UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 2-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 2 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 2 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 2 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НАМУНАВИЙ СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонунида Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятининг тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилгани;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармони билан «Ишончли учинчи тараф» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида берилган рақамли имзо билан тасдиқланган рақамли ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш имконини берувчи «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасини юритишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Ишончли учинчи тараф хизматининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

Ишончли учинчи тараф хизматининг электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказлари, ахборот тизимлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизматлари билан ўзаро ишлаш тартиби ва шартлари;

Ишончли учинчи тараф хизмати томонидан электрон рақамли имзоларни тан олиш, шунингдек, «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасини юритиш тартиби.

3. Белгилансинки:

Ишончли учинчи тараф хизмати электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида электрон ҳужжатларнинг дахлсизлиги ҳамда ишончлилигини сақлаш кафолатларини вақтнинг муайян пайтида таъминлаш бўйича ахборот воситачиси сифатида иш юритади, шунингдек, уларнинг юридик кучга эга эканлигини тасдиқлайди;

трансчегаравий электрон ҳужжат алмашишда хорижий давлатлар электрон рақамли имзо калитларининг сертификатлари ҳақиқийлигини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикасида электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органи — Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этадиган Миллий ишончли учинчи тараф хизмати томонидан амалга оширилади;

Ишончли учинчи тараф хизмати фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ҳамда Миллий ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиб бориш Рақамли технологиялар вазирлигига юкланади.

4. Рақамли технологиялар вазирлиги:

а) бир ой муддатда Ишончли учинчи тараф хизматини тайинласин ҳамда Миллий ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини самарали ташкил этсин;

Миллий ишончли учинчи тараф хизмати учун ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, уни зарур бино ва инфратузилма билан таъминлаш чораларини кўрсин.

Белгилаб қўйилсинки, мазкур кичик бандда кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

б) икки ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларида электрон рақамли имзо калитлари ишлатиладиган ахборот тизимлари ва электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказлари рўйхатини шакллантирсин ҳамда Миллий ишончли учинчи тараф хизматининг ахборот тизимлари ва «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базаси билан интеграция қилиш чораларини кўрсин.

Мазкур кичик банд талаблари ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига, давлат хавфсизлигига, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган давлат сирлари ва конфиденциал ахборотни ўз ичига олган маълумотларни қайта ишлайдиган ахборот тизимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 сентябрдаги 551-сон қарорига ИЛОВА

Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:

Ишончли учинчи тараф хизмати — электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан тайинланадиган, Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;

Ишончли учинчи тараф хизмати фаолияти — белгиланган тартибда аккредитация қилинган электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказлари томонидан амалга ошириладиган, ахборот ва электрон ҳужжатларни алмашиш чоғида ишончни таъминлаш мақсадида электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини ҳамда унга имзо қўйган шахсга тегишлилигини текшириш ва тасдиқлашга доир фаолият;

Миллий ишончли учинчи тараф хизмати — электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан тайинланадиган ва ташкил этиладиган, трансчегаравий электрон ҳужжат алмашиш тизимини ташкил қилиш ва юритиш ҳамда «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасини яратиш ва юритиш учун масъул бўлган Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;

трансчегаравий электрон ҳужжат алмашиш — электрон ҳужжат айланиши тизимлари ёрдамида трансчегаравий маълумот алмашиш орқали Ўзбекистон Республикасидаги фойдаланувчилар ва хорижий давлатдаги фойдаланувчилар ўртасида электрон шаклдаги ҳужжатларни яратиш, кўриб чиқиш, таҳрир қилиш ва имзолаш каби функцияларни амалга ошириш жараёни;

фойдаланувчи — Ишончли учинчи тараф хизматидан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар асосида фойдаланиш бўйича Ишончли учинчи тараф хизматига мурожаат қилган ҳамда унинг хизматидан фойдаланган жисмоний ва юридик шахс, шунингдек, давлат органи ва ташкилоти;

электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда — ваколатли давлат органи) — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги;

электрон квитанция — фойдаланувчининг сўрови асосида Ишончли учинчи тараф хизматининг текширув натижаси бўйича электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат;

«Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базаси — электрон ҳужжатларни шакллантириш ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ сақлашни таъминловчи ахборот ресурси.

3. Хорижий давлатларда берилган электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда ёки Ишончли учинчи тараф хизмати ёрдамида ҳақиқийлигини тасдиқлаш орқали тан олинади.

Ишончли учинчи тараф хизматининг хорижий давлатлар ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари билан ўзаро муносабатлари давлатлараро ва (ёки) ўзаро келишувлар асосида амалга оширилади.

Ўзаро келишувга кўра хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари томонидан ҳақиқийлиги тасдиқланган электрон ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасида юридик кучга эга эканлигини тасдиқлашда, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб келтирилган бўлса, халқаро шартномага амал қилинади.

Ишончли учинчи тараф хизматининг хорижий давлатлар Ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари билан ушбу Низомга 1-иловада келтирилган намунавий схема асосида ҳамкорлик қилинади.

2-боб. Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш

4. Ишончли учинчи тараф хизмати фаолияти билан белгиланган тартибда ташкил этилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда аккредитация қилинган электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш маркази (кейинги ўринларда — рўйхатга олиш маркази) шуғулланиши мумкин.

Бунда рўйхатга олиш маркази Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини амалга ошириш учун ахборот ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқ сертификатлаштирилган аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситаларга эга ҳамда фойдаланиладиган ахборот тизими ва ресурслари киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилган бўлиши керак.

5. Ишончли учинчи тараф хизмати ўз фаолиятини ваколатли давлат органининг Ишончли учинчи тараф хизматини тайинлаш ҳақидаги буйруғига, қонунчилик ҳужжатларига ҳамда электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларга асосан амалга оширади.

6. Ишончли учинчи тараф хизмати билан рўйхатга олиш марказлари, электрон рақамли имзо калитларини ишлатадиган ахборот тизимлари (кейинги ўринларда — ахборот тизимлари) ҳамда фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома асосида амалга оширилади.

