📅 2025-yil 9-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 9-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 9 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 17 январдаги ПФ-7-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
пахта ва дон қабул қилиш ахборот тизимларининг мақсади, асосий вазифалари ҳамда техник оператор ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
пахта ва дон қабул қилиш ахборот тизимларида рўйхатдан ўтиш, электрон ҳужжатлар айланиши ҳамда техник хизматлар кўрсатиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» ахборот тизимлари фаолиятини ташкил этиш, юритиш ва сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилишини, 2026 йилдан бошлаб бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ пахта ва дон қабул қилувчи корхоналар билан биргаликда пахта ва дон қабул қилиш масканларининг кузатув камералари, замонавий компьютер қурилмалари ва узлуксиз электр энергияси (қуёш панеллари, дизель ва бензин генераторлари, UPS қурилмалари) билан таъминланишини;
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда пахта ва дон қабул қилиш масканларини белгиланган тартибда барқарор ва юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ҳамда пахта ва дон қабул қилиш жараёнларида узилишларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилишини;
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда дон қабул қилиш масканларидаги электрон тарозилар ўлчовларининг ҳар йили 10 майга ва пахта қабул қилиш масканларидаги электрон тарозилар ўлчовларининг ҳар йили 10 августга қадар синовдан ўтказилишини;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда пахта ва дон қабул қилиш жараёнларида иштирок этувчи тарозибон, лаборатория ходимлари ва бошқа ходимларда «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» ахборот тизимлари билан ишлаш бўйича кўникмалар доимий шакллантириб борилишини;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда пахта-тўқимачилик ҳамда ғаллачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этган пахта ва дон қабул қилиш масканларига белгиланган тартибда хулосалар берилишини таъминласин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 сентябрдаги 573-сон қарорига ИЛОВА
Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» ахборот тизимлари орқали пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«AgroDocs» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «AgroDocs» АТ) — шартнома ва келишувларни шакллантириш ҳамда тузиш, шартномавий муносабатларни тартибга солишга кўмаклашувчи ахборот тизими;
«Agrotarozi» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Agrotarozi» АТ) пахта ва дон етиштирувчиларга электрон тарозилар орқали шаффофлик тамойилида хизмат кўрсатиш имкониятларини таъминлаб берадиган тизим;
«Нosil qabuli» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Нosil qabuli» АТ) — топширилган пахта ва дон маҳсулотларининг миқдор ва сифат кўрсаткичлари, етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва статистик ҳисоботларни юритиш учун мўлжалланган тизим;
техник оператор — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖ;
фойдаланувчилар — белгиланган тартибда «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» АТларида рўйхатдан ўтган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, қабул қилувчи ва иштирокчи субъектлар;
шахсий кабинет — тизимда рухсат бериш (авторизация) жараёнидан ўтган фойдаланувчиларга электрон хизматлар кўрсатилишида иштирок этишини ҳамда зарур ахборотни жойлаштириш, ундан фойдаланиш, шунингдек, ҳисоб-китобларни амалга оширишини таъминлайдиган алоҳида саҳифа.
3. «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» АТларини пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар, дон қабул қилувчи ташкилотларнинг таклифларига кўра такомиллаштириш ва интеграция орқали маълумотлар тақдим этишни йўлга қўйиш харажатлари шартномавий асосда қопланиши мумкин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» АТларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий масалаларини тартибга солувчи ваколатли орган ҳисобланади.
2-боб. «Agrotarozi» АТнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. «Agrotarozi» АТнинг мақсади қуйидагилардан иборат:
пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича биржа савдолари натижаларига кўра тузилган фьючерс ва форвард шартномалари, «AgroDocs» АТда пахта хомашёсини вақтинча сақлаш, дон маҳсулотларининг давлат хариди, вақтинча сақлаш ва уруғлик буғдойни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар асосида пахта ва дон қабул қилиш, пахта хомашёсини мажбурий ҳисобга олиш бўйича «Нosil qabuli» АТда шаффофликни ва маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш;
тузилган фьючерс, форвард, спот, вақтинча сақлаш, уруғлик ва давлат ресурси сифатида харид қилинадиган буғдой олди-сотди шартномаларига асосан белгиланган шартларнинг бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш;
давлат стандарти талабларига қатъий риоя этган ҳолда пахта ва донни ўз вақтида ва узлуксиз қабул қилиш;
қабул қилинган пахтанинг селекция ва саноат навлари, синфлари бўйича, уруғлик пахтани авлоди ва дала гуруҳи кўрсатилган ҳолда алоҳида тўдаларга тўплаш;
фойдаланувчиларни пахта ва дон бўйича ишончли маълумотлар билан таъминлаш;
пахта ва дон қабул қилиш жараёнидаги мавжуд вақт сарфи ҳамда операцион харажатларни қисқартириш;
давлат рўйхатидан ўтказилган техника ва тиркамалар орқали қабул қилинган ва сақланаётган пахтани тайёрлов масканларидан ҳамда донни қабул қилиш шохобчаларидан қайта ишловчи корхоналарга жўнатишда албатта тарозидан ўтказиш ва унинг ҳақиқий сифатини тўғри аниқлаш орқали ҳисоб-китобни олиб бориш;
агросаноат инфратузилмасини ривожлантириш ва улар тармоқларида мавжуд бошқа масалаларни самарали ҳал этиш учун шароитлар яратиш.
6. Қуйидагилар «Agrotarozi» АТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
шаффофлик тамойилига асосан пахта ва дон қабул қилиш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда уларни қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказиш;
давлат ресурси ҳисобидан етиштирилган доннинг электрон ҳисобини юритиш;
пахта ва дон қабул қилиш ҳамда жамлашни техник жиҳатдан тартибга солиш;
пахта ва дон қабул қилиб олувчи корхоналар томонидан уларни топширувчи корхоналарнинг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш.
Бунда тайёрлов масканларида қабул қилиш OʻzMSt 551:2025, Oʻz MSt 387:2024, Oʻz DSt 642, Oʻz DSt 880, Oʻz DSt 2823 давлат стандартлари талаблари асосида унинг намлиги ҳамда ифлослиги ҳар бир транспорт воситаси бўйича инструментал ва саноат нави органолептик усулда аниқланиб, қабул қилиш жараёни уч босқичли тизим бўйича амалга оширилади:
биринчи босқич — пахта ва доннинг ифлослиги ва намлигини аниқлаш учун ундан белгиланган тартибда намуна олиниб, лабораторияга жўнатилади ҳамда унинг саноат нави ва синфи аниқланади;
иккинчи босқич — олиб келинган пахта ва дон электрон тарозида (брутто, тара) ўлчанади;
учинчи босқич — ўлчовдан ўтказилган пахта ва дон юк хатида белгиланган ғарамга ёки омборга туширилади;
етказиб берилган пахта ва дон мониторингини юритиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга оид молиявий, статистик ва таҳлилий маълумотларни олишнинг дастурий имкониятларини такомиллаштириб бориш.
3-боб. Техник оператор ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
7. Техник оператор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
«Agrotarozi» АТ маълумотларидан хизмат доирасида фойдаланиш;
«Agrotarozi» АТга қўйиладиган талабларга жавоб берувчи хусусий сектор вакилларининг ахборот тизимларидан фойдаланишни шартномавий асосда йўлга қўйиш;
«Agrotarozi» АТ орқали тижорат банклари, суғурта компаниялари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга тижорий хизматларни кўрсатиш.
8. Қуйидагилар техник операторнинг мажбуриятлари ҳисобланади:
«Agrotarozi» АТ орқали электрон тарози маълумотларини ҳақиқий вақт режимида «Нosil qabuli» ахборот тизимида акс эттириш;
«Agrotarozi» АТнинг ҳар бир иштирокчиси томонидан тизимга тақдим этиладиган маълумотларнинг доимий янгилаб борилишини таъминлаш;
шубҳали (сунъий интеллект орқали фотофиксациядан ўтган бегона объектлар ёки қайта ўлчанган ҳамда келтирилган миқдордан ортиқ) юкларни аниқлаш алгоритмларини йўлга қўйиш;
«Agrotarozi» АТда рўйхатга олинган операцияларнинг, шакллантирилган ва жўнатилган ҳисоботларнинг ҳамда қабул қилинган шаклларнинг яхлитлиги ва ўзгармаслигини таъминлаган ҳолда уларнинг беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақланишини таъминлаш;
тизимдан фойдаланувчиларнинг «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» АТларида ишлаш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш;
ахборот тизимларидан фойдаланиш учун назорат қилувчи органларга махсус имкониятларни тақдим этиш.
9. Фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
«Agrotarozi» АТдан ва ундаги маълумотлардан ушбу Низом талаблари доирасида фойдаланиш;
электрон шаклдаги аризаларни тақдим этиш;
шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириш.
10. Қуйидагилар фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари ҳисобланади:
«Agrotarozi» АТдан фойдаланишда ушбу Низом талабларига қатъий риоя этиш, бошқа фойдаланувчи ва тизим оператори фаолиятига зарар етказмаслик;
пахта ва дон қабул қилувчи корхоналар товаршунос оператор ва лаборатория ходимларининг замонавий компьютер қурилмалари, узлуксиз электр манбаи ва алоқа воситаларидан иш жараёнида фойдаланиш;
қабул қилувчи кириш ва чиқиш юкларини ўлчайдиган электрон тарозиларга RTSP ва RTMP протоколларини қўллаб-қувватлайдиган 2K (2048х1080) ва ундан юқори аниқликдаги видеокузатув камераларини киришга (олди ва орқа томондан) ҳамда чиқишга (олди ва орқа томондан) кузатув камераларини ўрнатиш;
кузатув камерларини қарама-қарши томонга тарозидан 2 метр узоқликда ва 3 метр баландликда, марказий нуқтага нисбатан симметрик, тарози юзасини тўлиқ қамраб оладиган тарзда ўрнатиш ва 15° — 30° бурчак остида пастда йўналтирилишини таъминлаш;
«Agrotarozi» АТга электрон тарозилар ёрдамида ҳаққоний ва ишончли маълумотларни тақдим этиш;
мавсум бошлангунга қадар пахта ва дон қабул қилиш ҳамда уларни сақлашга алоҳида тайёргарлик кўриш.
Бунда тегишли омборхона ва айвонлар ўтган йиллардан қолган пахта ва дон қолдиқларидан тозаланиши ҳамда зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов берилишини сифатли ташкил этиш;
жамлаш ва ғарамлаш майдончаларини таъмирлаш;
зарурий воситаларни тайёр ҳолатга келтириш ва уларнинг соз ҳолатда ишлашини таъминлаш;
электрон тарози ва лаборатория жиҳозларини мавсумга тайёрлаш ҳамда ўлчов воситаларини давлат қиёслов кўригидан ўтказиш;
пахта ва дон қабул қилиш масканларининг мавсумга тайёрлиги бўйича Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг тегишли хулосасини олиш;
техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш;
пахта ва дон қабул қилиш ҳамда уларни тўдаларга жамлашда маҳсулотлар миқдорига асосан жойлаштириш схемасини тасдиқлаш ҳамда схемага мувофиқ ишларни ташкил этиш;
пахта ва донни селекция нави, авлоди, саноат нави, синфи бўйича корхоналардаги алоҳида сақлаш майдончаларида ғарамлаш.
Бунда уруғлик учун келтирилган пахта ва донни селекция нави, авлоди, саноат нави, синфи бўйича махсус омборхона ва майдончаларда алоҳида-алоҳида ғарамлаш;
«Agrotarozi» АТга юборилаётган маълумотларнинг ҳаққоний ва шаффофлигини таъминлаш, бунда пахта ва дон ўрнига бошқа маҳсулотларни ёки юкларни юклаш, бир хил пахтани қайта-қайта олиб кириш, кўрсаткичларни яхшилаш мақсадида электрон тарозига пахта ва доннинг намлик ва ифлослик кўрсаткичларига ғайриқонуний таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик;
корхоналардан қабул қилинган ўз ҳисобидан етиштирилган пахта ва донни алоҳида ғарам ҳамда сиғимларда сақлаш ва уларни ҳисобини юритиш;
«Agrotarozi» АТдан фойдаланишда фаолиятига оид ҳаққоний ва ишончли маълумотларни киритиб бориш;
пахта ва дон қабул қилишдаги маълумот ва бошқа ахборотлардан фойдаланишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш.
11. Пахта ва дон қабул қилиш жараёнларида қуйидаги ҳолатлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари кўрилишига сабаб бўлади:
кузатув камераларини турли баҳоналар билан ўчирган ёки тарозидан бошқа томонга қаратган, тўсган ҳолда пахта ва дон қабул қилишга уринишлар;
интернет тармоғи узилган ҳолда қабул қилинган пахта ва дон;
электрон тарозидан ўтказилмасдан қабул қилинган пахта ва дон;
пахта ва дон қабул қилиш масканларидаги электрон тарозилардан уларнинг ўлчовларини ўз муддатларида синовдан ўтказмасдан фойдаланиш;
электрон тарозидан пахта ва дон ўрнига бошқа юк, шунингдек, оғир техника воситалари, ишчиларни ўтказишга уриниш;
электрон тарозига ташқи таъсир кўрсатиш орқали пахта ва дон қабул қилишга уриниш;
бир марта электрон тарозидан ўтказилган пахта ва донни олиб чиқиб, қайта электрон тарозидан ўтказишга уриниш (ғарамни бузиш ва бошқалар);
усти ёпиқ техника воситасида ёки кузатув камераларида кўринмаган юкларни электрон тарозидан ўтказишга уриниш;
бир хил ташиш техникасида давлат рақамларини алмаштирган ҳолда, шунингдек, қисқа вақт оралиғида, айнан бир хил оғирликда бўлган юкларни электрон тарозидан ўтказишга уриниш;
қабул тугаган ва дислокацияга қўшилмаган қабул масканлари орқали ёки дислокацияга олдиндан киритилмаган ташиш техникаларида пахта ва донни ўтказишга уриниш;
қабул қилинган пахта хомашёсининг намлик ва ифлослик кўрсаткичларини кетма-кет бир хил такрорланган ҳолда тизимга киритиш ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар.
12. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда пахта ва дон қабул қилувчилар иш ҳажмидан келиб чиқиб, ахборот тизимларига икки ёки уч сменалик операторларни бириктиради ҳамда узлуксиз ишлашини ташкил этади.
13. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга электрон тарози орқали пахта ва дон қабул қилиш жараёнларига аралашиш қатъиян ман этилади ва бундай қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
4-боб. «Agrotarozi» ва «Нosil qabuli» АТларида рўйхатдан ўтиш ва ундан фойдаланиш
14. Фойдаланувчи интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайт орқали «Agrotarozi» ва «Нosil qabuli» АТлари имкониятларидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Бунда фойдаланувчи «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимида (OneID) рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.
15. Фойдаланувчилар «Agrotarozi» ва «Нosil qabuli» АТларида рўйхатдан ўтиш жараёнида қуйидаги маълумотларни киритади:
а) жисмоний шахслар:
шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
мобил телефон рақами;
электрон почта манзили;
яшаш манзили;
б) юридик шахслар:
ташкилотнинг СТИР ва раҳбарининг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
юридик шахс вакилининг мобил телефон рақами;
жойлашган жойи ва электрон почта манзили;
фаолият йўналиши.
Фойдаланувчиларнинг бошқа маълумотлари идоралараро маълумот алмашинуви орқали олинади.
16. Фойдаланувчилар «Agrotarozi» АТдан рўйхатдан ўтишда ахборот тизимидан фойдаланиш шартларини қабул қилиш бўйича электрон шаклда шартнома имзолайди.
17. Рўйхатдан ўтган ҳар бир фойдаланувчи учун «Agrotarozi» АТда шахсий кабинет яратилади.
18. Фойдаланувчилар ўз шахсий кабинети орқали амалга оширилган ҳаракатлар учун жавобгар ҳисобланади.
19. Фойдаланувчилар томонидан «Agrotarozi» АТ орқали тақдим этилган маълумотларда номутаносибликлар аниқланганда, унинг фойдаланиш ҳуқуқи вақтинча тўхтатилади.
Фойдаланувчи томонидан хатоликлар бартараф этилгандан сўнг унинг «Agrotarozi» АТдан фойдаланиш ҳуқуқи бир иш кунида қайта тикланади.
