📅 2025-yil 15-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 15-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 15 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 15 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 15 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
УСТАВИ
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони билан:
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази (кейинги ўринларда — Марказ) Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилганлиги ва унинг қўшимча вазифалари белгиланганлиги;
Марказ исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни ҳамда дин билан боғлиқ жараёнлар бўйича таҳлилларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг устави 2-иловага мувофиқ;
2025 — 2028 йилларда Имом Мотуридийнинг илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича «йўл харитаси» 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Марказ Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича Васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишга кўмаклашади ҳамда Марказ фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш Марказнинг таълим ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятини мувофиқлаштиради.
4. Марказ директорига:
зарур ҳолларда, Марказ тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияси ғолибларига Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштиришда масъул вазирлик ва идораларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи берилсин.
5. Марказ Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда Марказ кутубхонасини республика ҳамда хорижий давлатларда нашр этилган ислом илмлари ва мотуридийлик таълимотига оид замонавий нашрлар ҳамда қўлёзма ва тошбосма асарлар билан доимий бойитиб борсин.
6. Дин ишлари бўйича қўмита бир ой муддатда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясига қарашли Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11а-уй манзилида жойлашган бинога Марказни маъмурий биноларга ходимларни жойлаштириш меъёрларидан келиб чиққан ҳолда текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси С.Д. Тошбоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 583-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг
Васийлик кенгаши Директор Илмий котиб Директорнинг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари Ишлар бошқарувчиси Матбуот котиби Мотуридийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими 5 Маъмурий-хўжалик бўлими 1 Халқаро алоқалар бўлими 1 Молия-иқтисод бўлими 2 Замонавий ислом тадқиқотлари бўлими 5 Ходимлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис Таржималар бўлими 3 Бош юрисконсульт Нашрлар бўлими 3 Ахборот-ресурс маркази ва ахборот технологиялари бўлими 2
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 583-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрлар, штамплар, рамзлар ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа реквизитларга эга бўлади.
3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Марказ ўз фаолиятини Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ва хорижий мамлакатлардаги исломшуносликка ихтисослашган илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
5. Марказнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази;
қисқартирилган номи — Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Международный научно-исследовательский центр Имама Матуриди при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Международный научно-исследовательский центр Имама Матуриди.
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Imam Maturidi International Scientific Research Center under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Imam Maturidi International Scientific Research Center.
г) араб тилида:
тўлиқ номи — أوزبكستان مركز الإمام الماتريدي الدولي للبحوث العلمية لدى مجلس الوزراء لجمهورية
қисқартирилган номи — مركز الإمام الماتريدي الدولي للبحوث العلمية
6. Марказнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 11а-уй, 100011.
2-боб. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари
7. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқ ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш;
ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
мамлакатда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларнинг калом илмига оид мероси ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг асл ҳамда электрон нусхаларини тўплаш ва келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқотларни ташкил этиш;
исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маъруза, семинар-тренинг ва танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
тадқиқот натижалари юзасидан қомуслар, каталоглар, альбомлар, илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар, ахборот-ресурс базасини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситалари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилишни ташкил қилиш;
ислом тарихи ва калом илми йўналишидаги янги тадқиқотлар натижаларидан илмий жамоатчиликни кенг хабардор этиш;
«жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш, мутаассиблик, экстремизмнинг мақсадлари, ғоявий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият услубларини ўрганиш ҳамда уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш учун тавсия этиш;
Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ҳудудида рўй берган Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдеворини яратишда иштирок этиш;
ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам кўрсатиш;
ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш.
8. Марказ ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий ва уларнинг издошлари томонидан ёзилган ақида ва калом илмларига оид асарларнинг тадқиқига оид илмий лойиҳаларни амалга оширади;
ислом дунёсининг буюк мутафаккири, калом илми пешвоси Имом Мотуридий ва унинг издошларининг ибратли ҳаёти ва бой илмий-маънавий меросини аҳоли, айниқса ёшлар орасида кенг тарғиб қилади;
мотуридийлик таълимотига оид ақидавий манбаларнинг илмий-танқидий матни ҳамда уларнинг замонавий шарҳларини тайёрлайди, халқчил рисолаларни нашр қилади;
ислом динининг илм-маърифат, бунёдкорлик ва инсонийликка асосланган мазмун-моҳиятини очиб беришга бағишланган тадқиқотларни амалга оширади, динлараро бағрикенглик ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг оммага етказишга кўмаклашади;
мотуридийлик таълимотидаги инсонийлик, бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифатпарварлик тамойилларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида фильмлар, видеороликлар, инфографикалар ва бошқа материалларни тайёрлайди ҳамда кенг оммалаштиришда иштирок этади;
ислом илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимизнинг ислом илмлари, жумладан, калом илми бўйича диний-маънавий меросини чуқур тадқиқ этишга оид лойиҳаларни амалга оширади;
юртимиз алломаларининг Биринчи ва Иккинчи Ренессансга қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий лойиҳалар, медиа ва тарғибот ишларини амалга оширади;
хорижий мамлакатлар, хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда сақланаётган ислом динига оид нодир ёзма илмий меросни оммалаштиришга бағишланган лойиҳаларни амалга оширади;
хорижий мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланаётган Имом Мотуридий ва унинг издошлари қаламига мансуб қўлёзмаларни аниқлайди, уларнинг каталогларини яратади ҳамда электрон нусхаларини Марказга олиб келиш чораларини кўради;
жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ислом динининг бунёдкорлик, илм-маърифат ва одоб-ахлоққа йўғрилган таълимотини тарғиб этишга қаратилган тадбирларда иштирок этади;
Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали тарғиб қилинаётган радикал мазмундаги маълумотларни мониторинг ва таҳлил қилиш асосида экстремизмнинг замонавий тенденцияларини аниқлайди ҳамда олдини олишга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқади;
республика миқёсида диний вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни ўрганиш, баҳолаш, шу асосда уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқади;
ижтимоий сўровлар, дала тадқиқотлари, мониторинг хулосалари асосида дин ниқобидаги бузғунчи ғояларга қарши илмий асосланган чора-тадбирларни тайёрлайди;
бой маданий ва маънавий мерос, дунёвий ҳамда диний илмлар уйғун равишда тадқиқ этилишини ташкил қилиш орқали унинг натижаларини таълим-тарбия жараёнида қўллаш ва кенг жамоатчиликка етказишда ташкилий-амалий ёрдам кўрсатади;
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти тингловчиларига долзарб мавзулар юзасидан маъруза ва семинар дарсларини ташкил этишда иштирок этади;
диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий фаолиятини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, фан дастурлари мавзуларини шакллантириш ҳамда уларнинг изчиллиги ва узвийлигини таъминлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди.
3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
9. Марказ ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий ташкилотлар, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;
жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан семинар-тренинглар ўтказиш;
вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича маълумотларни сўраб олиш;
Имом Мотуридий ва бошқа мутафаккирларнинг фаолиятини ўрганиш бўйича илмий ва эксперт ишларини амалга ошириш ҳамда долзарб илмий лойиҳаларни бажаришда ҳамкорлик қилиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлардан, шу жумладан, чет эллардан юқори малакали мутахассисларни шартнома асосида ишга таклиф этиш;
Марказнинг бюджетдан ташқари маблағларини Марказ томонидан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишга йўналтириш;
ижтимоий ташаббуслар билан чиқиш ва ушбу масалада тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;
ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш ва белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан матбаа ва ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда мультимедиа маҳсулотларини чиқариш;
конференциялар, симпозиумлар, семинар-тренинглар, сайёр мажлислар ташкил қилиш;
илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш мақсадида ўз фаолиятини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган низом асосида олиб борадиган илмий ҳайъат тузиш.
Марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Марказ қуйидагиларга мажбурдир:
ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;
ўз фаолияти тўғрисида ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар тақдим этиш.
Марказга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Марказ фаолиятини ташкил этиш
11. Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича Васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишга кўмаклашади ҳамда Марказ фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди.
