📅 2025-yil 28-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 28-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 28 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 августа 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 August 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикасида сув хўжалиги балансларини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида» 2024 йил 7 майдаги ПФ-74-сон Фармонига мувофиқ сув хўжалиги балансини тузиш ишларини йўлга қўйиш ҳамда Давлат сув кадастрини юритишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида сув хўжалиги балансларини тузиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
дарёлар ҳавзалари сув хўжалиги балансларини тузиш ва улардан фойдаланиш тартиби;
ирригация тизимлари ҳавзалари сув хўжалиги балансларини тузиш ва улардан фойдаланиш тартиби;
иқтисодий минтақалар бўйича сув хўжалиги балансларини тузиш ва улардан фойдаланиш тартиби;
Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини тузиш ва ундан фойдаланиш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 апрелга қадар сув хўжалиги балансларини тузиш учун реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини берувчи электрон платформанинг ишга туширилишини таъминласин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 августдаги 545-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида сув хўжалиги балансларини тузиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида сув хўжалиги балансларини тузиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
дарёлар ҳавзалари сув хўжалиги баланслари — дарё ҳавзасида кутилаётган ва чиқиб кетадиган сув миқдори, сув хўжалигининг жорий ҳолати ҳамда ҳавзадаги сувга бўлган умумий талаб;
ирригация тизимлари ҳавзалари сув хўжалиги баланслари — ирригация тизими ҳавзасида кутилаётган ва чиқиб кетадиган сув миқдори, сув хўжалигининг жорий ҳолати ҳамда ҳавзадаги сувга бўлган умумий талаб;
иқтисодий минтақалар бўйича сув хўжалиги баланслари — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудида кутилаётган ва чиқиб кетадиган сув миқдори, ерости сув ресурсларининг мавжуд захираси, сув хўжалигининг жорий ҳолати ҳамда ҳудуддаги ишлатилиши режалаштирилган сув ресурслари миқдори;
сув объекти — сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ҳамда белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек, коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ерости сувли қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек, булоқлар ва бошқа объектлар;
сув ресурслари — фойдаланиладиган ёки фойдаланилиши лозим бўлган сув объектлари сувлари;
сувдан фойдаланиш — юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
сувдан фойдаланувчи — сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;
сув хўжалиги объекти — сув ресурсларини тўплаш, бошқариш, етказиб бериш, улардан фойдаланиш, уларни истеъмол қилиш, ажратиб бериш ва муҳофаза қилиш мақсадида сув хўжалиги фаолияти амалга ошириладиган сув объекти;
ягона сув хўжалиги баланси — мамлакат ҳудудига ерусти сув объектлари орқали кириб келадиган ва чиқиб кетадиган ҳамда республика ҳудудида ишлатилиши режалаштирилган сув ресурслари миқдори, тоғлардаги музликлар ва қор захиралари, шунингдек, сув омборларидаги, кўллардаги, сув ҳавзаларидаги, ерости сув ресурсларининг мавжуд захираси тўғрисида келгуси гидрологик йил (вегетация ва кузги-қишки давр) учун тайёрланган ҳамда умумлаштирилган маълумотлар мажмуи.
3. Сув хўжалиги баланслари қуйидаги мақсадларда фойдаланиш учун тузилади:
сув ресурсларини самарали бошқариш, сувнинг танқис ёки ортиқча бўлиш ҳолатларининг олдини олиш, сувга бўлган талаб ва сув таъминоти ўртасидаги мувозанатни сақлаш, сув билан таъминланганлик даражаси юқори бўлган манбалардан сув танқис бўлган ҳудудларга йўналтириш;
сувдан фойдаланишни жорий ва истиқболли режалаштириш ҳамда сувни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
сувдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги, транспорт воситалари, саноат корхоналари ва иншоотлари, ишлаб чиқариш қувватларини тўғри жойлаштириш;
сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш схемаларини ишлаб чиқиш;
сув хавфсизлигини таъминлаш, сув тошқини, қурғоқчилик билан боғлиқ хавфларнинг ва сувнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уни бартараф қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
жорий қилинадиган сувни тежайдиган суғориш технологияларининг турлари ва суғориш усулларини белгилаш;
сувдан фойдаланишни режалаштириш ва сувни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.
4. Сув хўжалиги баланслари қуйидаги турларга ажратилади:
дарёлар ҳавзаларининг сув хўжалиги баланслари;
ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги баланслари;
иқтисодий минтақалар (кейинги ўринларда — ҳудудлар) сув хўжалиги баланслари;
Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги баланси.
5. Сув хўжалиги балансларини тузишда ҳудудлардаги барча сув ресурслари миқдори ва сувдан фойдаланувчиларнинг сувга бўлган талаби тўлиқ ҳисобга олиниши шарт.
6. Сув хўжалиги баланси ушбу Низомга иловага мувофиқ схемада тузилади.
2-боб. Сув хўжалиги балансини тузиш
1-§. Сув хўжалиги балансининг мазмуни
7. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар сув хўжалиги балансларини тузиш, уни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади.
