📅 2025-yil 8-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 8-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 8 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
ТАРКИБИ
Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 28 декабрдаги ПҚ-415-сон қарорига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш, беморларнинг хавфсизлигини таъминлаш, дори воситалари айланмасини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 декабрдаги ПҚ-415-сон қарорига мувофиқ Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси ишлаб чиқилиши, «Электрон рецепт» тизимига давлат ва хусусий дорихоналарда «Электрон рецепт» тизимини жорий этиш белгилангани;
«Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимларининг ягона комплексини жорий этиш доирасида «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими ва «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта», «Электрон рецепт» модуллари яратилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлигининг 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган 15 та туман (шаҳар)ларда, 2026 йилнинг якунига қадар эса республиканинг барча ҳудудларида қуйидагиларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига, ушбу платформа амалиётга жорий этилгунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига интеграция асосида уланишини ҳамда «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта», «Электрон рецепт» модуллари билан белгиланган маълумотлар реал вақт режимида алмашилишини лицензия талаблари ва шартларидан бири сифатида белгилаш;
рецепт билан бериладиган дори воситаларини тайинлаш ва чакана реализация қилишда зарур маълумотларни интеграция асосида мажбурий тарзда «Электрон рецепт» модулига узатиш тартибини жорий этиш.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
рецепт билан бериладиган дори воситаларини беморга электрон рецепт асосида тайинлаш;
электрон рецепт орқали тайинланган дори воситаларини расмийлаштириш;
электрон рецепт шакли ва ундаги маълумотларни «Электрон рецепт» модулига узатиш тартиби;
тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик.
4. Белгилансинки, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб:
Тошкент шаҳри ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармонига мувофиқ тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган 15 та туман (шаҳар)лардаги барча тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини беморларга тайинлашда дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи бўйича (агар мавжуд бўлса) электрон рецепт расмийлаштирилади (алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақловчи дори воситалари ҳамда реимбурсация дастури билан боғлиқ жараёнлар бундан мустасно);
беморларга тайинланган дори воситалари тўғрисидаги маълумот (халқаро патентланмаган ёки оригинал дори номи, кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги) электрон рецептга бевосита шифокор томонидан киритилади ҳамда электрон тасдиқлаш усуллари орқали тасдиқланади;
тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарнинг мавжуд ахборот тизимларини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига ва ахборот тизимига улаш ёки уларнинг сўровига асосан уларда вазирликнинг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими модуллари бепул ўрнатилади;
тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига уланиш учун зарур моддий-техник базага, барқарор Интернет ва электр тармоғига эга бўлишлари шарт.
5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) икки ой муддатда:
дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш мезонларини қайта кўриб чиқиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатига киритилган тартибга солувчи органлар (WНO Listed Authorities) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Глобал таққослаш воситаси (Global Benchmarking Tool) бўйича 4-даражали етукликка эга бўлган тартибга солувчи органлар тажрибаси асосида тасдиқласин;
Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — «UZINFOCOM» МЧЖ билан биргаликда «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимининг бошқа ахборот тизимлари билан маълумотлар алмашинувини тартибга солувчи технологик йўриқномани ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин;
«Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида яратилган «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта», «Электрон рецепт» модулларидан фойдаланиш ҳамда ушбу модулларга тегишли маълумотларни узатиш йўриқномаларини белгиланган тартибда тасдиқласин ва амалиётга жорий этсин;
б) 2027 йил 1 январга қадар рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш натижаларидан келиб чиқиб, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сақловчи дори воситаларини ҳам электрон рецепт асосида бериш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Қуйидагилар:
Дори воситалари айланмасини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш учун «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига интеграция асосида узатиладиган маълумотлар рўйхати 2-иловага мувофиқ;
Тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида электрон рецептни жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Рақамли технологиялар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда электрон рецептни жорий этиш доирасида шахсга доир ва тиббий сирни ташкил этадиган маълумотлар ошкор этилишининг олдини олиш, шунингдек, ахборот тизимлари ва ресурсларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 4-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров ҳамда рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарорига 1-ИЛОВА
Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом барча тиббиёт ташкилотларида беморга рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақловчи дори воситалари муомаласига нисбатан татбиқ этилмайди.
Реимбурсация дастури билан боғлиқ жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги 619-сон қарори талаблари асосида амалга оширилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
беморнинг қонуний вакили — беморнинг оила аъзоси ёки беморга васийлик ёки ҳомийлик қилишга тайинланган шахс;
дорихона — дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни, шунингдек, уларни тайёрлаш учун тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида ташкил этилган дорихоналарнинг филиаллари, даволаш-профилактика муассасаларининг дорихоналари;
дори воситаларининг савдо номи — «Ўзбекистон Республикасида тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестри»га киритилган дори воситаларининг савдо номи;
дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи (кейинги ўринларда — ХПН) — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дори воситаси таркибидаги фаол дори моддасининг (субстанциясининг) қисқартирилган номини бериш орқали дори воситасини идентификация қилиш;
рецепт — шифокорнинг фармацевт маълумотига эга бўлган мутахассисга дори препаратини тайёрлаш ва (ёки) бериш ҳамда унинг қўлланиш усули тўғрисидаги ёзма кўрсатмаси;
электрон рецепт — шифокорнинг фармацевтик маълумотга эга бўлган мутахассисга дори воситаси тўғрисидаги маълумотларни (халқаро патентланмаган ёки оригинал номи, тайёрлаш, кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги) электрон шаклда қайд этилган ва тасдиқланган кўрсатмаси;
«Электрон рецепт» модули — электрон рецепт билан боғлиқ барча жараёнлар (ҳаракатлар)ни жамлаш, маълумот алмашиш, тегишли ҳисоботларни шакллантириш каби функцияларни амалга оширувчи ахборот дастури;
халқаро касалликлар таснифи (кейинги ўринларда — ХКТ) — касалликлар ва соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммоларнинг халқаро статистик таснифи.