Васийлик кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
бой маданий ва маънавий мерос, дунёвий ҳамда диний илмларни уйғун равишда тадқиқ этиш орқали унинг натижаларини таълим-тарбия жараёнида қўллаш ва кенг жамоатчиликка етказишда ташкилий-амалий ёрдам кўрсатиш;
жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар бериш;
концептуал тадқиқотлар дастурлари ҳамда илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қўллаб-қувватлаш, ҳомийлар маблағлари, шунингдек, чет эллик мутахассис олимларни тадқиқотлар жараёнига жалб этишда кўмаклашиш;
илмий-тадқиқот натижалари асосида таълим муассасалари ўқув дастурларини такомиллаштириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, илмий-тадқиқот олиб бораётган кадрларнинг маҳаллий ва хорижий мамлакатлардаги нуфузли илмий тадқиқот ва таълим муассасаларида тажриба орттиришини ҳамда малака оширишини ташкил этиш, юқори натижага эришган ва фаол тадқиқотчиларни рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш.
Мажлис бир йилда камида бир марта чақирилади. Марказ Васийлик кенгаши мажлисининг чақирилиши ҳамда унинг кун тартиби ҳақидаги маълумотлар мажлис чақириладиган санадан бир ой олдин эълон қилинади.
12. Васийлик кенгашининг мажлиси ўз ваколатлари доирасида:
қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ вазифаларни амалга оширади.
Васийлик кенгашининг мажлиси кенгашнинг камида тўртдан уч қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Мажлис қарори иштирокчиларнинг ярмидан кўпининг овози билан қабул қилинади.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони билан тасдиқланган Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш Марказнинг таълим ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятини мувофиқлаштиради.
14. Марказнинг кундалик фаолиятига Марказ директори раҳбарлик қилади. Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
15. Марказ директори ўз ваколатлари доирасида:
Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Марказ номидан буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради;
Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, тақдим этиладиган таҳлилий материаллар ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги учун шахсан жавоб беради;
таркибий бўлимлар фаолиятини мувофиқлаштиради, бўлимлар ходимлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлайди, юкланган топшириқлар бажарилиши учун ҳар бир ходимнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;
Марказ директорининг ўринбосари ҳамда ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;
белгиланган тартибда Марказ ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
Марказ ходимларининг лавозим маошларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устамалар белгилайди;
Марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Васийлик кенгаши мажлиси муҳокамасига киритади;
Марказ директори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
16. Марказ директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича бир нафар ўринбосари бўлади. Марказ директори бўлмаган тақдирда унинг функциясини директор ўринбосари бажаради.
5-боб. Марказ фаолиятини молиялаштириш
17. Марказ ўзининг кўчмас ва кўчар мулкига, пул маблағларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги пул маблағларига, қимматли қоғозлари ва бошқа мол-мулкига эга бўлиши мумкин.
18. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
адабиёт материалларини чоп этишдан тушадиган тушумлар;
хўжалик, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятдан, стартап лойиҳаларини амалга оширишдан олинадиган маблағлар;
халқаро ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмаклари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6-боб. Якунловчи қоида
19. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 583-сон қарорига 3-ИЛОВА
2025 — 2028 йилларда Имом Мотуридийнинг илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича
Т/р Чора-тадбирлар Амалга ошириш механизми Ижро муддати Масъуллар I. Ташкилий чора-тадбирлар 1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ходимларининг мотуридийлик таълимоти ва замонавий исломшунослик муаммолари бўйича жаҳоннинг етакчи университетлари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида стажировка ўташ ва малака оширишини йўлга қўйиш. 1. Марказ ходимлари стажировкаларини ташкил этиш мумкин бўлган хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, шунингдек, стажировка муддатлари бўйича асослантирилган таклифларни шакллантириш. 2025 йил сентябрь «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Марказ, Ташқи ишлар вазирлиги 2. Стажировка ўташга юбориладиган номзодлар рўйхати ҳамда улар қайтиб келганларидан сўнг икки йил давомида бажариши лозим бўлган аниқ вазифалар бўйича мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, белгиланган тартибда ходимларнинг хорижда стажировка ўташ ва малака оширишга юборишни ташкил этиш. Режа асосида 2. Хорижий мамлакатларда мотуридийлик таълимоти ҳамда замонавий исломшунослик муаммоларига бағишлаб ўтказиладиган халқаро конференцияларда Марказ ходимлари иштирокини таъминлаш. 1. Хорижий мамлакатларда мотуридийлик таълимоти ва замонавий исломшунослик муаммоларига бағишланган халқаро конференциялар рўйхатини шакллантириш. 2025 — 2028 йиллар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Марказ, Ташқи ишлар вазирлиги 2. Марказ илмий ходимларининг режа асосида халқаро конференцияларда иштирокини таъминлаш. Режа асосида 3. «Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон» мавзусида ҳар икки йилда бир марта халқаро конференция ўтказиш. 1. Халқаро конференцияни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита, ишчи ва ижодий гуруҳларни тузиш. 2026 йил январь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Конференцияларни юқори савияда ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳасини тайёрлаш. 2026 йил февраль 3. Халқаро конференцияларни юқори савияда ўтказиш. Режа асосида 4. Имом Мотуридий илмий мероси ва у зот асос солган таълимот бўйича хорижлик нуфузли олимларнинг «Мотуридийлик» мавзусидаги илмий семинарларини ўтказиш. 1. Илмий семинарларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш. 2025 йил сентябрь Марказ 2. Илмий семинарларда маъруза билан иштирок этадиган хорижлик етакчи олим ва мутахассислар рўйхатини шакллантириш. 2025 йил октябрь 3. Илмий семинарларни юқори савияда ўтказиш. Режа асосида 5. Хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича халқаро илмий танлов ташкил этиш. 1. Маҳаллий ва чет эллик мутахассислардан иборат Ташкилий гуруҳ тузиш. 2025 йил сентябрь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Танлов концепциясини ишлаб чиқиш. 2025 йил октябрь 3. Хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида танлов ҳақида эълон бериш. Режа асосида 4. Хорижлик тадқиқотчилар ўртасида ҳар икки йилда бир марта танлов ўтказиш. 5. Танлов ғолибларини аниқлаш ва уларни тақдирлаш маросимини юқори савияда ўтказиш. Ҳар икки йилда бир марта 6. Ғолибларнинг Ўзбекистонга сафарини ташкиллаштириш. Режа асосида 6. Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияга Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти алломаларининг илмий меросини ўрганувчи хорижлик олим ва тадқиқотчиларни фаол жалб қилиш. 1. Стипендиантларни танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқиш. 2025 йил сентябрь Дин ишлари бўйича қўмита, Марказ 2. Харажатлар сметасини ишлаб чиқиш. 2025 йил октябрь 3. Хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида стипендияни кенг тарғиб қилиш чораларини кўриш. Режа асосида II. Илмий-тадқиқот йўналишида амалга ошириладиган ишлар 7. «Мусулмон мамлакатларида конфессиялараро бирдамлик сиёсатининг аҳамияти» номли китоб тайёрлаш ва нашр қилиш. 1. Китобни тайёрлаш учун маълумотлар базасини шакллантириш. 2028 йил январь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Маълумотларни таҳлил қилиш, тизимлаштириш ва таҳрирлаш. 2028 йил май 3. Китобни нашр қилиш чораларини кўриш. 2028 йил июль 8. Буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш. 1. Абу Муин Насафийнинг «Табсират ал-адилла» (Далиллар ёғдуси) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиш ва нашр этиш. 2026 йил июль Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Нуриддин Собунийнинг «Ал-Кифоя фи-л-ҳидоя» (Ҳидоятга кифоя) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиш ва нашр этиш. 2026 йил октябрь 3. Шамсиддин Самарқандийнинг «Ас-Саҳоиф ал-илоҳия» (Илоҳий саҳифалар) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиш. 2027 йил февраль 4. Абул Баракот Насафий «Ал-Иътимод фи-л-иътиқод» (Эътиқод таянчи) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиш ва нашр этиш. 2028 йил август 5. Камолиддин Андижонийнинг «Сидқ ал-калом» (Тўғри сўз) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржима қилиш. 2028 йил ноябрь 6. Нашрларнинг жойлардаги тақдимотларини ташкил этиш. 7. Нашрларни Марказга Республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириш. Режа асосида 9. Юртимиз алломаларининг маҳаллий ҳамда хорижий мамлакатлар фондларида сақланаётган ноёб қўлёзмаларини ўрганиш, илмий жамоатчиликка тақдим этиш юзасидан тадқиқотларни амалга ошириш. 1. Маҳаллий ва хорижий мамлакатлар фондларида сақланаётган юртимиз алломалари қаламига мансуб ноёб қўлёзмаларни аниқлаш ҳамда уларнинг электрон нусхаларини жамлаш. 2025 йилдан бошлаб Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Абдураҳим ибн Али Шайхзода «Шарҳ ал-Ақоид ат-таҳовия» (Таҳовий Ақоиди шарҳи) қўлёзмасининг замонавий илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаш. 2025 йил сентябрь 3. Муайяд Насафия «ал-Манзума ар-роия» («Ро» ҳарфи асосига қурилган назм) асарига замонавий шарҳ ёзиш ва нашр қилиш. 