📅 2025-yil 3-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 3-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 3 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳсулотларни экспорт қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 14 мартдаги ПФ-47-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усуллари ва уларни қўллаш тартиби;
моддий ташувчи орқали олиб чиқиладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона қийматини аниқлаш масалалари;
декларацияланмасдан ёки декларацияда нотўғри кўрсатилган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ва қайта кўриб чиқиш тартиби;
декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда, товарларни шартли чиқариб юбориш қоидалари.
2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрдаги 560-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарларнинг (кейинги ўринларда — олиб чиқиладиган товарлар) божхона қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари божхона тўловлари тўланиши назарда тутилган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) товарларга нисбатан қўлланади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
божхона қиймати декларацияси — божхона юк декларациясининг ажралмас қисми бўлиб, товарнинг божхона қиймати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига божхона юк декларацияси билан бир пайтда топшириладиган ҳужжат;
божхона органларига божхона юк декларациясини тақдим этаётган шахс (кейинги ўринларда — декларацияловчи шахс) — божхона органларига божхона юк декларациясини ўз номидан тақдим этаётган декларант ёки божхона юк декларациясини тўлдириш, имзолаш ва божхона органларига декларант номидан шартнома асосида тақдим этиш ваколатига эга бўлган божхона брокерининг божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси;
моддий ташувчи — рақамли маҳсулотларни яратиш, қайд этиш, узатиш, қабул қилиш, сақлаш ёки бошқа тарзда ишлатиш учун қўлланадиган магнит, оптик, лазерли ёки бошқа электрон ахборот ташувчиси;
олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати — товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қиймати;
рақамли дистрибуция — рақамли маҳсулотларни моддий ташувчидан фойдаланмаган ҳолда, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали шахсий компьютерга ёки мобил қурилмага юклаш (юклаб олиш) орқали тарқатиш усули, онлайн хизматлардан фойдаланишга рухсат бериш ёки обуна бўлиш ва бошқалар.
3. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати ушбу Низомнинг 2-бобида келтирилган усулларига мувофиқ божхона қиймати декларациясини тўлдирган ҳолда товарларни декларациялашда декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига маълум қилинади.
4. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати асосини имкон қадар ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган мазкур товарнинг битим қиймати ташкил этиши керак.
Олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш товарларнинг ихтиёрий ёки сохта божхона қийматидан фойдаланишга асосланмаслиги керак.
Божхона қийматини аниқлаш тартиб-таомиллари умумий қўлланиладиган бўлиши керак, яъни улар товарларни етказиб бериш манбаларига, шу жумладан, олиб чиқилиши мўлжалланган мамлакатга, товарлар турига, битим иштирокчиларига ва бошқа омилларга қараб фарқ қилмаслиги лозим.
5. Декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини аниқлашда танланган усул ва маълум қилинган божхона қийматини ҳисоблаб чиқаришнинг тўғрилиги назорат қилиниши божхона органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг (кейинги ўринларда — Кодекс) 319-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Божхона қийматини аниқлаш усуллари ва уларни қўллаш
6. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:
олиб чиқиладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича (кейинги ўринларда — 1-усул);
айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича (кейинги ўринларда — 2-усул);
ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича (кейинги ўринларда — 3-усул);
қийматларни қўшиш асосида (кейинги ўринларда — 5-усул);
захира усул (кейинги ўринларда — 6-усул).
7. 1-усул олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули ҳисобланади.
Агар олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг 1-усулини қўллаш мумкин бўлмаса, ушбу Низомнинг 6-банди учинчи — олтинчи хатбошиларида кўрсатилган усуллар кетма-кетликда қўлланилади.
Бунда ҳар бир кейинги усулнинг қўлланилишига, агар божхона қийматини аниқлашда олдингисидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади.
8. 1-усул қийматли асосга эга бўлган ташқи савдо битимларига мувофиқ олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда қўлланилади.
9. Олиб чиқиладиган товарнинг маълум қилинган божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай товарнинг божхона қиймати 2 ва 3-усуллар асосида аниқланади.
2 ва 3-усуллар илгари 1-усул билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга доир битим қийматидан божхона қийматини аниқлаш учун асос қилиб олинадиган база сифатида фойдаланишга асосланади.
Бунда декларант ёки божхона брокери томонидан амалда мавжуд бўлган ташқи савдо битимлари нархи ва товарларнинг Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали олиб ўтилиши тўғрисидаги ҳужжатлар асосида тасдиқланган маълумотлар қўлланилади.
10. 5-усул товарни ишлаб чиқариш ва олиб чиқиш учун кетадиган харажатлар тўғрисидаги ахборотларга асосланади.
11. 6-усул ўзидан олдинги усуллардан ҳеч бирини қўллаш имконияти мавжуд бўлмаганда қўлланилади. 6-усул бўйича божхона қиймати божхона органларида мавжуд бўлган нарх маълумотлари асосида аниқланиши мумкин.
Агар божхона органи товарнинг божхона қийматини мустақил равишда аниқлайдиган бўлса, у 1 — 3 ва 5-усулларнинг шартларини қўллашда бир мунча қайишқоқликни назарда тутувчи 6-усулдан фойдаланади.
12. Олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлашда божхона органи томонидан Кодекснинг 315-моддаси саккизинчи қисмида белгиланган нормалар ҳисобга олинади.
3-боб. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини 1-усул бўйича аниқлаш
13. 1-усул олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини битим қиймати бўйича, яъни товарни экспортга сотишда товар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказилаётган вақтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган, ушбу Низомнинг 24 ва 25-бандлари қоидалари ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади.
Олиб чиқиладиган товарлар учун сотиб олувчи томонидан бевосита сотувчига ёки сотувчининг фойдаси учун бошқа шахсга тўланган ёки тўланиши лозим бўлган барча тўловларнинг умумий суммаси бундай товарлар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх деб ҳисобланади. Бунда тўловлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида тақиқланмаган ҳар қандай шаклда бевосита ёки билвосита амалга оширилиши мумкин.
Олиб чиқиладиган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархга сотувчининг учинчи шахс олдидаги мажбуриятларини бажариш мақсадида сотиб олувчи томонидан сотувчига ёки учинчи шахсга етказиладиган товарларни сотиш шарти сифатида амалга оширилган ёки тўланиши лозим бўлган барча тўловлар киради.
Бир битим доирасида кўп миқдорда сотилган товарларнинг бир қисмини декларациялашда бундай товарлар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх декларацияланадиган товарларнинг миқдори ва сотилган товарларнинг умумий миқдори билан тенг нисбатда аниқланади.
14. 1-усул қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
а) битимнинг қийматига таъсир кўрсатган чекловлар ва (ёки) шартлар мавжуд бўлса, қуйидаги чекловлар бундан мустасно:
товарни қайта сотиш мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар;
товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар;
б) товар божхона ҳудудидан қиймат асосига эга бўлмаган битим бўйича олиб чиқилаётган бўлса;
в) сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари);
г) олиб чиқиладиган товарни сотиб олувчи томонидан кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг ҳар қандай қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтса ва бунда товарнинг қийматига ушбу Низомнинг 24-бандига мувофиқ тегишли тузатишларни киритиш мумкин бўлмаса;
д) товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ёхуд нотўғри бўлса;
е) битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар бундан мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим.
15. Сотувчи томонидан сотиб олувчининг товарлардан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларига бевосита ёки билвосита чекловлар белгиланганда, 1-усул қўлланилмайди. Қуйидаги чекловлар бундан мустасно:
а) товарни қайта сотиш мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар.
Масалан, сотувчи товарни олиб чиқилиши мўлжалланган мамлакатда ўзининг аниқ бир ҳудуддаги сотувчиларига сотади. Бунда сотувчиларнинг ҳар бири товарни фақат муайян ҳудудда сотиши мумкинлиги тўғрисидаги шарт қўйилади;
б) товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар. Агар нархга жиддий таъсир кўрсатадиган шарт мавжудлиги ҳақида маълум қилинса, унда 1-усулнинг қўлланилиши фақат бундай шарт натижасида нархнинг миқдорий ўзгариши ҳужжатлар асосида белгиланган ҳолдагина мумкин бўлади. Агар нархга миқдорий таъсир қилишни белгилаш ва ҳужжатлар асосида тасдиқлаш мумкин бўлмаса, унда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулларига ўтиш керак бўлади.
Масалан, сотувчи техникани сотиб олувчига ундан олиб чиқилиши мўлжалланган мамлакатда фақат давлат дастурлари доирасида фойдаланади деган шарт билан сотади.
Бунда 1-усул қўлланилиши мумкин эмас, чунки сотиб олувчининг товардан фойдаланиш ҳуқуқига нисбатан чеклов мавжуд ва бу хилдаги шарт битим қийматига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усуллари қўлланилиши керак.
Барча чекловларни баҳолашда, уларнинг 1-усулдан фойдаланиши имкониятига таъсири нуқтаи назаридан асосий мезон бўлиб, бу битимнинг қийматига маълум бир шартнинг таъсир даражасидир. Чеклов битим нархига таъсир кўрсатмаса, у 1-усулдан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди.
Агар сотувчи ҳуқуқига нисбатан яна қандайдир бошқа чекловлар мавжуд бўлса, унда 1-усул қўлланилмайди.
16. 1-усул қиймат асосига эга бўлмаган ташқи савдо битимларига нисбатан қўлланилмайди. Жумладан:
а) товарнинг бепул етказиб берилиши.
Масалан, сотувчи сотиб олувчига намуна сифатида 5 дона ускунани етказиб бериши кўзда тутилмоқда. Мазкур ҳолатда олди-сотди шартномаси мавжуд эмас;
б) товарнинг консигнация шартларида етказиб берилиши.
Масалан, Ўзбекистон Республикасидаги етказиб берувчи ўз агентига бир туркум полиз маҳсулотларини қулайроқ шартларда сотиш учун етказиб беришни мўлжаллаган. Ушбу ҳолатда агент полиз маҳсулотларини сотиб олмайди, яъни унинг эгасига айланмайди ва полиз маҳсулотларини сотишдан кўрилган фойдани етказиб берувчи олади (агентга унинг сотишга доир харажатлари ва иш ҳақи тўланиши ҳисобга олинган ҳолда);
в) товарни воситачига сотмасдан воситачи орқали товарнинг етказиб берилиши.
Масалан, Ўзбекистон Республикасидаги юридик шахс бўлган корхона Белгия давлатида жойлашган ўзининг номидан фаолият юритмайдиган филиалига эга. Улар ўртасидаги товар етказиб берилиши олди-сотди битими тушунчасига кирмайди;
г) товарнинг айирбошлаш ёки компенсацион операциялар доирасида етказиб берилиши, агар товарлар нархи кўрсатилмаган бўлса;
д) товарнинг лизинг операциялари доирасида етказиб берилиши.
Мазкур ҳолатда товарга нисбатан мулк ҳуқуқи ижарага берувчидан ижарага олувчига ўтмайди, мулкдор товардан фойдаланганлик ҳуқуқи учун фойданинг бир қисмини олади ва товар муайян вақтдан сўнг унинг эгасига (ижарага берувчига) қайтариб берилиши мумкин;
е) товарнинг вақтинча олиб чиқиш мақсадида етказиб берилиши.
Масалан, мулкдор (етказиб берувчи) муайян вақтдан сўнг етказиб берувчига қайтарилиши лозим бўлган енгил автомашинани вақтинча фойдаланиш учун истеъмолчига вақтинча олиб чиқиш шартларида етказиб беради;
ж) товарнинг ташқи савдо контрактида (шартномасида, келишувида) назарда тутилган кафолатлар асосида етказиб берилиши.
Масалан, кафолат муддати давомида етказиб берилган ускунанинг алоҳида механизмлари ишдан чиқди. Уларни алмаштириш учун янги деталлар етказиб берилади.
17. Агар битимни тузишда баҳоланадиган товарлар қийматини аниқлашга ва бинобарин, битим қийматининг божхона мақсадлари учун қабул қилинишига тўсқинлик қиладиган шартлар битим шартлари сифатида илгари сурилган бўлса, бундай ҳолатда 1-усулнинг қўлланилиши мумкин эмас. Бундай шартлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
сотувчи олиб чиқиладиган товарларга нархни сотиб олувчи муайян миқдорлардаги бошқа турдаги товарларни ҳам товарнинг ҳар бир турига нарх кўрсатилмаган ҳолда сотиб олади деган шарт асосида белгилаганда;
олиб чиқиладиган товарларнинг нархи худди шундай товарлар сотиб олувчининг экспорт қилинадиган товарларнинг сотувчисига сотадиган бошқа товарларнинг нархи ёки нархларига боғлиқ бўлганда;
нарх олиб чиқиладиган товарларга алоқаси бўлмаган ҳақ тўлаш шакли асосида белгиланганда;
олди-сотди шартномаси фақат ушбу сотиб олувчига сотиш шартини назарда тутганда.
Бундай шартлар мавжуд бўлса, уларнинг битим қийматига таъсир этган ёки этмагани ва бундай таъсирни миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкинлигига ойдинлик киритилиши керак. Фақатгина шартнинг қийматга таъсирининг миқдорий жиҳатини аниқлаш мумкин бўлса ҳамда маълум қилинган нарх ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх бўлса, 1-усулни қўллаш мумкин.
18. Агар тузилган битим шартларига кўра, сотиб олувчи товарнинг кейинчалик қайта сотилиши, тасарруф этилиши ёки ундан фойдаланилишидан сўнг тушган тушумнинг бир қисмини сотувчига ўтказиши керак бўлганда лекин бундай қисм миқдори ёки уни аниқлаш усули шартномада кўрсатилмаган бўлса, 1-усулнинг қўлланилиши мумкин эмас.
Агар битим шартларига кўра тушумнинг ўтказиладиган қисми миқдорини ҳисоблаб чиқариш мумкин бўлса, унда божхона қиймати икки босқичда аниқланади:
биринчи босқичда товар олиб чиқилиши вақтида божхона қиймати муваққат (шартли) баҳолаш орқали 1-усул билан аниқланади;
иккинчи босқичда товарнинг кейинчалик қайта сотилиши, тасарруф этилиши ёки ундан фойдаланилгандан сўнг тушган тушум миқдори ва сотувчига ўтказилган ёки ўтказиладиган маблағ тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим этилади. Ушбу маълумотлар асосида божхона қиймати ва шунга мувофиқ ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасига тузатишлар киритилади.
19. Божхона қийматини тасдиқлаш учун декларант ёки божхона брокери божхона органига ишончли, миқдорий жиҳатдан аниқланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотлардан иборат бўлган маълумотларни тақдим этиши шарт. Бунда божхона қийматини тасдиқлаш учун тақдим этилган барча ҳужжатлар:
зарур тарзда расмийлаштирилган бўлиши;
уларни тўлдиришнинг тегишли қоидаларида (йўриқномаларида) назарда тутилган барча зарур реквизитлар ва маълумотларни ўзида акс эттириши;
алоҳида етказиб бериш ва (ёки) умуман битим бўйича тўловлар ва ҳисоб-китобларни идентификациялашни таъминлаши;
ташкилотнинг раҳбари, бош бухгалтери имзолари ва муҳри ёхуд юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи шахснинг (бухгалтерия ҳужжатларига нисбатан) имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.
Божхона қиймати декларациясида олиб чиқилиши мўлжалланган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган суммалар ҳужжатлар асосида тасдиқланган бўлиши шарт.
Бунда тўловлар бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга оширилиши мумкин.
Бевосита тўловлар деганда, Ўзбекистон Республикасининг валюта қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳар қандай шаклда тўғридан-тўғри амалга оширилиши назарда тутилса, билвосита тўловлар сотиб олувчи топшириғига кўра ёки учинчи шахслар томонидан амалга оширилишини англатади.
Ушбу талабга мувофиқ, божхона қиймати декларациясида кўрсатилган барча элементлар тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда, божхона қиймати фақатгина 1-усул билан аниқланиши мумкин, шу жумладан:
битим нархи — тўлаш учун ҳисобварақ-фактура (инвойс) орқали;
битим қийматига қўшимча ҳисобланмалар — тўлов ва бундай харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар орқали;
ҳисобдан чиқариладиган (чегириладиган) харажатларнинг суммалари — тўлов ва бундай харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар орқали.
1-усул ҳужжатлар асосида тасдиқланмаса, қўлланилиши мумкин эмас.
Битим нархига қўшимча келишувлар киритилиб, унга асосан товар нархи пасайтирилган тақдирда, унинг асосли эканлиги қўшимча ҳужжатлар билан тўлиқ тасдиқлаб берилганда битим нархи қабул қилиниши мумкин.