8. Сув хўжалиги баланслари сув ресурсларининг мавжуд миқдори, сувга бўлган талаб, сув ресурслари тақсимоти, уларнинг тақчиллиги ёки ортиқча миқдорини кўрсатадиган жадвалларда ишлаб чиқилади.
Ишлаб чиқилган жадваллар асосида тузилган графиклар махсус тушунтириш қисмлари бўлган йиғма ҳисобот кўринишида баён қилинади ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга электрон шаклда юборилади.
9. Сув хўжалиги балансларини тузиш учун зарур гидрологик (дарёлар, кўллар, сув омборлари ва ерости сувлари миқдори) ва метеорологик (ёғингарчилик, ҳаво ҳарорати, буғланиш ва намлик) маълумотлар ҳамда сувдан фойдаланувчиларнинг сувга бўлган талаби ваколатли орган билан келишилган шакллардаги жадвалларда ифодаланади.
10. Қуйидагилар сув хўжалиги баланслари маълумотларини шакллантирувчи ташкилотлар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги — мамлакат ҳудудига қўшни давлатлардан кириб келадиган ва мамлакат ўз ҳудудида шаклланадиган сув ресурслари тўғрисида маълумотлар, шунингдек, кутиладиган ёғингарчиликлар миқдори ва ҳаво ҳарорати тўғрисидаги маълумотларни;
Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги — мамлакат бўйича ҳудудлар кесимида ерости сувларининг мавжуд захираси, иқтисодиёт тармоқларининг ер остидан олинадиган сувга бўлган талаби тўғрисидаги маълумотларни;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги — сув ресурсларини бошқариш, тақсимлаш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар ва сув объектлари кесимида уларнинг сувга бўлган талаби тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради.
11. Сув хўжалиги балансларини тузиш бўйича маълумотлар шакллари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан тасдиқланади.
Сув хўжалиги балансларини тузиш бўйича маълумотлар электрон онлайн шаклда юритилади ва уларнинг базаси шакллантириб борилади.
12. Сув хўжалиги балансларини ишлаб чиқишда:
барча тоифадаги сувдан фойдаланувчиларнинг яқин келажак (1 йиллик ва/ёки 3 — 5 йиллик) учун сувга бўлган талаби аниқланади ҳамда сувдан фойдаланишнинг устувор йўналишлари белгиланади;
дарёлар, сув омборлари, ерости сувлари ва бошқа манбаларнинг жорий ҳажми, шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланишда экологик мувозанатни сақлаш учун мақбул даражани ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларининг мавжуд миқдори баҳоланади;
сув ресурсларининг мавжудлигига таъсир қилиши мумкин бўлган мавсумий ва сув объектларида мавсум давомида кузатиладиган сув оқими миқдорининг ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда сув оқимининг мавсумий ва ҳудудий ўзгаришлари таҳлил қилинади;
қўшни мамлакатлар, вилоятлар ёки бошқа дарё ҳавзаларидан сув олиш эҳтиёжлари ва имкониятлари баҳоланади;
сув ресурсларининг миқдори баҳоланади ҳамда сувга бўлган талаб ва унинг мавжуд миқдори ўзаро солиштирилади, натижалар жадвал кўринишида ифодаланади;
ҳисоб-китоблар натижасида сув ресурсларининг етишмаслиги аниқланса, етишмаётган сув миқдорини қоплашнинг мумкин бўлган вариантлари ишлаб чиқилади;
агар маълум бир ҳудудлар ёки фаслларда сув ресурсларининг ортиқча миқдори аниқланса, уларни йиғиб сақлаш ҳамда қайта тақсимлаш ёки сув етишмаётган бошқа ҳавза ва ҳудудларга йўналтириш имкониятлари баҳоланади.
13. Дарё ҳавзалари ёки айрим ҳудудлар бўйича тузилган сув хўжалиги баланслари маълумотлари асосида дарё ҳавзаси ёки тегишли ҳудудни ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади ҳамда тегишли тадбирлар режалаштирилади. Жумладан:
сув ресурсларини бошқариш бўйича тегишли тавсиялар (сув танқислиги ва ортиқча сув бўлган ҳолатларни таҳлил қилиш асосида ундан оқилона фойдаланиш, инфратузилмани модернизация қилиш, тозалаш иншоотлари ишини яхшилаш ва оқова сувларни утилизация қилиш) ишлаб чиқилади;
сув ресурсларини муҳофаза қилиш тадбирлари (сув сифатини сақлаш ва яхшилаш, сув объектлари ифлосланишининг олдини олиш, табиий сув ҳавзаларини тиклаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш) режалаштирилади;
сув балансини бузиши мумкин бўлган қурғоқчилик, сув тошқини ва бошқа табиий ҳодисаларга тайёргарликни ўз ичига олган фавқулодда ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. Бунда сув ресурсларини тезкор тақсимлаш ва сув танқислигининг олдини олиш чоралари назарда тутилади.