2026 йил март 4. Абул Ҳусайн Башоғарий «Китоб Шарҳ Жумал усул ад-дин» (Дин асосларига оид жумлалар шарҳи) қўлёзмасининг замонавий илмий-танқидий матнини нашр қилиш. 2026 йил сентябрь 5. Розий «Радд жидол ал-Имом ар-Розий» (Таҳовий Ақоиди шарҳи) қўлёзмасининг замонавий илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаш. 6. Илмий-танқидий матнларнинг халқаро китоб кўргазмаларидаги намойишларини ташкил этиш. 2028 йил апрель 7. Нашрларни Марказга Республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириш. Режа асосида 10. Жаҳоннинг нуфузли мотуридийшунос олимлари томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик алломаларининг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган йирик тадқиқотларни ўзбек тилига таржима қилиш. 1. Чора-тадбирлар режаси ва таржимонлар гуруҳини шакллантириш. 2. Имом Мотуридий ва мотуридийлик алломаларининг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган йирик тадқиқотларни саралаш. 2025 йил сентябрь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 3. Таржима ишларини амалга ошириш ва нашр этиш. Режа асосида 11. Мотуридийлик таълимоти ва замонавий исломшунослик муаммоларига бағишланган монографиялар тайёрлаш ва нашр қилиш. 1. Илмий-ижодий гуруҳ тузиш. 2026 йил сентябрь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Мотуридийлик таълимоти ва замонавий исломшунослик муаммоларига бағишланган монографиялар рўйхатини шакллантириш. 2026 йил ноябрь 3. Монографияларни таҳрир қилиш. 2027 йил ноябрь 4. Монографияларни нашр этиш. Режа асосида 12. Дин ниқобидаги бузғунчи кучларнинг ғоялари ва уларга қарши курашнинг маънавий-маърифий асосларига бағишланган монография, рисола ва ўқув-услубий қўлланмалар нашр этиш. 1. «Марказий Осиёдаги экстремизм ва терроризм тенденциялари» тўплами учун маълумотлар базасини шакллантириш. 2026 йил август Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Тўпламни нашрга тайёрлаш, таҳрирлаш ва чоп этиш. 3. Нашрларни Марказга Республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириш. 2026 йил октябрь III. Маънавий-маърифий тарғибот йўналишида амалга ошириладиган ишлар 13. Теле ва радиоканаллар орқали юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти, бой илмий-маънавий мероси, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти ҳақида кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш. 1. Юртимиз алломалари ҳаёти ва илмий мероси, ислом динининг тинчликпарвар ва инсонпарварлик моҳияти ҳақида кўрсатувлар сценарийларини тайёрлаш. 2025 — 2028 йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Зиё» медиа маркази, Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси 2. Кўрсатув ва эшиттиришларни тасвирга олиш ҳамда эфирга узатиш. Режа асосида 14. Республикадаги олий таълим муассасалари, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари учун радикаллашув ва экстремизмнинг олдини олишга қаратилган профилактик суҳбатлар ташкил этиш. 1. Тарғиботчилар гуруҳларини шакллантириш. 2. Суҳбатлар мавзулари, тезислар ва тақдимот материалларини тайёрлаш. 2025 йил сентябрь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси , Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 3. Тадбирларни юқори савияда ўтказиш. Режа асосида 15. Мотуридийлик таълимоти асосида ёшларни бағрикенглик ва мўътадилликка чорловчи тарқатма материаллар, жумладан, флаер ва буклетлар тайёрлаш. 1. Тарқатма материаллар, буклетлар ва флаерларни тайёрлаш. 2. Тарқатма материалларни нашр этиш ва тарқатиш. 2025 — 2028 йиллар Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 16. Ислом дунёсидаги таниқли уламолар ва халқаро ислом ташкилотлари томонидан мутаассиблик, экстремизм ва терроризмни қоралаб чиқарилган фатволарни илмий асосда ўрганиш, ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш. 1. Халқаро ислом ташкилотлари ва уламоларнинг фатволарини жамлаш, таҳлил ва таржима қилиш. 2025 йил сентябрь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2. Фатволар тўпламини нашр этиш. 2025 йил октябрь 17. Ёшлар орасида исломнинг илм-фанга ижобий муносабатини кенг тарғиб қилиш орқали дин ва замонавий тараққиёт уйғунлигини асослаб беришга қаратилган тарғибот фаолиятини олиб бориш. 1. Ислом дини манбаларидаги ҳамда уламоларнинг замонавий илм-фан ҳақидаги фикрларини жамлаш. 2025 йил сентябрь Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази 2. Жамланган маълумотларни тизимлаштириш ва таҳрир қилиш. 2025 йил ноябрь 3. Маълумотлар асосида тезислар, тақдимотлар, буклетлар, флаерлар ва бошқа тарғибот материалларини тайёрлаш. 2025 йил декабрь 4. Тайёрланган материаллардан маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида кенг фойдаланиш. 2026 йилдан мунтазам 18. Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва виждон эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш. 1. Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва виждон эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни аниқлаш бўйича мунтазам мониторинг олиб бориш. 2025 йилдан мунтазам Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 2. Мониторинг натижасида аниқланган омиллар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрлаш. Ҳар ойда 3. Тайёрланган таҳлилий маълумотларни мутасадди ташкилотларга киритиб бориш. Ҳар чоракда 19. Жамиятда шахс радикаллашувини эрта босқичда аниқлаш ва уни соғлом ижтимоий ҳаётга интеграция қилишга қаратилган чуқур таҳлилий тадқиқотларни амалга ошириш. 1. Радикаллашув жараёнини таҳлил қилишга қаратилган тадқиқотлар олиб бориш. 2. Тадқиқот натижалари асосида шахс радикаллашувини эрта босқичда аниқлаш методларини ишлаб чиқиш. 3. Радикализмга қарши кураш ҳамда мутаассиб шахсларни соғлом ижтимоий ҳаётга қайтаришнинг миллий моделини яратиш ҳамда уни амалиётга татбиқ этишга йўналтирилган тадқиқотларни амалга ошириш. 4. Тадқиқотларни Марказга Республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириш. 2025 — 2028 йиллар Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 20. Диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни таҳлил қилиш асосида долзарб мавзулар йўналишларини белгилаш, уларнинг Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясига мувофиқлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш. 1. Диний-маърифий соҳадаги таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида амалга оширилаётган тадқиқотлар таҳлилини амалга ошириш. 2. Долзарб мавзулардаги илмий тадқиқот йўналишлари ва мавзуларини шакллантириш юзасидан тегишли ташкилотларга таклифлар киритиб бориш. 2025 йилдан мунтазам Марказ, Дин ишлари бўйича қўмита 3. Илмий тадқиқотларнинг Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлгини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясига мувофиқлигини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни тегишли ташкилотларга тақдим этиш. Ҳар ярим йилда
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 583-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматнинг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 ноябрдаги 693-сон қарорида :
а) номидаги «Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази (кейинги ўринларда — Марказ) директорига, зарур ҳолларда, Марказ тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин»;
в) 7-банддаги «Академиянинг» сўзи «Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 1 ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 24 февралдаги 100-сон қарорининг 6-бандидаги «Ўзбекистон халқаро ислом академияси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 сентябрь,
583-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
USTAVI
“YOʻL XARITASI”
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazining faoliyatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fuqarolarning vijdon erkinligi huquqi kafolatlarini yanada mustahkamlash hamda diniy-maʼrifiy sohadagi islohotlarni yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 21-apreldagi PF-68-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fuqarolarning vijdon erkinligi huquqi kafolatlarini yanada mustahkamlash hamda diniy-maʼrifiy sohadagi islohotlarni yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 21-apreldagi PF-68-son Farmoni bilan:
Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) Vazirlar Mahkamasi boʻysunuviga oʻtkazilganligi va uning qoʻshimcha vazifalari belgilanganligi;
Markaz islomshunoslik yoʻnalishidagi ilmiy tadqiqotlarni hamda din bilan bogʻliq jarayonlar boʻyicha tahlillarni amalga oshiruvchi ilmiy-tadqiqot muassasasi etib belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazining ustavi 2-ilovaga muvofiq;
2025 — 2028-yillarda Imom Moturidiyning ilmiy merosi va moturidiylik taʼlimotini oʻrganishni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha “yoʻl xaritasi” 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
Markaz Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazining huquq va majburiyatlari, shuningdek, tuzilgan shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;
Markaz direktori Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi;
Markaz faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va muvofiqlashtirish boʻyicha Vasiylik kengashi Markaz faoliyatini muvofiqlashtiradi, unga yuklangan vazifalarni amalga oshirishga koʻmaklashadi hamda Markaz faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini belgilaydi;
Diniy-maʼrifiy sohada taʼlim, fan va ilmiy-tadqiqotga oid faoliyatni muvofiqlashtiruvchi kengash Markazning taʼlim va ilmiy-tadqiqotga oid faoliyatini muvofiqlashtiradi.