20. Фойдаланувчиларнинг фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилган тақдирда, унинг «Agrotarozi» АТдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам тўхтатилади.
21. Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг «Техникалар ҳисоби» ахборот тизимини «Agrotarozi» АТ билан интеграция қилиш орқали давлат рўйхатига олинган тиркамаларнинг мулк эгалари ва уларнинг давлат рақамлари тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда олинади.
22. Пахта ва дон товар-транспорт юк хати асосида қабул қилинади.
Хўжаликлар битта юк хати билан барча сифат кўрсаткичлари бир хил бўлган пахта ва донни топшириш учун юборишлари керак, яъни:
а) битта селекция, саноат нави ва синфига оид;
б) авлоди ва дала гуруҳи бир хил уруғлик пахта ва дон.
23. Пахта ва ғалла майдонларида ўтказилган апробация натижаларига мувофиқ мутахассислар иштирокида расмийлаштирилган далолатнома асосида қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандалари ва касалликлари билан зарарланган хомашёлар тайёрлов масканига алоҳида топширилади.
24. Пахта ва дон ушбу Низомнинг 6-бандига асосан қабул қилинади.
25. Пахта ва дондан намуна олиш жараёнларида тайёрлов масканларининг намуна олувчиси ҳамда пахта ва дон топширувчи корхоналар вакили қатнашади.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши вакили ва топширувчи — фермер хўжалиги раҳбари ёки унинг номидан иш юритувчи иштирокида (кузатувида) келтирилган пахта ва дон тўдасидан OʻzMSt 387:2024 бўйича бирлаштирилган намуна танлаб олинади ҳамда Oʻz MSt 551:2025, Oʻz DSt 642, Oʻz DSt 880, Oʻz DSt 2823 давлат стандартлари ва ушбу Низом талаблари ва шартларига мослигини аниқлайди, OʻzMSt 554:2025 стандарти бўйича эталон намуналарга таққослаб, ташқи кўриниши ва ранги бўйича дастлабки классификациясини ўтказади ҳамда саноат навини аниқлайди ва юк хатини тўлдириб, ранги ва ташқи кўриниши бўйича қайси саноат навига мослигини қайд қилади.
Пахтанинг саноат нави бўйича келишмовчилик юзага келган ҳолларда лаборатория таҳлил хонасида ЛПС-4 (АСХ) қурилмасида пишиб етилганлик коэффициенти бўйича саноат нави якуний тарзда аниқланади.
26. Намуна олувчи ва оператор ҳар бир намунанинг тўғри олинишига шахсан моддий жавобгар ҳисобланади.
27. Қабул қилинаётган пахтанинг сифат кўрсаткичлари стандарт талабларига мос келмаса, сабаблари кўрсатилган ҳолда пахта топширувчига қайтарилади.
28. Товаршунос оператор «Agrotarozi» АТга транспорт воситасида юкланган пахта ва донни «брутто» массасида тегишли параметрларини киритгандан сўнг улар тўғрисидаги маълумотларни сақлаш ҳамда ўлчаш имконияти пайдо бўлади.
«Брутто» массаси автоматик тарзда ўлчаниб, компьютерга киритилади ва марказий компьютер тармоғига узатилади ҳамда юк хатида «брутто» массаси ёзилади.
29. Намуна олувчи лаборатория таҳлилларини қайд қилиш маълумотномасини 2 нусхада тўлдиради.
Бунда лаборатория таҳлилларини қайд қилиш маълумотномалари ID рақамли шаклда юритилади.
30. Лаборатория намунани олгандан сўнг ҳар бир қабул қилинаётган тўда намунаси бўйича намлик ва ифлосликни аниқлаш учун таҳлиллар ўтказади.
Қабул қилиш жараёнида эътирозлар юзага келганда, ҳудудларда ташкил этилган арбитраж гуруҳларининг ишонч телефонига мурожаат қилиши ва уларнинг хулосасини олиши мумкин.
31. Товаршунос оператор лаборатория таҳлил натижалари асосида аниқланган сифат кўрсаткичларини «Agrotarozi» АТга киритади ҳамда қабул қилинаётган пахтанинг жамланадиган тўда ва ғарамининг тартиб рақамини белгилайди ҳамда учинчи босқичга йўналтиради.
32. Келтирилган пахта ва дон юк хатида белгиланган жойга топширувчи иштирокида туширилади. Тушириш жараёнида тўкилаётган пахта ва донни кўздан кечириб, юк хатида кўрсатилган сифат кўрсаткичлари ва стандарт талабларига мослигини кузатиб туради.
33. Диспетчер сифат кўрсаткичлари тасдиқланган пахта ва донни қабул қилгани ҳақидаги юк хатига имзо қўяди ҳамда бўшаган тиркамали транспорт воситасини электрон тарозида ўлчаш учун товаршунос операторга йўналтиради.
Учинчи босқичда сифат кўрсаткичлари тасдиқланмаган, бегона жисмлар аниқланган ҳолларда пахта ва донни тушириш тўхтатилади ҳамда маскан мудири хабардор қилинади.
34. Товаршунос оператор бўшатилган транспорт воситаси массасини электрон тарозида тортади, «тара» массаси аниқланади, бунда тизимда тиркамалар тури ва техник хусусиятларидаги вазни +/-10 фоиз оралиғида оғирликка эга бўлгач, тизимда маълумотларни сақлаш имконияти пайдо бўлади ва қабул қилинган пахтанинг нетто массаси автоматик тарзда аниқланади. Давлат рақами белгиси бўйича бир соат оралиғида қайта брутто ўлчовини амалга ошириш имконияти чекланади.
Тарозидаги ўлчов натижалари топширувчининг юк хатига ёзилади. Шунингдек, ушбу натижалар марказий тармоққа онлайн узатилади.
35. Пахтада ПК-17 ва донда ПК-10, ПК-10А шакллардаги қабул квитанцияси учун махсус рақамланган бир хил форматда «Нosil qabuli» АТда шаклланади. Уларнинг икки томонлама имзоланиши «AgroDocs» АТда амалга оширилади.
Пахтани қабул қилиш варақаси (ПК-17 шакл) ушбу Низомга иловага мувофиқ юритилади.
36. Тайёрлов маскани мудири, қабул қилувчи ва катта бухгалтер ПК-17 ёки ПК-10, ПК-10А шакллари қабул квитанциясида кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига, пахта ва доннинг амалий ва кондицион вазнининг ҳақиқий миқдори, селекция ва саноат нави, синфи ва жамлаш жойлари бўйича қабул қилинганига ҳамда улар бўйича ҳисоб-китобларнинг (чегирма ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда) тўғрилигига шахсан жавобгардирлар.
37. Миллий статистика қўмитаси интеграция орқали «Нosil qabuli» АТда расмийлаштирилган маълумотлардан фойдаланади. Бунда пахта ва донни қабул квитанциялари маълумотлари орқали шаклланган ПК-17 ёки ПК-10, ПК-10А шакллари асосида Миллий статистика қўмитаси ҳисоботларни юритади.
Бошқа ҳужжат пахта ва дон тайёрлаш тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш учун асос бўлмайди.
38. Харид режасининг бажарилгани ҳақидаги ҳисоботда ҳар бир хўжалик томонидан қабул квитанциялари асосида топширилган пахта ва доннинг кондицион вазни ҳисобга олинади.
39. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчидан пахта ва донни тилхат ёки бошқа турдаги қоғоз шаклдаги ҳужжатлар асосида қабул қилишга йўл қўйилмайди. Бу талаб пахта ва доннинг барча навларига, шу жумладан, алоҳида саралаб терилган, оиласи бўйича терилган ва тажрибавий уруғлик намуналари учун ҳам тааллуқлидир.
40. Ўн минг тоннадан зиёд пахта ва дон қабул қилиш ҳажмига эга бўлган ҳамда иккита алоҳида ҳудуди мавжуд тайёрлов масканларида пахта ва донни икки корхона томонидан қабул қилишни ташкил этиш мумкин.
Бунда ҳар бир корхонада қабул қилувчи операторлар бошчилик қилади ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси хулосасига асосан ижара шартномалари тузилади.
41. Пахта қабул қилиш куни соат 24:00 да якунланади ва кунлик ҳисоботлар физик вазнда юритилади.
