📅 2025-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 4 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Сўнгги йилларда автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Харидоргир давлат рақами белгиларини очиқ аукцион орқали сотиш тартиби жорий этилиб, давлат бюджетига қўшимча маблағ жалб қилинди.
Шу билан бирга, рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги механизмида камчиликлар мавжудлиги кузатилмоқда. Фуқаролар учун аукцион савдоларида иштирок этиш тартиби мураккаб ва кўп вақт талаб этиши, айрим тоифадаги давлат рақами белгилари учун бошланғич нархлар юқорилиги кенг аҳоли қатлами учун бундай рақамларни сотиб олиш имкониятини чекламоқда.
Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини (кейинги ўринларда — давлат рақами белгилари) олишда барчага тенг имконият яратиш, маъмурий оворагарчиликлар ва аҳолига ортиқча моддий юкламанинг олдини олиш ҳамда давлат хизматини рақамли трансформация қилиш ва унинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинсин:
автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» акциядорлик жамияти ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби;
автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича бериш тартиби.
Бунда автомототранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлмаган давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги тартиби сақланиб қолиниши белгилансин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2026 йил 1 январдан бошлаб автомототранспорт воситалари учун исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари ягона оширилган тўлов эвазига жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан-тўғри электрон мурожаатига асосан берилади;
б) жисмоний ва юридик шахслар онлайн режимда узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини қуйидаги ахборот тизимлари орқали танлаб олади:
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида (кейинги ўринларда — рўйхатдан ўтказиш бўлинмалари) жойлашган инфокиосклар;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда — ЙҲХХ) мобил иловаси;
ЙҲХХнинг расмий веб-сайти;
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
в) барча давлат рақами белгиларини бериш учун ундириладиган тўловлар миқдорлари Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги «Uzavtomotoservis» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади. Бунда скутер, электромотоцикл ва электромобиллар учун давлат рақами белгиларининг тўловлари қолганларга нисбатан камайтирилган ҳолда белгиланади;
г) автомототранспорт воситаси қайта давлат рўйхатидан ўтказилганда барча тоифалардаги давлат рақами белгилари ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдоридаги тўлов эвазига унинг эгасининг номида қолдирилиши ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа шахс номига ўтказилиши мумкин.
Бунда ушбу кичик бандда назарда тутилган талаб 2025 йил 1 ноябрга қадар берилган ёки фойдаланишда бўлган барча тоифалардаги давлат рақами белгиларига ҳам татбиқ этилади.
3. Белгилансинки:
а) 2026 йил 1 январдан бошлаб ягона очиқ маълумотлар базасида ҳудудларнинг код рақами доирасида барча тоифадаги давлат рақами белгилари (олдин берилган ёки фойдаланишда бўлганлардан ташқари) жойлаштирилади. Бунда ҳудуднинг кейинги код рақамига фақат олдинги код рақами доирасидаги харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларининг 90 фоизи банд бўлган тақдирда ўтилади;
б) «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади;
в) «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ ахборот тизимига аукционга қўйилиб, сотилмаган, шунингдек, ишлаб чиқарилиб, сотилмаган харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари:
1 — 3-тоифадаги давлат рақами белгилари — «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланган ягона оширилган тўлов эвазига берилади;
4 — 6-тоифадаги давлат рақами белгилари — харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлмаган давлат рақами белгиларини беришнинг амалдаги тартибида берилади.
4. «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонасига аҳолининг талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари учун олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган «ноёб» давлат рақами белгиларини очиқ ким ошди электрон савдоларини ўтказиш орқали бериш ҳуқуқи берилсин.
Бунда «ноёб» давлат рақами белгилари амалдаги давлат рақами белгиларини такрорламаслиги, қонунчиликка ва аҳлоқий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
а) 2026 йил 1 январга қадар:
рўйхатдан ўтказиш бўлинмаларида I, IE, III, IIIE типдаги давлат рақами белгилари ишлаб чиқарилишини, шу жумладан, улар учун зарур ускуна ва жиҳозлар ўрнатилишини, ҳом ашё билан таъминланишини ҳамда ишга туширилишини ташкил этиш чораларини кўрсин;
рўйхатдан ўтказиш бўлинмаларида давлат рақами белгилари ишлаб чиқариш мақсадида «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонасининг ходимлар штат бирликларини кўпайтирсин, уларни касбга ўқитиш чораларини кўрсин;
исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгиларини инсон омилини истисно этадиган танлаб олиш ахборот тизимини яратсин;
«ноёб» давлат рақами белгиларини очиқ ким ошди электрон савдоларига қўйиш ва ўтказиш тартибини тасдиқласин;
б) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
ЙҲХХнинг давлат рақам белгиларига доир очиқ маълумотлар базасини яратиш, ишга тушириш ҳамда уни зарур техник ва дастурий таъминот билан таъминлаш чораларини кўрсин;
давлат рақами белгилари ишлаб чиқариладиган рўйхатдан ўтказиш бўлинмаларининг ўзаро ҳамда ягона очиқ маълумотлар базаси билан интеграция қилинишини таъминласин.
в) Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда «OʻzМSt 274:2024 «Автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари учун ёруғлик қайтарувчи қопламали ва ҳимоя элементлари билан давлат рўйхатига олиш рақамлари. Техник шартлар» миллий стандартига ушбу қарорга мувофиқ жорий этилаётган «ноёб» давлат рақами белгиларининг техник кўрсаткичларини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматнинг айрим қарорларига иловага мувофиқ 2026 йил 1 январдан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 сентябрдаги 562-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2026 йил 1 январдан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорида :
а) 1-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
б) 2-бандда :
учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
тўртинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин ва қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ягона оширилган тўлов эвазига бериш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин»;
в) 3-бандда :
иккинчи — бешинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишлича иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
г) 6 ва 7-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
д) 1-иловада :
2-бандда :
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
олтинчи — ўн саккизинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — ўн еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ягона оширилган тўлов эвазига автомототранспорт воситалари учун РЎДРБ — исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясидан иборат бўлган, ихтиёрий танловга кўра ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган РЎДРБ»;
26-бандда :
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«РЎДРБ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими «Давлат рақами белгилари» модулида автоматик тарзда тасодифий танлаш орқали берилади, ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган РЎДРБ бундан мустасно;
ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган автомототранспорт воситалари учун РЎДРБ жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан-тўғри электрон мурожаатига асосан тақдим этилади»;
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Илгари фойдаланишда бўлган барча тоифалардаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари автомототранспорт воситаси қайта давлат рўйхатидан ўтказилганда, ушбу транспорт воситаси эгасининг хоҳишига кўра ҳамда ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилган тақдирда унинг эгасининг номида қолдирилиши ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа шахс номига ўтказилиши мумкин»;
27 ва 28-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27. Берилган РЎДРБ, шу жумладан, ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган автомототранспорт воситалари учун РЎДРБ транспорт воситаси эгасининг мулки ҳисобланмасдан, улардан қатъиян мақсадли фойдаланилиши учун унга тақдим этилади.
28. ЙҲХХнинг онлайн режимида узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган автомототранспорт воситалари учун РЎДРБ ҳақида тўлиқ маълумот бўлиши лозим»;
29-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«29. Автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишда олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) барча тоифалардаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари транспорт воситасининг аввалги эгасининг аризасига кўра ҳудудий бошқармаларга ўн икки ой муддатга сақлаш учун топширилиши мумкин. РЎДРБни ўн икки ой муддатга сақлаганлик учун тўлов ундирилмайди»;
30-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«30. Автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказишда олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) барча тоифалардаги РЎДРБ алмаштиришига олиб келса, транспорт воситасининг аввалги эгасининг хоҳишига кўра ушбу РЎДРБ сақлаб қолинади ва ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилган тақдирда такроран берилади:»;
қуйидаги мазмундаги 30 1 -банд билан тўлдирилсин:
«30 1 . Автомототранспорт воситаси қайта давлат рўйхатидан ўтказилганда, эгасининг хоҳишига кўра унинг номида қолдириладиган ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа шахс номига ўтказиладиган давлат рақами белгиларини ДЙҲХХда қайта расмийлаштириб беришдан келиб тушадиган маблағларнинг:
35 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармасига;
15 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига;
50 фоизи — Давлат бюджетига йўналтирилади»;
31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Олдин берилган (илгари фойдаланишда бўлган) барча тоифадаги РЎДРБ транспорт воситаларининг эгалари томонидан сақланмаганда, белгиланган тартибда ҳудудий ДЙҲХХ органлари томонидан олиб қўйилади ва йўқ қилинади. Ушбу РЎДРБнинг рақам ва ҳарфлари комбинациялари ЙҲХХнинг онлайн режимида узлуксиз равишда янгиланиб турадиган ягона очиқ маълумотлар базасида бўш турган ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган автомототранспорт воситалари учун РЎДРБ сифатида қайд этилади.
Бундай РЎДРБ кейинчалик ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган автомототранспорт воситалари учун РЎДРБни бериш тартиби асосида такроран ишлаб чиқарилиши ва берилиши мумкин»;
32-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
56-банддаги «оширилган тўлов ставкали автотранспорт воситалари учун РЎДРБ, автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ» сўзлари «ягона оширилган тўлов эвазига бериладиган автомототранспорт воситалари учун РЎДРБ» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
ж) 3-илова матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини ягона оширилган тўлов эвазига бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини (кейинги ўринларда — РЎДРБ) ягона оширилган тўлов эвазига бериш тартибини белгилайди.
Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ бериладиган транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
2. Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ жисмоний ва юридик шахслар томонидан ихтиёрий равишда фақат электрон тарзда танланади. Бунда:
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларида (кейинги ўринларда — рўйхатдан ўтказиш бўлинмалари) жойлашган инфокиосклар;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда — ЙҲХХ) мобил иловаси;
ЙҲХХнинг расмий веб-сайти;
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилиниши мумкин.
3. Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ автоматлаштирилган ахборот тизими орқали танланади ва банд қилинади.
Ушбу автоматлаштирилган ахборот тизими инсон омилини тўлиқ истисно этган ҳолда фаолият кўрсатади ҳамда РЎДРБни танлашда субъектив аралашув ёки имтиёз бериш ҳолатлари юзага келишига йўл қўйилмайди.