3-боб. Ишончли учинчи тараф хизматининг асосий вазифалари

7. Ишончли учинчи тараф хизматининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини, унга имзо қўйган шахсга тегишлилигини текшириш ва электрон ҳужжатлар юридик кучга эгалигини электрон квитанция бериш орқали тасдиқлаш;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида электрон ҳужжатларнинг дахлсизлиги ҳамда ишончлилигини сақлаш кафолатларини вақтнинг муайян пайтида таъминлаш бўйича ахборот воситачиси сифатида иш юритиш;

ўзаро келишувга кўра хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари томонидан ҳақиқийлиги тасдиқланган электрон ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасида юридик кучга эга эканлигини тасдиқлаш.

4-боб. Ишончли учинчи тараф хизматининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

8. Ишончли учинчи тараф хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзаро ҳамкорлик ўрнатилган рўйхатга олиш марказлари ва ахборот тизимларига ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган сўровларни юбориш ва бундай сўровларга мувофиқ улардан маълумот олиш;

ўзаро тузилган шартнома шартларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, хизмат кўрсатишни рад этиш;

ўз фаолиятини амалга ошириш учун тарифларни ишлаб чиқиш ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақ олиш.

Ишончли учинчи тараф хизмати қонунчилик ҳужжатларига ва халқаро шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

9. Ишончли учинчи тараф хизмати қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномалари талабларига жавоб берувчи ахборотни ҳимоя қилиш даражасини таъминлайдиган ахборотни муҳофаза қилиш воситаларидан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва қонунчилик ҳужжатларида бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, ўз фаолияти давомида амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни уларнинг яхлитлиги ва ишончлилигини текшириш имконини берадиган шаклда беш йил муддат давомида сақлаш;

электрон ҳужжатларнинг қонунийлигини тасдиқлаш тўғрисидаги хат-хабарлар ва маълумотлар, хабарлар ва электрон рақамли имзолар ҳамда уларни учинчи шахсларга расмийлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларнинг конфиденциаллигини таъминлаш;

электрон ҳужжатнинг электрон рақамли имзосини текшириш натижаларини имзолаш учун фойдаланиладиган электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг конфиденциаллигини таъминлаш;

шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган хавфсизликни таъминлаш чораларини кўриш;

электрон ҳужжатнинг электрон рақамли имзосини текшириш натижаларига доир маълумотларни Миллий ишончли учинчи тараф хизмати томонидан юритиладиган «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасига интеграция орқали реал вақт режимида тақдим этиб бориш;

кўрсатилган хизматлар бўйича ҳужжатларни юритиш ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шаклларга мувофиқ белгиланган муддатларда тақдим этиб бориш.

Ишончли учинчи тараф хизмати зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ва халқаро шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

5-боб. Ишончли учинчи тараф хизматининг рўйхатга олиш марказлари ва ахборот тизимлари билан ўзаро ишлаш тартиби ва шартлари

10. Ишончли учинчи тараф хизмати ўзаро имзоланадиган шартномага мувофиқ рўйхатга олиш марказларидан электрон рақамли имзонинг очиқ калитлари сертификатлари ҳолати (амалда, муддати ўтган, муддати узайтирилган, тўхтатилган, бекор қилинган ва бошқа) ҳақидаги маълумотларни ҳамда бошқа ахборот тизимлари билан электрон ахборот алмашишни реал вақт режимида ташкил этади.

Электрон ахборот алмашишга ва тақдим этиладиган маълумотлар атрибутларига қўйиладиган талаблар ўзаро имзоланадиган шартномада белгиланади.

11. Ишончли учинчи тараф хизмати ахборот тизимларига ўзаро электрон ахборот алмашишни йўлга қўйиш учун зарур дастурий модулларни тақдим этади ҳамда мазкур модулни ахборот тизимларида ишлатишнинг техник имкониятларини яратиш бўйича зарур чораларни кўради.

12. Ишончли учинчи тараф хизмати қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини юритади:

а) Икки томонлама Ишончли учинчи тараф хизмати.

Бунда Ишончли учинчи тараф хизмати Ўзбекистон Республикасидаги фойдаланувчилар ўртасидаги ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги ва хорижий давлатдаги фойдаланувчилар ўртасидаги ҳужжат алмашиш жараёнида хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари билан ҳамкорликда электрон рақамли имзоларнинг ҳақиқийлигини ҳамда унга имзо қўйган шахсга тегишлилигини текширади, тасдиқлайди, электрон квитанцияни шакллантиради ҳамда тегишли тизимларга маълумотларни узатади;

б) Бир томонлама Ишончли учинчи тараф хизмати.

Бунда Ишончли учинчи тараф хизмати Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва/ёки хорижий давлатдаги фойдаланувчи сўровига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатдаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини ҳамда унга имзо қўйган шахсга тегишлилигини текширади, тасдиқлайди, электрон квитанцияни шакллантиради ҳамда тегишли тизимларга маълумотларни узатади;

в) Рўйхатга олиш марказлари электрон рақамли имзоларини ўзаро тасдиқлаш.

Бунда Ишончли учинчи тараф хизмати фойдаланувчилар маълум бир рўйхатга олиш марказидан олинган электрон рақамли имзо калити ёрдамида бошқа рўйхатга олиш марказининг электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланиш зарур бўлган тизимларга (электрон ахборот алмашиш орқали) кириши учун фойдаланувчиларнинг электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини ҳамда унга имзо қўйган шахсга тегишлилигини текширади, тасдиқлайди.

Ишончли учинчи тараф хизмати электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасининг қонунчиликда таъқиқланмаган йўналишларда ўз фаолиятини юритиши мумкин.

6-боб. Ишончли учинчи тараф хизматининг хорижий давлатлар ишончли учинчи тараф хизматлари билан ишлаш тартиби ва шартлари

13. Ишончли учинчи тараф хизматининг хорижий давлатлар ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари билан ишлаш тартиби ва шартлари ўзаро имзоланадиган ҳужжатлар билан белгиланади.

14. Хорижий давлат электрон рақамли имзосининг ҳақиқийлиги ўзаро талаб этиладиган ҳужжатларни имзолаган ва электрон ахборот алмашишни йўлга қўйган хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари ўртасида текширилади.

15. Ишончли учинчи тараф хизмати билан ўзаро электрон ахборот алмашишни йўлга қўйган хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари рўйхати ва улар тўғрисидаги маълумотлар Ишончли учинчи тараф хизмати ҳамда ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.