Қабул қилинган техник ва уруғлик пахта хомашёси ҳажмлари тегишли ПК-17 қабул варақалари ва ҳисоб-фактуралар икки томонлама электрон рақамли имзо орқали расмийлаштирилгандан сўнг физик ва ҳисобга олинган вазнда «Нosil qabuli» АТда акс эттириб борилади. Манфаатдор идоралар ушбу тизим фойдаланувчилари сифатида кунлик ва мавсумий маълумотлардан фойдаланишлари мумкин.
5-боб. Электрон ҳужжатлар айланиши
42. Фойдаланувчи билан «Agrotarozi» АТдан фойдаланиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ белгиланган мажбуриятлар электрон ҳужжатлар айланиши шаклида амалга оширилади.
43. Фойдаланувчи «Agrotarozi» АТдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани имзолаши билан бирга ушбу ахборот тизими орқали электрон ҳужжатлар айланишига ўз розилигини билдириши лозим.
44. «Agrotarozi» АТда электрон ҳужжатлар айланиши жараёнида электрон рақамли имзо калитларидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.
45. «Нosil qabuli» АТ Солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда интеграция қилинади.
46. Тижорат банкларининг сўровига кўра, мижозлари ҳисобланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ва қабул қилувчилар тўғрисидаги топширилган ҳамда қабул қилинган пахта ва дон ҳосили бўйича маълумотларни олиш ва фойдаланишлари учун техник оператор билан белгиланган тартибда тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.
Тижорат банклари тўлов топшириқномалари ва ҳисоб-фактураларнинг расмийлаштирилган маълумотларидан фойдаланиши бундан мустасно.
47. Ушбу Низомнинг 11-бандида келтирилган ҳолатлар «Agrotarozi» АТда аниқланганда, интеграция орқали бошқа вазирлик ва идораларга маълум қилинади.
6-боб. «Agrotarozi» АТ бўйича техник хизматлар кўрсатиш
48. «Agrotarozi» АТ оператори қуйидаги техник хизматларни кўрсатиш мажбуриятини зиммасига олади:
фойдаланувчига «Agrotarozi» АТдан фойдаланиш бўйича маслаҳат бериш, ушбу ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича фойдаланувчининг мурожаатига жавоб қайтариш;
«Agrotarozi» АТнинг дастурий таъминотида юзага келган ва ушбу ахборот тизимининг функционал имкониятларини бажаришга таъсир кўрсатадиган хатоликларни қисқа вақтда бартараф этиш;
«Agrotarozi» АТда юзага келган узилишлар ва ушбу ахборот тизимига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида фойдаланувчини ўз вақтида хабардор қилиш.
49. «Agrotarozi» АТ оператори зарур ҳолларда фойдаланувчига шартнома шартларида белгиланган мажбуриятларга асосан қўшимча техник ёрдам кўрсатиши мумкин.
50. «Agrotarozi» АТ техник оператор қуйидаги ҳолларда жавобгар ҳисобланмайди:
«Agrotarozi» АТдан фойдаланиш даврида умумий фойдаланиш учун мўлжалланган алоқа тармоқларининг техник носозлиги, фойдаланувчининг интернет ахборот тармоғидан фойдаланишининг чекланиши, маълумотларни узатиш ва қабул қилиш жараёнидаги алоқа тармоқларидаги бошқа техник носозликлар;
фойдаланувчининг «Agrotarozi» АТга кириши учун масканда рухсатнинг чекланиши;
фойдаланувчининг аппарати ёки дастурий таъминотидаги техник носозликлар;
«Agrotarozi» АТ операторининг бевосита назорати остида бўлмаган бошқа ҳолатлар;
фойдаланувчи томонидан «Agrotarozi» АТга киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига, шунингдек, форс-мажор ҳолатларда.
7-боб. Якунловчи қоидалар
51. «Agrotarozi», «Нosil qabuli» ва «AgroDocs» АТларидан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган низо ва келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
52. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
код код (республика, вилоят) (туман) (туман) (ташкилот) (массив) (маскан, корхона) (кластер, фермер, кооперация, корхона, хўжалик)
кун ой йил ўлчов бирлиги кг
ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВАРАҚАСИ _______________ ________________________ (рақами) 20___ йилги пахта хариди учун I. Қабул қилинган пахтанинг табиий оғирлиги Т/р Юк хати рақами Терим тури Жамланган тўда рақами Селекция нави Саноат нави Синфи Соф табиий вазни қўлда машинада 1. 2. Жами:
II. Пахтанинг жамланган тўдалари ва навлари бўйича қабули Айвон омбор ёки сақлов жойи рақами Тўда рақами Селекция нави Авлоди Саноат нави Синфи Соф табиий вазни (нетто) Ифлослиги, фоиз Ифлослиги меъёрга келтирилгандаги ҳисобий вазни Намлиги, фоиз Ифлослик ва намлиги меъёрга келтирилган ҳисобий (кондицион) вазни Харид нархи, ҚҚС билан, кг/сўм Суммаси, ҚҚС билан, сўм уруғлик техник 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 Харид нархи: (Шартномадаги баҳоси, кг/сўм) * (1-саноат нави, 2-синф) = ______ сўм Пахта хомашёсининг ифлослиги ва намлиги учун ҳисобланган устама миқдори ______ кг Пахта хомашёсининг ифлослиги ва намлиги учун ҳисобланган чегирма миқдори ______ кг Сақлаш учун қабул қилган катта сараловчи _______________________________ _____ Топширган хўжалик вакили _________________________________________ ___________________________________________ (имзоси ёки ЭРИ орқали имзоси) __________________________________________ (имзоси ёки ЭРИ орқали имзоси)
III. Қабул қилинган пахтанинг ҳисоб-китоби Мазмуни рақам Сумма, сўм Бир кунда Мавсумда Пахтанинг харид нархи бўйича қиймати, ҚҚС билан 31 Қўшимча тўловлар: Ташиб келтирилгани учун, ҚҚС билан (сумма) 32 Уруғлик пахта учун, ҚҚС билан 33 шундан, ҚҚС (31+32+33 да 12 фоиз) 34 Жами ҳисобланди (31+32+33) 35 Пахта тайёрлов маскани раҳбари __________ (имзоси ёки ЭРИ орқали имзоси) Катта бухгалтер: ___________ (имзоси ёки ЭРИ орқали имзоси) М.Ў. (ёки QR-kod ва электрон рақамли имзо, реквизитлари)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 9 сентябрь,
573-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Paxta va don qabul qilish hamda uning elektron hisobini yuritish tartibini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Paxta xom ashyosini yetishtirish va sotishda bozor mexanizmlarini qoʻllashni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 17-yanvardagi PF-7-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Paxta va don qabul qilish hamda uning elektron hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
paxta va don qabul qilish axborot tizimlarining maqsadi, asosiy vazifalari hamda texnik operator va foydalanuvchilarning huquq va majburiyatlari;
paxta va don qabul qilish axborot tizimlarida roʻyxatdan oʻtish, elektron hujjatlar aylanishi hamda texnik xizmatlar koʻrsatish.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligining hisob-kitoblariga asosan “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” axborot tizimlari faoliyatini tashkil etish, yuritish va saqlash bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish 2025-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Qishloq xoʻjaligi vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida amalga oshirilishini, 2026-yildan boshlab budjet qonunchiligi talablariga muvofiq taqdim etilgan budjet soʻrovnomalariga asosan Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutilishini taʼminlasin.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:
Paxta va don qabul qilish hamda uning elektron hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablariga muvofiq paxta va don qabul qiluvchi korxonalar bilan birgalikda paxta va don qabul qilish maskanlarining kuzatuv kameralari, zamonaviy kompyuter qurilmalari va uzluksiz elektr energiyasi (quyosh panellari, dizel va benzin generatorlari, UPS qurilmalari) bilan taʼminlanishini;
Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda paxta va don qabul qilish maskanlarini belgilangan tartibda barqaror va yuqori tezlikdagi internet tarmogʻiga ulash hamda paxta va don qabul qilish jarayonlarida uzilishlarning oldini olish boʻyicha tegishli choralar koʻrilishini;
Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi bilan birgalikda don qabul qilish maskanlaridagi elektron tarozilar oʻlchovlarining har yili 10-mayga va paxta qabul qilish maskanlaridagi elektron tarozilar oʻlchovlarining har yili 10-avgustga qadar sinovdan oʻtkazilishini;
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda paxta va don qabul qilish jarayonlarida ishtirok etuvchi tarozibon, laboratoriya xodimlari va boshqa xodimlarda “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” axborot tizimlari bilan ishlash boʻyicha koʻnikmalar doimiy shakllantirib borilishini;
Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi bilan birgalikda paxta-toʻqimachilik hamda gʻallachilik klasterlari, fermer xoʻjaliklari va qishloq xoʻjaligi kooperativlari tashkil etgan paxta va don qabul qilish maskanlariga belgilangan tartibda xulosalar berilishini taʼminlasin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 9-sentabrdagi 573-son qaroriga ILOVA
Paxta va don qabul qilish hamda uning elektron hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” axborot tizimlari orqali paxta va don qabul qilish hamda uning elektron hisobini yuritish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
“AgroDocs” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “AgroDocs” AT) — shartnoma va kelishuvlarni shakllantirish hamda tuzish, shartnomaviy munosabatlarni tartibga solishga koʻmaklashuvchi axborot tizimi;
“Agrotarozi” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “Agrotarozi” AT) paxta va don yetishtiruvchilarga elektron tarozilar orqali shaffoflik tamoyilida xizmat koʻrsatish imkoniyatlarini taʼminlab beradigan tizim;
“Nosil qabuli” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “Nosil qabuli” AT) — topshirilgan paxta va don mahsulotlarining miqdor va sifat koʻrsatkichlari, yetkazib beruvchi hamda qabul qiluvchi tashkilotlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish va statistik hisobotlarni yuritish uchun moʻljallangan tizim;
texnik operator — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Agrosanoatni raqamlashtirish markazi” MCHJ;
foydalanuvchilar — belgilangan tartibda “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” ATlarida roʻyxatdan oʻtgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ishlab chiqaruvchi, qabul qiluvchi va ishtirokchi subyektlar;
shaxsiy kabinet — tizimda ruxsat berish (avtorizatsiya) jarayonidan oʻtgan foydalanuvchilarga elektron xizmatlar koʻrsatilishida ishtirok etishini hamda zarur axborotni joylashtirish, undan foydalanish, shuningdek, hisob-kitoblarni amalga oshirishini taʼminlaydigan alohida sahifa.