2-§. Дарёлар ва ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги балансларини тузиш
14. Дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги баланслари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда магистраль тизимлардан фойдаланиш бошқармалари томонидан ўз ҳудудларида жойлашган дарё ёки ирригация тизимлари ҳавзалари бўйича тузилади.
15. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари сўровларига асосан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда тегишли ташкилотлар дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги балансларини тузиш учун зарур бўладиган маълумотларни келишилган шаклларда тақдим этади.
16. Дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги балансларини тузишда ушбу объектларда кутилаётган сув миқдори, сувга бўлган талаб, сув хўжалигининг жорий ҳолати ҳамда сув ресурсларининг ҳавзадаги сувга бўлган талабини қаноатлантириш учун етарлилиги баҳоланади.
17. Дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги баланслари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган Ҳавза сув кенгаши (кейинги ўринларда — Ҳавза сув кенгаши) йиғилишида муҳокама қилинади ва тасдиқланади.
Вилоятлараро йирик дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги баланслари Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган Республика сув кенгашида (кейинги ўринларда — Республика сув кенгаши) кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
3-§. Ҳудудларнинг сув хўжалиги балансларини тузиш
18. Ҳудудларнинг сув хўжалиги баланслари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан ўзлари хизмат кўрсатадиган ҳудудлар (туманлар ва шаҳарлар) бўйича тузилади.
19. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари сўровига асосан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда тегишли ташкилотлар ҳудудларнинг сув хўжалиги балансларини тузиш учун зарур бўладиган маълумотларни келишилган шакллар асосида тақдим қилиши лозим.
20. Ҳудудларнинг сув хўжалиги балансларини тузишда кутилаётган сув миқдори, сув омборларидаги ва ерости сув ресурсларининг мавжуд сув захираси, сувга бўлган талаб ва уни қаноатлантириш учун етарлилиги, шунингдек, яқин келажак (1 йиллик ва/ёки 3 — 5 йиллик) учун сув хўжалиги мажмуасини ривожлантириш имкониятлари баҳоланади.
21. Ҳудудларнинг сув хўжалиги баланслари Ҳавза сув кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади ва тасдиқланади.
4-§. Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини тузиш
22. Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги баланси дарё ҳавзаларининг (вилоятлараро ва йирик ирригация тизимлари, шунингдек, каналлар ҳавзаларининг) ҳамда ҳудудларнинг сув хўжалиги баланслари асосида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тузилади.
Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини тузишда Орол денгизи ҳавзасидаги давлатлар билан давлатлараро келишувлар асосида белгиланган сув олиш лимитлари доирасида трансчегаравий сув объектларининг (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари ҳамда кичик дарё ва сойлар, уларнинг ирмоқлари ва каналларининг) сув ресурслари тўлиқ ҳисобга олиниши лозим.
23. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини тузиш учун зарур бўладиган гидрологик, метеорологик ва сувдан фойдаланувчиларнинг сувга бўлган талаби тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили 1 октябрга қадар Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади.
24. Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини ишлаб чиқишда ҳудудларнинг трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиладиган қисмларида ушбу ҳудудларнинг қўшни давлатлардан оладиган ва қўшни давлатларга етказиб берадиган сув миқдори, мамлакат ҳудудида жойлашган сув омборлари ёки суғориш тармоқларига қўшни давлатлардан олинадиган сув миқдори ҳисобга олинади ва таҳлил қилинади.
25. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини асосий дарё ҳавзалари (вилоятлараро ва йирик ирригация тизимлари, шунингдек, каналлар ҳавзалари) ҳамда ҳудудлар кесимида умумлаштиради ва ҳар йили 15 ноябрга қадар Республика сув кенгашига тақдим қилади.
Республика сув кенгашида Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги баланси лойиҳаси муҳокама қилинади ва ҳар йили 1 декабрга қадар тасдиқланади.
3-боб. Сув хўжалиги балансидан фойдаланиш
26. Сувдан фойдаланувчиларни сув ресурслари ва улардан фойдаланишга оид маълумотлар билан таъминлашда тезкорликни ошириш, шунингдек, уларнинг талабини ҳисобга олган ҳолда маълумотларни қайта ишлаш ва умумлаштириш даражасини ошириш учун сув хўжалиги баланслари бўйича ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади ҳамда мавжуд ахборот тизимларига интеграция қилинади.
Бунда, яратиладиган маълумотлар базалари барча сув манбалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ерости сувлари бўйича маълумотлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда табиий сув ҳавзалари бўйича маълумотлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг тегишли ахборот тизимларига интеграция қилинади ҳамда вазирлик ва идоралар ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.