20. Битим тарафларининг ўзаро боғлиқлик белгилари Кодекснинг 307-моддаси талаблари асосида аниқланади.
Сотувчи билан сотиб олувчи ўртасида алоқадорликнинг мавжудлиги битимнинг маълум қилинган қийматини тан олмаслик ва 1-усулни қўллашни рад этиш учун асос бўла олмайди.
Олиб чиқиладиган товарга доир битим тарафларининг ўзаро боғлиқлик белгилари мавжуд бўлган тақдирда, божхона органи томонидан битимнинг амалдаги ҳолатлари ўрганиб чиқилади.
Агар божхона органи битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги битим баҳосига таъсир кўрсатмаган деб топса, ушбу битим божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилинади. Акс ҳолда божхона органи декларантни ёки божхона брокерини мазкур ўзаро боғлиқлик битим нархига таъсир кўрсатмаганлигини исботловчи далилларни ўттиз календарь кундан ошмаган муддатда тақдим этиш зарурлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.
Декларант ёки божхона брокерининг аризасига кўра амалга оширилган битимнинг нархи товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун қабул қилиниши мумкин. Бунда баҳоланаётган товар олиб чиқилишидан олдин ёки олиб чиқилганидан сўнг ўттиз календарь кун ичида ўзаро боғлиқликнинг битим нархига таъсири йўқлиги декларант ёки божхона брокери томонидан қуйидаги усуллардан бири билан исботланади:
а) қўшимча ҳужжатлар ва маълумотлар, шу жумладан, божхона органи томонидан қўшимча равишда сўралган, сотиш билан боғлиқ ҳолатларни тавсифловчи (акс эттирувчи) ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш.
Битим иштирокчилари ўртасидаги муносабатларнинг олиб чиқиладиган товар нархига таъсирини аниқлаш мақсадида божхона органи сотиш билан боғлиқ ҳолатларни таҳлил қилганда битимнинг барча шартларини, шу жумладан, сотиб олувчи ва сотувчи ўртасидаги тижорат муносабатларини қандай ташкил этишини ва олиб чиқилаётган товарларнинг нархи қандай белгиланганлигини ҳисобга олади.
Агар декларант ўзаро боғлиқ шахслар бўлган сотиб олувчи ва сотувчи олиб чиқилаётган товарларни бир хил шартларда, шу жумладан, солиштирма нархларда (яъни бир хил даражадаги нархларда) ўзаро сотаётганликларини ва сотиб олишларини ёки улар ўзаро боғлиқ шахслар бўлмаганлигини исботласа, бу ҳолат сотувчи ва сотиб олувчи ўртасидаги муносабатлар олиб чиқилаётган товар нархига таъсир қилмаганлигидан далолат беради;
б) товар олиб чиқилаётганда божхона органи рози бўлган қуйидаги қийматларнинг бирига яқин эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш:
олиб чиқиш мўлжалланган мамлакатга экспорт қилиш учун сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотилаётгандаги битимнинг қийматига;
айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг қийматларини қўшиш усули бўйича аниқланган божхона қийматига.
Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослаш учун тақдим этилган, ушбу банднинг «б» кичик банди иккинчи — учинчи хатбошиларида кўрсатилган битимнинг баҳосига ва товарнинг божхона қийматига қуйидаги мезонлар бўйича фарқлар ҳисобга олинган ҳолда тузатишлар киритилади:
тижорат шартлари;
миқдори;
ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган харажатлар;
ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасидаги битимда сотиб олувчининг харажатлари, агар бундай харажатлар сотиб олувчи томонидан ўзаро боғлиқ бўлган шахс билан тузилган битимда амалга оширилмаса.
Декларант ёки божхона брокери томонидан таққослашга тақдим этилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг битим баҳосидан ёки божхона қийматидан баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун битимнинг баҳоси ўрнига фойдаланилиши мумкин эмас.
21. Кўриб чиқилаётган битим шартларига мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда, 1-усул қўлланилиши мумкинлиги белгилангандан сўнг маълум қилинган қийматга ушбу Низомнинг 24-бандига мувофиқ тузатиш киритилади.
Божхона қийматини аниқлашнинг бошланғич нуқтаси ҳар доим ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган қийматни, яъни сотиб олувчи сотувчига тўлаган ёки тўлаши лозим бўлган ҳақиқий харажатларни белгилаш ҳисобланади.
Агар божхона расмийлаштируви вақтида сотиб олувчи томонидан товар учун ҳисоб ҳақи тўланмаган бўлса, унда божхона органига ҳақи тўланмаган ҳисобварақ-фактура (инвойс) тақдим этилади.
Агар шартнома шартларида фактура қийматидан чегирмалар назарда тутилган ва божхона расмийлаштирувига қадар ушбу чегирмалар инобатга олинган ҳолда ҳисоб тўланган ҳамда чегирма бериш асослари битимда ва ҳисобварақ-фактурада (инвойс) аниқ кўрсатилган бўлса, божхона қийматини аниқлаш учун амалда тўланган сумма асос сифатида қабул қилинади (яъни чегирмалар инобатга олинади).
22. Товарнинг божхона қийматини маълум қилишда декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг тақдим этилмаганлиги божхона қийматини аниқлашнинг 1-усулини қўллашни рад этишга асос бўлиб ҳисобланмайди.
Бундай ҳолларда божхона органи ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви), товарнинг кузатув ҳужжатлари, товарнинг ташқи кўринишида (қадоғида, ўрамида ва бошқалар) мавжуд бўлган товар ҳақидаги маълумотлар асосида унинг ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган мамлакати ва бошқа зарур бўлган маълумотларни аниқлаши керак.
Декларант ёки божхона брокери божхона юк декларациясининг тегишли бандида товар тавсифи тўғрисидаги маълумотларни киритиш билан бирга, унинг ишлаб чиқарувчиси ва ишлаб чиқарилган мамлакати ҳақидаги ахборотларни ҳам киритиши шарт.
23. Божхона кўздан кечируви ёки кўригини ўтказиш жараёнида товарнинг миқдори товар кузатув ҳужжатларида кўрсатилганига нисбатан фарқ аниқланганда, бироқ унинг қиймати божхона қийматини маълум қилиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар билан тасдиқланса, товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг 1-усули қўлланилиши мумкин.
24. Олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қийматини белгилашда олиб чиқилаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши керак бўлган нархга қуйидаги харажатлар қўшилади, агар улар кўрсатилган нархга киритилмаган бўлса:
а) товарни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиладиган жойигача (пунктгача) етказиб бериш бўйича харажатлар:
транспортда ташиш қиймати;
товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва тушириш-ортиш харажатлари;
суғурталаш қиймати;
б) сотувчи томонидан амалга ошириладиган харажатлар:
воситачилик ва брокерлик ҳақи, товарни харид қилиш бўйича воситачилик ҳақи бундан мустасно;
контейнерларнинг ва (ёки) бошқа кўп марта ишлатиладиган идишларнинг қиймати, агар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига (кейинги ўринларда — ТИФ ТН) мувофиқ уларга баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;
ўров-жойлашнинг қиймати, шу жумладан, ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;
в) олиб чиқиладиган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) экспортга сотиш учун сотиб олувчи бевосита ёки билвосита сотувчига бепул ёки пасайтирилган нарх бўйича кўрсатадиган хизматлар ва етказиб берадиган товарлар қийматининг тегишли қисми:
хомашё, материаллар, деталлар, яримтайёр фабрикатлар ҳамда олиб чиқиладиган товарнинг таркибий қисми ҳисобланадиган бошқа бутловчи қисмлар;
инструментлар, штамплар, шакллар ҳамда олиб чиқиладиган товарларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа шу каби предметлар;
олиб чиқиладиган товарларни ишлаб чиқаришда сарфланган ёрдамчи материаллар;
муҳандислик ишланмалари, тажриба-конструкторлик ишлари, дизайн, бадиий жиҳозлаш, олиб чиқиладиган товарларни ишлаб чиқариш учун бевосита зарур бўлган эскизлар ва чизмалар;
г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар, экспорт қилинадиган товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида кўпайтириш (дубликат қилиш) ҳуқуқи учун тўловлар бундан мустасно;
д) олиб чиқиладиган товарни кейинчалик бирон-бир тарзда қайта сотиш, тасарруф этиш ёки улардан фойдаланишдан олинган, товар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейин сотувчига бевосита ёки билвосита тегишли бўладиган тушумларнинг ҳар қандай қисмининг қиймати.
Ушбу банднинг «а» — «д» кичик бандларида кўрсатилган харажатларни божхона қийматига қуйидаги ҳолларда киритилади, агар улар:
ҳақиқатда мавжуд бўлса;
холисона ва миқдор жиҳатидан белгиланадиган маълумотлар асосида ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса;
битимда назарда тутилган товар қийматига киритилмаган бўлса.
Агар ушбу харажатларнинг миқдорини белгилаш ва ҳужжатлар асосида тасдиқлаш мумкин бўлмаса, божхона қиймати олиб чиқиладиган товарларнинг олди-сотди қиймати асосида аниқланиши мумкин эмас.
Битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.
Ушбу банднинг «в» кичик бандида кўрсатилган харажатлар олиб чиқиладиган товарларни ишлаб чиқаришга ва сотишга қаратилиши керак.
Ушбу бандда кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.
Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми олиб чиқилаётганда, товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.
25. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар чиқариб ташланади, башарти улар илгари битимнинг нархига киритилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин бўлса:
саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан сўнг амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;
товар божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейинги уни етказиб бериш харажатлари;
товар божхона ҳудудидан олиб чиқилганидан кейинги уни етказиб беришни суғурталаш қиймати;
импорт қилинган мамлакатда сотувчи томонидан тўланадиган божхона тўловлари.
Битимнинг нархи мавжуд бўлмаган тақдирда, олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати сотувчининг олиб чиқиладиган товарни ишлаб чиқариш ёки сотиб олиш, сақлаш ва ташиш билан боғлиқ харажатлари тўғрисида декларант ёки божхона брокери томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда ушбу банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларида санаб ўтилган харажатлар ҳам ҳисобга олинади.
Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.
26. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати 1-усул бўйича аниқланганда декларацияловчи шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) мажбурий тартибда:
тегишли ахборот тизими томонидан шакллантирилган ташқи савдо битими (шартнома, контракт) ёки инвойснинг идентификация рақами;
ҳисобварақ-фактура (инвойс);
б) ташқи савдо битимида (шартномасида, контрактида) белгиланган шартлардан келиб чиқиб, ушбу Низомнинг 24 ва 25-бандларига асосан маълум қилинган нархга тузатишлар киритиш лозим бўлганда:
суғурта ҳужжатлари;
товарнинг ташиш ва (ёки) юклаш, тушириш, қайта юклаш, бошқа жойга тўкиш бўйича шартномаси (транспорт экспедиция шартномаси) ва бу хизматлар учун ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк ҳужжатлари (агар ҳисобварақ-фактура (инвойс) тўланган бўлса), транспорт тарифлари тўғрисидаги ҳужжатлар (маълумотлар) ёки ташиш қийматини акс эттирувчи бухгалтерлик ҳужжатлари (агар сотувчи товарни ўзининг транспортида ташиган бўлса);
воситачилик ёки брокерлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома ва бу хизматлар учун ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк тўлов ҳужжатлари;
лицензион ва (ёки) муаллифлик келишуви, ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк тўлов ҳужжатлари, баҳоланаётган товарга тааллуқли бўлган интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун тўловлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатлар;
олиб чиқиладиган товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан сотувчига бевосита ёки билвосита ўтадиган тушумнинг ҳар қандай қисми тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат (шу жумладан, бухгалтерлик) ва маълумотлар;
контейнер ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг, ўраш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати тўғрисидаги шартномалар, ҳисобварақлар, банк тўлов ҳужжатлари, агар мазкур харажатлар сотувчи томонидан амалга оширилган, бироқ олиб чиқиладиган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархга қўшилмаган бўлса;
сотувчи томонидан сотиб олувчига муайян товарлар туркуми учун чегирма бериш асоси ва уларнинг миқдорини кўрсатувчи маълумотлар;
в) божхона органлари қўллайдиган хавфни бошқариш тизими томонидан ўрта ёки юқори кўрсаткичга эга хавф даражаси аниқланган ҳолларда, агар маълум қилинган божхона қиймати охирги тўқсон календарь кун ичида олиб чиқилиб, 1-усулда қабул қилинган товарнинг божхона қийматидан паст бўлса:
биржа котировкалари (агар бундай товар биржа савдоларида сотиладиган товар туркумига мансуб бўлса);
олиб чиқилаётган товарларнинг ишлаб чиқарувчисини каталоглари, спецификациялари, нархлар прейскурантлари (прайс-варақлар);
баҳоланилаётган товарга ишлаб чиқарувчининг калькуляцияси (агар ишлаб чиқарувчи уни сотувчига тақдим этишга рози бўлса);
баҳоланаётган товарни етказиб берилишига алоқадор бўлган учинчи шахслар билан контрактлар ва улар учун тўлов ҳисоблари.
Агар тўқсон календарь кун ичида айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар 1-усулда олиб чиқилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаса, бир юз саксон календарь кун ичида ушбу усулда олиб чиқилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг божхона қиймати солиштириш учун қўлланилиши мумкин.
Агар ушбу кичик банднинг бешинчи хатбошисида келтирилган ҳужжатларни тақдим этишнинг имконияти мавжуд бўлмаса, сотувчи ёки сотиб олувчининг ёзма тушунтиришлари, шу жумладан, бундай ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар қабул қилиниши мумкин;
г) битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги олиб чиқиладиган товарлар билан тузилган битим қийматига таъсир қилмаганлигини тасдиқлаш мақсадида ихтиёрий равишда:
айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун сотилганда, унинг қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар;
5-усул билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар;
сотувчининг Ўзбекистон Республикасидан бошқа мамлакатларга юборилган айнан бир хил товарлари тўғрисидаги маълумотлар.
4-боб. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини 2-усул бўйича аниқлаш
27. 2-усул божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати қабул қилинишини назарда тутади.
28. Айнан бир хил товар деганда:
баҳоланаётган товар билан физик хусусиятларига, сифатига ва бозордаги қадрига кўра бир хил бўлган;
Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиладиган товарлар етказиб бериладиган ва экспорт қилинадиган мамлакатга олиб чиқиш учун сотилган;
баҳоланаётган товар қайси мамлакатда ишлаб чиқарилган бўлса, шу мамлакатда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш учун сотилган;
баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни ўша шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар тушунилади. Баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни бир шахс ишлаб чиқарган товар мавжуд бўлмаган тақдирда, бошқа шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар қабул қилинади.
29. Агар товарнинг битим қиймати импорт мамлакатида бажарилган лойиҳалаштиришнинг, тажриба-конструкторлик ишларининг, бадиий безатишнинг, дизайннинг, эскизларнинг ёки чизмаларнинг қийматини ўз ичига олган бўлса, айнан бир хил товар деб ҳисобланмайди.
30. Товарнинг ташқи кўринишидаги жузъий фарқлар унга айнан бир хил деб қарашни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди, агар бундай товар қолган жиҳатлари билан ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган шартларга мувофиқ бўлса.
31. Агар айнан бир хил товар божхона ҳудудидан:
баҳоланаётган товар олиб чиқилгунига қадар тўқсон календарь кун ичида олиб чиқилган бўлса;
тахминан ўша миқдорда ва (ёки) ўша тижорат шартларида олиб чиқилган бўлса, айнан бир хил товар юзасидан тузилган битимнинг қиймати баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида қабул қилинади.
32. Агар товарни ўша миқдорда ва ўша тижорат шартларида божхона ҳудудидан олиб чиқиш ҳоллари мавжуд бўлмаса, бошқача миқдорда ва бошқа тижорат шартларида олиб чиқилган айнан бир хил товарнинг ушбу фарқлар ҳисобга олиниб битимнинг нархига тузатишлар киритилган ҳолдаги қийматидан фойдаланиш мумкин.
33. Агар айнан бир хил товар учун ушбу Низомнинг 24-банди «а» кичик бандида кўрсатилган харажатларнинг қиймати баҳоланаётган товар учун шундай харажатларнинг қийматидан масофа ва транспортнинг турларидаги тафовут туфайли анча фарқ қилса, айнан бир хил товарга доир битимнинг қийматига кўра аниқланадиган божхона қийматига тегишли тарзда тузатишлар киритилиши керак.