7-боб. Ишончли учинчи тараф хизмати томонидан электрон рақамли имзоларни тасдиқлаш тартиби

16. Ишончли учинчи тараф хизмати томонидан электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзоларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва тасдиқлаш ушбу электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини берган рўйхатга олиш марказлари ёки хорижий давлат (ишончли учинчи тараф хизматлари ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслар) билан электрон ҳамкорлик мавжуд бўлганда амалга оширилади.

17. Ишончли учинчи тараф хизмати томонидан электрон рақамли имзолар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича тасдиқланади.

18. Фойдаланувчи ахборот тизимларидаги электрон ҳужжатларнинг ёки хорижий давлатнинг электрон рақамли имзосининг ҳақиқийлигини текшириш учун Ишончли учинчи тараф хизмати билан интеграциялашган ахборот тизими орқали ушбу электрон сўровларни юборади.

19. Ишончли учинчи тараф хизмати қабул қилинган электрон сўровларни текшириш учун рўйхатга олиш марказларига ёки хорижий давлатнинг тегишли Ишончли учинчи тараф хизматига (ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахсига) йўналтиради.

20. Текшириш натижаларига кўра Ишончли учинчи тараф хизмати қуйидаги жавобларни электрон квитанция кўринишида шакллантиради:

а) электрон рақамли имзони текширишда ижобий натижа чиққан тақдирда, «Тасдиқланган» ҳолатига эга электрон квитанция;

б) электрон рақамли имзони текширишда салбий натижа чиққан тақдирда, «Тасдиқланмаган» ҳолатига эга электрон квитанция;

в) электрон сўровдаги маълумотларни текшириш имконияти бўлмаса, «Текшириш имконияти мавжуд эмас» (имзоланмаган, хато, рад этиш) ҳолатига эга бўлган электрон квитанция.

Электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзо Ишончли учинчи тараф хизматидан «Тасдиқланган» мақомига эга бўлган электрон квитанциялар мавжуд бўлса, ҳақиқийлиги тасдиқланган ҳисобланади.

21. Ишончли учинчи тараф хизмати қабул қилинган сўровлар ҳақидаги маълумотларни қонунчилик ҳужжатларида бошқача муддатлар назарда тутилмаган бўлса, беш йил давомида маълумотлар базасида сақлайди.

22. Сақлаш муддати тугагандан сўнг қабул қилинган сўровлар тўғрисидаги маълумотлар Ишончли учинчи тараф хизматининг архивига ўтказилади.

8-боб. Миллий ишончли учинчи тараф хизмати

23. Миллий ишончли учинчи тараф хизмати мазкур Низомнинг 7-бандидаги вазифалардан ташқари «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасини юритиш ҳамда трансчегаравий электрон ҳужжат алмашиш тизими фаолиятини ташкил этиш вазифаларини бажаради.

24. Миллий ишончли учинчи тараф хизмати мазкур Низомнинг 8-бандидаги ҳуқуқлардан ташқари барча рўйхатга олиш марказлари ҳамда ахборот тизимлари билан ахборот алмашиш ва ўз вазифаларини бажариш учун тегишли сўровларни юбориш ҳуқуқига эга.

25. Миллий ишончли учинчи тараф хизмати мазкур Низомнинг 9-бандидаги мажбуриятлардан ташқари қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:

ўз фаолиятини амалга ошириш учун тарифларни ишлаб чиқиш ва ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;

ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда бепул ва имтиёзли хизматлар рўйхатини тасдиқлаш;

трансчегаравий электрон ҳужжат алмашиш тизими фаолиятини ташкил қилишда электрон ҳужжатлар ва хабарларнинг тарқалиб кетиши, ўғирланиши, йўқотилиши, бузиб талқин этилиши, тўсиб қўйилиши, қалбакилаштирилиши ва улардан бошқача тарзда рухсатсиз эркин фойдаланишнинг олдини олиш, ахборотни йўқ қилиш, ундан нусха олишга доир рухсатсиз ҳаракатлардан ҳимоялаш;

«Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасида сақлаш учун берилган ҳужжатларнинг дахлсизлигини, бутлигини ҳамда ундан фойдаланишни таъминлаш.

26. Трансчегаравий электрон ҳужжат алмашиш тизими Миллий ишончли учинчи тараф хизмати томонидан юритилади.

Бунда ушбу тизим орқали:

давлат органлари ва ташкилотлари учун хорижий давлатларнинг тегишли давлат органлари ва ташкилотларига электрон ҳужжатларни юбориш, қабул қилиш, ундаги электрон рақамли имзони текшириш;

жисмоний ва юридик шахслар учун хорижий давлатларнинг трансчегаравий электрон ҳужжат алмашиш тизимларига электрон ҳужжатларни юбориш, қабул қилиш, ундаги электрон рақамли имзони текшириш имконияти жорий этилади.

27. Миллий ишончли учинчи тараф хизмати рўйхатга олиш марказлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга берилган электрон рақамли имзонинг очиқ калитлари реестрини юритади.

Мазкур банд талаблари ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига, давлат хавфсизлигига, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган давлат сирлари ва конфиденциал ахборотни ўз ичига олган маълумотларни қайта ишлайдиган ахборот тизимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

28. Рўйхатга олиш марказлари ўзи берган ҳар бир электрон рақамли имзо калити сертификати муддатларига кўра ўзаро тузиладиган шартномага мувофиқ Миллий ишончли учинчи тараф хизматига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ҳақ тўлайди ва Миллий ишончли учинчи тараф хизмати томонидан фойдаланувчиларга электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги текин текширилишини (трансчегаравий ҳужжат алмашишдаги электрон рақамли имзоларнинг ҳақиқийлигини текшириш хизматлари бундан мустасно) таъминлайди.

Бунда:

тўловлар рўйхатга олиш марказлари томонидан белгиланган тарифлар доирасида ҳамда электрон рақамли имзо калити сертификатларининг имтиёзли ва текин берилишини инобатга олган ҳолда амалга оширилади;

2025 йил 1 октябрга қадар берилган электрон рақамли имзо калити сертификатлари учун ҳақ тўланмайди.

9-боб. «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасини юритиш тартиби

29. «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базаси Миллий ишончли учинчи тараф хизмати томонидан юритилади.

Бунда ахборот тизимларида мавжуд электрон ҳужжатлар, шу жумладан, архив ҳужжатларидаги электрон рақамли имзолар ҳақиқийлиги Миллий ишончли учинчи тараф хизмати томонидан текшириш йўли билан тасдиқланади ҳамда заруратга кўра улар «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасига сақлашга топширилади.