4. Электрон рецепт асосида тайинланадиган дори воситалари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
5. Тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарнинг мавжуд ахборот тизимлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига ва ахборот тизимига улаш ёки уларнинг сўровига асосан уларда вазирликнинг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими модулларини ўрнатиш ишлари бепул амалга оширилади.
Бунда:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимидан фойдаланишда кўрсатилган техник хизматлар харажатлари Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тарифлар асосида тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан қопланади;
б) давлат тиббиёт ташкилотлари «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига белгиланган тартибда уланади.
в) «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — «UZINFOCOM» МЧЖ:
тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарнинг мавжуд ахборот тизимлари «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига, кейинчалик Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига уларнинг электрон аризаларига асосан бир иш куни муддатда интеграция калити ва технологик йўриқномасини электрон шаклда автоматик тақдим этиш орқали интеграция қилинади;
«Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимининг мобил иловасини ҳамма учун фойдаланишга очиқ қилиб, бепул юклаб олиш имкониятини яратади.
6. Шифокор томонидан амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ҳамда миллий клиник протоколларга мувофиқ бир ёки бир неча турдаги касалликларни даволаш (профилактикаси) ёки оқибатларининг олдини олиш мақсадида муайян бир беморга буюриладиган дори воситаларига (дори воситасининг халқаро патентланмаган номига) электрон рецепт расмийлаштирилади.
7. Дори воситалари бевосита бемор ёки беморнинг қонуний вакилига «Электрон рецепт» модули билан ўрнатилган тартибда зарур маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган дорихоналар орқали берилади.
8. Электрон рецепт асосида бериладиган дори воситалари учун тўловлар бемор ёки беморнинг қонуний вакили томонидан тўланади (реимбурсация дастури асосида бериладиган дори воситалари бундан мустасно).
2-боб. Рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш
9. Тиббиёт ходимлари томонидан бемор маълумотлари тиббиёт ташкилотида жорий қилинган тиббий ахборот тизимига киритилади ҳамда ушбу маълумотлар автоматик тарзда «Электрон тиббий карта» модулига узатилади.
10. Беморга дори воситалари тиббиёт ташкилотида жорий қилинган тиббий ахборот тизимида электрон рецепт расмийлаштириш орқали тайинланади ва бевосита даволовчи шифокор томонидан электрон тасдиқлаш усулларида тасдиқланиб, QR код автоматик тарзда қўйилади. Бунда электрон рецептга оид зарур маълумотлар автоматик тартибда «Электрон рецепт» модулига узатилади.
11. Тиббиёт ташкилотида стационар даволанган беморларга касаллик тарихи ва унинг кўчирмасида тавсия қилинган дори воситалари учун шифокор томонидан белгиланган муддатларга электрон рецепт расмийлаштирилади.
12. Электрон рецептни расмийлаштириш орқали рецепт билан бериладиган дори воситаларини тайинлаш ва чакана реализация қилиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
13. Тиббиёт ташкилотининг шифокори ўзининг қабулида бўлган ёки стационар шароитда даволанаётган беморларга электрон рецепт расмийлаштиради ва электрон тасдиқлаш усулларида тасдиқлайди.
14. Шифокорларга ўзлари томонидан беморга электрон рецепт асосида тайинланган ва чакана реализация қилинган дори воситалари ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимлари орқали кузатиб бориш имконияти яратилади.
15. Электрон рецептларда рецепт билан бериладиган дори воситаларини тайинлаш ва чакана реализация қилишга оид маълумотлар белгиланган муддат давомида «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида, кейинчалик Рақамли соғлиқни сақлаш платформасида сақланади.
3-боб. Электрон рецепт орқали тайинланган дори воситаларини расмийлаштириш
16. Электрон рецепт шакли ва унинг амал қилиш муддати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
17. Тиббиёт ташкилоти шифокори ХКТ асосида белгиланган ташхисга мувофиқ тасдиқланган ХПН рўйхати бўйича керакли дори воситаларини тиббиёт ташкилотида жорий қилинган тиббий ахборот тизимида электрон рецептни расмийлаштириш орқали тайинлайди ва расмийлаштирилган электрон рецепт маълумотлари «Электрон рецепт» модулига автоматик тарзда узатилади.
Заруратга кўра (беморнинг талабига кўра) шифокор расмийлаштирилган электрон рецептни босмадан чиқариб, беморга тақдим этади.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг шифокорлари ҳамда уй шароитида кўрилган беморларга шифокор томонидан электрон рецепт тегишли тиббий ахборот тизимининг мобил иловаси орқали расмийлаштириши мумкин.
18. Дорихонанинг фармацевт маълумотига эга ходими беморга ёки беморнинг қонуний вакилига электрон рецептда кўрсатилган дори воситаларини қабул қилиш вақтини дори воситасининг қадоғига белгилаган ҳолда беради ва электрон рецептнинг дорихонага тааллуқли бўлган қисмини тўлдиради (дори воситасининг номи, яроқлилик муддати ва серияси, партия рақами берилган дори воситасига мос бўлиши керак).
19. Электрон рецептдаги дори воситаси берилиши тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, фармацевтнинг фамилияси, исми, отасининг исми электрон рақамли имзоси ва QR код қўйилиб, электрон шаклда дорихонада мавжуд ахборот тизимлари орқали «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига автоматик юборилади.