34. Баҳоланаётган товарнинг божхона қийматига тузатишлар декларант ёки божхона брокери томонидан тўғри ва ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар асосида киритилиши лозим.
35. 2-усулни қўллашда баҳоланаётган товар учун илгари расмийлаштирилган айнан бир хил товарнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланилаётган бўлса ва бундай товар расмийлаштирилган божхона юк декларациясида уларнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилган бўлса, божхона органи бундай божхона қийматидан асос сифатида фойдаланишни рад этишга ҳақли эмас.
Мазкур қоидалар 2-усул билан баҳоланаётган товар бўйича расмийлаштирилган божхона юк декларациясида товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилиб, асос сифатида фойдаланилаётган илгари расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиш мамлакати маълум бўлган божхона қийматига ҳам татбиқ этилади.
Бунда товарнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлашда ушбу Низомнинг 22-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари қоидалари қўлланилади.
36. 2-усулни қўллашда айнан бир хил товарга доир бир нечта битим аниқланса, баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун баҳоси энг паст бўлган айнан бир хил товарга доир битим қўлланилади.
37. 2-усулни кўллашда товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаганлиги сабабли шартли чиқариб юборилган товарларнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
38. 2-усулни қўллаш учун декларацияловчи шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) мажбурий тартибда божхона органи томонидан қабул қилинган ва божхона қиймати 1-усул бўйича аниқланган ҳолда чиқарилган айнан бир хил ва ўхшаш товарларга тегишли бўлган божхона юк декларацияси рўйхат рақами ва унга тегишли товар тартиб рақами;
б) қийматга тузатишлар киритиш амалга оширилиши лозим бўлган ҳолларда товарни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиладиган жойигача (пунктгача) етказиб бериш бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотлар.
Мазкур ҳужжатлар товарни етказиб бериш шарти, транспорт тури ёки географик манзилларда фарқ бўлганда, тақдим қилиниши мумкин.
Агар ушбу маълумотлар бир хил ёки миқдорий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлса, шунингдек, 2-усулни қўллаш учун асос бўлган божхона қиймати божхона органи томонидан тақдим этилса, мазкур ҳужжатлар тақдим қилинмаслиги мумкин.
5-боб. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини 3-усул бўйича аниқлаш
39. 3-усул божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш учун ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати ушбу бобда кўрсатилган шартларга риоя этган ҳолда асос сифатида қабул қилинишини назарда тутади.
40. Ўхшаш товар сифатида:
баҳоланаётган товар билан ҳар жиҳатдан бир хил бўлмасада, у билан ўхшаш хусусиятларга эга бўлганлиги ва таркиб жиҳатдан ўхшашлиги туфайли бир хил вазифаларни бажара оладиган ҳамда тижорат нуқтаи назаридан, шу жумладан, сифати, бозордаги қадри, товар белгисининг мавжудлигига кўра унинг ўрнини боса оладиган;
Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиладиган товарлар етказиб бериладиган ва экспорт қилинадиган мамлакатга олиб чиқиш учун сотилган;
баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша мамлакатда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш учун сотилган;
баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни бир шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар тушунилади. Баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган айни бир шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар мавжуд бўлмаган тақдирда, бошқа шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар қабул қилинади.
41. 3-усулдан фойдаланилаётганда ушбу Низомнинг 29 — 38-бандлари қоидалари қўлланилади.
6-боб. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини 5-усул бўйича аниқлаш
42. 5-усул баҳоланаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида товарнинг қуйидагиларни қўшиш орқали ҳисоблаб чиқарилган нархи қабул қилинишини назарда тутади:
а) баҳоланаётган товарни тайёрлашда сарфланган материалларнинг қиймати ҳамда ишлаб чиқариш ва (ёки) ишлов бериш харажатлари;
б) ушбу банднинг «а» кичик бандида акс эттирилмаган умумий харажатларнинг ҳажми ва баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша классдаги ва турдаги товарни экспорт қилишда одатда сотувчи томонидан олинадиган фойда;
в) ушбу Низомнинг 24-банди «а» кичик бандида кўрсатилган харажатлар.
43. 5-усулни қўллаш учун тақдим этилган ҳужжат ва маълумотлар манфаатдор шахс томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.
44. Баҳоланадиган товарни тайёрлашда материаллар қиймати ҳамда ишлаб чиқариш ва (ёки) қайта ишлашга сарфланадиган харажатлар, ишлаб чиқарувчи томонидан ёки унинг номидан тақдим этилган баҳоланган товарни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжат ва маълумотлар асосида аниқланиши керак. Бундай ҳисоботлар Ўзбекистон Республикасида қўлланиладиган ҳисобга олишнинг умумий қабул қилинган тамойилларига мувофиқ келадиган шарт билан, улар ишлаб чиқарувчининг тижорат ҳисоботларига асосланиши керак.
45. Умумий харажатлар ҳажми ушбу Низомнинг 42-банди «а» кичик бандида акс эттирилган ҳамда товарнинг ишлаб чиқарилиши ва экспортга сотилишига доир бевосита ва билвосита бошқа харажатларни ҳам қамраб олиши керак.
46. Агар экспорт қилинадиган товарнинг божхона қийматини 1 — 3-усуллар асосида аниқлаш имкони бўлмаса, у ҳолда ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган калькуляция ҳужжатлари асосида божхона қийматини аниқлаш имконияти мавжуд бўлиб, бунда ушбу Низомнинг 42-бандида назарда тутилган харажатлар олиб чиқиладиган товарнинг ҳисоблаб чиқарилган қиймати бўйича божхона қийматига қўшилиши керак.
47. Сотувчи томонидан олинадиган фойда миқдори баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша классдаги ва турдаги товарни экспорт қилишда экспортёр томонидан ёки унинг номидан тақдим этиладиган ҳужжат ва маълумотлар асосида аниқланиши лозим.
Бунда тақдим этилган маълумотларнинг баҳоланаётган товарлар классидаги ёки шу турдаги товарларнинг сотилишидаги кўрсаткичларга мувофиқлигига эътибор қаратиш зарур.
48. Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотларни таҳлил этишда «фойда ва харажатлар миқдори» бир бутун сифатида кўриб чиқилиши лозим.
Агар бирон-бир алоҳида ҳолатда сотувчи фойдасининг миқдори унчалик катта бўлмаса ҳамда унинг умумий харажатлари юқори бўлса, унда унинг фойдаси ва бирга олинган умумий харажатлари, одатда шундай классдаги ёки турдаги товарлар сотилишида акс этадиган бундай кўрсаткичларга мувофиқ келиши мумкин.
Масалан, маҳсулот импорт мамлакатидаги бозорга чиққанда ва сотувчи ушбу бозорни ўзлаштириш билан боғлиқ юқори умумий харажатларни қисман ўзининг фойдаси ҳисобидан қоплаш учун фойдани ноль ёки паст даражада қабул қилганда вужудга келиши мумкин.
49. 5-усулни қўллаш мақсадлари учун сотувчи томонидан ёки унинг номидан тақдим этилганидан ташқари ҳужжат ва маълумотлардан фойдаланилаётган бўлса, божхона органи бундай ахборотларнинг манбасини, фойдаланилган маълумотлар ҳамда улар асосида амалга оширилган ҳисоботлар тўғрисида декларант ёки божхона брокерини, агар у бу ҳақда сўраса, хабардор қилиши шарт.
50. 5-усулни қўллашда ҳеч қандай харажатлар ва материалларнинг қиймати икки маротаба ҳисобга олинмаслиги керак.
51. 5-усулни қўллаш учун декларацияловчи шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) ишлаб чиқариш учун қилинган харажатлар ҳамда материалларни сотиб олиш ва (ёки) баҳоланаётган товарларни ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқарувчи (сотувчи) харажатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бухгалтерлик ҳужжатлари, шунингдек, баҳоланаётган товарни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бошқа операциялар, шу жумладан, идиш ва ўраш-жойлаш, шу билан бирга, лойиҳалаштириш, тажриба-конструкторлик ишлари, бадиий безатиш, дизайн, эскизлар ёки чизмалар харажатлари ишлаб чиқарувчи томонидан тўланганлиги умумэътироф этилган бухгалтерлик ҳисоби тамойилларига мувофиқ тузилган тижорат ҳисобварақлари;
б) ишлаб чиқарувчи ва (ёки) сотувчининг баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган айни ўша классдаги ва турдаги товарни экспорт қилишда сотувчи томонидан олинадиган фойда ва ушбу Низомнинг 45-бандда қайд этилган харажатларнинг ҳажми тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бухгалтерлик ҳужжатлари;
в) битим шартларига мувофиқ суғурта ҳужжатлари;
г) ташиш учун ҳисобварақ-фактура (инвойс) (ташиш харажатлари калькуляцияси), Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиладиган жойигача (пунктгача) етказиб бериш бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар.
7-боб. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини 6-усул бўйича аниқлаш
52. Агар товарнинг божхона қийматини декларант ёки божхона брокери томонидан 1 — 3 ва 5-усулларни кетма-кетликда қўллаш орқали аниқлаш мумкин бўлмаса, баҳоланаётган товарнинг божхона қиймати божхона қийматини аниқлаш усулларининг муддатларга ҳамда айнан бир хиллигини ёки ўхшашлигини аниқлашга доир талабларни бир мунча қайишқоқлик билан қўллаш орқали аниқланади.
53. Агар божхона органи олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини ўзида мавжуд бўлган маълумотларга асосан 6-усул билан аниқласа, у декларантнинг сўровига кўра бундай маълумотларнинг манбалари тўғрисида хабар беради. Божхона органи захира усулни тўғри қўллаш мақсадида бундай ахборотни йиғиб боради.
54. Қуйидагилар божхона органининг ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборот ҳисобланади:
божхона юк декларациялари электрон базаси маълумотлари;
муқобил манбалардан олинган нархлар (ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, биржа котировкалари, прайс-варақлар, уларнинг уюшмалари ёки бирлашмаларининг йиғма нарх маълумотномалари, расмий рўйхатдан ўтказилган дилерлар ёки дистрибюторларнинг маълумотлари, шунингдек, нархлар конъюнктурасини холис шакллантирадиган умумий фойдаланиладиган нархлар тўғрисидаги маълумотларнинг бошқа ишончли манбалари).
55. 6-усулдан фойдаланишда ҳужжатлар билан тасдиқлашга доир талаблар қуйидагиларни бошқа усулларга нисбатан бир мунча қайишқоқликка йўл қўяди:
жаҳон ва (ёки) ички бозордаги нархларга доир ахборот маълумотномаларидан фойдаланишни;
воситачилик ҳақлари, чегирмалар, фойдалар, транспорт тарифлари умум қабул қилинган даражаларининг статистик маълумотларидан фойдаланиш.
Бунда баҳоланаётган товарларнинг етказиб бериш шартларини ҳисобга олган ҳолда маълумотларга тегишли тузатишлар киритилиши шарт.
56. 6-усулни қўллаш учун асос сифатида қуйидагилардан фойдаланишга йўл қўйилмайди:
а) божхона қийматини аниқлаш учун қийматларни қўшиш усулини қўллашда фойдаланилмайдиган ишлаб чиқариш чиқимларидан;
б) икки муқобил қийматдан энг юқориси божхона баҳолаш мақсадлари учун қабул қилинишини назарда тутувчи тизимдан;
в) энг паст божхона қийматларидан;
г) товарнинг ўзбошимчалик билан белгиланган ёки тўғри тасдиқланмаган нархидан.
Ушбу банднинг «в» — «д» кичик бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб, товарнинг божхона қийматини 6-усул билан аниқлашда божхона органи ўртача божхона қийматига асосланиши керак.
57. Ушбу Низомнинг 52-бандига мувофиқ баҳоланаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлашнинг бир нечта усулини қўллаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда, уларни қўллашнинг кетма-кетлигига амал қилиниши зарур.
Олиб чиқиладиган товарларнинг ушбу бандга мувофиқ белгиланган божхона қиймати имкон қадар аввал белгиланган божхона қийматларига асосланиши керак.
58. Айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга нисбатан қайишқоқлик қуйидагилар юзасидан йўл қўйилиши мумкин:
олиб чиқиш муддатларига нисбатан;
баҳоланаётган товарни экспорт қилувчи мамлакатдаги бошқа ишлаб чиқарувчи, шунингдек, экспорт қилувчи мамлакатдан бошқа бир мамлакатда ишлаб чиқарилиб, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида фойдаланганда;
илгари 5-усул билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарнинг божхона қийматидан фойдаланилганда.
59. Божхона органи божхона қийматини аниқлашнинг 2 ёки 3-усул асосидаги 6-усулни қўллашда баҳоланаётган товар учун илгари расмийлаштирилган айнан бир хил товарнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланилаётган бўлса ва бундай товар расмийлаштирилган божхона юк декларациясида уларнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилган бўлса ёки 2 ёхуд 3-усул асосидаги 6-усул билан баҳоланаётган товар бўйича расмийлаштирилган божхона юк декларациясида товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб қайд этилиб, асос сифатида фойдаланилаётган товарнинг келиб чиқиш мамлакати маълум бўлса, бундай усуллар билан божхона қиймати аниқлашда ушбу Низомнинг 35-банди қоидалари қўлланилади.
60. 2 ёхуд 3-усул асосидаги 6-усулни қўллашда товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмагани сабабли шартли чиқариб юборилган товарларнинг божхона қийматидан асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
61. 6-усулни қўллаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар ушбу усулни қўллашда йўл қўйиладиган қайишқоқлик ҳолатларидан келиб чиқиб белгиланади.
8-боб. Моддий ташувчи орқали олиб чиқиладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона қийматини аниқлаш
62. Моддий ташувчи орқали олиб чиқиладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона қийматини аниқлашда ушбу Низомнинг 3 — 7-боблари қоидалари қўлланилади.
63. Божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича ускуналар учун дастурий таъминотни ўз ичига олган моддий ташувчининг божхона қийматини аниқлашда, агар баҳоланаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан дастурий таъминотнинг қиймати ва (ёки) моддий ташувчининг қиймати ажратиб чиқарилса, фақат моддий ташувчининг қиймати ҳисобга олинади.
64. Агар дастурий таъминот моддий ташувчи бўлмаган товарнинг таркибига кирса ҳамда ушбу товар бундай дастурий таъминотсиз ўзига хос бўлган вазифаларни бажара олмайдиган бўлса, дастурий таъминотнинг қиймати товарнинг қийматидан ажратиб чиқарилмайди.
65. Рақамли дистрибуция усуллари орқали олиб чиқиладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона қиймати аниқланмайди.
9-боб. Декларацияланмасдан ёки декларацияда нотўғри кўрсатилган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ва қайта кўриб чиқиш
66. Божхона чегарасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга хилоф равишда ўтказилаётган товарларнинг божхона қиймати бозор нархидан келиб чиқиб аниқланиши лозим. Бундай товарларнинг божхона қийматини ҳисоблаб чиқаришда баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эксперт баҳолаш қўлланилишига йўл қўйилади.
Бунда ушбу Низомнинг 24-бандига мувофиқ товар нархига тегишли тузатишлар киритилиши лозим.
67. Товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона органлари томонидан товарнинг божхона қиймати миқдорини аниқлаш мақсадида текширув ўтказилиши мумкин, бунда товарларнинг божхона қиймати қайта кўриб чиқилади.
68. Қуйидагилар божхона қийматини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиб ҳисобланади:
а) Кодекснинг 320-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар;
б) товарнинг божхона қийматини маълум қилишда тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотларда номувофиқликларнинг мавжудлиги;
в) қонунчиликда белгиланган муддатда товарлар олиб чиқилгандан кейин декларант томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида, шу жумладан:
ваколатли банкнинг амалда тушган валюта маблағлари суммаси тўғрисидаги тасдиғи;
товарни топшириш-қабул қилиш далолатномалари;
битим шартларига мувофиқ товарни сотиш вақтидаги мазкур товар учун нархларнинг биржа котировкалари ва шу кабилар асосида шартли божхона қиймати аниқланганда;
г) ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг қайта таснифланиши натижасида бир товар туридан (номидан) бошқа товар турига (номига) ўтиши;
Ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича божхона қийматини қайта кўриб чиқишга йўл қўйилмайди.
69. Божхона қийматини қайта ҳисоблаб чиқаришда, божхона органи ўз ихтиёрида мавжуд бўлган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг ўртача божхона қиймати тўғрисидаги ахборотдан фойдаланади.