Ҳар қандай давлат хизматчиси ёки бошқа шахс томонидан РЎДРБни тақсимлаш жараёнига аралашув қатъиян тақиқланади.
4. Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБни танлаш учун ЙҲХХ томонидан автоматлаштирилган ахборот тизимида РЎДРБларнинг ягона очиқ маълумотлар базаси юритилади.
Очиқ маълумотлар базаси орқали фуқаролар учун РЎДРБни танлаш жараёнининг шаффофлиги ва холислиги таъминланади.
5. Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ учун ягона оширилган тўлов миқдори «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади.
6. «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонаси аҳолининг талаб ва таклифидан келиб чиққан ҳолда автомототранспорт воситалари учун олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган «ноёб» РЎДРБни очиқ кимошди электрон савдоларини ўтказиш орқали бериш ҳуқуқига эга.
Бунда «ноёб» РЎДРБ амалдаги РЎДРБни такрорламаслиги, қонунчиликка ва ахлоқий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.
«Ноёб» РЎДРБни бериш бўйича очиқ кимошди электрон савдолари ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
2-боб. Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБни танлаш ва бериш тартиби
7. Ушбу тартиб I, IE, III, IIIE, X, XI, XIE, XI 1 , XIE 1 , XI 2 , XI 3 типидаги РЎДРБга нисбатан қўлланади.
8. Автоматлаштирилган ахборот тизимида танланган рақам комбинацияси дастур томонидан банд қилинмагани текширилиб, буюртма берувчи номига дастлабки банд қилинади ва бу комбинация бошқа шахслар томонидан танланмаслиги учун тизимда вақтинча захирага олинади.
9. Ариза берувчи танланган РЎДРБ комбинациясини олиш учун белгиланган тартибда ягона оширилган тўловни электрон шаклда тўлайди. Тўлов ЯИДХП ёки ЙҲХХнинг мобил иловаси ёхуд расмий веб-сайтининг интеграциялашган тўлов тизими орқали онлайн амалга оширилиши лозим.
Тўлов қабул қилингач, автоматлаштирилган тизим томонидан мазкур рақам комбинацияси учун ариза берувчи номига расмий банд қилинганлиги тасдиқланади ва РЎДРБ бериш жараёнини якунлаш учун махсус тасдиқнома (электрон шаклда) ариза берувчига тақдим этилади.
10. Захирага олинган вақт танланган харидоргир РЎДРБ учун белгиланган миқдордаги ягона оширилган тўлов амалга оширилгунга қадар амал қилиб, жисмоний шахслар учун 24 соатдан ва юридик шахслар учун 72 соатдан иборат. Ушбу вақт мобайнида ягона оширилган тўлов амалга оширилмаган танланган РЎДРБ комбинациялари очиқ маълумотлар базасига қайтарилади.
11. РЎДРБ белгиланган тартибда транспорт воситасига бириктириш учун берилади. Бунда транспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида танланган ва ягона оширилган тўлови тўланган РЎДРБ мазкур транспорт воситасига бириктирилади. ЙҲХХ ҳудудий бўлинмалари ариза берувчи томонидан тақдим этилган тасдиқнома асосида белгиланган тартибда РЎДРБни тайёрлаб беради.
12. Танланган ва ягона оширилган тўлов амалга оширилган РЎДРБ қуйидаги муддатларда ишлаб чиқарилади ва ариза берувчининг транспорт воситаси расмийлаштириладиган ЙҲХХ ҳудудий бўлинмаларига етказиб берилади:
I, IE, III, IIIE типидаги давлат рақами белгилари — 30 дақиқада;
X, XI, XIE, XI 1 , XIE 1 , XI 2 , XI 3 типидаги давлат рақами белгилари — 14 иш куни мобайнида.
Бу ҳақда ариза берувчига электрон хабар юборилади.
13. Ягона оширилган тўлов эвазига олинган РЎДРБни ариза берувчининг транспорт воситасига бириктириш ва расмийлаштириш қонунчиликда белгиланган умумий тартибда ЙҲХХ ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
3-боб. Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБга эгалик қилиш ва сақлаб қолиш ҳуқуқи
14. Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ транспорт воситаси эгасига муайян транспорт воситасига бириктириш учун берилади, лекин мазкур РЎДРБ транспорт воситаси эгасининг мулки ҳисобланмайди. РЎДРБ белгиланган тартибда фақат белгиланган транспорт воситасига тегишли ҳуқуқий мақсадларда фойдаланиш учун тақдим этилади.
15. Транспорт воситаси бошқа шахсга ўтказилганда (сотилганда) ёки белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилганда, транспорт воситасининг аввалги эгаси исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБни ўзида сақлаб қолиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бунда аввалги эгаси транспорт воситасини бегоналаштириш (рўйхатдан чиқариш) санасидан эътиборан уч ой мобайнида ЙҲХХ ҳудудий бўлинмасига мурожаат этиб, РЎДРБни сақлаб қолиш бўйича ариза тақдим этади ва ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдорида тўловни амалга оширади.