30. Миллий ишончли учинчи тараф хизмати «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базасига киритилган электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини (ҳақиқий эмаслигини) текширади ҳамда тегишли электрон квитанция бериш орқали тасдиқлайди.

31. Архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи давлат бошқаруви органи сўровига асосан Миллий ишончли учинчи тараф хизмати ахборот тизимини «Идоравий электрон архив» ахборот тизими билан интеграция қилади ва зарур маълумотларни тақдим этади.

32. Ахборот тизимларининг «Ягона рақамли ҳужжатлар» маълумотлар базаси билан электрон ахборот алмашишга талаблар ва шартлар ўзаро имзоланадиган шартномада кўрсатилади.

10-боб. Якунловчи қоидалар

33. Ишончли учинчи тараф хизмати фаолияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

рўйхатга олиш маркази сифатидаги фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тугатилган бўлса;

Ишончли учинчи тараф хизмати ваколатли давлат органига ўз фаолиятини якунлаш бўйича мурожаат қилган бўлса;

Ишончли учинчи тараф хизмати юридик шахс сифатида ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатган бўлса.

34. Ишончли учинчи тараф хизмати фаолияти тугатилган тақдирда, унинг фаолияти билан боғлиқ барча ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари хатловдан ўтказилади ҳамда мазкур ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари Миллий ишончли учинчи тараф хизмати ихтиёрига ўтади.

35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ишончли учинчи тараф хизматининг хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизмати ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслар билан ишлашнинг

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ишончли учинчи тараф хизмати 1. Хорижий давлатларнинг ишончли учинчи тараф хизмати ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахслари билан давлатлараро келишувлар бўлмаган тақдирда, ўзаро келишувни имзолайди. Заруратга кўра 2. Ишончли учинчи тараф хизматлари ахборот тизимлари ўртасида миллий ва халқаро (минтақавий) стандартлар талабларига мувофиқ хавфсиз алоқа (интеграция) ўрнатилади. Ўзаро тузилган келишувга мувофиқ 3. Фойдаланувчилардан келиб тушган сўровларга асосан давлатлараро юборилган ва (ёки) қабул қилинган электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзони текшириш учун сўровни юборади ва (ёки) қабул қилади. Автоматик тарзда 4. Электрон рақамли имзони текшириш учун сўров юборади ёки қабул қилинган сўровга электрон рақамли имзо ҳақиқийлигини (ҳақиқий эмаслигини) тасдиқлашга доир далилларни ўз ичига олган жавобни юборади. Автоматик тарзда 2-босқич Хорижий давлатнинг ишончли учинчи тараф хизмати ёки ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахси 1. Фойдаланувчилардан келиб тушган сўровларга асосан давлатлараро юборилган ва (ёки) қабул қилинган электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзони текшириш учун сўровни юборади ва (ёки) қабул қилади. Заруратга кўра 2. Электрон рақамли имзони текшириш учун сўров юборади ёки қабул қилинган сўровга электрон рақамли имзо ҳақиқийлигини (ҳақиқий эмаслигини) тасдиқлашга доир далилларни ўз ичига олган жавобни юборади. Автоматик тарзда

Ишончли учинчи тараф хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ишончли учинчи тараф хизмати томонидан электрон рақамли имзоларнинг тасдиқлаш тартиби

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Фойдаланувчи Ахборот тизимлардаги электрон ҳужжатларнинг ёки хорижий давлатнинг электрон рақамли имзосининг ҳақиқийлигини текшириш учун ишончли учинчи тараф хизмати билан интеграциялашган ахборот тизими орқали ушбу электрон сўровларни юборади. Заруратга кўра 2-босқич Ишончли учинчи тараф хизмати Қабул қилинган электрон сўровларни текшириш учун рўйхатга олиш марказларига ёки хорижий давлатнинг тегишли ишончли учинчи тараф хизматига (ушбу хизмат функцияларини бажарувчи юридик шахсига) йўналтиради. Автоматик тарзда 3-босқич Ишончли учинчи тараф хизмати Текшириш натижаларига кўра ишончли учинчи тараф хизмати томонидан «Тасдиқланган», «Тасдиқланмаган» ёки «Текшириш имконияти мавжуд эмас» ҳолатларидан бирига эга электрон квитанцияни шакллантиради. Электрон ҳужжатлардаги электрон рақамли имзо ишончли учинчи тараф хизматидан «Тасдиқланган» мақомига эга бўлган электрон квитанциялар мавжуд бўлса, ҳақиқийлиги тасдиқланган ҳисобланади. Автоматик тарзда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 2 сентябрь,

551-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.09.2025 й., 09/25/551/0798-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NAMUNAVIY SXEMASI

SXEMASI

Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Elektron raqamli imzo toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmoniga muvofiq ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasining “Elektron raqamli imzo toʻgʻrisida”gi Qonunida Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatining tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi nazarda tutilgani;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmoni bilan “Ishonchli uchinchi taraf” tamoyili asosida Oʻzbekiston Respublikasi hududida berilgan raqamli imzo bilan tasdiqlangan raqamli hujjatlarning haqiqiyligini tasdiqlash imkonini beruvchi “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasini yuritishga doir normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiqish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Ishonchli uchinchi taraf xizmatining asosiy vazifalari, huquqlari va majburiyatlari;

Ishonchli uchinchi taraf xizmatining elektron raqamli imzolar kalitlarini roʻyxatga olish markazlari, axborot tizimlari, shuningdek, xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmatlari bilan oʻzaro ishlash tartibi va shartlari;

Ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan elektron raqamli imzolarni tan olish, shuningdek, “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasini yuritish tartibi.

3. Belgilansinki:

Ishonchli uchinchi taraf xizmati elektron hamkorlik qilish jarayonida elektron hujjatlarning daxlsizligi hamda ishonchliligini saqlash kafolatlarini vaqtning muayyan paytida taʼminlash boʻyicha axborot vositachisi sifatida ish yuritadi, shuningdek, ularning yuridik kuchga ega ekanligini tasdiqlaydi;

transchegaraviy elektron hujjat almashishda xorijiy davlatlar elektron raqamli imzo kalitlarining sertifikatlari haqiqiyligini tasdiqlash Oʻzbekiston Respublikasida elektron raqamli imzodan foydalanish sohasidagi vakolatli davlat organi — Raqamli texnologiyalar vazirligi tashkil etadigan Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan amalga oshiriladi;

Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyati bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslar hamda Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini muvofiqlashtirish va monitoring qilib borish Raqamli texnologiyalar vazirligiga yuklanadi.