4. Markaz direktoriga:
zarur hollarda, Markaz tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni hamda mehnatga haq toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish;
Imom Moturidiy nomidagi xalqaro stipendiyasi gʻoliblariga Oʻzbekistonga kirish vizasini rasmiylashtirishda masʼul vazirlik va idoralarga toʻgʻridan-toʻgʻri murojaat qilish huquqi berilsin.
5. Markaz Din ishlari boʻyicha qoʻmita bilan birgalikda Markaz kutubxonasini respublika hamda xorijiy davlatlarda nashr etilgan islom ilmlari va moturidiylik taʼlimotiga oid zamonaviy nashrlar hamda qoʻlyozma va toshbosma asarlar bilan doimiy boyitib borsin.
6. Din ishlari boʻyicha qoʻmita bir oy muddatda Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasiga qarashli Toshkent shahar, Shayxontohur tumani, Abdulla Qodiriy koʻchasi, 11a-uy manzilida joylashgan binoga Markazni maʼmuriy binolarga xodimlarni joylashtirish meʼyorlaridan kelib chiqqan holda tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 4-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi raisi S.D. Toshboyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-sentabrdagi 583-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazining
Vasiylik kengashi Direktor Ilmiy kotib Direktorning ilmiy-tadqiqot ishlari boʻyicha oʻrinbosari Ishlar boshqaruvchisi Matbuot kotibi Moturidiylik taʼlimoti tadqiqotlari boʻlimi 5 Maʼmuriy-xoʻjalik boʻlimi 1 Xalqaro aloqalar boʻlimi 1 Moliya-iqtisod boʻlimi 2 Zamonaviy islom tadqiqotlari boʻlimi 5 Xodimlar bilan ishlash boʻyicha bosh mutaxassis Tarjimalar boʻlimi 3 Bosh yuriskonsult Nashrlar boʻlimi 3 Axborot-resurs markazi va axborot texnologiyalari boʻlimi 2
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-sentabrdagi 583-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Ustav Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazining (keyingi oʻrinlarda — Markaz) asosiy vazifalari va funksiyalarini, huquqlari va majburiyatlarini, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Markaz davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi, mustaqil balansga, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrlar, shtamplar, ramzlar va qonunchilik hujjatlariga muvofiq faoliyatini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan boshqa rekvizitlarga ega boʻladi.
3. Markaz oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Ustavga va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
4. Markaz oʻz faoliyatini Islom hamkorlik tashkiloti, Taʼlim, fan va madaniyat masalalari boʻyicha Islom tashkiloti (ICESCO), Islom tarixi, sanʼati va madaniyatini tadqiq qilish markazi (IRCICA), Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi, Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi, Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi, Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasi, Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi, Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi, Bahouddin Naqshband ilmiy-tadqiqot markazi va xorijiy mamlakatlardagi islomshunoslikka ixtisoslashgan ilmiy-tadqiqot markazlari bilan oʻzaro hamkorlikda amalga oshiradi.
5. Markazning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi;
qisqartirilgan nomi — Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Mejdunarodniy nauchno-issledovatelskiy sentr Imama Maturidi pri Kabinete Ministrov Respubliki Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Mejdunarodniy nauchno-issledovatelskiy sentr Imama Maturidi.
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — Imam Maturidi International Scientific Research Center under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Imam Maturidi International Scientific Research Center.
g) arab tilida:
toʻliq nomi — أوزبكستان مركز الإمام الماتريدي الدولي للبحوث العلمية لدى مجلس الوزراء لجمهورية
qisqartirilgan nomi — مركز الإمام الماتريدي الدولي للبحوث العلمية
6. Markazning joylashgan yeri (pochta manzili): Toshkent shahar, Shayxontohur tumani, Abdulla Qodiriy koʻchasi, 11a-uy, 100011.