3. “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” ATlarini paxta-toʻqimachilik klasterlari, kooperatsiyalar, don qabul qiluvchi tashkilotlarning takliflariga koʻra takomillashtirish va integratsiya orqali maʼlumotlar taqdim etishni yoʻlga qoʻyish xarajatlari shartnomaviy asosda qoplanishi mumkin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” ATlaridan foydalanishning huquqiy masalalarini tartibga soluvchi vakolatli organ hisoblanadi.
2-bob. “Agrotarozi” ATning maqsadi va asosiy vazifalari
5. “Agrotarozi” ATning maqsadi quyidagilardan iborat:
paxta xomashyosini yetkazib berish boʻyicha birja savdolari natijalariga koʻra tuzilgan fyuchers va forvard shartnomalari, “AgroDocs” ATda paxta xomashyosini vaqtincha saqlash, don mahsulotlarining davlat xaridi, vaqtincha saqlash va urugʻlik bugʻdoyni xarid qilish boʻyicha tuzilgan shartnomalar asosida paxta va don qabul qilish, paxta xomashyosini majburiy hisobga olish boʻyicha “Nosil qabuli” ATda shaffoflikni va maʼlumotlarning haqqoniyligini taʼminlash;
tuzilgan fyuchers, forvard, spot, vaqtincha saqlash, urugʻlik va davlat resursi sifatida xarid qilinadigan bugʻdoy oldi-sotdi shartnomalariga asosan belgilangan shartlarning bajarilishini taʼminlashga koʻmaklashish;
davlat standarti talablariga qatʼiy rioya etgan holda paxta va donni oʻz vaqtida va uzluksiz qabul qilish;
qabul qilingan paxtaning seleksiya va sanoat navlari, sinflari boʻyicha, urugʻlik paxtani avlodi va dala guruhi koʻrsatilgan holda alohida toʻdalarga toʻplash;
foydalanuvchilarni paxta va don boʻyicha ishonchli maʼlumotlar bilan taʼminlash;
paxta va don qabul qilish jarayonidagi mavjud vaqt sarfi hamda operatsion xarajatlarni qisqartirish;
davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan texnika va tirkamalar orqali qabul qilingan va saqlanayotgan paxtani tayyorlov maskanlaridan hamda donni qabul qilish shoxobchalaridan qayta ishlovchi korxonalarga joʻnatishda albatta tarozidan oʻtkazish va uning haqiqiy sifatini toʻgʻri aniqlash orqali hisob-kitobni olib borish;
agrosanoat infratuzilmasini rivojlantirish va ular tarmoqlarida mavjud boshqa masalalarni samarali hal etish uchun sharoitlar yaratish.
6. Quyidagilar “Agrotarozi” ATning asosiy vazifalari hisoblanadi:
shaffoflik tamoyiliga asosan paxta va don qabul qilish jarayonlarini raqamlashtirish hamda ularni qabul qilish jarayonlarini elektron shaklga oʻtkazish;
davlat resursi hisobidan yetishtirilgan donning elektron hisobini yuritish;
paxta va don qabul qilish hamda jamlashni texnik jihatdan tartibga solish;
paxta va don qabul qilib oluvchi korxonalar tomonidan ularni topshiruvchi korxonalarning huquqlariga rioya etilishini taʼminlash.
Bunda tayyorlov maskanlarida qabul qilish OʻzMSt 551:2025, Oʻz MSt 387:2024, Oʻz DSt 642, Oʻz DSt 880, Oʻz DSt 2823 davlat standartlari talablari asosida uning namligi hamda iflosligi har bir transport vositasi boʻyicha instrumental va sanoat navi organoleptik usulda aniqlanib, qabul qilish jarayoni uch bosqichli tizim boʻyicha amalga oshiriladi:
birinchi bosqich — paxta va donning iflosligi va namligini aniqlash uchun undan belgilangan tartibda namuna olinib, laboratoriyaga joʻnatiladi hamda uning sanoat navi va sinfi aniqlanadi;
ikkinchi bosqich — olib kelingan paxta va don elektron tarozida (brutto, tara) oʻlchanadi;
uchinchi bosqich — oʻlchovdan oʻtkazilgan paxta va don yuk xatida belgilangan gʻaramga yoki omborga tushiriladi;
yetkazib berilgan paxta va don monitoringini yuritish;
qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtirishga oid moliyaviy, statistik va tahliliy maʼlumotlarni olishning dasturiy imkoniyatlarini takomillashtirib borish.
3-bob. Texnik operator hamda axborot tizimlaridan foydalanuvchilarning huquq va majburiyatlari
7. Texnik operator quyidagi huquqlarga ega:
“Agrotarozi” AT maʼlumotlaridan xizmat doirasida foydalanish;
“Agrotarozi” ATga qoʻyiladigan talablarga javob beruvchi xususiy sektor vakillarining axborot tizimlaridan foydalanishni shartnomaviy asosda yoʻlga qoʻyish;
“Agrotarozi” AT orqali tijorat banklari, sugʻurta kompaniyalari va boshqa manfaatdor tashkilotlarga tijoriy xizmatlarni koʻrsatish.
8. Quyidagilar texnik operatorning majburiyatlari hisoblanadi:
“Agrotarozi” AT orqali elektron tarozi maʼlumotlarini haqiqiy vaqt rejimida “Nosil qabuli” axborot tizimida aks ettirish;
“Agrotarozi” ATning har bir ishtirokchisi tomonidan tizimga taqdim etiladigan maʼlumotlarning doimiy yangilab borilishini taʼminlash;
shubhali (sunʼiy intellekt orqali fotofiksatsiyadan oʻtgan begona obyektlar yoki qayta oʻlchangan hamda keltirilgan miqdordan ortiq) yuklarni aniqlash algoritmlarini yoʻlga qoʻyish;
“Agrotarozi” ATda roʻyxatga olingan operatsiyalarning, shakllantirilgan va joʻnatilgan hisobotlarning hamda qabul qilingan shakllarning yaxlitligi va oʻzgarmasligini taʼminlagan holda ularning besh yildan kam boʻlmagan muddatda saqlanishini taʼminlash;
tizimdan foydalanuvchilarning “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” ATlarida ishlash boʻyicha bilim va koʻnikmalarini oshirish;
axborot tizimlaridan foydalanish uchun nazorat qiluvchi organlarga maxsus imkoniyatlarni taqdim etish.