4. Raqamli texnologiyalar vazirligi:

a) bir oy muddatda Ishonchli uchinchi taraf xizmatini tayinlasin hamda Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini samarali tashkil etsin;

Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati uchun axborot tizimlarini ishlab chiqish, takomillashtirish, uni zarur bino va infratuzilma bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

Belgilab qoʻyilsinki, mazkur kichik bandda koʻrsatilgan vazifalarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi;

b) ikki oy muddatda davlat organlari va tashkilotlarida elektron raqamli imzo kalitlari ishlatiladigan axborot tizimlari va elektron raqamli imzo kalitlarini roʻyxatga olish markazlari roʻyxatini shakllantirsin hamda Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmatining axborot tizimlari va “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasi bilan integratsiya qilish choralarini koʻrsin.

Mazkur kichik band talablari oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining mudofaa qobiliyatiga, davlat xavfsizligiga, iqtisodiy va siyosiy manfaatlariga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan davlat sirlari va konfidensial axborotni oʻz ichiga olgan maʼlumotlarni qayta ishlaydigan axborot tizimlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 2-sentabrdagi 551-son qaroriga ILOVA

Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:

Ishonchli uchinchi taraf xizmati — elektron raqamli imzodan foydalanish sohasidagi vakolatli davlat organi tomonidan tayinlanadigan, Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyati — belgilangan tartibda akkreditatsiya qilingan elektron raqamli imzo kalitlarini roʻyxatga olish markazlari tomonidan amalga oshiriladigan, axborot va elektron hujjatlarni almashish chogʻida ishonchni taʼminlash maqsadida elektron hujjatdagi elektron raqamli imzoning haqiqiyligini hamda unga imzo qoʻygan shaxsga tegishliligini tekshirish va tasdiqlashga doir faoliyat;

Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati — elektron raqamli imzodan foydalanish sohasidagi vakolatli davlat organi tomonidan tayinlanadigan va tashkil etiladigan, transchegaraviy elektron hujjat almashish tizimini tashkil qilish va yuritish hamda “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasini yaratish va yuritish uchun masʼul boʻlgan Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

transchegaraviy elektron hujjat almashish — elektron hujjat aylanishi tizimlari yordamida transchegaraviy maʼlumot almashish orqali Oʻzbekiston Respublikasidagi foydalanuvchilar va xorijiy davlatdagi foydalanuvchilar oʻrtasida elektron shakldagi hujjatlarni yaratish, koʻrib chiqish, tahrir qilish va imzolash kabi funksiyalarni amalga oshirish jarayoni;

foydalanuvchi — Ishonchli uchinchi taraf xizmatidan shartnomaviy-huquqiy munosabatlar asosida foydalanish boʻyicha Ishonchli uchinchi taraf xizmatiga murojaat qilgan hamda uning xizmatidan foydalangan jismoniy va yuridik shaxs, shuningdek, davlat organi va tashkiloti;

elektron raqamli imzodan foydalanish sohasidagi vakolatli davlat organi (keyingi oʻrinlarda — vakolatli davlat organi) — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi;

elektron kvitansiya — foydalanuvchining soʻrovi asosida Ishonchli uchinchi taraf xizmatining tekshiruv natijasi boʻyicha elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlangan elektron hujjat;

“Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasi — elektron hujjatlarni shakllantirish va qonunchilik hujjatlariga muvofiq saqlashni taʼminlovchi axborot resursi.

3. Xorijiy davlatlarda berilgan elektron raqamli imzoning haqiqiyligi Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida belgilangan tartibda yoki Ishonchli uchinchi taraf xizmati yordamida haqiqiyligini tasdiqlash orqali tan olinadi.

Ishonchli uchinchi taraf xizmatining xorijiy davlatlar ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari bilan oʻzaro munosabatlari davlatlararo va (yoki) oʻzaro kelishuvlar asosida amalga oshiriladi.

Oʻzaro kelishuvga koʻra xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari tomonidan haqiqiyligi tasdiqlangan elektron hujjatlarning Oʻzbekiston Respublikasida yuridik kuchga ega ekanligini tasdiqlashda, agar xalqaro shartnomalarda boshqacha tartib keltirilgan boʻlsa, xalqaro shartnomaga amal qilinadi.

Ishonchli uchinchi taraf xizmatining xorijiy davlatlar Ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari bilan ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan namunaviy sxema asosida hamkorlik qilinadi.

2-bob. Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish va amalga oshirish

4. Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyati bilan belgilangan tartibda tashkil etilgan hamda Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibda akkreditatsiya qilingan elektron raqamli imzo kalitlarini roʻyxatga olish markazi (keyingi oʻrinlarda — roʻyxatga olish markazi) shugʻullanishi mumkin.

Bunda roʻyxatga olish markazi Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini amalga oshirish uchun axborot va kiberxavfsizlik talablariga muvofiq sertifikatlashtirilgan apparat, apparat-dasturiy va dasturiy vositalarga ega hamda foydalaniladigan axborot tizimi va resurslari kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan ekspertizadan oʻtkazilgan boʻlishi kerak.

5. Ishonchli uchinchi taraf xizmati oʻz faoliyatini vakolatli davlat organining Ishonchli uchinchi taraf xizmatini tayinlash haqidagi buyrugʻiga, qonunchilik hujjatlariga hamda elektron raqamli imzodan foydalanish sohasidagi standartlar, normalar va qoidalarga asosan amalga oshiradi.

6. Ishonchli uchinchi taraf xizmati bilan roʻyxatga olish markazlari, elektron raqamli imzo kalitlarini ishlatadigan axborot tizimlari (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimlari) hamda foydalanuvchilar oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shartnoma asosida amalga oshiriladi.

3-bob. Ishonchli uchinchi taraf xizmatining asosiy vazifalari

7. Ishonchli uchinchi taraf xizmatining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

elektron hujjatdagi elektron raqamli imzoning haqiqiyligini, unga imzo qoʻygan shaxsga tegishliligini tekshirish va elektron hujjatlar yuridik kuchga egaligini elektron kvitansiya berish orqali tasdiqlash;

idoralararo elektron hamkorlik qilish jarayonida elektron hujjatlarning daxlsizligi hamda ishonchliligini saqlash kafolatlarini vaqtning muayyan paytida taʼminlash boʻyicha axborot vositachisi sifatida ish yuritish;

oʻzaro kelishuvga koʻra xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari tomonidan haqiqiyligi tasdiqlangan elektron hujjatlarning Oʻzbekiston Respublikasida yuridik kuchga ega ekanligini tasdiqlash.