16. Аввалги эгаси томонидан уч ой ичида тегишли тартибда ариза берилмаганда ёки ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдорида тўлов тўланмаганда, РЎДРБни сақлаб қолиш ҳуқуқи бекор қилинади. Бунда мазкур рақам комбинацияси қайтадан умумий очиқ базага қайтарилади ва бошқа шахслар томонидан танлаш учун мавжуд бўлади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
17. ЙҲХХ оширилган тўлов эвазига бериладиган РЎДРБни автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон тартибда танланишини ҳамда тизимнинг узлуксиз ва шаффоф ишлашини таъминлайди, очиқ маълумотлар базасининг доимий янгиланиб боришини назорат қилади.
18. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 29 мартдаги 166-сон қарорида :
а) 1-бандда :
«а» кичик бандда :
биринчи хатбошидаги «2025 йил 1 мартдан» сўзлари «2026 йил 1 январдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи ва учинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳудудларни улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида экологик зоналарга (кейинги ўринларда — экологик зоналар) ажратиб бориш;
транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини уларнинг ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган экологик синфига мансублигига («Евро») кўра автоматик баҳолаш тизими ёрдамида қалбакилаштиришдан ҳимояланган ҳамда электрон белгига эга бўлган экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситаларини «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик тоифаларга ажратиб бориш»;
«б» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) «Экологик транспорт» тизимини қуйидаги босқичларда жорий этиш:
биринчи босқичда (2025 — 2027 йилларда) — Тошкент шаҳрида;
иккинчи босқичда (2028 — 2030 йилларда) — Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва бошқалар);
учинчи босқичда (2031 — 2034 йилларда) — бошқа барча ҳудудларда»;
б) 2-бандда :
«а» кичик банддаги «2025 йил 1 мартдан» сўзлари «2026 йил 1 январдан» сўзлари билан алмаштирилсин;
«б» кичик бандда :
иккинчи хатбошидаги «2027» рақами «2028» рақами билан алмаштирилсин;
учинчи хатбошидаги «2029» рақами «2031» рақами билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбошидаги «2031» рақами «2035» рақами билан алмаштирилсин;
«г» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«г) ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган транспорт воситаларига уларнинг эгалари томонидан онлайн ахборот тизимлари орқали юборилган мурожаатлар асосида реал вақт режимида «яшил» экологик тоифасига мансуб экологик стикерлар мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан диагностика текширувисиз берилади ва почта орқали юборилади»;
в) 3-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«экологик синфга мансублигини («Евро») аниқлаш имкони бўлмаган транспорт воситаларининг нормативларга мослиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан диагностика текширувидан ўтказилади ва аниқланади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 сентябрь,
562-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Avtomototransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish tartibini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Soʻnggi yillarda avtomototransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish tartibini takomillashtirish borasida qator chora-tadbirlar amalga oshirildi. Xaridorgir davlat raqami belgilarini ochiq auksion orqali sotish tartibi joriy etilib, davlat budjetiga qoʻshimcha mablagʻ jalb qilindi.
Shu bilan birga, roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berishning amaldagi mexanizmida kamchiliklar mavjudligi kuzatilmoqda. Fuqarolar uchun auksion savdolarida ishtirok etish tartibi murakkab va koʻp vaqt talab etishi, ayrim toifadagi davlat raqami belgilari uchun boshlangʻich narxlar yuqoriligi keng aholi qatlami uchun bunday raqamlarni sotib olish imkoniyatini cheklamoqda.
Avtomototransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini (keyingi oʻrinlarda — davlat raqami belgilari) olishda barchaga teng imkoniyat yaratish, maʼmuriy ovoragarchiliklar va aholiga ortiqcha moddiy yuklamaning oldini olish hamda davlat xizmatini raqamli transformatsiya qilish va uning shaffofligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. 2026-yil 1-yanvardan boshlab quyidagilar bekor qilinsin:
avtotransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini oshirilgan toʻlov stavkalari boʻyicha berishda “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” aksiyadorlik jamiyati axborot tizimida auksion oʻtkazish tartibi;
avtotransport vositalari uchun xaridorgir harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan davlat raqami belgilarini oshirilgan toʻlov stavkalari boʻyicha berish tartibi.
Bunda avtomototransport vositalari uchun xaridorgir harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlmagan davlat raqami belgilarini berishning amaldagi tartibi saqlanib qolinishi belgilansin.
2. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
a) 2026-yil 1-yanvardan boshlab avtomototransport vositalari uchun istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan davlat raqami belgilari yagona oshirilgan toʻlov evaziga jismoniy va yuridik shaxslarning toʻgʻridan-toʻgʻri elektron murojaatiga asosan beriladi;
b) jismoniy va yuridik shaxslar onlayn rejimda uzluksiz ravishda yangilanib turadigan yagona ochiq maʼlumotlar bazasida boʻsh turgan istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan davlat raqami belgilarini quyidagi axborot tizimlari orqali tanlab oladi:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari hamda viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari jamoat xavfsizligi xizmati yoʻl harakati xavfsizligi boshqarmalarining roʻyxatdan oʻtkazish va imtihon olish boʻlinmalarida (keyingi oʻrinlarda — roʻyxatdan oʻtkazish boʻlinmalari) joylashgan infokiosklar;
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining (keyingi oʻrinlarda — YHXX) mobil ilovasi;
YHXXning rasmiy veb-sayti;
Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali;
v) barcha davlat raqami belgilarini berish uchun undiriladigan toʻlovlar miqdorlari Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati huzuridagi “Uzavtomotoservis” davlat unitar korxonasi tomonidan belgilanadi. Bunda skuter, elektromototsikl va elektromobillar uchun davlat raqami belgilarining toʻlovlari qolganlarga nisbatan kamaytirilgan holda belgilanadi;
g) avtomototransport vositasi qayta davlat roʻyxatidan oʻtkazilganda barcha toifalardagi davlat raqami belgilari yagona oshirilgan toʻlovning 50 foizi miqdoridagi toʻlov evaziga uning egasining nomida qoldirilishi yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda boshqa shaxs nomiga oʻtkazilishi mumkin.
