriba asosida;
xorijiy tillar (ingliz, nemis, fransuz) boʻyicha test savollari B2 va undan yuqori darajadagi CEFR (Common European Framework of Reference) standarti asosida ikkita koʻnikma (oʻqib tushunish va leksika-grammatika) boʻyicha tuziladi.
CEFR standarti boʻyicha B2 va undan yuqori darajadagi xorijiy tilni bilish darajasini tasdiqlovchi milliy yoki xalqaro sertifikatlarga ega boʻlgan nomzodlar xorijiy til boʻyicha test sinovlaridan ozod etiladi va ularga mazkur fandan maksimal ball beriladi;
b) ikkinchi bosqich — nomzodlarning iqtisodiy bilimlari va huquqiy savodxonligi, shuningdek, boshqaruv va liderlik xususiyatlari, jamoa bilan ishlash, strategik va tahliliy fikrlash qobiliyatlari, moslashuvchanligi, tashabbuskorligi va innovatsion yondashuvi, loyihaviy boshqaruv va notiqlik mahorati boʻyicha koʻnikmalarini baholash boʻyicha suhbatlar oʻtkazish. Suhbat savollari Akademiya kengashi tomonidan tasdiqlanadi.
23. Test sinovlari oʻtkaziladigan fanlarning oʻquv dasturlari va suhbat savollari namunalari test sinovlari va suhbatlar boshlanishidan kamida bir oy oldin Akademiyaning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
24. Test sinovlari va suhbatlar oʻtkazish sanasi toʻgʻrisidagi xabar ularning boshlanishidan kamida yetti kun oldin Akademiyaning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
25. Davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga tavsiya qilingan nomzodlarning test va suhbatlarda ishtirok etishi davrida oylik ish haqi toʻliq saqlanadi.
5-bob. Nomzodlarni test sinovlaridan oʻtkazish tartibi
26. Test sinovlari mazkur Nizomning 29-30-bandlarida belgilangan talablarni inobatga olgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 3-apreldagi 261-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalarining bakalavriatiga oʻqishga qabul qilish uchun kirish test sinovlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida oʻtkaziladi.
27. Test sinovlari Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan Akademiya hududida oʻtkaziladi.
28. Test sinovlari har yili iyul-avgust oylarida, qoida tariqasida, kuniga ikki smenada oʻtkaziladi. Test sinovlarini oʻtkazishning aniq sanasi va joyi Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan Akademiya bilan kelishilgan holda belgilanadi.
Bunda test sinovlari shartnoma asosida (test sinovida ishtirok etishi belgilangan har bir talabgor uchun bazaviy hisoblash miqdorining yarim baravari miqdorida) nomzodlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Bilim va malakalarni baholash agentligiga taqdim etilgandan soʻng 20 ish kuni ichida oʻtkaziladi.
Test sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Akademiyaning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
29. Test sinovlari natijalari 100 ballik baholash tizimi boʻyicha amalga oshiriladi. Test sinovlarining natijalari Bilim va malakalarni baholash agentligi direktori tomonidan imzolanib, belgilangan shaklda Akademiyaga taqdim etiladi.
Test sinovlari natijalariga koʻra 56 balldan kam ball toʻplagan nomzodlar keyingi bosqichga oʻtkazilmaydi.
30. Nomzodlarning test sinovlari natijalari boʻyicha shikoyatlari natijalar eʼlon qilingan sanadan boshlab uch ish kuni ichida Akademiya tomonidan qabul qilinadi hamda Bilim va malakalarni baholash agentligiga taqdim etiladi.
Shikoyatni koʻrib chiqish muddati Akademiya tomonidan shikoyatlar Bilim va malakalarni baholash agentligiga taqdim etilgan sanadan boshlab uch ish kunidan oshmasligi lozim.
6-bob. Nomzodlarni suhbatdan oʻtkazish tartibi
31. Nomzodlar bilan suhbat Akademiya rektorining buyrugʻiga asosan vazirlik va idoralar, jamoat tashkilotlari, yetakchi professor-oʻqituvchilar va mustaqil ekspertlardan (kamida 7 kishidan) iborat tarkibda tuziladigan tanlov komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi.