20. Электрон рецептга оид бўлган барча маълумотлар беморнинг электрон тиббий картасида автоматик тарзда қайд этиб борилади.
21. Электрон рецептда бир ёки бир нечта ташхис асосида 5 тагача ХПН кўрсатилиши мумкин. Агар электрон рецептда 5 тадан ортиқ ХПН белгиланиши лозим бўлса, шифокор томонидан қолганлари амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига мувофиқ қўшимча асослантирилади.
22. Электрон рецептда дори воситасининг ХПН ёки оригинал номи, тайёрлаш, кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, даволаниш курси давомийлиги, тайинлаган шифокор маълумотлари кўрсатилади.
23. Қуйидаги ҳолларда шифокор томонидан дори воситаларига электрон рецепт расмийлаштирилиши тақиқланади:
беморнинг амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;
Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларига (орфан дори воситалари, давлат рўйхатидан ўтказмасдан, мажбурий сертификатлаш шарти билан тиббиёт амалиётида қўллаш ва олиб киришга рухсат бериладиган, Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган аналоглари мавжуд бўлмаган дори воситалари бундан мустасно);
наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига.
4-боб. «Электрон рецепт» модулига электрон рецепт маълумотларини узатиш
24. Электрон рецепт тиббиёт ташкилотида жорий қилинган тиббий ахборот тизимида шифокор томонидан тегишли қайдлари мавжуд бўлган бемор учун расмийлаштирилади.
25. Электрон рецептда қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши зарур:
тиббиёт ташкилотининг номи;
тиббиёт ташкилоти лицензиясининг тартиб рақами, берилган санаси, амал қилиш муддати, СТИР рақами (нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун);
электрон рецепт рақами ва берилган сана;
беморнинг ЖШШИР, фамилияси, исми ва отасининг исми, тугилган санаси;
ХКТга мувофиқ қўйилган ташхис;
дори воситасининг ХПН ёки оригинал номи, тайёрлаш, кунлик дозаси, қабул қилиш вақти (муддати), қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, даволаниш курси давомийлиги, дори воситасининг рақами (электрон рецепт рақамига боғланган ҳолда);
шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда телефон рақами.
26. Шифокор томонидан электрон рецепт расмийлаштирилгандан сўнг ушбу рецепт маълумотлари «Электрон рецепт» модулига узатилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизимига интеграция қилинган дорихоналарда электрон шаклда кўринади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
27. Электрон рецептнинг тиббиёт ташкилотларида тўғри юритилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан, унинг дорихоналарда қўлланилиши Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан назорат қилинади.
28. Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецепт асосида дори воситаларини тайинлашда юзага келадиган муаммоларни ҳамда ушбу Низомда тартибга солинмаган масалаларни ҳал қилиш ваколатига эга.
29. Тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари электрон рецептни расмийлаштиришда маълумотларнинг тўғри киритилиши, тегишли тиббий ахборот тизимларидан тўғри ва мақсадли фойдаланишга, шунингдек, ўз ходимлари томонидан йўл қўйиладиган хатолик учун жавобгардир.
30. Ушбу Низом талаблари бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.
Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Электрон рецепт расмийлаштириш орқали рецепт билан бериладиган дори воситаларини тайинлаш ва чакана реализация қилиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Бемор Шифокор томонидан қабул қилинади ҳамда амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ тиббий хизмат кўрсатилади. Бемор хоҳишига кўра ҳамда белгиланган муддатларда 2-босқич Шифокор 1. Маълумотларни беморнинг электрон тиббий картасида шакллантириш учун тиббиёт ташкилотида жорий қилинган тиббий ахборот тизимига киритади. Уй шароитида ўтказилган кўрик натижасида дорини тегишли тиббий ахборот тизимининг мобил иловасида тайинлайди. 2. Бемор ва тайинланадиган дори воситалари тўғрисидаги маълумотларни (халқаро патентланмаган ёки оригинал номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги) асосида электрон рецепт расмийлаштирилади ҳамда «Электрон рецепт» модулига узатилади. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган ҳолларда ва тартибда стационар шароитда даволанаётган бемор учун ҳам дори воситаларини электрон рецепт орқали тайинлаши мумкин. Реал вақт режимида 3-босқич Бемор ёки унинг қонуний вакили Дорихонанинг фармацевт маълумотига эга ходимига мурожаат қилади ва дори воситасини олиш учун беморнинг маълумотларини тақдим этади. Электрон рецептнинг амал қилиш муддатида 4-босқич Дорихонанинг фармацевт маълумотига эга ходими Бемор ёки унинг қонуний вакили томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида электрон рецептда кўрсатилган дори воситаларини беради ҳамда тегишли маълумотларни дорихонада жорий этилган ахборот тизимига киритади. Бемор ёки унинг қонуний вакили мурожаат қилганда
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарорига 2-ИЛОВА
Дори воситалари айланмасини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш учун «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига интеграция асосида узатиладиган маълумотлар
Т/р Маълумот бериш учун масъул ваколатли орган Талаб этиладиган маълумотлар 1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Дори воситалари импорти тўғрисидаги маълумотлар 2. Солиқ қўмитаси Дори воситаларини рақамли маркировкалаш тизимидаги маълумотлар 3. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ягона миллий меҳнат тизимидаги маълумотлар 4. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Мувофиқлик сертификатлари давлат реестридаги маълумотлар 5. Ички ишлар вазирлиги Шахсга доир маълумотлар 6. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Дори воситаларининг референт нархларидан юқори бўлган нархлар тўғрисидаги маълумотлар 7. «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари тўғрисидаги маълумотлар 8. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ишлаб чиқарилган ва хорижий давлатларга реализация (экспорт) қилинган дори воситалари тўғрисидаги маълумотлар 9. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Реимбурсация дастури асосида бериладиган дори воситалари учун расмийлаштирилган электрон рецептлар, мазкур электрон рецептлар асосида берилган дори воситалари ва бошқа жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар 10. Адлия вазирлиги Қариндошлик даражасини белгилаш тўғрисидаги маълумотлар
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарорига 3-ИЛОВА
Тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида электрон рецептни жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ
1. А.А. Худаяров — соғлиқни сақлаш вазири, ишчи гуруҳ раҳбари 2. Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири 3. Ж.Ж. Хатамов — Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи (келишув асосида) 4. О.А. Пекось — рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари 5. О.М. Омонов — соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари 6. О.Р. Фазилкаримов — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 7. Ш.М. Рабиев — адлия вазири ўринбосари 8. М.М. Мирзаев — Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 9. А.А. Азизов — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори 10. А.С. Темиров — «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси директори 11. Э.И. Гимранов — «Uzinfocom» МЧЖ директори 12. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон қарорига 4-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга киритилаётган қўшимчалар
1. 27-илованинг 9-позицияси учинчи устунининг «в» кичик банди қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Рақамли соғлиқни сақлаш» платформасига ушбу платформа амалиётга жорий этилгунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига интеграция асосида уланишни ҳамда «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона», «Электрон тиббий карта», «Электрон рецепт» модуллари билан белгиланган маълумотларни реал вақт режимида алмашилишини таъминлаш*».