27. Сув хўжалиги балансларига оид маълумотлар ваколатли орган томонидан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг сўровига асосан электрон шаклда, бепул тақдим этилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
28. Сувдан фойдаланиш шароитлари сезиларли даражада ўзгарганда (табиий офатлар, янги саноат объектларини ишга тушириш, фавқулодда сув танқислиги, қурғоқчилик ва бошқалар) тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда сув хўжалиги балансларига тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
29. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасида сув хўжалиги балансини тузиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида сув хўжалиги балансини тузиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар I. Дарёлар ва ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги балансларини тузиш 1-босқич Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда тегишли ташкилотлар Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари сўровларига асосан зарур маълумотларни тақдим қилади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари Дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг каналларнинг сув хўжалиги балансларини тузишда ушбу объектларда кутилаётган сув миқдори, сувга бўлган талаб, сув хўжалигининг жорий ҳолати ҳамда сув ресурсларининг ҳавзадаги сувга бўлган талабини қаноатлантириш учун етарлилигини баҳолайди. Ҳар йили 15 октябрга қадар 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари 1. Дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги баланси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ҳавза сув кенгашларига тақдим қилади. 2. Вилоятлараро йирик дарёлар ёки ирригация тизимлари ҳавзаларининг сув хўжалиги балансини Республика сув кенгашига тақдим этади. Ҳар йили 15 ноябрга қадар 4-босқич Республика ва Ҳавза сув кенгашлари Дарёлар ёки ирригация тизимлари (Вилоятлараро йирик дарёлар ёки ирригация тизимлари) ҳавзаларининг сув хўжалиги баланслари лойиҳасини муҳокама қилади ва тасдиқлайди. Ҳар йили 1 декабрга қадар II. Ҳудудларнинг сув хўжалиги балансларини тузиш 1-босқич Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тегишли ташкилотлар Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари сўровларига асосан зарур маълумотларни тақдим қилади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари Ҳудудларнинг сув хўжалиги балансларини тузишда кутилаётган сув миқдори, сув омборларидаги ва ерости сув ресурсларининг мавжуд сув захираси, сувга бўлган талаб ва уни қаноатлантириш учун етарлилигини, шунингдек, яқин келажак (1 йиллик ва/ёки 3 — 5 йиллик) учун сув хўжалиги мажмуасини ривожлантириш имкониятларини баҳолайди. Ҳар йили 15 октябрга қадар 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари Ҳудудларнинг сув хўжалиги баланси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ҳавза сув кенгашларига тақдим қилади. Ҳар йили 15 ноябрга қадар 4-босқич Ҳавза сув кенгашлари Ҳудудларнинг сув хўжалиги баланслари лойиҳасини муҳокама қилади ва тасдиқлайди. Ҳар йили 1 декабрга қадар III. Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини тузиш 1-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Экология вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини тузиш учун зарур бўладиган гидрологик ва метеорологик маълумотларни ҳамда сувдан фойдаланувчиларнинг сувга бўлган талабини Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 2-босқич Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ҳудудларнинг трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиладиган қисмларида ушбу ҳудудларнинг қўшни давлатлардан оладиган ва қўшни давлатларга етказиб берадиган сув миқдори, мамлакат ҳудудида жойлашган сув омборлари ёки суғориш тармоқларига қўшни давлатлардан олинадиган сув миқдорини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилади. Ҳар йили 15 октябрга қадар 3-босқич Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги балансини ишлаб чиқиш учун асосий дарё ҳавзалари (вилоятлараро ва йирик ирригация тизимлари ҳавзалари) ҳамда ҳудудлар кесимида олинган маълумотларни умумлаштиради ҳамда Республика сув кенгашига тақдим қилади. Ҳар йили 15 ноябрга қадар 4-босқич Республика сув кенгаши Ўзбекистон Республикасининг ягона сув хўжалиги баланси лойиҳасини муҳокама қилади ва тасдиқлайди. Ҳар йили 1 декабрга қадар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 август,
545-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Oʻzbekiston Respublikasida suv xoʻjaligi balanslarini tuzish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Suv xoʻjaligida zamonaviy boshqaruv tizimini joriy qilish va rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini belgilash toʻgʻrisida” 2024-yil 7-maydagi PF-74-son Farmoniga muvofiq suv xoʻjaligi balansini tuzish ishlarini yoʻlga qoʻyish hamda Davlat suv kadastrini yuritishni yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasida suv xoʻjaligi balanslarini tuzish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
daryolar havzalari suv xoʻjaligi balanslarini tuzish va ulardan foydalanish tartibi;
irrigatsiya tizimlari havzalari suv xoʻjaligi balanslarini tuzish va ulardan foydalanish tartibi;
iqtisodiy mintaqalar boʻyicha suv xoʻjaligi balanslarini tuzish va ulardan foydalanish tartibi;
Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini tuzish va undan foydalanish tartibi.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligi bilan birgalikda 2026-yil 1-aprelga qadar suv xoʻjaligi balanslarini tuzish uchun real vaqt rejimida maʼlumotlar almashish imkonini beruvchi elektron platformaning ishga tushirilishini taʼminlasin.