Bunda ushbu kichik bandda nazarda tutilgan talab 2025-yil 1-noyabrga qadar berilgan yoki foydalanishda boʻlgan barcha toifalardagi davlat raqami belgilariga ham tatbiq etiladi.
3. Belgilansinki:
a) 2026-yil 1-yanvardan boshlab yagona ochiq maʼlumotlar bazasida hududlarning kod raqami doirasida barcha toifadagi davlat raqami belgilari (oldin berilgan yoki foydalanishda boʻlganlardan tashqari) joylashtiriladi. Bunda hududning keyingi kod raqamiga faqat oldingi kod raqami doirasidagi xaridorgir harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan davlat raqami belgilarining 90 foizi band boʻlgan taqdirda oʻtiladi;
b) “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ 2025-yil 1-oktabrdan boshlab davlat raqami belgilarining auksion savdolarini toʻxtatadi;
v) “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ axborot tizimiga auksionga qoʻyilib, sotilmagan, shuningdek, ishlab chiqarilib, sotilmagan xaridorgir harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan davlat raqami belgilari:
1 — 3-toifadagi davlat raqami belgilari — “Uzavtomotobelgi” davlat unitar korxonasi tomonidan belgilangan yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladi;
4 — 6-toifadagi davlat raqami belgilari — xaridorgir harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlmagan davlat raqami belgilarini berishning amaldagi tartibida beriladi.
4. “Uzavtomotobelgi” davlat unitar korxonasiga aholining talab va taklifidan kelib chiqqan holda avtomototransport vositalari uchun oltitagacha harf va (yoki) raqamlar kombinatsiyasidan iborat boʻlgan “noyob” davlat raqami belgilarini ochiq kim oshdi elektron savdolarini oʻtkazish orqali berish huquqi berilsin.
Bunda “noyob” davlat raqami belgilari amaldagi davlat raqami belgilarini takrorlamasligi, qonunchilikka va ahloqiy normalarga xilof maʼnoga ega boʻlmasligi kerak.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
a) 2026-yil 1-yanvarga qadar:
roʻyxatdan oʻtkazish boʻlinmalarida I, IE, III, IIIE tipdagi davlat raqami belgilari ishlab chiqarilishini, shu jumladan, ular uchun zarur uskuna va jihozlar oʻrnatilishini, hom ashyo bilan taʼminlanishini hamda ishga tushirilishini tashkil etish choralarini koʻrsin;
roʻyxatdan oʻtkazish boʻlinmalarida davlat raqami belgilari ishlab chiqarish maqsadida “Uzavtomotobelgi” davlat unitar korxonasining xodimlar shtat birliklarini koʻpaytirsin, ularni kasbga oʻqitish choralarini koʻrsin;
istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan davlat raqami belgilarini inson omilini istisno etadigan tanlab olish axborot tizimini yaratsin;
“noyob” davlat raqami belgilarini ochiq kim oshdi elektron savdolariga qoʻyish va oʻtkazish tartibini tasdiqlasin;
b) Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda:
YHXXning davlat raqam belgilariga doir ochiq maʼlumotlar bazasini yaratish, ishga tushirish hamda uni zarur texnik va dasturiy taʼminot bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;
davlat raqami belgilari ishlab chiqariladigan roʻyxatdan oʻtkazish boʻlinmalarining oʻzaro hamda yagona ochiq maʼlumotlar bazasi bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.