32. Suhbat davomida nomzodlarning iqtisodiy bilimlari va huquqiy savodxonligi, shuningdek, boshqaruv va liderlik xususiyatlari, jamoa bilan ishlash, strategik va tahliliy fikrlash qobiliyatlari, moslashuvchanligi, tashabbuskorligi va innovatsion yondashuvi, loyihaviy boshqaruv va notiqlik mahorati boʻyicha koʻnikmalari baholanadi.
33. Suhbat jarayoni shaffof va adolatli oʻtkaziladi. Suhbat jarayonlari videotasvirga yozib olinadi.
Suhbat natijalari 100 ballik tizimda baholanadi. Suhbat tanlov komissiyasi tomonidan yakka tartibda, har bir nomzod bilan alohida oʻtkaziladi. Nomzodning bilim va kompetensiyalari quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
iqtisodiy bilimlari va huquqiy savodxonligi (20 ball);
boshqaruv (shu jumladan, loyihaviy boshqaruv) va liderlik xususiyatlari, jamoa bilan ishlash koʻnikmalari (20 ball);
strategik va tahliliy fikrlash qobiliyatlari (20 ball);
moslashuvchanligi, tashabbuskorligi va innovatsion yondashuvi (20 ball);
notiqlik mahorati (20 ball).
34. Suhbat boʻyicha nomzodlarning yakuniy natijalari tanlov komissiyasining har bir aʼzosi tomonidan qoʻyilgan ballarni qoʻshgan holdagi oʻrtachasidan kelib chiqib aniqlanadi.
Suhbat yakuniga koʻra tanlov komissiyasi tomonidan nomzodlarning ballarini koʻrsatgan holda tegishli bayonnoma tuzadi va belgilangan tartibda qabul komissiyasiga taqdim etadi.
Suhbat natijalari haqidagi maʼlumotlar Akademiyaning rasmiy veb-sayti, shuningdek elektron platformalardagi rasmiy kanallariga joylashtiriladi.
35. Akademiya magistratura mutaxassisliklariga qabul qilishning yakuniy natijalari qabul komissiyasi tomonidan nomzodning test sinovi hamda suhbat natijasida olgan ballarning qoʻshgan holdagi umumiy balldan kelib chiqib, eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning davlat granti boʻyicha birinchi navbatda qabul qilinish huquqi taʼminlanadi. Qolgan nomzodlar ballar reytingi asosida Akademiyaning qabul parametrlarida belgilangan toʻlov-kontrakt kvotalari doirasida qabul qilinish huquqiga egadirlar.
36. Nomzodlarning test sinovlari va suhbatdan takroran oʻtishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
7-bob. Nomzodlarning shikoyatlarini koʻrib chiqish tartibi
37. Suhbat natijalari boʻyicha nomzodlarning shikoyatlari, ular eʼlon qilingan sanadan boshlab ikki ish kuni ichida Akademiyaga yozma shaklda taqdim etiladi.
38. Akademiyada rektorning buyrugʻi bilan apellyatsiya komissiyasi tuziladi.
Apellyatsiya komissiyasining tarkibi tanlov komissiyasi ishida ishtirok etmagan shaxslardan tuziladi.
39. Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni shikoyat berilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqadi va qaror qabul qilingan kuni nomzodni shikoyat qanoatlantirilgan yoki rad etilganligini koʻrsatgan holda, yozma ravishda xabardor qiladi.
Bunda Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni koʻrib chiqish natijalariga koʻra quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
shikoyatni asoslangan deb hisoblash hamda uni qanoatlantirish;
shikoyatni asossiz deb hisoblash hamda uni qanoatlantirishni rad etish.
40. Nomzod murojaatni koʻrib chiqishda shaxsan ishtirok etish huquqiga ega.
8-bob. Nomzodlarni Akademiya tinglovchilari safiga qabul qilish tartibi
41. Qabul komissiyasi qarori bilan davlat buyurtmasi boʻyicha davlat granti asosida oʻqishga tavsiya etilgan nomzodlarni Akademiya tinglovchiligiga qabul qilish rektorning buyrugʻi bilan amalga oshiriladi.
42. Toʻlov-kontrakt asosida magistratura mutaxassisligi tinglovchiligiga qabul qilish qonunchilik hujjatlariga muvofiq Akademiya, tinglovchi va buyurtmachi tashkilot oʻrtasidagi shartnoma tuzilgandan soʻng rektor buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.