3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-avgustdagi 545-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida suv xoʻjaligi balanslarini tuzish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasida suv xoʻjaligi balanslarini tuzish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
daryolar havzalari suv xoʻjaligi balanslari — daryo havzasida kutilayotgan va chiqib ketadigan suv miqdori, suv xoʻjaligining joriy holati hamda havzadagi suvga boʻlgan umumiy talab;
irrigatsiya tizimlari havzalari suv xoʻjaligi balanslari — irrigatsiya tizimi havzasida kutilayotgan va chiqib ketadigan suv miqdori, suv xoʻjaligining joriy holati hamda havzadagi suvga boʻlgan umumiy talab;
iqtisodiy mintaqalar boʻyicha suv xoʻjaligi balanslari — Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar, tumanlar, shaharlar hududida kutilayotgan va chiqib ketadigan suv miqdori, yerosti suv resurslarining mavjud zaxirasi, suv xoʻjaligining joriy holati hamda hududdagi ishlatilishi rejalashtirilgan suv resurslari miqdori;
suv obyekti — suvlar doimiy ravishda yoki vaqtincha toʻplanadigan va suv rejimining oʻziga xos shakllari hamda belgilari boʻlgan tabiiy (jilgʻalar, soylar, daryolar va boshqalar) hamda sunʼiy (ochiq va yopiq kanallar, shuningdek, kollektor-drenaj tarmoqlari) suv oqimlari, tabiiy (koʻllar, dengizlar, yerosti suvli qatlamlari) va sunʼiy (suv omborlari, sel suvlari toʻplanadigan joylar, hovuzlar va boshqalar) suv havzalari, shuningdek, buloqlar va boshqa obyektlar;
suv resurslari — foydalaniladigan yoki foydalanilishi lozim boʻlgan suv obyektlari suvlari;
suvdan foydalanish — yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan suv resurslarini suv obyektidan olmagan holda ulardan oʻz ehtiyojlari uchun foydalanish;
suvdan foydalanuvchi — suv resurslarini suv obyektidan olmagan holda ulardan oʻz ehtiyojlari uchun foydalanuvchi yuridik yoki jismoniy shaxs;
suv xoʻjaligi obyekti — suv resurslarini toʻplash, boshqarish, yetkazib berish, ulardan foydalanish, ularni isteʼmol qilish, ajratib berish va muhofaza qilish maqsadida suv xoʻjaligi faoliyati amalga oshiriladigan suv obyekti;
yagona suv xoʻjaligi balansi — mamlakat hududiga yerusti suv obyektlari orqali kirib keladigan va chiqib ketadigan hamda respublika hududida ishlatilishi rejalashtirilgan suv resurslari miqdori, togʻlardagi muzliklar va qor zaxiralari, shuningdek, suv omborlaridagi, koʻllardagi, suv havzalaridagi, yerosti suv resurslarining mavjud zaxirasi toʻgʻrisida kelgusi gidrologik yil (vegetatsiya va kuzgi-qishki davr) uchun tayyorlangan hamda umumlashtirilgan maʼlumotlar majmui.
3. Suv xoʻjaligi balanslari quyidagi maqsadlarda foydalanish uchun tuziladi:
suv resurslarini samarali boshqarish, suvning tanqis yoki ortiqcha boʻlish holatlarining oldini olish, suvga boʻlgan talab va suv taʼminoti oʻrtasidagi muvozanatni saqlash, suv bilan taʼminlanganlik darajasi yuqori boʻlgan manbalardan suv tanqis boʻlgan hududlarga yoʻnaltirish;
suvdan foydalanishni joriy va istiqbolli rejalashtirish hamda suvni muhofaza qilish chora-tadbirlarini ishlab chiqish;
suvdan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan qishloq xoʻjaligi, transport vositalari, sanoat korxonalari va inshootlari, ishlab chiqarish quvvatlarini toʻgʻri joylashtirish;
suvdan kompleks foydalanish va uni muhofaza qilish sxemalarini ishlab chiqish;
suv xavfsizligini taʼminlash, suv toshqini, qurgʻoqchilik bilan bogʻliq xavflarning va suvning zararli taʼsirining oldini olish hamda uni bartaraf qilish chora-tadbirlarini ishlab chiqish;
joriy qilinadigan suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarining turlari va sugʻorish usullarini belgilash;
suvdan foydalanishni rejalashtirish va suvni muhofaza qilish bilan bogʻliq boshqa masalalarni hal etish.
4. Suv xoʻjaligi balanslari quyidagi turlarga ajratiladi:
daryolar havzalarining suv xoʻjaligi balanslari;
irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslari;
iqtisodiy mintaqalar (keyingi oʻrinlarda — hududlar) suv xoʻjaligi balanslari;
Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansi.
5. Suv xoʻjaligi balanslarini tuzishda hududlardagi barcha suv resurslari miqdori va suvdan foydalanuvchilarning suvga boʻlgan talabi toʻliq hisobga olinishi shart.