2-bob. Markazning asosiy vazifalari va funksiyalari
7. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari hisoblanadi:
aqida va kalom ilmi rivojiga beqiyos hissa qoʻshgan Imom Moturidiy va uning izdoshlari boʻlgan allomalarning ulkan ilmiy, diniy-maʼnaviy merosini chuqur oʻrganish, ular yaratgan asarlarning ilmiy-izohli tarjima va qiyosiy matnlarini nashr etish, xalq va jahon jamoatchiligi oʻrtasida keng targʻib qilish, ushbu mavzularga doir ilmiy tadqiqotlarni tizimli tashkil etish;
islom dinining insonparvarlik mohiyati, maʼrifiy-madaniy roli va rivojlanish yoʻnalishlarini ilmiy asosda oʻrganish va keng afkor ommaga, jumladan, xalqaro jamoatchilikka yetkazish;
Imom Moturidiy, Abu Muin Nasafiy kabi allomalarning kalom ilmi rivojiga qoʻshgan hissasi va uning taraqqiyotida tutgan oʻrnini chuqur tadqiq etish, yosh avlodni millatlararo va dinlararo bagʻrikenglik, oʻzaro hurmat, tinchlik-totuvlik kabi islom dinining asl qadriyatlari ruhida tarbiyalash;
mamlakatda hamda xorijiy davlatlarning kutubxonalari va arxiv fondlarida saqlanayotgan buyuk allomalarning kalom ilmiga oid merosi hamda islom dunyosi uchun muhim ilmiy ahamiyatga ega boʻlgan qoʻlyozma, toshbosma asarlarning asl hamda elektron nusxalarini toʻplash va kelajak avlodga yetkazish uchun tizimli ilmiy tadqiqotlarni tashkil etish;
islomiy ilmlar, xususan, kalom ilmi tarixi va uning bugungi kundagi ahamiyatini ilmiy tadqiq etish sohasidagi xalqaro hamkorlikni kuchaytirish maqsadida ilmiy-nazariy va uslubiy masalalarga bagʻishlangan anjuman, konferensiya, simpozium, koʻrgazma, ilmiy maʼruza, seminar-trening va tanlovlar hamda boshqa madaniy-maʼrifiy tadbirlarni tashkil etish;
tadqiqot natijalari yuzasidan qomuslar, kataloglar, albomlar, ilmiy-ommabop hujjatli filmlar, axborot-resurs bazasini tayyorlash va ommaviy axborot vositalari, xususan, Internet jahon axborot tarmogʻida eʼlon qilishni tashkil qilish;
islom tarixi va kalom ilmi yoʻnalishidagi yangi tadqiqotlar natijalaridan ilmiy jamoatchilikni keng xabardor etish;
“jaholatga qarshi maʼrifat” gʻoyasi asosida islom dinining ilm-maʼrifat, maʼnaviy poklik, tinchlik-osoyishtalik, taraqqiyot va bunyodkorlikka chaqiruvchi gʻoyalarini xalqqa, ayniqsa, yoshlarga yetkazish, mutaassiblik, ekstremizmning maqsadlari, gʻoyaviy negizlari, zamonaviy koʻrinishlari va faoliyat uslublarini oʻrganish hamda ularga qarshi kurashishning ilmiy-maʼrifiy asoslarini ishlab chiqish va amaliyotda qoʻllash uchun tavsiya etish;
Imom Moturidiy, Abu Muin Nasafiy kabi buyuk alloma ajdodlarimiz qoldirgan boy maʼnaviy merosni oʻrganish, jahon ilm-fani rivojiga qoʻshgan beqiyos hissasini xalqimiz, ayniqsa, yoshlarga yetkazish, ular yaratgan asarlarning ilmiy-izohli tarjima va qiyosiy matnlarini nashr etish, mamlakatimiz hududida roʻy bergan Birinchi va Ikkinchi Renessansning ilmiy-nazariy asoslarini tadqiq etish hamda Yangi Oʻzbekiston taraqqiyotining maʼnaviy poydevorini yaratishda ishtirok etish;
islom dinining insonparvarlik mohiyati, maʼrifiy-madaniy roli va rivojlanish yoʻnalishlarini ilmiy asosda oʻrganish va keng ommaga, jumladan, xalqaro jamoatchilikka yetkazish;
diniy taʼlim muassasalariga ilmiy-tadqiqot va oʻquv-uslubiy masalalarda hamda pedagog kadrlar va diniy xodimlarning malakasini oshirib borishda amaliy yordam koʻrsatish;
ijtimoiy-maʼnaviy muhit barqarorligini saqlash, yoshlarni yot gʻoyalar taʼsiridan asrashga qaratilgan strategik ahamiyatga ega loyiha va tashabbuslarni ishlab chiqish.
8. Markaz oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
Imom Moturidiy, Abu Muin Nasafiy va ularning izdoshlari tomonidan yozilgan aqida va kalom ilmlariga oid asarlarning tadqiqiga oid ilmiy loyihalarni amalga oshiradi;
islom dunyosining buyuk mutafakkiri, kalom ilmi peshvosi Imom Moturidiy va uning izdoshlarining ibratli hayoti va boy ilmiy-maʼnaviy merosini aholi, ayniqsa yoshlar orasida keng targʻib qiladi;
moturidiylik taʼlimotiga oid aqidaviy manbalarning ilmiy-tanqidiy matni hamda ularning zamonaviy sharhlarini tayyorlaydi, xalqchil risolalarni nashr qiladi;
islom dinining ilm-maʼrifat, bunyodkorlik va insoniylikka asoslangan mazmun-mohiyatini ochib berishga bagʻishlangan tadqiqotlarni amalga oshiradi, dinlararo bagʻrikenglik oʻzaro ahillik va hamjihatlik gʻoyalarini keng ommaga yetkazishga koʻmaklashadi;
moturidiylik taʼlimotidagi insoniylik, bagʻrikenglik, moʻtadillik va maʼrifatparvarlik tamoyillarini aholi orasida keng targʻib qilish maqsadida filmlar, videoroliklar, infografikalar va boshqa materiallarni tayyorlaydi hamda keng ommalashtirishda ishtirok etadi;
islom ilm-fani va madaniyati rivojiga beqiyos hissa qoʻshgan buyuk alloma ajdodlarimizning islom ilmlari, jumladan, kalom ilmi boʻyicha diniy-maʼnaviy merosini chuqur tadqiq etishga oid loyihalarni amalga oshiradi;
yurtimiz allomalarining Birinchi va Ikkinchi Renessansga qoʻshgan hissasini keng jamoatchilikka yetkazishga qaratilgan ilmiy loyihalar, media va targʻibot ishlarini amalga oshiradi;
xorijiy mamlakatlar, xususan, Islom hamkorlik tashkilotiga aʼzo davlatlarda saqlanayotgan islom diniga oid nodir yozma ilmiy merosni ommalashtirishga bagʻishlangan loyihalarni amalga oshiradi;
xorijiy mamlakatlarning kutubxonalarida saqlanayotgan Imom Moturidiy va uning izdoshlari qalamiga mansub qoʻlyozmalarni aniqlaydi, ularning kataloglarini yaratadi hamda elektron nusxalarini Markazga olib kelish choralarini koʻradi;
joylarda ijtimoiy-maʼnaviy muhitni yanada sogʻlomlashtirish, aholi, ayniqsa, yoshlar orasida islom dinining bunyodkorlik, ilm-maʼrifat va odob-axloqqa yoʻgʻrilgan taʼlimotini targʻib etishga qaratilgan tadbirlarda ishtirok etadi;
Internet jahon axborot tarmogʻi orqali targʻib qilinayotgan radikal mazmundagi maʼlumotlarni monitoring va tahlil qilish asosida ekstremizmning zamonaviy tendensiyalarini aniqlaydi hamda oldini olishga qaratilgan ilmiy asoslangan taklif va tavsiyalarni ishlab chiqadi;
respublika miqyosida diniy vaziyatga salbiy taʼsir koʻrsatayotgan omillarni oʻrganish, baholash, shu asosda ularni bartaraf etishga qaratilgan taklif va tashabbuslarni ishlab chiqadi;
ijtimoiy soʻrovlar, dala tadqiqotlari, monitoring xulosalari asosida din niqobidagi buzgʻunchi gʻoyalarga qarshi ilmiy asoslangan chora-tadbirlarni tayyorlaydi;
boy madaniy va maʼnaviy meros, dunyoviy hamda diniy ilmlar uygʻun ravishda tadqiq etilishini tashkil qilish orqali uning natijalarini taʼlim-tarbiya jarayonida qoʻllash va keng jamoatchilikka yetkazishda tashkiliy-amaliy yordam koʻrsatadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi huzuridagi Diniy-maʼrifiy sohada malaka oshirish va qayta tayyorlash instituti tinglovchilariga dolzarb mavzular yuzasidan maʼruza va seminar darslarini tashkil etishda ishtirok etadi;
diniy taʼlim muassasalarining oʻquv-uslubiy faoliyatini takomillashtirish, professor-oʻqituvchilarning malakasini oshirish, fan dasturlari mavzularini shakllantirish hamda ularning izchilligi va uzviyligini taʼminlash yuzasidan takliflar tayyorlaydi.