Божхона қийматини қайта ҳисоблаб чиқаришда хорижий божхона органларидан баҳоланаётган товар бўйича олинган ҳужжат ва маълумотлардаги ҳамда баҳолаш ҳисоботи мавжуд бўлган ҳолларда ушбу ҳужжатлардаги қийматлардан фойдаланилади.
70. Божхона қийматини қайта кўриб чиқиш давомида қўшимча божхона тўловларининг ҳисобланишига сабаб бўлувчи божхона қийматининг миқдорига таъсир этувчи ҳолат аниқланган тақдирда, божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш товарларнинг божхона назорати остида бўлиши тугаган пайтдан эътиборан уч йил ичида амалга оширилиши мумкин.
71. Божхона қийматини қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра божхона қиймати қайта ҳисоблаб чиқарилиши, шунингдек, божхона тўловлари суммаси қайта ҳисобланиши ва улар бўйича қўшимча маблағ ундирилиши ёки ортиқча ундирилган маблағ қайтарилиши мумкин.
10-боб. Олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг бошқа ўзига хос хусусиятлари
72. Илгари олиб кирилган товарларни ўзгармас ҳолатда божхона ҳудудидан олиб чиқишда божхона қиймати товарнинг у олиб кирилган пайтдаги божхона қийматининг ҳамда божхона ҳудудида қилинган харажатларнинг, шу жумладан, божхона расмийлаштируви ва божхона тўловларини тўлаш (товарлар реэкспорт қилиниши муносабати билан қайтарилиши керак бўлган тўловларни чегирган ҳолда), товарларни сақлаш, суғурталаш учун қилинган харажатларнинг ҳамда божхона ҳудудида қилинган бошқа харажатларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади.
73. Божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда вақтинча олиб чиқилган товар божхона ҳудудидан ташқарида қолдирган ҳолда экспорт божхона режимига жойлаштириш билан якунланган тақдирда, товарнинг божхона қиймати ва миқдори товар вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади.
Божхона божлари ва солиқларнинг ставкалари товарни экспорт божхона режимига жойлаштириш тўғрисидаги божхона декларацияси рўйхатдан ўтказилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади.
11-боб. Декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда товарни шартли чиқариб юбориш
74. Товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда, товар Кодекснинг 321-моддаси талаблари асосида шартли чиқариб юборилади.
75. Шартли божхона қийматини белгилаш орқали товарлар декларант хоҳишига кўра қуйидаги ҳолларда чиқариб юборилиши мумкин:
а) товар-хомашё биржаларининг хориждаги савдо майдончаларида тузилган битимлари бўйича товарларнинг якуний нархи аниқ бўлмаганда;
б) битим шартларига мувофиқ ушбу Низомнинг 24-банди «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган харажатлар маълум бўлиб, бироқ улар бўйича тўлов ҳақиқатда амалга оширилмаган ва (ёки) тўлов шартида баҳоланаётган товар божхона чегарасидан олиб ўтилгандан сўнг тўлов амалга оширилиши белгиланган бўлса, ушбу товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида божхона ахборот тизимида товарнинг маълум қилинган божхона қиймати бўйича хавф аниқланганда;
в) шартнома ўзаро боғлиқ шахслар ўртасида тузилганлиги тўғрисидаги белгилар мавжуд бўлган тақдирда, ўзаро боғлиқлик битим нархига таъсир этмаганлиги ҳолатларини исботлаш учун маълум бир вақт талаб этилганда;
г) товарларга оид шартномада белгиланган тўлов шартига кўра валюта маблағлари ҳақиқатда тўланмаган ва (ёки) товарларнинг экспорти бўйича тўловлар амалга оширилиши кўрсатилган бўлса, ушбу товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида божхона ахборот тизимида товарнинг маълум қилинган божхона қиймати бўйича хавф аниқланганда;
д) декларант томонидан қуйидаги ҳолларда маълум қилинган божхона қиймати асослаб берилмаганда:
маълум қилинган товарларнинг божхона қиймати божхона қонунчилиги бўйича тўғри аниқланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар мавжуд бўлмаса;
товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида божхона ахборот тизимида товарнинг маълум қилинган божхона қиймати бўйича хавф аниқланса;
тақдим этилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар ҳаққонийлиги бўйича номувофиқлик мавжуд бўлганда;
божхона органларидаги мавжуд нархлар тўғрисидаги ахборот ва муқобил манбаларни ўрганган ҳолда, товарларнинг нархи паст белгиланганлиги бўйича асослар ва таҳлилий маълумотлар мавжуд бўлса.
76. Декларант ёки божхона брокери ўзида мавжуд бўлган, божхона қийматининг муваққат (шартли) баҳоси холис эканлигини таъминлайдиган ҳужжатларни тақдим этишга ҳақли.
Олиб чиқилаётган товарларнинг божхона қийматини муваққат (шартли) баҳоси учун асос сифатида қуйидагилар қабул қилинади:
битимда қайд этилган дастлабки нарх;
битимда белгиланган ҳисоб-китоб қилиш шартларига мувофиқ товар юклаб жўнатилган санада аниқланган ҳисоб-китоб баҳоси.
Бунда ҳисоб-китобларни ўтказиш мумкин бўлмаган тақдирда, олиб чиқиладиган товарнинг божхона қийматини муваққат (шартли) баҳолаш божхона органининг ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги тегишли ахборот асосида амалга оширилиши мумкин.
12-боб. Якунловчи қоидалар
77. Божхона органи декларант ёки божхона брокерининг ёзма аризасига кўра, унга олиб чиқиладиган товарнинг маълум қилинган божхона қиймати божхона органи томонидан қабул қилинмаганининг сабаблари кўрсатилган ёзма тушунтириш бериши лозим.
78. Божхона органи божхона қийматини аниқлашда декларант томонидан тақдим этиладиган ва унинг томонидан тижорат сири деб белгиланадиган ахборотдан фақат божхона мақсадлари учун фойдаланилади ва декларантнинг рухсатисиз учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
79. Божхона органи декларант ёки божхона брокерига товарнинг маълум қилинадиган божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш учун қўшимча муддат бериши мумкин, бундай муддат Кодекснинг 321-моддаси тўртинчи хатбошисида назарда тутилган муддатдан ошмаслиги керак.
80. Божхона қиймати ва уни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда улардаги маълумотлар тўғрилиги учун декларант ёки божхона брокери жавобгар бўлади.
81. Декларацияловчи шахс томонидан божхона қиймати декларацияси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар божхона органига ўзбек, рус ёки инглиз тилларидан бирида тақдим этилади.
Бошқа тилда тўлдирилган ҳужжатлар асли билан бирга ўзбек, рус ёки инглиз тилларидан бирига таржима қилинган ва тасдиқланган ҳолда божхона органига декларант томонидан тақдим этилиши керак.
Электрон божхона қиймати декларацияси ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар божхона органларига белгиланган формат ва тузилишга мувофиқ тақдим этилиши лозим.
Агар илова қилинадиган ҳужжатларнинг электрон формати белгиланмаган бўлса, ушбу ҳужжатларнинг сканер қилиш орқали олинган нусхалари тақдим этилади.
82. Божхона органлари электрон божхона расмийлаштирувини амалга оширишда олиб чиқиладиган товарнинг божхона қиймати тўғри аниқланганини назорат қилиш мақсадида хавфни бошқариш ҳамда божхона қийматининг эҳтимолий диапазонини автоматик тарзда ҳисоблаб чиқадиган ахборот тизимлари, шунингдек, бошқа ахборот тизимларидан фойдаланади.
Ушбу тизимлар томонидан энг кўп экспорт қилинган товарлар бўйича уларнинг энг қуйи нархлари, шу жумладан, асосий таркибини ташкил этувчи хомашё нархидан паст бўлмаган индикатив нархлар автоматик тарзда (инсон аралашувисиз) шакллантирилади.
Божхона органлари олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини хавфни бошқариш ахборот тизими орқали назорат қилишда индикатив нархлардан фойдаланади.
Товарларнинг божхона қийматини аниқлашда индикатив нархлардан асос сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
83. Декларант ёки божхона брокери божхона органининг божхона қийматини назорат қилиш бўйича қароридан норози бўлганда, юқори турувчи божхона органлари ёки судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
84. Ушбу Низом талаблари божхона қийматини аниқлаш учун тақдим этилган ҳар қандай маълумот, ҳужжат ёки декларациянинг ҳақиқийлиги ёхуд тўғрилигини текшириш бўйича божхона органларининг ҳуқуқини чекламайди ёки шубҳа остига қўймайди.
85. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан Жаҳон божхона ташкилотининг Божхона баҳолаш бўйича техник қўмитаси томонидан қабул қилинган товарларнинг божхона қийматига доир ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда, божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш усулларини танлашда ушбу Низом қоидаларининг бир хил қўлланилишини таъминлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилиши мумкин.
86. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 3 сентябрь,
560-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqiladigan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining Bojxona kodeksi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahsulotlarni eksport qilish tartib-taomillarini takomillashtirish va qoʻshilgan qiymatga ega tayyor mahsulotlar ishlab chiqarishni ragʻbatlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 14-martdagi PF-47-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqiladigan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini aniqlash usullari va ularni qoʻllash tartibi;
moddiy tashuvchi orqali olib chiqiladigan raqamli mahsulotlarning bojxona qiymatini aniqlash masalalari;
deklaratsiyalanmasdan yoki deklaratsiyada notoʻgʻri koʻrsatilgan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash va qayta koʻrib chiqish tartibi;
deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan tovarning bojxona qiymatini aniqlash imkoni boʻlmagan taqdirda, tovarlarni shartli chiqarib yuborish qoidalari.
2. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 3-sentabrdagi 560-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqiladigan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqiladigan tovarlarning (keyingi oʻrinlarda — olib chiqiladigan tovarlar) bojxona qiymatini aniqlash tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom talablari bojxona toʻlovlari toʻlanishi nazarda tutilgan (bojxona rasmiylashtiruvi uchun yigʻimlar bundan mustasno) tovarlarga nisbatan qoʻllanadi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
bojxona qiymati deklaratsiyasi — bojxona yuk deklaratsiyasining ajralmas qismi boʻlib, tovarning bojxona qiymati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan va deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan bojxona organiga bojxona yuk deklaratsiyasi bilan bir paytda topshiriladigan hujjat;
bojxona organlariga bojxona yuk deklaratsiyasini taqdim etayotgan shaxs (keyingi oʻrinlarda — deklaratsiyalovchi shaxs) — bojxona organlariga bojxona yuk deklaratsiyasini oʻz nomidan taqdim etayotgan deklarant yoki bojxona yuk deklaratsiyasini toʻldirish, imzolash va bojxona organlariga deklarant nomidan shartnoma asosida taqdim etish vakolatiga ega boʻlgan bojxona brokerining bojxona rasmiylashtiruvi boʻyicha mutaxassisi;
moddiy tashuvchi — raqamli mahsulotlarni yaratish, qayd etish, uzatish, qabul qilish, saqlash yoki boshqa tarzda ishlatish uchun qoʻllanadigan magnit, optik, lazerli yoki boshqa elektron axborot tashuvchisi;
olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymati — tovarning bojxona qiymatini aniqlash usullaridan biri orqali aniqlanadigan va bojxona toʻlovlarini hisoblash maqsadida foydalaniladigan tovar qiymati;
raqamli distributsiya — raqamli mahsulotlarni moddiy tashuvchidan foydalanmagan holda, shu jumladan, internet jahon axborot tarmogʻi orqali shaxsiy kompyuterga yoki mobil qurilmaga yuklash (yuklab olish) orqali tarqatish usuli, onlayn xizmatlardan foydalanishga ruxsat berish yoki obuna boʻlish va boshqalar.
3. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymati ushbu Nizomning 2-bobida keltirilgan usullariga muvofiq bojxona qiymati deklaratsiyasini toʻldirgan holda tovarlarni deklaratsiyalashda deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan bojxona organiga maʼlum qilinadi.
4. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymati asosini imkon qadar ushbu Nizomning 3-bobida belgilangan mazkur tovarning bitim qiymati tashkil etishi kerak.
Olib chiqilayotgan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash tovarlarning ixtiyoriy yoki soxta bojxona qiymatidan foydalanishga asoslanmasligi kerak.
Bojxona qiymatini aniqlash tartib-taomillari umumiy qoʻllaniladigan boʻlishi kerak, yaʼni ular tovarlarni yetkazib berish manbalariga, shu jumladan, olib chiqilishi moʻljallangan mamlakatga, tovarlar turiga, bitim ishtirokchilariga va boshqa omillarga qarab farq qilmasligi lozim.
5. Deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan tovarning bojxona qiymatini aniqlashda tanlangan usul va maʼlum qilingan bojxona qiymatini hisoblab chiqarishning toʻgʻriligi nazorat qilinishi bojxona organi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Bojxona kodeksining (keyingi oʻrinlarda — Kodeks) 319-moddasiga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Bojxona qiymatini aniqlash usullari va ularni qoʻllash
6. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini aniqlash quyidagi usullarni qoʻllash orqali amalga oshiriladi:
olib chiqiladigan tovarga doir bitimning qiymati boʻyicha (keyingi oʻrinlarda — 1-usul);
aynan bir xil tovarga doir bitimning qiymati boʻyicha (keyingi oʻrinlarda — 2-usul);
oʻxshash tovarga doir bitimning qiymati boʻyicha (keyingi oʻrinlarda — 3-usul);
qiymatlarni qoʻshish asosida (keyingi oʻrinlarda — 5-usul);
zaxira usul (keyingi oʻrinlarda — 6-usul).
7. 1-usul olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini aniqlashning asosiy usuli hisoblanadi.
Agar olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini aniqlashning 1-usulini qoʻllash mumkin boʻlmasa, ushbu Nizomning 6-bandi uchinchi — oltinchi xatboshilarida koʻrsatilgan usullar ketma-ketlikda qoʻllaniladi.
Bunda har bir keyingi usulning qoʻllanilishiga, agar bojxona qiymatini aniqlashda oldingisidan foydalanish mumkin boʻlmasa, yoʻl qoʻyiladi.
8. 1-usul qiymatli asosga ega boʻlgan tashqi savdo bitimlariga muvofiq olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini aniqlashda qoʻllaniladi.
9. Olib chiqiladigan tovarning maʼlum qilingan bojxona qiymatini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlmagan taqdirda, bunday tovarning bojxona qiymati 2 va 3-usullar asosida aniqlanadi.
2 va 3-usullar ilgari 1-usul bilan aniqlangan aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlarga doir bitim qiymatidan bojxona qiymatini aniqlash uchun asos qilib olinadigan baza sifatida foydalanishga asoslanadi.
Bunda deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan amalda mavjud boʻlgan tashqi savdo bitimlari narxi va tovarlarning Oʻzbekiston Respublikasi chegarasi orqali olib oʻtilishi toʻgʻrisidagi hujjatlar asosida tasdiqlangan maʼlumotlar qoʻllaniladi.
10. 5-usul tovarni ishlab chiqarish va olib chiqish uchun ketadigan xarajatlar toʻgʻrisidagi axborotlarga asoslanadi.
11. 6-usul oʻzidan oldingi usullardan hech birini qoʻllash imkoniyati mavjud boʻlmaganda qoʻllaniladi. 6-usul boʻyicha bojxona qiymati bojxona organlarida mavjud boʻlgan narx maʼlumotlari asosida aniqlanishi mumkin.
Agar bojxona organi tovarning bojxona qiymatini mustaqil ravishda aniqlaydigan boʻlsa, u 1 — 3 va 5-usullarning shartlarini qoʻllashda bir muncha qayishqoqlikni nazarda tutuvchi 6-usuldan foydalanadi.
12. Olib chiqilayotgan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlashda bojxona organi tomonidan Kodeksning 315-moddasi sakkizinchi qismida belgilangan normalar hisobga olinadi.
3-bob. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini 1-usul boʻyicha aniqlash
13. 1-usul olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini bitim qiymati boʻyicha, yaʼni tovarni eksportga sotishda tovar Oʻzbekiston Respublikasining bojxona chegarasi orqali oʻtkazilayotgan vaqtda tovar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan, ushbu Nizomning 24 va 25-bandlari qoidalari hisobga olingan holda tuzatilgan narx boʻyicha aniqlashni nazarda tutadi.
Olib chiqiladigan tovarlar uchun sotib oluvchi tomonidan bevosita sotuvchiga yoki sotuvchining foydasi uchun boshqa shaxsga toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan barcha toʻlovlarning umumiy summasi bunday tovarlar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan narx deb hisoblanadi. Bunda toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligida taqiqlanmagan har qanday shaklda bevosita yoki bilvosita amalga oshirilishi mumkin.