6. Suv xoʻjaligi balansi ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxemada tuziladi.
2-bob. Suv xoʻjaligi balansini tuzish
1-§. Suv xoʻjaligi balansining mazmuni
7. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va uning tizimidagi tashkilotlar suv xoʻjaligi balanslarini tuzish, uni amalga oshirish va muvofiqlashtirish boʻyicha maxsus vakolatli organ hisoblanadi.
8. Suv xoʻjaligi balanslari suv resurslarining mavjud miqdori, suvga boʻlgan talab, suv resurslari taqsimoti, ularning taqchilligi yoki ortiqcha miqdorini koʻrsatadigan jadvallarda ishlab chiqiladi.
Ishlab chiqilgan jadvallar asosida tuzilgan grafiklar maxsus tushuntirish qismlari boʻlgan yigʻma hisobot koʻrinishida bayon qilinadi hamda tegishli vazirlik va idoralarga elektron shaklda yuboriladi.
9. Suv xoʻjaligi balanslarini tuzish uchun zarur gidrologik (daryolar, koʻllar, suv omborlari va yerosti suvlari miqdori) va meteorologik (yogʻingarchilik, havo harorati, bugʻlanish va namlik) maʼlumotlar hamda suvdan foydalanuvchilarning suvga boʻlgan talabi vakolatli organ bilan kelishilgan shakllardagi jadvallarda ifodalanadi.
10. Quyidagilar suv xoʻjaligi balanslari maʼlumotlarini shakllantiruvchi tashkilotlar hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligi — mamlakat hududiga qoʻshni davlatlardan kirib keladigan va mamlakat oʻz hududida shakllanadigan suv resurslari toʻgʻrisida maʼlumotlar, shuningdek, kutiladigan yogʻingarchiliklar miqdori va havo harorati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;
Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi — mamlakat boʻyicha hududlar kesimida yerosti suvlarining mavjud zaxirasi, iqtisodiyot tarmoqlarining yer ostidan olinadigan suvga boʻlgan talabi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi — suv resurslarini boshqarish, taqsimlash hamda iqtisodiyot tarmoqlari, hududlar va suv obyektlari kesimida ularning suvga boʻlgan talabi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantiradi.
11. Suv xoʻjaligi balanslarini tuzish boʻyicha maʼlumotlar shakllari Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligi tomonidan tasdiqlanadi.
Suv xoʻjaligi balanslarini tuzish boʻyicha maʼlumotlar elektron onlayn shaklda yuritiladi va ularning bazasi shakllantirib boriladi.
12. Suv xoʻjaligi balanslarini ishlab chiqishda:
barcha toifadagi suvdan foydalanuvchilarning yaqin kelajak (1 yillik va/yoki 3 — 5 yillik) uchun suvga boʻlgan talabi aniqlanadi hamda suvdan foydalanishning ustuvor yoʻnalishlari belgilanadi;
daryolar, suv omborlari, yerosti suvlari va boshqa manbalarning joriy hajmi, shuningdek, suv resurslaridan foydalanishda ekologik muvozanatni saqlash uchun maqbul darajani hisobga olgan holda suv resurslarining mavjud miqdori baholanadi;
suv resurslarining mavjudligiga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan mavsumiy va suv obyektlarida mavsum davomida kuzatiladigan suv oqimi miqdorining oʻzgarishlarini hisobga olgan holda suv oqimining mavsumiy va hududiy oʻzgarishlari tahlil qilinadi;
qoʻshni mamlakatlar, viloyatlar yoki boshqa daryo havzalaridan suv olish ehtiyojlari va imkoniyatlari baholanadi;
suv resurslarining miqdori baholanadi hamda suvga boʻlgan talab va uning mavjud miqdori oʻzaro solishtiriladi, natijalar jadval koʻrinishida ifodalanadi;
hisob-kitoblar natijasida suv resurslarining yetishmasligi aniqlansa, yetishmayotgan suv miqdorini qoplashning mumkin boʻlgan variantlari ishlab chiqiladi;
agar maʼlum bir hududlar yoki fasllarda suv resurslarining ortiqcha miqdori aniqlansa, ularni yigʻib saqlash hamda qayta taqsimlash yoki suv yetishmayotgan boshqa havza va hududlarga yoʻnaltirish imkoniyatlari baholanadi.
13. Daryo havzalari yoki ayrim hududlar boʻyicha tuzilgan suv xoʻjaligi balanslari maʼlumotlari asosida daryo havzasi yoki tegishli hududni rivojlantirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqiladi hamda tegishli tadbirlar rejalashtiriladi. Jumladan:
suv resurslarini boshqarish boʻyicha tegishli tavsiyalar (suv tanqisligi va ortiqcha suv boʻlgan holatlarni tahlil qilish asosida undan oqilona foydalanish, infratuzilmani modernizatsiya qilish, tozalash inshootlari ishini yaxshilash va oqova suvlarni utilizatsiya qilish) ishlab chiqiladi;
suv resurslarini muhofaza qilish tadbirlari (suv sifatini saqlash va yaxshilash, suv obyektlari ifloslanishining oldini olish, tabiiy suv havzalarini tiklash, suv tejovchi texnologiyalarni joriy qilish) rejalashtiriladi;
suv balansini buzishi mumkin boʻlgan qurgʻoqchilik, suv toshqini va boshqa tabiiy hodisalarga tayyorgarlikni oʻz ichiga olgan favqulodda harakatlar rejasi ishlab chiqiladi. Bunda suv resurslarini tezkor taqsimlash va suv tanqisligining oldini olish choralari nazarda tutiladi.