43. Toʻlov-kontrakt asosida Akademiya tinglovchiligiga qabul qilish uchun tavsiya etilgan nomzodlar shartnomada belgilangan muddatlarda toʻlovni amalga oshirishi lozim.
9-bob. Yakunlovchi qoida
44. Mazkur Nizomning talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasining magistraturasiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi magistraturasiga davlat buyurtmasi boʻyicha davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida qabul qilish
Bosqishlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati . 1-bosqich Davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik)ning xatiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi (keyingi oʻrinlarda — Akademiya)ga davlat buyurtmasi boʻyicha qabulni tashkil etish va oʻtkazish uchun nomzodlarni birlamchi saralab olish boʻyicha idoraviy komissiya (keyingi oʻrinlarda — Idoraviy komissiya) tuzadi. Har yili 1-fevralga qadar . 2-bosqich Idoraviy komissiya 1. Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish uchun hududlarning, iqtisodiyot tarmoqlari va tashkilotlarning boshqaruv kadrlariga boʻlgan joriy va istiqboldagi talab va ehtiyojlarni oʻrganib chiqadi va nomzodlar roʻyxatini shakllantiradi. 2. Akademiyada davlat buyurtmasiga asosan magistratura mutaxassisliklariga qabul qilish uchun nomzodlarning roʻyxati, ularning har biriga alohida tavsiyanoma hamda hujjatlari toʻplamini elektron shaklda Agentlikka taqdim etadi. Har yili 1-mayga qadar Nomzod Ochiq tanlov asosida Akademiyaning magistratura mutaxassisliklariga kirmoqchi boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar Akademiyaning rasmiy veb-sayti orqali hujjat topshiradi. Har yili 1-maydan 1-iyunga qadar . 3-bosqich Agentlik 1. Davlat buyurtmasi boʻyicha nomzodlarni dastlabki tarzda saralab olishni tashkil etish va oʻtkazish uchun maxsus komissiya tuzadi. 2. Dastlabki saralash natijalari asosida kvota boʻyicha har bir oʻringa kamida besh nafardan nomzodlar roʻyxati hamda ularning hujjatlarini Akademiyaga yuboradi. Har yili 1-iyunga qadar . 4-bosqich Akademiya 1. Magistraturaga qabulni tashkil etish, test sinovlari va suhbat oʻtkazish uchun tegishli oʻquv yili uchun qabul komissiyasini tuzadi. 2. Test sinovlari va suhbatlar oʻtkazish sanasi toʻgʻrisida Akademiyaning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi. Test sinovlari va suhbatlar oʻtkaziladigan sanadan kamida yetti kun oldin . 5-bosqich Akademiya, Bilim va malakalarni baholash agentligi Akademiyada magistratura mutaxassisliklariga davlat buyurtmasi boʻyicha tanlov ikki bosqichda: birinchi bosqich — nomzodlarni fanlarni bilish darajasini aniqlash boʻyicha test sinovlari; ikkinchi bosqich — nomzodlarning koʻnikmalarini baholash boʻyicha suhbat shaklida oʻtkaziladi. Har yili iyul-avgust oylarida . 6-bosqich Akademiyaning Qabul komissiyasi Nomzodning test sinovi hamda suhbat natijasida olgan ballarning qoʻshgan holdagi umumiy balldan kelib chiqib, eng yuqori ball toʻplagan nomzodlarning ketma-ketligiga asosan qabul qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va oʻqishga tavsiya etilgan nomzodlar roʻyxatini Akademiya rektoriga taqdim etadi. Besh ish kuni ichida . 7-bosqich Akademiya Davlat buyurtmasi boʻyicha davlat granti asosida oʻqishga tavsiya etilgan nomzodlarni Akademiya tinglovchiligiga qabul qilish toʻgʻrisida rektorning buyrugʻi rasmiylashtiriladi. Har yili 15-sentabrga qadar Toʻlov-kontrakt asosida magistratura mutaxassisligi tinglovchiligiga qabul qilish toʻgʻrisida rektor buyrugʻi chiqariladi. Har yili 1-oktabrga qadar, shartnoma tuzilgandan soʻng
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasining magistraturasiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi magistraturasiga ochiq tanlov asosida oʻqishga kirish uchun