Olib chiqiladigan tovar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan narxga sotuvchining uchinchi shaxs oldidagi majburiyatlarini bajarish maqsadida sotib oluvchi tomonidan sotuvchiga yoki uchinchi shaxsga yetkaziladigan tovarlarni sotish sharti sifatida amalga oshirilgan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan barcha toʻlovlar kiradi.
Bir bitim doirasida koʻp miqdorda sotilgan tovarlarning bir qismini deklaratsiyalashda bunday tovarlar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan narx deklaratsiyalanadigan tovarlarning miqdori va sotilgan tovarlarning umumiy miqdori bilan teng nisbatda aniqlanadi.
14. 1-usul quyidagi hollarda qoʻllanilmaydi:
a) bitimning qiymatiga taʼsir koʻrsatgan cheklovlar va (yoki) shartlar mavjud boʻlsa, quyidagi cheklovlar bundan mustasno:
tovarni qayta sotish mumkin boʻlgan geografik mintaqadagi cheklovlar;
tovarning qiymatiga jiddiy taʼsir koʻrsatmaydigan cheklovlar;
b) tovar bojxona hududidan qiymat asosiga ega boʻlmagan bitim boʻyicha olib chiqilayotgan boʻlsa;
v) sotish yoki bitimning bahosi taʼsirini hisobga olish mumkin boʻlmagan shartlarga rioya etilishiga bogʻliq boʻlsa (ayirboshlash, kontraktatsiya, qayta ishlash shartnomalari);
g) olib chiqiladigan tovarni sotib oluvchi tomonidan keyinchalik qayta sotish, undan foydalanish yoki uni tasarruf etishdan tushgan tushumning har qanday qismi sotuvchiga bevosita yoki bilvosita oʻtsa va bunda tovarning qiymatiga ushbu Nizomning 24-bandiga muvofiq tegishli tuzatishlarni kiritish mumkin boʻlmasa;
d) tovarning bojxona qiymatini aniqlashda deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan foydalanilgan maʼlumotlar hujjatlar bilan tasdiqlanmagan yoxud notoʻgʻri boʻlsa;
e) bitimning taraflari (sotib oluvchi va sotuvchi) bir-biriga oʻzaro bogʻliq shaxslar boʻlsa, ularning oʻzaro bogʻliqligi bitimning bahosiga taʼsir etmagan hollar bundan mustasno, bu esa deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan isbotlanishi lozim.
15. Sotuvchi tomonidan sotib oluvchining tovarlardan foydalanish va uni tasarruf etish huquqlariga bevosita yoki bilvosita cheklovlar belgilanganda, 1-usul qoʻllanilmaydi. Quyidagi cheklovlar bundan mustasno:
a) tovarni qayta sotish mumkin boʻlgan geografik mintaqadagi cheklovlar.
Masalan, sotuvchi tovarni olib chiqilishi moʻljallangan mamlakatda oʻzining aniq bir hududdagi sotuvchilariga sotadi. Bunda sotuvchilarning har biri tovarni faqat muayyan hududda sotishi mumkinligi toʻgʻrisidagi shart qoʻyiladi;
b) tovarning qiymatiga jiddiy taʼsir koʻrsatmaydigan cheklovlar. Agar narxga jiddiy taʼsir koʻrsatadigan shart mavjudligi haqida maʼlum qilinsa, unda 1-usulning qoʻllanilishi faqat bunday shart natijasida narxning miqdoriy oʻzgarishi hujjatlar asosida belgilangan holdagina mumkin boʻladi. Agar narxga miqdoriy taʼsir qilishni belgilash va hujjatlar asosida tasdiqlash mumkin boʻlmasa, unda bojxona qiymatini aniqlashning boshqa usullariga oʻtish kerak boʻladi.
Masalan, sotuvchi texnikani sotib oluvchiga undan olib chiqilishi moʻljallangan mamlakatda faqat davlat dasturlari doirasida foydalanadi degan shart bilan sotadi.
Bunda 1-usul qoʻllanilishi mumkin emas, chunki sotib oluvchining tovardan foydalanish huquqiga nisbatan cheklov mavjud va bu xildagi shart bitim qiymatiga taʼsir koʻrsatishi mumkin. Bunday holda bojxona qiymatini aniqlashning boshqa usullari qoʻllanilishi kerak.
Barcha cheklovlarni baholashda, ularning 1-usuldan foydalanishi imkoniyatiga taʼsiri nuqtai nazaridan asosiy mezon boʻlib, bu bitimning qiymatiga maʼlum bir shartning taʼsir darajasidir. Cheklov bitim narxiga taʼsir koʻrsatmasa, u 1-usuldan foydalanishga toʻsqinlik qilmaydi.
Agar sotuvchi huquqiga nisbatan yana qandaydir boshqa cheklovlar mavjud boʻlsa, unda 1-usul qoʻllanilmaydi.
16. 1-usul qiymat asosiga ega boʻlmagan tashqi savdo bitimlariga nisbatan qoʻllanilmaydi. Jumladan:
a) tovarning bepul yetkazib berilishi.
Masalan, sotuvchi sotib oluvchiga namuna sifatida 5 dona uskunani yetkazib berishi koʻzda tutilmoqda. Mazkur holatda oldi-sotdi shartnomasi mavjud emas;
b) tovarning konsignatsiya shartlarida yetkazib berilishi.
Masalan, Oʻzbekiston Respublikasidagi yetkazib beruvchi oʻz agentiga bir turkum poliz mahsulotlarini qulayroq shartlarda sotish uchun yetkazib berishni moʻljallagan. Ushbu holatda agent poliz mahsulotlarini sotib olmaydi, yaʼni uning egasiga aylanmaydi va poliz mahsulotlarini sotishdan koʻrilgan foydani yetkazib beruvchi oladi (agentga uning sotishga doir xarajatlari va ish haqi toʻlanishi hisobga olingan holda);
v) tovarni vositachiga sotmasdan vositachi orqali tovarning yetkazib berilishi.
Masalan, Oʻzbekiston Respublikasidagi yuridik shaxs boʻlgan korxona Belgiya davlatida joylashgan oʻzining nomidan faoliyat yuritmaydigan filialiga ega. Ular oʻrtasidagi tovar yetkazib berilishi oldi-sotdi bitimi tushunchasiga kirmaydi;
g) tovarning ayirboshlash yoki kompensatsion operatsiyalar doirasida yetkazib berilishi, agar tovarlar narxi koʻrsatilmagan boʻlsa;
d) tovarning lizing operatsiyalari doirasida yetkazib berilishi.
Mazkur holatda tovarga nisbatan mulk huquqi ijaraga beruvchidan ijaraga oluvchiga oʻtmaydi, mulkdor tovardan foydalanganlik huquqi uchun foydaning bir qismini oladi va tovar muayyan vaqtdan soʻng uning egasiga (ijaraga beruvchiga) qaytarib berilishi mumkin;
e) tovarning vaqtincha olib chiqish maqsadida yetkazib berilishi.
Masalan, mulkdor (yetkazib beruvchi) muayyan vaqtdan soʻng yetkazib beruvchiga qaytarilishi lozim boʻlgan yengil avtomashinani vaqtincha foydalanish uchun isteʼmolchiga vaqtincha olib chiqish shartlarida yetkazib beradi;
j) tovarning tashqi savdo kontraktida (shartnomasida, kelishuvida) nazarda tutilgan kafolatlar asosida yetkazib berilishi.
Masalan, kafolat muddati davomida yetkazib berilgan uskunaning alohida mexanizmlari ishdan chiqdi. Ularni almashtirish uchun yangi detallar yetkazib beriladi.
17. Agar bitimni tuzishda baholanadigan tovarlar qiymatini aniqlashga va binobarin, bitim qiymatining bojxona maqsadlari uchun qabul qilinishiga toʻsqinlik qiladigan shartlar bitim shartlari sifatida ilgari surilgan boʻlsa, bunday holatda 1-usulning qoʻllanilishi mumkin emas. Bunday shartlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
sotuvchi olib chiqiladigan tovarlarga narxni sotib oluvchi muayyan miqdorlardagi boshqa turdagi tovarlarni ham tovarning har bir turiga narx koʻrsatilmagan holda sotib oladi degan shart asosida belgilaganda;
olib chiqiladigan tovarlarning narxi xuddi shunday tovarlar sotib oluvchining eksport qilinadigan tovarlarning sotuvchisiga sotadigan boshqa tovarlarning narxi yoki narxlariga bogʻliq boʻlganda;
narx olib chiqiladigan tovarlarga aloqasi boʻlmagan haq toʻlash shakli asosida belgilanganda;
oldi-sotdi shartnomasi faqat ushbu sotib oluvchiga sotish shartini nazarda tutganda.
Bunday shartlar mavjud boʻlsa, ularning bitim qiymatiga taʼsir etgan yoki etmagani va bunday taʼsirni miqdoriy jihatdan aniqlash mumkinligiga oydinlik kiritilishi kerak. Faqatgina shartning qiymatga taʼsirining miqdoriy jihatini aniqlash mumkin boʻlsa hamda maʼlum qilingan narx haqiqatda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan narx boʻlsa, 1-usulni qoʻllash mumkin.
18. Agar tuzilgan bitim shartlariga koʻra, sotib oluvchi tovarning keyinchalik qayta sotilishi, tasarruf etilishi yoki undan foydalanilishidan soʻng tushgan tushumning bir qismini sotuvchiga oʻtkazishi kerak boʻlganda lekin bunday qism miqdori yoki uni aniqlash usuli shartnomada koʻrsatilmagan boʻlsa, 1-usulning qoʻllanilishi mumkin emas.
Agar bitim shartlariga koʻra tushumning oʻtkaziladigan qismi miqdorini hisoblab chiqarish mumkin boʻlsa, unda bojxona qiymati ikki bosqichda aniqlanadi:
birinchi bosqichda tovar olib chiqilishi vaqtida bojxona qiymati muvaqqat (shartli) baholash orqali 1-usul bilan aniqlanadi;
ikkinchi bosqichda tovarning keyinchalik qayta sotilishi, tasarruf etilishi yoki undan foydalanilgandan soʻng tushgan tushum miqdori va sotuvchiga oʻtkazilgan yoki oʻtkaziladigan mablagʻ toʻgʻrisidagi hujjatlar taqdim etiladi. Ushbu maʼlumotlar asosida bojxona qiymati va shunga muvofiq undirilishi lozim boʻlgan bojxona toʻlovlari summasiga tuzatishlar kiritiladi.
19. Bojxona qiymatini tasdiqlash uchun deklarant yoki bojxona brokeri bojxona organiga ishonchli, miqdoriy jihatdan aniqlangan va hujjatlar bilan tasdiqlangan axborotlardan iborat boʻlgan maʼlumotlarni taqdim etishi shart. Bunda bojxona qiymatini tasdiqlash uchun taqdim etilgan barcha hujjatlar:
zarur tarzda rasmiylashtirilgan boʻlishi;
ularni toʻldirishning tegishli qoidalarida (yoʻriqnomalarida) nazarda tutilgan barcha zarur rekvizitlar va maʼlumotlarni oʻzida aks ettirishi;
alohida yetkazib berish va (yoki) umuman bitim boʻyicha toʻlovlar va hisob-kitoblarni identifikatsiyalashni taʼminlashi;
tashkilotning rahbari, bosh buxgalteri imzolari va muhri yoxud yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi shaxsning (buxgalteriya hujjatlariga nisbatan) imzosi bilan tasdiqlangan boʻlishi kerak.
Bojxona qiymati deklaratsiyasida olib chiqilishi moʻljallangan tovar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan summalar hujjatlar asosida tasdiqlangan boʻlishi shart.
Bunda toʻlovlar bevosita yoki bilvosita Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan har qanday shaklda amalga oshirilishi mumkin.
Bevosita toʻlovlar deganda, Oʻzbekiston Respublikasining valyuta qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq har qanday shaklda toʻgʻridan-toʻgʻri amalga oshirilishi nazarda tutilsa, bilvosita toʻlovlar sotib oluvchi topshirigʻiga koʻra yoki uchinchi shaxslar tomonidan amalga oshirilishini anglatadi.
Ushbu talabga muvofiq, bojxona qiymati deklaratsiyasida koʻrsatilgan barcha elementlar tegishli hujjatlar bilan tasdiqlangan taqdirda, bojxona qiymati faqatgina 1-usul bilan aniqlanishi mumkin, shu jumladan:
bitim narxi — toʻlash uchun hisobvaraq-faktura (invoys) orqali;
bitim qiymatiga qoʻshimcha hisoblanmalar — toʻlov va bunday xarajatlarni tasdiqlovchi hujjatlar orqali;
hisobdan chiqariladigan (chegiriladigan) xarajatlarning summalari — toʻlov va bunday xarajatlarni tasdiqlovchi hujjatlar orqali.
1-usul hujjatlar asosida tasdiqlanmasa, qoʻllanilishi mumkin emas.
Bitim narxiga qoʻshimcha kelishuvlar kiritilib, unga asosan tovar narxi pasaytirilgan taqdirda, uning asosli ekanligi qoʻshimcha hujjatlar bilan toʻliq tasdiqlab berilganda bitim narxi qabul qilinishi mumkin.
20. Bitim taraflarining oʻzaro bogʻliqlik belgilari Kodeksning 307-moddasi talablari asosida aniqlanadi.
Sotuvchi bilan sotib oluvchi oʻrtasida aloqadorlikning mavjudligi bitimning maʼlum qilingan qiymatini tan olmaslik va 1-usulni qoʻllashni rad etish uchun asos boʻla olmaydi.
Olib chiqiladigan tovarga doir bitim taraflarining oʻzaro bogʻliqlik belgilari mavjud boʻlgan taqdirda, bojxona organi tomonidan bitimning amaldagi holatlari oʻrganib chiqiladi.
Agar bojxona organi bitim taraflarining oʻzaro bogʻliqligi bitim bahosiga taʼsir koʻrsatmagan deb topsa, ushbu bitim bojxona qiymatini aniqlash uchun qabul qilinadi. Aks holda bojxona organi deklarantni yoki bojxona brokerini mazkur oʻzaro bogʻliqlik bitim narxiga taʼsir koʻrsatmaganligini isbotlovchi dalillarni oʻttiz kalendar kundan oshmagan muddatda taqdim etish zarurligi toʻgʻrisida yozma shaklda xabardor qiladi.
Deklarant yoki bojxona brokerining arizasiga koʻra amalga oshirilgan bitimning narxi tovarning bojxona qiymatini aniqlash uchun qabul qilinishi mumkin. Bunda baholanayotgan tovar olib chiqilishidan oldin yoki olib chiqilganidan soʻng oʻttiz kalendar kun ichida oʻzaro bogʻliqlikning bitim narxiga taʼsiri yoʻqligi deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan quyidagi usullardan biri bilan isbotlanadi:
a) qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlar, shu jumladan, bojxona organi tomonidan qoʻshimcha ravishda soʻralgan, sotish bilan bogʻliq holatlarni tavsiflovchi (aks ettiruvchi) hujjatlar va maʼlumotlarni taqdim etish.
Bitim ishtirokchilari oʻrtasidagi munosabatlarning olib chiqiladigan tovar narxiga taʼsirini aniqlash maqsadida bojxona organi sotish bilan bogʻliq holatlarni tahlil qilganda bitimning barcha shartlarini, shu jumladan, sotib oluvchi va sotuvchi oʻrtasidagi tijorat munosabatlarini qanday tashkil etishini va olib chiqilayotgan tovarlarning narxi qanday belgilanganligini hisobga oladi.
Agar deklarant oʻzaro bogʻliq shaxslar boʻlgan sotib oluvchi va sotuvchi olib chiqilayotgan tovarlarni bir xil shartlarda, shu jumladan, solishtirma narxlarda (yaʼni bir xil darajadagi narxlarda) oʻzaro sotayotganliklarini va sotib olishlarini yoki ular oʻzaro bogʻliq shaxslar boʻlmaganligini isbotlasa, bu holat sotuvchi va sotib oluvchi oʻrtasidagi munosabatlar olib chiqilayotgan tovar narxiga taʼsir qilmaganligidan dalolat beradi;
b) tovar olib chiqilayotganda bojxona organi rozi boʻlgan quyidagi qiymatlarning biriga yaqin ekanligini tasdiqlovchi hujjatlar va maʼlumotlarni taqdim etish:
olib chiqish moʻljallangan mamlakatga eksport qilish uchun sotuvchi bilan oʻzaro bogʻliq boʻlmagan sotib oluvchilarga aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlar sotilayotgandagi bitimning qiymatiga;
aynan bir xil yoki oʻxshash tovarning qiymatlarini qoʻshish usuli boʻyicha aniqlangan bojxona qiymatiga.
Deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan taqqoslash uchun taqdim etilgan, ushbu bandning “b” kichik bandi ikkinchi — uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan bitimning bahosiga va tovarning bojxona qiymatiga quyidagi mezonlar boʻyicha farqlar hisobga olingan holda tuzatishlar kiritiladi:
tijorat shartlari;
miqdori;
ushbu Nizomning 24-bandida nazarda tutilgan xarajatlar;
oʻzaro bogʻliq boʻlmagan shaxslar oʻrtasidagi bitimda sotib oluvchining xarajatlari, agar bunday xarajatlar sotib oluvchi tomonidan oʻzaro bogʻliq boʻlgan shaxs bilan tuzilgan bitimda amalga oshirilmasa.
Deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan taqqoslashga taqdim etilgan aynan bir xil yoki oʻxshash tovarning bitim bahosidan yoki bojxona qiymatidan baholanayotgan tovarning bojxona qiymatini aniqlash uchun bitimning bahosi oʻrniga foydalanilishi mumkin emas.
21. Koʻrib chiqilayotgan bitim shartlariga muvofiqligini hisobga olgan holda, 1-usul qoʻllanilishi mumkinligi belgilangandan soʻng maʼlum qilingan qiymatga ushbu Nizomning 24-bandiga muvofiq tuzatish kiritiladi.
Bojxona qiymatini aniqlashning boshlangʻich nuqtasi har doim haqiqatda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan qiymatni, yaʼni sotib oluvchi sotuvchiga toʻlagan yoki toʻlashi lozim boʻlgan haqiqiy xarajatlarni belgilash hisoblanadi.
Agar bojxona rasmiylashtiruvi vaqtida sotib oluvchi tomonidan tovar uchun hisob haqi toʻlanmagan boʻlsa, unda bojxona organiga haqi toʻlanmagan hisobvaraq-faktura (invoys) taqdim etiladi.
Agar shartnoma shartlarida faktura qiymatidan chegirmalar nazarda tutilgan va bojxona rasmiylashtiruviga qadar ushbu chegirmalar inobatga olingan holda hisob toʻlangan hamda chegirma berish asoslari bitimda va hisobvaraq-fakturada (invoys) aniq koʻrsatilgan boʻlsa, bojxona qiymatini aniqlash uchun amalda toʻlangan summa asos sifatida qabul qilinadi (yaʼni chegirmalar inobatga olinadi).
22. Tovarning bojxona qiymatini maʼlum qilishda deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan tovarning kelib chiqishi toʻgʻrisidagi sertifikatning taqdim etilmaganligi bojxona qiymatini aniqlashning 1-usulini qoʻllashni rad etishga asos boʻlib hisoblanmaydi.
Bunday hollarda bojxona organi tashqi savdo kontrakti (shartnomasi, kelishuvi), tovarning kuzatuv hujjatlari, tovarning tashqi koʻrinishida (qadogʻida, oʻramida va boshqalar) mavjud boʻlgan tovar haqidagi maʼlumotlar asosida uning ishlab chiqaruvchisi, ishlab chiqarilgan mamlakati va boshqa zarur boʻlgan maʼlumotlarni aniqlashi kerak.
Deklarant yoki bojxona brokeri bojxona yuk deklaratsiyasining tegishli bandida tovar tavsifi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish bilan birga, uning ishlab chiqaruvchisi va ishlab chiqarilgan mamlakati haqidagi axborotlarni ham kiritishi shart.
23. Bojxona koʻzdan kechiruvi yoki koʻrigini oʻtkazish jarayonida tovarning miqdori tovar kuzatuv hujjatlarida koʻrsatilganiga nisbatan farq aniqlanganda, biroq uning qiymati bojxona qiymatini maʼlum qilish uchun taqdim etiladigan hujjatlar bilan tasdiqlansa, tovarning bojxona qiymatini aniqlashning 1-usuli qoʻllanilishi mumkin.
24. Olib chiqilayotgan tovarlarning bojxona qiymatini belgilashda olib chiqilayotgan tovar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi kerak boʻlgan narxga quyidagi xarajatlar qoʻshiladi, agar ular koʻrsatilgan narxga kiritilmagan boʻlsa:
a) tovarni Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqib ketiladigan joyigacha (punktgacha) yetkazib berish boʻyicha xarajatlar:
transportda tashish qiymati;
tovarlarni yuklash, tushirish, qayta yuklash va tushirish-ortish xarajatlari;
sugʻurtalash qiymati;
b) sotuvchi tomonidan amalga oshiriladigan xarajatlar:
vositachilik va brokerlik haqi, tovarni xarid qilish boʻyicha vositachilik haqi bundan mustasno;
konteynerlarning va (yoki) boshqa koʻp marta ishlatiladigan idishlarning qiymati, agar Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi iqtisodiy faoliyatining tovar nomenklaturasiga (keyingi oʻrinlarda — TIF TN) muvofiq ularga baholanayotgan tovar bilan bir butun deb qaralsa;
oʻrov-joylashning qiymati, shu jumladan, oʻrash-joylash materiallarining va oʻrash-joylash ishlarining qiymati;
v) olib chiqiladigan tovarlarni ishlab chiqarish va (yoki) eksportga sotish uchun sotib oluvchi bevosita yoki bilvosita sotuvchiga bepul yoki pasaytirilgan narx boʻyicha koʻrsatadigan xizmatlar va yetkazib beradigan tovarlar qiymatining tegishli qismi:
xomashyo, materiallar, detallar, yarimtayyor fabrikatlar hamda olib chiqiladigan tovarning tarkibiy qismi hisoblanadigan boshqa butlovchi qismlar;
instrumentlar, shtamplar, shakllar hamda olib chiqiladigan tovarlarni ishlab chiqarishda foydalanilgan boshqa shu kabi predmetlar;
olib chiqiladigan tovarlarni ishlab chiqarishda sarflangan yordamchi materiallar;
muhandislik ishlanmalari, tajriba-konstruktorlik ishlari, dizayn, badiiy jihozlash, olib chiqiladigan tovarlarni ishlab chiqarish uchun bevosita zarur boʻlgan eskizlar va chizmalar;
g) intellektual mulk obyektlaridan foydalanganlik uchun sotib oluvchi baholanayotgan tovarni sotish sharti sifatida bevosita yoki bilvosita toʻlashi kerak boʻlgan litsenziya toʻlovlari va boshqa toʻlovlar, eksport qilinadigan tovarlarni Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida koʻpaytirish (dublikat qilish) huquqi uchun toʻlovlar bundan mustasno;
d) olib chiqiladigan tovarni keyinchalik biron-bir tarzda qayta sotish, tasarruf etish yoki ulardan foydalanishdan olingan, tovar Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqilgandan keyin sotuvchiga bevosita yoki bilvosita tegishli boʻladigan tushumlarning har qanday qismining qiymati.
Ushbu bandning “a” — “d” kichik bandlarida koʻrsatilgan xarajatlarni bojxona qiymatiga quyidagi hollarda kiritiladi, agar ular:
haqiqatda mavjud boʻlsa;
xolisona va miqdor jihatidan belgilanadigan maʼlumotlar asosida hujjatlar bilan tasdiqlangan boʻlsa;
bitimda nazarda tutilgan tovar qiymatiga kiritilmagan boʻlsa.
Agar ushbu xarajatlarning miqdorini belgilash va hujjatlar asosida tasdiqlash mumkin boʻlmasa, bojxona qiymati olib chiqiladigan tovarlarning oldi-sotdi qiymati asosida aniqlanishi mumkin emas.
Bitimning narxiga kiritiladigan xarajatlar tegishli tovarlar, ishlar va xizmatlar (tashish, sugʻurta qilish, brokerlik xizmati) uchun haq toʻlanganligi toʻgʻrisidagi hujjatlar (hisobvaraq-fakturalar, toʻlov topshiriqnomalari, cheklar) asosida aniqlanadi.
Ushbu bandning “v” kichik bandida koʻrsatilgan xarajatlar olib chiqiladigan tovarlarni ishlab chiqarishga va sotishga qaratilishi kerak.
Ushbu bandda koʻrsatilmagan xarajatlarni bitim narxiga qoʻshishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Turli nomdagi tovarlardan tashkil topgan tovarlarning bitta turkumi olib chiqilayotganda, tovarlardan har birining bojxona qiymatiga qoʻshilishi lozim boʻlgan hamda tovarlarning butun turkumi uchun belgilangan xarajatlarni aniqlash har bir tovar qiymatining tovarlar turkumining qiymatiga nisbati bilan aniqlanadigan kattalikka mutanosib ravishda, transport xarajatlarini hisobga olishda esa tovarlarning ogʻirligiga yoxud hajmiga mutanosib ravishda amalga oshiriladi.
25. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini aniqlashda bitimning narxidan quyidagi toʻlovlar va xarajatlar chiqarib tashlanadi, basharti ular ilgari bitimning narxiga kiritilgan va hujjatlar bilan tasdiqlanishi mumkin boʻlsa:
sanoat qurilmalari, mashinalar yoki uskunalar kabi tovarlar bojxona hududidan olib chiqilganidan soʻng amalga oshirilgan uskunalarni qurish, oʻrnatish, yigʻish, montaj qilish, sozlash va ularga xizmat koʻrsatish yoki texnik koʻmaklashish xarajatlari;
tovar bojxona hududidan olib chiqilgandan keyingi uni yetkazib berish xarajatlari;
tovar bojxona hududidan olib chiqilganidan keyingi uni yetkazib berishni sugʻurtalash qiymati;
import qilingan mamlakatda sotuvchi tomonidan toʻlanadigan bojxona toʻlovlari.
Bitimning narxi mavjud boʻlmagan taqdirda, olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymati sotuvchining olib chiqiladigan tovarni ishlab chiqarish yoki sotib olish, saqlash va tashish bilan bogʻliq xarajatlari toʻgʻrisida deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan taqdim etilgan hujjatlardan kelib chiqqan holda aniqlanadi. Bunda ushbu bandning ikkinchi — beshinchi xatboshilarida sanab oʻtilgan xarajatlar ham hisobga olinadi.
Bitimning narxidan chiqarib tashlanadigan toʻlovlar va xarajatlar tovarlar, ishlar va xizmatlar (tashish, sugʻurta qilish) uchun haq toʻlanganligi toʻgʻrisidagi hujjatlar (hisobvaraq-fakturalar, toʻlov topshiriqnomalari, cheklar) asosida aniqlanadi.
26. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymati 1-usul boʻyicha aniqlanganda deklaratsiyalovchi shaxs tomonidan quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:
a) majburiy tartibda:
tegishli axborot tizimi tomonidan shakllantirilgan tashqi savdo bitimi (shartnoma, kontrakt) yoki invoysning identifikatsiya raqami;
hisobvaraq-faktura (invoys);
b) tashqi savdo bitimida (shartnomasida, kontraktida) belgilangan shartlardan kelib chiqib, ushbu Nizomning 24 va 25-bandlariga asosan maʼlum qilingan narxga tuzatishlar kiritish lozim boʻlganda:
sugʻurta hujjatlari;
tovarning tashish va (yoki) yuklash, tushirish, qayta yuklash, boshqa joyga toʻkish boʻyicha shartnomasi (transport ekspeditsiya shartnomasi) va bu xizmatlar uchun hisobvaraq-faktura (invoys), bank hujjatlari (agar hisobvaraq-faktura (invoys) toʻlangan boʻlsa), transport tariflari toʻgʻrisidagi hujjatlar (maʼlumotlar) yoki tashish qiymatini aks ettiruvchi buxgalterlik hujjatlari (agar sotuvchi tovarni oʻzining transportida tashigan boʻlsa);
vositachilik yoki brokerlik xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma va bu xizmatlar uchun hisobvaraq-faktura (invoys), bank toʻlov hujjatlari;
litsenzion va (yoki) mualliflik kelishuvi, hisobvaraq-faktura (invoys), bank toʻlov hujjatlari, baholanayotgan tovarga taalluqli boʻlgan intellektual mulk obyektlaridan foydalanganlik uchun toʻlovlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan buxgalterlik va boshqa hujjatlar;
olib chiqiladigan tovarni keyinchalik qayta sotish, undan foydalanish yoki uni tasarruf etishdan sotuvchiga bevosita yoki bilvosita oʻtadigan tushumning har qanday qismi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjat (shu jumladan, buxgalterlik) va maʼlumotlar;
konteyner va (yoki) koʻp marta ishlatiladigan boshqa idishlarning, oʻrash materiallarining va oʻrash-joylash ishlarining qiymati toʻgʻrisidagi shartnomalar, hisobvaraqlar, bank toʻlov hujjatlari, agar mazkur xarajatlar sotuvchi tomonidan amalga oshirilgan, biroq olib chiqiladigan tovar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan narxga qoʻshilmagan boʻlsa;
sotuvchi tomonidan sotib oluvchiga muayyan tovarlar turkumi uchun chegirma berish asosi va ularning miqdorini koʻrsatuvchi maʼlumotlar;
v) bojxona organlari qoʻllaydigan xavfni boshqarish tizimi tomonidan oʻrta yoki yuqori koʻrsatkichga ega xavf darajasi aniqlangan hollarda, agar maʼlum qilingan bojxona qiymati oxirgi toʻqson kalendar kun ichida olib chiqilib, 1-usulda qabul qilingan tovarning bojxona qiymatidan past boʻlsa:
birja kotirovkalari (agar bunday tovar birja savdolarida sotiladigan tovar turkumiga mansub boʻlsa);
olib chiqilayotgan tovarlarning ishlab chiqaruvchisini kataloglari, spetsifikatsiyalari, narxlar preyskurantlari (prays-varaqlar);
baholanilayotgan tovarga ishlab chiqaruvchining kalkulyatsiyasi (agar ishlab chiqaruvchi uni sotuvchiga taqdim etishga rozi boʻlsa);
baholanayotgan tovarni yetkazib berilishiga aloqador boʻlgan uchinchi shaxslar bilan kontraktlar va ular uchun toʻlov hisoblari.
Agar toʻqson kalendar kun ichida aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlar 1-usulda olib chiqilganligi toʻgʻrisida maʼlumotlar mavjud boʻlmasa, bir yuz sakson kalendar kun ichida ushbu usulda olib chiqilgan aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlarning bojxona qiymati solishtirish uchun qoʻllanilishi mumkin.
Agar ushbu kichik bandning beshinchi xatboshisida keltirilgan hujjatlarni taqdim etishning imkoniyati mavjud boʻlmasa, sotuvchi yoki sotib oluvchining yozma tushuntirishlari, shu jumladan, bunday hujjatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar qabul qilinishi mumkin;
g) bitim taraflarining oʻzaro bogʻliqligi olib chiqiladigan tovarlar bilan tuzilgan bitim qiymatiga taʼsir qilmaganligini tasdiqlash maqsadida ixtiyoriy ravishda:
aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlar sotuvchi bilan oʻzaro bogʻliq boʻlmagan sotib oluvchilarga Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududidan olib chiqish uchun sotilganda, uning qiymatini tasdiqlovchi hujjatlar;
5-usul bilan aniqlangan aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlarning bojxona qiymatini tasdiqlovchi hujjatlar;
sotuvchining Oʻzbekiston Respublikasidan boshqa mamlakatlarga yuborilgan aynan bir xil tovarlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
4-bob. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini 2-usul boʻyicha aniqlash
27. 2-usul bojxona hududidan olib chiqilayotgan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash uchun asos sifatida aynan bir xil tovarga doir bitimning qiymati qabul qilinishini nazarda tutadi.
28. Aynan bir xil tovar deganda:
baholanayotgan tovar bilan fizik xususiyatlariga, sifatiga va bozordagi qadriga koʻra bir xil boʻlgan;
Oʻzbekiston Respublikasidan olib chiqiladigan tovarlar yetkazib beriladigan va eksport qilinadigan mamlakatga olib chiqish uchun sotilgan;
baholanayotgan tovar qaysi mamlakatda ishlab chiqarilgan boʻlsa, shu mamlakatda ishlab chiqarilgan va Oʻzbekiston Respublikasidan olib chiqish uchun sotilgan;
baholanayotgan tovarni ishlab chiqargan ayni oʻsha shaxs tomonidan ishlab chiqarilgan tovar tushuniladi. Baholanayotgan tovarni ishlab chiqargan ayni bir shaxs ishlab chiqargan tovar mavjud boʻlmagan taqdirda, boshqa shaxs tomonidan ishlab chiqarilgan tovar qabul qilinadi.