4-bob. Ishonchli uchinchi taraf xizmatining huquqlari va majburiyatlari

8. Ishonchli uchinchi taraf xizmati quyidagi huquqlarga ega:

oʻzaro hamkorlik oʻrnatilgan roʻyxatga olish markazlari va axborot tizimlariga oʻz vazifalarini bajarish uchun zarur boʻlgan soʻrovlarni yuborish va bunday soʻrovlarga muvofiq ulardan maʼlumot olish;

oʻzaro tuzilgan shartnoma shartlarini buzish holatlari aniqlangan taqdirda, xizmat koʻrsatishni rad etish;

oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun tariflarni ishlab chiqish va koʻrsatilgan xizmatlar uchun haq olish.

Ishonchli uchinchi taraf xizmati qonunchilik hujjatlariga va xalqaro shartnomalarga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

9. Ishonchli uchinchi taraf xizmati quyidagilarga majbur:

Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari va xalqaro shartnomalari talablariga javob beruvchi axborotni himoya qilish darajasini taʼminlaydigan axborotni muhofaza qilish vositalaridan foydalanish;

Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida va qonunchilik hujjatlarida boshqa muddat nazarda tutilmagan boʻlsa, oʻz faoliyati davomida amalga oshirilgan operatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ularning yaxlitligi va ishonchliligini tekshirish imkonini beradigan shaklda besh yil muddat davomida saqlash;

elektron hujjatlarning qonuniyligini tasdiqlash toʻgʻrisidagi xat-xabarlar va maʼlumotlar, xabarlar va elektron raqamli imzolar hamda ularni uchinchi shaxslarga rasmiylashtirish bilan bogʻliq hujjatlarning konfidensialligini taʼminlash;

elektron hujjatning elektron raqamli imzosini tekshirish natijalarini imzolash uchun foydalaniladigan elektron raqamli imzo yopiq kalitining konfidensialligini taʼminlash;

shaxsga doir maʼlumotlarni qayta ishlash jarayonida Oʻzbekiston Respublikasining shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan xavfsizlikni taʼminlash choralarini koʻrish;

elektron hujjatning elektron raqamli imzosini tekshirish natijalariga doir maʼlumotlarni Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan yuritiladigan “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasiga integratsiya orqali real vaqt rejimida taqdim etib borish;

koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha hujjatlarni yuritish va vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadigan shakllarga muvofiq belgilangan muddatlarda taqdim etib borish.

Ishonchli uchinchi taraf xizmati zimmasiga qonunchilik hujjatlariga va xalqaro shartnomalarga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

5-bob. Ishonchli uchinchi taraf xizmatining roʻyxatga olish markazlari va axborot tizimlari bilan oʻzaro ishlash tartibi va shartlari

10. Ishonchli uchinchi taraf xizmati oʻzaro imzolanadigan shartnomaga muvofiq roʻyxatga olish markazlaridan elektron raqamli imzoning ochiq kalitlari sertifikatlari holati (amalda, muddati oʻtgan, muddati uzaytirilgan, toʻxtatilgan, bekor qilingan va boshqa) haqidagi maʼlumotlarni hamda boshqa axborot tizimlari bilan elektron axborot almashishni real vaqt rejimida tashkil etadi.

Elektron axborot almashishga va taqdim etiladigan maʼlumotlar atributlariga qoʻyiladigan talablar oʻzaro imzolanadigan shartnomada belgilanadi.

11. Ishonchli uchinchi taraf xizmati axborot tizimlariga oʻzaro elektron axborot almashishni yoʻlga qoʻyish uchun zarur dasturiy modullarni taqdim etadi hamda mazkur modulni axborot tizimlarida ishlatishning texnik imkoniyatlarini yaratish boʻyicha zarur choralarni koʻradi.

12. Ishonchli uchinchi taraf xizmati quyidagi yoʻnalishlarda oʻz faoliyatini yuritadi:

a) Ikki tomonlama Ishonchli uchinchi taraf xizmati.

Bunda Ishonchli uchinchi taraf xizmati Oʻzbekiston Respublikasidagi foydalanuvchilar oʻrtasidagi hamda Oʻzbekiston Respublikasidagi va xorijiy davlatdagi foydalanuvchilar oʻrtasidagi hujjat almashish jarayonida xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari bilan hamkorlikda elektron raqamli imzolarning haqiqiyligini hamda unga imzo qoʻygan shaxsga tegishliligini tekshiradi, tasdiqlaydi, elektron kvitansiyani shakllantiradi hamda tegishli tizimlarga maʼlumotlarni uzatadi;

b) Bir tomonlama Ishonchli uchinchi taraf xizmati.

Bunda Ishonchli uchinchi taraf xizmati Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi va/yoki xorijiy davlatdagi foydalanuvchi soʻroviga muvofiq taqdim etilgan hujjatdagi elektron raqamli imzoning haqiqiyligini hamda unga imzo qoʻygan shaxsga tegishliligini tekshiradi, tasdiqlaydi, elektron kvitansiyani shakllantiradi hamda tegishli tizimlarga maʼlumotlarni uzatadi;

v) Roʻyxatga olish markazlari elektron raqamli imzolarini oʻzaro tasdiqlash.

Bunda Ishonchli uchinchi taraf xizmati foydalanuvchilar maʼlum bir roʻyxatga olish markazidan olingan elektron raqamli imzo kaliti yordamida boshqa roʻyxatga olish markazining elektron raqamli imzo kalitlaridan foydalanish zarur boʻlgan tizimlarga (elektron axborot almashish orqali) kirishi uchun foydalanuvchilarning elektron raqamli imzoning haqiqiyligini hamda unga imzo qoʻygan shaxsga tegishliligini tekshiradi, tasdiqlaydi.

Ishonchli uchinchi taraf xizmati elektron raqamli imzodan foydalanish sohasining qonunchilikda taʼqiqlanmagan yoʻnalishlarda oʻz faoliyatini yuritishi mumkin.