v) Texnik jihatdan tartibga solish agentligi bilan birgalikda uch oy muddatda “OʻzMSt 274:2024 “Avtomototransport vositalari va ularning tirkamalari uchun yorugʻlik qaytaruvchi qoplamali va himoya elementlari bilan davlat roʻyxatiga olish raqamlari. Texnik shartlar” milliy standartiga ushbu qarorga muvofiq joriy etilayotgan “noyob” davlat raqami belgilarining texnik koʻrsatkichlarini nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatning ayrim qarorlariga ilovaga muvofiq 2026-yil 1-yanvardan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri A.A. Tashpulatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 4-sentabrdagi 562-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 2026-yil 1-yanvardan kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va ularga roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2017-yil 31-avgustdagi 683-son qarorida :
a) 1-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
b) 2-bandda :
uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
toʻrtinchi xatboshi uchinchi xatboshi deb hisoblansin va quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Jismoniy va yuridik shaxslarga avtomototransport vositalari uchun istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini yagona oshirilgan toʻlov evaziga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin”;
v) 3-bandda :
ikkinchi — beshinchi xatboshilar chiqarib tashlansin;
oltinchi va yettinchi xatboshilar tegishlicha ikkinchi va uchinchi xatboshilar deb hisoblansin;
g) 6 va 7-bandlar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
d) 1-ilovada :
2-bandda :
beshinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oltinchi — oʻn sakkizinchi xatboshilar tegishlicha beshinchi — oʻn yettinchi xatboshilar deb hisoblansin;
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“yagona oshirilgan toʻlov evaziga avtomototransport vositalari uchun ROʻDRB — istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasidan iborat boʻlgan, ixtiyoriy tanlovga koʻra yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan ROʻDRB”;
26-bandda :
toʻrtinchi va beshinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ROʻDRB Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi “Davlat raqami belgilari” modulida avtomatik tarzda tasodifiy tanlash orqali beriladi, yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan ROʻDRB bundan mustasno;
yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan avtomototransport vositalari uchun ROʻDRB jismoniy va yuridik shaxslarning toʻgʻridan-toʻgʻri elektron murojaatiga asosan taqdim etiladi”;
sakkizinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Ilgari foydalanishda boʻlgan barcha toifalardagi roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilari avtomototransport vositasi qayta davlat roʻyxatidan oʻtkazilganda, ushbu transport vositasi egasining xohishiga koʻra hamda yagona oshirilgan toʻlovning 50 foizi miqdorida toʻlov amalga oshirilgan taqdirda uning egasining nomida qoldirilishi yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda boshqa shaxs nomiga oʻtkazilishi mumkin”;
27 va 28-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“27. Berilgan ROʻDRB, shu jumladan, yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan avtomototransport vositalari uchun ROʻDRB transport vositasi egasining mulki hisoblanmasdan, ulardan qatʼiyan maqsadli foydalanilishi uchun unga taqdim etiladi.
28. YHXXning onlayn rejimida uzluksiz ravishda yangilanib turadigan yagona ochiq maʼlumotlar bazasida boʻsh turgan yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan avtomototransport vositalari uchun ROʻDRB haqida toʻliq maʼlumot boʻlishi lozim”;
29-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“29. Avtomototransport vositasini boshqa shaxsga oʻtkazishda oldin berilgan (ilgari foydalanishda boʻlgan) barcha toifalardagi roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilari transport vositasining avvalgi egasining arizasiga koʻra hududiy boshqarmalarga oʻn ikki oy muddatga saqlash uchun topshirilishi mumkin. ROʻDRBni oʻn ikki oy muddatga saqlaganlik uchun toʻlov undirilmaydi”;
30-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“30. Avtomototransport vositasini davlat roʻyxatidan oʻtkazishda oldin berilgan (ilgari foydalanishda boʻlgan) barcha toifalardagi ROʻDRB almashtirishiga olib kelsa, transport vositasining avvalgi egasining xohishiga koʻra ushbu ROʻDRB saqlab qolinadi va yagona oshirilgan toʻlovning 50 foizi miqdorida toʻlov amalga oshirilgan taqdirda takroran beriladi:”;
quyidagi mazmundagi 30 1 -band bilan toʻldirilsin:
“30 1 . Avtomototransport vositasi qayta davlat roʻyxatidan oʻtkazilganda, egasining xohishiga koʻra uning nomida qoldiriladigan yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda boshqa shaxs nomiga oʻtkaziladigan davlat raqami belgilarini DYHXXda qayta rasmiylashtirib berishdan kelib tushadigan mablagʻlarning:
35 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining “Xavfsiz yoʻl va xavfsiz piyoda” respublika jamgʻarmasiga;
15 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va boshqa xarajatlar maxsus jamgʻarmasiga;
50 foizi — Davlat budjetiga yoʻnaltiriladi”;
31-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“31. Oldin berilgan (ilgari foydalanishda boʻlgan) barcha toifadagi ROʻDRB transport vositalarining egalari tomonidan saqlanmaganda, belgilangan tartibda hududiy DYHXX organlari tomonidan olib qoʻyiladi va yoʻq qilinadi. Ushbu ROʻDRBning raqam va harflari kombinatsiyalari YHXXning onlayn rejimida uzluksiz ravishda yangilanib turadigan yagona ochiq maʼlumotlar bazasida boʻsh turgan yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan avtomototransport vositalari uchun ROʻDRB sifatida qayd etiladi.
Bunday ROʻDRB keyinchalik yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan avtomototransport vositalari uchun ROʻDRBni berish tartibi asosida takroran ishlab chiqarilishi va berilishi mumkin”;
32-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
56-banddagi “oshirilgan toʻlov stavkali avtotransport vositalari uchun ROʻDRB, avtotransport vositalari uchun xaridorgir harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRB” soʻzlari “yagona oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan avtomototransport vositalari uchun ROʻDRB” soʻzlari bilan almashtirilsin;
e) 2-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
j) 3-ilova matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Jismoniy va yuridik shaxslarga avtomototransport vositalari uchun istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini yagona oshirilgan toʻlov evaziga berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom jismoniy va yuridik shaxslarga avtomototransport vositalari uchun istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini (keyingi oʻrinlarda — ROʻDRB) yagona oshirilgan toʻlov evaziga berish tartibini belgilaydi.
Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRB beriladigan transport vositalari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.
2. Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRB jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan ixtiyoriy ravishda faqat elektron tarzda tanlanadi. Bunda:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari hamda viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari jamoat xavfsizligi xizmati yoʻl harakati xavfsizligi boshqarmalarining roʻyxatdan oʻtkazish va imtihon olish boʻlinmalarida (keyingi oʻrinlarda — roʻyxatdan oʻtkazish boʻlinmalari) joylashgan infokiosklar;
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining (keyingi oʻrinlarda — YHXX) mobil ilovasi;
YHXXning rasmiy veb-sayti;
Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat qilinishi mumkin.
3. Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRB avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali tanlanadi va band qilinadi.
Ushbu avtomatlashtirilgan axborot tizimi inson omilini toʻliq istisno etgan holda faoliyat koʻrsatadi hamda ROʻDRBni tanlashda subyektiv aralashuv yoki imtiyoz berish holatlari yuzaga kelishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Har qanday davlat xizmatchisi yoki boshqa shaxs tomonidan ROʻDRBni taqsimlash jarayoniga aralashuv qatʼiyan taqiqlanadi.
4. Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRBni tanlash uchun YHXX tomonidan avtomatlashtirilgan axborot tizimida ROʻDRBlarning yagona ochiq maʼlumotlar bazasi yuritiladi.
Ochiq maʼlumotlar bazasi orqali fuqarolar uchun ROʻDRBni tanlash jarayonining shaffofligi va xolisligi taʼminlanadi.
5. Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRB uchun yagona oshirilgan toʻlov miqdori “Uzavtomotobelgi” davlat unitar korxonasi tomonidan belgilanadi.
6. “Uzavtomotobelgi” davlat unitar korxonasi aholining talab va taklifidan kelib chiqqan holda avtomototransport vositalari uchun oltitagacha harf va (yoki) raqamlar kombinatsiyasidan iborat boʻlgan “noyob” ROʻDRBni ochiq kimoshdi elektron savdolarini oʻtkazish orqali berish huquqiga ega.
Bunda “noyob” ROʻDRB amaldagi ROʻDRBni takrorlamasligi, qonunchilikka va axloqiy normalarga xilof maʼnoga ega boʻlmasligi kerak.
“Noyob” ROʻDRBni berish boʻyicha ochiq kimoshdi elektron savdolari oʻtkazish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
2-bob. Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRBni tanlash va berish tartibi
7. Ushbu tartib I, IE, III, IIIE, X, XI, XIE, XI 1 , XIE 1 , XI 2 , XI 3 tipidagi ROʻDRBga nisbatan qoʻllanadi.
8. Avtomatlashtirilgan axborot tizimida tanlangan raqam kombinatsiyasi dastur tomonidan band qilinmagani tekshirilib, buyurtma beruvchi nomiga dastlabki band qilinadi va bu kombinatsiya boshqa shaxslar tomonidan tanlanmasligi uchun tizimda vaqtincha zaxiraga olinadi.
9. Ariza beruvchi tanlangan ROʻDRB kombinatsiyasini olish uchun belgilangan tartibda yagona oshirilgan toʻlovni elektron shaklda toʻlaydi. Toʻlov YIDXP yoki YHXXning mobil ilovasi yoxud rasmiy veb-saytining integratsiyalashgan toʻlov tizimi orqali onlayn amalga oshirilishi lozim.
Toʻlov qabul qilingach, avtomatlashtirilgan tizim tomonidan mazkur raqam kombinatsiyasi uchun ariza beruvchi nomiga rasmiy band qilinganligi tasdiqlanadi va ROʻDRB berish jarayonini yakunlash uchun maxsus tasdiqnoma (elektron shaklda) ariza beruvchiga taqdim etiladi.
10. Zaxiraga olingan vaqt tanlangan xaridorgir ROʻDRB uchun belgilangan miqdordagi yagona oshirilgan toʻlov amalga oshirilgunga qadar amal qilib, jismoniy shaxslar uchun 24 soatdan va yuridik shaxslar uchun 72 soatdan iborat. Ushbu vaqt mobaynida yagona oshirilgan toʻlov amalga oshirilmagan tanlangan ROʻDRB kombinatsiyalari ochiq maʼlumotlar bazasiga qaytariladi.
11. ROʻDRB belgilangan tartibda transport vositasiga biriktirish uchun beriladi. Bunda transport vositasini davlat roʻyxatidan oʻtkazish yoki qayta roʻyxatdan oʻtkazish jarayonida tanlangan va yagona oshirilgan toʻlovi toʻlangan ROʻDRB mazkur transport vositasiga biriktiriladi. YHXX hududiy boʻlinmalari ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan tasdiqnoma asosida belgilangan tartibda ROʻDRBni tayyorlab beradi.
12. Tanlangan va yagona oshirilgan toʻlov amalga oshirilgan ROʻDRB quyidagi muddatlarda ishlab chiqariladi va ariza beruvchining transport vositasi rasmiylashtiriladigan YHXX hududiy boʻlinmalariga yetkazib beriladi:
I, IE, III, IIIE tipidagi davlat raqami belgilari — 30 daqiqada;
X, XI, XIE, XI 1 , XIE 1 , XI 2 , XI 3 tipidagi davlat raqami belgilari — 14 ish kuni mobaynida.
Bu haqda ariza beruvchiga elektron xabar yuboriladi.