3-bob. Markazning huquqlari va majburiyatlari
9. Markaz oʻziga yuklangan asosiy vazifalar va funksiyalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xorijiy tashkilotlar, taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan toʻgʻridan-toʻgʻri aloqa oʻrnatish va oʻzaro hamkorlik toʻgʻrisida shartnomalar va boshqa hujjatlarni imzolash;
jahondagi nufuzli ilmiy-tadqiqot markazlari va oliy taʼlim muassasalarining ilmiy, diniy-maʼnaviy qadriyatlarni tadqiq etish yoʻnalishidagi tajribasini oʻrganish, ilmiy-tadqiqot ishlarini zamon talablari darajasida tashkil etish yuzasidan seminar-treninglar oʻtkazish;
vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlardan Markaz vakolatiga taalluqli masalalar boʻyicha maʼlumotlarni soʻrab olish;
Imom Moturidiy va boshqa mutafakkirlarning faoliyatini oʻrganish boʻyicha ilmiy va ekspert ishlarini amalga oshirish hamda dolzarb ilmiy loyihalarni bajarishda hamkorlik qilish uchun vazirliklar, idoralar, xoʻjalik birlashmalari, taʼlim muassasalari va boshqa tashkilotlardan, shu jumladan, chet ellardan yuqori malakali mutaxassislarni shartnoma asosida ishga taklif etish;
Markazning budjetdan tashqari mablagʻlarini Markaz tomonidan oʻtkaziladigan tadbirlarni tashkil etishga yoʻnaltirish;
ijtimoiy tashabbuslar bilan chiqish va ushbu masalada tegishli davlat organlariga takliflar kiritish;
oʻz faoliyati toʻgʻrisida axborot tarqatish va belgilangan tartibda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan matbaa va noshirlik faoliyatini amalga oshirish hamda multimedia mahsulotlarini chiqarish;
konferensiyalar, simpoziumlar, seminar-treninglar, sayyor majlislar tashkil qilish;
ilmiy-tadqiqot ishlarini rivojlantirish maqsadida oʻz faoliyatini Markaz direktori tomonidan tasdiqlanadigan nizom asosida olib boradigan ilmiy hayʼat tuzish.
Markaz qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
10. Markaz quyidagilarga majburdir:
oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarning samarali bajarilishini taʼminlash;
oʻz faoliyati toʻgʻrisida axborot bilan tanishish erkinligini taʼminlash;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli davlat organlariga oʻz faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotlar taqdim etish.
Markazga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
4-bob. Markaz faoliyatini tashkil etish
11. Markaz faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va muvofiqlashtirish boʻyicha Vasiylik kengashi Markaz faoliyatini muvofiqlashtiradi, unga yuklangan vazifalarni amalga oshirishga koʻmaklashadi hamda Markaz faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini belgilaydi.
Vasiylik kengashining asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:
boy madaniy va maʼnaviy meros, dunyoviy hamda diniy ilmlarni uygʻun ravishda tadqiq etish orqali uning natijalarini taʼlim-tarbiya jarayonida qoʻllash va keng jamoatchilikka yetkazishda tashkiliy-amaliy yordam koʻrsatish;
jahondagi nufuzli ilmiy-tadqiqot markazlari va oliy taʼlim muassasalarining ilmiy, diniy-maʼnaviy qadriyatlarni tadqiq etish yoʻnalishidagi tajribasini oʻrganish hamda xalqaro tashkilotlar bilan aloqalar oʻrnatish va ilmiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyishda yordam berish, ilmiy-tadqiqot ishlarini zamon talablari darajasida tashkil etish yuzasidan amaliy tavsiyalar berish;
konseptual tadqiqotlar dasturlari hamda ilmiy loyihalarni ishlab chiqish va amalga oshirishda qoʻllab-quvvatlash, homiylar mablagʻlari, shuningdek, chet ellik mutaxassis olimlarni tadqiqotlar jarayoniga jalb etishda koʻmaklashish;
ilmiy-tadqiqot natijalari asosida taʼlim muassasalari oʻquv dasturlarini takomillashtirish, soha uchun kadrlar tayyorlash va qayta tayyorlash, ilmiy-tadqiqot olib borayotgan kadrlarning mahalliy va xorijiy mamlakatlardagi nufuzli ilmiy tadqiqot va taʼlim muassasalarida tajriba orttirishini hamda malaka oshirishini tashkil etish, yuqori natijaga erishgan va faol tadqiqotchilarni ragʻbatlantirish chora-tadbirlarini koʻrish.
Majlis bir yilda kamida bir marta chaqiriladi. Markaz Vasiylik kengashi majlisining chaqirilishi hamda uning kun tartibi haqidagi maʼlumotlar majlis chaqiriladigan sanadan bir oy oldin eʼlon qilinadi.
12. Vasiylik kengashining majlisi oʻz vakolatlari doirasida:
qonunchilik hujjatlariga va ushbu Ustavga muvofiq vazifalarni amalga oshiradi.
Vasiylik kengashining majlisi kengashning kamida toʻrtdan uch qismi hozir boʻlgan taqdirda vakolatli hisoblanadi.
Majlis qarori ishtirokchilarning yarmidan koʻpining ovozi bilan qabul qilinadi.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fuqarolarning vijdon erkinligi huquqi kafolatlarini yanada mustahkamlash hamda diniy-maʼrifiy sohadagi islohotlarni yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 21-apreldagi PF-68-son Farmoni bilan tasdiqlangan Diniy-maʼrifiy sohada taʼlim, fan va ilmiy-tadqiqotga oid faoliyatni muvofiqlashtiruvchi kengash Markazning taʼlim va ilmiy-tadqiqotga oid faoliyatini muvofiqlashtiradi.
14. Markazning kundalik faoliyatiga Markaz direktori rahbarlik qiladi. Markaz direktori Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
15. Markaz direktori oʻz vakolatlari doirasida:
Markaz faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi;
Markaz nomidan buyruqlar chiqaradi, ishonchnomalar beradi;
Markazga yuklangan vazifalar va funksiyalarning samarali bajarilishi, taqdim etiladigan tahliliy materiallar va hujjatlarning toʻliqligi uchun shaxsan javob beradi;
tarkibiy boʻlimlar faoliyatini muvofiqlashtiradi, boʻlimlar xodimlari oʻrtasida funksional vazifalarni taqsimlaydi, yuklangan topshiriqlar bajarilishi uchun har bir xodimning javobgarligi darajasini belgilaydi;
Markaz direktorining oʻrinbosari hamda xodimlarini lavozimga tayinlaydi va lavozimidan ozod etadi;
belgilangan tartibda Markaz xodimlari bilan mehnat shartnomalarini tuzadi va bekor qiladi;
Markaz xodimlarining lavozim maoshlariga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ustamalar belgilaydi;
Markaz faoliyatini takomillashtirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi va Vasiylik kengashi majlisi muhokamasiga kiritadi;
Markaz direktori qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.
16. Markaz direktorining ilmiy-tadqiqot ishlari boʻyicha bir nafar oʻrinbosari boʻladi. Markaz direktori boʻlmagan taqdirda uning funksiyasini direktor oʻrinbosari bajaradi.
5-bob. Markaz faoliyatini moliyalashtirish
17. Markaz oʻzining koʻchmas va koʻchar mulkiga, pul mablagʻlariga, shu jumladan, chet el valyutasidagi pul mablagʻlariga, qimmatli qogʻozlari va boshqa mol-mulkiga ega boʻlishi mumkin.