6-bob. Ishonchli uchinchi taraf xizmatining xorijiy davlatlar ishonchli uchinchi taraf xizmatlari bilan ishlash tartibi va shartlari

13. Ishonchli uchinchi taraf xizmatining xorijiy davlatlar ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari bilan ishlash tartibi va shartlari oʻzaro imzolanadigan hujjatlar bilan belgilanadi.

14. Xorijiy davlat elektron raqamli imzosining haqiqiyligi oʻzaro talab etiladigan hujjatlarni imzolagan va elektron axborot almashishni yoʻlga qoʻygan xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari oʻrtasida tekshiriladi.

15. Ishonchli uchinchi taraf xizmati bilan oʻzaro elektron axborot almashishni yoʻlga qoʻygan xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari roʻyxati va ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Ishonchli uchinchi taraf xizmati hamda vakolatli davlat organining rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilib boriladi.

7-bob. Ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan elektron raqamli imzolarni tasdiqlash tartibi

16. Ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan elektron hujjatlardagi elektron raqamli imzolarning haqiqiyligini tekshirish va tasdiqlash ushbu elektron raqamli imzo kalitlari sertifikatlarini bergan roʻyxatga olish markazlari yoki xorijiy davlat (ishonchli uchinchi taraf xizmatlari yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslar) bilan elektron hamkorlik mavjud boʻlganda amalga oshiriladi.

17. Ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan elektron raqamli imzolar ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha tasdiqlanadi.

18. Foydalanuvchi axborot tizimlaridagi elektron hujjatlarning yoki xorijiy davlatning elektron raqamli imzosining haqiqiyligini tekshirish uchun Ishonchli uchinchi taraf xizmati bilan integratsiyalashgan axborot tizimi orqali ushbu elektron soʻrovlarni yuboradi.

19. Ishonchli uchinchi taraf xizmati qabul qilingan elektron soʻrovlarni tekshirish uchun roʻyxatga olish markazlariga yoki xorijiy davlatning tegishli Ishonchli uchinchi taraf xizmatiga (ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxsiga) yoʻnaltiradi.

20. Tekshirish natijalariga koʻra Ishonchli uchinchi taraf xizmati quyidagi javoblarni elektron kvitansiya koʻrinishida shakllantiradi:

a) elektron raqamli imzoni tekshirishda ijobiy natija chiqqan taqdirda, “Tasdiqlangan” holatiga ega elektron kvitansiya;

b) elektron raqamli imzoni tekshirishda salbiy natija chiqqan taqdirda, “Tasdiqlanmagan” holatiga ega elektron kvitansiya;

v) elektron soʻrovdagi maʼlumotlarni tekshirish imkoniyati boʻlmasa, “Tekshirish imkoniyati mavjud emas” (imzolanmagan, xato, rad etish) holatiga ega boʻlgan elektron kvitansiya.

Elektron hujjatlardagi elektron raqamli imzo Ishonchli uchinchi taraf xizmatidan “Tasdiqlangan” maqomiga ega boʻlgan elektron kvitansiyalar mavjud boʻlsa, haqiqiyligi tasdiqlangan hisoblanadi.

21. Ishonchli uchinchi taraf xizmati qabul qilingan soʻrovlar haqidagi maʼlumotlarni qonunchilik hujjatlarida boshqacha muddatlar nazarda tutilmagan boʻlsa, besh yil davomida maʼlumotlar bazasida saqlaydi.

22. Saqlash muddati tugagandan soʻng qabul qilingan soʻrovlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Ishonchli uchinchi taraf xizmatining arxiviga oʻtkaziladi.

8-bob. Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati

23. Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati mazkur Nizomning 7-bandidagi vazifalardan tashqari “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasini yuritish hamda transchegaraviy elektron hujjat almashish tizimi faoliyatini tashkil etish vazifalarini bajaradi.

24. Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati mazkur Nizomning 8-bandidagi huquqlardan tashqari barcha roʻyxatga olish markazlari hamda axborot tizimlari bilan axborot almashish va oʻz vazifalarini bajarish uchun tegishli soʻrovlarni yuborish huquqiga ega.

25. Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati mazkur Nizomning 9-bandidagi majburiyatlardan tashqari quyidagilarga majbur hisoblanadi:

oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun tariflarni ishlab chiqish va vakolatli davlat organi bilan kelishilgan holda tasdiqlash;

vakolatli davlat organi bilan kelishilgan holda bepul va imtiyozli xizmatlar roʻyxatini tasdiqlash;

transchegaraviy elektron hujjat almashish tizimi faoliyatini tashkil qilishda elektron hujjatlar va xabarlarning tarqalib ketishi, oʻgʻirlanishi, yoʻqotilishi, buzib talqin etilishi, toʻsib qoʻyilishi, qalbakilashtirilishi va ulardan boshqacha tarzda ruxsatsiz erkin foydalanishning oldini olish, axborotni yoʻq qilish, undan nusxa olishga doir ruxsatsiz harakatlardan himoyalash;

“Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasida saqlash uchun berilgan hujjatlarning daxlsizligini, butligini hamda undan foydalanishni taʼminlash.

26. Transchegaraviy elektron hujjat almashish tizimi Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan yuritiladi.

Bunda ushbu tizim orqali:

davlat organlari va tashkilotlari uchun xorijiy davlatlarning tegishli davlat organlari va tashkilotlariga elektron hujjatlarni yuborish, qabul qilish, undagi elektron raqamli imzoni tekshirish;

jismoniy va yuridik shaxslar uchun xorijiy davlatlarning transchegaraviy elektron hujjat almashish tizimlariga elektron hujjatlarni yuborish, qabul qilish, undagi elektron raqamli imzoni tekshirish imkoniyati joriy etiladi.

27. Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati roʻyxatga olish markazlari tomonidan jismoniy va yuridik shaxslarga berilgan elektron raqamli imzoning ochiq kalitlari reyestrini yuritadi.

Mazkur band talablari oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining mudofaa qobiliyatiga, davlat xavfsizligiga, iqtisodiy va siyosiy manfaatlariga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan davlat sirlari va konfidensial axborotni oʻz ichiga olgan maʼlumotlarni qayta ishlaydigan axborot tizimlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

28. Roʻyxatga olish markazlari oʻzi bergan har bir elektron raqamli imzo kaliti sertifikati muddatlariga koʻra oʻzaro tuziladigan shartnomaga muvofiq Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmatiga bazaviy hisoblash miqdorining 1 foizidan koʻp boʻlmagan miqdorda haq toʻlaydi va Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan foydalanuvchilarga elektron hujjatlardagi elektron raqamli imzoning haqiqiyligi tekin tekshirilishini (transchegaraviy hujjat almashishdagi elektron raqamli imzolarning haqiqiyligini tekshirish xizmatlari bundan mustasno) taʼminlaydi.