2-§. Daryolar va irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslarini tuzish
14. Daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari hamda magistral tizimlardan foydalanish boshqarmalari tomonidan oʻz hududlarida joylashgan daryo yoki irrigatsiya tizimlari havzalari boʻyicha tuziladi.
15. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari soʻrovlariga asosan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda tegishli tashkilotlar daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslarini tuzish uchun zarur boʻladigan maʼlumotlarni kelishilgan shakllarda taqdim etadi.
16. Daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslarini tuzishda ushbu obyektlarda kutilayotgan suv miqdori, suvga boʻlgan talab, suv xoʻjaligining joriy holati hamda suv resurslarining havzadagi suvga boʻlgan talabini qanoatlantirish uchun yetarliligi baholanadi.
17. Daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslari tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzurida tashkil etiladigan Havza suv kengashi (keyingi oʻrinlarda — Havza suv kengashi) yigʻilishida muhokama qilinadi va tasdiqlanadi.
Viloyatlararo yirik daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslari Vazirlar Mahkamasi huzurida tashkil etiladigan Respublika suv kengashida (keyingi oʻrinlarda — Respublika suv kengashi) koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi.
3-§. Hududlarning suv xoʻjaligi balanslarini tuzish
18. Hududlarning suv xoʻjaligi balanslari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari tomonidan oʻzlari xizmat koʻrsatadigan hududlar (tumanlar va shaharlar) boʻyicha tuziladi.
19. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari soʻroviga asosan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda tegishli tashkilotlar hududlarning suv xoʻjaligi balanslarini tuzish uchun zarur boʻladigan maʼlumotlarni kelishilgan shakllar asosida taqdim qilishi lozim.
20. Hududlarning suv xoʻjaligi balanslarini tuzishda kutilayotgan suv miqdori, suv omborlaridagi va yerosti suv resurslarining mavjud suv zaxirasi, suvga boʻlgan talab va uni qanoatlantirish uchun yetarliligi, shuningdek, yaqin kelajak (1 yillik va/yoki 3 — 5 yillik) uchun suv xoʻjaligi majmuasini rivojlantirish imkoniyatlari baholanadi.
21. Hududlarning suv xoʻjaligi balanslari Havza suv kengashi yigʻilishida muhokama qilinadi va tasdiqlanadi.
4-§. Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini tuzish
22. Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansi daryo havzalarining (viloyatlararo va yirik irrigatsiya tizimlari, shuningdek, kanallar havzalarining) hamda hududlarning suv xoʻjaligi balanslari asosida Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan tuziladi.
Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini tuzishda Orol dengizi havzasidagi davlatlar bilan davlatlararo kelishuvlar asosida belgilangan suv olish limitlari doirasida transchegaraviy suv obyektlarining (Amudaryo, Sirdaryo, Zarafshon daryolari hamda kichik daryo va soylar, ularning irmoqlari va kanallarining) suv resurslari toʻliq hisobga olinishi lozim.
23. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Energetika vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligi Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini tuzish uchun zarur boʻladigan gidrologik, meteorologik va suvdan foydalanuvchilarning suvga boʻlgan talabi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni har yili 1-oktabrga qadar Suv xoʻjaligi vazirligiga taqdim etadi.
24. Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini ishlab chiqishda hududlarning transchegaraviy suv resurslaridan foydalaniladigan qismlarida ushbu hududlarning qoʻshni davlatlardan oladigan va qoʻshni davlatlarga yetkazib beradigan suv miqdori, mamlakat hududida joylashgan suv omborlari yoki sugʻorish tarmoqlariga qoʻshni davlatlardan olinadigan suv miqdori hisobga olinadi va tahlil qilinadi.
25. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini asosiy daryo havzalari (viloyatlararo va yirik irrigatsiya tizimlari, shuningdek, kanallar havzalari) hamda hududlar kesimida umumlashtiradi va har yili 15-noyabrga qadar Respublika suv kengashiga taqdim qiladi.
Respublika suv kengashida Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansi loyihasi muhokama qilinadi va har yili 1-dekabrga qadar tasdiqlanadi.
3-bob. Suv xoʻjaligi balansidan foydalanish
26. Suvdan foydalanuvchilarni suv resurslari va ulardan foydalanishga oid maʼlumotlar bilan taʼminlashda tezkorlikni oshirish, shuningdek, ularning talabini hisobga olgan holda maʼlumotlarni qayta ishlash va umumlashtirish darajasini oshirish uchun suv xoʻjaligi balanslari boʻyicha axborot tizimlari amaliyotga joriy etiladi hamda mavjud axborot tizimlariga integratsiya qilinadi.