2. 29-илованинг 9-позицияси учинчи устуни қуйидаги таҳрирдаги «о» кичик банд билан тўлдирилсин:
«о) «Рақамли соғлиқни сақлаш» платформасига ушбу платформа амалиётга жорий этилгунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимига интеграция асосида уланишни ҳамда «Электрон рецепт» модули билан белгиланган маълумотларни реал вақт режимида алмашилишини таъминлаш*».
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 сентябрь,
570 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
TARKIBI
Sogʻliqni saqlash tizimini raqamlashtirish jarayonlarini yanada jadallashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻliqni saqlash tizimini raqamlashtirishni jadallashtirish hamda ilgʻor raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 28-dekabrdagi PQ-415-son qaroriga muvofiq sogʻliqni saqlash tizimini raqamlashtirish, tibbiy yordam samaradorligini oshirish, bemorlarning xavfsizligini taʼminlash, dori vositalari aylanmasini boshqarishning samarali tizimini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 28-dekabrdagi PQ-415-son qaroriga muvofiq Raqamli sogʻliqni saqlash platformasi ishlab chiqilishi, “Elektron retsept” tizimiga davlat va xususiy dorixonalarda “Elektron retsept” tizimini joriy etish belgilangani;
“Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimlarining yagona kompleksini joriy etish doirasida “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimi va “Elektron poliklinika”, “Elektron shifoxona”, “Elektron tibbiy karta”, “Elektron retsept” modullari yaratilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Sogʻliqni saqlash vazirligi va Raqamli texnologiyalar vazirligining 2025-yil 10-dekabrdan boshlab Toshkent shahri hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada sogʻliqni saqlash tizimini va aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish tamoyillarini takomillashtirish orqali sohani isloh qilishni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmoniga muvofiq tajriba-sinov loyihasi amalga oshiriladigan 15 ta tuman (shahar)larda, 2026-yilning yakuniga qadar esa respublikaning barcha hududlarida quyidagilarni amalga oshirish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin:
barcha tibbiyot va farmatsevtika tashkilotlari Raqamli sogʻliqni saqlash platformasiga, ushbu platforma amaliyotga joriy etilgunga qadar Sogʻliqni saqlash vazirligining “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga integratsiya asosida ulanishini hamda “Elektron poliklinika”, “Elektron shifoxona”, “Elektron tibbiy karta”, “Elektron retsept” modullari bilan belgilangan maʼlumotlar real vaqt rejimida almashilishini litsenziya talablari va shartlaridan biri sifatida belgilash;
retsept bilan beriladigan dori vositalarini tayinlash va chakana realizatsiya qilishda zarur maʼlumotlarni integratsiya asosida majburiy tarzda “Elektron retsept” moduliga uzatish tartibini joriy etish.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Tibbiyot tashkilotlarida retsept bilan beriladigan dori vositalarini elektron retsept asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
retsept bilan beriladigan dori vositalarini bemorga elektron retsept asosida tayinlash;
elektron retsept orqali tayinlangan dori vositalarini rasmiylashtirish;
elektron retsept shakli va undagi maʼlumotlarni “Elektron retsept” moduliga uzatish tartibi;
tibbiyot tashkilotlarida retsept bilan beriladigan dori vositalarini elektron retsept asosida tayinlash tartibini buzganlik uchun javobgarlik.