Bunda:

toʻlovlar roʻyxatga olish markazlari tomonidan belgilangan tariflar doirasida hamda elektron raqamli imzo kaliti sertifikatlarining imtiyozli va tekin berilishini inobatga olgan holda amalga oshiriladi;

2025-yil 1-oktabrga qadar berilgan elektron raqamli imzo kaliti sertifikatlari uchun haq toʻlanmaydi.

9-bob. “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasini yuritish tartibi

29. “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasi Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan yuritiladi.

Bunda axborot tizimlarida mavjud elektron hujjatlar, shu jumladan, arxiv hujjatlaridagi elektron raqamli imzolar haqiqiyligi Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan tekshirish yoʻli bilan tasdiqlanadi hamda zaruratga koʻra ular “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasiga saqlashga topshiriladi.

30. Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasiga kiritilgan elektron hujjatdagi elektron raqamli imzoning haqiqiyligini (haqiqiy emasligini) tekshiradi hamda tegishli elektron kvitansiya berish orqali tasdiqlaydi.

31. Arxiv ishi va ish yuritish sohasida yagona davlat siyosatini yurituvchi davlat boshqaruvi organi soʻroviga asosan Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati axborot tizimini “Idoraviy elektron arxiv” axborot tizimi bilan integratsiya qiladi va zarur maʼlumotlarni taqdim etadi.

32. Axborot tizimlarining “Yagona raqamli hujjatlar” maʼlumotlar bazasi bilan elektron axborot almashishga talablar va shartlar oʻzaro imzolanadigan shartnomada koʻrsatiladi.

10-bob. Yakunlovchi qoidalar

33. Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyati quyidagi hollarda tugatiladi:

roʻyxatga olish markazi sifatidagi faoliyati qonunchilik hujjatlariga muvofiq tugatilgan boʻlsa;

Ishonchli uchinchi taraf xizmati vakolatli davlat organiga oʻz faoliyatini yakunlash boʻyicha murojaat qilgan boʻlsa;

Ishonchli uchinchi taraf xizmati yuridik shaxs sifatida oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tugatgan boʻlsa.

34. Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyati tugatilgan taqdirda, uning faoliyati bilan bogʻliq barcha axborot tizimlari va maʼlumotlar bazalari xatlovdan oʻtkaziladi hamda mazkur axborot tizimlari va maʼlumotlar bazalari Milliy ishonchli uchinchi taraf xizmati ixtiyoriga oʻtadi.

35. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Ishonchli uchinchi taraf xizmatining xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmati yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslar bilan ishlashning

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ishonchli uchinchi taraf xizmati 1. Xorijiy davlatlarning ishonchli uchinchi taraf xizmati yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxslari bilan davlatlararo kelishuvlar boʻlmagan taqdirda, oʻzaro kelishuvni imzolaydi. Zaruratga koʻra 2. Ishonchli uchinchi taraf xizmatlari axborot tizimlari oʻrtasida milliy va xalqaro (mintaqaviy) standartlar talablariga muvofiq xavfsiz aloqa (integratsiya) oʻrnatiladi. Oʻzaro tuzilgan kelishuvga muvofiq 3. Foydalanuvchilardan kelib tushgan soʻrovlarga asosan davlatlararo yuborilgan va (yoki) qabul qilingan elektron hujjatlardagi elektron raqamli imzoni tekshirish uchun soʻrovni yuboradi va (yoki) qabul qiladi. Avtomatik tarzda 4. Elektron raqamli imzoni tekshirish uchun soʻrov yuboradi yoki qabul qilingan soʻrovga elektron raqamli imzo haqiqiyligini (haqiqiy emasligini) tasdiqlashga doir dalillarni oʻz ichiga olgan javobni yuboradi. Avtomatik tarzda 2-bosqich Xorijiy davlatning ishonchli uchinchi taraf xizmati yoki ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxsi 1. Foydalanuvchilardan kelib tushgan soʻrovlarga asosan davlatlararo yuborilgan va (yoki) qabul qilingan elektron hujjatlardagi elektron raqamli imzoni tekshirish uchun soʻrovni yuboradi va (yoki) qabul qiladi. Zaruratga koʻra 2. Elektron raqamli imzoni tekshirish uchun soʻrov yuboradi yoki qabul qilingan soʻrovga elektron raqamli imzo haqiqiyligini (haqiqiy emasligini) tasdiqlashga doir dalillarni oʻz ichiga olgan javobni yuboradi. Avtomatik tarzda

Ishonchli uchinchi taraf xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan elektron raqamli imzolarning tasdiqlash tartibi

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Foydalanuvchi Axborot tizimlardagi elektron hujjatlarning yoki xorijiy davlatning elektron raqamli imzosining haqiqiyligini tekshirish uchun ishonchli uchinchi taraf xizmati bilan integratsiyalashgan axborot tizimi orqali ushbu elektron soʻrovlarni yuboradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Ishonchli uchinchi taraf xizmati Qabul qilingan elektron soʻrovlarni tekshirish uchun roʻyxatga olish markazlariga yoki xorijiy davlatning tegishli ishonchli uchinchi taraf xizmatiga (ushbu xizmat funksiyalarini bajaruvchi yuridik shaxsiga) yoʻnaltiradi. Avtomatik tarzda 3-bosqich Ishonchli uchinchi taraf xizmati Tekshirish natijalariga koʻra ishonchli uchinchi taraf xizmati tomonidan “Tasdiqlangan”, “Tasdiqlanmagan” yoki “Tekshirish imkoniyati mavjud emas” holatlaridan biriga ega elektron kvitansiyani shakllantiradi. Elektron hujjatlardagi elektron raqamli imzo ishonchli uchinchi taraf xizmatidan “Tasdiqlangan” maqomiga ega boʻlgan elektron kvitansiyalar mavjud boʻlsa, haqiqiyligi tasdiqlangan hisoblanadi. Avtomatik tarzda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 2-sentabr,

551-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 03.09.2025-y., 09/25/551/0798-son)

lex.uz