18. Markaz faoliyatini moliyalashtirish manbalari quyidagilar hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
adabiyot materiallarini chop etishdan tushadigan tushumlar;
xoʻjalik, ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyatdan, startap loyihalarini amalga oshirishdan olinadigan mablagʻlar;
xalqaro tashkilotlarning grantlari va texnik koʻmaklari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
6-bob. Yakunlovchi qoida
19. Markazni qayta tashkil etish va tugatish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-sentabrdagi 583-son qaroriga 3-ILOVA
2025 — 2028-yillarda Imom Moturidiyning ilmiy merosi va moturidiylik taʼlimotini oʻrganishni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha
T/r Chora-tadbirlar Amalga oshirish mexanizmi Ijro muddati Masʼullar I. Tashkiliy chora-tadbirlar 1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) xodimlarining moturidiylik taʼlimoti va zamonaviy islomshunoslik muammolari boʻyicha jahonning yetakchi universitetlari hamda ilmiy-tadqiqot markazlarida stajirovka oʻtash va malaka oshirishini yoʻlga qoʻyish. 1. Markaz xodimlari stajirovkalarini tashkil etish mumkin boʻlgan xorijiy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari, shuningdek, stajirovka muddatlari boʻyicha asoslantirilgan takliflarni shakllantirish. 2025-yil sentabr “El-yurt umidi” jamgʻarmasi, Markaz, Tashqi ishlar vazirligi 2. Stajirovka oʻtashga yuboriladigan nomzodlar roʻyxati hamda ular qaytib kelganlaridan soʻng ikki yil davomida bajarishi lozim boʻlgan aniq vazifalar boʻyicha maqsadli koʻrsatkichlarni ishlab chiqish, belgilangan tartibda xodimlarning xorijda stajirovka oʻtash va malaka oshirishga yuborishni tashkil etish. Reja asosida 2. Xorijiy mamlakatlarda moturidiylik taʼlimoti hamda zamonaviy islomshunoslik muammolariga bagʻishlab oʻtkaziladigan xalqaro konferensiyalarda Markaz xodimlari ishtirokini taʼminlash. 1. Xorijiy mamlakatlarda moturidiylik taʼlimoti va zamonaviy islomshunoslik muammolariga bagʻishlangan xalqaro konferensiyalar roʻyxatini shakllantirish. 2025 — 2028-yillar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Markaz, Tashqi ishlar vazirligi 2. Markaz ilmiy xodimlarining reja asosida xalqaro konferensiyalarda ishtirokini taʼminlash. Reja asosida 3. “Moturidiylik taʼlimoti va hozirgi zamon” mavzusida har ikki yilda bir marta xalqaro konferensiya oʻtkazish. 1. Xalqaro konferensiyani tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita, ishchi va ijodiy guruhlarni tuzish. 2026-yil yanvar Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Konferensiyalarni yuqori saviyada oʻtkazish boʻyicha Vazirlar Mahkamasi farmoyishi loyihasini tayyorlash. 2026-yil fevral 3. Xalqaro konferensiyalarni yuqori saviyada oʻtkazish. Reja asosida 4. Imom Moturidiy ilmiy merosi va u zot asos solgan taʼlimot boʻyicha xorijlik nufuzli olimlarning “Moturidiylik” mavzusidagi ilmiy seminarlarini oʻtkazish. 1. Ilmiy seminarlarni yuqori saviyada oʻtkazish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqish. 2025-yil sentabr Markaz 2. Ilmiy seminarlarda maʼruza bilan ishtirok etadigan xorijlik yetakchi olim va mutaxassislar roʻyxatini shakllantirish. 2025-yil oktabr 3. Ilmiy seminarlarni yuqori saviyada oʻtkazish. Reja asosida 5. Xorijlik tadqiqotchilar oʻrtasida moturidiylik taʼlimoti boʻyicha xalqaro ilmiy tanlov tashkil etish. 1. Mahalliy va chet ellik mutaxassislardan iborat Tashkiliy guruh tuzish. 2025-yil sentabr Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Tanlov konsepsiyasini ishlab chiqish. 2025-yil oktabr 3. Xorijiy mamlakatlarning nufuzli taʼlim va ilmiy tadqiqot muassasalarida tanlov haqida eʼlon berish. Reja asosida 4. Xorijlik tadqiqotchilar oʻrtasida har ikki yilda bir marta tanlov oʻtkazish. 5. Tanlov gʻoliblarini aniqlash va ularni taqdirlash marosimini yuqori saviyada oʻtkazish. Har ikki yilda bir marta 6. Gʻoliblarning Oʻzbekistonga safarini tashkillashtirish. Reja asosida 6. Imom Moturidiy nomidagi xalqaro stipendiyaga Imom Moturidiy va moturidiylik taʼlimoti allomalarining ilmiy merosini oʻrganuvchi xorijlik olim va tadqiqotchilarni faol jalb qilish. 1. Stipendiantlarni tanlab olish mezonlarini ishlab chiqish. 2025-yil sentabr Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Markaz 2. Xarajatlar smetasini ishlab chiqish. 2025-yil oktabr 3. Xorijiy mamlakatlarning nufuzli taʼlim va ilmiy tadqiqot muassasalarida stipendiyani keng targʻib qilish choralarini koʻrish. Reja asosida II. Ilmiy-tadqiqot yoʻnalishida amalga oshiriladigan ishlar 7. “Musulmon mamlakatlarida konfessiyalararo birdamlik siyosatining ahamiyati” nomli kitob tayyorlash va nashr qilish. 1. Kitobni tayyorlash uchun maʼlumotlar bazasini shakllantirish. 2028-yil yanvar Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Maʼlumotlarni tahlil qilish, tizimlashtirish va tahrirlash. 2028-yil may 3. Kitobni nashr qilish choralarini koʻrish. 2028-yil iyul 8. Buyuk ajdodlarimizning ibratli hayot yoʻli va boy ilmiy-maʼnaviy merosini chuqur oʻrganish hamda keng jamoatchilikka targʻib qilish. 1. Abu Muin Nasafiyning “Tabsirat al-adilla” (Dalillar yogʻdusi) asarini oʻzbek tiliga ilmiy-izohli tarjima qilish va nashr etish. 2026-yil iyul Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Nuriddin Sobuniyning “Al-Kifoya fi-l-hidoya” (Hidoyatga kifoya) asarini oʻzbek tiliga ilmiy-izohli tarjima qilish va nashr etish. 2026-yil oktabr 3. Shamsiddin Samarqandiyning “As-Sahoif al-ilohiya” (Ilohiy sahifalar) asarini oʻzbek tiliga ilmiy-izohli tarjima qilish. 2027-yil fevral 4. Abul Barakot Nasafiy “Al-Iʼtimod fi-l-iʼtiqod” (Eʼtiqod tayanchi) asarini oʻzbek tiliga ilmiy-izohli tarjima qilish va nashr etish. 2028-yil avgust 5. Kamoliddin Andijoniyning “Sidq al-kalom” (Toʻgʻri soʻz) asarini oʻzbek tiliga ilmiy-izohli tarjima qilish. 2028-yil noyabr 6. Nashrlarning joylardagi taqdimotlarini tashkil etish. 7. Nashrlarni Markazga Respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshirish. Reja asosida 9. Yurtimiz allomalarining mahalliy hamda xorijiy mamlakatlar fondlarida saqlanayotgan noyob qoʻlyozmalarini oʻrganish, ilmiy jamoatchilikka taqdim etish yuzasidan tadqiqotlarni amalga oshirish. 1. Mahalliy va xorijiy mamlakatlar fondlarida saqlanayotgan yurtimiz allomalari qalamiga mansub noyob qoʻlyozmalarni aniqlash hamda ularning elektron nusxalarini jamlash. 2025-yildan boshlab Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Abdurahim ibn Ali Shayxzoda “Sharh al-Aqoid at-tahoviya” (Tahoviy Aqoidi sharhi) qoʻlyozmasining zamonaviy ilmiy-tanqidiy matnini nashrga tayyorlash. 2025-yil sentabr 3. Muayyad Nasafiya “al-Manzuma ar-roiya” (“Ro” harfi asosiga qurilgan nazm) asariga zamonaviy sharh yozish va nashr qilish. 2026-yil mart 4. Abul Husayn Bashogʻariy “Kitob Sharh Jumal usul ad-din” (Din asoslariga oid jumlalar sharhi) qoʻlyozmasining zamonaviy ilmiy-tanqidiy matnini nashr qilish. 2026-yil sentabr 5. Roziy “Radd jidol al-Imom ar-Roziy” (Tahoviy Aqoidi sharhi) qoʻlyozmasining zamonaviy ilmiy-tanqidiy matnini nashrga tayyorlash. 6. Ilmiy-tanqidiy matnlarning xalqaro kitob koʻrgazmalaridagi namoyishlarini tashkil etish. 2028-yil aprel 7. Nashrlarni Markazga Respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshirish. Reja asosida 10. Jahonning nufuzli moturidiyshunos olimlari tomonidan Imom Moturidiy va moturidiylik allomalarining hayoti va ilmiy merosiga bagʻishlangan yirik tadqiqotlarni oʻzbek tiliga tarjima qilish. 