9. Foydalanuvchilar quyidagi huquqlarga ega:
“Agrotarozi” ATdan va undagi maʼlumotlardan ushbu Nizom talablari doirasida foydalanish;
elektron shakldagi arizalarni taqdim etish;
shartnomalarni elektron shaklda rasmiylashtirish.
10. Quyidagilar foydalanuvchilarning majburiyatlari hisoblanadi:
“Agrotarozi” ATdan foydalanishda ushbu Nizom talablariga qatʼiy rioya etish, boshqa foydalanuvchi va tizim operatori faoliyatiga zarar yetkazmaslik;
paxta va don qabul qiluvchi korxonalar tovarshunos operator va laboratoriya xodimlarining zamonaviy kompyuter qurilmalari, uzluksiz elektr manbai va aloqa vositalaridan ish jarayonida foydalanish;
qabul qiluvchi kirish va chiqish yuklarini oʻlchaydigan elektron tarozilarga RTSP va RTMP protokollarini qoʻllab-quvvatlaydigan 2K (2048x1080) va undan yuqori aniqlikdagi videokuzatuv kameralarini kirishga (oldi va orqa tomondan) hamda chiqishga (oldi va orqa tomondan) kuzatuv kameralarini oʻrnatish;
kuzatuv kamerlarini qarama-qarshi tomonga tarozidan 2 metr uzoqlikda va 3 metr balandlikda, markaziy nuqtaga nisbatan simmetrik, tarozi yuzasini toʻliq qamrab oladigan tarzda oʻrnatish va 15° — 30° burchak ostida pastda yoʻnaltirilishini taʼminlash;
“Agrotarozi” ATga elektron tarozilar yordamida haqqoniy va ishonchli maʼlumotlarni taqdim etish;
mavsum boshlangunga qadar paxta va don qabul qilish hamda ularni saqlashga alohida tayyorgarlik koʻrish.
Bunda tegishli omborxona va ayvonlar oʻtgan yillardan qolgan paxta va don qoldiqlaridan tozalanishi hamda zararkunandalarga qarshi kimyoviy ishlov berilishini sifatli tashkil etish;
jamlash va gʻaramlash maydonchalarini taʼmirlash;
zaruriy vositalarni tayyor holatga keltirish va ularning soz holatda ishlashini taʼminlash;
elektron tarozi va laboratoriya jihozlarini mavsumga tayyorlash hamda oʻlchov vositalarini davlat qiyoslov koʻrigidan oʻtkazish;
paxta va don qabul qilish maskanlarining mavsumga tayyorligi boʻyicha Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasining tegishli xulosasini olish;
texnika va yongʻin xavfsizligi qoidalariga qatʼiy rioya qilish;
paxta va don qabul qilish hamda ularni toʻdalarga jamlashda mahsulotlar miqdoriga asosan joylashtirish sxemasini tasdiqlash hamda sxemaga muvofiq ishlarni tashkil etish;
paxta va donni seleksiya navi, avlodi, sanoat navi, sinfi boʻyicha korxonalardagi alohida saqlash maydonchalarida gʻaramlash.
Bunda urugʻlik uchun keltirilgan paxta va donni seleksiya navi, avlodi, sanoat navi, sinfi boʻyicha maxsus omborxona va maydonchalarda alohida-alohida gʻaramlash;
“Agrotarozi” ATga yuborilayotgan maʼlumotlarning haqqoniy va shaffofligini taʼminlash, bunda paxta va don oʻrniga boshqa mahsulotlarni yoki yuklarni yuklash, bir xil paxtani qayta-qayta olib kirish, koʻrsatkichlarni yaxshilash maqsadida elektron taroziga paxta va donning namlik va ifloslik koʻrsatkichlariga gʻayriqonuniy taʼsir koʻrsatishga yoʻl qoʻymaslik;
korxonalardan qabul qilingan oʻz hisobidan yetishtirilgan paxta va donni alohida gʻaram hamda sigʻimlarda saqlash va ularni hisobini yuritish;
“Agrotarozi” ATdan foydalanishda faoliyatiga oid haqqoniy va ishonchli maʼlumotlarni kiritib borish;
paxta va don qabul qilishdagi maʼlumot va boshqa axborotlardan foydalanishda qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy rioya qilish.
11. Paxta va don qabul qilish jarayonlarida quyidagi holatlar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlik choralari koʻrilishiga sabab boʻladi:
kuzatuv kameralarini turli bahonalar bilan oʻchirgan yoki tarozidan boshqa tomonga qaratgan, toʻsgan holda paxta va don qabul qilishga urinishlar;
internet tarmogʻi uzilgan holda qabul qilingan paxta va don;
elektron tarozidan oʻtkazilmasdan qabul qilingan paxta va don;
paxta va don qabul qilish maskanlaridagi elektron tarozilardan ularning oʻlchovlarini oʻz muddatlarida sinovdan oʻtkazmasdan foydalanish;
elektron tarozidan paxta va don oʻrniga boshqa yuk, shuningdek, ogʻir texnika vositalari, ishchilarni oʻtkazishga urinish;
elektron taroziga tashqi taʼsir koʻrsatish orqali paxta va don qabul qilishga urinish;
bir marta elektron tarozidan oʻtkazilgan paxta va donni olib chiqib, qayta elektron tarozidan oʻtkazishga urinish (gʻaramni buzish va boshqalar);
usti yopiq texnika vositasida yoki kuzatuv kameralarida koʻrinmagan yuklarni elektron tarozidan oʻtkazishga urinish;
bir xil tashish texnikasida davlat raqamlarini almashtirgan holda, shuningdek, qisqa vaqt oraligʻida, aynan bir xil ogʻirlikda boʻlgan yuklarni elektron tarozidan oʻtkazishga urinish;
qabul tugagan va dislokatsiyaga qoʻshilmagan qabul maskanlari orqali yoki dislokatsiyaga oldindan kiritilmagan tashish texnikalarida paxta va donni oʻtkazishga urinish;
qabul qilingan paxta xomashyosining namlik va ifloslik koʻrsatkichlarini ketma-ket bir xil takrorlangan holda tizimga kiritish va qonunchilikda belgilangan boshqa holatlar.
12. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda paxta va don qabul qiluvchilar ish hajmidan kelib chiqib, axborot tizimlariga ikki yoki uch smenalik operatorlarni biriktiradi hamda uzluksiz ishlashini tashkil etadi.
13. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlarga elektron tarozi orqali paxta va don qabul qilish jarayonlariga aralashish qatʼiyan man etiladi va bunday qonun buzilishi holatlariga yoʻl qoʻygan mansabdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
4-bob. “Agrotarozi” va “Nosil qabuli” ATlarida roʻyxatdan oʻtish va undan foydalanish
14. Foydalanuvchi internet axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-sayt orqali “Agrotarozi” va “Nosil qabuli” ATlari imkoniyatlaridan foydalanish uchun roʻyxatdan oʻtadi.
Bunda foydalanuvchi “Elektron hukumat” tizimi foydalanuvchilarini identifikatsiyalashning yagona axborot tizimida (OneID) roʻyxatdan oʻtgan boʻlishi shart.
15. Foydalanuvchilar “Agrotarozi” va “Nosil qabuli” ATlarida roʻyxatdan oʻtish jarayonida quyidagi maʼlumotlarni kiritadi:
a) jismoniy shaxslar:
shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR);
mobil telefon raqami;
elektron pochta manzili;
yashash manzili;
b) yuridik shaxslar:
tashkilotning STIR va rahbarining shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR);
yuridik shaxs vakilining mobil telefon raqami;
joylashgan joyi va elektron pochta manzili;
faoliyat yoʻnalishi.
Foydalanuvchilarning boshqa maʼlumotlari idoralararo maʼlumot almashinuvi orqali olinadi.