4. Belgilansinki, 2025-yil 10-dekabrdan boshlab:
Toshkent shahri hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada sogʻliqni saqlash tizimini va aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish tamoyillarini takomillashtirish orqali sohani isloh qilishni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmoniga muvofiq tajriba-sinov loyihasi amalga oshiriladigan 15 ta tuman (shahar)lardagi barcha tibbiyot tashkilotlarida dori vositalarini bemorlarga tayinlashda dori vositalarining xalqaro patentlanmagan nomi boʻyicha (agar mavjud boʻlsa) elektron retsept rasmiylashtiriladi (alohida toifadagi kuchli taʼsir qiluvchi moddalar, tarkibida giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar saqlovchi dori vositalari hamda reimbursatsiya dasturi bilan bogʻliq jarayonlar bundan mustasno);
bemorlarga tayinlangan dori vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumot (xalqaro patentlanmagan yoki original dori nomi, kunlik dozasi, qabul qilish yoki yuborish usuli, miqdori, davomiyligi) elektron retseptga bevosita shifokor tomonidan kiritiladi hamda elektron tasdiqlash usullari orqali tasdiqlanadi;
tibbiyot tashkilotlari va dorixonalarning mavjud axborot tizimlarini Sogʻliqni saqlash vazirligining Raqamli sogʻliqni saqlash platformasiga va axborot tizimiga ulash yoki ularning soʻroviga asosan ularda vazirlikning “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimi modullari bepul oʻrnatiladi;
tibbiyot va farmatsevtika tashkilotlari Sogʻliqni saqlash vazirligining “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga ulanish uchun zarur moddiy-texnik bazaga, barqaror Internet va elektr tarmogʻiga ega boʻlishlari shart.
5. Sogʻliqni saqlash vazirligi:
a) ikki oy muddatda:
dori vositalarini retsept bilan va retseptsiz beriladigan dori vositalari toifasiga kiritish mezonlarini qayta koʻrib chiqib, Jahon sogʻliqni saqlash tashkiloti roʻyxatiga kiritilgan tartibga soluvchi organlar (WNO Listed Authorities) va Jahon sogʻliqni saqlash tashkilotining Global taqqoslash vositasi (Global Benchmarking Tool) boʻyicha 4-darajali yetuklikka ega boʻlgan tartibga soluvchi organlar tajribasi asosida tasdiqlasin;
Davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator — “UZINFOCOM” MCHJ bilan birgalikda “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimining boshqa axborot tizimlari bilan maʼlumotlar almashinuvini tartibga soluvchi texnologik yoʻriqnomani ishlab chiqsin hamda belgilangan tartibda tasdiqlasin;
“Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimida yaratilgan “Elektron poliklinika”, “Elektron shifoxona”, “Elektron tibbiy karta”, “Elektron retsept” modullaridan foydalanish hamda ushbu modullarga tegishli maʼlumotlarni uzatish yoʻriqnomalarini belgilangan tartibda tasdiqlasin va amaliyotga joriy etsin;
b) 2027-yil 1-yanvarga qadar retsept bilan beriladigan dori vositalarini elektron retsept asosida tayinlash natijalaridan kelib chiqib, alohida toifadagi kuchli taʼsir qiluvchi moddalar, tarkibida giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalarni saqlovchi dori vositalarini ham elektron retsept asosida berish yuzasidan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
6. Quyidagilar:
Dori vositalari aylanmasini boshqarishning samarali tizimini yaratish uchun “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga integratsiya asosida uzatiladigan maʼlumotlar roʻyxati 2-ilovaga muvofiq;
Tibbiyot va farmatsevtika tashkilotlarida elektron retseptni joriy etish boʻyicha ishchi guruh tarkibi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
7. Raqamli texnologiyalar vazirligi Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan birgalikda elektron retseptni joriy etish doirasida shaxsga doir va tibbiy sirni tashkil etadigan maʼlumotlar oshkor etilishining oldini olish, shuningdek, axborot tizimlari va resurslarning kiberxavfsizligini taʼminlash choralarini koʻrsin.
8. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomga 4-ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.
9. Sogʻliqni saqlash vazirligi:
Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyatini aholi oʻrtasida keng targʻib qilish choralarini koʻrsin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
10. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.A. Xudayarov hamda raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-sentabrdagi 570-son qaroriga 1-ILOVA
Tibbiyot tashkilotlarida retsept bilan beriladigan dori vositalarini elektron retsept asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom barcha tibbiyot tashkilotlarida bemorga retsept bilan beriladigan dori vositalarini elektron retsept asosida tayinlash tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizom alohida toifadagi kuchli taʼsir qiluvchi moddalar, tarkibida giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalarni saqlovchi dori vositalari muomalasiga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Reimbursatsiya dasturi bilan bogʻliq jarayonlar Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 2-oktabrdagi 619-son qarori talablari asosida amalga oshiriladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
bemorning qonuniy vakili — bemorning oila aʼzosi yoki bemorga vasiylik yoki homiylik qilishga tayinlangan shaxs;
dorixona — dori vositalarini va tibbiy buyumlarni chakana realizatsiya qilishni, shuningdek, ularni tayyorlash uchun tegishli litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxs yoki yuridik shaxsning tarkibiy boʻlinmasi shaklida tashkil etilgan dorixonalarning filiallari, davolash-profilaktika muassasalarining dorixonalari;
dori vositalarining savdo nomi — “Oʻzbekiston Respublikasida tibbiyot amaliyotida qoʻllanilishiga ruxsat etilgan dori vositalari, tibbiy buyumlar va tibbiy texnika davlat reyestri”ga kiritilgan dori vositalarining savdo nomi;
dori vositalarining xalqaro patentlanmagan nomi (keyingi oʻrinlarda — XPN) — Jahon sogʻliqni saqlash tashkiloti tomonidan dori vositasi tarkibidagi faol dori moddasining (substansiyasining) qisqartirilgan nomini berish orqali dori vositasini identifikatsiya qilish;
retsept — shifokorning farmatsevt maʼlumotiga ega boʻlgan mutaxassisga dori preparatini tayyorlash va (yoki) berish hamda uning qoʻllanish usuli toʻgʻrisidagi yozma koʻrsatmasi;
elektron retsept — shifokorning farmatsevtik maʼlumotga ega boʻlgan mutaxassisga dori vositasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (xalqaro patentlanmagan yoki original nomi, tayyorlash, kunlik dozasi, qabul qilish yoki yuborish usuli, miqdori, davomiyligi) elektron shaklda qayd etilgan va tasdiqlangan koʻrsatmasi;
“Elektron retsept” moduli — elektron retsept bilan bogʻliq barcha jarayonlar (harakatlar)ni jamlash, maʼlumot almashish, tegishli hisobotlarni shakllantirish kabi funksiyalarni amalga oshiruvchi axborot dasturi;
xalqaro kasalliklar tasnifi (keyingi oʻrinlarda — XKT) — kasalliklar va sogʻliq bilan bogʻliq boshqa muammolarning xalqaro statistik tasnifi.