13. Yagona oshirilgan toʻlov evaziga olingan ROʻDRBni ariza beruvchining transport vositasiga biriktirish va rasmiylashtirish qonunchilikda belgilangan umumiy tartibda YHXX hududiy boʻlinmalari tomonidan amalga oshiriladi.
3-bob. Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRBga egalik qilish va saqlab qolish huquqi
14. Istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRB transport vositasi egasiga muayyan transport vositasiga biriktirish uchun beriladi, lekin mazkur ROʻDRB transport vositasi egasining mulki hisoblanmaydi. ROʻDRB belgilangan tartibda faqat belgilangan transport vositasiga tegishli huquqiy maqsadlarda foydalanish uchun taqdim etiladi.
15. Transport vositasi boshqa shaxsga oʻtkazilganda (sotilganda) yoki belgilangan tartibda qayta roʻyxatdan oʻtkazilganda, transport vositasining avvalgi egasi istalgan harf va raqamlar kombinatsiyasiga ega boʻlgan ROʻDRBni oʻzida saqlab qolish huquqiga ega boʻladi.
Bunda avvalgi egasi transport vositasini begonalashtirish (roʻyxatdan chiqarish) sanasidan eʼtiboran uch oy mobaynida YHXX hududiy boʻlinmasiga murojaat etib, ROʻDRBni saqlab qolish boʻyicha ariza taqdim etadi va yagona oshirilgan toʻlovning 50 foizi miqdorida toʻlovni amalga oshiradi.
16. Avvalgi egasi tomonidan uch oy ichida tegishli tartibda ariza berilmaganda yoki yagona oshirilgan toʻlovning 50 foizi miqdorida toʻlov toʻlanmaganda, ROʻDRBni saqlab qolish huquqi bekor qilinadi. Bunda mazkur raqam kombinatsiyasi qaytadan umumiy ochiq bazaga qaytariladi va boshqa shaxslar tomonidan tanlash uchun mavjud boʻladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
17. YHXX oshirilgan toʻlov evaziga beriladigan ROʻDRBni avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali elektron tartibda tanlanishini hamda tizimning uzluksiz va shaffof ishlashini taʼminlaydi, ochiq maʼlumotlar bazasining doimiy yangilanib borishini nazorat qiladi.
18. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Atmosfera havosiga transport vositalarining salbiy taʼsirini kamaytirish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 29-martdagi 166-son qarorida :
a) 1-bandda :
“a” kichik bandda :
birinchi xatboshidagi “2025-yil 1-martdan” soʻzlari “2026-yil 1-yanvardan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
ikkinchi va uchinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“hududlarni ulardagi atmosfera havosi bilan bogʻliq real ekologik holatdan kelib chiqib, ilgʻor xorijiy tajriba va innovatsion texnologiyalar asosida ekologik zonalarga (keyingi oʻrinlarda — ekologik zonalar) ajratib borish;
transport vositalarining normativlarga mosligi darajasini ularning ishlab chiqaruvchi tomonidan belgilangan ekologik sinfiga mansubligiga (“Yevro”) koʻra avtomatik baholash tizimi yordamida qalbakilashtirishdan himoyalangan hamda elektron belgiga ega boʻlgan ekologik stikerlar berish orqali transport vositalarini “yashil”, “sariq” va “qizil” ranglar bilan belgilanadigan “toza”, “oʻrta” va “zararli” ekologik toifalarga ajratib borish”;
“b” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“b) “Ekologik transport” tizimini quyidagi bosqichlarda joriy etish:
birinchi bosqichda (2025 — 2027-yillarda) — Toshkent shahrida;
ikkinchi bosqichda (2028 — 2030-yillarda) — Nukus shahri va viloyatlar markazlarida hamda, zaruratga koʻra, alohida ekologik zonalarda (sayyohlik markazi, tabiat qoʻriqxonasi, sogʻlomlashtirish hamda dam olish maskanlari va boshqalar);
uchinchi bosqichda (2031 — 2034-yillarda) — boshqa barcha hududlarda”;
b) 2-bandda :
“a” kichik banddagi “2025-yil 1-martdan” soʻzlari “2026-yil 1-yanvardan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
“b” kichik bandda :
ikkinchi xatboshidagi “2027” raqami “2028” raqami bilan almashtirilsin;
uchinchi xatboshidagi “2029” raqami “2031” raqami bilan almashtirilsin;
toʻrtinchi xatboshidagi “2031” raqami “2035” raqami bilan almashtirilsin;
“g” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“g) ishlab chiqarilganiga uch yildan oshmagan transport vositalariga ularning egalari tomonidan onlayn axborot tizimlari orqali yuborilgan murojaatlar asosida real vaqt rejimida “yashil” ekologik toifasiga mansub ekologik stikerlar mazkur xizmatlar uchun alohida toʻlov undirilmasdan diagnostika tekshiruvisiz beriladi va pochta orqali yuboriladi”;
v) 3-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ekologik sinfga mansubligini (“Yevro”) aniqlash imkoni boʻlmagan transport vositalarining normativlarga mosligi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining “Innovatsiya loyihalari va aholiga servis xizmatlari koʻrsatish markazi” davlat unitar korxonasi tomonidan diagnostika tekshiruvidan oʻtkaziladi va aniqlanadi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 4-sentabr,
562-son