16. Foydalanuvchilar “Agrotarozi” ATdan roʻyxatdan oʻtishda axborot tizimidan foydalanish shartlarini qabul qilish boʻyicha elektron shaklda shartnoma imzolaydi.
17. Roʻyxatdan oʻtgan har bir foydalanuvchi uchun “Agrotarozi” ATda shaxsiy kabinet yaratiladi.
18. Foydalanuvchilar oʻz shaxsiy kabineti orqali amalga oshirilgan harakatlar uchun javobgar hisoblanadi.
19. Foydalanuvchilar tomonidan “Agrotarozi” AT orqali taqdim etilgan maʼlumotlarda nomutanosibliklar aniqlanganda, uning foydalanish huquqi vaqtincha toʻxtatiladi.
Foydalanuvchi tomonidan xatoliklar bartaraf etilgandan soʻng uning “Agrotarozi” ATdan foydalanish huquqi bir ish kunida qayta tiklanadi.
20. Foydalanuvchilarning faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tugatilgan taqdirda, uning “Agrotarozi” ATdan foydalanish huquqi ham toʻxtatiladi.
21. Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasining “Texnikalar hisobi” axborot tizimini “Agrotarozi” AT bilan integratsiya qilish orqali davlat roʻyxatiga olingan tirkamalarning mulk egalari va ularning davlat raqamlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar elektron shaklda olinadi.
22. Paxta va don tovar-transport yuk xati asosida qabul qilinadi.
Xoʻjaliklar bitta yuk xati bilan barcha sifat koʻrsatkichlari bir xil boʻlgan paxta va donni topshirish uchun yuborishlari kerak, yaʼni:
a) bitta seleksiya, sanoat navi va sinfiga oid;
b) avlodi va dala guruhi bir xil urugʻlik paxta va don.
23. Paxta va gʻalla maydonlarida oʻtkazilgan aprobatsiya natijalariga muvofiq mutaxassislar ishtirokida rasmiylashtirilgan dalolatnoma asosida qishloq xoʻjaligi ekinlari zararkunandalari va kasalliklari bilan zararlangan xomashyolar tayyorlov maskaniga alohida topshiriladi.
24. Paxta va don ushbu Nizomning 6-bandiga asosan qabul qilinadi.
25. Paxta va dondan namuna olish jarayonlarida tayyorlov maskanlarining namuna oluvchisi hamda paxta va don topshiruvchi korxonalar vakili qatnashadi.
Oʻzbekiston fermerlari kengashi vakili va topshiruvchi — fermer xoʻjaligi rahbari yoki uning nomidan ish yurituvchi ishtirokida (kuzatuvida) keltirilgan paxta va don toʻdasidan OʻzMSt 387:2024 boʻyicha birlashtirilgan namuna tanlab olinadi hamda Oʻz MSt 551:2025, Oʻz DSt 642, Oʻz DSt 880, Oʻz DSt 2823 davlat standartlari va ushbu Nizom talablari va shartlariga mosligini aniqlaydi, OʻzMSt 554:2025 standarti boʻyicha etalon namunalarga taqqoslab, tashqi koʻrinishi va rangi boʻyicha dastlabki klassifikatsiyasini oʻtkazadi hamda sanoat navini aniqlaydi va yuk xatini toʻldirib, rangi va tashqi koʻrinishi boʻyicha qaysi sanoat naviga mosligini qayd qiladi.
Paxtaning sanoat navi boʻyicha kelishmovchilik yuzaga kelgan hollarda laboratoriya tahlil xonasida LPS-4 (ASX) qurilmasida pishib yetilganlik koeffitsiyenti boʻyicha sanoat navi yakuniy tarzda aniqlanadi.
26. Namuna oluvchi va operator har bir namunaning toʻgʻri olinishiga shaxsan moddiy javobgar hisoblanadi.
27. Qabul qilinayotgan paxtaning sifat koʻrsatkichlari standart talablariga mos kelmasa, sabablari koʻrsatilgan holda paxta topshiruvchiga qaytariladi.
28. Tovarshunos operator “Agrotarozi” ATga transport vositasida yuklangan paxta va donni “brutto” massasida tegishli parametrlarini kiritgandan soʻng ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni saqlash hamda oʻlchash imkoniyati paydo boʻladi.
“Brutto” massasi avtomatik tarzda oʻlchanib, kompyuterga kiritiladi va markaziy kompyuter tarmogʻiga uzatiladi hamda yuk xatida “brutto” massasi yoziladi.
29. Namuna oluvchi laboratoriya tahlillarini qayd qilish maʼlumotnomasini 2 nusxada toʻldiradi.
Bunda laboratoriya tahlillarini qayd qilish maʼlumotnomalari ID raqamli shaklda yuritiladi.
30. Laboratoriya namunani olgandan soʻng har bir qabul qilinayotgan toʻda namunasi boʻyicha namlik va ifloslikni aniqlash uchun tahlillar oʻtkazadi.
Qabul qilish jarayonida eʼtirozlar yuzaga kelganda, hududlarda tashkil etilgan arbitraj guruhlarining ishonch telefoniga murojaat qilishi va ularning xulosasini olishi mumkin.
31. Tovarshunos operator laboratoriya tahlil natijalari asosida aniqlangan sifat koʻrsatkichlarini “Agrotarozi” ATga kiritadi hamda qabul qilinayotgan paxtaning jamlanadigan toʻda va gʻaramining tartib raqamini belgilaydi hamda uchinchi bosqichga yoʻnaltiradi.
32. Keltirilgan paxta va don yuk xatida belgilangan joyga topshiruvchi ishtirokida tushiriladi. Tushirish jarayonida toʻkilayotgan paxta va donni koʻzdan kechirib, yuk xatida koʻrsatilgan sifat koʻrsatkichlari va standart talablariga mosligini kuzatib turadi.
33. Dispetcher sifat koʻrsatkichlari tasdiqlangan paxta va donni qabul qilgani haqidagi yuk xatiga imzo qoʻyadi hamda boʻshagan tirkamali transport vositasini elektron tarozida oʻlchash uchun tovarshunos operatorga yoʻnaltiradi.
Uchinchi bosqichda sifat koʻrsatkichlari tasdiqlanmagan, begona jismlar aniqlangan hollarda paxta va donni tushirish toʻxtatiladi hamda maskan mudiri xabardor qilinadi.
34. Tovarshunos operator boʻshatilgan transport vositasi massasini elektron tarozida tortadi, “tara” massasi aniqlanadi, bunda tizimda tirkamalar turi va texnik xususiyatlaridagi vazni +/-10 foiz oraligʻida ogʻirlikka ega boʻlgach, tizimda maʼlumotlarni saqlash imkoniyati paydo boʻladi va qabul qilingan paxtaning netto massasi avtomatik tarzda aniqlanadi. Davlat raqami belgisi boʻyicha bir soat oraligʻida qayta brutto oʻlchovini amalga oshirish imkoniyati cheklanadi.
Tarozidagi oʻlchov natijalari topshiruvchining yuk xatiga yoziladi. Shuningdek, ushbu natijalar markaziy tarmoqqa onlayn uzatiladi.
35. Paxtada PK-17 va donda PK-10, PK-10A shakllardagi qabul kvitansiyasi uchun maxsus raqamlangan bir xil formatda “Nosil qabuli” ATda shakllanadi. Ularning ikki tomonlama imzolanishi “AgroDocs” ATda amalga oshiriladi.
Paxtani qabul qilish varaqasi (PK-17 shakl) ushbu Nizomga ilovaga muvofiq yuritiladi.
36. Tayyorlov maskani mudiri, qabul qiluvchi va katta buxgalter PK-17 yoki PK-10, PK-10A shakllari qabul kvitansiyasida koʻrsatilgan maʼlumotlarning haqqoniyligiga, paxta va donning amaliy va konditsion vaznining haqiqiy miqdori, seleksiya va sanoat navi, sinfi va jamlash joylari boʻyicha qabul qilinganiga hamda ular boʻyicha hisob-kitoblarning (chegirma va ustamalarni hisobga olgan holda) toʻgʻriligiga shaxsan javobgardirlar.
37. Milliy statistika qoʻmitasi integratsiya orqali “Nosil qabuli” ATda rasmiylashtirilgan maʼlumotlardan foydalanadi. Bunda paxta va donni qabul kvitansiyalari maʼlumotlari orqali shakllangan PK-17 yoki PK-10, PK-10A shakllari asosida Milliy statistika qoʻmitasi hisobotlarni yuritadi.