Bunda, yaratiladigan maʼlumotlar bazalari barcha suv manbalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, yerosti suvlari boʻyicha maʼlumotlar Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi hamda tabiiy suv havzalari boʻyicha maʼlumotlar Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Gidrometeorologiya xizmati agentligining tegishli axborot tizimlariga integratsiya qilinadi hamda vazirlik va idoralar oʻrtasida real vaqt rejimida maʼlumotlar almashinuvi yoʻlga qoʻyiladi.
27. Suv xoʻjaligi balanslariga oid maʼlumotlar vakolatli organ tomonidan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining soʻroviga asosan elektron shaklda, bepul taqdim etiladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
28. Suvdan foydalanish sharoitlari sezilarli darajada oʻzgarganda (tabiiy ofatlar, yangi sanoat obyektlarini ishga tushirish, favqulodda suv tanqisligi, qurgʻoqchilik va boshqalar) tegishli vazirlik va idoralar bilan kelishilgan holda suv xoʻjaligi balanslariga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin.
29. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasida suv xoʻjaligi balansini tuzish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida suv xoʻjaligi balansini tuzish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar I. Daryolar va irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balanslarini tuzish 1-bosqich Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda tegishli tashkilotlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari soʻrovlariga asosan zarur maʼlumotlarni taqdim qiladi. Har yili 1-oktabrga qadar 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari Daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining kanallarning suv xoʻjaligi balanslarini tuzishda ushbu obyektlarda kutilayotgan suv miqdori, suvga boʻlgan talab, suv xoʻjaligining joriy holati hamda suv resurslarining havzadagi suvga boʻlgan talabini qanoatlantirish uchun yetarliligini baholaydi. Har yili 15-oktabrga qadar 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari 1. Daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balansi loyihasini ishlab chiqadi va Havza suv kengashlariga taqdim qiladi. 2. Viloyatlararo yirik daryolar yoki irrigatsiya tizimlari havzalarining suv xoʻjaligi balansini Respublika suv kengashiga taqdim etadi. Har yili 15-noyabrga qadar 4-bosqich Respublika va Havza suv kengashlari Daryolar yoki irrigatsiya tizimlari (Viloyatlararo yirik daryolar yoki irrigatsiya tizimlari) havzalarining suv xoʻjaligi balanslari loyihasini muhokama qiladi va tasdiqlaydi. Har yili 1-dekabrga qadar II. Hududlarning suv xoʻjaligi balanslarini tuzish 1-bosqich Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, tegishli tashkilotlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari soʻrovlariga asosan zarur maʼlumotlarni taqdim qiladi. Har yili 1-oktabrga qadar 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari Hududlarning suv xoʻjaligi balanslarini tuzishda kutilayotgan suv miqdori, suv omborlaridagi va yerosti suv resurslarining mavjud suv zaxirasi, suvga boʻlgan talab va uni qanoatlantirish uchun yetarliligini, shuningdek, yaqin kelajak (1 yillik va/yoki 3 — 5 yillik) uchun suv xoʻjaligi majmuasini rivojlantirish imkoniyatlarini baholaydi. Har yili 15-oktabrga qadar 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari Hududlarning suv xoʻjaligi balansi loyihasini ishlab chiqadi va Havza suv kengashlariga taqdim qiladi. Har yili 15-noyabrga qadar 4-bosqich Havza suv kengashlari Hududlarning suv xoʻjaligi balanslari loyihasini muhokama qiladi va tasdiqlaydi. Har yili 1-dekabrga qadar III. Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini tuzish 1-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Energetika vazirligi, Ekologiya vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi, Gidrometeorologiya xizmati agentligi Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini tuzish uchun zarur boʻladigan gidrologik va meteorologik maʼlumotlarni hamda suvdan foydalanuvchilarning suvga boʻlgan talabini Suv xoʻjaligi vazirligiga taqdim etadi. Har yili 1-oktabrga qadar 2-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Hududlarning transchegaraviy suv resurslaridan foydalaniladigan qismlarida ushbu hududlarning qoʻshni davlatlardan oladigan va qoʻshni davlatlarga yetkazib beradigan suv miqdori, mamlakat hududida joylashgan suv omborlari yoki sugʻorish tarmoqlariga qoʻshni davlatlardan olinadigan suv miqdorini hisobga olgan holda tahlil qiladi. Har yili 15-oktabrga qadar 3-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansini ishlab chiqish uchun asosiy daryo havzalari (viloyatlararo va yirik irrigatsiya tizimlari havzalari) hamda hududlar kesimida olingan maʼlumotlarni umumlashtiradi hamda Respublika suv kengashiga taqdim qiladi. Har yili 15-noyabrga qadar 4-bosqich Respublika suv kengashi Oʻzbekiston Respublikasining yagona suv xoʻjaligi balansi loyihasini muhokama qiladi va tasdiqlaydi. Har yili 1-dekabrga qadar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 28-avgust,
545-son