I. Ariza beruvchi haqidagi maʼlumotlar F.I.O. Biometrik pasporti (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) seriyasi va raqami Fuqaroligi Telefon raqami Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) II. Ariza beruvchining oʻqigan oliy taʼlim muassasasi va ish joyi boʻyicha maʼlumotlar Oʻqigan oliy taʼlim muassasasining nomi Oʻqigan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi shifri va nomi Bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va/yoki Magistratura mutaxassisliklari boʻyicha oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom va ularning ilovasi nusxalari Xorijiy davlatda oliy taʼlim olganlik toʻgʻrisidagi hujjatni tan olish haqidagi guvohnoma nusxasi (xorijiy davlatdagi oliy taʼlim tashkilotini tugatgan ariza beruvchilar uchun) Ikki yillik mehnat staji toʻgʻrisida maʼlumot (my.gov.uz hamda my.mehnat.uz portallaridan olinadi) III. Ariza beruvchi kirish istagini bildirgan magistratura mutaxassisligi va xorijiy til sertifikati haqidagi maʼlumotlar Magistratura mutaxassisligi shifri va nomi Xorijiy til sertifikati
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-avgustdagi 541-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi magistratura va qayta tayyorlash kurslariga xorijiy davlatlar fuqarolarini qabul qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi (keyingi oʻrinlarda — Akademiya) magistratura va qayta tayyorlash kurslariga xorijiy davlatlar fuqarolarini oʻqishga qabul qilish tartibini va ularning huquqiy maqomini belgilaydi.
2. Akademiyaning magistratura va qayta tayyorlash kurslariga xorijiy davlatlar fuqarolarini (keyingi oʻrinlarda — xorijiy fuqarolar) oʻqishga qabul qilish va oʻqitish Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuni, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Istiqbolli kadrlarni maqsadli tayyorlash hamda ularni davlat boshqaruvi va xizmatiga samarali jalb etish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 5-maydagi PF-78-son Farmoni , Vazirlar Mahkamasining “Xorijiy fuqarolarni Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish va oʻqitish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2008-yil 8-avgustdagi 169-son qaroriga hamda ushbu Nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
3. Akademiyaning magistratura va qayta tayyorlash kurslarida xorijiy fuqarolarni oʻqitish davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablariga muvofiq faqat toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi va oʻqishni tugatgandan keyin belgilangan davlat namunasidagi diplom beriladi.
4. Xorijiy fuqarolar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasining magistraturasiga qabul tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan magistratura taʼlim dasturlariga;
geosiyosat, global xavfsizlik, barqaror rivojlanish, loyiha boshqaruvi kabi yoʻnalishlarda va boshqa sohalar boʻyicha bilim va malakalarini oshirishga qaratilgan qayta tayyorlash kurslariga qabul qilinadi.
5. Akademiyada xorijiy fuqarolarni oʻqitish tegishli taʼlim dasturlarida nazarda tutilgan tillarda olib boriladi.
6. Akademiya xorijiy fuqarolarning magistratura va qayta tayyorlash kurslariga qabul qilishga oid hujjatlarini elektron shaklda Akademiyaning rasmiy veb-sayti orqali qabul qiladi.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Akademiyani viza talabnomalariga binoan, xorijiy fuqarolarga Oʻzbekiston Respublikasi kirish vizalari belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlaydi.
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Akademiyaning buyurtmanomasiga binoan, belgilangan tartibda xorijiy fuqarolarga vizalar muddatini uzaytirishni, shuningdek, ularning vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinishi va uning muddati uzaytirilishini taʼminlaydi.
8. Xorijiy fuqarolarni toʻlov-kontrakt asosida magistratura va qayta tayyorlash kurslariga qabul qilish qonunchilik hujjatlariga muvofiq Akademiya va yuridik yoki jismoniy shaxslar oʻrtasidagi shartnoma tuzilgandan soʻng rektor buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.
Toʻlov-kontrakt asosida Akademiya tinglovchiligiga qabul qilish uchun tavsiya etilgan xorijiy fuqarolar shartnomada belgilangan muddatlarda toʻlovni amalga oshirishlari lozim.
2-bob. Xorijiy fuqarolarni magistratura va qayta tayyorlash kurslariga qabul qilish tartibi
9. Xorijiy fuqarolarni Akademiyaning magistratura va qayta tayyorlash kurslariga oʻqishga qabul qilish Akademiya rektorining buyrugʻi bilan tegishli oʻquv yili uchun tuzilgan qabul komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — qabul komissiyasi) tomonidan amalga oshiriladi.