Boshqa hujjat paxta va don tayyorlash toʻgʻrisidagi hisobotlarni tuzish uchun asos boʻlmaydi.
38. Xarid rejasining bajarilgani haqidagi hisobotda har bir xoʻjalik tomonidan qabul kvitansiyalari asosida topshirilgan paxta va donning konditsion vazni hisobga olinadi.
39. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchidan paxta va donni tilxat yoki boshqa turdagi qogʻoz shakldagi hujjatlar asosida qabul qilishga yoʻl qoʻyilmaydi. Bu talab paxta va donning barcha navlariga, shu jumladan, alohida saralab terilgan, oilasi boʻyicha terilgan va tajribaviy urugʻlik namunalari uchun ham taalluqlidir.
40. Oʻn ming tonnadan ziyod paxta va don qabul qilish hajmiga ega boʻlgan hamda ikkita alohida hududi mavjud tayyorlov maskanlarida paxta va donni ikki korxona tomonidan qabul qilishni tashkil etish mumkin.
Bunda har bir korxonada qabul qiluvchi operatorlar boshchilik qiladi va Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi xulosasiga asosan ijara shartnomalari tuziladi.
41. Paxta qabul qilish kuni soat 24:00 da yakunlanadi va kunlik hisobotlar fizik vaznda yuritiladi.
Qabul qilingan texnik va urugʻlik paxta xomashyosi hajmlari tegishli PK-17 qabul varaqalari va hisob-fakturalar ikki tomonlama elektron raqamli imzo orqali rasmiylashtirilgandan soʻng fizik va hisobga olingan vaznda “Nosil qabuli” ATda aks ettirib boriladi. Manfaatdor idoralar ushbu tizim foydalanuvchilari sifatida kunlik va mavsumiy maʼlumotlardan foydalanishlari mumkin.
5-bob. Elektron hujjatlar aylanishi
42. Foydalanuvchi bilan “Agrotarozi” ATdan foydalanish boʻyicha tuzilgan shartnomaga muvofiq belgilangan majburiyatlar elektron hujjatlar aylanishi shaklida amalga oshiriladi.
43. Foydalanuvchi “Agrotarozi” ATdan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomani imzolashi bilan birga ushbu axborot tizimi orqali elektron hujjatlar aylanishiga oʻz roziligini bildirishi lozim.
44. “Agrotarozi” ATda elektron hujjatlar aylanishi jarayonida elektron raqamli imzo kalitlaridan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda foydalaniladi.
45. “Nosil qabuli” AT Soliq qoʻmitasining axborot tizimlari bilan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda integratsiya qilinadi.
46. Tijorat banklarining soʻroviga koʻra, mijozlari hisoblangan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilar va qabul qiluvchilar toʻgʻrisidagi topshirilgan hamda qabul qilingan paxta va don hosili boʻyicha maʼlumotlarni olish va foydalanishlari uchun texnik operator bilan belgilangan tartibda tuzilgan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.
Tijorat banklari toʻlov topshiriqnomalari va hisob-fakturalarning rasmiylashtirilgan maʼlumotlaridan foydalanishi bundan mustasno.
47. Ushbu Nizomning 11-bandida keltirilgan holatlar “Agrotarozi” ATda aniqlanganda, integratsiya orqali boshqa vazirlik va idoralarga maʼlum qilinadi.
6-bob. “Agrotarozi” AT boʻyicha texnik xizmatlar koʻrsatish
48. “Agrotarozi” AT operatori quyidagi texnik xizmatlarni koʻrsatish majburiyatini zimmasiga oladi:
foydalanuvchiga “Agrotarozi” ATdan foydalanish boʻyicha maslahat berish, ushbu axborot tizimidan foydalanish boʻyicha foydalanuvchining murojaatiga javob qaytarish;
“Agrotarozi” ATning dasturiy taʼminotida yuzaga kelgan va ushbu axborot tizimining funksional imkoniyatlarini bajarishga taʼsir koʻrsatadigan xatoliklarni qisqa vaqtda bartaraf etish;
“Agrotarozi” ATda yuzaga kelgan uzilishlar va ushbu axborot tizimiga kiritilgan oʻzgartirishlar toʻgʻrisida foydalanuvchini oʻz vaqtida xabardor qilish.
49. “Agrotarozi” AT operatori zarur hollarda foydalanuvchiga shartnoma shartlarida belgilangan majburiyatlarga asosan qoʻshimcha texnik yordam koʻrsatishi mumkin.
50. “Agrotarozi” AT texnik operator quyidagi hollarda javobgar hisoblanmaydi:
“Agrotarozi” ATdan foydalanish davrida umumiy foydalanish uchun moʻljallangan aloqa tarmoqlarining texnik nosozligi, foydalanuvchining internet axborot tarmogʻidan foydalanishining cheklanishi, maʼlumotlarni uzatish va qabul qilish jarayonidagi aloqa tarmoqlaridagi boshqa texnik nosozliklar;
foydalanuvchining “Agrotarozi” ATga kirishi uchun maskanda ruxsatning cheklanishi;
foydalanuvchining apparati yoki dasturiy taʼminotidagi texnik nosozliklar;
“Agrotarozi” AT operatorining bevosita nazorati ostida boʻlmagan boshqa holatlar;
foydalanuvchi tomonidan “Agrotarozi” ATga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligiga, shuningdek, fors-major holatlarda.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
51. “Agrotarozi”, “Nosil qabuli” va “AgroDocs” ATlaridan foydalanish jarayonida yuzaga keladigan nizo va kelishmovchiliklar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
52. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Paxta va don qabul qilish hamda uning elektron hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
kod kod (respublika, viloyat) (tuman) (tuman) (tashkilot) (massiv) (maskan, korxona) (klaster, fermer, kooperatsiya, korxona, xoʻjalik)
kun oy yil oʻlchov birligi kg
QABUL QILISH VARAQASI _______________ ________________________ (raqami) 20___ yilgi paxta xaridi uchun I. Qabul qilingan paxtaning tabiiy ogʻirligi T/r Yuk xati raqami Terim turi Jamlangan toʻda raqami Seleksiya navi Sanoat navi Sinfi Sof tabiiy vazni qoʻlda mashinada 1. 2. Jami:
II. Paxtaning jamlangan toʻdalari va navlari boʻyicha qabuli Ayvon ombor yoki saqlov joyi raqami Toʻda raqami Seleksiya navi Avlodi Sanoat navi Sinfi Sof tabiiy vazni (netto) Iflosligi, foiz Iflosligi meʼyorga keltirilgandagi hisobiy vazni Namligi, foiz Ifloslik va namligi meʼyorga keltirilgan hisobiy (konditsion) vazni Xarid narxi, QQS bilan, kg/soʻm Summasi, QQS bilan, soʻm urugʻlik texnik 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 Xarid narxi: (Shartnomadagi bahosi, kg/soʻm) * (1-sanoat navi, 2-sinf) = ______ soʻm Paxta xomashyosining iflosligi va namligi uchun hisoblangan ustama miqdori ______ kg Paxta xomashyosining iflosligi va namligi uchun hisoblangan chegirma miqdori ______ kg Saqlash uchun qabul qilgan katta saralovchi _______________________________ _____ Topshirgan xoʻjalik vakili _________________________________________ ___________________________________________ (imzosi yoki ERI orqali imzosi) __________________________________________ (imzosi yoki ERI orqali imzosi)
III. Qabul qilingan paxtaning hisob-kitobi Mazmuni raqam Summa, soʻm Bir kunda Mavsumda Paxtaning xarid narxi boʻyicha qiymati, QQS bilan 31 Qoʻshimcha toʻlovlar: Tashib keltirilgani uchun, QQS bilan (summa) 32 Urugʻlik paxta uchun, QQS bilan 33 shundan, QQS (31+32+33 da 12 foiz) 34 Jami hisoblandi (31+32+33) 35 Paxta tayyorlov maskani rahbari __________ (imzosi yoki ERI orqali imzosi) Katta buxgalter: ___________ (imzosi yoki ERI orqali imzosi) M.Oʻ. (yoki QR-kod va elektron raqamli imzo, rekvizitlari)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 9-sentabr,
573-son