4. Elektron retsept asosida tayinlanadigan dori vositalari Oʻzbekiston Respublikasida roʻyxatdan oʻtgan boʻlishi kerak.
5. Tibbiyot tashkilotlari va dorixonalarning mavjud axborot tizimlari Sogʻliqni saqlash vazirligining Raqamli sogʻliqni saqlash platformasiga va axborot tizimiga ulash yoki ularning soʻroviga asosan ularda vazirlikning “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimi modullarini oʻrnatish ishlari bepul amalga oshiriladi.
Bunda:
a) Sogʻliqni saqlash vazirligining “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimidan foydalanishda koʻrsatilgan texnik xizmatlar xarajatlari Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda, Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan tariflar asosida tibbiyot tashkilotlari va dorixonalar tomonidan qoplanadi;
b) davlat tibbiyot tashkilotlari “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga belgilangan tartibda ulanadi.
v) “Davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator — “UZINFOCOM” MCHJ:
tibbiyot tashkilotlari va dorixonalarning mavjud axborot tizimlari “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga, keyinchalik Raqamli sogʻliqni saqlash platformasiga ularning elektron arizalariga asosan bir ish kuni muddatda integratsiya kaliti va texnologik yoʻriqnomasini elektron shaklda avtomatik taqdim etish orqali integratsiya qilinadi;
“Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimining mobil ilovasini hamma uchun foydalanishga ochiq qilib, bepul yuklab olish imkoniyatini yaratadi.
6. Shifokor tomonidan amaldagi tashxis qoʻyish va davolash standartlari hamda milliy klinik protokollarga muvofiq bir yoki bir necha turdagi kasalliklarni davolash (profilaktikasi) yoki oqibatlarining oldini olish maqsadida muayyan bir bemorga buyuriladigan dori vositalariga (dori vositasining xalqaro patentlanmagan nomiga) elektron retsept rasmiylashtiriladi.
7. Dori vositalari bevosita bemor yoki bemorning qonuniy vakiliga “Elektron retsept” moduli bilan oʻrnatilgan tartibda zarur maʼlumotlar almashinuvi yoʻlga qoʻyilgan dorixonalar orqali beriladi.
8. Elektron retsept asosida beriladigan dori vositalari uchun toʻlovlar bemor yoki bemorning qonuniy vakili tomonidan toʻlanadi (reimbursatsiya dasturi asosida beriladigan dori vositalari bundan mustasno).
2-bob. Retsept bilan beriladigan dori vositalarini elektron retsept asosida tayinlash
9. Tibbiyot xodimlari tomonidan bemor maʼlumotlari tibbiyot tashkilotida joriy qilingan tibbiy axborot tizimiga kiritiladi hamda ushbu maʼlumotlar avtomatik tarzda “Elektron tibbiy karta” moduliga uzatiladi.
10. Bemorga dori vositalari tibbiyot tashkilotida joriy qilingan tibbiy axborot tizimida elektron retsept rasmiylashtirish orqali tayinlanadi va bevosita davolovchi shifokor tomonidan elektron tasdiqlash usullarida tasdiqlanib, QR kod avtomatik tarzda qoʻyiladi. Bunda elektron retseptga oid zarur maʼlumotlar avtomatik tartibda “Elektron retsept” moduliga uzatiladi.
11. Tibbiyot tashkilotida statsionar davolangan bemorlarga kasallik tarixi va uning koʻchirmasida tavsiya qilingan dori vositalari uchun shifokor tomonidan belgilangan muddatlarga elektron retsept rasmiylashtiriladi.
12. Elektron retseptni rasmiylashtirish orqali retsept bilan beriladigan dori vositalarini tayinlash va chakana realizatsiya qilish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
13. Tibbiyot tashkilotining shifokori oʻzining qabulida boʻlgan yoki statsionar sharoitda davolanayotgan bemorlarga elektron retsept rasmiylashtiradi va elektron tasdiqlash usullarida tasdiqlaydi.
14. Shifokorlarga oʻzlari tomonidan bemorga elektron retsept asosida tayinlangan va chakana realizatsiya qilingan dori vositalari harakati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimlari orqali kuzatib borish imkoniyati yaratiladi.
15. Elektron retseptlarda retsept bilan beriladigan dori vositalarini tayinlash va chakana realizatsiya qilishga oid maʼlumotlar belgilangan muddat davomida “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimida, keyinchalik Raqamli sogʻliqni saqlash platformasida saqlanadi.
3-bob. Elektron retsept orqali tayinlangan dori vositalarini rasmiylashtirish
16. Elektron retsept shakli va uning amal qilish muddati Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilanadi.
17. Tibbiyot tashkiloti shifokori XKT asosida belgilangan tashxisga muvofiq tasdiqlangan XPN roʻyxati boʻyicha kerakli dori vositalarini tibbiyot tashkilotida joriy qilingan tibbiy axborot tizimida elektron retseptni rasmiylashtirish orqali tayinlaydi va rasmiylashtirilgan elektron retsept maʼlumotlari “Elektron retsept” moduliga avtomatik tarzda uzatiladi.