10. Akademiyaga xorijiy fuqarolarni magistratura va qayta tayyorlash kurslariga qabul qilish:
xorijiy fuqarolarning arizasi;
Akademiyaning mustaqil ravishda xorijiy fuqarolarni jalb etish tashabbuslari asosida amalga oshiriladi.
11. Xorijiy fuqarolar Akademiyaga oʻqishga kirish uchun quyidagi hujjatlarni elektron shaklda taqdim etadi:
ariza (Application Forms);
motivatsion xat;
oliy maʼlumoti haqidagi hujjatlari nusxalari;
rezyume;
sogʻligʻi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosa;
milliy pasport.
Ushbu bandning toʻrtinchi , yettinchi xatboshilaridagi hujjatlar xorijiy davlat vakolatli idoralari tomonidan berilgan va legallashtirilgan yoki apostil qoʻyilgan yoxud Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalariga muvofiq rasmiylashtirilgan boʻlishi lozim.
12. Xorijiy fuqarolar magistratura yoki qayta tayyorlash kurslariga qabul qilinishi uchun kamida bakalavr darajasidagi (yoki unga tenglashtirilgan darajadagi) diplomga ega boʻlishi kerak.
13. Xorijiy fuqarolarning tegishli taʼlim dasturlarida nazarda tutilgan tilni bilish darajasi, xorijiy tillarni belgilovchi milliy va xalqaro tan olingan sertifikatlar boʻyicha B2 va undan yuqori darajada boʻlishi talab etiladi.
14. Akademiyada xorijiy fuqarolarning magistratura va qayta tayyorlash kurslarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish qiymati Akademiyaning Vasiylik kengashi tomonidan belgilanadi.
15. Xorijiy fuqarolar Akademiyaning magistraturasi yoki qayta tayyorlash kurslariga belgilangan tartibda oʻtkaziladigan suhbat (keyingi oʻrinlarda — suhbat), shu jumladan, motivatsion xatning mazmunini baholash natijasidan kelib chiqib qabul qilinadi.
16. Suhbat jarayoni shaffof va adolatli oʻtkaziladi hamda jarayon videotasvirga yozib olinadi.
17. Xorijiy fuqarolarning suhbatdan oʻtishi majburiy hisoblanadi.
Xorijiy fuqarolar bilan suhbat bevosita yoki zaruratga koʻra masofaviy (onlayn) tarzda amalga oshiriladi.
18. Suhbat dastlab xorijiy fuqaroning motivatsion xatini koʻrib chiqishdan boshlanadi hamda uning boshqaruv va liderlik xususiyatlari, jamoa bilan ishlash koʻnikmalari, strategik va tahliliy fikrlash qobiliyatlari, moslashuvchanligi, tashabbuskorligi va innovatsion yondashuvi, notiqlik mahorati baholanadi.
Bunda motivatsion xat xorijiy fuqaro tomonidan shaxsan yoziladi. Unda oʻzini tanishtiradi, tajriba va qiziqishlar, oʻqigan hamda ishlagan joylari haqida maʼlumot beradi, tanlagan sohasini asoslantiradi.
Motivatsion xat tartibli va aniq tuzilishi, kirish, asosiy qism va xulosadan iborat boʻlishi hamda bir sahifadan oshmasligi talab etiladi.
Motivatsion xat tegishli taʼlim dasturlarida nazarda tutilgan xorijiy til meʼyorlari va qoidalariga amal qilgan holda izchil, mantiqiy va bir-birini toʻldiradigan tarzda ifodalanadi.
19. Xorijiy fuqarolar bilan suhbat Akademiya rektorining buyrugʻi bilan tuziladigan suhbat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — suhbat komissiyasi) tomonidan oʻtkaziladi.
Suhbat komissiyasi oʻz faoliyatini kollegiallik, oshkoralik, xolislik va betaraflik prinsiplari asosida amalga oshiradi.
Suhbat komissiyasi tarkibiga Akademiya xodimlari bilan bir qatorda boshqa tashkilotlarning vakillari ham ularning rahbarlari bilan kelishilgan holda kiritilishi mumkin.
20. Suhbat natijalari 100 ballik tizimda baholanadi. Suhbat jarayoni suhbat komissiyasi tomonidan yakka tartibda, har bir xorijiy fuqaro bilan alohida oʻtkaziladi.