1. Chora-tadbirlar rejasi va tarjimonlar guruhini shakllantirish. 2. Imom Moturidiy va moturidiylik allomalarining hayoti va ilmiy merosiga bagʻishlangan yirik tadqiqotlarni saralash. 2025-yil sentabr Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 3. Tarjima ishlarini amalga oshirish va nashr etish. Reja asosida 11. Moturidiylik taʼlimoti va zamonaviy islomshunoslik muammolariga bagʻishlangan monografiyalar tayyorlash va nashr qilish. 1. Ilmiy-ijodiy guruh tuzish. 2026-yil sentabr Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Moturidiylik taʼlimoti va zamonaviy islomshunoslik muammolariga bagʻishlangan monografiyalar roʻyxatini shakllantirish. 2026-yil noyabr 3. Monografiyalarni tahrir qilish. 2027-yil noyabr 4. Monografiyalarni nashr etish. Reja asosida 12. Din niqobidagi buzgʻunchi kuchlarning gʻoyalari va ularga qarshi kurashning maʼnaviy-maʼrifiy asoslariga bagʻishlangan monografiya, risola va oʻquv-uslubiy qoʻllanmalar nashr etish. 1. “Markaziy Osiyodagi ekstremizm va terrorizm tendensiyalari” toʻplami uchun maʼlumotlar bazasini shakllantirish. 2026-yil avgust Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Toʻplamni nashrga tayyorlash, tahrirlash va chop etish. 3. Nashrlarni Markazga Respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshirish. 2026-yil oktabr III. Maʼnaviy-maʼrifiy targʻibot yoʻnalishida amalga oshiriladigan ishlar 13. Tele va radiokanallar orqali yurtimizdan yetishib chiqqan buyuk allomalarning hayoti, boy ilmiy-maʼnaviy merosi, islom dinining asl insonparvarlik mohiyati haqida koʻrsatuv va eshittirishlar tayyorlash. 1. Yurtimiz allomalari hayoti va ilmiy merosi, islom dinining tinchlikparvar va insonparvarlik mohiyati haqida koʻrsatuvlar ssenariylarini tayyorlash. 2025 — 2028-yillar Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, “Ziyo” media markazi, Oʻzbekiston milliy media assotsiatsiyasi 2. Koʻrsatuv va eshittirishlarni tasvirga olish hamda efirga uzatish. Reja asosida 14. Respublikadagi oliy taʼlim muassasalari, Oʻzbekiston musulmonlari diniy idorasi tasarrufidagi oliy va oʻrta maxsus diniy taʼlim muassasalari talabalari uchun radikallashuv va ekstremizmning oldini olishga qaratilgan profilaktik suhbatlar tashkil etish. 1. Targʻibotchilar guruhlarini shakllantirish. 2. Suhbatlar mavzulari, tezislar va taqdimot materiallarini tayyorlash. 2025-yil sentabr Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasi , Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi, Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi 3. Tadbirlarni yuqori saviyada oʻtkazish. Reja asosida 15. Moturidiylik taʼlimoti asosida yoshlarni bagʻrikenglik va moʻtadillikka chorlovchi tarqatma materiallar, jumladan, flayer va bukletlar tayyorlash. 1. Tarqatma materiallar, bukletlar va flayerlarni tayyorlash. 2. Tarqatma materiallarni nashr etish va tarqatish. 2025 — 2028-yillar Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 16. Islom dunyosidagi taniqli ulamolar va xalqaro islom tashkilotlari tomonidan mutaassiblik, ekstremizm va terrorizmni qoralab chiqarilgan fatvolarni ilmiy asosda oʻrganish, oʻzbek tiliga tarjima qilish va nashr etish. 1. Xalqaro islom tashkilotlari va ulamolarning fatvolarini jamlash, tahlil va tarjima qilish. 2025-yil sentabr Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi 2. Fatvolar toʻplamini nashr etish. 2025-yil oktabr 17. Yoshlar orasida islomning ilm-fanga ijobiy munosabatini keng targʻib qilish orqali din va zamonaviy taraqqiyot uygʻunligini asoslab berishga qaratilgan targʻibot faoliyatini olib borish. 1. Islom dini manbalaridagi hamda ulamolarning zamonaviy ilm-fan haqidagi fikrlarini jamlash. 2025-yil sentabr Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi 2. Jamlangan maʼlumotlarni tizimlashtirish va tahrir qilish. 2025-yil noyabr 3. Maʼlumotlar asosida tezislar, taqdimotlar, bukletlar, flayerlar va boshqa targʻibot materiallarini tayyorlash. 2025-yil dekabr 4. Tayyorlangan materiallardan maʼnaviy-maʼrifiy targʻibot tadbirlarida keng foydalanish. 2026-yildan muntazam 18. Jamiyatda ijtimoiy-maʼnaviy muhit barqarorligi va vijdon erkinligiga tahdid tugʻdirishi mumkin boʻlgan omillarni aniqlash, tahlil qilish hamda ularning oldini olish yuzasidan ilmiy asoslantirilgan takliflarni ishlab chiqish. 1. Jamiyatda ijtimoiy-maʼnaviy muhit barqarorligi va vijdon erkinligiga tahdid tugʻdirishi mumkin boʻlgan omillarni aniqlash boʻyicha muntazam monitoring olib borish. 2025-yildan muntazam Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 2. Monitoring natijasida aniqlangan omillar hamda ularni bartaraf etish yuzasidan tahliliy maʼlumotlar tayyorlash. Har oyda 3. Tayyorlangan tahliliy maʼlumotlarni mutasaddi tashkilotlarga kiritib borish. Har chorakda 19. Jamiyatda shaxs radikallashuvini erta bosqichda aniqlash va uni sogʻlom ijtimoiy hayotga integratsiya qilishga qaratilgan chuqur tahliliy tadqiqotlarni amalga oshirish. 1. Radikallashuv jarayonini tahlil qilishga qaratilgan tadqiqotlar olib borish. 2. Tadqiqot natijalari asosida shaxs radikallashuvini erta bosqichda aniqlash metodlarini ishlab chiqish. 3. Radikalizmga qarshi kurash hamda mutaassib shaxslarni sogʻlom ijtimoiy hayotga qaytarishning milliy modelini yaratish hamda uni amaliyotga tatbiq etishga yoʻnaltirilgan tadqiqotlarni amalga oshirish. 4. Tadqiqotlarni Markazga Respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshirish. 2025 — 2028-yillar Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 20. Diniy-maʼrifiy sohada amalga oshirilayotgan ilmiy tadqiqotlarni tahlil qilish asosida dolzarb mavzular yoʻnalishlarini belgilash, ularning Oʻzbekiston Respublikasida fuqarolarning vijdon erkinligini taʼminlash va diniy sohadagi davlat siyosati konsepsiyasiga muvofiqligini taʼminlash yuzasidan taklif va tavsiyalar ishlab chiqish. 1. Diniy-maʼrifiy sohadagi taʼlim va ilmiy tadqiqot muassasalarida amalga oshirilayotgan tadqiqotlar tahlilini amalga oshirish. 2. Dolzarb mavzulardagi ilmiy tadqiqot yoʻnalishlari va mavzularini shakllantirish yuzasidan tegishli tashkilotlarga takliflar kiritib borish. 2025-yildan muntazam Markaz, Din ishlari boʻyicha qoʻmita 3. Ilmiy tadqiqotlarning Oʻzbekiston Respublikasida fuqarolarning vijdon erkinlgini taʼminlash va diniy sohadagi davlat siyosati konsepsiyasiga muvofiqligini taʼminlash boʻyicha taklif va tavsiyalar ishlab chiqish hamda ularni tegishli tashkilotlarga taqdim etish. Har yarim yilda
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-sentabrdagi 583-son qaroriga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatning ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 6-noyabrdagi 693-son qarorida :
a) nomidagi “Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi huzuridagi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) 2-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) direktoriga, zarur hollarda, Markaz tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni hamda mehnatga haq toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin”;
v) 7-banddagi “Akademiyaning” soʻzi “Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
g) 1 va 2-ilovalar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Ichki va ziyorat turizmini rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 24-fevraldagi 100-son qarorining 6-bandidagi “Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 15-sentabr,
583-son