Zaruratga koʻra (bemorning talabiga koʻra) shifokor rasmiylashtirilgan elektron retseptni bosmadan chiqarib, bemorga taqdim etadi.
Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalarining shifokorlari hamda uy sharoitida koʻrilgan bemorlarga shifokor tomonidan elektron retsept tegishli tibbiy axborot tizimining mobil ilovasi orqali rasmiylashtirishi mumkin.
18. Dorixonaning farmatsevt maʼlumotiga ega xodimi bemorga yoki bemorning qonuniy vakiliga elektron retseptda koʻrsatilgan dori vositalarini qabul qilish vaqtini dori vositasining qadogʻiga belgilagan holda beradi va elektron retseptning dorixonaga taalluqli boʻlgan qismini toʻldiradi (dori vositasining nomi, yaroqlilik muddati va seriyasi, partiya raqami berilgan dori vositasiga mos boʻlishi kerak).
19. Elektron retseptdagi dori vositasi berilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shu jumladan, farmatsevtning familiyasi, ismi, otasining ismi elektron raqamli imzosi va QR kod qoʻyilib, elektron shaklda dorixonada mavjud axborot tizimlari orqali “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga avtomatik yuboriladi.
20. Elektron retseptga oid boʻlgan barcha maʼlumotlar bemorning elektron tibbiy kartasida avtomatik tarzda qayd etib boriladi.
21. Elektron retseptda bir yoki bir nechta tashxis asosida 5 tagacha XPN koʻrsatilishi mumkin. Agar elektron retseptda 5 tadan ortiq XPN belgilanishi lozim boʻlsa, shifokor tomonidan qolganlari amaldagi tashxis qoʻyish va davolash standartlariga muvofiq qoʻshimcha asoslantiriladi.
22. Elektron retseptda dori vositasining XPN yoki original nomi, tayyorlash, kunlik dozasi, qabul qilish yoki yuborish usuli, miqdori, davolanish kursi davomiyligi, tayinlagan shifokor maʼlumotlari koʻrsatiladi.
23. Quyidagi hollarda shifokor tomonidan dori vositalariga elektron retsept rasmiylashtirilishi taqiqlanadi:
bemorning amaldagi tashxis qoʻyish va davolash standartlari va klinik protokollarga muvofiq tibbiy koʻrsatmasi boʻlmagan holatlarda;
Oʻzbekiston Respublikasida davlat roʻyxatidan oʻtkazilmagan dori vositalariga (orfan dori vositalari, davlat roʻyxatidan oʻtkazmasdan, majburiy sertifikatlash sharti bilan tibbiyot amaliyotida qoʻllash va olib kirishga ruxsat beriladigan, Oʻzbekiston Respublikasida davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan analoglari mavjud boʻlmagan dori vositalari bundan mustasno);
narkoz vositasi sifatida ishlatiladigan dori vositalariga.
4-bob. “Elektron retsept” moduliga elektron retsept maʼlumotlarini uzatish
24. Elektron retsept tibbiyot tashkilotida joriy qilingan tibbiy axborot tizimida shifokor tomonidan tegishli qaydlari mavjud boʻlgan bemor uchun rasmiylashtiriladi.
25. Elektron retseptda quyidagi maʼlumotlar aks ettirilishi zarur:
tibbiyot tashkilotining nomi;
tibbiyot tashkiloti litsenziyasining tartib raqami, berilgan sanasi, amal qilish muddati, STIR raqami (nodavlat tibbiyot tashkilotlari uchun);
elektron retsept raqami va berilgan sana;
bemorning JSHSHIR, familiyasi, ismi va otasining ismi, tugilgan sanasi;
XKTga muvofiq qoʻyilgan tashxis;
dori vositasining XPN yoki original nomi, tayyorlash, kunlik dozasi, qabul qilish vaqti (muddati), qabul qilish yoki yuborish usuli, miqdori, davolanish kursi davomiyligi, dori vositasining raqami (elektron retsept raqamiga bogʻlangan holda);
shifokorning familiyasi, ismi va otasining ismi hamda telefon raqami.
26. Shifokor tomonidan elektron retsept rasmiylashtirilgandan soʻng ushbu retsept maʼlumotlari “Elektron retsept” moduliga uzatiladi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot tizimiga integratsiya qilingan dorixonalarda elektron shaklda koʻrinadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
27. Elektron retseptning tibbiyot tashkilotlarida toʻgʻri yuritilishi Sogʻliqni saqlash vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan, uning dorixonalarda qoʻllanilishi Farmatsevtika mahsulotlari xavfsizligi markazi tomonidan nazorat qilinadi.
28. Sogʻliqni saqlash vazirligi elektron retsept asosida dori vositalarini tayinlashda yuzaga keladigan muammolarni hamda ushbu Nizomda tartibga solinmagan masalalarni hal qilish vakolatiga ega.
29. Tibbiyot tashkilotlari va dorixonalar rahbarlari elektron retseptni rasmiylashtirishda maʼlumotlarning toʻgʻri kiritilishi, tegishli tibbiy axborot tizimlaridan toʻgʻri va maqsadli foydalanishga, shuningdek, oʻz xodimlari tomonidan yoʻl qoʻyiladigan xatolik uchun javobgardir.