21. Suhbatda xorijiy fuqaroning bilim va kompetensiyalari quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
motivatsion xat mazmuni (20 ball);
boshqaruv (shu jumladan, loyihaviy boshqaruv) va liderlik xususiyatlari, jamoa bilan ishlash koʻnikmalari (20 ball);
strategik va tahliliy fikrlash qobiliyatlari (20 ball);
moslashuvchanligi, tashabbuskorligi va innovatsion yondashuvi (20 ball);
notiqlik mahorati (20 ball).
22. Xorijiy fuqaro suhbatga kelmagan hollarda 0 ball qoʻyiladi.
23. Suhbat boʻyicha xorijiy fuqaroning yakuniy natijalari suhbat komissiyasining har bir aʼzosi tomonidan qoʻyilgan ballarni qoʻshgan holdagi oʻrtachasidan kelib chiqib aniqlanadi.
Xorijiy fuqaro 70 ball va undan yuqori ball toʻplaganda suhbatdan oʻtgan hisoblanadi.
Bunda suhbatdan oʻtgan xorijiy fuqarolar roʻyxati ular tomonidan toʻplangan ballar asosida reyting tizimiga muvofiq aniqlanadi hamda eng yuqori ball toʻplagan xorijiy fuqarolar ketma-ketlikda Akademiyaning qabul parametrlarida belgilangan toʻlov-kontrakt kvotalari doirasida oʻqishga qabul qilinadi.
24. Suhbat yakunlari boʻyicha suhbat komissiyasi tomonidan xorijiy fuqarolarning ballarini koʻrsatgan holda tegishli bayonnoma tuziladi va belgilangan tartibda qabul komissiyasiga taqdim etiladi.
25. Suhbat natijalari boʻyicha qabul komissiyasining qarori qabul qilinadi. Mazkur qaror Akademiya rektorining xorijiy fuqarolarni magistratura va (yoki) qayta tayyorlash kurslariga oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida buyruq chiqishi uchun asos boʻladi.
26. Xorijiy fuqarolarning suhbatdan takroran oʻtishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
27. Suhbat natijalari haqidagi maʼlumotlar Akademiyaning rasmiy veb-sayti, elektron platformalardagi rasmiy kanallariga joylashtiriladi, shuningdek xorijiy fuqarolarning oʻziga elektron pochta orqali yuboriladi.
28. Suhbat natijalari boʻyicha qabul komissiyasining qarori qabul qilinganidan soʻng, xorijiy fuqarolar Oʻzbekiston Respublikasiga kelgandan keyin uch kun ichida ushbu Nizomning 11-bandida belgilangan hujjatlarning asl nusxalarini taqdim etishi kerak.
Taqdim etilgan hujjatlar qabul komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi.
29. Suhbat natijalari boʻyicha xorijiy fuqarolarning shikoyatlari, ular eʼlon qilingan sanadan boshlab ikki ish kuni ichida Akademiyaga yozma, shu jumladan, elektron shaklda taqdim etiladi.
Akademiya rektorning buyrugʻi bilan apellyatsiya komissiyasi tuziladi. Apellyatsiya komissiyasi suhbat komissiyasi ishida ishtirok etmagan shaxslardan iborat tarkibda tuziladi.
30. Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni shikoyat berilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqadi va qaror qabul qilingan kuni xorijiy fuqaroni shikoyat qanoatlantirilgan yoki rad etilganligini koʻrsatgan holda, yozma ravishda xabardor qiladi.
Bunda Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni koʻrib chiqish natijalariga koʻra quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
shikoyatni asoslangan deb hisoblash hamda uni qanoatlantirish;
shikoyatni asossiz deb hisoblash hamda uni qanoatlantirishni rad etish.
31. Oʻqishga qabul qilingan xorijiy fuqarolar oʻz hisobidan belgilangan tartibda tibbiy tekshiruvdan oʻtadi hamda hayoti va sogʻligʻini tibbiy sugʻurta qildiradi.
Bunda xorijiy fuqarolarni oʻqishga qabul qilish uchun ruxsat berilmaydigan kasalliklar roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlangan tartib asosida belgilanadi.