29. Agar tovarning bitim qiymati import mamlakatida bajarilgan loyihalashtirishning, tajriba-konstruktorlik ishlarining, badiiy bezatishning, dizaynning, eskizlarning yoki chizmalarning qiymatini oʻz ichiga olgan boʻlsa, aynan bir xil tovar deb hisoblanmaydi.
30. Tovarning tashqi koʻrinishidagi juzʼiy farqlar unga aynan bir xil deb qarashni rad etish uchun asos boʻlib xizmat qila olmaydi, agar bunday tovar qolgan jihatlari bilan ushbu Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan shartlarga muvofiq boʻlsa.
31. Agar aynan bir xil tovar bojxona hududidan:
baholanayotgan tovar olib chiqilguniga qadar toʻqson kalendar kun ichida olib chiqilgan boʻlsa;
taxminan oʻsha miqdorda va (yoki) oʻsha tijorat shartlarida olib chiqilgan boʻlsa, aynan bir xil tovar yuzasidan tuzilgan bitimning qiymati baholanayotgan tovarning bojxona qiymatini aniqlash uchun asos sifatida qabul qilinadi.
32. Agar tovarni oʻsha miqdorda va oʻsha tijorat shartlarida bojxona hududidan olib chiqish hollari mavjud boʻlmasa, boshqacha miqdorda va boshqa tijorat shartlarida olib chiqilgan aynan bir xil tovarning ushbu farqlar hisobga olinib bitimning narxiga tuzatishlar kiritilgan holdagi qiymatidan foydalanish mumkin.
33. Agar aynan bir xil tovar uchun ushbu Nizomning 24-bandi “a” kichik bandida koʻrsatilgan xarajatlarning qiymati baholanayotgan tovar uchun shunday xarajatlarning qiymatidan masofa va transportning turlaridagi tafovut tufayli ancha farq qilsa, aynan bir xil tovarga doir bitimning qiymatiga koʻra aniqlanadigan bojxona qiymatiga tegishli tarzda tuzatishlar kiritilishi kerak.
34. Baholanayotgan tovarning bojxona qiymatiga tuzatishlar deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan toʻgʻri va hujjat bilan tasdiqlangan maʼlumotlar asosida kiritilishi lozim.
35. 2-usulni qoʻllashda baholanayotgan tovar uchun ilgari rasmiylashtirilgan aynan bir xil tovarning bojxona qiymatidan asos sifatida foydalanilayotgan boʻlsa va bunday tovar rasmiylashtirilgan bojxona yuk deklaratsiyasida ularning kelib chiqish mamlakati nomaʼlum deb qayd etilgan boʻlsa, bojxona organi bunday bojxona qiymatidan asos sifatida foydalanishni rad etishga haqli emas.
Mazkur qoidalar 2-usul bilan baholanayotgan tovar boʻyicha rasmiylashtirilgan bojxona yuk deklaratsiyasida tovarning kelib chiqish mamlakati nomaʼlum deb qayd etilib, asos sifatida foydalanilayotgan ilgari rasmiylashtirilgan tovarning kelib chiqish mamlakati maʼlum boʻlgan bojxona qiymatiga ham tatbiq etiladi.
Bunda tovarning kelib chiqish mamlakatini aniqlashda ushbu Nizomning 22-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilari qoidalari qoʻllaniladi.
36. 2-usulni qoʻllashda aynan bir xil tovarga doir bir nechta bitim aniqlansa, baholanayotgan tovarning bojxona qiymatini aniqlash uchun bahosi eng past boʻlgan aynan bir xil tovarga doir bitim qoʻllaniladi.
37. 2-usulni koʻllashda tovarning bojxona qiymatini aniqlash imkoni boʻlmaganligi sababli shartli chiqarib yuborilgan tovarlarning bojxona qiymatidan asos sifatida foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
38. 2-usulni qoʻllash uchun deklaratsiyalovchi shaxs tomonidan quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:
a) majburiy tartibda bojxona organi tomonidan qabul qilingan va bojxona qiymati 1-usul boʻyicha aniqlangan holda chiqarilgan aynan bir xil va oʻxshash tovarlarga tegishli boʻlgan bojxona yuk deklaratsiyasi roʻyxat raqami va unga tegishli tovar tartib raqami;
b) qiymatga tuzatishlar kiritish amalga oshirilishi lozim boʻlgan hollarda tovarni Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqib ketiladigan joyigacha (punktgacha) yetkazib berish boʻyicha xarajatlarni tasdiqlovchi hujjat va maʼlumotlar.
Mazkur hujjatlar tovarni yetkazib berish sharti, transport turi yoki geografik manzillarda farq boʻlganda, taqdim qilinishi mumkin.
Agar ushbu maʼlumotlar bir xil yoki miqdoriy jihatdan bir-biriga yaqin boʻlsa, shuningdek, 2-usulni qoʻllash uchun asos boʻlgan bojxona qiymati bojxona organi tomonidan taqdim etilsa, mazkur hujjatlar taqdim qilinmasligi mumkin.
5-bob. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini 3-usul boʻyicha aniqlash
39. 3-usul bojxona hududidan olib chiqilayotgan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash uchun oʻxshash tovarga doir bitimning qiymati ushbu bobda koʻrsatilgan shartlarga rioya etgan holda asos sifatida qabul qilinishini nazarda tutadi.
40. Oʻxshash tovar sifatida:
baholanayotgan tovar bilan har jihatdan bir xil boʻlmasada, u bilan oʻxshash xususiyatlarga ega boʻlganligi va tarkib jihatdan oʻxshashligi tufayli bir xil vazifalarni bajara oladigan hamda tijorat nuqtai nazaridan, shu jumladan, sifati, bozordagi qadri, tovar belgisining mavjudligiga koʻra uning oʻrnini bosa oladigan;
Oʻzbekiston Respublikasidan olib chiqiladigan tovarlar yetkazib beriladigan va eksport qilinadigan mamlakatga olib chiqish uchun sotilgan;
baholanayotgan tovar ishlab chiqarilgan ayni oʻsha mamlakatda ishlab chiqarilgan va Oʻzbekiston Respublikasidan olib chiqish uchun sotilgan;
baholanayotgan tovarni ishlab chiqargan ayni bir shaxs tomonidan ishlab chiqarilgan tovar tushuniladi. Baholanayotgan tovarni ishlab chiqargan ayni bir shaxs tomonidan ishlab chiqarilgan tovar mavjud boʻlmagan taqdirda, boshqa shaxs tomonidan ishlab chiqarilgan tovar qabul qilinadi.
41. 3-usuldan foydalanilayotganda ushbu Nizomning 29 — 38-bandlari qoidalari qoʻllaniladi.
6-bob. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini 5-usul boʻyicha aniqlash
42. 5-usul baholanayotgan tovarning bojxona qiymatini aniqlash uchun asos sifatida tovarning quyidagilarni qoʻshish orqali hisoblab chiqarilgan narxi qabul qilinishini nazarda tutadi:
a) baholanayotgan tovarni tayyorlashda sarflangan materiallarning qiymati hamda ishlab chiqarish va (yoki) ishlov berish xarajatlari;
b) ushbu bandning “a” kichik bandida aks ettirilmagan umumiy xarajatlarning hajmi va baholanayotgan tovar ishlab chiqarilgan ayni oʻsha klassdagi va turdagi tovarni eksport qilishda odatda sotuvchi tomonidan olinadigan foyda;
v) ushbu Nizomning 24-bandi “a” kichik bandida koʻrsatilgan xarajatlar.
43. 5-usulni qoʻllash uchun taqdim etilgan hujjat va maʼlumotlar manfaatdor shaxs tomonidan tasdiqlangan boʻlishi lozim.
44. Baholanadigan tovarni tayyorlashda materiallar qiymati hamda ishlab chiqarish va (yoki) qayta ishlashga sarflanadigan xarajatlar, ishlab chiqaruvchi tomonidan yoki uning nomidan taqdim etilgan baholangan tovarni ishlab chiqarish bilan bogʻliq hujjat va maʼlumotlar asosida aniqlanishi kerak. Bunday hisobotlar Oʻzbekiston Respublikasida qoʻllaniladigan hisobga olishning umumiy qabul qilingan tamoyillariga muvofiq keladigan shart bilan, ular ishlab chiqaruvchining tijorat hisobotlariga asoslanishi kerak.
45. Umumiy xarajatlar hajmi ushbu Nizomning 42-bandi “a” kichik bandida aks ettirilgan hamda tovarning ishlab chiqarilishi va eksportga sotilishiga doir bevosita va bilvosita boshqa xarajatlarni ham qamrab olishi kerak.
46. Agar eksport qilinadigan tovarning bojxona qiymatini 1 — 3-usullar asosida aniqlash imkoni boʻlmasa, u holda ishlab chiqaruvchi tomonidan taqdim etilgan kalkulyatsiya hujjatlari asosida bojxona qiymatini aniqlash imkoniyati mavjud boʻlib, bunda ushbu Nizomning 42-bandida nazarda tutilgan xarajatlar olib chiqiladigan tovarning hisoblab chiqarilgan qiymati boʻyicha bojxona qiymatiga qoʻshilishi kerak.
47. Sotuvchi tomonidan olinadigan foyda miqdori baholanayotgan tovar ishlab chiqarilgan ayni oʻsha klassdagi va turdagi tovarni eksport qilishda eksportyor tomonidan yoki uning nomidan taqdim etiladigan hujjat va maʼlumotlar asosida aniqlanishi lozim.
Bunda taqdim etilgan maʼlumotlarning baholanayotgan tovarlar klassidagi yoki shu turdagi tovarlarning sotilishidagi koʻrsatkichlarga muvofiqligiga eʼtibor qaratish zarur.
48. Taqdim etilgan hujjat va maʼlumotlarni tahlil etishda “foyda va xarajatlar miqdori” bir butun sifatida koʻrib chiqilishi lozim.
Agar biron-bir alohida holatda sotuvchi foydasining miqdori unchalik katta boʻlmasa hamda uning umumiy xarajatlari yuqori boʻlsa, unda uning foydasi va birga olingan umumiy xarajatlari, odatda shunday klassdagi yoki turdagi tovarlar sotilishida aks etadigan bunday koʻrsatkichlarga muvofiq kelishi mumkin.
Masalan, mahsulot import mamlakatidagi bozorga chiqqanda va sotuvchi ushbu bozorni oʻzlashtirish bilan bogʻliq yuqori umumiy xarajatlarni qisman oʻzining foydasi hisobidan qoplash uchun foydani nol yoki past darajada qabul qilganda vujudga kelishi mumkin.
49. 5-usulni qoʻllash maqsadlari uchun sotuvchi tomonidan yoki uning nomidan taqdim etilganidan tashqari hujjat va maʼlumotlardan foydalanilayotgan boʻlsa, bojxona organi bunday axborotlarning manbasini, foydalanilgan maʼlumotlar hamda ular asosida amalga oshirilgan hisobotlar toʻgʻrisida deklarant yoki bojxona brokerini, agar u bu haqda soʻrasa, xabardor qilishi shart.
50. 5-usulni qoʻllashda hech qanday xarajatlar va materiallarning qiymati ikki marotaba hisobga olinmasligi kerak.
51. 5-usulni qoʻllash uchun deklaratsiyalovchi shaxs tomonidan quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:
a) ishlab chiqarish uchun qilingan xarajatlar hamda materiallarni sotib olish va (yoki) baholanayotgan tovarlarni ishlab chiqarish boʻyicha ishlab chiqaruvchi (sotuvchi) xarajatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan buxgalterlik hujjatlari, shuningdek, baholanayotgan tovarni ishlab chiqarish bilan bogʻliq boʻlgan boshqa operatsiyalar, shu jumladan, idish va oʻrash-joylash, shu bilan birga, loyihalashtirish, tajriba-konstruktorlik ishlari, badiiy bezatish, dizayn, eskizlar yoki chizmalar xarajatlari ishlab chiqaruvchi tomonidan toʻlanganligi umumeʼtirof etilgan buxgalterlik hisobi tamoyillariga muvofiq tuzilgan tijorat hisobvaraqlari;
b) ishlab chiqaruvchi va (yoki) sotuvchining baholanayotgan tovar ishlab chiqarilgan ayni oʻsha klassdagi va turdagi tovarni eksport qilishda sotuvchi tomonidan olinadigan foyda va ushbu Nizomning 45-bandda qayd etilgan xarajatlarning hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan buxgalterlik hujjatlari;
v) bitim shartlariga muvofiq sugʻurta hujjatlari;
g) tashish uchun hisobvaraq-faktura (invoys) (tashish xarajatlari kalkulyatsiyasi), Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududidan olib chiqib ketiladigan joyigacha (punktgacha) yetkazib berish boʻyicha xarajatlarni tasdiqlovchi hujjatlar.
7-bob. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini 6-usul boʻyicha aniqlash
52. Agar tovarning bojxona qiymatini deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan 1 — 3 va 5-usullarni ketma-ketlikda qoʻllash orqali aniqlash mumkin boʻlmasa, baholanayotgan tovarning bojxona qiymati bojxona qiymatini aniqlash usullarining muddatlarga hamda aynan bir xilligini yoki oʻxshashligini aniqlashga doir talablarni bir muncha qayishqoqlik bilan qoʻllash orqali aniqlanadi.
53. Agar bojxona organi olib chiqiladigan tovarlarning bojxona qiymatini oʻzida mavjud boʻlgan maʼlumotlarga asosan 6-usul bilan aniqlasa, u deklarantning soʻroviga koʻra bunday maʼlumotlarning manbalari toʻgʻrisida xabar beradi. Bojxona organi zaxira usulni toʻgʻri qoʻllash maqsadida bunday axborotni yigʻib boradi.
54. Quyidagilar bojxona organining ixtiyorida mavjud boʻlgan narxlar toʻgʻrisidagi axborot hisoblanadi:
bojxona yuk deklaratsiyalari elektron bazasi maʼlumotlari;
muqobil manbalardan olingan narxlar (ishlab chiqaruvchi korxonalar yoki yetkazib beruvchilarning rasmiy eʼlon qilinadigan maʼlumotnomalari, byulletenlari, birja kotirovkalari, prays-varaqlar, ularning uyushmalari yoki birlashmalarining yigʻma narx maʼlumotnomalari, rasmiy roʻyxatdan oʻtkazilgan dilerlar yoki distribyutorlarning maʼlumotlari, shuningdek, narxlar konyunkturasini xolis shakllantiradigan umumiy foydalaniladigan narxlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning boshqa ishonchli manbalari).
55. 6-usuldan foydalanishda hujjatlar bilan tasdiqlashga doir talablar quyidagilarni boshqa usullarga nisbatan bir muncha qayishqoqlikka yoʻl qoʻyadi:
jahon va (yoki) ichki bozordagi narxlarga doir axborot maʼlumotnomalaridan foydalanishni;
vositachilik haqlari, chegirmalar, foydalar, transport tariflari umum qabul qilingan darajalarining statistik maʼlumotlaridan foydalanish.
Bunda baholanayotgan tovarlarning yetkazib berish shartlarini hisobga olgan holda maʼlumotlarga tegishli tuzatishlar kiritilishi shart.
56. 6-usulni qoʻllash uchun asos sifatida quyidagilardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi:
a) bojxona qiymatini aniqlash uchun qiymatlarni qoʻshish usulini qoʻllashda foydalanilmaydigan ishlab chiqarish chiqimlaridan;
b) ikki muqobil qiymatdan eng yuqorisi bojxona baholash maqsadlari uchun qabul qilinishini nazarda tutuvchi tizimdan;
v) eng past bojxona qiymatlaridan;
g) tovarning oʻzboshimchalik bilan belgilangan yoki toʻgʻri tasdiqlanmagan narxidan.
Ushbu bandning “v” — “d” kichik bandlarida koʻrsatilgan talablardan kelib chiqib, tovarning bojxona qiymatini 6-usul bilan aniqlashda bojxona organi oʻrtacha bojxona qiymatiga asoslanishi kerak.
57. Ushbu Nizomning 52-bandiga muvofiq baholanayotgan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlashning bir nechta usulini qoʻllash imkoniyati mavjud boʻlgan taqdirda, ularni qoʻllashning ketma-ketligiga amal qilinishi zarur.
Olib chiqiladigan tovarlarning ushbu bandga muvofiq belgilangan bojxona qiymati imkon qadar avval belgilangan bojxona qiymatlariga asoslanishi kerak.
58. Aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlarga nisbatan qayishqoqlik quyidagilar yuzasidan yoʻl qoʻyilishi mumkin:
olib chiqish muddatlariga nisbatan;
baholanayotgan tovarni eksport qiluvchi mamlakatdagi boshqa ishlab chiqaruvchi, shuningdek, eksport qiluvchi mamlakatdan boshqa bir mamlakatda ishlab chiqarilib, Oʻzbekiston Respublikasidan olib chiqilgan aynan bir xil yoki oʻxshash tovarning bojxona qiymatini aniqlash uchun asos sifatida foydalanganda;
ilgari 5-usul bilan aniqlangan aynan bir xil yoki oʻxshash tovarning bojxona qiymatidan foydalanilganda.
59. Bojxona organi bojxona qiymatini aniqlashning 2 yoki 3-usul asosidagi 6-usulni qoʻllashda baholanayotgan tovar uchun ilgari rasmiylashtirilgan aynan bir xil tovarning bojxona qiymatidan asos sifatida foydalanilayotgan boʻlsa va bunday tovar rasmiylashtirilgan bojxona yuk deklaratsiyasida ularning kelib chiqish mamlakati nomaʼlum deb qayd etilgan boʻlsa yoki 2 yoxud 3-usul asosidagi 6-usul bilan baholanayotgan tovar boʻyicha rasmiylashtirilgan bojxona yuk deklaratsiyasida tovarning kelib chiqish mamlakati nomaʼlum deb qayd etilib, asos sifatida foydalanilayotgan tovarning kelib chiqish mamlakati maʼlum boʻlsa, bunday usullar bilan bojxona qiymati aniqlashda ushbu Nizomning 35-bandi qoidalari qoʻllaniladi.
60. 2 yoxud 3-usul asosidagi 6-usulni qoʻllashda tovarning bojxona qiymatini aniqlash imkoni boʻlmagani sababli shartli chiqarib yuborilgan tovarlarning bojxona qiymatidan asos sifatida foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
61. 6-usulni qoʻllash uchun taqdim etiladigan hujjatlar ushbu usulni qoʻllashda yoʻl qoʻyiladigan qayishqoqlik holatlaridan kelib chiqib belgilanadi.
8-bob. Moddiy tashuvchi orqali olib chiqiladigan raqamli mahsulotlarning bojxona qiymatini aniqlash
62. Moddiy tashuvchi orqali olib chiqiladigan raqamli mahsulotlarning bojxona qiymatini aniqlashda ushbu Nizomning 3 — 7-boblari qoidalari qoʻllaniladi.
63. Bojxona hududidan olib chiqilayotgan va maʼlumotlarni qayta ishlash boʻyicha uskunalar uchun dasturiy taʼminotni oʻz ichiga olgan moddiy tashuvchining bojxona qiymatini aniqlashda, agar baholanayotgan tovar uchun amalda toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan narxdan dasturiy taʼminotning qiymati va (yoki) moddiy tashuvchining qiymati ajratib chiqarilsa, faqat moddiy tashuvchining qiymati hisobga olinadi.
64. Agar dasturiy taʼminot moddiy tashuvchi boʻlmagan tovarning tarkibiga kirsa hamda ushbu tovar bunday dasturiy taʼminotsiz oʻziga xos boʻlgan vazifalarni bajara olmaydigan boʻlsa, dasturiy taʼminotning qiymati tovarning qiymatidan ajratib chiqarilmaydi.
65. Raqamli distributsiya usullari orqali olib chiqiladigan raqamli mahsulotlarning bojxona qiymati aniqlanmaydi.
9-bob. Deklaratsiyalanmasdan yoki deklaratsiyada notoʻgʻri koʻrsatilgan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash va qayta koʻrib chiqish
66. Bojxona chegarasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibga xilof ravishda oʻtkazilayotgan tovarlarning bojxona qiymati bozor narxidan kelib chiqib aniqlanishi lozim. Bunday tovarlarning bojxona qiymatini hisoblab chiqarishda baholash faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq ekspert baholash qoʻllanilishiga yoʻl qoʻyiladi.
Bunda ushbu Nizomning 24-bandiga muvofiq tovar narxiga tegishli tuzatishlar kiritilishi lozim.
67. Tovarlar chiqarib yuborilganidan keyin bojxona organlari tomonidan tovarning bojxona qiymati miqdorini aniqlash maqsadida tekshiruv oʻtkazilishi mumkin, bunda tovarlarning bojxona qiymati qayta koʻrib chiqiladi.
68. Quyidagilar bojxona qiymatini qayta koʻrib chiqish uchun asos boʻlib hisoblanadi:
a) Kodeksning 320-moddasi uchinchi qismida nazarda tutilgan hollar;
b) tovarning bojxona qiymatini maʼlum qilishda taqdim etilgan tasdiqlovchi hujjat va maʼlumotlarda nomuvofiqliklarning mavjudligi;
v) qonunchilikda belgilangan muddatda tovarlar olib chiqilgandan keyin deklarant tomonidan taqdim etilgan hujjatlar asosida, shu jumladan:
vakolatli bankning amalda tushgan valyuta mablagʻlari summasi toʻgʻrisidagi tasdigʻi;
tovarni topshirish-qabul qilish dalolatnomalari;
bitim shartlariga muvofiq tovarni sotish vaqtidagi mazkur tovar uchun narxlarning birja kotirovkalari va shu kabilar asosida shartli bojxona qiymati aniqlanganda;
g) TIF TNga muvofiq tovarning qayta tasniflanishi natijasida bir tovar turidan (nomidan) boshqa tovar turiga (nomiga) oʻtishi;
Ushbu bandda koʻrsatilmagan asoslar boʻyicha bojxona qiymatini qayta koʻrib chiqishga yoʻl qoʻyilmaydi.
69. Bojxona qiymatini qayta hisoblab chiqarishda, bojxona organi oʻz ixtiyorida mavjud boʻlgan aynan bir xil yoki oʻxshash tovarlarning oʻrtacha bojxona qiymati toʻgʻrisidagi axborotdan foydalanadi.
Bojxona qiymatini qayta hisoblab chiqarishda xorijiy bojxona organlaridan baholanayotgan tovar boʻyicha olingan hujjat va maʼlumotlardagi hamda baholash hisoboti mavjud boʻlgan hollarda ushbu hujjatlardagi qiymatlardan foydalaniladi.
70. Bojxona qiymatini qayta koʻrib chiqish davomida qoʻshimcha bojxona toʻlovlarining hisoblanishiga sabab boʻluvchi bojxona qiymatining miqdoriga taʼsir etuvchi holat aniqlangan taqdirda, bojxona toʻlovlarini qoʻshimcha hisoblash tovarlarning bojxona nazorati ostida boʻlishi tugagan paytdan eʼtiboran uch yil ichida amalga oshirilishi mumkin.
71. Bojxona qiymatini qayta koʻrib chiqish natijalariga koʻra bojxona qiymati qayta hisoblab chiqarilishi, shuningdek, bojxona toʻlovlari summasi qayta hisoblanishi va ular boʻyicha qoʻshimcha mablagʻ undirilishi yoki ortiqcha undirilgan mablagʻ qaytarilishi mumkin.
10-bob. Olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini aniqlashning boshqa oʻziga xos xususiyatlari
72. Ilgari olib kirilgan tovarlarni oʻzgarmas holatda bojxona hududidan olib chiqishda bojxona qiymati tovarning u olib kirilgan paytdagi bojxona qiymatining hamda bojxona hududida qilingan xarajatlarning, shu jumladan, bojxona rasmiylashtiruvi va bojxona toʻlovlarini toʻlash (tovarlar reeksport qilinishi munosabati bilan qaytarilishi kerak boʻlgan toʻlovlarni chegirgan holda), tovarlarni saqlash, sugʻurtalash uchun qilingan xarajatlarning hamda bojxona hududida qilingan boshqa xarajatlarning yigʻindisi sifatida aniqlanadi.
73. Bojxona bojlari va soliqlar toʻlashdan shartli ozod etilgan holda vaqtincha olib chiqilgan tovar bojxona hududidan tashqarida qoldirgan holda eksport bojxona rejimiga joylashtirish bilan yakunlangan taqdirda, tovarning bojxona qiymati va miqdori tovar vaqtincha olib chiqish bojxona rejimiga joylashtirilgan kundagi holatga koʻra belgilanadi.
Bojxona bojlari va soliqlarning stavkalari tovarni eksport bojxona rejimiga joylashtirish toʻgʻrisidagi bojxona deklaratsiyasi roʻyxatdan oʻtkazilgan kundagi holatga koʻra belgilanadi.
11-bob. Deklarant yoki bojxona brokeri tomonidan tovarning bojxona qiymatini aniqlash imkoni boʻlmagan taqdirda tovarni shartli chiqarib yuborish
74. Tovarning bojxona qiymatini aniqlash imkoni boʻlmagan taqdirda, tovar Kodeksning 321-moddasi talablari asosida shartli chiqarib yuboriladi.
75. Shartli bojxona qiymatini belgilash orqali tovarlar deklarant xohishiga koʻra quyidagi hollarda chiqarib yuborilishi mumkin:
a) tovar-xomashyo birjalarining xorijdagi savdo maydonchalarida tuzilgan bitimlari boʻyicha tovarlarning yakuniy narxi aniq boʻlmaganda;
b) bitim shartlariga muvofiq ushbu Nizomning 24-bandi “a” va “b” kichik bandlarida nazarda tutilgan xarajatlar maʼlum boʻlib, biroq ular boʻyicha toʻlov haqiqatda amalga oshirilmagan va (yoki) toʻlov shartida baholanayotgan tovar bojxona chegarasidan olib oʻtilgandan soʻng toʻlov amalga oshirilishi belgilangan boʻlsa, ushbu tovarlarning bojxona rasmiylashtiruvi jarayonida bojxona axborot tizimida tovarning maʼlum qilingan bojxona qiymati boʻyicha xavf aniqlanganda;
v) shartnoma oʻzaro bogʻliq shaxslar oʻrtasida tuzilganligi toʻgʻrisidagi belgilar mavjud boʻlgan taqdirda, oʻzaro bogʻliqlik bitim narxiga taʼsir etmaganligi holatlarini isbotlash uchun maʼlum bir vaqt talab etilganda;
g) tovarlarga oid shartnomada belgilangan toʻlov shartiga koʻra valyuta mablagʻlari haqiqatda toʻlanmagan va (yoki) tovarlarning eksporti boʻyicha toʻlovlar amalga oshirilishi koʻrsatilgan boʻlsa, ushbu tovarlarning bojxona rasmiylashtiruvi jarayonida bojxona axborot tizimida tovarning maʼlum qilingan bojxona qiymati boʻyicha xavf aniqlanganda;
d) deklarant tomonidan quyidagi hollarda maʼlum qilingan bojxona qiymati asoslab berilmaganda:
maʼlum qilingan tovarlarning bojxona qiymati bojxona qonunchiligi boʻyicha toʻgʻri aniqlanganligini tasdiqlovchi hujjatlar va (yoki) maʼlumotlar mavjud boʻlmasa;
tovarlarning bojxona rasmiylashtiruvi jarayonida bojxona axborot tizimida tovarning maʼlum qilingan bojxona qiymati boʻyicha xavf aniqlansa;
taqdim etilgan hujjatlar va (yoki) maʼlumotlar haqqoniyligi boʻyicha nomuvofiqlik mavjud boʻlganda;
bojxona organlaridagi mavjud narxlar toʻgʻrisidagi axborot va muqobil manbalarni oʻrgangan holda, tovarlarning narxi past belgilanganligi boʻyicha asoslar va tahliliy maʼlumotlar mavjud boʻlsa.
76. Deklarant yoki bojxona brokeri oʻzida mavjud boʻlgan, bojxona qiymatining muvaqqat (shartli) bahosi xolis ekanligini taʼminlaydigan hujjatlarni taqdim etishga haqli.
Olib chiqilayotgan tovarlarning bojxona qiymatini muvaqqat (shartli) bahosi uchun asos sifatida quyidagilar qabul qilinadi:
bitimda qayd etilgan dastlabki narx;
bitimda belgilangan hisob-kitob qilish shartlariga muvofiq tovar yuklab joʻnatilgan sanada aniqlangan hisob-kitob bahosi.
Bunda hisob-kitoblarni oʻtkazish mumkin boʻlmagan taqdirda, olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymatini muvaqqat (shartli) baholash bojxona organining ixtiyorida mavjud boʻlgan narxlar toʻgʻrisidagi tegishli axborot asosida amalga oshirilishi mumkin.
12-bob. Yakunlovchi qoidalar
77. Bojxona organi deklarant yoki bojxona brokerining yozma arizasiga koʻra, unga olib chiqiladigan tovarning maʼlum qilingan bojxona qiymati bojxona organi tomonidan qabul qilinmaganining sabablari koʻrsatilgan yozma tushuntirish berishi lozim.
78. Bojxona organi bojxona qiymatini aniqlashda deklarant tomonidan taqdim etiladigan va uning tomonidan tijorat siri deb belgilanadigan axborotdan faqat bojxona maqsadlari uchun foydalaniladi va deklarantning ruxsatisiz uchinchi shaxslarga berilishi mumkin emas, qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar bundan mustasno.
79. Bojxona organi deklarant yoki bojxona brokeriga tovarning maʼlum qilinadigan bojxona qiymati va uni aniqlashga taalluqli tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etish uchun qoʻshimcha muddat berishi mumkin, bunday muddat Kodeksning 321-moddasi toʻrtinchi xatboshisida nazarda tutilgan muddatdan oshmasligi kerak.
80. Bojxona qiymati va uni tasdiqlovchi hujjatlar hamda ulardagi maʼlumotlar toʻgʻriligi uchun deklarant yoki bojxona brokeri javobgar boʻladi.
81. Deklaratsiyalovchi shaxs tomonidan bojxona qiymati deklaratsiyasi va unga ilova qilinadigan hujjatlar bojxona organiga oʻzbek, rus yoki ingliz tillaridan birida taqdim etiladi.
Boshqa tilda toʻldirilgan hujjatlar asli bilan birga oʻzbek, rus yoki ingliz tillaridan biriga tarjima qilingan va tasdiqlangan holda bojxona organiga deklarant tomonidan taqdim etilishi kerak.
Elektron bojxona qiymati deklaratsiyasi va unga ilova qilinayotgan hujjatlar bojxona organlariga belgilangan format va tuzilishga muvofiq taqdim etilishi lozim.
Agar ilova qilinadigan hujjatlarning elektron formati belgilanmagan boʻlsa, ushbu hujjatlarning skaner qilish orqali olingan nusxalari taqdim etiladi.
82. Bojxona organlari elektron bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirishda olib chiqiladigan tovarning bojxona qiymati toʻgʻri aniqlanganini nazorat qilish maqsadida xavfni boshqarish hamda bojxona qiymatining ehtimoliy diapazonini avtomatik tarzda hisoblab chiqadigan axborot tizimlari, shuningdek, boshqa axborot tizimlaridan foydalanadi.
Ushbu tizimlar tomonidan eng koʻp eksport qilingan tovarlar boʻyicha ularning eng quyi narxlari, shu jumladan, asosiy tarkibini tashkil etuvchi xomashyo narxidan past boʻlmagan indikativ narxlar avtomatik tarzda (inson aralashuvisiz) shakllantiriladi.
Bojxona organlari olib chiqiladigan tovarlarning bojxona qiymatini xavfni boshqarish axborot tizimi orqali nazorat qilishda indikativ narxlardan foydalanadi.
Tovarlarning bojxona qiymatini aniqlashda indikativ narxlardan asos sifatida foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
83. Deklarant yoki bojxona brokeri bojxona organining bojxona qiymatini nazorat qilish boʻyicha qaroridan norozi boʻlganda, yuqori turuvchi bojxona organlari yoki sudga shikoyat bilan murojaat qilish huquqiga ega.
84. Ushbu Nizom talablari bojxona qiymatini aniqlash uchun taqdim etilgan har qanday maʼlumot, hujjat yoki deklaratsiyaning haqiqiyligi yoxud toʻgʻriligini tekshirish boʻyicha bojxona organlarining huquqini cheklamaydi yoki shubha ostiga qoʻymaydi.
85. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi tomonidan Jahon bojxona tashkilotining Bojxona baholash boʻyicha texnik qoʻmitasi tomonidan qabul qilingan tovarlarning bojxona qiymatiga doir hujjatlardan kelib chiqqan holda, bojxona hududidan olib chiqiladigan tovarlarning bojxona qiymatini aniqlash usullarini tanlashda ushbu Nizom qoidalarining bir xil qoʻllanilishini taʼminlashga qaratilgan tavsiyalar ishlab chiqilishi mumkin.
86. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 3-sentabr,
560-son