30. Ushbu Nizom talablari buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda javobgar boʻladi.
Tibbiyot tashkilotlarida retsept bilan beriladigan dori vositalarini elektron retsept asosida tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Elektron retsept rasmiylashtirish orqali retsept bilan beriladigan dori vositalarini tayinlash va chakana realizatsiya qilish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Bemor Shifokor tomonidan qabul qilinadi hamda amaldagi tashxis qoʻyish va davolash standartlari hamda klinik protokollarga muvofiq tibbiy xizmat koʻrsatiladi. Bemor xohishiga koʻra hamda belgilangan muddatlarda 2-bosqich Shifokor 1. Maʼlumotlarni bemorning elektron tibbiy kartasida shakllantirish uchun tibbiyot tashkilotida joriy qilingan tibbiy axborot tizimiga kiritadi. Uy sharoitida oʻtkazilgan koʻrik natijasida dorini tegishli tibbiy axborot tizimining mobil ilovasida tayinlaydi. 2. Bemor va tayinlanadigan dori vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (xalqaro patentlanmagan yoki original nomi, bir kunlik dozasi, qabul qilish yoki yuborish usuli, miqdori, davomiyligi) asosida elektron retsept rasmiylashtiriladi hamda “Elektron retsept” moduliga uzatiladi. Shuningdek, Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan hollarda va tartibda statsionar sharoitda davolanayotgan bemor uchun ham dori vositalarini elektron retsept orqali tayinlashi mumkin. Real vaqt rejimida 3-bosqich Bemor yoki uning qonuniy vakili Dorixonaning farmatsevt maʼlumotiga ega xodimiga murojaat qiladi va dori vositasini olish uchun bemorning maʼlumotlarini taqdim etadi. Elektron retseptning amal qilish muddatida 4-bosqich Dorixonaning farmatsevt maʼlumotiga ega xodimi Bemor yoki uning qonuniy vakili tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida elektron retseptda koʻrsatilgan dori vositalarini beradi hamda tegishli maʼlumotlarni dorixonada joriy etilgan axborot tizimiga kiritadi. Bemor yoki uning qonuniy vakili murojaat qilganda
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-sentabrdagi 570-son qaroriga 2-ILOVA
Dori vositalari aylanmasini boshqarishning samarali tizimini yaratish uchun “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga integratsiya asosida uzatiladigan maʼlumotlar
T/r Maʼlumot berish uchun masʼul vakolatli organ Talab etiladigan maʼlumotlar 1. Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi Dori vositalari importi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 2. Soliq qoʻmitasi Dori vositalarini raqamli markirovkalash tizimidagi maʼlumotlar 3. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Yagona milliy mehnat tizimidagi maʼlumotlar 4. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Muvofiqlik sertifikatlari davlat reyestridagi maʼlumotlar 5. Ichki ishlar vazirligi Shaxsga doir maʼlumotlar 6. Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi Dori vositalarining referent narxlaridan yuqori boʻlgan narxlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 7. “Farmatsevtika mahsulotlari xavfsizligi markazi” davlat muassasasi Tibbiyot amaliyotida qoʻllanilishiga ruxsat etilgan dori vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 8. Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi Ishlab chiqarilgan va xorijiy davlatlarga realizatsiya (eksport) qilingan dori vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 9. Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi Reimbursatsiya dasturi asosida beriladigan dori vositalari uchun rasmiylashtirilgan elektron retseptlar, mazkur elektron retseptlar asosida berilgan dori vositalari va boshqa jarayonlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 10. Adliya vazirligi Qarindoshlik darajasini belgilash toʻgʻrisidagi maʼlumotlar
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-sentabrdagi 570-son qaroriga 3-ILOVA
Tibbiyot va farmatsevtika tashkilotlarida elektron retseptni joriy etish boʻyicha ishchi guruh
1. A.A. Xudayarov — sogʻliqni saqlash vaziri, ishchi guruh rahbari 2. Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri 3. J.J. Xatamov — Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti boshligʻi (kelishuv asosida) 4. O.A. Pekos — raqamli texnologiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari 5. O.M. Omonov — sogʻliqni saqlash vaziri oʻrinbosari 6. O.R. Fazilkarimov — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 7. Sh.M. Rabiyev — adliya vaziri oʻrinbosari 8. M.M. Mirzayev — Soliq qoʻmitasi raisining birinchi oʻrinbosari 9. A.A. Azizov — Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi direktori 10. A.S. Temirov — “Farmatsevtika mahsulotlari xavfsizligi markazi” davlat muassasasi direktori 11. E.I. Gimranov — “Uzinfocom” MCHJ direktori 12. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining ijtimoiy rivojlanish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosarlari
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-sentabrdagi 570-son qaroriga 4-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomga kiritilayotgan qoʻshimchalar
1. 27-ilovaning 9-pozitsiyasi uchinchi ustunining “v” kichik bandi quyidagi mazmundagi oʻn birinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Raqamli sogʻliqni saqlash” platformasiga ushbu platforma amaliyotga joriy etilgunga qadar Sogʻliqni saqlash vazirligining “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga integratsiya asosida ulanishni hamda “Elektron poliklinika”, “Elektron shifoxona”, “Elektron tibbiy karta”, “Elektron retsept” modullari bilan belgilangan maʼlumotlarni real vaqt rejimida almashilishini taʼminlash*”.
2. 29-ilovaning 9-pozitsiyasi uchinchi ustuni quyidagi tahrirdagi “o” kichik band bilan toʻldirilsin:
“o) “Raqamli sogʻliqni saqlash” platformasiga ushbu platforma amaliyotga joriy etilgunga qadar Sogʻliqni saqlash vazirligining “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimiga integratsiya asosida ulanishni hamda “Elektron retsept” moduli bilan belgilangan maʼlumotlarni real vaqt rejimida almashilishini taʼminlash*”.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 8-sentabr,
570 -son