3-bob. Xorijiy fuqarolarni Akademiya tinglovchilari safiga qabul qilish tartibi
32. Xorijiy fuqarolar toʻlov-kontrakt asosida magistratura mutaxassisligi yoki qayta tayyorlash kurslariga tinglovchiligiga qabul qilish qonunchilik hujjatlariga muvofiq Akademiya va xorijiy fuqaro (tegishli hollarda buyurtmachi yoki homiy tashkilot bilan) oʻrtasidagi shartnoma tuzilgandan soʻng hamda mazkur Nizomning 11 , 31 va 33-bandlarida belgilangan shartlar toʻliq bajarilgan taqdirda rektor buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.
33. Akademiya tinglovchiligiga qabul qilish uchun tavsiya etilgan nomzodlar shartnomada belgilangan muddatlarda toʻlovni amalga oshirishi lozim.
4-bob. Akademiyada taʼlim olayotgan xorijiy fuqarolarning huquqlari va majburiyatlari
34. Akademiyada taʼlim olayotgan xorijiy fuqarolar quyidagi huquqlarga ega:
Akademiya, dekanat, kafedra, markazlarning ilmiy-tadqiqot ishlarida, tinglovchilarning ilmiy jamiyatlari va toʻgaraklarida qatnashish;
biriktirilgan kafedradagi professor-oʻqituvchilardan ilmiy-uslubiy faoliyat, magistr ishlari va boshqa ilmiy tadqiqotlar yuzasidan maslahatlar soʻrash;
kutubxona, sport kompleksi, tinglovchilar mehmonxonasidan foydalanish;
dam olishning uyushtirilgan turlarida qatnashish.
35. Akademiyada taʼlim olayotgan xorijiy fuqarolar quyidagilarga majbur:
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qilish, mahalliy urf-odat va anʼanalarga hurmat bilan munosabatda boʻlish, respublikada xorijiy fuqarolarning boʻlishi va harakatlanishi boʻyicha belgilangan qoidalarni bajarish;
intizomga rioya qilish, mashgʻulotlarga qatnashish, oʻquv rejalari va dasturlarida nazarda tutilgan oʻquv va ishlab chiqarish ishlarining barcha turlarini bajarish, imtihon va sinovlarni belgilangan muddatlarda topshirish;
Akademiya va tinglovchilar mehmonxonasining ichki tartib-qoidalarini bilish va amal qilish;
Akademiya rahbariyatining buyruq va koʻrsatmalarini bajarish.
36. Oʻqishda oʻzlashtirmaslik, intizomni, Akademiya ichki tartib-qoidalarini buzganlik, toʻlov-kontrakt shartnomasini bajarmaganlik uchun, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining normativ-huquqiy hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa sabablarga koʻra xorijiy fuqaro boʻlgan tinglovchilarga nisbatan Akademiya tinglovchilari safidan chiqarib yuborishgacha boʻlgan tegishli choralar koʻrilishi mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasi hududida boʻlish qoidalarini buzganlik uchun ular belgilangan tartibda respublika hududidan chiqarib yuboriladi.
Oʻqish uchun kelgan xorijiy fuqarolarning zarur mablagʻlari boʻlmagan taqdirda, ularni Oʻzbekiston Respublikasidan chiqarib yuborish boʻyicha xarajatlar Akademiya tomonidan amalga oshiriladi.
37. Oʻzbekiston Respublikasi hududida jinoyat sodir etgan xorijiy fuqarolar, agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga binoan javobgarlikka tortiladi.
38. Oʻqishni tugatgan yoki roʻyxatidan oʻchirilgan xorijiy fuqarolar bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketishi shart (Oʻqishni muvaffaqiyatli tugatgan xorijiy fuqarolar, Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yuritayotgan tashkilotlarida belgilangan tartibda ishga qabul qilinishi mumkin).
Tinglovchilar safidan chiqarilgan xorijiy fuqarolar belgilangan muddat va tartibda Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqariladi.
39. Akademiyada oʻquv yili va taʼtillarning boshlanish va tugash vaqti, ularning davom etish muddati Akademiyaning muayyan oʻquv rejalariga muvofiq belgilanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
40. Akademiyaga oʻqishga kirish istagini bildirgan xorijiy fuqarolar mazkur Nizom bilan tanishtirilishi va ular ushbu talablarni bajarishi toʻgʻrisida oʻz majburiyatlarini yozma yoki elektron ravishda tasdiqlashi kerak.
41. Mazkur Nizomning talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 27-avgust,
541-son